Shukur Xolmirzayev. Yozuvchi kim?


Шукур Холмирзаев
ЁЗУВЧИ КИМ?

Дўзах оловидан қўрққаним учун эмас, жаннат боғларига кириши учун ҳам эмас,
одам бўлиши учун яшадим.

Жалолиддин РУМИЙ

1

    Рубъи маскундаги минг турфа қилиқли, минг бир ташвишли, минг-минг қиёфали одамлар орасида яна бир қурум бандаи мўминлар борки, уларнинг ҳар бири ҳам ўзича айри шахслар бўлсалар-да, муштарак бир жиҳатлари билан бир-бирларига ўхшайдилар ва умумлаштириб айтганда, битта вазифани бажарадилар; “бажаради” дейиш иддаога, баҳога, ҳатто буйруққа менгзаб кетади, йўқ: улар шу вазифани адо этишга маҳкумлар, уларнинг қалби-шуури шуни ҳаргиз талаб этади ва бу вазифани адо этиш – нафас олишдек бир ҳолдирки, улар бу йўлдан бир сантим орқага қайтолмайдилар.
Уларнинг муштарак вазифалари нималардан иборат экани ҳақидаги гапни орқага суриб, ўзлари кимлигини айтадиган бўлсак, мозийда бахши, оқин, шоир, гўянда дейишар, эртакчилар, ривоят, ҳикмат айтиб юргувчи маддоҳлар ҳам ушбу қурумга қўшилар эди. Уларнинг номлари ҳақида гап кетса, дастлаб Ҳомер тилга олинади…
Улар ўз замонларининг, ўз тузумлари, жуғрофий минтақалари, диний, миллий урф-одатга эга бўлган ҳалқалари, элатларининг фарзанди бўлишлари, ана шу омиллар қамровида ижод қилишлари, демак, ижод маҳсуллари ўз даврларининг ўзига хос инъикоси бўлиши билан бирга, ўзга халқларга ҳам татигудек бўлар эдики, ана шу татимли нуқтада улар ўзларига етти ёт бегона элатларнинг ҳам қалбига қалбдош бўлиб қолишар эди.
Бу туташ нуқта нима эди? Бу уларнинг муштарак вазифаларидан келиб чиқадиган қаноатлари-мақсадлари эди: инсонларнинг бир-бирига садоқати, дўстга вафо қилиш, ота-онани ҳурматлаш, Ватанни севиш ва унинг ҳимоясига доим тайёр туриш, севимли ёрига хиёнат қилмаслик, сотқинликни энг тубан жиҳат эканини кўрсатиш, мардлик, тўғрисўзлиликни улуғлаш ва ҳоказо-ҳоказо жиҳатларни сифатлар даражасига кўтариш, бинобарин, кўтариб тасвирлашда эди.
У ижодкорларнинг ўзлари мансуб халқлар қалбидагина эмас, балки ўша “етти ёт бегона” элатлар борлигида ҳам, хуллас, башар юрагида шу сифатларга интилиш истаги-эҳтиёжи борлиги учун у достон, у ривоят, у айтимларни қалбларига дарҳол яқин олиб, ижодкорга қалбдош бўлиб қолар эдилар.
Демак, бу қурум ижод аҳли ана шундай сифат-ғояларнинг табиий ташвиқотчиси эдиларки, уларнги энг сара ғоялари инсон учун, инсоннинг инсонлиги учун мезон-ўлчов бўлиб қолар эди.
Инсоннинг ташқи қиёфаси-ю ички аъзолари ўзгармаганидек ҳамон ўша сифатлар-ғоялар инсонликнинг гувоҳномаси, қолаверса, туғи-байроғи бўлиб келаётир.

2

Тағин ўша ибтидодаги ижод аҳлига қайтиб, унга яқин борайлик: иш юритиши-услубига назар ташлайлик.
Ҳа, улар ўз замонасига хос воқеа-ҳодисаларни ижодларида акс эттирганлар. Лекин қай ҳолда, қай тартиб ва қай йўсинда тасвирладиларки, минг-минглаб омма уларни эшитди, ўқиди… О, эшитарли, ўқишли қилиб айтишу ёзишнинг ўзи бўлмайди: у бутун бошли чиғириқдан-халложидан ўтади. Ҳа, бир уюм юнгни халложидан ўтказганда, бир ҳовуч тивит қолади: бошқаси нишхурт, чиқинди. Шундоқки, ўша ижодкорлар ўзлари тилга-қаламга олган воқеа-ҳодисаларни титкилаб, саралаб, бир тизимга тиза бошлайдилар. Шундай тизадиларки, ўтган-кечган воқеалар гўёки худди шу тизимдагидек бўлиб қолади. Тағин, бу тизимни шундай эшадиларки, анави улуғлангувчи сифатлар-ғоялар бўртиб, илкинчи ўринларга чиқиб, эшитувчи-ю ўқувчини маҳлиё этгудек, ўзига эргаштиргудек ҳолга тушишади: шундай қилинади ва бунинг-да замирида шундай маҳорат ётадики, холис одам буни асло сезмайди; кўнглига шубҳа тушмайди, бунга бус-бутун ишониб: “Ҳа: ҳаммаси рост” деб қабул қилади.
Шуниси ҳайратомузки, ҳамон шундай қабул қилинаётир.

3

Замонлар ўтиб, ёзма адабиётнинг мавқеи ҳам, кўлами ҳам кенгайиб боргани сари нотиқлар, бахшилар, айтувчилар қаторига драматург, носир (романнист, ҳикоянавис), очеркчи, шеър ёзувчи ва ғазалнавислар ҳам беихтиёр қўшилиб, дарҳол муносабат, маҳкам ўрин ола бошладиларки, ана ўшаларнинг ижодлари тақозосида турфа жанрлар пайдо бўлди.
Бу қурум ижод аҳлининг аввалгилардан фарқи – булар кўпроқ мавжуд воқелик, кечиб турган ҳаётга мурожаат этиб, асарларига маълумотни шундан ола бошладилар.
“Ҳақиқатни ёзиш керак” деган талабу эҳтиёж ҳам ана даврда туғилди.
Бироқ бор ҳақиқатни ёзишнинг қалтис томонлари ҳам кўриниб қолди: энди бор ҳақиқатни ҳақдай қилиб, яъни синтез ва саралашлар сўнгида маълум бир тизимга тизиб ва шак-шубҳасиз анаву улуғ сифатларни – шундай сифатли инсонларнинг ҳаётини ёзиб, демак, ўша фазилатларни улуғлаб, уларни ташвиқ этсалар-да, ҳоким синф вакилларининг у ёки бу томонларига тегиб кетишгани, ҳоким сиёсатнинг у ёки бу манфий жиҳатларини қоралаб ўтганлари аён бўлиб қолдики, бу ҳол умумга қанчалик маъқул тушмасин, айрим ижодкорларга тазйиқ олиб келди.
Энди бир вазмин савол туғилади: бу ижодкорлар деган гуруҳ қандай пайдо бўлади? Нега булар инсон шаъни-шавкатини кўтаргувчи сифатларнинг-ғояларнинг фидойиси бўлади?
Нега булар оз сонли ва инсон учун қилган хизматлари эвазига баъзан наинки таъқибларга учрайди, балки шу йўлда ҳалок бўлиб ҳам кетадилар. Ва куйиб кул бўлган Самандар-Қақнус қушининг кулидан янги самандарлар-қақнуслар пайдо бўлганидек, уларнинг издошлари яна чиқаверади? Булар гуруҳи – мўъжизавий қабилами?
Бу саволларнинг ҳеч бирига шу ижодкорлардан биронтаси ҳам тўла жавоб беролмайди.
Улар ўз вазифаларини адо этадилар: шунга маҳкумлар. Худдики туғилган чақалоқ яшаш давомида ўлимга интилгани каби интилаверадилар.
Тағин бир мулоҳаза туғилади: ҳар бир даврнинг, ҳар бир тузумнинг инсон қандоқ бўлиши лозимлиги ҳақида ўзига хос ўлчовлари, кодекслари бўлади: масалан, фашистларнинг кодекси – энг улуғ инсон бу орийлар ирқига мансублардир, дейилади. Кеча тўзиб кетган Шўролар тузумининг инсон ҳақидаги дастури даҳрий коммунист эди. Ҳатто Ҳомер замонида ҳам юнонлар назарида, энг комил инсонлар – греклар эди.
Нега энди ўша замонлардан бугунги даврларгача ҳам бояги ижод аҳли бу дастурлар, ўлчовлар, кодексларни қабул этмади, балки ўша умумбашарий сифатлар – ғояларда муқим бўлиб қолаверди? Нима, булар башоратчиларми?
Саволлар кўп…

4

Бу саволларга ижодкорларнинг ўзлари ҳам аниқ жавоб беролмайдилар, дедик.
Бироқ қадим-қадим замонларга нигоҳ ташласак, анаву ҳайратомуз ижодкорларнинг бобо-бобокалонларидек бўлиб кўринадиган бир қавмни назаримиз зўрға илғайди: уларнинг асл номи “суфис” бўлган. Юнонистонда Ҳомер пайдо бўлишидан минг-минг йиллар олдин дунёга келган бу “сўфис” деган ном ҳам, шу ном остида юрадиган дарвишсифат кишилар ҳам.
Кейин бундай дарвишсифат одамлар арабларда, сўнг Ҳинд оламида, кейин Эронда, ниҳоят, Испанияда ва у орқали ғарбда – Фарангистонда пайдо бўлишган.
Ўша-ўша шароитда улар ақл бовар қилмайдиган йўллар-алоқалар орқали бир-бирини танишар-билишар экан.
Шуниси ғаройибки, уларнинг илкинчилари пайдо бўлганда, ҳали динлар кашф этилмаган, муқаддас китоблар нозил бўлмаган, пайғамбарлар ҳам туғилмаган эди.
Уларнинг таълимоти асосида Комил инсон бўлиб яшаш ва баркамол жамиятни орзу этиш ғоялари ётган. Бу ғояларнинг рўёби – Ҳақиқатга етишиш, деб аталган.
Бунинг учун улар, аввало, ўзларини ўзлари тарбия қилишдан ишни бошлашган ва энг биринчи шартлари – нима юмуш қилмасинлар, инсон камолоти учун қанчалик изланмасинлар, бунинг учун бировдан бир нарсани таъма қилмаслик бўлган: бошқа ҳамма сифатлар ана шу беминнат ғоядан ўсиб чиққан…

5

Уларни биз “сўфийлар” деб атаймиз. “Сўфи” сўзининг арабчада “жун” дейилиши, аксар сўфийларнинг жундан тикилган матоҳдан кийинганларини айтиб, бу “суперодамлар” Арабистонда пайдо бўлишди, деймиз ҳам: бироқ ўша замонларда кўпгина мамлакатларнинг чегаралари аниқ бўлмаган, кўшни халқларнинг тилларида ўхшаш унсурлар мавжуд бўлгани эътиборга олинса, “сўфийлик”нинг умри чиндан ҳам тўрт минг йиллардан нари кетишига ишонч ҳосил қиламиз. Гап бунда эмас…
Гап сўфийлар эътиқоди-тариқатларининг умумбашарий ғояларга мувофиқ келишида, демак, умуминсоний қаноатларни дастлаб олам сўйилари ишлаб чиққанлари, тартибга солганлари ва умумбашарий удумларнинг кашф этилган замири бўлиб қолганидадир.
Бу йўриғдаги илмий тадқиқотлар натижаси шуни исботлайдики, Бутун Оврўпо адабиётининг Гёте, Шиллер, Вольтер ва бошқа ўнлаб буюк ижодкорлари сўфийлар таълимотидан баҳра олишган, унга қараб йўлларини аниқлашган: шу йўлда оламшумул асарлар яратишган; сўфийлик ғоялари кейинчалик Русияга ҳам ўтиб, Лев Толстойларга ҳам самарали таъсир этган.
Шуниси қизиқки, барча динлар ўрамидаги энг буюк сўфийлардан ҳақиқатга етиб-етмай тўхтаганларидан айримлари жоҳил руҳонийлар, коҳинлар, роибнлар тарафидан ҳам таъқиб остига олинганлари, Мансур Халлож, Робия бону, Машраб кабилар озод фикрлари учун, инсонни илоҳ даражасига етказиб улуғлаганлари учун (Ғарбдаги инквизацияни ҳам эсланг) яшашдан маҳрум қилинганлари сингари насроний черкови Лев Толстой ҳазратларини ҳам “даҳрий”га чиқарган эди: ҳолбуки Толстой умр бўйи христиан дини ақидаларини ташвиқот қилган, умрининг сўнгида сўфийлик тариқатлари билан танишган эди ва инсоннинг табиий ҳуқуқларини ҳимоя қила бошлаган эди.
Тағин ғаройиб бир ҳол шулдирки, чин сўфиё фикрлар ҳамон шариат томонидан таъқиб этилаётир.

6

Бир нуқтага аниқлик киритишни истар эдик: сўфийлик тариқатлари Оврўпога етиб бормаса, у минтақадаги ҳалигидай улуғ адиблар етишиб чиқмасмиди?
Чиқар эди. Аммо кечикиброқ…
Зеро сўфийликнинг бир нозик жойи бор: у руҳни – қалбни биринчи ўринга қўяди ва ақлни унга сингишиб кетган ҳолда талқин этади. Бундан шундай хулоса чиқадики, сўфиёна қарашлар, фикрлар, ғоялар ҳар бир тирик жонда – инсонда у ёки бу даражада мавжуд бўларкан. Шунинг учун инсон ташвиқ этилган у ақидаларни қалбига дарҳол яқин оларкан, ўзиникидай ҳис қиларкан.
Анаву “бир қурум” ижодкорларнинг халқдан фарқи шундаки, улар инсоний сифатлару қаноатларни жуда теран ҳис этиб, дарҳол ўзларининг нуқтаи назарларинига айлантиришаркан. Шу боис сўфийлик ғояларини ўз дунёқарашлари каби қабул қилишаркан. Ҳа, “сўфис”лар – сўфийлар пайдо бўлмаганда ҳам улар дастур қилган ақидалар мавжуд бўлаверар экан, илло, у қалбдан-ақлдан ўсиб чиққан эҳтиёж ҳосилалари экан.
Бироқ сўфийларнинг, сўфийлик тариқатларининг пайдо бўлмаслиги ҳам мумкин эмас экан.

7

Мана, неча-неча буюк сўфийлар етишиб чиққан, қанча буюк ижодкорлар яшаб – ижод намуналарини қолдириб кетган муқаддас Турон тупроғимизнинг киндиги ҳисобланмиш Туркистон еримизда озодмиз, мустақил мамлакатимизнинг равнақи учун ҳаракатдамиз: бу йўлдаги энг букю ғояларимиз – Комил инсонлар бўлиш, Баркамол жамият қуришдан иборатлиги кундек аёндир.
Бинобарин, бизда ҳам қурум-қурум ижодкорлар бор. Улар кечаги қарамлик, ёлғон кодексларни тарғиб этиш мажбуриятларидан дафъатан халос бўлган ва кўпдан сув остида яшагани учун юзага қалқиб чиққанида энтикиб нафас олаётгандек ҳолга тушган ва тўрт тарафга аланглаб қараётган, қайси тарафга юрмоқ кераклигини мўлжал қилаётган ижодкорлардир.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, манзил аниқ, уни минг-минг йиллар бурун кашф этиб қўйишган: Баркамол жамият у. У жамиятнинг инсонлар Комил бўлмоқлари керак!
Демак, қалби-ақли бутун ижодкор ўша ғояни байроқ қилиб, ўша манзилга интилади: яъни бу интилиш жараёнларини ўрганиб-билиб, саралаб-синтез қилиб асарлар ёзиши лозим. Бу билан халқимизга, шу ғояларнинг байроқдори бўлган ҳукуматимизга хизмат қилиши лозим: бундан ортиқ эркинлик, қаноат, сурур борми? Энди ўша ғояларни ташигувчи қаҳрамонларни топиш-яратиш – кашф этиш даври бошланди: лозим бўлса, ўша ғояларнинг қалблардаги таъсирлари, шу асно пайдо бўлган туйғулар, хатти-ҳаракатлар жамулжамида разм даражасидаги инсон образларини инкишоф этиш даври бошланди. Бунинг учун буюк сўфийлар каби ўз-ўзимизни тарбия қилмоғимиз ҳам зарур, чунки кечаги куннинг қуйқалари, ҳадик отли ваҳиманинг соялари, бировларга ёқиш учун таъзим қилишлар қалбимизда йўқ эмас. Уларни енгиш учун, демак, ўзимизга ўзимиз ҳоким бўлишимиз лозим.
Ҳа, иқтисодий тангликни бошдан кечиряпмиз… Шундаям руҳимиз тушмаса дейман!
Руҳ тушса – кўнгил синади: ундан чиққан ижод шикаста-мискин бўлади…
Энди бу борада Юқоридан кўрсатмалар тушмайди. “Аксини ёзсанг, дабдалангни чиқараман!” деган ҳайқириқ ҳам келмайди: шунинг учун ҳозир нималар босилиб чиқмаяпти…
Энди, охирги бир мулоҳаза бор: аҳли ижод кам бўлгани устига кўнгил нозик, хизмати ҳақига таъмадан ор қилади… Бироқ ҳамма замонларда, тузумлар шароитида бу тансиқ “ижодкорлар қабиласи” беминнат ёрдамга муҳтож бўлган, шунинг учун императорлар ҳам, шоҳлар, султонлар, хонлар ҳам уларга алоҳида бир эътибор билан қарашган: зероки, улар мазкур жамиятнинг Баркамол бўлишига камарбаста бандаи мўминлар бўлган.

8

Дарвоқе, ушбу мулоҳазалар тепасига “Ёзувчи ким?” деб сарлавҳа қўйган эдик: ундан йироқлашиб кетмадикми? Унинг кимлигини бирмунча тасаввур эттиролдикми?
Нима бўлишидан қатъий назар, ижодкор ҳақида фикр юритдик: унинг кимлиги шундан келиб чиқади.

1997

Mанбаъ: “Ёзувчи”, 1997 йил, 9 апрель, №7

Мазкур мақолани Шукур Холмирзаевнинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирган (саҳифани ҳам ташкил этган) ёш дўстим Отабек Муҳаммадийга миннатдорчилик билдираман.

Shukur Xolmirzaev
YOZUVCHI KIM?

Do’zax olovidan qo’rqqanim uchun emas, jannat bog’lariga kirishi uchun ham emas,odam bo’lishi uchun yashadim.

Jaloliddin RUMIY

1

    Rub’i maskundagi ming turfa qiliqli, ming bir tashvishli, ming-ming qiyofali odamlar orasida yana bir qurum bandai mo’minlar borki, ularning har biri ham o’zicha ayri shaxslar bo’lsalar-da, mushtarak bir jihatlari bilan bir-birlariga o’xshaydilar va umumlashtirib aytganda, bitta vazifani bajaradilar; “bajaradi” deyish iddaoga, bahoga, hatto buyruqqa
mengzab ketadi, yo’q: ular shu vazifani ado etishga mahkumlar, ularning qalbi-shuuri shuni hargiz talab etadi va bu vazifani ado etish – nafas olishdek bir holdirki, ular bu yo’ldan bir santim orqaga qaytolmaydilar.
Ularning mushtarak vazifalari nimalardan iborat ekani haqidagi gapni orqaga surib, o’zlari kimligini aytadigan bo’lsak, moziyda baxshi, oqin, shoir, go’yanda deyishar, ertakchilar, rivoyat, hikmat aytib yurguvchi maddohlar ham ushbu qurumga qo’shilar edi. Ularning nomlari haqida gap ketsa, dastlab Homer tilga olinadi…
Ular o’z zamonlarining, o’z tuzumlari, jug’rofiy mintaqalari, diniy, milliy urf-odatga ega bo’lgan halqalari, elatlarining farzandi bo’lishlari, ana shu omillar qamrovida ijod qilishlari, demak, ijod mahsullari o’z davrlarining o’ziga xos in’ikosi bo’lishi bilan birga,o’zga xalqlarga ham tatigudek bo’lar ediki, ana shu tatimli nuqtada ular o’zlariga yetti yot begona elatlarning ham qalbiga qalbdosh bo’lib qolishar edi.
Bu tutash nuqta nima edi? Bu ularning mushtarak vazifalaridan kelib chiqadigan qanoatlari-maqsadlari edi: insonlarning bir-biriga sadoqati, do’stga vafo qilish, ota-onani hurmatlash, Vatanni sevish va uning himoyasiga doim tayyor turish, sevimli yoriga xiyonat qilmaslik, sotqinlikni eng tuban jihat ekanini ko’rsatish, mardlik, to’g’riso’zlilikni ulug’lash  va hokazo-hokazo jihatlarni sifatlar darajasiga ko’tarish, binobarin, ko’tarib tasvirlashda edi.
U ijodkorlarning o’zlari mansub xalqlar qalbidagina emas, balki o’sha “etti yot begona” elatlar borligida ham, xullas, bashar yuragida shu sifatlarga intilish istagi-ehtiyoji borligi uchun u doston, u rivoyat, u aytimlarni qalblariga darhol yaqin olib, ijodkorga qalbdosh bo’lib qolar edilar.  Demak, bu qurum ijod ahli ana shunday sifat-g’oyalarning tabiiy tashviqotchisi edilarki, ularngi eng sara g’oyalari inson uchun, insonning insonligi uchun mezon-o’lchov bo’lib qolar edi.
Insonning tashqi qiyofasi-yu ichki a’zolari o’zgarmaganidek hamon o’sha sifatlar-g’oyalar insonlikning guvohnomasi, qolaversa, tug’i-bayrog’i bo’lib kelayotir.

2

Tag’in o’sha ibtidodagi ijod ahliga qaytib, unga yaqin boraylik: ish yuritishi-uslubiga nazar tashlaylik.
Ha, ular o’z zamonasiga xos voqea-hodisalarni ijodlarida aks ettirganlar. Lekin qay holda,qay tartib va qay yo’sinda tasvirladilarki, ming-minglab omma ularni eshitdi, o’qidi… O,eshitarli, o’qishli qilib aytishu yozishning o’zi bo’lmaydi: u butun boshli chig’iriqdan-xallojidan o’tadi. Ha, bir uyum yungni xallojidan o’tkazganda, bir hovuch tivit   qoladi: boshqasi nishxurt, chiqindi. Shundoqki, o’sha ijodkorlar o’zlari tilga-qalamga olgan voqea-hodisalarni titkilab, saralab, bir tizimga tiza boshlaydilar. Shunday tizadilarki,o’tgan-kechgan voqealar go’yoki xuddi shu tizimdagidek bo’lib qoladi. Tag’in, bu tizimni shunday eshadilarki, anavi ulug’languvchi sifatlar-g’oyalar bo’rtib, ilkinchi o’rinlarga chiqib,eshituvchi-yu o’quvchini mahliyo etgudek, o’ziga ergashtirgudek holga tushishadi: shunday qilinadi va buning-da zamirida shunday mahorat yotadiki, xolis odam buni aslo sezmaydi; ko’ngliga shubha tushmaydi, bunga bus-butun ishonib: “Ha: hammasi rost” deb qabul qiladi. Shunisi hayratomuzki, hamon shunday qabul qilinayotir.

3

Zamonlar o’tib, yozma adabiyotning mavqei ham, ko’lami ham kengayib borgani sari notiqlar,baxshilar, aytuvchilar qatoriga dramaturg, nosir (romannist, hikoyanavis), ocherkchi, she’r yozuvchi va g’azalnavislar ham beixtiyor qo’shilib, darhol munosabat, mahkam o’rin olaboshladilarki, ana o’shalarning ijodlari taqozosida turfa janrlar paydo bo’ldi.
Bu qurum ijod ahlining avvalgilardan farqi – bular ko’proq mavjud voqelik, kechib turgan hayotga murojaat etib, asarlariga ma’lumotni shundan ola boshladilar. “Haqiqatni yozish kerak” degan talabu ehtiyoj ham ana davrda tug’ildi.
Biroq bor haqiqatni yozishning qaltis tomonlari ham ko’rinib qoldi: endi bor haqiqatni haqday qilib, ya’ni sintez va saralashlar so’ngida ma’lum bir tizimga tizib va shak-shubhasiz anavu ulug’ sifatlarni – shunday sifatli insonlarning hayotini yozib, demak, o’sha fazilatlarni ulug’lab, ularni tashviq etsalar-da, hokim sinf vakillarining u yoki bu tomonlariga tegib ketishgani, hokim siyosatning u yoki bu manfiy jihatlarini qoralab o’tganlari ayon bo’lib  qoldiki, bu hol umumga qanchalik ma’qul tushmasin, ayrim ijodkorlarga tazyiq olib keldi.
Endi bir vazmin savol tug’iladi: bu ijodkorlar degan guruh qanday paydo bo’ladi? Nega bular inson sha’ni-shavkatini ko’targuvchi sifatlarning-g’oyalarning fidoyisi bo’ladi? Nega bular oz sonli va inson uchun qilgan xizmatlari evaziga ba’zan nainki ta’qiblarga uchraydi, balki shu yo’lda halok bo’lib ham ketadilar. Va kuyib kul bo’lgan Samandar-Qaqnus  qushining kulidan yangi samandarlar-qaqnuslar paydo bo’lganidek, ularning izdoshlari yana chiqaveradi? Bular guruhi – mo»jizaviy qabilami?
Bu savollarning hech biriga shu ijodkorlardan birontasi ham to’la javob berolmaydi. Ular o’z vazifalarini ado etadilar: shunga mahkumlar. Xuddiki tug’ilgan chaqaloq yashash davomida o’limga intilgani kabi intilaveradilar.
Tag’in bir mulohaza tug’iladi: har bir davrning, har bir tuzumning inson qandoq bo’lishi lozimligi haqida o’ziga xos o’lchovlari, kodekslari bo’ladi: masalan, fashistlarning kodeksi – eng ulug’ inson bu oriylar irqiga mansublardir, deyiladi. Kecha to’zib ketgan Sho’rolar tuzumining inson haqidagi dasturi dahriy kommunist edi. Hatto Homer zamonida ham yunonlar nazarida, eng komil insonlar – greklar edi.
Nega endi o’sha zamonlardan bugungi davrlargacha ham boyagi ijod ahli bu dasturlar, o’lchovlar, kodekslarni qabul etmadi, balki o’sha umumbashariy sifatlar – g’oyalarda muqim bo’lib qolaverdi? Nima, bular bashoratchilarmi?
Savollar ko’p…

4

Bu savollarga ijodkorlarning o’zlari ham aniq javob berolmaydilar, dedik. Biroq qadim-qadim zamonlarga nigoh tashlasak, anavu hayratomuz ijodkorlarning bobo-bobokalonlaridek bo’lib ko’rinadigan bir qavmni nazarimiz zo’rg’a ilg’aydi: ularning asl nomi “sufis” bo’lgan. Yunonistonda Homer paydo bo’lishidan ming-ming yillar oldin dunyoga kelgan bu “so’fis” degan nom ham, shu nom ostida yuradigan darvishsifat kishilar ham. Keyin bunday darvishsifat odamlar arablarda, so’ng Hind olamida, keyin Eronda, nihoyat, Ispaniyada va u orqali g’arbda – Farangistonda paydo bo’lishgan.
O’sha-o’sha sharoitda ular aql bovar qilmaydigan yo’llar-aloqalar orqali bir-birini tanishar-bilishar ekan.
Shunisi g’aroyibki, ularning ilkinchilari paydo bo’lganda, hali dinlar kashf etilmagan,muqaddas kitoblar nozil bo’lmagan, payg’ambarlar ham tug’ilmagan edi. Ularning ta’limoti asosida Komil inson bo’lib yashash va barkamol jamiyatni orzu etish  g’oyalari yotgan. Bu g’oyalarning ro’yobi – Haqiqatga yetishish, deb atalgan. Buning uchun ular, avvalo, o’zlarini o’zlari tarbiya qilishdan ishni boshlashgan va eng birinchi shartlari – nima yumush qilmasinlar, inson kamoloti uchun qanchalik izlanmasinlar, buning uchun birovdan bir narsani ta’ma qilmaslik bo’lgan: boshqa hamma sifatlar ana shu beminnat  g’oyadan o’sib chiqqan…

5

Ularni biz “so’fiylar” deb ataymiz. “So’fi” so’zining arabchada “jun” deyilishi, aksar so’fiylarning jundan tikilgan matohdan kiyinganlarini aytib, bu “superodamlar” Arabistonda paydo bo’lishdi, deymiz ham: biroq o’sha zamonlarda ko’pgina mamlakatlarning chegaralari aniq bo’lmagan, ko’shni xalqlarning tillarida o’xshash unsurlar mavjud bo’lgani e’tiborga olinsa, “so’fiylik”ning umri chindan ham to’rt ming yillardan nari ketishiga ishonch hosil qilamiz. Gap bunda emas…
Gap so’fiylar e’tiqodi-tariqatlarining umumbashariy g’oyalarga muvofiq kelishida, demak, umuminsoniy qanoatlarni dastlab olam so’yilari ishlab chiqqanlari, tartibga solganlari va umumbashariy udumlarning kashf etilgan zamiri bo’lib qolganidadir.
Bu yo’rig’dagi ilmiy tadqiqotlar natijasi shuni isbotlaydiki, Butun Ovro’po adabiyotining Gyote, Shiller, Vol`ter va boshqa o’nlab buyuk ijodkorlari so’fiylar ta’limotidan bahra olishgan, unga qarab yo’llarini aniqlashgan: shu yo’lda olamshumul asarlar yaratishgan; so’fiylik g’oyalari keyinchalik Rusiyaga ham o’tib, Lev Tolstoylarga ham samarali ta’sir etgan.
Shunisi qiziqki, barcha dinlar o’ramidagi eng buyuk so’fiylardan haqiqatga yetib-yetmay to’xtaganlaridan ayrimlari johil ruhoniylar, kohinlar, roibnlar tarafidan ham ta’qib ostiga olinganlari, Mansur Xalloj, Robiya bonu, Mashrab kabilar ozod fikrlari uchun, insonni iloh darajasiga yetkazib ulug’laganlari uchun (G’arbdagi inkvizatsiyani ham eslang)  yashashdan mahrum qilinganlari singari nasroniy cherkovi Lev Tolstoy hazratlarini ham “dahriy”ga chiqargan edi: holbuki Tolstoy umr bo’yi xristian dini aqidalarini tashviqot qilgan, umrining so’ngida so’fiylik tariqatlari bilan tanishgan edi va insonning tabiiy huquqlarini himoya qila boshlagan edi. Tag’in g’aroyib bir hol shuldirki, chin so’fiyo fikrlar hamon shariat tomonidan ta’qib etilayotir.

6

Bir nuqtaga aniqlik kiritishni istar edik: so’fiylik tariqatlari Ovro’poga yetib bormasa, u mintaqadagi haligiday ulug’ adiblar yetishib chiqmasmidi? Chiqar edi. Ammo kechikibroq…
Zero so’fiylikning bir nozik joyi bor: u ruhni – qalbni birinchi o’ringa qo’yadi va aqlni unga singishib ketgan holda talqin etadi. Bundan shunday xulosa chiqadiki, so’fiyona qarashlar, fikrlar, g’oyalar har bir tirik jonda – insonda u yoki bu darajada mavjud bo’larkan. Shuning uchun inson tashviq etilgan u aqidalarni qalbiga darhol yaqin olarkan, o’zinikiday his qilarkan.
Anavu “bir qurum” ijodkorlarning xalqdan farqi shundaki, ular insoniy sifatlaru qanoatlarni juda teran his etib, darhol o’zlarining nuqtai nazarlariniga aylantirisharkan.
Shu bois so’fiylik g’oyalarini o’z dunyoqarashlari kabi qabul qilisharkan. Ha, “so’fis”lar – so’fiylar paydo bo’lmaganda ham ular dastur qilgan aqidalar mavjud bo’laverar ekan, illo, u qalbdan-aqldan o’sib chiqqan ehtiyoj hosilalari ekan.
Biroq so’fiylarning, so’fiylik tariqatlarining paydo bo’lmasligi ham mumkin emas ekan.

7

Mana, necha-necha buyuk so’fiylar yetishib chiqqan, qancha buyuk ijodkorlar yashab – ijod namunalarini qoldirib ketgan muqaddas Turon tuprog’imizning kindigi hisoblanmish Turkiston yerimizda ozodmiz, mustaqil mamlakatimizning ravnaqi uchun harakatdamiz: bu yo’ldagi eng bukyu g’oyalarimiz – Komil insonlar bo’lish, Barkamol jamiyat qurishdan iboratligi  kundek ayondir.
Binobarin, bizda ham qurum-qurum ijodkorlar bor. Ular kechagi qaramlik, yolg’on kodekslarni targ’ib etish majburiyatlaridan daf’atan xalos bo’lgan va ko’pdan suv ostida yashagani uchun yuzaga qalqib chiqqanida entikib nafas olayotgandek holga tushgan va to’rt tarafga alanglab qarayotgan, qaysi tarafga yurmoq kerakligini mo’ljal qilayotgan ijodkorlardir. Allohga hamdu sanolar bo’lsinki, manzil aniq, uni ming-ming yillar burun kashf etib qo’yishgan: Barkamol jamiyat u. U jamiyatning insonlar Komil bo’lmoqlari kerak!
Demak, qalbi-aqli butun ijodkor o’sha g’oyani bayroq qilib, o’sha manzilga intiladi: ya’ni bu intilish jarayonlarini o’rganib-bilib, saralab-sintez qilib asarlar yozishi lozim. Bu bilan xalqimizga, shu g’oyalarning bayroqdori bo’lgan hukumatimizga xizmat qilishi lozim: bundan ortiq erkinlik, qanoat, surur bormi? Endi o’sha g’oyalarni tashiguvchi qahramonlarni topish-yaratish – kashf etish davri boshlandi: lozim bo’lsa, o’sha g’oyalarning qalblardagi   ta’sirlari, shu asno paydo bo’lgan tuyg’ular, xatti-harakatlar jamuljamida razm darajasidagi inson obrazlarini inkishof etish davri boshlandi. Buning uchun buyuk so’fiylar kabi o’z-o’zimizni tarbiya qilmog’imiz ham zarur, chunki kechagi kunning quyqalari, hadik otli vahimaning soyalari, birovlarga yoqish uchun ta’zim qilishlar qalbimizda yo’q emas. Ularni  yengish uchun, demak, o’zimizga o’zimiz hokim bo’lishimiz lozim.
Ha, iqtisodiy tanglikni boshdan kechiryapmiz… Shundayam ruhimiz tushmasa deyman! Ruh tushsa – ko’ngil sinadi: undan chiqqan ijod shikasta-miskin bo’ladi…
Endi bu borada Yuqoridan ko’rsatmalar tushmaydi. “Aksini yozsang, dabdalangni chiqaraman!” degan hayqiriq ham kelmaydi: shuning uchun hozir nimalar bosilib chiqmayapti…
Endi, oxirgi bir mulohaza bor: ahli ijod kam bo’lgani ustiga ko’ngil nozik, xizmati haqiga ta’madan or qiladi… Biroq hamma zamonlarda, tuzumlar sharoitida bu tansiq “ijodkorlar qabilasi” beminnat yordamga muhtoj bo’lgan, shuning uchun imperatorlar ham, shohlar, sultonlar, xonlar ham ularga alohida bir e’tibor bilan qarashgan: zeroki, ular mazkur  jamiyatning Barkamol bo’lishiga kamarbasta bandai mo’minlar bo’lgan.

8

Darvoqe, ushbu mulohazalar tepasiga “Yozuvchi kim?” deb sarlavha qo’ygan edik: undan yiroqlashib ketmadikmi? Uning kimligini birmuncha tasavvur ettiroldikmi? Nima bo’lishidan qat’iy nazar, ijodkor haqida fikr yuritdik: uning kimligi shundan kelib chiqadi.

1997

Manba’: “Yozuvchi”, 1997 yil, 9 aprel`, №7

Mazkur maqolani Shukur Xolmirzayevning facebookdagi sahifasida joylashtirgan (sahifani ham tashkil etgan) yosh do’stim Otabek Muhammadiyga minnatdorchilik bildiraman.

(Tashriflar: umumiy 53, bugungi 1)

Izoh qoldiring