Shukur Xolmirzayev. Cho’loq turna

056    Чўлоқ турна тухумдан кеч чикди. Чиққанидан кейин ҳам ўнг оёғини ололмай анча ётди, типирчилади, тукдан иборат қанотчаларини қоқди. Ўзини пайдо қилган тухум пўчоғига тиззасидан пасти ёпишиб қолган эди. Ниҳоят, ундан халос бўлди-ю, ўнг томонга майишиб, атрофига майда шағал тошлар териб қўйилган, қумга қаттиқроқ босилган туя изидек уясида бир-икки айланди. Сўнг маъюс, ожиз овоз чиқариб, бошини зўрға кўтариб, анчагача қалтираб турди.

Шукур Холмирзаев
ЧЎЛОҚ ТУРНА

091

   Чўлоқ турна тухумдан кеч чикди. Чиққанидан кейин ҳам ўнг оёғини ололмай анча ётди, типирчилади, тукдан иборат қанотчаларини қоқди. Ўзини пайдо қилган тухум пўчоғига тиззасидан пасти ёпишиб қолган эди. Ниҳоят, ундан халос бўлди-ю, ўнг томонга майишиб, атрофига майда шағал тошлар териб қўйилган, қумга қаттиқроқ босилган туя изидек уясида бир-икки айланди. Сўнг маъюс, ожиз овоз чиқариб, бошини зўрға кўтариб, анчагача қалтираб турди.

У нафас олар — янги олам ҳавосидан нафас олар, баданига янги оламнинг — илиқ баҳор қуёшининг нурлари сингар, шунинг учун қалтирар, ҳали бу ҳаётга кўникмаган эди.

Бир пайт ён томондаги қалин шувоқлар ортидан қаттиқ ва даҳшатли «қақ-қақ» этган товуш эшитилди. Турнача қаттиқ қимирлаб, яна шикастланган оёғи ёққа йиқилди. Яна анча типирчилаб ётди. Энди, бу типирчилашида ўзини ўнглаб олишдан кўра қандайдир сирли хавфдан яширинишга интилиш бор, чунки жажжи турнача онасининг овозидан буни ҳис этган эди.

Ҳақиқатан ҳам Она-турна қалин шувоқлар ортида учта жўжасини эргаштириб, ерда сочилган ўт-ўланлар уруғини териб еб юрар экан, олисда маккор тулкини кўриб, шундай шовқинли овоз чиқарган эди.

Тулки чўлоқ турначанинг исини олиб яқинлашган, Она-турна бунинг учун эмас, йўқ, — у энди тухумдаги наслидан воз кечган, — ёнидаги жўжалари ва ўзини ўйлаб шовқин кўтарганди.

Тулки думини хода қилиб қочиб қолди. Она-турна болаларини эргаштириб, тағин уяси ёнидан, ғоят усталик билан «ясаган» уяси ёнидан ўтаркан, уёққа беихтиёр қараб, Чўлоқ турначани кўрди. Бўйнини ғоз чўзиб, кўксидаги эчки соқолдек осилган қора патларини селкиллатиб, унинг қошига келди. Тумшуғи билан туртган бўлди. Ихчам, ингичка оёкларини илдам кўтариб, устидан ўтди. Сўнг бўйнини гажак қилиб, боласига бирпас тепадан қараб турди-да, тағин унинг устидан ҳатлаб, нарида аланг-жаланг бўлиб, ҳар тарафга талпинаёттан соғ жўжалари ёнига кетди.

Чўлоқ турна дафъатан устида пайдо бўлган соядан нажот кутиб унга интилганча қолаверди.

Бу ҳолни кузатган инсон ҳайрон қолади: Она-турнани шафқатсизлик қилди, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас: илло, бу тур қушларнинг ҳам ўзига яраша меҳр-шафқати бўлади. Бўлади-ю, лекин ўзга қонун бу ҳисдан ҳам устун туради. Бу — яшамоқ қонуни, зурриёт қолдириш ва унинг соғлом камол топиб, ўзининг ушбу ишини истиқболда такрорлашига бўлган табиий ва туғма эҳтиёж қонунидир. Шунинг учун улар зурриётни бузадиган ва истиқболда яшаши оғир бўлган фарзандларидан осонгина воз кечишади.

Чўлоқ турнанинг майда шағал тошчалар устидан ўтиши ҳам машаққатли бўлди. Шундан кейин ҳам анчагача ёнига ағанаб ётди. Ниҳоят, ўзини ўнглаб, не бир ҳис-сезги билан қуруқ ерга тумшуғини урди.

У овқатга муҳтож — янги оламда хўрак топиш шу тарзда содир бўлишини туйғу билан туйган эди.

Она-турна болаларини ҳамон эргаштириб, баъзан ғут-ғут овоз чиқариб дон ейишга ундар, улар донлашар экан, у бениҳоя узун бўйнини чўзиб, атроф-теваракка қараб турарди. Ниҳоят, олисларга чигиртка ва камёб ўт баргларини излаб кетган Ота-турна ҳам учиб келди. Кенг қанотларини ёнига тап-тап уриб, узун оёқларини чўзиб ерга қўнди. У қўниши билан Она-турна парвоз қилди. Ота-турна эса болалари ўртасига кириб, ғут-ғут дея ерга қусди. Турначалар ота жиғилдонида ҳазм бўлмаган, ҳўл, ютумли хўракни чўқиб-чўқиб емоққа тутиндилар.

Ниҳоят, у жўжаларни эргаштириб, атрофига тошчалар терилган уясига келди ва Чўлоқ турначани кўриб, бўйнини чўзди. Кейин, уни оёғида туртиб кўрган бўлди. Кейин, парво қилмай, уяга ўтди-да, қанотларини ёйиб, аста пасая бошлади. Турначалар чийчийлашиб, отанинг иссиқ патлари остига кириб олишди.

Чўлоқ турна отаси шарпасидан ҳам ўзига яқинлик, бошпана ҳиссини туйган, ака ва опалари овозидан ҳам асти ҳайиқмаган эди. У ҳам не бир иссиқ талпиниш ила уяга интилди. Бир амаллаб тошчалардан ўтди. Ва думалаб-туриб, иссиқ қанот тагига суқилди.

Эҳтимол, Чўлоқ турна уяга киролмаганда, Ота-турна унга парвосиз қолаверар эди. Бироқ, энди унинг ҳаракатда эканини сезиб, қаноти остига киришга қаршилик қилмади.

Отанинг бағри — ташқаридаги илиқ офтобдан ҳам ёқимли эди. Энг муҳими — Чўлоқ турначанинг қалтираши босилган, унинг вужудига бир бехавотирлик ва ишонч кирган эди.

Она-турна келганда, Ота-турна тағин болаларини қаноти остидан чиқарди. Чўлоқ турнача онаси жиғилдонидан тушган хўракни кўриб, унга интилди. Ака-опалари қатори еб олди. Кейин, албатта, қорни тўймай, узоқ чийчийлади. Кейин онасининг ҳам бағрига кирди.

Она-турна ҳам боя эътибор этмаган жўжасини энди эътибор билан юмшоқ патлари ила бекитиб олди.

Кун ботиши олдидан Она-турна яна оёққа турди. Яна болаларини янтоқзор ортига бошлади. Энди Чўлоқ турнача ҳам улардан ортда қолмай эргашди. Энди Она-турна икки марта тўхтаб, унинг етиб келишини кутди. Ниҳоят, Чўлоқ турнача ҳам онаси ғутғутлаб чақирган ердан дон териб еди.

Сўнг Она-турна каттакон ёвшаннинг кунгай томонига ёнбошлаб, юмшоқ, илиққина қум-тупроқни қанотлари ва оёқлари ила тита бошлади, кейин унга бағрини бериб ётди. Чўлоқ турнача ҳам ака ва опаларига ўхшаб қумтупроққа ётди. Тупроқ илиқ, ёқимли — бунда қуёш тафти-ю она-ота бағридаги ҳароратдан ҳам зиёдроқ бир нима бор эди.

Ота-турна теваракда мағрур кезиб, атроф-олисларга кўз ташлаб юрар, гоҳо ўз-ўзича «қақ-қақ» этиб янгроқ товуш чиқариб қўяр эди. У ҳар товуш чиқарганда Она-турна бошини бир кўтариб қарар, сўнг яна хотиржам бўларди.

Турналар бир хил товуш чиқаргани билан маъноси кўп бўлади, зеро уларнинг инсон қулоғига бир хил бўлиб эшитиладиган овозларида турфа оҳанглар бор.

Ёвшан ва янтоқлар тўп-тўп бўлиб ўсган, улардан холи майдонлар тап-тақир бўлган бу кенг маконда кўп марта қуёш чиқиб, кўп марта ботди. Ҳаво тобора исиб, ўт-ўланлар сарғайди. Ерлар торс-торс ёрилди.

Бу турналар бола очиб, куз шамоллари эса бошлагунча туришадиган макон эди. Зеро бунда Чўлоқ турначанинг ота-онаси ва ака-опаларидан ҳам ўзга турналар оиласи кўп ва уларнинг ҳар бирига тегишли, ўзларига хос туғма қонунларига кўра чегараланган ерлари бор эди. Бу маконда албатта уларнинг ғанимлари, кушанда ва дўстлари ҳам бор эди. Масалан, энг ашаддий душманлари тулки ила шақол. Лекин бу ажойиб қушлар яшаш учун шундай кураш тарзига бўйсунар эдиларки, улар ғанимларига қарши ўз қуроллари билан курашишни ҳам билишар эди. Биргина «қақ-қақ» этган товуш манман деган тулкининг эсхонасини чиқариб юборади. Шақол ҳам тоқат қилолмайди бу товушга ва бу йиртқичларнинг ҳар иккиси ҳам бу овозларнинг эгаси ғоятда нозик, мутлақо беозор қушлар эканини сира ақлга «сиғдиролмайди», чунки бу йиртқичларни қадим-қадимдан худди мана шундай товушлар даҳшатга солиб келган, бу товушлар чиққан жойдан қочиш — улар учун яшаш учун кураш эди.

Табиат нақадар доно!

   Турналарнинг уялари нима учун бу қадар содда-ибтидоий: қумга қаттиқ босилган туя изининг ўзи. Тағин очиқ ерга қўйишади. Атрофи нега кичик тошлар
билан қуршалади? Бу уяларда яна бир ғаройиботни кўриш мумкин: қайси турна тухум қўйса, тухумлари билан ёнма-ён икки-учта от тезагини ҳам келтириб қўяди. Улар нега керак?

Турна ўт-ўлан орасига ин қўйса — даҳшат! Чунки аксар йиртқичлар ўзларига емишни ўша ўт-ўланлар орасидан излашади. Холис, текис ердан-чи? Йўқ. Лекин бирда-ярим йўлакай турна уяси устидан ўтиб қолиши мумкин. Шунда улар Она-турналар қўйган тухумларни кўрадими? Кўради. Лекин нега чақиб еб кетишмайди? Чунки тухумларнинг ранги от тезагидан фарқ қилмайди. От тезагида нима бор уларга! Уя атрофидаги тошчалар нега керак? Чўл шамоллари тухумларни думалатиб кетмаслиги учун керак.

Яшаш шароитининг ўзи жонли-жониворларни ҳам қандай яшамоқни ўрганиб яратган.

Куз шамоллари…

Турналар безовта бўлиб йиғила бошлади. Олис-олислардаги турналар оилалари ҳам сайҳонлик устида парвоз қила-қила пастда кўринган бу тўпларга келиб қўшилар эди. Сўнг қанотларини тап-тап уриб югуришган, бир-бирини қувлашган, оёқларини кўтариб, қанотларини силкитишган.

Ёш турначалар ҳам уларга тақлид қилишади. Лекин улар кўпроқ учишади, илло уларни кўпроқ учишга ота-оналари мажбур этишади: ерда узоқ қолишса, аямай чўқишади. Гоҳо бу саҳро турналарнинг «қақ-қақ» овозларидан ларзага келади. Овозлар узоқ-узоқларга кетади ва кунора йироқлардан янги-янги турналар оиласи келиб қўшилади.

Гоҳо бу олатасир тўп уфқлар ортига — олис Жанубга, уларгина сезиши мумкин бўлган илиқ тафт келаётган ёкларга қараб туришади. Шунда шимолдан эсадиган шамол уларнинг ёллари, соқоллари ва қанотларини ҳурпайтиради.

Бир сафар турналар галаси тақир майдонда узоқ йўрғалаб қақиллашди. Сўнгра шундай тапир-тупур қанот қоқиб ҳавога кўтарилишдики, тақир ер чангиб, ёвшану шувоқлар боши шамол эсгандек эгилди. Тала-тўпда ерга талай патлар учиб тушди. Сўнг қушлар ҳавода «гиламча» бўлиб айлана-айлана кўтарила бошлади. Осмони фалакка чиққанда ҳам айланишар, бу азиз саҳро устида парвона бўлгандек айланишар, энди уларнинг овозлари тамом ўзгача: қандайдир мунгли ва порлоқ, энди овозлар бир-бирига жўр бўлиб чиқар эди: қур-эй, қур-эй.

Овозлар элас-элас эшитила, турналар нуқталар мисол кўрина бошлади. Кейин бирпас пароканда бўлишди-да, узун саф тортишди ва аста Жанубга қайрилишди.

Чўзилган ипга тизилгандек бўлиб, саҳро осмонидан узоклашиб кетишди.

Турналар!…

Уларнинг яралишлари, яшаш тарзларидан келиб чиққан алоҳида учишлар бор: ерга қўниш ёки ердан кўтарилиш пайтида «гиламча» бўлишади, олисларга парвозда «арғамчи»га айланишади.

Зеро олис парвоз пайтларида ипга тизилгандек учишмаса, минг-минг чақирим йироқдаги манзилларига эмас, унинг юздан бирига ҳам етишлари гумон, улар йўлларда қолиб ёхуд номақбул жойларга қўниб, ҳалок бўлишар эди. Ҳолбуки ундай бўлмайди ҳеч: табиатнинг ўзи уларни шундай узоқ масофаларга учишга қодир қилиб, қанотларини катта ва қамровли, аъзоларини ғоят кичкина ва енгил қилиб яратгани устига учиш тарзларини ҳам шунга хос ҳолда ижод этган.

Турналарда ҳам, албатта, йўлбошчи бўлади. Бироқ у ҳам олис сафарда ҳаммавақт сафнинг олдида бора олмайди. Чунки рўпарадан эсувчи шамол, довуллар, ҳатто ҳавонинг муаллақ ҳолати қаршилиги ҳам унинг кучини кесиб қўяди. Шунинг учун йўлбошчи турна ҳам йўлакай «дам олади», яъни ортидаги турнага ўрнини бўшатиб, энг орқага ўтиб туради. Бу тур учишда ҳикмат бор: рўпарадан эсган шамолу ҳаво оқими сафда энг кўп олдинги турнага таъсир этади. Орқадагилар… бу қаршиликни жуда оз сезиб, гўё ҳаво қаршилиги «йўқ» бўлган бир бўш қувурда кетаётгандек бўлишади. Турналарнинг олисларга уча олишлари сири шунда.

Сўнгра уларнинг узун, ингичка тумшуқлари ҳам ҳаво оқимини кесиш ва унинг таъсирини камайтиришга қўл келади. Ингичка оёклари думлари томонга чўзилиб, гўё бир жуфт дум патига айланиб қолади.

Пастга тушаётганда бу хил учмоққа ҳожат қолмайди.

У анча очкўз, аммо бари бир заиф бўлиб ўсди. Ака-опалари парвоз машқини олаётганда, у ҳам албатта сафга қўшилар, лекин, бирламчи, тез чарчар, сўнгра ерга қўниш ҳам унинг учун хийла азоб эди: қийшайиб қолган оёқ ерга тўғри тушмай, Чўлоқ гоҳо йиқилиб кетар, парвоз олдидан ҳам тез югуриб олишда шу оёқ халал берардики, шунинг учун у кўпинча ерда бўлишни афзал кўрарди. Шунинг учун ўзга турналардан заифу уларга қараганда хийла этли бўлиб ўсди. Бироқ «қабиласи» удуми, яшаш шароити талаби билан улар хулқида пайдо бўладиган ўзгаришларни бехато ўзлаштирди. Унда барча турналардек бўлгувчи туғма ҳислар камол топди: у ҳам тулки учрайдими, шақол учрайдими, даҳшатли «қақ-қақ» товуш билан ура қочирадиган бўлди; олис кўлларга бориб сув ичиб келиш ва фойдали ўтларни ота-онаси ёрдамида топишни ўрганди, баъзан ўзи ҳам ички — табиий ҳисси билан топиб еди.

Баъзан сафдан ортда қолган пайтларида — қоронғи тушган, юлдузли кечаларда ҳам ўз қароргоҳларини адашмай топиб келарди. Бу хусусда у ўткир эди, энг яқин йўлларни кашф этар эди.

Мана, у ҳам Жануб сари, худди оҳанрабодек ўзига тортаётган сирли манзил сари «қабиласи» сафида учиб бормоқда. Олдиндаги турналарнинг ён-веридан эсаётган шамол унга ҳам оз-моз таъсир этади, қанотларини ялаб ўтади. Пастлик!.. У ҳеч қачон бунчалар» баландда парвоз этмаган эди. Лекин бу учишнинг гашти бўлак экан… Бунинг устига, олисда сирли макон бор. Ўшанга етишлари керак.

У маконнинг жуда ҳам азизлигини ҳозироқ сезмоқда!

Шу алфозда борар экан, ўнгу сўлидан оппоқ булутларнинг сузиб ўтаётганини кўрди. Булутлар унга таниш эди. Баҳор чоғларидан таниш… Бироқ ўшанда улар юксакликдан патларни юмшатиб ҳўл қиладиган ёмғир ёғдириб ўтишган эди. Чўлоқ турна ака-опалари билан қўнишиб, уларни пастдан кузатишган, сўнг офтоб чарақлаб чиққанда, патларини узоқ титиб-тўзғитган эди. Улар гоҳо сувдоққа бориб чўмилгандан кейин ҳам илиқ қумлоқда туриб, патларини шу хилда қуритишар эди. Энди эса Чўлоқ турна ўз сафдошлари билан ўша булутлар ичидан сузиб ўтмоқда. Лекин у бундан ваҳимага тушаётгани йўқ, аксинча — бу ғаройиб маконда эркин-эркин қулоч отмоқда.

Бир пайт яйдоқ, булутсиз, нилий бўшлиққа чиқиб олишди. Турналар кифтига илиқ офтоб нурлари тегди. Аммо олға учганлари сари Чўлоқ турна ҳавонинг кескин совиб бораётганини пайқади. Пастда… пастликда оппоқ тоғлар кўринар, улар ҳам Чўлоққа таниш эди: бир вақтлар уларни ёнлаб учган, лекин ўшанда ҳеч ҳам бунчалик совуқни сезмаганди. Ҳаво совигандан-совиди. Турналар эса тобора тезроқ учишар, чамаси мана шу тез ҳаракат уларни совқотишдан сақламоқда, баъзиларининг қанотларига қиров ҳам қўнган эди.

Ҳаво тағин аста-секин илиди. Тоғлар орқада қолди.

Шу тарзда боришар экан, Чўлоқ турна сафнинг анча олдига ўтиб қолган эди. Энди шамолнинг таъсири кучая бошлади. Чунки йўлбошчи турнагина эмас, унинг кетидаги бир неча турналар ҳам «йўлбошчилик» вазифаларини адо этиб, ҳордиқ учун сафнинг қуйруғига ўтишган, шунга кўра Чўлоқ турна карвоннинг ўртасидан ошиб қолган эди.

Чўлоқ пастликда қандайдир таниш йирик қушларни кўрди. Улар ўз саҳроларида ҳам баъзан учраб қолар, бироқ маконларига яқин йўламас эди. Йўламас эди-ю, Чўлоқнинг ўзи ҳам бу қушлардан эҳтиёт бўлишни туяр эди.

Улар — бургутлар эди.

Карвон тағин юксала бошлади. Чўлоқ турна бир неча марта қуйига қаради. Не бир туйғу ила сафдан ажралгиси ҳам келди-ю, худди сафга кўзга кўринмас занжир билан боғлангандек, учишда давом этди.

У учиши керак эди. У учиши керак!

Фақат олға учиши! Сирли, оҳанрабо манзил томон учиши керак! Нима бўлмасин, қандай тўсиқлар учрамасин, бари бир учиши шарт! Учиши…

Этакда дарахтзор қишлоқлар кўзга ташлана бошлади ва бир маҳал Чўлоқ турна шундоқ биқинларида гала-гала қалдирғочларнинг ҳам парвоз этиб бораётганларини кўриб қолди. Кейин эса бир неча қалдирғоч лип-лип эта олға ўтди-да, ғойиб бўлди.

Чўлоқ турна тағин ҳам сафнинг олдига чиқиб қолди.

Қалдирғочлар ҳам яшаш қонунлари, авлодлари удуми ҳукмида айни шу паллада жануб сари йўлга чиқишган эди. Турналар карвони олдига ўтиб олган уч-тўртта қалдирғоч эса дам олмоқчи, яъни карвонбошилар кифтига қўнишган, шу сабаб улар тезроқ чарчаб орқага ўтишган эди.

Қишлоқлар ҳам ортда қолиб кетди. Чўлоқ турна энди сафнинг бошида учмоқда. Олдиндан шовуллаб эсаётган шамол дафъатан таъсир этиб, унинг бор қувватини сўриб олмоқда эди. Чўлоқнинг кўзлари тиниб кета бошлади. Лекин учмоқда. Қаерга… Ўша сирли маконга! Чўлоқ турна у азиз маконни умрида кўрмаган эса-да, уни билади: у олдинда!

Карвон бир маромда кетаётган эди. Чўлоқнинг парвози сусайгани сари орқадаги турналар бир-бирига жуда яқин келиб қола бошлади. Ўртадан йўлбошчи турнанинг «қувқ» этган товуши Чўлоққа етиб, у ихтиёрсиз бир тарзда ўрнини кетидаги турнага бўшатди-да, четланиб, сафнинг орқасига ўтди. Саф яна олға интилди. Чўлоқ думда туриб учар эди энди…

Улар шу алфозда учиб, тунни ҳам ўтказишди.

Чўлоқ турна карахт бўлиб қолган, у бир неча марта карвоннинг бошига чиқиб, шу заҳотиёқ орқага ўтиб олган, бу орада йўлбошчи турна бир неча марта «қувқ-қувқ» деб овоз чиқарган, энди бу хил овоз ўзга турналардан ҳам эшитила бошлаган эди.

Чўлоқ орқада… орқада қола бошлади. У бор куч-қуввати ила қанот қоқади. Лекин тобора орқада қолади.

Карвон олға кетмоқда! Турналар карвонининг қонуни қатъий: улар ортга бурилишмайди: улар ортда қолаётган сафдошларига ёрдам кўрсатишолмайди ҳам — бу ҳол уларга шунчалар аниқки, ҳаёт тарзларига айланиб кетган.

Сафга яроқсиз турна ҳам тақдирга тан бермоғи керак. Лекин ўжар, қайсар Чўлоқ буни ҳис этса-да, ўзини даҳшат қўйнига — ёлғизлик қўйнига ташлагиси келмайди: бутун бори-борлиғи бунга қаршилик қилади. Аммо куч-қувват бунга имкон бермайди: Чўлоқ турна бу ҳолидан ҳайратланган каби тағин қанот қоқади.

Карвон олислаб кетди. Чўлоқ ёлғиз қолди. Энди унинг олдида ҳаво қаршилигини кесгувчи куч йўқ, ҳозирги мўътадил ҳаво оқими ҳам унга кучли довулдек таъсир этар эди. Чўлоқнинг тезлиги баттар кесилиб, пастлай бошлади. У нолали овоз чиқарар, карвон эса узоқлашгани устига, тағин баландлаб учмоқда эди.
Чўлоқ пастлаб бораётган эса-да, ўша сирли юртга қараб учарди. Пастлаб-пастлаб ҳам учаверди. Лекин куч-қувват уни тарк эта бориши, шамол уни орқага суравериши оқибатида у деярли ҳаракатсиз бир ҳолга тушди.

Унда яшашга интилиш ҳисси ўзга бир тарзда жунбишга келди. У қўниши керак. Қандайдир саҳрога ўхшаш ерга, ёвшан-янтоқлар ўсган ерга қўниши керак…

Лекин олдиндаги ватан!.. Ўша ватан унинг учун ҳаёт эди: асл ҳаёт ўшанда эди!.. Энди эса у ҳаёт Чўлоқни инкор этди. Чўлоқ бошқа ҳаётга кўникиши керак. У қўниши керак, қўниши… Чўлоқ турна энди темирқанот бўлган палапондек ҳамон олға интилиб, паст-паст яшил дарахтлар устидан учиб ўтди. Кенг ўтлоқлар ҳам кетинда қолди. Йироқда тақир бир майдон кўринди. Турна унга интилиб бораркан, қаршисида саф тортган теракларга етганда, тағин ўз-ўзидан пасайиб кетди-ю, уларга шатир-шутур этиб урилди. Қаноти қийшайиб, хазонлар устига тушди. Яна ўнг томонига йиқилиб, шу бўйи тек қолди.

Бир маҳал унинг тинган кўзлари атрофни кўрди. Турна апил-тапил қанотини ўнглаб олди ва атроф манзарасидан даҳшатга келиб, «қақ-қақ!» деб овоз чиқарди.

У энди ўзга ҳаёт қўйнида эди…


1978

054

Shukur Xolmirzaev
CHO’LOQ TURNA

091

Cho‘loq turna tuxumdan kech chikdi. Chiqqanidan keyin ham o‘ng oyog‘ini ololmay ancha yotdi, tipirchiladi, tukdan iborat qanotchalarini qoqdi. O’zini paydo qilgan tuxum po‘chog‘iga tizzasidan pasti yopishib qolgan edi. Nihoyat, undan xalos bo‘ldi-yu, o‘ng tomonga mayishib, atrofiga mayda shag‘al toshlar terib qo‘yilgan, qumga qattiqroq bosilgan tuya izidek uyasida bir-ikki aylandi. So‘ng ma’yus, ojiz ovoz chiqarib, boshini zo‘rg‘a ko‘tarib, anchagacha qaltirab turdi.
U nafas olar — yangi olam havosidan nafas olar, badaniga yangi olamning — iliq bahor quyoshining nurlari singar, shuning uchun qaltirar, hali bu hayotga ko‘nikmagan edi.
Bir payt yon tomondagi qalin shuvoqlar ortidan qattiq va dahshatli «qaq-qaq» etgan tovush eshitildi. Turnacha qattiq qimirlab, yana shikastlangan oyog‘i yoqqa yiqildi. Yana ancha tipirchilab yotdi. Endi, bu tipirchilashida o‘zini o‘nglab olishdan ko‘ra qandaydir sirli xavfdan yashirinishga intilish bor, chunki jajji turnacha onasining ovozidan buni his etgan edi.
Haqiqatan ham Ona-turna qalin shuvoqlar ortida uchta jo‘jasini ergashtirib, yerda sochilgan o‘t-o‘lanlar urug‘ini terib yeb yurar ekan, olisda makkor tulkini ko‘rib, shunday shovqinli ovoz chiqargan edi.
Tulki cho‘loq turnachaning isini olib yaqinlashgan, Ona-turna buning uchun emas, yo‘q, — u endi tuxumdagi naslidan voz kechgan, — yonidagi jo‘jalari va o‘zini o‘ylab shovqin ko‘targandi.
Tulki dumini xoda qilib qochib qoldi. Ona-turna bolalarini ergashtirib, tag‘in uyasi yonidan, g‘oyat ustalik bilan «yasagan» uyasi yonidan o‘tarkan, uyoqqa beixtiyor qarab, Cho‘loq turnachani ko‘rdi. Bo‘ynini g‘oz cho‘zib, ko‘ksidagi echki soqoldek osilgan qora patlarini sel-killatib, uning qoshiga keldi. Tumshug‘i bilan turtgan bo‘ldi. Ixcham, ingichka oyokdarini ildam ko‘tarib, ustidan o‘tdi. So‘ng bo‘ynini gajak qilib, bolasiga birpas tepadan qarab turdi-da, tag‘in uning ustidan hatlab, narida alang-jalang bo‘lib, har tarafga talpinayottan sog‘ jo‘jalari yoniga ketdi.
Cho‘loq turna daf’atan ustida paydo bo‘lgan soyadan najot kutib unga intilgancha qolaverdi.
Bu holni kuzatgan inson hayron qoladi: Ona-turnani shafqatsizlik qildi, deb o‘ylaydi. Aslida bunday emas: illo, bu tur qushlarning ham o‘ziga yarasha mehr-shafqati bo‘ladi. Bo‘ladi-yu, lekin o‘zga qonun bu hisdan ham ustun turadi. Bu — yashamoq qonuni, zurriyot qoldirish va uning sog‘lom kamol topib, o‘zining ushbu ishini istiqbolda takrorlashiga bo‘lgan tabiiy va tug‘ma ehtiyoj qonunidir. Shuning uchun ular zurriyotni buzadigan va istiqbolda yashashi og‘ir bo‘lgan farzandlaridan osongina voz kechishadi.
Cho‘loq turnaning mayda shag‘al toshchalar ustidan o‘tishi ham mashaqqatli bo‘ldi. Shundan keyin ham anchagacha yoniga ag‘anab yotdi. Nihoyat, o‘zini o‘nglab, ne bir his-sezgi bilan quruq yerga tumshug‘ini urdi.
U ovqatga muhtoj — yangi olamda xo‘rak topish shu tarzda sodir bo‘lishini tuyg‘u bilan tuygan edi.
Ona-turna bolalarini hamon ergashtirib, ba’zan g‘ut-g‘ut ovoz chiqarib don yeyishga undar, ular donlashar ekan, u benihoya uzun bo‘ynini cho‘zib, atrof-tevarakka qarab turardi. Nihoyat, olislarga chigirtka va kamyob o‘t barglarini izlab ketgan Ota-turna ham uchib keldi. Keng qanotlarini yoniga tap-tap urib, uzun oyoqlarini cho‘zib yerga qo‘ndi. U qo‘nishi bilan Ona-turna parvoz qildi. Ota-turna esa bolalari o‘rtasiga kirib, g‘ut-g‘ut deya yerga qusdi. Turnachalar ota jig‘ildonida hazm bo‘lmagan, ho‘l, yutumli xo‘rakni cho‘qib-cho‘qib yemoqqa tutindilar.
Nihoyat, u jo‘jalarni ergashtirib, atrofiga toshchalar terilgan uyasiga keldi va Cho‘loq turnachani ko‘rib, bo‘ynini cho‘zdi. Keyin, uni oyog‘ida turtib ko‘rgan bo‘ldi. Keyin, parvo qilmay, uyaga o‘tdi-da, qanotlarini yoyib, asta pasaya boshladi. Turnachalar chiychiylashib, otaning issiq patlari ostiga kirib olishdi.
Cho‘loq turna otasi sharpasidan ham o‘ziga yaqinlik, boshpana hissini tuygan, aka va opalari ovozidan ham asti hayiqmagan edi. U ham ne bir issiq talpinish ila uyaga intildi. Bir amallab toshchalardan o‘tdi. Va dumalab-turib, issiq qanot tagiga suqildi.
Ehtimol, Cho‘loq turna uyaga kirolmaganda, Ota-turna unga parvosiz qolaverar edi. Biroq, endi uning harakatda ekanini sezib, qanoti ostiga kirishga qarshilik qilmadi.
Otaning bag‘ri — tashqaridagi iliq oftobdan ham yoqimli edi. Eng muhimi — Cho‘loq turnachaning qaltirashi bosilgan, uning vujudiga bir bexavotirlik va ishonch kirgan edi.
Ona-turna kelganda, Ota-turna tag‘in bolalarini qanoti ostidan chiqardi. Cho‘loq turnacha onasi jig‘ildonidan tushgan xo‘rakni ko‘rib, unga intildi. Aka-opalari qatori yeb oldi. Keyin, albatta, qorni to‘ymay, uzoq chiychiyladi. Keyin onasining ham bag‘riga kirdi.
Ona-turna ham boya e’tibor etmagan jo‘jasini endi e’tibor bilan yumshoq patlari ila bekitib oldi.
Kun botishi oldidan Ona-turna yana oyoqqa turdi. Yana bolalarini yantoqzor ortiga boshladi. Endi Cho‘loq turnacha ham ulardan ortda qolmay ergashdi. Endi Ona-turna ikki marta to‘xtab, uning yetib kelishini kutdi. Nihoyat, Cho‘loq turnacha ham onasi g‘utg‘utlab chaqirgan yerdan don terib yedi.
So‘ng Ona-turna kattakon yovshanning kungay tomo-niga yonboshlab, yumshoq, iliqqina qum-tuproqni qanotlari va oyoqlari ila tita boshladi, keyin unga bag‘rini berib yotdi. Cho‘loq turnacha ham aka va opalariga o‘xshab qum-tuproqqa yotdi. Tuproq iliq, yoqimli — bunda quyosh tafti-yu ona-ota bag‘ridagi haroratdan ham ziyodroq bir nima bor edi.
Ota-turna tevarakda mag‘rur kezib, atrof-olislarga ko‘z tashlab yurar, goho o‘z-o‘zicha «qaq-qaq» etib yangroq tovush chiqarib qo‘yar edi. U har tovush chiqarganda Ona-turna boshini bir ko‘tarib qarar, so‘ng yana xotirjam bo‘lardi.
Turnalar bir xil tovush chiqargani bilan ma’nosi ko‘p bo‘ladi, zero ularning inson qulog‘iga bir xil bo‘lib eshitiladigan ovozlarida turfa ohanglar bor.
Yovshan va yantoqlar to‘p-to‘p bo‘lib o‘sgan, ulardan xoli maydonlar tap-taqir bo‘lgan bu keng makonda ko‘p marta quyosh chiqib, ko‘p marta botdi. Havo tobora isib, o‘t-o‘lanlar sarg‘aydi. Yerlar tors-tors yorildi.
Bu turnalar bola ochib, kuz shamollari esa boshlaguncha turishadigan makon edi. Zero bunda Cho‘loq turnachaning ota-onasi va aka-opalaridan ham o‘zga turnalar oilasi ko‘p va ularning har biriga tegishli, o‘zlariga xos tug‘ma qonunlariga ko‘ra chegaralangan yerlari bor edi. Bu makonda albatta ularning g‘animlari, kushanda va do‘stlari ham bor edi. Masalan, eng ashaddiy dushmanlari tulki ila shaqol. Lekin bu ajoyib qushlar yashash uchun shunday kurash tarziga bo‘ysunar edilarki, ular g‘animlariga qarshi o‘z qurollari bilan kurashishni ham bilishar edi. Birgina «qaq-qaq» etgan tovush manman degan tulkining esxonasini chiqarib yuboradi. Shaqol ham toqat qilolmaydi bu tovushga va bu yirtqichlarning har ikkisi ham bu ovozlarning egasi g‘oyatda nozik, mutlaqo beozor qushlar ekanini sira aqlga «sig‘dirolmaydi», chunki bu yirtqichlarni qadim-qadimdan xuddi mana shunday tovushlar dahshatga solib kelgan, bu tovushlar chiqqan joydan qochish — ular uchun yashash uchun kurash edi.
Tabiat naqadar dono!
Turnalarning uyalari nima uchun bu qadar sodda-ibtidoiy: qumga qattiq bosilgan tuya izining o‘zi. Tag‘in ochiq yerga qo‘yishadi. Atrofi nega kichik toshlar
bilan qurshaladi? Bu uyalarda yana bir g‘aroyibotni ko‘rish mumkin: qaysi turna tuxum qo‘ysa, tuxumlari bilan yonma-yon ikki-uchta ot tezagini ham keltirib qo‘yadi. Ular nega kerak?
Turna o‘t-o‘lan orasiga in qo‘ysa — dahshat! Chunki aksar yirtqichlar o‘zlariga yemishni o‘sha o‘t-o‘lanlar orasidan izlashadi. Xolis, tekis yerdan-chi? Yo‘q. Lekin birda-yarim yo‘lakay turna uyasi ustidan o‘tib qolishi mumkin. Shunda ular Ona-turnalar qo‘ygan tuxumlarni ko‘radimi? Ko‘radi. Lekin nega chaqib yeb ketishmaydi? Chunki tuxumlarning rangi ot tezagidan farq qilmaydi. Ot tezagida nima bor ularga! Uya atrofidagi toshchalar nega kerak? Cho‘l shamollari tuxumlarni dumalatib ketmasligi uchun kerak.
Yashash sharoitining o‘zi jonli-jonivorlarni ham qanday yashamoqni o‘rganib yaratgan.
Kuz shamollari…
Turnalar bezovta bo‘lib yig‘ila boshladi. Olis-olislardagi turnalar oilalari ham sayhonlik ustida parvoz qila-qila pastda ko‘ringan bu to‘plarga kelib qo‘shilar edi. So‘ng qanotlarini tap-tap urib yugurishgan, bir-birini quvlashgan, oyoqlarini ko‘tarib, qanotlarini silkitishgan.
Yosh turnachalar ham ularga taqlid qilishadi. Lekin ular ko‘proq uchishadi, illo ularni ko‘proq uchishga ota-onalari majbur etishadi: yerda uzoq qolishsa, ayamay cho‘qishadi. Goho bu sahro turnalarning «qaq-qaq» ovozlaridan larzaga keladi. Ovozlar uzoq-uzoqlarga ketadi va kunora yiroqlardan yangi-yangi turnalar oilasi kelib qo‘shiladi.
Goho bu olatasir to‘p ufqlar ortiga — olis Janubga, ulargina sezishi mumkin bo‘lgan iliq taft kelayotgan yokdarga qarab turishadi. Shunda shimoldan esadigan shamol ularning yollari, soqollari va qanotlarini hurpaytiradi.
Bir safar turnalar galasi taqir maydonda uzoq yo‘rg‘alab qaqillashdi. So‘ngra shunday tapir-tupur qanot qoqib havoga ko‘tarilishdiki, taqir yer changib, yovshanu shuvoqlar boshi shamol esgandek egildi. Tala-to‘pda yerga talay patlar uchib tushdi. So‘ng qushlar havoda «gilamcha» bo‘lib aylana-aylana ko‘tarila bosh-ladi. Osmoni falakka chiqqanda ham aylanishar, bu aziz sahro ustida parvona bo‘lgandek aylanishar, endi ularning ovozlari tamom o‘zgacha: qandaydir mungli va porloq, endi ovozlar bir-biriga jo‘r bo‘lib chiqar edi: qur-ey, qur-ey.
Ovozlar elas-elas eshitila, turnalar nuqtalar misol ko‘rina boshladi. Keyin birpas parokanda bo‘lishdi-da, uzun saf tortishdi va asta Janubga qayrilishdi.
Cho‘zilgan ipga tizilgandek bo‘lib, sahro osmonidan uzokdashib ketishdi.
Turnalar!…
Ularning yaralishlari, yashash tarzlaridan kelib chiqqan alohida uchishlar bor: yerga qo‘nish yoki yerdan ko‘tarilish paytida «gilamcha» bo‘lishadi, olislarga parvozda «arg‘amchi»ga aylanishadi.
Zero olis parvoz paytlarida ipga tizilgandek uchishmasa, ming-ming chaqirim yiroqdagi manzillariga emas, uning yuzdan biriga ham yetishlari gumon, ular yo‘llarda qolib yoxud nomaqbul joylarga qo‘nib, halok bo‘lishar edi. Holbuki unday bo‘lmaydi hech: tabiatning o‘zi ularni shunday uzoq masofalarga uchishga qodir qilib, qanotlarini katta va qamrovli, a’zolarini g‘oyat kichkina va yengil qilib yaratgani ustiga uchish tarzlarini ham shunga xos holda ijod etgan.
Turnalarda ham, albatta, yo‘lboshchi bo‘ladi. Biroq u ham olis safarda hammavaqt safning oldida bora olmaydi. Chunki ro‘paradan esuvchi shamol, dovullar, hatto havoning muallaq holati qarshiligi ham uning kuchini kesib qo‘yadi. Shuning uchun yo‘lboshchi turna ham yo‘lakay «dam oladi», ya’ni ortidagi turnaga o‘rnini bo‘shatib, eng orqaga o‘tib turadi. Bu tur uchishda hikmat bor: ro‘paradan esgan shamolu havo oqimi safda eng ko‘p oldingi turnaga ta’sir etadi. Orqadagilar… bu qarshilikni juda oz sezib, go‘yo havo qarshiligi «yo‘q» bo‘lgan bir bo‘sh quvurda ketayotgandek bo‘lishadi. Turnalarning olislarga ucha olishlari siri shunda.
So‘ngra ularning uzun, ingichka tumshuqlari ham havo oqimini kesish va uning ta’sirini kamaytirishga qo‘l keladi. Ingichka oyokdari dumlari tomonga cho‘zilib, go‘yo bir juft dum patiga aylanib qoladi.
Pastga tushayotganda bu xil uchmoqqa hojat qolmaydi.
U ancha ochko‘z, ammo bari bir zaif bo‘lib o‘sdi. Aka-opalari parvoz mashqini olayotganda, u ham albatta safga qo‘shilar, lekin, birlamchi, tez charchar, so‘ngra yerga qo‘nish ham uning uchun xiyla azob edi: qiyshayib qolgan oyoq yerga to‘g‘ri tushmay, Cho‘loq goho yiqilib ketar, parvoz oldidan ham tez yugurib olishda shu oyoq xalal berardiki, shuning uchun u ko‘pincha yerda bo‘lishni afzal ko‘rardi. Shuning uchun o‘zga turnalardan zaifu ularga qaraganda xiyla etli bo‘lib o‘sdi. Biroq «qabilasi» udumi, yashash sharoiti talabi bilan ular xulqida paydo bo‘ladigan o‘zgarishlarni bexato o‘zlashtirdi. Unda barcha turnalardek bo‘lguvchi tug‘ma hislar kamol topdi: u ham tulki uchraydimi, shaqol uchraydimi, dahshatli «qaq-qaq» tovush bilan ura qochiradigan bo‘ldi; olis ko‘llarga borib suv ichib kelish va foydali o‘tlarni ota-onasi yordamida topishni o‘rgandi, ba’zan o‘zi ham ichki — tabiiy hissi bilan topib yedi.
Ba’zan safdan ortda qolgan paytlarida — qorong‘i tushgan, yulduzli kechalarda ham o‘z qarorgohlarini adashmay topib kelardi. Bu xususda u o‘tkir edi, eng yaqin yo‘llarni kashf etar edi.
Mana, u ham Janub sari, xuddi ohanrabodek o‘ziga tortayotgan sirli manzil sari «qabilasi» safida uchib bormoqda. Oldindagi turnalarning yon-veridan esayotgan shamol unga ham oz-moz ta’sir etadi, qanotlarini yalab o‘tadi. Pastlik!.. U hech qachon bunchalar» balandda parvoz etmagan edi. Lekin bu uchishning gashti bo‘lak ekan… Buning ustiga, olisda sirli makon bor. O’shanga yetishlari kerak.
U makonning juda ham azizligini hozkroq sezmoqda!
Shu alfozda borar ekan, o‘ngu so‘lidan oppoq bulutlarning suzib o‘tayotganini ko‘rdi. Bulutlar unga tanish edi. Bahor chog‘laridan tanish… Biroq o‘shanda ular yuksaklikdan patlarni yumshatib ho‘l qiladigan yomg‘ir yog‘dirib o‘tishgan edi. Cho‘loq turna aka-opalari bilan qo‘nishib, ularni pastdan kuzatishgan, so‘ng oftob charaqlab chiqqanda, patlarini uzoq titib-to‘zg‘itgan edi. Ular goho suvdoqqa borib cho‘milgandan keyin ham iliq qumloqda turib, patlarini shu xilda quritishar edi. Endi esa Cho‘loq turna o‘z safdoshlari bilan o‘sha bulutlar ichidan suzib o‘tmoqda. Lekin u bundan vahimaga tushayotgani yo‘q, aksincha — bu g‘aroyib makonda erkin-erkin quloch otmoqda.
Bir payt yaydoq, bulutsiz, niliy bo‘shliqqa chiqib olishdi. Turnalar kiftiga iliq oftob nurlari tegdi. Ammo olg‘a uchganlari sari Cho‘loq turna havoning keskin sovib borayotganini payqadi. Pastda… pastlikda oppoq tog‘lar ko‘rinar, ular ham Cho‘loqqa tanish edi: bir vaqtlar ularni yonlab uchgan, lekin o‘shanda hech ham bunchalik sovuqni sezmagandi. Havo sovigandan-sovidi. Turnalar esa tobora tezroq uchishar, chamasi mana shu tez harakat ularni sovqotishdan saqlamoqda, ba’zilarining qanotlariga qirov ham qo‘ngan edi.
Havo tag‘in asta-sekin ilidi. Tog‘lar orqada qoldi.
Shu tarzda borishar ekan, Cho‘loq turna safning ancha oldiga o‘tib qolgan edi. Endi shamolning ta’siri kuchaya boshladi. Chunki yo‘lboshchi turnagina emas, uning ketidagi bir necha turnalar ham «yo‘lboshchilik» vazifalarini ado etib, hordiq uchun safning quyrug‘iga o‘tishgan, shunga ko‘ra Cho‘loq turna karvonning o‘rtasidan oshib qolgan edi.
Cho‘loq pastlikda qandaydir tanish yirik qushlarni ko‘rdi. Ular o‘z sahrolarida ham ba’zan uchrab qolar, biroq makonlariga yaqin yo‘lamas edi. Yo‘lamas edi-yu, Cho‘loqning o‘zi ham bu qushlardan ehtiyot bo‘lishni tuyar edi.
Ular — burgutlar edi.
Karvon tag‘in yuksala boshladi. Cho‘loq turna bir necha marta quyiga qaradi. Ne bir tuyg‘u ila safdan ajralgisi ham keldi-yu, xuddi safga ko‘zga ko‘rinmas zanjir bilan bog‘langandek, uchishda davom etdi.
U uchishi kerak edi. U uchishi kerak!
Faqat olg‘a uchishi! Sirli, ohanrabo manzil tomon uchishi kerak! Nima bo‘lmasin, qanday to‘siqlar uchramasin, bari bir uchishi shart! Uchishi…
Etakda daraxtzor qishloqlar ko‘zga tashlana bosh-ladi va bir mahal Cho‘loq turna shundoq biqinlarida gala-gala qaldirg‘ochlarning ham parvoz etib borayotganlarini ko‘rib qoldi. Keyin esa bir necha qaldirg‘och lip-lip eta olg‘a o‘tdi-da, g‘oyib bo‘ldi.
Cho‘loq turna tag‘in ham safning oldiga chiqib qoldi.
Qaldirg‘ochlar ham yashash qonunlari, avlodlari udumi hukmida ayni shu pallada janub sari yo‘lga chiqishgan edi. Turnalar karvoni oldiga o‘tib olgan uch-to‘rtta qaldirg‘och esa dam olmoqchi, ya’ni karvonboshilar kiftiga qo‘nishgan, shu sabab ular tezroq charchab orqaga o‘tishgan edi.
Qishloqlar ham ortda qolib ketdi. Cho‘loq turna endi safning boshida uchmoqda. Oldindan shovullab esayotgan shamol daf’atan ta’sir etib, uning bor quvvatini so‘rib olmoqda edi. Cho‘loqning ko‘zlari tinib keta boshladi. Lekin uchmoqda. Qaerga… O’sha sirli makonga! Cho‘loq turna u aziz makonni umrida ko‘rmagan esa-da, uni biladi: u oldinda!
Karvon bir maromda ketayotgan edi. Cho‘loqning parvozi susaygani sari orqadagi turnalar bir-biriga juda yaqin kelib qola boshladi. O’rtadan yo‘lboshchi turnaning «quvq» etgan tovushi Cho‘loqqa yetib, u ixtiyorsiz bir tarzda o‘rnini ketidagi turnaga bo‘shatdi-da, chetlanib, safning orqasiga o‘tdi. Saf yana olg‘a intildi. Cho‘loq dumda turib uchar edi endi…
Ular shu alfozda uchib, tunni ham o‘tkazishdi.
Cho‘loq turna karaxt bo‘lib qolgan, u bir necha marta karvonning boshiga chiqib, shu zahotiyoq orqaga o‘tib olgan, bu orada yo‘lboshchi turna bir necha marta «quvq-quvq» deb ovoz chiqargan, endi bu xil ovoz o‘zga turnalardan ham eshitila boshlagan edi.
Cho‘loq orqada… orqada qola boshladi. U bor kuch-quvvati ila qanot qoqadi. Lekin tobora orqada qoladi.
Karvon olg‘a ketmoqda! Turnalar karvonining qonuni qat’iy: ular ortga burilishmaydi: ular ortda qolayotgan safdoshlariga yordam ko‘rsatisholmaydi ham — bu hol ularga shunchalar aniqki, hayot tarzlariga ay-lanib ketgan.
Safga yaroqsiz turna ham taqdirga tan bermog‘i kerak. Lekin o‘jar, qaysar Cho‘loq buni his etsa-da, o‘zini dahshat qo‘yniga — yolg‘izlik qo‘yniga tashlagisi kelmaydi: butun bori-borlig‘i bunga qarshilik qiladi. Ammo kuch-quvvat bunga imkon bermaydi: Cho‘loq turna bu holidan hayratlangan kabi tag‘in qanot qoqadi.
Karvon olislab ketdi. Cho‘loq yolg‘iz qoldi. Endi uning oldida havo qarshiligini kesguvchi kuch yo‘q, hozirgi mo‘‘tadil havo oqimi ham unga kuchli dovuldek ta’sir etar edi. Cho‘loqning tezligi battar kesilib, pastlay boshladi. U nolali ovoz chiqarar, karvon esa uzoqlashgani ustiga, tag‘in balandlab uchmoqda edi.
Cho‘loq pastlab borayotgan esa-da, o‘sha sirli yurtga qarab uchardi. Pastlab-pastlab ham uchaverdi. Lekin kuch-quvvat uni tark eta borishi, shamol uni orqaga suraverishi oqibatida u deyarli harakatsiz bir holga tushdi.
Unda yashashga intilish hissi o‘zga bir tarzda junbishga keldi. U qo‘nishi kerak. Qandaydir sahroga o‘xshash yerga, yovshan-yantoqlar o‘sgan yerga qo‘nishi kerak… Lekin oldindagi vatan!.. O’sha vatan uning uchun hayot edi: asl hayot o‘shanda edi!.. Endi esa u hayot Cho‘loqni inkor etdi. Cho‘loq boshqa hayotga ko‘nikishi kerak. U qo‘nishi kerak, qo‘nishi… Cho‘loq turna endi temirqanot bo‘lgan palapondek hamon olg‘a intilib, past-past yashil daraxtlar ustidan uchib o‘tdi. Keng o‘tloqlar ham ketinda qoldi. Yiroqda taqir bir maydon ko‘rindi. Turna unga intilib borarkan, qarshisida saf tortgan teraklarga yetganda, tag‘in o‘z-o‘zidan pasayib ketdi-yu, ularga shatir-shutur etib urildi. Qanoti qiyshayib, xazonlar ustiga tushdi. Yana o‘ng tomoniga yiqilib, shu bo‘ii tek qoldi.
Bir mahal uning tingan ko‘zlari atrofni ko‘rdi. Turna apil-tapil qanotini o‘nglab oldi va atrof manzarasidan dahshatga kelib, «qaq-qaq!» deb ovoz chiqardi.
U endi o‘zga hayot qo‘ynida edi…

1978

05

(Tashriflar: umumiy 109, bugungi 1)

Izoh qoldiring