Yangi kitob: Ozod Mo’min Xo’ja. Men bilaman, sevaman seni

077  Ўзбек китобхонларига кўпроқ илмий фантастик асарлари орқали танилган ёзувчи Озод Мўъмин Хўжа янги нашр этилган китобига ёзган сўзбошисида ёшлик чоғларидан шеърлар ёзганини, мана энди бугунга келиб бу шеърларни саралаб бир китобга жаъм этишга қарор қилганини ёзади. Бугун сизга ана шу «Мен биламан, севаман сени» деб номланган китобига кирган шеърлардан айримларини тақдим этмоқдамиз.

МУАЛЛИФДАН
04

Тўпламдаги шеърларнинг асосий қисми ёшлик пайтимда ёзганман. Ўша даврда бу назмий сатрларнинг бир қисмини матбуотда эълон қилганман. Улар газета, журналларда чоп этилган, радио тўлқинларида ўқиб эшиттирилган, қўшиқ бўлиб янграган. Лекин, асосий қисми муҳаррирларнинг турли элакларидан ўтмаган. Айримлар бу илк ижодим намуналарини тушкун ва маъюс ҳисоблаганлар, бошқалар шеърларимга эмас, конъюнктурага қараб иш қилганлар, яна бировлар уларни босишни истамай, турли баҳоналар билан қайтарганлар. Хуллас, шеърларимга матбуотда кенг йўл очилмаган. Натижада, ижод йўналишимни ўзгартириб, фантастика жабҳасига қадам қўйганман.

Ҳозирги даврда анча улғайдим. Ўтган вақт давомида шеърлар деярли ёзмадим. Насрий йўналиш менинг асосий ижодимга айланди. Фантастика, криминал, тарихий асарлар битдим ва ушбу йўлда ҳамон одимламоқдаман. Аммо, кейинги пайтимда озгина бўлса-да, яна назмга эътибор қилишимга тўғри келди. Буюк бобокалонимиз Паҳлавон Маҳмуд ҳақида тарихий асар ёзар эканман, унинг рубоийлари унча яхши таржима этилмаганига амин бўлдим. Баъзан, шаклга эътибор берилиб, буюк зотнинг тўртликларидаги тасаввуфий маъно яхши очилмаган бўлса, гоҳо оддий ўзбек тушуниши қийин иборалар ишлатилган, натижада улар яхши жаранглай олмаган. Шунинг учун, уларнинг айримларини, қисса учун зарурларини қайта, бармоқ вазнига солиб, тизиб чиқдим. Ва асаримга шу ҳолатда киритдим. Уларга баҳо бериш – ўқувчиларга ҳавола, албатта.
Шундан сўнг, фикр-мулоҳазалар қилиб, барча ўзимга ва яқин ёр-дўстларимга маъқул бўлган шеърларимни, қўшиқларга айланган машқларимни синчиклаб сараладим ва бир китобга жаъм этишга қарор қилдим. Инчунун, кўрмоқдаманки улар матбуотда эълон этилаётган айрим назмий асарлардан пастда эмас. Сатрларимда ҳолат, кайфият ва учқундек бўлса-да, фалсафий хулосалар мавжуд.

Шу ўринда бир таъкидим бор. Ўша, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида шеърларим икки ажойиб инсон – етук адабиётшунос олим Норбой Худойберганов ва маҳоратли журналист Маҳмуд Саъдийларга жуда маъқул келган эди. Норбой ака (у зотни Яратган раҳмат қилсин) мени ҳар кўрганларида, физика соҳасидан адабиёт жабҳасига ўтишга ундар эдилар. Охир-оқибатда, мен шундай қилдим. Маҳмуд ака эса ҳамон менга ўз меҳрларини бериб келадилар. Умрлари узоқ ва баракали бўлсин.

Озод Мўъмин Хўжа
КИТОБГА КИРГАН ШЕЪРЛАРДАН
04

* * *

Майсалар вужуди бўлгандир ҳазон,
Дарахтлар заъфарон баргларин тўккан.
Совуқ булутларга чулғанган осмон,
Қушлар учиб кетган, жим-житлик чўккан.

Зарчава бу замин роса намиққан,
Шарқироқ сувлар ҳам бўлишган оқиб.
Ёруғлик камайган, тунлар тиниққан,
Қуёш вақтли ботар армонлар ёқиб.

Юз очиш беҳуда гулларга бу вақт,
Булутлар барибир чиқишар устун.
Оҳ, ўлкам гулларинг қилмасинлар шахд,
Чунки, бу сен учун оддий бир қонун.

28.09.73

***

Ёмғир аста тинди,
Тинчиди шамол.
Булутлар кетдилар, нур сочди қуёш.
Айт менга, эй дўстим, келмаса малол,
Не учун кетмади қалбимдаги тош?

Дарахтлар баргидан томчилар томар,
Табиат чўмилди, тортди у енгил.
Не учун қалбимда ҳамон тош ётар,
Қачонким тин олар маъюс бу кўнгил?

09.10.73.

* * *

Мен сени чақирдим.
Чақирдим унсиз.
Йўлингга термулиб бормадим асло.
Кунларни ўтказдим
Амаллаб сенсиз,
Дедим, менда эмас асосий хато.
Гоҳида кўрганда очмадим оғиз,
Аввал бир ўзингдан садо чиқсин деб.
Юрсам ҳам кўпинча васлингсиз, ёлғиз –
Қўлимни чўзишни кўрмадим хеч эп.
Етади, бу ёғи менга барибир.
Кўзларинг чақнаши аҳамиятсиз.
Қилмайман,
Керакмас
Ҳеч қандай тадбир –
Озроқ яшаб кўрай
Мен муҳаббатсиз.

24.01.74

* * *

Вақт ўтди,
Кун ботди,
Тушди қоронғу.
Атрофдан қувилди
Охирги ёғду.
Илжайди самонинг тўқ юлдузлари,
Кўринмади лекин ойнинг юзлари.
Коинот ишига қарайман беун –
Хайрли тун, дўстларим, хайрли тун.

Ҳаво ҳам унчалар
Совуқмас,
Илиқ.
Шаббода уфурар майин ва тиниқ.
Узун сўқмоқ бўйлаб
Кетяпман якка.
Бир мавҳум ғам ботар
Кўнгил, юракка.
Лекин қувонч бордир оламда бутун,
Хайрли тун, дўстларим, хайрли тун.

Ўйлайман,
Ҳаёлга нелар келмайди.
Дунёда бесабаб ишлар бўлмайди.
Вақт келса,
Кимнингдир чопар омади.
Вақт келса,
Амалга ошар мақсади.
Арзимас ишлардан
Бўлманг жигархун,
Хайрли тун, дўстларим, хайрли тун.

Мана, бу сўқмоқ ҳам бўляпти тамом,
Энди катта йўлдан кетгумми мудом?
Қоронғу.
Кўринмас йўлнинг охири,
Ишқилиб йўқмикан бирон бир сири.
Шунақа ишлардир, шунақа қонун,
Хайрли тун, дўстларим, хайрли тун.

Бу ажиб табиат титрайди сокин.
Сезилмас
Ҳеч қандай қудратли тўлқин.
Хушҳол мўлтирайди олис бир чироқ,
Биламан, у мендан анча кўп йироқ.
Умидлар кўп ҳали, балки шунинг-чун
Хайрли тун,
Дўстларим, хайрли тун.

14-17.10.74

* * *

Ёр, сенми бу,
Адашдимми ё?
Нечун сени учратдим бу кун?
Қани, эт-чи менга бир қиё,
Қайғу яна этмасми тутқун –
Ёр, сенми бу, адашдимми ё?

Нечун сени учратдим бу кун?
Етармисан қадримга фақат,
Бўлармисан менга ёруғ кун –
Гул очмоқда қалбда муҳаббат,
Нечун сени учратдим бу кун?

Қани, эт-чи менга бир қиё –
Хеч ким менга боқмаган бундай!
Кўзларингдан сочилар зиё,
Туюлади юзларинг гулдай –
Қани, эт-чи менга бир қиё.

Қайғу яна этмасми тутқун,
Ҳаёлларим қайта куларми?
Дил қувончга энди тўларми,
Қалбларимиз бўларми уйғун,
Қайғу яна этмасми тутқун?

Ёр, сенми бу, адашдимми ё?
Маъно излаб боқдим юзингга,
Ишонайми ширин сўзингга,
Дилим чиндан бўлгандир шайдо –
Ёр, сенми бу,
Адашдимми ё?

06.12.74

* * *

Тушимда тўсатдан қолибман ўлиб,
Жим ётар эмишман муздек ва беун.
Яқин ва танишлар уйимга келиб,
Тиловат қилишар маъюс ва маҳзун.
Танишлар ачиниб бу ишга аста,
Бошлашибди гапни миш-миш, ғийбатдан.
«Йигирма иккига тўлганди энди,
Не гап бор, нега у ўлди тўсатдан?»
Дўстларим жасадим устида ҳўнг-ҳўнг
Йиғлашгач, оҳиста овунишибди.
Уйимдан юз қадам кетишгандан сўнг,
Қувноқ бир аския ўйнаб кетибди.
Мени севган дилдор инграбди уч кун,
Кўзидан тўкибди милдир-милдир ёш.
Аммо кўп бўлмабди бу ҳисга тутқун,
Топганмиш зудликда бошқа бир сирдош.
Оҳиста унутиб кетишибди тинч
Амаки, тоғалар, амма ва холам.
Мени эслашармиш бўлиб ноилинж,
Фақатгина азиз отам ва онам.

24.02.75

* * *
Бугун сен хурсандсан,
Кўзларинг чақноқ!
Юзингда акс этар мамнун ифода.
Булутлар кўринмас, қуёш жилмаяр –
Табиат тутмоқда бахт тўла бода.

Бугун сен мамнунсан,
Юксалмоқдасан!
Қоляпти марралар ортда кетма-кет.
Кўзлаган чўққингга сен чиқмоқдасан,
Қандингни ур, майли,
Кўнглингни шод эт.

Бугун сен мағрурсан –
Ишларинг аъло!
Бошқалар кўринар кўзингга ғариб.
Лекин ҳеч эсингдан чиқарма асло,
Эҳтимол, бу ҳолат
Қолар ўзгариб.

28.08.75

* * *
Ҳаёт – ирода ва ақл пойгаси,
Ҳеч кимга осмондан луқма тушмайди.
Хатала орзунинг йўқдир фойдаси,
Варраклар шамолсиз кўкда учмайди.

Совға — инъом берсин, десанг бу ҳаёт
Ҳеч қачон қўрқмагин олға силжишдан.
Агар етишмаса, мардлик ва сабот,
Яшайвер бўш-баёв, нолиб турмушдан.

Фақат ахмоққина тинмай чекар ғам,
Фақат у ненидир пеш қилар нуқул.
Фақат у оҳ урар, сўрайди ёрдам
Ва шундай ўтади ҳаёти буткул.

8.09.75

* * *

Ҳаво булут,
Қуёш хира –
Мумкин ёмғир ёғиши.
Шамол эсар намхуш, совуқ,
Шудир унинг қилмиши.
Эҳтимолки, кечикадир
нур фаслининг келиши.
Ўз вақтида келмаса гар бу дунёнинг ёз-қиши-
Вужудимга қийноқ берар
кўнгилнинг бир хоҳиши.

Дунё кенгдир,
Гар бу ерда ёмғир ёғса ушбу пайт,
Бошқа жойда мароқ билан
роса қувнар табиат.
Ҳамма ишлар ўз ўрнига
тушар албат келса вақт.
Истакларим тиниқ тунда
мумкин юлдуз тақиши,
Лекин бундан тинчирмикан
кўнгилнинг бир хоҳиши.

Мана бирдан чақмоқ чақди,
Яшин тушди қайгадир.
Кучли шамол бу борлиқни
Титратиши – қоидадир,
Чунки ҳаёт, табиатда яшаш фақат пойгадир.
Бу курашда вужудимдан кучларимнинг оқиши
Қандай лаззат!
Қонмаса ҳам кўнгилнинг бир хоҳиши.

Эрта-индин туман тушар
қамраб яқин-йироқни,
Кундуз куни кўриб бўлмас
беш қадамдан узоқни,
Фойдаси йўқ ҳар қанча сен
ёқсанг минг хил чироқни.
Нечун бундай?
Қандай қонун,
Табиатнинг бу иши?
Наҳот етмас муродига
Кўнгилнинг бир хоҳиши.

Майда, сокин, тинмай аста
Ёғса ерга момиқ қор,
Кўриниши – чиройлигу,
лекин унда совуқ бор!
Қайноқ қалбни вужудида
Эркалаб у қилар хор.
Бу совуқда хеч гап эмас орзуларнинг тўзиши,
Шунда кўзин юмар мангу
Кўнгилнинг бир хоҳиши.

14.12.75

КАСАЛЛИК

Тинмай оғримоқда бу дам юрагим,
Бирор бир давога топмасман имкон.
Эртанги кунимга йўқ бир тилагим,
Вужудим қийналар ўта беомон.
Тун ўтиб бормоқда қоронғу, оғир,
Кўтара олмасман асло бошимни.
Гўдакка айлансам, қанийди, ҳозир,
Қанийди, йўқотсам эсу-хушимни.
Наҳот, фақатгина Азроил даволар мени.

Баданим ёнмоқда, айланар кулга,
Иссиғим бетиним кўтарилмоқда.
Аҳволим ўхшайди жуда мушкулга,
Умидбахш бирор нур йўқдир шу чоқда.
Истамас тинчишни, юмулмас кўзим,
Не учун келмайди мудроқ ва уйқу?
Ўйлайман, биламан, сезаман ўзим,
Вужудим чулғаган совуқ бир туйғу:
Наҳот, фақатгина, Азроил даволар мени.

Ана! Текисликда ғилдирамоқда
Тушимда кўринган ажабтовур уй.
Мени дуо қилинг: — Нажот келмоқда, —
Тилангиз: — қайтадан соғломликни туй!
Ишонинг, мен яхши одам бўламан,
Меҳрингиз аяманг мен бедаводан.
Истаган нарсангиз ваъда қиламан,
Фақат олиб кетинг касал дунёдан.
Йўқса, фақатгина, Азроил даволар мени.

26.04.77

ФАЗОВИЙ ҚЎШИҚ

Юрагимни алдамаганман,
Юрагимни этганман мажбур.
Ўз устимдан хеч кулмаганман,
Доимо мен юрганман мағрур.

Қидирганман фазовий қўшиқ,
Оддийларин ўтганман четлаб,
Маъюс ҳисга бўлса ҳам тўлиқ,
Юрганман мен самони куйлаб.

Юлдузлар кўп тортган домига,
Фазовий ранг уйғотган туйғу,
Боқиб унинг оҳанг-торига –
Сездим бугун –
Оддий экан у.

18.09.77

03O’zbek kitobxonlariga ko’proq ilmiy fantastik asarlari orqali tanilgan yozuvchi Ozod Mo»min Xo’ja yangi nashr etilgan kitobiga yozgan so’zboshisida yoshlik chog’laridan she’rlar yozganini, mana endi bugunga kelib bu she’rlarni saralab bir kitobga ja’m etishga qaror qilganini yozadi. Bugun sizga ana shu «Men bilaman, sevaman seni» deb nomlangan kitobiga kirgan she’rlardan ayrimlarini taqdim etmoqdamiz.

MUALLIFDAN
04

To’plamdagi she’rlarning asosiy qismi yoshlik paytimda yozganman. O’sha davrda bu nazmiy satrlarning bir qismini matbuotda e’lon qilganman. Ular gazeta, jurnallarda chop etilgan, radio to’lqinlarida o’qib eshittirilgan, qo’shiq bo’lib yangragan. Lekin, asosiy qismi muharrirlarning turli elaklaridan o’tmagan. Ayrimlar bu ilk ijodim namunalarini tushkun va ma’yus hisoblaganlar, boshqalar she’rlarimga emas, kon’yunkturaga qarab ish qilganlar, yana birovlar ularni bosishni istamay, turli bahonalar bilan qaytarganlar. Xullas, she’rlarimga matbuotda keng yo’l ochilmagan. Natijada, ijod yo’nalishimni o’zgartirib, fantastika jabhasiga qadam qo’yganman.

Hozirgi davrda ancha ulg’aydim. O’tgan vaqt davomida she’rlar deyarli yozmadim. Nasriy yo’nalish mening asosiy ijodimga aylandi. Fantastika, kriminal, tarixiy asarlar bitdim va ushbu yo’lda hamon odimlamoqdaman. Ammo, keyingi paytimda ozgina bo’lsa-da, yana nazmga e’tibor qilishimga to’g’ri keldi. Buyuk bobokalonimiz Pahlavon Mahmud haqida tarixiy asar yozar ekanman, uning ruboiylari uncha yaxshi tarjima etilmaganiga amin bo’ldim. Ba’zan, shaklga e’tibor berilib, buyuk zotning to’rtliklaridagi tasavvufiy ma’no yaxshi ochilmagan bo’lsa, goho oddiy o’zbek tushunishi qiyin iboralar ishlatilgan, natijada ular yaxshi jaranglay olmagan. Shuning uchun, ularning ayrimlarini, qissa uchun zarurlarini qayta, barmoq vazniga solib, tizib chiqdim. Va asarimga shu holatda kiritdim. Ularga baho berish – o’quvchilarga havola, albatta.Shundan so’ng, fikr-mulohazalar qilib, barcha o’zimga va yaqin yor-do’stlarimga ma’qul bo’lgan she’rlarimni, qo’shiqlarga aylangan mashqlarimni sinchiklab saraladim va bir kitobga ja’m etishga qaror qildim. Inchunun, ko’rmoqdamanki ular matbuotda e’lon etilayotgan ayrim nazmiy asarlardan pastda emas. Satrlarimda holat, kayfiyat va uchqundek bo’lsa-da, falsafiy xulosalar mavjud.

Shu o’rinda bir ta’kidim bor. O’sha, o’tgan asrning yetmishinchi yillarida she’rlarim ikki ajoyib inson – yetuk adabiyotshunos olim Norboy Xudoyberganov va mahoratli jurnalist Mahmud Sa’diylarga juda ma’qul kelgan edi. Norboy aka (u zotni Yaratgan rahmat qilsin) meni har ko’rganlarida, fizika sohasidan adabiyot jabhasiga o’tishga undar edilar. Oxir-oqibatda, men shunday qildim. Mahmud aka esa hamon menga o’z mehrlarini berib keladilar. Umrlari uzoq va barakali bo’lsin.

Ozod Mo»min Xo’ja
KITOBGA KIRGAN SHE’RLARDAN
04

* * *

Maysalar vujudi bo’lgandir hazon,
Daraxtlar za’faron barglarin to’kkan.
Sovuq bulutlarga chulg’angan osmon,
Qushlar uchib ketgan, jim-jitlik cho’kkan.

Zarchava bu zamin rosa namiqqan,
Sharqiroq suvlar ham bo’lishgan oqib.
Yorug’lik kamaygan, tunlar tiniqqan,
Quyosh vaqtli botar armonlar yoqib.

Yuz ochish behuda gullarga bu vaqt,
Bulutlar baribir chiqishar ustun.
Oh, o’lkam gullaring qilmasinlar shaxd,
Chunki, bu sen uchun oddiy bir qonun.

28.09.73

***

Yomg’ir asta tindi,
Tinchidi shamol.
Bulutlar ketdilar, nur sochdi quyosh.
Ayt menga, ey do’stim, kelmasa malol,
Ne uchun ketmadi qalbimdagi tosh?

Daraxtlar bargidan tomchilar tomar,
Tabiat cho’mildi, tortdi u yengil.
Ne uchun qalbimda hamon tosh yotar,
Qachonkim tin olar ma’yus bu ko’ngil?

09.10.73.

* * *

Men seni chaqirdim.
Chaqirdim unsiz.
Yo’lingga termulib bormadim aslo.
Kunlarni o’tkazdim
Amallab sensiz,
Dedim, menda emas asosiy xato.
Gohida ko’rganda ochmadim og’iz,
Avval bir o’zingdan sado chiqsin deb.
Yursam ham ko’pincha vaslingsiz, yolg’iz –
Qo’limni cho’zishni ko’rmadim xech ep.
Yetadi, bu yog’i menga baribir.
Ko’zlaring chaqnashi ahamiyatsiz.
Qilmayman,
Kerakmas
Hech qanday tadbir –
Ozroq yashab ko’ray
Men muhabbatsiz.

24.01.74

* * *

Vaqt o’tdi,
Kun botdi,
Tushdi qorong’u.
Atrofdan quvildi
Oxirgi yog’du.
Iljaydi samoning to’q yulduzlari,
Ko’rinmadi lekin oyning yuzlari.
Koinot ishiga qarayman beun –
Xayrli tun, do’stlarim, xayrli tun.

Havo ham unchalar
Sovuqmas,
Iliq.
Shabboda ufurar mayin va tiniq.
Uzun so’qmoq bo’ylab
Ketyapman yakka.
Bir mavhum g’am botar
Ko’ngil, yurakka.
Lekin quvonch bordir olamda butun,
Xayrli tun, do’stlarim, xayrli tun.

O’ylayman,
Hayolga nelar kelmaydi.
Dunyoda besabab ishlar bo’lmaydi.
Vaqt kelsa,
Kimningdir chopar omadi.
Vaqt kelsa,
Amalga oshar maqsadi.
Arzimas ishlardan
Bo’lmang jigarxun,
Xayrli tun, do’stlarim, xayrli tun.

Mana, bu so’qmoq ham bo’lyapti tamom,
Endi katta yo’ldan ketgummi mudom?
Qorong’u.
Ko’rinmas yo’lning oxiri,
Ishqilib yo’qmikan biron bir siri.
Shunaqa ishlardir, shunaqa qonun,
Xayrli tun, do’stlarim, xayrli tun.

Bu ajib tabiat titraydi sokin.
Sezilmas
Hech qanday qudratli to’lqin.
Xushhol mo’ltiraydi olis bir chiroq,
Bilaman, u mendan ancha ko’p yiroq.
Umidlar ko’p hali, balki shuning-chun
Xayrli tun,
Do’stlarim, xayrli tun.

14-17.10.74

* * *

Yor, senmi bu,
Adashdimmi yo?
Nechun seni uchratdim bu kun?
Qani, et-chi menga bir qiyo,
Qayg’u yana etmasmi tutqun –
Yor, senmi bu, adashdimmi yo?

Nechun seni uchratdim bu kun?
Yetarmisan qadrimga faqat,
Bo’larmisan menga yorug’ kun –
Gul ochmoqda qalbda muhabbat,
Nechun seni uchratdim bu kun?

Qani, et-chi menga bir qiyo –
Xech kim menga boqmagan bunday!
Ko’zlaringdan sochilar ziyo,
Tuyuladi yuzlaring gulday –
Qani, et-chi menga bir qiyo.

Qayg’u yana etmasmi tutqun,
Hayollarim qayta kularmi?
Dil quvonchga endi to’larmi,
Qalblarimiz bo’larmi uyg’un,
Qayg’u yana etmasmi tutqun?

Yor, senmi bu, adashdimmi yo?
Ma’no izlab boqdim yuzingga,
Ishonaymi shirin so’zingga,
Dilim chindan bo’lgandir shaydo –
Yor, senmi bu,
Adashdimmi yo?

06.12.74

* * *

Tushimda to’satdan qolibman o’lib,
Jim yotar emishman muzdek va beun.
Yaqin va tanishlar uyimga kelib,
Tilovat qilishar ma’yus va mahzun.
Tanishlar achinib bu ishga asta,
Boshlashibdi gapni mish-mish, g’iybatdan.
«Yigirma ikkiga to’lgandi endi,
Ne gap bor, nega u o’ldi to’satdan?»
Do’stlarim jasadim ustida ho’ng-ho’ng
Yig’lashgach, ohista ovunishibdi.
Uyimdan yuz qadam ketishgandan so’ng,
Quvnoq bir askiya o’ynab ketibdi.
Meni sevgan dildor ingrabdi uch kun,
Ko’zidan to’kibdi mildir-mildir yosh.
Ammo ko’p bo’lmabdi bu hisga tutqun,
Topganmish zudlikda boshqa bir sirdosh.
Ohista unutib ketishibdi tinch
Amaki, tog’alar, amma va xolam.
Meni eslasharmish bo’lib noilinj,
Faqatgina aziz otam va onam.

24.02.75

* * *
Bugun sen xursandsan,
Ko’zlaring chaqnoq!
Yuzingda aks etar mamnun ifoda.
Bulutlar ko’rinmas, quyosh jilmayar –
Tabiat tutmoqda baxt to’la boda.

Bugun sen mamnunsan,
Yuksalmoqdasan!
Qolyapti marralar ortda ketma-ket.
Ko’zlagan cho’qqingga sen chiqmoqdasan,
Qandingni ur, mayli,
Ko’nglingni shod et.

Bugun sen mag’rursan –
Ishlaring a’lo!
Boshqalar ko’rinar ko’zingga g’arib.
Lekin hech esingdan chiqarma aslo,
Ehtimol, bu holat
Qolar o’zgarib.

28.08.75

* * *
Hayot – iroda va aql poygasi,
Hech kimga osmondan luqma tushmaydi.
Xatala orzuning yo’qdir foydasi,
Varraklar shamolsiz ko’kda uchmaydi.

Sovg’a — in’om bersin, desang bu hayot
Hech qachon qo’rqmagin olg’a siljishdan.
Agar yetishmasa, mardlik va sabot,
Yashayver bo’sh-bayov, nolib turmushdan.

Faqat axmoqqina tinmay chekar g’am,
Faqat u nenidir pesh qilar nuqul.
Faqat u oh urar, so’raydi yordam
Va shunday o’tadi hayoti butkul.

8.09.75

* * *

Havo bulut,
Quyosh xira –
Mumkin yomg’ir yog’ishi.
Shamol esar namxush, sovuq,
Shudir uning qilmishi.
Ehtimolki, kechikadir
nur faslining kelishi.
O’z vaqtida kelmasa gar bu dunyoning yoz-qishi-
Vujudimga qiynoq berar
ko’ngilning bir xohishi.

Dunyo kengdir,
Gar bu yerda yomg’ir yog’sa ushbu payt,
Boshqa joyda maroq bilan
rosa quvnar tabiat.
Hamma ishlar o’z o’rniga
tushar albat kelsa vaqt.
Istaklarim tiniq tunda
mumkin yulduz taqishi,
Lekin bundan tinchirmikan
ko’ngilning bir xohishi.

Mana birdan chaqmoq chaqdi,
Yashin tushdi qaygadir.
Kuchli shamol bu borliqni
Titratishi – qoidadir,
Chunki hayot, tabiatda yashash faqat poygadir.
Bu kurashda vujudimdan kuchlarimning oqishi
Qanday lazzat!
Qonmasa ham ko’ngilning bir xohishi.

Erta-indin tuman tushar
qamrab yaqin-yiroqni,
Kunduz kuni ko’rib bo’lmas
besh qadamdan uzoqni,
Foydasi yo’q har qancha sen
yoqsang ming xil chiroqni.
Nechun bunday?
Qanday qonun,
Tabiatning bu ishi?
Nahot yetmas murodiga
Ko’ngilning bir xohishi.

Mayda, sokin, tinmay asta
Yog’sa yerga momiq qor,
Ko’rinishi – chiroyligu,
lekin unda sovuq bor!
Qaynoq qalbni vujudida
Erkalab u qilar xor.
Bu sovuqda xech gap emas orzularning to’zishi,
Shunda ko’zin yumar mangu
Ko’ngilning bir xohishi.

14.12.75

KASALLIK

Tinmay og’rimoqda bu dam yuragim,
Biror bir davoga topmasman imkon.
Ertangi kunimga yo’q bir tilagim,
Vujudim qiynalar o’ta beomon.
Tun o’tib bormoqda qorong’u, og’ir,
Ko’tara olmasman aslo boshimni.
Go’dakka aylansam, qaniydi, hozir,
Qaniydi, yo’qotsam esu-xushimni.
Nahot, faqatgina Azroil davolar meni.

Badanim yonmoqda, aylanar kulga,
Issig’im betinim ko’tarilmoqda.
Ahvolim o’xshaydi juda mushkulga,
Umidbaxsh biror nur yo’qdir shu choqda.
Istamas tinchishni, yumulmas ko’zim,
Ne uchun kelmaydi mudroq va uyqu?
O’ylayman, bilaman, sezaman o’zim,
Vujudim chulg’agan sovuq bir tuyg’u:
Nahot, faqatgina, Azroil davolar meni.

Ana! Tekislikda g’ildiramoqda
Tushimda ko’ringan ajabtovur uy.
Meni duo qiling: — Najot kelmoqda, —
Tilangiz: — qaytadan sog’lomlikni tuy!
Ishoning, men yaxshi odam bo’laman,
Mehringiz ayamang men bedavodan.
Istagan narsangiz va’da qilaman,
Faqat olib keting kasal dunyodan.
Yo’qsa, faqatgina, Azroil davolar meni.

26.04.77

FAZOVIY QO’SHIQ

Yuragimni aldamaganman,
Yuragimni etganman majbur.
O’z ustimdan xech kulmaganman,
Doimo men yurganman mag’rur.

Qidirganman fazoviy qo’shiq,
Oddiylarin o’tganman chetlab,
Ma’yus hisga bo’lsa ham to’liq,
Yurganman men samoni kuylab.

Yulduzlar ko’p tortgan domiga,
Fazoviy rang uyg’otgan tuyg’u,
Boqib uning ohang-toriga –
Sezdim bugun –
Oddiy ekan u.

18.09.77

09

(Tashriflar: umumiy 509, bugungi 1)

Izoh qoldiring