Shukur Xolmirzayev. Quyosh-ku falakda kezib yuribdi

054    Хулоса шулки, азизим, дунё ўтар экан! Тузумлар ўтар экан! Шайхзода домла айтганларидек, эл-улус қолар экан. Анави содда қиз-жувон айтганидек — табиат, тун, тоғлар, ўрмонлар, борлиқ қолар экан! Биз ҳар қанча мавҳум-мунгли хаёлларга чўмиб, руҳий тушкунликларга тушмайлик, яшашга маҳкум эканмиз ва борлиқни севиб яшашимиз лозим экан!

Шукур Холмирзаев
ҚУЁШ-КУ ФАЛАКДА КЕЗИБ ЮРИБДИ

091

1

… Ўша пастликка эгилиб ўсган гужумча остида ўтиргандим. Курсида. Курсининг оёқлари ерга ботиб кетган. Намгарчилик-да. Айтдим-ку, ё саккизинчи, ё тўққизинчи май эди… Жийдалар гуллаган. Унисининг шохида бир булбул сайраса, бунисининг шохида бир булбул сайрайди. Хўроз-макиён. У ерда ўтроқ қарғалар ҳам бор экан. Қувқ-қув қилиб, бирининг кетидан бири учиб ўтади. Умуман, жонли-жонивор жуфт-жуфт бўлаётган пайт. Ҳатто гужумнинг чакалак шохлари орасида ҳам жиблажибонлар бир-бирини қувлаб юришади. Қанақа қилиб шундай тез учишади? Ҳайронман!

Бир маҳал денг, бир-бирини қувлаб иккита оппоқ капалак келди. Шундоқ оёғим остида энишда. Қийғос гуллаган зиралар устида пилдираб уча бошлашди. Вой, шундай чиройли, шундай чиройли!

Мен бунақа манзараларни унутиб юборган эканман. Унутиш ҳам эмас — қандайдир эт қотиб, бундай манзараларга бепарво қарайдиган бўп кетган эканман.
Шунданми, ё ёлғизлик, бекорчилик, аниқроғи, ночорлик туфайлими, ёки эрмак истабми — ўтирган эдим-да!

Шунда ҳув этакда — унда-бунда қаққайган тош иморатлар олдида томорқасига памидор кўчатими, карамми — нимадир экишаётган қизил кўйлакли қиз-жувонлару улар қошида ғўдайишиб гурунглашиб турган (аксари) қора чопонли эркакларга кўзим тушди. Ғалати бўлиб кетдим: «Ишлаяпти улар. Мен эсам — бекорчи…»

Ана шунда калламга ғалати фикр келди. «Атрофга қара, — дедим ўзимга-ўзим, — ҳамма жонли жонворлар жуфт-жуфт! Сен эса— ёлғизсан! Сенинг ҳаётинг — нотабиий ҳаёт…»

Ўзим-ку шу ёлғизликни истаб бу ёққа келган эдим! Энди бўлса, бу ҳол менга ёмон таъсир этди!

Хотинимни эсладим, қизимни… «Улар эсон-омон Тошкентга етиб боришганмикан?» деб ўйладим.

Шу пайт меҳмонхонага олиб чиқадиган тошлоқ йўлда чопонини эгнига ташлаб олган Мисир кўринди. Совхоз директори, хўжалик раҳбари.

Ўрнимдан турдим.
— Ҳа? — деди у — Мундай ғамгин бўлиб ўтирибсиз?
— Йўғ-е, ўзим… Атрофни томоша қилиб… Жуда антиқа пайтда кепман-да, Мисирбой!

— Ҳа, энди, баҳор-баҳор… Лекин сиз хапасиз, ака, — деди у.
— Қаёғдан билдингиз, қаёғдан?

— Э, мен эмас, ҳамма билиб турипти ҳисоб… Пақат сизда дурбин йўқ! — деди у. Кўришдик. — Қиттак-қиттак отамизми? — сўради у.
— Кўнгил тортмаяпти, дўстим.
— Ўйламанг-е! — деб тирсагимдан тортди у. Юринг, биллиард ўйнаймиз!

Унгаям ҳушим йўқ эди. .

— Сиз ажойиб инсонсиз! — дедим Мисирга чин дан ҳам ҳавасим келиб. — Ишлайсиз, ишлатасиз… Югуриб-еласиз. Вақт бўлганда, мендан хабар оласиз.

У елка қисди.
— Бизнинг ҳаётимиз шул-да… Мана, битириб олсак, насиб бўлса, йўл битса, ана сизга ўхшаган акалар, туристларнинг келиши, дам олиши соз бўлади. Мен чойхонани ҳам ҳашар билан битқазаман. Фермерларим ваъда беришди… Ҳа,ўйламанг-е, ҳаёт яхши бўлиб кетади. Бир қўй  терининг ичида неча бор озиб, неча бор сел экан.

— Рост айтасиз, — дедим.
— Нима, зеркдингизми? Марказга тушиб келасизми? Районга? Балки, чол-кампирниям кўриб дегандай…
— Ҳа, ҳа, — деганимни билмай қолдим: мен, афтидан, шароитнинг ҳам қандайдир ўзгаришига муҳтож эдим.

— Ўзимам билиб эдим-ов, — деди-да, ёғоч энгаракдан (қўлбола дарвоза) кейин эниладиган жарликнинг у бетидаги хўжалик идорасига қараб шовқин солди: — Ҳў-ў, Болтабо-ой! — Идора олдида ГАЗ-69 мошинаси турарди. Ёнида кимлардир бор эди. — Болтабой, бери ке, ука! — деб қўлини силкитди.

Болтабой — директорнинг-бошлиқнинг шопири. Яхши, камсуқум, камгап бола.

— Бўлмаса, бирон нарса кийиб олинг. Ҳаво айланаяпти. Ёғиб қолар, — деди Мисир.

Бу ернинг ҳавоси жуда ўзгарувчан экан… Ҳа-ҳа, қор дейсизми, дўл дейсизми — марҳамат! Бир парча булут меҳмонхона устида пайдо бўлса, албатта бир нарса ташлаб ўтади. Салдан кейин қарабсизки, қуёш кулиб турибди!

Меҳмонхонага кирдим. Ўз хонамга — четдаги ҳужрага бориб, чопонни кийдим. Сигаретни олдим… Биласизми, бу уйчани қанақа қилиб безатган эдим! Битта диван. Қаршида битга кресло. Буларнинг ўртасида ёзув столи. Ёзув машинкаси. Хўш, бурчакда милтиқ, биротар. Ёстиқнинг тагида пичоқ. Ёки бир парча нон… Онам ўргатган-да болаликдан. «Яроғ — қўриқчи, болам!» деб, ҳозир ҳам уйимизга бориб ётсам, ёстиғим тагига ё нон, ё пичоқ қўяди… Хўш, уйча ҳақида гапираётган эдим. Бурчакда қандайдир маркали радиоприёмник. Нақ оёғим остида — олдимда электр плита. Ёлғиз дераза ҳалиги гужум томонга очилади. Гужум орти — этакдаги қишлоқ кўринмаса ҳам, қишлоқнинг у четидан ўрлаб кетган арчали тоғ мана мен деб туради. Ошувгача. Арчалар найза кўтариб, афсонавий қасрга интилиб бораётганда тўхтаб қолган навкарларни эслатади. Сув оқадиган ўйиқлар, оқмалар дўл тушганда икки кунлаб оқаради, холос.

Тоғнинг пастроқ жойларига тушган уйлардан тунлари милт-милт нур кўринади, холос.

Аммо мен хонамдаги чироқни ёқсам борми, ўша томонлардан кўплаб итлар ҳуришади!

Меҳмонхонада мендан бошқа бирон кимса йўқ-да. Ёзда кўп бўлса керак…

Меҳмонхона тошдан ясалган. Шунинг учун совуқ, ёздаям салқин бўлиши керак.

Битта ўзим ётиб турардим. Қоровулнинг ўғли ҳар эрта битта нон келтириб берарди. Овқатниям ўзим қилардим. Ошхона бор! Газ бор!

Тунлари фақат каламушлар безовта қиларди. Полнинг тагида бир-бирини қувиб югуриб қолишади денг: гудур-гудур этиб! Баъзан тирқишларидан фиш-фиш этган овоз эшитиларди. Шунда жаҳлим чиқиб, ўша ерни тепардим. Бир марта патроннинг ўқини олиб, дорисини тешикка отмоқчи бўлдим.

Каламушларни ўлдиришган. Лекин яна кўпайган… Меҳмонхона тошнинг устига қурилган. Шу тошнинг ёриқларидан ҳид олиб келса керак-да.

2

Хуллас, жўнадик. Кеч бўлиб қолган эди. Қишлоққа тушибоқ машина чироқлари ёруғида кета бошладик. Ер нотекис, лой. Газик у ён-бу ёнга сурилиб кетади. Лекин мен гўё сезмайман. Мунг, мунг! Бутун вужудим мунгдан иборатдай!

Мен ҳаётни яхши кўрардим. Вассалом! Борича: бутун товланишлари, ҳатто фожеалари билан…

Ана шу ҳаётдан кўнгил совуди-да, биродар!

Сотсиализмнинг барбод бўлганига ачинмайман. Бироқ у билан бирга менинг ҳам нималаримдир барбод бўлганига аминман: мен инонган қадриятлар пучга чиқди…

Гўёки бугунги кунгача беҳуда яшаган эканман… Биламан: инсон нимагадир интилиб яшайди, акс ҳолда ўлади. Чамаси, менинг Тошкентда ишдан бўшаб, туғилган юртга улоқиб келишим ҳам ана ўша нимагадир интилиш, ҳечқурса, яшаб қолиш, балки яшашдан маъно топиш мақсадида эди.

Яхшиям Мисирбойнинг мени кўргали уйимизга, яъни чол-кампирнинг кулбасига бориб қолгани. У менинг аҳволимни дарҳол сезди, дарҳол тоққа — ўзи бошчилик қилаётган совхозга таклиф этди. «Тинч, ваҳималардан йироқ!» деб туриб олди. Районда ҳам Тошкентдаги гап бор экан-да: «Энди нима бўлади?»

Менга шу саволни беришади. Мени кўргани келган ёр-дўстлар. Ҳатто нотанишлар ҳам…

Фузулийдами, Навоийдами бир ғазал бор-ку? Бемор даво излаб табибга борса, табибнинг ўзи давога муҳтож чиқади: бундай гаплар эски адабиётда кўп…

Қисқаси, хотиним Тошкентга қайтди, қизчани олиб; иши бор. Мен қолдим…

Ҳа, май байрамини ўтказиш баҳонасида келган эдик.

Кечирасиз, сал чалғидим.

3

Қишлоқдан чиқа бошладик. Машина чироқлари нуридан ўзга нур йўқ. Сойдан ўтдик. Суви кўп. Шунақаям шовуллайдики, моторнинг овози эшитилмайди. Икки марта тўхтаб қолганда, моторнинг юрган-юрмаганини билолмай қолдим.

Нариги бет — тошлоқ. Аста-секин кўтарилиб, юксак тоққа айланади. Унинг ҳам бағирлари — арчазор. Бузуқ жойлар ҳам кўп: шу кунларда наъматаклар қутириб гуллаган эди! Йўл ўша-ўша: нотекис, хавфли.

Лекин Болтабой юришни билади. Мисир уни бекорга шопир қилиб олмаган…

Ҳорғин ўтирибман денг. Хаёлимда бир замонлар — ўн икки-ўн уч ёшларимда шу жойлардан ҳам милтиқ кўтариб ўтганим: отам тайёрлов идорасида ишлар эди, менинг белимга пул боғлаб, қўлимга милтиқни ушлатиб, эшакка миндириб, бу томондаги қишлоқларга жўнатарди.

У кишининг ҳар бир қишлоқда ошнаси бўларди. Мен айтилган қишлоққа келиб, айтилган кишини топиб, иккала қўлимни ҳам баланд кўтарардим. Отамнинг ошнаси белимдан белбоғни ечиб олар, ана ўшанда яна пул келтирганимни англардим. Кейин ошна: «Бориб айт. Фалон кундан кейин шунча эшак олмақоқи боради, туршак боради», дер эди. Мен кўпинча ўша куниёқ районга қайтардим. Нимагаки, масалан, саҳарлаб марказдан чиққан бўлсам, қуёш ботишига бирон терак бўйи қолганда, ўша қишлоққа етиб келардим. Биласизки, қуён ҳам, каклик ҳам кун ботаётган пайтда сўқмоқларга, ялангликларга чиқади. Айниқса, қуёнлар!..

Отолмасанг ҳам, уларни қувиш, ортидан ўқ бўшатиш, хуллас, томоша қилишнинг гашти бор-да.

Сўнгра: тунлари милтиқни ўнглаб, арчазорлар орасидан юришни яхши кўрардим. Қулоғинг динг! Сезгиларинг ўткир! Бамисоли баҳайбат бир маҳлуқ чиқиб қолади-ю, у билан сўқишасан…

Қолаверса, зим-зиё туннинг ҳам ўзига хос гўзаллиги бўлади-да. Юлдузлар яқин, бойқуш сайрайди, ҳар қадамингдан жир деган тун қуши учиб ўтади. Эшаккина бепарво… Ой чиққан маҳалларда арчазорлар негадир тинч бўларди. Улкан-улкан арчалар сояга ўхшаб туради. Эшакнинг туёқ товуши йироқ-йироқлардан баайни акс-садо беради.

Ўлай агар, қўрқув нималигини билмасдим. Ҳолбуки, мен ўрмон билан боғлиқ эртакларга ишонардим…

Ўтинаман: ҳаяжонланиб кетиб, асосий мақсаддан чалғияпман, лекин бу изоҳлар ҳам керак.

Болтабой йўлни териб ҳайдаб, ўркачга чиқди. Чироқлар нурида фақат икки марта тулкими, шақолми кўринди: тўғрироғи, йилтиллаган кўзлари кўринди, холос.

— Товушқон қолмаганми? — деб сўрадим.
— Камайиб кетди, ака, — деди Болтабой. — Лекин бор… Энди, улар ҳам замонга қарайди-да. Ҳадеганда ўзини кўрсатмайди. Бугун эрталаб бировини кўрдим. Ҳар сакрайди — одам бўйи! Уни отиб бўладими? Какликлар ҳам даққи бўлиб кетган. Қорангизни кўрса, бир чақиримдан қочади.

Тоғдан эна бошладик. Олисда юлдузларга қўшилиб кетган марказ чирокдари кўринди. Лекин уларга етиш учун… Чўпонлар тўғри айтишади: нур кўрган ерингга борма, ит ҳурган ерга бор! Зўр гап.

Марказ чегарасига кирганимизда, ёмғир томчилай бошлади. Соат ўнлардан ошган эди.

Қўштегирмон кўпригидан ўтгач, анча ҳушёр тортдим. «Районда ўзгариш борми?» дегандай қарай бошладим. Жимжит. Одамлар кундузги ваҳимали гап-сўзлардан қочиб, уй-уйига, тўшагига кириб олгандай эди.

Чорраҳага етганда, Болтабой:
—Уйларинггами, домла? — деб сўради.

Уй… Уйда нима қиламан? Тунда уларни безовта қилиб, нимани гаплашаман?

Қаёқдан калламга келди шу гап:
— Почтага! Почтага! — деб юбордим.

4

Почта биноси Саритепанинг бағрида. Ўрлаб бориб, энгаракка ўхшаш дарвозадан кирдик. Одатда, мошиналар дарвозадан буёқда қолади. Бизники энди… директорнинг улови. Қолаверса, мени жумҳурият ўқувчилари яхши танимаса ҳам, тупроқдошларим яхши билишади. Ҳатто айтишим мумкинки, айримлари фахрланишади.

Мошинани майдонда қолдириб, ичкари залга кирдик. Одам сийрак. Ўриндиқларда ҳар хил алфозда ўтиришибди: бир-бирига орқа ўгириб.

Энди, каминани танийди-да, почтачилар ҳам… Тўрдаги туйнукдан навбатчи йигитнинг овози келди:
— Салом берди-ик, Қудрат ака!

— Салом, салом, — деб илжайдим. Уяламан. Ҳамма менга ўгирилиб қаради.
— Тошкент билан гаплашасизми? — сўради у йигит. Ўлай агар, кўчада кўрсам, танимайман. Аммо шу биланми, бошқаси биланми Тошкентда туриб ҳам кўп гаплашганман: чол-кампирни соғинганимда…

— Ҳа, — дедим.
— Номер ўшами?

— Ҳа, — деб юбордим.
— Ҳозир! Биринчи кабинага кираверинг!

Энди жилганимни биламан, тепамдан қайноқ сув қуйиб юборилгандай бўлди.
— Нега бу киши гаплашар экан? Менинг навбатим-ку? — деди бир… қора духоба камзул кийган қизми-жувон. У анча нарида деразага қараб ўтирган экан. Менга бурилиб олган, бошқалар қандайдир безовталаниб қолган эди.

Айтдим-ку, иссиғим чиқиб кетди, деб!

— Хўп-хўп, синглим. Бемалол… Бу киши гаплашсинлар! — дедим-у, юзим қора бўлгандай изимга қайтдим.

Почтачи йигит нимадир деб дўқ қилди. Кимлардир ҳалиги қизми-жувондан нолиди…

Мен эшитмас эдим.

Тўғри майдонга тушдим. Ёмғир кучайди. Бўғот панасига ўтиб сигарет тутатдим.

Болтабой ҳам мен билан бирга.
— Ҳе, парво қилманг. Қишлоқчилик-да, — деди.
— Йўқ-йўқ, ҳаммаси тўғри, — дедим.

Қаранг-а, Тошкентда шундай жойга кириб қолсангиз, биринчи галда: «Ким охири?» ёки «Кто крайний?» деб сўрайсиз. Бу ерда… Хом сут эмган бандамиз-да.

Болтабой ичкарига қайтиб кирди. Бирон беш минутлардан кейин зинада кўриниб, мени чақирди.

Беихтиёр биринчи кабина томон борарканман, почтачи:
— Кечирасиз-да, ака, — деди.
— Ҳечқиси йўқ.
— Линияда янгам…
— Раҳмат.

5

— Тинчликми? Қаёклардан телефон қивотсиз? — деб сўради хотиним. «Қаердан?» деганининг сабаби — ўша қишлоққа ҳали телефон тушмаганини Мисир мени кўргани келганда айтган эди, афтидан, хотиним бундан мамнун бўлган эди.

— Райондан. Марказдан, — дедим.
— Нега? Районга тушдингизми?

— Кўриб турибсан-ку?
— Нега тушдингиз?

Мен унга тахминан ярим ойлар ўша тоғлар орасида бўламан, деган эдим. Чамаси, марказга энмаслигимни ҳам айттан эдим. Албатта, бу қарор унга ёққан эди.

Марказга тушсанг, биласиз-ку, яна ёр-дўстлар билан ўтирасан. Ҳалиги исқотидан кетади. Кейин рангинг бир хил бўлиб… Иш ҳам қолиб кетади…

Хотиним менинг аҳволимни, умуман, тушунар эди: тушунгани учун ҳам хизматдан бўшаб бу ёққа жўнашимга, яъни, жўнашимизга рози бўлганди. Йўқса, бир қути сигарет фалон сўмга чиққанда, хизматдан бўшашга бало борми!

Хайрият, энг сўнгги китобимга уч-тўрт сўм қалам ҳақи теккан эди…

Ҳа, сўнгги китобимга!..

Ҳа-да: шу нарсалар ҳам таъсир этганди-да менга… Маънавиятнинг қадри шунчалар тушиб кетадими?

Еб, ичиб, борингки, туғдириб, ухлайдиганлар замони келгандай: ҳолбуки, бу иш — фақат жонли жониворларга хосдир. Ахир, бизлар — одам…

Бунинг устига, «маданий одам?» дейишади бизни… ям!

Президент маҳкамасидаги мулозимлар ҳам нуқул «Мафкура тамом! Иқтисодни ўйлаш керак!» деб уқтиришади. Ҳолбуки, шу — иқтисодни ўйлаш ҳам — демак, мафкура эканини, инсонни ўйлаш эканини тушунишмайди.

Ҳа-ҳа, бу масала ҳали юзага қалқиб чиқади. Шундай қалқиб чиқадики, бу йўриғда ҳам бирёқламалик қилганимизни фаҳмлаб қоламиз. Кейин аттанг…

Ҳа-ҳа: менинг мафкурам — ҳаётни борича севиш эди. Ҳалиям ундан қайтмаган эдим. Аммо…

… шу ҳаётнинг ўзи, нима бало, чарчатганмиди, жонга текканмиди, билмайман.

Э, дўстим, мени сўроққа тутгандан кўра, ўзингиз — ўз кўнглингизга назар ташланг. Назар ташланг-чи… А-а, балли! Сиз ҳам мен каби улоқиб кетгингиз келади.

Начора, мен шу ишни қипман, балки имкониятим борлиги учундир…

6

— Нима учун, нима учун? — деб чирсилладим мен ҳам хотинимга. — Балки сенинг овозингни эшитиш учун… тоғдан тушгандирман!
— Уйдан телефон қивотсизми?

— Почтадан! Ишонмасанг, ана, навбатчидан сўра, — дедим. — Уйга бормайман. Нима қиламан чол-кампирнинг олдида? Бемаҳалда?.. Ҳа. Тоққа қайтиб кетаман…

— Мошина борми?
— Ташқарида турипти… Ўзи, яхши етиб бордингларми?

— Ҳа, ишқилиб… Бу ердаям ёмғир, ёмғир… Ҳаммаёқни зах босиб кетди…
— Хўп, менга топшириқ борми?

—Тезроқ қайтиб кетинг!.. Ҳой, сиз марказдаги жўраларингизгаям кўп ишонманг. Мен сездим. Тўқсон пойизи қитмир, одамнинг қўлига қарайдиган бўпти. Ҳа, пул кўрмаганлар… Қайтамга илгари тузук эди…
— Худди шундай, — дедим.

Бу нарсани мен ҳам жуда яхшигина сезган эдим… Нима десам экан, ўкинган ҳам эдим: «Эсиз йигитлар», деб… Биламан, ишонаман, бу кунлар ўтади!

Нима, меҳр-оқибат тикланмайди, деб ўйлайсизми? Бу даҳшат-ку?

Унда чиндан ҳам инсон инсонга бўри бўлар экан-да?.. Ишонмайман: ахир, Мисир ҳақида гапириб бердим, шекилли? Ундай инсонлар бор-ку?

Менга етади…

Хуллас, хотин билан хайрлашдим. Почтачига гаплашганим ҳақини узатгандим — қайтарди. Бари бир ташлаб чиқдим. Ташқарига чиққач, кўнглим бузилди: нега?

Балки бу тентирашим таъсир эттандир?

Аммо нега тўппа-тўғри бу ерга — почтага келганимни ўйлаб, иттифоқо англадимки, ҳалиги меҳмонхона олдида — гужум остида ўтирганимда, ўша капалакларни, қарғаларни, чопон кийган эркаклару аёлларни кўриб: «Ҳаммаси жуфт-жуфт», деб ўйлаганим таъсир қилган бўлса керак: «Мендаям хотин бор-ку?» деб…

Хўш, шляпани бостириб, мошина олдига бордим. Бораётганимда орқа эшик олдида турган бир қора гавдага кўзим тушган эди. «Болтабой», деб гумон қилганмидим, билмайман, ишқилиб, унга парво қилмай, олдинги эшик тутқичидан тортдим. Шунда у қора гавда:
— Қудрат ака, мени олиб кетинг. Қўштегирмонда тушиб қоламан, — деди.

Кўзим илғади: ўша — духоба камзулли қизми-жувон… Энди негадир юрагим ғашланиб:
— Бемалол, — дедим.

Мен ўтирдим. Уям орқа ўриндиққа кириб ўтирди. Жўнадик. Саритепадан эна бошладик.

7

Одам ўзини билмайди: кўнглини, демоқчиман. Тоғда Мисир: «Отамизми?» деганда, рад қилгандим. Энди негадир сал тусаб қолдими, ёки, умуман, меҳмонхонага қуруқ қўл билан боргим келмадими, ҳарқалай, шундай дедим:

— Болтабой ука, мана, бирон ҳафтадан бери сизларнинг меҳмонингизман. Ейиш-ичишдан зориққаним йўқ. Аксинча… Шу, малол келмаса, ресторанга ҳайдасангиз. Мен бирон нарса олволсам…

Шофёр менинг шундай дейишимга жавобни аввалбаҳор тайёрлаб қўйгандай:
— Йўғ-е, домла, — деди. — Бу мошин — дириктирники. Отнинг қашқасидек маълум. Рестораннинг олдида кўришса, «Директор нима қилиб юрипти?» дейишади…

Мен унинг бошлиғига содиқлиги учун беш кетдим. Аммо бир андиша ғашимни келтирди: илгари, ҳув илгари шунақа дейишса, эътироз билдирмас эдим.

Чунки райком котиби — ҳоким, хоқон эди! Панада билганини қилиб, очиқда одамларнинг тирноқча «нуқсон»ини ҳам туядек қилиб кўрсатар эди: умуман, хўжалик раҳбарларининг ресторанга кириши истисно ҳол эди. Аммо хилват гўшаларда улар қилган ишни ўша хонлар ҳам қилолмаган-ов…

— Ҳалиям ҳокимдан қўрқасизларми? — дедим.
— Э, домла, ҳоким-ҳокимда… Кейин бизнинг халқимиз ўрганиб қолган… Тўғри, бетгачопарлар чиқаяпти. Бой фермерлар пайдо бўлаяпти. Ўзимизнинг совхоздаям бор… Мисир ака совхознинг ярмини фермерларга берган. Техниканиям…

Бунақа гапларни ҳам марказда, хотиним билан уч кун турган пайтимизда, роса эшитган эдим.
— Бўпти. Тўғрига ҳайдайвер, — дедим. — Кейин чапдаги тор кўчага кирасан. Ресторанга орқа томондан келамиз.

Болтабой жим қолди.

Тор кўчага кираётганда, орқага қарамасдан сўрадим:
— Синглим, шошилмаяпсизми?
— Э, йўқ. Қаерга шошаман, — деди у ғоят бепарволик билан.
«Зўр», деб қўйдим ичимда.

Торкўчадан бора-бора бошқасига тушиб, ресторанга етдик. Орқа томон қоронғи.

Мошинадан тушиб, ошхонага кирдим. Оқ қалпоқ кийиб олган ошпазлар мени таниб, дарров сўраша кетишди.
— Кечирасизлар, менга биронта ичимлик керак эди, — дедим.

Буфетчини чақиришди. Уям қуюқ сўрашди ва аҳволимдан — чопон кийиб, рестораннинг орқа эшигидан шумшайиб кирган кишининг, яъни, таникли шоирнинг аҳволидан завқланиб:
—Ароқ йўқ, акажон. Шампан бор, коньяк бор, — деди.

Ҳамма бизга тикилиб турибди.
— Биттадан беринг, — дедим.

Берди. Ва уям узатган пулимни олмади. Лекин… чўнтагига тиқиб чиқдим.

Яна йўлга тушдик.

Менинг, ҳартугул, кайфим чоғ эди. Болтабойга ҳали — тепадан энаётганда айтган гапларимнинг бари рост эди-да: бир ҳафтадан буён тирикчилигим шуларнинг бўйнида. Табиий: ичимлик ҳам… Дарвоқе, Мисирбой меҳмонхона ошхонасидаги холодилникка уч-тўртта турли ичимликлардан ҳам солиб қўйган.

8

Кетяпмиз.

Айтганимдек, кайфим чоғ. Келаётган пайтимдаги мунг мени ҳарқалай тарк этган эди: бироз яйраб қолсин дегандай… Лекин ич-ичимдан ҳис этардим: хотиним айрим дўстларимнинг бозор иқтисоди одамларига айланаётганини эслатгани ва, дарҳақиқат, ўзим ҳам бу ҳолни сезганимга зид ўлароқ…

Мисирнинг ўзгармагани, почтачиларнинг ҳурмат-эҳтироми, ресторан хизматчиларининг иззат-ҳурмати — дилимни анча равшан этган эди.

Балки мана бу ичимликларни олиш фикриям, нима десам экан, руҳимни кўтарган, қандайдир пинҳона хижолатдан халос қиладигандай эди.

Аммо сизга очиғини айтишим керак: тағин ўзга, тоят яширин ва сирли бир нарсаям дилимга, қандайдир… малҳам эдики, у нарса шубҳасиз — почтахонада «олдин мен гаплашаман!» деб шаккоклик қилган қизми-жувоннинг тағин мошина ёнида туриб олиб, бемалолгина кириб ўтиришни сўрагани ва… кириб ўтиргани эди. Ҳа-ҳа, шу эди.

Ўзингиздан қолар гап йўқ: бундоқ пайтда эркак зоти борки, маъносиз мамнун тортади. Кўнглида заррача «қийшиқ фикр» бўлмаса ҳам.

Тилинг бийрон бўла бошлайди ва айтаётган гапларингни «орқада ўтирган киши» ҳам эшитишини истайсан ҳамда… унга қандайдир мослаб давом этасан.

Лекин каминанинг тилига гап келмас эди.

— Ҳа, гурунг беринг-е, Болтабой, — дедим. — Халқнинг аҳволи қалай? Бу Озодлик деган эдик, етишдик! Горбачёв бобо бир атом уруши қилолмайдиган ишни қип кетди… Баъзилар: «Озодликни нима қилишни билолмай қолдик», дейишади. Тўғри энди, қафасдаги какликни чиқариб юборинг-чи? Тоғларга эркин учиб кетадими? Йўқ… Қайтиб келади. Шу маънода Навоий бобомизнинг «Олтин қафас ичра қизил гул битса, булбулга тикандек ошён бўлмас эмиш» деган байтлари нисбийдир…

— Домла, мен бу томонларини тушунмайман-у, халқ бойияпти… Лекин хасис бўп бораяпти! — деди Болтабой. — Бундан ташқари, ишсизлар кўпайиб бораяпти. Биздаям анча бор эди… Мисир ака анави ишларни бошлаб юборди. Тошкентлик битта савдогар йигит бор экан. Қандайдир ассасиянинг бошлиғи! Балки танирсиз? Хуллас, ўша киши билан келишибдилар шекилли, у катта пул берган… Хўш, йўл қурилиши учун. Меҳмонхонани жиҳозлаш учун. Миллий чойхона қуриш учун… Мана шу туфайли денг, анча одамлар ишли бўлиб қолди. Маошиям ҳалигидай!

— Ҳим, халқ Мисирдан хурсандми?
— Жуда! Мисир ака ўзгармайди-да… Яхшига — яхши, ёмонга ёмон. Қаттиққўллигиям бор.

— Ҳа-а, бу яхши. Халқни ўз бошига ташлаб қўйиб бўлмайди.
— Шу-да: минг қўшчига бир бошчи.

Сирасини айтганда, бу гаплар ҳам маълум ҳақиқатлар эди: ахир, анархиянинг олдини олиш керак-да!

Биз ўрганмаганмиз бундай эркинликка… Шунинг учун ҳам, назаримда, инсондаги энг табиий, инсоният даражасидаги ожизликлар ҳам, ёвузликлар ҳам юзага балқиб-балқиб чиқа бошлади: ўғирлик, шафқатсизлик, порахўрликнинг қандайдир олий шакллари… Меҳр-оқибатнинг кўплардан кўтарилаётгани…

Бу йўриғда «эркинликка чиққан» дин ҳам ожизлик қилаётгани… Умуман, диний таълимот йўргакдан сингиши керак кўнгилга! Тўғрими?

Биз эса — суяги атеизм билан қотган одамлар… Ҳа, энди, кўнгилнинг тубида нималардир бор эди.

Мозорнинг туғини олган бир коммунистнинг қўли шол бўлиб қолганини биламан.

Балки унинг ҳам кўнглида ўша «нимадир»дан бўлган-у ночорликдан…

9

Юқоридаги гап-сўзлар билан сизни зериктирмадимми? На илож, биродар? Қаерга борсанг, шу хилдаги гап…

Нима? Йўқ-йўқ, «Орқадаги киши» суҳбатимизга жилла бўлса-да, қўшилмади.

Қўштегирмондан ўтиб кетдик. Кўприкдан ҳам ўтгач, орқага қарагим келди. Қандайдир хижолат бўлдим. Болтабой «Қудрат акам бу билан келишган», деб ўйлайди, дедимми? Кейин: «Наҳот шофёрдан сўрамаган?» деган хаёлга бориб, унга секин шивирладим:
— Бу аёлни танийсанми?

У йўлдан кўз узмай танглайини тақиллатди. Сигарет тутатдим: «Қизиқ-ку?»

Бу орада Пода деган қишлоққа яқинлашиб бора бошладик. Мен охийри ўгирилиб сўрадим:
— Синглим, Қўштегирмон қолиб кетди… Қаерга борасиз?

У аллақачон шундай савол беришимни кутиб, жавобни ҳам Болтабой сингари ҳозирлаб қўйгандай:
— Сиз қаерга борсангиз, ўша ерга-да, — деса бўладими!

Карахт тортиб қолдим. Юрак ўлгур гурс-гурс ура кетди. Хаёлда ҳалигидай мавҳум-қизиқ манзаралар…

«Тавба! — дейман. — Бу қанақаси бўлди!» Болтабойга кўз қирини ташласам, мийиғида табассум. Уф, уялиб кетдим: буларнинг олдида мен ҳалигидай — покдомон кишиман-да…

— Бу-а, сиз мени танийсизми? — деб, ярим бурилиб сўрадим.
— Нега танимас эканман? Сиз — Қудрат ака-да, — деди у қандайдир терслик билан. Сўнгра хотиржам-шаддод бир тарзда давом этди: — Хотинингиз, қизингиз билан келган эдингиз. Биринчи майда кўчага чиқдинглар.. Ҳалиги параддаям бўлдингизлар. Тўғри, одам оз бўлди. Қари-қартанг. Лекин байрам-да. Шаҳар ҳокими сиз билан кўришди. Кейин уйларингга кетдинглар… Кўрган эдим. Танийман сизни.

— Юртдош сифатидами?
— Ҳа-да, — деди у кескин. — Лекин шеърларингизни ўқиб тураман. Қўлимга тушганда.
— Ҳим, маъқулми?

Ожизмиз-да, азизим. Жиндек мақтовга қулмиз… Йўғасам, бу саволнинг нима ҳожати бор эди!

— Яхши, — деди у. — Ўзимизни ёзасиз. Тоғларимизни… Сизнинг шеърларингиз ҳаммаси тушунарли. Содда.
— Раҳмат.

Унинг гапи — мен учун катта мукофот эди.

— Тошкентга қачон қайтасиз? — сўраб қолди у.
— Ҳим, билмайман, — дедим. Шунда Болтабой гапга аралашди:
— Домла хоҳласалар, эртага кетадилар. Хоҳламасалар, бир ой ҳам тураверадилар.

Бу гап ҳам менинг шаънимга айтилган ўзига хос мақтов эди. Бироқ мақтовнинг тагида мени… нима десам-а, қизғаниш ҳам йўқ эмасди.

Поданинг сертош сойидан мошинанинг тарақ-туруқ қилиб ўтишиданоқ Болтабой аёлни ёмон кўраётгани ёки ёмон кўриб қолганини аниқ сездим.

Аммо, мени сўксангиз — сўкинг, бу гапларни хотинимга етказсангиз ҳам — майли, миқ этмай ўтиравердим: Нега? Нимага? Ёлғиз Оллоҳга маълум.

10

Подадан кейин ўр бошланади. Ўр, ўр! Тақир тошлоқлардан айланиб ўтади йўл. Ва ниҳоят, тоғ ўркачига чиқиб борадики, ана у ердан мен яшаб турган ўша қишлоқ бир туп қора дарахт каби кўринади.

Қарасам, Болтабой «Газик»ни суриб, сакратиб ўрлатиб бораяпти. Шунча тикиламан афтига, бир қарамайди!
— Болтабой, бир минут тўхта, ука, — дедим.

У мошинани таққа тўхтатди-да:
— Домла, сиз ўйламаяпсиз… Сизни ҳамма дурбинда кузатиб туради! — деди. — Бу киши борса, дарров кўришади. Кейин гап-сўз… Мисир аканинг ҳам шаънига яхши бўлмайди…

Худо ҳаққи, мен бу аёлни қишлоққа — меҳмонхонага боришини тасаввур ҳам қилмагандим: шунчаки, унинг ёнимизда экани завқли эди.

Ва бошқа жиҳатларни ўйлагим ҳам келмасди.

— Тўғри, тўғри айтасиз, — дедим. Шунда орқадан садо чиқишини кутдим: чиқмади.

Нима қилиш керак?

Бу ёнбағирлар ҳам мен учун қадрдон, ёшлигимнинг шошқин даврлари кечган манзил эди. Бу адирларда какликдан кичикроқ, аммо гўзалликда ундан сира қолишмайдиган чил деган қушлар кўп бўлар, улардан талайини отган ҳам эдим.

Ёмғир томчиларини нари-берига сураётган ойна чўткасига қараб турдим-турдим-да:
— Қайтар. Пастга — сойга эндир, — дедим. — Сойга. Бироз ўтирамиз.

Хонимдан яна садо чиқмади. Болтабой эса моши-нани чапдастлик билан буриб олиб, орқага қайтди. Сўнгра бўртиб-бўртиб турган тошлар устидан авайлаб ҳайдаб, ҳайҳотдек сойликка эндира бошлади.

Пода қишлоғида кичрайиб қоладиган сойликни боши — кенгайиб кетган, ҳар қирғоғи бамисоли тоққа айланган ва шимолдаги улуғ қирраларга туташадиган бу макон ҳам менинг суйган манзилларимдан бири эди.

Гап шундаки, сой тубида, сув жиякларида бир қаватли, икки қаватли уй баравари келадиган баҳайбат ҳарсангтошлар думалаб ётади. Табиий, уларнинг кўпи анави тоғсимон қирғоқдан қулаб тушган ва текис жойда туриб қолган. Кўпчилигининг ён-веридан арча, тоғолча, аччиқ бодом шохлари чиқиб туради. Тағин, бундай харсанглар тагида камарлар кўпки, уларга бемалол кириб ўтириш, гулхан ёқиш ва ҳатто ётиб қолиш мумкин.

Камарларга ёмғир-қор тушмайди. Ўт ёқиш учун эса хас-хашак, ўтин-чўп сероб.

«Газик» сойга тушиб, сувдан ўтди. Нариги бетдаги энг катта қоянинг қошига етдик.

— Тушамиз… Қаршилик йўқми? — дедим орқага сал бурилиб.
— Менга барибир, — деди аёл ўша дангаллигида.

— Яхши, — дедим. Ва беихтиёр, балки табиий тарзда шу фикрга келдим: «Бузуқ аёл… Майли, бироз ўтирайлик. Қайтариб юбораман. Болтабой обориб Қўштегирмонга ташлаб келади. Ўзим ў-ўтираман гулхан ёқиб…»

11

Мошинадан тушдик. Чироқлар ёритиб турган камарни кўрсатиб, одоб юзасидан:
— Бориб туринг, — дедим хонимга.

У «бориб туриш»ни ўзиям яхши биладигандек индамай ўша томонга йўналди. Биз Болтабой иккимиз нима қилардик? Сўзсиз ўтин жамғаришга тушдик.

Бу ерда бултурдан қолган каврак, қуриган бодомча, тағин аллақандай тиканлар мўл эди. Хаш-паш дегунча хонимнинг олдида ўртача одамнинг кўкраги баравари ўтин-чўп йиғилди. Болтабой унинг устига чиқиб, бироз тепкилагач, пасайиб босилибгина қолди. Ниҳоят, камардан сал берирокда, ёмғир тушмасдан қиялаб ўтаётган ерга ўтин-чўпдан босиб, гугурт чақиб тутдик. Зум ўтмасдан чирсиллаб, тутун чиқариб гулханимиз ловуллай бошлади…

Мен бениҳоя хурсанд эдим: ахир, болалигим давомида минг бир марта қилган ишни тағин такрорлаётган эдим. Ва менга шундай туюлардики, Тошкентда ҳам, анави туман марказида-ю тоғдаги қишлоқда ҳам мана шундай ёввойича гулхан ёқиш етмаган экан.

Бунинг устига, ёнингда — ким бўлишидан қатъи назар, аёл киши бўлса…

Гулханнинг атрофига учта йирик-йирик тошларни думалатиб келдик.

— Марҳамат! — деб ўтирдим-у, аёлга қарадим. Ва… лол қолдим.

Қоя бағридан оппоқ, ёниқ бир чеҳра ўта қизиқиш билан қараб турарди!

Рўмолини бошидан тупшрган (иссиқ ўтган бўлса керак), бўйинлари, сочлари ҳам баралла кўринар, бу қиз-жувон… нари борса, ўн саккиз-ўн тўққиз ёшда эди! Биласизми, бунақа юзни учратиш қийин: кўзлари сал қийиқ ҳамда бир-биридан хийла йироқ жойлашган. Мўғилларнинг кўзини эслатади. Аммо яноғи билинмайди, бунинг устига, ияги чувакроқ.

Бу бир ғалати — кўп қонлар томирида қоришиб юрган, нима десам экан, мўъжиза эди.

Ҳайрон бўлиб қопман. Мен уни «қиз-жувон» деб атадим, «аёл» деб гумон қилдим, «бузуқ хотин» дедим. Бу бўлса…

Ҳа, айтмоқчи, лаблари юпқадан келган ва уларда майин хайрихоҳона, айни чоғда, қизиқиш тўла табассум бор эди.

Тавба, лекин гаплари дангал, овози ўктам. Ҳатто қандайдир қўпол эшитилади…

— Келинг, ўтиринг, — дедим-у, у ёнбошида бўй чўзиб турган арчани суриб, бу ёққа чиқиши ҳамон бошим айланиб кетгандек бўлди…

12

Қоянинг бағри — камар жуда қоронғи жойга, аниқроғи, қора ўрмонга айланди. Қизнинг эгнидаги қора духоба камзул… юпун бир кўйлак тусини олди.

Оёклари ён-верида хас-хашаклар эмас, балки чучмома, бўтакўз ва шулар каби чечаклар очилиб турарди.

Қиз қандайдир қийналиб ёруғликка чиққандек, шундан лабида табассум ўйнар, табассуми ҳам… ёрқин ва шодон туюлар ва умуман, у ўзлигини йўқотиб…

… Зумрадга айланган эди!

Зумраднинг кимлигини биласизми?

«Икки сандиқ» эртагини эсланг… Балли! Ўша етим қиз. Ўз онаси ўлиб кетиб, ўгай онанинг қўлида қолган… кунларнинг бирида ўрмонда адашиб, сеҳргар кампирнинг ҳужрасига бориб қолган…

Билар экансиз… Шошманг, ўшанда айтилади-ку: Зумрад юрган йўлларда чечаклар бош эгиб унга салом берарди… Қизиқ-а? Гуллар салом берса…

Лекин, ишонинг, азизим, мен шу гапларга юз фойиз ишонардим! Шунинг учун гулларнинг менга салом бермаганларини кўриб, ҳайрон қолган, аламим келган пайтлар ҳам кўп бўлган… Яхши эслайман! Ўша эсдаликлардан қолгани, афтидан, шу эдики, гулларни… қанақа бўлмасин, яхши кўрардим!

Афсуски, йиллар, бу ёқда ҳар хил турмуш ташвишлари, устига-устак, ёвуз салтанатнинг инқирозидан кейин пайдо бўлган тентирашлар…

… халкнинг ҳам гангиб қолгани, арбобларнинг тезда йўл тополмасликлари…

Ҳа-ҳа, менинг охир-оқибат хизматдан бўшаб, дарвишнамо бўлиб бу томонларга кеп қолишимнинг буюк боислари ўша-ўша чечакларга меҳрни ҳам ўтмаслаштириб қўйган-юборган эди.

Бугун — кечки пайтдагина мен табиатни фавқулодда ўткир ҳис эта бошлагандим, холос!

Энди бўлса, мен учун энг суюмли, балки менинг шеъриятга ҳавас қўйишимга, табиатни-ю ҳаётни борича — барча товланишлари билан яхши кўришимга ва тасвирлашимга сабаб бўлган азиз эртагим (эртакларимдан бири) ҳам жонланди. Ва бир неча дақиқага бўлсада, мени…

…ёш болага айлантирди. Йўғ-е, ўсмирга! Нималар деяпман? Зумрад ўн икки-ўн уч яшар бўлади. Демак, менинг тоғ-тошлар кезиб юришим ҳам ўша даврга тўғри келади: ҳа-ҳа, қоронғи ўрмонларни яхши кўришим, бойқуш сайрашларига ишқибозлигим, ой…

Хуллас, қиз келиб, менга яқин тошга сал қийшайиб ўтирди. Оёғида эски шиппак, лекин пайпоғи оппоқ. Лозими атласдан экан. Қулоғида сирға-пирға деган нарса йўқ.

Болтабой ҳам бу ёндаги тошга ўтириб, қўлларини ўтга тоблади-да:
— Домла, нима қилай? Анавини опкелайми? — деди.

Мен ҳамон паришон эдим.
— Э, опкелинг! Опкемайсизми? — дедим.

У туриб кетди.

13

— Нимага мундай тикилиб қолдингиз? — сўради қиз қуруққина қилиб.
— Сизни бир кишига ўхшатдим, — дедим.

— Кимга?
— Зумрадга…

— Э, ўзим Зумрад-ку? — деди у.

Мен… оғзимни очиб қолдим. Негадир Увайсийнинг «Анор» шеъри эсимга тушди: «Бу на гумбаздир, эшига-туйнугидан йўқ нишон…» Нега бу байт хаёлимга келди? Тушунсам, ўлай… Аммо оғзим очилиб қолганини тушунса бўлади.

Нима қилишимни билмай: «Э, худо, — дедим кейин. — Бу қандай сир-синоат? Ёки фавқулодда исмлар бир-бирига мос келдими? Ҳа, ҳа. Бошқача бўлиши мумкин эмас!» деб ўзимга уқтиргач, сал-пал ҳушимга келдим.

— Сиз «Икки сандиқ» эртагини ўқиганмисиз? — деб сўрадим.
— «Икки сандиқ»? «Зумрад билан Қиммат» эмасми? — деди у. Ва менинг шошиб бош ирғаганимни кўриб, давомини айтди: — Мактабда ўқигандим. Қимматни аждаҳо ютиб қўяди…
— Шу-шу.

Шунда у бирдан бошини ўгириб кулди.
— Ўша Зумрадга ўхшатдингизми мени?
— Ҳа, ҳа.
— Яхши қизга ўхшатган экансиз, — деди у. Сўнг «хирмон»дан бир даста тикан олиб, гулханга ташлади. Ва хўрсинибгина қўйди-да, шишаларни кўтариб келаётган Болтабойга қаради.

Болтабой битта пиёла ҳам олиб келган экан. Шампанни олдим-у, Зумраддан сўрадим:
— Ичасизми?

У елкасини қисди. Мен дарҳол шишани очиб пиёлани тўлатиб, узатдим.
— Пиёламиз битта… Мен коньяк ичаман.

У пиёлани олиб, кўпиги пасайгунча тикилиб турди-да, сўнг қандайдир ийманиб-кулимсираб:
— Хўп. Омон бўлинглар, — деб ютди-қўйди.

«Ҳа, ичиб ўрганган, — деб ўйладим. — Ёшиям… Демак, мактабни битирган… — Эрга теккан ёки бола туққан-туғмаганини тусмоллаш учун юзига тикилиб қарадим: лоф бўлсаям, нақ олма… — Қизиқ, мени таниса, нега почтахонада унақа қилди?»

Конякдан қуйиб ўзим ҳам ичдим. Сўз айтмадим. Афтидан, Зумрадга: «Сизнинг соғлигингиз учун!» дейишга истиҳола қилдим: ахир, у жуда ёш-да!

Болтабой мошинага ишора қилиб, ичмади.

Ана шунда камина катта бир хатога йўл қўйганини англади. Яъники, тўғри айтасиз, газак олмаган эканман: умуман, газак харид қилиш хаёлга ҳам келмаган эди.

Сиз ҳозир: «Бу Болта шопирни газакка юборади.  Мақсади париваш билан ёлғиз қолиш…» деб ўйладингиз. Рост! Лекин сиз ўйлаган маънода эмас: газак ҳақиқатан ҳам керак! Иккинчидан, бу эртакдан чиққан ғалати қиз билан…

… ҳайҳотдек дарада — сой бўйида, чўнг харсанг тагида, гулхан атрофида, сим-сим ёмғир остида ўтириш — ёш ўспирин бўлиб ўтириш мен учун…

ҳаётнинг ажабтур ўзгариб кетганидан куйиб ва совуб, «Бирон нарса топарманми?» деб тоғлар қаърига йўл олган кимсанинг бемалол гурунг қилиб ўтириши…

… ахир, менга, дардимга жилла бўлса-да, даво эди-да!

Ҳа, энди, кўнгилнинг қайсидир бурчагида бошқа ният ҳам туғилгандир?

Ҳарқалай, Зумрадга «аёл киши» деб қараш — менинг учун ўнинчи даражали гап эди.

14

— Шаҳарга тушгунча ресторан бекилади. Уйингизга бориш ноқулай, — деди Болтабой. — Қишлоққа бориб келгунча, соат… тўрт бўлади, домла.

Мен соатга қараб нималарнидир чамалаган бўлдим. Шунда Зумраддан «садо» чиқди-ку:

— Мен аёл бошим билан шу кишини деб келиб ўтирибман. Сиз йигитсиз-ку!

О, аёлнинг таънаси!

Болтабой ирғиб туриб кетди. Мошина қошига етганда, қайрилиб сўради:

— Қоровулдан олайми, ё меҳмонхонада борми?
— Хонамда, хонамда бор, — дедим. — Эшикдан кирган жойингизда бир қўлтиқ равоч бор. Стол тагида — кастрюлда қовурдоқ, тортмада нон.

Болтабой мошинани вангиллатиб сойдан ўтказиб кетди. Ҳадемай чироқлари ҳам кўздан пана бўлди.

Атай ўша ёққа қараб ўтирибман. Зумрадга қарашга юрак йўқ. Ҳа-ҳа, энди у билан ўтириш менга қандайдир қўрқинчли бўлиб қолди.

Шунда шамол эсдими, ёмғир қиялаб устимизга қуйиб ўтди. Мен негадир чопонни ечиб, қизнинг эгнига ташлаб қўйишни ўйладим. Аммо бунга ҳам журъат йўқ: бу-ку — арзимас дилдорлик. Аммо шу асно нимадир ваъда этадигандек бўлдим шекилли. Гулханга чўп-хашак босиб, яна ловуллатдим-да, яна Зумрадга кўзим тушиб, ўлай агар, яна бошим айланиб кетгундек бўлди.

Гап шундаки, азизим, мен мана шу баҳайбат сойнинг, аниқроғи, даранинг ҳар иккала қирғоғидаги арчалар ичида милтиқни ўнглаб, гангиб юрган чоғларимда кўпинча шундай туюлардики…

… Зумрад арчалар орасидан чиқиб келади! Мен унга нимадир яхшилик қиламан!

Чўнг қоялар устида дам олиб, сукутга толиб ўтирган чоғларимда ҳам туйқус-туйқус шундай туюларди. Ва мен атрофга аланглаб қолардим.

— Сиз неча ёшга кирдингиз? — шу савол тилимдан чиқди.
— Ўн саккизга, — деди у хотиржамлик билан.

— Ҳим, турмушга чиққанмисиз?
— Ҳа..

— Болалар…
— Бола қайдан бўлади! Бор-йўғи олти ой яшаб қочиб келдим. Отамнинг уйига…

— Ишлаяпсизми?
— Иш йўқ. Ҳозир иш топиш қийин. Лекин… яқинда боғчага ўтаман…

«Фаррош бўлиб…» кўнглимдан кечди ва хафа бўлиб кетдим: ўзим кал, кўнглим нозик дегандай, унга ачиндим-да… У эса хотиржам!

— Хўш, нима иш билан шуғулланасиз? — деб сўрадим. Ҳалиям кўнглимда уни «ҳалигидай…» деб ўйлаш бормиди.
— Уйда иш кўп, — деди у ва оёкларини сал узатиб, ёнбошидаги тошга тирсаклаб олди.

Унинг гавдаси кичик, оёқлари бўлиқ, ўзи бақувват ва миқти эди.
— Ичасизми? — деб сўрадим.
— Сўраб нима қиласиз. Бўлар иш бўлди, — деди у. Ва баҳайбат харсангга қараб алланечук кулимсиради.

Пешонамдан тер чиқиб кетди, шампандан қуйиб тутдим. У тағин ютди-қўйди. Ўзим коньякдан отдим. Сигарет тутатдим. Шу тариқа ҳалиги уят-андиша пардаси юздан туша бошлади. Ҳа, лабда табассум, кўзлар биё-биё…

Ниҳоят сўрадим:
— Почтага кирганимда мени танибмидингиз?

У бирдан сергак тортди.
— Йўқ-йўқ, — деди. — Эгнингизда чопон… Танимадим. Кейин уялдим. Кейин нима бўлса бўлар деб мошина ёнига чиқиб турдим. Онам билан гаплашгандим. У киши опамни кўргани қўшни районга кетиб эдилар…

— Ҳим, тушундим… Бу тоғларимизни севасизми?

— Вей, албатта! — деди у гапимга ҳайрон қолгандай. — Отам чўпонлик қилганда, мен қўзи-улоқ боққанман… Кейин бари молимизни сел олди. Отам касал бўлиб қолди. Ўнгланмади. Марказга тушиб кетдик… — У тошга ўмровини тираб сой томонга боқди. — Шундай тунларда бемалол юрардим… Ҳозир уйда свет ўчса, шабкўрга ўхшаб қолади одам. Ёмғир ҳам яхши: одамни ўстиради… Арчанинт ҳиди келаяпти!

Сезмадим. Лекин: «Сиз ҳам шоир экансиз!» дейишимга оз қолди. Қизиқ-да: тун, арча, ёмғир тўғрисида шундай жўнгина қилиб гапиргандики, шу жўнлиги билан мени ларзага солганди.

Ахир, биродар, мен ҳам севардим-да: тунни ҳам, ойни ҳам, ёмғир, қоялар, арча…

Сезаяпсизми, унинг табиатга қараши менинг қарашларимга мос келаётир!

Мен — дорилфунунни битирган, ҳаёт тажрибасига эга, оилали-фарзандли, тағин мавжуд турмушнинг пасту баландига баҳоли қурат ақли етадиган одамнинг…

…табиатга муносабати бу қиз-жувон — Зумрадникидан деярли фарқ қилмас эди.

15

— Сиз, синглим, бу турмушдаги, мана, кўриб турган ўзгаришларга қандай қарайсиз?

Бу саволимдан кулманг, ҳайрон ҳам бўлманг: ахир, ўқувчилар билан учрашувларда ўн-ўн бир яшар болалар ҳам шу маънода савол беришади.

Ана шу кўникма туфайлими ёки Зумраднинг бу масалаларга ҳам муносабатини билиш менга қизиқ туюлдими, балки унинг бу йўриғидаги қаноатларини ҳам ўзимникига мос тушишини истадимми — шу саволни бердим.

— Э, мени қизиқтирмайди, — деди у чарслик билан. — Пошшолар кеп кетаверар экан. Сиёсатчи деганларингиз ҳам… Райкомлар ҳам! Бари… — Кейин менга боқиб, майингина кулимсиради. — Мен газета ўқимайман. Телевизордаям… кино бўлса кўраман. «Ҳайвонот оламида», «Оламга саёҳат».
— Яхши, жуда яхши, — дедим.

Зумрад энди оёқларини бемалол узатиб, ёнбошлаган эди, мен:
— Чопонни тўшай, чопонни, — дедим.

— Ўзингиз шамоллаб қоласиз, — деб қўйди у.
— Ҳа. Тўғри.

— Биласизми, нимага эргашдим сизга? — деб қолса бўладими шунда.
— Билсам, ҳар нарса бўлай!.. — дедим-у, бошни кўтаролмадим.

— Бола-чақангизни Тошкентга юбориб, бир ўзингиз тоққа кетганингизни эшитган эдим. Буни кўплар билади… Ҳар ким ҳар хил гапиради. Бунинг устига, нуқул хафа кўриндингиз. Сизни кўплар кузатди…

— Тушунарли, — дедим. Ва, тасаввур этингки, бунинг менга қизиқиб, ҳатто эргашиб чиқиши ҳам менга анави… дейлик, Мисирнинг меҳр-оқибати, почтачи-ю ресторан хизматчиларининг дилдорликларига ўхшаб кетди.

Аммо, табиий, бунинг қизиқиши — истисно эди!

Бу, табиийки, менга яхшилик ниятида эмас, ўзининг қизиқишини қондириш учун чиққанди: энди, бу ҳолга унинг қандайдир зерикиши ва ана шу ҳисни ҳам бир миқдор қондиришга эҳтиёжи сабаб бўлгандир…

Мен тағин бир нарсани аниқ туя бошлаган эдим: ҳозир ўртамизда нимадир бўлиши керак.

Шу мени ҳаяжонга сола бошлаган ва ўша қандайдир иш содир бўлгандан кейин «нима бўлажаги» қизиқтирар эди.

Тағин биттадан ичдик. Шунда йиғилган ўтин-чўп камайиб қолди. Ёмғир эса кучайди: демак, тезроқ ўтин жамғармасам, бориям нам тортиб қолади.

Чопонни ечиб ташлаб, сапчиб ўрнимдан турдим-да, атрофда қолган тикан, каврак ва бодомчаларни юла кетдим.

Зумрад эса туриб, тошга ўтириб олди: кўзларида шундай қизиқиш ва ёрқин кулги бор эдики, мени томоша қилар, ҳамда, нима десам экан, бу ишларни…

…гўё фақат унинг учун қилаётгандек туюлардим шекилли!

Бу ҳолатни аниқ сезганимдан кейин тикан юлишга бот киришиб кетдим ва ҳадемай толиқиб қолдим: мен Болтабой эмасдим… Лекин юлаяпман! Шу, баъзи бодомчаларни қисимлаб тортсам, лаънати жилла суғурилмайди денг, қўлим сирғалиб чиқиб кетади. Кафтимга қарасам: қон…

Шунда фаҳмлаб қолдимки, унинг — ўн саккиз яшар жувоннинг олдида ўзимни ёш, бақувват кўрсатмоқчи бўлаётган эканман!

Нега?

Билмайман.

16

Оқибат талайгина ўтин жамғариб ва Болтабойдек тепкилаб, қўлни ҳам чўнг қоя ёриғидан сизаётган сувга чайиб олгач, жойимга ўтирдим. Чопонни эгнимга ёпдим.

Зумрад эса, бериги тош ёнига ўтириб ёнбошлади-да, оёқларини биқинимдан орқага узатиб юборди.

Унинг бутун вужуди-борлиғи қаршимда эди: мана мен, деб ётарди…

Тағин битта отганимдан кейин кўнглим бузилди: «Э, худо, — дедим. — Бутун болалигим давомида шундай бир қизни… шундай тоғлар орасида, арчазорлар бағрида кўришни орзу қилдим! Мана бугун у баайни қоя бағридан чиқиб келди. Лекин…  ... бугун!

Бу ёш, тажрибасиз…

Мен эсам, даққиюнусдан қолган… Яъни, ҳар қандай ишнинг оқибатига ақлим етадиган кишиман: агар янада очиқроқ айтсам, мундай:

Дейлик,мен ҳозир унга қўл узатсам, шубҳасиз, қўлимни ушлайди. Кейин…

Ундан кейин бунинг менга қизиғи қоладими? Майли, бир неча минут ёки соатга бўлса-да?

Менинг асл мақсадим нима?

Сал-пал тирилиш… руҳни тиклаш, маънолироқ яшай бошлаш ва ижодга қайтиш-ку?

Мана келдим: руҳимда озми-кўпми ўзгаришлар бўла бошлади. Яъни, кимларнидир дафъатан ёқтирмай қолган бўлсам, кимларнидир ёқтира бошладим. Ва яна муҳими…

«Энди нима бўлади? Ҳаёт қандай йўлдан кетади?

Эртанги кун қандай бўлади?» деган инжиқ саволлардан халос бўла бошладим». Мисирнинг одамларни иш-латиши ва ўзининг ҳам тинмаслиги, боз устига, «парво қилманг, ҳаёт яхши бўлиб кетади», деган гаплари ҳам менга таъсир этган эди.

17

Энди бўлса, ёшлигим билан бетма-бет ўтирардим: ҳа, қаршимда Зумрад…

…менинг орзуларим, ҳаяжонли хаёлларимнинг бугунги кундаги рўёби эди.

Мен ҳам кўнглимнинг аллақаерида ёшгина ўспирин эдим! Аммо моҳиятим, умрим, борлиғим билан ўзга, ёши ўтинқираётган кимса эдим…

Демак, шундай бўлиб қолишим керак. Ва бу учрашувни Аллоҳнинг неъматидек қабул қилмоғим даркор. Ҳамда буни бузмаслигим-булғамаслигим шарт, деган фикрга келдим: ана шунда қалбимнинг аллақаеридаги ёшлик — табиатга ва унинг турфа кўриниш-товланишларига меҳрим янгиланганича қолса керак.

Зумраднинг менга, ўзи билмай ҳадя этаётган завқи бугунги капалагу булбуллару жиблажибонларнинг берган завқидан кам эмас, ортиқ бўлса ортиқдир!

Менинг уларга бўлган меҳрим қандайдир даражада тирилгани каби унутилган, балки унутилаёзган болалигим ҳам тирилиб қолди, ахир…

Шундан бўлса керак-да: ёмғир ҳам, тун ҳам бошқача кўрина бошлади: хусусан, Зумрад ушбулар ҳақида ўйчан сўзлагандан кейин…

— Сиз яхши кўриб уйланганмисиз? — ўтдан кўз узмасдан сўради у.
— Ҳа, албатта, — дедим.

— Мен эримга кўнгилсиз эдим, — деди у. Ва қандайдир чалқанча бўлиб уф тортди. — Майли.

— Нима «майли»?
— Барибир яшаш яхши, — деди у ва бошини орқага солиб, энди тоғдек юксалиб турган қояга боқди. — Кичкиналигимдаям шу харсангни туриши шу эди…

Ана тоғларнинг ҳам туриши ўша-ўша! Ҳеч нарса ўзгармаган. Осмон ҳам. Булутлар, ёмғир… Ҳе, нимасини ўйлайман… — У ҳамон менга қарамай давом этди: — Сизларни… катталарни турмуш, ундаги тўполонлар хафа қилади. Отам ҳам нуқул: «Энди нима бўлади?» деб ўйлайди… Шундай пайтда мен шоир Ғафур Ғуломнинг мактабда ёд олган бир шеърини эслайман:

Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий…

Ажабо, биродарим, мен ҳам ушбу сатрларни бир неча бор такрорлаган, лекин тасалли топмаган эдим: ахир, биз фалакдаги ҳалиги азон учиб кетаётган «қора туйнук» нималигини ҳам, Ер куррасидаги экологик ҳолатнинг ҳам бузилиб кетганини биламиз. Ва шу ҳам руҳимизга таъсир этиб, ошимизга заҳар қўшиб туради-да!

Бу жувон эса бу нарсаларни ўйламайди: у борига — кўриб турганига инонади, вассалом.

18

— Қудрат ака, сиз тарихни яхши биласиз, шоирсиз, — деб қолди кейин. — Мана шу сотсиализмга ўхшаган тузум ўтганми олдин?

— Мактабда айтишмаганми? — дедим.

— Айтишган-е, — деди у қандайдир силтаб. — Лекин баъзи одамларнинг гапини эшитсанг, илгари ўтган золим тузумлардан фарқи йўқ эмиш-ку?

— Ҳа-ҳа, — дедим беихтиёр ҳаяжонланиб. — Золимликка қурилган тузумларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшаш бўлади…

— Шу экан-да, — дея шампанга қараганини сездим ва яна пиёлага қуйиб, унга узатдим. У идишни олиб: — Бунисиям ўтипти. Шунгаям ғам тортишми! — деди-да, бу пиёлани ҳам бўшатди. Кейин кулди. — Шундай эмасми? Одамларнинг қўлидан нима келади? Тағин битта тузум бўлади-да: яхшими, ёмонми… — Сўнгра яна кўксини тошга бериб, сойга — қоронғуликка боқди. — Лекин бу ерлар қолади. Шу сой ҳам, сув ҳам, мана бу гулхан… Кечирасиз, сизнинг шеърларингиз ҳам…

Мен карахт эдим: гўё бу ёшгина қиз мени овутмоқда, менга мангу ҳақиқатлардан дарс бермоқда эди: ажабо, бу гаплариям нақадар жўн!

Ишонасизми-йўқми, энди у мен учун қизлигини-аёллигини йўқотган, аниқроғи, унга нисбатан дилнинг пинҳон гўшаларида бош кўтариб турган ҳалигидай ҳислар ҳам ғойиб бўлган эди.

Биласизми, бу ҳолатни нимага ўхшатиш мумкин?

Дейлик, аёлингиз билан ҳам ҳалигидай муносабат устида рўзғорнинг ҳал бўлмаган бир ташвиши ҳақида баҳс чиқиб қолгандаги ҳолатга ўхшатиш мумкин…

— Қудрат ака.
— Лаббай!

— Мошина келса, мени Қўштегирмонга обориб қўясизларми?
— О, албатта! — дедим.

— Раҳмат… Мен жуда маза қилдим, — давом этди у. — Худо урсин агар, сизни… шунақа бўлсалар керак, деб ўйлаб эдим. Рост чиқди.

Мен фикрини тушунган эдим. Конякдан яна отдим-да, дадилланиб:
— Яхши тушунмадим, — дедим.

У башарамга боқиб турди-да, бу ёмғирли тунни тўлдириб кулиб юборди.

Тасаввур этинг, мен ҳам унга қўшилиб кула бошладим. Табиий, қандайдир айбимними-гуноҳимни яшириб кулар эдим. У бўлса… балки у ҳам ўшандай айбиними-гуноҳиними бекитиб кулар эди.

… Болтабой келгач, яна бироз ўтирдик. Сўнгра Зумрадни Қўштегирмонга оптушиб қўйдик.

У хўшлашаётиб:
— Ёзиб туринг. Ёзмай қўйдингиз, — деди.
— Албатта ёзаман! — дедим.

Аммо ҳали нимани қандай ёзишни билмас эдим.

Билмас эдим-у, тезроқ тоққа-қишлоққа кетгим келар, поли остида каламушлар гудур-гудур этиб чопадиган ҳужрамга киришни, курсига ўтириб, деразани очиш ва чироғим ёнгани туфайли… сойнинг у бетларидан ҳура бошлаган итлар томонга тикилишни истар эдим!

… Тонг ёришавериб, қишлоққа етдик!

Меҳмонхона олдида Мисир айланиб, афтидан, хавотирланиб турган экан.

— Хўш кўрдик-е! — деб бақирди.
— Хўшвақт бўлинг, — дедим.

— Булбул роса сайраяпти-да!
— Ҳа..
— Ҳиди келяпти. Отибсиз-да?
— Ҳа..

— Дам оласизми, ё шу ерда беш-ўн минут ўтирамизми? Булутлар ҳам тарқаб кетди.

Болтабой меҳмонхонадан Мисирга курси чиқарди. Гужумча остига қўйди. Ўтирдик.

Мен ҳолдан тойган эдим: уйқусизлик, йўл азоби… Лекин руҳим тетик, кайфият юксак, тағин бир кунлар ухламасам ва йўл боссам мумкиндек эди.

Энди хулоса қилайми?

Хулоса шулки, азизим, дунё ўтар экан! Тузумлар ўтар экан! Шайхзода домла айтганларидек, эл-улус қолар экан. Анави содда қиз-жувон айтганидек — табиат, тун, тоғлар, ўрмонлар, борлиқ қолар экан!

Биз ҳар қанча мавҳум-мунгли хаёлларга чўмиб, руҳий тушкунликларга тушмайлик, яшашга маҳкум эканмиз ва борлиқни севиб яшашимиз лозим экан!

Эртага нима бўлади? Аҳволимиз қандай кечади?

Бу саволлар ўз-ўзидан ечилаверар экан. Чунки инсон минг-минг йиллардан бери яшаб ва сон-саноқсиз салтанатларнинг инқирозини кўриб, демак…

Ўшанда ҳам кўп ғамлар чекиб, кўп саволларга жавоб бера олмасдан ва Мисир айтганидек, «бир терининг ичида неча бор озиб, неча бор семириб» келаётган экан, демак, эртамас-бурускун яна янги ва мислсиз бир салтанатда яшаши аниқ: инсоннинг табиати ўзи шуни тақозо этади.

Ва унинг табиати яшашдан завқланишни ҳам, руҳий тушкунлик яхшиликка олиб бормаслигини ҳам, жуда нари борса — менга ўхшаш кишиларнинг ҳаётдан бир муддат совиб…

… қандайдир тўхтамга етиб келишини ҳам тақозо этар экан.

У тўхтам нималигини айтдим шекилли?

Раҳмат.

1992

065

Shukur Xolmirzaev
QUYOSH-KU FALAKDA KEZIB YURIBDI

091

1

… O’sha pastlikka egilib o’sgan gujumcha ostida o’tirgandim. Kursida. Kursining oyoqlari yerga botib ketgan. Namgarchilik-da. Aytdim-ku, yo sakkizinchi, yo to’qqizinchi may edi… Jiydalar gullagan. Unisining shoxida bir bulbul sayrasa, bunisining shoxida bir bulbul sayraydi. Xo’roz-makiyon. U yerda o’troq qarg’alar ham bor ekan. Quvq-quv qilib, birining ketidan biri uchib o’tadi. Umuman, jonli-jonivor juft-juft bo’layotgan payt. Hatto gujumning chakalak shoxlari orasida ham jiblajibonlar bir-birini quvlab yurishadi. Qanaqa qilib shunday tez uchishadi? Hayronman!

Bir mahal deng, bir-birini quvlab ikkita oppoq kapalak keldi. Shundoq oyog’im ostida enishda. Qiyg’os gullagan ziralar ustida pildirab ucha boshlashdi. Voy, shunday chiroyli, shunday chiroyli!

Men bunaqa manzaralarni unutib yuborgan ekanman. Unutish ham emas — qandaydir et qotib, bunday manzaralarga beparvo qaraydigan bo’p ketgan ekanman.
Shundanmi, yo yolg’izlik, bekorchilik, aniqrog’i, nochorlik tufaylimi, yoki ermak istabmi — o’tirgan edim-da!

Shunda huv etakda — unda-bunda qaqqaygan tosh imoratlar oldida tomorqasiga pamidor ko’chatimi, karammi — nimadir ekishayotgan qizil ko’ylakli qiz-juvonlaru ular qoshida g’o’dayishib gurunglashib turgan (aksari) qora choponli erkaklarga ko’zim tushdi. G’alati bo’lib ketdim: «Ishlayapti ular. Men esam — bekorchi…»

Ana shunda kallamga g’alati fikr keldi. «Atrofga qara, — dedim o’zimga-o’zim, — hamma jonli jonvorlar juft-juft! Sen esa— yolg’izsan! Sening hayoting — notabiiy hayot…»

O’zim-ku shu yolg’izlikni istab bu yoqqa kelgan edim! Endi bo’lsa, bu hol menga yomon ta’sir etdi!

Xotinimni esladim, qizimni… «Ular eson-omon Toshkentga yetib borishganmikan?» deb o’yladim.

Shu payt mehmonxonaga olib chiqadigan toshloq yo’lda choponini egniga tashlab olgan Misir ko’rindi. Sovxoz direktori, xo’jalik rahbari.

O’rnimdan turdim.
— Ha? — dedi u — Munday g’amgin bo’lib o’tiribsiz?
— Yo’g’-ye, o’zim… Atrofni tomosha qilib… Juda antiqa paytda kepman-da, Misirboy!

— Ha, endi, bahor-bahor… Lekin siz xapasiz, aka, — dedi u.
— Qayog’dan bildingiz, qayog’dan?

— E, men emas, hamma bilib turipti hisob… Paqat sizda durbin yo’q! — dedi u. Ko’rishdik. — Qittak-qittak otamizmi? — so’radi u.
— Ko’ngil tortmayapti, do’stim.
— O’ylamang-ye! — deb tirsagimdan tortdi u. Yuring, billiard o’ynaymiz!

Ungayam hushim yo’q edi. .

— Siz ajoyib insonsiz! — dedim Misirga chin dan ham havasim kelib. — Ishlaysiz, ishlatasiz… Yugurib-yelasiz. Vaqt bo’lganda, mendan xabar olasiz.

U yelka qisdi.
— Bizning hayotimiz shul-da… Mana, bitirib olsak, nasib bo’lsa, yo’l bitsa, ana sizga o’xshagan akalar, turistlarning kelishi, dam olishi soz bo’ladi. Men choyxonani ham hashar bilan bitqazaman. Fermerlarim va’da berishdi… Ha,o’ylamang-ye, hayot yaxshi bo’lib ketadi. Bir qo’y terining ichida necha bor ozib, necha bor sel ekan.

— Rost aytasiz, — dedim.
— Nima, zerkdingizmi? Markazga tushib kelasizmi? Rayonga? Balki, chol-kampirniyam ko’rib deganday…
— Ha, ha, — deganimni bilmay qoldim: men, aftidan, sharoitning ham qandaydir o’zgarishiga muhtoj edim.

— O’zimam bilib edim-ov, — dedi-da, yog’och engarakdan (qo’lbola darvoza) keyin eniladigan jarlikning u betidagi xo’jalik idorasiga qarab shovqin soldi: — Ho’-o’, Boltabo-oy! — Idora oldida GAZ-69 moshinasi turardi. Yonida kimlardir bor edi. — Boltaboy, beri ke, uka! — deb qo’lini silkitdi.

Boltaboy — direktorning-boshliqning shopiri. Yaxshi, kamsuqum, kamgap bola.

— Bo’lmasa, biron narsa kiyib oling. Havo aylanayapti. Yog’ib qolar, — dedi Misir.

Bu yerning havosi juda o’zgaruvchan ekan… Ha-ha, qor deysizmi, do’l deysizmi — marhamat! Bir parcha bulut mehmonxona ustida paydo bo’lsa, albatta bir narsa tashlab o’tadi. Saldan keyin qarabsizki, quyosh kulib turibdi!

Mehmonxonaga kirdim. O’z xonamga — chetdagi hujraga borib, choponni kiydim. Sigaretni oldim… Bilasizmi, bu uychani qanaqa qilib bezatgan edim! Bitta divan. Qarshida bitga kreslo. Bularning o’rtasida yozuv stoli. Yozuv mashinkasi. Xo’sh, burchakda miltiq, birotar. Yostiqning tagida pichoq. Yoki bir parcha non… Onam o’rgatgan-da bolalikdan. «Yarog’ — qo’riqchi, bolam!» deb, hozir ham uyimizga borib yotsam, yostig’im tagiga yo non, yo pichoq qo’yadi… Xo’sh, uycha haqida gapirayotgan edim. Burchakda qandaydir markali radiopriyomnik. Naq oyog’im ostida — oldimda elektr plita. Yolg’iz deraza haligi gujum tomonga ochiladi. Gujum orti — etakdagi qishloq ko’rinmasa ham, qishloqning u chetidan o’rlab ketgan archali tog’ mana men deb turadi. Oshuvgacha. Archalar nayza ko’tarib, afsonaviy qasrga intilib borayotganda to’xtab qolgan navkarlarni eslatadi. Suv oqadigan o’yiqlar, oqmalar do’l tushganda ikki kunlab oqaradi, xolos.

Tog’ning pastroq joylariga tushgan uylardan tunlari milt-milt nur ko’rinadi, xolos.

Ammo men xonamdagi chiroqni yoqsam bormi, o’sha tomonlardan ko’plab itlar hurishadi!

Mehmonxonada mendan boshqa biron kimsa yo’q-da. Yozda ko’p bo’lsa kerak…

Mehmonxona toshdan yasalgan. Shuning uchun sovuq, yozdayam salqin bo’lishi kerak.

Bitta o’zim yotib turardim. Qorovulning o’g’li har erta bitta non keltirib berardi. Ovqatniyam o’zim qilardim. Oshxona bor! Gaz bor!

Tunlari faqat kalamushlar bezovta qilardi. Polning tagida bir-birini quvib yugurib qolishadi deng: gudur-gudur etib! Ba’zan tirqishlaridan fish-fish etgan ovoz eshitilardi. Shunda jahlim chiqib, o’sha yerni tepardim. Bir marta patronning o’qini olib, dorisini teshikka otmoqchi bo’ldim.

Kalamushlarni o’ldirishgan. Lekin yana ko’paygan… Mehmonxona toshning ustiga qurilgan. Shu toshning yoriqlaridan hid olib kelsa kerak-da.

2

Xullas, jo’nadik. Kech bo’lib qolgan edi. Qishloqqa tushiboq mashina chiroqlari yorug’ida keta boshladik. Yer notekis, loy. Gazik u yon-bu yonga surilib ketadi. Lekin men go’yo sezmayman. Mung, mung! Butun vujudim mungdan iboratday!

Men hayotni yaxshi ko’rardim. Vassalom! Boricha: butun tovlanishlari, hatto fojealari bilan…

Ana shu hayotdan ko’ngil sovudi-da, birodar!

Sotsializmning barbod bo’lganiga achinmayman. Biroq u bilan birga mening ham nimalarimdir barbod bo’lganiga aminman: men inongan qadriyatlar puchga chiqdi…

Go’yoki bugungi kungacha behuda yashagan ekanman… Bilaman: inson nimagadir intilib yashaydi, aks holda o’ladi. Chamasi, mening Toshkentda ishdan bo’shab, tug’ilgan yurtga uloqib kelishim ham
ana o’sha nimagadir intilish, hechqursa, yashab qolish, balki yashashdan ma’no topish maqsadida edi.

Yaxshiyam Misirboyning meni ko’rgali uyimizga, ya’ni chol-kampirning kulbasiga borib qolgani. U mening ahvolimni darhol sezdi, darhol toqqa — o’zi boshchilik qilayotgan sovxozga taklif etdi. «Tinch, vahimalardan yiroq!» deb turib oldi. Rayonda ham Toshkentdagi gap bor ekan-da: «Endi nima bo’ladi?»

Menga shu savolni berishadi. Meni ko’rgani kelgan yor-do’stlar. Hatto notanishlar ham…

Fuzuliydami, Navoiydami bir g’azal bor-ku? Bemor davo izlab tabibga borsa, tabibning o’zi davoga muhtoj chiqadi: bunday gaplar eski adabiyotda ko’p…

Qisqasi, xotinim Toshkentga qaytdi, qizchani olib; ishi bor. Men qoldim…

Ha, may bayramini o’tkazish bahonasida kelgan edik.

Kechirasiz, sal chalg’idim.

3

Qishloqdan chiqa boshladik. Mashina chiroqlari nuridan o’zga nur yo’q. Soydan o’tdik. Suvi ko’p. Shunaqayam shovullaydiki, motorning ovozi eshitilmaydi. Ikki marta to’xtab qolganda, motorning yurgan-yurmaganini bilolmay qoldim.

Narigi bet — toshloq. Asta-sekin ko’tarilib, yuksak toqqa aylanadi. Uning ham bag’irlari — archazor. Buzuq joylar ham ko’p: shu kunlarda na’mataklar qutirib gullagan edi! Yo’l o’sha-o’sha: notekis, xavfli.

Lekin Boltaboy yurishni biladi. Misir uni bekorga shopir qilib olmagan…

Horg’in o’tiribman deng. Xayolimda bir zamonlar — o’n ikki-o’n uch yoshlarimda shu joylardan ham miltiq ko’tarib o’tganim: otam tayyorlov idorasida ishlar edi, mening belimga pul bog’lab, qo’limga miltiqni ushlatib, eshakka mindirib, bu tomondagi qishloqlarga jo’natardi.

U kishining har bir qishloqda oshnasi bo’lardi. Men aytilgan qishloqqa kelib, aytilgan kishini topib, ikkala qo’limni ham baland ko’tarardim. Otamning oshnasi belimdan belbog’ni yechib olar, ana o’shanda yana pul keltirganimni anglardim. Keyin oshna: «Borib ayt. Falon kundan keyin shuncha eshak olmaqoqi boradi, turshak boradi», der edi. Men ko’pincha o’sha kuniyoq rayonga qaytardim. Nimagaki, masalan, saharlab markazdan chiqqan bo’lsam, quyosh botishiga biron terak bo’yi qolganda, o’sha qishloqqa yetib kelardim. Bilasizki, quyon ham, kaklik ham kun botayotgan paytda so’qmoqlarga, yalangliklarga chiqadi. Ayniqsa, quyonlar!..

Otolmasang ham, ularni quvish, ortidan o’q bo’shatish, xullas, tomosha qilishning gashti bor-da.

So’ngra: tunlari miltiqni o’nglab, archazorlar orasidan yurishni yaxshi ko’rardim. Qulog’ing ding! Sezgilaring o’tkir! Bamisoli bahaybat bir mahluq chiqib qoladi-yu, u bilan so’qishasan…

Qolaversa, zim-ziyo tunning ham o’ziga xos go’zalligi bo’ladi-da. Yulduzlar yaqin, boyqush sayraydi, har qadamingdan jir degan tun qushi uchib o’tadi. Eshakkina beparvo… Oy chiqqan mahallarda archazorlar negadir tinch bo’lardi. Ulkan-ulkan archalar soyaga o’xshab turadi. Eshakning tuyoq tovushi yiroq-yiroqlardan baayni aks-sado beradi.

O’lay agar, qo’rquv nimaligini bilmasdim. Holbuki, men o’rmon bilan bog’liq ertaklarga ishonardim…

O’tinaman: hayajonlanib ketib, asosiy maqsaddan chalg’iyapman, lekin bu izohlar ham kerak.

Boltaboy yo’lni terib haydab, o’rkachga chiqdi. Chiroqlar nurida faqat ikki marta tulkimi, shaqolmi ko’rindi: to’g’rirog’i, yiltillagan ko’zlari ko’rindi, xolos.

— Tovushqon qolmaganmi? — deb so’radim.
— Kamayib ketdi, aka, — dedi Boltaboy. — Lekin bor… Endi, ular ham zamonga qaraydi-da. Hadeganda o’zini ko’rsatmaydi. Bugun ertalab birovini ko’rdim. Har sakraydi — odam bo’yi! Uni otib bo’ladimi? Kakliklar ham daqqi bo’lib ketgan. Qorangizni ko’rsa, bir chaqirimdan qochadi.

Tog’dan ena boshladik. Olisda yulduzlarga qo’shilib ketgan markaz chirokdari ko’rindi. Lekin ularga yetish uchun… Cho’ponlar to’g’ri aytishadi: nur ko’rgan yeringga borma, it hurgan yerga bor! Zo’r gap.

Markaz chegarasiga kirganimizda, yomg’ir tomchilay boshladi. Soat o’nlardan oshgan edi.

Qo’shtegirmon ko’prigidan o’tgach, ancha hushyor tortdim. «Rayonda o’zgarish bormi?» deganday qaray boshladim. Jimjit. Odamlar kunduzgi vahimali gap-so’zlardan qochib, uy-uyiga, to’shagiga kirib olganday edi.

Chorrahaga yetganda, Boltaboy:
—Uylaringgami, domla? — deb so’radi.

Uy… Uyda nima qilaman? Tunda ularni bezovta qilib, nimani gaplashaman?

Qayoqdan kallamga keldi shu gap:
— Pochtaga! Pochtaga! — deb yubordim.

4

Pochta binosi Saritepaning bag’rida. O’rlab borib, engarakka o’xshash darvozadan kirdik. Odatda, moshinalar darvozadan buyoqda qoladi. Bizniki endi… direktorning ulovi. Qolaversa, meni jumhuriyat o’quvchilari yaxshi tanimasa ham, tuproqdoshlarim yaxshi bilishadi. Hatto aytishim mumkinki, ayrimlari faxrlanishadi.

Moshinani maydonda qoldirib, ichkari zalga kirdik. Odam siyrak. O’rindiqlarda har xil alfozda o’tirishibdi: bir-biriga orqa o’girib.

Endi, kaminani taniydi-da, pochtachilar ham… To’rdagi tuynukdan navbatchi yigitning ovozi keldi:
— Salom berdi-ik, Qudrat aka!

— Salom, salom, — deb iljaydim. Uyalaman. Hamma menga o’girilib qaradi.
— Toshkent bilan gaplashasizmi? — so’radi u yigit. O’lay agar, ko’chada ko’rsam, tanimayman. Ammo shu bilanmi, boshqasi bilanmi Toshkentda turib ham ko’p gaplashganman: chol-kampirni sog’inganimda…

— Ha, — dedim.
— Nomer o’shami?

— Ha, — deb yubordim.
— Hozir! Birinchi kabinaga kiravering!

Endi jilganimni bilaman, tepamdan qaynoq suv quyib yuborilganday bo’ldi.
— Nega bu kishi gaplashar ekan? Mening navbatim-ku? — dedi bir… qora duxoba kamzul kiygan qizmi-juvon. U ancha narida derazaga qarab o’tirgan ekan. Menga burilib olgan, boshqalar qandaydir bezovtalanib qolgan edi.

Aytdim-ku, issig’im chiqib ketdi, deb!

— Xo’p-xo’p, singlim. Bemalol… Bu kishi gaplashsinlar! — dedim-u, yuzim qora bo’lganday izimga qaytdim.

Pochtachi yigit nimadir deb do’q qildi. Kimlardir haligi qizmi-juvondan nolidi…

Men eshitmas edim.

To’g’ri maydonga tushdim. Yomg’ir kuchaydi. Bo’g’ot panasiga o’tib sigaret tutatdim.

Boltaboy ham men bilan birga.
— He, parvo qilmang. Qishloqchilik-da, — dedi.
— Yo’q-yo’q, hammasi to’g’ri, — dedim.

Qarang-a, Toshkentda shunday joyga kirib qolsangiz, birinchi galda: «Kim oxiri?» yoki «Kto krayniy?» deb so’raysiz. Bu yerda… Xom sut emgan bandamiz-da.

Boltaboy ichkariga qaytib kirdi. Biron besh minutlardan keyin zinada ko’rinib, meni chaqirdi.

Beixtiyor birinchi kabina tomon borarkanman, pochtachi:
— Kechirasiz-da, aka, — dedi.
— Hechqisi yo’q.
— Liniyada yangam…
— Rahmat.

5

— Tinchlikmi? Qayoklardan telefon qivotsiz? — deb so’radi xotinim. «Qaerdan?» deganining sababi — o’sha qishloqqa hali telefon tushmaganini Misir meni ko’rgani kelganda aytgan edi, aftidan, xotinim bundan mamnun bo’lgan edi.

— Rayondan. Markazdan, — dedim.
— Nega? Rayonga tushdingizmi?

— Ko’rib turibsan-ku?
— Nega tushdingiz?

Men unga taxminan yarim oylar o’sha tog’lar orasida bo’laman, degan edim. Chamasi, markazga enmasligimni ham ayttan edim. Albatta, bu qaror unga yoqqan edi.

Markazga tushsang, bilasiz-ku, yana yor-do’stlar bilan o’tirasan. Haligi isqotidan ketadi. Keyin ranging bir xil bo’lib… Ish ham qolib ketadi…

Xotinim mening ahvolimni, umuman, tushunar edi: tushungani uchun ham xizmatdan bo’shab bu yoqqa jo’nashimga, ya’ni, jo’nashimizga rozi bo’lgandi. Yo’qsa, bir quti sigaret falon so’mga chiqqanda, xizmatdan bo’shashga balo bormi!

Xayriyat, eng so’nggi kitobimga uch-to’rt so’m qalam haqi tekkan edi…

Ha, so’nggi kitobimga!..

Ha-da: shu narsalar ham ta’sir etgandi-da menga… Ma’naviyatning qadri shunchalar tushib ketadimi?

Yeb, ichib, boringki, tug’dirib, uxlaydiganlar zamoni kelganday: holbuki, bu ish — faqat jonli jonivorlarga xosdir. Axir, bizlar — odam…

Buning ustiga, «madaniy odam?» deyishadi bizni… yam!

Prezident mahkamasidagi mulozimlar ham nuqul «Mafkura tamom! Iqtisodni o’ylash kerak!» deb uqtirishadi. Holbuki, shu — iqtisodni o’ylash ham — demak, mafkura ekanini, insonni o’ylash ekanini tushunishmaydi.

Ha-ha, bu masala hali yuzaga qalqib chiqadi. Shunday qalqib chiqadiki, bu yo’rig’da ham biryoqlamalik qilganimizni fahmlab qolamiz. Keyin attang…

Ha-ha: mening mafkuram — hayotni boricha sevish edi. Haliyam undan qaytmagan edim. Ammo…

… shu hayotning o’zi, nima balo, charchatganmidi, jonga tekkanmidi, bilmayman.

E, do’stim, meni so’roqqa tutgandan ko’ra, o’zingiz — o’z ko’nglingizga nazar tashlang. Nazar tashlang-chi… A-a, balli! Siz ham men kabi uloqib ketgingiz keladi.

Nachora, men shu ishni qipman, balki imkoniyatim borligi uchundir…

6

— Nima uchun, nima uchun? — deb chirsilladim men ham xotinimga. — Balki sening ovozingni eshitish uchun… tog’dan tushgandirman!
— Uydan telefon qivotsizmi?

— Pochtadan! Ishonmasang, ana, navbatchidan so’ra, — dedim. — Uyga bormayman. Nima qilaman chol-kampirning oldida? Bemahalda?.. Ha. Toqqa qaytib ketaman…

— Moshina bormi?
— Tashqarida turipti… O’zi, yaxshi yetib bordinglarmi?

— Ha, ishqilib… Bu yerdayam yomg’ir, yomg’ir… Hammayoqni zax bosib ketdi…
— Xo’p, menga topshiriq bormi?

—Tezroq qaytib keting!.. Hoy, siz markazdagi jo’ralaringizgayam ko’p ishonmang. Men sezdim. To’qson poyizi qitmir, odamning qo’liga qaraydigan bo’pti. Ha, pul ko’rmaganlar… Qaytamga ilgari tuzuk edi…
— Xuddi shunday, — dedim.

Bu narsani men ham juda yaxshigina sezgan edim… Nima desam ekan, o’kingan ham edim: «Esiz yigitlar», deb… Bilaman, ishonaman, bu kunlar o’tadi!

Nima, mehr-oqibat tiklanmaydi, deb o’ylaysizmi? Bu dahshat-ku?

Unda chindan ham inson insonga bo’ri bo’lar ekan-da?.. Ishonmayman: axir, Misir haqida gapirib berdim, shekilli? Unday insonlar bor-ku?

Menga yetadi…

Xullas, xotin bilan xayrlashdim. Pochtachiga gaplashganim haqini uzatgandim — qaytardi. Bari bir tashlab chiqdim. Tashqariga chiqqach, ko’nglim buzildi: nega?

Balki bu tentirashim ta’sir ettandir?

Ammo nega to’ppa-to’g’ri bu yerga — pochtaga kelganimni o’ylab, ittifoqo angladimki, haligi mehmonxona oldida — gujum ostida o’tirganimda, o’sha kapalaklarni, qarg’alarni, chopon kiygan erkaklaru ayollarni ko’rib: «Hammasi juft-juft», deb o’ylaganim ta’sir qilgan bo’lsa kerak: «Mendayam xotin bor-ku?» deb…

Xo’sh, shlyapani bostirib, moshina oldiga bordim. Borayotganimda orqa eshik oldida turgan bir qora gavdaga ko’zim tushgan edi. «Boltaboy», deb gumon qilganmidim, bilmayman, ishqilib, unga parvo qilmay, oldingi eshik tutqichidan tortdim. Shunda u qora gavda:
— Qudrat aka, meni olib keting. Qo’shtegirmonda tushib qolaman, — dedi.

Ko’zim ilg’adi: o’sha — duxoba kamzulli qizmi-juvon… Endi negadir yuragim g’ashlanib:
— Bemalol, — dedim.

Men o’tirdim. Uyam orqa o’rindiqqa kirib o’tirdi. Jo’nadik. Saritepadan ena boshladik.

7

Odam o’zini bilmaydi: ko’nglini, demoqchiman. Tog’da Misir: «Otamizmi?» deganda, rad qilgandim. Endi negadir sal tusab qoldimi, yoki, umuman, mehmonxonaga quruq qo’l bilan borgim kelmadimi, harqalay, shunday dedim:

— Boltaboy uka, mana, biron haftadan beri sizlarning mehmoningizman. Yeyish-ichishdan zoriqqanim yo’q. Aksincha… Shu, malol kelmasa, restoranga haydasangiz. Men biron narsa olvolsam…

Shofyor mening shunday deyishimga javobni avvalbahor tayyorlab qo’yganday:
— Yo’g’-ye, domla, — dedi. — Bu moshin — diriktirniki. Otning qashqasidek ma’lum. Restoranning oldida ko’rishsa, «Direktor nima qilib yuripti?» deyishadi…

Men uning boshlig’iga sodiqligi uchun besh ketdim. Ammo bir andisha g’ashimni keltirdi: ilgari, huv ilgari shunaqa deyishsa, e’tiroz bildirmas edim.

Chunki raykom kotibi — hokim, xoqon edi! Panada bilganini qilib, ochiqda odamlarning tirnoqcha «nuqson»ini ham tuyadek qilib ko’rsatar edi: umuman, xo’jalik rahbarlarining restoranga kirishi istisno hol edi. Ammo xilvat go’shalarda ular qilgan ishni o’sha xonlar ham qilolmagan-ov…

— Haliyam hokimdan qo’rqasizlarmi? — dedim.
— E, domla, hokim-hokimda… Keyin bizning xalqimiz o’rganib qolgan… To’g’ri, betgachoparlar chiqayapti. Boy fermerlar paydo bo’layapti. O’zimizning sovxozdayam bor… Misir aka sovxozning yarmini fermerlarga bergan. Texnikaniyam…

Bunaqa gaplarni ham markazda, xotinim bilan uch kun turgan paytimizda, rosa eshitgan edim.
— Bo’pti. To’g’riga haydayver, — dedim. — Keyin chapdagi tor ko’chaga kirasan. Restoranga orqa tomondan kelamiz.

Boltaboy jim qoldi.

Tor ko’chaga kirayotganda, orqaga qaramasdan so’radim:
— Singlim, shoshilmayapsizmi?
— E, yo’q. Qaerga shoshaman, — dedi u g’oyat beparvolik bilan.
«Zo’r», deb qo’ydim ichimda.

Torko’chadan bora-bora boshqasiga tushib, restoranga yetdik. Orqa tomon qorong’i.

Moshinadan tushib, oshxonaga kirdim. Oq qalpoq kiyib olgan oshpazlar meni tanib, darrov so’rasha ketishdi.
— Kechirasizlar, menga bironta ichimlik kerak edi, — dedim.

Bufetchini chaqirishdi. Uyam quyuq so’rashdi va ahvolimdan — chopon kiyib, restoranning orqa eshigidan shumshayib kirgan kishining, ya’ni, tanikli shoirning ahvolidan zavqlanib:
—Aroq yo’q, akajon. Shampan bor, kon`yak bor, — dedi.

Hamma bizga tikilib turibdi.
— Bittadan bering, — dedim.

Berdi. Va uyam uzatgan pulimni olmadi. Lekin… cho’ntagiga tiqib chiqdim.

Yana yo’lga tushdik.

Mening, hartugul, kayfim chog’ edi. Boltaboyga hali — tepadan enayotganda aytgan gaplarimning bari rost edi-da: bir haftadan buyon tirikchiligim shularning bo’ynida. Tabiiy: ichimlik ham… Darvoqe, Misirboy mehmonxona oshxonasidagi xolodilnikka uch-to’rtta turli ichimliklardan ham solib qo’ygan.

8

Ketyapmiz.

Aytganimdek, kayfim chog’. Kelayotgan paytimdagi mung meni harqalay tark etgan edi: biroz yayrab qolsin deganday… Lekin ich-ichimdan his etardim: xotinim ayrim do’stlarimning bozor iqtisodi odamlariga aylanayotganini eslatgani va, darhaqiqat, o’zim ham bu holni sezganimga zid o’laroq…

Misirning o’zgarmagani, pochtachilarning hurmat-ehtiromi, restoran xizmatchilarining izzat-hurmati — dilimni ancha ravshan etgan edi.

Balki mana bu ichimliklarni olish fikriyam, nima desam ekan, ruhimni ko’targan, qandaydir pinhona xijolatdan xalos qiladiganday edi.

Ammo sizga ochig’ini aytishim kerak: tag’in o’zga, toyat yashirin va sirli bir narsayam dilimga, qandaydir… malham ediki, u narsa shubhasiz — pochtaxonada «oldin men gaplashaman!» deb shakkoklik qilgan qizmi-juvonning tag’in moshina yonida turib olib, bemalolgina kirib o’tirishni so’ragani va… kirib o’tirgani edi. Ha-ha, shu edi.

O’zingizdan qolar gap yo’q: bundoq paytda erkak zoti borki, ma’nosiz mamnun tortadi. Ko’nglida zarracha «qiyshiq fikr» bo’lmasa ham.

Tiling biyron bo’la boshlaydi va aytayotgan gaplaringni «orqada o’tirgan kishi» ham eshitishini istaysan hamda… unga qandaydir moslab davom etasan.

Lekin kaminaning tiliga gap kelmas edi.

— Ha, gurung bering-ye, Boltaboy, — dedim. — Xalqning ahvoli qalay? Bu Ozodlik degan edik, yetishdik! Gorbachyov bobo bir atom urushi qilolmaydigan ishni qip ketdi… Ba’zilar: «Ozodlikni nima qilishni bilolmay qoldik», deyishadi. To’g’ri endi, qafasdagi kaklikni chiqarib yuboring-chi? Tog’larga erkin uchib ketadimi? Yo’q… Qaytib keladi. Shu ma’noda Navoiy bobomizning «Oltin qafas ichra qizil gul bitsa, bulbulga tikandek oshyon bo’lmas emish» degan baytlari nisbiydir…

— Domla, men bu tomonlarini tushunmayman-u, xalq boyiyapti… Lekin xasis bo’p borayapti! — dedi Boltaboy. — Bundan tashqari, ishsizlar ko’payib borayapti. Bizdayam ancha bor edi… Misir aka anavi ishlarni boshlab yubordi. Toshkentlik bitta savdogar yigit bor ekan. Qandaydir assasiyaning boshlig’i! Balki tanirsiz? Xullas, o’sha kishi bilan kelishibdilar shekilli, u katta pul bergan… Xo’sh, yo’l qurilishi uchun. Mehmonxonani jihozlash uchun. Milliy choyxona qurish uchun… Mana shu tufayli deng, ancha odamlar ishli bo’lib qoldi. Maoshiyam haligiday!

— Him, xalq Misirdan xursandmi?
— Juda! Misir aka o’zgarmaydi-da… Yaxshiga — yaxshi, yomonga yomon. Qattiqqo’lligiyam bor.

— Ha-a, bu yaxshi. Xalqni o’z boshiga tashlab qo’yib bo’lmaydi.
— Shu-da: ming qo’shchiga bir boshchi.

Sirasini aytganda, bu gaplar ham ma’lum haqiqatlar edi: axir, anarxiyaning oldini olish kerak-da!

Biz o’rganmaganmiz bunday erkinlikka… Shuning uchun ham, nazarimda, insondagi eng tabiiy, insoniyat darajasidagi ojizliklar ham, yovuzliklar ham yuzaga balqib-balqib chiqa boshladi: o’g’irlik, shafqatsizlik, poraxo’rlikning qandaydir oliy shakllari… Mehr-oqibatning ko’plardan ko’tarilayotgani…

Bu yo’rig’da «erkinlikka chiqqan» din ham ojizlik qilayotgani… Umuman, diniy ta’limot yo’rgakdan singishi kerak ko’ngilga! To’g’rimi?

Biz esa — suyagi ateizm bilan qotgan odamlar… Ha, endi, ko’ngilning tubida nimalardir bor edi.

Mozorning tug’ini olgan bir kommunistning qo’li shol bo’lib qolganini bilaman.

Balki uning ham ko’nglida o’sha «nimadir»dan bo’lgan-u nochorlikdan…

9

Yuqoridagi gap-so’zlar bilan sizni zeriktirmadimmi? Na iloj, birodar? Qaerga borsang, shu xildagi gap…

Nima? Yo’q-yo’q, «Orqadagi kishi» suhbatimizga jilla bo’lsa-da, qo’shilmadi.

Qo’shtegirmondan o’tib ketdik. Ko’prikdan ham o’tgach, orqaga qaragim keldi. Qandaydir xijolat bo’ldim. Boltaboy «Qudrat akam bu bilan kelishgan», deb o’ylaydi, dedimmi? Keyin: «Nahot shofyordan so’ramagan?» degan xayolga borib, unga sekin shivirladim:
— Bu ayolni taniysanmi?

U yo’ldan ko’z uzmay tanglayini taqillatdi. Sigaret tutatdim: «Qiziq-ku?»

Bu orada Poda degan qishloqqa yaqinlashib bora boshladik. Men oxiyri o’girilib so’radim:
— Singlim, Qo’shtegirmon qolib ketdi… Qaerga borasiz?

U allaqachon shunday savol berishimni kutib, javobni ham Boltaboy singari hozirlab qo’yganday:
— Siz qaerga borsangiz, o’sha yerga-da, — desa bo’ladimi!

Karaxt tortib qoldim. Yurak o’lgur gurs-gurs ura ketdi. Xayolda haligiday mavhum-qiziq manzaralar…

«Tavba! — deyman. — Bu qanaqasi bo’ldi!» Boltaboyga ko’z qirini tashlasam, miyig’ida tabassum. Uf, uyalib ketdim: bularning oldida men haligiday — pokdomon kishiman-da…

— Bu-a, siz meni taniysizmi? — deb, yarim burilib so’radim.
— Nega tanimas ekanman? Siz — Qudrat aka-da, — dedi u qandaydir terslik bilan. So’ngra xotirjam-shaddod bir tarzda davom etdi: — Xotiningiz, qizingiz bilan kelgan edingiz. Birinchi mayda ko’chaga chiqdinglar.. Haligi paraddayam bo’ldingizlar. To’g’ri, odam oz bo’ldi. Qari-qartang. Lekin bayram-da. Shahar hokimi siz bilan ko’rishdi. Keyin uylaringga ketdinglar… Ko’rgan edim. Taniyman sizni.

— Yurtdosh sifatidami?
— Ha-da, — dedi u keskin. — Lekin she’rlaringizni o’qib turaman. Qo’limga tushganda.
— Him, ma’qulmi?

Ojizmiz-da, azizim. Jindek maqtovga qulmiz… Yo’g’asam, bu savolning nima hojati bor edi!

— Yaxshi, — dedi u. — O’zimizni yozasiz. Tog’larimizni… Sizning she’rlaringiz hammasi tushunarli. Sodda.
— Rahmat.

Uning gapi — men uchun katta mukofot edi.

— Toshkentga qachon qaytasiz? — so’rab qoldi u.
— Him, bilmayman, — dedim. Shunda Boltaboy gapga aralashdi:
— Domla xohlasalar, ertaga ketadilar. Xohlamasalar, bir oy ham turaveradilar.

Bu gap ham mening sha’nimga aytilgan o’ziga xos maqtov edi. Biroq maqtovning tagida meni… nima desam-a, qizg’anish ham yo’q emasdi.

Podaning sertosh soyidan moshinaning taraq-turuq qilib o’tishidanoq Boltaboy ayolni yomon ko’rayotgani yoki yomon ko’rib qolganini aniq sezdim.

Ammo, meni so’ksangiz — so’king, bu gaplarni xotinimga yetkazsangiz ham — mayli, miq etmay o’tiraverdim: Nega? Nimaga? Yolg’iz Ollohga ma’lum.

10

Podadan keyin o’r boshlanadi. O’r, o’r! Taqir toshloqlardan aylanib o’tadi yo’l. Va nihoyat, tog’ o’rkachiga chiqib boradiki, ana u yerdan men yashab turgan o’sha qishloq bir tup qora daraxt kabi ko’rinadi.

Qarasam, Boltaboy «Gazik»ni surib, sakratib o’rlatib borayapti. Shuncha tikilaman aftiga, bir qaramaydi!
— Boltaboy, bir minut to’xta, uka, — dedim.

U moshinani taqqa to’xtatdi-da:
— Domla, siz o’ylamayapsiz… Sizni hamma durbinda kuzatib turadi! — dedi. — Bu kishi borsa, darrov ko’rishadi. Keyin gap-so’z… Misir akaning ham sha’niga yaxshi bo’lmaydi…

Xudo haqqi, men bu ayolni qishloqqa — mehmonxonaga borishini tasavvur ham qilmagandim: shunchaki, uning yonimizda ekani zavqli edi.

Va boshqa jihatlarni o’ylagim ham kelmasdi.

— To’g’ri, to’g’ri aytasiz, — dedim. Shunda orqadan sado chiqishini kutdim: chiqmadi.

Nima qilish kerak?

Bu yonbag’irlar ham men uchun qadrdon, yoshligimning shoshqin davrlari kechgan manzil edi. Bu adirlarda kaklikdan kichikroq, ammo go’zallikda undan sira qolishmaydigan chil degan qushlar ko’p bo’lar, ulardan talayini otgan ham edim.

Yomg’ir tomchilarini nari-beriga surayotgan oyna cho’tkasiga qarab turdim-turdim-da:
— Qaytar. Pastga — soyga endir, — dedim. — Soyga. Biroz o’tiramiz.

Xonimdan yana sado chiqmadi. Boltaboy esa moshi-nani chapdastlik bilan burib olib, orqaga qaytdi. So’ngra bo’rtib-bo’rtib turgan toshlar ustidan avaylab haydab, hayhotdek soylikka endira boshladi.

Poda qishlog’ida kichrayib qoladigan soylikni boshi — kengayib ketgan, har qirg’og’i bamisoli toqqa aylangan va shimoldagi ulug’ qirralarga tutashadigan bu makon ham mening suygan manzillarimdan biri edi.

Gap shundaki, soy tubida, suv jiyaklarida bir qavatli, ikki qavatli uy baravari keladigan bahaybat harsangtoshlar dumalab yotadi. Tabiiy, ularning ko’pi anavi tog’simon qirg’oqdan qulab tushgan va tekis joyda turib qolgan. Ko’pchiligining yon-veridan archa, tog’olcha, achchiq bodom shoxlari chiqib turadi. Tag’in, bunday xarsanglar tagida kamarlar ko’pki, ularga bemalol kirib o’tirish, gulxan yoqish va hatto yotib qolish mumkin.

Kamarlarga yomg’ir-qor tushmaydi. O’t yoqish uchun esa xas-xashak, o’tin-cho’p serob.

«Gazik» soyga tushib, suvdan o’tdi. Narigi betdagi eng katta qoyaning qoshiga yetdik.

— Tushamiz… Qarshilik yo’qmi? — dedim orqaga sal burilib.
— Menga baribir, — dedi ayol o’sha dangalligida.

— Yaxshi, — dedim. Va beixtiyor, balki tabiiy tarzda shu fikrga keldim: «Buzuq ayol… Mayli, biroz o’tiraylik. Qaytarib yuboraman. Boltaboy oborib Qo’shtegirmonga tashlab keladi. O’zim o’-o’tiraman gulxan yoqib…»

11

Moshinadan tushdik. Chiroqlar yoritib turgan kamarni ko’rsatib, odob yuzasidan:
— Borib turing, — dedim xonimga.

U «borib turish»ni o’ziyam yaxshi biladigandek indamay o’sha tomonga yo’naldi. Biz Boltaboy ikkimiz nima qilardik? So’zsiz o’tin jamg’arishga tushdik.

Bu yerda bulturdan qolgan kavrak, qurigan bodomcha, tag’in allaqanday tikanlar mo’l edi. Xash-pash deguncha xonimning oldida o’rtacha odamning ko’kragi baravari o’tin-cho’p yig’ildi. Boltaboy uning ustiga chiqib, biroz tepkilagach, pasayib bosilibgina qoldi. Nihoyat, kamardan sal berirokda, yomg’ir tushmasdan qiyalab o’tayotgan yerga o’tin-cho’pdan bosib, gugurt chaqib tutdik. Zum o’tmasdan chirsillab, tutun chiqarib gulxanimiz lovullay boshladi…

Men benihoya xursand edim: axir, bolaligim davomida ming bir marta qilgan ishni tag’in takrorlayotgan edim. Va menga shunday tuyulardiki, Toshkentda ham, anavi tuman markazida-yu tog’dagi qishloqda ham mana shunday yovvoyicha gulxan yoqish yetmagan ekan.

Buning ustiga, yoningda — kim bo’lishidan qat’i nazar, ayol kishi bo’lsa…

Gulxanning atrofiga uchta yirik-yirik toshlarni dumalatib keldik.

— Marhamat! — deb o’tirdim-u, ayolga qaradim. Va… lol qoldim.

Qoya bag’ridan oppoq, yoniq bir chehra o’ta qiziqish bilan qarab turardi!

Ro’molini boshidan tupshrgan (issiq o’tgan bo’lsa kerak), bo’yinlari, sochlari ham baralla ko’rinar, bu qiz-juvon… nari borsa, o’n sakkiz-o’n to’qqiz yoshda edi! Bilasizmi, bunaqa yuzni uchratish qiyin: ko’zlari sal qiyiq hamda bir-biridan xiyla yiroq joylashgan. Mo’g’illarning ko’zini eslatadi. Ammo yanog’i bilinmaydi, buning ustiga, iyagi chuvakroq.

Bu bir g’alati — ko’p qonlar tomirida qorishib yurgan, nima desam ekan, mo»jiza edi.

Hayron bo’lib qopman. Men uni «qiz-juvon» deb atadim, «ayol» deb gumon qildim, «buzuq xotin» dedim. Bu bo’lsa…

Ha, aytmoqchi, lablari yupqadan kelgan va ularda mayin xayrixohona, ayni chog’da, qiziqish to’la tabassum bor edi.

Tavba, lekin gaplari dangal, ovozi o’ktam. Hatto qandaydir qo’pol eshitiladi…

— Keling, o’tiring, — dedim-u, u yonboshida bo’y cho’zib turgan archani surib, bu yoqqa chiqishi hamon boshim aylanib ketgandek bo’ldi…

12

Qoyaning bag’ri — kamar juda qorong’i joyga, aniqrog’i, qora o’rmonga aylandi. Qizning egnidagi qora duxoba kamzul… yupun bir ko’ylak tusini oldi.

Oyoklari yon-verida xas-xashaklar emas, balki chuchmoma, bo’tako’z va shular kabi chechaklar ochilib turardi.

Qiz qandaydir qiynalib yorug’likka chiqqandek, shundan labida tabassum o’ynar, tabassumi ham… yorqin va shodon tuyular va umuman, u o’zligini yo’qotib…

… Zumradga aylangan edi!

Zumradning kimligini bilasizmi?

«Ikki sandiq» ertagini eslang… Balli! O’sha yetim qiz. O’z onasi o’lib ketib, o’gay onaning qo’lida qolgan… kunlarning birida o’rmonda adashib, sehrgar kampirning hujrasiga borib qolgan…

Bilar ekansiz… Shoshmang, o’shanda aytiladi-ku: Zumrad yurgan yo’llarda chechaklar bosh egib unga salom berardi… Qiziq-a? Gullar salom bersa…

Lekin, ishoning, azizim, men shu gaplarga yuz foyiz ishonardim! Shuning uchun gullarning menga salom bermaganlarini ko’rib, hayron qolgan, alamim kelgan paytlar ham ko’p bo’lgan… Yaxshi
eslayman! O’sha esdaliklardan qolgani, aftidan, shu ediki, gullarni… qanaqa bo’lmasin, yaxshi ko’rardim!

Afsuski, yillar, bu yoqda har xil turmush tashvishlari, ustiga-ustak, yovuz saltanatning inqirozidan keyin paydo bo’lgan tentirashlar…

… xalkning ham gangib qolgani, arboblarning tezda yo’l topolmasliklari…

Ha-ha, mening oxir-oqibat xizmatdan bo’shab, darvishnamo bo’lib bu tomonlarga kep qolishimning buyuk boislari o’sha-o’sha chechaklarga mehrni ham o’tmaslashtirib qo’ygan-yuborgan edi.

Bugun — kechki paytdagina men tabiatni favqulodda o’tkir his eta boshlagandim, xolos!

Endi bo’lsa, men uchun eng suyumli, balki mening she’riyatga havas qo’yishimga, tabiatni-yu hayotni boricha — barcha tovlanishlari bilan yaxshi ko’rishimga va tasvirlashimga sabab bo’lgan aziz ertagim (ertaklarimdan biri) ham jonlandi. Va bir necha daqiqaga bo’lsada, meni…

…yosh bolaga aylantirdi. Yo’g’-ye, o’smirga! Nimalar deyapman? Zumrad o’n ikki-o’n uch yashar bo’ladi. Demak, mening tog’-toshlar kezib yurishim ham o’sha davrga to’g’ri keladi: ha-ha, qorong’i o’rmonlarni yaxshi ko’rishim, boyqush sayrashlariga ishqibozligim, oy…

Xullas, qiz kelib, menga yaqin toshga sal qiyshayib o’tirdi. Oyog’ida eski shippak, lekin paypog’i oppoq. Lozimi atlasdan ekan. Qulog’ida sirg’a-pirg’a degan narsa yo’q.

Boltaboy ham bu yondagi toshga o’tirib, qo’llarini o’tga tobladi-da:
— Domla, nima qilay? Anavini opkelaymi? — dedi.

Men hamon parishon edim.
— E, opkeling! Opkemaysizmi? — dedim.

U turib ketdi.

13

— Nimaga munday tikilib qoldingiz? — so’radi qiz quruqqina qilib.
— Sizni bir kishiga o’xshatdim, — dedim.

— Kimga?
— Zumradga…

— E, o’zim Zumrad-ku? — dedi u.

Men… og’zimni ochib qoldim. Negadir Uvaysiyning «Anor» she’ri esimga tushdi: «Bu na gumbazdir, eshiga-tuynugidan yo’q nishon…» Nega bu bayt xayolimga keldi? Tushunsam, o’lay… Ammo og’zim ochilib qolganini tushunsa bo’ladi.

Nima qilishimni bilmay: «E, xudo, — dedim keyin. — Bu qanday sir-sinoat? Yoki favqulodda ismlar bir-biriga mos keldimi? Ha, ha. Boshqacha bo’lishi mumkin emas!» deb o’zimga uqtirgach, sal-pal hushimga keldim.

— Siz «Ikki sandiq» ertagini o’qiganmisiz? — deb so’radim.
— «Ikki sandiq»? «Zumrad bilan Qimmat» emasmi? — dedi u. Va mening shoshib bosh irg’aganimni ko’rib, davomini aytdi: — Maktabda o’qigandim. Qimmatni ajdaho yutib qo’yadi…
— Shu-shu.

Shunda u birdan boshini o’girib kuldi.
— O’sha Zumradga o’xshatdingizmi meni?
— Ha, ha.
— Yaxshi qizga o’xshatgan ekansiz, — dedi u. So’ng «xirmon»dan bir dasta tikan olib, gulxanga tashladi. Va xo’rsinibgina qo’ydi-da, shishalarni ko’tarib kelayotgan Boltaboyga qaradi.

Boltaboy bitta piyola ham olib kelgan ekan. Shampanni oldim-u, Zumraddan so’radim:
— Ichasizmi?

U yelkasini qisdi. Men darhol shishani ochib piyolani to’latib, uzatdim.
— Piyolamiz bitta… Men kon`yak ichaman.

U piyolani olib, ko’pigi pasayguncha tikilib turdi-da, so’ng qandaydir iymanib-kulimsirab:
— Xo’p. Omon bo’linglar, — deb yutdi-qo’ydi.

«Ha, ichib o’rgangan, — deb o’yladim. — Yoshiyam… Demak, maktabni bitirgan… — Erga tekkan yoki bola tuqqan-tug’maganini tusmollash uchun yuziga tikilib qaradim: lof bo’lsayam, naq olma…
— Qiziq, meni tanisa, nega pochtaxonada unaqa qildi?»

Konyakdan quyib o’zim ham ichdim. So’z aytmadim. Aftidan, Zumradga: «Sizning sog’ligingiz uchun!» deyishga istihola qildim: axir, u juda yosh-da!

Boltaboy moshinaga ishora qilib, ichmadi.

Ana shunda kamina katta bir xatoga yo’l qo’yganini angladi. Ya’niki, to’g’ri aytasiz, gazak olmagan ekanman: umuman, gazak xarid qilish xayolga ham kelmagan edi.

Siz hozir: «Bu Bolta shopirni gazakka yuboradi. Maqsadi parivash bilan yolg’iz qolish…» deb o’yladingiz. Rost! Lekin siz o’ylagan ma’noda emas: gazak haqiqatan ham kerak! Ikkinchidan, bu ertakdan chiqqan g’alati qiz bilan…

… hayhotdek darada — soy bo’yida, cho’ng xarsang tagida, gulxan atrofida, sim-sim yomg’ir ostida o’tirish — yosh o’spirin bo’lib o’tirish men uchun…

hayotning ajabtur o’zgarib ketganidan kuyib va sovub, «Biron narsa toparmanmi?» deb tog’lar qa’riga yo’l olgan kimsaning bemalol gurung qilib o’tirishi…

… axir, menga, dardimga jilla bo’lsa-da, davo edi-da!

Ha, endi, ko’ngilning qaysidir burchagida boshqa niyat ham tug’ilgandir?

Harqalay, Zumradga «ayol kishi» deb qarash — mening uchun o’ninchi darajali gap edi.

14

— Shaharga tushguncha restoran bekiladi. Uyingizga borish noqulay, — dedi Boltaboy. — Qishloqqa borib kelguncha, soat… to’rt bo’ladi, domla.

Men soatga qarab nimalarnidir chamalagan bo’ldim. Shunda Zumraddan «sado» chiqdi-ku:

— Men ayol boshim bilan shu kishini deb kelib o’tiribman. Siz yigitsiz-ku!

O, ayolning ta’nasi!

Boltaboy irg’ib turib ketdi. Moshina qoshiga yetganda, qayrilib so’radi:

— Qorovuldan olaymi, yo mehmonxonada bormi?
— Xonamda, xonamda bor, — dedim. — Eshikdan kirgan joyingizda bir qo’ltiq ravoch bor. Stol tagida — kastryulda qovurdoq, tortmada non.

Boltaboy moshinani vangillatib soydan o’tkazib ketdi. Hademay chiroqlari ham ko’zdan pana bo’ldi.

Atay o’sha yoqqa qarab o’tiribman. Zumradga qarashga yurak yo’q. Ha-ha, endi u bilan o’tirish menga qandaydir qo’rqinchli bo’lib qoldi.

Shunda shamol esdimi, yomg’ir qiyalab ustimizga quyib o’tdi. Men negadir choponni yechib, qizning egniga tashlab qo’yishni o’yladim. Ammo bunga ham jur’at yo’q: bu-ku — arzimas dildorlik. Ammo shu asno nimadir va’da etadigandek bo’ldim shekilli. Gulxanga cho’p-xashak bosib, yana lovullatdim-da, yana Zumradga ko’zim tushib, o’lay agar, yana boshim aylanib ketgundek bo’ldi.

Gap shundaki, azizim, men mana shu bahaybat soyning, aniqrog’i, daraning har ikkala qirg’og’idagi archalar ichida miltiqni o’nglab, gangib yurgan chog’larimda ko’pincha shunday tuyulardiki…

… Zumrad archalar orasidan chiqib keladi! Men unga nimadir yaxshilik qilaman!

Cho’ng qoyalar ustida dam olib, sukutga tolib o’tirgan chog’larimda ham tuyqus-tuyqus shunday tuyulardi. Va men atrofga alanglab qolardim.

— Siz necha yoshga kirdingiz? — shu savol tilimdan chiqdi.
— O’n sakkizga, — dedi u xotirjamlik bilan.

— Him, turmushga chiqqanmisiz?
— Ha..

— Bolalar…
— Bola qaydan bo’ladi! Bor-yo’g’i olti oy yashab qochib keldim. Otamning uyiga…

— Ishlayapsizmi?
— Ish yo’q. Hozir ish topish qiyin. Lekin… yaqinda bog’chaga o’taman…

«Farrosh bo’lib…» ko’nglimdan kechdi va xafa bo’lib ketdim: o’zim kal, ko’nglim nozik deganday, unga achindim-da… U esa xotirjam!

— Xo’sh, nima ish bilan shug’ullanasiz? — deb so’radim. Haliyam ko’nglimda uni «haligiday…» deb o’ylash bormidi.
— Uyda ish ko’p, — dedi u va oyoklarini sal uzatib, yonboshidagi toshga tirsaklab oldi.

Uning gavdasi kichik, oyoqlari bo’liq, o’zi baquvvat va miqti edi.
— Ichasizmi? — deb so’radim.
— So’rab nima qilasiz. Bo’lar ish bo’ldi, — dedi u. Va bahaybat xarsangga qarab allanechuk kulimsiradi.

Peshonamdan ter chiqib ketdi, shampandan quyib tutdim. U tag’in yutdi-qo’ydi. O’zim kon`yakdan otdim. Sigaret tutatdim. Shu tariqa haligi uyat-andisha pardasi yuzdan tusha boshladi. Ha, labda tabassum, ko’zlar biyo-biyo…

Nihoyat so’radim:
— Pochtaga kirganimda meni tanibmidingiz?

U birdan sergak tortdi.
— Yo’q-yo’q, — dedi. — Egningizda chopon… Tanimadim. Keyin uyaldim. Keyin nima bo’lsa bo’lar deb moshina yoniga chiqib turdim. Onam bilan gaplashgandim. U kishi opamni ko’rgani qo’shni rayonga ketib edilar…

— Him, tushundim… Bu tog’larimizni sevasizmi?

— Vey, albatta! — dedi u gapimga hayron qolganday. — Otam cho’ponlik qilganda, men qo’zi-uloq boqqanman… Keyin bari molimizni sel oldi. Otam kasal bo’lib qoldi. O’nglanmadi. Markazga tushib ketdik… — U toshga o’mrovini tirab soy tomonga boqdi. — Shunday tunlarda bemalol yurardim… Hozir uyda svet o’chsa, shabko’rga o’xshab qoladi odam. Yomg’ir ham yaxshi: odamni o’stiradi… Archanint hidi kelayapti!

Sezmadim. Lekin: «Siz ham shoir ekansiz!» deyishimga oz qoldi. Qiziq-da: tun, archa, yomg’ir to’g’risida shunday jo’ngina qilib gapirgandiki, shu jo’nligi bilan meni larzaga solgandi.

Axir, birodar, men ham sevardim-da: tunni ham, oyni ham, yomg’ir, qoyalar, archa…

Sezayapsizmi, uning tabiatga qarashi mening qarashlarimga mos kelayotir!

Men — dorilfununni bitirgan, hayot tajribasiga ega, oilali-farzandli, tag’in mavjud turmushning pastu balandiga baholi qurat aqli yetadigan odamning…

…tabiatga munosabati bu qiz-juvon — Zumradnikidan deyarli farq qilmas edi.

15

— Siz, singlim, bu turmushdagi, mana, ko’rib turgan o’zgarishlarga qanday qaraysiz?

Bu savolimdan kulmang, hayron ham bo’lmang: axir, o’quvchilar bilan uchrashuvlarda o’n-o’n bir yashar bolalar ham shu ma’noda savol berishadi.

Ana shu ko’nikma tufaylimi yoki Zumradning bu masalalarga ham munosabatini bilish menga qiziq tuyuldimi, balki uning bu yo’rig’idagi qanoatlarini ham o’zimnikiga mos tushishini istadimmi — shu savolni berdim.

— E, meni qiziqtirmaydi, — dedi u charslik bilan. — Poshsholar kep ketaverar ekan. Siyosatchi deganlaringiz ham… Raykomlar ham! Bari… — Keyin menga boqib, mayingina kulimsiradi. — Men gazeta o’qimayman. Televizordayam… kino bo’lsa ko’raman. «Hayvonot olamida», «Olamga sayohat».
— Yaxshi, juda yaxshi, — dedim.

Zumrad endi oyoqlarini bemalol uzatib, yonboshlagan edi, men:
— Choponni to’shay, choponni, — dedim.

— O’zingiz shamollab qolasiz, — deb qo’ydi u.
— Ha. To’g’ri.

— Bilasizmi, nimaga ergashdim sizga? — deb qolsa bo’ladimi shunda.
— Bilsam, har narsa bo’lay!.. — dedim-u, boshni ko’tarolmadim.

— Bola-chaqangizni Toshkentga yuborib, bir o’zingiz toqqa ketganingizni eshitgan edim. Buni ko’plar biladi… Har kim har xil gapiradi. Buning ustiga, nuqul xafa ko’rindingiz. Sizni ko’plar kuzatdi…

— Tushunarli, — dedim. Va, tasavvur etingki, buning menga qiziqib, hatto ergashib chiqishi ham menga anavi… deylik, Misirning mehr-oqibati, pochtachi-yu restoran xizmatchilarining dildorliklariga o’xshab ketdi.

Ammo, tabiiy, buning qiziqishi — istisno edi!

Bu, tabiiyki, menga yaxshilik niyatida emas, o’zining qiziqishini qondirish uchun chiqqandi: endi, bu holga uning qandaydir zerikishi va ana shu hisni ham bir miqdor qondirishga ehtiyoji sabab bo’lgandir…

Men tag’in bir narsani aniq tuya boshlagan edim: hozir o’rtamizda nimadir bo’lishi kerak.

Shu meni hayajonga sola boshlagan va o’sha qandaydir ish sodir bo’lgandan keyin «nima bo’lajagi» qiziqtirar edi.

Tag’in bittadan ichdik. Shunda yig’ilgan o’tin-cho’p kamayib qoldi. Yomg’ir esa kuchaydi: demak, tezroq o’tin jamg’armasam, boriyam nam tortib qoladi.

Choponni yechib tashlab, sapchib o’rnimdan turdim-da, atrofda qolgan tikan, kavrak va bodomchalarni yula ketdim.

Zumrad esa turib, toshga o’tirib oldi: ko’zlarida shunday qiziqish va yorqin kulgi bor ediki, meni tomosha qilar, hamda, nima desam ekan, bu ishlarni…

…go’yo faqat uning uchun qilayotgandek tuyulardim shekilli!

Bu holatni aniq sezganimdan keyin tikan yulishga bot kirishib ketdim va hademay toliqib qoldim: men Boltaboy emasdim… Lekin yulayapman! Shu, ba’zi bodomchalarni qisimlab tortsam, la’nati jilla sug’urilmaydi deng, qo’lim sirg’alib chiqib ketadi. Kaftimga qarasam: qon…

Shunda fahmlab qoldimki, uning — o’n sakkiz yashar juvonning oldida o’zimni yosh, baquvvat ko’rsatmoqchi bo’layotgan ekanman!

Nega?

Bilmayman.

16

Oqibat talaygina o’tin jamg’arib va Boltaboydek tepkilab, qo’lni ham cho’ng qoya yorig’idan sizayotgan suvga chayib olgach, joyimga o’tirdim. Choponni egnimga yopdim.

Zumrad esa, berigi tosh yoniga o’tirib yonboshladi-da, oyoqlarini biqinimdan orqaga uzatib yubordi.

Uning butun vujudi-borlig’i qarshimda edi: mana men, deb yotardi…

Tag’in bitta otganimdan keyin ko’nglim buzildi: «E, xudo, — dedim. — Butun bolaligim davomida shunday bir qizni… shunday tog’lar orasida, archazorlar bag’rida ko’rishni orzu qildim! Mana bugun u baayni qoya bag’ridan chiqib keldi. Lekin… ... bugun!

Bu yosh, tajribasiz…

Men esam, daqqiyunusdan qolgan… Ya’ni, har qanday ishning oqibatiga aqlim yetadigan kishiman: agar yanada ochiqroq aytsam, munday:

Deylik,men hozir unga qo’l uzatsam, shubhasiz, qo’limni ushlaydi. Keyin…

Undan keyin buning menga qizig’i qoladimi? Mayli, bir necha minut yoki soatga bo’lsa-da?

Mening asl maqsadim nima?

Sal-pal tirilish… ruhni tiklash, ma’noliroq yashay boshlash va ijodga qaytish-ku?

Mana keldim: ruhimda ozmi-ko’pmi o’zgarishlar bo’la boshladi. Ya’ni, kimlarnidir daf’atan yoqtirmay qolgan bo’lsam, kimlarnidir yoqtira boshladim. Va yana muhimi…

«Endi nima bo’ladi? Hayot qanday yo’ldan ketadi?

Ertangi kun qanday bo’ladi?» degan injiq savollardan xalos bo’la boshladim». Misirning odamlarni ish-latishi va o’zining ham tinmasligi, boz ustiga, «parvo qilmang, hayot yaxshi bo’lib ketadi», degan gaplari ham menga ta’sir etgan edi.

17

Endi bo’lsa, yoshligim bilan betma-bet o’tirardim: ha, qarshimda Zumrad…

…mening orzularim, hayajonli xayollarimning bugungi kundagi ro’yobi edi.

Men ham ko’nglimning allaqaerida yoshgina o’spirin edim! Ammo mohiyatim, umrim, borlig’im bilan o’zga, yoshi o’tinqirayotgan kimsa edim…

Demak, shunday bo’lib qolishim kerak. Va bu uchrashuvni Allohning ne’matidek qabul qilmog’im darkor. Hamda buni buzmasligim-bulg’amasligim shart, degan fikrga keldim: ana shunda qalbimning allaqaeridagi yoshlik — tabiatga va uning turfa ko’rinish-tovlanishlariga mehrim yangilanganicha qolsa kerak.

Zumradning menga, o’zi bilmay hadya etayotgan zavqi bugungi kapalagu bulbullaru jiblajibonlarning bergan zavqidan kam emas, ortiq bo’lsa ortiqdir!

Mening ularga bo’lgan mehrim qandaydir darajada tirilgani kabi unutilgan, balki unutilayozgan bolaligim ham tirilib qoldi, axir…

Shundan bo’lsa kerak-da: yomg’ir ham, tun ham boshqacha ko’rina boshladi: xususan, Zumrad ushbular haqida o’ychan so’zlagandan keyin…

— Siz yaxshi ko’rib uylanganmisiz? — o’tdan ko’z uzmasdan so’radi u.
— Ha, albatta, — dedim.

— Men erimga ko’ngilsiz edim, — dedi u. Va qandaydir chalqancha bo’lib uf tortdi. — Mayli.

— Nima «mayli»?
— Baribir yashash yaxshi, — dedi u va boshini orqaga solib, endi tog’dek yuksalib turgan qoyaga boqdi. — Kichkinaligimdayam shu xarsangni turishi shu edi…

Ana tog’larning ham turishi o’sha-o’sha! Hech narsa o’zgarmagan. Osmon ham. Bulutlar, yomg’ir… He, nimasini o’ylayman… — U hamon menga qaramay davom etdi: — Sizlarni… kattalarni turmush,
undagi to’polonlar xafa qiladi. Otam ham nuqul: «Endi nima bo’ladi?» deb o’ylaydi… Shunday paytda men shoir G’afur G’ulomning maktabda yod olgan bir she’rini eslayman:

Quyosh-ku falakda kezib yuribdi,
Umrimiz boqiydir, umrimiz boqiy…

Ajabo, birodarim, men ham ushbu satrlarni bir necha bor takrorlagan, lekin tasalli topmagan edim: axir, biz falakdagi haligi azon uchib ketayotgan «qora tuynuk» nimaligini ham, Yer kurrasidagi ekologik holatning ham buzilib ketganini bilamiz. Va shu ham ruhimizga ta’sir etib, oshimizga zahar qo’shib turadi-da!

Bu juvon esa bu narsalarni o’ylamaydi: u boriga — ko’rib turganiga inonadi, vassalom.

18

— Qudrat aka, siz tarixni yaxshi bilasiz, shoirsiz, — deb qoldi keyin. — Mana shu sotsializmga o’xshagan tuzum o’tganmi oldin?

— Maktabda aytishmaganmi? — dedim.

— Aytishgan-ye, — dedi u qandaydir siltab. — Lekin ba’zi odamlarning gapini eshitsang, ilgari o’tgan zolim tuzumlardan farqi yo’q emish-ku?

— Ha-ha, — dedim beixtiyor hayajonlanib. — Zolimlikka qurilgan tuzumlarning hammasi bir-biriga o’xshash bo’ladi…

— Shu ekan-da, — deya shampanga qaraganini sezdim va yana piyolaga quyib, unga uzatdim. U idishni olib: — Bunisiyam o’tipti. Shungayam g’am tortishmi! — dedi-da, bu piyolani ham bo’shatdi. Keyin kuldi. — Shunday emasmi? Odamlarning qo’lidan nima keladi? Tag’in bitta tuzum bo’ladi-da: yaxshimi, yomonmi… — So’ngra yana ko’ksini toshga berib, soyga — qorong’ulikka boqdi. — Lekin bu yerlar qoladi. Shu soy ham, suv ham, mana bu gulxan… Kechirasiz, sizning she’rlaringiz ham…

Men karaxt edim: go’yo bu yoshgina qiz meni ovutmoqda, menga mangu haqiqatlardan dars bermoqda edi: ajabo, bu gaplariyam naqadar jo’n!

Ishonasizmi-yo’qmi, endi u men uchun qizligini-ayolligini yo’qotgan, aniqrog’i, unga nisbatan dilning pinhon go’shalarida bosh ko’tarib turgan haligiday hislar ham g’oyib bo’lgan edi.

Bilasizmi, bu holatni nimaga o’xshatish mumkin?

Deylik, ayolingiz bilan ham haligiday munosabat ustida ro’zg’orning hal bo’lmagan bir tashvishi haqida bahs chiqib qolgandagi holatga o’xshatish mumkin…

— Qudrat aka.
— Labbay!

— Moshina kelsa, meni Qo’shtegirmonga oborib qo’yasizlarmi?
— O, albatta! — dedim.

— Rahmat… Men juda maza qildim, — davom etdi u. — Xudo ursin agar, sizni… shunaqa bo’lsalar kerak, deb o’ylab edim. Rost chiqdi.

Men fikrini tushungan edim. Konyakdan yana otdim-da, dadillanib:
— Yaxshi tushunmadim, — dedim.

U basharamga boqib turdi-da, bu yomg’irli tunni to’ldirib kulib yubordi.

Tasavvur eting, men ham unga qo’shilib kula boshladim. Tabiiy, qandaydir aybimnimi-gunohimni yashirib kular edim. U bo’lsa… balki u ham o’shanday aybinimi-gunohinimi bekitib kular edi.

… Boltaboy kelgach, yana biroz o’tirdik. So’ngra Zumradni Qo’shtegirmonga optushib qo’ydik.

U xo’shlashayotib:
— Yozib turing. Yozmay qo’ydingiz, — dedi.
— Albatta yozaman! — dedim.

Ammo hali nimani qanday yozishni bilmas edim.

Bilmas edim-u, tezroq toqqa-qishloqqa ketgim kelar, poli ostida kalamushlar gudur-gudur etib chopadigan hujramga kirishni, kursiga o’tirib, derazani ochish va chirog’im yongani tufayli… soyning u betlaridan hura boshlagan itlar tomonga tikilishni istar edim!

… Tong yorishaverib, qishloqqa yetdik!

Mehmonxona oldida Misir aylanib, aftidan, xavotirlanib turgan ekan.

— Xo’sh ko’rdik-ye! — deb baqirdi.
— Xo’shvaqt bo’ling, — dedim.

— Bulbul rosa sayrayapti-da!
— Ha..
— Hidi kelyapti. Otibsiz-da?
— Ha..

— Dam olasizmi, yo shu yerda besh-o’n minut o’tiramizmi? Bulutlar ham tarqab ketdi.

Boltaboy mehmonxonadan Misirga kursi chiqardi. Gujumcha ostiga qo’ydi. O’tirdik.

Men holdan toygan edim: uyqusizlik, yo’l azobi… Lekin ruhim tetik, kayfiyat yuksak, tag’in bir kunlar uxlamasam va yo’l bossam mumkindek edi.

Endi xulosa qilaymi?

Xulosa shulki, azizim, dunyo o’tar ekan! Tuzumlar o’tar ekan! Shayxzoda domla aytganlaridek, el-ulus qolar ekan. Anavi sodda qiz-juvon aytganidek — tabiat, tun, tog’lar, o’rmonlar, borliq qolar ekan!

Biz har qancha mavhum-mungli xayollarga cho’mib, ruhiy tushkunliklarga tushmaylik, yashashga mahkum ekanmiz va borliqni sevib yashashimiz lozim ekan!

Ertaga nima bo’ladi? Ahvolimiz qanday kechadi?

Bu savollar o’z-o’zidan yechilaverar ekan. Chunki inson ming-ming yillardan beri yashab va son-sanoqsiz saltanatlarning inqirozini ko’rib, demak…

O’shanda ham ko’p g’amlar chekib, ko’p savollarga javob bera olmasdan va Misir aytganidek, «bir terining ichida necha bor ozib, necha bor semirib» kelayotgan ekan, demak, ertamas-buruskun yana yangi va mislsiz bir saltanatda yashashi aniq: insonning tabiati o’zi shuni taqozo etadi.

Va uning tabiati yashashdan zavqlanishni ham, ruhiy tushkunlik yaxshilikka olib bormasligini ham, juda nari borsa — menga o’xshash kishilarning hayotdan bir muddat sovib…

… qandaydir to’xtamga yetib kelishini ham taqozo etar ekan.

U to’xtam nimaligini aytdim shekilli?

Rahmat.

1992

065

(Tashriflar: umumiy 512, bugungi 1)

Izoh qoldiring