Sharqshunosy so’zshunos

003   Абдулла Аҳмедов китоблар, қўлёзма манбаларни нашрга тайёрлашда ҳам катта фаолият кўрсатган. Шарқшунослик ва қўлёзмалар институтлари хазинасига жуда кўп ноёб китобларнинг тўпланишига кўмаклашган. Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд,Умар Хайём, Мирзо Бедило шеърлари, Хива ва бошқа обидалардаги деворий ёзувларни тадқиқ этишда ҳам катта ёрдам кўрсатиб келмоқда.

022
Умид БЕКМУҲАММАД
ШАРҚШУНОСУ СЎЗШУНОС
023

Эроннинг Исфаҳон шаҳри.Ушбу давлатда сафарда бўлган хорижлик олим бир гуруҳ зиёлилар орасида ўзига хос адабий тажриба ўтказди. “Офтоб”, “Ораз”, “ Ал-ғиёс”, “Дод”, “Биё” радифли форсий ғазалларни зиёлиларга ҳавола этиб, шоирнинг кимлиги, қаерда ва қачон яшаганлигини аниқлашни сўради. Исфаҳонликлар ўртасида ғазаллар боис тортишув бошланди. Кимдир ғазалда ишлатилган Комил тахаллуси сабаб шоирни Шерозлик деса, яна бириси Табризлик, бошқаси бўлса Машҳадлик деди. Даврадагилар ўртасида шу тахлит баҳс қизиб шоирни баъзилар Ҳофиз Шерозий замондоши деб мисоллар келтирган бўлса, кимдир эса ҳозирги замон шоир деб баҳо берди.Ҳар қайсиси ўзини ҳақ дея ғазални шарҳлашга, муаллифни исботлашга уринарди…

Шу тариқа баҳс чўзилавергач, тажриба ўтказаётган хорижлик олим мавзуга аниқлик киритди. Форсий ғазаллар муаллифи…

Ғазаллар муаллифи Х1Х асрда Хоразмда яшаган зуллисонайн шоир Комил Хоразмий, 1977 йилда Эронда тажриба ўтказган олим бўлса шарқшунос Абдулла Аҳмедов эди.

Ҳа, эронлик зиёлиларни моҳирона форсий ғазаллари билан ҳайратга солган ҳам, қизиқарли тажриба ўтказган ҳам хоразмлик инсонлар эди.

Ўз билими, ақл идроки билан шу тариқа нафақат Эронда, балки Деҳли, Истанбулда ўтказилган илмий конференциялардаги маърузалари билан илм аҳли ўртасида ҳурмат қозонган шарқшунос Ҳазораспда туғилган Абдулла Аҳмедовдир.

Абдулла ота Ҳазораспнинг Мухомон қишлоғидаги қадимдан яшаб келаётган Мираклар қавмига мансуб оилада-1943 йили таваллуд топган.Отаси Аҳмаджон Сафоев ва онаси Холжон Жуманиёзовалар тарбияси, мактабдаги зукко ўқитувчилари таъсирида болалигидан ўз иқтидорини намоён этиб камол топади.Мактаб, қишлоқ, туман миқёсида ўтказиладиган турли тадбирларда фаол қатнашади.Араб, форс тилларини ўрганишга ихлос қўяди.

Натижада ана шу ихлос ва ҳавас Абдуллани 1964-69 йилларда Тошкент Давлат Университетининг шарқшунослик факультетида таҳсил олишига сабабчи бўлади.Алибек Рустамов,Шоислом Шомуҳаммедов, Р.Муҳаммаджонов, Б.Холидов, В.Москалёв, Эронлик Жаъфар Ифтихор, Ироқлик Аҳмад Бахши, Ҳиндистонлик Хожа Аҳмад Форуқий, Қамар Раис каби устозлардан етук таълим олади.Форс, урду, дарий,турк, инглиз,рус тилларини чуқур эгаллайди.

Таҳсилни тамомлаб Хоразм Давлат Педагогика институтида иш бошлайди.Ўз фаолияти давомида Абдулла домла бўлғуси филологларга юксак таълим, шу билан бирга тарбия берди.

1976-78 йилларда Эрон Ислом Республикасида хизмат сафарида бўлди.Ана шу икки йиллик муддат ичида форс тили , грамматикаси, матншунослик ва хаттотлик илмини янада бойитди. Шу билан бирга Эрондек қадимий давлатнинг машҳур обидалари, Имом Ризо, Фирдавсий, Ибн Сино, Умар Хайём, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий қадамжоларини зиёрат қилишга муяссар бўлди.Энг асосийси 1978 йилнинг май ойида хизмат сафарини тугатаётиб, Ҳамадон шаҳридаги Ибн Синонинг қабридан муқаддас хокини олиб келади.Бу табаррук хок ҳозирги кунда Бухоро вилоятидаги Ибн Сино ёдгорлик мажмуасида ноёб экспонат сифатида эъзозлаб сақланмоқда.

Хизмат сафаридан қайтгач олдинги педагогика институтида, ҳозирги Урганч Давлат Университетида ўз фаолиятини давом этдирди.Абдулла Аҳмедов ўқитувчи сифатида фақатгина талабаларга сабоқ берибгина қолмасдан, ўзи ўқиб ўрганганларини, тадқиқотларини кенг оммага етказишга интилди.

Унинг иқтидорини билган Хоразм ТВдаги Отамурод Пирматов, Шуҳрат Маткаримов, айниқса шоир ва таржимон, марҳум Матназар Абдулҳакимлар домлани ТВдаги турли кўрсатувларга чорлаб, Абдулла аканинг тарғиботчисига айланишди. “Бир ғазал шарҳи”, “Кеч ёқтилиқ”, “Хоразмнома”, “Юрган дарё”, “ Тасаввуф нима?”, “Тупроғимиз табарруклари” каби кўплаб кўрсатувлар айнан Абдулла Аҳмедовни кенг жамоатчиликка танитди.

Абдулла Аҳмедов 1973 йилдан бошлаб Абдуқодир Ҳайитметов илмий раҳбарлигида “Хоразмдаги зуллисонайн адабиёт масалалари” мавзусида илмий тадқиқот ишларини бошлаб юборган, мавзу юзасидан номзодлигу докторлик даражаларини олишга етарли илмий мақолалар чоп этдирганди.Аммо турли сабаблар билан Абдулла ака …илмий ишини ёқламади.

Бироқ УрДУ доценти Абдулла Аҳмедов ҳар қандай илмий даражали олимлар биланда беллаша оладиган сифатларга эга, илмни ёқланган диплом дея тушунмайдиган шахслардан.Шу боисдан ҳам уни, бу ҳолатни билган талабалару кўпчилик зиёлилар билишади, ҳурмат қилишади.Айниқса шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким билан дўстлиги, ошно бўлганлиги шундандир.

Маълумки, аксарият илмий даражали соҳиблар фақат ўзи ёқлаган мавзу доирасидагина фикр юритишади.Ҳар қандай саволга ишидан келиб чиқиб, гапни айлантириб жавоб бераверишади.Ёзган мақоласи ҳам шу тарзда-бошқа мавзу билан умуман иши йўқ.Чунки бу тоифаларга фақат даражали диплом керак.Абдулла Аҳмедов эса илмнинг турли мавзулари -гоҳида тарих, баъзида тилшунослик, адабиётшунослик нуқтаи назаридан, ўта чуқур тадқиқот асосларига суянилган кўплаб мақолалар ёзган. “Авесто” ва зардуштийлик даври, Навоий Ҳофиз, Мунис, Огаҳий,Комил Хоразмий, Аваз Ўтар, тарихимиздаги турли даврлар, воқеалар,тасаввуф тариқати, Хоразмдаги шаҳарлар ўтмиши, хуллас Абдулла ака учун чекланган мавзунинг ўзи йўқ.Буларнинг бари Абдулла аканинг кенг дунёқараши ва чуқур билимидан далолат беради.

Бундан ташқари шу пайтгача Хоразмда яшаб ўтган қайсики аллома аждодларимиз ҳаёти, қутлуғ саналари, тарихда муҳим ўрин тутган воқеалар, Хива обидаларига битилган ёзувларга бағишлаб ТВда, матбуотда қилган, қилаётган чиқишларининг ўзи неча бир дипломли олимнинг ишидан неча баравар кўп.

Қолаверса Абдулла акадаги вазминлик, босиқлик ҳам унинг кенг дунёқарашли зиёли эканлигидан далолат беради.Ҳар қандай масала, илмий мавзудаги баҳс, тортишувдаям ўзини тута билиши шу боис уни билганларда янадаям ҳурмат ҳиссини уйғотган.

Ҳазорасплик кекса ўқитувчи Саъдулла Матёқубов домланинг ана шу хислати тўғрисида шундай дегандилар:
-Абдулланинг кўп маротаба “саводсиз олимлар” ўртасида баҳсли мунозарали муаммоларни ечишда қатнашганини кўрганман. Абдуллада бўлган камтарлик, босиқлик, ноўрин тортишувларда сабр-тоқат, чидам билан қатнашганини кўриб, “нега ўзингни танитмайсан?” , “буларни эзиб ташламайсанми?» ”деган вақтларим бўлган. Абдулла эса “йўқ, манманликка ўрин йўқ” дея, шу одамларга ҳатто жаҳл билан қарамаганига ачинар эдим.Билмадим, бу хислатлар Абдуллага қандай-у, мен эса ўрни келганда “мағрурлик ҳам керак” дейман. Абдулла ҳаётда дўстининг ҳам, душманнинг ҳам юзига тик қарамади, ҳамиша табассум , ҳамиша камтар, ҳамиша соддадиллик билан ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтмоқда.

Балки дўсти Саъдулла ака таърифлаганидек ана шу хислатлар боис домла бугун эъзозга, ҳурматга сазовор бўлгандир.Хуллас, Абдулла аканинг шахсиниям, илминиям кенг омма эътироф этган Хоразмда.

СЎЗни, ИЛМни муқаддас деб билган Абдулла домлани кўп таърифлайвермай, дўсти Матназар Абдулҳакимнинг у киши тўғрисида ёзган мақоласини ўқувчиларга ҳавола қилиб, шарқшунос олимимиздан мақолалар кутиб қоламиз.

02

022
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ИБРАТЛИ ҲАЁТ ИСТИҚБОЛИ
023

Шарқшунослик, хусусан араб имлосидаги манбалар билан ишлаш, расман бўлмаса ҳам, амалда таъқиқланган даврларни яхши эслайман. Бу пайтлардаги икки юзламачилик, мумтоз адабиётимиздаги кўпгина фазилатларни кўриб кўрмаганга олиш,”инқилоб”дан олдин битилган асарларни тескари талқин қилиш васвасаси хуруж олган даврларда масаланинг асл моҳиятидан воқиф зиёлиларнинг аҳвол руҳияси жуда тушкун бир аҳволда эди. Улар мафкуравий шоввозлар томонидан якдиллик билан ёлғизлатиб қўйилган, фазилатлари тан олинмас эди.

Руҳи халқимизнинг қадимий қадриятлари билан мустаҳкамланган мўйсафидлар ҳаётдан четлатилган бундай совуқ йилларда ҳаётимизда худди тошни ёриб, унга майсалардек, онда-сонда бўлса ҳам мумтоз анъаналаримиз руҳида тарбияланган ёш зиёлилар ҳаётимизга кириб кела бошлади. “Хрушчёв илиқ-милиқлиги” деб аталган даврдаги чала ижозатлар туфайли рўй берган бу имкониятлар ҳам, ўзига хос бир ҳадиксираш руҳи билан суғорилиб турган эса-да, ана шу зиёлилар учун “ҳеч бўлмаганидан кеч бўлган афзал” қабилидаги бир омил эди.Шунинг учун ҳам бу авлодга мансуб шарқшунослар ўз мухлислари учун тиниқ осмонда чақнаган бир чақин каби таажжубланарли мўъжиза, аждодларимиз руҳи қайтадан нур соча бошлаган бир матлаъ эдилар.
Абдулла Аҳмедов ана шу авлодга мансуб зиёлиларимиздан . Шунинг учун ҳам, назаримизда, унинг учун ўтган йиллар осон кечмади.

Абдулла аканинг руҳиятидаги ҳорғин бир қаътият, толиққан бир жасурлик ана шу мураккабликлар оқибатидир. Бир мисол келтириб ўтай.Ҳали нисбатан яқин ўтмишда, аниқроғи саксонинчи йилларда биз Хоразм ТВсида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган бир кўрсатув тайёрладик.Абдулла Аҳмедов мазкур кўрсатувда иштирок этадиган “марказий фигура”лардан эди. Кўрсатувда биз, бугуннинг нуқтаи назаридан олиб қараганда, жуда ҳам оддий бир мавзу-шоир ижодидаги тасаввуфий оҳанглар тўғрисида сўз юритдик. Телевидениядаги Отамурод Пирматов, Шуҳрат Маткаримов ва бошқа илғор мутассадиларнинг журъати билан эфирга юборилган бу кўрсатув Навоийни атеист дегувчи андишасизларнинг қақшатгич қаршилигига дуч келаёзди. Улар бу кўрсатувга қарши Алишер Навоий номидаги барча колхозларнинг аъзоларини намойишга олиб чиқиш “ғоя”сини кўтардилар. Агар бу ҳодиса ўттизинчи , ёхуд эллигинчи йилларда рўй берсамиди, шаксиз, Абдулла Аҳмедов сингари инсонларнинг қатағон қилиниши билан якун топган бўлур эди.

1984 йилнинг Наврўзини нишонлаш мақсадида Хоразм педагогика институтининг катта зали ранг-баранг безаклар, чиройли расмлар ва мумтоз шоирларимизнинг араб ёзувидаги Наврўзни улуғловчи шеърий парчалари билан безатилган эди. Улар Рабғузий, Умар Хайём, Алишер Навоий, Огаҳий, Нодира, Муқимийларнинг баҳорни тараннум этувчи шеърий мисраларидан намуналар эди. Араб ёзувидаги деворий шиор ва шеърий парчаларни Абдулла Аҳмедов ўзининг арабий хат соҳасидаги хаттотлик маҳоратини намойиш этиб қаламга олган эди. Ҳамон эсимда, биз бир гуруҳ хоразмлик ижод аҳллари ҳам байрам тантанасига таклиф қилинган эдик. Наврўз байрами тантаналари айни қизиган пайтда залга бир гуруҳ мансабдор фирқа ходимлари-вилоят партия ташкилоти котиби, Тошкент ва Москвадан келган компартия гумашталари институт ректори кузатувида ташриф буюрдилар. Москвалик меҳмон чор атрофдаги арабий ёзувларни кўриб тутоқиб кетди ва масъул ходимларни қаттиқ сиқувга ола бошлади. Ниҳоят, арабий ёзувлар ижодкори-“гуноҳкор” Абдулла Аҳмедов эканлиги аниқланди. Москвалик меҳмонга бу ёзувларнинг ҳеч қандай динга алоқаси йўқлиги уқтирилса ҳам бефойда эди. Яхшиям Абдулла ака комфирқа аъзоси эмас эди. Бўлмаса роса адабини ерди.

Юсуф Ҳамадоний қадамжоларини ободонлаштириш авж олган пайтлар эди. Вилоят ҳокими ташаббуси билан Юсуф Ҳамадоний ҳақида ТВда бир соатлик кўрсатув уюштирилди. (журналист Шуҳрат Маткаримов,шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким,шарқшунос Абдулла Аҳмедов , Ҳамро Пирмуҳаммад-Юсуф Ҳамадоний масжид-мақбарасининг бош имоми иштирокида-У.Б.) Абдулла акага кўрсатувда Юсуф Ҳамадоний Шовот туманида дафн қилинган деб тарихий факт сифатида тасдиқлаш топширилган эди. Олим фанни сохталаштириш катта гуноҳ эканлигини ҳис этиб, ҳақиқатни бўямасдан, Юсуф Ҳамадонийнинг ҳақиқий мозори Марв шаҳрида эканлигини қайд этиб, раҳбарларнинг қаттиқ норозилигига дучор бўлган эди.

Абдулла Аҳмедовнинг “елкасига офтоб теккан” йиллардаги ҳаёти ҳам мана шундай машаққатлардан иборат. Аслида-ку, Абдулла Аҳмедов ва унга маслакдош одамларнинг ҳаёти ҳамиша ҳам мушкулотларга маҳкумдир. Чунки бундай зиёлиларнинг холис қарашлари ҳамиша беғараз илмдан кўра ўз “пичоқ остларидаги мой” манфаати устунлик қиладиган буқаламунларнинг манфаатларига муросасиз бир тарзда зид келаверади.
 

Жаҳолатнинг бундай, бир қарашда мужмал, бироқ мутаффаккир инсоннинг юрагини аниқ мўлжалга оладиган макрини Абдулла Аҳмедовдек зийрак зиёлининг илғамаслиги мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам руҳан, ҳам жисман шикаст топди. Уни Бертельс ва Бартольд сингари жаҳон шарқшунослигининг юксак талабларига жавоб бера оладиган шарқшунос олим бўлиб камол топиш имконига путур етказди. Қутлуғ меҳнатдан қўлини совутди. Шу боис биз Абдулла Аҳмедовнинг иқтидорини ҳали ишланиши керак бўлган олтин рудаси тарзида эътироф этамиз.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Абдулла Аҳмедов мана шу давргача чеккан маънавий риёзатлари, ҳаёт тарзи, ниҳоятда кенг билим доираси ҳамда мударрислиги билан Хоразмда, хусусан ёшлар орасида шарқшуносликнинг ажойиб бир барҳаёт тарғиботчисига, ҳатто муайян бир инсон қиёфасидаги рамзига айланди. Сўзда эмас, амалда ҳам ўзбек зиёлисининг анъанавий фазилатларини ўз фаолиятида намоён этиб, замондош ҳамюртлари юрагида бутун бир аср мобайнида камситилиб келинаётган мозийга холис меҳр уйғотди. Мазкур меҳрнинг айни кунларда касб этаётган оммавийлигига замин ҳозирлаган бир муаллим, салоҳиятли мударрис сифатида обрў топди. Азалдан абадга қараб давом қилмоқда бўлган маънавий силсиланинг бир ҳалқаси сифатида авлодлар ўртасидаги соғлом муносабатларнинг узвийлигини таъминлади.

Ўзининг залворли билим заҳирасини ҳаётга яна ҳам кенгроқ тадбиқ қилиш, давримиз яратиб бераётган кенг имкониятларни ишга солиб, ўзбек шарқшунослигининг яна ҳам тараққий топишига фақат шогирдлар етиштириш борасидаги хизматлари билан эмас, балки лаёқатли бир қалам соҳиби сифатида ҳам салмоқли ҳисса қўшиш, ўзбек фанини янгидан янги китоблар билан бойитиш , истиқболда Абдулла Аҳмедовнинг ўз иқтидорига муносиб қилиб шакллантирадиган файзли ҳаётига яна ҳам улуғворлик бахш этадиган бурчидир.

“Хайрият!” дейдиган бир жиҳат шундаки, истиқлол йилларида илм-фанга тиқиштирилган сунъий қолиплар олиб ташланди, мумтоз адабиётимизни холис ўрганаман, деганларнинг тафаккур оқимлари олдига қўйилган тўғонлар бартараф қилинди.Гарчи бу жараён ҳам осон кечмаётган, гарчи ҳар биттамизнинг маънавиятимиздаги гумроҳликдан халос бўлиш туйғуси риёзатлар воситасида тантана қилаётган бўлса ҳам, ҳар қалай, миямиздаги кишанлар ўрнини ҳақиқий ҳурфикрлилик журъати эгаллай бошлади.

Эндиликда Абдулла Аҳмедов ҳамда унга ҳаммаслак бўлган барча зиёлиларнинг зиммасида залворли бир бурч бор. Мазкур бурч адабиётни олдиндан белгилаб қўйилган тутуруқсиз талаблар билан эмас, билъакс, мазкур адабиётнинг тараққиётини белгилаётган бадиий асарларнинг маънавий-бадиий фазилатларидан келиб чиққан ҳолда холис ўрганишни таомилга киритиш учун курашдан иборатдир. Адабиётни сиёсатнинг ночор чўриси бўлиб қолишдек мудҳиш кулфатдан халос қилиш керак.

Халқнинг, хусусан, кенг китобхонлар оммасининг ҳам, адабиётшуносларнинг ҳам бу иллатдан бир силтаниш билан халос бўлиб олишлари қийин. Негаки, салкам бир аср мобайнида ўлим таҳдиди билан кишиларимизнинг ҳужайраларигача, қон танчаларигача сингдириб юборилган сохтакорликдан фориғ қилиш шифокорларга хос бўлган сабот-матонатни, кечиримлиликни, олийжанобликни талаб қилади. Бу жабҳада олимларимиз шўро давридагидек курашни бошқаларга айб тақаш, ёхуд сиёсий ёрлиқлар ёпиштириш, Сталин давридагидек ўз мафкурасига қўшилмаганларни қирғин -қатағон қилиш йўлидан эмас, балки тадрижий равишда тараққий топиб борадиган маърифатпарварлик асосида йўлга қўймоқлари керак. Чунки жаҳолатни жаҳолат билан бартараф қилиб бўлмайди.

Абдулла Аҳмедов китоблар, қўлёзма манбаларни нашрга тайёрлашда ҳам катта фаолият кўрсатган. Шарқшунослик ва қўлёзмалар институтлари хазинасига жуда кўп ноёб китобларнинг тўпланишига кўмаклашган.  Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд,Умар Хайём, Мирзо Бедило шеърлари, Хива ва бошқа обидалардаги деворий ёзувларни тадқиқ этишда ҳам катта ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Ўйлайманки, мана шундай бир шароитда Абдулла Аҳмедовнинг толиққан руҳи қайтадан қудрат касб этиб, ўзини маърифий жабҳаларнинг илғор сафларидаги курашларга сафарбар қила олади. Бу сафарбарликнинг самараси салмоқли бўлмоғи табиийдир.Маърифий меҳнат учун бундай кенг уфқлар очилаётган бир давр Абдулла Аҳмедов учун машаққатли бир бахт, риёзатли бир саодатдир.

2003 йил, Урганч тумани.

07

(Tashriflar: umumiy 301, bugungi 1)

Izoh qoldiring