Ulug’bek Hamdam. She’riyatning buyuk yolchisi

0928 март — Устоз Рауф Парфи хотираси куни

    Шеърга, Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балки яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошию ёр- биродарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унчалик ҳам кўп бўлмаган. Шуларни ўйлаганда хаёлимга негадир “лоп” этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ, ҳам девона Машраб келади. Кейин… кейин хаёлим унда – Рауф Парфида тўхтайди…

Улуғбек Ҳамдам
ШЕЪРИЯТНИНГ БУЮК ЙЎЛЧИСИ
(Улуғ шоир Рауф Парфи ижодига бир назар)
021

045ХХ аср ўзбек шеърияти чинданам юксак санъат ва жасорат намунасидир. Чўлпону Ойбек, Ғафур Ғулому Усмон Носир, Эркин Воҳидову Абдулла Орипов, Шавкат Рахмону Усмон Азим, Хуршид Даврону Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиеваю Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзаеваю Хосият Рустамова ва ҳоказо яна ўнлаб мана шундай шоирлари бор адабиёт қандай қилиб елка қисиб туриши мумкин? Албатта Ҳамид Олимжону Асқад Мухторнинг ўз йўли бўлганидек, Омон Матчону Баҳром Рўзимуҳаммаднинг, Абдували Қутбиддину Азиз Саиднинг, Эшқобил Шукуру Асқар Маҳкамнинг, Фахриёру Раҳимжон Раҳматнинг ҳам ўз шеърий дунёқараши мавжуд. Улар қаердадир бир бирларига ўхшаб кетиши мумкин, лекин моҳият-эътибори билан бирови бошқасидан яққол ажралиб-фарқланиб туради. Шу маънода ҳақиқий шеърият мухлиси ўқувчи сифатида, ўзбек поэзияси тадқиқотчиси олим сифатида омадлидирлар. Ана шундай шоирлар қахкашонида тағин битта шоир борки, санъаткорлигу ҳақпарастликда, жафокашлигу фидойиликда ҳар ким ҳам у билан басма бас келолмайди. Унинг учун шоирлик ТИРИКЧИЛИК ЭМАС, ТИРИКЛИК, Борлик ва Йўқлик, Аввал ва Охирдир!

Шеърият ибтидо, шеърият охир…

деб ёзади шоир сўнгги шеърларидан бирида.

Шеърга,Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балки яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошию ёр- биродарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унчалик ҳам кўп бўлмаган. Шуларни ўйлаганда хаёлимга негадир “лоп” этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ, ҳам девона Машраб келади. Кейин… кейин хаёлим унда – Рауф Парфида тўхтайди… Садағангиз кетай, гапларим эриш туюлмасин. Эҳтимол, сиз шоирни ҳаётда мендан кўра кўпроқ билишингиз, у билан шаҳарнинг турли қаҳвахонасию ошхоналарида пайдар пай улфатчилик қилиб, шоирнинг кўнгил сирларидан, шахсий ҳаётидан мўлроқ хабардор бўлган бўлишингиз мумкин. Ҳатто орангизда шоир билан бирга, бир хонада яшаб, унинг инсон сифатидаги бутун қудрату ожизликларини кўп бор синаганлар ҳам бордир. Лекин барибир, Рауф Парфи деган шоирдан, унинг энг теран, энг нозик, энг муқаддас кўнгил розларидан, гўзал ва оғриқли орзу умидларидан ҳиссий маълумот бергувчи энг зўр, энг ишончли сирдош бу — унинг ўлмас шеърларидир! Чунки шоир ғоят самимий инсон эди. Шахсий ҳаётининг эътиборли жиҳатларини, ўзигагина эмас, ўзгага ҳам қизиқарли бўлиши мумкин бўлган пичоққа илингулик неки қирраси бор, — магарки, улар аввало, шоир қалбидан ўтган, уни ларзага солган эса, — ҳамма ҳаммасини сўзга ишониб топширгувчи эди:

Мени таъқиб қилар шоир деган ном,
Чиқмаган шеъримга садақа олдим.
Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,
Неки ундан ўтди, Худога солдим…

Мана энди Рауф Парфи уни яқиндан таниган кишиларга ҳам яна да таниш, яна да тушунарли туюлган бўлса ажаб эмас. Чунки шоирни бутун умр Илҳом, Сўз, Шеър,Ҳақпарастлик, Гўзаллик… таъқиб этди ва уни ўз ҳолига қўймади: шахсий ҳаётини, кундалик турмушини, бир эркак, бир ота, бир инсон сифатидаги фароғатини маҳв этди. Лекин шоир — бу дунёдаги энг ҳассос, энг тез яраланувчи қалб эгаси бўлган санъаткор – ўзи йўқотган неъматларга ҳамиша эҳтиёж сезиб яшади ва уларни ўзгалардан қидириб чирпанди. Бунга муқобил равишда шоирни Сўз таъқиб қилишдан чарчамади. Натижада Рауф Парфининг шахсий ҳаётида топиш-топишиш билан топилганни тинимсиз йўқотиш алмашиб келаверди:

Сўз мени таъқиб қилар
Чирқиратиб ўйиб кўксимни…

Шоир кўксини чирқиратиб ўйган сўз баъзида унинг бошини силайди, руҳини иситади:

Сўзнинг гулханида руҳим исинди…

Яхшилик ва ёмонлик, вафо ва жафо… Рауф Парфи ҳаётида навбатма навбат келиб турганидек, Сўзнинг завқи ва жабри ҳам тахминан шунга яқин бўлган: у гоҳ ҳеч тузалмайдиган ярага айланиб, шоирга чексиз азоб берган:

…Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар,

Ундан-да сўрайман, Шеърият надир?!
Лаззатга ғарқ ботиб, кунга қарайман
Ҳеч тузалмас Яра, у Сўздир ахир…

Эҳтимол, яқин йигирма ўттиз йил берисида ҳеч қайси шоир сўзга бунчалар аҳамият бермагандир, ҳаёти мазмунини, тириклиги маънисини Илоҳий каломга боғлаб, уни шунчалар илҳақлик билан кутмагандир, ниҳоятида ўзини унга – Сўзга лойиқ топмай, адоқсиз қийноқлар исканжасида адолар бўлмагандир:

Улар Ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?..
Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб.
Итдек изғидим мен. Мен энди кетай.
Деворга бошимни уриб бўзладим,
Аллоҳга сиғиниб, бўзлаб сўзладим…

Сўзга, ёрга, майга, санъатга, ҳақпарастликка… мана шу янглиғ мубталолик бора бора кишини дунёнинг ғалвали икир чикирларидан, ҳеч қачон тугамайдиган битмайдиган ғийбату фитналаридан, оғриқларидан, озорли юмушларидан, борингки, дунёнинг ўзидан ҳам совутиб олади. Кўнгил ва Дунё ўртасига ўтиб бўлмас девор тиклайди, кечиб бўлмас чоҳ қазийди. Дарҳақиқат, ёр васлига зор ошиқнинг бутун фикру ёди ёр дийдорида бўлиши баробарида бундан бошқа ҳамма нарсалар унинг учун ҳаромдир. Не ажабки, Рауф Парфи деб аталмиш шоир сиймосида юқорида саналганларнинг барчаси жамулжам бўлгандек: у ҳам сўзга санъатга, ҳам май ва ёрга, ҳам Оллоҳга ошиқ эди. Менингча, айнан шу сабабдан ҳам нозик қалбли шоиримизнинг юрагига қўл билан ушлаш мумкин бўлган Дунёнинг ялтироқ матоҳини барпо қилиш сиғмагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам донғи дунёга кетган машҳур шоир бўлишига қарамай, ўз шахсий ҳаёти, кундалик турмуши устида жиддийроқ бош қотиришга ҳам ҳоли келмагандир. Ахир, биргина ёрга ё санъатга ошиқликнинг нима эканини биз оз-моз биламиз, лекин буларнинг ҳаммаси бир жойга – бир инсон қалбига тўплансалар, бунинг нима ва қандай куч эканини ҳеч қурса тасаввур этишимиз мумкинми? Ватан ишқи, ҳақиқат ташналиги, ёр савдоси, санъат ва сўзга муҳаббат… буларнинг барчаси Рауф Парфи бир умр ўз шеърларида тараннум этиб келган ўзак ва муқаддас мавзуларким, шоир феномени моҳиятини ҳам шу ердан қидирмоқ жоиз. Эҳтимол, мавзуларнинг ҳаммаси шоирнинг биргина Оллоҳга бўлган муҳаббати – ягона ишқининг турли туман тажаллисидир. Ахир, Яратганнинг хислати ҳамма жойда ва ҳар кимда акс этиши ҳақидаги гап кечаги асрнинг олифта назарияси эмас, балки инсоният ақлу ҳушини топиб, ўз қисмати устида фикр юрита бошлагандан буён мавжуд ва шу кунгача ҳеч бир дин, ҳеч бир ҳалқ инкор этмаган ҳақиқат ку!

Рауф Парфи шеъриятини такрор такрор ўқиб, шунга амин бўламанки, шоир ҳуда-беҳуда нарсалар тўғрисида иложи борича ёзмасликка ҳаракат қилган. У шундай мавзуларни қаламга олганки, чуқурроқ мушоҳада этилса, аксарияти одамнинг инсонлик тарафига дахлдор бўлиб, руҳоний маърифатни уйғотишга қаратилгандир. Шунда бирдан “лоп” этиб бир фикр хаёлингизни чулғаб олади: атрофингизни куну тун ўраб турган ва ҳамиша мулоқотда бўлиб юрганингиз одамлар ҳали фақат одамлар экан ҳамда бунга сизнинг ўзингиз ҳам дохил экансиз. Шоир эса одамларнинг одамлигича қолиб кетишини истамайди. Уларнинг инсон даражасига ўсиб чиқишини, инсон бўлишини жуда катта куч билан хоҳлайди, шунга эҳтиёж туяди. Шунинг учун ҳам очиқ кўзлар билан ухлаб юрган одамларга ўз шеърларидан камон ясаб, ўқ-найза отади, токи уйғониш ҳодисаси содир бўлсин, одам Инсонга айлансин!

Инсонлик фитрати уйғонгунча то
Ич, ҳақнинг қонини юҳо жомида.
Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий нур,
Абад қолиб кетмас ваҳшат домида!

Худо одамни одам қилиб яратди. Унинг фитратига инсонлик уруғини сепди ва шу ерда ишни якунлади. Бундан буёғи эса аввало, ота онага, жамиятга ва ниҳоят, одамнинг ўзига ҳавола этилди. Ота она, жамият ва одамнинг саъй ҳаракатлари билан одам Инсонга айланиши мумкин. Буни ғарбда илмий истилоҳ билан индивид ва шахс деб аташади. Ҳар қандай одам индивид, лекин ҳар қандай индивид шахс эмас, дейди улар.

Демак, одамийзод ҳали ўз орзусига эришгани йўқ. Ҳали унинг онгли, улғайган ҳаёти энди-энди бошланиб келаётир. Буни тушуниб етиш ва ҳар бир одам (индивид) Буюк Уйғонишга аввало, ўзини ўзи уйғотиб, кейин ўзгаларнинг уйғонишига ёрдам бериб ўз ҳиссасини қўшмоғи жудаям муҳим. Зеро, шоирнинг ўзи ҳам сизга, менга, унга – ҳаммамизга умид билан мурожаат қилади:

Қачон уйғонадир халоскор Даҳо?

Бундай халаскор Даҳо бизнинг ҳар биримиз бағримизда ухлаб ётган бўлиши мумкин. Келинг, азиз ўқувчим, унга эътибор берайлик, у – бир уруғдирким, сиз билан биз шу уруғнинг ўсиб чиқиши учун ақлимиз, кўнглимиз ва ҳаёт тарзимиз иқлимини муносиб этайлик. Зотан, миллатнинг, инсониятнинг уйғоқлиги Сиз, Мен ва Унинг уйғонишидан бошланади… Ҳар қандай ибтидо интиҳони, ҳар қандай туғилиш ўлимни тақозо қилади. Одамзод буни яхши билади, билгани боис ҳам улар орасидан тийрак ақлга, ўткир қалб кўзига эга бўлганлари Бошланиш ва Якунланиш оралиғини муносиб босиб ўтишга интилади. Мазкур интилиш эса Инсон зиммасига қатор Вазифаларни юклайди. Рауф Парфи ўз чекига тушган Вазифани бутун масъулиятию шарафи билан идрок этган том маънодаги Жасоратли Шоир эди. Ҳайбаракаллачилик авж олган, адабиёт-санъат олқиш ва мақтовлар майдонига айлантирилган бир пайтда Рауф Парфи Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон каби шоирлар билан бир сафда туриб, 60 – йилларда шеъриятга Улкан Мунгни олиб кирди, санъат орқали одамларга овоз чиқариб йиғлаш, қайғу ва дардни ошкора яшаб ўтиш имконини қайтариб берди. Ва энг муҳими, Чўлпон жуда гўзал пардаларда бошлаб берган ХХ аср ўзбек шеъриятини Рауф Парфи юксак санъат нуқтаи назаридан энг баланд чўққиларга олиб чиқди… Худди шундан кейин ўзлигини англаб етган Шоир ўз зиммасига Тарих юклаган, Кишилик жамияти юклаган, Бурч ва Виждон юклаган, Ижтимоий сиёсий маданий Вазият юклаган, Миллий ғурур юклаган, борингки, бутун Инсоният тақдири учун қайғуриш Ҳисси юклаган Улкан Вазифани шараф-ла адо этиб бўлгач, умр ва курашлар адоғида бутун борлиғида тиклаб бўлмас бир ҳорғинликни, бўшлиқни ҳис этади ва… ва унинг миясида, вужудида, юрагида… ўлим соғинчи пайдо бўлади: «Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…” Бу курашлар майдонини, оғриқлар, азоблар бағри – бебақо дунёни ташлаб қочиш эмас, асло! Балки, бу – ўз қисмати чегараларини вақтида нозик илғаган Фаросатли Улуғ Инсоннинг ўзга ўлчамли оламга Жасорат билан талпинишидир:

Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…

2006 й

Рауф ПАРФИ
УЧ ШЕЪР
04

БИТИКТОШ

Фирдавсий бир замон айтгани каби
Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
Фақат икки нарса қолур абадий —
Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган,
Беҳуда гап сотиб юрмаган улар.
Мана, минг йилларни опичлаб келган
Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

Вақт қуюнида не давру даврон,
Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
Бу — Турон аталган муқаддас армон.
Унга қарайману бир ҳис туяман.

Бу юртим тимсоли мангулик тошдир…
Юрагим тошига шеърим ўяман.

ХАРИТА

Кўзларимга нур сингари сингиб кетар
Юрагимнинг суврати — харита,03
Етар.
Мен ҳали кўрмаган ороллар,
Мен ҳали билмаган ерлар, денгизлар,
Конларимда ором олар.
Қонларимни бузар.
Бунда кўринмайдир бир чайла,
Унда бақираётган бир одам…
Қалқир, қалқар ҳар бир ҳужайра
Кўзимга сачраган ярадан.
Шу парча қоғозни босиб
Ким қалбимни ғижимлар отар?!
Харита — Туркистон — нафасим,
Кўзимнинг иссиғи — харита.

ЮРАК

Гўё барибирдир яхши ва ёмон,
Юрак, сенга борар кўчалар очиқ…
Сачраб ёнарсану бўлмассан тамом,
Ўткинчи ғамларга аччиқма-аччиқ.

Юрак, йўлларингда турганман такрор,
Роса сайраганман сенинг тўғрингда.
Ким билар, ақлимга келдинг неча бор,
Неча бор сўзладим сенинг йўғингда.

Балки алдаганман ваҳима ютиб,
Сен ҳам ташвишларга солгансан балким.
Бугунчи дегайман ўзимни тутиб:
Сен ҳақсан, барибир, менинг юрагим.

Шул осмон остида кезгаймиз ҳали,
Мантиқ ахтаргаймиз изғиб изма-из,
Даркор бўла қолсанг йиқилғил майли,
Фақат йиқилмасин шўрлик дунёмиз.

Изн бер, ҳайқирай иймоним ҳаққи
Кўкларга термулиб солайин уввос.
Мен фақат Туркистон аталган ёрқин
Бир бутун юртимни истайман холос.

Гарчи тутқунман-ку эркин сеҳрингга,
Унда собит турар мақсуд—манзилим.
Қолиб кетмасайдим сенинг меҳрингдан,
Қолиб кетмасайдим йўлда узилиб.

Ажойиб диёрсан, қалбим, на чора,
Шодлик ва ҳасратнинг маскани санда.
Овоз бер, айтарманми эшитиб зора
Еслаб қўярлар-ку ҳеч бўлмаганда.

Айтгил, зорингни бир кун, юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
Юлиб қўярманми қоғоз юзига?!

У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни тўкардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.

066

Ulug’bek Hamdam
SHE’RIYATNING BUYUK YO’LCHISI
(Ulug’ shoir Rauf Parfi ijodiga bir nazar)
021

XX asr o’zbek she’riyati chindanam yuksak san’at va jasorat namunasidir. Cho’lponu Oybek, G’afur G’ulomu Usmon Nosir, Erkin Vohidovu Abdulla Oripov, Shavkat Raxmonu Usmon Azim, Xurshid Davronu Muhammad Yusuf, Halima Xudoyberdievayu Halima Ahmedova, Zebo Mirzaevayu Xosiyat Rustamova va hokazo yana o’nlab mana shunday shoirlari bor adabiyot qanday qilib yelka qisib turishi mumkin? Albatta Hamid Olimjonu Asqad Muxtorning o’z yo’li bo’lganidek, Omon Matchonu Bahrom Ro’zimuhammadning, Abduvali Qutbiddinu Aziz Saidning, Eshqobil Shukuru Asqar Mahkamning, Faxriyoru Rahimjon Rahmatning ham o’z she’riy dunyoqarashi mavjud. Ular qaerdadir bir birlariga o’xshab ketishi mumkin, lekin mohiyat-e’tibori bilan birovi boshqasidan yaqqol ajralib-farqlanib turadi. Shu ma’noda haqiqiy she’riyat muxlisi o’quvchi sifatida, o’zbek poeziyasi tadqiqotchisi olim sifatida omadlidirlar. Ana shunday shoirlar qaxkashonida tag’in bitta shoir borki, san’atkorligu haqparastlikda, jafokashligu fidoyilikda har kim ham u bilan basma bas kelolmaydi. Uning uchun shoirlik TIRIKCHILIK EMAS, TIRIKLIK, Borlik va Yo’qlik, Avval va Oxirdir!

She’riyat ibtido, she’riyat oxir…

deb yozadi shoir so’nggi she’rlaridan birida.

She’rga,So’zga, Ilhomga mubtalo bo’lib, ularga sig’inarchasiga yashab, nafaqat o’zining, balki yaqin-yalanglariyu bola-chaqasi, qavmu qarindoshiyu yor- birodarlari yurak-bag’rini bir umr tilkalab o’tgan shoir yo boshqa san’atkor madaniyatimiz tarixida unchalik ham ko’p bo’lmagan. Shularni o’ylaganda xayolimga negadir “lop” etib bir paytning o’zida ham shoh, ham devona Mashrab keladi. Keyin… keyin xayolim unda – Rauf Parfida to’xtaydi… Sadag’angiz ketay, gaplarim erish tuyulmasin. Ehtimol, siz shoirni hayotda mendan ko’ra ko’proq bilishingiz, u bilan shaharning turli qahvaxonasiyu oshxonalarida paydar pay ulfatchilik qilib, shoirning ko’ngil sirlaridan, shaxsiy hayotidan mo’lroq xabardor bo’lgan bo’lishingiz mumkin. Hatto orangizda shoir bilan birga, bir xonada yashab, uning inson sifatidagi butun qudratu ojizliklarini ko’p bor sinaganlar ham bordir. Lekin baribir, Rauf Parfi degan shoirdan, uning eng teran, eng nozik, eng muqaddas ko’ngil rozlaridan, go’zal va og’riqli orzu umidlaridan hissiy ma’lumot berguvchi eng zo’r, eng ishonchli sirdosh bu — uning o’lmas she’rlaridir! Chunki shoir g’oyat samimiy inson edi. Shaxsiy hayotining e’tiborli jihatlarini, o’zigagina emas, o’zgaga ham qiziqarli bo’lishi mumkin bo’lgan pichoqqa ilingulik neki qirrasi bor, — magarki, ular avvalo, shoir qalbidan o’tgan, uni larzaga solgan esa, — hamma hammasini so’zga ishonib topshirguvchi edi:

Meni ta’qib qilar shoir degan nom,
Chiqmagan she’rimga sadaqa oldim.
Aslo tark etmadi qurmag’ur Ilhom,
Neki undan o’tdi, Xudoga soldim…

Mana endi Rauf Parfi uni yaqindan tanigan kishilarga ham yana da tanish, yana da tushunarli tuyulgan bo’lsa ajab emas. Chunki shoirni butun umr Ilhom, So’z, She’r,Haqparastlik, Go’zallik… ta’qib etdi va uni o’z holiga qo’ymadi: shaxsiy hayotini, kundalik turmushini, bir erkak, bir ota, bir inson sifatidagi farog’atini mahv etdi. Lekin shoir — bu dunyodagi eng hassos, eng tez yaralanuvchi qalb egasi bo’lgan san’atkor – o’zi yo’qotgan ne’matlarga hamisha ehtiyoj sezib yashadi va ularni o’zgalardan qidirib chirpandi. Bunga muqobil ravishda shoirni So’z ta’qib qilishdan charchamadi. Natijada Rauf Parfining shaxsiy hayotida topish-topishish bilan topilganni tinimsiz yo’qotish almashib kelaverdi:

So’z meni ta’qib qilar
Chirqiratib o’yib ko’ksimni…

Shoir ko’ksini chirqiratib o’ygan so’z ba’zida uning boshini silaydi, ruhini isitadi:

So’zning gulxanida ruhim isindi…

Yaxshilik va yomonlik, vafo va jafo… Rauf Parfi hayotida navbatma navbat kelib turganidek, So’zning zavqi va jabri ham taxminan shunga yaqin bo’lgan: u goh hech tuzalmaydigan yaraga aylanib, shoirga cheksiz azob bergan:

…So’nggi Unut so’zin daryosi oqar,

Undan-da so’rayman, She’riyat nadir?!
Lazzatga g’arq botib, kunga qarayman
Hech tuzalmas Yara, u So’zdir axir…

Ehtimol, yaqin yigirma o’ttiz yil berisida hech qaysi shoir so’zga bunchalar ahamiyat bermagandir, hayoti mazmunini, tirikligi ma’nisini Ilohiy kalomga bog’lab, uni shunchalar ilhaqlik bilan kutmagandir, nihoyatida o’zini unga – So’zga loyiq topmay, adoqsiz qiynoqlar iskanjasida adolar bo’lmagandir:

Ular Kim?! Men So’zni sevdim. Men – xarob,
Loyiqmanmi So’zga, bilmadim, netay?..
Horg’in yo’lovchiman, manzil-da sarob.
Itdek izg’idim men. Men endi ketay.
Devorga boshimni urib bo’zladim,
Allohga sig’inib, bo’zlab so’zladim…

So’zga, yorga, mayga, san’atga, haqparastlikka… mana shu yanglig’ mubtalolik bora bora kishini dunyoning g’alvali ikir chikirlaridan, hech qachon tugamaydigan bitmaydigan g’iybatu fitnalaridan, og’riqlaridan, ozorli yumushlaridan, boringki, dunyoning o’zidan ham sovutib oladi. Ko’ngil va Dunyo o’rtasiga o’tib bo’lmas devor tiklaydi, kechib bo’lmas choh qaziydi. Darhaqiqat, yor vasliga zor oshiqning butun fikru yodi yor diydorida bo’lishi barobarida bundan boshqa hamma narsalar uning uchun haromdir. Ne ajabki, Rauf Parfi deb atalmish shoir siymosida yuqorida sanalganlarning barchasi jamuljam bo’lgandek: u ham so’zga san’atga, ham may va yorga, ham Ollohga oshiq edi. Meningcha, aynan shu sababdan ham nozik qalbli shoirimizning yuragiga qo’l bilan ushlash mumkin bo’lgan Dunyoning yaltiroq matohini barpo qilish sig’magandir. Ehtimol, shuning uchun ham dong’i dunyoga ketgan mashhur shoir bo’lishiga qaramay, o’z shaxsiy hayoti, kundalik turmushi ustida jiddiyroq bosh qotirishga ham holi kelmagandir. Axir, birgina yorga yo san’atga oshiqlikning nima ekanini biz oz-moz bilamiz, lekin bularning hammasi bir joyga – bir inson qalbiga to’plansalar, buning nima va qanday kuch ekanini hech qursa tasavvur etishimiz mumkinmi? Vatan ishqi, haqiqat tashnaligi, yor savdosi, san’at va so’zga muhabbat… bularning barchasi Rauf Parfi bir umr o’z she’rlarida tarannum etib kelgan o’zak va muqaddas mavzularkim, shoir fenomeni mohiyatini ham shu yerdan qidirmoq joiz. Ehtimol, mavzularning hammasi shoirning birgina Ollohga bo’lgan muhabbati – yagona ishqining turli tuman tajallisidir. Axir, Yaratganning xislati hamma joyda va har kimda aks etishi haqidagi gap kechagi asrning olifta nazariyasi emas, balki insoniyat aqlu hushini topib, o’z qismati ustida fikr yurita boshlagandan buyon mavjud va shu kungacha hech bir din, hech bir halq inkor etmagan haqiqat ku!

Rauf Parfi she’riyatini takror takror o’qib, shunga amin bo’lamanki, shoir huda-behuda narsalar to’g’risida iloji boricha yozmaslikka harakat qilgan. U shunday mavzularni qalamga olganki, chuqurroq mushohada etilsa, aksariyati odamning insonlik tarafiga daxldor bo’lib, ruhoniy ma’rifatni uyg’otishga qaratilgandir. Shunda birdan “lop” etib bir fikr xayolingizni chulg’ab oladi: atrofingizni kunu tun o’rab turgan va hamisha muloqotda bo’lib yurganingiz odamlar hali faqat odamlar ekan hamda bunga sizning o’zingiz ham doxil ekansiz. Shoir esa odamlarning odamligicha qolib ketishini istamaydi. Ularning inson darajasiga o’sib chiqishini, inson bo’lishini juda katta kuch bilan xohlaydi, shunga ehtiyoj tuyadi. Shuning uchun ham ochiq ko’zlar bilan uxlab yurgan odamlarga o’z she’rlaridan kamon yasab, o’q-nayza otadi, toki uyg’onish hodisasi sodir bo’lsin, odam Insonga aylansin!

Insonlik fitrati uyg’onguncha to
Ich, haqning qonini yuho jomida.
Chorasiz Haqiqat, ul ilohiy nur,
Abad qolib ketmas vahshat domida!

Xudo odamni odam qilib yaratdi. Uning fitratiga insonlik urug’ini sepdi va shu yerda ishni yakunladi. Bundan buyog’i esa avvalo, ota onaga, jamiyatga va nihoyat, odamning o’ziga havola etildi. Ota ona, jamiyat va odamning sa’y harakatlari bilan odam Insonga aylanishi mumkin. Buni g’arbda ilmiy istiloh bilan individ va shaxs deb atashadi. Har qanday odam individ, lekin har qanday individ shaxs emas, deydi ular.

Demak, odamiyzod hali o’z orzusiga erishgani yo’q. Hali uning ongli, ulg’aygan hayoti endi-endi boshlanib kelayotir. Buni tushunib yetish va har bir odam (individ) Buyuk Uyg’onishga avvalo, o’zini o’zi uyg’otib, keyin o’zgalarning uyg’onishiga yordam berib o’z hissasini qo’shmog’i judayam muhim. Zero, shoirning o’zi ham sizga, menga, unga – hammamizga umid bilan murojaat qiladi:

Qachon uyg’onadir xaloskor Daho?

Bunday xalaskor Daho bizning har birimiz bag’rimizda uxlab yotgan bo’lishi mumkin. Keling, aziz o’quvchim, unga e’tibor beraylik, u – bir urug’dirkim, siz bilan biz shu urug’ning o’sib chiqishi uchun aqlimiz, ko’nglimiz va hayot tarzimiz iqlimini munosib etaylik. Zotan, millatning, insoniyatning uyg’oqligi Siz, Men va Uning uyg’onishidan boshlanadi… Har qanday ibtido intihoni, har qanday tug’ilish o’limni taqozo qiladi. Odamzod buni yaxshi biladi, bilgani bois ham ular orasidan tiyrak aqlga, o’tkir qalb ko’ziga ega bo’lganlari Boshlanish va Yakunlanish oralig’ini munosib bosib o’tishga intiladi. Mazkur intilish esa Inson zimmasiga qator Vazifalarni yuklaydi. Rauf Parfi o’z chekiga tushgan Vazifani butun mas’uliyatiyu sharafi bilan idrok etgan tom ma’nodagi Jasoratli Shoir edi. Haybarakallachilik avj olgan, adabiyot-san’at olqish va maqtovlar maydoniga aylantirilgan bir paytda Rauf Parfi Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Omon Matchon kabi shoirlar bilan bir safda turib, 60 – yillarda she’riyatga Ulkan Mungni olib kirdi, san’at orqali odamlarga ovoz chiqarib yig’lash, qayg’u va dardni oshkora yashab o’tish imkonini qaytarib berdi. Va eng muhimi, Cho’lpon juda go’zal pardalarda boshlab bergan XX asr o’zbek she’riyatini Rauf Parfi yuksak san’at nuqtai nazaridan eng baland cho’qqilarga olib chiqdi… Xuddi shundan keyin o’zligini anglab yetgan Shoir o’z zimmasiga Tarix yuklagan, Kishilik jamiyati yuklagan, Burch va Vijdon yuklagan, Ijtimoiy siyosiy madaniy Vaziyat yuklagan, Milliy g’urur yuklagan, boringki, butun Insoniyat taqdiri uchun qayg’urish Hissi yuklagan Ulkan Vazifani sharaf-la ado etib bo’lgach, umr va kurashlar adog’ida butun borlig’ida tiklab bo’lmas bir horg’inlikni, bo’shliqni his etadi va… va uning miyasida, vujudida, yuragida… o’lim sog’inchi paydo bo’ladi: «Ulug’ Tangrim, seni achchiq sog’indim…” Bu kurashlar maydonini, og’riqlar, azoblar bag’ri – bebaqo dunyoni tashlab qochish emas, aslo! Balki, bu – o’z qismati chegaralarini vaqtida nozik ilg’agan Farosatli Ulug’ Insonning o’zga o’lchamli olamga Jasorat bilan talpinishidir:

Ulug’ Tangrim, seni achchiq sog’indim…

2006 y

Rauf PARFI
UCH SHE’R
04

BITIKTOSH

Firdavsiy bir zamon aytgani kabi
Har ne o’tkinchidir, fanoning o’zi,
Faqat ikki narsa qolur abadiy —
Botirning shavkati, dononing so’zi.

Ajdodlar Vatan deb jon fido qilgan,
Behuda gap sotib yurmagan ular.
Mana, ming yillarni opichlab kelgan
Bitiktosh ona-yer haqida kuylar.

Vaqt quyunida ne davru davron,
Bu — toshga aylangan erkdir, bardoshdir.
Bu — Turon atalgan muqaddas armon.
Unga qaraymanu bir his tuyaman.

Bu yurtim timsoli mangulik toshdir…
Yuragim toshiga she’rim o’yaman.

XARITA

Ko’zlarimga nur singari singib ketar
Yuragimning suvrati — xarita,
Yetar.05
Men hali ko’rmagan orollar,
Men hali bilmagan yerlar, dengizlar,
Konlarimda orom olar.
Qonlarimni buzar.
Bunda ko’rinmaydir bir chayla,
Unda baqirayotgan bir odam…
Qalqir, qalqar har bir hujayra
Ko’zimga sachragan yaradan.
Shu parcha qog’ozni bosib
Kim qalbimni g’ijimlar otar?!
Xarita — Turkiston — nafasim,
Ko’zimning issig’i — xarita.

YURAK

Go’yo baribirdir yaxshi va yomon,
Yurak, senga borar ko’chalar ochiq…
Sachrab yonarsanu bo’lmassan tamom,
O’tkinchi g’amlarga achchiqma-achchiq.

Yurak, yo’llaringda turganman takror,
Rosa sayraganman sening to’g’ringda.
Kim bilar, aqlimga kelding necha bor,
Necha bor so’zladim sening yo’g’ingda.

Balki aldaganman vahima yutib,
Sen ham tashvishlarga solgansan balkim.
Bugunchi degayman o’zimni tutib:
Sen haqsan, baribir, mening yuragim.

Shul osmon ostida kezgaymiz hali,
Mantiq axtargaymiz izg’ib izma-iz,
Darkor bo’la qolsang yiqilg’il mayli,
Faqat yiqilmasin sho’rlik dunyomiz.

Izn ber, hayqiray iymonim haqqi
Ko’klarga termulib solayin uvvos.
Men faqat Turkiston atalgan yorqin
Bir butun yurtimni istayman xolos.

Garchi tutqunman-ku erkin sehringga,
Unda sobit turar maqsud—manzilim.
Qolib ketmasaydim sening mehringdan,
Qolib ketmasaydim yo’lda uzilib.

Ajoyib diyorsan, qalbim, na chora,
Shodlik va hasratning maskani sanda.
Ovoz ber, aytarmanmi eshitib zora
Yeslab qo’yarlar-ku hech bo’lmaganda.

Aytgil, zoringni bir kun, yuragim,
Aytgil, kuylarmanmi boqmay o’zimga.
Seni jarroh kabi sovuqqon va jim
Yulib qo’yarmanmi qog’oz yuziga?!

U payt aldamasding ko’zimga boqib,
Shodumon dardingni to’karding butkul.
Ungacha ilhomlar kelmagay oqib,
Ungacha dunyoni anglamak mushkul.

066

(Tashriflar: umumiy 156, bugungi 1)

1 izoh

  1. Яхши мақола бўлибди. Мисралар қатидан шоирнинг «Мен»и қидирилган. Ёзганларидан шоир шахсини англашга ва ўзгаларга ҳам англатишга уринилган. Фақат Рауф Парфининг характери ҳақида гапирилган ўринларга унинг сатрларидан далиллар кўпроқ келтирилса, фикр далилланса жуда ҳам зўр бўларди.

Izoh qoldiring