Shahodatbonu Imomnazarova. «Osmon eshigi» kitobidan she’rlar

002    «Хуршид Даврон кутубхонаси» адабиёт мухлислари ўртасида эътибор топиб бораётгани кўпчилик учун сир эмас. Сайтимиз манзилига мамлакатимизнинг деярли ҳамма вилоятларидан кўплаб шеърий ва насрий асарлар келиб тургани буни яна бир марта исботлайди. Шу билан бирга таниқли шоир ва ёзувчиларимиз ёш ижодкорлар асарларини сайтга тавсия қилишлари ҳам одат тусига кириб бормоқда. Яқинда ардоқли шоир Одил Икром икки шоир асарларига эътиборимизни қаратди. Бугун уларнинг бири  — шоира Шаҳодатбону Имомназарова ижодидан намуналар, аниқроғи унинг «Осмон эшиги» шеърий тўпламига кирган шеърлари билан танишасиз.

Шаҳодатбону ИМОМНАЗАРОВА
«ОСМОН ЭШИГИ» ТЎПЛАМИДАН ШЕЪРЛАР
Тўпламни тўлиқ ҳолда қуйида мутолаа қилинг
001

   Шаҳодатбону Имомназарова – 1982 йил, 15-октябрда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги  Собиржон қишлоғида туғилган. «Райҳон нафаси» шеърий тўплам (2006), «Ўлан айтгали келдик» (ҳамкорликда) номли илмий монография ва 100 га яқин илмий-оммабоп мақолалар муаллифи. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим вазифасида фаолият юритади.

001

ВАТАН
032
Ватан ишқи яшар ҳар бир одамда,
Бахт қадрин англайди ҳар бир бахтиёр.
Устозлар айтгандай, ёруғ оламда
Ҳаргиз топилмайди сендек яхши ёр.

Нурсан, атрофингда парвонасимон
Оловга интилган қувончларим жам.
Бағрингда топилар беминнат макон,
Бемаврид тўкилган кўз ёшимга ҳам.

Хоҳ гул фасли бўлсин, хоҳ фасли хазон,
Ўн тўрт кунлик ойдай тўлар ақлу ҳуш.
Кўнглим – ногоҳ етиб келса қаҳратон,
Иссиқ ўлкаларга учмайдиган қуш…

Ҳидоят аҳлисан, энг тўғри йўлсан,
Ҳақ йўлда ҳамроҳим – умидларим бор.
Ҳар тун тушларимда намоён бўлган
Онамнинг паришон нигоҳидай зор.

Ватан ишқи яшар ҳар бир одамда,
Жисмим аро жондай ошкора сирман.
Лабларим шивирлар энг сўнгги дамда:
“Ватан, сендан сенга қайтаётирман…”

ҚАДР

Кибр-у ғуруридан мастлар олдида,
Қадр талаб қилган хаслар олдида,
Тубанлик олдида, пастлар олдида
Эгмагин бошингни…
Увол бўлмасин!

Дардинг англамаса қай ўлик бағир,
Билмаса меҳр не, оқибат надир,
Нола қилма, бағри тошлардан яшир
Қонли кўз ёшингни…
Увол бўлмасин!

Ёруғ дунё ўтар бир кун, англагин,
Дилдан қиргин кийн-у ғараз зангларин,
Кўнглинг уммонида дурдай сақлагин
Сабр-у бардошингни…
Увол бўлмасин!

Тўқлар ортиб қолган ғамингни емас,
Оч кўзингни, очкўз ҳеч “тўйдим” демас,
Нокас-у ношукур, нонкўрга эмас,
Итга бер ошингни…
Увол бўлмасин!

Ҳаққа банда бўлиб яшамоқ учун,
Иймоннинг йўли бор – узундан-узун,
Топшир, нафсинг сени ўлдирмай бурун,
Лаҳадга лошингни…
Увол бўлмасин!

Ҳар лаҳза ғанимат, эй, мотамсаро,
Ёруғлик юзи ҳеч бўлмагай қаро,
Зах босган зулматли кўнгиллар аро
Асра қуёшингни…
Увол бўлмасин!..

* * *

Ишонаман,
Бир кун яшнагай тағин,
Кўнгил боғи ичра топталган чаман.
Тинглаб япроқларнинг ҳазин эртагин,
Новда ўсиб чиқар, мен ишонаман.

Ишонаман,
Ошкор айлагай дунё,
Муродбахш эртаклар бор-у йўқлигин.
Тўғриларнинг тили кесилмас асло,
Қўли кесилади барча ўғрининг.

Ишонаман,
Дилни ваҳима босиб,
Сичқонларнинг ини бўлмас минг танга.
Дўстлар бир-бирини кетмайди сотиб,
Илтифот кўрсатар душман душманга.

Ишонаман,
Пешвоз олгайдир кулиб,
Қадрдонин, барча кўзлари тўртлар.
Юлинар, қондошлик ерида униб,
Тарвақайлаб кетган бегона ўтлар.

Ишонаман,
Иғво, туҳмат тиғидан
Ҳалоллик топмагай озор, (қанийди!).
Ноҳақлар юз бурар ноҳақлигидан,
Ҳақлар бир кун келиб ҳаққин танийди.

Ишонаман,
Гуллаб эзгу тилаклар,
Адолат олови ёнгай қаловсиз.
Қақрамас иймонга ташна юраклар,
Ишқ тарк этган диллар қолмас қаровсиз.

Ишонаман,
(Аммо, тилайман сабр),
Кўнгил кулбасида уйғонар ёдим.
Толеимга нечун ишонмай?
Ахир,
Осмон эшигида турибди оҳим…

ЙЎҚОТГАНЛАРИМ

Бу ерга мен қачон, қаердан келдим,
Йўллар нега тўсар шиддат-шаҳдимни?
Ахир, мен кимларга эътибор бердим,
Кимлар ўғирлади менинг вақтимни?

Ҳамма ўзи билан ўзи овора,
Интизор нигоҳим ненидир излар.
Гоҳ оёқдан,
Гоҳи ноғора чалиб,
Ёнимдан ўтади андишасизлар.

Нопок кўнгилларга зулумот чўкар,
Тун адо бўлса ҳам тонг отмагандай.
Бемалол юрибди иймони йўқлар,
Худди, ҳеч нарсасин йўқотмагандай…

Қай гўрдан излайман меҳрнинг хокин?..
Кунлар – кўнгли ярим,
Тунлар – кўзи тўқ.
Лоқайднинг қалбидай тўрт атроф сокин,
Нега осойиш йўқ?
Нега тинчим йўқ?!

Билолмасман, надир кўнглим матлаби,
Кўнглим бордир, бироқ, кўнгилсиздайман.
Гадодан садақа сўраган каби,
Чорасиз дунёдан чора излайман…

ЭЪЗОЗ

Кўнгиллар озордан кетса ҳам безиб,
Қадр-у қадрдонлик топмагай завол.
Раҳмдил ҳавода саргардон кезиб,
Деворлар дарзини силайди шамол.

“Фосиқлар мақталса арш титрагайдир…”1
Ер титрар – мўминлар фарёд чексалар.
Одамнинг оламдан топгани надир,
Эъзоз тополмаса улуғ, кексалар?

Мунглиғ юракларнинг уфқидай порлар
Йиғидан кўзлари қизарган шафақ.
Не-не золимларни инсофга чорлар,
Мазлум нигоҳлардан балқиб турган Ҳақ.

Дилларни ўртаган сукут ортидан
Чалингай тириклик аталган чолғу.
Ерга таскин бериб, киприги билан
Зулматни супургай саҳархез Ёғду.

Ғанимат дийдор-у заррин жилвалар
Бу ёруғ оламга аталган бари.
Дардини ичига ютган кимсадай
Жим сукут сақлайди қабр тошлари.

Армонга бурканди, тириклик чоғда
Қадрин тополмаган жондан жудолар.
Ғофил юракларни қолдириб доғда
Кўмилиб кетмоқда не-не дуолар…

Сабри бор юракнинг ризқидай бутун
Меҳр яшар осмон тиниқлигида.
Тириклик қадрига етмоқлик учун,
Ерни эъзозлайлик тириклигида…

———————-
1 – Ҳадисга ишора.

* * *

Баъзан, етмас ортиқ сабр-у тоқатим,
Баъзан, кўплик қилар менга кам-у кўст.
Пучагин пучакка ажратолмадим,
Сен ажрат саракка сарагин, эй дўст!

Истасанг, дилимга ташла соялар,
Истасанг, қуёшнинг нурларини тўс.
Бетаъма дўстликка ярамасанг гар,
Лоақал, ёвликка ярагин, эй дўст!

Кеча юрагимда яйрарди ҳислар,
Йўлимга қарарди беғубор бир кўз.
Бугун қайси гўрдан топай мен излаб,
Ёруғ кунларимнинг дарагин, эй дўст?

Кин-ғаразга тўлган кўнглингни бўшат,
Бўғзимда йиғлайди айтилмаган сўз…
Ишонмасанг, ўзинг чанг солган ўшал
Юрагимни ёриб қарагин, эй дўст!..

ЯНГИ ЙИЛ ЎЙЛАРИ

Йиллар ўтаверар…
Ўтар бемалол
Кўпга келган эски тўй билан мотам.
Оловни олқаган зардуштий мисол
Арча атрофида айланар олам.

Ярамни янгилар,
Асрлар бўйи
Бир лаҳза тинмаган одамзод жанги.
Тиғдай ярақлайди тириклик ўйи,
Удумлар янгидир, зуғумлар – янги.

Ортда қолдирамиз тағин бир йилни,
Ҳафсала пир бўлар…
Умид ўлмайди.
Бироқ, ўйинлардан толган кўнгилни
Ўйинчоқлар билан безаб бўлмайди.

Ернинг толеидан фол очар фалак,
Оёқлар остида эзилгай қорлар.
Янгориш фаслидан келтирар дарак,
Қишнинг томирида кезган баҳорлар.

Ботгувчи қуёш ҳам кетмагай йироқ,
Янги Кун борлиги – ҳеч кимга сирмас.
Омонат қасрлар эскиргай, бироқ,
Асрлар эскирмас,
Йиллар эскирмас!..

Армонлар бағрини айлаганда чок,
Гоҳ орзу кулбасин ёритолмас шам.
Ғанимат лаҳзалар кифти узра пок
Меҳринг қадимийдир, эй, онагинам!..

МОДЕРН

Лаҳзалик гулханлар кўтаргай бошин,
Қадим ёғдуларни менсимас замон.
Ночор умид каби шуъласи ҳорғин
Шамлар замонавий бўлмас ҳеч қачон.

Бир саволга бўлдик мангу мубтало:
Қайдан келган эдик, кетармиз қаён?..
Ҳар он яралса ҳам, киприклар аро
Намлар замонавий бўлмас ҳеч қачон.

Сувратлар нечоғлик бўлмасин гўзал,
Бир куни сийратлар бўлгуси аён.
Қалбни ёдимизга келтирган ўшал
Дамлар замонавий бўлмас ҳеч қачон.

Покликка муштини дўлайтиргувчи
Ёмонлик қилиғи ортмоқда ҳамон.
Дунёда дардларни кўпайтиргувчи
Камлар замонавий бўлмас ҳеч қачон.

Қай йўлда юрмасин, бир кун қайтаркан
Яшиллик юртини тарк этган хазон…
Зор кўнгил вароғи янглиғ сарғайган
Ғамлар замонавий бўлмас ҳеч қачон.

* * *

Изтироб оқади дарёда,
Хаёллар оқади унга зид.
Армонга айланган дунёда
Дунёдан юз бурар Бир Умид.

Нигоҳим музлади юзингда,
Туйғулар бўлганда хомталош.
Ўзлиги қолмаган ўзингда
Бир меҳр истайди Ёлғиз Бош.

Зорларим чиқолмай бўғзимдан,
Видони айтолмай инграйди.
Кетаман, осмонлар изимдан
Айрилиқ куйларин тинглайди…

Тикланар муҳаббат дорлари,
Кўнглимни кўтарар эгик бош.
Титрагай гуноҳкор жон каби
Киприкка осилган Қатра Ёш.

* * *
Бўғзимни аламлар қамраган,
Сўзларинг куйдирар кўксимни.
Худога хуш ёққан бандаман…
Армонга тўлдирар кўнглимни.

Сукутдан яралган фиғонсан,
Кўз ёши нигоҳни тиғлайди.
Тонггача тонгларга ишонган
Бўш бешик ўртада йиғлайди…

БУГУН

Ёришгувчи кунлар сўнгида
Қолармикан бирор ёруғ юз?
Бутун олам кўзи ўнгида
Жиноят бор, ҳазо йўқ ҳануз.

Осмон дардин этолмас изҳор,
Ер бағрини қоплаганда муз.
Шайтон туққан хатолар бисёр,
Одам билан Ҳаво йўқ ҳануз.

Адл-у инсоф ёрдамга зордир,
Рост-у рўё бўлгач нон-у туз.
Узун-қисқа норвонлар бордир,
Юксалгувчи само йўқ ҳануз.

Уй бекига айланди мардлар,
Эрлик даъво қилгай ҳар даюс.
Сочин юлиб дод солар дардлар,
Жароҳатга даво йўқ ҳануз.

Кўнгил мулки ичра беқарор
Алжираган ақллар – ёвуз.
“Аллома”лар турибди қатор,
Бирор дарвеш, даҳо йўқ ҳануз.

Худди, замон бўлгандек охир,
Диллар озор топганда маъюс.
Қиёматлар бўлмоқда содир,
Исрофилдан садо йўқ ҳануз…

* * *

Тентирайман паришон, ҳазин,
Юрагимга сиғмас ҳисларим.
Рўёларнинг титкилаб қаърин,
Ранг изладим, оҳанг изладим.

Кўнгилсизлик ғамидан бездим,
Оҳ, кўнглимдай кўнгил қайда бор?..
Ёрсиз қалблар юртида кездим…
Ҳувиллайди бўм-бўш одамзор.

* * *

Ўксима, кўнглим-а, хокисор кўнглим…
Орзулар армонга кетса қоришиб.
Қўрқинчли тушларга айланса ўнгим,
Умидбахш тонгларим келар ёришиб.

Ўксима, кўнглим-а, хокисор кўнглим…
Юз буриб кетганда дўстлар бирма-бир.
Алдоқчи қисматнинг макрига кўндим,
Армонларим узун, қўлим қисқадир.

Ўксима, кўнглим-а, хокисор кўнглим…
Қузғундай чарх урса бошимда хатар.
Мен сени сўнгги бор келганда кўргим,
Паймонам тўлса ҳам, тўлмасанг агар…

Ўксима…

ОСИЙ БАНДА

Тўрт кунлик бу шодлик, ғурбатдан,
Ногаҳоний келган кулфатдан,
Маломатдан, қуруқ туҳматдан,
Токи жонинг бор экан танда,
Огоҳ бўлгин, эй осий банда!

Гоҳ умидсан, гоҳи армонсан,
Гоҳ ҳурдирсан, гоҳи шайтонсан,
Тупроқ аро ийланган жонсан…
Токи жонинг бор экан танда,
Огоҳ бўлгин, эй осий банда!

Ёр ишқидан ёлғиз ёдгорсан,
Меҳрибонсан, меҳрга зорсан,
То ўткинчи дунёда борсан,
Токи жонинг бор экан танда,
Огоҳ бўлгин, эй осий банда!..

СЕНДАН ЎЗГА КИМИМ БОР?

Соғинчим бор беадад,
На тоқат, на тиним бор.
Эй, суюкли ёрим, айт,
Сендан ўзга кимим бор?

Тополмайди бирор мард,
Ҳаққа ошкор сирим бор.
Эй, қалбимда пинҳон дард,
Сендан ўзга кимим бор?

Кимсасиз бул даҳр аро
Армон тўлган дилим бор.
Эй, хок, олов, сув, ҳаво,
Сиздан ўзга кимим бор?

Осмоним бор оғамдай,
Орзуларим – иним бор.
Эй, ишқ, ёруғ оламда,
Сендан ўзга кимим бор?

Жисм-у жондан мосуво,
Ёлғиз Бор-у Бирим бор.
Қўллаб тургин, эй Худо,
Сендан ўзга кимим бор?..

* * *

Жон – ҳоким азалдан охирга қадар,
Ночор вужуд руҳга беролмайди зеб…
Момом айтган эди менга қай сафар,
Инсон етти марта туғилгайдир деб.

Балки, ўтган умрим ибтидосида
Руҳимни вужуддай қамраган тупроқ.
Боғ-у биёбонлар ичра гоҳида
Бўлгандирман осмон меҳрига муштоқ.

Эҳтимол, мен майса бўлганман бурун,
Ёғдусин кафтида тутгандир қуёш.
Еллар куй чалган чоғ узундан-узун,
Гоҳ шодон, гоҳ маҳзун силкитганман бош.

Гоҳ жайрон жисмига ришта-ю жоним,
Айлаганман ўрмон, тоғларни макон.
Эҳтимол, қонимга ташна-ю золим
Одамзод қаҳридан сақлаганман жон…

Эй, қисмат, мақоминг гоҳ паст, гоҳ баланд,
Гоҳида озорсан, гоҳида таскин.
Туғилган бўлсам-да етти бор, гарчанд,
Менга бер бир марта ўлмоқлик бахтин.

* * *

Қувлаб ўтаётир кунлар бир-бирин,
Англагим келади ҳақиқат сирин.
Ҳақ, ноҳақлик ичра, гоҳ аччиқ-ширин
Лаҳзалар дунёга қайтиб келмайди.

Бир сўздан гоҳ қувнаб, кўкка учганман,
Гоҳ ғаним қазиган чоҳга тушганман.
Ихлосим қайтса ҳам дўст-у душмандан,
Ғалвалар дунёга қайтиб келмайди.

Кунларим қуёшдан олгайдир сабоқ,
Ой тўлган тунлардай тоқатларим тоқ,
Умрим дафтаридан йиритилган вароқ, —
Саҳфалар дунёга қайтиб келмайди.

Ҳақнинг даргоҳидир ҳар недан боқий,
Мансур шаробидан қуй менга, соқий,
Ишқ гуноҳ бўлса гар, мен каби осий
Бандалар дунёга қайтиб келмайди.

УМИД

Шамол эсар…
Ёришмайди лол
Қотиб қолган олам шуури.
Қаро тунлар бағрида беҳол
Милтирайди шамчироқ нури.

Юракларнинг тийра қаърида
Гангиб кезар эски аламлар.
Ишқнинг ёрсиз йўлакларидан
Узилади сўнгги қадамлар.

Таскин излар илинж ғўлдираб,
Қалбга қўрқув солганда соя.
Ёлғиз диллар мудраб, мўлтираб,
Азозилдан тинглар ҳикоя.

Ўтар тўп-тўп тудалар қатор,
Бир тирик жон кўринмас кўзга.
Қолмагайдир Ёрдан бошқа ёр,
Ҳеч ким қолмас Худодан ўзга.

Тунни азоб-уқубат билан
Тонгга улар хира ёғдулар.
Киприкларнинг нурсиз қатидан
Ўсиб чиқар синиқ орзулар.

Қуюқ зулмат соясидаги
Бир зор нигоҳ боқар мулойим:
“Ҳовучимнинг орасидаги
Ишқдан жудо қилма, Худойим!”

Шамол эсар…
Еллар сасига
Жўр бўлади олам сурури.
Кўнгил уйин даричасида
Қалтирайди шамчироқ нури…

ЁЛҒИЗЛИК

Ёлғиз юраклардан ҳаргиз кетмайди,
Ой сочин тараган замҳарир тунлар.
Баъзан, ўз қадрига ўзи етмайди,
Қуёшни жим туриб кузатган кунлар.

Армон ўз юкини ўзи судрайди,
Бугуннинг ҳолидан бехабар – эрта.
Ғофиллар жам бўлиб сокин мудрайди,
Азиз-анбиёлар яшаган ерда.

Ишонмас тақдирнинг очган фолига,
Қалблар бир-биридан бўлганда жудо.
Ғарқ бўлиб ётибди ўз хаёлига
Узлатни ихтиёр айлаган Дунё.

Уйғонар, хатарни айлагандек ҳис,
Менга ҳамроҳ бўлган хавотирларим.
Нафс-у жаҳолатнинг мулкида ёлғиз
Қолиб кетди не-не асотирларим…

Ташлаб кетолмайман, хўрсиниб у ҳам
Даричам ортидан кетмайди нари:
Ёдимни титкилар ёлғиз, ложарам,
Ой сочин тараган ялдо тунлари…

КУЗГИ ГУЛЛАР

Кузги гуллар – умид чўғидай беҳол,
Хазонли боғ аро жилмаяр ҳазин.
Ҳасрат оловидан ўртанган шамол
Мудроқ япроқларга сўйлар эртагин.

Кузги гуллар – ҳушдан айрилган жунун,
Кўнгилга боқади кўзларим юмиб.
Тақир саҳроларда кезар кеча-кун,
Баҳорнинг ҳажрини кўксига тугиб.

Кузги гуллар – бевақт гуллаган фарёд,
Атри осмон қадар кетар улғайиб.
Қадрини қўмсайди, ахтарар нажот,
Она дарахтларга боқар муғайиб.

Кузги гуллар – менинг чиқмаган жоним,
Умид қучоғида унган карахтлик.
Бунча ўксинма, эй, рангпар армоним,
Сенга насиб қилар бир кун дарахтлик…

* * *

Бир дунё бор – менинг ингроғимга ёр,
Жисмимни жонимга айлагувчи тор,
Осойиш ахтариб, топаркан озор,
Қадрин тополмаган хўрликлар…

Бу олам дардлари бунча майдадир?
Кўнгил ўзлигидан тонар қайдадир,
Токи бор – кўнгли кўр, кўзлари басир,
Қалбин тополмаган шўрликлар…

Ўткинчи мол-дунё ортидан чопар,
Меҳр-у оқибатнинг дарчасин ёпар,
Зулматдан ахтариб бир-бирин топар,
Қабрин тополмаган ўликлар…

* * *

Қондош бағирларнинг кўлмаги ичра
Сузган сувилонлар боғлади йўлим.
То ҳануз дардимни ютаман ичга,
То ҳануз зирқираб оғрийди кўнглим.

Макрин пеш қилганда ҳар дўст, ҳар ғаним,
Маломатлар кўмди аввал-сўнгимни.
Кимларгадир ҳамон бўшатолмадим,
Заққум зардобларга тўлган кўнглимни.

Адоват сақламай, сукут сақлардим,
Кечдим кўнгилсизлик, кўрлик баҳридан.
Ноҳақлик қаъридан Ҳақни ахтардим,
Аҳиллик ахтардим кўнгил аҳлидан.

Жонимга ёвлашган балога ҳануз
Малол келгай мўъжаз мақсад-муродим.
Ғаразлар аёзи ичра қотди муз,
Менинг содда кўнглим – сағир гуноҳим.

Оғзин очиб турган очиқ мозордай
Озорлар кўмолмас ҳаргиз оҳимни.
Ҳақдан ўзгасига бўшатмай, ёрмай,
Кўтараман кўнглим – ўз гуноҳимни…

002   «Xurshid Davron kutubxonasi» adabiyot muxlislari o’rtasida e’tibor topib borayotgani ko’pchilik uchun sir emas. Saytimiz manziliga mamlakatimizning deyarli hamma viloyatlaridan ko’plab she’riy va nasriy asarlar kelib turgani buni yana bir marta isbotlaydi. Shu bilan birga taniqli shoir va yozuvchilarimiz yosh ijodkorlar asarlarini saytga tavsiya qilishlari ham odat tusiga kirib bormoqda. Yaqinda ardoqli shoir Odil Ikrom ikki shoir asarlariga e’tiborimizni qaratdi. Bugun ularning biri shoira  Shahodatbonu Imomnazarova ijodidan namunalar, aniqrog’i uning «Osmon eshigi» she’riy to’plamiga kirgan she’rlari bilan tanishasiz.

Shahodatbonu IMOMNAZAROVA
«OSMON ESHIGI» TO’PLAMIDAN SHE’RLAR
To’plamni to’liq holda quyida mutolaa qiling
001

Shahodatbonu Imomnazarova – 1982 yil, 15-oktyabrda Farg’ona viloyatining Uchko’prik tumanidagi Sobirjon qishlog’ida tug’ilgan. «Rayhon nafasi» she’riy to’plam (2006), «O’lan aytgali keldik» (hamkorlikda) nomli ilmiy monografiya va 100 ga yaqin ilmiy-ommabop maqolalar muallifi. Ayni paytda O’zbekiston Respublikasi Fanlar Akademiyasi Til va adabiyot institutida ilmiy xodim vazifasida faoliyat yuritadi.

001

VATAN
032
Vatan ishqi yashar har bir odamda,
Baxt qadrin anglaydi har bir baxtiyor.
Ustozlar aytganday, yorug’ olamda
Hargiz topilmaydi sendek yaxshi yor.

Nursan, atrofingda parvonasimon
Olovga intilgan quvonchlarim jam.
Bag’ringda topilar beminnat makon,
Bemavrid to’kilgan ko’z yoshimga ham.

Xoh gul fasli bo’lsin, xoh fasli xazon,
O’n to’rt kunlik oyday to’lar aqlu hush.
Ko’nglim – nogoh yetib kelsa qahraton,
Issiq o’lkalarga uchmaydigan qush…

Hidoyat ahlisan, eng to’g’ri yo’lsan,
Haq yo’lda hamrohim – umidlarim bor.
Har tun tushlarimda namoyon bo’lgan
Onamning parishon nigohiday zor.

Vatan ishqi yashar har bir odamda,
Jismim aro jonday oshkora sirman.
Lablarim shivirlar eng so’nggi damda:
“Vatan, sendan senga qaytayotirman…”

QADR

Kibr-u g’ururidan mastlar oldida,
Qadr talab qilgan xaslar oldida,
Tubanlik oldida, pastlar oldida
Egmagin boshingni…
Uvol bo’lmasin!

Darding anglamasa qay o’lik bag’ir,
Bilmasa mehr ne, oqibat nadir,
Nola qilma, bag’ri toshlardan yashir
Qonli ko’z yoshingni…
Uvol bo’lmasin!

Yorug’ dunyo o’tar bir kun, anglagin,
Dildan qirgin kiyn-u g’araz zanglarin,
Ko’ngling ummonida durday saqlagin
Sabr-u bardoshingni…
Uvol bo’lmasin!

To’qlar ortib qolgan g’amingni yemas,
Och ko’zingni, ochko’z hech “to’ydim” demas,
Nokas-u noshukur, nonko’rga emas,
Itga ber oshingni…
Uvol bo’lmasin!

Haqqa banda bo’lib yashamoq uchun,
Iymonning yo’li bor – uzundan-uzun,
Topshir, nafsing seni o’ldirmay burun,
Lahadga loshingni…
Uvol bo’lmasin!

Har lahza g’animat, ey, motamsaro,
Yorug’lik yuzi hech bo’lmagay qaro,
Zax bosgan zulmatli ko’ngillar aro
Asra quyoshingni…
Uvol bo’lmasin!..

* * *

Ishonaman,
Bir kun yashnagay tag’in,
Ko’ngil bog’i ichra toptalgan chaman.
Tinglab yaproqlarning hazin ertagin,
Novda o’sib chiqar, men ishonaman.

Ishonaman,
Oshkor aylagay dunyo,
Murodbaxsh ertaklar bor-u yo’qligin.
To’g’rilarning tili kesilmas aslo,
Qo’li kesiladi barcha o’g’rining.

Ishonaman,
Dilni vahima bosib,
Sichqonlarning ini bo’lmas ming tanga.
Do’stlar bir-birini ketmaydi sotib,
Iltifot ko’rsatar dushman dushmanga.

Ishonaman,
Peshvoz olgaydir kulib,
Qadrdonin, barcha ko’zlari to’rtlar.
Yulinar, qondoshlik yerida unib,
Tarvaqaylab ketgan begona o’tlar.

Ishonaman,
Ig’vo, tuhmat tig’idan
Halollik topmagay ozor, (qaniydi!).
Nohaqlar yuz burar nohaqligidan,
Haqlar bir kun kelib haqqin taniydi.

Ishonaman,
Gullab ezgu tilaklar,
Adolat olovi yongay qalovsiz.
Qaqramas iymonga tashna yuraklar,
Ishq tark etgan dillar qolmas qarovsiz.

Ishonaman,
(Ammo, tilayman sabr),
Ko’ngil kulbasida uyg’onar yodim.
Toleimga nechun ishonmay?
Axir,
Osmon eshigida turibdi ohim…

YO’QOTGANLARIM

Bu yerga men qachon, qaerdan keldim,
Yo’llar nega to’sar shiddat-shahdimni?
Axir, men kimlarga e’tibor berdim,
Kimlar o’g’irladi mening vaqtimni?

Hamma o’zi bilan o’zi ovora,
Intizor nigohim nenidir izlar.
Goh oyoqdan,
Gohi nog’ora chalib,
Yonimdan o’tadi andishasizlar.

Nopok ko’ngillarga zulumot cho’kar,
Tun ado bo’lsa ham tong otmaganday.
Bemalol yuribdi iymoni yo’qlar,
Xuddi, hech narsasin yo’qotmaganday…

Qay go’rdan izlayman mehrning xokin?..
Kunlar – ko’ngli yarim,
Tunlar – ko’zi to’q.
Loqaydning qalbiday to’rt atrof sokin,
Nega osoyish yo’q?
Nega tinchim yo’q?!

Bilolmasman, nadir ko’nglim matlabi,
Ko’nglim bordir, biroq, ko’ngilsizdayman.
Gadodan sadaqa so’ragan kabi,
Chorasiz dunyodan chora izlayman…

E’ZOZ

Ko’ngillar ozordan ketsa ham bezib,
Qadr-u qadrdonlik topmagay zavol.
Rahmdil havoda sargardon kezib,
Devorlar darzini silaydi shamol.

“Fosiqlar maqtalsa arsh titragaydir…”1
Yer titrar – mo’minlar faryod cheksalar.
Odamning olamdan topgani nadir,
E’zoz topolmasa ulug’, keksalar?

Munglig’ yuraklarning ufqiday porlar
Yig’idan ko’zlari qizargan shafaq.
Ne-ne zolimlarni insofga chorlar,
Mazlum nigohlardan balqib turgan Haq.

Dillarni o’rtagan sukut ortidan
Chalingay tiriklik atalgan cholg’u.
Yerga taskin berib, kiprigi bilan
Zulmatni supurgay saharxez Yog’du.

G’animat diydor-u zarrin jilvalar
Bu yorug’ olamga atalgan bari.
Dardini ichiga yutgan kimsaday
Jim sukut saqlaydi qabr toshlari.

Armonga burkandi, tiriklik chog’da
Qadrin topolmagan jondan judolar.
G’ofil yuraklarni qoldirib dog’da
Ko’milib ketmoqda ne-ne duolar…

Sabri bor yurakning rizqiday butun
Mehr yashar osmon tiniqligida.
Tiriklik qadriga yetmoqlik uchun,
Yerni e’zozlaylik tirikligida…

———————-
1 – Hadisga ishora.

* * *

Ba’zan, yetmas ortiq sabr-u toqatim,
Ba’zan, ko’plik qilar menga kam-u ko’st.
Puchagin puchakka ajratolmadim,
Sen ajrat sarakka saragin, ey do’st!

Istasang, dilimga tashla soyalar,
Istasang, quyoshning nurlarini to’s.
Beta’ma do’stlikka yaramasang gar,
Loaqal, yovlikka yaragin, ey do’st!

Kecha yuragimda yayrardi hislar,
Yo’limga qarardi beg’ubor bir ko’z.
Bugun qaysi go’rdan topay men izlab,
Yorug’ kunlarimning daragin, ey do’st?

Kin-g’arazga to’lgan ko’nglingni bo’shat,
Bo’g’zimda yig’laydi aytilmagan so’z…
Ishonmasang, o’zing chang solgan o’shal
Yuragimni yorib qaragin, ey do’st!..

YANGI YIL O’YLARI

Yillar o’taverar…
O’tar bemalol
Ko’pga kelgan eski to’y bilan motam.
Olovni olqagan zardushtiy misol
Archa atrofida aylanar olam.

Yaramni yangilar,
Asrlar bo’yi
Bir lahza tinmagan odamzod jangi.
Tig’day yaraqlaydi tiriklik o’yi,
Udumlar yangidir, zug’umlar – yangi.

Ortda qoldiramiz tag’in bir yilni,
Hafsala pir bo’lar…
Umid o’lmaydi.
Biroq, o’yinlardan tolgan ko’ngilni
O’yinchoqlar bilan bezab bo’lmaydi.

Yerning toleidan fol ochar falak,
Oyoqlar ostida ezilgay qorlar.
Yangorish faslidan keltirar darak,
Qishning tomirida kezgan bahorlar.

Botguvchi quyosh ham ketmagay yiroq,
Yangi Kun borligi – hech kimga sirmas.
Omonat qasrlar eskirgay, biroq,
Asrlar eskirmas,
Yillar eskirmas!..

Armonlar bag’rini aylaganda chok,
Goh orzu kulbasin yoritolmas sham.
G’animat lahzalar kifti uzra pok
Mehring qadimiydir, ey, onaginam!..

MODERN

Lahzalik gulxanlar ko’targay boshin,
Qadim yog’dularni mensimas zamon.
Nochor umid kabi shu’lasi horg’in
Shamlar zamonaviy bo’lmas hech qachon.

Bir savolga bo’ldik mangu mubtalo:
Qaydan kelgan edik, ketarmiz qayon?..
Har on yaralsa ham, kipriklar aro
Namlar zamonaviy bo’lmas hech qachon.

Suvratlar nechog’lik bo’lmasin go’zal,
Bir kuni siyratlar bo’lgusi ayon.
Qalbni yodimizga keltirgan o’shal
Damlar zamonaviy bo’lmas hech qachon.

Poklikka mushtini do’laytirguvchi
Yomonlik qilig’i ortmoqda hamon.
Dunyoda dardlarni ko’paytirguvchi
Kamlar zamonaviy bo’lmas hech qachon.

Qay yo’lda yurmasin, bir kun qaytarkan
Yashillik yurtini tark etgan xazon…
Zor ko’ngil varog’i yanglig’ sarg’aygan
G’amlar zamonaviy bo’lmas hech qachon.

* * *

Iztirob oqadi daryoda,
Xayollar oqadi unga zid.
Armonga aylangan dunyoda
Dunyodan yuz burar Bir Umid.

Nigohim muzladi yuzingda,
Tuyg’ular bo’lganda xomtalosh.
O’zligi qolmagan o’zingda
Bir mehr istaydi Yolg’iz Bosh.

Zorlarim chiqolmay bo’g’zimdan,
Vidoni aytolmay ingraydi.
Ketaman, osmonlar izimdan
Ayriliq kuylarin tinglaydi…

Tiklanar muhabbat dorlari,
Ko’nglimni ko’tarar egik bosh.
Titragay gunohkor jon kabi
Kiprikka osilgan Qatra Yosh.

* * *
Bo’g’zimni alamlar qamragan,
So’zlaring kuydirar ko’ksimni.
Xudoga xush yoqqan bandaman…
Armonga to’ldirar ko’nglimni.

Sukutdan yaralgan fig’onsan,
Ko’z yoshi nigohni tig’laydi.
Tonggacha tonglarga ishongan
Bo’sh beshik o’rtada yig’laydi…

BUGUN

Yorishguvchi kunlar so’ngida
Qolarmikan biror yorug’ yuz?
Butun olam ko’zi o’ngida
Jinoyat bor, hazo yo’q hanuz.

Osmon dardin etolmas izhor,
Yer bag’rini qoplaganda muz.
Shayton tuqqan xatolar bisyor,
Odam bilan Havo yo’q hanuz.

Adl-u insof yordamga zordir,
Rost-u ro’yo bo’lgach non-u tuz.
Uzun-qisqa norvonlar bordir,
Yuksalguvchi samo yo’q hanuz.

Uy bekiga aylandi mardlar,
Erlik da’vo qilgay har dayus.
Sochin yulib dod solar dardlar,
Jarohatga davo yo’q hanuz.

Ko’ngil mulki ichra beqaror
Aljiragan aqllar – yovuz.
“Alloma”lar turibdi qator,
Biror darvesh, daho yo’q hanuz.

Xuddi, zamon bo’lgandek oxir,
Dillar ozor topganda ma’yus.
Qiyomatlar bo’lmoqda sodir,
Isrofildan sado yo’q hanuz…

* * *

Tentirayman parishon, hazin,
Yuragimga sig’mas hislarim.
Ro’yolarning titkilab qa’rin,
Rang izladim, ohang izladim.

Ko’ngilsizlik g’amidan bezdim,
Oh, ko’nglimday ko’ngil qayda bor?..
Yorsiz qalblar yurtida kezdim…
Huvillaydi bo’m-bo’sh odamzor.

* * *

O’ksima, ko’nglim-a, xokisor ko’nglim…
Orzular armonga ketsa qorishib.
Qo’rqinchli tushlarga aylansa o’ngim,
Umidbaxsh tonglarim kelar yorishib.

O’ksima, ko’nglim-a, xokisor ko’nglim…
Yuz burib ketganda do’stlar birma-bir.
Aldoqchi qismatning makriga ko’ndim,
Armonlarim uzun, qo’lim qisqadir.

O’ksima, ko’nglim-a, xokisor ko’nglim…
Quzg’unday charx ursa boshimda xatar.
Men seni so’nggi bor kelganda ko’rgim,
Paymonam to’lsa ham, to’lmasang agar…

O’ksima…

OSIY BANDA

To’rt kunlik bu shodlik, g’urbatdan,
Nogahoniy kelgan kulfatdan,
Malomatdan, quruq tuhmatdan,
Toki joning bor ekan tanda,
Ogoh bo’lgin, ey osiy banda!

Goh umidsan, gohi armonsan,
Goh hurdirsan, gohi shaytonsan,
Tuproq aro iylangan jonsan…
Toki joning bor ekan tanda,
Ogoh bo’lgin, ey osiy banda!

Yor ishqidan yolg’iz yodgorsan,
Mehribonsan, mehrga zorsan,
To o’tkinchi dunyoda borsan,
Toki joning bor ekan tanda,
Ogoh bo’lgin, ey osiy banda!..

SENDAN O’ZGA KIMIM BOR?

Sog’inchim bor beadad,
Na toqat, na tinim bor.
Ey, suyukli yorim, ayt,
Sendan o’zga kimim bor?

Topolmaydi biror mard,
Haqqa oshkor sirim bor.
Ey, qalbimda pinhon dard,
Sendan o’zga kimim bor?

Kimsasiz bul dahr aro
Armon to’lgan dilim bor.
Ey, xok, olov, suv, havo,
Sizdan o’zga kimim bor?

Osmonim bor og’amday,
Orzularim – inim bor.
Ey, ishq, yorug’ olamda,
Sendan o’zga kimim bor?

Jism-u jondan mosuvo,
Yolg’iz Bor-u Birim bor.
Qo’llab turgin, ey Xudo,
Sendan o’zga kimim bor?..

* * *

Jon – hokim azaldan oxirga qadar,
Nochor vujud ruhga berolmaydi zeb…
Momom aytgan edi menga qay safar,
Inson yetti marta tug’ilgaydir deb.

Balki, o’tgan umrim ibtidosida
Ruhimni vujudday qamragan tuproq.
Bog’-u biyobonlar ichra gohida
Bo’lgandirman osmon mehriga mushtoq.

Ehtimol, men maysa bo’lganman burun,
Yog’dusin kaftida tutgandir quyosh.
Yellar kuy chalgan chog’ uzundan-uzun,
Goh shodon, goh mahzun silkitganman bosh.

Goh jayron jismiga rishta-yu jonim,
Aylaganman o’rmon, tog’larni makon.
Ehtimol, qonimga tashna-yu zolim
Odamzod qahridan saqlaganman jon…

Ey, qismat, maqoming goh past, goh baland,
Gohida ozorsan, gohida taskin.
Tug’ilgan bo’lsam-da yetti bor, garchand,
Menga ber bir marta o’lmoqlik baxtin.

* * *

Quvlab o’tayotir kunlar bir-birin,
Anglagim keladi haqiqat sirin.
Haq, nohaqlik ichra, goh achchiq-shirin
Lahzalar dunyoga qaytib kelmaydi.

Bir so’zdan goh quvnab, ko’kka uchganman,
Goh g’anim qazigan chohga tushganman.
Ixlosim qaytsa ham do’st-u dushmandan,
G’alvalar dunyoga qaytib kelmaydi.

Kunlarim quyoshdan olgaydir saboq,
Oy to’lgan tunlarday toqatlarim toq,
Umrim daftaridan yiritilgan varoq, —
Sahfalar dunyoga qaytib kelmaydi.

Haqning dargohidir har nedan boqiy,
Mansur sharobidan quy menga, soqiy,
Ishq gunoh bo’lsa gar, men kabi osiy
Bandalar dunyoga qaytib kelmaydi.

UMID

Shamol esar…
Yorishmaydi lol
Qotib qolgan olam shuuri.
Qaro tunlar bag’rida behol
Miltiraydi shamchiroq nuri.

Yuraklarning tiyra qa’rida
Gangib kezar eski alamlar.
Ishqning yorsiz yo’laklaridan
Uziladi so’nggi qadamlar.

Taskin izlar ilinj g’o’ldirab,
Qalbga qo’rquv solganda soya.
Yolg’iz dillar mudrab, mo’ltirab,
Azozildan tinglar hikoya.

O’tar to’p-to’p tudalar qator,
Bir tirik jon ko’rinmas ko’zga.
Qolmagaydir Yordan boshqa yor,
Hech kim qolmas Xudodan o’zga.

Tunni azob-uqubat bilan
Tongga ular xira yog’dular.
Kipriklarning nursiz qatidan
O’sib chiqar siniq orzular.

Quyuq zulmat soyasidagi
Bir zor nigoh boqar muloyim:
“Hovuchimning orasidagi
Ishqdan judo qilma, Xudoyim!”

Shamol esar…
Yellar sasiga
Jo’r bo’ladi olam sururi.
Ko’ngil uyin darichasida
Qaltiraydi shamchiroq nuri…

YOLG’IZLIK

Yolg’iz yuraklardan hargiz ketmaydi,
Oy sochin taragan zamharir tunlar.
Ba’zan, o’z qadriga o’zi yetmaydi,
Quyoshni jim turib kuzatgan kunlar.

Armon o’z yukini o’zi sudraydi,
Bugunning holidan bexabar – erta.
G’ofillar jam bo’lib sokin mudraydi,
Aziz-anbiyolar yashagan yerda.

Ishonmas taqdirning ochgan foliga,
Qalblar bir-biridan bo’lganda judo.
G’arq bo’lib yotibdi o’z xayoliga
Uzlatni ixtiyor aylagan Dunyo.

Uyg’onar, xatarni aylagandek his,
Menga hamroh bo’lgan xavotirlarim.
Nafs-u jaholatning mulkida yolg’iz
Qolib ketdi ne-ne asotirlarim…

Tashlab ketolmayman, xo’rsinib u ham
Daricham ortidan ketmaydi nari:
Yodimni titkilar yolg’iz, lojaram,
Oy sochin taragan yaldo tunlari…

KUZGI GULLAR

Kuzgi gullar – umid cho’g’iday behol,
Xazonli bog’ aro jilmayar hazin.
Hasrat olovidan o’rtangan shamol
Mudroq yaproqlarga so’ylar ertagin.

Kuzgi gullar – hushdan ayrilgan junun,
Ko’ngilga boqadi ko’zlarim yumib.
Taqir sahrolarda kezar kecha-kun,
Bahorning hajrini ko’ksiga tugib.

Kuzgi gullar – bevaqt gullagan faryod,
Atri osmon qadar ketar ulg’ayib.
Qadrini qo’msaydi, axtarar najot,
Ona daraxtlarga boqar mug’ayib.

Kuzgi gullar – mening chiqmagan jonim,
Umid quchog’ida ungan karaxtlik.
Buncha o’ksinma, ey, rangpar armonim,
Senga nasib qilar bir kun daraxtlik…

* * *

Bir dunyo bor – mening ingrog’imga yor,
Jismimni jonimga aylaguvchi tor,
Osoyish axtarib, toparkan ozor,
Qadrin topolmagan xo’rliklar…

Bu olam dardlari buncha maydadir?
Ko’ngil o’zligidan tonar qaydadir,
Toki bor – ko’ngli ko’r, ko’zlari basir,
Qalbin topolmagan sho’rliklar…

O’tkinchi mol-dunyo ortidan chopar,
Mehr-u oqibatning darchasin yopar,
Zulmatdan axtarib bir-birin topar,
Qabrin topolmagan o’liklar…

* * *

Qondosh bag’irlarning ko’lmagi ichra
Suzgan suvilonlar bog’ladi yo’lim.
To hanuz dardimni yutaman ichga,
To hanuz zirqirab og’riydi ko’nglim.

Makrin pesh qilganda har do’st, har g’anim,
Malomatlar ko’mdi avval-so’ngimni.
Kimlargadir hamon bo’shatolmadim,
Zaqqum zardoblarga to’lgan ko’nglimni.

Adovat saqlamay, sukut saqlardim,
Kechdim ko’ngilsizlik, ko’rlik bahridan.
Nohaqlik qa’ridan Haqni axtardim,
Ahillik axtardim ko’ngil ahlidan.

Jonimga yovlashgan baloga hanuz
Malol kelgay mo»jaz maqsad-murodim.
G’arazlar ayozi ichra qotdi muz,
Mening sodda ko’nglim – sag’ir gunohim.

Og’zin ochib turgan ochiq mozorday
Ozorlar ko’molmas hargiz ohimni.
Haqdan o’zgasiga bo’shatmay, yormay,
Ko’taraman ko’nglim – o’z gunohimni…

Shahodatbonu Imomnazarova. Osmon eshigi by Khurshid Davron on Scribd

078

(Tashriflar: umumiy 465, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring