Sanjar Tursun. Ikki hikoya: Avgustning so’nggi shomi & Zarba

012    Ҳали ҳануз ўша воқеа эсимга тушса, ҳаёт қонуниятининг бешафқатлиги, яшаш учун берилган умрнинг нечоғли қийматга эга эканлигига ич-ичимдан иқрор бўламан. Ва шунинг баробарида, вақти келса, ёш бола ҳам сенга сабоқ беришини, мураккаб воқеаларга ёшига хос самимият билан ечим топиши, фақат болаларга ярашадиган буюклиги олдида бош эггим келаверади. …

Санжар ТУРСУНОВ
ИККИ ҲИКОЯ
094

032Санжар Турсунов 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда.

034

АВГУСТНИНГ СЎНГГИ ШОМИ

Ҳали ҳануз ўша воқеа эсимга тушса, ҳаёт қонуниятининг бешафқатлиги, яшаш учун берилган умрнинг нечоғли қийматга эга эканлигига ич-ичимдан иқрор бўламан. Ва шунинг баробарида, вақти келса, ёш бола ҳам сенга сабоқ беришини, мураккаб воқеаларга ёшига хос самимият билан ечим топиши, фақат болаларга ярашадиган буюклиги олдида бош эггим келаверади. Ўша воқеа саккиз ёшли сингилчам билан августнинг сўнгги шомида юз берган эди. Орадан бир неча йил ўтган бўлса-да, ўша иқрор, хулоса, тушуниш ва англаш ҳаётимни бошқариб бораётганини ҳис қиламан. Гоҳи кунлари, шу жажжи сингилчамнинг теран мулоҳазаси, содда фалсафаси ва ҳаёт ҳақидаги буюк хулосасига ҳайрон ҳам қоламан. Хаёлимда “Бола – буюк донишманд” деган жумла келади. Бунга жудаям ишонаман, шундай дамларда.

Августнинг сўнгги шоми эди ўшанда…

Мен ҳаммадан – еру осмондан, яхши ёмондан, жамики яратиқлар, тоғу тошлар бари-баридан хафа ва аламзада эдим. Ҳаммага қувонч, севинч, бахт улашадиган сахий қисмат, менга келганда хасислик қилгандай, аввал неъматини бериб, кейин рашкими, қаҳрими келиб бешафқатларча тортиб олгандай ёки мени даст кўтаргану таг-туби кўринмас қудуққа ташлаб юборгандай эди. Рости ҳам шундай эди. Кўксимда қўрғошин қуйилгану у лаҳза сайин вужудимни куйдирар, оғриқ бутун танам бўйлаб тарқалар, дод, минг дод, деб тошларга бошимни уриб тарс ёргим, дарахтларни илдизи билан юлиб олгим, катагига қамалиб ётган товуқларни тирқиратиб қувгим, қуриллаб уйқу ураётган мушугу кучукни таёқ билан солгим келарди. Нега? Нима учун, деган саволлар томоғимга тиқилиб қолгандай эди гўё.

Атрофимдаги одамларга ҳеч гап бўлмагандай беғам ва беҳис юришардики, бу ҳолат мени ақлдан оздириши ҳеч гап эмас эди. Мендан калтак еб юрган тенгдош – синфдошларим, мактабда барча фандан уч баҳо оладиган ҳатто жисмоний тарбия дарсини ҳам эплаб топширолмайдиган жўраларим тақдиридан хурсанд, қисматидан мамнун эди ўшанда. Гўё баланд тоғ чўққиси менинг елкаларимга кўчиб тушгандек. Тошқин дарё фақат менинг боғимни оқизиб кетгандек. Кучли бўрон уйимни вайрон қилгандек. Ҳатто ёмғиру қор ҳам ёлғиз менинг бошимга ёғилаётгандек. Ҳаммага ҳамма нарса бору биргина менинг умидим кесилган, юраги зардобга тўла эдим ўшанда.

Ўшанда… бор йўғи беш ойгина – 153 кунгина яшаган қизалоғим оламдан ўтган эди.

Юз йилдан ортиқ умр кўрса бўладиган дунёда бир ҳайқириқдай келиб кетган қизалоғимнинг доғида адо бўлаёзгандим ўша кезлари.
– Шох кетса кетсин – бутоқ кетмасин – деб онам мени юпатган бўлади.

Ўзининг ҳам биринчи фарзанди ўлганини, юраги тешилганини айтиб йиғлайди муштипар.
– Агар сангга бир гап бўлса нима қиламан, қаерга бораман, манггаям раҳминг келсин – дейди кўз ёши юзини ювиб.
– Мени жин урармиди… Юрибман-ку, дунёга келиб “дада” деёлмаган, “она” деёлмаган, қиқир-қиқир кулолмаган қизимни тупроққа кўмиб келиб балодай юрибман-ку. Юрибман-ку!

– Худонинг қаҳри келади болам. Берган ҳам у, олган ҳам ўзи… – дейди саксон ёшни қоралаб қўйган момом. – У бир қуш эди, учди-кетди… Нима қилардик…
– Олар экан нега беради, деган оловдек ҳайқириқ бўғзимни куйдиради. Бермаса – пешона шу экан-да, деб жим турмасдим, деб бақираман.

– Товба қил, товба қил-е, – дейди отин холам. Бисотидан худди шу кунга айтаман деб авайлаб юргандай ҳикматини нақл қилади. – У дунёда, – дейди кўзларини пирпиратиб, – ёш бола жаннат эшигининг олдида йиғлаб турар экан. “Сен киравер, сенинг гуноҳинг йўқ”, деган фаришталарга қараб: “аввал ота-онам кирсин, кейин кираман. Менга у дунёни бермадинг, нега энди бу дунёда – жаннатда ота-онам билан бирга бўлмас эканман”, деб зорланиб йиғларкан…

Э, дейман, гапирманг дейман. Бу дунёда шунча ёнаяпман-ку… У… – онам юзимга тарсаки туширади. Кейин ёш боладай ҳўнграб йиғлайди. Йиғлайверади. Ўрнимдан туриб кетаман: кучукни таёқ билан солиб қоламан, мушукни тепаман, товуққа калтак отаман, юрагимдаги олов пасаймайди – куйдираверади, куйдираверади…

***

Қўрада олтита дирриқ қўзи бор. Йўталгани-йўталган. Чўпонлар бошимизга бало бўлмасин, деб ташлаб кетган. Шу дардисарлар бошга битган бало, гоҳ отам, гоҳ онам боқади. Боғимизнинг тепасида адирлик бор – шу ерда қорни тўяди боқимандаларни.

Ўша куни, билмайман, қандайдир юмуш билан отам шаҳарга тушган, укам бунда 4-5 ой олдин ном-нишонсиз, бедарак йўқолган ҳўкизларни излаб даштга кетган. Онам ўша йиғлаганида қон босими ошибдими, ётибди: момом, холам, хотиним атрофида мусичадек тизилиб турибди. Фақат жажжи сингилчам ҳўнг-ҳўнг йиғлайди: бир ўзим қандай боқаман, тепада илон бор қўрқаман… дейди менга қараб яна йиғига зўр беради.

– Сен қол, ўзим… – таёқни қўлга оламан.

Онам бошини кўтариб, “бирга бор”, деб ишора қилади, жони оғриётгани-да унутиб. Ўзини бир бало қилиб қўймасин деб хавотирланади. Холам ҳам, хазон пайти, бир ўзинг борма, дея нақл қилади. Синглим менга эргашади. Таёқни қўлимдан олади: қўйларни тушириб қолишимдан қўрқади-да.

Адирга чиқамиз. Қўйлар сарғайган лалми ўтларга ўзини жон ҳолатда уришади. Секин еса тўймаётгандай югиргилаб ўтлайди. Синглим гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга чопади, овораю сарсон.

Қўлимни бошимга ёстиқ қилиб табиатни ҳиссиз кузатаман: қуёш қизариб ботаяпти, салқин шабада димоққа ачимсиқ нарироқдаги булоқда моллар сув ичиб кўлмак қилган балчиқнинг ҳидини олиб келади. Бениҳоя ёқимсиз. Қишлоқнинг нариги – дарё боши томонидан чанг-тўзон кўтариб пода қайтаяпти. Рўпарамиздаги қирда яккам-дуккам моллар ўтлаб юрибди. Камар бошида ўндан ортиқ кўк каптар қўниб турибди. Сал пастда – лалми боғнинг қуйруғида ўн ёшли болалар кураш тушаяпти. Қишлоқда – ошхоналардан тутун кўтарилади: кечки овқатга қозон осилган. Яна кимларнидир ҳовли супираётгани, дарвоза олдида беш-олтита хотинни суҳбатлашаётгани, қизларнинг шаррак олдида сувга навбат кутиб қалдирғочлардай тизилиб ўтиргани ҳам яққол кўзга ташланади. Қишлоқнинг пастки томони – Чинор шохидаги қушларнинг шовқини ҳам шу ерга аниқ эшитилиб туради. Уч томонидан келаётган уч дарё ноз билан соч ўраётган қизни эслатади. Кимдир даштдан бир эшак ўтин олиб келаяпти. Ортидан чамаси етти ёшли боласи отасига етолмай деярли югиргилаб бораяпти. Баландликдаги уйнинг дарвозаси олдида бир жувон икки боласи билан тик турибди: афтидан эрини кутаяпти.

– Ака, ака, қаранг, анаву қушни қаранг, – деди синглим ҳаяжонланганча.

У бармоғини нуқиб турган томонга – икки қирнинг ўртасида сойликда бир катта қуш осмонга кўтарилолмай лапангларди. Атрофини юздан ортиқ қарғалар ўраб олган, яқин боролмай қағиллашар, шўрлик қуш қўрққанидан ўзини гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга уради. Қаердан келди, бу махлуқ? Қизиқ, бургутмикан, йўқ бургут бўлиши мумкин эмас…

– Ана уларни қаранг, – деди синглим осмонга тикилиб.

Осмонда… юзга яқин ердаги махлуқсифат йиртқичлар учарди. Баъзилари қанотини қоқмай бир неча сония турар сўнг шидддат билан гоҳ тепа, гоҳ пастга шўнғирди.
– Улар дўстини қутқаргани келди-я, – деди синглим соддалик билан. Мен ўрнимдан туриб уларни кузатардим.

Ҳа, деб ўйлардим қушларга боқиб – булар ўлаксахўрлар. Ғажир, Тасқара ҳам дейишади уларни. Айтишларича, қаерда ҳайвон ўлганини бир кеча олдин тушида кўришар экан. Қушлар ҳам туш кўрар экан-да. Табиатда қанча яратиқ бўлса, шундан минг баробар ортиқ сир-синоат борлигини эшитгандим, демак, рост экан…

Мен зўр қизиқиш ва кучли ҳадик билан бўлаётган воқеани кузатардим. Синглим бўлса, тинимсиз савол берар, нега, нима учун деб чуғурларди, жағи тиним билмасди.

Қизиқ, катта кўчадан айни шу пайтда биттаям одам ўтмасди. Мен шошиб йўл боши – даштга қарадим: зоғ йўқ эди. Ҳайратим ошди.

Қарғалар ғажирнинг устига бостириб борар, ҳатто тепишарди ҳам. Ғажир бўлса улкан қанотини ёйиб лапанглар, у ҳар қанот қоққанида қарғалар ундан узоқлашар, у худди шу пайт ўн қулоч қирга қараб учарди. Қарғалар яна ёппасига ҳужумга ўтар, у бўлса бошини қанотининг орасига қисиб оларди. Кўкдаги жинсдошлари айлана ҳосил қилиб учар, бироқ ерга тушиб уни кўтариб кетишолмасдилар. Беўхшов овоз чиқаришарди, холос.

Ғажир яна қанотини кенг ёйди. Қарғаларни ҳуркитиб тепага кўтарилди. У энди қирнинг ярмида сал пастроқда эди. Қарғалар унинг тўрт томонини ўраб олди. Улар шунчалик яқин келишдики, шўрлик ғажир қанот қоқса бемолол қарғаларга тегарди. У бошини қанотининг орасига янада қисиб олди. Энди қарғалар уни аёвсиз тепкилашарди. У пастга сирпаниб кетди.

– Ака, жон ака, қарғаларни ҳайданг, у учиб кетсин, – деб йиғларди синглим. Мен борсамми, бормасамми, дея иккиланиб тургандим, шунда синглим: – борманг, зўр бўлса ўзи учиб кетсин, – деди ёшига хос бўлмаган бир оҳангда. Мен жойимда қотиб қолдим. Синглим киприк қоқмай ғажирга тикилар, унинг жажжи қўллари мушт эди…

Кўкдаги ғажирлар дарё ёқасидаги теракларнинг бўйи қадар пастлашди. Негадир ерга қўнишга шошилмасди. Энди уларнинг овози даҳшатли эдики, ҳозир нимадир рўй берадигандай тассурот қолдирарди кишига.

Ёлғиз ғажир яна қанот қоқди. У сўнгги кучини йиғиб, ҳайқириб жангга кирган баҳодирни эслатди менга. Тахминан ўттиз қулоч баландликка кўтарилди ва тепада – кўриниб турган қояни кўзлаб парвоз қилди. Қоя тўшидаги каптарлар қаёққадир ғойиб бўлишганди. Қарғалар қағиллаб йўлини тўсишга уринди. Тепадаги ғажирлар ҳам қоя томон уча бошлади. Ғажир қанотини узун сермар, унинг учиши жинсдошлариникига ўхшамас, унинг парвозида ўктамлик, салобат бор эди. У қояга яқинлашиб қолди. Қарғалар йўлини тўсар, орқасидан ёнидан тепар у бўлса, парво қилмай учарди. Мана, қояга етишига икки қанот қоқиш қолди. У агар, манзилга етса, кейин дамини олиб бемалол осмону фалакка кўтарилиб кетса бўлади… Шу пайт икки юздан ортиқ қарға ердан чиқдими, кўкдан тушдими, пайдо бўлишди ва бари қояга қўнди. Мен шошиб Чинорга қарадим: у ерда биттаям қуш йўқ эди. Ғажир тек қотди. Лаҳзалар ичида қанот қоқмади. Қарғалар бўрондай унга ёпирилди. У пастга қулади. Қулар экан, худди моҳир, чапдаст полвондай бир айланиб яна парвоз қилаб бошлади. Мен қувончдан титраб кетдим. Синглим қичқириб юборди. Бироқ, у энди тепага – жинсдошларига қараб эмас пастга – қишлоқнинг қуйруқ томони эски қабристонни кўзлаб учарди. Унинг бир қаноти лапанглаб осилган, ўша биргина парвоз уни, худди денгизда оҳиста сузиб бораётган кемадай манзили томон етакларди. Қарғалар эргашди. У қишлоқнинг устидан ўктам сузиб ўтди. Қаноти чинорга урилди ва эски қаровсиз, эгаси ўлиб кетган боққа қулади.

Осмонда…
Улар борган сари юқорилар, юқорилаверарди.
Бора-бора нуқтага айланиб кетди улар.
Қоп-қора нуқтага…

– Бечора… Агар камарга қарғалар келмаганда у учиб кетарди, тўғрими? – деди синглим. Унинг сўзларида шу қадар ачиниш мужассам эдик, мен ҳалигача унинг сўзидек ўкинчли нидони эшитганим йўқ…

Тақдирми, дейман, қисматми, дейман, нима дейишни-да, билолмайман. Ўн дақиқа орасида рўй берган бу даҳшатли воқеа менинг дунёйимни остин-устун қилиб юборди. Нега, дейман, нима учун, шу вақт оралиғида йўлдан биттаям одам ўтмади дейман. Ана, одамлар кўчани тўлдириб даштдан қайтишмоқда. Тепада курашаётган болалар ҳам камарга чиқиб олибди. Нега шулар сал олдинроқ келишмади, нима учун ўзим бормадим. Синглим ҳам ачинаркан-ку, дейман, борсам ўлмасмиди, дейман, агар болалар камарга олдинроқ келганда, одамлар ҳам сал аввал кўриниш берганда, қарғалар қочиб кетар, у тирик қолармиди, дейман. Агар… Агар… Воҳ, хомкалла, ҳамма гап шу агарда. Шунда…

Тақдирга тадбир йўқ.
Қисмати шундай эди.
Сабоқ бу. Эй, инсон сенга сабоқ эди бу…
Бошқа ҳеч қандай гап йўқ.

Қорни тўйган қўйларни уйга ҳайдай бошладик.

– Ака, эрта биринчи сентябр, қайси шеърни айтай, – деб сўрайди синглим. Бир қанча шеърни ўқиб ташлайди.
– Ҳаммасини айт дейман. – тўлқинланиб. У менга тикилади қолади. – Эрта сенинг байрамингдан кейин Тошкентга кетаман… янганг билан, дейман.

У суюнчи олгани онамнинг олдига югуради.
Мен бўлсам қўйларни эндириб келаман.

Бу пайтда августнинг сўнгги шоми ўтаётган бўлади…

ЗАРБА

У бобосининг аллақачон бу дунёдан кўз юмиб кетганини билмас эди.

Роппа-роса ўн бир йил муқаддам бобоси уни шаҳарга ташлаб кетганди. Танимаган, билмаган одамлар орасига ташлаб кетди уни. Самолётларни осмонда кўриб юрган болакай – шаҳардан беҳад қўрқар, машиналар сигнали юрагига ваҳм солардики, у баъзан тунлари мижжа қоқмай чиқар, алаҳсираётгандай, бу воқеалар тушидами, хаёлидами содир бўлаётгандай туюларди унга. Ҳар кун шаҳар шовқинини танида ҳис қилиши қанчалик равшан бўлса, бўлаётган воқеалар ҳам айнан ҳақиқат эдики, бунга кўникмаслик, чора топмаслик, ўрганмаслик мумкин эмас эди. У бора-бора барчасига кўникди: шаҳар – шаҳар эканлигини тан олди, дўст орттирди. Одатдаги кунларда одатланмаган машқлар қилинар, гоҳ бир машқ устида ойлаб ишлаши уни тинка мадорини қуритар, дод деб юборгиси келар, қаёққаларгадир қочиб кетгиси келади уни. Бироқ у – уйга қайтиш йўлини билмас эди…

Зарба бериш керак деб ўйлада у ва кўз олдида ёпирилиб келган туманни ҳайдар экан, беихтиёр: кенг яйловда ўтлаб юрган қўзилар, баланд тоғларда қотиб қолган қор, барги кўплигидан мевасини кўриб бўлмайдиган мурут дарахти нигоҳида қадалиб қолди. У кенгликда худди машқ бажараётгандай, озод ва тутқич бермас тоғ шамолидай ҳаракатлана бошлади. Тиззасига етай деб бош тебратаётган бедалар, белиги урилаётган кунгабоқарга ўхшаган ёввойи ўтларни ҳам ҳис қилиб турарди у. Қизғиш рангли ирғай таёғи билан қуёш нурини кесаётгандай, яна кимдир уни зўр қизиқиш ила кузатаётгандай туюлди. У рингда эмас – беҳад кенглик – адирда эди, гўё. Тоғ ҳавосидан симиргиси келди унинг. Кейин подраб чиқаётган сувдан тўйиб-тўйиб ичгиси ва кўм-кўк майсалар билан туташиб кетган осмонга термулиб етигилари келиб кетди. Малларанг тоғларга тўш бериб ётган тоғлар бағридан парвозга шайланган бургутлар, осмонда бироз қанотинида қоқмай турадиган қирғий кўзига кўринганда, беихтиёр олис туманлар орасидан бир сиймо кўз ўнгидан гавдаланди. “Барчаси сиз учун”, дея пичирлади.

Туман тарқади ва зарба берилди. Рақиби ерга қулар экан, шовқин-сурон, олқишу қутловлар қулоғига кирмас, негадир кучли шамол бўлгандай, шунинг баробарида у сокин, осуда эдики, тўйиб-тўйиб ухлагиси келиб кетди.

Шамол билан уйқунинг бир вақтдаги ташрифи толиқа бошлаган вужудига оғирлик қилгандай, беихтиёр бурчакка йўналди. Ва ҳакамнинг овозини аниқ эшитди:
– Ўзбекистонлик Нодир Қодиров ғолиб бўлди…

У нимадир қилиш керак эди. Масалан, байроқни кўтариб югуришми, мухлисларга ташаккур билдириб қўл силкишми, шунга ўхшаш бир нима. Бироқ унинг негадир мурит егиси, адирда ётгиси ва тоққа чиққиси келди…

* * *

Кеч пишар мурутнинг ер билан битта бўлиб тўкилиб ётганини кўрган бобо донг қотди. Кўраётгани туш ёхуд сароб бўлишини истабми бироз тикилиб турди-да, сўнг жадал қадам босиб капа томон юзланиб:
– Нодир, қанисан? – деб таёғини ерга нуқиди.

Ичкаридан биров овоз бермади. Кучуквачча ғингшиб қўйди. Атрофи това тош билан ўралган қўра ичидаги икки кички қўзию улоқлар, чанг ютиб ўпкаси соб қилган қўй ожиз маъради. Бобонинг хуноби ошиб кафтини юзига соябон қилиб газага қаради. Қирда – бола ғалати бир машқларни қилар, оёғини кўтариб, бир вақтда сакрар ва қўли билан ниманидир муштлагандай ҳаракатланарди. Газага бироз тикилиб тургач, беихтиёр чўккалади ва ерга сочилиб ётган мурутдан бир дона олиб тишлади: тошдай қаттиқ эди. Ҳайрати ошиб атрофга алангларкан, буни нима ерга тўкди, дея калтакми, тошми излади. Бироқ яқин ўртада на тош, на калтак бор эди.

Қуёш ботишидан икки соат олдин бобо набирасининг қўлидан тутиб қишлоққа – жисмоний тарбия ўқитувчиси олдига кетиб борарди. Бола бобосига етиб олиш учун деярли чопқиллар, бобо бўлса белбоғини тўлдириб пишмаган тош мурутдан солиб олган, катта қадам босгандан кўк соқоли шамолда оҳиста тебранар, қирра бурнининг учи бироз қизарганди. Бир қўли белбоғни маҳкам тутган, иккинчиси болани омбурдек қисиб олганди…

– …Қўйларни Ирисмат бовага ташлаб келдим. Биласиз, иккимизнинг орамизда бир қир бор. Шу болада бир гап бор… – деди бобо ўқитувчини қўлидан ушларкан, – Машқ қилдиринг, тиринофка қилдиринг, бу бола букусчи бўлсин. Ҳа, айнан букусчи бўлиши керак… – бўлиб ўтган мурид воқеасини батафсил гапириб берди.

Ўқитувчи ичидан тошиб келаётган кулгини, худди ўйланиб қолган киши бўлиб бурни ушлаб тинчиди-да, ва:
– Э, бова, бир мурутни ерга тўккан болалар боксчи бўлса, ер юзида биттаям мурут пишмасдан соб бўлиб кетарди-ку…
– Ман, биламан, ўғлим. Бу болада бир нима бор. Сан шу билан шуғуллан, устозлик қил, бир-икки ҳунарингни ўргат, қолганини ўзи амаллаб кетади.

– Боважон, набирангизга шунчалик ишонасизми? – деди ўқитувчи қувлик билан.
– Отамга ишонгандай, ишонаман шу болага…

Ўқитувчи бир нима деёлмади. Барибир болани олиб қолишдан, унга устозлик қилиб ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини аллақачон тушуниб етганди. Бироқ ўжар бобо унамаяпти.
– Хўш, – деди ўқитувчи мускулдор билагини ўйнатиб, – қанча вақт шуғуллантирай, бир муддатини айтингда, – дея яна кўзини қисиб қўйди.

Унинг қанча вақт дегани бобонинг қулоғига қанча берасиз дегандай туюлди ва ҳафсали пир бўлиди-қўйди.
– Сан, – деди бобо дона-дона қилиб – қараб тур. Ман шу болани букусчи қилмасам… шу ер, шу тоғ менга ҳаром бўлсин, ҳаром бўлсин…

Ўқитувчи йўл ўртасида уларнинг ортидан қараб қолар экан, ҳўв олис болалигида, биринчи бор чемпион бўлганида, худди ҳозиргидай баданига чумоли ўрмалагандай бўлгани эсига тушди. Юрагидан бир нима кўчиб кетгандай, шалвираб ҳолсиз бўлиб тураверди. Боланинг қўлидан маҳкам тутиб бировга-да қарамай кетаётган бобони биринчи бор кўраётгандай анграйди қолди. У ҳали бир кун афсус қилишини, бободан минг бор узр сўрашини ўша вақт билмас эди.

– И-е, буёғи қизиқ бўлди-ку. Қайси куни Ирисмат бобонинг набирасиям шаҳарга қочиб кетувди. Шоир бўлармиш… тавба. Энди сиз букусчи қиламан деяпсиз. Унда – қўйларни ким боқади, бова, ким боқади. Бунақамас-да, одам туғилган тупроғига тупурмаслига керак. Ҳамма шаҳарга кетаверса, ким қолади бу томонларда. Кейин, ўзингиз биласиз, ҳозир ота-она қаерда бўлса болаям ўша ерда таълим олиши керак. Ҳа, худди шундай бўлиши керак…

Бобонинг юраги оғриди.
Набирасини етаклади-да кетди.

Маҳалла оқсоқоли орадан йиллар ўтганда, ўша суҳбатни эслаб кўзи тўла ёш бўлиб: ўйламай гапириб қўйдим, ахир боланинг ота-онаси йўқ эди-ку, дея, надомат чекиши хаёлига ҳам келмаганди ўшанда.
Бобо тушундики, ёмғир ҳам, қор ҳам ерга ёғар экан. Кейин иккисининг ҳам бошланиши осмондан экан. Бобо “ҳақиқатлар”дан, “қарашлар”дан чарчади. Осон ёпилган эшиклару истеъзодан мўмиёланган юзлар тинка мадорини қуритар, бири спортчилик – меҳнат, машаққат билан эгиз деса, яна бири, спорт – бу пул, агар шу муллажиринг бўлмаса, бари чепуха деб бобони танг қолдирди. Тўғри, спорт машаққат бўлса бордир, заҳматдан бола қочмас, агар пул бўлса, ана, тоғ бошида тумандай қорайиб турган бир отар қўй, шу набираники. Етса моли, етмаса жони шу болакайники.

Узоқ сарсон-саргардонлик бир бўлдию икковининг йўли унмагани бир бўлди. Етти ўлчаб бир кес деганларидек, бобо етти кишини олдига борди. Ўқитувчи недандир умидвор бўлди. Маҳалла оқсоқолига букусчи эмас, аксинча, чўпон даркор экан. Аҳмад бизнес, майли, шаҳарда танишларим бор, айтаман, деб минғирладию, шунда бобонинг юрагига қурт тушди: эрта боламни пуллаб юборса-чи? Ҳа, эшитган, баъзи бир одамлар, спортчиларга “устоз” бўларкан-да, кейин сотиб юбораркан. Бобони кайфияти тушиб кетди. Бўлмади.

Тўртинчи ва бешинчиси шаҳарда ўқиётган талабаларнинг – ота-оналари олдига боргани нима бўлди, бошига бало бўлди. Мана, иккита катта, тугунни кўтариб келишяпти. Мусофир юртда одамнинг дили нозик бўлармиш.
Улар поездга чиққанида қуёш аллақачон ботган, осмонда қизғиш булутлар сузиб юрар, Зуҳро юлдуз милтираб турар, шамол вагонга бошини урарди. Бобо деразадан ташқарини кузатар экан, ҳа, олис ёшлик, ҳа, юзи қора ёшлик деб ўйларди. Қоронғулик қаърига мангу муҳрланиб қолаётган тоғларга қараб бобонинг юраги тўлиб кетди. Лаҳзама-лаҳза ўтаётган умрнинг нечоғлик бабақо эканлиги, уч пулга қиммат ҳаётнинг, нега олтиндан нархини баланд қўйилиши, дунёни сўраб ётган инсоннинг ҳам бир сиқим тупроқ бўлажаги, исёнкорона фикрлар миясини забт этарди. Поезд тезлашар, йўловчилар тезликка мос бир ҳолатда тебранишар ва хаёлини ўз эркига қўйиб юборишгандиларки, беихтиёр жилмайиб қўяр, юмилган кўзларини очиб атрофга бироз муддат тикилиб турар ва тушиниксиз бир ҳолатда яна юмиб олишарди. “Эх, олис йигитлик – дерди бобо оғир хўрсиниб. – Умр ўтди, ҳа, ўтди умр. Кеча адирларни гурсиллатиб юрган қадамлар бугун оғирлашди, вазминлашди. Отга сакраб интиладиган вужуд бугун тебранишга-да ҳоли йўқ, мадори йўқ.

Бизнинг авлод – яшаб яшолмаган, ўлиб қутилолмаган бир кунга қолди. Тенгдошлар билан бир замонлар биз ҳам орзу қилардик, мақсадимиз бўларди, учувчими, қурувчими, инженерми, ҳуқуқшуносми – бир ниятлар бор эди бизларда ҳам. Эрта гуллаган ўрикни бемаҳал ёққан қор ёки совуқми, чақмоқми бир кечада уриб кетганидай бизнинг авлод орзуларини ҳам – қаттол жамият юрагимиздан юлиб олди, суғуриб уриш майдонига улоқтирди. Мен, ва менинг тенгдошларим қўлимизнинг шунчалик қаттиқ қисиб мушт қилдикки, бу муштлар зарбага айланмади, бировни бурнида қонатмади. Бу ерлар, тоғи тошлар учун беш бармоқ бирикмади, бирикса-да зарба беролмади. Агар, тенгдошларимнинг қабрини очиб кўришса барининг қўли ўша муштлигича қотиб қолган кўринади. Зарбага айланмаган муштлар, қатъий мақсадга айланмаган орзулар…” Бобо кўп ўйлади. Қизиқ, у ўйладими, гапириб бердими, билмади. Кўзини очганида набираси поезд ойнасида шаҳар чироқларига ҳам завқ, ҳам бироз қатъийлик билан қараб турардики, беихтиёр боланинг қўли муштга айланиб бораётганига кўзи тушди…

– Ота, – деди шаҳарлик мураббий. – Сизга бир нима дейишим қийин. Сиз бу бола, букусчи бўлади деб шундай ишонч билан гапиряпсиз-ки, рости кулишниям билмай қолдим.
– Бўлади, дедимми, бўлади.

– Тушунмадим. Олдин, қандайдир синаб кўриш…
– Э, малим болам, сан билган ҳунарингни ўргатавер. Бу болада гап кўп.

– Хўш, эшитайликчи?
– Эшитсанг, эшит. Ман ёшлигимдан букусчи бўлмоқчийдим. Ҳа, худди шунчалик пайтимдаёқ, кечаю кундуз машқ қилардим. Агар билсанг, биз томонларда мурут деган бир дарахт бор. Меваси тошдан қатиқ бўлгани учунми, бандидан узилиши жуда қийин. Кейин нақд сентябрнинг охирида пишади. Унга ерга бир донаям тўкилмайди. Шу десанг, ўша дарахтни ҳар куни тепардим, ўйладимки, агар мен шу меваларни тўксам букусчи бўламан. Бироқ, мен қўй боқардим-да. Чўпон эдим-да… – Бобо бироз жимиб қолди. – Бир кун келсам, шу бола барча мурутни ер билан битта қилибди. Тепиб туширибди. Аввалига ишонмадим, яқин атрофда на тош бор эди, на калтак. Ахир, капа теварагини беш бармоғимдай биламан-ку…

– Э, бова, сиз ҳали шунга ишониб келдингизми? Худди йўқ болага карнай-сурнай деганидек…
– Бола, ундай дема.

– Бошқа нима дей. Сизнингча, шу бурнидан суви оқиб турган мишиқи, букусчи бўлади. Бунда нима ахир…
– Бунда юрак бор – деди деярли бақириб…

– Бу ер сизга тоғ эмас, бақирадиган.
– Бола…

– Сизга бола эмасман. Кейин… сиз…

Бобо унинг овозини эшитмади. Таёқни сермаб юборди. Мураббий лаҳзалар ичида серрайиб турди ва гурс этиб ерга қулади. Бўғзига пичоқ солинган қўйдай типирчилай бошлади.

– Болам, – деди бобо ўктам овозда. – эшит, ман сен учун, керак бўлса, бутун дунёга шу битта таёғим билан қарши тураман. Ҳа, сен учун шундай қиламан. Билиб қўй, – бобонинг мижжалари намланди, ютиниб олгач давом этди. – Ҳаётда ҳар кимнинг зарбаси бўлади. Ўз нуқтаси бўлади. Шоир бўламан деб шаҳарга қочган жўранг айтувди: вергул қанча кўп бўлса одам зерикади, битта нуқта барини ҳал қилади қўяди. Бу катта гап эди. Бу улуғ гап эди. Ўша ўртоғингга ман айтган эдим: қоч, бу ерлардан қочиб кет. Кетмасанг, ҳаётинг худди мен ва бобонгни умридек вергуллардан иборат бўлади, деб мен айтиб эдим. Болам… сан кузатиб, кўриб келдинг, ман то шунга довур бирор кишини урмадим. Ўша мактаб ўқитувчисиниям, маҳалла оқсоқолиниям, бошқасиниям… Ҳеч кимни урмадим. Билки, букусда ҳам ҳар доим зарба берилавермайди. Сабр, чидам, қаноат, ва матонат керак. Кейин энг муҳими зарба бўлиши шарт. Сен шуни унутма. Зарба беришни унутма. Мен энди кетдим…

– Бобо… Мен ахир йўлни билмайман-ку… Кейин қаёққа бораман?
– Сен қайтишни ўйлама. Сенга одамларнинг ўзи йўлбошчи бўлади. Кейин, сен шу йигитнинг ёнида қоласан. У менинг зарбамни бир умр унутмайди. Яхши қол. Ортимдан қарама. Мен кетдим…

***

Йигит ғолиб бўлди. Устози маҳкам қучоқлаб қулоғига шивирлади: мен ўшанда бобонгга зарба беришни биладими ўзи, дегандим… Зарба берилди. Сен ҳали энг зўр бўласан…

У ҳали Ўзбекистонга келгач уни кимлар кутиб олишини, тоққа – одамларнинг ўзи йўлбошчи бўлишини билмасди. У яна шуни билмасдики, олис тоғ бошида бобоси туш кўриб, набирасининг баланд тоққа чиққанини ва шу кеча оламдан кўз юмганини у ҳали билмасди.

У фақат зарба берганию ва чемпион бўлганини биларди, холос.

31

Sanjar TURSUNOV
IKKI HIKOYA
094

Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Davlat san`at va madaniyat institutining jurnalistika bo’limini bitirgan. Ayni paytda «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasida xizmat qilmoqda.

034

AVGUSTNING SO’NGGI SHOMI

Hali hanuz o’sha voqea esimga tushsa, hayot qonuniyatining beshafqatligi, yashash uchun berilgan umrning nechog’li qiymatga ega ekanligiga ich-ichimdan iqror bo’laman. Va shuning barobarida, vaqti kelsa, yosh bola ham senga saboq berishini, murakkab voqealarga yoshiga xos samimiyat bilan yechim topishi, faqat bolalarga yarashadigan buyukligi oldida bosh eggim kelaveradi. O’sha voqea sakkiz yoshli singilcham bilan avgustning so’nggi shomida yuz bergan edi. Oradan bir necha yil o’tgan bo’lsa-da, o’sha iqror, xulosa, tushunish va anglash hayotimni boshqarib borayotganini his qilaman. Gohi kunlari, shu jajji singilchamning teran mulohazasi, sodda falsafasi va hayot haqidagi buyuk xulosasiga hayron ham qolaman. Xayolimda “Bola – buyuk donishmand” degan jumla keladi. Bunga judayam ishonaman, shunday damlarda.

Avgustning so’nggi shomi edi o’shanda…

Men hammadan – yeru osmondan, yaxshi yomondan, jamiki yaratiqlar, tog’u toshlar bari-baridan xafa va alamzada edim. Hammaga quvonch, sevinch, baxt ulashadigan saxiy qismat, menga kelganda xasislik qilganday, avval ne’matini berib, keyin rashkimi, qahrimi kelib beshafqatlarcha tortib olganday yoki meni dast ko’targanu tag-tubi ko’rinmas quduqqa tashlab yuborganday edi. Rosti ham shunday edi. Ko’ksimda qo’rg’oshin quyilganu u lahza sayin vujudimni kuydirar, og’riq butun tanam bo’ylab tarqalar, dod, ming dod, deb toshlarga boshimni urib tars yorgim, daraxtlarni ildizi bilan yulib olgim, katagiga qamalib yotgan tovuqlarni tirqiratib quvgim, qurillab uyqu urayotgan mushugu kuchukni tayoq bilan solgim kelardi. Nega? Nima uchun, degan savollar tomog’imga tiqilib qolganday edi go’yo.

Atrofimdagi odamlarga hech gap bo’lmaganday beg’am va behis yurishardiki, bu holat meni aqldan ozdirishi hech gap emas edi. Mendan kaltak yeb yurgan tengdosh – sinfdoshlarim, maktabda barcha fandan uch baho oladigan hatto jismoniy tarbiya darsini ham eplab topshirolmaydigan jo’ralarim taqdiridan xursand, qismatidan mamnun edi o’shanda. Go’yo baland tog’ cho’qqisi mening yelkalarimga ko’chib tushgandek. Toshqin daryo faqat mening bog’imni oqizib ketgandek. Kuchli bo’ron uyimni vayron qilgandek. Hatto yomg’iru qor ham yolg’iz mening boshimga yog’ilayotgandek. Hammaga hamma narsa boru birgina mening umidim kesilgan, yuragi zardobga to’la edim o’shanda.

O’shanda… bor yo’g’i besh oygina – 153 kungina yashagan qizalog’im olamdan o’tgan edi.

Yuz yildan ortiq umr ko’rsa bo’ladigan dunyoda bir hayqiriqday kelib ketgan qizalog’imning dog’ida ado bo’layozgandim o’sha kezlari.
– Shox ketsa ketsin – butoq ketmasin – deb onam meni yupatgan bo’ladi.

O’zining ham birinchi farzandi o’lganini, yuragi teshilganini aytib yig’laydi mushtipar.
– Agar sangga bir gap bo’lsa nima qilaman, qaerga boraman, manggayam rahming kelsin – deydi ko’z yoshi yuzini yuvib.
– Meni jin urarmidi… Yuribman-ku, dunyoga kelib “dada” deyolmagan, “ona” deyolmagan, qiqir-qiqir kulolmagan qizimni tuproqqa ko’mib kelib baloday yuribman-ku. Yuribman-ku!

– Xudoning qahri keladi bolam. Bergan ham u, olgan ham o’zi… – deydi sakson yoshni qoralab qo’ygan momom. – U bir qush edi, uchdi-ketdi… Nima qilardik…
– Olar ekan nega beradi, degan olovdek hayqiriq bo’g’zimni kuydiradi. Bermasa – peshona shu ekan-da, deb jim turmasdim, deb baqiraman.

– Tovba qil, tovba qil-ye, – deydi otin xolam. Bisotidan xuddi shu kunga aytaman deb avaylab yurganday hikmatini naql qiladi. – U dunyoda, – deydi ko’zlarini pirpiratib, – yosh bola jannat eshigining oldida yig’lab turar ekan. “Sen kiraver, sening gunohing yo’q”, degan farishtalarga qarab: “avval ota-onam kirsin, keyin kiraman. Menga u dunyoni bermading, nega endi bu dunyoda – jannatda ota-onam bilan birga bo’lmas ekanman”, deb zorlanib yig’larkan…

E, deyman, gapirmang deyman. Bu dunyoda shuncha yonayapman-ku… U… – onam yuzimga tarsaki tushiradi. Keyin yosh boladay ho’ngrab yig’laydi. Yig’layveradi. O’rnimdan turib ketaman: kuchukni
tayoq bilan solib qolaman, mushukni tepaman, tovuqqa kaltak otaman, yuragimdagi olov pasaymaydi – kuydiraveradi, kuydiraveradi…

***

Qo’rada oltita dirriq qo’zi bor. Yo’talgani-yo’talgan. Cho’ponlar boshimizga balo bo’lmasin, deb tashlab ketgan. Shu dardisarlar boshga bitgan balo, goh otam, goh onam boqadi. Bog’imizning tepasida adirlik bor – shu yerda qorni to’yadi boqimandalarni.

O’sha kuni, bilmayman, qandaydir yumush bilan otam shaharga tushgan, ukam bunda 4-5 oy oldin nom-nishonsiz, bedarak yo’qolgan ho’kizlarni izlab dashtga ketgan. Onam o’sha yig’laganida qon bosimi oshibdimi, yotibdi: momom, xolam, xotinim atrofida musichadek tizilib turibdi. Faqat jajji singilcham ho’ng-ho’ng yig’laydi: bir o’zim qanday boqaman, tepada ilon bor qo’rqaman… deydi menga qarab yana yig’iga zo’r beradi.

– Sen qol, o’zim… – tayoqni qo’lga olaman.

Onam boshini ko’tarib, “birga bor”, deb ishora qiladi, joni og’riyotgani-da unutib. O’zini bir balo qilib qo’ymasin deb xavotirlanadi. Xolam ham, xazon payti, bir o’zing borma, deya naql qiladi. Singlim menga ergashadi. Tayoqni qo’limdan oladi: qo’ylarni tushirib qolishimdan qo’rqadi-da.

Adirga chiqamiz. Qo’ylar sarg’aygan lalmi o’tlarga o’zini jon holatda urishadi. Sekin yesa to’ymayotganday yugirgilab o’tlaydi. Singlim goh u tomonga, goh bu tomonga chopadi, ovorayu sarson.

Qo’limni boshimga yostiq qilib tabiatni hissiz kuzataman: quyosh qizarib botayapti, salqin shabada dimoqqa achimsiq nariroqdagi buloqda mollar suv ichib ko’lmak qilgan balchiqning hidini olib keladi. Benihoya yoqimsiz. Qishloqning narigi – daryo boshi tomonidan chang-to’zon ko’tarib poda qaytayapti. Ro’paramizdagi qirda yakkam-dukkam mollar o’tlab yuribdi. Kamar boshida o’ndan ortiq ko’k kaptar qo’nib turibdi. Sal pastda – lalmi bog’ning quyrug’ida o’n yoshli bolalar kurash tushayapti. Qishloqda – oshxonalardan tutun ko’tariladi: kechki ovqatga qozon osilgan. Yana kimlarnidir hovli supirayotgani, darvoza oldida besh-oltita xotinni suhbatlashayotgani, qizlarning sharrak oldida suvga navbat kutib qaldirg’ochlarday tizilib o’tirgani ham yaqqol ko’zga tashlanadi. Qishloqning pastki tomoni – Chinor shoxidagi qushlarning shovqini ham shu yerga aniq eshitilib turadi. Uch tomonidan kelayotgan uch daryo noz bilan soch o’rayotgan qizni eslatadi. Kimdir dashtdan bir eshak o’tin olib kelayapti. Ortidan chamasi yetti yoshli bolasi otasiga yetolmay deyarli yugirgilab borayapti. Balandlikdagi uyning darvozasi oldida bir juvon ikki bolasi bilan tik turibdi: aftidan erini kutayapti.

– Aka, aka, qarang, anavu qushni qarang, – dedi singlim hayajonlangancha.

U barmog’ini nuqib turgan tomonga – ikki qirning o’rtasida soylikda bir katta qush osmonga ko’tarilolmay lapanglardi. Atrofini yuzdan ortiq qarg’alar o’rab olgan, yaqin borolmay qag’illashar, sho’rlik qush qo’rqqanidan o’zini goh u tomonga, goh bu tomonga uradi. Qaerdan keldi, bu maxluq? Qiziq, burgutmikan, yo’q burgut bo’lishi mumkin emas…

– Ana ularni qarang, – dedi singlim osmonga tikilib.

Osmonda… yuzga yaqin yerdagi maxluqsifat yirtqichlar uchardi. Ba’zilari qanotini qoqmay bir necha soniya turar so’ng shidddat bilan goh tepa, goh pastga sho’ng’irdi.
– Ular do’stini qutqargani keldi-ya, – dedi singlim soddalik bilan. Men o’rnimdan turib ularni kuzatardim.

Ha, deb o’ylardim qushlarga boqib – bular o’laksaxo’rlar. G’ajir, Tasqara ham deyishadi ularni. Aytishlaricha, qaerda hayvon o’lganini bir kecha oldin tushida ko’rishar ekan. Qushlar ham tush ko’rar ekan-da. Tabiatda qancha yaratiq bo’lsa, shundan ming barobar ortiq sir-sinoat borligini eshitgandim, demak, rost ekan…

Men zo’r qiziqish va kuchli hadik bilan bo’layotgan voqeani kuzatardim. Singlim bo’lsa, tinimsiz savol berar, nega, nima uchun deb chug’urlardi, jag’i tinim bilmasdi.

Qiziq, katta ko’chadan ayni shu paytda bittayam odam o’tmasdi. Men shoshib yo’l boshi – dashtga qaradim: zog’ yo’q edi. Hayratim oshdi.

Qarg’alar g’ajirning ustiga bostirib borar, hatto tepishardi ham. G’ajir bo’lsa ulkan qanotini yoyib lapanglar, u har qanot qoqqanida qarg’alar undan uzoqlashar, u xuddi shu payt o’n quloch qirga qarab uchardi. Qarg’alar yana yoppasiga hujumga o’tar, u bo’lsa boshini qanotining orasiga qisib olardi. Ko’kdagi jinsdoshlari aylana hosil qilib uchar, biroq yerga tushib uni ko’tarib ketisholmasdilar. Beo’xshov ovoz chiqarishardi, xolos.

G’ajir yana qanotini keng yoydi. Qarg’alarni hurkitib tepaga ko’tarildi. U endi qirning yarmida sal pastroqda edi. Qarg’alar uning to’rt tomonini o’rab oldi. Ular shunchalik yaqin kelishdiki, sho’rlik g’ajir qanot qoqsa bemolol qarg’alarga tegardi. U boshini qanotining orasiga yanada qisib oldi. Endi qarg’alar uni ayovsiz tepkilashardi. U pastga sirpanib ketdi.

– Aka, jon aka, qarg’alarni haydang, u uchib ketsin, – deb yig’lardi singlim. Men borsammi, bormasammi, deya ikkilanib turgandim, shunda singlim: – bormang, zo’r bo’lsa o’zi uchib ketsin, – dedi yoshiga xos bo’lmagan bir ohangda. Men joyimda qotib qoldim. Singlim kiprik qoqmay g’ajirga tikilar, uning jajji qo’llari musht edi…

Ko’kdagi g’ajirlar daryo yoqasidagi teraklarning bo’yi qadar pastlashdi. Negadir yerga qo’nishga shoshilmasdi. Endi ularning ovozi dahshatli ediki, hozir nimadir ro’y beradiganday tassurot qoldirardi kishiga.

Yolg’iz g’ajir yana qanot qoqdi. U so’nggi kuchini yig’ib, hayqirib jangga kirgan bahodirni eslatdi menga. Taxminan o’ttiz quloch balandlikka ko’tarildi va tepada – ko’rinib turgan qoyani ko’zlab parvoz qildi. Qoya to’shidagi kaptarlar qayoqqadir g’oyib bo’lishgandi. Qarg’alar qag’illab yo’lini to’sishga urindi. Tepadagi g’ajirlar ham qoya tomon ucha boshladi. G’ajir qanotini uzun sermar, uning uchishi jinsdoshlarinikiga o’xshamas, uning parvozida o’ktamlik, salobat bor edi. U qoyaga yaqinlashib qoldi. Qarg’alar yo’lini to’sar, orqasidan yonidan tepar u bo’lsa, parvo qilmay uchardi. Mana, qoyaga yetishiga ikki qanot qoqish qoldi. U agar, manzilga yetsa, keyin damini olib bemalol osmonu falakka ko’tarilib ketsa bo’ladi… Shu payt ikki yuzdan ortiq qarg’a yerdan chiqdimi, ko’kdan tushdimi, paydo bo’lishdi va bari qoyaga qo’ndi. Men shoshib Chinorga qaradim: u yerda bittayam qush yo’q edi. G’ajir tek qotdi. Lahzalar ichida qanot qoqmadi. Qarg’alar bo’ronday unga yopirildi. U pastga quladi. Qular ekan, xuddi mohir, chapdast polvonday bir aylanib yana parvoz qilab boshladi. Men quvonchdan titrab ketdim. Singlim qichqirib yubordi. Biroq, u endi tepaga – jinsdoshlariga qarab emas pastga – qishloqning quyruq tomoni eski qabristonni ko’zlab uchardi. Uning bir qanoti lapanglab osilgan, o’sha birgina parvoz uni, xuddi dengizda ohista suzib borayotgan kemaday manzili tomon yetaklardi. Qarg’alar ergashdi. U qishloqning ustidan o’ktam suzib o’tdi. Qanoti chinorga urildi va eski qarovsiz, egasi o’lib ketgan boqqa quladi.

Osmonda…
Ular borgan sari yuqorilar, yuqorilaverardi.
Bora-bora nuqtaga aylanib ketdi ular.
Qop-qora nuqtaga…

– Bechora… Agar kamarga qarg’alar kelmaganda u uchib ketardi, to’g’rimi? – dedi singlim. Uning so’zlarida shu qadar achinish mujassam edik, men haligacha uning so’zidek o’kinchli nidoni eshitganim yo’q…

Taqdirmi, deyman, qismatmi, deyman, nima deyishni-da, bilolmayman. O’n daqiqa orasida ro’y bergan bu dahshatli voqea mening dunyoyimni ostin-ustun qilib yubordi. Nega, deyman, nima uchun, shu vaqt oralig’ida yo’ldan bittayam odam o’tmadi deyman. Ana, odamlar ko’chani to’ldirib dashtdan qaytishmoqda. Tepada kurashayotgan bolalar ham kamarga chiqib olibdi. Nega shular sal oldinroq kelishmadi, nima uchun o’zim bormadim. Singlim ham achinarkan-ku, deyman, borsam o’lmasmidi, deyman, agar bolalar kamarga oldinroq kelganda, odamlar ham sal avval ko’rinish berganda, qarg’alar qochib ketar, u tirik qolarmidi, deyman. Agar… Agar… Voh, xomkalla, hamma gap shu agarda. Shunda…

Taqdirga tadbir yo’q.
Qismati shunday edi.
Saboq bu. Ey, inson senga saboq edi bu…
Boshqa hech qanday gap yo’q.

Qorni to’ygan qo’ylarni uyga hayday boshladik.

– Aka, erta birinchi sentyabr, qaysi she’rni aytay, – deb so’raydi singlim. Bir qancha she’rni o’qib tashlaydi.
– Hammasini ayt deyman. – to’lqinlanib. U menga tikiladi qoladi. – Erta sening bayramingdan keyin Toshkentga ketaman… yangang bilan, deyman.

U suyunchi olgani onamning oldiga yuguradi.
Men bo’lsam qo’ylarni endirib kelaman.

Bu paytda avgustning so’nggi shomi o’tayotgan bo’ladi…

ZARBA

U bobosining allaqachon bu dunyodan ko’z yumib ketganini bilmas edi.

Roppa-rosa o’n bir yil muqaddam bobosi uni shaharga tashlab ketgandi. Tanimagan, bilmagan odamlar orasiga tashlab ketdi uni. Samolyotlarni osmonda ko’rib yurgan bolakay – shahardan behad qo’rqar, mashinalar signali yuragiga vahm solardiki, u ba’zan tunlari mijja qoqmay chiqar, alahsirayotganday, bu voqealar tushidami, xayolidami sodir bo’layotganday tuyulardi unga. Har kun shahar shovqinini tanida his qilishi qanchalik ravshan bo’lsa, bo’layotgan voqealar ham aynan haqiqat ediki, bunga ko’nikmaslik, chora topmaslik, o’rganmaslik mumkin emas edi. U bora-bora barchasiga ko’nikdi: shahar – shahar ekanligini tan oldi, do’st orttirdi. Odatdagi kunlarda odatlanmagan mashqlar qilinar, goh bir mashq ustida oylab ishlashi uni tinka madorini quritar, dod deb yuborgisi kelar, qayoqqalargadir qochib ketgisi keladi uni. Biroq u – uyga qaytish yo’lini bilmas edi…

Zarba berish kerak deb o’ylada u va ko’z oldida yopirilib kelgan tumanni haydar ekan, beixtiyor: keng yaylovda o’tlab yurgan qo’zilar, baland tog’larda qotib qolgan qor, bargi ko’pligidan mevasini ko’rib bo’lmaydigan murut daraxti nigohida qadalib qoldi. U kenglikda xuddi mashq bajarayotganday, ozod va tutqich bermas tog’ shamoliday harakatlana boshladi. Tizzasiga yetay deb bosh tebratayotgan bedalar, beligi urilayotgan kungaboqarga o’xshagan yovvoyi o’tlarni ham his qilib turardi u. Qizg’ish rangli irg’ay tayog’i bilan quyosh nurini kesayotganday, yana kimdir uni zo’r qiziqish ila kuzatayotganday tuyuldi. U ringda emas – behad kenglik – adirda edi, go’yo. Tog’ havosidan simirgisi keldi uning. Keyin podrab chiqayotgan suvdan to’yib-to’yib ichgisi va ko’m-ko’k maysalar bilan tutashib ketgan osmonga termulib yetigilari kelib ketdi. Mallarang tog’larga to’sh berib yotgan tog’lar bag’ridan parvozga shaylangan burgutlar, osmonda biroz qanotinida qoqmay turadigan qirg’iy ko’ziga ko’ringanda, beixtiyor olis tumanlar orasidan bir siymo ko’z o’ngidan gavdalandi. “Barchasi siz uchun”, deya pichirladi.

Tuman tarqadi va zarba berildi. Raqibi yerga qular ekan, shovqin-suron, olqishu qutlovlar qulog’iga kirmas, negadir kuchli shamol bo’lganday, shuning barobarida u sokin, osuda ediki, to’yib-to’yib uxlagisi kelib ketdi.
Shamol bilan uyquning bir vaqtdagi tashrifi toliqa boshlagan vujudiga og’irlik qilganday, beixtiyor burchakka yo’naldi. Va hakamning ovozini aniq eshitdi:
– O’zbekistonlik Nodir Qodirov g’olib bo’ldi…

U nimadir qilish kerak edi. Masalan, bayroqni ko’tarib yugurishmi, muxlislarga tashakkur bildirib qo’l silkishmi, shunga o’xshash bir nima. Biroq uning negadir murit yegisi, adirda yotgisi va toqqa chiqqisi keldi…

* * *

Kech pishar murutning yer bilan bitta bo’lib to’kilib yotganini ko’rgan bobo dong qotdi. Ko’rayotgani tush yoxud sarob bo’lishini istabmi biroz tikilib turdi-da, so’ng jadal qadam bosib kapa tomon yuzlanib:
– Nodir, qanisan? – deb tayog’ini yerga nuqidi.

Ichkaridan birov ovoz bermadi. Kuchukvachcha g’ingshib qo’ydi. Atrofi tova tosh bilan o’ralgan qo’ra ichidagi ikki kichki qo’ziyu uloqlar, chang yutib o’pkasi sob qilgan qo’y ojiz ma’radi. Boboning xunobi oshib kaftini yuziga soyabon qilib gazaga qaradi. Qirda – bola g’alati bir mashqlarni qilar, oyog’ini ko’tarib, bir vaqtda sakrar va qo’li bilan nimanidir mushtlaganday harakatlanardi. Gazaga biroz tikilib turgach, beixtiyor cho’kkaladi va yerga sochilib yotgan murutdan bir dona olib tishladi: toshday qattiq edi. Hayrati oshib atrofga alanglarkan, buni nima yerga to’kdi, deya kaltakmi, toshmi izladi. Biroq yaqin o’rtada na tosh, na kaltak bor edi.

Quyosh botishidan ikki soat oldin bobo nabirasining qo’lidan tutib qishloqqa – jismoniy tarbiya o’qituvchisi oldiga ketib borardi. Bola bobosiga yetib olish uchun deyarli chopqillar, bobo bo’lsa belbog’ini to’ldirib pishmagan tosh murutdan solib olgan, katta qadam bosgandan ko’k soqoli shamolda ohista tebranar, qirra burnining uchi biroz qizargandi. Bir qo’li belbog’ni mahkam tutgan, ikkinchisi bolani omburdek qisib olgandi…

– …Qo’ylarni Irismat bovaga tashlab keldim. Bilasiz, ikkimizning oramizda bir qir bor. Shu bolada bir gap bor… – dedi bobo o’qituvchini qo’lidan ushlarkan, – Mashq qildiring, tirinofka qildiring, bu bola bukuschi bo’lsin. Ha, aynan bukuschi bo’lishi kerak… – bo’lib o’tgan murid voqeasini batafsil gapirib berdi.

O’qituvchi ichidan toshib kelayotgan kulgini, xuddi o’ylanib qolgan kishi bo’lib burni ushlab tinchidi-da, va:
– E, bova, bir murutni yerga to’kkan bolalar bokschi bo’lsa, yer yuzida bittayam murut pishmasdan sob bo’lib ketardi-ku…
– Man, bilaman, o’g’lim. Bu bolada bir nima bor. San shu bilan shug’ullan, ustozlik qil, bir-ikki hunaringni o’rgat, qolganini o’zi amallab ketadi.

– Bovajon, nabirangizga shunchalik ishonasizmi? – dedi o’qituvchi quvlik bilan.
– Otamga ishonganday, ishonaman shu bolaga…

O’qituvchi bir nima deyolmadi. Baribir bolani olib qolishdan, unga ustozlik qilib hech narsaga erishib bo’lmasligini allaqachon tushunib yetgandi. Biroq o’jar bobo unamayapti.
– Xo’sh, – dedi o’qituvchi muskuldor bilagini o’ynatib, – qancha vaqt shug’ullantiray, bir muddatini aytingda, – deya yana ko’zini qisib qo’ydi.

Uning qancha vaqt degani boboning qulog’iga qancha berasiz deganday tuyuldi va hafsali pir bo’lidi-qo’ydi.
– San, – dedi bobo dona-dona qilib – qarab tur. Man shu bolani bukuschi qilmasam… shu yer, shu tog’ menga harom bo’lsin, harom bo’lsin…

O’qituvchi yo’l o’rtasida ularning ortidan qarab qolar ekan, ho’v olis bolaligida, birinchi bor chempion bo’lganida, xuddi hozirgiday badaniga chumoli o’rmalaganday bo’lgani esiga tushdi. Yuragidan bir nima ko’chib ketganday, shalvirab holsiz bo’lib turaverdi. Bolaning qo’lidan mahkam tutib birovga-da qaramay ketayotgan boboni birinchi bor ko’rayotganday angraydi qoldi. U hali bir kun afsus qilishini, bobodan ming bor uzr so’rashini o’sha vaqt bilmas edi.

– I-ye, buyog’i qiziq bo’ldi-ku. Qaysi kuni Irismat boboning nabirasiyam shaharga qochib ketuvdi. Shoir bo’larmish… tavba. Endi siz bukuschi qilaman deyapsiz. Unda – qo’ylarni kim boqadi, bova, kim boqadi. Bunaqamas-da, odam tug’ilgan tuprog’iga tupurmasliga kerak. Hamma shaharga ketaversa, kim qoladi bu tomonlarda. Keyin, o’zingiz bilasiz, hozir ota-ona qaerda bo’lsa bolayam o’sha yerda ta’lim olishi kerak. Ha, xuddi shunday bo’lishi kerak…

Boboning yuragi og’ridi.
Nabirasini yetakladi-da ketdi.

Mahalla oqsoqoli oradan yillar o’tganda, o’sha suhbatni eslab ko’zi to’la yosh bo’lib: o’ylamay gapirib qo’ydim, axir bolaning ota-onasi yo’q edi-ku, deya, nadomat chekishi xayoliga ham kelmagandi o’shanda.
Bobo tushundiki, yomg’ir ham, qor ham yerga yog’ar ekan. Keyin ikkisining ham boshlanishi osmondan ekan. Bobo “haqiqatlar”dan, “qarashlar”dan charchadi. Oson yopilgan eshiklaru iste’zodan mo’miyolangan yuzlar tinka madorini quritar, biri sportchilik – mehnat, mashaqqat bilan egiz desa, yana biri, sport – bu pul, agar shu mullajiring bo’lmasa, bari chepuxa deb boboni tang qoldirdi. To’g’ri, sport mashaqqat bo’lsa bordir, zahmatdan bola qochmas, agar pul bo’lsa, ana, tog’ boshida tumanday qorayib turgan bir otar qo’y, shu nabiraniki. Yetsa moli, yetmasa joni shu bolakayniki.

Uzoq sarson-sargardonlik bir bo’ldiyu ikkovining yo’li unmagani bir bo’ldi. Yetti o’lchab bir kes deganlaridek, bobo yetti kishini oldiga bordi. O’qituvchi nedandir umidvor bo’ldi. Mahalla oqsoqoliga bukuschi emas, aksincha, cho’pon darkor ekan. Ahmad biznes, mayli, shaharda tanishlarim bor, aytaman, deb ming’irladiyu, shunda boboning yuragiga qurt tushdi: erta bolamni pullab yuborsa-chi? Ha, eshitgan, ba’zi bir odamlar, sportchilarga “ustoz” bo’larkan-da, keyin sotib yuborarkan. Boboni kayfiyati tushib ketdi. Bo’lmadi.

To’rtinchi va beshinchisi shaharda o’qiyotgan talabalarning – ota-onalari oldiga borgani nima bo’ldi, boshiga balo bo’ldi. Mana, ikkita katta, tugunni ko’tarib kelishyapti. Musofir yurtda odamning dili nozik bo’larmish.
Ular poezdga chiqqanida quyosh allaqachon botgan, osmonda qizg’ish bulutlar suzib yurar, Zuhro yulduz miltirab turar, shamol vagonga boshini urardi. Bobo derazadan tashqarini kuzatar ekan, ha, olis yoshlik, ha, yuzi qora yoshlik deb o’ylardi. Qorong’ulik qa’riga mangu muhrlanib qolayotgan tog’larga qarab boboning yuragi to’lib ketdi. Lahzama-lahza o’tayotgan umrning nechog’lik babaqo ekanligi, uch pulga qimmat hayotning, nega oltindan narxini baland qo’yilishi, dunyoni so’rab yotgan insonning ham bir siqim tuproq bo’lajagi, isyonkorona fikrlar miyasini zabt etardi. Poezd tezlashar, yo’lovchilar tezlikka mos bir holatda tebranishar va xayolini o’z erkiga qo’yib yuborishgandilarki, beixtiyor jilmayib qo’yar, yumilgan ko’zlarini ochib atrofga biroz muddat tikilib turar va tushiniksiz bir holatda yana yumib olishardi. “Ex, olis yigitlik – derdi bobo og’ir xo’rsinib. – Umr o’tdi, ha, o’tdi umr. Kecha adirlarni gursillatib yurgan qadamlar bugun og’irlashdi, vazminlashdi. Otga sakrab intiladigan vujud bugun tebranishga-da holi yo’q, madori yo’q.

Bizning avlod – yashab yasholmagan, o’lib qutilolmagan bir kunga qoldi. Tengdoshlar bilan bir zamonlar biz ham orzu qilardik, maqsadimiz bo’lardi, uchuvchimi, quruvchimi, injenermi, huquqshunosmi – bir niyatlar bor edi bizlarda ham. Erta gullagan o’rikni bemahal yoqqan qor yoki sovuqmi, chaqmoqmi bir kechada urib ketganiday bizning avlod orzularini ham – qattol jamiyat yuragimizdan yulib oldi, sug’urib urish maydoniga uloqtirdi. Men, va mening tengdoshlarim qo’limizning shunchalik qattiq qisib musht qildikki, bu mushtlar zarbaga aylanmadi, birovni burnida qonatmadi. Bu yerlar, tog’i toshlar uchun besh barmoq birikmadi, biriksa-da zarba berolmadi. Agar, tengdoshlarimning qabrini ochib ko’rishsa barining qo’li o’sha mushtligicha qotib qolgan ko’rinadi. Zarbaga aylanmagan mushtlar, qat’iy maqsadga aylanmagan orzular…” Bobo ko’p o’yladi. Qiziq, u o’yladimi, gapirib berdimi, bilmadi. Ko’zini ochganida nabirasi poezd oynasida shahar chiroqlariga ham zavq, ham biroz qat’iylik bilan qarab turardiki, beixtiyor bolaning qo’li mushtga aylanib borayotganiga ko’zi tushdi…

– Ota, – dedi shaharlik murabbiy. – Sizga bir nima deyishim qiyin. Siz bu bola, bukuschi bo’ladi deb shunday ishonch bilan gapiryapsiz-ki, rosti kulishniyam bilmay qoldim.
– Bo’ladi, dedimmi, bo’ladi.

– Tushunmadim. Oldin, qandaydir sinab ko’rish…
– E, malim bolam, san bilgan hunaringni o’rgataver. Bu bolada gap ko’p.

– Xo’sh, eshitaylikchi?
– Eshitsang, eshit. Man yoshligimdan bukuschi bo’lmoqchiydim. Ha, xuddi shunchalik paytimdayoq, kechayu kunduz mashq qilardim. Agar bilsang, biz tomonlarda murut degan bir daraxt bor. Mevasi toshdan qatiq bo’lgani uchunmi, bandidan uzilishi juda qiyin. Keyin naqd sentyabrning oxirida pishadi. Unga yerga bir donayam to’kilmaydi. Shu desang, o’sha daraxtni har kuni tepardim, o’yladimki, agar men shu mevalarni to’ksam bukuschi bo’laman. Biroq, men qo’y boqardim-da. Cho’pon edim-da… – Bobo biroz jimib qoldi. – Bir kun kelsam, shu bola barcha murutni yer bilan bitta qilibdi. Tepib tushiribdi. Avvaliga ishonmadim, yaqin atrofda na tosh bor edi, na kaltak. Axir, kapa tevaragini besh barmog’imday bilaman-ku…

– E, bova, siz hali shunga ishonib keldingizmi? Xuddi yo’q bolaga karnay-surnay deganidek…
– Bola, unday dema.

– Boshqa nima dey. Sizningcha, shu burnidan suvi oqib turgan mishiqi, bukuschi bo’ladi. Bunda nima axir…
– Bunda yurak bor – dedi deyarli baqirib…

– Bu yer sizga tog’ emas, baqiradigan.
– Bola…

– Sizga bola emasman. Keyin… siz…

Bobo uning ovozini eshitmadi. Tayoqni sermab yubordi. Murabbiy lahzalar ichida serrayib turdi va gurs etib yerga quladi. Bo’g’ziga pichoq solingan qo’yday tipirchilay boshladi.

– Bolam, – dedi bobo o’ktam ovozda. – eshit, man sen uchun, kerak bo’lsa, butun dunyoga shu bitta tayog’im bilan qarshi turaman. Ha, sen uchun shunday qilaman. Bilib qo’y, – boboning mijjalari namlandi, yutinib olgach davom etdi. – Hayotda har kimning zarbasi bo’ladi. O’z nuqtasi bo’ladi. Shoir bo’laman deb shaharga qochgan jo’rang aytuvdi: vergul qancha ko’p bo’lsa odam zerikadi, bitta nuqta barini hal qiladi qo’yadi. Bu katta gap edi. Bu ulug’ gap edi. O’sha o’rtog’ingga man aytgan edim: qoch, bu yerlardan qochib ket. Ketmasang, hayoting xuddi men va bobongni umridek vergullardan iborat bo’ladi, deb men aytib edim. Bolam… san kuzatib, ko’rib kelding, man to shunga dovur biror kishini urmadim. O’sha maktab o’qituvchisiniyam, mahalla oqsoqoliniyam, boshqasiniyam… Hech kimni urmadim. Bilki, bukusda ham har doim zarba berilavermaydi. Sabr, chidam, qanoat, va matonat kerak. Keyin eng muhimi zarba bo’lishi shart. Sen shuni unutma. Zarba berishni unutma. Men endi ketdim…

– Bobo… Men axir yo’lni bilmayman-ku… Keyin qayoqqa boraman?
– Sen qaytishni o’ylama. Senga odamlarning o’zi yo’lboshchi bo’ladi. Keyin, sen shu yigitning yonida qolasan. U mening zarbamni bir umr unutmaydi. Yaxshi qol. Ortimdan qarama. Men ketdim…

***

Yigit g’olib bo’ldi. Ustozi mahkam quchoqlab qulog’iga shivirladi: men o’shanda bobongga zarba berishni biladimi o’zi, degandim… Zarba berildi. Sen hali eng zo’r bo’lasan…

U hali O’zbekistonga kelgach uni kimlar kutib olishini, toqqa – odamlarning o’zi yo’lboshchi bo’lishini bilmasdi. U yana shuni bilmasdiki, olis tog’ boshida bobosi tush ko’rib, nabirasining baland toqqa chiqqanini va shu kecha olamdan ko’z yumganini u hali bilmasdi.

U faqat zarba berganiyu va chempion bo’lganini bilardi, xolos.

31

(Tashriflar: umumiy 312, bugungi 1)

Izoh qoldiring