Jan (Ioann). Amir Temur va uning saroyi.

Ashampoo_Snap_2017.07.18_13h04m15s_001_b.png     Ғарбий Оврўпо халқлари адабиётларида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарлар ниҳоятда кўп, бироқ Соҳибқирон ҳақидаги илк асарлар эсдаликлар тарзида ёзилган бўлиб, улар Амир Темур замондошлари қаламига мансубдир. Шулардан бири Эрондаги Султония шаҳрининг архиепископи Жан(Иоанн)нинг «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар» (Memoires sur Tamerlan et sa cour) асаридир.

Жан (Иоанн)
АМИР ТЕМУР ВА УНИНГ САРОЙИ
Француз тилидан Баҳодир Эрматов таржимаси

098

05

Ғарбий Оврўпо халқлари адабиётларида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарлар ниҳоятда кўп, бироқ Соҳибқирон ҳақидаги илк асарлар эсдаликлар тарзида ёзилган бўлиб, улар Амир Темур замондошлари қаламига мансубдир. Шулардан бири Эрондаги Султония шаҳрининг архиепископи Жан( Иоанн; айрим нашрларда Иоанн де Галонифонтибус деб ҳам айтилади). ХДК изоҳи)нинг «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар» (Memoires sur Tamerlan et sa cour) асаридир.

Ғарбий Оврўпо халқлари адабиётларида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарлар ниҳоятда кўп, бироқ Соҳибқирон ҳақидаги илк асарлар эсдаликлар тарзида ёзилган бўлиб, улар Амир Темур замондошлари қаламига мансубдир. Шулардан бири Эрондаги Султония шаҳрининг архиепископи Жан (Иоанн)нинг «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар» (Memoires sur Tamerlan et sa cour) асаридир.

1403 йил май ойининг бошида Парижда бир руҳоний пайдо бўлиб, ўзини Амир Темурнинг элчиси деб таништиради. Чиндан ҳам у зарҳал ҳарфлар билан битилиб, Амир Темурнинг мўъжазгина муҳри босилган мактубини Франция қироли Карл VI га топширади (Ўнг томондаги суратда) .09 Мактубни топширган Султония архиепископи қирол саройида Карл VI ва Франциянинг Берри, Бургундия, Орлеан, Бурбон ва Британия герсоглари ҳамда бошқа аъёнлар ҳузурида нутқ сўзлаб, ташрифининг икки сабабини айтади: биринчиси, Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган ғалабасини маълум қилиш; иккинчиси — Амир Темур билан Карл VI ўртасида доимий дипломатик алоқалар ўрнатиш.

Жан Рим папаси Бонифатсий IХ томонидан 1398 йил 23 августда Султония шаҳрининг архиепископи этиб тайинланган  (Jean Richard, La papaute et les missions d’Orient au Moyen Age (XIIIe — XVe siecles). Ecole francaise de Rome, 1977, pp. 181 — 182; La route de Samarkand au temps de Tamerlan par Ruy Gonzalez de Clavijo. Imprimerie Nationale, Paris, 1990, p. 51).

Жаннинг айнан ўша йиллари Султонияда хизмат қилганлигини таниқли француз шарқшунос олимлари Силвестр де Саси (Memoire sur une correspondance inedite de Tamerlan avec Charles VI. Memoires de l’Academie des inscriptions et belles-lettres. Paris, 1822) ва Х.Моранвиле (Memoire sur Tamerlan et sa cour par un dominicain, en 1403. Extrait de la Bibliotheque de l’Ecole des chartes. Paris, 1894)   ҳам тасдиқлайдилар.

Архиепископ Жан Франция қироли Карл VI топшириғига биноан ўзининг «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар»ини ёзади. Асар 23 қисм(боб)дан иборат. Унда Соҳибқирон Мовароуннаҳр тахтига чиққан пайтдан 1402 йил август ойигача бўлиб ўтган асосий воқеа ва ҳодисалар тилга олинади.

«Хотиралар» билан илк бора танишган кишида у афсоналар ва ҳақиқат омухтасидан иборат асар, деган таассурот туғилиши табиий. Ҳақиқатан ҳам муаллиф Амир Темур ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ бизга маълум ва номаълум афсона-ривоятлардан кенг фойдаланган. Масалан, Амир Темурнинг амир Ҳусайн элчилари олдида ишлатган ҳийласи (И боб) ва Соҳибқирон билан Эдигни(Идику) ўртасидаги муносабат (ХVII боб) ҳақидаги ҳикоятлар шулар жумласидандир. Бироқ, «Хотиралар»да бошқа манбаларда мавжуд аниқ тарихий маълумотлар ҳам кўп.

Архиепископ Жаннинг «Хотиралар»и Соҳибқирон билан Самарқандда учрашган овруполик бошқа бир элчи — Руи Гонсалес де Клавихонинг «Кундаликлар»и каби Амир Темур шахси, унинг ҳаёти ва фаолиятига доир бебаҳо ҳужжат ҳисобланади. «Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар» таржимасида муаллиф услубини сақлашга интилдик. Қавс ичидаги изоҳлар таржимонники.

Асар ўзбек тилида илк бора айрим қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

maxresdefault a.jpgI. Темурбейнинг тахтга чиқиши

Бу ҳукмдорнинг қўли дастлаб унчалик узун бўлмаган ва уни кўпчилик танимаган, унинг қўл остида ўзининг оиласига ўхшаш оилалардан чиққан атиги ўн чоғли маслакдоши бўлган. Бироқ у ёшлигиданоқ ўз ақл-заковати, уддабуронлиги ила бойлик орттира борди, истеҳком ва амлокларни эгаллаб, маслакдошлари сонини ниҳоятда кўпайтирди ва кундан-кунга кучайиб борди.

Ўзининг ишларидан Буюк Мўғулистон императори(амир Қазоғон)нинг ғазаби қайнаб турганини сезган Темурбей тўппа-тўғри Хитой императорининг ҳузурига борди. У камарли насронийлар (мароний) мазҳабидан бўлиб, мўғул императорининг рақиби ва душмани эди. Темурбей шу насроний император ҳузурида кўп ҳаракат қилиб, ундан қудратли бир қўшинни ёрдамга олди; шу қўшин билан у зикр этилган Мўғулистон императорининг катта ерларини қўлга киритди, хусусан, у Семеркант(Самарқанд) шаҳрини эгаллади. Шаҳар Шарқда жойлашган бўлиб, Мўғулистон императорига қарарди. Шундан сўнг у (Амир Темур) насроний императорнинг лашкарига кетиш учун рухсат берди.

Темурбей томонидан таҳқирланган ва ҳақоратланган мўғуллар императори (юқорида архиепископ амир Қазоғон ҳақида сўз юритса, бу ўринда ва ундан кейин амир Ҳусайн ҳақида сўз юритади) ўз рақибига қарши курашиш учун жуда катта қўшин тўплади ва унинг ҳузурига элчилар йўллади. Элчилар унга (Амир Темурга) ё жанг майдонига чиқиш ёхуд Мўғулистон императорига сўзсиз итоат этишни айтишлари лозим эди; агар у (Амир Темур) унга итоат этса, катта ҳоким қилиб тайинланиши ваъда этилганди.

Ҳузурига келган элчиларни кўрган Темурбей зўр ҳийла ишлатиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Зеро, у зикр этилган императорнинг қудратини яхши биларди. Шу боис рақиби ва унинг элчиларини ғафлатда қолдиришни ўйлай бошлади. Яхшилаб фикрини жамлаб олгач, янги сўйилган молнинг қонини келтиришларини буюрди ва уни ютиб олди. Сўнгра элчиларнинг не мақсадда келганини билиш учун уларни тезгина ўз ҳузурига чорлади. Элчилар ҳузурига кирган чоғ унга (Амир Темурга) шошилинч равишда тоғора келтирдилар ва у элчилар олдида ютган қонини қайт қила бошлади; улар (элчилар) бу қонни унинг (Амир Темурнинг) қони деб ўйладилар. Бу билан у элчиларга ўз тақдиридан қочиб қутула олмаслиги ва дардига ҳеч қандай даво йўқлигини, яъни тез орада ўлажаклигини билдирди. Шундан сўнг элчилар бемалол қайтиб кетдилар. Чунки улар Темурбейнинг «ўлаётгани»ни ўз кўзлари билан кўрган эдилар.

Бундан хабар топган император кўп шодланди ва лашкарларига ижозат бериб, кичик бир аскарлар гуруҳи ва хотинлари ҳамда фарзандлари билан хурсандчиликка берилди. Элчилар қайтиб кетганига ишонч ҳосил қилган Темурбей сакраб тўшагидан турди ва бутун қўшини билан зикр этилган императорнинг кетига тушди; Темурбей уни хотинлари ва фарзандлари ҳамда кичик бир аъёнлар гуруҳи билан айш-ишрат қилиб турган чоғида учратди. Темурбей қиличини кўтарди ва императорни маҳв этди, унга қариндош бўлган хотинини ўзига хотин қилиб олди, ўз ўғилларига императорнинг қизларини олиб берди ва унинг эркак зотидан бўлган яқинларининг ҳаммасини ўлдирди; фақат биттасидан ташқари, уни ўз ёнида олиб қолди, исми Солтамакуш (Суюрғатмиш) эди. Темурбей унинг номидан ҳукмронлик қилди ва шу йўл билан у бутун Трансоксания империясини қўлга киритди. Бу воқеалар рўй берганида у қирқ ёшда ёхуд сал каттароқ эди. Шундан сўнг у Шарқдаги кўп вилоятларни қўлга киритдики, жумладан, уларнинг бири Сименана (Симнон) деб аталарди, бу хусусда кейинроқ сўз юритилади.

II. Темурбей исмининг талқини хусусида

Бу императорнинг исми Темурбей эди; бу исм қуйидагича талқин қилинади ва изоҳланади: Темурбей атоқли отдир ва «темир» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «фер» (французча «темир») маъносини билдиради ва «бей» сўзи «ҳукмдор» маъносига тенг бўлиб, «темир ҳукмдор» деган маънони англатади. Бошқалар уни «Тамурлан» деб аташади, бу сўз ҳам «темир»дан келиб чиққан бўлиб, французчасига «Темур оқсоқ» деган маънони билдиради. «Оқсоқ» унинг лақаби эди.

Бу татарча ва форсча талқинлардир. Эронда уни «миритабам», яъни «ҳукмдор» деб ҳам, «калон», яъни «буюк ҳукмдор» деб ҳам аташади.

III. Темурбейнинг унвони хусусида

«Темур Геракан сосмус» («Темур Кўрагон сўзимиз») ибораси Темур «императорнинг ўғли» ёки «куёви» деган маънони билдиради ва «сосмус» — «бизнинг қатъий сўзимиз» деганидир. У ўзини на қирол, на император ва на бошқа ном билан атайди; қачон сўзласа ва амр этса, император номидан сўзлайди ва амр этади, унга ҳурмат кўрсатиб, йилига бир марта уни бориб кўради; бу ҳурматдан сўнг у ўша император ҳақида гапириб, унга ўз саройида иззат кўрсатаётганини айтади. Бироқ, Темурбей барча ишни императорнинг муҳрисиз амалга оширади.

IV. Унинг ирқи хусусида

У келиб чиқиши бўйича шарқлик барлослардан бўлиб, уларнинг миллати ёкате (чиғатой) деб аталади. Баъзилар фикрича, шу томонларда бизнинг Иисус Христосга тенг келадиган уч қирол ўтган экан. Бу ўлкага Ҳиндистон томонидаги Персиядан кейин келадиган Корасан (Хуросон) вилояти, Медиа (Озарбойжон) вилояти ва бошқа вилоятлар киради. Бу ўлка таркибига кирувчи яна бир шаҳар, бу — Темурбейнинг шаҳри Семеркантдан жуда йироқда, юз кунлик масофада, Жиён дарёсидан нарида – Персияда жойлашган Сузис (Суза) шаҳридир.

V. Ўғилларининг насл-насаби ва исмлари хусусида

Темурбейнинг кўп ўғиллари бўлган ва ҳозир улардан атиги иккитаси ҳаёт, уларнинг каттасини Миранза(Мироншоҳ) деб аташади ва унинг ёши қирқ ёки ундан бир оз катта; энг кичиги Сонхарни(Шоҳрух) деб аталади ва унинг ёши йигирма икки атрофида. Биринчисининг исми қуйидагича талқин қилинади: мир – жаноб ва за — қирол, яъни «жаноби қирол». Иккинчисининг исми француз тилида «қиролнинг юзи» маъносида. Тўнғич ўғил барваста, хушмуомала, ҳурфикр ва отасининг саройида ҳамма уни ҳурмат қилади. У насронийлар ва франкларни, яъни барча лотинларни (овруполикларни) жуда яхши кўради; у бамисоли иккинчи Александр(Македонялик Александр). Унинг тўрт хотини ва тўрт ўғли бор: хотинларининг энг суюклиси император авлодидан ва Конзада (Хонзода) деб аталади. Ўғилларининг лашкарлари катта, яъни 20-30 минг кишидан иборат ва саройлари ҳам катта. Айниқса, Абасимеза (Мирзо Абубакр) исмли тўнғич ўғлининг лашкари жуда катта; бу исм «Худонинг марҳамати ила туғилган», деб талқин қилинади. Бу ўғил  қурол ишлатишга жуда моҳир. Тўрт ўғилнинг яна бирининг исми Омариза (Умар Мирзо) бўлиб, у Темурбейнинг лейтенанти: унинг саройида мулозимлар кўп, қўл остида катта ўлка бор.

VI. Жиянлари ва набираларининг сони хусусида

Темурбейнинг олтмиш-этмиш чоғли ёхуд ундан зиёд жияну набиралари бор. Уларнинг энг биринчиси катта акасининг ўғли бўлиб, она томонидан император авлодидан ва катта амлокка эга; иккинчисининг кўп ўлкаларда ўзига маслакдош ва содиқ вассаллари бор; унинг исми Мамузатаин(Мирзо Султон Ҳусайн)дир.

VII. Темурбейнинг хотинлари хусусида

Темурбейнинг тўрт қонуний хотини ва кўплаб канизаклари бор. Катта хотини император оиласидан бўлиб, Карон (Сароймулкхоним) деб аталади ва доим аёллар доирасида фароғат топади; эркакларни асло ёқтирмайди. У соғлиги ёмонлиги туфайли ҳар куни даволаниш учун минг дукат (тилла) сарфлайди, доимо хотинлар қуршовида юради.

VIII. Темурбей ҳукмронлигининг бошланиши

Ёшлигида у ҳам ўз тенгқурларига ўхшаш йигит эди, аммо ақл-заковати, зукколиги билан ажралиб турарди ва доимо мард йигитлар қуршовида юрарди. У доимо худони олқишлаб юради ва нима қилса барисини худо учун, унинг хоҳиши билан қилади; ўзининг айтишича, у бир бечора аёлнинг ўғли, кучсиз ва камбағал йигит бўлган, у нимага эришган бўлса, худонинг марҳамати ила эришган, вақти келиб буларнинг ҳаммасини худога қайтаради. Яна унинг айтишича, барча рўй берадиган нарсани худо унга олдиндан башорат қилади.
Ҳозир у жуда катта ва қудратли ҳукмдор. Зеро шу пайтгача Шарқда ҳеч ким унга тенг келадиган бирорта инсонни кўрган ҳам, учратган ҳам эмас. Айниқса, у Семеркант шаҳрини ва Трансоксания империясини қўлга киритганидан кейин шундай қудратга эга бўлди. Зотан, у (империя) Шарққа томон шунча катта маконни эгаллаганки, унинг бир сарҳадидан иккинчисига етиш учун тинмай ярим йил йўл босиш керак. У кўплаб вилоятлар, шаҳарлар, қўрғонлар, амлокларни қўлга киритди ва тобе этди. Жумладан, у Ҳиндистондаги Дилли (Деҳли) деган шаҳарни ишғол қилди ва қиролини бўйсундириб, шундан сўнг Ғарбга томон юрди ҳамда Константинополгача бўлган барча ўлкаларни эгаллади.

IХ. Темурбей ҳукмронлигидаги вилоятлар ва ўлкалар хусусида

Темурбей қўл остидаги Ҳиндистондан Туркиягача бўлган ҳудудни бир одам пиёда нақ бир йилда, отда эса тўққиз ойда босиб ўтади. Унинг салтанати таркибига, жумладан, қуйидаги ўлкалар киради: Дилли — йирик шаҳар; Сименана — вилоят; Маластан (Бадахшон) — вилоят; қимматбаҳо тошлар ўлкаси; Феринус (Кимехредган) ҳинд зираворлари шу ердан келади ва Сиён (Сайҳун) дарёси орқали бошқа ўлкаларга олиб ўтилади; Органун, бу вилоят Персияда Корасмо (Хоразм) деб аталади; Чин-Мочин (Хитой) — шифобахш ўсимликлар ўсадиган вилоятлар, у ерларда ясалган чиройли буюмларни Генуяга олиб кетишади, яхши сақланади, айтишларича, бир буюмни қирқ йилда ясашар экан; Бокара (Бухоро) — аъло сифатли олтини билан машҳур вилоят; Коросан (Хуросон) — ўттизта шаҳарли вилоят; Медиа (Озарбойжон) — жуда катта вилоят; Спахан (Исфаҳон) – вилоят; Сирас (Шероз) — вилоят; Шилан (Ғилон) — шаҳар ва вилоят, Каспий ёхуд Бачин денгизи яқинида; Аран — жуда катта вилоят; Порт Ферре — жуда катта вилоят ва Александр денгизни Кавкази деб аталган тоққача қазиб олиб борган шаҳар, бу тоғда турфа тилли халқлар яшайди; Жоржия (Грузия) — қироллик ва жуда катта вилоят; Буюк Армения, у ерда Нуҳ пайғамбарнинг ёйи жойлашган тоғ бор; Курдистон — жуда катта вилоят; Калдея (Ироқи Араб) — вилоят; Астрия (Ассирия) — вилоят; Рум — вилоят; Туркия — вилоят.

Бундан ташқари, кўплаб вилоятлар ва шаҳарлар Темурбей салтанати таркибига киради, уларнинг сони юз мингта, сўзимизни қисқароқ қилиш мақсадида номларини келтирмаймиз.

Х. Темурбейнинг маҳорати ва қудрати хусусида

Қисқача айтганда, Темурбей жанггоҳларда барчани, жумладан, кўплаб қироллар ва шаҳзодаларни енгди, на бирор шаҳар ва на бирор истеҳком унга дош бера олган; у сон-саноқсиз шаҳарлару қўрғонларни забт этди, ҳисобсиз халқларни ўзига тобе қилди; саноқсиз муҳорабаларда зафар қозонди ва мана ҳозир ҳам у Буюк Туркни (Боязид Йилдиримни) маҳв этди — Туркия уники бўлди, кўплаб қироллар ва шаҳзодалар, катта ҳокимлар унинг тарафида.

ХI. Темурбейнинг буюклиги ва лашкарларининг сони хусусида

Бу хусусда ҳар хил гаплар юради, бироқ унинг лашкарлари сони қанчалигини ҳеч ким аниқ билмайди: айримларнинг айтишича, унинг қўшини ўн юз минг (миллион) аскардан ва камида саккиз юз минг отдан иборат; туялар ва бошқа жониворларнинг эса асло ҳисоби йўқ. Унинг яна қирқ жанговар фили бор, аскарлар уларнинг устида ўтириб жанг қиладилар; қуролланган суворий шаҳзодалар ва мард навкарлар у билан бирга юрадилар; улар енгил қуролланган ва ортиқча аслаҳалари йўқ, шамширлари ва камонларига ишонадилар ва, хусусан, унга ўттиз олти йилдан бери ҳамроҳлик қилиб келаётган одамлари шаҳарларга кирмайдилар, очиқ далада тунайдилар.

ХII. Темурбейнинг бойликлари хусусида

Унинг бойликларининг сон-саноғи ва миқдорини ҳеч ким билмайди… Қимматбаҳо нарсаларга келганда эса, айтишадики,— мен бунга ишонаман,— бирорта ҳам ҳукмдор, у қанчалар буюк ва қудратли бўлмасин, у қадар кўп бойлик тўплай олмаган. Яна у ўз қўл остидаги барча вилоятлардаги ерости бойликларини ҳам қидириб топдириб, уларга эга бўлди; айтишларича, ўтган йили (1401 йил) у оғирлиги юз ўн етти се ( се — тахминан бир мисқол) келадиган бир жавоҳир топганки, олти се бир унсияга тенгдир.
Сўнгра, Бағдод шаҳри олингач, у Евфрат (Фрот) дарёсига ғарқ бўлган бир кемани топди, кемага Персия қиролларининг барча бойликлари ортилган эди. Хазинадан соф ва нафис олтин дарахт чиқди, унда турфа рангли ва турфа хил қимматбаҳо тошлар, сон-саноқсиз марваридлар бўлиб, бунчалик катта аҳамиятга ва қимматга эга бўлган ёхуд улардан яхшироқ марваридларни ҳеч ким кўрган эмасди. Темурбей бу нарсаларнинг ҳаммасини Семеркантга жўнатди, у ерда унинг ўн саккизта улкан саройи бўлиб, уларнинг барчаси бойликларга шу қадар тўлаки, ҳеч бир инсон уларнинг таърифини қилиб адо эта олмайди.

ХIII. Темурбейнинг очиқкўнгиллилиги ва шафқатсизлиги хусусида

У шароб ичганида меҳрибон ва очиқкўнгил бўлиб қолади; бироқ бундай ҳолат жуда кам бўлади, яъни у жуда кам шароб ичади. Алқисса, у ғазаб отига минмаган пайтларида адолат юритади: адолатининг шиори учун ўз тамғасига форс тилида «адолат» сўзини икки марта («Рости — русти») ёздирган. У ўз дўстлари ва элчиларга, айниқса, узоқ ўлкалардан келган элчиларга етарлича очиқкўнгиллилик қилади; бошқаларга нисбатан, яъни ўзига қарши бирор иш қилган ёки амрига қарши борганларга нисбатан у ўта шафқатсиз; уни айбдорларнинг на туриш-турмуши, на насл-насаби ва на дини-иймони қизиқтиради.

ХIV. Темурбейнинг ҳаёти ва унинг халқи хусусида

Темурбейнинг турмуш тарзи ва халқи ҳақида шундай дейиш мумкин: у ҳар доим очиқ далада ҳарир шоҳи чодир остида умр ўтказади; зеро. унинг халқи шунчалик кўпки, уларнинг барчаси шаҳарда яшай олмайди. Бироқ уларга зарур барча нарсалар худди шаҳарлардагидек бу ерга олиб келинади, сотилади ва харид қилинади; бу ерга узоқ ўлкалардан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келувчи савдогарлар жуда кўп, бу ерда паррандалар, бошқа турфа хил маҳсулотлар ва ҳатто қуллар ҳам сотилади. Темурбейнинг одамлари жуда қимматбаҳо нафис шоҳи матолар ва ҳарир жун матолардан кийим киядилар. Улуғлари эса, Константинопол императори каби бош кийим киядилар, мартабалари қанчалар баланд бўлса-да, бош кийимларига қимматбаҳо тошлар қадамайдилар ва айримлари туркларга ўхшаб думалоқ кокилез киядилар.

Темурбейнинг фуқаролари саранжом-саришта одамлар, улар ерда – стол ва курсисиз овқатланишади. Бу ерларда гўшт ва гуруч сероб, улар мутлақо нон ейишмайди, улар нонни ёқтиришмайди, бироқ ажнабийлар тўйгунларича нон ейишлари мумкин, зеро, ҳар қадамда нон мўл.

Унинг саройида шароб ичиш таъқиқланган, насронийлар эса, ичишлари мумкин, у ҳам бўлса, фақат кечки овқат олдидан, овқатдан сўнг сув ва қимиз ичилади, бир қимизки, шаробдан кам кайф бермайди. Уларнинг донли экинлардан тайёрланадиган яна бошқа бир ичимлиги бўлиб, унинг (бўзанинг) ранги сутдек оппоқ ва шаробдек кайф беради.

Унинг саройида номуссиз аёлларнинг яшаши таъқиқланган, ҳар кимнинг ўз хотини ва мол-мулки бор. Аёллар эркаклар каби моҳир чавандоздирлар, улар яхши кийиниб оладилар, отда юрганларида фақат бурунлари ва кўзлари очиқ бўлади. Одамларнинг юзлари кенг ва осиёликларга хос, ҳамма қатори яшашади ва улар саратсинлар (мусулмон сунналар) мазҳабидандирлар.
Темурбей зиёфатларда тилла, кумуш идишларда овқат ейди ва ўз олдидаги гўштни вассаллари, шаҳзодалар, зодагонлар, элчилар билан баҳам кўради; ҳамма ерда ўтириб овқатланади. Агар ўзи чақирмаса, унинг ёнига боришга ҳеч ким журъат эта олмайди. Унинг ўғиллари ва беклари ҳам русхсатсиз унинг ёнига бориб ўтирмайдилар.

ХV. Темурбейнинг ўз асирларига муносабати хусусида

Агар у бирор ўлкани забт этишни ихтиёр этса, қора рангли туғини кўтаради ва унинг аскарлари ўша ўлкани забт этишга отланадилар, эгалланган ўлкалардан турли хирож ва бойликлар йиғилади. Шуни унутмаслик керакки, улар насронийларга ҳам, мусулмонларга ҳам бирдек муносабатда бўладилар.

ХVI. Темурбейнинг муҳораба ҳақидаги фармонлари хусусида

У фармон бериши у ёқда турсин, имо қилиши биланоқ ҳар ким нима қилиш зарурлигини яхши билади. У ўз қўшинини мингликларга, юзликларга ва ўнликларга бўлган; унинг амрига итоат этмаганларнинг боши кетади.

У қўшинда қатъий тартиб ўрнатган: кимда-ким жангда олд томонидан жароҳатланса, унга катта эҳтиром кўрсатилади; жангда орқасидан жароҳатланган кимса эса жазоланади. У жасур ва мардларни кўп иззатлайди, уларга катта туҳфалар қилади.

У ўзидан кучли ғанимларга қарши жангга кириш олдидан лашкарларини шу қадар пухта жойлаштирадики, ҳеч нарса назаридан четда қолмайди; сўнг у ғаними ўз ҳушёрлигини бой беришини пойлайди ва шу заҳотиёқ унинг устига кутилмаганда зарба бериб, истеҳкомларини вайрон қилади. У қисқа муддатда узоқ йўлни босиб ўта олади, пухта изланишлар ва доно фармонлар ила ўз лашкарларини катта талофатлардан сақлайди. Мухтасар қилиб айтганда, у шу пайтгача барча муҳорабаларда зафар қучган, ҳеч ким унга қаршилик кўрсата олмаган.

Темурбей Туркия ва Арманистон ўртасида жойлашган Туркка (Йилдирим Боязид) қарашли катта шаҳар Сабастр(Сивос)га борганида ҳам худди шундай бўлган. У мазкур шаҳар қаршисида ўн бир кун турди, шундан беш куни ичида қалъа деворлари ёнида шундай бир минора қурдирдики, ундан бутун шаҳар яққол кўриниб турарди. У қон тўкмасликка сўз берганидан кейин шаҳарликлар таслим бўлдилар…

Ундан сўнг Темурбей жуда катта дарё бўлган Евфрат (Фрот) дарёси бўйига борди; у ерда беш кун ичида зарур кема ва қайиқлар ясаттириб, икки ярим кун ичида бир ярим миллион кишидан ортиқроқ лашкарини дарёнинг нариги қирғоғига ўтказди. Дарёдан ўтиб, у баланд тоғ устида жойлашган Ҳалаб шаҳри деворлари ёнига етиб борди ва шаҳар ичкарисида султоннинг кучли қўшини жойлашганидан хабар топгач, қалъани қаттиқ курашсиз қўлга кирита олмаслигига кўзи етди. Шу алфозда Темурбей уч кун шаҳар қаршисида туриб қолди ва тўртинчи куни лашкарининг катта бир қисмини олиб Ҳалабдан икки ле (чақирим) узоқликдаги баланд тоғ ортига ўтди ва ўғлини 30 минг аскар билан шаҳар қаршисида қолдириб, агар султон кучлари унга хужум қилса, бир оз жанг қилиб, сўнгра чекинишни буюрди. Ўғли ҳам уч кун давомида отаси айтганича иш тутди: султон қўшинлари унга қарши жанг бошласа, у бир оз курашган бўлар ва сўнгра чекинарди; тўртинчи куни ўртада катта жанг бўлди ва ўғил одатдагидан узоқроққа чекинди, султон лашкарлари уни шунчалик узоққа қувлаб бордиларки, тоғнинг ортида бекиниб турган Темурбей фурсатдан фойдаланиб ғаним қўшини билан шаҳар деворлари ўртасидаги жойни эгаллади ва султоннинг ўн тўрт минг аскарини ўлдирди, сўнг шаҳарни эгаллади.

Темурбей бу ердан Дамашққа йўл солиб, шаҳарни қамалга олди ва у ерда ўн бир кун турди; шаҳар деворларининг остига кўп миқдорда портловчи моддалар қўйдиртирди, буни кўриб узоқ қаршилик кўрсата олмасликларига кўзлари етган шаҳарликлар таслим бўлдилар. Темурбей билан бирга бўлган савдогарларнинг айтишича, у ўз юртига саккиз юзта туяда тилла ва кумуш, қимматбаҳо тошлар ва бошқа нафис безак буюмлари жўнатди.

Дамашқдан у Эрондаги буюк халифа(Аҳмад Жалойир)нинг Бодаш (Бағдод) деган ўлкасига йўл олди ва Бодаш шаҳри қаршисида тўхтаб, у ерда қирқ кун қолиб кетди: зеро, шаҳар деворларини айланиб чиқиш учунгина икки кечаю икки кундуз керак бўлади. Шаҳарликлар қайсарлик қилдилар, лекин уларнинг қайсарликларини синдирдилар: Темурбей шаҳарни куч ишлатиб қўлга киритди ва бу ерда беадад бойликларни қўлга киритиб, ватанига жўнатди.

ХVII. Эдигни исмли императорнинг Темурбейга қилган хиёнати хусусида

Темурбей, чамаси, бундан икки йил бурун Мўғулистоннинг Эдигни (Идику барлос, Эдигей) исмли императорига ўз элчиларини йўллаганди. Оқ мўғулларнинг мазкур ҳукмдорининг бош шаҳри Соркате (Судак) Кафа(Одесса)дан 18 чақирим нарида жойлашган бўлиб, унинг лашкари юз эллик минг суворийдан иборат эди. Элчилар ўша ҳукмдорнинг қизини Темурбейнинг ўғли учун сўрашди, ҳукмдор рози бўлди; бироқ у узр сўраб, қизини Темурбейдек қудратли ҳукмдорнинг ўғлига узатиш учун зарур тақинчоқлар ва сармояси камлигини баҳона қилди ҳамда элчилардан ўз ҳукмдорларидан келинни ясатиш учун керакли зеб-зийнат буюмлари юборишини ва унинг (келиннинг) истиқболига саройидаги энг нуфузли кишиларни жўнатишини илтимос қилишларини сўради. Элчилар унинг илтимосини Темурбейга етказдилар. Элчиларнинг ҳисоботини эшитиб Темурбей бағоят шод бўлди, шу заҳотиёқ тилла, кумуш, жавоҳир ва қимматбаҳо шоҳи матолар ортилган йигирма беш туя, саройидаги энг юқори лавозимдаги саккиз баронни (аъённи) Қипчоққа жўнатди.

Карвон Эдигнининг ҳузурига етиб боргач, у тилла, кумуш, жавоҳирлар ва бошқа молларни қабул қилди, аъёнларни эса банди қилиб, пулларини тортиб олди, аммо Темурбейга қизини жўнатмади. Темурбей дунёда ҳеч ким мени бу қадар алдамаган, деб шунчалар изтироб чекдики, ҳеч ким бу ҳолга тушган эмас; у умрида бунчалик куюнмаганини айтиб, бунинг учун ўч олмагунча тинчимаслигини билдирди.

Темурбей ҳозиргача амалга оширган ишларидан кўпроқ иш қилиши мумкин эди, бироқ у ўзидан ҳам катта ҳукмдор бошқараётган Форс(Эрон)дан йироқлашиб кетишга журъат эта олмаяпти. Бу ҳукмдорнинг қудрати унинг қудратидан бир ярим-икки баравар кўп бўлиб, исми Тамирасак (бу ерда архиепископ кимни назарда тутаётганини била олмадик), Маласан ҳукмдоридир. Бу ерда аҳвол шу даражага бориб етганки, Темурбей расман у ўлканинг ҳам ҳукмдори ҳисобланса-да, асл хўжайини Тамирасакдир. Баъзиларнинг айтишига қараганда, агар ул иккиси бир бўлсалар, бутун ер юзини забт этишга кучлари етар эмиш.

ХVIII. Темурбей Буюк Туркни қандай маҳв этгани ва банди қилгани хусусида

Лашкарларининг сони ва мардлиги жиҳатидан қудратли бўлган Темурбей баталёнларини (фавжларини) тепаликлар ва дараларга яқин жойда тартибга солди; уларнинг ортига ўзининг энг катта баталёнини ва яқинларини қўйди. Рақибига етарлича қаршилик кўрсата олишига ишонган Турк (Йилдирим Боязид) лашкарларини тўрт баталёнга бўлди; ғанимга яқинлашиб унинг лашкарларидан қўрқиб кетган туркларнинг биринчи баталёни сардори ўз қўл остидаги барча аскарларини олиб қочишга тушди; Турк буни кўриб уларни ортига қайтармоқчи бўлди, бироқ баталён сардори унинг амрига қулоқ солмади ва кўздан ғойиб бўлди.
Шундан сўнг Турк иккинчи баталёнини жангга ташлади, бу қисм жон-жаҳди билан жанг қилди, бироқ Темурбейнинг лашкарлари кўрсатган жасорат туфайли туркларнинг жуда кўп аскарлари, ҳисоб-китобларга қараганда, ўн беш мингдан зиёди ҳалок бўлди. Навбат Туркнинг учинчи баталёнига келди. Бу қисмда унинг ўғиллари ҳам жанг қилдилар ва аксарияти ҳалок бўлди, қолганлари қочмоққа тушди. Буни кузатиб турган Турк тўртинчи баталёнини жангга ташлаб, унга шахсан ўзи қўмондонлик қилди. Бироқ ҳалокатга учраганини сезгач, қочмоқчи бўлди, лекин қоча олмади. Зеро, уни Темурбей аскарлари тўла қуршовга олган эди. Шу алфозда у июлнинг йигирма саккизи, жума куни соат йигирма тўртда қўлга олинди. Аниқ ҳисоб-китобларга кўра, бу муҳорабада иккала томондан қирқ минг киши ҳалок бўлди; Темурбейга нисбатан Турк кўпроқ қурбон берди.
Жуда кўп турклар қочиб қутулдилар, хусусан, Туркнинг икки ўғли ярим тунда қурол-яроғсиз ва кийим-бошсиз қип-яланғоч қочдилар. Темурбей лашкарларининг катта бир қисмини Туркнинг бош шаҳри Бурсага жўнатди; қалъа олингач, тоби қочган Туркнинг хазинасини қўлга киритди; бу хазинани ҳамда кўпсонли хизматкорлар ва қулларни Семеркантга жўнатди. Шундан сўнг у бутун Туркияни ишғол этишга киришди, Темурбейга иттифоқдош бўлган айрим ҳокимларга қарашли ўлкалар бундан истисно эди. Туркнинг тўнғич ўғли Юнонистонга ўтиб кетди, у ҳозир ҳам ўша ерда иззат-ҳурматда; кенжа ўғли Туркияда ва Темурбей унинг изидан қувиб юрибди. Бу нима билан тугашини Худо билади. Тангрининг иродаси Темурбейдан бошқа бирор тирик жонга аён эмас.

ХIХ. Темурбейнинг салтанати ва шаҳарларидаги тартиб-қоидалар хусусида

У ўз фуқароларига бир қанча солиқ ва тўловлар жорий этган бўлса-да, ажнабий тужжорларга катта эътибор кўрсатади ва уларни, айниқса, фаранглар ва насораларни рағбатлантиради, салтанати ҳудудида уларнинг хавфсизликларини таъминлайди. У кўп масканларда олинадиган жон ва туз солиқларини бекор қилди ва бу солиқлар фақат йирик шаҳарларда олинсин, деб фармон берди. У салтанатининг барча ҳудудларида тужжорлар ҳаётига хавф соладиганларга шафқатсиз жазо тайинлади: тужжорларни талаган ўлка аҳли унга (тужжорга) таланган мол қимматини икки баробар қилиб қайтаради ёхуд салтанат хазинасига тужжор йўқотган мол-мулк қимматининг беш баробари миқдорида жарима тўлайди.
Барча аҳоли масканларида унинг масъул кишилари бор ва у адолатга қатъий риоя этади ҳамда жиноят қилган ҳар қандай кимсага, кимлигидан қатъи назар, шафқат қилмайди: кичик бир жинояти учун каттаю кичик амалдорларга шу заҳотиёқ жазо тайинлайди; жазо асосан жарима шаклида бўлади: айбдорлар катта миқдорда жарима тўлайдилар. Унинг амалдорлари жуда бой ва тўқ яшайдилар, шу боисдан улардан катта пул ундирилади. Бу пуллар нақ юз хачирга юк бўлади ва улар ҳар йили катта байрам учун сарфланади. Барча шаҳарлар ва ўлкалар ҳар йили даромадларининг ўндан бири ёки чорагини салтанат хазинасига топширадилар. Бу иш билан унинг ғазначилари ва нозирлари шуғулланади.

Темурбейнинг ўзи шахсан ҳеч кимга озор бермайди ва у шундай қилган одамларни қаттиқ жазолайди. Зеро, у сафарда юрган пайтида кўплаб адолатсизликлар бўлиб туради. Шаҳарлар ва ўлкаларни унинг ўғиллари, жиянлари ва аъёнлари бошқаради. Унинг нақд пулда маош бериш одати йўқ, бироқ у ўз аъёнларига ер-мулк беради ва бошқа туҳфалар қилади. У ўз фармонларига барча ерда сўзсиз итоат этилишини истайди ва ажнабийлардан кўра кўпроқ ўз фуқароларидан ҳадиксирайди.

ХХ. Темурбейнинг душманлари бўлмиш айрим қудратли императорлар хусусида

Темурбейнинг асосий рақиблари Шарқдадир. Бу энг аввало Катай(Хитой)нинг буюк императоридир. У камарли насронийлар мазҳабидан бўлиб, куч-қудратда Темурбейга тенг ёхуд ундан зиёдроқ. Унинг иккинчи рақиби Форс императори (Султон Аҳмад Жалоирий) бўлиб, у бундан ўн беш йил илгари Темурбейдан зўрға қочиб қутулган. Ҳозир Бадаш ва Калдея(Ироқи Араб)нинг қолган қисмларига ҳукмронлик қилади. Унинг яна бир рақиби Миср султони. Мўғулистонлик Эдигни эса, унинг асосий душманидир. Зикр этилганлардан кейинги учтаси саратсинлар мазҳабидан. Темурбейнинг яна бошқа душманлари ҳам бор. Улар ундан қўрқадилар ва унинг ўлимини кутадилар. Улар ўзларича башорат қилишиб, Темурбей Қоҳирада мағлубиятга учрайди ва ҳалок бўлади, деб ўйлашмоқда. Темурбей, аксинча, бунга ишонмайди ва ҳали яна узоқ умр кўраман, дейди.

ХХI. Темурбейнинг ҳузуридаги шоҳ ва шаҳзодалар хусусида

Энг аввало, Мўғулистон императори у билан бирга. У кўнгли нимани хоҳласа, шуни қилади. Маластан қироли, Коросан қироли, кўп мамлакатлар ва ўлкаларнинг ҳукмдорлари, шаҳзодалари ҳамда бир қанча кичик ҳукмдорлар унинг ҳузуридалар. Шоҳ Алдин ҳам унинг ёнида, бироқ ундан қочиб юради. Форс императорининг икки ўғли ҳам унинг ёнида(шоҳ Шужўнинг Шибли ва Зайн ал-Обидин исмли ўғиллари). Гургония императорининг укаси шоҳ Бокаран (Баҳром) ҳам унинг ҳузурида. Темурбей забт этган барча вилоятлару ўлкалар ҳокимларининг тўнғич ўғиллари ва ўлка ноиблари ҳам у билан бирга; илм-фан, хусусан, астрология, медитсина ва нигромания (қорамагия)нинг энг кучли олимлари ҳам унинг ҳузурида: у илмли ва яхши оиладан чиққан инсонларни кўп эъзозлайди. Темурбей улар билан савол-жавоб қилишни хуш кўради. У зикр этилган инсонларнинг барчаси билан яхши муносабатда бўлади ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Узоқ ўлкалардан келган элчиларга ҳам худди шундай муносабатда бўлади. Шунга қарамай, улар ўзл
арини эмин-эркин ҳис эта олишмайди: зеро, унинг ёнида бой-бадавлат юришдан кўра, ундан узоқроқ туриб, қашшоқликда яшашни ихтиёр этувчи шоҳлар ва шаҳзодалар ҳам учраб туради. Буюк Турк ҳам унинг ёнида, унга катта ҳурмат-иззат кўрсатилмоқда.

ХХII. Темурбейнинг имон-эътиқоди ва унга қилинган башоратлар хусусида

Темурбей ўз эътиқоди бўйича саратсин бўлиб, ўз динига амал қилмайдиганларни жазолайди, ҳам қийнайди. У илгари насронийларни яхши тушунмас ва хуш кўрмасди. Мана энди, Султония архиепископи биродар Жанни ва доминикан мазҳаблик биродар Француани кўрганидан — бизнинг эътиқодимизга ишонч ҳосил қилганидан кейин у ўзининг хатосини англаб, қаттиқ таъсирланди. У насронийларга хайрихоҳлик қилади ва эҳтиром кўрсатади, хусусан, лотинларга, яъни французларга бирор ёмонлик қилмайди; уларга ўз салтанатида эмин-эркин юришлари учун йўл берган. Айниқса, савдогарларга ўз эътиқодларига риоя қилишлари, черковларга бориб ҳамма насронийлар бажарадиган амалларни бажаришлари учун барча шароитларни яратган.

У ўз дини талабларидан келиб чиқиб, кунига беш маротаба худога муножат қилади ва қаерда бўлишидан қатъи назар, саратсинлар учун лозим бўлган барча амалларни бажаради. У тушида тез-тез фаришталарни кўришини ва уларнинг ўзига қилган башоратларини айтиб юради; бу дунёда нимаики иш юз берса, бариси худонинг иродаси билан содир бўлишини айтади. У кунлардан бир куни тушида фариштани кўрганини сўзлаб берди: эмишки, унинг қаршисида ердан осмонгача етган нарвон турганмиш, тепада фаришта пайдо бўлиб, уни ўзи томон чорлармиш: «Ўрнингдан туриб, нарвонга чиқ», – дебди унга фаришта. Темурбей фаришта айтганини қилиб, қирқинчи зинага кўтарилибди. Шунда фаришта унга: «Энди пастга туш», — дебди. Темурбей пастга тушибди. Шундан сўнг у бу тушнинг таъбирини сўрабди. Тушнинг таъбири қуйидагича экан: у бутун ер юзини эгаллаб, қирқ йил давомида соғ-омон ҳукмронлик қилар эмиш.

Ўзининг айтишича, у одамларнинг фикрлари ва режаларини олдиндан билиб олар эмиш, буларни унга фаришталар маълум қилар эмиш. У кекса эркак ва кекса аёлларга чуқур иззат-эҳтиром кўрсатади, уларга катта ҳадялар беради, унинг саройида ҳеч ким аёлларга, хусусан, энагаларга қарши бирор сўз айта олмайди. У жуда яхши тарбия кўрган, зеро, ажнабийларнинг ҳар бирига уларнинг мавқеи ва мансабига мос равишда иззат-эҳтиром кўрсатади.

ХХIII. Темурбейнинг ёши ва соғлиги хусусида

Унинг ёши олтмиш-олтмиш беш атрофида ва у ўттиз йилдан бери ҳукмдорлик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида у шунчалик ғаройиб ишларни рўёбга чиқарганки, уларни ёзиб адо этиб бўлмайди. У ўрта бўйли, чеҳраси мўғулона, испанча соқолига оқ оралаган ва қомати тик инсон. Бироқ унинг ўнг қўли ва ўнг оёғи мажруҳ бўлиб, уларни даволаш мумкин эмас, зотан, томирлари кесилган. У ёшлигида лашкарларини ўзи жангга бошлаб кирарди: моҳир чавандоз эди, аммо энди, баъзан, икки отга ўрнатилган ўриндиқда сафар қилади ва шундай қўриқланадики, ўзи чақиртирган одамдан бўлак ҳеч ким унга яқинлашишга журъат эта олмайди. Темурбейнинг амри шу эрур.

XXIV. Темурбей ёқтирадиган нарсалар хусусида

Энг аввало, унга қуйидаги нарсалар ёқади: буғдойранг, қирмизи ва алвон, оқ ва оч-яшил, худди Ренс(Франциядаги шаҳар)да тайёрланадигандек нафис тўқима матолар, маржон шодалари, биллур тошлар, тилла ва кумуш идишлар, худди Франциядаги каби ишлов берилиб, зумрад тошлар билан безатилган идишлар, тоза Кипр камлоти(пишиқ жун газламаси), ғаройиб балиқ тишлари, Франциядаги каби курсилар, Франциядагидек қимматбаҳо гиламлар, хушбўй ва мазали зираворлар, дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган зотли бақувват отлар, катта итлар ва Испаниядаги каби катта хачирлар. Бироқ ундаги бу нарсаларнинг санаб саноғига етиб бўлмайди.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 20-сони.

55f8a06f590523233.jpgJan (Ioann)
AMIR TEMUR VA UNING SAROYI
Fransuz tilidan Bahodir Ermatov tarjimasi.

098

07G‘arbiy Ovro‘po xalqlari adabiyotlarida Amir Temur hayoti va faoliyatiga bag‘ishlangan asarlar nihoyatda ko‘p, biroq Sohibqiron haqidagi ilk asarlar esdaliklar tarzida yozilgan bo‘lib, ular Amir Temur zamondoshlari qalamiga mansubdir. Shulardan biri Erondagi Sultoniya shahrining arxiyepiskopi Jan(Ioann)ning «Amir Temur va uning saroyi haqida xotiralar»(Memoires sur Tamerlan et sa cour) asaridir.

1403 yil may oyining boshida Parijda bir ruhoniy paydo bo‘lib, o‘zini Amir Temurning elchisi deb tanishtiradi. Chindan ham u zarhal harflar bilan bitilib, Amir Temurning mo‘‘jazgina muhri bosilgan maktubini Fransiya qiroli Karl VIga topshiradi. Maktubni topshirgan Sultoniya arxiyepiskopi qirol saroyida Karl VI va Fransiyaning Berri, Burgundiya, Orlean, Burbon va Britaniya gersoglari hamda boshqa a’yonlar huzurida nutq so‘zlab, tashrifining ikki sababini aytadi: birinchisi, Amir Temurning Boyazid ustidan qozongan g‘alabasini ma’lum qilish; ikkinchisi — Amir Temur bilan Karl VI o‘rtasida doimiy diplomatik aloqalar o‘rnatish.

Jan Rim papasi Bonifatsiy IX tomonidan 1398 yil 23 avgustda Sultoniya shahrining arxiyepiskopi etib tayinlangan (Jean Richard, La papaute et les missions d’Orient au Moyen Age (XIIIe — XVe siecles). Ecole francaise de Rome, 1977, pp. 181 — 182; La route de Samarkand au temps de Tamerlan par Ruy Gonzalez de Clavijo. Imprimerie Nationale, Paris, 1990, p. 51).

Janning aynan o‘sha yillari Sultoniyada xizmat qilganligini taniqli fransuz sharqshunos olimlari Silvestr de Sasi (Memoire sur une correspondance inedite de Tamerlan avec Charles VI. Memoires de l’Academie des inscriptions et belles-lettres. Paris, 1822) va X.Moranvile (Memoire sur Tamerlan et sa cour par un dominicain, en 1403. Extrait de la Bibliotheque de l’Ecole des chartes. Paris, 1894) ham tasdiqlaydilar.

Arxiyepiskop Jan Fransiya qiroli Karl VI topshirig‘iga binoan o‘zining «Amir Temur va uning saroyi haqida xotiralar»ini yozadi. Asar 23 qism(bob)dan iborat. Unda Sohibqiron Movarounnahr taxtiga chiqqan paytdan 1402 yil avgust oyigacha bo‘lib o‘tgan asosiy voqea va hodisalar tilga olinadi.
«

Xotiralar» bilan ilk bora tanishgan kishida u afsonalar va haqiqat omuxtasidan iborat asar, degan taassurot tug‘ilishi tabiiy. Haqiqatan ham muallif Amir Temur hayoti va faoliyati bilan bog‘liq bizga ma’lum va noma’lum afsona-rivoyatlardan keng foydalangan. Masalan, Amir Temurning amir Husayn elchilari oldida ishlatgan hiylasi (I bob) va Sohibqiron bilan Edigni(Idiku) o‘rtasidagi munosabat (XVII bob) haqidagi hikoyatlar shular jumlasidandir. Biroq, «Xotiralar»da boshqa manbalarda mavjud aniq tarixiy ma’lumotlar ham ko‘p.

Arxiyepiskop Janning «Xotiralar»i Sohibqiron bilan Samarqandda uchrashgan ovrupolik boshqa bir elchi — Rui Gonsales de Klavixoning «Kundaliklar»i kabi Amir Temur shaxsi, uning hayoti va faoliyatiga doir bebaho hujjat hisoblanadi. «Amir Temur va uning saroyi haqida xotiralar» tarjimasida muallif uslubini saqlashga intildik. Qavs ichidagi izohlar tarjimonniki.
Asar o‘zbek tilida ilk bora ayrim qisqartirishlar bilan e’lon qilinmoqda.

trn21 a.jpgI. Temurbeyning taxtga chiqishi

Bu hukmdorning qo‘li dastlab unchalik uzun bo‘lmagan va uni ko‘pchilik tanimagan, uning qo‘l ostida o‘zining oilasiga o‘xshash oilalardan chiqqan atigi o‘n chog‘li maslakdoshi bo‘lgan. Biroq u yoshligidanoq o‘z aql-zakovati, uddaburonligi ila boylik orttira bordi, istehkom va amloklarni egallab, maslakdoshlari sonini nihoyatda ko‘paytirdi va kundan-kunga kuchayib bordi.
O‘zining ishlaridan Buyuk Mo‘g‘uliston imperatori(amir Qazog‘on)ning g‘azabi qaynab turganini sezgan Temurbey to‘ppa-to‘g‘ri Xitoy imperatorining huzuriga bordi. U kamarli nasroniylar (maroniy) mazhabidan bo‘lib, mo‘g‘ul imperatorining raqibi va dushmani edi. Temurbey shu nasroniy imperator huzurida ko‘p harakat qilib, undan qudratli bir qo‘shinni yordamga oldi; shu qo‘shin bilan u zikr etilgan Mo‘g‘uliston imperatorining katta yerlarini qo‘lga kiritdi, xususan, u Semerkant(Samarqand) shahrini egalladi. Shahar Sharqda joylashgan bo‘lib, Mo‘g‘uliston imperatoriga qarardi. Shundan so‘ng u (Amir Temur) nasroniy imperatorning lashkariga ketish uchun ruxsat berdi.
Temurbey tomonidan tahqirlangan va haqoratlangan mo‘g‘ullar imperatori (yuqorida arxiyepiskop amir Qazog‘on haqida so‘z yuritsa, bu o‘rinda va undan keyin amir Husayn haqida so‘z yuritadi) o‘z raqibiga qarshi kurashish uchun juda katta qo‘shin to‘pladi va uning huzuriga elchilar yo‘lladi. Elchilar unga (Amir Temurga) yo jang maydoniga chiqish yoxud Mo‘g‘uliston imperatoriga so‘zsiz itoat etishni aytishlari lozim edi; agar u (Amir Temur) unga itoat etsa, katta hokim qilib tayinlanishi va’da etilgandi.
Huzuriga kelgan elchilarni ko‘rgan Temurbey zo‘r hiyla ishlatib, ko‘rpa-to‘shak qilib yotib oldi. Zero, u zikr etilgan imperatorning qudratini yaxshi bilardi. Shu bois raqibi va uning elchilarini g‘aflatda qoldirishni o‘ylay boshladi. Yaxshilab fikrini jamlab olgach, yangi so‘yilgan molning qonini keltirishlarini buyurdi va uni yutib oldi. So‘ngra elchilarning ne maqsadda kelganini bilish uchun ularni tezgina o‘z huzuriga chorladi. Elchilar huzuriga kirgan chog‘ unga (Amir Temurga) shoshilinch ravishda tog‘ora keltirdilar va u elchilar oldida yutgan qonini qayt qila boshladi; ular (elchilar) bu qonni uning (Amir Temurning) qoni deb o‘yladilar. Bu bilan u elchilarga o‘z taqdiridan qochib qutula olmasligi va dardiga hech qanday davo yo‘qligini, ya’ni tez orada o‘lajakligini bildirdi. Shundan so‘ng elchilar bemalol qaytib ketdilar. Chunki ular Temurbeyning «o‘layotgani»ni o‘z ko‘zlari bilan ko‘rgan edilar.
Bundan xabar topgan imperator ko‘p shodlandi va lashkarlariga ijozat berib, kichik bir askarlar guruhi va xotinlari hamda farzandlari bilan xursandchilikka berildi. Elchilar qaytib ketganiga ishonch hosil qilgan Temurbey sakrab to‘shagidan turdi va butun qo‘shini bilan zikr etilgan imperatorning ketiga tushdi; Temurbey uni xotinlari va farzandlari hamda kichik bir a’yonlar guruhi bilan aysh-ishrat qilib turgan chog‘ida uchratdi. Temurbey qilichini ko‘tardi va imperatorni mahv etdi, unga qarindosh bo‘lgan xotinini o‘ziga xotin qilib oldi, o‘z o‘g‘illariga imperatorning qizlarini olib berdi va uning erkak zotidan bo‘lgan yaqinlarining hammasini o‘ldirdi; faqat bittasidan tashqari, uni o‘z yonida olib qoldi, ismi Soltamakush (Suyurg‘atmish) edi. Temurbey uning nomidan hukmronlik qildi va shu yo‘l bilan u butun Transoksaniya imperiyasini qo‘lga kiritdi. Bu voqealar ro‘y berganida u qirq yoshda yoxud sal kattaroq edi. Shundan so‘ng u Sharqdagi ko‘p viloyatlarni qo‘lga kiritdiki, jumladan, ularning biri Simenana (Simnon) deb atalardi, bu xususda keyinroq so‘z yuritiladi.

II. Temurbey ismining talqini xususida

Bu imperatorning ismi Temurbey edi; bu ism quyidagicha talqin qilinadi va izohlanadi: Temurbey atoqli otdir va «temir» so‘zidan kelib chiqqan bo‘lib, «fer» (fransuzcha «temir») ma’nosini bildiradi va «bey» so‘zi «hukmdor» ma’nosiga teng bo‘lib, «temir hukmdor» degan ma’noni anglatadi. Boshqalar uni «Tamurlan» deb atashadi, bu so‘z ham «temir»dan kelib chiqqan bo‘lib, fransuzchasiga «Temur oqsoq» degan ma’noni bildiradi. «Oqsoq» uning laqabi edi.
Bu tatarcha va forscha talqinlardir. Eronda uni «miritabam», ya’ni «hukmdor» deb ham, «kalon», ya’ni «buyuk hukmdor» deb ham atashadi.

III. Temurbeyning unvoni xususida

«Temur Gerakan sosmus» («Temur Ko‘ragon so‘zimiz») iborasi Temur «imperatorning o‘g‘li» yoki «kuyovi» degan ma’noni bildiradi va «sosmus» — «bizning qat’iy so‘zimiz» deganidir. U o‘zini na qirol, na imperator va na boshqa nom bilan ataydi; qachon so‘zlasa va amr etsa, imperator nomidan so‘zlaydi va amr etadi, unga hurmat ko‘rsatib, yiliga bir marta uni borib ko‘radi; bu hurmatdan so‘ng u o‘sha imperator haqida gapirib, unga o‘z saroyida izzat ko‘rsatayotganini aytadi. Biroq, Temurbey barcha ishni imperatorning muhrisiz amalga oshiradi.

IV. Uning irqi xususida

U kelib chiqishi bo‘yicha sharqlik barloslardan bo‘lib, ularning millati yokate (chig‘atoy) deb ataladi. Ba’zilar fikricha, shu tomonlarda bizning Iisus Xristosga teng keladigan uch qirol o‘tgan ekan. Bu o‘lkaga Hindiston tomonidagi Persiyadan keyin keladigan Korasan (Xuroson) viloyati, Media (Ozarboyjon) viloyati va boshqa viloyatlar kiradi. Bu o‘lka tarkibiga kiruvchi yana bir shahar, bu — Temurbeyning shahri Semerkantdan juda yiroqda, yuz kunlik masofada, Jiyon daryosidan narida – Persiyada joylashgan Suzis (Suza) shahridir.

V. O‘g‘illarining nasl-nasabi va ismlari xususida

Temurbeyning ko‘p o‘g‘illari bo‘lgan va hozir ulardan atigi ikkitasi hayot, ularning kattasini Miranza(Mironshoh) deb atashadi va uning yoshi qirq yoki undan bir oz katta; eng kichigi Sonxarni(Shohrux) deb ataladi va uning yoshi yigirma ikki atrofida. Birinchisining ismi quyidagicha talqin qilinadi: mir – janob va za — qirol, ya’ni «janobi qirol». Ikkinchisining ismi fransuz tilida «qirolning yuzi» ma’nosida. To‘ng‘ich o‘g‘il barvasta, xushmuomala, hurfikr va otasining saroyida hamma uni hurmat qiladi. U nasroniylar va franklarni, ya’ni barcha lotinlarni (ovrupoliklarni) juda yaxshi ko‘radi; u bamisoli ikkinchi Aleksandr(Makedonyalik Aleksandr). Uning to‘rt xotini va to‘rt o‘g‘li bor: xotinlarining eng suyuklisi imperator avlodidan va Konzada (Xonzoda) deb ataladi. O‘g‘illarining lashkarlari katta, ya’ni 20-30 ming kishidan iborat va saroylari ham katta. Ayniqsa, Abasimeza (Mirzo Abubakr) ismli to‘ng‘ich o‘g‘lining lashkari juda katta; bu ism «Xudoning marhamati ila tug‘ilgan», deb talqin qilinadi. Bu o‘g‘il qurol ishlatishga juda mohir. To‘rt o‘g‘ilning yana birining ismi Omariza (Umar Mirzo) bo‘lib, u Temurbeyning leytenanti: uning saroyida mulozimlar ko‘p, qo‘l ostida katta o‘lka bor.

VI. Jiyanlari va nabiralarining soni xususida

Temurbeyning oltmish-etmish chog‘li yoxud undan ziyod jiyanu nabiralari bor. Ularning eng birinchisi katta akasining o‘g‘li bo‘lib, ona tomonidan imperator avlodidan va katta amlokka ega; ikkinchisining ko‘p o‘lkalarda o‘ziga maslakdosh va sodiq vassallari bor; uning ismi Mamuzatain(Mirzo Sulton Husayn)dir.

VII. Temurbeyning xotinlari xususida

Temurbeyning to‘rt qonuniy xotini va ko‘plab kanizaklari bor. Katta xotini imperator oilasidan bo‘lib, Karon (Saroymulkxonim) deb ataladi va doim ayollar doirasida farog‘at topadi; erkaklarni aslo yoqtirmaydi. U sog‘ligi yomonligi tufayli har kuni davolanish uchun ming dukat (tilla) sarflaydi, doimo xotinlar qurshovida yuradi.

VIII. Temurbey hukmronligining boshlanishi

Yoshligida u ham o‘z tengqurlariga o‘xshash yigit edi, ammo aql-zakovati, zukkoligi bilan ajralib turardi va doimo mard yigitlar qurshovida yurardi. U doimo xudoni olqishlab yuradi va nima qilsa barisini xudo uchun, uning xohishi bilan qiladi; o‘zining aytishicha, u bir bechora ayolning o‘g‘li, kuchsiz va kambag‘al yigit bo‘lgan, u nimaga erishgan bo‘lsa, xudoning marhamati ila erishgan, vaqti kelib bularning hammasini xudoga qaytaradi. Yana uning aytishicha, barcha ro‘y beradigan narsani xudo unga oldindan bashorat qiladi.
Hozir u juda katta va qudratli hukmdor. Zero shu paytgacha Sharqda hech kim unga teng keladigan birorta insonni ko‘rgan ham, uchratgan ham emas. Ayniqsa, u Semerkant shahrini va Transoksaniya imperiyasini qo‘lga kiritganidan keyin shunday qudratga ega bo‘ldi. Zotan, u (imperiya) Sharqqa tomon shuncha katta makonni egallaganki, uning bir sarhadidan ikkinchisiga yetish uchun tinmay yarim yil yo‘l bosish kerak. U ko‘plab viloyatlar, shaharlar, qo‘rg‘onlar, amloklarni qo‘lga kiritdi va tobe etdi. Jumladan, u Hindistondagi Dilli (Dehli) degan shaharni ishg‘ol qildi va qirolini bo‘ysundirib, shundan so‘ng G‘arbga tomon yurdi hamda Konstantinopolgacha bo‘lgan barcha o‘lkalarni egalladi.

IX. Temurbey hukmronligidagi viloyatlar va o‘lkalar xususida

Temurbey qo‘l ostidagi Hindistondan Turkiyagacha bo‘lgan hududni bir odam piyoda naq bir yilda, otda esa to‘qqiz oyda bosib o‘tadi. Uning saltanati tarkibiga, jumladan, quyidagi o‘lkalar kiradi: Dilli — yirik shahar; Simenana — viloyat; Malastan (Badaxshon) — viloyat; qimmatbaho toshlar o‘lkasi; Ferinus (Kimexredgan) hind ziravorlari shu yerdan keladi va Siyon (Sayhun) daryosi orqali boshqa o‘lkalarga olib o‘tiladi; Organun, bu viloyat Persiyada Korasmo (Xorazm) deb ataladi; Chin-Mochin (Xitoy) — shifobaxsh o‘simliklar o‘sadigan viloyatlar, u yerlarda yasalgan chiroyli buyumlarni Genuyaga olib ketishadi, yaxshi saqlanadi, aytishlaricha, bir buyumni qirq yilda yasashar ekan; Bokara (Buxoro) — a’lo sifatli oltini bilan mashhur viloyat; Korosan (Xuroson) — o‘ttizta shaharli viloyat; Media (Ozarboyjon) — juda katta viloyat; Spaxan (Isfahon) – viloyat; Siras (Sheroz) — viloyat; Shilan (G‘ilon) — shahar va viloyat, Kaspiy yoxud Bachin dengizi yaqinida; Aran — juda katta viloyat; Port Ferre — juda katta viloyat va Aleksandr dengizni Kavkazi deb atalgan toqqacha qazib olib borgan shahar, bu tog‘da turfa tilli xalqlar yashaydi; Jorjiya (Gruziya) — qirollik va juda katta viloyat; Buyuk Armeniya, u yerda Nuh payg‘ambarning yoyi joylashgan tog‘ bor; Kurdiston — juda katta viloyat; Kaldeya (Iroqi Arab) — viloyat; Astriya (Assiriya) — viloyat; Rum — viloyat; Turkiya — viloyat.
Bundan tashqari, ko‘plab viloyatlar va shaharlar Temurbey saltanati tarkibiga kiradi, ularning soni yuz mingta, so‘zimizni qisqaroq qilish maqsadida nomlarini keltirmaymiz.

X. Temurbeyning mahorati va qudrati xususida

Qisqacha aytganda, Temurbey janggohlarda barchani, jumladan, ko‘plab qirollar va shahzodalarni yengdi, na biror shahar va na biror istehkom unga dosh bera olgan; u son-sanoqsiz shaharlaru qo‘rg‘onlarni zabt etdi, hisobsiz xalqlarni o‘ziga tobe qildi; sanoqsiz muhorabalarda zafar qozondi va mana hozir ham u Buyuk Turkni (Boyazid Yildirimni) mahv etdi — Turkiya uniki bo‘ldi, ko‘plab qirollar va shahzodalar, katta hokimlar uning tarafida.

XI. Temurbeyning buyukligi va lashkarlarining soni xususida

Bu xususda har xil gaplar yuradi, biroq uning lashkarlari soni qanchaligini hech kim aniq bilmaydi: ayrimlarning aytishicha, uning qo‘shini o‘n yuz ming (million) askardan va kamida sakkiz yuz ming otdan iborat; tuyalar va boshqa jonivorlarning esa aslo hisobi yo‘q. Uning yana qirq jangovar fili bor, askarlar ularning ustida o‘tirib jang qiladilar; qurollangan suvoriy shahzodalar va mard navkarlar u bilan birga yuradilar; ular yengil qurollangan va ortiqcha aslahalari yo‘q, shamshirlari va kamonlariga ishonadilar va, xususan, unga o‘ttiz olti yildan beri hamrohlik qilib kelayotgan odamlari shaharlarga kirmaydilar, ochiq dalada tunaydilar.

XII. Temurbeyning boyliklari xususida

Uning boyliklarining son-sanog‘i va miqdorini hech kim bilmaydi… Qimmatbaho narsalarga kelganda esa, aytishadiki,— men bunga ishonaman,— birorta ham hukmdor, u qanchalar buyuk va qudratli bo‘lmasin, u qadar ko‘p boylik to‘play olmagan. Yana u o‘z qo‘l ostidagi barcha viloyatlardagi yerosti boyliklarini ham qidirib topdirib, ularga ega bo‘ldi; aytishlaricha, o‘tgan yili (1401 yil) u og‘irligi yuz o‘n yetti se ( se — taxminan bir misqol) keladigan bir javohir topganki, olti se bir unsiyaga tengdir.
So‘ngra, Bag‘dod shahri olingach, u Yevfrat (Frot) daryosiga g‘arq bo‘lgan bir kemani topdi, kemaga Persiya qirollarining barcha boyliklari ortilgan edi. Xazinadan sof va nafis oltin daraxt chiqdi, unda turfa rangli va turfa xil qimmatbaho toshlar, son-sanoqsiz marvaridlar bo‘lib, bunchalik katta ahamiyatga va qimmatga ega bo‘lgan yoxud ulardan yaxshiroq marvaridlarni hech kim ko‘rgan emasdi. Temurbey bu narsalarning hammasini Semerkantga jo‘natdi, u yerda uning o‘n sakkizta ulkan saroyi bo‘lib, ularning barchasi boyliklarga shu qadar to‘laki, hech bir inson ularning ta’rifini qilib ado eta olmaydi.

XIII. Temurbeyning ochiqko‘ngilliligi va shafqatsizligi xususida

U sharob ichganida mehribon va ochiqko‘ngil bo‘lib qoladi; biroq bunday holat juda kam bo‘ladi, ya’ni u juda kam sharob ichadi. Alqissa, u g‘azab otiga minmagan paytlarida adolat yuritadi: adolatining shiori uchun o‘z tamg‘asiga fors tilida «adolat» so‘zini ikki marta («Rosti — rusti») yozdirgan. U o‘z do‘stlari va elchilarga, ayniqsa, uzoq o‘lkalardan kelgan elchilarga yetarlicha ochiqko‘ngillilik qiladi; boshqalarga nisbatan, ya’ni o‘ziga qarshi biror ish qilgan yoki amriga qarshi borganlarga nisbatan u o‘ta shafqatsiz; uni aybdorlarning na turish-turmushi, na nasl-nasabi va na dini-iymoni qiziqtiradi.

XIV. Temurbeyning hayoti va uning xalqi xususida

Temurbeyning turmush tarzi va xalqi haqida shunday deyish mumkin: u har doim ochiq dalada harir shohi chodir ostida umr o‘tkazadi; zero. uning xalqi shunchalik ko‘pki, ularning barchasi shaharda yashay olmaydi. Biroq ularga zarur barcha narsalar xuddi shaharlardagidek bu yerga olib kelinadi, sotiladi va xarid qilinadi; bu yerga uzoq o‘lkalardan oziq-ovqat mahsulotlarini olib keluvchi savdogarlar juda ko‘p, bu yerda parrandalar, boshqa turfa xil mahsulotlar va hatto qullar ham sotiladi. Temurbeyning odamlari juda qimmatbaho nafis shohi matolar va harir jun matolardan kiyim kiyadilar. Ulug‘lari esa, Konstantinopol imperatori kabi bosh kiyim kiyadilar, martabalari qanchalar baland bo‘lsa-da, bosh kiyimlariga qimmatbaho toshlar qadamaydilar va ayrimlari turklarga o‘xshab dumaloq kokilez kiyadilar.
Temurbeyning fuqarolari saranjom-sarishta odamlar, ular yerda – stol va kursisiz ovqatlanishadi. Bu yerlarda go‘sht va guruch serob, ular mutlaqo non yeyishmaydi, ular nonni yoqtirishmaydi, biroq ajnabiylar to‘ygunlaricha non yeyishlari mumkin, zero, har qadamda non mo‘l.
Uning saroyida sharob ichish ta’qiqlangan, nasroniylar esa, ichishlari mumkin, u ham bo‘lsa, faqat kechki ovqat oldidan, ovqatdan so‘ng suv va qimiz ichiladi, bir qimizki, sharobdan kam kayf bermaydi. Ularning donli ekinlardan tayyorlanadigan yana boshqa bir ichimligi bo‘lib, uning (bo‘zaning) rangi sutdek oppoq va sharobdek kayf beradi.
Uning saroyida nomussiz ayollarning yashashi ta’qiqlangan, har kimning o‘z xotini va mol-mulki bor. Ayollar erkaklar kabi mohir chavandozdirlar, ular yaxshi kiyinib oladilar, otda yurganlarida faqat burunlari va ko‘zlari ochiq bo‘ladi. Odamlarning yuzlari keng va osiyoliklarga xos, hamma qatori yashashadi va ular saratsinlar (musulmon sunnalar) mazhabidandirlar.
Temurbey ziyofatlarda tilla, kumush idishlarda ovqat yeydi va o‘z oldidagi go‘shtni vassallari, shahzodalar, zodagonlar, elchilar bilan baham ko‘radi; hamma yerda o‘tirib ovqatlanadi. Agar o‘zi chaqirmasa, uning yoniga borishga hech kim jur’at eta olmaydi. Uning o‘g‘illari va beklari ham rusxsatsiz uning yoniga borib o‘tirmaydilar.

XV. Temurbeyning o‘z asirlariga munosabati xususida

Agar u biror o‘lkani zabt etishni ixtiyor etsa, qora rangli tug‘ini ko‘taradi va uning askarlari o‘sha o‘lkani zabt etishga otlanadilar, egallangan o‘lkalardan turli xiroj va boyliklar yig‘iladi. Shuni unutmaslik kerakki, ular nasroniylarga ham, musulmonlarga ham birdek munosabatda bo‘ladilar.

XVI. Temurbeyning muhoraba haqidagi farmonlari xususida

U farmon berishi u yoqda tursin, imo qilishi bilanoq har kim nima qilish zarurligini yaxshi biladi. U o‘z qo‘shinini mingliklarga, yuzliklarga va o‘nliklarga bo‘lgan; uning amriga itoat etmaganlarning boshi ketadi.
U qo‘shinda qat’iy tartib o‘rnatgan: kimda-kim jangda old tomonidan jarohatlansa, unga katta ehtirom ko‘rsatiladi; jangda orqasidan jarohatlangan kimsa esa jazolanadi. U jasur va mardlarni ko‘p izzatlaydi, ularga katta tuhfalar qiladi.
U o‘zidan kuchli g‘animlarga qarshi jangga kirish oldidan lashkarlarini shu qadar puxta joylashtiradiki, hech narsa nazaridan chetda qolmaydi; so‘ng u g‘animi o‘z hushyorligini boy berishini poylaydi va shu zahotiyoq uning ustiga kutilmaganda zarba berib, istehkomlarini vayron qiladi. U qisqa muddatda uzoq yo‘lni bosib o‘ta oladi, puxta izlanishlar va dono farmonlar ila o‘z lashkarlarini katta talofatlardan saqlaydi. Muxtasar qilib aytganda, u shu paytgacha barcha muhorabalarda zafar quchgan, hech kim unga qarshilik ko‘rsata olmagan.
Temurbey Turkiya va Armaniston o‘rtasida joylashgan Turkka (Yildirim Boyazid) qarashli katta shahar Sabastr(Sivos)ga borganida ham xuddi shunday bo‘lgan. U mazkur shahar qarshisida o‘n bir kun turdi, shundan besh kuni ichida qal’a devorlari yonida shunday bir minora qurdirdiki, undan butun shahar yaqqol ko‘rinib turardi. U qon to‘kmaslikka so‘z berganidan keyin shaharliklar taslim bo‘ldilar…
Undan so‘ng Temurbey juda katta daryo bo‘lgan Yevfrat (Frot) daryosi bo‘yiga bordi; u yerda besh kun ichida zarur kema va qayiqlar yasattirib, ikki yarim kun ichida bir yarim million kishidan ortiqroq lashkarini daryoning narigi qirg‘og‘iga o‘tkazdi. Daryodan o‘tib, u baland tog‘ ustida joylashgan Halab shahri devorlari yoniga yetib bordi va shahar ichkarisida sultonning kuchli qo‘shini joylashganidan xabar topgach, qal’ani qattiq kurashsiz qo‘lga kirita olmasligiga ko‘zi yetdi. Shu alfozda Temurbey uch kun shahar qarshisida turib qoldi va to‘rtinchi kuni lashkarining katta bir qismini olib Halabdan ikki lye (chaqirim) uzoqlikdagi baland tog‘ ortiga o‘tdi va o‘g‘lini 30 ming askar bilan shahar qarshisida qoldirib, agar sulton kuchlari unga xujum qilsa, bir oz jang qilib, so‘ngra chekinishni buyurdi. O‘g‘li ham uch kun davomida otasi aytganicha ish tutdi: sulton qo‘shinlari unga qarshi jang boshlasa, u bir oz kurashgan bo‘lar va so‘ngra chekinardi; to‘rtinchi kuni o‘rtada katta jang bo‘ldi va o‘g‘il odatdagidan uzoqroqqa chekindi, sulton lashkarlari uni shunchalik uzoqqa quvlab bordilarki, tog‘ning ortida bekinib turgan Temurbey fursatdan foydalanib g‘anim qo‘shini bilan shahar devorlari o‘rtasidagi joyni egalladi va sultonning o‘n to‘rt ming askarini o‘ldirdi, so‘ng shaharni egalladi.
Temurbey bu yerdan Damashqqa yo‘l solib, shaharni qamalga oldi va u yerda o‘n bir kun turdi; shahar devorlarining ostiga ko‘p miqdorda portlovchi moddalar qo‘ydirtirdi, buni ko‘rib uzoq qarshilik ko‘rsata olmasliklariga ko‘zlari yetgan shaharliklar taslim bo‘ldilar. Temurbey bilan birga bo‘lgan savdogarlarning aytishicha, u o‘z yurtiga sakkiz yuzta tuyada tilla va kumush, qimmatbaho toshlar va boshqa nafis bezak buyumlari jo‘natdi.
Damashqdan u Erondagi buyuk xalifa(Ahmad Jaloyir)ning Bodash (Bag‘dod) degan o‘lkasiga yo‘l oldi va Bodash shahri qarshisida to‘xtab, u yerda qirq kun qolib ketdi: zero, shahar devorlarini aylanib chiqish uchungina ikki kechayu ikki kunduz kerak bo‘ladi. Shaharliklar qaysarlik qildilar, lekin ularning qaysarliklarini sindirdilar: Temurbey shaharni kuch ishlatib qo‘lga kiritdi va bu yerda beadad boyliklarni qo‘lga kiritib, vataniga jo‘natdi.

XVII. Edigni ismli imperatorning Temurbeyga qilgan xiyonati xususida

Temurbey, chamasi, bundan ikki yil burun Mo‘g‘ulistonning Edigni (Idiku barlos) ismli imperatoriga o‘z elchilarini yo‘llagandi. Oq mo‘g‘ullarning mazkur hukmdorining bosh shahri Sorkate (Sudak) Kafa(Odessa)dan 18 chaqirim narida joylashgan bo‘lib, uning lashkari yuz ellik ming suvoriydan iborat edi. Elchilar o‘sha hukmdorning qizini Temurbeyning o‘g‘li uchun so‘rashdi, hukmdor rozi bo‘ldi; biroq u uzr so‘rab, qizini Temurbeydek qudratli hukmdorning o‘g‘liga uzatish uchun zarur taqinchoqlar va sarmoyasi kamligini bahona qildi hamda elchilardan o‘z hukmdorlaridan kelinni yasatish uchun kerakli zeb-ziynat buyumlari yuborishini va uning (kelinning) istiqboliga saroyidagi eng nufuzli kishilarni jo‘natishini iltimos qilishlarini so‘radi. Elchilar uning iltimosini Temurbeyga yetkazdilar. Elchilarning hisobotini eshitib Temurbey bag‘oyat shod bo‘ldi, shu zahotiyoq tilla, kumush, javohir va qimmatbaho shohi matolar ortilgan yigirma besh tuya, saroyidagi eng yuqori lavozimdagi sakkiz baronni (a’yonni) Qipchoqqa jo‘natdi.
Karvon Edignining huzuriga yetib borgach, u tilla, kumush, javohirlar va boshqa mollarni qabul qildi, a’yonlarni esa bandi qilib, pullarini tortib oldi, ammo Temurbeyga qizini jo‘natmadi. Temurbey dunyoda hech kim meni bu qadar aldamagan, deb shunchalar iztirob chekdiki, hech kim bu holga tushgan emas; u umrida bunchalik kuyunmaganini aytib, buning uchun o‘ch olmaguncha tinchimasligini bildirdi.
Temurbey hozirgacha amalga oshirgan ishlaridan ko‘proq ish qilishi mumkin edi, biroq u o‘zidan ham katta hukmdor boshqarayotgan Fors(Eron)dan yiroqlashib ketishga jur’at eta olmayapti. Bu hukmdorning qudrati uning qudratidan bir yarim-ikki baravar ko‘p bo‘lib, ismi Tamirasak (bu yerda arxiyepiskop kimni nazarda tutayotganini bila olmadik), Malasan hukmdoridir. Bu yerda ahvol shu darajaga borib yetganki, Temurbey rasman u o‘lkaning ham hukmdori hisoblansa-da, asl xo‘jayini Tamirasakdir. Ba’zilarning aytishiga qaraganda, agar ul ikkisi bir bo‘lsalar, butun yer yuzini zabt etishga kuchlari yetar emish.

XVIII. Temurbey Buyuk Turkni qanday mahv etgani va bandi qilgani xususida

Lashkarlarining soni va mardligi jihatidan qudratli bo‘lgan Temurbey batalyonlarini (favjlarini) tepaliklar va daralarga yaqin joyda tartibga soldi; ularning ortiga o‘zining eng katta batalyonini va yaqinlarini qo‘ydi. Raqibiga yetarlicha qarshilik ko‘rsata olishiga ishongan Turk (Yildirim Boyazid) lashkarlarini to‘rt batalyonga bo‘ldi; g‘animga yaqinlashib uning lashkarlaridan qo‘rqib ketgan turklarning birinchi batalyoni sardori o‘z qo‘l ostidagi barcha askarlarini olib qochishga tushdi; Turk buni ko‘rib ularni ortiga qaytarmoqchi bo‘ldi, biroq batalyon sardori uning amriga quloq solmadi va ko‘zdan g‘oyib bo‘ldi.
Shundan so‘ng Turk ikkinchi batalyonini jangga tashladi, bu qism jon-jahdi bilan jang qildi, biroq Temurbeyning lashkarlari ko‘rsatgan jasorat tufayli turklarning juda ko‘p askarlari, hisob-kitoblarga qaraganda, o‘n besh mingdan ziyodi halok bo‘ldi. Navbat Turkning uchinchi batalyoniga keldi. Bu qismda uning o‘g‘illari ham jang qildilar va aksariyati halok bo‘ldi, qolganlari qochmoqqa tushdi. Buni kuzatib turgan Turk to‘rtinchi batalyonini jangga tashlab, unga shaxsan o‘zi qo‘mondonlik qildi. Biroq halokatga uchraganini sezgach, qochmoqchi bo‘ldi, lekin qocha olmadi. Zero, uni Temurbey askarlari to‘la qurshovga olgan edi. Shu alfozda u iyulning yigirma sakkizi, juma kuni soat yigirma to‘rtda qo‘lga olindi. Aniq hisob-kitoblarga ko‘ra, bu muhorabada ikkala tomondan qirq ming kishi halok bo‘ldi; Temurbeyga nisbatan Turk ko‘proq qurbon berdi.
Juda ko‘p turklar qochib qutuldilar, xususan, Turkning ikki o‘g‘li yarim tunda qurol-yarog‘siz va kiyim-boshsiz qip-yalang‘och qochdilar. Temurbey lashkarlarining katta bir qismini Turkning bosh shahri Bursaga jo‘natdi; qal’a olingach, tobi qochgan Turkning xazinasini qo‘lga kiritdi; bu xazinani hamda ko‘psonli xizmatkorlar va qullarni Semerkantga jo‘natdi. Shundan so‘ng u butun Turkiyani ishg‘ol etishga kirishdi, Temurbeyga ittifoqdosh bo‘lgan ayrim hokimlarga qarashli o‘lkalar bundan istisno edi. Turkning to‘ng‘ich o‘g‘li Yunonistonga o‘tib ketdi, u hozir ham o‘sha yerda izzat-hurmatda; kenja o‘g‘li Turkiyada va Temurbey uning izidan quvib yuribdi. Bu nima bilan tugashini Xudo biladi. Tangrining irodasi Temurbeydan boshqa biror tirik jonga ayon emas.

XIX. Temurbeyning saltanati va shaharlaridagi tartib-qoidalar xususida

U o‘z fuqarolariga bir qancha soliq va to‘lovlar joriy etgan bo‘lsa-da, ajnabiy tujjorlarga katta e’tibor ko‘rsatadi va ularni, ayniqsa, faranglar va nasoralarni rag‘batlantiradi, saltanati hududida ularning xavfsizliklarini ta’minlaydi. U ko‘p maskanlarda olinadigan jon va tuz soliqlarini bekor qildi va bu soliqlar faqat yirik shaharlarda olinsin, deb farmon berdi. U saltanatining barcha hududlarida tujjorlar hayotiga xavf soladiganlarga shafqatsiz jazo tayinladi: tujjorlarni talagan o‘lka ahli unga (tujjorga) talangan mol qimmatini ikki barobar qilib qaytaradi yoxud saltanat xazinasiga tujjor yo‘qotgan mol-mulk qimmatining besh barobari miqdorida jarima to‘laydi.
Barcha aholi maskanlarida uning mas’ul kishilari bor va u adolatga qat’iy rioya etadi hamda jinoyat qilgan har qanday kimsaga, kimligidan qat’i nazar, shafqat qilmaydi: kichik bir jinoyati uchun kattayu kichik amaldorlarga shu zahotiyoq jazo tayinlaydi; jazo asosan jarima shaklida bo‘ladi: aybdorlar katta miqdorda jarima to‘laydilar. Uning amaldorlari juda boy va to‘q yashaydilar, shu boisdan ulardan katta pul undiriladi. Bu pullar naq yuz xachirga yuk bo‘ladi va ular har yili katta bayram uchun sarflanadi. Barcha shaharlar va o‘lkalar har yili daromadlarining o‘ndan biri yoki choragini saltanat xazinasiga topshiradilar. Bu ish bilan uning g‘aznachilari va nozirlari shug‘ullanadi.
Temurbeyning o‘zi shaxsan hech kimga ozor bermaydi va u shunday qilgan odamlarni qattiq jazolaydi. Zero, u safarda yurgan paytida ko‘plab adolatsizliklar bo‘lib turadi. Shaharlar va o‘lkalarni uning o‘g‘illari, jiyanlari va a’yonlari boshqaradi. Uning naqd pulda maosh berish odati yo‘q, biroq u o‘z a’yonlariga yer-mulk beradi va boshqa tuhfalar qiladi. U o‘z farmonlariga barcha yerda so‘zsiz itoat etilishini istaydi va ajnabiylardan ko‘ra ko‘proq o‘z fuqarolaridan hadiksiraydi.

XX. Temurbeyning dushmanlari bo‘lmish ayrim qudratli imperatorlar xususida

Temurbeyning asosiy raqiblari Sharqdadir. Bu eng avvalo Katay(Xitoy)ning buyuk imperatoridir. U kamarli nasroniylar mazhabidan bo‘lib, kuch-qudratda Temurbeyga teng yoxud undan ziyodroq. Uning ikkinchi raqibi Fors imperatori (Sulton Ahmad Jaloiriy) bo‘lib, u bundan o‘n besh yil ilgari Temurbeydan zo‘rg‘a qochib qutulgan. Hozir Badash va Kaldeya(Iroqi Arab)ning qolgan qismlariga hukmronlik qiladi. Uning yana bir raqibi Misr sultoni. Mo‘g‘ulistonlik Edigni esa, uning asosiy dushmanidir. Zikr etilganlardan keyingi uchtasi saratsinlar mazhabidan. Temurbeyning yana boshqa dushmanlari ham bor. Ular undan qo‘rqadilar va uning o‘limini kutadilar. Ular o‘zlaricha bashorat qilishib, Temurbey Qohirada mag‘lubiyatga uchraydi va halok bo‘ladi, deb o‘ylashmoqda. Temurbey, aksincha, bunga ishonmaydi va hali yana uzoq umr ko‘raman, deydi.

XXI. Temurbeyning huzuridagi shoh va shahzodalar xususida

Eng avvalo, Mo‘g‘uliston imperatori u bilan birga. U ko‘ngli nimani xohlasa, shuni qiladi. Malastan qiroli, Korosan qiroli, ko‘p mamlakatlar va o‘lkalarning hukmdorlari, shahzodalari hamda bir qancha kichik hukmdorlar uning huzuridalar. Shoh Aldin ham uning yonida, biroq undan qochib yuradi. Fors imperatorining ikki o‘g‘li ham uning yonida(shoh Shujo’ning Shibli va Zayn al-Obidin ismli o‘g‘illari). Gurgoniya imperatorining ukasi shoh Bokaran (Bahrom) ham uning huzurida. Temurbey zabt etgan barcha viloyatlaru o‘lkalar hokimlarining to‘ng‘ich o‘g‘illari va o‘lka noiblari ham u bilan birga; ilm-fan, xususan, astrologiya, meditsina va nigromaniya (qoramagiya)ning eng kuchli olimlari ham uning huzurida: u ilmli va yaxshi oiladan chiqqan insonlarni ko‘p e’zozlaydi. Temurbey ular bilan savol-javob qilishni xush ko‘radi. U zikr etilgan insonlarning barchasi bilan yaxshi munosabatda bo‘ladi va hurmat-ehtirom ko‘rsatadi. Uzoq o‘lkalardan kelgan elchilarga ham xuddi shunday munosabatda bo‘ladi. Shunga qaramay, ular o‘zlarini emin-erkin his eta olishmaydi: zero, uning yonida boy-badavlat yurishdan ko‘ra, undan uzoqroq turib, qashshoqlikda yashashni ixtiyor etuvchi shohlar va shahzodalar ham uchrab turadi. Buyuk Turk ham uning yonida, unga katta hurmat-izzat ko‘rsatilmoqda.

XXII. Temurbeyning imon-e’tiqodi va unga qilingan bashoratlar xususida

Temurbey o‘z e’tiqodi bo‘yicha saratsin bo‘lib, o‘z diniga amal qilmaydiganlarni jazolaydi, ham qiynaydi. U ilgari nasroniylarni yaxshi tushunmas va xush ko‘rmasdi. Mana endi, Sultoniya arxiyepiskopi birodar Janni va dominikan mazhablik birodar Fransuani ko‘rganidan — bizning e’tiqodimizga ishonch hosil qilganidan keyin u o‘zining xatosini anglab, qattiq ta’sirlandi. U nasroniylarga xayrixohlik qiladi va ehtirom ko‘rsatadi, xususan, lotinlarga, ya’ni fransuzlarga biror yomonlik qilmaydi; ularga o‘z saltanatida emin-erkin yurishlari uchun yo‘l bergan. Ayniqsa, savdogarlarga o‘z e’tiqodlariga rioya qilishlari, cherkovlarga borib hamma nasroniylar bajaradigan amallarni bajarishlari uchun barcha sharoitlarni yaratgan.
U o‘z dini talablaridan kelib chiqib, kuniga besh marotaba xudoga munojat qiladi va qayerda bo‘lishidan qat’i nazar, saratsinlar uchun lozim bo‘lgan barcha amallarni bajaradi. U tushida tez-tez farishtalarni ko‘rishini va ularning o‘ziga qilgan bashoratlarini aytib yuradi; bu dunyoda nimaiki ish yuz bersa, barisi xudoning irodasi bilan sodir bo‘lishini aytadi. U kunlardan bir kuni tushida farishtani ko‘rganini so‘zlab berdi: emishki, uning qarshisida yerdan osmongacha yetgan narvon turganmish, tepada farishta paydo bo‘lib, uni o‘zi tomon chorlarmish: «O‘rningdan turib, narvonga chiq», – debdi unga farishta. Temurbey farishta aytganini qilib, qirqinchi zinaga ko‘tarilibdi. Shunda farishta unga: «Endi pastga tush», — debdi. Temurbey pastga tushibdi. Shundan so‘ng u bu tushning ta’birini so‘rabdi. Tushning ta’biri quyidagicha ekan: u butun yer yuzini egallab, qirq yil davomida sog‘-omon hukmronlik qilar emish.
O‘zining aytishicha, u odamlarning fikrlari va rejalarini oldindan bilib olar emish, bularni unga farishtalar ma’lum qilar emish. U keksa erkak va keksa ayollarga chuqur izzat-ehtirom ko‘rsatadi, ularga katta hadyalar beradi, uning saroyida hech kim ayollarga, xususan, enagalarga qarshi biror so‘z ayta olmaydi. U juda yaxshi tarbiya ko‘rgan, zero, ajnabiylarning har biriga ularning mavqei va mansabiga mos ravishda izzat-ehtirom ko‘rsatadi.

XXIII. Temurbeyning yoshi va sog‘ligi xususida

Uning yoshi oltmish-oltmish besh atrofida va u o‘ttiz yildan beri hukmdorlik qilib kelmoqda. O‘tgan davr mobaynida u shunchalik g‘aroyib ishlarni ro‘yobga chiqarganki, ularni yozib ado etib bo‘lmaydi. U o‘rta bo‘yli, chehrasi mo‘g‘ulona, ispancha soqoliga oq oralagan va qomati tik inson. Biroq uning o‘ng qo‘li va o‘ng oyog‘i majruh bo‘lib, ularni davolash mumkin emas, zotan, tomirlari kesilgan. U yoshligida lashkarlarini o‘zi jangga boshlab kirardi: mohir chavandoz edi, ammo endi, ba’zan, ikki otga o‘rnatilgan o‘rindiqda safar qiladi va shunday qo‘riqlanadiki, o‘zi chaqirtirgan odamdan bo‘lak hech kim unga yaqinlashishga jur’at eta olmaydi. Temurbeyning amri shu erur.

Temurbey yoqtiradigan narsalar xususida

Eng avvalo, unga quyidagi narsalar yoqadi: bug‘doyrang, qirmizi va alvon, oq va och-yashil, xuddi Rens(Fransiyadagi shahar)da tayyorlanadigandek nafis to‘qima matolar, marjon shodalari, billur toshlar, tilla va kumush idishlar, xuddi Fransiyadagi kabi ishlov berilib, zumrad toshlar bilan bezatilgan idishlar, toza Kipr kamloti(pishiq jun gazlamasi), g‘aroyib baliq tishlari, Fransiyadagi kabi kursilar, Fransiyadagidek qimmatbaho gilamlar, xushbo‘y va mazali ziravorlar, dunyoning turli burchaklaridan keltirilgan zotli baquvvat otlar, katta itlar va Ispaniyadagi kabi katta xachirlar. Biroq undagi bu narsalarning sanab sanog‘iga yetib bo‘lmaydi.

Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2005 yil 20-soni.

0011

(Tashriflar: umumiy 637, bugungi 1)

1 izoh

  1. Hujjatdagi aksariyat qismi haqiqatdan xoli emas. Bularni o’qib shu narsaga yana amin bo’ldimki, Turkistonning o’sha vaqtda dunyoda tutgan o’rni hozirgi AQSHdan ikki karra yuqori mavqeda bo’lgan.

Izoh qoldiring