Yangi kitob: Anvar Namozov. Notanish.

09Анвар Намозов, “Нотаниш”, қиссалар.“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи / Anvar Namozov, “Notanish”, qissalar.“O’zbekiston” nashriyot-matbaa ijodiy uyi

Ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз! Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, эзгулик ҳам, ёвузлик ҳам мужассам унда. Боиси, одамлар турли-туман. Уларнинг ўз дунёси, қарашлари, мезон-ўлчовлари бор. Кимдир нафс қулига айланса, Ким учундир олижаноблик юксак туйғу. Биров хушомадга таяниб кун кечирса, ўзгалар бу иллатни ўзида сингдирмайди. Ушбу китобда жамланган сиз, азиз ўқувчиларни турфа тақдир эгалари билан таништириб, ўйлашга, мушоҳада юритишга мажбур этади. Қуйида ана шу китобдан бир қиссани ҳукмингизга ҳавола этамиз.

011
Анвар Намозов
К Е Ч И Р М Е Н И, М У Ҳ А Б Б А Т
Қисса
02

Восил қабулхонага кирар экан, янги котибага кўзи тушиб, лол бўлди. Қорачадан келган, хушбичим бу қизнинг кўзлари чиройли эди. Унинг бир қараб қўйишиёқ Восилнинг юрагига ўт ёқди. Ўзи анчагача ўйлаб юрарди: ҳамма гап кўзларда! Кўча-кўйдами, бошқа жойдами, одамлар бир-бирига қараганида бир қур кўз уриштиришади-да, йўлларида давом этаверишади. Худдики, фақат кўзлар орқалигина инсонни билиб олиш мумкиндек.

Восил собиқ курсдошлари билан учрашган кунларини эслайди. Кўпчилик ўзгарган, кимдир яшаргандек, яна аллаким семириб кетган, бир пайтлардаги қизлар қариб-буришиб қолган, аммо кўзлари ўша-ўша. У бу ҳақда кўп эшитган, ўшанда эса ўзи биринчи бўлиб кўзлардаги “синоат”ни тушуниб етган эди…

Қиз билинар-билинмас салом берди. Йиғилишга кираётган Аллаев Восилни туртиб, кўзини қисиб қўйди. Восил мажлисга кираётиб ҳам қизга икки-уч қараб қўйди. Кейин эса мажлисга киргач, гаплар қулоғига кирмади. Тезроқ йиғилиш тугаб, қабулхонага чиққиси, янги котиба қизни кўргиси келаётганини ҳис қилди. Аксига олиб, шанба-якшанба кунидан буён ичида шўришлари йиғилиб қолган бошлиқ сира сўзини тугатгиси келмасди. Восил раҳбарга тикилиб, котиба ҳақида тахмин қилди: “Қариндошимикан Жамшид Бўтаевичнинг? Ким экан бу қиз?” Худди Восилнинг ичидагини уқиб тургандек, Элмуродов бошлиқдан сўраб қолди:
— Бу, дейман, янги котиба келди, шекилли, Жамшид Бўтаевич?

Жамшид Бўтаевич кўзойнагини устидан Элмуродовга олайиб қаради. “Мен не дейман, қўбизим не дейди?..” Восил шундай деб тушунди.
— Қабулхонамиз котибага ёлчимаганига айтаман-да, — ўзини оқлади Элмуродов бошқаларга қараб олиб. — Ўзингиз айтганингиздек, биз учун муҳими, иш суръати, Жамшид Бўтаевич…
Мажлис тугаб, ходимлар хонадан бир-бир чиқа бошлашди. Негадир Восилни ҳаяжон босди. Қабулхонага чиққач, яна котибага қаради. У эса иш билан андармон ўтирар, компьютерда матн териш билан овора, бошини кўтармасди.

Ходимлар мавзуси янги котиба бўлди-қолди. Ҳар ким турлича талқин айта бошлади. Айниқса, Элмуродовнинг юрагидан урган, шекилли, икки гапни айлантириб, шу қизга тақайди.
— Тўғрисини айтаман, чиройли қиз экан, — деди у кўзларини қисиб. — Агар бўйдоқ бўлганимда шу қизга дангал уйланган бўлардим.

Аллаев эътироз билдирди:
— Ичига кириб чиқмай уйланавераркансиз-да! Нима, чиройига нон ботириб ермидингиз? Ким билади, балки заҳардир, заққумдир? Бошингиздаги қолган сочингизни ҳам юлиб олса, кейин кўрасиз.
— Майли, заҳар бўлсаям! — бўш келмади Элмуродов. — Мен бу қизни бошимда кўтариб юрардим.
Восилнинг кулгиси қистади. “Тепакал бошингиздан сирпаниб кетган бўларди”, демоқчи бўлди-ю, тилини тийди.
— Ҳалиги қўшиқни эшитмаганмисизлар: “Гўзаллик олдида чўкка тушган шоҳлар, гадолар…”
— Қўшиқниям расво қилдингиз, — деди тўнғиллаб Камолов. — Бугун ишлаймизми-йўқми?

Аллаев Восилга бир қараб қўйди-да, ҳаммага эшитадигандек қилиб Элмуродовга илмоқли гап қилди:
— Сиздан олдин бу қизни бошида кўтариб юрадиганлар бор.
Элмуродов Восилга ўгирилди:
— Э-ҳа, шунақами? Яхши-яхши… Восил, Восилбой, Восил куёвтўра.
Восил ўзининг қизариб кетганини сезди. Аваллари бундай гаплардан ғаши келарди, ҳозир эса хуш ёқди. Нима деярини билмай, қовоғини солганча ўзини ишлаётгандек қилиб ўтираверди.
— Сизларнинг каллаларинг ишласа, ишхонада бундай гапларни гапирманглар, — ўгит бера бошлади Камолов. — Ёшларниям йўлдан урманглар. Ишхона — пирхона, дейишади. Ишдан чалғимаслик керак. Бир пайтлар Дўстжон дегани бўларди… Ўшаям бир ходимамизни севиб қолиб, бошидан ҳуши учди. “Ҳой, мусулмон, ўзингни йиғиштир”, дедик, қани, таъсир қилса! Қиз ҳам кўзини сузгани-сузган эди. Ажрашиб кетди оиласидан шу қизни деб Дўстжон. Учта боласи бор эди. Хотини неча марта келди йиғлаб, кор қилмади. Ўша пайтдаги бошлиқ иккаласиниям ҳайдаб юборди. Яқинда эшитдим, ичкиликка берилиб кетган эмиш Дўстжон.
— Сиз жа жиддий оласиз-да, — деди Аллаев унга. — Сизга қолса, ишга хўмрайиб келиб, хўмрайиб кетсак. Ҳазил-да бу!
— Ҳазилдан ўқ чиқади, — бўш келмади Камолов.

Шу билан бу гапга нуқта қўйилгандек бўлди. Восилнинг ичидаги олов тафти эса пасаймасди. У қабулхонага боргиси келар, бироқ ҳамкасбларининг қочиримларини ўйлаб ўзини тийиб ўтирарди. Котиба билан тезроқ танишиш, у ҳақда билишни хоҳларди. Аммо қандай танишади? Нима дейди? Ростдан ҳам заҳар-заққум бўлса-я? Йўқ, кўзи чиройли қизлар Аллаев айтгандай бўлиши мумкин эмас… Нимани баҳона қилиб унинг олдига борсин?..
Восилга эрталабдан буён яна бир ўй тинчлик бермаётган эди. У бугун-эрта унаштирилиши керак. Ота-онаси топган қизга. Учрашувга бир-икки чиқиб гаплашиб, кейин маъқул дегандек, онасига ройиш берганидан буён уйдагилар енг шимариб ишга киришишган.

“Буёғи нима бўлади?..” Гўё ҳамма иш бузилиб кетадигандек, Восилнинг таъби хира бўлди. Аслида “бу ёқда” ҳали ҳеч гап йўқ! Ишхонага янги котиба келган, бор гап шу! Хўш, шахсий ҳаётга нима дахли бор? Тавба, одам дегани ўпкасини қўлтиқлаб югурадими шунақа?..
У ўзини иш билан қаттиқ банд эканлигига ишонтирмоқчи бўлди. Қоғозларни титкилаб, гоҳ у, гоҳ бу ҳисоботни кўриб чиқаверди. Калькулятор тугмачаларини қайта-қайта босди…

Тушлик маҳали Элмуродов ҳаммадан суюнчи олган бўлди:
— Мен у билан гаплашдим. Исми Хуршида экан. Исми жисмига монанд, қаранглар. Айтгандай, Хуршида нима дегани ўзи? Чиройли қиз, дегани бўлса керак-да, а?
— Қачон таниша қолдингиз? — деди алами келганини сездириб Аллаев. — Зимдан иш қиласиз-да! Ўзингиз танишгунча, мана, Восилжонни таништирсангиз бўлмайдими, ўлинг-э!
— Мен ўзим ҳам танишиб олавераман, — деди орланиб Восил.
— Мен уни учрашувга чақириб танишмадим-ку, — иддао қилди Элмуродов. — Шунчаки исмини сўрадим, айтди. Иш юзасидан керак бўлиб қолиши учун сўрадим. Лекин-чи, Восилжон, сиз уни қўйманг, маҳкам ушланг.
Восил сир бой бермади:
— Э, нега менга ёпишиб олдиларинг? Қайси котиба келса, менга ошираверасизларми?
Аллаев кўзини қисиб жавоб берди:
— Буниси бошқача, Восилжон, умуман, бошқача.
“Тўғри, — ичида тан олди Восил… — Бошқача…”

Тушдан кейин бу мавзу гўё унутилди. Восил ҳам азбаройи ўзини енгиш, иродасини синаш учун қабулхонага ўтмади. У қизга боғланиб қолишни истамасди. Ота-онасига ваъда берган: ёзда тўй, уйланади.
Эртаси куни барибир бўлмади. Хуршидани бир кўрсам бас, деган Восил қабулхонага йўл олди. Қизга кўзи тушиб, кўнгли алланечук бўлди. “Ҳақиқатан ҳам чиройли, — деди у ўзига-ўзи. — Айниқса, кўзлари!”
Ҳаяжонини билдирмаслик учун қабулхонадаги жавондан ниманидир излай бошлади. Худди қиз унинг орқасидан тикилиб тургандек баттар ҳовлиқди, юраги гупиллади. Кейин дуч келган китобни олиб, “ҳозир қайтараман”, деди-да, қабулхонадан чиқиб кетди.
Қўли ишга бормади. “Севги мана шу бўлса керак”, — деб ўйлади у юрагининг алланечук ура бошлаганини идрок этиб. Кейин эса китобни жойига элтиб қўйишга ботина олмади.
Ўзингни қўлга ол! Ким бўлибди ўша Хуршида?
Восил шартта ўрнидан туриб, қабулхонага отланмоқчи бўлди — оёқлари чалкашиб кетди.
Кечгача вақт имиллаб ўтди. Восил бўларича бўлди. Ходимлар бир-бир кетганидан кейин ҳам у анча ўтирди. Қоронғи тушгач, ўрнидан қўзғалди. Зинадан тушишда қабулхона эшиги қия очиқлигини кўриб, ҳайрон бўлди. Бироз қулоқ тутиб, котибанинг телефонда гаплашаётганини эшитди. Восил яна иродасига куч берди — шахд билан зинадан тушиб кетди.
Шу кеча уйқу бўлмади. Ширин уйқудаги укасига қараб, Восилнинг ҳаваси келди: севмаган одамга нақадар яхши!..
Эртаси куни китобни жойига қўяётиб, Хуршиданинг қўнғироқдек овозини эшитди:
— Кечирасиз, компьютерга қараб беринг.
— Менга айтяпсизми? — ортига ўгирилди Восил.
— Ҳа, сизга, — кулимсиради қиз. — Бу ерда бошқа ҳеч ким йўқ-ку! Қаранг, матн ўз-ўзидан ўзгариб қоляпти. Сира тушунмадим.
Восил мониторга тикилиб, бир зумда компьютер нуқсонини тузатиб берди. Қиз ёзиб кўриб, қувониб кетди:
— Вой, раҳмат. Қўлингиз енгил экан.
— Арзимайди, — зўрға ғўлдиради Восил…

Ишдан кейин Восил бекатда турганида иттифоқо Хуршида келиб қолди. Аксига олгандек, автобус кўринмай, икковлон анча гаплашишди. “Намунча содда бўлмаса, — ўйлади Восил. — Ҳамма билан шунақа гаплашаверармикан? Ёки… енгилтаклими бу?”
Кутаётган автобуслари ҳам битта чиқиб қолди. Восил ич-ичида қувониб кетди. Йўловчиларга тирбанд автобусга чиқишгач, у Хуршиданинг иссиқ нафасидан ўзини йўқотиб қўяёзди. Қиз шунчалик яқин турардики, Восилни жиққа тер босди.
— Кечроқ чиқсам бўларкан, — деди Хуршида қийналиб. — Кеча одам кўп эмасди.
Кейин у ўзининг бекатида тушиб қолди. Шундан сўнг ҳам Восилнинг ўзига келиши қийин кечди. У ўзида нимадир бўлаётганини аниқ-тиниқ ҳис қиларди.
Уйда чидай олмай, биринчи марта укасига кўнглини ёрди:
— Менга қара… Мен севиб қолдим.
Қобил унга тикилиб қолди. Севги ёшида бўлмасаям унча-мунчага тушунадиган бўлган-да у ҳам. Ақл-мулоҳаза билан иш юритишга ҳаракат қилади. Акасига қараб туриб сўради:
— Агар бошқа қизни бўлса, энди кеч, ака.

Восил индамади. Кейин ташқарига чиқиб, қизга қўнғироқ қилди:
— Алло, салом, мен Восилман. Дурдонамисиз?
— Вой, ассалому алайкум, Восил ака. Ҳа, менман, Дурдонаман. Қўнғироғингизни кутмагандим, узр. Меҳмонларни кузатиб, у ёқ-бу ёқни йиғиштираётгандик.
“Намунча кўп гапирмаса”, — деди ўзига-ўзи Восил. Кейин беихтиёр сўради:
— Хурсандмисиз?
— Вой, саволингизни!.. Ўзингиз-чи?..
— Менми?.. Мен сиздан сўрадим-ку!
Дурдона бироз жим қолиб, сўник овозда савол берди:
— Кайфиятингиз йўқ, шекилли, Восил ака?
— Йўғ-ей, ҳаммаси жойида…

Восил ўша кеча иккала қиз ҳақида ҳам хаёл суриб ётди. Дурдонани ўйлаб, ўзини бевафоликда айблади. “Мен бевафо эмасман, — деди ўзини-ўзи оқлаб. — Ахир уни севмайман-ку!” Кейин яқинларидан эшитган сийқаси чиққан гапни эслади: ҳақиқий севги тўйдан кейин пайдо бўлади. Хуршида ҳақида хаёл суриб эса шундай қизни қўлдан чиқаётганидан ўкинди: “Умримда биринчи бор севиб қолиб, шуниям йўқотаман…”
Эртасига Хуршиданинг компьютери яна нағма чиқариб, қиз тағин Восилга мурожаат қилди. Унинг ўзи келиб илтижо қилгани бошқа ходимларнинг қулоғини динг қилиб юборган эди. Восил эса ҳалиям улардан ўзининг фотиҳа тўйи ҳақида яшириб юрганидан хижолат тортди.
— Сизниям ишдан қўйдим, — деди Хуршида қабулхонада. — Нима қилай, ишхонада ёшлардан фақат сиз экансиз, қолганлар одамга бошқача қарайдими-ей! Баъзида қўрқиб ҳам кетаман.
— Хў-ў-ш, мана, бўлди, — юраги потирлаб деди Восил.

Ишдан кейин у ўзи хоҳлаб-хоҳламай бекатда Хуршидани узоқ кутди, аммо у келмади. “Яхши бўлди”, — деди Восил. Автобусга чиққанидан кейингина Хуршиданинг қораси кўринди. “Э, яна озгина кутсам бўларкан”.
Кечки овқат маҳали Восилнинг телефон жиринглаб қолди. У Дурдона қўнғироқ қилаётганини кўриб, ҳайрон бўлди. Жавоб бермади. Укаси сирли қараб қўйди. Ота-онасига сездиришмади.
Дурдона эртаси куни кундузи ҳам қўнғироқ қилди. Бу пайтда Восил қабулхонада эди. Хуршида билан ниманидир муҳокама қилаётганди. Шошиб қолди. Хуршидага ўзини кўрсатиб қўйгиси келдими, бу сафар қўнғироққа жавоб берди:
— Алло, эшитаман.
— Ассалому алайкум, Восил ака. Бу… менман. Безовта қилмадимми?
— Йўқ, бемалол, — деди Восил, ичида эса ўзидан яниб қўйди: “нақадар ёлғончиман-а, ростдан ҳам безовта қиляпти-ку!”
— Кечаям телефон қилувдим, жавоб бермадингиз. Хавотирландим. Қўнғироқ қиласиз деб кутдим.
Восил телефонни қулоғидан қўймай, Хуршидага қаради. Назарида унинг авзойи ўзгаргандек туюлиб кетди. Кейин секингина қабулхонадан чиқиб фойеда гаплашди.
— Ҳозир… ҳозир… Кеча ота-онам, укам билан овқатланаётгандик, ноқулай бўлди телефонга жавоб бериш. Эшитяпсизми, Дурдона?
— Эшитяпман… Ўзингиз телефон қиласиз, деб ўйловдим. Шунга…

Восил Дурдонани тинчлантириб, ўзини ноқулай сезди. Сўнг хомуш бўлиб қолди. Хуршидадан узоқлашиши шартлигини англади. Бир пайтлар газетада ўқиган жумласи хотирасида жонланди: “Ўзгалар кўзёши эвазига келадиган муҳаббатнинг боридан йўғи яхши”.
Ишдан ўйчан қайтаётган Восил нақ қулоғининг тагига қор келиб теккач, чўчиб тушди. Жаҳли чиқди. Ён-атрофига бурилиб қараб, Хуршидага кўзи тушди. Шу пайт қиз иккинчи марта уни қор билан сийлади. Хуршиданинг атрофдагилар билан иши йўқ, қийқириб куларди.
“Ие, бу қанақа қиз?” — деди Восил, бўйнидаги қорни қоқиб тушираркан. Хуршида яқин келиб, унинг юзига қор отмоқчи эди, Восил унинг қўлларидан ушлаб олди. Шу топда юраги бўғзидан чиқиб кетгудек бўлди. Қизнинг эса парвойига келмас, қиқирлаб қўлини тортқиларди. “Бу қиз жинни қилади”.

Восил Хуршиданинг қўлини қўйиб юборди. У хижолат тортган эди. Қиз эса, аксинча, Восил ҳали ўзига келмай туриб, яна унга қор отди.
— Намунча хўмраясиз? — деди ҳамон кулиб Хуршида. — Одам дегани яйраб яшаши керак!
Восил қўлига қор олди-да, номигагина унга ирғитди. Хуршида сира бўш келмади. Йўловчилар бу икки ёшга ҳавас билан қарашар, кулимсираб ўтиб кетишарди.
Ниҳоят Хуршида совқотди, шекилли, қор отишни бас қилиб, қўлини “куҳ-куҳ”лашга тушди. Восил яна унинг қўлини ушлагиси келди. У Хуршиданинг кўзларига зимдан тикилар, тикилган сари сира рухсорига тўймасди. Ўзи билиб-билмай, уни Дурдонага таққослай бошлаган эди.
— Кетамиз-а, кеч бўлди, — деди Хуршида. Кейин яна кулди: — Ҳеч ким сизни бунақа қорбўрон қилмаган бўлса керак?
— Ҳеч ким, — деб қўйди Восил.

Бекатда бироз гаплашиб турдилар. Хуршиданинг самимийлиги, беғуборлиги тобора карахт қиларди Восилни. Гўё дунё йўқ, дунё — фақат мана шу қиз! Вассалом!
Автобусда Восил юраги гурс-гурс ураётганини яққол ҳис қилди. “Хуршиданинг юраги ҳам шунақа ураётганмикан?” деб ўйлади. Чуқур-чуқур нафас олгиси келди.
Қиз йўлда тушиб қолди. Восил, кузатиб қўяман, деб айта олмади…
Уйда онаси унга деди:
— Ўғлим, Дурдонанинг янгаси қўнғироқ қилувди. Сени сўради, салом айтди. Анча гаплашдик. Кейин, ўғлингиз қайинсинглимизни у ёқ-бу ёққа олиб чиқмайдими, деб ҳазиллашди. Нега олиб чиқмас экан, албатта, олиб чиқади, дедим. Телефон қилиб турибсанми, ишқилиб?

Восил бош силкиб қўйди.
— Ишдан кейинми, бирор жойга таклиф қил, болам. Феълини билиб олаверсанг, яхшими, дейман-да! Онасини кўриб, қизини ол, дейишган. Онаси жуда яхши аёл.
Ёлғиз қолишни истаётган Восилга онасининг гаплари ҳозир ёқмаётган эди. У шифтга қараб ётганча Хуршиданинг оҳу кўзларини кўз олдига келтириб, у билан ғойибона суҳбатлашмоқчи эди. Ширин орзу-хаёллар оғушида учишни истарди ҳозир. Эртага нималар бўлиши билан нечукдир қизиқмас, аниқроғи, бу ҳақда ўйлашни сира хоҳламасди.
— Яхши, ойи, тушундим, — деди у.

Эртаси куни эрталаб Восил ўзини тийишга қанчалик ҳаракат қилмасин, қабулхонага бирров бош суқди. Хуршида билан сўрашди. Унинг кўзларига яна қараб-қараб олди. Кейин хуш кайфиятда ўзларининг хонасига йўналди. Кечгача ғайрат билан ишлади. Бир неча марта қабулхона олдига бориб, қия эшикдан Хуршидага термилиб ҳам келди.
Қўл телефони жиринглаганида Восил ёт рақамни кўриб, ҳайрон бўлди.
— Алло, ассалому алайкум, Восилжон, — эшитилди бегона аёлнинг овози. — Бу, мен — Дурдонанинг янгасиман. Яхшимисиз? Дурдона билан ишхонангиз ёнидан ўтаётгандик… Шу ердамисиз? Бўлажак қариндошларни бир кўриб қўяйлик, десам, Дурдона сира кўнмаяпти.
Восил шошиб қолди. Худди ўзининг улкан сири ҳақида бошқалар эшитиб тургандек, атрофига олазарак қараб олди. Хонада ўзидан ташқари Камолов ҳам қолган, у Восилга безбетларча қараб ўтирарди. Восил йўлакка чиқди.
— Ҳа, ишхонада эдим, — деди у ўзини хотиржам тутишга уриниб. — Бироздан кейин кетаман. Дурдона яхшими, салом айтиб қўйинг. Бугун… зудлик билан қиладиган ишларим бор эди, дўстлар билан. Ўзи… эртага Дурдонани… таклиф қилмоқчи эдим.

Телефондан ҳадеганда жавоб келавермади.
— Яхши, — деган овоз келди хаял ўтиб, — безовта қилган бўлсак, узр.
Бу гап самимий айтилдими, истеҳзо биланми, Восил тушунолмай қолди. Унинг кайфияти ҳам, руҳияти ҳам тушди.
Бироздан сўнг Камолов иш столини эринмай йиғиштириб, Восил билан хайрлашди. Эшикдан чиқиш олдидан негадир унга ғалати қараб қўйди.
Восил шартта қабулхона рақамини терди. Гўшакдан қўнғироқдек овоз эшитилгач, энтикди:
— Хуршида, Восилман. Ҳали кетмайсизми?
— Бироздан сўнг, нимайди? — сўради Хуршида.
Восил кулиб жавоб берди:
— Бугун қорбўрон ўйнагингиз келмаяптими?
— Шамоллаб қолманг тағин.
— Сиз учун шамолласам, нима қилибди? — Восил бу гапни зўрға айтди…

Аммо, барибир, бугун кечагидек бўлмади. Восилнинг ўта ҳаяжонланганими ёки ич-этини кемираётган хавотирми, нимадир уни эмин-эркин ҳаракатлардан тўсиб турарди. Хуршида эса ўзгармаган, ҳануз қийқириб, қор отишни давом эттирарди.
Бекатда бошқа одам йўқ. Восил беихтиёр Хуршидага қўл чўзди:
— Беринг, иситиб қўяман.
Хуршида биринчи марта кўзларини олиб қочди:
— Йў-ў-ў-қ, қўйсангиз-чи!
Восил ўзини мардонавор сезиб, Хуршиданинг қўлларидан маҳкам ушлади-да, оғзи олдига келтириб, “куҳ”лай бошлади. “Мен севиб қолдим, — деди ичида. — Хуршида, сизни севиб қолдим”.

Айни шу пайтда Восилнинг телефони жиринглаб қолди.
— Телефонингиз, — деди Хуршида қўлини беозор тортқилаб.
Восил унинг қўлларини қўйиб юбормади, телефонини ҳам олмади. “Ким қўнғироқ қиляпти экан? — деб ўйлади у. — Дурдонамикан? Қўймайди, шекилли”.
— Бўлди, қўлим ёниб кетади, — Хуршида шундай деб қўлларини чаққонлик билан тортиб олди. — Телефонгаям жавоб бермадингиз.
— Уйдан қўнғироқ қилишгандир, — деди Восил.
Узоқдан автобус кўринди.
— Ниҳоят карвонимиз келяпти, — кулди Хуршида.
Восил ранжиган бўлди:
— Намунча шошиласиз!

Шу пайт яна унинг телефони жиринглади. “Дурдона, — ўйлади Восил. — Бу қиз тинч қўймайди”. Кейин қўнғироқ қилинаётган рақамга қараб, яшил тугмачани босди:
— Ҳа, ойи, нима гап?
Телефондан онасининг овози келди:
— Қаердасан, Восил?
— Бекатда, ойи, уйга қайтяпман.
— Сенга ҳеч ким қўнғироқ қилмадими?
Восил Хуршидага қараб қўйиб, чеккароққа ўтди-да, ойисига жавоб берди:
— Нима гап, ойи, устимдан арз қилишдими дарров?
— Сен пичинг қилма, бола! Ўша ердан ўтишаётган экан, бирров кириб ўтамиз, дейишса, унамабсан. Менга нима девдинг? Сўзингда турмайсанми?
Восил секин шипшиди:
— Ойи, уйда гаплашамиз, ҳозир бир-икки ўртоғим билан эдим.
— Сен осонликча тушунмайсан, тез кел…

Автобус бекатда тўхтагач, бирин-кетин унга чиқишди. Йўловчи камлиги боис ёнма-ён ўтирдилар. Восилнинг назарида Хуршида худди унинг сирларидан воқифдек туюлаверди. Ўзини ноўнғай сезди. Нимадир деб саволга тутиб, Хуршиданинг кайфиятини билишни хоҳласа-да, тилига жўяли гап келавермади.
— Нега ўйчан бўлиб қолдингиз? — деб сўради, холос.
— Менми? — кулимсиради Хуршида. — Ўзингиз ҳам нималарнидир ўйлаяпсиз-ку! Тинчликми?
— Тинчлик-тинчлик, — Восил ҳам жилмайишга уринди. — Ойим, шунчаки, қўнғироқ қилибдилар.
— Хавотирга тушгандирлар, — яна кулди Хуршида. — Энди ишдан сўнг ўз вақтида уйга қайтинг.
Восил унинг ҳуснига тўймай тикиларкан, сўради:
— Ўзингиз-чи?
— Менми, мен ҳали ишга тўлиқ киришолганимча йўқ, — дона-дона қилиб гапирди Хуршида хотиржам тарзда. — Ўргангунча кеч қайтиб тураман.

“Бунчалар содда” — деди ичида Восил.
— Ойингиз хавотирланмайдими?
Хуршида кулди:
— Ёш бола эмасман-ку!
— Мен сизни олиб қочиб кетсам-чи? — Восил бу гапни қандай айтди, ўзи ҳам билмай қолди. У дилидагини тилига чиқарган эди. Ўзи ҳаяжонланиб қолди. Мулзам бўлди. Назарида Хуршиданинг берадиган жавоби уни хижолатдан қутқариб қолиши мумкин эди. “Хуршида менга ишоняпти, мен эса ҳаддимни билмаяпман”, деб ҳам ўйлади кейин. Қизнинг жавобини интиқлик билан кутди. Хуршида ҳадеганда жавоб қайтармади. Ё Восилнинг гапига эътибор қилмади, ё хафа бўлди. Унинг бекатда турган пайтидаги хуш кайфиятидан асар ҳам қолмагандек туюлди Восилга.
— Хафа қилдим-а, Хуршида? — деди Восил астойдил.
— Нима? — афтидан қизнинг хаёли бошқа жойда экан, шекилли, тушунмай сўради. — Нима?
— Эшитмаган бўлсангиз, янаям яхши.
Автобус Хуршида тушадиган бекатга яқинлашган эди. Хуршида тараддудланиб қолди.
— Мен ҳам тушаман, — деди Восил. — Сизни кузатиб қўяман.
Хуршида самимий жавоб қилди:
— Овора бўлманг, ўзим кетаман.
— Хуршида…
— Ойингиз кутяптилар, — эслатди Хуршида. — Хўп, хайр…

Восил уйга ирғишлаб боргиси келди. У Хуршидани кўз олдидан кетказолмас, аммо шу топда Дурдона билан боғлиқ ўй-хаёл ҳам миясини пармаларди. “Нега бундай бўлди? — ўйлади у. — Нима учун шоширишди?”
У онаси ҳам саволга тутишини ўйлаб, ўзича жавоб топиб қўйди. Ҳатто, онаси отасига шикоят қилиши мумкинлигини ҳам тахминлади.
Каромат опа Восилни сўроққа тутмади, балки синчков назари билан унга индамай қараб турди.
— Қорним оч, ойи, — деди Восил кўзларини яшириб.
— Шунақами? Ошналаринг нон-овқат беришмадими?
— Гапиринг-гапиринг, ойи… Хўш, нималар дейишди? Ўзи шу янгасиям ғалати экан. Ишхонангга борамиз, дейди. Мени ноқулай аҳволга солишларини ўйламайдими?.. Нега шошилдик ўзи, ойи?
— Нима? — Каромат опанинг кўзлари қаҳрли тус олди. — Ўйлаб гапиряпсанми? Сен, бола, бирортасини топиб олган бўлмагин тағин.
— Оббо, дарров бошлайсиз-а, — минғирлади Восил.
— Ўзингга, топсанг, топ, дедик, миқ этмадинг-ку! Дурдона билан учрашдинг, гаплашдинг, “бўлади”, дединг. Энди ҳаммани шарманда қилмоқчимисан?
Восилнинг кулгиси қистади:
— Ойижон-ей, нега ваҳима қиласиз? Кимни шарманда қиламан? Тавба, ахир бекорчи эмасман-ку, янгаси учрашувга чиқ деса, зинғиллаб чиқаверадиган.
— Сен, бола…
— Эртага учрашувга чиқаман, бўлдими?
—Дурдонага қўнғироқ қил. Ҳозир! Хотиржам бўлсин. Янгаси айтди, хавотирда эмиш!
— Хўп.

Восил онасининг хонадан чиқиб кетишини кутди. Кейин телефонни қўлига олди. Унинг жаҳли чиққан, ҳозирдан Дурдона гўё ҳукмини ўтказа бошлагандек жиғибийрон эди. Айни дамда онаси эшик ортидан ичкарига қулоқ тутиб турганини ҳам сезиб, Дурдонанинг телефон рақамини терди.
Дурдона узоқ куттирмади — телефон қўнғироғига дарров жавоб бера қолди. Аммо…
— Алло, ким бу?
Восилнинг ғаши келди: “била туриб, ким бу, дейди-я?.. Тулки!”
— Менман, Восилман, — жавоб берди у.
Дурдонанинг кейинги саволи ошиб тушди:
— Восил?.. Қайси Восил?
— Нима?! — Восилнинг зардаси қайнаб, телефонини шартта ўчирди.

Қайси Восил эмиш! Кўзинг учиб, қулоғинг динг бўлиб турибди-ку аслида! Нега тилёғламалик қиласан?
У асабийлашиб хонада у-ёқдан-бу ёққа юрди. Кўз ўнгида Хуршида гавдаланиб, ўзини босиб олди. “Хуршида, сиз бошқачасиз”, деди пичирлаб. Алами ва… йиғлагиси келди.
Кейин хонадан чиқди. Онаси унга зимдан қараб, оғзини пойлаб турарди. Восил эса қовоғини очмади.
— Телефон қилдингми? — сўради Каромат опа сабри чидамай. У атайин эрига эшиттириб шундай деди. Бу гапни эшитган Ворис ака жиддий гап бордек, телевизордан кўз узди-да, ўғлига тикилди.
— Ҳа, — деди Восил.
— Хўш?

Восил баттар хуноб бўлди. Онасига норози қаради. Ворис ака она-боланинг савол-жавобини индамай эшитиб турарди.
— Ойи, овқатланайлик, — тишини тишига босиб гапирди Восил. — Қорним оч.
— Ҳм-м… — шундай деб Каромат опа ошхона томонга кетди.
Овқатланиш пайтида бу мавзуда бошқа гаплашмадилар. Каромат опа тумтайиб ўтирди. Ворис ака ўғлига зимдан қараб қўярди. Оиланинг кенжатойи Қобилгина бир-икки гапириб, ҳеч кимдан садо чиқмагач, кейин жим бўлди.
Эртаси куни ишга отланар маҳали Каромат опа яна ўғлини сиқувга олди.
— Ойи, нима, мен унга ялинишим керакми? — деди Восил зарда билан. — Ўзини танимаганга оляпти. “Қанақа Восил” эмиш! Атайин қилди. Мен ердан чиққан қўзиқоринманми?
— Шундай дедими? — Каромат опа ўйланиб қолди…

Восил ишга кета-кетгунча Хуршида ҳақида ўйлади. Уни тезроқ кўриб, узоқдан бир зумгина бўлса-да, рухсорига қараб қўйишни хоҳлар, бошқа ҳеч нимани истамасди ҳозир.
Ишхонага етар-етмас телефони жиринглади. Ойиси экан.
— Мен гаплашдим, — деди Каромат опа. — Сен ҳам нотўғри қилибсан-да, болам. Нега дарров телефонингни ўчириб қўйдинг?
— Ойи, мен ўзимни қайтадан таништиришим…
— Эшит, ҳой… Қиз бола шунақа бўлади. Балки шошгандир, ҳаяжонлангандир, ким билсин, ҳазиллашган бўлишиям мумкин. Шунга ота гўри қозиқхонами? Ўзиям бу ишидан пушаймон экан. Жаҳли чиқишини билмабман, дебди. Телефон қил.
— Йўқ, — қатъий жавоб берди Восил. — Мен кеча телефон қилиб бўлганман!.
— Ҳой, қон босимимни оширма, — нола қила кетди Каромат опа. — Сенга қачон ақл киради, қачон?! Доим мени хуноб қиласан. Қанақа боласан?! Шу қизга телефон қилсанг, бирор жойинг камайиб қоладими-я?

Восил йўлакнинг чеккароғига ўтди.
— Ойи, — деди босиқлик билан, — кеча телефон қилдим-ку, яна нима дейсиз? Бир бегона қиз ўғлингизни аҳмоқ қилиб ўтирсаям, индамаскансиз-да!
— Бегона дема, у — бўлажак келинимиз. Нон синдирилган, унутма.
Восилнинг худди кечагидек алами келди.
Каромат опа сўзида давом этди:
— Сенга айтяпман, пушаймон экан кечаги ишидан. Кеча роса сенга қўнғироқ қилибди, телефонинг ўчирилган экан. Яна нима қилсин бечора? Ё олдингга йиғлаб келсинми? Ялинсинми?
“Мен ҳам ошириб юборяпман”, — деб ўйлади Восил ақл-ҳушини йиққан бўлиб.
— Ўғлим, ўзинг тушунган боласан-ку, — муросага ўтди онаизор. — Бугун у билан қандай бўлмасин учраш. Гаплашиб олинглар, бир-бирларингга меҳр қўйишларинг керак, болам.
— Хўп, — деди Восил, — аммо, хафа бўлманг, мен унга қўнғироқ қилмайман.

Каромат опа бироз жим туриб, кейин жавоб берди:
— Майли. Балки янгаси сенга телефон қилар. Аммо, албатта, учраш.
Ойиси билан гаплашиб бўлган Восилнинг яна Дурдонадан жаҳли чиқди. Ҳатто унга қўнғироқ қилиб, сўкиб бермоқчи бўлди. Ойисининг дийдиё қилишини ўйлаб ўзини босди. “Шу қизга уйланаманми? — деди ўзига-ўзи Восил. — Бир умр мени азоб беради-ку!..”
У қабулхонага мўралади. Хуршида кўринмас, директорнинг эшиги очиқ, афтидан у ичкарида эди.
Восил таъби хира бўлиб иш жойига қайтди.
— Ҳа, нечук? — деди Аллаев шоирона қилиб. — Қовоқлари солиқлигин боиси недур?
— Ўзим, — деб қўйди Восил.

Аллаев бир нималар деб роса вайсади. Шу одамнинг борлигига шукр, деб қўйди Восил. Хонага Камолов кириб келгачгина Аллаевнинг уни ўчди. Камолов ҳамма билан сўрашаркан, Восилга ғалати қараб қўйди. Восилнинг юрагига ғулғула тушди. “Хуршида иккимиз бирга кўрганга ўхшайди”, деб ўйлади. Шу боис қабулхонага боргиси келса-да, индамай ишлаб ўтирди. Аммо унинг ичи питирлар, Хуршидани қўмсарди.
Тушга яқин Восилнинг телефонига СМС келди: “Ассалоуму алайкум, Восил ака. Хафа қилган бўлсам, кечиринг. Дурдона”.
Хонадаги телефон жиринглаб, гўшакни Камолов кўтарди:
— Кимни?.. А?.. Восилни нима қиласиз?
Восил қатори бошқалар ҳам ҳайрон бўлиб Камоловга қарашди. Восилнинг жаҳли чиқди: “Фаросатнинг кўчасидан ўтмаган бу”. Камолов гўшакни ташлаб, Восилга кўз қирини ташлар экан тўнғиллади:
— Қабулхонага боринг, котибангиз чақиряпти.

Ходимлар Восилдан жавоб кутиб, унга қарадилар. Хонага ноқулай жимлик чўкди. Восилга қўйиб берса, Камоловга боплаб жавоб берарди. Бироқ шу топда нима дейишни билмасди у. Туриб кетишни ҳам ўзига эп кўрмади. Тишларини ғижирлатиб, индамай ўтираверди — Камоловни писанд қилмаслигини шу тарзда намойиш этмоқчи бўлди гўё. Қолаверса, қабулхонага югуриб кетса, бу бетамиз орқасидан иғво қилиши, бошқаларнинг Хуршидага нисбатан беаёв фикрлашлари мумкинлигини ҳам ўйлади.
— Нега бормаяпсиз, Восил? — деди бироздан сўнг Элмуродов. — Балки сизни бошлиқ чақиргандир?
Восил шошилмади. Атайин Камоловга хўмрайиб қараб, ўрнидан турди-да, хонадан чиқди. Қабулхонага етгунча ўзининг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди.
Хуршида уни табассум билан кутиб олди.
— Компьютерим яна бузилиб қолди, — деди ўпкалаб. Бироз жим туриб, кейин сўради: — Исми нима эди, Туроб аками, намунча қўпол гапиради?
— Телефон ўша молнинг столида туради. Ишхонамиздаги энг фаҳми-фаросати йўқ одам.
— Бировларнинг орқасидан гапириш яхши эмас, — беозор кулимсиради Хуршида.
Бу гап Восилга ёқмаса-да, кулгига олиб, истеҳзо қилди:
— Ўзингиз бошладингиз-ку!
— Мен фақат сўрадим, — бўш келмади Хуршида. — Сўраганнинг эса айби йўқ.
Восил компьютерга андармон бўлиб, гапни бурди:
— Сизга қўл телефонимнинг рақамини бериб қўяман.
Хуршида яна кулди:
— Бошқа қизлар телефон қилишмайдими?

Восил нима деярини билмай қолди. Устига-устак айни шу топда унинг телефони ҳам жиринглаб қолди. “Дурдона бўлса керак”, ўйлади Восил. Телефонига қаради: ҳа, Дурдона! Восил ноқулай аҳволга тушди. У Хуршидага қарамаса-да, қиз тешиб кетгудек нигоҳи билан кузатиб тургандек туюлди. Иттифоқо, қабулхонадаги чақирув қўнғироғи янграб, Хуршида тезгина бошлиқнинг ҳузурига кириб кетди. Шундан кейингина Восил қайта-қайта жиринглаётган телефонини қулоғига тутди.
— Алло, ассалому алайкум, — овози эшитилди Дурдонанинг. — Мен…
— Яхшимисиз?
— Юборган хабаримни олдингизми? Мендан хафа экансиз?
Восилнинг энсаси қотди:
— Кейинроқ гаплашамиз. Ҳозир банд эдим.
— Қачон?
“Оббо, нега менга ёпишиб олди?”
— Ўзим қўнғироқ қиламан, — Восил шундай деб телефонини ўчирди.

Хуршида ҳадеганда ичкаридан чиқавермади. Восил уни бетоқат бўлиб кутди. Қабулхонага Камолов мўралаб қўйгачгина у хонасига қайтди.
Тушлик пайтида ҳам Восилнинг кайфияти йўқ эди.
— Нега Камолов сизга ёпишиб олди? — деди Аллаев.
— Орқамдан гапирдими? — сўради Восил.
Аллаев, қўйсангиз-чи, дегандек қўл силтади.
Тушдан кейин Восилга укаси Қобил қўнғироқ қилди:
— Ака, нима гап, ойимни хафа қилдингизми? “Вой, бошимлаб” ётибдилар…
Восил Дурдонага сим қоқишга мажбур бўлди:
— Дурдона, яхшимисиз? Бу мен — Восилман. Кеча сиз мени танимаган Восил.
Қиз жим эди.
“Яна ҳаддимдан ошяпман”, — ўйлади Восил.
— Бугун вақтингиз қалай? — сўради у ўлганининг кунидан баттар бўлиб, овозининг оҳангини ўзгартириб.
Дурдона тилга кирди:
— Восил ака, сизни хафа қилдим, кечиринг. Шунчаки ҳазиллашмоқчи эдим. Бундан кейин жиддий бўламан. Майлими, кечирдингизми?
— Сиздан илтимос, ойимга ҳеч нима деманглар. Қон босимлари бор у кишининг.
— Хўп, Восил ака… Мен эмас, янгам… Бугун қачон десангиз, тайёрман…
Кечки пайт учрашдилар.

Восилнинг кўнгли хижил, юраги ғаш. Гарчанд Хуршиданинг олдида бурчли бўлмаса-да, ишхонадан ими-жимида чиқиб кетган, уни гўё бутун умрга алдагандай туюларди шу топда ўзига. “Ахир, мен уни севиб қолгандим-ку, нега алдадим?” Кейин ўзини оқлайдиган баҳоналар топди: “Нима деб алдадим? Ишхонадан айтмай чиқиб кетдим, холос. Бошқа чорам ҳам йўқ, Камоловга ўхшаганлар ортимдан пойлаб юрган бўлса, нима қилай?..”
Дурдона ўзига анча оро берганиданми, Восилнинг кўзига фусункор кўринди. У бу қиз олдида ҳам ўзини айбдор ҳис қилди.
— Кимни ўйлаяпсиз? — сўради Дурдона.
Дурдона, нимани демади, кимни деди. Ё атайин гапиряпти ёки ниманидир сезиб-билиб сўраяпти!
Восил жавоб бермади. Шу дамда танҳо қолиб, ўз хаёлларига банди бўлгиси келаётганди, холос. Вазиятни Дурдонанинг ўзи юмшатди:
— Вой, намунча аразчисиз? — деди у самимий кулиб. — Сизга гапирганда жудаям эҳтиёт бўлиш керак экан-ку! Ҳамиша шунақамисиз?
— Бир сўз билан ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам мумкин, — сўз қотди Восил ҳазил йўсинида.
— Тўғри айтасиз, бироқ кек сақлаш ҳам яхшимас. Кечиримли бўлишга нима дейсиз, Восил ака?
Кейинги пайтларда ё қизлар ақлли бўлиб кетишяпти, ё улар ҳақида энди-энди биляпман, деб ўйлади Восил. Шу топда у Дурдонага ўзининг кечаги қилмишини эслатмоқчи бўлди. Кейин ўзаро суҳбат шундоқ ҳам баҳсга айланиб кетаётганини ўйлаб, бу ҳақда гапирмади.
— Янгангиз сизни жуда папалайди, шекилли, — деди у кулимсираб. — Қаёққа борса, ўзи билан олиб юрадими, дейман?

Восилнинг тагдор гапи Дурдонага ёқмади чоғи, сал жиддий тортди.
— Ҳамманинг ҳам яқин одами бўлиши керак-ку! — деди у бироздан сўнг.
“Бу гапи — яхшигина зарба! — ўйлади Восил. — Сен яқин одамим бўлмаганингдан кейин янгам яқиним бўлади-да, демоқчи”.
— Сиз севгига ишонасизми? — тўсатдан сўради Восил.
Дурдона унга киприкларини пирпиратиб қаради. Кейин жавоб топа олмадими, елка қисиб қўя қолди. Восилнинг эса айни дамда унга муҳаббат ҳақида, бу туйғунинг нақадар беқиёслиги ҳақида гапиргиси келарди. У Дурдонага тикилганча, Хуршидага ўхшаш жиҳатларини излай бошлади. Дурдона эса кўзларини олиб қочди, ўзини овқатланаётгандек кўрсатди. Бироздан сўнг бошини кўтариб сўради:
— Биринчи учрашувимиз эсингиздами? Роса бадқовоқ эдингиз. Бу одам севги-певгини билмаса керак, деб ўйлаганман ўшанда. Энди эса кутилмаган саволлар чиқяпти.
— У пайтларда севиб қолмагандим-да, — деди Восил атайин Дурдонанинг жиғига тегиш ва… ичидагини ошкор қилгиси келиб.

Дурдона яна жим қолди.
— Майли, охири бахайр бўлсин, — деди у бироздан сўнг руҳи тушиб.
Восил Дурдонани гап билан чалғитиш учун бошқа мавзуга тортиб кўрди, аммо Дурдона рўйхушлик бермади. “Нимангга ноз қиласан?” — деди ичида Восил ғижиниб. Кейин эса Дурдонага айтган гапларидан пушаймон бўлди. Ҳа, бекор қилди. Агар анови қақажон янгасига етказса, яна бошоғриқлар бошланади.
Улар кафедан чиқишганида кўчада одамлар сийраклашиб қолганди. Восил Дурдона муз йўлакда сирпаниб кетмаслик учун уни қўлтиқлаб олади, деб ўйлаганди, ундай бўлмади. Дурдонанинг гапиргиси ҳам келмасди. Восилнинг кўнгли баттар ғаш тортди. У такси тўхтатар экан, Дурдонадан кўз узмасди. Қиз уйларига етгунларича ҳам чурқ этмади.
— Гапиринг, — деди Восил чидай олмай.
Дурдона хўрсиниб деди:
— Нимани гапирай, гапирадиган гапларни гапириб бўлдик.
Восил зўрма-зўраки кулимсиради:
— Мабодо пичинг қилмаяпсизми?.. Мен ҳазиллашдим-ку, Дурдона! Хўш, яна қачон кўришамиз?

Дурдона сал очилди. Шунда ҳам, билмадим, дегандек елкасини қисди.
— Сизни зўр жойга олиб бораман, — деди Восил уни умидлантириш учун. — Икки ёки уч кундан кейин, хўпми?
— Хўп, — Дурдона бош ирғади…
Каромат опа ўғлини яхши кутиб олди. Айланиб-ўргилди. Келин тўй ҳақида нима деди, дея сўради. Восилнинг пешанаси тиришди. Ахир, тўй борасида Дурдона гапирмайди-ку! Гап бошқа ёқда эмиш: бўлажак келиннинг амакиси оғир касал эмиш. Тўйни тезлаштиришса яхши бўларди, дегандек қилишибди. “Менга фарқи йўқ”, — деди Восил ойисига. Шу кунларда нима қилиш кераклигини ўйлайвериб, боши қотиб кетганди унинг. Хонасига кираркан, укаси йўқлигидан фойдаланиб, Хуршидага қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Бироқ ҳозир алламаҳал, уйдагилари олдида Хуршидага ноқулай бўлмасмикан?

Восил телефонига тикилиб туриб, индамай стол устига қўйди. Кейин тўшакка ўзини ташлаб, анчагача ўйланиб ётди. Ҳа, ҳадемай Восилнинг тўйи! У эса, бу ҳақда ҳеч кимга билдиргиси йўқ. Хуршидани деб.
Нима бўлганда ҳам масалани бир ёқли қилиш керак. Хуршида масаласини, албатта! Чунки Дурдона масаласи… пишган, тап-тайёр! Фотиҳа тўйи ўтган қизни қайтариб бўлмайди-ку, ахир! Аммо Восил бу ҳақда Хуршидага қандай айтади?
Демак… демак, битта йўли қолади: Хуршиданинг кўзига кўринмаслик! Шу топда худди Хуршидани бировларга бериб қўяётгандек ғойибдан уни қизғанаётганини ҳам ҳис этди Восил. Яхшиси, бор гапни Хуршиданинг ўзига айтса-чи? Ахир, Восил ҳали унга севги изҳор қилиб, умидвор қилгани йўқ-ку! Бироқ… нима дейди? “Мен ҳадемай уйланаман, тўйимга борасиз”, – десинми? Хуршида қандай аҳволга тушаркан? Титраб кетса керак. Ёки, эҳтимол, бир туки ҳам қилт эмас!..

Эҳ, икки ўт орасида қайнаш дегани шу бўлса керак – илгари Восил бу ҳақда фақат китобларда ўқиган, дисклардаги фильмларда кўрган. Мана энди ўзининг ҳаёти китоб ва кинодагидан ҳам бери бўлиб турибди.
Восил ўпкаси тўлиб келаётганини ҳис қилди. Ўзича бошқалардан ёзғира бошлади. Хўш, ким тушунади, ким таскин беради? “Хуршидадан қолма, уни қўлдан чиқарма”, деб қайси одам айта олади? Айтмайди, айта олмайди. Чунки Восил билан Хуршиданинг ўртасида Дурдона бор! Восилнинг бўлажак рафиқаси!..
Эртаси куни ишхонада ҳамманинг олдида Камолов Восилга сўз қотди:
— Тўйингиз бўлаётган экан, бундоқ билдирмайсиз ҳам.

Хонадагилар ҳайрон бўлиб эмас, қалқиб кетиб қарашди.
— Тўй бўлса, албатта айтаман, — деди Восил қовоғини очмай. Бу найнов қаердан эшитибди, дея тишларини ғижирлатди.
— Қизиқ, қизиқ, — кулимсиради Аллаев. — Жа ичингиздан пишган экансиз-ку сиз!
“Ҳамма эшитибди, энди Хуршида…”
Восилнинг энсаси қотиб ўтирди. Кейин эса хонадан чиқиб кетди. Тўппа-тўғри қабулхонага борди. Хуршидага нигоҳ ташлаб, баттар руҳи тушди – қиз шунчалар маъюс эдики… Восил индамай ортига қайтди…
Шу алфозда у анча кунгача Хуршиданинг кўзига кўрина олмай, тунд бўлиб юрди. Қиз ҳам Восилни сўрамай қўйди. Қабулхона эшиги доим ланг очиқ, аммо у томонга қадам қўя олмайди, журъати етмайди. Ҳеч ким билан гапиргиси келмайди, одамови бўлиб қолди у.

Бир гал бекатда турганида эса Хуршиданинг оҳиста қадам ташлаб келаётганига кўзи тушиб, тараддудланиб қолди. Бу пайтда қорлар эриган, атроф фусункор, аммо бу гўзаллик ҳар иккисига ҳам гўзаллик бахшида этмаётган эди.
— Бахтли бўлинг, — деди Хуршида етиб келгач, сокин овозда.

Восилга ҳаво етмади, беихтиёр кўзлари ёшга тўлди.
— Сиз ҳам бахтли бўлинг, — деди у пичирлаб. — Мени кечиринг, Хуршида… Мен… мен чора топа олмадим… — Кейинги сўзларини у ўзи ҳам эшитмай гапирди: — Кечир мени, муҳаббат… Кечир, кечиккан севгим!..
У мовий осмонга термилди, кўз ёшларини тўхтата олмади.

03

(Tashriflar: umumiy 172, bugungi 1)

Izoh qoldiring