Shukur Xolmirzayev. Ayolga ta’zim & O’n sakkizga kirmagan kim bor. Qissa

0_14bdc1_5b8273ec_orig.png    Аёллар куни… Жўнгина фикрласак, ҳайрон бўламиз: «Шунақаям кун бўладими? Нима, бошқа кунлар хотин-қизлар куни эмасми?» Ғализ, сакта бир бирикма бўлиб туюлади бу гап…

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
АЁЛГА ТАЪЗИМ
Бир мавзудаги икки мақоладан иқтибослар
007

1

jurnal_vistavki_alim3.jpg«Аёллар куни…»

Жўнгина фикрласак, ҳайрон бўламиз: «Шунақаям кун бўладими? Нима, бошқа кунлар хотин-қизлар куни эмасми?» Ғализ, сакта бир бирикма бўлиб туюлади бу гап…

Дарвоқе, олис қирларда бойчечаклар очилди. Кечагина Рамазон айтиб юрган болажонларимиз бугун Бойчечак қўшиғини куйлаётир. Эрта-индин Наврўз келади. Ажабо, энг азиз ва ёқимтой байрамларимиз айни кўкламга тўғри келар экан-да? Энг кўп маросим қўшиқларимиз ҳам шу фаслда айтилмайдими?

Сузхотин, сузма хотин,
Кўланкаси майдон хотин.
Ёмғир ёғсин, ҳўл бўлсин,
Еру жаҳон кўл бўлсин,
Арпа-буғдой бош тортсин,
Кайвонилар ош тортсин…

Қизиқ, кўклам билан боғлиқ деярли барча қўшиқларимиз аёл зотига аталган, бағишланган ёхуд бошқа бир рамзий йўсинда унга қилинган мурожаат бўлиб чиқади.

«Сўзхотин» сўзи – «булут» дегани. Булутнинг кўланкаси майдондек келади-да. Ахир, булут ёғдиради-да ёмғирни… Ажаб, еру кўкни яшнатиб юборадиган, буғдой-арпаларни бош торттирадиган ёмғирли булутга менгзашади, а, аёлни? Шошманг, ёмғир ёғишидан олдин булутлар ичида бўладиган қалдир-қулдирнинг номи нима? Момақалдироқ, Момогулдирак.

Нега энди уни, масалан, Отақалдироқ ёки шунга яқин бир сўз ила аташмаган экан? Ёхуд айни шу кунларда ўсиб чиқадиган Чучмомони эсланг. Ҳатто Ойни ҳам – Оймомо деймиз-а?

Қаранг, тилимизга – бизнинг минг-минг йиллик бойлигимиз, муомала қуролимиз, пироварди, ўзлигимизни акс эттирувчи ягона қадриятимизга ҳам сингиб кетган-а бу – Аёл сўзининг турли-туман шакллари, мажозлари!

12718249_734147173389007_7423409619240566140_n.jpgДемак, чақалоқнинг илк сўзи «она, ая, эна! Бўлганидек, миллатнинг – халқнинг ҳам тили ўша сирли, муқаддас сўзлар билан чиққан экан!

Ана ўша мозийга жиндак саёҳат қилсак, Аёл зотига муносабатнинг ажабтовур шаклларини кўрамиз, тўғрироғи, Уни улуғлашнинг ўзига хос рамзларини кўрамиз: сир эмас, лоилоҳа иллолоҳу Муҳаммадун расулоллоҳ, Исломиятга киришимиздан бурун ҳам не сири синоат, ақл бовар бир муносабатлар орқасида, ҳа-ҳа, Бош онамиз – Момоҳаво бўлганини билмаган чоғларимизда ҳам бобо-ю бобокалонларимиз Аёл ҳурматини ўрнига қўя билганлар. Яъни, масалан, ўтпарастлик динига топинган чоғларимизда деярли ҳар бир хонадоннинг тўрида лойдан ясаб хумдонда пишитилган Аёл ҳайкали турган. Ҳа, Ўзи кечирсин, уни – Хотинхудо, деб атаганлар ва унга сиғинганлар. Чунки уни – Аёлни ярагувчилик, тирикликни давом эттиргувчи муқаддас зот деб билганлар. Барча тирик мавжудоту махлуқотни тўйдиргувчи, кийинтиргувчи Тупроқни-Ерни ҳам Аёлга менгзаб, Она-ер, деб атаганлар. О, ўтпарастликнинг муқаддас китоби саналмиш Авестода Аёл зотига бағишланган сон-саноқсиз бағишловлар бор. Ҳатто асарнинг кўпчилик боблари Хотин-Ер шаънига айтилган мадҳиялар билан бошланади. Во, ажаб, тилни ҳам – Онатил, деб атаймиз-а?..

Ажабо, дунё пайдо бўлганидан буён қайси бир подшолик, хоқонлик, султонлик, императорлик ёки президентликни бошқарган қайси бир эркак зотининг ёнида турган малика давлату халқ ишларига бефарқ қараган экан? Ҳеч қайсиси… Ҳатто ёнида эркаги – давлат бошлиғи ёхуд валиаҳд тургани ҳолда бутун бошли мамлакатларни бемалол бошқарган Аёлларни биламиз. Бундан икки минг йил бурун Юнонистонда ўтган Клеопатра деган маликани ким эшитмаган? «Миср маликаси» ҳисобланмиш бу гўзал, доно ва тадбиркор аёл ҳатто… Юлий Цезарнинг ҳам бошини айлантириб, бир қанча муддат Рим империясини бошқарган. Кейин Мисрни ажратиб олган…

92575.jpgЎзимизнинг момоларимиздан Бибихоним ҳазрат олияларини эсланг. Темур бобомиз узоқ сафарларда йиллаб бўлган чоғларида буюк салтанатни ким идора қилган? Ким ўша қурилишларда аёл боши билан қурувчилар орасида юрган ва соҳибқироннинг сафардан қайтишига буюк бир кошонани қурдириб кутиб олган? Улуғбекнинг онаси ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин (Шу мавзуда сайтимиздаги «Шарқнинг ҳукмдор аёллари» мақоласини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Ёхуд Бухорхотун деган бир улуғ аёл ҳақида эшитганмисиз? Наршахий асарида ёзилган… У киши Бибихонимдан беш аср бурун ўтган. Ул аёл ҳар тонг бомдод намозидан кейин арк қаршисида ўрнатилган тахтга ўтириб, фуқаро билан сўзлашар экан… Босқинчи Чор Россияси зулмига қарши бош кўтарган халқимизнинг байроқдори бўлган оналаримиздан бири Қурбонхон додҳони эсланг: қўлда қилич билан курашган эди, ҳатто ўғлини ёвузлар дорга осган чоғларида миқ этмай кузатган, кейин яна жангни давом эттирган эди… «Дода Қўрқут» достонидаги маликани эсга олинг. Умуман, туркий халқларда… Узр, биз ҳали юқоридаги мулоҳазаларимизга нуқта қўймадик. Халқаро хотин-қизлар куни ҳақида анжуман ўтган Ғарбга қайтамиз. Ва унда ҳам яққол кўрамизки, бутун бошли давлатларни, ҳатто империяларни аёллар бошқарган экан: Шотландия қироличаси, Англиё қироличаларини эслайлик. Пётр Биринчидан кейин Рус империясини бошқарган ва жаҳонгир эрининг ташқи сиёсатини оғишмай амалга оширган Екатерина-чи? Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Аммо бизни ҳайрон қолдирадиган бир ҳолда тўхталиш фойдаларироқ кўринади. Яъни, бу – ғарбий деб аталган мамлакатларда шунчалик доно, сиёсатдон ва тадбиркор Аёллар ўтибди-ю, во ажаб, биттаси ҳам ўз жинсдошларининг-да ана ўша Сиёсат, Иқтисод ва ижтимоий соҳаларда эркаклар билан тенг бўлиши кераклигини ва ҳатто мумкинлигини ҳам ўйлашмапти-да? Ҳа, шундоқ бўлиб чиқади. Сабаб? Бунинг ҳам сабаби оддий: у Аёллар – оқсуяк эдилар, киборлар муҳити осмонидаги аёллар эдиларки… Демак, ўз жинсдошларини ўзларига тенг кўрмаганлар. Шундай. Бу ҳолнинг ботиний ижтимоий ва сиёсий илдизи ҳам бор эди. У – сайлов туфайли халқнинг иродаси билан ҳокимият тепасига оддий (қора) аёлларнинг ҳам чиқа олиши мумкинлигидек… бир дастурнинг йўқлиги эди. Ҳатто, ҳатто «демократия»нинг ижтимоий муҳитдаги энг одил тузум шакли экани кашф этилган Буюк Римнинг Давлатни юритиши усули – конституцияда: «…Ўз устидан эрининг ҳукмронлик қилишини истамаган аёл вақти-вақти билан эридан уч кун бўлак ҳолда яшаши шарт» (VI модда) дейилгани ҳолда, умуман: «Аёллар табиатан енгилтак бўлганлари учун (улар қайси амалда бўлмасин) албатта, ёнларига мураббий эркак туриши шарт» (V модда) деб белгиланган эди.

Дунёнинг эврилишига қарангки, Ғарбнинг талай мамлакатларида демократик тузум ўрнатилганидан кейин, ниҳоят, ХХ аср бошларида Аёлларнинг туб ҳуқуқларини таъминлаш масаласи кўтарилди ва ўша масала ечимини топган кун – 8 март «Халқаро хотин-қизлар куни» деб эълон қилиндики, асрлар давомида чекланиб келинган Аёл ҳуқуқлари қонуний тус олди ва бунинг акси содир бўладиган мамлакатларга уятли бир нарсага қарагандай қараш кайфияти тарқалиб кетди: бу ҳолни – Аёлларни «аёллиги учун дискриминация» қилиш деб аталади ва ўз моҳияти билан «ирқий, миллий ва диний дискриминациялар»га тенг туради. Пироварди, «Инсон ҳуқуқларини поймол қилиш», деб баҳоланади.

2

0025_n.jpgЯна бир дақиқа мозийга сафар қилайлик. Аввало, битта гап: биз Исломиятга киришдан олдин ҳам инсонлар эдик, алҳол, тилимиз ҳам Исломга киришимиздан бурун чиққан. Ва, қарангки, алҳамдулиллоҳ, мусулмон бўлатуриб, ундан минг-минг йиллар олдин тилимиз чиққан замонларда Аёл зотига эътиқод рамзи сифатида ўхшатган гўзал нарсаларни ҳамон ўхшатамиз унга, энг муқаддам қадриятларимизга ҳамон унинг номини нисбат бериб айтамиз…

Энг муҳим табиат ҳодисаларининг-да, инсонга яшаш учун имкон берадиган, барча моддий бойликлар яраладиган Еру Сувни ҳам Аёлга қиёс қилинажаги ва бунда том ҳақиқат мавжудлиги ҳаммага аёндир. Шуларга яна бир-икки қўшимча бор: чунончи, Уй, Чироқ, Ўчоқ ҳам аёл шахси билан маънодош экан.

«Чироғини ёқиб ўтирибди», деганда қайси зотни тушунамиз? Шубҳасиз, аёлни.

Тағин бир қизиқ гап бор: энг ибтидоий даврларимиздан то бугунги кунгача яйлов ва тоғларда қора уйни – ўтовни аёллар тикадилар. Ҳа, ҳатто шарт боғлашиб уйни кўтаришга уринган йигирмалаб эркаклар эплолмаганда, тўртта хотин гумбаздек ўтовни тикка қилганини ҳам кўрганмиз. Шуниси қизиқки, уйни бузиш ҳам – Аёлга тан. Демак, уй рамзида Аёл бор экан… О, биз уйни гапиряпмиз. Бундан бир-икки йил бурун Шеробод туманидаги 4000 йил бурунги бир қабристонни кўриб келаётган эдик. Мен билан Раҳимжон деган шогирдим. Кун иссиқ бўлгани учун айрон ичгани тўхтадик. Бир толнинг соясида чанқоқбостидан сипқориб тургандик, шундоқ ариқнинг у бетида – куннинг тиғида чўнқайиб ўтирган талай эркакларга кўзим тушди. «Раҳимжон, нима бўлган уларга?» деб сўрадим. У ариқдан ўтиб бориб, билиб келди: уй эгаси том-тошини бузиб, янги қурган томорқасига кўчиб ўтаётган экан. Фақат тандир қолган, уни ҳам бузиб опкетиши лозим экан. Аммо Аёли келишини кутиб, ёру дўстлари билан шу алфозда ўтирган экан. Чунки аёли тандирни бузиши керак экан… Бугунги кундаги гап бу.

Ҳайрон бўлиб ёқангни ушлайсанми, киши. Аёлда нима сеҳр бор? Қандай куч-қудрат борки, тоғни уриб талқон қиладиган эркаклар унинг келиб, нон пишириладиган тандирни бузиб беришини, ҳечқурса, унинг ёнига бир кетмон уришини кутиб ўтиришса!

Маъзур тутасиз, шу тобда момом раҳматлининг кучдан қолиб, айвонда йиғлаб ўтиргани кўз олдимга келди. Онам тандирда нон ёпар, иссиқ юзига зиён қилмасин учун юзини рўмол билан боғлаб олган, фақат кўзлари кўринар эди. «Нимага йиғлаяпсиз, момо? Энам нон ёпишни билар экан, хурсанд бўлмайсизми» дедим. Момом бечора дастурхондаги энди тандирдан чиққан кўпкан нонлардан бирини олиб, орқасига қаради, олдига боқди. «Тандир яхши қизимаган, – деди кейин. – Мана, бири хомсиз бўпти, бирида кесак…» Кампир ноннинг яхши чиқмаганидан эмас, ўзининг муқаддас ишининг биридан айрилиб қолгани учун йиғлаётганини тушундим. Демак, инсоннинг энг табаррук ризқ-рўзи – Нон ҳам бевосита аёл рамзи ила боғлиқ экан.

Яна битта кичкина мисол айтайин: бир вақтлар ёзувчи Пиримқул Қодиров билан Бойсун тоғларида сафарда бўлдим. Отамнинг Абдулла деган бир ошнасининг уйига бордик. Борсак, уй хўжаси йўқ, уй бекаси билан Зиёдулла деган ўғилчаси бор экан. Пиримқул ака ўзларига хос одоб билан: «Бу ерга қўнсак қандай бўларкан? Эркаги бўлмаса…» дедилар. Янгамиз бу гапни эшитиб турган экан. «Э, эркаги бўлмаса, бекаси бор-ку? Бир меҳмонни кутиб кузатмасак, нима қилиб юрибмиз? – деди-да, Зиёдуллага буюрди: – Бор, улим, отардан бир серка опке». Кейин, олиб келинган семиз серкани ётқизиб, оёқлари орасига ўқлов қўйиб, сўяётган аёлни кўрган Пиримқул ака лол бўлиб қолдилар-у, шу дамнинг ўзида ўнг қўлларини тез-тез силкитиб: «Ана, Барчинойлар қаерда! Биз мана шуларни ёзишимиз керак, Шукур!» дедилар. Кейин қизишиб, маъруза ўқиётгандай яна кўп нарсаларни айтиб кетдилар…

Уйига келган меҳмонларни бу тарзда кутиб олган аёлни кимга ўхшатиш мумкин?..

Шундай кунда хотин-қизларимизни «Айёмингиз муборак бўлсин!» деб табриклаш – нафақат айни муддао, балки У зотни мислсиз заковатига тан бериш, уни бекорга Тириклик манбаи деб аталмагани ва бежиз Унга таъзим этилмаганига иқрор бўлиш ва истиқболда янада камол топишга бағишлаш ҳамдир.
Келаётган байрамингиз муборак бўлсин, азиз оналар, меҳрибон опа-сингиллар!

1998 йил, 4 март

100.jpgShukur XOLMIRZAYEV
AYOLGA TA’ZIM
Bir mavzudagi ikki maqoladan iqtiboslar
007

1

Елизаров Ю.И. Оналик. 1957й. Мато, мойбўёқ.«Ayollar kuni…»

Jo‘ngina fikrlasak, hayron bo‘lamiz: «Shunaqayam kun bo‘ladimi? Nima, boshqa kunlar xotin-qizlar kuni emasmi?» G‘aliz, sakta bir birikma bo‘lib tuyuladi bu gap…

Darvoqe, olis qirlarda boychechaklar ochildi. Kechagina Ramazon aytib yurgan bolajonlarimiz bugun Boychechak qo‘shig‘ini kuylayotir. Erta-indin Navro‘z keladi. Ajabo, eng aziz va yoqimtoy bayramlarimiz ayni ko‘klamga to‘g‘ri kelar ekan-da? Eng ko‘p marosim qo‘shiqlarimiz ham shu faslda aytilmaydimi?

Suzxotin, suzma xotin,
Ko‘lankasi maydon xotin.
Yomg‘ir yog‘sin, ho‘l bo‘lsin,
Yeru jahon ko‘l bo‘lsin,
Arpa-bug‘doy bosh tortsin,
Kayvonilar osh tortsin…

Qiziq, ko‘klam bilan bog‘liq deyarli barcha qo‘shiqlarimiz ayol zotiga atalgan, bag‘ishlangan yoxud boshqa bir ramziy yo‘sinda unga qilingan murojaat bo‘lib chiqadi.

«So‘zxotin» so‘zi – «bulut» degani. Bulutning ko‘lankasi maydondek keladi-da. Axir, bulut yog‘diradi-da yomg‘irni… Ajab, yeru ko‘kni yashnatib yuboradigan, bug‘doy-arpalarni bosh torttiradigan yomg‘irli bulutga mengzashadi, a, ayolni? Shoshmang, yomg‘ir yog‘ishidan oldin bulutlar ichida bo‘ladigan qaldir-quldirning nomi nima? Momaqaldiroq, Momoguldirak.

Nega endi uni, masalan, Otaqaldiroq yoki shunga yaqin bir so‘z ila atashmagan ekan? Yoxud ayni shu kunlarda o‘sib chiqadigan Chuchmomoni eslang. Hatto Oyni ham – Oymomo deymiz-a?

Qarang, tilimizga – bizning ming-ming yillik boyligimiz, muomala qurolimiz, pirovardi, o‘zligimizni aks ettiruvchi yagona qadriyatimizga ham singib ketgan-a bu – Ayol so‘zining turli-tuman shakllari, majozlari!

OsHCfScYURs.jpgDemak, chaqaloqning ilk so‘zi «ona, aya, ena! Bo‘lganidek, millatning – xalqning ham tili o‘sha sirli, muqaddas so‘zlar bilan chiqqan ekan!

Ana o‘sha moziyga jindak sayohat qilsak, Ayol zotiga munosabatning ajabtovur shakllarini ko‘ramiz, to‘g‘rirog‘i, Uni ulug‘lashning o‘ziga xos ramzlarini ko‘ramiz: sir emas, loiloha illolohu Muhammadun rasulolloh, Islomiyatga kirishimizdan burun ham ne siri sinoat, aql bovar bir munosabatlar orqasida, ha-ha, Bosh onamiz – Momohavo bo‘lganini bilmagan chog‘larimizda ham bobo-yu bobokalonlarimiz Ayol hurmatini o‘rniga qo‘ya bilganlar. Ya’ni, masalan, o‘tparastlik diniga topingan chog‘larimizda deyarli har bir xonadonning to‘rida loydan yasab xumdonda pishitilgan Ayol haykali turgan. Ha, O‘zi kechirsin, uni – Xotinxudo, deb ataganlar va unga sig‘inganlar. Chunki uni – Ayolni yaraguvchilik, tiriklikni davom ettirguvchi muqaddas zot deb bilganlar. Barcha tirik mavjudotu maxluqotni to‘ydirguvchi, kiyintirguvchi Tuproqni-Yerni ham Ayolga mengzab, Ona-yer, deb ataganlar. O, o‘tparastlikning muqaddas kitobi sanalmish Avestoda Ayol zotiga bag‘ishlangan son-sanoqsiz bag‘ishlovlar bor. Hatto asarning ko‘pchilik boblari Xotin-Yer sha’niga aytilgan madhiyalar bilan boshlanadi. Vo, ajab, tilni ham – Onatil, deb ataymiz-a?..

Ajabo, dunyo paydo bo‘lganidan buyon qaysi bir podsholik, xoqonlik, sultonlik, imperatorlik yoki prezidentlikni boshqargan qaysi bir erkak zotining yonida turgan malika davlatu xalq ishlariga befarq qaragan ekan? Hech qaysisi… Hatto yonida erkagi – davlat boshlig‘i yoxud valiahd turgani holda butun boshli mamlakatlarni bemalol boshqargan Ayollarni bilamiz. Bundan ikki ming yil burun Yunonistonda o‘tgan Kleopatra degan malikani kim eshitmagan? «Misr malikasi» hisoblanmish bu go‘zal, dono va tadbirkor ayol hatto… Yuliy Sezarning ham boshini aylantirib, bir qancha muddat Rim imperiyasini boshqargan. Keyin Misrni ajratib olgan…

4e589c2173ef8b166a79d92c6a2bd06f_i-13376.jpgO‘zimizning momolarimizdan Bibixonim hazrat oliyalarini eslang. Temur bobomiz uzoq safarlarda yillab bo‘lgan chog‘larida buyuk saltanatni kim idora qilgan? Kim o‘sha qurilishlarda ayol boshi bilan quruvchilar orasida yurgan va sohibqironning safardan qaytishiga buyuk bir koshonani qurdirib kutib olgan? Ulug‘bekning onasi haqida ham shunday gaplarni aytish mumkin (Shu mavzuda saytimizdagi «Sharqning hukmdor ayollari» maqolasini mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)

Yoxud Buxorxotun degan bir ulug‘ ayol haqida eshitganmisiz? Narshaxiy asarida yozilgan… U kishi Bibixonimdan besh asr burun o‘tgan. Ul ayol har tong bomdod namozidan keyin ark qarshisida o‘rnatilgan taxtga o‘tirib, fuqaro bilan so‘zlashar ekan… Bosqinchi Chor Rossiyasi zulmiga qarshi bosh ko‘targan xalqimizning bayroqdori bo‘lgan onalarimizdan biri Qurbonxon dodhoni eslang: qo‘lda qilich bilan kurashgan edi, hatto o‘g‘lini yovuzlar dorga osgan chog‘larida miq etmay kuzatgan, keyin yana jangni davom ettirgan edi… «Doda Qo‘rqut» dostonidagi malikani esga oling. Umuman, turkiy xalqlarda… Uzr, biz hali yuqoridagi mulohazalarimizga nuqta qo‘ymadik. Xalqaro xotin-qizlar kuni haqida anjuman o‘tgan G‘arbga qaytamiz. Va unda ham yaqqol ko‘ramizki, butun boshli davlatlarni, hatto imperiyalarni ayollar boshqargan ekan: Shotlandiya qirolichasi, Angliyo qirolichalarini eslaylik. Pyotr Birinchidan keyin Rus imperiyasini boshqargan va jahongir erining tashqi siyosatini og‘ishmay amalga oshirgan Yekaterina-chi? Bu ro‘yxatni davom ettirish mumkin. Ammo bizni hayron qoldiradigan bir holda to‘xtalish foydalariroq ko‘rinadi. Ya’ni, bu – g‘arbiy deb atalgan mamlakatlarda shunchalik dono, siyosatdon va tadbirkor Ayollar o‘tibdi-yu, vo ajab, bittasi ham o‘z jinsdoshlarining-da ana o‘sha Siyosat, Iqtisod va ijtimoiy sohalarda erkaklar bilan teng bo‘lishi kerakligini va hatto mumkinligini ham o‘ylashmapti-da? Ha, shundoq bo‘lib chiqadi. Sabab? Buning ham sababi oddiy: u Ayollar – oqsuyak edilar, kiborlar muhiti osmonidagi ayollar edilarki… Demak, o‘z jinsdoshlarini o‘zlariga teng ko‘rmaganlar. Shunday. Bu holning botiniy ijtimoiy va siyosiy ildizi ham bor edi. U – saylov tufayli xalqning irodasi bilan hokimiyat tepasiga oddiy (qora) ayollarning ham chiqa olishi mumkinligidek… bir dasturning yo‘qligi edi. Hatto, hatto «demokratiya»ning ijtimoiy muhitdagi eng odil tuzum shakli ekani kashf etilgan Buyuk Rimning Davlatni yuritishi usuli – konstitutsiyada: «…O‘z ustidan erining hukmronlik qilishini istamagan ayol vaqti-vaqti bilan eridan uch kun bo‘lak holda yashashi shart» (VI modda) deyilgani holda, umuman: «Ayollar tabiatan yengiltak bo‘lganlari uchun (ular qaysi amalda bo‘lmasin) albatta, yonlariga murabbiy erkak turishi shart» (V modda) deb belgilangan edi.

Dunyoning evrilishiga qarangki, G‘arbning talay mamlakatlarida demokratik tuzum o‘rnatilganidan keyin, nihoyat, XX asr boshlarida Ayollarning tub huquqlarini ta’minlash masalasi ko‘tarildi va o‘sha masala yechimini topgan kun – 8 mart «Xalqaro xotin-qizlar kuni» deb e’lon qilindiki, asrlar davomida cheklanib kelingan Ayol huquqlari qonuniy tus oldi va buning aksi sodir bo‘ladigan mamlakatlarga uyatli bir narsaga qaraganday qarash kayfiyati tarqalib ketdi: bu holni – Ayollarni «ayolligi uchun diskriminatsiya» qilish deb ataladi va o‘z mohiyati bilan «irqiy, milliy va diniy diskriminatsiyalar»ga teng turadi. Pirovardi, «Inson huquqlarini poymol qilish», deb baholanadi.

2

793c722fb2c4.jpgYana bir daqiqa moziyga safar qilaylik. Avvalo, bitta gap: biz Islomiyatga kirishdan oldin ham insonlar edik, alhol, tilimiz ham Islomga kirishimizdan burun chiqqan. Va, qarangki, alhamdulilloh, musulmon bo‘laturib, undan ming-ming yillar oldin tilimiz chiqqan zamonlarda Ayol zotiga e’tiqod ramzi sifatida o‘xshatgan go‘zal narsalarni hamon o‘xshatamiz unga, eng muqaddam qadriyatlarimizga hamon uning nomini nisbat berib aytamiz…

Eng muhim tabiat hodisalarining-da, insonga yashash uchun imkon beradigan, barcha moddiy boyliklar yaraladigan Yeru Suvni ham Ayolga qiyos qilinajagi va bunda tom haqiqat mavjudligi hammaga ayondir. Shularga yana bir-ikki qo‘shimcha bor: chunonchi, Uy, Chiroq, O‘choq ham ayol shaxsi bilan ma’nodosh ekan.

«Chirog‘ini yoqib o‘tiribdi», deganda qaysi zotni tushunamiz? Shubhasiz, ayolni.

Tag‘in bir qiziq gap bor: eng ibtidoiy davrlarimizdan to bugungi kungacha yaylov va tog‘larda qora uyni – o‘tovni ayollar tikadilar. Ha, hatto shart bog‘lashib uyni ko‘tarishga uringan yigirmalab erkaklar eplolmaganda, to‘rtta xotin gumbazdek o‘tovni tikka qilganini ham ko‘rganmiz. Shunisi qiziqki, uyni buzish ham – Ayolga tan. Demak, uy ramzida Ayol bor ekan… O, biz uyni gapiryapmiz. Bundan bir-ikki yil burun Sherobod tumanidagi 4000 yil burungi bir qabristonni ko‘rib kelayotgan edik. Men bilan Rahimjon degan shogirdim. Kun issiq bo‘lgani uchun ayron ichgani to‘xtadik. Bir tolning soyasida chanqoqbostidan sipqorib turgandik, shundoq ariqning u betida – kunning tig‘ida cho‘nqayib o‘tirgan talay erkaklarga ko‘zim tushdi. «Rahimjon, nima bo‘lgan ularga?» deb so‘radim. U ariqdan o‘tib borib, bilib keldi: uy egasi tom-toshini buzib, yangi qurgan tomorqasiga ko‘chib o‘tayotgan ekan. Faqat tandir qolgan, uni ham buzib opketishi lozim ekan. Ammo Ayoli kelishini kutib, yoru do‘stlari bilan shu alfozda o‘tirgan ekan. Chunki ayoli tandirni buzishi kerak ekan… Bugungi kundagi gap bu.

Hayron bo‘lib yoqangni ushlaysanmi, kishi. Ayolda nima sehr bor? Qanday kuch-qudrat borki, tog‘ni urib talqon qiladigan erkaklar uning kelib, non pishiriladigan tandirni buzib berishini, hechqursa, uning yoniga bir ketmon urishini kutib o‘tirishsa!

Ma’zur tutasiz, shu tobda momom rahmatlining kuchdan qolib, ayvonda yig‘lab o‘tirgani ko‘z oldimga keldi. Onam tandirda non yopar, issiq yuziga ziyon qilmasin uchun yuzini ro‘mol bilan bog‘lab olgan, faqat ko‘zlari ko‘rinar edi. «Nimaga yig‘layapsiz, momo? Enam non yopishni bilar ekan, xursand bo‘lmaysizmi» dedim. Momom bechora dasturxondagi endi tandirdan chiqqan ko‘pkan nonlardan birini olib, orqasiga qaradi, oldiga boqdi. «Tandir yaxshi qizimagan, – dedi keyin. – Mana, biri xomsiz bo‘pti, birida kesak…» Kampir nonning yaxshi chiqmaganidan emas, o‘zining muqaddas ishining biridan ayrilib qolgani uchun yig‘layotganini tushundim. Demak, insonning eng tabarruk rizq-ro‘zi – Non ham bevosita ayol ramzi ila bog‘liq ekan.

Yana bitta kichkina misol aytayin: bir vaqtlar yozuvchi Pirimqul Qodirov bilan Boysun tog‘larida safarda bo‘ldim. Otamning Abdulla degan bir oshnasining uyiga bordik. Borsak, uy xo‘jasi yo‘q, uy bekasi bilan Ziyodulla degan o‘g‘ilchasi bor ekan. Pirimqul aka o‘zlariga xos odob bilan: «Bu yerga qo‘nsak qanday bo‘larkan? Erkagi bo‘lmasa…» dedilar. Yangamiz bu gapni eshitib turgan ekan. «E, erkagi bo‘lmasa, bekasi bor-ku? Bir mehmonni kutib kuzatmasak, nima qilib yuribmiz? – dedi-da, Ziyodullaga buyurdi: – Bor, ulim, otardan bir serka opke». Keyin, olib kelingan semiz serkani yotqizib, oyoqlari orasiga o‘qlov qo‘yib, so‘yayotgan ayolni ko‘rgan Pirimqul aka lol bo‘lib qoldilar-u, shu damning o‘zida o‘ng qo‘llarini tez-tez silkitib: «Ana, Barchinoylar qayerda! Biz mana shularni yozishimiz kerak, Shukur!» dedilar. Keyin qizishib, ma’ruza o‘qiyotganday yana ko‘p narsalarni aytib ketdilar…

Uyiga kelgan mehmonlarni bu tarzda kutib olgan ayolni kimga o‘xshatish mumkin?..

Shunday kunda xotin-qizlarimizni «Ayyomingiz muborak bo‘lsin!» deb tabriklash – nafaqat ayni muddao, balki U zotni mislsiz zakovatiga tan berish, uni bekorga Tiriklik manbai deb atalmagani va bejiz Unga ta’zim etilmaganiga iqror bo‘lish va istiqbolda yanada kamol topishga bag‘ishlash hamdir.
Kelayotgan bayramingiz muborak bo‘lsin, aziz onalar, mehribon opa-singillar!

1998 yil, 4 mart

09

(Tashriflar: umumiy 2 249, bugungi 1)

Izoh qoldiring