Shuhrat Matkarim. Hikoyalar

Ashampoo_Snap_2017.06.21_16h22m20s_007_.png    У қиз қўшни эди. Бу гаплар улар ўн уч – ўн тўрт яшар вақтларида бўлиб ўтган. Икки ўрим сочини жамалак қилиб орқасига ташлаб юргувчи, кўриниши, юриш туриши, бўй басти билан тенгқурларидан ҳеч айирмаси йўқ, ҳатто ўғил болаларникига ўхшаган катта бурни юзига унча ярашмаган бу қизни нега шунчалик ёқтириб қолганлигини ҳозиргача билмайди…

Шуҳрат МАТКАРИМ
ҲИКОЯЛАР
09

 bda3b59a05580c2767ba29aa3e3424e3-300x238.jpg  Шуҳрат Маткарим 1960 йилда Туркманистоннинг Тошҳовуз районида туғилган. 1985 йилда Хоразм Давлат педагогика институтининг филология факультетини инглиз тили ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаган. Кўп йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлаган. Ҳозир Хоразм вилояти ҳокимлигида хизмат қилади.
Ҳикоялари “Ёш куч”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, журналлари, “ЎзАС”, “Туркистон” каби газеталарда, коллектив тўпламларда чоп этилган. Эрнест Ҳеменгуэйнинг қатор ҳикояларини инглиз тилидан таржима қилган. Таниқли ўзбек шоири Матназар Абдулҳаким ҳақидаги “Устоз ҳақида сўз” хотира – эссеси алоҳида рисола шаклида нашр этилган.

09

ГАПИРИШГА ҚЎРҚАДИГАН ОДАМ

Йўлдош Эшмуродга

— Не бало бу боланг гунгми? –Ҳалфа кампир Пошшо момонинг олдида ўтирган невараси, уч – тўрт ёшларидаги Дарвешбойни ҳассаси билан туртди.

Дарвеш тўла тўқ, ғўдолоққина бола, таёқ тегиб оғриган ерини сийпалади. Оқиб кетган бурнини тортди. Энасининг қўлтиғига кўпроқ сингди. Ҳалфа кампирга ақалли не айб қилибман-ки мени туртасиз, деб қараб ҳам қўймади. Бу Ҳалфа кампирга баттар нашъа қилди.

– Пешиндан бери шу ерда ўтирибмиз, миқ этиб оғиз очмийди! Тили забони борми мунинг?

Пошшо момо бир оқтиғига, бир чиқонига қаради. Дарвешнинг бошини меҳр билан силади.
— Бор, — деди Пошшо момо. Оқтиғининг бошидан меҳр билан ўпиб қўйди. – Дим ақлли бу. Буваси билан гаплашади. Бошқа билан гаплашмайди. Не мен билан, не ота – онаси билан. Куни бўйи миқ этмайди. Бир нарса берсанг ейди. Бермасанг ўтаради қўяди ўйнаб.

— Ҳай бола, гапла! – Халфа момо Дарвешни яна туртди. – Тилинг томоғинга кетганма?
— Қўрқаман…

Пошшо момонинг юраги “шув” этди. Неварасининг чаккаларини силади.
— Недан қўрқасан, жоним болам?
Дарвеш индамади.

— Ҳа-а, бор экан-ку тили! – Ҳалфа момо қиссасидан бир сиқим унаби жийда чиқарди. – Ма болам, муни есанг жонли – жонли гаплийдиган бўласан!

Дарвеш ўша вақтда момо берган чилон жийдани гарчи кўп эланишлардан кейин олган бўлса ҳам, кампирларнинг зўрлашларига қарамасдан емади.
Халфа момо “Оқтиғинг мен берган жийдани емади, тилсиз қолди”, деб ўла – ўлгунча чиқонига таъна қилиб ўтди.

Ҳақиқатан ҳам Дарвеш камгап, одамови бўлиб ўсди. Бунда ўша қадим замонда ейилмаган жийданинг қанчалик зарари-ю фойдаси борлиги бизга қоронғу. Аммо у бугун эллигидан ошиб олтмишига яқинлашиб қолганида ҳам камгап.

— Эй, гап сўзга бир аралашиб ўтирсанг-а! – дейишади жўра – ёронлари йиғилишиб қолганида.

— Қўрқаман, — дейди Дарвеш ва бошини ерга солиб ўтираверади.
— Бутун умр гаплашдан қўрқиб ўтдинг! – таъна қилади унга баъзилар.

— Ҳе, тўғри қилади, — дейди бошқа бировлари. – Гапламасин бу! Бу гапласа бир бало қўподи! Гапининг чуки бор бунинг!

Ҳақиқатан ҳам Дарвеш умр бўйи гапиришдан қўрқади. Чунки, юқорида таъкидланганидай, гапирса, албатта, охирида бир ишкал чиқади. Гапларини эшитганлар бу не дегани бўлди экан деб, ё беш — ўн кун бош қотириб юради, ё бўлмаса гапининг ўта жўнлигидан устидан етти яшар бола ҳам кулади. Шунинг учун жону жаҳонини суғуриб оладиган зарурат бўлмаса Дарвеш гапирмайди. Қаерда, қай даврада бўлса ҳам ерга қараб ўтиргани ўтирган. Ахир гапирса бир бало топади.

Мана яқиндагина бўлиб ўтган бир воқеа.

Наврўз арафасида унинг уйига қишлоқ шўросида ишлайдиган Соли созчининг ули Мамат ҳокимликдан деб узун бўйли, ниҳоятда ориқ бир йигитни эгартириб келди. Йигит оқ куйлак, қора костюм шимда эди. Галстук ҳам тақиб олган. Аммо ўзиники қолиб укасиникини кийиб олгандай костюми зўрға киндигини ёпар, енги ҳам панжа бўғинидан тўрт бармоқ юқори, шимининг болоғи тўпиғига етар-етмас эди. Бу кўриниш Дарвешни тонг қолдирди. “Нима бу масхарабозми?”

Хуллас, нон-туз, ҳол – аҳвол сўрашилганидан кейин ҳалиги йигит гап бошлади.
— Энди-и, ёшулли биласиз, яқинда Наврўз келади-ии…

Йигитнинг овози ниҳоятда дўрилдоқ эди. Қилтириқ бўлгани учун салоботли чиқсин, деб йигит гулдурак гапиряптими ё ўзи шунақами Дарвеш билмади. У эса гапида давом этди.

— Шунинг учун биз ҳокимият,- у Маматни ияк қоқиб кўрсатди, — мана маҳалла вакиллари билан бирга…
— Биламиз бу кишини,- деди Дарвеш. – Соли созчининг ули… Мамат. Шўра аъзомиз…

— Э-ээ… – бу гап негадир йигитга ёқмай тушди. — Шўро замонининг ўтиб кетгани қаччо-оон! Сиз ҳалиям шўро деб юрибсиз… Булар маҳалла, ҳокимият вакили!

— Хўп, хўп, узр! – деди Дарвеш бу қотма билан айтишиб ўтирмай. Аммо ўз фикрида қолди. “Барибир шўро аъзо-да!”
— Наврўз жуда қадимий байрам, – гапида давом этди қилтириқ. – Тушунчангиз борми Наврўз ҳақида ўзи?

— Энциклопедист Берунийнинг ёзишича, қадимда Наврўзни Хоразмда Навсаржи деганлар. Бу эски хоразмий тилида айнан “янги йил куни” деган маънони билдиради…

Қилтириқ Дарвешдан бунақа гап кутмаган эди.

— Новви жи?
— Навсаржи. Буни Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” деган китобида ёзиб қолдирган, – такрорлади Дарвеш.

— Хў-ўп, — деди қилтириқ. – Бўлмаса гапни эшитинг! Наврўз, меҳр – муҳаббат байрами. Шунинг учун яқинларнинг, қари – қартанг, бева – бечораларнинг ҳолидан хабар олиш керак.

— Бечора, чорасиз дегани, — деди Дарвеш. – Хў-ўш…
— Шунинг учун оғзибирчилик қилиб ким кўмакка муҳтож бўлса бориб кўриш керак…
— Кимникида кўмак экан? – гапга аралашди чой келтирган Дарвешнинг хотини.

Қилтириқ унга чақчайиб қаради.
— Хотин – халаж деган ўзини билса, гапга аралашмаса! – деди қилтириқнинг қарашини тушунган Мамат.

Дарвеш Маматга чақчайди.

— Хотин деган ҳам ёмон жонивор эмас, Сени туққан, мени туққан. Сут эмизган.
— Яхши бўлса уларга хотин деб қўймас эди, — билганидан қолмади Мамат.

— Хотин сўғд тилида малика дегани бўлади , — деди Дарвеш. – Энди халажга келсак, халаж қабиласининг аёллари ниҳоятда чиройли бўлгани учун ўтганларимиз аёлларимизни “халаж хотин” яъни гўзал малика деб улуғлашган.

— Э хотин дегани барибир қўйдай юввош бўлиши керак, — деди Қилтириқ.

— Қўй дегани ҳам ёмон гап эмас, — ўрлиги тутди Дарвешни. – Қўй дегани туркий қўйин деган сўздан. Яъни қўйнимдаги, ўзимники, қадрдоним дегани. Бекорга Эронда қўйни гўсфанд – “муқаддас мол” демайди. Шунинг учун хотин қўй бўлса ҳам ёмон эмас. Муқаддас нарса экан.

Қилтириқ томоқ қириб бир – икки ягини чўзди-ю, аммо бирор сўз айта олмади. Ҳамроҳини туртди.

— А?! – чўчиб тушди Соли созчининг ули.
— Айтинг! – деди қилтириқ.

— Бўлмаса гап мундаййй, — оғзи бурнини кафтининг орқаси билан артди “шўра аъзо”. – Шуу, Наврўзни ўтказиш учун одамлардан пул йиғнаб юрибмиз. Мана ҳокимиятдан келган одамнинг гапларини эшитдингиз. Шунга қўлингиздан келгунича…

Дарвеш бир Соли созчининг улига, бир қилтириққа қаради.

— Тушунмадим, — деди кейин.
— Несини тушунмайсиз?! – Мамат овозини бир парда баландлатди.- Наврўз ўтказиш учун беш – олти танга пул беринг!

Дарвеш ерга боқиб бир зум жим қолди. Кейин бошини кўтариб “шўро аъзо”га қаради.
— Мен ҳали шу вақтгача ҳокимият бизга ёрдам беради-ии, деб юрсам… ҳокимият биздан кўмак сўраб келдими?

Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Қилтириқ Маматга, Мамат қилтириққа қаради. Дарвеш жавоб кутарди.
— Туринг! – деди бир пайт қилтириқ.- Кетдик бу ердан!

Икколови хонадан узун-қисқа бўлиб кўчага чиқишди.

— Иштон бити экан-ку бу?! – фиғони фалакка чиқди қилтириқнинг. – Ҳар гапга ёпишиб ётибди.

— Девона! – деди Мамат. – Дали! Шунинг учун ҳеч қаерда ишлатмай кетига тепиб қўйибдилар! Ҳеч қачон эл бўлмаган бу бизга!

Дарвеш эса ҳамон ўтирган жойида эди.
— Не гап? – сўради хонага кириб келган хотини. – Меҳмонлар сал норозига ўхшаб чиқиб кетдилар.

Дарвеш эгнини қисди.

Не гаплиги эртаси куни маълум бўлди. Аввалига Дарвешни участкавой сўроқлаб келди. Индамай – нетмай тўғри боғ томонга ўтди. Молхонадаги йирик – майда туёқнинг барини эринмай кўздан кечирди. Товуқхонага ҳам бош суқди. Товуқлар ҳуркиб қоққоқлашиб у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа учишди. Бадбўй чанг кўтарилди. Бироқ милиса бола бунга парво қилмади. Қоронғи қоронғи бурчакларга ўтиб лой деворнинг катта – кичик тирқишларининг ҳаммасини бирин-бирин қўл фанори билан ёритди. Томорқага экилган экин челларини қистанмай элади. Айниқса, пиёз, саримсоқ, гул экилган кулчалар қаричма – қарич кўздан кечирди.

Дарвеш унинг ёнига ҳам бормади, не гап, деб ҳам сўрамади. У ҳам ҳеч гап айтмади. Отиздан чиқиб уст-бошини ҳафсала билан қоқди-да қандай кириб келган бўлса шундай гап — сўзсиз чиқиб кетди.

— Хотин бир чой қўй, — деди Дарвеш. Кейин узумзор ўртасига ўрнатилган сўрига чиқиб ўтирди.

Хотини дастурхон кўтариб келди.

— Бу-уу бизларнинг узумларни кўрмади,- деди Дарвеш хотинига. – Қара, рангги кўзни олади. Ҳали шу вақтгача бу йилгидай узум қила олмаган эдик. Килосини уч мингдан оламиз, деб турибди. Бу занғар бўлса узумга бир қайрилиб ҳам қарамади.

— Бу боланинг бошқа дарди борга ўхшайди, — деди хотини дастурхон ёзар экан эрини хушёрроқ бўлишга чақириб.

— Ҳай, не дарди бўлса ҳам шундай узумларга бир қараши керак эди, — деди Дарвеш.- Бу худонинг неъмати-ку ахир.

Хотини Маматга “гапимни уқмадингиз”, деган маънода кўз ташлади, аммо индамай нари кетди.

Дарвеш катга чўзилиб осмонга қаради. Тубсиз осмон. Кўм-кўк. Момий. Зангори.
— Ҳа – а, мана ётибди-ку минг қўйли бойдай чўзилиб…

Дарвеш бошини кўтариб тепасида қўшниси Болта ҳовлиқма билан Яхшим жингилани кўрди.

— Келинг, Болтабой ота! – ўрнидан қўзғалди Дарвеш. – Қани бу ёққа, тўрга ўтинг!
— Ҳа ҳа, ўтинг тўрга,- Дарвешни қўллади Яхшим.

— Сени отанг би-ир уламо одам эди, — соқолини сийпалаб гурунг бошлади Болта ота. – Элга юртга ақл берар эди.
— Ҳавво, ҳавво, — унинг гапини қўллади Яхшим. – Шундай эди!

— Сен бола билмадим, кимга ўхшадинг! – гапида давом этди Болтабой ота.
— Ҳавво, кимга ўхшадинг! – гапга суқулишди яна Яхшим.

— Не гап эди? – узоқларга тикилаётгандай кўзини қисиб уларга тикилди Дарвеш.
— Ҳавво, ҳавво тушунтиринг! – энди Яхшим Дарвеш томонга ўтди.

— Несини тушунтираман! – асабийлашди Болтабой ота Яхшимнинг керак нокерак жойда гапга аралашаверганидан асаби ўйнаб. – Не гаплигини ўзи яхши билади!
— Ҳавво билади, — деди энди Яхшим.

— Билмайман, — деди босиқлиқ билан Дарвеш. – Боягина анаву питта милиса, питта хулиган бола келиб қўлтиғимизнинг тагигача қараб кетди. Не қидирди, топдими, топмадими билмадик. Энди Сизлар келиб… не гап ўзи?

— Ҳов бола! Отанг яхши одам эди…
— Буни биламан, — деди Дарвеш.

— Шуни билсанг отангнинг юзини ерга қаратма!
— Ҳавво, ҳавво қаратма!

— Ме-ен, — деди чўзиб Дарвеш, -отамнинг юзини ҳеч қачон ерга қаратмаганман. Қайтиш бўлганида ҳам, мен сендан мингдан минг розиман, деган.

— Ҳавво, ҳавво шундай деган лекин. Мен ҳам эшитганман.
— Билмаган-да отаси бечора мунинг олтмишга чиққанида айниб қолишини! – қизишди Болтабой ота.

— Туври, туври, билмаган! – қистаниб гап қистирди Яхшим бир гапдан қолса уни бу ердан ҳайдаб юборадиганлардай.
— Аммо лекиги-ин одам экансан-да! – жеркди уни Болтабой ота. – Бир гапдан қолда сенам!

— Эээ! – қўлини икки томонга ёйди Яхшим. – Бўлди энди аралашмайман.

Дарвеш бу “ташриф”ларнинг маъносини тушунтириб беришларни кутиб Болтабой отага тикилиб ўтирарди.
— Соли созчининг ули келдими ҳокимиятдаги одам билан?

Дарвеш бошини ирғаб қўйди. “Келди”.

— У бола пақирни шаҳардаги ёшуллилари иш – пишини ташлатиб бу ёққа пул йиғнаб келишга юборибдилар. Наврўзда ҳамма бева – бечораларнинг ҳолидан хабар олинсин, деб. Ҳар ким қўлидан келганини бериб турибди. Сен бўлса у болага ҳақорат берибсан!

— Туври! – жим ўтиролмади Яхшим.

Болтабой ота унга ўқрайиб қаради. Бироқ сўз демади.
— Ана Пинни кўрнинг ули Боққи фалонча сўм берди. Яна бир халта бурунч ҳам ваъда этибди. Обедда уйида буларга зиёфат ҳам ташкил этибди. Ана муни ота боласи, деса бўлади.
— Пинни кўрнинг топгани етти пуштина етади. Боққи боласи ҳам юрган бир мошенник. Неча одамни куйдириб қўйибди. Зиёқат бергунча қарзини берсин.

— Бу сенинг ишинг эмас, — Бироз бўшашди Болта ота. – Қарзи бўлса ўзи жавобини беради. Сен… садақа хисобида бўлса ҳам беришинг керак эди. Садақа радди бало, деганлар.
— Садақани яқинларингдан бошла-а, деган ҳадис бор,- деди Дарвеш. – Яқинларимдан ортадиган пулим йўқ. Кейин шу бола менга унчалик ёқмади.

— Аммо одам экансан, лекин! – Болтабой ота яна бирдан қизди, шитоб билан ўрнидан турди.- Ёқди, ёқмади! Не сенга ёқаман деб қошини териб, лабини бўяб келсинми?
— Ҳавво, эркак одам лабини бўяйдими? – Болтабой отанинг гапини маъқуллади Яхшим ҳам шоша – пиша ковушини кияр экан.- Аммо лекин одам экансиз!

Болтабой ота Яхшимнинг биқинига нуқди:
— Тўтиқушдай қайталайверма бир гапни!

— Невчун келибдилар? – Ҳалима эрининг олдидаги дастурхон – сочоқни йиғиштирар экан ҳайрон бўлди. — Не худой урди буларни бугун?

Аммо кейинги воқеалар ривожидан Дарвишни урганга ўхшаб турарди.

— Устингдан ариза тушибди, — деди кечқурун келган шўро бува.
— Ариза? – ҳайрон бўлди Дарвеш. – Устимдан ариза тушиб мен не колхознинг раиси ё ҳокимманми?

— Улардан ҳам баттарсан! – деди шўро бува. – Боланг икки йилдан бери элда йўқ. Не ерда юрибди?
— Иби, билмайсизми не ерда юрганини?
— Билмайман!

— Сиззи бола билан чет элда юрибди-ку ишлаб.
— Мен сендан болангни сўраётирман.

— Қизиқмисиз шўро бува? Ахир ўзингиз келиб эланиб ўтирдингиз-ку, биззи болаларни ҳам олиб кетсин боланг деб икки йил бурун. Шундан бери келмади.

— Келди, ана юрибди қоровул бўлиб ишлаб. Боланг кимлар билан юрибди у ёқда?
— Мен қайдан биламан кимлар билан юрганини.

— Билмайсанми?
— Билмайман.

— Билмасанг, боланг у ёқда анавиларга қўшилиб кетибди!
— Ё тавба! – деди Дарвеш. – Ўзинг сақла!

— Жўгичилик этма! Ўзинг ҳам бу гаплардан хабардорга ўхшайсан.
— Қайси гаплардан?

— Анави… қадимги замонларни қайтарамиз, деган гаплардан.

Дарвеш шўро бувага ҳайрон бўлиб тикилиб қолди. “Бу одамни биров алмаштириб қўйганми?”
— Ана гаплай олмай ҳам қолдинг. Ҳокимиятдан келганларга ҳам эски замонларни гаплабсан…

Дарвеш ҳозир қаршисидаги одамга ҳозир гап уқтириб бўлмаслигини англади. “Топшириқ олган, шуни бажариши керак,” ўйлади Дарвеш. “Ё анави бола дим катта одаммикан?”
— У бечора сенга юрагидан чиқариб шунча гап айтган. Юракдан чиқариб айтилган гапни эса қабул қилиш керак, ундан бир хулоса чиқариш керак.

— Агар юрак пок бўлса… – деди Дарвеш. – Агар нопок бўлса ундан худо сақласин.

— Сендан худо сақласин, — деди шўро бува.– Болангдан худо сақласин!
— Жонини сақлайман, деб иймонини сотадиганлардан худо сақласин!

Уч кундан кейин шўро бува яна келди. Болта бува ҳам, Яхшим ҳам, питта хулиган, питта милиса бола ҳам келди. Ҳаммаси бирга келди. Улар билан бирга баланд бўйли, полвонкелбат бир йигит ҳам бор эди. Мўйлаби ўзига ярашиб турибди.

Дарвеш узум узиб юрган эди.
— Э-ээ, келинглар! – деди Дарвеш. Ҳосилни йиғаётган, вақти хуш эди. Сўнг қўлидаги бир сўлқим узумни кўз-кўзлади. – Муни қаранг, рангги кўзинг олин дейди.

Кейин шўра бувага қараб гап бошлади:
— Мен бола билан гаплашдим. Ойдий ишлаб юрган экан. Ишонмаган эдим заводининг директори билан ҳам гаплаштирди. Раҳмат, деди у. Шундай меҳнаткаш, оқ кўнгил, тоза болани тарбиялаганингиз учун, деди, — Дарвеш келганларга бир – бир қараб чиқди. — Ҳеч кимга қўшилмабди болам. Қайт десангиз, қайтаман дейди.

— Энди-и, Дарвешбой, — чўзиб гап бошлади шўро бува. – Бизлар сеннан кечирим сўрамоққа келдик…
Дарвеш йиғилганларга бир – бир қараб чиқди.

— У бола бир апирис экан. Ҳокимиятданман деб бир ойдан бери қишлоқма – қишлоқ пул йиғиб юрган экан. Бизлардай… соддаларни топиб. Раҳмат сенга… пул бермаганинг учун.

Келганларнинг ҳаммаси қилган ишларига яраша кечирим сўрашди. Фақат бояги нотаниш полвон йигит ҳеч нарса демади. Улар кетгач жуда чарчаганини ҳис қилди. Сўридаги кўрпачага чўзилди. Бирдан бўшашди. Кўзларига ёш қалқди негадир. Осмонга тикилди. “Тавба-аа! Осмон нега кўм – кўк кўринар экан-а”, ўйлади у кўзларини сидириб. “Ахир ҳаво рангсиз-ку! Ҳа-ҳа, тўхта-аа. Ахир осмон тубсиз, зимистон. Осмон тубсиз бўлгани учун қоп – қора. Кўзимиз илғаган ердаги булутлар қават – қават, уларнинг сояси рангсизлик билан қўшилиб, кўзимиз илғаган жойларга мовий тус беради. Ҳаёт ҳам шундай-да. Оқ билан қоранинг қоришиғи. Ичига кирмай четдан қарасанг мовий, зангор, кўм – кўк кўринади. Аммо ичига кирсанг…”

Дарвеш энди мутлақо гапирмасликка аҳд қилди.

15 – 28 октябрь 2016 йил.

ОҒРИҚ

Бугун ҳам нақ ярим тунда ўйғониб кетди. Яна оғриқдан. Бу оғриқ уни кўпдан безовта қилади. Кўринмаган доктори, бормаган табиби оз қолди. Бирови у дейди, бирови бу. Маълум гап йўқ. Уни эса бу оғриқ ҳар кеча нақ гирибонидан олади. Оғриқ уни шундай исканжага олади-ки ҳатто нафас олишга ҳам қурби етмай қолади. Бир замонда тер босиб бутун бадани таранглашиб қолади. Тонг қоладиган жойи оғриқ баданининг бир жойида эмас, кўчиб юради. Бир кун кўкрак қафасининг чап томонидан тутса, иккинчи куни ўнггида сезилади. Гоҳида қўл ёки оёқ суяклари ўн, юз тонналик пресс остида қолиб, чарсиллаб синаётгандай туюлади. Кейинги кун кимдир кабзаларининг остига бигиз тиқиб аёвсиз товлаётгандай бўлса, баъзан бел оғригига чидолмай ўйғонади. Энг ёмони бу оғриқ бир жойдан бошланиб бутун баданига, танасининг ҳар бир хужайрасигача томир отди-да роҳат — фароғат деб аталмиш жон сўлини сўлқиллатиб сўра бошлайди. Бундай оғриққа чидашнинг ҳеч иложи йўқ. Тунги шоғолдай чўзиб – чўзиб увлаган кезлари ҳам бўлган.

Дард уйқуда қаттиқ сезилади. Кўзларини очса оғриқ аста– секин чекингандай бўлади. Аммо баданидан бутунлай аримайди. Баданининг гоҳ у, гоҳ бу ерида оч қўтир итдай изғиб юради. Шу ит дуч келган жойини тишлайди, дуч келган мичани титкилайди. Оғриқ билан муросаю мадора қилиш учун иложсиз ўрнидан туради, ўтиради, юради. Минг уринсада оғриқ билан келиша олмайди. Қайсидир таниши ўргатган психотерапевтик усуллардан ҳам фойдаланишга уринада. Аммо бенаф. Ноилож тўшакка чўзилади. Ухлашга уринади. У ёққа ағанайди, бу ёққа ағанайди. Икки киприкни бир ерга олиб келишнинг ҳеч иложини топмайди.

Оғриқ бадани, руҳини лиммо-лим тўлдириб қўйган. Ҳаётида бошқа нарса ҳеч қолмади. У ва шу дард. Бир – бирининг белидан олиб туришибди. Бошқа ҳамма қувончу ташвиш, муаммою масалалар бир четга сурилган. Оғриқ унинг ёлғиз хўжайинига айланишга уринади. У эса бақадри ҳол қаршилик кўрсатишга уринади.

Аввал унинг ҳам кунларида қувончга ҳам, ташвишга, ҳасрат ва аламларга ҳам жой бор эди. У ёлғиз эмас эди. Ҳамроҳ,ҳаммаслак, ҳамфикрлари — қувонч, севинч, тотли дамларни ёнига олиб ғаримлари – ташвишлар, қайғу ҳасратлар билан курашар, уларни бахт уммонига ғарқ қилишга уринар, кўп ҳолларда бунинг уҳдасидан ҳам чиқар эди. Ўша пайтлари ҳам бу оғриқнинг борлиги аён эди. Аммо у ниҳоятда кичик, жимжилоқдеккина, балки ундан ҳам майдароқ эди. Шунинг учун унга эътибор бермаган. Оғриқнинг ўзи ҳам иззаталаб эмасди-да у вақтлар. Шунинг учун у оғриқни гоҳ сезар, гоҳ сезмас эди. Бироқ вақт ўтиб у кучдан қола бошладими ёки у курашган ғанимлари кучга тўлдими бора бора руҳи, баданидаги оғриқ каттайиб эътибор талаб бўлиб қолди. Аввалига қамғоқдай енгил ва салгина ҳаракат билан даф бўладиган оғриқ энди унинг ҳаётида ўз ўрнига даъво қила бошлади. Кунлар ўтган сайин дард думаланган қортўпдай улканлашиб салмоқ ҳам, кўриниш ҳам касб этди. Энди у шунча-ки, йўл йўлакай маҳв этиш қийин бўлган воқеликка айланди.

Бугун у тани ва руҳини тобора тўлдираётган оғриқ, ички дард қандай қилиб енгилмас девга айланганини аниқлашга уринади. Қачон бошланди ўзи дарднинг устунлиги, қачон қувончу севинчлари ғамга таслим бўла бошлади? Наҳот кўпи кетиб ози қолган умрининг қолгани шундай, дард остида кечса? Ё қувончу севинчлар уни икки қўлтиғидан ушлаб кўк тоқига қараб учадиган пайтлар яна келармикан?

Энди унга ким ёки нима далда, суянч ва куч қудрат манбаи бўла олади? Ҳаётида яна катта қувонч, ғалабалар бўлармикан?

У кейинги кунларда умридаги энг тоза туйғу– биринчи муҳаббатини тез- тез эслайдиган бўлиб қолган. Ҳаёти соб бўлаяпти-ку, болалигида қўшни қизга нисбатан ҳис қилган биринчи муҳаббатидай тоза туйғуни бошқа ҳеч қачон ҳис қилмаганига ўксинади. Ўспиринлик кунлари бўлди, йигит етди, бироқ ўшандай тоза туйғу қайтиб унга насиб қилмади. Бундан жуда азоб тортди . Айни севадиган, севиладиган пайтлари ўзининг ҳиссий тўмтоқлигидан жуда ташвишга тушган. У атрофига қараб ўттиз ёшда, қирқ ёшда баъзан ҳатто элликка кирганлар ҳам кимнидир ёқтириб, кимгадир ошиқ бўлиб юрганларини кўриб ҳайратланган, ҳавас қилган, баъзан ҳасад ҳам қилган.

Изтироб чеккан дамлари у одатича биринчи муҳаббатнинг оловли тилини ҳис қилган болалигига қайтади. Бу унинг ҳовурини бироз сусайтиради. “Мен ҳам одам, ҳиссиз эшак эмас эканман-ку”, дейди ўзига ўзи.

У қиз қўшни эди. Бу гаплар улар ўн уч – ўн тўрт яшар вақтларида бўлиб ўтган. Икки ўрим сочини жамалак қилиб орқасига ташлаб юргувчи, кўриниши, юриш туриши, бўй басти билан тенгқурларидан ҳеч айирмаси йўқ, ҳатто ўғил болаларникига ўхшаган катта бурни юзига унча ярашмаган бу қизни нега шунчалик ёқтириб қолганлигини ҳозиргача билмайди. Балки яқин атрофдаги хонадонларда тенгдуш қиз бола йўқлиги, кўчага чиққанида ҳам, кирганида ҳам кўзи ўша қизга тушаверганидан шундай бўлгандир эҳтимол.

Бугун ОҒРИҚ унинг борлиғини қандай тўлдириб турган бўлса у вақтларда қизни кўриш истаги унинг жону жаҳонини шундай эгаллаб олган эди. Бола қалби нега бундай бўлаётганлигини тушунмас, бу туйғу нималигини ҳам, аниқ қийматини ҳам билмас, билгани ҳар куни, ҳар соат, ҳар сонияда қизни беадад, еру осмонга сиғмай соғиниши эди. Қизни кўрса севинар, кўздан йитди дегунча яна соғиниб қолар эди. Буни қиз ҳам сезар эди, шекилли. Бўлмаса уни узоқдан кўрса қадамини секинлатмас, “Салом!” деса астагина алик олмас эди. Мактабга кетишда ёки келишда учрашиб қолишса бир неча ўн қадам бирга одимлашлари мумкин эди. Ундан ортиқ эмас. Ҳеч қачон мактабгача ёки мактабдан уйигача бирга келишмаган. У пайтлари бўй етиб қолаёзган ўғил қизнинг етаклашиб юришини тасаввур ҳам этиб бўлмас эди. Аммо бирга ташланган ўша бир неча қадам ҳам уни самоларга олиб чиқар эди. Бироқ қиз унга нисбатан ҳеч қандай туйғуни ҳис қилмаган кўринади. Бўлмаса унинг болалиги, ёшлигини, ҳаётини остин – устун қилиб юборган ўша воқеа содир бўлмаган бўлар эди.

Олтими, еттинчи синфда ўқиб юрган кезларида бир куни қиз унинг уйига кириб келган. Тавба, ўшанда уйида ҳеч ким бўлмаган эдими? Ё қўшни қизни ўз уйида кўриб ҳаддан ошиқ ҳаяжонланганидан , уйда кимдир борлигини бутунлай унутганмикан? Ҳозир аниқ эсида йўқ.

“Энди мен сен билан юрмайман!” деган қиз ўшанда. У ҳайратдан қотиб қолган. У қўшни қиз билан “юришини” шундагина билган. Ҳозир ўйлаб қараса кўчада кўришиб қолишса “Салом

— Салом”, “Бугун сизларда фалон дарс борми? Бизда бор ёки йўқ”, дейиш уларнинг “юриши” экан. Икки тоза юракнинг бир – бирлари билан шу мулоқоти ҳам фавқулодда яқинликдан дарак экан-да ўша пайтлари!

“Не учун?” ҳайратдан қотиб қолган у. “Сен синфингдаги фалончи билан гаплашар экансан!” “Ёлғон!” деган бутун вужуди ҳис – ҳаяжондан титраб. “Буни мен ўз кўзим билан кўрдим-ку!” деган қиз. “Қачон?” “Пахтадан қайтаётганда, мошинда!”

Ўша кунлар пахта терими мавсуми эди. Улар район маркази — посёлкада туришарди. Мактаб ўқувчилари 5 – синфдан бошлаб ўқувдан озод қилиниб, теримга жалб қилинарди. Уларнинг мактаби туман марказини ўраб олган “Коммунизм” колхозига чиқар эди. Ҳар синфга колхоз бир юк машинаси ажратар, ўша машина эрталаб ўқувчи – теримчиларни пахтага мактаб олдидаги майдондан олиб кетар, кечқурун яна шу ерга олиб келиб қўярди. Уларнинг “Б” синфи ҳам, қиз ўқийдиган “Г” синфи ҳам Собир бодроқ деган кишининг бригадасида пахта теришарди. Улар бодроқ деган сўзнинг маъносини билишмас, шунинг учун бригадир уларга бутунлай бошқа оламнинг одамидай туюлар эди. Чунки Собир бодроқ улар каби мактаб ўқувчиларини эмас, ҳатто катта — катта опалар, ҳолалар, аммалар, дойилар, оғаларни ҳам тергар, бировларини мақтаб, бошқаларини кора ер қилар эди. Фақат катталар кичикларни тергашларига ўрганиб қолган болалар учун бу ғайриоддий ҳол эди.

Ўқувчилар орасида ҳам терим масаласида тартиб қаттиқ эди. Норма бажарилиши шарт. Бажармаганларнинг қулоғи ортида шавла қайнатилади. Уларнинг синф раҳбари баланд бўйли, қошлари ўсиқ, чўзиқ юзли, арабларга ўхшаган қиррабурун ўзини “Чўлда ўсади саксавул созоқ, География ўқитувчиси Сейтақов Қозоқ”, деб таништиришни хуш кўрадиган қувноқ киши эди. Аммо норма сўрашга келганда қаҳрли, қаттиққўл муаллимга айланиб қоларди. Болалар терган пахталарини кечқурун тарозудан ўтказгач нормани бажарганлар машинага чиқиб бошқаларнинг келишини кутар, бажармаганлар эса бир чеккада туриб муаллимнинг “қулоқ товлаши”га навбат турар эди.

У ўртача теримчи эди. Одатда нормани кўпчилик қатори уддадаб эски “Газ-51” автомашинаси бортида бошқаларни кутар эди. Кузак куни тез ботиб қоронғу туша бошларди. Намчил ҳавосида ҳазон, хом пахта ва пишмаган кўрак иси кезинар эди. Куни билан минг, миллион марталаб ғўза чаноқларига эгилиб турган болаларнинг қоринлари пиёзнинг пўсти бўлиб кетган бўларди бундай чоғда. Иссиққина ўчоқ боши, тоза сузилган овқатнинг бодиялардан кўтарилиб турган ҳовури ҳамманинг кўз олдидан ўтиб турган пайтда баъзи тежамкор болалар фартукларида “обеддан” ортган қаттиқ – қуроқ нонни кемира бошлар эди. Шунда қолган болалар унга қўлларини узатиб, “Хлли дай! Хлли дай!” деб ялинишар эди. Нони борлар сўровчиларга ҳиммат кўрсатиб нонларидан беришар, улар биргаликда дунёдаги энг лаззатли таом — қотган нонларни мазза қилиб ейишар эди.

Ана шундай кунларнинг бирида аввал ҳеч бўлмаган воқеа, тушликдан унда ҳам бир бурда нон ортиб қолган эди. У энди қаттиқ нонни қарсиллатиб тишлашга тушганида синфдош қизларидан бири қўл чўзиб қолди: “Хлли дай!” Қиз боланинг, тағин синфидаги аълочи қизлардан бирининг қўл узатиб турганлигидан у ўшанда чексиз ғурур туйган ва нонининг ҳаммасини унга бериб юборган. Ёнма ён турган иккинчи юк машинасида ўтирган қўшни қиз буни кўриб қолган ва буни ўзига нисбатан хиёнат деб билган. Қўшни қизнинг унга нисбатан қўзиган ғазаби шу даражада экан-ки, норозилигини нақ унинг уйига келиб изҳор қилган ва у ўзига келиб улгуриб улгармай ортига қайтиб кетган.

— Энди мен сен билан юрмайман!

Ўшанда унинг кўз олди қоронғулашиб, ўзини вазнсизлиқ ҳолатида тушиб қолгандай ҳис қилган. Қўшни қизга бўлган туйғу унинг қалби, руҳиятини шу қадар тўлдирган экан-ки , бу гапдан кейин олам ҳувиллаб қолгандай эди.

Довдираши шу куни ҳам, эртаси ҳам, бир ҳафта, бир ойдан кейин ҳам ўтмади. Қўшни қиз олдига боришга, “хиёнат”ининг сабабини тушунтириб беришга юраги дов бермади. Ахир бола эди ўшанда. Журъатсизлиги сабаб йўқотаётгани ҳаётидаги энг азиз нарсаси эканлигини у ҳали англаб етмаган эди. Уни сақлаб қолиш учун нафақат ёқтирган киши билан гаплашиш, муносабатларга ойдинлик киритиш, англашмовчиликларни бартараф этиш балки курашиш, керак бўлса жон олиб жон бериш кераклигини бола қайдан билсин! Аммо у қўшни қизга бўлган тоза туйғусидан воз кечмади. Кечолмасди ҳам. Чунки кечиш ёки кечмаслик унинг ихтиёрида эмас эди.

Бу гапларга ақли етганида аллақачон кеч бўлиб улгурган эди. Ўша вақтлари эса у қўшни қизни аввалгидан ҳам баттар кўргиси келар, узоқдан бўлса ҳам кўзи тушса хаяжонланиб кетар, мактабда, қўни – қўшниларникида бўладиган тўю маросимларда ҳам нигоҳи билан фақат уни ахтаргани – ахтарган эди. Кўрса шу кундаги муроди ҳосил бўларди. Унга бошқа нарса керак эмас эди. Гаплашиш йўқ, ҳол – аҳвол сўрашиш йўқ. Узоқдан кўрса ҳам бўлди эди. Аслини олганда қўшни қизнинг “Энди мен сен билан юрмайман!” деганида ҳис қилган оғриғи умрида сезган биринчи оғриғи, биринчи дил азоби эди. Аммо у оғриқ шунчалик тотли, шунчалик жонбахш эди-ки, ҳозир ўша оғриқни яна бир бор ҳис қилиши учун кўп нарсадан кечишга тайёр.

Катта шаҳарга кетиб ўқиди, мединститут студенти бўлди. Бу ўқув даргоҳи қизлар денгизи, лобарлар океани эди. Хушрўй-бадрўй, мулойим – чарс, ориқ – семиз, узун – қалта , хуллас меъда қандайини тусаса шундайини топиш мумкин эди. Аммо шундай шароитда ҳам қўшни қиз унга ато этган туйғуни такрорлатиш қудрати бўлган дилбарни учратмади.

Институтни битказиб шаҳарда ишда қолди. Элбирларининг гапларидан у қизнинг унга таниш бўлган йигит билан дон олишиб юрганини эшитди. Аммо тўйлар хабари келмади. У эса уйланди. Бола – чақали бўлди. Кейин қўшни қизнинг қари қиз бўлиб ўтириб қолгани, сўнг хотини ўлган бировга иккими, учми боланинг устига турмушга чиққанидан хабар топди. Унинг юрагида тўмтоқ бир оғриқ турди. Ёқимсиз оғриқ эди у. Сувдан олиб ташланган илонбалиқдай ҳамма ёғи шилимшиқ, биғир –биғири кўрган одамни иргантирадиган ҳосиятсиз оғриқ эди у. Негадир қўшни қизни ўша болалик пайтидаги қизалоқ эмас, куни учун бировнинг етим қолган болаларини боқишга мажбур бўлган бир қари кампир сифатида тасаввур этди. Бу умрида ҳис қилган иккинчи катта оғриқ эди. Кўп вақтгача шу икки оғриқ билан юрди.

Аммо ҳаёт экан турли вазиятлар билан боғлиқ катта – кичик, сезилар – сезилмас оғриқларни кейин “кўп ва хўп” туйди. Уларнинг бирлари шу куни, шу ондаёқ ўтиб кетар, бошқалари бир, икки, уч, беш, ўн кун баъзан ойлаб ва йиллаб ҳам ўтмас эди. Бироқ ҳар бир янги оғриқ худди дард устига чиққан чипқондек чунонам азоб берар, фақат навбатдаги дардгина аввалгисининг заҳмини бироз пасайтирар эди.

Яқинда яна бир оғриқ туйди. У ишлайдиган илмий муасасага марказдан вакил — комиссия келди.

Бир вакилдан эндигини қутилишган эди. Изи совумай навбатдагиси пайдо бўлди. “Шўрвангни қўюлтирмайди булар!” деди биров. “Шўрингга шўрва тўкади булар!” деди иккинчиси. Кейин минггинчи, эҳтимол миллионинчи марта “Ёзнинг ҳазини пашша билан вакил бузади”, деган доно гапни айтган инсонга тасаннолар айтиб, янги вакил, комиссияни кутиб олишга ҳозирлана бошлашди.

Кун ўтиб уни директор ҳузурига чорлади:
— Хўшш, — деди бошлиқ. – Анави боланинг бўлимига комиссия келди. Хабарингиз бўлса керак. А? Жуда яхши. Шу… обедда бирга бўлинг. Болага ишониб бўлмайди. Мошинингизда чиқинг. Кейин районга, уйига ташлаб қўйиш керак.– Директор унинг елкасига қоқди. Худди ёш болаларни эркалагандай. – Тушунарлими? Бўпти, марш!

Директорнинг бундай муомаласидан юраги бир санчиб кетди. Яқин – яқинларгача директор билан муносабатлари яхши эди. Бошлиқ уни бошқалардан кўра кўпроқ ўзига яқин оладигандай туюлар эди унга. Ҳатто баъзан сирлашгандай ҳам бўлар эди. Аммо унинг синфдошими, мактабдошими, қишлоқдошими катта лавозимга ўтирди-ю бир кунда ҳаммаси ўзгарди қолди. Энди директорнинг бурнига сириқ етмай қолди. У толтонглаб юрадиган одат чиқарди. Атай. Худди юмуртаси ғўрра бўлгандай. “Тавба”, ҳайрон бўларди у. “Одам ҳам шунчалик тез ўзгарадими?”

Директор ишхонасидагилар учун ҳам худо, ҳам пайғамбарга айланди. Шунинг учун бошқалар каби у ҳам директорнинг бу ва бундан баттарроқ хурмача қилиқларини кўтаришга мажбур. Нолиш, шикоятбозлик ўринсиз.

Шуларни хаёлидан ўтказиб вакил билан кўчага чиқди. Бўлим мудири ҳамроҳ бўлди. Мудир ёш бўлса ҳам тиришқоқ, катта кичик билан қандай гаплашишни биладиган суханак йигит эди. Вакилга ҳамроҳлик, бирга тушлик қилиш, айтган манзилига етказиб қўйиш унинг учун бир “пуф” дегандай гап эди.

Аммо директор уни ўз ўрнига даъвогар деб ёқтирмасди. Албатта, таниши катта лавозимда ўтирар экан бундан хавфланмаса ҳам бўлар эди. Бироқ даҳри дунда нималар бўлмайди. Шунинг учун директор уни тинмай ғарқ қилишга уринар эди. Унга “бола” дейиши, устидан доим назоратга киши қўйиши, албатта мудирни камситиш учун директор ўйлаб топган ўйин эди.

“Одам ҳам шунчалик жоҳил, такаббур бўладими?” жиғи бийрон бўлди у машинага ўтирар экан. “Такаббурлигинг бир кун бошингга етар”.

Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг Чингиз элчилари билан бўлган учрашувдаги жоҳиллиги ва такаббурлиги нафақат уни, балки ўз даврининг энг қудратли мусулмон давлатини ҳам хона вайрон этганлигини эслади.

“Кўп ўтмай Чингизхоннинг Маҳмуд ал — Хоразмий бошчилигида Али Хўжа ал – Бухорой, Юсуф Кўнка ал-Ўтрорийлардан иборат элчилари Хоразмга келди. Улар қимматбаҳо метал қўймалар, морж тиши, мускус тўлдирилган халталар, ёқут, ҳар бирининг қиймати динар 50 ёки ундан ҳам қимматроқ бўлган оқ туя юнгидан бўлган қимматбаҳо кийимларни Чингизхондан хоразмшоҳга совға сифатида олиб келдилар. Шунингдек, элчилар мўғил подшоҳидан “Хоразмшоҳ билан тинчлик, дўстлик ва яхши қўшничилик” муносабатларини ўрнатиш ҳақида ҳам топшириқ олган эдилар. Хоразмшоҳга шахсан Чингизхон номидан йўлланган нома ҳам топширилди. Унда шундай сўзлар бор эди: “Сенинг ишларинг қанчалик яхши эканлиги ва ҳукминг қувватини оширишда нималарга эришганинг менга аён. Сенинг қўл остингдаги ҳудудларнинг бепоёнлиги ва очуннинг жуда кўп мамлакатлари сенинг буйруғингга итоат этишларини билиб олдим. Сенинг билан тинч – тотувликда яшашни ўзимнинг бурчим деб биламан. Сен менга энг қадрли ўғлим кабисан. Менинг Хитойни ва унинг атрофидаги туркларнинг давлатларини босиб олганим сенга ҳам аён ва уларнинг қабилалари менга бўйинсундилар. Менинг мамлакатимда бойлик шунчалик кўп-ки, уни бошқа мамлакатлардан ахтаришга ҳеч ҳожат йўқлигини сен ҳаммадан кўра яхшироқ биласан. Агар ҳар икки томон савдогарларига йўл очиб беришнинг имкони бор, деб ҳисобласанг бу ҳамма ва умумий иш учун фойдали иш бўлган бўлур эди”.

Хоразмшоҳ Чингизхоннинг номасини ўқигач Чингизхон ва унинг салтанати ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлишга қарор қилди. У элчиларнинг бошлиғи Маҳмуд ал – Хоразмийни тунда ўз олдига чақирди, унинг мусулмон, қолаверса Хоразм фарзанди эканлигини эслатиб, кўп совға саломлар берди ва Маҳмуддан мўғиллар ҳақида янада кўпроқ маълумот олишга интилди. Ҳатто хоразмшоҳ Маҳмуд ал-Хоразмийга унинг Чингиз саройидаги ишончли вакили бўлишни ҳам таклиф қилди. Маҳмуд ал-Хоразмий қўрққанидан рози бўлганида хоразмшоҳ: “Чингизхоннинг Хитой ҳукмдориман, Тамғачни олдим дегани ростми? Ҳақиқатан ҳам шундайми?” деб сўради. “Ҳа, унинг гапи тўғри. Бундай улуғ воқеалар узоқ вақт сир бўлиб қола олмайди, тез орада султоннинг ўзи бунга ишонч ҳосил қилиши мумкин”, деди Маҳмуд ал – Хоразмий. Бу гап хоразмшоҳга ёқмади: “Сен менинг ҳукмим остидаги ерларни, уларнинг қанчалик кенг эканлигини биласан, менинг қўшимларим сон – саноқсизлигини ҳам биласан-ку. Бу хароми ким бўлибдики, менга ўғлим деса? Унинг қанча қўшини бор ўзи?”
Маҳмуд ал-Хоразмий шоҳнинг жаҳл отига минганини кўрганда ўз –жони омонот бўлиб қолганлини сезди ва “ҳақиқатдан юз ўгирди”. Хоразмшоҳнинг марҳаматига сазавор бўлиш учун Чингизхоннинг қўшини хоразмшоҳ лашкари олдида отлиқ қўшин рўпарасидаги ёлғиз чавандозга ёки зимистон тунда милтиллаган шамга ўхшайди, деди. Шундан кейингина Аловиддин Муҳаммад Чингизхон билан тинчлик алоқаларини ўрнатиш ва янги савдо карвонлари билан алмашишга розилик билдирди”.

Ёшуллуси ишонмаган ҳар қандай ходим каби бўлим мудирининг дили хира эди.
— Сиз Маҳмуд Яловочни хоразмшоҳ қандай кутиб олганлигини биласизми? – сўради у мудирдан.

— Ўқиганман, — деди мудир “уф” тортиб.– Давлатини унинг жоҳиллиги, такаббурлиги хароб этган. Аслида у кўплар айтадигандек қўрқоқ бўлган эмас. Агар ундай бўлганида шунчалик катта империяга бош бўлмаган бўлар эди…- Анча жим кетганларидан кейин қўшиб қўйди: — Ернинг киндигиман, деб ўйлайди у.

Мудир у нима демоқчи эканлигини англаган эди.

— Бу шифрланган суҳбатнинг маъносини англамадик, — деди вакил қошини чимириб. — Жоҳил ким, такаббур ким?
— Ээ, сиз аҳамият берманг бу гапларга, — деди у. – Эрталаб “Маданият ва маърифат”да бир кўрсатув берилган эди. Шунга…

Ўтиришда ҳам гап унча қовушмади. Вакил директорнинг “самимий қабул қилмаганидан”, мудир бошлиқнинг қилиғидан, у эса бу ўйинда ўзининг иштирок этишга мажбурлигидан дилхуфтон эди. Бу ҳол айниқса вакилнинг ўзини тутиши, ўтириш-туриши, овқатланиши, ҳатто буларга қирғий қарашларида ҳам сезилиб турар эди. Бир вақт у дик этиб ўрнидан турди-да эшик томон йўналди. Иккови бирдан ўрнидан қўзғалган эди у қўлини асабий силтади: “Ўтираверинглар!”

— Чекишга кетди , — деди у вакилнинг изидан қараб қолар экан.
— Чекимизга тушганини қаранг, — деди мудир қўлидаги санчқини столга эҳтиёткорлик билан қўйиб.

— Бунчалик қисинаверманг, — ҳазил қилишга уринди у.- Меҳмон билан юрсанг ҳеч бўлмаса қорнинг тўйиб юради-ку!

Энди мудир қўл силтади. У ҳазилни тушунадиган, ҳазиллашадиган аҳволда эмас эди.

— Қорнинг тўйгани яхши, аммо ғуруринг йўқолиб беор бўлиб қолганинг ёмон. Бундай пайтларда ток урадию, бир неча кунлаб руҳингни турпоққа кўмиб қўйишга тўғри келади.

Вакил қайтиб келди. Икки қўли шимининг киссасида ўликнинг устида тургандай мудирнинг энсасига келиб қаққайди:
— Сиз чарчаган бўлсангиз, балки дамингизни оларсиз? –кесатди у.

Мудир учун бу охирги томчи бўлди.
— Тўғри айтасиз, менсиз ҳаз этаверинглар…

У мудирни тўхталиб қолишга улгурмади.
— Қўпол бола экан, — деди вакил.
— У яхши мутахассис, — деди у.

Мудир ҳимоясига шундан ортиқ гап айта олмади. Бироқ иззатталаб вакил тўнини аллақачон терс кийиб олган эди.

— Ўзи бу юртнинг одамлари анча кўпол экан, — деди вакил. — Бу боланики ҳаммасидан ошиб тушди! –вакил “бола” сўзига алоҳида урғу берди.
— У яхши мутахассис, — такрорлади у.

Эртаси куни директор уни олдига чақирди:
— Не учун қўполлик қилдингизлар вакилга?!
— Тушунмадим.

— Дарров тушунмайдиган бўлиб қолдингизми?!
— Тушунмасам, тушунмадим, дейман-да! – овози асабий титради. – Кўнглида анча вақтдан бери йиғилиб ётган дард ошкор бўлди: — Тушунтириброқ гапиринг!

Директорнинг лаби гезарди:
— Ҳе, кўрсатган кароматингиздан ўргилдим!

У ҳеч нарса қила олмади. Ёш мутахассисга қўшилиб у ҳам ишдан кетди. Вакилнинг лақабини кейин эшитди:“Кислота!”

Бугун уни мана шу оғриқ ўйғотган эди тунда. “Не ерга, кимнинг ёнига ишга борсам экан?” У вариантларни бир – бир хаёлидан ўтказа бошлади. “Қизишмаслигим керакмиди балки?”- деди ўзига ўзи. “Доно китобларни ўқиш ҳам ҳеч нарса экан-да, тақсир! Нега фақат манглайимиз “тақ! Этиб деворга урилганида кўзимиз лоп этиб очилади, ақлимиз киргандай бўлади? Ақлимиз кирадими ўзи? Қанақа ақл экан-ки у олтмишга кирганда ҳам кирмаса? Ё ҳали ақл киришга вақт бормикан?

Бир соатми, икки соатми, шу тарзда ўтади. Кейин уйқу элита бошлайди уни беихтиёр. Бедорлик, оғриқ, уйқу, хаёл ва туш ҳамма – ҳаммаси айқаш-уйқаш бўлиб кетади.

… Кўкда ҳув узоқ уфқда қўшни қизнинг чеҳраси намоён бўлади. Жуда йироқда. Кейин аста – секин яқинлаша бошлайди. Қиз ўша – ўша олтинчими, еттинчи синфда ўқиб юрган кезларидаги кўринишида эди. Икки жамалак сочи елкасидан олдинган ташланган. Жиддий эмиш у. Жуда жиддий. Нимадандир хафа бўлгандай. Унинг нега хафалигини сира англай олмас эмиш у. Шунда бирдан юрагида қаттиқ оғриқ туяр эмиш у. Шартта юрагини чангаллармиш. Шунда оғриқ секин — секин ёздира бошлар эмиш. Бир вақт осмону фалакдан гулбарглар ёғила бошлаганига кўзи тушар эмиш. Лола гулбарглари. Сон — саноғи, ҳадди – сони йўқ эмиш уларнинг. Гулбарглар осмонни аста – аста ол рангги бўяй бошлар эмиш. Ҳавода эса таърифлаб бўлмайдиган даражадаги гуллар ифори кўнгилни макст қилар эмиш. Лаблари эса қандайдир шеърий сатларни пичирлай бошлар эмиш.

Лола гулбаргидан қатланган кўнглим,
Ҳаёт елларидан тортади озор.
Умиди сокинлик, орзуси васл ,
Сенинг хабарингни беради ифор,

Адабиётга ёт, мактаб дарсликларидаги шеърларни демаса шеърият ҳақида умуман тасаввури йўқ бўлганлиги сабаб бу сатрлар қандай туғилаётганлигига ҳайрон бўлар эмиш. Ҳайрон бўлиб турса ёмғир шитирлай бошлар эмиш. Ёмғир томчилари ҳам дим дим майда, кўзга кўринар кўринмас даражада эмиш. Ёмғир билан бирга шеър ҳам қуйишда давом этирмиш. Қўшни қиз эса буларнинг барини маъюс ҳолда, жуда жуда маъюс ҳолда кузатар эмиш.

Ёмғир шитиридан тебранар сассиз,
Баҳорий насиймлар чайқатур уни.
Гул бўлмоқ ишқида ёнган ғунчанинг
Қийнайди кўксидан таралган уни.

Буларнинг ҳаммаси қўшилиб унинг юрагини ҳаприқтирар, бўғзига олиб келиб тиқар, кейин яна қўйворар эмиш. Кейин эътибор берса осмону фалакдан ёғилаётган гулбаргларнинг ҳаммаси айланиб келиб унинг юраги устига қатма – қат тушаётган эмиш.

Ёмғир ёғаверар, насиймлар эсар
Озурда кўнглимнинг тинчини бузиб.
Юрагим қатига қатланаберар
Гурбарглар ажиб бир қурамиш бўлиб.

У ўз юрагини томоша қила бошлар эмиш. Юраги минг қуроқ эмиш. Миллион қуроқ эмиш. Аммо жуда – жуда мустаҳкам эмиш. Бир текис урар эмиш у. Ҳар зарбда юрагининг қувватини ҳис қилар эмиш у.

28 ноябрь 2016 йил

БОЛЖОН

— Ўлга-айй, бир чарвойига сатошиб қолибмиз, — деди бошлангич синф ўқитувчиси Салима. Болалардан дарслик учун ижара пули йиғаётганда унинг гапи бир “родитель” билан терс тушиб, икки аёл чаппа- чарс бўлган эди. “Родитель” Салимани дунёдаги ўзи билган барча қарғишу лаънатлар билан “сийлаб” чиқиб кетган, ўқитувчи эса ҳамон ўзини босиб ололмаётган эди. Унинг қуруқшаган лаблари бир – икки дақиқада тарс-тарс ёрилиб кетди.

Салима қирқидан эндигина ошган. Сочларига оқ вақтли оралаган, хўппа семиз аёл. Оёқ, бел, “почка” оғриқ, йилнинг олти ойини ишда, олти ойини касалхонада ўтказади. Назарида кейинги вақтда уни ишхонадагилар ҳам унча хушламаётгандай эдилар. Бундан у жиғи-бийрон бўлар, кимдан аламини олишни билмасди. Ҳозир ҳаммаси қўшилиб кетди. У Болжон узатган пулни олмай тинмасдан оби дийда қилар, ҳали вери тинадиганга ҳам ўхшамасди.

Болжонга эса бу гапларнинг мутлақо қизиғи йўқ , у шошилаётган, сулдари шу ерда, хаёли ташқарида эди. Сабри чидамай деразадан кўчага қаради. Элмурод икки қўлини шимининг киссасига тиққанича қандайдир номаълум нуқтага тикилиб хаёл сурар эди. Болжон бироз хотиржам тортди. Чунки у тез чиқишни тайинлаган, муддат эса аллақачон соб бўлганди.

Кўринишдан осойишта Элмуроднинг портловчан хулқли эканлигини Болжон яхши билади. Айтгани бўлмаса ёки бир нарсанинг гули гулига тўғри келмаса “лов” этиб ёниб кетади. “Тор, инжиқфеъл одамман”, дерди унинг ўзи.

Салима ҳамон дардини дастурхон қилиш билан овора эди. Ўша жанжал баҳона юрагида йиллар давомида йиғилиб қолган зардобини тўкмоқда эди у. Болжоннинг назарида хона зардоб билан лиммо-лим тўлиб кетгандай эди.

— Пулни… оласизми? – деди тоқати тоқ бўлган Болжон яна кўчага ўғринча қарар экан. – Қистоғроқ эди…

Салима ҳам қизиқсиниб деразадан ташқарига қаради: Алламбало қоп – қора чет эл машинасига кўзи тушди. Машинага монанд қоп – қора кийиниб олган эркак эса сигарета тутатар эди. “Келишган киши экан.”, ўйлади Салима.

— Ўҳ-ҳўў! Зўрр-ку! — Болжонга ички бир ҳасад билан назар ташлади сўнг. Машина ҳам , эркак ҳам кўзини бирдай қиздирган эди. – Ёшуллингизми?

Болжон дув қизарди:
— Бирга ишлаймиз…

Салима унга илкис назар ташлади-да сўнг секин “уф” тортди.
— Насиб этсин, — деди у Болжонга қарамай. — Насиб этсин… бика.

Кейин Болжоннинг қўлидаги даста пулни кўриб кайфияти тез ўзгарди, барча ҳаёлларини қувди.

— Менга бир кўмак этиб юборинг, жо-он опа-аа… деди ялинчоқ товушда. – Ҳалиги… бола учун пул бериб турри-и-нг. Эртага акасидан олиб бераман. Бугун ҳаммасини топширмасангиз, этингизни ейман, деган эди директор, илтимо-осс…

Болжон муаллимадан тезроқ қутилиш имконидан хурсанд бўлди:
— Яхши. Неча сўм? Тезроқ бўлинг лекин…

Шошилиб пул олаётганида қопчиғи қўлидан тушиб кетди.
— Бу не олвираб ётибсиз? — деди энди муаллима негадир қўрс овозда. -Эртадан қолдирмай олиб бераман дедим-ку!

Болжон синфдан чиқиб кетар экан Салима унинг изидан қараб қолди. “Олиб ётган ери йўқ-ку! Эркаклар ҳам шундайларга ёпишиб оладилар энсангни қотириб”, ҳаёлидан ўтказди у.

Ҳақиқатан ҳам Болжоннинг алоҳида мақтагулик ҳеч вақоси йўқ, хусни ҳам, қадди қомати ҳам ўртачагина эди. Аммо унда ажиб бир аёллик латофати бор эди. Кўрган одамнинг юраги “жизз” этарди.

— Анави муаллима опа мен тўғримда ёмон ҳаёлга борди, — деди Болжон машинага ўтирар экан.
— Сизни билмайди-да у, – деди Элмурод орқа ўриндиқда ўтирган Болжонга машина салони ичидаги кўзгу орқали қарар экан.- Билса бунақа ёмон хаёлларга бормас эди.

— Йўқ, у Сизни билмайди, — деди Болжон. – Тоза, соф одамсиз…
— Обо-оо. Яна шу гапингизни қайтараяпсизми? Шу гапни эшитсам, шунчалик гўл ва латтасиз-ки… дегандай туюлади.

— Э, қўйинг, мен тўғрисини айтяпман.

— Мен ҳам тўғрисини айтяпман. Тоза ва софлик ҳозир вақтда тавқи лаънатга айланган, биласизми? Ундай одамлар сувдан олиб ташланган балиққа ўхшайди. Оғзини каппа – каппа очади-ю нафас ололмайди. Шунга мен ҳам бироз нахалроқ бўлсамми дейман.

— Сиз ундай бўлолмайсиз, сабаби юрагингизда гард йўқ.
— Дим ҳам унчалик эмас. Юрагимнинг гардлари бир – икки эшакка юк бўлади. Фақат яхшилаб ниқобланиб юраман. Айниқса ўзим билан ўзим қолганда, ўҳ-ҳўў… дим ёмон одамман.

— Бошингизни қотирманг-да, шундай тозалигингизча қолинг.
— Латта бўлиб юраверинг, демоқчимисан?

— Бунақа эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку.
— Аёллар мард, шартаки эркакларни яхши кўради, дейдилар. Улар мени ҳам яхши кўрсин, дейман-да.

— Аммо бетамизларни эмас! Сизни мен билган аёлларнинг ҳаммаси ҳурмат қилади.
— Билмаганлари не?

— Билмаганлари ҳам.
— Ишонаман. Умуман, буни менга доктор аллақачон айтган.
— Доктор?!

— Ҳовва. Яқинда кабзамда бир оғриқ сезиб докторга борсам, безовта бўлманг, кабзаларингизнинг остидан қанот ўсиб чиқаётир, сиз фаришга экансиз, дейди.
— Эээ… – хафсаласи пир бўлди Болжоннинг. — Докторга борибди, омонликмикан, деб дамимни ичимга ютиб ўтирсам…

Элмурод бутун гавдасини силқитиб кулди.

— Тўғрида, — деди у кўз ёшларини артиб. – Сенинг бу гапларингни эшитавериб спалнийга кирсам ойнага тез-тез қарайдиган бўлиб қолдим. Кабзаларим остидан қанот ўсиб чиқмаётибми, деб.

— Сиз билан жиддий гаплашиб ҳам бўлмайди.
— Йўқ, ҳозиргача ўсиб чиқмаяпти. Демак мен сен айтганчалик фаришта эмасман.

— Мен сизни фаришта дедимми? Яхши одамсиз, дедим холос. Сиз бўлса осмондан келасиз.
— Мен эмас, сен осмондан келасан. Сенинг гапларингни эшитиб осмондан қачон тушган эканман , деб ҳам ўйлаб қоламан бир вақтлари.

Бироз жим кетишди.
— Аммо ҳазил – пазилларни бир четга қўйиб айтсам Сизни чиқонларим чинданам фаришта экан дейдилар. Айниқса анави воқеани айтиб беришимни қайта – қайта сўрайдилар…

— Ҳе, чиқонларингни ҳам айттирма! Улар сенинг ҳам, менинг ҳам устимдан ҳазз этиб кулсалар керак. Сен бўлса … фаришта дейсан.
— Дарров жонингиз ёнади-ей, тавба! Чиқонларим ҳавас қилади сизга!

— Ҳавас қилишлари мумкин, аммо ҳурмат қилмайдилар.
— У не деганингиз?

— Мана эшит, латифа.- Яна гапни ҳазилга бурди Элмурод. — Сизларга ўхшаган икки чиқон учрашиб қолибди. Биттаси эрини мақтаб, “Менинг эрим фаришта” деса, иккинчиси эса “уф” тортиб, “Менинг ҳам хўжайинимга икки қанот ўсиб чиқди”, дермиш.

— Эээ, боринг-ай!…

— Ўзи-ии, бўлмайдиган бола болалигидан маълум, деган гап бор, — деди Элмурод. – Уч- тўрт яшарлигимда отамга “Ота, ичимга қуёш кириб қолди”, деган эмишман. Отам “Ҳов, невчун ундай деётирсан, болам?” деса, “Ичим қизиб бораётир. Ҳам ҳамма ёқ оппоқ!” дебман. Шу – шу отам мени “Ичига қуёш қамалиб қолган болам!” деб эркалар эди.

— Отангиз тўғри айтган экан.
— Йўқ, у гапни мен айтганман!

Улар ҳазил мутойиба билан йўлда давом этишди. Улар институтдош, ҳаскасб эдилар. Болжон институтга Элмуроддан бир йил кейин кирган. Ҳамқишлоқ эмасларми Элмурод уни кўрибоқ қаноти остига олди. Синглисидай билиб. Неча йил ўқишган бўлса Элмурод Болжоннинг устидан бир қуш ҳам учирмади. Бу борадаги тиришқоқлиги Болжоннинг зарарига ҳам ишлаган. Иккинчими учинчи курсда пахтада юрган пайтлари Элмуродга кимдир Болжонга тегажоғлиқ қилаётибди, деб етказди. Элмурод айтилган ерга ўқдай учиб борди. Қараса ҳақиқатан ҳам бир йигит Болжоннинг йўлини тўсиб олган, тутқаторнинг тор сўқмоғидан ўтишга йўл бермай гапга солишга уринаяпти.

— Не гап?! – ҳезланди Элмурод нотаниш йигитга.
— Ҳеч гап. — Йигит довдираб қолди. Сўнг қизариб кетди. – Эртага пахтангни торозига қатнаб турсам бўлами, деб сўраётган эдим.
— Менга қара, — деди Элмурод. – Бу менинг синглим. Қайтиб сени шу ерларда кўрсам мендан хафа бўлма…

Икки йигит ўзаро муносабатларга ойдинлик киритаман, деганча Болжон аллақачон узоқларга кетиб бўлган эди.

У йигит Болжонни ортиқ безовта қилмади. Болжон эса бирдан камгап ва хаёлчан бўлиб қолганди ўшанда. Кейин билса Болжоннинг ўзи ўша йигитни ёқтирар экан. Элмурод қилган ишидан жуда хижолат бўлган. Орадан анча ўтиб ўша воқеа яна эсланди.

— Сенам қизиқсан, Болжон, бир оғиз туйдирсанг бўлар эди-ку.

Болжон шарақлаб кулди.

— Қайси сингил ўз оғасига мен фалончини ёқтираман, деб айта олади?
— Беҳазил айтаяпман. Мен ҳозиргача сенинг олдингда ўзимни айбдор ҳис қиламан. Балки ўша йигитга турмушга чиқсанг ҳаётинг ҳам бузилмас эдими…

— Бу тақдир Элмурод оға. Кейин ҳақиқатан ҳам мени ёқтирган бўлса қизнинг оғаси бир оғиз, “Бу на гап?” дегани билан отам тортгандай гум бўлиб кетмайди-ку.
— Ээ, барибир …

— Ўтган гапларни қўяверинг. Муаллиманинг мен тўғримда ёмон фикрда қолгани яхши бўлмади-да, — деди Болжон. – Боши очиқ аёлларга ҳамма, ҳатто хотин – қизларнинг ўзлари ҳам, бошқача қарайди.

— Эътибор бериш керак эмас тамом вассалом!
— Айтишга осон. Аммо эркаги йўқ уй — томи тешик кулбага ўхшайди. Қор ҳам, дўл ҳам шунга уради. Эркаги йўқ аёл эшигининг қулфи бузилиб қолган ҳовлига менгзайди: ўғри ҳам, тўғри ҳам ундан бир мўралагиси келади.

Узоқ жим кетишди. Сўнг яна Болжон тилга кирди:
— Эркакка талпинмаган юрак – шўр очган тупроққа ўхшайди, деган эди бувим. Бу гапларни энди ёшим бир жойга бориб қолганда тушунгандай бўляпман.

— Менинг учун сен шу қадимга вақтдаги, қишлоқдан институтга киришга келган маъсума қизсан. Интитутнинг олдида кўзларингни жовдиратиб турганинг ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Мен учун сен жаннат мевасисан, Болжон.

— Ёмонми бу? – сўради жувон машина ойнасидан ташқарида шувиллаб ўтаётган дарахтларга тикилар экан. Машина азбаройи тез кетаётганидан дарахтлар бир – бирига чаплашиб кетаётгандай эди. – Ё яхшими?

— Ёмон… эмас. Яхши ҳам…
— Невчун?

— Ҳеч.

Болжон яна бир нарса демоқчи эди-ю, аммо индамади.

3.12.2016 йил

09.jpgU qiz qo‘shni edi. Bu gaplar ular o‘n uch – o‘n to‘rt yashar vaqtlarida bo‘lib o‘tgan. Ikki o‘rim sochini jamalak qilib orqasiga tashlab yurguvchi, ko‘rinishi, yurish turishi, bo‘y basti bilan tengqurlaridan hech ayirmasi yo‘q, hatto o‘g‘il bolalarnikiga o‘xshagan katta burni yuziga uncha yarashmagan bu qizni nega shunchalik yoqtirib qolganligini hozirgacha bilmaydi…

Shuhrat MATKARIM
HIKOYALAR
09

1488024343_sh-matkarim-kopiya.jpg Shuhrat Matkarim 1960 yilda Turkmanistonning Toshhovuz rayonida tug‘ilgan. 1985 yilda Xorazm Davlat pedagogika institutining filologiya fakultetini ingliz tili o‘qituvchisi ixtisosligi bo‘yicha tamomlagan. Ko‘p yillar O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi tizimida ishlagan. Hozir Xorazm viloyati hokimligida xizmat qiladi.
Hikoyalari “Yosh kuch”, “Yoshlik”, “Sharq yulduzi”, jurnallari, “O‘zAS”, “Turkiston” kabi gazetalarda, kollektiv to‘plamlarda chop etilgan. Ernest Hemengueyning qator hikoyalarini ingliz tilidan tarjima qilgan. Taniqli o‘zbek shoiri Matnazar Abdulhakim haqidagi “Ustoz haqida so‘z” xotira – essesi alohida risola shaklida nashr etilgan.

09

GAPIRISHGA QO‘RQADIGAN ODAM

Yo‘ldosh Eshmurodga

— Ne balo bu bolang gungmi? –Halfa kampir Poshsho momoning oldida o‘tirgan nevarasi, uch – to‘rt yoshlaridagi Darveshboyni hassasi bilan turtdi.

Darvesh to‘la to‘q, g‘o‘doloqqina bola, tayoq tegib og‘rigan yerini siypaladi. Oqib ketgan burnini tortdi. Enasining qo‘ltig‘iga ko‘proq singdi. Halfa kampirga aqalli ne ayb qilibman-ki meni turtasiz, deb qarab ham qo‘ymadi. Bu Halfa kampirga battar nash’a qildi.

– Peshindan beri shu yerda o‘tiribmiz, miq etib og‘iz ochmiydi! Tili zaboni bormi muning?

Poshsho momo bir oqtig‘iga, bir chiqoniga qaradi. Darveshning boshini mehr bilan siladi.
— Bor, — dedi Poshsho momo. Oqtig‘ining boshidan mehr bilan o‘pib qo‘ydi. – Dim aqlli bu. Buvasi bilan gaplashadi. Boshqa bilan gaplashmaydi. Ne men bilan, ne ota – onasi bilan. Kuni bo‘yi miq etmaydi. Bir narsa bersang yeydi. Bermasang o‘taradi qo‘yadi o‘ynab.

— Hay bola, gapla! – Xalfa momo Darveshni yana turtdi. – Tiling tomog‘inga ketganma?
— Qo‘rqaman…

Poshsho momoning yuragi “shuv” etdi. Nevarasining chakkalarini siladi.
— Nedan qo‘rqasan, jonim bolam?
Darvesh indamadi.

— Ha-a, bor ekan-ku tili! – Halfa momo qissasidan bir siqim unabi jiyda chiqardi. – Ma bolam, muni yesang jonli – jonli gapliydigan bo‘lasan!

Darvesh o‘sha vaqtda momo bergan chilon jiydani garchi ko‘p elanishlardan keyin olgan bo‘lsa ham, kampirlarning zo‘rlashlariga qaramasdan yemadi.
Xalfa momo “Oqtig‘ing men bergan jiydani yemadi, tilsiz qoldi”, deb o‘la – o‘lguncha chiqoniga ta’na qilib o‘tdi.

Haqiqatan ham Darvesh kamgap, odamovi bo‘lib o‘sdi. Bunda o‘sha qadim zamonda yeyilmagan jiydaning qanchalik zarari-yu foydasi borligi bizga qorong‘u. Ammo u bugun elligidan oshib oltmishiga yaqinlashib qolganida ham kamgap.

— Ey, gap so‘zga bir aralashib o‘tirsang-a! – deyishadi jo‘ra – yoronlari yig‘ilishib qolganida.

— Qo‘rqaman, — deydi Darvesh va boshini yerga solib o‘tiraveradi.
— Butun umr gaplashdan qo‘rqib o‘tding! – ta’na qiladi unga ba’zilar.

— He, to‘g‘ri qiladi, — deydi boshqa birovlari. – Gaplamasin bu! Bu gaplasa bir balo qo‘podi! Gapining chuki bor buning!

Haqiqatan ham Darvesh umr bo‘yi gapirishdan qo‘rqadi. Chunki, yuqorida ta’kidlanganiday, gapirsa, albatta, oxirida bir ishkal chiqadi. Gaplarini eshitganlar bu ne degani bo‘ldi ekan deb, yo besh — o‘n kun bosh qotirib yuradi, yo bo‘lmasa gapining o‘ta jo‘nligidan ustidan yetti yashar bola ham kuladi. Shuning uchun jonu jahonini sug‘urib oladigan zarurat bo‘lmasa Darvesh gapirmaydi. Qayerda, qay davrada bo‘lsa ham yerga qarab o‘tirgani o‘tirgan. Axir gapirsa bir balo topadi.

Mana yaqindagina bo‘lib o‘tgan bir voqea.

Navro‘z arafasida uning uyiga qishloq sho‘rosida ishlaydigan Soli sozchining uli Mamat hokimlikdan deb uzun bo‘yli, nihoyatda oriq bir yigitni egartirib keldi. Yigit oq kuylak, qora kostyum shimda edi. Galstuk ham taqib olgan. Ammo o‘ziniki qolib ukasinikini kiyib olganday kostyumi zo‘rg‘a kindigini yopar, yengi ham panja bo‘g‘inidan to‘rt barmoq yuqori, shimining bolog‘i to‘pig‘iga yetar-yetmas edi. Bu ko‘rinish Darveshni tong qoldirdi. “Nima bu masxarabozmi?”

Xullas, non-tuz, hol – ahvol so‘rashilganidan keyin haligi yigit gap boshladi.
— Endi-i, yoshulli bilasiz, yaqinda Navro‘z keladi-ii…

Yigitning ovozi nihoyatda do‘rildoq edi. Qiltiriq bo‘lgani uchun salobotli chiqsin, deb yigit guldurak gapiryaptimi yo o‘zi shunaqami Darvesh bilmadi. U esa gapida davom etdi.

— Shuning uchun biz hokimiyat,- u Mamatni iyak qoqib ko‘rsatdi, — mana mahalla vakillari bilan birga…
— Bilamiz bu kishini,- dedi Darvesh. – Soli sozchining uli… Mamat. Sho‘ra a’zomiz…

— E-ee… – bu gap negadir yigitga yoqmay tushdi. — Sho‘ro zamonining o‘tib ketgani qachcho-oon! Siz haliyam sho‘ro deb yuribsiz… Bular mahalla, hokimiyat vakili!

— Xo‘p, xo‘p, uzr! – dedi Darvesh bu qotma bilan aytishib o‘tirmay. Ammo o‘z fikrida qoldi. “Baribir sho‘ro a’zo-da!”
— Navro‘z juda qadimiy bayram, – gapida davom etdi qiltiriq. – Tushunchangiz bormi Navro‘z haqida o‘zi?

— Ensiklopedist Beruniyning yozishicha, qadimda Navro‘zni Xorazmda Navsarji deganlar. Bu eski xorazmiy tilida aynan “yangi yil kuni” degan ma’noni bildiradi…

Qiltiriq Darveshdan bunaqa gap kutmagan edi.

— Novvi ji?
— Navsarji. Buni Beruniy “Qadimgi xalqlardan qolgan yodgorliklar” degan kitobida yozib qoldirgan, – takrorladi Darvesh.

— Xo‘-o‘p, — dedi qiltiriq. – Bo‘lmasa gapni eshiting! Navro‘z, mehr – muhabbat bayrami. Shuning uchun yaqinlarning, qari – qartang, beva – bechoralarning holidan xabar olish kerak.

— Bechora, chorasiz degani, — dedi Darvesh. – Xo‘-o‘sh…
— Shuning uchun og‘zibirchilik qilib kim ko‘makka muhtoj bo‘lsa borib ko‘rish kerak…
— Kimnikida ko‘mak ekan? – gapga aralashdi choy keltirgan Darveshning xotini.

Qiltiriq unga chaqchayib qaradi.
— Xotin – xalaj degan o‘zini bilsa, gapga aralashmasa! – dedi qiltiriqning qarashini tushungan Mamat.

Darvesh Mamatga chaqchaydi.

— Xotin degan ham yomon jonivor emas, Seni tuqqan, meni tuqqan. Sut emizgan.
— Yaxshi bo‘lsa ularga xotin deb qo‘ymas edi, — bilganidan qolmadi Mamat.

— Xotin so‘g‘d tilida malika degani bo‘ladi , — dedi Darvesh. – Endi xalajga kelsak, xalaj qabilasining ayollari nihoyatda chiroyli bo‘lgani uchun o‘tganlarimiz ayollarimizni “xalaj xotin” ya’ni go‘zal malika deb ulug‘lashgan.

— E xotin degani baribir qo‘yday yuvvosh bo‘lishi kerak, — dedi Qiltiriq.

— Qo‘y degani ham yomon gap emas, — o‘rligi tutdi Darveshni. – Qo‘y degani turkiy qo‘yin degan so‘zdan. Ya’ni qo‘ynimdagi, o‘zimniki, qadrdonim degani. Bekorga Eronda qo‘yni go‘sfand – “muqaddas mol” demaydi. Shuning uchun xotin qo‘y bo‘lsa ham yomon emas. Muqaddas narsa ekan.

Qiltiriq tomoq qirib bir – ikki yagini cho‘zdi-yu, ammo biror so‘z ayta olmadi. Hamrohini turtdi.

— A?! – cho‘chib tushdi Soli sozchining uli.
— Ayting! – dedi qiltiriq.

— Bo‘lmasa gap mundayyy, — og‘zi burnini kaftining orqasi bilan artdi “sho‘ra a’zo”. – Shuu, Navro‘zni o‘tkazish uchun odamlardan pul yig‘nab yuribmiz. Mana hokimiyatdan kelgan odamning gaplarini eshitdingiz. Shunga qo‘lingizdan kelgunicha…

Darvesh bir Soli sozchining uliga, bir qiltiriqqa qaradi.

— Tushunmadim, — dedi keyin.
— Nesini tushunmaysiz?! – Mamat ovozini bir parda balandlatdi.- Navro‘z o‘tkazish uchun besh – olti tanga pul bering!

Darvesh yerga boqib bir zum jim qoldi. Keyin boshini ko‘tarib “sho‘ro a’zo”ga qaradi.
— Men hali shu vaqtgacha hokimiyat bizga yordam beradi-ii, deb yursam… hokimiyat bizdan ko‘mak so‘rab keldimi?

O‘rtaga noqulay jimlik cho‘kdi. Qiltiriq Mamatga, Mamat qiltiriqqa qaradi. Darvesh javob kutardi.
— Turing! – dedi bir payt qiltiriq.- Ketdik bu yerdan!

Ikkolovi xonadan uzun-qisqa bo‘lib ko‘chaga chiqishdi.

— Ishton biti ekan-ku bu?! – fig‘oni falakka chiqdi qiltiriqning. – Har gapga yopishib yotibdi.

— Devona! – dedi Mamat. – Dali! Shuning uchun hech qayerda ishlatmay ketiga tepib qo‘yibdilar! Hech qachon el bo‘lmagan bu bizga!

Darvesh esa hamon o‘tirgan joyida edi.
— Ne gap? – so‘radi xonaga kirib kelgan xotini. – Mehmonlar sal noroziga o‘xshab chiqib ketdilar.

Darvesh egnini qisdi.

Ne gapligi ertasi kuni ma’lum bo‘ldi. Avvaliga Darveshni uchastkavoy so‘roqlab keldi. Indamay – netmay to‘g‘ri bog‘ tomonga o‘tdi. Molxonadagi yirik – mayda tuyoqning barini erinmay ko‘zdan kechirdi. Tovuqxonaga ham bosh suqdi. Tovuqlar hurkib qoqqoqlashib u yoqdan bu yoqqa, bu yoqdan u yoqqa uchishdi. Badbo‘y chang ko‘tarildi. Biroq milisa bola bunga parvo qilmadi. Qorong‘i qorong‘i burchaklarga o‘tib loy devorning katta – kichik tirqishlarining hammasini birin-birin qo‘l fanori bilan yoritdi. Tomorqaga ekilgan ekin chellarini qistanmay eladi. Ayniqsa, piyoz, sarimsoq, gul ekilgan kulchalar qarichma – qarich ko‘zdan kechirdi.

Darvesh uning yoniga ham bormadi, ne gap, deb ham so‘ramadi. U ham hech gap aytmadi. Otizdan chiqib ust-boshini hafsala bilan qoqdi-da qanday kirib kelgan bo‘lsa shunday gap — so‘zsiz chiqib ketdi.

— Xotin bir choy qo‘y, — dedi Darvesh. Keyin uzumzor o‘rtasiga o‘rnatilgan so‘riga chiqib o‘tirdi.

Xotini dasturxon ko‘tarib keldi.

— Bu-uu bizlarning uzumlarni ko‘rmadi,- dedi Darvesh xotiniga. – Qara, ranggi ko‘zni oladi. Hali shu vaqtgacha bu yilgiday uzum qila olmagan edik. Kilosini uch mingdan olamiz, deb turibdi. Bu zang‘ar bo‘lsa uzumga bir qayrilib ham qaramadi.

— Bu bolaning boshqa dardi borga o‘xshaydi, — dedi xotini dasturxon yozar ekan erini xushyorroq bo‘lishga chaqirib.

— Hay, ne dardi bo‘lsa ham shunday uzumlarga bir qarashi kerak edi, — dedi Darvesh.- Bu xudoning ne’mati-ku axir.

Xotini Mamatga “gapimni uqmadingiz”, degan ma’noda ko‘z tashladi, ammo indamay nari ketdi.

Darvesh katga cho‘zilib osmonga qaradi. Tubsiz osmon. Ko‘m-ko‘k. Momiy. Zangori.
— Ha – a, mana yotibdi-ku ming qo‘yli boyday cho‘zilib…

Darvesh boshini ko‘tarib tepasida qo‘shnisi Bolta hovliqma bilan Yaxshim jingilani ko‘rdi.

— Keling, Boltaboy ota! – o‘rnidan qo‘zg‘aldi Darvesh. – Qani bu yoqqa, to‘rga o‘ting!
— Ha ha, o‘ting to‘rga,- Darveshni qo‘lladi Yaxshim.

— Seni otang bi-ir ulamo odam edi, — soqolini siypalab gurung boshladi Bolta ota. – Elga yurtga aql berar edi.
— Havvo, havvo, — uning gapini qo‘lladi Yaxshim. – Shunday edi!

— Sen bola bilmadim, kimga o‘xshading! – gapida davom etdi Boltaboy ota.
— Havvo, kimga o‘xshading! – gapga suqulishdi yana Yaxshim.

— Ne gap edi? – uzoqlarga tikilayotganday ko‘zini qisib ularga tikildi Darvesh.
— Havvo, havvo tushuntiring! – endi Yaxshim Darvesh tomonga o‘tdi.

— Nesini tushuntiraman! – asabiylashdi Boltaboy ota Yaxshimning kerak nokerak joyda gapga aralashaverganidan asabi o‘ynab. – Ne gapligini o‘zi yaxshi biladi!
— Havvo biladi, — dedi endi Yaxshim.

— Bilmayman, — dedi bosiqliq bilan Darvesh. – Boyagina anavu pitta milisa, pitta xuligan bola kelib qo‘ltig‘imizning tagigacha qarab ketdi. Ne qidirdi, topdimi, topmadimi bilmadik. Endi Sizlar kelib… ne gap o‘zi?

— Hov bola! Otang yaxshi odam edi…
— Buni bilaman, — dedi Darvesh.

— Shuni bilsang otangning yuzini yerga qaratma!
— Havvo, havvo qaratma!

— Me-yen, — dedi cho‘zib Darvesh, -otamning yuzini hech qachon yerga qaratmaganman. Qaytish bo‘lganida ham, men sendan mingdan ming roziman, degan.

— Havvo, havvo shunday degan lekin. Men ham eshitganman.
— Bilmagan-da otasi bechora muning oltmishga chiqqanida aynib qolishini! – qizishdi Boltaboy ota.

— Tuvri, tuvri, bilmagan! – qistanib gap qistirdi Yaxshim bir gapdan qolsa uni bu yerdan haydab yuboradiganlarday.
— Ammo lekigi-in odam ekansan-da! – jerkdi uni Boltaboy ota. – Bir gapdan qolda senam!

— Eee! – qo‘lini ikki tomonga yoydi Yaxshim. – Bo‘ldi endi aralashmayman.

Darvesh bu “tashrif”larning ma’nosini tushuntirib berishlarni kutib Boltaboy otaga tikilib o‘tirardi.
— Soli sozchining uli keldimi hokimiyatdagi odam bilan?

Darvesh boshini irg‘ab qo‘ydi. “Keldi”.

— U bola paqirni shahardagi yoshullilari ish – pishini tashlatib bu yoqqa pul yig‘nab kelishga yuboribdilar. Navro‘zda hamma beva – bechoralarning holidan xabar olinsin, deb. Har kim qo‘lidan kelganini berib turibdi. Sen bo‘lsa u bolaga haqorat beribsan!

— Tuvri! – jim o‘tirolmadi Yaxshim.

Boltaboy ota unga o‘qrayib qaradi. Biroq so‘z demadi.
— Ana Pinni ko‘rning uli Boqqi faloncha so‘m berdi. Yana bir xalta burunch ham va’da etibdi. Obedda uyida bularga ziyofat ham tashkil etibdi. Ana muni ota bolasi, desa bo‘ladi.
— Pinni ko‘rning topgani yetti pushtina yetadi. Boqqi bolasi ham yurgan bir moshennik. Necha odamni kuydirib qo‘yibdi. Ziyoqat berguncha qarzini bersin.

— Bu sening ishing emas, — Biroz bo‘shashdi Bolta ota. – Qarzi bo‘lsa o‘zi javobini beradi. Sen… sadaqa xisobida bo‘lsa ham berishing kerak edi. Sadaqa raddi balo, deganlar.
— Sadaqani yaqinlaringdan boshla-a, degan hadis bor,- dedi Darvesh. – Yaqinlarimdan ortadigan pulim yo‘q. Keyin shu bola menga unchalik yoqmadi.

— Ammo odam ekansan, lekin! – Boltaboy ota yana birdan qizdi, shitob bilan o‘rnidan turdi.- Yoqdi, yoqmadi! Ne senga yoqaman deb qoshini terib, labini bo‘yab kelsinmi?
— Havvo, erkak odam labini bo‘yaydimi? – Boltaboy otaning gapini ma’qulladi Yaxshim ham shosha – pisha kovushini kiyar ekan.- Ammo lekin odam ekansiz!

Boltaboy ota Yaxshimning biqiniga nuqdi:
— To‘tiqushday qaytalayverma bir gapni!

— Nevchun kelibdilar? – Halima erining oldidagi dasturxon – sochoqni yig‘ishtirar ekan hayron bo‘ldi. — Ne xudoy urdi bularni bugun?

Ammo keyingi voqealar rivojidan Darvishni urganga o‘xshab turardi.

— Ustingdan ariza tushibdi, — dedi kechqurun kelgan sho‘ro buva.
— Ariza? – hayron bo‘ldi Darvesh. – Ustimdan ariza tushib men ne kolxozning raisi yo hokimmanmi?

— Ulardan ham battarsan! – dedi sho‘ro buva. – Bolang ikki yildan beri elda yo‘q. Ne yerda yuribdi?
— Ibi, bilmaysizmi ne yerda yurganini?
— Bilmayman!

— Sizzi bola bilan chet elda yuribdi-ku ishlab.
— Men sendan bolangni so‘rayotirman.

— Qiziqmisiz sho‘ro buva? Axir o‘zingiz kelib elanib o‘tirdingiz-ku, bizzi bolalarni ham olib ketsin bolang deb ikki yil burun. Shundan beri kelmadi.

— Keldi, ana yuribdi qorovul bo‘lib ishlab. Bolang kimlar bilan yuribdi u yoqda?
— Men qaydan bilaman kimlar bilan yurganini.

— Bilmaysanmi?
— Bilmayman.

— Bilmasang, bolang u yoqda anavilarga qo‘shilib ketibdi!
— Yo tavba! – dedi Darvesh. – O‘zing saqla!

— Jo‘gichilik etma! O‘zing ham bu gaplardan xabardorga o‘xshaysan.
— Qaysi gaplardan?

— Anavi… qadimgi zamonlarni qaytaramiz, degan gaplardan.

Darvesh sho‘ro buvaga hayron bo‘lib tikilib qoldi. “Bu odamni birov almashtirib qo‘yganmi?”
— Ana gaplay olmay ham qolding. Hokimiyatdan kelganlarga ham eski zamonlarni gaplabsan…

Darvesh hozir qarshisidagi odamga hozir gap uqtirib bo‘lmasligini angladi. “Topshiriq olgan, shuni bajarishi kerak,” o‘yladi Darvesh. “Yo anavi bola dim katta odammikan?”
— U bechora senga yuragidan chiqarib shuncha gap aytgan. Yurakdan chiqarib aytilgan gapni esa qabul qilish kerak, undan bir xulosa chiqarish kerak.

— Agar yurak pok bo‘lsa… – dedi Darvesh. – Agar nopok bo‘lsa undan xudo saqlasin.

— Sendan xudo saqlasin, — dedi sho‘ro buva.– Bolangdan xudo saqlasin!
— Jonini saqlayman, deb iymonini sotadiganlardan xudo saqlasin!

Uch kundan keyin sho‘ro buva yana keldi. Bolta buva ham, Yaxshim ham, pitta xuligan, pitta milisa bola ham keldi. Hammasi birga keldi. Ular bilan birga baland bo‘yli, polvonkelbat bir yigit ham bor edi. Mo‘ylabi o‘ziga yarashib turibdi.

Darvesh uzum uzib yurgan edi.
— E-ee, kelinglar! – dedi Darvesh. Hosilni yig‘ayotgan, vaqti xush edi. So‘ng qo‘lidagi bir so‘lqim uzumni ko‘z-ko‘zladi. – Muni qarang, ranggi ko‘zing olin deydi.

Keyin sho‘ra buvaga qarab gap boshladi:
— Men bola bilan gaplashdim. Oydiy ishlab yurgan ekan. Ishonmagan edim zavodining direktori bilan ham gaplashtirdi. Rahmat, dedi u. Shunday mehnatkash, oq ko‘ngil, toza bolani tarbiyalaganingiz uchun, dedi, — Darvesh kelganlarga bir – bir qarab chiqdi. — Hech kimga qo‘shilmabdi bolam. Qayt desangiz, qaytaman deydi.

— Endi-i, Darveshboy, — cho‘zib gap boshladi sho‘ro buva. – Bizlar sennan kechirim so‘ramoqqa keldik…
Darvesh yig‘ilganlarga bir – bir qarab chiqdi.

— U bola bir apiris ekan. Hokimiyatdanman deb bir oydan beri qishloqma – qishloq pul yig‘ib yurgan ekan. Bizlarday… soddalarni topib. Rahmat senga… pul bermaganing uchun.

Kelganlarning hammasi qilgan ishlariga yarasha kechirim so‘rashdi. Faqat boyagi notanish polvon yigit hech narsa demadi. Ular ketgach juda charchaganini his qildi. So‘ridagi ko‘rpachaga cho‘zildi. Birdan bo‘shashdi. Ko‘zlariga yosh qalqdi negadir. Osmonga tikildi. “Tavba-aa! Osmon nega ko‘m – ko‘k ko‘rinar ekan-a”, o‘yladi u ko‘zlarini sidirib. “Axir havo rangsiz-ku! Ha-ha, to‘xta-aa. Axir osmon tubsiz, zimiston. Osmon tubsiz bo‘lgani uchun qop – qora. Ko‘zimiz ilg‘agan yerdagi bulutlar qavat – qavat, ularning soyasi rangsizlik bilan qo‘shilib, ko‘zimiz ilg‘agan joylarga moviy tus beradi. Hayot ham shunday-da. Oq bilan qoraning qorishig‘i. Ichiga kirmay chetdan qarasang moviy, zangor, ko‘m – ko‘k ko‘rinadi. Ammo ichiga kirsang…”

Darvesh endi mutlaqo gapirmaslikka ahd qildi.

15 – 28 oktyabr 2016 yil.

OG‘RIQ

Bugun ham naq yarim tunda o‘yg‘onib ketdi. Yana og‘riqdan. Bu og‘riq uni ko‘pdan bezovta qiladi. Ko‘rinmagan doktori, bormagan tabibi oz qoldi. Birovi u deydi, birovi bu. Ma’lum gap yo‘q. Uni esa bu og‘riq har kecha naq giribonidan oladi. Og‘riq uni shunday iskanjaga oladi-ki hatto nafas olishga ham qurbi yetmay qoladi. Bir zamonda ter bosib butun badani taranglashib qoladi. Tong qoladigan joyi og‘riq badanining bir joyida emas, ko‘chib yuradi. Bir kun ko‘krak qafasining chap tomonidan tutsa, ikkinchi kuni o‘nggida seziladi. Gohida qo‘l yoki oyoq suyaklari o‘n, yuz tonnalik press ostida qolib, charsillab sinayotganday tuyuladi. Keyingi kun kimdir kabzalarining ostiga bigiz tiqib ayovsiz tovlayotganday bo‘lsa, ba’zan bel og‘rigiga chidolmay o‘yg‘onadi. Eng yomoni bu og‘riq bir joydan boshlanib butun badaniga, tanasining har bir xujayrasigacha tomir otdi-da rohat — farog‘at deb atalmish jon so‘lini so‘lqillatib so‘ra boshlaydi. Bunday og‘riqqa chidashning hech iloji yo‘q. Tungi shog‘olday cho‘zib – cho‘zib uvlagan kezlari ham bo‘lgan.

Dard uyquda qattiq seziladi. Ko‘zlarini ochsa og‘riq asta– sekin chekinganday bo‘ladi. Ammo badanidan butunlay arimaydi. Badanining goh u, goh bu yerida och qo‘tir itday izg‘ib yuradi. Shu it duch kelgan joyini tishlaydi, duch kelgan michani titkilaydi. Og‘riq bilan murosayu madora qilish uchun ilojsiz o‘rnidan turadi, o‘tiradi, yuradi. Ming urinsada og‘riq bilan kelisha olmaydi. Qaysidir tanishi o‘rgatgan psixoterapevtik usullardan ham foydalanishga urinada. Ammo benaf. Noiloj to‘shakka cho‘ziladi. Uxlashga urinadi. U yoqqa ag‘anaydi, bu yoqqa ag‘anaydi. Ikki kiprikni bir yerga olib kelishning hech ilojini topmaydi.

Og‘riq badani, ruhini limmo-lim to‘ldirib qo‘ygan. Hayotida boshqa narsa hech qolmadi. U va shu dard. Bir – birining belidan olib turishibdi. Boshqa hamma quvonchu tashvish, muammoyu masalalar bir chetga surilgan. Og‘riq uning yolg‘iz xo‘jayiniga aylanishga urinadi. U esa baqadri hol qarshilik ko‘rsatishga urinadi.

Avval uning ham kunlarida quvonchga ham, tashvishga, hasrat va alamlarga ham joy bor edi. U yolg‘iz emas edi. Hamroh,hammaslak, hamfikrlari — quvonch, sevinch, totli damlarni yoniga olib g‘arimlari – tashvishlar, qayg‘u hasratlar bilan kurashar, ularni baxt ummoniga g‘arq qilishga urinar, ko‘p hollarda buning uhdasidan ham chiqar edi. O‘sha paytlari ham bu og‘riqning borligi ayon edi. Ammo u nihoyatda kichik, jimjiloqdekkina, balki undan ham maydaroq edi. Shuning uchun unga e’tibor bermagan. Og‘riqning o‘zi ham izzatalab emasdi-da u vaqtlar. Shuning uchun u og‘riqni goh sezar, goh sezmas edi. Biroq vaqt o‘tib u kuchdan qola boshladimi yoki u kurashgan g‘animlari kuchga to‘ldimi bora bora ruhi, badanidagi og‘riq kattayib e’tibor talab bo‘lib qoldi. Avvaliga qamg‘oqday yengil va salgina harakat bilan daf bo‘ladigan og‘riq endi uning hayotida o‘z o‘rniga da’vo qila boshladi. Kunlar o‘tgan sayin dard dumalangan qorto‘pday ulkanlashib salmoq ham, ko‘rinish ham kasb etdi. Endi u shuncha-ki, yo‘l yo‘lakay mahv etish qiyin bo‘lgan voqelikka aylandi.

Bugun u tani va ruhini tobora to‘ldirayotgan og‘riq, ichki dard qanday qilib yengilmas devga aylanganini aniqlashga urinadi. Qachon boshlandi o‘zi dardning ustunligi, qachon quvonchu sevinchlari g‘amga taslim bo‘la boshladi? Nahot ko‘pi ketib ozi qolgan umrining qolgani shunday, dard ostida kechsa? Yo quvonchu sevinchlar uni ikki qo‘ltig‘idan ushlab ko‘k toqiga qarab uchadigan paytlar yana kelarmikan?

Endi unga kim yoki nima dalda, suyanch va kuch qudrat manbai bo‘la oladi? Hayotida yana katta quvonch, g‘alabalar bo‘larmikan?

U keyingi kunlarda umridagi eng toza tuyg‘u– birinchi muhabbatini tez- tez eslaydigan bo‘lib qolgan. Hayoti sob bo‘layapti-ku, bolaligida qo‘shni qizga nisbatan his qilgan birinchi muhabbatiday toza tuyg‘uni boshqa hech qachon his qilmaganiga o‘ksinadi. O‘spirinlik kunlari bo‘ldi, yigit yetdi, biroq o‘shanday toza tuyg‘u qaytib unga nasib qilmadi. Bundan juda azob tortdi . Ayni sevadigan, seviladigan paytlari o‘zining hissiy to‘mtoqligidan juda tashvishga tushgan. U atrofiga qarab o‘ttiz yoshda, qirq yoshda ba’zan hatto ellikka kirganlar ham kimnidir yoqtirib, kimgadir oshiq bo‘lib yurganlarini ko‘rib hayratlangan, havas qilgan, ba’zan hasad ham qilgan.

Iztirob chekkan damlari u odaticha birinchi muhabbatning olovli tilini his qilgan bolaligiga qaytadi. Bu uning hovurini biroz susaytiradi. “Men ham odam, hissiz eshak emas ekanman-ku”, deydi o‘ziga o‘zi.

U qiz qo‘shni edi. Bu gaplar ular o‘n uch – o‘n to‘rt yashar vaqtlarida bo‘lib o‘tgan. Ikki o‘rim sochini jamalak qilib orqasiga tashlab yurguvchi, ko‘rinishi, yurish turishi, bo‘y basti bilan tengqurlaridan hech ayirmasi yo‘q, hatto o‘g‘il bolalarnikiga o‘xshagan katta burni yuziga uncha yarashmagan bu qizni nega shunchalik yoqtirib qolganligini hozirgacha bilmaydi. Balki yaqin atrofdagi xonadonlarda tengdush qiz bola yo‘qligi, ko‘chaga chiqqanida ham, kirganida ham ko‘zi o‘sha qizga tushaverganidan shunday bo‘lgandir ehtimol.

Bugun OG‘RIQ uning borlig‘ini qanday to‘ldirib turgan bo‘lsa u vaqtlarda qizni ko‘rish istagi uning jonu jahonini shunday egallab olgan edi. Bola qalbi nega bunday bo‘layotganligini tushunmas, bu tuyg‘u nimaligini ham, aniq qiymatini ham bilmas, bilgani har kuni, har soat, har soniyada qizni beadad, yeru osmonga sig‘may sog‘inishi edi. Qizni ko‘rsa sevinar, ko‘zdan yitdi deguncha yana sog‘inib qolar edi. Buni qiz ham sezar edi, shekilli. Bo‘lmasa uni uzoqdan ko‘rsa qadamini sekinlatmas, “Salom!” desa astagina alik olmas edi. Maktabga ketishda yoki kelishda uchrashib qolishsa bir necha o‘n qadam birga odimlashlari mumkin edi. Undan ortiq emas. Hech qachon maktabgacha yoki maktabdan uyigacha birga kelishmagan. U paytlari bo‘y yetib qolayozgan o‘g‘il qizning yetaklashib yurishini tasavvur ham etib bo‘lmas edi. Ammo birga tashlangan o‘sha bir necha qadam ham uni samolarga olib chiqar edi. Biroq qiz unga nisbatan hech qanday tuyg‘uni his qilmagan ko‘rinadi. Bo‘lmasa uning bolaligi, yoshligini, hayotini ostin – ustun qilib yuborgan o‘sha voqea sodir bo‘lmagan bo‘lar edi.

Oltimi, yettinchi sinfda o‘qib yurgan kezlarida bir kuni qiz uning uyiga kirib kelgan. Tavba, o‘shanda uyida hech kim bo‘lmagan edimi? Yo qo‘shni qizni o‘z uyida ko‘rib haddan oshiq hayajonlanganidan , uyda kimdir borligini butunlay unutganmikan? Hozir aniq esida yo‘q.

“Endi men sen bilan yurmayman!” degan qiz o‘shanda. U hayratdan qotib qolgan. U qo‘shni qiz bilan “yurishini” shundagina bilgan. Hozir o‘ylab qarasa ko‘chada ko‘rishib qolishsa “Salom

— Salom”, “Bugun sizlarda falon dars bormi? Bizda bor yoki yo‘q”, deyish ularning “yurishi” ekan. Ikki toza yurakning bir – birlari bilan shu muloqoti ham favqulodda yaqinlikdan darak ekan-da o‘sha paytlari!

“Ne uchun?” hayratdan qotib qolgan u. “Sen sinfingdagi falonchi bilan gaplashar ekansan!” “Yolg‘on!” degan butun vujudi his – hayajondan titrab. “Buni men o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim-ku!” degan qiz. “Qachon?” “Paxtadan qaytayotganda, moshinda!”

O‘sha kunlar paxta terimi mavsumi edi. Ular rayon markazi — posyolkada turishardi. Maktab o‘quvchilari 5 – sinfdan boshlab o‘quvdan ozod qilinib, terimga jalb qilinardi. Ularning maktabi tuman markazini o‘rab olgan “Kommunizm” kolxoziga chiqar edi. Har sinfga kolxoz bir yuk mashinasi ajratar, o‘sha mashina ertalab o‘quvchi – terimchilarni paxtaga maktab oldidagi maydondan olib ketar, kechqurun yana shu yerga olib kelib qo‘yardi. Ularning “B” sinfi ham, qiz o‘qiydigan “G” sinfi ham Sobir bodroq degan kishining brigadasida paxta terishardi. Ular bodroq degan so‘zning ma’nosini bilishmas, shuning uchun brigadir ularga butunlay boshqa olamning odamiday tuyular edi. Chunki Sobir bodroq ular kabi maktab o‘quvchilarini emas, hatto katta — katta opalar, holalar, ammalar, doyilar, og‘alarni ham tergar, birovlarini maqtab, boshqalarini kora yer qilar edi. Faqat kattalar kichiklarni tergashlariga o‘rganib qolgan bolalar uchun bu g‘ayrioddiy hol edi.

O‘quvchilar orasida ham terim masalasida tartib qattiq edi. Norma bajarilishi shart. Bajarmaganlarning qulog‘i ortida shavla qaynatiladi. Ularning sinf rahbari baland bo‘yli, qoshlari o‘siq, cho‘ziq yuzli, arablarga o‘xshagan qirraburun o‘zini “Cho‘lda o‘sadi saksavul sozoq, Geografiya o‘qituvchisi Seytaqov Qozoq”, deb tanishtirishni xush ko‘radigan quvnoq kishi edi. Ammo norma so‘rashga kelganda qahrli, qattiqqo‘l muallimga aylanib qolardi. Bolalar tergan paxtalarini kechqurun tarozudan o‘tkazgach normani bajarganlar mashinaga chiqib boshqalarning kelishini kutar, bajarmaganlar esa bir chekkada turib muallimning “quloq tovlashi”ga navbat turar edi.

U o‘rtacha terimchi edi. Odatda normani ko‘pchilik qatori uddadab eski “Gaz-51” avtomashinasi bortida boshqalarni kutar edi. Kuzak kuni tez botib qorong‘u tusha boshlardi. Namchil havosida hazon, xom paxta va pishmagan ko‘rak isi kezinar edi. Kuni bilan ming, million martalab g‘o‘za chanoqlariga egilib turgan bolalarning qorinlari piyozning po‘sti bo‘lib ketgan bo‘lardi bunday chog‘da. Issiqqina o‘choq boshi, toza suzilgan ovqatning bodiyalardan ko‘tarilib turgan hovuri hammaning ko‘z oldidan o‘tib turgan paytda ba’zi tejamkor bolalar fartuklarida “obeddan” ortgan qattiq – quroq nonni kemira boshlar edi. Shunda qolgan bolalar unga qo‘llarini uzatib, “Xlli day! Xlli day!” deb yalinishar edi. Noni borlar so‘rovchilarga himmat ko‘rsatib nonlaridan berishar, ular birgalikda dunyodagi eng lazzatli taom — qotgan nonlarni mazza qilib yeyishar edi.

Ana shunday kunlarning birida avval hech bo‘lmagan voqea, tushlikdan unda ham bir burda non ortib qolgan edi. U endi qattiq nonni qarsillatib tishlashga tushganida sinfdosh qizlaridan biri qo‘l cho‘zib qoldi: “Xlli day!” Qiz bolaning, tag‘in sinfidagi a’lochi qizlardan birining qo‘l uzatib turganligidan u o‘shanda cheksiz g‘urur tuygan va nonining hammasini unga berib yuborgan. Yonma yon turgan ikkinchi yuk mashinasida o‘tirgan qo‘shni qiz buni ko‘rib qolgan va buni o‘ziga nisbatan xiyonat deb bilgan. Qo‘shni qizning unga nisbatan qo‘zigan g‘azabi shu darajada ekan-ki, noroziligini naq uning uyiga kelib izhor qilgan va u o‘ziga kelib ulgurib ulgarmay ortiga qaytib ketgan.

— Endi men sen bilan yurmayman!

O‘shanda uning ko‘z oldi qorong‘ulashib, o‘zini vaznsizliq holatida tushib qolganday his qilgan. Qo‘shni qizga bo‘lgan tuyg‘u uning qalbi, ruhiyatini shu qadar to‘ldirgan ekan-ki , bu gapdan keyin olam huvillab qolganday edi.

Dovdirashi shu kuni ham, ertasi ham, bir hafta, bir oydan keyin ham o‘tmadi. Qo‘shni qiz oldiga borishga, “xiyonat”ining sababini tushuntirib berishga yuragi dov bermadi. Axir bola edi o‘shanda. Jur’atsizligi sabab yo‘qotayotgani hayotidagi eng aziz narsasi ekanligini u hali anglab yetmagan edi. Uni saqlab qolish uchun nafaqat yoqtirgan kishi bilan gaplashish, munosabatlarga oydinlik kiritish, anglashmovchiliklarni bartaraf etish balki kurashish, kerak bo‘lsa jon olib jon berish kerakligini bola qaydan bilsin! Ammo u qo‘shni qizga bo‘lgan toza tuyg‘usidan voz kechmadi. Kecholmasdi ham. Chunki kechish yoki kechmaslik uning ixtiyorida emas edi.

Bu gaplarga aqli yetganida allaqachon kech bo‘lib ulgurgan edi. O‘sha vaqtlari esa u qo‘shni qizni avvalgidan ham battar ko‘rgisi kelar, uzoqdan bo‘lsa ham ko‘zi tushsa xayajonlanib ketar, maktabda, qo‘ni – qo‘shnilarnikida bo‘ladigan to‘yu marosimlarda ham nigohi bilan faqat uni axtargani – axtargan edi. Ko‘rsa shu kundagi murodi hosil bo‘lardi. Unga boshqa narsa kerak emas edi. Gaplashish yo‘q, hol – ahvol so‘rashish yo‘q. Uzoqdan ko‘rsa ham bo‘ldi edi. Aslini olganda qo‘shni qizning “Endi men sen bilan yurmayman!” deganida his qilgan og‘rig‘i umrida sezgan birinchi og‘rig‘i, birinchi dil azobi edi. Ammo u og‘riq shunchalik totli, shunchalik jonbaxsh edi-ki, hozir o‘sha og‘riqni yana bir bor his qilishi uchun ko‘p narsadan kechishga tayyor.

Katta shaharga ketib o‘qidi, medinstitut studenti bo‘ldi. Bu o‘quv dargohi qizlar dengizi, lobarlar okeani edi. Xushro‘y-badro‘y, muloyim – chars, oriq – semiz, uzun – qalta , xullas me’da qandayini tusasa shundayini topish mumkin edi. Ammo shunday sharoitda ham qo‘shni qiz unga ato etgan tuyg‘uni takrorlatish qudrati bo‘lgan dilbarni uchratmadi.

Institutni bitkazib shaharda ishda qoldi. Elbirlarining gaplaridan u qizning unga tanish bo‘lgan yigit bilan don olishib yurganini eshitdi. Ammo to‘ylar xabari kelmadi. U esa uylandi. Bola – chaqali bo‘ldi. Keyin qo‘shni qizning qari qiz bo‘lib o‘tirib qolgani, so‘ng xotini o‘lgan birovga ikkimi, uchmi bolaning ustiga turmushga chiqqanidan xabar topdi. Uning yuragida to‘mtoq bir og‘riq turdi. Yoqimsiz og‘riq edi u. Suvdan olib tashlangan ilonbaliqday hamma yog‘i shilimshiq, big‘ir –big‘iri ko‘rgan odamni irgantiradigan hosiyatsiz og‘riq edi u. Negadir qo‘shni qizni o‘sha bolalik paytidagi qizaloq emas, kuni uchun birovning yetim qolgan bolalarini boqishga majbur bo‘lgan bir qari kampir sifatida tasavvur etdi. Bu umrida his qilgan ikkinchi katta og‘riq edi. Ko‘p vaqtgacha shu ikki og‘riq bilan yurdi.

Ammo hayot ekan turli vaziyatlar bilan bog‘liq katta – kichik, sezilar – sezilmas og‘riqlarni keyin “ko‘p va xo‘p” tuydi. Ularning birlari shu kuni, shu ondayoq o‘tib ketar, boshqalari bir, ikki, uch, besh, o‘n kun ba’zan oylab va yillab ham o‘tmas edi. Biroq har bir yangi og‘riq xuddi dard ustiga chiqqan chipqondek chunonam azob berar, faqat navbatdagi dardgina avvalgisining zahmini biroz pasaytirar edi.

Yaqinda yana bir og‘riq tuydi. U ishlaydigan ilmiy muasasaga markazdan vakil — komissiya keldi.

Bir vakildan endigini qutilishgan edi. Izi sovumay navbatdagisi paydo bo‘ldi. “Sho‘rvangni qo‘yultirmaydi bular!” dedi birov. “Sho‘ringga sho‘rva to‘kadi bular!” dedi ikkinchisi. Keyin mingginchi, ehtimol millioninchi marta “Yozning hazini pashsha bilan vakil buzadi”, degan dono gapni aytgan insonga tasannolar aytib, yangi vakil, komissiyani kutib olishga hozirlana boshlashdi.

Kun o‘tib uni direktor huzuriga chorladi:
— Xo‘shsh, — dedi boshliq. – Anavi bolaning bo‘limiga komissiya keldi. Xabaringiz bo‘lsa kerak. A? Juda yaxshi. Shu… obedda birga bo‘ling. Bolaga ishonib bo‘lmaydi. Moshiningizda chiqing. Keyin rayonga, uyiga tashlab qo‘yish kerak.– Direktor uning yelkasiga qoqdi. Xuddi yosh bolalarni erkalaganday. – Tushunarlimi? Bo‘pti, marsh!

Direktorning bunday muomalasidan yuragi bir sanchib ketdi. Yaqin – yaqinlargacha direktor bilan munosabatlari yaxshi edi. Boshliq uni boshqalardan ko‘ra ko‘proq o‘ziga yaqin oladiganday tuyular edi unga. Hatto ba’zan sirlashganday ham bo‘lar edi. Ammo uning sinfdoshimi, maktabdoshimi, qishloqdoshimi katta lavozimga o‘tirdi-yu bir kunda hammasi o‘zgardi qoldi. Endi direktorning burniga siriq yetmay qoldi. U toltonglab yuradigan odat chiqardi. Atay. Xuddi yumurtasi g‘o‘rra bo‘lganday. “Tavba”, hayron bo‘lardi u. “Odam ham shunchalik tez o‘zgaradimi?”

Direktor ishxonasidagilar uchun ham xudo, ham payg‘ambarga aylandi. Shuning uchun boshqalar kabi u ham direktorning bu va bundan battarroq xurmacha qiliqlarini ko‘tarishga majbur. Nolish, shikoyatbozlik o‘rinsiz.

Shularni xayolidan o‘tkazib vakil bilan ko‘chaga chiqdi. Bo‘lim mudiri hamroh bo‘ldi. Mudir yosh bo‘lsa ham tirishqoq, katta kichik bilan qanday gaplashishni biladigan suxanak yigit edi. Vakilga hamrohlik, birga tushlik qilish, aytgan manziliga yetkazib qo‘yish uning uchun bir “puf” deganday gap edi.

Ammo direktor uni o‘z o‘rniga da’vogar deb yoqtirmasdi. Albatta, tanishi katta lavozimda o‘tirar ekan bundan xavflanmasa ham bo‘lar edi. Biroq dahri dunda nimalar bo‘lmaydi. Shuning uchun direktor uni tinmay g‘arq qilishga urinar edi. Unga “bola” deyishi, ustidan doim nazoratga kishi qo‘yishi, albatta mudirni kamsitish uchun direktor o‘ylab topgan o‘yin edi.

“Odam ham shunchalik johil, takabbur bo‘ladimi?” jig‘i biyron bo‘ldi u mashinaga o‘tirar ekan. “Takabburliging bir kun boshingga yetar”.

Xorazmshoh Alovuddin Muhammadning Chingiz elchilari bilan bo‘lgan uchrashuvdagi johilligi va takabburligi nafaqat uni, balki o‘z davrining eng qudratli musulmon davlatini ham xona vayron etganligini esladi.

“Ko‘p o‘tmay Chingizxonning Mahmud al — Xorazmiy boshchiligida Ali Xo‘ja al – Buxoroy, Yusuf Ko‘nka al-O‘troriylardan iborat elchilari Xorazmga keldi. Ular qimmatbaho metal qo‘ymalar, morj tishi, muskus to‘ldirilgan xaltalar, yoqut, har birining qiymati dinar 50 yoki undan ham qimmatroq bo‘lgan oq tuya yungidan bo‘lgan qimmatbaho kiyimlarni Chingizxondan xorazmshohga sovg‘a sifatida olib keldilar. Shuningdek, elchilar mo‘g‘il podshohidan “Xorazmshoh bilan tinchlik, do‘stlik va yaxshi qo‘shnichilik” munosabatlarini o‘rnatish haqida ham topshiriq olgan edilar. Xorazmshohga shaxsan Chingizxon nomidan yo‘llangan noma ham topshirildi. Unda shunday so‘zlar bor edi: “Sening ishlaring qanchalik yaxshi ekanligi va hukming quvvatini oshirishda nimalarga erishganing menga ayon. Sening qo‘l ostingdagi hududlarning bepoyonligi va ochunning juda ko‘p mamlakatlari sening buyrug‘ingga itoat etishlarini bilib oldim. Sening bilan tinch – totuvlikda yashashni o‘zimning burchim deb bilaman. Sen menga eng qadrli o‘g‘lim kabisan. Mening Xitoyni va uning atrofidagi turklarning davlatlarini bosib olganim senga ham ayon va ularning qabilalari menga bo‘yinsundilar. Mening mamlakatimda boylik shunchalik ko‘p-ki, uni boshqa mamlakatlardan axtarishga hech hojat yo‘qligini sen hammadan ko‘ra yaxshiroq bilasan. Agar har ikki tomon savdogarlariga yo‘l ochib berishning imkoni bor, deb hisoblasang bu hamma va umumiy ish uchun foydali ish bo‘lgan bo‘lur edi”.

Xorazmshoh Chingizxonning nomasini o‘qigach Chingizxon va uning saltanati haqida to‘laroq tasavvurga ega bo‘lishga qaror qildi. U elchilarning boshlig‘i Mahmud al – Xorazmiyni tunda o‘z oldiga chaqirdi, uning musulmon, qolaversa Xorazm farzandi ekanligini eslatib, ko‘p sovg‘a salomlar berdi va Mahmuddan mo‘g‘illar haqida yanada ko‘proq ma’lumot olishga intildi. Hatto xorazmshoh Mahmud al-Xorazmiyga uning Chingiz saroyidagi ishonchli vakili bo‘lishni ham taklif qildi. Mahmud al-Xorazmiy qo‘rqqanidan rozi bo‘lganida xorazmshoh: “Chingizxonning Xitoy hukmdoriman, Tamg‘achni oldim degani rostmi? Haqiqatan ham shundaymi?” deb so‘radi. “Ha, uning gapi to‘g‘ri. Bunday ulug‘ voqealar uzoq vaqt sir bo‘lib qola olmaydi, tez orada sultonning o‘zi bunga ishonch hosil qilishi mumkin”, dedi Mahmud al – Xorazmiy. Bu gap xorazmshohga yoqmadi: “Sen mening hukmim ostidagi yerlarni, ularning qanchalik keng ekanligini bilasan, mening qo‘shimlarim son – sanoqsizligini ham bilasan-ku. Bu xaromi kim bo‘libdiki, menga o‘g‘lim desa? Uning qancha qo‘shini bor o‘zi?”
Mahmud al-Xorazmiy shohning jahl otiga minganini ko‘rganda o‘z –joni omonot bo‘lib qolganlini sezdi va “haqiqatdan yuz o‘girdi”. Xorazmshohning marhamatiga sazavor bo‘lish uchun Chingizxonning qo‘shini xorazmshoh lashkari oldida otliq qo‘shin ro‘parasidagi yolg‘iz chavandozga yoki zimiston tunda miltillagan shamga o‘xshaydi, dedi. Shundan keyingina Aloviddin Muhammad Chingizxon bilan tinchlik aloqalarini o‘rnatish va yangi savdo karvonlari bilan almashishga rozilik bildirdi”.

Yoshullusi ishonmagan har qanday xodim kabi bo‘lim mudirining dili xira edi.
— Siz Mahmud Yalovochni xorazmshoh qanday kutib olganligini bilasizmi? – so‘radi u mudirdan.

— O‘qiganman, — dedi mudir “uf” tortib.– Davlatini uning johilligi, takabburligi xarob etgan. Aslida u ko‘plar aytadigandek qo‘rqoq bo‘lgan emas. Agar unday bo‘lganida shunchalik katta imperiyaga bosh bo‘lmagan bo‘lar edi…- Ancha jim ketganlaridan keyin qo‘shib qo‘ydi: — Yerning kindigiman, deb o‘ylaydi u.

Mudir u nima demoqchi ekanligini anglagan edi.

— Bu shifrlangan suhbatning ma’nosini anglamadik, — dedi vakil qoshini chimirib. — Johil kim, takabbur kim?
— Ee, siz ahamiyat bermang bu gaplarga, — dedi u. – Ertalab “Madaniyat va ma’rifat”da bir ko‘rsatuv berilgan edi. Shunga…

O‘tirishda ham gap uncha qovushmadi. Vakil direktorning “samimiy qabul qilmaganidan”, mudir boshliqning qilig‘idan, u esa bu o‘yinda o‘zining ishtirok etishga majburligidan dilxufton edi. Bu hol ayniqsa vakilning o‘zini tutishi, o‘tirish-turishi, ovqatlanishi, hatto bularga qirg‘iy qarashlarida ham sezilib turar edi. Bir vaqt u dik etib o‘rnidan turdi-da eshik tomon yo‘naldi. Ikkovi birdan o‘rnidan qo‘zg‘algan edi u qo‘lini asabiy siltadi: “O‘tiraveringlar!”

— Chekishga ketdi , — dedi u vakilning izidan qarab qolar ekan.
— Chekimizga tushganini qarang, — dedi mudir qo‘lidagi sanchqini stolga ehtiyotkorlik bilan qo‘yib.

— Bunchalik qisinavermang, — hazil qilishga urindi u.- Mehmon bilan yursang hech bo‘lmasa qorning to‘yib yuradi-ku!

Endi mudir qo‘l siltadi. U hazilni tushunadigan, hazillashadigan ahvolda emas edi.

— Qorning to‘ygani yaxshi, ammo g‘ururing yo‘qolib beor bo‘lib qolganing yomon. Bunday paytlarda tok uradiyu, bir necha kunlab ruhingni turpoqqa ko‘mib qo‘yishga to‘g‘ri keladi.

Vakil qaytib keldi. Ikki qo‘li shimining kissasida o‘likning ustida turganday mudirning ensasiga kelib qaqqaydi:
— Siz charchagan bo‘lsangiz, balki damingizni olarsiz? –kesatdi u.

Mudir uchun bu oxirgi tomchi bo‘ldi.
— To‘g‘ri aytasiz, mensiz haz etaveringlar…

U mudirni to‘xtalib qolishga ulgurmadi.
— Qo‘pol bola ekan, — dedi vakil.
— U yaxshi mutaxassis, — dedi u.

Mudir himoyasiga shundan ortiq gap ayta olmadi. Biroq izzattalab vakil to‘nini allaqachon ters kiyib olgan edi.

— O‘zi bu yurtning odamlari ancha ko‘pol ekan, — dedi vakil. — Bu bolaniki hammasidan oshib tushdi! –vakil “bola” so‘ziga alohida urg‘u berdi.
— U yaxshi mutaxassis, — takrorladi u.

Ertasi kuni direktor uni oldiga chaqirdi:
— Ne uchun qo‘pollik qildingizlar vakilga?!
— Tushunmadim.

— Darrov tushunmaydigan bo‘lib qoldingizmi?!
— Tushunmasam, tushunmadim, deyman-da! – ovozi asabiy titradi. – Ko‘nglida ancha vaqtdan beri yig‘ilib yotgan dard oshkor bo‘ldi: — Tushuntiribroq gapiring!

Direktorning labi gezardi:
— He, ko‘rsatgan karomatingizdan o‘rgildim!

U hech narsa qila olmadi. Yosh mutaxassisga qo‘shilib u ham ishdan ketdi. Vakilning laqabini keyin eshitdi:“Kislota!”

Bugun uni mana shu og‘riq o‘yg‘otgan edi tunda. “Ne yerga, kimning yoniga ishga borsam ekan?” U variantlarni bir – bir xayolidan o‘tkaza boshladi. “Qizishmasligim kerakmidi balki?”- dedi o‘ziga o‘zi. “Dono kitoblarni o‘qish ham hech narsa ekan-da, taqsir! Nega faqat manglayimiz “taq! Etib devorga urilganida ko‘zimiz lop etib ochiladi, aqlimiz kirganday bo‘ladi? Aqlimiz kiradimi o‘zi? Qanaqa aql ekan-ki u oltmishga kirganda ham kirmasa? Yo hali aql kirishga vaqt bormikan?

Bir soatmi, ikki soatmi, shu tarzda o‘tadi. Keyin uyqu elita boshlaydi uni beixtiyor. Bedorlik, og‘riq, uyqu, xayol va tush hamma – hammasi ayqash-uyqash bo‘lib ketadi.

… Ko‘kda huv uzoq ufqda qo‘shni qizning chehrasi namoyon bo‘ladi. Juda yiroqda. Keyin asta – sekin yaqinlasha boshlaydi. Qiz o‘sha – o‘sha oltinchimi, yettinchi sinfda o‘qib yurgan kezlaridagi ko‘rinishida edi. Ikki jamalak sochi yelkasidan oldingan tashlangan. Jiddiy emish u. Juda jiddiy. Nimadandir xafa bo‘lganday. Uning nega xafaligini sira anglay olmas emish u. Shunda birdan yuragida qattiq og‘riq tuyar emish u. Shartta yuragini changallarmish. Shunda og‘riq sekin — sekin yozdira boshlar emish. Bir vaqt osmonu falakdan gulbarglar yog‘ila boshlaganiga ko‘zi tushar emish. Lola gulbarglari. Son — sanog‘i, haddi – soni yo‘q emish ularning. Gulbarglar osmonni asta – asta ol ranggi bo‘yay boshlar emish. Havoda esa ta’riflab bo‘lmaydigan darajadagi gullar ifori ko‘ngilni makst qilar emish. Lablari esa qandaydir she’riy satlarni pichirlay boshlar emish.

Lola gulbargidan qatlangan ko‘nglim,
Hayot yellaridan tortadi ozor.
Umidi sokinlik, orzusi vasl ,
Sening xabaringni beradi ifor,

Adabiyotga yot, maktab darsliklaridagi she’rlarni demasa she’riyat haqida umuman tasavvuri yo‘q bo‘lganligi sabab bu satrlar qanday tug‘ilayotganligiga hayron bo‘lar emish. Hayron bo‘lib tursa yomg‘ir shitirlay boshlar emish. Yomg‘ir tomchilari ham dim dim mayda, ko‘zga ko‘rinar ko‘rinmas darajada emish. Yomg‘ir bilan birga she’r ham quyishda davom etirmish. Qo‘shni qiz esa bularning barini ma’yus holda, juda juda ma’yus holda kuzatar emish.

Yomg‘ir shitiridan tebranar sassiz,
Bahoriy nasiymlar chayqatur uni.
Gul bo‘lmoq ishqida yongan g‘unchaning
Qiynaydi ko‘ksidan taralgan uni.

Bularning hammasi qo‘shilib uning yuragini hapriqtirar, bo‘g‘ziga olib kelib tiqar, keyin yana qo‘yvorar emish. Keyin e’tibor bersa osmonu falakdan yog‘ilayotgan gulbarglarning hammasi aylanib kelib uning yuragi ustiga qatma – qat tushayotgan emish.

Yomg‘ir yog‘averar, nasiymlar esar
Ozurda ko‘nglimning tinchini buzib.
Yuragim qatiga qatlanaberar
Gurbarglar ajib bir quramish bo‘lib.

U o‘z yuragini tomosha qila boshlar emish. Yuragi ming quroq emish. Million quroq emish. Ammo juda – juda mustahkam emish. Bir tekis urar emish u. Har zarbda yuragining quvvatini his qilar emish u.

28 noyabr 2016 yil

BOLJON

— O‘lga-ayy, bir charvoyiga satoshib qolibmiz, — dedi boshlangich sinf o‘qituvchisi Salima. Bolalardan darslik uchun ijara puli yig‘ayotganda uning gapi bir “roditel” bilan ters tushib, ikki ayol chappa- chars bo‘lgan edi. “Roditel” Salimani dunyodagi o‘zi bilgan barcha qarg‘ishu la’natlar bilan “siylab” chiqib ketgan, o‘qituvchi esa hamon o‘zini bosib ololmayotgan edi. Uning quruqshagan lablari bir – ikki daqiqada tars-tars yorilib ketdi.

Salima qirqidan endigina oshgan. Sochlariga oq vaqtli oralagan, xo‘ppa semiz ayol. Oyoq, bel, “pochka” og‘riq, yilning olti oyini ishda, olti oyini kasalxonada o‘tkazadi. Nazarida keyingi vaqtda uni ishxonadagilar ham uncha xushlamayotganday edilar. Bundan u jig‘i-biyron bo‘lar, kimdan alamini olishni bilmasdi. Hozir hammasi qo‘shilib ketdi. U Boljon uzatgan pulni olmay tinmasdan obi diyda qilar, hali veri tinadiganga ham o‘xshamasdi.

Boljonga esa bu gaplarning mutlaqo qizig‘i yo‘q , u shoshilayotgan, suldari shu yerda, xayoli tashqarida edi. Sabri chidamay derazadan ko‘chaga qaradi. Elmurod ikki qo‘lini shimining kissasiga tiqqanicha qandaydir noma’lum nuqtaga tikilib xayol surar edi. Boljon biroz xotirjam tortdi. Chunki u tez chiqishni tayinlagan, muddat esa allaqachon sob bo‘lgandi.

Ko‘rinishdan osoyishta Elmurodning portlovchan xulqli ekanligini Boljon yaxshi biladi. Aytgani bo‘lmasa yoki bir narsaning guli guliga to‘g‘ri kelmasa “lov” etib yonib ketadi. “Tor, injiqfe’l odamman”, derdi uning o‘zi.

Salima hamon dardini dasturxon qilish bilan ovora edi. O‘sha janjal bahona yuragida yillar davomida yig‘ilib qolgan zardobini to‘kmoqda edi u. Boljonning nazarida xona zardob bilan limmo-lim to‘lib ketganday edi.

— Pulni… olasizmi? – dedi toqati toq bo‘lgan Boljon yana ko‘chaga o‘g‘rincha qarar ekan. – Qistog‘roq edi…

Salima ham qiziqsinib derazadan tashqariga qaradi: Allambalo qop – qora chet el mashinasiga ko‘zi tushdi. Mashinaga monand qop – qora kiyinib olgan erkak esa sigareta tutatar edi. “Kelishgan kishi ekan.”, o‘yladi Salima.

— O‘h-ho‘o‘! Zo‘rr-ku! — Boljonga ichki bir hasad bilan nazar tashladi so‘ng. Mashina ham , erkak ham ko‘zini birday qizdirgan edi. – Yoshullingizmi?

Boljon duv qizardi:
— Birga ishlaymiz…

Salima unga ilkis nazar tashladi-da so‘ng sekin “uf” tortdi.
— Nasib etsin, — dedi u Boljonga qaramay. — Nasib etsin… bika.

Keyin Boljonning qo‘lidagi dasta pulni ko‘rib kayfiyati tez o‘zgardi, barcha hayollarini quvdi.

— Menga bir ko‘mak etib yuboring, jo-on opa-aa… dedi yalinchoq tovushda. – Haligi… bola uchun pul berib turri-i-ng. Ertaga akasidan olib beraman. Bugun hammasini topshirmasangiz, etingizni yeyman, degan edi direktor, iltimo-oss…

Boljon muallimadan tezroq qutilish imkonidan xursand bo‘ldi:
— Yaxshi. Necha so‘m? Tezroq bo‘ling lekin…

Shoshilib pul olayotganida qopchig‘i qo‘lidan tushib ketdi.
— Bu ne olvirab yotibsiz? — dedi endi muallima negadir qo‘rs ovozda. -Ertadan qoldirmay olib beraman dedim-ku!

Boljon sinfdan chiqib ketar ekan Salima uning izidan qarab qoldi. “Olib yotgan yeri yo‘q-ku! Erkaklar ham shundaylarga yopishib oladilar ensangni qotirib”, hayolidan o‘tkazdi u.

Haqiqatan ham Boljonning alohida maqtagulik hech vaqosi yo‘q, xusni ham, qaddi qomati ham o‘rtachagina edi. Ammo unda ajib bir ayollik latofati bor edi. Ko‘rgan odamning yuragi “jizz” etardi.

— Anavi muallima opa men to‘g‘rimda yomon hayolga bordi, — dedi Boljon mashinaga o‘tirar ekan.
— Sizni bilmaydi-da u, – dedi Elmurod orqa o‘rindiqda o‘tirgan Boljonga mashina saloni ichidagi ko‘zgu orqali qarar ekan.- Bilsa bunaqa yomon xayollarga bormas edi.

— Yo‘q, u Sizni bilmaydi, — dedi Boljon. – Toza, sof odamsiz…
— Obo-oo. Yana shu gapingizni qaytarayapsizmi? Shu gapni eshitsam, shunchalik go‘l va lattasiz-ki… deganday tuyuladi.

— E, qo‘ying, men to‘g‘risini aytyapman.

— Men ham to‘g‘risini aytyapman. Toza va soflik hozir vaqtda tavqi la’natga aylangan, bilasizmi? Unday odamlar suvdan olib tashlangan baliqqa o‘xshaydi. Og‘zini kappa – kappa ochadi-yu nafas ololmaydi. Shunga men ham biroz naxalroq bo‘lsammi deyman.

— Siz unday bo‘lolmaysiz, sababi yuragingizda gard yo‘q.
— Dim ham unchalik emas. Yuragimning gardlari bir – ikki eshakka yuk bo‘ladi. Faqat yaxshilab niqoblanib yuraman. Ayniqsa o‘zim bilan o‘zim qolganda, o‘h-ho‘o‘… dim yomon odamman.

— Boshingizni qotirmang-da, shunday tozaligingizcha qoling.
— Latta bo‘lib yuravering, demoqchimisan?

— Bunaqa emasligini o‘zingiz ham yaxshi bilasiz-ku.
— Ayollar mard, shartaki erkaklarni yaxshi ko‘radi, deydilar. Ular meni ham yaxshi ko‘rsin, deyman-da.

— Ammo betamizlarni emas! Sizni men bilgan ayollarning hammasi hurmat qiladi.
— Bilmaganlari ne?

— Bilmaganlari ham.
— Ishonaman. Umuman, buni menga doktor allaqachon aytgan.
— Doktor?!

— Hovva. Yaqinda kabzamda bir og‘riq sezib doktorga borsam, bezovta bo‘lmang, kabzalaringizning ostidan qanot o‘sib chiqayotir, siz farishga ekansiz, deydi.
— Eee… – xafsalasi pir bo‘ldi Boljonning. — Doktorga boribdi, omonlikmikan, deb damimni ichimga yutib o‘tirsam…

Elmurod butun gavdasini silqitib kuldi.

— To‘g‘rida, — dedi u ko‘z yoshlarini artib. – Sening bu gaplaringni eshitaverib spalniyga kirsam oynaga tez-tez qaraydigan bo‘lib qoldim. Kabzalarim ostidan qanot o‘sib chiqmayotibmi, deb.

— Siz bilan jiddiy gaplashib ham bo‘lmaydi.
— Yo‘q, hozirgacha o‘sib chiqmayapti. Demak men sen aytganchalik farishta emasman.

— Men sizni farishta dedimmi? Yaxshi odamsiz, dedim xolos. Siz bo‘lsa osmondan kelasiz.
— Men emas, sen osmondan kelasan. Sening gaplaringni eshitib osmondan qachon tushgan ekanman , deb ham o‘ylab qolaman bir vaqtlari.

Biroz jim ketishdi.
— Ammo hazil – pazillarni bir chetga qo‘yib aytsam Sizni chiqonlarim chindanam farishta ekan deydilar. Ayniqsa anavi voqeani aytib berishimni qayta – qayta so‘raydilar…

— He, chiqonlaringni ham ayttirma! Ular sening ham, mening ham ustimdan hazz etib kulsalar kerak. Sen bo‘lsa … farishta deysan.
— Darrov joningiz yonadi-yey, tavba! Chiqonlarim havas qiladi sizga!

— Havas qilishlari mumkin, ammo hurmat qilmaydilar.
— U ne deganingiz?

— Mana eshit, latifa.- Yana gapni hazilga burdi Elmurod. — Sizlarga o‘xshagan ikki chiqon uchrashib qolibdi. Bittasi erini maqtab, “Mening erim farishta” desa, ikkinchisi esa “uf” tortib, “Mening ham xo‘jayinimga ikki qanot o‘sib chiqdi”, dermish.

— Eee, boring-ay!…

— O‘zi-ii, bo‘lmaydigan bola bolaligidan ma’lum, degan gap bor, — dedi Elmurod. – Uch- to‘rt yasharligimda otamga “Ota, ichimga quyosh kirib qoldi”, degan emishman. Otam “Hov, nevchun unday deyotirsan, bolam?” desa, “Ichim qizib borayotir. Ham hamma yoq oppoq!” debman. Shu – shu otam meni “Ichiga quyosh qamalib qolgan bolam!” deb erkalar edi.

— Otangiz to‘g‘ri aytgan ekan.
— Yo‘q, u gapni men aytganman!

Ular hazil mutoyiba bilan yo‘lda davom etishdi. Ular institutdosh, haskasb edilar. Boljon institutga Elmuroddan bir yil keyin kirgan. Hamqishloq emaslarmi Elmurod uni ko‘riboq qanoti ostiga oldi. Singlisiday bilib. Necha yil o‘qishgan bo‘lsa Elmurod Boljonning ustidan bir qush ham uchirmadi. Bu boradagi tirishqoqligi Boljonning zarariga ham ishlagan. Ikkinchimi uchinchi kursda paxtada yurgan paytlari Elmurodga kimdir Boljonga tegajog‘liq qilayotibdi, deb yetkazdi. Elmurod aytilgan yerga o‘qday uchib bordi. Qarasa haqiqatan ham bir yigit Boljonning yo‘lini to‘sib olgan, tutqatorning tor so‘qmog‘idan o‘tishga yo‘l bermay gapga solishga urinayapti.

— Ne gap?! – hezlandi Elmurod notanish yigitga.
— Hech gap. — Yigit dovdirab qoldi. So‘ng qizarib ketdi. – Ertaga paxtangni toroziga qatnab tursam bo‘lami, deb so‘rayotgan edim.
— Menga qara, — dedi Elmurod. – Bu mening singlim. Qaytib seni shu yerlarda ko‘rsam mendan xafa bo‘lma…

Ikki yigit o‘zaro munosabatlarga oydinlik kiritaman, degancha Boljon allaqachon uzoqlarga ketib bo‘lgan edi.

U yigit Boljonni ortiq bezovta qilmadi. Boljon esa birdan kamgap va xayolchan bo‘lib qolgandi o‘shanda. Keyin bilsa Boljonning o‘zi o‘sha yigitni yoqtirar ekan. Elmurod qilgan ishidan juda xijolat bo‘lgan. Oradan ancha o‘tib o‘sha voqea yana eslandi.

— Senam qiziqsan, Boljon, bir og‘iz tuydirsang bo‘lar edi-ku.

Boljon sharaqlab kuldi.

— Qaysi singil o‘z og‘asiga men falonchini yoqtiraman, deb ayta oladi?
— Behazil aytayapman. Men hozirgacha sening oldingda o‘zimni aybdor his qilaman. Balki o‘sha yigitga turmushga chiqsang hayoting ham buzilmas edimi…

— Bu taqdir Elmurod og‘a. Keyin haqiqatan ham meni yoqtirgan bo‘lsa qizning og‘asi bir og‘iz, “Bu na gap?” degani bilan otam tortganday gum bo‘lib ketmaydi-ku.
— Ee, baribir …

— O‘tgan gaplarni qo‘yavering. Muallimaning men to‘g‘rimda yomon fikrda qolgani yaxshi bo‘lmadi-da, — dedi Boljon. – Boshi ochiq ayollarga hamma, hatto xotin – qizlarning o‘zlari ham, boshqacha qaraydi.

— E’tibor berish kerak emas tamom vassalom!
— Aytishga oson. Ammo erkagi yo‘q uy — tomi teshik kulbaga o‘xshaydi. Qor ham, do‘l ham shunga uradi. Erkagi yo‘q ayol eshigining qulfi buzilib qolgan hovliga mengzaydi: o‘g‘ri ham, to‘g‘ri ham undan bir mo‘ralagisi keladi.

Uzoq jim ketishdi. So‘ng yana Boljon tilga kirdi:
— Erkakka talpinmagan yurak – sho‘r ochgan tuproqqa o‘xshaydi, degan edi buvim. Bu gaplarni endi yoshim bir joyga borib qolganda tushunganday bo‘lyapman.

— Mening uchun sen shu qadimga vaqtdagi, qishloqdan institutga kirishga kelgan ma’suma qizsan. Intitutning oldida ko‘zlaringni jovdiratib turganing hech ko‘z oldimdan ketmaydi. Men uchun sen jannat mevasisan, Boljon.

— Yomonmi bu? – so‘radi juvon mashina oynasidan tashqarida shuvillab o‘tayotgan daraxtlarga tikilar ekan. Mashina azbaroyi tez ketayotganidan daraxtlar bir – biriga chaplashib ketayotganday edi. – Yo yaxshimi?

— Yomon… emas. Yaxshi ham…
— Nevchun?

— Hech.

Boljon yana bir narsa demoqchi edi-yu, ammo indamadi.

3.12.2016 yil

008

(Tashriflar: umumiy 404, bugungi 1)

Izoh qoldiring