Sanjar Tursunov. Mening tog’larim & Bitmas jarohat

07  Кўҳна китобларда ёзилишича, қадимда икки томон урушса оналар бошидаги рўмолини ерга ташларкан. Шунда рақиблар келишиб, низоларга чек қўйишаркан. …

Санжар ТУРСУНОВ
ИККИ ЭССE-БАДИА
003

timthumb.php.jpgСанжар Турсунов 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасида унинг бир неча ҳикоялари тақдим этилган.

003

МЕНИНГ ТОҒЛАРИМ

08  “Икки ҳафта узлуксиз урушдик. Тинка мадоримиз қуриган. Дийдамиз қотиб кетган. Орзу-умидлар сароб, кўнгил ёзиб ҳасратлашмаймиз ҳам. Энг ёмони йиғламай қўйдик.

Кечаси бир йигит қўшиқ айтди. Тилини тушунмайман. Бироқ ноласи таниш. У узоқ ҳиргойи қилди ва кутилмаганда йиғлаб юборди. Кейин ҳаммамиз унга қўшилиб йиғладик.

Ўша оқшом бир-биримизни қучоқлаб табриклаган эдик. Билмадим, нима учун.

Собиқ жангчининг эсталик гурунглари”дан.

***

Кўҳна китобларда ёзилишича, қадимда икки томон урушса оналар бошидаги рўмолини ерга ташларкан. Шунда рақиблар келишиб, низоларга чек қўйишаркан. Ўтмишда аёлларнинг юзини бегоналар кўрмаган. Юзни кўрсатиш аёллар учун ор саналган. Эҳтимол, онанинг рўмолини-да ташлашга мажбур қилган вазиятни бир-бирига душман тарафлар тушунишган. Бироқ йигирманчи асрда рўй берган урушда оналар рўмолини ташламади ё урушни бошлаганлар онасини танимас, яхши кўрмас…

Сурхон воҳасининг шимолий томонида Сангардак қишлоғи бор. Шу қишлоқдан ҳам юз нафардан ортиқ йигит урушга кетган. Қайтиб келганлари ўн икки нафар. Улардан биттаси ҳозир ҳаёт, тўқсон уч ёшда. Ўн бир жангчидан еттитасини танирдим. Байрам кунлари уйларига борардик. Урушда кўрган-кечирганларини гапириб беришарди. Уларнинг жасоратидан завқланиб, “уруш-уруш” ўйнардик.

Яқинда қишлоғимиздан қанча йигит урушга кетганини аниқламоқчи бўлдим. Афсуски, имкони бўлмади. Ҳужжатлар топилмади. Йўқолиб кетганмиш.

Дилгир, паришон бўлиб қолдим.

Шартли равишда уларни юз йигит, деб ўйладим. Юз – бўз йигит, дедим.

Улар қандай йигитлар эди? Уларни кўрганлар борми?

***

Баҳор такрор келади. Баҳор бетакрор келади. Осмонни тўлдириб қалдирғочу турналар учади, олис-олис учади. Булутларга елкадош бўлиб бургутлар учади.

Ерни ёриб бойчечаклар чиқади. Қир-адирларда алвон-алвон қизғалдоқлар очилади. Капалаклар момоқаймоқларга қўниб-қўниб учади. Тол шохида қушлар ғужурлашади, сирлашади. Тилла қўнғизлар ялпизларга қўниб тириклик тотини тотади.

Шамоллар эсади. Тоғдан боққа, боғдан адирларга қараб эрка шамоллар эсаверади. Дов-дарахтларни тебратиб, уйларга гулларни сочиб эсаверади. Терак барглари бўса берган ўн етти ёшли қиздай титрайди.

Чўққидаги қорлар жилғага айланиб оқаверади. Ариқларни, зовурларни, ирмоқларни тўлдириб оқади. Боғлар энди тили чиққан бола сингари барг ёзади, куртак очади, мева тугади… дарахтларнинг деворлардан ошиб ўтган шохларидаги мевалар йўлларга тўкилади. Йўллар эса…

Йўллар қадамларни елкалаган улкан карвондир.

…Улар мана шу йўллардан юриб кетишган. Ватан учун, болаларининг – бизларнинг бахтимиз учун жангга кетишган. Уйланмаган йигитлар, бўз йигитлар. Менинг тоғларим душман йўлига ғов солган. Улар жанг қилдилар, қайтмадилар…

Кетгани икки юзта из…
Қайтган из – йигирма тўртта.

Айтишларича, юрилмаган сўқмоқлар беркилиб қоларкан. Айниқса, тоғ томонларда. Дейдиларки, йўллар чангиб тургани яхши, қанча кўп одам юрса йўл янгиланармиш.

Йўллар эса жим. Йўлларнинг тили йўқ, лафзу забони йўқ, гапирмайди, гапиролмайди…

Бу боғлардан қушлар кетмайди. Баҳору ёз, кузу қиш боғларни тарк этмайди улар. Учиб юраверади, қўниб тураверади. Гала-гала бўлиб гоҳ жанубга, гоҳи шарққа парвоз қилади, боғлардан боғларга салом етказади.

Қушлар такрор учади. Бетакрор учади. Тоққа қараб парвоз қилади улар.

Жонажон тоғ, бургутларинг қаён кетди? Сор-лочинларингсиз ҳувиллаб қолмадингми? Бола эдим, ёнигга бир кун келмасам, ўша тун уйқум келмасди. Сени “учар гиламлар”га менгзаб сайр этардим. Хаёлимда жилваланган сеҳрли томонларга кетардим. Сен гоҳи Бойчибор, гоҳи Ғиркўк бўлиб мени достонлар оламига олиб кетардинг. Қўй боққанимда, от минганимда сен томон ошиқардим. Сен баланд, пурвиқор эдинг.

Бундан роппа-роса етмиш йил олдин, худди менга ўхшаб бўз йигитлар, ўспиринлар келишгандир пойингга. Уларни эслайсанми? Улар ҳам менга ўхшаб сени яхши кўрармиди? Мен сингари сенга орзуларини сўзлармидилар? Улар нечов эди? Мен юз киши дедим…

Замин минг бора айлансин, замон минг тусда турланмасин гап – шу гап: уруш, йигирманчи аср сендан саксон саккиз чўққи ва шунча бургут қарздор. Менинг тоғларимнинг ярми йўқ, бургутларимнинг ярми йўқ. Қайтариб бер уларни. Улар – қўл ушлашиб, елкалашиб, бир-бирига суяниб, эмаклаб кириб келсаям майли… Фақат тоғларига қайтсин бургутларим…

Тоғлар кўз ёшини дарёларга оқизади…

Улар сенинг ирмоқларингда ёз адоғигача чўмилишган. Сен уларни танийсан. Ҳа, уларнинг шодликлари, қувончу ташвишлари, биринчи муҳаббат ҳаяжонларига сен гувоҳсан. Тубингга шўнғиб оқтошларингни топишган, қумларингга беланиб ётишган. Қўлларингдан ушлаб боғларга, чаманларга, гулзорларга олиб кетишган-ку. Бир эслаб кўр, улар сенинг қошингга келганида нима ҳақида гаплашарди? Уларнинг орзулари қанақа эди? Менга шуларни айтиб бер…

Дарёлар – менинг қўлимдан тутиб боғларга етаклаб кетади.

Ҳаёт аввал қандай бўлса ҳозир ҳам ўша маромда – гоҳ шиддат билан, гоҳи сокин ўтиб бормоқда. Тириклик ҳикмати, ҳаётга муҳаббат ҳар бир инсонни ўз тақдири кўчаларига олиб кирмоқда. Шундай кунларда хотиралар кишини хавотирга солади. Улар қандай йигитлар эдилар? Агар шу уруш бўлмаганида улар ҳам фарзандли, набирали бўлишарди. Қайси бирининг набираси менинг энг яқин дўстим бўларди, эҳтимол. Балки полвон бўлиб донг таратармиди? Ё чавандоз бўлиб шамолдай елармиди? Туғилмаган орзулар, туғилмаган ниятлар, туғилмаган эзгуликлар…

Мен эса саволимга жавоб излаб толмайман…

Сангардакка кираверишда, тоғнинг чўққсига яқин жойда олча дарахти бор. Унга минг тусли латта-лутта илинган. Олисдан қаралса ажиб манзара касб этади. Яқинроқ борганда, дарахтнинг айрим шохлари қуриган, синган – хастаҳол.

Одамлар шу дарахт олдидан ўтганда юзларига фотиҳа тортадилар, тиловат қиладилар. Айтишларича, улуғ бир инсоннинг қабри шу ерда экан. Бироқ, менимча, бу ерда минглаб орзу, минглаб умиду илтижолар, соғинчлару армонлар қўним топган. Мана, бу қизил рўмол парчаси жангчининг онасидандир. Бу эса – ўғил боланинг тўнининг этагидан йиртиб олинган. Мана, бу дастрўмолча кўнгли хушлаган йигитини соғинган ўн саккиз-ўн тўққиз яшар қизники. Хаёлимда бари тикланади. Барчаси. Ҳа, улар эрта ё кеч, кундуз ёки қоронғуда йигитларимиз қайтишса кўрсин, билсин, биз сизни соғиндик, сизсиз қийналганимизни билишсин, деганлар.

Она боласини унутиши мумкинми?
Ота зурриёдини соғинмайдими?

Ватан – фарзандларини, айниқса қаҳрамонларни унутмайди. Улар қаҳрамонлар эди. Нечи кишилиги муҳим эмас, буюк жасорат кўрсатиб энди руҳлари тоғлар чўқққисидан озод ва обод диёрга тикилиб турган азаматлар улар.

Сизни унутмаймиз…
Ҳеч қачон!!!

***

Май ойида Сангардак тоғларида бургутлар баланд-баланд учади. Дарёлар тўлғониб оқади. Осмон кўз ёш тўкиб йиғлайди. Боғлари маҳзун-маҳзун тебрангандай бўлади. Олча дарахтининг эса қуриган шохлари узоқ чайқалади. Шамоллар эпчил қиздай гоҳ унисига, гоҳ бунисига югуради. Улар – ўн саккиз-ўн тўққиз ёшли йигитларни, болаларини, кўзининг қорасини шундай хотирлайдилар. Тоғлар қайтмаган бургутларини соғиниб мунғайиб туради. Уларни юпатиб бўлармиди?

Бобоми, момоми, ёши катта кишими оғир бетоб бўлиб ёки бошқа сабабданми қийналиб жон берса, уни танимасак ҳам қазосини эшитганда баданимизда чумоли ўрмалагандай бўлади. Ўлим – барибир даҳшат. Пичирлаб дуолар ўқиймиз, марҳумга Яратгандан марҳамат сўраймиз, юзимизга фотиҳа тортамиз. Лекин йигирмага кириб-кирмай, бир қизнинг сочин силаб-силамай, севиб-севилмай, ўғил бўлиб онасига битта рўмол, отасига махси-калиш олиб беролмай, ака бўлиб укага тиргак, ука бўлиб акага қувват бўлмай, опа-сингилларнинг тўйини кўролмай, айни йигирма, йигирма беш ёшли йигитлар ўлиб кетса, бундан ортиқ даҳшат борми? Ким уларга дуо ўқийди? Яратгандан марҳамат сўрайди? Ким? Қишлоқда келин қиламан деб, бир қанча қизларни кўз остига олиб, келиб қолса тўй қиламан, мана бу томонда аёллар, бу ёқда эркаклар ўтиради, дея орзуланиб юрган она, ўғлининг ўққа учганини, танк остида қолганини, мина билан қўшилиб портлаб кетганини қаердан билсин? Бу йил далада иш кўпайди, болам тезроқ кела қолсайди, деб йўл қараган ота боласини энди ҳеч қачон қайтмаслигини билармиди? Қиз боши билан от миниб, этик кийиб, адирда буғдой ўрган опа-сингил жигарининг қайси бир жанг майдонида қолиб кетганини туш кўрибдими?

Биз – ўша бемаҳал завол топган авлоднинг бахтиёр фарзандларимиз. Болам мендан бахтли бўлсин, деган ҳайқириқларнинг акс-садоларимиз. Бугунги тинч замон, тўкин-сочинлик учун уларни ҳар кун, ҳар лаҳза қадрлаб, пок номларни қалбимизда сақлаш, қаҳрамонликлари олдида бош эгиш барчамизнинг бурчимиз, қарзимиздир…

Биз уларнинг орзулари, мақсадлари, ушалмаган армонларимиз.

***

Урушдан қайтганимда қишлоғимиз ҳувиллаб қолганди. Бўйиндошларимнинг бари юртдан олисда, қон кечиб юрарди. Мен битта оёғимни душман тупроғига ташлаб юртимга қайтиб келдим. Далада кетмон чопдим. Тариқ қўриқладим. Аравада буғдой ташидим. Бир кун раис ёнига чақириб:

— Сенга бошқа иш бор. Далама дала юришни йиғиштир – деди.

Почталён бўлиб ишлаб юрдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай аёллар мени кўрса ғижиниб юзини беркитадиган бўлишди…

“Почтачи эсдаликлари” дан.

У ўлгандан кейин сандиғидан юздан ортиқ мактуб чиқди.

Уларнинг ҳаммаси “қора хат”лар экан…

Улар омонсиз урушдан она юртига, юксак тоғларига қайтиб кела олмаган қишлоғимиз бургутлари ҳақидаги сўнгги муждалар эди.

Ўша бургутларнинг руҳлари Осмонталош чўққилар узра абадий кезиб юрибди. Менинг ёвқур бургутларим!..

БИТМАС ЖАРОҲАТ

Эскиртма

02кҚишлоғимизнинг марказида ўрмон хўжалигининг идораси бор эди. Идоранинг дарвозасида олисдан ҳам кўзга кўринадиган қилиб “Табиатнинг асранг”, деб ёзиб қўйилганди. Биз болалар тоққа ўтинга борарканмиз, албатта, шу ёзувга кўзимиз тушар, ва уйда, мактабда эшитганларимиз – табиат инсоннинг энг яқин дўсти, у едиради, кийдиради, тўйдиради, унга хиёнат қилиш – тузлуққа тупириш, деган гаплар хаёлимиздан ўтиб, битта бўлсин ҳўл дарахт кесмай, қўриган шохларини синдириб уйга қайтардик.

Шубҳасиз табиат инсоннинг дўсти. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш, бизга худди ота-боболаримиздан қолган ёдгорликдай қадрли, васиятдай аҳамиятли, керак бўлса, тарбиямизнинг муҳим буғинидир. Бироқ, минг надоматлар бўлсинки, биз – одамлар ҳамиша асраган, авайлаган нарсаларимизнинг бузишга, вайрон қилишга, билмадим, шунчалик ўчмизми, ҳар ҳолда қилма деган ишни қилаётган ўжар болаларга аллақачон айланиб улгирганмиз. Энди нима қиларимизни билмай, худди отаси китобга берган пулни комютер ўйнаб, ёки музқаймоқ еб қўйган бола сингари, уйга киролмай ҳовли бурчагидаги бостирмада беркиниб ё падезд атрофида айланиб, энди нима қилсам экан, дея ич-этимизни тирнаб, кўзимизга ёш келаяптими? Афсуски, йўқ! Гўё ҳамма нарса биз учун яратилгандек, гўё инсонлигимиз бизга керагидан ортиқ имкониятлар берадигандек, зарра бўлсин виждонимиз қийналмай яна ўша ишларимизни давом эттираяпмиз.

Китобларда, газета мақолаларида 1 ва 2 жаҳон уришлари бош ҳарфлар билан ёзилади. Нега, ҳозир биз қўллагандай рақамлар билан эмас, нега айнан бош ҳарфлар ёзилар экан-а? Эй, инсон кўзларингни каттароқ оч, ён-атрофингга қара, бу шунчаки ахборот ёки хабар эмас, бу йигирманчи асрнинг ўзи яратган ихтиросию жабри ҳалигача кишиларнинг юрганини ларзага солаётган хато, айнан шунинг учун ҳам эслатма, бу ҳол такрорланмасин, тарих саҳифаларида ўша 1,2 билангина қолиб кетсин, зинҳор базинҳор 3 ёки 4 рақамларини қўшишга, қўлингдан келса келмаса қаршилик қил, кураш, бу сенинг ва сенга замондош бўлган барча инсоннинг, инсониятнинг энг долзарб ишидир, деган бир огоҳ эмасмикан? Негадир мен шундай деб ўйлайман, ўйлайвераман.

Биз – инсонлар эрталаб уловда йўловчимиз, ишхонада ишчимиз, ошхонада хўрандамиз, уйда отамиз, эрмиз, ўғилмиз. Айтингчи, қачон инсонмиз, қай ҳолатда ўз инсонлигимизни теран англаб етмамиз.
Уруш-ку, тугади, аммо жароҳатлари ҳали ҳамон бор эмасми?

Воқеа

– Елкалари яра бўлмаган болаларим – деб йиғлар экан Шамсия момо.

– Шуям йиғи бўлди-ю, – деб бир икки ёш майна қилса, кексалар –жим бўл, – деб койиркан сўнг узоқ сукутга кетишаркан.
– Бу йиғининг маъносини биласизларми, – дер экан пича вақт ўтиб, улардан йўқ маъносини олгач, – Момонинг ики ўғли урушда, кенжасини тоғда илон чақиб ўлдирган. Елкалари яра бўлмаган дегани – менинг тобутимни кўтармаган, ҳаёт ташвишию қувончида бир тилим ҳам тишламаган, келгани кетган, кўргану улгурмаган, дегани…
Аския қилгувчилар жим бўлиб қолишар экан.

Мулоҳаза

Қўшнинг тинч – сен тинч, деган мақолимиз бор.

Уй олма – қўшни ол, деб яна кучайтирилади.

Учинчиси – қўшнинг ёмон – бўлса уйингни сотиб қутиласан.

Иккита бола уришса, бир-бирини йиғлатса қанд-қурс, музқаймоқ бериб тинчлатирса бўлар-ов. Нари борса икки соатда эсидан чиқариб, яна жўра-жўра бўлиб кетаверади.

Катта ёшлилар уришса-чи?

Ёши улуғлар тўй-ҳашамдами, байрам, ҳайитлардами уларни ҳам яраштириб қўяди. Бир икки кун гапи қовушмай туради-да, сўнг ўртадаги низолар кўтарилиб, яна вақтлар ўтгач ўша ҳангомани эслаб кулиб юришади.

Мамлакатлар уришса-чи?
Уларни ким яраштириб қўяди?
Ким?!

Шукрки, юртимиз тинч, лекин дунё тинч эмас-ку…

Бир кун келиб дунёни ҳам тинчлантирса бўлар, эҳтимол, барча давлатлар тинчликни ёқлаб чиқар, ҳамма тинч-тотув яшашни истаб қолар, қачонки – биз кўнглимизни тинчлантирсак, қалбимиздаги инсонийликни асрай олсак.

Демак, мамлакатлар ҳам тинч.
Дунё ҳам тинчликни истайди.

Фақат кўнгил нотинч, кўнглимиз безовта, эй кўнгилдошлар…

Фикр

Барча яратиқлар – ҳайвонлар, паррандаю даррандалар, судралиб юрувчилару қанотлилар, – ўз вазифасини яхши билишади. Мушук сичқон овлайди, тирнайди. Ит уй қўрийди, тишлайди. Эшак юк ташийди, ҳанграйди. От улоқ чопади, кишнайди. Тулки – айёр, унда тантилик йўқ. Йўлбарс – жасур, айёрлик йўқ. Қарға учади – гўнг ҳам титади. Бургут ҳам учади – ўлаксахўр эмас.

Мушук уй қўримайди – вазифасини билади, ит сиқчон овламайди у ҳам билади. Эшак кишнолмаганидек, от ҳанграмайди. Тулки мард бўлолмаганидек, йўлбарс айёрликни ўзига эп кўрмайди. Улар – ўз вазифасини билишади… Онгсиз, ақлсиз бўлсаям жуда яхши билишади.

Фақат… Фақат одамзодгина нима иш қилишини, нима юмуш билан бу дунёга келганини билмай ўтиб кетади, холос… Онгли бўла туриб, онгсизлар қилмаган ишларни қилади…

Вазифамиз нима одамзод?!
Урушишми?
Қон тўкишми?

Вазифамиз нима, эй одамзод?!

Яна Шамсия момо

Момонинг жуда катта боғи бор эди. Шу қўрғончада одамлар исмини билмайдиган бир қанча мевали дарахтлар бор эдики, момо уларнинг барига ном қўйиб чиққан экан: меҳр, яхшилик, тинчлик, муҳаббат, оқибат, инсонийлик, соғинч, севинч, овунч…

– Мана бу дарахтнинг номи урушми? Қаранг баҳайбат, ҳамма дарахтингизга соя солиб турибди, – деса, момо:

– Йўқ, бунинг номи бор, бу – ёлғизлик, деган экан…

Кекса, чириб адо бўлган, мевали дарахтларни қуёш нуридан пана қилган ўша номсизгаям момо ном топган экан.

Бугун Шамсия момо йўқ. Бизлар туғилмасдан илгари ўтиб кетган бу дунёдан. Кўрайин десак сурати ҳам йўқ.

Бир вақтлар Орол қурияти, деб шаҳардан борган тўрт-беш шляпали одамларга, Аъзамов домла бундай деган экан:

– Эшитдик, зўр, нутқингиз ажойиб! Агар сизлар Оролни яна тўлдирмоқчи бўлсангиз, бутун Ўзбек аёлларининг кўз ёшларини ўша томонга канал қилиб оборинглар. Биринчи Шамсия момодан бошланглар…

Кейин нима бўлган бўлса…
Яхшиси уёғини айтиб ўтирмайман…

Дарвоқе, кейинчалик Шамсия момога Марсия момо, деб исм берган ҳам Аъзамов домла экан…

Инсонларни асрайлик

Табиатни асранг, деган шиор, ўз уйингни ўзинг асра, деган мақол ва яна бир қанча огоҳлантирувчи хитоблар талайгина.
Биз – инсонлар эрталаб уловда йўловчимиз, ишхонада ишчимиз, ошхонада хўрандамиз, уйда отамиз, эрмиз, ўғилмиз. Бир сўз билан айтганда – инсонмиз, қачонки, қалбимиздаги инсонни асрай олсак.

Вазифамиз кўп, муҳими, энг муҳими яна қалбимиздаги инсонни асрашдир. Дунёдошлар қалбимизда биздан кўра чиройлироқ, буюкроқ, яхшироқ бир инсон яшайди. У онадан энди туғилган чақалоқдай маъсум, боладай беғубор, ўсмирдай тоза, йигитдай жасур, кесадай донишманд. Гавдамиз, танамиз ичимиздагидек бир хил бўлсин. Бас, етар, биз – одамзодга бошқа урушларнинг кераги йўқ. Етар, момоларимизнинг куйиб ўтганлари, боболаримизнинг танклар билан ёниб кетганлари етади бизга.

Умримиз қисқа… Оддий қарға минг йил яшаса-да, бир-бирининг кўзини чўқимайди. Бизлар эса 70-80 йил умр кўрсак-да, нега ахир…

Эҳтимол, қарға шунинг учун минг йил яшар?
Тўрт юз эллик минг лола, деб ёзади шоир.
Тўрт юз эллик минг соғинч деб оҳ уради.

Тўрт юз эллик минг онанинг юрак парчалари эмасми? Шунча онанинг жони эмасмикан?

Бизга оқ сут берган, йиғласак овутган, елкаларида кўтарган оналаримизни асрайлик энди. Иккинчи жаҳон урушининг жароҳатлари ҳали битиб кетгани йўқ. Гарчи, уларнинг аксарияти ўтиб кетган бўлса-да, бармоқ билан санарли даражада кам қолган эса-да, барибир яралар битиб кетган эмас. Айтишларича руҳлар ўлмас эмиш. Демак, уларнинг мажруҳ, азобланган, фарзанд доғидан эгилган қоматлари – руҳлари ҳамон камондай эгилиб туришибди.

Марҳумларнинг ҳурмати учун,
Бевақт кетган йигитларнинг номи учун,
Севганини кутавериб бу дунёдан ҳур кетганлар учун,
Яна жами инсонлар учун, ўзимиз учун,
Инсонлар – қалбимиздаги инсонларни асрайлик!..
Ўзимизни асрайлик!..

07 Ko‘hna kitoblarda yozilishicha, qadimda ikki tomon urushsa onalar boshidagi ro‘molini yerga tashlarkan. Shunda raqiblar kelishib, nizolarga chek qo‘yisharkan. …

Sanjar TURSUNOV
IKKI ESSE-BADIA
003

03Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Davlat sanat va madaniyat institutining jurnalistika bo‘limini bitirgan. Ayni paytda “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida xizmat qilmoqda. “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifasida uning bir necha hikoyalari taqdim etilgan.

003

MЕNING TOG‘LARIM

“Ikki hafta uzluksiz urushdik. Tinka madorimiz qurigan. Diydamiz qotib ketgan. Orzu-umidlar sarob, ko‘ngil yozib hasratlashmaymiz ham. Eng yomoni yig‘lamay qo‘ydik.

Kechasi bir yigit qo‘shiq aytdi. Tilini tushunmayman. Biroq nolasi tanish. U uzoq hirgoyi qildi va kutilmaganda yig‘lab yubordi. Keyin hammamiz unga qo‘shilib yig‘ladik.

O‘sha oqshom bir-birimizni quchoqlab tabriklagan edik. Bilmadim, nima uchun.

Sobiq jangchining estalik gurunglari”dan.

***

Ko‘hna kitoblarda yozilishicha, qadimda ikki tomon urushsa onalar boshidagi ro‘molini yerga tashlarkan. Shunda raqiblar kelishib, nizolarga chek qo‘yisharkan. O‘tmishda ayollarning yuzini begonalar ko‘rmagan. Yuzni ko‘rsatish ayollar uchun or sanalgan. Ehtimol, onaning ro‘molini-da tashlashga majbur qilgan vaziyatni bir-biriga dushman taraflar tushunishgan. Biroq yigirmanchi asrda ro‘y bergan urushda onalar ro‘molini tashlamadi yo urushni boshlaganlar onasini tanimas, yaxshi ko‘rmas…

Surxon vohasining shimoliy tomonida Sangardak qishlog‘i bor. Shu qishloqdan ham yuz nafardan ortiq yigit urushga ketgan. Qaytib kelganlari o‘n ikki nafar. Ulardan bittasi hozir hayot, to‘qson uch yoshda. O‘n bir jangchidan yettitasini tanirdim. Bayram kunlari uylariga borardik. Urushda ko‘rgan-kechirganlarini gapirib berishardi. Ularning jasoratidan zavqlanib, “urush-urush” o‘ynardik.

Yaqinda qishlog‘imizdan qancha yigit urushga ketganini aniqlamoqchi bo‘ldim. Afsuski, imkoni bo‘lmadi. Hujjatlar topilmadi. Yo‘qolib ketganmish.

Dilgir, parishon bo‘lib qoldim.

Shartli ravishda ularni yuz yigit, deb o‘yladim. Yuz – bo‘z yigit, dedim.

Ular qanday yigitlar edi? Ularni ko‘rganlar bormi?

***

Bahor takror keladi. Bahor betakror keladi. Osmonni to‘ldirib qaldirg‘ochu turnalar uchadi, olis-olis uchadi. Bulutlarga yelkadosh bo‘lib burgutlar uchadi.

Yerni yorib boychechaklar chiqadi. Qir-adirlarda alvon-alvon qizg‘aldoqlar ochiladi. Kapalaklar momoqaymoqlarga qo‘nib-qo‘nib uchadi. Tol shoxida qushlar g‘ujurlashadi, sirlashadi. Tilla qo‘ng‘izlar yalpizlarga qo‘nib tiriklik totini totadi.

Shamollar esadi. Tog‘dan boqqa, bog‘dan adirlarga qarab erka shamollar esaveradi. Dov-daraxtlarni tebratib, uylarga gullarni sochib esaveradi. Terak barglari bo‘sa bergan o‘n yetti yoshli qizday titraydi.

Cho‘qqidagi qorlar jilg‘aga aylanib oqaveradi. Ariqlarni, zovurlarni, irmoqlarni to‘ldirib oqadi. Bog‘lar endi tili chiqqan bola singari barg yozadi, kurtak ochadi, meva tugadi… daraxtlarning devorlardan oshib o‘tgan shoxlaridagi mevalar yo‘llarga to‘kiladi. Yo‘llar esa…

Yo‘llar qadamlarni yelkalagan ulkan karvondir.

…Ular mana shu yo‘llardan yurib ketishgan. Vatan uchun, bolalarining – bizlarning baxtimiz uchun jangga ketishgan. Uylanmagan yigitlar, bo‘z yigitlar. Mening tog‘larim dushman yo‘liga g‘ov solgan. Ular jang qildilar, qaytmadilar…

Ketgani ikki yuzta iz…
Qaytgan iz – yigirma to‘rtta.

Aytishlaricha, yurilmagan so‘qmoqlar berkilib qolarkan. Ayniqsa, tog‘ tomonlarda. Deydilarki, yo‘llar changib turgani yaxshi, qancha ko‘p odam yursa yo‘l yangilanarmish.

Yo‘llar esa jim. Yo‘llarning tili yo‘q, lafzu zaboni yo‘q, gapirmaydi, gapirolmaydi…

Bu bog‘lardan qushlar ketmaydi. Bahoru yoz, kuzu qish bog‘larni tark etmaydi ular. Uchib yuraveradi, qo‘nib turaveradi. Gala-gala bo‘lib goh janubga, gohi sharqqa parvoz qiladi, bog‘lardan bog‘larga salom yetkazadi.

Qushlar takror uchadi. Betakror uchadi. Toqqa qarab parvoz qiladi ular.

Jonajon tog‘, burgutlaring qayon ketdi? Sor-lochinlaringsiz huvillab qolmadingmi? Bola edim, yonigga bir kun kelmasam, o‘sha tun uyqum kelmasdi. Seni “uchar gilamlar”ga mengzab sayr etardim. Xayolimda jilvalangan sehrli tomonlarga ketardim. Sen gohi Boychibor, gohi G‘irko‘k bo‘lib meni dostonlar olamiga olib ketarding. Qo‘y boqqanimda, ot minganimda sen tomon oshiqardim. Sen baland, purviqor eding.

Bundan roppa-rosa yetmish yil oldin, xuddi menga o‘xshab bo‘z yigitlar, o‘spirinlar kelishgandir poyingga. Ularni eslaysanmi? Ular ham menga o‘xshab seni yaxshi ko‘rarmidi? Men singari senga orzularini so‘zlarmidilar? Ular nechov edi? Men yuz kishi dedim…

Zamin ming bora aylansin, zamon ming tusda turlanmasin gap – shu gap: urush, yigirmanchi asr sendan sakson sakkiz cho‘qqi va shuncha burgut qarzdor. Mening tog‘larimning yarmi yo‘q, burgutlarimning yarmi yo‘q. Qaytarib ber ularni. Ular – qo‘l ushlashib, yelkalashib, bir-biriga suyanib, emaklab kirib kelsayam mayli… Faqat tog‘lariga qaytsin burgutlarim…

Tog‘lar ko‘z yoshini daryolarga oqizadi…

Ular sening irmoqlaringda yoz adog‘igacha cho‘milishgan. Sen ularni taniysan. Ha, ularning shodliklari, quvonchu tashvishlari, birinchi muhabbat hayajonlariga sen guvohsan. Tubingga sho‘ng‘ib oqtoshlaringni topishgan, qumlaringga belanib yotishgan. Qo‘llaringdan ushlab bog‘larga, chamanlarga, gulzorlarga olib ketishgan-ku. Bir eslab ko‘r, ular sening qoshingga kelganida nima haqida gaplashardi? Ularning orzulari qanaqa edi? Menga shularni aytib ber…

Daryolar – mening qo‘limdan tutib bog‘larga yetaklab ketadi.

Hayot avval qanday bo‘lsa hozir ham o‘sha maromda – goh shiddat bilan, gohi sokin o‘tib bormoqda. Tiriklik hikmati, hayotga muhabbat har bir insonni o‘z taqdiri ko‘chalariga olib kirmoqda. Shunday kunlarda xotiralar kishini xavotirga soladi. Ular qanday yigitlar edilar? Agar shu urush bo‘lmaganida ular ham farzandli, nabirali bo‘lishardi. Qaysi birining nabirasi mening eng yaqin do‘stim bo‘lardi, ehtimol. Balki polvon bo‘lib dong taratarmidi? Yo chavandoz bo‘lib shamolday yelarmidi? Tug‘ilmagan orzular, tug‘ilmagan niyatlar, tug‘ilmagan ezguliklar…

Men esa savolimga javob izlab tolmayman…

Sangardakka kiraverishda, tog‘ning cho‘qqsiga yaqin joyda olcha daraxti bor. Unga ming tusli latta-lutta ilingan. Olisdan qaralsa ajib manzara kasb etadi. Yaqinroq borganda, daraxtning ayrim shoxlari qurigan, singan – xastahol.

Odamlar shu daraxt oldidan o‘tganda yuzlariga fotiha tortadilar, tilovat qiladilar. Aytishlaricha, ulug‘ bir insonning qabri shu yerda ekan. Biroq, menimcha, bu yerda minglab orzu, minglab umidu iltijolar, sog‘inchlaru armonlar qo‘nim topgan. Mana, bu qizil ro‘mol parchasi jangchining onasidandir. Bu esa – o‘g‘il bolaning to‘nining etagidan yirtib olingan. Mana, bu dastro‘molcha ko‘ngli xushlagan yigitini sog‘ingan o‘n sakkiz-o‘n to‘qqiz yashar qizniki. Xayolimda bari tiklanadi. Barchasi. Ha, ular erta yo kech, kunduz yoki qorong‘uda yigitlarimiz qaytishsa ko‘rsin, bilsin, biz sizni sog‘indik, sizsiz qiynalganimizni bilishsin, deganlar.

Ona bolasini unutishi mumkinmi?
Ota zurriyodini sog‘inmaydimi?

Vatan – farzandlarini, ayniqsa qahramonlarni unutmaydi. Ular qahramonlar edi. Nechi kishiligi muhim emas, buyuk jasorat ko‘rsatib endi ruhlari tog‘lar cho‘qqqisidan ozod va obod diyorga tikilib turgan azamatlar ular.

Sizni unutmaymiz…
Hech qachon!!!

***

May oyida Sangardak tog‘larida burgutlar baland-baland uchadi. Daryolar to‘lg‘onib oqadi. Osmon ko‘z yosh to‘kib yig‘laydi. Bog‘lari mahzun-mahzun tebranganday bo‘ladi. Olcha daraxtining esa qurigan shoxlari uzoq chayqaladi. Shamollar epchil qizday goh unisiga, goh bunisiga yuguradi. Ular – o‘n sakkiz-o‘n to‘qqiz yoshli yigitlarni, bolalarini, ko‘zining qorasini shunday xotirlaydilar. Tog‘lar qaytmagan burgutlarini sog‘inib mung‘ayib turadi. Ularni yupatib bo‘larmidi?

Bobomi, momomi, yoshi katta kishimi og‘ir betob bo‘lib yoki boshqa sababdanmi qiynalib jon bersa, uni tanimasak ham qazosini eshitganda badanimizda chumoli o‘rmalaganday bo‘ladi. O‘lim – baribir dahshat. Pichirlab duolar o‘qiymiz, marhumga Yaratgandan marhamat so‘raymiz, yuzimizga fotiha tortamiz. Lekin yigirmaga kirib-kirmay, bir qizning sochin silab-silamay, sevib-sevilmay, o‘g‘il bo‘lib onasiga bitta ro‘mol, otasiga maxsi-kalish olib berolmay, aka bo‘lib ukaga tirgak, uka bo‘lib akaga quvvat bo‘lmay, opa-singillarning to‘yini ko‘rolmay, ayni yigirma, yigirma besh yoshli yigitlar o‘lib ketsa, bundan ortiq dahshat bormi? Kim ularga duo o‘qiydi? Yaratgandan marhamat so‘raydi? Kim? Qishloqda kelin qilaman deb, bir qancha qizlarni ko‘z ostiga olib, kelib qolsa to‘y qilaman, mana bu tomonda ayollar, bu yoqda erkaklar o‘tiradi, deya orzulanib yurgan ona, o‘g‘lining o‘qqa uchganini, tank ostida qolganini, mina bilan qo‘shilib portlab ketganini qayerdan bilsin? Bu yil dalada ish ko‘paydi, bolam tezroq kela qolsaydi, deb yo‘l qaragan ota bolasini endi hech qachon qaytmasligini bilarmidi? Qiz boshi bilan ot minib, etik kiyib, adirda bug‘doy o‘rgan opa-singil jigarining qaysi bir jang maydonida qolib ketganini tush ko‘ribdimi?

Biz – o‘sha bemahal zavol topgan avlodning baxtiyor farzandlarimiz. Bolam mendan baxtli bo‘lsin, degan hayqiriqlarning aks-sadolarimiz. Bugungi tinch zamon, to‘kin-sochinlik uchun ularni har kun, har lahza qadrlab, pok nomlarni qalbimizda saqlash, qahramonliklari oldida bosh egish barchamizning burchimiz, qarzimizdir…
Biz ularning orzulari, maqsadlari, ushalmagan armonlarimiz.

***

Urushdan qaytganimda qishlog‘imiz huvillab qolgandi. Bo‘yindoshlarimning bari yurtdan olisda, qon kechib yurardi. Men bitta oyog‘imni dushman tuprog‘iga tashlab yurtimga qaytib keldim. Dalada ketmon chopdim. Tariq qo‘riqladim. Aravada bug‘doy tashidim. Bir kun rais yoniga chaqirib:

— Senga boshqa ish bor. Dalama dala yurishni yig‘ishtir – dedi.

Pochtalyon bo‘lib ishlab yurdim. Oradan hech qancha vaqt o‘tmay ayollar meni ko‘rsa g‘ijinib yuzini berkitadigan bo‘lishdi…

“Pochtachi esdaliklari” dan.

U o‘lgandan keyin sandig‘idan yuzdan ortiq maktub chiqdi.

Ularning hammasi “qora xat”lar ekan…

Ular omonsiz urushdan ona yurtiga, yuksak tog‘lariga qaytib kela olmagan qishlog‘imiz burgutlari haqidagi so‘nggi mujdalar edi.

O‘sha burgutlarning ruhlari Osmontalosh cho‘qqilar uzra abadiy kezib yuribdi. Mening yovqur burgutlarim!..

BITMAS JAROHAT

Eskirtma

04Qishlog‘imizning markazida o‘rmon xo‘jaligining idorasi bor edi. Idoraning darvozasida olisdan ham ko‘zga ko‘rinadigan qilib “Tabiatning asrang”, deb yozib qo‘yilgandi. Biz bolalar toqqa o‘tinga borarkanmiz, albatta, shu yozuvga ko‘zimiz tushar, va uyda, maktabda eshitganlarimiz – tabiat insonning eng yaqin do‘sti, u yediradi, kiydiradi, to‘ydiradi, unga xiyonat qilish – tuzluqqa tupirish, degan gaplar xayolimizdan o‘tib, bitta bo‘lsin ho‘l daraxt kesmay, qo‘rigan shoxlarini sindirib uyga qaytardik.

Shubhasiz tabiat insonning do‘sti. Uni asrab-avaylash, himoya qilish, bizga xuddi ota-bobolarimizdan qolgan yodgorlikday qadrli, vasiyatday ahamiyatli, kerak bo‘lsa, tarbiyamizning muhim bug‘inidir. Biroq, ming nadomatlar bo‘lsinki, biz – odamlar hamisha asragan, avaylagan narsalarimizning buzishga, vayron qilishga, bilmadim, shunchalik o‘chmizmi, har holda qilma degan ishni qilayotgan o‘jar bolalarga allaqachon aylanib ulgirganmiz. Endi nima qilarimizni bilmay, xuddi otasi kitobga bergan pulni komyuter o‘ynab, yoki muzqaymoq yeb qo‘ygan bola singari, uyga kirolmay hovli burchagidagi bostirmada berkinib yo padezd atrofida aylanib, endi nima qilsam ekan, deya ich-etimizni tirnab, ko‘zimizga yosh kelayaptimi? Afsuski, yo‘q! Go‘yo hamma narsa biz uchun yaratilgandek, go‘yo insonligimiz bizga keragidan ortiq imkoniyatlar beradigandek, zarra bo‘lsin vijdonimiz qiynalmay yana o‘sha ishlarimizni davom ettirayapmiz.

Kitoblarda, gazeta maqolalarida 1 va 2 jahon urishlari bosh harflar bilan yoziladi. Nega, hozir biz qo‘llaganday raqamlar bilan emas, nega aynan bosh harflar yozilar ekan-a? Ey, inson ko‘zlaringni kattaroq och, yon-atrofingga qara, bu shunchaki axborot yoki xabar emas, bu yigirmanchi asrning o‘zi yaratgan ixtirosiyu jabri haligacha kishilarning yurganini larzaga solayotgan xato, aynan shuning uchun ham eslatma, bu hol takrorlanmasin, tarix sahifalarida o‘sha 1,2 bilangina qolib ketsin, zinhor bazinhor 3 yoki 4 raqamlarini qo‘shishga, qo‘lingdan kelsa kelmasa qarshilik qil, kurash, bu sening va senga zamondosh bo‘lgan barcha insonning, insoniyatning eng dolzarb ishidir, degan bir ogoh emasmikan? Negadir men shunday deb o‘ylayman, o‘ylayveraman.

Biz – insonlar ertalab ulovda yo‘lovchimiz, ishxonada ishchimiz, oshxonada xo‘randamiz, uyda otamiz, ermiz, o‘g‘ilmiz. Aytingchi, qachon insonmiz, qay holatda o‘z insonligimizni teran anglab yetmamiz.
Urush-ku, tugadi, ammo jarohatlari hali hamon bor emasmi?

Voqea

– Yelkalari yara bo‘lmagan bolalarim – deb yig‘lar ekan Shamsiya momo.

– Shuyam yig‘i bo‘ldi-yu, – deb bir ikki yosh mayna qilsa, keksalar –jim bo‘l, – deb koyirkan so‘ng uzoq sukutga ketisharkan.
– Bu yig‘ining ma’nosini bilasizlarmi, – der ekan picha vaqt o‘tib, ulardan yo‘q ma’nosini olgach, – Momoning iki o‘g‘li urushda, kenjasini tog‘da ilon chaqib o‘ldirgan. Yelkalari yara bo‘lmagan degani – mening tobutimni ko‘tarmagan, hayot tashvishiyu quvonchida bir tilim ham tishlamagan, kelgani ketgan, ko‘rganu ulgurmagan, degani…
Askiya qilguvchilar jim bo‘lib qolishar ekan.

Mulohaza

Qo‘shning tinch – sen tinch, degan maqolimiz bor.

Uy olma – qo‘shni ol, deb yana kuchaytiriladi.

Uchinchisi – qo‘shning yomon – bo‘lsa uyingni sotib qutilasan.

Ikkita bola urishsa, bir-birini yig‘latsa qand-qurs, muzqaymoq berib tinchlatirsa bo‘lar-ov. Nari borsa ikki soatda esidan chiqarib, yana jo‘ra-jo‘ra bo‘lib ketaveradi.

Katta yoshlilar urishsa-chi?

Yoshi ulug‘lar to‘y-hashamdami, bayram, hayitlardami ularni ham yarashtirib qo‘yadi. Bir ikki kun gapi qovushmay turadi-da, so‘ng o‘rtadagi nizolar ko‘tarilib, yana vaqtlar o‘tgach o‘sha hangomani eslab kulib yurishadi.

Mamlakatlar urishsa-chi?
Ularni kim yarashtirib qo‘yadi?
Kim?!

Shukrki, yurtimiz tinch, lekin dunyo tinch emas-ku…

Bir kun kelib dunyoni ham tinchlantirsa bo‘lar, ehtimol, barcha davlatlar tinchlikni yoqlab chiqar, hamma tinch-totuv yashashni istab qolar, qachonki – biz ko‘nglimizni tinchlantirsak, qalbimizdagi insoniylikni asray olsak.

Demak, mamlakatlar ham tinch.
Dunyo ham tinchlikni istaydi.

Faqat ko‘ngil notinch, ko‘nglimiz bezovta, ey ko‘ngildoshlar…

Fikr

Barcha yaratiqlar – hayvonlar, parrandayu darrandalar, sudralib yuruvchilaru qanotlilar, – o‘z vazifasini yaxshi bilishadi. Mushuk sichqon ovlaydi, tirnaydi. It uy qo‘riydi, tishlaydi. Eshak yuk tashiydi, hangraydi. Ot uloq chopadi, kishnaydi. Tulki – ayyor, unda tantilik yo‘q. Yo‘lbars – jasur, ayyorlik yo‘q. Qarg‘a uchadi – go‘ng ham titadi. Burgut ham uchadi – o‘laksaxo‘r emas.

Mushuk uy qo‘rimaydi – vazifasini biladi, it siqchon ovlamaydi u ham biladi. Eshak kishnolmaganidek, ot hangramaydi. Tulki mard bo‘lolmaganidek, yo‘lbars ayyorlikni o‘ziga ep ko‘rmaydi. Ular – o‘z vazifasini bilishadi… Ongsiz, aqlsiz bo‘lsayam juda yaxshi bilishadi.

Faqat… Faqat odamzodgina nima ish qilishini, nima yumush bilan bu dunyoga kelganini bilmay o‘tib ketadi, xolos… Ongli bo‘la turib, ongsizlar qilmagan ishlarni qiladi…

Vazifamiz nima odamzod?!
Urushishmi?
Qon to‘kishmi?

Vazifamiz nima, ey odamzod?!

Yana Shamsiya momo

Momoning juda katta bog‘i bor edi. Shu qo‘rg‘onchada odamlar ismini bilmaydigan bir qancha mevali daraxtlar bor ediki, momo ularning bariga nom qo‘yib chiqqan ekan: mehr, yaxshilik, tinchlik, muhabbat, oqibat, insoniylik, sog‘inch, sevinch, ovunch…

– Mana bu daraxtning nomi urushmi? Qarang bahaybat, hamma daraxtingizga soya solib turibdi, – desa, momo:

– Yo‘q, buning nomi bor, bu – yolg‘izlik, degan ekan…

Keksa, chirib ado bo‘lgan, mevali daraxtlarni quyosh nuridan pana qilgan o‘sha nomsizgayam momo nom topgan ekan.

Bugun Shamsiya momo yo‘q. Bizlar tug‘ilmasdan ilgari o‘tib ketgan bu dunyodan. Ko‘rayin desak surati ham yo‘q.

Bir vaqtlar Orol quriyati, deb shahardan borgan to‘rt-besh shlyapali odamlarga, A’zamov domla bunday degan ekan:

– Eshitdik, zo‘r, nutqingiz ajoyib! Agar sizlar Orolni yana to‘ldirmoqchi bo‘lsangiz, butun O‘zbek ayollarining ko‘z yoshlarini o‘sha tomonga kanal qilib oboringlar. Birinchi Shamsiya momodan boshlanglar…

Keyin nima bo‘lgan bo‘lsa…
Yaxshisi uyog‘ini aytib o‘tirmayman…

Darvoqe, keyinchalik Shamsiya momoga Marsiya momo, deb ism bergan ham A’zamov domla ekan…

Insonlarni asraylik

Tabiatni asrang, degan shior, o‘z uyingni o‘zing asra, degan maqol va yana bir qancha ogohlantiruvchi xitoblar talaygina.
Biz – insonlar ertalab ulovda yo‘lovchimiz, ishxonada ishchimiz, oshxonada xo‘randamiz, uyda otamiz, ermiz, o‘g‘ilmiz. Bir so‘z bilan aytganda – insonmiz, qachonki, qalbimizdagi insonni asray olsak.

Vazifamiz ko‘p, muhimi, eng muhimi yana qalbimizdagi insonni asrashdir. Dunyodoshlar qalbimizda bizdan ko‘ra chiroyliroq, buyukroq, yaxshiroq bir inson yashaydi. U onadan endi tug‘ilgan chaqaloqday ma’sum, boladay beg‘ubor, o‘smirday toza, yigitday jasur, kesaday donishmand. Gavdamiz, tanamiz ichimizdagidek bir xil bo‘lsin. Bas, yetar, biz – odamzodga boshqa urushlarning keragi yo‘q. Yetar, momolarimizning kuyib o‘tganlari, bobolarimizning tanklar bilan yonib ketganlari yetadi bizga.

Umrimiz qisqa… Oddiy qarg‘a ming yil yashasa-da, bir-birining ko‘zini cho‘qimaydi. Bizlar esa 70-80 yil umr ko‘rsak-da, nega axir…

Ehtimol, qarg‘a shuning uchun ming yil yashar?
To‘rt yuz ellik ming lola, deb yozadi shoir.
To‘rt yuz ellik ming sog‘inch deb oh uradi.

To‘rt yuz ellik ming onaning yurak parchalari emasmi? Shuncha onaning joni emasmikan?

Bizga oq sut bergan, yig‘lasak ovutgan, yelkalarida ko‘targan onalarimizni asraylik endi. Ikkinchi jahon urushining jarohatlari hali bitib ketgani yo‘q. Garchi, ularning aksariyati o‘tib ketgan bo‘lsa-da, barmoq bilan sanarli darajada kam qolgan esa-da, baribir yaralar bitib ketgan emas. Aytishlaricha ruhlar o‘lmas emish. Demak, ularning majruh, azoblangan, farzand dog‘idan egilgan qomatlari – ruhlari hamon kamonday egilib turishibdi.

Marhumlarning hurmati uchun,
Bevaqt ketgan yigitlarning nomi uchun,
Sevganini kutaverib bu dunyodan hur ketganlar uchun,
Yana jami insonlar uchun, o‘zimiz uchun,
Insonlar – qalbimizdagi insonlarni asraylik!..
O‘zimizni asraylik!..

055

(Tashriflar: umumiy 641, bugungi 1)

Izoh qoldiring