Shafiqa Yorqin. Bobur oilasida farzand tarbiyasi.

531
Мирзо Бобур таваллудининг 531 йиллиги олдидан

«Бобурнома»да ёзилишича, Бобур ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилар экан. У «Мубаййин» рисоласини Ҳумоюн ва Комронга диний масалаларни ўргатиш учун назмда ёзади. Бобурнинг Ҳумоюн ва Комронга ёзган мактублари ҳам шу мавзуга қаратилган.

094

БОБУР ОИЛАСИДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ
Доктор Шафиқа Ёрқин

Илму адабиёт осмонида ҳар бир буюк шоир ва етук олим бир порлоқ юлдуз бўлса, шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг фарзандлари, яъни кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласи бир каҳкашондир. Ҳиндистоннинг машҳур сиёсатчиси ва тарихчиси Жавоҳирлаъл Нерунинг айтишича: «Бобур санъат ва адабиётнинг улкан ҳомийси, бобурийлар саройи жуда шукуҳли, бой ва мисли кўрилмаган сарой эди».

Албатта, бундай сарой ва бундай маданият ўзидан-ўзи қурилмайди. Шоҳ ва шаҳзодалар олим, шоир ва маданиятли кишилар бўлмасалар, илму маданият ривожига у қадар парво қилмасликлари мумкин. Аммо Бобур, унинг тўрт ўғли ва бир қизи — Ҳумоюн, Комрон, Аскарий, Ҳиндол ва Гулбадан бегим ҳам тарихда чуқур из қолдирган шоир, тарихчи, илму санъатни яхши ўрганиб, ўзлаштирган кишилар эдилар. Улардан бўлган фарзандларнинг барчаси ҳам ота-боболарининг изидан бориб, атоқли шоир, адиб ва олимлар сифатида илму санъат ривожига катта ҳисса қўшиб келдилар.

«Бобурнома»да ёзилишича, Бобур ўз фарзандларининг таълим-тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлаб, уларни ўқиш ва ўрганишга тарғиб қилар экан. У «Мубаййин» рисоласини Ҳумоюн ва Комронга диний масалаларни ўргатиш учун назмда ёзади. Бобурнинг Ҳумоюн ва Комронга ёзган мактублари ҳам шу мавзуга қаратилган. Масалан, у Комронга ёзган мактубида бундай дейди: «Фарзанди аршад ва аржуманди саодатнишон Муҳаммад Комрон Мирзо баҳодирга саломи муҳаббат анжомидан сўнг улким, кўкалтош ва ичкиларинг била сабақ ўқурға ружуъ келтуруб эрмишсен. Бу жиҳаттин кўнгулга сурур ва хотирга ҳузур етиб на бисёр хушҳоллиқ юз берди. Тангри таоло даргоҳидин умидим борким, жамиъи қобилият ва салоҳият бобида комил ва мукаммал бўлуб камолға етгайсен».
Ҳумоюнга ёзган мактубидан: «Яна мен дегандек бу хатларингни битибсен ва ўқумайсен, не учунким, агар ўқур хаёл қилсанг эди, ўқий олмас эдинг. Ўқий олмагандин сўнг албатта тағир берур эдинг. Хатингни худ ташвиш била ўқиса бўладур, вале асру муғлақтур… Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқуса бўлодур, вале бу муғлақ алфозингдин мақсуд тамом мафҳум бўлмайдур. Ғолибан хат битурда коҳиллиғинг ҳам ушбу жиҳаттиндур. Такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ бўладур. Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била битий. Ҳам сенга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқувғучиға…».

Кўриниб турибдики, Бобур фарзандларининг диёнатли, илм-фазилатли бўлиб ўсиши учун уларга китоб танлаб юбориш, уларнинг ўрганиши учун китоблар ёзишни оталик ва подшоҳлик бурчи деб ҳисоблаган, уларни ўқиш-ўрганишга тарғиб қилиб, имло ва иншо хатоларини тўғрилаб бехато, содда, равон ва бетакаллуф ёзишга чорлаган.

Албатта, Бобурнинг бундай саъй-ҳаракатлари зое кетмади. Унинг тўртала ўғли, қизи, набиралари ва уларнинг фарзандлари илму санъат, шеъру адабиётда ном қозондилар. Кўрагонийлар ё бобурийлар сулоласидан кўп соҳибдевон шоирлар, тарихчилар, фақиҳлар, диний ва дунёвий олимларнинг исмини тазкиралардан келтириш мумкин. Уларнинг ҳаммасини тилга олиб ўтиш ё улар ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш анча вақт талаб қилади. Бу ҳақда ҳаттоки китоблар ёзиш ҳам мумкин. Биз бу ўринда Бобурнинг фақат шоир ва тарихчи фарзандлари ҳақида сўз юритиб, улар асарларидан бир-икки мисол келтириб ўтамиз.

Бобурнинг тўнғич ўғли Носируддин Муҳаммад Ҳумоюн 913 (1507) йили зулқаъда ойининг тўртинчи кечаси Кобулда туғилди. Онаси Моҳим бегим Султон Ҳусайн Бойқаро хонадонига яқин бир бекнинг қизи эди. Ҳумоюн Мирзо отаси вафот этгандан сўнг Деҳли тахтига эга бўлиб, 26 йил подшоҳлик даврини суриб, 963(1556) йили раби ул-аввал ойининг 14чисида Деҳлида оламдан кўз юмди.

Ҳумоюн Мирзо ҳам отасидек истеъдодли шоир эди. Подшоҳлик юмушлари, ички ва ташқи душманлар, яъни укалари ва лўдийлар билан тўхтовсиз олиб борган жанглари сабабли шеър ёзишга кўп вақт тополмаса ҳам, ундан бир қанча ғазаллар, рубоийлар, қитъалар ва бошқа шеърий парчалардан иборат (асосан форсийда) бўлган бир девон қолди. Бу девон доктор Ҳодий Ҳасаннинг тасҳиҳ ва иҳтимоми билан Ҳиндистонда босилиб чиқди. Бу девондан бир қанча шеърий намуналар тазкираларда ҳам келтирилган.

Ҳумоюн Мирзонинг каломидан намуналар:

Ҳардам зи фироқи ту малолест маро,
Ҳар рўз зи ҳижрони ту солест маро,
Ҳолест ба ғурбатамки натвон гуфтан,
Субҳоноллоҳ, ғариб ҳолест маро.

(Мазмуни: Ҳар дам фироқингдан қайғураман, ҳар кун ҳижронингда бир йилдек ўтади. Ғурбатдаги ҳол-аҳволимни айтолмайман, Субҳоноллоҳ, ғариб ҳолим бор.)

Эй, манзили моҳи аломат авжи Сурайё,
Рўйи зафар аз ойинаи тиғи ту пайдо.

(Мазмуни: Эй, байроғинг жойи Сурайё авжидадир, тиғинг кўзгусида зафар намоёндир.)

Менки булбулдек гулидин куймишам оҳанг ила,
Ўт солибтур жонима рухсораи гулранг ила.

Ҳумоюн Мирзонинг асарлари ҳали тўла топилган эмас. Масалан, яқинда биз унинг икки байт шеърини Содиқий Китобдорнинг «Мажма ул-хавос» тазкирасида учратдик. Мана, ўша байтлар:

Ғарийблиғ ғамидин меҳнату малолим бор,
Бу ғамдин ўлмака етдим, ғарийб ҳолим бор.

Висоли давлатидин айрилиб не-не маҳзун,
Тирикмену бу тирикликдин инфиолим бор.

Бобурнинг иккинчи ўғли Муҳаммад Комрон Мирзо 914(1508) йили туғилди. Унинг онаси Гулрух бегим туркман уруғига мансуб бўлган бекчик амирларидан бирининг қизи эди. Комрон Мирзо отаси ҳаётлигида Қандаҳор ва Кобулда ҳукмрон эди, Ҳумоюн Мирзо тахтга ўтиргач, Панжоб вилоятини ҳам унга инъом этди. Кўп вақт ўтмай оға-инилар орасида келишмовчиликлар ва низолар пайдо бўлиб, Ҳумоюн Мирзо Эронга қочишга мажбур бўлади ва Комрон Мирзо Афғонистон ҳудудида ўзини подшоҳ деб эълон қилади. Ҳумоюн тахтни қайтариб олгач, 960(1553) йили Комрон Мирзонинг кўзига мил торттиради. Сўнг у ҳаж зиёратини ният қилиб Ҳижозга равона бўлади. Уч маротаба ҳаж қилиб, тўртинчи йили ҳаж маросимини адо этаётганда Арофатда 964(1557) йили зулҳижжа ойининг 15инчисида вафот этиб, Муалло қабристонида Хадичаи Кубро мозори яқинида дафн этилади.

Комрон Мирзо ажойиб истеъдодли, ширинкалом, дарвешмаслак шоир эди. Ундан ўзбек ва дарий тилларида яратилган жозибали ғазал, рубоий, қитъа, маснавий ва фардлардан иборат тўлиқ девон қолган. Бу девоннинг форсча шеърларини Муҳаммад Маҳфузулҳақ Ҳиндистонда ва ўзбекча шеърларини Саидбек Ҳасан Ўзбекистонда эълон қилдилар. Комрон Мирзонинг тўлиқ илмий-танқидий девони ҳамда ҳаёти ва ижоди ҳақида муфассал тадқиқот ушбу мақола муаллифи томонидан 1999 йили амалга оширилган. Яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш керакки, Бобур фарзандларидан Комрон Мирзогина отаси изидан бориб, асосан, ўзбек тилида шеърлар ёзди. Ҳолбуки, Бобурдан кейинги насллар кўпроқ форс тилида ёзиб форс тили ривожига хизмат қилдилар. Комрон Мирзонинг шеърларидан бир намуна келтирамиз (ҳафталигимизда Комрон Мирзонинг айрим асарларини эълон қилганмиз — ред.):

Аҳбобқа хуштурур рафиқ ўлса киши,
Имдод ила ҳомий тариқ ўлса киши,
Ислом элига жон била тарвиҳ қилиб,
Бир-бирга бу беш кун шафиқ ўлса киши.

Аскарий Мирзо Комрон Мирзонинг туғишган иниси бўлиб, 922(1517) йили Кобулда дунёга келган. Ҳумоюн Мирзо тахтга ўтиргач, Сунбул вилоятини унга инъом қилди, аммо Аскарий Мирзо акаси Комрон Мирзо билан қўшилиб, Ҳумоюнга қарши исён кўтарди. Қийинчиликларга дуч келиб, 961(1554) йили ҳаж нияти билан йўлга чиқди, лекин мақсадга етолмай, ҳаж йўлида — Шом ва Макка ўртасидаги бир жойда вафот этиб, ўша ерда дафн қилинди.
Аскарий Мирзо ҳам отаси Бобур ва ака-укаларидек истеъдодли эди. Ундан девон қолган-қолмагани ҳозиргача номаълум, аммо бир қанча тазкирачилар унинг маҳоратли шоир эканлигини тасдиқлаб, гўзал шеърларидан намуналар келтирганлар. Биз қуйида унинг каломидан бир неча мисол келтирамиз:

Эй Аскарий, ар масти мудоми хуш бош,
Вар муътақиди бодаву жоми хуш бош,
Гуфти: ба харобот набошам бе у,
Бо ёр агар дарин муқоми хуш бош.

(Мазмуни: Эй, Аскарий, агар мудом мастсан, хурсанд бўл; Агар бодаю жомга эътиқодинг бўлса, хурсанд бўл. Хароботда усиз бўлмайман, дединг; Агар ёр билан бу муқом (макон, жой)да бўлсанг, хурсанд бўл.)

Чунун ки хўй гирифтам ба ошнойи ту,
Ҳалок мекунадам меҳнати жудойи ту.

(Мазмуни: Мундоқки, ошнолиғингга ўрганганман, Ҳажринг қайғулари мени ўлдиради.)

Ҳиндол Мирзо 925(1520) йили Кобулда туғилди. Унинг Ҳиндол деб номланишига сабаб: Бобуршоҳ Ҳинд мулкини тасарруф қилиш нияти билан йўлга чиқиб, Ҳиндистоннинг бир неча вилоятларини қўлга киритган чоғда Ҳиндолнинг таваллудини эшитиб, ирим қилиб, унга Ҳиндол деб ном қўйди.
Ҳиндол Мирзонинг онаси Дилдор бегим бўлса-да, Моҳим бегим қўлида тарбия топгани сабабли, оға-инилар орасидаги низоларда ҳар доим Ҳумоюн томонида туриб, унга ёрдам берарди. Шу жангларнинг бирида 958(1551) йили Жалолобод шаҳри яқинида Комрон Мирзонинг аскарлари Ҳумоюннинг ўрдусига тунда ҳужум қиладилар ва аскарлардан бири Ҳиндол Мирзони танимай, ҳалок этади. Унинг жасади Кобулга келтирилиб, Боғи Бобурда отаси Бобуршоҳнинг оёғи остида дафн этилди.
Ҳиндол Мирзонинг ҳам забардаст, нозикхаёл шоир эканлигини бир қанча тазкирачилар тавсиф этиб, унинг шеърларидан гўзал намуналарни ўз тазкираларида нақл қилганлар. Қуйидаги намуналар ҳам Ҳиндол Мирзонинг етук истеъдоди ва маҳоратини исботлай олади:

З-он қатраи шабнам ки насими саҳари,
Аз абр жудо кунад ба сад жилвагари,
То бар рухи гул чаконад, эй, рашки пари,
Ҳаққо ки ҳазор бор покизатари.

(Мазмуни: Тонг ели булутдан юз жилва билан ажратиб, гул юзига томизган ўша шабнам томчисидан кўра, эй парилар рашки, ҳақ гап шуки, сен минг бор покизароқсан.)
Сарви қади ту моили аҳли, ниёз нест,
Нозест дар сари ту ки дар сарвиноз нест.

(Мазмуни: Сенинг сарв қаддинг ниёз аҳлига мойил эмас, сенда шундай ноз борки, ҳатто сарвинозда ҳам йўқ.)

Гулбадан бегим: Бобурнинг бу фазилатли, билимли қизи Кобулда 932/933(1526/1527) йил атрофида Дилдор бегимдан туғилди, аммо укаси Ҳиндол Мирзодек Моҳим бегим тарбияси остида бўлди. Шу сабабли Ҳумоюн Мирзога атаб «Ҳумоюннома»ни ёзди. У тўрт ёшида отасидан абадий айрилган бўлса-да, отасининг тарихчилик истеъдодини мерос олди.

«Ҳумоюннома» Ҳумоюннинг подшоҳлиги даврида юз берган воқеаларга бағишланади. Шунинг учун 937 — 963(1530 — 1556) йиллар воқеаларини акс эттириши керак эди, аммо асарнинг қўлёзмасидан охирги саҳифалари йўқолгани сабабли Комрон Мирзонинг нобино қилингани воқеасига келиб, тугамай қолган. «Ҳумоюннома»нинг форсча матни инглизча таржимаси билан А.Бевириж орқали Лондонда ва ўзбекча таржимаси форсча матни билан биргаликда Ўзбекистонда С.Азимжонова томонидан чоп этилган.

«Ҳумоюннома»нинг бирёқлама ёзилгани назарда тутилмаса(унда Ҳумоюн қанчалик мақталган бўлса, Комрон ўшанчалик қораланган), уни ўша даврни акс эттирувчи энг дақиқ ва мустанад асар деб, тан олиш мумкин. Бу асарнинг жуда ихчамлиги, равон услубда ёзилгани ҳамда фасоҳат ва балоғат авжида эканлигини кўплаб тазкирачилар, тарихчи олимлар таъкид этганлар.

Гулбадан бегим узоқ умр кўрди. 983(1576) йили ҳаж зиёратига мушарраф бўлди, Ҳумоюн ва Акбардан кўп ҳурматлар кўриб, вафот этганидан кейин жасади Кобулга олиб борилиб, дафн этилди.
Айтиб ўтганимиздек, Бобуршоҳнинг набиралари ва уларнинг фарзандлари ҳам шеърий истеъдодни Бобуршоҳдан мерос олиб, шеъру адабиёт анъаналарини кўрагонийлар оиласида давом эттирдилар. Мисол учун, Комроннинг қизи Гулрухбегим ва ўғли Абулқосим Шавкатий, Акбар, Шоҳ Жаҳон ва унинг завжалари, Аврангзебнинг қизи Зебуннисо бегим, Баҳодиршоҳ Зафар ва бошқаларнинг номи, асарлари айрим тазкираларда зикр этилган. Демак, Бобуршоҳ нафақат буюк бир империяни, энг шавкатли бир маданий даврни ўз фарзандларига мерос қилиб қолдирмади, балки шоирлик ва тарихчилик истеъдодини, илмпарварлик ва санъатга қизиқиш каби олий хислатларни ҳам қолдириб, тарихда бобурийлар(кўрагонийлар) номини мангуликка эриштирди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 7-сонидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 170, bugungi 1)

Izoh qoldiring