Mashrabjon Shermatov. Uch avlod ko’prigi & Hayotiy qissadan hayotiy hissaga

Ashampoo_Snap_2017.05.20_23h39m29s_010_.png   Таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев масъул муҳаррирлигида чоп этилган асар ҳаётий қисса бўлиб, ундаги воқеалар асар қаҳрамони Орзигулнинг бутун ҳаёт йўли ҳақиқий ҳаётий чизгилар асосида очиб берилган. Шунингдек, муаллиф янги давр педагог-олимларининг руҳий-маънавий дунёси тасвирида қаҳрамонларни бўяб-бежамай, бор бўйича тасвирлаш, ютуқ-камчиликларни аниқ-тиниқ чизишга ҳаракат қилган.

ҲАЁТИЙ ҚИССАДАН ҲАЁТИЙ ҲИССАГА
  “Уч авлод кўприги” китоби хусусида
Ёрқинжон Одилов,
филология фанлари доктори
02

Доно халқимизда “Китоб – билим булоғи” деган нақл бор. Шу маънода республикамизда китоб ва китобхонлик масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу эса ижодкорларга замонамиз ёшларини ўз ортидан эргаштира оладиган бадиий қаҳрамонларни, илғор замондошларимизнинг бадиий қиёфаси акс эттирилган асарларни яратиш масъулиятини юкламоқда. Ана шу мақсад, муддаога мувофиқ равишда кейинги йилларда миллий адабиётимизда насрнинг турли хил жанрларига мансуб бадиий асарлар пайдо бўлмоқда. Ижодкорлар янгидан-янги ижодий приёмлар асосида инсон аталмиш хилқатнинг турфа табиати, руҳий дунёсини бадиий инкишоф этишга ҳаракат қилмоқдалар.
Шундай асарлардан бири сифатида Машрабжон Шерматовнинг “Уч авлод кўприги” (Тошкент: “Янги китоб”, 2016) таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев масъул муҳаррирлигида чоп этилган қиссасини кўрсатиш мумкин. Муаллифнинг ўзи таъкидлаганидек, асар ҳаётий қисса бўлиб, ундаги воқеалар асар қаҳрамони Орзигулнинг бутун ҳаёт йўли ҳақиқий ҳаётий чизгилар асосида очиб берилган. “Маҳкам чол”нинг кенжа дилбанди бўлмиш Орзигулнинг илм оламига кириб келиши билан боғлиқ бир-биридан қизиқарли, айни пайтда зиддиятли воқеалар сизни гоҳида ўйлатади, гоҳида йиғлатади, гоҳида бу жажжи қалбнинг метиндек иродасига қойил қолиб, тан бергингиз келади. Орзигулнинг илм олиш йўлидаги азму шижоати, қатъияти ўқувчи қалбида унга нисбатан меҳр, ҳавас туйғуларини уйғотади, гоҳида унинг йўлида учраган тўсиқларни кўрар экансиз, унга ёрдам бергингиз келади.
Мазкур қисса воқеалари икки сюжет линияси асосига қурилган бўлиб, бири Орзигул ва у билан боғлиқ воқеалару руҳий таҳлиллар сюжети, иккинчиси учинчи авлод вакиллари бўлмиш Мақсаджон ва Нигора каби ёшлар ҳаётининг бадиий инкишофидир. Гарчи воқеалар ривожи алоҳида йўналишларда тасвирланса-да, бир умумийлик бирлаштириб туради, чунки уларнинг интилган манзиллари, ошиб ўтмоқчи бўлган довонлари бир, юртлар бир, тақдирлар бир, чунки улар бир кўприкдан ўтадилар.
Маҳкам отанинг кексайганда топган ягона қизи Орзигул ёшлигиданоқ Тошкентдаги ихтисослаштирилган мактабда таълим-тарбия олиши натижасида пухта билимга эга бўлиш билан бирга, мустақил шахс сифатида шаклланади. Албатта, унинг ҳаёт йўли бир текисда кетмайди. Талабалик йиллари билан боғлиқ ўринларда университет ҳаёти тасвирланар экан, муаллиф ёшлар ҳаётига уларнинг ичидан назар солади, талабалар руҳий оламини талаба кўзи билан таҳлил қилади, воқеалар тасвирида фақат баёнчилик йўлидан бормайди, балки ҳар бир қаҳрамонини ўз тилидан “гапиртириш”га ҳаракат қилади. Орзигул ва Салоҳиддин, Нигора ва Мақсаджон каби қаҳрамонларнинг кейинги тақдирларини ёритишда оилавий муҳит, кучли коллизия асосига қурилган таҳллилларни қўллайди. Масалан, бемаъни орзу-ҳаваслар, беҳуда ҳою-ҳашамлар сал бўлмаса Орзигул ва Салоҳиддинларнинг тақдирларини ўзгартириб юбориши оилавий муносабатлар фонида яққол очиб берилади, бундай ортиқча ҳою ҳашамларнинг ҳали ҳам учраб туриши таъкидланади.
Муаллиф янги давр педагог-олимларининг руҳий-маънавий дунёси тасвирида қаҳрамонларни бўяб-бежамай, бор бўйича тасвирлаш, ютуқ-камчиликларни аниқ-тиниқ чизишга ҳаракат қилган. Масалан, қисса қаҳрамони Орзигулнинг кейинги ҳаёт йўлини танлаб олишида, илмий изланишларга муҳаббати ва интилишини оширишга ҳаракат қилган Низомиддин Муҳаммаджоновдай олижаноб инсонлар қисса қаҳрамонларининг бир ғайратига ўн ғайрат қўшса, фақат ва фақат олға интилишга ундаса, талаба ёшларнинг эзгу ишларига шунчаки вазифа нуқтаи назаридан қарайдиган, уларнинг илмлари ҳамда орзу-умидларини сариқ чақага олмайдиган, устоз деган номга кўпда тўғри келавермайдиган профессор Ғаффоровдек инсонларнинг ҳақиқий тасвири ўқувчида уларга нисбатан нафрат уйғотади. Аммо Орзигул қиёфасида гавдалантирилган интилувчан ва иродали қаҳрамон тақдири билан танишиш эса китобхонни ҳаёт машаққатларидан чўчимаслик, дадил ҳаракат қилиш, мақсадни катта қўйиш, маррани баланд олишга ундайди. Ҳаёт аталмиш бу худбинлик саҳросида ҳар ким ўз бошига ёққан қорни ўзи кураши лозимлигидек ойдин ҳақиқатни англатиб туради.
Муаллиф қиссада воқеаларни фақатгина бадиий инкишоф этмасдан, муҳим илмий муаммоларни ҳам марказий ўринга олиб чиқади. Масалан, тилнинг, шу жумладан, она тилининг инсон камолотидаги ўрни, тилнинг ижтимоий қиммати, жамият тараққиётини таъминловчи куч эканлиги, жамият ривожи тилнинг ривожига хизмат қилиши каби ўринларда қисса муаллифининг анча-мунча илмий адабиётлар билан танишиб чиққанлигини кўрсатади.
Иккинчи сюжет линияснинг марказий қаҳрамонлари бўлган Мақсаджон ва Нигораларнинг болалик орзулари, талабалик йиллари ва кейинги ҳаёт йўлларини тасвирлаш орқали бугунги кун ёшларининг иқболи, аввало, мустақил она юрти, ота-оналари борлиги, катта бахт экани акс эттирилади. Қисса қаҳрамони бўлган бу икки ёшнинг ҳаётида рўй берган гоҳ нурли, гоҳ қайғули воқеалар уларни баъзан олға интилишга, баъзида эса ҳаммасига қўл силташга мажбур қилгандек кўринади. Лекин олдига улкан мақсадларни қўйган бу ёшлар қанчадан-қанча қийинчиликликларни енгиб бўлса-да, ўз мақсадларига етадилар.
Асар қаҳрамонларига ном танлашда ҳам муаллиф ўз бадиий мақсадига мувофиқ келадиган исмларни танлаганки, бунда пировардида катта бадиий юкни ташиганини кўриш, кузатиш мумкин. Масалан, қисса марказий қаҳрамонининг исми Орзигулни олайлик. Маҳкам ака ўзининг бутун умри давомида юртини озод кўриш, озод юртга сидқидилдан меҳнат қилиш, илмда юксак даражаларга эришшишни орзу қилиб келган. Орзуларига у ёки бу тарзда эришган ҳам. Аммо Маҳкам ака чексиз орзуларини қизи орқали рўёбга чиқаришни ўйлайди, шу мақсадда қизининг ўқиши ва тарбиясига катта эътибор қаратади. Қизига Орзигул деб исм қўяди. Буни асардан олинган қуйидаги парчалардан ҳам кўриш мумкин: “Худо менга Орзигулни “орзуларингга шу қизинг орқали эришасан”, деб бермадими?” Орзигулнинг отаси сифатида тасвирланган Маҳкам ота ҳам қизининг зиёли бўлиши учун сув келса симиради, тош келса кемиради, Қўқон ва Тошкент орасида қатнашдан толмайди. Ана шу Орзигул ўзининг тиришқоқлиги ҳамда отасининг далдаси, панду ўгитлари билан фалсафа фанлари доктори, профессор даражасигача кўтарилади.
Дарвоқе, нега қисса “Уч авлод кўприги” деб номланган?! Ёзувчи асарда учта авлод вакилларини кўрсатган. Биринчи авлод – умри собиқ иттифоқ даврида ўтган Низомиддин Муҳаммаджонов, профессор Ғаффоров, доцент Оқилов каби кекса авлод вакиллари; иккинчи авлод – эски тузум даврида туғилган, аммо фаолиятини мустақиллик йилларида бошлаган Орзигул, Салоҳиддин, Одила кабилар; учинчи авлод эса мустақиллик фарзандлари бўлган Мақсаджон, Нигора, Мумтозбек кабилардир. Аммо ҳар уч авлодни Маҳкам ота бирлаштириб, туташтириб туради, шу боис қисса ҳам “Уч авлод кўприги” деб номланган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур ҳаётий қиссанинг қаҳрамонлари бўлган шахслар бугунги ёшларга ҳар жиҳатдан ҳавас қилгулик қаҳрамонлардир. Қиссани ўқиган ёш китобхон, албатта, улардек ўқиб-ўрганиш, изланишдан тўхтамасликка ҳаракат қила бошлайди. Бу образларни том маънода замонамиз қаҳрамонлари дейиш мумкин.

Машрабжон ШЕРМАТОВ
УЧ АВЛОД КЎПРИГИ
Ҳаётий қиссадан парча
02

ПРОФЕССОР

Коллежга Тошкентдан профессор Орзигул Шермуҳаммедова келармиш, деган хабар ҳаммани ҳаяжонлантирди. Нигора ўзича бу профессор деганлари қанақа бўлар экан-а, эхтимол бўйи баланд, тўладан келган, катта кўзойнакли салобатли аёл бўлса керак, деб ўйлади. “У кулармикан? Менимча, кулмаса керак. Шундай катта одам ҳам куладими, унинг кулишга вақти ҳам йўқдир. Айтадиган гапини айтади, охирида панд-насихат ўқийди, кейин директор билан ўқитувчилар қуршовида ташқарига чиқиб машинасига ўтиради-да, жўнаб кетади…
У гапини тугатганда қарсак чалинармикан; у ким билан қўл бериб кўришиб, ким билан қўл бериб хайрлашар экан; унга ким гул тақдим қилар экан. У узоқ гапирармикан ёки қисқа… Қанақа овқат ер экан. Ёки доим келадиган комиссияларга ўхшаб, учрашувдан кейин директорнинг меҳмонхонасига кириб кечгача меҳмон бўлармикан?..”
Нигора шундай хаёллар оғушида узоқ ўйланиб ётиб, ахийри ухлаб қолди. У уйғонганда кун ёйилиб қолган, онаси сигир соғаётган эди. Нигора шоша-пиша ўрнидан турди-да, ювингач, чопиб бувисининг олдига борди.
– Буви, уйғотиб ҳам қўймабсиз, кечаси узоқ вақт уйқум келмай ётиб, эрталабга яқин ухлаб қолибман. Мен нима қилай?
– Ҳовлини йиғиштиргин-да, нонушта тайёрла. Даданг ҳам ҳа демай келиб қоладилар. Барвақт туриб, бир ўртоқлариникига наҳор ошига кетган эдилар.
Нигора тезда орқасига қайтиб, қўлига супурги билан пақирни олди-ю, аввал кўчанинг дарвоза рўпарасидаги қисмини супуриб, сув сепди, сўнг ҳовлига ўтди. Қиз супур-сидирни тугатиб, нонушта тайёрлашга киришди. Бу орада онаси соғилган сутни сепаратдан ўтказиб, бир коса қаймоқни дастурхон устига олиб келиб қўйгач, Нигорага мурожаат қилди:
– Сутни музлатгичга қўйдим, мактабингдан келганингдан кейин қайнатиб, қатиқ қилиб қўярсан. Мен бугун кечроқ қайтсам керак, тунги навбатчи аёлнинг бироз иши бор экан, менга бир-икки соат кетмай туришимни илтимос қилган эди. Дадангнинг келишига тузукроқ овқат қилиб қўйгин. Мен ҳам эртароқ қайтишга ҳаракат қиламан.
– Хўп бўлади, бувижон. – Ҳамон ўз ўйларига ғарқ Нигора беихтиёр сўради: – Бувижон, сиз ҳеч профессорни кўрганмисиз? Бугун бизнинг коллежга профессор келармиш. Оти Орзигул, фамилияси Шермуҳаммедова экан. Кеча директоримиз “Ҳамманг эртага яхши кийиниб, уйларингда гул бўлса яхши букет ясаб, соат тўққизда шу ерда бўлинглар, аввал коллеж рўпарасидаги кўчани, сўнг коллеж ҳовлисини супириб, сув сепамиз. Албатта бу ишларни фаррошлар ва қоровуллар қилишади, сизлар ёрдам берасизлар. Аммо гул ва гулдаста эсингиздан чиқмасин”, – деб тайинлади. Сиз дўхтирликка ўқиган пайтларингизда профессорни кўрганмисиз? Профессор қанақа бўлади ўзи?
– Профессор ҳам сенга, менга ўхшаган одам-да, – кулди Моҳира. – У аввал мактабда, кейин институтда яхши ўқиган, дарс берган… Ким келармиш дединг, Орзигулми? Ёшлигимда бир Орзигул деган дугонам бўларди, бешинчи ёки олтинчи синфгача бирга ўқиганмиз. Кейин оиласи билан қаёққадир кўчиб кетибди, деб эшитдик. У нариги қишлоқдан қатнаб ўқирди. Ўзларининг қишлоғидаям мактаб бор эди-ю, дадасими, акасими бизнинг мактабни “яхши ўқитади”, деб бу ерга юборишган экан. У жуда яхши ўқирди, доим “беш” оларди. Хати ҳам жуда чиройли эди. Ҳамма ўқитувчилар уни мақтарди… Орзигул… Мен билан тенг эди. Демак ўттиздан ошган бўлиши керак…
Моҳира ўзининг ёшлиги, мактабда ўқиган йиллари, кейинчалик ўқишга киролмай қийналганларини, ниҳоят бирон касб эгаси бўлай, деб тиббиёт техникумига ўқишга кирганини, турмушга чиққан пйтларини эслаб кетди…
Моҳира қишлоқдаги ўзига тўқ дурадгор устанинг ёлғиз қизи эди. У ўрта мактабдаги ўқувчилар ичида яхши кийинадиган, яхши ўқийдиган одобли, дуркунгина, тезда кўзга ташланадиган қиз бўлганлиги сабабли, саккизинчи синфдалигидаёқ уйга совчилар кела бошлашди. Қиз эса институтда ўқишни, олий маълумотли бўлишни орзу қиларди. Уста Розиқ қизининг раъйига қаради, ҳамма совчиларни қайтарди.
Моҳира мактабни биитрганидан кейин икки йил Андижон тиббиёт институтига ўқишга кириш учун борди, аммо омади юришмади. Моҳиранинг ҳафсаласи пир бўлиб, шифокорлик менга насиб этмаган экан-да, деб юрган пайтларида ўрта маълумотлилар учун икки йиллик тиббиёт ходимлари тайёрловчи техникум-коллеж ҳамда тиббий билим берадиган курслар ташкил қилинди. Курс пуллик шартнома асосида бўлиб, Моҳира унинг синовларидан осонгина ўтди ва коллеж ўқувчиси бўлди. Ўқишда ҳам қийналмай ўқиди, чунки у олий тиббиёт даргоҳида ўқиш учун пухта тайёргарлик кўрган эди-да.
Коллежни битириш арафасида Моҳиранинг ҳаётида яна бир ўзгариш рўй берди. Тошкентдаги қурилиш ва архитектура институтини битириб, Моҳиранинг дадаси ишлаётган қурилиш бўлимига прораб бўлиб келган Абдураззоқ исмли йигит Моҳирага муҳаббат изҳор қилди. Уларнинг танишишлари ҳам жуда қизиқ бўлганди. Уста Розиқ рамазон ойида ўз тенгқурлари, маҳалладошлари ва бирга ишлайдиган уч-тўртта яқинларини тўплаб ифторлик қилиб берди. Уларнинг орасида Абдураззоқ ҳам бор эди. Абдураззоқнинг отаси уста Сирож билан уста Розиқ қадрдон дўст бўлиб, узоқ вақт бирга ишлашган, оилавий борди-келдилари ҳам бор эди. Абдураззоқлар оиласи серфарзанд бўлиб, онаси уй бекаси, тўққизта боладан эндигина иккитаси ишга кирган, Абдураззоқ учинчи фарзанд эди. Оиланинг иқтисодий аҳволи ўртача, бунинг устига экин-тикин, мол-ҳол дегандек, тирикчилик учун қўшимча даромад ҳам бор эди. Тинч, осойишта ҳаётга баногоҳ кўз тегди: уста Сирож бетобланиб ётиб қолди. Оилада бир ўғил уйланган, бир қиз чиқарилган, қолган етти фарзанд ва уй бекаси мустақил даромад топиш имконига эга эмас эди. Хуллас, оила аҳволи мушкуллаша бошлади. Хайриятки, бу орада Абдураззоқ ўқишни битириб келиб ишга кирди, оилага кўмаклаша бошлади.
Дўстининг бетоблигидан воқиф уста Розиқ ифторликка унинг ўғлини таклиф қилганди. Абдураззоқ ҳам отасининг ҳурмати учун кечки зиёфатга борди. У аввал дарвоза олдида келгувчиларни кутаётган кишилар билан бироз гурунглашиб турди, сўнг ҳовли четидаги қозон бошига бориб ошналарга қарашган бўлди. Абдураззоқ улар билан ҳазил-ҳузул қилиб турган пайтда косаларни кўтариб келаётган, бошига дуррача ўраган чиройли қизни кўриб қолди. Қўлидаги косаларни хонтахтага қўйган қиз ўзига кимдир қараб турганини сезди шекилли, шу томонга ўгирилди. Унинг қаршисида баланд бўйли, кенг елкали, ораста кийинган, истараси иссиқ нотаниш йигит турарди. Қиз ўнг қўлини кўксига қўйиб, бош эгганча:
– Ассалому алайкум, – деди.
Йигит шошиб бош ирғади:
– Яхшимисиз.
Шу лаҳзада уларнинг кўзлари тўқнашди. Юраклар одатдагидан тез ура бошлади. Инсон тақдирини бутунлай ўзгартириб юборишга қодир бўлган лаҳза улар тақдирида ҳам ҳал қилувчи рол ўйнади. Йигит билан қизнинг юракларига ташланган чўғ аланга олиш остонасида эди.
Ифторликка тегишли расм-русумлар якунланиб, одамлар тарқалаётганида уста Розиқ Абдураззоқнинг қўлига лаганга ош солиниб, устига бир жуфт нон бостирилган тугунчани тутқазди:
– Ошнамга салом деб қўйинг, тезроқ соғайиб кетсин. Эрта-индин ўзим ҳам ўтиб қоларман.
Абдураззоқ тугунни оларини ҳам, олмаслигини ҳам билмай каловланиб қолди.
Уста Розиқ бош ирғади:
– Отангизнинг насибаси, ўғлим.
Шу сўзлардан кейингина Абдураззоқ тугунчага қўл чўзди.

Абдураззоқ уйига етиб келганида бувиси дадасининг белига ёстиқ тираб, овқатлантириш тараддудида эди.
– Келдингми, болам, кечикканингга хавотир олиб ўтирган эдик, – деди онаси.
– Дада, тузукмисиз, – дея Абдураззоқ ва қўлидаги тугунни даструхонга қўйди: – Дўстингиз бериб юбордилар.
– Омон бўлсин, – деди уста Сирож ҳансираб. – Уста жуда оқибатли одам, лекин ўғли йўқ бечоранинг, баъзан шундан жуда афсусланиб кетади. Биттагина қизи бор. Унинг ҳам бўйи етиб қолган шекилли. Қиз турмушга чиқиб кетса, уста хотини билан ёлғиз қолишади. Бу жуда оғир. Раҳмим келади бечорага.
Абдураззоқ оғир касаллик туфайли тўшакка михланиб қолга отаси дўстининг ташвишини қилаётганини кўриб ўйланиб қолди. Бу меҳр-оқибат эҳтимол Абдураззоқ билан устанинг қизининг тақдирини бирлаштириб юборар?..

Чиндан ҳам орадан икки кун ўтгач уста Розиқ дўстидан хабар олгани келди. Уста Сирожнинг аҳволи анча оғир, ранглари сарғайиб қолган эди. У қийналиб нафас олар, мажолсиз қўлларини олдинга чўзганича, энтикиб алланималар демоқчи бўлар, лекин ярим-ёрти сўзлардан бирон нимани тушиниш қийин эди. Абдураззоқнинг онаси пойгакда ерга қараб ўтирар, унинг кўзларидан оққан ёш кўйлаги этагини ҳўл қилаётган эди.
Уста Розиқ бошини хам қилганча эзилиб ўйланиб ўтирарди. “Тавба, мен биттагина қиз билан дунёдан ўтмоқдаман. Худо бошқа фарзанд бермади. Бутун умидим шу қизга қаратилган, агар у турмушга чиқиб кетса нима қиламиз? Эр-хотин бир-биримизга термулишиб ўтираверамизми? Ахир бу даҳшат-ку. Мана бу бечора эса бир этак болани ташлаб бу фоний дунёни тарк этмоқчи. Ахир бу нима дегани? Ёки Аллоҳнинг биз билмаган сиру синоатими? Дўстимга мен нима десам экан, “яқин кунларда тузалиб кетасан”, деб юпатайми?.. Ё бироз пул берсам, олармикан? Болалари ор қилиб қайтариб юборишса-чи? Буни эшитган одамлар палончи пистончига ўлмасдан туриб садақа берибди, деб фисқу фасод гапларни чувалатмасмикан?..”
Кўзлари намланган уста узоқ ўй сурди, ниҳоят бошини кўтарди:
– Дўстим, нима қилай, дўхтирга оборайми, ёки дўхтирни бу ерга чақирайми? Қандай қилиб сенинг дардингга шифо топсак экан?
– Ме.. мени… қўявер, – дея аранг гапира олди уста Сирож дўстига нурсизланган кўзларини тикканча. – Мен… тузалмайман шекилли… Агар… қўлингдан келса менинг болаларим ҳолидан хабар олиб тур… уларга ёрдам бер… Оёққа туришига… кўмаклаш. Ахир… сен менинг… ишонган дўстимсан… Мен… мен хотиржам жон берай…
– Э, нималар деяпсан, Сирож, касал бўлган одам ўлаверадими? Мен-ку, сен учун жонимни ҳам аямайман, аммо болаларингнинг роҳатини ўнинг кўр, ўзинг уларга бош бўл, тўю-томошалар қил. Дўстим, ноумид бўлма. Мен фақат манави ётишингни кўриб, дардингни енгиллаштириш учун нима қилай, деб сўрадим, холос. Сен ҳали кўп яшайсан… Эҳ-ҳе, ҳали биргаликда не-не ишлар қиламиз… Майли, мен борай энди…
Уста Розиқ дастурхонга омин айтиб, ўрнидан турмоқчи бўлаётганида дўстининг хотини пиқиллаб йиғлаб юборди.
– Энди нима қиламан, уста почча. Болалардан фақат иккитасигина тинчиган. Абдураззоғимиз ҳам институтни битириб ишга кирди. Ёши ўтиб боряпти. Уни уйлаш керак, қолганлари ҳам айни ейдиган-киядиган, ҳали ҳеч қайсинисининг қўлидан иш келмайди. Бу ёқда дўстингиз бир ахволда ётибдилар…
Уста Розиқ нима дейишни ҳам, дўстининг хотинини нима деб юпатишни ҳам, уларга қандай ёрдам беришни ҳам билмай гарангсиб туриб қолди. Сзнг:
– Яхши ният қилайлик, келин, мушкулларингни яратганнинг ўзи осон қилади, – дея хонадан чиқди.

МУНОСИБ КУЁВ

Уста Розиқ то уйига етгунча оғир хаёлларнинг минг бир кўчасига кириб чиқди. Дўстига қандай ёрдам қилсин?..
Устанинг хафагарчилиги уйига келганидан кейин ҳам ёзилмади. Хотини дид билан ёзган дастурхон татимади, хушбўй, мазали шўрва томоғидан ўтмади.
Бу аҳволда дили баттар хуфтон бўлишини сезган уста яна кўчага чиқди, қишлоқ маркази томон кета бошлади. Кутилмаганда унинг рўпарасидан қишлоқ оқсоқоли Раим полвон чиқиб қолди. Улар бир-бирлари билан сўрашганларидан сўнг Раим полвон:
– Уста, маъзур тутасиз, мен сизни йўқлаб бораётган эдим, – деб қолди.
– Мен бўлса юрагим сиқилганидан нима қилишимни билмай гузарга кетаётган эдим, Хўш, нима қилдик, қайтайми, уйга кирамизми?
– Уйга кирсак яхши бўларди.
– Бўпти, полвон ака, кетдик, уйда гурунглашамиз.
Улар ёнма-ён юриб тезда уста Розиқ ҳовлисига кириб келдилар.
Уста ичкарига қараб овоз берди:
– Моҳирахон, қизим, мен меҳмон олиб келаяпман, бувингга айт, жой тайёрласин.
– Хўп бўлади, дадажон.
Эшикдан Моҳира чиқиб келди. Қиз чиндан ҳам аяси билан дадасига тортган, баланд бўйли, дуркун, бўй етган қизларга хос латофат ва кишинг ҳавасини келтирадиган гўзалликка эга қиз бўлиб етишган эди.
– Келинг, тоға, – деди Моҳира ним эгилиб, ўнг қўлини кўксига қўйган ҳолда.
Қиз илдам ҳаракат қилиб, равонга жой ҳозирлади.
Раим полвон билан уста Розиқ равонга ўтириб, юзларига фотиҳа тортишлари билан Моҳира яна чопқиллаб кирди-да, дастурхон ёзиб, бир зумда дастурхон устини ширинликлар, мева-чевалар билан тўлдирди, дастурхон бурчагига тўртта иссиқ нон келтириб қўйди.
Қиз чойнакда чой, тўртта пиёлани қўйиб кетгач Раим полвон уста Розиққа қаради:
– Уста, иккаламиз гаплашадиган гап бор. Бу гапларни қизингиз, илоҳим бахти бекам, умри узоқ бўлсин, эшитиши мақбул эмас.
– Бўпти, бўпти, полвон ака, бир оғиз сўзингиз, – деди уста.
Уста ташқарига чиқиб, Моҳирага тайинлади:
– Қизим, бизни безовта қилмагин, полвон тоғанг билан гаплашадиган гапимиз бор. Биз гаплашиб бўлгунча, бувинг билан бир ошам ош дамланглар.
– Хўп бўлади.
Уста меҳмони ёнига қайтиб келиб, унга бир пиёла чой узатди.
– Энди, уста, гапни чўзмайлик. Менда бир таклиф бор. Агар маъқул қўрсангиз, гапимни давом эттираман, маслахат қиламиз. Агар гапим маъқул бўлмаса ёки бошқа бирон илинжингиз, мўлжалингиз бўлса, бу гапни мен айтмадим, сиз эшитмадингиз. Биласиз, мен гапни аччиқ ичакдек чўзадиган одам эмасман.
– Э, полвон ака, сиз бизга ёмонлик тилармидингиз?! Қани, аввал эшитайлик-чи, нима гап экан.
– Уста Сирожни кўргани кирганмидингиз? – Полвон саволига жавоб ҳам кутмай, гапини давом эттирди: – Мен ҳозир ўша ердан келяпман. Аҳволи оғир. Бечора жўжабирдай жон, аёли ишламайди, болаларининг ҳам қўлидан бир иш келмайди. Ўзингиз биласиз, аввало тирикчилик учун, қолайверса касални даволатиш учун ҳам тайинли жамғармалари йўқ. Аҳволини кўриб юрак-бағрим эзилиб кетди. Уста Сирж қандай одам эди-я! Дўстларнинг жони, гап-гаштак, ўтиришларни кўрки, қўли гул уста эди… Дунёнинг ишларига тушиниб бўлмас экан, уста.
– Нима қилайлик, полвон ака, айтинг, пулми, молми, нима билан ёрдам қилай, бор-будимни бераман, ҳатто керак бўлса жонимни ҳам. Агар тузалишидан умид бўлса, ҳеч нарсамни дўстим учун аямайман!
– Ҳозирча молингиз, пулингизни қўятуринг, жонингиз эса ўзингизга насиб қилсин, узоқ умр кўринг. Мен сиздан молу пулингиз, жонингиздан ҳам азиз бир нарсани сўрамоқчиман. Агар лозим топсангиз, қизингизни уста Сирожнинг ўғли, ҳаҳ, оти нима эди… ҳа, Абдураззоққа унаштиришга рози бўлсангиз. Ҳам савоб, ҳам жавоб. Мен дўстингиз билан гаплашганимда, “Абдураззоғимнинг ёши ўтинқираб қоляпти, мен бу ахволда ётибман, агар бир нарса бўлиб қолсам, ўлимнинг расми-русуми, қолаверса харажати рўзғорни яна баттар ўтқазади. Кейин беш-олти йилсиз тўй қилиш қийин, болам сарсон бўлиб қолмасмикан?” деб хавотирини билдирганди. Борди-ю, тақдирлар битишган бўлса, биз сабабчи бўлиб, дўстингизнинг дардига ҳам дармон бўламиз деган умиддаман. Нарса, маблағ масаласига келганда, бир амаллаб тўйни ўтказамиз. Йигит моли ерда деганлар, кейинчалик яхши яшаб кетишса ўзларига керакли нарсаларни ўзлари топиб олишар, бу ёғидан ташвиш қилманг, уста. Нима дедингиз? Агар бошқа бирон мўлжалингиз бўлса, ҳалиги гап, мен бу таклифни айтмадим, сиз эшитмадингиз. Уста, илтимос, кўнглингизда борини айтинг, мени кўп қийнаманг…
Уста Розиқ дастурхон попугига тикилганча гарангсиб қолди. Агар чапанилиги тутиб, дўстим учун ҳар қандай ишга розиман деб юборай деса, бу умр савдоси, бунда таваккалчилик қилиб бўлмайди, агар “йўқ” дейин деса… тўшакка михланиб ётган дўстию оқсоқолнинг илтимосига эътибор бермаслик ҳам инсофдан эмас.
Уста чуқур ўйга толди, ҳатто уйда ҳурматли меҳмони борлигини ҳам унутгандай бўлди. Орадан қанча вақт ўтди, ҳар иккалалари ҳам сезмай қолишди.
– Хўш, нима дейсиз, уста? – деди ниҳоят Раим полвон. – Лекин мен шоширмайман, ўйлаб кўринг. Бир қарорга келганингиздан кейин, бу ёғини тезлаштирамиз. Дўстингиз шу ўғлини тўйини кўриб қолсин… Энди менга рухсат. Қани, омин…
– Ие, полвон ака, ош дамлаб қўйилган эди-ку.
– Ош еб юрган жойимиз, уста. Насиб қилса, ҳали кўп келамиз бу хонадонга…
Уста полвонни кузатар экан, томоғига бир нима тиқилгандай бир неча марта йўталди.
Уста ичкарига қайтиб кирди, аввал қизига, сўнг хотинига узоқ тикилиб қолди.
– Сизга нима бўлди, дадаси? – ҳайрон бўлди рафиқаси.
– Йўқ, ўзим, ҳеч нарса, – деди уста Розиқ кулимсирашга харакат қилиб. – Меҳмон ошга қарамай кетиб қолди-да.
– Шунга шунчаликми, уйига олиб бориб берақолинг, – деди хотини аччиқлангандай бўлиб.
– Бўпти, ошни суз, – деди уста ўзини хотиржам тутишга харакат қилиб. – Гадой аразласа тўрвасига зиён дейдилар. Ўзимиз еяверамиз, а, қизим?
Шу саволни бераётиб, уста Моҳирага диққат билан қаради. Назарида қизи эрта-индин уларни ташлаб, бошқа ҳовлига кетаётгандай туюлиб, кўнгли бузилди, лекин буни билдирмасликка уринди, ўзини бардам кўрсатиб:
– Бўлинглар тезроқ, қорин очиб кетди, – деб қўйди.
Она-бола устада қандайдир ўзгариш бўлаётганини сезишса-да, биров-бировига индашмади.
Ош иштаҳа билан ейилмади. Фотиҳадан сўнг уста яна ҳовлига чиқди. У тўнини елкасига ташлаб, ҳовли ўртасидаги сўрига бориб ўтирди. Эрининг ҳаракатлариини кузатиб турган аёл қизи ўз ётоғига кириб кетганини кўргандан сўнг секин ташқарига чиқиб, устанинг ёнига ўтирди.
– Нима бўлди сизга? – деди у гўё гапини биров эшитиб қоладигандай паст товушда. – Оқсоқол келиб-кетганидан буён ўзгариб қолдингиз. Ё полвон тоға бирон кўнгилсиз гап айтдими?
– Э йў-ўқ… Тўғриси, ундан ҳам баттароқ, кўнглим бузилиб кетяпти, якка-ягона овунчоғим, юрагимнинг мадори бегона бўлиб кетаётгандай… Хуллас, полвон тоғанг қизимизга совчи бўп келибди.
– Ие, шунга шунчаликми? Нима, қизингизни бошингизга болиш қилмоқчимисиз, вақти-соати келганда чиқарасиз-да. Совчилар эса келиб-кетаверади, насиб қилгани бўлади. Бунақа шалвираманг. Хўш кимдан совчи бўлиб келибди оқсоқол, ҳар ҳолда ёмон одамлардан бўлмаса керак?
– Ёмонликка ёмон эмаску-я, лекин йўқ дейишга ҳам иложи йўқ одамлардан. Шунга бошим қотиб қолди.
– Ким экан, ўша иложи йўқ одамлар, мунча чўздингиз, айтақолсангиз-чи.
– Уста Сирож юборибди, ўғли Абдураззоққа сўратиб. Нима дейишни ҳам билмай қолдим, – деди уста гуноҳкорона оҳангда.
– Шунга шунчами, Абдураззоқ у куни ифторликка келган йигитми, ёмон йигитга ўхшамайди, бунинг устига ўқиган, касби-кори ҳам жойида. Менимча битта рўзғорни тебрата олади. Бунинг устига отаси яқин дўстингиз.
Уста Розиқ сесканиб хотинига қаради, гўё уни энди кўраётгандай бир неча бор кўзини юмиб-очди. Зеро у сира бир қарорга келаолмаётганди, бунинг устига онаси нима деркан, келган совчиларнинг биронтасига ҳам рўйхушлик бермаётган, ҳаммаларига қизим ҳали ёш, ўқишини битирсин деб жавоб қилаётганди, деган ўйда эди. Хотини эса аллақандай юмшоқлик билан деярли рози бўлиб турибди. Уста Розиқ ўзини қаттиқ ўйлантираётган муаммонинг бу қадар тез ҳал бўлганидан қувониб кетдию:
– Бор экансан-ку, онаси! – дея унинг елкасидан қучиб қўйди.
– Ахир, қиз бола бировнинг хасми.
– Шундайку-я, лекин… Ўзи ёлғиз деб кўнглига қарадик, ўксимасин дедик… Бировга бериб юборсак яна иккимиз қоламизми, шуни ўйлаб тентак бўлиб қолай дедим, хотин… Лекин сен рози экансан, берсак берибмиз-да, кейин бир амаллаб яшармиз. Хайриятки Сирожнинг ҳовлиси яқин, келиб-кетиб турар. Аммо қизинг нима дер экан, кўнармикан ишқилиб, нима дейсан-а, хотин.
– Гаплашиб кўрамиз-да. Нима, ёлғиз ўтармиди? Худо сақласин ундай ҳаётдан… Майли энди, кириб ётинг, худо ҳоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Фақат қизингизни ўйлайвермасдан ўзингизниям ўйланг бундай….
Эр-хотин ўринларидан туришиб, ётоқхонага кириб кетишди.
Аслида устанинг хотини қизи билан бу мавзуда алалқачон гаплашиб улгурганди.
– Буви, – деб қолди Моҳира ифторликдан кейин, – ҳалиги ёшроқ меҳмон мабодо қариндошларимиздан эмасми, кўзимга жуда иссиқ кўринди. У ҳам менга эски танишдай муомала қилди.
Бундан ҳушёр тортган она қизига ҳайрат билан тикилган ва унга ҳеч нарса демаган бўлса-да, Моҳиранинг аллақачон бўйи етганини, энди уни узатиш лозимлигини ўйлаб қўйган эди. Аммо қачон, кимга, қандай одамга? Ниҳоят бугун тугун бироз ечилгандай бўлди…

Орадан икки кун ўтгач Раим полвон атайлаб уста Розиққа учрашди:
– Хўш, уста қандай қарорга келдиларинг, сал-пал умид қилса бўладими?
Уста Розиқ эса ҳамон иккиланар эди. Хотини рози бўлгандай бўлса ҳам, ҳали қизи нима деркан. Бунинг устига уста Сирожнинг касали кучайяпти, тузалишдан умид йўқроқ, деган совуқ гаплар ҳам юрибди.
– Мен кечқурун уйдагилар билан яна бир гаплашай, эртага хабарлашамиз, – деди ахийри.
Кечқурун уста Розиқ овқатдан кейин хотинига шу ҳақда оғиз очди. Жавоб тайёр эди:
– Дадаси, мен қизингиз билан гаплашдим. Қиз бола дарров “ҳа” дермиди. “Билмадим, сизлар нима десаларинг шу-да”, дегандай бўлди. Энди, дадаси, иккаласи иттифоқ бўлиб яшаб кетса бўлди-да, кўпчилик бўлган оилага тушган қизлар яхши яшаб кетишаяптику. Уларда ғийбат йўқ, биров-бировиданам кўп нарсани ўрганади. Доим бирга яшашармиди, имкон топилиши билан алоҳида уй қуриб ажратиб қўйишади-да, дадаси. Полвон тоғага “бўпти” деяверинг. Зора шу билан кўнгли кўтарилган дўстингиз ҳам тузалиб кетсалар.
Хотинининг гапларидан кўнгли тўлган уста Розиқ эртага Раим полвонга айтадиган гапларини ўйлай бошлади.
Эртасига эрталаб Раим полвон уста Розиқнинг эшигини тақиллатмасданоқ кириб келди:
– Уста, биласиз, ҳеч қаерда гапим қайтмаган, лекин иккаламизнинг маслаҳатимиз жуда чўзилиб кетяпти. Тезроқ бирон нарса денг, сиз бунақанги ишни чўзадиган одам эмас эдингиз-ку.
– Э, полвон ака, намунча шошиласиз, келинг, ичкари кирайлик, бунақа иш дарров битиб кетавермайдику. Юринг, юринг, – дея мезбон полвонни тирсагидан ушлаб уйга етаклади.
Ичкари киришгач, фотиҳадан сўнг уста дастурхон, чой келтириш учун ташқарига қўзғалганди, полвон уни зўрлаб жойига ўтқазди:
– Қани, уста, аввал бизнинг саволга жавоб беринг.
– Полвон ака, – деди уста салмоқ билан, – биз кўп маслаҳат қилдик, кенгашдик, уста Сирожнинг ҳозирги аҳволини ҳам, сизга нисбатан ҳурматимизни ҳам ҳисобга олдик ва ниҳоят “маъқул” деган қарорга келдик. Энг муҳими, ёшлар бахтли бўлишсин…
Шундай қилиб, маҳалланинг обрўли оқсоқоли Раим полвон бошлаган савобли иш икки дўст, икки оила оқибатининг янада мустахкамлашувига, икки ёшнинг жуфтлашиб, яна бир бахтли оиланинг вужудга келишига сабаб бўлди.
Абдураззоқ ва Моҳиранинг тўйи кейинги ҳафтанинг охирига белгиланди ва бу ҳақдаги барча масалаларни ҳал этиш Раим полвон бошчилигида келишиб олинди.
Ўзаро битимга кўра, уста Розиқнинг уйида нахор оши бериладиган, қолган маросимлар уста Сирож уйида ўтказилиб, тўй ҳам, никоҳ ҳам ўша ерда бўладиган бўлди. Бу тўйни бирмунча ихчам ва камчиқим бўлишига имкон яратар эди.

Моҳира тўй баҳонасида ўртоқларини бир-бир эслаб, уларга таклифнома юбормоқчи бўлди. У биринчи синфдан бошлаб бирга ўқиган синфдошларини эслади…
Унинг дастлабки мактабга борган даври… Биринчи ўқитувчи расми, унинг ёнида Моҳира, кейин қатор терилган синфдошлар: Наргиза, Сайёра, Баҳодир, Орзигул… “Орзигул… ҳозир қаерда экан-а бу синфдошим. Жуда яхши ўқирди, чиройли ёзарди, одобли эди. Ўзи ҳам чиройли эди. Юзлари юмалоқ, оқ-сариқдан келган, ўрта бўй, елкалари кенгроқ, қандай кийим кийса ярашаверарди. Гапирса унинг гапида қандайдир сеҳр бордай ёқимли, одамни ўзига қаратадиган, ром этадиган хусусияти бор эди. Ёки бешинчи, ёки олтинчи синфда у мактабга келмай қўйди. Бу ердан кўчиб кетишибди, “бошқа мактабда ўқиётган эмиш”, деб синф раҳбаримиз уни журналга ёзмади. Мен ҳайрон қолиб, хафа бўлдим. Наҳотки энди ўртоғимни кўрмасам, дедим. Вақт ўтган сайин ҳамма нарса унитилади, деганларидек, кейинчалик Орзигулни камроқ эслайдиган бўлдик, кейинчалик эса умуман эсламай қўйдик.
Ҳозир қаерда экан-а… Агар манзили аниқ бўлганда, албатта тўйга таклиф қилар эдим…”
Моҳира айни дамда меҳр билан эслаётган Орзигул исмли қиз ҳақиқатдан ҳам унинг синфдоши бўлиб, улар яшаган қишлоқнинг юқори махалласи – Фарғона канали бўйига жойлашган шинамгина ҳовлида дунёга келган эди. Қизча дунёга келган пайтда унинг отаси Маҳкам ака етмиш уч ёшда бўлиб, ўз даврининг етук зиёлиси, иқтисод фани бўйича олимлик илмий даражаси ва унвонига эга, юртида яхшигина обрўга эга бўлган одам эди. Унинг тўрт ўғли бўлиб, уларнинг барчаси олий маьлумотли, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳизмат қилар, оилали, уйли-жойли эдилар.
Лекин бир кам дунё деганларидек, Маҳкам аканинг турмуш ўртоғи бош мия саратони билан касалланиб, узоқ вақт бемор ётди. Маҳкам ака уни қарийб ўн беш йил даволатди. Икки марта бош мияни операция қилишди. Иккинчи операциядан кейин у мутлақо турмайдиган, юрмайдиган бўлиб, тўшакка михланиб қолди. Бундай оғир аҳволга чора излаб Маҳкам ака иши ва турар-жойини ўзгартирди, европа миллатига мансуб аёллардан бирини уй хизматчиси қилиб ишга ёллади. Лекин барча чора-тадбирлар вақтинчалик самара берарди, холос. Аёл бир жойда ётар, фақат гапирар, овқат ер, қўллари бироз қимирлар, оёқларда эса мутлақо ҳаракат йўқ, бемажол, у ён-бу ёнга ҳам бошқалар ёрдамида ағдарилар, узоқ қимирламай ётиш натижасида пайдо бўлган оғриқдан тинимсиз инграр эди. Баҳор фаслининг ўриклар ғарқ гуллаган кунларининг бирида Маҳкам аканинг жуфти ҳалоли бу фоний дунёни тарк этди.
Орадан уч йил ўтгач, Маҳкам аканинг болалари, қариндош-уруғлар маслаҳатлашиб, уни ўзидан анча ёш Ирода исмли аёлга уйлаб қўйишди. Маҳкам ака бу аёлга яхши муносабатда бўлди, уни эҳтиёт қилди, билмаган нарсаларини ўргатди. Ўғиллардан айримларининг ва келинларнинг тазйиқлари, аччиқ гапларидан ҳимоя қилди. Аёлнинг олдинги турмушидан бир ўғли бўлиб, Маҳкам ака уни ҳам ўз бағрига олди. Болани тўққизинчи синфгача вилоят марказидаги иқтидорли болалар мактабида ўқитиб, сўнг автойўл коллежига ўқишга киритди ва автомобиллар таъмирлаш устахонасига шогирд қилиб жойлаштириб қўйди.
Бир-бирига кўнгил қўйиб яшаб келаётган Маҳкам ака ўзининг ёши улуғлигини ҳисобга олиб, ёш умрини у билан ўтказаётган аёлнинг ўзидан кейин турар-жой, яшаш шароитини таъминлаш мақсадида унга кўп қаватли уйлардан алоҳида квартира сотиб олиб берди, номига қатьий расмийлаштириб қўйди. Аёлнинг жуфти ҳалоли Маҳкам акадан кўнгли тўлдими ёки Яратганнинг марҳаматими, ишқилиб, Ирода ҳомиладор бўлди ва оилада ҳеч ким ўйламаган, ҳеч ким кутмаган қиз дунёга келди.
Маҳкам ака, фарзандларининг ҳаммаси ўғил бўлганлиги учун “биттагина қизим бўлса яхши бўлар эди”, деган орзуда юрар эди, иттифоқо унинг орзуси ушалиб, етмиш уч ёшга етганида парвардигор унга қиз ато қилди! Шундай қилиб, ҳаёт мўъжизасидай туюлган бу қизалоққа Орзигул деб ном қўйишди. Ҳа, Маҳкам ака ва рафиқаси, умри кузида унга беминнат хизмат қилаётган Ирода учун қизалоқнинг туғилиши армонга айланиб бораётган орзунинг ушалиши, оила аъзоларининг айримлари учун эса янги муаммоларнинг келиб чиқишига – тўрт келин ва келин тарафдорлари учун кети йўқ ғийбатларнинг авж олишига сабаб бўлди.
Ҳа, ҳаёт қадрини, эл-юрт қадрини, миллат қадрини, қолаверса ўз қадрини билган кишилар учун хоҳ ўғил, хоҳ қиз фарзанднинг туғилиши бахт- қувонч бўлса, айрим калтабин, бефарқ кишилар учун у ортиқча даҳмаза, ташвиш бўлиб туюлди.
Маҳкам аканинг ёши бир жойга борганда фарзанд кўриши анча шов-шувга сабаб бўлди, албатта. Кўплар уни яхши ниятда табриклашди, унга ва янги туғилган чақалоққа сиҳат-саломатлик тилашди…

Орзигулнинг расмига узоқ тикилиб қолган Моҳира бу воқеалалардан тамомила бехабар эди, албатта. “Дугонамнинг тақдири нима бўлди экан, ҳозир у қаерда бўлиши мумкин, у ҳам менинг ёшимда эди, турмушга чиқдимикан ёки энди чиқмоқчими, агар унинг манзилини билганимда албатта топардим, тўйда ёнимда бўларди, қандай ақлли қиз эди-я”, дея ўйларди Моҳира. Яқин дугонасини соғиниб унинг юраги эзилди, кўзлари намланди. У бўлажак тўйни, бундан кейинги ҳаётини бир-бир кўз олдига келтиришга урина бошлади.
Моҳира Абдураззоқ билан тузук-қуруқ гаплашмаган бўлса-да, унинг камбағал оилада тарбияланганлигини, одобли, маданиятли, соғлом, келишган йигит эканлигини кўз олдига келтириб, кўнгли бироз таскин топди. “Ҳар ҳолда яхши яшаб кетсам керак”, деб ўйлади у. Ўта тўкис бўлмаса-да, тинч, осойишта ҳаёт кечиришини кўз олдига келтирди. Бир-бирига суяниб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини баравар тортиб, ҳазил-ҳузил қилишиб, эркаланиб яшаш қандай яхши. Дарҳақиқат, ҳаёт мазмунини безайдиган тушунчалар етарли, уларни фақат тушуниш, завқланиш, улардан оқилона фойдаланиш лозим. Шундагина ўтказилган умрни мазмунли, дейиш мумкин…

Раим полвон бошчилигида уста Розиқ ва уста Сирожлар оиласида ихчамгина тўй ўтказилиб, Моҳира уста Сирожнинг уйига келин бўлиб тушди. Ҳовлининг бир чеккасидаги ихчамгина хонани уларга ажратиб беришди.
Шундай қилиб Моҳиранинг келинлик даври бир ҳовли шовқин-сурон, катта-кичик ўғил-қизлар даврасида ўтди. Чаққон келин ва оиладаги ёрдамчиларнинг аҳил ҳаракатлари туфайли ҳовли доим саранжом-саришта, дастурхондан бошлаб, чойнак-пиёлаларгача чиннидек тоза, одам ҳавасини келтирадиган даражада тозалик ҳукм сурар эди.
“Кўпда барака бор”, деганларидек, аста-секин оиланинг иқтисодий аҳволи ҳам яхшилана бошлади. Илгариги даромадга Абдураззоқнинг маоши ва Моҳиранинг топиш-тутиши ҳам қўшилди. Энди оилада кам бўлса-да, жамғарма ҳам йиғила бошланди. Оилада энг муҳими – уста Сирожнинг соғая бошлагани эди. Моҳира келин бўлиб тушгандан кейин унинг аҳволи аста-секин яхши томонга ўзгаради. Бу орада ёзу куз ўтиб, қиш ҳам кириб келди. Ўтган беш олти ой ичида уста Сирож ҳам соғайиб, деярли ишга яроқли бўлиб қолди. У ўз ҳаётидан оилавий тўкисликдан мамнун ҳолда,”эсон-омон баҳорга чиқсам янги оилага ҳовли қуриб бераман”, деган гапни тез-тез такрорлайдиган бўлиб қолди.
Шундай кунларнинг бирида Раим полвондан яна бир ақлли гап чиқди. Ўзаро суҳбатларнинг бирида Раим полвон ярим ҳазил, ярим чин қилиб:
– Сирож, мана яхши ҳам бўлиб қолдинг, ишга ҳам қатнаяпсан, рўзғоринг ҳам ўнгланди. Бу ишларни ҳаммаси учун дўстинг, энди эса қуданг Розиқдан миннатдор бўлишинг керак. У яхши одам, ҳеч иккиланмасдан мен айтган гапга қулоқ солди, ”йўқ” демади. Кўриниб турибдики, келиндан ёлчигансан. Шу келиннинг қадами қутлуғ келиб соғайиб ҳам кетдинг, рўзғорингга файз кирди. Биласан, ошнангнинг шу ёлғиз қизидан бошқа фарзанди йўқ. Қизи сеникига келин бўлиб тушгандан буён уйи ҳувилаб қолган. Кўп ичикади бечора. Энди шундай қилсак. Сен уларга уй қуриб бериш масаласини тўхтатиб турсанг. Унга сарф бўладиган маблағни бошқа болаларингга сарфласанг. Уларни ўқитсанг, қизинг ҳам тайёр бўлиб турибди, уни чиқарсанг. Абдураззоғинг билан келинингни эса дўстингнинг уйига кўчирсанг. Шу билан сен яқин дўстинг олдидаги қиёматлик қарзингни узиб, кўп савобли иш қилган бўласан, иккинчидан унинг кемтик кўнглини тўлдирасан. Ўйлаб кўр. Одам дунёга бир марта келади. Қўлингдан келар экан, яхшилик қил, айниқса яқин дўстингга. Хўш нима дейсан?
Уста Сирожни ҳаяжонли ўй босди. У қувонишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмасди. Қувонай деса, одамлардан андиша қилади. “Уста Сирож тайёр жой, кам харажат бўлишини истаб боласининг ичкуёв бўлишига рози бўлди”, демасмиканлар, иккинчи томондан ўғли бу таклифга кўнармикан?
– Одамлар гап-сўз қилмасмиканлар, бунинг устига онаси, Абдураззоқнинг ўзи нима деркан? – деди ниҳоят уста иккиланиб.
– Буларнинг барчасининг калити сенда, – деди Раим полвон энди анча дадил ҳолда, устанинг юмшаганидан фойдаланиб. – Биринчидан, ҳали айтганимдай дўстингнинг ўксиган кўнглини тўлдириб кўп савобли иш қиласан, иккинчидан ўзинг ҳам анча ташвишдан қутиласан. Ҳали сенинг олдингда иш кўп. Кел, шу таклифни чуқур ўйлаб кўр. Хотининг, болаларинг, ўзингга яқин қариндошлар билан маслаҳат қил. Мен ҳозирча бу гапни ҳеч кимга, ҳатто устага ҳам билдирмай тураман…
Аслида полвон аллақачон бу ҳақда уста Розиқ билан гаплашган эди. Уста “кўп улуғ иш бўлар эди-да”, деган эди ўшанда ҳаяжон билан.
Орадан маълум муддат ўтгач Абдураззоқ билан Моҳира уста Розиқнинг ҳовлисига кўчиб ўтдилар.
Шундан буён чорак асрдан ортиқроқ вақт ўтибди. Абдураззоқ билан Моҳира ҳар икки оилага беминнат ҳизмат қилиб, катта-кичикнинг кўнглини олиб, ўзлари ҳам аҳил бўлиб бахтли яшасалар-да, беш-олти йил ўтса ҳамки, фарзандли бўлмадилар.
Қанча қаратув-кўрсатув, эскича-янгича даволанишлар наф бермади. Эр-хотин тушкунликка тушиб қолишди. Уларнинг муносабатларида совуқчилик сезила бошлади.
Ана шундай кунларнинг бирида, Розиқ аканинг олис туманда яшайдиган синглиси Кароматнинг уйида фожиа содир бўлди. Кўкламда ёмғир тинмай ёғиб, дарё қирғоғидан тошган экан. Каромат ярим тунда бостириб кириб, мол-ҳолни оқизиб кетаётган сувни кўрадию, ваҳимага тушади. Сўнг ўзини сувга отиб, болали сигирини қутқариб қолишга уринади шўрлик…
Кароматнинг эри уч-тўрт йил бурун вафот этган эди. Оилада ёлғиз қиз Нигора.
Розиқ ака синглисининг расм-русумларидан сўнг саккизинчи синфда ўқиётган Нигорани ўзи билан олиб келди.
Қонун-қоидани тушунадиган яхши одамларнинг маслаҳати, қизнинг ўзининг розилиги билан Нигорани Абдураззоқ билан Моҳирага фарзанд қилиб расмийлаштириб беришди. Тўғри, она-бола ўртасидаги тафовут 13 ёшни ташкил қиларди, шунгами, улар ёнма-ён турганларида опа-сингил каби кўринардилар.
Бироқ бунга қарамасдан Моҳира Нигорани ҳақиқий оналик меҳри билан суйиб қолганди. Абдураззоқ ҳам қизbни ер-кўкка ишонмас, бошига кўтариб юргудай бўларди. Эр-хотиннинг бахтига Нигора соғлом, ақлли, одобли эди. Мактабда “аъло” баҳоларга ўқиди. Мана, коллежни ҳам битирди, уни ўзи севган соҳаси бўйича ўқишга юбориш керак? Лекин қаерга? Улар вилоят марказидаги университетни мўлжаллаб юрган эдилар. Лекин битирувчилари билан учрашиш учун коллежга Орзигул Шермуҳаммедованинг келиши уларнинг режаларини ўзгартириб юборди.

ЎШАМИ ЁКИ БОШҚА?..

Нигора турганда ҳам, юрганда ҳам Орзигул опа тўғрисида гапирадиган, унинг ҳар бир гапини худди ўзи гапиргандай мисол қилиб келтирадиган, тўғрироғи, профессор опага тақлид қиладиган бўлиб қолди. Моҳира эса ўзининг синфдоши Орзигулни тез-тез эслайди, Нигорадан профессор опа ҳақида қайта-қайта сўрайдиган бўлди. Айни пайтда Моҳира: “Аммо уни қаердан ахтариш керак, бешинчи ёки олтинчи синфлардан кейин у қаерларда ўқиган, қаерда яшаган, ўша мен билган, мен билан бирга ўқиган Орзигулми ёки бошқами?” деган саволларга жавоб тополмай қийналарди.
Нигора коллеж дипломини олган куни уларникига яқин қариндош-уруғлари, икки-учта гурухдошлари йиғилдилар. Моҳира ош дамлади.
Ошдан сўнг улар анча вақтгача гурунглашиб ўтирдилар. Келган гуруҳдошлар орасида Мақсаджон ҳам бор эди. Келганлардан бири вилоят марказидаги Университетнинг чет тили факультетига, Мақсаджон политехника институтининг ер ости қудуқларини кавлаш бўйича ихтисос берадиган йўналишга киришларини айтганида, Нигора нима дейишини билмай ўйланиб қолди. Ахир у файласуф бўлмоқчи эди-да. Файласуфлик бу Орзигул опа айтганларидай “донишмандликни суйиш” эмасми. Ҳа, Нигора донишманд – билимлар эгаси бўлмоқчи. Қиз табиат ва жамият тараққиёти сирларини билиш учун уларга қайси томондан ёндашиш, уларнинг қайси жиҳатларини ўрганиш муҳим эканини англашга қизиқарди.
Орзигул опа: “Жамият тараққиёти учун энг зарур бўлган омиллардан бири ўша жамоа – жамиятнинг мустақил ҳолда ҳаёт кечириши, – деган эди коллеждаги суҳбатда. – Ўзбек халқи чинакам мустақилликка эришди. Энди уни сақлаб қолиш ва тобора мустаҳкамлаб бориш лозим. Унга ўзгаларнинг тазйиқ ўтказишига йўл қўймаслик шарт. Демак, бу мавзу ҳеч қачон эскирмайди. Уни доимо ўрганиш, тараққиёт қонуниятларини топиш, уларга таянган ҳолда хулосалар чиқариб, тавсиялар бериш лозим. Бу мавзуни ўрганишга янгидан-янги илмий кучларни, айниқса ёшларни кўпроқ жалб қилиш зарур”.
Нигора профессор айтган гапларнинг тўлиқ маъносини тушунмаган бўлса-да, бу мавзуга қизиқиб қолди. Демак бу масалани ўрганиш керак, ўрганиш учун эса Орзигул опа ўқиган ўқишда ўқиш керак. Лекин қаерда, қайси институтда? Ҳар қалай, пойтахтда бўлса керак. Дадаси билан аяси унинг Тошкентга бориб ўқишига рухсат беришармикан?
Нигора узоқ ўйланиб қолди, лекин ўртоқларига бу ҳақда гапирмади. Улар кетишгандан кейингина Нигора аясига ўзининг ўқиши ҳақида гап очди:
– Коллежимизга келган Орзигул опам қаерда ўқиган экан-а, агар сизга синфдош бўлса, бирга бориб маслаҳат олармидик. Нима дейсиз?
Моҳира бу саволга жўяли жавоб топа олмади. Тўғриси, ўзи ҳам бу ҳақда кўп ўйлар эди-ю, лекин ишонч билан аниқ ўша, мен бирга ўқиган Орзигул, уни излаб кўриш керак, дея олмас эди.
Она-бола алламахалгача гаплашиб ўтиришди, сўнг ухлашга ётишди.
Эрталаб нонушта пайтида бу ҳақда гап кетганда Абдураззоқ ҳам Тошкентда янги-янги институтлар очилаётганини, уларда замонавий мутахассислар тайёрланаётганлигини айтиб ўтиб кетди, лекин қизининг пойтахттга бориб ўқиши ҳақида ҳеч нима демади. Бундан Моҳира ўзича икки хил хулоса чиқарди. Ёки отаси қизининг Тошкентда ўқиш ҳақидаги ниятини сезиб, уни қизиқтирмоқчи, ёки ёлғиз қизини у ёқларга юборолмаслигидан афсусда.
Аслида эса Моҳиранинг ўзи ҳам ёлғиз фарзандини Тошкентга юбормайман, деган қарорга келиб қўйганди. Тўғри, қизи мактабнинг юқори синфида ҳам, коллежда ҳам яхши ўқиди. Ўқишга рағбати баланд, истеъдоди ҳам бор. Агар Тошкент хабарини эшитса, қанот боғлаб учиши тайёр.
Аммо ота-онанинг яккаю-ягона қизни Тошкентга юборишини ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Вақт эса ўтиб борар, ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш фурсати тобора яқинлашмоқда эди. Демак ўзаро кенгашиш, тезроқ бир қарорга келиш лозим…

Моҳира эртасига эрталаб маҳалла бошига жойлашган мактабга борди. У ерда узоқ йиллардан бери ишлаб нафақага чиққан бўлса-да, ҳамон озроқ бўлса-да дарс олиб, кўпчиликка аралашиб юрадиган Ҳаётхон исмли муаллима опани учратди.
Ҳаётхон опа Моҳирани ҳам бошланғич синфларда ўқитган эди. Иккаласи узоқ суҳбатлашиб, гап Орзигулга бориб тақалганда, Ҳаётхон опа ҳам ўйланиб қолди, сўнг сўради:
– Шошма, қизим, коллежга учрашувга келган аёлнинг фамилиясини Шермуҳаммедова дедингми?
– Ҳа, қизим шунақа деди.
Ҳаётхон опа бу сафар узоқ ўйланиб қолди, нималарнидир эслади:
– Бизда ўқиган, олтинчи синфдан кейин, ҳа, олтинчи синфдан кейин ҳужжатларини олиб кетган қизнинг фамилияси, агар адашмасам, сал бошқачароқдай эди… Орзигул… Оризул Маҳкамжон қизи. Ҳа, ҳа. Эҳтимол кейинчалик фамилиясини ўзгартиргандир. Ҳозир кўпчилик шундай қилаяпти-ку. Ёимга тушди. Мен қизнинг отасини яхши танирдим. Шу қишлоқлиқ Маҳкам олим, Маҳкам домла, анча бообрў, кўпчиликнинг ҳурматини қозонган зиёли одам эди. Унинг тўрт ўғли, набиралари бор эди. Аёли вафот қилгандан кейин Қўқон томондан бир аёлга уйланган. Орзигул ана шу аёлдан туғилган. Орзигул мактаб ёшига етганда мана шу мактабда ўқиган. Кейинчалик уни ёки Қўқон, ёки Тошкентдаги махсус мактаблардан бирига кўчиришган. Домла ўта маданиятли, дилкаш меҳрибон одам эдилар. Тез-тез мактабга келиб Орзигулнинг ўқиши билан қизиқардилар, ўқитувчилар билан узоқ суҳбатлашганлари аниқ эсимда… Тағин билмадим. Эҳтимол, фамилияси ҳақиқатдан Шермуҳаммедова бўлиб, номи Орзигул-у, ўзи тамомила бошқа аёлдир. Биз ўзимизча тахмин қилаётгандирмиз.
Моҳира нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб турганда мактабнинг илмий бўлим мудири келиб қолди. Мудир буларнинг гапларни эшитгач, ўйланиб қолди.
– Шошманглар, ҳозир мен хонамга кириб, эски ҳужжатларни кўраман. Агар улар ичида ўша қизнинг ҳужжати сақланган бўлса, асосий ҳужжат қаерга чиқарилгани қайд этилган бўлади, – дея ўз хонаси томон йўналган мудир шу ондаёқ орқасига қайтди, афсусланиб бош чайқади: – Сизлар бундан тахминан йигирма йиллар илгари бўлган воқеалар ҳақида гаплашаяпсизлар. У даврдаги ҳужжатлар аллақачон йўқ бўлиб кетган.
Шундай қилиб, суҳбат-мулоҳазалар натижасиз якун топди. Моҳира опа нима қиларини билмай ортига қайтди.
У йўлда яна Орзигулни эслади. “Ҳа, у ўша пайтларда ҳам ҳаммадан ажралиб турарди. Овози тиниқ, ёқимли, кулган пайтларида икки бетидаги кулгичлари чуқурлашарди…”

ОРЗИГУЛ МАҲКАМ ЧОЛ ҚИЗИ

Кунларнинг бирида Орзигул мактабдан дилгир бўлиб қайтди. Дафтар-китобларини ҳовли ўртасидаги сўрига ирғитди-да, одатдагидай онасининг олдига эмас, кичкина дарсхонасига кириб, ўзини каравотига юз тубан ташлади-ю, юзини ёстиққа босганча йиғлаб юборди…
Қиз йиғлаб бўлгач, энтикиб ўрнидан турди, ювиниш хонасига эмас, ошхонага кириб, у ердаги водопровод сувининг совуқ сув тушадиган томонини очиб, узоқ вақт сув оқизиб турди. Шиддат билан оқаётган сув унинг асабларини бироз бўшаштирди. Орзигул чуқур нафас олиб, бир-икки марта энтикди-да, иккала ҳовучига муздак сув тўлдириб юзига босди, уни анча ушлаб турди. Совуқ сув уни янада ҳовуридан туширди.
Шу пайт онасининг овози эшитилди:
– Ҳа, қизим, бу ерда нима қилиб турибсан, ё қорнинг очдими?
– Йўқ, аяжон, – деди Орзигул ва бориб эшик ёнида турган аясини қучоқлаб олди.
– Мактабдан барвақт келибсанми, дарсларинг бўлмадими?
– Яна икки соат дарсимиз бор эди. Лекин… ўқигим келмади. Бу дарсларда бирон янгилик йўқ. Ўқитувчи кириб қаёқдаги гаплар билан вақт ўтказади, бемаъни гаплар билан дарс тугайди, ундан уйда келиб ўқиганим яхши. Бунинг устига битта домла аччиғимни келтирди.
– Вой, аччиғинг ҳам бор бўлсин, қизим. Ҳозирдан бировларга аччиқ қилиб интизомсизлик ҳам қиладиган бўлдингми? Ахир дарсдан қочиш интизомсизлик-ку. Ким экан ўша сени аччиғингни келтирадиган гап қилган, нима деди ўзи? – хавотирланиб сўради онаси.
– Э-э… – қўл силтади Орзигул, – битта домла-да, доим ёқаси кир, соқолини ўстириб юрадиган домла.
– Нима деди ахир сенинг аччиғингни келтирадиган гап қилиб? Агар ёмон гап қилган бўлса, бориб соқолини битталаб юлиб келаман.
– Ёмон гап эмаску-я, лекин одамнинг ғашини келтиради… “Чолни қизи” эмишман! – деди Орзигул ўпкаси тўлиб.
– Чолнинг қизи? У нима дегани экан? – сўради она аччиқланиб.
– Билмасам. Танаффус пайти эди. Мен ҳовлида атиргулларни томоша қилиб турсам, муаллим аллақаёқдан пайдо бўлиб: “Ҳой Маҳкам чолнинг қизи, кириб ўқитувчилар хонасига қара-чи, Холпош опанг шу ердамикан, бор бўлса айтиб юбор”, деди. Мени ҳеч ким мунақа демагани учун ғашим келди-да, Холпошини чақирмадим, синфимизга кирдим-да, китобларимни олиб, дарсларимга ҳам қарамай келавердим, – дея хўрсиниб қўйди Орзигул.
Она кулиб қўйиб, қизини юпатди:
– Сени эркалатиб, ўзига яқин олиб айтибди-да, қўй, хафа бўлма. Асли саксон ёшдан ошган одамни чол дейишади. Лекин сенинг даданг ҳали ёш, доим соғлом, бардам юради, озода кийинади. Ўша ёқаси кир, соқоли ўсганнинг ўзи чол.
Лекин барибир она кўнглида ўша тарбиясиз одамга нисбатан нафрат уйғонган эди. Аёл Маҳкам ака билан турмуш қурганида ўттиз тўрт ёшда бўлиб, эр етмишни қоралаб қолган эди. Улар тасодифан учрашишди. Дунёда яхши ҳам кўп, ёмон ҳам деганларидек, Маҳкам ака турмуш ўртоғи, болаларининг онаси қазо қилгани боис бу фоний оламда ўзини ёлғиз сезиб, дарди дунёси қоронғу бўлиб юрган пайтларида узоқроқ танишларидан бири тасодифан уларни учраштирди. Ўзи яшаб турган маҳалла ошхонасида идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлаётган аёл ёлғиз ўғли ва онаси билан бирга яшар, ўғли улғайган сайин ота тарбиясига муҳтожлик сезилаётганидан ташвишланар, лекин буни ҳеч кимга айта олмас эди. Маҳкам ака биринчи учрашувдаёқ аёлнинг хавотири нимадан иборат эканлигини аниқ сезди. Дастлабки танишувдан сўнг аёл ўзининг саккизинчи синф маълумотига эга эканини, қолган вақтини ҳунар ўрганиш ва меҳнат билан ўтказганини айтиб берди. Биринчи турмушининг бузилишига аслида ҳам ҳар иккаласида ҳам етарли маълумот ва касбнинг бўлмаганлиги, дуч келган ишни бажариб тирикчилик ўтказганликлари, турмуш қийинчиликлари, эрининг бирон-бир жойда ёлчитиб ишламаганлиги, ҳаётга ва рўзғорга бепарволиги, оиладаги доимий етишмовчилик турли келишмовчиликларга олиб келгани сабаб бўлганлигини таъкидлади. Бунинг устига иккинчи фарзанд – ўғил туғилганда эр ҳатто туғруқхонага ҳам бормаган, аёл у ердан тўғри ўз отаси уйига кетган. Эр шунда ҳам хабар олмаган, бу орада гўдак касал бўлиб қолиб, беш-олти ой уни ёлғиз ўзи даволатган, бироқ дори-дармон етишмаслиги сабабли бола нобуд бўлганиниям йиғлаб-сиқтаб гапириб берди.
Она учун ўз боласини ерга қўйишдан оғир мусибат бўлмаслиги барчага маълум, албатта. Нобуд бўлган норасининг отаси буга ўта лоқайд қараса-чи? Бу ҳол аёлда эркак зотига нисбатан нафрат уйғотган, унинг одамлардан кўнгли қолган эди. Кейинги учрашувларда аёл баъзан йиғи, баъзан кулги аралаш бу гапларни айтаркан, қарийб ўн йиллик умрини шу алфозда ўтказганлигини, энди, фарзанди ўспиринликдан йигитлик ёшига ўтаётганда унга ота тарбияси зарур бўлаётганини, шу важдан бошқа турмуш қилишни ихтиёр этганини очиқ-ойдин сўзлаб берди.
– Менга сизнинг ҳеч нарсангиз керак эмас, – деди аёл. – На мол-дунёнгиз ва на пулингиз. Менинг ёлғиз боламни ўз тарбиянгизга олсангиз, унга ўгайлик қилмасангиз, уни ўз болаларингиздай кўриб тарбияласангиз, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берсангиз бас, мен эса сизга сидқидилдан хизмат қиламан.
Маҳкам ака кўрдики, аёлда ёлғон гап, устакорлик, вақтинча бўлса-да бировдан фойдаланиш каби ниятлар йўқ. У ҳаётда кўп қийналган, бировдан меҳр кўрмаган, ҳатто турмуш ўртоғи унга ўта эътиборсиз бўлган. Бўйи етганда дуч келган одам, яъни биринчи сўраб келганга узатиб юбораверишган. Ундан биров “кўнглингда нима гап” деб сўрамаган. Уларнинг хаёлида “қиз боланинг бўйи етгач, узатиб тинчитиб қўяқолиш” бўлган фақат.
Маҳкам ака сездики, аёл учун биринчи муаммо ёлғиз боласининг тарбияси. Аёл фарзандининг одамови, димоғдор, қайсар бўлишини ёки бирон ёмон йўлга кириб кетишини ҳоҳламайди. Онанинг қалбини тушунишда худди шу нуқтага алохида эътибор бериш лозим.
Маҳкам ака аёлни никоҳлаб олган куннинг эртасигаёқ болани чақириб олди. Уни вилоятдаги биринчи рақамли иқтидорли болалар мактабининг гуруҳларидан бирига ўқишга жойлаштирди. Боланинг озиқ-овқат, кийим-кечаги – бутун харажатини бўйнига олди. Учовлон аҳил оила сифатида яшай бошладилар.
Эҳтимол шу кунларда уларда эр-хотинлик меҳри кучлироқ уйғонган бўлса. Тағин яратганнинг ўзи билади. Чунки яратиш, яшатиш ва айрим хатоларни кечириш фақат парвардигорга хос. Яратганнинг ўзидан бошқа ҳеч ким бундай қудратли ва адолатли кучга қодир эмас…
Шундай қилиб қош-кўзлари қоп-қора, думалоқ юзли, одамлар дам отасига, дам онасига ўхшатадиган, серҳаракат қизалоқ дунёга келди. Отаси тўрт ўғилга эга бўлиб, қиз кўриш орзусида бўлгани сабабли уни Орзигул деб аташларини лозим топишди. Оила аъзоларининг айримлари учун чексиз қувонч, айримлари учун “кутилмаган меҳмон” бўлган Орзигул улғая бошлади.
Инсон ҳаётида туғилиш икки марта рўй беради, ўлим эса бир марта, десак хато бўлмаса керак. Биринчиси унинг жисмоний туғилиши, иккинчиси уни ўз даврининг етук фуқароси, ҳақиқий аъзоси сифатида маънавий туғилиши. Жисмоний туғилиш айрим шахслар, оила, қариндош-уруғ доирасида маълум бўлиб, бу уларга қувонч ва майда-чуйда ташвиш келтирса-да, унинг кўпчилик, яъни жамиятга тегишлилиги чегараланган бўлади. Инсоннинг инсон сифатида ҳақиқий туғилиши эса маънавий туғилишдир.
Хўш, қизалоқ қачондан бошлаб ва қайси асосларга кўра жамият учун зарур Орзигул, унинг етук аъзосига айланди; ҳар биримизда, биздан кейингиларда бу хусусият қандай кечди ва қандай кечади? Аввало етукликнинг ўзи ва комилликка бўлган омиллар нима, уларга қандай, қайси йўллар билан эришилади? Орзигул қалбидаги ҳурфикрлиликнинг ҳам бу жараёнга алоқаси борми?..

Ирода кечқурунги овқатдан кейин чой ичиб, телевизор кўриб ўтирган Маҳкам акага мурожаат қилиб қолди:
– Дадаси, бугун қизингиз мактабдан хафароқ бўлиб қайтди. Ҳатто кейинги икки соатлик дарсига қарамабди ҳам. Унинг ҳеч бунақа одати йўқ эди. Устозларининг гапини қонун деб тушинар эди. Қизингизнинг нимагадир мактабдан кўнгли совияпти. Эрталаб ўрнидан тургандан ўй-хаёли мактабдан бўшамайдиган боланинг кейинги вақтларда бироз бепарво бўлаётгани мени хавотирга соляпти. Кеча бир тарбиясиз, бефаросат ўқитувчиси “Ҳой Маҳкам чолнинг қизи” деганига ғаши келибди қиз бечоранинг. Бефаросатликни қаранг, биринчидан, бунинг оти йўқми, иккинчидан, отини билмасанг, “ҳой қизим” деб қўяқол. Одам ҳам шунақа бўладими? Илгари бунақа муомалани кўрмаган қиз бечора анча изтироб чеккан кўринади, тағинам босиқлик қилиб, муаллимига индамай қайтиб келаверибди. Мен ҳам бир жаҳлим чиқиб кўтарилдим-у, яна пасайиб, сизнинг келишингизни кутдим. Дадаси, қизингиз билан бир гаплашиб қўймасангиз бўлмайди, унинг ўқиши яхши, шундай кетса яхши бўларди. Агар бир кўнгли совиса, яна уни қизиқтириш қийин бўлади, нима дедингиз?
Маҳкам ака безовталаниб қолди, қўлидаги пиёлани дастурхонга қўйди.
– Ҳм-м, шундай де… Маҳкам чол… Маҳкам чол… Нима ҳам дердик, чолмиз-да… Лекин ўша бефаросат буни таъкидламаса ҳам бўларди… Сен қизингга ҳеч нима дема, уни тарафиниям олма, менга айтганингниям билдирма. Лекин мактабларда ўқиш-ўқитиш савияси пастлиги, кўп яхши муаллимлар тирикчилик пайида ҳар тарафга тарқаб кетганлиги шунданам кўриниб турибди. Қизинг ўқишга чанқоқ. Бу мактабда ўтилаётган дарслар эса унинг, унга ўхшашларнинг талабини қондира олмайди. Шу сабабли уларнинг қизиқиши сўниб бормоқда… Хайр, майли, кўрамиз. Бу ўқув йилининг натижаларини кутайлик-чи, кейин бирор нарса ўйлаб топармиз. Сен унинг кўнглини кўтариб, дарс тайёрлашига, китоб ўқишга шароит яратиб берсанг бас. Қолганини мен ўзим ўйлаб кўраман.
Эрининг бу масалага жиддий киришганини сезган Ирода опа бу мавзуда бошқа гап очмади.
Орзигул кейинги ҳафтанинг охирида ҳам мактабдан эрта қайтди. Онасининг саволига қисқа қилиб “Ўқитувчи йўқ экан” деб қўяқолди. Аммо хонасига кириб, китоб ўқишга берилиб кетди. Ирода қизининг қўлида Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”, “Юлдузлар мангу порлайди” китобларини кўрди.
Маҳкам ака қизининг илм ўрганишини доим назоратда тутар, инглиз, рус тилидан олган сабоқларини кечқурунги дарс тайёрлаш пайтида қайта-қайта такрорлатиб эшитар, ўзи эса унга тожик-форс тилидаги ғазалларни ифодали ўқиб бериб, уларнинг маъносини тушинтирарди. Натижада Орзигулда бошқа халқлар тилини билишга қизиқиш жуда эрта уйғонди.
Орзигул эртасига ҳам, ундан кейин ҳам мактабда бўлган нохуш воқеани дадасига айтмади. Лекин онасининг ҳамма гапни айтганини тахмин қиларди! Шу билан бирга унинг мустақил китоб ўқишга, дадасининг суҳбатларидан бахраманд бўлишга иштиёқи ортиб борди-ю, мактабга боришга қизиқиш, интилиш сусайиб бораверди. Қизнинг дарс тайёрлашга бўлган иштиёқи ҳам илгаригидай эмас, ҳаммадан олдин мактабда бўладиган қиз энди бошқалар қатори келар, келганда ҳам тезроқ дарслар тугашини кутар ва охирги дарснинг қўнғироғи чалинганидан дарҳол уйига отланар эди.
Бу ҳолатни сезган Маҳкам ака ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги ўқув, ўқитув, мактаб тизими замон талабига жавоб бермаётганини, янги давр авлоди ундан қониқмаётганини пайқай бошлади. У ўзининг мулоҳазалари ҳақида бошқаларга гапирмаган бўлса-да, қизини марказга яқинроқ жойлардаги биронта ихтисослашган мактабга кўчиришни кўнглига тугиб қўйди.
Оқшомларнинг бирида шундай ниятни кўнглига тугиб, ўрнига ётишга ҳозирланаётган Маҳкам аканинг юрагига тўсатдан ғулғула тушди: “Бордию уни марказдаги ихтисослашган мактаблардан бирига жойлаштирсам-да, аввалига қийинчилик билан бўлса ҳам хабар олиб турсам, кейинчалик борди-келдига қийналсам ёки касал бўлиб ётиб қолсаму, вафот қилсам, кейин нима бўлади? Орзигул бировларнинг қўлига қараб қолмайдими?.. Онасининг қўлидан нима ҳам келарди? Ўғилларим-чи?..”
Дарвоқе, ўғиллардан кенжатой анчагина мулоҳазали, иқтисод бўйича мутахассис, банкда хизмат қилади. Муомала борасида жиддий, ўзгаларга сир беравермайди, қўли очиқ, серҳаракат, қариндош-уруғларга оқибатли, оила, фарзандларига эътиборли бўлса-да, анчайин серзарда, тезда жаҳли чиқади, жаҳл устида уни оқибатини ўйламасдан баъзан нотўғри ҳаракатлар ҳам қилиб, кейин пушаймон еб юрадиганлар тоифасидан. У отасига эътиборли, унинг ҳол-аҳволидан хабар олиб туради, кўнглига қарайди. Ҳар ҳолда бундай фарзандга умид боғласа бўлади…
Маҳкам ака шуларни ўйларкан, кўзлари мунчоқ, юмалоқ юзли, жажжи қизчасининг кейинги тақдирини кўз олдига келтирди. Ҳаётнинг доимо бир текисда кетмаслиги ҳақиқат, эртами-кечми у ўз ишини қилади. Маҳкам ака дунёдан кўз юмганида қизалоқнинг тақдири нима кечади? Унинг туққан онаси бу хонадондан кетиши аниқ. Унда бу қизалоқ касб-корсиз, тайинли тирикчилик воситасисиз, ҳимоясиз ёлғиз аёлнинг қўлида қоладими? Иқтисодий, маънавий жиҳатдан қийналмайдими? Кўнгли ўксиб, бошқаларнинг тўкис ҳаётига ҳавас қилиб яшайдиган, ўзини камситилган деб ҳисоблайдиган бир кимсага айланмайдими?.. Нима қилиш керак?..
Маҳкам ака ўйлай-ўйлай ахийри шу кунларда бошланган, кейинчалик яна ҳам мураккаблашиб борадиган, поёни номаълум, кўринмас келажакка қизалоқни тайёрлашнинг, унинг иккинчи – ижтимоий туғилишини таъминлашнинг йўлларини топишга уринди.

Китоб муаллифи ҳақида

Ashampoo_Snap_2017.05.20_23h28m02s_008_.pngМашрабжон Шерматов 1941 йилда Фарғона вилояти Бешариқ туманининг Қашғар қишлоғида туғилган.  У  иқтисодчи олим — иқтисод фанлари номзоди, доцент. Иқтисодиёт назариясига оид юздан ортиқ илмий мақолалар, ўттиздан ортиқ монографиялар муаллифи. М.Шерматовнинг “Вафодор юрак ноласи” (2010), “Орзигулнинг туғилиши” (2012), “Аёл онадир” (2014), “Ҳаёт сабоқлари” (2015) ва “Уч авлод кўприги” (2016) каби асарлари чоп этилган.

09

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring