Shoyim Bo’tayev. Qarz & Inson qalbidagi olam. Yozuvchi bilan suhbat

09    Масалан, носфурушни олайлик. Шу ҳам образ. Буни билиб, ҳис этиб ифодаласа, қизиқарли нарса чиқади. Носфуруш носкашга етаклайди. Ҳозир носкашлар кўп. Қишлоқларда девор тагида ўтирволиб, носвойни отиб ўтиришади. Булар ким? Нега шундай? Ижодкор ўйлаши керак, ўрганиши керак…

ИНСОН ҚАЛБИДАГИ ОЛАМ
Ёзувчи Шойим Бўтаев билан суҳбат
Суҳбатдош: Умид Али
09

   Шойим Бўтаев 1959-йил 20-июнда Тожикистоннинг Ўратепа туманидаги Майдонча қишлоғида туғилган. 1982-йилда Хўжанд Давлат педагогика институтининг газеталарда мухбирликдан бошлаган. Илк ҳикояси ўқувчилик йиллари “Гулхан” журналида, илк қиссаси талабалик чоғида “Шарқ юлдузи” журналида босилган. 1984-йилда  “Дунёнинг сарҳисоби бор”, ундан сўнг  “Энди бари бошқача” ҳикоялар тўплами чоп этилди. “Кунботардаги боғи” қиссаси асосида “Бог” деб номланган етти қисмли видеофилм яратилган.  Ёзувчининг “Шох” романи  китобхонлар  эътиборини ўзига жалб этди. Шойим Бўтаев самарали ижоди ва меҳнати учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

09

— Шойим ака, ижод кенг маънодаги тушунча. Актёр ҳам, рассом ҳам, ҳайкалтарош ҳам ижод қилади. Бироқ барчасининг мақсади битта — эзгуликни улуғлаш, тарғиб қилиш. Ёзувчи ҳам бундан мустасно эмас. Шундайми?

— Шундай.

— Шоирлар билан суҳбатлашганда дардга алоҳида тўхталиб ўтишади, ҳатто шу нарса шеърнинг туғилишига замин бўлишини айтишади. Ёзувчилар ҳам сўз санъаткорларидир, шоирлар каби кўнгилга ошнолиги бор. Бироқ ҳиссиётни ифодалашда, қаҳрамон кечинмаларини тасвирлашда шоирлардан фарқ қилишса керак?

— Билмадим. Дардни ифодалайман деб, ўлдим-куйдим сохта дардларнинг атай ўйлаб топилиши одамнинг жиғига тегади. Менимча, ижодкор халқ хаётини яхши билиши керак. Жиллақурса, ён қўшнисининг қандай яшаётганини ҳис эта олса ҳам, шунинг ўзи катта гап. Хаёлан бир нарсаларни ўйлаб топишга уриниб овора бўлишнинг кераги йўқ. Ижодкор учун материал унинг ёнгинасида: маҳалласида, қўни-қўшниларида, таниган инсонларида, билган нарсаларида. Масалан, носфурушни олайлик. Шу ҳам образ. Буни билиб, ҳис этиб ифодаласа, қизиқарли нарса чиқади. Носфуруш носкашга етаклайди. Ҳозир носкашлар кўп. Қишлоқларда девор тагида ўтирволиб, носвойни отиб ўтиришади. Булар ким? Нега шундай? Ижодкор ўйлаши керак, ўрганиши керак.

— Адабиётда буюк кишилар образи тасвирланган асарлар жуда кўп. Сиз бу  ўринда бошқача йўл тутгансиз. Қаламга олган «Эски арава» қиссангизда рус адиби Гоголнинг «Ўлик жонлар» романи хаёти кўчиб кирган. Шуни тушунтириб берсангиз.

— Менимча, Гоголнинг қақрамонлари урчигандан урчиб бораётганлар тоифасига киради. Шундай теварак-атрофга разм солсангиз, ҳар хил разилларга кўзимиз тушади. Пул учун ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдиганлар орамизда йўқ эмас. Шу боис, айтиш мумкин, кўпгина олижаноб қадриятлар, юксак туйғулар йўлда қолиб кетган бўлса-да, Чичиков ва унинг бричкаси бизнинг замонларгача етиб келди. Бу — эски арава. Замонавий тарзда бўлсаям эски арава. Чичиков автомобилга ўтирсаям, самолётда парвоз қилсаям — ўша Чичиков бўлиб қолаверади. Бугунги кунда у балки бўйинбоғ боғлаб олгандир? Барибир, ўша Чичиков. Инсонда моҳият ўзгариши қийин жараён.

— «Шоҳона совға» қиссангизда ҳасса деталидан фойдалангансиз. Ҳасса ичига билинтирмай солинган тиллалардан китобхон хабардор бўлгач, қизиқиши яна ортиб боради. Бу асар қай тариқа дунсга келган?

— Бу воқеани менга айтиб беришганда дарҳол ёзишга тушиб, бир ҳафтада ёзиб тугаллаганман. Менимча, ёзувчи учун сюжет масаласи ҳамиша энг оғир, энг қийин бўлиб қолаверади. Сюжетга қийналмаган ижодкор бўлмаса керак. Қанчалик маҳоратли бўлмасин, яроқли сюжет бўлмаса, ёзувчининг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ҳасса шу маънода сюжетни тутиб турувчи муқим детал сифатида хизмат қилган.

— «Боғ» видеофильмига замин бўлган асарингиз хусусида…

— Бу фильмга «Кунботардаги боғ» деган қиссам асос бўлган. Ҳар бир одам ўз ҳовлисида, боғида сидқидилдан ишласа, меҳнат қилса, бу унинг юрт ободлигига қўшган ҳиссаси деб ҳисоблайман.

— Бугунги замонавий газеталарга, айниқса, зиёли ахли нописандлик билан қарайди. Бу борада сизнинг ҳам фикрингизни эшитсак.

— Энди бу типдаги газеталар зиммасига жуда катта масъулият юклаб юбормаслик керак. Кўнгилочди деган сўз бор. Масалан, Шерлок Холмс ҳақидаги ҳикоялар қам кўнгилочарлик, лекин энг оммавий адабиёт ҳисобланади. Бу сингари газеталар керак. Масалан, бир бекатда сотиб олиб, иккинчи бекатда ташлаб юборилса ҳам ана шу икки бекат оралиғида бу газеталар ўз вазифасини ўтаб бўлади. Ахир, ҳамма нарса абадийлик даъвосини қилавермайди-ку? Ҳатто, ўша абадийлик даъвосини қилганлар ҳам маълум вақт ўтиб унутилишга мақкум.

— Бугунги замонавий адабиёт ҳақида нима дея оласиз?

— Фикрларимни бугунги замонавий адабиёт эмас, ёзаётган янги асарим банд этгани учун бу ҳақда ҳеч нарса дея олмайман.

— Мухлисларга тилакларингиз…

— Инсоннинг қалбида коинот қадар олам бор. Бу олам сантиметрма-сантиметр забт этилади. Бу оламни ҳар биримиз қўриқлигича қолдирмаслигимиз керак деб ўйлайман.

Манба: «Бекажон», 2007 йил, 57-сон

Шойим БЎТАЕВ
ҚАРЗ
09

Талаба ёзги таътилга чиққач, туғилган қишлоғига жўнамоқчи бўлди.

Унинг қишлоғи тоғ этагида.

Шаҳар дўконларига бир-бир кириб, катта бойваччалардек кўзига кўринган нарсаларнинг нарх-навосини сўраб-суриштирди, аммо ҳеч нарса харид қилмади. У оладиганини қишлоқ дўконидан олишни ўйлади. Шуниси маъқул экан. Қишлоғига мўлжалидан ярим соат барвақт етиб бориб, дўкон олдида автобусдан тушди. Уч-тўрт бекорчихўжа офтобшувоқда нималарнидир валақлашиб ўтиришарди.

— Ҳа-а, оғайни, келяпсанми? – деб сўради ўтирганлардан бири талабани ҳар куни кўриб юргандек. — Ўрисчани ҳам ўрганяпсанми?

Талаба улар билан кўришиб-сўрашмоқчи эди. Бу совуқ гап туфайли туйқусдан тўнини тескари кийди.

— Нимани ўрганяпман, нимани ўрганмаяпман, айтганим билан барибир фойдаси йўқ, — деди бўш келмай дабдурустдан тиғли савол ташлаганни ўйиб олиш қасдида. – Сен барибир тушунмайсан.

— О-ҳо, тушунадиган бўлиб қоптилар-да, — деди офтобшувоқда куч йиғиб миясини тўлдираётгандек кўринган ҳалиги шоввозталаба билан ҳозироқ жанжал бошлаб юборадигандек бир алпозда. — Хўп, ана энди кўрамиз, қанча ўқиганингни, ўқиган бўлсанг анави билан гаплаш-чи…

Ўзи томонга ишора қилинганини пайқаган нотаниш йигитсергакланиб, гоҳўтирганларга, гоҳ талабага қаради.

— Толик, — талабани қўйиб, энди ён томонига ўгирилганича нотаниш йигитга мурожаат қилди у. — Вот студент… Руский гаплаш, руский билади…

Нотаниш йигит ўрнидан турди. Унинг бўйи баланд, қўллари узун-узун эди. У талабага дадил яқинлашди. Унинг сап-сариқ от юзининг ияги ингичка, қўй кўзларининг мулойим боқиши талабага кимнидир эслатиб тургандек эди. У қўл узатиб:
— Анатолий, — деб ўзини таништирди.

Талаба унинг куракдек кафтига қўлини қўйиб исмини айтди.
— Жуда хурсандман, — деди Анатолий нотаниш жойларда офтобда қатиқ ялашган эски танишини учратиб қолгандек беҳад суюниб.

Шу чоқда рус тилидан ҳамиша қийналиб, синов ва имтиҳонларини амал-тақал ёпиб юрадиган талаба дўкон олдини ишғол этган ҳамқишлоқлари наздида бир зумда донишмандга айланди-қолди.

Улар уч-тўрт дақиқа гурунг қилишди. Тамом. Бошқа гап-сўз бўлгани йўқ. Талаба Толик билан хайрлашган бўлиб, бош ирғади-да дўкон томон юрди.

Толик бир лаҳзахаёлланиб қолди, кейин хайрлашган одамига ниманидир айтиш ёдидан кўтарилгандек талабанинг ортидан эргашди.

Талабадўконга кириб борди.

Пештахта ортида куймаланиб турган сотувчидан бўлак дўконда ҳеч ким йўқ эди. Талаба томоққириб қўйганча, унга салом берди.

— Ваалайкум… — дея бош кўтарган сотувчи одам боласини ҳам кўрар кун бор экан-ку, дегандек маҳталлик билан:
— Э, келсинлар! — деди.

Ғўлабирдан келган, олтмиш ёшлардаги тепакал сотувчи жуда серилтифот, остонадан ким қадам боссаям унинг мавқеини билиб, касб-коридан келиб чиқиб гап-сўзни дўндирадиганлар хилидан эди.

— Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш! – деди у талаба билан кўришаркан.

— Хўш, нима берай? — деб сўради сотувчи унинг қўлидаги пулни кўрган заҳотиёқ чап қўлига олган қоғозни ўнг қўли билан карнайдай ўрай бошлаб, талабанинг ортидан кириб келган Толикка кўз қирини ташлаб қўяркан.

Талаба оққанд, печенье, новвот сўради.

— Офарин ақлингга! — деб мақтади уни сотувчи. — Бир килоданми?

Талаба бош ирғади. Уталабанинг айтганларини бир зумда алоҳида-алоҳида қоғозга солиб, тарозида тортди-да, уларни қоғоз пакетга жойлаб, қўлига тутқазди. Талаба ортига бурилиб, энди дўкондан чиқаётганида пештахта ёнида уймалашиб, негадир ҳадеб чўнтагини кавлаётган Толик дабдурустдан:

— Минг сўм қарз бериб тур, — деди.

Бу талаба учун кутилмаган ҳол эди: негаки, бу қишлоқда қоққани қозиғи, осгани хурмачаси бўлмаганлар ҳам қарз-ҳавола қилишни хаёлларига келтиришмасди. Толикнинг бу қилиғи сотувчининг ҳам оғзини очиб қўйганди.

Талаба Толикка айтган пулини тутқазди. Толик дарҳол чўнтагидан чиқарган пулларни унга қўшди-да, сотувчидан бир шиша вино сўради.

Сотувчи пулни олишга ошиқмади.
— Қарзга вино олиб ичганингни отанг билса мени жонимни суғуриб олади, — деди.

Толик бу гапни маъқуллаб, бош ирғади. Лекин, пулни узатиб тураверди. Сотувчи ўйланиб қолди.

— Аслида бермасдим-куя… — деди ён бераётганини билдириб.

Толик ҳамон пулни узатганча унга тик қараб турарди. Ахийри, сотувчи унинг қўлидаги пулни худди тортиб олаётгандек шартта олди-да:
— Бўпти, — деди.

Толик илжайди.
— Фақат бир шарти бор, — деди сотувчи огоҳлантираётгандек талабага ва Толикка бир-бир жиддий қараш қилиб.

— Қанақа шарт экан? — деб сўради талаба пул бериб балони сотиб олаётгандек кўнгли ғашланиб.
— Буни учовимиздан бўлак ҳеч ким билмаслиги керак, — деди сотувчи қатъий қилиб.

Толик шоша-пишабош ирғади.

Сотувчи бир шиша винони қоғозга қанд ўрагандек ўраб, унинг қўлига тутқазди. Толикнинг оғзи қулоғига етиб, аввал сотувчига, кейин талабага миннатдорлик билдирди-да, дўконни тарк этди.

— Ишқилиб, охири бахайр бўлсин, — дея минғирлаб қўйди сотувчи ўзига-ўзи гапираётгандек.

Талабанинг кўнглига шубҳа оралади.
— Нега бунақа деяпсиз? – деб сўради у сотувчига қаттиқ тикилиб.

— Бу ерда ор-номус масаласи бор-да, одам шундан хавотир олади, йўқса нима, бир шиша эмас, икки шишани ҳам ўзим бериб юбораверардим… Бу зормондани қишлоқда биров оғзига олмаса…

— Қанақа ор-номус? – деб сўради талаба унинг кейинги сўзларига эътибор бермай.
— Усмонали аканинг ор-номуси.

— Қайси Усмонали ака?
— Анави… фермадаги молбоқар бор-ку…наҳотки, танимасанг?
— Нега танимай, ҳамиша ерга қараб, бир нималарни ўйлаб юрадиган Усмонали амаки-да.

Сотувчи дўконда ҳеч ким йўқлигига ишончи комил бўлса-да, теварак-атрофга олазарак назар ташлаб олиб, пештахта устига энгашди.

— Шу-у Усмонали ака аскарликда бўлган… — деди шипшиётгандек. — Ҳалиги йигит Усмонали аканинг ўғли, — деб маълум қилди сотувчи.

— Толикми?
— Анатолий Усмоналиевич, — ишшайди сотувчи талабанинг сўзини ўзича тўғрилаган бўлиб. — У киши аскарликда ўша ерда уйланиб, бир ўғил, бир қиз орттирган дейишарди. Аскарликдан кейин ҳам қолиб кетиб, беш-олти йилча ўша ёқларда яшаган. Кейин-кейин юрт соғинчи устун келиб, уларни бу ерга олиб келмоқчи бўлган, кўндиролмаган, кейин шартта барига этак силтаб келаверган…

— Оиласини ташлаб келганми? — деб сўради талаба сотувчи ҳамма нарсани биладигандек.

Сотувчи, шуям савол бўлдими, дегандек ғалати тарзда лабини бурди. Кейин талабани огоҳлантираётгандек бўлиб:
— Аммо-лекин,унинг ўғли сендан қарзолганини ҳеч кимга оғзингдан чиқара кўрма, — деди. — Усмонали ака кўра-била туриб бу ишга жим қараб турганим учун аввал келиб мени ейди, кейин сени ейди…

Талаба тарвузи қўлтиғидан тушганча ташқарига чиқди.

Дўкон олдида ўтирганлар бироз кўпайган, аммо Толик кўринмасди.

У ташқарига чиқиши биланоқ:
— Сенга Толик нима деди? – дея кимдир қичқирди.

Талаба кифтини қисди:
— Ҳеч нима…
— Кўзингга қара-да.

Талаба кетди.

У катта йўлни эндигина кесиб ўтган эдики, ёнбошдаги тор кўчадан йўтала-йўтала Тилла бобо чиқиб қолди.
— Ие, ие, Тоживоймисан? – деб сўради.

— Ҳа, Тоживойман, — бош ирғади талаба.
— Буни қара-я…ўқишдан келяпсанми?

Талаба яна бош ирғаш билан уни тасдиқлади.
— Дуруст, дуруст, — Тилла бобо ўз йўлида давом этмоқчи эди, қандайдир муҳим нарса ёдига тушиб қолгандек тўхтади. — Усмоналининг ўрис хотинидан бўлган ўғлини кўрмадингми мабодо? — деб сўради.
— Кўрдим, — деди талаба.

Тилла бобоунга синовчан тикила туриб:
— Шу бола бирон фалокатни бошлаб қўйиб, бу ёқларга қочиб келган-ов! – деди томоққириб қўйганча.

— Билмадим, — деди талаба кифт қисиб, ўзини бу гапларга алоқасиз кўрсатиб.
— Йўқса, ўз-ўзидан нима қилади келиб? – деди Тилла бобо ўз мулоҳазасини асосли далиллар билан тасдиқлаётгандек. – Усмоналини отам деганда, шунча вақт кутиб юрармиди, аввалроқ келарди-да. Тинчгина юрувдиг-а.

Тилла бобо карахтланиб турган талабага сарософ назар ташлаб қўйди-да:
— Ё, овло, ўзинг асра, — деганича йўлида давом этди.

Талабанинг ичидаги номаълум ҳадик баттар кучайди…

* * *

Талаба кейинги сафар келишида қишлоққа етмаёқ автобусдан тушди. Бу чоқда узумлар ғарқ пишган, талаба қишлоқ четидаги ўзларининг токзор боғларини оралаб, кейин уйларига боришни хаёл қилганди.

Шундай қилди ҳам. Кечқурун уйларига кириб бориб отаси билан кўришиб-сўрашиб бўлувди ҳамки, изидан акаси келди.

Энди ўттизга тўлган акасининг қоп-қора ёноқлари ичига ботган, ўз ёшидан ўн-ўн беш ёшлар катта кўринарди. У устачилик қилар, пойтешаю тўнғизарра ишлатарди, касбига яраша жаҳли ҳам бурнининг учида турарди.

— Қалайсан? — деди акаси қўлини узатиб, у ҳар гал қучоқлашиб кўришарди.
— Дуруст, — деди талаба ҳам қўл узатиб.

— Ўқишлар қалай?
— Ёмонмас.

— Қишлоққа келганингда эҳтиёт бўлиб юр.
— Тушунмадим…

— Нимани тушунмайсан? Усмонали аканинг анови ўғлибилан нималарни гаплашдиларинг?
— Нимани гаплашибмиз?
– Менга қара, унинг нима ишлар қилиб келганини ким билади? Балки, бировни ўлдириб бу ерларда қочиб юргандир, балки, ўғирлик қилгандир…

Талаба ўзини зўрлаб кулди.

— Куласан-да, куласан, — деди акаси бу кулгининг йиғиси ҳам бор, деган маънода. — У сени сўрайвериб ҳоли жонимга қўймаяпти.
— Нима гапи бор экан?

— Айтармиди…
— Бориб сўрай бўлмаса.

Акаси талабани катта хавф-хатардан қутқариб қолмоқчи бўлаётгандек:
— Калланг ишламайди-да, энди шу етмай турувди, — деди. — Сен, яхшиси, унинг кўзига кўринмай юр.

Талабанинг отаси ўмровига болишни тортганча пешайвонда ёнбошлаб ётганди. Ака-уканинг тик турганча нималарнидир муҳокама қилишаётганидан тоқати тоқ бўлиб:
— Ҳа-а, нима гап экан? — дея бақириб сўради.

Ака пешайвон томонга уч-тўрт одим босиб, ортга ўгирилди-да:
— Бу Усмонали аканинг ҳалиги ўғли билан нималарнидир гаплашибди, — деди.

— Гаплашса гаплашар, — деди ота парво қилмай. — Усмоналининг ўзи ким-у, ўғли бўлса?..
— У буни мендан сўрагани-сўраган.
— Бирон иш-юмуши бўлса сўрайди-да, — деди ота, шунгаям ота гўри қозихонами, деган оҳангда.

Ака қўл силтади.

— Сиз кўчага чиқмай ётасиз, қишлоқда одамлар қанақа бўлиб кетишганини билмайсиз-да,— дедиэнди отасини ҳам аяб ўтирмай нималаргадир ишора қилганича. — Қараб турсам, кўча-куйдами, тўй-маъракадами улар писир-писир гап қўзғашяпти.

— Э! — ота ётган жойида қандайдир ҳафсаласизлик билан қўл силтади.
— Нима, сиз уни бу ёқларга беҳуда келган деб ўйлаяпсизми? — деди ака.

— Мен ҳеч нима деб ўйлаганим йўқ, — деди ота. — Боёқиш Усмоналининг ўғли экан, ҳамқишлоғимиз экан, қондошимиз экан, қора тортиб келибдими, ўшангга балли…
— Э, қўйинг-э, сиз ҳам ўша касофатнинг ёнини олманг.

Ота нимадир демоқчи бўлди-ю, ўғли билан гап талашиб ўтиришни ўзига лозим кўрмай, нариги ёнбошига ағдарилиб олди.
Ака шундаям ўз фикрида собит қолганини билдириб:

— Кўзига қарасин-да, — деди-ю,тилининг остига бир отим носвой ташлаб, индамай чиқиб кетди.

Эртаси куни талаба акасининг насиҳатига кўра Толикка дуч келмаслик учун дўкон олдидаги бекатга тушмай, узумзор оралаб келган йўли билан изига қайтди. Бироз олислигини айтмаса, талабанинг ўзига ҳам шу маъқул тушди, дўкон олдидагиларнинг ҳар хил пичингли саволларига жавоб бериш даҳмазасиданқутилади,Тилла бобога ҳам тўқнаш келмайди.

Талаба энди қишлоққа етмай автобусдан тушадиган, шу ердан автобусга чиқадиган бўлди.

Унинг барибир қулоғи тинчимади. У уйга келган заҳотиёқ акаси ҳам пайдо бўлар, ғоят ташвишли қиёфада:
— У сени яна сўради, — дерди.

Акаси бу гапни ҳар гал ҳар хил тарзда айтарди: бир гал, уфалончи-пистончининг жанозасида отасининг ёнида турган экан, бутун қишлоқ аҳли йиғилган эди, у эса жаноза-паноза деб ўтирмай менга яқинлашди-да, сени сўради, деса, бошқа гал, мен фалончи-пистончининг уйини қураётганимда ҳашар баҳонасида уям келди, ўзиям роса лой ташиди-ю, энди тушликка чиқаётганимизда яна ёнимга келиб сени сўради, дерди. Кейинсен у билан нималарни гаплашгандинг, ишқилиб, ўшанда унга қандайдир ваъдалар бермаганмидинг, агар шунақа бўлган бўлса очиғини айт, очиқ-ойдин ҳал қилиб олайлик, деган сўраб-суриштиришлар бошланарди.Уни кўришга мениям юрагим безиллаб қолди, шунақа қилаверса, мен ҳам энди бу қишлоқда ишламай, бошқа жойлардан иш излашимга тўғри келиб қолади, дерди акаси.

Бир томони талабанинг акасига раҳми ҳам келди. Намунча у мени сўраб-суриштирмаса, деган жумбоқҳамон талабанинг бошини қотирарди. Тикка бориб, нима гап, мана мен келдим, деса бўлади-ку, аммо акаси унинг бундай ҳаракат қилишига мутлақо қарши, тинч юр, у қандайдир касофатни бошлаб келган – ҳамма шундай деяпти, буни ўзимнинг ҳам кўнглим сезиб турипти, сен яхшиси у билан учрашма, гаплашиб ҳам юрма, дейди.

Бу гапларни эшитиб, талабанинг гумонсираши баттар ортади.

“Балки, Толикнинг яна вино ичкиси келиб пул тополмаганидан мени излаб-қидириб юргандир?” деган фикр ҳам миясига бот-бот келиб қолар, бу дардисарнинг даҳмазасидан қандай қутилсам экан, деб ўйларди.

Орадан ойлар ўтиб, талаба янги йилни кутиб олиш учун қишлоққа келди. Шаҳарда қор учқунлаб турарди,қишлоқда эсақалин ёққан экан.

У автобусдан одатдагидек қишлоқ четида тушиб қолди.

Ҳаммаёқ оппоқ, кўз қамашади. Талаба тиззадан қор кечиб, тепаликлар оралаб кетди. Қачонлардир ёғишни бошлаган лайлакқор ҳамон гупиллаб уриб турарди. Туйқусдан талабаортидан кимнингдир бақириб-чақираётганини эшитиб қолди.

У ўгирилди. Узоқда узун қора чопонли кимдир биров у томонга шошиб келар, қўлларини тепага кўтарганча, тўхта, ишорасини қилиб тўлғар, ошиқиб-шошиққанидан ўқтин-ўқтин йиқилиб ҳам қоларди.

“Ким бўлсайкин?”, деб ўйлаган талаба бироз тўхтаб кутишга қарор қилди. У яқинлашаверди. Орада озгина масофа қолганда талаба унинг Толик эканлигини билдию, ноилож қолди. Энди кеч эди.

Толик бошидаги телпакни юлқиб ечди. Шунда унинг қора терга ботгани маълум бўлди. Телпаги билан юз-кўзини артаркан:

— Уф-ф!.. – деганича ўзини шартта қор устига ташлади.

У нафас ростлай бошлади. Кейин чопонининг барини қайириб ташлаб, шимининг чўнтагига қўлини суқди ва ундан пул чиқазиб ўтирган жойида талабага узатаркан:
— Ма, ол! – деди.

Талаба беихтиёр:
— Нега? — деб юборди.

— Нега бўларди? — деди ҳамон ҳарсиллаб кўкси кўтарилиб тушаётган Толик. — Бу сендан олган қарзим. Ўшандан кейин сени ҳеч учратолмадим, пулингни ўшандаёқ қайтармоқчи эдим… Кимга беришимни билмайман. Сўраб-суриштириб акангни топдим, сендан олган қарз пулни унга тайинлаб бериб юбормоқчи бўлдим-у анави сотувчи учовимиздан бўлак ҳеч ким билмасин дегани учун бундай қилмадим. Акангдан сени сўрасам бирон аниқ жавоб бермайди, товба, қизиқ одамлар-а булар…

Талаба ҳам негадир шу чоқда ҳолдан тойганини пайқаб, унинг ёнига ўтирди. Кўнгли хотиржам бўлганига қаноат ҳосил қилгандек, Толик кўксини тўлдирганча чуқур нафас олди.

— Кераги йўқ эди, — ғўлдиради талаба.
— Нега энди?

Толик жилмайди. Унинг жилмайишида ўзини кетма-кет кунлар, кетма-кет ҳафталар, кетма-кет ойлар мобайнида қийнаб келган мушкулотдан фориғ бўлганининг қувончи мужассам эди.

Талабаюзини бошқа томонга бурди.

Унинг кўзлари жиққа ёш эди.

077

INSON QALBIDAGI OLAM
Yozuvchi Shoyim Bo’taev bilan suhbat
Suhbatdosh: Umid Ali
09

045 Shoyim Bo’taev 1959-yil 20-iyunda Tojikistonning O’ratepa tumanidagi Maydoncha qishlog’ida tug’ilgan. 1982-yilda Xo’jand Davlat pedagogika institutining gazetalarda muxbirlikdan boshlagan. Ilk hikoyasi o’quvchilik yillari “Gulxan” jurnalida, ilk qissasi talabalik chog’ida “Sharq yulduzi” jurnalida bosilgan. 1984-yilda “Dunyoning sarhisobi bor”, undan so’ng “Endi bari boshqacha” hikoyalar to’plami chop etildi. “Kunbotardagi bog’i” qissasi asosida “Bog” deb nomlangan yetti qismli videofilm yaratilgan. Yozuvchining “Shox” romani kitobxonlar e’tiborini o’ziga jalb etdi. Shoyim Bo’taev samarali ijodi va mehnati uchun “Do’stlik” ordeni bilan taqdirlangan.

09

— Shoyim aka, ijod keng ma’nodagi tushuncha. Aktyor ham, rassom ham, haykaltarosh ham ijod qiladi. Biroq barchasining maqsadi bitta — ezgulikni ulug’lash, targ’ib qilish. Yozuvchi ham bundan mustasno emas. Shundaymi?

— Shunday.

— Shoirlar bilan suhbatlashganda dardga alohida to’xtalib o’tishadi, hatto shu narsa she’rning tug’ilishiga zamin bo’lishini aytishadi. Yozuvchilar ham so’z san’atkorlaridir, shoirlar kabi ko’ngilga oshnoligi bor. Biroq hissiyotni ifodalashda, qahramon kechinmalarini tasvirlashda shoirlardan farq qilishsa kerak?

— Bilmadim. Dardni ifodalayman deb, o’ldim-kuydim soxta dardlarning atay o’ylab topilishi odamning jig’iga tegadi. Menimcha, ijodkor xalq xayotini yaxshi bilishi kerak. Jillaqursa, yon qo’shnisining qanday yashayotganini his eta olsa ham, shuning o’zi katta gap. Xayolan bir narsalarni o’ylab topishga urinib ovora bo’lishning keragi yo’q. Ijodkor uchun material uning yonginasida: mahallasida, qo’ni-qo’shnilarida, tanigan insonlarida, bilgan narsalarida. Masalan, nosfurushni olaylik. Shu ham obraz. Buni bilib, his etib ifodalasa, qiziqarli narsa chiqadi. Nosfurush noskashga yetaklaydi. Hozir noskashlar ko’p. Qishloqlarda devor tagida o’tirvolib, nosvoyni otib o’tirishadi. Bular kim? Nega shunday? Ijodkor o’ylashi kerak, o’rganishi kerak.

— Adabiyotda buyuk kishilar obrazi tasvirlangan asarlar juda ko’p. Siz bu o’rinda boshqacha yo’l tutgansiz. Qalamga olgan «Eski arava» qissangizda rus adibi Gogolning «O’lik jonlar» romani xayoti ko’chib kirgan. Shuni tushuntirib bersangiz.

— Menimcha, Gogolning qaqramonlari urchigandan urchib borayotganlar toifasiga kiradi. Shunday tevarak-atrofga razm solsangiz, har xil razillarga ko’zimiz tushadi. Pul uchun hech qanday qabihlikdan qaytmaydiganlar oramizda yo’q emas. Shu bois, aytish mumkin, ko’pgina olijanob qadriyatlar, yuksak tuyg’ular yo’lda qolib ketgan bo’lsa-da, Chichikov va uning brichkasi bizning zamonlargacha yetib keldi. Bu — eski arava. Zamonaviy tarzda bo’lsayam eski arava. Chichikov avtomobilga o’tirsayam, samolyotda parvoz qilsayam — o’sha Chichikov bo’lib qolaveradi. Bugungi kunda u balki bo’yinbog’ bog’lab olgandir? Baribir, o’sha Chichikov. Insonda mohiyat o’zgarishi qiyin jarayon.

— «Shohona sovga» qissangizda hassa detalidan foydalangansiz. Hassa ichiga bilintirmay solingan tillalardan kitobxon xabardor bo’lgach, qiziqishi yana ortib boradi. Bu asar qay tariqa dunsga kelgan?

— Bu voqeani menga aytib berishganda darhol yozishga tushib, bir haftada yozib tugallaganman. Menimcha, yozuvchi uchun syujet masalasi hamisha eng og’ir, eng qiyin bo’lib qolaveradi. Syujetga qiynalmagan ijodkor bo’lmasa kerak. Qanchalik mahoratli bo’lmasin, yaroqli syujet bo’lmasa, yozuvchining qo’lidan hech narsa kelmaydi. Hassa shu ma’noda syujetni tutib turuvchi muqim detal sifatida xizmat qilgan.

— «Bog’» videofil`miga zamin bo’lgan asaringiz xususida…

— Bu fil`mga «Kunbotardagi bog’» degan qissam asos bo’lgan. Har bir odam o’z hovlisida, bog’ida sidqidildan ishlasa, mehnat qilsa, bu uning yurt obodligiga qo’shgan hissasi deb hisoblayman.

— Bugungi zamonaviy gazetalarga, ayniqsa, ziyoli axli nopisandlik bilan qaraydi. Bu borada sizning ham fikringizni eshitsak.

— Endi bu tipdagi gazetalar zimmasiga juda katta mas’uliyat yuklab yubormaslik kerak. Ko’ngilochdi degan so’z bor. Masalan, Sherlok Xolms haqidagi hikoyalar qam ko’ngilocharlik, lekin eng ommaviy adabiyot hisoblanadi. Bu singari gazetalar kerak. Masalan, bir bekatda sotib olib, ikkinchi bekatda tashlab yuborilsa ham ana shu ikki bekat oralig’ida bu gazetalar o’z vazifasini o’tab bo’ladi. Axir, hamma narsa abadiylik da’vosini qilavermaydi-ku? Hatto, o’sha abadiylik da’vosini qilganlar ham ma’lum vaqt o’tib unutilishga maqkum.

— Bugungi zamonaviy adabiyot haqida nima deya olasiz?

— Fikrlarimni bugungi zamonaviy adabiyot emas, yozayotgan yangi asarim band etgani uchun bu haqda hech narsa deya olmayman.

— Muxlislarga tilaklaringiz…

— Insonning qalbida koinot qadar olam bor. Bu olam santimetrma-santimetr zabt etiladi. Bu olamni har birimiz qo’riqligicha qoldirmasligimiz kerak deb o’ylayman.

Manba: «Bekajon», 2007 yil, 57-son

Shoyim BO’TAEV
QARZ
09

Talaba yozgi ta’tilga chiqqach, tug‘ilgan qishlog‘iga jo‘namoqchi bo‘ldi.

Uning qishlog‘i tog‘ etagida.

Shahar do‘konlariga bir-bir kirib, katta boyvachchalardek ko‘ziga ko‘ringan narsalarning narx-navosini so‘rab-surishtirdi, ammo hech narsa xarid qilmadi. U oladiganini qishloq do‘konidan olishni o‘yladi. Shunisi ma’qul ekan. Qishlog‘iga mo‘ljalidan yarim soat barvaqt yetib borib, do‘kon oldida avtobusdan tushdi. Uch-to‘rt bekorchixo‘ja oftobshuvoqda nimalarnidir valaqlashib o‘tirishardi.

— Ha-a, og‘ayni, kelyapsanmi? – deb so‘radi o‘tirganlardan biri talabani har kuni ko‘rib yurgandek. — O‘rischani ham o‘rganyapsanmi?

Talaba ular bilan ko‘rishib-so‘rashmoqchi edi. Bu sovuq gap tufayli tuyqusdan to‘nini teskari kiydi.

— Nimani o‘rganyapman, nimani o‘rganmayapman, aytganim bilan baribir foydasi yo‘q, — dedi bo‘sh kelmay dabdurustdan tig‘li savol tashlaganni o‘yib olish qasdida. – Sen baribir tushunmaysan.

— O-ho, tushunadigan bo‘lib qoptilar-da, — dedi oftobshuvoqda kuch yig‘ib miyasini to‘ldirayotgandek ko‘ringan haligi shovvoz talaba bilan hoziroq janjal boshlab yuboradigandek bir alpozda. — Xo‘p, ana endi ko‘ramiz, qancha o‘qiganingni, o‘qigan bo‘lsang anavi bilan gaplash-chi…

O‘zi tomonga ishora qilinganini payqagan notanish yigit sergaklanib, goh o‘tirganlarga, goh talabaga qaradi.

— Tolik, — talabani qo‘yib, endi yon tomoniga o‘girilganicha notanish yigitga murojaat qildi u. — Vot student… Ruskiy gaplash, ruskiy biladi…
Notanish yigit o‘rnidan turdi. Uning bo‘yi baland, qo‘llari uzun-uzun edi. U talabaga dadil yaqinlashdi. Uning sap-sariq ot yuzining iyagi ingichka, qo‘y ko‘zlarining muloyim boqishi talabaga kimnidir eslatib turgandek edi. U qo‘l uzatib:

— Anatoliy, — deb o‘zini tanishtirdi.

Talaba uning kurakdek kaftiga qo‘lini qo‘yib ismini aytdi.
— Juda xursandman, — dedi Anatoliy notanish joylarda oftobda qatiq yalashgan eski tanishini uchratib qolgandek behad suyunib.

Shu choqda rus tilidan hamisha qiynalib, sinov va imtihonlarini amal-taqal yopib yuradigan talaba do‘kon oldini ishg‘ol etgan hamqishloqlari nazdida bir zumda donishmandga aylandi-qoldi.

Ular uch-to‘rt daqiqa gurung qilishdi. Tamom. Boshqa gap-so‘z bo‘lgani yo‘q. Talaba Tolik bilan xayrlashgan bo‘lib, bosh irg‘adi-da do‘kon tomon yurdi.

Tolik bir lahza xayollanib qoldi, keyin xayrlashgan odamiga nimanidir aytish yodidan ko‘tarilgandek talabaning ortidan ergashdi.
Talaba do‘konga kirib bordi.

Peshtaxta ortida kuymalanib turgan sotuvchidan bo‘lak do‘konda hech kim yo‘q edi. Talaba tomoq qirib qo‘ygancha, unga salom berdi.
— Vaalaykum… — deya bosh ko‘targan sotuvchi odam bolasini ham ko‘rar kun bor ekan-ku, degandek mahtallik bilan:
— E, kelsinlar! — dedi.

G‘o‘labirdan kelgan, oltmish yoshlardagi tepakal sotuvchi juda seriltifot, ostonadan kim qadam bossayam uning mavqeini bilib, kasb-koridan kelib chiqib gap-so‘zni do‘ndiradiganlar xilidan edi.

— O‘qish, o‘qish va yana o‘qish! – dedi u talaba bilan ko‘risharkan.
— Xo‘sh, nima beray? — deb so‘radi sotuvchi uning qo‘lidagi pulni ko‘rgan zahotiyoq chap qo‘liga olgan qog‘ozni o‘ng qo‘li bilan karnayday o‘ray boshlab, talabaning ortidan kirib kelgan Tolikka ko‘z qirini tashlab qo‘yarkan.

Talaba oq qand, pechene, novvot so‘radi.
— Ofarin aqlingga! — deb maqtadi uni sotuvchi. — Bir kilodanmi?

Talaba bosh irg‘adi. U talabaning aytganlarini bir zumda alohida-alohida qog‘ozga solib, tarozida tortdi-da, ularni qog‘oz paketga joylab, qo‘liga tutqazdi. Talaba ortiga burilib, endi do‘kondan chiqayotganida peshtaxta yonida uymalashib, negadir hadeb cho‘ntagini kavlayotgan Tolik dabdurustdan:
— Ming so‘m qarz berib tur, — dedi.

Bu talaba uchun kutilmagan hol edi: negaki, bu qishloqda qoqqani qozig‘i, osgani xurmachasi bo‘lmaganlar ham qarz-havola qilishni xayollariga keltirishmasdi. Tolikning bu qilig‘i sotuvchining ham og‘zini ochib qo‘ygandi.

Talaba Tolikka aytgan pulini tutqazdi. Tolik darhol cho‘ntagidan chiqargan pullarni unga qo‘shdi-da, sotuvchidan bir shisha vino so‘radi.
Sotuvchi pulni olishga oshiqmadi.
— Qarzga vino olib ichganingni otang bilsa meni jonimni sug‘urib oladi, — dedi.

Tolik bu gapni ma’qullab, bosh irg‘adi. Lekin, pulni uzatib turaverdi. Sotuvchi o‘ylanib qoldi.
— Aslida bermasdim-kuya… — dedi yon berayotganini bildirib.
Tolik hamon pulni uzatgancha unga tik qarab turardi. Axiyri, sotuvchi uning qo‘lidagi pulni xuddi tortib olayotgandek shartta oldi-da:
— Bo‘pti, — dedi.

Tolik iljaydi.
— Faqat bir sharti bor, — dedi sotuvchi ogohlantirayotgandek talabaga va Tolikka bir-bir jiddiy qarash qilib.
— Qanaqa shart ekan? — deb so‘radi talaba pul berib baloni sotib olayotgandek ko‘ngli g‘ashlanib.
— Buni uchovimizdan bo‘lak hech kim bilmasligi kerak, — dedi sotuvchi qat’iy qilib.
Tolik shosha-pisha bosh irg‘adi.

Sotuvchi bir shisha vinoni qog‘ozga qand o‘ragandek o‘rab, uning qo‘liga tutqazdi. Tolikning og‘zi qulog‘iga yetib, avval sotuvchiga, keyin talabaga minnatdorlik bildirdi-da, do‘konni tark etdi.
— Ishqilib, oxiri baxayr bo‘lsin, — deya ming‘irlab qo‘ydi sotuvchi o‘ziga-o‘zi gapirayotgandek.

Talabaning ko‘ngliga shubha oraladi.
— Nega bunaqa deyapsiz? – deb so‘radi u sotuvchiga qattiq tikilib.
— Bu yerda or-nomus masalasi bor-da, odam shundan xavotir oladi, yo‘qsa nima, bir shisha emas, ikki shishani ham o‘zim berib yuboraverardim… Bu zormondani qishloqda birov og‘ziga olmasa…

— Qanaqa or-nomus? – deb so‘radi talaba uning keyingi so‘zlariga e’tibor bermay.
— Usmonali akaning or-nomusi.
— Qaysi Usmonali aka?

— Anavi… fermadagi molboqar bor-ku…nahotki, tanimasang?
— Nega tanimay, hamisha yerga qarab, bir nimalarni o‘ylab yuradigan Usmonali amaki-da.

Sotuvchi do‘konda hech kim yo‘qligiga ishonchi komil bo‘lsa-da, tevarak-atrofga olazarak nazar tashlab olib, peshtaxta ustiga engashdi.
— Shu-u Usmonali aka askarlikda bo‘lgan… — dedi shipshiyotgandek. — Haligi yigit Usmonali akaning o‘g‘li, — deb ma’lum qildi sotuvchi.
— Tolikmi?

— Anatoliy Usmonalievich, — ishshaydi sotuvchi talabaning so‘zini o‘zicha to‘g‘rilagan bo‘lib. — U kishi askarlikda o‘sha yerda uylanib, bir o‘g‘il, bir qiz orttirgan deyishardi. Askarlikdan keyin ham qolib ketib, besh-olti yilcha o‘sha yoqlarda yashagan. Keyin-keyin yurt sog‘inchi ustun kelib, ularni bu yerga olib kelmoqchi bo‘lgan, ko‘ndirolmagan, keyin shartta bariga etak siltab kelavergan…

— Oilasini tashlab kelganmi? — deb so‘radi talaba sotuvchi hamma narsani biladigandek.

Sotuvchi, shuyam savol bo‘ldimi, degandek g‘alati tarzda labini burdi. Keyin talabani ogohlantirayotgandek bo‘lib:
— Ammo-lekin, uning o‘g‘li sendan qarz olganini hech kimga og‘zingdan chiqara ko‘rma, — dedi. — Usmonali aka ko‘ra-bila turib bu ishga jim qarab turganim uchun avval kelib meni yeydi, keyin seni yeydi…

Talaba tarvuzi qo‘ltig‘idan tushgancha tashqariga chiqdi.

Do‘kon oldida o‘tirganlar biroz ko‘paygan, ammo Tolik ko‘rinmasdi.

U tashqariga chiqishi bilanoq:
— Senga Tolik nima dedi? – deya kimdir qichqirdi.

Talaba kiftini qisdi:
— Hech nima…
— Ko‘zingga qara-da.

Talaba ketdi.

U katta yo‘lni endigina kesib o‘tgan ediki, yonboshdagi tor ko‘chadan yo‘tala-yo‘tala Tilla bobo chiqib qoldi.
— Ie, ie, Tojivoymisan? – deb so‘radi.
— Ha, Tojivoyman, — bosh irg‘adi talaba.
— Buni qara-ya…o‘qishdan kelyapsanmi?

Talaba yana bosh irg‘ash bilan uni tasdiqladi.
— Durust, durust, — Tilla bobo o‘z yo‘lida davom etmoqchi edi, qandaydir muhim narsa yodiga tushib qolgandek to‘xtadi. — Usmonalining o‘ris xotinidan bo‘lgan o‘g‘lini ko‘rmadingmi mabodo? — deb so‘radi.
— Ko‘rdim, — dedi talaba.

Tilla bobo unga sinovchan tikila turib:
— Shu bola biron falokatni boshlab qo‘yib, bu yoqlarga qochib kelgan-ov! – dedi tomoq qirib qo‘ygancha.
— Bilmadim, — dedi talaba kift qisib, o‘zini bu gaplarga aloqasiz ko‘rsatib.
— Yo‘qsa, o‘z-o‘zidan nima qiladi kelib? – dedi Tilla bobo o‘z mulohazasini asosli dalillar bilan tasdiqlayotgandek. – Usmonalini otam deganda, shuncha vaqt kutib yurarmidi, avvalroq kelardi-da. Tinchgina yuruvdig-a.

Tilla bobo karaxtlanib turgan talabaga sarosof nazar tashlab qo‘ydi-da:
— Yo, ovlo, o‘zing asra, — deganicha yo‘lida davom etdi.
Talabaning ichidagi noma’lum hadik battar kuchaydi…

* * *

Talaba keyingi safar kelishida qishloqqa yetmayoq avtobusdan tushdi. Bu choqda uzumlar g‘arq pishgan, talaba qishloq chetidagi o‘zlarining tokzor bog‘larini oralab, keyin uylariga borishni xayol qilgandi.

Shunday qildi ham. Kechqurun uylariga kirib borib otasi bilan ko‘rishib-so‘rashib bo‘luvdi hamki, izidan akasi keldi.
Endi o‘ttizga to‘lgan akasining qop-qora yonoqlari ichiga botgan, o‘z yoshidan o‘n-o‘n besh yoshlar katta ko‘rinardi. U ustachilik qilar, poyteshayu to‘ng‘izarra ishlatardi, kasbiga yarasha jahli ham burnining uchida turardi.

— Qalaysan? — dedi akasi qo‘lini uzatib, u har gal quchoqlashib ko‘rishardi.
— Durust, — dedi talaba ham qo‘l uzatib.
— O‘qishlar qalay?
— Yomonmas.

— Qishloqqa kelganingda ehtiyot bo‘lib yur.
— Tushunmadim…

— Nimani tushunmaysan? Usmonali akaning anovi o‘g‘li bilan nimalarni gaplashdilaring?
— Nimani gaplashibmiz?
– Menga qara, uning nima ishlar qilib kelganini kim biladi? Balki, birovni o‘ldirib bu yerlarda qochib yurgandir, balki, o‘g‘irlik qilgandir…

Talaba o‘zini zo‘rlab kuldi.
— Kulasan-da, kulasan, — dedi akasi bu kulgining yig‘isi ham bor, degan ma’noda. — U seni so‘rayverib holi jonimga qo‘ymayapti.
— Nima gapi bor ekan?
— Aytarmidi…
— Borib so‘ray bo‘lmasa.

Akasi talabani katta xavf-xatardan qutqarib qolmoqchi bo‘layotgandek:
— Kallang ishlamaydi-da, endi shu yetmay turuvdi, — dedi. — Sen, yaxshisi, uning ko‘ziga ko‘rinmay yur.

Talabaning otasi o‘mroviga bolishni tortgancha peshayvonda yonboshlab yotgandi. Aka-ukaning tik turgancha nimalarnidir muhokama qilishayotganidan toqati toq bo‘lib:
— Ha-a, nima gap ekan? — deya baqirib so‘radi.

Aka peshayvon tomonga uch-to‘rt odim bosib, ortga o‘girildi-da:
— Bu Usmonali akaning haligi o‘g‘li bilan nimalarnidir gaplashibdi, — dedi.

— Gaplashsa gaplashar, — dedi ota parvo qilmay. — Usmonalining o‘zi kim-u, o‘g‘li bo‘lsa?..
— U buni mendan so‘ragani-so‘ragan.
— Biron ish-yumushi bo‘lsa so‘raydi-da, — dedi ota, shungayam ota go‘ri qozixonami, degan ohangda.

Aka qo‘l siltadi.
— Siz ko‘chaga chiqmay yotasiz, qishloqda odamlar qanaqa bo‘lib ketishganini bilmaysiz-da, — dedi endi otasini ham ayab o‘tirmay nimalargadir ishora qilganicha. — Qarab tursam, ko‘cha-kuydami, to‘y-ma’rakadami ular pisir-pisir gap qo‘zg‘ashyapti.
— E! — ota yotgan joyida qandaydir hafsalasizlik bilan qo‘l siltadi.
— Nima, siz uni bu yoqlarga behuda kelgan deb o‘ylayapsizmi? — dedi aka.

— Men hech nima deb o‘ylaganim yo‘q, — dedi ota. — Boyoqish Usmonalining o‘g‘li ekan, hamqishlog‘imiz ekan, qondoshimiz ekan, qora tortib kelibdimi, o‘shangga balli…
— E, qo‘ying-e, siz ham o‘sha kasofatning yonini olmang.

Ota nimadir demoqchi bo‘ldi-yu, o‘g‘li bilan gap talashib o‘tirishni o‘ziga lozim ko‘rmay, narigi yonboshiga ag‘darilib oldi.

Aka shundayam o‘z fikrida sobit qolganini bildirib:
— Ko‘ziga qarasin-da, — dedi-yu, tilining ostiga bir otim nosvoy tashlab, indamay chiqib ketdi.

Ertasi kuni talaba akasining nasihatiga ko‘ra Tolikka duch kelmaslik uchun do‘kon oldidagi bekatga tushmay, uzumzor oralab kelgan yo‘li bilan iziga qaytdi. Biroz olisligini aytmasa, talabaning o‘ziga ham shu ma’qul tushdi, do‘kon oldidagilarning har xil pichingli savollariga javob berish dahmazasidan qutiladi, Tilla boboga ham to‘qnash kelmaydi.

Talaba endi qishloqqa yetmay avtobusdan tushadigan, shu yerdan avtobusga chiqadigan bo‘ldi.
Uning baribir qulog‘i tinchimadi. U uyga kelgan zahotiyoq akasi ham paydo bo‘lar, g‘oyat tashvishli qiyofada:
— U seni yana so‘radi, — derdi.

Akasi bu gapni har gal har xil tarzda aytardi: bir gal, u falonchi-pistonchining janozasida otasining yonida turgan ekan, butun qishloq ahli yig‘ilgan edi, u esa janoza-panoza deb o‘tirmay menga yaqinlashdi-da, seni so‘radi, desa, boshqa gal, men falonchi-pistonchining uyini qurayotganimda hashar bahonasida uyam keldi, o‘ziyam rosa loy tashidi-yu, endi tushlikka chiqayotganimizda yana yonimga kelib seni so‘radi, derdi. Keyin sen u bilan nimalarni gaplashganding, ishqilib, o‘shanda unga qandaydir va’dalar bermaganmiding, agar shunaqa bo‘lgan bo‘lsa ochig‘ini ayt, ochiq-oydin hal qilib olaylik, degan so‘rab-surishtirishlar boshlanardi. Uni ko‘rishga meniyam yuragim bezillab qoldi, shunaqa qilaversa, men ham endi bu qishloqda ishlamay, boshqa joylardan ish izlashimga to‘g‘ri kelib qoladi, derdi akasi.
Bir tomoni talabaning akasiga rahmi ham keldi. Namuncha u meni so‘rab-surishtirmasa, degan jumboq hamon talabaning boshini qotirardi. Tikka borib, nima gap, mana men keldim, desa bo‘ladi-ku, ammo akasi uning bunday harakat qilishiga mutlaqo qarshi, tinch yur, u qandaydir kasofatni boshlab kelgan – hamma shunday deyapti, buni o‘zimning ham ko‘nglim sezib turipti, sen yaxshisi u bilan uchrashma, gaplashib ham yurma, deydi.

Bu gaplarni eshitib, talabaning gumonsirashi battar ortadi.
“Balki, Tolikning yana vino ichkisi kelib pul topolmaganidan meni izlab-qidirib yurgandir?” degan fikr ham miyasiga bot-bot kelib qolar, bu dardisarning dahmazasidan qanday qutilsam ekan, deb o‘ylardi.

Oradan oylar o‘tib, talaba yangi yilni kutib olish uchun qishloqqa keldi. Shaharda qor uchqunlab turardi, qishloqda esa qalin yoqqan ekan.

U avtobusdan odatdagidek qishloq chetida tushib qoldi.

Hammayoq oppoq, ko‘z qamashadi. Talaba tizzadan qor kechib, tepaliklar oralab ketdi. Qachonlardir yog‘ishni boshlagan laylakqor hamon gupillab urib turardi. Tuyqusdan talaba ortidan kimningdir baqirib-chaqirayotganini eshitib qoldi.

U o‘girildi. Uzoqda uzun qora choponli kimdir birov u tomonga shoshib kelar, qo‘llarini tepaga ko‘targancha, to‘xta, ishorasini qilib to‘lg‘ar, oshiqib-shoshiqqanidan o‘qtin-o‘qtin yiqilib ham qolardi.

“Kim bo‘lsaykin?”, deb o‘ylagan talaba biroz to‘xtab kutishga qaror qildi. U yaqinlashaverdi. Orada ozgina masofa qolganda talaba uning Tolik ekanligini bildiyu, noiloj qoldi. Endi kech edi.

Tolik boshidagi telpakni yulqib yechdi. Shunda uning qora terga botgani ma’lum bo‘ldi. Telpagi bilan yuz-ko‘zini artarkan:
— Uf-f!.. – deganicha o‘zini shartta qor ustiga tashladi.

U nafas rostlay boshladi. Keyin choponining barini qayirib tashlab, shimining cho‘ntagiga qo‘lini suqdi va undan pul chiqazib o‘tirgan joyida talabaga uzatarkan:
— Ma, ol! – dedi.

Talaba beixtiyor:
— Nega? — deb yubordi.

— Nega bo‘lardi? — dedi hamon harsillab ko‘ksi ko‘tarilib tushayotgan Tolik. — Bu sendan olgan qarzim. O‘shandan keyin seni hech uchratolmadim, pulingni o‘shandayoq qaytarmoqchi edim… Kimga berishimni bilmayman. So‘rab-surishtirib akangni topdim, sendan olgan qarz pulni unga tayinlab berib yubormoqchi bo‘ldim-u anavi sotuvchi uchovimizdan bo‘lak hech kim bilmasin degani uchun bunday qilmadim. Akangdan seni so‘rasam biron aniq javob bermaydi, tovba, qiziq odamlar-a bular…

Talaba ham negadir shu choqda holdan toyganini payqab, uning yoniga o‘tirdi. Ko‘ngli xotirjam bo‘lganiga qanoat hosil qilgandek, Tolik ko‘ksini to‘ldirgancha chuqur nafas oldi.

— Keragi yo‘q edi, — g‘o‘ldiradi talaba.
— Nega endi?

Tolik jilmaydi. Uning jilmayishida o‘zini ketma-ket kunlar, ketma-ket haftalar, ketma-ket oylar mobaynida qiynab kelgan mushkulotdan forig‘ bo‘lganining quvonchi mujassam edi.

Talaba yuzini boshqa tomonga burdi.

Uning ko‘zlari jiqqa yosh edi.

077

(Tashriflar: umumiy 1 059, bugungi 1)

2 izoh

  1. Hikoyaning yarmida hamma narsa oydinlashib qolgan va xulosadan odamning ko’ngli to’lmaydi. Shoyim Bo’taevning o’z uslubi bor lkn hikoya biroz zerikarli Shoyim aka bu hikoyani qo’l uchida yozganga o’xshab qolgan.

  2. Лекин менга ёқди. Қишлоқ одамларининг ўзига хос одатларини рўйи-рост очиб берган.

Izoh qoldiring