Safar Kattaboyev. Oriyatli daydi

045    «Участковой» деразани янаям каттароқ очиб, илма-тешик бўлиб кетган, парда вазифасини ўтовчи латтани бироз четга суруб панжара орасидан қаради-ю, воқеани тушунди. Уй эгаси кроватда жонсиз ётар эди.

Сафар КАТТАБОЕВ
ОРИЯТЛИ ДАЙДИ
03

05Сафар Каттабоев 1954 йил Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини битарган (1975).  38 йил давомида рокуратура ва адлия соҳаларида ишлади.  Катта адлия маслаҳатчиси. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.  Қисса ва ҳикоялардан тузилган «Ғалати ўғри” китоби нашр эталган (2005).

03

Гоҳ маст, гоҳ ҳушёр юрадиган Марьянинг дафъатан кўринмай қолганига қўшнилари дастлаб унчалик эътибор беришмади.

Аммо унинг қия очиқ деразасидан бадбўй ҳид келавергач, кимнингдир эсига милицияга хабар бериш тушиб қолди. Агар мабодо ўлиб қолган бўлса, уни милициядан бошқа ким ҳам кўмар эди.

«Участковой» деразани янаям каттароқ очиб, илма-тешик бўлиб кетган, парда вазифасини ўтовчи латтани бироз четга суруб панжара орасидан қаради-ю, воқеани тушунди. Уй эгаси кроватда жонсиз ётар эди.

Лекин у ҳам уйга киришга шошилмади. Ким билади, қандай вазиятда ўлган. Ўз ажали билан ўлган тақдирда ҳам қанча ёзув-чизув қилиш керак. Яхшиси, прокуратурага хабар қилади. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Ҳамма қоғозбозлик уларнинг зиммасига ўтади. Мурдани нима қилиш кераклигини ҳам ўзлари белгилашади. Ким билади, эҳтимол, биров ўлдириб кетгандир. Соппа-соғ юрган одамнинг бирдан ўлиб қолиши шубҳали-да.

Унинг хабарига кўра тезкор тергов гуруҳи етиб келганда, эшик ташқаридан осма қулф билан қулфланган эди. Эшиқда ва унинг атрофида бузиб очилганликни кўрсатувчи излар йўқ. Демак, ўз калити билан қулфланган.

Аммо бундай хулосага келишга ҳали эрта. Ким билади, шундай устомонлар борки, бундай оддий қулфларни оддийгина мих билан ҳам очиб, яна ёпиб кетишаверади.
Шунинг учун қулф зулфи билан қўпориб олинди, ўз калити билан очилганми ёки бошқа калит биланми ёки бўлмаса, бошқа бирон-бир мослаштирилган нарсами, эксперт-криминалист аниқлайди.
Ичкарига кирдик. Марьянинг уйи бор-йўғи торгина даҳлизча ва битта хонадан иборат. Бундай уйни одамлар «барак» дейишади. Одатда бу типдаги уйлар темирйўл вокзаллари атрофида бир вақтлар вақтинча бошпана сифатида қурилган.

Даҳлиздаги бурчакда азбаройи исқиртликдан рангини ҳам билиб бўлмайдигап икки ўчоқлик газ плитаси турибди. Устида ишлатилган коса-товоқлар айқаш-уйқаш бўлиб ётибди. Чириган ва кўклаб кетган картошка-ю, пиёзлар ҳам шу ерда, бир бурчакда сочилиб ётибди.

Бир чети деворга маҳкамланган икки оёқли стол устида ярим шиша пахта ёғи-ю, озгина макарон қолдиғи селофан халтачада.
Даҳлизнинг бу четида эски тоғора-ю эски кийим-кечаклар уйилиб ётибди, дастаси синган белкурак, иккита пачоқ пақир ва ҳоказолар…

Бу ердан хонага ўтдик. Хона даҳлизга қараганда бироз каттароқ бўлиб, тўрдаги эски каттакон темир кроват устида эса шишиб кетган, кўзлари чақчайиб, башараси даҳшатли тус олган аёл кишининг жасади ётибди.
Уй ичи ҳавоси шунчалик бузилганки, туриб бўлмасди. Эшик ва деразалар очилиб шамоллатилди. Аммо қўланса ва бадбўй ҳиддан қутулиб бўлмайди.

Хона ичи ва мурдани диққат билан кўздан кечириш бошланди.
Мурдада жами олтита жароҳат борлиги аникланди. Улар асосан юзи, боши ва бўйин соҳасига етказилган. Бошига етказилган жароҳатлардан иккитаси ҳал қилувчи зарба бўлгани кўриниб турибди.
Жароҳатларнинг барчаси бир хил қурол билан етказилган. Уларнинг чуқур ботмагани, икки томонида ўткир кесувчи из қолдирганига қараб, жиноят қуролининг болта бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Қизиқ, ёши олтмишга қараб кетган, бирон кишига зиёни тегмайдиган, бир амаллаб кун кечираётган бу аёлни ўлдириш кимга керак экан?
Агарда ўғирлик ёки талончилик мақсадида қилинган десак, у ҳолда уйда қўлга илинадиган нарсанинг ўзи йўқ.
Хона бурчагидаги винодан бўшаган шишалар уй соҳибасининг қандай ҳаёт кечирганидан гувоҳлик бериб турибди.
Ўртадаги стол устидаги эски кулдонда бир хил «Прима» сигарета қолдиқлари. Ундан сал нарида «Бонакуа» минерал сувининг пластмасса идиши ҳам ярми кесилиб, кулдон қилинган. Унда ҳам шу сигарет қолдиқлари. Демак, хонада икки киши бўлган ва иккаласи ҳам бир хил сигарет чекишган. Лекин сигарет пачкаси кўринмайди.

Уй ичи ва атрофида жиноятчи қолдириши мумкин бўлган излар қидирилди.
Одатда бундай пайтларда қонун иккита холис киши қатнашиши шартлигини белгилаб қўйган. Ана шу холисларни аввало топиш, кейин эса уларни қатнаштириш ҳамиша муаммо бўлиб келган. Чунки холис бўлишни ҳеч ким хоҳламайди.

Тўғри-да, унчалик ёқимли иш эмас. Унинг вазифасига фақат қараб туриш, нимани кўрса, воқеа жойини кўздан кечириш баённомасига ўшанинг ёзилганини тасдиқлаб, имзо чекиш кирса-да, аммо вақтининг тигизлиги-ю, қайгадир шошиб тургани ва ҳоказо баҳоналар тезгина топила қолади. Аммо ўша айнан «шошаётган» кимса бу ердан ҳамма кетмагунча бир четда томошабин бўлиб тураверади.

Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Ҳатто бақувват эркаклар «ўликдан қўрқаман» деб ўзини бир четга олиб қочаётганда, дурустгина кийинган, зиёлинамо ёшгина жувон холис бўлиб қатнашиш истагини билдириб қолди. Исми-шарифи Анжелика Набиева бўлиб қайси бир трестда кадрлар бўлими бошлиғи экан.
Жуда яхши. Холис бўлса бўлди, аёл-эркаклигининг фарқи йўқ. Иккинчи «холисликка» ёши ўтиб қолган, шу ердаги «вулканизация»да машинасини тузатишга келган шофёр топила қолди. Хона ичини меъёр билан ўлчаш, фотосуратга тушириш, нима қаерда, қандай ётибди-ю, қандай турибди, баённомага бирма-бир ёзиш бошланди.

Аммо тезда холислардан бири, аниқроғи Анжелика хоним «сафдан чиқди». У ташқарига чиқиб, аввал кўнгли айниб, ўхчий бошлади, кейин эса зўриққанидан ёшланган кўзларини тез-тез артиб «кетаман»га тушиб олди.
Энди уни тинчлантириш керак. Кетиши мумкин эмаслиги, чунки баённомага унинг исми-шарифи киритилгани, бирозгина чидаши лозимлиги тушунтирилди.
Анжелика хоним эса, ҳамон ўзига келолмас, наҳотки шу уйда ҳам одам яшаган бўлса, инсон зоти ҳам шу даражага бориб қолиши мумкинми деб, гоҳ русча, гоҳ ўзбекча гапириб, бошини сарак-сарак қилганча «ужас» дерди.

Кейин анчагина қимматбаҳо плашини ҳафсала билан қоқишга тушди. Хонадаги нарсаларга мана бу ерим ҳам тегиб кетди-ёв, деб атрофини айлантириб қарар ва бирданига тозалашга тушарди. Аммо плашига нима теккан бўлиши мумкинлигини ўзи ҳам билмасди.

Бироздан сўнг қўлини ҳафсала билан ювди. Ҳеч нарсани ушламаган бўлса-да, негадир қўлини рўмолчасига артишни хоҳламай, мендан тоза қоғоз сўради. Уларга бирин-кетин артиб ерга ташлар экан, негадир оёқларини ҳам ерга тапиллатиб уриб, гапиришда давом этарди:
— Анави суд-мед экспертни қаранг. Қуртлаб, сасиб кетган мурданинг ҳамма жойини бирма-бир ушлаб, пайпаслаб кўраяпти-я. Агар менга миллион сўм беришса ҳам, ишламас эдим. Ҳали бу одам уйига бориб қандай қилиб овқат ер экан-а. Шу ҳам иш бўлди-ю, мен ҳам ёшлигимда юридическийга кирмоқчи эдим, папам бу хотин-қизларнинг иши эмас, деб рухсат бермагандилар. Тўғри қилган эканлар. Хайрият ўкимаганим, бўлмаса, нақ юрагим ёрилиб ўлар эканман. Ҳали кечаси қандай ухлайман-а…
Боягина «мардлиги тутиб» ўз ихтиёри билан холис бўлиб қатнашиш истагини билдирган аёл бояқишнинг ҳозирги аҳволини тушуниш мумкин эди.
Ниҳоят, воқеа жойини кўздан кечириш ҳам тугади. Ҳамон ўзига келолмаётган Анжелика «уф-фу» деганча афтини бужмайтириб, ҳолсизларча баённоманинг ҳар варағига имзо чекар экан, тағин суд-пудга чақириб юрманглар, умуман, бу воқеани эсга олишни ҳам хоҳламайман, ўзи нега бугун бу ердан ўтдим-а, деганча ўзини койирди.

Ниҳоят, мурда «морг»га жўнатилди, уй эшиклари эса прокуратура муҳри туширилган қоюзлар билан елимланди. Эшикка мих урилди.
Ҳали бу ерга бир неча марта келишга тўғри келади. Агарда қотил топилса, у қандай қилиб ўлдирганини ана шу хона ичида батафсил кўрсатиб бериши керак.
Лекин бунгача ҳали вақт бор. Ҳа, айнан вақт. Қанча? Кўпми, озми? Буни ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, қотил бугуноқ топилар, балки бир ҳафтадан ёки бир ойдан сўнг, балки… топилмас. Йўқ, қотил топилди. Аниқроғи, ҳали у гумонланувчи. Мана, у, қаршимда ўтирибди. Уни одам ўлдиради, деб ҳеч ким ўйламайди ҳам. Ориққина, бехосдан бир туртиб юборсангиз ҳам йиқилиб тушадиган муштдаккина кампир.

Ёнида биронта ҳужжати йўқ. Илгари бўлган, албатта, лекин кейинги ўн йиллардан бери ҳужжат нималигини билмайди. Кераги ҳам йўқ. Ахир, бирон жойда уйи бўлсаки, паспортини ўша ердан қайддан ўтказиб, бемалол, одамларга ўхшаб яшаса.
Ҳужжат яна қаерда керак бўлиши мумкин. Ҳа, қариялик нафақасини олишда. Аммо нафақа умуман тайинланмаган бўлса-чи?

Хуллас, «қаҳрамонимиз» учун ҳужжат ортиқча юк, даҳмаза. Шунинг учун ҳам у ҳақда тўпланган ҳужжат бурчагига каттакон қилиб БОМЖ деб ёзиб қўйилган. (Бомж — без определенною места жительства, яшаш жойининг тайини йўқ, — таъкид муаллифники).

Бундай тоифадаги одамлар нафақат ўзи хоҳлаган исм-фамилияни, балки ўзи ҳақида хоҳлаган латифани тўқиб айтиши ҳам мумкин. Ишонасизми, йўқми, у Сизнинг ишингиз. Эринмасангиз, вақтингиз бўлса, ҳафсала қилсангиз, бемалол текшириб кўраверинг. Уддасидан чиқсангиз, албатта. Улар бугун Қаршида бўлса, эртага Тошкентда, индинга қўшни давлатда. Поезд устидами, танбурдами, кетаверади. Билет олиш, жой танлаш улар учун бегона.
Шунинг учун қотилликда гумонланиб келтирилган бу кампирнинг оғзаки гапларига ишонмасдан иложингиз йўқ.

Ҳа, ҳозирча фақат ундан гумонланишмоқда. Аммо жиноят қидирув ходимларининг айтишича, у қотилликни тўлиқ бўйнига олган ва қандай қилиб ўлдирганини кўрсатиб беишга ҳам тайёр. Фақат сўроқ қилишса кифоя.
— Исм-фамилиянгиз, қачон, қаерда тугилгансиз? Одатда барча сўроқлар ана шундай бошланади. Жавоб ўрнига «Чекишдан борми?» деган савол тушди. Чекмаслигимни айтганимда, бироз менга жим қараб туриб секин гапирди:
— Мен умуман кўрсатма бермаслигим ҳам мумкин. Илгариги терговчилар чекишмаса ҳам ёнида сигарет бўларди. Майли, кейинги сафар, албатта, сигарет бўлсин.
— Қанақасидан? — истеҳзо билан сўрайман ва ичимда жиноят қидирув ходимларини топиб келган «қотили» билан қўшиб сўкаман.
— Фарқи йўқ, тутаса бўлди. Биз чекиш танламаймиз. Энг оддийи, масалан, «Прима»ми, «Саратон»ми, бўлаверади.
— Келишдик. Энди ишга ўтайлик, исм-фамилиянгиз? Қўлимда ручка, кампирнинг оғзига бетоқат тикиламан. Йўқ, кампир тушмагур ҳеч шошилмаяпти. Жавоб ўрнига, яна бироз жим туриб ўзининг навбатдаги «шартини» қўйди.

— Яна бир илтимос. Автобаза қоровулхонасида кичкина халтачам қолди. Ичида пальтом ва бир нечта иссиқ пайпоқларим бор. «Мент»ларга (милиция ходимларша демоқчи) ҳар қанча айтмайин, мени прокуратурага судраб келишаверди. Ҳали-замон совуқ тушади. Бу ердан чиқадиганга ўхшамайман. Эҳтимол, абадий қоларман. Аҳволимни кўриб турибсиз. Уларни келтириб берсангиз.
— Бўлдими? Булар бажарса бўладиган ишлар.
— Қачон?
Энди бу савол қатъий қўйилди.

Оббо! Ўзини тутишидан бир эмас, бир неча бор қамалганга ўхшайди. Демак, унинг бу арзимас талабларини тезда бажариб, терговчилар тили билан айтганда «контактга кириш» керак. Акс ҳолда, индамай тураверади ёки атайлаб ўчакишиб, ёлғонни қалаштириб ташлайди. Шунинг учун у билан «мулойимроқ» муомала қилиш лозимга ўхшайди. Қўполлик кетмайди. Ҳозир нима бўлса ҳам гап олиш керак.
— Ҳозир айттанларингизни дарҳол бажарса бўлади. Аммо яна нечта илтимосингиз бор, билмайман-да.
— Бошқа йўқ, бўлмайди ҳам, — чўрт кесди кампир.
— Жуда яхши, ҳозироқ киришамиз.

Милиция ходимларининг бирини аввал автобазага, қайтиб келишда эса сигарет ҳам олиб келишни тайинлаб жўнатдик. Яна дастлабки саволни такрорлайман.
— Исм-фамилияшиз, қачон, қаерда туғилгансиз?
— Борисова Надежда Петровна. Москва вилоятининг Бабушкин шаҳрида, 1927 йили туғилганман.

Сўроқ бошланди.
Нақ етмиш уч ёшда! Илгари уч марта, улардан икки мартасида ўғирлик, бир мартасида оғир тан жароҳати етказгани учун судланган. Пастки чап лабида кўндаланг жароҳат қолган из ҳам турмадан эсдалик. Жами саккиз ярим йил «ўтирган».
Қамоқ нималигини яхши биладиган, тўридан гўри яқин бўлиб қолган бу кампирга одам ўлдириш нега керак экан-а?

Агар шу ўлдирган бўлса? Ким билади, милиция ходимлари мажбур қилган бўлса, бўйнига олгандир. Ахир, тергов амалиётида нималарни кўрмадик. Қанақа «ўйин»лар бўлмади.
Анкета маълумотларига оид саволларни тугатгач, кейинги саволларни узоқдан бошлайман.
— Нега Сизни бу ерга олиб келишди?
— Нега? Бу нима деганингиз, ановини ўлдирганим учун-да.
— Ким, у анави?
— Марьяни-да.
— Қайси Марья? Қаерда яшайди? Фамилияси ким? Ёши нечада?
— Фамилиясини билмайман. Менимча Алексеева эди шекилли. Вокзалда яшайди. Кўчасини, уй номерини ҳам билмайман. У ерда номер ҳам йўқ.
— Уйи нечанчи қаватда? — Атайлаб чалкаштириб сўрайман.
— Қаватда? Қанақа қават. У вокзалдаги барак уйларда яшайди.

Демак, уйини билади. Яхши, агарда милиция ходимлари бизга билдирмай уйни кўрсатиб келишган тақдирда ҳам, уй ичига киритишолмаган. Чунки эшик михланган ва муҳрланган.
— Уйига қандай кирилади. Неча хона, уларнинг жойлашиши, уй ичида нималар бор?
Гумондор бирма-бир эслашга ўтди.

Деярли тўғри. Хона тўрида каттакон кроват. Ўнг томонда эски диван. Унинг устида битта ёстиқ бор эди.
— Диван ва кроватдаги ёстиқлар, яъни бош қўядиган томон қандай жойлашган?
Агарда ўргатилган бўлса, ҳойнаҳой бунча майда деталларгача ҳам айтишмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Жавоб тўғри. Икковининг боши бир томонда эди.
— Қачондан бери танийсиз, у билан қачондан буён бирга яшайсиз?
— Икки ойлар аввал танишдим. Кўпроқ уникида ётиб қолар эдим. Бўлмаса аэропортдаги чўчқахонада, яъни иш жойимда ҳам ётардим.
— Хўш, нима воқеа бўлди? Нега Марья вафот этди?
— Вафот этди? Мен уни ўлдирдим.
— Хўш, нима учун, қандай қилиб? Бўғдингизми? — Яна уни атайлаб чалғитаман.
— Бўғдингизми? Нима Сиз «дело»ни ўқимагансизми? Ёки яқинда беришдими?
— Саволга жавоб беринг?
— Яхши. Биринчидан, менинг бўғишга ҳолим йўқ. Марья мендан анча ёш ва бақувват, бир урса учиб кетардим. Уни болта билан чопиб ўлдирдим.
— Нега? Сабаб?
— Сабаби жуда оддий. У мени ҳақорат қилди.
— Нима деб ва нима учун?
— Унинг кайфи бор эди. Ўша куни «севгилиси» ўша бобой келган эди. Адашмасам, бобойнинг исми Жўра эди. У иккита вино ва озгина жигар олиб келган экан. Жигарни қовурдим ва учаламиз вино ичдик. Кейин мен чиқиб турдим ва кўчада ярим кун айланиб кутиб ўтирдим. Бобой кетгандан сўнг уйга кирдим. Ётиш олдидан иккаламиз ҳам одатдагидек сигарет тутатдик. У сигаретасини кулдонга ташлади. Мен эса «Бонакуа» сув шишаси идишидан мослаштирилган кулдонга ташладим. Бир вақт Марья ўз-ўзидан «нега уй ичида чекасан, кимсан ўзи, кўчада итдай санғиб юрувдинг, энди ётиб сигарет чекасан» деб ҳар хил ҳақоратларни қалаштириб ташлади. Мен, тўғриси уларнинг ҳаммасини айтишга уяламан. Унинг ҳақоратлари суягимдан ўтиб кетди. Ахир, ҳар куни ҳам уй ичида чекардик. Ўзимни зўрға босдим. Ҳеч нарса демасдан ётдим. У мени роса ҳақорат қилиб, қолган винони ҳам ичди-ю, ухлаб қолди.

Мен жуда кўп ҳақорат эшитганман, хўрликларга чидаганман. Аммо бунақа, ўзи ҳеч нарсага арзимайдиган, қаердаги алкаш аёлдан ҳақорат эшитмаганман. Агар менга, уйдан кет, меникига бошқа келма, деса индамай чиқиб кетаверардим. У ишга кетганда кучим етганича уйини тозалаб қўяман, кўчадан тиланчилик қилиб топган бутун нонларни олиб келганман. Унинг бўйнида текинга ўтирганим йўқ.

Хуллас, ҳеч ухлай олмадим. Ярим кечаси аста ўрнимдан туриб, коридорда турган болтачани олиб зарб билан бошига туширдим. У жон ҳолатда турмоқчи бўлди, яна ва яна бошига уравердим. У хириллаб жон талвасага тушиб қолди.

Мен халтачамни олдим, унга болғачани солиб, уйни ташқаридан қулфлаб чиқиб кетдим. Вокзалга бордим. У ерда Алексей деган ўзимга ўхшаш дайди бор эди. У билан тонг отгунча ўтирдим, ёнимда бир тийин ҳам пулим йўқ. Одам ўлдирганимдан бошим ғувиллаётган эди. Қон бўлган болтани ювиб, вокзал қоровулига битта винонинг пулига сотдим. Сандироқлаб юрдим ва автобаза қоровулхонасида яшовчи Таня исмли аёл эсимга тушди. Уникида бир неча кун турдим, Россияга кетмоқчи эдим, лекин касал бўлиб қолганим учун кетолмадим. Милиция ходимлари лабининг йиртиғи бор, ёши етмишлардаги аёлни излаб юришганини Таня айтди. Шофёрлардан кимдир айтганми, милиция ходимлари мени топиб олишди. Уларга Марьяни ўлдирганимни тан олиб айтиб бердим. Кейин Сизнинг олдингизга олиб келишди. Бўлган гап шу.

Унинг ишларини индамай эшитиб ёзиб оларканман, иш материаллари билан танишаман.
Хақиқатан ҳам, воқеа жойида стол устида иккита кулдон бор эди. Бири марҳума ётган томонга яқин, иккинчиси, «Бонакуа» шишасидаи ясалган кулдон эса диван томонда, яъии гумондор ётган томонда. Чекилган сигаретлар иккаласи ҳам «Прима».
Жароҳатларнинг кучсиз пала-партишлиги ҳам мана шу дайди кампирлар томонидан етказилишига хос.
Воқеа жойидаги пиёлалардан олинган бармоқ буники бўлиб чиқди ҳам дейлик, аммо у далил эмас, Борисова ўша хонада яшаган.

Бир неча кун давом этган тергов ва тезкор ҳаракатлар кўз ўнгимдан ўтар эди.
Марҳуманинг барча танишлари қидириб топилди ва ўша кунлари қаерда бўлгани чуқур текширилди. Улар ичида лабида озгина жароҳат изи бор Надежда йўқ эди. Ана у ҳам топилди ва қотилликни бўйнига олиб турибди. Аммо ҳали бу айнан шу қотил, деган гап эмас. Қуруқ кўрсатма эса далил бўлмайди. Бугун бўйнига олади, эртага рад қилади.
Унинг кўрсатмаси қачонки бошқа далиллар билан мустаҳкамланмас экан, бир пул.
— Болта кимники эди? Уни нега ўзингиз билан олдингиз, ўша ерга ташламадингиз?
— Болта Марьяники эди. Жиноят қуролини қолдирмай, деб ўзим билан олдим. Уни бирон жойга ташлаб юбормоқчи эдим, лекин вино хумор қилавергач, сотишга бошқа нарсам бўлмагани учун ҳам сотдим.
— Болтанинг кўринишини таърифланг, узунлиги, қалинлиги, дастаси, ранги ва ҳоказолар. Уни кимга сотганингизни кўрсатиб бера оласизми?
— Менимча, кўрсатсам керак. У ёши 50 ларда, вокзал ҳожатхоналарини супуриб юрадиган эркак киши. Олди йўл-йўл қизил жемпери бор. Болта пожарний шитларда бўлади. Уни Марья иш жойидан ўғирлаб келганди, дастаси қизил.

Агарда болта топилсагина, бунинг гапига ишониш мумкин. Эҳтимол, ёғоч даста орасига қон сингиб кетгандир. Ювган билан бирон ёриғида озгина бўлса-да қон юқи бордир.
Бутунги сўроқни тугатса бўлади. Эндиги навбат болтани қидириб топиш ва у солинган халтачада қон юқи борлигини текшириш. Ахир, Борисова дастлаб болтачани ювмасдан халтага солган.
Болта топилди. Суд-биология экспертизаси унда ва Борисованинг халтасида марҳуманинг қон гуруҳига хос белгилар борлиги, жароҳатлар ҳам ана шу болтадан етказилиши мумкинлиги тўғрисида хулоса берди.

Марья ишлайдшан жойдаги қоровул ҳақиқатан ҳам «пожарний шит»дан болта йўқолганини тасдиқлаб, уни бошқа болталар орасидан таниб олди.
Демак, гумондор алдамаяпти.

Экспертиза хулосалари билан таништириш учун милиция бўлимидаги вақтинча сақлаш хонасига кираётганимда навбатчи милиция старшинаси чопиб келди.
— Келдингизми? Энди телефон қилмоқчи эдим. Момонгиз ўлиб қолади, тезроқ турмага жўнатайлик. Зўрға юрибди, балога қоламан.

Бирпасдан сўнг сўроқ қилиш кабинетига кириб келган Борисованинг аҳволи ҳақиқатан ҳам оғир эди. Ҳол-аҳвол сўрайман.
— Соғлиғим ўзига яраша. Тезроқ турмага жўнатинг, у ерда ҳар ҳолда кроват бор.
— Яхши. Бугуноқ жўнатишади. Менга Ички Ишлар Вазирлигининг ахборот марказидан бизнинг сўровимизга жавоб келди. Унда кўрсатилишича, Сиз қамалган экансиз.
— Тўрт марта?! Ҳа, ҳа, тўғри, эҳтимол филтрацион лагерда бўлганимни ҳам кўрсатишгандир. Умримнинг энг яхши даврлари турмада ўтди, озодликка чиқиш ҳам бир азоб, кўниколмай қийналасан киши.
— Нега ўғирликни бунча эрта бошладингиз? Ота-онангиз бормиди?
— Ҳа, улар ҳам турмада ўлиб кетишди. Лаънати Сталин. Миллионлаб одамларни қатағон қилди. Отам ҳарбий, онам партия ходими бўлишган. Иккаласи ҳам «Халқ душмани» деб суд ҳам қилинмасдан «учлик» томонидан отиб ташланган. Акам Володя ҳам йўқолиб кетди. Уни Лениннинг ҳурмати учун Владимир деб аташган. Менга эса Крупская ҳурмати учун Надежда деб ном қўйишган. Ахир, ота-онам коммунистик ғояларга, тузумга содиқ бўлишган-да. Лаънати қонхўр Ленин. Қатағонни аслида унинг ўзи бошлаган экан. Энди ёзишаяпти. Вақтингизни олмаяпманми?
— Йўқ, йўқ, бемалол.
— Ҳа, нима деяётган эдик. Ҳа, акам Владимир. Ота-онам қамалгандан сўнг мен ва Володя кўчада қолдик. Бизни болалар уйига жўнатишди. У ердаги хўрликларга чвдаб бўлмасди, шунинг учун қочдик.

Ушлаб олишиб энди ёпиқ типдаги махсус дайди болалар мактабига тиқишди. Ана ўшанда, яъни болалигимданоқ, дайди деган номни менга ҳукуматнинг ўзи расмий равишда берди. Аниқроғи, ҳукуматнинг ўзи бизни дайди қилди. Ана шундан бери бу номдан ҳам, ана шундай турмуш тарзидан ҳам қутилолмайман.

Лекин бунга ким айбдор? Бизга ўхшаган заррача айби бўлмаган болаларни нафақат ота-она меҳридан, балки ёшликнинг энг тотли дамларидан шафқатсизларча маҳрум этишди. Айримлар «ота-онангни оқлашади, Москвага ариза ёз», дейишди. Мен уларга, хўш, ана оқланди ҳам дейлик, бунинг нима фойдаси бор, дедим. Оддий бир парча қоғознинг нима кераги бор. Энди ҳеч нарсани орқага қайтариб бўлмайди. Нафақат қайтариб, ахир тўхтатиб ҳам бўлмайди. Мана ўша тавқи лаънат «дайди» деган ном билан ҳаётимни якунлаяпман. Мени ҳеч бўлмаганда инсонларга ўхшаб кўмишмайди ҳам. Турма қабристонига олиб бориб кўмиб ташлашади. Тамом, бир чивиндек йўқ бўлиб кетаман. Лаънати тузумнинг ноҳақларча, номардларча берган зарбаси бутун бошли гуноҳсиз оилани тарқатиб, ҳар томонга сочиб юборди, ўзимизни ҳозиргача ўнглай олмаймиз.
— Акангиз қаерда?
— У ҳам бир неча марта қамалди. Ахир, оч, яланғоч, ҳимоясиз бола нима ҳам қиларди. Албатта, ўғирлик. У ҳам аллақачон қаерлардадир ўлиб кетган бўлса керак.
— Турмуш қурмаганмисиз?
— Бир неча йиллик қамоқ аёл руҳиятига ёмон таъсир қилади. У билан унча-мунча эркак яшай олмайди. Бир марта турмуш қурдим. Узоққа чўзилмади. Ажралдик. Битта қизим бор. Москвада яшайди.
— Эҳтимол, унинг адресини берсангиз, чақирармиз.
— Кераги йўқ. Мен она бўлиб унга ҳеч қандай хизмат қилганим йўқ. Фақат туғдим холос. Унга ҳам ортиқча юк, ташвиш бўлишни хоҳламайман. Ана келди ҳам дейлик, хўш, қўлидан нима ҳам келарди.

Мени излама, умрим охирлашаверса, ўзим қидириб топаман, деган эдим. Афсус, бўлмади. Ана шунақа гаплар.
— Мендан яна қандай илтимосингиз бор?
— Ҳеч қандай. Тергов қанча тез тугаб ишим судга кетса, шунча яхши. Турмадан ҳам лагер яхши, у ерда ҳар ҳолда кўпроқ очиқ ҳавода бўласан, бирон-бир юмуш топиб беришади.
— Яхши, тезроқ тугатишга ҳаракат қиламан. Лекин битта норасмий саволим бор. Хўш, ана Сизни Маръя ҳақорат ҳам қилибди дейлик. Уни ўлдириш шартмиди? Индамай чиқиб кетсангиз бўларди-ку?
— Сизни тушундим. Сен ўзинг кимсан, бир дайди бўлсанг, сени биров ҳақорат қилди нима-ю, қилмади нима, индамай елкангни қисиб кетаверсанг бўларди-ку, демоқчисиз. Тўғри, шундай қилсам ҳам бўларди. Аммо, инсон табиати шундайки, у ким бўлишидаи қатъий назар, ҳатто биздек энг паст табақадаги одамда ҳам ор, номус барибир сақланиб қолади. Дайди ўзини бошқа дайди билан солиштиради. Агар мени ўзимдан зиёдроқ одам ҳақорат қилса, индамай кетардим. Мен-ку қамалиб, одамдек яшай олмадим. У эса бирон марта ҳам дуруст турмуш қуролмаган. Ичаверганидан эркаклар безор бўлиб ташлаб кетишган, фарзанди ҳам йўқ. Менинг эса ҳар ҳолда орқамда зурриёдим қолаяпти.

Демоқчиманки, Марьянинг мендан ортиқ жойи йўқ. Бориб турган алкаш. Шундай бўлса-да, уникида яшаш учун мен унинг кийимларини ювар, коса-товоқларини тозалар, кучим етганича хизматини қилар, аммо бир бурда нонимни кўчадан тиланчилик қилиб, ўзим топиб келар эдим. Буларни аввал ҳам Сизга айтдим. У яхшилик билан менга жавоб бериб юборса бўларди-ку. Йўқ, ўзини баланд тутиб, мени ҳеч бир сабабсиз ҳақоратлашга тушди. Жавобини эса олди. Ўша шу керак эди, шекилли. Тилидан, характеридан топди, қисқаси, бу — тақдир.

* * *

Тергов тугагач, жиноят иши материаллари билан турмада таништирар эканман, айбланувчи Борисова ўз-ўзидан секин гапириб қолди.
— Кеча туш кўрибман. Ота-онам мени ёнларига чақиришаяпти. Бўлди, шунча вақт дайдиб юриш, энди кел, уйимиз бор, акаш Володя билан уй қурдик дейишаяши. Атрофида сирень гуллари, Володянинг эса фақат боши кўринади. Нимагадир, ота-онам мендан ҳам ёш кўринишади. Нега шундай-я, менимча, уларни фақат ёшлик пайтида кўрганим учун хотирамда шундай ўрнашиб қолган бўлса керак. Уларга қарилик даври насиб этмади. Уларнинг ҳатто қабри қаердалигини ҳам билмайман. Меникини ҳам ҳеч ким билмаса керак. Қандай шафқатсиз дунё.

Навбатдаги қоғозга секин имиллаб имзо чекар экан, яна аста қўшиб қўйди.
— Дунё эмас, одамлар шафқатсиз, шундай эмасми, Сиз нима дейсиз гражданин терговчи?

Бу гал у ҳақ эди. Шунинг учун ҳам тасдиқлаганча бош ирғадим.

034

Safar KATTABOEV
ORIYATLI DAYDI
03

   Safar Kattaboev 1954 yil Qashqadaryo viloyatining Yakkabog’ tumanida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetini bitargan (1975).»G’alati o’g’ri” nasriy kitobi nashr etalgan (1995, rus tiliga «Pompa» nomi bilan tarjima qilingan), 2009). Qarshi tuman prokurorining yordamchisi.

03

Goh mast, goh hushyor yuradigan Maryaning daf’atan koʻrinmay qolganiga qoʻshnilari dastlab unchalik e’tibor berishmadi.

Ammo uning qiya ochiq derazasidan badboʻy hid kelavergach, kimningdir esiga militsiyaga xabar berish tushib qoldi. Agar mabodo oʻlib qolgan boʻlsa, uni militsiyadan boshqa kim ham koʻmar edi.

«Uchastkovoy» derazani yanayam kattaroq ochib, ilma-teshik boʻlib ketgan, parda vazifasini oʻtovchi lattani biroz chetga surub panjara orasidan qaradi-yu, voqeani tushundi. Uy egasi krovatda jonsiz yotar edi.

Lekin u ham uyga kirishga shoshilmadi. Kim biladi, qanday vaziyatda oʻlgan. Oʻz ajali bilan oʻlgan taqdirda ham qancha yozuv-chizuv qilish kerak. Yaxshisi, prokuraturaga xabar qiladi. Shu bilan uning vazifasi tugaydi. Hamma qogʻozbozlik ularning zimmasiga oʻtadi. Murdani nima qilish kerakligini ham oʻzlari belgilashadi. Kim biladi, ehtimol, birov oʻldirib ketgandir. Soppa-sogʻ yurgan odamning birdan oʻlib qolishi shubhali-da.

Uning xabariga koʻra tezkor tergov guruhi yetib kelganda, eshik tashqaridan osma qulf bilan qulflangan edi. Eshiqda va uning atrofida buzib ochilganlikni koʻrsatuvchi izlar yoʻq. Demak, oʻz kaliti bilan qulflangan.

Ammo bunday xulosaga kelishga hali erta. Kim biladi, shunday ustomonlar borki, bunday oddiy qulflarni oddiygina mix bilan ham ochib, yana yopib ketishaveradi.

Shuning uchun qulf zulfi bilan qoʻporib olindi, oʻz kaliti bilan ochilganmi yoki boshqa kalit bilanmi yoki boʻlmasa, boshqa biron-bir moslashtirilgan narsami, ekspert-kriminalist aniqlaydi.

Ichkariga kirdik. Maryaning uyi bor-yoʻgʻi torgina dahlizcha va bitta xonadan iborat. Bunday uyni odamlar «barak» deyishadi. Odatda bu tipdagi uylar temiryoʻl vokzallari atrofida bir vaqtlar vaqtincha boshpana sifatida qurilgan.

Dahlizdagi burchakda azbaroyi isqirtlikdan rangini ham bilib boʻlmaydigap ikki oʻchoqlik gaz plitasi turibdi. Ustida ishlatilgan kosa-tovoqlar ayqash-uyqash boʻlib yotibdi. Chirigan va koʻklab ketgan kartoshka-yu, piyozlar ham shu yerda, bir burchakda sochilib yotibdi.

Bir cheti devorga mahkamlangan ikki oyoqli stol ustida yarim shisha paxta yogʻi-yu, ozgina makaron qoldigʻi selofan xaltachada.

Dahlizning bu chetida eski togʻora-yu eski kiyim-kechaklar uyilib yotibdi, dastasi singan belkurak, ikkita pachoq paqir va hokazolar…

Bu yerdan xonaga oʻtdik. Xona dahlizga qaraganda biroz kattaroq boʻlib, toʻrdagi eski kattakon temir krovat ustida esa shishib ketgan, koʻzlari chaqchayib, basharasi dahshatli tus olgan ayol kishining jasadi yotibdi.

Uy ichi havosi shunchalik buzilganki, turib boʻlmasdi. Eshik va derazalar ochilib shamollatildi. Ammo qoʻlansa va badboʻy hiddan qutulib boʻlmaydi.

Xona ichi va murdani diqqat bilan koʻzdan kechirish boshlandi.

Murdada jami oltita jarohat borligi aniklandi. Ular asosan yuzi, boshi va boʻyin sohasiga yetkazilgan. Boshiga yetkazilgan jarohatlardan ikkitasi hal qiluvchi zarba boʻlgani koʻrinib turibdi.

Jarohatlarning barchasi bir xil qurol bilan yetkazilgan. Ularning chuqur botmagani, ikki tomonida oʻtkir kesuvchi iz qoldirganiga qarab, jinoyat qurolining bolta boʻlganini taxmin qilish mumkin.

Qiziq, yoshi oltmishga qarab ketgan, biron kishiga ziyoni tegmaydigan, bir amallab kun kechirayotgan bu ayolni oʻldirish kimga kerak ekan?

Agarda oʻgʻirlik yoki talonchilik maqsadida qilingan desak, u holda uyda qoʻlga ilinadigan narsaning oʻzi yoʻq.

Xona burchagidagi vinodan boʻshagan shishalar uy sohibasining qanday hayot kechirganidan guvohlik berib turibdi.

Oʻrtadagi stol ustidagi eski kuldonda bir xil «Prima« sigareta qoldiqlari. Undan sal narida »Bonakua» mineral suvining plastmassa idishi ham yarmi kesilib, kuldon qilingan. Unda ham shu sigaret qoldiqlari. Demak, xonada ikki kishi boʻlgan va ikkalasi ham bir xil sigaret chekishgan. Lekin sigaret pachkasi koʻrinmaydi.

Uy ichi va atrofida jinoyatchi qoldirishi mumkin boʻlgan izlar qidirildi.

Odatda bunday paytlarda qonun ikkita xolis kishi qatnashishi shartligini belgilab qoʻygan. Ana shu xolislarni avvalo topish, keyin esa ularni qatnashtirish hamisha muammo boʻlib kelgan. Chunki xolis boʻlishni hech kim xohlamaydi.

Toʻgʻri-da, unchalik yoqimli ish emas. Uning vazifasiga faqat qarab turish, nimani koʻrsa, voqea joyini koʻzdan kechirish bayonnomasiga oʻshaning yozilganini tasdiqlab, imzo chekish kirsa-da, ammo vaqtining tigizligi-yu, qaygadir shoshib turgani va hokazo bahonalar tezgina topila qoladi. Ammo oʻsha aynan «shoshayotgan» kimsa bu yerdan hamma ketmaguncha bir chetda tomoshabin boʻlib turaveradi.

Bu gal ham xuddi shunday boʻldi. Hatto baquvvat erkaklar «oʻlikdan qoʻrqaman» deb oʻzini bir chetga olib qochayotganda, durustgina kiyingan, ziyolinamo yoshgina juvon xolis boʻlib qatnashish istagini bildirib qoldi. Ismi-sharifi Anjelika Nabieva boʻlib qaysi bir trestda kadrlar boʻlimi boshligʻi ekan.

Juda yaxshi. Xolis boʻlsa boʻldi, ayol-erkakligining farqi yoʻq. Ikkinchi «xolislikka« yoshi oʻtib qolgan, shu yerdagi »vulkanizatsiya»da mashinasini tuzatishga kelgan shofyor topila qoldi. Xona ichini me’yor bilan oʻlchash, fotosuratga tushirish, nima qaerda, qanday yotibdi-yu, qanday turibdi, bayonnomaga birma-bir yozish boshlandi.

Ammo tezda xolislardan biri, aniqrogʻi Anjelika xonim «safdan chiqdi«. U tashqariga chiqib, avval koʻngli aynib, oʻxchiy boshladi, keyin esa zoʻriqqanidan yoshlangan koʻzlarini tez-tez artib »ketaman»ga tushib oldi.

Endi uni tinchlantirish kerak. Ketishi mumkin emasligi, chunki bayonnomaga uning ismi-sharifi kiritilgani, birozgina chidashi lozimligi tushuntirildi.

Anjelika xonim esa, hamon oʻziga kelolmas, nahotki shu uyda ham odam yashagan boʻlsa, inson zoti ham shu darajaga borib qolishi mumkinmi deb, goh ruscha, goh oʻzbekcha gapirib, boshini sarak-sarak qilgancha «ujas» derdi.

Keyin anchagina qimmatbaho plashini hafsala bilan qoqishga tushdi. Xonadagi narsalarga mana bu yerim ham tegib ketdi-yov, deb atrofini aylantirib qarar va birdaniga tozalashga tushardi. Ammo plashiga nima tekkan boʻlishi mumkinligini oʻzi ham bilmasdi.

Birozdan soʻng qoʻlini hafsala bilan yuvdi. Hech narsani ushlamagan boʻlsa-da, negadir qoʻlini roʻmolchasiga artishni xohlamay, mendan toza qogʻoz soʻradi. Ularga birin-ketin artib yerga tashlar ekan, negadir oyoqlarini ham yerga tapillatib urib, gapirishda davom etardi:
— Anavi sud-med ekspertni qarang. Qurtlab, sasib ketgan murdaning hamma joyini birma-bir ushlab, paypaslab koʻrayapti-ya. Agar menga million soʻm berishsa ham, ishlamas edim. Hali bu odam uyiga borib qanday qilib ovqat yer ekan-a. Shu ham ish boʻldi-yu, men ham yoshligimda yuridicheskiyga kirmoqchi edim, papam bu xotin-qizlarning ishi emas, deb ruxsat bermagandilar. Toʻgʻri qilgan ekanlar. Xayriyat oʻkimaganim, boʻlmasa, naq yuragim yorilib oʻlar ekanman. Hali kechasi qanday uxlayman-a…

Boyagina «mardligi tutib» oʻz ixtiyori bilan xolis boʻlib qatnashish istagini bildirgan ayol boyaqishning hozirgi ahvolini tushunish mumkin edi.

Nihoyat, voqea joyini koʻzdan kechirish ham tugadi. Hamon oʻziga kelolmayotgan Anjelika «uf-fu» degancha aftini bujmaytirib, holsizlarcha bayonnomaning har varagʻiga imzo chekar ekan, tagʻin sud-pudga chaqirib yurmanglar, umuman, bu voqeani esga olishni ham xohlamayman, oʻzi nega bugun bu yerdan oʻtdim-a, degancha oʻzini koyirdi.

Nihoyat, murda «morg»ga joʻnatildi, uy eshiklari esa prokuratura muhri tushirilgan qoyuzlar bilan yelimlandi. Eshikka mix urildi.

Hali bu yerga bir necha marta kelishga toʻgʻri keladi. Agarda qotil topilsa, u qanday qilib oʻldirganini ana shu xona ichida batafsil koʻrsatib berishi kerak.

Lekin bungacha hali vaqt bor. Ha, aynan vaqt. Qancha? Koʻpmi, ozmi? Buni hech kim bilmaydi. Ehtimol, qotil bugunoq topilar, balki bir haftadan yoki bir oydan soʻng, balki… topilmas. Yoʻq, qotil topildi. Aniqrogʻi, hali u gumonlanuvchi. Mana, u, qarshimda oʻtiribdi. Uni odam oʻldiradi, deb hech kim oʻylamaydi ham. Oriqqina, bexosdan bir turtib yuborsangiz ham yiqilib tushadigan mushtdakkina kampir.

Yonida bironta hujjati yoʻq. Ilgari boʻlgan, albatta, lekin keyingi oʻn yillardan beri hujjat nimaligini bilmaydi. Keragi ham yoʻq. Axir, biron joyda uyi boʻlsaki, pasportini oʻsha yerdan qayddan oʻtkazib, bemalol, odamlarga oʻxshab yashasa.

Hujjat yana qaerda kerak boʻlishi mumkin. Ha, qariyalik nafaqasini olishda. Ammo nafaqa umuman tayinlanmagan boʻlsa-chi?

Xullas, «qahramonimiz» uchun hujjat ortiqcha yuk, dahmaza. Shuning uchun ham u haqda toʻplangan hujjat burchagiga kattakon qilib BOMJ deb yozib qoʻyilgan. (Bomj — bez opredelennoyu mesta jitelstva, yashash joyining tayini yoʻq, — ta’kid muallifniki).

Bunday toifadagi odamlar nafaqat oʻzi xohlagan ism-familiyani, balki oʻzi haqida xohlagan latifani toʻqib aytishi ham mumkin. Ishonasizmi, yoʻqmi, u Sizning ishingiz. Erinmasangiz, vaqtingiz boʻlsa, hafsala qilsangiz, bemalol tekshirib koʻravering. Uddasidan chiqsangiz, albatta. Ular bugun Qarshida boʻlsa, ertaga Toshkentda, indinga qoʻshni davlatda. Poezd ustidami, tanburdami, ketaveradi. Bilet olish, joy tanlash ular uchun begona.

Shuning uchun qotillikda gumonlanib keltirilgan bu kampirning ogʻzaki gaplariga ishonmasdan ilojingiz yoʻq.

Ha, hozircha faqat undan gumonlanishmoqda. Ammo jinoyat qidiruv xodimlarining aytishicha, u qotillikni toʻliq boʻyniga olgan va qanday qilib oʻldirganini koʻrsatib beishga ham tayyor. Faqat soʻroq qilishsa kifoya.
— Ism-familiyangiz, qachon, qaerda tugilgansiz? Odatda barcha soʻroqlar ana shunday boshlanadi. Javob oʻrniga «Chekishdan bormi?» degan savol tushdi. Chekmasligimni aytganimda, biroz menga jim qarab turib sekin gapirdi:
— Men umuman koʻrsatma bermasligim ham mumkin. Ilgarigi tergovchilar chekishmasa ham yonida sigaret boʻlardi. Mayli, keyingi safar, albatta, sigaret boʻlsin.
— Qanaqasidan? — istehzo bilan soʻrayman va ichimda jinoyat qidiruv xodimlarini topib kelgan «qotili» bilan qoʻshib soʻkaman.
— Farqi yoʻq, tutasa boʻldi. Biz chekish tanlamaymiz. Eng oddiyi, masalan, «Prima«mi, »Saraton»mi, boʻlaveradi.
— Kelishdik. Endi ishga oʻtaylik, ism-familiyangiz? Qoʻlimda ruchka, kampirning ogʻziga betoqat tikilaman. Yoʻq, kampir tushmagur hech shoshilmayapti. Javob oʻrniga, yana biroz jim turib oʻzining navbatdagi «shartini» qoʻydi.
— Yana bir iltimos. Avtobaza qorovulxonasida kichkina xaltacham qoldi. Ichida paltom va bir nechta issiq paypoqlarim bor. «Ment»larga (militsiya xodimlarsha demoqchi) har qancha aytmayin, meni prokuraturaga sudrab kelishaverdi. Hali-zamon sovuq tushadi. Bu yerdan chiqadiganga oʻxshamayman. Ehtimol, abadiy qolarman. Ahvolimni koʻrib turibsiz. Ularni keltirib bersangiz.
— Boʻldimi? Bular bajarsa boʻladigan ishlar.
— Qachon?

Endi bu savol qat’iy qoʻyildi.

Obbo! Oʻzini tutishidan bir emas, bir necha bor qamalganga oʻxshaydi. Demak, uning bu arzimas talablarini tezda bajarib, tergovchilar tili bilan aytganda «kontaktga kirish« kerak. Aks holda, indamay turaveradi yoki ataylab oʻchakishib, yolgʻonni qalashtirib tashlaydi. Shuning uchun u bilan »muloyimroq» muomala qilish lozimga oʻxshaydi. Qoʻpollik ketmaydi. Hozir nima boʻlsa ham gap olish kerak.
— Hozir ayttanlaringizni darhol bajarsa boʻladi. Ammo yana nechta iltimosingiz bor, bilmayman-da.
— Boshqa yoʻq, boʻlmaydi ham, — choʻrt kesdi kampir.
— Juda yaxshi, hoziroq kirishamiz.

Militsiya xodimlarining birini avval avtobazaga, qaytib kelishda esa sigaret ham olib kelishni tayinlab joʻnatdik. Yana dastlabki savolni takrorlayman.
— Ism-familiyashiz, qachon, qaerda tugʻilgansiz?
— Borisova Nadejda Petrovna. Moskva viloyatining Babushkin shahrida, 1927 yili tugʻilganman.

Soʻroq boshlandi.

Naq yetmish uch yoshda! Ilgari uch marta, ulardan ikki martasida oʻgʻirlik, bir martasida ogʻir tan jarohati yetkazgani uchun sudlangan. Pastki chap labida koʻndalang jarohat qolgan iz ham turmadan esdalik. Jami sakkiz yarim yil «oʻtirgan».

Qamoq nimaligini yaxshi biladigan, toʻridan goʻri yaqin boʻlib qolgan bu kampirga odam oʻldirish nega kerak ekan-a?

Agar shu oʻldirgan boʻlsa? Kim biladi, militsiya xodimlari majbur qilgan boʻlsa, boʻyniga olgandir. Axir, tergov amaliyotida nimalarni koʻrmadik. Qanaqa «oʻyin»lar boʻlmadi.

Anketa ma’lumotlariga oid savollarni tugatgach, keyingi savollarni uzoqdan boshlayman.
— Nega Sizni bu yerga olib kelishdi?
— Nega? Bu nima deganingiz, anovini oʻldirganim uchun-da.
— Kim, u anavi?
— Maryani-da.
— Qaysi Marya? Qaerda yashaydi? Familiyasi kim? Yoshi nechada?
— Familiyasini bilmayman. Menimcha Alekseeva edi shekilli. Vokzalda yashaydi. Koʻchasini, uy nomerini ham bilmayman. U yerda nomer ham yoʻq.
— Uyi nechanchi qavatda? — Ataylab chalkashtirib soʻrayman.
— Qavatda? Qanaqa qavat. U vokzaldagi barak uylarda yashaydi.

Demak, uyini biladi. Yaxshi, agarda militsiya xodimlari bizga bildirmay uyni koʻrsatib kelishgan taqdirda ham, uy ichiga kiritisholmagan. Chunki eshik mixlangan va muhrlangan.
— Uyiga qanday kiriladi. Necha xona, ularning joylashishi, uy ichida nimalar bor?

Gumondor birma-bir eslashga oʻtdi.

Deyarli toʻgʻri. Xona toʻrida kattakon krovat. Oʻng tomonda eski divan. Uning ustida bitta yostiq bor edi.
— Divan va krovatdagi yostiqlar, ya’ni bosh qoʻyadigan tomon qanday joylashgan?

Agarda oʻrgatilgan boʻlsa, hoynahoy buncha mayda detallargacha ham aytishmagan boʻlsa kerak, deb oʻylayman. Javob toʻgʻri. Ikkovining boshi bir tomonda edi.
— Qachondan beri taniysiz, u bilan qachondan buyon birga yashaysiz?
— Ikki oylar avval tanishdim. Koʻproq unikida yotib qolar edim. Boʻlmasa aeroportdagi choʻchqaxonada, ya’ni ish joyimda ham yotardim.
— Xoʻsh, nima voqea boʻldi? Nega Marya vafot etdi?
— Vafot etdi? Men uni oʻldirdim.
— Xoʻsh, nima uchun, qanday qilib? Boʻgʻdingizmi? — Yana uni ataylab chalgʻitaman.
— Boʻgʻdingizmi? Nima Siz «delo»ni oʻqimagansizmi? Yoki yaqinda berishdimi?
— Savolga javob bering?
— Yaxshi. Birinchidan, mening boʻgʻishga holim yoʻq. Marya mendan ancha yosh va baquvvat, bir ursa uchib ketardim. Uni bolta bilan chopib oʻldirdim.
— Nega? Sabab?
— Sababi juda oddiy. U meni haqorat qildi.
— Nima deb va nima uchun?
— Uning kayfi bor edi. Oʻsha kuni «sevgilisi« oʻsha boboy kelgan edi. Adashmasam, boboyning ismi Joʻra edi. U ikkita vino va ozgina jigar olib kelgan ekan. Jigarni qovurdim va uchalamiz vino ichdik. Keyin men chiqib turdim va koʻchada yarim kun aylanib kutib oʻtirdim. Boboy ketgandan soʻng uyga kirdim. Yotish oldidan ikkalamiz ham odatdagidek sigaret tutatdik. U sigaretasini kuldonga tashladi. Men esa «Bonakua» suv shishasi idishidan moslashtirilgan kuldonga tashladim. Bir vaqt Marya oʻz-oʻzidan »nega uy ichida chekasan, kimsan oʻzi, koʻchada itday sangʻib yuruvding, endi yotib sigaret chekasan» deb har xil haqoratlarni qalashtirib tashladi. Men, toʻgʻrisi ularning hammasini aytishga uyalaman. Uning haqoratlari suyagimdan oʻtib ketdi. Axir, har kuni ham uy ichida chekardik. Oʻzimni zoʻrgʻa bosdim. Hech narsa demasdan yotdim. U meni rosa haqorat qilib, qolgan vinoni ham ichdi-yu, uxlab qoldi.

Men juda koʻp haqorat eshitganman, xoʻrliklarga chidaganman. Ammo bunaqa, oʻzi hech narsaga arzimaydigan, qaerdagi alkash ayoldan haqorat eshitmaganman. Agar menga, uydan ket, menikiga boshqa kelma, desa indamay chiqib ketaverardim. U ishga ketganda kuchim yetganicha uyini tozalab qoʻyaman, koʻchadan tilanchilik qilib topgan butun nonlarni olib kelganman. Uning boʻynida tekinga oʻtirganim yoʻq.

Xullas, hech uxlay olmadim. Yarim kechasi asta oʻrnimdan turib, koridorda turgan boltachani olib zarb bilan boshiga tushirdim. U jon holatda turmoqchi boʻldi, yana va yana boshiga uraverdim. U xirillab jon talvasaga tushib qoldi.

Men xaltachamni oldim, unga bolgʻachani solib, uyni tashqaridan qulflab chiqib ketdim. Vokzalga bordim. U yerda Aleksey degan oʻzimga oʻxshash daydi bor edi. U bilan tong otguncha oʻtirdim, yonimda bir tiyin ham pulim yoʻq. Odam oʻldirganimdan boshim gʻuvillayotgan edi. Qon boʻlgan boltani yuvib, vokzal qorovuliga bitta vinoning puliga sotdim. Sandiroqlab yurdim va avtobaza qorovulxonasida yashovchi Tanya ismli ayol esimga tushdi. Unikida bir necha kun turdim, Rossiyaga ketmoqchi edim, lekin kasal boʻlib qolganim uchun ketolmadim. Militsiya xodimlari labining yirtigʻi bor, yoshi yetmishlardagi ayolni izlab yurishganini Tanya aytdi. Shofyorlardan kimdir aytganmi, militsiya xodimlari meni topib olishdi. Ularga Maryani oʻldirganimni tan olib aytib berdim. Keyin Sizning oldingizga olib kelishdi. Boʻlgan gap shu.

Uning ishlarini indamay eshitib yozib olarkanman, ish materiallari bilan tanishaman.

Xaqiqatan ham, voqea joyida stol ustida ikkita kuldon bor edi. Biri marhuma yotgan tomonga yaqin, ikkinchisi, «Bonakua« shishasidai yasalgan kuldon esa divan tomonda, ya’ii gumondor yotgan tomonda. Chekilgan sigaretlar ikkalasi ham »Prima».

Jarohatlarning kuchsiz pala-partishligi ham mana shu daydi kampirlar tomonidan yetkazilishiga xos.

Voqea joyidagi piyolalardan olingan barmoq buniki boʻlib chiqdi ham deylik, ammo u dalil emas, Borisova oʻsha xonada yashagan.

Bir necha kun davom etgan tergov va tezkor harakatlar koʻz oʻngimdan oʻtar edi.

Marhumaning barcha tanishlari qidirib topildi va oʻsha kunlari qaerda boʻlgani chuqur tekshirildi. Ular ichida labida ozgina jarohat izi bor Nadejda yoʻq edi. Ana u ham topildi va qotillikni boʻyniga olib turibdi. Ammo hali bu aynan shu qotil, degan gap emas. Quruq koʻrsatma esa dalil boʻlmaydi. Bugun boʻyniga oladi, ertaga rad qiladi.

Uning koʻrsatmasi qachonki boshqa dalillar bilan mustahkamlanmas ekan, bir pul.
— Bolta kimniki edi? Uni nega oʻzingiz bilan oldingiz, oʻsha yerga tashlamadingiz?
— Bolta Maryaniki edi. Jinoyat qurolini qoldirmay, deb oʻzim bilan oldim. Uni biron joyga tashlab yubormoqchi edim, lekin vino xumor qilavergach, sotishga boshqa narsam boʻlmagani uchun ham sotdim.
— Boltaning koʻrinishini ta’riflang, uzunligi, qalinligi, dastasi, rangi va hokazolar. Uni kimga sotganingizni koʻrsatib bera olasizmi?
— Menimcha, koʻrsatsam kerak. U yoshi 50 larda, vokzal hojatxonalarini supurib yuradigan erkak kishi. Oldi yoʻl-yoʻl qizil jemperi bor. Bolta pojarniy shitlarda boʻladi. Uni Marya ish joyidan oʻgʻirlab kelgandi, dastasi qizil.

Agarda bolta topilsagina, buning gapiga ishonish mumkin. Ehtimol, yogʻoch dasta orasiga qon singib ketgandir. Yuvgan bilan biron yorigʻida ozgina boʻlsa-da qon yuqi bordir.

Butungi soʻroqni tugatsa boʻladi. Endigi navbat boltani qidirib topish va u solingan xaltachada qon yuqi borligini tekshirish. Axir, Borisova dastlab boltachani yuvmasdan xaltaga solgan.

Bolta topildi. Sud-biologiya ekspertizasi unda va Borisovaning xaltasida marhumaning qon guruhiga xos belgilar borligi, jarohatlar ham ana shu boltadan yetkazilishi mumkinligi toʻgʻrisida xulosa berdi.

Marya ishlaydshan joydagi qorovul haqiqatan ham «pojarniy shit»dan bolta yoʻqolganini tasdiqlab, uni boshqa boltalar orasidan tanib oldi.

Demak, gumondor aldamayapti.

Ekspertiza xulosalari bilan tanishtirish uchun militsiya boʻlimidagi vaqtincha saqlash xonasiga kirayotganimda navbatchi militsiya starshinasi chopib keldi.
— Keldingizmi? Endi telefon qilmoqchi edim. Momongiz oʻlib qoladi, tezroq turmaga joʻnataylik. Zoʻrgʻa yuribdi, baloga qolaman.

Birpasdan soʻng soʻroq qilish kabinetiga kirib kelgan Borisovaning ahvoli haqiqatan ham ogʻir edi. Hol-ahvol soʻrayman.
— Sogʻligʻim oʻziga yarasha. Tezroq turmaga joʻnating, u yerda har holda krovat bor.
— Yaxshi. Bugunoq joʻnatishadi. Menga Ichki Ishlar Vazirligining axborot markazidan bizning soʻrovimizga javob keldi. Unda koʻrsatilishicha, Siz qamalgan ekansiz.
— Toʻrt marta?! Ha, ha, toʻgʻri, ehtimol filtratsion lagerda boʻlganimni ham koʻrsatishgandir. Umrimning eng yaxshi davrlari turmada oʻtdi, ozodlikka chiqish ham bir azob, koʻnikolmay qiynalasan kishi.
— Nega oʻgʻirlikni buncha erta boshladingiz? Ota-onangiz bormidi?
— Ha, ular ham turmada oʻlib ketishdi. La’nati Stalin. Millionlab odamlarni qatagʻon qildi. Otam harbiy, onam partiya xodimi boʻlishgan. Ikkalasi ham «Xalq dushmani« deb sud ham qilinmasdan »uchlik» tomonidan otib tashlangan. Akam Volodya ham yoʻqolib ketdi. Uni Leninning hurmati uchun Vladimir deb atashgan. Menga esa Krupskaya hurmati uchun Nadejda deb nom qoʻyishgan. Axir, ota-onam kommunistik gʻoyalarga, tuzumga sodiq boʻlishgan-da. La’nati qonxoʻr Lenin. Qatagʻonni aslida uning oʻzi boshlagan ekan. Endi yozishayapti. Vaqtingizni olmayapmanmi?
— Yoʻq, yoʻq, bemalol.
— Ha, nima deyayotgan edik. Ha, akam Vladimir. Ota-onam qamalgandan soʻng men va Volodya koʻchada qoldik. Bizni bolalar uyiga joʻnatishdi. U yerdagi xoʻrliklarga chvdab boʻlmasdi, shuning uchun qochdik. Ushlab olishib endi yopiq tipdagi maxsus daydi bolalar maktabiga tiqishdi. Ana oʻshanda, ya’ni bolaligimdanoq, daydi degan nomni menga hukumatning oʻzi rasmiy ravishda berdi. Aniqrogʻi, hukumatning oʻzi bizni daydi qildi. Ana shundan beri bu nomdan ham, ana shunday turmush tarzidan ham qutilolmayman.

Lekin bunga kim aybdor? Bizga oʻxshagan zarracha aybi boʻlmagan bolalarni nafaqat ota-ona mehridan, balki yoshlikning eng totli damlaridan shafqatsizlarcha mahrum etishdi. Ayrimlar «ota-onangni oqlashadi, Moskvaga ariza yoz«, deyishdi. Men ularga, xoʻsh, ana oqlandi ham deylik, buning nima foydasi bor, dedim. Oddiy bir parcha qogʻozning nima keragi bor. Endi hech narsani orqaga qaytarib boʻlmaydi. Nafaqat qaytarib, axir toʻxtatib ham boʻlmaydi. Mana oʻsha tavqi la’nat »daydi» degan nom bilan hayotimni yakunlayapman. Meni hech boʻlmaganda insonlarga oʻxshab koʻmishmaydi ham. Turma qabristoniga olib borib koʻmib tashlashadi. Tamom, bir chivindek yoʻq boʻlib ketaman. La’nati tuzumning nohaqlarcha, nomardlarcha bergan zarbasi butun boshli gunohsiz oilani tarqatib, har tomonga sochib yubordi, oʻzimizni hozirgacha oʻnglay olmaymiz.
— Akangiz qaerda?
— U ham bir necha marta qamaldi. Axir, och, yalangʻoch, himoyasiz bola nima ham qilardi. Albatta, oʻgʻirlik. U ham allaqachon qaerlardadir oʻlib ketgan boʻlsa kerak.
— Turmush qurmaganmisiz?
— Bir necha yillik qamoq ayol ruhiyatiga yomon ta’sir qiladi. U bilan uncha-muncha erkak yashay olmaydi. Bir marta turmush qurdim. Uzoqqa choʻzilmadi. Ajraldik. Bitta qizim bor. Moskvada yashaydi.
— Ehtimol, uning adresini bersangiz, chaqirarmiz.
— Keragi yoʻq. Men ona boʻlib unga hech qanday xizmat qilganim yoʻq. Faqat tugʻdim xolos. Unga ham ortiqcha yuk, tashvish boʻlishni xohlamayman. Ana keldi ham deylik, xoʻsh, qoʻlidan nima ham kelardi. Meni izlama, umrim oxirlashaversa, oʻzim qidirib topaman, degan edim. Afsus, boʻlmadi. Ana shunaqa gaplar.
— Mendan yana qanday iltimosingiz bor?
— Hech qanday. Tergov qancha tez tugab ishim sudga ketsa, shuncha yaxshi. Turmadan ham lager yaxshi, u yerda har holda koʻproq ochiq havoda boʻlasan, biron-bir yumush topib berishadi.
— Yaxshi, tezroq tugatishga harakat qilaman. Lekin bitta norasmiy savolim bor. Xoʻsh, ana Sizni Mar’ya haqorat ham qilibdi deylik. Uni oʻldirish shartmidi? Indamay chiqib ketsangiz boʻlardi-ku?
— Sizni tushundim. Sen oʻzing kimsan, bir daydi boʻlsang, seni birov haqorat qildi nima-yu, qilmadi nima, indamay yelkangni qisib ketaversang boʻlardi-ku, demoqchisiz. Toʻgʻri, shunday qilsam ham boʻlardi. Ammo, inson tabiati shundayki, u kim boʻlishidai qat’iy nazar, hatto bizdek eng past tabaqadagi odamda ham or, nomus baribir saqlanib qoladi. Daydi oʻzini boshqa daydi bilan solishtiradi. Agar meni oʻzimdan ziyodroq odam haqorat qilsa, indamay ketardim. Men-ku qamalib, odamdek yashay olmadim. U esa biron marta ham durust turmush qurolmagan. Ichaverganidan erkaklar bezor boʻlib tashlab ketishgan, farzandi ham yoʻq. Mening esa har holda orqamda zurriyodim qolayapti.

Demoqchimanki, Maryaning mendan ortiq joyi yoʻq. Borib turgan alkash. Shunday boʻlsa-da, unikida yashash uchun men uning kiyimlarini yuvar, kosa-tovoqlarini tozalar, kuchim yetganicha xizmatini qilar, ammo bir burda nonimni koʻchadan tilanchilik qilib, oʻzim topib kelar edim. Bularni avval ham Sizga aytdim. U yaxshilik bilan menga javob berib yuborsa boʻlardi-ku. Yoʻq, oʻzini baland tutib, meni hech bir sababsiz haqoratlashga tushdi. Javobini esa oldi. Oʻsha shu kerak edi, shekilli. Tilidan, xarakteridan topdi, qisqasi, bu — taqdir.

* * *

Tergov tugagach, jinoyat ishi materiallari bilan turmada tanishtirar ekanman, ayblanuvchi Borisova oʻz-oʻzidan sekin gapirib qoldi.
— Kecha tush koʻribman. Ota-onam meni yonlariga chaqirishayapti. Boʻldi, shuncha vaqt daydib yurish, endi kel, uyimiz bor, akash Volodya bilan uy qurdik deyishayashi. Atrofida siren gullari, Volodyaning esa faqat boshi koʻrinadi. Nimagadir, ota-onam mendan ham yosh koʻrinishadi. Nega shunday-ya, menimcha, ularni faqat yoshlik paytida koʻrganim uchun xotiramda shunday oʻrnashib qolgan boʻlsa kerak. Ularga qarilik davri nasib etmadi. Ularning hatto qabri qaerdaligini ham bilmayman. Menikini ham hech kim bilmasa kerak. Qanday shafqatsiz dunyo.

Navbatdagi qogʻozga sekin imillab imzo chekar ekan, yana asta qoʻshib qoʻydi.
— Dunyo emas, odamlar shafqatsiz, shunday emasmi, Siz nima deysiz grajdanin tergovchi?

098

(Tashriflar: umumiy 89, bugungi 1)

Izoh qoldiring