Sirojiddin Ibrohim. Yurt ori.

006
Тоғай Муроднинг асарларини ўқиганмисиз? Ўқиш керак!  Ўзбекчиликнинг қандай гўзал эканлиги-ю, ўзбек бўлиб яшашнинг нечоғлик бахт эканлигини ҳис қиласиз, англайсиз. Орли одам кимлигини билмоқчи бўлсангиз, шу ёзувчининг асарларидаги кўп қаҳрамонлар сизга намуна.

Сирожиддин Иброҳим
ЮРТ ОРИ
001

Ватан… Агар кепак бўлса-да,
Сотилмайди, эй савдогарлар!..
Асқар  Маҳкам

1

005Тоғай Муроднинг асарларини ўқиганмисиз? Ўқиш керак! Ўзбекчиликнинг қандай гўзал эканлиги-ю, ўзбек бўлиб яшашнинг нечоғлик бахт эканлигини ҳис қиласиз, англайсиз. Орли одам кимлигини билмоқчи бўлсангиз, шу ёзувчининг асарларидаги кўп қаҳрамонлар сизга намуна. ”Юлдузлар мангу ёнади” қиссасидаги бир эпизод ёдимга тушса доим кўнглим ёришиб кетади. Насимнинг ўғли Максим полвон табоқ кўтарганда унга даъвогар бўлиб қишлоқнинг ёш полвонларидан ҳеч ким чиқмайди. Уни мастер спортчи деб ҳайиқишади. Шунда соч-соқоли оппоқ, кекса полвон Нормурод бобо даврага отилиб чиқади. ”Мастер спортчи тугул, дев бўлса ҳам курашаман”, деб қизишади. Ўзингиз айтинг кўнгилни ёриштиради-да! Чол ор талашаяпти. Ор бўлганда ҳам эл-юрт орини. ”Юрт ори” дегани шундай азиз, шундай муқаддас бўларкан-да?!

2

Бир аёл бор. Узоқроқ қариндошимиз. Жуда ўқимишли ҳам, ”ёзиш” деганини чуқур тушунадиган ҳам эмас. Кўп йиллар оддий ҳамшира бўлиб ишлаган. Ўзининг ўзига ўхшаган соддагина ҳаёт фалсафасини яратиб олган. Шу хола мендан бир нарсани ёзишни кўп илтимос қилади.

Биз туғилган қишлоқ Шеробод туманида жойлашган. Балки эшитгандирсиз, Зарабоқ дейишади. У ҳудудлар белгиланиши вақтида атрофдаги бир неча қишлоққа марказ бўлиши керак эди. Юқоридан шундай буйруқ ҳам чиққан. Бироқ шу пайтда қишлоққа раҳбарлик қилиб турган бир ”улуғ” бошқа қишлоқларга марказ сифатида намуна бўлиши учун бу ерда қуриладиган кичик шифохона, янги мактаб, маиший хизмат кўрсатиш дўконлари бор янги гузарни қуриш ”даҳмаза”сидан қутулиш ва озроқ моддий манфаат эвазига шуларнинг Пошхурт қишлоғида қурилишига сабабчи бўлган. Шу қарор чиққан йиғилишдан унинг котиби йиҚлаб қайтади. Бу менинг ёши улуғлардан эшитганим. Ўозир ўзим гувоҳи бўлганим эса Пошхуртда шифохона ҳам, иккита мактаб, яхшигина маиший дўконлар ҳам бор. Яна шуни ҳам биламанки, Пошхуртда жойлашган қишлоқ фуқаролар йиҚинининг муҳрига ”Зарабоғ ҚФЙ” деб ёзилган.

Хола ҳар замон, ҳар замонда сўрайдигани: мана шу қишлоғимиз мавзусини матбуотда кўтариб, марказни қишлоққа кўчириш. ”Оҳ”, дейман. ”Имкони йўқ-да! Бунинг учун қанча маблағ сарф бўлади. Энди марказнинг Пошхурт ёки Зарабоғ эканлигининг аҳамияти ҳам йўқ. Шу ишларга сабабчи бўлган кишини…”, деб айтаман. Фақат ичимда. Хола оғринмасин дейман. Ундан ҳам кўра оддийгина аёлнинг қишлоқнинг ори учун куйинишлари менга ўзгача бир маънавий лаззат баҚишлайди. Буларни нимага айтаяпман? Англамоғимиз керакки, юртнинг орини ўйлаш фақатгина улуғларнинг ”касб”и эмас. Бу ҳар бир оддий одамнинг, у эркак бўладими, аёл бўладими, вазифаси, қарзи, ҳатто фарзидир! Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ”Ватанни севмоқ иймондандир!”, деган ҳадислари асл ҳикматдир. Юртни севмаган кишининг эса унинг ори билан қандай қийматли иши бўларди?

3

Бир йили устозимиз, юраги ёниқ журналист Исроил Шомиров Тошкентга борадилар. Билсангиз керак, бу шаҳарнинг киракашлари ”гурунг”чи бўлади. Аслида аксариятини маҳмадана десак тўғрироқ бўлар. Шунда у киши ўтириб қолган машина ҳайдовчиси устознинг сурхондарёлик эканини билиб, шу кунларда катта майдонга тушиш арафасида бўлгани учун тилдан тушмаётган Абдулла Тангриев ҳақида шундай гап айтади:
— Абдуллани нимага бунча ”кўтар-кўтар” қилишади, тушунмадим,—дейди. Бунга жавобан устоз:
— Арзийди-да! У ҳозир жаҳонда Ўзбекистоннинг орини олиб юрибди,—деб айтади.

Ҳайдовчи эса шу ўзининг Тошкент шевасида:
— Қизиқмисиз ака? Ўзбекистонда ор нима қилсин?— алжиб қўяди, ярамас. Кўп йиғин-у давраларда юртнинг орини талашиб юрадиган устоз ёниқ эмасми, бу гапдан жони ҳалқумига келади. Киракашни ҳам қуруқ қўймайди. ”Насиба”сини беради.

Юртнинг орини ҳимоя қиладиган ким? Шу юртнинг одамлари эмасми? Одамлар ватан шаънини шу киракашдай тушунса нима бўлади? Албатта, юртда ор қолмайди-да! Шукрлар бўлсинки, ундай эмас. Юртни севадиган, унинг номусини ўз номуси деб биладиган одамлар бор. Йўқса, аллақачон ”қиёмат-қойим” бошланиб кетган бўларди.

Яқинда ”Аргументы и факты” газетасида дунёни эгаллаб, кейин ойни забт этмоқчи бўлган хитой халқининг шу йўлдаги уринишлари ҳақида ёзишибди. Мавзуга муносабат билдириши сўралган халқаро эксперт шунга ўхшаш жавоб айтаяпти: ”Бунга ишонса бўлади. Чунки мен Хитойга ҳали бу даражада ривожланиш орзу бўлган пайтларда борган эдим. Шунда кўпчилик ишчи-хизматчиларнинг бир иш кунида 20 соатгача ишлаш эвазига жуда кам ҳақ олганини биламан. Улардан нега бундай қилиши ҳақида сўрасам: ”Давлатимиз қудратли бўлиши керак. Бунинг учун эса бойиши зарур…” қабилида жавоб беришган”. Ана, сизга ватанпарваплиг-у, унинг ори учун курашиш.

Нақл бор: ”Оғзингга қон тўлса ҳам душманнинг олдида тупурма!”, деган. Шу нақлни жуда яхши кўраман. Баъзан ҳуқуқлари бузилганидан зорланиб чет элнинг ”тили” бошқа-ю, ”дили” бошқа ташкилотлари эшигига бош ураётган одамларни кўриб ҳайрон қоласиз. Бир нарса аниқ: ўша халқаро мақомга сазовор бўлган ”ҳуқуқпарвар” ташкилотлар аслида бир неча қудратли давлатлар манфаати учун хизмат қилади. Табиийки, улар ҳеч қачон беғараз ёрдам кўрсатмайди. Шунинг учун қалб кўзини очиш, юрт орини поймол этиб, ўзгаларга ”дардиҳол” қилиб юрмаслик лозим. У ОЗОДЛИК бўлсин, у ОБОДЛИК бўлсин, халқнинг ўзи, ўз уринишлари билан эришиладиган неъматдир!

4

Негадир, ”Ватан” деганда мен бутун Ер юзини тасаввур қиламан. Ахир, у инсониятнинг ватани-да! Бироқ ҳар бир халқнинг-да ўз ватани бор. Шу кунгача улар қанчалаб зиддиятларга борди. Қон тўкилди. Аммо бу урушларнинг асосий қисми сира ор талашишдан бўлгани йўқ. Балки у жангларга ”нафси аммора” сабабчи бўлди ва ”илоҳалик” қилди. Ор талашиш бундай урушлар билан бўлмайди. Юртда яшовчи ҳар бир фуқаро ватанини обод этиб, унда иймонли, маънан комил, илмли одамларнинг кўплигини таъминлаб, элнинг ҳаёти файзли ва фаровон бўлиб боришига ҳисса қўшиб, буни бошқаларга ҳам намоён этса, мана шу ҳақиқий юрт ори деб ёниш, ҳимоя қилиш бўлади. Аммо, доим ҳам бу эзгу мақсад билан эл-юрт омонликда яшайвермайди. Бу сўзлар исботини тарихда кечган воқеларда ҳам кўришимиз мумкин. Инсоният орасида ёвуз ниятлилар ҳам кўп. Демак, эзгулик учун уларнинг ҳаракатига муносиб жавоб қайтармоқ лозим.

5

Эй, шу ҳаётда ўрним, ўзим, сўзим бор деганлар! Эй, кўксида инсонийликнинг ҳужжати бўлмиш—Юраги уриб турганлар! Дунёда биз киммиз? Ҳазрат Сўфи Аллоҳёр лутф қилганидек, бир тунлик меҳмонлар эмасми? Умримиз кундузга эмас, тунга ўхшаб ўтади. ғафлат кўзларимизга парда тортган бўлади. Ўз худбинлигимизнинг малайига айланиб қоламиз. Одам ИШҚ билан яшаши керак: Аллоҳга, меҳрингизга муҳтож одамларга, элга, юртга, бутун инсониятга!

Ижодкорлар даврасида бир сўз афсуски кўп эмас, баъзан-баъзан такрорланиб туради: ”Аллоҳга-ю, юртига муҳаббати йўқ одамни шоир деманг”! Ўзидан баланд яшай олган ҳар инсоннинг қалбини шу икки муҳаббат мунаввар этган. Яратган инсонни ватанга илоҳий бир ришта билан боғлаб қўяди. Олисдалигингизда туғилган қишлоғингиз номи тилга олинганда бир энтикмайсизми? Энтикасиз. Бундай бўлмаса, билингки, улуғ туйғудан бебахра экансиз.

Ҳаётда дарахтга ўхшаган одамлар бўлади. Уларнинг бир дарахтдек одамларга берган манфаати бўлак мавзу. Айтмоқчи бўлганим, шу одамлар юртида дарахтдек илдиз отган. Йиллар мобайнида бу илдизлар яна-да чуқурроқ ўсган. Сезгандирсиз, илдиз—шу юрт ишқи, унга боғланиш. Бу дарахт одамларга ўзларининг таъбири билан айтганда “жаннатий” муҳитда яшаётганлар таънаомуз ачинишда гап қилишади.

— У ерларда қандай яшаяпсизлар?
— Йўқ— дейди улар. —Бу ерларда ҳам зиё бор.

Буни улар азбаройи ўзларига таскин бериш учунмас, шу юртни севганидан, унинг орини ҳимоя қилганидан айтади.

Умр— дарё. Фақат мавсумий дарё. Уни ҳеч кимга бермайман, ўзимга керак, ўзимга!, десангиз ҳеч кимга ҳам нафи тегмай ўтиб кетади. Ўатто ўзингизга ҳам. Шу дарёдан элнинг, юртнинг ерларига сув таранг. Гулласин, яшнасин, кўрган кўзларнинг ҳаваси келсин. Элнинг, юртнинг ҳам зохири, ҳам ботини ғариблашиб, хор бўлиб ётиши— Ор!

2012

003
Sirojiddin Ibrohim
YURT ORI
001

Vatan… Agar kepak bo’lsa-da,
Sotilmaydi, ey savdogarlar!..
Asqar Mahkam

1

004Tog’ay Murodning asarlarini o’qiganmisiz? O’qish kerak! O’zbekchilikning qanday go’zal ekanligi-yu, o’zbek bo’lib yashashning nechog’lik baxt ekanligini his qilasiz, anglaysiz. Orli odam kimligini bilmoqchi bo’lsangiz, shu yozuvchining asarlaridagi ko’p qahramonlar sizga namuna. ”Yulduzlar mangu yonadi” qissasidagi bir epizod yodimga tushsa doim ko’nglim yorishib ketadi. Nasimning o’g’li Maksim polvon taboq ko’targanda unga da’vogar bo’lib qishloqning yosh polvonlaridan hech kim chiqmaydi. Uni master sportchi deb hayiqishadi. Shunda soch-soqoli oppoq, keksa polvon Normurod bobo davraga otilib chiqadi. ”Master sportchi tugul, dev bo’lsa ham kurashaman”, deb qizishadi. O’zingiz ayting ko’ngilni yorishtiradi-da! Chol or talashayapti. Or bo’lganda ham el-yurt orini. ”Yurt ori” degani shunday aziz, shunday muqaddas bo’larkan-da?!

2

Bir ayol bor. Uzoqroq qarindoshimiz. Juda o’qimishli ham, ”yozish” deganini chuqur tushunadigan ham emas. Ko’p yillar oddiy hamshira bo’lib ishlagan. O’zining o’ziga o’xshagan soddagina hayot falsafasini yaratib olgan. Shu xola mendan bir narsani yozishni ko’p iltimos qiladi.

Biz tug’ilgan qishloq Sherobod tumanida joylashgan. Balki eshitgandirsiz, ZaraboQ deyishadi. U hududlar belgilanishi vaqtida atrofdagi bir necha qishloqqa markaz bo’lishi kerak edi. Yuqoridan shunday buyruq ham chiqqan. Biroq shu paytda qishloqqa rahbarlik qilib turgan bir ”ulug’” boshqa qishloqlarga markaz sifatida namuna bo’lishi uchun bu yerda quriladigan kichik shifoxona, yangi maktab, maishiy xizmat ko’rsatish do’konlari bor yangi guzarni qurish ”dahmaza”sidan qutulish va ozroq moddiy manfaat evaziga shularning Poshxurt qishlog’ida qurilishiga sababchi bo’lgan. Shu qaror chiqqan yig’ilishdan uning kotibi yiQlab qaytadi. Bu mening yoshi ulug’lardan eshitganim. O’ozir o’zim guvohi bo’lganim esa Poshxurtda shifoxona ham, ikkita maktab, yaxshigina maishiy do’konlar ham bor. Yana shuni ham bilamanki, Poshxurtda joylashgan qishloq fuqarolar yiQinining muhriga ”Zarabog’ QFY” deb yozilgan.

Xola har zamon, har zamonda so’raydigani: mana shu qishlog’imiz mavzusini matbuotda ko’tarib, markazni qishloqqa ko’chirish. ”Oh”, deyman. ”Imkoni yo’q-da! Buning  uchun qancha mablag’ sarf bo’ladi. Endi markazning Poshxurt yoki Zarabog’ ekanligining ahamiyati ham yo’q. Shu ishlarga sababchi bo’lgan kishini…”, deb aytaman. Faqat  ichimda. Xola og’rinmasin deyman. Undan ham ko’ra oddiygina ayolning qishloqning ori uchun kuyinishlari menga o’zgacha bir ma’naviy lazzat baQishlaydi. Bularni nimaga aytayapman? Anglamog’imiz kerakki, yurtning orini o’ylash faqatgina ulug’larning ”kasb”i emas. Bu har bir oddiy odamning, u erkak bo’ladimi, ayol bo’ladimi, vazifasi, qarzi, hatto farzidir! Bu haqda janobi Payg’ambarimiz (s.a.v)ning ”Vatanni sevmoq iymondandir!”, degan hadislari asl hikmatdir. Yurtni sevmagan kishining esa uning ori bilan qanday qiymatli ishi bo’lardi?

3

Bir yili ustozimiz, yuragi yoniq jurnalist Isroil Shomirov Toshkentga boradilar. Bilsangiz kerak, bu shaharning kirakashlari ”gurung”chi bo’ladi. Aslida aksariyatini mahmadana desak to’g’riroq bo’lar. Shunda u kishi o’tirib qolgan mashina haydovchisi ustozning surxondaryolik ekanini bilib, shu kunlarda katta maydonga tushish arafasida bo’lgani uchun tildan tushmayotgan Abdulla Tangriev haqida shunday gap aytadi:
— Abdullani nimaga buncha ”ko’tar-ko’tar” qilishadi, tushunmadim,—deydi. Bunga javoban ustoz:
— Arziydi-da! U hozir jahonda O’zbekistonning orini olib yuribdi,—deb aytadi.

Haydovchi esa shu o’zining Toshkent shevasida:
— Qiziqmisiz aka? O’zbekistonda or nima qilsin?— aljib qo’yadi, yaramas. Ko’p yig’in-u davralarda yurtning orini talashib yuradigan ustoz yoniq emasmi, bu gapdan joni halqumiga keladi. Kirakashni ham quruq qo’ymaydi. ”Nasiba”sini beradi.

Yurtning orini himoya qiladigan kim? Shu yurtning odamlari emasmi? Odamlar vatan sha’nini shu kirakashday tushunsa nima bo’ladi? Albatta, yurtda or qolmaydi-da! Shukrlar bo’lsinki, unday emas. Yurtni sevadigan, uning nomusini o’z nomusi deb biladigan odamlar bor. Yo’qsa, allaqachon ”qiyomat-qoyim” boshlanib ketgan bo’lardi. Yaqinda ”Argumenti i fakti” gazetasida dunyoni egallab, keyin oyni zabt etmoqchi bo’lgan xitoy xalqining shu yo’ldagi urinishlari haqida yozishibdi. Mavzugamunosabatbildirishi so’ralgan xalqaro ekspert shunga o’xshash javob aytayapti: ”Bunga ishonsa bo’ladi. Chunki men Xitoyga hali bu darajada rivojlanish orzu bo’lgan paytlarda borgan edim. Shunda ko’pchilik ishchi-xizmatchilarning bir ish kunida 20 soatgacha ishlash evaziga juda kam haq olganini bilaman. Ulardan nega bunday qilishi haqida so’rasam: ”Davlatimiz qudratli bo’lishi kerak. Buning uchun esa boyishi zarur…” qabilida javob berishgan”. Ana, sizga vatanparvaplig-u, uning ori uchun kurashish.

Naql bor: ”Og’zingga qon to’lsa ham dushmanning oldida tupurma!”, degan. Shu naqlni juda yaxshi ko’raman. Ba’zan huquqlari buzilganidan zorlanib chet elning ”tili” boshqa-yu, ”dili” boshqa tashkilotlari eshigiga bosh urayotgan odamlarni ko’rib hayron qolasiz. Bir narsa aniq: o’sha xalqaro maqomga sazovor bo’lgan ”huquqparvar” tashkilotlar aslida bir necha qudratli davlatlar manfaati uchun xizmat qiladi. Tabiiyki, ular hech qachon beg’araz yordam ko’rsatmaydi. Shuning uchun qalb ko’zini ochish, yurt orini poymol etib, o’zgalarga ”dardihol” qilib yurmaslik lozim. U OZODLIK bo’lsin, u OBODLIK bo’lsin, xalqning o’zi, o’z urinishlari bilan erishiladigan ne’matdir!

4

Negadir, ”Vatan” deganda men butun Yer yuzini tasavvur qilaman. Axir, u insoniyatning vatani-da! Biroq har bir xalqning-da o’z vatani bor. Shu kungacha ular qanchalab ziddiyatlarga bordi. Qon to’kildi. Ammo bu urushlarning asosiy qismi sira or talashishdan bo’lgani yo’q. Balki u janglarga ”nafsi ammora” sababchi bo’ldi va ”ilohalik” qildi. Or talashish bunday urushlar bilan bo’lmaydi. Yurtda yashovchi har bir fuqaro vatanini obod etib, unda iymonli, ma’nan komil, ilmli odamlarning ko’pligini ta’minlab, elning hayoti fayzli va farovon bo’lib borishiga hissa qo’shib, buni boshqalarga ham namoyon etsa, mana shu haqiqiy yurt ori deb yonish, himoya qilish bo’ladi. Ammo, doim ham bu ezgu maqsad bilan el-yurt omonlikda yashayvermaydi. Bu so’zlar isbotini tarixda kechgan voqelarda ham ko’rishimiz mumkin. Insoniyat orasida yovuz niyatlilar ham ko’p. Demak, ezgulik uchun ularning harakatiga munosib javob qaytarmoq lozim.

5

Ey, shu hayotda o’rnim, o’zim, so’zim bor deganlar! Ey, ko’ksida insoniylikning hujjati bo’lmish—Yuragi urib turganlar! Dunyoda biz kimmiz? Hazrat So’fi Allohyor lutf qilganidek, bir tunlik mehmonlar emasmi? Umrimiz kunduzga emas, tunga o’xshab o’tadi. g’aflat ko’zlarimizga parda tortgan bo’ladi. O’z xudbinligimizning malayiga aylanib qolamiz. Odam ISHQ bilan yashashi kerak: Allohga, mehringizga muhtoj odamlarga, elga, yurtga, butun insoniyatga!

Ijodkorlar davrasida bir so’z afsuski ko’p emas, ba’zan-ba’zan takrorlanib turadi: ”Allohga-yu, yurtiga muhabbati yo’q odamni shoir demang”! O’zidan baland yashay olgan har insonning qalbini shu ikki muhabbat munavvar etgan. Yaratgan insonni vatanga ilohiy bir rishta bilan bog’lab qo’yadi. Olisdaligingizda tug’ilgan qishlog’ingiz nomi tilga olinganda bir entikmaysizmi? Entikasiz. Bunday bo’lmasa, bilingki, ulug’ tuyg’udan bebaxra ekansiz.

Hayotda daraxtga o’xshagan odamlar bo’ladi. Ularning bir daraxtdek odamlarga bergan manfaati bo’lak mavzu. Aytmoqchi bo’lganim, shu odamlar yurtida daraxtdek ildiz otgan. Yillar mobaynida bu ildizlar yana-da chuqurroq o’sgan. Sezgandirsiz, ildiz—shu yurt ishqi, unga bog’lanish. Bu daraxt odamlarga o’zlarining ta’biri bilan aytganda “jannatiy” muhitda yashayotganlar ta’naomuz achinishda gap qilishadi.

— U yerlarda qanday yashayapsizlar?
— Yo’q— deydi ular. — Bu yerlarda ham ziyo bor.

  Buni ular azbaroyi o’zlariga taskin berish uchunmas, shu yurtni sevganidan, uning orini himoya qilganidan aytadi.

Umr— daryo. Faqat mavsumiy daryo. Uni hech kimga bermayman, o’zimga kerak, o’zimga!, desangiz hech kimga ham nafi tegmay o’tib ketadi. O’atto o’zingizga ham. Shu  daryodan elning, yurtning yerlariga suv tarang. Gullasin, yashnasin, ko’rgan ko’zlarning havasi kelsin. Elning, yurtning ham zoxiri, ham botini g’ariblashib, xor bo’lib yotishi— Or!

2012

хдк

(Tashriflar: umumiy 174, bugungi 1)

Izoh qoldiring