Saodat Fayziyeva. She’rlar

092    Шоира қизим Саодатни никоҳ тўйи — янги ҳаёт дебочаси билан табриклаб, «илоҳим, қутлуғ бўлсин» дейман. Унинг ижодий фаолияти бардавом бўлишини, қўшгани билан қўша қариб, ували-жували ва албатта, келажакда эл назарига тушган ижодкор бўлишини тилаб қоламан.

Саодат Файзиева
ШЕЪРЛАР
065

Саодат Файзиева 1992-йил 11-июлда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. 2009- йил тумандаги физика- математикага ихтисослаштирилган 31-ИБМИни тугатган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. Шеърлари ва мақолалари матбуотда чоп этилган.

065

* * *
012
Келдинг…
Сукутларнинг тили гуллади,
Ям-яшил шевада сайради қушлар.
Эртакка дўнмоқни ихтиёр этди
Ўзини сувларга ташлаган тушлар.

Келдинг…
Бахт рангида ёмғирлар ёғди,
Қулади умидсиз барча изтироб.
Ойни чортоқига яширган оқшом
Юлдузларга сочди анвойи гулоб.

Келдинг…
Қадамингга илинж илашиб,
Гулга тўлиб кетди қақраган саҳро.
Ҳамма ташвишларни чеккага суриб
Кўзимга беркиниб ухлади дунё.

Келдинг…
Қўлларингда бир ҳовуч журъат,
Остонага тўкдинг қўрқоқ ҳисларни.
Ёруғ толеъ муҳрин юракка босиб,
Кузатиб йиғлади тақдир бизларни.

Келдинг…

13.05.2016-й.

* * *

Бир қудуқ бор бўлса ернинг юзида-
Искандар сиридек тошлари қадим.
Атрофи ям-яшил майсачалар-у,
Сувларида нурлар ўйнаса сим-сим.

Бир қудуқ бор бўлса ернинг юзида-
Ёнида кўп азим чинорлар ўсса.
Қамишидан найлар ясаган чоғинг,
Овози ғуссанинг йўлини тўсса.

Бир қудуқ бор бўлса ернинг юзида-
“Ким?”, десанг, “Сен”-деган акс-садо қайтса.
Тошлари вақт отли зулматдан чиқиб
Тилини тўлдириб саловат айтса.

Бир қудуқ бор бўлса ернинг юзида-
Паришон ой унинг юзида кулса.
Тунлари қармоғинг ташлаган пайти
Энг ёруғ, энг порлоқ юлдузлар илса.

Бир қудуқ бор бўлса ернинг юзида-

29.03.2016-й.

* * *

Тақвимлардан суғурдим кунлар,
Кенг елкамга бош қўйди таскин.
Сен юз бурган толеъ ёшини
Қўлларим-ла сидирдим секин.

Яшаб кетдинг ўтгандан аъло.
Зарра афсус уқмадим юзда.
Мен-чи, жуда ғариб бандаман,-
Илдизим нур қидирар музда.

Ишга шошдинг, дўстларинг бисёр,
Мақтов отди юрган йўлингга.
Китобларинг титиб дафъатан
Мактубларим тушди қўлингга.

Бир чеккага суриб қўйдинг жим,
Йиртишга лек топмадинг журъат.
Ва ойнадан маъюс термулди
Ўрнин апрел ўғирлаган март.

Бўлди, дединг, оловга тушди
Минг чертилиб ёзилган хатим.
Сен зўраки жилмайиб қўйдинг-
Юрагингда ўксиб йиғладим.

Майли, бахтга менсиз қўлни бер,
Ёшларимни таъбирга йўйма.
Лек ҳеч кимга юрагинг энди
Йўқлигини сездириб қўйма…

25.04.2016-й.

* * *

Кўк каптарим, кўк каптар,
Кўздан ғамни тўк, каптар.
Беҳуда хаёлларга
Патларингни сарғайтма,
Қароқчи армонларнинг
Пардаларин сўк, каптар.

Кўк каптарим, қалбингни
Шамолларга бой берма.
Ўзинг яшар гўшадан
Қарғаларга жой берма.

Туман ичра тумонот
Одам кетиб борадир.
Ҳаёт бугун ва эрта
Сўзларига орадир.

Кўк каптарим, қошимга
Ўсма қўяр ҳисларим.
Лек анвойи ўсманинг
Энганини сезмадим.

Ҳаққа дуо сўзларим
Бўлди мовий осмоним.
Мунгли дарахтлар билан
Тўлди ёруғ жаҳоним.

Кўк каптарим, кўк каптар,
Кўздан ғамни тўк, каптар.
Беҳуда хаёлларга
Патларингни сарғайтма,
Қароқчи армонларнинг
Пардаларин сўк, каптар…..

19.04.2016-й.

* * *

Бир-бир босиб қадамларингни
Эшигимга чўзаяпсан қўл.
Ичкарида ҳаёт тўхтаган-
Ичкарида барча ҳислар ҳўл.

Билдим, менга битта сўзинг бор-
Юрагингга боғлаган тошлар.
Шивирлаб ҳам айтма, илтимос,
Йўқса булут кўзларин ёшлар.

Сен билмайсан, эшик очилса,
Ер силкиниб силжийди ўқдан.
Ахир, гуллар умид узолмас
Мен-эртакда толеъси йўқдан.

Жим.шамоллар юрар кезиниб,
Ҳар нафасинг ҳисобига шай.
Гар қиёмат бўлмасин, десанг,
Юрагингдан ясамай тур най.

Йўқса, бўрон қўзғалар ерда,
Уйғонади зил қалдироқлар.
Иккимизнинг шўр пешона деб
Тўкилмасин момақаймоқлар.

Мен англадим… эшикни очма…
Бизни шундай эсласин дунё.
Айтмасанг ҳам, ахир, кўзингда
Мунгли қараб турар АЛВИДО…

11.04.2016-й.

* * *

Майсалар, уйғонинг, гуллар уйғонинг,
Осмонда ўзгариб бормоқда қайдлар.
Мўжизани фақат тушда кўрардим
Сиз каби илдизим замонда пайтлар.

Тошларга ҳайқириб овоза қилинг,
Кўксидан сидириб отсин ғуссани.
Энг чиройли гуллар маржонин тақиб,
Акадек қувониб шод этсин мани.

Ёмғирни уйғотиб чорланг уйимга-
Синглисин севинчи шерикли бўлсин.
Қуёш энди тонгни кўрганигамас,
Тонгда мени кўриб, кўзлари кулсин.

Толеъга туташган узун йўлларда
Қисматим ақлидан озиб кетди-я.
Кўкарган дарахтнинг новдалари маст-
Фалакка қулочин ёзиб кетди-я.

Майсалар, уйғонинг, гулласр, уйғонинг,
Бу лаҳзанинг муҳрин босмоқда карам.
Ана, тор сўқмоқдан келаётибди-
Қалбимнинг музларин эритган Одам!

31. 03.2016-й.

* * *

Осмон кенг, дейсанми, ер ҳам тор эмас,
Поездга чиқ, сезасан ернинг ҳажмин.
Елкангга энг оғир ғамингни юклаб
Поездга чиқ…

Оёғинг остида ер йўқ, ер йўқ!
Қандай бахт! Лекин қуш ҳам эмассан.
Ҳаволанма, шунчаки ўпкангни тўлдириб
Поездга чиқ…

Юрагингда қандай оғриқ?-
Сидириб ташла тез…Эргашмасин сенга.
Фақат ўзинг билан қол поездда.
Поездга чиқ…

29.07.2016-й.

* * *

Олчагулга маъсумлик
Ярашади, ёр-ёр.
Қиз севса, унга ёвдек
Қарашади, ёр-ёр.

Кўнгил деган уйида
Ҳамма меҳмон тенг экан.
Фақат кўкси тошларга
Жимит дунё кенг экан.

Бўйларимга бўйтумор
Бўлиб тушди ёдинг-а.
Тушларимга қамалиб
Яшаяпти отинг-а.

Баланд учган варракнинг
Ипичами саботим?
Келгунингча нурларсиз
Қандай кечди ҳаётим?

Эй дунёни чўнтакка
Солиб қўйган Атойим,
Сенга меҳрим берганим
Бахтимми ё хатойим?

Қара, шивир-шивирлар
Бошланибди кўчангда.
Сени билмадим, менга
Қийин бўлар бу жангда.

Олчагулга маъсумлик
Ярашади, ёр-ёр.
Қиз севса, унга ёвдек
Қарашади, ёр-ёр.

02.03.2016-й.

* * *

Онажон, енгингга илашибди гард,
Кўксингни тўлдирган қандай оғриқлар?
Ё сени ғам билан ҳамсоя қилмиш-
Менинг пешонамга тушган ёзиқлар.

Тонг билан уйқунгнинг чегараси бир,
Елкангда турган у-ёруғ осмонми?
Сен ёпган нонларнинг ҳидига тўлган
Тандирга алмашгум ёруғ жаҳонни

Сени кўнгли ҳалим, муштипар-ку деб,
Қўлингдан тортқилаб яшайди ғамлар.
Эҳ, кўкнинг тартибли ўйинларини
Қаердан ҳам билсин содда одамлар:

Сенинг кўксинг метин, сенинг сабринг тош,
Гарчи бор ташвишлар сенга аталган.
Аёл тупроқ эмас, қовурғалардан
Дунёга бахт бериш учун яралган!

Она, менга ўргат собит яшашни,
Ё менинг танимда тупроқлар борми?
Имкон бўлса агар, юрагинг ичра
Экиб ташлар эдим минглаб баҳорни!

08.03.2016-й.

* * *

Мен ёмғирга сингилман, билсанг,
Оғам-чақмоқ кўкни ёқади.
Томиримда сокинлик билан
Гулдураклар тўлиб оқади.

Шамол-иним япроққа қўшиб
Туйғуларни учирар гоҳи.
Осмон опам бир йиғлар тўлиб,
Ё жимгина кечирар гоҳи.

Майса билан эгизак руҳим
Ибодатда оқибат тилар.
Юрагимда ўсган гулларнинг
Тилин фақат оймомо билар.

Кабутарлар билан улғайдим,
Қанотларим ҳали кичкина.
Меҳр таъма қилган дилларга
Қўл силтайман йиғлаб жимгина.

Юрагимда тоғнинг муҳри бор,
Ичиб бўлдим барча ғуссани.
Қабул қила оласанми, айт,
Шундай кўнгли баланд кимсани?!…

17.03.2016-й.

Алпомиш билан зиндонда

Ҳаёт бир туш, дедилар, ўнгимизни йўқотдик,
Аввалимиз ахтариб, сўнгимизни йўқотдик.
Бу айлана дунёнинг чархпалаги тинмади-
Кутиб-кутиб охири тенгимизни йўқотдик.

Оға, тошга суянма, тошлар ёлғон айтадир,
Бувишимнинг ҳолини ёнган сомон айтадир.
Кўп ўртанма, ғуссанинг ранги чиқмиш юзингга,
Кўкламнинг кўклигини кузда хазон айтадир.

Бедовингга дунёнинг ғамларини ортамиз,
Сўнг ямоғ-у қуроғи, камларини ортамиз.
Бойбўрининг бий ўғли, кўрсатмагин ёшингни,
Англадигинг-ҳақиқат жамларини ортамиз.

Бир қуш бўлиб ҳақ келди,англамай лойга солдинг,
Ҳайё ҳайт, деб ор учун душманга пойга солдинг.
Бойчиборим қон бўлди, оға, сенинг кўйингда,
Кўксингдаги оловни, айт,қайси жойга солдинг?!

Уйғон, Барчин бекамнинг ёди елар осмонда,
Ой ўртаниб ўрнидан йиғлаб жилар осмонда.
Карам этиб худойим, бошингдан савоб сочди-
Ғозга дўниб ёнингга умид келар осмонда!

17.04.2016-й.

* * *

Сени шеърларимга банди этгандим,
Ўрганиб қолдинг сен занжирларга ҳам.
Уйғоқлик тиладим ибодатимда,
Сўнг икки кўзимдан ясаб бердим шам.

Бу чуқур чоҳлардан чиқиб кет,-дедим,
Ва толеъ қўлига умиддан сув қуй.
Бизни ўраб олган қоронғу дунё
Энди тушларда ҳам кўрсатмасин рўй.

Хўп,-дединг,-мен бахтли бўлмоқ истайман,
Қора армонларга қолмади тоқат.
Югурдинг, югурдинг-ортга қарамай,
Ортда қолганимни унутдинг фақат.

Гулларга тўлдириб кенг қучоғингни
Бахтнинг эшигини тақиллатдинг шаън.
Сени чоҳдан тортиб, кейин қуладим
Ғамларнинг энг чуқур зиндонига ман.

Ҳар ишнинг бадали бор экан дунда,
Кўксимни ҳавога тўлдириб ётдим.
Сенга бахт тиладим юрагим билан
Ва уни суғуриб сувларга отдим….

05.05.2016-й.

* * *

Йиғладим-зарра дард оғирлик қилди,
Сен берган юракдан айладим гумон.
Ўзинг чизиб қўйган харита бўйлаб
Юрганим унутдим, кечир, художон.

Тоғ кўнгил жойладинг сув вужудимга,
Сўнг бахтни қўлимга омонат бердинг.
Лек синов сўнгида ғолиб бўлишим
Ҳатто шивирлаб ҳам айтмаган эдинг…

Мен далли-майсанинг унганин кўрмай,
Ғийбатчи қушларга ҳасратим айтдим.
Сен, ахир, буюксан-малаклар бошин
Эгдирган аждодим яралган пайти.

Саждага йиқилди гуноҳкор бошим,
Қўлимдан сидрилиб учмоқда дуо.
Биламан:дунёлар қулаб кетса ҳам,
Мени умид билан сийлайди Худо!

14.05.2016-й.

* * *

«Кун!»-дединг, бир олам ҳайрат яралди,
Осмонда очилди рўйхатли китоб.
Қошимнинг устига тушнуксиз тилда
Ҳамма саволимга ёзгандинг жавоб.

Мен қаттиқ урундим ўзлаштиришга
Заминда кун кўрар барча ҳикматни.
Шайнини жилдирмай тутган тарозинг
Қимматин сақлади барча қийматни.

Кўзимда чайқалган денгизлар айтсин:
Мен ношуд билмадим ёмғирнинг тилин.
Осмон булутлардан зина қилганда
Англадим:бу-менинг энг ёруғ йўлим!

Бўрон қўзғолганда титраган майса
Митти вужуд ила қиладир исён.
Руҳимнинг эшигин очиблар қўйдим:
Энди тирик ғамга тўла тўрт томон.

Худойим, гоҳ чақин бўлди вужудим,
Гоҳ бесар шамолга айланиб елдим.
Шукрким,сен менга атаган бахтга
Туманли йўллардан адашмай келдим!

15.05.2016-й.

* * *

Бекат чорлар ҳар тонг-саҳарда,
Автобус-ла елар хаёлим.
Тушда учган самоларидан
Яна ерга келар хаёлим.

Ғилдираклар тўхтар. Қаршимда
Ишхонага етаклар сўқмоқ.
Ва ҳаётнинг неча соатин
Қоғозларга бериб яшамоқ.

Ғариб кунга қўймоққа нуқта
Қасд қилади қуёш буриб юз.
Мени қоғозларнинг ичидан
Уйга олиб келар автобус.

Термуламан дераза оша,
Не манзиллар қолади ортда.
Кўзимдаги ғамнинг томчисин
Кулгим билан ушлайман шартта.

Яна… тонгга қўяман қадам,
Яна ўша ғамгин автобус.
Эҳ бечора, сенинг елкангда
Фақат аниқ манзиллар, афсус…

Зерикарли ранглар бағрида
Дил ухлайди очолмай кўзин.
Номи турли, ичи бир ишлар
Умримга ҳеч бермайди тўзим.

Автобусим, қонунни бузиб,
Билетларни йиртоласанми?
Фақат бугун биргина марта
Кўнгилюртга элтоласанми?!

Баҳор, 2016-й.

Устоз Баҳодир Каримовга

Кел, умрим, ташвишга силкиганча қўл,
Бир лаҳза осмонга соламиз назар.
Сўнг излаб юракка элтадиган йўл,
Тўйгунча ичамиз ғусса-ю кадар.

Ҳаётнинг бешафқат тубига шўнғиб,
Исмини унутиб қўйганлар қанча.
Бир тошга тошсан, деб айтмаганини
Катта яхшиликка йўйганлар қанча.

Илдизи бақувват дарахт ҳам ҳатто,
Эгмоғи мумкиндир ғўр қуртга бошин.
Инсон бир вужудга сиғдириб яшар
Оқ-қора, кунларнинг мангу талошин.

Мезон тарозиси синмагандек арш,
Юлдузларни ерга йўллаган пайти
Япроққа эгизак ҳислар тўкилиб,
Дунёни Сўз билан босиб кетсайди.

Кел, умрим, ташвишга силкиганча қўл,
Юракка дам бериб олайлик нафас.
Ҳақиқат байроғи тушмасдан туриб
Дунёни қутқариб қола олсак бас!

07.04. 2016-й.

Сумалак ва тошлар ҳақида эртак

Дунё юзга ниқобин тутиб
Кўзимизни бойлар экан-да-
Мен укам деб опичган умрим
Улғаймоқда икки елкамда.

Баҳор келса, сочпопук тақиб,
Сумалакка излардим тошлар.
Менга попук берган мажнунтол
Энди ғамдан эртаклар бошлар.

Омонлиг-у эсонлик тилаб,
Бувам дуо қиларди узоқ.
Она, нега юзингиз сўлғин,
Ота, нечун қўлингиз қадоқ?

Кўклам бошлар эски куйини-
Умрингиздан учди бир фасл.
Наҳот, ўтган кунлар ёдига
Қабр қазиб юрсак муттасил?!

Қўлларимда сиқилди тоқат,
Юрагимга ранг берди исён.
Умидвор бир қадамлар билан
Йўлим бурдим сумалак томон.

-Фаришталар сийлаган неъмат,
Ниятларни айлайсан бажо.
Қулоқ тутгин ўтинчларимга:
Бироз ортга қайрилсин дунё..

Мана, ўтди яна бир синов-
Тарозига терилди дардлар.
Лайли тилин ютганми, соқов,
Кўринмади қайссифат мардлар.

Хўроз айтар эски қўшиғин,
Алмашади табиат ранги.
Танбур чертди олисда дарвеш,
Йиғлатмади аммо жарангги.

Бувим айтар ўланни билган
Момоларни олмоқда тупроқ.
Мен “тинмас”дан безор онамга
Укам савол беради камроқ.

Осмонларга термулиб туриб,
Орзу кўрдим булут сафида.
Синглим ҳайрон варақ узатди-
Ёзибди у озон ҳақида.

Юрагимда уйғонди санчиқ,
Наҳот, ҳамма бошқача мендан?
Ва беркиндим шеърим ортига,
Ўша жунун англанган кундан.

Балки эрта йўқолар кўзёш,
Юрак қилмай қўяр ишини.
Кеча попук таққан қизчалар
Сувга айтмас бирон тушини.

Ўзгаради китоблар қайта,
Меҳрсозлик қилинар эрмак.
Лек бешикда ётган болалар
Эшитишсин ҳамиша эртак.

Айланади дунё ўқида,
Бир ростликдан тикланар ҳолим:
Эртак тинглаб ўсган боладан
Икки дунё чиқмайди золим!

20.11.2014-й.

* * *

Нимжон товуш келди қозондан:
-Афсус, дилни эритмас сўзинг.
Ахир, ҳалим кўнглим бор эди,
Бағрим тошга тўлдирган ўзинг.

Илинжим-ла йиқилди кўклам,
Кўзларимни оздирди ёшлар.
Бошим узра силкинар осмон,
Оёқ тагим-юраксиз тошлар…

Ахир,мен ҳам ҳалимдил эдим,
Қани чечак таққан йилларим?
Ме бағритош айлаган дўстим,
Айтмагунча буни билмадим…

Она, юринг, гуллар терамиз,
Ота, сиз-ла мағрур юраман.
Хафа бўлма, дунё, бугундан
Тошларингни ёмон кўраман!

Ахир, ҳалим кўнглим бор эди,
Бағрим тошга тўлдирдинг ўзинг…

Фарқлар ҳақида эртак

Сезяпсанми, ёғмоқда ёмғир,
Бутун дунни ювмоқда осмон.
Елкамдаги шайтонни ҳайдаб,
Кўзларимга тикилди Раҳмон:

-Нега кўксинг оғриққа тўлган,
Қорачиғинг бўялмиш ғамга?
Майли, йиғла сирларинг айтиб,
Бу ғам кўплик қилар одамга.

Ногоҳ сенинг сўзинг эсладим,
Юзларимга югурди кулгу.
-Иккимиз кўп фарқли, гар уни
Қўшсак, тақдир гўзал бўларму?

Ҳар оқибат сабабдан бунёд,
Замин, асли, фарқлар кулбаси.
Фарқсиз бўлса ақл билан дил,
Бу дунёда Меҳр бўлмасди.

Сенга, балки, фарқи йўқ:нега
Мен туғилдим ушбу замонда?
Билсанг,дилга суянар одам
Керак экан аҳён-аҳёнда.

Балки Оллоҳ мен сабаб сенга
Англатмоқчи бўлган дунёни.
Наҳот, кўргинг келмас сенга деб
У кўзимга қуйган зиёни…

Сен-ақлга содиқ суворий,
Мен кўнгилнинг лашкариданман.
Бу жанггоҳда кўп қурбон бўлар,
Агар сенга қалбим очмасам.

Билсанг, менинг туғилишимда
Бир ғаройиб кечикиш мавжуд:
Мен саодат асрини қўйиб
Сен яшар пайт топдим таваллуд!

Қўл силтагин барча ташвишга,
Баъзан зарра бефарқлик керак.
Иккимизнинг телба фарқлардан
Яралади чиройли эртак…

Ниқоб ҳақида эртак

Юрагимга қуйилди сувлар,
Яна юлдуз ёнди осмонда.
Кимлар жуда қувониб кетди
Мен кўзимни очган замонда.

Лавҳим сатри битилгандан сўнг,
Энди ерга тушаётган пайт,
Кўзларимни боғлаб ташлади
Бир ниқобда ёзилган шу байт:

«Ҳаёт-менга ниқоблар базми,
Менинг билан яшайсан шодон.
Лек қачондир менга қўшилиб
Бўлмоқ мумкин азалга қурбон».

Малакларнинг кўзи-қўли банд-
Янги умр-уларга ташвиш.
Шу ниқобни деб осмондаёқ
Қўлларимдан тортди «ёмон иш».

Ерга тушдим-оилам хурсанд,
Ташрифимдан ёниб кетди вақт.
Кўзимдаги ёғдуга боқиб,
Исм берди елкадошим Бахт.

Бола эдим,кийдим илк бора,
Юрак бўлди тор гриммхонам.
Қалбим кулиб, юзим йиғласа,
Ширинликлар тутарди онам.

Ниқобимни кийиб ҳар замон,
Чорак аср бахтли яшадим.
Ўтирмоқни истаган пайтим
Аввал унга кўрпа тўшадим.

Ўтар умр, ўтди соатлар,
Унут бўлди эски башорот
Ва Сен чиқдинг ногоҳ йўлимдан-
Терс айланди бутун коинот…

Қалбим билан ёлғиз қолдим-у
Қарор қилдим жўн яшамоқни.
Ниқобимдан кечаман кейин,
Энди қора демайман оқни.

Мени кутиб олди кенг кўча:
-Ҳолинг қалай, ниқобсиз одам?
-Қийин эмас экан унчалик,
Нафас олсанг бўларкан кам-кам.

Сенга томон йўлимни бурдим,
Юзларингни тўсарди офтоб.
Эвоҳ, қайдан кўзим илғади-
Қўлларингда турарди ниқоб…

Қадамларим ортга қайрилиб,
Ҳаво етмай қийналди жоним.
Билсанг эди, қандай қаритди
Гул умримни шу битта оним.

Дунё-йўлга чиққан бир дарвеш,
Қайтар экан кутмаган пайтинг.
Эй дарахтлар, ҳаммаси ёлғон,
У ниқобсиз одам, деб айтинг!…

Етти осмон қулаб бошимга,
Тўхтаб қолди дун соатлари.
Дунё-ажиб томошахона,
Кўрсатади баланд-у пастни.
Умринг қачон маъноли бўлган,
Билмаслигинг уят эмасми?

У ҳам шундай ўй-у хаёлда,
Йўлдан кетиб тургани пайти
Ўғлим, дастрўмолимни ердан
Олиб бергин, деб бир чол айтди.

Йигит боқди чолнинг юзига,
Кир бўлмаган ерин топмади.
Ўйлаб-ўйлаб турди-ю, лекин
Дил эшигин бирдан ёпмади.

Йўлда эса ётарди илинж-
Боғлаганча кўзларига мунг.
Йигит охир қарорга етди
Юрагида бўрон тинган сўнг.

Чолни гўё кўрмаган каби
Атрофига бироз суринди.
Илдам-илдам қадамлар билан
Тезроқ кетмоқликка уринди.

Чол ушлади унинг қўлини,
Кўзларига кўзини қуйди.
Йигит ўша сонияларда
Ўзин жуда бечора туйди.

-Ўғлим, дунё синовлар учун,
Адаштирма тўғри йўлингни.
Халққа ушоқ нафинг тегмаса,
Кесиб ташла ўша қўлингни!

Ўтди балки соат, балки он,
Йигит чолни тополмай қолди.
Бу лаҳзалик иккиланишдан
Бир умрлик афсусни олди.

Танишидек туюлди кейин,
Эслолмади аммо отини.
Виждон эди мўйсафид исми,
Айтолмадим мен ҳам ботиниб…

* * *

Оёғимдан чалганди мени
Кўҳна айбим асоратлари.

Эшигимни тақиллатдинг кўп,
Очмоқликка ундади алам.
Кўзларимдан ёғилди савол:
-Бугун қайси ниқобингдасан?…

092 Shoira qizim Saodatni nikoh to’yi — yangi hayot debochasi bilan tabriklab, «ilohim, qutlug’ bo’lsin» deyman. Uning ijodiy faoliyati bardavom bo’lishini, qo’shgani bilan qo’sha qarib, uvali-juvali va albatta, kelajakda el nazariga tushgan ijodkor bo’lishini tilab qolaman.

Saodat Fayzieva
SHE’RLAR
065

Saodat Fayzieva 1992-yil 11-iyulda Buxoro viloyati Olot tumanida tug’ilgan. 2009- yil tumandagi fizika- matematikaga ixtisoslashtirilgan 31-IBMIni tugatgan. O’zbekiston Milliy universitetining o’zbek filologiyasi fakultetini tugatgan. She’rlari va maqolalari matbuotda chop etilgan.

065

* * *
008
Kelding…
Sukutlarning tili gulladi,
Yam-yashil shevada sayradi qushlar.
Ertakka do’nmoqni ixtiyor etdi
O’zini suvlarga tashlagan tushlar.

Kelding…
Baxt rangida yomg’irlar yog’di,
Quladi umidsiz barcha iztirob.
Oyni chortoqiga yashirgan oqshom
Yulduzlarga sochdi anvoyi gulob.

Kelding…
Qadamingga ilinj ilashib,
Gulga to’lib ketdi qaqragan sahro.
Hamma tashvishlarni chekkaga surib
Ko’zimga berkinib uxladi dunyo.

Kelding…
Qo’llaringda bir hovuch jur’at,
Ostonaga to’kding qo’rqoq hislarni.
Yorug’ tole’ muhrin yurakka bosib,
Kuzatib yig’ladi taqdir bizlarni.

Kelding…

13.05.2016-y.

* * *

Bir quduq bor bo’lsa yerning yuzida-
Iskandar siridek toshlari qadim.
Atrofi yam-yashil maysachalar-u,
Suvlarida nurlar o’ynasa sim-sim.

Bir quduq bor bo’lsa yerning yuzida-
Yonida ko’p azim chinorlar o’ssa.
Qamishidan naylar yasagan chog’ing,
Ovozi g’ussaning yo’lini to’ssa.

Bir quduq bor bo’lsa yerning yuzida-
“Kim?”, desang, “Sen”-degan aks-sado qaytsa.
Toshlari vaqt otli zulmatdan chiqib
Tilini to’ldirib salovat aytsa.

Bir quduq bor bo’lsa yerning yuzida-
Parishon oy uning yuzida kulsa.
Tunlari qarmog’ing tashlagan payti
Eng yorug’, eng porloq yulduzlar ilsa.

Bir quduq bor bo’lsa yerning yuzida-

29.03.2016-y.

* * *

Taqvimlardan sug’urdim kunlar,
Keng yelkamga bosh qo’ydi taskin.
Sen yuz burgan tole’ yoshini
Qo’llarim-la sidirdim sekin.

Yashab ketding o’tgandan a’lo.
Zarra afsus uqmadim yuzda.
Men-chi, juda g’arib bandaman,-
Ildizim nur qidirar muzda.

Ishga shoshding, do’stlaring bisyor,
Maqtov otdi yurgan yo’lingga.
Kitoblaring titib daf’atan
Maktublarim tushdi qo’lingga.

Bir chekkaga surib qo’yding jim,
Yirtishga lek topmading jur’at.
Va oynadan ma’yus termuldi
O’rnin aprel o’g’irlagan mart.

Bo’ldi, deding, olovga tushdi
Ming chertilib yozilgan xatim.
Sen zo’raki jilmayib qo’yding-
Yuragingda o’ksib yig’ladim.

Mayli, baxtga mensiz qo’lni ber,
Yoshlarimni ta’birga yo’yma.
Lek hech kimga yuraging endi
Yo’qligini sezdirib qo’yma…

25.04.2016-y.

* * *

Ko’k kaptarim, ko’k kaptar,
Ko’zdan g’amni to’k, kaptar.
Behuda xayollarga
Patlaringni sarg’aytma,
Qaroqchi armonlarning
Pardalarin so’k, kaptar.

Ko’k kaptarim, qalbingni
Shamollarga boy berma.
O’zing yashar go’shadan
Qarg’alarga joy berma.

Tuman ichra tumonot
Odam ketib boradir.
Hayot bugun va erta
So’zlariga oradir.

Ko’k kaptarim, qoshimga
O’sma qo’yar hislarim.
Lek anvoyi o’smaning
Enganini sezmadim.

Haqqa duo so’zlarim
Bo’ldi moviy osmonim.
Mungli daraxtlar bilan
To’ldi yorug’ jahonim.

Ko’k kaptarim, ko’k kaptar,
Ko’zdan g’amni to’k, kaptar.
Behuda xayollarga
Patlaringni sarg’aytma,
Qaroqchi armonlarning
Pardalarin so’k, kaptar…..

19.04.2016-y.

* * *

Bir-bir bosib qadamlaringni
Eshigimga cho’zayapsan qo’l.
Ichkarida hayot to’xtagan-
Ichkarida barcha hislar ho’l.

Bildim, menga bitta so’zing bor-
Yuragingga bog’lagan toshlar.
Shivirlab ham aytma, iltimos,
Yo’qsa bulut ko’zlarin yoshlar.

Sen bilmaysan, eshik ochilsa,
Yer silkinib siljiydi o’qdan.
Axir, gullar umid uzolmas
Men-ertakda tole’si yo’qdan.

Jim.shamollar yurar kezinib,
Har nafasing hisobiga shay.
Gar qiyomat bo’lmasin, desang,
Yuragingdan yasamay tur nay.

Yo’qsa, bo’ron qo’zg’alar yerda,
Uyg’onadi zil qaldiroqlar.
Ikkimizning sho’r peshona deb
To’kilmasin momaqaymoqlar.

Men angladim… eshikni ochma…
Bizni shunday eslasin dunyo.
Aytmasang ham, axir, ko’zingda
Mungli qarab turar ALVIDO…

11.04.2016-y.

* * *

Maysalar, uyg’oning, gullar uyg’oning,
Osmonda o’zgarib bormoqda qaydlar.
Mo’jizani faqat tushda ko’rardim
Siz kabi ildizim zamonda paytlar.

Toshlarga hayqirib ovoza qiling,
Ko’ksidan sidirib otsin g’ussani.
Eng chiroyli gullar marjonin taqib,
Akadek quvonib shod etsin mani.

Yomg’irni uyg’otib chorlang uyimga-
Singlisin sevinchi sherikli bo’lsin.
Quyosh endi tongni ko’rganigamas,
Tongda meni ko’rib, ko’zlari kulsin.

Tole’ga tutashgan uzun yo’llarda
Qismatim aqlidan ozib ketdi-ya.
Ko’kargan daraxtning novdalari mast-
Falakka qulochin yozib ketdi-ya.

Maysalar, uyg’oning, gullasr, uyg’oning,
Bu lahzaning muhrin bosmoqda karam.
Ana, tor so’qmoqdan kelayotibdi-
Qalbimning muzlarin eritgan Odam!

31. 03.2016-y.

* * *

Osmon keng, deysanmi, yer ham tor emas,
Poezdga chiq, sezasan yerning hajmin.
Yelkangga eng og’ir g’amingni yuklab
Poezdga chiq…

Oyog’ing ostida yer yo’q, yer yo’q!
Qanday baxt! Lekin qush ham emassan.
Havolanma, shunchaki o’pkangni to’ldirib
Poezdga chiq…

Yuragingda qanday og’riq?-
Sidirib tashla tez…Ergashmasin senga.
Faqat o’zing bilan qol poezdda.
Poezdga chiq…

29.07.2016-y.

* * *

Olchagulga ma’sumlik
Yarashadi, yor-yor.
Qiz sevsa, unga yovdek
Qarashadi, yor-yor.

Ko’ngil degan uyida
Hamma mehmon teng ekan.
Faqat ko’ksi toshlarga
Jimit dunyo keng ekan.

Bo’ylarimga bo’ytumor
Bo’lib tushdi yoding-a.
Tushlarimga qamalib
Yashayapti oting-a.

Baland uchgan varrakning
Ipichami sabotim?
Kelguningcha nurlarsiz
Qanday kechdi hayotim?

Ey dunyoni cho’ntakka
Solib qo’ygan Atoyim,
Senga mehrim berganim
Baxtimmi yo xatoyim?

Qara, shivir-shivirlar
Boshlanibdi ko’changda.
Seni bilmadim, menga
Qiyin bo’lar bu jangda.

Olchagulga ma’sumlik
Yarashadi, yor-yor.
Qiz sevsa, unga yovdek
Qarashadi, yor-yor.

02.03.2016-y.

* * *

Onajon, yengingga ilashibdi gard,
Ko’ksingni to’ldirgan qanday og’riqlar?
YO seni g’am bilan hamsoya qilmish-
Mening peshonamga tushgan yoziqlar.

Tong bilan uyqungning chegarasi bir,
Yelkangda turgan u-yorug’ osmonmi?
Sen yopgan nonlarning hidiga to’lgan
Tandirga almashgum yorug’ jahonni

Seni ko’ngli halim, mushtipar-ku deb,
Qo’lingdan tortqilab yashaydi g’amlar.
Eh, ko’kning tartibli o’yinlarini
Qaerdan ham bilsin sodda odamlar:

Sening ko’ksing metin, sening sabring tosh,
Garchi bor tashvishlar senga atalgan.
Ayol tuproq emas, qovurg’alardan
Dunyoga baxt berish uchun yaralgan!

Ona, menga o’rgat sobit yashashni,
YO mening tanimda tuproqlar bormi?
Imkon bo’lsa agar, yuraging ichra
Ekib tashlar edim minglab bahorni!

08.03.2016-y.

* * *

Men yomg’irga singilman, bilsang,
Og’am-chaqmoq ko’kni yoqadi.
Tomirimda sokinlik bilan
Gulduraklar to’lib oqadi.

Shamol-inim yaproqqa qo’shib
Tuyg’ularni uchirar gohi.
Osmon opam bir yig’lar to’lib,
YO jimgina kechirar gohi.

Maysa bilan egizak ruhim
Ibodatda oqibat tilar.
Yuragimda o’sgan gullarning
Tilin faqat oymomo bilar.

Kabutarlar bilan ulg’aydim,
Qanotlarim hali kichkina.
Mehr ta’ma qilgan dillarga
Qo’l siltayman yig’lab jimgina.

Yuragimda tog’ning muhri bor,
Ichib bo’ldim barcha g’ussani.
Qabul qila olasanmi, ayt,
Shunday ko’ngli baland kimsani?!…

17.03.2016-y.

Alpomish bilan zindonda

Hayot bir tush, dedilar, o’ngimizni yo’qotdik,
Avvalimiz axtarib, so’ngimizni yo’qotdik.
Bu aylana dunyoning charxpalagi tinmadi-
Kutib-kutib oxiri tengimizni yo’qotdik.

Og’a, toshga suyanma, toshlar yolg’on aytadir,
Buvishimning holini yongan somon aytadir.
Ko’p o’rtanma, g’ussaning rangi chiqmish yuzingga,
Ko’klamning ko’kligini kuzda xazon aytadir.

Bedovingga dunyoning g’amlarini ortamiz,
So’ng yamog’-u qurog’i, kamlarini ortamiz.
Boybo’rining biy o’g’li, ko’rsatmagin yoshingni,
Angladiging-haqiqat jamlarini ortamiz.

Bir qush bo’lib haq keldi,anglamay loyga solding,
Hayyo hayt, deb or uchun dushmanga poyga solding.
Boychiborim qon bo’ldi, og’a, sening ko’yingda,
Ko’ksingdagi olovni, ayt,qaysi joyga solding?!

Uyg’on, Barchin bekamning yodi yelar osmonda,
Oy o’rtanib o’rnidan yig’lab jilar osmonda.
Karam etib xudoyim, boshingdan savob sochdi-
G’ozga do’nib yoningga umid kelar osmonda!

17.04.2016-y.

* * *

Seni she’rlarimga bandi etgandim,
O’rganib qolding sen zanjirlarga ham.
Uyg’oqlik tiladim ibodatimda,
So’ng ikki ko’zimdan yasab berdim sham.

Bu chuqur chohlardan chiqib ket,-dedim,
Va tole’ qo’liga umiddan suv quy.
Bizni o’rab olgan qorong’u dunyo
Endi tushlarda ham ko’rsatmasin ro’y.

Xo’p,-deding,-men baxtli bo’lmoq istayman,
Qora armonlarga qolmadi toqat.
Yugurding, yugurding-ortga qaramay,
Ortda qolganimni unutding faqat.

Gullarga to’ldirib keng quchog’ingni
Baxtning eshigini taqillatding sha’n.
Seni chohdan tortib, keyin quladim
G’amlarning eng chuqur zindoniga man.

Har ishning badali bor ekan dunda,
Ko’ksimni havoga to’ldirib yotdim.
Senga baxt tiladim yuragim bilan
Va uni sug’urib suvlarga otdim….

05.05.2016-y.

* * *

Yig’ladim-zarra dard og’irlik qildi,
Sen bergan yurakdan ayladim gumon.
O’zing chizib qo’ygan xarita bo’ylab
Yurganim unutdim, kechir, xudojon.

Tog’ ko’ngil joylading suv vujudimga,
So’ng baxtni qo’limga omonat berding.
Lek sinov so’ngida g’olib bo’lishim
Hatto shivirlab ham aytmagan eding…

Men dalli-maysaning unganin ko’rmay,
G’iybatchi qushlarga hasratim aytdim.
Sen, axir, buyuksan-malaklar boshin
Egdirgan ajdodim yaralgan payti.

Sajdaga yiqildi gunohkor boshim,
Qo’limdan sidrilib uchmoqda duo.
Bilaman:dunyolar qulab ketsa ham,
Meni umid bilan siylaydi Xudo!

14.05.2016-y.

* * *

«Kun!»-deding, bir olam hayrat yaraldi,
Osmonda ochildi ro’yxatli kitob.
Qoshimning ustiga tushnuksiz tilda
Hamma savolimga yozganding javob.

Men qattiq urundim o’zlashtirishga
Zaminda kun ko’rar barcha hikmatni.
Shaynini jildirmay tutgan tarozing
Qimmatin saqladi barcha qiymatni.

Ko’zimda chayqalgan dengizlar aytsin:
Men noshud bilmadim yomg’irning tilin.
Osmon bulutlardan zina qilganda
Angladim:bu-mening eng yorug’ yo’lim!

Bo’ron qo’zg’olganda titragan maysa
Mitti vujud ila qiladir isyon.
Ruhimning eshigin ochiblar qo’ydim:
Endi tirik g’amga to’la to’rt tomon.

Xudoyim, goh chaqin bo’ldi vujudim,
Goh besar shamolga aylanib yeldim.
Shukrkim,sen menga atagan baxtga
Tumanli yo’llardan adashmay keldim!

15.05.2016-y.

* * *

Bekat chorlar har tong-saharda,
Avtobus-la yelar xayolim.
Tushda uchgan samolaridan
Yana yerga kelar xayolim.

G’ildiraklar to’xtar. Qarshimda
Ishxonaga yetaklar so’qmoq.
Va hayotning necha soatin
Qog’ozlarga berib yashamoq.

G’arib kunga qo’ymoqqa nuqta
Qasd qiladi quyosh burib yuz.
Meni qog’ozlarning ichidan
Uyga olib kelar avtobus.

Termulaman deraza osha,
Ne manzillar qoladi ortda.
Ko’zimdagi g’amning tomchisin
Kulgim bilan ushlayman shartta.

Yana… tongga qo’yaman qadam,
Yana o’sha g’amgin avtobus.
Eh bechora, sening yelkangda
Faqat aniq manzillar, afsus…

Zerikarli ranglar bag’rida
Dil uxlaydi ocholmay ko’zin.
Nomi turli, ichi bir ishlar
Umrimga hech bermaydi to’zim.

Avtobusim, qonunni buzib,
Biletlarni yirtolasanmi?
Faqat bugun birgina marta
Ko’ngilyurtga eltolasanmi?!

Bahor, 2016-y.

Ustoz Bahodir Karimovga

Kel, umrim, tashvishga silkigancha qo’l,
Bir lahza osmonga solamiz nazar.
So’ng izlab yurakka eltadigan yo’l,
To’yguncha ichamiz g’ussa-yu kadar.

Hayotning beshafqat tubiga sho’ng’ib,
Ismini unutib qo’yganlar qancha.
Bir toshga toshsan, deb aytmaganini
Katta yaxshilikka yo’yganlar qancha.

Ildizi baquvvat daraxt ham hatto,
Egmog’i mumkindir g’o’r qurtga boshin.
Inson bir vujudga sig’dirib yashar
Oq-qora, kunlarning mangu taloshin.

Mezon tarozisi sinmagandek arsh,
Yulduzlarni yerga yo’llagan payti
Yaproqqa egizak hislar to’kilib,
Dunyoni So’z bilan bosib ketsaydi.

Kel, umrim, tashvishga silkigancha qo’l,
Yurakka dam berib olaylik nafas.
Haqiqat bayrog’i tushmasdan turib
Dunyoni qutqarib qola olsak bas!

07.04. 2016-y.

Sumalak va toshlar haqida ertak

Dunyo yuzga niqobin tutib
Ko’zimizni boylar ekan-da-
Men ukam deb opichgan umrim
Ulg’aymoqda ikki yelkamda.

Bahor kelsa, sochpopuk taqib,
Sumalakka izlardim toshlar.
Menga popuk bergan majnuntol
Endi g’amdan ertaklar boshlar.

Omonlig-u esonlik tilab,
Buvam duo qilardi uzoq.
Ona, nega yuzingiz so’lg’in,
Ota, nechun qo’lingiz qadoq?

Ko’klam boshlar eski kuyini-
Umringizdan uchdi bir fasl.
Nahot, o’tgan kunlar yodiga
Qabr qazib yursak muttasil?!

Qo’llarimda siqildi toqat,
Yuragimga rang berdi isyon.
Umidvor bir qadamlar bilan
Yo’lim burdim sumalak tomon.

-Farishtalar siylagan ne’mat,
Niyatlarni aylaysan bajo.
Quloq tutgin o’tinchlarimga:
Biroz ortga qayrilsin dunyo..

Mana, o’tdi yana bir sinov-
Taroziga terildi dardlar.
Layli tilin yutganmi, soqov,
Ko’rinmadi qayssifat mardlar.

Xo’roz aytar eski qo’shig’in,
Almashadi tabiat rangi.
Tanbur chertdi olisda darvesh,
Yig’latmadi ammo jaranggi.

Buvim aytar o’lanni bilgan
Momolarni olmoqda tuproq.
Men “tinmas”dan bezor onamga
Ukam savol beradi kamroq.

Osmonlarga termulib turib,
Orzu ko’rdim bulut safida.
Singlim hayron varaq uzatdi-
Yozibdi u ozon haqida.

Yuragimda uyg’ondi sanchiq,
Nahot, hamma boshqacha mendan?
Va berkindim she’rim ortiga,
O’sha junun anglangan kundan.

Balki erta yo’qolar ko’zyosh,
Yurak qilmay qo’yar ishini.
Kecha popuk taqqan qizchalar
Suvga aytmas biron tushini.

O’zgaradi kitoblar qayta,
Mehrsozlik qilinar ermak.
Lek beshikda yotgan bolalar
Eshitishsin hamisha ertak.

Aylanadi dunyo o’qida,
Bir rostlikdan tiklanar holim:
Ertak tinglab o’sgan boladan
Ikki dunyo chiqmaydi zolim!

20.11.2014-y.

* * *

Nimjon tovush keldi qozondan:
-Afsus, dilni eritmas so’zing.
Axir, halim ko’nglim bor edi,
Bag’rim toshga to’ldirgan o’zing.

Ilinjim-la yiqildi ko’klam,
Ko’zlarimni ozdirdi yoshlar.
Boshim uzra silkinar osmon,
Oyoq tagim-yuraksiz toshlar…

Axir,men ham halimdil edim,
Qani chechak taqqan yillarim?
Me bag’ritosh aylagan do’stim,
Aytmaguncha buni bilmadim…

Ona, yuring, gullar teramiz,
Ota, siz-la mag’rur yuraman.
Xafa bo’lma, dunyo, bugundan
Toshlaringni yomon ko’raman!

Axir, halim ko’nglim bor edi,
Bag’rim toshga to’ldirding o’zing…

Farqlar haqida ertak

Sezyapsanmi, yog’moqda yomg’ir,
Butun dunni yuvmoqda osmon.
Yelkamdagi shaytonni haydab,
Ko’zlarimga tikildi Rahmon:

-Nega ko’ksing og’riqqa to’lgan,
Qorachig’ing bo’yalmish g’amga?
Mayli, yig’la sirlaring aytib,
Bu g’am ko’plik qilar odamga.

Nogoh sening so’zing esladim,
Yuzlarimga yugurdi kulgu.
-Ikkimiz ko’p farqli, gar uni
Qo’shsak, taqdir go’zal bo’larmu?

Har oqibat sababdan bunyod,
Zamin, asli, farqlar kulbasi.
Farqsiz bo’lsa aql bilan dil,
Bu dunyoda Mehr bo’lmasdi.

Senga, balki, farqi yo’q:nega
Men tug’ildim ushbu zamonda?
Bilsang,dilga suyanar odam
Kerak ekan ahyon-ahyonda.

Balki Olloh men sabab senga
Anglatmoqchi bo’lgan dunyoni.
Nahot, ko’rging kelmas senga deb
U ko’zimga quygan ziyoni…

Sen-aqlga sodiq suvoriy,
Men ko’ngilning lashkaridanman.
Bu janggohda ko’p qurbon bo’lar,
Agar senga qalbim ochmasam.

Bilsang, mening tug’ilishimda
Bir g’aroyib kechikish mavjud:
Men saodat asrini qo’yib
Sen yashar payt topdim tavallud!

Qo’l siltagin barcha tashvishga,
Ba’zan zarra befarqlik kerak.
Ikkimizning telba farqlardan
Yaraladi chiroyli ertak…

Niqob haqida ertak

Yuragimga quyildi suvlar,
Yana yulduz yondi osmonda.
Kimlar juda quvonib ketdi
Men ko’zimni ochgan zamonda.

Lavhim satri bitilgandan so’ng,
Endi yerga tushayotgan payt,
Ko’zlarimni bog’lab tashladi
Bir niqobda yozilgan shu bayt:

«Hayot-menga niqoblar bazmi,
Mening bilan yashaysan shodon.
Lek qachondir menga qo’shilib
Bo’lmoq mumkin azalga qurbon».

Malaklarning ko’zi-qo’li band-
Yangi umr-ularga tashvish.
Shu niqobni deb osmondayoq
Qo’llarimdan tortdi «yomon ish».

Yerga tushdim-oilam xursand,
Tashrifimdan yonib ketdi vaqt.
Ko’zimdagi yog’duga boqib,
Ism berdi yelkadoshim Baxt.

Bola edim,kiydim ilk bora,
Yurak bo’ldi tor grimmxonam.
Qalbim kulib, yuzim yig’lasa,
Shirinliklar tutardi onam.

Niqobimni kiyib har zamon,
Chorak asr baxtli yashadim.
O’tirmoqni istagan paytim
Avval unga ko’rpa to’shadim.

O’tar umr, o’tdi soatlar,
Unut bo’ldi eski bashorot
Va Sen chiqding nogoh yo’limdan-
Ters aylandi butun koinot…

Qalbim bilan yolg’iz qoldim-u
Qaror qildim jo’n yashamoqni.
Niqobimdan kechaman keyin,
Endi qora demayman oqni.

Meni kutib oldi keng ko’cha:
-Holing qalay, niqobsiz odam?
-Qiyin emas ekan unchalik,
Nafas olsang bo’larkan kam-kam.

Senga tomon yo’limni burdim,
Yuzlaringni to’sardi oftob.
Evoh, qaydan ko’zim ilg’adi-
Qo’llaringda turardi niqob…

Qadamlarim ortga qayrilib,
Havo yetmay qiynaldi jonim.
Bilsang edi, qanday qaritdi
Gul umrimni shu bitta onim.

Dunyo-yo’lga chiqqan bir darvesh,
Qaytar ekan kutmagan payting.
Ey daraxtlar, hammasi yolg’on,
U niqobsiz odam, deb ayting!…

Yetti osmon qulab boshimga,
To’xtab qoldi dun soatlari.
Dunyo-ajib tomoshaxona,
Ko’rsatadi baland-u pastni.
Umring qachon ma’noli bo’lgan,
Bilmasliging uyat emasmi?

U ham shunday o’y-u xayolda,
Yo’ldan ketib turgani payti
O’g’lim, dastro’molimni yerdan
Olib bergin, deb bir chol aytdi.

Yigit boqdi cholning yuziga,
Kir bo’lmagan yerin topmadi.
O’ylab-o’ylab turdi-yu, lekin
Dil eshigin birdan yopmadi.

Yo’lda esa yotardi ilinj-
Bog’lagancha ko’zlariga mung.
Yigit oxir qarorga yetdi
Yuragida bo’ron tingan so’ng.

Cholni go’yo ko’rmagan kabi
Atrofiga biroz surindi.
Ildam-ildam qadamlar bilan
Tezroq ketmoqlikka urindi.

Chol ushladi uning qo’lini,
Ko’zlariga ko’zini quydi.
Yigit o’sha soniyalarda
O’zin juda bechora tuydi.

-O’g’lim, dunyo sinovlar uchun,
Adashtirma to’g’ri yo’lingni.
Xalqqa ushoq nafing tegmasa,
Kesib tashla o’sha qo’lingni!

O’tdi balki soat, balki on,
Yigit cholni topolmay qoldi.
Bu lahzalik ikkilanishdan
Bir umrlik afsusni oldi.

Tanishidek tuyuldi keyin,
Eslolmadi ammo otini.
Vijdon edi mo’ysafid ismi,
Aytolmadim men ham botinib…

* * *

Oyog’imdan chalgandi meni
Ko’hna aybim asoratlari.

Eshigimni taqillatding ko’p,
Ochmoqlikka undadi alam.
Ko’zlarimdan yog’ildi savol:
-Bugun qaysi niqobingdasan?…

088

(Tashriflar: umumiy 917, bugungi 1)

Izoh qoldiring