Sirojiddin Ahmad. Ubaydulla Xo‘jayev

Ashampoo_Snap_2017.09.17_14h21m19s_002_.png   Убайдулла Хўжаев Саратовда яшаган пайтида Л.Н.Толстойнинг ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги ақидасига мухолиф ўлароқ дунёга машҳур рус адибига ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб юборади.

Сирожиддин Аҳмад
УБАЙДУЛЛА ХЎЖАЕВ
011

ubaydulla-xujayev-300x300.jpgУбайдулла Хўжаевнинг номини ўзбек ва рус зиёлилари орасида эшитмаганлар жуда кам. Аммо биз мавзуни баён қилишдан аввал бир оз чекиниш қилмоқчимиз.

Рус тилидаги «царь» сўзининг ўзбекча муқобили бўлмиш «чор» калимаси эл орасида оммалашгунча Туркистон туркларининг бою камбағали, зиёлию зиёсизи бошидан талайгина мудҳиш воқеалар ўтказган эди. Бунинг сабаблари кўп: чет давлатлар билан ижтимоий, сиёсий, савдо алоқалари йўлга қўйилмади; саноат деярли йўқ эди. Ўрта Осиёда ҳукмронлик қилаётган хонлик тизимида фикрловчи омма кучсиз бўлиб, озчиликни ташкил қиларди; уч хоннинг ўзаро урушлари мамлакатни заифлаштириб ташлаганди; дин асослари, солиқ тизими суистеъмол қилинди; ибтидоий мактаб-мадраса эскилигича қотиб қолди; «давлат» деган аппарат ибтидоий шаклда ишлади. Уч хонликда ўқув тизими бевосита марказлашган илмий ҳайъат томонидан эмас, балки қозилар томонидан бошқарилар, баъзан бу лавозим илмсиз кишилар қўлида бўларди. Ҳатто уни ишдан чиқариш учун фаол ҳаракатга ўтган жосуслар эгаллаб олган эди. Юртнинг айрим улуғлари тасаввуфнинг олий мақоми бир ёқда турсин, дунёвий илмнинг ўртадан юқори поғонасига кўтарила олмагани, элнинг бошига келаётган бало эпкинини ҳис қилмаганлиги, халқнинг том маънода ахборотдан ажратиб қўйилгани асоратга кенг йўл очди.

Дин ва қонунларни қаттиқ суистеъмол қилиш, аҳолини арзимаган нарса учун қўрқитиш, ўзбекона «андиша»ни «қўрқоқлик» деб аталувчи хасталикка эврилиши, «соддалик» деган ажиб фазилатни «нодонлик»ка айлантирилиши, ўзганинг моли-жонига ҳирс қўйиш, хўжага ҳам, фуқарога ҳам бир хилда золимларга муомала қилиш – халқни сиёсий жиҳатдан фалаж қилиб қўйган эди. Шу боис шариатни суъистеъмол қилиш, хушомадгўйлик, лаганбардорлик, порахўрлик авжга чиқди. Темурлар, Абдуллахонлар давридаги «Ватан, дин ва подшоҳ учун жон бахшида» деган мардонавор ва улуғвор шиорлари эл хотиридан кўтарилиб кетди. Халқ маънавий ва иқтисодий қашшоқликка юз тутди, жасорат унутилди.

Хонларнинг бирортаси ўз лашкарини замонавий қурол-яроғ билан таъминлашни, янгилашни хаёлига ҳам келтирмади. Умуман ҳарб соҳасида ўрта аср амалиётидан нарига ўтилмаганди. Хонлик ва эл иқтисодиётини яхшилаш масаласида назарий ва амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Ҳуқуқшунослик сохасида ҳам янгиланиш бўлмай, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи қонунчилик асосларидан узилиб қолди. Бунинг устига Хитой, Англия, айниқса, Русия жосуслари Бухородан то Шарқий Туркистонгача бўлган маконда бемалол юриб, хонликларнинг ҳарбий-иқтисодий қувватини, ожиз жойларини аниқлашга, маҳаллий аҳоли орасидан сотқинлар гуруҳини ташкил этишга эришган. Маҳаллий амалдорлардан аламзада бўлган айрим қавмлар Русия фойдасига ишлади. Охир-оқибат таназзулга кенг йўл очилди.

Мадрасалардан фан ва дин олимларининг қувилиши, бу юксак таълим-тарбия даргоҳларининг бир ҳовуч чаламуллалар, ўриспарастлар маконига айланиши, сабоқларда фақат таҳорат ва беш вақт намознигина ўргатиш, Туркистон халқи ва бойлигининг таланиши, аҳолини маънавий синдириш, иродасини бўшаштириш ва узлатда сақлаш маълум бир махфий режа асосида амалга оширилаётгани очиқ сезилиб қолган эди. Бу ҳолат 1892 ва 1898 йилги халқ қўзғолонлари пайтида халқнинг ўзаро уюшиб қаршилик кўрсата олмаслигида маълум бўлди. (Дукчи эшон қўзғолони даврида 18 ўлган ва бир ярадор аскар учун маҳаллий аҳолидан 22 минг кишининг ўлдирилиши, сургун қилинишини эслаш кифоя.) Яна шуни таъкидламоқ керакки, Туркистонга савдо-саёҳатчилик йўли билан келтирилган хорижий ва ички Русияда нашр этилувчи туркий матубот, халқни ижтимоий-сиёсий уйғонишга чақирувчи даъватнома чор ҳукуматига қарши талайгина ишларни қилдилар. Туркистон халқининг кундан-кунга ошиб бораётган норозилигининг олдини олиш учун чор ҳукумати дин аҳли ниқобидаги ўз хуфяларидан усталик билан фойдаланиб, кўпгина мудхиш воқеаларни амалга оширди. Шулардан бири Қўқонда бошланиб, Бухорода қонли якун топган Мулла Қамар (Ўрта Осиёга келиб қолган ички русиялик татар муллаларидан) фитнасидир. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган Тўлаган домла Каттабоев эса Тошкент уламолари орасида 1910 -1917 йилгача ўзини тараққиёт тарафдори қилиб кўрсатиб юрди, кейин ВЧК ва ГПУнинг тазйиқи остида ошкора фитна уюштириш билан овора бўлди. Аммо унинг барча ишлари зое кетди. Биронта уламо ва жадид унинг ортидан эргашмади. Аксинча уламолар ўзларича, жадидлар ўзларича турли жамиятлар тузиб, мустамлакачиликка қарши кураш бошладилар. Бироқ ҳар икки гуруҳ орасида рус ва хориж қонунларини пухта биладиган кишилар 1913 йилгача деярли йўқ эди. Айнан шу йили асли тошкентлик бўлган икки ҳуқуқшунос – бири Саратовдан, иккинчиси Петербургдан диплом билан келиб, жадидлар сафидан ўрин олдилар. Бинобарин, «Турон» номи билан иш кўраётган тараққийпарвар ёшларнинг имконияти юз фоизга ошиб, сиёсий курашни режали, қонуний асосда олиб боришга киришди.

Бу икки ёш ҳуқуқшуноснинг биринчиси – Убайдулла Хўжаев, иккин- чиси – Тошпўлатбек Норбўтабеков эди.

Тошкент шаҳар, Шайх Хованди Таҳур даҳа, Мерганча маҳаллалик Асадуллахўжа Абдураҳмонхўжа боғбон ва Тўхтабибининг тўрт ўғли ва бир қизи бўлиб, каттаси Убайдулла –1885 йилда, ўртанчаси Баширулла – 1887 ва кенжаси Суннатулла 1889 йилда дунёга келган. Ёлғиз қизининг исми Муборакхон эди. Умархўжа деган ўғли ёшлигида вафот этган.

Замоннинг зайлини сезган Асадуллахўжа боғбон учала ўғлининг эскича хат-саводини чиқаргач, рус-тузем мактабига топширади. ўғилларининг ҳаммаси ҳам мактабни «аъло»га битириб, етук таржимон бўлиб етишадилар. ўртанчаси билан кенжаси ҳукумат идораларида таржимонлик билан шуғулланадилар.

Худоёрхоннинг таржимони (ҳақиқий исмини яширган, тахминимизча М.Умидов) бўлган бир шахснинг Охранкага берган маълумотига қараганда «Убайдулла Хўжаев рус-тузем мактабида ўқишни тугатгач, отаси билан бирга ишлади, кейин Тошкент шаҳар 1-участкасининг Мировой судьяси Оранскийга камтарона иш ҳақи эвазига ишга жойлашди. Мен Часовитина ижарага берган хонани уларга таъмирлашга топширдим. Ана шу пайтда мен унга эътибор берган эдим. У эпчил, чаққон меҳнатдан қочмайдиган бола эди. Мен уни Инженерная кўчасидаги унча катта бўлмаган майда-чуйда ва квас сотадиган дўкончага хўжайин бўлиб, шаҳар бошқармаси ва бошқа майда идоралардан керакли маълумотлар тўплаб бериш хизматини бажариш ҳақида эълон ёзиб, ўзини реклама қилганини эслайман.

У кейинчалик Тошкент округ судига эркин мирза сифатида жойлашади ва ишбилармон маҳаллий кишилардан бири сифатида судда таниш орттиришга улгуради. Эшитишимча, унга маҳаллий адвокат эътибор бериб, уни Россияга иш юритувчи сифатида олиб кетган ва хусусий ишончли (частный поверенный), яъни адвокат дипломини олишга ёрдам берган.

Маҳаллий мусулмон ёшлари ғоялари билан қўзғалган даврда, Мунаввар қори даврасидаги энг етук кишилардан бири Убайдулла Хўжаев бўлиб, «Хуршид» газетасининг ходими сифатида иштирок этарди.

У «Садойи Туркистон» либерал газетасига муҳаррир пайтида Романовский кўчасида, Генерал губернатор девонига яқин уйда яшар эди. Мен ҳар куни ишга ўтиб кетаётган пайтимда уни Мунаввар қори ва татар ёшлари билан бир стол атрофида ўтирганини кўрар эдим» (Ўзб.МДА ф 461,р.1. иш1811).

Бошқа маълумотларга қараганда, Убайдулла Хўжаев Мировой судъя Оранский ёрдамида тажриба орттиради. Архив материалларига кўра, у ўша судя билан Саратовга кетади. «Рус-тузем мактабининг 4 синфини тугатганман. Мен 1904 -1907 йиллардан бошлаб мустақил яшай бошладим, – деб ёзади У. Хўжаев ўз кўрсатмаларидан бирида. – Тошкент округ судида мирзо бўлиб ишладим, 1907 йилда Тошкент темир йўл юридик бўлимига иш юритувчи лавозимга жойлашдим.1908 йилда шу бошқарманинг Оренбург бўлимига, идорачи (конторщик) вазифасига ўтказилдим. 1912 йилда Саратов Округ судида хусусий адвокат (частный поверенный) унвонига имтиҳон топширдим. Ҳеч қандай фирқаларга аъзо эмасман». «Маълумотим тугалланмаган олий, Саратов университетида ўқиганман» деб ёзади бошқа бир кўрсатмасида. У Саратовда яшаган пайтида Екатерина Павловна Сердабова билан турмуш қуради. 1913 йилда Тошкентга қайтиб келгач, Романов кўчаси, 16-уйда яшайди. Тошкент округ судида хуқуқшунос Иван Чарковский билан бирга иш олиб боради. Туркистон туман муҳофаза бўлими агентураси маълумотларига қараганда, Чарковский ёрдамида бир неча ишларни муваффақиятли тугатгани сабабли аҳоли орасида обрўси ошиб кетади.

Убайдулла Хўжаев Саратовда яшаган пайтида В. Шекспир, Ф. Шиллер, Оноре де Бальзак, В. Гюго, Г. Мопассан, Р. Киплинг каби жаҳон ва Л. Толстой, А.Пушкин, Ю.Лермонтов, Л. Андреев сингари рус адабиёти намояндалари ижодини, ҳуқуқшуносликка оид махсус адабиётларни ўқиб-ўрганди. Инсониятни ларзага солувчи муаммоларни эринмай таҳлил қилишга уринди. Уни ўша давр рус адабиётида кўтарилаётган инсон камолоти масаласи ҳам қизиқтирган. Шу боис у 1909 йилда русларнинг даҳо адиби Л.Толстой ижоди билан чуқурроқ танишади. Файласуф ёзувчининг насроний ақидасидан келиб чиққан ғоясига мустамлака мамлакатнинг фарзанди сифатида ён бергиси келмайди. Адибнинг ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги ақидасига мухолиф ўлароқ Л.Н.Толстойга ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб юборади.

«Қадрли Лев Николаевич!
Мен сира ҳам Сизнинг азият чекишингизни истмас эдим, ҳарҳолда, мен мазкур мактубим билан ўзим учун шубҳали бўлган бир масала – «ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» сабабини тушунтириб беришингизни сўрашга журъат этдим.

«Ёвузликка ёвузлик билан қаршилик кўрсатма» деган ақиданинг шубҳасиз тўғрилигига қўшилган ҳолда комил ишонч билан мен қуйида келтираётган ҳодисада нима қилиш кераклигини билмайман. «Ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» ақидасининг ҳаққонийлигига шу боис ишонаманки, у фақатгина «Инжил» орқали олган диний истакларимга эмас, балки менинг ҳақиқий заковатимга жавоб беради. Зеро, мен Муҳаммад алайҳиссаломнинг динига эътиқод қиламан.

Менинг тушунишимча, «ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик» ақидаси негизида қуйидаги ҳақиқат ётибди: агар биров қандайдир ёвузлик қилган бўлса, у яна бир ёвузликни амалга оширди, борди-ю, мен қаршилик кўрсата бошласам ёки амалга оширилган ёвузлик учун қасос олсам, у ҳолда аввалги бир ёвузлик устига икки ёвузлик бўлади, бинобарин, менинг қаршилик кўрсатишим оқибатида бир ёвузлик икки баробар кўпаяди ва ҳоказо. Агар мен қаршилик кўрсатмаганимда, бир ёвузлик битталигача қолар эди, иккита бўлмас эди, яъни ёвузлик камаяр эди. Шундай қилиб, барчаси қайси усул билан бўлмасин – ёвузликка қаршилик кўрсатмаслик ёки қандайдир бошқа бир йўл билан ёвузликни камайтиришга қаратилган. Агар шундай бўлса, унда қуйидаги ҳодисада нима қилмоқ керак эди?

Тасаввур этайлик, менга маълумки, бир шахс қандайдир улкан ёвузлик қилмоқчи, масалан, гўё бутун бир уй ёки шаҳарга ўт қўймоқчи, ёхуд поезд, параход фалокатини уюштирмоқчи ва ҳоказо. Шубҳасиз, буларнинг оқибатида ўнларча, юзларча, мингларча кишилар ҳалок бўлиши мумкин. Мен, албатта, тайёрланаётган улкан ёвузликнинг олдини олиш учун чора кўришга ахлоқан мажбурман. Бироқ бунинг учун менда ёвуз шахс ўз ниятини амалга оширишдан илгари унинг ўзини йўқотишдан бошқа чора бўлмаслиги мумкин.

Мен ёвузни йўқ қилиб, ўнларча, юзларча, мингларча ва ҳоказо кишиларни сақлаб қолишим учун бир одамни ўлдирдим деб ўз ҳаракатимни оқлар эдим. Тўғрироғи, мен қилган иш, албатта, ёвузлик, аммо у мен ёвузни ўлдириб тўхтатган, яъни амалга оширилажак улкан ёвузликка нисбатан арзимасдир. Мен ўз ҳаракатимни ёвузлик деб эмас, балки нақадар катта ёвузликнинг олдини олишнинг ягона чораси деб атар эдим, чунки у ёвузликни камайтиришга ёрдам беради.
Менинг мулоҳазам ана шундай, бироқ, у, тўғрими, билмайман. Шунинг учун узоқ иккиланишдан сўнг тушунтириб бериш учун Сизга мурожаат қилдим.

Агар, мени ниҳоятда қизиқтирган масала ҳақидаги гумонимни тушунтириб бериш шарафига муяссар этсангиз, мен Сиздан абадий миннатдор бўламан.

Менинг манзилим: Саратов ш. Д.Юренев растаси, Адлия бўлими.
Убайдулла Асадуллаевич Хўжаевга.

Сизга самимий мухлис мусулмон,
Уб.Ас. Хўжаев.

29 май 1909 й.
Саратов ш.»

Буюк мутафаккир адиб Л.Н.Толстой ушбу мактуб билан танишиб, мактуб эгасини узоқ мунтазир қилмай жавоб ёзади. (Жавоб мактуби «Туркестанский голос» газетасининг 1916 йил, 25 декабр, 136-сонида эълон қилинади.)

Л.Н.Толстой шундай ёзади:

«Ясная Поляна, 1909 йил, 5 июнь.

Убайдулла Асадуллович,
Сиз, мендан сўрабсизки, бир кимсанинг кўп одамларга ёвузлик қилиш нияти маълум бўлса, у тақдирда қаршилик кўрсатмаслик ҳақидаги таълимотни тан олган киши нима қилиши керак? Кўпчилик ҳалокатининг олдини олиш учун, ўша бир кишига нисбатан зўрлик қўллаш маъқул эмасми?

Афв этасиз, бу саволингиз, кўпларнинг шу хилдаги саволлари сингари, ҳақиқатни билиш истагидан эмас, аксинча, ҳақиқат деб ҳисобланган нарсани адо этмасликни оқлаш истагидан келиб чиққан. Инсонга меҳр-муҳаббат ҳақидаги таълимот қаршилик кўрсатмаслик тушунчасини ҳам ўз ичига олиб, у инсон интиладиган идеални билдиради. Идеални таомилнинг оддий қоидаси деб билиш эса катта хато ёки ўз-ўзини алдашдир. Бу ҳаётда ҳеч қачон тўла эришиб бўлмайдиган етук камолотни талаб этувчи идеалгина идеал бўла олади. Лекин у ҳаётга раҳнамо сифатида зарурдир, ҳаётда эришиб бўлмайдиган ана шу камолотдан далолат бергандагина зарурдир. Меҳр-муҳаббат идеали ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Қаршилик кўрсатмаслик тушунчасини ҳам ўз ичига оладиган меҳр-муҳаббатни талаб этиш – ҳеч вақт тўла адо этиб бўлмайдиган нарсадир, шунинг учун уни адо этишга интилиш ҳам керак эмас, деган мулоҳаза менга компас тутган шундай бир одамни эслатади: йўлда манзилингга тикка бор, деб унинг қўлига компас тутқазганлар, у бўлса, компас кўрсатган тўғри йўлда ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар – тоғлар, дарёлар ва ҳоказолар бор, шу сабабдан ҳам мен мумкин қадар мутлақо тўғри йўналишга тушиб олиш учун компасга риоя қилиб ўтирмай, бошим оққанча четга қараб кетаверишим мумкин, деб туриб олади. Қаршилик кўрсатмасликни ҳам ўз ичига оладиган меҳр — муҳаббат масаласида эса компас доимо одамга нима қилиш кераклигини (сайёҳга йўналишни) кўрсатадиган ахлоқий-диний туйғудир; одамнинг хатти-ҳаракатидан келиб чиқадиган оқибатлар эса ҳеч қачон унинг ўзига аён бўлмайди. Шунга кўра, сайёҳ учун компас кўрсатган мутлақ тўғри йўналишга мумкин қадар яқин бўлишга интилиш – инсон учун бирдан-бир раҳнамо бўлиши керак…

Саволингизга берган бу жавобим Сизни қаноатлантира олса ниҳоятда хурсанд бўлур эдим.
Лев Толстой».

«Туркестанский голос» газетаси: «Бизнинг унчалик катта бўлмаган ўқувчиларимиз давраси Л.Н.Толстойнинг ушбу мактубини алоҳида қизиқиш билан қараш ҳуқуқига эга. У Туркистон маҳаллий аҳолисини рус халқчил зиёлилари билан бирлаштиришга уринган ёш турк зиёлиларининг вакилларидан бирининг мактубига жавоб.

Балки одамларни «кичик» ва «катта» оғаларга ажратишни фарқига бормаган Л.Н. Толстойнинг ўлимидан олдин ёзган ушбу мактуби одамларни «биринчи» ва «иккинчи» тоифаларга бўлувчилар учун барча одамлар бир-бирларига оға-инидирлар деб эслатиб қўйишдир», деб изоҳ берган эди.

Афсуски, биз У.Хўжаевнинг 1909-1913 йилларда рус ва татар ёзувчилари ва адиблари билан мулоқоти ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз, аммо айрим далиллар унинг етук қозоқ, рус, яҳудий ва татар зиёлилари билан яхши муносабатда бўлганини кўрсатади.

Убайдулла Хўжаев Тошкентга қайтиб келгач, ҳамшаҳар дўстлари уюштирадиган «гап»ларда иштирок этади ва ўз халқининг тараққиётига, мазлумликдан қутулишига чора ахтариб, ҳаракат қилаётган мужоҳид ватандошлари сафига қўшилади. «Гап»лардан бирида газета ва жамият ташкил этиш масаласи кўтарилади. У «Турон» жамиятини — қонуний ишлайдиган жамият сифатида шаклланишида ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан амалий иш олиб боради. Чор ҳукумати маҳаллий аҳоли манфаати учун очиқ ишловчи бирорта сиёсий партияга рухсат бермаслигига кўзи етган У. Хўжаев, Т. Норбўтабеков, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқалар билан биргаликда «Турон» мусулмон драма санъати ҳаваскорлари иттифоқи» низомини тузади.73 моддадан иборат бу низом драма санъати тўғрисидаги талаблардан ташқари аҳолига маданий-маънавий хизмат кўрсатиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини ошириш масалаларини ҳам қамраган. Убайдулла Хўжаев труппанинг ишида қизғин иштирок этади, ҳатто айрим спектаклларни намойиш этиш масаласида кеча ташкилотчиси ва маъмури сифатида қатнашади. «Туркестанские ведемости» газетасининг берган хабарга қарганда, 1914 йил 27 февралда Колизей биносида намойиш этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасини саҳналаштириш ва оммага кўрсатиш ташкилотчиси ҳам Убайдулла Хўжаев экан.

«Турон» низомида кўзда тутилган моддалардан бири газета ташкил қилишдир. Убайдулла Хўжаев ва Мунаввар қори Абдурашидхонов миллий газета ташкил қилишни сафдошлари билан муҳокама қилиб, бир фикрга келадилар ва ҳаракат бошлайдилар.

Охранканинг махфий ходими «Шахрисябзский» 1913 йил 12 сентябрда «Келганига бир ой бўлган, Лазарев институтини тугатган Нуриддинбек Худоёрхонов ва Саратовдан келган хусусий адвокат Убайдулла Хўжаев яқинда маҳаллий тилда газета нашр этишга киришмоқчи» деб хабар беради. Шу идоранинг бошқа маълумотига қараганда, Тошкентнинг Шайх Хованди Таҳур даҳа муфтиси уйида ўтган гапда тараққийпарварлар биродарлиги остида «Садойи Туркистон» номида бир газета очиш масаласи пайдо бўлади. «Ўшандаёқ, — дейилади маълумотда, — у (яъни Убайдулла Хўжаев) ёш сартлар фирқаси (тараққийпарвар) ва мужоҳиддинларнинг фаол иштирокчилари сафига қўшилди». Хўжаев газетани ташкил этишни ўз зиммасига олади. 1913 йил ноябр ойида Сирдарё вилоят Ҳарбий губернатори Галкинга газета очиш учун рухсат сўраб мурожаат қилади. Охранка 1913 йил 11 июлга оид маълумотномасида маълум қилади: «20 июнда мусулмон уюшмасидан сўл йўналишдаги газета ташкил этилмоқчи эканлиги ҳақида маълумот олинди. Бу ишнинг бошида Убайдулла Хўжаев ва Мулла Абдулла Авлонов туришибди». Шу идоранинг махфий ходими «Шахрисябский» бошлиқларига Тошкентда янги газета очиш учун ҳаракат бошлангани, у ўта сўл бўлиб, мусулмонларни бирлаштиришга қаратилгани ва газета ёпиладиган бўлса, бошқасини очиш учун кўпроқ рухсатнома олиб қўйиш ҳақида гап борганлигини маълум қилади. Бу орада аҳолига китоб нашр этиб, тарқатиш ишларини яхшилаш учун «Умид» жамиятини тузиш режалаштирилади. Охранка ходимлари 1913 йил 9 октябр хабарларида: «Тошкентда тараққийпарвар мусулмонлар «Умид» номли жамият туздилар. Улар ўзларининг китоб савдоларини ташкил қилишмоқчи, жумладан, унинг энг таниқли вакилларидан бири – Убайдулла Хўжаевдир. Унинг ташаббуси билан «Самарқанд» газетасининг обуначиларидан фойдаланиб, ушбу газетани Хўжаев ношир – муҳаррирлиги остида бошқа номда нашр этиш масаласи келишиб олинган». Шу ташкилотнинг 1914 йил 4 январ хабарига қараганда, 1913 йил 21 декабрда Сирдарё ҳарбий губернатори «Садойи Туркистон» газетасини нашр этишга рухсат берган. Газета 1914 йил 1 январдан нашр этилиши мўлжалланган. Сабаби, «Самарқанд» газетаси муҳаррири моддий ёрдам олишдан, газетани нашр этишга рухсат беришдан воз кечган. «Турон» жамияти иқтисодий қийналиб қолгани туфайли «Садойи Туркистон» газетасининг биринчи номери апрел ойида босилганини Охранка хабар қилади.

Охранканинг 1914 йил 8 декабр маълумотига қараганда, Убайдулла Хўжаев «Умид» биродарлиги ўрнида ташкил қилинган, бай асосида ишловчи «Нашриёт» китоб савдоси уюшмасига аъзо бўлади. Бироқ Хўжаевнинг газетани нашр этиш масаласидаги уриниши мустамлака маъмурияти ва муҳофаза ташкилотига тинчлик бермайди. Бу тўғридаги гап-сўзлар Туркистон генерал губернаторига ҳам етиб боради. Нимадандир қаттиқ қўрққан Ҳарбий губернатор генерал-лейтенант Галкин ўз ёрдамчиси ва маслаҳатчиси билан биргаликда ўлка бошлиғига 1913 йил 24 декабрда ёзган махфий хатида шундай деб ёзади: «Ушбу йил 21 декабрда вақтли нашрлар тўғрисидаги муваққат қоидалар асосида мен хусусий ишончли адвокат Убайдулла Хўжаевга Тошкентда маҳаллий тилда «Садойи Туркистон» номида газета нашр этишга рухсат берган эдим. Полиция орқали тўпланган маълумотларга қараганда фуқаро Хўжаевнинг сиёсий ва ахлоқий ишончлилигига путур етаказадиган далиллар менинг қўлимда йўқ, шунга қарамай, ўлкада ниҳоятда катта аҳамият касб этувчи, маҳаллий тилдаги ягона хусусий газетанинг мазмун ва йўналишини жуда ҳам қаттиқ назорат қилиш керак деб ўйлайман. Афсуски, менинг ихтиёримда маҳаллий тилни биладиган ва газетанинг мазмун-моҳиятига, умумий руҳи ҳамда йўналишига танқидий қарай оладиган саводли киши йўқ.

Баён этилганларни Сиз баланд мартабаликка хабар қилар эканман, Сиз баланд мартабаликка қарашли ҳукумат мансабдорларидан бирига ушбу газетани кузатиш ва назорат этишни лозим кўрасизми, деб сўраш шарафига муяссарман. Шу билан бирга ўз томонимдан, масалан, ҳақиқий штат маслаҳатчиси Осторумов, полковник Ягелло ёки маслаҳатчи Семёновни тавсия этган бўлур эдим.

Таъкидлайманки, ушбу иш бўйича Сиз баланд мартабаликнинг кўрсатмангиз олингунча, газетани кўриш ва шарҳ қилишни Вилоят бошқармаси қошидаги таржимон фуқаро Айдаровга топширилди».

Галкиннинг хати ҳошиясига Туркистон бош волийси 31 декабрда: «Муҳофаза бўлими бошлиғи газета йўналишини кузатиб борсин, ҳукумат йўналишидан четга чиқадиган бўлса ўлка бошлиғига етказилсин» деб имзо қўйган.

Чор Русиясининг ҳукумат мансабдорлари, мулозимлари орасида сансоларлик, ўзга миллатлар устидан ўзини баланд тутиш, порахўрлик иллатлари авж олганини ҳаёт тажрибасида кўрган Убайдулла Хўжаев фикрида қатъий туриб, газетани рўёбга чиқаришга уринади. Бироқ газета мўлжалланган пайтда, 1914 йил 1 январда нашр этилмайди. Газетанинг биринчи сони 1 апрелдагина нашрдан чиқади. Бунинг асл сабаби ношир ва таҳририятда эмас, балки чор маъмуриятида эди. Туркистон туман муҳофаза бўлими материалларида: «Маҳаллий аҳоли орасида сўл йўналишдаги газета улкан аҳамиятга эга бўлишини эътиборга олиб, унинг чиқишни тўхтатишга интилиб, генерал губернатор давлат босмахоналари ушбу газетани чоп этиш учун буюртма олмасликлари ҳақида кўрсатма берди, шу боис газета 1914 йил апрелдан нашр қилина бошлаган.

Хўжаев 1914 йилда Тошкент мужоҳиддинлари сафига аъзо бўлиб, ўлкада Русиянинг ҳукмронлигига қарши қаратилган махфий ташвиқотчилик фаолиятини давом эттирмоқда», дейилади.

Туркистон хўжайинларининг қаршилигига қарамай, газетанинг биринчи сони 1914 йил 1 апрелда нашрдан чиқиб, муштарий ва ўқувчиларга тарқатилади. Газета ўз йўналишини шундай ифода этади: «Бизим шул қадар ғафлат ва жаҳолатимизни кўра туриб, яна сабр ва қаноат ила сукут этмак муқаддас ватанимиз ва меҳрибон онамиз бўлғон Туркистонға кўп оғир келди. Шул сабабли ул ўзининг дилдан чиққан ҳазин садоси ила ўз авлодларина насиҳат қилмоққа қарор берди…

…Олияи муқаддас онамиз бўлғон Ватанга шояд ожизона бир хизмат бўлса, деб биз ҳам ўз зиммамизга «Ватан таржумони» каби оғир бир юкни юкламакка жасорат этдук».

«Садойи Туркистон»ни Убайдулла Хўжаев, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Абдурауф Музаффарзода, Шокиржон Раҳимий, Мирмуҳсин Шермуҳаммад, Мирмулла Шермуҳаммад, Тавалло – барчалари қўлни қўлга бериб газетани 1914–1915 йил мобайнида мунтазам чиқариб турдилар. Аммо газетанинг иқтисодий юки кўпроқ Убайдулла Хўжаев зиммасига тушади. Татар ёзувчиси Иброҳим Тоҳирий 1914 йилда «Шўро» журналига ёзган «Кўрган – билгандан» хабарида: «Садойи Туркистон» газетаси ёлғиз муҳтарам юрист Убайдулла афанди Хўжаев жанобларининг ҳимматигагина боғлиқдир. Газетанинг ҳар бир номеринда 30-40 сўм зарар кўриб боратурғон муҳтарам юрист милатпарвар Убайдулла афанди бир эл ҳомийсига эга бўлса, гўзал ўлур эди», деб ёзган.

Шовинизм балосига мубтало бўлган чор мансабдорлари, хусусан, Н.П.Остроумов газетанинг ҳар жумласигача назорат қиладилар ва арзимаган нарса устида жанжал чиқариб, сиёсий шов-шув кўтаришга интиладилар. Бунинг икки сабаби бор: биринчиси, хорижий давлатлар орасида ўзларини кўрсатмоқ бўлса, иккинчиси, улар ўзбек тилида халқнинг кўзини очадиган, сўл йўналишдаги матбуотнинг ишлаб туришини истамасликлари эди. Шу боис газетага тиш-тирноқлари билан қарши турдилар. Фикримиз қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтирамиз. «Садойи Туркистон» газетаси 1914 йил, 20 май сонида «Бутхонада ёнғин» сарлавҳали бир хабарни кўчириб босади. Хабарда Перьм шаҳридаги диний мактабларнинг биридаги бутхонага ўт тушгани хабар қилинади. Жаноб Остроумов «черков» сўзи ўзбек тилига «бутхона» деб ўгирилгани учун газета масъул муҳаррири У.Хўжаев ва ходим А.Музаффарзодани судга бериб, жиноят қонунларининг 77-моддасига мувофиқ жазога торттирмоқчи бўлади. У. Хўжаев Тошкент кутубхонасига мурожаат қилиб, ушбу сўз қачондан матбуотда ишлатилаётганини суриштиради. 1914 йил сентябрда ўтган суд пайтида адвокатлардан Ширман, Розанов, Марков газета, унинг ношир ва муҳарририни ҳимоя қиладилар. Абдурауф Музаффарзода «бутхона» сўзи бевосита Н.Остроумов қўл остида чиқаётган «Туркистон вилоятининг газети»да 1902 йилдан буён ишлатилиб келганини исботлаб беради. Адвокатлар ҳам модда ва талаб ноўрин эканлигини исботлаб берадилар. Суд Убайдулла Хўжаев ва Абдурауф Музаффарзодани айбсиз топади ва ишни ҳаракатдан тўхтади. (қаранг: «Садойи Туркистон», 1914 йил,9 сентябр. «Муҳаррирларимиз суди».) Ишнинг тўхтатилишида ўзбек зиёлиларининг норозилик чиқишлари ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, «Садойи Фарғона» газетасида «Мулла А.» яъни, Ашур Али Зоҳирийнинг «ўринсиз ҳужум ва хавф» мақоласи, Чўлпонни Остроумовнинг фаолияти тўғрисида Суқсувий тахаллусида ёзган «Муаммо» шеъри босилади.

Убайдулла Хўжаев Туркистон халқининг ўз ҳақ-ҳуқуқини таниши учун тинмай ишлади. Маҳаллий бойлар уни қувватламаган бўлса-да, аммо атрофидаги дўстларининг ёрдамида турли тадбирларни амалга оширди. 1915 йилда «Туркистон» сайёр труппасини тузиб, Фарғона водийси бўйлаб уюштирилган сафар ана шундай тадбирлардан биридир. Труппа Хўжаевнинг маъмурий, А.Авлонийнинг бадиий раҳбарлиги остида Қўқон, Андижон, Наманган, Ўш шаҳарларида бўлиб, маҳаллий аҳолига ўзбек тилидаги илк спектаклларини намойиш этибгина қолмай, маҳаллий ёшлардан ҳаваскор театр труппаларини ташкил этишга кўмаклашди. Охранка материалларига қараганда, Андижон уезд бошлиғи 1916 йил 17 октябрда №5090 рақамли Фарғона вилоят ҳарбий губернаторига ёзган «Рапорт»ида хабар беради: «Қўшимча агентура маълумотларини таҳлил қилишга қараганда, «Падаркуш» пиесаси… биринчи марта Тошкент шаҳрида, Убайдулла Хўжаев раҳбарлиги остидаги тараққийпарвар фикрли ёш ўзбеклардан иборат ҳаваскорлик труппаси томонидан 1914 йилда ҳозирги уруш бошлангунча саҳналаштирилган».

Кейин тилга олинган Хўжаев Қўқон, Андижон, Наманган ва бошқа шаҳарларда бўлган ва барча шаҳарларда маҳаллий тараққийпарвар, ҳаваскор кучларни тўплаб, ўша пиесани саҳналаштирган. Андижонда «Падаркуш» пиесасининг қўйилишида масъул маъмур Убайдулла Хўжаев бўлган, режиссёр – Бокудаги татар труппасининг режиссери Аскер Дадашев Аскеров. У.Хўжаевнинг театр труппасини ташкил этишига кўпгина бойлар ва дин вакиллари қаршилик кўрсатган». Миллий театрнинг илк тадқиқотчиси Миён Бузрук Солиҳовнинг берган хабарига қараганда, Миркомил Мирмўминбоев театрни ташкил этилишини қўллаб-қувватлаган.

Сафар гарчи муваффақиятли ўтган бўлса-да, бироқ газетани чоп этиш учун керакли ва зарур миқдордаги маблағ топилмайди. Оқибатда, газета иложсиз ёпилади. Унинг ўзи газетанинг ёпилиши ҳақида 1926 йил 12 майда ГПУга қуйидагича кўрсатма беради: «1915 йилда Тошкентдан Андижонга кўчиб бордим. Кўчишимнинг сабаби шундаки, меним томонимдан ўзбек тилида нашр этилувчи «Садойи Туркистон» газетаси Сирдарё вилоят Ҳарбий губернатори Галкиннинг босими ва тез-тез таъқибга олиши ҳамда маблағнинг етишмаслиги билан ётиб қолди. Менга бирор вилоятга бориб, яшаш учун маблағ топишдан ўзга чора қолмади.

Газета ёрқин тараққийпарварлик характеридаги антиклерикал ва бойларга қарши эди».

Убайдулла Хўжаев 1913 йил охирида Москвадан қайтиб келиб, Тошкентда яшай бошлагач, адвокатлик касби тақозоси билан маҳаллий аҳолининг оғирини енгил қилди, рус географ ва археологлари жамиятининг илмий йиғилишларида қатнашди. Оддий меҳнаткаш халқ манфаатини ҳимоя қилади. 1914 йил тахминан март ойида «ўзаро ёрдам клуби»да хусусий тадбиркорлар йиғилиши бўлади. Ана шу йиғилишда у адолатни талаб қилгани учун калтаклангани ҳақида «Туркестанские ведомости» газетаси (1914 й, 25 апрел) хабар беради. Тадбиркорлардан маҳаллий аҳолига ёрдам тегмаслиги ва газетани сақлаб қолишнинг имконияти йўқлиги учун Андижонга бориб ишлашга мажбур бўлади.

Убайдулла Хўжаевнинг 1915 йилда Андижонга кўчиб боришига сабаб шуки, ўша йили андижонлик бир неча деҳқонлар келиб, Новгородский деган бир участковой халққа солиқ солиб, арзир ва арзимас нарсалар учун эзаётганлигидан шикоят аризасини ёзиб, ундан ёрдам сўрайдилар. У аризага жавобан Андижонга бориб, халқнинг аҳволи билан танишади. Фақат Андижонда эмас, балки бутун Фарғона водийсида участковой ва приставлар, умуман чор маъмурияти халқнинг қонини сўраётганини ўз кўзи билан кўриб, ишонч ҳосил қилади. «Ўшанда, — дейди Убайдулла Хўжаев, — мен Андижонга кўчиб бориб, маъмуриятнинг суиистеъмолчилигига қарши курашишга аҳд қилдим. Мен Тошкентда газетам ёпилганидан сўнг шу қарорга келдим. Андижонга кўчиб келгач, хусусий амалиёт билан, асосан ўзимнинг бор куч-қувватимни деҳқонлар оммасини маъмуриятнинг суъистеъемолчилигидан ҳимоя қилишга қаратдим».

Ўша даврда у тасодифан бозорда, Эшонхон деган газламафуруш дўконида сўл инқилобчи Вадим Чайкин билан танишиб қолади. Шу йил 1 июлдан бошлаб Чайкин таъсирида «Туркестанский голос» газетасига байчи ва мухбир сифатида аъзо бўлади. Туркистон туман муҳофаза Андижон бўлими: «Хўжаев «Садойи Туркистон» газетаси ёпилиб, Андижонга кўчиб келгандан буён фақат адвокатура билан шуғулланди, шу йил 1 июлдан бошлаб «Туркестанский голос» газетаси билан ҳамкорлик қилмоқда» деб хабар беради. Охранканинг хабарига кўра, У. Хўжаев мазкур газетанинг ташкилотчи ва байчиларидан бири бўлган ва у Тошкентда «Садойи Туркистон» газетаси нашр этилиши муносабати билан вақтинча яшаган.»

Андижонда Афанасий ва Вадим Чайкинлар билан ишлаш асносида «Садойи Туркистон» газетасини қайта нашр этиш масаласида жиддий иш бошлайди. У Андижонда яшаётган тошкентлик муаллим Мўминжон Муҳаммаджонов (ёзувчи Мўмин кофир) ёрдамида ниятини амалга оширмоқчи бўлади. М.Муҳаммаджонов «Турмуш уринишлари» китобида шундай деб ёзади: «Шул Убайдулла Хўжаев 14-йилда ётиб қолган «Садойи Туркистон» газетасини яна тирилтириш учун мани Андижондаги Чайкин деган бир ўриснинг олдига юборди. Бу ўрус Убайдулла Хўжаевнинг қалин ошналаридан бўлиб, ўрисча бир газета чиқариб турмоқда экан. Ман унинг маслак ва мақсади қандай эканлигини билмасам ҳам, ерлик халққа яхши кўз билан қароғонлиғини анча англағон эдим. Энди ман, Андижоннинг биринчи ёшларидан Абдулҳамид Сулаймоннинг меҳмонхонасида ётиб тура бошладим. Чайкин Фарғон губернатори Ивановға бир неча дапқир мурожаат қилиб, ўз газетаси ёнида «Садойим Туркистон»ни қайтадан чиқаришға сўрағон эди, ул рухсат бермади. Чорасиз қолиб, Убайдулла Хўжаев билан кенгаш қилиб, манинг номимға «Интибоҳи Туркистон» деган газета чиқармоқ бўлиб, ҳукуматга 1917 йил 24 январда қуйидагича ариза берди:

«Ул баланд даражалик Фарғона вилоятининг ҳарбий губернатори жаноблариға
Андижон шаҳрида Искобулуф кўчасида турғувчи
Мўминжон Муҳаммаджон ўғлидан
АРИЗА

Сензур ҳам матбуот тўғрисидағи 114- уставга қўшма қилинғон 15-модда бўйича, сиз юқори даражаликка билдираманки, ман Андижон шаҳрида сарт тилида «Интибоҳи Туркистон» исмида бир ғазета чиқармоқчи бўлдим. Ул ғазетанинг проғроми ушбу тартибда бўлур:

1. Бош мақола, 2 — рус ҳам мусулмон матбуоти (ғазета, журналлари)дан мулоҳаза, фикрлар, 3-уруш хабарлари, 4-агентства ҳам ўз мухбирларимизнинг телегромлари, 5-фельетон, 6-илмий фельетон, 7-Андижон ҳам теварак жойлари, 8-вилоятнинг ҳар томонидан мактублар. 9-ерли халқ тирикчилигидан, 10-уруш майдони ҳам уруш тўғрисидан, 11-ҳар турли тилдан тажрибалар, 12- усули таълим, тарбия тўғрисидан, 13 – пахта ҳам бошқа экин аҳволлари, 14 билдиришлар қисми.
Газетанинг баҳоси: бир йиллик 7 сўм, ярим йиллик 4 сўм, 3 ойга 2 сўм 50 тийин бўлиб, босиладурғон ери: Андижонда, Николаевский кўчасида И.Я.Иванов босмахонасида.

Мазкур газетанинг муҳаррирлигини ман ўз бўйнимға олиб билдираманки, юқорида кўрсатилган закун моддалари бўйинча бўладурғон ҳар турли масъулиятларга ўзим жавобгарман. ўзим Русия табъаси, ёшим 25дан ошган бўлиб, ҳеч бир тўғрида ҳукуматга айблик бўлғон эмасман. Шул ҳолни эътиборға олиб, сиз жаноб ҳурматликдан ўтинаманки, юқорида баён қилинғон ғазетага рухсат берсангиз эди.

Имзо Мўминжон Муҳаммаджон ўғли».
Бу аризанинг асли русча бўлиб, Абдулҳамид Сулаймон ўзбекчага таржима қилиб берган эди» (Ўша китоб 312-314-б).

Иванов бу аризани инобатсиз қолдиради. Натижада У.Хўжаев адвокатлик ишлари билан шуғулланишда давом этади. Тез орада у маҳаллий аҳолининг битмаган ишларини ўнглаб, маҳаллий аҳолининг суянчиғи деган ном қозонади. Убайдулла Хўжаев Андижон ва умуман, Фарғона вилоятида номи машҳур бўлган Сулаймон Келгинбоев, Серикбай Акаев, Акбарали Бойтурсунов каби таржимон ва адвокатлар билан ҳамкорлик қилади. Халқ шикоят ёзган капитан Новгородский фаолиятини текширади. Унинг халқ ва давлат пулини суиъистеъмол қилганини фош қилади. Элнинг маблағини эгаларига қайтартириб, золимни ишдан четлаштиришга муваффақ бўлади. У 1915 — 1917 йиллар мобайнида Андижонда халққа қарши бўлган чор маъмурияти мансабдорлари ва уларга беминнат хизмат қилувчи маҳаллий кишиларнинг фаолиятини аёвсиз фош қилади. Кўпгина рус ва ерли маъмурлар ишларидан четлаштирилади. Бу аҳволга чидай олмаган, ўзбек бойларидан мўмайгина пул олиб, роҳатда яшашга одатланган Андижон уезд ҳокими полковник Бржезицкий (1916 йил 13 сентябр, № 3052) Фарғона ҳарбий губернатори Чайкинга мутлақо махфий рукнида «Рапорт» жўнатади. У рапортида агентура маълумотига асосланиб, рус мансабдорлари ва маҳаллий амалдорлардан айрим кишилар аҳолининг шикояти билан ўз лавозимидан четлаштирилгани учун ниҳоятда ваҳимага солиб қўйилгани, шикоятларни текшириш учун юборилган прапоршчикларнинг хабарларига қараганда, иш уларнинг қўлидан ошкора чиқиб кетган. Текширувчиларнинг бирортаси бирон ишни текшириш масаласида аҳолига ҳатто қонуний талабни ҳам қўйишга журъат эта олмаган. Шу сабабли ишдан кетган айрим хизматчилар ишдан кетганлари учун тақдирга тан беришган.
Андижон уезд бошлиғининг «Рапорт»ларидан икки нарса маълум бўляпти: биринчиси жаноб Бржезицкий ўзининг порахўрлиги очилиб қолишидан қўрқиб ваҳима кўтармоқда, иккинчиси, ҳақиқатан ҳам Убайдулла Хўжаев Андижонда ўзига ҳамфикр кишиларни топа олган ва уларнинг бошини қовуштириб, мустамлака шароити учун кутилмаган ҳамда чинакам инқилобий ишларни, яъни мустамлакачи амалдорларни ва уларнинг малайлари бўлган маҳаллий мансабдорларни ишдан четлаштирган. Бинобарин, халқнинг ҳурмат-эътиборини тўлиқ қозонган.

Атоқли ҳуқуқшунос доимо халқнинг оғирини енгил қилишга интилиб яшади. Шу боис 1916 йил июн воқеаларида, яъни мардикорликка олиш тўғрисидаги фармонга Туркистоннинг халқпарвар, онгли ҳуқуқшуноси сифатида қарши чиқди. Айни экин-тикин етилган, халқ етиштирган ҳосилини йиғадиган даврда аҳолининг иш берадиган қисмини текин мардикор сифатида хизматга мажбурий олиниши, мустамлака ҳукуматининг тажовузкорлигидан ўзга нарса эмас эди. Убайдулла Хўжаев ва сафдошларининг асл нияти маҳаллий халқни арзон ишчи кучи сифатида эмас, балки эллик йилдан ортиқ вақт мобайнида қўлига қурол ушламай, амалий ва назарий жиҳатдан ҳарб илмидан четлаштирилган халқни ҳарбий тизимга қайтариш эди. Бу ҳақда «Миллий иттиҳод» етакчиларидан бири бўлган Салимхон Тиллахонов шундай дейди: «Шул вақтда Убайдуллахўжа ва Мунаввар қорилар вақтдан фойдаланиб ҳукуматнинг ишчи олишига қарши ҳаракат қилмоқчи бўлдилар. Албатта мунинг орасида Чайкинлар ҳам бўлса керак. Мунаввар қорининг ташқарисинда бўлғон курснинг талабаларидан (бизлардан) фойдаланиб ҳам бизлардан бошқа ёшларнинг ишга солуб халқ орасида «Биз ишчи бермаймиз, йигит бермаймиз» деган сўзларни тарқатишга бошладилар. Бунга ҳам сабаб бўлғон нарса эскидан ёшларнинг фикрлари, тўғрисини айтганда ёшларнинг бошлиқларининг фикри ҳукумат Туркистондан аскар олса эди, бир қанча кишиларни ҳарбий ишга ўргатган бўлар эди. Кўб кишилар ҳарбий ишга ўргансалар, сўнгра инқилоб ҳаракатларини қилиш енгил бўлур эди, деган фикрларни юрғизур эдилар. Шунинг учун бир ерда халққа ташвиқот қилинғонда «ҳукуматга ишчи бергандан кўра аскар бериши керак, чунки ишчи берганда, ишчилар урушда аскарларнинг олдига ўтуб окоп қазийдурлар, ундан кейин шул қозилғон окопға аскарлар кируб душман ила урушадурлар, ўз-ўзидан маълумки душман ила бизнинг орамизда бўлғон окопни қозуб тамом қилғунча душман ишчиларни ўлдируб,тамом қиладур ёки устларига ҳужум қилуб келуб қолсалар ишчиларнинг қўлларинда белларидан бошқа ҳеч нарсалари йўқдир. Шунинг учун мудофаа учун ҳам ҳаракат қилмайдурлар. Шунинг учун ишчи бергунча аскар бериш керак, чунки аскар бўлғонда тайёр қилинғон окопга боруб урушодир-да, душман келганда ҳам тўғри ўлиб кетмасдан кучи етгунча қўлидағи аслаҳаси ила мудофаа қилиб қоладур» деган сўзлар ила ташвиқот қилдира эдилар». Салимхон Тиллахоновнинг сўзига қараганда, ана шу ташвиқотдан сўнг Тошкентда халқ исён кўтарган ва чор маъмурияти халқни тинчитиш ва мардикорликка олиш масаласини Убайдулла Хўжаев ва Мунаввар қори Абдурашидхонов зиммасига юклаган. Тошкентда махсус «Мардикорга олиш ишчи қўмитаси» тузилган. қўмитага Убайдулла Хўжаев раис, Мунаввар қори Абдурашидхонов ўринбосар, Абдуҳаким Саримсоқов аъзо бўлган. Ушбу қўмитанинг жиддий ҳаракати билан мардикорликка олинган ва турли ерларга жўнатилган кишилар учун моддий ёрдам кўрсатилган, уларга рус тилини биладиган кишилар қўшиб қўйилган. Шунга қармай, Лапландия, Белоруссия, Шимолий Кавказда қора ишчи ўрнида ишлатилаётган туркистонлик мардикорларнинг аҳволи яхшиланмаган, улар иш ташлашга, норозилик билдириб, ҳатто исён кўтаришга мажбур бўлганлар. Мардикорликка қарши халқ норозилиги Тошкент, Андижон, Жиззахда исёнга айланиб кетган ва улар чор маъмурияти ва ҳарбийлари томонидан ваҳшиёна тарзда бостирилган. Ана шу норозилик даврида Убайдулла Хўжаев мардикорларни орқага қайтариш ва марказий ҳукуматга халқ норозилигини етказиш учун Анастасий Чайкин билан бирга астойдил киришган. Хўжаевнинг фаолияти мардикорга кетганлар орасида афсонавий бир халоскор номига айланган. Бу ҳолат Ҳамза Ҳакимзоданинг «Лошмон фожиалари» драмасида ўз аксини топган. Ҳамза қаҳрамонлари Убайдулла Хўжаевнинг қилаётган ишларидан сўзлашиб, уни тафтиш чақириш учун Петербургга борганини гапириб, унга нажоткор сифатида қарайдилар ва “Яшасин Убайдулла Хўжаев, яшасун Чайкин» деб қўшиқ айтадилар.

Фарғона, Андижон ва Тошкентдаги чор мансабдорлари маҳаллий адвокатнинг фаолиятидан ниҳоятда хавфсираб қолган эдилар. Чунки унинг рус қонунлари асосида ёзилиб, Петербургга, турли министрликларга ёзилган шикоятлари асосида мансабидан четлаштирилган амалдорларнинг у билан олишиб оғизлари куйгани, унинг фаолиятини халқ қўллаб қувватлаётгани, ҳатто унча мунчага бўйни ёр бермайдиган маҳаллий бой – корчалонлар ҳам Убайдулла Хўжаев билан маслаҳатлашиб иш кўришаётган эдилар. Бу воқеалар Туркистон генерал губернатори А.Н.Куропаткиннинг қулоғига турли миш-миш тарзида етиб боради. Шу сабабли у қўл остидагилардан тушунтириш сўрайди. Сирдарё ҳарбий губернатори 1916 йил 10 ноябрда унга махсус (№ 1006) хат йўллайди. Хатда ҳарбий губернатор Убайдулла Хўжаевни шахсан қабул қилгани, у ёзган шикоятлар билан танишгани, шикоятларда ёзувчи бир оз ўзининг омма орасида обрўсини оширишга интилганини, аммо бу ҳолат авом халқ билан тўғри муомала қилишда кераклиги, унинг ёзган шикоятлари бир оз тенденциозлиги уқдирилганини айтади.

Мардикорликка олиш баҳонасида ўлкада олиб борилган ҳунрезликлар эл манфаатини ўйлаган кишларни,хусусан Убайдулла Хўжаевни лоқайд қолдирмаслиги табиий эди. Шу боис Тошкент шаҳридан мардикорликка олинган кишиларнинг турмуши билан танишиш мақсадида у Тошкент темир йўл ҳудудини бориб кўришга 1916 йил 9 декабрда рухсат сўрайди. Аммо Туркистон хўжайинлари «маҳаллий муҳтарам кишиларга рухсат берилсин, лекин фақат Хўжаевга эмас» дейдилар.

Убайдулла Хўжаев бундай камситишларга эътибор бермай мақсад сари интилган. Андижон ва Жиззах воқеаларида чор маъмурияти билан бирга маҳаллий лавозим эгалари ҳам айбдор эканликларини билгани ва амалда кўргани учун Куропаткинга «Шикоят» аризасини юборади.

Хўжаев кўрсатган далиллар оқибати ўлароқ содир бўлган исёнлар, уларнинг зулм билан бостирилиши маҳаллий зодагонларни ёшлар фикрига қўшилиш ва ҳатто уларни қўллаб-қувватлашга олиб келди. Андижоннинг Миркомил Мирмўминбоев каби савдо-саноат, маданият тараққиётини ўйлаган кишилари томонидан бошбошдоқликларга барҳам бериш ва зулмни тўхтатиш учун Петроградга вакил юбориш масаласи қувватланди. Шахсан Миркомил Мирмўминбоев Убайдулла Хўжаев ва унинг ҳамроҳларининг Петербургга, Давлат Думасига бориш учун сафар сарф-ҳаражатини ўз зиммасига олади. «Қори» лақабли чақимчи охранка бошлиғи Розалион-Сошалскийга «Андижон маҳаллий халқи Миркомил Мирмўминбоев раҳбарлигида Хўжаевни сарф-харажат билан таъминлаб, Петроградга Давлат думасининг мусулмон фракциясига Фармонни бекор қилдириб, мусулмон фракцияси аъзоларидан бирини, Туркистонда жойнинг ўзида иш билан танишиш учун юборилишини илтимос қилишга жўнатди» дейди. Ушбу сафар чоғида Убайдулла Хўжаев чор ҳукумати Давлат Думасида бўлиб унинг аъзолари билан учрашиб, маҳаллий аҳолининг шикоятини топширади. Оқибатда А.Ф. Керенский, Б. Тевкелев, М.Чўқаевдан иборат Думанинг тафтиш комиссияси Туркистонга келиб, Жиззах, Самарқанд, Тошкент ва Андижондаги шароит билан танишиб, тафтиш ўтказади. Комиссия аъзолари Тошкентдаги «Национал» меҳмонхонасида жойлашадилар. У.Хўжаев ҳам шу жойда яшаб, комиссияга зарур ҳужжатларни тўплашда ёрдам беради ва улар билан сафар чоғида бирга бўлади. Комиссия аъзолари Туркистондан амалга оширилган мудҳиш жараён билан танишиб, ҳайратдан ёқа ушлайдилар. Улар мисли кўрилмаган хунрезликнинг гувоҳи бўладилар.
Керенский ва унинг шериклари халқ норозилиги сабабларини пухта ўрганиб, унинг келиб чиқиш сабабларига маҳаллий аҳоли эмас, балки чор ҳукумати ва жойлардаги маъмурият раҳбарлари айбдор эканлиги ҳақидаги ахборот ва махсус тайёрланган докладни Россия Давлат думасининг 1916 йил декабр ойидаги мажлиси қатнашчилари эътиборига ҳавола қиладилар. Мажлис хулосалари, комиссия хулосалари, албатта генерал-адъютант Куропаткиннинг қулоғига етиб келади. Комиссияни чақириб келган Убайдулла Хўжаев губернаторнинг қаҳрига учраб, ўлкадан сургун қилишга ҳукм этилади. Фақат феврал инқилобигина Хўжаевни сургундан асраб қолади.

Мардикорликка олиш воқеалари тафтиши узил-кесил ҳал қилиниб, текширувчилар ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилишган бўлса-да, мустамлака ҳукумати маҳаллий аҳолига енгиллик бермади. Фақат 1917 йил феврал инқилобидан кейингина мардикорга кетган кишилар ўз юртларига қайта бошладилар. ўз яқинларининг оилага қайтиб келаётганини кўрган юрт катталари 1916 йил охирларида Убайдулла Хўжаевнинг эл-юртга қилган хизматларини эътиборга олиб, унга халқ миннатдорлиги баён қилинган «Ташаккурнома» («Адрес»)ни топширадилар.

1916 -1917 йилларда Убайдулла Хўжаевнинг номи бутун Туркистон ўлкасида достон бўлади. Мунаввар қори Абдурашидхонов ва бошқалар уни Туркистон ўлкасидан Россия Давлат Думасига депутатликка номзод кўрса тиш тўғрисида халқ орасида кенг тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борадилар. Аммо сиёсий воқеаларнинг кескин ўзгариб бориши бу ниятни амалга оширишга имконият бермайди. Чунки давлат бошқарувини қўлига тўлиқ ола олмаган рамақижон Муваққат ҳукуматдан нажот кутиш ўликка тўкилган кўзёшдек эсиз эди. Бироқ у барибир Петербургга йўл олади.

Убайдулла Хўжаев феврал инқилобини, ўз сўзига қараганда, Наманганда, архив материалларига қараганда Қўқонда кутиб олади. Чунки собиқ генерал губернатор Куропаткин порахўр ва муттаҳам ватандошларининг сўзига кириб, уни ўлкадан сургун қилиш ҳақида кўрсатма бергани учун Тошкентга кела олмас эди. Аммо Куропаткин 1917 йил 21 февралда ўз буйруғини бекор қилишга мажбур бўлади. Шу муносабат билан Убайдулла Хўжаевга Мунавварқори Абдурашидхонов, Тошкент халқи ва айрим шахслар номидан табрик телеграммаси юборилади. У Март ойининг бошида Тошкентга келиб, Тошкент «Шўройи ислом» жамиятининг мажлисида иштирок этади. Аввалига раис ўринбосари ва орадан кўп ўтмай жамиятнинг апрел ойи мажлисида Туркистон «Шўройи ислом» жамиятининг раиси этиб сайланади. Шунингдек феврал – октябр ойларида эски шаҳар аҳолиси номидан Тошкент Ижроия қўмитасининг аъзоси (депутати) вазифасини бажаради. Шу йил апрелда ўтказилган Умумтуркистон съездида иштирок этади. Мустафо Чўқаев ўз хотирасида шундай дейди: «Мен 1917 йил 10 апрелда Тошкентга келдим. Вокзалдан тўғри Туркистон вилояти ҳокими саройига бордим… Ўртада Тошкент шаҳрининг янги ҳокими Иванов ўтирарди. Бизнинг туркистонликлардан кўк кўзлик баланд бўйли Маҳмудхўжа Беҳбудий мирза билан Убайдулла Хўжаевга кўзим тушди. Бир четда стулда Шоҳислом Шоҳиаҳмедов ўтирарди. Унинг ёнида қоп-қора Серикбой Ақаев бор.

Мен залга кирганимда нотаниш бир ўрис минбарда эди. Унинг оғзини йиртиб қайта-қайта гапирган сўзлари ҳамон ёдимда: «Тўнтаришни рус тўнкаришчилари, рус ишчилари, рус аскарлари амалга оширди. Шунинг учун Туркистонни билик билан бошқариш русларга тегишли. Маҳаллий халқ биз нима берсак шунга қаноат этиши керак.»

Бу сўзни Қўқон савдо мактабининг ўқитувчиси, социал демократлар вакили Некора айтган эди». ( Мустафо Чўқай, Мария Чўқай. Эсдаликлар. Истанбул 1997.)Некоранинг буюкдавлатчилик шовинизми нуқтаи назаридан сўзлаган нутқи ишчи-солдат депутатларининг қиёфасини очиб ташлайди. Унинг чиқишига «Дни» газетасининг муҳаррири Шоҳислом Шоҳиаҳмедов яхши жавоб қайтарса-да, бироқ маҳаллий депутатларда салбий таассурот қолдирган эди. Ана шу чиқиш миллий депутатларни миллий талабларни кучлироқ қўйишга даъват этди.

Убайдулла Хўжаев 1917 йил 16 апрелда ўтган Умумтуркистон мусулмонлар съездида президиум аъзоси этиб сайланади. Съездда кўрилган 16 моддадан иборат масала музокарасида фаол иштирок этади ва мардикорларни қайтариш ҳамда ер-сув масалаларини съезд муҳокамасига қўяди.

У.Хўжаев 1917 йил август ойида ўтган «Бутун Россия мусулмонлари Иккинчи съезди»да иштирок этади. У съездда сўз олиб шундай дейди: «Муҳтарам жаноблар! Туркистонда ҳануз эски ҳукумат замонидаги каби тазйиқ ҳукм сурмоқда. Солдат ва ишчи депутатлар (Солдат ва ишчи шўролари) Туркистон халқларини хоҳлаганларича қисадилар. Масалан, пахтанинг пуди 10 сўм такса ила олинадир. Ҳолбуки ҳозирда энг арзон деганда пахтанинг пуди 20 сўм турадир. Туркистонда ҳар йил 10-12 миллион пуд чамасинда пахта чиқодур ва онинг арзон олинмоғи ила ҳар йили юз миллион сўм оқча рус жаҳонгирлари ва Русия сарватдорлари фойдасига кетиб туродир. Ишчи ва сўлдат шўролари идея жиҳатиндан жуда яхши муассасалар бўлса ҳам уларнинг Туркистондагиларини билиб бўлмайдир. Улар ўз оралариға мусулмонларни киритмайдилар, киритсалар ҳам 1-2 дан ортиқ ўрин бермайдирлар ва ўзлари Туркистоннинг сиёсий ва маданий манфаатлари учун саъй қилмайдилар. Ҳатто муваққат ҳукумат тарафидан юборилған кўмиссарларға ҳам эрк бермайдилар. Мисол, Петрограддағи миллий шўронинг кўрсатуви ила муваққат ҳукумат тарафидан тайин қилинғон кўмиссар Тошкент ишчи ва солдатлар шўроси ила бирга ишлай олмади. Ва шул сабабли истеъфо қилмоқға мажбур бўлди. Ишчи ва солдатлар шўросининг намояндалари «Миллий шўронинг Туркистонга кўмиссар кўрсатишга нима ҳаққи бор? Бизлар уларнинг юборғон кўмиссарларини маҳбуслар вагонида юборамиз» деб айтдилар. Уларнинг ҳозирча қўлларида аскарлари, пулеметлари ва тўплари бор, аммо ерли халқларнинг ҳеч нимарсаси йўқ». Шундан сўнг Убайдулла Хўжаев Еттисув вилоятида қозоқ халқига нисбатан олиб борилаётган қирғинлар, рус муҳожирларининг зўравонликлари, солдатлар бир ерда иккиюз кишини, яна бир ерда қирқ кишини ўлдирганлари, қозоқлар очликдан ўлаётгани, Бухорода «Ёш бухоролилар» ҳаракатига тўсқинчиликлар қилинаётгани ҳақида ахборот беради. У ўз нутқини якунлар экан, шундай дейди: «Умуман демократлар (яъни большевиклар – С.А.) туркистонлиларни кишига санамайдилар,ўз кишиларини қарамоқни ўзларига топширишни маъқул кўрмайдилар. Шул сабабдан Туркистонга ўз тақдирини ўзи ҳал қилишга мухторият бермоқ, онда мусулмондан ихтиёрий полклар ташкил қилмоқ, қирғизлар орасиндан рус аскарларини олиб, оларни ўрнига мусулмон аскарларини юбормоқ ҳам қирғизлар ила бирга тура олмайдурган муҳожирларни кўчирмоқ керак. Шул вақтдагина Туркистон халқини жабр ва зулмлардан қутқармоқ мумкин бўладир». У шу йил август ойининг охиригача Петроградда Бутунрусия Мусулмонлар Ижроия қўмитаси ва Бутунрусия деҳқонлар Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида фаолият олиб боради. Ўша йил сентябр ойида Тошкентга қайтиб, ўлка мусулмонлар шўросида сентябр ойининг охиригача ишлайди. Туркистон Марказ шўроси томонидан вақтли ҳукуматнинг «Туркистон комитети»га М.Чўқаев, Ю.Оғаев билан бирга Убайдулла Хўжаев ҳам аъзо этиб сайланади ва Фарғонага кетади. Қўқонда ўтадиган ўлка мусулмонлар III съездини тайёрлашда қизғин иштирок этади. У съездда нутқ сўзлаб, қуйидаги фикрларни баён қилади: «Муҳтарам Умумий Туркистон мусулмонлари қурултойининг аъзолари! Сиз жаноблар шундай муҳим замонда шундай кишининг ҳар минути миллион қадарли бўлиб турган бир замонда, ийд ҳозирликлари ва бошқа дунёвий тирикликларингизни ташлаб, юрт хизмати, миллат хизмати деб қурултойга ишлаганингиз учун ташаккурлар айтаман. Мана бу замонда Русияда ҳар бир миллат аҳли ўз миллатлари учун ораларидаги ихтилоф ва низоларни бир тарафга ортиб иттифоқ бўлғонлар. Биз Туркистон аҳиллари «ўзбек, татар, қозоқ» деб бир-биримизни айирмасдан ҳамма бир миллат бўлиб келажакни қайғуришимиз керак. Туркистоннинг ер-сув ишлари, маориф ишлари ҳаммасини ўз қўлимизга олиб келажак учун муҳим бўлғон ишларини ўзаро ҳал қилиб, Учредителний собрание (мажлиси муассисон) деган нимарсага ҳозирланишимиз керак. Бу қурултойда ҳарқайсиларимизнинг хизматимизга арз қиладургон лойиҳаларимиз бор. Ҳаммасини бир-бир назарларингиздан кечирурсиз. Шу сабабли ҳозир ҳаммамиз иттифоқ бўлиб, бирлашиб ишлашимиз керак бўладир. Марказ шўро чин қалби ила бунга ишонади» («Кенгаш» 1917 йил,12 сентябр). Съезд раислигига сайланган У.Хўжаев Туркистон халқининг тақдирини ҳал қиладиган барча масалаларни съездда кўрилишига эришади. Съезд Ш. Шоҳиаҳмедовнинг «Турк адам марказият» фирқаси программаси асосида тайёрлаган федерация таркибдаги Туркистон автоном республикасини барпо этиш лойиҳасини қувватлайди. Бу съезд қабул қилган лойиҳа Туркистон Мухтор Республикасини ташкил этиш учун замин яратди. Афсуски, бу лойиҳани тинчлик йўли билан амалга ошириш ва мустаҳкамлаш учун муваққат ҳукумат вақтни бой берган эди.

Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган Тоболин бошлиқ сохта ҳукумат маҳаллий халқларнинг қонуний мухториятини ҳам, унинг ҳукуматини ҳам тан олмайди. Большевикларнинг Қўқондаги вакили П.Г.Полторацкий шаҳардаги Рус-Осиё, Ташқи савдо учун Рус банки, Сибир банки, Қўқон ғазначилиги, ўрта Осиё савдо-саноат биродарлиги, Волга-Кама банкининг Қўқон бўлимида тўпланган 8 миллион 300 мингдан ортиқ пулни ўғирлаб олиб (212052 р.66т. Қўқон ишчи ва солдат депутатларига қолдириб), Тошкентга қочиб кетади ва Мухториятни пулсиз қолдиради. Бу ҳам етмагандек ўзбошимча ташкилотлар мухториятнинг ишига тўсқинлик қиладилар. Оқибатда Вадим Чайкин большевиклар сиёсатидан норози бўлиб Совнарком аъзоси В.А.Алгасов орқали маҳаллий ҳокимиятларнинг вазифасини чеклаш масаласида Сталинга сўров (запрос) беради. Шунингдек, Туркистон ишчи ва деҳқон иттифоқи ҳам 1917 йил 27 декабрда Петербургдаги шўролар ҳокимиятига телеграмма беради: «Тошкентда ўрнатилган Совет Комиссарлигининг Туркистонли бўлмаган унсурлардан, яъни Русия Марказий ҳукумат аскарлариндан иборат бўлгани учун тарқатилишини сўраймиз. Акс ҳолда Туркистон ишчи ва деҳқон иттифоқи ўзини дарҳол керакли чораларини кўришга мажбур деб ҳисоблайди». И.Сталиннинг 1918 йил, 5 январ жавобида шундай дейилади: «Советы автономны в своих внутренних делах и действуют они, опираясь на соответственниые реальные силы. Поэтому туземным пролетариям Туркестана надлежит не обращаться к Центральной Советской власти с ходатайством о роспуске, опирающихся по их мнению войсковые части Туркестанского Совнаркома, а распустить его силой, если такая у туземных пролетариев и крестьян найдеться». Сталиннинг мазкур жавобидан 25 кун ўтгандан сўнг Тоболин ва Ф.Колесов буйруғи билан поручик Перфилев қўмондонлиги остида тўп, пулемет каби оғир қуроллар билан тиш-тирноғигача қуролланган жазо қўшини Қўқонга жўнатилди.

Қўқон ва Жиззаҳда мудҳиш қонхўрликлар содир этилган кезларда Убайдулла Хўжаев Самарқандда бўлиб, Мухториятни сақлаб қолиш, иқтисодий қўллаш учун маблағ ва аскар тўплаш билан овора эди. Айрим кишилар мухториятни Самарқандда туриб бошқармоқчи бўладилар. Бироқ Бабушкин, Колесов, Тоболин ва Перфилев томонидан қонга ботирилган ёш республика раҳбарлари қонундан ташқари деб эълон қилинадилар. Мухтор ҳукуматнинг вакили Ю.Чоришев отиб ташланади, А. Қўшбегиев эса қамоққа ташланади.

Қамалиш хавфида юрган Убайдулла Хўжаев Бошқирдистонга йўл олади. Бу ўлкада ҳам худди Туркистондаги каби мухтор республика тузилган ва унга Аҳмад Тўғон Заки Валидий раҳбарлик қилар эди. Хўжаев, Абдулҳамид Сулаймон, Мирмуҳсин Шермуҳамедов ҳам Оренбургда эдилар. Убайдулла Хўжаев 1926 йил, 19 апрел кўрсатмасида шундай дейди: «Мен ҳукумат ва шўро аъзолигига сайландим, милиция ва жамоат хавфсизлигини сақлашни ташкил қилиш учун ҳукумат томонидан тайинландим. Ҳукумат топшириғига биноан 1918 йил январда Самарқандга маблағ тўплашга юборилдим. Мухтор республика тарқатилиб юборилгач, Тошкентга келдим, сўнг Ашхабод, Красноводск, Астрахан орқали Москвага бордим. Бошқирдистон шўро ҳукуматининг таклифига мувофиқ Оренбургга келдим. 1919 йил иккинчи ярмидан 1920 йил кузгача Токчуран кантон ижроя қўмитасида котиб бўлиб ишладим». Убайдулла Хўжаев 1918 йил қишда Саратовга келади бироқ оилавий муносабатлари яхши бўлмагач, хотинидан ажралади ва Самарага кўчиб ўтади. Бу ерда зотилжам ва тиф касалига мубатло бўлиб шаҳарда қолишга мажбур бўлади. Ана шу пайтда у Бошқирдистон ҳукуматида ишлашга чақирилади. Токчуран кантонида адвокат, халқ судьяси ва ижроия қўмита президиуми аъзоси, масъул котиб вазифаларини бажаради. 1919 йил қишда Стерлитамакда Бошқирдистон Инқилобий қўмитаси раиси Заки Валидий билан учрашади ва у билан фикр алмашади. 1920 йил ўрталарида комдезиртир, босқинчи ака-ука Гибзаловларнинг туҳмати билан қамоққа олинади ва аввал Оренбург, сўнг Масковга жўнатилади. Москвадаги ВЧКнинг Бутирка ички қамоқхонасида бошқирд намояндаси Илёс Алкин билан бирга ўтиради. Олиб борилган сўроқ ва тафтишлар Убайдулла Хўжаевнинг инқилобий Россияга жиноят қилмаганини кўрсатади ва ака-укалар жиноят устида қўлга тушиб, отишга ҳукм қилингани боис 1921 январ ойида қамоқдан озод қилинади. Бухоро халқ республикасининг ваколатхонасида (РСФСР МИК, А. Енукидзе имзоси билан18.1.21 й. берилган № 831 рақамли гувоҳнома) фаолият олиб боради. Орадан кўп ўтмай Иосиф Сталин раҳбарлик қилаётган Миллатлар халқ комиссарлигида (И. Сталин ва Е. Айнштайн имзоси билан берилган №1327 рақамли гувоҳнома), Давлат нашриёти бошқармаси (Павчинский имзоси Билан 18.3.23й. берилган №342 рақамли гувоҳнома) бўлимида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди. 1921 йил бошларида саломатлиги ёмонлашгани сабабли Ялтага келиб, узоқ муддат даволанади. Сўнг яна Масковга қайтиб кетади. 1923 йил 1 мартда Тошкентга келиб аҳвол билан танишади. 1916 йилда барпо этилган «Туркистон Нашриёт биродарлиги»нинг давомчиси бўлган «Туркит» («Туркестанское Издательское Товарищество»), яъни «Туркистон Нашриёт биродарлиги»ни В. ва А. Чайкинлар билан ҳамкорликда ташкил этади ва 1922 йил 12 январда Туркистон Адлия комиссарлигининг тасдиғини олади. Бироқ бу ерда узоқ тура олмайди. Ўзининг вакили этиб Мунаввар қори Абдурашидхоновни тайинлаб, унга ишни топширади ва ушбу ҳужжатни 1923 йил 10 ноябрда Тошкент халқ нотариуси Искандар Алдабековга тасдиқлатиб, Масковга қайтади.

Мазкур ҳужжатнинг тарихий муҳим жиҳати шундаки, «Нашриёт»нинг байчилари чор маъмурларига ва умуман чоризмга қарши курашган шахслардан иборатдир: улар орасида Тинишбоев Муҳаммаджон Тинишбоевич, Чернобородов Давид Ильич, Хан – Иомудский Николай Николаевич, Миржалилов Саид Носир, Гусев Сергей Александрович, Фельдман Лазарь Владимирович, Назирхўжаев Отахон, Анна Александровна Чайкина, Вольпин Валентин Иоаннович, Хўжаев Абдурасул, Якубов Муҳаммад Али, Юнусбоев Мулла Муҳаммаджон, Сулаймонов Убайдулла, Саркоров Муҳаммаджон, Ҳакимзода, Мунаввар қори Абдурашидхонов ва бошқа кўпгина ўзбек ва рус зиёлилари бор (жами 24 киши).

Убайдулла Хўжаев 1924 йилда Москвадан Тошкентга бутунлай қайтиб келади ва Адлия комиссарлиги қошидаги юридик техникумда дарс бера бошлайди ҳамда «Ҳимоячилар коллегияси»да фаолият олиб боради. 1926 йил 18 апрелда номаълум сабаларга кўра ГПУ (Давлат Сиёсий Бошқармаси) томонидан қамоққа олинади. ГПУ ходимларининг «қарор»ида: «Убайдулла Хўжаев 24-йил бошида Туркистонга қайтиб келиб, аксилшўро доираларидаги обрўси шарофати ва ўтмишдаги жадидчилик миллий ҳаракатининг эски, таниқли вакилларидан бири ҳамда шўролар ҳукуматига қарши қуролли қўзғалон раҳбари сифатида илк келган кундан бошлабоқ фақатгина барча аксилшўро унсурларнинг марказига айланиб қолмасдан балки Тошкент ва умуман бутун Туркистон, Бухоро ва бошқа вилоятларнинг эътиборини жалб этди. Бошқа машҳур миллатчилар билан масалан, Тошкентда Мунаввар қори, Саид Носир Миржалилов, Эргаш Нурмуҳамедов, Тангриқул Мақсудий Саидвали Саидаҳмедов, Мирзааҳмедов Миродил, Толибжон Мусабоев, Нажмиддин Шераҳмедов билан, шунингдек бошқа вилоятлардаги, хусусан, Самарқандда Қозиҳайдар Абусаидов, Қўқонда Ашурали Зоҳирий, Юнусҳожи Оғалиқов ва Бухорода Фитрат ва бошқалар билан алоқа ўрнатди.

24-йил бошида ташкилотнинг янги шароитдаги тактикаси масаласида мунозара ўтказилади. Мунаввар қори, Саид Носир Миржалилов, Саъдулла Турсунхўжаев ҳамда ташкилот аъзоси бўлмасада Фитрат ва бошқа таниқли миллатчилар қатори Убайдулла Хўжаев ҳам бу масалада фаол рол ўйнади. Мунозара натижасида миллатчилар ўзларининг ўтмишда истиқлол (жадидчилик) учун курашда синалган қуроллари ва миллий истиқлолга жавоб берадиган – миллий мактаб яратиш учун курашга тўхталадилар. Улар чет элга ўқишга кетаётган талабаларга ҳар томонлама ёрдам бериш, ўз доираларидан ёшларни хорижга ўқишга юбориш учун моддий- маънавий ёрдам кўрсатиш масаласида келишиб оладилар. Лекин Убайдулла Хўжаевнинг кутилмаганда қамоққа олиниши ишни бир оз секинлаштиради.

ЖКнинг 62-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилган Убайдулла Хўжаев эълон қилинган айбларни тан олмади, лекин у Қўқон ҳаракати тор-мор этилгандан кейин Москвада яширингани ва бу ҳаракатнинг раҳбарлари Саид Носир Миржалилов, Обиджон Маҳмудов, Туркистон делегациясининг раҳбари Садриддинхон билан учрашганини тасдиқлади. Терговда унга «Тошкент гуруҳининг йиғилишида чет элда ўқиётган талабаларга ёрдам кўрсатиш масаласида ўз ёнидан маълум миқдорда пул берди, миллатчилар уйида бўлди», деган айб қўйилади.

1926 йил 22 апрелда унинг хотини Екатерина Хўжаева кўришмоқ учун ГПУ бошлиқларига ариза беради. Хўжаев вазиятнинг қалтис эканлигини сезади ва учрашув пайтида,1926 йил 27 апрелда И.Сталин номига ариза ёзиб, рафиқаси орқали жўнатади. Гарчи Сталин Убайдулла Хўжаевнинг озод қилинишига оқ йўл берган бўлса-да, Туркистон ГПУсининг хўжайинлари уни махфий ходим сифатида ишлашга мажбурлаб кўндирмоқчи бўладилар. Атоқли ҳуқуқшунос, уларга ёлғон ваъда бергач, 1926 йил 19 июнда иш ҳаракатдан тўхтатилиб, қамоқдан озод қилинади. Аммо олти ой мобайнида у биронта материал бермайди. ГПУчилар 1926 йил 23 декабрда Масковдаги ВООГПУ бошилиғи ўринбосари Валленбергга шикоят юборадилар: «Искренный» лақаби билан ишлашга ваъда берган эди. Убайдулла Хўжаев «осведом»[1] сифатида зиммасига олган вазифасини бажармаслик билан кифояланмай, онгли равишда Мунаввар қори олдида ўзини ошкор қилди ва унга «осведом» сифатида ўз вазифасига нималар киришини айтган ҳамда ўрт. Бельский нима гапирган бўлса, ҳаммасини Мунаввар қорига хабар қилган. Соловкага беш йилга сургун қилинишини сўраймиз». Бельский югурдакларининг бу илтимоси оқибатсиз қолдирилади. Убайдулла Хўжаев қамоқдан чиқиб, адвокатлик фаолиятини давом эттираверади.

Аммо ГПУ ходимлари унинг ҳар бир босган қадами ҳақида маълумот олиб турадилар. 1929 йилда арзимаган баҳона билан бир йилга мажбурий хизматга кесилади. 1930 йилда мажбурий хизматдан қутулгач, орадан кўп ўтмай, шу йили 20 апрелда, «Мунавварқори Абдурашидхонов, Салим Тиллахонов ва бошқалар» иши бўйича яна қамоққа олинади. Унга «Миллий иттиҳод» аъзоси, жосус, Ўзбекистонни шўролар ҳукуматидан айириб, мустақил буржуа республикаси қурмоқчи, деган айб қўйилади.

Атоқли истиқлолчи жуда зукко ва эҳтиёткор бўлишига қарамай, баъзан атрофидагилардан ҳадиксирамаган, уларга ишонч билан қараган. Шу сабабли Тошкентга қайтиб келиб, дўстлари билан дастлаб учрашган кундан бошлабоқ унинг ёнида ГПУ агентлари галма-гал пойлоқчилик қилиб юришган. Далилларга мурожаат қилайлик: «П» лақабли хуфя 1925 йилда шундай хабар беради: «Убайдулла Хўжаев яна хорижга, Мустафо Чўқаев номига Эрон чегараси орқали турли-туман ахборотлар, хусусан, Тошкент газеталарида босилган корреспонденцияларни, шунингдек Чўқаевнинг ёзганларига қарши сўнгги пайтларда ёзилган нарсаларни ва бошқаларни жўнатди. Почтани марвлик туркман Турди оқсоқол деган шахс орқали 17.Х1. 25 й. юборди. Шу туркман орқали бошқа корреспонденциялар ҳам хорижга жўнатилган деган тахмин бор».

ГПУ агентлари Убайдулла Хўжаев Шимолий Кавказда нашр этиладиган «Янги Кавказ» газетасида Юсуф лақаби билан ва рус муҳожирларининг «Дни» газетасида мақолалар эълон қилганини ўз хўжайинларига етказадилар. ўлганни устига чиқиб тепгандек мазкур маълумотлар устига 1929 йили Ўзбекистон Олий Судининг Раиси Саъдулла Қосимов ва бошқалар устидан бошланган суд жараёни, унда Обид Саидов ва бошқаларнинг туҳматона кўрсатмалари ошкор бўлади ҳамда махсус топшириқ билан «Узбекистанская правда» газетасида Убайдулла Хўжаевга нисбатан туҳматдан иборат ҳужум уюштирилади.

Шўролар ҳукумати давлат тепасига келгач, ўзининг «пролеткульт» деган ҳайбаракаллачилари тилидан инқилобга қадар вояга етган зиёлиларга ишонмаслик масаласини ўртага ташлаган эди. Гарчи ўзлари ҳам ўша давр кишилари бўлсалар-да, бироқ ҳур фикрли, миллат тақдири ҳақида ўйловчи кишиларни сиёсий ишлардан четлаштириш, ҳатто уларни бутунлай жисмоний йўқотиш масаласини майдонга отдилар. Шунинг учун марказда ҳам, чет ўлкаларда ҳам зиёлиларга, хусусан миллий зиёлиларга ишонмаслик хуруж қилди. Оқибат Ўзбекистон Оллий суди раиси Саъдулла Қосимов ва шу соҳа ходимлари устидан сиёсий найранг уюштирилиб, жиноятга тортилди. Суд жараёнида уларнинг профессионал нуқсонлари, йўл қўйган хатолари ёхуд мавжуд қонунларга хилоф равишда амалга оширилган маълум бир жиноятлари тергов ва сўроқ қилиш ўрнига уларни миллатчилик, жумладан «Миллий иттиҳод»– «Миллий истиқлол» ташкилотларига алоқалари ва бошқа соҳада ишлаб турган ўзбек зиёлиларининг бу ташкилотларга муносабатлари ҳақида тафтиш ўтказилди. Ана шу жараёнда кўпгина ўзбек зиёлилари қатори Убайдулла Хўжаевнинг номи ҳам хоин О.Саидов томонидан тилга олинади.

Туркистон – Ўзбекистон халқини ҳар соҳада каллаклашни мақсад қилган шўролар ҳукумати ГПУ воситасида сиёсий қатағоннинг янги босқич жараёнини бошлайди: 1929 йил ноябр – 1930 январ-феврал бошларида 87 нафар киши ҳибсга олинади. ГПУ Туркистонда кучли махфий ташкилот ишлаяпти, унга Мунавварқори Абдурашидхоновдан бошқа кишилар ҳам аралашган, чет эл разведкасининг алоқаси бор деган сохта гумон билан қамалганлар тергови бошланади. Ҳар нарсадан гумонсирайдиган шўро ҳукумати ўз фаолиятини аллақачон тугатган «Миллий иттиҳод» ишлаяпти, деган далилланмаган хулосага келади. Беш-олти йил кузатишдан сўнг Масков рухсати билан Ўзбекистондаги Бельский раҳбарлигида ГПУ миллий зиёлиларни тамом қириб ташлашга аҳд қилади. Қамоққа олинган Туркистон — Ўзбекистон зиёлилари халқ янги ҳокимиятнинг ёлғон шиорларига алданиб қолгани сабабли буюк курашнинг қуролли ва мафкуравий қисмини тугатиб, юришни маърифат томон бурганлари сабабли бошларини кундага қўйдилар. Убайдулла Хўжаев тергов давомида шарманда ларча олиб борилаётган туҳмат ва жисмоний қийноқларга қарамай, рақиблари иродасига бўйсунмади, бор ҳақиқатни Ўзбекистон халқига билдириш чорасини излади. «Узбекистанская правда»га раддия ёзди. Ҳуқуқшунос бўлгани учун кўп балолардан ўзини иҳота қила олди. Аммо жисмоний қийноқлар ўз ҳунарини кўрсатар эди. Ўшандай нарсалардан хабар топган Хўжаевнинг рафиқаси «халқлар доҳийсига» ариза ёзишга мажбур бўлади.

«Ўрт. Сталинга
Сиздан бемор (юрак ўйноғи), заҳарлашлар ва қийноққа учраган АЙБСИЗ кишининг ҳаётини сақлаб қолишга ўз назар-эътиборингизни қаратишингизни сўрайман.

Мен, Туркистонда машҳур киши – Убайдулла Хўжаев, Тошкентдаги собиқ Адвокатлар коллегияси аъзосининг рафиқасиман, у Сизга 1921 йилда бир неча марта шахсан ўтказган суҳбатларингиздан маълум.

Ҳозир «Қосимовчилик» муносабати билан матбуотда Уб. Хўжаевни заҳарлаш бошлангани боис у Зеленскийга мурожаат қилишга мажбур бўлди. У газетага раддия ёзишни таклиф этди. Ушбу раддиянинг бир нусхасини илова қиляпман. Ушбуни ўқиб чиқишни Сиздан илтимос қиламан, у қисқа ва аниқ. Тўғри, раддияни газета эълон қилмади, энди эса, мен Тошкентдан Хўжаевнинг қамалгани ҳақида хабар олиб турибман.

Сиз раддияни ўқиб чиққанингиздан кейин ёлғонлар асосида жараён яратиш ва уни контрреволюцияда айблашмоқчи эканлиги маълум бўлади.

Сиздан инсон ва бизнинг ишонган доҳиймиз сифатида уни туҳмат ва азобдан ҳимоя қилишингизни, қамоқдан озод этиб Туркистон чегарасидан чиқиб кетишига имконият беришингизни ёлвориб сўрайман.
У. Хўжаева,
Манзилим:Б.Якименко кўчаси, 22 . кв. 155.»

Убайдулла Хўжаев ёзган раддиядан иқтибослар келтирамиз.

«Узбекистанская правда» газетасининг редакторига. 1930 йил, 9 май.
Фуқаро муҳаррир!

Сўнгги ойда, Сизнинг газетангизда ва Ўрта Осиё матбуотининг бир қатор расмий нашри афкорларида Қосимов ва бошқалар жараёни муносабати билан мени ҳақимда ва менинг ижтимоий-сиёсий ўтмишим тўғрисида текширилмаган, ноаниқ, ҳатто ҳақиқатни тубдан бузиб кўрсатувчи хабарларнинг босилиши мени Ўрта Осиё жамоатчилиги эътиборига қуйидаги хат-раддия билан мурожаат қилишга мажбур этди.

Мен вақт ва жойни ниҳоятда тежаш мақсадида Сизнинг газетангизда Қосимов иши бўйича босилган ҳар бир хабарга жавобан, гувоҳларнинг кўрсатмаларини матбуот томонидан нотўғри, ноаниқ талқин қилиниши ёки сизнинг мухбирингиз тарафидан бир томонлама ёритилиши ёхуд бу кўрсатмалар атайин сохта гувоҳлик характерида бўлгани боис мен қисқа маълумотлар бериш билан чекланаман (буларга қарши мен томонимдан жавоб чоралари қўлланиши мумкин), ва ишонаманки, у Сизнинг газетангиз устунларидан жой олади».

Убайдулла Хўжаев «Узбекистанская правда» газетасининг 3,24,27,28, 30 апрел сонларида «қосимовчилар жараёни» бўйича эълон қилинган мақолаларда ўзи ҳақидаги фикрларга муносабат билдириб, матбуот ва айрим гувоҳлар томонидан баён қилинган ёлғон кўрсатмаларга том маънода далиллар билан жавоб беради. ўзининг 1917 йил давлат тўнтаришигача бўлган ва ундан кейинги фаолиятига далиллар билан ойдинлик киритади. Сохта гувоҳлар ва матбуотнинг бузуқ талқинини фош қилади. Раддияда келтирилган маълумотлар қонуний асосда баён қилинган бўлиб, гувоҳларнинг ҳам, матбуотнинг ҳам жиғига тегмайди. Неомустамлакачи ҳукумат томонидан уюштирилаётган қабиҳ жиноят юзага қалқиб чиқади. ўқувчи кўз олдида миллат фидойисининг атайлаб жиноятчига айлантириш манзараси намоён бўлади. Бу тарихий жиноят манзарасининг бир қисми бўлмиш ушбу «Раддия» остига 1930 йил, 27 октябр санаси, «раҳбариятга оқибатсиз қолдириш ҳақида айтилди, ОГПУ Махсус бўлими Журавлевга, тергов ишига қўшимча, А.Стефанюк, прокурор ёрдамчиси» деб имзо қўйилган. Бир оз қуйида: «ВКП(б) МК, Махфий бўлим. Кўриб чиқиш учун юборилмоқда, илтимос, натижаси аризачига маълум қилинсин ва нусхаси махфий бўлимга топширилсин, докладчи референт» деб ёзилган.

Кўриниб турибдики, Хўжаеванинг аризаси ва У. Хўжаевнинг «Раддия»си ВКП(б) МКга бориб етган, аммо И.Сталиннинг қўлига тегмаган. Чунки унда Сталиннинг резолюцияси йўқ. Аммо у ерда ўтирганлар миллий республикалардаги бошбошдоқликларга панжа ортидан қарашган, ҳатто миллий зиёлиларнинг катта бир қисми атайлаб қирилишини, ўзбек халқининг асрий миллий анъаналари, маданияти, заковати бузилиб, аста-секин йўқолиб боришидан, ўзбек халқининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маърифий, маънавий, генетик террор қилинишидан манфаатдор бўлган. Акс ҳолда 1926 йилда қамоққа олиниб, тергов қилинган киши яна қамалмас эди. Бу фикрни Убайдулла Хўжаевнинг 1930 йил 3 декабрда ёзган аризасидаги ушбу сўзлар ҳам тасдиқлайди. «Ўшандан бери (яъни, Эргаш Нурмуҳаммаднинг уйида ўтган меҳмондорчилик ва суҳбат – С.А.) орадан етти йил ўтди. Ўша суҳбат ҳақида энди қандайдир бир гап бўлиши хаёлимда ҳам йўқ, кунлардан бир кун, 1926 йилда қамалгач бу масала ҳал бўлган деб ўйлаган эдим. ўшандан кейин ҳеч қандай сиёсатга ёндашмадим ва ҳеч ким мен билан сиёсат бўйича гаплашмади, мен фақат ўз касбим билан шуғулландим».

Убайдулла Хўжаев ўз яқин ва дўстларини қанчалик аямасин, шўролар ҳукуматининг тажовузидан асраб қола олмайди. У 1937 йилда маъмурий жазони муддатидан олдин Вологда вилоят, Никольск шаҳрида ўтаб қайтади.

Убайдулла Хўжаев қамоқдан келгач, синглиси Муборакхоннинг уйида яшайди. Жияни моҳир таржимон ва журналист Ҳибзиддин Муҳаммадхоновнинг хотирлашича, у Лев Толстойнинг «Болалик», Р.Киплингнинг «Маугли» асарини ўзбекчага таржима қилади. Ўз юридик ҳуқуқларини тиклашга ҳаракат қилади. Бироқ мустабид ҳокимият унга ишлаш ва ижод билан шуғулланишга имконият бермайди. Унинг осуда ҳаётига янги тажовуз уюштирадилар.

Атоқли ҳуқуқшунос ва жамоат арбоби Убайдулла Хўжаев 1938 йил, 20 февралда яна қамоққа олинади. Терговда 1918 – 1920 йилларда инглиз жосуслари фойдасига ишлаган деган айбни тўнкайдилар. Калтакланган, хўрланган ва таҳқирланган сафдошлари азобдан қутулиш учун ёлғон, ясама жавобларга мажбуран қўл қўядилар. 1938 йил 17 майда ўтказилган сўроқда «Мен ҳеч қачон «Миллий иттиҳод» аъзоси бўлган эмасман, ҳозир аниқ эслай олмайман, Мунавварқорининг уйида бир ёки икки марта бўлганман, шундан сўнг алоқани узиб, Россияга кетганман ва шунинг учун етти йил сургунда бўлиб келдим», дейди ва ўша йил 11 июлда атоқли давлат арбоби Саъдулла Турсунхўжаев билан ўтказилган юзлаштиришда «Мен «Иттиҳоди тараққий» раҳбарларининг ингилиз разведкаси билан алоқаси ҳақида ҳеч нарса билмайман, «инглиз разведкасига менинг ҳеч қандай алоқам йўқ» деб жавоб беради. 1937 йил сургундан қайтгандан кейин фақат миллати овруполик бўлган ҳуқуқшунослар билан суҳбатлашганини сўзлайди. Терговчининг «Сен аксилшўро ташвиқоти олиб боргансан, тан олсанми» деган дўқига «Йўқ. Тан олмайман. Мен буни инкор қиламан. Мен ҳеч қачон аксилшўровий ташвиқот олиб борган эмасман», дейди. НКВД ходимлари бу мардонавор жавобга қарши биронта қарши далил топа олмайдилар. Шунга қарамай, СССР НКВДсининг Махсус Кенгаши Убайдулла Хўжаевни жосусликда ва аксилшўро миллий ташкилотга аъзоликда айблаб, 1939 йил 14 май қарори билан саккиз йилга МТЛга сургун қилиш тўғрисида қарор чиқаради. Шу куни НКВДга қарашли Коми АССР, Пезмог қишлоғи, Котлас бекати, Горький темир йўлидаги ЛОКЧИМЛАГнинг 3-бўлимига жўнатилади. У ана шу азобхонада 1939 йилда дунёдан кўз юмди…

Туркистон халқининг асл фарзандларидан бири шундай ҳалок бўлди.

Убайдулла Хўжаев орадан эллик йил ўтгач, 1989 йил 31 июлда тўла оқланди. Унинг ижтимоий-сиёсий, фуқаролик ҳуқуқлари тўла тикланди.

Ҳаётининг асосий қисмини, топган барча маблағини халқи ва Ватани тараққиёти, истиқболига бахшида этган ажойиб инсон ва улуғ жамоат арбоби Убайдулла Хўжаев фаолиятида ҳали ўрганиладиган қирралар жуда кўп. Ўзбекистон ҳуқуқшунослари, матбуот тарихчилари ва сиёсатшунослар, журналистлар, ёзувчилар унинг фаолиятини янада теран ёритадилар деб умид қиламиз.

[1] «О с в е д о м» – хабар бериб турувчи.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 8-сон

Лев Толстой хатининг аслияти

Толстой Л. Н. — Ходжаеву У. А., 5 июня 1909 г.

Ясная Поляна. 5 июня 1909.

Убайдулла Асадуллович,

b00000038.png

Вы спрашиваете меня, как поступить, признавая учение о непротивлении, в том случае, когда мне известно, что человек намеревается сделать зло многим людям, и не лучше ли употребить насилие против этого одного человека, чтобы не дать погибнуть многим?

Простите меня, но ваш вопрос, подобные которому делают многие, вызывается не желанием знать истину, а скорее, напротив, желанием оправдать свое неисполнение того, что считаешь истиной. Учение любви, неизбежно включающее в себя понятие непротивления, указывает тот идеал, к которому свойственно стремиться человеку. Принимать же идеал за правило поведения есть большая ошибка или самообман. Идеал только тогда и идеал, когда он требует полного совершенства, того, что никогда вполне недостижимо в этой жизни, но он необходим, как руководство для нее, и необходим только тогда, когда указывает именно это недостижимое в жизни совершенство. То же и с идеалом любви. Рассуждение о том, что так как требования любви, включающей непротивление, не могут никогда быть вполне выполнены, то и не надо стараться исполнять их, подобно рассуждению человека, которому дан бы был компас для того, чтобы он в своем путешествии мог руководиться прямым направлением к цели, и который сказал бы, что так как на прямом пути, указываемом компасом, встречаются непреодолимые препятствия — горы, реки и т. п., то ему и не нужно сообразоваться с компасом, приближаясь насколько возможно к совершенному прямому направлению, а можно идти и в сторону и куда попало. Компас этот в вопросе любви, включающей непротивление, есть нравственно-религиозное чувство, которое всегда показывает человеку, что ему должно делать (направление для путешествующего); последствия же, то, что произойдет из его поступков, никогда неизвестны человеку. И потому как для путешествующего единственное руководство есть наибольшее приближение к тому совершенно прямому направлению, которое указывает компас, так и для живущего религиозно-нравственной жизнью человека единственным руководством в его поступках может быть никак не предположение о тех последствиях, какие произойдут от такого или иного его поступка, а только сознание того, что он всегда должен и чего всегда не должен делать.

Очень буду рад, если этот мой ответ на ваш вопрос удовлетворит вас.

Лев Толстой.1

Примечания

Печатается по дубликату подлинника.

Ответ на письмо Убайдуллы Асадулловича Ходжаева из Саратова от 29 мая, который ставил Толстому ряд вопросов, связанных с приложением к жизни принципа непротивления злу насилием.

На конверте письма Ходжаева Толстой сначала пометил: Б[ез] о[твета] или послать из Неиз[бежного] п[ереворота], затем: Ответить.

«Неизбежный переворот» — статья, над которой в то время работал Толстой. Закончена была 5 июля. См. т. 38.

1 Подпись восстанавливается по копии этого письма из AЧ.

Источник: http://tolstoy.lit-info.ru

sky018bl.jpgUbaydulla Xo‘jayev Saratovda yashagan paytida L.N.Tolstoyning yovuzlikka yovuzlik bilan javob bermaslik haqidagi aqidasiga muxolif o‘laroq dunyoga mashhur rus adibiga o‘z fikr-mulohazalarini yozib yuboradi.

Sirojiddin Ahmad
UBAYDULLA XO‘JAYEV
011

637_html_m2ae80703.pngUbaydulla Xo‘jayevning nomini o‘zbek va rus ziyolilari orasida eshitmaganlar juda kam. Ammo biz mavzuni bayon qilishdan avval bir oz chekinish qilmoqchimiz.

Rus tilidagi «sar» so‘zining o‘zbekcha muqobili bo‘lmish «chor» kalimasi el orasida ommalashguncha Turkiston turklarining boyu kambag‘ali, ziyoliyu ziyosizi boshidan talaygina mudhish voqealar o‘tkazgan edi. Buning sabablari ko‘p: chet davlatlar bilan ijtimoiy, siyosiy, savdo aloqalari yo‘lga qo‘yilmadi; sanoat deyarli yo‘q edi. O‘rta Osiyoda hukmronlik qilayotgan xonlik tizimida fikrlovchi omma kuchsiz bo‘lib, ozchilikni tashkil qilardi; uch xonning o‘zaro urushlari mamlakatni zaiflashtirib tashlagandi; din asoslari, soliq tizimi suiste’mol qilindi; ibtidoiy maktab-madrasa eskiligicha qotib qoldi; «davlat» degan apparat ibtidoiy shaklda ishladi. Uch xonlikda o‘quv tizimi bevosita markazlashgan ilmiy hay’at tomonidan emas, balki qozilar tomonidan boshqarilar, ba’zan bu lavozim ilmsiz kishilar qo‘lida bo‘lardi. Hatto uni ishdan chiqarish uchun faol harakatga o‘tgan josuslar egallab olgan edi. Yurtning ayrim ulug‘lari tasavvufning oliy maqomi bir yoqda tursin, dunyoviy ilmning o‘rtadan yuqori pog‘onasiga ko‘tarila olmagani, elning boshiga kelayotgan balo epkinini his qilmaganligi, xalqning tom ma’noda axborotdan ajratib qo‘yilgani asoratga keng yo‘l ochdi.

Din va qonunlarni qattiq suiste’mol qilish, aholini arzimagan narsa uchun qo‘rqitish, o‘zbekona «andisha»ni «qo‘rqoqlik» deb ataluvchi xastalikka evrilishi, «soddalik» degan ajib fazilatni «nodonlik»ka aylantirilishi, o‘zganing moli-joniga hirs qo‘yish, xo‘jaga ham, fuqaroga ham bir xilda zolimlarga muomala qilish – xalqni siyosiy jihatdan falaj qilib qo‘ygan edi. Shu bois shariatni su’iste’mol qilish, xushomadgo‘ylik, laganbardorlik, poraxo‘rlik avjga chiqdi. Temurlar, Abdullaxonlar davridagi «Vatan, din va podshoh uchun jon baxshida» degan mardonavor va ulug‘vor shiorlari el xotiridan ko‘tarilib ketdi. Xalq ma’naviy va iqtisodiy qashshoqlikka yuz tutdi, jasorat unutildi.

Xonlarning birortasi o‘z lashkarini zamonaviy qurol-yarog‘ bilan ta’minlashni, yangilashni xayoliga ham keltirmadi. Umuman harb sohasida o‘rta asr amaliyotidan nariga o‘tilmagandi. Xonlik va el iqtisodiyotini yaxshilash masalasida nazariy va amaliy chora-tadbirlar ishlab chiqilmagan. Huquqshunoslik soxasida ham yangilanish bo‘lmay, inson haq-huquqlarini himoya qilish masalasi qonunchilik asoslaridan uzilib qoldi. Buning ustiga Xitoy, Angliya, ayniqsa, Rusiya josuslari Buxorodan to Sharqiy Turkistongacha bo‘lgan makonda bemalol yurib, xonliklarning harbiy-iqtisodiy quvvatini, ojiz joylarini aniqlashga, mahalliy aholi orasidan sotqinlar guruhini tashkil etishga erishgan. Mahalliy amaldorlardan alamzada bo‘lgan ayrim qavmlar Rusiya foydasiga ishladi. Oxir-oqibat tanazzulga keng yo‘l ochildi.

Madrasalardan fan va din olimlarining quvilishi, bu yuksak ta’lim-tarbiya dargohlarining bir hovuch chalamullalar, o‘risparastlar makoniga aylanishi, saboqlarda faqat tahorat va besh vaqt namoznigina o‘rgatish, Turkiston xalqi va boyligining talanishi, aholini ma’naviy sindirish, irodasini bo‘shashtirish va uzlatda saqlash ma’lum bir maxfiy reja asosida amalga oshirilayotgani ochiq sezilib qolgan edi. Bu holat 1892 va 1898 yilgi xalq qo‘zg‘olonlari paytida xalqning o‘zaro uyushib qarshilik ko‘rsata olmasligida ma’lum bo‘ldi. (Dukchi eshon qo‘zg‘oloni davrida 18 o‘lgan va bir yarador askar uchun mahalliy aholidan 22 ming kishining o‘ldirilishi, surgun qilinishini eslash kifoya.) Yana shuni ta’kidlamoq kerakki, Turkistonga savdo-sayohatchilik yo‘li bilan keltirilgan xorijiy va ichki Rusiyada nashr etiluvchi turkiy matubot, xalqni ijtimoiy-siyosiy uyg‘onishga chaqiruvchi da’vatnoma chor hukumatiga qarshi talaygina ishlarni qildilar. Turkiston xalqining kundan-kunga oshib borayotgan noroziligining oldini olish uchun chor hukumati din ahli niqobidagi o‘z xufyalaridan ustalik bilan foydalanib, ko‘pgina mudxish voqealarni amalga oshirdi. Shulardan biri Qo‘qonda boshlanib, Buxoroda qonli yakun topgan Mulla Qamar (O‘rta Osiyoga kelib qolgan ichki rusiyalik tatar mullalaridan) fitnasidir. Buxoro madrasalarida tahsil olgan To‘lagan domla Kattaboyev esa Toshkent ulamolari orasida 1910 -1917 yilgacha o‘zini taraqqiyot tarafdori qilib ko‘rsatib yurdi, keyin VCHK va GPUning tazyiqi ostida oshkora fitna uyushtirish bilan ovora bo‘ldi. Ammo uning barcha ishlari zoye ketdi. Bironta ulamo va jadid uning ortidan ergashmadi. Aksincha ulamolar o‘zlaricha, jadidlar o‘zlaricha turli jamiyatlar tuzib, mustamlakachilikka qarshi kurash boshladilar. Biroq har ikki guruh orasida rus va xorij qonunlarini puxta biladigan kishilar 1913 yilgacha deyarli yo‘q edi. Aynan shu yili asli toshkentlik bo‘lgan ikki huquqshunos – biri Saratovdan, ikkinchisi Peterburgdan diplom bilan kelib, jadidlar safidan o‘rin oldilar. Binobarin, «Turon» nomi bilan ish ko‘rayotgan taraqqiyparvar yoshlarning imkoniyati yuz foizga oshib, siyosiy kurashni rejali, qonuniy asosda olib borishga kirishdi.

Bu ikki yosh huquqshunosning birinchisi – Ubaydulla Xo‘jayev, ikkin- chisi – Toshpo‘latbek Norbo‘tabekov edi.

Toshkent shahar, Shayx Xovandi Tahur daha, Mergancha mahallalik Asadullaxo‘ja Abdurahmonxo‘ja bog‘bon va To‘xtabibining to‘rt o‘g‘li va bir qizi bo‘lib, kattasi Ubaydulla –1885 yilda, o‘rtanchasi Bashirulla – 1887 va kenjasi Sunnatulla 1889 yilda dunyoga kelgan. Yolg‘iz qizining ismi Muborakxon edi. Umarxo‘ja degan o‘g‘li yoshligida vafot etgan.

Zamonning zaylini sezgan Asadullaxo‘ja bog‘bon uchala o‘g‘lining eskicha xat-savodini chiqargach, rus-tuzem maktabiga topshiradi. o‘g‘illarining hammasi ham maktabni «a’lo»ga bitirib, yetuk tarjimon bo‘lib yetishadilar. o‘rtanchasi bilan kenjasi hukumat idoralarida tarjimonlik bilan shug‘ullanadilar.

Xudoyorxonning tarjimoni (haqiqiy ismini yashirgan, taxminimizcha M.Umidov) bo‘lgan bir shaxsning Oxrankaga bergan ma’lumotiga qaraganda «Ubaydulla Xo‘jayev rus-tuzem maktabida o‘qishni tugatgach, otasi bilan birga ishladi, keyin Toshkent shahar 1-uchastkasining Mirovoy sudyasi Oranskiyga kamtarona ish haqi evaziga ishga joylashdi. Men Chasovitina ijaraga bergan xonani ularga ta’mirlashga topshirdim. Ana shu paytda men unga e’tibor bergan edim. U epchil, chaqqon mehnatdan qochmaydigan bola edi. Men uni Injenernaya ko‘chasidagi uncha katta bo‘lmagan mayda-chuyda va kvas sotadigan do‘konchaga xo‘jayin bo‘lib, shahar boshqarmasi va boshqa mayda idoralardan kerakli ma’lumotlar to‘plab berish xizmatini bajarish haqida e’lon yozib, o‘zini reklama qilganini eslayman.

U keyinchalik Toshkent okrug sudiga erkin mirza sifatida joylashadi va ishbilarmon mahalliy kishilardan biri sifatida sudda tanish orttirishga ulguradi. Eshitishimcha, unga mahalliy advokat e’tibor berib, uni Rossiyaga ish yurituvchi sifatida olib ketgan va xususiy ishonchli (chastnыy poverennыy), ya’ni advokat diplomini olishga yordam bergan.

Mahalliy musulmon yoshlari g‘oyalari bilan qo‘zg‘algan davrda, Munavvar qori davrasidagi eng yetuk kishilardan biri Ubaydulla Xo‘jayev bo‘lib, «Xurshid» gazetasining xodimi sifatida ishtirok etardi.

U «Sadoyi Turkiston» liberal gazetasiga muharrir paytida Romanovskiy ko‘chasida, General gubernator devoniga yaqin uyda yashar edi. Men har kuni ishga o‘tib ketayotgan paytimda uni Munavvar qori va tatar yoshlari bilan bir stol atrofida o‘tirganini ko‘rar edim» (O‘zb.MDA f 461,r.1. ish1811).

Boshqa ma’lumotlarga qaraganda, Ubaydulla Xo‘jayev Mirovoy sud’ya Oranskiy yordamida tajriba orttiradi. Arxiv materiallariga ko‘ra, u o‘sha sudya bilan Saratovga ketadi. «Rus-tuzem maktabining 4 sinfini tugatganman. Men 1904 -1907 yillardan boshlab mustaqil yashay boshladim, – deb yozadi U. Xo‘jayev o‘z ko‘rsatmalaridan birida. – Toshkent okrug sudida mirzo bo‘lib ishladim, 1907 yilda Toshkent temir yo‘l yuridik bo‘limiga ish yurituvchi lavozimga joylashdim.1908 yilda shu boshqarmaning Orenburg bo‘limiga, idorachi (kontorщik) vazifasiga o‘tkazildim. 1912 yilda Saratov Okrug sudida xususiy advokat (chastnыy poverennыy) unvoniga imtihon topshirdim. Hech qanday firqalarga a’zo emasman». «Ma’lumotim tugallanmagan oliy, Saratov universitetida o‘qiganman» deb yozadi boshqa bir ko‘rsatmasida. U Saratovda yashagan paytida Yekaterina Pavlovna Serdabova bilan turmush quradi. 1913 yilda Toshkentga qaytib kelgach, Romanov ko‘chasi, 16-uyda yashaydi. Toshkent okrug sudida xuquqshunos Ivan Charkovskiy bilan birga ish olib boradi. Turkiston tuman muhofaza bo‘limi agenturasi ma’lumotlariga qaraganda, Charkovskiy yordamida bir necha ishlarni muvaffaqiyatli tugatgani sababli aholi orasida obro‘si oshib ketadi.

Ubaydulla Xo‘jayev Saratovda yashagan paytida V. Shekspir, F. Shiller, Onore de Balzak, V. Gyugo, G. Mopassan, R. Kipling kabi jahon va L. Tolstoy, A.Pushkin, Yu.Lermontov, L. Andreyev singari rus adabiyoti namoyandalari ijodini, huquqshunoslikka oid maxsus adabiyotlarni o‘qib-o‘rgandi. Insoniyatni larzaga soluvchi muammolarni erinmay tahlil qilishga urindi. Uni o‘sha davr rus adabiyotida ko‘tarilayotgan inson kamoloti masalasi ham qiziqtirgan. Shu bois u 1909 yilda ruslarning daho adibi L.Tolstoy ijodi bilan chuqurroq tanishadi. Faylasuf yozuvchining nasroniy aqidasidan kelib chiqqan g‘oyasiga mustamlaka mamlakatning farzandi sifatida yon bergisi kelmaydi. Adibning yovuzlikka yovuzlik bilan javob bermaslik haqidagi aqidasiga muxolif o‘laroq L.N.Tolstoyga o‘z fikr-mulohazalarini yozib yuboradi.

«Qadrli Lev Nikolayevich!
Men sira ham Sizning aziyat chekishingizni istmas edim, harholda, men mazkur maktubim bilan o‘zim uchun shubhali bo‘lgan bir masala – «yovuzlikka qarshilik ko‘rsatmaslik» sababini tushuntirib berishingizni so‘rashga jur’at etdim.

«Yovuzlikka yovuzlik bilan qarshilik ko‘rsatma» degan aqidaning shubhasiz to‘g‘riligiga qo‘shilgan holda komil ishonch bilan men quyida keltirayotgan hodisada nima qilish kerakligini bilmayman. «Yovuzlikka qarshilik ko‘rsatmaslik» aqidasining haqqoniyligiga shu bois ishonamanki, u faqatgina «Injil» orqali olgan diniy istaklarimga emas, balki mening haqiqiy zakovatimga javob beradi. Zero, men Muhammad alayhissalomning diniga e’tiqod qilaman.

Mening tushunishimcha, «yovuzlikka qarshilik ko‘rsatmaslik» aqidasi negizida quyidagi haqiqat yotibdi: agar birov qandaydir yovuzlik qilgan bo‘lsa, u yana bir yovuzlikni amalga oshirdi, bordi-yu, men qarshilik ko‘rsata boshlasam yoki amalga oshirilgan yovuzlik uchun qasos olsam, u holda avvalgi bir yovuzlik ustiga ikki yovuzlik bo‘ladi, binobarin, mening qarshilik ko‘rsatishim oqibatida bir yovuzlik ikki barobar ko‘payadi va hokazo. Agar men qarshilik ko‘rsatmaganimda, bir yovuzlik bittaligacha qolar edi, ikkita bo‘lmas edi, ya’ni yovuzlik kamayar edi. Shunday qilib, barchasi qaysi usul bilan bo‘lmasin – yovuzlikka qarshilik ko‘rsatmaslik yoki qandaydir boshqa bir yo‘l bilan yovuzlikni kamaytirishga qaratilgan. Agar shunday bo‘lsa, unda quyidagi hodisada nima qilmoq kerak edi?

Tasavvur etaylik, menga ma’lumki, bir shaxs qandaydir ulkan yovuzlik qilmoqchi, masalan, go‘yo butun bir uy yoki shaharga o‘t qo‘ymoqchi, yoxud poyezd, paraxod falokatini uyushtirmoqchi va hokazo. Shubhasiz, bularning oqibatida o‘nlarcha, yuzlarcha, minglarcha kishilar halok bo‘lishi mumkin. Men, albatta, tayyorlanayotgan ulkan yovuzlikning oldini olish uchun chora ko‘rishga axloqan majburman. Biroq buning uchun menda yovuz shaxs o‘z niyatini amalga oshirishdan ilgari uning o‘zini yo‘qotishdan boshqa chora bo‘lmasligi mumkin.

Men yovuzni yo‘q qilib, o‘nlarcha, yuzlarcha, minglarcha va hokazo kishilarni saqlab qolishim uchun bir odamni o‘ldirdim deb o‘z harakatimni oqlar edim. To‘g‘rirog‘i, men qilgan ish, albatta, yovuzlik, ammo u men yovuzni o‘ldirib to‘xtatgan, ya’ni amalga oshirilajak ulkan yovuzlikka nisbatan arzimasdir. Men o‘z harakatimni yovuzlik deb emas, balki naqadar katta yovuzlikning oldini olishning yagona chorasi deb atar edim, chunki u yovuzlikni kamaytirishga yordam beradi.
Mening mulohazam ana shunday, biroq, u, to‘g‘rimi, bilmayman. Shuning uchun uzoq ikkilanishdan so‘ng tushuntirib berish uchun Sizga murojaat qildim.

Agar, meni nihoyatda qiziqtirgan masala haqidagi gumonimni tushuntirib berish sharafiga muyassar etsangiz, men Sizdan abadiy minnatdor bo‘laman.

Mening manzilim: Saratov sh. D.Yurenev rastasi, Adliya bo‘limi.
Ubaydulla Asadullayevich Xo‘jayevga.

Sizga samimiy muxlis musulmon,
Ub.As. Xo‘jayev.

29 may 1909 y.
Saratov sh.»

Buyuk mutafakkir adib L.N.Tolstoy ushbu maktub bilan tanishib, maktub egasini uzoq muntazir qilmay javob yozadi. (Javob maktubi «Turkestanskiy golos» gazetasining 1916 yil, 25 dekabr, 136-sonida e’lon qilinadi.)

L.N.Tolstoy shunday yozadi:

«Yasnaya Polyana, 1909 yil, 5 iyun.

Ubaydulla Asadullovich,
Siz, mendan so‘rabsizki, bir kimsaning ko‘p odamlarga yovuzlik qilish niyati ma’lum bo‘lsa, u taqdirda qarshilik ko‘rsatmaslik haqidagi ta’limotni tan olgan kishi nima qilishi kerak? Ko‘pchilik halokatining oldini olish uchun, o‘sha bir kishiga nisbatan zo‘rlik qo‘llash ma’qul emasmi?

Afv etasiz, bu savolingiz, ko‘plarning shu xildagi savollari singari, haqiqatni bilish istagidan emas, aksincha, haqiqat deb hisoblangan narsani ado etmaslikni oqlash istagidan kelib chiqqan. Insonga mehr-muhabbat haqidagi ta’limot qarshilik ko‘rsatmaslik tushunchasini ham o‘z ichiga olib, u inson intiladigan idealni bildiradi. Idealni taomilning oddiy qoidasi deb bilish esa katta xato yoki o‘z-o‘zini aldashdir. Bu hayotda hech qachon to‘la erishib bo‘lmaydigan yetuk kamolotni talab etuvchi idealgina ideal bo‘la oladi. Lekin u hayotga rahnamo sifatida zarurdir, hayotda erishib bo‘lmaydigan ana shu kamolotdan dalolat bergandagina zarurdir. Mehr-muhabbat ideali haqida ham shuni aytish mumkin. Qarshilik ko‘rsatmaslik tushunchasini ham o‘z ichiga oladigan mehr-muhabbatni talab etish – hech vaqt to‘la ado etib bo‘lmaydigan narsadir, shuning uchun uni ado etishga intilish ham kerak emas, degan mulohaza menga kompas tutgan shunday bir odamni eslatadi: yo‘lda manzilingga tikka bor, deb uning qo‘liga kompas tutqazganlar, u bo‘lsa, kompas ko‘rsatgan to‘g‘ri yo‘lda o‘tib bo‘lmaydigan to‘siqlar – tog‘lar, daryolar va hokazolar bor, shu sababdan ham men mumkin qadar mutlaqo to‘g‘ri yo‘nalishga tushib olish uchun kompasga rioya qilib o‘tirmay, boshim oqqancha chetga qarab ketaverishim mumkin, deb turib oladi. Qarshilik ko‘rsatmaslikni ham o‘z ichiga oladigan mehr — muhabbat masalasida esa kompas doimo odamga nima qilish kerakligini (sayyohga yo‘nalishni) ko‘rsatadigan axloqiy-diniy tuyg‘udir; odamning xatti-harakatidan kelib chiqadigan oqibatlar esa hech qachon uning o‘ziga ayon bo‘lmaydi. Shunga ko‘ra, sayyoh uchun kompas ko‘rsatgan mutlaq to‘g‘ri yo‘nalishga mumkin qadar yaqin bo‘lishga intilish – inson uchun birdan-bir rahnamo bo‘lishi kerak…

Savolingizga bergan bu javobim Sizni qanoatlantira olsa nihoyatda xursand bo‘lur edim.
Lev Tolstoy».

«Turkestanskiy golos» gazetasi: «Bizning unchalik katta bo‘lmagan o‘quvchilarimiz davrasi L.N.Tolstoyning ushbu maktubini alohida qiziqish bilan qarash huquqiga ega. U Turkiston mahalliy aholisini rus xalqchil ziyolilari bilan birlashtirishga uringan yosh turk ziyolilarining vakillaridan birining maktubiga javob.

Balki odamlarni «kichik» va «katta» og‘alarga ajratishni farqiga bormagan L.N. Tolstoyning o‘limidan oldin yozgan ushbu maktubi odamlarni «birinchi» va «ikkinchi» toifalarga bo‘luvchilar uchun barcha odamlar bir-birlariga og‘a-inidirlar deb eslatib qo‘yishdir», deb izoh bergan edi.

Afsuski, biz U.Xo‘jayevning 1909-1913 yillarda rus va tatar yozuvchilari va adiblari bilan muloqoti haqida aniq ma’lumotga ega emasmiz, ammo ayrim dalillar uning yetuk qozoq, rus, yahudiy va tatar ziyolilari bilan yaxshi munosabatda bo‘lganini ko‘rsatadi.

Ubaydulla Xo‘jayev Toshkentga qaytib kelgach, hamshahar do‘stlari uyushtiradigan «gap»larda ishtirok etadi va o‘z xalqining taraqqiyotiga, mazlumlikdan qutulishiga chora axtarib, harakat qilayotgan mujohid vatandoshlari safiga qo‘shiladi. «Gap»lardan birida gazeta va jamiyat tashkil etish masalasi ko‘tariladi. U «Turon» jamiyatini — qonuniy ishlaydigan jamiyat sifatida shakllanishida huquqshunoslik nuqtai nazaridan amaliy ish olib boradi. Chor hukumati mahalliy aholi manfaati uchun ochiq ishlovchi birorta siyosiy partiyaga ruxsat bermasligiga ko‘zi yetgan U. Xo‘jayev, T. Norbo‘tabekov, Munavvar qori Abdurashidxonov, Abdulla Avloniy va boshqalar bilan birgalikda «Turon» musulmon drama san’ati havaskorlari ittifoqi» nizomini tuzadi.73 moddadan iborat bu nizom drama san’ati to‘g‘risidagi talablardan tashqari aholiga madaniy-ma’naviy xizmat ko‘rsatish, xalqning ijtimoiy-siyosiy ongini oshirish masalalarini ham qamragan. Ubaydulla Xo‘jayev truppaning ishida qizg‘in ishtirok etadi, hatto ayrim spektakllarni namoyish etish masalasida kecha tashkilotchisi va ma’muri sifatida qatnashadi. «Turkestanskiye vedemosti» gazetasining bergan xabarga qarganda, 1914 yil 27 fevralda Kolizey binosida namoyish etilgan Mahmudxo‘ja Behbudiyning «Padarkush» dramasini sahnalashtirish va ommaga ko‘rsatish tashkilotchisi ham Ubaydulla Xo‘jayev ekan.

«Turon» nizomida ko‘zda tutilgan moddalardan biri gazeta tashkil qilishdir. Ubaydulla Xo‘jayev va Munavvar qori Abdurashidxonov milliy gazeta tashkil qilishni safdoshlari bilan muhokama qilib, bir fikrga keladilar va harakat boshlaydilar.

Oxrankaning maxfiy xodimi «Shaxrisyabzskiy» 1913 yil 12 sentyabrda «Kelganiga bir oy bo‘lgan, Lazarev institutini tugatgan Nuriddinbek Xudoyorxonov va Saratovdan kelgan xususiy advokat Ubaydulla Xo‘jayev yaqinda mahalliy tilda gazeta nashr etishga kirishmoqchi» deb xabar beradi. Shu idoraning boshqa ma’lumotiga qaraganda, Toshkentning Shayx Xovandi Tahur daha muftisi uyida o‘tgan gapda taraqqiyparvarlar birodarligi ostida «Sadoyi Turkiston» nomida bir gazeta ochish masalasi paydo bo‘ladi. «O‘shandayoq, — deyiladi ma’lumotda, — u (ya’ni Ubaydulla Xo‘jayev) yosh sartlar firqasi (taraqqiyparvar) va mujohiddinlarning faol ishtirokchilari safiga qo‘shildi». Xo‘jayev gazetani tashkil etishni o‘z zimmasiga oladi. 1913 yil noyabr oyida Sirdaryo viloyat Harbiy gubernatori Galkinga gazeta ochish uchun ruxsat so‘rab murojaat qiladi. Oxranka 1913 yil 11 iyulga oid ma’lumotnomasida ma’lum qiladi: «20 iyunda musulmon uyushmasidan so‘l yo‘nalishdagi gazeta tashkil etilmoqchi ekanligi haqida ma’lumot olindi. Bu ishning boshida Ubaydulla Xo‘jayev va Mulla Abdulla Avlonov turishibdi». Shu idoraning maxfiy xodimi «Shaxrisyabskiy» boshliqlariga Toshkentda yangi gazeta ochish uchun harakat boshlangani, u o‘ta so‘l bo‘lib, musulmonlarni birlashtirishga qaratilgani va gazeta yopiladigan bo‘lsa, boshqasini ochish uchun ko‘proq ruxsatnoma olib qo‘yish haqida gap borganligini ma’lum qiladi. Bu orada aholiga kitob nashr etib, tarqatish ishlarini yaxshilash uchun «Umid» jamiyatini tuzish rejalashtiriladi. Oxranka xodimlari 1913 yil 9 oktyabr xabarlarida: «Toshkentda taraqqiyparvar musulmonlar «Umid» nomli jamiyat tuzdilar. Ular o‘zlarining kitob savdolarini tashkil qilishmoqchi, jumladan, uning eng taniqli vakillaridan biri – Ubaydulla Xo‘jayevdir. Uning tashabbusi bilan «Samarqand» gazetasining obunachilaridan foydalanib, ushbu gazetani Xo‘jayev noshir – muharrirligi ostida boshqa nomda nashr etish masalasi kelishib olingan». Shu tashkilotning 1914 yil 4 yanvar xabariga qaraganda, 1913 yil 21 dekabrda Sirdaryo harbiy gubernatori «Sadoyi Turkiston» gazetasini nashr etishga ruxsat bergan. Gazeta 1914 yil 1 yanvardan nashr etilishi mo‘ljallangan. Sababi, «Samarqand» gazetasi muharriri moddiy yordam olishdan, gazetani nashr etishga ruxsat berishdan voz kechgan. «Turon» jamiyati iqtisodiy qiynalib qolgani tufayli «Sadoyi Turkiston» gazetasining birinchi nomeri aprel oyida bosilganini Oxranka xabar qiladi.

Oxrankaning 1914 yil 8 dekabr ma’lumotiga qaraganda, Ubaydulla Xo‘jayev «Umid» birodarligi o‘rnida tashkil qilingan, bay asosida ishlovchi «Nashriyot» kitob savdosi uyushmasiga a’zo bo‘ladi. Biroq Xo‘jayevning gazetani nashr etish masalasidagi urinishi mustamlaka ma’muriyati va muhofaza tashkilotiga tinchlik bermaydi. Bu to‘g‘ridagi gap-so‘zlar Turkiston general gubernatoriga ham yetib boradi. Nimadandir qattiq qo‘rqqan Harbiy gubernator general-leytenant Galkin o‘z yordamchisi va maslahatchisi bilan birgalikda o‘lka boshlig‘iga 1913 yil 24 dekabrda yozgan maxfiy xatida shunday deb yozadi: «Ushbu yil 21 dekabrda vaqtli nashrlar to‘g‘risidagi muvaqqat qoidalar asosida men xususiy ishonchli advokat Ubaydulla Xo‘jayevga Toshkentda mahalliy tilda «Sadoyi Turkiston» nomida gazeta nashr etishga ruxsat bergan edim. Politsiya orqali to‘plangan ma’lumotlarga qaraganda fuqaro Xo‘jayevning siyosiy va axloqiy ishonchliligiga putur yetakazadigan dalillar mening qo‘limda yo‘q, shunga qaramay, o‘lkada nihoyatda katta ahamiyat kasb etuvchi, mahalliy tildagi yagona xususiy gazetaning mazmun va yo‘nalishini juda ham qattiq nazorat qilish kerak deb o‘ylayman. Afsuski, mening ixtiyorimda mahalliy tilni biladigan va gazetaning mazmun-mohiyatiga, umumiy ruhi hamda yo‘nalishiga tanqidiy qaray oladigan savodli kishi yo‘q.

Bayon etilganlarni Siz baland martabalikka xabar qilar ekanman, Siz baland martabalikka qarashli hukumat mansabdorlaridan biriga ushbu gazetani kuzatish va nazorat etishni lozim ko‘rasizmi, deb so‘rash sharafiga muyassarman. Shu bilan birga o‘z tomonimdan, masalan, haqiqiy shtat maslahatchisi Ostorumov, polkovnik Yagello yoki maslahatchi Semyonovni tavsiya etgan bo‘lur edim.

Ta’kidlaymanki, ushbu ish bo‘yicha Siz baland martabalikning ko‘rsatmangiz olinguncha, gazetani ko‘rish va sharh qilishni Viloyat boshqarmasi qoshidagi tarjimon fuqaro Aydarovga topshirildi».

Galkinning xati hoshiyasiga Turkiston bosh voliysi 31 dekabrda: «Muhofaza bo‘limi boshlig‘i gazeta yo‘nalishini kuzatib borsin, hukumat yo‘nalishidan chetga chiqadigan bo‘lsa o‘lka boshlig‘iga yetkazilsin» deb imzo qo‘ygan.

Chor Rusiyasining hukumat mansabdorlari, mulozimlari orasida sansolarlik, o‘zga millatlar ustidan o‘zini baland tutish, poraxo‘rlik illatlari avj olganini hayot tajribasida ko‘rgan Ubaydulla Xo‘jayev fikrida qat’iy turib, gazetani ro‘yobga chiqarishga urinadi. Biroq gazeta mo‘ljallangan paytda, 1914 yil 1 yanvarda nashr etilmaydi. Gazetaning birinchi soni 1 apreldagina nashrdan chiqadi. Buning asl sababi noshir va tahririyatda emas, balki chor ma’muriyatida edi. Turkiston tuman muhofaza bo‘limi materiallarida: «Mahalliy aholi orasida so‘l yo‘nalishdagi gazeta ulkan ahamiyatga ega bo‘lishini e’tiborga olib, uning chiqishni to‘xtatishga intilib, general gubernator davlat bosmaxonalari ushbu gazetani chop etish uchun buyurtma olmasliklari haqida ko‘rsatma berdi, shu bois gazeta 1914 yil apreldan nashr qilina boshlagan.

Xo‘jayev 1914 yilda Toshkent mujohiddinlari safiga a’zo bo‘lib, o‘lkada Rusiyaning hukmronligiga qarshi qaratilgan maxfiy tashviqotchilik faoliyatini davom ettirmoqda», deyiladi.

Turkiston xo‘jayinlarining qarshiligiga qaramay, gazetaning birinchi soni 1914 yil 1 aprelda nashrdan chiqib, mushtariy va o‘quvchilarga tarqatiladi. Gazeta o‘z yo‘nalishini shunday ifoda etadi: «Bizim shul qadar g‘aflat va jaholatimizni ko‘ra turib, yana sabr va qanoat ila sukut etmak muqaddas vatanimiz va mehribon onamiz bo‘lg‘on Turkistong‘a ko‘p og‘ir keldi. Shul sababli ul o‘zining dildan chiqqan hazin sadosi ila o‘z avlodlarina nasihat qilmoqqa qaror berdi…

…Oliyai muqaddas onamiz bo‘lg‘on Vatanga shoyad ojizona bir xizmat bo‘lsa, deb biz ham o‘z zimmamizga «Vatan tarjumoni» kabi og‘ir bir yukni yuklamakka jasorat etduk».

«Sadoyi Turkiston»ni Ubaydulla Xo‘jayev, Munavvarqori Abdurashidxonov, Abdulla Avloniy, Abdulhamid Sulaymon Cho‘lpon, Abdurauf Muzaffarzoda, Shokirjon Rahimiy, Mirmuhsin Shermuhammad, Mirmulla Shermuhammad, Tavallo – barchalari qo‘lni qo‘lga berib gazetani 1914–1915 yil mobaynida muntazam chiqarib turdilar. Ammo gazetaning iqtisodiy yuki ko‘proq Ubaydulla Xo‘jayev zimmasiga tushadi. Tatar yozuvchisi Ibrohim Tohiriy 1914 yilda «Sho‘ro» jurnaliga yozgan «Ko‘rgan – bilgandan» xabarida: «Sadoyi Turkiston» gazetasi yolg‘iz muhtaram yurist Ubaydulla afandi Xo‘jayev janoblarining himmatigagina bog‘liqdir. Gazetaning har bir nomerinda 30-40 so‘m zarar ko‘rib boraturg‘on muhtaram yurist milatparvar Ubaydulla afandi bir el homiysiga ega bo‘lsa, go‘zal o‘lur edi», deb yozgan.

Shovinizm balosiga mubtalo bo‘lgan chor mansabdorlari, xususan, N.P.Ostroumov gazetaning har jumlasigacha nazorat qiladilar va arzimagan narsa ustida janjal chiqarib, siyosiy shov-shuv ko‘tarishga intiladilar. Buning ikki sababi bor: birinchisi, xorijiy davlatlar orasida o‘zlarini ko‘rsatmoq bo‘lsa, ikkinchisi, ular o‘zbek tilida xalqning ko‘zini ochadigan, so‘l yo‘nalishdagi matbuotning ishlab turishini istamasliklari edi. Shu bois gazetaga tish-tirnoqlari bilan qarshi turdilar. Fikrimiz quruq bo‘lmasligi uchun bir misol keltiramiz. «Sadoyi Turkiston» gazetasi 1914 yil, 20 may sonida «Butxonada yong‘in» sarlavhali bir xabarni ko‘chirib bosadi. Xabarda Perm shahridagi diniy maktablarning biridagi butxonaga o‘t tushgani xabar qilinadi. Janob Ostroumov «cherkov» so‘zi o‘zbek tiliga «butxona» deb o‘girilgani uchun gazeta mas’ul muharriri U.Xo‘jayev va xodim A.Muzaffarzodani sudga berib, jinoyat qonunlarining 77-moddasiga muvofiq jazoga torttirmoqchi bo‘ladi. U. Xo‘jayev Toshkent kutubxonasiga murojaat qilib, ushbu so‘z qachondan matbuotda ishlatilayotganini surishtiradi. 1914 yil sentyabrda o‘tgan sud paytida advokatlardan Shirman, Rozanov, Markov gazeta, uning noshir va muharririni himoya qiladilar. Abdurauf Muzaffarzoda «butxona» so‘zi bevosita N.Ostroumov qo‘l ostida chiqayotgan «Turkiston viloyatining gazeti»da 1902 yildan buyon ishlatilib kelganini isbotlab beradi. Advokatlar ham modda va talab noo‘rin ekanligini isbotlab beradilar. Sud Ubaydulla Xo‘jayev va Abdurauf Muzaffarzodani aybsiz topadi va ishni harakatdan to‘xtadi. (qarang: «Sadoyi Turkiston», 1914 yil,9 sentyabr. «Muharrirlarimiz sudi».) Ishning to‘xtatilishida o‘zbek ziyolilarining norozilik chiqishlari ham ta’sir ko‘rsatgan. Xususan, «Sadoyi Farg‘ona» gazetasida «Mulla A.» ya’ni, Ashur Ali Zohiriyning «o‘rinsiz hujum va xavf» maqolasi, Cho‘lponni Ostroumovning faoliyati to‘g‘risida Suqsuviy taxallusida yozgan «Muammo» she’ri bosiladi.

Ubaydulla Xo‘jayev Turkiston xalqining o‘z haq-huquqini tanishi uchun tinmay ishladi. Mahalliy boylar uni quvvatlamagan bo‘lsa-da, ammo atrofidagi do‘stlarining yordamida turli tadbirlarni amalga oshirdi. 1915 yilda «Turkiston» sayyor truppasini tuzib, Farg‘ona vodiysi bo‘ylab uyushtirilgan safar ana shunday tadbirlardan biridir. Truppa Xo‘jayevning ma’muriy, A.Avloniyning badiiy rahbarligi ostida Qo‘qon, Andijon, Namangan, O‘sh shaharlarida bo‘lib, mahalliy aholiga o‘zbek tilidagi ilk spektakllarini namoyish etibgina qolmay, mahalliy yoshlardan havaskor teatr truppalarini tashkil etishga ko‘maklashdi. Oxranka materiallariga qaraganda, Andijon uyezd boshlig‘i 1916 yil 17 oktyabrda №5090 raqamli Farg‘ona viloyat harbiy gubernatoriga yozgan «Raport»ida xabar beradi: «Qo‘shimcha agentura ma’lumotlarini tahlil qilishga qaraganda, «Padarkush» piyesasi… birinchi marta Toshkent shahrida, Ubaydulla Xo‘jayev rahbarligi ostidagi taraqqiyparvar fikrli yosh o‘zbeklardan iborat havaskorlik truppasi tomonidan 1914 yilda hozirgi urush boshlanguncha sahnalashtirilgan».

Keyin tilga olingan Xo‘jayev Qo‘qon, Andijon, Namangan va boshqa shaharlarda bo‘lgan va barcha shaharlarda mahalliy taraqqiyparvar, havaskor kuchlarni to‘plab, o‘sha piyesani sahnalashtirgan. Andijonda «Padarkush» piyesasining qo‘yilishida mas’ul ma’mur Ubaydulla Xo‘jayev bo‘lgan, rejissyor – Bokudagi tatar truppasining rejisseri Asker Dadashev Askerov. U.Xo‘jayevning teatr truppasini tashkil etishiga ko‘pgina boylar va din vakillari qarshilik ko‘rsatgan». Milliy teatrning ilk tadqiqotchisi Miyon Buzruk Solihovning bergan xabariga qaraganda, Mirkomil Mirmo‘minboyev teatrni tashkil etilishini qo‘llab-quvvatlagan.

Safar garchi muvaffaqiyatli o‘tgan bo‘lsa-da, biroq gazetani chop etish uchun kerakli va zarur miqdordagi mablag‘ topilmaydi. Oqibatda, gazeta ilojsiz yopiladi. Uning o‘zi gazetaning yopilishi haqida 1926 yil 12 mayda GPUga quyidagicha ko‘rsatma beradi: «1915 yilda Toshkentdan Andijonga ko‘chib bordim. Ko‘chishimning sababi shundaki, menim tomonimdan o‘zbek tilida nashr etiluvchi «Sadoyi Turkiston» gazetasi Sirdaryo viloyat Harbiy gubernatori Galkinning bosimi va tez-tez ta’qibga olishi hamda mablag‘ning yetishmasligi bilan yotib qoldi. Menga biror viloyatga borib, yashash uchun mablag‘ topishdan o‘zga chora qolmadi.

Gazeta yorqin taraqqiyparvarlik xarakteridagi antiklerikal va boylarga qarshi edi».

Ubaydulla Xo‘jayev 1913 yil oxirida Moskvadan qaytib kelib, Toshkentda yashay boshlagach, advokatlik kasbi taqozosi bilan mahalliy aholining og‘irini yengil qildi, rus geograf va arxeologlari jamiyatining ilmiy yig‘ilishlarida qatnashdi. Oddiy mehnatkash xalq manfaatini himoya qiladi. 1914 yil taxminan mart oyida «o‘zaro yordam klubi»da xususiy tadbirkorlar yig‘ilishi bo‘ladi. Ana shu yig‘ilishda u adolatni talab qilgani uchun kaltaklangani haqida «Turkestanskiye vedomosti» gazetasi (1914 y, 25 aprel) xabar beradi. Tadbirkorlardan mahalliy aholiga yordam tegmasligi va gazetani saqlab qolishning imkoniyati yo‘qligi uchun Andijonga borib ishlashga majbur bo‘ladi.

Ubaydulla Xo‘jayevning 1915 yilda Andijonga ko‘chib borishiga sabab shuki, o‘sha yili andijonlik bir necha dehqonlar kelib, Novgorodskiy degan bir uchastkovoy xalqqa soliq solib, arzir va arzimas narsalar uchun ezayotganligidan shikoyat arizasini yozib, undan yordam so‘raydilar. U arizaga javoban Andijonga borib, xalqning ahvoli bilan tanishadi. Faqat Andijonda emas, balki butun Farg‘ona vodiysida uchastkovoy va pristavlar, umuman chor ma’muriyati xalqning qonini so‘rayotganini o‘z ko‘zi bilan ko‘rib, ishonch hosil qiladi. «O‘shanda, — deydi Ubaydulla Xo‘jayev, — men Andijonga ko‘chib borib, ma’muriyatning suiiste’molchiligiga qarshi kurashishga ahd qildim. Men Toshkentda gazetam yopilganidan so‘ng shu qarorga keldim. Andijonga ko‘chib kelgach, xususiy amaliyot bilan, asosan o‘zimning bor kuch-quvvatimni dehqonlar ommasini ma’muriyatning su’iste’yemolchiligidan himoya qilishga qaratdim».

O‘sha davrda u tasodifan bozorda, Eshonxon degan gazlamafurush do‘konida so‘l inqilobchi Vadim Chaykin bilan tanishib qoladi. Shu yil 1 iyuldan boshlab Chaykin ta’sirida «Turkestanskiy golos» gazetasiga baychi va muxbir sifatida a’zo bo‘ladi. Turkiston tuman muhofaza Andijon bo‘limi: «Xo‘jayev «Sadoyi Turkiston» gazetasi yopilib, Andijonga ko‘chib kelgandan buyon faqat advokatura bilan shug‘ullandi, shu yil 1 iyuldan boshlab «Turkestanskiy golos» gazetasi bilan hamkorlik qilmoqda» deb xabar beradi. Oxrankaning xabariga ko‘ra, U. Xo‘jayev mazkur gazetaning tashkilotchi va baychilaridan biri bo‘lgan va u Toshkentda «Sadoyi Turkiston» gazetasi nashr etilishi munosabati bilan vaqtincha yashagan.»

Andijonda Afanasiy va Vadim Chaykinlar bilan ishlash asnosida «Sadoyi Turkiston» gazetasini qayta nashr etish masalasida jiddiy ish boshlaydi. U Andijonda yashayotgan toshkentlik muallim Mo‘minjon Muhammadjonov (yozuvchi Mo‘min kofir) yordamida niyatini amalga oshirmoqchi bo‘ladi. M.Muhammadjonov «Turmush urinishlari» kitobida shunday deb yozadi: «Shul Ubaydulla Xo‘jayev 14-yilda yotib qolgan «Sadoyi Turkiston» gazetasini yana tiriltirish uchun mani Andijondagi Chaykin degan bir o‘risning oldiga yubordi. Bu o‘rus Ubaydulla Xo‘jayevning qalin oshnalaridan bo‘lib, o‘rischa bir gazeta chiqarib turmoqda ekan. Man uning maslak va maqsadi qanday ekanligini bilmasam ham, yerlik xalqqa yaxshi ko‘z bilan qarog‘onlig‘ini ancha anglag‘on edim. Endi man, Andijonning birinchi yoshlaridan Abdulhamid Sulaymonning mehmonxonasida yotib tura boshladim. Chaykin Farg‘on gubernatori Ivanovg‘a bir necha dapqir murojaat qilib, o‘z gazetasi yonida «Sadoyim Turkiston»ni qaytadan chiqarishg‘a so‘rag‘on edi, ul ruxsat bermadi. Chorasiz qolib, Ubaydulla Xo‘jayev bilan kengash qilib, maning nomimg‘a «Intibohi Turkiston» degan gazeta chiqarmoq bo‘lib, hukumatga 1917 yil 24 yanvarda quyidagicha ariza berdi:

«Ul baland darajalik Farg‘ona viloyatining harbiy gubernatori janoblarig‘a
Andijon shahrida Iskobuluf ko‘chasida turg‘uvchi
Mo‘minjon Muhammadjon o‘g‘lidan
ARIZA

Senzur ham matbuot to‘g‘risidag‘i 114- ustavga qo‘shma qiling‘on 15-modda bo‘yicha, siz yuqori darajalikka bildiramanki, man Andijon shahrida sart tilida «Intibohi Turkiston» ismida bir g‘azeta chiqarmoqchi bo‘ldim. Ul g‘azetaning prog‘romi ushbu tartibda bo‘lur:

1. Bosh maqola, 2 — rus ham musulmon matbuoti (g‘azeta, jurnallari)dan mulohaza, fikrlar, 3-urush xabarlari, 4-agentstva ham o‘z muxbirlarimizning telegromlari, 5-felyeton, 6-ilmiy felyeton, 7-Andijon ham tevarak joylari, 8-viloyatning har tomonidan maktublar. 9-yerli xalq tirikchiligidan, 10-urush maydoni ham urush to‘g‘risidan, 11-har turli tildan tajribalar, 12- usuli ta’lim, tarbiya to‘g‘risidan, 13 – paxta ham boshqa ekin ahvollari, 14 bildirishlar qismi.
Gazetaning bahosi: bir yillik 7 so‘m, yarim yillik 4 so‘m, 3 oyga 2 so‘m 50 tiyin bo‘lib, bosiladurg‘on yeri: Andijonda, Nikolayevskiy ko‘chasida I.Ya.Ivanov bosmaxonasida.

Mazkur gazetaning muharrirligini man o‘z bo‘ynimg‘a olib bildiramanki, yuqorida ko‘rsatilgan zakun moddalari bo‘yincha bo‘ladurg‘on har turli mas’uliyatlarga o‘zim javobgarman. o‘zim Rusiya tab’asi, yoshim 25dan oshgan bo‘lib, hech bir to‘g‘rida hukumatga ayblik bo‘lg‘on emasman. Shul holni e’tiborg‘a olib, siz janob hurmatlikdan o‘tinamanki, yuqorida bayon qiling‘on g‘azetaga ruxsat bersangiz edi.

Imzo Mo‘minjon Muhammadjon o‘g‘li».
Bu arizaning asli ruscha bo‘lib, Abdulhamid Sulaymon o‘zbekchaga tarjima qilib bergan edi» (O‘sha kitob 312-314-b).

Ivanov bu arizani inobatsiz qoldiradi. Natijada U.Xo‘jayev advokatlik ishlari bilan shug‘ullanishda davom etadi. Tez orada u mahalliy aholining bitmagan ishlarini o‘nglab, mahalliy aholining suyanchig‘i degan nom qozonadi. Ubaydulla Xo‘jayev Andijon va umuman, Farg‘ona viloyatida nomi mashhur bo‘lgan Sulaymon Kelginboyev, Serikbay Akayev, Akbarali Boytursunov kabi tarjimon va advokatlar bilan hamkorlik qiladi. Xalq shikoyat yozgan kapitan Novgorodskiy faoliyatini tekshiradi. Uning xalq va davlat pulini sui’iste’mol qilganini fosh qiladi. Elning mablag‘ini egalariga qaytartirib, zolimni ishdan chetlashtirishga muvaffaq bo‘ladi. U 1915 — 1917 yillar mobaynida Andijonda xalqqa qarshi bo‘lgan chor ma’muriyati mansabdorlari va ularga beminnat xizmat qiluvchi mahalliy kishilarning faoliyatini ayovsiz fosh qiladi. Ko‘pgina rus va yerli ma’murlar ishlaridan chetlashtiriladi. Bu ahvolga chiday olmagan, o‘zbek boylaridan mo‘maygina pul olib, rohatda yashashga odatlangan Andijon uyezd hokimi polkovnik Brjeziskiy (1916 yil 13 sentyabr, № 3052) Farg‘ona harbiy gubernatori Chaykinga mutlaqo maxfiy ruknida «Raport» jo‘natadi. U raportida agentura ma’lumotiga asoslanib, rus mansabdorlari va mahalliy amaldorlardan ayrim kishilar aholining shikoyati bilan o‘z lavozimidan chetlashtirilgani uchun nihoyatda vahimaga solib qo‘yilgani, shikoyatlarni tekshirish uchun yuborilgan praporshchiklarning xabarlariga qaraganda, ish ularning qo‘lidan oshkora chiqib ketgan. Tekshiruvchilarning birortasi biron ishni tekshirish masalasida aholiga hatto qonuniy talabni ham qo‘yishga jur’at eta olmagan. Shu sababli ishdan ketgan ayrim xizmatchilar ishdan ketganlari uchun taqdirga tan berishgan.
Andijon uyezd boshlig‘ining «Raport»laridan ikki narsa ma’lum bo‘lyapti: birinchisi janob Brjeziskiy o‘zining poraxo‘rligi ochilib qolishidan qo‘rqib vahima ko‘tarmoqda, ikkinchisi, haqiqatan ham Ubaydulla Xo‘jayev Andijonda o‘ziga hamfikr kishilarni topa olgan va ularning boshini qovushtirib, mustamlaka sharoiti uchun kutilmagan hamda chinakam inqilobiy ishlarni, ya’ni mustamlakachi amaldorlarni va ularning malaylari bo‘lgan mahalliy mansabdorlarni ishdan chetlashtirgan. Binobarin, xalqning hurmat-e’tiborini to‘liq qozongan.

Atoqli huquqshunos doimo xalqning og‘irini yengil qilishga intilib yashadi. Shu bois 1916 yil iyun voqealarida, ya’ni mardikorlikka olish to‘g‘risidagi farmonga Turkistonning xalqparvar, ongli huquqshunosi sifatida qarshi chiqdi. Ayni ekin-tikin yetilgan, xalq yetishtirgan hosilini yig‘adigan davrda aholining ish beradigan qismini tekin mardikor sifatida xizmatga majburiy olinishi, mustamlaka hukumatining tajovuzkorligidan o‘zga narsa emas edi. Ubaydulla Xo‘jayev va safdoshlarining asl niyati mahalliy xalqni arzon ishchi kuchi sifatida emas, balki ellik yildan ortiq vaqt mobaynida qo‘liga qurol ushlamay, amaliy va nazariy jihatdan harb ilmidan chetlashtirilgan xalqni harbiy tizimga qaytarish edi. Bu haqda «Milliy ittihod» yetakchilaridan biri bo‘lgan Salimxon Tillaxonov shunday deydi: «Shul vaqtda Ubaydullaxo‘ja va Munavvar qorilar vaqtdan foydalanib hukumatning ishchi olishiga qarshi harakat qilmoqchi bo‘ldilar. Albatta muning orasida Chaykinlar ham bo‘lsa kerak. Munavvar qorining tashqarisinda bo‘lg‘on kursning talabalaridan (bizlardan) foydalanib ham bizlardan boshqa yoshlarning ishga solub xalq orasida «Biz ishchi bermaymiz, yigit bermaymiz» degan so‘zlarni tarqatishga boshladilar. Bunga ham sabab bo‘lg‘on narsa eskidan yoshlarning fikrlari, to‘g‘risini aytganda yoshlarning boshliqlarining fikri hukumat Turkistondan askar olsa edi, bir qancha kishilarni harbiy ishga o‘rgatgan bo‘lar edi. Ko‘b kishilar harbiy ishga o‘rgansalar, so‘ngra inqilob harakatlarini qilish yengil bo‘lur edi, degan fikrlarni yurg‘izur edilar. Shuning uchun bir yerda xalqqa tashviqot qiling‘onda «hukumatga ishchi bergandan ko‘ra askar berishi kerak, chunki ishchi berganda, ishchilar urushda askarlarning oldiga o‘tub okop qaziydurlar, undan keyin shul qozilg‘on okopg‘a askarlar kirub dushman ila urushadurlar, o‘z-o‘zidan ma’lumki dushman ila bizning oramizda bo‘lg‘on okopni qozub tamom qilg‘uncha dushman ishchilarni o‘ldirub,tamom qiladur yoki ustlariga hujum qilub kelub qolsalar ishchilarning qo‘llarinda bellaridan boshqa hech narsalari yo‘qdir. Shuning uchun mudofaa uchun ham harakat qilmaydurlar. Shuning uchun ishchi berguncha askar berish kerak, chunki askar bo‘lg‘onda tayyor qiling‘on okopga borub urushodir-da, dushman kelganda ham to‘g‘ri o‘lib ketmasdan kuchi yetguncha qo‘lidag‘i aslahasi ila mudofaa qilib qoladur» degan so‘zlar ila tashviqot qildira edilar». Salimxon Tillaxonovning so‘ziga qaraganda, ana shu tashviqotdan so‘ng Toshkentda xalq isyon ko‘targan va chor ma’muriyati xalqni tinchitish va mardikorlikka olish masalasini Ubaydulla Xo‘jayev va Munavvar qori Abdurashidxonov zimmasiga yuklagan. Toshkentda maxsus «Mardikorga olish ishchi qo‘mitasi» tuzilgan. qo‘mitaga Ubaydulla Xo‘jayev rais, Munavvar qori Abdurashidxonov o‘rinbosar, Abduhakim Sarimsoqov a’zo bo‘lgan. Ushbu qo‘mitaning jiddiy harakati bilan mardikorlikka olingan va turli yerlarga jo‘natilgan kishilar uchun moddiy yordam ko‘rsatilgan, ularga rus tilini biladigan kishilar qo‘shib qo‘yilgan. Shunga qarmay, Laplandiya, Belorussiya, Shimoliy Kavkazda qora ishchi o‘rnida ishlatilayotgan turkistonlik mardikorlarning ahvoli yaxshilanmagan, ular ish tashlashga, norozilik bildirib, hatto isyon ko‘tarishga majbur bo‘lganlar. Mardikorlikka qarshi xalq noroziligi Toshkent, Andijon, Jizzaxda isyonga aylanib ketgan va ular chor ma’muriyati va harbiylari tomonidan vahshiyona tarzda bostirilgan. Ana shu norozilik davrida Ubaydulla Xo‘jayev mardikorlarni orqaga qaytarish va markaziy hukumatga xalq noroziligini yetkazish uchun Anastasiy Chaykin bilan birga astoydil kirishgan. Xo‘jayevning faoliyati mardikorga ketganlar orasida afsonaviy bir xaloskor nomiga aylangan. Bu holat Hamza Hakimzodaning «Loshmon fojialari» dramasida o‘z aksini topgan. Hamza qahramonlari Ubaydulla Xo‘jayevning qilayotgan ishlaridan so‘zlashib, uni taftish chaqirish uchun Peterburgga borganini gapirib, unga najotkor sifatida qaraydilar va “Yashasin Ubaydulla Xo‘jayev, yashasun Chaykin» deb qo‘shiq aytadilar.

Farg‘ona, Andijon va Toshkentdagi chor mansabdorlari mahalliy advokatning faoliyatidan nihoyatda xavfsirab qolgan edilar. Chunki uning rus qonunlari asosida yozilib, Peterburgga, turli ministrliklarga yozilgan shikoyatlari asosida mansabidan chetlashtirilgan amaldorlarning u bilan olishib og‘izlari kuygani, uning faoliyatini xalq qo‘llab quvvatlayotgani, hatto uncha munchaga bo‘yni yor bermaydigan mahalliy boy – korchalonlar ham Ubaydulla Xo‘jayev bilan maslahatlashib ish ko‘rishayotgan edilar. Bu voqealar Turkiston general gubernatori A.N.Kuropatkinning qulog‘iga turli mish-mish tarzida yetib boradi. Shu sababli u qo‘l ostidagilardan tushuntirish so‘raydi. Sirdaryo harbiy gubernatori 1916 yil 10 noyabrda unga maxsus (№ 1006) xat yo‘llaydi. Xatda harbiy gubernator Ubaydulla Xo‘jayevni shaxsan qabul qilgani, u yozgan shikoyatlar bilan tanishgani, shikoyatlarda yozuvchi bir oz o‘zining omma orasida obro‘sini oshirishga intilganini, ammo bu holat avom xalq bilan to‘g‘ri muomala qilishda kerakligi, uning yozgan shikoyatlari bir oz tendensiozligi uqdirilganini aytadi.

Mardikorlikka olish bahonasida o‘lkada olib borilgan hunrezliklar el manfaatini o‘ylagan kishlarni,xususan Ubaydulla Xo‘jayevni loqayd qoldirmasligi tabiiy edi. Shu bois Toshkent shahridan mardikorlikka olingan kishilarning turmushi bilan tanishish maqsadida u Toshkent temir yo‘l hududini borib ko‘rishga 1916 yil 9 dekabrda ruxsat so‘raydi. Ammo Turkiston xo‘jayinlari «mahalliy muhtaram kishilarga ruxsat berilsin, lekin faqat Xo‘jayevga emas» deydilar.

Ubaydulla Xo‘jayev bunday kamsitishlarga e’tibor bermay maqsad sari intilgan. Andijon va Jizzax voqealarida chor ma’muriyati bilan birga mahalliy lavozim egalari ham aybdor ekanliklarini bilgani va amalda ko‘rgani uchun Kuropatkinga «Shikoyat» arizasini yuboradi.

Xo‘jayev ko‘rsatgan dalillar oqibati o‘laroq sodir bo‘lgan isyonlar, ularning zulm bilan bostirilishi mahalliy zodagonlarni yoshlar fikriga qo‘shilish va hatto ularni qo‘llab-quvvatlashga olib keldi. Andijonning Mirkomil Mirmo‘minboyev kabi savdo-sanoat, madaniyat taraqqiyotini o‘ylagan kishilari tomonidan boshboshdoqliklarga barham berish va zulmni to‘xtatish uchun Petrogradga vakil yuborish masalasi quvvatlandi. Shaxsan Mirkomil Mirmo‘minboyev Ubaydulla Xo‘jayev va uning hamrohlarining Peterburgga, Davlat Dumasiga borish uchun safar sarf-harajatini o‘z zimmasiga oladi. «Qori» laqabli chaqimchi oxranka boshlig‘i Rozalion-Soshalskiyga «Andijon mahalliy xalqi Mirkomil Mirmo‘minboyev rahbarligida Xo‘jayevni sarf-xarajat bilan ta’minlab, Petrogradga Davlat dumasining musulmon fraksiyasiga Farmonni bekor qildirib, musulmon fraksiyasi a’zolaridan birini, Turkistonda joyning o‘zida ish bilan tanishish uchun yuborilishini iltimos qilishga jo‘natdi» deydi. Ushbu safar chog‘ida Ubaydulla Xo‘jayev chor hukumati Davlat Dumasida bo‘lib uning a’zolari bilan uchrashib, mahalliy aholining shikoyatini topshiradi. Oqibatda A.F. Kerenskiy, B. Tevkelev, M.Cho‘qayevdan iborat Dumaning taftish komissiyasi Turkistonga kelib, Jizzax, Samarqand, Toshkent va Andijondagi sharoit bilan tanishib, taftish o‘tkazadi. Komissiya a’zolari Toshkentdagi «Natsional» mehmonxonasida joylashadilar. U.Xo‘jayev ham shu joyda yashab, komissiyaga zarur hujjatlarni to‘plashda yordam beradi va ular bilan safar chog‘ida birga bo‘ladi. Komissiya a’zolari Turkistondan amalga oshirilgan mudhish jarayon bilan tanishib, hayratdan yoqa ushlaydilar. Ular misli ko‘rilmagan xunrezlikning guvohi bo‘ladilar.
Kerenskiy va uning sheriklari xalq noroziligi sabablarini puxta o‘rganib, uning kelib chiqish sabablariga mahalliy aholi emas, balki chor hukumati va joylardagi ma’muriyat rahbarlari aybdor ekanligi haqidagi axborot va maxsus tayyorlangan dokladni Rossiya Davlat dumasining 1916 yil dekabr oyidagi majlisi qatnashchilari e’tiboriga havola qiladilar. Majlis xulosalari, komissiya xulosalari, albatta general-ad’yutant Kuropatkinning qulog‘iga yetib keladi. Komissiyani chaqirib kelgan Ubaydulla Xo‘jayev gubernatorning qahriga uchrab, o‘lkadan surgun qilishga hukm etiladi. Faqat fevral inqilobigina Xo‘jayevni surgundan asrab qoladi.

Mardikorlikka olish voqealari taftishi uzil-kesil hal qilinib, tekshiruvchilar o‘z fikr-mulohazalarini bayon qilishgan bo‘lsa-da, mustamlaka hukumati mahalliy aholiga yengillik bermadi. Faqat 1917 yil fevral inqilobidan keyingina mardikorga ketgan kishilar o‘z yurtlariga qayta boshladilar. o‘z yaqinlarining oilaga qaytib kelayotganini ko‘rgan yurt kattalari 1916 yil oxirlarida Ubaydulla Xo‘jayevning el-yurtga qilgan xizmatlarini e’tiborga olib, unga xalq minnatdorligi bayon qilingan «Tashakkurnoma» («Adres»)ni topshiradilar.

1916 -1917 yillarda Ubaydulla Xo‘jayevning nomi butun Turkiston o‘lkasida doston bo‘ladi. Munavvar qori Abdurashidxonov va boshqalar uni Turkiston o‘lkasidan Rossiya Davlat Dumasiga deputatlikka nomzod ko‘rsa tish to‘g‘risida xalq orasida keng targ‘ibot va tashviqot ishlarini olib boradilar. Ammo siyosiy voqealarning keskin o‘zgarib borishi bu niyatni amalga oshirishga imkoniyat bermaydi. Chunki davlat boshqaruvini qo‘liga to‘liq ola olmagan ramaqijon Muvaqqat hukumatdan najot kutish o‘likka to‘kilgan ko‘zyoshdek esiz edi. Biroq u baribir Peterburgga yo‘l oladi.

Ubaydulla Xo‘jayev fevral inqilobini, o‘z so‘ziga qaraganda, Namanganda, arxiv materiallariga qaraganda Qo‘qonda kutib oladi. Chunki sobiq general gubernator Kuropatkin poraxo‘r va muttaham vatandoshlarining so‘ziga kirib, uni o‘lkadan surgun qilish haqida ko‘rsatma bergani uchun Toshkentga kela olmas edi. Ammo Kuropatkin 1917 yil 21 fevralda o‘z buyrug‘ini bekor qilishga majbur bo‘ladi. Shu munosabat bilan Ubaydulla Xo‘jayevga Munavvarqori Abdurashidxonov, Toshkent xalqi va ayrim shaxslar nomidan tabrik telegrammasi yuboriladi. U Mart oyining boshida Toshkentga kelib, Toshkent «Sho‘royi islom» jamiyatining majlisida ishtirok etadi. Avvaliga rais o‘rinbosari va oradan ko‘p o‘tmay jamiyatning aprel oyi majlisida Turkiston «Sho‘royi islom» jamiyatining raisi etib saylanadi. Shuningdek fevral – oktyabr oylarida eski shahar aholisi nomidan Toshkent Ijroiya qo‘mitasining a’zosi (deputati) vazifasini bajaradi. Shu yil aprelda o‘tkazilgan Umumturkiston syezdida ishtirok etadi. Mustafo Cho‘qayev o‘z xotirasida shunday deydi: «Men 1917 yil 10 aprelda Toshkentga keldim. Vokzaldan to‘g‘ri Turkiston viloyati hokimi saroyiga bordim… O‘rtada Toshkent shahrining yangi hokimi Ivanov o‘tirardi. Bizning turkistonliklardan ko‘k ko‘zlik baland bo‘yli Mahmudxo‘ja Behbudiy mirza bilan Ubaydulla Xo‘jayevga ko‘zim tushdi. Bir chetda stulda Shohislom Shohiahmedov o‘tirardi. Uning yonida qop-qora Serikboy Aqayev bor.

Men zalga kirganimda notanish bir o‘ris minbarda edi. Uning og‘zini yirtib qayta-qayta gapirgan so‘zlari hamon yodimda: «To‘ntarishni rus to‘nkarishchilari, rus ishchilari, rus askarlari amalga oshirdi. Shuning uchun Turkistonni bilik bilan boshqarish ruslarga tegishli. Mahalliy xalq biz nima bersak shunga qanoat etishi kerak.»

Bu so‘zni Qo‘qon savdo maktabining o‘qituvchisi, sotsial demokratlar vakili Nekora aytgan edi». ( Mustafo Cho‘qay, Mariya Cho‘qay. Esdaliklar. Istanbul 1997.)Nekoraning buyukdavlatchilik shovinizmi nuqtai nazaridan so‘zlagan nutqi ishchi-soldat deputatlarining qiyofasini ochib tashlaydi. Uning chiqishiga «Dni» gazetasining muharriri Shohislom Shohiahmedov yaxshi javob qaytarsa-da, biroq mahalliy deputatlarda salbiy taassurot qoldirgan edi. Ana shu chiqish milliy deputatlarni milliy talablarni kuchliroq qo‘yishga da’vat etdi.

Ubaydulla Xo‘jayev 1917 yil 16 aprelda o‘tgan Umumturkiston musulmonlar syezdida prezidium a’zosi etib saylanadi. Syezdda ko‘rilgan 16 moddadan iborat masala muzokarasida faol ishtirok etadi va mardikorlarni qaytarish hamda yer-suv masalalarini syezd muhokamasiga qo‘yadi.

U.Xo‘jayev 1917 yil avgust oyida o‘tgan «Butun Rossiya musulmonlari Ikkinchi syezdi»da ishtirok etadi. U syezdda so‘z olib shunday deydi: «Muhtaram janoblar! Turkistonda hanuz eski hukumat zamonidagi kabi tazyiq hukm surmoqda. Soldat va ishchi deputatlar (Soldat va ishchi sho‘rolari) Turkiston xalqlarini xohlaganlaricha qisadilar. Masalan, paxtaning pudi 10 so‘m taksa ila olinadir. Holbuki hozirda eng arzon deganda paxtaning pudi 20 so‘m turadir. Turkistonda har yil 10-12 million pud chamasinda paxta chiqodur va oning arzon olinmog‘i ila har yili yuz million so‘m oqcha rus jahongirlari va Rusiya sarvatdorlari foydasiga ketib turodir. Ishchi va so‘ldat sho‘rolari ideya jihatindan juda yaxshi muassasalar bo‘lsa ham ularning Turkistondagilarini bilib bo‘lmaydir. Ular o‘z oralarig‘a musulmonlarni kiritmaydilar, kiritsalar ham 1-2 dan ortiq o‘rin bermaydirlar va o‘zlari Turkistonning siyosiy va madaniy manfaatlari uchun sa’y qilmaydilar. Hatto muvaqqat hukumat tarafidan yuborilg‘an ko‘missarlarg‘a ham erk bermaydilar. Misol, Petrograddag‘i milliy sho‘roning ko‘rsatuvi ila muvaqqat hukumat tarafidan tayin qiling‘on ko‘missar Toshkent ishchi va soldatlar sho‘rosi ila birga ishlay olmadi. Va shul sababli iste’fo qilmoqg‘a majbur bo‘ldi. Ishchi va soldatlar sho‘rosining namoyandalari «Milliy sho‘roning Turkistonga ko‘missar ko‘rsatishga nima haqqi bor? Bizlar ularning yuborg‘on ko‘missarlarini mahbuslar vagonida yuboramiz» deb aytdilar. Ularning hozircha qo‘llarida askarlari, pulemetlari va to‘plari bor, ammo yerli xalqlarning hech nimarsasi yo‘q». Shundan so‘ng Ubaydulla Xo‘jayev Yettisuv viloyatida qozoq xalqiga nisbatan olib borilayotgan qirg‘inlar, rus muhojirlarining zo‘ravonliklari, soldatlar bir yerda ikkiyuz kishini, yana bir yerda qirq kishini o‘ldirganlari, qozoqlar ochlikdan o‘layotgani, Buxoroda «Yosh buxorolilar» harakatiga to‘sqinchiliklar qilinayotgani haqida axborot beradi. U o‘z nutqini yakunlar ekan, shunday deydi: «Umuman demokratlar (ya’ni bolsheviklar – S.A.) turkistonlilarni kishiga sanamaydilar,o‘z kishilarini qaramoqni o‘zlariga topshirishni ma’qul ko‘rmaydilar. Shul sababdan Turkistonga o‘z taqdirini o‘zi hal qilishga muxtoriyat bermoq, onda musulmondan ixtiyoriy polklar tashkil qilmoq, qirg‘izlar orasindan rus askarlarini olib, olarni o‘rniga musulmon askarlarini yubormoq ham qirg‘izlar ila birga tura olmaydurgan muhojirlarni ko‘chirmoq kerak. Shul vaqtdagina Turkiston xalqini jabr va zulmlardan qutqarmoq mumkin bo‘ladir». U shu yil avgust oyining oxirigacha Petrogradda Butunrusiya Musulmonlar Ijroiya qo‘mitasi va Butunrusiya dehqonlar Ijroiya qo‘mitasi a’zosi sifatida faoliyat olib boradi. O‘sha yil sentyabr oyida Toshkentga qaytib, o‘lka musulmonlar sho‘rosida sentyabr oyining oxirigacha ishlaydi. Turkiston Markaz sho‘rosi tomonidan vaqtli hukumatning «Turkiston komiteti»ga M.Cho‘qayev, Yu.Og‘ayev bilan birga Ubaydulla Xo‘jayev ham a’zo etib saylanadi va Farg‘onaga ketadi. Qo‘qonda o‘tadigan o‘lka musulmonlar III syezdini tayyorlashda qizg‘in ishtirok etadi. U syezdda nutq so‘zlab, quyidagi fikrlarni bayon qiladi: «Muhtaram Umumiy Turkiston musulmonlari qurultoyining a’zolari! Siz janoblar shunday muhim zamonda shunday kishining har minuti million qadarli bo‘lib turgan bir zamonda, iyd hozirliklari va boshqa dunyoviy tirikliklaringizni tashlab, yurt xizmati, millat xizmati deb qurultoyga ishlaganingiz uchun tashakkurlar aytaman. Mana bu zamonda Rusiyada har bir millat ahli o‘z millatlari uchun oralaridagi ixtilof va nizolarni bir tarafga ortib ittifoq bo‘lg‘onlar. Biz Turkiston ahillari «o‘zbek, tatar, qozoq» deb bir-birimizni ayirmasdan hamma bir millat bo‘lib kelajakni qayg‘urishimiz kerak. Turkistonning yer-suv ishlari, maorif ishlari hammasini o‘z qo‘limizga olib kelajak uchun muhim bo‘lg‘on ishlarini o‘zaro hal qilib, Uchreditelniy sobraniye (majlisi muassison) degan nimarsaga hozirlanishimiz kerak. Bu qurultoyda harqaysilarimizning xizmatimizga arz qiladurgon loyihalarimiz bor. Hammasini bir-bir nazarlaringizdan kechirursiz. Shu sababli hozir hammamiz ittifoq bo‘lib, birlashib ishlashimiz kerak bo‘ladir. Markaz sho‘ro chin qalbi ila bunga ishonadi» («Kengash» 1917 yil,12 sentyabr). Syezd raisligiga saylangan U.Xo‘jayev Turkiston xalqining taqdirini hal qiladigan barcha masalalarni syezdda ko‘rilishiga erishadi. Syezd Sh. Shohiahmedovning «Turk adam markaziyat» firqasi programmasi asosida tayyorlagan federatsiya tarkibdagi Turkiston avtonom respublikasini barpo etish loyihasini quvvatlaydi. Bu syezd qabul qilgan loyiha Turkiston Muxtor Respublikasini tashkil etish uchun zamin yaratdi. Afsuski, bu loyihani tinchlik yo‘li bilan amalga oshirish va mustahkamlash uchun muvaqqat hukumat vaqtni boy bergan edi.

Toshkent shahrida faoliyat olib borayotgan Tobolin boshliq soxta hukumat mahalliy xalqlarning qonuniy muxtoriyatini ham, uning hukumatini ham tan olmaydi. Bolsheviklarning Qo‘qondagi vakili P.G.Poltoraskiy shahardagi Rus-Osiyo, Tashqi savdo uchun Rus banki, Sibir banki, Qo‘qon g‘aznachiligi, o‘rta Osiyo savdo-sanoat birodarligi, Volga-Kama bankining Qo‘qon bo‘limida to‘plangan 8 million 300 mingdan ortiq pulni o‘g‘irlab olib (212052 r.66t. Qo‘qon ishchi va soldat deputatlariga qoldirib), Toshkentga qochib ketadi va Muxtoriyatni pulsiz qoldiradi. Bu ham yetmagandek o‘zboshimcha tashkilotlar muxtoriyatning ishiga to‘sqinlik qiladilar. Oqibatda Vadim Chaykin bolsheviklar siyosatidan norozi bo‘lib Sovnarkom a’zosi V.A.Algasov orqali mahalliy hokimiyatlarning vazifasini cheklash masalasida Stalinga so‘rov (zapros) beradi. Shuningdek, Turkiston ishchi va dehqon ittifoqi ham 1917 yil 27 dekabrda Peterburgdagi sho‘rolar hokimiyatiga telegramma beradi: «Toshkentda o‘rnatilgan Sovet Komissarligining Turkistonli bo‘lmagan unsurlardan, ya’ni Rusiya Markaziy hukumat askarlarindan iborat bo‘lgani uchun tarqatilishini so‘raymiz. Aks holda Turkiston ishchi va dehqon ittifoqi o‘zini darhol kerakli choralarini ko‘rishga majbur deb hisoblaydi». I.Stalinning 1918 yil, 5 yanvar javobida shunday deyiladi: «Sovetы avtonomnы v svoix vnutrennix delax i deystvuyut oni, opirayas na sootvetstvenniыye realnыye silы. Poetomu tuzemnыm proletariyam Turkestana nadlejit ne obraщatsya k Sentralnoy Sovetskoy vlasti s xodataystvom o rospuske, opirayuщixsya po ix mneniyu voyskovыye chasti Turkestanskogo Sovnarkoma, a raspustit yego siloy, yesli takaya u tuzemnыx proletariyev i krestyan naydetsya». Stalinning mazkur javobidan 25 kun o‘tgandan so‘ng Tobolin va F.Kolesov buyrug‘i bilan poruchik Perfilev qo‘mondonligi ostida to‘p, pulemet kabi og‘ir qurollar bilan tish-tirnog‘igacha qurollangan jazo qo‘shini Qo‘qonga jo‘natildi.

Qo‘qon va Jizzahda mudhish qonxo‘rliklar sodir etilgan kezlarda Ubaydulla Xo‘jayev Samarqandda bo‘lib, Muxtoriyatni saqlab qolish, iqtisodiy qo‘llash uchun mablag‘ va askar to‘plash bilan ovora edi. Ayrim kishilar muxtoriyatni Samarqandda turib boshqarmoqchi bo‘ladilar. Biroq Babushkin, Kolesov, Tobolin va Perfilev tomonidan qonga botirilgan yosh respublika rahbarlari qonundan tashqari deb e’lon qilinadilar. Muxtor hukumatning vakili Yu.Chorishev otib tashlanadi, A. Qo‘shbegiyev esa qamoqqa tashlanadi.

Qamalish xavfida yurgan Ubaydulla Xo‘jayev Boshqirdistonga yo‘l oladi. Bu o‘lkada ham xuddi Turkistondagi kabi muxtor respublika tuzilgan va unga Ahmad To‘g‘on Zaki Validiy rahbarlik qilar edi. Xo‘jayev, Abdulhamid Sulaymon, Mirmuhsin Shermuhamedov ham Orenburgda edilar. Ubaydulla Xo‘jayev 1926 yil, 19 aprel ko‘rsatmasida shunday deydi: «Men hukumat va sho‘ro a’zoligiga saylandim, militsiya va jamoat xavfsizligini saqlashni tashkil qilish uchun hukumat tomonidan tayinlandim. Hukumat topshirig‘iga binoan 1918 yil yanvarda Samarqandga mablag‘ to‘plashga yuborildim. Muxtor respublika tarqatilib yuborilgach, Toshkentga keldim, so‘ng Ashxabod, Krasnovodsk, Astraxan orqali Moskvaga bordim. Boshqirdiston sho‘ro hukumatining taklifiga muvofiq Orenburgga keldim. 1919 yil ikkinchi yarmidan 1920 yil kuzgacha Tokchuran kanton ijroya qo‘mitasida kotib bo‘lib ishladim». Ubaydulla Xo‘jayev 1918 yil qishda Saratovga keladi biroq oilaviy munosabatlari yaxshi bo‘lmagach, xotinidan ajraladi va Samaraga ko‘chib o‘tadi. Bu yerda zotiljam va tif kasaliga mubatlo bo‘lib shaharda qolishga majbur bo‘ladi. Ana shu paytda u Boshqirdiston hukumatida ishlashga chaqiriladi. Tokchuran kantonida advokat, xalq sudyasi va ijroiya qo‘mita prezidiumi a’zosi, mas’ul kotib vazifalarini bajaradi. 1919 yil qishda Sterlitamakda Boshqirdiston Inqilobiy qo‘mitasi raisi Zaki Validiy bilan uchrashadi va u bilan fikr almashadi. 1920 yil o‘rtalarida komdezirtir, bosqinchi aka-uka Gibzalovlarning tuhmati bilan qamoqqa olinadi va avval Orenburg, so‘ng Maskovga jo‘natiladi. Moskvadagi VCHKning Butirka ichki qamoqxonasida boshqird namoyandasi Ilyos Alkin bilan birga o‘tiradi. Olib borilgan so‘roq va taftishlar Ubaydulla Xo‘jayevning inqilobiy Rossiyaga jinoyat qilmaganini ko‘rsatadi va aka-ukalar jinoyat ustida qo‘lga tushib, otishga hukm qilingani bois 1921 yanvar oyida qamoqdan ozod qilinadi. Buxoro xalq respublikasining vakolatxonasida (RSFSR MIK, A. Yenukidze imzosi bilan18.1.21 y. berilgan № 831 raqamli guvohnoma) faoliyat olib boradi. Oradan ko‘p o‘tmay Iosif Stalin rahbarlik qilayotgan Millatlar xalq komissarligida (I. Stalin va Ye. Aynshtayn imzosi bilan berilgan №1327 raqamli guvohnoma), Davlat nashriyoti boshqarmasi (Pavchinskiy imzosi Bilan 18.3.23y. berilgan №342 raqamli guvohnoma) bo‘limida huquqshunos bo‘lib ishlaydi. 1921 yil boshlarida salomatligi yomonlashgani sababli Yaltaga kelib, uzoq muddat davolanadi. So‘ng yana Maskovga qaytib ketadi. 1923 yil 1 martda Toshkentga kelib ahvol bilan tanishadi. 1916 yilda barpo etilgan «Turkiston Nashriyot birodarligi»ning davomchisi bo‘lgan «Turkit» («Turkestanskoye Izdatelskoye Tovariщyestvo»), ya’ni «Turkiston Nashriyot birodarligi»ni V. va A. Chaykinlar bilan hamkorlikda tashkil etadi va 1922 yil 12 yanvarda Turkiston Adliya komissarligining tasdig‘ini oladi. Biroq bu yerda uzoq tura olmaydi. O‘zining vakili etib Munavvar qori Abdurashidxonovni tayinlab, unga ishni topshiradi va ushbu hujjatni 1923 yil 10 noyabrda Toshkent xalq notariusi Iskandar Aldabekovga tasdiqlatib, Maskovga qaytadi.

Mazkur hujjatning tarixiy muhim jihati shundaki, «Nashriyot»ning baychilari chor ma’murlariga va umuman chorizmga qarshi kurashgan shaxslardan iboratdir: ular orasida Tinishboyev Muhammadjon Tinishboyevich, Chernoborodov David Ilich, Xan – Iomudskiy Nikolay Nikolayevich, Mirjalilov Said Nosir, Gusev Sergey Aleksandrovich, Feldman Lazar Vladimirovich, Nazirxo‘jayev Otaxon, Anna Aleksandrovna Chaykina, Volpin Valentin Ioannovich, Xo‘jayev Abdurasul, Yakubov Muhammad Ali, Yunusboyev Mulla Muhammadjon, Sulaymonov Ubaydulla, Sarkorov Muhammadjon, Hakimzoda, Munavvar qori Abdurashidxonov va boshqa ko‘pgina o‘zbek va rus ziyolilari bor (jami 24 kishi).

Ubaydulla Xo‘jayev 1924 yilda Moskvadan Toshkentga butunlay qaytib keladi va Adliya komissarligi qoshidagi yuridik texnikumda dars bera boshlaydi hamda «Himoyachilar kollegiyasi»da faoliyat olib boradi. 1926 yil 18 aprelda noma’lum sabalarga ko‘ra GPU (Davlat Siyosiy Boshqarmasi) tomonidan qamoqqa olinadi. GPU xodimlarining «qaror»ida: «Ubaydulla Xo‘jayev 24-yil boshida Turkistonga qaytib kelib, aksilsho‘ro doiralaridagi obro‘si sharofati va o‘tmishdagi jadidchilik milliy harakatining eski, taniqli vakillaridan biri hamda sho‘rolar hukumatiga qarshi qurolli qo‘zg‘alon rahbari sifatida ilk kelgan kundan boshlaboq faqatgina barcha aksilsho‘ro unsurlarning markaziga aylanib qolmasdan balki Toshkent va umuman butun Turkiston, Buxoro va boshqa viloyatlarning e’tiborini jalb etdi. Boshqa mashhur millatchilar bilan masalan, Toshkentda Munavvar qori, Said Nosir Mirjalilov, Ergash Nurmuhamedov, Tangriqul Maqsudiy Saidvali Saidahmedov, Mirzaahmedov Mirodil, Tolibjon Musaboyev, Najmiddin Sherahmedov bilan, shuningdek boshqa viloyatlardagi, xususan, Samarqandda Qozihaydar Abusaidov, Qo‘qonda Ashurali Zohiriy, Yunus’hoji Og‘aliqov va Buxoroda Fitrat va boshqalar bilan aloqa o‘rnatdi.

24-yil boshida tashkilotning yangi sharoitdagi taktikasi masalasida munozara o‘tkaziladi. Munavvar qori, Said Nosir Mirjalilov, Sa’dulla Tursunxo‘jayev hamda tashkilot a’zosi bo‘lmasada Fitrat va boshqa taniqli millatchilar qatori Ubaydulla Xo‘jayev ham bu masalada faol rol o‘ynadi. Munozara natijasida millatchilar o‘zlarining o‘tmishda istiqlol (jadidchilik) uchun kurashda sinalgan qurollari va milliy istiqlolga javob beradigan – milliy maktab yaratish uchun kurashga to‘xtaladilar. Ular chet elga o‘qishga ketayotgan talabalarga har tomonlama yordam berish, o‘z doiralaridan yoshlarni xorijga o‘qishga yuborish uchun moddiy- ma’naviy yordam ko‘rsatish masalasida kelishib oladilar. Lekin Ubaydulla Xo‘jayevning kutilmaganda qamoqqa olinishi ishni bir oz sekinlashtiradi.

JKning 62-moddasiga muvofiq javobgarlikka tortilgan Ubaydulla Xo‘jayev e’lon qilingan ayblarni tan olmadi, lekin u Qo‘qon harakati tor-mor etilgandan keyin Moskvada yashiringani va bu harakatning rahbarlari Said Nosir Mirjalilov, Obidjon Mahmudov, Turkiston delegatsiyasining rahbari Sadriddinxon bilan uchrashganini tasdiqladi. Tergovda unga «Toshkent guruhining yig‘ilishida chet elda o‘qiyotgan talabalarga yordam ko‘rsatish masalasida o‘z yonidan ma’lum miqdorda pul berdi, millatchilar uyida bo‘ldi», degan ayb qo‘yiladi.

1926 yil 22 aprelda uning xotini Yekaterina Xo‘jayeva ko‘rishmoq uchun GPU boshliqlariga ariza beradi. Xo‘jayev vaziyatning qaltis ekanligini sezadi va uchrashuv paytida,1926 yil 27 aprelda I.Stalin nomiga ariza yozib, rafiqasi orqali jo‘natadi. Garchi Stalin Ubaydulla Xo‘jayevning ozod qilinishiga oq yo‘l bergan bo‘lsa-da, Turkiston GPUsining xo‘jayinlari uni maxfiy xodim sifatida ishlashga majburlab ko‘ndirmoqchi bo‘ladilar. Atoqli huquqshunos, ularga yolg‘on va’da bergach, 1926 yil 19 iyunda ish harakatdan to‘xtatilib, qamoqdan ozod qilinadi. Ammo olti oy mobaynida u bironta material bermaydi. GPUchilar 1926 yil 23 dekabrda Maskovdagi VOOGPU boshilig‘i o‘rinbosari Vallenbergga shikoyat yuboradilar: «Iskrennыy» laqabi bilan ishlashga va’da bergan edi. Ubaydulla Xo‘jayev «osvedom»[1] sifatida zimmasiga olgan vazifasini bajarmaslik bilan kifoyalanmay, ongli ravishda Munavvar qori oldida o‘zini oshkor qildi va unga «osvedom» sifatida o‘z vazifasiga nimalar kirishini aytgan hamda o‘rt. Belskiy nima gapirgan bo‘lsa, hammasini Munavvar qoriga xabar qilgan. Solovkaga besh yilga surgun qilinishini so‘raymiz». Belskiy yugurdaklarining bu iltimosi oqibatsiz qoldiriladi. Ubaydulla Xo‘jayev qamoqdan chiqib, advokatlik faoliyatini davom ettiraveradi.

Ammo GPU xodimlari uning har bir bosgan qadami haqida ma’lumot olib turadilar. 1929 yilda arzimagan bahona bilan bir yilga majburiy xizmatga kesiladi. 1930 yilda majburiy xizmatdan qutulgach, oradan ko‘p o‘tmay, shu yili 20 aprelda, «Munavvarqori Abdurashidxonov, Salim Tillaxonov va boshqalar» ishi bo‘yicha yana qamoqqa olinadi. Unga «Milliy ittihod» a’zosi, josus, O‘zbekistonni sho‘rolar hukumatidan ayirib, mustaqil burjua respublikasi qurmoqchi, degan ayb qo‘yiladi.

Atoqli istiqlolchi juda zukko va ehtiyotkor bo‘lishiga qaramay, ba’zan atrofidagilardan hadiksiramagan, ularga ishonch bilan qaragan. Shu sababli Toshkentga qaytib kelib, do‘stlari bilan dastlab uchrashgan kundan boshlaboq uning yonida GPU agentlari galma-gal poyloqchilik qilib yurishgan. Dalillarga murojaat qilaylik: «P» laqabli xufya 1925 yilda shunday xabar beradi: «Ubaydulla Xo‘jayev yana xorijga, Mustafo Cho‘qayev nomiga Eron chegarasi orqali turli-tuman axborotlar, xususan, Toshkent gazetalarida bosilgan korrespondensiyalarni, shuningdek Cho‘qayevning yozganlariga qarshi so‘nggi paytlarda yozilgan narsalarni va boshqalarni jo‘natdi. Pochtani marvlik turkman Turdi oqsoqol degan shaxs orqali 17.X1. 25 y. yubordi. Shu turkman orqali boshqa korrespondensiyalar ham xorijga jo‘natilgan degan taxmin bor».

GPU agentlari Ubaydulla Xo‘jayev Shimoliy Kavkazda nashr etiladigan «Yangi Kavkaz» gazetasida Yusuf laqabi bilan va rus muhojirlarining «Dni» gazetasida maqolalar e’lon qilganini o‘z xo‘jayinlariga yetkazadilar. o‘lganni ustiga chiqib tepgandek mazkur ma’lumotlar ustiga 1929 yili O‘zbekiston Oliy Sudining Raisi Sa’dulla Qosimov va boshqalar ustidan boshlangan sud jarayoni, unda Obid Saidov va boshqalarning tuhmatona ko‘rsatmalari oshkor bo‘ladi hamda maxsus topshiriq bilan «Uzbekistanskaya pravda» gazetasida Ubaydulla Xo‘jayevga nisbatan tuhmatdan iborat hujum uyushtiriladi.

Sho‘rolar hukumati davlat tepasiga kelgach, o‘zining «proletkult» degan haybarakallachilari tilidan inqilobga qadar voyaga yetgan ziyolilarga ishonmaslik masalasini o‘rtaga tashlagan edi. Garchi o‘zlari ham o‘sha davr kishilari bo‘lsalar-da, biroq hur fikrli, millat taqdiri haqida o‘ylovchi kishilarni siyosiy ishlardan chetlashtirish, hatto ularni butunlay jismoniy yo‘qotish masalasini maydonga otdilar. Shuning uchun markazda ham, chet o‘lkalarda ham ziyolilarga, xususan milliy ziyolilarga ishonmaslik xuruj qildi. Oqibat O‘zbekiston Olliy sudi raisi Sa’dulla Qosimov va shu soha xodimlari ustidan siyosiy nayrang uyushtirilib, jinoyatga tortildi. Sud jarayonida ularning professional nuqsonlari, yo‘l qo‘ygan xatolari yoxud mavjud qonunlarga xilof ravishda amalga oshirilgan ma’lum bir jinoyatlari tergov va so‘roq qilish o‘rniga ularni millatchilik, jumladan «Milliy ittihod»– «Milliy istiqlol» tashkilotlariga aloqalari va boshqa sohada ishlab turgan o‘zbek ziyolilarining bu tashkilotlarga munosabatlari haqida taftish o‘tkazildi. Ana shu jarayonda ko‘pgina o‘zbek ziyolilari qatori Ubaydulla Xo‘jayevning nomi ham xoin O.Saidov tomonidan tilga olinadi.

Turkiston – O‘zbekiston xalqini har sohada kallaklashni maqsad qilgan sho‘rolar hukumati GPU vositasida siyosiy qatag‘onning yangi bosqich jarayonini boshlaydi: 1929 yil noyabr – 1930 yanvar-fevral boshlarida 87 nafar kishi hibsga olinadi. GPU Turkistonda kuchli maxfiy tashkilot ishlayapti, unga Munavvarqori Abdurashidxonovdan boshqa kishilar ham aralashgan, chet el razvedkasining aloqasi bor degan soxta gumon bilan qamalganlar tergovi boshlanadi. Har narsadan gumonsiraydigan sho‘ro hukumati o‘z faoliyatini allaqachon tugatgan «Milliy ittihod» ishlayapti, degan dalillanmagan xulosaga keladi. Besh-olti yil kuzatishdan so‘ng Maskov ruxsati bilan O‘zbekistondagi Belskiy rahbarligida GPU milliy ziyolilarni tamom qirib tashlashga ahd qiladi. Qamoqqa olingan Turkiston — O‘zbekiston ziyolilari xalq yangi hokimiyatning yolg‘on shiorlariga aldanib qolgani sababli buyuk kurashning qurolli va mafkuraviy qismini tugatib, yurishni ma’rifat tomon burganlari sababli boshlarini kundaga qo‘ydilar. Ubaydulla Xo‘jayev tergov davomida sharmanda larcha olib borilayotgan tuhmat va jismoniy qiynoqlarga qaramay, raqiblari irodasiga bo‘ysunmadi, bor haqiqatni O‘zbekiston xalqiga bildirish chorasini izladi. «Uzbekistanskaya pravda»ga raddiya yozdi. Huquqshunos bo‘lgani uchun ko‘p balolardan o‘zini ihota qila oldi. Ammo jismoniy qiynoqlar o‘z hunarini ko‘rsatar edi. O‘shanday narsalardan xabar topgan Xo‘jayevning rafiqasi «xalqlar dohiysiga» ariza yozishga majbur bo‘ladi.

«O‘rt. Stalinga
Sizdan bemor (yurak o‘ynog‘i), zaharlashlar va qiynoqqa uchragan AYBSIZ kishining hayotini saqlab qolishga o‘z nazar-e’tiboringizni qaratishingizni so‘rayman.

Men, Turkistonda mashhur kishi – Ubaydulla Xo‘jayev, Toshkentdagi sobiq Advokatlar kollegiyasi a’zosining rafiqasiman, u Sizga 1921 yilda bir necha marta shaxsan o‘tkazgan suhbatlaringizdan ma’lum.

Hozir «Qosimovchilik» munosabati bilan matbuotda Ub. Xo‘jayevni zaharlash boshlangani bois u Zelenskiyga murojaat qilishga majbur bo‘ldi. U gazetaga raddiya yozishni taklif etdi. Ushbu raddiyaning bir nusxasini ilova qilyapman. Ushbuni o‘qib chiqishni Sizdan iltimos qilaman, u qisqa va aniq. To‘g‘ri, raddiyani gazeta e’lon qilmadi, endi esa, men Toshkentdan Xo‘jayevning qamalgani haqida xabar olib turibman.

Siz raddiyani o‘qib chiqqaningizdan keyin yolg‘onlar asosida jarayon yaratish va uni kontrrevolyutsiyada ayblashmoqchi ekanligi ma’lum bo‘ladi.

Sizdan inson va bizning ishongan dohiymiz sifatida uni tuhmat va azobdan himoya qilishingizni, qamoqdan ozod etib Turkiston chegarasidan chiqib ketishiga imkoniyat berishingizni yolvorib so‘rayman.
U. Xo‘jayeva,
Manzilim:B.Yakimenko ko‘chasi, 22 . kv. 155.»

Ubaydulla Xo‘jayev yozgan raddiyadan iqtiboslar keltiramiz.

«Uzbekistanskaya pravda» gazetasining redaktoriga. 1930 yil, 9 may.
Fuqaro muharrir!

So‘nggi oyda, Sizning gazetangizda va O‘rta Osiyo matbuotining bir qator rasmiy nashri afkorlarida Qosimov va boshqalar jarayoni munosabati bilan meni haqimda va mening ijtimoiy-siyosiy o‘tmishim to‘g‘risida tekshirilmagan, noaniq, hatto haqiqatni tubdan buzib ko‘rsatuvchi xabarlarning bosilishi meni O‘rta Osiyo jamoatchiligi e’tiboriga quyidagi xat-raddiya bilan murojaat qilishga majbur etdi.

Men vaqt va joyni nihoyatda tejash maqsadida Sizning gazetangizda Qosimov ishi bo‘yicha bosilgan har bir xabarga javoban, guvohlarning ko‘rsatmalarini matbuot tomonidan noto‘g‘ri, noaniq talqin qilinishi yoki sizning muxbiringiz tarafidan bir tomonlama yoritilishi yoxud bu ko‘rsatmalar atayin soxta guvohlik xarakterida bo‘lgani bois men qisqa ma’lumotlar berish bilan cheklanaman (bularga qarshi men tomonimdan javob choralari qo‘llanishi mumkin), va ishonamanki, u Sizning gazetangiz ustunlaridan joy oladi».

Ubaydulla Xo‘jayev «Uzbekistanskaya pravda» gazetasining 3,24,27,28, 30 aprel sonlarida «qosimovchilar jarayoni» bo‘yicha e’lon qilingan maqolalarda o‘zi haqidagi fikrlarga munosabat bildirib, matbuot va ayrim guvohlar tomonidan bayon qilingan yolg‘on ko‘rsatmalarga tom ma’noda dalillar bilan javob beradi. o‘zining 1917 yil davlat to‘ntarishigacha bo‘lgan va undan keyingi faoliyatiga dalillar bilan oydinlik kiritadi. Soxta guvohlar va matbuotning buzuq talqinini fosh qiladi. Raddiyada keltirilgan ma’lumotlar qonuniy asosda bayon qilingan bo‘lib, guvohlarning ham, matbuotning ham jig‘iga tegmaydi. Neomustamlakachi hukumat tomonidan uyushtirilayotgan qabih jinoyat yuzaga qalqib chiqadi. o‘quvchi ko‘z oldida millat fidoyisining ataylab jinoyatchiga aylantirish manzarasi namoyon bo‘ladi. Bu tarixiy jinoyat manzarasining bir qismi bo‘lmish ushbu «Raddiya» ostiga 1930 yil, 27 oktyabr sanasi, «rahbariyatga oqibatsiz qoldirish haqida aytildi, OGPU Maxsus bo‘limi Juravlevga, tergov ishiga qo‘shimcha, A.Stefanyuk, prokuror yordamchisi» deb imzo qo‘yilgan. Bir oz quyida: «VKP(b) MK, Maxfiy bo‘lim. Ko‘rib chiqish uchun yuborilmoqda, iltimos, natijasi arizachiga ma’lum qilinsin va nusxasi maxfiy bo‘limga topshirilsin, dokladchi referent» deb yozilgan.

Ko‘rinib turibdiki, Xo‘jayevaning arizasi va U. Xo‘jayevning «Raddiya»si VKP(b) MKga borib yetgan, ammo I.Stalinning qo‘liga tegmagan. Chunki unda Stalinning rezolyutsiyasi yo‘q. Ammo u yerda o‘tirganlar milliy respublikalardagi boshboshdoqliklarga panja ortidan qarashgan, hatto milliy ziyolilarning katta bir qismi ataylab qirilishini, o‘zbek xalqining asriy milliy an’analari, madaniyati, zakovati buzilib, asta-sekin yo‘qolib borishidan, o‘zbek xalqining siyosiy, ijtimoiy, iqtisodiy, ma’rifiy, ma’naviy, genetik terror qilinishidan manfaatdor bo‘lgan. Aks holda 1926 yilda qamoqqa olinib, tergov qilingan kishi yana qamalmas edi. Bu fikrni Ubaydulla Xo‘jayevning 1930 yil 3 dekabrda yozgan arizasidagi ushbu so‘zlar ham tasdiqlaydi. «O‘shandan beri (ya’ni, Ergash Nurmuhammadning uyida o‘tgan mehmondorchilik va suhbat – S.A.) oradan yetti yil o‘tdi. O‘sha suhbat haqida endi qandaydir bir gap bo‘lishi xayolimda ham yo‘q, kunlardan bir kun, 1926 yilda qamalgach bu masala hal bo‘lgan deb o‘ylagan edim. o‘shandan keyin hech qanday siyosatga yondashmadim va hech kim men bilan siyosat bo‘yicha gaplashmadi, men faqat o‘z kasbim bilan shug‘ullandim».

Ubaydulla Xo‘jayev o‘z yaqin va do‘stlarini qanchalik ayamasin, sho‘rolar hukumatining tajovuzidan asrab qola olmaydi. U 1937 yilda ma’muriy jazoni muddatidan oldin Vologda viloyat, Nikolsk shahrida o‘tab qaytadi.

Ubaydulla Xo‘jayev qamoqdan kelgach, singlisi Muborakxonning uyida yashaydi. Jiyani mohir tarjimon va jurnalist Hibziddin Muhammadxonovning xotirlashicha, u Lev Tolstoyning «Bolalik», R.Kiplingning «Maugli» asarini o‘zbekchaga tarjima qiladi. O‘z yuridik huquqlarini tiklashga harakat qiladi. Biroq mustabid hokimiyat unga ishlash va ijod bilan shug‘ullanishga imkoniyat bermaydi. Uning osuda hayotiga yangi tajovuz uyushtiradilar.

Atoqli huquqshunos va jamoat arbobi Ubaydulla Xo‘jayev 1938 yil, 20 fevralda yana qamoqqa olinadi. Tergovda 1918 – 1920 yillarda ingliz josuslari foydasiga ishlagan degan aybni to‘nkaydilar. Kaltaklangan, xo‘rlangan va tahqirlangan safdoshlari azobdan qutulish uchun yolg‘on, yasama javoblarga majburan qo‘l qo‘yadilar. 1938 yil 17 mayda o‘tkazilgan so‘roqda «Men hech qachon «Milliy ittihod» a’zosi bo‘lgan emasman, hozir aniq eslay olmayman, Munavvarqorining uyida bir yoki ikki marta bo‘lganman, shundan so‘ng aloqani uzib, Rossiyaga ketganman va shuning uchun yetti yil surgunda bo‘lib keldim», deydi va o‘sha yil 11 iyulda atoqli davlat arbobi Sa’dulla Tursunxo‘jayev bilan o‘tkazilgan yuzlashtirishda «Men «Ittihodi taraqqiy» rahbarlarining ingiliz razvedkasi bilan aloqasi haqida hech narsa bilmayman, «ingliz razvedkasiga mening hech qanday aloqam yo‘q» deb javob beradi. 1937 yil surgundan qaytgandan keyin faqat millati ovrupolik bo‘lgan huquqshunoslar bilan suhbatlashganini so‘zlaydi. Tergovchining «Sen aksilsho‘ro tashviqoti olib borgansan, tan olsanmi» degan do‘qiga «Yo‘q. Tan olmayman. Men buni inkor qilaman. Men hech qachon aksilsho‘roviy tashviqot olib borgan emasman», deydi. NKVD xodimlari bu mardonavor javobga qarshi bironta qarshi dalil topa olmaydilar. Shunga qaramay, SSSR NKVDsining Maxsus Kengashi Ubaydulla Xo‘jayevni josuslikda va aksilsho‘ro milliy tashkilotga a’zolikda ayblab, 1939 yil 14 may qarori bilan sakkiz yilga MTLga surgun qilish to‘g‘risida qaror chiqaradi. Shu kuni NKVDga qarashli Komi ASSR, Pezmog qishlog‘i, Kotlas bekati, Gorkiy temir yo‘lidagi LOKCHIMLAGning 3-bo‘limiga jo‘natiladi. U ana shu azobxonada 1939 yilda dunyodan ko‘z yumdi…

Turkiston xalqining asl farzandlaridan biri shunday halok bo‘ldi.

Ubaydulla Xo‘jayev oradan ellik yil o‘tgach, 1989 yil 31 iyulda to‘la oqlandi. Uning ijtimoiy-siyosiy, fuqarolik huquqlari to‘la tiklandi.

Hayotining asosiy qismini, topgan barcha mablag‘ini xalqi va Vatani taraqqiyoti, istiqboliga baxshida etgan ajoyib inson va ulug‘ jamoat arbobi Ubaydulla Xo‘jayev faoliyatida hali o‘rganiladigan qirralar juda ko‘p. O‘zbekiston huquqshunoslari, matbuot tarixchilari va siyosatshunoslar, jurnalistlar, yozuvchilar uning faoliyatini yanada teran yoritadilar deb umid qilamiz.

[1] «O s v ye d o m» – xabar berib turuvchi.

“Jahon adabiyoti” jurnali, 2008 yil, 8-son

Lev Tolstoy xatining asliyati

Tolstoy L. N. — Xodjayevu U. A., 5 iyunya 1909 g.

Yasnaya Polyana. 5 iyunya 1909.

Ubaydulla Asadullovich,

Vы sprashivayete menya, kak postupit, priznavaya ucheniye o neprotivlenii, v tom sluchaye, kogda mne izvestno, chto chelovek namerevayetsya sdelat zlo mnogim lyudyam, i ne luchshe li upotrebit nasiliye protiv etogo odnogo cheloveka, chtobы ne dat pogibnut mnogim?

Prostite menya, no vash vopros, podobnыye kotoromu delayut mnogiye, vыzыvayetsya ne jelaniyem znat istinu, a skoreye, naprotiv, jelaniyem opravdat svoye neispolneniye togo, chto schitayesh istinoy. Ucheniye lyubvi, neizbejno vklyuchayuщyee v sebya ponyatiye neprotivleniya, ukazыvayet tot ideal, k kotoromu svoystvenno stremitsya cheloveku. Prinimat je ideal za pravilo povedeniya yest bolshaya oshibka ili samoobman. Ideal tolko togda i ideal, kogda on trebuyet polnogo sovershenstva, togo, chto nikogda vpolne nedostijimo v etoy jizni, no on neobxodim, kak rukovodstvo dlya neye, i neobxodim tolko togda, kogda ukazыvayet imenno eto nedostijimoye v jizni sovershenstvo. To je i s idealom lyubvi. Rassujdeniye o tom, chto tak kak trebovaniya lyubvi, vklyuchayuщyey neprotivleniye, ne mogut nikogda bыt vpolne vыpolnenы, to i ne nado staratsya ispolnyat ix, podobno rassujdeniyu cheloveka, kotoromu dan bы bыl kompas dlya togo, chtobы on v svoyem puteshestvii mog rukovoditsya pryamыm napravleniyem k seli, i kotorыy skazal bы, chto tak kak na pryamom puti, ukazыvayemom kompasom, vstrechayutsya nepreodolimыye prepyatstviya — gorы, reki i t. p., to yemu i ne nujno soobrazovatsya s kompasom, priblijayas naskolko vozmojno k sovershennomu pryamomu napravleniyu, a mojno idti i v storonu i kuda popalo. Kompas etot v voprose lyubvi, vklyuchayuщyey neprotivleniye, yest nravstvenno-religioznoye chuvstvo, kotoroye vsegda pokazыvayet cheloveku, chto yemu doljno delat (napravleniye dlya puteshestvuyuщyego); posledstviya je, to, chto proizoydet iz yego postupkov, nikogda neizvestnы cheloveku. I potomu kak dlya puteshestvuyuщyego yedinstvennoye rukovodstvo yest naibolsheye priblijeniye k tomu sovershenno pryamomu napravleniyu, kotoroye ukazыvayet kompas, tak i dlya jivuщyego religiozno-nravstvennoy jiznyu cheloveka yedinstvennыm rukovodstvom v yego postupkax mojet bыt nikak ne predpolojeniye o tex posledstviyax, kakiye proizoydut ot takogo ili inogo yego postupka, a tolko soznaniye togo, chto on vsegda doljen i chego vsegda ne doljen delat.

Ochen budu rad, yesli etot moy otvet na vash vopros udovletvorit vas.

Lev Tolstoy.1

Primechaniya

Pechatayetsya po dublikatu podlinnika.

Otvet na pismo Ubaydullы Asadullovicha Xodjayeva iz Saratova ot 29 maya, kotorыy stavil Tolstomu ryad voprosov, svyazannыx s prilojeniyem k jizni prinsipa neprotivleniya zlu nasiliyem.

Na konverte pisma Xodjayeva Tolstoy snachala pometil: B[yez] o[tveta] ili poslat iz Neiz[bejnogo] p[yerevorota], zatem: Otvetit.

«Neizbejnыy perevorot» — statya, nad kotoroy v to vremya rabotal Tolstoy. Zakonchena bыla 5 iyulya. Sm. t. 38.

1 Podpis vosstanavlivayetsya po kopii etogo pisma iz ACH.

Istochnik: http://tolstoy.lit-info.ru

09

(Tashriflar: umumiy 1 542, bugungi 4)

Izoh qoldiring