Sirojiddin Ibrohim. Sodiq qolgan bolalik

004

Бундан икки йил олдин ўтган адабиёт кунларида Болтажон Содиқов шеър ўқиди. Билмайман, аллақандай ҳис бутун вужудимни чулғаб олиб, юрагимни ҳапқиртира бошлади. ”Шеър зўрдир-да!” – дерсиз. Йўқ! У ҳам бир боиси йўқ жўшқинликдан бошқа нарса эмасди. Менинг ҳисларимга туртки берган – минбарда турган зарабоғлик чол, Зарабоғ ”оҳанг”и, Зарабоғ ”тил”и эди. Шунда илк бор англадим – Зарабоғимнинг ўз оҳанги, ўз тили бор экан.

001
СОДИҚ ҚОЛГАН БОЛАЛИК
Сирожиддин Иброҳим
02

Мактабда ўқиб юрган кезларим она тили ва адабиёт фанидан сабоқ берадиган ўқитувчимиз Муқаддас опа: ”Сурхондарёлик ижодкорлардан кимларни биласизлар?” – деб сўроққа тутарди. Шунда мен қўл кўтариб, Болтажон Содиқов ва Асомиддин Темурийнинг номларини айтардим. Ўқитувчимиз: ”Йўқ, адабиётга кирган ижодкорларимиз бор-ку!” – дерди. Мен тирмизак эса қайсарлик билан сўзимда туриб олардим: ”Уларнинг китоби чиққанми? Чиққан! Қаерда туғилган? Зарабоғда! Зарабоғ ҳудудий бўлиниш жиҳатидан Сурхондарё таркибига киради. Шундай бўлгач сизга яна қандай исбот-далил керак?”

Асомиддин Темурийнинг ҳам, Болтажон Содиқовнинг ҳам бола наздимда мавқеи жуда баланд бўлган. Ахир улар қишлоғимиздан чиққан шоирлар эди-да! Қадрлардим.

Асомиддин Темурий ўзи ҳам боисини билмаган бир жўшқинлик билан яшаб ўтиб кетди. Ҳозир эса у киши ҳақида эмас, болалар шоири Болтажон Содиқов хусусида билганларим ва ўйларимдан сизларни ҳам баҳраманд этгим келиб қолди.

Болалагимда Болтажон Содиқовнинг ”Малик ва илик” номли китобчаси совға қилингач, ундаги шеър-у шеърий эртаклардан ибрат олганман. Малик деган тантиқ боланинг ”илиги йўқ экан”, деб шўрвани ичмай: туни билан очликдан қийналиб чиққани ёдимга тушса, хонадонимизда фақирона тузалган дастурхондаги насибамдан сира ҳам воз кечгим келмаган.

Яна бир қизиқ жойи. Б. Содиқов тарбияланган ”Болалар уйи”да момом ҳам тарбия топган. Момомнинг айтишига қараганда, жуссаси кичик, ҳали шоир бўлиб шуҳрат қозонмаган ўсмир бола Болтажон муҳаббат изҳор қилгани учун ”Барчинкелбат” момомдан хафа бўлгулик ”насиба”сини ҳам олган. Адашмасам, момом у кишидан бир-икки ёш катта. Мен эса олти-етти ёшли бола (мактабга бормай туриб, крилл алифбосида ўқишни ўрганган ва нафақат ”Малик ва илик”, балки бошқа эртак китоблрни ҳам ўқиб чиққандим) азбаройи мухлис бўлиб қолганимдан, момомни ўша қўполлиги ва шундай шоирга тегмай, бизни ”шоир бобо”дан маҳрум этгани учун афсусланардим. Бироқ, сал нарида нимадир иш билан банд бўлиб турган ўзимнинг уруш кўрган бобомдан ҳайиққаним учун бу афсусни тилимга чиқаришга юрагим бетламасди.

06Болтажон Содиқовни илк бор Термиз давлат университетида кўрганман. Ўзига ярашган, тоза-озода кийимларни кийган, Болта Ёриев таъбири билан айтганда, ”менинг кексалигим – менинг фариштам” бўлиб юрарди. Лекин, жуда бардам кўринарди. Ўзимни таништирганман. Яна кўришиш насиб этишини тилаб хайрлашганмиз. Бу пайтга келиб камина бугунги адабиёт қўрғонининг “устун”лари бўлиб турган бошқа сурхондарёлик ижодкорларни ҳам ”таниган”, қолаверса, анча-мунча нарсани кўзга илавермайдиган ”такаббур” бир ҳолга етган эдим. (Орада қисқа муддатга бўлса ҳам мана шу мағрурлик ҳолати керак экан, кишига. Чунки бу ҳолат тўғри йўлни танлаб олишда асқотаркан. Аммо бу такаббурлик касали умр бўйи ҳамроҳ бўлса, истеъдод моҳиятдан адашади деяверинг.)

Орадан вақт ўтди. Болтажон бобони унда-бунда кўрсам, сўрашадиган бўлдим. У киши билан учрашиб қолганда, қандайдир бир яхши кайфиятни ҳис этардим. (Бунинг боисини болаларча самимияти-ю беғубор ҳазилларида деб биламан.) Хуллас, мен бу кишига нисбатан қандай муносабатда эдим. Аввал шуни аниқлаштириб олишимга тўғри келади.

Эсимни таниганимдан бери Болтажон Содиқов туғилган қишлоғи – Зарабоғга бормаган. Ёзганлари ҳам бадиий асарга бўлган эҳтиёжни қондирадиган нарсалар эмас. Фақат кунда-кунора ”календарбоп” шеърлари газеталар юзини безаб турибди. Гарчанд беозор ва самимий одам бўлса-да, бунинг ўзи камлик қилади, у кишини ҳурматлаб, эъзозлашим учун. (Шу пайтларда самимий ва беозор одамлар тобора камайиб кетаётганини англамаганман, фаҳмим етмаган.) Илдизлардан узилган, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юрган бир одам сифатида қараганман… Яқинда у кишининг ”Болаликнинг қайғули қўшиғи” номли хотиралар китобини ўқиб, бу зотга ҳурматим ошди ва яна нималардир қоралашни ҳам дилга тугиб қўйдим.

Асарда муаллиф заҳматли ҳаёт ичра қад ростлаган тўсиқларга уриниб-суриниб юрган дамларидан ҳикоя қилади. Жуда самимият ила битилган ўтмиш йиллар ҳаёти манзаралари жуда аниқ ёритиб берилган. Эҳтимол, асар бадиий тўқимадан иборат бўлганда ва уни энг истеъдодли ва тажрибали ёзувчи ёзганда ҳам сўнгги айтганим – қишлоқнинг ўша кунги манзараларини бу тарзда чизиб бера олмас эди. Демак, Болтажон Содиқов тирикчиликка шўнғиб, барча гўзал ҳисларидан мосуво бўлмаган экан. Ортга боқишга ундайдиган инсонийлик хотиралари, элдошлик туйғулари, она қишлоқ – юрагининг бир парчаси бўлиб яшаётган экан!

“Болаликнинг қайғули қўшиғи”ни мен нафақат оддий ўқувчи сифатида, балки ўша воқеалар ва хотиралар замини бўлмиш қишлоқ фарзанди сифатида ўқийман. Ҳаяжонга тушаман. Қишлоқ куюнчак, гапга етар кайвони кексалардан айрилиб, ҳатто яқин тарихини ҳам эндиги авлодлар ёдига мерос қилиб қолдиролмаганидан ўкинаман. Бу ёғи эса анчадан буён бормаган қишлоғимни соғинаман, соғинавераман…

Бундан икки йил олдин ўтган адабиёт кунларида Болтажон Содиқов шеър ўқиди. Билмайман, аллақандай ҳис бутун вужудимни чулғаб олиб, юрагимни ҳапқиртира бошлади. ”Шеър зўрдир-да!” – дерсиз. Йўқ! У ҳам бир боиси йўқ жўшқинликдан бошқа нарса эмасди. Менинг ҳисларимга туртки берган – минбарда турган зарабоғлик чол, Зарабоғ ”оҳанг”и, Зарабоғ ”тил”и эди. Шунда илк бор англадим – Зарабоғимнинг ўз оҳанги, ўз тили бор экан.

Назаримда, бошқалар бўлмаса-да, ҳар бир зарабоғлик ўқиб чиқиши керак ”Болаликнинг қайғули қўшиғи”ни. Афсонага айланиб улгурган Ҳасан якдаста-ю Мусулжонлар суҳбатга келади. Мулла Маматқул Шайх бобонинг қишлоқда ўзгача шукуҳда ўтадиган Наврўз айёмида қилаётган амру маъруфлари қулоғингиз остида садо бергандек бўлади. Уруш машаққатларини чеккан боболар-у момолар сиз билан дардлашаётгандек туюлади. Буларни ҳис қилиш учун кишининг қалбида ВАТАН деган чўғ бўлиши керак.

Болтажон Содиқ ҳақида узоқ ёзса бўлади. Ҳар бир бандада бўлгани каби унинг ҳам танқид остига олинадиган, мақтову сўз камлик қиладиган жиҳатлари бисёр. Ҳазил-мутойибалари-ю, ўзи бош қаҳрамон бўлган қизиқ воқеаларни жамлаб чиқса-ку, бир олам нарса бўлар. Ҳа, майли, келинг, отахон иштирок этган бир воқеадан ровийлик қилай. (Аслида-ку бу кишининг қоғозга тушириб, сизга тақдим этиб бўлмайдиган мутойибалари кўпроқ.)

Неча йиллар олдин Термиз давлат университети ректори бутун жамоани йиғиб мажлис ўтказади. Хуноби ошиб, дакки беради:
— Эй ўқитувчилар, сизларнинг дастингиздан бирор жойга юролмай қолдим-ку! Қаерга борсам, порахўрликларингиз ҳақида гапиришади…

Шунда нохосдан биров нафас олса сезилгудек жимликни бузиб, шўх талабалар орқаворотдан минг ўхшатишга уринса-да, эплаша олмайдиган ўзига хос овозда Болтажон Содиқов сўз қотиб қолади:
— Домлажон, булар олишмайди, – дея ўқитувчиларга ишора қилади у киши. — Ярамас талабаларнинг ўзлари олиб келиб беришгандан кейин нима қилишсин, шўрликлар!..

“Гур” этиб кулгу кўтарилади. Ректор ҳам нима дейишини билмай, каловланиб қолади. Эҳ, бу Болтажон бобонинг ҳазиллари ғалат. Ўрни келиб қолса, ўзини ҳам аямайди.

Шунча гапни ёзибман-у, Б. Содиқовнинг узоқ йиллар олийгоҳда фаолият юритгани, илмий ишлари ҳақида лом-мим демабман. Менингча, бунинг кераги ҳам йўқ. Гапнинг индаллосини айтсак, нафақат Б. Содиқовнинг, балки аниқ ва табиий, тарих фанлари бўйича илмий изланиш олиб борган оз нафар олимларимиздан ташқари, ”профессорман”, ”фан докториман”, деб юрган ”домла”ю мардумларнинг илмий иши таълимга ёки ҳаётга тадбиқ этилса, қанчалик наф келтириши мумкинлиги ҳақида ўйлайвериб, бошим шишиб кетади. Аммо, жавоб топа олмайман. Мана, масалан, Термиз давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори Мамат Ҳайдаров юмшоқ ўйинчоқларнинг бола тарбиясига қандай таъсир қилишини ”исботлаб” мақолалар ёзган, докторлик ишини ёқлаган. Бироқ, бу илмий иш на ҳаётга, на таълимга тадбиқ этилганидан бехабарман…

Асабларингиз таранг, ҳорғин бир ҳолатда ишлаб турганингизда эшикдан қувноқ бир садо эшитилади: “Рухсат беринг кирмоққа, яхшиларни кўрмоққа!..” Бирданига кўнглингиз ёришади. Эшикдан салкам саксон беш ёшли, самимияти-ю болаликнинг йиллар ўтгач топилмайдиган хислатлари ҳамон тарк этмаган, ҳеч қачон ёмон кўриб бўлмайдиган Болтажон Содиқов киради…

 

002

Манба: “Сурхон ёшлари” газетаси, 29 сентябрь, 2014 йил

04

(Tashriflar: umumiy 318, bugungi 1)

Izoh qoldiring