G’ayrat Majid. Bobolarim yurti & Abdulla Oripov. G’ayratli shoir

033

Ғайрат  Мажид — Боболарим юрти.
Тошкент.Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи.
2013, 196 бет

   Юртимиз Истиқлолга эришган дастлабки йилларда адабиётга илк қадамини қўйган ёш авлод вакиллари бугун чинакам шоир, Ватан меҳрини, миллат руҳини, сўз юкини теран англайдиган ижодкорлар бўлиб етишди. Улар орасида истеъдодли шоир Ғайрат Мажиднинг ҳам ўз овози, қиёфаси, ўрни бор.  Шоирнинг ушбу китобга жамланган ижод намуналари унинг адабиётдаги тинимсиз ва баракали меҳнатини тасдиқлайди.

Абдулла Орипов
ҒАЙРАТЛИ ШОИР
044

Шоир укам Ғайрат Мажид навбатдаги китобини “Боболарим юрти” деб атабди. Бу жуда теран ибора. Айниқса, Ғайратнинг боболари яшаб ўтган диёрни, юртни мен яхши биламан. Самарқандга боргунча ҳам, қайтгунча ҳам Ҳисор тоғларининг Тахтиқорача довонидан ошиб ўта туриб, бир замонлар Навоий ҳазратлари ҳам ана шу жойларда, довон этакларида балким тулпорларига дам бериб, бироз ўйга толгандирлар. Ўшанда иккита тоғ рўбарў келган. Маънавият тоғи – Алишербек ва Ҳисорнинг юксак чўққилари. Ана шу тоғлар бағрида ажойиб масканлар, жуда қадимий қадамжолар бор. Биргина Шаҳрисабз – Шаҳри Кешни тилга олсак, кўз олдимизда бутун ер юзи гавдалангандек бўладики, бунинг сабаби маълум: улуғ соҳибқирон мана шу ерда туғилиб, вояга етганлар. Шаҳрисабз, Китоб деб аталган ажойиб манзарали тарихий бу манзиллар азалдан маърифат маънавият маскани бўлиб келган. Ҳар қадамда бир авлиёнинг изи бор. Тоққа қараб кўтарилиб борсангиз, Китоб тумани атрофларида ям-яшил даралар қўйнида Хўжаилмкони қишлоғи – Ҳазрати Хожагий Имканагий (бул зот XVI-XVII асрларда яшаб ўтган ислом оламининг улуғ пешволаридан бири, “Силсилаи шариф”да 22 ўринда турган пири муршид ҳисобланадилар.) қадамжолари жойлашган. Бу манзилларни жуда кўп маротаба зиёрат қилганман. Ҳаволаридан тўйиб-тўйиб нафас олганман. Бундан неча-неча асрлар муқаддам барпо этилган шарқнинг ўзига хос жуда катта миробчилик обидалари – коризлар ҳам ўша ерда. Бу коризлардан бугун ҳам сув оқиб турибди.

Улуғбек кутубхонаси ҳақида ҳозиргача гап сўзлар юради: у қаёқларда яширилган экан? Ўша кутубхона ҳам айнан шу тоғлар бағрида бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Мени доимо ўйга толдириб келадиган орзуларимдан яна бири шу эдики, мана шундай палаги тоза, маънавияти қадим, иймони мустаҳкам маърифатли элдан яна етук ижодкорлар, алломалар етишиб чиқсалар. Ахир бу авлодларнинг илдизлар Хусрав Деҳлавий, Мирзо Бедил, Мирза Ғолиблар аждодларига бориб туташади-ку. Биргина Шаҳрисабз Қодирий, Ойбекдек романнависларни кутмоқда десам хато бўлмас. Албатта, бу юртда ижодкорлар, санъаткорлар ҳозир ҳам бор. Биз юқорида эслаб ўтган Хўжаилмкони – ажойиб сўлим табиатли қишлоқдан Ғайрат Мажид деган шоир етишиб чиқди. Мен бу ҳодисадан сира ажабланмайман. Бугун ёшларимиз сафида Ғайрат Мажид ҳам яхши ният билан ижод қилаётир. Унинг шеърларида фикр таровати, ажиб самимият бор. Ғайрат Мажид назм гулшанида ҳали ўзига хос ўрин олади, деб умид қиламан.

Биз ҳар йили соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари туғилган кунини мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонлаймиз. Айнан мана шу куни пойтахтмиз Тошкентда Амир Темур бобомизга қўйилган муҳташам ҳайкал пойида ҳам байрам тантаналари ўтади. Ана шундай йиғинлардан бирида Ғайрат Мажид Соҳибқирон бобомизга бағишланган бир шеърини ўқиб берди ва бу шеърдан ҳаммамиз қувондик. Мен Ғайратга юзланиб, ука, бобомиз ҳақидаги шеърни айнан сен ёзишинг керак эди. Чунки сенинг зуваланг ҳам ўша тупроқдан олинган, дедим. Боболарим юрти дегани аслида мана шу эмасми?
Шеърият ҳавойи эмас, унинг оёғи қандайдир заминга таяниб турган бўлиши керак. Яъни шеър предметли бўлгани дуруст. Шу маънода юзлаб гўзал ташбеҳлар ҳали эримасдан қотиб қолган шабнам доналаридек Ғайрат Мажидни ҳам кутиб турибди. Ғайрат Мажид шеъриятида айнан илдизи заминга туташ шеърлар кўпайиб боришини тилайман.

«БОБОЛАРИМ ЮРТИ» КИТОБИДАН
ШЕЪРЛАР
044

АВЛОДЛАР ҚЎШИҒИ

Тиниқ бир шишага ўхшайди кўнгил,
Тузатиб бўлмагай синса дарзларин.
Куч – адолатдадур, буни англаю
Қунт билан ўргангин ҳаёт дарсларин.
Ҳаёт асли тарих, илму урфондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

Жонингдан азиздир муқаддас шу эл,
Иймон кўзларга нур, дилларга чирой.
Оламга жаҳонгир берган бу юртдан
Не-не ҳикоялар сўйлар Оқсарой.
Шунданми, ғурурим, орим осмондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

Боғи Дилкушою боғи Чинорлар,
Насими қалбларга ҳаволар берур.
Масжиду мадраса – обод манзиллар
Ҳар ғишти Ҳақ деган садолар берур,
Самарқанд ҳам қадим, ҳам навқирондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

Фалак сирларини айлади у ҳал,
Ҳам султон, ҳам устод Мирзо Улуғбек.
Ҳазрат Навоийнинг сўзлари ҳақдир,
“Ки олам кўрмади султон анингдек”.
Бу ҳам ҳар ўзбекка шавкатдир, шондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

Ҳалолу покликда ҳикмат кўп азал,
Буни тушунгайдир қалби нодирлар,
“Тузуклар”дан сабоқ олгани учун,
Оламни лол этди Мирзо Бобурлар.
Ўйласам, ҳар бири битта достондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

Дерлар, кўкларга бўй чўзгайдир дарахт,
Агар омон бўлса илдиз, мукаррам.
Шууру онгимда янграр бир хитоб,
Миллатнинг дардига дармон бўл, болам.
Билдим: ҳар киши – бир Ўзбекистондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

Муаззам дарёлар оқгайлар тўлиб,
Шамси талъат эрур орзу дегани.
Элу Ватан деган зотлар бордир-ки,
Умри қуёш янлиғ мангу дегани.
Англадим: бу ҳикмат жонимга жондир,
Бобом Амир Темур Соҳибқирондир.

ОРЗУ

— Ўғлим, юр, — дейсиз кетмонни олиб,
Лой қилиб иккимиз пахса урамиз.
— Бугун ҳам шеър ёзай сиздан ўтинчим,
Дадажон, шу ишни эрта қиламиз.

— Дангаса, — дейсиз гоҳ жаҳлингиз чиқиб,
Онамми, ҳамиша менинг ғамим ер.
— Бугун ҳам индаманг, қўйинг, дадаси,
Бугун ҳам майлига ёза қолсин шеър.

— Дада, сиз биласиз, биласиз она,
Кўнглимдан тўкилган мунис хазонни.
Мен шундай яшайман, бир куни шундай
Кафтимда кўтариб Ўзбекистонни!

САМАРҚАНДИМ

Дейман, ўз-ўзимга бу тупроқ олтин,
Ҳар бир заррасини кўзингга сурт сан.
Шубҳасиз, қанчалаб улуғ зотларнинг,
Бешигини тебратган муқаддас юртсан.
Қанча навқиронсан, шунча қадимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Иймон юракларга кўрк бўлган азал,
Ҳақ йўлга бошлагай фозил мударрис,
Сен фақат ўзингга интилгил, одам,
Сен фақат ўзингдан кетмагил олис.
Менинг энг мусаффо, тоза бахтимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Кўкда жимир-жимир юлдуздарга боқ,
Сенга термулади келиб ҳаваси,
Уйғотиб юборар тош дилларни ҳам,
Бухорий бобонинг масиҳ нафаси.
Буткул эзгуликка бошлар одимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Ёруғ мақсадларинг сабаб дунёга,
Довруғ солиб ўтди Соҳибқироним.
Меҳрибон онасан – Бибихонимсан,
Ҳамиша айлабон дуойи жоним,
Кўнглим ипларига туташ бандимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Умидвор кўзларин фалакка тикиб,
Улуғбек юлдузлар билан сирлашган,
Ҳатто ғанимларинг меҳрингдан эриб,
Сенга сингиб кетган, сенга бирлашган.
Сен мангу букилмас чинор қаддимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Ҳазрат Алишернинг тоза қалбига
Абуллайс бўлибон синдиргансан нур,
Подишоҳ Бобурнинг шоир кўнглига,
Бағишлаб тургансан илоҳий сурур.
Сен шундай сарвару содиқ надимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Минорлар шавкату шонингдан ёниб,
Бутун борлиқ узра янграган хитоб,
Шунчалар сирларга тўлиқсан, гўё
Қанча ўқиса ҳам тугамас китоб.
Дил ичра адоқсиз сўлмас байтимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

Ёғдулар таралар Шоҳизиндадан,
Дуою умидлар кавсардек зилол,
Сенга қанот бўлгай шу озод Ватан,
Сени асраб тургай Қодир зул-жалол.
Азалсан, абадсан, бахту тахтимсан,
Жонимдайин азиз Самарқандимсан.

***

Ҳазрати Хожагий Имканагий
зиёратларида..
.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,
Мана қошингизда турибман йиғлаб.
Оппоқ туйғулар-ла поклаб руҳимни,
Топиб олгим келар ўзимни йўқлаб.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,
Не бўлса, тақдирдан ҳавола бошга,
Эҳтимол, кимгадир кулгили, лекин
Ёнмоқни ўргатгим келар қуёшга.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,
Умримни сўрсангиз сўнгсиз йўлдадир.
Бугун неларнидир англагандайман,
Имкон ҳам, имдод ҳам бари дилдадир.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,
Йўқ-йўқ, мен ўзимга қилмайман шафқат.
Тангрим, ўтмоқ учун хорли йўллардан,
Тилайман тоғлардан мустаҳкам тоқат.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,
Заминда қоларми босган изларим.
Кибор-ла боқмадим осмонларга мен,
Неки маъно бўлса, ердан изладим.

Ҳазрат Имканагий, ҳазрат бобожон,
Бўғзимни тирнайди нурли бир нидо.
Тупроқда ётиб ҳам юксаксиз кўкдан,
Сизга етказсайди мени ҳам Худо.

ҲАҚДАН БИЛДИМ

Бу дунёнинг жилвасига учмоқ нега,
Узуқ-юлуқ шевасига учмоқ нега,
Париларнинг ишвасига учмоқ нега,
Кўзим узра тоза нигоҳ Ҳақдан, билдим.

Юрак маним қанотлари алвон қушим,
Яна тинмай чарх ургувчи карвон қушим,
Олисларга дилни бошлар сарбон қушим,
Кўнглим ичра муқаддас оҳ, Ҳақдан, билдим.

Неки қайғу ютавериб, йиғлайверсам,
Ишқ йўлидан ўтавериб, йиғлайверсам,
Зор-интизор кутавериб, йиғлайверсам,
Дил чашмига тиниқ ирмоқ Ҳақдан, билдим.

Савдоларнинг синоатин англатгувчи,
Нидоларнинг синоатин англатгувчи,
Наволарнинг синоатин англатгувчи,
Муножоту Дугоҳ, Сегоҳ Ҳақдан, билдим.

Сидқу вафо дил қасрига қўрғон доим,
Қасру қўрғонларни ўзи қурғон доим,
Шамол бўлиб, дарё бўлиб уйғон доим,
Тилу дилим айтар Оллоҳ, Ҳақдан, билдим.

***

Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

                         Шавкат Раҳмон

Эй кўнгил, юзимни мунаввар айла,
Сўнгра юрагимни нурларга тўлдир,
Ўтинчим адоват, кинларни тайла,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Билсанг, токи эр бор, эл ҳам бор бўлгай,
Эл хор бўлса, эрнинг пастлиги шулдир,
Қалбингда ҳеч сўнмас чаманлар кулгай,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Суйма ҳеч илтифот бандаларини,
Уларнинг бисоти қақраган чўлдир,
Кўзга сур қаландар жандаларини,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Азалдан дилларнинг бўлган бир ахди,
Шуни такрор-такрор кўнгилга билдир,
Кимда бор бу каби яшамоқ бахти,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Осмондай мақсадлар оташида ён,
Умр бир эсгувчи сабодир, елдир.
Ғафлат не билмасин қалбингда иймон,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Эй кўнгил, юзимни ёруғ айлагин,
Кейин юрагимни нурларга тўлдир,
Ўзни яхшиликка буткул шайлагин,
Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.

Ё РАББ…

Кулгулар сиғмади юракка, ё Рабб,
Қайғулар сиғмади юракка, ё Рабб,
Армонлар сиғмади юракка, ё Рабб,
Осмонлар сиғмади юракка, ё Рабб,
Бўронлар сиғмади юракка, ё Рабб,
Суронлар сиғмади юракка, ё Рабб,
Фалак, бу қисматнинг исми нимадир,
Юрак ҳам сиғмади юракка, ё Рабб.

***

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Менинг армонларим узундан, узун,
Менинг хаёлларим кўкда, фазода.

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Мен илҳом майидан сармастман буткул,
Тугамайдир ҳеч бу шафақгун бода.

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Оламдан зулматни қувсам, ҳаётман,
Дилларга улашиб нурлардан шода.

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Кўнгил юксалиши беоромликдан,
Дунё инқирози уруш, низода.

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Бағрингдаги икки гул янглиғ кўнглим
Адоват, кинлардан бўлсин озода.

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Тобора шу элга ошуфта юрак,
Тобора Ватанга ишқим зиёда.

Синглим,
Сингилжоним,
Шаҳноза синглим,
Бағрингда икки гул – Нигор, Шаҳзода.
Менинг орзуларим узундан, узун,
Менинг туйғуларим кўкда, фазода.

***

Дилдан дарс уқарми, дилдан безорлар,
Алар бир ғамингни айлар ҳазорлар,
Қийналсам, мендан кўп чекар озорлар,
Азиз сингилларим – қалдирғочларим.

Мени мендан ортиқ ўйлайди улар,
Шунданми, дилимда мудом ёғдулар,
Бор бўлса дунёда меҳри эзгулар,
Азиз сингилларим – қалдирғочларим.

Дарду аламларнинг байроғи менми,
Армону ҳижронга бойроғи менми,
Чарху кажрафторнинг қайроғи менми,
Азиз сингилларим – қалдирғочларим.

Ухласам, қуёшдан порлоқ тушимсиз,
Уйғонсам, оп-ойдин ўйим-ҳушимсиз,
Қизим кўзларидан боққан қушимсиз,
Азиз сингилларим – қалдирғочларим.

Битгайми дунёнинг ташвиши, оҳи,
Кўп йўқлаб боролмам, кимнинг гуноҳи,
Мунис нигоҳларни эслайман гоҳи,
Азиз сингилларим – қалдирғочларим.

Тангрим, не қўшардим дунё нақлига,
Доим акаларнинг келмас ақлига,
Умру саодат бер сингил аҳлига,
Азиз сингилларим – қалдирғочларим.

***

Синглим,
Омонмисан,
Юрибсанми тинч,
Мен ҳамон йўлдаман, тугамайди йўл.
Қийналсам ичимга ютаман дардни,
Қийналган кишига узатаман қўл.

Тилин биласизми гулу тошларни,
Ёруғ саволларга кўмардинг буткул.
Менинг ўйларимга нима бўлдийкин,
Сенинг хаёлларинг сўлим атиргул.

Отам оқ халатни устига ташлаб,
Умид бағишларди ҳар хаста жонга.
Уни ўхшатардик ўзи сўйлаган
Эртакларидаги зўр қаҳрамонга.

Онамни эслайман, оппоқ саҳарда –
Қаймоқмас, оқ тонгни берарди бизга,
Қанийди шундайин пок бўлса олам,
Аммо хаёл – ўзга,
Бу ҳаёт – ўзга.

Дунё ишларига тушунмай гоҳо
Юракка кўмилган қанча ҳасрат, доғ.
Чин дўст орзулари кўнглимда мудом,
Мушкул иш бўлса ҳам дўст топиш, бироқ.

Дунё эски қўшиқ, ғариб қўшиқдир,
Шартми уни такрор қилмоқ овоза.
Синглим, ғуборларга тўлиқ бу олам,
Сенинг ўйларингдан олсин андоза.

Синглим,
Омонмисан,
Юрибсанми тинч,
Мен ҳамон йўлдаман, тугамайди йўл.
Қийналсам ичимга ютаман дардни,
Қийналган кишига узатаман қўл.

***

Синглим хотиржам бўл, Ҳақ деб ёнгувчи,
Юрагим ҳамиша шиддатли, шахдли.
Билмам, сингли йўқлар яшайди қандай,
Синглиси бор ака доимо бахтли.

Эй дил, юрагингни гулга ўрасанг,
Кўнгил сирларига етасан вақтли.
Билмам, сингли йўқлар яшайди қандай,
Синглиси бор ака доимо бахтли.

Дунё деганлари хўб қадим савдо,
Гоҳида насия, гоҳида нақдли.
Билмам, сингли йўқлар яшайди қандай,
Синглиси бор ака доимо бахтли.

Фақат унутмасак, унутмасак бас,
Азалда барчамиз бўлганмиз аҳдли.
Билмам, сингли йўқлар яшайди қандай,
Синглиси бор ака доимо бахтли.

Синглим, хотиржам бўл, Ҳақ деб ёнгувчи,
Юрагим ҳамиша шиддатли, шахдли.
Билмам, сингли йўқлар яшайди қандай,
Синглиси бор ака доимо бахтли.

***

Синглим,
Ҳаёт деб талпиндим қанча дилларга,
Дунё деганлари лошлар чиқдилар.
Мунаввар асроринг қайда эй олам,
Сир деб интилганим фошлар чиқдилар.

Синглим,
Мен кулиб, жилмайиб, боқсам қаршимда
Чимрилган қайрилма қошлар чиқдилар.
Тили юмшоқларни кўрдим, во дариғ,
Диллари бир қаттиқ тошлар чиқдилар.

Синглим,
Орзу ўйларимдан кўнглим тўқ, гарчи
Йўлимда кўзлари очлар чиқдилар.
Муҳаббат нима у,
Садоқат нима,
Англаб етмаган хум бошлар чиқдилар.

Синглим,
Шукур, бало ўтин ўчирмоққа шай,
Бул чашми кўнгилдан ёшлар чиқдилар.
Баҳор улашмоқ-чун, баҳор – кўнглингдан,
Оламларга қалдирғочлар чиқдилар.

Синглим,
Ҳаёт деб талпиндим қанча дилларга,
Дунё деганлари лошлар чиқдилар.
Мунаввар асроринг қайда эй олам,
Сир деб интилганим фошлар чиқдилар…

01

(Tashriflar: umumiy 134, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring