Shuhrat Matkarim. Avval va keyin

Ashampoo_Snap_2017.09.19_13h30m34s_001_.png   Баҳром эса қишлоқ мактабидаги ўқитувчининг ўғли эди. Аъло ўқир, ҳар йили тинмай фан олимпиадаларига қатнашар ва албатта, уларнинг кўпчилигида ғолиб бўлар эди. Шунинг учун мактабда унинг обрўси баланд, ўғил болаларнинг кўпчилиги унга ҳасад кўзи билан қарар, қизлар эса у билан дўстлашишга ҳаракат қиларди. “Ҳамма яхши нарсалар фақат меники бўлиши керак”, деб ўйлайдиган Каромат эса тезда Баҳромга ҳам эга чиқиб қолди.

 

Шуҳрат Маткарим
АВВАЛ ВА КЕЙИН
001

Шуҳрат-Маткарим.jpgШуҳрат Маткарим 1960 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз районида туғилган. 1985 йилда Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган.
Ҳикоялари “Ёш куч”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, журналлари, “ЎзАС”, “Туркистон” каби газеталарда, коллектив тўпламларда чоп этилган. Эрнест Хэменгуэйнинг қатор ҳикояларини инглиз тилидан таржима қилган.
Таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира – эссеси алоҳида рисола шаклида нашр этилган. Кўп йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлаган.

001

Баҳром жиккаккина гавдали, сочлари оқариб ва тўкилиб бўлганидан боши яқиндан қип – қизил кўринадиган, ташқаридан жуда осайишта, аммо ичи дардга тўлиб ётган киши. Элликларидан ошган. Бир умр илм билан шуғулланди. Аммо фан номзоди деган унвондан бошқа орттирган нарсаси йўқ. Унинг хотини Каромат яқинда қандайдир номаълум дардга чалинди. Гарчи Каромат табиатан етакчи, зулмкор хотин бўлса-да касаллик вазиятни бироз ўзгартирди. Энди у анча босилиб, Баҳромни ҳам ҳурмат қиладиган бўлиб қолди.

Бугун Баҳром Кароматни синфдоши Қутим докторнинг олдига олиб келди.

Доктор ўрта бўйли, тўлатўқ, ҳадеб елкасини учириб турадиган одам. У анализлар — бир даста қоғозни пастки лабини маҳкам тишлаганича ўйчан кўздан кўздан кечирмоқда эди. Миқ этмас, фақат елкасини учириб – учириб қўярди. Баҳром узоқ кутишдан бетоқат бўлди. Энди асабийлаша бошлаган эди ниҳоят Қутим доктор хулосани айтди.

— Шун… шундаймикан? — Баҳромнинг бошига қайноқ сув қуйилгандай бўлди. Жиккаккина гавдаси бу нохуш хабар юкини кўтара олиши маҳол эди. Бир зумда лаблари қуруқшаб қолди:

— Бу… не десам экан… ҳали охирги гап эмас. Тахмин. – Дўстининг олдида ўзини ноқулай ҳис қилди доктор. Пешонасига тепчиган терни артди.
Баҳром хотинимга бу гапни қандай айтаман, деб қўрқиб кетди. Кейинги пайтда хотинининг бўлар – бўлмас иддоалари сабаб Баҳром иложи борича Каромат билан озроқ бирга бўлишга ҳаракат қиладиган бўлиб қолганди. Аҳён аҳёнда уч яшар невараларини бирга ўйнатиш, бир тўшакда бўлмаса-да бир хонада ётишлар улар ҳамон эр – хотин эканлигини эслатиб турарди.

— Баҳром… – Жўрасининг паришон хаёлини жамлаш учун Қутим доктор ручка билан столни тиққиллатди. — Баҳромбой!
— А?! Кечирасан-ей, хаёл обқочибди.

— Галинбийини марказга олиб бор. Ҳарқалай уларнинг аппаратураси ҳам яхши, мутахассислари ҳам тажрибалироқ. Айтишга бироз ноқулайроғу, аммо бизнинг тахминларимизнинг тасдиқланмаганлари қанча. Сен… ўзингни бунча йўқотма…
— А?.. Йўқ-ай, йўқ-ай, невчун йўқотаман…

Марказ ҳақидаги гап Баҳром ортиқча ҳаяжонламасин деб айтилаётгани аниқ эди. Баҳром буни сезди ва шу аснода ўзини кичрайиб қолгандай, жуда – жуда ҳимоясиз сезди.

— Не иш этамиз? Йўлланма ёзиб берайми?
— А? Албатта… Йўқ, маслаҳатлашиб олиш керак…- Баҳром ҳамон хаёлини жамлаб ололмаётганди.

Шу асно англади-ки, унинг маслаҳатлашадиган бирор одами ҳам, йиқилганда суяйдиган тоғи ҳам йўқ . Тағин тушуниб етди-ки, унга куч – қувват бериб турган ҳам , ўзининг туганмас “ғид-ғиддилари” билан уни бетиним ҳаракатга ундаб тургувчи ҳам мана шу чарвойи хотин экан.

— Узоқ маслаҳатлашма. – Қутим доктор ўрнидан туриб Баҳромнинг елкасига қўлини қўйди. – Тезроқ ҳал қил…

У коридордан хотини кутаётган томонга эмас, касалхона ҳовлисига қараб юрди. Кароматга айтадиган гапларни ўйлаб олиши керак эди.

Каромат қишлоқдаги энг бой хонадонлардан бирининг ёлғиз, эрка ва танти қизи эди. Отаси ўша вақтлардаги РайПо аталмиш обрўли идорада ишлагани сабаб, “бор дегани ботмон, кел дегани сарсари” эди. Мактабда ўқиши ўртача бўлса-да, отасининг обрўси билан яхши ўқувчилар қаторида бўлди.

Баҳром эса қишлоқ мактабидаги ўқитувчининг ўғли эди. Аъло ўқир, ҳар йили тинмай фан олимпиадаларига қатнашар ва албатта, уларнинг кўпчилигида ғолиб бўлар эди. Шунинг учун мактабда унинг обрўси баланд, ўғил болаларнинг кўпчилиги унга ҳасад кўзи билан қарар, қизлар эса у билан дўстлашишга ҳаракат қиларди. “Ҳамма яхши нарсалар фақат меники бўлиши керак”, деб ўйлайдиган Каромат эса тезда Баҳромга ҳам эга чиқиб қолди. Вақти келиб совчи келганда ҳам унинг фикри ҳал қилувчи кучга эга бўлди. Бўлмаса қишлоқдаги энг обрўли одамнинг бир ўқитувчи билан қуда бўлиши ақлга сиғмайдиган бир иш эди. Шундай қилиб Каромат, бувисининг ибораси билан айтганда, қишлоқдаги “энг ақлли бола”га турмушга чиқди. “Шу куёвимим райком бўлади”, дерди Кароматнинг бувиси. “Болага яхшилаб қара!” уқтирарди у неварасига. “Ҳам ақлли, ҳам хушруй. Арчилган юмуртадай. Эртанг улли одам бўлиб кетса, сени ёнбошида олиб юради”. Бувисининг панд – насиҳатлари сабабми ва ё ўзининг меҳри боисми аввал бошда Каромат Баҳромнинг ҳурматини керагидан ортиқ даражада ўрнига қўйди. Унга эрининг кўп китоб ўқиши, дўстлари келганда уларнинг қишлоқдаги бошқа одамлар тушунмайдиган мавзулар – ўзга давлатларда бўлаётган гаплар, “тангенис – катангенис, синус косинус” каби ибораларни бемалол ишлатиб ўтиришлари ёқарди. Уларга хизмат қилиб юрар экан, кўнгли фахрларга тўлиб кетар эди. Уйига борганда эри, унинг дўстларидан эшитгани “тангенис — катангенис”лари билан оила аъзоларининг ҳам бошини оғритиб юборарди. Отаси эса қизининг бу қилиқларига кулибгина қўяқолар, арзандаси уйига кетар пайтида эса унинг қўйни – қўнжини тўлдириб жўнатарди. Ота қизининг турмушидан хурсандлигидан шод эди. Аммо ҳаётдаги ҳамма яхши нарсалар каби Кароматнинг бу хушнуд кунларига ҳам ниҳоя бор экан. Кутилмаганда отаси юрак хуружидан вафот этди-ю тезда Каромат ҳаётнинг аччиқ – чучугини тотиб кўрди. Аввал отасиникидан келадиган ул – бул нарсаларнинг баракаси қочди, кейин бутунлай кесилди. Каромат бу кемтикни ўз ҳаракати, рўзғордаги бор харажатлардан усталик билан фойдаланиш ҳисобига бутлашга ҳаракат қилиб, маълум маънода бунинг уддасидан ҳам чиқиб юрди. Аммо бориш — келиш, кийим – кечак ва бошқа харажатлар ҳам чегараланиб қолганида Кароматнинг сабр касоси тўлди.

— Тангенис – катангенис! – биринчи марта бақирди у эрига навбатдаги илмий мақоласи босилиб чиққан вилоят газетасини қўлтиқлаб келганида. – Синус – косинус! Бу билан қорин тўярмиди? Бундан кўра пул топадиган йўлини қилсангиз бўлар эди! Кир босган тахянгиз ириб тешилай дейди, бировларнинг пули эса бечкалаб ётибди!

Баҳром яшин урган одамдай турган жойида қотиб қолди. Унинг оғзи ҳам, кўзи ҳам очиқ эди. Бири зумда қорайиб кетди. Гезарган рангги, пирпираб учаётган юпқа лаблари, чимирилган қоши… бирдан Кароматни Баҳромга бутунлай ёт бир кишига айлантирди… Дафъатан англади-ки Кароматни ҳеч қачон севмаган, севмагангина эмас бутун умр бўйи ич – ичидан ёқтирмай келган экан. Гўё бу дард – ичида йиринг тўпланган улкан яра – Кароматнинг бир гапи билан ёрилди-ю бутун борлиқни саситиб юборди.

Кейин Каромат бўлар – бўлмасга Баҳромга жаҳл қиладиган, Баҳром эса иложи борича ишда узоқроқ ушланадиган бўлиб қолди. Бора – бора ўрталарида катта жарлик пайдо бўлди. Бу жарликнинг қанчалик улкан эканлигини Баҳром ҳам Каромат ҳам аввалиги ҳис қилишмади. Бу бир – бировимизни хушламаслигимиздан, дея ўйлашарди улар. Аммо Каромат дардга чалинди-ю эр – хотин бир мушт бўладиган пайтда ўша жарлик ва унинг қанчалик чуқур эканлиги аён бўлиб қолди. “Мен ўлай деб турибман, лекин бунинг жони бирам ачимаяпти. Ҳамма ҳаракати кўз учун”, ўйларди Каромат ва Баҳромдан баттар жаҳли чиқар эди. “Ҳаммасига ўзи, феъли – хуйи айбдор. Жиртакилиги сабаб соғайиши ҳам қийин кечяпти”, деган фикр Баҳромни ҳам асабийлаштирарди.

Аммо ҳозир Баҳром хотинига кўнгилсиз ташҳис ҳақида айтиш йўлларини ўйлар экан ўрталаридаги келишмовчиликлар жуда арзимас нарса эканлигини англади. Кечирган умрлари кино лентасидай хаёлидан бир – бир ўта бошлади. Биринчи учрашув, биринчи бўса, тўй, биринчи кеча, биринчи фарзанд… ҳамма – ҳаммаси. Булар лип – лип ўтди-ю , охирги икки – уч йилнинг тасвирлари секинлашиб , Баҳромнинг юрагини оғритиб ўтди. Чунки улар оғриқли, азобли эди. Бироқ барибир хотинига ачиниш ҳисси ҳозир ҳамма нарсадан устун эди.

Кароматнинг ёнига боришга қарор қилди.

Эрига кўзи тушган хотини тағин ачиқланди.
— Намунча шалвирайсиз? Не деди дўхтир?!
— Тахмин. Аниқ гап йўқ.

— Шу-да! – эрининг бўш баёвлигидан баттар жаҳли чиқди Кароматнинг. – Жўра-амм, дўсти-иим, қадрдоним деган эдингиз! Жўрангиз ҳам ўзингизга ўхшаган чала мулла экан.

Каромат одатига кўра атай чақиб олаётганди. Бўлмаса эрининг чала мулла эмаслигини жуда яхши биларди.
… Баҳром ўғли билан хотинини катта шаҳарга, ташҳис марказига жўнатди. Иши сабаб боролмай қолган Баҳромнинг тинчи йўқ. “Не гап экан? Наҳотки шу тахмин тўғри чиқса?”
Ишдан келиб , гужум тагидаги тапчанга жой қилдирди.Энди ўтирган ҳам эди-ки қўл телефони жаранглаб қолди. Бу Каромат эди.
— Алло, алло!! – деди Баҳром ҳаяжон билан. – Не бўлди, не гап? Қачон қайтасизлар?

— Икки уч кунга борармиз,- Кароматнинг овозида аввал ҳеч сезилмаган дардли қалтироқ сезилди. Баҳромнинг юрагида нимадир “чирт” этиб узилди.

— Яхшимисан ўзинг?! Яхшимисан?..
— Яхши…

Каромат яна анча вақт жим қолди. Баҳромнинг гурсиллаб ураётган юраги Кароматга ҳам эшитилар даражада эди. “Бирга кетсам бўлар экан”…

— Икки уч кунга бориб қолармиз, — такрорлади яна Каромат.

— Каромат… – Энди Баҳромнинг ҳам овози қалтираб чиқди.– Пул десанг, қанча бўлса ҳам топамиз…
— Сизни ҳам қийнаб қўйдим… — Кутилмаганда Каромат пиқиллаб йиғлаб юборди. – Айни қариган вақтда…

— Новви? – Кароматнинг йиғлаб юборгани, синиқ овози ва “қариганда” деган сўзи Баҳромга яшин ургандай таъсир қилди. Гўё бу ҳол уни бир силтади-ю, хушига келтирди.

— Не дединг? –энди у овозига қандайдир бедардлик ва шўхчанлик бахш этишга уринди. – Нега йиғлайсан? Менинг қариганим учунми? Ҳали ҳеч қариганим йўқ…

— Фақат сизни эмас, ўзимни ҳам айтяпман. – Кароматнинг сўзларида ҳаста – шикасталик зоҳир эди.
— Сен ҳам қаримадинг, мен ҳам… Ҳали оқтиқ, човлиқларнинг тўйларини ўтказамиз. Ёвлиқлар кўрамиз…

— Бу гапнинг қариганда бўлиб турганини қаранг-а… –такрорланди Каромат Баҳромни эшитмай. — Сизни мен қаритдим. Тўздирдим. Ҳар хил инжиқликларим билан…

— Қўйсанг-а, ҳозир шу гапларнинг вақтими? Эсон – омон уйга келиб ол, кейин гаплашамиз…

— Сиз яхши одамсиз, Баҳром оға, бутун умр менга чидаб келдингиз…

— Э, қизиқ одам экансан-эй, Каромат. Нелар деб ётибсан? Қўй бу гапларни.
— Мана ўғлингизга бераман трубкани…

— Ассалому алайкум ака… — ўғлининг ҳам Баҳром билан гаплашгиси йўқ эди.

— Ва… валайкум. Опанг яхшими?!
— Яхши. Эртангга билет олдик. Поездга.

— Нега поездга?..
— Самолётда юрманг дейишди .
— Яхшими ахир опанг?! Яхшими?

— Яхши. Мана бераман телефонни … – ўғли телефонни тезгина онасига узатди.

— Мени кечиринг… Ҳаммаси учун.- Каромат энди ўзини анча босиб олганди. – Барибир ёмон яшамадик-а?..

— Қўйсанг-а бу гапларни…

Баҳром ортиқча гапира олмади, елкасидан босиб турган зилдай юкдан қутилиш учун ўрнидан турди. У ўша, узоқ, ёшлик вақтлардаги Каромат қайтиб келганини ҳис қилди. “Нега шунча вақт бегонадай бўлиб юрдик? Пул топ, ишла! деса фақат ўзи учун эмас, оила учун ёнди-ку!” Баҳром энди турмуш қурган вақтларидаги бахтли онларини эслади. Севимли шоирининг сатрлари эсига тушди:“Дил уйинг нечун вайрон Абдулҳаким, Қандайин меъмор эдинг бир вақтлари…” Олис хотиралар сабабми ва ё қадрдон ҳисларми сабаб бирдан бўшашди. Кўнгли тўлиб кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиққанини сезмай қолди.

09.jpgShuhrat Matkarim
AVVAL VA KEYIN
001

08Shuhrat Matkarim 1960 yilda Turkmanistonning Toshhovuz rayonida tug’ilgan. 1985 yilda Xorazm Davlat pedagogika institutining filologiya fakul`tetini ingliz tili o’qituvchisi ixtisosligi bo’yicha tamomlagan.
Hikoyalari “Yosh kuch”, “Yoshlik”, “Sharq yulduzi”, jurnallari, “O’zAS”, “Turkiston” kabi gazetalarda, kollektiv to’plamlarda chop etilgan. Ernest Xemengueyning qator hikoyalarini ingliz tilidan tarjima qilgan.  Taniqli o’zbek shoiri Matnazar Abdulhakim haqidagi “Ustoz haqida so’z” xotira – essesi alohida risola shaklida nashr etilgan. Ko’p yillar O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi tizimida ishlagan.

001

Bahrom jikkakkina gavdali, sochlari oqarib va to’kilib bo’lganidan boshi yaqindan qip – qizil ko’rinadigan, tashqaridan juda osayishta, ammo ichi dardga to’lib yotgan kishi. Elliklaridan oshgan. Bir umr ilm bilan shug’ullandi. Ammo fan nomzodi degan unvondan boshqa orttirgan narsasi yo’q. Uning xotini Karomat yaqinda qandaydir noma’lum dardga chalindi. Garchi Karomat tabiatan yetakchi, zulmkor xotin bo’lsa-da kasallik vaziyatni biroz o’zgartirdi. Endi u ancha bosilib, Bahromni ham hurmat qiladigan bo’lib qoldi.

Bugun Bahrom Karomatni sinfdoshi Qutim doktorning oldiga olib keldi.
Doktor o’rta bo’yli, to’lato’q, hadeb yelkasini uchirib turadigan odam. U analizlar — bir dasta qog’ozni pastki labini mahkam tishlaganicha o’ychan ko’zdan ko’zdan kechirmoqda edi. Miq etmas, faqat yelkasini uchirib – uchirib qo’yardi. Bahrom uzoq kutishdan betoqat bo’ldi. Endi asabiylasha boshlagan edi nihoyat Qutim doktor xulosani aytdi.
— Shun… shundaymikan? — Bahromning boshiga qaynoq suv quyilganday bo’ldi. Jikkakkina gavdasi bu noxush xabar yukini ko’tara olishi mahol edi. Bir zumda lablari quruqshab qoldi:
— Bu… ne desam ekan… hali oxirgi gap emas. Taxmin. – Do’stining oldida o’zini noqulay his qildi doktor. Peshonasiga tepchigan terni artdi.
Bahrom xotinimga bu gapni qanday aytaman, deb qo’rqib ketdi. Keyingi paytda xotinining bo’lar – bo’lmas iddoalari sabab Bahrom iloji boricha Karomat bilan ozroq birga bo’lishga harakat qiladigan bo’lib qolgandi. Ahyon ahyonda uch yashar nevaralarini birga o’ynatish, bir to’shakda bo’lmasa-da bir xonada yotishlar ular hamon er – xotin ekanligini eslatib turardi.
— Bahrom… – Jo’rasining parishon xayolini jamlash uchun Qutim doktor ruchka bilan stolni tiqqillatdi. — Bahromboy!
— A?! Kechirasan-yey, xayol obqochibdi.
— Galinbiyini markazga olib bor. Harqalay ularning apparaturasi ham yaxshi, mutaxassislari ham tajribaliroq. Aytishga biroz noqulayrog’u, ammo bizning taxminlarimizning tasdiqlanmaganlari qancha. Sen… o’zingni buncha yo’qotma…
— A?.. Yo’q-ay, yo’q-ay, nevchun yo’qotaman…

Markaz haqidagi gap Bahrom ortiqcha hayajonlamasin deb aytilayotgani aniq edi. Bahrom buni sezdi va shu asnoda o’zini kichrayib qolganday, juda – juda himoyasiz sezdi.
— Ne ish etamiz? Yo’llanma yozib beraymi?
— A? Albatta… Yo’q, maslahatlashib olish kerak…- Bahrom hamon xayolini jamlab ololmayotgandi.
Shu asno angladi-ki, uning maslahatlashadigan biror odami ham, yiqilganda suyaydigan tog’i ham yo’q . Tag’in tushunib yetdi-ki, unga kuch – quvvat berib turgan ham , o’zining tuganmas “g’id-g’iddilari” bilan uni betinim harakatga undab turguvchi ham mana shu charvoyi xotin ekan.
— Uzoq maslahatlashma. – Qutim doktor o’rnidan turib Bahromning yelkasiga qo’lini qo’ydi. – Tezroq hal qil…
U koridordan xotini kutayotgan tomonga emas, kasalxona hovlisiga qarab yurdi. Karomatga aytadigan gaplarni o’ylab olishi kerak
edi.

Karomat qishloqdagi eng boy xonadonlardan birining yolg’iz, erka va tanti qizi edi. Otasi o’sha vaqtlardagi RayPo atalmish obro’li idorada ishlagani sabab, “bor degani botmon, kel degani sarsari” edi. Maktabda o’qishi o’rtacha bo’lsa-da, otasining obro’si bilan yaxshi o’quvchilar qatorida bo’ldi.
Bahrom esa qishloq maktabidagi o’qituvchining o’g’li edi. A’lo o’qir, har yili tinmay fan olimpiadalariga qatnashar va albatta, ularning ko’pchiligida g’olib bo’lar edi. Shuning uchun maktabda uning obro’si baland, o’g’il bolalarning ko’pchiligi unga hasad ko’zi bilan qarar, qizlar esa u bilan do’stlashishga harakat qilardi. “Hamma yaxshi narsalar faqat meniki bo’lishi kerak”, deb o’ylaydigan Karomat esa tezda Bahromga ham ega chiqib qoldi. Vaqti kelib sovchi kelganda ham uning fikri hal qiluvchi kuchga ega bo’ldi. Bo’lmasa qishloqdagi eng obro’li odamning bir o’qituvchi bilan quda bo’lishi aqlga sig’maydigan bir ish edi. Shunday qilib Karomat, buvisining iborasi bilan aytganda, qishloqdagi “eng aqlli bola”ga turmushga chiqdi. “Shu kuyovimim raykom bo’ladi”, derdi Karomatning buvisi. “Bolaga yaxshilab qara!” uqtirardi u nevarasiga. “Ham aqlli, ham xushruy. Archilgan yumurtaday. Ertang ulli odam bo’lib ketsa, seni yonboshida olib yuradi”. Buvisining pand – nasihatlari sababmi va yo o’zining mehri boismi avval boshda Karomat Bahromning hurmatini keragidan ortiq darajada o’rniga qo’ydi. Unga erining ko’p kitob o’qishi, do’stlari kelganda ularning qishloqdagi boshqa odamlar tushunmaydigan mavzular – o’zga davlatlarda bo’layotgan gaplar, “tangenis – katangenis, sinus kosinus” kabi iboralarni bemalol ishlatib o’tirishlari yoqardi. Ularga xizmat qilib yurar ekan, ko’ngli faxrlarga to’lib ketar edi. Uyiga borganda eri, uning do’stlaridan eshitgani “tangenis — katangenis”lari bilan oila a’zolarining ham boshini og’ritib yuborardi. Otasi esa qizining bu qiliqlariga kulibgina qo’yaqolar, arzandasi uyiga ketar paytida esa uning qo’yni – qo’njini to’ldirib jo’natardi. Ota qizining turmushidan xursandligidan shod edi. Ammo hayotdagi hamma yaxshi narsalar kabi Karomatning bu xushnud kunlariga ham nihoya bor ekan. Kutilmaganda otasi yurak xurujidan vafot etdi-yu tezda Karomat hayotning achchiq – chuchugini totib ko’rdi. Avval otasinikidan keladigan ul – bul narsalarning barakasi qochdi, keyin butunlay kesildi. Karomat bu
kemtikni o’z harakati, ro’zg’ordagi bor xarajatlardan ustalik bilan foydalanish hisobiga butlashga harakat qilib, ma’lum ma’noda buning uddasidan ham chiqib yurdi. Ammo borish — kelish, kiyim – kechak va boshqa xarajatlar ham chegaralanib qolganida Karomatning sabr kasosi to’ldi.

— Tangenis – katangenis! – birinchi marta baqirdi u eriga navbatdagi ilmiy maqolasi bosilib chiqqan viloyat gazetasini qo’ltiqlab kelganida. – Sinus – kosinus! Bu bilan qorin to’yarmidi? Bundan ko’ra pul topadigan yo’lini qilsangiz bo’lar edi! Kir bosgan taxyangiz irib teshilay deydi, birovlarning puli esa bechkalab yotibdi!

Bahrom yashin urgan odamday turgan joyida qotib qoldi. Uning og’zi ham, ko’zi ham ochiq edi. Biri zumda qorayib ketdi. Gezargan ranggi, pirpirab uchayotgan yupqa lablari, chimirilgan qoshi… birdan Karomatni Bahromga butunlay yot bir kishiga aylantirdi… Daf’atan angladi-ki Karomatni hech qachon sevmagan, sevmagangina emas butun umr bo’yi ich – ichidan yoqtirmay kelgan ekan. Go’yo bu dard – ichida yiring to’plangan ulkan yara – Karomatning bir gapi bilan yorildi-yu butun borliqni sasitib yubordi.
Keyin Karomat bo’lar – bo’lmasga Bahromga jahl qiladigan, Bahrom esa iloji boricha ishda uzoqroq ushlanadigan bo’lib qoldi. Bora – bora o’rtalarida katta jarlik paydo bo’ldi. Bu jarlikning qanchalik ulkan ekanligini Bahrom ham Karomat ham avvaligi his qilishmadi. Bu bir – birovimizni xushlamasligimizdan, deya o’ylashardi ular. Ammo Karomat dardga chalindi-yu er – xotin bir musht bo’ladigan paytda o’sha jarlik va uning qanchalik chuqur ekanligi ayon bo’lib qoldi. “Men o’lay deb turibman, lekin buning joni biram achimayapti. Hamma harakati ko’z uchun”, o’ylardi Karomat va Bahromdan battar jahli chiqar edi. “Hammasiga o’zi, fe’li – xuyi aybdor. Jirtakiligi sabab sog’ayishi ham qiyin kechyapti”, degan fikr Bahromni ham asabiylashtirardi.

Ammo hozir Bahrom xotiniga ko’ngilsiz tashhis haqida aytish yo’llarini o’ylar ekan o’rtalaridagi kelishmovchiliklar juda arzimas narsa ekanligini angladi. Kechirgan umrlari kino lentasiday xayolidan bir – bir o’ta boshladi. Birinchi uchrashuv, birinchi bo’sa, to’y, birinchi kecha, birinchi farzand… hamma – hammasi. Bular lip – lip o’tdi-yu , oxirgi ikki – uch yilning tasvirlari sekinlashib , Bahromning yuragini og’ritib o’tdi. Chunki ular og’riqli, azobli edi. Biroq baribir xotiniga achinish hissi hozir hamma narsadan ustun edi.

Karomatning yoniga borishga qaror qildi.
Eriga ko’zi tushgan xotini tag’in achiqlandi.
— Namuncha shalviraysiz? Ne dedi do’xtir?!
— Taxmin. Aniq gap yo’q.
— Shu-da! – erining bo’sh bayovligidan battar jahli chiqdi Karomatning. – Jo’ra-amm, do’sti-iim, qadrdonim degan edingiz! Jo’rangiz
ham o’zingizga o’xshagan chala mulla ekan.
Karomat odatiga ko’ra atay chaqib olayotgandi. Bo’lmasa erining chala mulla emasligini juda yaxshi bilardi.
… Bahrom o’g’li bilan xotinini katta shaharga, tashhis markaziga jo’natdi. Ishi sabab borolmay qolgan Bahromning tinchi yo’q. “Ne gap ekan? Nahotki shu taxmin to’g’ri chiqsa?”
Ishdan kelib , gujum tagidagi tapchanga joy qildirdi.Endi o’tirgan ham edi-ki qo’l telefoni jaranglab qoldi. Bu Karomat edi.
— Allo, allo!! – dedi Bahrom hayajon bilan. – Ne bo’ldi, ne gap? Qachon qaytasizlar?

— Ikki uch kunga borarmiz,- Karomatning ovozida avval hech sezilmagan dardli qaltiroq sezildi. Bahromning yuragida nimadir “chirt” etib uzildi.
— Yaxshimisan o’zing?! Yaxshimisan?..
— Yaxshi…
Karomat yana ancha vaqt jim qoldi. Bahromning gursillab urayotgan yuragi Karomatga ham eshitilar darajada edi. “Birga ketsam bo’lar ekan”…
— Ikki uch kunga borib qolarmiz, — takrorladi yana Karomat.
— Karomat… – Endi Bahromning ham ovozi qaltirab chiqdi.– Pul desang, qancha bo’lsa ham topamiz…
— Sizni ham qiynab qo’ydim… — Kutilmaganda Karomat piqillab yig’lab yubordi. – Ayni qarigan vaqtda…
— Novvi? – Karomatning yig’lab yuborgani, siniq ovozi va “qariganda” degan so’zi Bahromga yashin urganday ta’sir qildi. Go’yo bu hol uni bir siltadi-yu, xushiga keltirdi.
— Ne deding? –endi u ovoziga qandaydir bedardlik va sho’xchanlik baxsh etishga urindi. – Nega yig’laysan? Mening qariganim uchunmi? Hali hech qariganim yo’q…
— Faqat sizni emas, o’zimni ham aytyapman. – Karomatning so’zlarida hasta – shikastalik zohir edi.
— Sen ham qarimading, men ham… Hali oqtiq, chovliqlarning to’ylarini o’tkazamiz. Yovliqlar ko’ramiz…
— Bu gapning qariganda bo’lib turganini qarang-a… –takrorlandi Karomat Bahromni eshitmay. — Sizni men qaritdim. To’zdirdim. Har xil injiqliklarim bilan…
— Qo’ysang-a, hozir shu gaplarning vaqtimi? Eson – omon uyga kelib ol, keyin gaplashamiz…
— Siz yaxshi odamsiz, Bahrom og’a, butun umr menga chidab keldingiz…
— E, qiziq odam ekansan-ey, Karomat. Nelar deb yotibsan? Qo’y bu gaplarni.
— Mana o’g’lingizga beraman trubkani…
— Assalomu alaykum aka… — o’g’lining ham Bahrom bilan gaplashgisi yo’q edi.
— Va… valaykum. Opang yaxshimi?!
— Yaxshi. Ertangga bilet oldik. Poezdga.
— Nega poezdga?..
— Samolyotda yurmang deyishdi .
— Yaxshimi axir opang?! Yaxshimi?
— Yaxshi. Mana beraman telefonni … – o’g’li telefonni tezgina onasiga uzatdi.
— Meni kechiring… Hammasi uchun.- Karomat endi o’zini ancha bosib olgandi. – Baribir yomon yashamadik-a?..
— Qo’ysang-a bu gaplarni…

Bahrom ortiqcha gapira olmadi, yelkasidan bosib turgan zilday yukdan qutilish uchun o’rnidan turdi. U o’sha, uzoq, yoshlik vaqtlardagi Karomat qaytib kelganini his qildi. “Nega shuncha vaqt begonaday bo’lib yurdik? Pul top, ishla! desa faqat o’zi uchun emas, oila uchun yondi-ku!” Bahrom endi turmush qurgan vaqtlaridagi baxtli onlarini esladi. Sevimli shoirining satrlari esiga tushdi:“Dil uying nechun vayron Abdulhakim, Qandayin me’mor eding bir vaqtlari…” Olis xotiralar sababmi va yo qadrdon hislarmi sabab birdan bo’shashdi. Ko’ngli to’lib ko’zlaridan ikki tomchi yosh sizib chiqqanini sezmay qoldi.

09

(Tashriflar: umumiy 282, bugungi 1)

Izoh qoldiring