Sharof Rashidov. Kashmir qo’shig’i​ & Jahongir Ismoilov. Rashidovning dastxati

Ashampoo_Snap_2017.04.26_00h51m51s_002_a.png 6 ноябр — Атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги

    Таниқли ёзувчи, шоир ва журналист Жаҳонгир Исмоилов билан Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимида бир курсда таҳсил олганмиз. Яқинда у «Поэзддаги чиптасиз одамлар» номли салмоқлигина бадиий асарини якунлади. Унда шўро даврида ва истиқлол йилларида вилоят газетаси таҳририятида ишлаган, унга етакчилик қилган журналист Ҳақназар Исроиловнинг кечинмалари орқали соҳа ходимлари фаолият тарзи, ички олами, одамлар билан муносабат, ҳаётнинг мураккаб, сиртдан қараганда илғаш осон бўлмаган қирралари очиб берилган. Асарда Ҳақназарнинг устози, умри матбуот соҳасида кечган, ўз даврининг таниқли шоири Жонпўлат Саид ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳам салмоқли ўрин тутади. Юртимизни озод ва ҳур кўришни орзу қилган, ижодида куйлаган ва мустақиллик қўлга киритилишдан беш йилча муқаддам оламдан ўтган бу инсон бошига маломат ёғдирилиб, бадном этилишига бир баҳя қолганида республиканинг биринчи раҳбари, таниқли давлат ва сиёсат арбоби, ўша давр зиёлилари, жумладан, ижод аҳлининг раҳнамоси Шароф Рашидов туфайли шоир шаънига қора доғ чапланишига йўл қўйилмайди.

Қуйида мазкур асардан парча ҳавола этилмоқда.

Жаҳонгир Исмоилов
РАШИДОВНИНГ ДАСТХАТИ
009

index.jpgЖаҳонгир Исмоилов 1952 йилда Қизилтепа туманида туғилган. Тошкент Давлат университети журналистика факултетини тугатган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, «Олтин қалам» Миллий мукофоти Халқаро танлови ғолиби, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби. Унинг ўндан ортиқ шеърий, насрий ва бадиий-публицистик китоблари нашр этилган. Бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раиси, «Бухоронома» ва «Бухарский вестник» газеталари бош муҳаррири вазифаларида фаолият юритади.

009

Шоир Жонпўлат Саид иш столида ёзув машинкасидан чиқарилган қўлёзмаларни кўздан кечириш асносида йўл қўйилган хатоларни тузатиш билан машғул эди. Унинг шогирди Ҳақназар устознинг шахсий кутубхонасидаги «Дастхатлар» деб номланган жовонида терилган китоблар муаллифларига кўз югуртирарди. Константин Симонов, Чингиз Айтматов, Қайсин Қулиев, Расул Ҳамзатов, Максим Танк, Берди Кербобоев сингари кўп миллатли адабиёт дарғалари билан бир қаторда Уйғун, Комил Яшин, Туроб Тўла, Ҳамид ўулом, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Мирмуҳсин, Одил Ёқубов, Примқул Қодиров ва бошқа таниқли ўзбек шоир ва ёзувчилар, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Жамол Камол, Неъмат Аминов сингари навқирон ижодкорларнинг номларини ўқиётиб, табиий қизиқиш билан китоблар орасидаги Шароф Рашидовнинг «Қудратли тўлқин» асарини қўлига олди. Унга битилган дастхатни ўқиди: «Ижодкорлик — қисмат. Қисматдошим, укам Жонпўлатга. Ҳақ йўлида асло толмаслигингизни, қаламингиз ҳамиша ўткир бўлишини тилайман. Ш.Рашидов (имзо). 197… йил, сентябр»

— Китобни Рашидовнинг ўзлари берганларми? — деб сўради устозини республика раҳбари ҳам танишига дилдан ҳаваси келган Ҳақназар.

Жонпўлат Саид қўлёзмадан назарини узиб, шогирдига юзланди.

— Ҳа, уними? — деди қўлидаги «Қудратли тўлқин»ни кўриб. — Ўзим ёздириб олганман.

— Қабулларига кирганмисиз? —деди Ҳақназар воқеа тафсилотига қизиқиши янада ортиб.

— Э, ука, бунинг ўз тарихи бор, — деди Жонпўлат Саид ва шогирдининг қизиқиб, диққат билан тикилиб тургани боисми, ўзининг айтгиси келдими, қўлидаги ручкани қўйиб гап бошлади. — Онам вафот этганларига бир йил тўлгандан сўнг қабрларига икки энлик лавҳа битилган ёдгорлик тоши қўйдим. Ёши улуғлар хатми-қуръон ҳам қилишни маслаҳат бердилар. Уйга ўн-ўн беш чоғли яқинларни чақирдик. Қурбон амакинг қуръон тиловат қилди. Кимдир «Жонпўлат Саид уйида хатми-қуръон ўтказди», деб обкомпартияга хабар етказибди. Обкомнинг мафкура котиби Мажид Зуҳриддинович мени чақириб, шу тўғрида тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилди…

Жонпўлат Саид чуқур тин олгач, давом этди:

 — Бўлган воқеани ёзиб бердим. Обком секретари тушунтириш хатини ўқиб кўргач, ёнимда «Вилоятчорва» раисига қўнғироқ қилиб ўзим бош муҳаррир бўлиб ишлаб турган «Чорвадор ҳаёти» газетаси вақтинча бош муҳаррир ўринбосари имзоси билан чиқаришни топширди. Турли тадбирларда дуч келганда қуюқ салом-алик қилиб юрадиган одам мени худди биринчи марта кўриб тургандай «Динни тан олиш, диний амалларга риоя этиш коммунист, КПСС ғоясига мутлақо зид, аниқроғи, партия сиёсатига хиёнат. Партия ҳар қандай динни рад қилади ва атеист бўлмаган кишига КПСС сафида ўрин йўқ», деб ўшқирди.

Масала обком бюросида кўриладиган бўлди. Ўша куниёқ обкомдаги ошналари ор-қали бундай кўрсатма сабабини аниқлаб «патагига қурт тушган» «Вилоятчорва» раиси қош қорайгач ёрдамчисини уйимга юбориб, қўрққанидан кўчада, кўздан йироқ жойда учрашди. Салом-аликни ҳам унутиб, Мажид Зуҳриддиновичга «Хатми-қуръондан менинг хабарим йўқлигини айтдингизми», деб сўради. Мендан тушунтириш хати мазмунини, ишхонадагиларга билдирмаганимни, ўзи тўғрисида бирор гап ёзмаганимни эшитгач, хиёл енгил тортди. “Бизни кўрольмайдиганлар ҳам бор. Улар сизнинг лойингизга мениям тойдиришлари мумкин. Энди шу гапда қаттиқ туринг. Хатми-қуръон қилиб бошимизга бало орттирдингизда. Шоир бўлсангиз ҳам сиёсатнинг «с»синиям тушунмас экансиз. Сиз туфайли энди менгаям барибир гап тегади. Кошки, партиявий жазо билан қутулсам, ишдан олмасалар эди”, дея фиғони фалакка ўрлади. Унинг ранг-рўйи, ваҳимасини кўриб очиғи ўзимнинг ҳам юрагимга ғулғула тушди.

Обкомнинг масалани тайёрлаш топширилган масъул ходими билан салом-алигимиз қуюқ, баъзан бирга ўтириб «юзта-юзта» отишиб турардик. У ҳам «тўн»ини тескари «кийиб», худди ашаддий душмани устидан ҳукм чиқарадигандай йўл тутди. Одамзоднинг шу даражада ўзгариши мумкинлигига ҳайрон қолдим. Хатми-қуръон ўтказганим худди менинг айбим билан осмон ўпирилиб ерга тушгандай, ватанга хиёнат қилгандай, дунёни ўмарганману, бошқалар қуруқ қолгандай тус олди. Начора, бошга тушганни — кўз кўради. Шундай пайтда гарчи бирор ёрдами тегмасада, кўнглинг учун яхшилигинг ўтган, ҳаётда йўлини топишига сабабчи бўлган кишиларингнинг йўқлашини, қандайдир далдасини кутаркансан, киши. Лекин бошингга маломат ёғилса таниш-билишларни қўя тур, кўпчилик «ош-қатиқ» бўлиб юрадиган яқинларинг ҳам ўзига гап тегиши, соясидан қўрқиб оёғини тортаркан…

Жонпўлат Саид яна оний фурсат ўйга толди ва кутилмаганда Ҳақназардан. — Жамиловни танийсанми? — деб сўраб қолди.

— Област газетаси бош редактори Шариф Шокировични айтаяпсизми? — Ҳақназар шундай деб иккиланганнамо жавоб қайтарди.

— Ҳа, — бош ирғади устоз шоир. — У дастлаб менинг ёнимга келганида оддий Шариф эди, кейинчалик Шариф Жамилов, яна бироз ўтиб Шариф Шокирович бўлди. Шу йигитнинг обкомга ишга жойлашишига мен сабабчи бўлганман. Унинг қайнотаси Жобир Жамоловни, илоҳим Худо раҳмат қилсин, яхши танирдим. Кўнгли очиқ, ниҳоятда камтарин, кўпинча узоқ йил обкомпартияда ишлаб пенцияга чиққач Болалар жамғармасининг раиси Саъдулла Нозимович билан ота-ўғилдай, хайёмона кайфиятда юрадиган одам эди.

Янганг област халқ маорифи бўлимида тарғибот шўъбаси, Шарифнинг қайнотаси спорт шўъбаси мутахассиси бўлиб ишлаган. Жамолов янгангга «Шариф деган куёвим бор. Журналистика факультетини тугатган. Раён газетасига қўйгандик, яхши эплолмаяптими, бошлиғига маъқул тушмаяптими, жавобини бермоқчи. Куёв бечора жуда қисилган. Ўзи мақола-пақола ёзишдан кўра идора ишини яхши кўради. Жонпўлат акага айтсангиз, таниш-билишлари кўп, ҳурматлари бор, ҳамма жойга гаплари ўтади, куёвимни дурустроқ ишга қўйсалар», деб бир неча марта илтимос қилган. Янганг баъзан дастурхон бошида Жамоловнинг ўтинчини тилга олиб, якунида имконият бўлса ёрдам беришимни қўшиб қўярди.

«Майли, Жобиржоннинг сўзи ерда қолмасин, бунинг устига аёлим гоҳида эслатиб туради» деган фикрда янгангга айтиб Шарифбойни идорага чақиртирдим. Худо бўй-баст, қоматдан қарашган, тансоқчи сиёғидаги йигит экан. Мен қайнотасининг ҳурмати учун бир чорасини топишимни, ҳозирча сабр қилишини, мақолалари билан газетамизда қатнашиб туришини, ўз устида ишлашини тайинлаб, топшириқ бериб синаб кўрдим. Унинг саводи ўртамиёнароқлиги, ўзига хиёл бино қўйганлиги сезилди. Хуллас, шу орада обкомнинг бўлим мудири менга «Сиз соҳангиздаги ёзиш-чизиш қўлидан келадиган кадрларни яхши биласиз», деб ҳар хил маълумотнома, юқорига ахборот тайёрлашга лаёқати етадиган бир ходимни тавсия қилишимни сўраб қолди. Мен шу жойга Шарифбойни юборишни кўзлаб, ўзига маслаҳат солдим. Шарифбой бажону дил рози бўлди. Унга областдаги энг юқори ташкилотга бораётганлигини, менинг юзимни ерга қаратмаслигини, ишончимни оқлашини, ўйлаб қадам босишини, камтар бўлишини, ўзини кўрсатса келажакда ўсишини, ҳатто обком ўз газетасига бош редактор қилиб қўйиши мумкинлигини ётиғи билан уқтирдим. У бунга жавобан ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйиб ўртада қайнотасининг юз-хотири борлигини тилга олди ва бу яхшилигимни ҳеч қачон унутмасликка, ишончимни оқлашга сўз берди.

Ҳеч ким билмайдиган, бекор юрган киши менинг тавсиям билан обкомга ишга ўтди. Рўзғордор одам, моддий ёрдам бўлади, деган фикрда онда-сонда мақола бериб туриши шарти билан «Чорвадор ҳаёти»га ҳам ярим штат ўриндош сифатида мухбирликка олдим. Обкомда сектор мудири ишдан бўшагач, Шарифбой «Каттакон сизнинг гапингизни оладилар. Мени шу жойга ўтказдиринг», деб келди. Аралашивум билан Шарифбой сектор мудири бўлдилар. Аввал «Устоз», деб юрадиган одам кейинчалик «Жонпўлат ака ёки Жонпўлат Ҳамидович» дейдиган бўлди. Ҳозир биласан, област газетасига бош редактор. Ҳатто шу хатми- қуръон масаласи катта «қозонда қайнагани»дан хабар топгач, қорасини кўрсатмади, лоақал бир марта, шунчаки, кўнглим учун қўнғироқ ҳам қилмади. Қорасини кўрсатмасаям, телефонда йўқламасаям гўрга эди, орқамдан ўзи, орт-тирган икки-уч ҳамтовоғи билан «Жонпўлат Саид ишдан кетди, фалон санада буйруқ чиққан, партиядан ўчирилади, уйи кузатувда, қамалишиям мумкин», қабилидаги гапларни тарқатганини эшитиб юрагимга тиғ санчилгандай юрдим. Бу гапдан сўнг бошқа ҳамкасблар ҳам уйимга келса, менга хайрихоҳ, маслакдош, тарафдор экан, деб ўйлашларидан, мавқеларига зарар етишидан чўчиб қораларини кўрсатишмади.

— Унақа одамнинг келганидан келмагани яхши, устоз, — Жамиловнинг субутсизлиги, мансабпарастлиги, юқоридагиларга икки букилиб, пастдагиларни менсимаслиги ҳақида бошқалардан озми-кўпми эшитгани боис Ҳақназар устозига эътироз билдирди. — Сиз кўнглингизга яқин олиб унга бирор гап айтишингиз мумкин эди. Кейин у атайдан эшитишга қулоқ излаб битта гапингизга ўнта қўшиб ёйиб чиқарди.

— Тўғри айтасан, — Жонпўлат Саид шогирдининг фикрини маъқуллади. — Мен баъзи бир оқибатсиз одамларнинг кимлигини билмаган, беҳуда ўзимга яқин тутган эканман, деб ачинаётганим йўқ. Имконим борида кимнидир қўлладим, кимдир ёрдамга муҳтож бўлса кўмаклашдим, йўлимга чоҳ қазганлар, зимдан «тош отган»ларга ёмонлик қилиш қўлимдан келса ҳам кечирдим…

Жонпўлат Саиднинг онда-сонда чекадиган одати бор эди. У столи ғаладонидан сигарет олиб, бармоқлари орасида бироз айлантириб, гугурт чақиб тутатди ва стол четидаги кулдонга қўйиб сўзлашда давом этди:

— Ҳангоманинг бу ёғини эшит. Обкомнинг чорвачиликка оид масалалар муҳокама қилинадиган айрим йиғилишларига мен ҳам чақирилардим. Шундай йиғилишларда маҳаллий телевидение раиси Сабрилложон билан кўпинча бирга ўтирардик. У обкомнинг деярли барча тадбирларида қатнашиши сабабли Шарифбойнинг хатти-ҳаракатини обдон кузатиб юраркан. Сабрилложон билан бир тадбирда қатнашаётгандик. Олдинги қатор четида ўтирган Шарифбой томонга минбардаги обкомнинг биринчи секретари назар ташлаб хиёл бош ирғади, шекилли, у «менми» деган маънода кўкрагига бармоғини нуқиган бўлса керак. Кейин қоматини кериб ўрнидан туриб яқинлашгани сари елкасида қоп кўтаргандай эгилиб юрди ва ёнига боргач бўйи узунлигидан хижолат чеккандай икки букилиб чой қуйиб пиёлани обком секретарининг олдига қўйди. Унинг ҳаракатини қизиқиб кузатиб турган Сабрилложон менга «Гуппоннинг қилиғига қаранг… Савлати бору билими ўзига яраша. Аммо, «лаган»ликни қойилмақом ўзлаштирган. Бундан келажакда устаси фаранг баковул, дастурхончи чиқадиганга ўхшайди…», деб шивирлади.

 Лекин Худо қўлласа бандаси ожиз қоларкан, зўрнинг зарбидан ҳар қандай ғараз, ёмонликнинг йўли тўсиларкан, — давом этди Жонпўлат Саид чеҳраси бирдан ёришиб. — Масалам обком бюросида кўрилиши арафасида областдаги бир гуруҳ чорвадорларга давлат мукофотларини топшириш учун Шароф Рашидов келган эканлар. Фариштадай яшаган онагинамнинг дуолари ижобат бўлдими, руҳлари қўлладими, Оллоҳ Шароф аканинг кўнгилларига солдими, у киши тадбир тугагандан сўнг обкомнинг биринчи секретаридан «Жонпўлат кўринмади, қаерда, топинглар», дебдилар.

Мен руҳан чўкиб, буёғи нима бўлишини билмай уйда ўтиргандим, Шароф аканинг ташрифларидан ҳам хабарим йўқ эди. Мажид Зуҳриддинович дарвозадан чақириб келиб ҳозироқ ўзи билан бирга юришимни, Шароф Рашидович йўқлаётганини айтди. Муомаласи бутунлай ўзгарган. Бу гапни эшитиб тамоман бошим қотди. Шундай катта раҳбар менга нима дейиши мумкин? «Жонпўлат ака, Шароф Рашидович биз тўғримизда фикрингизни сўрашлари мумкин, тағин ёмонламанг, илтимос. Биз партиянинг топшириғини бажарадиган одаммиз. Ўтган гапга—саловат», дея ялтоқланди.

a18e61ad-6a2b-44d6-135f-6b05c821df57.jpgЭс-ҳушини йўқотиб қўйган одамдай турли хаёлга бордим. Ҳар эҳтимолга қарши «Қудратли тўлқин» романларини олдим. Бирга машинага ўтириб обкомнинг дачасига бордик. Шароф ака дача йўлагида обкомнинг биринчи секретари билан гаплашиб турган эканлар. Менга кўзлари тушгач, бош ирғаб ёнларига имладилар ва «Ҳа, шоир, қаерларда юрибсиз?», деб очиқ чеҳра билан қўл бериб кўришдилар. Кейин обкомнинг биринчи секретарига қараб «Жонпўлат юрт номини узоқ-узоқларга таратаётган, фахримиз саналган катта шоир, бундай қалами ўткир ижодкорлар ҳар куни дунёга келавермайди, бундай истеъдод эгаларини аяшимиз, қадрлашимиз керак», дедилар.

Очиғи, шундай улуғ инсоннинг мутлақо кутилмаган бундай муносабати, меҳрибонлигидан ҳаяжон босиб, қувонганимдан кўзимга ёш келди. Бўғзимга қора бир нарса тиқилгандай йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийдим. Шароф ака билагимдан тутиб, дача йўлагида бирга бироз юрдилар. «Шарқ юлдузи»да чиққан достонимни ўқиганларини айтдилар, ижодий режаларим билан қизиқдилар. «Китобларингиз нашриётда туриб қолган бўлса, бошқа бирор талабингиз бўлса, айтинг», дедилар. Ўзим нолиб юрадиган кишини ёқтирмаганим учун Шароф акага бошимга ёғилган маломат хусусида оғиз очмадим. Йўқлаганлари, суҳбатлашишни лозим топганлари учун астойдил миннатдорчилик билдирдим. Қўлимдаги «Қудратли тўлқин»га бир қур нигоҳ ташлаб, ундаги воқеалар, асар қаҳрамонлари хусусида фикримни сўрадилар. Билдирган мулоҳазаларимни диққат билан эшитдилар. Ниҳоятда вақтлари тиғиз бўлишига қарамай хорижий мамлакат ҳаёти ҳақида янги асар устида ишлаётганларини айтдилар. «Ижодкордан келажак авлодга яхши асарлари қолади. Руҳингизни туширмасдан, кўтаринки кайфият билан ижодни давом эттираверинг, Жонпўлат. Сиздан ҳали кўп халқчил, элга манзур асарлар кутамиз», дедилар. Китобларига ана шу дасхатни ёзиб бердилар.

Кейинчалик эшитишимча, Шароф ака мукофот топшириш маросимида назарларига ташланмаганим сабабли тадбирдан сўнг мени сўраган эканлар. Обкомнинг биринчи секретари «хатми-қуръон» воқеасини айтган экан. Шароф ака бу масала қандай, ким томонидан кўтарилганлиги билан қизиқибдилар. Тафсилотни эшитгач, «Бунақа масалада ташаббускорлик кўрсатиш, саллани ол деса, каллани олиш керакмас. Оламдан ўтган ота-онамиз руҳини ёд этиш, шод қилиш ҳаммамизнинг зиммамиздаги қарз. Тирикларнинг қўлидан ўтган авлод-аждодларини эслаш, қабрини обод этишдан бошқа нима келади. Миллатимизнинг қанча-қанча пешқадам зиёлилари, истеъдод соҳиблари тақдирига кўр-кўрона ёндашиш оқибатида қатағон йилларида халқимиз бошидан кечирган йўқотишлар камми? Ижодкорларимизни аяш, қўллаб-қувватлаш сизу бизнинг бурчимиз. Жонпўлатнинг ўзини кўрмоқчиман. Бу ерда қадр топмаётган бўлса, Тошкентга олиб кетамиз», дебдилар. Обкомнинг биринчи секретари узр сўраб, йўл қўйган хатосини тузатишига ваъда берган экан.

Шу тариқа Шароф аканинг шарофатлари билан муҳокама ҳам қолиб кетди. Обкомнинг биринчи секретаридан бошлаб бутун фаолларнинг, «Вилоятчорва» раҳбарларининг муносабати бир юз саксон даражага ўзгарди. Эртаси куни обкомга чақириб, ишимни давом эттираверишимни айтдилар. …

— Домлаларимиздан академик Иброҳим Мўминовга ҳам «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» асари учун қаттиқ ҳужумлар уюштирилганида Шароф Рашидов ҳимоя қилганини эшитганмиз, — деди Ҳақназар мавзу мавриди келганлиги боис.

— Тўғри, бу гапдан менинг ҳам хабарим бор. Миллатимизнинг теран илдизларга эгалигини кўролмайдиган тарихчилар, сиёсатчилар буюк Амир Темур шахсини камситиб, босқинчи, қонхўр саркарда, шоҳ сифатида қайд этишган. Амир Темурнинг адолатпарварлиги, маърифатпарварлиги, бунёдкорлиги, давлатни тараққий эттиришдаги буюк хизматини баралла айтиш, улуғ бобокалонимиз шахсини илмий ўрганиш ғоясини илгари суриш албатта сиёсатга, катта акаларга ёқмасди. Марказдаги қарши кучлар Иброҳим Мўминовнинг қарашлари ва хулосаларини қаттиқ қоралаш, шу тариқа ўзини «синдириш» ҳаракатига тушганлар. Бунда ҳам ўзимиздан чиққан айрим ҳасадгўй, шахсий адовати бўлган, зарба бериш учун имконият, пайт пойлаб юрган олимларнинг қўли бор. Шароф Рашидович аралашганларидан сўнг ҳаммасининг дами ичига тушган.

— Яхшиям, бахтимизга Шароф Рашидовдай халқпарвар, сену менга ўхшаганларни қўллаб-қувватлайдиган, миллатимизга четдан қилинадиган ҳамлаларга кўксини қалқон қиладиган улуғ инсонлар бор. Хуллас, гапирсак — гап кўп. Сен бола, мени чалғитиб юбординг. Ўтир, ўқиганларимни сен ҳам бир назар қараб чиқ. Хато кўзимдан қолган бўлиши мумкин.

Жонпўлат Саид шундай деб бир даста шеърларни Ҳақназарга узатди ва ўзи яна машинкаланган нусхаларни ўқишга тутинди….

tash_27.jpgAtoqli davlat va jamoat arbobi, yozuvchi Sharof Rashidov tavalludining 100 yilligi oldidan

Taniqli yozuvchi, shoir va jurnalist Jahongir Ismoilov bilan Toshkent Davlat universiteti jurnalistika fakultetining kechki bo‘limida bir kursda tahsil olganmiz. Yaqinda u «Poezddagi chiptasiz odamlar» nomli salmoqligina badiiy asarini yakunladi. Unda sho‘ro davrida va istiqlol yillarida viloyat gazetasi tahririyatida ishlagan, unga yetakchilik qilgan jurnalist Haqnazar Isroilovning kechinmalari orqali soha xodimlari faoliyat tarzi, ichki olami, odamlar bilan munosabat, hayotning murakkab, sirtdan qaraganda ilg‘ash oson bo‘lmagan qirralari ochib berilgan. Asarda Haqnazarning ustozi, umri matbuot sohasida kechgan, o‘z davrining taniqli shoiri Jonpo‘lat Said hayoti bilan bog‘liq voqealar ham salmoqli o‘rin tutadi. Yurtimizni ozod va hur ko‘rishni orzu qilgan, ijodida kuylagan va mustaqillik qo‘lga kiritilishdan besh yilcha muqaddam olamdan o‘tgan bu inson boshiga malomat yog‘dirilib, badnom etilishiga bir bahya qolganida respublikaning birinchi rahbari, taniqli davlat va siyosat arbobi, o‘sha davr ziyolilari, jumladan, ijod ahlining rahnamosi Sharof Rashidov tufayli shoir sha’niga qora dog‘ chaplanishiga yo‘l qo‘yilmaydi.

Quyida mazkur asardan parcha havola etilmoqda.

Jahongir Ismoilov
RASHIDOVNING DASTXATI
009

jahongir_ismoilov.jpgJahongir Ismoilov 1952 yilda Qiziltepa tumanida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan jurnalist, «Oltin qalam» Milliy mukofoti Xalqaro tanlovi g‘olibi, «El-yurt hurmati» ordeni sohibi. Uning o‘ndan ortiq she’riy, nasriy va badiiy-publitsistik kitoblari nashr etilgan. Bugungi kunda O‘zbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasi Buxoro viloyati bo‘limi raisi, “Buxoronoma” va “Buxarskiy vestnik” gazetalari bosh muharriri vazifalarida faoliyat yuritadi.

009

Shoir Jonpo‘lat Said ish stolida yozuv mashinkasidan chiqarilgan qo‘lyozmalarni ko‘zdan kechirish asnosida yo‘l qo‘yilgan xatolarni tuzatish bilan mashg‘ul edi. Uning shogirdi Haqnazar ustozning shaxsiy kutubxonasidagi «Dastxatlar» deb nomlangan jovonida terilgan kitoblar mualliflariga ko‘z yugurtirardi. Konstantin Simonov, Chingiz Aytmatov, Qaysin Quliyev, Rasul Hamzatov, Maksim Tank, Berdi Kerboboyev singari ko‘p millatli adabiyot darg‘alari bilan bir qatorda Uyg‘un, Komil Yashin, Turob To‘la, Hamid o‘ulom, Asqad Muxtor, Ramz Bobojon, Mirmuhsin, Odil Yoqubov, Primqul Qodirov va boshqa taniqli o‘zbek shoir va yozuvchilar, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Jamol Kamol, Ne’mat Aminov singari navqiron ijodkorlarning nomlarini o‘qiyotib, tabiiy qiziqish bilan kitoblar orasidagi Sharof Rashidovning «Qudratli to‘lqin» asarini qo‘liga oldi. Unga bitilgan dastxatni o‘qidi: «Ijodkorlik — qismat. Qismatdoshim, ukam Jonpo‘latga. Haq yo‘lida aslo tolmasligingizni, qalamingiz hamisha o‘tkir bo‘lishini tilayman. Sh.Rashidov (imzo). 197… yil, sentyabr»

— Kitobni Rashidovning o‘zlari berganlarmi? — deb so‘radi ustozini respublika rahbari ham tanishiga dildan havasi kelgan Haqnazar.

Jonpo‘lat Said qo‘lyozmadan nazarini uzib, shogirdiga yuzlandi.

— Ha, unimi? — dedi qo‘lidagi «Qudratli to‘lqin»ni ko‘rib. — O‘zim yozdirib olganman.

— Qabullariga kirganmisiz? —dedi Haqnazar voqea tafsilotiga qiziqishi yanada ortib.

— E, uka, buning o‘z tarixi bor, — dedi Jonpo‘lat Said va shogirdining qiziqib, diqqat bilan tikilib turgani boismi, o‘zining aytgisi keldimi, qo‘lidagi ruchkani qo‘yib gap boshladi. — Onam vafot etganlariga bir yil to‘lgandan so‘ng qabrlariga ikki enlik lavha bitilgan yodgorlik toshi qo‘ydim. Yoshi ulug‘lar xatmi-qur’on ham qilishni maslahat berdilar. Uyga o‘n-o‘n besh chog‘li yaqinlarni chaqirdik. Qurbon amaking qur’on tilovat qildi. Kimdir «Jonpo‘lat Said uyida xatmi-qur’on o‘tkazdi», deb obkompartiyaga xabar yetkazibdi. Obkomning mafkura kotibi Majid Zuhriddinovich meni chaqirib, shu to‘g‘rida tushuntirish xati yozib berishimni talab qildi…

Jonpo‘lat Said chuqur tin olgach, davom etdi:

— Bo‘lgan voqeani yozib berdim. Obkom sekretari tushuntirish xatini o‘qib ko‘rgach, yonimda «Viloyatchorva» raisiga qo‘ng‘iroq qilib o‘zim bosh muharrir bo‘lib ishlab turgan «Chorvador hayoti» gazetasi vaqtincha bosh muharrir o‘rinbosari imzosi bilan chiqarishni topshirdi. Turli tadbirlarda duch kelganda quyuq salom-alik qilib yuradigan odam meni xuddi birinchi marta ko‘rib turganday «Dinni tan olish, diniy amallarga rioya etish kommunist, KPSS g‘oyasiga mutlaqo zid, aniqrog‘i, partiya siyosatiga xiyonat. Partiya har qanday dinni rad qiladi va ateist bo‘lmagan kishiga KPSS safida o‘rin yo‘q», deb o‘shqirdi.

Masala obkom byurosida ko‘riladigan bo‘ldi. O‘sha kuniyoq obkomdagi oshnalari or-qali bunday ko‘rsatma sababini aniqlab «patagiga qurt tushgan» «Viloyatchorva» raisi qosh qoraygach yordamchisini uyimga yuborib, qo‘rqqanidan ko‘chada, ko‘zdan yiroq joyda uchrashdi. Salom-alikni ham unutib, Majid Zuhriddinovichga «Xatmi-qur’ondan mening xabarim yo‘qligini aytdingizmi», deb so‘radi. Mendan tushuntirish xati mazmunini, ishxonadagilarga bildirmaganimni, o‘zi to‘g‘risida biror gap yozmaganimni eshitgach, xiyol yengil tortdi. “Bizni ko‘rolmaydiganlar ham bor. Ular sizning loyingizga meniyam toydirishlari mumkin. Endi shu gapda qattiq turing. Xatmi-qur’on qilib boshimizga balo orttirdingizda. Shoir bo‘lsangiz ham siyosatning «s»siniyam tushunmas ekansiz. Siz tufayli endi mengayam baribir gap tegadi. Koshki, partiyaviy jazo bilan qutulsam, ishdan olmasalar edi”, deya fig‘oni falakka o‘rladi. Uning rang-ro‘yi, vahimasini ko‘rib ochig‘i o‘zimning ham yuragimga g‘ulg‘ula tushdi.

Obkomning masalani tayyorlash topshirilgan mas’ul xodimi bilan salom-aligimiz quyuq, ba’zan birga o‘tirib «yuzta-yuzta» otishib turardik. U ham «to‘n»ini teskari «kiyib», xuddi ashaddiy dushmani ustidan hukm chiqaradiganday yo‘l tutdi. Odamzodning shu darajada o‘zgarishi mumkinligiga hayron qoldim. Xatmi-qur’on o‘tkazganim xuddi mening aybim bilan osmon o‘pirilib yerga tushganday, vatanga xiyonat qilganday, dunyoni o‘marganmanu, boshqalar quruq qolganday tus oldi. Nachora, boshga tushganni — ko‘z ko‘radi. Shunday paytda garchi biror yordami tegmasada, ko‘ngling uchun yaxshiliging o‘tgan, hayotda yo‘lini topishiga sababchi bo‘lgan kishilaringning yo‘qlashini, qandaydir daldasini kutarkansan, kishi. Lekin boshingga malomat yog‘ilsa tanish-bilishlarni qo‘ya tur, ko‘pchilik «osh-qatiq» bo‘lib yuradigan yaqinlaring ham o‘ziga gap tegishi, soyasidan qo‘rqib oyog‘ini tortarkan…

Jonpo‘lat Said yana oniy fursat o‘yga toldi va kutilmaganda Haqnazardan. — Jamilovni taniysanmi? — deb so‘rab qoldi.

— Oblast gazetasi bosh redaktori Sharif Shokirovichni aytayapsizmi? — Haqnazar shunday deb ikkilangannamo javob qaytardi.

— Ha, — bosh irg‘adi ustoz shoir. — U dastlab mening yonimga kelganida oddiy Sharif edi, keyinchalik Sharif Jamilov, yana biroz o‘tib Sharif Shokirovich bo‘ldi. Shu yigitning obkomga ishga joylashishiga men sababchi bo‘lganman. Uning qaynotasi Jobir Jamolovni, ilohim Xudo rahmat qilsin, yaxshi tanirdim. Ko‘ngli ochiq, nihoyatda kamtarin, ko‘pincha uzoq yil obkompartiyada ishlab pensiyaga chiqqach Bolalar jamg‘armasining raisi Sa’dulla Nozimovich bilan ota-o‘g‘ilday, xayyomona kayfiyatda yuradigan odam edi.

Yangang oblast xalq maorifi bo‘limida targ‘ibot sho‘’basi, Sharifning qaynotasi sport sho‘’basi mutaxassisi bo‘lib ishlagan. Jamolov yangangga «Sharif degan kuyovim bor. Jurnalistika fakultetini tugatgan. Rayon gazetasiga qo‘ygandik, yaxshi eplolmayaptimi, boshlig‘iga ma’qul tushmayaptimi, javobini bermoqchi. Kuyov bechora juda qisilgan. O‘zi maqola-paqola yozishdan ko‘ra idora ishini yaxshi ko‘radi. Jonpo‘lat akaga aytsangiz, tanish-bilishlari ko‘p, hurmatlari bor, hamma joyga gaplari o‘tadi, kuyovimni durustroq ishga qo‘ysalar», deb bir necha marta iltimos qilgan. Yangang ba’zan dasturxon boshida Jamolovning o‘tinchini tilga olib, yakunida imkoniyat bo‘lsa yordam berishimni qo‘shib qo‘yardi.

«Mayli, Jobirjonning so‘zi yerda qolmasin, buning ustiga ayolim gohida eslatib turadi» degan fikrda yangangga aytib Sharifboyni idoraga chaqirtirdim. Xudo bo‘y-bast, qomatdan qarashgan, tansoqchi siyog‘idagi yigit ekan. Men qaynotasining hurmati uchun bir chorasini topishimni, hozircha sabr qilishini, maqolalari bilan gazetamizda qatnashib turishini, o‘z ustida ishlashini tayinlab, topshiriq berib sinab ko‘rdim. Uning savodi o‘rtamiyonaroqligi, o‘ziga xiyol bino qo‘yganligi sezildi. Xullas, shu orada obkomning bo‘lim mudiri menga «Siz sohangizdagi yozish-chizish qo‘lidan keladigan kadrlarni yaxshi bilasiz», deb har xil ma’lumotnoma, yuqoriga axborot tayyorlashga layoqati yetadigan bir xodimni tavsiya qilishimni so‘rab qoldi. Men shu joyga Sharifboyni yuborishni ko‘zlab, o‘ziga maslahat soldim. Sharifboy bajonu dil rozi bo‘ldi. Unga oblastdagi eng yuqori tashkilotga borayotganligini, mening yuzimni yerga qaratmasligini, ishonchimni oqlashini, o‘ylab qadam bosishini, kamtar bo‘lishini, o‘zini ko‘rsatsa kelajakda o‘sishini, hatto obkom o‘z gazetasiga bosh redaktor qilib qo‘yishi mumkinligini yotig‘i bilan uqtirdim. U bunga javoban o‘rnidan turib, ikki qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib o‘rtada qaynotasining yuz-xotiri borligini tilga oldi va bu yaxshiligimni hech qachon unutmaslikka, ishonchimni oqlashga so‘z berdi.

Hech kim bilmaydigan, bekor yurgan kishi mening tavsiyam bilan obkomga ishga o‘tdi. Ro‘zg‘ordor odam, moddiy yordam bo‘ladi, degan fikrda onda-sonda maqola berib turishi sharti bilan «Chorvador hayoti»ga ham yarim shtat o‘rindosh sifatida muxbirlikka oldim. Obkomda sektor mudiri ishdan bo‘shagach, Sharifboy «Kattakon sizning gapingizni oladilar. Meni shu joyga o‘tkazdiring», deb keldi. Aralashivum bilan Sharifboy sektor mudiri bo‘ldilar. Avval «Ustoz», deb yuradigan odam keyinchalik «Jonpo‘lat aka yoki Jonpo‘lat Hamidovich» deydigan bo‘ldi. Hozir bilasan, oblast gazetasiga bosh redaktor. Hatto shu xatmi- qur’on masalasi katta «qozonda qaynagani»dan xabar topgach, qorasini ko‘rsatmadi, loaqal bir marta, shunchaki, ko‘nglim uchun qo‘ng‘iroq ham qilmadi. Qorasini ko‘rsatmasayam, telefonda yo‘qlamasayam go‘rga edi, orqamdan o‘zi, ort-tirgan ikki-uch hamtovog‘i bilan «Jonpo‘lat Said ishdan ketdi, falon sanada buyruq chiqqan, partiyadan o‘chiriladi, uyi kuzatuvda, qamalishiyam mumkin», qabilidagi gaplarni tarqatganini eshitib yuragimga tig‘ sanchilganday yurdim. Bu gapdan so‘ng boshqa hamkasblar ham uyimga kelsa, menga xayrixoh, maslakdosh, tarafdor ekan, deb o‘ylashlaridan, mavqelariga zarar yetishidan cho‘chib qoralarini ko‘rsatishmadi.

— Unaqa odamning kelganidan kelmagani yaxshi, ustoz, — Jamilovning subutsizligi, mansabparastligi, yuqoridagilarga ikki bukilib, pastdagilarni mensimasligi haqida boshqalardan ozmi-ko‘pmi eshitgani bois Haqnazar ustoziga e’tiroz bildirdi. — Siz ko‘nglingizga yaqin olib unga biror gap aytishingiz mumkin edi. Keyin u ataydan eshitishga quloq izlab bitta gapingizga o‘nta qo‘shib yoyib chiqardi.

— To‘g‘ri aytasan, — Jonpo‘lat Said shogirdining fikrini ma’qulladi. — Men ba’zi bir oqibatsiz odamlarning kimligini bilmagan, behuda o‘zimga yaqin tutgan ekanman, deb achinayotganim yo‘q. Imkonim borida kimnidir qo‘lladim, kimdir yordamga muhtoj bo‘lsa ko‘maklashdim, yo‘limga choh qazganlar, zimdan «tosh otgan»larga yomonlik qilish qo‘limdan kelsa ham kechirdim…

Jonpo‘lat Saidning onda-sonda chekadigan odati bor edi. U stoli g‘aladonidan sigaret olib, barmoqlari orasida biroz aylantirib, gugurt chaqib tutatdi va stol chetidagi kuldonga qo‘yib so‘zlashda davom etdi:

— Hangomaning bu yog‘ini eshit. Obkomning chorvachilikka oid masalalar muhokama qilinadigan ayrim yig‘ilishlariga men ham chaqirilardim. Shunday yig‘ilishlarda mahalliy televideniye raisi Sabrillojon bilan ko‘pincha birga o‘tirardik. U obkomning deyarli barcha tadbirlarida qatnashishi sababli Sharifboyning xatti-harakatini obdon kuzatib yurarkan. Sabrillojon bilan bir tadbirda qatnashayotgandik. Oldingi qator chetida o‘tirgan Sharifboy tomonga minbardagi obkomning birinchi sekretari nazar tashlab xiyol bosh irg‘adi, shekilli, u «menmi» degan ma’noda ko‘kragiga barmog‘ini nuqigan bo‘lsa kerak. Keyin qomatini kerib o‘rnidan turib yaqinlashgani sari yelkasida qop ko‘targanday egilib yurdi va yoniga borgach bo‘yi uzunligidan xijolat chekkanday ikki bukilib choy quyib piyolani obkom sekretarining oldiga qo‘ydi. Uning harakatini qiziqib kuzatib turgan Sabrillojon menga «Gupponning qilig‘iga qarang… Savlati boru bilimi o‘ziga yarasha. Ammo, «lagan»likni qoyilmaqom o‘zlashtirgan. Bundan kelajakda ustasi farang bakovul, dasturxonchi chiqadiganga o‘xshaydi…», deb shivirladi.

Lekin Xudo qo‘llasa bandasi ojiz qolarkan, zo‘rning zarbidan har qanday g‘araz, yomonlikning yo‘li to‘silarkan, — davom etdi Jonpo‘lat Said chehrasi birdan yorishib. — Masalam obkom byurosida ko‘rilishi arafasida oblastdagi bir guruh chorvadorlarga davlat mukofotlarini topshirish uchun Sharof Rashidov kelgan ekanlar. Farishtaday yashagan onaginamning duolari ijobat bo‘ldimi, ruhlari qo‘lladimi, Olloh Sharof akaning ko‘ngillariga soldimi, u kishi tadbir tugagandan so‘ng obkomning birinchi sekretaridan «Jonpo‘lat ko‘rinmadi, qayerda, topinglar», debdilar.

Men ruhan cho‘kib, buyog‘i nima bo‘lishini bilmay uyda o‘tirgandim, Sharof akaning tashriflaridan ham xabarim yo‘q edi. Majid Zuhriddinovich darvozadan chaqirib kelib hoziroq o‘zi bilan birga yurishimni, Sharof Rashidovich yo‘qlayotganini aytdi. Muomalasi butunlay o‘zgargan. Bu gapni eshitib tamoman boshim qotdi. Shunday katta rahbar menga nima deyishi mumkin? «Jonpo‘lat aka, Sharof Rashidovich biz to‘g‘rimizda fikringizni so‘rashlari mumkin, tag‘in yomonlamang, iltimos. Biz partiyaning topshirig‘ini bajaradigan odammiz. O‘tgan gapga—salovat», deya yaltoqlandi.

1443685243_8.jpgEs-hushini yo‘qotib qo‘ygan odamday turli xayolga bordim. Har ehtimolga qarshi «Qudratli to‘lqin» romanlarini oldim. Birga mashinaga o‘tirib obkomning dachasiga bordik. Sharof aka dacha yo‘lagida obkomning birinchi sekretari bilan gaplashib turgan ekanlar. Menga ko‘zlari tushgach, bosh irg‘ab yonlariga imladilar va «Ha, shoir, qayerlarda yuribsiz?», deb ochiq chehra bilan qo‘l berib ko‘rishdilar. Keyin obkomning birinchi sekretariga qarab «Jonpo‘lat yurt nomini uzoq-uzoqlarga taratayotgan, faxrimiz sanalgan katta shoir, bunday qalami o‘tkir ijodkorlar har kuni dunyoga kelavermaydi, bunday iste’dod egalarini ayashimiz, qadrlashimiz kerak», dedilar.

Ochig‘i, shunday ulug‘ insonning mutlaqo kutilmagan bunday munosabati, mehribonligidan hayajon bosib, quvonganimdan ko‘zimga yosh keldi. Bo‘g‘zimga qora bir narsa tiqilganday yig‘lab yuborishdan o‘zimni zo‘rg‘a tiydim. Sharof aka bilagimdan tutib, dacha yo‘lagida birga biroz yurdilar. «Sharq yulduzi»da chiqqan dostonimni o‘qiganlarini aytdilar, ijodiy rejalarim bilan qiziqdilar. «Kitoblaringiz nashriyotda turib qolgan bo‘lsa, boshqa biror talabingiz bo‘lsa, ayting», dedilar. O‘zim nolib yuradigan kishini yoqtirmaganim uchun Sharof akaga boshimga yog‘ilgan malomat xususida og‘iz ochmadim. Yo‘qlaganlari, suhbatlashishni lozim topganlari uchun astoydil minnatdorchilik bildirdim. Qo‘limdagi «Qudratli to‘lqin»ga bir qur nigoh tashlab, undagi voqealar, asar qahramonlari xususida fikrimni so‘radilar. Bildirgan mulohazalarimni diqqat bilan eshitdilar. Nihoyatda vaqtlari tig‘iz bo‘lishiga qaramay xorijiy mamlakat hayoti haqida yangi asar ustida ishlayotganlarini aytdilar. «Ijodkordan kelajak avlodga yaxshi asarlari qoladi. Ruhingizni tushirmasdan, ko‘tarinki kayfiyat bilan ijodni davom ettiravering, Jonpo‘lat. Sizdan hali ko‘p xalqchil, elga manzur asarlar kutamiz», dedilar. Kitoblariga ana shu dasxatni yozib berdilar.

Keyinchalik eshitishimcha, Sharof aka mukofot topshirish marosimida nazarlariga tashlanmaganim sababli tadbirdan so‘ng meni so‘ragan ekanlar. Obkomning birinchi sekretari «xatmi-qur’on» voqeasini aytgan ekan. Sharof aka bu masala qanday, kim tomonidan ko‘tarilganligi bilan qiziqibdilar. Tafsilotni eshitgach, «Bunaqa masalada tashabbuskorlik ko‘rsatish, sallani ol desa, kallani olish kerakmas. Olamdan o‘tgan ota-onamiz ruhini yod etish, shod qilish hammamizning zimmamizdagi qarz. Tiriklarning qo‘lidan o‘tgan avlod-ajdodlarini eslash, qabrini obod etishdan boshqa nima keladi. Millatimizning qancha-qancha peshqadam ziyolilari, iste’dod sohiblari taqdiriga ko‘r-ko‘rona yondashish oqibatida qatag‘on yillarida xalqimiz boshidan kechirgan yo‘qotishlar kammi? Ijodkorlarimizni ayash, qo‘llab-quvvatlash sizu bizning burchimiz. Jonpo‘latning o‘zini ko‘rmoqchiman. Bu yerda qadr topmayotgan bo‘lsa, Toshkentga olib ketamiz», debdilar. Obkomning birinchi sekretari uzr so‘rab, yo‘l qo‘ygan xatosini tuzatishiga va’da bergan ekan.

Shu tariqa Sharof akaning sharofatlari bilan muhokama ham qolib ketdi. Obkomning birinchi sekretaridan boshlab butun faollarning, «Viloyatchorva» rahbarlarining munosabati bir yuz sakson darajaga o‘zgardi. Ertasi kuni obkomga chaqirib, ishimni davom ettiraverishimni aytdilar. …

— Domlalarimizdan akademik Ibrohim Mo‘minovga ham «Amir Temurning O‘rta Osiyo tarixida tutgan o‘rni va roli» asari uchun qattiq hujumlar uyushtirilganida Sharof Rashidov himoya qilganini eshitganmiz, — dedi Haqnazar mavzu mavridi kelganligi bois.

— To‘g‘ri, bu gapdan mening ham xabarim bor. Millatimizning teran ildizlarga egaligini ko‘rolmaydigan tarixchilar, siyosatchilar buyuk Amir Temur shaxsini kamsitib, bosqinchi, qonxo‘r sarkarda, shoh sifatida qayd etishgan. Amir Temurning adolatparvarligi, ma’rifatparvarligi, bunyodkorligi, davlatni taraqqiy ettirishdagi buyuk xizmatini baralla aytish, ulug‘ bobokalonimiz shaxsini ilmiy o‘rganish g‘oyasini ilgari surish albatta siyosatga, katta akalarga yoqmasdi. Markazdagi qarshi kuchlar Ibrohim Mo‘minovning qarashlari va xulosalarini qattiq qoralash, shu tariqa o‘zini «sindirish» harakatiga tushganlar. Bunda ham o‘zimizdan chiqqan ayrim hasadgo‘y, shaxsiy adovati bo‘lgan, zarba berish uchun imkoniyat, payt poylab yurgan olimlarning qo‘li bor. Sharof Rashidovich aralashganlaridan so‘ng hammasining dami ichiga tushgan.

— Yaxshiyam, baxtimizga Sharof Rashidovday xalqparvar, senu menga o‘xshaganlarni qo‘llab-quvvatlaydigan, millatimizga chetdan qilinadigan hamlalarga ko‘ksini qalqon qiladigan ulug‘ insonlar bor. Xullas, gapirsak — gap ko‘p. Sen bola, meni chalg‘itib yubording. O‘tir, o‘qiganlarimni sen ham bir nazar qarab chiq. Xato ko‘zimdan qolgan bo‘lishi mumkin.

Jonpo‘lat Said shunday deb bir dasta she’rlarni Haqnazarga uzatdi va o‘zi yana mashinkalangan nusxalarni o‘qishga tutindi….

Sharof Rashidov. Kashmir qo’shig’i. Qissa — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

007

(Tashriflar: umumiy 6 013, bugungi 1)

Izoh qoldiring