Shahodat Ulug’. Kuzakning so’nggi xo’rsiniqlari

04

   Айнан шу ерда мен, ҳув ўша тўлқинлар сув ҳулул этган ҳарсанг тош устида ўтириб, Ватан ҳақида муттасил ўй сурган эдим. Шу тилсиз тош устида, мисоли тилсиз тош сингари асрий сукутга чўмганим ҳам рост эди. Қирғоқ бўйидаги тилсиз тош устида ўтириб, Мангуберди қиссасини жўшиб битган эдим. Шу харсангтош устида шавкатли Муҳаммад Хоразмшоҳ тилидан ҳеч тугалланмас ҳижрон ва армон қўшиғини ёниб мадҳ этган эдим…

033
Шаҳодат Улуғ
КУЗАКНИНГ СЎНГГИ ХЎРСИНИҚЛАРИ
Ҳикоя
022

022Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китоблари чоп этилган. Сўнгги йилларда Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» роман устида ишлади ва 2014 йилда нашрдан чиққан асар адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинди.

022

Кўкда ёзги жазил нурларини ўзида пинҳон этган кузак қуёши булутлар орасидан шикаста мўралади, қуйида эса ҳайбатли Noord-Holland шамоллари интиҳосиз денгиз саҳроси узра саросар кезинмоқдан ҳеч чарчамади. Бора-бора бу ғулу тўлқинларни яна-да юксалтирмоқ билан якун топди. Эртаси кун пешинга яқин исёнкор шамоллар тинчиб, тўлқинлар сокинлаша борди. Кема поёнсиз денгиз аро чайқалиб борар экан, кўнгил ҳам сувда ивиган нон мисоли тобора юмшаб бораётир эди…

Кўз ўнгимда фақат икки олам нақш бўлди: бунда кўкда булутлари солланган бепоён осмон, қуйида эса тўлқинлари мавжланган, интиҳосиз денгиз мавжуд эди.

Мана, ниҳоят, кузнинг этагида маҳзун чайқалган тўлқинлар сийнаи соҳилида қотган баҳайбат харсанг тошга сув ҳулул этди, ўзим-да бешиктебратар беланчакда муаллақ тебраниб, тўсатдан рўй берган каби қирғоққа қай йўсинда етганимни англамай қолдим.

“Fort bij Vijfhuizen”га яқинлашган чоғимизда ёмғир майин севалаб ўтди. Ўғлим Шамшодбек дўстига ҳолландчада :

— Етиб келдикми, ниҳоят?! — деди.

— Ниҳоят, — деди шериги ҳам мийиғида кулиб.

Соҳил бўйидаги қаҳвахона мижозларга тўлиқ эди. Хушбўй ва қайноқ қаҳвадан сўнг вужудимни илиқлик чулғади. Деразадан ташқарига қараган чоғим Fort bij Vijfhuizen бу гал кўзимга бир бошқача кўринди ва ўзига чорлай бошлади…

Англаганим: мени ҳар гал ўзига чорлаган соҳил бу — Fort bij Vijfhuizen экан. Бу бир ошёнки, пойида мудом тўлқинлари мавжланиб тургувчи.

Ҳар гал мен шу ерда қўним топгач, бироз юриб Vijfhuizen қаҳвахонасига калла суқаман. Қайноқ қаҳва ичгач эса, Buitenhof томон пиёда йўл соламан.

Саждага бош қўйган маҳал инсон қалби нақадар сокин бўлса, мен турган шу замин, айни бу дам жуда осойишта эди. Ана, неча кунлардан буён булутлар ичида хомуш тортган қуёш яна кузакнинг остонасида ийманганча чирой кўрсатиб, синиқ нурларини жўнатди.

Fort bij Vijfhuizen…

Ўшанда остонамизга кириб келган қўшним Мария менга қараб:

— Heb je alles in Vijfhuizen geschreven? Dat is ongelofelijk, Shahodat! — деган эди мисоли онам каби мени қучиб.

Айнан шу ерда мен, гоҳида мунгли, гоҳида толеи кулган қуёшли мавсумларни ўтказдим. Айнан шу ерда мен, ҳув ўша тўлқинлар сув ҳулул этган ҳарсанг тош устида ўтириб, Ватан ҳақида муттасил ўй сурган эдим. Шу тилсиз тош устида, мисоли тилсиз тош сингари асрий сукутга чўмганим ҳам рост эди. Қирғоқ бўйидаги тилсиз тош устида ўтириб, Мангуберди қиссасини жўшиб битган эдим. Шу харсангтош устида шавкатли Муҳаммад Хоразмшоҳ тилидан ҳеч тугалланмас ҳижрон ва армон қўшиғини ёниб мадҳ этган эдим…

Жудодирман мулкимдин,
Руҳ  жудо  бўлур  тандин,
Оташида  ёндим  ман,
Ёнди  рўзи  қиёмат,

Сен, тўлқин, огоҳ бундин,
Қирғоғингдин оғасен,
Дард бўлиб қайғу бўлиб
Кўз ёшларим соғасен…

Биллур сув ёбонида
Дилпорамни келтирдинг,
Қушларнинг қанотида
Садпорамни келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин
Қирғоғингдин оғасен,
Дард бўлиб қайғу бўлиб
Кўз ёшларим соғасен…

Хаёлларим жонланди ва… ва бунда — кўз ўнгимда елкали ва басавлат Хоразмшоҳ хиёл эгилиб, тор черта бошлади. Ёниқ кўзларининг қорачиғида ҳеч аримас мунг қотиб қолганди. Куй ичига сингиб таралаётган ўша кўзларидаги мунг унинг кўнгил оҳи бўлиб, энди бу тилидан самога қараб уча бошлади. Бу ҳазин хониш, бу маҳзун ҳол энди менинг кўнглимда вайронкор кечинмалар қўзғади.

Жигарпорам дилбандим
Ноласини келтирдинг,
Хон Султоним кўз ёшин
Жоласини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин
Қирғоғингдин оғасен,
Дард бўлиб қайғу бўлиб
Кўз ёшларим соғасен…

У чалган куй қайғуга тўлиқ экани рост эди, ноласида эса алам ва ситам мужассам эди. Хоразмшоҳ чолғуга кўнгил қўйиб, оҳисталик билан чертар экан, ундан таралаётган оҳанрабо куй олов тиллари билан сувларни ялаб, сўнг уммон қаърига сингиб борарди.

Ғанимига чидаган
Бардошини келтирдинг,
Мўғулга фарёд қилган
Талошини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин
Қирғоғингдин оғасен,
Дард бўлиб қайғу бўлиб
Кўз ёшларим соғасен…

Бу гал энди кўз ўнгимда Жалолиддин Хоразмшоҳ гавдаланди.

Ватан, Она юрт, Мовароуннаҳр!

Ватан соғинчи ва юрт жамоли шоҳ отаси Муҳаммад Хоразмшоҳ сингари Жалолиддиннинг-да орзуси эди. Жалолиддин шу муқаддас орзу, шу муаззам хаёл билан энтикди. Димоғига мусаффо, муздек эпкин келиб урилди. Бу юрт шамоли — Жайҳун эпкинлари эди. Бу эпкинларга Муҳаммад Хоразмшоҳ чалган уд садолари қўшилиб оқди.

Магар юрак куймас, куй яратилмас!

Инжа жило, зариф оҳанг уни ўзига муттасил тортди. Ўшанда Жалолиддин Жайҳун қайиридан пастга эниб қаради ва ажойиб манзарага кўзи тушди. Тепадан Жайҳун бўйи ва жимирлаган сув қуёшнинг инжа ва зариф нурларида биллур шишаси каби ярақлаб, унинг кўзини қамаштирди. Ана, Она Жайҳун сувлари таралиб-таралиб, мавжланиб-мавжланиб, қирғоқларини майин, биллур тиллари билан силаб, ялаб ўтмоқда. Мана, матлуби унут хотираси боз-қайта ёлқинланаётган Муҳаммад Хоразмшоҳ қирғоқ бўйида ўтирган кўйи чолғуга кўнгил қўйиб, берилиб чалади. Оҳанрабо куй ва ажойиб манзарага сомеъ бўлган Жалолиддин ўйланиб қолди. Шунда жон томирига инжа оҳанг жилоси қуйилиб оқди. Саждага бош қўйган маҳал инсон қалби нақадар сокин бўлса, Хоразмшоҳ турган Жайҳун қайири шу қадар осойишта эди. Ана, жуда олислардан елиб-шошиб келган дилтортар юрт шамоллари шоҳнинг серсоқол юзини силаб ўтмоқда. Мана, пойида сув ҳам куйга ҳамоҳангу жўр бўлиб, тобора мавжланиб, Жайҳун қирғоғини тиллари билан ялаб-сийпаган кўйи оқиб ўтаётир. Ана, неча кунлардан буён хомуш тортган қуёш яна кўкда чирой кўрсатиб, боз-қайта зариф нурларини жўнатди. Олисларда эса бир гала қушлар Хоразмшоҳ томонга учиб келаётир. Шоҳ эса ҳамон мароқ билан куй чалар эди. Ва, эҳтимол, ўзи чалаётган куйнинг оқимида ўзи-да оқар эди. Бунда барчаси уйғун эди: ҳам сув зилол, ҳам само беғубор, ҳам борлиқ — ғоят фусункор. Ва ҳам Жайҳун эпкинларида бир ҳикмат бор. Оҳанрабо куй эса шаксиз бетакрор эди.

* * *

Олисда ит ҳурди ва дафъатан хаёлларим шошқин шамоллар оқимида совурилиб кетди. Ҳув нарида соҳил бўйлаб икки ит бир-бирини қувалаганча чопиб келаётир эди. Итларнинг соҳибаси — нотаниш аёл ёнимда тўхтади, сўнг мен билан саломлашгач, тўлқинларга ишора қилганча:

— Анчадан буён бундай гўзал манзарани кўрмаган эдим, хоним, шу харсанг устида сизни суратга олсам майлими? — дея сўради.

Мийиғимда кулдим, аммо бунда хаёлларим Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди орзуси билан банд эди ва мени Ватан номли шодлик гўшасига етаклар эди…

Fort bij Vijfhuizenда кузакнинг сўнгги хўрсиниқлари бу эди:

Магар юрак куймас, куй яратилмас…

Мен Муҳаммад Хоразмшоҳ тилида ҳамон ҳижрон қўшиғини ёниб куйлар эдим, иситмаси ошган ожиз жисмимни эса Noord-Holland шамоллари елпиб, совутмоқ билан машғул эди.

011

033
Shahodat Ulug’
KUZAKNING SO’NGGI XO’RSINIQLARI
Hikoya
022

Shahodat Ulug’ (Ulug’ova) – 1970 yilda Nurota shahrida tug’ilgan. O’rta maktabni tamomlagach, ToshDU jurnalistika fakul`tetida tahsil olgan. Uning «Qayta tug’ilish» (1997) va «G’animatim» (2004) deb nomlangan nasriy kitoblari chop etilgan. So’nggi yillarda Xorazmshohlar saltanati tarixidan, ulug’ sarkarda Jaloliddin Manguberdining jasoratlarga to’lug’ hayotidan hikoya etuvchi «Jayxun epkinlari» roman ustida ishladi va 2014 yilda nashrdan chiqqan asar adabiyot ixlosmandlari tomonidan iliq qarshi olindi.

022

Ko’kda yozgi jazil nurlarini o’zida pinhon etgan kuzak quyoshi bulutlar orasidan shikasta mo’raladi, quyida esa haybatli Noord-Holland shamollari intihosiz dengiz sahrosi uzra sarosar kezinmoqdan hech charchamadi. Bora-bora bu g’ulu to’lqinlarni yana-da yuksaltirmoq bilan yakun topdi. Ertasi kun peshinga yaqin isyonkor shamollar tinchib, to’lqinlar sokinlasha bordi. Kema poyonsiz dengiz aro chayqalib borar ekan, ko’ngil ham suvda ivigan non misoli tobora yumshab borayotir edi…

Ko’z o’ngimda faqat ikki olam naqsh bo’ldi: bunda ko’kda bulutlari sollangan bepoyon osmon, quyida esa to’lqinlari mavjlangan, intihosiz dengiz mavjud edi.

Mana, nihoyat, kuzning etagida mahzun chayqalgan to’lqinlar siynai sohilida qotgan bahaybat xarsang toshga suv hulul etdi, o’zim-da beshiktebratar belanchakda muallaq tebranib, to’satdan ro’y bergan kabi qirg’oqqa qay yo’sinda yetganimni anglamay qoldim.

“Fort bij Vijfhuizen”ga yaqinlashgan chog’imizda yomg’ir mayin sevalab o’tdi. O’g’lim Shamshodbek do’stiga hollandchada :

— Yetib keldikmi, nihoyat?!-dedi.

— Nihoyat,-dedi sherigi ham miyig’ida kulib.

Sohil bo’yidagi qahvaxona mijozlarga to’liq edi. Xushbo’y va qaynoq qahvadan so’ng vujudimni iliqlik chulg’adi. Derazadan tashqariga qaragan chog’im Fort bij Vijfhuizen bu gal ko’zimga bir boshqacha ko’rindi va o’ziga chorlay boshladi…

Anglaganim: meni har gal o’ziga chorlagan sohil bu — Fort bij Vijfhuizen ekan. Bu bir oshyonki, poyida mudom to’lqinlari mavjlanib turguvchi.

Har gal men shu yerda qo’nim topgach, biroz yurib Vijfhuizen qahvaxonasiga kalla suqaman. Qaynoq qahva ichgach esa, Buitenhof tomon piyoda yo’l solaman.

Sajdaga bosh qo’ygan mahal inson qalbi naqadar sokin bo’lsa, men turgan shu zamin, ayni bu dam juda osoyishta edi. Ana, necha kunlardan buyon bulutlar ichida xomush tortgan quyosh yana kuzakning ostonasida iymangancha chiroy ko’rsatib, siniq nurlarini jo’natdi.

Fort bij Vijfhuizen…

O’shanda ostonamizga kirib kelgan qo’shnim Mariya menga qarab:

— Heb je alles in Vijfhuizen geschreven? Dat is ongelofelijk, Shahodat! — degan edi misoli onam kabi meni quchib.

Aynan shu yerda men, gohida mungli, gohida tolei kulgan quyoshli mavsumlarni o’tkazdim. Aynan shu yerda men, huv o’sha to’lqinlar suv hulul etgan harsang tosh ustida o’tirib, Vatan haqida muttasil o’y surgan edim. Shu tilsiz tosh ustida, misoli tilsiz tosh singari asriy sukutga cho’mganim ham rost edi. Qirg’oq bo’yidagi tilsiz tosh ustida o’tirib, Manguberdi qissasini jo’shib bitgan edim. Shu xarsangtosh ustida shavkatli Muhammad Xorazmshoh tilidan hech tugallanmas hijron va armon qo’shig’ini yonib madh etgan edim…

Judodirman mulkimdin,
Ruh judo bo’lur tandin,
Otashida yondim man,
Yondi ro’zi qiyomat,

Sen, to’lqin, ogoh bundin,
Qirg’og’ingdin og’asen,
Dard bo’lib qayg’u bo’lib
Ko’z yoshlarim sog’asen…

Billur suv yobonida
Dilporamni keltirding,
Qushlarning qanotida
Sadporamni keltirding,

Faqat sen ogoh bundin
Qirg’og’ingdin og’asen,
Dard bo’lib qayg’u bo’lib
Ko’z yoshlarim sog’asen…

Xayollarim jonlandi va… va bunda — ko’z o’ngimda yelkali va basavlat Xorazmshoh xiyol egilib, tor cherta boshladi. Yoniq ko’zlarining qorachig’ida hech arimas mung qotib qolgandi. Kuy ichiga singib taralayotgan o’sha ko’zlaridagi mung uning ko’ngil ohi bo’lib, endi bu tilidan samoga qarab ucha boshladi. Bu hazin xonish, bu mahzun hol endi mening ko’nglimda vayronkor kechinmalar qo’zg’adi.

Jigarporam dilbandim
Nolasini keltirding,
Xon Sultonim ko’z yoshin
Jolasini keltirding,

Faqat sen ogoh bundin
Qirg’og’ingdin og’asen,
Dard bo’lib qayg’u bo’lib
Ko’z yoshlarim sog’asen…

U chalgan kuy qayg’uga to’liq ekani rost edi, nolasida esa alam va sitam mujassam edi. Xorazmshoh cholg’uga ko’ngil qo’yib, ohistalik bilan chertar ekan, undan taralayotgan ohanrabo kuy olov tillari bilan suvlarni yalab, so’ng ummon qa’riga singib borardi.

G’animiga chidagan
Bardoshini keltirding,
Mo’g’ulga faryod qilgan
Taloshini keltirding,

Faqat sen ogoh bundin
Qirg’og’ingdin og’asen,
Dard bo’lib qayg’u bo’lib
Ko’z yoshlarim sog’asen…

Bu gal endi ko’z o’ngimda Jaloliddin Xorazmshoh gavdalandi.

Vatan, Ona yurt, Movarounnahr!

Vatan sog’inchi va yurt jamoli shoh otasi Muhammad Xorazmshoh singari Jaloliddinning-da orzusi edi. Jaloliddin shu muqaddas orzu, shu muazzam xayol bilan entikdi. Dimog’iga musaffo, muzdek epkin kelib urildi. Bu yurt shamoli — Jayhun epkinlari edi. Bu epkinlarga Muhammad Xorazmshoh chalgan ud sadolari qo’shilib oqdi.

Magar yurak kuymas, kuy yaratilmas!

Inja jilo, zarif ohang uni o’ziga muttasil tortdi. O’shanda Jaloliddin Jayhun qayiridan pastga enib qaradi va ajoyib manzaraga ko’zi tushdi. Tepadan Jayhun bo’yi va jimirlagan suv quyoshning inja va zarif nurlarida billur shishasi kabi yaraqlab, uning ko’zini qamashtirdi. Ana, Ona Jayhun suvlari taralib-taralib, mavjlanib-mavjlanib, qirg’oqlarini mayin, billur tillari bilan silab, yalab o’tmoqda. Mana, matlubi unut xotirasi boz-qayta yolqinlanayotgan Muhammad Xorazmshoh qirg’oq bo’yida o’tirgan ko’yi cholg’uga ko’ngil qo’yib, berilib chaladi. Ohanrabo kuy va ajoyib manzaraga some’ bo’lgan Jaloliddin o’ylanib qoldi. Shunda jon tomiriga inja ohang jilosi quyilib oqdi. Sajdaga bosh qo’ygan mahal inson qalbi naqadar sokin bo’lsa, Xorazmshoh turgan Jayhun qayiri shu qadar osoyishta edi. Ana, juda olislardan yelib-shoshib kelgan diltortar yurt shamollari shohning sersoqol yuzini silab o’tmoqda. Mana, poyida suv ham kuyga hamohangu jo’r bo’lib, tobora mavjlanib, Jayhun qirg’og’ini tillari bilan yalab-siypagan ko’yi oqib o’tayotir. Ana, necha kunlardan buyon xomush tortgan quyosh yana ko’kda chiroy ko’rsatib, boz-qayta zarif nurlarini jo’natdi. Olislarda esa bir gala qushlar Xorazmshoh tomonga uchib kelayotir. Shoh esa hamon maroq bilan kuy chalar edi. Va, ehtimol, o’zi chalayotgan kuyning oqimida o’zi-da oqar edi. Bunda barchasi uyg’un edi: ham suv zilol, ham samo beg’ubor, ham borliq — g’oyat fusunkor. Va ham Jayhun epkinlarida bir hikmat bor. Ohanrabo kuy esa shaksiz betakror edi.

* * *

Olisda it hurdi va daf’atan xayollarim shoshqin shamollar oqimida sovurilib ketdi. Huv narida sohil bo’ylab ikki it bir-birini quvalagancha chopib kelayotir edi. Itlarning sohibasi — notanish ayol yonimda to’xtadi, so’ng men bilan salomlashgach, to’lqinlarga ishora qilgancha:

— Anchadan buyon bunday go’zal manzarani ko’rmagan edim, xonim, shu xarsang ustida sizni suratga olsam maylimi? — deya so’radi.

Miyig’imda kuldim, ammo bunda xayollarim Xorazmshoh Jaloliddin Manguberdi orzusi bilan band edi va meni Vatan nomli shodlik go’shasiga yetaklar edi…

Fort bij Vijfhuizenda kuzakning so’nggi xo’rsiniqlari bu edi:

Magar yurak kuymas, kuy yaratilmas…

Men Muhammad Xorazmshoh tilida hamon hijron qo’shig’ini yonib kuylar edim, isitmasi oshgan ojiz jismimni esa Noord-Holland shamollari yelpib, sovutmoq bilan mashg’ul edi.

011

(Tashriflar: umumiy 165, bugungi 1)

Izoh qoldiring