Shahodat Ulug’. Do’mbira. Qissa.

122
Бир маҳал аллақандай ёқимли садодан ўзимга келиб, атрофга қулоқ солдим. Куй янада жаранглаб эшитила бошлади. Ўрнимдан туриб, куй таралаётган томонга қараб юрдим. Мен турган тоғ деярли баланд эмас, пастга разм солиб қарагандим, ажойиб манзарага кўзим тушди. Тоғ тепасидан қараган чоғим, пастлик кўзимга бир бошқача кўриниб кетди. Майсалар оралаб сурувлар ўтлашарди. Куйни эса сурувларнинг эгаси чалаётган эди. Чўпон дўмбирани шу қадар берилиб, моҳирона чалмоқда эди-ки, буни эшитган кимса, беихтиёр ўша тўлқин ичида оқар эди.

087
Шаҳодат Улуғ
ДЎМБИРА
Қисса
09

07  Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китоблари чоп этилган. Сўнгги йилларда Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» роман устида ишлади ва 2014 йилда нашрдан чиққан асар адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинди.

08

Қуёш кўкда жилва қилади. Баҳор чиндан борлиқни яшнатиб юборган эди. Муамбар шамол чунон дилтортар, ҳам нилуфар само ҳузурбахш, ҳам борлиқ чексиз ва шаксиз гўзал эди. Кун пешиндан ўтиб, асрга қараб оғди. Акам иккимиз шаҳардан қишлоққа қараб йўл солдик. Юким йўқ ҳисоб, ичи ширинликларга лиқ тўла ихчамгина бир жомадон, холос. Онам каттанг билан энангга, деб мазали пишириқлар солган эди.

Текис йўл тугаб, тошлоқ йўлга дуч келдик. Машина гўё тайсаллаб қолганди. Мен эса тезроқ энамнинг ҳузурига етишни орзулайман. Тоғ бағрига кириб борганимизда, қуёш олис-олис тоғлар ортига эринибгина яширина бошлади. Бу ўлка ўзи ажойиб! Биз виқор билан мағрур қад кўтарган тоғлар томон тобора яқинлашиб боряпмиз. Яшил барқут ёпинган қир-адирларга, бодом, жийда буталари билан қопланган зангор-қизғиш қояларга ҳали инсон қадами етмаган кўринади. Ҳам гардсиз, мусаффо тоғ ҳавоси, ҳам дилтортар, сўлим шамол, ҳам феруза осмон – барчаси борлиққа шаксиз бир ажойиб манзара бахш этган.

Ёмғиру сел ўпириб кетган жарликлар кўзга ташланади, ҳув нарида эса дара тагидан жилолари тош қучоқлаган сой тиним билмай оқмоқда…

Биз машинада асрлар билан юзлашган сервиқор тоғнинг тагига етиб келдик.
— Ҳа, савил қолгур! – Акамнинг юзи тундлашди.
— Нима бўлди? – Хавотирланиб сўрадим.
— Машинанинг мотори қизиб кетди.
— Энди нима бўлади?
— Нима бўларди, – акам тормоз берди, машина тўхтади.- Пича кутамиз. Озгина совисин.
Биз кимсасиз тоғнинг шундоқ пойида тўхтадик.

Олисда отлиқ бир кимсага кўзим тушди: отга арава қўшилган эди, у тобора яқинлашиб, ниҳоят бизнинг ёнимизда тўхтади. Унинг устида чопон, бошида кийилавериб эскириб кетган телпак. Гарчи ўлкага баҳор кириб келган бўлса-да, атрофда тоғ изғирини кезиниб юрарди. Шу сабаб нотаниш киши қалин уст-бош кийиб олганди. Тоғ ҳавоси ўзгача, шаҳар иқлимидан кескин фарқ қилади, ҳатто саратон чилласида ҳам саҳар чоғи ва кечки пайтдаги салқин ва намиққан ҳаво киши вужудини бехос жунжиктиради.

Совуқ, бироқ ажойиб, ҳузурбахш ҳовур тарқалганди, аммо атроф сокин, кўк гумбази ҳам осуда, кишининг баҳри дилини очар эди. Борлиқ кўркамлашган. Табиат қонуннининг тезкор, ҳамда кўз илғамас мўъжизаларига тўла эканлигига таҳсин ўқийсан. Отлиқ киши отдан тушди.

Мен бошимни қимирлатиб:
— Ассалому алайкум – дедим.
У менинг саломимга индамай бош силкиб алик олди.
Акам у билан қўл бериб кўришди.
У қорачадан келган, офтоб сингган юзи тоғ ҳавоси билан кўпдан ошно эканлигидан дарак эди.
— Афтидан шаҳарга отланибсиз шекилли?- Унга гап қотди акам.
-Шундай, бироқ кечроқ йўлга чиқувдим, тезроқ ҳаракатимни кўрмасам, қоронғуга қолиб кетаман. Ўзларинг нима қилиб турибсизлар?
— Отарга йўл солгандик. Савил қолгур машинанинг мотори қизиб кетди, денг. Мана энди совушини кутиб турибман.
— Ҳа.

Улар тамаки тутатишди. Ҳамма ўз ўйи билан овуниб, жимиб қолганди.
У акам билан хайрлашди, сўнг отига қамчи солиб, биздан узоқлашиб кетди. Биз эса машинанинг совушини кутиб пича турдик.
Қуёш энкайиб уфқдан тавоф олмоқда эди. Уфқ бунда тутаб ёнган гулханни муаллақ кўтариб турарди. Машъала лаҳза сайин фаромуш сўна бошлади-ю, гўё дами ичига қайтиб, буткул ўчиб қолди. Ажабо, қуёш ботиб улгурмасидан тун бостириб кирди. Тоғ манзараси бир бошқача, ҳайратли. Тоғ тепасида ва ёнбағирларида қор эримаганлиги боис борлиқ қоронғу эмас.
Ниҳоят энамникига етиб келдик. Машина тўхтаганини эшитган энам бизга пешвоз чиқди:

— Айланай сизлардан, мошин овозини эшитиб, ким экан дейман.
— Бизмиз-да,- дедим қувончимни ичимга сиғдиролмай.
— Биз, деган тилингдан ўргулиб кетай.

У ҳар иккимизнинг пешонамиздан ўпиб, сўнг ичкарига чорлади.
Уй ичи кенг, саранжом-саришта, ҳар бир жиҳоз гўё айнан шу хона учун мўлжаллангандек.
Хона тўрида Отам (мен уни Катта дейман) биз билан кўришиш учун ўрнидан турди.
У қорачадан келган, елкадор, истараси иссиқ, дилкаш ва ажойиб инсон.
Энамни айтмайсизми, бизнинг келишимиз уни чиндан суюнтириб юборганди! У ҳам барча қишлоқликларга хос содда ва самимий, меҳмон келса, ўзини қўярга жой тополмай қоладиган, ниҳоятда меҳмондўст аёл эди. Айни бу чоғ у суюнганидан кўзига ёш олиб, тинмай айланиб-ўргилмоқда эди. У нуқул “келиб жа яхши қилдинглар-да, ўргулиб кетайлар” дея сўйланарди.

— Аянг келмадими?
— Ишидан рухсат ололмади.-дедим.
— Даданг, укаларинг омонми?
— Тузук, сўрашиб қолди.
— Ўқишдан, Тошкандан қачон келдинг?
— Уч-тўрт кун бўпқолди.
— Ҳа яхши. Ўзиям соғиниб турувдим. Кеганларинг яхши бўлди.

Энам ҳаял ўтмай ўртага дастурхон солди. Зум ўтмай дастурхон эндигина тандирдан узилган хушбўй нон, ширинликлар, жийда, бодом, яна денг мен суйиб ейдиган майиз мураббосини билан тўлди. Жомадон тўла пишириқларни мақтай-мақтай, дастурхонга қўйди. Орада ўчоқда қовурма пишириб келганини сезмай қолдим. У суяги енгил, чаққон, қўли ширин аёл: нима таом пиширмасин, тотли ва мазали бўлиб туюлаверади.

Таомланиб бўлгач, Отам ёстиққа ёнбошлаб, акам билан гурунглашди. Биз эса пичирлашамиз.
Вақт алламаҳал бўлгач, тўшакка узала тушиб, ухлаб қолганимни сезмай қолдим.
Саҳар чоғи ишига кечикмаслик учун акам машинасида шаҳарга қайтиб кетди. Мен эса уч-тўрт кун қоладиган бўлдим. Нонуштадан сўнг энам Отамга айтиб қолди:
— Каттаси, қўзичоқларнинг семизини танлаб сўйинг, неварагинамга бир ширбозкабоб пишириб берай.
Отам пичоғини қайраб қинига солди, сўнг қўзичоқлар қамалган қўра томон кетди.
Болалигимдан тоғни, унинг гардсиз, мусаффо ҳавосини, менинг тасаввуримда одамийликнинг гўзал, айни пайтда баркамол намунаси бўлган қишлоқликларни қадрлайман. Атроф бир зарб билан тинчлантирилган-у, бунда баҳор қуёши саҳовати-ла ўлкага заррин нурларини беминнат сочаётган эди. Ҳаво очиқ, атроф янада кўркамлашган, гўё борлиқ туйқус нурга ғарқ бўлгандек, ярқираб турибди. Баайни биров тирсагингга учли таёқ билан туртган мисол, вужудинг оний турткидан жимирлаб кетгандек. Кўнглинг тобора равшанлашади, қуёшнинг шу биргина жилоси қорачиққа қуйилиб оқиб, қалбда ажойиб таассурот уйғотади.

Мен қирга қараб йўл солдим. Артоф сокин, шу қадар жимжитки, баногоҳ от кишнаб қолса, тоғ-тошларга акс садоси урилиб қайтади.
Ўнг томонда дара, берида яшил барқут ёпинчиқ ёпинган яланглик қуёш нурида ажойиб товланиб, атрофга ўзидан зангори яшиллик тарқатмоқда эди. Кўркам ва азамат тоғлар… Қуйида қир-адирлар ястаниб ётарди. Ҳам пойимда тизза бўйи майсалар ичида бош кўтарган такасоқол… Барчаси шаксиз, беқиёс гўзал… Томирларимга бир жило қуйилади. Бу жило энг сўнгги муаззам томиримга омон етиб боргач, мен чандон тетиклашаман. Бу шундай бир ҳис эдики, шаҳар кўчаларида улоқиб, димиқиб кетгган, сўнг тоғ қўйнига тушиб қолгач, бу мусаффо ҳаводан тўйиб, симириб нафас олаётган оний лаҳзаларда бунинг қадрига яна-да теранроқ ета бошлайсан. Бу катта-ю кичик инсонга хос бўлган бир ажойиб ҳиски, кимса айнан шу муаззам сезгиси билан бошқа ҳилқатлардан ажралиб туради. Замини зангор майсаларга ўранган адирлар қўйнида болакай каби беташвиш ва беғубор бўлиб қолгандим. Тоғлар ва даралар иси анқиган ҳаётбаш ҳаводан нафас олишга не етсин!
Қир-адирдан ўтиб, тоққа яқинлаша бордим. Тоғга етиб келгач, ҳолсирай бошладим. Мен чўкка тушиб ўтириб қолдим, ғир-ғир эсган шамол жонимга оро кириб, бир йўла узала тушиб ётдим. Кўкда қаймоқранг булутлар худди осилиб тургандек, муздек ҳузурбахш ҳаводан тўйиб сипқордим. Энамни ҳам, Отамни ҳам буткул эсдан чиқариб, ташвишдан холи анча ётдим. Оромбахш ва беқиёс дилтортар тоғ ҳавоси мени шу қадар жодулаган эдики, ўшанда мен бу ажойиб ўлкада бир умрга қолмоқни орзулаганим рост эди.
Бир маҳал аллақандай ёқимли садодан ўзимга келиб, атрофга қулоқ солдим. Куй янада жаранглаб эшитила бошлади. Ўрнимдан туриб, куй таралаётган томонга қараб юрдим. Мен турган тоғ деярли баланд эмас, пастга разм солиб қарагандим, ажойиб манзарага кўзим тушди. Тоғ тепасидан қараган чоғим, пастлик кўзимга бир бошқача кўриниб кетди. Майсалар оралаб сурувлар ўтлашарди. Куйни эса сурувларнинг эгаси чалаётган эди. Беҳисоб сурувлар бунда гўё дўмбира садосига маҳлиё бўлиб, мароқ билан ўтлашарди. Чўпон дўмбирани шу қадар берилиб, моҳирона чалмоқда эди-ки, буни эшитган кимса, беихтиёр ўша тўлқин ичида оқар эди. Тоат-ибодат маҳали инсон қалби нақадар сокин бўлса, мен турган тоғ ҳам, беҳудуд осмон ҳам, бепоён замин, ястаниб ётган пастлик ҳам шу қадар осойишта эди. Бутун борлиқ фаромуш тушиб, дўмбира садолари таъсирида лол қолганди. Атрофда муамбар шамоллар сочимни елпиб, юзимни беозор силаб ўтади, сўнг чўпон бобо отининг ёлларини оҳиста тарай бошлайди.
У мароқ ва иштиёқ билан дўмбира чаларди. Назаримда ўзи чалаётган куйнинг тўлқинига ўзи қўшилиб оқарди. Ниҳоят бироз ҳирқироқ, аммо одамга хуш ёқувчи, бағоят ҳузурбахш товушда куйлай бошлади у:

Сокин тоғлар қўйнида,
Қир-адирнинг бўйнида,
Нола қилгин дўмбирам,
Битсин кўнгилда ярам,
Куйла-куйла дўмбирам,
Етсин Худога нолам!

У шу қадар берилиб, мафтункор ва ширали овозда санъаткорона куйламоқда эди-ки, этим туйқус жимирлаб, оҳанг танам ичра кезиниб етти мучамни алқаб, томирларим ичида оқди. Бу жило сўнгги муаззам томиримга етиб борганида, мен ҳушёр тортдим…

Коса-коса бўз ичиб,
Бўзлаб кетган болам-а!
Дунё ташвишдан кечиб,
Тузлаб кетган болам-а,
Нола қилгин дўмбирам,
Битсин қалбдаги ярам,
Куйла-куйла дўмбирам,
Етсин Худога нолам.

Новча бўйли, хиёл эгилган, елкали ва басавлат, ёши эса етмишга оғиб қолган бу кишининг кўркам гавдаси, бир пайтлар навқирон йигит бўлганлигидан далолат бериб турарди. Мен яна қулоқ сола бошлайман.

Оҳ десам-ов, оҳ десам,
Оҳим Худога етмас,
Қўлим кўкларга чўзсам,
Олис осмонга етмас,
Ғам-андуҳим битмас,
Куйла-куйла дўмбирам,
Битсин қалбдаги ярам,
Етсин Худога нолам.

Унинг ноласи беқиёс ғамгин ва мунгга тўлиқ эди. У катта-катта кўзларини олисларга тикиб куйлайверарди. Аминманки, у ён атрофига қарамасди, ҳеч бир зоғни кўрмасди, фақат куйлар эди. Берилиб куйлар эди. Унинг хониши мени ҳайратга солди. Бу хонишда недир яширин эди.Чиндан унинг қайғуси мислсиз эди.
У куйламоқдан тўхтаб, туйқус ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади. Кўнглим бузилди. Бу дилгирликдан қаддим хиёл букилиб, елкам қисилиб қолди. Умримда бундан кўра қайғулироқ ва мотамсаро ҳолни кўрган эмасман. У чўкка тушиб, дўмбирасини даст кўтариб кўксига босди. Гўё ўзининг буд-шудини шу тилсиз оғочга бераётгандек, қалтироқ қўллари билан дўмбирани тағин маҳкамроқ қучоқлади, сўнг кулфатини ичига сиғдира олмай яна йиғлади. Кўнглим тағин бузилди. У шу қадар мискин, шу қадар тушкун, шу қадар маъюс эдики, қаъримда бир оташзабаржон жўш мени сергаклантириб қўйди.

Қалбининг қат-қаъридан отилиб чиқаётган оташли йиғи кўксини ёриб юборгудек шиддатли ва асов эди. Басавлат кўринган кимса бир зумда кўз ўнгимда ёш болага айланиб қолди. Унинг қайғуси мислсиз, қаъридан отилиб чиқаётган йиғи эса тўхтатиб бўлмас сел тошқини каби эди.

Шунда сурувлар ичидан чиқиб келган ит, эгасининг ғам-андуҳга тўла юзига тикилди. Кейин бир умрлик қадрдон дўстининг оёғига тумшуғини босиб, искаланди. Бир дақиқа жимлик чўкди. Чол йиғидан тўхтади, менинг кўнглим тағин бузилди. Чўпон дўмбирасини ёнига қўйди. Унинг ранги бўз сингари оқариб кетганди. Қўллари дағ-дағ титради. Ити бўлса безовта, бир жойда икки-уч бор айланиб, сўнг эгасининг ёнида тўхтади. Думини қисиб, бошини осилтирганча, эгасига термулиб турди. Бечора чол туйқус нимадир ёдига тушган каби ўрнидан турди. Ўзидан анча илгарилаб кетган сурувларига қаради. Унинг бу туришида адоқсиз дард ва аянчли қайғу мужассам эди. Ниҳоят дўмбирасини қўлига олиб, сурувлари томон қайрилди…

Бу дилгирликдан ўзимга келолмай, қаддим дол туриб қолгандим. Сурувларни ҳайдаб чўпон бобо ҳам олислар томон кета бошлади. Мана, ниҳоят, энг сўнгги нуқта ҳам кўздан ғойиб кетди. Кўз ўнгимда фақатгина бепоён замин, беҳудуд осмон, сервиқор тоғ нақш эди. Қуйида қирлар бора-бора, тобора пастга эниб, бепоён дашт яланглигига туташиб кетганди.

Мен эса ҳафсаласиз, эзгин ва тушкун қиёфада энам ва отамнинг ёнига қайтдим.

— Вой болам-эй! Қаерларда юрибсан?- Сўради энам.
— Айланиб келдим.
— Отанг ширбози сўйди, тандир кабоб ҳам пишди, сендан бўлса дарак йўқ. Энди излашга тушаман, деб турувдим.
— Ие-е бу нимаси! -дейман энамга қараб. У бўлса:
— Ҳа-да, қарайман, ҳа деганда сендан дарак йўқ, жоним чиқиб кетди-ёв, дейман. Ичимга ғулу тушиб қолса, адашиб нетиб қолдингми, деб ўйладим.
— Йўғ-е, ваҳима қиманг, бу ерлар менга отнинг қашқасидай…
— Билиб бўлами.

Шундай қилиб дастурхонга тандиркабоб тортилди.
Бироқ қулоғим остида чўпон бобо ҳалиям дўмбира чертмоқда эди. У чалган куй, у куйлаган қўшиқ ҳамон атрофимда тарала бошлади.
Энам чой дамлагани чиқиб кетди. Мен отамга қарайман: у ширбоз кабобни ҳафсала билан чайнаб ютди, кейин ўзига тикилиб турганимни кўриб:

— Ҳа, овқатдан олмайсанми? Шу десанг, ўзи ширбоз сенга атаб сўйилди. Мазаси менинг оғзимда қолди. Қани ол! – деди мени ейишга ундаб.
— Мана еяпман.
— Қани еганинг?

Мен кабоб ейишга тушдим.

— Катта,- дедим бироз ўтгач, – шу атрофда дўмбирачи чўпон борми?
У менга қаради. Гўштни еб бўлгач, суягини дастурхон четига қўяркан:
— Ҳа, Сатторбойни айтяпсанми?-деди

-Отини билмадим-у, лекин жа яхши куйларкан-да.-дейман.- Боя айланиб олисларга кетиб қопман денг. Унинг айтганларини эшитсангиз…
— Эшитганман, эшитганман.
— Бундан чиқди уни таниркансиз-да,- сўрадим, бироз кўнглим ёришиб. Чунки мунгли қўшиқ эгаси ҳақида нимадир билгим келмоқда эди.
-Нега танимай, жа танийман-да.

У шундай деди-ю, ёғли қўлларини ялаб бўлгач, бошини қуйи эгиб, хаёл суриб қолди.
-Нега танимай, танийман, танийман..- дея такрорлади яна.
Очиғи мен ундан бирор қизиқарли ҳангома эшитишни ҳоҳлардим. Бу истак шу қадар кучли эдики, менда бир ажойиб умид туғдирди. Орада энам чой олиб кирди. Пиёлаларга чой қуйилгач, бирин-кетин чой узатилди. Отам чойдан ҳўплаб:
— Ҳа қизим-а, кўпдан унут бўлган бир воқеани ёдимга солдинг-да, – деди.
— Мен сенга айтсам, – у пиёласидаги сўнгги қултум чойни ҳўплади, сўнг бўш идишни дастурхон четига тўнтарди ва бир ҳикоя айтмоққа чоғланди. – У пайтларда мен анча тетик эдим. Баҳор бўй-бастини кўрсатиб, кунлар ҳам исий бошлади. Энанг шаҳарга отланиб қолди.

Ҳалиям бу кимсасиз дала-даштда бир ўзи ёрилиб кетмайдиям, борса-бора қолсин, деб энангни шаҳарга жўнатдим.

Чой ичгим келди, чойдишга сув солиб, ялангликда қайнатдим. Ўртада ўт чарсиллаб ёнади. Бирпас ўтиб чойдишим вақар-вуқур қайнай бошлади. Мен чой дамлаб, дастурхон ёздим, нон, туршак, новвот олиб келдим. Шундай қилиб, ялангликда тушлик қилгач, дастурхонни йиғиштирмай, эриниб чўзилдим. Ҳаво ҳам ёқимли, атроф эса жим-жит. Офтоб сингган тупроқ иси димоғимга урилади. Қишдан безган кезларим ўзимга далда берганим эсимга тушди. Ҳа Раҳматбой, шўрингга шўрва қуйиладиган бўлди. Қорли, изғирин кунда дала –даштда, қўйларни боқаман деб, музлаб қолмасанг гўрга. Кейин ўзимга далда бўлиб, ҳа пича чида, бу совуқ кунлар ўтар кетар, деб қўяман. Шуларни эслаб, баҳор келганига шукур, дейман ичимда. Борлиқ бошқача, осмон тиниқ, атроф эса жим-жит. Яна нима керак сенга дейман ўзимга ўзим. Кенг далага қараб кўнглим яйрайди. Бир ойдин булоқдан сув ичгим келиб қолди. Бир тўлғама ҳаво учади, иси хуш ёқиб, димоғимда қолади. Олисда кеккайган қоялар бир-бирига елка тутган. Устида худди олмосдай кўзимни қамаштириб, қорлар ярқираб турибди.

Отим кишнади. Унинг бу кишнови тоғ-тошга акс-садо бериб атрофга қайтди. Шамол эса унинг ёлларнини ва думини тарай бошлаганди. Тоғ чўққилари тепасида кезинаётган булутлар бўз парчалари каби атрофга тарқала бошлади. Бир пайт машина овози эшитилди. Ўрнимдан туриб қарасам, уйим томонга қараб келаётган қандайдир уловга кўзим тушди. Ниҳоят отарга-туёқларга озуқа ортилган машина келиб тўхтади.

Машинадан ферма мудири, унинг кетидан басавлат бир киши тушиб келди. Мен мудир билан кўришгач, унинг ёнида турган киши билан сўрашгани қўл чўздим.

— Раҳмат ака, сизга шерик, ёрдамчи чўпон олиб келдим. Бир ўзингиз қийналаётувдингиз, мана энди биргалашиб боқасизлар.- деди мудир менга қараб.

Мени Сатторбой, деган чўпон билан таништирди.
Сатторбой оқ-сариқдан келган, басавлат, сочлари малла-ю, лекин кўзлари қора, кенг елкали, чайир бир киши эди. Юзининг чап томонида холи ҳам бор.
Мен ёрдамчи чўпон келганидан суюниб кетгандим.Чунки мана икки йилдирки, шу тоғ қўйнидаги кимсасиз даштда бир ўзим чўпонлик қиламан. Мен унга қараб: – Ҳали Худо хохласа, оға-инилардай бўлиб кетамиз, дедим.

— Раҳмат ака, Худо хохласа шундай бўлади, – деди уям суюниб.
Мудир менга қараб айтди:
— Ем-хашакни туширсангиз.
Мен молларга олиб келинган озуқани қўрага босдим.
— Қани, ичкарига киринглар, бўлинглар,- дейишимга қарамай, мудир ҳайдовчисини шошилтирди:
— Қани тезроқ бўл, мошинни тикка бошқармага ҳайда, мажлисга етиб боришим керак.
Мен Сатторбойни уйга чорладим. Оиласи учун икки хона ва даҳлизни ажратиб бердим.

Эртасига у оиласи ва жами кўч-кўрони билан кўчиб келди. Жуда ажойиб киши эди бояқиш. Мен сенга айтсам, – деб отам менга қараб олди, кейин яна ҳикоясида давом этди.- Лекин феъли бир хийли эди. Шу десанг, эртадан кечгача лом–мим демай, индамай юради. Баъзан бир гапга тушиб кетса борми, уни ҳеч тўхтатиб бўлмайди. Мард, чўрткесар, азамат киши эди.

— Сиз у билан кўп бирга қўй боқдингизми?- сўрадим қизиқсиниб.
— Етти йил бирга боқдик. Ўғли ўлгандан кейин бошқа отарга ўтиб кетди.
— Ўғли, ўғли нега ўлди?
— Ҳа, пешонасида биттагина ўғли бор эди, шўрликнинг…
Отам уҳ тортиб яна гапирди.
— Ўша пайтларни ҳеч эсимдан чиқаролмайман. Ўғли тушмагур Сатторбойнинг бошига кўп ташвишни ортиб кетди, раҳматлик.
— Яхши бўлмапти. Нима бўлганди ўзи?

— Ҳозир айтиб бераман.Унинг турмушга чиққан эсли ва чаққонгина бир қиз-у, бир ўғли бор эди. Қизини Гавҳарой деб чақирарди. Ўғлининг оти Шавкат эди. Шу ўғли хўп ажойиб бола эди-да, йигити тушмагур, хўп аломат эди. Сатторбой иккимиз уни жуда-а эркалатиб юборгандик. У шундай зийрак, шундай абжир эди-ки, кўркамлигига таҳсин ўқийсан.
— Рости мени қизиқтириб қўйдингиз. Ҳалиги ўша Шавкат деганларига…

— Ҳа, ўзиям аломат бола эди-да. У ҳам худди отасидай хушбичим, баланд бўйли, келишган қадди қоматли йигит эди. Кенг елкаси кўчманчи чўпонларда учрайдиган, қийинчиликларга бардош бера олишидан дарак бериб турарди. Офтоб нури сингиб кетган кенг пешонасида малла сочлари тушиб турарди. Яна юрганда шахдам, тетик қадам ташлаб, ўзига ишониб юради, бу унинг бошлаган ишини охирига етказа олишига бир ишора эди. Аслида ҳам шундай эди. Эҳ, унинг жилмайганини бир кўрсанг, болалардай беғубор жилмаяди де. Худди отасидай сочлари малла, лекин қош-кўзи қоп-қора. Кўзлари бознаб турган чўғдай порлаб турарди. Бу унинг жўшқинлигидан далолат эди. Бу чарақлаш қизларни ўзига мафтун этарди. У чиндан кўркам, басавлат йигит эди.

Бир кун де, қўрадан бир серкани олиб келиб, ялангликка қўйиб юборса… Қани буёғи нима бўларкан деб турибмиз. Шунда у отнинг устига чиқиб, йўрттириб кетди… От устида чапдастлик билан ялангликда қочаётган серкани, яна де, чап қўлида орқа оёғидан ушлаб ўзига қарата тортди-ю, сўнг уни кўксига маҳкам босди.

Мен қойил қолдим.
— Асл чавандоз, чапдаст бўлади, яша Шавкат ўғлим, – дедим.
У бизга қараб, кулиб турарди.
-Ҳей Сатторбой, келинга айт, ўғлингининг кўйлагига кўзмунчоқ қадаб қўйсин,- дедим.
У гапимни маъқуллади. Шу пайт биз томонга яқинлашиб келаётган бир отлиққа кўзимиз тушди. Одил чўпоннинг ўзи келиб бизни қишлоққа тўйга айтиб кетди. Тўнғичини уйлантираётган эмиш.

Эртасига биз тўйга отландик. Овулда у пайтлар тўй кундузи бўларди. Бизни мезбонлар хуш кайфиятда кутиб олишди. Мен билан Сатторбойни сийлаб тўрга ўтқазишди. “Женг-женг, олингис-олингис“ бошланиб кетди. Катта лалитовоқда билқиллаган бешбармоқ, яна де хамири уч-тўрт дона, лекин усти қазига тўла.

Одилнинг ўғли катта шаҳарда ўқиган эмасми, куёв жўраларининг кўпи Сармарқанддан келган.

— Қани, куёв жўралар
«Омад, омадат гардам,
Қадди қоматат гардам»ан бошланглар-чи, — дея тегишади катталар.

Йигити тушмагурлар бўлса бўш келмайди.
-Чол бовалар, тек турсанглар-чи:
«Олди,хушимни олди,
Журагимга ўт солди»дан бошлаймиз, — дейди. Гуриллаган кулгу кўтарилади.

Ўйин-кулги бошланиб кетди. Қариндош-уруғлар келин-куёвга туёна улашди. Бўза ичдик.
Кейин чавандозлик бошланди. Ютганларга сарпо улашилди. Бизнинг Шавкат ғолиб эди.
Кейин ёшлар базми бошланди. Қўлдош бахши дутор чалиб, хониш этди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: қизлар бир томон, ўғиллар бир томон бўлиб ашула, лапар айтишди. Оппоқ, икки ёноғи қип-қизил, бир сулув қиз бизнинг Шавкатнинг ёнига келиб, қўшиқ айтиб қолса бўладими. Қизи тушмагур берилиб ашула айтди. Кайфим бормасми, у айтган қўшиқнинг маъносини англаёлмайман. Шавкат азбаройи уялганидан, бурнининг учига довур қизариб кетди. Мен унга қараб тегишдим.

— Хўш қалай экан? – пичирладим қулоғига.
— Сулув экан.
Ҳа, қизи тушмагур бағоят чиройли эди. Баланд бўйли, кўзлари бахмалдай қоп-қора, нигоҳлари ўтли. Оҳуникидек ҳайратли. Шавкат ундан кўзини узмай тикилиб қолганди. Қиз ҳам орада ашула айтаётиб унга қараб қўяди. Кейин у дугоналари ичига кириб кетди. Азаматга қарайман, у хаёллар ичида сузарди. Анчагача шу тахлид жимиб қолди.

Тўйдан хуш кайфиятда манзилу маконимизга қараб йўл солдик. Тоғ ҳавоси бир бошқача, биласан. Кундузи қуёш нурини аямайди, ер кўпчийди. Кеч киргач, салқин, муздай ҳаво одамни жунжиктиради. Биз йўлга чиққанимизда шом тушай деб қолганди. Лекин мағриб томонга энган ой чароғон эди. Беҳудуд осмон денгизида митти юлдузчалар чамандай бознайди. Чароғон ой, ҳам порлоқ юлдузлар қор қопланган тоғлар устини шуълалантириб, қизартиргандай. Ҳа кучингдан, дейман ўзимча. Олисда жарликлар бироз қорайиб кўринаётир. Атрофимиздаги рутубат ўнқир-чўнқир қояларга илашиб-туташиб, сингиб кетяпти. Яна де, енгил эсган шамол отларимизнинг ёлларини тараб, елпийди. Отлар эса зўрға қирга чиқмоқда эди.

Тўйдан хуш кайфиятда қайтаётганимиз учун, бўза таъсиридами, томиримда бир жўш қайнаётгандек, шунданми вақтим хуш эди. Шавкат ҳуштак билан маршни чалиб қолса.
— Ҳа, кучингдан-эй!- дедим.
У менга бир қараб қўйиб, яна хуштак чалиб кетди. Эҳтимол унинг хуштак чалиши, болаларга хосдир, лекин ташвишлардан холи, кенг ва бепоён, бунинг устига жим-жит она табиат қўйнида болага айланиш табиий-да, аслида.

Пастликка эниб тушдик. Димоғимга муздек ҳовур урилди. Отимнинг жиловини маҳкам ушлаб, сўнгги бор унга қамчи солдим. Узоқдан отар кўзимга худди дўппидек кўринди. Йўлимиз калта бўлсин учун, ўртадан кесиб ўтадиган сўқмоқ йўлдан от сурдик.

Манзилга етиб келгандик.
Беаёв калтакланган кимсадай, сулайиб ухлаб қолгандим.
— Кейин-чи, чўпон бобонинг ўғлига нима қилди? – сўрадим мен. Мен воқеанинг пироварди нима билан тугаганини тезроқ билгим келарди.
-Ҳа ҳозир, пича сабр қиласан энди. Бир кун уларнинг уйига калла суқдим. Шавкат белига камар боғлаб, бир ёққа кетмоқчи бўлиб турган экан. Кўзлари сўник, чеҳраси ҳам ғамгин, ҳам аламзада кайфиятда.
Мени кўриб:

-Саломалайкум Раҳмат бова, киринг ичкарига,- деди.
-Валайкум, валайкўм…Ҳа, йўл бўлсин ўғлим. Қайга отланиб турибсан?
-Ўзим,- деди у ва жимиб қолди.
Афтидан у менга ичини ёргиси йўқ эди. Ҳа, йўқ бўлса, йўқ-да, дейман ичимда.
-Отанг қани?
-Отам, опам иккови Гавҳар опани кўргани кетишди. Гавҳар опам ўғил кўрди.
— Э,э, унда жиян қуллиқ бўсин!
-Раҳмат.
-Қачон хабарини эшиттинглар?
— Кеча кечқурун эшитдик. Тонгни зўрға оттиришди, денг, саҳар чоғи жўнашган.
— Ўзинг-чи, ўзинг, қаерга отландинг?
У менга тикилиб қолди. Кейин индамай ерга қараб хаёл сурди. Жиндай ҳижолат чекканнамо:

— Қишлоққа. Шу денг, – у дудуқланиб. – ишим бор-да, –дейди.
-Биламан, биламан, – дейман унга тегишиб.- Тўйга бориб келганингдан буён ҳаловатинг йўқолган. Ҳаммасини биламан.
У менга ялт этиб қаради-ю, бироқ бир сўз демади. Мен эса яна ҳужумга ўтаман.
— Хаёлингнинг ўғриси кимнинг қизи экан? Бундай оғиз солиб борай десам, қайси уйга калла суқишни билмай ҳалакман. Кимнинг қизи ўзи?

У нигоҳини олиб қочиб, шаҳд билан уйдан ташқарига отилди. Мен ҳам унинг ортидан ташқарига чиқдим. У отини йўрттириб, олисларга йўл солганди.
Мен турган яланглик бағоят кенг, бу яланглик Нурота тоғ тизмаларига довур чўзилган. Берида қир-адирлар атрофни ўраб олганди. Мен таёғимни олдим-да, сурувларни яйловга ҳайдадим.
Тушга яқин чанқай бошладим. Хуржундан сувдонни олиб сув ичдим, сўнг отимнинг ипакдай майин ёлларини силаб қўйдим. Атрофда гармсел юзимга урилади. Ниҳоят саксовулзорга етганда тушлик қилишга тараддуд кўрдим. Хуржундан энанг солган егуликни олиб тушлик қилдим. Бир пайт от дупури қулоғимга эшитилди. Қарасам Шавкати тушмагур, мен томонга от чоптириб, елдай учиб келяпти, де.”Ҳа бачағар-ей, умр келгур” дейман ичимда.

У етиб келгач, отдан тушиб, уни саксовулга боғлаб, ёнимга келди.
Унинг кайфи чоғ эди.

-Ҳа, ўғлим, бу дейман димоғинг чоққа ўхшайдими?
-Димоғим чоғ бова, сулувим билан гаплашиб қайтдим.
-Ие, шундай де, гапнинг олдисини айтмайсанми…
-Шундай, олдисини айтай деб турипман бова.
-Қани бўмаса, сен дутор чалиб куйла. Мен тинглай.
— Шундай қилайлик бова, димоғим чоғлигида ичимни ёрсам ёрипман-да сизга.
-Оти нима экан, кимди қизи ўзи?
— Оти Дилбар. Мавлон зоотехникнинг қизи.
-Э-э, лекин отиданам ўзи дилбарроқми дейман. Тўхта, отасини Мавлон зоотехник дедингми?
-Ҳа,
-Унда яхши одамнинг қизини танлабсан, шоввоз. Ҳа, кучингдан,- дедим унга тегишиб.
У миннатдор бўлгандек, менга қараб, жилмайиб турар эди.
Бир маҳал биздан анча илгарилаб кетган сурувлар тумтарақай қоча бошлади. Юрагимга ғулу тушди.
-Оббо, бўри ҳамла қилдимикан?- дейман хавотирим ошиб.
-Шунақага ўхшайди.
-Унда шошмасак бўмайди.
Шавкат эпчиллик билан отига минди. Мен ҳам от сурдим. Мен энкайиб, от устида кетяпман. Биз саксовулзор орасига шўнғиб кетдик. Саксовул шохлари кийимимни дабдала қилгандай. Отимга тасанно ўқийман. У кўкрак кериб, саксовулзорни ёриб ўтди. У арраланган саксовул кундасига етиб келганда, кўкрак кериб, кундадан сакраб ўтди. Мен Шавкатнинг кетидан сурувлар томон етиб келгандим. Бўри бир нимжонроқ қўйга ҳамла қилган экан. Шавкат эса, қинидан пичоғини суғуриб, нақ бўрининг бўғзига отди. Бўри тил тортмай, жон таслим этди. Қўй эса жон ташвишида иҳрамоқда эди. Шавкат қўйнинг ёнига борди.

-Бова, қўйни ҳалолламасак бўлмайди.Тирик қолиши гумон.
Мен шартта қўйни бўғизладим.

Орадан пича кун ўтди. Сатторбой негадир кўринмади. Мен унинг уйига калла суқдим.Унинг кўзлари безовта эди: негадир уҳ тортди, кейин у ёқдан бу ёққа бориб келди.

-Тинчликми?
— Раҳмат ака, кўнглимга қил сиғмайди, шу чоққача Шавкатдан дарак йўқ. Тоқатим тоқ бўлиб, бўларим-бўлди. – Сатторбой чиндан беҳаловат эди. Кўзлари бежо, ранггида ранг қолмаган, бўз каби оқариб кетган эди.
— Қаерга кетганди ўзи?
— Қишлоққа.
-Ҳаҳ, боласи тушмагур-ей.
-Ҳей бола, бўлар-бўмасга овулга қараб отланаверма, ўпкангни бос дейман, хўп деб кўзни шамғалат қилиб қишлоққа жўнаб қолади.
-Хавотирланма. Ука, ўзи ёшликда шундай бўлади. Ўзинг йигит бўмагандай гапирасан. Ҳа энди йил -ўн икки ой дала-даштда, бир тупчак уйда болани қамаб ўтирасанми?
— Бу гапингизам тўғри. Лекин ичим ғаш.
Биз ташқарига чиқдик.

Анчагача дўнгликдаги ҳарсанг устида индамай ўтирдик. Бир пайт отлиқ бир кишига кўзим тушди. Бир нуқтага тикилиб қолган Сатторбойга қараб дедим.
-Қара-чи, сенинг кўзинг ўткирроқ, кўзим илғамай турипти, келаётган ким экан?
Хаёлларга кўмилиб турган Сатторбой атрофга ялт этиб қаради.
— Э, Олим-ку! –у ўрнидан турди.
-Шом чоғи қайси шамол уни биз томонга учирди экан?
— Шуни айтаман-да, – деди у хавотири ошиб.
Отлиқ бизнинг ёнимизга етиб келди. Олим биз билан саломлашди. Кейин шоша-пиша Сатторбой шўрликка совуқ хабар етказди.
Олим аравада саксовул арралаб келаётган экан, йўлда Шавкатни учратади. Шавкати тушмагур жононининг олдидан хуш кайфиятда, хаёллар ёбонида чайқалиб келаётиб, фалокатга учраган. Жарликнинг ёнидан ўтаётиб, пастга қулаб тушган. Бу тақдир ўйиними, тасодифми, ҳар тугул, отнинг туёқлари сирғалиб, аввалига жарнинг четига осилиб қолади, кейин бир йўла пастга Шавкат иккиси қулаб тушади.

-Бир хийли бўлиб турувдим. Бекорга эмас экан,- деди Сатторбой куйиниб.
-Саттор ака, шошмасак бўмайди, жардан уни олиб чиқайлик, бир ўзим уддасидан чиқолмаслигимни билиб, бу ёққа келдим.-деди Олим.
Биз шошиб, овулхонадан отларимизни олиб чиқдик. Сўнг Шавкат қулаган жарлик томон от сурдик.
Инграган овоз эшитилди. Юрак-бағрим қон бўлиб кетди. Сатторбойни-ку айтмай қўя қолай. Шавкатни уччовлашиб жардан олиб чиқдик.
Шавкатнинг моматалоқ бўлиб кетган юзига қарар эканман, юрак бағрим эзилиб, бир хийли бўлиб кетдим.
-Кейин-чи, кейин нима бўлди?
-Уни Нурота касалхонасига олиб бордик.
Мен беихтиёр уҳ тортдим.
-Оқибати жуда ёмон бўлди.- деди отам бир аҳволда.
Мен уни тушуниб турардим, шунинг учун бошқа савол қотмоққа ботинолмадим.
-Ҳамма ёғи илма-тешик бўлиб кетган эди.- Отам хўрсинди. Кейин гапида давом қилди.-Эсласам ўзимни қўярга жой тополмайман, ҳалиям Сатторбой шўрлик қуруқ савлатини кўтариб юрибдиям, Худоям сабр-қаноат бериб қўяркан бундайларга.
— Вой Худойим-эй! Шавкат ўлдими?
— Ҳа, – яна уф тортди отам. Ўлди, жувонмарг кетди, бола шўрлик, ўн гулидан бир гули очилмай ўлиб кетди.-Отам йиғлаб юборди. Менинг ҳам кўзларим шаффоф сув ичида қалқиб қолди. Сўнг маржон ёшлар юзимни ювди.
— Жуда қийналиб ўлди бола шўрлик. Сатторбой иккимиз касалхонада сарғайиб қолдик. Дўхтирлар зир-зир югуришади. Барибир ҳаётини сақлаб қолиша олмади. Унинг хушига келиши қийин бўлди. Отаси, онаси бир йўла сўниб қолди. Биз унинг бошида бир қадам ҳам жилмай ўтирдик. Ниҳоят учинчи кун деганда, у зўрға кўзини очди.

-Дилбар, Дилбар дея чақирди.
Кейин ёнида муштипар онасига кўзи тушгач,
-Опажон! – деди ҳазин ва мунгли товушда.
— Дардингни олай, опанг ўргулсин сендан, шу ердаман. Ёнингдаман – деди онаси.
-Опа, мен ўламан.
-Ундай дема, тузалиб кетасан!
Шавкат ҳолдан тойиб индамай кўзини юмди.

У кун бўйи алаҳлаб ётди. Нима деганини тушуниб бўлмайди. Сатторбой билан хотини бошларини қуйи эгиб, унинг алаҳлаганини индамай эшитарди. Шавкат азоб ичида инграган чоғ, Сатторбой бошини икки кафти билаш ушлаган кўйи унсиз йиғлаб оларди. Шавкатнинг онаси чидай олмай ўрнидан туриб, хонанинг бу четидан нариги четига бориб кела бошлади. У бу дардни кўтара олмади. Ҳушидан кетиб, полга йиқилди. Биз Сатторбой иккимиз суяб турғиздик уни, ҳамширалар бояқишни бошқа хонага олиб чиқиб кетишди.
Шавкатнинг алаҳлаши тўхтамади. Эти суягига ёпишиб, ранги чунон синиқиб кетди. Нафас олиши баттар оғирлашди. У кимнидир тинмай чақирарди, тинмай қайғурарди. Эҳ, у шундай бошқача, шудай ўзгардики, уни таниб бўлмай қолдик. Ҳамширалар унинг жароҳатига малҳам қўйиб, янги дока билан ўраб қўйишди. Сатторбой иккимиз мижжа қоққанимиз йўқ.

-Сатторбой, иним, бориб жиндай дамингни ол, ука! Шавкатнинг олдида мен тураман.
— Йўқ,-дейди у.
— Унда бирор нима еб ол.
-Раҳмат ака шу топда томоғимдан ҳеч нима ўтмайди. –дейди у кўзлари ёшланиб.
— Бир қултум бўлсаям, маставадан ичиб ол.
У тағин боши билан йўқ ишорасини қилади.
Шавкат нуқул ингранади.
-Эй Худо! – нола қилди Сатторбой.-Ўғлимнинг дардига шифо, ожиз танига қувват бер. Паноҳингда асрагин Художон!
Бир пайт Шавкат талвасага тушиб қолди. Бу ўлим талвасаси эди. Бу гал у онаизорини чақира бошлади. Бироқ шўр пешонасига онаси ҳам бехуш ётарди.
Сатторбой у ётган каравот ёнига чўкка тушиб, ўғлига термулиб ўтирар эди. Ҳамширалар онаси ҳушига келганини айтишди.

Шўрлик она ўғлининг ёнига тиз чўкиб, узоқ йиғлади. У ўғлини эркалатган мисол, ёстиғини силади, суйди, ўғлининг тобора совуб бораётган лабларига қалтироқ қўлларнини олиб бориб силади. Кейин ўша қалтироқ қўллари билан ўғлини қучди. Кейин яна уни эркалатиб тинмай сўйланди. Ё Раббим! У ақлдан озган эди.

-Шавкат-чи у ўлдими?
— Ўлди, жувонмарг кетди.

Бир маҳал уни ташналик қийнай бошлади. Сатторбойнинг бардошига қойил қолдим. Хотини шўрлик ўғлининг дардига дош беролмай ақлдан озди. Азамат эса ўлим талвасасида. У отасининг қулидан қултум сув ичиб, жимиб қолди.
Шу бўйи бошқа нафас олмай қўйди. Унинг жони узилган эди.
Унинг ўлими онасига қаттиқ таъсир қилди. Кўп ўтмай оламдан ўтди. Сатторбой ва опаси Гавҳар эса, бир аҳволда юришди. Кейин Худойим уларга сабр-тоқатдан қўш қўллаб узатди. Орадан бир йил ўтгач, Сатторбой бошқа отарга ўтиб кетди. Шу-шу бу ерга келмай қўйди. Бу ер унга ўғлини эслатади, чамамда.
Отам шу тариқа ҳикоясини тугатди. Уни ўй босган, ғамгин ва сўлғин бўлиб қолганди. У чуқур ва оғир нафас олди. Буни хўрсиниш деса бўлар эди.
Ташқарида қуёш лутф билан тепа кўтарилган, унинг майин нурлари деразадан биз томон мўралаб, деворда ўз аксини топди. Қалбим бу ғамгин, кишини мислсиз изтиробга солувчи ҳикоядан ларзага тушган эди.
Ғам нима ўзи? Қувонч-чи? Нега баъзан бир-бирини қувлаб ўтади? Чўпон бобо қулоғим тагида ҳалиям мунгли қўшиғини куйлаётган эди. Мен ташқарига отилиб чиқдим. Қуёш тик кўтарилган, унинг нури атрофимда жавлон уриб ўсаётган бир туп буғдойиқнинг устига тушиб турар, шамол эса унинг ҳидини димоғимга ҳовучлаб пуркарди. Мен гиёҳдан кўзимни узолмай узоқ туриб қолдим. Олисда ҳалиям қўшиқ куйланаётганди. Қулоқ тутаман… Томирларимда нотаниш бир жўш кезинмоқда эди. Бу жўш чунон вужудимни ларзага солди-ки, мен худди бу ўтни тўхтатмоқчидай, пастки лабимни қаттиқ тишладим. Бироқ оғриқ азобидан азият чекканим қолди. Атрофда эсаётган тоғнинг салқин, айни пайтда ҳузурбахш, шошқин шамоллари олов ичра ёниб турган бошимни совутиб елди.

2004 йил, март.

087

Shahodat Ulug’
DO’MBIRA
Qissa
09

07 Shahodat Ulug’ (Ulug’ova) – 1970 yilda Nurota shahrida tug’ilgan. O’rta maktabni tamomlagach, ToshDU jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Uning «Qayta tug’ilish» (1997) va «G’animatim» (2004) deb nomlangan nasriy kitoblari chop etilgan. So’nggi yillarda Xorazmshohlar saltanati tarixidan, ulug’ sarkarda Jaloliddin Manguberdining jasoratlarga to’lug’ hayotidan hikoya etuvchi «Jayxun epkinlari» roman ustida ishladi va 2014 yilda nashrdan chiqqan asar adabiyot ixlosmandlari tomonidan iliq qarshi olindi.

08

Quyosh ko’kda jilva qiladi. Bahor chindan borliqni yashnatib yuborgan edi. Muambar shamol chunon diltortar, ham nilufar samo huzurbaxsh, ham borliq cheksiz va shaksiz go’zal edi. Kun peshindan o’tib, asrga qarab og’di. Akam ikkimiz shahardan qishloqqa qarab yo’l soldik. Yukim yo’q hisob, ichi shirinliklarga liq to’la ixchamgina bir jomadon, xolos. Onam kattang bilan enangga, deb mazali pishiriqlar solgan edi.

Tekis yo’l tugab, toshloq yo’lga duch keldik. Mashina go’yo taysallab qolgandi. Men esa tezroq enamning huzuriga yetishni orzulayman. Tog’ bag’riga kirib borganimizda, quyosh olis-olis tog’lar ortiga erinibgina yashirina boshladi. Bu o’lka o’zi ajoyib! Biz viqor bilan mag’rur qad ko’targan tog’lar tomon tobora yaqinlashib boryapmiz. Yashil barqut yopingan qir-adirlarga, bodom, jiyda butalari bilan qoplangan zangor-qizg’ish qoyalarga hali inson qadami yetmagan ko’rinadi. Ham gardsiz, musaffo tog’ havosi, ham diltortar, so’lim shamol, ham feruza osmon – barchasi borliqqa shaksiz bir ajoyib manzara baxsh etgan.

Yomg’iru sel o’pirib ketgan jarliklar ko’zga tashlanadi, huv narida esa dara tagidan jilolari tosh quchoqlagan soy tinim bilmay oqmoqda…

Biz mashinada asrlar bilan yuzlashgan serviqor tog’ning tagiga yetib keldik.
— Ha, savil qolgur! – Akamning yuzi tundlashdi.
— Nima bo’ldi? – Xavotirlanib so’radim.
— Mashinaning motori qizib ketdi.
— Endi nima bo’ladi?
— Nima bo’lardi, – akam tormoz berdi, mashina to’xtadi.- Picha kutamiz. Ozgina sovisin.
Biz kimsasiz tog’ning shundoq poyida to’xtadik.

Olisda otliq bir kimsaga ko’zim tushdi: otga arava qo’shilgan edi, u tobora yaqinlashib, nihoyat bizning yonimizda to’xtadi. Uning ustida chopon, boshida kiyilaverib eskirib ketgan telpak. Garchi o’lkaga bahor kirib kelgan bo’lsa-da, atrofda tog’ izg’irini kezinib yurardi. Shu sabab notanish kishi qalin ust-bosh kiyib olgandi. Tog’ havosi o’zgacha, shahar iqlimidan keskin farq qiladi, hatto saraton chillasida ham sahar chog’i va kechki paytdagi salqin va namiqqan havo kishi vujudini bexos junjiktiradi.

Sovuq, biroq ajoyib, huzurbaxsh hovur tarqalgandi, ammo atrof sokin, ko’k gumbazi ham osuda, kishining bahri dilini ochar edi. Borliq ko’rkamlashgan. Tabiat qonunnining tezkor, hamda ko’z ilg’amas mo»jizalariga to’la ekanligiga tahsin o’qiysan. Otliq kishi otdan tushdi.

Men boshimni qimirlatib:
— Assalomu alaykum – dedim.
U mening salomimga indamay bosh silkib alik oldi.
Akam u bilan qo’l berib ko’rishdi.
U qorachadan kelgan, oftob singgan yuzi tog’ havosi bilan ko’pdan oshno ekanligidan darak edi.
— Aftidan shaharga otlanibsiz shekilli?- Unga gap qotdi akam.
-Shunday, biroq kechroq yo’lga chiquvdim, tezroq harakatimni ko’rmasam, qorong’uga qolib ketaman. O’zlaring nima qilib turibsizlar?
— Otarga yo’l solgandik. Savil qolgur mashinaning motori qizib ketdi, deng. Mana endi sovushini kutib turibman.
— Ha.

Ular tamaki tutatishdi. Hamma o’z o’yi bilan ovunib, jimib qolgandi.
U akam bilan xayrlashdi, so’ng otiga qamchi solib, bizdan uzoqlashib ketdi. Biz esa mashinaning sovushini kutib picha turdik.
Quyosh enkayib ufqdan tavof olmoqda edi. Ufq bunda tutab yongan gulxanni muallaq ko’tarib turardi. Mash’ala lahza sayin faromush so’na boshladi-yu, go’yo dami ichiga qaytib, butkul o’chib qoldi. Ajabo, quyosh botib ulgurmasidan tun bostirib kirdi. Tog’ manzarasi bir boshqacha, hayratli. Tog’ tepasida va yonbag’irlarida qor erimaganligi bois borliq qorong’u emas.
Nihoyat enamnikiga yetib keldik. Mashina to’xtaganini eshitgan enam bizga peshvoz chiqdi:

— Aylanay sizlardan, moshin ovozini eshitib, kim ekan deyman.
— Bizmiz-da,- dedim quvonchimni ichimga sig’dirolmay.
— Biz, degan tilingdan o’rgulib ketay.

U har ikkimizning peshonamizdan o’pib, so’ng ichkariga chorladi.
Uy ichi keng, saranjom-sarishta, har bir jihoz go’yo aynan shu xona uchun mo’ljallangandek.
Xona to’rida Otam (men uni Katta deyman) biz bilan ko’rishish uchun o’rnidan turdi.
U qorachadan kelgan, yelkador, istarasi issiq, dilkash va ajoyib inson.
Enamni aytmaysizmi, bizning kelishimiz uni chindan suyuntirib yuborgandi! U ham barcha qishloqliklarga xos sodda va samimiy, mehmon kelsa, o’zini qo’yarga joy topolmay qoladigan, nihoyatda mehmondo’st ayol edi. Ayni bu chog’ u suyunganidan ko’ziga yosh olib, tinmay aylanib-o’rgilmoqda edi. U nuqul “kelib ja yaxshi qildinglar-da, o’rgulib ketaylar” deya so’ylanardi.

— Ayang kelmadimi?
— Ishidan ruxsat ololmadi.-dedim.
— Dadang, ukalaring omonmi?
— Tuzuk, so’rashib qoldi.
— O’qishdan, Toshkandan qachon kelding?
— Uch-to’rt kun bo’pqoldi.
— Ha yaxshi. O’ziyam sog’inib turuvdim. Keganlaring yaxshi bo’ldi.

Enam hayal o’tmay o’rtaga dasturxon soldi. Zum o’tmay dasturxon endigina tandirdan uzilgan xushbo’y non, shirinliklar, jiyda, bodom, yana deng men suyib yeydigan mayiz murabbosini bilan to’ldi. Jomadon to’la pishiriqlarni maqtay-maqtay, dasturxonga qo’ydi. Orada o’choqda qovurma pishirib kelganini sezmay qoldim. U suyagi yengil, chaqqon, qo’li shirin ayol: nima taom pishirmasin, totli va mazali bo’lib tuyulaveradi.

Taomlanib bo’lgach, Otam yostiqqa yonboshlab, akam bilan gurunglashdi. Biz esa pichirlashamiz.
Vaqt allamahal bo’lgach, to’shakka uzala tushib, uxlab qolganimni sezmay qoldim.
Sahar chog’i ishiga kechikmaslik uchun akam mashinasida shaharga qaytib ketdi. Men esa uch-to’rt kun qoladigan bo’ldim. Nonushtadan so’ng enam Otamga aytib qoldi:
— Kattasi, qo’zichoqlarning semizini tanlab so’ying, nevaraginamga bir shirbozkabob pishirib beray.
Otam pichog’ini qayrab qiniga soldi, so’ng qo’zichoqlar qamalgan qo’ra tomon ketdi.
Bolaligimdan tog’ni, uning gardsiz, musaffo havosini, mening tasavvurimda odamiylikning go’zal, ayni paytda barkamol namunasi bo’lgan qishloqliklarni qadrlayman. Atrof bir zarb bilan tinchlantirilgan-u, bunda bahor quyoshi sahovati-la o’lkaga zarrin nurlarini beminnat sochayotgan edi. Havo ochiq, atrof yanada ko’rkamlashgan, go’yo borliq tuyqus nurga g’arq bo’lgandek, yarqirab turibdi. Baayni birov tirsagingga uchli tayoq bilan turtgan misol, vujuding oniy turtkidan jimirlab ketgandek. Ko’ngling tobora ravshanlashadi, quyoshning shu birgina jilosi qorachiqqa quyilib oqib, qalbda ajoyib taassurot uyg’otadi.

Men qirga qarab yo’l soldim. Artof sokin, shu qadar jimjitki, banogoh ot kishnab qolsa, tog’-toshlarga aks sadosi urilib qaytadi.
O’ng tomonda dara, berida yashil barqut yopinchiq yopingan yalanglik quyosh nurida ajoyib tovlanib, atrofga o’zidan zangori yashillik tarqatmoqda edi. Ko’rkam va azamat tog’lar… Quyida qir-adirlar yastanib yotardi. Ham poyimda tizza bo’yi maysalar ichida bosh ko’targan takasoqol… Barchasi shaksiz, beqiyos go’zal… Tomirlarimga bir jilo quyiladi. Bu jilo eng so’nggi muazzam tomirimga omon yetib borgach, men chandon tetiklashaman. Bu shunday bir his ediki, shahar ko’chalarida uloqib, dimiqib ketggan, so’ng tog’ qo’yniga tushib qolgach, bu musaffo havodan to’yib, simirib nafas olayotgan oniy lahzalarda buning qadriga yana-da teranroq yeta boshlaysan. Bu katta-yu kichik insonga xos bo’lgan bir ajoyib hiski, kimsa aynan shu muazzam sezgisi bilan boshqa hilqatlardan ajralib turadi. Zamini zangor maysalarga o’rangan adirlar qo’ynida bolakay kabi betashvish va beg’ubor bo’lib qolgandim. Tog’lar va daralar isi anqigan hayotbash havodan nafas olishga ne yetsin!

Qir-adirdan o’tib, toqqa yaqinlasha bordim. Tog’ga yetib kelgach, holsiray boshladim. Men cho’kka tushib o’tirib qoldim, g’ir-g’ir esgan shamol jonimga oro kirib, bir yo’la uzala tushib yotdim. Ko’kda qaymoqrang bulutlar xuddi osilib turgandek, muzdek huzurbaxsh havodan to’yib sipqordim. Enamni ham, Otamni ham butkul esdan chiqarib, tashvishdan xoli ancha yotdim. Orombaxsh va beqiyos diltortar tog’ havosi meni shu qadar jodulagan ediki, o’shanda men bu ajoyib o’lkada bir umrga qolmoqni orzulaganim rost edi.
Bir mahal allaqanday yoqimli sadodan o’zimga kelib, atrofga quloq soldim. Kuy yanada jaranglab eshitila boshladi. O’rnimdan turib, kuy taralayotgan tomonga qarab yurdim. Men turgan tog’ deyarli baland emas, pastga razm solib qaragandim, ajoyib manzaraga ko’zim tushdi. Tog’ tepasidan qaragan chog’im, pastlik ko’zimga bir boshqacha ko’rinib ketdi. Maysalar oralab suruvlar o’tlashardi. Kuyni esa suruvlarning egasi chalayotgan edi. Behisob suruvlar bunda go’yo do’mbira sadosiga mahliyo bo’lib, maroq bilan o’tlashardi. Cho’pon do’mbirani shu qadar berilib, mohirona chalmoqda edi-ki, buni eshitgan kimsa, beixtiyor o’sha to’lqin ichida oqar edi. Toat-ibodat mahali inson qalbi naqadar sokin bo’lsa, men turgan tog’ ham, behudud osmon ham, bepoyon zamin, yastanib yotgan pastlik ham shu qadar osoyishta edi. Butun borliq faromush tushib, do’mbira sadolari ta’sirida lol qolgandi. Atrofda muambar shamollar sochimni yelpib, yuzimni beozor silab o’tadi, so’ng cho’pon bobo otining yollarini ohista taray boshlaydi.

U maroq va ishtiyoq bilan do’mbira chalardi. Nazarimda o’zi chalayotgan kuyning to’lqiniga o’zi qo’shilib oqardi. Nihoyat biroz hirqiroq, ammo odamga xush yoquvchi, bag’oyat huzurbaxsh tovushda kuylay boshladi u:

Sokin tog’lar qo’ynida,
Qir-adirning bo’ynida,
Nola qilgin do’mbiram,
Bitsin ko’ngilda yaram,
Kuyla-kuyla do’mbiram,
Yetsin Xudoga nolam!

U shu qadar berilib, maftunkor va shirali ovozda san’atkorona kuylamoqda edi-ki, etim tuyqus jimirlab, ohang tanam ichra kezinib yetti muchamni alqab, tomirlarim ichida oqdi. Bu jilo so’nggi muazzam tomirimga yetib borganida, men hushyor tortdim…

Kosa-kosa bo’z ichib,
Bo’zlab ketgan bolam-a!
Dunyo tashvishdan kechib,
Tuzlab ketgan bolam-a,
Nola qilgin do’mbiram,
Bitsin qalbdagi yaram,
Kuyla-kuyla do’mbiram,
Yetsin Xudoga nolam.

Novcha bo’yli, xiyol egilgan, yelkali va basavlat, yoshi esa yetmishga og’ib qolgan bu kishining ko’rkam gavdasi, bir paytlar navqiron yigit bo’lganligidan dalolat berib turardi. Men yana quloq sola boshlayman.

Oh desam-ov, oh desam,
Ohim Xudoga yetmas,
Qo’lim ko’klarga cho’zsam,
Olis osmonga yetmas,
G’am-anduhim bitmas,
Kuyla-kuyla do’mbiram,
Bitsin qalbdagi yaram,
Yetsin Xudoga nolam.

Uning nolasi beqiyos g’amgin va mungga to’liq edi. U katta-katta ko’zlarini olislarga tikib kuylayverardi. Aminmanki, u yon atrofiga qaramasdi, hech bir zog’ni ko’rmasdi, faqat kuylar edi. Berilib kuylar edi. Uning xonishi meni hayratga soldi. Bu xonishda nedir yashirin edi.Chindan uning qayg’usi mislsiz edi.

U kuylamoqdan to’xtab, tuyqus ho’ng-ho’ng yig’lay boshladi. Ko’nglim buzildi. Bu dilgirlikdan qaddim xiyol bukilib, yelkam qisilib qoldi. Umrimda bundan ko’ra qayg’uliroq va motamsaro holni ko’rgan emasman. U cho’kka tushib, do’mbirasini dast ko’tarib ko’ksiga bosdi. Go’yo o’zining bud-shudini shu tilsiz og’ochga berayotgandek, qaltiroq qo’llari bilan do’mbirani tag’in mahkamroq quchoqladi, so’ng kulfatini ichiga sig’dira olmay yana yig’ladi. Ko’nglim tag’in buzildi. U shu qadar miskin, shu qadar tushkun, shu qadar ma’yus ediki, qa’rimda bir otashzabarjon jo’sh meni sergaklantirib qo’ydi.

Qalbining qat-qa’ridan otilib chiqayotgan otashli yig’i ko’ksini yorib yuborgudek shiddatli va asov edi. Basavlat ko’ringan kimsa bir zumda ko’z o’ngimda yosh bolaga aylanib qoldi. Uning qayg’usi mislsiz, qa’ridan otilib chiqayotgan yig’i esa to’xtatib bo’lmas sel toshqini kabi edi.

Shunda suruvlar ichidan chiqib kelgan it, egasining g’am-anduhga to’la yuziga tikildi. Keyin bir umrlik qadrdon do’stining oyog’iga tumshug’ini bosib, iskalandi. Bir daqiqa jimlik cho’kdi. Chol yig’idan to’xtadi, mening ko’nglim tag’in buzildi. Cho’pon do’mbirasini yoniga qo’ydi. Uning rangi bo’z singari oqarib ketgandi. Qo’llari dag’-dag’ titradi. Iti bo’lsa bezovta, bir joyda ikki-uch bor aylanib, so’ng egasining yonida to’xtadi. Dumini qisib, boshini osiltirgancha, egasiga termulib turdi. Bechora chol tuyqus nimadir yodiga tushgan kabi o’rnidan turdi. O’zidan ancha ilgarilab ketgan suruvlariga qaradi. Uning bu turishida adoqsiz dard va ayanchli qayg’u mujassam edi. Nihoyat do’mbirasini qo’liga olib, suruvlari tomon qayrildi…

Bu dilgirlikdan o’zimga kelolmay, qaddim dol turib qolgandim. Suruvlarni haydab cho’pon bobo ham olislar tomon keta boshladi. Mana, nihoyat, eng so’nggi nuqta ham ko’zdan g’oyib ketdi. Ko’z o’ngimda faqatgina bepoyon zamin, behudud osmon, serviqor tog’ naqsh edi. Quyida qirlar bora-bora, tobora pastga enib, bepoyon dasht yalangligiga tutashib ketgandi.

Men esa hafsalasiz, ezgin va tushkun qiyofada enam va otamning yoniga qaytdim.

— Voy bolam-ey! Qaerlarda yuribsan?- So’radi enam.
— Aylanib keldim.
— Otang shirbozi so’ydi, tandir kabob ham pishdi, sendan bo’lsa darak yo’q. Endi izlashga tushaman, deb turuvdim.
— Ie-ye bu nimasi! -deyman enamga qarab. U bo’lsa:
— Ha-da, qarayman, ha deganda sendan darak yo’q, jonim chiqib ketdi-yov, deyman. Ichimga g’ulu tushib qolsa, adashib netib qoldingmi, deb o’yladim.
— Yo’g’-ye, vahima qimang, bu yerlar menga otning qashqasiday…
— Bilib bo’lami.

Shunday qilib dasturxonga tandirkabob tortildi.
Biroq qulog’im ostida cho’pon bobo haliyam do’mbira chertmoqda edi. U chalgan kuy, u kuylagan qo’shiq hamon atrofimda tarala boshladi.
Enam choy damlagani chiqib ketdi. Men otamga qarayman: u shirboz kabobni hafsala bilan chaynab yutdi, keyin o’ziga tikilib turganimni ko’rib:

— Ha, ovqatdan olmaysanmi? Shu desang, o’zi shirboz senga atab so’yildi. Mazasi mening og’zimda qoldi. Qani ol! – dedi meni yeyishga undab.
— Mana yeyapman.
— Qani yeganing?

Men kabob yeyishga tushdim.

— Katta,- dedim biroz o’tgach, – shu atrofda do’mbirachi cho’pon bormi?
U menga qaradi. Go’shtni yeb bo’lgach, suyagini dasturxon chetiga qo’yarkan:
— Ha, Sattorboyni aytyapsanmi?-dedi

-Otini bilmadim-u, lekin ja yaxshi kuylarkan-da.-deyman.- Boya aylanib olislarga ketib qopman deng. Uning aytganlarini eshitsangiz…
— Eshitganman, eshitganman.
— Bundan chiqdi uni tanirkansiz-da,- so’radim, biroz ko’nglim yorishib. Chunki mungli qo’shiq egasi haqida nimadir bilgim kelmoqda edi.
-Nega tanimay, ja taniyman-da.

U shunday dedi-yu, yog’li qo’llarini yalab bo’lgach, boshini quyi egib, xayol surib qoldi.
-Nega tanimay, taniyman, taniyman..- deya takrorladi yana.
Ochig’i men undan biror qiziqarli hangoma eshitishni hohlardim. Bu istak shu qadar kuchli ediki, menda bir ajoyib umid tug’dirdi. Orada enam choy olib kirdi. Piyolalarga choy quyilgach, birin-ketin choy uzatildi. Otam choydan ho’plab:
— Ha qizim-a, ko’pdan unut bo’lgan bir voqeani yodimga solding-da, – dedi.
— Men senga aytsam, – u piyolasidagi so’nggi qultum choyni ho’pladi, so’ng bo’sh idishni dasturxon chetiga to’ntardi va bir hikoya aytmoqqa chog’landi. – U paytlarda men ancha tetik edim. Bahor bo’y-bastini ko’rsatib, kunlar ham isiy boshladi. Enang shaharga otlanib qoldi.

Haliyam bu kimsasiz dala-dashtda bir o’zi yorilib ketmaydiyam, borsa-bora qolsin, deb enangni shaharga jo’natdim.

Choy ichgim keldi, choydishga suv solib, yalanglikda qaynatdim. O’rtada o’t charsillab yonadi. Birpas o’tib choydishim vaqar-vuqur qaynay boshladi. Men choy damlab, dasturxon yozdim, non, turshak, novvot olib keldim. Shunday qilib, yalanglikda tushlik qilgach, dasturxonni yig’ishtirmay, erinib cho’zildim. Havo ham yoqimli, atrof esa jim-jit. Oftob singgan tuproq isi dimog’imga uriladi. Qishdan bezgan kezlarim o’zimga dalda berganim esimga tushdi. Ha Rahmatboy, sho’ringga sho’rva quyiladigan bo’ldi. Qorli, izg’irin kunda dala –dashtda, qo’ylarni boqaman deb, muzlab qolmasang go’rga. Keyin o’zimga dalda bo’lib, ha picha chida, bu sovuq kunlar o’tar ketar, deb qo’yaman. Shularni eslab, bahor kelganiga shukur, deyman ichimda. Borliq boshqacha, osmon tiniq, atrof esa jim-jit. Yana nima kerak senga deyman o’zimga o’zim. Keng dalaga qarab ko’nglim yayraydi. Bir oydin buloqdan suv ichgim kelib qoldi. Bir to’lg’ama havo uchadi, isi xush yoqib, dimog’imda qoladi. Olisda kekkaygan qoyalar bir-biriga yelka tutgan. Ustida xuddi olmosday ko’zimni qamashtirib, qorlar yarqirab turibdi.

Otim kishnadi. Uning bu kishnovi tog’-toshga aks-sado berib atrofga qaytdi. Shamol esa uning yollarnini va dumini taray boshlagandi. Tog’ cho’qqilari tepasida kezinayotgan bulutlar bo’z parchalari kabi atrofga tarqala boshladi. Bir payt mashina ovozi eshitildi. O’rnimdan turib qarasam, uyim tomonga qarab kelayotgan qandaydir ulovga ko’zim tushdi. Nihoyat otarga-tuyoqlarga ozuqa ortilgan mashina kelib to’xtadi.

Mashinadan ferma mudiri, uning ketidan basavlat bir kishi tushib keldi. Men mudir bilan ko’rishgach, uning yonida turgan kishi bilan so’rashgani qo’l cho’zdim.

— Rahmat aka, sizga sherik, yordamchi cho’pon olib keldim. Bir o’zingiz qiynalayotuvdingiz, mana endi birgalashib boqasizlar.- dedi mudir menga qarab.

Meni Sattorboy, degan cho’pon bilan tanishtirdi.
Sattorboy oq-sariqdan kelgan, basavlat, sochlari malla-yu, lekin ko’zlari qora, keng yelkali, chayir bir kishi edi. Yuzining chap tomonida xoli ham bor.
Men yordamchi cho’pon kelganidan suyunib ketgandim.Chunki mana ikki yildirki, shu tog’ qo’ynidagi kimsasiz dashtda bir o’zim cho’ponlik qilaman. Men unga qarab: – Hali Xudo xoxlasa, og’a-inilarday bo’lib ketamiz, dedim.

— Rahmat aka, Xudo xoxlasa shunday bo’ladi, – dedi uyam suyunib.
Mudir menga qarab aytdi:
— Yem-xashakni tushirsangiz.
Men mollarga olib kelingan ozuqani qo’raga bosdim.
— Qani, ichkariga kiringlar, bo’linglar,- deyishimga qaramay, mudir haydovchisini shoshiltirdi:
— Qani tezroq bo’l, moshinni tikka boshqarmaga hayda, majlisga yetib borishim kerak.
Men Sattorboyni uyga chorladim. Oilasi uchun ikki xona va dahlizni ajratib berdim.

Ertasiga u oilasi va jami ko’ch-ko’roni bilan ko’chib keldi. Juda ajoyib kishi edi boyaqish. Men senga aytsam, – deb otam menga qarab oldi, keyin yana hikoyasida davom etdi.- Lekin fe’li bir xiyli edi. Shu desang, ertadan kechgacha lom–mim demay, indamay yuradi. Ba’zan bir gapga tushib ketsa bormi, uni hech to’xtatib bo’lmaydi. Mard, cho’rtkesar, azamat kishi edi.

— Siz u bilan ko’p birga qo’y boqdingizmi?- so’radim qiziqsinib.
— Yetti yil birga boqdik. O’g’li o’lgandan keyin boshqa otarga o’tib ketdi.
— O’g’li, o’g’li nega o’ldi?
— Ha, peshonasida bittagina o’g’li bor edi, sho’rlikning…
Otam uh tortib yana gapirdi.
— O’sha paytlarni hech esimdan chiqarolmayman. O’g’li tushmagur Sattorboyning boshiga ko’p tashvishni ortib ketdi, rahmatlik.
— Yaxshi bo’lmapti. Nima bo’lgandi o’zi?

— Hozir aytib beraman.Uning turmushga chiqqan esli va chaqqongina bir qiz-u, bir o’g’li bor edi. Qizini Gavharoy deb chaqirardi. O’g’lining oti Shavkat edi. Shu o’g’li xo’p ajoyib bola edi-da, yigiti tushmagur, xo’p alomat edi. Sattorboy ikkimiz uni juda-a erkalatib yuborgandik. U shunday ziyrak, shunday abjir edi-ki, ko’rkamligiga tahsin o’qiysan.
— Rosti meni qiziqtirib qo’ydingiz. Haligi o’sha Shavkat deganlariga…

— Ha, o’ziyam alomat bola edi-da. U ham xuddi otasiday xushbichim, baland bo’yli, kelishgan qaddi qomatli yigit edi. Keng yelkasi ko’chmanchi cho’ponlarda uchraydigan, qiyinchiliklarga bardosh bera olishidan darak berib turardi. Oftob nuri singib ketgan keng peshonasida malla sochlari tushib turardi. Yana yurganda shaxdam, tetik qadam tashlab, o’ziga ishonib yuradi, bu uning boshlagan ishini oxiriga yetkaza olishiga bir ishora edi. Aslida ham shunday edi. Eh, uning jilmayganini bir ko’rsang, bolalarday beg’ubor jilmayadi de. Xuddi otasiday sochlari malla, lekin qosh-ko’zi qop-qora. Ko’zlari boznab turgan cho’g’day porlab turardi. Bu uning jo’shqinligidan dalolat edi. Bu charaqlash qizlarni o’ziga maftun etardi. U chindan ko’rkam, basavlat yigit edi.

Bir kun de, qo’radan bir serkani olib kelib, yalanglikka qo’yib yuborsa… Qani buyog’i nima bo’larkan deb turibmiz. Shunda u otning ustiga chiqib, yo’rttirib ketdi… Ot ustida chapdastlik bilan yalanglikda qochayotgan serkani, yana de, chap qo’lida orqa oyog’idan ushlab o’ziga qarata tortdi-yu, so’ng uni ko’ksiga mahkam bosdi.

Men qoyil qoldim.
— Asl chavandoz, chapdast bo’ladi, yasha Shavkat o’g’lim, – dedim.
U bizga qarab, kulib turardi.
-Hey Sattorboy, kelinga ayt, o’g’lingining ko’ylagiga ko’zmunchoq qadab qo’ysin,- dedim.
U gapimni ma’qulladi. Shu payt biz tomonga yaqinlashib kelayotgan bir otliqqa ko’zimiz tushdi. Odil cho’ponning o’zi kelib bizni qishloqqa to’yga aytib ketdi. To’ng’ichini uylantirayotgan emish.

Ertasiga biz to’yga otlandik. Ovulda u paytlar to’y kunduzi bo’lardi. Bizni mezbonlar xush kayfiyatda kutib olishdi. Men bilan Sattorboyni siylab to’rga o’tqazishdi. “Jeng-jeng, olingis-olingis“ boshlanib ketdi. Katta lalitovoqda bilqillagan beshbarmoq, yana de xamiri uch-to’rt dona, lekin usti qaziga to’la.

Odilning o’g’li katta shaharda o’qigan emasmi, kuyov jo’ralarining ko’pi Sarmarqanddan kelgan.

— Qani, kuyov jo’ralar
«Omad, omadat gardam,
Qaddi qomatat gardam»an boshlanglar-chi, — deya tegishadi kattalar.

Yigiti tushmagurlar bo’lsa bo’sh kelmaydi.
-Chol bovalar, tek tursanglar-chi:
«Oldi,xushimni oldi,
Juragimga o’t soldi»dan boshlaymiz, — deydi. Gurillagan kulgu ko’tariladi.

O’yin-kulgi boshlanib ketdi. Qarindosh-urug’lar kelin-kuyovga tuyona ulashdi. Bo’za ichdik.
Keyin chavandozlik boshlandi. Yutganlarga sarpo ulashildi. Bizning Shavkat g’olib edi.
Keyin yoshlar bazmi boshlandi. Qo’ldosh baxshi dutor chalib, xonish etdi.
Hech esimdan chiqmaydi: qizlar bir tomon, o’g’illar bir tomon bo’lib ashula, lapar aytishdi. Oppoq, ikki yonog’i qip-qizil, bir suluv qiz bizning Shavkatning yoniga kelib, qo’shiq aytib qolsa bo’ladimi. Qizi tushmagur berilib ashula aytdi. Kayfim bormasmi, u aytgan qo’shiqning ma’nosini anglayolmayman. Shavkat azbaroyi uyalganidan, burnining uchiga dovur qizarib ketdi. Men unga qarab tegishdim.

— Xo’sh qalay ekan? – pichirladim qulog’iga.
— Suluv ekan.
Ha, qizi tushmagur bag’oyat chiroyli edi. Baland bo’yli, ko’zlari baxmalday qop-qora, nigohlari o’tli. Ohunikidek hayratli. Shavkat undan ko’zini uzmay tikilib qolgandi. Qiz ham orada ashula aytayotib unga qarab qo’yadi. Keyin u dugonalari ichiga kirib ketdi. Azamatga qarayman, u xayollar ichida suzardi. Anchagacha shu taxlid jimib qoldi.

To’ydan xush kayfiyatda manzilu makonimizga qarab yo’l soldik. Tog’ havosi bir boshqacha, bilasan. Kunduzi quyosh nurini ayamaydi, yer ko’pchiydi. Kech kirgach, salqin, muzday havo odamni junjiktiradi. Biz yo’lga chiqqanimizda shom tushay deb qolgandi. Lekin mag’rib tomonga engan oy charog’on edi. Behudud osmon dengizida mitti yulduzchalar chamanday boznaydi. Charog’on oy, ham porloq yulduzlar qor qoplangan tog’lar ustini shu’lalantirib, qizartirganday. Ha kuchingdan, deyman o’zimcha. Olisda jarliklar biroz qorayib ko’rinayotir. Atrofimizdagi rutubat o’nqir-cho’nqir qoyalarga ilashib-tutashib, singib ketyapti. Yana de, yengil esgan shamol otlarimizning yollarini tarab, yelpiydi. Otlar esa zo’rg’a qirga chiqmoqda edi.

To’ydan xush kayfiyatda qaytayotganimiz uchun, bo’za ta’siridami, tomirimda bir jo’sh qaynayotgandek, shundanmi vaqtim xush edi. Shavkat hushtak bilan marshni chalib qolsa.
— Ha, kuchingdan-ey!- dedim.
U menga bir qarab qo’yib, yana xushtak chalib ketdi. Ehtimol uning xushtak chalishi, bolalarga xosdir, lekin tashvishlardan xoli, keng va bepoyon, buning ustiga jim-jit ona tabiat qo’ynida bolaga aylanish tabiiy-da, aslida.

Pastlikka enib tushdik. Dimog’imga muzdek hovur urildi. Otimning jilovini mahkam ushlab, so’nggi bor unga qamchi soldim. Uzoqdan otar ko’zimga xuddi do’ppidek ko’rindi. Yo’limiz kalta bo’lsin uchun, o’rtadan kesib o’tadigan so’qmoq yo’ldan ot surdik.

Manzilga yetib kelgandik.
Beayov kaltaklangan kimsaday, sulayib uxlab qolgandim.
— Keyin-chi, cho’pon boboning o’g’liga nima qildi? – so’radim men. Men voqeaning pirovardi nima bilan tugaganini tezroq bilgim kelardi.
-Ha hozir, picha sabr qilasan endi. Bir kun ularning uyiga kalla suqdim. Shavkat beliga kamar bog’lab, bir yoqqa ketmoqchi bo’lib turgan ekan. Ko’zlari so’nik, chehrasi ham g’amgin, ham alamzada kayfiyatda.
Meni ko’rib:

-Salomalaykum Rahmat bova, kiring ichkariga,- dedi.
-Valaykum, valayko’m…Ha, yo’l bo’lsin o’g’lim. Qayga otlanib turibsan?
-O’zim,- dedi u va jimib qoldi.
Aftidan u menga ichini yorgisi yo’q edi. Ha, yo’q bo’lsa, yo’q-da, deyman ichimda.
-Otang qani?
-Otam, opam ikkovi Gavhar opani ko’rgani ketishdi. Gavhar opam o’g’il ko’rdi.
— E,e, unda jiyan qulliq bo’sin!
-Rahmat.
-Qachon xabarini eshittinglar?
— Kecha kechqurun eshitdik. Tongni zo’rg’a ottirishdi, deng, sahar chog’i jo’nashgan.
— O’zing-chi, o’zing, qaerga otlanding?
U menga tikilib qoldi. Keyin indamay yerga qarab xayol surdi. Jinday hijolat chekkannamo:

— Qishloqqa. Shu deng, – u duduqlanib. – ishim bor-da, –deydi.
-Bilaman, bilaman, – deyman unga tegishib.- To’yga borib kelganingdan buyon halovating yo’qolgan. Hammasini bilaman.
U menga yalt etib qaradi-yu, biroq bir so’z demadi. Men esa yana hujumga o’taman.
— Xayolingning o’g’risi kimning qizi ekan? Bunday og’iz solib boray desam, qaysi uyga kalla suqishni bilmay halakman. Kimning qizi o’zi?

U nigohini olib qochib, shahd bilan uydan tashqariga otildi. Men ham uning ortidan tashqariga chiqdim. U otini yo’rttirib, olislarga yo’l solgandi.
Men turgan yalanglik bag’oyat keng, bu yalanglik Nurota tog’ tizmalariga dovur cho’zilgan. Berida qir-adirlar atrofni o’rab olgandi. Men tayog’imni oldim-da, suruvlarni yaylovga haydadim.
Tushga yaqin chanqay boshladim. Xurjundan suvdonni olib suv ichdim, so’ng otimning ipakday mayin yollarini silab qo’ydim. Atrofda garmsel yuzimga uriladi. Nihoyat saksovulzorga yetganda tushlik qilishga taraddud ko’rdim. Xurjundan enang solgan yegulikni olib tushlik qildim. Bir payt ot
dupuri qulog’imga eshitildi. Qarasam Shavkati tushmagur, men tomonga ot choptirib, yelday uchib kelyapti, de.”Ha bachag’ar-yey, umr kelgur” deyman
ichimda.

U yetib kelgach, otdan tushib, uni saksovulga bog’lab, yonimga keldi.
Uning kayfi chog’ edi.

-Ha, o’g’lim, bu deyman dimog’ing choqqa o’xshaydimi?
-Dimog’im chog’ bova, suluvim bilan gaplashib qaytdim.
-Ie, shunday de, gapning oldisini aytmaysanmi…
-Shunday, oldisini aytay deb turipman bova.
-Qani bo’masa, sen dutor chalib kuyla. Men tinglay.
— Shunday qilaylik bova, dimog’im chog’ligida ichimni yorsam yoripman-da sizga.
-Oti nima ekan, kimdi qizi o’zi?
— Oti Dilbar. Mavlon zootexnikning qizi.
-E-e, lekin otidanam o’zi dilbarroqmi deyman. To’xta, otasini Mavlon zootexnik dedingmi?
-Ha,
-Unda yaxshi odamning qizini tanlabsan, shovvoz. Ha, kuchingdan,- dedim unga tegishib.
U minnatdor bo’lgandek, menga qarab, jilmayib turar edi.
Bir mahal bizdan ancha ilgarilab ketgan suruvlar tumtaraqay qocha boshladi. Yuragimga g’ulu tushdi.
-Obbo, bo’ri hamla qildimikan?- deyman xavotirim oshib.
-Shunaqaga o’xshaydi.
-Unda shoshmasak bo’maydi.
Shavkat epchillik bilan otiga mindi. Men ham ot surdim. Men enkayib, ot ustida ketyapman. Biz saksovulzor orasiga sho’ng’ib ketdik. Saksovul shoxlari kiyimimni dabdala qilganday. Otimga tasanno o’qiyman. U ko’krak kerib, saksovulzorni yorib o’tdi. U arralangan saksovul kundasiga yetib kelganda, ko’krak kerib, kundadan sakrab o’tdi. Men Shavkatning ketidan suruvlar tomon yetib kelgandim. Bo’ri bir nimjonroq qo’yga hamla qilgan ekan. Shavkat esa, qinidan pichog’ini sug’urib, naq bo’rining bo’g’ziga otdi. Bo’ri til tortmay, jon taslim etdi. Qo’y esa jon tashvishida ihramoqda edi. Shavkat qo’yning yoniga bordi.

-Bova, qo’yni halollamasak bo’lmaydi.Tirik qolishi gumon.
Men shartta qo’yni bo’g’izladim.

Oradan picha kun o’tdi. Sattorboy negadir ko’rinmadi. Men uning uyiga kalla suqdim.Uning ko’zlari bezovta edi: negadir uh tortdi, keyin u yoqdan bu yoqqa borib keldi.

-Tinchlikmi?
— Rahmat aka, ko’nglimga qil sig’maydi, shu choqqacha Shavkatdan darak yo’q. Toqatim toq bo’lib, bo’larim-bo’ldi. – Sattorboy chindan behalovat edi. Ko’zlari bejo, ranggida rang qolmagan, bo’z kabi oqarib ketgan edi.
— Qaerga ketgandi o’zi?
— Qishloqqa.
-Hah, bolasi tushmagur-yey.
-Hey bola, bo’lar-bo’masga ovulga qarab otlanaverma, o’pkangni bos deyman, xo’p deb ko’zni shamg’alat qilib qishloqqa jo’nab qoladi.
-Xavotirlanma. Uka, o’zi yoshlikda shunday bo’ladi. O’zing yigit bo’maganday gapirasan. Ha endi yil -o’n ikki oy dala-dashtda, bir tupchak uyda bolani qamab o’tirasanmi?
— Bu gapingizam to’g’ri. Lekin ichim g’ash.
Biz tashqariga chiqdik.

Anchagacha do’nglikdagi harsang ustida indamay o’tirdik. Bir payt otliq bir kishiga ko’zim tushdi. Bir nuqtaga tikilib qolgan Sattorboyga qarab dedim.
-Qara-chi, sening ko’zing o’tkirroq, ko’zim ilg’amay turipti, kelayotgan kim ekan?
Xayollarga ko’milib turgan Sattorboy atrofga yalt etib qaradi.
— E, Olim-ku! –u o’rnidan turdi.
-Shom chog’i qaysi shamol uni biz tomonga uchirdi ekan?
— Shuni aytaman-da, – dedi u xavotiri oshib.
Otliq bizning yonimizga yetib keldi. Olim biz bilan salomlashdi. Keyin shosha-pisha Sattorboy sho’rlikka sovuq xabar yetkazdi.
Olim aravada saksovul arralab kelayotgan ekan, yo’lda Shavkatni uchratadi. Shavkati tushmagur jononining oldidan xush kayfiyatda, xayollar yobonida chayqalib kelayotib, falokatga uchragan. Jarlikning yonidan o’tayotib, pastga qulab tushgan. Bu taqdir o’yinimi, tasodifmi, har tugul, otning tuyoqlari sirg’alib, avvaliga jarning chetiga osilib qoladi, keyin bir yo’la pastga Shavkat ikkisi qulab tushadi.

-Bir xiyli bo’lib turuvdim. Bekorga emas ekan,- dedi Sattorboy kuyinib.
-Sattor aka, shoshmasak bo’maydi, jardan uni olib chiqaylik, bir o’zim uddasidan chiqolmasligimni bilib, bu yoqqa keldim.-dedi Olim.
Biz shoshib, ovulxonadan otlarimizni olib chiqdik. So’ng Shavkat qulagan jarlik tomon ot surdik.
Ingragan ovoz eshitildi. Yurak-bag’rim qon bo’lib ketdi. Sattorboyni-ku aytmay qo’ya qolay. Shavkatni uchchovlashib jardan olib chiqdik.
Shavkatning momataloq bo’lib ketgan yuziga qarar ekanman, yurak bag’rim ezilib, bir xiyli bo’lib ketdim.
-Keyin-chi, keyin nima bo’ldi?
-Uni Nurota kasalxonasiga olib bordik.
Men beixtiyor uh tortdim.
-Oqibati juda yomon bo’ldi.- dedi otam bir ahvolda.
Men uni tushunib turardim, shuning uchun boshqa savol qotmoqqa botinolmadim.
-Hamma yog’i ilma-teshik bo’lib ketgan edi.- Otam xo’rsindi. Keyin gapida davom qildi.-Eslasam o’zimni qo’yarga joy topolmayman, haliyam Sattorboy sho’rlik quruq savlatini ko’tarib yuribdiyam, Xudoyam sabr-qanoat berib qo’yarkan bundaylarga.
— Voy Xudoyim-ey! Shavkat o’ldimi?
— Ha, – yana uf tortdi otam. O’ldi, juvonmarg ketdi, bola sho’rlik, o’n gulidan bir guli ochilmay o’lib ketdi.-Otam yig’lab yubordi. Mening ham ko’zlarim shaffof suv ichida qalqib qoldi. So’ng marjon yoshlar yuzimni yuvdi.
— Juda qiynalib o’ldi bola sho’rlik. Sattorboy ikkimiz kasalxonada sarg’ayib qoldik. Do’xtirlar zir-zir yugurishadi. Baribir hayotini saqlab qolisha olmadi. Uning xushiga kelishi qiyin bo’ldi. Otasi, onasi bir yo’la so’nib qoldi. Biz uning boshida bir qadam ham jilmay o’tirdik. Nihoyat uchinchi kun deganda, u zo’rg’a ko’zini ochdi.

-Dilbar, Dilbar deya chaqirdi.
Keyin yonida mushtipar onasiga ko’zi tushgach,
-Opajon! – dedi hazin va mungli tovushda.
— Dardingni olay, opang o’rgulsin sendan, shu yerdaman. Yoningdaman – dedi onasi.
-Opa, men o’laman.
-Unday dema, tuzalib ketasan!
Shavkat holdan toyib indamay ko’zini yumdi.

U kun bo’yi alahlab yotdi. Nima deganini tushunib bo’lmaydi. Sattorboy bilan xotini boshlarini quyi egib, uning alahlaganini indamay eshitardi. Shavkat azob ichida ingragan chog’, Sattorboy boshini ikki kafti bilash ushlagan ko’yi unsiz yig’lab olardi. Shavkatning onasi chiday olmay o’rnidan turib, xonaning bu chetidan narigi chetiga borib kela boshladi. U bu dardni ko’tara olmadi. Hushidan ketib, polga yiqildi. Biz Sattorboy ikkimiz suyab turg’izdik uni, hamshiralar boyaqishni boshqa xonaga olib chiqib ketishdi.
Shavkatning alahlashi to’xtamadi. Eti suyagiga yopishib, rangi chunon siniqib ketdi. Nafas olishi battar og’irlashdi. U kimnidir tinmay chaqirardi, tinmay qayg’urardi. Eh, u shunday boshqacha, shuday o’zgardiki, uni tanib bo’lmay qoldik. Hamshiralar uning jarohatiga malham qo’yib, yangi doka bilan o’rab qo’yishdi. Sattorboy ikkimiz mijja qoqqanimiz yo’q.

-Sattorboy, inim, borib jinday damingni ol, uka! Shavkatning oldida men turaman.
— Yo’q,-deydi u.
— Unda biror nima yeb ol.
-Rahmat aka shu topda tomog’imdan hech nima o’tmaydi. –deydi u ko’zlari yoshlanib.
— Bir qultum bo’lsayam, mastavadan ichib ol.
U tag’in boshi bilan yo’q ishorasini qiladi.
Shavkat nuqul ingranadi.
-Ey Xudo! – nola qildi Sattorboy.-O’g’limning dardiga shifo, ojiz taniga quvvat ber. Panohingda asragin Xudojon!
Bir payt Shavkat talvasaga tushib qoldi. Bu o’lim talvasasi edi. Bu gal u onaizorini chaqira boshladi. Biroq sho’r peshonasiga onasi ham bexush yotardi.
Sattorboy u yotgan karavot yoniga cho’kka tushib, o’g’liga termulib o’tirar edi. Hamshiralar onasi hushiga kelganini aytishdi.

Sho’rlik ona o’g’lining yoniga tiz cho’kib, uzoq yig’ladi. U o’g’lini erkalatgan misol, yostig’ini siladi, suydi, o’g’lining tobora sovub borayotgan lablariga qaltiroq qo’llarnini olib borib siladi. Keyin o’sha qaltiroq qo’llari bilan o’g’lini quchdi. Keyin yana uni erkalatib tinmay so’ylandi. YO Rabbim! U aqldan ozgan edi.

-Shavkat-chi u o’ldimi?
— O’ldi, juvonmarg ketdi.

Bir mahal uni tashnalik qiynay boshladi. Sattorboyning bardoshiga qoyil qoldim. Xotini sho’rlik o’g’lining dardiga dosh berolmay aqldan ozdi. Azamat esa o’lim talvasasida. U otasining qulidan qultum suv ichib, jimib qoldi.
Shu bo’yi boshqa nafas olmay qo’ydi. Uning joni uzilgan edi.
Uning o’limi onasiga qattiq ta’sir qildi. Ko’p o’tmay olamdan o’tdi. Sattorboy va opasi Gavhar esa, bir ahvolda yurishdi. Keyin
Xudoyim ularga sabr-toqatdan qo’sh qo’llab uzatdi. Oradan bir yil o’tgach, Sattorboy boshqa otarga o’tib ketdi. Shu-shu bu yerga kelmay qo’ydi. Bu yer unga o’g’lini eslatadi, chamamda.

Otam shu tariqa hikoyasini tugatdi. Uni o’y bosgan, g’amgin va so’lg’in bo’lib qolgandi. U chuqur va og’ir nafas oldi. Buni xo’rsinish desa bo’lar edi.
Tashqarida quyosh lutf bilan tepa ko’tarilgan, uning mayin nurlari derazadan biz tomon mo’ralab, devorda o’z aksini topdi. Qalbim bu g’amgin, kishini mislsiz iztirobga soluvchi hikoyadan larzaga tushgan edi.
G’am nima o’zi? Quvonch-chi? Nega ba’zan bir-birini quvlab o’tadi? Cho’pon bobo qulog’im tagida haliyam mungli qo’shig’ini kuylayotgan edi. Men tashqariga otilib chiqdim. Quyosh tik ko’tarilgan, uning nuri atrofimda javlon urib o’sayotgan bir tup bug’doyiqning ustiga tushib turar, shamol esa uning hidini dimog’imga hovuchlab purkardi. Men giyohdan ko’zimni uzolmay uzoq turib qoldim. Olisda haliyam qo’shiq kuylanayotgandi. Quloq tutaman… Tomirlarimda notanish bir jo’sh kezinmoqda edi. Bu jo’sh chunon vujudimni larzaga soldi-ki, men xuddi bu o’tni to’xtatmoqchiday, pastki labimni qattiq tishladim. Biroq og’riq azobidan aziyat chekkanim qoldi. Atrofda esayotgan tog’ning salqin, ayni paytda huzurbaxsh, shoshqin shamollari olov ichra yonib turgan boshimni sovutib yeldi.

2004 yil, mart.

087

(Tashriflar: umumiy 170, bugungi 1)

Izoh qoldiring