Шавкат Раҳмон. Юрагингда аллақандай мунг…

jangchi

…Шоирлик касб эмас, шеър ҳам ботмон-ботмон ёзилавермайди, ёзилиш сабаби бор, вақти-соати бор. Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади. Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш эса ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир ( Шавкат Раҳмон ).

jangchi

Шавкат Раҳмон
ЮРАГИНГДА АЛЛАҚАНДАЙ МУНГ…
Шеърлар

ЭСДАЛИК

Унутганим йўқдир ҳали
ўрикзорни, асов сойни,
сой бўйида кўздан холи
бақатерак ўсган жойни.

Унутганим йўқдир ҳали
ўйинқароқ зилол сувни,
тол тагида шом маҳали
ғира-шира икки қувни.

Ёдимдадир ўшал дамлар,
кулгуларинг эди сўлим,
ҳали йироқ эди ғамлар,
дунёда йўқ эди ўлим.

Қовжирадим ёз гулидай
соғинганча ўшал жойни,
холи кеча, етим ҳулво,
ярқираган улкан ойни…

* * *
Ой синиғи тўла сувлоққа
шаршарадай қуйилган ёллар.
Бу ёлларни силар меҳрибон
шабадалар – маъюс аёллар.

Кўк ёлларин сувга ботириб
не замонки, сув ичар отлар.
Атрофдаги кўм-кўк адирлар –
ўтовларда ботирлар ётар…

Бироқ тунда ўт-майсаларга
тўкиладир кимнинг ёшлари?
Нега сувдан бечора отлар
кўтаролмас оғир бошларни?

Нима бўлган уларга, ахир,
ё сеҳрлаб қўйганми сувлоқ?
Нега жимлик босган воҳада
беғам ухлар ботирлар узоқ?

* * *

Мен йўғимда…
Гуллар очилар
ташна бўлиб салқин елларга.
Майин, тиниқ бўйлар сочилар
ёлғизоёқ, сокин йўлларга.

Мен йўғимда…
Тикилиб йўлга
хўрсингайдир яланг қоратол.
Хотирлардан фаромуш бўлган
булоқларнинг кўзида малол.

Мен йўғимда…
Ёвқур шамоллар
оғушида райҳон кулади.
Гузарларда мудраган чоллар
бир кечада ғойиб бўлади.

Мен йўғимда…
Фиғон этармиш
кўкка қараб карнай-сурнайлар.
Мен йўғимда ташлаб кетармиш
фарғонани оппоқ турналар.

* * *

Эртага қийналиб сени топаман,
сен ҳамон ўйноқи, дилбар, расида.
Бўхтлиман, кучлиман, дея чопаман,
мовий кўзларингнинг доирасида.

Шаҳарга сачрайди севгининг бўйи,
сўнг қучоқ очади бахтиёр хонанг.
Даданг чиқиб кетар қовоғин уйиб,
жилмайиб қўяди меҳрибон онанг.

* * *

Гоҳ чекасан,
Гоҳ дарғазаб
қаёққадир чопасан,
қурғур уйинг шамол кирган
туйнугини ёпасан.

Атрофингда айтар қушлар
баҳорига шукрона.
Соғинтириб келган баҳор
фақат сенга бегона.

Дўстинг келар:
“Баҳор учун
сатта-сатта қилсак” дер.
Бироқ сенинг хаёлингда
ўтган йилги чала шеър.

Топилмайди бирор фурсат
баҳор завқин туймакка.
Навбаҳорни даст кўтариб
бола каби суймакка.

Вақт ўтар, ўтар шитоб,
табиат ҳам турланар
ва бир кун бошинг узра
йиғлаб учар турналар.

Аланглайсан, юрагингда
аллақандай мунг сезиб
ва баҳорни яна кузда
соғинасан
шеър ёзиб.

* * *

Бўлса ҳамки тахир ва аччиқ,
яширмасдан бор йўқ айбимни,
ҳаёт, босдим босдим лабингга қаттиқ
ҳароратга ташна лабимни.

Очиқ кулиб, сўйлаб ёруғ сўз,
қуёш, ерга шукрона айта,
мен ҳар кеча юмяпман кўз,
туғиляпман ҳар сафар қайта.

ТУНГИ МАНЗАРА

Ўрмонлар жим, йиғламас шамол,
сой сайрамас, бақалар жимдир,
ингроқларга тўлиб кетган тун –
ғамгин қўшиқ айтади кимдир.

Отим ўлган, қиличим синган,
мажақланган совут, қалқоним,
ким ташлади мени бу чоҳга,
қайда қолди ёруғ осмоним?

Қаерданман, қайга борарман,
қора зиндон нақадар чуқур,
фақат тоқнинг буржидаги ой –
туйнукчадан тушар хира нур?!

Барча азоб камлик қилгандай
сой сайрамас, бақалар жимдир,
гўё мазах қилгандай гоҳ-гоҳ
ёпиб турар туйнукни кимдир…

* * *

Мен келаман навбаҳор бўлиб,
гулга тўлган танҳо сўқмоқлар.
Мен келаман сойлардай тўлиб,
етилганда саратон, боғлар…

Мен келаман, келаман сўзсиз,
кўзингизни яширманг зинҳор.
Пешвоз чиқинг йўлларимга сиз,
баҳор бўлиб келаман, баҳор…

БАШОРАТ

Сурилар бу темир пардалар,
истибдоднинг туғлари қулар,
моғор босган қора қаърлардан
милён озод руҳлилар турар.
Тўсиб бўлмас сохта ваҳий-ла,
ёлғон шиор,
сафсата билан,
ҳур фикрни босган ваҳима,
дабдабаю асъаса билан.
Қулар қонда сузган қасрлар,
жудаб йитар сангин салтанат,
сўқир бўлар асрий наҳсдан
бино бўлган ёвуз шайтанат.

Келар,
келар буюк меҳрдан
кифтлар кифтга босилажак кун,
ғамдан фориғ жез каллалар ҳам
кўкракларга осилажак кун.
Порлар тошга дўнган сўзларим,
порлар мангу одамий руҳим,
порлар Ҳакқа ташна кўзларим,
худо берган мангу андуҳим,
ёруғ андуҳим…

ОЗОДЛИК

Қорли уваларда қора қўтослар,
темир ҳалқалар бор бурунларида.
Бир жойда айланар буюк чўлларнинг
дарага қамалган қуюнларидай.
Қамчинлар тарсиллар,
ёрилар ҳаво,
қий-чувлар,
ҳуштаклар,
суронлар жўшар, ҳарсиллар,
гулдирар ўжар қўтослар,
жон кириб қутурган тоғларга ўхшаб.
Қорлар қораяди…
орқада қолар
қамчинлар овози,
шавақи саслар.
Энди бирин-кетин кенгликка эмас,
қорли чўққиларга ўрлар қўтослар.
Бу йўл сўнгги йўлдир,
ягона йўлдир,
уларни на шамол,
на қоя тўсар.
Қўтослар ўрлайди тик чўққиларга,
поёнсиз борлиқда чўққилар ўсар…

БАХТ СЎЗИ

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.

ЁШ УЗБЕК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдан тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни кайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар –

Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур,
қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман,
энди ҳар нарса –
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.

ТУРКИЙЛАР

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.
Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.
Туркда бош қолмади…
қолмади довлар,
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган – имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар,
борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.

Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

ИҚРОР

Рубобий шеър ёзсам…
қайтсам бир нафас…
ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,
қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас хаёлчан ўсмирга дўнсам.

Воҳ, ўшал лаҳзалар…
ўтдими буткул
гунафша атирли тансиқ туйғулар,
саҳарги боғларни уйғотган булбул,
ойларнинг нурларин элаган сувлар.
Яшил шажар эдим…
Қандоқ, соғиндим…
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим,
дилимни қаритди бесамар жанглар.
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим,
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япрокдай сарғордим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.

Бас, қушлар сайроғи,
япроқлари мўл
яшил шажар каби турай мушаккал,
илҳомим ҳақида сўйласинлар хўб,
заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар.
Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён.
Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир,
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.

* * *

Айт, эй, хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой, мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўк, юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим – Ўшим кўринди,
Султон – Ўшим кўринди…

“Шарқ юлдузи” журналининг 2010 йил № 2 сонидан олинди

(Tashriflar: umumiy 54, bugungi 1)

Izoh qoldiring