Shoyim Bo’tayev. Qora Klit

032Истеъдодли ёзувчи Шойим Бўтаевни 55 ёшга тўлгани билан табриклаймиз.

    Бу воқеа яшин тезлигида бутун мамлакат бўйлаб тарқади. Оғиздан-оғизга кўчиб юрган қисқагина суҳбат шуъласи одамлар қалбини фахр-ифтихор туйғуларига тўлдириб юборгудай бўларди. Улар, эндигина тожу тахтни эгаллаган навқирон ҳукмдорлари омон бўлса, хеч қачон хорлик-зорлик кўрмасликларини дил-дилдан ҳис этганча, бундай ҳукмдор билан дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам боришга тайёр эканликларини бир-бирларига тўлиб-тошиб сўзлашарди.

Шойим Бўтаев
ҚОРА КЛИТ
067

011   Шойим Бўтаев 1959 йил 20 июнда Тожикистоннинг Ўратепа туманига қарашли Майдонча кишлоғида туғилган. Хўжанд Давлат педагогика институтининг тарих-филология факултетини тугатган (1982). Илк қиссаси — «Сирли юлдузлар» (1984). Шундан сўнг ёзувчининг «Дунёнинг сарҳисоби бор» (1988), «Энди бари бошқача» (1990), «Шамол ўйини» (1995), «Кунботардаги боғ» (1997), «Ҳаёт» (2000), «Кўчада қолган овоз» (2005) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари нашр этилган. «Қўрғонланган ой» (1996), «Шох» (2007) каби романлар муаллифи. «Дўстлик» ордени билан тақдирланган (2001).

067

084Искандар Македония тахтига ўтирган куни қадрдон дўсти, Қора лақаби билан танилган Клит уни қутлашга келди. Искандарни бағрига босиб:
— Буюк ишларни амалга ошириш учун қулай фурсат келганидан жуда мамнунман! — дея баралла хитоб қилди. Искандар унинг елкасига қоқиб қўйди. Қора Клит унинг кўнглидагини топиб айтган эди.

Соқол-мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган йигирма ёшли Искандарни асло ёш подшоҳ деб бўлмасди. Унинг шахсида ақл-заковату шижоат, фаҳм-фаросату баҳодирлик мужассамлашиб, ажойиб уйғунлик касб этган эдики, дунё шундайларнинг пойига гиламдай тўшалса арзир эди. Бироқ дунёнинг айёр ва доғулилиги, не-не зотларни ўпқондай комига тортганича яна ҳеч нарса кўрмагандай эврилишда давом этавериши Искандарга ҳали номаълум эди. Дунё деганлари тўшала-тўшала тўйқусдан саробга дўнганича пардек тўзғиб кетишини инсон зоти рамақ лаҳзаларида эслаб қолмаса бошқа пайт ёдига тушмас, унга бино қўйиб юраверар экан. Унинг устидан оёқ босиб ўтган зотлар орт­га ўгирилишганда ҳувиллаган бўшлиқ тубсиз жарлик каби ютаман деб тураркан, мусти мустаҳкамдай кўринган нарсалардан ном-нишон қолмаган бўлар экан. Шунданмикан, устоз файласуфлардан бири, ер юзини забт этиш ҳали дунёни эгаллаш эмас деганида, Искандар аччиқланиб, мен дунёни тасаввуримда жонлантирмоқдан кўра илкимда тутмоқликни афзал кўраман, деган эди.

Ана шу нарсага у қатъиян бел боғлаган эди.

Унинг бу қатъияти ҳар бир воқеа-ҳодисага муносабатида ҳам яққол акс этардики, шу туфайли баъзан ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фавқулодда гапларни оддий сўзлар каби айтиб юбораверар эди.

Отаси Филипп ёши ўтиб қолганига қарамай, навниҳол Клеопатрага уйланаётганида, базм кечаси унинг ўзи кўпроқ май ичиб йиқилиб қолганини кўрган Искандар истеҳзо билан:
— Қаранглар-а, қитъадан қитъага ўтишни ният қилган одам тўшакдан тўшакка ўтаётиб чўзилиб қолди, — деганини одамлар узоқ вақтлар эслашиб, ҳатто Филиппу Клеопатра дорилбақога рихлат этишганидан сўнг ҳам бир-бирларига гапириб юришганди.

Ҳамиша ўзгариб, тусланиб, эврилиб турадиган дунёдан оёқ босиб ўтмоқ нав­бати энди Македония подшоҳи Искандарга келгани аниқ эди. Унинг қисматида шу битилгани алайно-ошкор кўриниб қолганди. Қисматга битилган чоғда ягона ва кучли бир истак кўнгилга шу қадар қутқу соладики, уни қондирмоқдан ўзга илож қолмайди — ё ҳаёт, ё ўлим — бош­қа йўл кўринмайди.

Искандарнинг хаёлини банд этган улуғвор режалар, улкан мақсадлар туну кун унга халоват бермай, безовта қилгани қилган эди. У шитоб-ла мақсаду режаларини амалга оширишга киришди. Жанговар сафарга чиқиш олдидан дастлабки қилган иши барча бойликларини мамлакатнинг эркин фуқароларига бўлашиб бергани бўлди.

Ўша замонларда Македония дунёнинг пешқадам мамлакатларининг бирига айланганининг сабаби ҳам фуқароларининг эркинлигида бўлган бўлса ажабмас. Шоҳми, гадоми, ўз фикрини бемалол, очиқ-ойдин айта олар; ўзидан юқоридагига етти букилиб, товонини ялаганча пастдагиларга гердайиб, кетига тепиш каби ярамас одатлар улар учун мутлақо ёт эди.

Искандар шундай улусга муносиб подшоҳ бўлди. Шу-шу, ҳар бир халқ ўз феълу атворига, хулқи-ю дунёқарашига муносиб подшоҳга эга бўлади, деган гап тарих саҳифаларида ўчмас бўлиб муҳрланиб қолди.

Ўшанда Искандар ўз бойликларини сахийлик билан одамларга улашар экан, мамлакат тепасида турганларнинг, ўз хал­қининг бахту саодатини ўйлаб, уни бошқармоқчи бўлганларнинг бойликка, ҳою-ҳавасга, ҳашаматли саройларга, айшу ишратга, аёлларга ружу қўйишларини ўтакетган пасткашлик, қабиҳлик деб ҳисоблаганидан шундай йўл тутаётганига шама қилаётгандек ҳам бўларди. Зеб-зийнатга ғарқ бўлган ялқовлик қулларга хос, шижоатга тўлиқ меҳнат шоҳларга ярашади, дер эди Искандар. Ўз мамлакати ва унинг шон-шавкати, ўз хал­қининг бахту саодати учун наинки бойликларини, балки жонини ҳам лаҳза орасида бериб юборишга тайёр подшоҳгина шундай дея олар эди.

У, бундай чоқда иккиланишни ўзи учун ор деб биларди. Искандаргина шундай қила олар, чунки, у буюк файласуф Арастунинг қўлида тахсил олган, муваққат ва абадий ҳодисаларнинг, чин ва сохта нарсаларнинг фарқини жуда эрта фаҳмлаб олган эди. Мард ва қаттиққўл Леонид ҳам унинг устози эди. Жасорат фурсат кутмаслигини, жасорат ҳар қадамда, ҳар лаҳзада ўзини намоён этиши кераклигини Искандарга айнан шу Леонид ўргатган эди. Арасту Искандарга етти ёт бегона бўлса, Леониднинг унга она томондан қариндошлиги бор эди. Унинг руҳиятини забт этган Арастунинг ҳам, жисмини тоблаган Леониднинг ҳам қарашлари бир жойда кесишар — улар шоҳнинг халқ олдида айтган сўзи билан кўздан пана чоқдаги амали бир-бирига мос тушиши кераклигини суюкли шогирдга бот-бот уқдириб туришдан зерикишмасди.

Танқўриқчиларсиз истаган жойида бемалол айланиб юрар экан, фуқароларнинг ўзига нисбатан ишончи юксак эканлигини Искандар ҳар қадамда чуқур ҳис этарди ва айнан шу ҳис унинг жисму жонига илоҳий қувват олиб кираётгандек бўларди. Шоҳларга илоҳийлик фуқаролари орқали юборилади, дея ўйларди Искандар, пасткашлигу разолат ҳам фуқаролари орқали амалга оширилса ажабмас, деганича мулоҳазаларида давом этарди, илоҳлар ва оддий тўда ўртасида ўрин тутган шоҳларнинг илоҳийликка даъвоси кучайиб боргани сари улар оддий тўда томонга шу қадар кўпроқ улоқтирилар, охир-оқибатда ўпқон ютган хасдай ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетар экан. Ўз фуқароларидан қўрқиб-ха­йиқиб, яшириниб-пусиб, эҳтиёт шарт совуту жавшанлар тақиб танқўриқчиларсиз ҳожатга ҳам бора олмайдиганлар ўз хал­қини улуғвор ишларга сафарбар қила олиши мумкинлигини Искандар ҳеч ақлига сиғдира олмас эди. Ўз халқи билан Искандар ўртасида мусти мустаҳкам ишонч кўприги мавжуд эди.

Шу ишонч туфайли унга садоқат кўрсатишар эди.
Шу ишонч туфайли уни деб жон беришга-да тайёр туришар эди.
Шу ишонч туфайли уни бошларига кўтаришар эди.
Шу ишонч туфайли унга илоҳий сифатларни беришиб, Тангрилар билан тенглаштириб, суюб-ардоқлашар эди.

Ўз навбатида унинг ўзи ҳам шу ишонч туфайли энг таҳликали дамларда ўта кескин ҳаракатлар қилиб, жонини хавф-хатарга қўяр, яраланар, ўлиб кетишига бир баҳя қолар, аммо, қайтмас, қўрқмасди.
Шунақа эди.

У, буқалар, қўйлар сўйдириб, худоларга қурбонликлар келтирди.
Фуқаролари ишончини тўла-тўкис қозона олган Искандар шу тариқа худоларнинг ҳам ишончини қозонишга уриниб тузган режасининг тўғрилигини улардан тасдиқлатиб ҳам олмоқчи эди.

Унинг барча нарсаларини аямай бош­қаларга тарқатаётганини кўрган Қора Клит:
— Ўзингга ҳам бирор нарса қолдирдингми? — деб сўради.
— Ҳа, — деди Искандар.
— Нимани? — қизиқди Қора Клит.
— Умидларимни, — деди Искандар.

Унинг бу жавоби Қора Клитни шу қадар тўлқинлантириб юбордики, у ҳам шу лаҳзанинг ўзидаёқ бор нарсаларини бошқаларга тарқатиб юборди. Шундан сўнг Искандарнинг олдига қайтиб келиб:
— Сенинг умидларингга мен ҳам шерикман, — деди.

Искандарга Қора Клитнинг бу гапи ёқди. У мамнун кулиб қўйди.
Бу воқеа яшин тезлигида бутун мамлакат бўйлаб тарқади. Оғиздан-оғизга кўчиб юрган қисқагина суҳбат шуъласи одамлар қалбини фахр-ифтихор туйғуларига тўлдириб юборгудай бўларди. Улар, эндигина тожу тахтни эгаллаган навқирон ҳукмдорлари омон бўлса, хеч қачон хорлик-зорлик кўрмасликларини дил-дилдан ҳис этганча, бундай ҳукмдор билан дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам боришга тайёр эканликларини бир-бирларига тўлиб-тошиб сўзлашарди. Унинг учун жон бериш ҳам фахр саналишини мардона туриб тан олишар эди.

Энг абгор саналган фуқаро ҳам бошини кўтариб:
— Ҳали менинг умидларим ўлмаган, — дея қандайдир ишонч билан айтишга ўзида имкон топа оларди.
Ерпарчин бўлиб ётган эса-да:
— Ҳали менинг умидларим ўлмаган, — деганича қаддини тиклашга ўзида куч топа оларди.
Ишонч ва куч шоҳнинг уларга инъоми эди.

Истмдаги қурултойда барча юнонлар Искандарни ўзларига доҳий сайлаб, унинг бошчилигида Эронга қарши юришга аҳдлашганларида, барча давлат арбоблари, буюк файласуфлар уни қутлагани келишди. Фақат, синоплик файласуф Диогенгина бу ерда қорасини кўрсатмади, Искандар уни кўп кутди, ахийри, унинг ҳузурига ўзи йўл олди. Краниядаги чорбоғда баданини офтобда тоблаб ётган Диоген кўпчиликни ўзи томонга келаётганини кўриб, хиёл бошини кўтарди. Искандар ундан: “Мендан нима илтимосинг бор?” деб сўраганида, Диоген: “Сал чеккароқ ўт, қуёшни тўсяпсан”, деди. Бу гапдан Искандар ғоят мутаассир бўлди, миқ этмай орқасига қайтар экан, файласуфни мазах қилиб, унинг устидан кулиб келаётган ҳамроҳларига: “Афсуски Искандарман, агар Искандар бўлмаганимда Диоган бўлишни хоҳлардим”, деди.

Искандарнинг юриши бошланди.
— Македониянинг озод фуқаролари! — деб хитоб қилди Искандар юриш олдидан Букефалга миниб сараланган қўшин ёнидан ўтар экан. — Душман лашкарларининг бизга нисбатан бир неча маротаба кўплиги сизларни чўчит­яптими? Аммо ёдингизда тутинг: улар йўлбарс қаршисидаги қўй-эчкилар кабидирлар. Ахир, ўз подшоҳининг чизган чизиғидан чиқолмайдиган сон-саноқсиз ёлланган қулларни, фикрсиз махлуқларни Македониянинг озод фуқароларига ким тенглаштира олади? Улар ҳозир ҳам ўз бошларининг омон қолишини ўйлаганича қалтираб, жон ҳовучлаб туришганини унутманг.

Македония қўшини Искандарнинг ҳар бир сўзини ҳайқириқлар билан қарши олди.
— Озодлик учун! — қичқирди Искандар.
— Озодлик учун! — уммондай гувлади қўшин.

Қудратининг чексизлигини, бутун дунё­ни эгаллаганининг исботи сифатида хазинасида Нил ва Истра дарёларининг сувини сақлаб келаётган Доро Искандарга пешвоз чиқишга ошиқди. Доро ва унинг лашкарбошилари Граник дарёсининг кечув жойига катта қўшин ташлаб, жангга шай ҳолда туришар экан, ғалаба қозонишларига қаттиқ ишонишар эди. Негаки, улар эгаллашган қирғоқдаги қоялардан дарё ҳам, ҳар иккала қирғоқ ҳам кафтдагидек аниқ кўзга ташланиб турар, қоя тошларига парчинлангандай навкарлар камонлари жангга шайланган эди. Камон ёйини тортиб юборишса ундан учган ўқ нариги томондан ўтишга жаҳд қилган ҳар қандай жонзотниям жаҳаннамга жўнатиши муқаррарлиги кўриниб тургани учун форс навкарлари ғоздай гердайишиб, теварак-атрофга нописанд назар ташлашганича жанг бошланишини бетоқат кутишарди.

Аммо улар Искандарнинг жанг бошлашига кўп ҳам ишонишмасди. Македон саркардалари десий (1) ойида ҳеч қачон уруш бошламасликларини, бу одатга улар қаттиқ амал қилишларини яхши билишарди.

Искандарнинг шиддатини бу қадим одат тўса олмади.
У, десийни артемисий2 деб атай қолди ва жангчиларни ўзи билан бирга олға бошлади.
Шафақ нимталанган гўштдай қизариб ётарди. Қуёш ботай-ботай дея илиниб, бота олмас, гувоҳликка ўтгиси келаётгандай, муаллақ қолишга уринаётгандек эди.

Қирғоқ қояларида форс навкарлари ажал таҳдидини солганча ваҳима уйғотиб туришар эди.
Ахийри, кутишга тоқати қолмай қуёш ботиб кетди.

Кутишга қуёш каби Искандарнинг ҳам тоқати қолмаган эди. У, ҳеч иккиланмай, минг чоғли суворийни дарёдан кечиб ўтишга ундаб, ўзи биринчи бўлиб сувга от солди. Қояларда парчинлангандай навкарларга жон битди, улар Искандар суворийлари устига дўлдай ўқ ёмғирини ёғдира бошлашди. Искандар ва унинг суворийлари шундай таҳликали вазиятда ҳам эсон-омон соҳилга чиқиб олишди.

Соҳилда кечувдагидан ҳам баттарроқ хавф-хатар уларни кутиб турарди. Македон қўшини устига форс суворийлари шиддат билан ёпирилди. Дубулғасидаги икки дона катта-катта ва оппоқ патлар Искандарни бошқалардан ажратиб турарди. Унинг қалқони ҳам бошқаларникига ўхшамасди. Мана шу белгилар сабаб бўлиб форслар Искандарни таниб қолишди ва у томон суқилиб кела бошлашди.

Қиличларнинг қасир-қусури, камон ўқларининг визиллаб учиши, найзаларнинг синиши, жони узилаётиб эгардан учиб тушган шаҳидлар, суворийсиз қочиб бораётган отлар — жами-жами тўпланиб, даҳшатли манзара касб этган эди.

Искандарнинг қўлидан отининг жилови чиқиб кетаёзди. Унга отилган найза эгнидаги зирҳни тешиб ўтиб, қалқитиб юборганди. Бахтига найза буртма бурчакка тегиб, баданига жароҳат етказмади.

Искандарга шу лаҳзанинг ўзида Ресак ва Спитридат деган икки форс лашкарбошиси ташланишди — улар зирҳга қадалган найзани кўриб, бундан буёғи осон кўчишига, Искандарни қийинчиликсиз тинчитиб, жангга нуқта қўйиб қўя қолишга ишонишган эди.
Искандар Спитридатга чап бериб, найзаси билан Ресакка ҳамла қилди. Найза Ресакнинг зирҳига тегиб синди. Искандар дарҳол қиличини яланғочлади.

Спитридат олишаётганларнинг биқини тарафига келиб отини тўхтатди. У эгардан кўтарилиб, Искандарга шамшир урди. Шамшир дубулғанинг учини ва патлардан бирини кесиб ташлаб, Искандарнинг сочини ҳам ялаб ўтди. Спитридат Искандарнинг жонини жаҳаннамга жўнатишга астойдил ишонган ҳолда яна шамшир кўтарди.

Шу лаҳзада ердан чиқдими, осмондан тушдими — номаълум, Спитридатнинг қаршисида Қора Клит пайдо бўлди.
У, шу лаҳзада даврага қуюндай от солиб кирган эди. Қора Клит найзасини шиддат ва куч билан Спитридатнинг кўкрагига ботирди.
Паҳлавон Спитридатнинг шамшир кўтарган қўли ҳавода муаллақ қолди. У эгар устидан гурсиллаб қулади.

Искандарнинг муқаррар равишда ёпилаётган тарих китобини Қора Клит қайтадан бошлаб берди. У, шу тариқа, мақаррар равишда йўқолаётган не-не афсона-ривоятларни, асотирларни сония орасида ўз қўли билан қайтадан тиклаб қўйгандек бўлдики, буларсиз инсоният тарихи ҳам, ҳаёти ҳам анча-мунча кемтик бўлиб қолар эди. Агар, Қора Клит бир лаҳза кечикканида ҳаммаси тугаган бўлар, йўқлик қаърига ном-нишонсиз чўкиб кетган минглаб, миллионлаб шоҳлару саркардалар каби вақт ғилдираги Искандарнинг номини ҳам аллақачонлар бир четга ирғитиб юборган бўлар эди.

Ёлғиз қолган Ресакни Искандарнинг яланғочланган қиличи йиқитди.

Искандарнинг суворийлари олатасир жангни давом эттиришаётган бир пайтда унинг пиёдалари ҳам кечувдан ўтиб келишга муваффақ бўлишди.
Шиддатли жанглар форсларни эсанкиратиб қўйди. Улар қочишга тушди.

Доро қўшинлари бу жангда йигирма минг пиёда ва икки ярим минг суворийни йўқотишди.
Искандар қўшиндан ўттиз тўрт киши ўлди, улардан тўққизтаси пиёда эди, ўшанда Искандар уларни барчасига ёдгорлик ўрнатиш ҳақида буйруқ берган эди.

Ана шу дақиқалардан Искандарнинг юлдузли онлари бошланди. Забт этилган ўлкаларда Искандар ҳақида турли-туман афсоналар, ривоятлар тўқишди. Қириб ташланган халқларнинг қолган-қутган қолдиқлари ҳам бундан четда турмади — уни салкам худо даражасига чиқариб қўйишларига оз қолди.

Дорони тамомила мағлуб этгач, Искандар ўттиз минг нафар навқирон форс­лардан сараланган қўшин тузди. Ўнбошилар, юзбошилар, туманбошилар, лашкарбошилар ҳам уларни ўзларининг орасидан танлаб олишди.

   Искандарга улар юксак эътиқод қўйишди. Уни ўз доҳийлари, соябонлари деб билишди. Дорога қандай муносабатда бўлган бўлишса, Искандарга ҳам ундан-да ортиқроқ мулозаматда бўлишди. Доро серҳашамликни жону дилидан яхши кўрар, қолаверса, аждодларидан ҳам шу одатлар мерос бўлиб, қондан қонга ўтиб келгани боис бошқача бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам этолмасди. Унинг ҳузурига кирмоқчи бўлган энг мағрур фуқароси ҳам сарой остонасига қадам қўйиши биланоқ етти букилиб ёинки эмаклаб тахт пойигача етиб келар, шоҳнинг аввал оёғини, кейин қўлини юксак ихлос билан ўпар, шундан фахрланар, шундан сўнггина бош кўтармаган ҳолда уч қадам ортга чекиниб арзу додини етказмоққа чоғланар эди. Бу арзу ҳол ҳам очиқ-ойдин айтилмас, минг турли пардалар билан ўралган, минг хил бўёқларда бўялган, имкони ва иложи борича, фаҳм-фаросати ва ақли етганича тахт устидагининг кўнглини хушнуд қилишга, унинг кайфиятини бузмасликка қаратилган бўлар эди.

Шу сабабли, рост билан ёлғоннинг, софлик билан разолатнинг, адолат билан адолатсизликнинг фарқига бориб бўлмас, ҳаммаси ап-аралаш, оғизда айтилгани билан амалдагиси мутлақо бир-бирига тўғри келмас эди, Имо-ишоралар, коса тагида нимкосалар, ўз фикрини очиқ айтишдан қўрқув саройдаги ҳамда саройга яқин турфа тоифанинг юзларидаги барча мардона ва соф инсоний ифодаларни ювиб ташлаб, уларни фақат бир кишининг оғзига қараб турувчи хотинмижоз махлуқларга айлантирган, тилёғламалик, иккиюзламачилик, бағритошлик, қўрқоқлик, разиллик сингари минглаб ифодалар мисли чувалчангдай, илончалардай уларнинг юз-кўзларида сирғалиб ўйнарди. Бу чувалчанглару илончаларнинг нима эканлигини фаҳмлаш учун тўғри фикрлаш ва олижаноблик катта тўсиқ бўларди, холос.

Барча подшоҳлари қаршисида, жумладан, Искандар олдида ҳам ўз фикрларини очиқчасига дангал айтишга ўрганган македонияликлар учун бу манзаралар нотаниш эди. Искандарнинг қизиққонлигими, қизиқувчанлигими ёинки ҳар бир инсон зотига хос майлими, нималиги номаълум — ишқилиб, нимадир устун келиб уни аста-секин мағлуб халқнинг урф-одатларига ҳам кўниктира борди.

Она сути оғзидан кетмаган ёш нав­кар бўладими, бир оёғи гўрда қария бўладими, Искандарнинг қароргоҳига қадам босаётганида янги ёлланганлар остонаданоқ чўккалаб, унинг олдигача эмаклаб келар, оёқ-қўлига лаб босар, шу тариқа орқа ўгирмай орти билан эмаклаганича чиқиб кетар эди.

Искандарга аввал бу жуда кулгули туюлган эди. Ҳаттоки, ғаши келиб, оёғидан ўпмоқчи бўлганларнинг бир-иккитасининг тумшуғига тепиб юборган пайтлари ҳам бўлди.
Македонияликларга шунақа қилиб кўрсин эди! Искандар нари турсин, нақ Тангги Аммоннинг ўзига ҳам қиличини яланғочлаб ташланган, ор-номусини, шараф-шонини ҳимоялаган, инсоний ғурурининг топталишига йўл қўймаган бўларди.

Аммо янги ёлланганлар бунақа эмас эди. Уларнинг қанақалигини ҳеч ким билмас эди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари Искандарга эриш туюлар эди. У, бундай қилиш керак эмаслигини тушунтиришга қанчалик уринмасин, улар эшитаётгандек бўлиб туришарди-да, яна ўз билганларидан қолишмасди. Ҳаттоки, баъзи бир ақллироқдай кўринганларининг қиёфасидаги ифодалар, ичингда бу ишимизни маъқуллаб турибсан-ку, ўзингни анойиликка солиб нима қилар эдинг, деганга ўхшаш маъноларни англатиб турар эди.

Бора-бора, Искандар бўлмаганимда Диоген бўлишни хоҳлардим, деган буюк шоҳ ҳам янгича муносабатлардаги нималардир ўзига хуш ёқаётганини билиб-билмай қолди ва бундай нарсаларга эътибор бермай қўйди.

Нима бўпти? Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари бўлади, уларни қадрлаш керак, йўқса, халқлар ўзига хослигини, ўз қиёфасини, ўзлигини йўқотиб қўйиш мумкин қабилидаги гаплар билан у ўзига таскин-тасалли бера бошлади.
Македонлар ўзларига муносиб подшоҳни қандай танлаган бўлсалар, қуллуқ қилишга табиатан мойил бўлганлар ҳам худди ўша подшоҳнинг ўзини ўзларига шу тарзда мослаб ола бошладилар.

Тақдир ҳазилимиди бу?
Ёинки тарих ҳукмимиди?
Нимаики бўлмасин, ўшанда халқ­ларнинг табиатидан келиб чиқиб, бир шахс қиёфасида икки қарама-қарши феълу атвордаги ҳукмдорларнинг белгилари мужассамлашди ва улар бир-бирлари билан кураша бошлади.
Бу жуда ғалати ҳол, ғалати кураш эди.
Ким ғолиб чиқаркин?
Уммонлару дарёларни, тоғу тошларни, дашту далаларни босиб ўтиб келган ғолибларми ёки уларга ўзини топширган мағлубларми?

Энг оғир дамларда, ўлим билан юзма-юз келган чоғлардаям Искандарнинг ёнида мардонавор туришган, иссиқ-совуқларни бирга татишган македонияликлар назарида раҳнамолари тобора, тобора улардан узоқлашиб, бегоналашиб бораётгандек туюларди. Не-не орзу-умидлар билан унга ишонишиб туғилган юртларини тарк этишган, бегона жойларда сарсон кезишган македонлар учун бу жуда оғир эди. Шу сабабли, уларнинг руҳлари сўник, барча умидлари пардай тўзғиган, шитоб келиб саробга йўлиққан йўловчилардай бошлари гангиган эди.

Қиличи зарбидан титраган жангоҳлар энди Искандарнинг ичига кўчгандай икки қарама-қарши ҳукмдор бир-бири билан ичкарида куч синашар эди.

Нега бундай бўляпти?

Буни у тушунтиришга ожиз эди. Нега бундай бўлиши мумкинлигини ҳақида устози Арасту ҳам лом-мим демаган эди, қаттиққўл Леонид ҳам бу ҳакда огоҳлантирмаган эди. Ер юзи юмалоқ бўлса-да, ҳар жойнинг ўз тошу тарозиси борлигини эслатиб қўйишни устозлар унутишгандай эди.

Бир қиёфада турфа ҳукмдорлик белгилари кўринишининг даҳшатли оқибатлари намоён бўла бошлади. Македон қўшинлари парокандаликка юз тутди. Янги ёлланганларнинг шоҳ қароргоҳига етти букилганча тез-тез кириб-чиқишаётгани юнонларнинг тобора ғазабини келтирар, улар буни сезиб-билиб туришса-да, ўзларини пайқамасликка олишарди. Қандайдир ёввойи махлуқни қўлга ўргатмоқчи бўлган овчилардай сергаклик кўрсатишаётганларнинг эгилган гавдалари овчининг қўлидаги камондан ҳам хавф­лироқ қурол эканлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлар эди.

Искандар энди македонияликлардан ҳам саройга ғўдайиб кириб келавермай, шоҳ иззатини жойига қўйишни ўрганиш кераклигига шаъма қила бошлади. Қора Клит бир гал худди шу хусусда Искандар билан баҳслашиб қолди ва илгаригидаги каби ўз фикрларини бўяб-бежаб ўтирмай, шартта-шартта айтиб ташлади.

— Парфияда эгнингга форсча либосларни илганингда жасоратларинг ҳурматига ҳеч ким ҳеч нарса демаганди, — деди Қора Клит ўзига хос қизғинлик ва қатъийлик билан. — Лекин, юнонлар ғурурини ерга уриб, улардан олчоқ қулларнинг муносабатини ўзингга талаб этма. Эркин фуқаро ҳеч қачон бўйин эгмайди. ўурурини топтамайди. Шуни эсла ва билиб қўй. Бундай қилиш олижаноблик эмас, ғирт ярамасликдир.

Кора Клитнинг бу сўзлари Искандарнинг ғазабини жўштириб юборди. У, чидолмай, олдидаги олмани Қора Клитга отди ва ханжарини излай бошлади.

Танқўриқчи Аристофан Искандарнинг ханжарини яшириб қўйган эди. Ўзини тинчлантиришга уринаётганларни итариб-суриб юбориб, Искандар ўрнидан сапчиб турди-да, хос қўриқчиларни чақириб, карнайчига қароргоҳни карнай чалиб кўтаришни буюрди, карнайчининг пайсаллаётганини кўриб унинг башарасига мушт туширди.

Қора Клитни ташқарига итариб чиқаришди. Аммо, у бошқа эшикдан кириб:
— Эллинларнинг шундай бир ёмон одати бор… — дея Эврипиддан мисол келтириб, сўзлай бошлаши билан Искандар ёнида турган танқўриқчининг найзасини шитоб-ла олиб унга қарата улоқтирди.

Эшик пардасининг бир чеккага суриб эндигина ичкарига кирган Қора Клитнинг қоқ кўкрагини найза тешиб ўтди. Қора Клит гурсиллаб қулади. Кўп ўтмай у жон берди.
Қароргоҳни совуқ сукунат қоплаган эди. Ҳамма қотиб қолган, фикрлашга-да, сўзлашга-да биров ботина олмас эди.

Искандар сапчиб ўрнидан турди. У ёввойи ўкирик билан Қора Клит томон отилди. Қора Клитнинг кўкрагидаги найзани зарб билан суғуриб олиб ўз кўксига санчмоқчи бўлди. Атрофдагилар куч билан унинг қўлидан найзани тортиб олишди. Судраганча хобхонасига олиб кириб кетишди.

Ўлим чоғида ҳам жангга ташланаётганидаги каби мағрур қиёфаси абадий қотган Қора Клитнинг руҳи қароргоҳ узра чарх уриб юраркан, ичкари хобхонадан ер юзи соҳибқиронининг ожизона инграётгани, йиғлаётгани эшитилиб турар эди. Разил ва таги паст подшоҳлардан аҳолининг нафратланишини яхши билган, шу сабабли, бундай мамлакатларни яшин тезлигида забт эта олган Искандарнинг ўзи ҳам ўзига нисбатан шундай нафратнинг шабадаларини элас-элас ҳис этган ҳолда ёш бола сингари изтироб исканжасида ўртанарди. У, Қора Клитнинг башорат каби айтган сўзларини эсларди. Бизни фақат шоҳ олдида ўз ғурурини ерга уриб, иззат-икром кўрсатиш, қулларча ялтоқланишдек одатларгина шармандалик сари етаклайди, дер эди у.

Айни дамда бундан ортиқ шармандалик йўқ эди: ўзини муқаррар ўлимдан асраб қолган дўстининг кўксига Искандар найза санчган эди. Буюк Искандарнинг саркарда ва инсон сифатидаги таназзули ҳам айнан шу нуқтада бошланган эди. Буни Искандар энди, қадрдон дўстининг ўлимидан кейингина фаҳмлаётгандек эди.

Аммо, энди кеч эди. Энди у қанчалик изтироб чекмасин, афсусланмасин, тақдири азалда ёзилгани ва шармандаликка бўй бермагани учун кўксидан ҳамон аланга каби ёниб оқиб тушаётган қонни тўхтатиб унинг ёнига яна қайтиб кела олмас эди македониялик озод фуқаро Қора Клит.

1 Десий — македонча саккизинчи ой (апрел-май).
2 Артемисий — македонча еттинчи ой (март-апрел).

055
Shoyim Bo’taev
QORA KLIT
08

Shoyim Bo’taev 1959 yil 20 iyunda Tojikistonning O’ratepa tumaniga qarashli Maydoncha kishlog’ida tug’ilgan. Xo’jand Davlat pedagogika institutining tarix-filologiya fakultetini tugatgan (1982). Ilk qissasi — «Sirli yulduzlar» (1984). Shundan so’ng yozuvchining «Dunyoning sarhisobi bor» (1988), «Endi bari boshqacha» (1990), «Shamol o’yini» (1995), «Kunbotardagi bog’» (1997), «Hayot» (2000), «Ko’chada qolgan ovoz» (2005) kabi qissa va hikoyalardan iborat to’plamlari nashr etilgan. «Qo’rg’onlangan oy» (1996), «Shox» (2007) kabi romanlar muallifi. «Do’stlik» ordeni bilan taqdirlangan (2001).

08

084Iskandar Makedoniya taxtiga o’tirgan kuni qadrdon do’sti, Qora laqabi bilan tanilgan Klit uni qutlashga keldi. Iskandarni bag’riga bosib:
— Buyuk ishlarni amalga oshirish uchun qulay fursat kelganidan juda mamnunman! — deya baralla xitob qildi. Iskandar uning yelkasiga qoqib qo’ydi. Qora Klit uning ko’nglidagini topib aytgan edi.

Soqol-mo’ylabi endigina sabza ura boshlagan yigirma yoshli Iskandarni aslo yosh podshoh deb bo’lmasdi. Uning shaxsida aql-zakovatu shijoat, fahm-farosatu bahodirlik mujassamlashib, ajoyib uyg’unlik kasb etgan ediki, dunyo shundaylarning poyiga gilamday to’shalsa arzir edi. Biroq dunyoning ayyor va dog’uliligi, ne-ne zotlarni o’pqonday komiga tortganicha yana hech narsa ko’rmaganday evrilishda davom etaverishi Iskandarga hali noma’lum edi. Dunyo deganlari to’shala-to’shala to’yqusdan sarobga do’nganicha pardek to’zg’ib ketishini inson zoti ramaq lahzalarida eslab qolmasa boshqa payt yodiga tushmas, unga bino qo’yib yuraverar ekan. Uning ustidan oyoq bosib o’tgan zotlar ort­ga o’girilishganda huvillagan bo’shliq tubsiz jarlik kabi yutaman deb turarkan, musti mustahkamday ko’ringan narsalardan nom-nishon qolmagan bo’lar ekan. Shundanmikan, ustoz faylasuflardan biri, yer yuzini zabt etish hali dunyoni egallash emas deganida, Iskandar achchiqlanib, men dunyoni tasavvurimda jonlantirmoqdan ko’ra ilkimda tutmoqlikni afzal ko’raman, degan edi.

Ana shu narsaga u qat’iyan bel bog’lagan edi.

Uning bu qat’iyati har bir voqea-hodisaga munosabatida ham yaqqol aks etardiki, shu tufayli ba’zan hech kimning xayoliga kelmagan favqulodda gaplarni oddiy so’zlar kabi aytib yuboraverar edi.

Otasi Filipp yoshi o’tib qolganiga qaramay, navnihol Kleopatraga uylanayotganida, bazm kechasi uning o’zi ko’proq may ichib yiqilib qolganini ko’rgan Iskandar istehzo bilan:
— Qaranglar-a, qit’adan qit’aga o’tishni niyat qilgan odam to’shakdan to’shakka o’tayotib cho’zilib qoldi, — deganini odamlar uzoq vaqtlar eslashib, hatto Filippu Kleopatra dorilbaqoga rixlat etishganidan so’ng ham bir-birlariga gapirib yurishgandi.

Hamisha o’zgarib, tuslanib, evrilib turadigan dunyodan oyoq bosib o’tmoq nav­bati endi Makedoniya podshohi Iskandarga kelgani aniq edi. Uning qismatida shu bitilgani alayno-oshkor ko’rinib qolgandi. Qismatga bitilgan chog’da yagona va kuchli bir istak ko’ngilga shu qadar qutqu soladiki, uni qondirmoqdan o’zga iloj qolmaydi — yo hayot, yo o’lim — bosh­qa yo’l ko’rinmaydi.

Iskandarning xayolini band etgan ulug’vor rejalar, ulkan maqsadlar tunu kun unga xalovat bermay, bezovta qilgani qilgan edi. U shitob-la maqsadu rejalarini amalga oshirishga kirishdi. Jangovar safarga chiqish oldidan dastlabki qilgan ishi barcha boyliklarini mamlakatning erkin fuqarolariga bo’lashib bergani bo’ldi.

O’sha zamonlarda Makedoniya dunyoning peshqadam mamlakatlarining biriga aylanganining sababi ham fuqarolarining erkinligida bo’lgan bo’lsa ajabmas. Shohmi, gadomi, o’z fikrini bemalol, ochiq-oydin ayta olar; o’zidan yuqoridagiga yetti bukilib, tovonini yalagancha pastdagilarga gerdayib, ketiga tepish kabi yaramas odatlar ular uchun mutlaqo yot edi.

Iskandar shunday ulusga munosib podshoh bo’ldi. Shu-shu, har bir xalq o’z fe’lu atvoriga, xulqi-yu dunyoqarashiga munosib podshohga ega bo’ladi, degan gap tarix sahifalarida o’chmas bo’lib muhrlanib qoldi.

O’shanda Iskandar o’z boyliklarini saxiylik bilan odamlarga ulashar ekan, mamlakat tepasida turganlarning, o’z xal­qining baxtu saodatini o’ylab, uni boshqarmoqchi bo’lganlarning boylikka, hoyu-havasga, hashamatli saroylarga, ayshu ishratga, ayollarga ruju qo’yishlarini o’taketgan pastkashlik, qabihlik deb hisoblaganidan shunday yo’l tutayotganiga shama qilayotgandek ham bo’lardi. Zeb-ziynatga g’arq bo’lgan yalqovlik qullarga xos, shijoatga to’liq mehnat shohlarga yarashadi, der edi Iskandar. O’z mamlakati va uning shon-shavkati, o’z xal­qining baxtu saodati uchun nainki boyliklarini, balki jonini ham lahza orasida berib yuborishga tayyor podshohgina shunday deya olar edi.

U, bunday choqda ikkilanishni o’zi uchun or deb bilardi. Iskandargina shunday qila olar, chunki, u buyuk faylasuf Arastuning qo’lida taxsil olgan, muvaqqat va abadiy hodisalarning, chin va soxta narsalarning farqini juda erta fahmlab olgan edi. Mard va qattiqqo’l Leonid ham uning ustozi edi. Jasorat fursat kutmasligini, jasorat har qadamda, har lahzada o’zini namoyon etishi kerakligini Iskandarga aynan shu Leonid o’rgatgan edi. Arastu Iskandarga yetti yot begona bo’lsa, Leonidning unga ona tomondan qarindoshligi bor edi. Uning ruhiyatini zabt etgan Arastuning ham, jismini toblagan Leonidning ham qarashlari bir joyda kesishar — ular shohning xalq oldida aytgan so’zi bilan ko’zdan pana choqdagi amali bir-biriga mos tushishi kerakligini suyukli shogirdga bot-bot uqdirib turishdan zerikishmasdi.

Tanqo’riqchilarsiz istagan joyida bemalol aylanib yurar ekan, fuqarolarning o’ziga nisbatan ishonchi yuksak ekanligini Iskandar har qadamda chuqur his etardi va aynan shu his uning jismu joniga ilohiy quvvat olib kirayotgandek bo’lardi. Shohlarga ilohiylik fuqarolari orqali yuboriladi, deya o’ylardi Iskandar, pastkashligu razolat ham fuqarolari orqali amalga oshirilsa ajabmas, deganicha mulohazalarida davom etardi, ilohlar va oddiy to’da o’rtasida o’rin tutgan shohlarning ilohiylikka da’vosi kuchayib borgani sari ular oddiy to’da tomonga shu qadar ko’proq uloqtirilar, oxir-oqibatda o’pqon yutgan xasday nom-nishonsiz yo’q bo’lib ketar ekan. O’z fuqarolaridan qo’rqib-xa­yiqib, yashirinib-pusib, ehtiyot shart sovutu javshanlar taqib tanqo’riqchilarsiz hojatga ham bora olmaydiganlar o’z xal­qini ulug’vor ishlarga safarbar qila olishi mumkinligini Iskandar hech aqliga sig’dira olmas edi. O’z xalqi bilan Iskandar o’rtasida musti mustahkam ishonch ko’prigi mavjud edi.

Shu ishonch tufayli unga sadoqat ko’rsatishar edi.
Shu ishonch tufayli uni deb jon berishga-da tayyor turishar edi.
Shu ishonch tufayli uni boshlariga ko’tarishar edi.
Shu ishonch tufayli unga ilohiy sifatlarni berishib, Tangrilar bilan tenglashtirib, suyub-ardoqlashar edi.

O’z navbatida uning o’zi ham shu ishonch tufayli eng tahlikali damlarda o’ta keskin harakatlar qilib, jonini xavf-xatarga qo’yar, yaralanar, o’lib ketishiga bir bahya qolar, ammo, qaytmas, qo’rqmasdi.
Shunaqa edi.

U, buqalar, qo’ylar so’ydirib, xudolarga qurbonliklar keltirdi.
Fuqarolari ishonchini to’la-to’kis qozona olgan Iskandar shu tariqa xudolarning ham ishonchini qozonishga urinib tuzgan rejasining to’g’riligini ulardan tasdiqlatib ham olmoqchi edi.

Uning barcha narsalarini ayamay bosh­qalarga tarqatayotganini ko’rgan Qora Klit:
— O’zingga ham biror narsa qoldirdingmi? — deb so’radi.
— Ha, — dedi Iskandar.
— Nimani? — qiziqdi Qora Klit.
— Umidlarimni, — dedi Iskandar.

Uning bu javobi Qora Klitni shu qadar to’lqinlantirib yubordiki, u ham shu lahzaning o’zidayoq bor narsalarini boshqalarga tarqatib yubordi. Shundan so’ng Iskandarning oldiga qaytib kelib:
— Sening umidlaringga men ham sherikman, — dedi.

Iskandarga Qora Klitning bu gapi yoqdi. U mamnun kulib qo’ydi.
Bu voqea yashin tezligida butun mamlakat bo’ylab tarqadi. Og’izdan-og’izga ko’chib yurgan qisqagina suhbat shu’lasi odamlar qalbini faxr-iftixor tuyg’ulariga to’ldirib yuborguday bo’lardi. Ular, endigina toju taxtni egallagan navqiron hukmdorlari omon bo’lsa, xech qachon xorlik-zorlik ko’rmasliklarini dil-dildan his etgancha, bunday hukmdor bilan dunyoning narigi chekkasiga bo’lsa ham borishga tayyor ekanliklarini bir-birlariga to’lib-toshib so’zlashardi. Uning uchun jon berish ham faxr sanalishini mardona turib tan olishar edi.

Eng abgor sanalgan fuqaro ham boshini ko’tarib:
— Hali mening umidlarim o’lmagan, — deya qandaydir ishonch bilan aytishga o’zida imkon topa olardi.
Yerparchin bo’lib yotgan esa-da:
— Hali mening umidlarim o’lmagan, — deganicha qaddini tiklashga o’zida kuch topa olardi.
Ishonch va kuch shohning ularga in’omi edi.

Istmdagi qurultoyda barcha yunonlar Iskandarni o’zlariga dohiy saylab, uning boshchiligida Eronga qarshi yurishga ahdlashganlarida, barcha davlat arboblari, buyuk faylasuflar uni qutlagani kelishdi. Faqat, sinoplik faylasuf Diogengina bu yerda qorasini ko’rsatmadi, Iskandar uni ko’p kutdi, axiyri, uning huzuriga o’zi yo’l oldi. Kraniyadagi chorbog’da badanini oftobda toblab yotgan Diogen ko’pchilikni o’zi tomonga kelayotganini ko’rib, xiyol boshini ko’tardi. Iskandar undan: “Mendan nima iltimosing bor?” deb so’raganida, Diogen: “Sal chekkaroq o’t, quyoshni to’syapsan”, dedi. Bu gapdan Iskandar g’oyat mutaassir bo’ldi, miq etmay orqasiga qaytar ekan, faylasufni mazax qilib, uning ustidan kulib kelayotgan hamrohlariga: “Afsuski Iskandarman, agar Iskandar bo’lmaganimda Diogan bo’lishni xohlardim”, dedi.

Iskandarning yurishi boshlandi.
— Makedoniyaning ozod fuqarolari! — deb xitob qildi Iskandar yurish oldidan Bukefalga minib saralangan qo’shin yonidan o’tar ekan. — Dushman lashkarlarining bizga nisbatan bir necha marotaba ko’pligi sizlarni cho’chit­yaptimi? Ammo yodingizda tuting: ular yo’lbars qarshisidagi qo’y-echkilar kabidirlar. Axir, o’z podshohining chizgan chizig’idan chiqolmaydigan son-sanoqsiz yollangan qullarni, fikrsiz maxluqlarni Makedoniyaning ozod fuqarolariga kim tenglashtira oladi? Ular hozir ham o’z boshlarining omon qolishini o’ylaganicha qaltirab, jon hovuchlab turishganini unutmang.

Makedoniya qo’shini Iskandarning har bir so’zini hayqiriqlar bilan qarshi oldi.
— Ozodlik uchun! — qichqirdi Iskandar.
— Ozodlik uchun! — ummonday guvladi qo’shin.

Qudratining cheksizligini, butun dunyo­ni egallaganining isboti sifatida xazinasida Nil va Istra daryolarining suvini saqlab kelayotgan Doro Iskandarga peshvoz chiqishga oshiqdi. Doro va uning lashkarboshilari Granik daryosining kechuv joyiga katta qo’shin tashlab, jangga shay holda turishar ekan, g’alaba qozonishlariga qattiq ishonishar edi. Negaki, ular egallashgan qirg’oqdagi qoyalardan daryo ham, har ikkala qirg’oq ham kaftdagidek aniq ko’zga tashlanib turar, qoya toshlariga parchinlanganday navkarlar kamonlari jangga shaylangan edi. Kamon yoyini tortib yuborishsa undan uchgan o’q narigi tomondan o’tishga jahd qilgan har qanday jonzotniyam jahannamga jo’natishi muqarrarligi ko’rinib turgani uchun fors navkarlari g’ozday gerdayishib, tevarak-atrofga nopisand nazar tashlashganicha jang boshlanishini betoqat kutishardi.

Ammo ular Iskandarning jang boshlashiga ko’p ham ishonishmasdi. Makedon sarkardalari desiy (1) oyida hech qachon urush boshlamasliklarini, bu odatga ular qattiq amal qilishlarini yaxshi bilishardi.

Iskandarning shiddatini bu qadim odat to’sa olmadi.
U, desiyni artemisiy2 deb atay qoldi va jangchilarni o’zi bilan birga olg’a boshladi.
Shafaq nimtalangan go’shtday qizarib yotardi. Quyosh botay-botay deya ilinib, bota olmas, guvohlikka o’tgisi kelayotganday, muallaq
qolishga urinayotgandek edi.

Qirg’oq qoyalarida fors navkarlari ajal tahdidini solgancha vahima uyg’otib turishar edi.
Axiyri, kutishga toqati qolmay quyosh botib ketdi.

Kutishga quyosh kabi Iskandarning ham toqati qolmagan edi. U, hech ikkilanmay, ming chog’li suvoriyni daryodan kechib o’tishga undab, o’zi birinchi bo’lib suvga ot soldi. Qoyalarda parchinlanganday navkarlarga jon bitdi, ular Iskandar suvoriylari ustiga do’lday o’q yomg’irini yog’dira boshlashdi. Iskandar va uning suvoriylari shunday tahlikali vaziyatda ham eson-omon sohilga chiqib olishdi.

Sohilda kechuvdagidan ham battarroq xavf-xatar ularni kutib turardi. Makedon qo’shini ustiga fors suvoriylari shiddat bilan yopirildi. Dubulg’asidagi ikki dona katta-katta va oppoq patlar Iskandarni boshqalardan ajratib turardi. Uning qalqoni ham boshqalarnikiga o’xshamasdi. Mana shu belgilar sabab bo’lib forslar Iskandarni tanib qolishdi va u tomon suqilib kela boshlashdi.

Qilichlarning qasir-qusuri, kamon o’qlarining vizillab uchishi, nayzalarning sinishi, joni uzilayotib egardan uchib tushgan shahidlar, suvoriysiz qochib borayotgan otlar — jami-jami to’planib, dahshatli manzara kasb etgan edi.

Iskandarning qo’lidan otining jilovi chiqib ketayozdi. Unga otilgan nayza egnidagi zirhni teshib o’tib, qalqitib yuborgandi. Baxtiga nayza burtma burchakka tegib, badaniga jarohat yetkazmadi.

Iskandarga shu lahzaning o’zida Resak va Spitridat degan ikki fors lashkarboshisi tashlanishdi — ular zirhga qadalgan nayzani ko’rib, bundan buyog’i oson ko’chishiga, Iskandarni qiyinchiliksiz tinchitib, jangga nuqta qo’yib qo’ya qolishga ishonishgan edi.
Iskandar Spitridatga chap berib, nayzasi bilan Resakka hamla qildi. Nayza Resakning zirhiga tegib sindi. Iskandar darhol qilichini yalang’ochladi.

Spitridat olishayotganlarning biqini tarafiga kelib otini to’xtatdi. U egardan ko’tarilib, Iskandarga shamshir urdi. Shamshir dubulg’aning uchini va patlardan birini kesib tashlab, Iskandarning sochini ham yalab o’tdi. Spitridat Iskandarning jonini jahannamga jo’natishga astoydil ishongan holda yana shamshir ko’tardi.

Shu lahzada yerdan chiqdimi, osmondan tushdimi — noma’lum, Spitridatning qarshisida Qora Klit paydo bo’ldi.
U, shu lahzada davraga quyunday ot solib kirgan edi. Qora Klit nayzasini shiddat va kuch bilan Spitridatning ko’kragiga botirdi.
Pahlavon Spitridatning shamshir ko’targan qo’li havoda muallaq qoldi. U egar ustidan gursillab quladi.

Iskandarning muqarrar ravishda yopilayotgan tarix kitobini Qora Klit qaytadan boshlab berdi. U, shu tariqa, maqarrar ravishda yo’qolayotgan ne-ne afsona-rivoyatlarni, asotirlarni soniya orasida o’z qo’li bilan qaytadan tiklab qo’ygandek bo’ldiki, bularsiz insoniyat tarixi ham, hayoti ham ancha-muncha kemtik bo’lib qolar edi. Agar, Qora Klit bir lahza kechikkanida hammasi tugagan bo’lar, yo’qlik qa’riga nom-nishonsiz cho’kib ketgan minglab, millionlab shohlaru sarkardalar kabi vaqt g’ildiragi Iskandarning nomini ham allaqachonlar bir chetga irg’itib yuborgan bo’lar edi.

Yolg’iz qolgan Resakni Iskandarning yalang’ochlangan qilichi yiqitdi.

Iskandarning suvoriylari olatasir jangni davom ettirishayotgan bir paytda uning piyodalari ham kechuvdan o’tib kelishga muvaffaq bo’lishdi.
Shiddatli janglar forslarni esankiratib qo’ydi. Ular qochishga tushdi.

Doro qo’shinlari bu jangda yigirma ming piyoda va ikki yarim ming suvoriyni yo’qotishdi.
Iskandar qo’shindan o’ttiz to’rt kishi o’ldi, ulardan to’qqiztasi piyoda edi, o’shanda Iskandar ularni barchasiga yodgorlik o’rnatish haqidabuyruq bergan edi.

Ana shu daqiqalardan Iskandarning yulduzli onlari boshlandi. Zabt etilgan o’lkalarda Iskandar haqida turli-tuman afsonalar, rivoyatlar to’qishdi. Qirib tashlangan xalqlarning qolgan-qutgan qoldiqlari ham bundan chetda turmadi — uni salkam xudo darajasiga chiqarib qo’yishlariga oz qoldi.

Doroni tamomila mag’lub etgach, Iskandar o’ttiz ming nafar navqiron fors­lardan saralangan qo’shin tuzdi. O’nboshilar, yuzboshilar, tumanboshilar, lashkarboshilar ham ularni o’zlarining orasidan tanlab olishdi.

 Iskandarga ular yuksak e’tiqod qo’yishdi. Uni o’z dohiylari, soyabonlari deb bilishdi. Doroga qanday munosabatda bo’lgan bo’lishsa, Iskandarga ham undan-da ortiqroq mulozamatda bo’lishdi. Doro serhashamlikni jonu dilidan yaxshi ko’rar, qolaversa, ajdodlaridan ham shu odatlar meros bo’lib, qondan qonga o’tib kelgani bois boshqacha bo’lishi mumkinligini tasavvur ham etolmasdi. Uning huzuriga kirmoqchi bo’lgan eng mag’rur fuqarosi ham saroy ostonasiga qadam qo’yishi bilanoq yetti bukilib yoinki emaklab taxt poyigacha yetib kelar, shohning avval oyog’ini, keyin qo’lini yuksak ixlos bilan o’par, shundan faxrlanar, shundan so’nggina bosh ko’tarmagan holda uch qadam ortga chekinib arzu dodini yetkazmoqqa chog’lanar edi. Bu arzu hol ham ochiq-oydin aytilmas, ming turli pardalar bilan o’ralgan, ming xil bo’yoqlarda bo’yalgan, imkoni va iloji boricha, fahm-farosati va aqli yetganicha taxt ustidagining ko’nglini xushnud qilishga, uning kayfiyatini buzmaslikka qaratilgan bo’lar edi.

Shu sababli, rost bilan yolg’onning, soflik bilan razolatning, adolat bilan adolatsizlikning farqiga borib bo’lmas, hammasi ap-aralash, og’izda aytilgani bilan amaldagisi mutlaqo bir-biriga to’g’ri kelmas edi, Imo-ishoralar, kosa tagida nimkosalar, o’z fikrini ochiq aytishdan qo’rquv saroydagi hamda saroyga yaqin turfa toifaning yuzlaridagi barcha mardona va sof insoniy ifodalarni yuvib tashlab, ularni faqat bir kishining og’ziga qarab turuvchi xotinmijoz maxluqlarga aylantirgan, tilyog’lamalik, ikkiyuzlamachilik, bag’ritoshlik, qo’rqoqlik, razillik singari minglab ifodalar misli chuvalchangday, ilonchalarday ularning yuz-ko’zlarida sirg’alib o’ynardi. Bu chuvalchanglaru ilonchalarning nima ekanligini fahmlash uchun to’g’ri fikrlash va olijanoblik katta to’siq bo’lardi, xolos.

Barcha podshohlari qarshisida, jumladan, Iskandar oldida ham o’z fikrlarini ochiqchasiga dangal aytishga o’rgangan makedoniyaliklar uchun bu manzaralar notanish edi. Iskandarning qiziqqonligimi, qiziquvchanligimi yoinki har bir inson zotiga xos maylimi, nimaligi noma’lum — ishqilib, nimadir ustun kelib uni asta-sekin mag’lub xalqning urf-odatlariga ham ko’niktira bordi.

Ona suti og’zidan ketmagan yosh nav­kar bo’ladimi, bir oyog’i go’rda qariya bo’ladimi, Iskandarning qarorgohiga qadam bosayotganida yangi yollanganlar ostonadanoq cho’kkalab, uning oldigacha emaklab kelar, oyoq-qo’liga lab bosar, shu tariqa orqa o’girmay orti bilan emaklaganicha chiqib ketar edi.

Iskandarga avval bu juda kulguli tuyulgan edi. Hattoki, g’ashi kelib, oyog’idan o’pmoqchi bo’lganlarning
bir-ikkitasining tumshug’iga tepib yuborgan paytlari ham bo’ldi.

Makedoniyaliklarga shunaqa qilib ko’rsin edi! Iskandar nari tursin, naq Tanggi Ammonning o’ziga ham qilichini yalang’ochlab tashlangan, or-nomusini, sharaf-shonini himoyalagan, insoniy g’ururining toptalishiga yo’l qo’ymagan bo’lardi.

Ammo yangi yollanganlar bunaqa emas edi. Ularning qanaqaligini hech kim bilmas edi. Ularning xatti-harakatlari Iskandarga erish tuyular edi. U, bunday qilish kerak emasligini tushuntirishga qanchalik urinmasin, ular eshitayotgandek bo’lib turishardi-da, yana o’z bilganlaridan qolishmasdi. Hattoki, ba’zi bir aqlliroqday ko’ringanlarining qiyofasidagi ifodalar, ichingda bu ishimizni ma’qullab turibsan-ku, o’zingni anoyilikka solib nima qilar eding, deganga o’xshash ma’nolarni anglatib turar edi.

Bora-bora, Iskandar bo’lmaganimda Diogen bo’lishni xohlardim, degan buyuk shoh ham yangicha
munosabatlardagi nimalardir o’ziga xush yoqayotganini bilib-bilmay qoldi va bunday narsalarga e’tibor bermay qo’ydi.

Nima bo’pti? Har bir xalqning o’ziga xos urf-odatlari, an’analari bo’ladi, ularni qadrlash kerak, yo’qsa, xalqlar o’ziga xosligini, o’z qiyofasini, o’zligini yo’qotib qo’yish mumkin qabilidagi gaplar bilan u o’ziga taskin-tasalli bera boshladi.
Makedonlar o’zlariga munosib podshohni qanday tanlagan bo’lsalar, qulluq qilishga tabiatan moyil bo’lganlar ham xuddi o’sha podshohning o’zini o’zlariga shu tarzda moslab ola boshladilar.

Taqdir hazilimidi bu?
Yoinki tarix hukmimidi?
Nimaiki bo’lmasin, o’shanda xalq­larning tabiatidan kelib chiqib, bir shaxs qiyofasida ikki qarama-qarshi fe’lu atvordagi hukmdorlarning belgilari mujassamlashdi va ular bir-birlari bilan kurasha boshladi.
Bu juda g’alati hol, g’alati kurash edi.
Kim g’olib chiqarkin?
Ummonlaru daryolarni, tog’u toshlarni, dashtu dalalarni bosib o’tib kelgan g’oliblarmi yoki ularga o’zini topshirgan mag’lublarmi?

Eng og’ir damlarda, o’lim bilan yuzma-yuz kelgan chog’lardayam Iskandarning yonida mardonavor turishgan, issiq-sovuqlarni birga tatishgan makedoniyaliklar nazarida rahnamolari tobora, tobora ulardan uzoqlashib, begonalashib borayotgandek tuyulardi. Ne-ne orzu-umidlar bilan unga ishonishib tug’ilgan yurtlarini tark etishgan, begona joylarda sarson kezishgan makedonlar uchun bu juda og’ir edi. Shu sababli, ularning ruhlari so’nik, barcha umidlari parday to’zg’igan, shitob kelib sarobga yo’liqqan yo’lovchilarday boshlari gangigan edi.

Qilichi zarbidan titragan jangohlar endi Iskandarning ichiga ko’chganday ikki qarama-qarshi hukmdor bir-biri bilan ichkarida kuch sinashar edi.

Nega bunday bo’lyapti?

Buni u tushuntirishga ojiz edi. Nega bunday bo’lishi mumkinligini haqida ustozi Arastu ham lom-mim demagan edi, qattiqqo’l Leonid ham bu hakda ogohlantirmagan edi. Yer yuzi yumaloq bo’lsa-da, har joyning o’z toshu tarozisi borligini eslatib qo’yishni ustozlar unutishganday edi.

Bir qiyofada turfa hukmdorlik belgilari ko’rinishining dahshatli oqibatlari namoyon bo’la boshladi. Makedon qo’shinlari parokandalikka yuz tutdi. Yangi yollanganlarning shoh qarorgohiga yetti bukilgancha tez-tez kirib-chiqishayotgani yunonlarning tobora g’azabini keltirar, ular buni sezib-bilib turishsa-da, o’zlarini payqamaslikka olishardi. Qandaydir yovvoyi maxluqni qo’lga o’rgatmoqchi bo’lgan ovchilarday sergaklik ko’rsatishayotganlarning egilgan gavdalari ovchining qo’lidagi kamondan ham xavf­liroq qurol ekanligiga shubha qilmasa ham bo’lar edi.

Iskandar endi makedoniyaliklardan ham saroyga g’o’dayib kirib kelavermay, shoh izzatini joyiga qo’yishni o’rganish kerakligiga sha’ma qila boshladi. Qora Klit bir gal xuddi shu xususda Iskandar bilan bahslashib qoldi va ilgarigidagi kabi o’z fikrlarini bo’yab-bejab o’tirmay, shartta-shartta aytib tashladi.

— Parfiyada egningga forscha liboslarni ilganingda jasoratlaring hurmatiga hech kim hech narsa demagandi, — dedi Qora Klit o’ziga xos qizg’inlik va qat’iylik bilan. — Lekin, yunonlar g’ururini yerga urib, ulardan olchoq qullarning munosabatini o’zingga talab etma. Erkin fuqaro hech qachon bo’yin egmaydi. o’ururini toptamaydi. Shuni esla va bilib qo’y. Bunday qilish olijanoblik emas, g’irt yaramaslikdir.

Kora Klitning bu so’zlari Iskandarning g’azabini jo’shtirib yubordi. U, chidolmay, oldidagi olmani Qora Klitga otdi va xanjarini izlay boshladi.

Tanqo’riqchi Aristofan Iskandarning xanjarini yashirib qo’ygan edi. O’zini tinchlantirishga urinayotganlarni itarib-surib yuborib, Iskandar o’rnidan sapchib turdi-da, xos qo’riqchilarni chaqirib, karnaychiga qarorgohni karnay chalib ko’tarishni buyurdi, karnaychining paysallayotganini ko’rib uning basharasiga musht tushirdi.

Qora Klitni tashqariga itarib chiqarishdi. Ammo, u boshqa eshikdan kirib:
— Ellinlarning shunday bir yomon odati bor… — deya Evripiddan misol keltirib, so’zlay boshlashi bilan Iskandar yonida turgan tanqo’riqchining nayzasini shitob-la olib unga qarata uloqtirdi.

Eshik pardasining bir chekkaga surib endigina ichkariga kirgan Qora Klitning qoq ko’kragini nayza teshib o’tdi. Qora Klit gursillab quladi. Ko’p o’tmay u jon berdi.
Qarorgohni sovuq sukunat qoplagan edi. Hamma qotib qolgan, fikrlashga-da, so’zlashga-da birov botina olmas edi.

Iskandar sapchib o’rnidan turdi. U yovvoyi o’kirik bilan Qora Klit tomon otildi. Qora Klitning ko’kragidagi nayzani zarb bilan sug’urib olib o’z ko’ksiga sanchmoqchi bo’ldi. Atrofdagilar kuch bilan uning qo’lidan nayzani tortib olishdi. Sudragancha xobxonasiga olib kirib ketishdi.

O’lim chog’ida ham jangga tashlanayotganidagi kabi mag’rur qiyofasi abadiy qotgan Qora Klitning ruhi qarorgoh uzra charx urib yurarkan, ichkari xobxonadan yer yuzi sohibqironining ojizona ingrayotgani, yig’layotgani eshitilib turar edi. Razil va tagi past podshohlardan aholining nafratlanishini yaxshi bilgan, shu sababli, bunday mamlakatlarni yashin tezligida zabt eta olgan Iskandarning o’zi ham o’ziga nisbatan shunday nafratning shabadalarini elas-elas his etgan holda yosh bola singari iztirob iskanjasida o’rtanardi. U, Qora Klitning bashorat kabi aytgan so’zlarini eslardi. Bizni faqat shoh oldida o’z g’ururini yerga urib, izzat-ikrom ko’rsatish, qullarcha yaltoqlanishdek odatlargina sharmandalik sari yetaklaydi, der edi u.

Ayni damda bundan ortiq sharmandalik yo’q edi: o’zini muqarrar o’limdan asrab qolgan do’stining ko’ksiga Iskandar nayza sanchgan edi. Buyuk Iskandarning sarkarda va inson sifatidagi tanazzuli ham aynan shu nuqtada boshlangan edi. Buni Iskandar endi, qadrdon do’stining o’limidan keyingina fahmlayotgandek edi.

Ammo, endi kech edi. Endi u qanchalik iztirob chekmasin, afsuslanmasin, taqdiri azalda yozilgani va sharmandalikka bo’y bermagani uchun ko’ksidan hamon alanga kabi yonib oqib tushayotgan qonni to’xtatib uning yoniga yana qaytib kela olmas edi makedoniyalik ozod fuqaro Qora Klit.

1 Desiy — makedoncha sakkizinchi oy (aprel-may).
2 Artemisiy — makedoncha yettinchi oy (mart-aprel).

XDK

(Tashriflar: umumiy 694, bugungi 1)

Izoh qoldiring