Shukur Xolmirzayev. «O’zbekning soddasi»

Ashampoo_Snap_2017.03.08_16h33m13s_003_.png23 март — Шукур Холмирзаев таваллуд топган куннинг 75 йиллиги

    Шу кечаси бир маҳалгача кулбада ўйин-кулги қилиб ўтиришдилар. Ташқарида ҳам давом этди. Мен ўзимни ухлаганга солиб ётар эдим. Йигитлар келиб, чироқни ёқишгач, мен тўғримда тўнғиллай-тўнғиллай ўтиришди. Кўпчилигининг кайфи бор эди. Кайфдаги одамнинг гапига ишониш қийин-у, лекин… ҳа-ҳа, ўша, худди ўйлаган гапингиз бўлди: пушаймонлик… Э, бири қўйиб, бири олди, бири қўйиб, бири… Чамаси ҳаммасининг оғзи теккан экан ўша гўштга.

Шукур Холмирзаев
«ЎЗБЕКНИНГ  СОДДАСИ»
002

003Шукур Холмирзаев замонавий ўзбек насрининг забардаст вакилларидан биридир. У адабиёт майдонига 1950-йилларнинг охирида кириб келди. Дастлабки асарларидан бошлаб ҳаётнинг ўзига яқин ва таниш жиҳатларини қаламга олди, тасвирда самимийликка интилди, қаҳрамонлар руҳий олами таҳлилига алоҳида эътибор берди.

Шукур Холмирзаев 1940-йилнинг 24-мартида Сурхондарё вилоятида, Бойсун туманидаги Шаҳидлар гузарида дунёга келди. Отаси Файзулла Холмирза ўғли асли Булунғурдан бўлиб, шўролар тузумининг дастлабки даврида юқори лавозимларда ишлаган. Миллатнинг асл фарзандлари қатағон қилинган 1937-1938-йилларда шўролар хуружидан қочиб, Бойсунга кетишга мажбур бўлган. Бу юртда бўлажак адибнинг онасига уйланади. Ўша ерда туман газетасига муҳаррирлик қилади. Лекин у қонсираган шўро ҳукумати чангалидан қутула олмайди. 1940-йилнинг ўрталарида шўро ҳукумати томонидан қамоққа олинган Файзулла Холмирза ўғли совуғи қаҳрли Магадан ўрмонларида оғир меҳнатдан силласи қуриб, 1944-йилда вафот этади. Бўлажак ёзувчининг онаси ҳам ишчан ва ўзига яраша маълумотли аёл эди. Шу боис у узоқ йиллар туман миқёсидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келди.

Шукур Холмирзаев Бойсундаги ўрта мактабни тугатгач, 1958-йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филологля факултетига ўқишга кирди ва уни 1962-йилда битирди. Шундан сўнг Тошкентдаги бир қатор нашриёт ва газета-журналлар таҳририятларида меҳнат қилди. Шукур Холмирзаев жуда эрта ижод қила бошлади. Унинг дастлабки китоблари талабалик вақтида чоп этилди. Адиб «Оқ отли” деб аталувчи биринчи қиссаси биланоқ, ўқувчилар эътиборини қозонди. «Тўлқинлар» қиссаси эса машҳур ёзувчи Абдулла Қаҳҳор таҳсинига сазовор бўлди.

Ш.Холмирзаев илк қадамлариданоқ адабиётга ўзига хос овоз, ўзгача тасвир усули ва алоҳида бадиий идрокка эга ёзувчи кириб келганлигини кўрсатди. Ш.Холмирзаевнинг «Оқ отли» (1962), «Тўлқинлар» (1963), «Ўн саккизга кирмаган ким бор» (1964), «Тақдир башорати» (1968), «Йўллар, йўлдошлар» (1973), «Юр, тоғларга кетамиз» (1976), «Чўлоқ турна» (1978), «Тупроқ кўчалар» (1978), «Қуш тили» (1982), «Қаҳрамоннинг сўнгги кунлари» (1984), «Тоғларга қор тушди» (1986), «Абдулла Наби ўғлининг сўнгги кунлари» (1983), «Эсиз, Эшниёз!» (1988), «Булут тўсган ой» (1997) каби ҳикоя ва қиссалари ўқувчилар эътиборини қозонган. Адибнинг «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1991), «Динозавр» (1996) асарлари ўзбек романчилиги тараққиётида ўзига хос ўрин тутади.

Ёзувчи 1987-йилда «Қора камар» драмасини ёзди. Инсон тақдири бутун фожиавий кўлами билан акс эттирилган бу драма адабиётимизда муҳим ўрин тутади. Асарда ёлғон эътиқод инсонларни қай кунларга солиши ва эътиқодсизлик миллатни қанчалар тубанлаштириши мумкинлиги ёрқин образлар орқали ҳаққоний акс эттирилади. Драманинг бош қаҳрамони Хуррамбек — миллат озодлиги учун бошини тиккан шахс. Лекин эътиқодсиз одамлар томошабин бўлиб турадилар, Абдулла Набиевга ўхшаб ёлғон эътиқодга алданганлар эса унга қарши курашадилар. Хуррамбек Ватан мустақиллиги учун жангга кирган, лекин ватандошлари уни босмачи деб ҳисоблашади. Хуррамбек фикр кишиси, йирик ва ёрқин шахсият эгаси. У эзгу ниятлар қилган, ўз олдига покиза мақсадлар қўйган. Аммо миллатдошларнинг маънавиятсизлиги уни қонхўрга айлантиради. Қўрбошининг Абдулла Набига: «…сенинг сафдошларинг бир кун келиб йиғлайдилар! Ўша ўрис йиғлатади… Босқинчи ҳеч қачон босиб олган фуқароси бошини силамайди! Силаса, алдаш учун силайди!… Лекин ёмон алдангансан, жигар», — дея қилган аламли нидоси кишининг вужудига титроқ солади. Нафақат атрофидагилар, яқинлари, сафдошлари, ҳатто ўз фарзанди ҳам тушунмаган ориятли Хуррамбекнинг инсоний изтироблари асарда ғоят юксак бадиий куч билан тасвирланган. Драма давлат мукофотига сазовор бўлди. 1991-йилда адибга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди.

Ш. Холмирзаев биринчи навбатда ҳикоянавис сифатида тан олинган ёзувчидир. Адиб насрнинг бу мўъжаз жанрида инсон табиатига хос руҳий изтироблар-у туйғулар товланишини бутун мураккаблиги билан кўрсата олади. Унинг «Ёввойи гул», «Баҳор ўтди», «Битиктош», «Яшил «Нива», «Озодлик», «Ўзбеклар», «Ҳаёт абадий», «Оғир тош кўчса», «Устоз», «Кўк денгиз», «Табассум», «Шудринг тушган бедазор», «Хумор» сингари ўнлаб баркамол ҳикоялари бор.

002

090шанда саккиз ёшларда эдим. Иккинчи синфда ўқиётган бўлсам ҳам зеҳним ўткир эканми, саводим чиқиб қолган, яъни отам айтиб турса, мен фактурасини ёзиб борардим. Отам район матлубот жамиятида магазинчими, бир нима бўлиб ишлар эди. У киши шундай катта ишда турсалар ҳам, жуссалари мендақанинг ўнтасига тенг келса ҳам, саводдари ҳалигидақа эди. Лекин отамни маҳалла аҳли ҳурмат қилар, у киши билан «Полвон бобо» деб сўрашишар, бир қариянинг: «Бечора кўп содда, мард одам. Ўзбекнинг соддаси шуёв», деганини ҳам эшитганман.

Биз ёз оқшомлари аллапаллагача гурунглашиб ўтирардик. Отамнинг ошналари келганда, мук тушиб, достон ўқишар, навбат билан дўмбира чертишар, момом ҳам қозон бошидан жилмасди. Эсимда: бизникилар айниқса, «Алпомиш» достонини севишар эди. Юсуф деган бир танишимиз бўларди, уйга келдими, лўлаболишни ўмровига тортиб, шу достонни ўқишга бошлар эди. Мен жиддий қулоқ солиб ўтирар, кейин ухлаб қолганимни билмас эдим, эрталаб супа пастидаги ёғоч каравотда кўрардим ўзимни.

Ўша кеча уйимизда меҳмон ҳам йўқ эди. Отам ҳам қаёққадир кетиб, келавермади…

Мен зерикиб, каравотимга чиқиб ётдим. Бир маҳал уйқу аралаш пайқаб қолдим: супада ғўдир-ғўдир гап бўляпти. Айниқса, энамнинг овози баланд-баланд чиқарди. Отам босиқ, лекин у ҳам баъзан «Э! Э!» деб қўярди, мен шунда беихтиёр ҳушёр бўлиб кетдим. Отамнинг одатлари қизиқ-да: мени ҳеч вақт «Тўрабой, ке!» деб чақирмайди, шунчаки, «Тўрабой!» деб қўя қолади, демак, бу — бери ке, деганлари ҳам бўлади. «Улим!» деб қўярдилар, вассалом, мен югуриб боришим керак. Отам сингилларимни ҳам «улим» деб чақирарди… У кишининг «Э!» деганини кўп эшитганман. Даштда бир сигиримизни чўпон ўзиники қилиб, «бўри еди»га чиқарган экан. Шунда энам чўпондан сигиримизни ундириш ҳақида кўп гапирган. Отам: «Э!Э!» деб туриб, қўл силтаган эди. Шундан кейин энам отамга гап кор қилмаслигини билиб, чўпонни қарғай-қарғай тинчиган эди.

— Э! — деди отам бирдан бақириб. — Шу пул билан бири икки бўлармиди, кампир?

— Сиз шундай дейсиз-да, ҳой! — деди энам. — Даштдаги мол ҳам саноқли қолган, биз уни қайтиб тўлаймиз! Ўйлайсизми?

— Мол сизларга, — деб тўнғиллади отам. — Мен энди манглайда борини кўраман, кампир! Э, гапирма! — отам қизишиб кетди: — Нима қилай? Сельпо раиси ўғирлик қилди, саводим йўқ, мени гўл билиб, шунча пулга туширди, ёрдам қилинглар, деб арзга борайми? — Э, мен бу ишти қилолмайман! Инсофи бўлса, ўйлаб кўради, кампир! Олти болам бор, кўриб турибди ўзи. Нокаслик қилмас.

— О, шўр бошим, шўргина бошим! — деди энам куйиниб ва идишлар тарақлаб кетди: — Сиз арз қилмасангиз, мен қиламан! Эрталаб милисага бораман, текшириб кўринглар, бу одам сельподан ҳеч маҳал мунча пул олгани йўқ, фактураям тузгани йўқ. Тузган бўлса, копияси ўзида бўларди-да!.. Бу одамни ўсал қилиб, ўзлари падлўк дакумит тузган, шунча пулни бунинг бўйнига урган! Текшириб кўринглар. Бунинг пактураларини ўғлим ёзиб берарди, униям келтириб сўроқ қилинглар, дейман!

Отам жимиди. Мен бу гапларнинг маъносига тушунмас эдим. Бироқ кимдир отамни алдагани, унинг бошида хавф борлигини сездим. Биз болалар тайёрга айёр бўлиб ўсар эдик: оилада пайдо бўладиган қийинчилик, камчиликни ота-онамиз тузатар, тўлдирар эди. Бизга ўйин бўлса, ёнбошлаб ётиб достон эшитиш бўлса ёки пистага пул бўлса бўлди эди.

Мен отамга фактура ёзиб берганларимни эслаб, ичимда хурсанд бўлиб, кўрпага ўралдим. Салқин тушиб қолган эдими, тўшакдан туришни хаёлимга ҳам келтирмадим. Фақат бошимни кўтариб, нима ейишаётган экан деб қарардим. Қовурдоқ ўртада бўлса, мен ҳам дилдираб, илжайиб борар эдим.

Отамнинг охирги сўзи шу бўлди:
— Э, кампир, бошимни қотирма. Мен айтдим айтгичимни унга. Номард экансан, ука. Майли, шу ўтирик пулди деб кет, лекин биринг икки бўлмасин. Бир куни сени болаларинг ҳам ота деб қолсин, дедим. Бўлди шу гап, кампир. Юракти бўшатдим. Агар ҳайвон эмас, одам наслидан бўлса, келади у — уккиғар!

Ўртоқларим билан сўкишиб юрганларимни эсладим, отам: «Ўзбекнинг гапи бир бўлади», дегич эди. Мен яна, ҳаммавақт бир сўзли бўлишни ўйладим. Сўнг нима учундир шу тобда отамнинг тутган йўлини тўғри деб билдим ва кейин ухлаб қолдим.

Ёпирай! Жуда нотинч бўлди-да, бу кеча!

Яна уйғониб кетдим: супада ғўдир-ғўдир гап-сўзлар қулоғимга етмасидан қозонда жиз-биз бўлаётган гўштнинг ҳиди димоғимга етди. Ҳайрон бўлиб, бошимни кўтардим. Даштдан отамнинг ошналари кепти деб ўйлаган эдим. Йўқ, лампа ёритиб турган дастурхоннинг бир томонида матлубот жамиятининг раиси чўкка тушиб ўтирар, у отам билан кулишар эди. Энам ўчоқ бошида.

Мен бу одамни яхши танир эдим, қачон отамга эргашиб унинг омборига борсам, шу кишини ҳам кўрардим, у бурчак-бурчакда уюлиб ётган ёнғоқ, олмақоқи ва олчақоқилардан ҳовучлаб олиб ҳидлар, сўнг сочиб ташлаб, кафтларини бир-бирига уриб қоқар, кета туриб, менга қошини учириб қўяр эди. Лекин уйимизга ҳеч келмаган эди.

Қовурдоқнинг ҳидидан унинг ҳали етилиб пишмаганини сездим. Уйда меҳмон борида дастурхондан четда тур, ҳадеб ўртага қўл узатаверма, бир ишора қил, ўзим бераман, хоҳлаган нарсангни, дер эди энам. Мен ўзимнинг уйғоқ эканимни энамга қандай билдирсам деб ўйлаб турган эдим, улар яна кулиб юборишди. Шунда отамнинг оқшомги кайфиятини эслабг иши ўнгидан келгани — тутган йўли тўғри чиққанига ишондим ва хурсанд бўлиб кетдим. Энамга тикиламан, ҳаракатларидан у кишининг ҳам кайфи чоғ экани билиниб турибди.

Лекин бари бир туришга журъат этолмадим.
— Ҳа, Полвон ака, менга ёмон таъсир қилди гапингиз, — деди раис. — Мен шунча ёшга кириб, бундай гапни эшитмаган эдим. Яширмайман, мард одамсиз, тушунасиз… Бундай ишлар аввал ҳам бўлган. Лекин бирови ҳам ўзимга ҳавола қилиб кетмаган эди. Одамга таъсир қилар экан, мен ҳам одам боласиман… Ана, фактура, дела! Янгамга беринг, ёқиб юборсинлар. Ўтган ишга саловат, Полвон ака.

Мен каравотдан секин тушиб, ўчоқ бошига чопдим.

— Сув ичаман, сув — дедим энамга.
— Гўшт-чи, емайсанми, болам? — деди энам.

Мен тиржайиб, чўнқайдим. Шунда раис мени чақириб, қошини чимирди. Мен ўрнимдан туриб салом бердим.

— Берман ке, улим, берман ке! — деди отам.

Бундай вақтда боришим керак. Энам ҳам елкамга қокди. Отам ёнига ўтқазиб:
— Шер улим! — деди. — Ухламадингми?.. Энди гўштдан ейсизу кириб ухлайсиз. Хавотир олма, болам! Мард одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Мана, амакинг ҳам мард чиқиб қолдилар…

Улар кулишди. Шундай қилиб, бу нотинч кеча ўтди.

Ҳозир мен ўша кеча, ўша суҳбатлардан йигирма беш йил беридаман. Уларни тушдагидек эслайман.

Мен — энди ўзгариб кетган, саводим ҳам ростакамига чиқиб, «Алпомиш»ни ҳам ўзим ўқийдиган, ҳамда отамнинг мардлик ва арз қилиш тўғрисидаги ақидаларига аллақачон қўшилмай қолган эсам-да, бу кексайиб қолган отам — «ўзбекнинг соддаси»га ҳавасим келиб кетди.

1972

453c0bd161.jpgShukur Xolmirzaev
«O’ZBEKNING  SODDASI»
002

74a911d927c27ed121e258ce57f55770.jpgShukur Xolmirzaev zamonaviy o’zbek nasrining zabardast vakillaridan biridir. U adabiyot maydoniga 1950-yillarning oxirida kirib keldi. Dastlabki asarlaridan boshlab hayotning o’ziga yaqin va tanish jihatlarini qalamga oldi, tasvirda samimiylikka intildi, qahramonlar ruhiy olami tahliliga alohida e’tibor berdi.

Shukur Xolmirzaev 1940-yilning 24-martida Surxondaryo viloyatida, Boysun tumanidagi Shahidlar guzarida dunyoga keldi. Otasi Fayzulla Xolmirza o’g’li asli Bulung’urdan bo’lib, sho’rolar tuzumining dastlabki davrida yuqori lavozimlarda ishlagan. Millatning asl farzandlari qatag’on qilingan 1937-1938-yillarda sho’rolar xurujidan qochib, Boysunga ketishga majbur bo’lgan. Bu yurtda bo’lajak adibning onasiga uylanadi. O’sha yerda tuman gazetasiga muharrirlik qiladi. Lekin u qonsiragan sho’ro hukumati changalidan qutula olmaydi. 1940-yilning o’rtalarida sho’ro hukumati tomonidan qamoqqa olingan Fayzulla Xolmirza o’g’li sovug’i qahrli Magadan o’rmonlarida og’ir mehnatdan sillasi qurib, 1944-yilda vafot etadi. Bo’lajak yozuvchining onasi ham ishchan va o’ziga yarasha ma’lumotli ayol edi. Shu bois u uzoq yillar tuman miqyosidagi rahbarlik lavozimlarida ishlab keldi.

Shukur Xolmirzaev Boysundagi o’rta maktabni tugatgach, 1958-yilda Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zbekiston Milliy universiteti)ning filologlya fakultetiga o’qishga kirdi va uni 1962-yilda bitirdi. Shundan so’ng Toshkentdagi bir qator nashriyot va gazeta-jurnallar tahririyatlarida mehnat qildi. Shukur Xolmirzaev juda erta ijod qila boshladi. Uning dastlabki kitoblari talabalik vaqtida chop etildi. Adib «Oq otli” deb ataluvchi birinchi qissasi bilanoq, o’quvchilar e’tiborini qozondi. «To’lqinlar» qissasi esa mashhur yozuvchi Abdulla Qahhor tahsiniga sazovor bo’ldi.

SH.Xolmirzaev ilk qadamlaridanoq adabiyotga o’ziga xos ovoz, o’zgacha tasvir usuli va alohida badiiy idrokka ega yozuvchi kirib kelganligini ko’rsatdi. SH.Xolmirzaevning «Oq otli» (1962), «To’lqinlar» (1963), «O’n sakkizga kirmagan kim bor» (1964), «Taqdir bashorati» (1968), «Yo’llar, yo’ldoshlar» (1973), «Yur, tog’larga ketamiz» (1976), «Cho’loq turna» (1978), «Tuproq ko’chalar» (1978), «Qush tili» (1982), «Qahramonning so’nggi kunlari» (1984), «Tog’larga qor tushdi» (1986), «Abdulla Nabi o’g’lining so’nggi kunlari» (1983), «Esiz, Eshniyoz!» (1988), «Bulut to’sgan oy» (1997) kabi hikoya va qissalari o’quvchilar e’tiborini qozongan. Adibning «So’nggi bekat» (1976), «Qil ko’prik» (1984), «Yo’lovchi» (1987), «Olabo’ji» (1991), «Dinozavr» (1996) asarlari o’zbek romanchiligi taraqqiyotida o’ziga xos o’rin tutadi.

Yozuvchi 1987-yilda «Qora kamar» dramasini yozdi. Inson taqdiri butun fojiaviy ko’lami bilan aks ettirilgan bu drama adabiyotimizda muhim o’rin tutadi. Asarda yolg’on e’tiqod insonlarni qay kunlarga solishi va e’tiqodsizlik millatni qanchalar tubanlashtirishi mumkinligi yorqin obrazlar orqali haqqoniy aks ettiriladi. Dramaning bosh qahramoni Xurrambek — millat ozodligi uchun boshini tikkan shaxs. Lekin e’tiqodsiz odamlar tomoshabin bo’lib turadilar, Abdulla Nabievga o’xshab yolg’on e’tiqodga aldanganlar esa unga qarshi kurashadilar. Xurrambek Vatan mustaqilligi uchun jangga kirgan, lekin vatandoshlari uni bosmachi deb hisoblashadi. Xurrambek fikr kishisi, yirik va yorqin shaxsiyat egasi. U ezgu niyatlar qilgan, o’z oldiga pokiza maqsadlar qo’ygan. Ammo millatdoshlarning ma’naviyatsizligi uni qonxo’rga aylantiradi. Qo’rboshining Abdulla Nabiga: «… sening safdoshlaring bir kun kelib yig’laydilar! O’sha o’ris yig’latadi… Bosqinchi hech qachon bosib olgan fuqarosi boshini silamaydi! Silasa, aldash uchun silaydi!… Lekin yomon aldangansan, jigar», — deya qilgan alamli nidosi kishining vujudiga titroq soladi. Nafaqat atrofidagilar, yaqinlari, safdoshlari, hatto o’z farzandi ham tushunmagan oriyatli Xurrambekning insoniy iztiroblari asarda g’oyat yuksak badiiy kuch bilan tasvirlangan. Drama davlat mukofotiga sazovor bo’ldi. 1991-yilda adibga O’zbekiston xalq yozuvchisi unvoni berildi.

SH. Xolmirzaev birinchi navbatda hikoyanavis sifatida tan olingan yozuvchidir. Adib nasrning bu mo»jaz janrida inson tabiatiga xos ruhiy iztiroblar-u tuyg’ular tovlanishini butun murakkabligi bilan ko’rsata oladi. Uning «Yovvoyi gul», «Bahor o’tdi», «Bitiktosh», «Yashil «Niva», «Ozodlik», «O’zbeklar», «Hayot abadiy», «Og’ir tosh ko’chsa», «Ustoz», «Ko’k dengiz», «Tabassum», «Shudring tushgan bedazor», «Xumor» singari o’nlab barkamol hikoyalari bor.

002

074shanda sakkiz yoshlarda edim. Ikkinchi sinfda o‘qiyotgan bo‘lsam ham zehnim o‘tkir ekanmi, savodim chiqib qolgan, ya’ni otam aytib tursa, men fakturasini yozib borardim. Otam rayon matlubot jamiyatida magazinchimi, bir nima bo‘lib ishlar edi. U kishi shunday katta ishda tursalar ham, jussalari mendaqaning o‘ntasiga teng kelsa ham, savoddari haligidaqa edi. Lekin otamni mahalla ahli hurmat qilar, u kishi bilan «Polvon bobo» deb so‘rashishar, bir qariyaning: «Bechora ko‘p sodda, mard odam. O’zbekning soddasi shuyov», deganini ham eshitganman.

Biz yoz oqshomlari allapallagacha gurunglashib o‘tirardik. Otamning oshnalari kelganda, muk tushib, doston o‘qishar, navbat bilan do‘mbira chertishar, momom ham qozon boshidan jilmasdi. Esimda: biznikilar ayniqsa, «Alpomish» dostonini sevishar edi. Yusuf degan bir tanishimiz bo‘lardi, uyga keldimi, lo‘labolishni o‘mroviga tortib, shu dostonni o‘qishga boshlar edi. Men jiddiy quloq solib o‘tirar, keyin uxlab qolganimni bilmas edim, ertalab supa pastidagi yog‘och karavotda ko‘rardim o‘zimni.

O’sha kecha uyimizda mehmon ham yo‘q edi. Otam ham qayoqqadir ketib, kelavermadi…

Men zerikib, karavotimga chiqib yotdim. Bir mahal uyqu aralash payqab qoldim: supada g‘o‘dir-g‘o‘dir gap bo‘lyapti. Ayniqsa, enamning ovozi baland-baland chiqardi. Otam bosiq, lekin u ham ba’zan «E! E!» deb qo‘yardi, men shunda beixtiyor hushyor bo‘lib ketdim. Otamning odatlari qiziq-da: meni hech vaqt «To‘raboy, ke!» deb chaqirmaydi, shunchaki, «To‘raboy!» deb qo‘ya qoladi, demak, bu — beri ke, deganlari ham bo‘ladi. «Ulim!» deb qo‘yardilar, vassalom, men yugurib borishim kerak. Otam singillarimni ham «ulim» deb chaqirardi… U kishining «E!» deganini ko‘p eshitganman. Dashtda bir sigirimizni cho‘pon o‘ziniki qilib, «bo‘ri yedi»ga chiqargan ekan. Shunda enam cho‘pondan sigirimizni undirish haqida ko‘p gapirgan. Otam: «E!E!» deb turib, qo‘l siltagan edi. Shundan keyin enam otamga gap kor qilmasligini bilib, cho‘ponni qarg‘ay-qarg‘ay tinchigan edi.

— E! — dedi otam birdan baqirib. — Shu pul bilan biri ikki bo‘larmidi, kampir?

— Siz shunday deysiz-da, hoy! — dedi enam. — Dashtdagi mol ham sanoqli qolgan, biz uni qaytib to‘laymiz! O’ylaysizmi?

— Mol sizlarga, — deb to‘ng‘illadi otam. — Men endi manglayda borini ko‘raman, kampir! E, gapirma! — otam qizishib ketdi: — Nima qilay? Selpo raisi o‘g‘irlik qildi, savodim yo‘q, meni go‘l bilib, shuncha pulga tushirdi, yordam qilinglar, deb arzga boraymi? — E, men bu ishti qilolmayman! Insofi bo‘lsa, o‘ylab ko‘radi, kampir! Olti bolam bor, ko‘rib turibdi o‘zi. Nokaslik qilmas.

— O, sho‘r boshim, sho‘rgina boshim! — dedi enam kuyinib va idishlar taraqlab ketdi: — Siz arz qilmasangiz, men qilaman! Ertalab milisaga boraman, tekshirib ko‘ringlar, bu odam selpodan hech mahal muncha pul olgani yo‘q, fakturayam tuzgani yo‘q. Tuzgan bo‘lsa, kopiyasi o‘zida bo‘lardi-da!.. Bu odamni o‘sal qilib, o‘zlari padlo‘k dakumit tuzgan, shuncha pulni buning bo‘yniga urgan! Tekshirib ko‘ringlar. Buning pakturalarini o‘g‘lim yozib berardi, uniyam keltirib so‘roq qilinglar, deyman!

Otam jimidi. Men bu gaplarning ma’nosiga tushunmas edim. Biroq kimdir otamni aldagani, uning boshida xavf borligini sezdim. Biz bolalar tayyorga ayyor bo‘lib o‘sar edik: oilada paydo bo‘ladigan qiyinchilik, kamchilikni ota-onamiz tuzatar, to‘ldirar edi. Bizga o‘yin bo‘lsa, yonboshlab yotib doston eshitish bo‘lsa yoki pistaga pul bo‘lsa bo‘ldi edi.
Men otamga faktura yozib berganlarimni eslab, ichimda xursand bo‘lib, ko‘rpaga o‘raldim. Salqin tushib qolgan edimi, to‘shakdan turishni xayolimga ham keltirmadim. Faqat boshimni ko‘tarib, nima yeyishayotgan ekan deb qarardim. Qovurdoq o‘rtada bo‘lsa, men ham dildirab, iljayib borar edim.

Otamning oxirgi so‘zi shu bo‘ldi:
— E, kampir, boshimni qotirma. Men aytdim aytgichimni unga. Nomard ekansan, uka. Mayli, shu o‘tirik puldi deb ket, lekin biring ikki bo‘lmasin. Bir kuni seni bolalaring ham ota deb qolsin, dedim. Bo‘ldi shu gap, kampir. Yurakti bo‘shatdim. Agar hayvon emas, odam naslidan bo‘lsa, keladi u — ukkig‘ar!

O’rtoqlarim bilan so‘kishib yurganlarimni esladim, otam: «O’zbekning gapi bir bo‘ladi», degich edi. Men yana, hammavaqt bir so‘zli bo‘lishni o‘yladim. So‘ng nima uchundir shu tobda otamning tutgan yo‘lini to‘g‘ri deb bildim va keyin uxlab qoldim.

Yopiray! Juda notinch bo‘ldi-da, bu kecha!

Yana uyg‘onib ketdim: supada g‘o‘dir-g‘o‘dir gap-so‘zlar qulog‘imga yetmasidan qozonda jiz-biz bo‘layotgan go‘shtning hidi dimog‘imga yetdi. Hayron bo‘lib, boshimni ko‘tardim. Dashtdan otamning oshnalari kepti deb o‘ylagan edim. Yo‘q, lampa yoritib turgan dasturxonning bir tomonida matlubot jamiyatining raisi cho‘kka tushib o‘tirar, u otam bilan kulishar edi. Enam o‘choq boshida.

Men bu odamni yaxshi tanir edim, qachon otamga ergashib uning omboriga borsam, shu kishini ham ko‘rardim, u burchak-burchakda uyulib yotgan yong‘oq, olmaqoqi va olchaqoqilardan hovuchlab olib hidlar, so‘ng sochib tashlab, kaftlarini bir-biriga urib qoqar, keta turib, menga qoshini uchirib qo‘yar edi. Lekin uyimizga hech kelmagan edi.

Qovurdoqning hididan uning hali yetilib pishmaganini sezdim. Uyda mehmon borida dasturxondan chetda tur, hadeb o‘rtaga qo‘l uzataverma, bir ishora qil, o‘zim beraman, xohlagan narsangni, der edi enam. Men o‘zimning uyg‘oq ekanimni enamga qanday bildirsam deb o‘ylab turgan edim, ular yana kulib yuborishdi. Shunda otamning oqshomgi kayfiyatini eslabg ishi o‘ngidan kelgani — tutgan yo‘li to‘g‘ri chiqqaniga ishondim va xursand bo‘lib ketdim. Enamga tikilaman, harakatlaridan u kishining ham kayfi chog‘ ekani bilinib turibdi.

Lekin bari bir turishga jur’at etolmadim.

— Ha, Polvon aka, menga yomon ta’sir qildi gapingiz, — dedi rais. — Men shuncha yoshga kirib, bunday gapni eshitmagan edim. Yashirmayman, mard odamsiz, tushunasiz… Bunday ishlar avval ham bo‘lgan. Lekin birovi ham o‘zimga havola qilib ketmagan edi. Odamga ta’sir qilar ekan, men ham odam bolasiman… Ana, faktura, dela! Yangamga bering, yoqib yuborsinlar. O’tgan ishga salovat, Polvon aka.

Men karavotdan sekin tushib, o‘choq boshiga chopdim.

— Suv ichaman, suv — dedim enamga.
— Go‘sht-chi, yemaysanmi, bolam? — dedi enam.

Men tirjayib, cho‘nqaydim. Shunda rais meni chaqirib, qoshini chimirdi. Men o‘rnimdan turib salom berdim.

— Berman ke, ulim, berman ke! — dedi otam.

Bunday vaqtda borishim kerak. Enam ham yelkamga qokdi. Otam yoniga o‘tqazib:

— Sher ulim! — dedi. — Uxlamadingmi?.. Endi go‘shtdan yeysizu kirib uxlaysiz. Xavotir olma, bolam! Mard odamning sadag‘asi ketsang arziydi. Mana, amaking ham mard chiqib qoldilar…

Ular kulishdi. Shunday qilib, bu notinch kecha o‘tdi.

Hozir men o‘sha kecha, o‘sha suhbatlardan yigirma besh yil beridaman. Ularni tushdagidek eslayman.

Men — endi o‘zgarib ketgan, savodim ham rostakamiga chiqib, «Alpomish»ni ham o‘zim o‘qiydigan, hamda otamning mardlik va arz qilish to‘g‘risidagi aqidalariga allaqachon qo‘shilmay qolgan esam-da, bu keksayib qolgan otam — «o‘zbekning soddasi»ga havasim kelib ketdi.

1972

Shukur Xolmirzayev. Saylanma. 3-Jild. Hikoyalar by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 1 796, bugungi 1)

Izoh qoldiring