Sirojiddin Ibrohim. Dushmanga esh bo’lmang!

088

  “Charli Hebdo” журнали 7 январь воқеаларидан сўнг иккинчи бор пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “сурат”ларини масхаралаб чиқарди. Бундай жирканч ишга қўл урганларга бир мусулмон ўлароқ нафратини изҳор қилганлар ҳам, бу қилмиш жазосини “Аллоҳ кифоя қилсин” дея Ўзига топширганлар ҳам, мусулмонликнинг олижаноб фазилатларини намоён этиб, Аллоҳ таъолодан уларни иймон неъматила неъматлантиришини сўраганлар ҳам бўлди.

012
ДУШМАНГА ЭШ БЎЛМАНГ!
Сирожиддин ИБРОҲИМ
002

”Айтинг (эй ҳабибим): ”Агар Аллоҳни севсангизлар, менга (яъни расуллулоҳга) эргашингизлар, шунда Аллоҳ сизларни севгайдир…”
(”Оли Имрон”,31)

Исломни билмаган инсонлар ишни жанг-жадал томонга буриб, энг сўнгги ишни энг бошида қиладилар, мусулмонликни уруш дини, қон дини, гуноҳкорлик дини қилиб кўрсатмоққа уринадилар. Оврупонинг усули шудир. Бизнинг усулимиз бу эмас!..

Маҳмуд Асъад ЖЎШОН
(“Ҳақиқий севги” китобидан)

“Charli Hebdo” журнали 7 январь воқеаларидан сўнг иккинчи бор пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “сурат”ларини масхаралаб чиқарди. Бундай жирканч ишга қўл урганларга бир мусулмон ўлароқ нафратини изҳор қилганлар ҳам, бу қилмиш жазосини “Аллоҳ кифоя қилсин” дея Ўзига топширганлар ҳам, мусулмонликнинг олижаноб фазилатларини намоён этиб, Аллоҳ таъолодан уларни иймон неъматила неъматлантиришини сўраганлар ҳам бўлди. “Карикатурачилар” Аллоҳ ҳабибини ҳақоратлашга қанчалик даражада ҳақсиз бўлсалар, уларга нисбатан бу уч муносабат шаклини кўрсатишга ҳар бир мусулмон киши шу даражада ҳақдорроқлиги шубҳасиздир.

Ўзим ҳам шу уч муносабатдан бирини кўрсатиб қўя қолсам бўларди. Ушбу мақолани ёзишга эҳтимол, бу миқёсда эҳтиёж ҳам сезилмасди. Бироқ…

“BBC Uzbek”нинг “Facebook”даги саҳифасида журнал жамоасининг иккинчи марта карикатура чиқаргани ҳақида жўшқинлик билан эълон қилинган хабарига қолдирилган кўпгина изоҳларни ўқиб, мутаассир бўлдим. Боиси – миллатдошларимизнинг воқеага қай йўсинда ёндашганлиги эди.

Хабардан сўнг турли изоҳлар орасида Тоҳир Сиддиқовнинг қуйидаги сўзлари учрайди: “Биз пайғамбаримиз билар фахрланамиз, ота-онам сизга фидо бўлсин, ё расулуллоҳ!” Унга жавоб тариқасида Шерзод Турдиев: “Аҳмоқ, товуқмия, сен ҳам бориб ўзингни портлатиб юборма! Сенга ўхшаб ота-онасидан ҳам кечиб юборадиган зомбилар сабаб бу каби низолар келиб чиқаяпти”, дея бонг урса, Фарҳод Бек дегани: ”Ол-а-а-а, ота-онангни қаердаги арабга бағишлавордингми?! Сен каби зомбилар туфайли ҳар доим мусулмон давлатларида уруш-жанжал”, деб истеҳзо қилади.

Бир саҳиҳ ҳадиси шарифда пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат этадиларки: “Нафсим (жоним), Қудрати қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, сизлардан ҳар биттангиз мени отангиздан ҳам, фарзандингиздан ҳам, бутун инсонлардан ҳам кўпроқ яхши кўрмагунларингизча, ҳақиқий мўъмин бўла олмассиз…”

Шунинг учун саҳобаи киромлар ул зотга мурожаат этганларида: ”Фидока абий ва уммий, ё Расулаллоҳ!” (”Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ!”) деб сўз бошлар эдилар. Уларнинг ҳеч бири “зомби” ёки манқурт эмасдилар. Балки, ота-онасини Шерзод Турдиев ва Фарҳод Бекдан-да кўпроқ қадрлайдиган, уларнинг икки дунё, (айниқса боқий дунё) саодатига эришиши йўлида жонфидолик ила хизмат қиладиган инсонлар бўлишган. Ота-онани ”бир арабга бағишлаб юбориш” масаласига келсак, бу мавжудлик, бутун коинот ўша ”араб” ҳаққи-ҳурмати учун яратилганлигини ёддан чиқармаслик лозим бўлади. Машҳур ҳадиси Қудсийда: “Лав лока мо холақтул-афлока” – ”(Эй ҳабибим!) Агар сен бўлмасанг, фалакларни (коинотни) яратмас эдим”, дейилади. Бу англаган одам учун расулуллоҳга қандай муҳаббат қўйиш ва ул зотга муносиб уммат бўлиш моҳиятини ойдинлаштиради.

Аллоҳ таъолонинг энг биринчи яратган нарсаси – икки олам сарвари, севикли ҳабиби ва набийси Муҳаммад (с.а.в.)нинг нурларидир. Ҳазрати Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий “Ромузул-аҳодис” китоби шарҳида: “Иннамо буисту хотиман фотиҳан…” дея бошланувчи муборак ҳадисни изоҳи билан бирга “Мен ҳам хотим ўлароқ охирги бир пайғамбарман, ҳам бошланишида Одам алайҳиссаломдан аввал яратилган бир пайғамбарман…” деб таржима қилганлар. (Қаранг: ”Ромузул-аҳодис”, 139-саҳифа, 5-ҳадис.)

Тасаввуф адабиётининг улуғ намояндаси Фаридуддин Аттор “Мантиқ ут-тайр” асарида Пайғамбаримиз (с.а.в.) васфларида сўз айтмоққа чоғланиб шундай мисралар битади:

Аҳмади мурсални билким тоабад,
Икки олам сарвари этди Аҳад…

Васфига лойиқму мендек телба кас,
Васфини Халлоқи олам айди, бас…

Шундан ҳам маълум бўладики, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Яратган зот ҳузурида дарожатлари нечоғлик улуғдир. Шунинг учун ҳам дунё залолатга ботган, олдин нозил қилинган муқаддас китобларни одамлар ўз манфаатларига мослаб ўзгартириб олган, башарият гуноҳкорлик исканжасида қолиб, қалблар чинакамига Аллоҳдан узилганда, бизга нажот этилиб охирзамон пайғамбари ва энг мукаммал дин юборилди. Қиёмат кунида шафоатчимиз бўлган ул зот биз умматларига шу қадар ғамхўрларки, сўз-ла таъриф этмоққа наинки, каломда каминадек ноқисни, балки Фаридуддин Аттордек зотнинг ҳам сўз хазинасидаги ганжиналари камлик қилур. Аллоҳ таъоло ул зоти бобарокатнинг номи тилга олинганда саловат айтмаган кишига лаънат ёғилишини буюргандир.

Аммо, табиийки, буларни англаш учун киши, энг аввало, Аллоҳ таъолонинг борлигига ва бирлигига иймон келтирган бўлиши керак. Иймонсиз кишидан пайғамбаримиз (с.а.в.)га муҳаббат тугул ҳурматни кутмоқ ҳам ақлли одамга хос бўлмаган ҳолдир.

7 январь куни таҳририятга бўлган ҳужум Франция ҳукумати (Эҳтимол, яна бошқа шериклари ҳам бордир, валлоҳу аълам) томонидан атайин мусулмонларга нисбатан фитна сифатида уюштирилгани кўпчилик учун ойдин ҳақиқатга айланди. Таассуфки, террорчилик ҳаракати мусулмонлар томонидан содир этилганига у фитнакорларнинг ўзлари қаттиқ ишонишаяпти ва бутун дунё ҳамжамиятини ҳам ишонтиришга жидду-жаҳд билан ҳаракат қилмоқда. Бирдамлик ҳаракати ўтказишди, кийимини йиртиб, юз-кўзини тимдалаб кўчага чиққан шаллақи хотинларга ўхшаб дод-вой солди: “Ислом динини йўқотиш керак!”, “Европада аҳолининг исломлашувининг олдини олиш лозим!” Мана шундай ҳайқириқлар янграб қолди Ғарб томонда… Бунга эса бизнинг миллатдошларимиз яна турли кўринишда муносабатда бўлишади.

Улар орасида аксарияти ”карикатурачи”ларни ёқлаб чиқиб, мусулмонлар шаънига ўйламай-нетмай ҳукм ўқишга чоғланади. “BBC Uzbek” саҳифасидаги баҳсларда фаол қатнашган Фарҳод Бекнинг мулоҳазаларига эътибор қаратамиз: “Улар ўн етти киши тугул бир киши ўлса ҳам ҳурмат-иззат қилади, қайғуга ботади, бунақа разил ишларга тиш-тирноғи билан қарши чиқади. Мусулмонлар эса бир кунда элликталаб бир-бирини ўлдирмаса, куни ўтмаяпти. Бу оддий ҳолга айланиб улгурди. Аввал мусулмонлар бир-бирини ҳурмат қилишни ўргансин, кейин бошқалардан ҳурмат кутсин. Мен ҳамма мусулмонлар ёмон демоқчи эмасман, аммо, бугунги кунда асосий қўпорувчиликлар, хунрезликлар айнан ўша мусулмонлардан чиқмоқда”. Яна бир иқтибос Диор Мирзажоновдан: “Европада яшовчи мусулмонларга ёқмаётган бўлса, ватанига йўқолсин. Бу Ғарб, Ғарбда яшаяпсанми, қисиб яша!”

Бу гапларни бошқа, мусулмон бўлмаган миллат вакили сифатида айтганингизда бизда ҳеч қандай таажжуб пайдо бўлмас эди. Бироқ, ўзбек экансиз!.. Неча асрлар давомида ислом динининг ривожи учун хизмат қилган, унинг шаънини ҳимоя қилиб келган туркий қавм вакили экансиз. Ҳеч қурса, шунинг ҳаққи-ҳурмати шу сўзларни айтишда уялинг эди. Яхшилаб уқиб олинг!

Биринчидан, диннинг моҳияти унга эътиқод қилаётган одамларга қараб белгиланмайди. Яъниким, киши дин аҳкомларига амал қилмай қўйдими, энди унинг ёмон амали туфайли ушбу динга ва унинг бошқа соф эътиқодли вакилларига умумий ҳолда баҳо бериб бўлмайди. Қайсидир куни ақлу закода ўзини Суқротдан кам санамайдиган бир ўқитувчи танишимиз: “Дин ҳам бир сиёсат-да”, дегандек гап қилди. Бунга домла хафа бўладиган тарзда жавоб қайтаришга мажбур бўлдим. Дин Аллоҳ таъолоники! Бугун Одам авлоди шу даражада тубанлашдики, уни ўзлари ўйлаб чиқарган ифлос сиёсатга ниқоб қилишдан ҳам қайтмайдиган бўлди.

Иккинчидан, сиз ўша террорчиларни мусулмонлар орасидан чиққан деб ўйлайсизми? Керак бўлган пайтда ҳар қандай кимсани ҳам мусулмон қиёфасига киритиш мушкул иш эмас. Шунча баркамол ақлингиз бор экан, ҳозир дунё дастидан дод солаётган ”Исломий давлат” жангарилари аслида кимлар-у, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган “жаноб”лар ким эканлиги ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?!

Сиз сиғинаётган Ғарб азалдан бузғунчи бўлган. Ўрта асрлардаги салб юришлари, сўнг Американинг “кашф этилиши” ва ҳиндуларнинг бошларига солган даво топмас мусибати, дунёни бўлиб олиш учун олиб борган қуролли урушлари, Яқин Шарқ ва араб давлатларида қўзғаган фитналари ва бугунги кунда ҳали биз илғаб улгурмаган қилмишлари… Қайси бирини айтиш керак? Санаб-саноғига етишга ожизлик қиласиз. Улар бу воқеаларнинг содир этувчи жиноятчилари сифатида тарихда юзи қора бўлиб қолишни истамасалар-да, бунинг учун тарихни ўз қўллари билан ёзишга ҳаракат қилсалар-да, пешоналарига “бадбахтлик” тамғаси аллақачон босилган.

Даъвогарлар таҳририятга ҳужумни террорчилик жиноятидан ташқари, сўз эркинлигини поймол этиш дея баҳоламоқдалар. Қанақа сўз эркинлиги?! Ўзларининг кучугини сўксанг ҳам судга беришади-ю, икки олам сарварини ҳақорат қилганларига қарши ҳужумни (ўзи уюштириб, айбни мусулмонларга ағдарган) сўз эркинлиги билан боғлашади. Яна бир нарса мантиққа тўғри келмайди. Уларнинг Муҳаммад (с.а.в.) ҳақида тасаввурлари бўлмаса, нимани карикатура қилишади? Карикатура дегани ҳақиқатга яқинроқ қандайдир маъно касб этиши керак эмасми?

Иккинчи бора нашр этилган карикатура суратнинг қўлида ”Мен Шарлиман” деган ёзув бор. Журнал адвокати Ричард Малканинг айтишича, бу ёзув Худога шак келтириш ҳуқуқини англатар экан. Аҳмоқликнинг поёнсизлигини қаранг! Бу ғояларини тарғиб этиш учун Муҳаммад (с.а.в.)дан бошқа одам топишолмабди. Жуда одам қуриган бўлса, ана, Президенти Франсуа Олландни карикатура қилиш орқали тарғиб қилишсин ғояларини. Бу ҳам етмагандек, сурат тепасида ”Ҳаммаси кечирилди” деган ёзув ҳам битиб қўйишибди… Нима кечирилди? Суратни ўзларинг чиқарган бўлсаларинг! Ҳужумни ўзларинг уюштирдиларинг! Энди ўзларинг ўзларингни кечираяпсизларми?

Бизда ёки бошқа мусулмон давлатларининг ҳеч бирида ҳали бирор марта сўз эркинлигига боғлаб ё бошқа сабаблар билан ўзга динлар ҳам, уларнинг пайғамбарлари ҳам мазах қилинмаган. Балки, пайғамбарларининг номлари тилга олинганда “алайҳиссалом” (“Аллоҳнинг саломи бўлсин”) ибораси қўшиб айтилган. Улар билан боғлиқ ибратли ва гўзал воқеалар болаларга ривоят қилиб берилган. Бу уларнинг маънан камол топишида, маърифати зиёда бўлишида пойдевор вазифасини ўтаган.

Карикатурачилар ва уларнинг ортида турганларнинг ушбу қилмишлари очиқ-ойдин душманликдан ўзга нарса эмас. Буни ақл кўзи сўқир бўлмаган ҳар бир киши англайди. Аммо, табиийки, бу душманлик уларга ҳеч бир яхшилик олиб келмайди. Бундан Аллоҳ ҳабибига зарра зиён ҳам етмайди. Ўтган воқеаларга назар солсангиз, ислом динига ва пайғамбарига қилинган ҳар қандай душманлик доим мағлубият билан якун топганлигини кўрасиз. Ожиз бандани ташвишга солган нарса эса юқорида таъкидланганидек, аждодлари Ҳақ йўлида ўтган миллатдошларимизнинг ўзлигидан айро тушиб, душманларга эш бўлаётганидир. Бу ҳақида фикр юритавериб, киши тафаккурида бутун олам элакдан ўтгандек бўлади. Шунда, умри давомида халқини юксакликда кўришни орзулаб ўтган шоир Шавкат Раҳмоннинг ”Туркийлар” шеърида шиддатли тарзда беш карра такрор этилган ”Ёвга терс қараган мусулмон эмас!..” сатрлари ёдимда ёруғ қиёфа ҳосил этади.

Халқнинг ҳақ эътиқодини, аввало, унинг орасидан чиқиб, душманларга мойиллик билдирганлар, элпарварлиги фақатгина юзада қалқиб турганлар хароб этади. Бугун атрофга назар ташлаб, улар билан юзма юз бўлмасликнинг, ҳаётда шундай пастарин касларга дуч келмасликнинг иложи йўқ. Яратгандан паноҳ тилайсиз, дилдаги илтижолар эса тилга кўчади…

Қулга қул айлама, ё Қодир Эгам,
Миллати муслимни яхшиликда тут!
Ҳабибинг, Расулинг энг улуғ кунда
Умматлари юзин кўрмасин шувут.

Аҳли мардумингнинг қалбин безагин,
Ботир эт, собир эт, айлагил салим.
Солиҳа аёллар омонда бўлсин,
Шармсиз дунёда афзали – ўлим!

Қўрқаман – “Мен эрман” дегувчиларнинг
Наъраси юракка етмайди, қани?!
Занчалиш фарзандлар берма – хор этар
Қароқлари ёшга тўлуғ Ватанни.

Қолаётган излар надоматталаб…
Кексаларни маҳрум айлама нурдан.
ТОНГ тобора яқин белги бермоқда,
Ҳикмат кўтарилиб бормоқда ердан.

Диллари бегидир болалар келсин,
Мен истиғфор айтай – айбимизни ўт.
Дунё “сирот”ида ҳалок айлама,
Миллати муслимни яхшиликда тут!

091

012
DUSHMANGA ESH BO’LMANG!
Sirojiddin IBROHIM
002

”Ayting (ey habibim): ”Agar Allohni sevsangizlar, menga (ya’ni rasullulohga) ergashingizlar, shunda Alloh sizlarni sevgaydir…”
(”Oli Imron”,31)

Islomni bilmagan insonlar ishni jang-jadal tomonga burib, eng so’nggi ishni eng boshida qiladilar, musulmonlikni urush dini, qon dini, gunohkorlik dini qilib ko’rsatmoqqa urinadilar. Ovruponing usuli shudir. Bizning usulimiz bu emas!..

Mahmud As’ad JO’SHON
(“Haqiqiy sevgi” kitobidan)

“Charli Hebdo” jurnali 7 yanvar` voqealaridan so’ng ikkinchi bor payg’ambarimiz Muhammad sollallohu alayhi va sallamning “surat”larini masxaralab chiqardi. Bunday jirkanch ishga qo’l urganlarga bir musulmon o’laroq nafratini izhor qilganlar ham, bu qilmish jazosini “Alloh kifoya qilsin” deya O’ziga topshirganlar ham, musulmonlikning olijanob fazilatlarini namoyon etib, Alloh ta’olodan ularni iymon ne’matila ne’matlantirishini so’raganlar ham bo’ldi. “Karikaturachilar” Alloh habibini haqoratlashga qanchalik darajada haqsiz bo’lsalar, ularga nisbatan bu uch munosabat shaklini ko’rsatishga har bir musulmon kishi shu darajada haqdorroqligi shubhasizdir.

O’zim ham shu uch munosabatdan birini ko’rsatib qo’ya qolsam bo’lardi. Ushbu maqolani yozishga ehtimol, bu miqyosda ehtiyoj ham sezilmasdi. Biroq…

“BBC Uzbek”ning “Facebook”dagi sahifasida jurnal jamoasining ikkinchi marta karikatura chiqargani haqida jo’shqinlik bilan e’lon qilingan xabariga qoldirilgan ko’pgina izohlarni o’qib, mutaassir bo’ldim. Boisi – millatdoshlarimizning voqeaga qay yo’sinda yondashganligi edi.

Xabardan so’ng turli izohlar orasida Tohir Siddiqovning quyidagi so’zlari uchraydi: “Biz payg’ambarimiz bilar faxrlanamiz, ota-onam sizga fido bo’lsin, yo rasululloh!” Unga javob tariqasida Sherzod Turdiev: “Ahmoq, tovuqmiya, sen ham borib o’zingni portlatib yuborma! Senga o’xshab ota-onasidan ham kechib yuboradigan zombilar sabab bu kabi nizolar kelib chiqayapti”, deya bong ursa, Farhod Bek degani: ”Ol-a-a-a, ota-onangni qaerdagi arabga bag’ishlavordingmi?! Sen kabi zombilar tufayli har doim musulmon davlatlarida urush-janjal”, deb istehzo qiladi.

Bir sahih hadisi sharifda payg’ambarimiz (s.a.v.) marhamat etadilarki: “Nafsim (jonim), Qudrati qo’lida bo’lgan Allohga qasamki, sizlardan har bittangiz meni otangizdan ham, farzandingizdan ham, butun insonlardan ham ko’proq yaxshi ko’rmagunlaringizcha, haqiqiy mo»min bo’la olmassiz…”

Shuning uchun sahobai kiromlar ul zotga murojaat etganlarida: ”Fidoka abiy va ummiy, yo Rasulalloh!” (”Ota-onam sizga fido bo’lsin, yo Rasulalloh!”) deb so’z boshlar edilar. Ularning hech biri “zombi” yoki manqurt emasdilar. Balki, ota-onasini Sherzod Turdiev va Farhod Bekdan-da ko’proq qadrlaydigan, ularning ikki dunyo, (ayniqsa boqiy dunyo) saodatiga erishishi yo’lida jonfidolik ila xizmat qiladigan insonlar bo’lishgan. Ota-onani ”bir arabga bag’ishlab yuborish” masalasiga kelsak, bu mavjudlik, butun koinot o’sha ”arab” haqqi-hurmati uchun yaratilganligini yoddan chiqarmaslik lozim bo’ladi. Mashhur hadisi Qudsiyda: “Lav loka mo xolaqtul-afloka” – ”(Ey habibim!) Agar sen bo’lmasang, falaklarni (koinotni) yaratmas edim”, deyiladi. Bu anglagan odam uchun rasulullohga qanday muhabbat qo’yish va ul zotga munosib ummat bo’lish mohiyatini oydinlashtiradi.

Alloh ta’oloning eng birinchi yaratgan narsasi – ikki olam sarvari, sevikli habibi va nabiysi Muhammad (s.a.v.)ning nurlaridir. Hazrati Muhammad Zohid Qo’tqu ibn Ibrohim al-Bursaviy “Romuzul-ahodis” kitobi sharhida: “Innamo buistu xotiman fotihan…” deya boshlanuvchi muborak hadisni izohi bilan birga “Men ham xotim o’laroq oxirgi bir payg’ambarman, ham boshlanishida Odam alayhissalomdan avval yaratilgan bir payg’ambarman…” deb tarjima qilganlar. (Qarang: ”Romuzul-ahodis”, 139-sahifa, 5-hadis.)

Tasavvuf adabiyotining ulug’ namoyandasi Fariduddin Attor “Mantiq ut-tayr” asarida Payg’ambarimiz (s.a.v.) vasflarida so’z aytmoqqa chog’lanib shunday misralar bitadi:

Ahmadi mursalni bilkim toabad,
Ikki olam sarvari etdi Ahad…

Vasfiga loyiqmu mendek telba kas,
Vasfini Xalloqi olam aydi, bas…

Shundan ham ma’lum bo’ladiki, Payg’ambarimiz (s.a.v.)ning Yaratgan zot huzurida darojatlari nechog’lik ulug’dir. Shuning uchun ham dunyo zalolatga botgan, oldin nozil qilingan muqaddas kitoblarni odamlar o’z manfaatlariga moslab o’zgartirib olgan, bashariyat gunohkorlik iskanjasida qolib, qalblar chinakamiga Allohdan uzilganda, bizga najot etilib oxirzamon payg’ambari va eng mukammal din yuborildi. Qiyomat kunida shafoatchimiz bo’lgan ul zot biz ummatlariga shu qadar g’amxo’rlarki, so’z-la ta’rif etmoqqa nainki, kalomda kaminadek noqisni, balki Fariduddin Attordek zotning ham so’z xazinasidagi ganjinalari kamlik qilur. Alloh ta’olo ul zoti bobarokatning nomi tilga olinganda salovat aytmagan kishiga la’nat yog’ilishini buyurgandir.

Ammo, tabiiyki, bularni anglash uchun kishi, eng avvalo, Alloh ta’oloning borligiga va birligiga iymon keltirgan bo’lishi kerak. Iymonsiz kishidan payg’ambarimiz (s.a.v.)ga muhabbat tugul hurmatni kutmoq ham aqlli odamga xos bo’lmagan holdir.

7 yanvar` kuni tahririyatga bo’lgan hujum Frantsiya hukumati (Ehtimol, yana boshqa sheriklari ham bordir, vallohu a’lam) tomonidan atayin musulmonlarga nisbatan fitna sifatida uyushtirilgani ko’pchilik uchun oydin haqiqatga aylandi. Taassufki, terrorchilik harakati musulmonlar tomonidan sodir etilganiga u fitnakorlarning o’zlari qattiq ishonishayapti va butun dunyo hamjamiyatini ham ishontirishga jiddu-jahd bilan harakat qilmoqda. Birdamlik harakati o’tkazishdi, kiyimini yirtib, yuz-ko’zini timdalab ko’chaga chiqqan shallaqi xotinlarga o’xshab dod-voy soldi: “Islom dinini yo’qotish kerak!”, “Evropada aholining islomlashuvining oldini olish lozim!” Mana shunday hayqiriqlar yangrab qoldi G’arb tomonda… Bunga esa bizning millatdoshlarimiz yana turli ko’rinishda munosabatda bo’lishadi.

Ular orasida aksariyati ”karikaturachi”larni yoqlab chiqib, musulmonlar sha’niga o’ylamay-netmay hukm o’qishga chog’lanadi. “BBC Uzbek” sahifasidagi bahslarda faol qatnashgan Farhod Bekning mulohazalariga e’tibor qaratamiz: “Ular o’n yetti kishi tugul bir kishi o’lsa ham hurmat-izzat qiladi, qayg’uga botadi, bunaqa razil ishlarga tish-tirnog’i bilan qarshi chiqadi. Musulmonlar esa bir kunda elliktalab bir-birini o’ldirmasa, kuni o’tmayapti. Bu oddiy holga aylanib ulgurdi. Avval musulmonlar bir-birini hurmat qilishni o’rgansin, keyin boshqalardan hurmat kutsin. Men hamma musulmonlar yomon demoqchi emasman, ammo, bugungi kunda asosiy qo’poruvchiliklar, xunrezliklar aynan o’sha musulmonlardan chiqmoqda”. Yana bir iqtibos Dior Mirzajonovdan: “Evropada yashovchi musulmonlarga yoqmayotgan bo’lsa, vataniga yo’qolsin. Bu G’arb, G’arbda yashayapsanmi, qisib yasha!”

Bu gaplarni boshqa, musulmon bo’lmagan millat vakili sifatida aytganingizda bizda hech qanday taajjub paydo bo’lmas edi. Biroq, o’zbek ekansiz!.. Necha asrlar davomida islom dinining rivoji uchun xizmat qilgan, uning sha’nini himoya qilib kelgan turkiy qavm vakili ekansiz. Hech qursa, shuning haqqi-hurmati shu so’zlarni aytishda uyaling edi. Yaxshilab uqib oling!

Birinchidan, dinning mohiyati unga e’tiqod qilayotgan odamlarga qarab belgilanmaydi. Ya’nikim, kishi din ahkomlariga amal qilmay qo’ydimi, endi uning yomon amali tufayli ushbu dinga va uning boshqa sof e’tiqodli vakillariga umumiy holda baho berib bo’lmaydi. Qaysidir kuni aqlu zakoda o’zini Suqrotdan kam sanamaydigan bir o’qituvchi tanishimiz: “Din ham bir siyosat-da”, degandek gap qildi. Bunga domla xafa bo’ladigan tarzda javob qaytarishga majbur bo’ldim. Din Alloh ta’oloniki! Bugun Odam avlodi shu darajada tubanlashdiki, uni o’zlari o’ylab chiqargan iflos siyosatga niqob qilishdan ham qaytmaydigan bo’ldi.

Ikkinchidan, siz o’sha terrorchilarni musulmonlar orasidan chiqqan deb o’ylaysizmi? Kerak bo’lgan paytda har qanday kimsani ham musulmon qiyofasiga kiritish mushkul ish emas. Shuncha barkamol aqlingiz bor ekan, hozir dunyo dastidan dod solayotgan ”Islomiy davlat” jangarilari aslida kimlar-u, ularni moddiy jihatdan qo’llab-quvvatlab turgan “janob”lar kim ekanligi haqida o’ylab ko’rmadingizmi?!

Siz sig’inayotgan G’arb azaldan buzg’unchi bo’lgan. O’rta asrlardagi salb yurishlari, so’ng Amerikaning “kashf etilishi” va hindularning boshlariga solgan davo topmas musibati, dunyoni bo’lib olish uchun olib borgan qurolli urushlari, Yaqin Sharq va arab davlatlarida qo’zg’agan fitnalari va bugungi kunda hali biz ilg’ab ulgurmagan qilmishlari… Qaysi birini aytish kerak? Sanab-sanog’iga yetishga ojizlik qilasiz. Ular bu voqealarning sodir etuvchi jinoyatchilari sifatida tarixda yuzi qora bo’lib qolishni istamasalar-da, buning uchun tarixni o’z qo’llari bilan yozishga harakat qilsalar-da, peshonalariga “badbaxtlik” tamg’asi allaqachon bosilgan.

Da’vogarlar tahririyatga hujumni terrorchilik jinoyatidan tashqari, so’z erkinligini poymol etish deya baholamoqdalar. Qanaqa so’z erkinligi?! O’zlarining kuchugini so’ksang ham sudga berishadi-yu, ikki olam sarvarini haqorat qilganlariga qarshi hujumni (o’zi uyushtirib, aybni musulmonlarga ag’dargan) so’z erkinligi bilan bog’lashadi. Yana bir narsa mantiqqa to’g’ri kelmaydi. Ularning Muhammad (s.a.v.) haqida tasavvurlari bo’lmasa, nimani karikatura qilishadi? Karikatura degani haqiqatga yaqinroq qandaydir ma’no kasb etishi kerak emasmi?

Ikkinchi bora nashr etilgan karikatura suratning qo’lida ”Men Sharliman” degan yozuv bor. Jurnal advokati Richard Malkaning aytishicha, bu yozuv Xudoga shak keltirish huquqini anglatar ekan. Ahmoqlikning poyonsizligini qarang! Bu g’oyalarini targ’ib etish uchun Muhammad (s.a.v.)dan boshqa odam topisholmabdi. Juda odam qurigan bo’lsa, ana, Prezidenti Fransua Ollandni karikatura qilish orqali targ’ib qilishsin g’oyalarini. Bu ham yetmagandek, surat tepasida ”Hammasi kechirildi” degan yozuv ham bitib qo’yishibdi… Nima kechirildi? Suratni o’zlaring chiqargan bo’lsalaring! Hujumni o’zlaring uyushtirdilaring! Endi o’zlaring o’zlaringni kechirayapsizlarmi?

Bizda yoki boshqa musulmon davlatlarining hech birida hali biror marta so’z erkinligiga bog’lab yo boshqa sabablar bilan o’zga dinlar ham, ularning payg’ambarlari ham mazax qilinmagan. Balki, payg’ambarlarining nomlari tilga olinganda “alayhissalom” (“Allohning salomi bo’lsin”) iborasi qo’shib aytilgan. Ular bilan bog’liq ibratli va go’zal voqealar bolalarga rivoyat qilib berilgan. Bu ularning ma’nan kamol topishida, ma’rifati ziyoda bo’lishida poydevor vazifasini o’tagan.

Karikaturachilar va ularning ortida turganlarning ushbu qilmishlari ochiq-oydin dushmanlikdan o’zga narsa emas. Buni aql ko’zi so’qir bo’lmagan har bir kishi anglaydi. Ammo, tabiiyki, bu dushmanlik ularga hech bir yaxshilik olib kelmaydi. Bundan Alloh habibiga zarra ziyon ham yetmaydi. O’tgan voqealarga nazar solsangiz, islom diniga va payg’ambariga qilingan har qanday dushmanlik doim mag’lubiyat bilan yakun topganligini ko’rasiz. Ojiz bandani tashvishga solgan narsa esa yuqorida ta’kidlanganidek, ajdodlari Haq yo’lida o’tgan millatdoshlarimizning o’zligidan ayro tushib, dushmanlarga esh bo’layotganidir. Bu haqida fikr yuritaverib, kishi tafakkurida butun olam elakdan o’tgandek bo’ladi. Shunda, umri davomida xalqini yuksaklikda ko’rishni orzulab o’tgan shoir Shavkat Rahmonning ”Turkiylar” she’rida shiddatli tarzda besh karra takror etilgan ”Yovga ters qaragan musulmon emas!..” satrlari yodimda yorug’ qiyofa hosil etadi.

Xalqning haq e’tiqodini, avvalo, uning orasidan chiqib, dushmanlarga moyillik bildirganlar, elparvarligi faqatgina yuzada qalqib turganlar xarob etadi. Bugun atrofga nazar tashlab, ular bilan yuzma yuz bo’lmaslikning, hayotda shunday pastarin kaslarga duch kelmaslikning iloji yo’q. Yaratgandan panoh tilaysiz, dildagi iltijolar esa tilga ko’chadi…

Qulga qul aylama, yo Qodir Egam,
Millati muslimni yaxshilikda tut!
Habibing, Rasuling eng ulug’ kunda
Ummatlari yuzin ko’rmasin shuvut.

Ahli mardumingning qalbin bezagin,
Botir et, sobir et, aylagil salim.
Soliha ayollar omonda bo’lsin,
Sharmsiz dunyoda afzali – o’lim!

Qo’rqaman – “Men erman” deguvchilarning
Na’rasi yurakka yetmaydi, qani?!
Zanchalish farzandlar berma – xor etar
Qaroqlari yoshga to’lug’ Vatanni.

Qolayotgan izlar nadomattalab…
Keksalarni mahrum aylama nurdan.
TONG tobora yaqin belgi bermoqda,
Hikmat ko’tarilib bormoqda yerdan.

Dillari begidir bolalar kelsin,
Men istig’for aytay – aybimizni o’t.
Dunyo “sirot”ida halok aylama,
Millati muslimni yaxshilikda tut!

01

(Tashriflar: umumiy 332, bugungi 1)

3 izoh

  1. juda ajoyib maqola bo’libdi rahmat. O’zimmizni o’zbeklar-musulmonlarni dinga fikrlarini ko’rib hafa bo’lib ketdim. Alloh isloh qilsin ahvolimmizni.

Izoh qoldiring