Sohib Muzaffar. G’azallar

07    Ёши 76 дан ошган Болтабой бобо — мен тез тез суҳбатлашиб турадиган Хоразмнинг нуроний оқсоқолларидан.Ҳаёт қизиқ экан-ўзинг тенги маҳалладошлар билан фақат ҳаёт ташвишларию-шодликларидан бир пас гаплашасану, кейин яна ўз ишингга овора бўлиб кетаверасан…

Умид Бекмуҳаммад
ҒАЗАЛХОН БОЛТАБОЙ БОБОНИНГ ҒАМУ ШОДЛИКЛАРИ
044

0876 яшар Болтабой бобо-мен тез тез суҳбатлашиб турадиган Хоразмнинг нуроний оқсоқолларидан.Ҳаёт қизиқ экан-ўзинг тенги маҳалладошлар билан фақат ҳаёт ташвишларию-шодликларидан бир пас гаплашасану, кейин яна ўз ишингга овора бўлиб кетаверасан.Ҳаттоки, фан номзоди, доцент, яъниким илм асосий машғулоти бўлган тенгдошлар ила бир оз гурунглашмоқчи бўлсанг, мавзуни гарчи илмга, фанга қаратсангда, яна маҳалладошларинг билан бўлган воқеликка дуч келаверасан.Бирор олийгоҳда ўқимаган элдошлар билан дипломли тенгдошлар гўёки бир тоифа кишилардек туюлаверади менга…

Шу боисданми мен кўпинча турли соҳаларда ишлаб тажриба орттирган кексалар билан кун ора гурунглашиб тураман.Бундай суҳбатлар фақат илму фан, ижод, маънавияту маърифат ҳақида бўлади.84 ёшли тиббиёт профессори Худоёр Оллаёров, 83 ёшли ўлкашунос Оллам Ёқубов, 80нинг остонасида турган ихтирочи рационализатор Турғунбой Жулдузбоев, ирригатор Наримон Тажаддинов,75 яшар тенгдошлар Абдулла Юсупов ( ТВ оператори бўлган), Ботир Абдуллаев (муҳандис мутахассислигига эга), ўлкашунос Комил Нуржонов, шоирлар Комил Аваз ва Турсунбой Каримов ҳамда 70 яшар тиббиёт фанлари номзоди Отабой Мадаминов юқорида айтган гурунгдошларимдан. 85 ёшга кирган кинорежиссёр Солий Давлетов бир йилдирки пойтахтга кўчди — у билан ҳам ҳар ҳафтада суҳбатлашиб турардик…Марҳум эколог олим Озод Ҳусайинов билан соатлаб қилган гурунгларимиз, қилган ҳамкорлигимизни эслаб, руҳини ёд этиб тураман…

Хуллас “коллегам”нинг энг “ёшлари” — 66 яшар тарихчи профессор Мадраҳим Маҳмудов ва ўлкашунос Матёқуб Бобожоновлар.Ушбу нуроний инсонлар гарчи умрининг кексалик палласида яшаётган бўлсаларда, ёшлардан кўра фидойироқдек.Бўлмаса уларнинг ҳам жудаям ҳаётда “ошиғи олчи” эмас-турли ташвишлари бор.Аммо илму фан, ижод билан машғул бўлишга, шу мавзуда гурунглашишга вақт топишади. Ана шу сафдаги доимо бирон янгилик билан банд бўлиб юрадиган ижодкор-Болтабой Қурбонбоев-шоир Соҳиб Музаффардир.

-Илгари ҳам таржимага ,назмий асарларни ўгиришга қўл ургандим.Бу сафар эса ҳикоялар билан машғулман,-дейди бу галги учрашганимизда отахон.

Хуллас, Болтабой бобо билан таржимадан бошланган суҳбат доимгидек шеъриятга, санъатга кўчади.Машҳур ғарбу шарқ ижодкорлари ҳаёти,76 яшар инсоннинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳам гурунгга мавзу бўлади. Ҳа, Хоразмнинг Боғот туманида таваллуд топган Болтабой бобо, Самарқанд педагогика билим юртини, ТошДУ журналистика факульетини, Тошкент Олий партия мактабини битириб, таълим, матбуот, вилоят партия қўмитаси, Хоразм ТВда турли вазифаларда ишлаб тажриба орттирган.Ҳаётда шодлигу-ғамни ҳам тотиб кўрган кексалардан.Энг асосийси дилидагиларни қоғозга тўкиб етук ижодкор бўлиб шаклланганида. “Йиғлаётган дарахт”, “Илтижо”, “Бир нафас” шеърий тўпламларини чоп этдирганида.

-Мана фақатгина ғазаллардан иборат дафтарим,-дейди Болтабой ота,-булар эса (бошқа дафтарларига ишора қилади)-сонетлар, рубойилар, мухаммаслар,достон.
Ғазаллар дафтарини қўлга оламан.

Ғазаллар, улардаги оҳанг, маъною мантиқ бир ўқиганимданоқ эътиборимни тортади.
-Менга беринг, ўзим компьютерда электрон вариантини тайёрлайман,-дейман Болтабой бобога.
-Майли, дафтарни қайтариб берсанг бўлди,-дейди бобо.

Хуллас, ғазаллар дафтарини олдиму, уйга келганимданоқ бир кунда уларни компьютерга кўчирдим . Мана ўша Болтабой бобонинг ғаму шодликлар ифодаланган ғазаллари. Қолган дафтарлардаги сонет, рубойи, мухаммас,достон, таржима асарларни эса эндиги сафар сизнинг эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Соҳиб МУЗАФФАР
…ЭМАС ОСОН ЖИЛОВ ТУТМОҚ…
044

***

045

Хаёлим, ипларинг отдинг, ҳар бирин бир сурайёга,
Боғланиб қолмишди,боққил, алар бир сирли рўёга.

Ажиб бир рўёки билсам, ошиғлар кўрмаган тушда,
Мунингдек асло тарёк йўқ, етти иқлимда давога.

Онингки сувратин чизмоққа ожиздир қилки Беҳзод,
Ўзин билса Маоний ҳам бош урмас ушбу ғавғога.

Қоларди кўрса танг Бедил, тарки дунё этиб Машраб,
Бутун ганжинасин Лутфий сотарди бир таваллога.

Учиб макрингга бир лаҳза, чекиб парда қароқларга,
Қилиб безовта пирларин бош урдим Арши аълога.

Қара, айлантириб бошим, қайга элтдинг хаёл қурғур,
Қолиб жисмим, сингиб сувдек кетибман ўзга маъвога.

Ёрилди лабларим тарс-тарс, ҳаё тутган шаробингдан,
Ичарман деб нигоҳ отмай ёнимда мавжли дарёга.

Хаёлим, ипларинг йиғна, олиб қочма мени боғлаб,
Куним қолдирма, тобим йўқ, хаёлим, ўзга савдога.

Етар битта тилак, берган Худо ганжинасин ганжин,
Бўлак ганж тўғри келмайдур, Соҳиб деган бу имлога.

***

Ёна-ёна бунда келдим, жисму жоним бўлди тош,
На пичоғу шамшир ўтгай, қаҳри қаттиқ сўрса бош.

Бир жунун қишлоқидурман,бор на шаҳру давлатим,
Ё шерозлик Ҳофиз эрмас, хол учун берсам маош.

Тангадек бир томчи қишлоқ, мен каби Мажнуни кўп,
Гар бўлашсак кимга етгай, шундай ҳам усти талош.

Мендан олмас, унга бермас, ундан олмас, менга ҳам,
Бири этдур,бири тирноқ, бири кўздур, бири қош.

На илождур, урфу одатки қадимдан бўлса шу,
Урфни бузмоқ, тоғни узмоқ каби осон бўлса кош.

Эски қишлоқ, сийнаси пок, ишқ учун бағри кабоб,
Не савоб, не этгум жавоб, сўрса Ҳақ-нодир қуёш.

Бўлсам эрдим Хизру Қорун, мен бу бахтдан қуп-қуруқ,
Худди Машраб рўзи бошда, ҳам унинг бирла адаш.

Бош урарман чора излаб, ўй сурарман рўзи шом,
Чора шу, қилгум буюк девоналик сиримни фош.

Бўлмоқ ошиқ айб эмасдур, Соҳибо, нақдингни айт,
Бўлмағай ҳам ҳеч қачон бош дилбаринг тортгай юввош.

***

Аслида майхўр эмасман, қўйдилар майхора от,
Бир қаламкашдурман фақат, сийлаган шундоқ ҳаёт.

Бўлмасам ё Алпомиш, ёхуд Гўрўғли бўлмасам,
Эшшагим йўғу минмоққа алар миндирмиш Ғирот.

Май ичиб тулпорга етгунг, гар гижинглаб турса қоп,
Анда ит турмиш ҳуриб, йўқ пистага ҳатто, сабот.

Бир қалам ҳаққи маош бўлмас уютқи сутга ҳам,
Дейдиларки: “Бир қушчага ҳам керак сув, ҳам нўхот”.

Бир эмас, ўн олти қуш,турмиш очиб оғзин манго,
Нўши май қилмай, олардим , пулига қанду новот.

Ҳам ўйиқ рўзғор томи, “Лаббай”га келмас усталар,
Усталар шод,том битарди,бўлса гарчи менда зот.

Хуржуним йўқ, тақир елкам, макр эмас девоналик,
Гар тушар кўз девонага, чанг солар қалбимга бот.

Ким тиланчи-ўзлари,этмаслар ор хуржунидан,
Ваҳ, яна битмишлар Ҳақнинг бошидан илмоққа хот.

Соҳибо, бўл Ҳаққа ҳақ, бўл, майлига, майхора ҳам,
Олма ибрат лек алардин, сендадир кўзи нажот.

***

Дарбадарлик тожи бошда, нечук, рангин билолмасман,
Нечук миндимки бу тахтга, ўз-ўзимдан сўролмасман.

Битилмиш шоҳи бу имло, қайда, нечук манглайимға,
Сўрарга интиғу кўнглим, муқаррарин тополмасман.

Менда ҳам тешалик иш бор, қолибман қобиғим ичра,
Пилладек, хўп қалқадурман сувда, тошдек ботолмасман.

Оёғим қон лахта-лахта,юрагимда қаварчиқдан,
Очиқ-ойдин буни сенга, на бировга айтолмасман.

Вафо сиртмоғи бўйнимда, бу ўзимга ўзим ҳукмим,
Ҳукм қатъий, шикоят йўқ, бу лафзимдан қайтолмасман.

Дарбадарликдан эш этмиш Худо менинг насибамга,
Қаламу дафтарим ташлаб сенга бойлик сотолмасман.

Қалам, Соҳиб, чироғимдир, ёпинчим-тўшагим қоғоз,
Бу гадолиғ ноёб бахтни ташлаб ҳеч ён кетолмасман.

***

Юрак, амрингга бўйсундим, ўзинг асра таваккалдан,
Ҳаёт тулпорига миндим, ўзинг асра таваккалдан.

Бу от учқур, бу от чақмоқ, эмас осон жилов тутмоқ,
Ахир айт, ҳали не билдим, ўзинг асра таваккалдан.

Йироқ йўллар турар интиқ, эмас ойинадек силлиқ,
Сени бу йўлда туғ қилдим, ўзинг асра таваккалдан.

Сену менга боқиб кўзлар, изимиздан баҳо излар,
Ўтар , билсанг, сендан изим, ўзинг асра таваккалдан.

Бутун орзу ишонч сендан, Соҳиб, содиқ қолиш мендан,
Бўлак йўқ ўзга ҳеч тилсим, ўзинг асра таваккалдан.

***

Сочиб оппоқ кўпик ҳар ён, лоф урар, тинмас оғиз,
Дерлар ўлгай минг гапирган, ўлмади, синмас оғиз.

Тушса на оғзига чайнар беия афтода сақ,
На билар туз бу даҳан, на талхки, илкинмас оғиз.

Яхшилар олмоқни қон тилдан, даво дерлар, ё раб,
Неча сурхон қусди бу тил, зарра ҳуркинмас оғиз.

Чун ўра дерлар оғизни, донолар айтган топиб,
Бўлса оғиз хўжаси ҳеч бажо пурканмас оғиз.

Нисбат этма ўзни, Соҳиб, оғзи беқулфларга ҳеч,
Сен талабгори ҳақсан, дил очу мумкинмас оғиз.

***

Нетарсан соз чалиб куйга етмаса фаҳми дунёнинг,
Ё чиқарган қанотини соз, куйсиз бу муҳайёнинг.

Замин чекмас ўтли нола гарчи кўк қилмаса вола,
Туфламасларки бир жоё бўй олмас мавжи дарёнинг.

Сертикон эрса-да гар ишқ, ато анго гули жаннат,
Узилмайдур барги дона бул неъмати мусаллонинг.

Эрса кар гўши дунёнинг сен ҳам қил кар қулоғингни,
Дилу тилни қилма лоҳаски тушмас нархи нолонинг.

Муҳаббат куйларин, Соҳиб, ҳарфма-ҳарф пардангда ёндир,
Бурдлидирким, агар уққай, не дер томри бу маънонинг!

***

Меъёр туздир ҳар ишда, кетма оғиб қирғоқдан,
Оқсанг оқар номакоп бир кун келиб қароқдан.

Дарёларга тут қулоқ, уммонларга санч нигоҳ,
Сўнг жавоб топ дилингдан ўз-ўзингга сўроқдан.

На бир дарё, на уммон, асли инсон бўлолмас,
Инсон нури тажаллий, фотиҳали ҳаллоқдан.

Меъёрким таваккални ҳеч йўлатмас ёнига,
Парвона не орттирмиш уриб ўзин чироқдан.

Ҳар тошнинг ўз ўрни бор, ҳар ишнинг ўз ўлчами,
Бўлса заргар бемеъёр айрилганинг қулоқдан.

Фаросату андиша, бири гул, бири илдиз,
Улар асрар бемаврид сен ғунчани сўлмоқдан.

Чунки меъёр фаросат, андишадан туғилгай,
Қўл узмасанг ҳар ерда кўксингдаги гувоҳдан.

Тун қандаю, кун қандай, бошинг узра намоён,
Мушкул иш йўқ дунёда фақат одам бўлмоқдан.

Соҳиб ҳар мушкул ишнинг бор тилсими-калити,
Яқинроқ юр тоғларга топгинг ани булоқдан.

***

Кел, итим, қошимға чўк, ғам ичайлик, кел, бу дам,
Чунки бошдан-оёғимни ювмоқда ғам-сел бу дам.

Мунгаясан тикиб кўз, кўз мунгимдан мунг ичиб,
Жим-жит атроф, дил сўрар танҳо биздан ел бу дам.

Тушди бошга, кўрди кўз сену менинг кўзимни,
Ботин кулиб,зоҳиран энг яқинлар: “Ул”, “Бу” дам.

Эрсанг-да ит, чин вафо, ахтарисан фалакнинг,
Боқ, чўмилди шуълангга сиёҳ соғу сўл бу дам.

Оллоҳ сени яратса не кетарди қўшоёқ,
Бўлмас эди дунёим бунча балчиқ, кўл бу дам.

Шукур, менга ишончинг тўн номингга кимхобдан,
Энди сенга ҳавасда юришганлар мўл бу дам.

Кел, итим, кел яқинроқ, манглайингдан бир ўпай,
Соҳибингга сенингсиз эрди дунё чўл бу дам.

***

Сочларинг ҳар толасига сол хирож,
Етса молдур, етмаса жоним тарож.

Бўлди, ёз, турмаклама, қучсин белинг,
Вожиб амринг йўқса ҳам бошингда тож.

Сенда бор нур толалар маъбудда йўқ,
Билса келгай қилғали пойингда саж.

Асрагин ҳар толасин диндек азиз,
Олсанг ҳам бу сўз учун жонимни бож.

Соҳибо, ҳар кун тилар Ҳақдан сенинг
Сочу ҳуснинг, тахту бахтингга хирож.

***

Ёқди ўтлар кўнглима чашми чақмоғи билан,
Бўлгай ҳосилми ниҳон мақсуди ёқмоғи билан.

Қошларин этмиш камон, ўқ эса киприкларин,
Дилни кавлайдир яна сангги тўқмоғи билан.

Илма-илма бўлди дил, манфаат топмас наҳанг
Отса кўлга фарқи йўқ, лойми, ботқоғи билан.

Ҳамдамим гулхан эрур, бу азоб водийсида,
Бу тутар у ташлаган кўзларин ёғи билан.

Кўмингиз шу кул билан ўлсам оташ қошида,
Қабр этинг зардобидан, зардли туфроғи билан.

Йиқмаган дард тоғини бир умид дил ноласи,
Мавриди келганда яхши бари, сайроғи билан.

Ишқ йигитлик гулхани, ўтда ёққай кўкни ҳам,
Ўт сочур, Соҳиб, фалакка оҳлар урмоғи билан.

***

Ўраб солдим жисму жоним ўтга барги гул билан,
Ўтми-ўтда-ёқди хасни ҳам беажрим фил билан.

Ўзни сон минг фил санардим, бу саноғим кетди хайф,
Ўтга тушгач, қолмадиким зарра фарқим кул билан.

Билолмасман қолди ё йўқ, ё на бир ўймоқ кулим,
Топарсан, қотилим, келсанг ҳу қадимги йўл билан.

Бўлди ҳосил матлабинг, жоним, келиб бир байрам эт,
Қўшиб қўй ўсма қошинга, истасанг шу кул билан.

Жиздириб бос, қаро тортгай, ҳам яна жон риштасин,
Қошларинг қилмас қаро машшота мундек пул билан.

Дилбарим, чимдим кулимдан бўлса деб бахтинг фузун,
Тутмадим осон йўлу қолдим ўшал мушкул билан.

Бу сўзимдан гар қувон, гар энди ранжи-ўз ишинг,
Ҳеч камаймас ганжи дунё битта Соҳиб қул билан.

***

Кел, бир нафас гулзор дема, гул қоматинг гулзор ўзи,
Етганда гул, булбул санго, жой танлама зинҳор ўзи.

Ҳам қўй, безорман ўлгудек ичмоққа майи жодугар,
Қўй, чўзма қўл, майдан ошар ўтли ёноғинг, ёр, ўзи.

Қайдадур майхўргаки лаззату қадри ёр билмоқ,
Ахтарма, қўшсанг ёрга май кайфини сиртмоқ, дор ўзи.

Тарк этди сайрин моҳитоб, қилдим фалакка илтижо,
Дедим, манго ортгай етиб дилдор жамоли, ёр ўзи.

Келгин, совуқ қоттим, илит, ўтли нафасингда ёнай,
Ёнмоқ агар қилса насиб, Соҳиб, қулинг бозор ўзи.

***

Қўлингдаги надур ул, гулми ё заҳри қотил?
Эп кўриб қай бирини тутарсан менга маъқул?

Келибсан ўз оёғинг бирла, пойинг муборак,
Эришдан ўзга мисдек топгум чикора мен-кул.

Бош солиб этагингга жон тилайдур умидим,
Лаълинг хизир сувидан томчи бер, эмас мушкул.

Атрофингда урар чарх, чангимас остонамнинг,
Ортиб ҳажринг ўтидан қолган дилимдаги кул.

Кипригимда кўзгумас, мен аксинг кўриб турган,
Қолган ишқ денгизимдан ёдгорлик инжудир бул.

Ўз ишинг қил томошо, мен ўша Соҳибингман,
Эрибким қолганим шул, энди бир ҳаз этиб кул.

***

Бугун қўнди чўлу боққа латофат,
Кетай олиб агар берсанг ижозат.

Нафасинг кавсарин бир бора тотса,
Этар тортиғ толеинга ҳидоят.

Куйиб тутса фароғатдан бир қадоқ,
Уялма, ич, ҳар қатраси саодат.

Билурмисан, бундан ўтган ишқ йўли,
Хоразмнинг ҳар тикони каромат.

Агар кўнглинг Соҳибдадур, қўлинг бер,
Иккимиздан нари кетсин маломат.

***

Агар кўнглимни шод этса ўшал Шерозни жонони,
Қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.
Ҳофиз Шерозий

Фидоман ишқнинг йўлинда, қўл етмас Сурайёга,
Ки қармоқ ташласам чўп ҳам илинмас ҳатто дарёга.

Қаён борсам, қаён боқсам толеим юз ўгиргандир,
Яратган эрса ҳам шундай ташаккурим кўп Оллога.

Сени севдим десам, жайрон, боқиб бошдан -оёқ ҳайрон,
Ёқиб ҳижронида турган юзинг бурдингки тавбога.

Айби йўқ зарра елкамда путри кетган чопонимнинг,
Айбдори ўзим, билсанг, ҳавас йўқ молу дунёга.

Бино қўймоққа тоқат йўқ, нечук кўрсанг шунингдекман,
Разм сол, ўхшашим борми, Ҳофиз ошиғу шайдога.

Жиним севмас, қуруқ қошиқ ила даҳан йиртганларни,
Кўтарма аҳлиданмасман, қулоқ тутгин таваллога.

Эмасман чорбозорчи, йўқ алардан ҳатто устод ҳам,
Шу боис чапдаст эрмасман, йўқни йўнмоққа , савдога.

Гар очсам сўзки савдодан, ки устимдан кулармишлар,
Қилиб ҳаз, токи етгандек , бола кунжутли холвога.

Турибсан сўзларим тинглаб ҳам кўриб бўю бастимни,
Борай сенга шаҳар олмоқ учун кимларга даъвога?

Пешонамда икки шаҳрим-Хива, Урганч-жаҳоним бор,
Алар ҳам кетса илкимдан сиғарман қайси маъвога?

Раҳм қил, беватан қўйма, етишганда чаманимга,
Ёзиб кафтимни, очганда лаб ғунчадек “Бисмилло”га.

Табаррук сен талаб этган чаман, шерозлигим менга,
На шаҳар,бир нуқра тупроқ алишмам мингта Каъбога.

Сўзим сўздир, дилим олсангки Соҳибман, эмас Ҳофиз,
Жоним нақд олу кўз тикма на Самарқанду, Бухорога.

***

Бу бебаҳо кўркинг бугун кеч, эртага даврони йўқ,
Карвон кутиб турмас сани, кетар, эртанг поёни йўқ.

Ёхуд эзарсан битта дил, ёхуд бежарсан юзта дил,
Ким юзта дилнинг биргина дилдек санго дармони йўқ.

Масту аластдур кўча-кўй ўтсанг жамолинг шавқидан,
Бош айланар, кўзлар тинибким тахта танлар ,жони йўқ.

Кел, асра сен ёмон кўздан Оллоҳ назар этган юзинг,
Кўпдир ҳасадгўйлар, сира очмас қапоқ, иймонида йўқ.

Ким сийламас гулшану гул, кибру ҳасад илкинда қул,
Сафда борар рўйи заҳил, эл дер ани: “Яздони йўқ”.

Найман муҳаббат гулшани, Оллоҳ юборгандур сани,
Кўплар билишмайдур буни, сен йўқ-еру осмони йўқ.

Айлан, нигоҳингдан сўра, берган Илоҳингдан сўра,
Изла, санго бунда Ҳақнинг Соҳибдек гиргиттони йўқ.

***

Чеҳрангга ранг берибсан, жамолим кўрмасин деб,
Елкангга тўн кийибсан, камолим кўрмасин деб.

Қошинга қилсам назар, ўз қошинга ўхшамас,
Не суркадинг мен келгач камоним кўрмасин деб.

Саратонда кўн кавуш кийибсан, бу не , ажаб,
Тутдими саркашлигинг, товоним кўрмасин деб.

Ўгирма юз, тик қара, берма учқун шамола,
Ҳийлангми бу менго нав, тобоним кўрмасин деб.

Нечун яна кийганинг, ўйлаб топдим, тўнингни,
Яширибсан сийнангни, довоним кўрмасин деб.

Ҳол сўрмадинг бир оғиз, кулдинг фақат, тонг юлдуз,
Кулгинг қилдинг кифоя, суҳоним кўрмасин деб.

Гапирмасанг ҳам сезиб турибман равишингдан,
Соҳибким, забонимдек сўзоним кўрмасин деб.

***

Фалак , очиб китобингни
Қайта кўр сарҳисобингни.

Каср қилмай мени сондан,
Сал совут шашт-шитобингни.

Покла дастурхон-суякдан,
Ўтга қоқ изтиробингни.

Совур-да кулларинг, ёққил
Дилимда офтобингни.

Ичай бергин саодатнинг
Нектаридан шаробингни.

Маст бўлсам қайрилиб кетма,
Ёпиб юзга ҳижобингни.

Қўлинг чўз, қаддима бўй бер,
Билай мен ҳам жавобингни.

Ки шу асно фаравон эт,
Йўлингда бу харобингни.

Кўриб, Соҳиб-да тўй қилсин,
Ки бошинда савобингни.

***

Дейдилар золим сени, бу гапга ким бўлгай гувоҳ,
Ростми деб сўрсам эгиб бош гуллар уялгай , гувоҳ.

Сенга суртилмиш сиёҳ бўлса жам дарё бўлур,
Қатрасидан минг бир олам бўлса, бўялгай, гувоҳ.

Қарғалар кўрса товусни ишидир солмоқ човут,
Топмайин куч оқибат, ўз патларин юлгай, гувоҳ.

Дунё бу, тутмоққа тўйинг, тўйчи кўп, сурнайчи кўп,
Чалишиб душ-душда куйинг, гўша ланж бўлгай, гувоҳ.

Тушса соянг кўча-кўй куй каби тортмиш ювош,
Ҳар тараф ораста, тиллар хуржуна киргай, гувоҳ.

Ғам ема, ҳеч оқмаган тинч Жайхун ҳам, Сайҳун агар,
Шу қиёсдир, миш-мишсиз эл тилдан ҳам қолгай, гувоҳ.

Ҳар алаф миш-мишлара, кел, кўкрагим қалқон этай,
Шами Соҳибингга ўт қўй, ҳовридан сўлгай, гувоҳ.

***

Беҳуда эрмас, ёнар жон, бир сеҳр бор қошида,
Неажаб гар бўлса терган қошини наққошида.

Ҳайқирар бир ўтли уммон кўзларинг, қош ҳайрати-
Борми тенг бир ёйи Баҳром, деб фалак ич-тошида.

Сир-синоатдан бўлак ганж йўқ фалакнинг ганжида,
Балки бу сир ганжи яшириндир малак нурпошида.

Дарди ишққа чун қадимдан нур даъво, дер яхшилар,
Шул шифо етгай санго, Луқмон керакмас қошида.

Илтимос , ҳеч “сен”ламаким, бу шифо нурхонини,
“Сен”ладинг ёнгайки оғзинг дўзахинг кўз ёшида.

Бир қара, қошингда эл, минг сийласин, сир сақламас,
Билсалар рўмол этарлар сирларингни бошида.

Минг Худодан сўзламоқдин яхшидур айбинг сенинг,
Чунки йўқдир ўзлари ҳеч, бил, Худо қаллошида.

Урма чўлпи, Соҳибо, ёр қошини ким терди деб,
Ҳамма гап-сўз ул санамнинг мавжли майса ёшида.

***

Барчага жамолинг кўрмоқ ҳавасдур,
Кўриб сўнг, жон десанг, бермоқ ҳавасдур.

Ҳар кимнинг дилида пинҳона бу дард,
Чўғ отсанг похолдек ёнмоқ ҳавасдур.

Наврўзий тундир бу-муқаддам оқшом,
Қўн десанг кафтгира, қўнмоқ ҳавасдур.

Билурсан, бизда йўқ, туздан бўлак тоғ,
Топиб тоғ, дўлана термоқ ҳавасдур.

Илоҳо, сабрима тўзим бер, Оллоҳ,
Чинордек мавж уриб, турмоқ ҳавасдур.

Мададкор, ҳамиша бир қўлинг менда,
Қаноат тулпоринг сурмоқ ҳавасдур.

Ясаб сумалакдан, Соҳибо, мангал,
Сассиқ алафдан юз бурмоқ ҳасавдур.

***

Табаррук ой, табаррук кун жамолинг,
Рақам этмиш қўшиб унга камолинг.

Топмасинлар деб ҳеч ердан хатойим,
Яна битмиш ҳилолидан ҳилолинг.

Ки лоф урсам, ойина ол, назар сол,
Бўлак бундан кимда кўргинг мисолинг.

Биҳамдуллоҳ, сенда жамдир чор унсур,
На кам, ортиқ, кўринмайдир малолинг.

Сенми устоз, ёхуд ўзи Яратган,
Ҳар нечукким беустозмас кулолинг.

Малойиклар гар эшитса тавсифинг,
Талон этгай беҳиштни қийлу қолинг.

Сени ганжим деб яратмиш Яратган,
Онга қуллиқ ,сенинг бўлсин ҳалолинг.

Бой-бадавлат қилиб шунча сениким,
Инонибдир менга барча маънолинг.

Соҳибни ҳам унутмабсан, ё Ан Нур,
Шукр этмасам тутгай мени уволинг.

***

Ўлдирма тирик, мен ёна бир бора назар қил,
армонима сандон,
Кел, очди юзин сурайёлар, сен-да зевар қил,
эй, оташи тобон.
Тийғингни яшир, қатлим ўзи кони фироғинг,
минг олама тотғай,
Бергин тилагин бу қулингга, садқангда ёвар қил,
кел, туфламасин қон.
Ўзгарт-да, санамим, қароринг , ўзгача йўл тут,
камтари хўбон бўл,
Қалбимни тўшай йўлингга, шу йўлни гузар қил,
кел ҳиммати карвон.
Оқил кўзи бор сенда фақат, бор яна кимда,
мен телбаи ошиқ,
Ақлинг кўзининг шуъласидан томчи нисор қил,
бўл, дардима дармон.
Тўйгунча, тилак, лаъли лабинг болин сўрайин,
аюрма насибдан,
Орзуйим ушат, бахтинга бахтим позабар қил,
маликаи комрон.
Ортиқча десам, сўз мени четлаб, йўқ тавалло,
хомтакла тилимни.
Раҳм этма ҳеч ҳам, додим эшитсанг-ки бадир қил,
эй, жаллоди баҳмон.
Ўлдирма тирик, ўлдирса ҳаққоси ўлдир,
девона Соҳибни,
Ё айшини бер, кел-да, тилакларин ҳазор қил,
ўзи санго қурбон.

***

Баробар бу раҳмдиллик саройинда санго йўқдир,
Раҳм қил кўзима ҳеч бўлмаса, раҳминг манго йўқдир.

Кафилман, шоҳи ҳуснингдур мунаввар олами якто,
Демасман кўкда хуршиддан бўлак бунда вақо йўқдир.

Тарозиси экан илкиндаки, адлу адолатнинг,
Тасаддуқ,Ҳақ сени бунёдида мўйча хато йўқдир.

Агар йўқдир санго раҳмики лой этмас эрди илкин,
Қилурға нақш-нигор дастин дема зинҳор хино йўқдир.

Такаллуфига минг қуллиқ очиб неча ғазнасин ёр,
Сени ким ихтиёр этти, манго сендан зако йўқдир.

Дилим Ҳақ ғазнаси ичра миниб чашмим сени кўрмиш,
Нечун бермоққа бир мужданг севинчимга ато йўқдир.

Рақибим шодумон булбул нафасингда қовурмиш дил,
Элаб минг тингла зикрингда, ўтар мендан сато йўқдир.

Нигорон тун-саҳарларда отиб кўзим хуну гирён,
Турар қоқиб эшигингни, вале сендан садо йўқдир.

Соҳиб-девонага раҳм эт, кел, эй, арзандаси фирдавс,
Етар чимдим раҳминг, мендан қаноатли гадо йўқдир.

***

Санга бор менда бир эзгу таманно,
Ушатсанг, толейинг чош бўлғай, илло!

Табиат яратган сен шоҳ ғазалсан,
Мунаққид керакмас, ҳар байтинг аъло.

Аюрма зулфингни кўксингдан ортиқ,
Майлига, мавжидан рашк этса дарё.

Беназир қошларинг ҳуснинг жиғоси,
Ўсмадан ўзгартма, кулмасин ялдо.

Чашмингга таъриф йўқ, ишон, диловор,
Мусаввирсиз ҳамки ўзи сурайё.

Ақиқ лабларингга тортибки парда,
Ани жон нўшидан қилма сувайдо.

Суюнчидир қамару шамс ҳуснингга,
Жоним, машшотасиз балқисин дунё.

Содда назокатдан аюрма ўзни,
Соҳибга , тенги йўқ, Лайлосан, Лайло!

***

Сен туфайли топди, билсанг, хабар достонимдан эл,
Ашки селобимда ювган чеҳра осмонимдан эл.

Боқ, фано даштида менму ё фалак чўғланур,
Тикар ҳайратда кўз манго жилмайин ёнимдан эл.

Айтмади ё, сўрмади ё: “Қайдан олдинг мунча ўт?”
Бохабарки, менинг олғон ҳар дам, равонимдан эл.

Эл бўлар, шундай бўларки жонлари жондур манго,
Молидан кечса кечару кечмас имонимдан эл.

Сен ёзиб, сурнайга сол минг, йўқ носоқлардан китоб,
Ранжимас бул сен шопирган ўтли тўфонимдан эл.

Рашк пичоғинг ур даминда, майли, қурбонинг бўлай,
Ҳатламас, йўлингда қилган ўзни қурбонимдан эл.

Бир муқаддас сўз бу бизда: ишқ-муҳаббат йўқ басир,
Гар басирлик қилса кўнглим ранжимас қонимдан эл.

Қўй-да, бу жаҳду жиҳодинг, дилрабо, ёнимга туш,
Юзга солмас, юз ўгирмас асло меҳмонимдан эл.

Ўзгамас , Соҳибга сен тут тил учида заҳри ноб,
Билки, воқифдур менинг бул аҳду паймонимдан эл!

***

Ул санамнинг сарбасар кўрки олов, ноз эмиш,
Йўқмиш қиши пойида, кавшигача ёз эмиш.

Ажаб кулса лаблари, таажжубга ҳожат йўқ,
Олмиш узиб юракни, қони лаб пардоз эмиш.

Тили асал томчиси, зулфи дармон қамчиси,
Ғурури сийналардан кўкси ўктам –ғоз эмиш.

Юрса йўллар ҳангу манг, пошнасидан кўк жаранг,
Атрофида шамоллар қарчиғаю боз эмиш.

Термас эмиш кўзлари олма, уриб ҳар ён жом,
Ҳар сўзини бир малак тўқиган, эъзоз эмиш.

Ул куйласа, булбуллар йиқилмиш гул баргидан,
Чун қўшиғи тилинда “Ушшоқ”, “Чапандоз” эмиш.

Соҳиб, агар насибанг бўлса тақдир кафтида,
Ҳақ берганин дема йўқ, бахтинг сарафроз эмиш.

***

Сўраб садқа келарлар, садақа зор гадодан,
Вақо йўқ ботинимда, бўлак ўтли нидодан.

Қон йиғлагай жунунлар кўриб ҳолимни, яна-
Йўл сўрарлар, йўл излаб юрган мен мубталодан.

Учратмадим бир дониш бунда, деб йўл , айтгувчи.
Қум шопириб турса ҳам фарёдим Карбалодан.

Фарҳода макри афсун, Мажнуна зарди жунун,
Тегди манго гадолиғ гардуни бебақодан.

Номам рўмол эл ичра, бир зарра йўқ ниҳоним,
Сен ёқ, кел, шу рўмолни умринг тўлғай зиёдан.

Қуруқ қолма савобдан, даҳр аро бўл раҳмдир,
Чала пишган кабобман қолган Одам Атодан.

Куйдирсанг ҳам энди эрк, қул қилсанг ҳам эрк сенда,
Сочма кулим, илтимос, ташқари шу маъводан.

Яқинларим кўз юмиб кетди куйиу дудимдан,
Ҳеч бўлмаса шамширинг сен яшир бу фидодан.

Сўраб садқа келарлар, сендан ортмас бу жоним,
Соҳибга ўзи бу жон садақадир Худодан.

***

Эслатма, бу эски дард, бод олдирма ярамни,
Додим қилур чирпирак бу ташландиқ ҳарамни.

Турар кўриб кўзларинг, кечди нелар бошимдан,
Бўлса гуноҳ ўзингда кимга дерман гинамни.

Сафо излаб сафодан, юзинг бурдинг вафодан,
Тинчидингми чавақлаб ўз уйингни-сийнамни.

Валодурман ишингга, боғбонсану меҳринг йўқ,
На қилурсан парвариш, қизғанурсан карамни.

Саҳоватинг шунчами, ўзинг эккан гулинга ,
Атринг тутиб ниҳона, сепганинг не аламни.

На у ёнман, на бу ён, ўртда қуш, муаллақ,
Кел, учишга изн бер, гуллатай дил-даламни.

Ҳали йўлим кўп узоқ, суҳбат этар кўп давом,
Ҳар на асра, Соҳибдан дариғ тутма қаламни

***

Насиҳат аҳлига эрк бер ва боқ, оғзи қулоғинда,
Кучукдек ғингшиниб тошни гуҳар этгай сўлоғинда.

Олиб қопқосин оғзидан умид бирла назар этсанг,
Мағордан дудланиб ётмиш, на кўпик бор булоғинда.

Дам ургай, босқони ҳар ён сочиб кул кўзларинг кўмгай,
Қовушмас тил, бу сардхона, бир учқун йўқ ўчоғинда.

Харид этсанг неки неъмат, агар кўнглинг тусар бўлса,
Тоту таъм мағзида бўлғай, оқиб турмас пўчоғинда.

Мен ҳамки ҳозики Халлоқ учирма қилган ҳур қушман,
Учиб-қўнмоқни ҳурд этган ҳаётнинг бир бутоғинда.

Вужудим яхшилик рамзи, ёмонликдан учиқ йўқ бир,
Сафо офтобидан лойим, ҳақ олган ҳушли чоғинда.

Насиҳат аҳли Соҳибни ақлсиз эр, деса жоним.
Ишонма, ҳақ осар ҳар кимни бир кун ўз оёғинда.

***

Мен иймон қошидан келди бошимда чарх кулоҳимдур,
Сомон йўли мени бунда кузатган нурли роҳимдур.

Фалак анжумлари кулгим қанотидан сочилган дур,
Қўлин очган дуога тонг менинг шафий илоҳимдур.

Муборак ташрифим қутлаб замин менга Ватан бўлди.
Бугун бу неъмати яздон иймонга саждагоҳимдур.

Сенга ҳам саждада бошим, хаёлда суврати равшан,
Қуёш юрган излаб аслинг ки саргардон нигоҳимдур.

Пойингда сабзалар ҳуррам томар ризқ боғ чаманлардан,
Илиб киприкка келтирган санго меҳри гиёҳимдур.

Ариқларда Масиҳий дам, юзинг юв, кавсари ризвон,
Кўзимда яшуриб тушдим бунга Жайҳун гувоҳимдур.

Ўзинг излаб, изинг излаб то тушгандан ҳануз жоним,
Чопарман абрўдек бўзлаб, бунда сабрим паноҳимдур.

Не орттирдим қилиб ғорат фузун этмоққа бахтингни,
Бугун кўрсам бисотимда қолгани битта оҳимдур.

Кетар Соҳибинг оҳ бирла, тополмасдан изинг жоним,
Сўрарда не жавоб бергай, савобдан кўп гуноҳимдур.

***

05

Қувма мен саргаштани остонанга қўйганда бош,
Зарра меҳрингдан закот бергин, хасис бўлма, қуёш.

Чўлладим, қатра сўзинга кўз тикиб, ғам тоғида,
Босмади чўлимни, ичдим, кўзларимдан ўтли ёш.

Бўлса томчи шафқатингдан, рағбатим қўшгил, яна,
Эзма, гўё бир чумоли, бўлма бунча бағритош.

Кўнглин олғанни ғарибнинг ким, дуо қилмиш Худо,
Минг дуо мен ҳам тиларман, қумридек тортсанг ювош.

Малҳаминг йўқ, гар тила дардли дилимнинг сиҳҳатин,
Ҳушга келсин, тахтадек қошингда ётган ушбу лош.

Борми, айт, тўйган савобдан, лаҳзаларнинг қулфин оч,
Ол юзингдан пардани, тунлар этмаган ҳеч сирни фош.

Сен ҳаким бўлғил бу оқшом, бил , дилинг луқмони мен,
Отмагай тонг, бўлмагунча, Соҳибо, сулҳу яраш.

***

Бошимға ағнасин гардун, бир нафас ишратим сенсиз,
Гар ўтар бўлса, пойингга тўкилсин қимматим сенсиз.

Азоб учқунлари сачраб, танимни мингта най этсин,
Қилса фораҳ гар ағёринг толейин, ҳимматим, сенсиз.

Тўлғонур мингта визувий ловаси ҳар томиримда,
Портлагай, юз тубан кетсам, сув этиб сувратим, сенсиз.

Фаришта илгида кўзгу каби дилда ғуборим йўқ,
Ғуборим топса синдирғай фаришта иззатим, сенсиз.

Бириси бийрибор бўлса, бири даҳшат маломатдур,
Қўрқадурман, алар ёнинда хордур турбатим, сенсиз.

Маломат қилсалар, жоним , бошингда ҳаккадек сайраб,
Инонма,эрса рост, оёғим Мансурий сийратим, сенсиз.

Аввал ҳам, ҳозир ҳам чаққон маломат бозори, шаксиз,
Югурдак кўп, талон этгай текин маломатим, сенсиз.

Вафо аҳли, вафо тухмин экару ҳосилин кўрмас,
Келар деб кўз тикар бир кун,Қодир-ул-лайлатим, сенсиз.

Хабардорим, хабардор бўл, “алиф” қаддимни “нун” этма,
Кулмагай ҳатто маҳшарда Соҳибинг, давлатим, сенсиз.

***

Етишдинг жон чиқарда, эй, сарви хиромоним,
Сал кечиксанг изингдан равон эди бу жоним.

Кўтарди болишимдан овозинг зил бошимни,
Қувончимдан суюнчи кўзимдаги бўроним.

Сенсиз эди ланж дилим сувга сазойи нондек,
Наки еди балиқлар, на қушларда поёним.

Кўролмадим, умидинг тоғи тўсиб йўлимни,
Дув фалакка чиқарди дилимдаги суроним.

Айта берсам оз эмас, на ғижжагу соз эмас,
Сато йиғлар қусиб қон билса дилда баёним.

Қоронғудир, ахтардим лафзингдан зарра учқун,
Кўзга илдинг на учқун, на ёришди жаҳоним.

Фироқингда нурли ниш, дилимда заъфарон гул,
Ғунчалаб гар ёзса барг, чок эди гирибоним.

Шукрим кўпдир Худога, жон асрадинг келиб жон,
Раҳмат, кўкрагим зирҳи, бор экансан, қалқоним.

Қани, гул, тут қўлимдан, пешонангдан бир ўпай,
Сен бор-Соҳиб омондир, мустаҳкам имоним.

***

Ки сачрабдур нечун ашкинг, паришонсиз, жамолингғо,
Ишонмассан магар,боққил олиб бошдан рўмолингғо.

Эзилган мисли дил дурранг кўзинг ёшин селобинда,
Сиқиб бер, нўш этай қонинг куйиб қолмай уволингғо.

Урарман чархки гирдингда, қўнолғам йўқ, сағир қушман,
Хабар топмайки читтаклар етишсам деб омолингғо.

Санго шартин етишмоқнинг манго пинҳон сирин айтсанг,
Чиқармам саждадан бошим сиғинмоқдин кулолингғо.

Фикр қил, чархла ақлингни ки фолбинларга юз бурма,
Алар сепгай яна дийданг чангин куйган хаёлингғо.

Зуволанг сарбасар яздонку иқбол лойидан қорғон,
Халал етгай қарор этсанг фол очтирмоқ халолингғо.

Инонма қўлда тошина , бандаи нафс алар,билсанг,
Не отмасларки босмоққа юҳо нафсини фолингғо.

Нечук билгай, қизиқ ,ўйла, алар тақдирға ёзғитни,
Ташламишлар қуръа бахтинггамас, киссангда молингғо.

Ғузора бўлдилар мендан бу фолбинларки, юз тутдинг,
Қўрқаман, сувдек қоларсан оқолмай эркин ҳолингғо.

Очай мен, кел, ўзим, фолингни билмоқ истасанг ,бахтинг,
Кўтаргай қошингни фолим ва бергай куч камолингғо.

Не савол бошингни эгмиш бунча, айт,турма дулдола,
Берурман, фолчилар эрмас, жавоб минг бир саволингғо.

Керакмайдур манго миздинг, очидан ўлмайдур ошиқ,
Етар Соҳибга шу қўндирма пашша лабда болингғо.

***

Санго боғланди дил, кўксим узиб ердан омон этгил,
Сиқим ҳар тошими кулгинг ифоридир чаман этгил.

Жам этгил бу жаҳон ичра бўлса зоти агар булбул,
Шул чаманни ҳар бирига битта-битта Ватан этгил.

Унутма шўх тўтиларни, келибким шавқингда ёнсин,
Карамингдан аларни ҳам ўзингдек мушк забон этгил.

Товуслар ,жаннатий ҳурлар тортиғидур камолингга,
Қориб қирқта табассумингни рашкингга кишан этгил.

Чиқса гарчи абри каззоб оҳорин ювмоға ҳуснинг,
Кўрсатиб кулбамни ,Соҳиб, менга сўзсиз нишон этгил.

***

Бу ишқ айвонида мендек ранжи дил бору ё йўқдир,
Агар бўлса ошиқларғо бу ишқ бир отилган ўқдир.

Қилардим бош эгиб қуллуқ бўлса пойиго мен тенги,
Гарчи бўлсам ўзим танҳо бу дунёдан дилим тўқдир.

Кириб бу йўлғо не топдим, йитирдим хешу ақробам,
Қолғонин дард талар пашша, жасадим ўтғо ҳам юкдир.

Муддаойинг не, ишқ кўрсат,тилаб бахтинг, ўпай бошинг,
Чақ кўксимда ,розиман, сўнг данаклар,ҳеч даъвом йўқдир.

Толейинг барқарор хуршид,бўлсин тун нақши қош, зулфинг,
Хаёл этма, ортга қайтмас сўзим ҳар ҳарфи бир ўқдир.

Адашди чин инсон бесабр Адан боғин билиб осуд,
Метинга дарс берар сабрим, ахир сендан дилим тўқдир.

Йўқ,бу ишқ кўшкинда сендек дилхарозким,тақир дунё,
Билар Соҳиб, баҳордир ишқ, дилозорлик санго мулкдир.

***

Йўқдир фано даштида қуш,
Сендек мулойим,ақлу хуш.

Ўзингмисан ахир, ўзинг,
Ўнгимми бу ва ёки туш?!

Билсанг, менинг бу дашт аро
Зиммамга тушмиш йиғлайиш.

Ҳолимга боқ, таним фироқ,
“Гиря”сини чалмиш қамиш.

Қайга нигоҳ отсам, адам,
Тақдир мени кўп алдамиш.

Кулдим энди, десам тутиб,
Гоҳ ўт, гоҳ сувга ташламиш.

Бу хурд ила тақдир мени,
Билмам, қаёна бошламиш?

Ечмоққа бу жумбоқни, кел,
Жоним қушим, ёнимга туш.

Ё йиғлатиб Оллоҳ санго,
Соҳибни, сувдек асрамиш.

***

Сени кўрган киши девона бўлғой,
Ё мақсуд илкида афсона бўлғой.

Ё ёқиб ақлу хуш чақмоғи ҳуснинг,
Шаминда бир умр парвона бўлғой.

Ё жаннат боғининг тортиғидур сен,
Унда жаннат яна комрона бўлғой.

Ё инсон зотидан наслу насабинг,
Бўлса, Худога минг шукрона бўлғой.

Бўлди, бошқа сени гар тафтиш этсам,
Худо шоҳид,тилим сўзона бўлғой.

“Бас, бахти толейим Соҳибдур”, дебсан,
Дилим сенинг учун кошона бўлғой.

***

Ҳеч бир элнинг осмони, элим, осмонингча йўқ,
Ҳеч бир осмон достони сенинг достонингча йўқ.

Бўлмайин мен қайси юртда барчаси кутди кулиб,
Қайси кулгу кафтда тутсин битта хандонингча йўқ.

Олмагай тан қайси тарих, таъзим этмас қайси байт,
Ҳеч тарих ағроми билки “Ҳиндистон”ингча йўқ.

Сўзламайдур қайси кавкаб, қайси устрлоб бетил,
Ҳеч бири султон кўк Улуғбек комронингча йўқ,

Қайси элда паҳлавон йўқ елкаси ер кўрмаган,
Ҳеч бири бу панжаларнинг Маҳмуд полвонингча йўқ.

Йиғламайдур қайси бир тор, қай дил ўтли куйламас,
Ҳатто,Эрам булбули ҳамки, Комилжонингча йўқ.

Қайси эл бор, қайси кун бор, қай бири тенгдур санго,
Қайси ганжина тупроқ ул, меҳри, сайҳонингча йўқ.

Қайси элки лутф этар, боғ-боғчасин ризвони гул,
Ҳеч бири мушку чиройда туятовонингча йўқ.

Тилга олдим, қайси элни, Соҳибо, камситмадим,
Ҳеч бирининг тоти тишлам, куйик нонингча йўқ!

***

Фалакка арзу дод этдим, деди: “Мен бир гувоҳинг, бил!”
Сўрдим: “Анда паноҳим ким?” дер: “Ватан-қиблагоҳинг, бил.

Қаноат тошига бош қўй ва қил кўрпа сабр зирҳин,
Ўчиргай шаҳдинг, кафилман,дилингдан ўтли оҳинг, бил!

Замбури ғавғо боқ, гирдинг Ахриманни тавоф этмиш,
Тавоф эт, ўз ахтаринг сен ки ул рўёбки ҳоҳинг, бил!

Тўкма савтинг , тур ерингдан, товончинг қил лаҳзаларни,
Ол ибрат билмасанг мўрдан, очиқдир гар нигоҳинг, бил!

Қайда ибрат, қайда заҳмат, алар ҳусну камол тожинг,
Гар қилурсен беписандлик, алар дўзахи чоҳинг, бил!

Ки дерлар: “Қийнама жонни, келар вақт,тап-тақир кафтинг,
Синоат ғазнасидир кафт, анда омал, огоҳинг, бил!”

Пойингда жаннату тахтинг, демиш6 “Ҳазрат маъво” кўк ҳам,
Илинж асра, Соҳиб, тургум, мен ёнингда гувоҳинг,бил!”.

***

Ниятим, бил, шаҳоншоҳлик эрди ишқ аҳлина раҳбар,
Топмадим ахтариб лойиқки шоҳ тожига бир гавҳар.

Пишиб пурхима босдим йўл,на қолди тоғу дашт мендан,
Наки сендан,наки ундан топмадим бу ишда сарвар.

Яширдинг излаган ямбим, жунун озмиди элнинг,
Нетардинг тўлдириб дунёни Мажнунга, аё Акбар?

Демишлар лутфда донолар6 “Чироғ остини кўрмайдур”
Буюксан, лек, чироғим сен, нечун мендан силкидинг бар?

Садоқатда сену унга тутдим ўзимни сор-бургут,
Кемирдим келса тош, сувни симирдим, бўлмадим зевар.

Бу ишқ даштида шоҳлик деб ки ёқдим қиймалаб дилни,
Қара, абр ичра йиғлар кўк, яшармиш майсадек дилбар.

Анго сен бу назокатни , менга ёнмоғу заҳматни-
Бериб ўзинга роҳатни олибсан субҳи содиқ сар.

Билки, орзуларим тўп-тўп тўкилмишлар оёғимга,
Билиб-кўриб бисотимни савобдан қолқдингиз баттар.

Ки толе излаган сендан киши мендек чотилғойму,
Чотиб кетдинг, нечук бўлди, бўлганинг соҳиби заргар?!

Турибман, боқ, аро йўлда, ёрилган тил, ёзиқ кафтим,
Кашф этиб бир гадо, очдим ўз-ўзимга дилимдан дар.

Соҳиб, кел, подшолик тожин кийма, қолмас яланғоч бош,
Гадолик сендан айлансин, кулоҳида ўзинг гавҳар.

***

Соқиё, тўлдириб тарқат, жунун кўз ёшима жоминг,
Муборак,элга ёйгайман бугундан соқийлик номинг.

Эринма, қуй ва гулхан ёқ, лабингдан то канорига,
Ки билсанг, дилбарим бул жом менинг комим, сенинг коминг.

Яна қуй, тўлдириб, чашмимга рўшнолик фаравон эт,
Бўл саховат, савобингдан гул очсин ҳар бир оқшоминг.

Ки жомсиз кечмасин тунлар ва комсиз ўтмасин кунлар,
Тутганинг бўлга-ю олтин, ҳалолинг ҳар бир ошоминг

Соқийлик қил-ки, то умринг муносиб номингга бўлсин,
Тилаги сенга Соҳибнинг: менингсиз ботмагай шоминг.

***

Ишон жоним, менинг қавмим азалдан ўтпараст билсанг,
Бу ўт Зардуштий имони манго мерос вобаст, билсанг.

Ажабдан бўлма ҳайрона то мозийдан удумим шул,
Шунга остонада пойинга қилдим ўт аласт, билсанг.

Бу ўтнинг ҳикмати бисёр, бу ўтнинг ҳиммати бисёр,
Ҳикматидан кушод мушкул, ҳиммати дард абас билсанг.

Ёмон бўлмас билиб қўйсанг, олов пири муҳаббатнинг,
Шу боис олмас ошиқлар бу ўтсиз бир нафас, билсанг.

Нечун деб боисин сўрма, оловдан кўшки бор ишқнинг,
Ки шу кўшксиз ошиқларга бу дунё бир қафас, билсанг.

Қафас эрди очун, янганг хабар келтирмаса сендан,
Қиларди фарёдим очунни зумда чаппараст, билсанг.

Сочай тариқ, қилиб жоним пойингга ташрифинг қутлаб,
Бу ўт танимга чун сепдинг яна ёлқини маст, билсанг.

Жоним, ёнсам аввал яшрин, энди ёнмоқдаман ошкор,
Олиб бод, сачратиб учқун қувончдан “чарсу-чарс”, билсанг.

Яна Соҳиб аласт қил-ўт-да, қавмлар қавмлар руҳини шод эт,
Ки ёринг ҳатлади ўтдан қўйиб кўксига даст , билсанг.

***

Жамолинг партавин кўрдим чаманда,
Қуёш бошин қўйиб пойингда банда.

Чиқиб ситоралар қошингда ҳайрон,
Кўриб қизғончлиғим ёқмиш ўт танда.

Фақат сен, тангридан , эрдинг тилагим,
Ахир сендан бўлак йўқ юрак манда.

Керакса майлига жон берай ва лек-
Қолгунча юракдан айру шарманда.

Бу дунё тўрига ким ўтса ўтсин,
Басдур сенинг бирла қолсам, аданда.

Гадолиғ азиздур, дунё керакмас,
Ёниб турса етар руҳинг баданда.

Соҳир Соҳибингга, жоним, карам қил,
Фақат айру тушар сендан кафанда.

***

Бир сиқим тупроқ қилур жамланса ғам,
Тўшни тут офтобга,элтма бошни хам.

Битта жонинг бўлмағай мингта куйик,
Бил, ҳисобда қуш каби ҳар битта дам.

Юрма излаб, йўқ фалак ғамдан йироқ,
Изла, топғайсан муродингга карам.

Йўлга кўп термулма, қўй, кўзингни арт,
Тоғ қулар бевақтки, тоши тортса нам.

Тоғ каби осуда бўлғил ҳам босиқ,
Шунда эл олдида бўлғинг муҳтарам.

Ғам, куйик дардини, кел, мендан сўра,
Ёзмайин барг ғунчадек сўлди отам.

Торта-торта ғам юкин карвонини,
Шом каби ғам лойина ботди онам.

Доғи дард кўп кавласанг сийнамни гар,
Беэга итга зимистон кўча ҳам.

Бир кўза синса агар Машриқда , бил,
Ранг бераркан, терингга юз муттаҳам.

Бош кўтар, бошимга боқ, бул соч эмас,
Асли сочдек унган ул дарду алам.

Бошпананг офтоб рўё боғлар сенинг,
Ҳам санго хизматдадур Қоруну Жам.

Иш бошинг эл,толейинг қўлдош санго,
Шукрини қилғил бу кунларнинг, укам.

Бир куни бўйинг етиб, тутсанг Ватан,
Чорла меҳмонга мени-Соҳибни ҳам.

***

Қил тарона, эл эшитсин, Мир Алишер боғида,
Таклиф эт офтобни,тушсин, дам олур чорбоғида.

Бир умр пойингда ёнсин бу чаман жамбиллари,
Кимки хушхон,лол қолсин кўзлари тирноғида.

Айт қўшиқ ки вола бўлсин дам ютиб осмону ер,
Ҳам пиёда, отлиғ отда мустарин сўқмоғида.

Битта кавкаб бирла тўлдир Ҳожихон осмонини,
Қўйма устод руҳини сен ўй-хаёл ботқоғида.

Ким сени тақлидчи дер, нокас ўзи, сўзи ғалат,
Ўхшар оҳанг, пардаки, гап ўрнига қўймоғида.

Топки авжин пардаларнинг куй бўлиб оқсин бу жон,
Қолмасин ҳеч кимса хомуш,тишлари бармоғида.

Бўлма Соҳиб ноумид ҳеч, дил агар заҳматга эш,
Бергай ҳар бир дона ҳосил,бу замин тупроғида.

***

Лашкари ҳуснинг қиличсиз лаҳзада олди дунёни,
Яна берди на боғ, тоғда ҳуснига ўтли орони.

Жамолинг кўрди-да шошиб, уриб сабр ичра бошини,
Йиқилди офтоб очувдан,уфққа сачради қони.

Югурди тун уюб қошин сўрарга хуршид аҳволин,
Сурникиб сингди сочинга қолмайин тизда дармони.

Сенинг нақлингни битмоққа сочди гул бўйларин кўкка,
Суриб дулдул сабо елди, ушалмади гул армони.

Ғурурин пешлаб анжумзор ҳилолин чорлади сафга,
Барибир тўлмади сутга,баттар доғ ўлди сутдони.

Бу тун девонадек йўлда сенинг дунёнг ичра кездим,
Билиб дардим очмади юз ҳаттоки субҳинг Чўлпони.

Ичмадим май, эмасдим маст, танҳо нўшим хаёл эрди,
Назокат кавсари ,Соҳиб, чайқади шўрли дунёни.

***

Жамолинг партави ёритди жойим,
Чекинди дилдаги қиёмат қойим.

Ўксиниб қолишдан асрабон руҳим,
Раво кўрди сени манго Худойим.

Ажабдан тишламоқ лаълингни беҳуд,
Яратди кўнглимда билиб не ройим.

Онинг ҳимматидур, етишдинг,шукур,
Малаклик муборак сенга, ҳумойим.

Унунтма, сийлармиш бахт бирла ҳарчанд,
Худо, “Оллоҳ” деган қулини доим.

Субҳи шом дилимда шарифи зикри,
Йўли йўлим, йўқ ўзга муддаойим.

Суянчимдан тиларман сенга толе,
Кўриб вожиб дегай ўзи Илойим!

Асра ўзни ғайри кўздан, ахир сен-
Юрагимда руҳ улло анбиёйим.

Бўлди ҳосил коми Соҳиб, сен билан,
Жоним, шундан бўлак йўқ таманнойим.

***

Қоматим сарву жамолинг субҳидам ётоғидур,
сен ҳури малаксан,
Сумбул сочинг, қошу кўзинг, фалак ўтоғидур,
сен жони фалаксан.

Кеча Ой қоқди дап тунда гапу соз ўлди хариш,
тил сўзон этди,
Ўзики ганжи партав, сени ранжнинг ўроғидур,
бўл анго сабоқ сан.

Яшириб чеҳра доғиниким сени сомон этди,
қўй, инжилма кўп,
Ёнингда хуршиди тонг лабларингни бўёғидур,
сен гули зираксан.

Эмасманким дароз дасти,бир дили лат, қуруқ кафтман,
меҳр эмас анқо.
У доим мен бирла ҳамдам,хаёлинг белбоғидур,
қалбимда тилаксан.

Йўқса қоқсанг битта тутни, тўкар юзта ошиқ мендек,
ори ҳақ кўзгу,
Ахир Қайсни деган “Мажнун”, Лайлининг фироғидур,
сен бундан йироқсан.

Тарозига солишмайдир, чин ошиқлар муҳаббатни,
ҳатто нохун ҳам,
Ким у солмиш тарозиғаки тили ғам садоғидур,
сен тоза юраксан.

Фироқнинг ҳам, сўроқнинг ҳам, Соҳиб,нағма сози бор,
вафо дастур анго,
Вафо ямбдур, ани тўксангки бу айби қароғингдур,
воҳ сен бўлаксан.

045

(Tashriflar: umumiy 291, bugungi 1)

Izoh qoldiring