Zamonaviy tojik she’riyati antologiyasidan namunalar. Odil Ikrom tarjimalari

Ashampoo_Snap_2018.01.18_17h05m13s_001_.png   Бир неча кунки, “Замонавий тожик шеърияти антологияси” ва сўнгги йиллар тожик адабиётида ўзига хос “юриш қилган” шоирлар Фарзона ва Озарахшларнинг “Ишқ тасбеҳи” ва “Хайрли тонг” китобларини мутолаа қиламан. Китобларни менга таржимоннинг ўзи – севимли шоиримиз Одил Икром совға қилди.

Алишер НАРЗУЛЛО
АДАБИЙ ДЎСТЛИК – АБАДИЙ КЎПРИК
ёки Шоир Одил Икромнинг яна бир хайрли иши
09

Бадиий асар таржимони бировнинг томорқасида меҳнат қилаётган деҳқонга ўхшайди. Мен уни, ҳатто, мардикор ҳам дегим келади. Ўзини аямай чеккан машаққати, заҳмати учун.

“Расул ўзимиз қатори, фақат, унинг Масковдаги таржимонлари зўр”, – дея ёзғиришади ўз вақтида шоир ғанимлари. Бу Ҳамзатовнинг ғашини келтиради. Чунки у чиндан ҳам зўр эди. Аммо, Расул Ҳамзатов деган доғистонлик шоир ижодининг дунёнинг ҳар бурчагида бирдек севимли бўлишида заҳматкаш таржимонларнинг ўрни чиндан ҳам беқиёс эди.

“ С.Есенин шеърларининг русчасидан кўра ўзбекчаси кўнгилга яқинроқдай”, – деди бир кун шоирнинг мухлиси, ўнлаб шеърларини русчада ёд олган, рус тилида саводи чиққан ва ўзи ҳам шу тилда у-бу нарсалар машқ қилиб келаётган ўғлим Комрон. Бу – Сергей Есенин шеърларини ўзбек тилига қойиллатиб ўгирган таржимон, устоз Эркин Воҳидов маҳоратига оддий китобхон берган холис баҳо.

Чет эл адиблари асарларини қўлга олган ўқувчи, агар озгина адабиётдан хабари бўлса, албатта, асарни ким таржима қилгани билан ҳам қизиқади. О.Шарафутдинов, Иброҳим Ғафуров, Низом Комилов … ва шунга ўхшаш исм-шарифларни кўриб қўлингиздаги китоб юки, салмоғини тахмин қиласиз. Катта ижодкорлар майда, хашаки ишларни қилмайди.

“Таржима – ижодкор учун кони фойда”…

Жангчи жангга киришдан бурун ханжарини чархлаб, бир қур назардан ўтказиб олгани сингари айрим ижодкорлар маълум муддат таржимачилик билан шуғулланиши бор гап. Шавкат Раҳмоннинг “Лорка”си, устоз Хуршид Давроннинг “Денгиз япроқлари” китоблари худди ана шу йўлда дунёга келган ва адабиёт аҳлига манзур бўлганди.

Жуда гўзал ва самимий ижоди билан ўз мухлислари кўнглидан жой олган Карим Баҳриев туркий оламнинг ўзига хос дардли шоири Ромиз Равшан ижодини бизга тақдим этди ва кўпчилик Карим ака сабаб, бу шоирни яхши кўриб қолди.

Улуғбек Ҳамдам “Ичиндаги ичиндадир”ни ўзбек тилига ўгирганда бу китоб румийхонликни янада авж олишига туртки бўлганди. Бир кун ёзувчи акамиз Орзуқул Эргашнинг қўлида шу китобдан бир нечасини кўриб, “О, зўр-ку!” – деганим эсимда. “Дўконларда йўқ, устидан чиқиб қолдим, сотиб олавердим, танишларга совға қиламан” деганди хоксор адиб болаларча соддалик билан. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Таржимонлик ишининг турган-битгани заҳмат. Л.Толстой, Ф.Достоевский, М.Булгаков, Н. Думбадзе, Э.Хемингуй ва ҳоказо… каби даҳо санъаткорлар асарларини қўлга олганимда И.Ғафуров, Н.Комилов, О.Шарафутдинов каби сўз усталари кўз ўнгимда пайдо бўлади ва уларнинг ана шу улуғ адиблар билан бир қаторга қўйиб мутолаага киришаман.

Тунов кун рус тилида ижод қиладиган машҳур адибимиз Темур Пўлатов асарларини ўзбек тилида яна бир бор ўқидим. Ўзим билган Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Тоҳир Малик таржималаридаги ҳикояларга алоҳида эътибор қаратдим. Ишонинг, ҳар учала ижодкорнинг нафасини ҳис этиб турдим… Айниқса, Шукур Холмирзаев қўтослар ҳақидаги ҳикояни худди ўзи ёзаётгандек жонли тасвирлаб кетади-ки, Шукур ака шу жойида ўзидан у-бу нарса қўшвормадимикин, деган хаёлларга ҳам борасан киши, бу – том маънодаги ижодкорлик. Эркин Аъзам қаламига мансуб таржима ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳақиқий ижодкор, аввало, ўзининг руҳиятига яқин ва бадиий жиҳатдан баланд бўлган асарларни таржима қилади. Ва бу китобхонлар учун ҳам ҳақиқий туҳфа бўлади.

Бадиий асарни таржима қилаётган шоир, ёзувчи, ҳаргиз тилмоч эмас, у том маънодаги ижодкор. Бу гапимга яна бир мисол – Одил Икром ижоди.

Бир неча кунки, “Замонавий тожик шеърияти антологияси” ва сўнгги йиллар тожик адабиётида ўзига хос “юриш қилган” шоирлар Фарзона ва Озарахшларнинг “Ишқ тасбеҳи” ва “Хайрли тонг” китобларини мутолаа қиламан. Китобларни менга таржимоннинг ўзи – севимли шоиримиз Одил Икром совға қилди.

Афсуски, кеч учрашганим боис, Лойиқнинг китобидан бенасиб қолибман. Одил ака худди Расул Ҳамзатов ғанимлари орзу қилган масковлик таржимонлардек ҳар бир шеър, сатр устида бободеҳқондек тер тўккани кўриниб турибди.

– Лойиқни ҳам албатта, бераман сизга, деди ака. Хурсанд бўлдим. Лойиқ ҳақида оз-моз тасаввурим бўлгани боис, кўпроқ, Фарзона, Озарахш ва замонавий тожик шеърияти антологиясини ўқисам, дердим.

“Ишқ тасбеҳи”ни қўлга оламан, китобнинг чиройли муқовасидаги ёзув бир муддат диққатимни тортади – Фарзона.

Бу ном илк бор қачон қулоғимга чалинганини аниқ эслайман. Хўжанд Давлат университетининг ”Ўзбек филологияси” факультетига талаба бўлган йилим “бир йил бурун “Тожик филологияси”ни Фарзона исмли шоира қиз битирган, дейишарди. Мен аввал факультетдаги қандайдир бир тадбирда ва кейинчалик кўчаларда баъзан шоирани кўрардим. Кейинроқ унинг овозаси Хужанддан ташқариларга ёйила бошлади. Назаримда, Лойиқдан кейин тожик адабиётида ярқ этиб кўзга ташланган ва довруғи кетган ягона шоир, бу – Фарзона эди.

Пойтахт Душанбеда Фарзона иштирок этадиган шеърият кечаларида залларга мухлислар сиғмай кетганини эшитганман. Афсуски, ҳозир менинг қўлимда Фарзонанинг тожик тилидаги китоблари йўқ, лекин Одил Икром таржимасида унинг Хўжандни қоқ иккига бўлиб оқиб ётган Сирдарёдек сокин, аммо, турган-битгани дарду ғалаёнларга тўла шеърларини шошмасдан гоҳ уйда, баъзан ишхонамда ўқидим:

Ишқ – энг тугал хулосаси
маърифатларнинг,
Англаб етгин,
Ишқ – Худога бириккан қасам.
Шундай экан, баландроқ бўл
ўзингдан, зеро,
Ишқ ўлади, Чумолига озор берсанг ҳам.

Ёки

Балки, қай бир эски тўрва,
эски сандиқда
Қолгандир ишқ ва муҳаббат
юқидан асар.
Туғилмоққа қадар босиб ўтай
бу йўлни,
То тозармоқ, То Худо
То Ўзимга қадар!

Шоиранинг “Нажот”, “Ибтидо”… каби ўнлаб дард тўла шеърларини қайтиб-қайтиб ўқигинг келаверади.

Одил ака бу шоира шеърларини бежизга танламаган. Зар қадрини Одил Икромдек сўз заргари билади. Ахир, Одил Икромнинг ўзи ҳам шеър ихлосмандлари томонидан аллақачон эътироф этилган чинакам шоир. Шоир бўлганда ҳам қандоқ шоир денг…

Яна бир гапни айтгим келади. Одил Икром – жуда зийрак ижодкор. Айримлар “Адабиёт – менинг қисматим!” – дейди уёғини ўйлаб-нетиб ўтирмай. “Ёлғон гапиряпти” – дейман беихтиёр. Одил Икром эса, бошқача. У ҳеч қачон бундай баландпарвоз, кўпчиликка хуш келмайдиган гапни айтмайди, лекин адабиёт ёғида қоврилишдан зада бўлмайди, жонини аямайди, шубҳа қилсангиз, шоир ижоди билан қизиқиб кўринг.

У ўзбек ва форс-тожик адабиётининг шайдоси. Румий, Бедилдан гапиринг ва томоша қилинг. Сиёсатдан гапирсангиз, энсаси қотади, сўз оқимини адабиёт, шеърга буринг ва яна кузатинг, тундлашиб турган чеҳраси бирдан ёришиб кетади.

Очиғи, Одил аканинг қандай китобларни мутолаа қилиши менга қоронғу, аммо, қандай асарлар таржимасига қўл уришини, қандай асарларни ўқувчига тавсия қилиши мумкинлигини биламан. Мана, қўлимдаги китоблар бунга далил.

Фарзонанинг энг маҳзун шеърларидан ҳам қоронғу кўнглингизга қуёш зарраларидек ажиб бир ҳузурбахш нур таралиб туради. Бу нур ёғдусида Фарзона исмли шоиранинг журъатли овозига маҳлиё бўласиз ва Одил Икром деган шоирнинг нафасини ҳам аниқ ҳис этиб турасиз. Одил Икром “Ишқ тасбеҳи”ни том маънода ўзбекчалаштирган.

Фарзона Хужандда туғилган. Хужандлик аксарият тожик дўстларимиз ўзбек тилида гапирсангиз, елка қисмай, жилмайиб туриб сизни тинглай бошлайди. Мен илк бор бу ҳолатни тожик адабиёти билимдони, таниқли адабиётшунос олим А.Насриддинов билан бўлган мулоқотда сезганман. Домла, мен – оддий талабанинг узундан узоқ ўзбек тилидаги сўзларимни жилмайиб туриб, хотиржам эшитганлар ва “Шуми бор-йўғи?” – дея бир парча қоғозга қўл қўйиб берганлар. Ишончим комилки, Фарзонадек зукко шоира “Ишқ тасбеҳи”ни ўзбек тилида ҳам ўқиб чиққан ва Одил Икромнинг нафақат зўр шоир, балки зўр таржимон ҳам эканлигига тан берган.

Озарахшни ҳам ўзбек шеърхонларига Одил Икром таништиряпти. Унинг мўъжаз китобчаси “Хайрли тонг” деб номланган.

Эй, қалби кўр ғаним, дунёнинг дуни,
Қайтар дунё дерлар, билмассан буни.
Отганингда менга тегмаган тош бу,
Кўтар, мозорингга олиб кет уни…

Ёки

Одамият жанги бошлангач, эсиз,
Қонга ғарқ бўлганин олам этди ҳис.
Бир маймун бошқа бир маймунга айтар:
– Хайрият, одамга айланмадик биз…

Бу сатрлар шоир Озарахш қаламига мансуб. Менинг назаримда Озарахш ва Фарзонанинг шеърлари бир-бирини тўлдириб туради. Фарзонани ўқиган шеъхон, албатта, Озарахшни ҳам ўқиши керак, деб ўйлайман. Менга қолса, олдин Озарахшнинг ўқишни тавсия қилган бўлардим. У “дарёларнинг бошланиши бўлган булоқлардан сув ичган” шоир. “Хайрли тонг” бунга далил, қўлга оласиз ва бир нафасда ўқиб тугатасиз. “Ишқ фасли”нинг юки сал оғирроқ, уни бир бошдан, аста-секин сабр қилиб ўқийсиз. Ўқийсизу шоира сув ичган дарёларни хаёлан тасаввур қиласиз, қанча форс шоирлари кўз ўнгингиздан ўтади, йўқ, барибир уни ҳеч кимга ўхшатолмайсиз. “Ишқ фасли” шоира ҳаётида кечган “оғир” дамлардан хабар беради, сиз буни яққол ҳис этасиз ва шоиранинг бу дардларни шеърга солиш санъатидан истаганингизча завқ оласиз.

Одил Икром таржимасидаги учинчи китоб “Замонавий тожик шеърияти антологияси”. Китоб бир неча авлод шоирлари шеърларидан иборат ажойиб гулдаста бўлган. Ундан 60 нафар шоир ўрин олган. Одатда, антология тайёрланаётганда “Кимларни киритиш керак?” – деган масала кун тартибига чиқади, қаттиқ тортишувларга “старт” берилади. Баҳслар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона, катта – кичик идораларда узоқ давом этади. Табиийки, битта-яримта пичоққа илинадиган ижодкор атайин четлаб ўтилади. Шундай қилинмаса, антология – антология бўладими?..

Аммо ўша оқ фотиҳа олган манглайи ярқираган шоирларнинг энг яхши асарини танлаб антологияга киритиш масаласига келганда, негадир муҳаррирда ҳафсала ўлган бўлади. Буниси, муҳим эмас, муҳими, унинг номи. Номи бор-ку, шунисига раҳмат, десин, дейди… Шу маънода, “Замонавий тожик шеърияти антологияси”ни тайёрлаган ижодкорлар бундай номақбул йўл тутмаганига амин бўласиз. Антология Садриддин Айнийнинг шеърлари билан бошланади.
Менга Айний доланинг “Эсдаликлар”и кўпроқ ёқарди. Ўзбек тилида учраб қолган шеърларини ўқиганимда, жуда жўн бўлиб туюлган ва барибир домланинг насри зўр, деган фикрда қолганман. Антологиядаги шеърларини ўқиб, Айний домла бинойидек шоир ҳам экан, дедим ичимда.

Лоҳутий, Мирзо Турсунзода, эҳ-ҳе, кимлар йўқ дейсиз бу рўйхатда. Бозор Собир, Гулрухсор, Лойиқ… уёғи то Ният Ҳаёт, Озар ва Нурали Нурзодгача… Бухоро амирлигидаги таҳликали муҳит, сокин кўринган Шўролар тузуми ва Истиқлол даври ижодкорлари шеърларидан тузилган гулдаста. Ҳар бир шеърда, ҳар бир шоирда ўзигагина хос дардни ҳис этасиз. Дарднинг моҳияти битта – у Амир замонида ҳам, коммунизмга бир баҳя қолган муҳитда ҳам, озодман деб кўкрак кериб юрган дориломон кунда ҳам – оғриқ, у истаган пайт қалбга буров солиши мумкин. Антологияни ўқисангиз, ўзингиз бунга шоҳид бўласиз. Қулоғидан тортиб олиб кирилган зўрма-зўраки шеър йўқ ҳисоби. Аллақачон нари дунёга сафар қилган – коммунизм остонасида туриб ижод қилган шоирлар шеърини ўқиганингизда ҳам димоғингизга бугунги кун нафаси баралла келиб турганини сезасиз, шоирни худди ёнингизда турган замондошдек ҳис этасиз.

Бу, ҳеч муболағасиз, истеъдодли шоир ва таржимон Одил Икромнинг иши, яъни меҳнати самараси.

Дарвоқе, шу кунлар шоир Одил Икром Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”си таржимасини ҳам охирига етказмоқда…

Аниқ эслайман, 1996 йил – Равшан Файз фожиали тарзда оламдан ўтган кун , Тошкентда бир анжуман бўлиб ўтганди. Унда атоқли адиб Чингиз Айтматов раислик қилиб: “Ижодкор, зиёлилар халқлар ўртасида кўприк бўлиши керак, афсуски, айрим зиёлилар бунинг аксини қилмоқда” дея ижод аҳлидан сал нолиган эди.

Одил Икром бугун худди Чингиз оға орзу қилгандек икки қону қардош – ўзбек ва тожик халқлари ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда.

Бу – қандай хайрли иш, қандай хайрли кўприк.

Бу кўприкнинг умри, иншооллоҳ, узоқ ва боқий бўлгай. Муҳими, ундан ўтаётганингизда сиздан ҳеч ким шубҳаланмайди, биров бошпурт ва виза ҳам сўрамайди.

Одил Икром таржимасидаги “Замонавий тожик шеърияти антологияси”, Фарзонанинг “Ишқ фасли” ва Озарахшнинг “Хайрли тонг”ини топиб ўқинг, афсусланмайсиз.

ЗАМОНАВИЙ ТОЖИК
ШЕЪРИЯТИДАН

Одил Икром таржималари
09

САДРИДДИН АЙНИЙ
(1878 – 1954)

ҚИЗИЛ ГУЛ

Сўйлар эдим дил розини, бир маҳрам топганимда,
Шиква айлардим ғамимдан, бир ҳамдам топганимда.

Бунча бермасди азоб дил захми ҳижрон тунида,
Бир паричеҳра васлидан гар малҳам топганимда.

Жонимга чанг солди қачон аччиқ қисмат қилмиши,
Бир масиҳий лаб бўсасидан карам топганимда.

Нечун қолгайман жудо ул Қизил Гул дийдоридан,
Олам аҳлидай қўлимда бир дирҳам топганимда!

Изтироб чекмоқдаман ўз хаёлимдан бунчалар,
Тинчланардим гар ўзимдан қўрқув, ғам топганимда.

Айт, қачон мезон каби саргашталик бўлди насиб,
Айний, на кам-кўпдан фикр, на кўп-кам топганимда.

Шоир шеърларини мана бу саҳифада мутолаа қилинг

АБУЛҚОСИМ ЛОҲУТИЙ
(1887 – 1957)

***

Кўнглимдан ўшал ёр огоҳ эмасдир
Ёки дилимдаги оҳ оҳ эмасдир…
(Қадимги тожик фолклоридан)

Олам ишқдан ўзга ҳунари йўқдир
Ё ўзга ҳунардан хабари йўқдир.

Ё сабрим фаслини қоплади хазон
Ё умид ниҳолин самари йўқдир.

Ё очилмас менинг кўзим олдида,
Ё бахт қалъасининг назари йўқдир.

Ё васлинг – одамзод қисмати эмас
Ё толеим қаро, зафари йўқдир.

Ё раҳминг этаги жодуга дўнган
Ё менинг ноламда шарари йўқдир.

Ё отган ўқларинг қадалар пинҳон
Ё кўксим қалқони, қамари йўқдир.

Ё ишқ берган унга омонлик хатин
Ё дилнинг балодан ҳазари йўқдир.

Ё кўзинг кўнглимга қиёматлик дўст
Ё қора шернинг хавф-хатари йўқдир.

Ё хаста дилимга меҳрибон бўлгин
Ё жоним олақол, зарари йўқдир!..

ПАЙРАВ СУЛАЙМОНИЙ
(1899 – 1933)

ЖАЗО МЕНГА

Ишқ мени бемор айлагач, дарду қайғу даво менга,
Бекор уринмагил, табиб, ки бу бир муддао менга.

Бу дарднинг малҳамидан сен ҳамиша ғофил эрурсан,
Оламийларнинг давоси бир дарди бедаво менга.

Висол ғарқ айлагайдир ул ғафлат ичра буткул мени,
Энди ўртар мени ҳажринг, ёниб-куймоқ жазо менга.

Бу қандай можародирким, менинг бошимга тушган пайт,
Қаён бормай, билолмасман, бу олам можаро менга.

Бу ҳажринг доғини қандай сўнгига етказай, айтгил,
Фироғинг ибтидоси, бил, туганмас интиҳо менга.

Гулистон ичра кўрку мушк таратгайсан тиним билмай,
Ҳазин булбул куйи Пайрав каби бўлгай наво менга.

МУҲИДДИН АМИНЗОДА
(1904 – 1966)

ДИЛОЗОР

Чумолига берма озор, дони бордир,
Унинг жисми ичра ширин жони бордир.
(Саъдий)

Дилозор кимсадан ҳамма безордир,
Кўнгли ҳам зулматнинг кўнглидан тордир,
Сўзи заҳар, тилда тикани бордир,
Ундан қоч, нафаси ўлик, мурдордир.
Гулшан ичра сўник хору хасдир у,
Қадрсиз, бир пулга арзимасдир у.

Оғзидан тушмайди аччиқ сўз, пичинг,
Сассиқ гапларидан йўқолар тинчинг,
Тирикликни кўрса ўртанар ичи,
Омонлик йўқ, тили кетганда қичиб,
Дилозордан баттар нокас зот йўқдир,
Дунёда ундан паст мавжудот йўқдир.

Шишага тош отиш – қисмати унинг,
Дашном, жанг, иллати – ҳикмати унинг,
Аччиқ сўз улфати – хилвати унинг,
Ёмонлик – энг «эзгу хизмати» унинг.
Дилни яралар ҳар алами, доди,
Кўнгилни айнитар турқу суммоти.

Юрак шишадан ҳам нозикдир ҳар он,
Нега тош отасан, эй, ўзбилармон,
Нишинг кўнгилларни то айлар вайрон,
Авлодинг одаммас, авлодинг – ҳайвон.
Беозор юракка ким берса озор,
Ҳеч кимга, ҳеч қачон бўлолмайди ёр.

Озор-ла ҳаммани айладинг безор,
Озорингдан бўлак қалбингда не бор?
Уятинг борми, айт, беҳаё, беор?
Ўзингни одам деб билганинг бекор!
Эй, дилозор, айла ақлни пеша,
Бир кун оёғингга ургайсан теша.

РАҲИМ ЖАЛИЛ
(1909 – 1989)

ТО ЖАҲОН БОҚИЙДИР, МУҲАББАТ БОҚИЙ!

Кўнглимиз бир эди, бир-биримиздан
Доим яширардик бир сиримизни.
Гоҳ бир нигоҳ билан, гоҳ бир оҳ билан
Юракдан англардик бир-биримизни.

Мушк атрин яшириб бўлмаган каби,
Бир кун ногоҳ бўлди ишқимиз ошкор.
Маломатни қайдан билсин муҳаббат?
Таъна билан унинг нима иши бор!

Кимдир маслаҳатчи, кимдир дўст бўлиб
Ҳар ким ўз-ўзича маслаҳат берди.
Сенга дерди: «Ушбу хаёлингдан кеч»,
Менга: «Оёғингдан боғланма» — дерди.

Бироқ, тўсолмади ишқимиз йўлин
Ўзгалар таънаси, ўзгалар панди.
Ҳар нечук гапларга қилмасдан парво,
Дил дилга, жон эса жонга боғланди.

Аҳил эдик, ҳавас қиларди ҳамма,
Ишқимиз яшнатган мўъжаз дунёга.
Гоҳ Лайли, Мажнундан ибрат олардик,
Гоҳ сабоқ берардик Вомиқ, Узрога.

Ишқнинг барча қисса, афсоналари
Ишқимизнинг битта парчаси эди.
Ишқнинг саждагоҳи бўлган кўнглимиз
Аҳд-вафонинг очиқ дарчаси эди.

Ногоҳ, сени ютди ажал аждари,
Ишонгим келмади, ютсам-да заҳар.
Имон келтирмадим ёвуз ажалга,
Сенинг ўлимингдан берганда хабар…

То жаҳон боқийдир, муҳаббат боқий,
Шул сабаб, ошиқлар ўлмайди тайин.
Ишқ учун нимадир бир одам умри?
Кетса ҳам, дунёга қайтади тағин.

Букун қабринг узра бош қўйиб дейман:
Содиқман ҳар доим, берган аҳдимга.
Ўзимга ўзга ёр изламасман ҳеч,
Ишқим, пок асрайман сени қалбимда.

Пок жисминг кўзимдан пинҳондир гарчанд,
Тупроқнинг остида – борлиғинг, боринг.
Менинг назаримда, эй, меҳрибон ёр,
Юрагим сандиғи – сенинг мозоринг…

БОҚИ РАҲИМЗОДА
(1910 – 1980)

ШЕЪР

Манзил-маконимнинг чироғисан, шеър,
Тортган азобимнинг сиртмоғисан, шеър.

Ҳамиша сирдошсан қаламим билан,
Огоҳсан кўнглимнинг фироғидан, шеър.

Жамолинг кўрганда ҳар кеча-кундуз,
Юрагимнинг ширин титроғисан, шеър.

Латофат гулшанин чолғусидирсан,
Оҳангимнинг яқин-йироғисан, шеър.

Муроду мақсадим йўлида оққан
Орзу умидларим ирмоғисан, шеър.

МИРЗО ТУРСУНЗОДА
(1911 – 1977)

ОНА ҚАЛБИ

Йиғламоқдан сув бўлса дил, у дил менинг жон, дилимдир,
Кўз ёшига ғарқ бўлса гар манзил, менинг манзилимдир,
Агар осон бўлмаса ҳар мушкил, менинг мушкилимдир,
Дарё мавжи ўпирган ул соҳил, менинг соҳилимдир.

Гарчи шаҳид бўлган фарзанд доғин ёвуз жангда кўрдим,
Гарчи не-не ёт, бағритош савдосин ҳар дамда кўрдим,
чоҳ қазганни чоҳ остида кўрайин деб, умид билан
Ўлмай, кўзим бирла ажал рангин минг хил рангда кўрдим.

Ўлмай, яшаб, мурғагимни асраб, умр ато қилдим,
Тўй кечаси кўзларимдан қувонч ёшин раво қилдим,
Кўз ёшларим маржон каби тизилганда, маржонларни
Келинларга ҳадя айлаб, оналардай дуо қилдим.

Тоқатим йўқ ғамга, фарзанд доғин бошқа кўрмай сира,
Куйдириб кул айлагувчи ёнғин бошқа кўрмай сира,
Етим қолган гўдакларнинг оҳин бошқа кўрмай сира,
Одам умрига етган хавф чоғин бошқа кўрмай сира!

Шоир шеърларини мана бу саҳифада мутолаа қилинг

МИРСАИД МИРШАКАР
(1912 – 1993)

КЎНГИЛ – ОРЗУ ЖАҲОНИ

Кўнгил ўлмайди…
Мен ўтиб кетсам ҳам,
У – ҳаёт кўкида қуёшдай мангу.
Оқил ва донишманд зотлар кўксидан
Жой олган умидга ёруғ Ватан у.

Дилбарлар, дилдорлар сиргоҳи – кўнгил,
Кўнгил – шодлигимиз, қайғумизга ёр.
Олам хазинаси – ҳаёт ва ишқни
Ҳар кун ва ҳар тунда айлаган бедор.

Орзу билан армон тан билан жондир,
Кўнгил калитидан очилар армон.
Кўнгил орзуники бўлса-да, бироқ,
Армон қўлида у таслим этар жон…

ҲАБИБ ЮСУФИЙ
(1916 – 1945)

БУ ЕР БУНЧА ГЎЗАЛ, БУНЧА ЧИРОЙЛИ!

Эй, ёр, ишқинг билан ўртанганим рост,
Кўнгил иши жуда қийиндир, аммо,
Сенинг чексиз меҳринг қўллади мени,
Юрагимда иқбол бўлди ҳувайдо.

Минг раҳмат, чидади озурда юрак,
Хатарли йўлларнинг ёмғир, қорига.
Тўсиб турган не-не тоғларни тешиб,
Келтирди ўзини ёр диёрига!

Юрак келган йўлдан бир зум назар сол,
Қара, қанча қийин, қанчалар қаттиқ.
Бу йўл бунча олис, бунчалар узоқ,
Бир ҳаёт умрининг йўллари янглиғ?!

Ажратиб турарди бизни саҳролар,
Тўсиб турган эди баланд тоғ, дарё.
Бироқ, меҳринг қўллаб, ўша йўлларни
Босиб ўтди юрак беун, бепарво!

Эй, ёр, биз биргамиз, манзилимизнинг
Осмони чароғон, қуёшли, ойли!
Иккимиз кўнгилнинг гулшанидамиз…
Бу ер бунча гўзал, бунча чиройли!

АБДУЖАББОР ҚАҲҲОРИЙ
(1924 – 2009)

ЮРАК ВА УМИД

Умидни парвариш айлаган юрак
Нафис гулдон каби нозик ва майин.
Ўша қалбда умид гул ғунчасидай
Ноз пардаси ичра бурканар тайин.

Ҳар тонг чоғи нозик ғунча қуёшдан
Бир зарра нигоҳни кутар интизор.
Қуёш унга боқса табассум билан,
Ўша кун ғунчага бахт бўлади ёр.

Ўша кун юзини очади ғунча,
Очилиб кетади унинг чиройи.
Булбуллар ёнига ўтириб шодон,
Шўх навоси билан бошлар хиргойи.

Fунчани парвариш айлаган гулдон
Кун сайин очилар фахрга тўлиб.
Уни қай бир нокас қўлига олса,
Очилмаган ғунча қолади сўлиб!

МУҲИДДИН ФАРҲАТ
(1924 – 1984)

ЗАМОН ОРЗУСИ

Нечун ухламади бу тун шамол ҳам,
Ким унинг қулоғин буради маҳкам?

Ким ўжарлик билан айлади фиғон,
Ким у, дардин эта олмаган пинҳон?

Баъзан деразамиз тагида туриб
Юрагин бўшатди ўтли оҳ уриб.

Эҳтимол, дардига чора бор, бу дам
Шошайлик биз унга бергали ёрдам.

Гоҳ ҳовлида чопди олдинма-кейин,
Ҳар томонга нола айлади эзгин.

Балки, бирор жойга овози етиб,
Кимдир мадад берар, унга раҳм этиб.

Гоҳ тубсиз уммонга бош урди қаттиқ,
Гоҳ бўкирди ваҳший бир тўлқин янглиғ.

Таскин топсин дея дардлари бутун,
Золимнинг адабин бермоқлик учун!

Югурди, югурди, югуриб кетди,
Ким билар, югуриб қайларга етди?

Оқибат чарчади, шалпайиб толди,
Патюлуқ товуққа айланиб қолди.

Тонг чоғи тугади югур-югури,
Юзидан тўкилди қуёшнинг нури.

Жаҳон тинч, осуда бўлди роҳатбахш,
Ер билан осмонга қувонч солди нақш.

Шамоллар бўғзида қолмади фиғон,
Замон орзусидан қолганда нишон.

АБДУМАЛИК БАҲОРИЙ
(1927-2010)

ЯХШИ ҚОЛ

Жуда узоқ-узоқ суҳбат қурдик биз,
Юлдузлар осмонни ёритганда лол.
Эртага кетарман ушбу макондан,
Хайр, кўришгунча, жоним, яхши қол.

Ишқингни қалбимда асрайман, гарчанд,
Сендан олисларга кетмоғим маҳол.
Иш, таҳсил орзиқиб кутмоқда мени,
Хайр, кўришгунча, жоним, яхши қол.

Вақтимни беҳуда сарфламай туриб,
Мақсадимни қўлга киритгум дарҳол.
Йўлим шарафлидир, олис бўлса ҳам,
Хайр, кўришгунча, жоним, яхши қол.

Юртимни ҳимоя қилмоқ йўлида
Сен каби содиқман, топмасман завол.
Менга тез-тез хатлар ёзиб тургин сен,
Хайр, кўришгунча, жоним, яхши қол!

ГУЛЧЕҲРА СУЛАЙМОНИЙ
(1928-2003)

ОНАМГА

Онагинам, эй, ғамгусорим,
Бу ҳаётда бойлигим-борим,
Куч-қудратим, қурбим, мадорим,
Менинг боғим, менинг баҳорим,
Онагинам, эй, ғамгусорим.

Фидо бўлай сенинг номингга,
Лойиқ бўлай эҳтиромингга,
Ёғду бўлай ғариб шомингга,
Муродимсан, мақсадим, зорим,
Онагинам, эй, гамгусорим.

Ҳаммадан ҳам ўзинг яхшисан,
Гўзалликнинг гўзал нақшисан,
Орзуларнинг оташ бағрисан,
Ори борим, обрўйи борим,
Онагинам, эй, ғамгусорим.

Чироқ ёнган кўнглим хонаси,
Қувончимнинг ҳур замонаси,
Байтларимнинг хуш таронаси,
Ёлғизимсан, қалбимга ёрим,
Онагинам, эй, ғамгусорим.

FАФФОР МИРЗО
(1929-2006)

ЯЛПИЗ

Лола машҳур бўлди ол ранги билан,
Кўксида қора доғ берарди жило.
Икки хил ранг эди бори-бисоти,
Ватани тоғ эди, аждоди гиёҳ.

Дерлар, Худо бергай, бераман деса,
Кимсан, қайдансан деб сўрамас ҳеч вақт.
Хуллас, лолага ҳам қай бир баҳорда
Насиб этди шундай ҳавойи бир бахт.

Уни тоғдан узиб келтирди одам
Ва ўтқазди боғи ичра бир куни.
Ўзин «сен»ласа-да, лолани «сиз»лаб,
Ардоқлаб парвариш айлади уни.

Ҳар баҳор келганда одамзод қўли
Унга турфа ранглар айлади инъом.
Лола топди одам қўли туфайли
Ҳусну жамол, фахр, иззат-эҳтиром.

Уч юз хил товланиб ёввойи гиёҳ,
Шуҳрати ёйилди еру осмонга.
Инсоний камолот унга бўлди ёр,
Мавзу бўлди не-не қўшиқ, достонга.

Лоладан каммасди ялпиз ҳам, бироқ,
Бир хил эди, қолди бир хил бўлиб хос.
Фақат, айби шудир, гулбозлар кўзи
Унга ўз вақтида тушмади, холос.

АШУР САФАР
(1928-1997

***

Қайғулар жисмимни адо қилдилар,
Беғамлар менга ғам ато қилдилар.

Азоблар тинкамни қуритди буткул,
Тоқату йўлимдан жудо қилдилар.

На султонман ва на султонга тобе,
На унга, на бунга раво қилдилар.

Қулоғимга келар ғойибдан овоз:
«Одоб»ла одобни сазо қилдилар.

Ёлғончилар ёлғон ичида қолиб,
Иблисни ўзига даҳо қилдилар.

Кўп гап эшакка юк бўларин билмай,
Нодонлар амални расво қилдилар.

Оёғимга кишан солиб нолалар,
Атрофимда девор пайдо қилдилар.

ФАЙЗУЛЛО АНСОРИЙ
(1931 – 1980)

ЯПРОҚ

Новдалар барг ёзди,
Баҳорда сувлар
Боғу экинзорга оқди энтикиб.
Тонг чоғи эсарди ёқимли шамол,
Қирлар, тоғу тошлар бағридан чиқиб.

Ватаним тоғи бу…
Қир-адирларнинг
Этагин гул-чечак тўлдирган чоғлар,
Гўзал бир манзара қўйнида туриб
Янада шукуҳли кўринган тоғлар…

Кузак кириб келди, ёз фасли ўтиб,
Мен эса ўзимча сурардим хаёл.
Ногоҳ катта йўлнинг муюлишидан,
Йўл эмас, тўқайдан эсди бир шамол.

Бу тўқай қачондир сайргоҳ эди,
Одамлар кезарди кеча-кундузи.
Мен уни таърифлаб шеърлар битардим,
Сарғаймаган эди ўшанда юзи.

Кечикиб бўлса-да, келди кеч кузак,
Тўкилиб кетарди япроқлар бари.
Шамол тўкиб кетган япроқлар юзин
Қопларди йўл бетин чанг-ғуборлари…

Ҳаёт боғидаги умрим ниҳоли
Баргин йўл бетига тўколмас шамол.
Қалбимда яшнайди меҳр япроғи,
Унинг номи – Ватан,
Мангу безавол!

МАВЖУДА ҲАКИМОВА
(1932 – 1993)

ЯПРОҚ

Баҳор фасли эди, бир ям-яшил барг
Қарор топди баланд шох узра дарҳол.
Шўх шабада келса, ҳилпирар эди,
Баланд шохнинг яшил кўйлаги мисол.

Ошиқ қарагандай маъшуқасига,
Тонг чоғи қуёшга ташларди назар.
Кўрку чирой, нозу ғурури билан
Боғда давр сурди кузакка қадар.

Куз келиб, ногаҳон эсган шамолдан
Беҳол қанот қоқиб, ерга йиқилди.
Қайғули оҳ тортиб, сарғайиб ранги,
Баланд шохга шундай бир нола қилди:

«Баҳор келиб, менинг ўрнимга тағин,
Сенга кўйлак бўлар янги барг, чин бу.
Вужудингни қоплар мен каби, аммо,
Менинг оҳангимда куйлармикин у?..»

МЎМИН ҚАНОАТ
(1932 йилда туғилган)

ОНАЛИК МЕҲРИ

Ижодимнинг илк ой-йиллари эди…
Бир лаҳза ёдимдан чиқмайди сира.
Сувнинг юзидаги қуёш аксидай
Кўриниб туради синиқ ва хира.
Гўдак эдим, бешик тўшагим эди,
Бешигим эди бу чайқалган олам.
Шу ер эди менинг емак-ичмагим,
Шу ер эди минбар ва меҳробим ҳам.
Шу ерда, бешигим бошида бедор
Онагинам тунда аллалар айтиб,
Тонг чоғи жилмайиб бошим устида,
Меҳрибон қуёшдай чиқарди балқиб.
Ундан эшитганим оҳанг навоси
Гўдаклик тилида янграр ҳали ҳам…
Бора-бора менга тор келди бешик,
Тош қотган пойгоҳга қўйдим илк қадам.
Қўл чўздим, бир қўлим ҳавода қолди,
Онам тағин тутди битта қўлимдан.
Шунча нотавонлик, ожизлик билан
Бир амаллаб турдим ётган ўрнимдан.
Турдим, кўрдим: Кўзим тушмади бир тонг,
Қолмаганди порлоқ меҳримдан асар.
Кўзларим тўрт бўлиб ахтардим уни,
Унинг тимсолини топдим бир саҳар.
Юксак-юксаклардан жилмайиб, кулиб,
Қуёш чиқиб келар бу тонг оҳиста.
Меҳримдай нурафшон бўлса-да гарчанд,
Бағримдан, бошимдан эди олисда…

Шоир шеърларини мана бу саҳифада мутолаа қилинг.

ҚУТБИ КИРОМ
(1932 – 1995)

ОНА

Аста ботиб кетар бағрингга қуёш,
Нигоҳингда кезар булут парчаси.
То ҳануз кўзларинг теварагини
Ўраган юлдузли осмон ҳалқаси.

Жон-жигаринг қабрин зиёратига
Келдинг Зарафшондан Волгага қадар.
У дўстлар сафида ухларди гўё,
Сенинг келишингдан қолиб бехабар.

Ўзингни қабрига ташлаб, бир нафас
Тўсдинг қуёш балқиб турган самони.
Куймасин дедингми куйган вужуди,
Қолмасин дедингми азобда жони?..

Интизор юрагинг ишонмас ҳамон,
Тупроққа беланди қошларинг майин.
Унинг мотамида йиғлади осмон,
Сен каби бағрига олди бу замин.

Аччиқ кўз ёшингни тийиб, ўртаниб
Оҳ-фиғон айладинг ич-ичингдан жим.
Тупроқ қолмасин деб қон гирдобида,
Fарқ бўлмасин деб кўз ёшингга ҳеч ким…

УБАЙД РАЖАБ
(1932 -2004)

МЕРОС

Ўтган-кетганларнинг бу насиҳати
Ёдим, қулоғимдан чиқмас ҳеч маҳал:
Хулқ-одобинг баланд, бошинг хам бўлсин…
Шу икки ҳикматга қиламан амал.

Тўғрилик заволга юз бурмагай ҳеч,
Мардларнинг хислати, зийнатидир бу.
Ҳаётимга мазмун бахш этган ўшал
Ростлик, қолаверса, виждон амри-ку.

Оёғим заминдан узилмасин деб,
Оёғимни ерга қадайман маҳкам.
Мен хато йўлларни кўрмасман раво,
Ўзим тугул, ҳатто, ўзгаларга ҳам.

Қаерда ўтириб-турмай, ҳар лаҳза
Ўз ўрнимни билиб, ҳаддан ошмадим.
Ҳурматимни билиб, оёқ остига
Қараб юрдим, бежо қадам босмадим.

Одамлардан ҳаргиз ахтармадим айб,
Fийбатчи эмасман, бундан кўнглим тўқ.
Катта тишласам-да нонни, луқмани,
Ҳеч қачон мен катта гапирганим йўқ.

Шодлигимга шерик бўлганлар билан
Мен ҳам қувончимни кўргайман баҳам.
Fамин едим, кимнинг бор бўлса ғами,
Додин бердим, кимки берган бўлса ғам.

Кимнинг оёғига қадалса тикан,
Суғурдим мен уни кипригим билан.
Номардларга асло тан бермагайман,
Менга тан берганга мен ҳам бердим тан.

Гарчанд, чўққиларни этолмадим забт,
Гарчанд, кетди азоб жонимга тегиб.
Бироқ, юз бурмадим чўққилардан мен,
Таъзим бажо этдим, бошимни эгиб.

Мен юрган йўлимдан қайтмасман, ахир,
Ботирлар ҳеч қачон қайтмас изидан.
Олдинга интилмоқ керакдир, зеро,
Йўл қисқадир, узун кўринган билан.

Ота-боболарнинг панд-насиҳатин
Ёдим қароғида айладим эъзоз.
Мендан кейин қолар болаларимга,
Менга боболардан қолган шу мерос.

АМИНЖОН ШУКУҲИЙ
(1923 – 1979)

МЕНИ СЕН УНУТИБ ЮБОРДИНГ, ФАҚАТ…

Мактубимни ўқиб ўтирибсан жим,
Саволга ҳожат йўқ, тугади бари.
Балки, аллақачон унутгандирсан,
Мени, бир туш ёки хаёл сингари.

Ўтган кеча, бир пайт иккимиз юрган
Ўша сўқмоқларда, йўлларда юрдим.
Сени ўйлаб, ўша дарахт остида
Ва ўша анҳорнинг бўйида турдим.

Анҳорнинг сувида, ўшандагидай
Ўша юлдуз акси эди намоён.
У юлдуз ишқимиз рамзи эканин
Ҳар бир ишорангда қилардинг аён.

Эсингдами, бир тун иккимиз бунда
Нималар демадик гоҳ шўх, гоҳ сокин.
Юзимга урардинг эркалик билан,
Ўшанда, синдириб райҳоннинг шохин.

Улғайган дарахтлар ва ёришган ой
Менга ўз саломин йўллайди зимдан.
Бу сўзни айтишнинг ҳожати йўқдир,
Улар мени танир болалигимдан.

Менга диёримнинг суви, ҳавоси
Қучоғини очди беҳад, беадад.
Барча орзуларим менга ҳамроҳдир,
Мени сен унутиб юбординг, фақат.

Менга қараб эсган майин шабада
Бир умид атрини таратар хушҳол.
Сочингдай эгилар бошим устида,
Нозу ишва билан бир туп қора тол…

ОЗОД АМИНЗОДА
(1933-2009)

САЖДА

Юрагим лиммо-лим чексиз меҳрингга,
Ватан, еринг обод, бағринг тўла гул.
Онам ҳиди келган оғушинг ичра
Кулфату ғамлардан фориғман буткул.

Мен парвоз айладим кенг осмонингда,
Каптар қанотига куйим айланди.
Ҳар ерда тинчликни айладим шиор,
Сулҳпарвар диёрнинг бўлиб фарзанди.

Кўнглим кўзи билан олис-олисдан
Томоша қилдим соф булоқларингни.
Хаёлан ёввойи гиёҳлар тердим
Кезиб ўшал барқут тош-тоғларингни.

Юрагимда меҳринг, тилимда номинг,
Нигоҳимда чеҳранг яшайди бедор.
Қонимда кезади фахринг қатраси,
Этагимда тенгсиз хокинг гарди бор.

Ватан, қайга бормай, оринг, обрўйинг,
Ҳатто, бир заррасин айламадим кам.
Ҳар касу нокаснинг қошида асло,
Бу мағрур бошимни қилмагайман хам.

Fазал ўқиб келдим қошингга тағин,
Салом, она юртим, мусаффо бағир.
Умрим бўйи ҳуснинг ва чиройингдан
Оламга афсона сўйладим бир-бир.

Бутун борлиғингни иссиқ бағримга
Босиб, борлигингни этмоқдаман ҳис.
Бир умр дилимда орзулар порлаб,
Оёғингни ўпиб, мен чўкаман тиз!

МАСТОН ШЕРАЛИ
(1935 – 1988)

МЕНИНГ ЙЎЛИМ

Азим дарёнинг бир қатраси бўлсам,
Яшнаган қирғоқда топарман қарор.
Ҳеч кимдан эътибор этмасман талаб,
Кўнгилда дўстларга эътиборим бор.

Бир зарраси бўлсам порлоқ қуёшнинг,
Бир манзилга тинмай ёғдираман нур.
Шам каби ёнаман, севишганларнинг
Айрилиқ шомини ёритиб масрур.

Жарликка ўзимни итармагайман,
Катта йўлнинг битта сўқмоғи бўлсам.
Мен аввал ўзимни манзилга элтиб,
Сўнг даъват этаман ўзгаларни ҳам.

Хирмондан бир урвоқ бўлсам мен агар,
Бир лаҳза бўламан чумолига дон.
Томир ёйсам тағин қай бир манзилда,
Уруғлар танига бағишлайман жон.

Ким бўлмай, тупроқдан яралгандирман,
Эмасман хоксорлар йўлидаги тош.
Бу ҳаётда сўзим, амалим билан
Ҳолим айлар менинг кимлигимни фош.

Ким бўлмай, бир ерга жам хонадоннинг
Битта бўлагиман, қуёшдай бедор.
Ўша паноҳида асради мени,
Ардоқлаб,
ўстириб,
суйиб умидвор.

Ушбу умидни деб келдим, учқундан
Чиқарайин дея олов, аланга.
Ҳар ерда, ҳар нечук вайрон манзилни
Айлантирмоқ учун гулгун чаманга.

Ушбу ният билан дунёга келдим,
То уйим аҳлидан кўнглим бўлсин тўқ.
Ким бўлмай, урвоқми, қатрами, нурми…
Менинг ушбу йўлдан бошқа йўлим йўқ!

БОЗОР СОБИР
(1938 йилда туғилган)

МЕНУ СЕНУ ОЙ

Мен, сен, ой турибмиз ёлғиз ва ёлғиз,
Ишқимизга ой нур таратар бу тун.
Бу тун заррин сувга буркаб, бурканиб
Ишқ чарақлаб кетар,
Сачратиб учқун.

Ҳаво енгил, осмон боқар мулойим,
Ўйлар – нозик, майин – дил наволари.
Вужуддан таралар ишқнинг чиннидай
Нозик садолари,
Ишқ садолари.

Кетамиз ойдин ва қисқа тун ичра
Биз ойнинг ортидан, ой ортимиздан.
Мен, сен ва ой кетган йўлнинг ярмида
Тонг отар,
Овози келар олисдан.

Ой кетар, кетамиз биз ҳам қайгадир,
Ойга ҳамроҳ бўлиб кетамиз олис.
Кетамиз, етамиз айрилиққача…
Ишқ қолар,
Ишқ қолар,
Ишқ қолар ёлғиз…

МЕҲМОН БАХТИЙ
(1940 йилда туғилган)

ҚУЁШНИНГ БАЛҚИБ ЧИҚИШИ
Манзумадан парча

Рум Мавлоси(Мавлоно Жалолиддин Балхий)га бағишланади

Эй, Мавлавий ҳазратлари,
Огоҳлигимиз сарвари!
Тош сенга кўзгудир, ахир,
Эй, сен басирлардан басир.
Етти қат дил кўкидаги,
Эй, қалб қуёшин меҳвари!
Ишқ аҳли ичра энг баланд,
Ишқ аҳли ичра бекаманд!
Ҳақ ёридирсан, ҳақпараст,
Ҳақ ишқи бирлан маст-аласт.
Озод бу дунё ҳирсидан,
Обод у дунё ишқидан,
Ҳар қалбда мавжудсан тайин,
Оҳангимиздирсан майин!

* * *

Сенга турк, тожик, араб шайдо эди,
Ошикорлик ичра сир пайдо эди.
Қалб ғараздан покиза ҳам эзгудир,
Барча мазҳаб-чун тиниқ бир кўзгудир.
Етти иқлим ичра ҳар иймонли зот
Ушбу сўзни тилга олгай бот-бот:
— Ҳазратим, эй, сен художўй, эй, расо,
Ерда ул осмонни кўрган раҳнамо,
Сен улуғлик лафзида суҳбат қуриб,
Етти осмон излаган ерда туриб,
Айланар ер, коинот сарвар дея,
Ҳаққа ишқ қалб ичра ҳақпарвар дея.
Меҳру ишқ мангу, омондир бош агар,
Бул башорат ҳар кима лозим бадар.
Бул башорат ҳар қулоқни қопласин,
Бул ҳарорат ақлимизни тобласин.
Ул келар кўкдан тушиб ер бағрига,
Дилрабо, дилкаш бўлиб дил қаърига.
Дарли ҳар қалблар унинг маъвосидир,
Ул жаҳон ҳам охират маъносидир.
Сидқ йўли бирлан вафо ҳамроҳ келар,
Чолғу бирла ҳар наво ҳамроҳ келар.
Ишқ билан сархушу маст Устозимиз,
Эй, жилодан жилвалик, мумтозимиз!
Мангу – умринг, шубҳасиз, Мавлойи Рум,
Икки оламда азиз, Мавлойи Рум!

Манзума яқин кунларда тўлиқ тақдим этилади.

FОЙИБ САФАРЗОДА
(1940 – 1972)

ТОШ БЕШИК

Юртим тоғ-тошининг ҳиммати баланд,
Саховатли эрур қадимдан-қадим.
Тоғлар хазинадир турган-битгани,
Бундан салобатли бир юрт кўрмадим.

Тошларга жуда кўп қоқилганман мен,
Неча бор йиқилиб, қўзғалдим бардам.
Қалбдан нидо чиқди: Ортингга қайтма,
Қўрқмагил ҳеч қачон тош тўсиқлардан.

Мен дунёга келган пастқам кулбанинг
Тому деворлари тош эди, аммо,
Шу маконда, тошлар менга ноаён
Тоқатни жисмимда айлади пайдо.

Гоҳ йиғим-терим, гоҳ ором олганда
Менга ёстиқ бўлган қаттиқ тош бети.
Тоғларнинг тош қотган сукунатида
Куну тун бешигим тебранар эди…

ҲАДИСА ҚУРБОНОВА
(1940 йилда туғилган)

ҚАЛБ

Айт, нечун жонимни бунчалар эздинг,
Эй, бечора қалбим, дардга ёр оҳим?
Ўз ҳақингда бир сўз демайсан нечун,
Эй, тиним билмаган жароҳатгоҳим?

Сен вужудга доим кўз-қулоқдирсан,
Дунёга келган ҳар нафасга надим.
Бир лаҳзалик ором излайсан толиб,
Ҳар сўздан сен паноҳ ахтарасан жим.
Дунёда бўлмасанг, айт, нима қолар,
Бўлмасанг, қайдадир оҳанг ва сурур?
Сендан ўтар буткул оламнинг меҳри,
Сен биландир ушбу дунёдаги нур…

Сен яшай оласан кўзсиз, оёқсиз,
Яшайсан қўл, тилинг бўлмаса ҳам жим.
Дунёда бўйраксиз одамлар кўпдир,
Бироқ, сенсиз яшай олмайди ҳеч ким!

Сен жимсан, сен жимсан, ғамгинсан, эй, қалб,
Эй, гўзал ва жимжит жаҳоннинг қаъри.
Вужудингдан ўтиб кетар ишқ, вафо,
Қўрқув, титроқ, меҳр, нафратлар бари…

Шунчалар вафодор бўлганинг билан,
Кулфат ёғилса ҳам бошингга бесас,
Учқурсан, харсанглар устида отдай,
Гарчи вужудинг – қон, темирдан эмас.

Сендай дўст топилмас ушбу дунёда,
Ўзинг вафодорсан қадимдан-қадим.
Мўъжаз, муштдеккина бўлсанг-да гарчи,
Сендан буюкроқ бир маъво кўрмадим.

Сен менга бирор сўз демайсан нечун,
Жўшқин денгиз каби кўтаргин туғён.
Кулфатлар бошингга ёғар ёмғирдай,
Сен нечун жимгина ютаяпсан қон?!..

ЛОЙИҚ
(1941 – 2000)

***

Ишқ аввали – баланд, бепоён осмон,
Ишқ охири – ботқоқ, дунё – қоронғу.
Ишқ аввали – ёш ва қайноқ орзулар,
Ишқ охири – қариб, кексайган орзу.

Ишқ аввали – қўллар ёрнинг бўйнида,
Ишқ охири – қўллар қўлтиқда бари.
Ишқ аввали – нигоҳ ёрга юзма-юз,
Ишқ охири – боқар юзсизлик сари.

Ишқ аввали – кокил узра гул-чечак,
Ишқ охири – бир боғ хору хас, сўник.
Ишқ аввали – тенгсиз дунё эгаси,
Ишқ охири – эссиз, эгасиз ўлик.

Ишқ аввали – мардлар тўнин кийган лоф,
Ишқ охири – номард тўқиган туҳмат.
Ишқ аввали – дилда лаззатли азоб,
Ишқ охири – дилда ўртанган ғурбат.

Ишқ аввали – лабда эриган бўса,
Ишқ охири – аччиқ, шўр босган кадар.
Ишқ аввали – дийдор нашъу намоси,
Ишқ охири – ҳижрон тутқазган заҳар.

Ишқ аввали – гулга бурканган баҳор,
Ишқ охири – хазон фасли, хиёнат.
Ишқ аввали – илк бор яралган дунё,
Ишқ охири – қойим бўлган қиёмат.

Шоир шеърларини мана бу саҳифаларда ўқинг: (1) (2) (3) (4) (5)

ШИРИН БУНЁД
(1941- 2011 )

БИР ЧОЛ МЕНГА ДЕРДИ…

Сен босиб ўтган йўл қисқадир ҳали,
Босиб ўтмаган йўл – қатор ва қатор.
Катталар олдида гўдаксан ҳануз,
Ҳали олдда не-не муҳтожликлар бор.

Зинҳор нолимагин йўл азобидан,
Сенга ҳамроҳ бўлсин сабр-бардошинг.
Урилсин, тоғларнинг шўх дарёсидай,
Бир тошга оёғинг, бирига бошинг.

Ўзингни аяма, шишадай кўнглинг
Пўлатни синдириб айласин чил-чил.
Токи, ўз нафсингни синдириб, бир кун
Шайтон бўйнини ҳам синдира олгил.

ҲАҚНАЗАР FОЙИБ
(1943 йилда туғилган)

СЕН БЎЛМАСАНГ…

Сен бўлмасанг, дард-ғамим мушкил бўлар,
Олам ичра оламим мушкил бўлар.

Fамларим ортиб, бўлар кам шодлигим,
Сен бўлмасанг, кўп-камим мушкил бўлар.

Ҳар дамим қад ростлагай ой-йил каби,
Ҳар нафас, ҳар бир дамим мушкил бўлар.

Гоҳ-гоҳ бўғзимда бўзлайди йиғи, йиғи,
Кўз ёшим, кўзда намим мушкил бўлар.

Fуссалар қадрдонимга айланиб,
Шодиёнам, мотамим мушкил бўлар.

Бор эди Жамшид жоми базм аро,
Даврада Жому Жамим мушкил бўлар.

САЙИДАЛИ МАЪМУР
(1944 йилда туғилган)

ҲАҚҚУШ

Қурбақалар сайрамоқда,
Аҳён-аҳён Ҳаққуш ҳам…
Сўҳроб Сипеҳрий.

Ҳаққуш, куйингга зор, беморман букун,
Қурбақа сайрайди билмасдан тиним.
Товушинг бунча паст?!
Ўртаниб ёнар,
Жонбахш овозингдан айрилган дилим.

Ҳаққуш, ҳақиқат йўқ, ҳовуз булғаган
Сассиқ қурбақага булоқда не бор?!..
Овозингни бўғиб, шовқин солган ул
Қурбақабоқарлар айлади безор.

Ҳаққуш, қурбақалар садоси ўчсин,
Баланд овоз билан чақирганингда.
Fамгин юракларни ғамдан қутқариб,
Олис кетма бир зум яқинларингдан…

ҲАБИБУЛЛО ФАЙЗУЛЛО
(1945 – 1980)

ВАТАН

Қанча катта, улкан бўлмасин Ватан,
Кўксимдан жой олган юрак сингари.
Қон томири янглиғ, қалбимдан гўё
Дарёдай, йўл олган саҳролар сари.

Шеъримнинг сатридай тўлқинлар сафи
Дафтарим юзига тизилгай қатор.
Тоғлари тик турган посбон мисоли
Кўнгил эшигини қўриқлар ҳушёр.

Кўксим ичра ором олмоқда гўё
Жон фидо айлаган аскарлар бари.
Тупроқнинг бағрида ётса-да улар,
Юракда тирикдир хотиралари.

Кўксим ичра тоғу саҳро олган жой,
Кўксим ичра ўсар чексиз ўрмонзор.
Қалбимда тоғликлар кўтаргандир қад,
Кўксимнинг ичида ярим дунё бор.

Қанча катта, улкан бўлмасин Ватан,
Кўксимдан жой олган юрак сингари.
Қон томири янглиғ қалбимдан гўё
Дарёдай, йўл олган саҳролар сари.

ГУЛНАЗАР
(1945 йилда туғилган)

МАЙСА КИПРИГИ

Тағин қабринг узра турибман маҳзун,
Хаёл болаликка етаклар яна.
Гўдакликнинг ёруғ диёрида сен
Бор эдинг, қувониб чорлардим:
— Эна!..

Ўттиз йилдан буён ўртанаман жим,
Кўнгли тўлиб кетган соқовдай ночор.
Болалигим ўтди, сенсиз улғайдим,
Сенсиз сўз таъмини туйдим умидвор.
Ва мени тинглашди ногоҳ, воажаб,
Мени эшитдилар сўйлаган вақтим.
Баъзан, шовқин-сурон кўтарди улар,
Баъзан, бир даста гул этишди тақдим.
Аммо, тилим
Ўтган ўттиз йил ичра
Битта сўз қурбига эмасди эга,
То тили чиқмаган гўдаклигимда
Сени чорлагандай чорласам:
— Эна!..

САФАРМУҲАММАД АЮБИЙ
(1945 йилда туғилган)

ТУЛПОР

Ҳар гал отам саман отини ниқтаб,
Тоғлар орасида кетарди ўзиб.
Саҳро шамолидай еларди оти,
Ёл-думи шаршара мисоли тўзиб.

Мен ҳам шу заҳоти ёғоч отимни
Ниқтардим, ортидан етмоқ завқида.
Югурганим билан от устида мен
Қолиб кетар эдим унинг чангида.

Эртадан кечгача ялангликларда
Отамни излардим отимни миниб.
Тополмай қайтардим…
Тонгда бағримдан
Топардим, кўз ёшим қолганда тиниб.

Дер эдим, отамнинг отини олиб:
— Отингни менга бер, сен отимни ол!
У майин жилмайиб, шундай дер эди:
— Вақти келиб қолар,
ўғлим, тушақол…

Бир кун ўз-ўзидан алмаштирди у
Эгарсиз бир отни учқур отига.
У кетди ёғоч от миниб…
Йиғладим
Саман отдан қолган эгар бошида.

САЙИДАМИН ЖИЛО
(1945 йилда туғилган)

***

Бўлди қалб эриб адо, бехабар қолдинг,
Fамга бўлдим мубтало, бехабар қолдинг.

Дедим, гар додимга етсанг дод этай,
Менга бул сўнгсиз жазо, бехабар қолдинг.

Жон ниҳолинг истагай ёр васлини,
Бўлди ҳижрон ошно, бехабар қолдинг.

Бебақо хокинг букун сийм бирла зар,
Бўлди ишқ бир кимиё, бехабар қолдинг.

Етмадинг қадрингга, ишқ қадрига ҳам,
Орзулар бўлмиш фано, бехабар қолдинг.

Жондайин эрдинг яқин бизларга сен,
Қолди қалбинг бе Жило, бехабар қолдинг!..

АСКАР ҲАКИМ
(1946 йилда туғилган)

ИЛТИЖО

Тонг чоғи ҳовлида гуллаган бодом
Булбулни уйқудан уйғотар доим.
Шу бир гул шохини қаттиқ совуқдан
Ўзинг паноҳингда асра, Худойим!

Наволар тўлдирар даштни, попишак
Дарахтни чўқийди, оғрийди жоним.
Лочин чангалидан чаман навосин
Ўзинг паноҳингда асра, Худойим!

Чумоли тортган юк – ўзидан оғир,
Йўлида учрайди маст, ҳушёр, золим.
Уни ушбу йўлда кўру басирдан
Ўзинг паноҳингда асра, Худойим!

Аёллар, болалар оч қолмасин ҳеч,
Эрлар рус юртига кетса ночор, жим.
Ватанга қайтмасин тобут ичра у,
Ўзинг паноҳингда асра, Худойим!

Қалам тебратаман, гарчанд, фойда йўқ,
Қувондим ёш қалам бўлганда қойим.
Унинг ҳасад билан боққан кўзидан
Ўзинг паноҳингда асра, Худойим!

Озурда бўлса ҳам озор бермаган,
Дард қадрин англаган юракдир жойим.
Бахилни атамай ҳимматли зот деб,
Мени паноҳингда асра, Худойим!

Бу беғам оломон ичра кимнингдир
Жонида ўт ёнса мунглиғ, мулойим,
Юрагида олов сўнмасдан туриб,
Уни паноҳингда асра, Худойим!

Ўзимни ягона атамасман ҳеч,
Аммо, ягонадир ёрим, Ҳумойим.
Жонимни қўлига топширгунгача,
Уни паноҳингда асра, Худойим!

НУРМУҲАММАД НИЁЗИЙ
(1946 йилда туғилган)

***

Очиқ даргоҳимсан, эй, дўст,
Жонга ҳамроҳимсан, эй, дўст.

Хаёлимни босмагай ғам,
Гар пок хаёлимсан, эй, дўст.

Гуноҳ қилсам кечиргайсан,
Тавбаю зоримсан, эй, дўст.

Илму амалим боғида
Гулу гулзоримсан, эй, дўст.

Ишимнинг боши сен эдинг,
Сўнгги маконимсан, эй, дўст.

Менга ётдир, сенга ётмас
Ёрим, сен ёримсан, эй, дўст.

Гарчи, сендаман, мендасан,
Пинҳон-ошкоримсан, эй, дўст.

Мен сендан балқиган Нурман,
Кони анворимсан, эй, дўст.

ГУЛРУХСОР
(1947 йилда туғилган)

САККИЗИНЧИ ОСМОН

Сазойимсан,
Жазойимсан,
Муҳаббат,
Сени жазо янглиғ тиладим қачон?
Қишнинг совуқ, узун кечаларида
Ҳамроҳим бўлгин деб сўрадим чунон!
Дардим
саккизинчи осмони,
ишқим,
Мен сени Худодан тилаган эдим!

Қабул бўлган ҳижрон дуоси бўлиб,
Ахир, осмонлардан келдинг сен ҳар гоҳ.
Юзлаб очиқ-ёпиқ эшиклар ичра
Кошонам эшигин айладинг пайдо.
Қўшиқдай
Хилватдан айладинг айро,
Пинҳон эдим,
Мени этдинг ҳувайдо.

Жола деб атайсан, маломат ўқи,
Гарчанд, бошимиздан ёғиб турса гар.
Сен ғойибдан келдинг,
Беайбсан,
Аммо,
Минг битта айбингни топар пасткашлар!
Омонсиз жангдан, эй, ишқ, қалби тилик,
Сени қандай олиб чиқаман тирик?

Не қилай гумроҳ бахт, сендан, ғамлардан,
Сен мендан қочасан,
Мен одамлардан.

Сазойимсан,
Жазойимсан,
Муҳаббат,
Мен сени жазодай тилаган эдим!
Дардим саккизинчи осмони, эй, ишқ,
Мен сени Худодан тилаган эдим!..

ЮСУФЖОН АҲМАДЗОДА
(1947 йилда туғилган)

***

Кўнгил ғавғога тўлганда, ҳаволикни кечиргайсан,
Гумон пайдо қилган ул бевафоликни кечиргайсан.

Ғурур юксалди ишқдан-да, само бўлди оёқости,
Ўшал ғўрлик, ўшал хомлик, хатоликни кечиргайсан.

Ярашмоқ-чун илк қадамни на сен қўёлдингу на мен,
Бир ишоранг ичра юз жонфидоликни кечиргайсан.

Қанча-қанча соддалик бор ишқимиз айёмида,
Яқиндан ноз, узоқдан ошноликни кечиргайсан.

Ҳануз кўнглимдасан, ёрим, севарман чиқса ҳам жоним,
Ўзгалар ишқи олдида Худоликни кечиргайсан.

ЗИЁ АБДУЛЛО
(1948 йилда туғилган)

***

Сенга гўзал тарона тўқийман мен,
Fазални ошиқона тўқийман мен.

Умрдай вақт кўзига тушмагин деб,
Ёлғонлардан замона тўқийман мен.

Ҳақиқатни англа деб бу оламда,
Олам-олам афсона тўқийман мен.

Сўз юки ушбу замон кифтидадир,
Сўзларимни пинҳона тўқийман мен.

То онанг бахш айлагай менга сени,
Юзлаб ёлғон баҳона тўқийман мен.

НАЗРИ ЯЗДОНИЙ
(1949 йилда туғилган)

ПУШАЙМОНЛИК

Сен кетдинг, воажаб, сархуш, мастона,
Мен кетдим, ўзимга бўлиб бегона,
Тупроқ, ғовлар аро қолди қалбимиз,
Ўйлайсан, кетди деб мағрур, мардона.

Биласан, қоламан сенсиз хор, ҳайрон,
Биламан, қоласан менсиз зор, сарсон.
Пушаймонман, пушаймонман, пушаймон,
Пушаймонсан, пушаймонсан, пушаймон.

Менсиз қалбинг нечук, билмасман, бироқ,
Сенсиз қалбим хароб, қонга ғарқдир ул.
Кўксим ичидаги қорамтир доғлар
Орзулар қонидан қизарди буткул.

Нечун кетдим, қайга, шошилиб сарсон,
Нечун кетдинг, қайга, шошилиб ҳайрон.
Пушаймонман, пушаймонман, пушаймон,
Пушаймонсан, пушаймонсан, пушаймон…

КАМОЛ НАСРУЛЛО
(1950 йилда туғилган)

ОНА ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Она билан бола бир жисму жондир,
Бири соҳил бўлса, биттаси – дарё.
Мен сендан ўзимни олиб кетдим жим,
Олиб кетдим ярим жонингни гўё.

Эй, таскин бергувчим, эй, кўзлари нам,
Онам, онагинам, эй, онагинам!

Менга бу дунёнинг илк ҳадяси, бу –
Хандон кўзларингнинг кулгуси, ахир.
Бир умр дилимда қолган илиқлик,
Қадоқ қўлларингнинг ҳароратидир.

Кўзларим нурига кўз нуринг малҳам,
Онам, онагинам, эй, онагинам!

Сочинг тунида ул кексалик тонги
Қачон отганидан қолдим бехабар.
Сен менга бахш этган ёшлик айёмин
Фарзандларга қанот айладим бадар.

Эй, қудрати эзгу дуосида жам,
Онам, онагинам, эй, онагинам!

Сенинг дуоинг бу, олис-олисдан
Туну кун авайлаб келган жон-таним.
Эй, учқур хаёли балогардоним,
Эй, нигоҳи маҳрам жонимга маним.

Уйим, остонамга йўлатмаган ғам,
Онам, онагинам, эй, онагинам!

Эшигинг қибламдир, дардимга чора,
Тўрт томондан қилган саждамда борсан.
Қайга қадам қўйсам – ёруғдир юзим,
Чунки, мудом дилим, дийдамда борсан.

Ёлғиз умидимсан дунёда ҳар дам,
Онам, онагинам, эй, онагинам!

НОРИНИСО
(1950 йилда туғилган)

ҲОҚОН

Илтижо қилардинг ҳар бир лаҳзада,
Бирга бўлайлик деб ҳамдил, ҳамнафас.
Бизлар баҳра олиб бир-биримиздан,
Fамни унутайлик дер эдинг бирпас.

Эҳтимол, қизалоқ эдим, замоннинг
Иссиқ-совуғини кўрмаган ҳануз.
Кетма-кет қадалган озор хорларин
Товони остидан термаган маъюс.

Дилим хазинасин эшигин очдим,
Меҳр билан сенга очардим бағир.
Сен каби қанчадан-қанча мардларни
Меҳрим билан айлаб олгандим асир.

Ушбу кунда қонга беланди юрак,
Кимдир бевафолик қилганда ногоҳ.
Букун қайга бормай, қаерга бормай,
Дард тўлиб, сарғайган дил менга ҳамроҳ.

Бу ҳолда сен билан яшамоқ оғир,
Бағрингга бегона битта бағирман.
Ҳузуримдан кетгил, мен бундан буён
Ҳижрон мамлакатин ҳоқонидирман.

РАҲМАТ НАЗРИЙ
(1951 йилда туғилган)

ПОРЛАЁТГАН ШАМ

Ҳали борман, қаерда бўлмай,
Гоҳ сархуш, гоҳ ўйга ботаман.
Бу дунёдан охиратгача
Ўз юкимни ўзим тортаман.
Эй, дил, омон бўл!

Мотамсаро, қувноқлар билан
Ул шодлигу ғамлардан бездим.
Ҳар тонгу шом, ташналар учун
Сени анор мисоли эздим…
Эй, дил, омон бўл!

Ишқу умид, бахтга ёр бўлдим,
Гоҳ сувга, гоҳ оловга қониб.
Қора тунни ёритган шамдай
Бир тонг… Бир тонг тугайман ёниб…
Эй, дил, омон бўл!

АҲМАДЖОН РАҲМАТЗОД
(1953 йилда туғилган)

ХОТИРА АКСИ

Ер узра сочилган сарғиш япроқлар
Гўё – оёқ изин қолдиргандай куз.
Тўкилган япроқни босиб бирма-бир,
Кетаман кузакнинг ортидан маъюс.

Ҳар тонг эргашардим болаликда ҳам,
Онамнинг ортидан, уқалаб кўзим.
Олис саҳроларга кетардим шошиб,
Онамнинг изидан эргашардим жим.

Юзи япроқ каби кетган сарғайиб,
Қатланиб тикилган гўё чоклари.
Киприклари куйган майсадай эди,
Бармоқлари – бўм-бўш дарахт шохлари.

Чуқур ажинлари, худди, кеч кузнинг
Ариқлари янглиғ қуриган буткул.
Унинг узун, кулранг сочлари гўё
Кузак қуёшида куйиб бўлган кул.

Сарғиш япроқлари – мен йўқотган ул
Китобим вароғи эди заъфарон…
Онам оёғининг излари эди,
Ерга битта-битта тўкилган хазон…

НЕЪМАТ ОТАШ
(1953 йилда туғилган)

КАМОЛ ХУЖАНДИЙ НИДОСИ

Эй, менинг юртдошим,
Сўзимни англаб,
Бир куни етарсан менинг қадримга.
Бир кун меҳр билан гул қўясан жим,
Менинг мозоримга, менинг қабримга.

Эй, дўст,
Диёримдан олисда, меҳринг
Бир бурда нонига қолганман муҳтож.
Бор-будим, сўз кўрки билан қўндирдим,
Fазал маликасин боши узра тож.

Мен кимман?
Меҳрибон ёру дўстларнинг
Ишқидан энтикиб, титрайман ҳануз.
Кўз ёшим
Узун ва қалин киприклар
Сояси остида эгилган маъюс.
Ё ярадор қушдай, қанотидан қон
Томса-да, интилган олис осмонга.
Ердан учган, ишқнинг аршига қадар,
Ўздан кетиб, етиб борган жононга.

Наводошим,
Бир зум кафтингни очиб
Дуо қил сен менинг ҳаққимга бот-бот.
Ногоҳ эслаганда мендай ғарибни,
Ҳар лаҳза юрагинг чиқарсин қанот.
Арз-ҳолимни тингла қўшиқларимдан,
Ишқий куйларимдан англа қалбимни.
Сўнг
Сирдошинг бўлиб сўйласин улар
Созим, садоларим, истакларимни…

ЗУЛФИЯ АТОИЙ
(1954 йилда туғилган)

ОСМОН

Беғамсан, ярқироқ, беғуборимсан,
Кўнгил чаманидай порлайсан, осмон.
Хаёлимнинг ҳуркак оҳуларини
Яшнаган боғингга чорлайсан, осмон.

Қачонгача бизнинг гуноҳимизни
Фалак мезонида ўлчайсан бир-бир.
Айтгил, қайсар Зуҳра сенинг кўнглингга
Қандай қилиб бир йўл тополсин, ахир?

Ўқдонсан, самода мирзо Аторуд
Омонлик хатини битмоқда ҳар он.
Ақлни тоблайсан оловинг билан,
Чўғи яшнаб турган қўрасан, осмон.

МУҲАММАД FОЙИБ
(1954 йилда туғилган)

***

Бу ҳаёт бир ерга жам пайғом эрур,
Номусга мужда келтирган ном эрур.

Илк баҳор айёмида гар ёғса қор,
Бесамарликдан хабар бодом эрур.

Йўл юришга қудратинг етса агар,
Ҳар қадам маҳкумга бир аҳком эрур.

Шуъладан қочган соя деркан мудом:
Ўз-ўзин аввайлаган гумном эрур.

Кун ёришса қоп-қорайган тун кетиб,
Бахилга тонг палласи ҳам шом эрур.

Бўлса гар киприкларимиз панжара,
Кўз – ёвуз, бадбин нигоҳга дом эрур.

Қисматимизга ақл бергай нажот,
Бош бадан девори узра том эрур.

АБДУВАҚҚОС ЮСУФИЙ
(1954 йилда туғилган)

ОРЗУ

Соя қилгин ёки ёруғлик бергин,
Нимқоронғи бўлиб яшагим келмас.
Ўзимдан ўзимни айлагин халос,
Етар, зиндон ичра тутқунлигим бас.

Менга қанот бергин, қанотимни бер,
Тилла тақинчоқдай қанот бер ҳар хил.
Учай арзимаган бу борлиғимдан –
Хитой матоҳидай арзондир нархи.

Қалбимни бер, менинг қалбимни бергил,
Қалбсиз бирор қалбга бўлмасман ҳамроҳ.
Аввал қалбимни бер, йўлин тўсгин сўнг,
Қалбсизлик завқини туйгим келар гоҳ.

Калитимни бергин, калитимни бер,
Эшик очувчилар сафида қолай.
Ёпиқ эшиклардан безиб кетдим мен,
Зиқналар мулкида юрган гадодай.

Мунофиқ қисматим ҳукмига кўниб,
Хилма-хил товландим, рангим ўзгариб.
Ҳамма ўз рангида қотиб қолди тек,
Ёлғиз ўзим қолдим рангсиз бўзариб.

Энг сўнгги тилагим сендан ушбудир,
Эй, сен, ҳаёт, эй, сен, меҳрибон ёрим,
Қайтар ўз рангимга, асил рангимга,
Мени ўз рангимда асрагин доим.

МУҲАММАДАЛИ АЖАМИЙ
(1954 йилда туғилган)

МЎЪЖИЗАНИНГ ЕТИЛИШИ

Ҳар тонг чоғида ишқингдан оғоз бўлгайман,
Етилганда тўлиб-тошган эъжоз бўлгайман.

Бундан буён кезганим бас оралиқларда,
Ўзимдан қўзғалиб буткул, парвоз бўлгайман…

Ботил эмассан, каломсан, эй, дўст, эй, ҳабиб,
Роз ҳарами ичра шайхи Ҳижоз бўлгайман…

Келсанг агар, жасадимни қамраган ўшал
Жимлик қобиғин синдириб, овоз бўлгайман.

Fазал созин чал, безорман ўзга неки бор,
Fазалнинг созидан сархуш бир соз бўлгайман.

Орзуларинг хилватига олиб кет мени,
Ҳар тонг чоғида ишқингдан оғоз бўлгайман.

САЙФУЛЛОХОН ҚОРИХОНОВ
(1954 йилда туғилган)

ОНАЖОН

Оламни қаратиб зиёга,
Мени Сиз яратиб дунёга,
Бас келмай ажалга, риёга,
Оламдан ўтдингиз, онажон.

Мен мурғак гўдакка ишона,
Қолдириб мени сиз нишона,
Шул экан тақдиру пешона
Дея сиз кетдингиз, онажон.

Сизни мен соғиниб яшайман,
Сизни деб мен қадам ташлайман,
Сиз учун қўшиғим бошлайман,
Дилга шеър битдингиз, онажон.

Расмингиз дилимга жойласам,
Тумордай бўйнимга бойласам,
Қабрингиз зиёрат айласам,
«Кел», дея кутдингиз, онажон.

Онасиз яшадим, нетайин,
Қайларга бош олиб кетайин?
Кимни мен она деб атайин,
Сиз мени нетдтнгиз, онажон?!

Меҳрибон Худойим қўлласин,
Манзилга поку пок йўлласин,
Сизни ҳам жаннати айласин,
Сиз Ҳаққа етдингиз, онажон.

АБДУСАМИ АБДУҚУДДУСЗОДА
(1956 – 2006)

ОНА ТИЛИМ

Менинг она тилим –
Руҳим, равоним,
Онам сути билан кирдинг қонимга.
Тилимга йўл топдинг
Ва шеърларимнинг
Томиридан оқдинг жисму жонимга!..

Менинг она тилим,
Манглайинг узра
Тожиклар қисмати битилган аён.
Тенгсиз жаҳон эдинг,
Кўру карларнинг
Дунёсида тенгсиз, мислсиз жаҳон.
Сен илк давлат эдинг кўнгилга яқин,
Сен илк сарват эдинг мумтоз, шоҳона.
Сен илк ёзув эдинг,
Тожик имлоси
Ажиндай битилган қадим пешона!
Хазон фаслида ҳам
Халқ борлиғининг
Ниҳоли сув ичди сўздан бегумон.
Тупроқдан яралган вужуди ичра
Сен жонбахш сўз билан ато этдинг жон.

Менинг она тилим, эй, онам тили,
Илмларнинг тили, ирфонлар тили.
Тилим бўлган тилим, тилсизликларга
Номус, ном бахш этган инсонлар тили.

Ранг бердинг Рўдакий кўзлари билан
Бу рангсиз оламга такрору такрор.
Сен Ҳофизнинг гўзал байтлари билан
Илоҳий сўзларни айладинг бедор.
Сен паҳлавий боли, мароми эдинг,
Синонинг шифобахш каломи эдинг.

Пойингга
Маърифат тоқида туриб
Мағрур бошин эгди Пушкиндай даҳо.
Гёте ўйга толди, фоний оламдан
Ўзини ахтарди Навоий, ҳатто.

Она тилим,
Ўтган кунимдан қолдинг,
Эртанги кунимга қоласан мендан.
Қоласан ном,
Ўтли исёним бўлиб,
Ёниқ шеърим, орзу-армоним сенсан.

Ному нишонимсан, ягона тилим,
Менинг она тилим, оҳ, она тилим!!!

СУБҲИДДИН САЙФИДДИНОВ
(1956 йилда тугилган)

РЎДАКИЙ БАЙТИ

Содда, жаранглидир Рўдакий байти,
Ёқимлик, завқлидир Рўдакий байти.

Бир минг бир юз эллик йил ўтди, ҳамон
Тирикдир, янгидир Рўдакий байти.

Жавҳару она тил қанди, оғизда
Ҳолванинг таъмидир Рўдакий байти.

Йиғлаган ҳар гўдак тинглаган алла,
Боболар пандидир Рўдакий байти.

Тожиклар ақлию ирфонин нури,
Туғ, ҳаётбахшидир Рўдакий байти.

Қалб суви, кўз қони бирлан тобланган
Юз дунё ганжидир Рўдакий байти.

Истасанг гар маъно оламин, ўқи,
Бир олам маънидир Рўдакий байти.

Илк битикдир сўзнинг девони ичра,
Илк асар нақшидир Рўдакий байти.

Жаҳон маърифатин девони узра
Қавм муҳри, фахридир Рўдакий байти.

МАҲМУД ЖЎШҚИН
(1958 – 2009)

ВАТАН

Тупроғинг кўзимга тўтиё қилай,
Кўзларим нурларин бир зиё қилай,
Кўз очиб кўрганим, фақат, ўзингсан,
Меҳрингни қалбимда гул-гиёҳ қилай.
Бағринг осмонлардек кенгдир, Ватаним,
Жонимга жон каби тенгдир, Ватаним.

Қаторда мард, жасур ўғлонларинг бор,
Курашда чиниққан полвонларинг бор,
Меҳнатда забардаст қаҳрамон авлод,
Шону шараф тўла имконларинг бор.
Бағринг осмонлардек кенгдир, Ватаним,
Жонимга жон каби тенгдир, Ватаним.

Юзлари ой, гўзал, лобар қизларинг,
Манглайи порлаган нур юлдузларинг,
Бағрингда доимо бахт ҳурмат топди,
Бизга муқаддасдир номинг, сўзларинг.
Бағринг осмонлардек кенгдир, Ватаним,
Жонимга жон каби тенгдир, Ватаним.

Жаннат боғларидек нурли бўстоним,
Мангу баҳорларда ҳур гулистоним,
Буюк тоғларинг бор, мададкоринг Ҳақ,
Фахрим, ифтихорим, Тожикистоним.
Бағринг осмонлардек кенгдир, Ватаним,
Жонимга жон каби тенгдир, Ватаним.

НИЗОМ ҚОСИМ
(1958 йилда туғилган)

ХОТИРА

Оппоқ осмон узра қорларни шамол
Беозор силкитиб, сочганда ҳар ён,
Ногоҳ кўз ўнгимда, ширин ғам билан,
Ун элаган онам бўлар намоён.

Гўдакларга гоҳ-гоҳ елпиғич бўлган
Кўйлагининг очиқ енглари ҳар гал
Очилиб кетарди, гоҳи-гоҳида,
Ун элаган чоғда берарди халал.

Ун элаб, сўнг хамир қорарди онам,
Зувала ясарди, кўпчиса хамир,
Сут, ёғ ҳиди келиб турган нонпарни
Кулчалар бетига урарди бир-бир.

Юзлари кетарди қизариб, қизиб,
Тандирга ўт ёқиб, қиздирганда гоҳ.
Қизиган тандирга ёпиштирарди,
Сутли кулчаларни мамнун, хайрхоҳ.

Онамнинг юзидан тўкиларди тер,
Қатра-қатра бўлиб дурдай, тинимсиз…
Очликни унутар эдим гоҳида,
Кулчага тўлганда дастурхонимиз.

… Яна қор беланган осмонда шамол
Қор элайди, унни элаган каби.
Гўё онам тағин ун элагандай,
Безагандай кулча юзин нонпари…

РУСТАМ ВАҲОБ
(1960 йилда туғилган)

МАВЛОНО

Фалак тоқида шод турибсан,
Устоз!
Биз фалак домига тушганмиз бу дам.
Ё марҳамат айлаб, тушгин бир лаҳза,
Ё нарвон бер, чиқиб борайлик биз ҳам.

СЎЗ

«Сўз тушиб келгандир осмондан бир кун»,
Осмонига олиб борайлик тағин.
Бу ўқни тупроқнинг бағридан тортиб,
Камонига олиб борайлик тағин.
Бир умр юракда яшаган қуш бу,
Ошёнига олиб борайлик тағин.

РАЪНО ЗОИРДУХТ
(1961 йилда туғилган)

***

Мақсад гулин термай туриб, хазон қилдинг баҳоримни,
Кўзларимдан тўкиб сен булутдай шашқаторимни.

Бир нафас сингари қалбинг кулбасидан кетдим чиқиб,
Уздинг қалбим ичра шўх ул наво қилгувчи торимни.

Ҳавасларим ортиб, ҳосил бўлмади дил муродим ҳеч,
Рангин дунёга не бўлди? Тор айладинг каноримни.

Умидсизлик чангалида мурғак умидим ўлдириб,
Қонли кўз ёшим ичра ғарқ айладинг чашми чоримни.

Узди-ку ҳижронинг тиғи оқибат жоним риштасин,
Гар соғинсанг ҳидлагин гул унган ўшал мозоримни.

Менинг савдоларим ҳаргиз мендан айрилмаса бир кун,
Худо даргоҳига олиб кетарман ушбу зоримни.

ОЗАРАХШ
(1963 йилда туғилган)

ХАЙРЛИ ТОНГ
Тонгингиз хайрли бўлсин,
Отамнинг
Айвони остида саф тортган қушлар.
Хайрли тонг, сизга, эй мусичалар,
Онамнинг ёдидай мушфиқ, муштипар…
Меҳр бахш айлаган нигоҳингизни
Кўриб, мен бир лаҳза унутдим ғамни.
Маҳзун дийдорингиз эслатар менга,
Сизлардай муштипар онагинамни…

Онам суяр эди мусичаларни,
Мусо Калимуллоҳ қуши, дерди у,
Улар хайр-барака дуосин ўқиб,
Ҳар қайси даргоҳга тилайди ёғду.
Ҳар гал мусичалар «ку-ку»лаганда,
Уйнинг бурчагида бўлиб бир қисм,
Қуръон бағишларди дуогўй онам
Барча пайғамбарлар арвоҳига жим.
Ва очиқ кафтидан қушлар олдига
Дона-дона бўлиб тўкиларди дон.
Томчи-томчи бўлиб тўкиларди ёш,
Унинг нигоҳидан ҳайрона, пинҳон…

Билмасдим, нимани гаплашар эди
Онам қушлар билан узоқ ва узоқ.
Фақат, билар эдим,
Ушбу суҳбатлар
Кечарди бемалол, самимий, қайноқ.
Фақат, билар эдим,
Суҳбатлар гўё
Сулаймон ва қушлар суҳбати эди.
Ҳикмат кони эди унинг жимлиги,
Ҳар сўзи муҳаббат муҳлати эди…

Исо туғилган кун ўтиб,
Эртаси
Ер-осмон титради тортган ноламдан:
Қордан оппоқ кафан кийган Бир Тонгда
Менинг онагинам ўтди оламдан.
Тоғлар нола қилди,
Менга қўшилиб
Йиғлади булоқлар, сойлар шарақлаб.
Ёсинхон йиғлади…
Укаларимдай
Ёнимда бел боғлаб турди дарахтлар…

Чорловлар,
йўқловлар,
оҳлар,
аламлар,
Фарёдлар онамни қайтаролмади.
Кетарди,
кетарди,
кетаверди у,
Мендан,
биздан кетди…
Йўлдан қолмади…
«Туғилган айёминг бўлсин муборак,
Каромат соҳиби, Ҳазрати Исо!
Онамни бир нафас бедор айла!» деб
Худо даргоҳига қилдим илтижо.
Токи, билай дедим, онам тилида
Нечук сўз бор эди?
Олиб кетди у.
Токи, билай дедим, зор-зор дилида
Қандай асрор эди?
Қолиб кетди у…

Ногоҳ жавоб келди,
Айвон остида
Мусичалар ғамгин «ку-ку»лаганда:
«Одам, Ҳаво қани?
Қаерга кетди?..
Биродар, ҳаммамиз – ожиз бир банда.
Онанг келган эди Одам ортидан
Ва одам ортидан изма-из кетди.
Дунёга Ҳаводай келган эди у,
Ҳавога айланиб, Ҳавога етди.
Исодан сен нима истайсан, ахир,
Дилингни бунчалар тирнамасин ғам.
Охират йўли бир, даргоҳ биттадир,
Марям келган йўлдан кетди Исо ҳам…»

Оҳ, эй, мусичалар,
Эҳ, мусичалар,
Эҳ, айвон остининг мусичалари,
Отам айвонига келиб қўндингиз,
Соғинчимнинг маҳзун мусиқалари.
Кўзимнинг айвони ин бўлсин сизга,
Меҳрингиз дилимдан аритар ғамни.
Онамни соғиндим,
Сизларни кўриб,
Соғиндим
Муштипар онагинамни!..

Шоир шеърларини мана бу саҳифада мутола қилинг.

ФАРЗОНА
(1964 йилда туғилган)

ҚАФАСДАГИ ОЗОДЛИК

Эй, ишқ, сени топгим келар олис ёдлардан,
Бир олманинг ол рангидан ўргангим келар.
Ё йўл излаб,
Саҳроларда тентиган сувдан
Ё гўдаклар ҳавас билан чайнаган ширин
Жўхорининг поясидан
Ёки бир гулдан.
Тўғри, ишқнинг она юрти – ёсуман гули,
Ишқ бўлсайди озодликка лиммо-лим қафас.
Салом, Мажнун,
Озодликка тўлган қафасни
Қайга олиб кетмоқдасан?
Мен ҳам бир нафас
Зоғни товус либосида кўргим келади,
Шер бўйнидан қучсам дейман мен ҳам сен каби,
Ва оҳунинг кўзларидай кўзгу – матлабим.
Кўча узра куй таралса пошналаримдан
Ва булбуллар яқин келса
Атрофимда жам.
Қара, кўзинг пардасини каттароқ очиб,
Кўчангдан ишқ аҳли ўтиб кетмоқда бу дам.
Нечун мен ишқ дейман?
Чунки, ишқ жисми озод,
Замон, макон, дину мазҳаб панжаларидан.
Ишқ занжимас, фарангимас, хуросонликмас,
Озод – япон ашёсининг тамғаларидан.
Прометей олови ҳам, Митра жилоси,
Исо хочи, ҳам Будданинг нилуфари – ишқ
Ишқ – Мусонинг кафтидаги умрбоқий нур,
Ишқ – Мустафо меърожидир, бари, бари – ишқ.
Ишқ – энг тугал хулосаси маърифатларнинг,
Англаб етгин,
Ишқ – Худога бириккан қасам.
Шундай экан, баландроқ бўл ўзингдан, зеро,
Ишқ ўлади,
Чумолига озор берсанг ҳам.

Шоира шеърларини мана бу саҳифада мутола қилинг.

МАҲВАШ
(1965 йилда туғилган)

ЖОН ҚУШИ

Бағримдан кетмагин, азизим, Баҳор,
Ижозат бер, сендан олай олов, нур.
Бору йўғим – сендан олган севинчдир,
Ғурурдан кеч, дилга шодлик бериб тур.

Тулпордай титраган титроғим ўзинг,
Тутқун юрагимда оҳу зоримсан.
Оловинг бир умр ёндирар мени,
Дўстингман, зарари тегмас ёримсан.

Қалбинг ичра булоқ оқади тинмай,
Вужудинг тоқатга тўлди бус-бутун.
Яшнагин, бундан ҳам кўпроқ яшнагил,
Жаннат боғидирсан жон қуши учун.

Ҳар бир қадамингдан гуллар ер юзи,
Хаёлим аршисан, қисматсан аён.
Сен бир ваҳийдирсан жонга ёғилган,
Сен Исо – ҳаётга бағишлаган жон.

НИЙЯТ ҲАЁТ
(1966 йилда туғилган)

***

Соқиё, май бирла тўлдир ушбу дам паймонани,
Бир нафас обод қилсин ул майинг бул майхонани.

Воажаб, бизларни бул бенаво дунё ўйнатар,
Соқиё, бундан телбароқ қил ошиқи девонани.

Қолди ишқдан бехабарлар ҳолимиздан бехабар,
Fам сели бундан-да вайрон айлагай вайронани.

Ҳеч бир меҳмон қувнамас зиқналар даргоҳида,
Зиқна қуш олгай сахийлар ошиёнидан донани.

Соқиё, май бирла тўлдир тонггача паймонани,
Токи, ёндирсин Нийят, ғам нурида парвонани.

АБДУЖАББОР СУРУШ
(1967 йилда туғилган)

МАНСУР ХАЛЛОЖНИНГ НАМОЗИ

Эй, Дўст, ягонадан ягона, эй, дўст!
Сенинг учун ишқдир намозим бари:
майсанинг ёмғирга ибодатидай,
балиқнинг дарёга ишқи сингари.
Тўкилган ёмғирнинг шафқати билан
ишқнинг шўразори ичига майин
Нафасинг – балиқлар олган нафасда
қолсин, сени тағин дуо қилайин…
Э, Дўст! Азиздан ҳам азизроқ, эй, Дўст!
Сенинг учун ишқдир менинг намозим!
Ишқинг жозибаси менинг бошимни
Тортқилаб кетади
дор бошига жим…
Мени дорга тортгин, эй, ягона Дўст!
Ўлдир,
вужудимни тарк айласин жон.
Токи, билиб қўйсин,
ишқнинг охири
Ўлим эмаслигин
ушбу оломон.
Шабнам билан ювиб
хор вужудимни
тонг кафани билан ўрагин, эй, ёр!
кунботар заволим қабристонига
қуёш тобутига солиб олиб бор
ва гўрим бошида
ой жинчироғин
ёқиб қўй,
ёғилсин ҳазин бир жило.
Таралсин юлдузлар шуъласидан ҳам
Токи, Оллоҳ шукри
алҳамдулиллоҳ.
Балки, ишқ даргоҳин
қадрига етар
бу тўда, ишқ уйи нурга тўлганда,
Балки, бу тоифа, бу халқ,
Каъбанинг
чуқур маъносига етар ўшанда.
Эй, Дўст! Эй, қадрдон, энг қадрдон Дўст!
Сенга ишқ – намозим, қалбим тоати.
Бу ишқ намозининг,
бу ибодатнинг
йўқдир «Аналҳақ»дан ўзга ояти.
Ишқнинг даъвати бу, эй, қадрдон Ёр,
камолотим узра ураётган барқ,
ишқнинг даъвати бу,
таралаётган:
Аналҳақ!
Аналҳақ!
Аналҳақ!

НАРЗУЛЛО АЗИЗИЁН
(1967 йилда туғилган)

***

Эй, дунё, оч эшикни, мен хонага сиғмасман,
Бир қатра ортдим, энди паймонага сиғмасман.

Эй, сўзим ичра пинҳон, эй, нигоҳимда урён,
Улоқтир бу пардани, афсонага сиғмасман.

Униб-ўсай дегандим эрта баҳор кафтида,
Бошимдан совуқ ўтди, ул донага сиғмасман.

Кипригингдан кўз ёшдай силкитдинг мени, эй, ишқ,
Минг шукурким, бўғовга, завлонага сиғмасман.

Мазмунимни ҳеч қачон англай олмассан, балки,
Эй, ақли тор, сен маъно бегонага сиғмасман.

ОЗАР
(1968 йилда туғилган)

КУЗГИ ИШҚ

Кузги ишқимиздан оҳ чекарман, оҳ,
Юрагим устига қор ёғди тўлиб.
Дарахт қўлларидай қолди ҳувиллаб
Менинг кўнглимдаги орзулар қўли.

Ишқинг, ишқинг эди қанчалар оғир,
Хаста ва нотавон юрагим учун.
Юрагим қанча паст-баланд йўлларда
Қоқилиб, титилиб кетганди бутун.

Иккимиз тўкилдик дарахтдан, шамол
Ишқимиз япроғин термоқда ердан.
Қуриб-қақшаб кетган танани ялаб,
Юлқайдиган болта, айтгил, қаерда?

Дераза ортидан кўринар менга
Боғда макон қурган қумрилар жисми.
Энди бу ерларга кела олмаймиз,
Меҳр билан йўқлаб бири-биримизни.

Оҳ тортаман кузги ишқ азобидан,
Қиш келар кузакнинг сўнгги чоғлари.
Кузак охирига борганда, афсус,
Яланғоч қолади дарахт шохлари.

Ҳеч қиси йўқ, ҳаво совиса агар,
Кўнгил совуғидан асрангил омон.
Ҳеч гап эмас ушбу хазонрезликлар,
Юракда хазонрез рўй берса – ёмон!..

АДИБА ХЎЖАНДИЙ
(1971 йилда туғилган)

***

Мен ва ёлғиз қолиб эзилган ёмғир,
Дарахтлар жим сукут сақлайди яшил.
Юлдузлар сазойи бўлган қаро тун,
Тун – азадор кимса қалбидай заҳил.

Ёлғонлар мавжининг нола-навоси
Ва тошиб кетар сўз тўфони сариқ.
Ақлим бор, шул боис ғанимлар сўзи
Қаншаримни ёриб кетар тош янглиғ.

Дарёга дўнган қалб, симурғ ғурури,
Ложувард осмон ҳам ғамгин, бетоқат.
Одамзод ва япроқ ўлими – кузнинг
Сарғиш китобидан қолган бир оят.

НУРАЛИ НУРЗОД
(1974 йилда туғилган)

АЙРИЛИҚ

Тутқунман
зиндоним ҳужраси ичра
ҳудудимни бошдан оёққа қадар
бирма-бир ўлчайди оҳ панжараси
Энди
оқмагайман
телефон сасидай
хаёл манзилидан
висол чўққисига
Энди
истамайман кимдир келишин
интизорлик мезонида…
Борлиғимда
сўнгги нидо шивирлар:
— Кетгин
эй, дарахт,
эй, қуёш
ва эй, дарё
Қайғуларимни
қисмат деб битаман ёлғизлигимга.

022

(Tashriflar: umumiy 140, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ustoz Odil Ikrom haqiqatdan ham juda ulug’ tarjimon… U kishining tarjimalarini o’qiydigan inson har qanday she’r bo’lmasin, uning aslini o’qiyotgandek va aslidan olinadigan lazzatni totayotgandek bo’ladi. QO’LLARINGIZ DARD KO’RMASIN USTOZ! Baxtimizga omon bo’ling!

Izoh qoldiring