Saodat Fayziyeva. She’rlar

044

   Саодатнинг шеърларидан олдин унинг фейсбукдаги саҳифасида мана бу ёзувни ўқидим: «Японларда сакура дарахти бор. Унинг гуллашини кўриш учун бутун Япониядан, дунёнинг турли чеккасидан одамлар йиғилади. Уларнинг тилаги биргина сакура гулини кўриш. Мен ҳам илгари сакура дарахтига ўхшашни орзу қилардим. Лекин баъзан мана шу хусусиятимни йўқотиб қўймаяпманмикин, деб ўйлаб қоламан… Олтин, олмос деб ўйлашади сени, аммо яқиндан мулоқотда бўлгач, «бу ҳам ўзимиздек темир экан-ку», дейишлари…  Йўқ, унчалик қўрқинчли эмас. Ахир, Румий ҳазратлари:»Аслинг каби кўрин ё кўринганингдек бўл!» деганлар. Назаримда, темирдек яшаб туриб, кимнингдир юрагида олтин ё олмосга айлана олсанггина бу ҳақиқий Мўжиза бўлади!!!
Инсоний муносабатлар — Меҳр, Оқибатни унутмай яшасак, ҳар биримиз Олтин бўлишга қодирмиз, сакура бўлишга ҳам…»
Менга ўхшаб сакурани севган бу қиз ким экан, деб ўйладим. Кейин бир ойча аввал ёзган шеъримни эсладим:

Болаликдан қолган орзум бор
Юзи оп-поқ
Ҳеч кимга айтилмаган
Ҳеч қачон тарк этмаган
Бир орзум бор юрагимда
Қизнабирам кўзлари каби  ўйчан

Денгиз ёқасида яшасам
Хилват соҳилида уйим бўлса

Очиқ деразасин токчасида
Зангор қоғоз билан ўралган тувакчада
Ям-яшил япроқли бинафша билан
Денгиз соҳилида яшасам

Шоир-ку, шоир, ҳар бир инсон орзу билан яшайди. Қарайб Саодат ёшида ёзган шеъримдагидек:

Биз минг кутишга розимиз, ахир,
Дарахт шохларида баргдек ўсгани…

Хуллас, ўша куни сакура дарахтига ўхшашни орзу қилган шоира қизнинг шеърларини ўқигим келди.Айни ўша куни менга «Ёшлик» журналининг сўнгги сонларини олиб келишди. Ўтган йилги 11-сонни варақласам, журналнинг «Биринчи учрашув» рукнида Саодатнинг «Совуқ ҳислар аро мудрайди боғлар» шеърий туркуми эълон қилинган экан. Гапнинг рости, туркум менга ёқди. Кейин Саодат билан фейсбук орқали боғланиб, яна шеърларини сўраб олдим. Етиб келган шеърларнинг аксарияти яхши таасссурот қолдирди. Ичимда Саодатга эзгу тилаклар айтдим.  Ичимда қолиб кетмасин деб бугун ушбу сатрларни ёздим ва шоира шеърларидан айримларини сизга тақдим этишни истадим
Саодат қизим, илоҳим, сакурага ўхшаш орзуси бир умр сенга ҳамроҳ бўлсин ва муҳаббат фақатгина қайғу эмас, бахту қувонч эканини ҳам  унутма!

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

001
Саодат Файзиева
ШЕЪРЛАР
05

   Саодат Файзиева 1992-йил 11-июлда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. 2009- йил тумандаги физика- математикага ихтисослаштирилган 31-ИБМИни тугатган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факултетида теҳсил олмоқда. Шеърлари ва мақолалари матбуотда чоп этилган.

03

* * *

Кўзларимда айланди ёмғир,
Толеъларга кўшк бўлди жисм.
Мен меҳрингга боғланиб қолдим,
Юрагимда адашган исм.

Бу дунёда имконларим мўл,
Ҳар ишга гар У берса тўзим. ,
Мени омон асраб турибди
Юрагимда адашган исм.

Ҳайратларга йўл очди туйғу,
Руҳга севги бахш этди ҳусн.
Қалбни бекам бахтга юбординг,
Юрагимда адашган исм.

Кунларимга файз бўлдинг мудом,
Мовий кўкни кўрмоқда кўзим.
Сени қандай асраб-авайлай,
Юрагимда адашган исм,
Мен умримга алмашган исм…

* * *

Кўзимдаги қорачиқмас, дард сояси,
Кулгичидан севинч сочиб юрар, дема.
Мен дунёнинг ичидаги дунёдирман,
Юрагимда сузиб юрар ёлғиз кема.

Уммон ости инжуларга тўла бўлар,
У сирларин беркитгайдир қояларга.
Бирон бутун кемачини учратмадим,
Сояларга тўқнаш келдим, сояларга.

Қирғоқдаги одамлардай бахтлидирсан,
Тубсиз уммон ҳасратлари сенга нима?!
Мени эса олисларга олиб кетар
Юрагимда сузиб юрган ёлгиз кема.

Умид билан кўзин очар майсалар ҳам,
Ибодатда фақат менинг ғамим ема.
Балки сенинг соҳилингга етиб борар
Юрагимда сузиб юрган ёлғиз кема…

* * *

Куз. Стол устида совиган қаҳва
Ва руҳда ҳукмрон теран сукунат.
Ҳориган қуёшга термулиб ётар
Дарахтдан тўкилган энг сўнгги журъат.

Совуқ ҳислар аро мудрайди боғлар,
Ёмғирга интилган табиат беҳол.
Мен жануб томонга учиб кетяпман,
Юрагимга туташ маъюслик, хуш қол!

Куз, саф-саф терилган дарахтларингдан
Кўзимга дардларинг тўкасан бунча?!
Дунё-чун бир нуқта бўлган бу бошим
Не кунлар кўрмади сенга етгунча.

Куз, менга изн бер, йўлларимни оч,
Дилим куйдирмасин сариқ армонинг.
Аслида ҳижрон-ла боқийдир ҳаёт,
Мен кетсам, умрзоқ бўлади жонинг…

* * *

Турна қанотида учиб кетгандай
Тобора олислаб борар болалик.
Қалбим- тош, ёш чиқмай қолган маҳали
Менга йиғлаб-йиғлаб қарар болалик.

Гулбаргга илиниб қолган кокилим
Оҳиста бўшатиб қўярди шамол.
Ҳали алам нима, ҳали ғам нима,
Ҳали оғриқ нима — билмасди хаёл.

Қақраган кўзимда ўша дамлари
Уй қуриб бергандим зиёлар учун.
Энди бу кошона ҳувиллаб қолди,
Мени ҳатто қуёш иситмас бугун.

Сувга кулча солиб кейин кетидан
Чопқиллаб юрардим шаббода мисол.
Билмабман, ўшанда мана шу кулча
Бир умр бўлишин ёшликка тимсол.

Хола-хола ўйнаб, хола ҳам бўлдим,
Болалик, бағрингдан ҳайдама мени.
Бетуйғу яшашга тайёр эмасман,
Катталик толеъга элтарми мени?

Биламан, онам- чун мудом боламан,
Лек улар билмайди — ўзгадир кўнглим.
Мен қалбдан хоҳлайман бутун умрга
Болалик- шўхлигим топмаса ўлим.

Турна қанотида учиб кетгандай
Тобора олислаб борар болалик…

 

* * *

Тун чўкди.Сукуннинг зарраларида
Беозор милтираб ёнар чироқлар.
Шаҳарни уйқу забт этган бутунлай,
Бунда бедор фақат қалби қуроқлар.

Армонли мезоннинг оғриқларини
Бағридан ҳайдолмай йиғлар юраклар.
Қийналмай яшайди дунёда, асли,
Қалби-ю амали бўлак-бўлаклар.

Ғам сепиб кетилган табиат дилхун,
Кунда ҳам, тунда ҳам ўзгармас ўйи.
Декабр илиқлик улашаман, деб
Дилларга мўралар кўрсатиб бўйин.

Булутлар гуллаган дарахтларини
Силкитиб заминга тўкади гуллар.
Ўксиниб зериккан бедорлар шодон —
Самовий гулларга тўлади йўллар.

Лайлакқор — осмоннинг менга мактуби-
Тўққиз ой кутганим почтасиз жойдан.
Заминдан кетишни хоҳлаган пайтим
Жой беришга тайёр юлдуздан, ойдан.

Шунинг-чун севаман қор парчаларни,
Шунинг-чун ҳурматим баланд қорларга.
Қўрқаман бир куни жаҳлим сочмай деб
Қишга ва совуққа қасди борларга.

Қорпарча — кўнглимдан кўкка инган сўз,
Ҳаводек малҳамдир телба жонимга.
Кўнглимни ўкситмай яшай десангиз,
Қорларни эзғилаб келманг ёнимга…

* * *

Менга бундай қарама, оҳу,
Кўзларимдан Дард акси кетган.
Тақдир менинг лавҳи жонимга
Дилсиз яшаш қисматин битган.

Менга бундай қарама, оҳу,
Изғиринлар гуллар кўксимда.
Гоҳ оламни сиғдирсам унга,
Гоҳ яшолмам ўзим ўзимда.

Менга бундай қарама, оҳу,
Кечиккан дард керакмас менга.
Ҳиссиз яшаётганим камдек
Озор бериб қўймайин сенга.

Менга бундай қарама, оҳу,
Новда ёзиб кетмоқда елкам.
Дарахт бўлиб яшашга ҳали
Менинг қалбим ҳасратлари кам.

Менга бундай қарама, оҳу…

* * *

Қамиш ўз сирини асролмагандек
Кўнглим ҳам шеърлардан ясаб борар най.
Муҳаббат ҳасратин тўкар жонимга,
Мен кимга айтай-а, кимларга йиғлай?!

Мисқоллаб йиғилган бойлик кетади,
Кун келиб хазонга айланар япроқ.
Лек бутун руҳингни куйдириб яшар
Юракда уйғонган бир қатра титроқ.

Тушларим ўзимга ўгайлик қилар,
Ҳайдайман ҳар оқшом кўздан уйқуни.
Дардимни юзимга солгандай бўлиб,
Ҳаттоки дарахтлар эслатар Уни.

Курашда ғолиб-у мағлуб бўлгайдир,
Мағлубман, ютқиздим заиф кўнглимни.
Зулқарнайн аскари карам қилгандек
Мен ҳам ўз бўйнимга олдим ўлимни!

Шунча йил яшадим сабрга толиб,
Муҳаббат — уясиз қолган қалдирғоч,
Бу жангда мен зўрдан келдингму ғолиб,
Энди энг чиройли дарвозангни оч!

Қамиш ўз сирини асролмагандек
Кўнглим ҳам шеърлардан ясаб борар най…

* * *

Сен мендан олиссан, олиссан жуда,
Сен тўртта фасли ҳам кўклам юртдасан.
Мен кузги бекатда автобус кутсам,
Сен гилос тагида арфа чертасан.

Бир ҳайрат тополмай олам қўйнидан,
Мўжиза соғинчин унутдим қачон?
Ҳамма мўжизалар тегрангда кезар,
Қалбингга киришга излашиб имкон.

Денгиз-у уммонлар ястанар бунда —
Ҳис эта олмайман алланимани.
Умидни юракка экиб, кутасан
Алвон елкани бор катта кемани.

Мен сукут тилини билолмай ёндим,
Ҳеч нарса демаслик зор қилар гоҳо.
Сен бахтли: ғамларни ҳайдаб, юракда
Ўзинг-ла қолишинг мумкиндир танҳо.

Оқ-қора кунларнинг кишани қўлда,
Ўғирлаб олган у барча рангимни.
Ҳатто раҳматга ҳам нарх қўйган дунё,
Наҳотки, ҳамма ранг сенга текинми?

Дард узоқ қишлади кўксимда бу йил,
Кўнглимда муз бўлиб дилдирар бир ҳис.
Мен сенга айланиб қолгим келяпти-
Китоблар ичида яшаётган қиз,

Эртаклар ичида яшаётган қиз…..

* * *

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб,
Майсалар жон берар қадамларига.
Норасида ҳислар тўлган кўнглини
Ишонмай бу дунё одамларига.

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб,
Ҳасрати ёш бўлиб томар кўзидан.
Дунёдан топмаган чимдим умидин,
Қидириб борарми энди ўзидан.

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб,
Уммон ўзгартади тўлқинларини.
Кетмоқда-топсам гар, қулатаман, деб,
Осмоннинг суянчиқ устунларини.

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб,
Капалак кўнглига истайди қўним.
Билмайди — дунёга ясаса исён,
Дунё ҳам кийишин тескари тўнин.

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб,
Толеълар миннатсиз берилар жойга.
Орқада қолади бетизгин ҳаёт —
Оқ-қора тинмайин ўйнайди пойга.

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб,
Дарахтлар барг тўкиб айтади видо.
Кўз очиб ухлагич дунё билмайди-
Қандай фариштадан бўлмоқда жудо.

Бир аёл кетмоқда қайгадир шошиб…

 

* * *

Куртакларда бодради ҳаёт,
Қалбдан учган турналар қайтди.
Мен унутган эски қўшиқни
Ёмғир секин шивирлаб айтди.

Асфалт йўллар чирой очди-ю,
Сочолмади анвойи ҳидлар.
Мен соғинган тупроқ исини
Сезиб ётар қишлоқи тутлар.

Мени бунга кузатган гуллар
Ғунчалади яна неча бор.
Юрагимга киролмай кезди
Водийларда девона баҳор.

Қўлларимни куйдирган хатлар
Юрагимга қалар  энди чўғ.
Она, сизга бир чўғчалик ҳам
Мен меҳримни беролганим йўқ.

Дада, нечта кетмондастангиз
Қайта-қайта алмашди мен деб.
Бу бешафқат шаҳар ҳавоси,
Қўймоқдами пок кўнглимни еб?…

Мен шеър айтдим ҳиссиз елларга,
Дилим очдим мисли қизғалдоқ.
Бу ҳолимни кузатиб кулар
Ҳув ичимда яшар қизалоқ…

Куртакларда бодради ҳаёт,
Қалбдан учган турналар қайтди…

 

* * *

Сенинг сукутларинг — тўкилган шотут,
Кўнглимга рангини индириб борар.
Сабр бошим силаб, айтар: фақат кут,
Ойнамдан гумонлар термулиб қарар.

Ёз чоғи шивирлар ёмғирга қийин,
Осонмас сиротда ёруғ кун кўрмоқ.
Юрагим симиллаб оғрир кун сайин,
Хаёлингга келмас бир бор ҳол сўрмоқ.

Сенинг сукутларинг ризоликми, айт,
Менга умидлардан толеъ тутгувчи.
Қалбимни бахт яшар манзилга элтиб,
Ўзи дарвозада навбат кутгувчи.

Мен дилни Оллоҳга таваккал қилдим,
Мард қалбинг кўнглимни асрарми доим?
Исмимни шивирлаб айтоласанми
Дунёни тутганда қиёмат қойим?!

Сенинг сукутларинг — тўкилган шотут,
Кўнглимга рангини индириб борар…

 

* * *

Бувам айтгандилар: бойқуш сайраса,
Бир ёмон фалокат бўлади-да, деб.
Шундан бери овлоқ, хилват жойларда
Юришни ўзимга кўрмас эдим эп.

Кеча деразамга қўнди бир бойқуш,
Қаноти бемадор,  кўзи бефусун —
Ҳамма энг бой деган  эй бечора қуш,
Толғин  нигоҳларинг бунчалар маҳзун?!

Менга қайси дарддан очарсан калом,
Сен қайси ғамларни менга асрадинг?
Бойқушим, мен сени тушунмасам ҳам,
Балки, сен англарсан менинг ҳасратим?

Қара, кўзларингдан оқаётир мунг,
Гўё қалбимдаги фарёдга монанд.
Балки иккимизни учратган бу тун
Қандайдир бир сирни очмоқ ила банд.

Мен сендан бойроқман — учмайман, бахт бу,
Сенга эса жуда раҳмим келади.
Сен кўкдан кузатган неча дардлилар
Қисмати қалбингни тинмай тилади.

Яна тонг сочлари оқарди бесас,
Сафаринг қариди, кўзларимда ёш.
Ҳали ҳеч ким мени сендек билганмас,
Бўлмаган сенчалик яқин ҳасратдош.

Балки, кун алмашиб, замин айланиб,
Яна йўлинг тушар деразам томон.
Бойқушим, дуо қил, то ўшангача
Менга умр берган Дард қолсин омон!

 

* * *

Чин шоир Рауф Парфи хотирасига

Қисмат деганлари шу азал-абад —
Чин шоир ўлади осилиб Сўзга
Ва қайтиб келади Ҳақиқат бўлиб,
Илоҳий қоида йўқ бундан ўзга.

Шоир, овозингни илғайман баъзан,
Қушларнинг тилида тўқийсан байтлар.
Бу миллат камбағал бўлди  сенингсиз —
Бахшилар жуда кам — рост сўзни айтар.

Виждон тиланчилик қилар йўлларда,
Иймон кўзгулари дарз кетган қаттиқ.
Сен эркнинг товушин ўргатган юртга
Ғам борми беғамлик ғамидан ортиқ?!

Биламан, очгандинг сен охир «сир»ни,
Лек вафо қилмади бизларга тақдир.
Барча ҳақиқатлар ёлғон, аслида,
Сен ёзган ёлғоннинг ҳаммаси ҳақдир.

Осмондан термулиб йиғлайсан ҳамон,
«Сир»ни синдирмоқни истайсан гоҳо.
Майсалар англайди оғриқларингни,
Лек ёмғир тилини тушунмас дунё…

Ҳар кузда ёмғир-ла тўкилар ёшинг,
Сирга тўлиб кетар майсалар қалби…

 

Поябзаллар ҳақида шеър

Осмон аксиришни бошлади бирдан,
Томчилар дунёни қоплади беҳад.
Соябон эсидан чиққан одамни
Бағрига чорлади исмсиз бекат.

Ичимга ёмғирни жойламайин, деб
Бекатга югурди паришон этик.
Қаноти тикилган қушдай бўлса-да,
Ҳаётдан умиди бор, ҳали тетик.

Бетон юзларини қимтиниб босиб
Яна бир этикча келди бекатга.
Сепкиллар тўлдирган пешонасини
Боғлаб олганди у кекса тоқатга.

Шу пайт жаранглади аллақандай сас,
Нимадир синдирди бекатда руҳни.
Қип-қизил кийимин кўз-кўз айлади
Пошнасига кибр осилган туфли.

Этик юрагида қўзғалди бўрон,
Кўзини олисга қадади маъюс.
Айни шу лаҳзада уни уятдан
Қутқарай демасди бирон автобус.

Этикча кўзини юмди ўксиниб —
Туфлининг қараши дилга ботарди.
Ҳозир бирон тошни тополса ердан
Аямай кучини унга отарди.

Туфли эса мағрур, нигоҳи музли,
Ўзидан бошқани соя биларди.
Қаноти кесилган, сепкиллиларни
Кўрганда очилиб, яйраб куларди…

Шунда нажоткор бир автобус келди,
Учта поябзал ҳам кўтарди ўзни.
Ўзига «Ҳаёт» деб исм танлаган
Бекат аллаларди эринчоқ кузни.

Ҳаёт бекатида тинмасди ёмғир…

* * *

Шафтоли гуллади, шафтоли,
Дилни маст айлади бўйлари.
Баъзида юракни эзаркан,
Бегона одамнинг ўйлари.

Майсага илинган шабнамдек
Омонат титрагай бу жоним.
Ҳамманинг ҳаддини синдирган,
Бир сиздан уялар имконим.

Чегара ясаган андиша,
Ичимда икки қутб яшайди.
Юрагим баъзида гармсел,
Баъзида бўронга ўхшайди.

Сезаман, бу кўклам сахийроқ,
Инъомин бергайдир сабримга.
Тушлардан уйғониб кетасиз
Ва ета бошлайсиз қадримга.

Шафтоли гуллади, шафтоли,
Дилни маст айлади бўйлари.
Баъзида юракни эзаркан,
Бегона одамнинг ўйлари…

 

***

Ҳали бу дунёда эмасдим унда,
Фаришталар менга қадрдон эди.
Мен камли дунёга келар чоғимда
Бир малак ғалати гап топиб келди.

Эмишки, бу дунё ғалати, ғаддор,
Ким келса, кўнглини олган, емирган.
Шу сабаб қалбимга гард юқмасин деб,
Мустаҳкам бир қўрғон қурдим темирдан.

Дўстларим тарк этиб йиғладим.Келдим,
Дунё қошларимнинг остига кирди.
Мени икки олам аро кездирган
Кўксимда жон сақлар энг катта сирдир.

Кунлар ўтаверди, алмашди ёшлар,
Бир хил зерикишга тўлди ўнг-у сўл.
Неча йиллик уйқум бузулиб бир кун,
Юрагим ёнидан ўсди атиргул.

Умид билан отди оппоқ тонгларим,
Рангсиз ҳаётимга қўшилди фусун.
Қаттиқ темир билан қопланган дилга
Митти атиргулим  берарди ҳусн.

Битта гулга қанча эътибор керак —
Кун сайин юзлари чирой очарди.
Мен сабаб унинг ҳам ўйлари тотли,
Кўзларим камалак ёшин сочарди.

Ҳар эзгу эртакнинг бор интиҳоси,
Пасайди толеънинг баланд жаранги.
Мен гулга қуйганим — сувлар дастидан
Ўзгарди темирли юрагим ранги.

Икки ўт куйдирди бўғзимга кириб,
Гулга ҳаёт — дилни обдон ранглади.
Қарийб чорак аср асралган кўнглим
Кичик томиридан бошлаб занглади.

Қанча умрим қолди, билмайман ҳали,
Тубсиз қайғуларга йиқилдим буткул.
Мендан кейин икки умрни яша,
Темир юрагимга бахт берган, эй гул!

Дунё, синовингда барибир синдим,
Сендан ғолибликни олиб бўлмайди.
Унутма, мен сени ташлаб кетсам ҳам,
Кўнглимдан сув ичган гулим ўлмайди.

Суюнма, бир каминг ҳали тўлмайди…

***

Минг йил бўлди…Унинг йўлида
Келишини кутиб яшайман…
Жумагул Сувонова

Сен келдинг…
Бу олам исмин унутди,
Коинот бор гулин сочди дилимга.
Сени мен кутмадим — бардошим кутди,
Энди ачинмасман  минг бир йилимга.

Сен келдинг…
Соғинчлар гулхан ёқди-ю
Исириқ тутатди алқаб ҳижронни.
Дилсойда бир гўзал ҳислар оқди-ю
Покиза оқликка ўради жонни.

Сен келдинг…
Тушларим ўнгимда кезди,
Борлиқда уйғонди оҳорий таскин.
Менинг суюнчимни бутун ер сезди,
Кўзимга жойладим толеънинг расмин.

Сен келдинг…
Сен билан қувончлар келди,
Уйқусин бузмоққа шайланди юрак.
Гўр кўнглим минг йиллар кутган бахтини
Энди ҳеч кимсага бермаса керак!

Сен келдинг…
Ростдан ҳам келдингми?..

022

   Saodatning she’rlaridan oldin uning feysbukdagi sahifasida mana bu yozuvni o’qidim:  «Yaponlarda sakura daraxti bor. Uning gullashini ko’rish uchun butun Yaponiyadan, dunyoning turli chekkasidan odamlar yig’iladi. Ularning tilagi birgina sakura gulini ko’rish. Men ham ilgari sakura daraxtiga o’xshashni orzu qilardim. Lekin ba’zan mana shu xususiyatimni yo’qotib qo’ymayapmanmikin, deb o’ylab qolaman… Oltin, olmos deb o’ylashadi seni, ammo yaqindan muloqotda bo’lgach, «bu ham o’zimizdek temir ekan-ku», deyishlari…  Yo’q, unchalik qo’rqinchli emas. Axir, Rumiy hazratlari:»Asling kabi ko’rin yo ko’ringaningdek bo’l!» deganlar. Nazarimda, temirdek yashab turib, kimningdir yuragida oltin yo olmosga aylana olsanggina bu haqiqiy Mo’jiza bo’ladi!!!Insoniy munosabatlar — Mehr, Oqibatni unutmay yashasak, har birimiz Oltin bo’lishga qodirmiz, sakura bo’lishga ham…»
Menga o’xshab sakurani sevgan bu qiz kim ekan, deb o’yladim. Keyin bir oycha avval yozgan she’rimni esladim:

Bolalikdan qolgan orzum bor
Yuzi op-poq
Hech kimga aytilmagan
Hech qachon tark etmagan
Bir orzum bor yuragimda
Qiznabiram ko’zlari kabi  o’ychan

Dengiz yoqasida yashasam
Xilvat sohilida uyim bo’lsa

Ochiq derazasin tokchasida
Zangor qog’oz bilan o’ralgan tuvakchada
Yam-yashil yaproqli binafsha bilan
Dengiz sohilida yashasam

Shoir-ku, shoir, har bir inson orzu bilan yashaydi.Qarayb Saodat yoshida yozgan she’rimdagidek:

Biz ming kutishga rozimiz, axir,
Daraxt shoxlarida bargdek o’sgani…

Xullas, o’sha kuni sakura daraxtiga o’xshashni orzu qilgan shoira qizning she’rlarini o’qigim keldi. Ayni o’sha kuni menga «Yoshlik» jurnalining so’nggi sonlarini olib kelishdi. O’tgan yilgi 11-sonni varaqlasam, jurnalning «Birinchi uchrashuv» ruknida Saodatning «Sovuq hislar aro mudraydi bog’lar» she’riy turkumi e’lon qilingan ekan. Gapning rosti, turkum menga yoqdi. Keyin Saodat bilan feysbuk orqali bog’lanib, yana she’rlarini so’rab oldim. Yetib kelgan she’rlarning aksariyati yaxshi taasssurot qoldirdi. Ichimda Saodatga ezgu tilaklar aytdim. Ichimda qolib ketmasin deb bugun ushbu satrlarni yozdim va shoira she’rlaridan ayrimlarini sizga taqdim etishni istadim.
Saodat qizim, ilohim, sakuraga o’xshash orzusi bir umr senga hamroh bo’lsin va muhabbat faqatgina qayg’u emas, baxtu quvonch ekanini ham  unutma!

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

001
Saodat Fayzieva
SHE’RLAR
05

Saodat Fayzieva 1992-yil 11-iyulda Buxoro viloyati Olot tumanida tug’ilgan. 2009- yil tumandagi fizika- matematikaga ixtisoslashtirilgan 31-IBMIni tugatgan. Hozirda O’zbekiston Milliy universitetining o’zbek filologiyasi fakultetida tehsil olmoqda. She’rlari va maqolalari matbuotda chop etilgan.

03

* * *

Ko’zlarimda aylandi yomg’ir,
Tole’larga ko’shk bo’ldi jism.
Men mehringga bog’lanib qoldim,
Yuragimda adashgan ism.

Bu dunyoda imkonlarim mo’l,
Har ishga gar U bersa to’zim. ,
Meni omon asrab turibdi
Yuragimda adashgan ism.

Hayratlarga yo’l ochdi tuyg’u,
Ruhga sevgi baxsh etdi husn.
Qalbni bekam baxtga yubording,
Yuragimda adashgan ism.

Kunlarimga fayz bo’lding mudom,
Moviy ko’kni ko’rmoqda ko’zim.
Seni qanday asrab-avaylay,
Yuragimda adashgan ism,
Men umrimga almashgan ism…

* * *

Ko’zimdagi qorachiqmas, dard soyasi,
Kulgichidan sevinch sochib yurar, dema.
Men dunyoning ichidagi dunyodirman,
Yuragimda suzib yurar yolg’iz kema.

Ummon osti injularga to’la bo’lar,
U sirlarin berkitgaydir qoyalarga.
Biron butun kemachini uchratmadim,
Soyalarga to’qnash keldim, soyalarga.

Qirg’oqdagi odamlarday baxtlidirsan,
Tubsiz ummon hasratlari senga nima?!
Meni esa olislarga olib ketar
Yuragimda suzib yurgan yolgiz kema.

Umid bilan ko’zin ochar maysalar ham,
Ibodatda faqat mening g’amim yema.
Balki sening sohilingga yetib borar
Yuragimda suzib yurgan yolg’iz kema…

* * *

Kuz. Stol ustida sovigan qahva
Va ruhda hukmron teran sukunat.
Horigan quyoshga termulib yotar
Daraxtdan to’kilgan eng so’nggi jur’at.

Sovuq hislar aro mudraydi bog’lar,
Yomg’irga intilgan tabiat behol.
Men janub tomonga uchib ketyapman,
Yuragimga tutash ma’yuslik, xush qol!

Kuz, saf-saf terilgan daraxtlaringdan
Ko’zimga dardlaring to’kasan buncha?!
Dunyo-chun bir nuqta bo’lgan bu boshim
Ne kunlar ko’rmadi senga yetguncha.

Kuz, menga izn ber, yo’llarimni och,
Dilim kuydirmasin sariq armoning.
Aslida hijron-la boqiydir hayot,
Men ketsam, umrzoq bo’ladi joning…

* * *

Turna qanotida uchib ketganday
Tobora olislab borar bolalik.
Qalbim- tosh, yosh chiqmay qolgan mahali
Menga yig’lab-yig’lab qarar bolalik.

Gulbargga ilinib qolgan kokilim
Ohista bo’shatib qo’yardi shamol.
Hali alam nima, hali g’am nima,
Hali og’riq nima — bilmasdi xayol.

Qaqragan ko’zimda o’sha damlari
Uy qurib bergandim ziyolar uchun.
Endi bu koshona huvillab qoldi,
Meni hatto quyosh isitmas bugun.

Suvga kulcha solib keyin ketidan
Chopqillab yurardim shabboda misol.
Bilmabman, o’shanda mana shu kulcha
Bir umr bo’lishin yoshlikka timsol.

Xola-xola o’ynab, xola ham bo’ldim,
Bolalik, bag’ringdan haydama meni.
Betuyg’u yashashga tayyor emasman,
Kattalik tole’ga eltarmi meni?

Bilaman, onam- chun mudom bolaman,
Lek ular bilmaydi — o’zgadir ko’nglim.
Men qalbdan xohlayman butun umrga
Bolalik- sho’xligim topmasa o’lim.

Turna qanotida uchib ketganday
Tobora olislab borar bolalik…

 

* * *

Tun cho’kdi.Sukunning zarralarida
Beozor miltirab yonar chiroqlar.
Shaharni uyqu zabt etgan butunlay,
Bunda bedor faqat qalbi quroqlar.

Armonli mezonning og’riqlarini
Bag’ridan haydolmay yig’lar yuraklar.
Qiynalmay yashaydi dunyoda, asli,
Qalbi-yu amali bo’lak-bo’laklar.

G’am sepib ketilgan tabiat dilxun,
Kunda ham, tunda ham o’zgarmas o’yi.
Dekabr iliqlik ulashaman, deb
Dillarga mo’ralar ko’rsatib bo’yin.

Bulutlar gullagan daraxtlarini
Silkitib zaminga to’kadi gullar.
O’ksinib zerikkan bedorlar shodon —
Samoviy gullarga to’ladi yo’llar.

Laylakqor — osmonning menga maktubi-
To’qqiz oy kutganim pochtasiz joydan.
Zamindan ketishni xohlagan paytim
Joy berishga tayyor yulduzdan, oydan.

Shuning-chun sevaman qor parchalarni,
Shuning-chun hurmatim baland qorlarga.
Qo’rqaman bir kuni jahlim sochmay deb
Qishga va sovuqqa qasdi borlarga.

Qorparcha — ko’nglimdan ko’kka ingan so’z,
Havodek malhamdir telba jonimga.
Ko’nglimni o’ksitmay yashay desangiz,
Qorlarni ezg’ilab kelmang yonimga…

* * *

Menga bunday qarama, ohu,
Ko’zlarimdan Dard aksi ketgan.
Taqdir mening lavhi jonimga
Dilsiz yashash qismatin bitgan.

Menga bunday qarama, ohu,
Izg’irinlar gullar ko’ksimda.
Goh olamni sig’dirsam unga,
Goh yasholmam o’zim o’zimda.

Menga bunday qarama, ohu,
Kechikkan dard kerakmas menga.
Hissiz yashayotganim kamdek
Ozor berib qo’ymayin senga.

Menga bunday qarama, ohu,
Novda yozib ketmoqda yelkam.
Daraxt bo’lib yashashga hali
Mening qalbim hasratlari kam.

Menga bunday qarama, ohu…

* * *

Qamish o’z sirini asrolmagandek
Ko’nglim ham she’rlardan yasab borar nay.
Muhabbat hasratin to’kar jonimga,
Men kimga aytay-a, kimlarga yig’lay?!

Misqollab yig’ilgan boylik ketadi,
Kun kelib xazonga aylanar yaproq.
Lek butun ruhingni kuydirib yashar
Yurakda uyg’ongan bir qatra titroq.

Tushlarim o’zimga o’gaylik qilar,
Haydayman har oqshom ko’zdan uyquni.
Dardimni yuzimga solganday bo’lib,
Hattoki daraxtlar eslatar Uni.

Kurashda g’olib-u mag’lub bo’lgaydir,
Mag’lubman, yutqizdim zaif ko’nglimni.
Zulqarnayn askari karam qilgandek
Men ham o’z bo’ynimga oldim o’limni!

Shuncha yil yashadim sabrga tolib,
Muhabbat — uyasiz qolgan qaldirg’och,
Bu jangda men zo’rdan keldingmu g’olib,
Endi eng chiroyli darvozangni och!

Qamish o’z sirini asrolmagandek
Ko’nglim ham she’rlardan yasab borar nay…

* * *

Sen mendan olissan, olissan juda,
Sen to’rtta fasli ham ko’klam yurtdasan.
Men kuzgi bekatda avtobus kutsam,
Sen gilos tagida arfa chertasan.

Bir hayrat topolmay olam qo’ynidan,
Mo’jiza sog’inchin unutdim qachon?
Hamma mo’jizalar tegrangda kezar,
Qalbingga kirishga izlashib imkon.

Dengiz-u ummonlar yastanar bunda —
His eta olmayman allanimani.
Umidni yurakka ekib, kutasan
Alvon yelkani bor katta kemani.

Men sukut tilini bilolmay yondim,
Hech narsa demaslik zor qilar goho.
Sen baxtli: g’amlarni haydab, yurakda
O’zing-la qolishing mumkindir tanho.

Oq-qora kunlarning kishani qo’lda,
O’g’irlab olgan u barcha rangimni.
Hatto rahmatga ham narx qo’ygan dunyo,
Nahotki, hamma rang senga tekinmi?

Dard uzoq qishladi ko’ksimda bu yil,
Ko’nglimda muz bo’lib dildirar bir his.
Men senga aylanib qolgim kelyapti-
Kitoblar ichida yashayotgan qiz,

Ertaklar ichida yashayotgan qiz…..

* * *

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib,
Maysalar jon berar qadamlariga.
Norasida hislar to’lgan ko’nglini
Ishonmay bu dunyo odamlariga.

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib,
Hasrati yosh bo’lib tomar ko’zidan.
Dunyodan topmagan chimdim umidin,
Qidirib borarmi endi o’zidan.

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib,
Ummon o’zgartadi to’lqinlarini.
Ketmoqda-topsam gar, qulataman, deb,
Osmonning suyanchiq ustunlarini.

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib,
Kapalak ko’ngliga istaydi qo’nim.
Bilmaydi — dunyoga yasasa isyon,
Dunyo ham kiyishin teskari to’nin.

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib,
Tole’lar minnatsiz berilar joyga.
Orqada qoladi betizgin hayot —
Oq-qora tinmayin o’ynaydi poyga.

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib,
Daraxtlar barg to’kib aytadi vido.
Ko’z ochib uxlagich dunyo bilmaydi-
Qanday farishtadan bo’lmoqda judo.

Bir ayol ketmoqda qaygadir shoshib…

 

* * *

Kurtaklarda bodradi hayot,
Qalbdan uchgan turnalar qaytdi.
Men unutgan eski qo’shiqni
Yomg’ir sekin shivirlab aytdi.

Asfalt yo’llar chiroy ochdi-yu,
Socholmadi anvoyi hidlar.
Men sog’ingan tuproq isini
Sezib yotar qishloqi tutlar.

Meni bunga kuzatgan gullar
G’unchaladi yana necha bor.
Yuragimga kirolmay kezdi
Vodiylarda devona bahor.

Qo’llarimni kuydirgan xatlar
Yuragimga qalar endi cho’g’.
Ona, sizga bir cho’g’chalik ham
Men mehrimni berolganim yo’q.

Dada, nechta ketmondastangiz
Qayta-qayta almashdi men deb.
Bu beshafqat shahar havosi,
Qo’ymoqdami pok ko’nglimni yeb?…

Men she’r aytdim hissiz yellarga,
Dilim ochdim misli qizg’aldoq.
Bu holimni kuzatib kular
Huv ichimda yashar qizaloq…

Kurtaklarda bodradi hayot,
Qalbdan uchgan turnalar qaytdi…

 

* * *

Sening sukutlaring — to’kilgan shotut,
Ko’nglimga rangini indirib borar.
Sabr boshim silab, aytar: faqat kut,
Oynamdan gumonlar termulib qarar.

Yoz chog’i shivirlar yomg’irga qiyin,
Osonmas sirotda yorug’ kun ko’rmoq.
Yuragim simillab og’rir kun sayin,
Xayolingga kelmas bir bor hol so’rmoq.

Sening sukutlaring rizolikmi, ayt,
Menga umidlardan tole’ tutguvchi.
Qalbimni baxt yashar manzilga eltib,
O’zi darvozada navbat kutguvchi.

Men dilni Ollohga tavakkal qildim,
Mard qalbing ko’nglimni asrarmi doim?
Ismimni shivirlab aytolasanmi
Dunyoni tutganda qiyomat qoyim?!

Sening sukutlaring — to’kilgan shotut,
Ko’nglimga rangini indirib borar…

 

* * *

Buvam aytgandilar: boyqush sayrasa,
Bir yomon falokat bo’ladi-da, deb.
Shundan beri ovloq, xilvat joylarda
Yurishni o’zimga ko’rmas edim ep.

Kecha derazamga qo’ndi bir boyqush,
Qanoti bemador, ko’zi befusun —
Hamma eng boy degan ey bechora qush,
Tolg’in nigohlaring bunchalar mahzun?!

Menga qaysi darddan ocharsan kalom,
Sen qaysi g’amlarni menga asrading?
Boyqushim, men seni tushunmasam ham,
Balki, sen anglarsan mening hasratim?

Qara, ko’zlaringdan oqayotir mung,
Go’yo qalbimdagi faryodga monand.
Balki ikkimizni uchratgan bu tun
Qandaydir bir sirni ochmoq ila band.

Men sendan boyroqman — uchmayman, baxt bu,
Senga esa juda rahmim keladi.
Sen ko’kdan kuzatgan necha dardlilar
Qismati qalbingni tinmay tiladi.

Yana tong sochlari oqardi besas,
Safaring qaridi, ko’zlarimda yosh.
Hali hech kim meni sendek bilganmas,
Bo’lmagan senchalik yaqin hasratdosh.

Balki, kun almashib, zamin aylanib,
Yana yo’ling tushar derazam tomon.
Boyqushim, duo qil, to o’shangacha
Menga umr bergan Dard qolsin omon!

 

* * *

Chin shoir Rauf Parfi xotirasiga

Qismat deganlari shu azal-abad —
Chin shoir o’ladi osilib So’zga
Va qaytib keladi Haqiqat bo’lib,
Ilohiy qoida yo’q bundan o’zga.

Shoir, ovozingni ilg’ayman ba’zan,
Qushlarning tilida to’qiysan baytlar.
Bu millat kambag’al bo’ldi seningsiz —
Baxshilar juda kam — rost so’zni aytar.

Vijdon tilanchilik qilar yo’llarda,
Iymon ko’zgulari darz ketgan qattiq.
Sen erkning tovushin o’rgatgan yurtga
G’am bormi beg’amlik g’amidan ortiq?!

Bilaman, ochganding sen oxir «sir»ni,
Lek vafo qilmadi bizlarga taqdir.
Barcha haqiqatlar yolg’on, aslida,
Sen yozgan yolg’onning hammasi haqdir.

Osmondan termulib yig’laysan hamon,
«Sir»ni sindirmoqni istaysan goho.
Maysalar anglaydi og’riqlaringni,
Lek yomg’ir tilini tushunmas dunyo…

Har kuzda yomg’ir-la to’kilar yoshing,
Sirga to’lib ketar maysalar qalbi…

 

Poyabzallar haqida she’r

Osmon aksirishni boshladi birdan,
Tomchilar dunyoni qopladi behad.
Soyabon esidan chiqqan odamni
Bag’riga chorladi ismsiz bekat.

Ichimga yomg’irni joylamayin, deb
Bekatga yugurdi parishon etik.
Qanoti tikilgan qushday bo’lsa-da,
Hayotdan umidi bor, hali tetik.

Beton yuzlarini qimtinib bosib
Yana bir etikcha keldi bekatga.
Sepkillar to’ldirgan peshonasini
Bog’lab olgandi u keksa toqatga.

Shu payt jarangladi allaqanday sas,
Nimadir sindirdi bekatda ruhni.
Qip-qizil kiyimin ko’z-ko’z ayladi
Poshnasiga kibr osilgan tufli.

Etik yuragida qo’zg’aldi bo’ron,
Ko’zini olisga qadadi ma’yus.
Ayni shu lahzada uni uyatdan
Qutqaray demasdi biron avtobus.

Etikcha ko’zini yumdi o’ksinib —
Tuflining qarashi dilga botardi.
Hozir biron toshni topolsa yerdan
Ayamay kuchini unga otardi.

Tufli esa mag’rur, nigohi muzli,
O’zidan boshqani soya bilardi.
Qanoti kesilgan, sepkillilarni
Ko’rganda ochilib, yayrab kulardi…

Shunda najotkor bir avtobus keldi,
Uchta poyabzal ham ko’tardi o’zni.
O’ziga «Hayot» deb ism tanlagan
Bekat allalardi erinchoq kuzni.

Hayot bekatida tinmasdi yomg’ir…

* * *

Shaftoli gulladi, shaftoli,
Dilni mast ayladi bo’ylari.
Ba’zida yurakni ezarkan,
Begona odamning o’ylari.

Maysaga ilingan shabnamdek
Omonat titragay bu jonim.
Hammaning haddini sindirgan,
Bir sizdan uyalar imkonim.

Chegara yasagan andisha,
Ichimda ikki qutb yashaydi.
Yuragim ba’zida garmsel,
Ba’zida bo’ronga o’xshaydi.

Sezaman, bu ko’klam saxiyroq,
In’omin bergaydir sabrimga.
Tushlardan uyg’onib ketasiz
Va yeta boshlaysiz qadrimga.

Shaftoli gulladi, shaftoli,
Dilni mast ayladi bo’ylari.
Ba’zida yurakni ezarkan,
Begona odamning o’ylari…

 

***

Hali bu dunyoda emasdim unda,
Farishtalar menga qadrdon edi.
Men kamli dunyoga kelar chog’imda
Bir malak g’alati gap topib keldi.

Emishki, bu dunyo g’alati, g’addor,
Kim kelsa, ko’nglini olgan, yemirgan.
Shu sabab qalbimga gard yuqmasin deb,
Mustahkam bir qo’rg’on qurdim temirdan.

Do’stlarim tark etib yig’ladim.Keldim,
Dunyo qoshlarimning ostiga kirdi.
Meni ikki olam aro kezdirgan
Ko’ksimda jon saqlar eng katta sirdir.

Kunlar o’taverdi, almashdi yoshlar,
Bir xil zerikishga to’ldi o’ng-u so’l.
Necha yillik uyqum buzulib bir kun,
Yuragim yonidan o’sdi atirgul.

Umid bilan otdi oppoq tonglarim,
Rangsiz hayotimga qo’shildi fusun.
Qattiq temir bilan qoplangan dilga
Mitti atirgulim berardi husn.

Bitta gulga qancha e’tibor kerak —
Kun sayin yuzlari chiroy ochardi.
Men sabab uning ham o’ylari totli,
Ko’zlarim kamalak yoshin sochardi.

Har ezgu ertakning bor intihosi,
Pasaydi tole’ning baland jarangi.
Men gulga quyganim — suvlar dastidan
O’zgardi temirli yuragim rangi.

Ikki o’t kuydirdi bo’g’zimga kirib,
Gulga hayot — dilni obdon rangladi.
Qariyb chorak asr asralgan ko’nglim
Kichik tomiridan boshlab zangladi.

Qancha umrim qoldi, bilmayman hali,
Tubsiz qayg’ularga yiqildim butkul.
Mendan keyin ikki umrni yasha,
Temir yuragimga baxt bergan, ey gul!

Dunyo, sinovingda baribir sindim,
Sendan g’oliblikni olib bo’lmaydi.
Unutma, men seni tashlab ketsam ham,
Ko’nglimdan suv ichgan gulim o’lmaydi.

Suyunma, bir kaming hali to’lmaydi…

***

Ming yil bo’ldi…Uning yo’lida
Kelishini kutib yashayman…
Jumagul Suvonova

Sen kelding…
Bu olam ismin unutdi,
Koinot bor gulin sochdi dilimga.
Seni men kutmadim — bardoshim kutdi,
Endi achinmasman ming bir yilimga.

Sen kelding…
Sog’inchlar gulxan yoqdi-yu
Isiriq tutatdi alqab hijronni.
Dilsoyda bir go’zal hislar oqdi-yu
Pokiza oqlikka o’radi jonni.

Sen kelding…
Tushlarim o’ngimda kezdi,
Borliqda uyg’ondi ohoriy taskin.
Mening suyunchimni butun yer sezdi,
Ko’zimga joyladim tole’ning rasmin.

Sen kelding…
Sen bilan quvonchlar keldi,
Uyqusin buzmoqqa shaylandi yurak.
Go’r ko’nglim ming yillar kutgan baxtini
Endi hech kimsaga bermasa kerak!

Sen kelding…
Rostdan ham keldingmi?..

022

(Tashriflar: umumiy 4 896, bugungi 1)

1 izoh

  1. Saodatda òzi boshqacha olam, ruhiyat hukmron. Uning she’rlarini òqib, hali òzbek she’riyatida yangi yulduz porlashi aniqligiga ishonaman. Saodat, gòzal qalbingiz tarjimoni bòlgan iste’dodingiz muvaffaqiyatlari soni kòpaysin!

Izoh qoldiring