Kitob taqdimoti: Ulug’bek Hamdam. Yangi o’zbek she’riyati & Xursandbek To’liboyev. She’riyat munaqqid nigohida

Ashampoo_Snap_2017.08.22_16h03m58s_002_ - копия.png     Ушбу тадқиқот (Улуғбек Ҳамдам  — «Янги ўзбек шеърияти». Тошкент,.»Adib» нашриёти. 2012 йил,304 бет)  ХХ аср ўзбек шеърияти тадқиқига бағишланган яхлит монографик иш ҳисобланади. Унда XIX аср адоғидан то Истиқлол давригача бўлган юз йилдан мўлроқ вақт мобайнидаги шеъриятимизнинг бадиий тадриж қирралари,бир-биридан фарқланиб турувчи авлодлар назмининг ўзига хос қиёфалари ҳамда мустақиллик даври ўзбек шеъриятининг асосий хусусиятлари каби қатор масалалар баҳоли қудрат ўрганилган. Сизга     монографиянинг қисқача мазмунини ўзида  жамлаган  муаллиф мақоласини тақдим этаман.

Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ
ШЕЪРИЯТ МУНАҚҚИД НИГОҲИДА
09

     “Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир” деган эди буюк адибимиз Абдулла Қодирий. Бу ибратли фикр замон, давр, тузумнинг не-не машаққатларини ениб ўтиб, ҳурриятни соғинган халқ фарзандларига олис-яқин ўтмишимизнинг айрим аччиқ сабоқларининг моҳиятига киришга ҳар доим даъват қилиб тураверади. Чунки мозийни англаш, бугуннинг нафасидан баҳра олиб, келажакка қадам ташлашга чорлайди инсонни.ulugbek-hamdam.jpg Истеъдодли ёзувчи, шоир, мунаққид, адабиётшунос олимнинг яқинда чоп қилинган “Янги ўзбек шеърияти” деб номланган йирик монографик тадқиқоти  “миллат зиёлилари”, хусусан, шоиру адибларимизнинг жасорат билан қалбларга мардона кириб борган шеърларини, яъни 130 йиллик “аср адабиёти” дея номланаётган улкан маънавий хазинамизни таҳлил ва тадқиқ қилишга бағишланган. 130 йил деб айтиб юбордик. Хўш, бу йилларда ўзбек халқи қандай машаққатли кунларни бошдан кечирмайди дейсиз? Шеърият ўша даврда қандай аҳволда эди? Қатағон машиналари тинимсиз ҳаракатланиб, миллатимизнинг юзи, кўзи бўлган йирик қалб эгалари, зиёлиларимизнинг ақл ва тафаккур илдизларини бирин-кетин қайчилаб бораётган бир пайтда – совуқ зулм қаршисидаги мум тишлаган аҳволини қандай тасаввур этаолардик? Бу аянчли саволнинг ҳам жавоби виждони бут инсонки бор, доим дил-дилимизга титроқ солиб тураверади. Улуғбек Ҳамдам ана шу жиҳатларга тийрак нигоҳ билан назар ташлайди, ҳамда “маърифатпарварлик адабиёти” бир бўғин бўлса, иккинчи бўғин “жадид адабиёти”, ундан кейин “иккинчи жаҳон уруши давридаги адабиёт”, “олтмишинчи-етмишинчи йиллар адабиёти”, ва ниҳоят “тўқсонинчи-иккимингинчи йиллар адабиёти” деган хронологик тартибда таҳлил қилишга бел боғлаган. Ва, бу таҳлил қилинган шеърлар мавзу-мундарижаси-ю, шаклий қурилмаси, ғоявий-фалсафий қирраларига қадар бўлган яхлит бутунликда синчиклаб ўрганилган. Тан олиш керакки, кейинги йилларда олиб борилаётган бу каби монографик тадқиқотлар бармоқ билан саноқли даражада. Бир-икки катта авлодга мансуб мунаққидлар изланишларини ҳисобга олганмизда, булар жуда озчиликни ташкил қилади. Юқорида 130 йиллик деб, рақамни келтиришимдан мақсад шуки, шу ўтган даврнинг тўлиқ қиёфасани манзаралаштириш учун олимдан катта билим ва сабр-матонат, жасорату истеъдод керак бўлади. Улуғбек Ҳамдамнинг бу каби йирик тадқиқот олиб боришга ундаган куч ҳам истеъдоди ва унинг юрак оромини ўғирлаган жасоратидир!

Тадқиқотнинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, ҳар бир давр шеъриятининг ўзига хос қирраларини, унинг тадрижий ривожланиш усул ва йўсинларини, куйланаётган мавзунинг нечоғли долзарблигини, тузум ва давр кайфиятини алоҳида-алоҳида боб ва фасллар орқали очиб беришга эришганлигида қабариб кўринади. Биринчи боб “Янги ўзбек шеъриятининг ғоявий-тематик янгиланиш омиллари” деб номланиб, унда ўтган асрнинг 20-30 йилларидаги кайфият ва бу кайфиятнинг адабиёт, хусусан шеъриятга қилган таъсири аниқ мисоллар, турли назарий қарашлар орқали тадқиқ қилинади. Бунда ҳам битта нарсага алоҳида эътибор қаратади: давр, шахс, шеърият масаласидир. “Маърифатпарварлик даври адабиёти” дея номланган айрим таҳлилларнинг ҳаққонийлиги олим илгари сураётган муҳим масалаларнинг ойдинлашувига калит вазифасини ўтайди. Миллий уйғониш, ва бу кайфиятнинг Туркистон ўлкасидаги аҳволи, тузум ва мафкуранинг йўриғига солиниши, шеъриятнинг ижтимоийлашуви каби жиҳатлар турфа назарий малака ва кўникмалар асосида очиб берилади. Бу ҳақда қуйидаги қиматли фикрни илгари суради: “ХХ асрга келиб адабиёт, жумладан, шеъриятнинг ижтимоийлашуви тезлашди. Буни биргина шўроларнинг адабиётни ўз измига бўйсундириши билан, яъни адабиётни социалистик ғояни куйлашга, тарғибу ташвиқ этишга мажбур қилгани билан тушунтириб бўлмайди. Бу – мавжуд ҳақиқатнинг бир қирраси, холос. Бошқа бир қирраси шуки, ХХ аср арафасидаёқ мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаёт тарзида ўзгаришлар содир бўлганди. Булардан бири – чор Руссиясининг юртимизни босиб олиши билан боғлиқ ўзга ҳаёт тарзининг кириб келиши бўлса, иккинчиси дунё маърифатчилик ҳаракатининг бир қисми бўлмиш жадидчилик ғояларининг ёйилиши эди. гарчи бу иккиси бир-бири билан боғлиқ бўлса ҳам, улар лирика табиатида турлича ўзгаришлар ясаган бошқа-бошқа ҳодисадир. Ўзга ҳаёт тарзининг кириб келиши, янгича ижтимоий муносабатларнинг қарор топиши жамиятда шахс мақомининг ўзгаришига, инсон фитратидаги ижтимоийлик ибтидосининг кучайиши ва шунинг натижаси ўлароқ лириканинг ижтимоийлашувига олиб келди.” Дарҳақиқат, бу каби талқин ўзининг ҳақиқий баҳосини, яъни ДАВР, ШАХС, ШЕЪРИЯТ учлигининг ўзаро бири-иккинчисини келтириб чиқариши, бири иккинчисидан ибтидо олишини тушунишимиз мумкин бўлади.

Айниқса, 20 йиллардаги аҳволнинг мафкуралашуви натижасида шеъриятдаги бадиий дид ва маҳорат масалалари ҳам шунга мос қолипга бўйсундирилгани олим талқинларида конкрет мисоллар, кузтиш ва таҳлиллар асосида маромига кириб ёритилади.
Тадқиқотнинг “Лирика табиатидаги эврлишлар” бобида учта фасл моҳият-эътиборан бир-бирини узвий тўлдирган, ва бу тўлдиришлар шеъриятнинг йиллар оша талпиниб келинган идеалларига юзма-юз келиши билан чегараланади. Бу чегара “Лириканинг мафкура таъсиридан халос бўлиши” деб номланган фаслда ўз аксини топади. Буни қуйидаги кўринишда асосланиши фикри ожизимча тўғри баҳо ва таҳлил дейиш мумкин: “Чунончи, асримиз аввалида Чўлпон “Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳур туғилонсен!” деб ҳайқирган бўлса, аср поёнига яқинлашганда Шавкат Раҳмон “Сурилар бу темир пардалар, Истибдоднинг туғлари қулар” деб башорат қилди”. Кўринадики, мунаққид Улуғбек Ҳамдам масалага турли ракурслардан туриб, бир тузумнинг турли хил кайфияти, яъни шеъриятнинг мафкуравий чизиқларидан ташқарига чиқиши, ўзининг эркин майдонида нафас олишга ҳақли эканлигини исботлаганида қабариб туради. Чунки Шавкат Раҳмонлар майдонга чиқан бир пайтда миллатимиз гултожлари номлари оқланган бўлсалар-да, уларнинг ижодларига муносабат ҳамон ўша бир ёқлама соцреализм тамғаси туширилган кўзойнак қаришсида елка қисиб келишда давом этаётганди. Лириканинг житимоийлашув жараёнидаги етакчи мавзу бу — улуғ мамлакатимизнинг сарҳадларини авайлаб-асраш, ҳар бир дурдона, обида, урф-одат, қадриятларни сақлашга бўлган курашларда ВАТАН мавзуси эди. Мунаққид “70 йиллар авлоди ижодида Ватан мавзуси етакчи ўрин тутади. Шу жиҳати билан бу авлодни ўзидан олдинги авлод бошлаб берган анъананинг давомчиси ўлароқ тушуниш мумкин” деган қарашни илгари суради. Дарҳақиқат, бундай таҳлилдан олдинги ўринларда ушбу фаслда бир мунозарага ўқирман диққатини жалб этган эди. бу ҳам бўлса фаол жадид шоирлардиан бири Ҳамзанинг “жаҳолат ботқоғига ботиб” қолаётган халқнинг эртанги аҳволи нима кечади?” мазмунидаги шеърини келтиришининг ўзиёқ, масалага аниқ ёндашилган, бу ёндашиш “мафкуралашган шеърият”нинг бутун-мураккаблигини тўла намоён қилган, бир эмас, бир нечта омилларни ташқи ва ички факторларни санаб берганлигида ойдинлашади.

“Танқид — саралмоқдур” деб битган эди Беҳбудий ўзининг битта мақоласини. “Сараланган нарсани, саралаш, ва, бу сарлашни баҳолаш” танқиднинг елкасидаги ғоят масъулиятли вазифа эканлигини унутмаслик даркор. Негаки, сараланмай туриб, баҳоланса, бу албатта, ўзининг сараланмай қолган мавқеидан унчалик баланд кўтарила олмайди. Яъни ҳар қандай шеърни таҳлил қилиш мумкин, аммо унда шеърнинг руҳи, ҳиди, қиёфаси, борингки – шеър даражасидаги мазмуни бўлса! Кейинги пайтлари – катта авлодга мансуб мунаққидлар “саралашларида, ва, бу сараланган нарсаларни” баҳолашида юзакилик, “таниш-билишчилик”, “ака-укачилик” мезонларидан туриб ёзилаётган тақризлар талайгина. Буни ЎзАСда чоп қилинаётган “шеър бўлиб шеър эмас, сўз бўлиб сўз эмас”, Шукур Холмирзаев таъбири билан айтганда икки оралиқда аросатда қолган “нимарсалар” деб айтсак, адабиётга хиёнат қилмаган бўламиз. Улуғбек Ҳамдам бу ўринда мўлжални тўғри олиб, аср ибдитосидан – аср поёнига қадар оралиқдаги шеъриятни, шоирни, идеални, мафкурани, тузум ва давр қиёфасини яхлит бир тадқиқот марказига йиққанлигини эътироф этиш керак. Негаки, бунда “Турк шеърияти”, бир даврга мансуб шоирларнинг турли иқлим ва даврдаги ҳолати синез қилинади. Ва, бу синтез ҳодисаси “Янги ўзбек шеърияти” қандай? Уни қайси мезонлар асосида таҳлил қилмоқ, баҳоламоқ, ўрганмоқ керак” деган якранг бўлиб турган саволларга ушбу монографик тадқиқот масала-ю, мунозаранинг аниқ ечими, жавоби бўла олганлигини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим.

Тадқиқотнинг “Янги ўзбек шеъриятининг поэтик янгиланиши” деб номланган катта қисмида кўриб чиқилган, таҳлил қилинган ўринлар ҳақида ҳам тадрижий такомилни кўришимиз мумкин. Бунда бир неча хусусият жамланган. Биринчиси “Шеъриятда вазн алмашинуви ва бунинг омиллари”, “Поэтик ифоданинг такомили”, “”Лирик субъект эврлишлари” деб номланган фаслларда моҳияти етарлича талқин қлинган. Бу бобда маърифатпарварлик даври адабиёти ва унда лирикадаги ўзгаришлар, вазнлар, мавзулар, шакллар ривожи, ўзидан олдинги шоирлар Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий ва ниҳоят учта хонликдаги то мустамлакага айлангунига қадар бўлган даврдаги кайфиятнинг сабабларини, оқибатларини таҳлил қилишдан бошлайди. Бир-бирини тўлдириб, бойитиб келаётган – оралиқдаги шеърият бармоқ вазнинг оммалашувига, ривожланишига замин ҳозирлагани алоҳида кўрсатиб берилади. Булар ўз навбатида, аср бошидаги кайфиятга қайтиб туриши, фикрларидаги жасорат, мардлик ва ватанпарварлик туйғуларининг акс эттирилиши билан боғлиқ жиҳатлардир.

Умуман, ушбу монографик тадқиқот адабиёт, хусусан, шеъриятимиз олдида якранг бўлиб турган муаммолар, долзарб масалалар юзасидан мардона, дадил ва жасорат ила айтилган энг холис кузатувлар ҳосиласи десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, мунаққид алоҳида таъкидлаганидек, “кўриниб турганидек, (ХХ) аср янги ўзбек шеърияти ўз мазмун-мундарижасига кўра ғоят салмоқдор бўлиб, унинг моҳияти фақат айтилганлар билангина тўлиқ очилиб қолмайди. Ўзбек шеършунослиги ҳали бу йўлда кўп бор тер тўкади ва ишончимиз комилки, мазкур заҳматлар эвазига қўлга киритиладиган натижалар ҳам кўнгилга завқ ва қониқиш туйғуларини албатта тортиқ этади”.

05.02.2013, Нукус

Улуғбек ҲАМДАМ
ХХ АСР ВА ЯНГИ ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИ
09

Ashampoo_Snap_2017.08.22_16h03m58s_002_.pngХХ аср халқимиз ҳаётида улкан ўзгаришлар, аввалги асрларга қиёсан олиб қараганда бемисл тараққий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларнинг барида улкан ютуқлар даври бўлди. Албатта, сарсор солганда йўқотишларимиз салмоғи ҳам асло кам эмас, лекин уларнинг нисбати ютуқларга мутаносиб белгиланган кўринади. Худди шу гапни адабиётимиз, хусусан, шеъриятимизга нисбатан ҳам бемалол айтишимиз мумкин. Аср давомида шеъриятимизда кўтарилиш ва пасайиш, ривожланиш ва депсиниш даврлари бўлди. Бироқ, барибир, айтиш жоизки, ХХ аср бошларида ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги бир босқичига кирган шеъриятимиз аср давомида мазмун-моҳиятию шакл-қиёфасини янгилади. Зеро, шеърият бир пайтнинг ўзида ҳам инсон қалби орқали аксланган давр, ҳам ўша давр инсони қалб суратидир. ХХ аср бошига келиб эса юртимиз ижтимоий тараққиётнинг Ғарб тарихига татбиқан “янги замон” деб аталувчи даврига кирди, демак, ватандош инсоннинг ўзи ҳам ўзгарди: у ҳаётга янгича назар солиб, янгича қарашлару мақсад-интилишлардан келиб чиқиб яшай бошлади – “янги инсон” шаклланди. Айтиш керакки, юртимизда ижтимоий-тарихий тараққиёт жараёнлари ўзининг табиий оқимида кечгани йўқ, бунга аввалига мустамлака шароити, сўнг эса мустабид шўролар тузуми имкон бермади. Ижтимоий ҳаётдаги турфа эврилишлар эса инсон қалбида ва, табиийки, шеъриятда чуқур из қолдирди. Шуларни ҳисобга олиб, мазкур кичик ишимизда ХХ аср ўзбек шеъриятининг ғоявий-бадиий тадрижини белгилаган ижтимоий-психологик омилларини тадқиқ этишни мақсад қилдик.

Аввало, гапни “ХХ аср ўзбек шеърияти” деб юритилган даврнинг хронологик чегараларини 1905-1990 йиллар билан белгилаб олганимиздан бошласак. Яъни бу ўринда хронологик аср билан “адабий аср” тушунчалари бир-бирига мос келмайди ва бунинг ҳеч ажабланарли томони йўқ. Гарчи адабиётимизда янгиланиш куртаклари XIX аср охирларидан бошлаб кузатилган эса-да, унинг чин маънода янгиланиши 1905 йилдан кейин бошланди. Бу фикримиз адабиёт тарихини ижтимоий ҳодисаларга боғлаб қўйиш, деб баҳоланиши ва эътироз уйғотиши мумкин. Лекин Туркистонда жадидчиликнинг ҳаракат сифатида фаоллашуви ҳам, жадидчилик ғояларининг чинакам оммалашуви ҳам айни шу вақтдан бошланганини инкор қилиб бўлмайди. Иккинчидан, янги ўзбек адабиётини XIX асрнинг иккинчи ярмидан ёки охирги чорагидан белгилаш ҳам, бизнингча, ҳақиқатга унчалик мос эмас. Тўғри, аввалги асрнинг охирги чорагида шеъриятимизда тематик янгиланиш белгилари кузатилади. Лекин бу, биринчидан, тўлиғича мумтоз шеърият анъаналари доирасида амалга ошди; иккинчидан, адабиёт тараққиётининг ҳар қандай бир босқичига хос хусусиятлар қуруқ жойда пайдо бўлмайди, улар ўзидан олдинги даврда куртак ҳолида яшайди. Сўнгги чегарани белгилашда ҳам худди шу асосга таяндик. Зеро, 1991 йилдан кейин юртимизда ижтимоий-сиёсий шароит ўзгарди, жамиятда янги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар қарор топа бошлади, сўз санъатининг моҳияти, жамиятдаги вазифалари ҳақидаги тасаввурлар тубдан ўзгарди. Яъни бу адабиёт тарихи нуқтаи назаридан тамомила янги асрнинг бошланиши бўлиб, у ҳақда фундаментал тадқиқотлар олиб бориш келажакнинг ишидир. Биз эса мақоламизда “янги ўзбек адабиёти” деб аталган адабий даврнинг “ХХ аср ўзбек шеърияти” деб атаганимиз бир йўналиши (1905 – 1991) ҳақида фикр-мулоҳаза юритмоқдамиз.

Ишда диққат марказимизда турган тадқиқот предмети сифатида мазкур давр ўзбек шеъриятининг янгиланиши ва ғоявий-бадиий эволюциясини таъмин этиб, унинг бадиий тафаккур тарзини белгилаган ижтимоий-психологик омиллар белгиланди.

Қуйида давр шеъриятини шу масала нуқтаи назаридан кузатишларимиздан келиб чиққан асосий хулосаларни қайд этамиз.

1.Инсон ўзида биологик, ижтимоий ва руҳий ибтидоларни мужассам этган мураккаб мавжудот бўлиб, у боғлиқ ҳар қандай фаолият ва фаолият маҳсулида буларнинг изи бордир. Инсоният тарихидаги “янги давр” – у Европада XVIII асрдан, юртимизда XX асрдан бошланган – инсон моҳиятидаги ижтимоийликнинг белгиловчи хусусиятга айланиши билан характерланади. Шеъриятимиздаги ғоявий-тематик янгиланиш, ижтимоий мазмун-руҳнинг устуворлашуви энг аввал шу омил билан изоҳланади.

2. Аждодларидан фарқли ўлароқ, “янги инсон”нинг қарашлари дунёвий тус олди, у энди охират учун яшаб жаннатга эришиши ҳақидагина эмас, фоний дунёдаги ҳаётини ростлаш тўғрисида ҳам ўйлай бошлади. Натижада адабиётдаги эстетик идеал табиати ўзгарди: унинг асосини энди ҲАҚ эмас, яқин келажакда инсон саъй-ҳаракати билан эришиш мумкин бўлган ижтимоий мақсад ташкил қилиб, идеалдаги эзгулик ва гўзаллик ибтидоларининг мазмун-моҳияти ҳам шу мақсад билан белгиланди.

3. Жамиятдаги янгиланиш эҳтиёжини ҳамиша даставвал зиёли қатлам ҳис ва идрок этади, бу қонуниятдек гап. ХIХ аср охирларида юртимизнинг Русия ва бошқа мамлакатлар билан алоқалари тиғизлашгани, шу билан боғлиқ миллий ҳаётимизга иқтисодий-маданий-маиший янгиликлар кириб келгани зиёли қатлам томонидан янгиланиш эҳтиёжининг теран ҳис этилишига олиб келди. Маърифатпарвар шоирларнинг янгиликларни тарғибу ташвиқ этувчи шеърлари шеъриятимиздаги тематик янгиланишнинг илк босқичидир.

4. Янгиланган сиёсий-ижтимоий шароитда шахс ижтимоий фаоллашди, унинг жамиятдаги мақоми ўзгариб, ўзини шахсий турмуши ва ижтимоий тартиботларни ўзгартиришга қодир ўлароқ идрок этди. Ўзгалар турмуши билан қиёслаш имкони миллатнинг мавжуд ҳолидан қониқмаслик туғдириб, ислоҳотлар заруратининг англанишига замин яратди. Заруратни теран идрок этган зиёлиларни бирлаштирган жадидчилик мафкураси, шу мафкурани халққа англатишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган адабиёт – жадид адабиёти майдонга чиқди. Айни шу нарса шеъриятимиздаги ижтимоийлашув аталмиш табиий жараённи мафкуралашув ўзанига бурган бош омилдир.

5. Мазкур жараёнларда ташқи омилнинг аҳамиятини ҳам катта бўлиб, у ички омилни ҳаракатга келтирган мотор вазифасини ўтаган. Жумладан, ташқи маданий-иқтисодий алоқаларнинг кучайиши янгиланиш эҳтиёжини туғдирди, мавжуд ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ўзгартириб, шахс мақомининг ўзгаришига олиб келди – янги инсонни шакллантирди. Иккинчи томондан, жадидларнинг Русиядаги туркий халқлар ҳамда Туркиядаги ислоҳотчилик ҳаракатлари билан маърифий-мафкуравий алоқалари, тараққиётда бирмунча олдинга кетган халқлар билан адабий алоқалар ҳам ижтимоийлашувни кучайтирган муҳим омиллардандир.

6. Шеъриятнинг мафкуралашуви жадид адабиёти билан боғлиқ юз берган ҳамда эскича ва янгича ижтимоий турмуш тарафдорлари зиддияти асосида кечган бўлса, октябрь тўнтаришидан сўнг зиддият “жадид – шўро” жабҳасига кўчди. Адабий авлодлар орасида табиий мавжуд ғоявий-эстетик зиддият ўрнига ғоявий-мафкуравий асосдаги зиддият юзага келди, бу эса адабиётни ғоявий-мафкуравий кураш майдонига айлантирди. Натижада шеърият санъатдан узоқлашиб, шўро даврида яратилган кўплаб шеърлар ўткинчи ҳодисалар мақомини олди.

7. Тоталитар тузум таянчи бўлган коммунистик мафкура яккаҳоким бўлган шароитда назм мафкура исканжасида қолди. Натижада то 50-йиллар охирига қадар шеърият мафкура ва тузумнинг ҳимоячиси, маддоҳи, тарғиботчиси сифатида яшади, шеъриятдан шахс – “мен” қувиб чиқарилиб, унинг ўрнини мафкура номидан сўзловчи “биз” эгаллади. Шу тариқа адабиётга табиатан хос ижтимоийлик бадном қилинди, ижтимоий мавзудаги
бадиий ижод табиатига зид мазкур ҳолат 60-йиллардан бошлабгина бартараф этила борди ва қарийб истиқлолга қадар давом этди.

8. ХХ аср ўзбек шеъриятида ғоявий-эстетик мавқе ва поэтик принциплардаги умумийлигига кўра тўртта адабий авлодни ажратиб кўрсатиш мумкин: жадид шоирлари, 20-йиллар авлоди, 60-йиллар ва 70-йиллар адабий авлодлари. Айни шу авлодлар ғоявий-эстетик мавқеи ва поэтик принциплари жиҳатидан бир-бирларидан фарқланади, хронологик жиҳатдан орадаги ўнйилликларда адабиётга кирган ижодкорлар мазкур авлодлардан бирига яқинлашади ё қўшилиб кетади.

9. Бу авлодлар ворисийлик қонунияти асосида бир-бири билан боғлиқ ва шу боғлиқлик асосида ХХ аср ўзбек шеъриятининг яхлит манзараси ҳосил бўлади. Айни чоқда, саналган ҳар бир авлоднинг ғоявий-эстетик принципларини белгилаган конкрет ижтимоий-руҳий омиллар мавжуд. Жумладан, маърифат, ислоҳот ва озодлик ғоялари билан суғорилган ижтимоий кайфият жадидлар авлодининг; инқилоб ва шўронинг илк йилларидаги ғалабали (бунинг замиридаги қурбонлару йўқотишлардан қатъи назар) юришлари билан боғлиқ ижтимоий кайфият 20-йиллар авлодининг; социализм ғоясига ишончнинг тирилтирилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 60-йиллар авлодининг; ғояга ишончнинг барбод бўлиши ва туб ижтимоий ўзгаришлар (жумладан, истиқлол) заруратининг ҳис этилиши билан боғлиқ ижтимоий кайфият 70-йиллар авлодининг ғоявий-эстетик мавқеини белгилагандир.

10. ХХ аср бошларига келиб шеъриятнинг ғоявий-тематик янгиланиши, давр руҳ-кайфиятини ифодалаш эҳтиёжи билан боғлиқ ҳолда реалистик тенденцияларнинг кучайиши унинг поэтик жиҳатдан ҳам янгиланишини тақозо этди. Шеърият асрлар давомида амал қилган поэтик канонларни инкор қилиб, ўзгарган мазмун-моҳиятга мос янги шакл бобидаги изланишлар даврига кирди. Изланишларнинг шеъриятимизни чинакам янгиланишга олиб келган йўналишлари шеърнинг ритмик-интонацион сатҳида, поэтик ифода йўсини ва субъектив ташкилланишда амалга ошди.

11. Вазний янгиланиш ХIX аср охирларидан бошланиб, мумтоз шеър ўлчовлари ва шеър шаклларидан жонли тилга энг яқинларини сайлаб ишлатишда намоён бўлди. ХХ асрнинг 10-йилларига келиб яратила бошлаган “миллий шеър”ларда мумтоз поэтика қоидаларидан чекинган ҳолда анъанавий ўлчов ва шаклларга муайян ўзгартиришлар киритила бошланди. Бу ўзгартиришларнинг асосий омиллари реалистик тамойилларнинг кучайиши, шеъриятнинг кенг оммага қаратилиши, шеър тилининг жонли тилга яқинлашишидир.

12. ХХ асрнинг 20-йилларига келиб бармоқ тизими шеъриятимизда етакчилик мақомига эришди ва аср давомида унинг ритмик-интонацион имкониятлари муттасил кенгайиб борди. 20-йиллардан бошлаб даврнинг руҳ-кайфияти билан боғлиқ ҳолда эркин шеър ва сарбаст шеър шакллари ҳам кенг оммалаша бошлади. Аслида эркин шеър ҳам 10-йилларда аруз доирасида пайдо бўлган ва аруз ритмик-интонацион контекстида қабул қилинган. 20-йиллардан бошлаб эса бу шеър шакллари бармоқ асосида ривожланди.

13. Поэтик ифодадаги ўзгаришлар ҳам мумтоз шеъриятдаги образларга янгича мазмун беришдан бошланди. Жадидларнинг ижтимоий фаоллиги ортиши билан 10-йиллардан бошлаб шеър кенг оммага қаратилган нутқ шаклини олди, унда образлиликдан кўра риторик восита ва усуллар аҳамияти ортди. Мазкур ҳол жамиятда ўзгариш зарурати етилгани (объектив) ва бунинг тобора кенг идрок этила бошлангани (субъектив) билан боғлиқдир.

14. Шеъриятнинг образли тафаккурга қайтиши: 1) фаол ижтимоий-сиёсий ҳаракатдан четлашган жадидларнинг маданий-маърифий соҳаларда фаолият олиб боргани ва натижада уларда воқеликни эстетик идрок этиш имконининг пайдо бўлгани; 2) жамиятда содир бўлган ўзгаришлар уларнинг асл мақсадларига тўла мос эмаслиги ва қониқмасликни очиқ-ошкор ифодалаш имкониятининг чеклангани; 3) юзага келган ижтимоий-сиёсий шароитда воизлик шеъриятининг улар кўзлаган мақсадларга мувофиқ эмаслиги каби ижтимоий-психологик омиллар билан изоҳланади.

15. “Чин адабиёт” яратиш заруратининг идрок этилиши натижасида 20-йиллардан бошлаб реалистик асосдаги янги образлилик шаклланди. Хом ашё базаси бойлиги, яъни атрофдаги жами нарса-ҳодисалар шеър контекстида поэтик образ бўла олиши поэтик образлар хазинасининг ғоят тез бойишига асос бўлди. Образли тафаккурнинг устуворлашуви бир томондан ва жамиятда сўз-фикр эркинлигининг чеклангани иккинчи томондан, 20-йилларданоқ шеъриятимизда реалистик асосдаги рамзий ва метафорик образларнинг кенг оммалашувига олиб келди.

16. Ижтимоийлашган шеъриятнинг кўнгилдан воқеликка юз буриши, эпик ва драматик тур билан рақобат ҳамда ўзаро алоқа-таъсир шароити лирик асарнинг субъектив ташкилланишида ўзгаришларга, лирик субъект тушунчасининг кенгайишига замин бўлди. Энди шеърда “лирик мен” қатори “ўзга”нинг кечинма субъекти бўлиши (“ижровий лирика”, “персонажли лирика”), кечинмани объект тасвири ёки тавсифида акс эттириш (тавсифий лирика, воқеабанд лирика) мумкин бўлдики, бу янги шеъриятнинг тасвир ва ифода имкониятларини кенгайтирди.

124080797_h94901.jpg Ushbu tadqiqot (Ulug‘bek Hamdam — “Yangi o‘zbek she’riyati”.Toshkent,.“Adib” nashriyoti. 2012 yil,304 bet) XX asr o‘zbek she’riyatitadqiqiga bag‘ishlangan yaxlit monografik ish hisoblanadi. Unda XIX asr adog‘idan to Istiqlol davrigacha bo‘lgan yuz yildan mo‘lroq vaqt mobaynidagi  she’riyatimizning badiiy tadrij qirralari,bir-biridan farqlanib turuvchi avlodlar nazmining o‘ziga xos qiyofalari hamda mustaqillik davri o‘zbek  she’riyatining asosiy xususiyatlari kabi qator masalalar baholi qudrat  o‘rganilgan. Sizga monografiya haqidagi  maqola va uning qisqacha mazmunini o‘zida jamlagan muallif maqolasini taqdim etaman.

Xursandbek TO‘LIBOYEV
SHE’RIYAT MUNAQQID NIGOHIDA
09

“Moziyga qaytib ish ko‘rmoq xayrlidir” degan edi buyuk adibimiz Abdulla Qodiriy. Bu ibratli fikr zamon, davr, tuzumning ne-ne mashaqqatlarini yenib o‘tib, hurriyatni sog‘ingan xalq farzandlariga olis-yaqin o‘tmishimizning ayrim achchiq saboqlarining mohiyatiga kirishga har doim da’vat qilib turaveradi. Chunki moziyni anglash, bugunning nafasidan bahra olib, kelajakka qadam tashlashga chorlaydi insonni.улуғбек-хамдам1.jpg Iste’dodli yozuvchi, shoir, munaqqid, adabiyotshunos olimning yaqinda chop qilingan “Yangi o‘zbek she’riyati” deb nomlangan yirik monografik tadqiqoti “millat ziyolilari”, xususan, shoiru adiblarimizning jasorat bilan qalblarga mardona kirib borgan she’rlarini, ya’ni 130 yillik “asr adabiyoti” deya nomlanayotgan ulkan ma’naviy xazinamizni tahlil va tadqiq qilishga bag‘ishlangan. 130 yil deb aytib yubordik. Xo‘sh, bu yillarda o‘zbek xalqi qanday mashaqqatli kunlarni boshdan kechirmaydi deysiz? She’riyat o‘sha davrda qanday ahvolda edi? Qatag‘on mashinalari tinimsiz harakatlanib, millatimizning yuzi, ko‘zi bo‘lgan yirik qalb egalari, ziyolilarimizning aql va tafakkur ildizlarini birin-ketin qaychilab borayotgan bir paytda – sovuq zulm qarshisidagi mum tishlagan ahvolini qanday tasavvur etaolardik? Bu ayanchli savolning ham javobi vijdoni but insonki bor, doim dil-dilimizga titroq solib turaveradi. Ulug‘bek Hamdam ana shu jihatlarga tiyrak nigoh bilan nazar tashlaydi, hamda “ma’rifatparvarlik adabiyoti” bir bo‘g‘in bo‘lsa, ikkinchi bo‘g‘in “jadid adabiyoti”, undan keyin “ikkinchi jahon urushi davridagi adabiyot”, “oltmishinchi-yetmishinchi yillar adabiyoti”, va nihoyat “to‘qsoninchi-ikkiminginchi yillar adabiyoti” degan xronologik tartibda tahlil qilishga bel bog‘lagan. Va, bu tahlil qilingan she’rlar mavzu-mundarijasi-yu, shakliy qurilmasi, g‘oyaviy-falsafiy qirralariga qadar bo‘lgan yaxlit butunlikda sinchiklab o‘rganilgan. Tan olish kerakki, keyingi yillarda olib borilayotgan bu kabi monografik tadqiqotlar barmoq bilan sanoqli darajada. Bir-ikki katta avlodga mansub munaqqidlar izlanishlarini hisobga olganmizda, bular juda ozchilikni tashkil qiladi. Yuqorida 130 yillik deb, raqamni keltirishimdan maqsad shuki, shu o‘tgan davrning to‘liq qiyofasani manzaralashtirish uchun olimdan katta bilim va sabr-matonat, jasoratu iste’dod kerak bo‘ladi. Ulug‘bek Hamdamning bu kabi yirik tadqiqot olib borishga undagan kuch ham iste’dodi va uning yurak oromini o‘g‘irlagan jasoratidir!

Tadqiqotning muhim jihatlaridan biri shuki, har bir davr she’riyatining o‘ziga xos qirralarini, uning tadrijiy rivojlanish usul va yo‘sinlarini, kuylanayotgan mavzuning nechog‘li dolzarbligini, tuzum va davr kayfiyatini alohida-alohida bob va fasllar orqali ochib berishga erishganligida qabarib ko‘rinadi. Birinchi bob “Yangi o‘zbek she’riyatining g‘oyaviy-tematik yangilanish omillari” deb nomlanib, unda o‘tgan asrning 20-30 yillaridagi kayfiyat va bu kayfiyatning adabiyot, xususan she’riyatga qilgan ta’siri aniq misollar, turli nazariy qarashlar orqali tadqiq qilinadi. Bunda ham bitta narsaga alohida e’tibor qaratadi: davr, shaxs, she’riyat masalasidir. “Ma’rifatparvarlik davri adabiyoti” deya nomlangan ayrim tahlillarning haqqoniyligi olim ilgari surayotgan muhim masalalarning oydinlashuviga kalit vazifasini o‘taydi. Milliy uyg‘onish, va bu kayfiyatning Turkiston o‘lkasidagi ahvoli, tuzum va mafkuraning yo‘rig‘iga solinishi, she’riyatning ijtimoiylashuvi kabi jihatlar turfa nazariy malaka va ko‘nikmalar asosida ochib beriladi. Bu haqda quyidagi qimatli fikrni ilgari suradi: “XX asrga kelib adabiyot, jumladan, she’riyatning ijtimoiylashuvi tezlashdi. Buni birgina sho‘rolarning adabiyotni o‘z izmiga bo‘ysundirishi bilan, ya’ni adabiyotni sotsialistik g‘oyani kuylashga, targ‘ibu tashviq etishga majbur qilgani bilan tushuntirib bo‘lmaydi. Bu – mavjud haqiqatning bir qirrasi, xolos. Boshqa bir qirrasi shuki, XX asr arafasidayoq mamlakatning siyosiy-ijtimoiy hayot tarzida o‘zgarishlar sodir bo‘lgandi. Bulardan biri – chor Russiyasining yurtimizni bosib olishi bilan bog‘liq o‘zga hayot tarzining kirib kelishi bo‘lsa, ikkinchisi dunyo ma’rifatchilik harakatining bir qismi bo‘lmish jadidchilik g‘oyalarining yoyilishi edi. garchi bu ikkisi bir-biri bilan bog‘liq bo‘lsa ham, ular lirika tabiatida turlicha o‘zgarishlar yasagan boshqa-boshqa hodisadir. O‘zga hayot tarzining kirib kelishi, yangicha ijtimoiy munosabatlarning qaror topishi jamiyatda shaxs maqomining o‘zgarishiga, inson fitratidagi ijtimoiylik ibtidosining kuchayishi va shuning natijasi o‘laroq lirikaning ijtimoiylashuviga olib keldi.” Darhaqiqat, bu kabi talqin o‘zining haqiqiy bahosini, ya’ni DAVR, SHAXS, SHE’RIYAT uchligining o‘zaro biri-ikkinchisini keltirib chiqarishi, biri ikkinchisidan ibtido olishini tushunishimiz mumkin bo‘ladi.

Ayniqsa, 20 yillardagi ahvolning mafkuralashuvi natijasida she’riyatdagi badiiy did va mahorat masalalari ham shunga mos qolipga bo‘ysundirilgani olim talqinlarida konkret misollar, kuztish va tahlillar asosida maromiga kirib yoritiladi.
Tadqiqotning “Lirika tabiatidagi evrlishlar” bobida uchta fasl mohiyat-e’tiboran bir-birini uzviy to‘ldirgan, va bu to‘ldirishlar she’riyatning yillar osha talpinib kelingan ideallariga yuzma-yuz kelishi bilan chegaralanadi. Bu chegara “Lirikaning mafkura ta’siridan xalos bo‘lishi” deb nomlangan faslda o‘z aksini topadi. Buni quyidagi ko‘rinishda asoslanishi fikri ojizimcha to‘g‘ri baho va tahlil deyish mumkin: “Chunonchi, asrimiz avvalida Cho‘lpon “Kishan kiyma, bo‘yin egma, Ki sen hur tug‘ilonsen!” deb hayqirgan bo‘lsa, asr poyoniga yaqinlashganda Shavkat Rahmon “Surilar bu temir pardalar, Istibdodning tug‘lari qular” deb bashorat qildi”. Ko‘rinadiki, munaqqid Ulug‘bek Hamdam masalaga turli rakurslardan turib, bir tuzumning turli xil kayfiyati, ya’ni she’riyatning mafkuraviy chiziqlaridan tashqariga chiqishi, o‘zining erkin maydonida nafas olishga haqli ekanligini isbotlaganida qabarib turadi. Chunki Shavkat Rahmonlar maydonga chiqan bir paytda millatimiz gultojlari nomlari oqlangan bo‘lsalar-da, ularning ijodlariga munosabat hamon o‘sha bir yoqlama sosrealizm tamg‘asi tushirilgan ko‘zoynak qarishsida yelka qisib kelishda davom etayotgandi. Lirikaning jitimoiylashuv jarayonidagi yetakchi mavzu bu — ulug‘ mamlakatimizning sarhadlarini avaylab-asrash, har bir durdona, obida, urf-odat, qadriyatlarni saqlashga bo‘lgan kurashlarda VATAN mavzusi edi. Munaqqid “70 yillar avlodi ijodida Vatan mavzusi yetakchi o‘rin tutadi. Shu jihati bilan bu avlodni o‘zidan oldingi avlod boshlab bergan an’ananing davomchisi o‘laroq tushunish mumkin” degan qarashni ilgari suradi. Darhaqiqat, bunday tahlildan oldingi o‘rinlarda ushbu faslda bir munozaraga o‘qirman diqqatini jalb etgan edi. bu ham bo‘lsa faol jadid shoirlardian biri Hamzaning “jaholat botqog‘iga botib” qolayotgan xalqning ertangi ahvoli nima kechadi?” mazmunidagi she’rini keltirishining o‘ziyoq, masalaga aniq yondashilgan, bu yondashish “mafkuralashgan she’riyat”ning butun-murakkabligini to‘la namoyon qilgan, bir emas, bir nechta omillarni tashqi va ichki faktorlarni sanab berganligida oydinlashadi.

“Tanqid — saralmoqdur” deb bitgan edi Behbudiy o‘zining bitta maqolasini. “Saralangan narsani, saralash, va, bu sarlashni baholash” tanqidning yelkasidagi g‘oyat mas’uliyatli vazifa ekanligini unutmaslik darkor. Negaki, saralanmay turib, baholansa, bu albatta, o‘zining saralanmay qolgan mavqeidan unchalik baland ko‘tarila olmaydi. Ya’ni har qanday she’rni tahlil qilish mumkin, ammo unda she’rning ruhi, hidi, qiyofasi, boringki – she’r darajasidagi mazmuni bo‘lsa! Keyingi paytlari – katta avlodga mansub munaqqidlar “saralashlarida, va, bu saralangan narsalarni” baholashida yuzakilik, “tanish-bilishchilik”, “aka-ukachilik” mezonlaridan turib yozilayotgan taqrizlar talaygina. Buni O‘zASda chop qilinayotgan “she’r bo‘lib she’r emas, so‘z bo‘lib so‘z emas”, Shukur Xolmirzayev ta’biri bilan aytganda ikki oraliqda arosatda qolgan “nimarsalar” deb aytsak, adabiyotga xiyonat qilmagan bo‘lamiz. Ulug‘bek Hamdam bu o‘rinda mo‘ljalni to‘g‘ri olib, asr ibditosidan – asr poyoniga qadar oraliqdagi she’riyatni, shoirni, idealni, mafkurani, tuzum va davr qiyofasini yaxlit bir tadqiqot markaziga yiqqanligini e’tirof etish kerak. Negaki, bunda “Turk she’riyati”, bir davrga mansub shoirlarning turli iqlim va davrdagi holati sinez qilinadi. Va, bu sintez hodisasi “Yangi o‘zbek she’riyati” qanday? Uni qaysi mezonlar asosida tahlil qilmoq, baholamoq, o‘rganmoq kerak” degan yakrang bo‘lib turgan savollarga ushbu monografik tadqiqot masala-yu, munozaraning aniq yechimi, javobi bo‘la olganligini alohida ta’kidlagan bo‘lar edim.

Tadqiqotning “Yangi o‘zbek she’riyatining poetik yangilanishi” deb nomlangan katta qismida ko‘rib chiqilgan, tahlil qilingan o‘rinlar haqida ham tadrijiy takomilni ko‘rishimiz mumkin. Bunda bir necha xususiyat jamlangan. Birinchisi “She’riyatda vazn almashinuvi va buning omillari”, “Poetik ifodaning takomili”, “”Lirik subyekt evrlishlari” deb nomlangan fasllarda mohiyati yetarlicha talqin qlingan. Bu bobda ma’rifatparvarlik davri adabiyoti va unda lirikadagi o‘zgarishlar, vaznlar, mavzular, shakllar rivoji, o‘zidan oldingi shoirlar Navoiy, Bobur, Mashrab, Ogahiy va nihoyat uchta xonlikdagi to mustamlakaga aylanguniga qadar bo‘lgan davrdagi kayfiyatning sabablarini, oqibatlarini tahlil qilishdan boshlaydi. Bir-birini to‘ldirib, boyitib kelayotgan – oraliqdagi she’riyat barmoq vazning ommalashuviga, rivojlanishiga zamin hozirlagani alohida ko‘rsatib beriladi. Bular o‘z navbatida, asr boshidagi kayfiyatga qaytib turishi, fikrlaridagi jasorat, mardlik va vatanparvarlik tuyg‘ularining aks ettirilishi bilan bog‘liq jihatlardir.

Umuman, ushbu monografik tadqiqot adabiyot, xususan, she’riyatimiz oldida yakrang bo‘lib turgan muammolar, dolzarb masalalar yuzasidan mardona, dadil va jasorat ila aytilgan eng xolis kuzatuvlar hosilasi desak, mubolag‘a qilmagan bo‘lamiz. Zero, munaqqid alohida ta’kidlaganidek, “ko‘rinib turganidek, (XX) asr yangi o‘zbek she’riyati o‘z mazmun-mundarijasiga ko‘ra g‘oyat salmoqdor bo‘lib, uning mohiyati faqat aytilganlar bilangina to‘liq ochilib qolmaydi. O‘zbek she’rshunosligi hali bu yo‘lda ko‘p bor ter to‘kadi va ishonchimiz komilki, mazkur zahmatlar evaziga qo‘lga kiritiladigan natijalar ham ko‘ngilga zavq va qoniqish tuyg‘ularini albatta tortiq etadi”.

05.02.2013, Nukus

Ulug‘bek HAMDAM
XX ASR VA YANGI O‘ZBЕK SHE’RIYATI
09

Ashampoo_Snap_2017.08.22_16h03m58s_002_.pngXX asr xalqimiz hayotida ulkan o‘zgarishlar, avvalgi asrlarga qiyosan olib qaraganda bemisl taraqqiy, ijtimoiy-iqtisodiy, madaniy-ma’rifiy sohalarning barida ulkan yutuqlar davri bo‘ldi. Albatta, sarsor solganda yo‘qotishlarimiz salmog‘i ham aslo kam emas, lekin ularning nisbati yutuqlarga mutanosib belgilangan ko‘rinadi. Xuddi shu gapni adabiyotimiz, xususan, she’riyatimizga nisbatan ham bemalol aytishimiz mumkin. Asr davomida she’riyatimizda ko‘tarilish va pasayish, rivojlanish va depsinish davrlari bo‘ldi. Biroq, baribir, aytish joizki, XX asr boshlarida o‘z taraqqiyotining sifat jihatidan yangi bir bosqichiga kirgan she’riyatimiz asr davomida mazmun-mohiyatiyu shakl-qiyofasini yangiladi. Zero, she’riyat bir paytning o‘zida ham inson qalbi orqali akslangan davr, ham o‘sha davr insoni qalb suratidir. XX asr boshiga kelib esa yurtimiz ijtimoiy taraqqiyotning G‘arb tarixiga tatbiqan “yangi zamon” deb ataluvchi davriga kirdi, demak, vatandosh insonning o‘zi ham o‘zgardi: u hayotga yangicha nazar solib, yangicha qarashlaru maqsad-intilishlardan kelib chiqib yashay boshladi – “yangi inson” shakllandi. Aytish kerakki, yurtimizda ijtimoiy-tarixiy taraqqiyot jarayonlari o‘zining tabiiy oqimida kechgani yo‘q, bunga avvaliga mustamlaka sharoiti, so‘ng esa mustabid sho‘rolar tuzumi imkon bermadi. Ijtimoiy hayotdagi turfa evrilishlar esa inson qalbida va, tabiiyki, she’riyatda chuqur iz qoldirdi. Shularni hisobga olib, mazkur kichik ishimizda XX asr o‘zbek she’riyatining g‘oyaviy-badiiy tadrijini belgilagan ijtimoiy-psixologik omillarini tadqiq etishni maqsad qildik.

Avvalo, gapni “XX asr o‘zbek she’riyati” deb yuritilgan davrning xronologik chegaralarini 1905-1990 yillar bilan belgilab olganimizdan boshlasak. Ya’ni bu o‘rinda xronologik asr bilan “adabiy asr” tushunchalari bir-biriga mos kelmaydi va buning hech ajablanarli tomoni yo‘q. Garchi adabiyotimizda yangilanish kurtaklari XIX asr oxirlaridan boshlab kuzatilgan esa-da, uning chin ma’noda yangilanishi 1905 yildan keyin boshlandi. Bu fikrimiz adabiyot tarixini ijtimoiy hodisalarga bog‘lab qo‘yish, deb baholanishi va e’tiroz uyg‘otishi mumkin. Lekin Turkistonda jadidchilikning harakat sifatida faollashuvi ham, jadidchilik g‘oyalarining chinakam ommalashuvi ham ayni shu vaqtdan boshlanganini inkor qilib bo‘lmaydi. Ikkinchidan, yangi o‘zbek adabiyotini XIX asrning ikkinchi yarmidan yoki oxirgi choragidan belgilash ham, bizningcha, haqiqatga unchalik mos emas. To‘g‘ri, avvalgi asrning oxirgi choragida she’riyatimizda tematik yangilanish belgilari kuzatiladi. Lekin bu, birinchidan, to‘lig‘icha mumtoz she’riyat an’analari doirasida amalga oshdi; ikkinchidan, adabiyot taraqqiyotining har qanday bir bosqichiga xos xususiyatlar quruq joyda paydo bo‘lmaydi, ular o‘zidan oldingi davrda kurtak holida yashaydi. So‘nggi chegarani belgilashda ham xuddi shu asosga tayandik. Zero, 1991 yildan keyin yurtimizda ijtimoiy-siyosiy sharoit o‘zgardi, jamiyatda yangi ijtimoiy-iqtisodiy munosabatlar qaror topa boshladi, so‘z san’atining mohiyati, jamiyatdagi vazifalari haqidagi tasavvurlar tubdan o‘zgardi. Ya’ni bu adabiyot tarixi nuqtai nazaridan tamomila yangi asrning boshlanishi bo‘lib, u haqda fundamental tadqiqotlar olib borish kelajakning ishidir. Biz esa maqolamizda “yangi o‘zbek adabiyoti” deb atalgan adabiy davrning “XX asr o‘zbek she’riyati” deb ataganimiz bir yo‘nalishi (1905 – 1991) haqida fikr-mulohaza yuritmoqdamiz.

Ishda diqqat markazimizda turgan tadqiqot predmeti sifatida mazkur davr o‘zbek she’riyatining yangilanishi va g‘oyaviy-badiiy evolyutsiyasini ta’min etib, uning badiiy tafakkur tarzini belgilagan ijtimoiy-psixologik omillar belgilandi.

Quyida davr she’riyatini shu masala nuqtai nazaridan kuzatishlarimizdan kelib chiqqan asosiy xulosalarni qayd etamiz.

1.Inson o‘zida biologik, ijtimoiy va ruhiy ibtidolarni mujassam etgan murakkab mavjudot bo‘lib, u bog‘liq har qanday faoliyat va faoliyat mahsulida bularning izi bordir. Insoniyat tarixidagi “yangi davr” – u Yevropada XVIII asrdan, yurtimizda XX asrdan boshlangan – inson mohiyatidagi ijtimoiylikning belgilovchi xususiyatga aylanishi bilan xarakterlanadi. She’riyatimizdagi g‘oyaviy-tematik yangilanish, ijtimoiy mazmun-ruhning ustuvorlashuvi eng avval shu omil bilan izohlanadi.

2. Ajdodlaridan farqli o‘laroq, “yangi inson”ning qarashlari dunyoviy tus oldi, u endi oxirat uchun yashab jannatga erishishi haqidagina emas, foniy dunyodagi hayotini rostlash to‘g‘risida ham o‘ylay boshladi. Natijada adabiyotdagi estetik ideal tabiati o‘zgardi: uning asosini endi HAQ emas, yaqin kelajakda inson sa’y-harakati bilan erishish mumkin bo‘lgan ijtimoiy maqsad tashkil qilib, idealdagi ezgulik va go‘zallik ibtidolarining mazmun-mohiyati ham shu maqsad bilan belgilandi.

3. Jamiyatdagi yangilanish ehtiyojini hamisha dastavval ziyoli qatlam his va idrok etadi, bu qonuniyatdek gap. XIX asr oxirlarida yurtimizning Rusiya va boshqa mamlakatlar bilan aloqalari tig‘izlashgani, shu bilan bog‘liq milliy hayotimizga iqtisodiy-madaniy-maishiy yangiliklar kirib kelgani ziyoli qatlam tomonidan yangilanish ehtiyojining teran his etilishiga olib keldi. Ma’rifatparvar shoirlarning yangiliklarni targ‘ibu tashviq etuvchi she’rlari she’riyatimizdagi tematik yangilanishning ilk bosqichidir.

4. Yangilangan siyosiy-ijtimoiy sharoitda shaxs ijtimoiy faollashdi, uning jamiyatdagi maqomi o‘zgarib, o‘zini shaxsiy turmushi va ijtimoiy tartibotlarni o‘zgartirishga qodir o‘laroq idrok etdi. O‘zgalar turmushi bilan qiyoslash imkoni millatning mavjud holidan qoniqmaslik tug‘dirib, islohotlar zaruratining anglanishiga zamin yaratdi. Zaruratni teran idrok etgan ziyolilarni birlashtirgan jadidchilik mafkurasi, shu mafkurani xalqqa anglatishni o‘z oldiga vazifa qilib qo‘ygan adabiyot – jadid adabiyoti maydonga chiqdi. Ayni shu narsa she’riyatimizdagi ijtimoiylashuv atalmish tabiiy jarayonni mafkuralashuv o‘zaniga burgan bosh omildir.

5. Mazkur jarayonlarda tashqi omilning ahamiyatini ham katta bo‘lib, u ichki omilni harakatga keltirgan motor vazifasini o‘tagan. Jumladan, tashqi madaniy-iqtisodiy aloqalarning kuchayishi yangilanish ehtiyojini tug‘dirdi, mavjud ijtimoiy-iqtisodiy munosabatlarni o‘zgartirib, shaxs maqomining o‘zgarishiga olib keldi – yangi insonni shakllantirdi. Ikkinchi tomondan, jadidlarning Rusiyadagi turkiy xalqlar hamda Turkiyadagi islohotchilik harakatlari bilan ma’rifiy-mafkuraviy aloqalari, taraqqiyotda birmuncha oldinga ketgan xalqlar bilan adabiy aloqalar ham ijtimoiylashuvni kuchaytirgan muhim omillardandir.

6. She’riyatning mafkuralashuvi jadid adabiyoti bilan bog‘liq yuz bergan hamda eskicha va yangicha ijtimoiy turmush tarafdorlari ziddiyati asosida kechgan bo‘lsa, oktyabr to‘ntarishidan so‘ng ziddiyat “jadid – sho‘ro” jabhasiga ko‘chdi. Adabiy avlodlar orasida tabiiy mavjud g‘oyaviy-estetik ziddiyat o‘rniga g‘oyaviy-mafkuraviy asosdagi ziddiyat yuzaga keldi, bu esa adabiyotni g‘oyaviy-mafkuraviy kurash maydoniga aylantirdi. Natijada she’riyat san’atdan uzoqlashib, sho‘ro davrida yaratilgan ko‘plab she’rlar o‘tkinchi hodisalar maqomini oldi.

7. Totalitar tuzum tayanchi bo‘lgan kommunistik mafkura yakkahokim bo‘lgan sharoitda nazm mafkura iskanjasida qoldi. Natijada to 50-yillar oxiriga qadar she’riyat mafkura va tuzumning himoyachisi, maddohi, targ‘ibotchisi sifatida yashadi, she’riyatdan shaxs – “men” quvib chiqarilib, uning o‘rnini mafkura nomidan so‘zlovchi “biz” egalladi. Shu tariqa adabiyotga tabiatan xos ijtimoiylik badnom qilindi, ijtimoiy mavzudagi  badiiy ijod tabiatiga zid mazkur holat 60-yillardan boshlabgina bartaraf etila bordi va qariyb istiqlolga qadar davom etdi.

8. XX asr o‘zbek she’riyatida g‘oyaviy-estetik mavqe va poetik prinsiplardagi umumiyligiga ko‘ra to‘rtta adabiy avlodni ajratib ko‘rsatish mumkin: jadid shoirlari, 20-yillar avlodi, 60-yillar va 70-yillar adabiy avlodlari. Ayni shu avlodlar g‘oyaviy-estetik mavqei va poetik prinsiplari jihatidan bir-birlaridan farqlanadi, xronologik jihatdan oradagi o‘nyilliklarda adabiyotga kirgan ijodkorlar mazkur avlodlardan biriga yaqinlashadi yo qo‘shilib ketadi.

9. Bu avlodlar vorisiylik qonuniyati asosida bir-biri bilan bog‘liq va shu bog‘liqlik asosida XX asr o‘zbek she’riyatining yaxlit manzarasi hosil bo‘ladi. Ayni choqda, sanalgan har bir avlodning g‘oyaviy-estetik prinsiplarini belgilagan konkret ijtimoiy-ruhiy omillar mavjud. Jumladan, ma’rifat, islohot va ozodlik g‘oyalari bilan sug‘orilgan ijtimoiy kayfiyat jadidlar avlodining; inqilob va sho‘roning ilk yillaridagi g‘alabali (buning zamiridagi qurbonlaru yo‘qotishlardan qat’i nazar) yurishlari bilan bog‘liq ijtimoiy kayfiyat 20-yillar avlodining; sotsializm g‘oyasiga ishonchning tiriltirilishi bilan bog‘liq ijtimoiy kayfiyat 60-yillar avlodining; g‘oyaga ishonchning barbod bo‘lishi va tub ijtimoiy o‘zgarishlar (jumladan, istiqlol) zaruratining his etilishi bilan bog‘liq ijtimoiy kayfiyat 70-yillar avlodining g‘oyaviy-estetik mavqeini belgilagandir.

10. XX asr boshlariga kelib she’riyatning g‘oyaviy-tematik yangilanishi, davr ruh-kayfiyatini ifodalash ehtiyoji bilan bog‘liq holda realistik tendensiyalarning kuchayishi uning poetik jihatdan ham yangilanishini taqozo etdi. She’riyat asrlar davomida amal qilgan poetik kanonlarni inkor qilib, o‘zgargan mazmun-mohiyatga mos yangi shakl bobidagi izlanishlar davriga kirdi. Izlanishlarning she’riyatimizni chinakam yangilanishga olib kelgan yo‘nalishlari she’rning ritmik-intonatsion sathida, poetik ifoda yo‘sini va subyektiv tashkillanishda amalga oshdi.

11. Vazniy yangilanish XIX asr oxirlaridan boshlanib, mumtoz she’r o‘lchovlari va she’r shakllaridan jonli tilga eng yaqinlarini saylab ishlatishda namoyon bo‘ldi. XX asrning 10-yillariga kelib yaratila boshlagan “milliy she’r”larda mumtoz poetika qoidalaridan chekingan holda an’anaviy o‘lchov va shakllarga muayyan o‘zgartirishlar kiritila boshlandi. Bu o‘zgartirishlarning asosiy omillari realistik tamoyillarning kuchayishi, she’riyatning keng ommaga qaratilishi, she’r tilining jonli tilga yaqinlashishidir.

12. XX asrning 20-yillariga kelib barmoq tizimi she’riyatimizda yetakchilik maqomiga erishdi va asr davomida uning ritmik-intonatsion imkoniyatlari muttasil kengayib bordi. 20-yillardan boshlab davrning ruh-kayfiyati bilan bog‘liq holda erkin she’r va sarbast she’r shakllari ham keng ommalasha boshladi. Aslida erkin she’r ham 10-yillarda aruz doirasida paydo bo‘lgan va aruz ritmik-intonatsion kontekstida qabul qilingan. 20-yillardan boshlab esa bu she’r shakllari barmoq asosida rivojlandi.

13. Poetik ifodadagi o‘zgarishlar ham mumtoz she’riyatdagi obrazlarga yangicha mazmun berishdan boshlandi. Jadidlarning ijtimoiy faolligi ortishi bilan 10-yillardan boshlab she’r keng ommaga qaratilgan nutq shaklini oldi, unda obrazlilikdan ko‘ra ritorik vosita va usullar ahamiyati ortdi. Mazkur hol jamiyatda o‘zgarish zarurati yetilgani (obyektiv) va buning tobora keng idrok etila boshlangani (subyektiv) bilan bog‘liqdir.

14. She’riyatning obrazli tafakkurga qaytishi: 1) faol ijtimoiy-siyosiy harakatdan chetlashgan jadidlarning madaniy-ma’rifiy sohalarda faoliyat olib borgani va natijada ularda voqelikni estetik idrok etish imkonining paydo bo‘lgani; 2) jamiyatda sodir bo‘lgan o‘zgarishlar ularning asl maqsadlariga to‘la mos emasligi va qoniqmaslikni ochiq-oshkor ifodalash imkoniyatining cheklangani; 3) yuzaga kelgan ijtimoiy-siyosiy sharoitda voizlik she’riyatining ular ko‘zlagan maqsadlarga muvofiq emasligi kabi ijtimoiy-psixologik omillar bilan izohlanadi.

15. “Chin adabiyot” yaratish zaruratining idrok etilishi natijasida 20-yillardan boshlab realistik asosdagi yangi obrazlilik shakllandi. Xom ashyo bazasi boyligi, ya’ni atrofdagi jami narsa-hodisalar she’r kontekstida poetik obraz bo‘la olishi poetik obrazlar xazinasining g‘oyat tez boyishiga asos bo‘ldi. Obrazli tafakkurning ustuvorlashuvi bir tomondan va jamiyatda so‘z-fikr erkinligining cheklangani ikkinchi tomondan, 20-yillardanoq she’riyatimizda realistik asosdagi ramziy va metaforik obrazlarning keng ommalashuviga olib keldi.

16. Ijtimoiylashgan she’riyatning ko‘ngildan voqelikka yuz burishi, epik va dramatik tur bilan raqobat hamda o‘zaro aloqa-ta’sir sharoiti lirik asarning subyektiv tashkillanishida o‘zgarishlarga, lirik subyekt tushunchasining kengayishiga zamin bo‘ldi. Endi she’rda “lirik men” qatori “o‘zga”ning kechinma subyekti bo‘lishi (“ijroviy lirika”, “personajli lirika”), kechinmani obyekt tasviri yoki tavsifida aks ettirish (tavsifiy lirika, voqeaband lirika) mumkin bo‘ldiki, bu yangi she’riyatning tasvir va ifoda imkoniyatlarini kengaytirdi.

045

(Tashriflar: umumiy 2 831, bugungi 1)

Izoh qoldiring