Shukur Burhon o’gitlari & Buyuk aktyorga bag’ishlov she’rlar, xotiralar & Shoh Edip. Sofokl asari asosida Hamza nomidagi akademik drama teatrining spektakli.1971

Ashampoo_Snap_2016.05.21_18h58m33s_003_.png 15 сентябр — Атоқли санъаткор Шукур Бурҳонов туғилган кун

  Шукур акадаги оддийликни, жайдариликни бир неча мисолда таъкидлагим келади. У саҳнада ҳам, кинода ҳам роль ижросига тайёргарлик кўрар экан, оддий кишиларнинг маслаҳатига қулоқ солар эди. Бу унинг оддийлигиданми ё уларнинг самимийлигига ишонганиданми, билмасдик. Маълумки, у киши Отелло ролини бир умр тайёрлаб, ижро этолмай ҳаётдан ўтиб кетди. Бунинг сабаби ҳам кўпроқ унинг ўзигагина маълум эди.

Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаевдан кейин Гамлет ролини ижро этган Шукур ака, айни чоғда, бунга кўп йиллар тайёргарлик кўрган. Ҳатто бадиий кенгаш роль тайёр бўлибди, деганда ҳам у ҳали Гамлет ролини саҳнага олиб чиқмаган. Кунлардан бир кун “Гамлет” спектакли қўйилиши керак эди-ю, ижрочи Олим Хўжаев Москвадан етиб келолмаслиги аниқ бўлгач, раҳбарлик Шукур Бурҳоновдан ролни ижро этишни илтимос қилганида, у “йўқ” деб оёқ тираб олган эди. Аммо ўша кунги “Гамлет” маълум меҳмонлар учун бўлгани туфайли ўзгартириш мумкин эмас эди. Раҳбарлар нима қилишини билмай турганида, саҳна ишчилари келиб Шукур Бурҳонов Гамлетни ижро этади дейишган. Чунки раҳбарларга “йўқ” деган актёр ўша заҳотиёқ саҳна ишчилари олдига келиб ўйнайми, деб сўраганда, улар “ўзингни кўрсат, Шукур Бурҳон”, дейишган. Бундан илҳомланиб кетган актёр ролни қойилмақом ўйнаган. Шукур Бурҳон ана шундай дилбар, самимий ва буюк қалб билан оддий инсонларга хос яшади.

Зикир Муҳаммаджонов
УЛКАН ҚАЛБДАГИ НАФИС ТУЙҒУЛАР
Шукур Бурҳонов хотирасига
077

044БУРҲОНОВ Шукур (1910.15.9 Тошкент — 1987.14.8) — Ўзбекистон халқ артисти (1940). 1928 йилдан Ҳамза театрида ишлаган. 30-й.лар кўпроқ ўз замондошлари ролларини ижро этди: Ҳамза асарларидаги Ғофир («Бой ила хизматчи»), Одилбек («Холисхон») образларида актёрнинг янги қирралари очилди. Уруш йиллари Олеко Дундич («Олеко Дундич»), Баттол («Муқанна»), Жалолиддин («Жалолиддин Мангуберди»), урушдан кейин генерал Собир Раҳимов («Генерал Раҳимов»), Максимов («Денгизчилар учун») каби ролларни ўйнади. Кейинчалик романтик актёр, фожиавий ролларнинг моҳир устаси сифатида шуҳрат қозониб, чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган образлар яратди: Ҳамлет, Ромео, Брут («Ҳамлет», «Ромео ва Жульетта», «Юлий Цезарь»), Войницкий («Ваня тоға»), Мирзо Улуғбек («Мирзо Улуғбек»), шоҳ Эдип («Шоҳ Эдип»), Сулаймон ота («Қиёмат қарз») ва бошқа  ғоявий, психологик ва пластик жиҳатдан тўлақонли, романтик ҳиссиёти, кўтаринкилиги билан ажралиб турадиган монументал фожиавий роллардир.

Айниқса, Шоҳ Эдип роли б-н   Шукур Бурҳонов саҳнада катта из қолдирди. Ундаги ташвиш, дард, изтироб, туғён саҳнамасаҳна кучайиб боради. Актёр бундай кучли драматизмга, фожиавийликка ички кечинмалар, босиқ ҳаракатлар, хилма-хил маъноларни англатувчи боқишлар ва кузатишлар, ўзига хос дардли ва мусиқавий нутқ туфайли эришди. Эдип ролида актёрлик санъатидаги интеллектуаллик, эмоционаллик, романтик жўшқинликни бир-бирига пайванд қилиб, илоҳий ва азалий қисматларни фаол инкор этувчи, жамият фаравонлиги ва инсоний фазилатлар учун курашувчи буюк инсон образини яратди. Ҳамлет образида эса қайноқ қалбли, жўшқин, қудратли инсон сифатидаги фазилатларни моҳирона талқин этди.

  Шукур Бурҳонов ижоди ижтимоий, фалсафий ва ғоявий мазмунга тўла, уфқи кенг, кўп қиррали. У романтик, фожиавий драматик, лирик характердаги ва ҳатто сатирик ролларнинг моҳир ижрочиси. Актёр қандай роль ўйнамасин инсон такдири ва унинг ижтимоий муҳит б-н муносабатини ҳаққоний тасвирлашга эришди.

  Шукур Бурҳонов ўзбек кино санъати тараққиётига ҳам катта ҳисса қўшди. У яратган Қоработир («Тоҳир ва Зуҳра»), Ғофир («Бой ила хизматчи»), Шоҳ Калин («Илья Муромец»), Қаландаров («Синчалак»), Мирзо Улуғбек («Улуғбек юлдузи»), Матниёз («Узоқ-яқин йиллар»), Ҳусан ота («Бардош») каби роллари ранг-баранглиги, ижро маҳорати, образ талқинининг мукаммаллиги б-н жаҳон кино санъатида юқори баҳоланган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1965).

077

86-86.jpg“Театр бу — қадамингиз тегиши биланоқ кундалик ҳаётдан, турмуш икир-чикирларидан холи қиладиган санъат қасри, муқаддас кошона, эзгулик меҳроби”, — деган адабий танқидчи В. Белинский. Бу билан у театрда Шукур Бурҳоновга ўхшаган буюк артист­ларнинг юксак меҳнатини назарда тутгандир, ҳойнаҳой. Ҳа, Шукур Бурҳонов аҳён-аҳёнда туғиладиган, ўз халқи тарозисига тушадиган артист. Театримиз тарихини усиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек Давлат академик драма театри деганда буюк артист номи биринчилар қаторида тилга олинади. Баъзи саҳнадошларим ижодий фаолиятини сарҳисоб этиб: “150-200 та роль ижро қилибман”, дейди. Шулардан баъзиларинигина хотирлаш мумкин, холос… Аммо Шукур Бурҳоновнинг роллари эсда қолгани учун ҳам кўпдир.

Мен саҳнага илк бор у кишининг “Темур” спектакли билан чиққанман. Ўша дамларгача оммавий саҳналардагина кўринардим. Шукур ака спектаклда бош қаҳрамон ролини ижро этарди. Ўшанда у кишининг театрга келганига 10 йил ҳам тўлгани йўқ эди. Аслида бу актёр саҳнага қадам қўйган йиллариданоқ бош ролларни ижро этган. Эсимда, Шукур ака учун илк синов бу — “Рустам” спектаклидаги Рустам образи эди. Уни буюк актёр Аброр Ҳидоятов билан бир кунда ижро этганида бор-йўғи беш йиллик ижодий тажрибаси бор эди, холос. Лекин бу ҳодиса ўша йилларда санъатимизда воқеа бўлганди. Биринчидан, роль бир кечада икки актёр томонидан ижро этилган, иккинчидан, устоз билан шогирд беллашган эди. Беллашувни кўриш учун томошабин эшикни бузгани ёдимизда. Ўша кечадан томошабинларгина мамнун бўлиб қолмади. Устоз Аброр Ҳидоятов ҳам ажойиб актёр бўй ростлаётганидан қувониб, уни бағрига босганди.

1939 йили ёзги бинода “Баҳодир” спектакли ижро этиларди. Спектаклни завқ билан ижро қилардик. Иккинчи парда бошланиши олдидан саҳнага Йўлдош Охунбобоев кўтарилди. У Шукур Бурҳоновга “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилганлигини эълон қилди. Одатда, аввало, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони ундан кейинги поғона эди. Шукур ака катта унвонга тўғридан-тўғри сазовор бўлган биринчи санъаткор эди. Унинг юксак унвонга муносиб эканини чин қалбимиздан тасаввур қилардик. Шу йили Катта Фарғона каналини қазиш бошланди. Жамоамиз қурувчилар ҳузурига икки спектакль — “Бой ила хизматчи” ва “Уйғониш”ни олиб борган эди. Аброр Ҳидоятов “Бой ила хизматчи”да ўофур бўлса, Шукур ака “Уйғониш”да Маҳкам ролини ижро этарди. Театр жамоаси каналчилар қатори баракларда истиқомат қилди. Деярли ҳамма участкаларга саҳна ўрнатилиб, кенг майдонни томошабинлар эгаллади. Учқўрғон участкасида “Уйғониш” намойиш қилаётган эди, чанг аралаш тўзон кўтарилди. Бўрон шу қадар шиддатли эдики, саҳнада актёрлару қоқилган қозиқлар қолди, холос. Ҳатто саҳна безаклари ҳам учиб кетди, раҳбарлар спектаклни тўхтатишни маслахат беришди. Аммо Ш.Бур­ҳонов саҳнадан тушмас, томошабин ҳам қимир этмай ўтирарди. Ҳамманинг кўзи актёрда, гўё томошабин саҳна безаклари йўқлигини ҳам сезмас эди. Актёр томошабиннинг руҳий оламига ана шундай тез кириб борарди. Янглишмасам, Избоскан туман истироҳат боғида “Гамлет”ни намойиш этмоқчи бўлдик. Бунинг дарагини эшитган халқ ён-атрофдаги қишлоқлардан келаверди. Натижада клубга одам сиғмай кетди. Шунда Ш.Бурҳонов таклифи билан кенг майдонга тўртта машина кузовидан саҳна қилиниб, спектакль ижро этилган эди. Бундай шуҳрат Ш.Бурҳоновга ўз-ўзидан келдими? Кимдир: “Унда табиат инъом этган талант бор эди”, деса, кимдир: “Устози зўр бўлган”, дейди. Бу гапларнинг ҳар бирида маълум даражада ҳақиқат бор. Аслини олганда, Ш.Бурҳонов санъатга тааллуқли бирорта ўқув юртини битирган эмас. Фидойилиги, ўз устида тинмай ишлашгина маш­ҳур актёр бўлиб етишишига сабаб бўлди. У шошқалоқликни ёқтирмас, шуҳрат кетидан қувмас эди. Лекин ролдан кўнгли тўлмагунча саҳнага томон ошиқмасди.

Томошабинлар кўпинча: “Шукур Бурҳонов нега Отелло ролини ижро этмаган”, деб сўрайди. Театримиз мухлислари Отелло ролини ўзига хос анъанавий мезон деб билади. Лекин бундай иштиёқ Шукур аканинг кўнглида ҳам бўлган. Бу асар қўлга олинганида, яъни 1940 йили мен спектакль режиссёрининг ёрдамчиси бўлиб ишлардим. Роллар тақсимланаётганда Отелло ролига икки актёр — Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳонов тасдиқланди. Стол атрофида иш бошланганида Шукур ака Аброр аканинг ёнида бўлди. Режиссёримиз Маннон Уйғур ҳар бир сўзнинг маъносини чақишга алоҳида эътибор берарди. Аброр ака ролини ўқиганида Шукур ака астойдил қулоқ соларди. Ўша йиллари таркиб деган қоидага риоя қилинарди. Унга биноан, биринчи таркиб ижрочиси эди. Асар саҳнага чиққанда ҳам Аброр ака 2-3 репетиция қилгач, Шукур акага навбат тегар эди. Премьера яқинлашди. Шукур ака ҳали ролидан кўнгил тўлмагани сабабли ке­йинроқ ижро этишга розилик сўради. Лекин ролни ташлаб қўймади. Унинг устидан тинмай иш олиб бораётганини билиб юрардим. У кўпинча актёр ва режиссёр Шариф Қаюмов билан ишлашни ёқтирарди. Актёрлар билан ишлашда эринмайдиган Шариф аканинг ҳузурига Шукур ака боргани-борган эди. Ҳатто бир неча бор Отелло роли устида бафуржа ишлаш учун таътилда курортларга бирга кетишди. Мен ишдан ажралмаган ҳолда театр институтида ўқир эдим. Диплом ишимиз — “Макр ва муҳаб­бат”­ни репетиция қилиб турган эдик, аудиторияга Шукур Бурҳонов билан Ш.Қаюмов кириб келди. Уларнинг ёнида театрда ишлаб, бизга нутқ маданиятидан сабоқ берадиган Назира Алиева ҳам бор эди. Репетициядан сўнг бизга тезгина жавоб беришди-да, ўзлари қолишди. Мен ҳам қолдим. Аниқ билардимки, улар “Отелло”ни репетиция қилиш учун келишган. Шунда кичик бир саҳнани кўришга муваффақ бўлдим. Бу “рўмолча” эпизоди эди. Бироқ шу кичик кўринишнинг ўзидаёқ Ш.Бурҳонов бу ролни ғоят ҳайратомуз тарзда ўйнай олишига ишондим. Унинг шунча йил тайёрланиб, бу ролни ижро этмагани мени ҳалигача ҳайратга солади. Кейинроқ кимдандир шундай сўзни эшитиб қолдим: “Шукур ака — “Отелло” Аброр аканинг ҳотираси учун тасаввурдагича сақланиши керак”, деган эмиш. Бу гапга ишонса бўлади. Шундан кейин саволга жавоб топгандек бўлдим…

Эллигинчи йилларда Н.В. Гоголнинг 100 йиллигига “Ревизор” асарини саҳналаштирдик. Премьера яқинлашмоқда, лекин Шукур ака ишга келмай қўйди. Хабар олсак: “Касалман”, дейди. Аммо ётиб олиб роль устида ишлаётганини сезиб қолдик. Муддат қисқалигидан раҳбарлар икки оёқни бир этикка тиққан. Бу эса актёрга ёқмасди, чунки роль қиёмига етмаганлигини яхши биларди. Юбилей спектакли масаласига санъат ишлари бошқармасига чақиришди. Биздан олдин бу ерга Шукур ака келиб: “Мен та­й­ёр эмасман”, дея роль дафтарини бошлиққа ташлаб чиқиб кетибди. Хуллас, спектакль Шукур ака “тайёрман” деганда қўйилди.

Гамлет ролини ижро этишга ҳам актёримиз кўп йиллар тайёрланган. Лекин мутахассислар яхши баҳо бериб туришганида ҳам саҳнага чиқмади. Бир куни “Гамлет” спектаклига чипталар сотилган-у, Олим Хўжаев Москвадан етиб кела олмади. Шукур акага шунча илтимос қилишганида, “йўқ” деб туриб олди. Охири саҳна ишчиларига мурожаат этдик. Улар бирпасда Шукур аканинг розилигини олди. Гамлет ижро этилди. Актёр оддий одамлар билан тез тил топишиб кетарди. Уларнинг олдида беозор боладек суҳбатлашар эди. Тайёрланаётган роли ҳақидаги мутахассислар фикри билан унчалик қизиқмас, авволо, оддий кишиларнинг — саҳна ишчиларининг фикрини сўрарди.

Устоз билан “Айбсиз айбдорлар” спектаклида биргаликда қатнашардик. У Гриша Незнамовни ниҳоятда севиб ижро этарди. Бир спектаклда саҳнага чиқиб кетаётганда саҳна орқасида кимнидир пиқиллаб йиғлаётганини эшитиб қолдим. Билсам, гўё Кручинина ўғли — Гришани таърифлаётган-у, актёр ўзи (Гриша) ҳақидаги сўзларни эшитиб, таъсирланаётган экан. Мана, образга кириш! Мен Шукур Бурҳонов шошиб келиб, ўзини саҳнага урганини ҳеч эслолмайман. Кичик эпизод бўлса ҳам у илгаридан пухта тайёрланар эди. Нафақат ўзи, балки партнёрига ҳам катта талаб қўярди. “Мирзо Улуғбек” асарини репетиция қилаётган эдик. Ота-бола саҳнаси негадир кўнгилдагидек чиқмаяпти. Мен Абдулатифни ижро этардим. Шунда саҳналаштирувчи-режиссёр А.Гинзбург Улуғбекнинг (Ш.Бурҳонов) кўзига тикилишимни сўради. Актёрнинг кўзига тикилдим-у, сесканиб кетдим, кўзларидан даҳшат ёғиларди. Борлиғимни аллақандай қўрқув қамраб олди. Бу эса ролимга бутунлай бошқача руҳ бағишлади. Шу-шу эпизод “Шер билан тулки” деб номланиб қолди. Умуман, “Мирзо Улуғбек” ёзилишида Шукур Бурҳоновнинг муҳим ҳиссаси борлигини Мақсуд Шайҳзода ҳам эътироф этарди. Тошкент зилзиласига қадар бу икки ижодкор ҳам бир кўчада истиқомат қилган. Актёримиз ишдан қайтиши билан Шайҳ аканикига чиқар, ёзилган саҳифаларни биргаликда ўқиб, муҳокама қилар экан, муаллиф ҳам Улуғбек монологларини Шукур акага ўқитиб тинглашни яхши кўраркан. Бир куни Шукур ака Шайҳзоданикига мени ҳам олиб борди. Билишимча, Абдулатиф монологига ўзгариш киритишмоқчи экан, ўқиб кўрдик, фикримизни айтдик. Дарҳақиқат, қандай пьеса бўлмасин, уни ўқиш бошқа, саҳнада қўйиш бошқа. Ўқилганда беозор бўлиб кўринган сўзлар саҳнада ортиқчалик қилиб қолиши ҳеч гап эмас. Ёки бошқача ифода, сўзлар талаб қилиб қолинади. Шу боис муаллифлар ҳар доим театр билан ишлашни катта мактаб, деб билишлари керак.

Фидокор актёр олтмишга бормаёқ, жисман қарий бошлади. Қон босими тез-тез ошиб кетадиган бўлди. Икки фарзанддан ажралиш… ўам актёр вужудини дарахт­га тушган қуртдек кемира бошлади. У ҳеч кимга ҳасрат ҳам, надомат ҳам қилмас, сукут сақлашга одатланган эди. Тасодиф билан гулдек қизи мангуликка кетди. Бу дард аримаёқ ўғлининг жасади келтирилди. Уни қабристонга кузатяпмиз… Шукур ака сояга айланиб қолганга ўхшайди… Қабристон эшигидан киришимиз билан у уйғониб кетгандек ҳушёр тортди. Айрилиқ аламини аниқ тасаввур қилди, шекилли, аллақандай куч билан тўлиб тошди, нимагадир чанг солмоқчи бўлгандек интилди. Қўлларидан маҳкам ушладик. Тупроқ тортиб бўлингач, қўлимиздан чиқиб ўзини сўли қоча бошлаган тупроққа ташлади. “Шавкат!!!” шундай фарёд отилиб чиқдики, гўё бутун қабристон ларзага келгандай бўлди. Минглаб кишиларга завқ улашган дардли юракнинг фарёди ҳаммани йиғлатди. Шукур аканинг ҳаётда ҳам ғоят таъсирчан киши эканига яна бир бор ишондик.

13266429511539-big.jpg“САҲНАДА ЯШАШ КЕРАК!..”
Шукур Бурҳон ўгитлари
077

Актёр, умуман, ижодкорда ички меъёр ҳисси бўлиши керак. Бу меъёр ҳисси – мезон, ижодкорнинг тошу тарозусидир…

* * *

Дунёга Аброр Ҳидоятовдек актёр қайтиб келмайди. У саҳнага чиқадиган кун, отаси тирилиб келса ҳам, ортиқча гап қўшмас, эрта тонгдан ўша образ руҳи ва қиёфасига кириб яшар эди. У саҳнага бор кучи билан ташланадиган санъаткор эди. Яъни, Миртемир айтмоқчи, Аброр Ҳидоятов саҳнага чиқса гўё: … кўкдан чақмоқ тушарди.

Анов-манов одамнинг сочига оқ тушади!.. Мен унинг қаватида эдим. У кишига изма-из борган билан, ижодда ўз йўлим, услубим бор эди. Қолаверса, ҳаддимни билардим…

* * *

Оғадан (М. Уйғур) босиқликни, ҳиссиётни жиловлай билишни, овоз оҳангларига қунт билан ишлов беришни, Етим ака (Е. Бобожонов) дан синчковликни, яъни ҳаётни ўрганишни, Аброр акамдан (А. Ҳидоятов) жўшқинликни, воқеликни томошабинга етказишдаги куч-ғайратни, шижоатни ўргандим…

* * *

Саҳнада роль ўйнашмас, яшаш керак! Сен “артист” эмас, актёрсан! Шуни эсдан чиқарма!

* * *

Артистда талант бўлиши мумкин. Ҳусн, чирой, қадди- қомат… Лекин “обояния” (одамни ўзига тортиш кучи, жозиба) бўлмаса, ҳаммаси бир пул!…

* * *

Очиқчасига гаплашайлик, ҳар бир инсон каби мен ҳам шуҳратни яхши кўрардим. Менга мол-дунё, ҳузур-ҳаловат керак эмасмиди?!

Навқирон ёшимда мен ҳам радио, телевидение ва кино бўйлаб зир югуриб, муқаддас ижод йўлига сафарбар этилган умримни гоҳ арзон-гаров йўқотиб, керагича пул ва “шуҳрат”

топишим ҳамда фароғатда яшашим мукин эди. Саҳна бизга осонликча бўйсунганми? Аксинча, қийинчиликларни, ҳар қанча иқтисодий тангликни биздан сўранг!..

* * *

Москва Бадиий театрининг спектакллари кўплар қатори мен учун ҳам ўзига хос университет бўлди. Рубен Симонов, Михаил Кедров, Иван Берсеньев билан дўстлигим менинг ижодий биографиямда сезиларли из қолдирди.

Биз бир-биримизнинг муваффақиятларимиздан, театр, кинодаги ютуқларимиздан қувониб яшардик…

* * *

Артист деган зот шу нарсани билволиши керакки, бу – ёниш деган нарса йўқ жойдан вужудга келмайди. Бунинг учун замоннинг, халқимизнинг юрагига, туйғуларига чуқур кириб бориш, уларнинг дарди-қувончларини қалбдан кечириш, ҳаётий қилиб ифода этиш керак бўлади. Эллик йилдан зиёд вақт ичида саҳнада ва кинода ўйнаган ролларим ичида мен учун, айниқса, бировларнинг дардига, ташвишига лоқайд қарамаган, юраги ҳамма учун очиқ бўлган кишиларнинг образлари мен учун ардоқлидир…

Мен билан гаплашаётганингиз учун Азнаур полвонни дуруст дегандек бўляпсиз. Юз-хотиримни қилмай гапиравуринг. Бўшми, образ? Бўш? Нега ўйнадингиз денг, мен жавоб бераман. Ёрматов қўймаганди. Ҳар якшанба куни уйимга келарди. “Сенсиз кино олмайман” дерди. Менинг: “ахир сценарий бўш-ку!” – деб жаҳлим чиқса, у “Шукур, мен бирон марта сценарийбўйича фильм олганимни биласанми? Сценарий ўзгаради, бойитаман. Зўр бўлади”, – деб туриб олди. Бир гал ўша заиф сценарийнинг муаллифларидан бири, каттаконроғини ҳам бошлаб келди. Шунда мен сценарийни бироз танқид қилгандим, бир-икки таклифимни айтгандим, тутақиб кетди. “Ты тоже писателем стал что-ли?” – деб кесатди. “Боре”, – дедим-у, аралашмадим. Оқибат, мана шунақа бўлиб чиқди… Сценарий пухта бўлиши керак, режиссура зўр бўлиши керак! Актёр уни ўзининг ижроси билан бойитади…

304990.jpgШУКУР БУРҲОНОВ ҲАҚИДА
ХОТИРАЛАРДАН

077

Бир куни “Мирзо Улуғбек” спектаклидан кейин Шукур акани уйларига кузатаётиб:

– Нега “Жалолиддин Мангуберди” спектаклини тиклашмайди? Ахир, бизнинг авлод кўрмаган-ку? – деб сўрадим. У киши узоқ сукут сақлаб: – Ким билади, менам шунга ҳайронман, — деди-да, кейин қўшимча қилди: – Мана, Р. Симонов Петр I, А. Черкасов Иван Грозний образларини экранда қойил қилиб яратишди. Қани энди, Шайх (Шайхзода демади) Амир Темур ҳақида пьеса ёзса-ю, мен саҳнада ўйнасам, – деди оғир хўрсиниб.

Афсуски, Шукур ака бу орзусига етолмади. Ким билади, мустақиллик туфайли ҳозирги оламшумул ўзгаришлар Шукур ака ҳаётлигида юз берганда, у саҳнадами ё экрандами, Амир Темур образини яратиб, миллионлаб мухлислари қалбида ўзига яна бир ҳайкал ўрнатиб кетармиди?

Ҳ. Рўзиматов

Шукур акам ўз ижодий фаолиятида жуда кўп машҳур тарихий шахслар образлари тизмасини яратди. Улар турли даврлар, турли замонларда яшаб, турли тақдирга эга бўлишига қарамай, артист ижодхонасида ўзининг муносиб талқинини топди.

Убай Бурҳон

Шукур ака ўта дилкаш, камтарин, заҳматкаш, бағри кенг, айниқса, ёш ижодкорларга ҳаётдаги, санъатдаги тажрибасини беминнат улашишда саҳоватли бир зот эди. У оилада ҳам ўта одамий эди, умр йўлдоши, фарзандларини жуда яхши кўрарди. Эсимда, қизчаси кино съёмка вақтида фожиали қазо қилганида ҳам, ўғли оғир касаллик туфайли оламдан кўз юмганида ҳам куйиб кетганидан эгилиб қолганди… Аммо иродаси жуда бақувват бўлган санъаткор шунда ҳам театрга боришни, роль ижро этишни сира канда қилмади. Қадди эгилса-да, иродаси асло букилмади, у саҳна меҳробига сажда қилишда давом этаверди…

Б. Насриддинов

Мана, орадан анча йиллар ўтди. Энди орамизда Шукур Бурҳонов йўқ. Мен уни миннатдорлик билан ёдга оламан ва бир театршунос сифатида шундай буюк инсон билан суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганим учун ўзимни бахтиёр ҳис қиламан.

М. Қодиров

Улкан актёрнинг болаларга беғуборлигини кўриб, ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам бирдай куюнчак, илиқ қалб, самимий юрак, буюк фазилат, камтарона хислат эгаси эканликларига тасанно айтаман. Ана шундай буюк ўзбек актёрининг дуосини олганлигим, суҳбатларидан баҳраманд бўлганлигим, йигирма уч йилдан бери Муқимий номидаги мусиқали театрдаги актёрлик фаолиятимда асқотяпти. Санъат олийгоҳида бўлажак мусиқали актёрларга таҳсил берарканман, буюк актёр Шукур Бурҳоновнинг сўзларини тез-тез такрорлайман. Ҳеч қачон саҳнага хиёнат қилмайман, қилмаганман ҳам. Талабаларга ҳам шундай фазилатни сингдиришга интиламан. “Шукур Бурҳонов – ўзбек театр санъатининг қитъаси” эканлигини ҳар доим айтишдан чарчамайман.

Б. Холмирзаев

Шукур аканинг таъкидлашича, артист она тилида қанча кам сўзлашса, нутқи ғализлашиб, ширасиз бўлиб қоларкан ва оқибатда томошабинни ром этолмас экан. Томошабиннинг қалбига йўл топиш учун тоза нутқ энг асосий восита вазифасини ўтар экан. Албатта, ўша даврлардаги ижтимоий муҳит ва сиёсий кишилар онгида шундай бир тасаввурни пайдо қилгандики, натижада кишилар аста-секинлик билан ўз миллий тилини шунчаки “бозор тили” деб камситиш, урф-одатлари ва эътиқодларидан узоқлашиш даражасига бориб етганди.

Бобониёз Қурбон

У кишининг дўстлари, мухлислари жуда кўп эди. Эсимда бор, бир йили Шукур аканинг уйида ўтирганимизда, мен унга бағишланган шеърлар асосида телевидениеда алоҳида кўрсатув тайёрлашни таклиф қилдим. Чунки унга бағишлаб ёзилган шеърлар ҳавас қиларли даражада кўп ва хилма-хил эди. Афсуски, бу ният амалга ошмай қолди…

Рафаэл Тоқтош

Шукур Бурҳонов юксак маҳорати билан дунёга машҳур бўлди. Айниқса, уни рус актёрлари юқори баҳолашар эди. “Илья Муромец” фильмида бош ролни таниқли рус актёри Борис Андреев ўйнаган. Шукур ака шоҳ образини ижро этган эди. Биринчи лавҳа олинаётганидаёқ унинг маҳоратига тан берган Борис Андреев режиссёрга мурожаат этиб, Бурҳонов ижро этаётган ролни орқа ўринга олишни талаб қилади. Дарҳақиқат, агар Шукур Бурҳонов ижро этаётган роль катта кўламда олинаверса, Илья Муромец роли Шукур Бурҳонов маҳорати соясида қолиб кетиши мумкин эди. Буни бош роль ижрочиси

тўғри пайқаган. Шукур Бурҳонов шўро йиллари даврида икки маротаба ўша вақтдаги адабиёт ва санъат соҳасида бериладиган юксак мукофотга сазовор бўлган эди. Ҳамза театрида қўйилган спектаклдаги роллари Москвада муҳокама этилганида бир ката театршунос унинг ижоди кўп қиррали эканини бадиий баҳолаш учун “безразмерний диапазон” деган иборани ишлатган эди. Орқа қатордаги стулда ўтирган Шукур ака ёнидагиларга ҳазиломуз: “Мени безразмерний пайпоққа ўхшатяптими?” – деб ҳаммани кулдирган эди. У кўпинча бошқаларга шундай кайфият улашиб юрар эди. Чунки у ҳассос қалбли одам эди.

Зикир Муҳаммаджонов

 

003ШУКУР БУРҲОНГА
БАҒИШЛАНГАН ШЕЪРЛАР
077

Абдулла Орипов
ШУКУР БУРҲОН

Азамат бир чинор,
Айқирган дарё.
Ундан нарироқда салобатли тоғ.
Тепада поёнсиз ҳайбатли само,
Атрофда уфққа туташ дала, боғ.

Чинор соясида улуғ мўйсафид
Сокин кузатади еру осмонни.
У Шукур Бурҳондир, Гоҳо Шу Тахлит
Тасаввур қиламан Ўзбекистонни.

1994

Омон Матжон
КЎРДИМ, ШУКУР БУРҲОН ҲАМЗАДАН ЧИҚИБ…

Кўрдим, Шукур Бурҳон Ҳамзадан чиқиб,
Аста пиёдалаб кетди бир куни.
Бир ён гавжум кўча, бир ён расталар,
Оломон… Кўпчилик билмади уни.

Репитиция ўтган. Мана, у борар
Чарчоқ, тунд…
Парвосиз ҳаракат аро,
Ҳозиргина улуғ шоҳ Эдип эди,
Энди фуқародан баттар фуқаро.

Устоз! Замонларнинг дўниш макрини
Кўчада гримсиз кўрсатишми бу?!
Кеча йиғлаб сизга талпинган жонлар
Бугун танимасдан ўтарлар, ёҳу!

Тирсаклар, қоринлар, кўкрак, елкалар,
Сизни туртиб-суртиб шошар ўзича.
Томоша бўлганин сезмаслар, ё раб,
Шундай буюк актёр юзи-кўзича.

Калтабин «илмкаш» бу салт юришни
«Даҳо халқ ичра!» деб жўшиши мумкин.
Кўрмаски, даҳога йўл бермас ҳеч ким,
Базўр бормоқда у, қисилиб, мункиб.

Халқ эмиш, кабобпаз, ана, «Келинг!» дер,
Кўзидек гезариб сихда чандири.
Лунжқизил сомсапаз пиёз қоради,
Уятдан қизариб, чатнаб тандири.

Халқми шу, бировнинг ҳаққини гизлаб,
Беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?
Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,
Сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

Халқми шу, хаёлу орзуларини
Ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?
Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,
Мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Халқ улким, ўзининг пешонасида
Юлдузлар борини сезса, қувонса!
Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,
Асилга ишонса, сохтадан тонса!

Бу шеърни кўрсангиз балки койирсиз:
«Бу одамни қўй-да, деб, ҳоли-жонига…»
Билдим, сиз пиёда, тинч етмоқчисиз,
Ҳув, мағрур ҳайкаллар хиёбонига!

Унгача анча йўл бор-да, устозим,
Бу ур-сурда юрманг саланг-бўш бўлиб!
Грим билан чиқинг, гулдираб чиқинг,
Ҳеч бўлмаса ўша Ялангтўш бўлиб!

1982

Хуршид Даврон
ШУКУР БУРҲОН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Шукур Бурҳон ҳам қариб қолди,
Ўхшаб қолди қадим қалъага.
Чўккан девор қаддин тиклайди,
Шукур Бурҳон чиққач саҳнага.

Энди ундан кучли одам йўқ,
Енгар ман-ман деган йигитни.
У куйлади мисоли қўшиқ
Сўзлараро ётган сукутни.

Танаффусда яна ҳорғинлик
Елкасига ташлайди кучин.
Юрагида ухлар Улуғбек,
Сўнг саҳнада ҳайқирмоқ учун.

…Шукур Бурҳон тунда туш кўрар,
Тонгга қадар чўзилади туш.
Туни билан бўрон ўкирар,
Туни билан бўзлайди бир қуш.

Ёлғиз фонус нур тарар синиқ,
Тўкилармиш юлдузлар ғужғон.
Юрагидан қайғудек тиниқ
Сочилармиш зах тупроққа қон.

Шукур Бурҳон чўчиб уйғонар,
Босолмайди у ҳаяжонни
Ва бақувват қўллари билан
Кўкрагидан артади қонни.

1978

ШУКУР БУРҲОН ҲАҚИДА ИККИНЧИ ҚЎШИҚ

Ақлсиз кўзларга боқару ўйлар,
Фарёдин ичига ютар ўкиниб
Ва яна қийнайди қаттол туйғулар
Шукур Бурҳон ўғлин қалбига кириб.

Нима қилсин, ахир, Шукур Бурҳон ҳам,
Бўғзига тиқилса аччиқ фарёди.
Нима қилсин, ахир, қийнаса алам,
Қийнаса тунлари боболар ёди.

Нима қилсин, ахир, кекса томирлар
Бу кучли нидога беролмаса дош,
Толғин тиззалари букилса бирдан,
Оғир хотиротга этолмай бардош.

Шундан у оламга боқади ўйчан,
Чиқиб кетай дейди кенг далаларга,
Хаёлчан қайтади баъзан кўчадан
Дардини очганча ёш болаларга.

Дардини очаркан ғам кетар бирдан,
Аммо юрак қолмас вайрона, бўм-бўш.
Ва бизга Улуғбек кўзин қаъридан
Бирдан нигоҳ ташлар исён – Ялангтўш…

1983

Shukur akadagi oddiylikni, jaydarilikni bir necha misolda ta’kidlagim keladi. U sahnada ham, kinoda ham rol` ijrosiga tayyorgarlik ko’rar ekan, oddiy kishilarning maslahatiga quloq solar edi. Bu uning oddiyligidanmi yo ularning samimiyligiga ishonganidanmi, bilmasdik. Ma’lumki, u kishi Otello rolini bir umr tayyorlab, ijro etolmay hayotdan o’tib ketdi. Buning sababi ham ko’proq uning o’zigagina ma’lum edi.

Abror Hidoyatov, Olim Xo’jaevdan keyin Gamlet rolini ijro etgan Shukur aka, ayni chog’da, bunga ko’p yillar tayyorgarlik ko’rgan. Hatto badiiy kengash rol` tayyor bo’libdi, deganda ham u hali Gamlet rolini sahnaga olib chiqmagan. Kunlardan bir kun “Gamlet” spektakli qo’yilishi kerak edi-yu, ijrochi Olim Xo’jaev Moskvadan yetib kelolmasligi aniq bo’lgach, rahbarlik Shukur Burhonovdan rolni ijro etishni iltimos qilganida, u “yo’q” deb oyoq tirab olgan edi. Ammo o’sha kungi “Gamlet” ma’lum mehmonlar uchun bo’lgani tufayli o’zgartirish mumkin emas edi. Rahbarlar nima qilishini bilmay turganida, sahna ishchilari kelib Shukur Burhonov Gamletni ijro etadi deyishgan. Chunki rahbarlarga “yo’q” degan aktyor o’sha zahotiyoq sahna ishchilari oldiga kelib o’ynaymi, deb so’raganda, ular “o’zingni ko’rsat, Shukur Burhon”, deyishgan. Bundan ilhomlanib ketgan aktyor rolni qoyilmaqom o’ynagan. Shukur Burhon ana shunday dilbar, samimiy va buyuk qalb bilan oddiy insonlarga xos yashadi.

Zikir Muhammadjonov
ULKAN QALBDAGI NAFIS TUYG’ULAR
Shukur Burhonov xotirasiga
077

136996.jpg Shukur BURHONOV (1910.15.9 Toshkent — 1987.14.8) — O’zbekiston xalq artisti (1940). 1928 yildan Hamza teatrida ishlagan. 30-y.lar ko’proq o’z zamondoshlari rollarini ijro etdi: Hamza asarlaridagi G’ofir («Boy ila xizmatchi»), Odilbek («Xolisxon») obrazlarida aktyorning yangi qirralari ochildi. Urush yillari Oleko Dundich («Oleko Dundich»), Battol («Muqanna»), Jaloliddin («Jaloliddin Manguberdi»), urushdan keyin general Sobir Rahimov («General Rahimov»), Maksimov («Dengizchilar uchun») kabi rollarni o’ynadi. Keyinchalik romantik aktyor, fojiaviy rollarning mohir ustasi sifatida shuhrat qozonib, chuqur falsafiy mazmunga ega bo’lgan obrazlar yaratdi: Hamlet, Romeo, Brut («Hamlet», «Romeo va Jul`etta», «Yuliy Sezar`»), Voynitskiy («Vanya tog’a»), Mirzo Ulug’bek («Mirzo Ulug’bek»), shoh Edip («Shoh Edip»), Sulaymon ota («Qiyomat qarz») va boshqa g’oyaviy, psixologik va plastik jihatdan to’laqonli, romantik hissiyoti, ko’tarinkiligi bilan ajralib turadigan monumental fojiaviy rollardir.

Ayniqsa, Shoh Edip roli b-n Shukur Burhonov sahnada katta iz qoldirdi. Undagi tashvish, dard, iztirob, tug’yon sahnamasahna kuchayib boradi. Aktyor bunday kuchli dramatizmga, fojiaviylikka ichki kechinmalar, bosiq harakatlar, xilma-xil ma’nolarni anglatuvchi boqishlar va kuzatishlar, o’ziga xos dardli va musiqaviy nutq tufayli erishdi. Edip rolida aktyorlik san’atidagi intellektuallik, emotsionallik, romantik jo’shqinlikni bir-biriga payvand qilib, ilohiy va azaliy qismatlarni faol inkor etuvchi, jamiyat faravonligi va insoniy fazilatlar uchun kurashuvchi buyuk inson obrazini yaratdi. Hamlet obrazida esa qaynoq qalbli, jo’shqin, qudratli inson sifatidagi fazilatlarni mohirona talqin etdi.

Shukur Burhonov ijodi ijtimoiy, falsafiy va g’oyaviy mazmunga to’la, ufqi keng, ko’p qirrali. U romantik, fojiaviy dramatik, lirik xarakterdagi va hatto satirik rollarning mohir ijrochisi. Aktyor qanday rol` o’ynamasin inson takdiri va uning ijtimoiy muhit b-n munosabatini haqqoniy tasvirlashga erishdi.

Shukur Burhonov o’zbek kino san’ati taraqqiyotiga ham katta hissa qo’shdi. U yaratgan Qorabotir («Tohir va Zuhra»), G’ofir («Boy ila xizmatchi»), Shoh Kalin («Il`ya Muromets»), Qalandarov («Sinchalak»), Mirzo Ulug’bek («Ulug’bek yulduzi»), Matniyoz («Uzoq-yaqin yillar»), Husan ota («Bardosh») kabi rollari rang-barangligi, ijro mahorati, obraz talqinining mukammalligi b-n jahon kino san’atida yuqori baholangan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1965).

077

“Teatr bu — qadamingiz tegishi bilanoq kundalik hayotdan, turmush ikir-chikirlaridan xoli qiladigan san’at qasri, muqaddas koshona, ezgulik mehrobi”, — degan adabiy tanqidchi V. Belinskiy. Bu bilan u teatrda Shukur Burhonovga o’xshagan buyuk artist­larning yuksak mehnatini nazarda tutgandir, hoynahoy. Ha, Shukur Burhonov ahyon-ahyonda tug’iladigan, o’z xalqi tarozisiga tushadigan artist. Teatrimiz tarixini usiz tasavvur etib bo’lmaydi. O’zbek Davlat akademik drama teatri deganda buyuk artist nomi birinchilar qatorida tilga olinadi. Ba’zi sahnadoshlarim ijodiy faoliyatini sarhisob etib: “150-200 ta rol` ijro qilibman”, deydi. Shulardan ba’zilarinigina xotirlash mumkin, xolos… Ammo Shukur Burhonovning rollari esda qolgani uchun ham ko’pdir.

Men sahnaga ilk bor u kishining “Temur” spektakli bilan chiqqanman. O’sha damlargacha ommaviy sahnalardagina ko’rinardim. Shukur aka spektaklda bosh qahramon rolini ijro etardi. O’shanda u kishining teatrga kelganiga 10 yil ham to’lgani yo’q edi. Aslida bu aktyor sahnaga qadam qo’ygan yillaridanoq bosh rollarni ijro etgan. Esimda, Shukur aka uchun ilk sinov bu — “Rustam” spektaklidagi Rustam obrazi edi. Uni buyuk aktyor Abror Hidoyatov bilan bir kunda ijro etganida bor-yo’g’i besh yillik ijodiy tajribasi bor edi, xolos. Lekin bu hodisa o’sha yillarda san’atimizda voqea bo’lgandi. Birinchidan, rol` bir kechada ikki aktyor tomonidan ijro etilgan, ikkinchidan, ustoz bilan shogird bellashgan edi. Bellashuvni ko’rish uchun tomoshabin eshikni buzgani yodimizda. O’sha kechadan tomoshabinlargina mamnun bo’lib qolmadi. Ustoz Abror Hidoyatov ham ajoyib aktyor bo’y rostlayotganidan quvonib, uni bag’riga bosgandi.

1939 yili yozgi binoda “Bahodir” spektakli ijro etilardi. Spektaklni zavq bilan ijro qilardik. Ikkinchi parda boshlanishi oldidan sahnaga Yo’ldosh Oxunboboev ko’tarildi. U Shukur Burhonovga “O’zbekiston xalq artisti” unvoni berilganligini e’lon qildi. Odatda, avvalo, “O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan artist” unvoni berilib, “O’zbekiston xalq artisti” unvoni undan keyingi pog’ona edi. Shukur aka katta unvonga to’g’ridan-to’g’ri sazovor bo’lgan birinchi san’atkor edi. Uning yuksak unvonga munosib ekanini chin qalbimizdan tasavvur qilardik. Shu yili Katta Farg’ona kanalini qazish boshlandi. Jamoamiz quruvchilar huzuriga ikki spektakl` — “Boy ila xizmatchi” va “Uyg’onish”ni olib borgan edi. Abror Hidoyatov “Boy ila xizmatchi”da o’ofur bo’lsa, Shukur aka “Uyg’onish”da Mahkam rolini ijro etardi. Teatr jamoasi kanalchilar qatori baraklarda istiqomat qildi. Deyarli hamma uchastkalarga sahna o’rnatilib, keng maydonni tomoshabinlar egalladi. Uchqo’rg’on uchastkasida “Uyg’onish” namoyish qilayotgan edi, chang aralash to’zon ko’tarildi. Bo’ron shu qadar shiddatli ediki, sahnada aktyorlaru qoqilgan qoziqlar qoldi, xolos. Hatto sahna bezaklari ham uchib ketdi, rahbarlar spektaklni to’xtatishni maslaxat berishdi. Ammo SH.Bur­honov sahnadan tushmas, tomoshabin ham qimir etmay o’tirardi. Hammaning ko’zi aktyorda, go’yo tomoshabin sahna bezaklari yo’qligini ham sezmas edi. Aktyor tomoshabinning ruhiy olamiga ana shunday tez kirib borardi. Yanglishmasam, Izboskan tuman istirohat bog’ida “Gamlet”ni namoyish etmoqchi bo’ldik. Buning daragini eshitgan xalq yon-atrofdagi qishloqlardan kelaverdi. Natijada klubga odam sig’may ketdi. Shunda SH.Burhonov taklifi bilan keng maydonga to’rtta mashina kuzovidan sahna qilinib, spektakl` ijro etilgan edi. Bunday shuhrat SH.Burhonovga o’z-o’zidan keldimi? Kimdir: “Unda tabiat in’om etgan talant bor edi”, desa, kimdir: “Ustozi zo’r bo’lgan”, deydi. Bu gaplarning har birida ma’lum darajada haqiqat bor. Aslini olganda, SH.Burhonov san’atga taalluqli birorta o’quv yurtini bitirgan emas. Fidoyiligi, o’z ustida tinmay ishlashgina mash­hur aktyor bo’lib yetishishiga sabab bo’ldi. U shoshqaloqlikni yoqtirmas, shuhrat ketidan quvmas edi. Lekin roldan ko’ngli to’lmaguncha sahnaga tomon oshiqmasdi.

Tomoshabinlar ko’pincha: “Shukur Burhonov nega Otello rolini ijro etmagan”, deb so’raydi. Teatrimiz muxlislari Otello rolini o’ziga xos an’anaviy mezon deb biladi. Lekin bunday ishtiyoq Shukur akaning ko’nglida ham bo’lgan. Bu asar qo’lga olinganida, ya’ni 1940 yili men spektakl` rejissyorining yordamchisi bo’lib ishlardim. Rollar taqsimlanayotganda Otello roliga ikki aktyor — Abror Hidoyatov va Shukur Burhonov tasdiqlandi. Stol atrofida ish boshlanganida Shukur aka Abror akaning yonida bo’ldi. Rejissyorimiz Mannon Uyg’ur har bir so’zning ma’nosini chaqishga alohida e’tibor berardi. Abror aka rolini o’qiganida Shukur aka astoydil quloq solardi. O’sha yillari tarkib degan qoidaga rioya qilinardi. Unga binoan, birinchi tarkib ijrochisi edi. Asar sahnaga chiqqanda ham Abror aka 2-3 repetitsiya qilgach, Shukur akaga navbat tegar edi. Prem`era yaqinlashdi. Shukur aka hali rolidan ko’ngil to’lmagani sababli ke­yinroq ijro etishga rozilik so’radi. Lekin rolni tashlab qo’ymadi. Uning ustidan tinmay ish olib borayotganini bilib yurardim. U ko’pincha aktyor va rejissyor Sharif Qayumov bilan ishlashni yoqtirardi. Aktyorlar bilan ishlashda erinmaydigan Sharif akaning huzuriga Shukur aka borgani-borgan edi. Hatto bir necha bor Otello roli ustida bafurja ishlash uchun ta’tilda kurortlarga birga ketishdi. Men ishdan ajralmagan holda teatr institutida o’qir edim. Diplom ishimiz — “Makr va muhab­bat”­ni repetitsiya qilib turgan edik, auditoriyaga Shukur Burhonov bilan SH.Qayumov kirib keldi. Ularning yonida teatrda ishlab, bizga nutq madaniyatidan saboq beradigan Nazira Alieva ham bor edi. Repetitsiyadan so’ng bizga tezgina javob berishdi-da, o’zlari qolishdi. Men ham qoldim. Aniq bilardimki, ular “Otello”ni repetitsiya qilish uchun kelishgan. Shunda kichik bir sahnani ko’rishga muvaffaq bo’ldim. Bu “ro’molcha” epizodi edi. Biroq shu kichik ko’rinishning o’zidayoq SH.Burhonov bu rolni g’oyat hayratomuz tarzda o’ynay olishiga ishondim. Uning shuncha yil tayyorlanib, bu rolni ijro etmagani meni haligacha hayratga soladi. Keyinroq kimdandir shunday so’zni eshitib qoldim: “Shukur aka — “Otello” Abror akaning hotirasi uchun tasavvurdagicha saqlanishi kerak”, degan emish. Bu gapga ishonsa bo’ladi. Shundan keyin savolga javob topgandek bo’ldim…

Elliginchi yillarda N.V. Gogolning 100 yilligiga “Revizor” asarini sahnalashtirdik. Prem`era yaqinlashmoqda, lekin Shukur aka ishga kelmay qo’ydi. Xabar olsak: “Kasalman”, deydi. Ammo yotib olib rol` ustida ishlayotganini sezib qoldik. Muddat qisqaligidan rahbarlar ikki oyoqni bir etikka tiqqan. Bu esa aktyorga yoqmasdi, chunki rol` qiyomiga yetmaganligini yaxshi bilardi. Yubiley spektakli masalasiga san’at ishlari boshqarmasiga chaqirishdi. Bizdan oldin bu yerga Shukur aka kelib: “Men ta­y­yor emasman”, deya rol` daftarini boshliqqa tashlab chiqib ketibdi. Xullas, spektakl` Shukur aka “tayyorman” deganda qo’yildi.

Gamlet rolini ijro etishga ham aktyorimiz ko’p yillar tayyorlangan. Lekin mutaxassislar yaxshi baho berib turishganida ham sahnaga chiqmadi. Bir kuni “Gamlet” spektakliga chiptalar sotilgan-u, Olim Xo’jaev Moskvadan yetib kela olmadi. Shukur akaga shuncha iltimos qilishganida, “yo’q” deb turib oldi. Oxiri sahna ishchilariga murojaat etdik. Ular birpasda Shukur akaning roziligini oldi. Gamlet ijro etildi. Aktyor oddiy odamlar bilan tez til topishib ketardi. Ularning oldida beozor boladek suhbatlashar edi. Tayyorlanayotgan roli haqidagi mutaxassislar fikri bilan unchalik qiziqmas, avvolo, oddiy kishilarning — sahna ishchilarining fikrini so’rardi.

Ustoz bilan “Aybsiz aybdorlar” spektaklida birgalikda qatnashardik. U Grisha Neznamovni nihoyatda sevib ijro etardi. Bir spektaklda sahnaga chiqib ketayotganda sahna orqasida kimnidir piqillab yig’layotganini eshitib qoldim. Bilsam, go’yo Kruchinina o’g’li — Grishani ta’riflayotgan-u, aktyor o’zi (Grisha) haqidagi so’zlarni eshitib, ta’sirlanayotgan ekan. Mana, obrazga kirish! Men Shukur Burhonov shoshib kelib, o’zini sahnaga urganini hech eslolmayman. Kichik epizod bo’lsa ham u ilgaridan puxta tayyorlanar edi. Nafaqat o’zi, balki partnyoriga ham katta talab qo’yardi. “Mirzo Ulug’bek” asarini repetitsiya qilayotgan edik. Ota-bola sahnasi negadir ko’ngildagidek chiqmayapti. Men Abdulatifni ijro etardim. Shunda sahnalashtiruvchi-rejissyor A.Ginzburg Ulug’bekning (SH.Burhonov) ko’ziga tikilishimni so’radi. Aktyorning ko’ziga tikildim-u, seskanib ketdim, ko’zlaridan dahshat yog’ilardi. Borlig’imni allaqanday qo’rquv qamrab oldi. Bu esa rolimga butunlay boshqacha ruh bag’ishladi. Shu-shu epizod “Sher bilan tulki” deb nomlanib qoldi. Umuman, “Mirzo Ulug’bek” yozilishida Shukur Burhonovning muhim hissasi borligini Maqsud Shayhzoda ham e’tirof etardi. Toshkent zilzilasiga qadar bu ikki ijodkor ham bir ko’chada istiqomat qilgan. Aktyorimiz ishdan qaytishi bilan Shayh akanikiga chiqar, yozilgan sahifalarni birgalikda o’qib, muhokama qilar ekan, muallif ham Ulug’bek monologlarini Shukur akaga o’qitib tinglashni yaxshi ko’rarkan. Bir kuni Shukur aka Shayhzodanikiga meni ham olib bordi. Bilishimcha, Abdulatif monologiga o’zgarish kiritishmoqchi ekan, o’qib ko’rdik, fikrimizni aytdik. Darhaqiqat, qanday p`esa bo’lmasin, uni o’qish boshqa, sahnada qo’yish boshqa. O’qilganda beozor bo’lib ko’ringan so’zlar sahnada ortiqchalik qilib qolishi hech gap emas. Yoki boshqacha ifoda, so’zlar talab qilib qolinadi. Shu bois mualliflar har doim teatr bilan ishlashni katta maktab, deb bilishlari kerak.

Fidokor aktyor oltmishga bormayoq, jisman qariy boshladi. Qon bosimi tez-tez oshib ketadigan bo’ldi. Ikki farzanddan ajralish… o’am aktyor vujudini daraxt­ga tushgan qurtdek kemira boshladi. U hech kimga hasrat ham, nadomat ham qilmas, sukut saqlashga odatlangan edi. Tasodif bilan guldek qizi mangulikka ketdi. Bu dard arimayoq o’g’lining jasadi keltirildi. Uni qabristonga kuzatyapmiz… Shukur aka soyaga aylanib qolganga o’xshaydi… Qabriston eshigidan kirishimiz bilan u uyg’onib ketgandek hushyor tortdi. Ayriliq alamini aniq tasavvur qildi, shekilli, allaqanday kuch bilan to’lib toshdi, nimagadir chang solmoqchi bo’lgandek intildi. Qo’llaridan mahkam ushladik. Tuproq tortib bo’lingach, qo’limizdan chiqib o’zini so’li qocha boshlagan tuproqqa tashladi. “Shavkat!!!” shunday faryod otilib chiqdiki, go’yo butun qabriston larzaga kelganday bo’ldi. Minglab kishilarga zavq ulashgan dardli yurakning faryodi hammani yig’latdi. Shukur akaning hayotda ham g’oyat ta’sirchan kishi ekaniga yana bir bor ishondik.

Ashampoo_Snap_2016.05.21_18h58m33s_003_.png“SAHNADA YASHASH KERAK!..”
Shukur Burhon o’gitlari
077

Aktyor, umuman, ijodkorda ichki me’yor hissi bo’lishi kerak. Bu me’yor hissi – mezon, ijodkorning toshu tarozusidir…

* * *

Dunyoga Abror Hidoyatovdek aktyor qaytib kelmaydi. U sahnaga chiqadigan kun, otasi tirilib kelsa ham, ortiqcha gap qo’shmas, erta tongdan o’sha obraz ruhi va qiyofasiga kirib yashar edi. U sahnaga bor kuchi bilan tashlanadigan san’atkor edi. Ya’ni, Mirtemir aytmoqchi, Abror Hidoyatov sahnaga chiqsa go’yo: … ko’kdan chaqmoq tushardi.

Anov-manov odamning sochiga oq tushadi!.. Men uning qavatida edim. U kishiga izma-iz borgan bilan, ijodda o’z yo’lim, uslubim bor edi. Qolaversa, haddimni bilardim…

* * *

Og’adan (M. Uyg’ur) bosiqlikni, hissiyotni jilovlay bilishni, ovoz ohanglariga qunt bilan ishlov berishni, Yetim aka (YE. Bobojonov) dan sinchkovlikni, ya’ni hayotni o’rganishni, Abror akamdan (A. Hidoyatov) jo’shqinlikni, voqelikni tomoshabinga yetkazishdagi kuch-g’ayratni, shijoatni o’rgandim…

* * *

Sahnada rol` o’ynashmas, yashash kerak! Sen “artist” emas, aktyorsan! Shuni esdan chiqarma!

* * *

Artistda talant bo’lishi mumkin. Husn, chiroy, qaddi- qomat… Lekin “oboyaniya” (odamni o’ziga tortish kuchi, joziba) bo’lmasa, hammasi bir pul!…

* * *

Ochiqchasiga gaplashaylik, har bir inson kabi men ham shuhratni yaxshi ko’rardim. Menga mol-dunyo, huzur-halovat kerak emasmidi?!

Navqiron yoshimda men ham radio, televidenie va kino bo’ylab zir yugurib, muqaddas ijod yo’liga safarbar etilgan umrimni goh arzon-garov yo’qotib, keragicha pul va “shuhrat”

topishim hamda farog’atda yashashim mukin edi. Sahna bizga osonlikcha bo’ysunganmi? Aksincha, qiyinchiliklarni, har qancha iqtisodiy tanglikni bizdan so’rang!..

* * *

Moskva Badiiy teatrining spektakllari ko’plar qatori men uchun ham o’ziga xos universitet bo’ldi. Ruben Simonov, Mixail Kedrov, Ivan Bersen`ev bilan do’stligim mening ijodiy biografiyamda sezilarli iz qoldirdi.

Biz bir-birimizning muvaffaqiyatlarimizdan, teatr, kinodagi yutuqlarimizdan quvonib yashardik…

* * *

Artist degan zot shu narsani bilvolishi kerakki, bu – yonish degan narsa yo’q joydan vujudga kelmaydi. Buning uchun zamonning, xalqimizning yuragiga, tuyg’ulariga chuqur kirib borish, ularning dardi-quvonchlarini qalbdan kechirish, hayotiy qilib ifoda etish kerak bo’ladi. Ellik yildan ziyod vaqt ichida sahnada va kinoda o’ynagan rollarim ichida men uchun, ayniqsa, birovlarning dardiga, tashvishiga loqayd qaramagan, yuragi hamma uchun ochiq bo’lgan kishilarning obrazlari men uchun ardoqlidir…

Men bilan gaplashayotganingiz uchun Aznaur polvonni durust degandek bo’lyapsiz. Yuz-xotirimni qilmay gapiravuring. Bo’shmi, obraz? Bo’sh? Nega o’ynadingiz deng, men javob beraman. Yormatov qo’ymagandi. Har yakshanba kuni uyimga kelardi. “Sensiz kino olmayman” derdi. Mening: “axir stsenariy bo’sh-ku!” – deb jahlim chiqsa, u “Shukur, men biron marta stsenariybo’yicha fil`m olganimni bilasanmi? Stsenariy o’zgaradi, boyitaman. Zo’r bo’ladi”, – deb turib oldi. Bir gal o’sha zaif stsenariyning mualliflaridan biri, kattakonrog’ini ham boshlab keldi. Shunda men stsenariyni biroz tanqid qilgandim, bir-ikki taklifimni aytgandim, tutaqib ketdi. “Ti toje pisatelem stal chto-li?” – deb kesatdi. “Bore”, – dedim-u, aralashmadim. Oqibat, mana shunaqa bo’lib chiqdi… Stsenariy puxta bo’lishi kerak, rejissura zo’r bo’lishi kerak! Aktyor uni o’zining ijrosi bilan boyitadi…

137691.jpgSHUKUR BURHONOV HAQIDA
XOTIRALARDAN

077

Bir kuni “Mirzo Ulug’bek” spektaklidan keyin Shukur akani uylariga kuzatayotib:

– Nega “Jaloliddin Manguberdi” spektaklini tiklashmaydi? Axir, bizning avlod ko’rmagan-ku? – deb so’radim. U kishi uzoq sukut saqlab: – Kim biladi, menam shunga hayronman, — dedi-da, keyin qo’shimcha qildi: – Mana, R. Simonov Petr I, A. Cherkasov Ivan Grozniy obrazlarini ekranda qoyil qilib yaratishdi. Qani endi, Shayx (Shayxzoda demadi) Amir Temur haqida p`esa yozsa-yu, men sahnada o’ynasam, – dedi og’ir xo’rsinib.

Afsuski, Shukur aka bu orzusiga yetolmadi. Kim biladi, mustaqillik tufayli hozirgi olamshumul o’zgarishlar Shukur aka hayotligida yuz berganda, u sahnadami yo ekrandami, Amir Temur obrazini yaratib, millionlab muxlislari qalbida o’ziga yana bir haykal o’rnatib ketarmidi?

H. Ro’zimatov

Shukur akam o’z ijodiy faoliyatida juda ko’p mashhur tarixiy shaxslar obrazlari tizmasini yaratdi. Ular turli davrlar, turli zamonlarda yashab, turli taqdirga ega bo’lishiga qaramay, artist ijodxonasida o’zining munosib talqinini topdi.

Ubay Burhon

Shukur aka o’ta dilkash, kamtarin, zahmatkash, bag’ri keng, ayniqsa, yosh ijodkorlarga hayotdagi, san’atdagi tajribasini beminnat ulashishda sahovatli bir zot edi. U oilada ham o’ta odamiy edi, umr yo’ldoshi, farzandlarini juda yaxshi ko’rardi. Esimda, qizchasi kino s’yomka vaqtida fojiali qazo qilganida ham, o’g’li og’ir kasallik tufayli olamdan ko’z yumganida ham kuyib ketganidan egilib qolgandi… Ammo irodasi juda baquvvat bo’lgan san’atkor shunda ham teatrga borishni, rol` ijro etishni sira kanda qilmadi. Qaddi egilsa-da, irodasi aslo bukilmadi, u sahna mehrobiga sajda qilishda davom etaverdi…

B. Nasriddinov

Mana, oradan ancha yillar o’tdi. Endi oramizda Shukur Burhonov yo’q. Men uni minnatdorlik bilan yodga olaman va bir teatrshunos sifatida shunday buyuk inson bilan suhbatlashish baxtiga muyassar bo’lganim uchun o’zimni baxtiyor his qilaman.

M. Qodirov

Ulkan aktyorning bolalarga beg’uborligini ko’rib, hayotda ham, sahnada ham birday kuyunchak, iliq qalb, samimiy yurak, buyuk fazilat, kamtarona xislat egasi ekanliklariga tasanno aytaman. Ana shunday buyuk o’zbek aktyorining duosini olganligim, suhbatlaridan bahramand bo’lganligim, yigirma uch yildan beri Muqimiy nomidagi musiqali teatrdagi aktyorlik faoliyatimda asqotyapti. San’at oliygohida bo’lajak musiqali aktyorlarga tahsil berarkanman, buyuk aktyor Shukur Burhonovning so’zlarini tez-tez takrorlayman. Hech qachon sahnaga xiyonat qilmayman, qilmaganman ham. Talabalarga ham shunday fazilatni singdirishga intilaman. “Shukur Burhonov – o’zbek teatr san’atining qit’asi” ekanligini har doim aytishdan charchamayman.

B. Xolmirzaev

Shukur akaning ta’kidlashicha, artist ona tilida qancha kam so’zlashsa, nutqi g’alizlashib, shirasiz bo’lib qolarkan va oqibatda tomoshabinni rom etolmas ekan. Tomoshabinning qalbiga yo’l topish uchun toza nutq eng asosiy vosita vazifasini o’tar ekan. Albatta, o’sha davrlardagi ijtimoiy muhit va siyosiy kishilar ongida shunday bir tasavvurni paydo qilgandiki, natijada kishilar asta-sekinlik bilan o’z milliy tilini shunchaki “bozor tili” deb kamsitish, urf-odatlari va e’tiqodlaridan uzoqlashish darajasiga borib yetgandi.

Boboniyoz Qurbon

U kishining do’stlari, muxlislari juda ko’p edi. Esimda bor, bir yili Shukur akaning uyida o’tirganimizda, men unga bag’ishlangan she’rlar asosida televidenieda alohida ko’rsatuv tayyorlashni taklif qildim. Chunki unga bag’ishlab yozilgan she’rlar havas qilarli darajada ko’p va xilma-xil edi. Afsuski, bu niyat amalga oshmay qoldi…

Rafael Toqtosh

Shukur Burhonov yuksak mahorati bilan dunyoga mashhur bo’ldi. Ayniqsa, uni rus aktyorlari yuqori baholashar edi. “Il`ya Muromets” fil`mida bosh rolni taniqli rus aktyori Boris Andreev o’ynagan. Shukur aka shoh obrazini ijro etgan edi. Birinchi lavha olinayotganidayoq uning mahoratiga tan bergan Boris Andreev rejissyorga murojaat etib, Burhonov ijro etayotgan rolni orqa o’ringa olishni talab qiladi. Darhaqiqat, agar Shukur Burhonov ijro etayotgan rol` katta ko’lamda olinaversa, Il`ya Muromets roli Shukur Burhonov mahorati soyasida qolib ketishi mumkin edi. Buni bosh rol` ijrochisi

to’g’ri payqagan. Shukur Burhonov sho’ro yillari davrida ikki marotaba o’sha vaqtdagi adabiyot va san’at sohasida beriladigan yuksak mukofotga sazovor bo’lgan edi. Hamza teatrida qo’yilganspektakldagi rollari Moskvada muhokama etilganida bir kata teatrshunos uning ijodi ko’p qirrali ekanini badiiy baholash uchun “bezrazmerniy diapazon” degan iborani ishlatgan edi. Orqa qatordagi stulda o’tirgan Shukur aka yonidagilarga hazilomuz: “Meni bezrazmerniy paypoqqa o’xshatyaptimi?” – deb hammani kuldirgan edi. U ko’pincha boshqalarga shunday kayfiyat ulashib yurar edi. Chunki u hassos qalbli odam edi.

Zikir Muhammadjonov

1429633548_burya-nad-aziey.jpgSHUKUR BURHONGA
BAG’ISHLANGAN SHE’RLAR
077

Abdulla Oripov
SHUKUR BURHON

Azamat bir chinor,
Ayqirgan daryo.
Undan nariroqda salobatli tog’.
Tepada poyonsiz haybatli samo,
Atrofda ufqqa tutash dala, bog’.

Chinor soyasida ulug’ mo’ysafid
Sokin kuzatadi yeru osmonni.
U Shukur Burhondir, Goho Shu Taxlit
Tasavvur qilaman O’zbekistonni.

1994

Omon Matjon
KO’RDIM, SHUKUR BURHON HAMZADAN CHIQIB…

Ko’rdim, Shukur Burhon Hamzadan chiqib,
Asta piyodalab ketdi bir kuni.
Bir yon gavjum ko’cha, bir yon rastalar,
Olomon… Ko’pchilik bilmadi uni.

Repititsiya o’tgan. Mana, u borar
Charchoq, tund…
Parvosiz harakat aro,
Hozirgina ulug’ shoh Edip edi,
Endi fuqarodan battar fuqaro.

Ustoz! Zamonlarning do’nish makrini
Ko’chada grimsiz ko’rsatishmi bu?!
Kecha yig’lab sizga talpingan jonlar
Bugun tanimasdan o’tarlar, yohu!

Tirsaklar, qorinlar, ko’krak, yelkalar,
Sizni turtib-surtib shoshar o’zicha.
Tomosha bo’lganin sezmaslar, yo rab,
Shunday buyuk aktyor yuzi-ko’zicha.

Kaltabin «ilmkash» bu salt yurishni
«Daho xalq ichra!» deb jo’shishi mumkin.
Ko’rmaski, dahoga yo’l bermas hech kim,
Bazo’r bormoqda u, qisilib, munkib.

Xalq emish, kabobpaz, ana, «Keling!» der,
Ko’zidek gezarib sixda chandiri.
Lunjqizil somsapaz piyoz qoradi,
Uyatdan qizarib, chatnab tandiri.

Xalqmi shu, birovning haqqini gizlab,
Besh-o’nni yulishni poylab turganlar?
Xalqmi shu, nuroniy siymolar qolib,
Soxta sumbatlarni siylab turganlar?

Xalqmi shu, xayolu orzularini
O’zidan balandroq tiklolmaganlar?
Xalqmi shu, xalqining nomidan so’zlab,
Mingdan bir va’dasin oqlolmaganlar?

Xalq ulkim, o’zining peshonasida
Yulduzlar borini sezsa, quvonsa!
Xalq ulkim, g’ururi bo’lsa o’zida,
Asilga ishonsa, soxtadan tonsa!

Bu she’rni ko’rsangiz balki koyirsiz:
«Bu odamni qo’y-da, deb, holi-joniga…»
Bildim, siz piyoda, tinch yetmoqchisiz,
Huv, mag’rur haykallar xiyoboniga!

Ungacha ancha yo’l bor-da, ustozim,
Bu ur-surda yurmang salang-bo’sh bo’lib!
Grim bilan chiqing, guldirab chiqing,
Hech bo’lmasa o’sha Yalangto’sh bo’lib!

1982

Xurshid Davron
SHUKUR BURHON HAQIDA QO’SHIQ

Shukur Burhon ham qarib qoldi,
O’xshab qoldi qadim qal’aga.
Cho’kkan devor qaddin tiklaydi,
Shukur Burhon chiqqach sahnaga.

Endi undan kuchli odam yo’q,
Yengar man-man degan yigitni.
U kuyladi misoli qo’shiq
So’zlararo yotgan sukutni.

Tanaffusda yana horg’inlik
Yelkasiga tashlaydi kuchin.
Yuragida uxlar Ulug’bek,
So’ng sahnada hayqirmoq uchun.

…Shukur Burhon tunda tush ko’rar,
Tongga qadar cho’ziladi tush.
Tuni bilan bo’ron o’kirar,
Tuni bilan bo’zlaydi bir qush.

Yolg’iz fonus nur tarar siniq,
To’kilarmish yulduzlar g’ujg’on.
Yuragidan qayg’udek tiniq
Sochilarmish zax tuproqqa qon.

Shukur Burhon cho’chib uyg’onar,
Bosolmaydi u hayajonni
Va baquvvat qo’llari bilan
Ko’kragidan artadi qonni.

1978

SHUKUR BURHON HAQIDA IKKINCHI QO’SHIQ

Aqlsiz ko’zlarga boqaru o’ylar,
Faryodin ichiga yutar o’kinib
Va yana qiynaydi qattol tuyg’ular
Shukur Burhon o’g’lin qalbiga kirib.

Nima qilsin, axir, Shukur Burhon ham,
Bo’g’ziga tiqilsa achchiq faryodi.
Nima qilsin, axir, qiynasa alam,
Qiynasa tunlari bobolar yodi.

Nima qilsin, axir, keksa tomirlar
Bu kuchli nidoga berolmasa dosh,
Tolg’in tizzalari bukilsa birdan,
Og’ir xotirotga etolmay bardosh.

Shundan u olamga boqadi o’ychan,
Chiqib ketay deydi keng dalalarga,
Xayolchan qaytadi ba’zan ko’chadan
Dardini ochgancha yosh bolalarga.

Dardini ocharkan g’am ketar birdan,
Ammo yurak qolmas vayrona, bo’m-bo’sh.
Va bizga Ulug’bek ko’zin qa’ridan
Birdan nigoh tashlar isyon – Yalangto’sh…

1983

09

(Tashriflar: umumiy 7 649, bugungi 2)

Izoh qoldiring