Suyun Shukurov. Sazoyi & O’rolboy Qobil. O’rta Chimning avliyosi

Ashampoo_Snap_2017.08.30_16h48m11s_001_.png    Турумтой Арк дарвозасига яқинлашганда “Ёпиқ арава” ёнида туриб уч кишининг нима ҳақдадир тортишаётганини кўриб қолди. У етиб боргунча иккитаси қолиб, учинчи одам ғойиб бўлди. Унинг ерга кириб кетганини ҳам, осмонга учганини ҳам англаёлмади. “Бу ерда бир ғалва борга ўхшайди” деб ўйлади-да, отни жиловдорига тутқазиб уларга яқинлашди.

ЎРТА ЧИМНИНГ АВЛИЁСИ
Ўролбой ҚОБИЛ
09

Ўшанда ёш адиб Темирпўлат Тиллаевнинг “Ворис” қиссаси “Ёшлик” журналида босилган, Одамбормаслик Турсунбой Боймуровнинг ҳажвиялари “Муштум” ва “Табассум”да, “Телеминиатюра”да тез-тез босилаётган, эшиттирилаётган, кўрсатилаётган кунлар эди. Албатта, бу янгиликларни Ўрта Чим қишлоғининг аёллари ҳам “мажлис”ларида оғизларидан қўймай гапиришарди.

Бу гап-сўзлар Суюн домланинг сиркаси сув кутармайдиган, қўни-қўшнилари орасида “Раис момо” деб ном олган аёлига ёқмади. Кела солиб сурида тинчгина газета ўқиб ўтирган эрига дов тўкди:

— Ана, қаранг, шогирдим, ўқувчим деб юрганларингиз нималар қилаяпти, сиз эса юраверинг, анови, шахматчи такасалтангларга ошна бўлиб. Йўқ, энди, бунга йўл кўймайман! Бугундан бошлаб, ҳеч қаёққа чиқмай китоб ёзасиз, тамом!

Суюн домла туппа-тузук юрган аёлининг гапларига ҳайрон бўлиб суради:

— Кампир, сенга нима бўлди, нима, китоб ёзишни урчуқ йигириш деб ўйлаяпсанми? Ахир унга аввало илҳом, истеъдод ва яна шарт-шароит керак, ахир! ..
Лекин қайсар хотини бунга кўнармиди:

— Анови олифта Темирпўлат билан қитмир Турсунбойнинг сиздан нимаси ортиқ, қолаверса, “устоз, устоз”, деб сийлашадику? Бу бекорга бўлмаса керак, шундайми? Сиз айтган илҳомни, шарт-шароитни, биз қилиб берамиз, тушундингизми? Қани, ёзмай кўринг-чи? Ўзи, бу ишни аввалроқ қилишим керак эди…
Суюн муаллимнинг кўринишидан мулойимгина кўринган аёли аслида қайсар ва бир сўзли эди. Ўша куни уйдаги кичкина бир хона қайта жиҳозланди. Бир даста дафтар ва ручка, яна муаллим мириқиб чекадиган “Прима” сигаретидан йигирма пачка келтирилди. Хона ўртасига хонтахта қўйилиб, кўрпача солинди. Домланинг қадрдон шахмат тахтаси оқ ва қора доналари билан омборхонадаги амир замонасидан қолган темир сандиққа қулфланди. Дарвоза тамбаланди. Муаллимни кунора йўқлаб турадиган улфатлари учун дарвозага эълон ёзилди:

“Домлани безовта қилманг, у киши китоб ёзаяпти. Қачон тугатиши номаълум. “

Иложсиз ҳолга тушган муаллим ўйга толди.

***

Сўнгра унинг ҳаёлига кўпни кўрган кексалардан гурунг ва гаштакларда бот-бот эшитган, бир воқеа келди. Бу асли чимлик бўлган, истеъдоди ва билими туфайли Бухоро амирининг вазири даражасига кўтарилган Туримтой баҳодир ҳақидаги хотиралар эди. “Кел, шуни бир қаламга олиб кўрай, зора шу билан зулмкор кампирининг қистовидан қутилсам”- дея қоғоз қоралашга тушди. Ишинг бошланиши ёмон бўлмади. Домла тушгача илҳом отига миниб, нақ ўн саҳифани қоралади. Чолига тушлигини келтирган кампир қораламаларни кўриб:

— Ана, ёзса бўларкан-ку, энди кечгача яна шунча ёзасиз, шунда, анови ошналарингиз билан кўришишга рухсат бераман, кам бўлса, уйдан чиқмайсиз!- деб чиқиб кетди.

Дарвоқе, Суюн муаллим шу орада икки-уч бора Бухорога бориб, қадимий обидалару ва жин кўчаларни ўрганиб, қоғозга тушириб келди. Чунки қиссадаги воқеалар шу шаҳарда бўлиб ўтиши керак эди. Хуллас, “маҳбус” уч ой деганда “Сазойи” деб номлаган тарихий қиссани ёзиб тугатди.

***

Ўшанда муаллим қўлёзмани мактабдаги ёзув машинкасида оққа кўчириб олгач, пойтахтга қараб йўлга тушди. Ёзувчилар Уюшмаси биносини топиб, ўзи китобларини севиб ўқиган адибу шоирларга учрашди. Афсуски, олис қишлоқдан келган муаллимга улар унчалик эътибор қаратишмади. Сўнгра воҳадан бўлганларга ҳам эмраниб кўрди. Улар ҳам негадир рўйхушлик беришмади. Тарвузи қўлтиғидан тушган Суюн ака энди қайтмоқчи бўлиб турганида, ёнига Қашқадарёнинг нонини еган, бир нечта тарихий асарлар муаллифи, ўша йилларда Ёзувчилар Уюшмаси раиси ўринбосари бўлган Евгеней Березиковга дуч келди.

У Суюн ака билан дарров тил топишди. Хонасига киритиб уни чиғириқдан ўтказиб бўлгач, деди:

— Менинг “Қизил Бухором”ни ўқиганмисан?
— Эй, сизни ўқимай бўладими, ҳаммасини ўқиганман,-деди муаллим иши битишини ўйлаб.

— Маладесс, бўлмаса, қўлёзмангни қолдириб кетавер. Бир ойдан кейин кел, унгача, бир-иккита танишларимга ўқитиб қўяман.

Айтилган маҳал Суюн муаллим яна шаҳарлади. Березиков уни очиқ юз билан кутиб олди.

— Ука, қиссангни яхши баҳолашди, “Шарқ юлдузи”га жўнатдим, бориб бир хабарлаш. Замредактор Мурод деган йигит, сизлар томондан бўлса керак. Омадингни берсин…

Суюн муаллим адибга раҳмат айтиб хайрлашди.

***

Муаллим излай-излай журнал чиқадиган идорани тушга яқин топди. Қимтинибгина эшигига “М. М. Дўст” деган ёрлиқ илинган эшикни очди. Ичкарида “Ялла”даги Фаррух Зокировга ўхшаб кетадиган йигит уни очиқ юз билан кутиб олди. Салом-аликдан сўнг домланинг Чимлик эканлигини билгач, ўрнидан туриб қайтадан кўришди.

— Эй, ўзимизнинг Элсаройдан экансиз-ку, қўлёзмангизни ўқиб чиқдим, менга маъқул, насиб бўлса янаги сонга қўямиз.

— Сиз ҳув ўша, “Галатепа”ни ёзган Муродбойсиз, тўғрими?
— Ҳа, ўша қариндошингизман.

Суюн муаллимнинг хотирасида адибнинг “Лолазор романидаги қўйма сатрлари қайта жонланди:

“… Жонузоқ араб сал гуппироқ одам эди. Унинг назарида, бу ёруғ дунёда иккита ҳурматга лойиқ одам бор эди: бири – галатепалик раис Раим Ғайбаров, иккинчиси — Чимлик раис Норбўта Шароф”.

Ўшанда Тошкентдан мамнун ҳолда қайтаётган Суюн муаллимнинг ҳаёлидан балки шу сўзлар ўтгандир…

“Дунёда яхшилар кўп экан… Бўлмаса мен ким бўлибманки, бунчалик эътибор топдим. Эй, ғайридин бўлсанг ҳам отангга раҳмат Евгений ака, индамай ёнимдан ўтиб кетсангиз, ҳолим не кечарди? Муродбой ука, сен ҳам барака топ! Сизлар туфайли эл-улус олдида юзим ёруғ бўлди.

Орадан уч ой ўтиб Суюн Шукурнинг қиссаси журналда босилиб чиқди. Бу оддий қишлоқ муаллимининг катта ютуғи бўлди. Асар ҳақида таниқли мунаққид Иброҳим Ғафуров адабиёт газетасида илиқ фикрларни билдирди.

***

Ўша йилларда Қамашилик ижодкорларнинг гаштак- гурунгги бўлар, Исмат Раҳмат, Момохол Элмуродова, Турсунбой Боймиров, Темирпўлат Тиллаев, Йўлдошбек Кенжа, Абдимурод Қодировлар давранинг асосий қатнашчилари бўлса, аҳён-аҳёнда болалар шоири марҳум Саодат Тожи ҳам пайдо бўлиб қоларди. Пойтахтдан марҳум журналист Бекмурод Турсоатов, Қаршидан олим ва адиб Поён Равшанов, Шарофат Ашурова, Лола Саодатовалар келиб ардоқли меҳмонимиз бўлар, шеърхонлик, баҳсу-мунозаралар кўп қизирди.

Мен эса гурунг баҳонасида Суюн домлани ўзимча янгидан кашф этгандек бўлдим.

Дарҳақиқат, у киши оддийгина қишлоқ муаллими бўлса-да, мумтоз адабиётнинг билимдони эдики, Яссавий, Сўфи Оллаёр, Машраб каби шоирларнинг оташин мисраларини ёддан ўқир, қизиқарли таҳлил ҳам қиларди.

Орадан йиллар ўтдиб, бозор иқтисодиётининг таъсири боисми, ёки бошқа сабаб бўлдими, гурунгларимиз барҳам топди. Ҳар ким ўзи билан ўзи андармон бўлиб кетди. Аҳён-аҳёнда эса Ўрта Чим қишлоғида умргузаронлик қилаётган ижодкор муаллим ўша қиссасидан кейин бир нечта ҳикоялар ёзган деган гап-сўзлар қулоғимизга чалинди. Аммо, негадир улар матбуот саҳифаларида эълон қилинмади.

Аммо, бизнинг муаллимнинг кампири “Раис момо” ( асл исми Мукаррама ) яна ғайрат қилиб у кишини “зиндонбанд” этару, бирорта қиссами ёки роман пайдо бўлармикин, деган умидимиз ҳам йўқ эмас…

Қолаверса, саксон баҳорни қаршилаётган Суюн Шукурни бекорга таниш-билишлару дўст-биродорлари авлиё деб аташмайди. Бундай таърифни ахир ҳаммага ҳам беришавермайди… Сиз нима дейсиз?…

Мақола муаллифи: Ўролбой ҚОБИЛ 1955 йилда Қамаши тумани Дўнгсанчиқул  қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Унинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”,  “Жонбўзсойликлар”, “Ўланларда куйланар умр”, “Фақат гўзал сўз айт”, “Эна тупроқ”, “Қамаши ва қамашиликлар” , “Элда эъзоз топганлар” каби назмий ва насрий китоблари чоп этилган. Бир неча  бор ижодий танловлар ғолиби бўлган.

Суюн ШУКУРОВ
САЗОЙИ
Тарихий қисса
09

Ashampoo_Snap_2017.08.29_23h35m27s_001_Suyun Shukur.pngСуюн Шукуров 1938 йилда Қамашининг Ўрта Чим қишлоғида туғилган. Қарши Давлат муаллимлар олийгоҳининг тарих-филология факультетини тамомлаган. Қишлоғидаги мактабда узоқ йиллар ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. 1989 йилда “Сазойи” номли тарихий қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида сўнгра, алоҳида китоб ҳолда “Насаф” нашриётида чоп этилди. Ҳозир кексалик гаштини сурмоқда.

09

Шошилган эсанг ҳам йигитликда сан,
Қариликда иш қил эсу ҳуш билан.

Саъдий Шерозий

0 Solomachin4.jpgТурумтой Арк дарвозасига яқинлашганда “Ёпиқ арава” ёнида туриб уч кишининг нима ҳақдадир тортишаётганини кўриб қолди. У етиб боргунча иккитаси қолиб, учинчи одам ғойиб бўлди. Унинг ерга кириб кетганини ҳам, осмонга учганини ҳам англаёлмади. “Бу ерда бир ғалва борга ўхшайди” деб ўйлади-да, отни жиловдорига тутқазиб уларга яқинлашди.

Арава ёнидагиларнинг бири “Чилдухтарон”ни янги-янги “Оҳори тўкилмаган” гўзаллар билан тўлдириб, амирни хушнуд қилиб турувчи қўшмачи хотин – Хайри Жаҳаннам экан. Ўзининг “беғараз хизмати” учун халқ орасида “Жаҳаннам” лақабига “сазовор” бўлган Хайри бугун ҳам бир шўри қисганнинг хонадонига ўт қўйгани Турумтойга аён бўлди.

-Ҳа “Жаҳаннам”, бугунги овинг ҳам барор олган кўринади, — деди у зарда билан.

Жаҳаннамнинг заҳраси учди, ерга қаради ва қўрқа-писа жавоб берди.

-Акун…Шўрлик камина ҳам бировга мутемизда, тақсир, — дея олди холос. Жаҳаннам, тузоғига тушган қушчани қочириб қўйган овчидай безовталанди.

Турумтой  аравага разм солди. Арава ичида: “Мен шўрликни қаерга олиб келди?” деган қизнинг овози эшитилди.

-Бу кимнинг боласи, нобакор?

-Менинг, тақсирим, менинг, — деди тинмай жовдираб Жаҳаннамга ёлвораётган киши. Она сути оғзидан кетмаган духтарчамни мана бу аёл билан бир неча киши уйимга бостириб кириб, тортиб олишди-да, шу ерга келтирдилар, — деди у кўз артиб ва Жаҳаннамни кўрсатди.

-Ким бўласиз?

-Ночор бир чилангарман,- у шошиб қолди ва тили тутилиб, гоҳ Турумтойга, гоҳ Жаҳаннамга жавдиради. “Бу одам улуғ киши бўлса керак, қўшмачи хотинга ўктам гапираяпти”, деб ўйлади ичида у ўчган чироғи  ”лип”  этиб ёнишига умид боғлаб:

-Садағангиз кетай, бу касофат ишдан халос этинг мени, то ўлгунимча дуойи жонингизда бўлай, — деб тиз чўкди ва Турумтойнинг этигига ёпишди.- Сиз келиб қолмасангиз қандай кунларга қолардим-а!  У гоҳ Жаҳаннамга ялинар, гоҳ Турумтойга илтижо қилар, агар булардан наф бўлмаса, қизалоғидан бир умрга умид узиш нақдидан дағ-дағ титрарди.

Турумтой Жаҳаннамга қараб совуққонлик билан сўради:

-Ким эди ҳозиргина кўздан ғойиб бўлган “надиминг?! * қайга йўқолди у?

-Туроб эди, Туроб маҳрам,- деди Жаҳаннам бу синчков қушбегидан осонликча қутула олмаслигини билиб.

-Нега қочди у?!

-Сиздан ҳайиқди чоғи.

-Жаҳаннам, она бўлиб кўрмагансан, эрса бу жирканч юмушдан ҳазар қилган бўлардинг… Шу норасиданинг онасини қай ҳолга солиб келганингни ҳеч ўйладингми-а?! Ай-й!!!

Ов маллоҳ*,   қайтар “кемангни”, зудлик ила салосил**ни ечиб, ўз жойига элт. Бу воқеадан амир воқиф бўлсами,- деди у белидаги қилич сопини ушлаб, Жаҳаннам билан аравакашга бир-бир ўқрайди- да, — бошинг танингдан жудо бўлишини нақ деявер!

Арава олдинда, чилангар унинг изидан жўнаб кетди. Жаҳаннам эса таёғини

олдирган кўр каби тимирскиланиб қолаверди.

Бир ҳафта ўтгач, қабулхона эшиги олдида таъзим қилиб турган киши

Турумтойга салом берди:

-Ассалому алайкум, тақсирим!

-Ваалайкум ассалом,- деди Турумтой унга яқин тўхтаб,- Кўзимга иссиқ кўринаяпсиз, бўтам, — деб тикилди-ю аниқ таний олмай қошларини чимирди.

-Кимсиз, ўнгара олмаяпман?

У киши Турумтойнинг олдида тиз чўкди:

-Фаромуш қилибдилар, анови кунги чилангарман, отим Абдурайим.

-Ҳа – ҳа, танидим, уста. Туринг, бўтам, ичкари кирайлик.

Улар ичкарига, қабулхонага киришди. Абдурайим чилангар пойгакда тўхтаб саросимада қолди. “Бундай озода, безатилган хонага исқирт либосим билан, кириб кетаверишим ярашмас”, деб ўйлади у.

-Бу ёққа ўтинг, тортинманг, буларнинг ҳаммаси – кўрсатди Турумтой арабий гиламларни, — Сиздай ҳунар соҳиблари қўли билан тўқилган. Биз эса тайёрхўрлармиз. Ўтинг, ийманманг.

Энди камтарлик қилишга ҳожат қолмаганди. Абдурайим чилангар ўртароққа бориб чўкди.

-Қалай, аҳволингиз яхшими, ишлар бажоми?

-Минг бор раҳмат, ҳазратим, — деди суюниб чилангар.

-Кўнгил  тинчидими, Абдурайимбой.

-Офарин, тақсир. Бахтимга сиз келиб қолдингиз, — деди чилангар тутила-тутила энтикиб, — замон яхшилардан холи эмас. Бир дам кечикканингизда… Абдурайим кўзига ёш олди.

Турумтой секин ўрнидан қўзғалиб суҳбатдошига далда берди.

-Уста ўтган гапга саловат. Лекин эҳтиёт чораси шулким, илож топсангиз, уйни бошқа жойга алмаштиринг. Бу “Мардум”га ишониб бўлмайди, негаки назарга тушдингиз-да. Имконингиз бўлса қишлоққа кетиш керак.

Абдурайим терлаб кетди ва ўйлади:

“Бу одам доно деганларича бор экан, кимнинг хаёлига келипти бундай фикр? Ҳақ гап, кўчиш тараддудини кўришим керак, анови “роҳан”*ларда инсоф борми, бемаҳал бостириб киришса қайтарафга қочаман? Бу донишманд кишини менга тикиб қўйибдими?

-Бирор юмуш билан келганмидингиз, уста? – деди мулойимлик билан Турумтой секингина.

-Йўқ, ҳазратим, сизнинг яхшилигингизни унутиб бўладими? Ҳузурингизга миннатдорчилик билдириш учун келган эдим. Сиз яна мени огоҳ этдингиз. Ҳозир айтган гапингиз кимнинг хаёлига келипти. Биздай шўри қурганлар “қирт-қирт” темир ямашдан бошқа нарсага ярармидик.

-Ундай деманг, уста, сизлар бор – тирикчилик бор. Ҳамма ҳам ўз ўрнида. Чилангар, темирчи, заргар ва бошқа косибкорлик бўлмаганида, ҳаётнинг  маъноси ҳам бўлмасди. Биз ҳам юрибмизда минадиган отимизни эгарлашни эплай олмай. Бу одам  “Шунчалар донолик билан қандай яшаб юрган экан, бу ноқобил, нопок йиртқичлар  орасида. Ҳа, шуларга ҳам ўзларига лойиқ гап топиб берсалар керак-да…” Абдурайимнинг юраги тошиб кетди. У истиҳола қилиб ўтиришга чек қўйди ва қўлини дуога очди:

-Илоҳо омин, поко-парвардигоро, тақсиримнинг умрлари Хизр умри бирла баробар, мартабалари баланд бўлғай!  Биздек хору хас бандалар пешонасига ҳазратимдай зот бўлмаса, Бухоронинг жаҳаннамдан фарқи қолмас эрди. Тақсиримнинг  қабулхонасини Сулаймон тахтига тенг қилгайсан! Омин! – деб фотиҳа тортди юзига Абдурайим ва бошини қуйи эгди.

-Ҳай-ҳай, ҳай-ҳай,  уста, нархимизни кўп ошириб юбордингиз.

Турумтой у билан хайрлашатуриб бир бечоранинг бегуноҳ қизини “аждар” оғзидан олиб қолганидан бениҳоя севинди, лекин мавриди келиб, чилангарга ташланган қармоққа ўзи илиниб қолишини ҳаёлига ҳам келтирмаган эди.

***

-Садқаи эркак кетинг-э, Туроб ака, ким қўйибди сиздай чумчуқюракка, мана бу досторни дол қилиб юришга. Аҳволингиз шу экан-ку?! – деди Туробнинг қони қочган юзига қизиллик югура бошлаганини кўриб Хайри.

Улар  “Чилдухтарон”  дарвозасининг  чап қанотидаги супачада ўтириб ўпка-гина қилишарди. Туроб маҳрам ҳали ҳам қўлига жиноят устида тушиб қолиб, яна қайтиб келганда  не жавоб айтишни билолмай гаранг эди. Хайрини кўргач:

“Ҳайрият, эсон-омон қутулибди”, деб кўнгли бир мунча таскин топди.

-Сен унга бир мартагина йўлиқдинг, ҳалиям аёллигинг фойда берди. Ўрнингда мен бўлганимдами…

Туробнинг вужуди титради.

-Айтганингиз рост, нақ азройилнинг ўзи-ку. Қутулгунимча минг қулҳувалло ўқидим,- деди Хайри кўкрагига туф-туфлаб.

-Бекорга халқ ҳурмат қилмайди-да уни, бечора одамни кўрса ўмгани билан ташлайди.

-Хўш,  ака бу ёғи нима бўлади энди?

-Э, тўхтаб тур, ўзимни ўнглаб олай. Икки ёрти бир бутун бўлиб бир тўхтамга келамиз-да…

Бухорода нима кўп – қиз кўп. Бириси бўлмаса,  яна бири.

-Мўлжалингиз борми?

-Ҳозирча ўқ. Лекин емакнинг қусмоғ ҳам бор. Ҳафтадан ошди, янгисини топдик, деб “хув” ўша кунги тангани ҳамёнга урганимизга. Шаҳаншоҳнинг бетига қандай қараймиз?

-Топдим, Туроб ака, топдим, -деди Хайри маҳрамга ялт этиб қаракан.

-Хўш-хўш.

-Лекин жуда нозик жой!

-Қани-қани, нозикми-позикми, айтчи. Кимнинг қизи, қаерда?

-Худди шу ерда, арк ичида.

Ўйлатиб қўйди Хайри Туробни.

-Топқирлигингга-ку қойилман-а, гапни чўзиб, интиқ қилганингга ўлайми? Айтақол, ёрилиб кетаман! Туроб маҳрам қувонганидан ўтирган жойида учиб туша бошлади.

— Амир ҳазратларига қушбегининг қизидан гап очсангиз.

Нима деяпсан! Эс-ҳушинг жойидами, калланг иккита эмасми, шу гапни топдингми келиб-келиб, чангалидан қутулганингга шукур қилиш ўрнига, яна ўзингни тиғга тортасанми?!  Кўзларини ола-кула қилиб тикилди маҳрам Хайрига.

-Ай-й, ўзингиз ҳам ўлгудай ваҳм босган одам-да, ака. Шоҳ ким, қушбеги ким? Турумтой минг обрўли бўлгани билан Музаффархон олдида ким бўлибди? Подшо бир ишорат қилса қилса, вазирнинг боши дорда турмайдими-а!?

— Гапинг-ку тўғри-я, лекин бу фикрингга қўшилолмайман, — деди маҳрам саросимада қолиб.

Дунёда бойликка ҳирс қўймаган одам борми? Шарти кетиб, парти қолган Турумтой наҳот бир қиз бериб, қарилик гаштини фароғатда ўтказишни ўйламаса?! Кекса Абу Бакр ёшгина қизи Ойшани эллик уч ёшли Муҳаммадга берганини ҳам хотирлаб қўйинг, ҳа, жоним – акам. Лекин бу ишда макр асқотади. Бунинг учун шаҳаншоҳнинг ўзларини орага қўшиш керакки, на сих кўйсин – на кабоб.

Ўртада хосткор* ҳам бўлгани маъқул, негаки Турумтойнинг қизини зўрлик ила олиб бўлмайди. Хосткорлик билан йўл очилади. Иккинчидан, ишлатадиган тадбиримиздан маним муддаойим шулким, бу ҳийламиз робитаси* туфайлидан биз Турумтойдан қасос олган бўлурмиз,  деган андишадаман.

-Ўлма, Хайринисо ақлингга офарин! Мана энди менинг ҳам ақлим тиниқлвшди. Режамиз рўёбга чиқсами, ошиғимиз олчи, — сен сарой отини-ю мен амирнинг муқим маҳрами. Ҳеч бир кас товуғимизни “кишт”, мушугимизни “пишт” деёлмайди.

-Ҳамён-чи, ҳамён?! – деди Хайри оғзининг таноби қочиб, севинчини ичига сиғдиролмай. Этик ечмай сув кеча бошлаган бу икки аблаҳ ўз хаёлларида сув остидан жавоҳирлар териш билан овора бўлиб, Амирнинг олдига қайси бири киришни ва шундай қалтис таклифни айтишни унутдилар. Ҳайнаҳой Туроб маҳрам йўқотган нарсасини қўйган жойи эсига келгандай, тўсатдан Хайрига юзланди ва юраги “дук-дук” уриб: -Сен кириб айтасанми султонимизга буни? – деб қолди.

-Ахир сиз маҳрамсиз-ку,  Сиз турганда бизга йўл бўлсин бунақа нозик гапни айтишга. Яна, сиз эркак одамсиз. Туяга ортадиган юкни эшакка ортсанг бели синади. Амир олдида сиз билан менинг орамизда осмон ила ерча фарқ бор.

-Илож қанча, сен ёт десанг, ётиш гапми, ўлишга ҳам розиман. Аммо иш бир ёқлиқ бўлгунча оғзинг мумланиб турсин, бордию макримиз Турумтойга етиб борса, поймонамиз тўлди деявер, — деди Туроб ваҳимада. Тушингда ҳам маҳкам тишла тилингни.

-Мендан кўнглингиз тўқ бўлсин. Меҳтар  боди ялдоди бу хизматда сизни йўлга бошқарсин.

-Бўпти, сен боравер. Эрта-индин “ҳосилни йиғамиз”. Режасининг амалга ошишига кўзи етган Хайри жаҳаннам отган ўқининг нақ мўлжалга тегишига ишониб билдиради:

-Сиз ишни битиргунингизча қорамни ҳам кўрмайсиз, лекин олган ҳосилдан “капсан”беришни унутманг. Қўшмачилар анқонинг уруғини топишга умид боғлаб икки ёққа ажралишди.

Юраги таскин тпган Хайри жаҳаннам уйига, минг хаёлга ботиб, дами ичига тушган Туроб маҳрам Ҳарам томонга жўнади.

-Олампаноҳ, таъблари, нохуш эмасми?- деди Туроб маҳрам тиз чўкар экан Музаффархонга.

Хон унга бир кўз қирини ташлади ва индамай қўйди.

-Шикор қилсак, иштаҳалари бажоми “оҳу сайди”**га.

Туроб  маҳрамнинг қочириқ гаплари амирга аён эди. Гап нима ҳақида эканини англади-да, кулимсираб:

-Қайси “саҳрони” сайд этмоқ истайсан?-деди.

-Саҳрода улоқишдан не фойда, сайёдингиз жаннат аро гул оралаб юрган “диккак оҳу”нинг изларини кўрмишмен.

-Хўш, хўш! Аниқроқ гапир.

-Қушбеги жанобларининг онаси ўпмаган духтарчаси. Ой ҳам уялар унинг тобонидан лол қолиб. Исми ҳам жисмига монанд- Моҳтоб эмиш.

-Нозик майдон танлабсан, Маҳрам. Чатоқ инсон, чатоқ. Уддасидан чиқиш шубҳали…

Бироқ, кайф-сафо деганда мук тушадиган Манғит сулоласининг вакили бўлмиш Музаффархон бир қур яқин орада қучоғида эркаланиб ётиши нақ қизнинг нозини хаёлан туйди.

Яна амир ўйга толиб, кўз олдига Турумтойнинг салоҳияти келди. “Манғит сулолаи тарихида ҳеч бир кас Турмтойча ботирлик ҳам самимият ҳам кўрсатмаган. Умри жанг қилиш билан ўтган. Шу боис отам унга ўз боласидай ишонган. Насруллахон(Музаффархоннинг отаси) Турумтой ҳақида қўйидагича фармон чиқарган эди:

“Фармони олий барчага маълум бўлғайким, Турумтой шу фурсатдин эътиборан Манғит амирлигининг муқараббус – султони* деб ҳисоблансин,  лашкарбошилик амали берилсин!

Насрулло бинни Амир Ҳайдар.

“Отам вафотидан сўнг, оппоқ наматга солиб кўтарган, тахтга ўтқазган тўрт(С.Айнийда саккиз) оқсоқолнинг** бири ҳам шу қашқир эди. Падари бузрукворимнинг фармойишини пучга чиқаришдан андиша қиламан”, деб хаёлидан ўтказди амир.

-Аслида бу қашқирни жиним сўймайди, Туроб! Бироқ отам раҳматликнинг назарига тушган одам…

Бу гал ихтиёрни сенга берамиз. Сен пиширган ошни заҳар бўлса ҳам ичамиз-да. Кулди амир ва қўшиб қўйди. Совчи ҳам ўзинг, чунки пинхон иш сирлигича тургани яхши. Бир ҳафта ичида бокира қиз қучмаган амирнинг дили ёришди.*

***

Турумтойнинг бошқа амалдорлардан фарқи шунда эдики, у ишдан бўшагач, ўз-ўзини тафтиш қилар, “салтанат манфаати ўз йўлига, фуқарога қачон, қандай наф келтирдим, шуниси муҳим” деб ўйларди. Бугун бирор камбағал ноодиллик билан

Жазоланса, унга ёрдам қўлини чўзишнинг иложини қилолмаган бўлса, дод-фарёд чеккан ночор одамнинг арзини одилона ҳал этишига қайсидир амалдор тўсқинлик

қилса-ю, бу ҳам кўнгил хиралик билан тугатган бўлса, уйқусизлик ранжини чекар, нобоп замонни сўкишдан ҳам тоймасди.

Бултур кузда юз берган бир воқеа уни мудом қийнайди. Воқеанавис вазир қабулхонасига кириб: “Файзли авлиё деган роҳзан кеча тунда ўз тўдаси билан Самарқанд дарвозасида турган қоровулларнинг оёқ-қўлини боғлаб, оғзига латта тиқибди-да, бир миршабни бўғизлаб кетибди, уч-тўрт бойнинг уйини талаб шип-шийдон қилибди”, — деди.

-Бундан амир хабардор бўлдими?-деди Турумтой унга.

-Билмадим, гап ётадими? Эшитгандир.

-Билдиларингми, қаерлик экан?

-Суғут қишлоғидан эмиш.

-Бадкорнинг отини ким айтди?

-Надимларидан бири қўлга тушибди.

-Қани у?

-Ҳибсда.  Калтак зарбидан беҳуш ётар.

Турумтой ҳибсхонага кириб борди ва маҳбуснинг юзига сув септирди-да, сесканиб, ҳушига келган тутқундан сўради:

-Кимсан?

Маҳбус инграб жавоб қайтарди:

-Раҳмингиз келсин, тақсир-р.  Аёлманд бир деҳқонман.

-Аёлманд киши қароқчилик қиладими? Ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди, йўлтусарлик. Қип-қизил каллакесарсан!

-Очлик одамни ҳар кўйга соларкан, жаноб. Кавшайдиган нарса бўлмаса, уйдагилар берсанг ейман- урсанг ўламан, деб турса… Очдан ўлгунча тавлиика*қилиб қолиш керак-да. Биз борникини таладик.

-Файзи қандай одам?

-Уям ёрилиб бораётганидан қилаётгани йўқ, ночорлик, чорасизликдан. Олти-етти норасида боласи, кекса, сил онаси бор. “Кўзим тирик турсам, ё шуларни тўйдирай, ёки шумшайиб, ўтиргунча дорга осилай, онамнинг  очдан ўлганини кўрмайин”, онт ичган.

-Ўғирликдан бошқа юмуш қуриб кетганмиди сенларга?

-Тақсир, катта амалдор бўлсангиз керак. Отлиқнинг пиёда билан не иши бор. Биз пиёдамиз. Сизнинг еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда. Биз эса бир бурда арпа нон гадоси. “Қулт” этиб ютунди маҳбус.

Турумтойнинг кўзи жиққа ёшга тўлди ва бошини қўйи солиб ўйлади: “Ўлим олдида одамнинг тили узун бўлади, ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ҳақиқатдан ҳам булар ишлайди, ҳузурини биз кўрамиз.

-Файзи кундузлари қаерларга яширинади?

-Тақсирим, биз сирни айтмасликка онт ичганмиз.

-Демакки айтмайсан?

-Йўқ, ўлим бор- айтиш йўқ!

-Лоақал ўз исмингни айтарсан?

-Йўқ!

Ҳаёлга чўмган Турумтой амир ҳузурига жўнади. Ўғрининг ҳамма гапи ҳақ. “Ҳозир бориб, биттаси қўлга тушди, десам, бу қотил сўзсиз – сўроқсиз ўлимга буюриб юборади. Бечоранинг ўлимини кечиктиришим керак. Эрса уволига қоламан. Қани энди иложи бўлсаю, бу маҳбусни бўшатиб юборсам, моддий ёрдам ҳам берсам. Бу – мумкин эмас. “Агар шундай қилса, Турумтойнинг ўзи балога қолиши аниқ. “Наҳотки улуснинг қонини сўриб ётган амирга ҳамнишинман. Бегуноҳ одамларнинг  адолатсизликдан, очликдан қирилиб кетаётганига томошабин бўлиб, юравераман?! Бу муттаҳамлигим қайси амалдорникидан кам”?

Амир янада савлатли кўриниш учун олти тўн устидан жуда кенг қилиб тикилган заррин тўнни ҳам кийиб олган.*  Унинг патак соқоли мойлаб қўйилгандай рапида бетини чандон кенг қилиб кўрсатарди. У Турумтойнинг саломини олиш ўрнига бош ирғади ва:

-Каззобларнинг кечаги талончилигини эшитдингизми, қушбеги?

У  кўз остидан Турумтойга синчков тикилди.

-Ҳа, амирим, эшитдим.

-Қўлга тушган бадкирдорни-чи?

“Узунқулоғи, игнадай нарсани туядан қилиб кўрсатувчилари озми бу бетовфиқнинг, суюнчи олишади-да”.

-Кўрдим, гаплашдим ҳам.

-Гаплашдингиз, сўроқ қилдингизми?

“Нега бунча ўймоқчилайди, бу амир? Мени кўрганда қовоқ очмай, заҳар сочади”?

-Сўроқ қилдим, амирим, сўроқ қилдим.

-Не дейди у бадкирдор?

-Амирим, қароқчилигини инкор этмади. Аммо очликдан қирилиб…

-Очликдан, очликдан… Ўғрининг макри сизни маҳлиё қилиб қўйганга ўхшайди, ҳали уни оқламоқ ниятингиз ҳам бор чоғ-а?!

-Асло шоҳим, сўроқ чоғида  англаганимни айтаяпман, холос, — деди Турумтой ўз хатосини тузатиб.

-Бизга содиқлиғингиз равшан. Бироқ, фуқаро, фуқаро деб оғзингиз қуримайди. Қайси бирининг кўнглини овлаш керак бу баччаталоқларнинг.

Маҳбус зиндонда сақлансин! Файзи роҳзанни тутиб келиш учун эса ҳозироқ навкар тўплансин! Менинг олдимга тирик келтирилиши керак, — деди амир жиддият билан.

Турмутой саломхонадан чиқиб аркнинг ҳамма ерига назар солди:

“Бу не-не ҳукмдорлардан қолган кўҳна равоқда қанча фалокатлар юз бермади. Қаллоблик, риёкорлик, хунрезлик излари бу қасрнинг ҳар бир ғишти, ҳар сиқим тупроғига ботиб, сингиб кетган. Хўш, Файзи авлиёни тутиб келтирсам, уни қароқчиликда айблаб, бошининг жаллод кундасида чопилаётганига қараб туришга кўзларимнинг бардоши етармикин?! Қаерда қолди менинг фуқаропарварлигим?! Йўқ, ҳамонки унинг қармоққа илинишини пайсалга солишим, у билан рўбару бўлишим, ахмақона ўлиб кетишидан қайтаришим лозим”.

Турумтой ўзича мулоҳаза қилиб, катта қўшинни шаҳарни тинтишга буюрди.

Ўзи эса Суғутга кириб борди. Сўраб-суриштириб, Суғитнинг оқсоқолидан  Файзи авлиё ҳақида маълумот олди:

-Ота-онаси борми?

-Отаси ўлиб кетган, қари, сил онаси бор.

-Боласи-чи?

-Етти-саккизта.

-Камбағалми?

-Қип-қиз гўшт. Супрасини қоқса чанг чиқмайди.

-Сизга дохил берган йўқми?

-Улар Суғутга дохил бермайди, камбағал кишига тегмайди. Бойларни талайди.

-Файзли кўпроқ шаҳар бойларини талар эмиш,- деди оқсоқол яна бош қашиб.

-Унинг қачон қишлоққа келганини, онаси ва болаларини кўриб кетганини ҳеч ким кўрган эмас. Бу баттолни қўлга олмасалар, аркка ўт қўйишдан ҳам тоймайди. Турумтойнинг оқсоқолдан ҳафсаласи пир бўлди ва уйини кўришга жўнади.

“Бечора она. Оналар. Ўз фарзандининг қошига гард қўнса ҳам изтироб чекади”.

Қамчи сопи билан Файзи дарвозаси оғзига қўйилган ғовни урди Турумтой. Беш-олтита бола чопқиллаб чиқди. Улар жавдираб отлиққа қарашди.

-Даданг қани?

-Йўқ, кетиб қолганда, — деди сўпоқроғи.

-Кетдик, — деди Турумтой ёнидаги навкарларга ва улар бурилганданоқ чўнтагидан бир чангал тангани  олиб от туёқлари тагига сочиб юборди ва  от бошини бурди. Болалар танга териш учун тупроққа ёпишди.

***

Файзи авлиё шаҳарда кундузи қўлга тушди. Уни навкарлар “марди мардон” (мардлар марди) ўйинида қўлга олишди. Бухоро бойваччалари яккама-якка кураш, бу курашда ким енгса, унга “Тайёр” унвони бериш ўйинини ташкил этган эди. “Тайёр”ларнинг энг юқори унвони эса “Марди мардон” деб аталади.

Файзи кечалари ниқоб кийиб, босқинчилик қилар, тонгга яқин ҳамроҳларини тарқатиб юбориб, кундузи ясама мўйлов қўйиб, “Марди мардон”га қатнашарди.

Музаффархон Файзи авлиёни минорадан ташлашга фармон чиқарди. Қатл вақтигача эса қушбеги ихтиёрига топширди.

Турумтой Файзига бошдан-оёқ разм солди. Баланд бўйли, хушқомат, қора қошлари ёйдай эгилган бу навқрон йигитнинг кўзлари лочинники каби чақнар эди. Унинг белида итпалахмон боғлоғлиқ. У бу палахмонни ёшлигидан белига боғлаб юрар, нишонга уришда ҳар қандай мерган ҳам унинг олдида бармоқ тишлаб қоларди.

Турумтой палахмонга ишора қилиб:

-Шу билан олмоқчимидинг мамлакатни?-деди ҳазиломуз.

-Сизга ўйинчоқми бу. Тўпингизни пачоқлашдан ҳам қайтмайман шу билан.

-Қаронғи кечада-я?

-Мерганга қоронғу – ёруғнинг фарқи борми? Буни кундузи ишлатган бўлсам, кечасигаям, — деди тортиб олинган қиличини эслаб ва Турумтойга ўқрайди:

-Ўлим олдидан иқрор қилдириш учун сўровнинг бошланишими, бу? Овора бўлманг, бу зиндонга тушганини тирик чиқди деб эшитмаганман. Ўлимга маҳкумни эса тергашга ўрин қолмайди.

“Қани энди ҳаммада ҳам шундай жасорат бўлса. Ҳаётда яшаш жўнроқ бўлармиди? Бунақа одамларни эса яшаттирмаймиз”.

-Мен сени тергаётганим йўқ, сендай шунқор йигитнинг танлаган хатарли йўлингни ёмон кўраяпман. Онангни, болаларингни ҳам ўйламапсан. Уларга қийин бўларди, аждар йигит. Шуниси менга алам қилаяпти.

-Ҳа, сизни энди танидим. Борганингизни эшитган эдим. Қушбеги-да, сиз! Сизни кўп эшитганман. Тўртта сиздай саркор бўлса, бу юришлар не ҳожат эди.

-Бўтам, биз кеч учрашдик. Бу жаҳаннамдан сени қутқаришга қурбатим етмайди. Менинг сиздан бошқа илтимосим бор. Аввалан менинг жасадим кўчада қолиб кетмаса, йўлини қилиб, Суғутга бердириб юборсангиз. Сониян, надимларимни қирғин қилишда лоқайдлик қилсангиз.

“Баракалло, сендай жумард Бухоро тарихига қайтиб битмас. Яна, болаларинг, онангнинг аҳволига ачинмай, надимларингни ўйладинг-а”.

Қуёш анча кўтарилиб қолди.  Алҳол жарчининг чинқироқ овози қулоқларни қоматга келтирди.

-Ўҳо-ҳо-ҳой! Аҳли шарифи Бухоро-о! Эшитмадим деманглар-р-р! Бугун пешин номоздан сўнг, амиралмуслимин амир Музаффар фармони бирла, бадкирдор ўғри ва қотил этиладиё-ҳо-о-о-й!!!

Айни вақтда саломхонада Амирнинг ўнг томонида қушбеги (Турумтой), сўл тарафида шайхулислом ва бошқа казо-казо амали соҳиблар ўтиришар, номини айтмаган “ўғри” билан Файзи авлиёни қайси усулда қатл этиш устида машварат борарди.

-Қушбеги жаноблари! Исми ноаниқ мурдатни қандай ўлимга маҳкум этишни маъқул деб фикр билдирурсиз?

-Ихтиёр давлати ҳумоюннинг ўзларида,- деди Турумтой ерга қараб.

-Ҳм-м-м!

Амир пинак бузмай сўл тараф суянчиққа тирсаклади:

-Шайхулислом?

-Сарвари салотининг ўзлари акбардурлар.

-Камина сизларни ижтимоона*га эмас, машваратга чақирдим! Таклифингизни айтингиз! Ё шаҳарга ғулғула солган роҳзанларни бандидин озод этурмиз! –дея чақчайтирди кўзларини.

-Арқон бозорига*!- деди қўрқиб кетган шайхулислом.

-Сиз нечун жимиб қолдингиз,- деди амир Турумтойга юзланаркан.

-Султоним, бечора қашшоқликдан қароқчиларга қўшилган экан. Мўмин кишини ўлдираверсак…

Турумтойнинг сўзини кесди амир:

-Эҳа, бундоқ денг! Бўшатиб юборган ҳам бўлманг тағин! – ўшқирди у. Астағфируллоҳ, астаҳфируллоҳ! Ўғрига эшик очиб бериш-ку бу!…

Шайхулислом, битинг фармони олийни!  Қўллари қалтираган шайхулислом амир фармонини ёзишга киришди.

-Арқон бозорига!-деди амир тишларини қайраб. Унинг кўзлари косасидан отилиб чиққудай, қушбегини ер билан яксон қилгандек ўйноқлади ва томоқ қириб қўйди. Қушбеги амирнинг нафратига эътибор қилмай ҳаётида бир марта тахт ёнида ҳақ фикрни айта олганидан мамнун бўлди.

-Одам кушхонасига сардорлик қилишга қушбегининг хушлари йўқ! Кунда* бул зот учун салтанатимизнинг адолатсизлик майдонига айланиб бормоқда. Шу боисдин “Арқон бозори” мутасаддилиги ясовулбошига юкланур. Номаълум қароқчи арқон бозорида бисмил этилгач, Файзи роҳзан Минораи калондин чирпирак қилинсун! Валлоҳу аълам биссавоб.

-Жарчининг овози кўкўпар минораларнинг пастидан юқорисига қараб чинқироқ илон каби ўрмалар, болахонали уйларнинг деворларига урилиб акс-садо берар, бундай ўлим томошасига чақираётган товушлардан безиллаб қолган тажанглар сўкинишар, тақводорлар секингина пичирлаб юзларига фотиҳа тортар эдилар.

Регистон зум ўтмай одам билан тўлди.

-Ким экан бу шўри қисган? – деди нафасини зўрға олаётган бир бозорчи елкасидаги хўржунини тиззалари орасига қисаркан.

-Файзи авлиёнинг ҳамтовоғи эмиш, ҳозир кўрасиз, ана яқинлашиб келяпти,- деди бўйнини арк дарвозаси томонга чўзиб, унинг ёнида турган дўкондор.

Арк дарвозасида бир неча мирғазаб пайдо бўлди. Олдинда чўччайма телпакли, ҳаммадан бир қарич баланд дароз киши.  У бугунги “тантана”нинг саркори эканидан ўзини тоғдек ҳис этар, осмону фалакда учиб юрган қузғун каби мағрур эди.

-Ие инкас ясовулбоши будас-ку.

-Нима дедингиз, тақсир, мен гапингизни илғаёлмадим?-суйканди бозорчи дўкондорга.

-Анови, олдиндаги дароз ясовулбоши. Бундай йиғинларга олдинлари қушбеги чиқар эди. Бугун бул чиқипти.

Қонга булғанган кийимлари дабдала, калтак зарбидан тилинмаган жойи қолмаган ёш бир йигитни икки мирғазаб қўлтиқлаб келар, жабрдийданинг  қадам босишга ҳам мажоли йўқ, оёқлари элтанг-талтанг эди. Маҳбуснинг изидан бири қилич ўйнатган, бири калтак ушлаган, чап томонда яна бири яланғоч ханжар тутган жаллод. Жаллоднинг учови ҳам юзига чарм ниқоб тортган, кўзлари пўстак йиртиғидек тешикчадан оловдек ёнаяпти.

Уларга эргашиб бораётган оломон “Арқон бозори”даги ахлатлар тўла чуқурдан анча нарида тўхтатилди. Одамлар ўзаро гаплашарди.

-Бечоранинг қўлларини олдинга боғлабдими?

-Демак сўйилади, агар сўйилмаса эди, қўллари орқасига боғланарди. Эҳа, кўра-кўра кўзимиз қотиб кетган. Бухородан азалдан удум шундай.

-Ясовулбоши маҳбусга юзланди:

-Калима келтир!

-Маҳбус кўзларини юмиб, бошини сарак-сарак қилди. Ранги қочган юзи сурранг тусга кирди. Азойи бадани титради, мирғазаб қўлтиқлаб турмаса, йиқилиб тушиши аниқ эди.

-Сен ўқиб юбор калимани! –деди ясовулбоши мирғазабга,- ҳаромни сўйиб мурдор бўлмайлик.

Ўнг қўлтиқдаги мирғазаб калима келтирди.

***

…Оломон Файзи авлиёни ҳайдовчиларга эргашди. Кун пешин бўлган. Найзадек қадалган қуёш бор тафтини регистон майдонига сочмоқда. Файзи авлиёнинг чеҳраси қуёш нурида ялтирайди, кўзлари чироқдай ёнади. Яланғоч бадани совутилган тўриқ отнинг сағрисини эслатади. Сарв дарахтидай адл гавда, ясовулбошиникидан ҳам баланд бўйи-басти Минораи Калон билан сўйлашган. Иштонбоғи устидан доимий ҳамроҳи – палахмон маҳкам боғланган. Занжирбанд қўллари кўксида. Бугун минорадан “сакраш” навбати Файзи авлиёники.

Унда ўлимдан қўрқишнинг нишонаси  йўқ.

Фармон ўқилди…

-Баттол роҳзан! –деди ясовулбоши, — арк томонга қараб таъзим қил, султон салтанатига сажда келтир!

Халойиқ жим, гўё борлиқ музлаб қолгандай.

Файзи авлиё аркка эмас, оломонга кўз югуртирди ва ҳайқирди:

-Мардуми Бухоро! Мени ўғри деб айблашгани бир жиҳат ростдир! Лекин биз ғанийларни таладик-да, камбағалларга тақсимлаб бердик. Аркка ҳужум қилиб қўлга тушдик…

Унинг қолган сўзларини эшитишга гумбурлаган ноғора овози ҳалақит берди. Маҳбусни мирғазаблар миноранинг зиналари томон судрашди…

Майдонда ўнтача дарвиш пайдо бўлиб, улардан бири мунгли қўшиқ бошлади, бошқалари зикрга тушди:

Бу жаҳону бевафода мудом  кўп бўлғон ўлим,

Ҳазрати Одамни кўргил, ерга жо қилғон ўлим.

Ҳеч киши золим ўлимни дастидан топмас омон,

Барчага жаври ситамни жобажо қилғон ўлим…

-Ҳой қаландар! Хонишингни тўхтат! – деб қичқирди биров. Одамлар “гур” этиб майдоннинг бир тарафига югурди. Тўданинг ўртасида бир қоқсуяк кампир беҳуш ётарди. Жони узилди чоғи “шилқ” этиб қўли ёнига тушди.

-Майит* Файзи авлиёнинг онаси экан,- деди бир одам ранги ўчиб, — ўликни биринчи кўришими…

Суғутдан келган бўлса керак, уч-тўрт одам шалоғи чиққан кўтак* аравага она-боланинг жасадларини узатиб қўйди.

Ўлик ортилган араванинг “ғийқ-ғийқ” овози анча вақтгача эшитилиб турди.

Дарча*да кузатиб ўтириб,  ўз фармонининг кўнглидагидай ижро этилганидан завқланган амир Музаффар хандон отиб кулди. Қўрғон деворида қувалашиб юрган бир жуфт мусича осмонга учди. Қанотларининг овози амир кулгиси билан ҳамоҳанг арк деворларидан қайтиб акс-садо берди.

-Ҳа, қушбеги нечун рангингиз оқариб кетди?! – деди амир Турумтойга.

-Аравадаги мурданинг бири онасимиш, минора тагида жон берибди. Анавилар болалари экан, деди Турумтой ҳам чапдастлик билан. – Тўнғичи ўн бирга кирипти.

Болалар арава изидан эргашиб бормоқда эдилар.

-Ҳим-м-м! “Ўғри баччалар”га ийиб кетиптиларми?!..

Турумтой бу довюрак йигитга ёрдам қўлини чўза олмаганидан ўз-ўзини ҳеч кечиролмасди.  Эсига олди дегунча кўзлари жиққа ёшга тўлади. Шу ҳолда ўтирганида қабулхона  эшиги  тақиллаб қолди.   У эшикни очиб, турқи совуқ Туроб маҳрамни кўрди. Туроб эчки соқолини диккайтириб, укки кўзларини тикиб, қўл қовуштирганича турарди. Бу қўшмачининг ташрифи сабабига Турумтой тушунолмай ҳайрон бўлди, эшикдан келганни ит қопмас деб, ичкарига имо қилди.

Туроб маҳрам анчагача ўзини қўлга ололмай, пешонасидан оққан терни сидириш билан овора бўлди.

-Камина бир маъфу юмуш бирла ҳузурингизга келгандим, -деди у ниҳоят узуқ-юлуқ овозда.

-Хўш, хўш, қандай юмуш экан?

-Хонадонингизга ҳумо қуши соя солмоқда.

-Қани-қани, қулоғим сизда.

-Бухорои шарифда азиз бошингиздан явми саодат* кетмагай.

Турумтой унга қаттиқ тикилди.

-Муддаога кўчинг!

Қушбегининг бу қарашидан, гапни калта қил, деган маънони уққан Туроб маҳрам сесканиб кетди, қадалиб турган лочин кўзлар уни тешиб бормоқда эди. Маҳрам ерга қараганча  гапнинг пўскалласини айтди:

-Тахт сарвари, соҳибуззамон амир Музаффар ушбу бадавлат хонадонга шаръий домод бўлишини шахсан ўзлари муносиб кўрибдурлар.

-Их-х-х! – деб кўксини чангаллади Турумтой. “Домод” сўзи унинг юрагига ханжардек қадалди. Кўз олдини қоп-қоронғи зулмат қоплади. Тепада осиғлиқ турган қиличи ўзининг боши устида ярақлаб кетгандай бўлди. Ўз ҳовлиси жаҳаннамга айланди. Ўтирган ўрни пилсиротдай тебраниб кетди. Совчи жабройилу, амир азроил бўлиб кўринди кўзига.

Турумтойнинг ҳолати маҳрамни ваҳимага солди, нафасини ичига ютди. Ҳозир Турумтой ёқамдан ушлаб чирпирак қилиб отадию, жасадим эгасиз қолади” деб ўйлади у.

-Вазири бузруквор, қайтаверайми? – дея олди холос. Чунки бошқа гапга ўрин йўқ эди.

-Йўлингдан қолма!  Амир олдига ўзим борама!… Элчи билан совчига ўлим йўқ, деганлар, бўлмаса сеними… ювиндихўр!…

-Ҳой мулозим, — деди у, — Имомга айтиб қўй, тобим қочиб турибди, шомни уйда ўқийман…

***

Салтанат  ишлари билан бўлган қушбеги умр йўлдошига йиллар давомида эътибор қилмабди. “Соддадил, мусичадай беозор,қалби пок аёл. Умр баҳори ўтиб, сочларига оралаган оқлар кексаликдан нишона. Буни эса тан олмасликнинг иложи йўқ. Ташлаган ҳар бир қадаминг гўрга томон бораверади, буни сезмайсан ҳам”.

-Сизга не бўлди ўзи? Намозларни ҳам адо этмадингиз, гапирмайсиз ҳам.

-Э-э, хавотир олма, мени жин ҳам ургани йўқ. Ўй сураяпман.

-Йўқ, чол, бир нарсани мендан пинҳон тутаяпсизми дейман?

“Нима десам экан бу маъсум хотинга. Бор гапни айтиб   қўйсам, ожиза кўтара олармикан? Йўқ, юраги тарс ёрилади. Ётиғи билан тушунтириш керак. Ёки индамай қўяқолайми? Бу ҳам бўлмайди. Кўзлари жавдираб юрагини чангаллаб турибди. Бирор нарса деб кўндирмасам, тепамда тонггача ҳам тош қотиб тураверади. Оҳ, вафодорим! Ҳаётимнинг бирдан бир тиргаги, не кунларга қолдик-а”!

Эр-хотиннинг орасида ўн ёш фарқ бор. Турумтой олтмиш етти, кампири эллик етти ёшни яшаб қўйди. Бир ёстиққа бош қўйганларига роппа-роса қирқ йил ўтибди-ю, бирор марта сан-манга бормапти. Лекин пешоналари шўр экан, тўбичоқдай икки ўғли манглайига сиғмади: тўнғичи Алиқул 14 ёшда чечакдан, ундан кичиги Камолиддин 12 ёшида кўкйўталдан кўз юмди. “Ушлаб қолгани” бирдан-бир қизи. Умри узоқ бўлсин. Моҳтоб ўн уч ёшга тўлди. Ота-онасининг эрмаги ҳам, севинчи ҳам, таянчи ҳам шу маъсума қизчаси.

-Кампир-р, букун келган киши совчи эди.

“Совчи” сўзи чолнинг оғзидан қалтираб чиқди. Ҳалқумига бир нарса тиқилгандай, “ҳиқ” этиб ютинди.

-Вой, шунча қийнамасангиз одамни, қизингизни сиздан тортиб олиб кетармиди. –Бўй етган қизни ким сўрамайди. Туф, туф, туф!- ўз-ўзини юпатди она, — юрагим ёрилаёзибди.

-Ай-й-й, бунча сайрамасанг, гапнинг буёғини эшит!  Амир ўзига…

Туроб маҳрам қушбеги хонадонидан қандай чиққанини ҳам билмади. “Хўш, энди нима қилдим? Амирнинг олдига шумшайиб қайтиб борсаму, режамиз амалга ошмади десам. Ҳаддинг чиғмаса, нега катта гапирасан, деса, бу улуғ даргоҳдан қувилишим муқаррар”. У бора-боргунча амирдан қутилиш чорасини ўйлаб, ичини ит тирнади. Амир эрта-индин қучоғига келиб кирадиган пари-пайкарнинг ишқида маст бўлиб, харамда оҳори тўкилмаган қават-қават тўшакда ағнаб ётарди.

-Давлатпаноҳ, — ҳадиксираган Туроб маҳрам ва бўсағадан тиссаси билан ошиб ўтиб, кафтлари билан икки қадамча эмаклаб борди. Унинг ёлворувчи кўзлари ўйнар, ияги қалтирар, калимага келмаган тили тутилганидан дудуқланарди. Туробнинг бу ҳолатини кўриб амирнинг чеҳраси тундлашди. “Қуруқ қайтибди” деб ўйлади ичида.

-Гуноҳимдан ўтинг султоним… Мен совчиликка эмас, ўлимга борган эканман. Бу бадбахт маҳрамингиздан ажралиб қолишингизга сал қолди.  Қушбеги шунчалар қутуриб кетдики, қутулганимга минг шукр қилдим.

Амирнинг ҳафсаласи пир бўлди.

-Тур ўрнингдан, қорангни ўчир, ношуд! – деди маҳрамга.

Туроб маҳрам: — “Амирим, амирим”,- деганича орқаси билан силжиб хонадан чиқди. У амирнинг: “жаллод!” деб чақирмаганидан хурсанд эди.

Амирга ҳамма гап аён бўлди. “Нима қилсам экан бу нонкўр қушбегини? Наҳотки гапим ерда қолса?!”..

***

Турумтой дарвозани “шарақ” эткизиб ёпди ва муштини тугиб, ҳовлида кечгача уёқдан-буёққа айланиб юрди.

Эрининг бу ҳолати аёлни ҳайратга солди. “Ҳалиги меҳмон не мақсад билан келган, ҳатто дастурхонга ҳам қарамай кетиб қолди? Турқи совуқ экан. Ишқилиб, охири бахайр бўлсинда…”

-Тинчликми, қўним топмай қолдингиз?

Турумтой хотинига жавоб бермай, узоқ-узоқларга тикилиб тураверди. Қуёш ботиб борарди. Гуё уни охирги марта кўраётгандай.

Турумтой чуқур нафас олиб энтикди. Ҳуши ўзига келиб қараса номози аср қазо бўлибди, шом яқинлашибди. “Бухорода номози чала кишилар жазоланади-ку. Агар сезиб қолсалар нима бўлади? Жомега чиқиб, номозга кўшилиш керак-ку? Бир камим шу эди. Кўзга илинмас оддий ясавуллардан бўлсамку, майлийди, отнинг қашқасидай , бу иқлимда танимаган одам йўқ…”

-Нима-нима, амир?!

-Ҳа, амир Музаффар!!

Аёл гужанак бўлиб ўтириб қолди. Унинг хаёлида гуё осмон гумбази ўпирилиб тушди. Баҳайбат миноралар шаҳарнинг тор кўчаларини босиб қолди. У худди заҳарли илон чаққандек тўлғана туриб деди:

-Ахир совчига нима жавоб бердингиз?!

-Нима дердим, қайтардим.

-Яшшамагур амир!!! – фарёд қилди аёл муштларини ерга уриб.

-Билмадим, билмадим! – Турумтой ўрнидан туриб кетди. – Бу амир шу даражага етдики, ҳар ҳафтада хотинларидан биттасини талоқ қилиш, ўрнига янги қизга уйланишни ўзига одат қилиб олди.

Она телбаларда довдирай-довдирай қизи ётган хонага кирди. Моҳтоб ўрнига ётиб, эндигина кўзи илинган экан. Қоп-қора сочлари ёстиққа сочилган, қийиқ қошлари камондек эгилган, буғдой ранг кулча юзи липиллаб ёниб турган шам шуъласига басма-бас нур сочади.

Она қизининг пешонасини, қалтироқ кафтлари билан силади: “кўзимнинг нури, ҳаётимнинг суянчиғи. Эрта оқшом бу ётиш қайда сенга. Пешонанг шу қадар шўр бўлмаса?!”

Моҳтобнинг қулоғига биров шивирлагандай бўлди-да, қуралай кўзлари секин очилди:

-Ухлайвер, жоним,  ухла, ҳеч нарса деётганим йўқ, ўзим. Бироқ  она ўзини тутолмай йиғлаб юборди. Қиз  тамоман ҳайратга тушди, уйқудан асар ҳам қолмади.

-Ойи, нега йиғлаяпсиз?

-Йиғлаётганим йўқ, болам.

“Нима қилсам экан, айтсамми? Йўқ, юраги ёрилади”. У қизини бир амаллаб юпатди-да, ухлатиб қўйди.

Турумтой ҳам, кампири ҳам кечаси билан ухламай чиқишди. Ҳовлисининг ҳамма бурчакларида жаллод ойболта ўқталиб тургандай, Хайри жаҳаннам билан Туроб маҳрам Моҳтобнинг сочларидан бураб судраётгандай эди.

-Кампир, — деди Турумтой тонг отгач, хотинига тикилиб. —  Қайтиб учраша олмасак керак. Тирик қолсанг, Алиқул билан Камолиддиннинг қабрига чироқ ёқиб тургин. Мендан ризо бўлгин. Худо ярлақаса, Аркдан кетинглар. Бир кунларингни кўрарсизлар. Элда яхши одамлар кўп. Бу зулматда яшашдан, саҳрода юриб очдан ўган яхшироқ. Энди бизга бу “бўстон” ҳаром бўлди.

Мушфиқ кампир пешонасини Турумтойнинг кўксига қўйди.

-Ноумид бўлманг, алло таолонинг даргоҳи кенг.

-Моҳи  турақол болам, даданг билан видолаш.

Кечаси билан босинқираб, лабини учқур босган қиз югуриб келиб отасининг тиззаларига ёпишди. Уйларида қандайдир фалокат юз берганини у сезган эди.

-Қиблагоҳим! –дея ўпкасини босолмай йиғлади қиз.

Қизчасини бағрига босган чолнинг томоғига нимадир тиқилди.

-Нуридийдам, алвидо, деди-да, амир ҳузурига жўнади. Она-бола Турумтойни сўнгги бор кўраётгандай, ортидан бўзлаб қолишди.

Саройда эса амир Музаффар ўз ҳаёли билан банд. “Наҳот оҳу каби ҳуркак қизнинг васлига восил бўла олмадим? Турумтойдай қишлоқи  чол олдида мулзам бўлиб ўтирса? Нега?

-Ҳу-уҳу! –секин йўталди эрта тонгда намозга уйғотувчи ходим. Амир уйғонмади.

-Сарвари олам, тонг отди,- деди оҳиста. Амир у ёндан бу ёнга бир ағдарилди.

Соҳибқирон хобдин  фориғ бўлсинлар,- яна пичирлади мулозим. Бироқ амир ҳали-вери уйғонадиган эмас. Ходим энгашиб амирнинг оёқларини сийпалади…

Амир кўринганда ҳамма Жомега тўпланган, унинг намозга чиқишини интиқ кутишарди.

-Шиғовул! Қушбеги қабулхонага чақирилсин! – деди амир намоздан сўнг ҳамма иш-ишига тарқаётганда таҳдидли овозда.

Бу товуш саломхона томонга келаётган Турумтойга аниқ эшитилди.

Турумтой Чорсу яқинига келганда қаторлашиб турган ясовулларга кўз қирини ташлади. Улар бўйи баровар найза ушлаган, қушбегига сал бош эгиб туришарди. Бу ҳолни кўрган Турумтой амирликда ўзининг нақадар улуғворлигини ҳис этди. Саломхонанинг пештоғига осиб қўйилган қамчи унинг диққатини тортди. “Рустам” деганлари шунчалик паҳлавон ўтган эканми-а?.. Бу ордонани қўлда тутиш учун нечоғлик панжалару, нақадар кучли билаклар керак? Амирлар авомни қўрқитиш мақсадида буни “кўз-кўз” қилиб осиб қўйишгандир?.. Турумтой эса шу қамчини ҳар куни кўради. Лекин унга бугунгидай ваҳимали туюлмаган эди, ҳеч қачон.

Тавба, бу “аждар ўлиги”га шу пайтгача эътибор қилмапти, негадир. Турумтой унга ҳозир тикилиб қолди. “Алмисоқдан қолган шу қамчи балки бугун менинг боимда ўйнар,  елкамга тарс-турс урилганида, баданларим гупсардай шишар, арслондай гавдам мурдага айланар, дарча ёнида ҳузур қилиб  томоша қилаётган амирнинг қаҳ-қаҳаси Аркка садо берар”…

Турумтой саломда турган ясовуллар, шиғовуллар, ходимларнинг даврасидан ўтиб борар экан, ўз-ўзига кўнгил берди. “ Эй, Турумтой, бу дам сен учун ғаниматдир, қаддингни ростлаб ол! Қатл этсалар ҳам бош эгма, ботирлик номинг абадий қолсин!”

Эгнида адрас тўн, бошига катта салла қўндирган ясовулбоши ҳам:

-Ассалому алайкум, қушбеги жаноблари,  — деди тавозе билан. “Бу гавбош ҳали сирдан воқиф эмас шекилли, ўйлади Турумтой ва унга:

-Ваалайкум ассалом, ясовули саркор. Нағами шумо, қоратон бажоми? – деди.

Турумтой чорсуга келиб, саломхонага юзланди. Ҳудайчи унга йўл берди. Саломхона эшиги ичкарисида икки шер ҳайкали, улар худди тирикдай, ҳозироқ ташланадигандай туюлди. Ундан сўнг Ғуломгард девори. Ганчдан ишланган одамбўйи баланд бу девор тахтда ўтирган амирни тўсиб турарди. Ғуломгарддан ўтган киши тахтгача оралиқдаги 30-35 қадам йўлни эмаклаб босиши, қайтишда орқасига ўгрилмай, орқаси билан к елиб Ғуломардга урилиш, шундн сўнггина бурилиб эшикдан чиқиб  кетиши керак.

Турумтой Ғуломгарддан ўтиб ҳам тиз чўкмади, салина қоматини эгиб, тахт сари юрди. Бу ҳол амир Музаффар тахтга ўтиргандан кейинги биринчи “ҳурматсизлик” эди.

-Ассалому алайкум, паноҳи давлат, — деган мутелик эса уни озгина инсофга келтирди, қизариб ўтирган амир ўзини босди, лекин саломга алик олмади.

Амир зеб-зийнатга ботган олтин курсида тирсакларини суянчиққа тираб ўтирарди. Бошида қимматбаҳо оқ достор. Достор тепасида лов ёниб турган тож. Патак соқоли тапирай бетини янада кенгайтириб кўрсатади. Шокосадек кўзлари чиққудай.

-Ўтиринг, “вазири доно!” – деди амир қўрслик билан ва пастга имо қилди.

Амирнинг ўнг томонида, Турумтойнинг ўрнида шайхулислом. У аввалари чап ёнда ўтиргувчи эди. Сўл итарафда эса қозиул – қуззот ястаниб ўтирибди. Қушбегининг жойида ўзини омонат деб ҳисоблаган шайхулислом Турумтойнинг олдида ҳижолатдан бесаронжом. Шоҳ ёнидан қўним топган қоиул-қуззот шу ўтирган жойда муқим қолиш шарафига муяссар бўлиш шавқидан оғзини йиға олмас даражада хушнуд.

-Аҳволингиз нечук садри аъзам, кайфи шумо бажоми, салтанатда не мужда?

-Алҳамдуллиллоҳ, сояи давлатларида оллоҳ таоло ато этган ризқини териб еб рўзигузаронлик қилмоқдамиз.

-Ҳм-м… Рўзигузаронлик эмиш. Зўравонлик денг! – олтин курсини ғижирлатди амир.

Турумтой савол назари билан амирга қаради. Амир рақибга навбат бермай давом этди:

-Каломи шарифда совчи бирла элчига ўлим йўқлигини билатўриб, совчини ўлдиришингизга оз қолибди. Бу зўравонлик эмасми?!

-Сарвари ҳотам,- деди Турумтой бу амалдорлар олдида амирнинг ўзига айб юкламоқчи бўлиб. – Қизларингиздан ҳам ёш, она сути оғзидан  кетмаган гўдакни ўзларига раво кўрганлари… –Сиз амалдорлар хайлига ярашмайдурсиз. Уқдингизми? Ярошиғингиз чўли биёбон, тап-тақир дашт. Фариштангиз эса маликалар тўдасига муносиб эмас. Ҳеч вақт ёбонда гул кўкармаган. Ўша мастурангиз кошонада эмас, исқоти юлқундилар орасида юриб, бит теради, “қирт-қирт” бадан қашийди.

Шайхулислом Турумтой ҳақида ҳақида хаёл сурарди: “Эсини еб қўйган ахмоқ. Фақат сенда борми арзанда духтарча. Бошингга қўнаётган давлат қушини “кишт-киштлаб” учирибсан. Энди ҳолингга маймунлар йиғлашини кўр. Сенинг ўрнингда бўлсам, ўз қўлларим билан сочидан судраб келиб амирнинг қўйнига солиб қўярдим”.

-Ҳа, султоним, билиб турибман ер билан осмоннинг фарқини. Одамзот бино бўлганидан бери салотин бирла раиятнинг дастурхонлари бошқа-бошқа бўлган. Мен ўша раиятнинг чолокидирман. Орангизга тушиб қолиб, бир табақадин хўрак еганим эса кўрлигимдан, густоҳлигимдан”.

Амир Турумтойга қандай жазо беришни ўйлаб қолди. “Салтанатда бунинг обрўйи чексиз.  Ҳатто ўзим  ҳам бу қашқирнинг машваратисиз бирор иш қилолган эмасман. Ҳар қайси гуноҳкорни жазолаш учун буни аралаштиришга мажбур эдим”. Бир воқеа амирнинг ёдига тушди. Ўтган йили кузда,  қозикалон буйруғи билан, соч соқолларга оқ оралаган бир бандини келтиришди. Регистон томошабин билан лиқ тўлди. Икки ясовул бандини ўртага ҳайдаб чиқди-да, елкасидан босиб тиз чўктирди.

Амирул муслиминга таъзим қил, — деди қозикалон хумга йўталгандай тўнғиллаб.

Банди, таъзим қилиш эвазига гуноҳим енгиллашса керак, деб ўйлади ва ер бағирлаб эгилди.

-Отинг ким? — деди амир.

-Искандар, — титради банди.

-Қаерликсан?

-Зирабоддан.

-Касб-коринг?

-Фазлиддинбойнинг чўпонга чўлиқман.

-Закотни не учун бермадинг?

-Ахир, тақсирим…

-Тақсир деганинг нимаси? Султони бокирам дегин, исқирт, деди қозиколон.

-Авф этгайлар, авф этгайлар, султони бокирам.

-Сандин закот бермаганинг боисини сўрмоқдалар, — фурсатдан фойдаланган қозикалон сўроқ қилишни ўзи давом эттириб кетди.

Шу пайт томошабинлар орасидан йиғи аралаш чинқириқ товуш эшитилди. Ўн икки -ўн уч ёшлардаги бир бола маҳбуснинг ўрнига жавоб берди:

-Қўйлар бизники эмас, Фазлиддинхўжа ҳазратники, — деди у қозикалонга илтижо билан.

Боланинг устида эскириб, увадаси чиқиб кетган чопон. Чопон отасиники бўлса керак, этаги ер супуриб турарди. Бунинг устига чопоннинг енги қирқиб ташланган, боланинг қуриган чўпдай қўллари унинг ичида қалтирарди.

-Мана булар отамни кўп урдилар, — деди у ясовулларни кўрсатиб.

Регистон сув сепгандай жимжит бўлиб қолди. Қаҳри қаттиқ амалдорларнинг бошлари ерга эгилди. Амир Турумтойга қаради. Фурсатни пойлаб турган Турумтойга юзланди:

-Мол бировники, ҳар қандай закотчининг гапига кўнаверсак одамларни ўзимиз қирамиз-ку? Булар керак-ку. А нови шўринг қурғурда нима айб?

Шунча оломон ўртасида ўз  адолатини писанда қилиш учун амир қозикалонга бир қаради-да:

-Искандар озод қилинсин! – деди.

Сўзи ўтмаган қозикалоннинг бўйни ичига кириб кетди.

-Бечоранинг ҳолини сўрайдиганлар ҳам бор экан, — деди Искандар ва Турумтойга таъзим қилди. – Илоё мартабангиз улуғ бўлсин, дунё тургунча туринг.

-Мартабаси улуғ бўлса, биздан тахтни олсалар керак, а?! – дея амир Искандарга қаҳр билан тикилди.

Турумтой дарҳол қуллуқ қилди:

-Бу шўринг қурғур азбаройи эсанкираб қолганидан, сизнинг марҳаматингиздан шод бўлганидан оғзига келганини гапириб юборди, тожи сарвар,- деди Турумтой амирни юпатиб.

Мақтовнинг қули бўлган амир ҳовридан тушди:

-Майли гуноҳидан ўтганимиз бўлсин.

Жонидан яна умидини узган Искандарнинг кўнгли жойига тушиб, амирни қайта дуо қилди.

Гапнинг давомини айтишга тили бормади Турумтойнинг.

Амир фурсатни қўлга олди:

-Бу нима деганингиз?

Бу савол билан у, мусулмон динига кўра, тўққиз яшар қизларни эрга бериш мумкинлиги ва ўзининг қизларини орага қўшиш гуноҳ эканлигини уқтирмоқчи эди. Турумтой ҳам бўш келмади ва Моҳтобнинг амир қизлари билан юриб маҳрам бўлиб келганини уқтирмоқчи бўлиб:

У ҳам ўз фарзандингиз-ку, султоним, — деди.

Ҳ-а-а. Шариатнинг қалтис жойидан тутишга уринасиз. Қурутдай қизга икки падар? Кабутарингиздан чўрилар бўйи анқийдир. Сиз анойи эмас, шайтонга ҳамтабақасиз. Сизга тўримиздан жой кўрсатиб, тепамизга кўтардик, яна қушбегилик амали. Эшак семирса эгасини тепар. Мана. Гапини йўқотди, қовоқлари осилди, патак соқоли силкинди.

-Шавкатли амир, галаботурликка олинганимдан буё шу салтанат учун сидқидил хизмат қилишдан ўзга нарсани билмасман. Ётиш-туришим жанг майдони бўлган.

-Ўтмишингизни ҳақ сўзлайдурсиз, дейишга мажбур бўлди ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини тан олган амир.

Турумтой гапни илиб кетди:

-Шу тож тахт деб тиззамгача қон кечдим. Ўттиз икки марта найза еб, ўн саккиз бора тўпга учдим, баданим тешилди. Қушбегилик амалини эса қиблагоҳингиз берган, тилаб олган эмасман.

Амир бу тадбиркорга жиловини ушлатиб қўйишдан чўчиб, ташаббусни ўз қўлида сақлаб қолиш ва баттол чол билан тортишувга тезроқ чек қўйиш учун ошиқарди. Турумтой эса тобора ўктамлашиб, овози тўпнинг ўқидек отилиб чиқар, “томошабин” икки амалдор, тизгинини амир қўлидан тортиб олишга уринаётган қушбегига қараб, ҳайрат бармоғини тишлаб ўтиришарди.

-Манғит сулоласининг барқарорлиги учун бор қувватимни сарф этдим, умрим шу салтанатга ем бўлди. Қирқ йиллик хизматимга мукофот шуми? Энди белимдан мадор кетганда “Чилдухтарон”га фаррошлик қилайми?

Хўрлиги келиб, ўпкаси тўлган Турумтой ўзини йиғидан тўхтатиб қолди-ю, беихтиёр отилиб чиққан икки томчи ёш нуроний соқоли узра юмалади. У яна нимадир дейишга уринди, бироқ тили айланмай, “қулт”  этиб ютинди.

Ерга сингиб бораётган қозиул-қуззот қўлидаги тасбеҳнинг бир донасини “чирқ” эткизиб ағдарди; амирнинг сабр косаси тўлди ва тортишувга якун ясашни тезлаштирмоқ истаб деди:

-Бас. Ҳарзани* калта қилинг? Мен сиздан маноқиб* сўраётганим йўқ.

Бу ҳодисага халойиқ ҳайрон бўлди. Чунки Регистонга банди қилиб келтирилган киши ҳеч қачон жазосиз кетмаган эди.

Шу воқеадан кейин Турумтойнинг довруғи достон бўлиб кетди. Ҳамма ерда уни “Доно вазир”, “Одил қушбеги” деб аташди. Бу гаплар тахтга ҳам келиб етди. Ўз шаънига айтилишикерак бўлган мақтов ва олқишлар Турумтойга оғиб кетгач, қушбеги кучлироқ рақибга айланиб бораётганини амир етарлича тушунди.

“Нима қилиш керак? Қатл этишнинг иложи йўқ, ҳатто зиндонбанд қилиш ҳам тўғри эмас. Амир ўз қушбегисини қатл қилибди, зиндонга ташлабди, шундай вазирни ўлдириш қотилликку, демайдими халойиқ? Шармандасини чиқариб сазойи қилиш, шаҳардан қувиш керак. Бу – энг мақул жазо. Лекин қаерга? Узоққа. Бегона юртгами?  Йўқ, бўлмайди, қўл остимиздан чиқиб кетса, эркинликдан ором топади. У ҳолда бу қари тулки, зукко эмасми, тарафдорлар тўплаб, амирликка қарши исён уюштиришдан ҳам тоймайди. Бу хунрездан ҳар нарсани кутиш мумкин”.

-Шайхулислом, не жазо бермоқ керак? – ўнг ёига ўгрилди амир.

-Ўлим! – деб юборди ўз ширин хаёли билан маст бўлиб ўтирган Шайхулислом ва Турумтойнинг юзига тик қаралмай, кўзини юмди.

-Сизнинг истагингиз? – Амир чапга, Қозикалонга қаради.

-Ихтиёр ба шумо. Таклифи шумо ба мо ҳам маъқул,- дея бир қўзғалди қозикалон ва кўзларини пирпиратди.

Амир яна сукутга кетди. “Энг хароб жойга қувиш керак”. Шаҳар ва қишлоқлар бирин-кетин ўта бошлади. “Қарши – бўлмайди, Кармана – бўлмайди. Ҳа, Чимга! Ўз қишлоғига борса, овуниб кетади, бузуқ фикрга ҳам бормайди. Мулки талон-тарож қилингач, қўли калталикдан нон излаб, хор бўлиб ўлиб кетади.

-Жаноблар ўлдириб юбориш жуда осон. Бироқ, ўлмай туриб жазосини тортсин, бу нонкўр. Ҳа, не бўлди, тилинг кесилгандек мум тишлаб қолдинг? – биринчи бор сенсиради амир Турумтойни.

Турумтой ҳам сенсирашни қирқ йиллардан бери илк бор эшитганидан, бир оз қизарди, лекин отасининг ўлимидан хурсанд бўлиб оғзини йиғиштиролмай тиржайган ўша амир-да, бу: тахтга чиқиш маросимида оқ кигизда тик туришни уддалай олмасдан, бути осмондан келганда ҳам, уялиш ўрнигахандон отиб кулган эди. Мени сенсирашдан тойиб ўтиадими ҳозир. Бунинг устига ўлимга ҳукм қилинаётган кишига сенсираш нима бўлибди?”

-Қўлингиздан келганини қилинг!

-О-о-о, кеккайган қўрс чол! Вазирлик дасторини қўй! У энди сенинг бошингга кенглик қиладур.

-Мана, — дея бошидан дасторини, елкасидан кимхоб тўнини ечиб ерга ташлади Турумтой ва ички яктак ҳамда чўччайма телпак билан қолди.

-Қозиул-қаззот, қалам бирла довотни олинг! Фармони олий шулдурким, такаббур, нонтепки Турумтойнинг мулки торож этулсун: рўзғор аҳли бирла қуввати Ислом – Бухоройи шарифдин сазойи қилиб чиқарулсин. Токи, мардуми Бухорога ибрат бўлгай! Бадарға қилиниб, ўз қишлоғи Чимга жўнатилсун! Токи ўз оёғи бирла босган тупроғини ялагай! Ҳукми олий ҳозироқ ижро этилсун!

Ҳукмни сабрсиз кутган мирғазаб ва сарбозлар мансаб ва шон-шуҳратдан маҳрум этилган  Турумтойни лаҳзада қуршаб олдилар. Лекин “Туя гўшти учун ит тиши керак”.  Улар кечагина қшбеги нигҳи тушса, зумда қорасини кўрсатмай қочувчи кишилар бўлгани учун  Турумтойнинг қўлларини боғлашга ботина олмадилар. Бир-бирларига маъноли боқишиб, бўйнига тоғдек юк ортилган сазойининг орқасидан эргашдилар.

Турумтой охирги бор Ғуломгард ёнидан ўтди. Ғуломгард кўзига нураб бораётгандай омонат, унинг орқасидаги шер ҳайкаллар ўлик ит каби кўринди. Чорсуга чиқиб кетига бурилди. Рустами достон қамчиси ҳам ваҳимали эмас, кичрайиб қолгандай туюлди унинг назарида. Эрталаб юкиниб, салом берган ясовул энди ўзини билмасликка солиб, ғуддайиб турарди.

Бир неча фурсатдан сўнг сарбозлар қуршовида Моҳтоб билан онаси ҳайдаб чиқилди. Бало-қазодай ёпирилган сарбоз ва навкарлар ҳовлини бирпасда шип-шийдон қилиб талади. Ҳатто Моҳи билан онасининг рўмолини ҳам тортиб олишди.

Ожизалар сочлари ёйилган бошларини       қуйи солганларича сазойи тўхтатилган майдонга етишди. Ўзини унутган Моҳтоб отасига ташланди.

-Йиғлама, чашми қароғим, йиғлама, мана тирикман-ку.

-Худога шукр, барқи офатдан* омон қолибсиз. Эгамнинг қайтиб бергани рост бўлсин, — кампир Турумтойга яқин келди, ўпкасини босолмай унсиз йиғлади.

Турумтой буларга кўнгил берса ҳам аҳволини кўриб, ҳуши бошидан учди. Порлаб турган қуёш хиралашиб кўринди. Кўзи тиниб, Регистон чирпирак айланиб кетди. Бироқ бор матонатини йиғиб, ўзини тутди.

Икки ожиза сазойига тиркалди. Сарбоз ва мирғазаблар уларни қай тарафга ҳайдашни билмай, тўпчибошига қарашди.

-Ба суйи дарвозаи Қарши! – деб қичқирди ва ўзи туркман отига қамчи бериб, олдинга ўтди. Турумтой дарчага охирги марта қаради. Амирнинг чақчайган кўзларига кўзларини уриштирди. Жарчи бақириғи тинмай эшитилиб турарди… Сазойи..!

Дарвоза яқинига борганда Турумтой орқасига бурилди ва одамларга қаради:

-Эй, фуқаро! Вайрон дилимизни ёритиб, энг қаттиқ кунимизда ҳамдам бўлдингиз! Ҳимматингиз учун олдингизда бош эгаман! Тузингизни кўп едим, бироқ уни оқлай олмадим. Лоақал бирор ғарибнинг кулбаи вайронасига чироқ ёқиб, қора тунини ёрита олмадим!..

Қоматини тик тутиб, баланд овоз билан гапирган шу ерда турган халойиқнинг  дилига   тиғдай ботди. Ҳамма бошини эгди.

Турумтой одамлар билан қўл қовуштириб хайрлашди, ожизалар унсиз видолашдилар. Чуқур тин олган фуқаро узоқ сафарга юзланган карвонни анча жойгача кузатиб қўйди. Гўё Бухоро адолатининг таянч устуни қулаб тушди, унинг гумбурлаган овози кўзларни кўр, қулоқларни кар – ҳаммани гаранг қилиб қўйди. Бешафқат тақдир Минораи Калон билан бўйлашган Турумтойнинг қирқ йиллик чинор каби илдиз отиб кетган томирларини бир зарб билан юлиб, 35 тошлик йўл – Чимга томон чирпирак қилиб отди.

Тамом

Асардаги баъзи сўз ва ибораларга изоҳ:

*Надим – ҳамроҳ, ҳамтовоқ. *Маллоҳ – кемачи ( бу ерда аравакаш ўрнида кесатилган). *Салосил – занжирлар, аравага қўшиб боғланган кишан)  *Роҳзан – йўлтўсар, қароқчи. *Хосткор – совчи. *Робита – алоқа, восита. *Меҳтар боди ялдоди – Абу Муслимнинг айёри. Доғулига ҳам устунлик қилган. *Оҳу сайди- кийик ови. Бу ерда қиз танлаш. *Муқарраб –ус султон – шоҳнинг энг яқин ишончли кишиси.*Амирларни биринчи марта тахтга чиқариш маросимида кичик, оқ кигизга солиб тўрт ёки саккиз киши кўтариб бориб ўтқазган. *Амир Музаффар ҳар жума куни бир хотинини талоқ қилар ва бир қизни никоҳлаб олар экан.*Тавлика – ҳаракат, яшашга уриниш. *Ижтимоона – амалдорлар базми. * Дорушшифо мадрасаси олдида арқон бозори бўлиб, у ердаги чуқур бўйида қатлгоҳ бўлган. *Майит – ўлик. * Кўтак арава – отга қўшиладиган арава. *Дарча – арк устида ўтириб қатлгоҳни томоша қиладиган эшик. *Явми саодат — бахтли кунлар. *Ҳарза- бефойда гапириш. *Маноқиб — мақтов.*Барқи офат — офат чақмоғи.

Манба: Суюн Шукур. Сазойи. Тарихий қисса. Қарши. “Насаф” нашриёти 1993 йил.

218.jpgTurumtoy Ark darvozasiga yaqinlashganda “Yopiq arava” yonida turib uch kishining nima haqdadir tortishayotganini ko‘rib qoldi. U yetib borgunchaikkitasi qolib, uchinchi odam g‘oyib bo‘ldi. Uning yerga kirib ketganini ham, osmonga uchganini ham anglayolmadi. “Bu yerda bir g‘alva borga o‘xshaydi” deb o‘yladi-da, otni jilovdoriga tutqazib ularga yaqinlashdi.

O‘RTA CHIMNING AVLIYOSI
O‘rolboy QOBIL
09

O‘shanda yosh adib Temirpo‘lat Tillayevning “Voris” qissasi “Yoshlik” jurnalida bosilgan, Odambormaslik Tursunboy Boymurovning hajviyalari “Mushtum” va “Tabassum”da, “Teleminiatyura”da tez-tez bosilayotgan, eshittirilayotgan, ko‘rsatilayotgan kunlar edi. Albatta, bu yangiliklarni O‘rta Chim qishlog‘ining ayollari ham “majlis”larida og‘izlaridan qo‘ymay gapirishardi.

Bu gap-so‘zlar Suyun domlaning sirkasi suv kutarmaydigan, qo‘ni-qo‘shnilari orasida “Rais momo” deb nom olgan ayoliga yoqmadi. Kela solib surida tinchgina gazeta o‘qib o‘tirgan eriga dov to‘kdi:

— Ana, qarang, shogirdim, o‘quvchim deb yurganlaringiz nimalar qilayapti, siz esa yuravering, anovi, shaxmatchi takasaltanglarga oshna bo‘lib. Yo‘q, endi, bunga yo‘l ko‘ymayman! Bugundan boshlab, hech qayoqqa chiqmay kitob yozasiz, tamom!

Suyun domla tuppa-tuzuk yurgan ayolining gaplariga hayron bo‘lib suradi:

— Kampir, senga nima bo‘ldi, nima, kitob yozishni urchuq yigirish deb o‘ylayapsanmi? Axir unga avvalo ilhom, iste’dod va yana shart-sharoit kerak, axir! ..
Lekin qaysar xotini bunga ko‘narmidi:

— Anovi olifta Temirpo‘lat bilan qitmir Tursunboyning sizdan nimasi ortiq, qolaversa, “ustoz, ustoz”, deb siylashadiku? Bu bekorga bo‘lmasa kerak, shundaymi? Siz aytgan ilhomni, shart-sharoitni, biz qilib beramiz, tushundingizmi? Qani, yozmay ko‘ring-chi? O‘zi, bu ishni avvalroq qilishim kerak edi…
Suyun muallimning ko‘rinishidan muloyimgina ko‘ringan ayoli aslida qaysar va bir so‘zli edi. O‘sha kuni uydagi kichkina bir xona qayta jihozlandi. Bir dasta daftar va ruchka, yana muallim miriqib chekadigan “Prima” sigaretidan yigirma pachka keltirildi. Xona o‘rtasiga xontaxta qo‘yilib, ko‘rpacha solindi. Domlaning qadrdon shaxmat taxtasi oq va qora donalari bilan omborxonadagi amir zamonasidan qolgan temir sandiqqa qulflandi. Darvoza tambalandi. Muallimni kunora yo‘qlab turadigan ulfatlari uchun darvozaga e’lon yozildi:

“Domlani bezovta qilmang, u kishi kitob yozayapti. Qachon tugatishi noma’lum. “

Ilojsiz holga tushgan muallim o‘yga toldi.

***

So‘ngra uning hayoliga ko‘pni ko‘rgan keksalardan gurung va gashtaklarda bot-bot eshitgan, bir voqea keldi. Bu asli chimlik bo‘lgan, iste’dodi va bilimi tufayli Buxoro amirining vaziri darajasiga ko‘tarilgan Turimtoy bahodir haqidagi xotiralar edi. “Kel, shuni bir qalamga olib ko‘ray, zora shu bilan zulmkor kampirining qistovidan qutilsam”- deya qog‘oz qoralashga tushdi. Ishing boshlanishi yomon bo‘lmadi. Domla tushgacha ilhom otiga minib, naq o‘n sahifani qoraladi. Choliga tushligini keltirgan kampir qoralamalarni ko‘rib:

— Ana, yozsa bo‘larkan-ku, endi kechgacha yana shuncha yozasiz, shunda, anovi oshnalaringiz bilan ko‘rishishga ruxsat beraman, kam bo‘lsa, uydan chiqmaysiz!- deb chiqib ketdi.

Darvoqe, Suyun muallim shu orada ikki-uch bora Buxoroga borib, qadimiy obidalaru va jin ko‘chalarni o‘rganib, qog‘ozga tushirib keldi. Chunki qissadagi voqealar shu shaharda bo‘lib o‘tishi kerak edi. Xullas, “mahbus” uch oy deganda “Sazoyi” deb nomlagan tarixiy qissani yozib tugatdi.

***

Ashampoo_Snap_2017.08.29_23h35m27s_001_Suyun Shukur.pngO‘shanda muallim qo‘lyozmani maktabdagi yozuv mashinkasida oqqa ko‘chirib olgach, poytaxtga qarab yo‘lga tushdi. Yozuvchilar Uyushmasi binosini topib, o‘zi kitoblarini sevib o‘qigan adibu shoirlarga uchrashdi. Afsuski, olis qishloqdan kelgan muallimga ular unchalik e’tibor qaratishmadi. So‘ngra vohadan bo‘lganlarga ham emranib ko‘rdi. Ular ham negadir ro‘yxushlik berishmadi. Tarvuzi qo‘ltig‘idan tushgan Suyun aka endi qaytmoqchi bo‘lib turganida, yoniga Qashqadaryoning nonini yegan, bir nechta tarixiy asarlar muallifi, o‘sha yillarda Yozuvchilar Uyushmasi raisi o‘rinbosari bo‘lgan Yevgeney Berezikovga duch keldi.

U Suyun aka bilan darrov til topishdi. Xonasiga kiritib uni chig‘iriqdan o‘tkazib bo‘lgach, dedi:

— Mening “Qizil Buxorom”ni o‘qiganmisan?
— Ey, sizni o‘qimay bo‘ladimi, hammasini o‘qiganman,-dedi muallim ishi bitishini o‘ylab.

— Maladess, bo‘lmasa, qo‘lyozmangni qoldirib ketaver. Bir oydan keyin kel, ungacha, bir-ikkita tanishlarimga o‘qitib qo‘yaman.

Aytilgan mahal Suyun muallim yana shaharladi. Berezikov uni ochiq yuz bilan kutib oldi.

— Uka, qissangni yaxshi baholashdi, “Sharq yulduzi”ga jo‘natdim, borib bir xabarlash. Zamredaktor Murod degan yigit, sizlar tomondan bo‘lsa kerak. Omadingni bersin…

Suyun muallim adibga rahmat aytib xayrlashdi.

***

Muallim izlay-izlay jurnal chiqadigan idorani tushga yaqin topdi. Qimtinibgina eshigiga “M. M. Do‘st” degan yorliq ilingan eshikni ochdi. Ichkarida “Yalla”dagi Farrux Zokirovga o‘xshab ketadigan yigit uni ochiq yuz bilan kutib oldi. Salom-alikdan so‘ng domlaning Chimlik ekanligini bilgach, o‘rnidan turib qaytadan ko‘rishdi.

— Ey, o‘zimizning Elsaroydan ekansiz-ku, qo‘lyozmangizni o‘qib chiqdim, menga ma’qul, nasib bo‘lsa yanagi songa qo‘yamiz.

— Siz huv o‘sha, “Galatepa”ni yozgan Murodboysiz, to‘g‘rimi?
— Ha, o‘sha qarindoshingizman.

Suyun muallimning xotirasida adibning “Lolazor romanidagi qo‘yma satrlari qayta jonlandi:

“… Jonuzoq arab sal guppiroq odam edi. Uning nazarida, bu yorug‘ dunyoda ikkita hurmatga loyiq odam bor edi: biri – galatepalik rais Raim G‘aybarov, ikkinchisi — Chimlik rais Norbo‘ta Sharof”.

O‘shanda Toshkentdan mamnun holda qaytayotgan Suyun muallimning hayolidan balki shu so‘zlar o‘tgandir…

“Dunyoda yaxshilar ko‘p ekan… Bo‘lmasa men kim bo‘libmanki, bunchalik e’tibor topdim. Ey, g‘ayridin bo‘lsang ham otangga rahmat Yevgeniy aka, indamay yonimdan o‘tib ketsangiz, holim ne kechardi? Murodboy uka, sen ham baraka top! Sizlar tufayli el-ulus oldida yuzim yorug‘ bo‘ldi.

Oradan uch oy o‘tib Suyun Shukurning qissasi jurnalda bosilib chiqdi. Bu oddiy qishloq muallimining katta yutug‘i bo‘ldi. Asar haqida taniqli munaqqid Ibrohim G‘afurov adabiyot gazetasida iliq fikrlarni bildirdi.

***

O‘sha yillarda Qamashilik ijodkorlarning gashtak- gurunggi bo‘lar, Ismat Rahmat, Momoxol Elmurodova, Tursunboy Boymirov, Temirpo‘lat Tillayev, Yo‘ldoshbek Kenja, Abdimurod Qodirovlar davraning asosiy qatnashchilari bo‘lsa, ahyon-ahyonda bolalar shoiri marhum Saodat Toji ham paydo bo‘lib qolardi. Poytaxtdan marhum jurnalist Bekmurod Tursoatov, Qarshidan olim va adib Poyon Ravshanov, Sharofat Ashurova, Lola Saodatovalar kelib ardoqli mehmonimiz bo‘lar, she’rxonlik, bahsu-munozaralar ko‘p qizirdi.

Men esa gurung bahonasida Suyun domlani o‘zimcha yangidan kashf etgandek bo‘ldim.

Darhaqiqat, u kishi oddiygina qishloq muallimi bo‘lsa-da, mumtoz adabiyotning bilimdoni ediki, Yassaviy, So‘fi Ollayor, Mashrab kabi shoirlarning otashin misralarini yoddan o‘qir, qiziqarli tahlil ham qilardi.

Oradan yillar o‘tdib, bozor iqtisodiyotining ta’siri boismi, yoki boshqa sabab bo‘ldimi, gurunglarimiz barham topdi. Har kim o‘zi bilan o‘zi andarmon bo‘lib ketdi. Ahyon-ahyonda esa O‘rta Chim qishlog‘ida umrguzaronlik qilayotgan ijodkor muallim o‘sha qissasidan keyin bir nechta hikoyalar yozgan degan gap-so‘zlar qulog‘imizga chalindi. Ammo, negadir ular matbuot sahifalarida e’lon qilinmadi.

Ammo, bizning muallimning kampiri “Rais momo” ( asl ismi Mukarrama ) yana g‘ayrat qilib u kishini “zindonband” etaru, birorta qissami yoki roman paydo bo‘larmikin, degan umidimiz ham yo‘q emas…

Qolaversa, sakson bahorni qarshilayotgan Suyun Shukurni bekorga tanish-bilishlaru do‘st-birodorlari avliyo deb atashmaydi. Bunday ta’rifni axir hammaga ham berishavermaydi… Siz nima deysiz?…

Maqola muallifi: O‘rolboy QOBIL 1955 yilda Qamashi tumani Do‘ngsanchiqul qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining tarix fakultetida tahsil olgan. Uning “Kechikkan karvon qo‘ng‘irog‘i”, “Adir ortidagi qishloq”, “Jonbo‘zsoyliklar”, “O‘lanlarda kuylanar umr”, “Faqat go‘zal so‘z ayt”, “Ena tuproq”, “Qamashi va qamashiliklar” , “Elda e’zoz topganlar” kabi nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan. Bir necha bor ijodiy tanlovlar g‘olibi bo‘lgan.

Suyun SHUKUROV
SAZOYI
Tarixiy qissa
09

Suyun Shukurov 1938 yilda Qamashining O‘rta Chim qishlog‘ida tug‘ilgan. Qarshi Davlat muallimlar oliygohining tarix-filologiya fakultetini tamomlagan. Qishlog‘idagi maktabda uzoq yillar o‘zbek tili va adabiyoti fani o‘qituvchisi bo‘lib ishladi. 1989 yilda “Sazoyi” nomli tarixiy qissasi “Sharq yulduzi” jurnalida so‘ngra, alohida kitob holda “Nasaf” nashriyotida chop etildi. Hozir keksalik gashtini surmoqda.

09

Shoshilgan esang ham yigitlikda san,
Qarilikda ish qil esu hush bilan.

Sa’diy Sheroziy

0 6a.jpgTurumtoy Ark darvozasiga yaqinlashganda “Yopiq arava” yonida turib uch kishining nima haqdadir tortishayotganini ko‘rib qoldi. U yetib borguncha ikkitasi qolib, uchinchi odam g‘oyib bo‘ldi. Uning yerga kirib ketganini ham, osmonga uchganini ham anglayolmadi. “Bu yerda bir g‘alva borga o‘xshaydi” deb o‘yladi-da, otni jilovdoriga tutqazib ularga yaqinlashdi.

Arava yonidagilarning biri “Childuxtaron”ni yangi-yangi “Ohori to‘kilmagan” go‘zallar bilan to‘ldirib, amirni xushnud qilib turuvchi qo‘shmachi xotin – Xayri Jahannam ekan. O‘zining “beg‘araz xizmati” uchun xalq orasida “Jahannam” laqabiga “sazovor” bo‘lgan Xayri bugun ham bir sho‘ri qisganning xonadoniga o‘t qo‘ygani Turumtoyga ayon bo‘ldi.

-Ha “Jahannam”, bugungi oving ham baror olgan ko‘rinadi, — dedi u zarda bilan.

Jahannamning zahrasi uchdi, yerga qaradi va qo‘rqa-pisa javob berdi.

-Akun…Sho‘rlik kamina ham birovga mutemizda, taqsir, — deya oldi xolos. Jahannam, tuzog‘iga tushgan qushchani qochirib qo‘ygan ovchiday bezovtalandi.

Turumtoy aravaga razm soldi. Arava ichida: “Men sho‘rlikni qayerga olib keldi?” degan qizning ovozi eshitildi.

-Bu kimning bolasi, nobakor?

-Mening, taqsirim, mening, — dedi tinmay jovdirab Jahannamga yolvorayotgan kishi. Ona suti og‘zidan ketmagan duxtarchamni mana bu ayol bilan bir necha kishi uyimga bostirib kirib, tortib olishdi-da, shu yerga keltirdilar, — dedi u ko‘z artib va Jahannamni ko‘rsatdi.

-Kim bo‘lasiz?

-Nochor bir chilangarman,- u shoshib qoldi va tili tutilib, goh Turumtoyga, goh Jahannamga javdiradi. “Bu odam ulug‘ kishi bo‘lsa kerak, qo‘shmachi xotinga o‘ktam gapirayapti”, deb o‘yladi ichida u o‘chgan chirog‘i ”lip” etib yonishiga umid bog‘lab:

-Sadag‘angiz ketay, bu kasofat ishdan xalos eting meni, to o‘lgunimcha duoyi joningizda bo‘lay, — deb tiz cho‘kdi va Turumtoyning etigiga yopishdi.- Siz kelib qolmasangiz qanday kunlarga qolardim-a! U goh Jahannamga yalinar, goh Turumtoyga iltijo qilar, agar bulardan naf bo‘lmasa, qizalog‘idan bir umrga umid uzish naqdidan dag‘-dag‘ titrardi.

Turumtoy Jahannamga qarab sovuqqonlik bilan so‘radi:

-Kim edi hozirgina ko‘zdan g‘oyib bo‘lgan “nadiming?! * qayga yo‘qoldi u?

-Turob edi, Turob mahram,- dedi Jahannam bu sinchkov qushbegidan osonlikcha qutula olmasligini bilib.

-Nega qochdi u?!

-Sizdan hayiqdi chog‘i.

-Jahannam, ona bo‘lib ko‘rmagansan, ersa bu jirkanch yumushdan hazar qilgan bo‘larding… Shu norasidaning onasini qay holga solib kelganingni hech o‘yladingmi-a?! Ay-y!!!

Ov malloh*, qaytar “kemangni”, zudlik ila salosil**ni yechib, o‘z joyiga elt. Bu voqeadan amir voqif bo‘lsami,- dedi u belidagi qilich sopini ushlab, Jahannam bilan aravakashga bir-bir o‘qraydi- da, — boshing taningdan judo bo‘lishini naq deyaver!

Arava oldinda, chilangar uning izidan jo‘nab ketdi. Jahannam esa tayog‘ini

oldirgan ko‘r kabi timirskilanib qolaverdi.

Bir hafta o‘tgach, qabulxona eshigi oldida ta’zim qilib turgan kishi

Turumtoyga salom berdi:

-Assalomu alaykum, taqsirim!

-Vaalaykum assalom,- dedi Turumtoy unga yaqin to‘xtab,- Ko‘zimga issiq ko‘rinayapsiz, bo‘tam, — deb tikildi-yu aniq taniy olmay qoshlarini chimirdi.

-Kimsiz, o‘ngara olmayapman?

U kishi Turumtoyning oldida tiz cho‘kdi:

-Faromush qilibdilar, anovi kungi chilangarman, otim Abdurayim.

-Ha – ha, tanidim, usta. Turing, bo‘tam, ichkari kiraylik.

Ular ichkariga, qabulxonaga kirishdi. Abdurayim chilangar poygakda to‘xtab sarosimada qoldi. “Bunday ozoda, bezatilgan xonaga isqirt libosim bilan, kirib ketaverishim yarashmas”, deb o‘yladi u.

-Bu yoqqa o‘ting, tortinmang, bularning hammasi – ko‘rsatdi Turumtoy arabiy gilamlarni, — Sizday hunar sohiblari qo‘li bilan to‘qilgan. Biz esa tayyorxo‘rlarmiz. O‘ting, iymanmang.

Endi kamtarlik qilishga hojat qolmagandi. Abdurayim chilangar o‘rtaroqqa borib cho‘kdi.

-Qalay, ahvolingiz yaxshimi, ishlar bajomi?

-Ming bor rahmat, hazratim, — dedi suyunib chilangar.

-Ko‘ngil tinchidimi, Abdurayimboy.

-Ofarin, taqsir. Baxtimga siz kelib qoldingiz, — dedi chilangar tutila-tutila entikib, — zamon yaxshilardan xoli emas. Bir dam kechikkaningizda… Abdurayim ko‘ziga yosh oldi.

Turumtoy sekin o‘rnidan qo‘zg‘alib suhbatdoshiga dalda berdi.

-Usta o‘tgan gapga salovat. Lekin ehtiyot chorasi shulkim, iloj topsangiz, uyni boshqa joyga almashtiring. Bu “Mardum”ga ishonib bo‘lmaydi, negaki nazarga tushdingiz-da. Imkoningiz bo‘lsa qishloqqa ketish kerak.

Abdurayim terlab ketdi va o‘yladi:

“Bu odam dono deganlaricha bor ekan, kimning xayoliga kelipti bunday fikr? Haq gap, ko‘chish taraddudini ko‘rishim kerak, anovi “rohan”*larda insof bormi, bemahal bostirib kirishsa qaytarafga qochaman? Bu donishmand kishini menga tikib qo‘yibdimi?

-Biror yumush bilan kelganmidingiz, usta? – dedi muloyimlik bilan Turumtoy sekingina.

-Yo‘q, hazratim, sizning yaxshiligingizni unutib bo‘ladimi? Huzuringizga minnatdorchilik bildirish uchun kelgan edim. Siz yana meni ogoh etdingiz. Hozir aytgan gapingiz kimning xayoliga kelipti. Bizday sho‘ri qurganlar “qirt-qirt” temir yamashdan boshqa narsaga yararmidik.

-Unday demang, usta, sizlar bor – tirikchilik bor. Hamma ham o‘z o‘rnida. Chilangar, temirchi, zargar va boshqa kosibkorlik bo‘lmaganida, hayotning ma’nosi ham bo‘lmasdi. Biz ham yuribmizda minadigan otimizni egarlashni eplay olmay. Bu odam “Shunchalar donolik bilan qanday yashab yurgan ekan, bu noqobil, nopok yirtqichlar orasida. Ha, shularga ham o‘zlariga loyiq gap topib bersalar kerak-da…” Abdurayimning yuragi toshib ketdi. U istihola qilib o‘tirishga chek qo‘ydi va qo‘lini duoga ochdi:

-Iloho omin, poko-parvardigoro, taqsirimning umrlari Xizr umri birla barobar, martabalari baland bo‘lg‘ay! Bizdek xoru xas bandalar peshonasiga hazratimday zot bo‘lmasa, Buxoroning jahannamdan farqi qolmas erdi. Taqsirimning qabulxonasini Sulaymon taxtiga teng qilgaysan! Omin! – deb fotiha tortdi yuziga Abdurayim va boshini quyi egdi.

-Hay-hay, hay-hay, usta, narximizni ko‘p oshirib yubordingiz.

Turumtoy u bilan xayrlashaturib bir bechoraning begunoh qizini “ajdar” og‘zidan olib qolganidan benihoya sevindi, lekin mavridi kelib, chilangarga tashlangan qarmoqqa o‘zi ilinib qolishini hayoliga ham keltirmagan edi.

***

-Sadqai erkak keting-e, Turob aka, kim qo‘yibdi sizday chumchuqyurakka, mana bu dostorni dol qilib yurishga. Ahvolingiz shu ekan-ku?! – dedi Turobning qoni qochgan yuziga qizillik yugura boshlaganini ko‘rib Xayri.

Ular “Childuxtaron” darvozasining chap qanotidagi supachada o‘tirib o‘pka-gina qilishardi. Turob mahram hali ham qo‘liga jinoyat ustida tushib qolib, yana qaytib kelganda ne javob aytishni bilolmay garang edi. Xayrini ko‘rgach:

“Hayriyat, eson-omon qutulibdi”, deb ko‘ngli bir muncha taskin topdi.

-Sen unga bir martagina yo‘liqding, haliyam ayolliging foyda berdi. O‘rningda men bo‘lganimdami…

Turobning vujudi titradi.

-Aytganingiz rost, naq azroyilning o‘zi-ku. Qutulgunimcha ming qulhuvallo o‘qidim,- dedi Xayri ko‘kragiga tuf-tuflab.

-Bekorga xalq hurmat qilmaydi-da uni, bechora odamni ko‘rsa o‘mgani bilan tashlaydi.

-Xo‘sh, aka bu yog‘i nima bo‘ladi endi?

-E, to‘xtab tur, o‘zimni o‘nglab olay. Ikki yorti bir butun bo‘lib bir to‘xtamga kelamiz-da…

Buxoroda nima ko‘p – qiz ko‘p. Birisi bo‘lmasa, yana biri.

-Mo‘ljalingiz bormi?

-Hozircha o‘q. Lekin yemakning qusmog‘ ham bor. Haftadan oshdi, yangisini topdik, deb “xuv” o‘sha kungi tangani hamyonga urganimizga. Shahanshohning betiga qanday qaraymiz?

-Topdim, Turob aka, topdim, -dedi Xayri mahramga yalt etib qarakan.

-Xo‘sh-xo‘sh.

-Lekin juda nozik joy!

-Qani-qani, nozikmi-pozikmi, aytchi. Kimning qizi, qayerda?

-Xuddi shu yerda, ark ichida.

O‘ylatib qo‘ydi Xayri Turobni.

-Topqirligingga-ku qoyilman-a, gapni cho‘zib, intiq qilganingga o‘laymi? Aytaqol, yorilib ketaman! Turob mahram quvonganidan o‘tirgan joyida uchib tusha boshladi.

— Amir hazratlariga qushbegining qizidan gap ochsangiz.

Nima deyapsan! Es-hushing joyidami, kallang ikkita emasmi, shu gapni topdingmi kelib-kelib, changalidan qutulganingga shukur qilish o‘rniga, yana o‘zingni tig‘ga tortasanmi?! Ko‘zlarini ola-kula qilib tikildi mahram Xayriga.

-Ay-y, o‘zingiz ham o‘lguday vahm bosgan odam-da, aka. Shoh kim, qushbegi kim? Turumtoy ming obro‘li bo‘lgani bilan Muzaffarxon oldida kim bo‘libdi? Podsho bir ishorat qilsa qilsa, vazirning boshi dorda turmaydimi-a!?

— Gaping-ku to‘g‘ri-ya, lekin bu fikringga qo‘shilolmayman, — dedi mahram sarosimada qolib.

Dunyoda boylikka hirs qo‘ymagan odam bormi? Sharti ketib, parti qolgan Turumtoy nahot bir qiz berib, qarilik gashtini farog‘atda o‘tkazishni o‘ylamasa?! Keksa Abu Bakr yoshgina qizi Oyshani ellik uch yoshli Muhammadga berganini ham xotirlab qo‘ying, ha, jonim – akam. Lekin bu ishda makr asqotadi. Buning uchun shahanshohning o‘zlarini oraga qo‘shish kerakki, na six ko‘ysin – na kabob.

O‘rtada xostkor* ham bo‘lgani ma’qul, negaki Turumtoyning qizini zo‘rlik ila olib bo‘lmaydi. Xostkorlik bilan yo‘l ochiladi. Ikkinchidan, ishlatadigan tadbirimizdan manim muddaoyim shulkim, bu hiylamiz robitasi* tufaylidan biz Turumtoydan qasos olgan bo‘lurmiz, degan andishadaman.

-O‘lma, Xayriniso aqlingga ofarin! Mana endi mening ham aqlim tiniqlvshdi. Rejamiz ro‘yobga chiqsami, oshig‘imiz olchi, — sen saroy otini-yu men amirning muqim mahrami. Hech bir kas tovug‘imizni “kisht”, mushugimizni “pisht” deyolmaydi.

-Hamyon-chi, hamyon?! – dedi Xayri og‘zining tanobi qochib, sevinchini ichiga sig‘dirolmay. Etik yechmay suv kecha boshlagan bu ikki ablah o‘z xayollarida suv ostidan javohirlar terish bilan ovora bo‘lib, Amirning oldiga qaysi biri kirishni va shunday qaltis taklifni aytishni unutdilar. Haynahoy Turob mahram yo‘qotgan narsasini qo‘ygan joyi esiga kelganday, to‘satdan Xayriga yuzlandi va yuragi “duk-duk” urib: -Sen kirib aytasanmi sultonimizga buni? – deb qoldi.

-Axir siz mahramsiz-ku, Siz turganda bizga yo‘l bo‘lsin bunaqa nozik gapni aytishga. Yana, siz erkak odamsiz. Tuyaga ortadigan yukni eshakka ortsang beli sinadi. Amir oldida siz bilan mening oramizda osmon ila yercha farq bor.

-Iloj qancha, sen yot desang, yotish gapmi, o‘lishga ham roziman. Ammo ish bir yoqliq bo‘lguncha og‘zing mumlanib tursin, bordiyu makrimiz Turumtoyga yetib borsa, poymonamiz to‘ldi deyaver, — dedi Turob vahimada. Tushingda ham mahkam tishla tilingni.

-Mendan ko‘nglingiz to‘q bo‘lsin. Mehtar bodi yaldodi bu xizmatda sizni yo‘lga boshqarsin.

-Bo‘pti, sen boraver. Erta-indin “hosilni yig‘amiz”. Rejasining amalga oshishiga ko‘zi yetgan Xayri jahannam otgan o‘qining naq mo‘ljalga tegishiga ishonib bildiradi:

-Siz ishni bitirguningizcha qoramni ham ko‘rmaysiz, lekin olgan hosildan “kapsan”berishni unutmang. Qo‘shmachilar anqoning urug‘ini topishga umid bog‘lab ikki yoqqa ajralishdi.

Yuragi taskin tpgan Xayri jahannam uyiga, ming xayolga botib, dami ichiga tushgan Turob mahram Haram tomonga jo‘nadi.

-Olampanoh, ta’blari, noxush emasmi?- dedi Turob mahram tiz cho‘kar ekan Muzaffarxonga.

Xon unga bir ko‘z qirini tashladi va indamay qo‘ydi.

-Shikor qilsak, ishtahalari bajomi “ohu saydi”**ga.

Turob mahramning qochiriq gaplari amirga ayon edi. Gap nima haqida ekanini angladi-da, kulimsirab:

-Qaysi “sahroni” sayd etmoq istaysan?-dedi.

-Sahroda uloqishdan ne foyda, sayyodingiz jannat aro gul oralab yurgan “dikkak ohu”ning izlarini ko‘rmishmen.

-Xo‘sh, xo‘sh! Aniqroq gapir.

-Qushbegi janoblarining onasi o‘pmagan duxtarchasi. Oy ham uyalar uning tobonidan lol qolib. Ismi ham jismiga monand- Mohtob emish.

-Nozik maydon tanlabsan, Mahram. Chatoq inson, chatoq. Uddasidan chiqish shubhali…

Biroq, kayf-safo deganda muk tushadigan Mang‘it sulolasining vakili bo‘lmish Muzaffarxon bir qur yaqin orada quchog‘ida erkalanib yotishi naq qizning nozini xayolan tuydi.

Yana amir o‘yga tolib, ko‘z oldiga Turumtoyning salohiyati keldi. “Mang‘it sulolai tarixida hech bir kas Turmtoycha botirlik ham samimiyat ham ko‘rsatmagan. Umri jang qilish bilan o‘tgan. Shu bois otam unga o‘z bolasiday ishongan. Nasrullaxon(Muzaffarxonning otasi) Turumtoy haqida qo‘yidagicha farmon chiqargan edi:

“Farmoni oliy barchaga ma’lum bo‘lg‘aykim, Turumtoy shu fursatdin e’tiboran Mang‘it amirligining muqarabbus – sultoni* deb hisoblansin, lashkarboshilik amali berilsin!

Nasrullo binni Amir Haydar.

“Otam vafotidan so‘ng, oppoq namatga solib ko‘targan, taxtga o‘tqazgan to‘rt(S.Ayniyda sakkiz) oqsoqolning** biri ham shu qashqir edi. Padari buzrukvorimning farmoyishini puchga chiqarishdan andisha qilaman”, deb xayolidan o‘tkazdi amir.

-Aslida bu qashqirni jinim so‘ymaydi, Turob! Biroq otam rahmatlikning nazariga tushgan odam…

Bu gal ixtiyorni senga beramiz. Sen pishirgan oshni zahar bo‘lsa ham ichamiz-da. Kuldi amir va qo‘shib qo‘ydi. Sovchi ham o‘zing, chunki pinxon ish sirligicha turgani yaxshi. Bir hafta ichida bokira qiz quchmagan amirning dili yorishdi.*

***

Turumtoyning boshqa amaldorlardan farqi shunda ediki, u ishdan bo‘shagach, o‘z-o‘zini taftish qilar, “saltanat manfaati o‘z yo‘liga, fuqaroga qachon, qanday naf keltirdim, shunisi muhim” deb o‘ylardi. Bugun biror kambag‘al noodillik bilan

Jazolansa, unga yordam qo‘lini cho‘zishning ilojini qilolmagan bo‘lsa, dod-faryod chekkan nochor odamning arzini odilona hal etishiga qaysidir amaldor to‘sqinlik

qilsa-yu, bu ham ko‘ngil xiralik bilan tugatgan bo‘lsa, uyqusizlik ranjini chekar, nobop zamonni so‘kishdan ham toymasdi.

Bultur kuzda yuz bergan bir voqea uni mudom qiynaydi. Voqeanavis vazir qabulxonasiga kirib: “Fayzli avliyo degan rohzan kecha tunda o‘z to‘dasi bilan Samarqand darvozasida turgan qorovullarning oyoq-qo‘lini bog‘lab, og‘ziga latta tiqibdi-da, bir mirshabni bo‘g‘izlab ketibdi, uch-to‘rt boyning uyini talab ship-shiydon qilibdi”, — dedi.

-Bundan amir xabardor bo‘ldimi?-dedi Turumtoy unga.

-Bilmadim, gap yotadimi? Eshitgandir.

-Bildilaringmi, qayerlik ekan?

-Sug‘ut qishlog‘idan emish.

-Badkorning otini kim aytdi?

-Nadimlaridan biri qo‘lga tushibdi.

-Qani u?

-Hibsda. Kaltak zarbidan behush yotar.

Turumtoy hibsxonaga kirib bordi va mahbusning yuziga suv septirdi-da, seskanib, hushiga kelgan tutqundan so‘radi:

-Kimsan?

Mahbus ingrab javob qaytardi:

-Rahmingiz kelsin, taqsir-r. Ayolmand bir dehqonman.

-Ayolmand kishi qaroqchilik qiladimi? Har kimning ham qo‘lidan kelavermaydi, yo‘ltusarlik. Qip-qizil kallakesarsan!

-Ochlik odamni har ko‘yga solarkan, janob. Kavshaydigan narsa bo‘lmasa, uydagilar bersang yeyman- ursang o‘laman, deb tursa… Ochdan o‘lguncha tavliika*qilib qolish kerak-da. Biz bornikini taladik.

-Fayzi qanday odam?

-Uyam yorilib borayotganidan qilayotgani yo‘q, nochorlik, chorasizlikdan. Olti-yetti norasida bolasi, keksa, sil onasi bor. “Ko‘zim tirik tursam, yo shularni to‘ydiray, yoki shumshayib, o‘tirguncha dorga osilay, onamning ochdan o‘lganini ko‘rmayin”, ont ichgan.

-O‘g‘irlikdan boshqa yumush qurib ketganmidi senlarga?

-Taqsir, katta amaldor bo‘lsangiz kerak. Otliqning piyoda bilan ne ishi bor. Biz piyodamiz. Sizning yeganingiz oldingizda, yemaganingiz ortingizda. Biz esa bir burda arpa non gadosi. “Qult” etib yutundi mahbus.

Turumtoyning ko‘zi jiqqa yoshga to‘ldi va boshini qo‘yi solib o‘yladi: “O‘lim oldida odamning tili uzun bo‘ladi, hech narsadan tap tortmaydi. Haqiqatdan ham bular ishlaydi, huzurini biz ko‘ramiz.

-Fayzi kunduzlari qayerlarga yashirinadi?

-Taqsirim, biz sirni aytmaslikka ont ichganmiz.

-Demakki aytmaysan?

-Yo‘q, o‘lim bor- aytish yo‘q!

-Loaqal o‘z ismingni aytarsan?

-Yo‘q!

Hayolga cho‘mgan Turumtoy amir huzuriga jo‘nadi. O‘g‘rining hamma gapi haq. “Hozir borib, bittasi qo‘lga tushdi, desam, bu qotil so‘zsiz – so‘roqsiz o‘limga buyurib yuboradi. Bechoraning o‘limini kechiktirishim kerak. Ersa uvoliga qolaman. Qani endi iloji bo‘lsayu, bu mahbusni bo‘shatib yuborsam, moddiy yordam ham bersam. Bu – mumkin emas. “Agar shunday qilsa, Turumtoyning o‘zi baloga qolishi aniq. “Nahotki ulusning qonini so‘rib yotgan amirga hamnishinman. Begunoh odamlarning adolatsizlikdan, ochlikdan qirilib ketayotganiga tomoshabin bo‘lib, yuraveraman?! Bu muttahamligim qaysi amaldornikidan kam”?

Amir yanada savlatli ko‘rinish uchun olti to‘n ustidan juda keng qilib tikilgan zarrin to‘nni ham kiyib olgan.* Uning patak soqoli moylab qo‘yilganday rapida betini chandon keng qilib ko‘rsatardi. U Turumtoyning salomini olish o‘rniga bosh irg‘adi va:

-Kazzoblarning kechagi talonchiligini eshitdingizmi, qushbegi?

U ko‘z ostidan Turumtoyga sinchkov tikildi.

-Ha, amirim, eshitdim.

-Qo‘lga tushgan badkirdorni-chi?

“Uzunqulog‘i, ignaday narsani tuyadan qilib ko‘rsatuvchilari ozmi bu betovfiqning, suyunchi olishadi-da”.

-Ko‘rdim, gaplashdim ham.

-Gaplashdingiz, so‘roq qildingizmi?

“Nega buncha o‘ymoqchilaydi, bu amir? Meni ko‘rganda qovoq ochmay, zahar sochadi”?

-So‘roq qildim, amirim, so‘roq qildim.

-Ne deydi u badkirdor?

-Amirim, qaroqchiligini inkor etmadi. Ammo ochlikdan qirilib…

-Ochlikdan, ochlikdan… O‘g‘rining makri sizni mahliyo qilib qo‘yganga o‘xshaydi, hali uni oqlamoq niyatingiz ham bor chog‘-a?!

-Aslo shohim, so‘roq chog‘ida anglaganimni aytayapman, xolos, — dedi Turumtoy o‘z xatosini tuzatib.

-Bizga sodiqlig‘ingiz ravshan. Biroq, fuqaro, fuqaro deb og‘zingiz qurimaydi. Qaysi birining ko‘nglini ovlash kerak bu bachchataloqlarning.

Mahbus zindonda saqlansin! Fayzi rohzanni tutib kelish uchun esa hoziroq navkar to‘plansin! Mening oldimga tirik keltirilishi kerak, — dedi amir jiddiyat bilan.

Turmutoy salomxonadan chiqib arkning hamma yeriga nazar soldi:

“Bu ne-ne hukmdorlardan qolgan ko‘hna ravoqda qancha falokatlar yuz bermadi. Qalloblik, riyokorlik, xunrezlik izlari bu qasrning har bir g‘ishti, har siqim tuprog‘iga botib, singib ketgan. Xo‘sh, Fayzi avliyoni tutib keltirsam, uni qaroqchilikda ayblab, boshining jallod kundasida chopilayotganiga qarab turishga ko‘zlarimning bardoshi yetarmikin?! Qayerda qoldi mening fuqaroparvarligim?! Yo‘q, hamonki uning qarmoqqa ilinishini paysalga solishim, u bilan ro‘baru bo‘lishim, axmaqona o‘lib ketishidan qaytarishim lozim”.

Turumtoy o‘zicha mulohaza qilib, katta qo‘shinni shaharni tintishga buyurdi.

O‘zi esa Sug‘utga kirib bordi. So‘rab-surishtirib, Sug‘itning oqsoqolidan Fayzi avliyo haqida ma’lumot oldi:

-Ota-onasi bormi?

-Otasi o‘lib ketgan, qari, sil onasi bor.

-Bolasi-chi?

-Yetti-sakkizta.

-Kambag‘almi?

-Qip-qiz go‘sht. Suprasini qoqsa chang chiqmaydi.

-Sizga doxil bergan yo‘qmi?

-Ular Sug‘utga doxil bermaydi, kambag‘al kishiga tegmaydi. Boylarni talaydi.

-Fayzli ko‘proq shahar boylarini talar emish,- dedi oqsoqol yana bosh qashib.

-Uning qachon qishloqqa kelganini, onasi va bolalarini ko‘rib ketganini hech kim ko‘rgan emas. Bu battolni qo‘lga olmasalar, arkka o‘t qo‘yishdan ham toymaydi. Turumtoyning oqsoqoldan hafsalasi pir bo‘ldi va uyini ko‘rishga jo‘nadi.

“Bechora ona. Onalar. O‘z farzandining qoshiga gard qo‘nsa ham iztirob chekadi”.

Qamchi sopi bilan Fayzi darvozasi og‘ziga qo‘yilgan g‘ovni urdi Turumtoy. Besh-oltita bola chopqillab chiqdi. Ular javdirab otliqqa qarashdi.

-Dadang qani?

-Yo‘q, ketib qolganda, — dedi so‘poqrog‘i.

-Ketdik, — dedi Turumtoy yonidagi navkarlarga va ular burilgandanoq cho‘ntagidan bir changal tangani olib ot tuyoqlari tagiga sochib yubordi va ot boshini burdi. Bolalar tanga terish uchun tuproqqa yopishdi.

***

Fayzi avliyo shaharda kunduzi qo‘lga tushdi. Uni navkarlar “mardi mardon” (mardlar mardi) o‘yinida qo‘lga olishdi. Buxoro boyvachchalari yakkama-yakka kurash, bu kurashda kim yengsa, unga “Tayyor” unvoni berish o‘yinini tashkil etgan edi. “Tayyor”larning eng yuqori unvoni esa “Mardi mardon” deb ataladi.

Fayzi kechalari niqob kiyib, bosqinchilik qilar, tongga yaqin hamrohlarini tarqatib yuborib, kunduzi yasama mo‘ylov qo‘yib, “Mardi mardon”ga qatnashardi.

Muzaffarxon Fayzi avliyoni minoradan tashlashga farmon chiqardi. Qatl vaqtigacha esa qushbegi ixtiyoriga topshirdi.

Turumtoy Fayziga boshdan-oyoq razm soldi. Baland bo‘yli, xushqomat, qora qoshlari yoyday egilgan bu navqron yigitning ko‘zlari lochinniki kabi chaqnar edi. Uning belida itpalaxmon bog‘log‘liq. U bu palaxmonni yoshligidan beliga bog‘lab yurar, nishonga urishda har qanday mergan ham uning oldida barmoq tishlab qolardi.

Turumtoy palaxmonga ishora qilib:

-Shu bilan olmoqchimiding mamlakatni?-dedi hazilomuz.

-Sizga o‘yinchoqmi bu. To‘pingizni pachoqlashdan ham qaytmayman shu bilan.

-Qarong‘i kechada-ya?

-Merganga qorong‘u – yorug‘ning farqi bormi? Buni kunduzi ishlatgan bo‘lsam, kechasigayam, — dedi tortib olingan qilichini eslab va Turumtoyga o‘qraydi:

-O‘lim oldidan iqror qildirish uchun so‘rovning boshlanishimi, bu? Ovora bo‘lmang, bu zindonga tushganini tirik chiqdi deb eshitmaganman. O‘limga mahkumni esa tergashga o‘rin qolmaydi.

“Qani endi hammada ham shunday jasorat bo‘lsa. Hayotda yashash jo‘nroq bo‘larmidi? Bunaqa odamlarni esa yashattirmaymiz”.

-Men seni tergayotganim yo‘q, senday shunqor yigitning tanlagan xatarli yo‘lingni yomon ko‘rayapman. Onangni, bolalaringni ham o‘ylamapsan. Ularga qiyin bo‘lardi, ajdar yigit. Shunisi menga alam qilayapti.

-Ha, sizni endi tanidim. Borganingizni eshitgan edim. Qushbegi-da, siz! Sizni ko‘p eshitganman. To‘rtta sizday sarkor bo‘lsa, bu yurishlar ne hojat edi.

-Bo‘tam, biz kech uchrashdik. Bu jahannamdan seni qutqarishga qurbatim yetmaydi. Mening sizdan boshqa iltimosim bor. Avvalan mening jasadim ko‘chada qolib ketmasa, yo‘lini qilib, Sug‘utga berdirib yuborsangiz. Soniyan, nadimlarimni qirg‘in qilishda loqaydlik qilsangiz.

“Barakallo, senday jumard Buxoro tarixiga qaytib bitmas. Yana, bolalaring, onangning ahvoliga achinmay, nadimlaringni o‘ylading-a”.

Quyosh ancha ko‘tarilib qoldi. Alhol jarchining chinqiroq ovozi quloqlarni qomatga keltirdi.

-O‘ho-ho-hoy! Ahli sharifi Buxoro-o! Eshitmadim demanglar-r-r! Bugun peshin nomozdan so‘ng, amiralmuslimin amir Muzaffar farmoni birla, badkirdor o‘g‘ri va qotil etiladiyo-ho-o-o-y!!!

Ayni vaqtda salomxonada Amirning o‘ng tomonida qushbegi (Turumtoy), so‘l tarafida shayxulislom va boshqa kazo-kazo amali sohiblar o‘tirishar, nomini aytmagan “o‘g‘ri” bilan Fayzi avliyoni qaysi usulda qatl etish ustida mashvarat borardi.

-Qushbegi janoblari! Ismi noaniq murdatni qanday o‘limga mahkum etishni ma’qul deb fikr bildirursiz?

-Ixtiyor davlati humoyunning o‘zlarida,- dedi Turumtoy yerga qarab.

-Hm-m-m!

Amir pinak buzmay so‘l taraf suyanchiqqa tirsakladi:

-Shayxulislom?

-Sarvari salotining o‘zlari akbardurlar.

-Kamina sizlarni ijtimoona*ga emas, mashvaratga chaqirdim! Taklifingizni aytingiz! Yo shaharga g‘ulg‘ula solgan rohzanlarni bandidin ozod eturmiz! –deya chaqchaytirdi ko‘zlarini.

-Arqon bozoriga*!- dedi qo‘rqib ketgan shayxulislom.

-Siz nechun jimib qoldingiz,- dedi amir Turumtoyga yuzlanarkan.

-Sultonim, bechora qashshoqlikdan qaroqchilarga qo‘shilgan ekan. Mo‘min kishini o‘ldiraversak…

Turumtoyning so‘zini kesdi amir:

-Eha, bundoq deng! Bo‘shatib yuborgan ham bo‘lmang tag‘in! – o‘shqirdi u. Astag‘firulloh, astahfirulloh! O‘g‘riga eshik ochib berish-ku bu!…

Shayxulislom, biting farmoni oliyni! Qo‘llari qaltiragan shayxulislom amir farmonini yozishga kirishdi.

-Arqon bozoriga!-dedi amir tishlarini qayrab. Uning ko‘zlari kosasidan otilib chiqquday, qushbegini yer bilan yakson qilgandek o‘ynoqladi va tomoq qirib qo‘ydi. Qushbegi amirning nafratiga e’tibor qilmay hayotida bir marta taxt yonida haq fikrni ayta olganidan mamnun bo‘ldi.

-Odam kushxonasiga sardorlik qilishga qushbegining xushlari yo‘q! Kunda* bul zot uchun saltanatimizning adolatsizlik maydoniga aylanib bormoqda. Shu boisdin “Arqon bozori” mutasaddiligi yasovulboshiga yuklanur. Noma’lum qaroqchi arqon bozorida bismil etilgach, Fayzi rohzan Minorai kalondin chirpirak qilinsun! Vallohu a’lam bissavob.

-Jarchining ovozi ko‘ko‘par minoralarning pastidan yuqorisiga qarab chinqiroq ilon kabi o‘rmalar, bolaxonali uylarning devorlariga urilib aks-sado berar, bunday o‘lim tomoshasiga chaqirayotgan tovushlardan bezillab qolgan tajanglar so‘kinishar, taqvodorlar sekingina pichirlab yuzlariga fotiha tortar edilar.

Registon zum o‘tmay odam bilan to‘ldi.

-Kim ekan bu sho‘ri qisgan? – dedi nafasini zo‘rg‘a olayotgan bir bozorchi yelkasidagi xo‘rjunini tizzalari orasiga qisarkan.

-Fayzi avliyoning hamtovog‘i emish, hozir ko‘rasiz, ana yaqinlashib kelyapti,- dedi bo‘ynini ark darvozasi tomonga cho‘zib, uning yonida turgan do‘kondor.

Ark darvozasida bir necha mirg‘azab paydo bo‘ldi. Oldinda cho‘chchayma telpakli, hammadan bir qarich baland daroz kishi. U bugungi “tantana”ning sarkori ekanidan o‘zini tog‘dek his etar, osmonu falakda uchib yurgan quzg‘un kabi mag‘rur edi.

-Ie inkas yasovulboshi budas-ku.

-Nima dedingiz, taqsir, men gapingizni ilg‘ayolmadim?-suykandi bozorchi do‘kondorga.

-Anovi, oldindagi daroz yasovulboshi. Bunday yig‘inlarga oldinlari qushbegi chiqar edi. Bugun bul chiqipti.

Qonga bulg‘angan kiyimlari dabdala, kaltak zarbidan tilinmagan joyi qolmagan yosh bir yigitni ikki mirg‘azab qo‘ltiqlab kelar, jabrdiydaning qadam bosishga ham majoli yo‘q, oyoqlari eltang-taltang edi. Mahbusning izidan biri qilich o‘ynatgan, biri kaltak ushlagan, chap tomonda yana biri yalang‘och xanjar tutgan jallod. Jallodning uchovi ham yuziga charm niqob tortgan, ko‘zlari po‘stak yirtig‘idek teshikchadan olovdek yonayapti.

Ularga ergashib borayotgan olomon “Arqon bozori”dagi axlatlar to‘la chuqurdan ancha narida to‘xtatildi. Odamlar o‘zaro gaplashardi.

-Bechoraning qo‘llarini oldinga bog‘labdimi?

-Demak so‘yiladi, agar so‘yilmasa edi, qo‘llari orqasiga bog‘lanardi. Eha, ko‘ra-ko‘ra ko‘zimiz qotib ketgan. Buxorodan azaldan udum shunday.

-Yasovulboshi mahbusga yuzlandi:

-Kalima keltir!

-Mahbus ko‘zlarini yumib, boshini sarak-sarak qildi. Rangi qochgan yuzi surrang tusga kirdi. Azoyi badani titradi, mirg‘azab qo‘ltiqlab turmasa, yiqilib tushishi aniq edi.

-Sen o‘qib yubor kalimani! –dedi yasovulboshi mirg‘azabga,- haromni so‘yib murdor bo‘lmaylik.

O‘ng qo‘ltiqdagi mirg‘azab kalima keltirdi.

***

…Olomon Fayzi avliyoni haydovchilarga ergashdi. Kun peshin bo‘lgan. Nayzadek qadalgan quyosh bor taftini registon maydoniga sochmoqda. Fayzi avliyoning chehrasi quyosh nurida yaltiraydi, ko‘zlari chiroqday yonadi. Yalang‘och badani sovutilgan to‘riq otning sag‘risini eslatadi. Sarv daraxtiday adl gavda, yasovulboshinikidan ham baland bo‘yi-basti Minorai Kalon bilan so‘ylashgan. Ishtonbog‘i ustidan doimiy hamrohi – palaxmon mahkam bog‘langan. Zanjirband qo‘llari ko‘ksida. Bugun minoradan “sakrash” navbati Fayzi avliyoniki.

Unda o‘limdan qo‘rqishning nishonasi yo‘q.

Farmon o‘qildi…

-Battol rohzan! –dedi yasovulboshi, — ark tomonga qarab ta’zim qil, sulton saltanatiga sajda keltir!

Xaloyiq jim, go‘yo borliq muzlab qolganday.

Fayzi avliyo arkka emas, olomonga ko‘z yugurtirdi va hayqirdi:

-Mardumi Buxoro! Meni o‘g‘ri deb ayblashgani bir jihat rostdir! Lekin biz g‘aniylarni taladik-da, kambag‘allarga taqsimlab berdik. Arkka hujum qilib qo‘lga tushdik…

Uning qolgan so‘zlarini eshitishga gumburlagan nog‘ora ovozi halaqit berdi. Mahbusni mirg‘azablar minoraning zinalari tomon sudrashdi…

Maydonda o‘ntacha darvish paydo bo‘lib, ulardan biri mungli qo‘shiq boshladi, boshqalari zikrga tushdi:

Bu jahonu bevafoda mudom ko‘p bo‘lg‘on o‘lim,

Hazrati Odamni ko‘rgil, yerga jo qilg‘on o‘lim.

Hech kishi zolim o‘limni dastidan topmas omon,

Barchaga javri sitamni jobajo qilg‘on o‘lim…

-Hoy qalandar! Xonishingni to‘xtat! – deb qichqirdi birov. Odamlar “gur” etib maydonning bir tarafiga yugurdi. To‘daning o‘rtasida bir qoqsuyak kampir behush yotardi. Joni uzildi chog‘i “shilq” etib qo‘li yoniga tushdi.

-Mayit* Fayzi avliyoning onasi ekan,- dedi bir odam rangi o‘chib, — o‘likni birinchi ko‘rishimi…

Sug‘utdan kelgan bo‘lsa kerak, uch-to‘rt odam shalog‘i chiqqan ko‘tak* aravaga ona-bolaning jasadlarini uzatib qo‘ydi.

O‘lik ortilgan aravaning “g‘iyq-g‘iyq” ovozi ancha vaqtgacha eshitilib turdi.

Darcha*da kuzatib o‘tirib, o‘z farmonining ko‘nglidagiday ijro etilganidan zavqlangan amir Muzaffar xandon otib kuldi. Qo‘rg‘on devorida quvalashib yurgan bir juft musicha osmonga uchdi. Qanotlarining ovozi amir kulgisi bilan hamohang ark devorlaridan qaytib aks-sado berdi.

-Ha, qushbegi nechun rangingiz oqarib ketdi?! – dedi amir Turumtoyga.

-Aravadagi murdaning biri onasimish, minora tagida jon beribdi. Anavilar bolalari ekan, dedi Turumtoy ham chapdastlik bilan. – To‘ng‘ichi o‘n birga kiripti.

Bolalar arava izidan ergashib bormoqda edilar.

-Him-m-m! “O‘g‘ri bachchalar”ga iyib ketiptilarmi?!..

Turumtoy bu dovyurak yigitga yordam qo‘lini cho‘za olmaganidan o‘z-o‘zini hech kechirolmasdi. Esiga oldi deguncha ko‘zlari jiqqa yoshga to‘ladi. Shu holda o‘tirganida qabulxona eshigi taqillab qoldi. U eshikni ochib, turqi sovuq Turob mahramni ko‘rdi. Turob echki soqolini dikkaytirib, ukki ko‘zlarini tikib, qo‘l qovushtirganicha turardi. Bu qo‘shmachining tashrifi sababiga Turumtoy tushunolmay hayron bo‘ldi, eshikdan kelganni it qopmas deb, ichkariga imo qildi.

Turob mahram anchagacha o‘zini qo‘lga ololmay, peshonasidan oqqan terni sidirish bilan ovora bo‘ldi.

-Kamina bir ma’fu yumush birla huzuringizga kelgandim, -dedi u nihoyat uzuq-yuluq ovozda.

-Xo‘sh, xo‘sh, qanday yumush ekan?

-Xonadoningizga humo qushi soya solmoqda.

-Qani-qani, qulog‘im sizda.

-Buxoroi sharifda aziz boshingizdan yavmi saodat* ketmagay.

Turumtoy unga qattiq tikildi.

-Muddaoga ko‘ching!

Qushbegining bu qarashidan, gapni kalta qil, degan ma’noni uqqan Turob mahram seskanib ketdi, qadalib turgan lochin ko‘zlar uni teshib bormoqda edi. Mahram yerga qaragancha gapning po‘skallasini aytdi:

-Taxt sarvari, sohibuzzamon amir Muzaffar ushbu badavlat xonadonga shar’iy domod bo‘lishini shaxsan o‘zlari munosib ko‘ribdurlar.

-Ix-x-x! – deb ko‘ksini changalladi Turumtoy. “Domod” so‘zi uning yuragiga xanjardek qadaldi. Ko‘z oldini qop-qorong‘i zulmat qopladi. Tepada osig‘liq turgan qilichi o‘zining boshi ustida yaraqlab ketganday bo‘ldi. O‘z hovlisi jahannamga aylandi. O‘tirgan o‘rni pilsirotday tebranib ketdi. Sovchi jabroyilu, amir azroil bo‘lib ko‘rindi ko‘ziga.

Turumtoyning holati mahramni vahimaga soldi, nafasini ichiga yutdi. Hozir Turumtoy yoqamdan ushlab chirpirak qilib otadiyu, jasadim egasiz qoladi” deb o‘yladi u.

-Vaziri buzrukvor, qaytaveraymi? – deya oldi xolos. Chunki boshqa gapga o‘rin yo‘q edi.

-Yo‘lingdan qolma! Amir oldiga o‘zim borama!… Elchi bilan sovchiga o‘lim yo‘q, deganlar, bo‘lmasa senimi… yuvindixo‘r!…

-Hoy mulozim, — dedi u, — Imomga aytib qo‘y, tobim qochib turibdi, shomni uyda o‘qiyman…

***

Saltanat ishlari bilan bo‘lgan qushbegi umr yo‘ldoshiga yillar davomida e’tibor qilmabdi. “Soddadil, musichaday beozor,qalbi pok ayol. Umr bahori o‘tib, sochlariga oralagan oqlar keksalikdan nishona. Buni esa tan olmaslikning iloji yo‘q. Tashlagan har bir qadaming go‘rga tomon boraveradi, buni sezmaysan ham”.

-Sizga ne bo‘ldi o‘zi? Namozlarni ham ado etmadingiz, gapirmaysiz ham.

-E-e, xavotir olma, meni jin ham urgani yo‘q. O‘y surayapman.

-Yo‘q, chol, bir narsani mendan pinhon tutayapsizmi deyman?

“Nima desam ekan bu ma’sum xotinga. Bor gapni aytib qo‘ysam, ojiza ko‘tara olarmikan? Yo‘q, yuragi tars yoriladi. Yotig‘i bilan tushuntirish kerak. Yoki indamay qo‘yaqolaymi? Bu ham bo‘lmaydi. Ko‘zlari javdirab yuragini changallab turibdi. Biror narsa deb ko‘ndirmasam, tepamda tonggacha ham tosh qotib turaveradi. Oh, vafodorim! Hayotimning birdan bir tirgagi, ne kunlarga qoldik-a”!

Er-xotinning orasida o‘n yosh farq bor. Turumtoy oltmish yetti, kampiri ellik yetti yoshni yashab qo‘ydi. Bir yostiqqa bosh qo‘yganlariga roppa-rosa qirq yil o‘tibdi-yu, biror marta san-manga bormapti. Lekin peshonalari sho‘r ekan, to‘bichoqday ikki o‘g‘li manglayiga sig‘madi: to‘ng‘ichi Aliqul 14 yoshda chechakdan, undan kichigi Kamoliddin 12 yoshida ko‘kyo‘taldan ko‘z yumdi. “Ushlab qolgani” birdan-bir qizi. Umri uzoq bo‘lsin. Mohtob o‘n uch yoshga to‘ldi. Ota-onasining ermagi ham, sevinchi ham, tayanchi ham shu ma’suma qizchasi.

-Kampir-r, bukun kelgan kishi sovchi edi.

“Sovchi” so‘zi cholning og‘zidan qaltirab chiqdi. Halqumiga bir narsa tiqilganday, “hiq” etib yutindi.

-Voy, shuncha qiynamasangiz odamni, qizingizni sizdan tortib olib ketarmidi. –Bo‘y yetgan qizni kim so‘ramaydi. Tuf, tuf, tuf!- o‘z-o‘zini yupatdi ona, — yuragim yorilayozibdi.

-Ay-y-y, buncha sayramasang, gapning buyog‘ini eshit! Amir o‘ziga…

Turob mahram qushbegi xonadonidan qanday chiqqanini ham bilmadi. “Xo‘sh, endi nima qildim? Amirning oldiga shumshayib qaytib borsamu, rejamiz amalga oshmadi desam. Hadding chig‘masa, nega katta gapirasan, desa, bu ulug‘ dargohdan quvilishim muqarrar”. U bora-borguncha amirdan qutilish chorasini o‘ylab, ichini it tirnadi. Amir erta-indin quchog‘iga kelib kiradigan pari-paykarning ishqida mast bo‘lib, xaramda ohori to‘kilmagan qavat-qavat to‘shakda ag‘nab yotardi.

-Davlatpanoh, — hadiksiragan Turob mahram va bo‘sag‘adan tissasi bilan oshib o‘tib, kaftlari bilan ikki qadamcha emaklab bordi. Uning yolvoruvchi ko‘zlari o‘ynar, iyagi qaltirar, kalimaga kelmagan tili tutilganidan duduqlanardi. Turobning bu holatini ko‘rib amirning chehrasi tundlashdi. “Quruq qaytibdi” deb o‘yladi ichida.

-Gunohimdan o‘ting sultonim… Men sovchilikka emas, o‘limga borgan ekanman. Bu badbaxt mahramingizdan ajralib qolishingizga sal qoldi. Qushbegi shunchalar quturib ketdiki, qutulganimga ming shukr qildim.

Amirning hafsalasi pir bo‘ldi.

-Tur o‘rningdan, qorangni o‘chir, noshud! – dedi mahramga.

Turob mahram: — “Amirim, amirim”,- deganicha orqasi bilan siljib xonadan chiqdi. U amirning: “jallod!” deb chaqirmaganidan xursand edi.

Amirga hamma gap ayon bo‘ldi. “Nima qilsam ekan bu nonko‘r qushbegini? Nahotki gapim yerda qolsa?!”..

***

Turumtoy darvozani “sharaq” etkizib yopdi va mushtini tugib, hovlida kechgacha uyoqdan-buyoqqa aylanib yurdi.

Erining bu holati ayolni hayratga soldi. “Haligi mehmon ne maqsad bilan kelgan, hatto dasturxonga ham qaramay ketib qoldi? Turqi sovuq ekan. Ishqilib, oxiri baxayr bo‘lsinda…”

-Tinchlikmi, qo‘nim topmay qoldingiz?

Turumtoy xotiniga javob bermay, uzoq-uzoqlarga tikilib turaverdi. Quyosh botib borardi. Guyo uni oxirgi marta ko‘rayotganday.

Turumtoy chuqur nafas olib entikdi. Hushi o‘ziga kelib qarasa nomozi asr qazo bo‘libdi, shom yaqinlashibdi. “Buxoroda nomozi chala kishilar jazolanadi-ku. Agar sezib qolsalar nima bo‘ladi? Jomega chiqib, nomozga ko‘shilish kerak-ku? Bir kamim shu edi. Ko‘zga ilinmas oddiy yasavullardan bo‘lsamku, mayliydi, otning qashqasiday , bu iqlimda tanimagan odam yo‘q…”

-Nima-nima, amir?!

-Ha, amir Muzaffar!!

Ayol gujanak bo‘lib o‘tirib qoldi. Uning xayolida guyo osmon gumbazi o‘pirilib tushdi. Bahaybat minoralar shaharning tor ko‘chalarini bosib qoldi. U xuddi zaharli ilon chaqqandek to‘lg‘ana turib dedi:

-Axir sovchiga nima javob berdingiz?!

-Nima derdim, qaytardim.

-Yashshamagur amir!!! – faryod qildi ayol mushtlarini yerga urib.

-Bilmadim, bilmadim! – Turumtoy o‘rnidan turib ketdi. – Bu amir shu darajaga yetdiki, har haftada xotinlaridan bittasini taloq qilish, o‘rniga yangi qizga uylanishni o‘ziga odat qilib oldi.

Ona telbalarda dovdiray-dovdiray qizi yotgan xonaga kirdi. Mohtob o‘rniga yotib, endigina ko‘zi ilingan ekan. Qop-qora sochlari yostiqqa sochilgan, qiyiq qoshlari kamondek egilgan, bug‘doy rang kulcha yuzi lipillab yonib turgan sham shu’lasiga basma-bas nur sochadi.

Ona qizining peshonasini, qaltiroq kaftlari bilan siladi: “ko‘zimning nuri, hayotimning suyanchig‘i. Erta oqshom bu yotish qayda senga. Peshonang shu qadar sho‘r bo‘lmasa?!”

Mohtobning qulog‘iga birov shivirlaganday bo‘ldi-da, quralay ko‘zlari sekin ochildi:

-Uxlayver, jonim, uxla, hech narsa deyotganim yo‘q, o‘zim. Biroq ona o‘zini tutolmay yig‘lab yubordi. Qiz tamoman hayratga tushdi, uyqudan asar ham qolmadi.

-Oyi, nega yig‘layapsiz?

-Yig‘layotganim yo‘q, bolam.

“Nima qilsam ekan, aytsammi? Yo‘q, yuragi yoriladi”. U qizini bir amallab yupatdi-da, uxlatib qo‘ydi.

Turumtoy ham, kampiri ham kechasi bilan uxlamay chiqishdi. Hovlisining hamma burchaklarida jallod oybolta o‘qtalib turganday, Xayri jahannam bilan Turob mahram Mohtobning sochlaridan burab sudrayotganday edi.

-Kampir, — dedi Turumtoy tong otgach, xotiniga tikilib. — Qaytib uchrasha olmasak kerak. Tirik qolsang, Aliqul bilan Kamoliddinning qabriga chiroq yoqib turgin. Mendan rizo bo‘lgin. Xudo yarlaqasa, Arkdan ketinglar. Bir kunlaringni ko‘rarsizlar. Elda yaxshi odamlar ko‘p. Bu zulmatda yashashdan, sahroda yurib ochdan o‘gan yaxshiroq. Endi bizga bu “bo‘ston” harom bo‘ldi.

Mushfiq kampir peshonasini Turumtoyning ko‘ksiga qo‘ydi.

-Noumid bo‘lmang, allo taoloning dargohi keng.

-Mohi turaqol bolam, dadang bilan vidolash.

Kechasi bilan bosinqirab, labini uchqur bosgan qiz yugurib kelib otasining tizzalariga yopishdi. Uylarida qandaydir falokat yuz berganini u sezgan edi.

-Qiblagohim! –deya o‘pkasini bosolmay yig‘ladi qiz.

Qizchasini bag‘riga bosgan cholning tomog‘iga nimadir tiqildi.

-Nuridiydam, alvido, dedi-da, amir huzuriga jo‘nadi. Ona-bola Turumtoyni so‘nggi bor ko‘rayotganday, ortidan bo‘zlab qolishdi.

Saroyda esa amir Muzaffar o‘z hayoli bilan band. “Nahot ohu kabi hurkak qizning vasliga vosil bo‘la olmadim? Turumtoyday qishloqi chol oldida mulzam bo‘lib o‘tirsa? Nega?

-Hu-uhu! –sekin yo‘taldi erta tongda namozga uyg‘otuvchi xodim. Amir uyg‘onmadi.

-Sarvari olam, tong otdi,- dedi ohista. Amir u yondan bu yonga bir ag‘darildi.

Sohibqiron xobdin forig‘ bo‘lsinlar,- yana pichirladi mulozim. Biroq amir hali-veri uyg‘onadigan emas. Xodim engashib amirning oyoqlarini siypaladi…

Amir ko‘ringanda hamma Jomega to‘plangan, uning namozga chiqishini intiq kutishardi.

-Shig‘ovul! Qushbegi qabulxonaga chaqirilsin! – dedi amir namozdan so‘ng hamma ish-ishiga tarqayotganda tahdidli ovozda.

Bu tovush salomxona tomonga kelayotgan Turumtoyga aniq eshitildi.

Turumtoy Chorsu yaqiniga kelganda qatorlashib turgan yasovullarga ko‘z qirini tashladi. Ular bo‘yi barovar nayza ushlagan, qushbegiga sal bosh egib turishardi. Bu holni ko‘rgan Turumtoy amirlikda o‘zining naqadar ulug‘vorligini his etdi. Salomxonaning peshtog‘iga osib qo‘yilgan qamchi uning diqqatini tortdi. “Rustam” deganlari shunchalik pahlavon o‘tgan ekanmi-a?.. Bu ordonani qo‘lda tutish uchun nechog‘lik panjalaru, naqadar kuchli bilaklar kerak? Amirlar avomni qo‘rqitish maqsadida buni “ko‘z-ko‘z” qilib osib qo‘yishgandir?.. Turumtoy esa shu qamchini har kuni ko‘radi. Lekin unga bugungiday vahimali tuyulmagan edi, hech qachon.

Tavba, bu “ajdar o‘ligi”ga shu paytgacha e’tibor qilmapti, negadir. Turumtoy unga hozir tikilib qoldi. “Almisoqdan qolgan shu qamchi balki bugun mening boimda o‘ynar, yelkamga tars-turs urilganida, badanlarim gupsarday shishar, arslonday gavdam murdaga aylanar, darcha yonida huzur qilib tomosha qilayotgan amirning qah-qahasi Arkka sado berar”…

Turumtoy salomda turgan yasovullar, shig‘ovullar, xodimlarning davrasidan o‘tib borar ekan, o‘z-o‘ziga ko‘ngil berdi. “ Ey, Turumtoy, bu dam sen uchun g‘animatdir, qaddingni rostlab ol! Qatl etsalar ham bosh egma, botirlik noming abadiy qolsin!”

Egnida adras to‘n, boshiga katta salla qo‘ndirgan yasovulboshi ham:

-Assalomu alaykum, qushbegi janoblari, — dedi tavoze bilan. “Bu gavbosh hali sirdan voqif emas shekilli, o‘yladi Turumtoy va unga:

-Vaalaykum assalom, yasovuli sarkor. Nag‘ami shumo, qoraton bajomi? – dedi.

Turumtoy chorsuga kelib, salomxonaga yuzlandi. Hudaychi unga yo‘l berdi. Salomxona eshigi ichkarisida ikki sher haykali, ular xuddi tirikday, hoziroq tashlanadiganday tuyuldi. Undan so‘ng G‘ulomgard devori. Ganchdan ishlangan odambo‘yi baland bu devor taxtda o‘tirgan amirni to‘sib turardi. G‘ulomgarddan o‘tgan kishi taxtgacha oraliqdagi 30-35 qadam yo‘lni emaklab bosishi, qaytishda orqasiga o‘grilmay, orqasi bilan k yelib G‘ulomardga urilish, shundn so‘nggina burilib eshikdan chiqib ketishi kerak.

Turumtoy G‘ulomgarddan o‘tib ham tiz cho‘kmadi, salina qomatini egib, taxt sari yurdi. Bu hol amir Muzaffar taxtga o‘tirgandan keyingi birinchi “hurmatsizlik” edi.

-Assalomu alaykum, panohi davlat, — degan mutelik esa uni ozgina insofga keltirdi, qizarib o‘tirgan amir o‘zini bosdi, lekin salomga alik olmadi.

Amir zeb-ziynatga botgan oltin kursida tirsaklarini suyanchiqqa tirab o‘tirardi. Boshida qimmatbaho oq dostor. Dostor tepasida lov yonib turgan toj. Patak soqoli tapiray betini yanada kengaytirib ko‘rsatadi. Shokosadek ko‘zlari chiqquday.

-O‘tiring, “vaziri dono!” – dedi amir qo‘rslik bilan va pastga imo qildi.

Amirning o‘ng tomonida, Turumtoyning o‘rnida shayxulislom. U avvalari chap yonda o‘tirguvchi edi. So‘l itarafda esa qoziul – quzzot yastanib o‘tiribdi. Qushbegining joyida o‘zini omonat deb hisoblagan shayxulislom Turumtoyning oldida hijolatdan besaronjom. Shoh yonidan qo‘nim topgan qoiul-quzzot shu o‘tirgan joyda muqim qolish sharafiga muyassar bo‘lish shavqidan og‘zini yig‘a olmas darajada xushnud.

-Ahvolingiz nechuk sadri a’zam, kayfi shumo bajomi, saltanatda ne mujda?

-Alhamdullilloh, soyai davlatlarida olloh taolo ato etgan rizqini terib yeb ro‘ziguzaronlik qilmoqdamiz.

-Hm-m… Ro‘ziguzaronlik emish. Zo‘ravonlik deng! – oltin kursini g‘ijirlatdi amir.

Turumtoy savol nazari bilan amirga qaradi. Amir raqibga navbat bermay davom etdi:

-Kalomi sharifda sovchi birla elchiga o‘lim yo‘qligini bilato‘rib, sovchini o‘ldirishingizga oz qolibdi. Bu zo‘ravonlik emasmi?!

-Sarvari hotam,- dedi Turumtoy bu amaldorlar oldida amirning o‘ziga ayb yuklamoqchi bo‘lib. – Qizlaringizdan ham yosh, ona suti og‘zidan ketmagan go‘dakni o‘zlariga ravo ko‘rganlari… –Siz amaldorlar xayliga yarashmaydursiz. Uqdingizmi? Yaroshig‘ingiz cho‘li biyobon, tap-taqir dasht. Farishtangiz esa malikalar to‘dasiga munosib emas. Hech vaqt yobonda gul ko‘karmagan. O‘sha masturangiz koshonada emas, isqoti yulqundilar orasida yurib, bit teradi, “qirt-qirt” badan qashiydi.

Shayxulislom Turumtoy haqida haqida xayol surardi: “Esini yeb qo‘ygan axmoq. Faqat senda bormi arzanda duxtarcha. Boshingga qo‘nayotgan davlat qushini “kisht-kishtlab” uchiribsan. Endi holingga maymunlar yig‘lashini ko‘r. Sening o‘rningda bo‘lsam, o‘z qo‘llarim bilan sochidan sudrab kelib amirning qo‘yniga solib qo‘yardim”.

-Ha, sultonim, bilib turibman yer bilan osmonning farqini. Odamzot bino bo‘lganidan beri salotin birla raiyatning dasturxonlari boshqa-boshqa bo‘lgan. Men o‘sha raiyatning cholokidirman. Orangizga tushib qolib, bir tabaqadin xo‘rak yeganim esa ko‘rligimdan, gustohligimdan”.

Amir Turumtoyga qanday jazo berishni o‘ylab qoldi. “Saltanatda buning obro‘yi cheksiz. Hatto o‘zim ham bu qashqirning mashvaratisiz biror ish qilolgan emasman. Har qaysi gunohkorni jazolash uchun buni aralashtirishga majbur edim”. Bir voqea amirning yodiga tushdi. O‘tgan yili kuzda, qozikalon buyrug‘i bilan, soch soqollarga oq oralagan bir bandini keltirishdi. Registon tomoshabin bilan liq to‘ldi. Ikki yasovul bandini o‘rtaga haydab chiqdi-da, yelkasidan bosib tiz cho‘ktirdi.

Amirul musliminga ta’zim qil, — dedi qozikalon xumga yo‘talganday to‘ng‘illab.

Bandi, ta’zim qilish evaziga gunohim yengillashsa kerak, deb o‘yladi va yer bag‘irlab egildi.

-Oting kim? — dedi amir.

-Iskandar, — titradi bandi.

-Qayerliksan?

-Ziraboddan.

-Kasb-koring?

-Fazliddinboyning cho‘ponga cho‘liqman.

-Zakotni ne uchun bermading?

-Axir, taqsirim…

-Taqsir deganing nimasi? Sultoni bokiram degin, isqirt, dedi qozikolon.

-Avf etgaylar, avf etgaylar, sultoni bokiram.

-Sandin zakot bermaganing boisini so‘rmoqdalar, — fursatdan foydalangan qozikalon so‘roq qilishni o‘zi davom ettirib ketdi.

Shu payt tomoshabinlar orasidan yig‘i aralash chinqiriq tovush eshitildi. O‘n ikki -o‘n uch yoshlardagi bir bola mahbusning o‘rniga javob berdi:

-Qo‘ylar bizniki emas, Fazliddinxo‘ja hazratniki, — dedi u qozikalonga iltijo bilan.

Bolaning ustida eskirib, uvadasi chiqib ketgan chopon. Chopon otasiniki bo‘lsa kerak, etagi yer supurib turardi. Buning ustiga choponning yengi qirqib tashlangan, bolaning qurigan cho‘pday qo‘llari uning ichida qaltirardi.

-Mana bular otamni ko‘p urdilar, — dedi u yasovullarni ko‘rsatib.

Registon suv sepganday jimjit bo‘lib qoldi. Qahri qattiq amaldorlarning boshlari yerga egildi. Amir Turumtoyga qaradi. Fursatni poylab turgan Turumtoyga yuzlandi:

-Mol birovniki, har qanday zakotchining gapiga ko‘naversak odamlarni o‘zimiz qiramiz-ku? Bular kerak-ku. A novi sho‘ring qurg‘urda nima ayb?

Shuncha olomon o‘rtasida o‘z adolatini pisanda qilish uchun amir qozikalonga bir qaradi-da:

-Iskandar ozod qilinsin! – dedi.

So‘zi o‘tmagan qozikalonning bo‘yni ichiga kirib ketdi.

-Bechoraning holini so‘raydiganlar ham bor ekan, — dedi Iskandar va Turumtoyga ta’zim qildi. – Iloyo martabangiz ulug‘ bo‘lsin, dunyo turguncha turing.

-Martabasi ulug‘ bo‘lsa, bizdan taxtni olsalar kerak, a?! – deya amir Iskandarga qahr bilan tikildi.

Turumtoy darhol qulluq qildi:

-Bu sho‘ring qurg‘ur azbaroyi esankirab qolganidan, sizning marhamatingizdan shod bo‘lganidan og‘ziga kelganini gapirib yubordi, toji sarvar,- dedi Turumtoy amirni yupatib.

Maqtovning quli bo‘lgan amir hovridan tushdi:

-Mayli gunohidan o‘tganimiz bo‘lsin.

Jonidan yana umidini uzgan Iskandarning ko‘ngli joyiga tushib, amirni qayta duo qildi.

Gapning davomini aytishga tili bormadi Turumtoyning.

Amir fursatni qo‘lga oldi:

-Bu nima deganingiz?

Bu savol bilan u, musulmon diniga ko‘ra, to‘qqiz yashar qizlarni erga berish mumkinligi va o‘zining qizlarini oraga qo‘shish gunoh ekanligini uqtirmoqchi edi. Turumtoy ham bo‘sh kelmadi va Mohtobning amir qizlari bilan yurib mahram bo‘lib kelganini uqtirmoqchi bo‘lib:

U ham o‘z farzandingiz-ku, sultonim, — dedi.

H-a-a. Shariatning qaltis joyidan tutishga urinasiz. Qurutday qizga ikki padar? Kabutaringizdan cho‘rilar bo‘yi anqiydir. Siz anoyi emas, shaytonga hamtabaqasiz. Sizga to‘rimizdan joy ko‘rsatib, tepamizga ko‘tardik, yana qushbegilik amali. Eshak semirsa egasini tepar. Mana. Gapini yo‘qotdi, qovoqlari osildi, patak soqoli silkindi.

-Shavkatli amir, galaboturlikka olinganimdan buyo shu saltanat uchun sidqidil xizmat qilishdan o‘zga narsani bilmasman. Yotish-turishim jang maydoni bo‘lgan.

-O‘tmishingizni haq so‘zlaydursiz, deyishga majbur bo‘ldi oyni etak bilan yopib bo‘lmasligini tan olgan amir.

Turumtoy gapni ilib ketdi:

-Shu toj taxt deb tizzamgacha qon kechdim. O‘ttiz ikki marta nayza yeb, o‘n sakkiz bora to‘pga uchdim, badanim teshildi. Qushbegilik amalini esa qiblagohingiz bergan, tilab olgan emasman.

Amir bu tadbirkorga jilovini ushlatib qo‘yishdan cho‘chib, tashabbusni o‘z qo‘lida saqlab qolish va battol chol bilan tortishuvga tezroq chek qo‘yish uchun oshiqardi. Turumtoy esa tobora o‘ktamlashib, ovozi to‘pning o‘qidek otilib chiqar, “tomoshabin” ikki amaldor, tizginini amir qo‘lidan tortib olishga urinayotgan qushbegiga qarab, hayrat barmog‘ini tishlab o‘tirishardi.

-Mang‘it sulolasining barqarorligi uchun bor quvvatimni sarf etdim, umrim shu saltanatga yem bo‘ldi. Qirq yillik xizmatimga mukofot shumi? Endi belimdan mador ketganda “Childuxtaron”ga farroshlik qilaymi?

Xo‘rligi kelib, o‘pkasi to‘lgan Turumtoy o‘zini yig‘idan to‘xtatib qoldi-yu, beixtiyor otilib chiqqan ikki tomchi yosh nuroniy soqoli uzra yumaladi. U yana nimadir deyishga urindi, biroq tili aylanmay, “qult” etib yutindi.

Yerga singib borayotgan qoziul-quzzot qo‘lidagi tasbehning bir donasini “chirq” etkizib ag‘dardi; amirning sabr kosasi to‘ldi va tortishuvga yakun yasashni tezlashtirmoq istab dedi:

-Bas. Harzani* kalta qiling? Men sizdan manoqib* so‘rayotganim yo‘q.

Bu hodisaga xaloyiq hayron bo‘ldi. Chunki Registonga bandi qilib keltirilgan kishi hech qachon jazosiz ketmagan edi.

Shu voqeadan keyin Turumtoyning dovrug‘i doston bo‘lib ketdi. Hamma yerda uni “Dono vazir”, “Odil qushbegi” deb atashdi. Bu gaplar taxtga ham kelib yetdi. O‘z sha’niga aytilishikerak bo‘lgan maqtov va olqishlar Turumtoyga og‘ib ketgach, qushbegi kuchliroq raqibga aylanib borayotganini amir yetarlicha tushundi.

“Nima qilish kerak? Qatl etishning iloji yo‘q, hatto zindonband qilish ham to‘g‘ri emas. Amir o‘z qushbegisini qatl qilibdi, zindonga tashlabdi, shunday vazirni o‘ldirish qotillikku, demaydimi xaloyiq? Sharmandasini chiqarib sazoyi qilish, shahardan quvish kerak. Bu – eng maqul jazo. Lekin qayerga? Uzoqqa. Begona yurtgami? Yo‘q, bo‘lmaydi, qo‘l ostimizdan chiqib ketsa, erkinlikdan orom topadi. U holda bu qari tulki, zukko emasmi, tarafdorlar to‘plab, amirlikka qarshi isyon uyushtirishdan ham toymaydi. Bu xunrezdan har narsani kutish mumkin”.

-Shayxulislom, ne jazo bermoq kerak? – o‘ng yoiga o‘grildi amir.

-O‘lim! – deb yubordi o‘z shirin xayoli bilan mast bo‘lib o‘tirgan Shayxulislom va Turumtoyning yuziga tik qaralmay, ko‘zini yumdi.

-Sizning istagingiz? – Amir chapga, Qozikalonga qaradi.

-Ixtiyor ba shumo. Taklifi shumo ba mo ham ma’qul,- deya bir qo‘zg‘aldi qozikalon va ko‘zlarini pirpiratdi.

Amir yana sukutga ketdi. “Eng xarob joyga quvish kerak”. Shahar va qishloqlar birin-ketin o‘ta boshladi. “Qarshi – bo‘lmaydi, Karmana – bo‘lmaydi. Ha, Chimga! O‘z qishlog‘iga borsa, ovunib ketadi, buzuq fikrga ham bormaydi. Mulki talon-taroj qilingach, qo‘li kaltalikdan non izlab, xor bo‘lib o‘lib ketadi.

-Janoblar o‘ldirib yuborish juda oson. Biroq, o‘lmay turib jazosini tortsin, bu nonko‘r. Ha, ne bo‘ldi, tiling kesilgandek mum tishlab qolding? – birinchi bor sensiradi amir Turumtoyni.

Turumtoy ham sensirashni qirq yillardan beri ilk bor eshitganidan, bir oz qizardi, lekin otasining o‘limidan xursand bo‘lib og‘zini yig‘ishtirolmay tirjaygan o‘sha amir-da, bu: taxtga chiqish marosimida oq kigizda tik turishni uddalay olmasdan, buti osmondan kelganda ham, uyalish o‘rnigaxandon otib kulgan edi. Meni sensirashdan toyib o‘tiadimi hozir. Buning ustiga o‘limga hukm qilinayotgan kishiga sensirash nima bo‘libdi?”

-Qo‘lingizdan kelganini qiling!

-O-o-o, kekkaygan qo‘rs chol! Vazirlik dastorini qo‘y! U endi sening boshingga kenglik qiladur.

-Mana, — deya boshidan dastorini, yelkasidan kimxob to‘nini yechib yerga tashladi Turumtoy va ichki yaktak hamda cho‘chchayma telpak bilan qoldi.

-Qoziul-qazzot, qalam birla dovotni oling! Farmoni oliy shuldurkim, takabbur, nontepki Turumtoyning mulki toroj etulsun: ro‘zg‘or ahli birla quvvati Islom – Buxoroyi sharifdin sazoyi qilib chiqarulsin. Toki, mardumi Buxoroga ibrat bo‘lgay! Badarg‘a qilinib, o‘z qishlog‘i Chimga jo‘natilsun! Toki o‘z oyog‘i birla bosgan tuprog‘ini yalagay! Hukmi oliy hoziroq ijro etilsun!

Hukmni sabrsiz kutgan mirg‘azab va sarbozlar mansab va shon-shuhratdan mahrum etilgan Turumtoyni lahzada qurshab oldilar. Lekin “Tuya go‘shti uchun it tishi kerak”. Ular kechagina qshbegi nighi tushsa, zumda qorasini ko‘rsatmay qochuvchi kishilar bo‘lgani uchun Turumtoyning qo‘llarini bog‘lashga botina olmadilar. Bir-birlariga ma’noli boqishib, bo‘yniga tog‘dek yuk ortilgan sazoyining orqasidan ergashdilar.

Turumtoy oxirgi bor G‘ulomgard yonidan o‘tdi. G‘ulomgard ko‘ziga nurab borayotganday omonat, uning orqasidagi sher haykallar o‘lik it kabi ko‘rindi. Chorsuga chiqib ketiga burildi. Rustami doston qamchisi ham vahimali emas, kichrayib qolganday tuyuldi uning nazarida. Ertalab yukinib, salom bergan yasovul endi o‘zini bilmaslikka solib, g‘uddayib turardi.

Bir necha fursatdan so‘ng sarbozlar qurshovida Mohtob bilan onasi haydab chiqildi. Balo-qazoday yopirilgan sarboz va navkarlar hovlini birpasda ship-shiydon qilib taladi. Hatto Mohi bilan onasining ro‘molini ham tortib olishdi.

Ojizalar sochlari yoyilgan boshlarini quyi solganlaricha sazoyi to‘xtatilgan maydonga yetishdi. O‘zini unutgan Mohtob otasiga tashlandi.

-Yig‘lama, chashmi qarog‘im, yig‘lama, mana tirikman-ku.

-Xudoga shukr, barqi ofatdan* omon qolibsiz. Egamning qaytib bergani rost bo‘lsin, — kampir Turumtoyga yaqin keldi, o‘pkasini bosolmay unsiz yig‘ladi.

Turumtoy bularga ko‘ngil bersa ham ahvolini ko‘rib, hushi boshidan uchdi. Porlab turgan quyosh xiralashib ko‘rindi. Ko‘zi tinib, Registon chirpirak aylanib ketdi. Biroq bor matonatini yig‘ib, o‘zini tutdi.

Ikki ojiza sazoyiga tirkaldi. Sarboz va mirg‘azablar ularni qay tarafga haydashni bilmay, to‘pchiboshiga qarashdi.

-Ba suyi darvozai Qarshi! – deb qichqirdi va o‘zi turkman otiga qamchi berib, oldinga o‘tdi. Turumtoy darchaga oxirgi marta qaradi. Amirning chaqchaygan ko‘zlariga ko‘zlarini urishtirdi. Jarchi baqirig‘i tinmay eshitilib turardi… Sazoyi..!

Darvoza yaqiniga borganda Turumtoy orqasiga burildi va odamlarga qaradi:

-Ey, fuqaro! Vayron dilimizni yoritib, eng qattiq kunimizda hamdam bo‘ldingiz! Himmatingiz uchun oldingizda bosh egaman! Tuzingizni ko‘p yedim, biroq uni oqlay olmadim. Loaqal biror g‘aribning kulbai vayronasiga chiroq yoqib, qora tunini yorita olmadim!..

Qomatini tik tutib, baland ovoz bilan gapirgan shu yerda turgan xaloyiqning diliga tig‘day botdi. Hamma boshini egdi.

Turumtoy odamlar bilan qo‘l qovushtirib xayrlashdi, ojizalar unsiz vidolashdilar. Chuqur tin olgan fuqaro uzoq safarga yuzlangan karvonni ancha joygacha kuzatib qo‘ydi. Go‘yo Buxoro adolatining tayanch ustuni qulab tushdi, uning gumburlagan ovozi ko‘zlarni ko‘r, quloqlarni kar – hammani garang qilib qo‘ydi. Beshafqat taqdir Minorai Kalon bilan bo‘ylashgan Turumtoyning qirq yillik chinor kabi ildiz otib ketgan tomirlarini bir zarb bilan yulib, 35 toshlik yo‘l – Chimga tomon chirpirak qilib otdi.

Tamom

Asardagi ba’zi so‘z va iboralarga izoh:

*Nadim – hamroh, hamtovoq. *Malloh – kemachi ( bu yerda aravakash o‘rnida kesatilgan). *Salosil – zanjirlar, aravaga qo‘shib bog‘langan kishan) *Rohzan – yo‘lto‘sar, qaroqchi. *Xostkor – sovchi. *Robita – aloqa, vosita. *Mehtar bodi yaldodi – Abu Muslimning ayyori. Dog‘uliga ham ustunlik qilgan. *Ohu saydi- kiyik ovi. Bu yerda qiz tanlash. *Muqarrab –us sulton – shohning eng yaqin ishonchli kishisi.*Amirlarni birinchi marta taxtga chiqarish marosimida kichik, oq kigizga solib to‘rt yoki sakkiz kishi ko‘tarib borib o‘tqazgan. *Amir Muzaffar har juma kuni bir xotinini taloq qilar va bir qizni nikohlab olar ekan.*Tavlika – harakat, yashashga urinish. *Ijtimoona – amaldorlar bazmi. * Dorushshifo madrasasi oldida arqon bozori bo‘lib, u yerdagi chuqur bo‘yida qatlgoh bo‘lgan. *Mayit – o‘lik. * Ko‘tak arava – otga qo‘shiladigan arava. *Darcha – ark ustida o‘tirib qatlgohni tomosha qiladigan eshik. *Yavmi saodat — baxtli kunlar. *Harza- befoyda gapirish. *Manoqib — maqtov.*Barqi ofat — ofat chaqmog‘i.

Manba: Suyun Shukur. Sazoyi. Tarixiy qissa. Qarshi. “Nasaf” nashriyoti 1993 yil.

06

(Tashriflar: umumiy 345, bugungi 1)

Izoh qoldiring