Amriddin Berdimurodov. Samarqand tarixidan tomchilar & Temurnoma (1996) videofilmi. 8-qism. Dorulsaltanat

1928c81e254e64d58eea44dfbf174330.png    Муаллифдан: Менинг бу ёзганларим уммондан бир томчидир, холос. Шунинг учун ҳам ушбу китобни “Самарқанд тарихидан томчилар” деб атадим. Агарда бу ёзганларим китобхонларга Самарқанднинг тарихи ҳақида озгина бўлса-да тасаввур берса, ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон деб ҳисоблардим.

     Таниқли олим Амриддин Бердимуродовнинг мазкур  китоби (Самарқанд тарихидан томчилар (мақолалар, суҳбатлар, тадқиқотлар) — Тошкент: Маънавият, 2015. — 400 б.) Шарқнинг энг қадимий шаҳарларидан бири —  Самарқанднинг тарихи, санъати ва маданиятини ёритишга бағишланган. Тўпламга киритилган мақолалар ва суҳбатларда Самарқанд шаҳрининг пайдо бўлиши ва шаклланиш босқичлари, бу шаҳарга эрамиздан олдинги 329 йили содир бўлган юнонлар, VIII асрдаги араблар, XIII асрда юз берган мўғуллар ва XIX асрнинг иккинчи ярмидаги Оқ пошшо босқинлари ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, китобда  Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар ҳукмронликлари даврида Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, илм-фан, санъат ва маданиятни ёритишга катта ўрин берилган.

МУАЛЛИФ ВА КИТОБ ҲАҚИДА
Хуршид Даврон
034

    Ўтган йилнинг охирида “Самарқанд тарихидан томчилар”  китобига  дастхат ёзиб  танишлардан бирида қолдирган Амриддин Бердимуродовнинг ажойиб  китоби ўн кунча олдин менга  етиб келди. Яширмайман, китобни олиб, беҳад хурсанд бўлдим. Боз устига муаллиф дастхатидаги сўзлар дилимни яшнатиб юборди. «Қадрдон Хуршид ака, Сиз Самарқандни қанчалик улуғлаган бўлсангиз, Оллоҳ ҳам Сизни шунчалик улуғлашини тилаб ушбу китобимни тақдим этаман», деб ёзган эди Амриддин.

Мен китоб муаллифини 30 йилдан кўпроқ вақтдан буён танийман, унинг тарихимизга бағишланган мақолаларини ўтган асрнинг 80-йилларидан бери ўқиб келаман. Амриддинни бугунги Самарқанднинг бағрини тўлдириб турган инсонларнинг бири, она юрт тарихини чуқур ва теран билишга, аждодларимиз қолдирган бой меросни англашга қодир олим деб биламан. Унинг янги китоби бунинг ёрқин исботи бўлди. Китоби дебочасида «Менинг бу ёзганларим уммондан бир томчидир, холос» деб ёзгани эса бу чексиз-чегарасиз уммонни тадқиқ этиш давом этажагини далиллаб турибди.
05

Амриддин Бердимуродов 1954 йилнинг 10 октябрида Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги 3500 ёшли қадимий Мўминобод қишлоғида туғилган. 1971 йилдан Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институтида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1978 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини битирган. 1979-1984 йилларда Михаил Ломоносов номидаги Москва давлат университетида тажриба оширган ва аспирантурада ўқиган. 1985 йили ўша илмий масканда номзодлик ишини ёқлаган. Археология институтининг Ўзбекистон-Италия, Ўзбекистон-Япония халқаро экспедицияларининг раҳбари. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Москва, Париж, Лондон, Берлин, Рим, Болония, Равенна, Сеул, Осака, Киото, Нара, Пекин, Шанхай, Сиан, Олмаота каби шаҳарларидаги халқаро илмий анжуманларда иштирок этган ва маьрузалар қилган. 1993 йилдан буён Париждаги “Темурийлар тарихи ва маданияти” халқаро ассоциациясининг вице-президенти. 2009 йилдан буён Ўзбекистон Археология институти директори. 2015 йили илм-фан соҳасида эришган ютуқлари ва Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги илмий ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Франция Республикасининг “Академик пальма” ордени билан тақдирланган. Оилали, беш фарзанднинг отаси ва 20 набиранинг бобоси.

Агар фарзандлари ва набиралари сафига рамзий маънода унинг илмий тадқиқотлари-ю оммабоп мақолаларини қўшсак Амриддин Бердимуродовнинг ёруғ дунёда қолдиражак неъмати нечоғли улкан эканини ҳис этиш қийин эмас.

Бугун сайтимиз саҳифасига китобдан олинган уч мақолани эълон қилмоқдамиз. Яқин кунларда бошқа мақолаларни ҳам тақдим этиш ниятимиз бор. Китобда  бири-биридан қизиқ юзга яқин мақола жамлангани эса бу тақдимотлар узоқ вақт давом этишидан нишона.

Мен олим дўстимнинг ажойиб китоби билан чин юракдан қутлайман, ундан янгидан-янги асарлар кутиб қоламан.

P.S. Яна бир мулоҳазамни айтиб ўтмасам бўлмайди. Гап нашриётга, аниқроғи китоб муҳаррирларига тегишли. Амриддин Бердимуродов катта олим, аммо унинг китобини бадиий жиҳатдан таҳрир қилиш нашриётнинг вазифаси ҳисобланади. Жуда узоқ вақт, қарайиб 18 йил нашриёт соҳасида ишлаган одам сифатида айтишим керакки, ҳар қандай китоб, у ҳатто Абдулла Қаҳҳор ёки Шукур Холмирзаевга тегишли бўлган тақдирдаям, ўзбек тили адабий нормалари асосида нашриёт муҳаррири нигоҳидан ўтиши одатий мезон ҳисобланган. Нашриёт муҳаррирининг вазифаси матнни ўқиш эмас, уни ўқувчига юксак бадиият асосида етказиш демакдир. Ахир, бекордан-бекор китоб маълумотномасида нашриёт муҳаррирининг исми-фамилияси ёзилмайди-ку. Бу қоида масъулият деган тушунчадн келиб чиққан.

Бугун вақтли нашрларда пала-партиш эълон қилинаётган ҳикоя-ю мақолаларга тоқат қилиш мумкиндир, аммо мазмунан бой ва қимматли маълумотлар ўрин олган “Самарқанд тарихидан томчилар” каби китоблар нашриёт томонидан эътиборсиз нашр этилмаслиги керак. Айнан шундай китоблар нашрга тайёрланиш жараёнида ҳамиша етук таҳрирга қодир, тажрибали муҳаррирларни жалб этиш ўзбек ноширлигига хос анъана ва қоида  бўлиб келган. Ҳатто, нашриётга китоб олиб келган айрим таниқли ёзувчи-ю шоирлар «Менинг китобимга фалончи муҳаррир бўлсин» деб  талашиб-тортишишганларидан хабардорман. Айнан муҳаррирлик иқтидори билан шуҳрату эътибор қозонган (Маҳмуд Саъдийга ўхшаган) инсонлар адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин олгани ҳам бунинг исботи эмасми?   Афсуски,»Маънавият» нашриёти раҳбарияти буни унутганга ўхшайди.

Амриддин БЕРДИМУРОДОВ
САМАРҚАНД ТАРИХИДАН ТОМЧИЛАР
034

БАҒИШЛОВ

044Ота, Сиз мени зиёли инсонлар қаторида бўлишимни орзу қилар эдингиз. Бунинг учун ўзингиз яхши емай, яхши ичмай, янги киймай бор топган-тутганингизни мен учун сарфладингиз. Мен ўғил бўлиб сизнинг мени деб чеккан заҳматларингизнинг бир кунини ҳам қайтара олмадим.

Хола, Сиз дунёдан фарзанд кўриш бахтидан бенасиб ўтдингиз. Шунинг учунми, мени ўз фарзандингиздек яхши кўрар эдингиз. Холадан онанинг иси келади, деганларидек, мен учун худди онамдек азиз эдингиз. Мен сизга нисбатан  фарзандлик бурчимни ҳам тузук-қуруқ эплай олмадим.

Она, ўғлим ўқимишли бўлиб, яҳшилар сафига қўшилсин, элнинг корига ярасин, деб кеча-ю кундуз Оллоҳдан тилардингиз. Узоқ сафарларга отланганимда хавотирга тушиб, орқамдан мўлтираб қолганларингиз ҳамон кўз олдимдан кетмайди.

‘Мен фарзанд бўлиб, сизнинг мени деб чеккан заҳматларингизнинг бир соатини ҳам қайтара олмадим.

Шу армонларимга таскин бериш истагида ушбу китобимни: Отам Эргаш Бердимурод ўғли ва Холам Меҳринисо ҳамда Онам Зебинисо Барот Оқсоқол қизларининг  ҳамиша барҳаёт хотираларига бағишлайман.

 САМАРҚАНД ТАРИХИ ОСТОНАСИДАГИ ЎЙЛАР
ДЕБОЧА

Қаёққа боришингни мўлжаллашингдан аввал қаердан келганлигингни билишинг лозим…

Самарқанд. Бу номни тилга олганимизда кўз олдимизга қадимги Туроннинг пойтахти, Шарқнинг энг гўзал шаҳри, ўз бағрида халқимизнинг бир неча минг йиллик ўтмишини, аждодларимиздан мерос қадим обидаларни авайлаб асраётган оқсоқол ва донишманд, 2750 ёшли шаҳар келади. Қадимги Шарқнинг бу қўҳна шаҳрининг кечмиши шу даражада улкан, шу даражада узоқ бўлганлигидан унинг тупроғи қатлам-қатлам бўлиб кетган. Бу қатламларнинг ҳар бирида олам-олам ўтмиш, тарих, дард-фиғон, қувонч-шодликлар мавжуд. Узундан-узоқ ўтмишида бу шаҳар не-не воқеа-ҳодисаларни кўрмади, дейсиз. У бир неча бор вайрон бўлди ва яна қаддини ростлади. Агарда Самарқанднинг узоқ ўтмишига назар соладиган бўлсак, бу улуғ шаҳар бир неча қудратли ҳукмдорлар яратган салтанатларга пойтахт бўлганлигининг гувоҳи бўламиз.

Ровийларнинг ҳикоя қилишларича, Самарқанд дастлаб Турон подшоси Алп Эр Тўнга — Афросиёб барпо қилган қудратли давлатнинг пойтахти бўлган. Юнон босқинчиларига қарши курашган сўғд қоплони, жасур Спитамен ҳам бу шаҳар тупроғида улғайган, эрксевар йўлбошчи бу шаҳарда ўз лашкарларини тўплаб, юнонларга қақшатгич зарба берган.

Самарқанд илк ўрта асрларда сўғд подшолари Тархун, Вархуман ва Ғурекларга ҳам пойтахт бўлган. Улар шу шаҳарда улкан саройлар, ибодатхоналар, бозорлар ва маҳаллалар барпо қилган эдилар.

XI асрга келиб, Самарқанд қорахоний ҳукмдор Иброҳим Тамғоч Буғрохон давлатининг пойтахтига айланди. Иброҳим Тамғоч бу шаҳарда мадрасалар, масжидлар, шифохоналар, карвонсаройлар барпо қилди. Шаҳарни ўғри-қароқчилардан тозалади ва осойишталик ўрнатди.

XIII асрнинг бошларида Самарқанд Муҳаммад Хоразмшоҳ давлатининг иккинчи пойтахтига айланган эди. Унинг ўғли жасур Жалолиддин Мангуберди шаҳарда янги саройлар, бинолар қурди, мудофаа истеҳкомларини мустаҳкамлади.

XIV асрнинг 70-йилларида Соҳибқирон Амир Темур вайрон бўлган Самарқандни кайта тиклаб, ўз салтанатининг пойтахтига айлантирди. Соҳибқирон бор иқтидорини бу шаҳарнинг ободлиги, фаравонлигига қаратди. Бунинг оқибатида Самарқанд — Шарқ шаҳарларининг келинчаги, дунёнинг илм ва маданият марказига, ер юзининг сайқалига айланди. Соҳибқирондан сўнг бу гўзал шаҳар унинг мунажжим набираси, улуғ олим Мирзо Улуғбек давлатининг пойтахти бўлди. Мирзо Улуғбек бу ерда биринчи марта улкан расадхона қурди ва узоқ  коинот қаъридаги минглаб номаълум юлдузлар ҳаракатини кузатди.

XV-XVII асрда Самарқанд ҳукмдори Ялангтўшбий Баҳодир бу шаҳарда мадрасалар, масжидлар барпо қилди, унинг хиралашиб қолаёзган шон-шуҳратини қайта равшан қилди.

Самарқанднинг бойлиги, кўрки ва шон-шуҳрати қадим-қадимдан бошлаб не-не фотиҳларнинг, жаҳонгирларнинг ҳою-ҳавасини қўзғатганлиги учун бу шаҳарнинг тупроғида уларнинг мудҳиш излари муҳрланиб қолган. Дунёнинг катта қисмини забт этган Искандар Зулқарнайн бу шаҳарни истило қилиш учун ўн минглаб лашкарларидан жудо бўлган, истило қилганидан сўнг ҳам ором топмаган эди.

 Чингизхон бу шаҳарни ўғилларининг истило қилишларига ишонмай ўзи Самарқандга лашкар тортиб келган, истило пайтида минг-минглаб лашкаридан айрилгач, аламига чидай олмай шаҳар масжидини ҳам аяб ўтирмай ёқиб юборган, шаҳарнинг барча мудофаа деворларини текислаб ташлаган эди… Бу қирғинлар, жангларнинг барча-барчаси дард, алам бўлиб Самарқанд тупроғига сингиб кетди… Уни вайрон қилган фотиҳлар бу дунёдан ўтиб кетдилар, аммо Самарқанд яна қайта тикланди.

XIX асрнинг иккинчи ярмида бу шаҳар устига оқ подшонинг босқинчи генерали фон Кауфман қўшин тортиб келди. Яна қонлар тўкилди, шаҳар яна вайрон бўлди.

 Вақт ўтиб Самарқанд яна ўз қаддини тиклади. Самарқанднинг оқшомлари ҳам худди “Минг бир кеча” эртакларидек сирли ва сеҳрлидир. Оқшомлари унинг кўчаларини кезсангиз бу қадимий шаҳарнинг тунлари сизга ўзининг сеҳрли сирларини оҳиста сўзлайди, ўтмишнинг узоқ-узоқларига етаклаб кетади. Бу қадимий шаҳарнинг ҳар бир ғишти, ҳар сиқим тупроғи ўз бағрида олам-олам донишмандликни, тарихни, афсона ва ривоятларни асраб келмоқда. Шунинг учун ҳам дунёнинг турли томонларидан одамлар бу шаҳарни кўришга интиладилар. Бу шаҳарни бир кўриб кетган киши уни яна кайта соғинади.

 Хорижга бориб, мен Самарқанддан келдим, десангиз, улар сизга ҳайрат билан, ҳурмат билан тикиладилар. Чунки, бу шаҳарнинг довруғи қадимдан дунёнинг тўрт томонига тарқалган. Шу сабабли ҳам бу шаҳарда яшашнинг катта масъулияти бор. Француз олими Жан Поль Рунинг таъбири билан айтганда, бу шаҳар саждагоҳ каби муқаддас шаҳар. Самарқанд заминида не-не азиз-авлиёларнинг хоки ётибди. Менинг бу шаҳарда яшаётганимга 40 йилдан ошди. Бу шаҳарнинг сувидан ичяпман, ҳавосидан нафас оляпман. Бунинг учун мен ўзимни бу шаҳардан қарздордек ҳис қиламан. Шу қарзни озгина узиш мақсадида бу шаҳарнинг тарихи, азиз-авлиёлари ҳақида мақолалар ёздим. Энди бу мақолаларни тўплаб, китоб ҳолатида нашр этишни ният қилдим.

  Назаримда, Самарқанднинг тарихи бепоён, тубсиз уммонга ўхшайди. Ҳали бу шаҳарнинг тарихини неча-нечалаб келгуси авлодлар ҳам ўрганадилар.

 Менинг бу ёзганларим уммондан бир томчидир, холос. Шунинг учун ҳам ушбу китобни “Самарқанд тарихидан томчилар” деб атадим. Агарда бу ёзганларим китобхонларга Самарқанднинг тарихи ҳақида озгина бўлса-да тасаввур берса, ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон деб ҳисоблардим.

ОСИЁНИНГ БИРИНЧИ ГЎЗАЛИ
РАВШАНАКНИНГ ҚИСМАТИ

  Эрамиздан олдинги 329 йили Сўғдиёнани истило қилган Александр Македонский — Искандарнинг ҳаётида катта бир воқеа юз берди. У Сўғд гўзали Равшанак — Роксанага муҳаббат қўйиб, унга қонуний равишда уйланди.

Фотиҳ Искандар билан гўзал Равшанакнинг илк учрашувлари ҳақидаги маълумотлар Юнон тарихчиларнинг асарларида кўпроқ учрайди. Бу тарихчиларнинг асарларидаги учрашув тафсилотлари турлича берилганлиги учун уларга алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтамиз. Равшанак ҳақидаги дастлабки маълумотни юнон тарихчиси Квинт Аррианнинг “Александрнинг юриши” номли асаридан ўқишимиз мумкин. Эрамиздан олдинги 328-327 йилнинг қишини Искандар ўз қўшинлари билан ҳозирги Қашқадарё воҳасидаги қадимги Навтака (бу шаҳарнинг қолдиқлари ҳозирда Ерқўрғон деб аталиб, Қарши шаҳрининг яқинида жойлашган. Ўзбек археологлари қазишмалар олиб бормокдалар) шаҳрида ўтказди. Баҳор келиб, ҳаво исиши билан Искандар баланд қоялар устида жойлашган Сўғд қалъаларини ишғол қилишга киришди. Бу калъалар баланд қоялар устида қурилган бўлиб, ишғол қилиш мушкул эди.

Қалъа ичидагилар керакли озиқ-овқатларни жамлаб олганлари учун узоқ ҳимояга тайёр эдилар. Искандар қалъа пойига келиб, ҳимоячиларга “агарда улар ўз ихтиёрлари билан таслим бўлсалар, уларга зиён етказмаслиги”ни маълум қилди. Аммо, сўғдлар унинг бу таклифини рад этдилар. Бундан ғазабланган Искандар: “Қалъага ким биринчи бўлиб чиқса, катта мукофот бераман”, — деб ваъда берди. Юнон жангчиларидан юксак қояларга чиқишга машқ қилдирилган 300 лашкар ажратиб олиниб, керакли анжом- ускуналар билан таъминландилар. Жангчилар кечаси иш бошлаб, қалъа пойига чиқиб олдилар, 30 жангчи эса қоядан йиқилиб халок бўлди.

Қалъа ҳимоячилари эрталаб бу аҳволни кўриб, душман қалъага кирибди, дея саросимага тушдилар ва таслим бўлдилар. Жуда кўплаб аёллар ва болалар асир тушдилар, уларнинг ичида зодагон Оксиартнинг хотини ва гўзал қизи Равшанак ҳам бор эди. Юнон жангчилари унинг гўзаллигидан лол қолиб, бутун Осиёни кезиб, Равшанакдай гўзал қизни кўрмаганликларини, фақатгина Доронинг хотини ўз чиройи билан ундан кейин туришини айтганлар. Не-не подшо ва зодагонларнинг қизларини кўриб, уларга дурустроқ қайрилиб қарамаган фотиҳ Искандар ҳам Равшанакнинг гўзаллигидан ҳайратга тушиб, унга асира сифатида эмас, подшоларга хотин бўлишга арзийдиган қиз сифатида муомала қилди.

Равшанакнинг отаси Оксиарт хотини ва қизи асир тушганлигини, Искандар эса Равшанакка ошиқ бўлганлигини эшитиб, Искандарнинг олдига келди. Уни иззат-икром билан қабул қилдилар. Кўпчилик тарихчиларнинг фикрларича, Равшанак асир тушган сўғд қалъаси Қашкадарё воҳасидаги ёки Ургут билан Китоб ўртасидаги тоғда жойлашган. Равшанакнинг исмини юнонлар ўз тилларига мослаб Роксана деб атай бошладилар. Қиз отасининг асл исми Вахшунварта бўлиб, юнонлар учун у Оксиартга айланди. Айрим тарихчилар уни бақтриялик десалар, айримлари сўғд деб ёзганлар.

Рим тарихчиси Квинт Курций Руф ўзининг “Александр Македонский тарихи” номли асарида Искандар билан Равшанак учрашувларини бошқачароқ тасвирлайди. Унинг ёзишича, Искандар ўз қўшинлари билан Оксиарт ҳокимлик қилаётган вилоятга келади. Ҳоким жангсиз таслим бўлади. Искандар унга ҳокимлигини қайтариб бериб, фақатгина уч ўғлидан иккитасини юнон армиясида хизмат килишини сўрайди. Оксиарт эса  уччала ўғлини ҳам Искандар хизматига беради. Сўнгра, катта зиёфат бериб, Искандарни унга таклиф этади. Зиёфат айни авжига чиққанида, даврага 30 зодагон қизни таклиф этадилар. Уларнинг орасида ўз гўзаллиги, латофати ва фаҳми-фаросати билан ёрқин ажралиб турган Равшанак ҳам бор эди. Равшанак махсус танлаб олинган гўзал қизлар билан бирга кирган бўлса-да, дарҳол Искандарнинг диққатини ўзига тортади. Шу дақиқадан бошлаб Искандарнинг юрагида Равшанакка бўлган муҳаббат ловуллай бошлади. Искандар ўрнидан туриб, базмхонадаги шовқин-суронни тинчитиб, лашкарбошилари ва мезбонларига карата: “Иттифоқимизни мустаҳкамлаш учун форслар (советлар даврида иттифокда яшайдиган барча халқларни хориждагилар “руслар” деб атаганларидек, юнонлар ҳам эронийлар кўл остига тушиб колган бактриялик, хоразмлик ва сўғдиёналик аждодларимизни “форслар”, деб атаганлар) ва македонияликларнинг никоҳ иттифоқи зарур, фақат шу йўл билан мағлубларнинг уятларини ва ғолибларнинг димоғдорликларини бартараф қилиш мумкин… Ахилл ҳам ўз асираси билан никоҳга кирган эди. Ҳеч ким Роксанани шарманда қилмоқчи деб ўйламасин, мен у билан қонуний никоҳга кирмокчиман”, — деб тантанали гапирди. Унинг бу гапини Равшанакнинг отаси Оксиарт хурсанд бўлиб эшитди. Искандар дарҳол нон келтиришларини буюрди. Келтирилган нонни қилич билан иккига бўлдилар ҳамда Искандар ва Равшанак нонни оғизларига солдилар. Нон синдирилиш одати туронликлардаги сингари македонияликларда ҳам никоҳнинг муқаддас гарови эди. Шу тариқа Осиё ва Европа подшоси Искандар ўзига гўзал ва оқила Равшанакни хотин қилиб олди.

Қадимги юнон тарихчиси Диодор ҳам Искандарни Равшанакнинг гўзаллигига қойил қолиб, севиб уйланганлигини ёзган. Юнон ёзувчиси, тарихчи ва файласуфи Плутархнинг ҳам хабари шундай — Искандарни Равшанакнинг гўзаллиги асир этган. Улуғ юнон тарихчиси Страбон ҳам Искандар ва Равшанак ҳақида ёзиб, Искандарнинг Равшанакка севиб уйланганлиги, уларнинг тўйи баланд коя устидаги қалъада жуда тантанали равишда ўтганлигини ёзиб қолдирган. Хуллас, барча тарихчиларнинг маълумотларини бир жойга жамласак, барчасининг маъноси бир хилдир: Искандар Равшанакнинг беҳад гўзаллигидан ҳайратга тушиб, уни севиб қолган ва гўзаллигига муносиб равишда тўй қилиб, қонуний уйланган.

Искандар Турон тупроғида олиб борган уч йиллик жанги жадалларини якунлаб, бу ерга Оропий деган кишини ҳукмдор  қилиб қолдиради ва эрамиздан олдинги 327 йилнинг ёзида Ҳиндикушдан ошиб, Ҳиндистон томон йўл олди. Туронликлар энди Эрон подшоларининг истибдодидан қутилишиб, юнонларнинг зулми остига тушиб колдилар. Гўзал Равшанак ҳам бирга ўсган дугоналари, барча яқинлари, қадрдон юрти билан видолашиб, кўзида ёш билан йўлга тушди. Унинг орқасидан одатдаги ёр-ёр ўрнига Юнон лашкарлари қурол-аслаҳаларининг жаранги таралиб қолди. Агарда юнон аскарларининг Турондан талаб олган бойликларини Равшанакнинг сепи деб ҳисобласак, у дунёда энг бой сеп билан узатилган келинлардан бири бўлур эди.

Ўз туғилган юртидан айро Равшанакнинг кейинги тақдири ҳам аянчли кечди. Жангу жадаллар туфайли олган кўплаб жароҳатлар ва касалликлардан эсон-омон колган Александр Бобил(Вавилон)да ёпишган касалликдан қутила олмади, унга энг моҳир табиблар ҳам ёрдам беролмади. Ўзини худонинг ўғли ҳисобловчи, икки йирик қитъанинг подшоси Александр 33 ёшида мангу уйқуга кетди. Ёлғиз ҳимоячисидан ажралган, юрагининг тагида Александрдан ҳомиласи бор Равшанак бегона юртда колди.

Равшанакнинг кўзи ёригач, унинг янги туғилган ўғлига Александр IV (Тўртинчи) дея ном бердилар. Шундан сўнг, Равшанак ўғли билан эрининг юртига, Македонияга, кайнонаси Олимпиаданинг олдига етиб келди. Аммо Александрнинг рақиби Кассандрнинг буйруғи билан Олимпиада, Равшанак ва ўғли Александр  ўлдирилди. Бу машъум вокеа эрамиздан олдинги 309 йили содир бўлган.

1993

БОШНИ ДОРГА ТИККАНЛАР ҚИСМАТИ

XIV асрнинг иккинчи ярми, Мовароуннаҳр халқи қарийб бир ярим аср мобайнида мўғуллар истибдодидан азоб чекиб келмоқда. Мўғул ҳукмдорлари ўртасидаги талаш, низолар, оғир солиқлар, амалдорларнинг ўзбошимчаликлари халқнинг тинка мадорини қуритган.

Мана шундай оғир вазиятда кураш майдонига сарбадорлар кириб келдилар. Улар эрк учун оёққа туриб, халқни мўғуллар истибдодидан қутқарамиз, агар буни уддалай олмасак, дор остига боришга ҳам тайёрмиз, аммо бу ҳолда яшамаймиз, дея ахд қилдилар.

Мовароуннаҳрдан қувиб чиқарилган мўғул хони Илёсхўжа юрагидаги алам ҳали сўнмаган эди. Шу сабабли у катта қўшин тўплаб 1365 йили яна Мовароуннаҳрга юриш бошлади. Шиддат билан бостириб келаётган мўғул лашкарлари билан  Темурбек ва Амир Ҳусайн бошлиқ Мовароуннаҳр аскарлари Чиноз яқинида юзма-юз келдилар. Амир Ҳусайннинг қўрқоқлиги ва манманлиги, мўғул сеҳргарлари ишлатган жодулар жангни ёв фойдасига ҳал қилди. Ушбу жангда катта талафот кўрган Мовароуннаҳр амирлари чекинишга мажбур бўлдилар.

Ёв учун Самарқанд томонга йўл очилди. Ўша пайтда на мудофаа деворлари ва на мустаҳкам дарвозалари бўлган шаҳар учун бу ғоятда хавфли ҳолат эди. Шундай оғир вазиятда самарқандлик сарбадорлар шаҳарни ҳимоя қилишга бел боғладилар. Самарқандлик сарбадорларга мадраса талабаси Мавлонозода, Абу Бакр Калавий ва Хурдак Бухорий каби жасур аждодларимиз раҳбарлик қилдилар.

Самарқанд Жомеъ масжидига 10 мингдан ортиқ одам тўпланганида, уларнинг олдига Мавлонозода чиқиб, оташин нутқ сўзлади. У нутқини: “Ватан ва Ислом ҳимоясини ким бўйнига олади?” — дея тугатди. Аслзода ва бой-бадавлатлардан садо чиқмади. Шунда у оддий халққа карата: “Агарда барча масъулиятни ўз зиммамга олсам, мени қўллаб- қувватлайсизми?” — дея мурожаат қилди. Халқ тўлиқ унга ишонишини ва уни кўллаб-қувватлашини изҳор қилди. Халқ ваколатини олган Мавлонозода ва сарбадорлар шаҳар мудофаасини яратишга киришдилар. Бу ишга меҳнатга яроқли барча аҳоли жалб қилинди. Шаҳарнинг барча тор кўчалари тўсилди, фақатгина бош кўча очиқ қолдирилган эди. Лой жангидаги ғалабадан мағрур бўлган Илёсхўжа бошлиқ мўғуллар бемалол Самарқанд шаҳрига кириб келдилар. Бош кўчадан кириб келган мўғулларнинг катта қисми олдинга ўтиб бўлгач, шаҳарликлар Мавлонозоданинг кўрсатмаси билан ёвга ташландилар. Уларнинг устига сон-саноқсиз тошлар, камон ўқлари ёғилди. Бу жангда ёвнинг икки мингдан ортиқ лашкари курбон бўлди. Ёв яна Оллоҳнинг қаҳрига учради, уларнинг отлари касалликдан бирин-кетин қирила бошлади. Аҳвол ўта оғирлигини англаган Илёсхўжа зудлик билан аввал Самарқандни, сўнгра Мовароуннаҳрни тарк этди. Бу сарбадорларнинг ёв устидан қилган улкан ғалабаси эди. Халқ бу ғалабани хурсандчилик билан байрам қилди. Сарбадорлар халққа оғирлик қилган кўпгина солиқларни бекор қилдилар, оммага енгилликлар бердилар.

Сарбадорларнинг ёв устидан қилган ғалабалари ҳақидаги хабар  Темурбек ва Амир Ҳусайнларга етиб боргач, улар Самарқандга етиб келдилар. Амирлар Конигилда чодир тикишиб, сарбадорларни таклиф қилдилар. Бу ерга етиб келган Мавлонозода, Абу Бакр Калавий ва Хурдак Бухорийларни Амир Ҳусайн яхши қабул қилди, тилёғламалик қилиб мақтади. Амир Ҳусайннинг бу макрини англамаган сарбадорлар эртаси куни яна Конигилга келдилар, аммо хоинлик юз берди. Бу ерга яхши ниятда келган сарбадорларни Амир Ҳусайннинг одамлари тутиб олишиб, занжирбанд қилдилар. Мавлонозодадан бошқа барча сарбадорлар Амир Ҳусайннинг фармони билан қатл этилдилар.

Мавлонозоданинг омон қолиши ҳақида ҳар хил фикрлар бор. Кўпгина тарихчилар, Темурбек билан Мавлонозода ўртасида аввалданоқ яхши муносабат бўлган, шу туфайли Соҳибқирон ўртага тушиб, унинг ҳаётини сақлаб қолган, деб ёзганлар. Айрим тарихчилар, Мавлонозода Самарқандда катта обрў-эътиборга эга бўлган оилага мансуб бўлган, шу сабабли Амир Ҳусайн уни қатл этишга чўчиган, деб ёзганлар.

Аслини олганда, Мавлонозода исм эмас, балким уни катта мавлоно ва  аллома оиласига мансублигини англатувчи насабдир. Амир Ҳусайн машҳур мавлонолар сулоласига оид жасур сарбадорни қатл этишдан чўчиган, Темурбекнинг илтимосидан ўтолмаган бўлиши мумкин. Шу сабаблар туфайли Ватан ва халқ ҳимоячиси омон қолган.

Сарбадорларни қатл этиб, Самарқанд тахтини  қўлга киритган Амир Ҳусайннинг зулмлари, очкўзлиги ҳаддидан ошиб кетди. Юртни мўғуллардан ҳимоя қилган сарбадорларнинг Амир Ҳусайн томонидан хоинона қатл этилиш Темурбек билан Амир Ҳусайн ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувига олиб келди. Мовароуннаҳрда ўзини ҳар томонлама яхши ҳис қилолмаган Амир Ҳусайн Самарқандни тарк этиб  Балх шаҳрида мустаҳкам истеҳкомлар қура бошлади.

Сарбадорлар Амир Ҳусайн томонидан хоинона қатл этилган бўлсалар-да, уларнинг фидокорона курашлари изсиз кетмади.

Халқ, агарда бир жону, бир тан бўлиб курашса, ҳар қандай ёвуз ёвни ҳам енгиши мумкинлигини англади. Сарбадорларнинг улкан ғалабалари туфайли мўғул хони Илёсхўжа Мовароуннаҳрдан шармандали равишда қочиб кетди.

1996

САМАРҚАНД — АМИР ТЕМУР
ДАВЛАТИНИНГ ПОЙТАХТИ

1370 йили Амир Темур Балх шаҳридаги катта қурултойда Мовароуннаҳр ҳукмдори этиб сайланди. Соҳибқироннинг олдида улкан, машаққатли вазифалар туради. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида мамлакат пароканда бўлган, давлатчиликка путур етган эди.

Амир Темур яратилиши лозим бўлган қудратли давлатига пойтахт зарурлигини яхши биларди. У Мовароуннаҳрдаги шаҳарларни бирин-кетин кўз олдига келтириб, Самарқандга тўхталди. Амир Темур Балхдан қайтгач, она шаҳри Кеш — Шаҳрисабзда бироз дам олгач, Самарқандга йўл олди. Бу вақтда ўз тарихий шон-шуҳрати билан танилган Самарқанд хароба аҳволда эди.

Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар Самарқандни шу даражада вайрон қилган эдиларки, уни қайта тиклашнинг иложи бўлмади ва у то 1370 йилгача вайрона ҳолатида қолиб кетди. Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни ўз давлатининг пойтахти қилиб танлар экан, қадимги Самарқанд — Афросиёбни қайта тиклашдан кўра, янги шаҳарни бунёд этишни маъқул топди. Афросиёб харобалари қайта тикланмади, балки унинг жанубий томонида янги шаҳар барпо қилишга киришилди. Шу туфайли Самарқанд икки тарихий ўринга эга шаҳар сифатида машҳурдир.

Амир Темур янги Самарқандни барпо этишга киришар экан, том маънода қадимги шаҳарсозлик маданиятини қайта тиклади, унга янгича жило ва нафас бағишлади, десак хато бўлмайди. Албатта, Амир Темур Самарқандни пойтахт қилиб танлар экан, уни ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Унинг жойлашиш ўрни, тарихи, табиати, иқлими ва сув заҳираларини ҳар томонлама таҳлил қилди. Ҳузурига меъморлар, қурувчи-усталар, олимларни чорлаб, улар билан кенгаш ўтказди ва сўнгра меъморларга шаҳарни куришнинг бош режасини ишлаб чиқишни топширди. Бўлғувчи Арки аъло, маҳаллалар, кўчалар, бозор ва майдонларнинг ўрни белгиланди. Арк ва шаҳар атрофига улкан мудофаа девори қуришга фармон берди. Шаҳар мудофаа деворига Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Феруза, Сўзангарон ва Коризгоҳ дарвозалари ўрнатилди.

Амир Темур Самарқандда бир-биридан гўзал, бетакрор обидалар: Жомеъ масжиди, Кўксарой, Бўстонсарой, Амир Темур, Шоҳизинда каби мақбараларни бунёд этди. Самарқандликлар дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун шаҳар ичида ва атрофида бир-биридан гўзал, баҳаво, хушманзара 12 боғ-саройни яратди. Бу ажойиб боғларнинг дарвозалари кеча-ю кундуз барча учун очиқ эди.

XIV асрнинг охирларига келиб, Самарканд шу даражада обод ва гўзал, бой, улуғвор шаҳарга айландики, унинг кўрки олдида Шарқнинг гўзал шаҳарлари: Шероз, Қоҳира (Миср), Бағдод, Султония ва Дамашқ ҳам ўз кўркини йўқотгандек бўлди. Шу туфайли Соҳибқирон Самарқанд атрофидаги бир неча қишлоқларга юқоридаги шаҳарларнинг номини берди. Амир Темур Самарқандни ва самарқандликларни алоҳида меҳр-муҳаббат билан севарди. Шу сабабли бу шаҳарнинг ободончилиги, фаровонлиги йўлида бойлиги ва вақтини аямади, унинг фармонига кўра, самарқандликлар бир неча марта ҳар хил солиқлардан озод этилган эди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Амир Темур замонида Самарқандда жуда кўплаб сайиллар, байрамлар ва тўйлар ўтказилган, бу байрамларда шу даражада кўп одамлар қатнашганки, бунча халқни шаҳар ўзига сиғдиролмас эди. Шу туфайли бу сайиллар Самарқанднинг шарқидаги Конигилда ўтказилар, бунинг учун Конигилда минглаб чодирлар, расталар, дўконлар режа билан жойлаштирилар эди. Бу ердаги тартиб-интизом шу даражада пухта эдики, бирор киши ҳам озор чекмасдан сайллардан хушнуд бўлар эди. Чодирлар, раста-дўконлар, йўлаклар гўзал ва кўркам бўлганлигидан гўёки Самарқанд Конигилга кўчиб чиқканга ўхшарди.

Амир Темур илм-фан, санъат ва маданиятга чин маънода ҳомийлик қилганлиги туфайли Самарқандда меъморчилик, шеърият, илм-фан, монументал рангтасвир, манзарали рангтасвир, тўқимачилик санъати, наққошлик, кандакорлик, тоштарошлик, шишасозлик, кулолчилик ўта улуғворлик билан ривожланди. Ўз даврининг энг моҳир меъморлари Самарқандда осмонўпар биноларни қуришиб, Амир Темур давлатининг шон-шуҳрати ва кудратини абадиятга муҳрладилар. ХIУ-ХУ асрларда Самарқанд  кўҳна Туроннинг энг улуғ даҳолари учун ижодий лаборатория вазифасини ҳам бажарганлигини айтиб ўтмоқ лозим. Негаки, бу даврларда юксак ғоялар, тафаккурлар, нодир санъат асарлари Самарқандда туғилар, ривожланар ва амалиётга айланиб, Соҳибқирон давлатининг чекка-чекаларига тарқалар эди. Шу туфайли, Амир Темур яратган кудратли давлатнинг пойтахти бўлган Самарқандда инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодиса, Ренессанс — Уйғониш жараёни бошланди ва ривожланди. Самарқандда туғилган «Темурийлар Ренессанси» қуёш каби порлаб, Шарқ ва Ғарб мамлакатларига таркалиб кетди.

Самарқандда Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврида порлаган илм-фан, санъат-маданият маёғи Эрон, Ҳиндистон, Хуросон, Туркия ва араб давлатларида  ҳам илм-фаннинг ривожига катта таъсир кўрсатди.

Самарқанд шаҳрининг чекига Амир Темурдек улуғ давлат арбобининг пойтахти бўлишдек шараф тушган экан, бу қадимий ва муқаддас шаҳар ушбу юксак вазифани шараф билан амалга оширди.

1996

Taniqli olim Amriddin Berdimurodovning mazkur kitobi Sharqning eng qadimiy shaharlaridan biri — Samarqandning tarixi, san’ati va madaniyatini yoritishga bag’ishlangan. To’plamga kiritilgan maqolalar va suhbatlarda Samarqand shahrining paydo bo’lishi va shakllanish bosqichlari, bu shaharga eramizdan oldingi 329 yili sodir bo’lgan yunonlar, VIII asrdagi arablar, XIII asrda yuz bergan mo’g’ullar va XIX asrning ikkinchi yarmidagi Oq poshsho bosqinlari haqida so’z yuritilgan. Shuningdek, kitobda Amir Temur va Mirzo Ulug’beklar hukmronliklari davrida Samarqandda amalga oshirilgan bunyodkorlik ishlari, ilm-fan, san’at va madaniyatni yoritishga katta o’rin berilgan.

MUALLIF VA KITOB HAQIDA
Xurshid Davron
034

  O’tgan yilning oxirida “Samarqand tarixidan tomchilar” kitobiga dastxat yozib tanishlardan birida qoldirgan Amriddin Berdimurodovning ajoyib kitobi (Samarqand tarixidan tomchilar (maqolalar, suhbatlar, tadqiqotlar) — Toshkent: Ma’naviyat, 2015. — 400 b.) o’n kuncha oldin menga yetib keldi. Yashirmayman, kitobni olib, behad xursand bo’ldim. Boz ustiga muallif dastxatidagi so’zlar dilimni yashnatib yubordi. «Qadrdon Xurshid aka, Siz Samarqandni qanchalik ulug’lagan bo’lsangiz, Olloh ham Sizni shunchalik ulug’lashini tilab ushbu kitobimni taqdim etaman», deb yozgan edi Amriddin.

Men kitob muallifini 30 yildan ko’proq vaqtdan buyon taniyman, uning tariximizga bag’ishlangan maqolalarini o’tgan asrning 80-yillaridan beri o’qib kelaman. Amriddinni bugungi Samarqandning bag’rini to’ldirib turgan insonlarning biri, ona yurt tarixini chuqur va teran bilishga, ajdodlarimiz qoldirgan boy merosni anglashga qodir olim deb bilaman. Uning yangi kitobi buning yorqin isboti bo’ldi. Kitobi debochasida «Mening bu yozganlarim ummondan bir tomchidir, xolos» deb yozgani esa bu cheksiz-chegarasiz ummonni tadqiq etish davom etajagini dalillab turibdi.

Amriddin Berdimurodov 1954 yilning 10 oktyabrida Samarqand viloyatining Urgut tumanidagi 3500 yoshli qadimiy Mo’minobod qishlog’ida tug’ilgan. 1971 yildan O’zbekiston Fanlar Akademiyasi Arxeologiya institutida mehnat faoliyatini boshlagan. 1978 yili Alisher Navoiy nomidagi Samarqand davlat universitetining tarix fakul`tetini bitirgan. 1979-1984 yillarda Mixail Lomonosov nomidagi Moskva davlat universitetida tajriba oshirgan va aspiranturada o’qigan. 1985 yili o’sha ilmiy maskanda nomzodlik ishini yoqlagan. Arxeologiya institutining O’zbekiston-Italiya, O’zbekiston-Yaponiya xalqaro ekspeditsiyalarining rahbari. Toshkent, Samarqand, Buxoro, Xiva, Termiz, Shahrisabz, Moskva, Parij, London, Berlin, Rim, Boloniya, Ravenna, Seul, Osaka, Kioto, Nara, Pekin, Shanxay, Sian, Olmaota kabi shaharlaridagi xalqaro ilmiy anjumanlarda ishtirok etgan va ma`ruzalar qilgan. 1993 yildan buyon Parijdagi “Temuriylar tarixi va madaniyati” xalqaro assotsiatsiyasining vitse-prezidenti. 2009 yildan buyon O’zbekiston Arxeologiya instituti direktori. 2015 yili ilm-fan sohasida erishgan yutuqlari va O’zbekiston bilan Frantsiya o’rtasidagi ilmiy hamkorlikni rivojlantirishga qo’shgan hissasi uchun Frantsiya Respublikasining “Akademik pal`ma” ordeni bilan taqdirlangan  Oilali, besh farzandning otasi va 20 nabiraning bobosi.

05Fotosuratda Amriddin Berdimurodov mazkur orden bilan taqdirlanganlar safida.

Agar farzandlari va nabiralari safiga ramziy ma’noda uning ilmiy tadqiqotlari-yu ommabop maqolalarini qo’shsak Amriddin Berdimurodovning yorug’ dunyoda qoldirajak ne’mati nechog’li ulkan ekanini his etish qiyin emas.

Bugun saytimiz sahifasiga kitobdan olingan uch maqolani e’lon qilmoqdamiz. Yaqin kunlarda boshqa maqolalarni ham taqdim etish niyatimiz bor. Kitobda  biri-biridan qiziq yuzga yaqin maqola jamlangani esa bu taqdimotlar uzoq vaqt davom etishidan nishona.

Men olim do’stimning ajoyib kitobi bilan chin yurakdan qutlayman, undan yangidan-yangi asarlar kutib qolaman.

P.S. Yana bir mulohazamni aytib o’tmasam bo’lmaydi. Gap nashriyotga, aniqrog’i kitob muharrirlariga tegishli. Amriddin Berdimurodov katta olim, ammo uning kitobini badiiy jihatdan tahrir qilish nashriyotning vazifasi hisoblanadi. Juda uzoq vaqt, qarayib 18 yil nashriyot sohasida ishlagan odam sifatida aytishim kerakki, har qanday kitob, u hatto Abdulla Qahhor yoki Shukur Xolmirzaevga tegishli bo’lgan taqdirdayam, o’zbek tili adabiy normalari asosida nashriyot muharriri nigohidan o’tishi odatiy mezon hisoblangan. Nashriyot muharririning vazifasi matnni o’qish emas, uni o’quvchiga yuksak badiiyat asosida yetkazish demakdir. Axir, bekordan-bekor kitob ma’lumotnomasida nashriyot muharririning ismi-familiyasi yozilmaydi-ku. Bu qoida mas’uliyat degan tushunchadn kelib chiqqan.

Bugun vaqtli nashrlarda pala-partish e’lon qilinayotgan hikoya-yu maqolalarga toqat qilish mumkindir, ammo mazmunan boy va qimmatli ma’lumotlar o’rin olgan “Samarqand tarixidan tomchilar” kabi kitoblar nashriyot tomonidan e’tiborsiz nashr etilmasligi kerak. Aynan shunday kitoblar nashrga tayyorlanish jarayonida hamisha yetuk tahrirga qodir, tajribali muharrirlarni jalb etish o’zbek noshirligiga xos an’ana va qoida bo’lib kelgan. Hatto, nashriyotga kitob olib kelgan ayrim taniqli yozuvchi-yu shoirlar «Mening kitobimga falonchi muharrir bo’lsin» deb talashib-tortishishganlaridan xabardorman. Aynan muharrirlik iqtidori bilan shuhratu e’tibor qozongan (Mahmud Sa’diyga o’xshagan) insonlar adabiyotimiz tarixidan munosib o’rin olgani ham bu gapning isboti emasmi? Afsuski,»Ma’naviyat» nashriyoti rahbariyati buni unutganga o’xshaydi.

Amriddin BERDIMURODOV
SAMARQAND TARIXIDAN TOMCHILAR
034

BAG’ISHLOV

044Ota, Siz meni ziyoli insonlar qatorida bo’lishimni orzu qilar edingiz. Buning uchun o’zingiz yaxshi yemay, yaxshi ichmay, yangi kiymay bor topgan-tutganingizni men uchun sarfladingiz. Men o’g’il bo’lib sizning meni deb chekkan zahmatlaringizning bir kunini ham qaytara olmadim.

Xola, Siz dunyodan farzand ko’rish baxtidan benasib o’tdingiz. Shuning uchunmi, meni o’z farzandingizdek yaxshi ko’rar edingiz. Xoladan onaning isi keladi, deganlaridek, men uchun xuddi onamdek aziz edingiz. Men sizga nisbatan farzandlik burchimni ham tuzuk-quruq eplay olmadim.

Ona, o’g’lim o’qimishli bo’lib, yahshilar safiga qo’shilsin, elning koriga yarasin, deb kecha-yu kunduz Ollohdan tilardingiz. Uzoq safarlarga otlanganimda xavotirga tushib, orqamdan mo’ltirab qolganlaringiz hamon ko’z oldimdan ketmaydi.

‘Men farzand bo’lib, sizning meni deb chekkan zahmatlaringizning bir soatini ham qaytara olmadim.

Shu armonlarimga taskin berish istagida ushbu kitobimni: Otam Ergash Berdimurod o’g’li va Xolam Mehriniso hamda Onam Zebiniso Barot Oqsoqol qizlarining hamisha barhayot xotiralariga bag’ishlayman.

SAMARQAND TARIXI OSTONASIDAGI O’YLAR
DEBOCHA

Qayoqqa borishingni mo’ljallashingdan avval qaerdan kelganligingni bilishing lozim…

Samarqand. Bu nomni tilga olganimizda ko’z oldimizga qadimgi Turonning poytaxti, Sharqning eng go’zal shahri, o’z bag’rida xalqimizning bir necha ming yillik o’tmishini, ajdodlarimizdan meros qadim obidalarni avaylab asrayotgan oqsoqol va donishmand, 2750 yoshli shahar keladi. Qadimgi Sharqning bu qo’hna shahrining kechmishi shu darajada ulkan, shu darajada uzoq bo’lganligidan uning tuprog’i qatlam-qatlam bo’lib ketgan. Bu qatlamlarning har birida olam-olam o’tmish, tarix, dard-fig’on, quvonch-shodliklar mavjud. Uzundan-uzoq o’tmishida bu shahar ne-ne voqea-hodisalarni ko’rmadi, deysiz. U bir necha bor vayron bo’ldi va yana qaddini rostladi. Agarda Samarqandning uzoq o’tmishiga nazar soladigan bo’lsak, bu ulug’ shahar bir necha qudratli hukmdorlar yaratgan saltanatlarga poytaxt bo’lganligining guvohi bo’lamiz.

Roviylarning hikoya qilishlaricha, Samarqand dastlab Turon podshosi Alp Er To’nga — Afrosiyob barpo qilgan qudratli davlatning poytaxti bo’lgan. Yunon bosqinchilariga qarshi kurashgan so’g’d qoploni, jasur Spitamen ham bu shahar tuprog’ida ulg’aygan, erksevar yo’lboshchi bu shaharda o’z lashkarlarini to’plab, yunonlarga qaqshatgich zarba bergan.

Samarqand ilk o’rta asrlarda so’g’d podsholari Tarxun, Varxuman va G’ureklarga ham poytaxt bo’lgan. Ular shu shaharda ulkan saroylar, ibodatxonalar, bozorlar va mahallalar barpo qilgan edilar.

XI asrga kelib, Samarqand qoraxoniy hukmdor Ibrohim Tamg’och Bug’roxon davlatining poytaxtiga aylandi. Ibrohim Tamg’och bu shaharda madrasalar, masjidlar, shifoxonalar, karvonsaroylar barpo qildi. Shaharni o’g’ri-qaroqchilardan tozaladi va osoyishtalik o’rnatdi.

XIII asrning boshlarida Samarqand Muhammad Xorazmshoh davlatining ikkinchi poytaxtiga aylangan edi. Uning o’g’li jasur Jaloliddin Manguberdi shaharda yangi saroylar, binolar qurdi, mudofaa istehkomlarini mustahkamladi.

XIV asrning 70-yillarida Sohibqiron Amir Temur vayron bo’lgan Samarqandni kayta tiklab, o’z saltanatining poytaxtiga aylantirdi. Sohibqiron bor iqtidorini bu shaharning obodligi, faravonligiga qaratdi. Buning oqibatida Samarqand — Sharq shaharlarining kelinchagi, dunyoning ilm va madaniyat markaziga, yer yuzining sayqaliga aylandi. Sohibqirondan so’ng bu go’zal shahar uning munajjim nabirasi, ulug’ olim Mirzo Ulug’bek davlatining poytaxti bo’ldi. Mirzo Ulug’bek bu yerda birinchi marta ulkan rasadxona qurdi va uzoq koinot qa’ridagi minglab noma’lum yulduzlar harakatini kuzatdi.

XV-XVII asrda Samarqand hukmdori Yalangto’shbiy Bahodir bu shaharda madrasalar, masjidlar barpo qildi, uning xiralashib qolayozgan shon-shuhratini qayta ravshan qildi.

Samarqandning boyligi, ko’rki va shon-shuhrati qadim-qadimdan boshlab ne-ne fotihlarning, jahongirlarning hoyu-havasini qo’zg’atganligi uchun bu shaharning tuprog’ida ularning mudhish izlari muhrlanib qolgan. Dunyoning katta qismini zabt etgan Iskandar Zulqarnayn bu shaharni istilo qilish uchun o’n minglab lashkarlaridan judo bo’lgan, istilo qilganidan so’ng ham orom topmagan edi.

Chingizxon bu shaharni o’g’illarining istilo qilishlariga ishonmay o’zi Samarqandga lashkar tortib kelgan, istilo paytida ming-minglab lashkaridan ayrilgach, alamiga chiday olmay shahar masjidini ham ayab o’tirmay yoqib yuborgan, shaharning barcha mudofaa devorlarini tekislab tashlagan edi… Bu qirg’inlar, janglarning barcha-barchasi dard, alam bo’lib Samarqand tuprog’iga singib ketdi… Uni vayron qilgan fotihlar bu dunyodan o’tib ketdilar, ammo Samarqand yana qayta tiklandi.

XIX asrning ikkinchi yarmida bu shahar ustiga oq podshoning bosqinchi generali fon Kaufman qo’shin tortib keldi. Yana qonlar to’kildi, shahar yana vayron bo’ldi.

Vaqt o’tib Samarqand yana o’z qaddini tikladi. Samarqandning oqshomlari ham xuddi “Ming bir kecha” ertaklaridek sirli va sehrlidir. Oqshomlari uning ko’chalarini kezsangiz bu qadimiy shaharning tunlari sizga o’zining sehrli sirlarini ohista so’zlaydi, o’tmishning uzoq-uzoqlariga yetaklab ketadi. Bu qadimiy shaharning har bir g’ishti, har siqim tuprog’i o’z bag’rida olam-olam donishmandlikni, tarixni, afsona va rivoyatlarni asrab kelmoqda. Shuning uchun ham dunyoning turli tomonlaridan odamlar bu shaharni ko’rishga intiladilar. Bu shaharni bir ko’rib ketgan kishi uni yana kayta sog’inadi.

Xorijga borib, men Samarqanddan keldim, desangiz, ular sizga hayrat bilan, hurmat bilan tikiladilar. Chunki, bu shaharning dovrug’i qadimdan dunyoning to’rt tomoniga tarqalgan. Shu sababli ham bu shaharda yashashning katta mas’uliyati bor. Frantsuz olimi Jan Pol` Runing ta’biri bilan aytganda, bu shahar sajdagoh kabi muqaddas shahar. Samarqand zaminida ne-ne aziz-avliyolarning xoki yotibdi. Mening bu shaharda yashayotganimga 40 yildan oshdi. Bu shaharning suvidan ichyapman, havosidan nafas olyapman. Buning uchun men o’zimni bu shahardan qarzdordek his qilaman. Shu qarzni ozgina uzish maqsadida bu shaharning tarixi, aziz-avliyolari haqida maqolalar yozdim. Endi bu maqolalarni to’plab, kitob holatida nashr etishni niyat qildim.

Nazarimda, Samarqandning tarixi bepoyon, tubsiz ummonga o’xshaydi. Hali bu shaharning tarixini necha-nechalab kelgusi avlodlar ham o’rganadilar.

Mening bu yozganlarim ummondan bir tomchidir, xolos. Shuning uchun ham ushbu kitobni “Samarqand tarixidan tomchilar” deb atadim. Agarda bu yozganlarim kitobxonlarga Samarqandning tarixi haqida ozgina bo’lsa-da tasavvur bersa, o’zimni dunyodagi eng baxtli inson deb hisoblardim.

OSIYONING BIRINCHI GO’ZALI
RAVSHANAKNING QISMATI

Eramizdan oldingi 329 yili So’g’diyonani istilo qilgan Aleksandr Makedonskiy — Iskandarning hayotida katta bir voqea yuz berdi. U So’g’d go’zali Ravshanak — Roksanaga muhabbat qo’yib, unga qonuniy ravishda uylandi.

Fotih Iskandar bilan go’zal Ravshanakning ilk uchrashuvlari haqidagi ma’lumotlar Yunon tarixchilarning asarlarida ko’proq uchraydi. Bu tarixchilarning asarlaridagi uchrashuv tafsilotlari turlicha berilganligi uchun ularga alohida-alohida to’xtalib o’tamiz. Ravshanak haqidagi dastlabki ma’lumotni yunon tarixchisi Kvint Arrianning “Aleksandrning yurishi” nomli asaridan o’qishimiz mumkin. Eramizdan oldingi 328-327 yilning qishini Iskandar o’z qo’shinlari bilan hozirgi Qashqadaryo vohasidagi qadimgi Navtaka (bu shaharning qoldiqlari hozirda Yerqo’rg’on deb atalib, Qarshi shahrining yaqinida joylashgan. O’zbek arxeologlari qazishmalar olib bormokdalar) shahrida o’tkazdi. Bahor kelib, havo isishi bilan Iskandar baland qoyalar ustida joylashgan So’g’d qal’alarini ishg’ol qilishga kirishdi. Bu kal’alar baland qoyalar ustida qurilgan bo’lib, ishg’ol qilish mushkul edi.

Qal’a ichidagilar kerakli oziq-ovqatlarni jamlab olganlari uchun uzoq himoyaga tayyor edilar. Iskandar qal’a poyiga kelib, himoyachilarga “agarda ular o’z ixtiyorlari bilan taslim bo’lsalar, ularga ziyon yetkazmasligi”ni ma’lum qildi. Ammo, so’g’dlar uning bu taklifini rad etdilar. Bundan g’azablangan Iskandar: “Qal’aga kim birinchi bo’lib chiqsa, katta mukofot beraman”, — deb va’da berdi. Yunon jangchilaridan yuksak qoyalarga chiqishga mashq qildirilgan 300 lashkar ajratib olinib, kerakli anjom- uskunalar bilan ta’minlandilar. Jangchilar kechasi ish boshlab, qal’a poyiga chiqib oldilar, 30 jangchi esa qoyadan yiqilib xalok bo’ldi.

Qal’a himoyachilari ertalab bu ahvolni ko’rib, dushman qal’aga kiribdi, deya sarosimaga tushdilar va taslim bo’ldilar. Juda ko’plab ayollar va bolalar asir tushdilar, ularning ichida zodagon Oksiartning xotini va go’zal qizi Ravshanak ham bor edi. Yunon jangchilari uning go’zalligidan lol qolib, butun Osiyoni kezib, Ravshanakday go’zal qizni ko’rmaganliklarini, faqatgina Doroning xotini o’z chiroyi bilan undan keyin turishini aytganlar. Ne-ne podsho va zodagonlarning qizlarini ko’rib, ularga durustroq qayrilib qaramagan fotih Iskandar ham Ravshanakning go’zalligidan hayratga tushib, unga asira sifatida emas, podsholarga xotin bo’lishga arziydigan qiz sifatida muomala qildi.

Ravshanakning otasi Oksiart xotini va qizi asir tushganligini, Iskandar esa Ravshanakka oshiq bo’lganligini eshitib, Iskandarning oldiga keldi. Uni izzat-ikrom bilan qabul qildilar. Ko’pchilik tarixchilarning fikrlaricha, Ravshanak asir tushgan so’g’d qal’asi Qashkadaryo vohasidagi yoki Urgut bilan Kitob o’rtasidagi tog’da joylashgan. Ravshanakning ismini yunonlar o’z tillariga moslab Roksana deb atay boshladilar. Qiz otasining asl ismi Vaxshunvarta bo’lib, yunonlar uchun u Oksiartga aylandi. Ayrim tarixchilar uni baqtriyalik desalar, ayrimlari so’g’d deb yozganlar.

Rim tarixchisi Kvint Kurtsiy Ruf o’zining “Aleksandr Makedonskiy tarixi” nomli asarida Iskandar bilan Ravshanak uchrashuvlarini boshqacharoq tasvirlaydi. Uning yozishicha, Iskandar o’z qo’shinlari bilan Oksiart hokimlik qilayotgan viloyatga keladi. Hokim jangsiz taslim bo’ladi. Iskandar unga hokimligini qaytarib berib, faqatgina uch o’g’lidan ikkitasini yunon armiyasida xizmat kilishini so’raydi. Oksiart esa uchchala o’g’lini ham Iskandar xizmatiga beradi. So’ngra, katta ziyofat berib, Iskandarni unga taklif etadi. Ziyofat ayni avjiga chiqqanida, davraga 30 zodagon qizni taklif etadilar. Ularning orasida o’z go’zalligi, latofati va fahmi-farosati bilan yorqin ajralib turgan Ravshanak ham bor edi. Ravshanak maxsus tanlab olingan go’zal qizlar bilan birga kirgan bo’lsa-da, darhol Iskandarning diqqatini o’ziga tortadi. Shu daqiqadan boshlab Iskandarning yuragida Ravshanakka bo’lgan muhabbat lovullay boshladi. Iskandar o’rnidan turib, bazmxonadagi shovqin-suronni tinchitib, lashkarboshilari va mezbonlariga karata: “Ittifoqimizni mustahkamlash uchun forslar (sovetlar davrida ittifokda yashaydigan barcha xalqlarni xorijdagilar “ruslar” deb ataganlaridek, yunonlar ham eroniylar ko’l ostiga tushib kolgan baktriyalik, xorazmlik va so’g’diyonalik ajdodlarimizni “forslar”, deb ataganlar) va makedoniyaliklarning nikoh ittifoqi zarur, faqat shu yo’l bilan mag’lublarning uyatlarini va g’oliblarning dimog’dorliklarini bartaraf qilish mumkin… Axill ham o’z asirasi bilan nikohga kirgan edi. Hech kim Roksanani sharmanda qilmoqchi deb o’ylamasin, men u bilan qonuniy nikohga kirmokchiman”, — deb tantanali gapirdi. Uning bu gapini Ravshanakning otasi Oksiart xursand bo’lib eshitdi. Iskandar darhol non keltirishlarini buyurdi. Keltirilgan nonni qilich bilan ikkiga bo’ldilar hamda Iskandar va Ravshanak nonni og’izlariga soldilar. Non sindirilish odati turonliklardagi singari makedoniyaliklarda ham nikohning muqaddas garovi edi. Shu tariqa Osiyo va Yevropa podshosi Iskandar o’ziga go’zal va oqila Ravshanakni xotin qilib oldi.

Qadimgi yunon tarixchisi Diodor ham Iskandarni Ravshanakning go’zalligiga qoyil qolib, sevib uylanganligini yozgan. Yunon yozuvchisi, tarixchi va faylasufi Plutarxning ham xabari shunday — Iskandarni Ravshanakning go’zalligi asir etgan. Ulug’ yunon tarixchisi Strabon ham Iskandar va Ravshanak haqida yozib, Iskandarning Ravshanakka sevib uylanganligi, ularning to’yi baland koya ustidagi qal’ada juda tantanali ravishda o’tganligini yozib qoldirgan. Xullas, barcha tarixchilarning ma’lumotlarini bir joyga jamlasak, barchasining ma’nosi bir xildir: Iskandar Ravshanakning behad go’zalligidan hayratga tushib, uni sevib qolgan va go’zalligiga munosib ravishda to’y qilib, qonuniy uylangan.

Iskandar Turon tuprog’ida olib borgan uch yillik jangi jadallarini yakunlab, bu yerga Oropiy degan kishini hukmdor qilib qoldiradi va eramizdan oldingi 327 yilning yozida Hindikushdan oshib, Hindiston tomon yo’l oldi. Turonliklar endi Eron podsholarining istibdodidan qutilishib, yunonlarning zulmi ostiga tushib koldilar. Go’zal Ravshanak ham birga o’sgan dugonalari, barcha yaqinlari, qadrdon yurti bilan vidolashib, ko’zida yosh bilan yo’lga tushdi. Uning orqasidan odatdagi yor-yor o’rniga Yunon lashkarlari qurol-aslahalarining jarangi taralib qoldi. Agarda yunon askarlarining Turondan talab olgan boyliklarini Ravshanakning sepi deb hisoblasak, u dunyoda eng boy sep bilan uzatilgan kelinlardan biri bo’lur edi.

O’z tug’ilgan yurtidan ayro Ravshanakning keyingi taqdiri ham ayanchli kechdi. Jangu jadallar tufayli olgan ko’plab jarohatlar va kasalliklardan eson-omon kolgan Aleksandr Bobil(Vavilon)da yopishgan kasallikdan qutila olmadi, unga eng mohir tabiblar ham yordam berolmadi. O’zini xudoning o’g’li hisoblovchi, ikki yirik qit’aning podshosi Aleksandr 33 yoshida mangu uyquga ketdi. Yolg’iz himoyachisidan ajralgan, yuragining tagida Aleksandrdan homilasi bor Ravshanak begona yurtda koldi.

Ravshanakning ko’zi yorigach, uning yangi tug’ilgan o’g’liga Aleksandr IV (To’rtinchi) deya nom berdilar. Shundan so’ng, Ravshanak o’g’li bilan erining yurtiga, Makedoniyaga, kaynonasi Olimpiadaning oldiga yetib keldi. Ammo Aleksandrning raqibi Kassandrning buyrug’i bilan Olimpiada, Ravshanak va o’g’li Aleksandr o’ldirildi. Bu mash’um vokea eramizdan oldingi 309 yili sodir bo’lgan.

1993

BOSHNI DORGA TIKKANLAR QISMATI

XIV asrning ikkinchi yarmi, Movarounnahr xalqi qariyb bir yarim asr mobaynida mo’g’ullar istibdodidan azob chekib kelmoqda. Mo’g’ul hukmdorlari o’rtasidagi talash, nizolar, og’ir soliqlar, amaldorlarning o’zboshimchaliklari xalqning tinka madorini quritgan.

Mana shunday og’ir vaziyatda kurash maydoniga sarbadorlar kirib keldilar. Ular erk uchun oyoqqa turib, xalqni mo’g’ullar istibdodidan qutqaramiz, agar buni uddalay olmasak, dor ostiga borishga ham tayyormiz, ammo bu holda yashamaymiz, deya axd qildilar.

Movarounnahrdan quvib chiqarilgan mo’g’ul xoni Ilyosxo’ja yuragidagi alam hali so’nmagan edi. Shu sababli u katta qo’shin to’plab 1365 yili yana Movarounnahrga yurish boshladi. Shiddat bilan bostirib kelayotgan mo’g’ul lashkarlari bilan Temurbek va Amir Husayn boshliq Movarounnahr askarlari Chinoz yaqinida yuzma-yuz keldilar. Amir Husaynning qo’rqoqligi va manmanligi, mo’g’ul sehrgarlari ishlatgan jodular jangni yov foydasiga hal qildi. Ushbu jangda katta talafot ko’rgan Movarounnahr amirlari chekinishga majbur bo’ldilar.

Yov uchun Samarqand tomonga yo’l ochildi. O’sha paytda na mudofaa devorlari va na mustahkam darvozalari bo’lgan shahar uchun bu g’oyatda xavfli holat edi. Shunday og’ir vaziyatda samarqandlik sarbadorlar shaharni himoya qilishga bel bog’ladilar. Samarqandlik sarbadorlarga madrasa talabasi Mavlonozoda, Abu Bakr Kalaviy va Xurdak Buxoriy kabi jasur ajdodlarimiz rahbarlik qildilar.

Samarqand Jome’ masjidiga 10 mingdan ortiq odam to’planganida, ularning oldiga Mavlonozoda chiqib, otashin nutq so’zladi. U nutqini: “Vatan va Islom himoyasini kim bo’yniga oladi?” — deya tugatdi. Aslzoda va boy-badavlatlardan sado chiqmadi. Shunda u oddiy xalqqa karata: “Agarda barcha mas’uliyatni o’z zimmamga olsam, meni qo’llab- quvvatlaysizmi?” — deya murojaat qildi. Xalq to’liq unga ishonishini va uni ko’llab-quvvatlashini izhor qildi. Xalq vakolatini olgan Mavlonozoda va sarbadorlar shahar mudofaasini yaratishga kirishdilar. Bu ishga mehnatga yaroqli barcha aholi jalb qilindi. Shaharning barcha tor ko’chalari to’sildi, faqatgina bosh ko’cha ochiq qoldirilgan edi. Loy jangidagi g’alabadan mag’rur bo’lgan Ilyosxo’ja boshliq mo’g’ullar bemalol Samarqand shahriga kirib keldilar. Bosh ko’chadan kirib kelgan mo’g’ullarning katta qismi oldinga o’tib bo’lgach, shaharliklar Mavlonozodaning ko’rsatmasi bilan yovga tashlandilar. Ularning ustiga son-sanoqsiz toshlar, kamon o’qlari yog’ildi. Bu jangda yovning ikki mingdan ortiq lashkari kurbon bo’ldi. Yov yana Ollohning qahriga uchradi, ularning otlari kasallikdan birin-ketin qirila boshladi. Ahvol o’ta og’irligini anglagan Ilyosxo’ja zudlik bilan avval Samarqandni, so’ngra Movarounnahrni tark etdi. Bu sarbadorlarning yov ustidan qilgan ulkan g’alabasi edi. Xalq bu g’alabani xursandchilik bilan bayram qildi. Sarbadorlar xalqqa og’irlik qilgan ko’pgina soliqlarni bekor qildilar, ommaga yengilliklar berdilar.

Sarbadorlarning yov ustidan qilgan g’alabalari haqidagi xabar Temurbek va Amir Husaynlarga yetib borgach, ular Samarqandga yetib keldilar. Amirlar Konigilda chodir tikishib, sarbadorlarni taklif qildilar. Bu yerga yetib kelgan Mavlonozoda, Abu Bakr Kalaviy va Xurdak Buxoriylarni Amir Husayn yaxshi qabul qildi, tilyog’lamalik qilib maqtadi. Amir Husaynning bu makrini anglamagan sarbadorlar ertasi kuni yana Konigilga keldilar, ammo xoinlik yuz berdi. Bu yerga yaxshi niyatda kelgan sarbadorlarni Amir Husaynning odamlari tutib olishib, zanjirband qildilar. Mavlonozodadan boshqa barcha sarbadorlar Amir Husaynning farmoni bilan qatl etildilar.

Mavlonozodaning omon qolishi haqida har xil fikrlar bor. Ko’pgina tarixchilar, Temurbek bilan Mavlonozoda o’rtasida avvaldanoq yaxshi munosabat bo’lgan, shu tufayli Sohibqiron o’rtaga tushib, uning hayotini saqlab qolgan, deb yozganlar. Ayrim tarixchilar, Mavlonozoda Samarqandda katta obro’-e’tiborga ega bo’lgan oilaga mansub bo’lgan, shu sababli Amir Husayn uni qatl etishga cho’chigan, deb yozganlar.

Aslini olganda, Mavlonozoda ism emas, balkim uni katta mavlono va alloma oilasiga mansubligini anglatuvchi nasabdir. Amir Husayn mashhur mavlonolar sulolasiga oid jasur sarbadorni qatl etishdan cho’chigan, Temurbekning iltimosidan o’tolmagan bo’lishi mumkin. Shu sabablar tufayli Vatan va xalq himoyachisi omon qolgan.

Sarbadorlarni qatl etib, Samarqand taxtini qo’lga kiritgan Amir Husaynning zulmlari, ochko’zligi haddidan oshib ketdi. Yurtni mo’g’ullardan himoya qilgan sarbadorlarning Amir Husayn tomonidan xoinona qatl etilish Temurbek bilan Amir Husayn o’rtasidagi munosabatlarning yomonlashuviga olib keldi. Movarounnahrda o’zini har tomonlama yaxshi his qilolmagan Amir Husayn Samarqandni tark etib Balx shahrida mustahkam istehkomlar qura boshladi.

Sarbadorlar Amir Husayn tomonidan xoinona qatl etilgan bo’lsalar-da, ularning fidokorona kurashlari izsiz ketmadi.

Xalq, agarda bir jonu, bir tan bo’lib kurashsa, har qanday yovuz yovni ham yengishi mumkinligini angladi. Sarbadorlarning ulkan g’alabalari tufayli mo’g’ul xoni Ilyosxo’ja Movarounnahrdan sharmandali ravishda qochib ketdi.

1996

SAMARQAND — AMIR TEMUR
DAVLATINING POYTAXTI

1370 yili Amir Temur Balx shahridagi katta qurultoyda Movarounnahr hukmdori etib saylandi. Sohibqironning oldida ulkan, mashaqqatli vazifalar turadi. Mo’g’ullar hukmronligi davrida mamlakat parokanda bo’lgan, davlatchilikka putur yetgan edi.

Amir Temur yaratilishi lozim bo’lgan qudratli davlatiga poytaxt zarurligini yaxshi bilardi. U Movarounnahrdagi shaharlarni birin-ketin ko’z oldiga keltirib, Samarqandga to’xtaldi. Amir Temur Balxdan qaytgach, ona shahri Kesh — Shahrisabzda biroz dam olgach, Samarqandga yo’l oldi. Bu vaqtda o’z tarixiy shon-shuhrati bilan tanilgan Samarqand xaroba ahvolda edi.

Chingizxon boshchiligidagi mo’g’ullar Samarqandni shu darajada vayron qilgan edilarki, uni qayta tiklashning iloji bo’lmadi va u to 1370 yilgacha vayrona holatida qolib ketdi. Sohibqiron Amir Temur Samarqandni o’z davlatining poytaxti qilib tanlar ekan, qadimgi Samarqand — Afrosiyobni qayta tiklashdan ko’ra, yangi shaharni bunyod etishni ma’qul topdi. Afrosiyob xarobalari qayta tiklanmadi, balki uning janubiy tomonida yangi shahar barpo qilishga kirishildi. Shu tufayli Samarqand ikki tarixiy o’ringa ega shahar sifatida mashhurdir.

Amir Temur yangi Samarqandni barpo etishga kirishar ekan, tom ma’noda qadimgi shaharsozlik madaniyatini qayta tikladi, unga yangicha jilo va nafas bag’ishladi, desak xato bo’lmaydi. Albatta, Amir Temur Samarqandni poytaxt qilib tanlar ekan, uni har tomonlama o’rganib chiqdi. Uning joylashish o’rni, tarixi, tabiati, iqlimi va suv zahiralarini har tomonlama tahlil qildi. Huzuriga me’morlar, quruvchi-ustalar, olimlarni chorlab, ular bilan kengash o’tkazdi va so’ngra me’morlarga shaharni kurishning bosh rejasini ishlab chiqishni topshirdi. Bo’lg’uvchi Arki a’lo, mahallalar, ko’chalar, bozor va maydonlarning o’rni belgilandi. Ark va shahar atrofiga ulkan mudofaa devori qurishga farmon berdi. Shahar mudofaa devoriga Ohanin, Shayxzoda, Chorsu, Feruza, So’zangaron va Korizgoh darvozalari o’rnatildi.

Amir Temur Samarqandda bir-biridan go’zal, betakror obidalar: Jome’ masjidi, Ko’ksaroy, Bo’stonsaroy, Amir Temur, Shohizinda kabi maqbaralarni bunyod etdi. Samarqandliklar dam olib hordiq chiqarishlari uchun shahar ichida va atrofida bir-biridan go’zal, bahavo, xushmanzara 12 bog’-saroyni yaratdi. Bu ajoyib bog’larning darvozalari kecha-yu kunduz barcha uchun ochiq edi.

XIV asrning oxirlariga kelib, Samarkand shu darajada obod va go’zal, boy, ulug’vor shaharga aylandiki, uning ko’rki oldida Sharqning go’zal shaharlari: Sheroz, Qohira (Misr), Bag’dod, Sultoniya va Damashq ham o’z ko’rkini yo’qotgandek bo’ldi. Shu tufayli Sohibqiron Samarqand atrofidagi bir necha qishloqlarga yuqoridagi shaharlarning nomini berdi. Amir Temur Samarqandni va samarqandliklarni alohida mehr-muhabbat bilan sevardi. Shu sababli bu shaharning obodonchiligi, farovonligi yo’lida boyligi va vaqtini ayamadi, uning farmoniga ko’ra, samarqandliklar bir necha marta har xil soliqlardan ozod etilgan edi.

Tarixiy manbalarda yozilishicha, Amir Temur zamonida Samarqandda juda ko’plab sayillar, bayramlar va to’ylar o’tkazilgan, bu bayramlarda shu darajada ko’p odamlar qatnashganki, buncha xalqni shahar o’ziga sig’dirolmas edi. Shu tufayli bu sayillar Samarqandning sharqidagi Konigilda o’tkazilar, buning uchun Konigilda minglab chodirlar, rastalar, do’konlar reja bilan joylashtirilar edi. Bu yerdagi tartib-intizom shu darajada puxta ediki, biror kishi ham ozor chekmasdan sayllardan xushnud bo’lar edi. Chodirlar, rasta-do’konlar, yo’laklar go’zal va ko’rkam bo’lganligidan go’yoki Samarqand Konigilga ko’chib chiqkanga o’xshardi.

Amir Temur ilm-fan, san’at va madaniyatga chin ma’noda homiylik qilganligi tufayli Samarqandda me’morchilik, she’riyat, ilm-fan, monumental rangtasvir, manzarali rangtasvir, to’qimachilik san’ati, naqqoshlik, kandakorlik, toshtaroshlik, shishasozlik, kulolchilik o’ta ulug’vorlik bilan rivojlandi. O’z davrining eng mohir me’morlari Samarqandda osmono’par binolarni qurishib, Amir Temur davlatining shon-shuhrati va kudratini abadiyatga muhrladilar. XIU-XU asrlarda Samarqand ko’hna Turonning eng ulug’ daholari uchun ijodiy laboratoriya vazifasini ham bajarganligini aytib o’tmoq lozim. Negaki, bu davrlarda yuksak g’oyalar, tafakkurlar, nodir san’at asarlari Samarqandda tug’ilar, rivojlanar va amaliyotga aylanib, Sohibqiron davlatining chekka-chekalariga tarqalar edi. Shu tufayli, Amir Temur yaratgan kudratli davlatning poytaxti bo’lgan Samarqandda insoniyat madaniyati tarixidagi eng nodir hodisa, Renessans — Uyg’onish jarayoni boshlandi va rivojlandi. Samarqandda tug’ilgan «Temuriylar Renessansi» quyosh kabi porlab, Sharq va G’arb mamlakatlariga tarkalib ketdi.

Samarqandda Amir Temur va Mirzo Ulug’bek davrida porlagan ilm-fan, san’at-madaniyat mayog’i Eron, Hindiston, Xuroson, Turkiya va arab davlatlarida ham ilm-fanning rivojiga katta ta’sir ko’rsatdi.

Samarqand shahrining chekiga Amir Temurdek ulug’ davlat arbobining poytaxti bo’lishdek sharaf tushgan ekan, bu qadimiy va muqaddas shahar ushbu yuksak vazifani sharaf bilan amalga oshirdi.

1996

09

(Tashriflar: umumiy 1 938, bugungi 1)

2 izoh

  1. Kitob juda ham ajoyib chiqibdi ayniqsa Samarqand tarixi va Ravshanakning qismati mavzular judayam chiroyli yoritilgan

  2. Раҳмат Сизга. Ҳар доим саҳифангиз билан танишиб тураман. Қилган ишларингиздан Аллоҳ рози бўлсин, дунё тургунча туринг

Izoh qoldiring