Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (02)

035

    Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

3-БЎЛИМ: ”ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ
ВА УНИНГ ХОНЛИК ТУЗУМИГА ҚАРШИ КУРАШИ.

Махфий қолмасинким, жаҳон муҳорабаси кўп узоқ бўлиб фуқаролар жонларидин безор бўлиб, ҳар бир хонада мотам аломатлари бўлиб, Руссия фуқаролари ўлимни ўзларига муқаррар қилиб, Государский Думага мурожаат қилганлар.Государский Думада бўлғон вакиллар қарор қилиб, фуқаролар бирлан бирга ҳужум қилиб, феврал ойинда оқ подшо-Николайни тутиб, министрлари билан ҳибс қилғонлар.Муваққат ҳукумат тузиб Керенскийни передседатель қилиб иш бошлағонлар.Ҳар бир Руссия қаълаларинда инқилоб бўлиб, золим маъмурларини тушириб, ўрнига фуқаролардин ақлли одамлар қўйғонлар.Ондин сўнг Исфандиёрхон Ялтадин қўрқиб қайтмоқчи бўлган.

Исфандиёрхон ўз ҳамроҳлари билан ўт аравага миниб Ялтадин қайтғон.Йўлларда кўп хўпи-харас бирлан Маскавдин ўтиб Чоржавга келган.Чоржавда икки-уч кун дам олиб турган.
Махфий қолмасинким, Тошкантдин генерал Куропаткин Исфандиёрхоннинг ёнига Самарқандлик Мирбадалов деган бир генерални қўшиб юборганлар.Шундай қилиб, Чоржавдин пароходга ўлтириб Хивага чиққан, телеграмм мунда келиб қолди.Маълум бўлсинким, Япон муҳорабасидин сўнг Государский Дума ташкил бўлиб, ҳар турли инқилобчи газеталар чиқа бошлади.Ондин бурун ҳам “Таржимон” газетасини олиб ўқиб юрар эрдим.Ҳам ўз-ўзимга андиша қилур эрдим.Золим Исфандиёр йўқ бўлиб, мамлакатимиз қачон ҳуррият қилур эркан, деб.

Япон муҳорабасидин сўнг чиққан газеталар ҳар турлик тараққийларга доир мақолалар ёза бошладилар.Ман олардин ҳар турли газета, журналлар олиб ўқий бошладим.Ондин сўнг ҳар кунда иштиходим зиёда бўлиб, ҳуррият учун талаша бошладим.Баъзи ҳурриятпарвар биродарлар ҳам қўшилиб, ҳурриятга доир музокаралар қила бошладук.Шул жумладин , шаҳиди ҳуррият Ҳусинмуҳаммад девонбеги биродарлари Шихназарбой, Омонгалди, Сардорбой, Отажон маҳрам, Худойберган Девон, Назар Шоликоров, Бобожонбой, нўғай Ҳасан Алиакбаров иштирок қилур эрдилар.Оқибат Исфандиёрхон бундан огоҳ бўлиб, бир баҳоналар билан Ҳусинмуҳаммад девонбеги ҳам биродарлари бирлан бир нечаларимизни тутиб ҳибс қилиб молу мулкимизни мусодара қилди.Бир неча вақт ҳибсда сақлаб, ҳар бирларимиздин жазои нақдини олиб ҳибсдин халос қилди.Бизлар ҳибсдин бўшаб чиқиб, ўз ишимизни давом қилдирдук.Соатларимизни сотиб, газеталар олиб ўқиб турдик.Ҳар дойим айтур эрдик, “худоя ўзинг лутфи карам қилиб, золим мустабид хонларни йўқ қилиб, мамлакатимизга ҳуррият ато қилғайсан”, деб дуо қилур эрдик.Вақти-вақти пинҳоний баъзи ҳурриятчи биродарлар бирлан сўзлашиб, кўнглимизни холи қилур эрдик.

Оқибат 1914-чи милодий йилда туркман муҳорабаси тамом бўлғонидан сўнг Исфандиёрхон 1917 йил январ ойинда Руссия тарафларига саёҳатга кетган эрди. Кавказ, Маскавни томоша қилиб, Қрим, Ялтаға борғон вақтда феврал инқилоби бўлиб, оқ подшоҳ ҳукумати мавҳ бўлиб, ҳибс қилинган хабарларни эшитиб, қайтиб Чоржавга келган.

Чоржавдин йўлғо чиқдик, деб март ойинда телеграмм келди.Дарҳол Хивада бўлғон сипоҳийлар, тўралар, бекзодалар пешвозга чиқмоқчи бўлиб ҳозирландилар.Ман ҳам Ҳусинмамад девонбеги бирлан бирга кетмакчи бўлиб ҳозир бўлдим.Шул вақтда почтахонага киши юбордим, газеталар келган бўлса олиб келиш учун.Ул манга газеталарни олиб келиб берди.Лекин ўқимоққа фурсат бўлмай Хонқага юриб кетдук.Хонқаға келиб тушган ҳамон бир ҳовли жойни топиб газеталарни кўрмакга машғул бўлдим.”Вақт” газетасининг бир нўмирида кўринди.Петербургда инқилоб бўлиб, Николай Романовни тутиб, ўрнидан тушириб, ҳибс қилиб, Керенскийни раис сайлаб қўйғон эрканлар.Шул воқеаларни ўқиб кўриб шундай хушвақт бўлдим, гўё дунёи оламни манга бердилар.Дарҳол югуриб бориб Ҳусинбек ва бошқа йўлдошларга эълон қилдим.Улар ҳам хушвақт бўлиб, газетани мандин олиб ўқимоққа бошладилар.Эртанг чиқиб, дарё бўйинда пароходни қарши олиш учун чодир ва қора уйларни омода қилиб ўлтурдик.Пароход уч кун келмади.Шул вақтдин фойдаланиб дарё бўйинда пешвозга чиққан тўра-сипоҳийларга воқеани тушунтириб турдим.Бир вақт пароход дарёдин келиб чиқди.Исфандиёрхон ўзининг ёнида бўлғон одамлари ва тошкантлик генерал Куропаткиннинг одами — Самарқандлик Мирбадалов деган генерал бирлан пароходдан чиқдилар.Ҳамма тўралар ва сипоҳийлар бирлан кўришуб файтун аробага сувора бўлиб Хивага қараб озимат қилди.Хонқаға келиб, чой ичиб, Хивага равона бўлди.Келиб ўз манзили бўлғон Нуриллабой саройига тушди.Икки кундин кейин генерал Мирбадалов туркманлар бирлан сўйлашмакчи бўлиб, Тошҳовуз қаъласига кетди.Шул вақтда ҳурриятчи “Ёш хиваликлар” ҳуррият ҳақинда маслаҳат қила бошладик.Хивада турғон аскарлар ичинда Қўқонда турғувчи нўғай биродар Шокир Тенисов ҳам Абдишукур Латиповлар ҳам бизларнинг маслаҳатларимизга қўшилиб, ҳурриятга доир ҳар хил йўл кўрсата бошладилар.

Бир куни сарой олдидаги бир дўконда бир неча ҳурриятчи ёш хиваликлар ўлтуриб эрдик, мазкур нўғай икки биродаримиз келиб ўлтурдилар.Биродар Шокир Тенисов сўз бошлади.
-Ҳожибобо, эртанг аскарлар тоза муваққат ҳукуматга қасам қилурлар.Шул вақт кўп яхши вақт турур.Сизлар ҳам тайёр бўлиб, аскарларнинг ёнига бориб, илтимос қилиб сўрасангизлар, хонни тушириб ҳуррият бермакка, сизларга ёрдам берсалар эркан,-деди.
Шул вақтда ҳаммаларимиз хурсанд бўлиб, байроқ ҳозирламоқ учун қизил товардин бир неча аршин келтуриб, Шокир афандига бериб айтдик:
-Эртанг, эртага ҳозир қилурсиз,ёзуви ҳам русча, ҳам мусулмонча бўлсин .-деб. Биродарлар қабул қилиб хўшлашиб кетдилар.Бизлар қолдук.Эртанг эрта бирлан Шокир афандилар байроқни ҳозир қилиб, Қўшадарвозанинг олдидаги Худойберган Девоновнинг магазинига олиб келиб, бизларга хабар қилдилар.Бизлар келиб байроқни кўрдик, кўп яхши ёзғон эркан : “Ёшосин ҳуррият, ёшосин озодлик, ёшосин қаҳрамон аскарлар!” деб ҳам русча, ҳам мусулмонча ёзғон.Кўп шод бўлиб, байроқни Ҳусинмуҳаммад девонбегининг уйига олиб келиб , қаълага хабарчилар юбордик.Тамоми бой, мулло, деҳқон, камбағал, меҳнаткаш ҳар ким бўлса-бўлсин дарҳол девонбегининг жойига келсинлар.

Хивада бўлиб турғон ўрис аскарларнинг ийдлари бор турур, бизларга ҳам бориб муборакбодлик қилиб томоша кўрмак лозим турур, ҳеч бир киши келмай қолмасунлар,- дедук.Ёрим соат ўтган ҳамон одамлар мавж-мавж кела бошладилар.Келган одамларнинг кўкрагига қизил товардин тика бошладик.Одамлар бу нечук аломат деб савол қилдилар.Бизлар айтдик, бул байрам, шундай байрам турур, ушбу аломат бўлмаса ҳеч кимни томошага олиб бормаслар, деб.Дарҳол одамлар “манга тикинг, манга тикинг” деб ғавғо қила бошладилар.Бир неча одамлар ушбу иш билан машғул бўлдилар.Уч-тўрт соат ичинда , тахминан бир минг одамдин зиёда одам жам бўлди.Ондин сўнг ман айтдим, ушбу одамларнинг ичиндин вакил сайлаб қўйинг.Аскарларнинг байрамига борғонда, сизларнинг тарафингиздин муборакбод қилиб сўйламак учун.Бир оғиздин розилик бердилар.Ман номма-ном қилиб ўн олти одамни кўрсатдим, қабул қилдилар.Шуларнинг ичинда ҳуррият нечук эрканлигини билмайтурғонлари ҳам кўп эрди.Ҳатто хоннинг яқин одамлари ҳам бор эрди.Шундай қилиб сайлаганимизга сабаб шул эрдиким, халқ хонни туширмакчи бўлғонимизни билмасинлар.Албатта ушбу одамлар сайланмасалар халқнинг қўрқмоқ эҳтимоли бор турур.Чунки зулм истибдодда халқ кўп эзилган эрди.Шул вақт биродар Шокир Тенисов мандин пинҳоний сўради:
-Сизларнинг бир тутғон дастурил амалларингиз борми?”,-деб.
Ман айтдум -“бизларда ҳеч нимарса йўқ турур.Мақсадимиз ҳуррият, озодлик,-дедим.
Шунда у : “ шундай бўлса ҳам бир нима талаб қилиб ёзмоқ керак”, деди.Дарҳол ёзди: “Биродар қаҳрамон аскарларга! Бизлар сизлардин ожизлик бирлан сўрармиз, бизларга ҳам ҳуррият, озодлик олиб бермакка ёрдам берсангизлар”, деб.

Биродар Тенисов ушбу талабномамизни русчага таржима қилиб келди.Дарҳол тамоми одамларни бошлаб, муборак қизил байроқларимизни Муҳаммадбойнинг қўлига бериб, такбир айтиб, рус аскарлари турадиган манзилга равона бўлдик.Бориб кўрсак, аскарлар муваққат ҳукуматга онт қилиб турғон вақтлари эркан.Аскар бошлари олдимизга чиқиб, бироз тўхтаб турмоқимизни илтимос қилди.Чунки онтлари тамом бўлмағон эркан.Бизлар бироз тўхтаб турдик.Аскарлар ишларини тамом қилдилар.

Махфий қолмасинким, Исфандиёрхон ушбу воқеаларни англаб кўп оқча аскарларга моёна қилиб, ўз ёқин одамларидин Абдураҳмонбой Баққолов, Собир маҳрамларни юборган эркан.Ушбу ҳадия оқчаларни ҳамма аскарларга топширдилар.Абдураҳмонбой қўрққанидин бизларнинг ёнимизга келиб, бу нима воқеа деб савол қилди.Шул вақт Назир Шоликоров жавоб берди:
-Бизлар ушбу соат хонни тахтдан тушириб ҳуррият олурмиз.Сиз ҳам бизларга қўшилмасангиз сизни ҳам ҳибс қилурмиз,-деди.
Абдураҳмонбой Баққолов қўрққанидан бизларга қўшилди.Ондин кейин полковник Мерзляков бизларнинг олдимизга келиб саломлашиб, кўришиб савол қилди:
-Нечук келдингизлар, бизларнинг байрамларимизни муборакбод қилиб келгансизлар?,-деди.Ман жавоб бериб дедум:
-Албатта бошқа ҳам илтимосларимиз бор турур,-дедим.
-Онда у нечук илтимос?-деди.Ман айтдим:
-Алҳамдулиллоҳи Роббил оламин, золим оқ подшшо Николай ҳукумати йўқ бўлиб, ўрнига озодлик ҳукумати барпо бўлғон.Хоразмнинг фақир , камбағал эзилган фуқаролари ҳам сўрарлар, қаҳрамон аскарларнинг ёрдами бирлан бизларга ҳам мустабид золим хонни йўқ қилиб, озодлик олиб берсалар.

Шул вақтда полковник Мерзляков жавоб берди:
-Агар хонга даҳл қилмай фақат идораийи маршрутия қилсангизлар, ул вақтда аскарлардин ёрдам бўлур,-деди.
Бизлар кўп маъюс бўлиб, ҳайрон бўлдук.Агар қабул қилмасак, ишларимиз хароб бўлур, хон бизларнинг ҳаммамизни тутиб ўлдурур, деб ноилож хонни ўрнида қолдирмоққа рози бўлдук.Худо ҳоҳласа, хони бошқа бир йўл билан йўқ қилурмиз деб ўйлаб, “хон ўрнида турсин, деб мажлис қилиб берсангиз бўлур” , деб жавоб бердук.Ондин кейин аскарларнинг ичинда талабномамизни ўқиб эшиттирмакка жавоб сўрадик.У “яхши” деди.Талабномани аскарларнинг олдига бориб ўқиб англатдик.Аскарлар “Урро” деб қичқириб шодлик бирлан қабул қилдилар.Ондин сўнг аскарлар ўз ичларидин уч-тўрт пропоршикни сайлаб, бир рота ёроғсиз аскар бердилар, тартиб сақламоқ учун.Ондин сўнг бизлар жамиятгир бирлан такбир айтиб, шаҳарга равона бўлдук.Ҳатто шул вақтда ҳам халқнинг кўплари нима воқеа эрканлигини англаб етмадилар.Шунинг бирлан такбир айта-айта хоннинг манзили Нуриллабой саройига келуб етишдук.Ондин сўнг аскарлар халқни ушбу жойда тўхтатиб, сайланган ўн олти киши бирлан аскарлар тарафидин сайланган пропоршикларни ичкарига юбордилар.Хоннинг ҳарам саройига хабар юбордук.”Хон дарҳол чиқсун, халқлар тарафидин сайлануб келган вакилларнинг саволи бор турур” деб.Ондин сўнг мазкур бўлғон вакиллар хон чиққандин сўнг, унинг бирлан сўзлашмак учун, бир оғиздин мани сайладилар.Шул вақт хон ҳарамдан чиқиб, Ҳусинбекни ўз олдига чақирган.Ҳусинбек хоннинг олдига кетди.Бизлар мунтазир бўлуб турдик.Хон Ҳусинбекни савол қилган:
-Бу нечук воқеа турур? Мани ўлдурурларми?,-деб.Онда Ҳусинбек айтган:
-Худо сақласин, сизни ҳеч нима қилмаслар.Фуқароларингиз фақат ҳуррият талаб қилиб келдилар,-деган.

Кейин хон унга:
-Сан маним ҳаётимга кафил бўлурмисан?-деганда, Ҳусинбек “ ман минг мартаба кафил турурман”, дегандин кейин хон, кўп хўп-ҳарис билан чиқиб бизлар турғон ерга келди.Бизлар бирлан келган аскарлар тамоми атрофни қуршаб олди.Хон ва бизлар ўртада қолдик.Хон билан саломлашиб ман сўзга киришиб айтдим:
-Тақсир подшоҳим, ушбу келган содиқ фуқароларингиз сиздин мувофиқи шариат ҳуррият озодлик сўраб келдилар,-дедим.
Хон дарҳол “ кўп яхши, розитурурман”, деб жавоб берди. “Яна ҳам бир неча хоин сипоҳи маҳрамларингиз бор, шуларни ҳибс қилмоқни сўрарлар”, дедим хонга.”Шу жумладин, Иброҳимхўжа, Аширмаҳрам, Ота маҳрам, Рўзимуҳаммадмаҳрамлар” дедим.Онда жавоб берди:
-Буларни ҳибсга олмасдин ҳукумат доирасидин чиқариб юборсак, нечук бўлур?,-деди. Ман ҳеч жавоб бера олмадим.Маним орқамда турғонлардин Назир Шоликоров:
-Йўқ, ҳибс бўлмоқларини тилармиз!-деди.Анга ҳам хон розилик берди.Ондин сўнг ман айтдим:
-Ушбу берган ҳурриятингиз учун бир ҳужжат берсангиз эркан, -дедим.Онда хон айтди:
-Агар сизлар тайёр қилиб қўйғон хатларингиз бўлса, ман тасдиқ қилиб берурман,-деди.

09

Бизлар ҳеч бир хат ҳозирлаганимиз йўқ эрди.Биродар Шокир Тенисов бирлан ман девонхонага равона бўлдук.Бориб дарҳол қисқа мазмунда бир манепист тайёр қилдук.Шул вақтда Ҳусинбек шаҳарнинг қози, аълам, муфтиларини ҳам ҳозир қилган эркан.Бизлар мазкур ёзилғон манепестни келтуриб хонга қўл қўйдириб муҳрлатмак учун, келган прапоршикларни Ҳусинбек бирлан хоннинг олдига юбориб таъкид қилдик, ҳам муҳр қилиб қўл қўйсин:”нечунким, агар қўл қўймаса мумкин бўлмаслик эҳтимоли бор”, дедим.
Махфий қолмасинким, Исфандиёрхон пинҳони қози Ҳикматулла эшонга хабар юбориб манепестни тасдиқ қилмасликка келишган.Ушбу баён бўлғон биродарлар манепестни хон ҳузурина элтиб, қўл қўйдириб, муҳр бостириб чиқаруб бердилар.Ондин сўнг қози аълам, муфтиларга кўрсатдук.Қози Ҳикматулло эшон савол қилди:
-Замона тақозосига мувофиқ деган сўз нечук сўз турур?,-деди.

Онда биродар Тенисов ва ман айтдим: -Ина телеграф, телефон, ўт аравалар бўлсун.Аввалдин йўқ нимарсалар тамоми замона тақозосига мувофиқ қилиб ишланган нимарсалар турур,-дедик.Ондин сўнг қози аъламлар ҳам муҳр қилиб бердилар.Ондин кейин шаҳар одамларига келмакка эълон қилиб эрдик, ҳамма одамлар келиб жам бўлғонлар эркан.Прапоршикларга маълум қилдик, шаҳар одамлари келиб бўлғон, хон ҳазратлари чиқиб, халқнинг олдида манепестни ўзи ўқиб, эълон қилсин, дедик.Прапоршик Осилин бирлан Ҳусинбек хонни олдига бориб хонни олиб чиқдилар.Хон Нуриллабойнинг дарвозаси олдига чиқиб, супода тик туриб Ҳусинбек манепестни ўқиб халойиққа эълон қилди.Шунинг бирлан хон уйига қайтиб кетди, халойиқлар ҳам тарқалиб кетдилар.Кун ҳам кеч бўлди.Юқорида айтилган хоннинг маҳрамларини ҳибс қилиб, “инқилобчи” биродарлар ҳам ўз уйларига қайтиб кетдилар.Ман Ҳусинбек билан унинг жойига кетдум, ҳам шунда бориб ётдум.Лекин ҳеч уйқум келмади: “Бу ҳодиса нечук бўлди.Энди нечук қилмоқ керак”, деб ўлтуриб кўнгилга келган нарсаларни хатга ёза бошладим. Шундай қилиб тонгни ўткуздук.Ҳусинбек ҳам эрта билан ҳарам саройидин туриб чиқди, саломлашиб кўришдук.Айтди:
-Ҳожибобо, сан нечук ухладинг? Ман ҳеч ухлай олмадим,-деди.Ман айтдим:
-Маним ҳам шул ўлтуришим турур,-деб ёзган хатларимни ўқуб кўрсатдим.Ул киши ҳам шундай қилиб хат ёзиб чиққан эркан ва бошқа инқилобчи биродарларимиз ҳам кўнгилларига келган нарсаларини ёзиб Ҳусинбекнинг жойига келдилар.Ондин ҳаммаларимиз жамлашиб “ Ё Олло, ўзингдан мадад” деб Нуриллабой ҳовлисига юзландик.Келуб ўлтуриб, маслаҳат қилиб, аввалдин машҳур ҳурриятпарвар уламо синфиндин бўлган биродар Бобо Охун қози Салим эшон ўғлини келтирмакка биродар Жуманиёз Ҳожи Бобониёз ўғлини юбордук.У бориб қози, уламоларнинг тарафидин уни вакил қилиб олиб келди.

Махфий қолмасинким, хоннинг берган манепестинда ўттиз вакилдан иборат, деб ёзган эрдик.Ондин сўнг Бобо Охун эшон бирлан маслаҳат қилиб, тамоми Хоразм қаълаларига ҳам Туркманистон, Қозоқ,Қорақалпоқ истансаларига вакил сайлаб келмак учун хатлар юборилди.

034Бир неча муддатдин кейин тамоми ерлардан вакиллар келиб қолдилар.Шул вақтда Тошҳовузга туркманлар билан сўзлашиб келмак учун кетган генерал Мирбадалов ҳам келиб Тошкентга телеграмм берди.Ўзининг ҳам “Ёш хивалилар”нинг ишига қилмоқни сўраб Тошкентдин телеграмм келди. “Ёш хиваликлар” бирлан бирга ишлаб тургил”, деган.Ондин сўнг, ушбу баён бўлғон золим Исфандиёрхоннинг олдида бўлиб, хон бирлан ҳар иш тўғрисида маслаҳат қилиб, хонни ёқлаб бизларга кўп ташвиш бера бошлади.Ондин сўнг вакилларни сайлаб қўймоқ ҳаққинда маслаҳат қилинди.Генерал Мирбадалов вақтдин фойдаланиб, “албатта манепистга мувофиқ ўттиз вакил бўлмоғи даркор, ондин зиёда бўлмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ турур”, деди. Ул суратда тамоми ҳуррият олғон биродарлар ҳеч бир дахлсиз бўлиб қолмоқи даркор турур.Ман ҳайрон бўлиб вакилларнинг олдига келиб воқеани тушунтириб айтдум.Ушбу золим генералнинг айтғонига қараганда бизларнинг ҳаммаларимиз вакилликда кирмасдан чиқиб кетмакка мажбур турурмиз.”Ул суратда сизлар ҳеч ишдан огоҳ эрмастурсизлар, бир неча кундин сўнг сизларни ҳам чиқариб юборурлар”, дедим.Майдондин келган вакиллар англаб ҳайрон бўлуб, маслаҳат қилиб шунга қарор қилдилар: “ бизлар ҳуррият деган, идораи маршрут деган нечук нимарса эрканлигини билмас турурмиз, бизлар фақат ушбу ҳуррият олғон биродарлар бирлан бирга иш қилурмиз.Агар булар бўлмаса, бизларнинг ҳар қайсиларимизни бир бўҳтон сўз бирлан дунёдин йўқ қилурлар, нечунким, бизлар бу қонунлардин ҳеч огоҳ эрмас турурмиз.Агар ушбу биродарлар чиқиб кетсалар, бизлар ҳам ушбу кундин бошлаб жойларимизга қайтиб кетурмиз”, дедилар. Ва ҳамда “ушбу биродарларни ўзларимиз сайлаб, ўзларимизга ёрдамчими қилмакка ҳаққимиз борми?” деб генералдин савол қилдилар.Генерал “агар хон қабул қилса ҳаққингиз бор” деб жавоб берди.Ондин сўнг вакиллар ўз тарафдорларидин Ҳусинбек ва бир икки вакилни хоннинг олдига юбордилар.Вакиллар хоннинг олдига бориб уни рози қилиб келдилар.Шунинг бирлан мажлис махсус барпо қилинди.Ҳусинбек (Матмуродов-У.Б.) бош вазир, Бобоохун эшон (Салимов-У.Б.) мажлисга раис қилиб сайландилар.Ҳар кимга бир хизмат муқаррар қилдилар.Манга рус аскарлари ҳам рус ҳукумати бирлан ҳар тўғрида сўйлашмак ихтиёр бердилар.Шунинг бирлан ҳар ким ўз хизматига машғул бўлдилар.

Махфий қолмасинким, ёвмут човдурларидин 7 вакил кирди.Хон тарафдорлари вакилларидин ичларимизга кирган Муҳаммад ёқуб қори, Абдураҳмонбой Баққоловлар истеъфо бериб, мажлисдан чиқдилар.Ондин сўнг Исфандиёрхон генерал Мирбадалов ҳам рус аскари тўралари бирлан пинҳоний ишлаб турғон сиёсатларни англаб ҳурриятпарвар биродарларимиздан Худойберган Девонов, Отажон маҳрам Сапоев, Бобожонбой Ёқубовлар ҳам рухсат олиб Тошкентга кетдилар.Назир Шоликоров Маскавга кетди.Қолғонларимиз боқадир тоқат ишлай бошладук.Золим генерал Мирбадалов, прапоршик Андрей ҳар кунда мажлисга келиб, ҳар турлук даркор эрмас масалаларни чиқариб юрмакда бўлдилар.Шу жумладин хон тарафдорлари одамларнинг сўзлари бирлан мажлисга келиб, Мирбадалов савол қилди:
-Азиз вакиллар, сизларнинг шариатингизда имомсиз яшамоқ дурустми?,-деб.Вакиллар жумласидин бир мулла жавоб берди:
-Бизларнинг шариатимизда имомсиз яшамоқ мумкин эрмас турур,-деб.

Золим генералнинг кўнгли хуш бўлиб, ханда қилиб юборди.Ман дарҳол туруб, раис афандидан рухсат олиб, жавоб бермакка шарт қилдим ва айтдим:
-Генерал афанди, бунга ўхшаш тарихий саволлар бўлса, бадирҳол тарих бирлан ошна одамлардин сўранг.Бизларнинг домуллаларимиз фақат дин дарслари билан машғулдурлар.Тарихни ҳеч илтифот қилмасалар, ҳам айтдим: афандим, бизларнинг асоси жумҳурият турур.Шунга далил шул турур: ҳазрати расуллилло дунёдин интиқлол қилмоқчи бўлғон вақтларида саҳобаларга буюрдилар, ўзларингиз учун бир имом халифа сайлаб қўйинглар, деб.Ондин сўнг саҳобалар ҳазрати Абубакирни сайлаб, халифа қилдилар.
Ул вақт генерал айтди:-ҳазрати Расулнинг фарзандлари йўқ эрди.Шул сабабли буюрдилар,-деди.Ман айтдим:
-Андай эрмас турур.Хайр сизнинг ҳам айтғонинғиз бўлсин, ҳазрати Абу Бакир Сиддиқ ҳам дунёдин ўтмакчи бўлғонларида ҳам саҳобаларға амр қилдилар: ўзларингизга бир халифа сайлаб қўйинглар, деб.Боҳужуд ҳазрати Абу Бакрнинг қанча фарзандлари бор эрди?Ҳар бирлари бир шаҳарда ҳоким, халифа бўлиб юруб эрдилар.Ҳазрати Умарнинг ҳам қанчалли авлодлари, ўғиллари бор эрди.Ул киши ҳам халифа сайламакни шўроларга ҳавола қилдилар.Ҳазрати Усмон бўлсин, инчунин ондин сўнг Али бўлди.Ондин сўнг ҳазрати Муовия ғазаб қилиб, истибдодликни ўз хонадонига мерос қилиб подшоликни қолдирди.Бул иш зўрлик турур.Бўлмағон тақдирда бизларнинг динларимизнинг асоси жумҳурият турур,- дедим.

Ондин сўнг золим генерал хомуш бўлди.Шунинг бирлан ишларимизнинг ҳеч бир жиҳатдин ривожлиқи бўлмади.Хон бошқа бир турлук ҳийла қила бошлади.Ёвмутларнинг ўкиз тийрасидин машҳур калтабон Шомми кал деган бор эрди.Онинг бирлан хабарлашиб сўзлашмакка бошлади.Онга ҳар турлук инъомлар, сароупойлар, оқчалар бериб ёлғон ваъдалар қила бошлади.Мақсади шул эрдики, йўлларни талон-тарож қилиб, фароҳатчиликни йўқ қилиб, халқни ташвишга қолдируб, ҳуррриятпарварларни бир йўл бирлан йўқ қилиш.ва мажлиси маршрутияни тарқатиб, яна мустақил хон бўлиб ўлтурмак турур.Шомми кал хон сўзи бирлан йўлларни таламоққа бошлади.Ҳар қаъладин йўллардин аризагўйлар кела бошлади.

Махфий қолмасинким, 1914 йилда туркман муҳорабасидин кейин генерал Галкин аҳолида бўлғон тамоми милтиқларни тортиб олган эрди.Фуқароларда ҳеч бир қурол йўқ эрди.Баъзи подшолиқда бўлган милтиқ бўлса ҳам хон яшуриб ҳеч бирини бермади.Рус аскарлари бўлса Хивада генерал Мирбадаловнинг ихтиёрида эрди.Ондин сўнг мажлис маслаҳат қилиб шундай қарорга келди: Тошкантга вакил юбориб ҳукуматдин милтиқ сўраб олмоққа.Шунинг бирлан бир ҳайъат ташкил қилдилар.Шул ҳайъатга мани раис қилдилар.Ўзбеклардин Юсуфбой Қурбонбой ўғли, қорақалпоқлардин Қутлимурод беклар беги, туркманлардин мулла Шукурларни аъзо сайлаб, дарҳол ҳайъат йўлга чиқиб кетди.1917 йилда май числосинда Тўрткўлга келиб пароходга ўлтуриб Тошкантга кетдук.Бир неча кунда Чоржавга бориб, Гогольский кўчада Ҳусинбекнинг жойига келиб тушдик.Бизлардин бурун кетган биродарларимиз-Девонов, Отажон маҳрам, Бобожонбойларга қўшулуб фароҳат бўлуб маслаҳат қилиб эртаси ҳукуматга бормоққа қарор қилиб қўйдук.Шул вақтда Қозон мусулмонларидин ҳам бир ҳайъат Тошкентга келган эркан.Ушбу ҳайъатга мурожаат қилдук, уларга тамоми воқеаларни англатдук.Бизларга таржимонлик учун дўхтир Сайфулмулковни ёнимизга қўшдилар.Ондин сўнг шул кунда ҳукуматга бордук.Ҳукумат бошинда комиссар бўлиб ўлтурғон , Маскавдин келган Липовский ҳам Милпатский деганлар эркан.Машҳур оқ уйига бориб, олар бирлан йўлуқушиб Хивадин -мажлиси маъбусондин келтурган хатларимизни тақдим қилдик.Хоразмда бўлиб турган сиёсатдин огоҳ қилдук.Генерал Мирбадаловнинг хон бирлан қилиб турғон ишларини сўзлаб бердук. Бизлар халқ милисаси қилмоқчи бўлиб, шунга бизга ҳеч қурол бўлмай, қурол учун келганларимизни ҳам айтиб бердук.Ушбу қуролларни тез вақтда бизларга бермоқларини илтимос қилдук.Онда генерал Ялповский айтди: “ҳозир катта уруш вақти турур.Жумҳуриятимизда зиёда милтиқ йўқ турур, ҳатто ўз аскарларимизга етишмай турур”, деди. Ман айтдим, “ афандим, сизлардин бўшға сўраб турғонимиз йўқ турур.Ўн олтинчи йилда туркман муҳорабасидин сўнг генерал Галкин беш мингдан зиёда милтиқларимизни олиб кетган эрди, ушбуларни қайтариб бермакларимизни сўрармиз”, дедим.Ул айтди: “ ул милтиқлар қайда эркан”, деди.Ман айтдим: “ албатта Тошкентда бўлса керак” дедим.Ўрталаримиздин кўп савол-жавоблар ўтди.Қайси вақтда Ҳуррият олғонларимизни, ҳамда на кайфиятда олғонларимизни, кимларнинг ёрдам қилғонларини савол қилди.Ман бошдин оёқ сўйлаб бердим.Ҳам ҳозирги бўлуб турган сиёсатни такроран баён қилдим.Ондин сўнг ушбу Хоразм мажлиси маъбусонидин келган илтимос хатни мажлисга қўймоқчи бўлди, бизлар қўшилиб чиқиб кетдук.Ондин чиқиб меҳмонхонага Қозондин келган биродарларнинг ёнига келиб, таом еб сўзлашиб ўлтурдик.Ушбу ҳайъатдаги аъзолар Исмоил Обидий ( “Тараққий” газетасининг ташкилотчиси ва бош муҳаррири-У.Б.), Абдул Бори, Ликал Бурхон, Ҳабиб Хорис, Жумақулов, Сайфулмулуковлардин иборат эркан.Ондин сўнг маслаҳат қилиб, ушбу кеча эски шаҳарга мусулмонларнинг шўройи ислом деган мажлисларига бориб, мусулмон биродарларимиз ҳам сурати воқеани баён қилмоқчи бўлиб, ўз манзилимизга қайтиб кетдук.Кеч бўлгандин сўнг трамвайга ўлтуриб, Шўройи Ислом бўлатурғон жойга келдук.Келсак, мажлислари очилғон эркан.Раис қози Абдулвоҳид эшон, мувоини машҳур Мунаввар қори, саркотиби Карим қори Ниёзий эрканлар.У сўзни тамом қилгандин сўнг, раис афанди айтди: “Хоразмдин келган азиз биродарларимиз Хоразмда бўлган воқеалардин бизларни хабардор қилсалар эркан”, деб.Мажлис бир оғизда сўрармиз, деб жавоб берди.Ондин сўнг манга сўз бердилар.Ман чиқиб мажлис аҳлига салом бериб, Хоразмда бўлғон бечора камбағал деҳқон ва уламолар тарафидин салом еткардим.Ҳамма бир оғиздин салом қайтардилар.Ондин сўнг Хоразмда бўлиб турғон сиёсатдин маълумот бердим ҳам ёрдам қилишни сўрадим.Ёрдам қилмоққа бир оғиздан ваъда қилдилар.Мажлис тамом бўлгандин сўнг ўз манзилимизга қайтуб кетдук.Эртанг туруб намоз ўқуб, чой ичиб, ё Оллоҳ сандин мадад деб “Регина” меҳмонхонасига бориб, биродар Мустафо Чўқаев ҳам Отаев, Тошкентлик Норбўтабекларни кўриб сурати воқеаларни баён қилиб, ҳукумат мажлисида бизларга милтиқ бериш масаласини ўтиндик.Биродарлар ёрдам қилмоққа ваъда қилдилар.Шунинг билан мунтазир бўлиб қараб ўлтурдик.Эртанг Хивадин Муҳаммадёрбой, Шокир Тенисовлардин бир телеграмм келиб қолди.Мунда инқилоб бўлиб бош вазир Ҳусинбек истеъфо қилиб, ҳурриятпарвар вакиллар озил бўлдилар, деган.Сурат воқеа шундай бўлғон: бизлар Хивадин кетгандин сўнг хон ҳам генерал Мирбадаловларнинг ёрдами билан бир фирқа ташкил бўлғон.Ушбу фирқаға раҳбар бўлғон Исфандиёрхоннинг муаллими Тавфиқ Беглининг ҳам мулла Рамазон Сайдашовларнинг кўрсатуви бўйича,хоннинг амаки авлоди Раҳмонқули иноқ Худойқули тўра, Муҳаммад ризо тўралар уламолар синфидин Муҳаммад Шариф Йўлбузар муфти эшон, хоннинг яқин одамларидин Абдураҳмонбой Баққолов, Муҳаммад Қори Эрниёзов, Ҳожибой Аминбой ўғли ҳам бир неча хоннинг тарафдор одамлари инқилоб аломатларини тақиб, халқни жам қилиб мажлиси калонга йиғнаганлар.Муаллим Тавфиқ афанди бир оташин нутқ сўзлаб халққа эълон қилғон, унинг шундин иборат турур:
-Биродарлар! Ушбу ҳуррият олиб ўлтурғон одамлар фақат ҳуррият олдик деб хон ҳазратнинг ёқин одамларини уйга солиб, ёлғондин туҳмат қилиб пулларни олдилар.Энди бизлар ушбу ҳибсда бўлғон маҳрамларни чиқариб, оларнинг ўрнига Ҳусинбейни ҳибс қилурмиз.Ҳам ушбу одамлар бизларнинг шариатларимизни йўқ қилмоқчи турурлар.Мусулмончилик оламида имомсиз намоз ўқимоқ дуруст эрмас турур, деб кўп сўзлар айтган.Оқибат мустабид хоннинг жабр зулмидин эзилган халқ айтилган сўзларга ҳеч илтифот қилмасдан чиқиб кетганлар.Фақат хон тарафдори одамлари рушутхўр оқсоқоллар, баъзи фанатик муллалар қолғон.Шунинг бирлан жамият тарқалиб кетган.

Махфий қолмасинким, ушбу баён бўлғон одамлар Нуриллабойга Муҳаммадризо Тўранинг ҳовлисига бориб, қизил байроқ кўтариб, қизил ленталар бойлаб ҳатто отларга, араваларга ҳам ленталар бойлаб, Муҳаммад Шариф Йўлбузар муфтини орабада ўлтуриб, рус аскарлари бўлатурғон казармага генерал Мирбадаловнинг олдига юрганлар.Лекин фуқаро-халқ кўп маъюс , ҳайрон бўлиб қолғонлар.Ушбу одамлар аскарлар ичига бориб, золим генерал бирлан ҳам хонга сотилган аскарлар бирлан Нуриллабойга-хоннинг олдига келганлар.Хон билан маслаҳат қилиб қўйилган қозиуламолар ва оқсоқолларни жамлаб мажлисга вакилларга киши юбориб, хон ҳузурига келтирган.Хон мажлисни очиқ эълон қилиб Муҳаммад Шариф Йўлбузар муфтига айтғон:
-Сўзингиз бўлса сўзланг.
Машариф охун муфти айтган: — Ёвмутларнинг талон қилиб олган моллари даракидин генерал Галкиннинг олиб берган ақчаларини Ҳусинбекнинг ўзи олиб ҳеч кимга бергани йўқ турур.Ушбу ақчалар бизларники турур, бизлар олурмиз, -деган.
Ондин сўнг биродар Муҳаммадёрбой хондин жавоб олиб айтган:- фуқароларга тақсим қилиб бермак керак,- деган.
Дарҳол хон айтган:” бул сўзларингиз турсин, бошқа сўзингиз бўлса айтинг”, деган.Муҳаммадшариф муфти айтган: “халқ тарафидин сайланмай ўн беш одам мажлисга вакил бўлиб кирган эрканлар, ҳозир шулар мажлисдин чиқиб кетсинлар”, деган.Онда Муҳаммадёрбой айтган: “ ушбу баён бўлган вакилларни ҳуррият олган вақтинда тахминан ўн минг одам сайлаб юборди, ҳам қўлларига мандат бердилар, хон ҳазратлари тасдиқ қилиб хат бердилар, ина хатлари”, деган.
Шул вақтда Собир маҳрам оқсоқолларга қараб айтган: “ шунча одам бўлиб бир ёш боланинг сўзига жавоб бера олмай турубсизлар”, деган. Тамоми оқсоқоллар бирданига айтганлар: “бизларга ҳуррият мажлис даркор эмас турур, бизларга хон керак турур”, деганлар.Шунда Муҳаммадёрбой қичқириб айтган: яшасин ҳуррият, йўқ бўлсин хонлик”, деб.Ондин сўнг қози Ҳикматулла эшон мажлис вакилларига айтган: “сизлар кўп номунофиқ ҳаракат қилдингизлар”, деб ҳам Бобо охун эшонга айтган: “ сани вакил қилиб ким юборди”, деб.Бобо охун айтган: “ ўзингиз юбордингиз”.Онда қози айтган: “ ман сени ҳеч юборганим йўқ”, деган.Онда Бобо охун эшон айтган: “мажлисга мани чақириб бир киши борди, ман ушбу борғон одам бирлан санинг ҳузурингга келдим, сан мани қайтиб узотиб юбординг.Ўзинг қози ислом бўлиб шахсий манфаатинг учун ёлғон сўйлаганинг ҳеч муносиб эрмас турур, худодин қўрқ”, деб кўп даҳшат сўзлар айтган.

Ондин хон ва генерал Мирбадалов мажлис вакилларининг маҳдудликларини англаб ислоҳ қилиб, буларнинг сўзларини тўхтатиб, қозилардин фотиҳа олиб бериб, вакилларини ўз жойларига қайтариб юборганлар.Бош вазир Ҳусинбекни олиб қолиб, бир жойда ҳибс қилиб сақлаганлар.Тоза ҳурриятчиларга хон ўргатиб, Ҳусинбекнинг ўрнига Исоқхўжани бош вазир қилганлар.Ҳам мажлисга ўз тарафдорлари бўлган одамлардин ва муллалардин бир неча вакил киргизганлар.Аввалги ҳурриятга иштирок қилган вакилларни мажлисдан чиқариб бўшатиб юборганлар.Бобоохун,Ҳусинбекни ҳибсдан чиқариб, уйига юборганлар.Мажлисда хон тарафдори мустабид кўп бўлиб, ҳар бир масалада ғолиб бўлганлар.Биринчи мартаба ҳуррият олганда ҳибс қилиб қўйилган хоннинг маҳрамларини холос қилиб юборганлар.Шундай қилиб, мажлис хоннинг ва генерал Мирбадаловнинг ишорати билан давом қилган.Ондин сўнг хон генералга айтган6 нечук бўлса ҳам Ҳусинбек истеъфо қилсин.Генерал бир аскар юбориб таклиф қилган: Ҳусинбек бош вазирликдан истеъфо қилсин, бўлмаса иш ёмон турур, деб қўрқитган.Ҳусинбек мажбурий суратда истъефо хати ёзиб мажлисга юборган.Шунинг бирлан хоннинг мақсади ҳосил бўлиб, фароҳат бўлғон.Эмди бизлар ўз ишларимиз билан комиссия бўлатурғон оқ уйга бориб савол қилдик.Жавоб бердиларки, бу оқшом умумий заседание бўлиб, сизларнинг сўзларингиз ҳал бўлур.Шунинг билан мажлисда иштирок қилатурғон биродарларни ҳам кўриб ўтиндук.Эртанг Маскавдин мусулмонлар съездидин қайтуб келган вакилимиз Саъдуллабой Тиллабой ўғли Хивага қайтмоқчи бўлди.Ман ушбу биродарга бизлар бирлан келган вакиллардин Қутлимурод беглар беги қорақалпоқ ҳам туркман мулла Шукурларни Хивага қайтармоқчи бўлдик. Нечунким шул баён бўлғон биродарлар ҳеч нимарсадин огоҳ эрмас турурлар.Маъзи бизларга бир мусоллот турурлар.Ҳам ўзлари ҳар кун бизларни қайтариб юборинг, бизларнинг бунда ҳеч ишимиз йўқ эркан, деб сўраб туриб эрдилар.Шунинг бирлан ҳукуматга юбордик.Биродарлар Ялпотскийга йўлиқдик.У айтди: “сизларнинг масалангиз оқшом ҳал бўлди.Сизлар билан Хивага бир ҳайъат юбормакка қарор қилдилар”, деди.Ондин сўнг Хивага қайтаратурган биродарларга мажлисга хат ёзиб бердук.Ҳам шул куни биродарларни Хивага узотиб юбордук.Эртанг биродар Худойберган Девонов ҳам Отажон маҳрам Сафоевлар бирлан ҳукуматга бориб Хивада бўлғон инқилобни баён қилдук.

Онда Ялпотский жавоб берди: “генерал Мирбадаловдан телеграм келди”.Ушбу инқилобни халқнинг ўзи қилиб,Ҳусинбек ва бошқа вакилларни озил қилиб, ўзлари вакил сайлаб қўйдилар: бошқа ҳурриятга ҳеч бир забон йўқ турур, деган мазмунда.Онда ман жавоб бердим:
-Албатта золим генерал (Мирбадалов назарда тутилаяпди-У.Б.) хон бирлан маслаҳат қилиб хон тарафдори одамлар бирлан биргалашиб ҳурриятпарвар вакилларни чиқариб, хоннинг ишорати бирлан иш қилатурғон вақтларни сайлаб қўйганлар.Энди аввалги хонликдан бошқа ҳеч ҳуррият йўқ турур ва яна ҳам бир неча кун ўтгандин сўнг бир баҳона топиб, бўҳтонлар қилиб, ҳурриятчи ёш хивали биродарларимизни дунёдин йўқ қилсалар керак.Ушбу биродарларнинг қонларига Руссия ҳукумати зомин бўлса керак,-дедим.
Онда Ялпотский айтди:-Сиз генерал Мирбадаловни ёмон кўрасиз, ундан телеграм келди.Манга жавоб беринг, ман Тошкантга қайтарман,деб.
Онда ман айтдим:-Албатта золим генерал ишларини қилди.Хондин оложак нарсаларини олди, энди Хивада турмоқ ҳеч ҳожат эрмас турур.энди бунда келиб уйинда фурсат еб ётмоқ керак турур.Онинг олғон нарсалари икки-уч одамнинг охирги умригача ҳеч иш қилмай, еб ётса ҳам тамом бўлмас турур,-деб жавоб бердим.
Онда Ялпотский айтди: -Ондай бўлса нечук қилмоқ керак?
Мен айтдим:-золим генерални ўлдирмак керак ,-дедим.
Ман кўп қизиб кетган эрканман, нечунким,Хивада бўлғон инқилоб кўп ёмон бўлди.ёш хивалилар неча йиллар ранжу машаққатлар чекиб, золим хон ва сипойиларидан зулм кўриб, кўп меҳнатлар билан солғон иморат ўз умрини сал вақтда хароб қилган.
Ондин сўнг Ялпотский тез вақтда ҳайъатни ҳозир қилиб бермакчи бўлди.Шунинг бирлан хўшлашиб ташқарига чиқдим.Биродар Худойберган Девонов,Отажон Маҳрамлар манинг бирлан уруша бошладилар.Айтдилар:
-Сан қизиб кетиб, сўзлаган сўзларингни билмас эркансан.Генерални ўлдирмак керак деган сўзинг бир ваҳшийлик турур.Мундай сўзларни ҳукуматнинг олдида айтмоқ ҳеч лозим эрмас турур.Албатта ҳукумат гумон қилур, булар қонхўр одамлар эрканлар,деб.
Ман айтдим:-Биродарлар, ман ёниб кетганлигимдан айтдим, ўзим маъсул турурман, сизлар айтганларингиз йўқ.Ҳар нечук савол бўлса ўзим жавоб берурман,-деб қаҳрланиб, ман бир тарафга, улар бошқа тарафга кетдилар.Эртанг биродарларимиз бирлан оқ уйга бориб, ҳукуматдин сўрадук:
-Бизлар бирлан Хивага кетмакка ҳайъатга кимни тайин қилдилар,-деб.
Жавоб бердилар:
-Сизлар билан Хивага бориб, халқ милисаси ташкил қилиб бермак учун полковник Тарезна ҳам икки одам тайин қилдилар.Энди ҳар бир сўзингиз бўлса, онинг билан маслаҳат қилурсизлар,-деди.
Бизлар хўшлашиб чиқиб, биродарларимиз бирлан манзилимизга бориб, маслаҳат қилишуб ўлтуриб эрдик, шул вақтда Тўрткўлдан совет-солдатский депутатлар мажлисига вакил бўлиб келган биродар Насруллабой ва Мусобековлар кириб келди.Ҳам маълум қилди:
-Сизлар бирлан Хивага бормоққа тарезна, казак пропоршик ҳам татар ҳайъатидан прапоршик Хорис Жумақуловларни тайин қилдилар,-деди.Ондин сўнг биродар Мусобековни бирга олиб

Тарезнанинг олдига кетдук.Аввалги ваянний губернатор туратурғон жойда эркан, бориб сўйлашдик.”Хўшлик бирлан қабул уч кундин сўнг чиқиб кетармиз”, деб жавоб берди.Ондин чиқиб “Регина” га бориб хорис Жумақуловга йўлиқдик.Тарезна айтган сўзларини айтдук.Шунинг бирлан ўз ишларимизни саранжом қилиб турмоққа машғул бўлдук.
Махфий қолмасинким, шул вақтда Бухоро ёшларидин бир неча киши Бухородин қочиб келган эркан.Шул жумладин Муҳуруддин махсум бирлан Бухоро аҳволотидин сўйлашиб маълумот олдук.Фатхулла Комилов ҳам бор эрди.Ондин сўнг уч кун ўтиб кетди.Биродарлар Худойберган Девонов, Отажон маҳрам, Бобожонбойлар бирлан маслаҳат қилишиб, бизлар бирлан Хивага кетмакларини илтимос қилдук.Онда Худойберган Девонов ва Отажон Маҳрамлар айтдилар:
-Э биродар, Исфандиёрхон ҳаёт бўлиб ўз ўрнида турғон вақтда хаёл қилманг, бизлар юрармиз,деб. Албатта бир ҳийла билан дунёдин йўқ қилса керак.Шунинг учун бизлар Хивага бормасмиз.Сизларни Оллоҳга топширдук,-деди.Шундин кейин Маскавга -Шоликоровга (бу вақтда Шоликоров Москвада эди-У.Б.) ҳам телеграмм бердим: “Хивага келинг”, деб.Ондин телеграмм келди: “Сиз Маскавга келинг”, деб.

Шунинг бирлан тангрига таваккал қилиб биродар Юсуфбой Қурбонбой ўғли бирлан ҳайъатга тайин бўлғон биродарларни олиб Тошкент вокзалига чиқдук.Биродарларимиз Иброҳимбой, Муҳаммаджонбоевлар кузатиб чиқдилар.Вагонларга ўлтуриб жойлашдик.Шунинг бирлан учланчи звонок урилди, оташ арава ҳаракатга келди.Биродарларимиз хўшлашиб, йиғлашиб қолдилар.Эртанг Самарқандда полковник Тарезна тушиб қолди: хусусий ишлари бирлан.Бизлар ўтиб Чоржавга келиб кечда пароходга чиқиб ётдук.Эртанг эрта бирлан почтавий арава бирлан биродар Тарезна ҳам келиб тушди.Кўришуб омонлашдук.Соат тўққиз бўлди.Пароход ҳаракат қилиб Хивага равона бўлди.Йўлда кўрсак, пароходда полковник Гуров деган бир зот ҳам бор эркан.Бул кишини генерал Мирбадаловнинг ўрнига Хивага юборган эрканлар.

Пароход Тошсақага келди.Хивага кетадиган одамлар кўп эркан.Полковник Гуров шулар бирлан Хивага кетди.Бизлар ўтиб Тўрткўлга келиб чиқдук.Тўрткўлнинг бўлис оқсоқоллари пешвоз чиқиб, нон-туз бирлан қарши олдилар.Ондин сўнг араваларда қаълага кетдук.Тарезна собиқ бош ҳоким (Туркистон генерал губернаторлигининг Амударё бўлими бошлиғи-Петро-Александровскдаги рус қўшинлари командири назарда тутилаяпти-У.Б.) бўлатурғон жойга меҳмон бўлди.Бизлар Тўрткўл бўлиси Бекмуҳаммадбой Баяковнинг жойига меҳмон бўлуб тушдук.Шунинг билан полковник баъзи ишлари билан икки оқшом Тўрткўлда қолди.Ондин сўнг тайёр бўлиб турғон кемага ўлтуриб Хонқага ирода қилдук.Хонқага келган эрдик,Хивадин пешвозга чиқиб турган аравалар бор экан.полковник Тарезна айтди: “Урганчга бориб, ондин Хивага кетармиз”, деди.Шунинг билан ўлтурган кемамиз бирлан Шовот ёпи орқали Урганчга равона бўлдук.Ушбу оқшом кемада ётиб эрта бирлан Яраславскийнинг пахта заводи олдидин келиб, чиқдук.

Хивадин пешвозга Назир тўра келган эркан, кўришиб полковникка тақдим қилдук.Назир тўра ҳам хон мажлиси тарафидин келганлигини маълум қилди.Ондин аробаларга ўлтуриб, Урганч ҳокими Олланазарбойнинг жойига келиб тушдук.Шунда бир неча соат ўлтуриб, чой ичиб, ноҳари қилдук.Полковник баъзи навъи ўзбеклардин маълумот олди.Шу жумладин, Хайриддин Саидов, Султонмуродовлар бирлан кўп сўйлашди. Ондин сўнг, Хивага равона бўлдук.Рамазон ойи эрди ифтордин бурун келиб нуриллабой саройига тушдук.Мажлис вакиллари меҳмонхонага киргизиб, кўришуб бўлиб, “хуш келдингизлар” деб рухсат олиб ифторга кетдилар.Мажлис раиси Бобоохун мани ўзи бирлан бирга олиб Нуриллабойнинг мадрасасига, ўзининг муовини юсуф махсим охуннинг ҳужрасига бордик.Онда ифтор қилиб, баъзи воқеалардин сўйлашиб ўлтурдик.Шул вақт хон тарафидин Бобоохунни ноҳарга таклиф қилиб, ходим келди.Ул киши хоннинг олдига кетди.Ман Юсуф Охун бирлан бўлуб ўтган ҳодисалардин сўйлашиб ўлтурдик.Бироз вақтдин сўнг Бобоохун қайтиб келди.Шунинг бирлан хуфтон маҳали бўлди, ҳар ким ўз уйимизга тарқалишдик. Ман Ҳусинбекнинг жойига бориб, кўришиб, омонлашиб шунда қолдим.бўлғон ҳодисалардин золим генерал Мирбадаловнинг интригаларидин сўзлашиб, хондин олган ришўт (пора-У.Б.)ларини айтишуб, саҳарлик вақти бўлди, ноҳари қилиб ётмоққа йўлландук.

Махфий қолмасинким, бизлар хондин ҳукуматни олғонимизда мажлисга бир неча адад кўҳна гилам ва кигизлар берган эди.Бошқа хазина, тилло ва тангалар ўзида қолғон эди.Бойлиги кўп бўлғондин сўнг тамоми ришўтхўр генерал ва тўралар ва бошқа хон тарафида бўлсалар керак.Эртанг эрта бирлан мажлис раиси Бобоохун ўйлағон: “ушбу Полвонниёз ҳожи ҳам сўнгги инқилобдин сўнг бошқа вакиллар қаторида вакилликдин чиқди, агар чиқиб кетса, мажлис бир ҳафта ҳам турмас турур.Балким хон ушбу келган ҳайъат бошлиғи Тарезнани ҳам олтин, бирилиёнтлар бирлан сотиб олиб, биз ҳурриятпарварларни дунёдан йўқ қилса керак, ҳар нечук йўл бирлан бўлса ҳам Полвонниёз ҳожини мажлисда қолдирмоқ керак”, деб бир неча ўзига яқин вакилларга маъқул қилган.Шунинг бирлан бир хат ёзиб, Полвонниёз Ҳожи мажлис ишига зиёда даркор турур, агар ул бўлмаса, рус биродарлар бирлан сўйлашиб иш қилатурғон ҳеч бир одамимиз йўқ турур.Шул хатга йигирма уч вакил муҳр босиб, қўл қўйган.Ондин сўнг ман келдим.Тошкантнинг докладини бериб бўшаб кетмак учун.Мажлисга кирган ҳамон мазкур вакиллар тарафидин тўлғозилган мандат хатни манго берди ва айтди: “ сиз аввалги рус биродарлар бирлан муомила қилмоқ ишингизда турурсиз” деди.Ман ҳайрон бўлдим.Маним тамоми ҳурриятчи биродарларим мажлисдан мажбурий суратда чиқиб кетганлар, бир ман қолиб нима иш қилурман, деб қабул қилмажак бўлдим.Вакиллар кўп таваллолар қилдилар.Шундан кейин ман ўйладим: “агар ман ҳам чиқиб кетсам, мажлисни тарқатиб юборурлар, иншоллоҳ ўзимга яна тарафдор топурман” деб қолмоққа розилик бердим.Мажлисдан чиқиб полковник Тарезнанинг ёнига бордим.Ул манга қараб тургон эркан, дарҳол ҳайъат билан мажлисга келдук.ҳайъат вакиллари бирлан кўришуб , ҳар тарафдин сўйлашиб ўлтурдилар.Руссиядин мутахассисликлар сўраб келтирмакка тавсия қилдилар.

Махфий қолмасинким, ман Тошкантга кетмасдин бир неча кун аввал Петербургга ҳукуматга телеграмм юбориб, мутахассислар сўраган эрдик.Инқилобдан сўнг телеграмм келган: бошлиқ Мусобеков уч киши юбормак бўлиб сайлаганлар.Ушбу ҳайъатдин собиқ бош вазир исмига телеграмм келган:Йўл харажати учун олти минг манот оқча сўраб.Ҳусинбек телеграммни мажлисга юборган.Хон тарафдори бўлғон вакиллар, хон ҳам генерал Мирбадалов билан маслаҳат қилғонлар, олар келмакларни хавфли кўриб, келманглар, деганлар.Шуларнинг сўзлари бирлан вакиллар бизларга мутахассислар даркор эрмас турур, деб жавоб қайтарганлар.Полковник Тарезна чиқиб ўз манзилига кетди.

Махфий қолмасинким, ўтган кеча генерал Мирбадалов полковник Тарезна бирлан пинҳоний кўришуб, ишларни биткарган эрканлар.Шунинг учун полковник, собиқ бош вазир Ҳусинбекка ҳужум қила бошлади.Шу сурат бирланким, генерал хондин ришут олиб Ҳусинбекни бош вазирликдин истеъфо бермакка мажбур қилғон,деб.Ҳусинбек таптиш қила бошлади, гувоҳлар чиқиб генерал тарафдин келган солдатдин сўрамоқчи бўлди.Иложи бўлса, Ҳусинбекни гуноҳкор қилмоқчи бўлиб тиришди.Эртанг кечда Ҳусинбекни чақириб:
-Генерал Мирбадалов хондин ришўт олиб, тозадин “инқилоб” қилғон, деган сўзни кимдан эшитдинг? -деб савол қилди.Ҳам “ қайси солдат генерал тарафидин келиб, генерал санга истефъо қилсин деб айтди? Шул солдатни билурмисан?” деди.Ҳусинбек жавоб берди:
-Генерал хондин ришўт олғонини Отажон маҳрам ҳам Раҳмонберган Ёқуб ўғли айтди,-деди.Буларни ёзиб олди.”Генерал тарафдин келган солдатни танирман”, деб жавоб берди.
-Агар билсанг шул солдатни мунда юборгил,-деди.Шунинг бирлан Ҳусинбекка жавоб бериб юборди.Эртанг оқшоми мазкур бўлғон гувоҳларни чақириб, Раҳмонберган Ёқуб ўғлидин савол қилғон:
-Сан кимлардан эшитдинг. Генерал хондин ришўт олғон, деб?
Раҳмонберган жавоб берган:
-Ман бозорда харид қилиб юрган бир савдогартурман, бозорларда халқнинг сўйлаб юрганини эшитдим: генерал хондин қирқ минг олиб ушбу инқилобни қилди деб.
Полковник сўраган:-Шуни айтган одамнинг ким эканлигини биласанми?-деганда Раҳмонберган жавоб берган:
-Манга ким эрканлигини билмак на ҳожат, ман кўп халқдин эшитдим, яна ўз ишимга машғул бўлдим,-деган.Ондин сўнг Раҳмонберганга жавоб бериб юборган.Отажон маҳрамни чақириб савол қилғон:
-Генерал хондин ришўт олғонини кимдан эшитдинг?
Отажон маҳрам “Иброҳим қассобдин эшитдим” деган.Иброҳим қассобни келтириб сўраганда , “Ваис девондин эшитдим”, деб жавоб берган.Ёзиб олиб буларга жавоб бериб юборган.Шунинг бирлан тафтиш бу оқшом тамом бўлғон.Эртанг оқшом Ваис девонни ҳам генерал тарафидин келган солдатни чақирди.Маълум бўлсинким, бу тафтишларнинг кеча бўлиб турғони шунинг учундир, моҳишариф рамазон рўзаси эди.Халқлар кундуз сўзлашмакдин ожиз эрдилар.Шунинг билан мунингдек таптиш ишлари бўлса, оқшомлари ифтордан кейин бўлур эди.Ваис девонни чақириб савол қилғон:
-Сан Ҳусинбекнинг одами Отажон маҳрам билан Иброҳим қассобнинг дўконига ўлтуриб, “генерал хондин қирқ минг манот олиб, ушбу инқилобни қилиб қўйган”, дегансан.
Онда Ваис девон жавоб берган:
-Ман Ҳусинбекнинг маҳрами бирлан ҳеч ўлтурғоним йўқ,-деган.Полковник қаҳрланиб “Отажон маҳрамнинг ўзи айтди”, деган.Ваис девон айтғон: “ман Иброҳим қассобнинг дўконига келганимда Шихназарбойнинг одами Отажон маҳрам бор эди.Ман Иброҳим қассобга айтдум, шунда Отажон маҳрам эшитган бўлса керак,- деган.
Унда полковник савол берган: -Сан кимдан эшитдинг?
Ваис девон айтган: -Иситма касали эрдим, дўхтирдан дори олмоқ учун касалхона тамонга борур эрдим.Қўша дарвозага борган вақтда мани қаттиқ иситма тутди.Дарвоза супасида ётиб қолдим.Анчадин кейин ҳушимга келдим.Шул вақт одамлар мавж-мавж ўтиб турғон эканлар, шулар бир-бирлари билан сўйлашиб ўтиб бораётирлар: генерал хондин қирқ минг манот олиб, ушбу инқилобни қилиб, Ҳусинбекни озил қилиб, Исҳоқхўжани бош вазир қилгон,деб.Иситмадин тузала туриб, Иброҳим қассобнинг дўконида шул халқдин эшитган сўзларимни айтдим,- деган.
Полковник қаҳрланиб савол қилғон:
-Шу сўзни ким айтди, шуни айт?,-деган.
Ваис девон жавоб берган:-Ман сизга кимни тутиб берурман, муни кўп халойиқ сўзлашиб ўтиб кетдилар,-деган.
Полковник бундан ҳам бир нимарса топа олмай, бунга ҳам жавоб бериб юборган.Генерал Мирбадалов тарафдин келган солдтадин чақириб савол қилғон:
-Генерал санинг бирлан Ҳусинбекка сўз айтуб юборуб эрдими?-деб.Солдат айтғон:
-Генерал манга айтди, Ҳусинбекка бориб айтгил, дарҳол бош вазирликдан истеъфо қилсин, агар шу кундин қолса иш ёмон бўлур,-деб.Ман бориб Ҳусинбекка айтдим, деган.Полковник мунга ҳеч бир сўз айтмасдин жавоб бериб юборган.Бул тафтишлардин ҳеч бир натижа чиқмағон. Бошқа бир йўл излаб, аскарлар ичига бориб, баъзи бир ришўтхўр офицер, солдатлар бирлан сўйлашиб, митинг қилмоққа қарор қилиб қўйғон.Бир кун ноҳардин сўнг казармада метинка йиғнаб Ҳусинбекни олдирғон.Шул вақт Ҳусинбек манга хабар қилди, ман казармага бордим.кўп катта метинка бўлғон эркан.Тамоми аскарлар келган, полковник Тарезна бирор нутқ сўйлади.Биродар Шокир Тенисов таржима қилди.Нутқ шунга доир : Ҳусинбекнинг нечук айби бўлса, шуни баён қилмоқдин иборат эркан.Бечора ҳақиқатни севган аскар биродарлар Ҳусинбекнинг инқилобни тўғри йўл билан олиб борғонини ҳам тамоми Руссия аскари кўп муоммаларда бўлғонини баён қилдилар.Шул вақт намозшом бўлди, ифтор қилдим.Бир аскар биродар чой қилиб берди.Ондин сўнг ман сўз олиб, золим Исфандиёрхоннинг тўраларга ришўт бериб, генерал Мирбадалов бирлан бирга ишлар қилиб, бул инқилоб бўлғонини бир-бир баён қилдим.
Биродар Тенесов таржима қилди.Тамоми аскарлар “урра” деб қичқириб, қўл чопиб, рост деб тасдиқ қилдилар.Шул вақт полковник аскарларнинг ҳаракатини англаб, қўрқиб, оҳиста ҳеч кимга билдирмасдан чиқиб Нуриллабой саройига қайтиб кетган.Ондин сўнг прапоршик Андренский сўз олиб сўйламакчи бўлди.
Ман айтдим: “биродар Андренскийга чек қўйинглар, нечунким, ҳамма сўзига рухсат қилсангизлар, бул киши юрист турур, эртага сўзлаб сизларга сўз бермас”, дедим.Шунинг бирлан унго ўн минут чек қўйдилар.Андренскийнинг сўзи Ҳусинбекни ёмонламоқ бўлди.Аскарлар бир оғиздин “лож-лож” деб жавоб қайтардилар.Аскарлар ичиндин бир аскар сўз олиб, Туркманские собитеда полковник Колосовский началник штаб бўлғон вақтда Андреский муовин бўлиб туркман жамоаларидин қанча ашё ва оқчаларни олиб қайға юборгани ҳаққинда дакалат қилди.Ҳатто баён қилди: ушбу миниб юрган оти бир Хивали сартнинг оти эркан.Ҳар кун келиб отни кўриб йиғлаб кетадур, деб кўп оташин нутқ сўзлади.Тамоми аскарлар қўл чопиб “правда” деб қичқирдилар.Шунинг билан кўп аскарлар сўйладилар.Уларнинг сўзлари аскарбоши бўлиб юрган тўраларнинг диёнатларига доир турур.Шунинг бирлан митинг тамом бўлди.Хоннинг мақсади шул эрдиким, Ҳусинбекка бир айб топиб, уни ҳибсга олиб, пинҳоний ўлдириб йўқ қилмоқ эрди.

Махфий қолмасинким, ушбу тафтишлардин ҳеч бир натижа чиқмагач, полковник Тарезна ўз вазифасига киришди.Ҳар қаъла навкарларига Хивага келмакка хат юбориб эрди.Баъзи аскарлар келдилар.Шулардин яхши, тоза ёш йигитларни сайлаб, йигирма беш отлиққа бир юз боши сайлаб, тўртта юзбошининг аскарига милтиқ берди. Бошқаларга милтиқ бермакка эҳтимол хон рози бўлмоғон бўлса керак.Шундин бошқа ҳеч иш қилмасдин бир кун чиқиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, биродар Чорош Жумақулов полковникнинг қилғон политика (сиёсатларига) ҳайрон бўлиб ўзининг бир иш қилмоқ қўлидан келмагани учун кўп-кўп хафа бўлиб, ул ҳам Тарезна бирлан Тошкантга қайтиб кетди.Генерал Мирбадалов ҳам бирга кетди.Мунда начальник бўлиб полковник Гуров қолди.Лекин бу ишлардин ҳеч бир натижа бўлмоғонини билиб ёвмут қолтобони Шомми кал яна ҳар қаълага ҳужум қилиб розалат қила бошлади.Русия аскарлари ҳеч бир ҳаракатсиз Хивада ўлтурди.Хон бўлса яна ҳар турлик макр-ҳийла қила бошлади.Мундан қўрққан мажлис раиси Бобоохун раисликдан истеъфо қилди.Мажлисни рўза ҳайитининг сўнггигача таътил қилиб Гурланга, уйига кетди.
Шунинг бирлан ийди рамазон ўтиб кетди.
Атрофидин вакиллар кела бошлади.Бир неча вакил келгандин сўнг мажлис очилди.Лекин мажлис раиссиз турур, муовини Юсуф махсум охун идора қилиб турди.Бир куни Ғозиобод вакили мулла Муҳаммад Шариф мажлисга таклиф киргизди; раис сайламоқ тўғрисида.Ман унга қарши чиқдим, айтдим: ҳозир вакиллар тамом келиб битгани йўқ, вакиллар тамом келиб бўлсинлар, ундан кейин сайламоқ дуруст турур, дедим.Нечунким вакилларнинг ичинда раисликка лойиқ кишилар бўлса ҳам эҳтимол турур, дедим.
Махфий қолмасинким, Исфандиёрхон ҳар кун ўзига дарак вакиллар билан пинҳоний маслаҳат қилур эрди.Раис сайламоқ тўғрисинда Ортиқ охун билан бироз қичқирушдик.Шунинг бирлан раис сайланмай қолди.Кеч бўлиб, мажлис тарқалиб кетди.Эртанг мажлисга вакиллар келдилар.Вакилларнинг адади ўн тўрт эрди.
Шулардин аксарига қўл қўйдирганлар: Ортиқ охун раисликка муносиб деб.Чор-начор Ортиқ охунни раис сайлаб қўйдилар.Бу иш хон учун фойдали бўлди.Нечунким, Ортиқ охун бир содда махсум турур.Хоннинг ёлғон хушомад сўзига ишониб, унинг ҳар бир буюрғон ишларини қилмоққа тиришса керак.Раисга муовин қилиб хоннинг ўз одами Давлат охунни сайладилар.Нечунким, буларнинг макр-ҳийласидан қўрқиб, Юсуф охун муовинликдан истеъфо қилиб эрди.Шунинг бирлан мажлиснинг ишлари бошқа бир тур рангда бўлиб кетди.Ҳуррият қайда, аввалги хон ҳукуматидан зиёда Ортиқ охун ҳукм қила бошлади.Ҳар кун мулла, маъзин қориларнинг азли насафларидан бошқа ҳеч бир иш бўлмади.Бир кун жоним куйиб айтдим:
-Бу нечук мажлис турур? Ҳар замон муллаларнинг масаласидан бошқа ҳеч иш йўқ турур.Мажлис шундай идора турурким, халқнинг фойдасиға ва манфаатига қонунлар барпо қилатурғон бир ўрин турур,- деб.
Манга қўшилиб Хива вакили Сайдуллабой Тиллабой ўғли ҳам сўйлади:
-Халқнинг ичинда ҳам бул ишларга норозилик баён қилурлар,-деди.Шундай бўлса ҳам бизларнинг сўзларимиз бир сўз бўлиб қолди.Раис афанди ўз иши билан машғул бўлди.Охири ноилож бўлиб собиқ ҳуррият олғон вакиллар пинҳоний маслаҳат қилдик:” бир жамият барпо қилсак, аъзолар кўп бўлғондин сўнг расмийлаштириб ҳар турлук мамлакатга фойда бўлатурғон ишларни ишлаб, мажлисга мажбурий суратда тасдиқ қилдирсак”, деб.Шул вақтда собиқ мажлис раиси Бобоохун ҳам Гурландан келиб қолди.Жамият ҳаққинда ул кишига маслаҳат қилдим.Ул киши маъқул кўриб,Гурлан, Манғит, Қиличбой, Хитойлардин кўп аъзолар жамлаб бермакка ваъда қилди.

Махфий қолмасинким, саройда савдогар биродарлардин бир неча тараққийпарвар “Ёш хиваликлар” маслаҳат қилиб совет-солдатский депутатларга ариза ёзғонлар: “хоннинг зулмларидин жонларимиздин тўйиб эрдик.Оллоҳнинг лутф-карами бирла бир неча ҳурриятчи биродарлар ғайрат қилиб, сиз аскарларнинг ёрдами бирлан мамлакатни идора қилиб ўлтуриб эрдилар.Халқ осойишта бўлиб эрди.Исфандиёрхон чидамасдан генерал Мирбадалов ва баъзи аскарий тўраларга ришўтхўр(порахўр-У.Б.) хойин оқсоқолларга кўп-кўп ришўтлар бериб, “инқилоб” қилиб ҳурриятчи вакилларни мажлисдан чиқариб юбориб, фақат ўз одамларидин мажлисга вакиллар қўйди.Шунинг бирлан яна халққа аввалгидан ҳам зиёда жабр-зулм қилмоқдалар.Энди қаҳрамон совет-солдатский депутатдин кўп-кўп ўтиниб, илтимос қилурмиз: ушбу золим Исфандиёрхонни тушуриб, ўрнига бошқа бир тараққийпарвар хон қилиб берсангизлар”, деб.Шул аризани менга кўрсатиб, почта бирлан юбордилар.Ушбу аризани ёздириб юборган сарой ёшларидин марҳум Тангриберган Худойберган Ҳожи ўғли эрди.

Махфий қолмасинким, Матпанабой оқсоқол Тангриберганнинг қайнотаси эрди.Ушбу аризадан огоҳ бўлиб, хоннинг ёқин одами Муҳаммад Ёқуббой Эрниёз ўғлига айтган.Шунинг билан Муҳаммад Ёқуббой, мажлис раиси Ортиқ охун хон бирлан маслаҳат қилишиб шунга қарор қилғонларки, Хива шаҳринда бир юзга яқин оқсоқол бор турур ҳам муллалар бор турур.Бир хат ёзиб ушбу оқсоқоллар ва муллаларга қўл қўйдириб, ушбу бошлиқ Ҳусинбек, Полвонниёз ҳожиларни Хивадин чиқариб бошқа бир мамлакатга мажбурий суръатда юбориб, молу-мулкларини мусодара қилиб ҳукуматга олмоқ керак, деб.Ёзилғон хатнинг мазмуни шундин иборат турур: ушбу баён бўлғон одамлар турурлар, шариатни йўқ қилиб, жадидларни киргизмакчи турурлар.Бизлар тубандаги оқсоқоллар, муллалар турурмиз, тамоми халқ тарафидин сўрармиз: ушбу баён бўлғон одамларни Хоразм тупроғидин чиқариб юборсангиз эркан, деб.Шул хатга қаълада бўлғон оқсоқолларни чақириб қўл қўйдира бошлағонлар.Аризаға қўл қўйдириб ўлтурғон Ашир маҳрамнинг девони Отамурод девон бўлғон.

Махфий қолмасинким, оқсоқоллар бул хат нечук хат эрканини билмаганлар.Баъзи бир онглироқ оқсоқоллар сўрағонда жавоб берганлар: тозадин аскар сўраб келтуриб, туркман ёвмутларини йўқ қилмоққа халқ тарафидин берилган ариза, деганлар.Ушбу воқеани биродар Муҳиддин Умаров келиб менга эълон қилди.Шундан кейин ман баъзи оқсоқолларни сўрадим.Улар дедилар: “ бизлар ҳеч билмасмиз, мунга қўл қўйинг дедилар, бизлар хат билмасмиз дедик, бизларнинг тарафимиздин тайин бўлиб турғон девонлар бизлар учун қўл қўйдилар”.Шу жумладин Ҳусинхўжа деган оқсоқолдин сўрадим: “нечук хат ёзғон эрканлар?” деб. Жавоб берди:
-Ман нечук хат эрканлигини ўқиб кўрганим йўқ, қирқ бир оқсоқол қўл қўйғон эркан, ман қирқ иккиланчи бўлуб қўл қўйдим,- деди.
Ман айтдим:- Агар ушбу хатда мамлакатга бир зарарли сўзлар ёзғон бўлсалар, шунга ҳам қўл қўясизларми?,-дедим. Айтди:
-Бизларнинг зарар-фойда бирлан ишларимиз йўқ турур, катталаримиз буйирсалар, қўл қўяберамиз,-деб жавоб берди.
Ман “илоҳи сизлардек ватанни билмаган хонларга ланъат бўлсин”, деб ўтиб кетдим.Эртанг саройда бир неча ёш катта одамлар, ҳамма аҳли саройлар маслаҳат қилдук: “Ўтган кун ҳукумат оқсоқолларга қўл қўйдирғон хат нечук хат турур? Шуни кўриб билмасдан ўлтирсак, ватанга хиёнат бўлур, албатта, бориб шул хатни кўриб билмак керак” деб, Нуриллабой саройига равона бўлдук.Аввал мажлисга бориб, мажлис раисидин савол қилдилар: “Ўтган кун оқсоқолларни келтуриб Отамурод девонлар бир хатга қўл қўйғонлар, шул хат нечук хат турур, бизлар кўрсак.Агар ватан, миллатга фойдали бўлса, бизлар ҳам қўл қўйсак.Агар бир шахсиятли хат бўлса, бизлар оқсоқолларнинг қўл қўйғонларига рози эрмас турурмиз”, дедик. “Ҳеч бир қавм оқсоқолларни ўз тарафидин вакил қилғонлари йўқ турур.Шул хатни бизларга келтириб кўрсатинг”, деб ғовға қилдук.Бош вазир Исҳоқхўжа “бизлар ул хатни билмадик”, деди.Онда одамлар айтдилар: “ сиз билмасангиз бизлар яхши билурмиз, дарҳол шул хатни олдириб келтирмагингиз керак”, дедилар.Хива вакили Саъдуллабой мажлис раиси Ортиқ охунга савол берди: “ман ким турурман?”,деб. Ортиқ охун айтди: “сан Хива вакили турурсан”.Саъдуллабой айтди: “бул нечук ўғирлик турур, маним хабарим бўлмас турур? Албатта бунда бир ҳийла бўлса керак”, деб ғавғо қилди.
Шунинг билан мажлисда кўп жанжал қилдилар.Муҳаммад Ёқуб қори Эшжон қорига айтди: “сизлар нечук ариза хати ёзиб совет-солдатский депутатларга юбордингиз?”, деди.Эшжон қори айтди: “санинг ўзинг ёзиб Тангриберганга берибсан, қайнотаси Матпано Абдулла ўғли манга келиб айтди”, деди.Эшжонқори қаҳрланиб буларнинг жанжалини тўхтатдилар.Охири сўз, халқ ҳужум қила бошлади.Муҳаммадаминжон ҳожи, Матпанобойлар Ортиқ охунга айтдилар: “иш ёмонга кетди, албатта шул хатни топиб бермакингиз керак”.Ортиқ охун ваъда қилди: эртанг эрта бирлан шу хатни топиб бермакка. Шунинг билан сарой аҳли фароҳат бўлиб қайтиб кетдилар.Ортиқ охуннинг мақсади хонни кўриб бул хат тўғрисида маслаҳат қилмоқ эрди.Ман маъюс бўлиб қолдим.

Махфий қолмасинким, Карки тарафидин Ўрунбургский отли казаклар бул воқеадин икки-уч кун бурун келган эрдилар.Эртанг мажлис бўлмади.Албатта иш хоннинг сиёсий бир ҳийласи бўлди.Ман ҳам чорсудаги ҳуррият дўконида ўлтуриб эрдим, сарой оқсоқолининг ўғли Муҳаммад Раҳимбой икки отли казак солдатни олиб келиб айтди: “ ушбу солдатлар акамнинг олдига бориб бир нимарсаларни сўрадилар, акам русча билмагани учун сизнинг ёнингизга юборди: буларнинг сўзларини англаб манго айтсин”, деб.Ман солдат биродарлар билан кўришиб, уларнинг мақсадлари тўғрисида савол қилдим.Олар айтдилар:” бизлар казак аскарлар тарафидин юборилган вакиллар турурмиз.Бизларни шул хусусда юбордиларки, халқдин розилик сўраб келмоқ учун.Мунда халқ кўп эркан, сиз сўраб беринг, бизлар кўп аскар мунда келдук, мунда ҳамма нарса қиммат эркан, ҳам оз эркан, халқнинг ўз эҳтиёжига зўрдин етишар эркан.Халойиқ бизларнинг келганлигимизга рози турурларми ё йўқми? Агар рози бўлмасалар, бизлар хондин, аскар бошлиқидин қўрқмасмиз, дарров қайтиб кетармиз”, дедилар. Ман буларнинг сўзларини ўтирғон одамларга тушунтириб айтдим.Шул замон Муҳаммадназар Эшонбобо ўғли деган бир корт сўзга келиб, халқ тарафидин айтди: “сиз биродарлар келдингизлар, сизлардин Оллоҳ рози бўлсин.Агар бизда бир нон бўлса, нисбий сизлар бирлан ермиз, агар сиз бўлмағон суратда нобакор ёвмутлар бутун нонимизни олиб, бизларни очдин ўлдирсалар керак.Сизларнинг келганларингизга тамоми ўзбек халқи рози турурлар”, деб жавоб берди.Ондин ушбу вакиллар халойиқнинг сўзларини билиб, ман бирлан ҳам ушбу корт билан хўшлашиб кетмоқчи бўлди.Муҳаммадназар корт тавалло қилиб айтди:” манинг бу сўзларимни албатта хон эшитса керак.Энди мани ўлдурур”, деди.Онда вакиллар айтди: “ҳеч нима қила билмас.Агар санга бир сўз бўлса дарҳол бизларнинг олдимизға казармаға борғил”, дедилар.Шунинг бирлан туруб Муҳиддин Умаровнинг дўконига кетдилар.Маълум бўлсинким, хон ўтган кунги мажлисда бўлғон воқеалардин қўрқиб қози бошлиқ уламоларни ҳузурига чақириб айтғон: “Полвонниёз Ҳожи бошлиқ бир нечаларини Хивадин йўқ қилмаса, ҳеч фароҳатчилик бўлмаса керак.Биз бул кун эшитдик.Сарой олдига бир неча ўрус бирлан халойиқни жам қилиб, жумҳурият қилурмиз”, деб бир турлук сўзлар айтган.Шу жумладин,” мунда ҳеч шариат йўқ, масжид, мадраса йўқ, буларнинг ҳаммаси бекор” деган.Бул сўзлар ёмон сўзлар турур.Шунинг бирлан ҳеч нима демай ўлтирсангизлар, бир кун рус ва халойиқларни ҳужум қилдирса керак.Ул вақтда ишлар мушкул бўлур.Маним маслаҳатим: муллалар маслаҳат қилиб, бизларнинг шариатимизни ҳақорат қилди, бул одамни ўлдирмакка жавоб бўлди, деб ёш толиби муллаларга буюрсангизлар, ғавғойи ом қилиб Полвонниёз Ҳожи бошлиқ бир нечаларни тутиб ўлдирсалар, шунинг билан иш тамом бўлиб кетар.Ул вақтда руслар ҳам ҳеч сўз айта олмасалар керак.Нечунким, бизларнинг шариатимизни ҳақорат қилди, деб айтурсизлар, рус қонунлари, ҳар миллат ўзининг шариати учун ҳар нечук қилса, ихтиёрли турур, деб уламоларни чақириб юборган.Шунинг бирлан уламолар дарҳол Мадраҳимхоннинг мадрасасига жамлашиб тамоми охун, маъзин, имом бўлсин, хабарчилар юбориб келтуриб, хоннинг айтиб юборган сўзларини баён қилиб, кўп музокарадин сўнг бир ориздан қарор қилғонлар.Шариат йўқ деган одамни ўлдуриб, дунёдин йўқ қилмоқ жойиз турур.Тамоми уламо ва муллаларга эълон қилғонлар: Полвонниёз ҳожини йўлдошлари бирлан ҳар ким тутиб ўлдирса, кўп савоб топар, деб айтиб мажлисни ёпиб, хуфтон маҳал тарқашиб кетганлар.

Махфий қолмасинким, қаълада –аркда девонбегининг бир қариндоши Муҳаммадёқуб мушриб деган ҳожи бор эрди.Уламолардин Сиддиқ охун арк масжидига имом эрди.Хуфтонга келиб Муҳаммадёқуб Машариф ва бошқаларга воқеани баён қилғон. “Бадбахт Поллвониёз Ҳожи ўтган кун сарой олдида шариат йўқ деб шариатимизни ҳақорат қилғон.Ҳозир тамоми эшон, уламолар мажлис қилиб қарор қилдилар, ҳамма муллаларга буюрдилар:эртанг Полвонниёз Ҳожининг йўлдошлари бирлан ҳар ерда топсалар, ўлдирмакка буюрдилар”.Мазкур Муҳаммадёқуб машруб чиқиб Ҳусинбекнинг жойига келиб воқеани бекамикўст айтғон.Бошқа баъзи одамлар ҳам келиб айтиб эрдилар.Муҳаммадёқуб машрубнинг хабари бирлан ман шу оқшом Ҳусинбекнинг жойида ётиб қолдим.Эртанг бошқа дўст-ёрлар ҳам келиб эълон қилдилар: ҳеч кўчага чиқманг, кўчаларда муллалар мавж-мавж бўлиб қўлларида ҳар турлук ҳарбиялар бирлан сизларни излаб юрибтурлар.Шунинг бирлан ман Жуманиёз Исмоил ўғли бирлан Ҳусинбекнинг боғининг орқа тарафиндаги қопидан (эшикдан-У.Б.) пинҳоний чиқиб, аскарлар казармасига кўп қаттиқ югуриб келиб, аскарлар бирлан тўла бўлғон тратуарга келиб фароҳат бўлдук.Нечунким, муллалар аскар кўринган ерга ҳеч кела олмаслар.Шунинг билан оҳиста-оҳиста аскарий казармага келуб етдук.Бир соя ерда ўлтурдик.Бизларни билган солдатлар келиб ҳол-аҳвол сўрашмоққа бошладилар.Ман муллаларнинг ичинда бўлғон воқеаларни сўзлаб ўлтурган вақтда Бобоохун эшоннинг шерики Муҳаммадризо охун келиб эълон қилди:
-Бобоохун девонбегининг жойига келиб, мани сизларнинг олдингизга юборди, ул киши мунда келсинларми ё девонбегининг жойинда ўлтирсанларми?
09
Ман дарҳол мунда келсинлар, деб уни қайтариб юбордим.Тез фурсатда Бобоохун ҳам келиб қолди.Биродар сўфи Зиёлов ҳам Муҳиддин Умаровлар ҳам келиб етишдилар.Солдат биродарлар бизларга чой дамлаб келтирдилар.Чой ичиб ўлтурдик.Шунда Бобоохун кулиб айтди:
-Ҳожибобо! Бизларнинг бу ўлтуришимиз марҳум шайиди ҳуррият, маҳбад подшо ҳазратларининг золим Султон Абдул Ҳамиддин қочиб, ҳар ерларга мурожаат қилганига ўхшайдур,-деб.
Чой ичиб бўлгандин сўнг Шокир Тенисов бирлан солдатский депутатлар бўладиган манзилга бордук.Кўрсак вакиллар майдонга митинг қилмоққа бордук.Кўрсак вакиллар майдонга митинг қилмоққа чиққан эрканлар.Ман Муҳиддин Умаровдин сўрадим:
-Кеча сарой олдига солдатлар тарафидин вакил бўлиб борган солдатларни танирмисан,-деб.Танирман деб кетиб, бир казармадин иккиларини топиб келтирди.Манинг бирлан саломлашиб кўришдилар.Ман айтдим:
-Биродарлар! Сизларнинг касофатингиздан бизларни ўлдирмакчи бўлиб турурлар.Бизлар мунда қочиб келдук,-дедим.

Махфий қолмасинким, яқинда отлиқ аскардин бир неча юз аскар келиб эрди.Шунинг бирлан аввалги солдатский мажлисни тарқатиб, тозадин мустаҳкам мажлис ташкил қилмоқчи бўлиб, ушбу митинг чақирилган экан.Шундай бўлса ҳам маслаҳат қилиб Шокир Тенисов билан митинкага бордук.Сўз олиб, ҳамма бўлғон воқеаларни айтдук.Аскар биродарлардин ёрдам сўрадук.Митинкада бир оғиздин “правда” деб қўл чопиб ёрдамга тайёрмиз, деб қабул қилдилар.Шунинг бирлан мажлиснинг раиси айтди:
-Сизлар бир оз сабр қилинглар.Бизлар тозадин совет солдатский қўмита ташкил қилмоққа ҳозирдин вакиллар сайлармиз.Ондин сўнг аввалги мартабада сизларнинг масалангизни қарармиз,-дедилар.
Шул вақт Ҳусинбек тарафидин бизларга ноҳари учун кабоб келди.Бизлар овқат еб пешин намозини ўқидук.Шул вақтда начальник гарнизон полковник Гуровдан бизларни олдига чақириб киши келди.Бизлар бордук, бир неча офицерлар билан ўлтурғон эркан.Нима воқеа деб савол қилди. Бизлар воқеаларни бир-бир баён қилдук.Шундан кейин бизларнинг исмларимизни ёзиб олиб мажлисга, бош вазир Исоқхўжага юборди.Ушбу хатда баён бўлғон “ёш хивалилар”га ҳеч тарафдин зўрлик бўлмасин деб.Шунинг билан айтди:
-Сизлар энди уйларингизга боринг, сизларга ҳеч ким даҳл қилмас,-деди.Онда ман айтдим:
-Сизнинг шу сўзингиз билан бизлар уйларимизга бориб золим хоннинг қўлинда қурбон бўлурмизми? Йўқ сизнинг сўзингиз билан мундин чиқиб кетмасмиз.Ҳам бизлар сиздин ёрдам сўраб келганимиз йўқ турур.Бизлар қаҳрамон аскар биродарлардин ёрдам сўраб келдик.Фақат сиз чақирдингиз, биз сизни олдингизга келдук.Агар чақирмаган бўлсангиз, келмаган бўлур эрдук,-деб чиқиб кетдук.

Бобоохун унинг бирлан сўзлашиб турди.Ман қичқириб айтдим:
-Охун эшон, мунда келинг, полковник фақат хон тарафдори,-дедим.
Шунинг бирлан военний собраниедан чиқиб, аскарий казармага бориб, бироз ўлтуриб чой ичдук.Биродар аскарлар ҳам ўз ноҳарларига машғул бўлдилар.Наҳоридин фориғ бўлғондин сўнг кунчиқар тарафдаги Тозабоғга ҳамма вакиллар йиғналмоққа бошладилар.Бизлар ҳам бордик.Тамоми вакиллар келиб бўлғондин сўнг раис мажлисни очиқ деб эълон қилди.Аввалги сўз шул бўлдиким, Хоразмнинг доҳили ишларига мудоҳила қилмоққами ё мудоҳила қилмасликками? Баъзи бирлари мудоҳила қилмасликка, бир неча вакиллар, шу жумладин Гурустов сўзлади.Аксарият мудоҳила қилурга сўз сўйладилар.Шуни сабаб қилиб кўрсатдиларки, бизлар Руссиядин келиб Хоразмни хорижи доҳили душманлардин сақлармиз, жонларимизни қурбон қилурмиз.Нечун доҳили ишларга мудоҳила қилмасмиз.Мудоҳила қилмоққа қарор қилди.Бизларнинг ишларимиз тўғрисида бизларга ҳам вакил бўлиб борган солдатлардин сўрадилар, бизлар ҳам бўлиб ўтган воқеалардин бекамикўст баён қилдук.Шунинг бирлан масала англашилиб резалутсия чиқардулар.Вакиллардин олти вакилни комиссия қилиб, хоннинг олдига юбориб, совет солдатский қўмитанинг қилган қарорини эълон қилсинлар.Қарор шундан иборат турур: ёш ҳурриятпарвар Хивалиларға муллалардин ё бошқа бир гражданлардин бирорта зиён етишса,хон жавобгар турур, деб.Шунинг бирлан мажлис тамом бўлди.Бизлар эртагача шул манзилда ётмоқни илтимос қилдук.Мажлис раиси айтди:
-Бу ерда ётмоқ учун ўрин йўқ, жойларингизга боринг, ҳеч воқеа бўлмас,-деди.
Бизлар айтдук: -Бизлар қўрқурмиз,нечунким, нодон муллалар бир воқеа қилиб қўйишлари эҳтимолдин ҳоли эмас.Агар бўлмаса бизларга бир неча аскар қоровул қўшинг, бизлар бирлан бирга бўлсинлар, —дедук.
Ондин сўнг биродар Тенисовга айтди:
-Татарский кружокдин беш адад ёроғсиз аскар қўшиб юборинг, булар бирлан ҳамроҳ бўлиб, Ҳусинбекнинг жойида ётсин.
Биродар Тенисов беш адад мусулмон аскарлардин қўшиб юборди.

Махфий қолмасинким, ушбу кун Гурлан фуқароларидин бизларга Исфандиёрхон керак эмас турур, деб ўз тарафларидин совет солдатский депутатларга арз қилмоқ учун вакил юборган эрканлар.Вакиллар домулла Абулхайр, Оллаберганбой, Қўзибой, мулла Муродлардин иборат эркан.Ушбу вакиллар митинка қилиб, Гурлан фуқароларининг сўзларини аскарларга сўйлаб бердилар.Аскарлар ёрдам қилмоққа ваъда бердилар.Бизлар нўғай аскар биродарлар бирлан Ҳусинбекнинг жойига келиб наҳори қилиб ётдук.

Махфий қолмасинким, ушбу воқеалар 1917 йил август ойида эрди.Эртанг туриб, чой ичиб, эрта ноҳарисини қилиб, соат тўққизларга аскар биродарлар бирлан солдатский қўмитага, Тозабоғга келдук.Аскар биродарлар ҳеч воқеасиз бизларни саломат келтирганини тақдим қилдилар.Аъзолар яна заседания қилиб, бизларга жавоб бердилар.Наҳордин сўнг бир неча пайтун аравалар келтуриб, бизларга жавоб бериб, ўзлари бошқа масалага машғул бўлдилар.Бизлар мазкур қоровулларимиз бирлан қайтуб Ҳусинбекнинг жойига боруб, наҳори қилиб, аравалар олиб, вақт бўлғонидин сўнг казармага бордук ва олти вакил биродарлар бирлан аравага ўлтуриб, Ҳусинбекнинг боғига келдик. Бобоохун бирлан кўришдук. Бироз ўлтирғондин сўнг хоннинг олдига кетмакчи бўлдилар.Бобоохун манга айтди:
-Агар сан шариат йўқ деб айтибсан , десалар, рост айтдим, албатта , шариат йўқ турур.Агар соҳиби шариат бўлиб ўлтурғонларга хон ёки бошқа бир сипоҳий бор ишни қилиб бер, деса, дарҳол бағайриҳақ берурлар, шариатга қарамаслар.Ман шундай ишлар ҳаққинда айтдим, деб жавоб беринг,—деди.
Онда ман айтдим:
-Тақсир, ман мулла эрмас турурман, агар сизнинг айтган жавобларингизни айтсам яна бир бошқа савол қилиб эҳтимол мани ожиз қилурлар.Ман рост сўздин бошқа ҳеч сўз айтмасман,-деб араваларга ўлтуриб Нуриллабой ҳовлига равона бўлдук.
Ҳовлининг олдига борсак, бош вазир Исоқ хўжа аравасига ўлтуриб, уйига кетмакчи бўлуб, йўлга чиққан эркан, ман изидан қичқирдим, тўхтади.Қайтиб Нуриллабой ҳовлига кирдук.Ҳовлида ҳеч киши қолмағон эркан.Мажлис ҳам тарқалиб кетган эркан.Бозор куни эрди.Ман Исоқхўжага айтдим:
-Қози эшонларни ҳам чақириб келтиринг,-дедим.
Исоқхўжа айтди:
-Бул нечук воқеа турур? Кеча начальник гарнизондин хат келди, сизларга ҳеч одам доҳил қилмасин деб.Шунинг бирлан баъзи ёш мулла баччаларга койиш қилиб тарқатиб юборилди,-деди.
Ман айтдим:-Хўжам, сизнинг мундай ишлар билан ҳеч ишингиз бўлмасин. Ҳазратнинг ишлаб турғон ишлари шундай юпқа сиёсат турур, у “ёш хиваликлар”ни дунёдин йўқ қилмоқчи турур.Нодон муллалар эса ушбу ҳийлалардин огоҳ эрмаслар.Улар бир неча бегуноҳ мусулмонларни дунёдин йўқ қилмоқчилар,-деб жавоб бердим.
“Энди сиз хонни чиқариб беринг, бул вакилларнинг унга айтадиган сўзлари бор турур”деб хонга мунтазир бўлуб ўлтурдик.Ман таҳорат қилиб намози пешинни ҳам адо қилдим.Бизларнинг ёнимизда хоннинг таржимони Сергей Беданов келиб ўлтурди.

Махфий қолмасинким, Исоқхўжа хонга хабар қилғон.хон буюрғон:
-Тамоми уламолар, сипоҳийлар, аҳли мажлис ришўтхўр оқсоқолларни киши юбориб келтурсин,-деб.Исоқхўжа ҳар тарафга кишилар юборган.Қарийиб бир соат ўтгач, уламолар кела бошладилар, сипоҳийлар ҳам тамом келди, аҳли мажлис ҳам келди.айвон-айвоннинг тўрида солдатлар курсида ўлтурдилар.Қушбеги, меҳтар, ясовулбоши, вазирлар оёқ устинда турдилар.Шул вақтда хон ҳазрат ҳарам саройидин чиқиб, бир неча маҳрамлари бирлан келиб етишди.Шул замон халойиқлар оёқ устига ўлтуриб, аввалги одатларича қўл қовуштириб салом бердилар.Хон келиб ўз ўрнида ўлтурди.Қози-уламолар, мажлис аҳли ҳам ўлтурдилар.Сипоҳийлар оёқ устида турдилар.Ман фақир ёлғиз бир тарафда уламоларга рўйбо-рўй бўлуб ўлтурдим.Ондин сўнг солдатский қўмитадин келган вакиллардин отли казак офицер Плотников деган хон бирлан сўйлашмакчи бўлди.Шул киши русча лисон бирлан хонга айтди:
-Бизлар солдатский депутат тарафидин сизнинг билан сўйлашмак учун келган вакиллар турурмиз.Ўтган кун солдатлар қаъла ичига вкиллар юборган эрканлар, шул хусусидаким, шаҳар одамларидин сўраб кўринглар: бизларнинг келганимизга халқ рози турурларми? Агар бизларнинг мунда келганимизга халқ рози бўлмаса, ул вақтда дарҳол қайтиб кетармиз, деганда , ушбу ўлтурғон Полвонниёз Ҳожи халқнинг илтимос қилгани учун таржимон бўлиб, сурат воқеани халққа англатған эркан.Шунинг бирлан муллалар кеча издиҳом қилиб, ушбу биродарларни ўлдирмакчи бўлиб, кўп муллаларни ҳар ерга юбориб, бул кишиларни топиб келтирмакка буюрғонлар.Бул кишилар ушбу қонли воқеани англаб кеча халқ пинҳоний казармага бориб арз қилдилар.Ўша ерда мажлис қилиб, қарор қилдиларки, “Ёш хивалилар”нинг бошлиғи Полвонниёз Ҳожи ва бошқаларга ҳар тарафдин бир ҳодиса бўлса, Хива хони жавобгар турур, деб.Ушбу қарорни сизга маълум қилмоқ учун ушбу биродарларни вакил қилиб мандат юбордилар.Сизга маълум қилурмизки, ушбу “ёш хивалилар”га бир воқеа бўлса, сиз жавоб берсангиз керак,-деди.

Таржимон хонга тушунтирди.Хоннинг фиғони жонидин чиқиб, айтди:
-Ўтган кун ман уламоларни мунда чақириб эрдим, вакилларнинг сўзларини сўйлашмак учун.Шул вақтда бир неча оқсоқоллар келиб, қози-аълам эшонларга арз қилдилар.Полвонниёз ҳожи кеча сарой олдида бир неча руслар бирлан шариат йўқ, масжид йўқ, мадраса йўқ, деб ғавғо қилиб ўлтуриб, турур , шунинг учун ушбу Полвонниёз ҳожига мувофиқ танбеҳ қилиб жазо берсангиз эркан, деб.Қози-эшонлар шундай жазо бермакчи бўлдилар.Ман айтдим: бул сафар афу қилинг, агар ана шундай номувофиқ сўзларни сўйласа, ул вақтда шариат йўли бирлан жазо берилсин, деб қолдирғон эдим,-деди.

Ҳам кеча начальник гарнизондан хат келиб, бул воқеа тамом бўлғон эрди.Таржимон русча лисон билан вакилларга хоннинг сўзини англатди.Шул вақтда ман ўрнимдан туриб, “тақсирлар, арзим бор турур”, деб сўзга бошладим.Айтдим:
-Бир одам мусулмон боласи бўлса, ўзи ҳеч мактаб-масжид кўрмаса, ҳамиша тўғайларда мол боқиб, чўпон бўлиб юрса, ҳеч шаҳарга келган бўлмаса, ўзи мусулмон боласи эрканлигини онгласа, бир одам шунга айтса, шариат йўқдур, деб айтгил деса, шул одам шариат йўқ деб айтурми?,-дедим.
Онда уламолар айтдилар:
-Ҳеч бир мусулмон боласи бўлғон бу сўзни айтмас,-дедилар.Ман айтдим:
-Тақсирларим, ман алҳамдулллилоҳ раббил оламин мусулмони комил турурман.Манинг ҳам бир муллача муллалигим бор турур.Ўзларингиз инсоф ва диёнатларингизга ҳавола қилиб ўйланглар, ман шариат йўқ турур, деб айтурманми?,-дедим.
Ул вақтда қозикалон Худойберган охун жавоб берди:
-Сан шариат йўқ деб айтур деб ҳеч эътиқод қилмасмиз,-деди. Қози Ҳикматулла эшон айтди:
-Сани ҳеч вақтда шундай сўз айтур деб ҳеч ким гумон қилмас,-деди.Ман уламоларга таъзим қилиб ўз ўрнимга ўлтурдим.Ондин сўнг Исфандиёрхон комили ғазаб бирлан манга қараб айтди:
-Ҳожи эшон, ўзинг сўйлаб турасанми? Ё бошқалар ҳам сўйласинларми?,-деди.
Ман айтдим:
-Ман мақсадим бўлғон сўзни сўзлаб бўлдим.Энди ким сўйласа, сўйласин,-дея жавоб бердим. Шул вақтда мажлис раиси Ортиқ охун сўйлади:
-Ман ҳеч эшитмадим, нечунким, ўртамиз узоқ эрди.Ман ўйладим, албатта ҳуррият, озодлик ҳаққинда сўз бўлса керак, деб.Воқеа ҳам шул эркан.
Шундан кейин ман айтдим:
-Тақсир эшоним, сўзингиз рост турур, ман ҳар нечук сўз сўйлаган бўлсам , ҳуррият қонуни бирлан сўйлаганман, ман уни яхши билурман.Аммо сизлар ҳуррият нима эканини билмассизлар, шунинг учун маним сўзларим сизларга оғирроқ келса керак,-деб жавоб бердим. Ондин сўнг вакил Плотников сўзга чиқиб айтди:
-Тақсир, биз вакиллар мунда сизнинг билан “Ёш Хивалилар” Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг ишини текширишга келганимиз йўқ.Бизлар кеча совет солдатский депутатларимизнинг чиқарғон қарорини сизларга тушунтириш учун келдук.Яна такрор айтурмиз, мундан сўнг “Ёш хивалилар” бошлиғи Полвонниёз Юсуповга бир зиён етишса, сиз бошингиз билан жавобгар бўлурсиз,-деди.
Унда хоннинг фиғони жонидан чиқиб айтди:
-Ман нечук жавобгар бўлурман?Ман тамоми халқнинг ишларини ҳам ҳукуматнинг ихтиёрини мажлисга топширғон бўлсам, менда ҳеч ихтиёр бўлмаса, фақат ҳар кунда бир мартаба халқ келиб арз қилурлар, эшитуб мажлисга дарак бўлғонини мажлисга юборурман, шариатга юбормак даркор бўлса, қозиларга юборурман, манда ҳеч бир иш қилмоқоққа ихтиёр қолмади.Илойи ҳар ким ёмон бўлса, Оллоҳ Таоло жазосини бергай,-деб дуо қила бошлади. Ман “Илоҳи омин!” деб қичқириб айтдим:
-Нечунким, тамоми ёмон феъл бўлса хоннинг ўзинда турур, бошқа ҳеч бир ёмон одам йўқ турур.
Шунинг бирлан мажлис тамом бўлди.Вакил бўлғон солдатлар ҳам хон бирлан хўшлашиб кетдилар.Ман ҳам улар бирлан йўлга равона бўлдим.Лекин қичқиришиб вакилларга русча лисон бирлан хитоб қилдим:
-Сизлардин рози эрмасман!
Олар “нечун?” деб савол қилдилар.Ман айтдим:
-Ушбу сўзлар тўғрисинда Исфандиёрхондин манга бир хат олиб бермадингизлар,-дедим.Онда улар “худо ҳоҳласа, эртага олиб берурмиз”, дедилар.

Махфий қолмасинким, вакиллар уламоларга эълон қилдилар, баъзи муллалар кўчаларга ғавғо қилиб, “Ёш хивалилар”ни кофирлар деб излаб юрган эрмишлар.Дарҳол эълон қилинглар: муллалар шаҳардин чиқиб бир неча вақт саҳрога кетсинлар.Агар бир воқеа бўлиб “Ёш хивалилар”га бирор зарар бўлса керак, дедилар.Уламолар хабарчиларга буйирдилар: “ёш муллабаччалар дарҳол саҳрога кетсинлар” деб.Вакиллар бирлан Нуриллабой ҳовлининг майдонига чиқдук.Кўрсак тамоми халойиқлар жам бўлуб турурлар.Бозорда бўлғон одамларни тамоми ҳайдаб олиб келиб турлар.Мазлум халқ қайдин билсин, нима воқеа турур.Чор-ночор савдоларини қўйиб келганлар.Баъзи хон тарафдорлари камоли хуш вақтлик бирлан ҳар кимларга сўйлаб келганлар: “Полвонниёз Ҳожини шариат йўқ дегани учун ўлдурурлар”.
Ушбу халойиқларни кўриб, вакиллар айтдилар: “энди очиқдан очиқ билдук.Исфандиёрхоннинг мақсади нима эканлигини.Халқнинг ичиндин зўрдин ўтиб ташқаридаги араваларимизнинг ёнига чиқдук.Бир неча хоин ришўтхўр хон тарафдори оқсоқоллар вакилларга айтдилар:
-Бизлар сизларнинг қилғон қарорларингизга ҳеч рози эрмасмиз,-дедилар.
Онда вакиллар айтдилар:
-Сизлардин ўн оқсоқол казармага боринглар, онда сизларнинг сўзингизни ҳал қилурмиз,-дедилар.вакилларнинг мақсадлари шул эрдиким, бир неча хон тарафдорлари оқсоқолларни ҳибс қилмоқ эрди.Яна Вафо ёмоқчи деган бир одам айтди:
-Бизларга ҳуррият даркор эрмас турур, бизларга хон бўлса бўлғони,-деди.

Онда вакиллардин армани Ушоров деган қаҳрланиб айтди:
-Агар сизларга ҳуррият керак бўлмаса, бизлар тамоми аскарларни Хивадин олиб чиқиб кетармиз.Сизлар ёвмутлар бирлан нечук бўлсангизлар, шундай бўлингиз,-деб жавоб берди.
Шунинг бирлан араваларга ўлтуриб, қайтиб кетдук.Вакиллар казармага кетдилар, ман Ҳусинбекнинг жойига, Бобоохуннинг ёнига боруб воқеаларни баён қилдим.Ҳам “эртанг “Ёш хивалилар” ҳаққинда хондин хат олиб бермоқчи бўлдилар”, дедим.Бобоохун бир хат ёзди, шундан иборат турурким, “Ёш Хивалилар”га ҳар кимдан бир таъриз бўлса, ман жавобгар бўлурман”, деган мазмунда.Ман ўша хатни олиб казармага бориб, биродар Ушаровга йўлиқиб хатни бериб айтдим:
-Ушбу хатни хонга муҳр қилдириб беринг,-деб.
Ул хатни олиб, ман бирлан мажлисга келиб, хатни мажлис раиси Ортиқ охуннинг қўлига бериб айтди:
-Ушбу хатга хон ҳазратнинг муҳрини бостириб чиқариб беринг,-деб таклиф қилди.Аҳли мажлис хатни ўқиб кўрдилар.Муҳаммад Ёқуб Қори Эрниёз ўғли айтди:
-Бу нечук сўз турур? Ёш Хивали бўлғон биродарлар биров бирлан бир шахсий бир иш бирлан урушсалар, онда ҳам хон ҳазратлари жавобгар бўлса керак,-деди.Онда биродар Ушоров айтди:
-Совет солдатский депутатларнинг катта мажлиси қарори шул турур, албатта бажармак даркор турур,-деди.

Шунда Хонқа ҳокими Худойберган охун мажнунона ҳаракат қилиб,” бизлар бул хатга қўл қўйдирмакка ҳеч вақт рози бўлмасмиз.Буларни солдатлар нима қилсин,-деб кўйлакнинг ёқосидин тутиб торта бошлади.Шунинг билан бир неча ғавғо бўлди.Раис охун айтди:
-Бу иш бугун қолсин, эртанг ҳал қилурмиз,-деди.Албатта бу ишлар тўғрисида хон билан маслаҳат қилмоқчи эрди, лекин шул вақтда қолтабон ёвмут шайкаси Шомми калнинг талон-тарож ишлари зиёда бўла бошлади.Хон ҳазратлари эртаси ўз яқинлари бирлан маслаҳат қилишиб шунга қарор қилғонким, Шомми калнинг баҳонаси бирлан аскар келтириб Шомми кални йўқ қилурман.Шу бирлан Тошкентга кетиб “Ёш Хивалилар” ҳаққинда ҳам бир чора кўрмакка ҳозир бўлиб, дарҳол йўл-яроғини ҳозирлаб кетмакчи бўлди.Ҳатто баъзи хизматкорларини йўл асбоблари бирлан Хонқага чиқариб юборди.Бизлар ҳайрон бўлуб қолдук: “Бул нечук сиёсат турур, яна нима қилмоқчи бу?”. Охири шунга қарор қилдук:Шаҳар оқсоқолларининг баъзи тараққийпарваларига тушунтирдик: “ Хон Шомми кал билан билан бир турур.ўзи кетгандин сўнг албатта улар Хивага ҳужум қилсалар керак.Шунинг учун мундай нофароғат вақтда хон ҳазратни ҳеч қаерга юбормасликка арз қилинглар, бизлар сизнинг Тошкантга кетмакингизга рози эрмасмиз, денглар”.
Ондин сўнг бир неча оқсоқоллар арз қилдилар: “Сизни ҳеч қаерга кетмакингизга рози эрмасмиз.Сиз тошкантга кетиб қолсангиз албатта ёвмут тарафидин бир воқеа бўлиб қолмоғи эҳтимол турур.Албатта сиз рус аскарлари бирлан сўйлашмасдин ҳеч кетмассиз”, дедилар.
Исфандиёрхон оқсоқолларга кўп сўз айтди:
-Ман ўзим тошкантга бориб, ушбу ёвмут ёмонларини қилиб турғон ишларини тушунтириб, кўп аскар олиб келурман,-деди.
Охири шунга қарор бўлди: Ушбу кечада Руссия аскарларидин совет-солдатский депутат, ҳамма офицерларни таклиф қилиб, умумий мажлис қилиб ушбу воқеанинг чорасини кўрмакка.Шунинг бирлан ман бориб совет-солдатский қўмитага эълон қилдим: тамоми вакиллар соат тўққизда ушбу кун Нуриллабой ҳовлига хон бирлан мажлис қилмоқ учун келмакка.

Махфий қолмасинким, начальник гарнизон полковник Гуров ёвмут ичига кетган эрди. Шунинг бирлан тамоми вакиллар чақирилғон одамлар келиб тамом бўлдилар.Хоннинг катта айвонида катта устар қўйиб мажлис бўлди.Ҳар турли яхши абрикус, канфетлар, мармаладлар кумуш сажворларда чой ҳам, кофелар муҳайё турур.Чойдан сўнг хон сўзлади .Солибой Баққолов таржимонлик қилиб айтди (Чунки, йиғинда руслар ҳам иштирок этаётганди-У.Б.):
-Ушбу кун ман Тошкантга кетмакчи эрдим.Фуқаролар қўрқиб манга эълон қилдилар: ёвмутлар ҳужум қилса биз нечук қилурмиз, деб. Мен сизларни таклиф қилғоним шунинг учунким, сизлар шунга мутасадди бўлсангизлар ёвмутнинг қаълага ҳужум қилмаслигига.Ман дарҳол Тошкентга бориб, ўзим ҳукумат бирлан сўйлашиб, мунда катта бир куч олиб келурман,-деди.
Совет солдат раиси кўп сўйлаб жавоб бериб турди.Шул вақт мажлис вакили “Ёш хивалилар” дин Юсуф махсум охун туриб айтди:
-Ўзингиз кетмасдин мажлисдин бир неча вакиллар юборсангиз нечук бўларкан?,-деб.Хон комили ғазаб бирлан унга жавоб берди:
-Санинг ўзинг борақўйгил!,-деди.Хоннинг мақсади Тошкантга кетмак эрди.Шул вақт Юсуп ёсовулбоши манга айтди:
-Санинг ўзинг сўйлагил.
Ман айтдим:-Сиз хотиржам бўлинг, аскар биродарлар фақат манинг айтгонимга айтарлар,-дедим.Кўп музокаралардин сўнг шунга қарор қилиндики, ошиғич равишда Тошкантдин бир полк отли аскар сўраб телеграмм бермакка.Шунинг билан мажлис тамом бўлди.Ондин сўнг наҳори чакилди, ҳамма одамлар хўшлашиб, қайтиб кетдилар.Хоннинг бу мақсади ҳосил бўлмади.Кўп-кўп афсус сиёсатда биз “Ёш хивалилар” кўп хато қилган эканмиз.нечунким, агарда хон ушбу сафарда Тошкантга кетган бўлса, ишлари тамом бўлмасдин октябр инқилоби бўлуб қолур эркан.Албатта хонни ўлдуруб йўқ қилиб юборур эрдилар.Бизлар “ёш хивалилар” ҳатто Хоразм аҳли бул мунофиқдин қутилур эрдилар.Бул иш бўлмай қолди.Тақдир шул эркан.

Махфий қолмасинким, полковник Гуров Теракли деган мавзега Шомми калнинг устига бориб, Шоммини қаъласига қамаб, кўп-кўп отиб уруш қилғон.Ёвмут ёмонлари қаълага қамалиб, отишуб ётғонлар.Ёвмутлар қаълага кўп озиқ жамлаб қўйғонлар.Қаъланинг ичинда кўп қудуқлари ҳам бўлғон.Бир неча кун туруб, полковник аскарлари билан Тошҳовузга қолдуруб, ўзи Хивага келди.Мундин отли аскар сўраб берилган телеграмнинг натижаси кўрунуб қолди.Каркидаги отли полкни Хивага келмакка буйруқ қилғонлар.Тошкантдин мажлисга телеграм келди.Шунинг билан тоза аскарга мунтазир бўлуб ўлтурдик.Полковник Гуров ҳам Тошкантга қайтиб кетди.

Махфий қолмасинким, Ҳусинбек биродари Сардорбой бирлан Тошкантга саёҳат қилмоқчи бўлдилар.Мани ҳам олиб кетмакчи бўлдилар.Ман қабул қилмадим.айтдим:
-Агар ман сизлар билан Тошкентга кетиб қолсам, мунда мажлис амри билан “ёш хивалилар” ҳаққинда кўп ёмонлиқлар қилсалар керак.Нечунким, мажлисда “ёш хивалилар” тарафдори бир ман турурман.ёшларга тарафдор вакиллар бўлсалар ҳам улар сиёсатдин бехабар турурлар.Фақат манинг сўзим билан “Ёш хивалилар2 фидойиси учун қўл кўтарурлар, шунинг учун маним мунда қолмоғим зиёда турур.Яна ҳам совет-солдатский депутат аскарлар ичига бориб маълумот бериб турурман.Агар ман бўлмасам, хоннинг одамлари аскарларга бориб, баъзиларига ришўт бериб, “ёш хивалилар”нинг қилғон сиёсатларини хароб қилурлар,-дедим.
Шундан кейин фақат Ҳусинбек розилик кўрсатмади.Нечунким, ҳар ерга сафар бўлса аҳволи замонни назар эътиборга олиб чор-начор рози бўлди.Урганч вакили Ҳаким Божибон ўзи бирлан бирга олиб кетмакка қарор қилди.Ҳаким Божибон Урганчга уйига кетди.йўл саранжомларини қилиб Хонқаға Ҳусинбекни олдига чиқмоқчи бўлди.У ўз тарафидин вакиллик учун манга гувоҳлик хати бермакчи бўлди.Ман айтдим:
-Ушбу гувоҳ хатини Урганчга бориб одамларни йиғнаб, уларнинг розиликларини олдида иқрор қилдируб, ондин сўнг қозилардин хат қилдируб, ўзингиз муҳр қилиб, манга юборинг.Шунда қонунга мувофиқ бўлур,-дедим.
Эртанг Ҳусинбек хўшлашиб Тошкентга ирода қилди.Икки кундан сўнг Ҳаким Божибон Урганч одамларининг розилиги бирлан мажлисга ўз ўрнига муваққат вакил қилиб қозиларни тасдиқ қилдируб хат қилиб юборган эркан, келиб етишди.Ман мажлисда раис афандига кўрсатдим.Раис афанди маъюсона қабул қилиб. Саркотибга берди, дафтарга қайд қилмоқ учун.Шунинг бирлан мажлисда ҳар турлук қоттилиқлар билан қўлдан келган қадар инқилобга фойдали ишлар бўлса ишлаб турдим.Оллоҳ кўрсатмасин, ҳар куни раис афанди бирлан қичқиришмоқдин бошқа иш қила билмадук.Нечунким, Исфандиёрхон бир маккор одам турур.Бечора соддадил Ортиқ махсум афандига хушомад қилиб бир ишни ишламакка амир қилур.Хоннинг айтқон сўзларини бечора раис афанди рост хаёл қилиб, мажлисда амалга қўймоқчи бўлур.Ушбу иш ҳуррият қонунидин бир зиёда иш бўлғонлиги учун, ман вакилларга тушунтурурман.Шунинг бирлан вакиллар рози бўлмаслар ва кўп вақтлар бўшга ўтиб кетар.

Махфий қолмасинким, мажлисда сўйланган бекор сўзларни баён қилиб ёзсак, қоғоз ва сиёҳлар зойи бўлса керак, ҳам тарихни ўқиғон одамлар ўқимоқдин безор бўлсалар керак.Шунинг бирлан бўлиб ўтган бефойда сўзларни ёзмоқни ўзимга муносиб кўрдим, афу қилсинлар.Бир кунда икки марта мажлис бўлур эрди.Эртадин кеч пешингача, кеч пешиндан намозшомгача.Шул вақтда Чоржавдин темир йўлни ўлчаб, Петербургдин землемерлар келдилар.ўт-араванинг Хива вокзали қайси ерда бўлмоғи муносиб деб мажлисга мурожаат қилдилар.Мажлис манинг билан Муҳаммад ёқуб Эрниёз ўғлига ҳавола қилди: сизлар бир муносиб ерни кўрсатинг, деб.Бизлар маслаҳат қилиб Ғўвик кўли бўйинда бир жойни кўрсатдук.Қаъладин икки чақирим масофада турур.Землемерлар хон билан кўрушуб ўз ишлари билан машғул бўлдилар.Ваъда қилдилар: мундин қайтиб бориб, ушбу проектларимизни тасдиқ қилдируб иш бошлармиз, деб.

Махфий қолмасинким, бир неча кун ўтгандин сўнг казачий офицер полковник Зайцев бир неча юз отли казак аскарлари билан келиб, Хива казармасига тушди.Бизлар пешвоз чиқиб кўришдук.омонлашиб, йўл машаққатларидин сўзлашиб, рухсат олиб қайтдук.Эртанг расмий равишда полковник бир неча аскарлар бирлан келиб, хонни ва мажлисни зиёрат қилди.Баъзи турлик сўзларни сўйлашиб ўз манзилимизга қайтиб кетди.

021Махфий қолмасинким, шул вақтда бир неча ўтинчи одамлар келиб мажлисга арз қилдилар: “ўтган кун қумда ўтун олиб юбориб эрдик, йигирма беш тевага юк ўралғон ўн етти отли бирлан машҳур қалтабон хон Жунайид қумдин чиқиб, бизларни тутиб эшакларимизга миндуриб, олдига солиб, сув ёқасига элтиб, ўзи ёвмут ичига кетди, бизларни қайтариб юборди”, дедилар.Ушбу сўз ҳақинда мажлисда музокара бўлди.Баъзи вакиллар бўлди.Баъзи вакиллар хон Жунайид эрмас, бошқа бир савдогар бўлса ҳам эҳтимол, дедилар.Ўтинчилар айтди: “Жунайиднинг ўзи турур”, дедилар.Нечунким, хон Жунайид Хива қаъласини олғонда тамоми уни танир эрдилар.Шунинг бирлан бизларга буюрдилар: бориб полковник Зайцевга маълум қилмоққа.Бизлар боруб мажлисда бўлғон воқеаларни бир-бир баён қилдук.Ҳам ўз тарафимиздин таклиф қилдук: дарҳол ўзини жамлаб бўлгунча Жунайидхон устига бир казак аскарлардин юбормак керак.Агар урушса, урушмоқ, ярашса, дарҳол ўзининг одамлари бирлан мунда келтириб, сақламоқ керак, деди.Полковник Зайцев туркман сиёсатларидин бехабар, тоза келган бир одам бўлғонлиги учун бизларнинг бул таклифимизга кўп аҳамият бермади.”Ўйлаб кўрамиз”, деди.Агар бизларнинг қилғон таклифимизни эътиборга олиб аскар юборган бўлса дарҳол мунда келган бўлур эрди.Нечунким, ёвмут ичинда хон Жунайиддин ҳамма одамлар рози эрмас эрди.Тамоми ёвмут жамоалари хон Жунайиднинг сабабидин талон-тарож бўлғон эрдилар.Афсус, полковник вақтни ўтказди.Оллонинг иродаси шул эркан.Ҳеч бир чора йўқ турур.Бизлар маъюс бўлиб, хўшлашиб қайтуб келиб, баён воқеани маълум қилдик.Шунинг билан бир неча кун ўтиб кетди.

056Махфий қолмасинким, Шомми калнинг устинда бир неча отли аскар ётиб эрди.Овуллардин ҳам хабар келган: Хон Жунайид ўз уйига келгани ҳаққинда.Бир кун мажлисга хон Жунайид тарафидин Шихнафас Сулгин деган бир ёвмут элчи бўлиб келди.Мазмуни шул турур: агар рус аскарлари манга жавоб бериб бироз ёрдам қилса, ман бошлиқ бўлиб Шомми кал ва тамоми ёвмут ёмонларини йўқ қилурман, деб айтиб юборди, деб маълум қилди.Мажлис дарҳол бизларга қўшуб, казармага полковник Зайцевнинг олдига юборди.Бизлар Шихнафас билан бориб таржимон Муҳаммаджонга айтдук, таржимон келиб хабар қилди: келсинлар деб рухсат қилғон.Бизлар элчи бирлан бирга кириб, кўришуб ўлтуриб , “ушбу биродар хон Жунайиддин келган элчи турур.Мажлис сизнинг ҳузурингизгга юборди” дедик..Полковник хушвақт бўлиб, сўйлашмакка бошлади.Нечук ул тарафдин келганлигини ва қанча вақтда келиб чиққанлигини, қанча вақт қайда юрганларини.Шихнафас жавоб берди: “бир йилдан зиёд афғон ичинда бўлғонликларини, яқинда чиқиб келганлигини, ҳуррият бўлғонликларини эшитгандан сўнг қайтғонликларини бир-бир баён қилди.Полковник нечун мунда келганлигини савол қилди.Жавоб берди: “хон оға келгандин сўнг кўрди, тамоми фақиру-фуқаролар жабр зулмдин озод бўлиб, ўз бечоралиги бирлан машғул турурлар.Хоннинг кўп вақти хуш бўлди.Лекин Шомми кал ҳамон ўз ёмонлиқида фуқароларни талон-тарож қилиб юруб турур.Шуни кўриб, фуқароларни қайғуриб мани мунда юбордилар.Агар сиз жавоб берсангиз,Шомми калнинг устига ўз одамлари бирлан бориб, урушиб, Шомми кални йўқ қилмоқчи турур.Сиздин бироз ўқ талаб қилур, ёрдам қилсангиз”, деди.Ёвмут сиёсатидин бехабар Оврўпадин янги келган полковник Зайцев хушвақт бўлиб ёрдам бермакка ваъда қилди.Ҳам ўз тарафидин хон Жунайид бирлан кўрушуб келмак учун вакиллар юбормакчи бўлди.Шунинг бирлан элчига жавоб берди.Ҳам деди:
-Эртагача меҳмон бўлиб туринг, эртанг хат бериб юборармиз,-деди.
Элчилар қайтиб кетдилар.Бизлар полковник олдида қолиб, ман айтдим:
-Госпадин полковник, ҳозир кўп яхши вақт турур.Хон Жунайиднинг олдига сиздан қўрққанидан ҳеч ким боргани йўқ турур.Шул сабабдин ул ҳийла қилиб, сизнинг олдингизга Шомми кал бирлан урушурман деб киши юборган.Лекин бул катта бир сиёсат турур.Агар сиз рози бўлиб жавоб берсангиз, аввал ўзига душман ёвмутларни устига бориб, молларини талон-тарож қилиб, ўзларини ўлдурур.Ондин сўнг қолғон ёвмут жамоалари қўрқиб, чор-начор хон Жунайидга тобе бўлиб қолурлар.Ул эса шундин фойдаланиб, кўп ишларни қилса керак.Лекин ушбу вақтни ғанимат билиб, хон Жунайидни одамлари бирлан тутмоқ керак, -дедим.
Полковник айтди:
-Биз бу ердан бир неча вакиллар юбориб ўзи бирлан сўйлашиб кўрайлик. Ондин сўнг нечук бўлса иложини қилурмиз,-деди.Бизлар маъюс бўлиб, чиқиб мажлисга келиб, бўлган воқеаларни мажлисга баён қилдук.Мажлисда вакил бўлиб ўлтурғон туркманлар кўп-кўп хафа бўлдилар.Полковникнинг бул тутғон йўли хато бир йўл эркани тамоми Хоразм аҳлига маълум турур.Шунинг бирлан мажлис тарқаб кетди.Эртанг эрта бирлан Шихнафас бирлан казармага полковникнинг олдига бордук.Полковник хат қилиб берди, ҳам салом айтди, ондин чиқиб, мажлисга келдук.Мажлис ҳам хат қилиб берди.Шунинг бирлан элчилар қайтиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, полковник хон Жунайид тарафига юбормак учун бир ҳайъат ташкил қилди.Ҳайъат шундан иборатки, ўзининг адъютанти татар прапоршик Фатихов, солдатский депутатлардан армани Ушоров , яна етти-саккиз одамдин иборат бир ҳайъат қилиб, хон Жунайид бирлан сўйлашмак учун юборди.Бул элчилар хон Жунайиднинг уйига бориб тушиб ҳар тарафдин сўйлашганлар.
Хон Жунайид айтғон: -Мунда ҳуррият, озодлик бўлғонини эшитиб қайтиб келдим.Лекин туркман жамоалари бўлса ҳамиша ҳур озод турурлар, фақат ўзбек жамоалари зулм-истибдод бирлан банд бўлиб, бир одамга қул бўлиб юрмакда эрдилар.Шунга ҳеч бир одам тоқат қила олмас эрди.Оллоҳ рози бўлсин, “ёш хивалилар” вақтни ғанимат топиб қаҳрамон аскарларнинг ёрдами бирлан ҳуррият олғанлар.Энди ман мунда келиб кўрсам, аввалги қолтабон Шомми кал яна ёмонлик қилиб мамлакатни нофароҳат қилиб юрган эркан.Агар Руссия аскарлари манга ихтиёр бериб, баъзи ёрдамларни кўрсатиб турсалар, Шомми кал турсин, бошқа ёвмут ёмонларини ҳам йўқ қилурман,-деди.

Борғон вакиллар хон Жунайиднинг ушбу ширин сўзларига фириб бўлиб, рост хаёл қилиб, ёрдам қилмоққа ваъдалар қилиб, хат олиб, хат бериб, масрур бўлиб қайтиб келдилар.Воқеаларни полковникка сўйлаб, хатлашган хатларни топширдилар.Афсус, содда Оврўпали ўқиғон рус биродарлар ушбу саҳройи содда туркманларнинг ҳийласига алданиб, кўп шодлик қилдилар.Бизлар “Ёш хивалилар” туркманларнинг сиёсатини билганлик важидин кўп-кўп хафа бўлдук.Нечунким, хон Жунайид ушбу аҳдномадин истифода қилиб ўз ёнига туркман яхши-ёмонларини жам қилса керак.Албатта бул тарафдин хотиржам бўлғондин сўнг, хон Жунайиднинг яхши кўрган ва ёмон кўрган одамлари бўлсин мажбурий суратда унинг олдига ёрдам қилмоққа келсалар керак.Агар биронталари келмай турса, ул киши ҳам ёмонлардин бўлиб, унинг бориб, ўлдуруб, уйини талон-тарож қилса керак.Шу жумладин Бобо юзбоши бормоғон эркан.Бир кун устига бориб, бир неча оға-ини ўғулларини ўлдуруб, уйига ўт қўйиб тамоми молу-мулки, ашёларини талон-тарож қилиб олиб кетган.Бечора Бобо юзбоши кўп машаққатлар бирлан ўзини қутқариб, оқшоми билан қочиб келиб, бўлғон воқеани маълум қилди.Мажлиснинг буйруғи бирлан полковник Зайцевнинг олдига олиб бориб арз қилдирдук.Полковник тамоми бўлғон воқеаларни хат қилиб олди.Хон Жунайидга хат ёзарман деб, Бобо юзбошига жавоб бериб юборди.Биродарлар ўзларингиз фикр қилиб кўринг, бул нечук сиёсат турур? Аскар бошлиқи бўлғон полковникнинг тутғон дипломатик сиёсатидин бечора Бобо юзбоши йиғлаб ёнидан чиқиб кетди.Шунинг бирлан ҳар куни бир воқеа зуҳурга кела бошлади.

Махфий қолмасинким, ушбу баён бўлғон Шомми кал хон Жунайид бирлан аввалдин душман эрди.Ҳатто 1914 йили Хивани ёвмутлар олмасдан бир неча кун илгари хон Жунайид Шомми калнинг устига бориб кўп урушғон эрди.Шунда кал хон Жунайидга тобе бўлмағон эрди.Хон Жунайид ушбу рус аскар бошлиғи бирлан қилғон аҳдномани ғанимат билиб, душмани бўлғон Шомми кал бирлан бир қарорга келмакка кўп-кўп ғайрат қилди.Шунинг бирлан ёнига кўп ёрдамчи одамлар жам қилди.Ҳатто бир кун хабарчи келди: “Шомми кал бизнинг жойимизга ҳужум қилиб келди.Бир неча одамлари билан , инисини ўлдурдук”, деб.Соддадил полковник шул сўзга ҳам ишониб, вақти хўш бўлиб, мажлисга хат ёзиб маълум қилди.Шундай сиёсатлар билан Хоразм ишлари кўп ёмон бўлиб кетди.

Махфий қолмасинким, бир кун хон Жунайид тарафидин бир неча отлилар келиб, Манғитда ўзбекларнинг бир неча молларини олиб, бир неча ҳовлиларни ўтлаб кетганлар.Манғит ўзбеклари келиб арз қилдилар, ҳам маълум қилдилар: ушбу қалтабонларнинг Қораёлпон туркманларидин ҳам одамлар бор турур, деб.
Полковник дарҳол бир отряд отли аскар Манғитга юборди.Улар Манғитга бориб, урушиб, ёвмутларни қочириб юбориб, тафтиш қилиб, Қораёлпон катхудоларидин бир нечаларини тутиб ҳибс қилғон.Сурат воқеа шул турур: мазкур қалтабон отлилар ичинда беглар бегининг ўғли ҳам бўлғон эркан.Беглар беги ушбу ўғлини тутиб келтирган эрканлар, иккисини ҳам ҳибсга олиб, тамоми ҳибсда бўлғон катхудоларни неча турлик азобу-уқубат бирлан ўлдурганлар.Шунинг бирлан ўзбеклар бирлан дўст бўлғон Қораёлпон туркманлари ҳам душман бўлиб бўлиб чиқиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, мажлисга вакил бўлиб турғон туркманларни ҳам тафтиш қила бошладилар.Бир нечаларини тутиб ҳибс қилдилар.Бир нечалари қўрқиб қочиб кетдилар.Шунинг бирлан Хоразм ишлари ёмонлашиб кетди.Махфий қолмасинким, совет-солдатский депутатлари маслаҳат қилиб, патрашдин яъни дафъи эҳтиёж дўкони очмоқчи бўлдилар.Ушбу дўкон кўп даркор эрканлигини эътиборга олиб, мажлис мани аъзоликка сўради, мажлис қабул қилди.Шунинг бирлан ишга киришдук.Ҳар пойи бир манотдин қўйилди, шундай қилиб аъзолар қабул қилмоққа бошладук.Ҳар ким бойликларига қараб, ўттиз пой, йигирма пой ёзила бошладилар, нечунким, ушбу баён бўлғон дўкон аввалдин Урганч шаҳрида бор эди.Ҳар ким фойдасини билган эрдилар.Сал вақтда кўп ақча дастмоя жам бўлди.Шунинг бирлан президиум сайланди.Раисликка Гурин деган бир отли казак тўра сайланди.Муовинлигига Муҳаммадёрбой, хазиначи бўлиб Собирбой Полвонқори ўғли сайландилар.Шунингдек бир неча аъзолар ҳам сайландилар.Шунга қарор қилдиларки, Руссия, Бухоро, Ашхабоддин мол келтирган савдогарларнинг молларидин олғон баҳоларидин ҳисоблаб, ўндан бирини олмоққа.Яна ҳам Тошкант, Самарқанд, Бухородаги бўлғон катта-катта фермалардин арзон баҳолар бирлан дўкон учун моллар олиб келмак учун киши юбормакка.Шунинг бирлан Тўрткўл потребкооп дўконига киши юборилди.Бир вагон қанд олиб келмакка.ушбу дўконнинг дастурамалини мажлис ҳам, полковник Зайцев ҳам тасдиқ қилдилар: Эртанг президиум хоннинг аъзолари бирлан бирга бориб кўриб, дўкон учун ақча сўрамоқчи бўлди.Нуриллабой саройига бордук.Хоннинг маҳрамларига эълон қилдук.Маҳрам хондин рухсат олиб чиқиб кирмакка таклиф қилди.Ҳаммаларимизни бош вазир Исоқхўжа бошлаб хоннинг олдига олиб кирди.Аъзолар бир-бир қатор туриб хонга таъзим қилиб, салом бериб ошоқда( пастда-У.Б.) турдилар.Дўкон раиси Гурин таржимон қозоқ Қўқонбоев бирлан хоннинг олдига яқин бориб турдилар.Хон таклиф қилди ўлтирмоққа.Ондин сўнг ўлтуруб дўкон ҳаққинла сўз бошладилар.Бизлар ушбу дўконни фуқароларнинг манфаатлари учун очдук.Баҳосини кўп арзон қилурмиз.Сиз ҳам ёрдам қилиб, бир неча юз пойга ёзилиб, ақча берсангиз, деб таклиф қилдилар.Хон дарҳол кўп бўлур деб қабул қилди.Ҳамда золим маккор хон сўзга кириб айтди:
-Ман ўз фуқаро-фарзандларим учун ҳар на қилиб бер десангизлар, ёрдам бермакка тайёрман.Маним салбий , фарзанди йўқ, деб ҳеч ким айтмасинлар, маним бир миллион маънавий фарзандим бор турур, -деди.Шул айтғон сўзларига келган аъзолар бирлан биродар Шоликоров ҳам тасдиқ қилиб, қуллуқ тақсир, деб жавоб бердилар.Шунда ман пинҳона оҳиста Шоликоровга айтдим:
-У ёлғон айтур, ман унинг ҳеч фарзанди эрмасман,-деб оҳиста кулишиб қўйдук.Шунинг бирлан хон ҳазрат Гуров бирлан сўйлаша бошлади.Сўзлари шундан иборат турур:
-Полковник Зайцев ҳеч манинг олдимга келмадилар.Бошлаб келган вақтларида бир келиб кўришуб кетди, кейин келмади, ман шунга хафаман,-деб кўп сўзларни айтди.
Гуров унга айтди:
-Сиз хотиржам бўлинг, сизнинг олдингизга юборурман,-деб ваъда берди.Шунинг бирлан дўконга ўн саккиз минг манот бермакчи бўлди.Ҳамма хўшлашиб, таъзим қилиб, қайтиб чиқдук.
Махфий қолмасинким, полковник Зайцев келган вақтидин буён хон бирлан ҳеч ихтилоф қилмади.Ҳамиша казармада бўлиб, ўзини ҳурриятпарвар қилиб биз “ёш хивалилар”га кўрсатиб турди.Фақат ёвмутлар сиёсатдин кўп хатога йўл тутди.Ҳурриятпарвар “Ёш хивалилар”га ҳеч бир зиён у еткармади.Энди муддаога келсак, ушбу бадбахт Гуров бориб полковникка хоннинг сўзларини баён қилғон.Эртанг ман казармага борган эдим, полковник бир неча конвой отлилар бирлан от устинда ман билан саломлашиб,Нуриллабой саройига-хоннинг олдига ўтуб кетди.Хон бирлан сўйлашуб , ўлтурушуб қайтиб келди.Шундан кейин ҳар икки кундан кейин келиб хон бирлан сўйлашмакка бошлади.Биз “ёш хивалилар” кўрдик: Оллоҳ сақласин, энди бу маккор хон, бунга ҳар турли ёлғон сўзлар айтиб, ҳар турлик ҳадия, бириллиант, олтин соатлар, ақчалар бериб биз ёшларни нечук қилур эркан, деб Оллоҳга таваккал қилиб ўлтурдик.Ушбу вақтда Руссияда , Тошкантда Октябр инқилоби бўлиб, пиёда аскарлар бирлан отли казак аскарлар орасинда қонли муҳораба бўлиб кетганлиги мунда ҳам маълум бўлди.Шунинг бирлан пиёда аскарлар бирлан отли казак аскарлар ўртасин бузилиб кетди.Мундан 732-чи дружина пиёда аскарлари Тошкантга қайтмоққа буйруқ олғон.Аларнинг ўрнига 737-чи дружина пиёда аскарлар келмакчи бўлғон.Шунинг бирлан бизларнинг тарафдоримиз бўлғон 732-чи дружин қайтиб кетди.Шуларнинг ичинда биродар Шокир Тенисов ҳам Абдишукур Латиповлар ҳам қайтиб кетдилар.Бизлар уларни узотиб, йиғлашиб қайтдук.

Махфий қолмасинким, бир неча кун бурун 737-чи дружинадин бир рота аскар келиб эрди.Шунинг ичинда Ориф Келибелиев ҳам бор эрди.Ул биродар ҳам ҳуррият йўлинда кўп хизмат қилғон эркан.Ҳар турлик ваъдалар қилиб айтур эрди:
-Сизлар ҳеч хафа бўлманглар, ман худо ҳоҳласа 737-чи дружина аскарларимиз тамом келиб бўлғонларидин сўнг, дарҳол ушбу Исфандиёрхонни ўрнидан тушириб, жумҳурият қилиб берурмиз,-деди.

Махфий қолмасинким, 737-чи дружина аскарларининг қўмитасига ушбу биродар раис эрканлар.Бизларнинг бахтимизга қарши Тошкантда мусулмон аскарларнинг қурултойи эркан.Шунга мусулмон аскарлардин биродар Ориф афандини сайлаган .Ҳам уни эртага чиқиб кетмагига қарор қилғонлар.Ориф афанди келиб, мани кўриб хўшлашиб кетмакчи бўлди.Ман Тошкантда Ҳусинбекка, Отажон маҳрам, Бобожонбойга, Ҳаким Божибон, Сардорбойларга хат қилиб бердим: Ориф афандига ҳар нечук ёрдам бўлса дарҳол бермакка. Ҳам Тошкантда “Ёш хивалилар”нинг турғон жойларининг адресини ёзиб бердим. Ҳамда Тошҳовуз, Маноқ, Илолли фуқаролари тилидин қози хатни бериб эрдилар:”бизлар ушбу хонликка рози эрмасмиз”, деб.Шул хатни ҳам Ориф афандига бериб юбордим.Шунинг бирлан хўшлашиб кетди.Ориф афанди Тошкантга бориб Хивада бўлиб турғон аҳволдин онда бўлғон “Ёш Хивалилар”ни огоҳ қилғон.Ҳамда фуқароларнинг ариза хатлари тўғрисида исполнительний қўмитага муфассал бир доклад қилғон.Лекин бул вақт инқилоб бўлиб, ҳар турлук ташкилотлар бўлиб турғон вақт бўлғони учун докладни қўйганлар.Ундан ҳеч бир натижа бўлмағон.Ориф афанди ҳам Хивага келмай Тошкантда қолғон.Бизларнинг бахтимизга қарши 737-чи дружинанинг қолғон олти ротаси Чоржавга келиб, Бухорога қайтиб кетганлар.

Махфий қолмасинким, Тошкантда бўлиб турғон бошлиқ Ҳусинбек, Сардорбой, Ҳаким Божибон, Бобожонбой, Отажон маҳрамлар ҳам Хивага келмак учун йўлга чиқдилар.Худойберган Девонов бурунроқ келган эрди.Булар ҳам соғ-саломат келиб етишдилар.

ДАВОМИ БОР

«Хуршид Даврон кутубхонаси» учун махсус тайёрланди.

045

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

3-BO’LIM: ”YOSH XIVALIKLAR” HARAKATINING VUJUDGA KELISHI
VA UNING XONLIK TUZUMIGA QARSHI KURASHI.

Maxfiy qolmasinkim, jahon muhorabasi ko’p uzoq bo’lib fuqarolar jonlaridin bezor bo’lib, har bir xonada motam alomatlari bo’lib, Russiya fuqarolari o’limni o’zlariga muqarrar qilib, Gosudarskiy Dumaga murojaat qilganlar.Gosudarskiy Dumada bo’lg’on vakillar qaror qilib, fuqarolar birlan birga hujum qilib, fevral oyinda oq podsho-Nikolayni tutib, ministrlari bilan hibs qilg’onlar.Muvaqqat hukumat tuzib Kerenskiyni peredsedatel` qilib ish boshlag’onlar.Har bir Russiya qa’lalarinda inqilob bo’lib, zolim ma’murlarini tushirib, o’rniga fuqarolardin aqlli odamlar qo’yg’onlar.Ondin so’ng Isfandiyorxon Yaltadin qo’rqib qaytmoqchi bo’lgan.

045Isfandiyorxon o’z hamrohlari bilan o’t aravaga minib Yaltadin qaytg’on.Yo’llarda ko’p xo’pi-xaras birlan Maskavdin o’tib Chorjavga kelgan.Chorjavda ikki-uch kun dam olib turgan.

Maxfiy qolmasinkim, Toshkantdin general Kuropatkin Isfandiyorxonning yoniga Samarqandlik Mirbadalov degan bir generalni qo’shib yuborganlar.Shunday qilib, Chorjavdin paroxodga o’ltirib Xivaga chiqqan, telegramm munda kelib qoldi.Ma’lum bo’lsinkim, Yapon muhorabasidin so’ng Gosudarskiy Duma tashkil bo’lib, har turli inqilobchi gazetalar chiqa boshladi.Ondin burun ham “Tarjimon” gazetasini olib o’qib yurar erdim.Ham o’z-o’zimga andisha qilur erdim.Zolim Isfandiyor yo’q bo’lib, mamlakatimiz qachon hurriyat qilur erkan, deb.

Yapon muhorabasidin so’ng chiqqan gazetalar har turlik taraqqiylarga doir maqolalar yoza boshladilar.Man olardin har turli gazeta, jurnallar olib o’qiy boshladim.Ondin so’ng har kunda ishtixodim ziyoda bo’lib, hurriyat uchun talasha boshladim.Ba’zi hurriyatparvar birodarlar ham qo’shilib, hurriyatga doir muzokaralar qila boshladuk.Shul jumladin , shahidi hurriyat Husinmuhammad devonbegi birodarlari Shixnazarboy, Omongaldi, Sardorboy, Otajon mahram, Xudoybergan Devon, Nazar Sholikorov, Bobojonboy, no’g’ay Hasan Aliakbarov ishtirok qilur erdilar.Oqibat Isfandiyorxon bundan ogoh bo’lib, bir bahonalar bilan Husinmuhammad devonbegi ham birodarlari birlan bir nechalarimizni tutib hibs qilib molu mulkimizni musodara qildi.Bir necha vaqt hibsda saqlab, har birlarimizdin jazoi naqdini olib hibsdin xalos qildi.Bizlar hibsdin bo’shab chiqib, o’z ishimizni davom qildirduk.Soatlarimizni sotib, gazetalar olib o’qib turdik.Har doyim aytur erdik, “xudoya o’zing lutfi karam qilib, zolim mustabid xonlarni yo’q qilib, mamlakatimizga hurriyat ato qilg’aysan”, deb duo qilur erdik.Vaqti-vaqti pinhoniy ba’zi hurriyatchi birodarlar birlan so’zlashib, ko’nglimizni xoli qilur erdik.

Oqibat 1914-chi milodiy yilda turkman muhorabasi tamom bo’lg’onidan so’ng Isfandiyorxon 1917 yil yanvar oyinda Russiya taraflariga sayohatga ketgan erdi. Kavkaz, Maskavni tomosha qilib, Qrim, Yaltag’a borg’on vaqtda fevral inqilobi bo’lib, oq podshoh hukumati mavh bo’lib, hibs qilingan xabarlarni eshitib, qaytib Chorjavga kelgan.

Chorjavdin yo’lg’o chiqdik, deb mart oyinda telegramm keldi.Darhol Xivada bo’lg’on sipohiylar, to’ralar, bekzodalar peshvozga chiqmoqchi bo’lib hozirlandilar.Man ham Husinmamad devonbegi birlan birga ketmakchi bo’lib hozir bo’ldim.Shul vaqtda pochtaxonaga kishi yubordim, gazetalar kelgan bo’lsa olib kelish uchun.Ul manga gazetalarni olib kelib berdi.Lekin o’qimoqqa fursat bo’lmay Xonqaga yurib ketduk.Xonqag’a kelib tushgan hamon bir hovli joyni topib gazetalarni ko’rmakga mashg’ul bo’ldim.”Vaqt” gazetasining bir no’mirida ko’rindi.Peterburgda inqilob bo’lib, Nikolay Romanovni tutib, o’rnidan tushirib, hibs qilib, Kerenskiyni rais saylab qo’yg’on erkanlar.Shul voqealarni o’qib ko’rib shunday xushvaqt bo’ldim, go’yo dunyoi olamni manga berdilar.Darhol yugurib borib Husinbek va boshqa yo’ldoshlarga e’lon qildim.Ular ham xushvaqt bo’lib, gazetani mandin olib o’qimoqqa boshladilar.Ertang chiqib, daryo bo’yinda paroxodni qarshi olish uchun chodir va qora uylarni omoda qilib o’lturdik.Paroxod uch kun kelmadi.Shul vaqtdin foydalanib daryo bo’yinda peshvozga chiqqan to’ra-sipohiylarga voqeani tushuntirib turdim.Bir vaqt paroxod daryodin kelib chiqdi.Isfandiyorxon o’zining yonida bo’lg’on odamlari va toshkantlik general Kuropatkinning odami — Samarqandlik Mirbadalov degan general birlan paroxoddan chiqdilar.Hamma to’ralar va sipohiylar birlan ko’rishub faytun arobaga suvora bo’lib Xivaga qarab ozimat qildi.Xonqag’a kelib, choy ichib, Xivaga ravona bo’ldi.Kelib o’z manzili bo’lg’on Nurillaboy saroyiga tushdi.Ikki kundin keyin general Mirbadalov turkmanlar birlan so’ylashmakchi bo’lib, Toshhovuz qa’lasiga ketdi.Shul vaqtda hurriyatchi “Yosh xivaliklar” hurriyat haqinda maslahat qila boshladik.Xivada turg’on askarlar ichinda Qo’qonda turg’uvchi no’g’ay birodar Shokir Tenisov ham Abdishukur Latipovlar ham bizlarning maslahatlarimizga qo’shilib, hurriyatga doir har xil yo’l ko’rsata boshladilar.

Bir kuni saroy oldidagi bir do’konda bir necha hurriyatchi yosh xivaliklar o’lturib erdik, mazkur no’g’ay ikki birodarimiz kelib o’lturdilar.Birodar Shokir Tenisov so’z boshladi.
-Hojibobo, ertang askarlar toza muvaqqat hukumatga qasam qilurlar.Shul vaqt ko’p yaxshi vaqt turur.Sizlar ham tayyor bo’lib, askarlarning yoniga borib, iltimos qilib so’rasangizlar, xonni tushirib hurriyat bermakka, sizlarga yordam bersalar erkan,-dedi.
Shul vaqtda hammalarimiz xursand bo’lib, bayroq hozirlamoq uchun qizil tovardin bir necha arshin kelturib, Shokir afandiga berib aytdik:
-Ertang, ertaga hozir qilursiz,yozuvi ham ruscha, ham musulmoncha bo’lsin .-deb. Birodarlar qabul qilib xo’shlashib ketdilar.Bizlar qolduk.Ertang erta birlan Shokir afandilar bayroqni hozir qilib, Qo’shadarvozaning oldidagi Xudoybergan Devonovning magaziniga olib kelib, bizlarga xabar qildilar.Bizlar kelib bayroqni ko’rdik, ko’p yaxshi yozg’on erkan : “Yoshosin hurriyat, yoshosin ozodlik, yoshosin qahramon askarlar!” deb ham ruscha, ham musulmoncha yozg’on.Ko’p shod bo’lib, bayroqni Husinmuhammad devonbegining uyiga olib kelib , qa’laga xabarchilar yubordik.Tamomi boy, mullo, dehqon, kambag’al, mehnatkash har kim bo’lsa-bo’lsin darhol devonbegining joyiga kelsinlar.

Xivada bo’lib turg’on o’ris askarlarning iydlari bor turur, bizlarga ham borib muborakbodlik qilib tomosha ko’rmak lozim turur, hech bir kishi kelmay qolmasunlar,- deduk.Yorim soat o’tgan hamon odamlar mavj-mavj kela boshladilar.Kelgan odamlarning ko’kragiga qizil tovardin tika boshladik.Odamlar bu nechuk alomat deb savol qildilar.Bizlar aytdik, bul bayram, shunday bayram turur, ushbu alomat bo’lmasa hech kimni tomoshaga olib bormaslar, deb.Darhol odamlar “manga tiking, manga tiking” deb g’avg’o qila boshladilar.Bir necha odamlar ushbu ish bilan mashg’ul bo’ldilar.Uch-to’rt soat ichinda , taxminan bir ming odamdin ziyoda odam jam bo’ldi.Ondin so’ng man aytdim, ushbu odamlarning ichindin vakil saylab qo’ying.Askarlarning bayramiga borg’onda, sizlarning tarafingizdin muborakbod qilib so’ylamak uchun.Bir og’izdin rozilik berdilar.Man nomma-nom qilib o’n olti odamni ko’rsatdim, qabul qildilar.Shularning ichinda hurriyat nechuk erkanligini bilmayturg’onlari ham ko’p erdi.Hatto xonning yaqin odamlari ham bor erdi.Shunday qilib saylaganimizga sabab shul erdikim, xalq xonni tushirmakchi bo’lg’onimizni bilmasinlar.Albatta ushbu odamlar saylanmasalar xalqning qo’rqmoq ehtimoli bor turur.Chunki zulm istibdodda xalq ko’p ezilgan erdi.Shul vaqt birodar Shokir Tenisov mandin pinhoniy so’radi:
-Sizlarning bir tutg’on dasturil amallaringiz bormi?”,-deb.
Man aytdum -“bizlarda hech nimarsa yo’q turur.Maqsadimiz hurriyat, ozodlik,-dedim.
Shunda u : “ shunday bo’lsa ham bir nima talab qilib yozmoq kerak”, dedi.Darhol yozdi: “Birodar qahramon askarlarga! Bizlar sizlardin ojizlik birlan so’rarmiz, bizlarga ham hurriyat, ozodlik olib bermakka yordam bersangizlar”, deb.

Birodar Tenisov ushbu talabnomamizni ruschaga tarjima qilib keldi.Darhol tamomi odamlarni boshlab, muborak qizil bayroqlarimizni Muhammadboyning qo’liga berib, takbir aytib, rus askarlari turadigan manzilga ravona bo’ldik.Borib ko’rsak, askarlar muvaqqat hukumatga ont qilib turg’on vaqtlari erkan.Askar boshlari oldimizga chiqib, biroz to’xtab turmoqimizni iltimos qildi.Chunki ontlari tamom bo’lmag’on erkan.Bizlar biroz to’xtab turdik.Askarlar ishlarini tamom qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, Isfandiyorxon ushbu voqealarni anglab ko’p oqcha askarlarga moyona qilib, o’z yoqin odamlaridin Abdurahmonboy Baqqolov, Sobir mahramlarni yuborgan erkan.Ushbu hadiya oqchalarni hamma askarlarga topshirdilar.Abdurahmonboy qo’rqqanidin bizlarning yonimizga kelib, bu nima voqea deb savol qildi.Shul vaqt Nazir Sholikorov javob berdi:
-Bizlar ushbu soat xonni taxtdan tushirib hurriyat olurmiz.Siz ham bizlarga qo’shilmasangiz sizni ham hibs qilurmiz,-dedi.
Abdurahmonboy Baqqolov qo’rqqanidan bizlarga qo’shildi.Ondin keyin polkovnik Merzlyakov bizlarning oldimizga kelib salomlashib, ko’rishib savol qildi:
-Nechuk keldingizlar, bizlarning bayramlarimizni muborakbod qilib kelgansizlar?,-dedi.Man javob berib dedum:
-Albatta boshqa ham iltimoslarimiz bor turur,-dedim.
-Onda u nechuk iltimos?-dedi.Man aytdim:
-Alhamdulillohi Robbil olamin, zolim oq podshsho Nikolay hukumati yo’q bo’lib, o’rniga ozodlik hukumati barpo bo’lg’on.Xorazmning faqir , kambag’al ezilgan fuqarolari ham so’rarlar, qahramon askarlarning yordami birlan bizlarga ham mustabid zolim xonni yo’q qilib, ozodlik olib bersalar.

Shul vaqtda polkovnik Merzlyakov javob berdi:
-Agar xonga dahl qilmay faqat idoraiyi marshrutiya qilsangizlar, ul vaqtda askarlardin yordam bo’lur,-dedi.
Bizlar ko’p ma’yus bo’lib, hayron bo’lduk.Agar qabul qilmasak, ishlarimiz xarob bo’lur, xon bizlarning hammamizni tutib o’ldurur, deb noiloj xonni o’rnida qoldirmoqqa rozi bo’lduk.Xudo hohlasa, xoni boshqa bir yo’l bilan yo’q qilurmiz deb o’ylab, “xon o’rnida tursin, deb majlis qilib bersangiz bo’lur” , deb javob berduk.Ondin keyin askarlarning ichinda talabnomamizni o’qib eshittirmakka javob so’radik.U “yaxshi” dedi.Talabnomani askarlarning oldiga borib o’qib anglatdik.Askarlar “Urro” deb qichqirib shodlik birlan qabul qildilar.Ondin so’ng askarlar o’z ichlaridin uch-to’rt proporshikni saylab, bir rota yorog’siz askar berdilar, tartib saqlamoq uchun.Ondin so’ng bizlar jamiyatgir birlan takbir aytib, shaharga ravona bo’lduk.Hatto shul vaqtda ham xalqning ko’plari nima voqea erkanligini anglab yetmadilar.Shuning birlan takbir ayta-ayta xonning manzili Nurillaboy saroyiga kelub yetishduk.Ondin so’ng askarlar xalqni ushbu joyda to’xtatib, saylangan o’n olti kishi birlan askarlar tarafidin saylangan proporshiklarni ichkariga yubordilar.Xonning haram saroyiga xabar yuborduk.”Xon darhol chiqsun, xalqlar tarafidin saylanub kelgan vakillarning savoli bor turur” deb.Ondin so’ng mazkur bo’lg’on vakillar xon chiqqandin so’ng, uning birlan so’zlashmak uchun, bir og’izdin mani sayladilar.Shul vaqt xon haramdan chiqib, Husinbekni o’z oldiga chaqirgan.Husinbek xonning oldiga ketdi.Bizlar muntazir bo’lub turdik.Xon Husinbekni savol qilgan:
-Bu nechuk voqea turur? Mani o’ldururlarmi?,-deb.Onda Husinbek aytgan:
-Xudo saqlasin, sizni hech nima qilmaslar.Fuqarolaringiz faqat hurriyat talab qilib keldilar,-degan.

Keyin xon unga:
-San manim hayotimga kafil bo’lurmisan?-deganda, Husinbek “ man ming martaba kafil tururman”, degandin keyin xon, ko’p xo’p-haris bilan chiqib bizlar turg’on yerga keldi.Bizlar birlan kelgan askarlar tamomi atrofni qurshab oldi.Xon va bizlar o’rtada qoldik.Xon bilan salomlashib man so’zga kirishib aytdim:
-Taqsir podshohim, ushbu kelgan sodiq fuqarolaringiz sizdin muvofiqi shariat hurriyat ozodlik so’rab keldilar,-dedim.
Xon darhol “ ko’p yaxshi, rozitururman”, deb javob berdi. “Yana ham bir necha xoin sipohi mahramlaringiz bor, shularni hibs qilmoqni so’rarlar”, dedim xonga.”Shu jumladin, Ibrohimxo’ja, Ashirmahram, Ota mahram, Ro’zimuhammadmahramlar” dedim.Onda javob berdi:
-Bularni hibsga olmasdin hukumat doirasidin chiqarib yuborsak, nechuk bo’lur?,-dedi. Man hech javob bera olmadim.Manim orqamda turg’onlardin Nazir Sholikorov:
-Yo’q, hibs bo’lmoqlarini tilarmiz!-dedi.Anga ham xon rozilik berdi.Ondin so’ng man aytdim:
-Ushbu bergan hurriyatingiz uchun bir hujjat bersangiz erkan, -dedim.Onda xon aytdi:
-Agar sizlar tayyor qilib qo’yg’on xatlaringiz bo’lsa, man tasdiq qilib berurman,-dedi.

 

Bizlar hech bir xat hozirlaganimiz yo’q erdi.Birodar Shokir Tenisov birlan man devonxonaga ravona bo’lduk.Borib darhol qisqa mazmunda bir manepist tayyor qilduk.Shul vaqtda Husinbek shaharning qozi, a’lam, muftilarini ham hozir qilgan erkan.Bizlar mazkur yozilg’on manepestni kelturib xonga qo’l qo’ydirib muhrlatmak uchun, kelgan praporshiklarni Husinbek birlan xonning oldiga yuborib ta’kid qildik, ham muhr qilib qo’l qo’ysin:”nechunkim, agar qo’l qo’ymasa mumkin bo’lmaslik ehtimoli bor”, dedim.
Maxfiy qolmasinkim, Isfandiyorxon pinhoni qozi Hikmatulla eshonga xabar yuborib manepestni tasdiq qilmaslikka kelishgan.Ushbu bayon bo’lg’on birodarlar manepestni xon huzurina eltib, qo’l qo’ydirib, muhr bostirib chiqarub berdilar.Ondin so’ng qozi a’lam, muftilarga ko’rsatduk.Qozi Hikmatullo eshon savol qildi:
-Zamona taqozosiga muvofiq degan so’z nechuk so’z turur?,-dedi.

Onda birodar Tenisov va man aytdim: -Ina telegraf, telefon, o’t aravalar bo’lsun.Avvaldin yo’q nimarsalar tamomi zamona taqozosiga muvofiq qilib ishlangan nimarsalar turur,-dedik.Ondin so’ng qozi a’lamlar ham muhr qilib berdilar.Ondin keyin shahar odamlariga kelmakka e’lon qilib erdik, hamma odamlar kelib jam bo’lg’onlar erkan.Praporshiklarga ma’lum qildik, shahar odamlari kelib bo’lg’on, xon hazratlari chiqib, xalqning oldida manepestni o’zi o’qib, e’lon qilsin, dedik.Praporshik Osilin birlan Husinbek xonni oldiga borib xonni olib chiqdilar.Xon Nurillaboyning darvozasi oldiga chiqib, supoda tik turib Husinbek manepestni o’qib xaloyiqqa e’lon qildi.Shuning birlan xon uyiga qaytib ketdi, xaloyiqlar ham tarqalib ketdilar.Kun ham kech bo’ldi.Yuqorida aytilgan xonning mahramlarini hibs qilib, “inqilobchi” birodarlar ham o’z uylariga qaytib ketdilar.Man Husinbek bilan uning joyiga ketdum, ham shunda borib yotdum.Lekin hech uyqum kelmadi: “Bu hodisa nechuk bo’ldi.Endi nechuk qilmoq kerak”, deb o’lturib ko’ngilga kelgan narsalarni xatga yoza boshladim. Shunday qilib tongni o’tkuzduk.Husinbek ham erta bilan haram saroyidin turib chiqdi, salomlashib ko’rishduk.Aytdi:
-Hojibobo, san nechuk uxlading? Man hech uxlay olmadim,-dedi.Man aytdim:
-Manim ham shul o’lturishim turur,-deb yozgan xatlarimni o’qub ko’rsatdim.Ul kishi ham shunday qilib xat yozib chiqqan erkan va boshqa inqilobchi birodarlarimiz ham ko’ngillariga kelgan narsalarini yozib Husinbekning joyiga keldilar.Ondin hammalarimiz jamlashib “ YO Ollo, o’zingdan madad” deb Nurillaboy hovlisiga yuzlandik.Kelub o’lturib, maslahat qilib, avvaldin mashhur hurriyatparvar ulamo sinfindin bo’lgan birodar Bobo Oxun qozi Salim eshon o’g’lini keltirmakka birodar Jumaniyoz Hoji Boboniyoz o’g’lini yuborduk.U borib qozi, ulamolarning tarafidin uni vakil qilib olib keldi.

Maxfiy qolmasinkim, xonning bergan manepestinda o’ttiz vakildan iborat, deb yozgan erdik.Ondin so’ng Bobo Oxun eshon birlan maslahat qilib, tamomi Xorazm qa’lalariga ham Turkmaniston, Qozoq,Qoraqalpoq istansalariga vakil saylab kelmak uchun xatlar yuborildi.

034Bir necha muddatdin keyin tamomi yerlardan vakillar kelib qoldilar.Shul vaqtda Toshhovuzga turkmanlar bilan so’zlashib kelmak uchun ketgan general Mirbadalov ham kelib Toshkentga telegramm berdi.O’zining ham “Yosh xivalilar”ning ishiga qilmoqni so’rab Toshkentdin telegramm keldi. “Yosh xivaliklar” birlan birga ishlab turgil”, degan.Ondin so’ng, ushbu bayon bo’lg’on zolim Isfandiyorxonning oldida bo’lib, xon birlan har ish to’g’risida maslahat qilib, xonni yoqlab bizlarga ko’p tashvish bera boshladi.Ondin so’ng vakillarni saylab qo’ymoq haqqinda maslahat qilindi.General Mirbadalov vaqtdin foydalanib, “albatta manepistga muvofiq o’ttiz vakil bo’lmog’i darkor, ondin ziyoda bo’lmoqqa hech kimning haqqi yo’q turur”, dedi. Ul suratda tamomi hurriyat olg’on birodarlar hech bir daxlsiz bo’lib qolmoqi darkor turur.Man hayron bo’lib vakillarning oldiga kelib voqeani tushuntirib aytdum.Ushbu zolim generalning aytg’oniga qaraganda bizlarning hammalarimiz vakillikda kirmasdan chiqib ketmakka majbur tururmiz.”Ul suratda sizlar hech ishdan ogoh ermastursizlar, bir necha kundin so’ng sizlarni ham chiqarib yuborurlar”, dedim.Maydondin kelgan vakillar anglab hayron bo’lub, maslahat qilib shunga qaror qildilar: “ bizlar hurriyat degan, idorai marshrut degan nechuk nimarsa erkanligini bilmas tururmiz, bizlar faqat ushbu hurriyat olg’on birodarlar birlan birga ish qilurmiz.Agar bular bo’lmasa, bizlarning har qaysilarimizni bir bo’hton so’z birlan dunyodin yo’q qilurlar, nechunkim, bizlar bu qonunlardin hech ogoh ermas tururmiz.Agar ushbu birodarlar chiqib ketsalar, bizlar ham ushbu kundin boshlab joylarimizga qaytib keturmiz”, dedilar. Va hamda “ushbu birodarlarni o’zlarimiz saylab, o’zlarimizga yordamchimi qilmakka haqqimiz bormi?” deb generaldin savol qildilar.General “agar xon qabul qilsa haqqingiz bor” deb javob berdi.Ondin so’ng vakillar o’z tarafdorlaridin Husinbek va bir ikki vakilni xonning oldiga yubordilar.Vakillar xonning oldiga borib uni rozi qilib keldilar.Shuning birlan majlis maxsus barpo qilindi.Husinbek (Matmurodov-U.B.) bosh vazir, Bobooxun eshon (Salimov-U.B.) majlisga rais qilib saylandilar.Har kimga bir xizmat muqarrar qildilar.Manga rus askarlari ham rus hukumati birlan har to’g’rida so’ylashmak ixtiyor berdilar.Shuning birlan har kim o’z xizmatiga mashg’ul bo’ldilar.

Maxfiy qolmasinkim, yovmut chovdurlaridin 7 vakil kirdi.Xon tarafdorlari vakillaridin ichlarimizga kirgan Muhammad yoqub qori, Abdurahmonboy Baqqolovlar iste’fo berib, majlisdan chiqdilar.Ondin so’ng Isfandiyorxon general Mirbadalov ham rus askari to’ralari birlan pinhoniy ishlab turg’on siyosatlarni anglab hurriyatparvar birodarlarimizdan Xudoybergan Devonov, Otajon mahram Sapoev, Bobojonboy Yoqubovlar ham ruxsat olib Toshkentga ketdilar.Nazir Sholikorov Maskavga ketdi.Qolg’onlarimiz boqadir toqat ishlay boshladuk.Zolim general Mirbadalov, praporshik Andrey har kunda majlisga kelib, har turluk darkor ermas masalalarni chiqarib yurmakda bo’ldilar.Shu jumladin xon tarafdorlari odamlarning so’zlari birlan majlisga kelib, Mirbadalov savol qildi:
-Aziz vakillar, sizlarning shariatingizda imomsiz yashamoq durustmi?,-deb.Vakillar jumlasidin bir mulla javob berdi:
-Bizlarning shariatimizda imomsiz yashamoq mumkin ermas turur,-deb.

Zolim generalning ko’ngli xush bo’lib, xanda qilib yubordi.Man darhol turub, rais afandidan ruxsat olib, javob bermakka shart qildim va aytdim:
-General afandi, bunga o’xshash tarixiy savollar bo’lsa, badirhol tarix birlan oshna odamlardin so’rang.Bizlarning domullalarimiz faqat din darslari bilan mashg’uldurlar.Tarixni hech iltifot qilmasalar, ham aytdim: afandim, bizlarning asosi jumhuriyat turur.Shunga dalil shul turur: hazrati rasullillo dunyodin intiqlol qilmoqchi bo’lg’on vaqtlarida sahobalarga buyurdilar, o’zlaringiz uchun bir imom xalifa saylab qo’yinglar, deb.Ondin so’ng sahobalar hazrati Abubakirni saylab, xalifa qildilar.
Ul vaqt general aytdi:-hazrati Rasulning farzandlari yo’q erdi.Shul sababli buyurdilar,-dedi.Man aytdim:
-Anday ermas turur.Xayr sizning ham aytg’oning’iz bo’lsin, hazrati Abu Bakir Siddiq ham dunyodin o’tmakchi bo’lg’onlarida ham sahobalarg’a amr qildilar: o’zlaringizga bir xalifa saylab qo’yinglar, deb.Bohujud hazrati Abu Bakrning qancha farzandlari bor erdi?Har birlari bir shaharda hokim, xalifa bo’lib yurub erdilar.Hazrati Umarning ham qanchalli avlodlari, o’g’illari bor erdi.Ul kishi ham xalifa saylamakni sho’rolarga havola qildilar.Hazrati Usmon bo’lsin, inchunin ondin so’ng Ali bo’ldi.Ondin so’ng hazrati Muoviya g’azab qilib, istibdodlikni o’z xonadoniga meros qilib podsholikni qoldirdi.Bul ish zo’rlik turur.Bo’lmag’on taqdirda bizlarning dinlarimizning asosi jumhuriyat turur,- dedim.

Ondin so’ng zolim general xomush bo’ldi.Shuning birlan ishlarimizning hech bir jihatdin rivojliqi bo’lmadi.Xon boshqa bir turluk hiyla qila boshladi.Yovmutlarning o’kiz tiyrasidin mashhur kaltabon Shommi kal degan bor erdi.Oning birlan xabarlashib so’zlashmakka boshladi.Onga har turluk in’omlar, saroupoylar, oqchalar berib yolg’on va’dalar qila boshladi.Maqsadi shul erdiki, yo’llarni talon-taroj qilib, farohatchilikni yo’q qilib, xalqni tashvishga qoldirub, hurrriyatparvarlarni bir yo’l birlan yo’q qilish.va majlisi marshrutiyani tarqatib, yana mustaqil xon bo’lib o’lturmak turur.Shommi kal xon so’zi birlan yo’llarni talamoqqa boshladi.Har qa’ladin yo’llardin arizago’ylar kela boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, 1914 yilda turkman muhorabasidin keyin general Galkin aholida bo’lg’on tamomi miltiqlarni tortib olgan erdi.Fuqarolarda hech bir qurol yo’q erdi.Ba’zi podsholiqda bo’lgan miltiq bo’lsa ham xon yashurib hech birini bermadi.Rus askarlari bo’lsa Xivada general Mirbadalovning ixtiyorida erdi.Ondin so’ng majlis maslahat qilib shunday qarorga keldi: Toshkantga vakil yuborib hukumatdin miltiq so’rab olmoqqa.Shuning birlan bir hay’at tashkil qildilar.Shul hay’atga mani rais qildilar.O’zbeklardin Yusufboy Qurbonboy o’g’li, qoraqalpoqlardin Qutlimurod beklar begi, turkmanlardin mulla Shukurlarni a’zo saylab, darhol hay’at yo’lga chiqib ketdi.1917 yilda may chislosinda To’rtko’lga kelib paroxodga o’lturib Toshkantga ketduk.Bir necha kunda Chorjavga borib, Gogol`skiy ko’chada Husinbekning joyiga kelib tushdik.Bizlardin burun ketgan birodarlarimiz-Devonov, Otajon mahram, Bobojonboylarga qo’shulub farohat bo’lub maslahat qilib ertasi hukumatga bormoqqa qaror qilib qo’yduk.Shul vaqtda Qozon musulmonlaridin ham bir hay’at Toshkentga kelgan erkan.Ushbu hay’atga murojaat qilduk, ularga tamomi voqealarni anglatduk.Bizlarga tarjimonlik uchun do’xtir Sayfulmulkovni yonimizga qo’shdilar.Ondin so’ng shul kunda hukumatga borduk.Hukumat boshinda komissar bo’lib o’lturg’on , Maskavdin kelgan Lipovskiy ham Milpatskiy deganlar erkan.Mashhur oq uyiga borib, olar birlan yo’luqushib Xivadin -majlisi ma’busondin kelturgan xatlarimizni taqdim qildik.Xorazmda bo’lib turgan siyosatdin ogoh qilduk.General Mirbadalovning xon birlan qilib turg’on ishlarini so’zlab berduk. Bizlar xalq milisasi qilmoqchi bo’lib, shunga bizga hech qurol bo’lmay, qurol uchun kelganlarimizni ham aytib berduk.Ushbu qurollarni tez vaqtda bizlarga bermoqlarini iltimos qilduk.Onda general Yalpovskiy aytdi: “hozir katta urush vaqti turur.Jumhuriyatimizda ziyoda miltiq yo’q turur, hatto o’z askarlarimizga yetishmay turur”, dedi. Man aytdim, “ afandim, sizlardin bo’shg’a so’rab turg’onimiz yo’q turur.O’n oltinchi yilda turkman muhorabasidin so’ng general Galkin besh mingdan ziyoda miltiqlarimizni olib ketgan erdi, ushbularni qaytarib bermaklarimizni so’rarmiz”, dedim.Ul aytdi: “ ul miltiqlar qayda erkan”, dedi.Man aytdim: “ albatta Toshkentda bo’lsa kerak” dedim.O’rtalarimizdin ko’p savol-javoblar o’tdi.Qaysi vaqtda Hurriyat olg’onlarimizni, hamda na kayfiyatda olg’onlarimizni, kimlarning yordam qilg’onlarini savol qildi.Man boshdin oyoq so’ylab berdim.Ham hozirgi bo’lub turgan siyosatni takroran bayon qildim.Ondin so’ng ushbu Xorazm majlisi ma’busonidin kelgan iltimos xatni majlisga qo’ymoqchi bo’ldi, bizlar qo’shilib chiqib ketduk.Ondin chiqib mehmonxonaga Qozondin kelgan birodarlarning yoniga kelib, taom yeb so’zlashib o’lturdik.Ushbu hay’atdagi a’zolar Ismoil Obidiy ( “Taraqqiy” gazetasining tashkilotchisi va bosh muharriri-U.B.), Abdul Bori, Likal Burxon, Habib Xoris, Jumaqulov, Sayfulmulukovlardin iborat erkan.Ondin so’ng maslahat qilib, ushbu kecha eski shaharga musulmonlarning sho’royi islom degan majlislariga borib, musulmon birodarlarimiz ham surati voqeani bayon qilmoqchi bo’lib, o’z manzilimizga qaytib ketduk.Kech bo’lgandin so’ng tramvayga o’lturib, Sho’royi Islom bo’laturg’on joyga kelduk.Kelsak, majlislari ochilg’on erkan.Rais qozi Abdulvohid eshon, muvoini mashhur Munavvar qori, sarkotibi Karim qori Niyoziy erkanlar.U so’zni tamom qilgandin so’ng, rais afandi aytdi: “Xorazmdin kelgan aziz birodarlarimiz Xorazmda bo’lgan voqealardin bizlarni xabardor qilsalar erkan”, deb.Majlis bir og’izda so’rarmiz, deb javob berdi.Ondin so’ng manga so’z berdilar.Man chiqib majlis ahliga salom berib, Xorazmda bo’lg’on bechora kambag’al dehqon va ulamolar tarafidin salom yetkardim.Hamma bir og’izdin salom qaytardilar.Ondin so’ng Xorazmda bo’lib turg’on siyosatdin ma’lumot berdim ham yordam qilishni so’radim.Yordam qilmoqqa bir og’izdan va’da qildilar.Majlis tamom bo’lgandin so’ng o’z manzilimizga qaytub ketduk.Ertang turub namoz o’qub, choy ichib, yo Olloh sandin madad deb “Regina” mehmonxonasiga borib, birodar Mustafo Cho’qaev ham Otaev, Toshkentlik Norbo’tabeklarni ko’rib surati voqealarni bayon qilib, hukumat majlisida bizlarga miltiq berish masalasini o’tindik.Birodarlar yordam qilmoqqa va’da qildilar.Shuning bilan muntazir bo’lib qarab o’lturdik.Ertang Xivadin Muhammadyorboy, Shokir Tenisovlardin bir telegramm kelib qoldi.Munda inqilob bo’lib bosh vazir Husinbek iste’fo qilib, hurriyatparvar vakillar ozil bo’ldilar, degan.Surat voqea shunday bo’lg’on: bizlar Xivadin ketgandin so’ng xon ham general Mirbadalovlarning yordami bilan bir firqa tashkil bo’lg’on.Ushbu firqag’a rahbar bo’lg’on Isfandiyorxonning muallimi Tavfiq Beglining ham mulla Ramazon Saydashovlarning ko’rsatuvi bo’yicha,xonning amaki avlodi Rahmonquli inoq Xudoyquli to’ra, Muhammad rizo to’ralar ulamolar sinfidin Muhammad Sharif Yo’lbuzar mufti eshon, xonning yaqin odamlaridin Abdurahmonboy Baqqolov, Muhammad Qori Erniyozov, Hojiboy Aminboy o’g’li ham bir necha xonning tarafdor odamlari inqilob alomatlarini taqib, xalqni jam qilib majlisi kalonga yig’naganlar.Muallim Tavfiq afandi bir otashin nutq so’zlab xalqqa e’lon qilg’on, uning shundin iborat turur:
-Birodarlar! Ushbu hurriyat olib o’lturg’on odamlar faqat hurriyat oldik deb xon hazratning yoqin odamlarini uyga solib, yolg’ondin tuhmat qilib pullarni oldilar.Endi bizlar ushbu hibsda bo’lg’on mahramlarni chiqarib, olarning o’rniga Husinbeyni hibs qilurmiz.Ham ushbu odamlar bizlarning shariatlarimizni yo’q qilmoqchi tururlar.Musulmonchilik olamida imomsiz namoz o’qimoq durust ermas turur, deb ko’p so’zlar aytgan.Oqibat mustabid xonning jabr zulmidin ezilgan xalq aytilgan so’zlarga hech iltifot qilmasdan chiqib ketganlar.Faqat xon tarafdori odamlari rushutxo’r oqsoqollar, ba’zi fanatik mullalar qolg’on.Shuning birlan jamiyat tarqalib ketgan.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu bayon bo’lg’on odamlar Nurillaboyga Muhammadrizo To’raning hovlisiga borib, qizil bayroq ko’tarib, qizil lentalar boylab hatto otlarga, aravalarga ham lentalar boylab, Muhammad Sharif Yo’lbuzar muftini orabada o’lturib, rus askarlari bo’laturg’on kazarmaga general Mirbadalovning oldiga yurganlar.Lekin fuqaro-xalq ko’p ma’yus , hayron bo’lib qolg’onlar.Ushbu odamlar askarlar ichiga borib, zolim general birlan ham xonga sotilgan askarlar birlan Nurillaboyga-xonning oldiga kelganlar.Xon bilan maslahat qilib qo’yilgan qoziulamolar va oqsoqollarni jamlab majlisga vakillarga kishi yuborib, xon huzuriga keltirgan.Xon majlisni ochiq e’lon qilib Muhammad Sharif Yo’lbuzar muftiga aytg’on:
-So’zingiz bo’lsa so’zlang.
Masharif oxun mufti aytgan: — Yovmutlarning talon qilib olgan mollari darakidin general Galkinning olib bergan aqchalarini Husinbekning o’zi olib hech kimga bergani yo’q turur.Ushbu aqchalar bizlarniki turur, bizlar olurmiz, -degan.
Ondin so’ng birodar Muhammadyorboy xondin javob olib aytgan:- fuqarolarga taqsim qilib bermak kerak,- degan.
Darhol xon aytgan:” bul so’zlaringiz tursin, boshqa so’zingiz bo’lsa ayting”, degan.Muhammadsharif mufti aytgan: “xalq tarafidin saylanmay o’n besh odam majlisga vakil bo’lib kirgan erkanlar, hozir shular majlisdin chiqib ketsinlar”, degan.Onda Muhammadyorboy aytgan: “ ushbu bayon bo’lgan vakillarni hurriyat olgan vaqtinda taxminan o’n ming odam saylab yubordi, ham qo’llariga mandat berdilar, xon hazratlari tasdiq qilib xat berdilar, ina xatlari”, degan.
Shul vaqtda Sobir mahram oqsoqollarga qarab aytgan: “ shuncha odam bo’lib bir yosh bolaning so’ziga javob bera olmay turubsizlar”, degan. Tamomi oqsoqollar birdaniga aytganlar: “bizlarga hurriyat majlis darkor emas turur, bizlarga xon kerak turur”, deganlar.Shunda Muhammadyorboy qichqirib aytgan: yashasin hurriyat, yo’q bo’lsin xonlik”, deb.Ondin so’ng qozi Hikmatulla eshon majlis vakillariga aytgan: “sizlar ko’p nomunofiq harakat qildingizlar”, deb ham Bobo oxun eshonga aytgan: “ sani vakil qilib kim yubordi”, deb.Bobo oxun aytgan: “ o’zingiz yubordingiz”.Onda qozi aytgan: “ man seni hech yuborganim yo’q”, degan.Onda Bobo oxun eshon aytgan: “majlisga mani chaqirib bir kishi bordi, man ushbu borg’on odam birlan saning huzuringga keldim, san mani qaytib uzotib yubording.O’zing qozi islom bo’lib shaxsiy manfaating uchun yolg’on so’ylaganing hech munosib ermas turur, xudodin qo’rq”, deb ko’p dahshat so’zlar aytgan.

Ondin xon va general Mirbadalov majlis vakillarining mahdudliklarini anglab isloh qilib, bularning so’zlarini to’xtatib, qozilardin fotiha olib berib, vakillarini o’z joylariga qaytarib yuborganlar.Bosh vazir Husinbekni olib qolib, bir joyda hibs qilib saqlaganlar.Toza hurriyatchilarga xon o’rgatib, Husinbekning o’rniga Isoqxo’jani bosh vazir qilganlar.Ham majlisga o’z tarafdorlari bo’lgan odamlardin va mullalardin bir necha vakil kirgizganlar.Avvalgi hurriyatga ishtirok qilgan vakillarni majlisdan chiqarib bo’shatib yuborganlar.Bobooxun,Husinbekni hibsdan chiqarib, uyiga yuborganlar.Majlisda xon tarafdori mustabid ko’p bo’lib, har bir masalada g’olib bo’lganlar.Birinchi martaba hurriyat olganda hibs qilib qo’yilgan xonning mahramlarini xolos qilib yuborganlar.Shunday qilib, majlis xonning va general Mirbadalovning ishorati bilan davom qilgan.Ondin so’ng xon generalga aytgan6 nechuk bo’lsa ham Husinbek iste’fo qilsin.General bir askar yuborib taklif qilgan: Husinbek bosh vazirlikdan iste’fo qilsin, bo’lmasa ish yomon turur, deb qo’rqitgan.Husinbek majburiy suratda ist’efo xati yozib majlisga yuborgan.Shuning birlan xonning maqsadi hosil bo’lib, farohat bo’lg’on.Emdi bizlar o’z ishlarimiz bilan komissiya bo’laturg’on oq uyga borib savol qildik.Javob berdilarki, bu oqshom umumiy zasedanie bo’lib, sizlarning so’zlaringiz hal bo’lur.Shuning bilan majlisda ishtirok qilaturg’on birodarlarni ham ko’rib o’tinduk.Ertang Maskavdin musulmonlar s’ezdidin qaytub kelgan vakilimiz Sa’dullaboy Tillaboy o’g’li Xivaga qaytmoqchi bo’ldi.Man ushbu birodarga bizlar birlan kelgan vakillardin Qutlimurod beglar begi qoraqalpoq ham turkman mulla Shukurlarni Xivaga qaytarmoqchi bo’ldik. Nechunkim shul bayon bo’lg’on birodarlar hech nimarsadin ogoh ermas tururlar.Ma’zi bizlarga bir musollot tururlar.Ham o’zlari har kun bizlarni qaytarib yuboring, bizlarning bunda hech ishimiz yo’q erkan, deb so’rab turib erdilar.Shuning birlan hukumatga yubordik.Birodarlar Yalpotskiyga yo’liqdik.U aytdi: “sizlarning masalangiz oqshom hal bo’ldi.Sizlar bilan Xivaga bir hay’at yubormakka qaror qildilar”, dedi.Ondin so’ng Xivaga qaytaraturgan birodarlarga majlisga xat yozib berduk.Ham shul kuni birodarlarni Xivaga uzotib yuborduk.Ertang birodar Xudoybergan Devonov ham Otajon mahram Safoevlar
birlan hukumatga borib Xivada bo’lg’on inqilobni bayon qilduk.

Onda Yalpotskiy javob berdi: “general Mirbadalovdan telegram keldi”.Ushbu inqilobni xalqning o’zi qilib,Husinbek va boshqa vakillarni ozil qilib, o’zlari vakil saylab qo’ydilar: boshqa hurriyatga hech bir zabon yo’q turur, degan mazmunda.Onda man javob berdim:
-Albatta zolim general (Mirbadalov nazarda tutilayapdi-U.B.) xon birlan maslahat qilib xon tarafdori odamlar birlan birgalashib hurriyatparvar vakillarni chiqarib, xonning ishorati birlan ish qilaturg’on vaqtlarni saylab qo’yganlar.Endi avvalgi xonlikdan boshqa hech hurriyat yo’q turur va yana ham bir necha kun o’tgandin so’ng bir bahona topib, bo’htonlar qilib, hurriyatchi yosh xivali birodarlarimizni dunyodin yo’q qilsalar kerak.Ushbu birodarlarning qonlariga Russiya hukumati zomin bo’lsa kerak,-dedim.
Onda Yalpotskiy aytdi:-Siz general Mirbadalovni yomon ko’rasiz, undan telegram keldi.Manga javob bering, man Toshkantga qaytarman,deb.
Onda man aytdim:-Albatta zolim general ishlarini qildi.Xondin olojak narsalarini oldi, endi Xivada turmoq hech hojat ermas turur.endi bunda kelib uyinda fursat yeb yotmoq kerak turur.Oning olg’on narsalari ikki-uch odamning oxirgi umrigacha hech ish qilmay, yeb yotsa ham tamom bo’lmas turur,-deb javob berdim.
Onda Yalpotskiy aytdi: -Onday bo’lsa nechuk qilmoq kerak?
Men aytdim:-zolim generalni o’ldirmak kerak ,-dedim.
Man ko’p qizib ketgan erkanman, nechunkim,Xivada bo’lg’on inqilob ko’p yomon bo’ldi.yosh xivalilar necha yillar ranju mashaqqatlar chekib, zolim xon va sipoyilaridan zulm ko’rib, ko’p mehnatlar bilan solg’on imorat o’z umrini sal vaqtda xarob qilgan.
Ondin so’ng Yalpotskiy tez vaqtda hay’atni hozir qilib bermakchi bo’ldi.Shuning birlan xo’shlashib tashqariga chiqdim.Birodar Xudoybergan Devonov,Otajon Mahramlar maning birlan urusha boshladilar.Aytdilar:
-San qizib ketib, so’zlagan so’zlaringni bilmas erkansan.Generalni o’ldirmak kerak degan so’zing bir vahshiylik turur.Munday so’zlarni hukumatning oldida aytmoq hech lozim ermas turur.Albatta hukumat gumon qilur, bular qonxo’r odamlar erkanlar,deb.
Man aytdim:-Birodarlar, man yonib ketganligimdan aytdim, o’zim ma’sul tururman, sizlar aytganlaringiz yo’q.Har nechuk savol bo’lsa o’zim javob berurman,-deb qahrlanib, man bir tarafga, ular boshqa tarafga ketdilar.Ertang birodarlarimiz birlan oq uyga borib, hukumatdin so’raduk:
-Bizlar birlan Xivaga ketmakka hay’atga kimni tayin qildilar,-deb.
Javob berdilar:
-Sizlar bilan Xivaga borib, xalq milisasi tashkil qilib bermak uchun polkovnik Tarezna ham ikki odam tayin qildilar.Endi har bir so’zingiz bo’lsa, oning bilan maslahat qilursizlar,-dedi.
Bizlar xo’shlashib chiqib, birodarlarimiz birlan manzilimizga borib, maslahat qilishub o’lturib erdik, shul vaqtda To’rtko’ldan sovet-soldatskiy deputatlar majlisiga vakil bo’lib kelgan birodar Nasrullaboy va Musobekovlar kirib keldi.Ham ma’lum qildi:
-Sizlar birlan Xivaga bormoqqa tarezna, kazak proporshik ham tatar hay’atidan praporshik Xoris Jumaqulovlarni tayin qildilar,-dedi.Ondin so’ng birodar Musobekovni birga olib

Tareznaning oldiga ketduk.Avvalgi vayanniy gubernator turaturg’on joyda erkan, borib so’ylashdik.”Xo’shlik birlan qabul uch kundin so’ng chiqib ketarmiz”, deb javob berdi.Ondin chiqib “Regina” ga borib xoris Jumaqulovga yo’liqdik.Tarezna aytgan so’zlarini aytduk.Shuning birlan o’z ishlarimizni saranjom qilib turmoqqa mashg’ul bo’lduk.
Maxfiy qolmasinkim, shul vaqtda Buxoro yoshlaridin bir necha kishi Buxorodin qochib kelgan erkan.Shul jumladin Muhuruddin maxsum birlan Buxoro ahvolotidin so’ylashib ma’lumot olduk.Fatxulla Komilov ham bor erdi.Ondin so’ng uch kun o’tib ketdi.Birodarlar Xudoybergan Devonov, Otajon mahram, Bobojonboylar birlan maslahat qilishib, bizlar birlan Xivaga ketmaklarini iltimos qilduk.Onda Xudoybergan Devonov va Otajon Mahramlar aytdilar:
-E birodar, Isfandiyorxon hayot bo’lib o’z o’rnida turg’on vaqtda xayol qilmang, bizlar yurarmiz,deb. Albatta bir hiyla bilan dunyodin yo’q qilsa kerak.Shuning uchun bizlar Xivaga bormasmiz.Sizlarni Ollohga topshirduk,-dedi.Shundin keyin Maskavga -Sholikorovga (bu vaqtda Sholikorov Moskvada edi-U.B.) ham telegramm berdim: “Xivaga keling”, deb.Ondin telegramm keldi: “Siz Maskavga keling”, deb.

Shuning birlan tangriga tavakkal qilib birodar Yusufboy Qurbonboy o’g’li birlan hay’atga tayin bo’lg’on birodarlarni olib Toshkent vokzaliga chiqduk.Birodarlarimiz Ibrohimboy, Muhammadjonboevlar kuzatib chiqdilar.Vagonlarga o’lturib joylashdik.Shuning birlan uchlanchi zvonok urildi, otash arava harakatga keldi.Birodarlarimiz xo’shlashib, yig’lashib qoldilar.Ertang Samarqandda polkovnik Tarezna tushib qoldi: xususiy ishlari birlan.Bizlar o’tib Chorjavga kelib kechda paroxodga chiqib yotduk.Ertang erta birlan pochtaviy arava birlan birodar Tarezna ham kelib tushdi.Ko’rishub omonlashduk.Soat to’qqiz bo’ldi.Paroxod harakat qilib Xivaga ravona bo’ldi.Yo’lda ko’rsak, paroxodda polkovnik Gurov degan bir zot ham bor erkan.Bul kishini general Mirbadalovning o’rniga Xivaga yuborgan erkanlar.

Paroxod Toshsaqaga keldi.Xivaga ketadigan odamlar ko’p erkan.Polkovnik Gurov shular birlan Xivaga ketdi.Bizlar o’tib To’rtko’lga kelib chiqduk.To’rtko’lning bo’lis oqsoqollari peshvoz chiqib, non-tuz birlan qarshi oldilar.Ondin so’ng aravalarda qa’laga ketduk.Tarezna sobiq bosh hokim (Turkiston general gubernatorligining Amudaryo bo’limi boshlig’i-Petro-Aleksandrovskdagi rus qo’shinlari komandiri nazarda tutilayapti-U.B.) bo’laturg’on joyga mehmon bo’ldi.Bizlar To’rtko’l bo’lisi Bekmuhammadboy Bayakovning joyiga mehmon bo’lub tushduk.Shuning bilan polkovnik ba’zi ishlari bilan ikki oqshom To’rtko’lda qoldi.Ondin so’ng tayyor bo’lib turg’on kemaga o’lturib Xonqaga iroda qilduk.Xonqaga kelgan erdik,Xivadin peshvozga chiqib turgan aravalar bor ekan.polkovnik Tarezna aytdi: “Urganchga borib, ondin Xivaga ketarmiz”, dedi.Shuning bilan o’lturgan kemamiz birlan Shovot yopi orqali Urganchga ravona bo’lduk.Ushbu oqshom kemada yotib erta birlan Yaraslavskiyning paxta zavodi oldidin kelib, chiqduk.

Xivadin peshvozga Nazir to’ra kelgan erkan, ko’rishib polkovnikka taqdim qilduk.Nazir to’ra ham xon majlisi tarafidin kelganligini ma’lum qildi.Ondin arobalarga o’lturib, Urganch hokimi Ollanazarboyning joyiga kelib tushduk.Shunda bir necha soat o’lturib, choy ichib, nohari qilduk.Polkovnik ba’zi nav’i o’zbeklardin ma’lumot oldi.Shu jumladin, Xayriddin Saidov, Sultonmurodovlar birlan ko’p so’ylashdi. Ondin so’ng, Xivaga ravona bo’lduk.Ramazon oyi erdi iftordin burun kelib nurillaboy saroyiga tushduk.Majlis vakillari mehmonxonaga kirgizib, ko’rishub bo’lib, “xush keldingizlar” deb ruxsat olib iftorga ketdilar.Majlis raisi Bobooxun mani o’zi birlan birga olib Nurillaboyning madrasasiga, o’zining muovini yusuf maxsim oxunning hujrasiga bordik.Onda iftor qilib, ba’zi voqealardin so’ylashib o’lturdik.Shul vaqt xon tarafidin Bobooxunni noharga taklif qilib, xodim keldi.Ul kishi xonning oldiga ketdi.Man Yusuf Oxun birlan bo’lub o’tgan hodisalardin so’ylashib o’lturdik.Biroz vaqtdin so’ng Bobooxun qaytib keldi.Shuning birlan xufton mahali bo’ldi, har kim o’z uyimizga tarqalishdik. Man Husinbekning joyiga borib, ko’rishib, omonlashib shunda qoldim.bo’lg’on hodisalardin zolim general Mirbadalovning intrigalaridin so’zlashib, xondin olgan risho’t (pora-U.B.)larini aytishub, saharlik vaqti bo’ldi, nohari qilib yotmoqqa yo’llanduk.

Maxfiy qolmasinkim, bizlar xondin hukumatni olg’onimizda majlisga bir necha adad ko’hna gilam va kigizlar bergan edi.Boshqa xazina, tillo va tangalar o’zida qolg’on edi.Boyligi ko’p bo’lg’ondin so’ng tamomi risho’txo’r general va to’ralar va boshqa xon tarafida bo’lsalar kerak.Ertang erta birlan majlis raisi Bobooxun o’ylag’on: “ushbu Polvonniyoz hoji ham so’nggi inqilobdin so’ng boshqa vakillar qatorida vakillikdin chiqdi, agar chiqib ketsa, majlis bir hafta ham turmas turur.Balkim xon ushbu kelgan hay’at boshlig’i Tareznani ham oltin, biriliyontlar birlan sotib olib, biz hurriyatparvarlarni dunyodan yo’q qilsa kerak, har nechuk yo’l birlan bo’lsa ham Polvonniyoz hojini majlisda qoldirmoq kerak”, deb bir necha o’ziga yaqin vakillarga ma’qul qilgan.Shuning birlan bir xat yozib, Polvonniyoz Hoji majlis ishiga ziyoda darkor turur, agar ul bo’lmasa, rus birodarlar birlan so’ylashib ish qilaturg’on hech bir odamimiz yo’q turur.Shul xatga yigirma uch vakil muhr bosib, qo’l qo’ygan.Ondin so’ng man keldim.Toshkantning dokladini berib bo’shab ketmak uchun.Majlisga kirgan hamon mazkur vakillar tarafidin to’lg’ozilgan mandat xatni mango berdi va aytdi: “ siz avvalgi rus birodarlar birlan muomila qilmoq ishingizda turursiz” dedi.Man hayron bo’ldim.Manim tamomi hurriyatchi birodarlarim majlisdan majburiy suratda chiqib ketganlar, bir man qolib nima ish qilurman, deb qabul qilmajak bo’ldim.Vakillar ko’p tavallolar qildilar.Shundan keyin man o’yladim: “agar man ham chiqib ketsam, majlisni tarqatib yuborurlar, insholloh o’zimga yana tarafdor topurman” deb qolmoqqa rozilik berdim.Majlisdan chiqib polkovnik Tareznaning yoniga bordim.Ul manga qarab turgon erkan, darhol hay’at bilan majlisga kelduk.hay’at vakillari birlan ko’rishub , har tarafdin so’ylashib o’lturdilar.Russiyadin mutaxassisliklar so’rab keltirmakka tavsiya qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, man Toshkantga ketmasdin bir necha kun avval Peterburgga hukumatga telegramm yuborib, mutaxassislar so’ragan erdik.Inqilobdan so’ng telegramm kelgan: boshliq Musobekov uch kishi yubormak bo’lib saylaganlar.Ushbu hay’atdin sobiq bosh vazir ismiga telegramm kelgan:Yo’l xarajati uchun olti ming manot oqcha so’rab.Husinbek telegrammni majlisga yuborgan.Xon tarafdori bo’lg’on vakillar, xon ham general Mirbadalov bilan maslahat qilg’onlar, olar kelmaklarni xavfli ko’rib, kelmanglar, deganlar.Shularning so’zlari birlan vakillar bizlarga mutaxassislar darkor ermas turur, deb javob qaytarganlar.Polkovnik Tarezna chiqib o’z manziliga ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, o’tgan kecha general Mirbadalov polkovnik Tarezna birlan pinhoniy ko’rishub, ishlarni bitkargan erkanlar.Shuning uchun polkovnik, sobiq bosh vazir Husinbekka hujum qila boshladi.Shu surat birlankim, general xondin rishut olib Husinbekni bosh vazirlikdin iste’fo bermakka majbur qilg’on,deb.Husinbek taptish qila boshladi, guvohlar chiqib general tarafdin kelgan soldatdin so’ramoqchi bo’ldi.Iloji bo’lsa, Husinbekni gunohkor qilmoqchi bo’lib tirishdi.Ertang kechda Husinbekni chaqirib:
-General Mirbadalov xondin risho’t olib, tozadin “inqilob” qilg’on, degan so’zni kimdan eshitding? -deb savol qildi.Ham “ qaysi soldat general tarafidin kelib, general sanga istef’o qilsin deb aytdi? Shul soldatni bilurmisan?” dedi.Husinbek javob berdi:
-General xondin risho’t olg’onini Otajon mahram ham Rahmonbergan Yoqub o’g’li aytdi,-dedi.Bularni yozib oldi.”General tarafdin kelgan soldatni tanirman”, deb javob berdi.
-Agar bilsang shul soldatni munda yuborgil,-dedi.Shuning birlan Husinbekka javob berib yubordi.Ertang oqshomi mazkur bo’lg’on guvohlarni chaqirib, Rahmonbergan Yoqub o’g’lidin savol qilg’on:
-San kimlardan eshitding. General xondin risho’t olg’on, deb?
Rahmonbergan javob bergan:
-Man bozorda xarid qilib yurgan bir savdogarturman, bozorlarda xalqning so’ylab yurganini eshitdim: general xondin qirq ming olib ushbu inqilobni qildi deb.
Polkovnik so’ragan:-Shuni aytgan odamning kim ekanligini bilasanmi?-deganda Rahmonbergan javob bergan:
-Manga kim erkanligini bilmak na hojat, man ko’p xalqdin eshitdim, yana o’z ishimga mashg’ul bo’ldim,-degan.Ondin so’ng Rahmonberganga javob berib yuborgan.Otajon mahramni chaqirib savol qilg’on:
-General xondin risho’t olg’onini kimdan eshitding?
Otajon mahram “Ibrohim qassobdin eshitdim” degan.Ibrohim qassobni keltirib so’raganda , “Vais devondin eshitdim”, deb javob bergan.Yozib olib bularga javob berib yuborgan.Shuning birlan taftish bu oqshom tamom bo’lg’on.Ertang oqshom Vais devonni ham general tarafidin kelgan soldatni chaqirdi.Ma’lum bo’lsinkim, bu taftishlarning kecha bo’lib turg’oni shuning uchundir, mohisharif ramazon ro’zasi edi.Xalqlar kunduz so’zlashmakdin ojiz erdilar.Shuning bilan muningdek taptish ishlari bo’lsa, oqshomlari iftordan keyin bo’lur edi.Vais devonni chaqirib savol qilg’on:
-San Husinbekning odami Otajon mahram bilan Ibrohim qassobning do’koniga o’lturib, “general xondin qirq ming manot olib, ushbu inqilobni qilib qo’ygan”, degansan.
Onda Vais devon javob bergan:
-Man Husinbekning mahrami birlan hech o’lturg’onim yo’q,-degan.Polkovnik qahrlanib “Otajon mahramning o’zi aytdi”, degan.Vais devon aytg’on: “man Ibrohim qassobning do’koniga kelganimda Shixnazarboyning odami Otajon mahram bor edi.Man Ibrohim qassobga aytdum, shunda Otajon mahram eshitgan bo’lsa kerak,- degan.
Unda polkovnik savol bergan: -San kimdan eshitding?
Vais devon aytgan: -Isitma kasali erdim, do’xtirdan dori olmoq uchun kasalxona tamonga borur erdim.Qo’sha darvozaga borgan vaqtda mani qattiq isitma tutdi.Darvoza supasida yotib qoldim.Anchadin keyin hushimga keldim.Shul vaqt odamlar mavj-mavj o’tib turg’on ekanlar, shular bir-birlari bilan so’ylashib o’tib borayotirlar: general xondin qirq ming manot olib, ushbu inqilobni qilib, Husinbekni ozil qilib, Is’hoqxo’jani bosh vazir qilgon,deb.Isitmadin tuzala turib, Ibrohim qassobning do’konida shul xalqdin eshitgan so’zlarimni aytdim,- degan.
Polkovnik qahrlanib savol qilg’on:
-Shu so’zni kim aytdi, shuni ayt?,-degan.
Vais devon javob bergan:-Man sizga kimni tutib berurman, muni ko’p xaloyiq so’zlashib o’tib ketdilar,-degan.
Polkovnik bundan ham bir nimarsa topa olmay, bunga ham javob berib yuborgan.General Mirbadalov tarafdin kelgan soldtadin chaqirib savol qilg’on:
-General saning birlan Husinbekka so’z aytub yuborub erdimi?-deb.Soldat aytg’on:
-General manga aytdi, Husinbekka borib aytgil, darhol bosh vazirlikdan iste’fo qilsin, agar shu kundin qolsa ish yomon bo’lur,-deb.Man borib Husinbekka aytdim, degan.Polkovnik munga hech bir so’z aytmasdin javob berib yuborgan.Bul taftishlardin hech bir natija chiqmag’on. Boshqa bir yo’l izlab, askarlar ichiga borib, ba’zi bir risho’txo’r ofitser, soldatlar birlan so’ylashib, miting qilmoqqa qaror qilib qo’yg’on.Bir kun nohardin so’ng kazarmada metinka yig’nab Husinbekni oldirg’on.Shul vaqt Husinbek manga xabar qildi, man kazarmaga bordim.ko’p katta metinka bo’lg’on erkan.Tamomi askarlar kelgan, polkovnik Tarezna biror nutq so’yladi.Birodar Shokir Tenisov tarjima qildi.Nutq shunga doir : Husinbekning nechuk aybi bo’lsa, shuni bayon qilmoqdin iborat erkan.Bechora haqiqatni sevgan askar birodarlar Husinbekning inqilobni to’g’ri yo’l bilan olib borg’onini ham tamomi Russiya askari ko’p muommalarda bo’lg’onini bayon qildilar.Shul vaqt namozshom bo’ldi, iftor qildim.Bir askar birodar choy qilib berdi.Ondin so’ng man so’z olib, zolim Isfandiyorxonning to’ralarga risho’t berib, general Mirbadalov birlan birga ishlar qilib, bul inqilob bo’lg’onini bir-bir bayon qildim.
Birodar Tenesov tarjima qildi.Tamomi askarlar “urra” deb qichqirib, qo’l chopib, rost deb tasdiq qildilar.Shul vaqt polkovnik askarlarning harakatini anglab, qo’rqib, ohista hech kimga bildirmasdan chiqib Nurillaboy saroyiga qaytib ketgan.Ondin so’ng praporshik Andrenskiy so’z olib so’ylamakchi bo’ldi.
Man aytdim: “birodar Andrenskiyga chek qo’yinglar, nechunkim, hamma so’ziga ruxsat qilsangizlar, bul kishi yurist turur, ertaga so’zlab sizlarga so’z bermas”, dedim.Shuning birlan ungo o’n minut chek qo’ydilar.Andrenskiyning so’zi Husinbekni yomonlamoq bo’ldi.Askarlar bir og’izdin “loj-loj” deb javob qaytardilar.Askarlar ichindin bir askar so’z olib, Turkmanskie sobiteda polkovnik Kolosovskiy nachalnik shtab bo’lg’on vaqtda Andreskiy muovin bo’lib turkman jamoalaridin qancha ashyo va oqchalarni olib qayg’a yuborgani haqqinda dakalat qildi.Hatto bayon qildi: ushbu minib yurgan oti bir Xivali sartning oti erkan.Har kun kelib otni ko’rib yig’lab ketadur, deb ko’p otashin nutq so’zladi.Tamomi askarlar qo’l chopib “pravda” deb qichqirdilar.Shuning bilan ko’p askarlar so’yladilar.Ularning so’zlari askarboshi bo’lib yurgan to’ralarning diyonatlariga doir turur.Shuning birlan miting tamom bo’ldi.Xonning maqsadi shul erdikim, Husinbekka bir ayb topib, uni hibsga olib, pinhoniy o’ldirib yo’q qilmoq erdi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu taftishlardin hech bir natija chiqmagach, polkovnik Tarezna o’z vazifasiga kirishdi.Har qa’la navkarlariga Xivaga kelmakka xat yuborib erdi.Ba’zi askarlar keldilar.Shulardin yaxshi, toza yosh yigitlarni saylab, yigirma besh otliqqa bir yuz boshi saylab, to’rtta yuzboshining askariga miltiq berdi. Boshqalarga miltiq bermakka ehtimol xon rozi bo’lmog’on bo’lsa kerak.Shundin boshqa hech ish qilmasdin bir kun chiqib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Chorosh Jumaqulov polkovnikning qilg’on politika (siyosatlariga) hayron bo’lib o’zining bir ish qilmoq qo’lidan kelmagani uchun ko’p-ko’p xafa bo’lib, ul ham Tarezna birlan Toshkantga qaytib ketdi.General Mirbadalov ham birga ketdi.Munda nachal`nik bo’lib polkovnik Gurov qoldi.Lekin bu ishlardin hech bir natija bo’lmog’onini bilib yovmut qoltoboni Shommi kal yana har qa’laga hujum qilib rozalat qila boshladi.Rusiya askarlari hech bir harakatsiz Xivada o’lturdi.Xon bo’lsa yana har turlik makr-hiyla qila boshladi.Mundan qo’rqqan majlis raisi Bobooxun raislikdan iste’fo qildi.Majlisni ro’za hayitining so’nggigacha ta’til qilib Gurlanga, uyiga ketdi.
Shuning birlan iydi ramazon o’tib ketdi.
Atrofidin vakillar kela boshladi.Bir necha vakil kelgandin so’ng majlis ochildi.Lekin majlis raissiz turur, muovini Yusuf maxsum oxun idora qilib turdi.Bir kuni G’oziobod vakili mulla Muhammad Sharif majlisga taklif kirgizdi; rais saylamoq to’g’risida.Man unga qarshi chiqdim, aytdim: hozir vakillar tamom kelib bitgani yo’q, vakillar tamom kelib bo’lsinlar, undan keyin saylamoq durust turur, dedim.Nechunkim vakillarning ichinda raislikka loyiq kishilar bo’lsa ham ehtimol turur, dedim.
Maxfiy qolmasinkim, Isfandiyorxon har kun o’ziga darak vakillar bilan pinhoniy maslahat qilur erdi.Rais saylamoq to’g’risinda Ortiq oxun bilan biroz qichqirushdik.Shuning birlan rais saylanmay qoldi.Kech bo’lib, majlis tarqalib ketdi.Ertang majlisga vakillar keldilar.Vakillarning adadi o’n to’rt erdi.
Shulardin aksariga qo’l qo’ydirganlar: Ortiq oxun raislikka munosib deb.Chor-nachor Ortiq oxunni rais saylab qo’ydilar.Bu ish xon uchun foydali bo’ldi.Nechunkim, Ortiq oxun bir sodda maxsum turur.Xonning yolg’on xushomad so’ziga ishonib, uning har bir buyurg’on ishlarini qilmoqqa tirishsa kerak.Raisga muovin qilib xonning o’z odami Davlat oxunni sayladilar.Nechunkim, bularning makr-hiylasidan qo’rqib, Yusuf oxun muovinlikdan iste’fo qilib erdi.Shuning birlan majlisning ishlari boshqa bir tur rangda bo’lib ketdi.Hurriyat qayda, avvalgi xon hukumatidan ziyoda Ortiq oxun hukm qila boshladi.Har kun mulla, ma’zin qorilarning azli nasaflaridan boshqa hech bir ish bo’lmadi.Bir kun jonim kuyib aytdim:
-Bu nechuk majlis turur? Har zamon mullalarning masalasidan boshqa hech ish yo’q turur.Majlis shunday idora tururkim, xalqning foydasig’a va manfaatiga qonunlar barpo qilaturg’on bir o’rin turur,- deb.
Manga qo’shilib Xiva vakili Saydullaboy Tillaboy o’g’li ham so’yladi:
-Xalqning ichinda ham bul ishlarga norozilik bayon qilurlar,-dedi.Shunday bo’lsa ham bizlarning so’zlarimiz bir so’z bo’lib qoldi.Rais afandi o’z ishi bilan mashg’ul bo’ldi.Oxiri noiloj bo’lib sobiq hurriyat olg’on vakillar pinhoniy maslahat qildik:” bir jamiyat barpo qilsak, a’zolar ko’p bo’lg’ondin so’ng rasmiylashtirib har turluk mamlakatga foyda bo’laturg’on ishlarni ishlab, majlisga majburiy suratda tasdiq qildirsak”, deb.Shul vaqtda sobiq majlis raisi Bobooxun ham Gurlandan kelib qoldi.Jamiyat haqqinda ul kishiga maslahat qildim.Ul kishi ma’qul ko’rib,Gurlan, Mang’it, Qilichboy, Xitoylardin ko’p a’zolar jamlab bermakka va’da qildi.

Maxfiy qolmasinkim, saroyda savdogar birodarlardin bir necha taraqqiyparvar “Yosh xivaliklar” maslahat qilib sovet-soldatskiy deputatlarga ariza yozg’onlar: “xonning zulmlaridin jonlarimizdin to’yib erdik.Ollohning lutf-karami birla bir necha hurriyatchi birodarlar g’ayrat qilib, siz askarlarning yordami birlan mamlakatni idora qilib o’lturib erdilar.Xalq osoyishta bo’lib erdi.Isfandiyorxon chidamasdan general Mirbadalov va ba’zi askariy to’ralarga risho’txo’r(poraxo’r-U.B.) xoyin oqsoqollarga ko’p-ko’p risho’tlar berib, “inqilob” qilib hurriyatchi vakillarni majlisdan chiqarib yuborib, faqat o’z odamlaridin majlisga vakillar qo’ydi.Shuning birlan yana xalqqa avvalgidan ham ziyoda jabr-zulm qilmoqdalar.Endi qahramon sovet-soldatskiy deputatdin ko’p-ko’p o’tinib, iltimos qilurmiz: ushbu zolim Isfandiyorxonni tushurib, o’rniga boshqa bir taraqqiyparvar xon qilib bersangizlar”, deb.Shul arizani menga ko’rsatib, pochta birlan yubordilar.Ushbu arizani yozdirib yuborgan saroy yoshlaridin marhum Tangribergan Xudoybergan Hoji o’g’li erdi.

Maxfiy qolmasinkim, Matpanaboy oqsoqol Tangriberganning qaynotasi erdi.Ushbu arizadan ogoh bo’lib, xonning yoqin odami Muhammad Yoqubboy Erniyoz o’g’liga aytgan.Shuning bilan Muhammad Yoqubboy, majlis raisi Ortiq oxun xon birlan maslahat qilishib shunga qaror qilg’onlarki, Xiva shahrinda bir yuzga yaqin oqsoqol bor turur ham mullalar bor turur.Bir xat yozib ushbu oqsoqollar va mullalarga qo’l qo’ydirib, ushbu boshliq Husinbek, Polvonniyoz hojilarni Xivadin chiqarib boshqa bir mamlakatga majburiy sur’atda yuborib, molu-mulklarini musodara qilib hukumatga olmoq kerak, deb.Yozilg’on xatning mazmuni shundin iborat turur: ushbu bayon bo’lg’on odamlar tururlar, shariatni yo’q qilib, jadidlarni kirgizmakchi tururlar.Bizlar tubandagi oqsoqollar, mullalar tururmiz, tamomi xalq tarafidin so’rarmiz: ushbu bayon bo’lg’on odamlarni Xorazm tuprog’idin chiqarib yuborsangiz erkan, deb.Shul xatga qa’lada bo’lg’on oqsoqollarni chaqirib qo’l qo’ydira boshlag’onlar.Arizag’a qo’l qo’ydirib o’lturg’on Ashir mahramning devoni Otamurod devon bo’lg’on.

Maxfiy qolmasinkim, oqsoqollar bul xat nechuk xat erkanini bilmaganlar.Ba’zi bir ongliroq oqsoqollar so’rag’onda javob berganlar: tozadin askar so’rab kelturib, turkman yovmutlarini yo’q qilmoqqa xalq tarafidin berilgan ariza, deganlar.Ushbu voqeani birodar Muhiddin Umarov kelib menga e’lon qildi.Shundan keyin man ba’zi oqsoqollarni so’radim.Ular dedilar: “ bizlar hech bilmasmiz, munga qo’l qo’ying dedilar, bizlar xat bilmasmiz dedik, bizlarning tarafimizdin tayin bo’lib turg’on devonlar bizlar uchun qo’l qo’ydilar”.Shu jumladin Husinxo’ja degan oqsoqoldin so’radim: “nechuk xat yozg’on erkanlar?” deb. Javob berdi:
-Man nechuk xat erkanligini o’qib ko’rganim yo’q, qirq bir oqsoqol qo’l qo’yg’on erkan, man qirq ikkilanchi bo’lub qo’l qo’ydim,- dedi.
Man aytdim:- Agar ushbu xatda mamlakatga bir zararli so’zlar yozg’on bo’lsalar, shunga ham qo’l qo’yasizlarmi?,-dedim. Aytdi:
-Bizlarning zarar-foyda birlan ishlarimiz yo’q turur, kattalarimiz buyirsalar, qo’l qo’yaberamiz,-deb javob berdi.
Man “ilohi sizlardek vatanni bilmagan xonlarga lan’at bo’lsin”, deb o’tib ketdim.Ertang saroyda bir necha yosh katta odamlar, hamma ahli saroylar maslahat qilduk: “O’tgan kun hukumat oqsoqollarga qo’l qo’ydirg’on xat nechuk xat turur? Shuni ko’rib bilmasdan o’ltirsak, vatanga xiyonat bo’lur, albatta, borib shul xatni ko’rib bilmak kerak” deb, Nurillaboy saroyiga ravona bo’lduk.Avval majlisga borib, majlis raisidin savol qildilar: “O’tgan kun oqsoqollarni kelturib Otamurod devonlar bir xatga qo’l qo’yg’onlar, shul xat nechuk xat turur, bizlar ko’rsak.Agar vatan, millatga foydali bo’lsa, bizlar ham qo’l qo’ysak.Agar bir shaxsiyatli xat bo’lsa, bizlar oqsoqollarning qo’l qo’yg’onlariga rozi ermas tururmiz”, dedik. “Hech bir qavm oqsoqollarni o’z tarafidin vakil qilg’onlari yo’q turur.Shul xatni bizlarga keltirib ko’rsating”, deb g’ovg’a qilduk.Bosh vazir Is’hoqxo’ja “bizlar ul xatni bilmadik”, dedi.Onda odamlar aytdilar: “ siz bilmasangiz bizlar yaxshi bilurmiz, darhol shul xatni oldirib keltirmagingiz kerak”, dedilar.Xiva vakili Sa’dullaboy majlis raisi Ortiq oxunga savol berdi: “man kim tururman?”,deb. Ortiq oxun aytdi: “san Xiva vakili turursan”.Sa’dullaboy aytdi: “bul nechuk o’g’irlik turur, manim xabarim bo’lmas turur? Albatta bunda bir hiyla bo’lsa kerak”, deb g’avg’o qildi.
Shuning bilan majlisda ko’p janjal qildilar.Muhammad Yoqub qori Eshjon qoriga aytdi: “sizlar nechuk ariza xati yozib sovet-soldatskiy deputatlarga yubordingiz?”, dedi.Eshjon qori aytdi: “saning o’zing yozib
Tangriberganga beribsan, qaynotasi Matpano Abdulla o’g’li manga kelib aytdi”, dedi.Eshjonqori qahrlanib bularning janjalini to’xtatdilar.Oxiri so’z, xalq hujum qila boshladi.Muhammadaminjon hoji, Matpanoboylar Ortiq oxunga aytdilar: “ish yomonga ketdi, albatta shul xatni topib bermakingiz kerak”.Ortiq oxun va’da qildi: ertang erta birlan shu xatni topib bermakka. Shuning bilan saroy ahli farohat bo’lib qaytib ketdilar.Ortiq oxunning maqsadi xonni ko’rib bul xat to’g’risida maslahat qilmoq erdi.Man ma’yus bo’lib qoldim.

Maxfiy qolmasinkim, Karki tarafidin O’runburgskiy otli kazaklar bul voqeadin ikki-uch kun burun kelgan erdilar.Ertang majlis bo’lmadi.Albatta ish xonning siyosiy bir hiylasi bo’ldi.Man ham chorsudagi hurriyat do’konida o’lturib erdim, saroy oqsoqolining o’g’li Muhammad Rahimboy ikki otli kazak soldatni olib kelib aytdi: “ ushbu soldatlar akamning oldiga borib bir nimarsalarni so’radilar, akam ruscha bilmagani uchun sizning yoningizga yubordi: bularning so’zlarini anglab mango aytsin”, deb.Man soldat birodarlar bilan ko’rishib, ularning maqsadlari to’g’risida savol qildim.Olar aytdilar:” bizlar kazak askarlar tarafidin yuborilgan vakillar tururmiz.Bizlarni shul xususda yubordilarki, xalqdin rozilik so’rab kelmoq uchun.Munda xalq ko’p erkan, siz so’rab bering, bizlar ko’p askar munda kelduk, munda hamma narsa qimmat erkan, ham oz erkan, xalqning o’z ehtiyojiga zo’rdin yetishar erkan.Xaloyiq bizlarning kelganligimizga rozi tururlarmi yo yo’qmi? Agar rozi bo’lmasalar, bizlar xondin, askar boshliqidin qo’rqmasmiz, darrov qaytib ketarmiz”, dedilar. Man bularning so’zlarini o’tirg’on odamlarga tushuntirib aytdim.Shul zamon Muhammadnazar Eshonbobo o’g’li degan bir kort so’zga kelib, xalq tarafidin aytdi: “siz birodarlar keldingizlar, sizlardin Olloh rozi bo’lsin.Agar bizda bir non bo’lsa, nisbiy sizlar birlan yermiz, agar siz bo’lmag’on suratda nobakor yovmutlar butun nonimizni olib, bizlarni ochdin o’ldirsalar kerak.Sizlarning kelganlaringizga tamomi o’zbek xalqi rozi tururlar”, deb javob berdi.Ondin ushbu vakillar xaloyiqning so’zlarini bilib, man birlan ham ushbu kort bilan xo’shlashib ketmoqchi bo’ldi.Muhammadnazar kort tavallo qilib aytdi:” maning bu so’zlarimni albatta xon eshitsa kerak.Endi mani o’ldurur”, dedi.Onda vakillar aytdi: “hech nima qila bilmas.Agar sanga bir so’z bo’lsa darhol bizlarning oldimizg’a kazarmag’a borg’il”, dedilar.Shuning birlan turub Muhiddin Umarovning do’koniga ketdilar.Ma’lum bo’lsinkim, xon o’tgan kungi majlisda bo’lg’on voqealardin qo’rqib qozi boshliq ulamolarni huzuriga chaqirib aytg’on: “Polvonniyoz Hoji boshliq bir nechalarini Xivadin yo’q qilmasa, hech farohatchilik bo’lmasa kerak.Biz bul kun eshitdik.Saroy oldiga bir necha o’rus birlan xaloyiqni jam qilib, jumhuriyat qilurmiz”, deb bir turluk so’zlar aytgan.Shu jumladin,” munda hech shariat yo’q, masjid, madrasa yo’q, bularning hammasi bekor” degan.Bul so’zlar yomon so’zlar turur.Shuning birlan hech nima demay o’ltirsangizlar, bir kun rus va xaloyiqlarni hujum qildirsa kerak.Ul vaqtda ishlar mushkul bo’lur.Manim maslahatim: mullalar maslahat qilib, bizlarning shariatimizni haqorat qildi, bul odamni o’ldirmakka javob bo’ldi, deb yosh tolibi mullalarga buyursangizlar, g’avg’oyi om qilib Polvonniyoz Hoji boshliq bir nechalarni tutib o’ldirsalar, shuning bilan ish tamom bo’lib ketar.Ul vaqtda ruslar ham hech so’z ayta olmasalar kerak.Nechunkim, bizlarning shariatimizni haqorat qildi, deb aytursizlar, rus qonunlari, har millat o’zining shariati uchun har nechuk qilsa, ixtiyorli turur, deb ulamolarni chaqirib yuborgan.Shuning birlan ulamolar darhol Madrahimxonning madrasasiga jamlashib tamomi oxun, ma’zin, imom bo’lsin, xabarchilar yuborib kelturib, xonning aytib yuborgan so’zlarini bayon qilib, ko’p muzokaradin so’ng bir orizdan qaror qilg’onlar.Shariat yo’q degan odamni o’ldurib, dunyodin yo’q qilmoq joyiz turur.Tamomi ulamo va mullalarga e’lon qilg’onlar: Polvonniyoz hojini yo’ldoshlari birlan har kim tutib o’ldirsa, ko’p savob topar, deb aytib majlisni yopib, xufton mahal tarqashib ketganlar.

Maxfiy qolmasinkim, qa’lada –arkda devonbegining bir qarindoshi Muhammadyoqub mushrib degan hoji bor erdi.Ulamolardin Siddiq oxun ark masjidiga imom erdi.Xuftonga kelib Muhammadyoqub Masharif va boshqalarga voqeani bayon qilg’on. “Badbaxt Pollvoniyoz Hoji o’tgan kun saroy oldida shariat yo’q deb shariatimizni haqorat qilg’on.Hozir tamomi eshon, ulamolar majlis qilib qaror qildilar, hamma mullalarga buyurdilar:ertang Polvonniyoz Hojining yo’ldoshlari birlan har yerda topsalar, o’ldirmakka buyurdilar”.Mazkur Muhammadyoqub mashrub chiqib Husinbekning joyiga kelib voqeani bekamiko’st aytg’on.Boshqa ba’zi odamlar ham kelib aytib erdilar.Muhammadyoqub mashrubning xabari birlan man shu oqshom Husinbekning joyida yotib qoldim.Ertang boshqa do’st-yorlar ham kelib e’lon qildilar: hech ko’chaga chiqmang, ko’chalarda mullalar mavj-mavj bo’lib qo’llarida har turluk harbiyalar birlan sizlarni izlab yuribturlar.Shuning birlan man Jumaniyoz Ismoil o’g’li birlan Husinbekning bog’ining orqa tarafindagi qopidan (eshikdan-U.B.) pinhoniy chiqib, askarlar kazarmasiga ko’p qattiq yugurib kelib, askarlar birlan to’la bo’lg’on tratuarga kelib farohat bo’lduk.Nechunkim, mullalar askar ko’ringan yerga hech kela olmaslar.Shuning bilan ohista-ohista askariy kazarmaga kelub yetduk.Bir soya yerda o’lturdik.Bizlarni bilgan soldatlar kelib hol-ahvol so’rashmoqqa boshladilar.Man mullalarning ichinda bo’lg’on voqealarni so’zlab o’lturgan vaqtda Bobooxun eshonning sheriki Muhammadrizo oxun kelib e’lon qildi:
-Bobooxun devonbegining joyiga kelib, mani sizlarning oldingizga yubordi, ul kishi munda kelsinlarmi yo devonbegining joyinda o’ltirsanlarmi?
09
Man darhol munda kelsinlar, deb uni qaytarib yubordim.Tez fursatda Bobooxun ham kelib qoldi.Birodar so’fi Ziyolov ham Muhiddin Umarovlar ham kelib yetishdilar.Soldat birodarlar bizlarga choy damlab keltirdilar.Choy ichib o’lturdik.Shunda Bobooxun kulib aytdi:
-Hojibobo! Bizlarning bu o’lturishimiz marhum shayidi hurriyat, mahbad podsho hazratlarining zolim Sulton Abdul Hamiddin qochib, har yerlarga murojaat qilganiga o’xshaydur,-deb.
Choy ichib bo’lgandin so’ng Shokir Tenisov birlan soldatskiy deputatlar bo’ladigan manzilga borduk.Ko’rsak vakillar maydonga miting qilmoqqa borduk.Ko’rsak vakillar maydonga miting qilmoqqa chiqqan erkanlar.Man Muhiddin Umarovdin so’radim:
-Kecha saroy oldiga soldatlar tarafidin vakil bo’lib borgan soldatlarni tanirmisan,-deb.Tanirman deb ketib, bir kazarmadin ikkilarini topib keltirdi.Maning birlan salomlashib ko’rishdilar.Man aytdim:
-Birodarlar! Sizlarning kasofatingizdan bizlarni o’ldirmakchi bo’lib tururlar.Bizlar munda qochib kelduk,-dedim.

Maxfiy qolmasinkim, yaqinda otliq askardin bir necha yuz askar kelib erdi.Shuning birlan avvalgi soldatskiy majlisni tarqatib, tozadin mustahkam majlis tashkil qilmoqchi bo’lib, ushbu miting chaqirilgan ekan.Shunday bo’lsa ham maslahat qilib Shokir Tenisov bilan mitinkaga borduk.So’z olib, hamma bo’lg’on voqealarni aytduk.Askar birodarlardin yordam so’raduk.Mitinkada bir og’izdin “pravda” deb qo’l chopib yordamga tayyormiz, deb qabul qildilar.Shuning birlan majlisning raisi aytdi:
-Sizlar bir oz sabr qilinglar.Bizlar tozadin sovet soldatskiy qo’mita tashkil qilmoqqa hozirdin vakillar saylarmiz.Ondin so’ng avvalgi martabada sizlarning masalangizni qararmiz,-dedilar.
Shul vaqt Husinbek tarafidin bizlarga nohari uchun kabob keldi.Bizlar ovqat yeb peshin namozini o’qiduk.Shul vaqtda nachal`nik garnizon polkovnik Gurovdan bizlarni oldiga chaqirib kishi keldi.Bizlar borduk, bir necha ofitserlar bilan o’lturg’on erkan.Nima voqea deb savol qildi. Bizlar voqealarni bir-bir bayon qilduk.Shundan keyin bizlarning ismlarimizni yozib olib majlisga, bosh vazir Isoqxo’jaga yubordi.Ushbu xatda bayon bo’lg’on “yosh xivalilar”ga hech tarafdin zo’rlik bo’lmasin deb.Shuning bilan aytdi:
-Sizlar endi uylaringizga boring, sizlarga hech kim dahl qilmas,-dedi.Onda man aytdim:
-Sizning shu so’zingiz bilan bizlar uylarimizga borib zolim xonning qo’linda qurbon bo’lurmizmi? Yo’q sizning so’zingiz bilan mundin chiqib ketmasmiz.Ham bizlar sizdin yordam so’rab kelganimiz yo’q turur.Bizlar qahramon askar birodarlardin yordam so’rab keldik.Faqat siz chaqirdingiz, biz sizni oldingizga kelduk.Agar chaqirmagan bo’lsangiz, kelmagan bo’lur erduk,-deb chiqib ketduk.

Bobooxun uning birlan so’zlashib turdi.Man qichqirib aytdim:
-Oxun eshon, munda keling, polkovnik faqat xon tarafdori,-dedim.
Shuning birlan voenniy sobraniedan chiqib, askariy kazarmaga borib, biroz o’lturib choy ichduk.Birodar askarlar ham o’z noharlariga mashg’ul bo’ldilar.Nahoridin forig’ bo’lg’ondin so’ng kunchiqar tarafdagi Tozabog’ga hamma vakillar yig’nalmoqqa boshladilar.Bizlar ham bordik.Tamomi vakillar kelib bo’lg’ondin so’ng rais majlisni ochiq deb e’lon qildi.Avvalgi so’z shul bo’ldikim, Xorazmning dohili ishlariga mudohila qilmoqqami yo mudohila qilmaslikkami? Ba’zi birlari mudohila qilmaslikka, bir necha vakillar, shu jumladin Gurustov so’zladi.Aksariyat mudohila qilurga so’z so’yladilar.Shuni sabab qilib ko’rsatdilarki, bizlar Russiyadin kelib Xorazmni xoriji dohili dushmanlardin saqlarmiz, jonlarimizni qurbon qilurmiz.Nechun dohili ishlarga mudohila qilmasmiz.Mudohila qilmoqqa qaror qildi.Bizlarning ishlarimiz to’g’risida bizlarga ham vakil bo’lib borgan soldatlardin so’radilar, bizlar ham bo’lib o’tgan voqealardin bekamiko’st bayon qilduk.Shuning birlan masala anglashilib rezalutsiya chiqardular.Vakillardin olti vakilni komissiya qilib, xonning oldiga yuborib, sovet soldatskiy qo’mitaning qilgan qarorini e’lon qilsinlar.Qaror shundan iborat turur: yosh hurriyatparvar Xivalilarg’a mullalardin yo boshqa bir grajdanlardin birorta ziyon yetishsa,xon javobgar turur, deb.Shuning birlan majlis tamom bo’ldi.Bizlar ertagacha shul manzilda yotmoqni iltimos qilduk.Majlis raisi aytdi:
-Bu yerda yotmoq uchun o’rin yo’q, joylaringizga boring, hech voqea bo’lmas,-dedi.
Bizlar aytduk: -Bizlar qo’rqurmiz,nechunkim, nodon mullalar bir voqea qilib qo’yishlari ehtimoldin holi emas.Agar bo’lmasa bizlarga bir necha askar qorovul qo’shing, bizlar birlan birga bo’lsinlar, —deduk.
Ondin so’ng birodar Tenisovga aytdi:
-Tatarskiy krujokdin besh adad yorog’siz askar qo’shib yuboring, bular birlan hamroh bo’lib, Husinbekning joyida yotsin.
Birodar Tenisov besh adad musulmon askarlardin qo’shib yubordi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu kun Gurlan fuqarolaridin bizlarga Isfandiyorxon kerak emas turur, deb o’z taraflaridin sovet soldatskiy deputatlarga arz qilmoq uchun vakil yuborgan erkanlar.Vakillar domulla Abulxayr, Ollaberganboy, Qo’ziboy, mulla Murodlardin iborat erkan.Ushbu vakillar mitinka qilib, Gurlan fuqarolarining so’zlarini askarlarga so’ylab berdilar.Askarlar yordam qilmoqqa va’da berdilar.Bizlar no’g’ay askar birodarlar birlan Husinbekning joyiga kelib nahori qilib yotduk.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu voqealar 1917 yil avgust oyida erdi.Ertang turib, choy ichib, erta noharisini qilib, soat to’qqizlarga askar birodarlar birlan soldatskiy qo’mitaga, Tozabog’ga kelduk.Askar birodarlar hech voqeasiz bizlarni salomat keltirganini taqdim qildilar.A’zolar yana zasedaniya qilib, bizlarga javob berdilar.Nahordin so’ng bir necha paytun aravalar kelturib, bizlarga javob berib, o’zlari boshqa masalaga mashg’ul bo’ldilar.Bizlar mazkur qorovullarimiz birlan qaytub Husinbekning joyiga borub, nahori qilib, aravalar olib, vaqt bo’lg’onidin so’ng kazarmaga borduk va olti vakil birodarlar birlan aravaga o’lturib, Husinbekning bog’iga keldik. Bobooxun birlan ko’rishduk. Biroz o’ltirg’ondin so’ng xonning oldiga ketmakchi bo’ldilar.Bobooxun manga aytdi:
-Agar san shariat yo’q deb aytibsan , desalar, rost aytdim, albatta , shariat yo’q turur.Agar sohibi shariat bo’lib o’lturg’onlarga xon yoki boshqa bir sipohiy bor ishni qilib ber, desa, darhol bag’ayrihaq berurlar, shariatga qaramaslar.Man shunday ishlar haqqinda aytdim, deb javob bering,—dedi.
Onda man aytdim:
-Taqsir, man mulla ermas tururman, agar sizning aytgan javoblaringizni aytsam yana bir boshqa savol qilib ehtimol mani ojiz qilurlar.Man rost so’zdin boshqa hech so’z aytmasman,-deb aravalarga o’lturib Nurillaboy hovliga ravona bo’lduk.
Hovlining oldiga borsak, bosh vazir Isoq xo’ja aravasiga o’lturib, uyiga ketmakchi bo’lub, yo’lga chiqqan erkan, man izidan qichqirdim, to’xtadi.Qaytib Nurillaboy hovliga kirduk.Hovlida hech kishi qolmag’on
erkan.Majlis ham tarqalib ketgan erkan.Bozor kuni erdi.Man Isoqxo’jaga aytdim:

-Qozi eshonlarni ham chaqirib keltiring,-dedim.
Isoqxo’ja aytdi:
-Bul nechuk voqea turur? Kecha nachal`nik garnizondin xat keldi, sizlarga hech odam dohil qilmasin deb.Shuning birlan ba’zi yosh mulla bachchalarga koyish qilib tarqatib yuborildi,-dedi.
Man aytdim:-Xo’jam, sizning munday ishlar bilan hech ishingiz bo’lmasin. Hazratning ishlab turg’on ishlari shunday yupqa siyosat turur, u “yosh xivaliklar”ni dunyodin yo’q qilmoqchi turur.Nodon mullalar esa ushbu hiylalardin ogoh ermaslar.Ular bir necha begunoh musulmonlarni dunyodin yo’q qilmoqchilar,-deb javob berdim.
“Endi siz xonni chiqarib bering, bul vakillarning unga aytadigan so’zlari bor turur”deb xonga muntazir bo’lub o’lturdik.Man tahorat qilib namozi peshinni ham ado qildim.Bizlarning yonimizda xonning tarjimoni Sergey Bedanov kelib o’lturdi.

Maxfiy qolmasinkim, Isoqxo’ja xonga xabar qilg’on.xon buyurg’on:
-Tamomi ulamolar, sipohiylar, ahli majlis risho’txo’r oqsoqollarni kishi yuborib keltursin,-deb.Isoqxo’ja har tarafga kishilar yuborgan.Qariyib bir soat o’tgach, ulamolar kela boshladilar, sipohiylar ham tamom keldi, ahli majlis ham keldi.ayvon-ayvonning to’rida soldatlar kursida o’lturdilar.Qushbegi, mehtar, yasovulboshi, vazirlar oyoq ustinda turdilar.Shul vaqtda xon hazrat haram saroyidin chiqib, bir necha mahramlari birlan kelib yetishdi.Shul zamon xaloyiqlar oyoq ustiga o’lturib, avvalgi odatlaricha qo’l qovushtirib salom berdilar.Xon kelib o’z o’rnida o’lturdi.Qozi-ulamolar, majlis ahli ham o’lturdilar.Sipohiylar oyoq ustida turdilar.Man faqir yolg’iz bir tarafda ulamolarga ro’ybo-ro’y bo’lub o’lturdim.Ondin so’ng soldatskiy qo’mitadin kelgan vakillardin otli kazak ofitser Plotnikov degan xon birlan so’ylashmakchi bo’ldi.Shul kishi ruscha lison birlan xonga aytdi:
-Bizlar soldatskiy deputat tarafidin sizning bilan so’ylashmak uchun kelgan vakillar tururmiz.O’tgan kun soldatlar qa’la ichiga vkillar yuborgan erkanlar, shul xususidakim, shahar odamlaridin so’rab ko’ringlar: bizlarning kelganimizga xalq rozi tururlarmi? Agar bizlarning munda kelganimizga xalq rozi bo’lmasa, ul vaqtda darhol qaytib ketarmiz, deganda , ushbu o’lturg’on Polvonniyoz Hoji xalqning iltimos qilgani uchun tarjimon bo’lib, surat voqeani xalqqa anglatg’an erkan.Shuning birlan mullalar kecha izdihom qilib, ushbu birodarlarni o’ldirmakchi bo’lib, ko’p mullalarni har yerga yuborib, bul kishilarni topib keltirmakka buyurg’onlar.Bul kishilar ushbu qonli voqeani anglab kecha xalq pinhoniy kazarmaga borib arz qildilar.O’sha yerda majlis qilib, qaror qildilarki, “Yosh xivalilar”ning boshlig’i Polvonniyoz Hoji va boshqalarga har tarafdin bir hodisa bo’lsa, Xiva xoni javobgar turur, deb.Ushbu qarorni sizga ma’lum qilmoq uchun ushbu birodarlarni vakil qilib mandat yubordilar.Sizga ma’lum qilurmizki, ushbu “yosh xivalilar”ga bir voqea bo’lsa, siz javob bersangiz kerak,-dedi.

Tarjimon xonga tushuntirdi.Xonning fig’oni jonidin chiqib, aytdi:
-O’tgan kun man ulamolarni munda chaqirib erdim, vakillarning so’zlarini so’ylashmak uchun.Shul vaqtda bir necha oqsoqollar kelib, qozi-a’lam eshonlarga arz qildilar.Polvonniyoz hoji kecha saroy oldida bir necha ruslar birlan shariat yo’q, masjid yo’q, madrasa yo’q, deb g’avg’o qilib o’lturib, turur , shuning uchun ushbu Polvonniyoz hojiga muvofiq tanbeh qilib jazo bersangiz erkan, deb.Qozi-eshonlar shunday jazo bermakchi bo’ldilar.Man aytdim: bul safar afu qiling, agar ana shunday nomuvofiq so’zlarni so’ylasa, ul vaqtda shariat yo’li birlan jazo berilsin, deb qoldirg’on edim,-dedi.

Ham kecha nachal`nik garnizondan xat kelib, bul voqea tamom bo’lg’on erdi.Tarjimon ruscha lison bilan vakillarga xonning so’zini anglatdi.Shul vaqtda man o’rnimdan turib, “taqsirlar, arzim bor turur”, deb so’zga boshladim.Aytdim:
-Bir odam musulmon bolasi bo’lsa, o’zi hech maktab-masjid ko’rmasa, hamisha to’g’aylarda mol boqib, cho’pon bo’lib yursa, hech shaharga kelgan bo’lmasa, o’zi musulmon bolasi erkanligini onglasa, bir odam shunga aytsa, shariat yo’qdur, deb aytgil desa, shul odam shariat yo’q deb ayturmi?,-dedim.
Onda ulamolar aytdilar:
-Hech bir musulmon bolasi bo’lg’on bu so’zni aytmas,-dedilar.Man aytdim:
-Taqsirlarim, man alhamdullliloh rabbil olamin musulmoni komil tururman.Maning ham bir mullacha mullaligim bor turur.O’zlaringiz insof va diyonatlaringizga havola qilib o’ylanglar, man shariat yo’q turur, deb ayturmanmi?,-dedim.
Ul vaqtda qozikalon Xudoybergan oxun javob berdi:
-San shariat yo’q deb aytur deb hech e’tiqod qilmasmiz,-dedi. Qozi Hikmatulla eshon aytdi:
-Sani hech vaqtda shunday so’z aytur deb hech kim gumon qilmas,-dedi.Man ulamolarga ta’zim qilib o’z o’rnimga o’lturdim.Ondin so’ng Isfandiyorxon komili g’azab birlan manga qarab aytdi:
-Hoji eshon, o’zing so’ylab turasanmi? YO boshqalar ham so’ylasinlarmi?,-dedi.
Man aytdim:
-Man maqsadim bo’lg’on so’zni so’zlab bo’ldim.Endi kim so’ylasa, so’ylasin,-deya javob berdim. Shul vaqtda majlis raisi Ortiq oxun so’yladi:
-Man hech eshitmadim, nechunkim, o’rtamiz uzoq erdi.Man o’yladim, albatta hurriyat, ozodlik haqqinda so’z bo’lsa kerak, deb.Voqea ham shul erkan.
Shundan keyin man aytdim:
-Taqsir eshonim, so’zingiz rost turur, man har nechuk so’z so’ylagan bo’lsam , hurriyat qonuni birlan so’ylaganman, man uni yaxshi bilurman.Ammo sizlar hurriyat nima ekanini bilmassizlar, shuning uchun manim so’zlarim
sizlarga og’irroq kelsa kerak,-deb javob berdim. Ondin so’ng vakil Plotnikov so’zga chiqib aytdi:

-Taqsir, biz vakillar munda sizning bilan “Yosh Xivalilar” Polvonniyoz Hoji Yusupovning ishini tekshirishga kelganimiz yo’q.Bizlar kecha sovet soldatskiy deputatlarimizning chiqarg’on qarorini sizlarga tushuntirish uchun kelduk.Yana takror ayturmiz, mundan so’ng “Yosh xivalilar” boshlig’i Polvonniyoz Yusupovga bir ziyon yetishsa, siz boshingiz bilan javobgar bo’lursiz,-dedi.
Unda xonning fig’oni jonidan chiqib aytdi:
-Man nechuk javobgar bo’lurman?Man tamomi xalqning ishlarini ham hukumatning ixtiyorini majlisga topshirg’on bo’lsam, menda hech ixtiyor bo’lmasa, faqat har kunda bir martaba xalq kelib arz qilurlar, eshitub majlisga darak bo’lg’onini majlisga yuborurman, shariatga yubormak darkor bo’lsa, qozilarga yuborurman, manda hech bir ish qilmoqoqqa ixtiyor qolmadi.Iloyi har kim yomon bo’lsa, Olloh Taolo jazosini bergay,-deb duo qila boshladi. Man “Ilohi omin!” deb qichqirib aytdim:
-Nechunkim, tamomi yomon fe’l bo’lsa xonning o’zinda turur, boshqa hech bir yomon odam yo’q turur.
Shuning birlan majlis tamom bo’ldi.Vakil bo’lg’on soldatlar ham xon birlan xo’shlashib ketdilar.Man ham ular birlan yo’lga ravona bo’ldim.Lekin qichqirishib vakillarga ruscha lison birlan xitob qildim:
-Sizlardin rozi ermasman!
Olar “nechun?” deb savol qildilar.Man aytdim:
-Ushbu so’zlar to’g’risinda Isfandiyorxondin manga bir xat olib bermadingizlar,-dedim.Onda ular “xudo hohlasa, ertaga olib berurmiz”, dedilar.

Maxfiy qolmasinkim, vakillar ulamolarga e’lon qildilar, ba’zi mullalar ko’chalarga g’avg’o qilib, “Yosh xivalilar”ni kofirlar deb izlab yurgan ermishlar.Darhol e’lon qilinglar: mullalar shahardin chiqib bir necha vaqt sahroga ketsinlar.Agar bir voqea bo’lib “Yosh xivalilar”ga biror zarar bo’lsa kerak, dedilar.Ulamolar xabarchilarga buyirdilar: “yosh mullabachchalar darhol sahroga ketsinlar” deb.Vakillar birlan Nurillaboy hovlining maydoniga chiqduk.Ko’rsak tamomi xaloyiqlar jam bo’lub tururlar.Bozorda bo’lg’on odamlarni tamomi haydab olib kelib turlar.Mazlum xalq qaydin bilsin, nima voqea turur.Chor-nochor savdolarini qo’yib kelganlar.Ba’zi xon tarafdorlari kamoli xush vaqtlik birlan har kimlarga so’ylab kelganlar: “Polvonniyoz Hojini shariat yo’q degani uchun o’ldururlar”.
Ushbu xaloyiqlarni ko’rib, vakillar aytdilar: “endi ochiqdan ochiq bilduk.Isfandiyorxonning maqsadi nima ekanligini.Xalqning ichindin zo’rdin o’tib tashqaridagi aravalarimizning yoniga chiqduk.Bir necha xoin risho’txo’r xon tarafdori oqsoqollar vakillarga aytdilar:
-Bizlar sizlarning qilg’on qarorlaringizga hech rozi ermasmiz,-dedilar.
Onda vakillar aytdilar:
-Sizlardin o’n oqsoqol kazarmaga boringlar, onda sizlarning so’zingizni hal qilurmiz,-dedilar.vakillarning maqsadlari shul erdikim, bir necha xon tarafdorlari oqsoqollarni hibs qilmoq erdi.Yana Vafo yomoqchi degan bir odam aytdi:
-Bizlarga hurriyat darkor ermas turur, bizlarga xon bo’lsa bo’lg’oni,-dedi.

Onda vakillardin armani Ushorov degan qahrlanib aytdi:
-Agar sizlarga hurriyat kerak bo’lmasa, bizlar tamomi askarlarni Xivadin olib chiqib ketarmiz.Sizlar yovmutlar birlan nechuk bo’lsangizlar, shunday bo’lingiz,-deb javob berdi.
Shuning birlan aravalarga o’lturib, qaytib ketduk.Vakillar kazarmaga ketdilar, man Husinbekning joyiga, Bobooxunning yoniga borub voqealarni bayon qildim.Ham “ertang “Yosh xivalilar” haqqinda xondin xat olib bermoqchi bo’ldilar”, dedim.Bobooxun bir xat yozdi, shundan iborat tururkim, “Yosh Xivalilar”ga har kimdan bir ta’riz bo’lsa, man javobgar bo’lurman”, degan mazmunda.Man o’sha xatni olib kazarmaga borib, birodar Usharovga yo’liqib xatni berib aytdim:
-Ushbu xatni xonga muhr qildirib bering,-deb.
Ul xatni olib, man birlan majlisga kelib, xatni majlis raisi Ortiq oxunning qo’liga berib aytdi:
-Ushbu xatga xon hazratning muhrini bostirib chiqarib bering,-deb taklif qildi.Ahli majlis xatni o’qib ko’rdilar.Muhammad Yoqub Qori Erniyoz o’g’li aytdi:
-Bu nechuk so’z turur? Yosh Xivali bo’lg’on birodarlar birov birlan bir shaxsiy bir ish birlan urushsalar, onda ham xon hazratlari javobgar bo’lsa kerak,-dedi.Onda birodar Ushorov aytdi:
-Sovet soldatskiy deputatlarning katta majlisi qarori shul turur, albatta bajarmak darkor turur,-dedi.

Shunda Xonqa hokimi Xudoybergan oxun majnunona harakat qilib,” bizlar bul xatga qo’l qo’ydirmakka hech vaqt rozi bo’lmasmiz.Bularni soldatlar nima qilsin,-deb ko’ylakning yoqosidin tutib torta boshladi.Shuning bilan bir necha g’avg’o bo’ldi.Rais oxun aytdi:
-Bu ish bugun qolsin, ertang hal qilurmiz,-dedi.Albatta bu ishlar to’g’risida xon bilan maslahat qilmoqchi erdi, lekin shul vaqtda qoltabon yovmut shaykasi Shommi kalning talon-taroj ishlari ziyoda bo’la boshladi.Xon hazratlari ertasi o’z yaqinlari birlan maslahat qilishib shunga qaror qilg’onkim, Shommi kalning bahonasi birlan askar keltirib Shommi kalni yo’q qilurman.Shu birlan Toshkentga ketib “Yosh Xivalilar” haqqinda ham bir chora ko’rmakka hozir bo’lib, darhol yo’l-yarog’ini hozirlab ketmakchi bo’ldi.Hatto ba’zi xizmatkorlarini yo’l asboblari birlan Xonqaga chiqarib yubordi.Bizlar hayron bo’lub qolduk: “Bul nechuk siyosat turur, yana nima qilmoqchi bu?”. Oxiri shunga qaror qilduk:Shahar oqsoqollarining ba’zi taraqqiyparvalariga tushuntirdik: “ Xon Shommi kal bilan bilan bir turur.o’zi ketgandin so’ng albatta ular Xivaga hujum qilsalar kerak.Shuning uchun munday nofarog’at vaqtda xon hazratni hech qaerga yubormaslikka arz qilinglar, bizlar sizning Toshkantga ketmakingizga rozi ermasmiz, denglar”.
Ondin so’ng bir necha oqsoqollar arz qildilar: “Sizni hech qaerga ketmakingizga rozi ermasmiz.Siz toshkantga ketib qolsangiz albatta yovmut tarafidin bir voqea bo’lib qolmog’i ehtimol turur.Albatta siz rus askarlari birlan so’ylashmasdin hech ketmassiz”, dedilar.
Isfandiyorxon oqsoqollarga ko’p so’z aytdi:
-Man o’zim toshkantga borib, ushbu yovmut yomonlarini qilib turg’on ishlarini tushuntirib, ko’p askar olib kelurman,-dedi.
Oxiri shunga qaror bo’ldi: Ushbu kechada Russiya askarlaridin sovet-soldatskiy deputat, hamma ofitserlarni taklif qilib, umumiy majlis qilib ushbu voqeaning chorasini ko’rmakka.Shuning birlan man borib sovet-soldatskiy qo’mitaga e’lon qildim: tamomi vakillar soat to’qqizda ushbu kun Nurillaboy hovliga xon birlan majlis qilmoq uchun kelmakka.

Maxfiy qolmasinkim, nachal`nik garnizon polkovnik Gurov yovmut ichiga ketgan erdi. Shuning birlan tamomi vakillar chaqirilg’on odamlar kelib tamom bo’ldilar.Xonning katta ayvonida katta ustar qo’yib majlis bo’ldi.Har turli yaxshi abrikus, kanfetlar, marmaladlar kumush sajvorlarda choy ham, kofelar muhayyo turur.Choydan so’ng xon so’zladi .Soliboy Baqqolov tarjimonlik qilib aytdi (Chunki, yig’inda ruslar ham ishtirok etayotgandi-U.B.):
-Ushbu kun man Toshkantga ketmakchi erdim.Fuqarolar qo’rqib manga e’lon qildilar: yovmutlar hujum qilsa biz nechuk qilurmiz, deb. Men sizlarni taklif qilg’onim shuning uchunkim, sizlar shunga mutasaddi bo’lsangizlar yovmutning qa’laga hujum qilmasligiga.Man darhol Toshkentga borib, o’zim hukumat birlan so’ylashib, munda katta bir kuch olib kelurman,-dedi.
Sovet soldat raisi ko’p so’ylab javob berib turdi.Shul vaqt majlis vakili “Yosh xivalilar” din Yusuf maxsum oxun turib aytdi:
-O’zingiz ketmasdin majlisdin bir necha vakillar yuborsangiz nechuk bo’larkan?,-deb.Xon komili g’azab birlan unga javob berdi:
-Saning o’zing boraqo’ygil!,-dedi.Xonning maqsadi Toshkantga ketmak erdi.Shul vaqt Yusup yosovulboshi manga aytdi:
-Saning o’zing so’ylagil.
Man aytdim:-Siz xotirjam bo’ling, askar birodarlar faqat maning aytgonimga aytarlar,-dedim.Ko’p muzokaralardin so’ng shunga qaror qilindiki, oshig’ich ravishda Toshkantdin bir polk otli askar so’rab telegramm bermakka.Shuning bilan majlis tamom bo’ldi.Ondin so’ng nahori chakildi, hamma odamlar xo’shlashib, qaytib ketdilar.Xonning bu maqsadi hosil bo’lmadi.Ko’p-ko’p afsus siyosatda biz “Yosh xivalilar” ko’p xato qilgan ekanmiz.nechunkim, agarda xon ushbu safarda Toshkantga ketgan bo’lsa, ishlari tamom bo’lmasdin oktyabr inqilobi bo’lub qolur erkan.Albatta xonni o’ldurub yo’q qilib yuborur erdilar.Bizlar “yosh xivalilar” hatto Xorazm ahli bul munofiqdin qutilur erdilar.Bul ish bo’lmay qoldi.Taqdir shul erkan.

Maxfiy qolmasinkim, polkovnik Gurov Terakli degan mavzega Shommi kalning ustiga borib, Shommini qa’lasiga qamab, ko’p-ko’p otib urush qilg’on.Yovmut yomonlari qa’laga qamalib, otishub yotg’onlar.Yovmutlar qa’laga ko’p oziq jamlab qo’yg’onlar.Qa’laning ichinda ko’p quduqlari ham bo’lg’on.Bir necha kun turub, polkovnik askarlari bilan Toshhovuzga qoldurub, o’zi Xivaga keldi.Mundin otli askar so’rab berilgan telegramning natijasi ko’runub qoldi.Karkidagi otli polkni Xivaga kelmakka buyruq qilg’onlar.Toshkantdin majlisga telegram keldi.Shuning bilan toza askarga muntazir bo’lub o’lturdik.Polkovnik Gurov ham Toshkantga qaytib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, Husinbek birodari Sardorboy birlan Toshkantga sayohat qilmoqchi bo’ldilar.Mani ham olib ketmakchi bo’ldilar.Man qabul qilmadim.aytdim:
-Agar man sizlar bilan Toshkentga ketib qolsam, munda majlis amri bilan “yosh xivalilar” haqqinda ko’p yomonliqlar qilsalar kerak.Nechunkim, majlisda “yosh xivalilar” tarafdori bir man tururman.yoshlarga tarafdor vakillar bo’lsalar ham ular siyosatdin bexabar tururlar.Faqat maning so’zim bilan “Yosh xivalilar2 fidoyisi uchun qo’l ko’tarurlar, shuning uchun manim munda qolmog’im ziyoda turur.Yana ham sovet-soldatskiy deputat askarlar ichiga borib ma’lumot berib tururman.Agar man bo’lmasam, xonning odamlari askarlarga borib, ba’zilariga risho’t berib, “yosh xivalilar”ning qilg’on siyosatlarini xarob qilurlar,-dedim.
Shundan keyin faqat Husinbek rozilik ko’rsatmadi.Nechunkim, har yerga safar bo’lsa ahvoli zamonni nazar e’tiborga olib chor-nachor rozi bo’ldi.Urganch vakili Hakim Bojibon o’zi birlan birga olib ketmakka qaror qildi.Hakim Bojibon Urganchga uyiga ketdi.yo’l saranjomlarini qilib Xonqag’a Husinbekni oldiga chiqmoqchi bo’ldi.U o’z tarafidin vakillik uchun manga guvohlik xati bermakchi bo’ldi.Man aytdim:
-Ushbu guvoh xatini Urganchga borib odamlarni yig’nab, ularning roziliklarini oldida iqror qildirub, ondin so’ng qozilardin xat qildirub, o’zingiz muhr qilib, manga yuboring.Shunda qonunga muvofiq bo’lur,-dedim.
Ertang Husinbek xo’shlashib Toshkentga iroda qildi.Ikki kundan so’ng Hakim Bojibon Urganch odamlarining roziligi birlan majlisga o’z o’rniga muvaqqat vakil qilib qozilarni tasdiq qildirub xat qilib yuborgan erkan, kelib yetishdi.Man majlisda rais afandiga ko’rsatdim.Rais afandi ma’yusona qabul qilib. Sarkotibga berdi, daftarga qayd qilmoq uchun.Shuning birlan majlisda har turluk qottiliqlar bilan qo’ldan kelgan qadar inqilobga foydali ishlar bo’lsa ishlab turdim.Olloh ko’rsatmasin, har kuni rais afandi birlan qichqirishmoqdin boshqa ish qila bilmaduk.Nechunkim, Isfandiyorxon bir makkor odam turur.Bechora soddadil Ortiq maxsum afandiga xushomad qilib bir ishni ishlamakka amir qilur.Xonning aytqon so’zlarini bechora rais afandi rost xayol qilib, majlisda amalga qo’ymoqchi bo’lur.Ushbu ish hurriyat qonunidin bir ziyoda ish bo’lg’onligi uchun, man vakillarga tushuntururman.Shuning birlan vakillar rozi bo’lmaslar va ko’p vaqtlar bo’shga o’tib ketar.

Maxfiy qolmasinkim, majlisda so’ylangan bekor so’zlarni bayon qilib yozsak, qog’oz va siyohlar zoyi bo’lsa kerak, ham tarixni o’qig’on odamlar o’qimoqdin bezor bo’lsalar kerak.Shuning birlan bo’lib o’tgan befoyda so’zlarni yozmoqni o’zimga munosib ko’rdim, afu qilsinlar.Bir kunda ikki marta majlis bo’lur erdi.Ertadin kech peshingacha, kech peshindan namozshomgacha.Shul vaqtda Chorjavdin temir yo’lni o’lchab, Peterburgdin zemlemerlar keldilar.o’t-aravaning Xiva vokzali qaysi yerda bo’lmog’i munosib deb majlisga murojaat qildilar.Majlis maning bilan Muhammad yoqub Erniyoz o’g’liga havola qildi: sizlar bir munosib yerni ko’rsating, deb.Bizlar maslahat qilib G’o’vik ko’li bo’yinda bir joyni ko’rsatduk.Qa’ladin ikki chaqirim masofada turur.Zemlemerlar xon bilan ko’rushub o’z ishlari bilan mashg’ul bo’ldilar.Va’da qildilar: mundin qaytib borib, ushbu proektlarimizni tasdiq qildirub ish boshlarmiz,
deb.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kun o’tgandin so’ng kazachiy ofitser polkovnik Zaytsev bir necha yuz otli kazak askarlari bilan kelib, Xiva kazarmasiga tushdi.Bizlar peshvoz chiqib ko’rishduk.omonlashib, yo’l mashaqqatlaridin so’zlashib, ruxsat olib qaytduk.Ertang rasmiy ravishda polkovnik bir necha askarlar birlan kelib, xonni va majlisni ziyorat qildi.Ba’zi turlik so’zlarni so’ylashib o’z manzilimizga qaytib ketdi.

021Maxfiy qolmasinkim, shul vaqtda bir necha o’tinchi odamlar kelib majlisga arz qildilar: “o’tgan kun qumda o’tun olib yuborib erdik, yigirma besh tevaga yuk o’ralg’on o’n yetti otli birlan mashhur qaltabon xon Junayid qumdin chiqib, bizlarni tutib eshaklarimizga mindurib, oldiga solib, suv yoqasiga eltib, o’zi yovmut ichiga ketdi, bizlarni qaytarib yubordi”, dedilar.Ushbu so’z haqinda majlisda muzokara bo’ldi.Ba’zi vakillar bo’ldi.Ba’zi vakillar xon Junayid ermas, boshqa bir savdogar bo’lsa ham ehtimol, dedilar.O’tinchilar aytdi: “Junayidning o’zi turur”, dedilar.Nechunkim, xon Junayid Xiva qa’lasini olg’onda tamomi uni tanir erdilar.Shuning birlan bizlarga buyurdilar: borib polkovnik Zaytsevga ma’lum qilmoqqa.Bizlar borub majlisda bo’lg’on voqealarni bir-bir bayon qilduk.Ham o’z tarafimizdin taklif qilduk: darhol o’zini jamlab bo’lguncha Junayidxon ustiga bir kazak askarlardin yubormak kerak.Agar urushsa, urushmoq, yarashsa, darhol o’zining odamlari birlan munda keltirib, saqlamoq kerak, dedi.Polkovnik Zaytsev turkman siyosatlaridin bexabar, toza kelgan bir odam bo’lg’onligi uchun bizlarning bul taklifimizga ko’p ahamiyat bermadi.”O’ylab ko’ramiz”, dedi.Agar bizlarning qilg’on taklifimizni e’tiborga olib askar yuborgan bo’lsa darhol munda kelgan bo’lur erdi. Nechunkim, yovmut ichinda xon Junayiddin hamma odamlar rozi ermas erdi.Tamomi yovmut jamoalari xon Junayidning sababidin talon-taroj bo’lg’on erdilar.Afsus, polkovnik vaqtni o’tkazdi.Olloning irodasi shul erkan.Hech bir chora yo’q turur.Bizlar ma’yus bo’lib, xo’shlashib qaytub kelib, bayon voqeani ma’lum qildik.Shuning bilan bir necha kun o’tib ketdi.

056Maxfiy qolmasinkim, Shommi kalning ustinda bir necha otli askar yotib erdi.Ovullardin ham xabar kelgan: Xon Junayid o’z uyiga kelgani haqqinda.Bir kun majlisga xon Junayid tarafidin Shixnafas Sulgin degan bir yovmut elchi bo’lib keldi.Mazmuni shul turur: agar rusaskarlari manga javob berib biroz yordam qilsa, man boshliq bo’lib Shommi kal va tamomi yovmut yomonlarini yo’q qilurman, deb aytib yubordi, deb ma’lum qildi.Majlis darhol bizlarga qo’shub, kazarmaga polkovnik Zaytsevning oldiga yubordi.Bizlar Shixnafas bilan borib tarjimon Muhammadjonga aytduk, tarjimon kelib xabar qildi: kelsinlar deb ruxsat qilg’on.Bizlar elchi birlan birga kirib, ko’rishub o’lturib , “ushbu birodar xon Junayiddin kelgan elchi turur.Majlis sizning huzuringizgga yubordi” dedik..Polkovnik xushvaqt bo’lib, so’ylashmakka boshladi.Nechuk ul tarafdin kelganligini va qancha vaqtda kelib chiqqanligini, qancha vaqt qayda yurganlarini.Shixnafas javob berdi: “bir yildan ziyod afg’on ichindabo’lg’onliklarini, yaqinda chiqib kelganligini, hurriyat bo’lg’onliklarini eshitgandan so’ng qaytg’onliklarini bir-bir bayon qildi.Polkovnik nechun munda kelganligini savol qildi.Javob berdi: “xon og’a kelgandin so’ng ko’rdi, tamomi faqiru-fuqarolar jabr zulmdin ozod bo’lib, o’z bechoraligi birlan mashg’ul tururlar.Xonning ko’p vaqti xush bo’ldi.Lekin Shommi kal hamon o’z yomonliqida fuqarolarni talon-taroj qilib yurub turur.Shuni ko’rib, fuqarolarni qayg’urib mani munda yubordilar.Agar siz javob bersangiz,Shommi kalning ustiga o’z odamlari birlan borib, urushib, Shommi kalni yo’q qilmoqchi turur.Sizdin biroz o’q talab qilur, yordam qilsangiz”, dedi.Yovmut siyosatidin bexabar Ovro’padin yangi kelgan polkovnik Zaytsev xushvaqt bo’lib yordam bermakka va’da qildi.Ham o’z tarafidin xon Junayid birlan ko’rushub kelmak uchun vakillar yubormakchi bo’ldi.Shuning birlan elchiga javob berdi.Ham dedi:
-Ertagacha mehmon bo’lib turing, ertang xat berib yuborarmiz,-dedi.

Elchilar qaytib ketdilar.Bizlar polkovnik oldida qolib, man aytdim:
-Gospadin polkovnik, hozir ko’p yaxshi vaqt turur.Xon Junayidning oldiga sizdan qo’rqqanidan hech kim borgani yo’q turur.Shul sababdin ul hiyla qilib, sizning oldingizga Shommi kal birlan urushurman deb kishi yuborgan.Lekin bul katta bir siyosat turur.Agar siz rozi bo’lib javob bersangiz, avval o’ziga dushman yovmutlarni ustiga borib, mollarini talon-taroj qilib, o’zlarini o’ldurur.Ondin so’ng qolg’on yovmut jamoalari qo’rqib, chor-nachor xon Junayidga tobe bo’lib qolurlar.Ul esa shundin foydalanib, ko’p ishlarni qilsa kerak.Lekin ushbu vaqtni g’animat bilib, xon Junayidni odamlari birlan tutmoq kerak, -dedim.
Polkovnik aytdi:
-Biz bu yerdan bir necha vakillar yuborib o’zi birlan so’ylashib ko’raylik. Ondin so’ng nechuk bo’lsa ilojini qilurmiz,-dedi.Bizlar ma’yus bo’lib, chiqib majlisga kelib, bo’lgan voqealarni majlisga bayon qilduk.Majlisda vakil bo’lib o’lturg’on turkmanlar ko’p-ko’p xafa bo’ldilar.Polkovnikning bul tutg’on yo’li xato bir yo’l erkani tamomi Xorazm ahliga ma’lum turur.Shuning birlan majlis tarqab ketdi.Ertang erta birlan Shixnafas birlan kazarmaga polkovnikning oldiga borduk.Polkovnik xat qilib berdi, ham salom aytdi, ondin chiqib, majlisga kelduk.Majlis ham xat qilib berdi.Shuning birlan elchilar qaytib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, polkovnik xon Junayid tarafiga yubormak uchun bir hay’at tashkil qildi.Hay’at shundan iboratki, o’zining ad’yutanti tatar praporshik Fatixov, soldatskiy deputatlardan armani Ushorov , yana yetti-sakkiz odamdin iborat bir hay’at qilib, xon Junayid birlan so’ylashmak uchun yubordi.Bul elchilar xon Junayidning uyiga borib tushib har tarafdin so’ylashganlar.
Xon Junayid aytg’on: -Munda hurriyat, ozodlik bo’lg’onini eshitib qaytib keldim.Lekin turkman jamoalari bo’lsa hamisha hur ozod tururlar, faqat o’zbek jamoalari zulm-istibdod birlan band bo’lib, bir odamga qul bo’lib yurmakda erdilar.Shunga hech bir odam toqat qila olmas erdi.Olloh rozi bo’lsin, “yosh xivalilar” vaqtni g’animat topib qahramon askarlarning yordami birlan hurriyat olg’anlar.Endi man munda kelib ko’rsam, avvalgi qoltabon Shommi kal yana yomonlik qilib mamlakatni nofarohat qilib yurgan erkan.Agar Russiya askarlari manga ixtiyor berib, ba’zi yordamlarni ko’rsatib tursalar, Shommi kal tursin, boshqa yovmut yomonlarini ham yo’q qilurman,-dedi.

Borg’on vakillar xon Junayidning ushbu shirin so’zlariga firib bo’lib, rost xayol qilib, yordam qilmoqqa va’dalar qilib, xat olib, xat berib, masrur bo’lib qaytib keldilar.Voqealarni polkovnikka so’ylab, xatlashgan xatlarni topshirdilar.Afsus, sodda Ovro’pali o’qig’on rus birodarlar ushbu sahroyi sodda turkmanlarning hiylasiga aldanib, ko’p shodlik qildilar.Bizlar “Yosh xivalilar” turkmanlarning siyosatini bilganlik vajidin ko’p-ko’p xafa bo’lduk.Nechunkim, xon Junayid ushbu ahdnomadin istifoda qilib o’z yoniga turkman yaxshi-yomonlarini jam qilsa kerak.Albatta bul tarafdin xotirjam bo’lg’ondin so’ng, xon Junayidning yaxshi ko’rgan va yomon ko’rgan odamlari bo’lsin majburiy suratda uning oldiga yordam qilmoqqa kelsalar kerak.Agar birontalari kelmay tursa, ul kishi ham yomonlardin bo’lib, uning borib, o’ldurub, uyini talon-taroj qilsa kerak.Shu jumladin Bobo yuzboshi bormog’on erkan.Bir kun ustiga borib, bir necha og’a-ini o’g’ullarini o’ldurub, uyiga o’t qo’yib tamomi molu-mulki, ashyolarini talon-taroj qilib olib ketgan.Bechora Bobo yuzboshi ko’p mashaqqatlar birlan o’zini qutqarib, oqshomi bilan qochib kelib, bo’lg’on voqeani ma’lum qildi.Majlisning buyrug’i birlan polkovnik Zaytsevning oldiga olib borib arz qildirduk.Polkovnik tamomi bo’lg’on voqealarni xat qilib oldi.Xon Junayidga xat yozarman deb, Bobo yuzboshiga javob berib yubordi.Birodarlar o’zlaringiz fikr qilib ko’ring, bul nechuk siyosat turur? Askar boshliqi bo’lg’on polkovnikning tutg’on diplomatik siyosatidin bechora Bobo yuzboshi yig’lab yonidan chiqib ketdi.Shuning birlan har kuni bir voqea zuhurga kela boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu bayon bo’lg’on Shommi kal xon Junayid birlan avvaldin dushman erdi.Hatto 1914 yili Xivani yovmutlar olmasdan bir necha kun ilgari xon Junayid Shommi kalning ustiga borib ko’p urushg’on erdi.Shunda kal xon Junayidga tobe bo’lmag’on erdi.Xon Junayid ushbu rus askar boshlig’i birlan qilg’on ahdnomani g’animat bilib, dushmani bo’lg’on Shommi kal birlan bir qarorga kelmakka ko’p-ko’p g’ayrat qildi.Shuning birlan yoniga ko’p yordamchi odamlar jam qildi.Hatto bir kun xabarchi keldi: “Shommi kal bizning joyimizga hujum qilib keldi.Bir necha odamlari bilan , inisini o’ldurduk”, deb.Soddadil polkovnik shul so’zga ham ishonib, vaqti xo’sh bo’lib, majlisga xat yozib ma’lum qildi.Shunday siyosatlar bilan Xorazm ishlari ko’p yomon bo’lib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, bir kun xon Junayid tarafidin bir necha otlilar kelib, Mang’itda o’zbeklarning bir necha mollarini olib, bir necha hovlilarni o’tlab ketganlar.Mang’it o’zbeklari kelib arz qildilar, ham ma’lum qildilar: ushbu qaltabonlarning Qorayolpon turkmanlaridin ham odamlar bor turur, deb.
Polkovnik darhol bir otryad otli askar Mang’itga yubordi.Ular Mang’itga borib, urushib, yovmutlarni qochirib yuborib, taftish qilib, Qorayolpon katxudolaridin bir nechalarini tutib hibs qilg’on.Surat voqea shul turur: mazkur qaltabon otlilar ichinda beglar begining o’g’li ham bo’lg’on erkan.Beglar begi ushbu o’g’lini tutib keltirgan erkanlar, ikkisini ham hibsga olib, tamomi hibsda bo’lg’on katxudolarni necha turlik azobu-uqubat birlan o’ldurganlar.Shuning birlan o’zbeklar birlan do’st bo’lg’on Qorayolpon turkmanlari ham dushman bo’lib bo’lib chiqib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, majlisga vakil bo’lib turg’on turkmanlarni ham taftish qila boshladilar.Bir nechalarini tutib hibs qildilar.Bir nechalari qo’rqib qochib ketdilar.Shuning birlan Xorazm ishlari yomonlashib ketdi.Maxfiy qolmasinkim, sovet-soldatskiy deputatlari maslahat qilib, patrashdin ya’ni daf’i ehtiyoj do’koni ochmoqchi bo’ldilar.Ushbu do’kon ko’p darkor erkanligini e’tiborga olib, majlis mani a’zolikka so’radi, majlis qabul qildi.Shuning birlan ishga kirishduk.Har poyi bir manotdin qo’yildi, shunday qilib a’zolar qabul qilmoqqa boshladuk.Har kim boyliklariga qarab, o’ttiz poy, yigirma poy yozila boshladilar, nechunkim, ushbu bayon bo’lg’on do’kon avvaldin Urganch shahrida bor edi.Har kim foydasini bilgan erdilar.Sal vaqtda ko’p aqcha dastmoya jam bo’ldi.Shuning birlan prezidium saylandi.Raislikka Gurin degan bir otli kazak to’ra saylandi.Muovinligiga Muhammadyorboy, xazinachi bo’lib Sobirboy Polvonqori o’g’li saylandilar.Shuningdek bir necha a’zolar ham saylandilar.Shunga qaror qildilarki, Russiya, Buxoro, Ashxaboddin mol keltirgan savdogarlarning mollaridin olg’on baholaridin hisoblab, o’ndan birini olmoqqa.Yana ham Toshkant, Samarqand, Buxorodagi bo’lg’on katta-katta fermalardin arzon baholar birlan do’kon uchun mollar olib kelmak uchun kishi yubormakka.Shuning birlan To’rtko’l potrebkoop do’koniga kishi yuborildi.Bir vagon qand olib kelmakka.ushbu do’konning dasturamalini majlis ham, polkovnik Zaytsev ham tasdiq qildilar: Ertang prezidium xonning a’zolari birlan birga borib ko’rib, do’kon uchun aqcha so’ramoqchi bo’ldi.Nurillaboy saroyiga borduk.Xonning mahramlariga e’lon qilduk.Mahram xondin ruxsat olib chiqib kirmakka taklif qildi.Hammalarimizni bosh vazir Isoqxo’ja boshlab xonning oldiga olib kirdi.A’zolar bir-bir qator turib xonga ta’zim qilib, salom berib oshoqda( pastda-U.B.) turdilar.Do’kon raisi Gurin tarjimon qozoq Qo’qonboev birlan xonning oldiga yaqin borib turdilar.Xon taklif qildi o’ltirmoqqa.Ondin so’ng o’lturub do’kon haqqinla so’z boshladilar.Bizlar ushbu do’konni fuqarolarning manfaatlari uchun ochduk.Bahosini ko’p arzon qilurmiz.Siz ham yordam qilib, bir necha yuz poyga yozilib, aqcha bersangiz, deb taklif qildilar.Xon darhol ko’p bo’lur deb qabul qildi.Hamda zolim makkor xon so’zga kirib aytdi:
-Man o’z fuqaro-farzandlarim uchun har na qilib ber desangizlar, yordam bermakka tayyorman.Manim salbiy , farzandi yo’q, deb hech kim aytmasinlar, manim bir million ma’naviy farzandim bor turur, -dedi.Shul aytg’on so’zlariga kelgan a’zolar birlan birodar Sholikorov ham tasdiq qilib, qulluq taqsir, deb javob berdilar.Shunda man pinhona ohista Sholikorovga aytdim:
-U yolg’on aytur, man uning hech farzandi ermasman,-deb ohista kulishib qo’yduk.Shuning birlan xon hazrat Gurov birlan so’ylasha boshladi.So’zlari shundan iborat turur:
-Polkovnik Zaytsev hech maning oldimga kelmadilar.Boshlab kelgan vaqtlarida bir kelib ko’rishub ketdi, keyin kelmadi, man shunga xafaman,-deb ko’p so’zlarni aytdi.
Gurov unga aytdi:
-Siz xotirjam bo’ling, sizning oldingizga yuborurman,-deb va’da berdi.Shuning birlan do’konga o’n sakkiz ming manot bermakchi bo’ldi.Hamma xo’shlashib, ta’zim qilib, qaytib chiqduk.
Maxfiy qolmasinkim, polkovnik Zaytsev kelgan vaqtidin buyon xon birlan hech ixtilof qilmadi.Hamisha kazarmada bo’lib, o’zini hurriyatparvar qilib biz “yosh xivalilar”ga ko’rsatib turdi.Faqat yovmutlar siyosatdin ko’p xatoga yo’l tutdi.Hurriyatparvar “Yosh xivalilar”ga hech bir ziyon u yetkarmadi.Endi muddaoga kelsak, ushbu badbaxt Gurov borib polkovnikka xonning so’zlarini bayon qilg’on.Ertang man kazarmaga borgan edim, polkovnik bir necha konvoy otlilar birlan ot ustinda man bilan salomlashib,Nurillaboy saroyiga-xonning oldiga o’tub ketdi.Xon birlan so’ylashub , o’lturushub qaytib keldi.Shundan keyin har ikki kundan keyin kelib xon birlan so’ylashmakka boshladi.Biz “yosh xivalilar” ko’rdik: Olloh saqlasin, endi bu makkor xon, bunga har turli yolg’on so’zlar aytib, har turlik hadiya, birilliant, oltin soatlar, aqchalar berib biz yoshlarni nechuk qilur erkan, deb Ollohga tavakkal qilib o’lturdik.Ushbu vaqtda Russiyada , Toshkantda Oktyabr inqilobi bo’lib, piyoda askarlar birlan otli kazak askarlar orasinda qonli muhoraba bo’lib ketganligi munda ham ma’lum bo’ldi.Shuning birlan piyoda askarlar birlan otli kazak askarlar o’rtasin buzilib ketdi.Mundan 732-chi drujina piyoda askarlari Toshkantga qaytmoqqa buyruq olg’on.Alarning o’rniga 737-chi drujina piyoda askarlar kelmakchi bo’lg’on.Shuning birlan bizlarning tarafdorimiz bo’lg’on 732-chi drujin qaytib ketdi.Shularning ichinda birodar Shokir Tenisov ham Abdishukur Latipovlar ham qaytib ketdilar.Bizlar ularni uzotib, yig’lashib qaytduk.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kun burun 737-chi drujinadin bir rota askar kelib erdi.Shuning ichinda Orif Kelibeliev ham bor erdi.Ul birodar ham hurriyat yo’linda ko’p xizmat qilg’on erkan.Har turlik va’dalar qilib aytur erdi:
-Sizlar hech xafa bo’lmanglar, man xudo hohlasa 737-chi drujina askarlarimiz tamom kelib bo’lg’onlaridin so’ng, darhol ushbu Isfandiyorxonni o’rnidan tushirib, jumhuriyat qilib berurmiz,-dedi.

Maxfiy qolmasinkim, 737-chi drujina askarlarining qo’mitasiga ushbu birodar rais erkanlar.Bizlarning baxtimizga qarshi Toshkantda musulmon askarlarning qurultoyi erkan.Shunga musulmon askarlardin birodar Orif afandini saylagan .Ham uni ertaga chiqib ketmagiga qaror qilg’onlar.Orif afandi kelib, mani ko’rib xo’shlashib ketmakchi bo’ldi.Man Toshkantda Husinbekka, Otajon mahram, Bobojonboyga, Hakim Bojibon, Sardorboylarga xat qilib berdim: Orif afandiga har nechuk yordam bo’lsa darhol bermakka. Ham Toshkantda “Yosh xivalilar”ning turg’on joylarining adresini yozib berdim. Hamda Toshhovuz, Manoq, Ilolli fuqarolari tilidin qozi xatni berib erdilar:”bizlar ushbu xonlikka rozi ermasmiz”, deb.Shul xatni ham Orif afandiga berib yubordim.Shuning birlan xo’shlashib ketdi.Orif afandi Toshkantga borib Xivada bo’lib turg’on ahvoldin onda bo’lg’on “Yosh Xivalilar”ni ogoh qilg’on.Hamda fuqarolarning ariza xatlari to’g’risida ispolnitel`niy qo’mitaga mufassal bir doklad qilg’on.Lekin bul vaqt inqilob bo’lib, har turluk tashkilotlar bo’lib turg’on vaqt bo’lg’oni uchun dokladni qo’yganlar.Undan hech bir natija bo’lmag’on.Orif afandi ham Xivaga kelmay Toshkantda qolg’on.Bizlarning baxtimizga qarshi 737-chi drujinaning qolg’on olti rotasi Chorjavga kelib, Buxoroga qaytib ketganlar.

Maxfiy qolmasinkim, Toshkantda bo’lib turg’on boshliq Husinbek, Sardorboy, Hakim Bojibon, Bobojonboy, Otajon mahramlar ham Xivaga kelmak uchun yo’lga chiqdilar.Xudoybergan Devonov burunroq kelgan erdi.Bular ham sog’-salomat kelib yetishdilar.

DAVOMI BOR

«Xurshid Davron kutubxonasi» uchun maxsus tayyorlandi.

045

(Tashriflar: umumiy 662, bugungi 1)

Izoh qoldiring