Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (03)

035

Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

3-БЎЛИМ: ”ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ ВА УНИНГ ХОНЛИК ТУЗУМИГА ҚАРШИ КУРАШИ
(3-бўлимнинг давоми)

077Энди Хивада бўлиб турғон аҳволотдин баён қилурмиз.Хивада мажлисда хоннинг ҳар турлук макр-ҳийласини вужудга чиқармоқчи бўлиб, Ортиқ охун ва хонга сотилган вакил афандилар музокара қилмоқда эрдилар.Полковник Зайцев ҳам хоннинг илтимоси бирлан казармадин хоннинг яқин дўсти бўлғон Баққоловнинг жойига кўчиб келди.Ҳам хотини Хивага келмакчи бўлиб, Чоржавдин йўлга чиққан эркан.Хон амри билан пешвоз чиқмоқ учун катта сарой равасини бир неча отли навкар қоровуллар бирлан Дарғонотага юборди.Ҳам хоннинг ҳийласи бирлан шаҳар оқсоқолларини чақириб келтирмакка Отаниёз девон, Муҳаммад Юсуп девонларга буюрди.Нечунким, аларнинг қўлларида Хоразмга дарак ерларнинг дафтарлари бор турур.Ҳар йил халқдин алар орқали солғут (солиқ-У.Б.) олинур эрди.Яна ҳам ушбу баён бўлғон девонларга амр қилди: “ келган оқсоқолларга яхши зиёфат қилинг.Ҳамда қозиларнинг олдига уларни элтиб иқрор қилдирингки, ўз тобеларимиз бўлғон одамлар тарафидин ихтиёрларимизни қози ислом бўлғон уламоларимизга топширдик, деган хат олинглар, ҳамда ҳар қаъладаги эшонларга хабарчи юборди: муқаррар бўлғон вақтда Хивага келсунлар ,” деб.Шундай қилиб “Ёш Хивалилар”ни йўқ қилиб мажлисни тарқатиб юбормакка тайёргарлик кўра бошлади.Мундин ташқари хон ўз маҳрамлари бирлан Жунайидга кўп сарполар, ақчалар бериб дўстлик қила бошлади.Биз ёшлар ушбу хоннинг қилиб турғон политикаларини кўриб ҳайрон, саросима бўлиб қолдук.”Ёш хивалилар”дин аввалги мажлиснинг раиси бўлиб турғон Бобоохун Гурландин Хивага келган эрди.Агар мумкин бўлса у кишини тозадин раис қилсак, бир иш қилур эрдик, деб маслаҳат қилиб бир кун саройда ҳурриятпарвар “ёш хивалилар” бирлан сўйлашиб Бобоохунни яна қаъла тарафидин тозадин вакил сайлаб, мажлисга раис қилмоққа қўлларини қўйдириб хат олдик.Шунинг бирлан сарой одамлари ёшларга тарафдор оқсоқоллар ҳам аввалги ҳуррият олиб мажлисга вакил бўлғон биродарлар икки юзга яқин одамлар бирлан мажлисга келиб доҳил бўлдик.

Аҳли мажлисга халқнинг қўл қўйиб берган хатни чиқариб бердук.Мажлис саркотиби ўқиб маълум қилди.Хатнинг мазмуни шундан иборат эрди,аҳли сарой одамлари ҳам хатда баён бўлғон оқсоқоллар мажлисдин камол тўбанчилик бирлан ўтиниб илтимос қилурмиз, бизларнинг вакилимиз Бобоохун истеъфо қилиб мажлисдин чиққан эркан.Бизлар анинг истеъфосига рози эрмасмиз, яна шул вакилимизни мажлисга келтириб, аввалги ўз ўрнига қўйсангизлар эркан, деган.Мажлис раиси ҳам хоннинг тарафдорлари бўлғон вакиллар ҳайрон саросима бўлиб, нечук жавоб бермакни билмай тўхтаб қолдилар.Шу жумладин Муҳаммад қори Эрниёз ўғли айтди:
-Ушбу илтимосларингиз ҳаққинда бошлиқ қози эшонлар ҳам уламоларга мурожаат қилсангизлар эркан.Агар эшонлар маъқул кўриб жавоб берсалар ул вақтда мажлисга тоза вакил сайлаш мумкин бўлур,-деди.

Анда “Ёш хивалилар”дин Солий Юсуп ўғли айтди:
-Биродар бу нечук сўз турур, бир неча минг одам ўз тарафидин бировни вакил сайлаб мажлисга келтирсалар, у бунга қози-эшон, уламоларимизнинг нечук ишлари бор турур.Агар шариатга доир бир масала бўлса, ул вақтда қози-эшонларимизга борсак мумкин.Бул иш бўлса, халқ ўз тарафидин келтирган вакилнинг сўзи турур.Сизнинг бу сўзлаган сўзингиз мусулмонларни уламолар билан душман қилмоқ учун бир сўз турур.Бизлар уламоларимизга дини-шариат учун жонимизни фидо қилурмиз,-деди.
Шунинг бирлан ман раис афандига айтдим:
-Жон тақсир, қабул қилинг, Бобоохун бўлса ҳам ўз биродарингиз турур.Сизлардин бежавоб ҳеч бир иш қилмас.Албатта бул ғовғанинг тамом бўлгани яхши турур,-деди.
Раис афанди чор-начор розилик берди.Шунинг бирлан бориб Мадаминхоннинг мадрасасидин Бобоохун эшонни мажлисга келтурдик.
Шу куни мажлис кеч бўлиб тарқалиб кетди.

Махфий қолмасинким, ушбу оқшом кооператив дўкони учун маслаҳат бор эрди.Вакил бўлғон одамлар дўконга келдилар.Шул вақтда биродар Шоликаровга уйидин хабар келди: “ отангиз бир ҳолда ётиб турур”, деб.Ушбу биродар жавоб олиб уйига кетди.Мажлисда қараладиган масалалар тамом бўлди.Ман ҳам Ҳусинбекнинг жойига кетдим.Нечунким, “ёш хивалилар”нинг маркази шунда эрди.
Маълум бўлсинким, хон ҳазратлари тамоми мулла, эшонларга киши юбориб, ўз ҳузурига олдириб айтғон:
-Бир неча жадид динсиз “ёш хивалиман” деб жаҳонни бузиб юрган одамлар бор.Шуларни дунёдан йўқ қилмагунча мамлакатда тинчлик бўлмаса керак.Албатта шуларни олдуриб зиндонга ҳибс қилмоқ керак ва уларни зиндонда йўқ қилмоқ керак,-деган. Эшонлар “ хўп бўлур” деганлар.

09Шунинг бирлан ушбу кеча тамоми эшонлар, муллалар, сипоҳийлар хон тарафдори бўлғон оқсоқоллар хоннинг олдига келиб, бизларни олиб келмак учун киши юборганлар.Биз ушбу воқеани олдиндан англаб, аркка мулла, эшонлар олдига бормасдан, полковник Зайцевнинг олдига бориб воқеани маълум қилдик.Полковник бизларни қолдириб ўзи аробага ўлтуриб, аркка хон, мулла, эшонларнинг олдига кетди.Бориб кўрсаки, кўп халойиқ, мулла, эшонлар жам бўлиб бизга мунтазир бўлуб ўлтурғон эрканлар.Полковник муддаони бироз англаб, “бул нечук йиғонқ турур?”, деб савол берган.Онда Урганчли Муҳаммад Солий эшон жавоб берган:
— Бир неча жадидлар бор эрканлар, бизларнинг шариатларимизни таҳқир қилиб юрган эркан эрмишлар.Шуларни чақириб, мавофиқи шариат жазо бермакчи турурмиз,-деб ҳар тарафдин ғовға қилғонлар. Полковник айтғон:
— Мундай катта йиғноқ қилиб юрмакларингиз ҳеч ҳожат эрмас турур.Балким бир воқеа рўй бериб қолмоқ эҳтимоли бор турур.Сизлар ўзларингиздан бир комиссия сайланг, шул комиссиялар ишни ҳақиқатлигидин огоҳ бўлиб, ҳукм қилсинлар,-деди.Ҳам яна айтди:-Сизлар дарҳол ушбу жамиятларингизни тарқатиб юборинг -деб, ўзи қайтиб бизларнинг олдимизга келди.Ва айтди:
— Сизлар Полвонниёз Ҳожи бошлиқ “Ёш хивалилар” мулла, эшонларни шариатларини ҳақорат қилур эркансизлар,- деб бизларга койишнома сўзлар арз қилди.

Ман унга жавобан айтдим:
— Аларнинг шариатлари бизларнинг шариатларимиздан бошқа эрмас турур.Ҳеч бир миллат ўз дини ва шариатини таҳқир қилмаса керак.Ҳамиша ўзининг дини, шариатнинг ривож бўлмоғига қўшиш қилса керак.Бул бўлиб турғон ҳийлалар хоннинг макри турур.Бизлар агар ўлиб кетсак ҳам ўз шариатимизни таҳқир қилмасмиз,-деб жавоб бердук.
Шунинг бирлан қайтиб Ҳусинбекнинг уйига келиб шунда ётдик.Эртанг биродар Шоликоровнинг отаси дунёдан ўтган жанозага бориб эшитдук: уламо, эшонлар ҳам кеча бўлғон оқсоқоллар арк олдидаги Муҳаммадраҳимхон мадрасасига жам бўлиб,Бобоохунни ҳам Эшчон қорини ҳузурига олдуриб ўтган кун мажлисда бўлғон ғавғолар учун кўп ҳақорат берганлар.Баъзи нодон хон тарафдори одамлар Бобоохунга ёмон сўзлар айтиб сўкканлар.Бобоохун айтган:
-Ман ўзим мажлисга бормадим.Мани мажлисга вакил келиб олиб борди,-деб жавоб берган.Ондин сўнг нодон халқ ғавғо қилиб аларнинг ичидан бири чиқиб Эшчан қорини халос қилиб, бир ҳужрага солиб яшириб қўйғон.Шунинг билан хоннинг беҳаё тарафдорлари ҳар турли номувофиқ ҳақоратлар бирлан, “Ёш хивалилар”нинг исмларини айтиб сўкканлар.Шунинг бирлан бизларни олиб келмак ҳаққинда муллалар ўйлаб турғонлар, яна ўйлағонлари агар ушбу мажлисга “ёш хивалилар”ни олиб келинса, бир воқеа бўлиб, рус аскарлари келиб уруш бўлмасин, деб саросима бўлиб турғонлар.

Махфий қолмасинким, рус пиёда аскарларига кеча айтиб эрдим:
-Агар эртанг муллалар жамлашиб қолсалар, сизлар бир неча аскарлар билан томошабин бўлиб шу ерга бориб туринглар.
Ушбу ман айтғон аскар биродарлар томошада бор эрканлар.Муллалар шу аскарлардин қўрқиб, бизларга киши юбормай ҳайрон бўлиб қолғонлар.Бизларга ҳар соат келиб хабар қилиб, воқеани баён қилиб турдилар.Бизлар ҳам ишонч суратда марҳум Назир Шоликоровнинг отасини тақбин ва тажҳир қилиб қабрга қўйиб, биродар Назир Шоликоров билан отга миниб қаъланинг бошқа дарвозасидин чиқиб, ғалати йўл билан, таъжил тамом бирлан юриб казармага бориб, совет-солдатский депутатлари маҳкамасинда ўлтурган вакил биродарларга сурат воқеани баён қилдик.Саркотиб дарҳол мажлис чақирмоқ учун вакилларга повестка юборди.Тез фурсатда вакиллар жам бўлиб келди.Мажлис очилди.Ман сурат воқеани беками ,бенуқсон баён қилдим.Ҳам ўзларимиз учун қоравуллар талаб қилдим, полковник хонга сотилғонини ҳам маълум қилдим.Мажлис қарор қилди: “Ёш хивали” бўлғон инқилобчи биродарлар учун ҳар тариқа хавф бўлса ҳам шунга қарши туриб “Ёш хивалилар”ни муҳофаза қилиб ҳеч хон муллаларга бермасға.”Ёш хивалилар” учун беш адад милтиқли қоровул бермакка” қарор қилиб мажлисни ёпдилар.

Махфий қолмасинким, мажлис қилиб ўлтурғон эшон, муллалар ушбу совет-солдатский депутатининг қилғон қарорларини эшитиб митингларни тарқатиб юборганлар.Бобоохун бирлан Эшон қорига ҳам жавоб бериб юборганлар.Бизлар келиб қоровулларимиз бирлан Ҳусинбекнинг уйинда бўлдик.Баъзи “ёш хивалилар”дин Солий Юсуп ўғли, Муҳаммад Амин Эшчан ўғилларига киши юбордук, мунда келсунлар, деб алар ҳеч келмадилар.Шу жумладин Юсуф безар Аҳмад ўғли қози калон эшонга хизматкор бўлиб фароғат бўлғон.Эртанг Назир Шоликоровнинг марҳум отасининг оши бўлғон.Бизлар қоровулларимиз бирлан девонбеги Ҳусинбекнинг ўғли Сайид Ҳусийнбойни олиб фотиҳа ўқимоққа қаълага ,Шоликоровнинг уйига келдук.Чорсуда Солий Юсуп ўғлига йўлиқдик.Ман кўришиб айтдим:
-Биродар Солий афанди, сизлар бизларнинг олдимизга келмай хотиржам бўлиб ўлтурибсизлар.Сизлар гумон қилманглар, бизлар булар бирлан қўшилмай турсак, бизлар бирлан ҳеч кимнинг иши бўлмас деб.Ҳозир жаноби хоннинг бул палитикаси турур.Агар сизларга ҳозир бир сўз айтса, сизлар ҳам уркиб бизларнинг олдимизга борурсизлар.Бизларнинг куч-қувватимиз кўп бўлур.Ҳозир буларга ҳеч гапирмоқ даркор эмас турур, деб сизларга гапирмасдан қўйғонлар.Сизлар хотиржам бўлинглар, агарда , худо кўрсатмасин, бизларга бир воқеа рўй берса, сизларни дарҳол тутиб олурлар.Нечунки, сизлар ҳамиша ўз уйларингизда турурсизлар, худо ҳоҳласа, иншоллоҳ бизлар қутулурмиз,-деб ўтиб кетдик.

Энди сўзни хон бирлан полковник Зайцевдан эшитинг.
Хон дарҳол полковникни ўз олдига чақириб, кўп нимарсалар бериб, илтимос қилғон:”Полвонниёз Ҳожи бошлиқ “Ёш хивалилар”ни ва Ҳусинбекларни бир турли йўл бирлан йўқ қилиб бермакни “айтган.Полковник хонга айтган:
-Бир неча оқсоқоллар бизга ариза ёзиб кирсунлар, “ёш хивалилар”дин бир нечалари ҳар ерда бизларнинг шариатимизни ҳақорат қилиб юриб турур.Бизларнинг онга ҳеч тоқатимиз йўқ турур.Шуларга ўз шариатимизга мувофиқ жазо берсак эркан,деб.Ман жавоб берурман: бизнинг сизларни диний ишларингиз билан ҳеч даҳлимиз йўқ турур, ихтиёр ўзларингизда, ўз шариатимиз бўйича ҳукмга бермакка ихтиёрли турурсизлар.Фақат сизнинг сиёсий ишларингиз бирлан ишимиз бор, диний ишларингиз бирлан ишимиз йўқ турур, деб жавоб берурман,-дебди.
Ондин сўнг яна “ҳар нечук қилсангиз ихтиёр ўзингизда турур”, деган.Буни эшитиб золим Исфандиёрхоннинг вақти хуш бўлиб, ришутхўр оқсоқолларга буйирғон: ариза ёзиб полковник Зайцовга бермакка.Оқсоқоллар –Ҳусайин заргар ҳожи, Паҳлавон бўёқчи, Оташ ҳожи,Ромонбой, Муҳаммадшариф божибон ва бир нечалари дарҳол ариза ёзиб, тайёр қилиб полковникка элтиб берганлар.Полковник жавоб берган:
-Бизнинг сизларнинг диний ишларингиз бирлан ҳеч даҳлимиз йўқ турур, ихтиёр ўзларингизда турур.

Оқсоқоллар шодланиб хоннинг олдига келганлар, бул воқеани бизлар эшитиб , ёшлар жамланиб полковникнинг олдига бордук ва маълум қилдук: “эртага бизларни суд қилмоқчи бўлиб турурлар.Сизнинг олдингизга ёрдам сўраб келдук” , деб.Полковник қаҳрланиб жавоб берди:
-Сизларнинг диний ишларингиз бирлан ҳеч даҳлимиз йўқ турур, сиёсий иш бўлса биз сўрармиз,-деди.
Ман айтдим:-Бу иш хоннинг политикаси турур,-дедим.Полковник бошқа сўз айтмай:
-Сизларга нима зарари бор,эртага бир комиссия аскарий депутатлардин сайлармиз ҳам маниг адъютантим маҳрамим Фотиҳов ҳам шул комиссияда бўлсин,-деди.
Ман айтдим:-Ажаб бир адолатли комиссия бўлди,Фотиҳов бўлса ҳамиша хондин инъом ва эҳсонлар олиб юрғон хоннинг тарафдори турур, бизлар унга ҳеч рози эрмасмиз,-дедук.
Полковник “ондин бошқа маним қўлимдан ҳеч бир нимарса келмас турур” деб ўз бўлмасига кириб кетди.
Ман айтдим:-Биродарлар! Ушбу хонға сотилғон полковникдин бизларга ҳеч фойда йўқ турур.Бизлар совет-солдатский депутатларга бориб казармада бўлмоғимиз керак, деб казармага равона бўлдук.Казармага келиб бизлар бўлмоққа жой талаб қилдук.Тўпчи аскарлар казармасида бизларга жой бердилар. Бизлар шунда бўлдук.Ҳам аскарлар эртанг митинг қилмоққа ваъда қилдилар.Эртанг туриб намозимизни ўқиб, чой ичиб, вақт кутиб ўлтурдик.Аскарлар маслаҳат қилиб митинканинг вақтини муқаррар қилиб ҳар казармага ва полковникка хат юбордилар.Бир неча соат ўтгандин сўнг аскарлар митинка бўладиган жойга кела бошладилар.Полковник Зайцев ҳам келиб етишди.

Махфий қолмасинким, золим Исфандиёрхон ёлғондин хон Жунайид тарафидин полковникка бир хат қилғон. Мазмуни шулким, Хивада турғон жадидларни йўқ қилиб юборинг, алар бизнинг шариатимизни ҳақорат қилур, эрмишлар, туркман жамоалари тарафидин сиздан сўрармиз, деган.Митинка бошланди, сўзлар сўйланди.Совет-солдатский тарафидин бир котиб чиқиб,ҳуррият, озодлик тўғрисинда кўп сўзлар сўйлади:
— “Ёш хивали” биродарлар ҳам бул вақтга қадар кўп машаққатлар чекиб, охиринда бу озодликни олдилар.Энди бул вақт золим , маккор хон ҳийла қилиб, баъзи хоин ришўтхўр контрларнинг маслаҳати бирлан шунга киришди.”Ёш хивалилар” бизларнинг шариатимизни таҳқир қилурлар, деб бул мискин “Ёш хивалилар”ни дунёдин йўқ қилмоқчи турурлар.Шу жумладин начальник гарнизон бўлиб турғон полковник хонга сотилиб, бизнинг Хивалиларнинг диний ишлари бирлан ҳеч даҳлимиз йўқ турур, бизлар фақат сиёсий ишлар бўлса қарамоққа ҳақли турурмиз, деб бечора “Ёш хивалилар”имизни йўқ қилмоқчи турур.Биродарлар хоин тўраларнинг тутғон йўлларини ҳеч қабул қилмаслик керак, нечунким, алар озодлик, ҳурриятни яхши кўрмайдилар.Алар ҳамиша бизларни қул қилиб юрмакни истарлар.Бизларнинг шуни билмакларимиз даркор турур. Яшасин ҳуррият, озодлик, йўқ бўлсин золим хонлар, оларнинг қуйруғи бўлган тўралар, хоин ришўтхўр , порахўр полковниклар!,-деб сўзини тамом қилди.
Тамоми аскарлар, “браво” деб қўл чопдилар.Шунинг бирлан бир неча ходимлар сўйладилар.Ондин сўнг полковник сўз олиб ўртага чиқди:
—Ман ҳеч вақтда хоннинг тарафини олмадим, фақат шаҳар оқсоқоллари ариза бердилар.Бир неча адад “ёш хивалиман” деб юрган жадидлар бизларнинг дини шариатимизни ҳақорат қилиб, сўз сўзладилар, бизлар шуларни ҳукмга берурмиз, сизлар шунга мани бўлманг,-деб.
Яна айтди:
-Қонунга мувофиқ бизнинг сизларнинг диний ишларингиз бирлан ҳеч бир ишимиз йўқ турур.Фақат сиёсий иш бўлса бизлар кўрармиз, деб жавоб бердим.Шунинг бирлан бир комиссия ташкил қилғонлар.Шул комиссияга ўз нойибимизни қўшдим.Сизлар ҳам бир неча вакил берсангиз бўлур,-деди.Сўнгра яна давом қилди:
-Яна хон Жунайиддин манга ушбу хат келди: жадидларнинг тамоми туркманлар тарафидан йўқ қилмоқларини сўраб,-деди.

Ондин сўнг депутатлардин хон Жунайидга элчи бўлиб борғон солдат сўзлади:
-Ман хон Жунайид, туркманлар бирлан сўзлашган эрдим.Алар фақат хоннинг ёмонлигидан бошқа ҳеч сўз айтганлари йўқ эрди,деди.Бул нечук сўз турур.Бул кун хон яхши бўлиб “Ёш хивалилар” ёмон бўлғонлар. Бул хат хон томонидан ёзилғон ёлғон хат турур,-деди.Сўнгра давом этди:
-Яна ёш ҳурриятчи Хивали биродарлар ҳақинда бир таклиф: Хоразмда рус аскари турғон вақтда ҳурриятчи “Ёш хиваликлар” ни ҳар турлук золим хон ва тўраларнинг қўлига бермасдан сақламоқ керак.Ондин зиёда қаршилик қилсалар, ул вақтда тўп ва пулимётлар бирлан қонли маҳораба қилиб, буларни сақлаш зарур турур.Шунга ҳар ким рози бўлса, қўл кўтарсин, -деб раис афанди нидо қилди.Бир оғиздан тамоми аскарлар қўл кўтардилар.Ҳам шунга қарор қилдилар.Полковник айтди:
-Шаҳарда қозилар жам бўлиб комиссиялар бирлан ушбу ишни кўрмакчи турурлар.Бир неча отли аскар қоровуллар бирлан бориб, воқеани билиб, сўйлашиб келсунлар,-деди.

Бизлар айтдук:-Бизларни отли қоровуллар бирлан юборганларингизда мадрасада хон тарафдорлари бўлғон муллалар ва бошқалар жам бўлган турурлар.Бизларни мадрасанинг ичига қози, эшонлар ҳузурига олиб борурлар.Тамоми жам бўлғон халойиқ мадрасанинг ичинда бўлур.Золим хон тарафдори бўлғон муллалардин бир нечалари бир турли нодон халқнинг аччиғи келадиган бир сўзни айтур, шул вақт нодон халқ ҳужум қилиб бизларни уриб ўлдурурлар.Ондин сўнг ғавғо бўлди, бизлар ҳеч билмадик, буни халқ қилди, деб жавоб берурлар.Бизларни ҳимоя қилиб борғон қоровуллар мадрасанинг ташқарисида от устида ўлтуриб қолурлар.Шул ҳийла бирлан бизларни дунёдин йўқ қилурлар.Бизлар ҳеч отли қоровул бирлан ажрашмасмиз,-дедим.
Шул вақтда қозилар тарафидин чақириб келган мухбир бор эрди.Аскарлар уларни уриб қайтариб юбормакчи бўлдилар.Ман илтимос қилдим:
-Бул биродарларнинг ҳеч бир ишлари йўқ турур, булар бир хабарчи турурлар, деб аскарлар қўлидан олиб қайтариб юбордим ва айтдим: сизлар эшонларимизга бориб мунда бўлғон сўзларни баён қилинглар,-дедим.
Шунинг бирлан пиёда аскарлар сўзнинг муҳимлигини англаб, отли қоровуллар бирлан юбормасликка қарор қилдилар.

Махфий қолмасинким, Назир Шоликоров Маскавдин рус фуқароси бўлиб бошқурт (паспорт-У.Б.) олиб келиб эрди, ҳам мунда полковник Зайцевга тасдиқ қилдириб эрди.Бизлар шунга қарор қилдик: биродар Шоликоров ушбу отли казак қоровуллар бирлан шаҳарга боруб, қози эшон ҳузуринда бўлиб, воқеани билиб келсин, деб.Биродар шоликоров отга миниб, ёнига қоровулларни олиб, шаҳарга кетди.Бизлар ўз манзилимиз бўлғон тўпчилар казармасига кириб ўлтурдик.

Махфий қолмасинким, ушбу вақт ноябр ойининг 21-лари эрди.Биродар Шоликоров бормасидин аввал хабарчи бўлғон мухбирлар тамомий митинкада бўлғон аскарларнинг қарор қилғон сўзларини бир-бир баён қилғонлар.Қозилар қўрқиб, ишлар ёмон кетмак, эҳтимоли бор деб, ўз жойларига қайтиб кетганлар.Иттифоқан йўлда қози Ҳикматулла эшон Шоликаровга қарши чиққан, биродар Шоликоров отдин тушиб, салом бериб айтғон:
-Тақсир эшоним, бизларни чақириб киши юборган эркансизлар, ина ман келдим, ҳар нечук амрингиз бўлса қилмоққа тайёр турурман,-деган.Шунинг бирлан қози Ҳикматулла эшон мадрасага қайтиб келган.Қараса, одамларнинг барчаси қайтиб кетган эрканлар.Қози эшон айтғон:
-Ҳозир эшонлар қайтиб кетган эрканлар.Энди эртанг сизларнинг сўзларингизни маслаҳат бирлан қарармиз,-деб Шоликоровга жавоб бериб юборган.Шоликоров қайтиб келди.Полковник Зайцев хафа бўлиб ўз манзилига қайтиб кетди.

Махфий қолмасинким, ушбу бўлғон воқеаларни золим Исфандиёрхон билиб, бошқа бир турлук политика бирлан иш қилмоқчи бўлғон.Полковник Зайцевнинг маслаҳати бирлан совет солдатский депутатдаги вакил бўлғон аъзоларни ақча билан олмоққа қарор қилиб, кўп ақчалар прапоршик фатиховга ҳар бир нави отли казак старшийга берган ва айтғон:
-Ҳар нечук йўл бирлан бўлса-бўлсин, вакил аъзоларни бизнинг тарафга ўтказинг,-деб.Шунинг бирлан булар ишламакка бошладилар.

Махфий қолмасинким, эртанг бизларнинг мажлисларимиз бўлди.Пиёда аскарлар тарафидин бўлғон вакиллар, ҳам солдатский депутатидин сайланган вакиллар, қоровул пиёда аскарлар бирлан ҳам полковникнинг муовини Фотиховлар бирлан шаҳарга Мадиримхон мадрасасига ҳукм мажлисига равона бўлдук.Йўлда томошабин одамлар йўлнинг икки тарафинда туриб, бизларнинг тарафдорларимиз ушбу воқеага йиғлаб қолдилар.Шунинг билан мадрасага етушдик, кўрсак мадрасанинг олдинда бўлғон майдонда, мадрасанинг ичида ва устида тўлиқ одам турур.Баъзи бизларнинг аҳволимиздин ошна бўлғон одамлар камоли ғамгинликда туриб турурлар.Хон тарафдори ришўтхўр виждонсизлар камоли хушвақтлик бирлан қараб турурлар.Шунинг бирлан бизлар жамиятимиз бирлан мадраса саҳнига доҳил бўлдук.Аскарлар томошабин бўлғон одамларни ҳайдаб мадраса саҳнидан ташқарига чиқардилар.Ондин сўнг бизларга бироз ўлтирмоққа тўғри келди.Ман Ибодулла Ҳожи Охуннинг ҳужрасига бориб таҳорат қилдим.Маъзин пешинга азон айтди.Ўлтирғон уламолар масжидга намозга кирдилар.Ман ҳам масжидга кириб эшонларимиз бирлан бирга пешин намозини ўқиб чиқдим.Эшонларимиз дарсхонага кириб ўлтурдилар.Ондин сўнг бизларни ҳузурларига ҳукм мажлисига таклиф қилдилар.Полковникнинг маҳрами прапоршик Фатихов бизларнинг ёнимизга келиб қоровулларга айтди:
-Сизлар ушбу ерда туринглар, ман бу ноибларни қозилар ҳузурига олиб борурман, қози эшонларнинг олдига сизларнинг милтиқ бирлан борғонларингиз яхши бўлмас,-деди.
Онда аскарлардин бири жавоб берди:
-Сан кимсан, сани бизлар танимасмиз, ушбу биродарларни аскарлар бизларга топшириб юборганлар, шунинг учун ушбу биродарларимизнинг ёнида бўлурмиз.Буларни якка бир ерга юбормасмиз,ҳо қози бўлсин, ҳа хон бўлсин, ҳо полковник Зайцевга бўлсин, ҳеч кимга ишонмасмиз, бизлар қоровуллик вазифамизни адо қилурмиз,- деб адъютант Фатиховга койиш қилиб айтдилар: “сан хоннинг бандаси турурсан, бизларнинг олдимизга турма”, деб қувиб юбордилар.
Онда сўнг ўзлари бизлар бирлан дарсхонанинг олдига келиб, қонун бўйича бизларни обуска қилдилар, баногоҳ тўппонча бўлмасин, деб.Бизларда тўппонча йўқ эрди.Ондин сўнг ҳукм мажлисига доҳил бўлдук.Мадраса саҳнида икки қоровулни қолдирдилар.Ҳукм мажлисига ғайри кишини ўтказмаслик учун.Дарсхонага кириб, қози, эшонларимизга салом бериб, бўрёйи шароитда ўлтурдик.Кўрсак икки қози ҳам аълам эшон, ўн икки муфти ҳам мажлис раиси Ортиқ охун, муовини Давлат охун ва бошқа муллалардин бўлғон аъзолар ҳам хон тарафидин бўлғон вакиллар ҳам бизлар бирлан даъвогар бўлган ришўтхўр оқсоқоллар ҳам тўлиб ўлтурғон эрканлар.Камиссия бўлғон ўрислар ҳам кириб ўлтурдилар.Бизларга қоравул бўлғон биродар аскарлар милтиқларига бешдан ўқ солиб бизларни ўртага олиб вақф бўлиб турдилар.Ушбу қоровулларнинг қилғон ишларини эшонлар кўриб бир неча хафа бўлиб қолдилар.Нечунким, ҳеч бир вақтларда буларнинг ҳузурларига мундай сиёсий маҳрамлар қоровул билан келган эрмас турур.Андин сўнг қози Ҳикматулла эшоннинг муовини Зейнулло Оллаберган таниб арз қилди.Қозикалон эшон айтгил деди.Оллаберган нойиб айтди:
-Хоразмда бўлғон халқ сизларни ўз тарафларидин шаръий вакил қилдиларми?-деди.
Эшонлар жавоб бердилар:-Балле вакил қилдилар-деб.
Яна айтди:-Маним ҳам сизларни вакил қилғон одамлар сизларнинг ҳузурингизга юбордилар, шул маъно биланким, бориб эшонларимизга бизларнинг тарафимиздин арз қилиб айтгил: ушбу Полвонниёз ҳожи, Назир Шоликоров,Ҳусинбек девонбеги, Отажон Маҳрам,Романберган ёқуб ўғли яна бир неча жадидлар кўча, бозорларда минодий қилиб, қичқириб кириб айтуб юрурлар: шариат йўқ, масжид йўқ, хон йўқ деб.Бизлар буларнинг шариатимизни ҳақорат қилиб юрганларига ҳеч бир тоқатимиз йўқ турур.Шул сабабдин буларга мувофиқ шариат жазо берсинлар, -деб.
Ондин сўнг қози калон манга қараб, нечук жавоб берурсан, деб мунтазир бўлиб турди.Ман айтдим:
-Ноузамбиллилоҳ Оллоҳ сақласин, ман ҳеч вақт шариат йўқ деб айтганим йўқ турур.Алҳамдуллилоҳ раббил оламин шариат Мустафо 1335-чи йилдин бери барпо турур.Иншоллоҳ Оллоҳ Таолло инқирозли оламгача барпо бўлиб турмоққа манинг имоним комил турур.Яна ушбу арзгўй биродар айтурлар: мадраса , масжид, хон йўқдур, деб.Бул сўзлар бутун бўҳтон , ёлғон турур.Нечунким, ушбу ўлтурғон ерингиз мадраса турур, ул турғон масжид турур, хон ҳазратлари Нуриллабойнинг ҳовлисинда турурлар.Албатта жаноблари кўриб келган бўлсалар керак.Ман ушбу арзагўйнинг шахсин ҳеч бир танимасман,-деб жавоб бердим.

Қози, эшонларимиз ҳайрон бўлиб, тўхтаб қолдилар.Бироз сукутдин сўнг қози Ҳикматулло эшон мажлис раиси Ортиқ охунга қараб айтди:
-Ушбу одамлар ҳақинда бир ҳужжатларингиз йўқми, агар бўлса сўзланг, -деб заҳар чашим қилди.Ортиқ охун айтди:
-Ушбу Полвонниёз ҳожи шариат йўқ, деди,-деб Ортиқ охуннинг муовини Давлат охун бармоғи бирлан мани кўрсатиб, -ушбу одам маним ўзимга айтди: шариат йўқ деб, ўз қулоғим бирлан эшитдим,-деди.
Қозикалон эшон айтдилар:
-Ушбу одам ҳаққинда бир одам гувоҳлиги бас эрди, икки одам гувоҳлик қилди, шунинг бирлан ҳукм қилурмиз.Ўтган вақтда шариатни ҳақорат қилғон одамни ўлдирмак керак бўлур эрди.Ушбу ҳуррият вақтинда ўлим жазоси йўқ бўлғонини назар эътиборга олиб, ушбу Полвонниёз ҳожини ҳибс қилармиз,-деди.

Онда комиссия бўлғон руслар савол қилдилар:
-Қанча вақтгача ҳибс қилурсизлар?,-деб.
Қозикалон эшон айтдилар:
-Китоб кўриб, ундан кейин айтурмиз,-деди.
Ман кулиб рус биродарларга русча лисон билан айтдим:
-Ҳибс муддатини хон ҳазратни кўриб, қанча вақт бўлсин десалар, шуни айтурлар, ҳам айтдим:
-Ман шуни яхши яхши билурман, умрлик бўлса керак,-дедим. Шунинг бирлан манинг ҳукмим тамом бўлди.Ва лекин ман сўз олиб сўзламакка мажбур бўлдим, айтдим :
— Ушбу бўҳтон сўзлар бирлан мани ҳибсга ҳукм қилдингизлар.Ман шариатнинг ҳукмига жоним бирлан рози турурман.

Шу билан бирга раиси мажлис Ортиқ охун эшонга қараб айтдим:
-Тақсир ман Сизнинг ҳолингизга кўп-кўп афсус қилурман.Ўзингиз уламо замон, муфти аср ҳожаил ҳарамин турурсиз, фақат хоннинг хушомад сўзига инониб, шахсий манфаатингизни ўйлаб бўҳтондин гувоҳлик ўткардингиз.Эртанг ёвмут қаюм ҳисобида худо қози, пайғамбар шафоатчи бўлганда бизлар нодон халқ Сизлардин эшитуб билурмиз.Ҳар кимнинг қўл-оёғи ва тамоми аъзолари гувоҳлик берурлар,деб.Шул вақтда Сизнинг ҳолингиз нечук бўлур эркан, -деб сўзимни тамом қилдим.Тамоми уламолар ҳайрон бўлиб қолдилар.

Махфий қолмасинким, хон тарафдорлари бўлган муфтий-эшон ҳар бирлари бир ривоят ёзиб олиб келганлар, бизларнинг қатлимизга доир.Шул жумладин Муҳаммад Шариф йўлбузар муфти эшон, қўлиндаги ривоятни кўрсатиб турубтурлар.Андин сўнг Назир Шоликоров тарафга қараб қози эшонлар савол қилдилар.Назир афанди жавоб берди:
-Ман Руссия фуқароси турурман, маним ишларим бўлса ёзиб Самарқандский окружной судга юборинг.Агар айбдор бўлсам қонунга мувофиқ жазо берсам керак,-деди.Ҳам Маскавдин Рус фуқароси паспортини олганлигини айтиб уни кўрсатди.Қозилар ҳайрон бўлиб қолдилар.Шул вақт Муҳаммад Шариф йўлбузар муфтий эшон айтдилар:
-Қоровул бирлан дарҳол судга юбормак керак,-деб.Комиссия бўлиб турган руслар айтдилар:
-Қоровул бирлан судга юбормак бўлмас турур.Сизлар жиноятларни ёзиб бизга беринглар, ўзларимиз Самарқандга юборурмиз,-дедилар.Шул вақтда қозикалон эшон:
— Агар судга бормай қочиб кетса, сизлар кафил бўлурсизларми?-деб айтди.Ул вақтда руслар жавоб бердилар:
-Судга бормай қочиб кетса, анда ўзи гуноҳкор бўлур.Ул вақтда сизларнинг ҳукмларингиз ҳужжат бўлур,-дедилар.Унда Муҳаммад Ёқуб қори Эрниёз ўғли айтди:
-Сизнинг Руссия фуқароси бўлганлигингиз дуруст эрмас турур.Нечунким, Муҳаммад Раҳимхон соний генерал Кауфман бирлан қилган шартномаси бор турур.Хива фуқаросини Русия фуқаролигига қабул қилиб олмасликка.

Шул вақтда қози-эшонларнинг вақтлари хўш бўлиб айтдилар:
-Баракалло Муҳаммад Ёқуббой, Сиз ҳам шундай қилиб сўзлаб туринг, бизлар бўлсак Руссия қонунларидан огоҳ эрмас турурмиз,-дедилар.
Биродар Шоликаров ҳам гапирмасдан турди.Шул вақт ман жавоб бердим:
-Биродар ман сизга ҳайрон қоламан.Ушбу Кауфман шартномасини ўртага солиб сўзлаганингизга.Нечунким, ушбу инқилобда оқподшо Николай Романовларнинг аҳднома-шартномаларини ўтга куйдирдилар.Сиз Кауфман шартномасини музокарага қўюрсиз, дунёдин ҳеч хабарингиз йўқ эркан.Ман Сизни бир нимарса билур деб гумон қилур эрдим.Ғалат гумон қилган эрканман.Ҳозирги вақтда генерал Кауфманнинг Тошкентда бўлиб турган памятники ўрнидан олиб мўйнига йип боғлаб , кўчаларда судраб кетсалар керак.Сиз ул одамни шартномасини ўртага солурсиз,-дедим.
Шунинг бирлан мажлис раиси Ортиқ охун аччиқланиб ўрнидан туриб айтди:
-Хайр Назир Шоликаров Руссия фуқароси эркан, ушбу Полвонниёз Ҳожи бизнинг фуқаромиз турурми?-деди.Комиссиялар айтдилар:
-Албатта сизнинг фуқаронгиз турур.

Дарҳол меним олдимга келиб, маним ёқамдин тутиб бир муллага топширди ва айтди:
-Дарҳол буни зиндонга элтуб, ҳибс қилгин,-деди.
Тартиб низомдин бехабар Ортиқ эшон қоровул нечук бўлатурганини билмас эркан.Дарҳол мани устимда турган қоровуллар милтиқларини кўтариб, ушбу маним ёқамни тутган муллага ҳамла қилдилар.Ортиқ охун қўрқиб ўрниндан турди.Андин сўнг қоровуллар айтдилар:
-Бизлар энди билдук мақсад на эрканини.Қози ўзларингиз, гувоҳ ўзларингиз, ҳукм қилатурган ўзларингиз, хотиржам бўлинглар, бечора “ёш хивалилар”ни ҳеч вақт сизларнинг қўлингизга бермасмиз,-деб турдилар.Бизларни ҳукм мажлисидин олиб чиқдилар.Бизлар чиқиб, рўйи санда ўлтурдик.Шу вақт биродаримиз Романберган Ёқуб ўғли ҳам Отажон Чорат маҳрамни ҳукм мажлисига олиб кирдилар.Алардин ҳам саволи-жавоб қилиб, буларни ҳам аввалгиларга қилган ҳукм деб сукут қилиб турдилар.Шул вақт Романберган Ёқуб ўғли ўрнидан туриб чиқа бошлади.Биров савол қилди:
-Қайда борурсиз?-деб.Романберган жавоб берди:
-Полвонниёз Ҳожи қайга борса, шунинг ёнига борурмиз,-деб бизларнинг ёнимизга келиб ўлтурди.Андин сўнг аскарлар бизларни соғу-саломат олиб, казарма тарафига равона бўлдилар.Ҳибсхона олдига келса, бир неча хон сипойиларнинг одамлари томошага келиб бизларга мунтазир бўлиб турган эрканлар.Қоровул аскарлар аларга сўкиб бизларни олиб ўтиб кетдилар.Казармага олиб бориб, сурат воқеаларни аскарларга айтдилар.Казармага олиб бориб, сурат воқеаларни аскарларга айтдилар.Тўпчи ҳамда пиёда аскарлар маслаҳат қилдилар ҳам бизларга эълон қилдилар:
-Эртанг бир мажлис қилурмиз, шунда қарор қилурмиз.Тамомий “Ёш хивали “биродарларимизни ёнига қоровул қўшиб Тўрткўлга ўтказиб юборурмиз,-дедилар.Бизлар айтдук:
-Сизлардин Оллоҳ рози бўлсин, бизлар шунга рози турурмиз,-деб жавоб бердук.

Махфий қолмасинким, Ҳусинбекнинг болаларини ҳам маним ўғлимни Сўфи Жуманиёз Исмоил ўғли бирлан қўшиб Хонқага узатиб юбордук.Ҳам айтдук:
-Худо ҳоҳласа, ушбу оқшом биз ҳам Хонқага бориб, эртанг бирлан Тўрткўлга ўтармиз,-дедук.Шунинг бирлан аскарлар мажлисига мунтазир бўлиб ўлтурдик.Ҳатто арава-отларимизни ҳам тайёр қилиб турдик.Шунинг бирлан кун кеч бўлди.Совет солдатский депутат вакиллари жам бўла бошладилар.Ушбу маслаҳатларни пинҳоний қилдилар, мажлисга ҳеч кимни қўймадилар.ушбу мажлислари кўп узоққа тортилди.Агар вакил маним айақимни босиб ўтиб кетди.Ман огоҳ бўлиб изидин бордим.Маълум қилди:
-Сиз биродарлар мумкин бўлса, дарҳол қочиб бир тарафга кетинглар.Ушбу мажлисда аксарият бир неча “Ёш хивалилар” учун хон ва муллалар билан душман бўлиб юрармиз, бизлар “Ёш хивалилар”ни хоннинг ўзига топширурмиз, на қилса ўзи қилсин.Тўпчи ва пиёда аскар вакиллари оз эрдилар, отлиқ казак вакиллари кўплик қилиб, шунга қарор қилдилар,-дедилар.

Ман казармага келдим.Ҳусинбек ва бошқа биродарлар мунтазир бўлиб ўлтурдик эрканлар.Ҳусинбек мандан савол қилди: “нима сўз бўлган?” деб.Ман айтдим:
-Ҳозир ортиқмоч хабар бўлмаган бўлса керак.Тез вақтда маълум бўлар-деб кўрпа ёстиқимни адеялга ўраб Ҳусайинбекнинг аравачасига топширдум.Шул вақтда тўпчи вакиллар келиб мажлисда бўлган воқеаларни баён қила бошладилар ҳам айтдилар:
-Бизлар озлук бўлдук, хондин ришўт олган порахўр отлиқ казаклар кўплик бўлиб сизларни хонга бермакка қарор қилдилар.Бизлар таклиф қилдук.Ёш хивалиларни Тўрткўлга узатуб юбормакка, қабул қилмадилар.Бизларни ҳеч ишимиз йўқ турур, ўзлари кетса кетаберсинлар.Биродарлар сурат воқеа шул турур, шунинг бирлан қарорнинг копиясини хонга юбордилар-дедилар.
Ман билурман Ҳусинбекнинг бизлар бирлан қочиб кетмаги маҳол турур.Шунинг бирлан ўзимга қарор қилдим.Дарҳол казармадин чиқиб бир ерда пинҳон бўлмоқ керак, деб.Пўстинимни олиб казарма дарвозасидин чиқиб, қоронғу оқшомда бир тарафга равона бўлдим.Ҳусинбек “ҳожи қайда борурсан?” деб йиғлаб қолди.Романберган Ёқуб ўғли ҳам Отажон Чарат маҳрам бирлан турган бир отга отланиб бир тарафга равона бўлганлар. Ҳусинбек ночор бир аравасига ўлтуриб ўз уйига кетган.Отажон маҳрам Сапоев, Бобожон Ёқубовлар ҳам пинҳоний ўз уйларига бориб пинҳон бўлганлар.

Махфий қолмасинким, ушбу қоронғу кечада бир қариндошимни уйига бориб, 2-3 соат тўхтаб туриб, бир отга мингашиб шаҳар қишлоқларидан бир қишлоққа бир дўстимнинг жойига бориб, пинҳон бўлиб шунда қолдим.Эртанг бўлгандин сўнг ушбу уй эгасини қаълага юбордим.Анда бўлиб турган ишларни билиб келмоқ учун.Ушбу биродар қаълага бориб келди ҳам эълон қилди: Ҳусинбек бошлиқ Солий Юсуп ўғли, Муҳаммадамин Эшчан ўғли, Эшчан қори Жабборқул ўғли, Юсупжон Аматжон ўғли, Муҳаммад Фано Абдулла ўғилларини келтуриб, ҳибс қилдилар, деди.
Бир неча кундин сўнг биродар Муҳаммадёр Абдуллаевни ҳам келтуриб ҳибс қилганлар.Махфий қолмасинким, биродар Назир Шоликоров рус фуқароси турурман, меним бирлан ҳеч кимнинг даҳли бўлмаса керак, деб сарой олдидаги дўконни очиб ўлтурган.Шул вақт совет-солдатский қўмитадин тўпчи аскарлар вакили товариш Кушаров от чопиб келиб, биродар Шоликаровни бир тарафга чақириб олиб айтган:
-Сан бунда нима қилиб турибсан, Полвонниёз Ҳожи кеча казармадин чиқиб кетди.Сан ҳам бир тарафга дарҳол қочиб кетгил,-деган.
Анда Назир Шоликаров айтган:
-Ман рус фуқароси турурман-деган.
Кушаров айтган:
-Полковник рухсат берди сани ҳам ҳибс қилмоққа.Ҳозир Ҳусинбекларни ҳибс қилдилар, сенга ҳам киши юбордилар, мен санга хабар қилмоқ учун келдим, дарҳол кетгил, -деб.Шунинг бирлан биродар Шоликаров саросима бўлиб дўконни ташлаб, ғалати йўл билан уйига келиб ўтирган.

Махфий қолмасинким, хон тарафидин ишлаб юрган Зокир эшоннинг ўғли Азиз охун бор эрди.Биродар Назир Шоликоровни анинг хотинига бирор қариндошлиги бор эрди.Онаси бирлан анинг уйига борган.Кечага қадар анинг уйида ўлтурган.Ҳам ўзи одамларига буюрган отларини ҳозирлаб қўймоққа.Шунинг бирлан то шул вақтгача Азизохун уйига келмаган.Иттифоқо ушбу оқшом хон тарафдорлари бўлган оқсоқолларни ҳам зиёфатга таклиф қилган эркан.Биродар Шоликаров ҳайрон бўлиб ҳарам жойинда қайнонасининг ёнида ўлтурган.Бироз вақтдин сўнгра Азизохун келган.Назир афандини уриб сўзлашган.Сўзи шул бўлган:
-Сиз ҳибсга рози бўлиб зиндонга тушинг, уч кундин сўнг ман сизни хондин тилаб чиқарурман,-деган.
Назир афанди айтган:
-Ондай бўлса ман уйимга бориб маслаҳат қилиб сизга жавоб берурман,-деб уйига келиб ҳозир бўлиб турган отларга миниб афғон табиб Жумахон бирлан хуфтон вақтинда Пишканик дарвозасидин чиқиб, Урганч тарафга равона бўлганлар.Ушбу оқшом соғ-саломат Урганчга бориб Жумахоннинг уйига кириб пинҳон бўлган.

Махфий қолмасинким, Жумахон яна ушбу оқшомда Назир афандининг отини миниб Хивага келиб, отини ўз ўрнига қўйган.Нечунким, Назирнинг ушбу оти ҳаммага маълум бир от турур.Агар Хивада бўлмаса халқ гумон қилурлар “Назир ҳам қочиб кетган”, деб. Сўнгра, Жумахон ҳам ўз табибчилигига машғул бўлган.Бир-икки кун ўтгандин сўнг Жумахон манинг уйимдан манинг қайси жойда эрканимни билиб, ман учун бир от ҳозирлаб кечада тўрт соат чамасинда манинг бир қариндошимни олиб ман бўлиб турган қишлоққа маним олдимга келиб тушдилар.Кўришиб сўрашиб Хивада бўлиб турган аҳволотларни сўзлашиб билишдук.
-Хонқага кетган Ҳусаинбекнинг болалари ҳам сизнинг ўғлингизни хон киши юбориб қайтариб келтурди.Сўпи Зиёев йўлда аравадин тушиб қочиб кетган.Лекин болаларга ҳеч даҳил-дуҳил бўлгани йўқ турур.Сизнинг ўғлингизни ҳам пинҳон қилиб қўйдилар.Биродар Назир Шоликаров сизга мунтазир бўлиб ўлтуриб турур.Сиз борган ҳамон, худо ҳоҳласа бир тарафга кетарга ҳозир бўлиб турур,-деди.
Ҳам маним камзул-пўстинимни ҳам бравник-тўппончамни ўқлари бирлан олиб келган эрканлар.Ман бир оз ўйлаб турдим.Ахир маним уйимдин келган одамдин сўрадим:
-Уйда бола-чақалар нечук фикрда турурлар-маним кетганимга рози турурларми?-дедим.
Анда жавоб берди:-Албатта кетганларингиз лозим турур, балодан хазар деб айтдилар,-деди.Шунинг бирлан ман “Таваккал-ту-али Оллоҳ” деб ўрнимдан туруб, пўстин-камзулимни кийиб, тўппончамни белимга байлаб, Ё Оллоҳ деб отга миниб Урганч тарафига равона бўлдук.Лекин оқшом кўп қоронғу эрди, ҳаво ҳам кўп совуқ эрди.Ноябр ойининг 23 куни бўлса керак, саҳар вақтинда бориб, Жумахоннинг уйига тушдук, кўрсам биродар Назир афанди якка ўзи бир уйда, қозонни бошида бизга мунтазир бўлуб ўлтурган эркан, саломлашиб кўришиб ўлтурдик.Сўйлашиб, ноҳарини ҳазир қилиб, ноҳарий қилиб ётдуқ.

Махфий қолмасинким, ушбу Жумахоннинг уйида бизлар борлигимизни гумон қилиб, Миршаб Рўзимуҳаммад юз боши Урганч ҳокими Олланазарбойга оҳиста эълон қилган.Олланазарбой койиш қилиб айтган:-Санинг андай ишлар билан нима даҳлинг бор турур.Бизларга ҳеч бир ердан хабар йўқ турур, паланкасларни қараб топинг,-деган.
Шунинг бирлан эртанг Хивадин бозорчи бўлиб Отаназар бирлан Олланазар келдилар.Маслаҳат қилишдук, қайси тарафга кетмоқ керак, деб.Биродар Назир айтди:
-Уч отни аравага қўшиб ,ҳеч бир ерда турмай Чоржав устидин кетармиз,-деди.
Отаниёз айтди:-Бул сўз хато турур,Қозонли устидан кетмоқ керак. Ҳам ман қариндошим Машарипбойни у ёққа юборурман.Хўжаниёзбойнинг қайиқини пинҳоний бу тарафга тўғайга ўткариб қўйиб, ўзи келиб сизларни Куйик Кўпирда кутиб турсин.Сизлар оқшом бирлан бундин чиқиб, Куйиккўпирга борурсизлар.Сизларни бошлаб қайиққа олиб борсин.Иншоллоҳ ул тарафга қўярлар,-деди.

Ман айтдим:
-Отаниёзнинг сўзи кўп маъқул турур, ман шунга рози турурман,-дедим.Ҳам шунга қарор қилиб Отаниёз Муҳаммад Шарипбойни ориёққа узатиб юборди.Ўзлари ҳам бизлар бирлан хўшлашиб, йиғлашиб Хивага кетдилар.Кун ҳам намозиаср бўлди. Жумахон бозорга чиқиб бир хабар топиб келди:
-Рус дорухонасида туриб эдим, бир ўрис айтди: Хивадин аскарлар уч кунда чиқиб кетмоққа қарор қилганлар,-деди.
Ман айтдум:-Агар шу сўз рост бўлса, бизларнинг ҳеч тарафга кетмоғимиз лозим эрмас турур.Ул вақтда аскарлар бирлан бирга кетармиз, бизларга ҳеч ким доҳил билмас турур,-дедим.Ҳам шул сўзни ростлигини билиб келмоқ учун биродар Жумахонни Хивага юбормакчи бўлдук.Агар рост бўлса бизларга дарҳол келиб хабар қилур, агар ёлғон бўлса ўзи Хивада қолиб бизларга Назирни одами Раҳмонни юборур.Бизлар таваккал қилиб ўз йўлимизга кетармиз,деб биродар Жумахонни Хивага юбордук.Бизлар Жумахоннинг хабарига мунтазир бўлиб қолдук.Жумахонни қайинисини биродар Жуманиёз Султонмуродов ёнига юбордук.”Бизнинг меҳмонлар сиздин газета сўраб юбордилар” деб пинҳона айтгил, деб.Ул одам бориб, айтуб бир неча газеталар олиб келди.Ўқиб ўлтурдик.Яна палов харажатини қилдириб, ёғини тўғраб ўлтурган эрдик, хуфтон азони айтилди.Ман дарҳол хуфтон ўқимоққа машғул бўлдим.Шул вақт бир одам қопини қоқди.Биродар Шоликаров “қопини очиб кўргил, ким эркан?” деб буюрди.Қопини очиб кўрдилар.Назирни одами Раҳмон эркан.Хивадин савол қилдим.Ул айтди:
-Жумахон буюрди, айтилган хабарлар ёлғон эркан, ўз йўлларига кетсунлар,-деди.Ушбу сўзни эшитгандин сўнг дарҳол отларимизни эгарлаб, палов харажатини ҳам хуржунга солиб, русча кийимларни кийиб, бошларимизга русча бошлиқ кийиб, паст кўча бирлан йўлга равона бўлдук.Оқшом шундай қоронғу эрди, гўё мунофиқларнинг кўнглидек.Оҳиста-оҳиста отларни бир-бирини изидин ҳайдаб кетдук.

Кўп машаққатлар бирлан Урганчни совунчи кўпригини топиб, ўтиб, Гурланга қараб равона бўлдук.Бироз ёмғир ҳам ёғди.Беш соат зўрдан Чаткўпирга Тозабозорга етушдик.Ман биродар Шоликаровга айтдим:
-Оқшом кўп қоронғу турур, ушбу жойда икки соат турсак яхши бўлур эрди.Бўлмаса йўлни қоронғуликдин адашиб қолсак кўп ёмон бўлур,-дедим.Чойфуруш келиб Назир афандини қичқирди.Ҳаммалари ухлаган эрканлар.Кўп қичқиргандин сўнг ичкаридан биров Назирни товушини билиб жавоб берди.Туриб лампани ёқиб, отларга бир култадин беда солдук.Кўрсак Хивали Матпанобойни одамлари бор эркан.Қиличбойдин Чаткўпирга келиб моллари учун пичан олиб турган эрканлар.Бизлардин савол қилди:
— Манғитга борурсизларми?
Назир афанди жавоб берди:
-Бизлар қидириб чиқдик.Ҳозир Ҳазараспдан келурмиз.Манғитга бориб қайтармиз,-деди.
Шунинг бирлан икки соат миқдори ўлтуриб турдик.Булутнинг остидин бироз ёқти ҳам бўлди.Отланиб Гурланга қараб равона бўлдук.Оҳиста-оҳиста юруб намозибомдод вақтинда Гурлан қаъласиндин ўтуб кетдук.Бир ерда намози бомдодни ўқиб йўлимизга равона бўлдук.Кун чиқди.Гурлан бозори эркан.Манғит тарафидин бозорчилар кела бошладилар.Бизлар йўлсиз сўқмоқлардин кетдук.Бир неча соатлар йўл юриб вақти пешин Куйик кўпирга келиб тушиб , чойпурушдин Муҳаммад Шарипбойни савол қилдик.У деди:
-Кеча оқшом бирлан ўлтуриб бундин яқинда кетди.Қайда кетганини билмадим.

Назир афанди чойпурушда бир одамга бир манот бериб Эшмон бангига юборди.”Машарипбой бўлса олиб келгил”, деб.Бир оз вақтдин сўнг Манғитдан бозорчи Хуббиниёз деган бир қозоқ келди.Бизлар билан кўришиб,Назир афандини бир тарафга чиқариб, бир неча пинҳоний сўзларни айтуб, ўзи отланиб кетди.Сўзи шул эркан: “Кеча Хивадин Манғит ҳокимига хат келган. Сизларни топмоқ учун.Андин сўнг бул ерда ўлтурмоқингиз яхши эрмас турур, нечунким йўл усти турур”, деб.Шундан кейин бизлар отланиб Сўфи Машарипни ўғли Муҳаммад Назарбойнинг жойига равона бўлдук.Бориб тушиб тоза таҳорат қилиб намози пешинни ўқимоққа машғул бўлдум.Шул вақтда Машарипбой ҳам бир тарафдан келди.Назир афанди бирлан саломлашиб айтди:
-Кеча оқшом бирлан Сизларга мунтазир бўлуб ўлтуриб, Сизлар келмагандин сўнг ҳозир Сафарбойнинг уйига келган эрдим.Энди Сизлар туриб туринг ман Сафарбойни келтирурман,-деб Сафарбойни олиб келди.Сафарбойга Муҳаммад Назарбойни отини олиб берди.Отларимиз ҳам култаларни еб бўлди.Бизларга айтди:
-Сизлар Сафарбой бирлан дарё бўйига ўтинчилар гузарига боринглар.Илёсбийнинг одами Пирмуҳаммад Манғит қаъласига бир иш билан кетиб эрди.У келган ҳамон ман ҳам изларингиздан етишурман,-деди.

Бизлар чой ҳам ичмай отланиб равона бўлдук.Ўтинчилар гузари узоқ эркан, йўлда намози асрни ўқиб намози шомни ўтинчилар гузарига келиб ўқидук.Муҳаммад Шарипбой келмади.Бир ўлтурган кемачи Назир афандига ошно эркан.Шул кемага отларимизни солиб дарёдин ўтиб ўтинчилар манзилига тушдук.Оллоҳ таолонинг бизларга қилган лутфи карамига кўп-кўп шукурлар қилиб, чой ичиб фароҳат қилиб ўлтурдик.Ўтинчиларнинг қўш бошчилари Султон харлама деган бир қозоқ эркан.Онинг бирлан танишиб отларга ўт-ем олиб келиш учун дарёнинг ул тарафига юбордук.Назир афанди кетмакка маслаҳат қилди.Ман айтдим:
-Оқшом зиёда қоронғу турур.Бодай тўғай бўлса зиёда қолинг, тўғай турур, йўлни адашиб оқшомда саргардон бўлурмиз,-деб.Қабул қилмади.Шунинг бирлан Урганчдин кўтариб келган гўшт, мой, гурунчларимизни Султон қозоққа бердук.Улар ўзларининг харажатлари бирлан қўшиб пишириб палов тайёр қилдилар.Отларни ўт-емлари ҳам келди.Отларга ем бериб ўзларимиз ҳам наҳори қилиб, ўтинчилар бирлан ҳар тарафдин сўйлашиб ўлтурдик.Бизлар ҳам Тўрткўлга бориб, тўғай божимонидан ўтин олатурган бўлиб эълон қилдук.Ушбу ўринда роҳат қилиб ухладик.Эртанг тонг отди, Оллоҳ сандан мадад деб, ўрнимиздан туриб таҳорат қилиб, намози бомдодни ўқиб, юк-япирларимизни бажо қилиб, отларимизга эгар қўйдук.Кўрсак, оқшом қор ёғган эркан.Шунинг бирлан “оллоҳ “ деб отланиб, ўтинчилар бирлан хўшлашиб, ўз йўлимизга равона бўлдук.Йўлда ўтинчилар жуда кўп эрканлар.Баъзилари бизни ўрис гумон қилиб “здраствуйте” деб таманно қилур эрдилар.Бир неча соат йўл юриб, иккиланчи дарёдан ўтиб, оллоҳ таолога кўп-кўп ҳамдисанолар айтуб, Бийбозорга -табун уруғидин қозоқ Илясбийнинг уйига равона бўлдук.

Махфий қолмасинким, биродар Илясбий ўз уруғига халқ қозиси эркан, келиб биродар Илясбий меҳмони бўлдук.Биродар кўп яхши юз бирлан қарши олиб, “хуш келдингиз азиз меҳмонлар” деб меҳмонхона қилиб қўйган манзилга тушурди.Дарҳол чой келтирдилар.Чой ичиб, ноҳари қилиб, Оллоҳга шукурлар айтиб сўйлашиб ўлтурдик.Биродар Илясбий маълум қилди:
-Ман сизларни кеча келурлар дея кутиб ўтирдим,-деди.Ҳам Муҳаммад Шарипбой бирлан Пирмуҳаммадни сўради.Бизлар жавоб бердук:
-Бизлар кеча ўтинчиларни қўшида қўндук.Машарипбой Пирмуҳаммадга қараб қолди.Пирмуҳаммад Манғитга ҳокимнинг олдига кетган эркан.Бизларни Сафарбой бирлан юборди.Ўзи изимиздин келмоқчи бўлди,-дедик.
Илясбий айтди:-Ўтган оқшом Манғит ҳокими Худойберган махсум бунда келган эрди.Бизнинг бир қўшнимизни ўғри деб гумон қилиб, ҳибс қилган эрканлар.Шуни ман сўраган эрдим.Изимдин киши юборинг шунга топширурман деб кетган эрди.Шунинг учун Пирмуҳаммадни юбориб эрдим,-деди.
Шунинг бирлан айтди: -етти соат пешга ўт ҳам ёқиб қўйган эрканлар.Бизлар пеш бор уйга (хонага-У.Б.) бориб ётдук.Эртанг Муҳаммад Шарипбой ҳам Пирмуҳаммад бирлан келиб қолдилар.

Махфий қолмасинким, ушбу бизлар бирлан келган Назир афандининг одами Раҳмонни Хивага юбордук.Бизлар учун кўйлак-иштон, чўрак ва баъзий йўлга даркор нарсаларни келтирмак учун.Бизлар бунда нечук керак, от биланми, туя биланми, шуни маслаҳат қилиб қолдук.Баъзи қозоқлар айтдилар “ от билан Чимбой устидин денгиз бўйи бирлан кетмак керак. Баъзилари тева бирлан расмий йўл бирлан кетмак керак, нечунким ҳаво совуқ турур.Денгиз бўйида ҳеч эл элат йўқ турур.қум йўлида эл-элат бор турур”, деб ҳар турлук маслаҳатларни қилиб бир ҳафта турдук.Охири шунга қарор қилдук.Шохаббос Валига (Шаббоз-ҳозирда Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани-У.Б.) бориб тева кирай (ижара-У.Б.) қилиб қумдин расмий йўлдин кетмакчи бўлдук.Илясбий бизларни ўз одами пирмуҳаммадга қўшиб Шоббозга жўнатиб юборди.Ўз ошноси “Холаки қушчи деган қозоқнинг уйига олиб боргил, ман эртанг борурман” деб узатиб юборди.

Махфий қолмасинким, биродар Шоликаров “Тўрткўлга борурмиз”, деди. Ман айтдим:
-Бул фикрингиз хато турур.Бизларнинг Тўрткўл турсун, Шоббоз қаъласига бормоғимиз ҳам ҳожат эмас турур.Нечунким, бизларнинг душманимиз Исфандиёрхон турур.Анинг ақчаси кўп турур.Ҳар кимга бўлса бир оз ақча берса, дарҳол бизларни тутуб, Хивага ўтказиб юборурлар.Маним маслаҳатим шул турур, бизлар бозорли ерга бормасдин, кетганимиз хайрли турур,-дедим.
Биродар Иляс бўлса кўп шундай савдоларни кўрган бир одам бўлганлиги жиҳатидан, “ҳожи бобонинг сўзи дуруст” деб тасдиқ қилди.Бизлар ушбу кун намози хуфтондан сўнг Хол аканинг уйига келиб етишдик.Пирмуҳаммад дарвозасини қоқди.Хол ака чиқиб, сўрашиб Пирмуҳаммаднинг товушидин таниб, дарвозани очди.Бизларни отларимизни жойлаштириб, ўзларимизни меҳмонхонага киргизиб ўт ёқиб, чой дамлаб берди.Бизлар фароғат бўлиб, чой ичиб, истироҳат қилиб, Хол ака бирлан танишуб, ётдик.Лекин ҳаво кўп совуқ бўлиб кетди.Эртанги дарё овуржи бўлиб қолди.Биродар Илясбий ҳам келди.

Махфий қолмасинким, бизлар бунда кетган куни хивадин Баки бирлан Ёқуб келган, бизлар бирлан кетмакчи бўлиб.Бизларга баъзи бир кийим, оқча, нон-чўрак олиб келган эркан.Бакини Бийбозорда қолдириб, бизлар билан кетадиган Ёқубни бирга олиб келди.Дарҳол бизлар йўл яроғига шру қилдук.Биродар Илясбий Шоббоз бозоридин бориб йўл учун бир қўшма кийгиз, арқон, иплар, қўй, гурунч, ёғ олиб келди.Ёр бўлсин деган қозоқнинг бир теваси бирлан Қозонлига сўзлашиб берди.Бизлар учун Хол ака ўз тевасини етти юз манотга баҳо қилиб берди.Уста келтириб кажавалар тузаттирдик.Тамоми йўл учун керак нарсаларни ҳозир қилиб бир ҳафта ичинда йўлга чиқдук.Оллоҳ рози бўлсин.Биродар Илёсни ҳам Хол ака қўшниларига бир неча кунлар ўз ишларини ташлаб бизларни изларимизда юриб инсониятлик кўргузиб, молу-жонини дариғ қилмай саргардон бўлиб хизмат қилган биродарларимиздин кўп-кўп миннатдор турурмиз.Илоҳи Оллоҳ таоло хайри каромат қилғай.

1917 йилнинг декабрининг тўққизланчисида ё Оллоҳ ўзинг яхши йўл бериб, ўзинг саломат нажот соҳилига еткургил деб, ушбу баён бўлган биродарларимиз бирлан видолашиб, йиғлашиб туяга миниб йўлга равона бўлдук.Биродар Илясбий Пирмуҳаммадни ҳамроҳ қилиб юборди.Шул оқшом йўлда бизлар бирлан бирга бўлиб, эртанг бизларни йўлга солиб юбориб қайтмоққа бизлар бирлан бирга кўл бўйига чойпуришга келиб қўндук.Шул оқшомни ушбу манзилда ўтказиб эртанг бирлан кажавани туяга юклаб, Пирмуҳаммад бирлан хўшлашиб, ўз йўлимизга равона бўлдук.Ҳаво кўп совуқ бўлди.Гоҳ пиёда кечгача юриб бир қозоқнинг уйига келиб тушдик.Қозоқ жамоалари кўп меҳмондўст турурлар. Ушбу совуқ кунда ҳам бизларга ўз уйидан ўрин бердилар.Бизлар чой ичиб шавла қилиб, ноҳари қилиб ётуб истироҳат қилдук.Бечора қозоқ уй эгаси дигирмон қуриб, жугаридин ун чиқариб, от гўштидин шўрпа қилиб, куртук солиб, ноҳари ҳозир қилиб бизларни уйғотди.Кошки бизлар шундай шўрвани танаввул қилабилсак.Уй эгасининг кўнгли учун шўрвасидан бир оз ичиб дастурхон бошида ўтирдик.Кирайкашимиз бўлган киши яхши ноҳари қилди.Ётиб эртанг туриб кўчиб йўлимизга равона бўлдик.Ҳавонинг совуқи ҳар кун зиёда бўлур эрди.Ҳар кун қор ёғиб зиёда бўлур эрди.Йўл учун қозоқимизнинг бир тунгчаси бор эрди.Чой дамлаб ичар эрдик.Иттифоқо туянинг ойағи остинда қолиб, тунгача тўшилиб қолди.Чой дамламакка ҳеч нарса йўқ турур.Бир қозонимиз бор турур, келиб манзилга тушган ҳамон қозонга қор тўлдуруб, қайнатиб қозонга чой дамлаб коса бирлан олиб ичар эрдик.Чойдин сўнг наҳори қилиб ер эдик.

Ҳар кун қор ёғиб бўрон эрди.Нечунким, орқа тарафга борур эрдик.Ҳар соат совуқ зиёда бўлур эрди.Шундай қилиб, кўп ранжи машаққатлар чекиб пиёда-суваро йўл юрар эрдик.Лекин Оллоҳнинг лутфи карами бирлан Қозонли йўлида саксовул ўтин кўп турур.Агар йўлимиз бошқа ердин бўлса совуқдин ҳалок бўлур эрдик.Оллоҳга кўп-кўп шукурлар бўлсинким, кундузлар ҳар ерда бўлса манзил қилиб, кечаларда қозоқлар уйига қўнар эрдук.Шундай қилиб ҳар кунда икки марта кўчиб, 17 кун йўлнинг ранжи- машаққатини кўриб , Қозонлининг Қувон деган ерида бир қозоқ эшон бор эрди.Шул эшонга меҳмон бўлдук.Эшон ҳазрат дарҳол бизлар учун бир қўй бўғизлаб наҳарга буюрган.Дарҳол самавор келтирдилар.Чой ичиб кўп роҳат қилиб, ҳузур қилдук.Андин сўнг намози пешинни эшоннинг масжидида ўқиб, ноҳари қилиб, эшон ҳазратга бир оз ҳадия ақча бериб, хўшлашиб, йўлга равона бўлдик.Ҳавонинг совуқи кўп зиёда бўлди.Юриб хуфтон вақтинда Мозористоннинг мужавурининг манзили бир землянка, яъни ердан қазиб қилинган қозоқларнинг қишда бўлатурган уйи турур.Бориб қичқирдик, мужавур чиқиб айтди:
-Землянкада одам кўп турур, сизларга ҳеч ўрин йўқ -деди.
Биродар афанди русча кийинган эрди.Русча сўзлади.Ман айтдим:
-Ушбу ўрис биродар қозоқ ичиндаги одамларни ёзиб келаётир,дарҳол жой топиб бергил,-дедим.
Андин сўнг баъзи одамларни землянкадан чиқариб бизларни таклиф қилди.Бизлар землянкага кирдук, кўрсак бир мозор экан.Биров-бировларимизнинг устига бош қўйиб, шул оқшомни шунда ўткардук.

Махфий қолмасинким, бизлар йўлда меҳмон бўлган манзилларимизда уй эгасининг аҳволи-руҳиясига қараб гоҳ ҳажга боратурган ҳаж-руҳ бўлиб, гоҳ Назар афандини рус землямери қилиб кўрсатар эрдук.Эртанг эрта бирлан кўчиб, Сирдарёдан бўз устидан ўтиб Қозонли шаҳрига доҳил бўлдик.Келиб хивали биродар Искандар Юсуповнинг уйига тушдик.Ушбу оқшом Оллоҳга шукурлар қилиб, фароғат ётиб ухладик. Биродар Искандар ҳам уч кунликда Сибирск ва Ўринбургдин келган экан.Эртанг туриб чой ичиб, баъзий керак нарсаларимизни бозордин олиб соғу-саломат келдук.Илгари кетармиз, деб Хивага телеграм бериб, кечроқ бўлгандин сўнг икки чана извошчик тутиб вокзалга тушдик.Келиб Искандарнинг вокзалдаги складига тушиб қозоқ қоровулига йўл учун бўғирсақ ҳам гўштни қовурдоқ тайёр қилдириб олдик.Оташ араванинг келадиган вақти бўлди.Вокзалга келдук, кассадин 2-чи классга билет олдук.Дарҳол поезд келди.Усти ёпиқ вагонга ўтирдик.Вагонда шундай одам кўп экан.Бизлар вагон даҳлизида зўрдин ўтирдик.Йўлдошимиз Ёқубнинг нимарсалари-кийгиз, арқон, баъзий йўлдин қолган нимарсалар кўп бўлгани сабабли зўрдин учинчи классга ўрнашдик. Шунинг билан поёзд ҳаракат қилиб, йўлга равона бўлди.Соғ-саломат 29 декабрда Тошкант вокзалига келиб тушдик.То кун чиққунча вокзалда бўлиб, бир Қўқон аравага биродар Ёқубовни тамом нарсалари билан ўтиртириб,Гоголевск кўчага узатиб юбордик.Ўзларимиз трамвайга ўтириб равона бўлдик.Ёқубовдин бурун бизлар Ҳусинбекнинг ҳовлисига келдик.

Махфий қолмасинким, Хива касалхонасининг катта доктори Анисимов ушбу жойда бўлур эрди.Хивадин Тошкантга келмакчи бўлганда бизлардин икки бўлмалик жой сўраган эрди.Ҳусинбекка бизлар хат бериб юборган эдик.Умрзоқ Ёқубжонов берган экан.Ҳовлига кирсак биродар доктор туриб оиласи билан чой ичиб ўтирган экан.Дарҳол бизларни қарши олиб, кўришиб чой таклиф қилди.Бизлар чойга ўтириб, Хивада бўлиб ўтган ахборотлардин сўйлашиб ўтирдик.Ёқуб ҳам келиб етишди.Чой ичиб бўлиб бозорга биродар Умрзоқнинг дўконига -Пиён бозорга бордук.Умрзоқ келган экан.Кўришиб-сўрашиб жойларни калитларини сўрадик.
— Калитларни Ибодулла Қори Эрғозий ўғли олиб эрди,-деди Умрзоқ.Ибодулла қорининг уйига киши юбордик.Бирор вақтдин сўнг Эрғозий ўғлининг ўзи келди.Кўришиб-саломатлик сўрашдик.Ибодулла қори айтди:
-Хивадин юборган хатларингиз тушган плакатларингиз хабари келиб эрди.Ман шул хабарларни эшитгандин сўнг тўғри Раҳматуллин деган адвокатга бир ариза ёздириб, бул кун совет комиссарига бермакчи бўлиб туриб эрдим.Яхши бўлди ўзларингиз келиб қолдингизлар,-деди.

Эрғозиев билан қўшилиб Раҳматуллиннинг уйига бордук.Саломлашиб-кўришдик. Эрғозиев ўзининг ариза ёздириб олмоқчи бўлганлигини баён қилди.Ушбу биродарларнинг ўзлари келиб қолдилар.
-Кўп яхши бўлди.Энди бўлган воқеаларни ўзларидин сўрашиб, шунга қараб ариза ёзиб берарсиз,-деди.Андин сўнг биродар Раҳматуллин бизларнинг воқеаларимизни сўрай бошлади.Ман тамоми бўлган воқеаларни баён қилдим.Полковник Зайцев хондин ришўт олиб, инқилобчи “ёш хиваликлар”ни баъзиларини тутиб ҳибс қилдирди.Шу жумладин бошлиқ Ҳусинбек Матмурод девонбеги ўғли, Солий Юсуп ўғли, Маҳаммадали Эшчан ўғли, Юсуфжон Аҳмаджон ўғли, Эшчан Қорилар ҳибс қилинганлар.Романберган ёқуб ўғли, Отажон Чат маҳрам, Қурбонбой Қалантар ва яна Жуманиёз Ҳожи Бобониёз ўғли Тўрткўл тарафига қочиб кетган.Бобоохун эшон ҳам Бийбозор орқали қочиб Девқорага қозоқлар ичига келганлар.Улар кўп-ранж машаққатлар бирлан бунда келиб чиқдик, деб тамомий воқеаларни баён қилдук.

Биродар Раҳматуллин воқеаларни англаб Совет комиссарига катта бир ариза ҳозирлаб берди ҳам ушбу аризада бизларнинг тарафларимиздин ўтиниб илтимос қилди.Дарҳол Хивада ҳибсда ётган биродарларимизни ҳибсдан чиқартирмоққа.Шунинг бирлан ўттизланчи декабрда аризани биродар Раҳматуллин билан бирга Оқ уйга Совет комиссарининг маҳкамасига олиб бордук.Бул кун якшанба куни эрди.Приём йўқ эркан.Дежурний аризамизни олиб, бизларга жавоб бериб юбормакчи бўлди.”Байрамдин сўнг келурсизлар”, деди.Бизлар айтдук:
-Бизларнинг ишларимиз ондай иш эрмас турур.Бир неча инқилобчи ёш хивалиларни ҳаёт-мамот масаласи турур.Бизларнинг сўзларимизни совет народний Комиссар биродар Колесовга баён қилинг, -дедук.Дежурний Колесовнинг олдига кириб бизларнинг сўзларимизни баён қилган.Биродар Колесов Чаратаев билан олдимизга чиқди.Бизлар билан кўришди.Бизлар аризамизни тақдим қилдук.Ариза муфассал бўлганлиги важидин ўқимай бизларнинг мақсадларимизни савол қилди.Бизлар илтимос қилдук:дарҳол Хивага начальник гарнизон Зайцевга ҳам хонга телеграм юбормакка.Хивада ҳибсда ётган “ёш хивали” биродарларимизни ҳибсдан бўшатмоққа.Дарҳол саркотиби Чаратаевга буйирди, телеграмм ёзмоққа.Полковник Зайцевга ҳам Исфандиёрхонга дарҳол “ Ёш хивалилар” бошлиғи Ҳусинбек ва тамоми исмларини номма-ном ёзиб ҳам Бухородаги Хива учун тайёр бўлган комисссияга дарҳол бунда келиб Хивага кетмоққа, деб.

Махфий қолмасинким, бизлар Хивада ҳуррият олган вақтда бизлар бирлан бирга хизмат қилган 732-чи дружинанинг аскари пулемётчи биродар Погодин ҳам ушбу Оқ уйда бор эркан.Товариш Погодин Жиззахда комиссар экан.Ўз иши бирлан Тошкентга келган эркан.Бизлар учун кўп яхши бўлди.Товариш Погодин тамомий воқеалардин огоҳ эрди.Хива ҳаққинда муфассал бир доклад талаб қилди.Ман айтдим:
-Товариш Погодин ўтинур эрдук, бизлар учун бул киши бизлар бирлан бирга доклад қилса эркан, -деб биродар Колесовдин ўтиндик.
Товариш Колесов “кўп яхши, товариш Погодин 2 кун қолиб бирга доклад ёзсин”, деди.Товариш Погодин бизларни адресимизни ёзиб олди. Наҳордин сўнг бизларни олдимизга бормоқчи бўлди.Шунинг бирлан комиссарлар бирлан хўшлашиб, ўз манзилимизга қайтиб кетдук.Уйга бориб, харажат қилдириб, палов тайёрлаб товариш Погодинга мунтазир бўлиб турдик.Товариш Погодин келди, наҳори қилиб, ўз ишларимиз билан машғул бўлдик.

Махфий қолмасинким, 31 декабр эрди, товариш Погодин биродар Шоликаров бирлан тоза йилни қарши олдилар.Шунинг куни-туни ёзиб, иккиланчи январда докладни ёзиб тамом қилдик.Кўп яхши муфассал доклад бўлди.1914 йилдан бошлаб тамоми бўлган воқеаларни, Исфандиёрхоннинг зулмини ҳам, Ҳусинбекнинг ҳам бизларни ҳуррият, озодлик учун қилган фидокорларимизни тамоман ёзди, ҳам ўзининг эндиги бўладиган фикрини баён қилди.Андин сўнг байрамлар тамом бўлди.Докладни олиб,товариш Погодин бирлан бирга биродар Раҳматуллинни олиб, Оқ уйга товариш Колесовнинг олдига бориб, докладимизни топширдук.Ҳам ўтиндик, товариш Погодинни бизлар полномочний комиссар қилиб Хивага юбормакка.Товариш колесов рози бўлди.Товариш Погодин рухсат олиб Жиззахга кетди.Бизлар ҳам қайтуб кетдук.Ҳозир телеграмдин хабар келмаган эркан.Эртанг ҳам Оқ уйга бориб Чораталиевни кўрдук.Телеграмм келган эркан.телеграммни овоз чиқариб ўқиди.Полковник Зайцев ёзганга кўра, “ Ҳусинбек ёвмутлар контрибуциясида ақча олиб бошқа одамларга бермаган эркан, шунинг учун халқ ҳибс қилди, хоннинг ҳеч қандай даҳли йўқ турур экан”.

Ман айтдим:
-Сўзи ёлғон, халқ уни ҳеч ҳибс қилғони йўқ турур.Бул сўз полковникнинг бир сиёсати , хоннинг бир ҳийласи турур.Ман ёвмутлар контрибуциясидаги ақчаларни бир сўмдан бир тийингача комиссияга қанча ақча берилган, рус штабидин қанча ақча олинган, тамомисини билурман.Агар ҳоҳиш қилсангиз, ман доклад қилиб ёзиб берурман,-дедим.
-Хўп яхши ёзиб беринг,-деди.
Андин сўнг телеграмм бермоқни сўрадим.Хўп, деб шул мазмунда телеграм юборди.Мундин комиссиялар бориб ишларни тафтиш қилур, деб.Шунинг бирлан уйга бориб туркманский собития ҳақинда доклад ёзмоққа бошладим.Доклад шундан иборат турур:

1914 йилда 15 мартда генерал Галкин аскар бирлан ёвмут устига чиқди.Ғозиободда хон Жунайид бошлиқ тамомий туркманлар қарши туриб, муҳораба бошладилар.5-6 соат урушиб мағлуб бўлиб, параканда бўлиб қочиб кетдилар.Генерал Галкин Ғозиободда 3 кун тўхтаб, андин кўчиб Тахтабозорга юрди.Бориб Тахтабозорда тўхтади.Нечунким, ёвмутларни маркази эрди.

Махфий қолмасинким, Шомми кал ёвмутнинг ўкиз ( ўғиз) тоифасидин эрди. Жунайид ёвмутнинг қўшчи тоифасидин турур.Хивага хон Жунайид ҳужум қилганда Шомми кал унда иштирок қилгани йўқ эрди.Нечунким, икки қалтабони бирга бўлмоғи маҳал турур.Ҳар бирлари ўзи бошлиқ турур.Шомми кал генералга пешвоз чиқиб, аскарлари бирла Тахтабозорга келди.Шомми кални тафтиш қилиб, бегуноҳ топиб, ўз қабиласи бирлан омон борди, ҳам эълон қилди.Фароғат ўлтурмоқни, истаган фуқаро бўлса, Шомми кални ҳузурига келсинлар, деб.Шунинг бирлан ёвмут катхудолари ўрс қўшчи, Дурди вакил, Ўзку,Шамурот бахши, Салаххон,Муҳаммадбей, Қулжон Сардор, Ушоқ, Саидмуҳаммадбей, Ҳасан Оман ёрли ҳам бошқа яши катталари ҳам Тахтага келдилар.Сулҳ ҳақида музокара бошладилар.Ҳам сулҳ қилдилар.Хивадин ўзбек жамоаларидин талон тарож олган молларни тўламоққа рози бўлдилар.Шунинг бирлан ҳар қабилага ақча муқаррар қилдилар.Ҳар тоифа катхудолари ўз тоифаларидин ақча олиб бермоқ бирлан машғул бўлдилар.

Махфий қолмасинким, ушбу туркман муҳорабасини тафсил бирлан ёзганда ушбу тарих инқилобидек бир тарих бўлса керак.Фақир бундин зиёда ёзмоққа муносиб кўрмади.Худо ҳоҳласа, иншоллоҳ ўзини “Ёвмут муҳорабаси” номи билан ёзсам керак.Алҳосил генерал Галкин тамоми ёвмут ичини юриб икки ойда Хивага қайтиб келди.Ушбу ёвмутлардин олган ақчаларни санаб олиб ғазначига топшириб қўймоққа бир неча одамларни комиссия қилиб эрдилар.Соиб Назар меҳтар, Ҳусинбек девонбеги, Ҳожибой Аминаддинов, Абдураҳмонбой Баққолов, Андреевский, ва яна бир отлиқ казак тўраси бир неча миллион ақча жам бўлгандин сўнг Хива фуқароларига талон-тарож моллари бадалига бермоқ учун мазкур бўлган комиссиялар қўли билан хоннинг маҳкама бошчиси ҳам ғазиначиси Абдурасулбой Полвон Мирзабоши ўғлига тобширдилар.Аввалги мартаба 800 минг манот, иккинчи мартаба 140 минг манот, учинчи мартаба 60 минг манот, ушбу ақчаларни хоннинг маҳкамасига келтириб одамларга бермоқчи бўлдилар.Ушбу ақчадин Исфандиёрхон 300 минг манотни ўзи учун олди.Бовужур хон Жунайидга 18 минг манот бериб эрди.Яна хоннинг амри билан Давлатмурод маҳрамга 20 минг манот, Рўзимуҳаммад маҳрамга 30 минг манот, Ашир муҳрамга 30 минг манот, Иброҳим хўжага 15 минг манот, Муҳаммаджон 5 минг манот, Абдураҳмонбой Баққоловга 80 минг манот, Муҳаммадёқуб қорийга 10 минг манот,Маҳаммадёр тўрага 80 минг манот, Ибодулла тўрага 20 минг манот, Саид Абдулла тўрага 40 минг манот, Насир тўрага 20 минг манот, Назар Маҳрамга 30 минг манот, Жуманазар маҳрамга 25 минг манот, Бек маҳрамга 15 минг манот, Сардорбойга 15 минг манот, авлоди ших Назарбойга 15 минг манот, Саидназар меҳтарга 20 минг манот, Абдурасулбойга 10 минг манот, Ҳусинбекка 45 минг манот берилди.Жами 885 минг манот бўлди.Қолган 115 минг манотни талон-тарож бўлган фуқароларга берилди.Шунинг бирлан рус штаби берган ақчаси тамом бўлди.Ушбу тақсимни комиссиялар қилдилар.

Махфий қолмасинким, тўралардин талон-тарож қилиб олинган олтин-тузикларни штаб хонга топширмоқчи бўлиб хоннинг маҳрами Сабур маҳрамни чақирди.Мани ҳам ушбу олтин нимарсаларга баҳо қилмоқ учун комиссия қилиб чақирди.Ман 200 минг манатга баҳо қилдум.Шу жамланган пулларни ҳам хоннинг ўзи олди.Бироқ улар хоннинг нарсаси эмас эрди.Хон туркманларга берган 18 минг манатнинг бадалига 500 минг манатни олди.Туркман контрибуциясининг ҳисоби ушбу турур.Рус фуқароларидин талон тарож бўлган моллари учун аскари штабнинг ўзи берди.
Махфий қолмасинким, туркманлар ўз фуқароларидин йиғнаб олган контрибуция ақчаларини келтириб рус аскари штабига топшириб эрди.Ёвмут ёмонларидин бошлиқ Ушоқ Сайид Маҳаммадбек ва бир нечаларини ҳибсдан чиқариб, озод қилиб юборди.Ҳам ёвмутларда қолган контрибуция ақчаларни кечиб юборди, деб докладни тамом қилиб ҳукуматга топширдим.Ҳам “Улуғ Туркистон” газетасида босмоқ учун бир копиясини бердим.

Махфий қолмасинким, биродар Шоликаров бирлан маслаҳат қилиб Қўқонга мухториятлик ҳукуматга ҳам мусулмон совет солдатский қўмитага мурожаат қилишга қарор қилдик.Ушбу оқшом Симбирскдин биродар Муҳиддин Умаров, Хивадин Абдулла жўқилар Муҳаммад Раҳимбойнинг ишлари бирлан кетган эркан.Чоржавга бориб ҳисобини тамом қилиб бизларни ёнимизда келмоққа ваъда қилиб кетди.Бизлар ҳам Ибодулла қори Эрғазиевни ёнимизга олиб Қўқонга кетдук.Йўлда бир оқшом бўлиб, 10 январ 1918 йилда Қўқон шаҳрига даҳил бўлдик.Шундай мусафирлар кўп эркан 4-5 нўмерга бориб ўрин топмадук.Ахири бир нўмерда ўрнашдик.Чой ичиб бўлиб кўчага чиқдик.Кўчаларни, сарбозларни тамоша қилиб юрдук.Жума куни эрди, тоза таҳорат қилиб ўрда бозордаги катта масчити жоъмеда намози Жума ўқидик.Намоздин чиқиб туриб эрдик Назир Шоликаровнинг ошнаси Усмонжонбой деган бир йигит келиб кўришди.Бизларни олиб дўконига борди.Шарқ дастурида чой ичиб, ҳар тарафдин сўйлашиб ўтирдик.Бир оз вақтдин сўнг файтун араваси келиб қолди, бизларни ўтиртириб пахта заводига олиб кетди.Йўлда катта гулзор чарбари бор эркан.Анда тушиб ярим соат томоша қилиб пахта заводи бўлган қишлоққа келиб етишдук.

Махфий қолмасинким, пахта заводини ўтган йил Масковский туркий промишленний товаришествадан 40 минг манатга олган эркан.Ноҳари қилиб чой ичиб ўтирдик.Усмонжонбой пахта бирлан ҳам арчин товар бирлан савдо қилур эркан.Назир афанди бирлан Маскавда ошна бўлган эркан.Томоша қилиб шаҳарга қайтдук.Келиб ўз манзилимиз бўлган меҳмонхона нўмеримизга тушдик.Эртанг кўчага чиқиб, эски шаҳарга бормоқчи бўлиб Худоёрхоннинг аркини остинда барча бор эркан, шунда келдик.Бахтимизга биродар Абдишукур Латипов олдимиздан чиқди.Кўришиб шод бўлдук.Дарҳол биродар Шакир Тенисовнинг қайда эрканини сўраб, Маскавский внешний торговий банкага бордук.Шакир афанди банкга мудир эркан.Саломлашиб кўришиб шод бўлиб, чой ичиб ўтирдик.Шокир афанди Хивадаги “ёш хиваликлар”ни бир-бир сўради.Бизлар тамоми бўлган воқеаларни бир-бир баён қилдук.Шокир афанди кўп афсус надомат чекди.Андин сўнг Мухториятли мусулмон ҳукуматга ҳам мусулмонский солдатский депутатларнинг мажлисига бир катта муфассал заявления ёзиб бермоқни илтимос қилдук.Қабул қилиб ёза бошлади.Андин сўнг Шакир афанди уйига наҳорга таклиф қилди.Бориб наҳори қилиб чой ичиб ўтирдик.Андин чиқиб советский солдатлар депутатларининг мажлисига бордук.Ҳамма мусулмон солдат биродарлар билан саломлашиб кўришдик. Раиси мажлис биродар ризоаддин Шокиров эркан.Низомаддин Хўжаев ҳам Оренбургга генерал Дутовнинг олдига элчи бўлиб кетган эркан.Ушбу кун қайтиб келган экан.Раис афанди менга сўз берди, ўз аҳволотимизни доклад қилмоққа.Ман туриб тамоми Хивада ҳурриятчи “ёш хивалилар”нинг бошларига келган фалокатларни ҳам Хивада бўлиб турган сиёсатни бир-бир баён қилиб, ёрдам талаб қилдим.Раис афанди жавоб берди:
-Ушбу баён қилган сўзларингиз бизларга кўп оғир таъсир қилди.Кошки бизларда бир катта куч бўлса эрди.Сизларга бир неча юз аскар қўшиб юбориб “Ёш хивали” биродарларимизнинг учинчи золим истибдодчилардин қутқариб олсак. Ҳайф ким бизда ул қувват йўқ турур.Аҳвол ҳайрон бўлиб турибмиз.Тошкантдин аскар бирлан Совет народний комиссар Колесов бунда келаётир.Нечун келур, маълум эрмас турур.Фақат совет солдатский қўмита номидин Хивага хонга ва полковникка телеграм юборурмиз.”Ёш хивалилар”ни ҳибсдин чиқариб юборинг, -деб.

Ман айтдим:
-Оллоҳ рози бўлсин, албатта телеграммдин бошқа илож йўқ турур,-дедим.
Дарҳол қарор қилиб телеграмм ёзмоққа саркотибга буйирдилар.Андин сўнг рухсат олиб чиқдик.Андин чиқиб мухториятли ҳукуматга бориб аризаларимизни бердук, ҳам бошимизга тушган ҳодисаларни баён қилдук, ҳукумат арбобларига таъсир қилиб, кўп надоматлар қилдилар ҳам айтдилар:
-Ушбу воқеаларингиз тўғрисида аввал ҳам хонга ҳам Руссия аскар бошлиғига телеграмм бериб эдик.Яна телеграмм берурмиз,-дедилар.
Шунинг бирлан хўшлашиб чиқиб манзилга бориб кечга Тошкентга қайтмоқчи бўлиб ҳозирланиб ўтирдик.Биродар Шокир Тенисов келди.Ҳар турли дунёда бўлғон сиёсатлардин сўзлашиб ўтирдик.Ҳусинбекка кўп қайғуриб ўтирди.Шунинг бирлан файтун олдириб, вокзалга равона бўлдук.Билет олиб, биродарлар билан хўшлашиб, вагонга ўтириб Тошкент тарафга жўнаб кетдик.Биродар Назир Шаоликаров айтди:
-Ман Самарқандга бориб, бир оқшом туриб, қайтиб келурман,нечунким, Балковский бирлан ҳисобим бор турур-деди. Ман Тошкантда тушиб қолдим, Назир афанди ўтиб кетди.Ман Тошкентдаги уйга келдим.Доктор Анисимов маълум қилди:
-Кеча Хивадин Отажон Маҳрам Сапоев ҳам Ёқубовлар келдилар.Ўзлари “Қосим” нўмерига ( меҳмонхонасига-У.Б.) тушганлар,-деди.

Ман дарҳол чой ичмасдан “Қосим” нўмерига югуриб кетдум.Бориб биродарларни кўриб, кўришиб, йиғлашиб ўтирдик.Воқеаларни сўрамасдан дарҳол арава келтириб, нарсаларни юклаб Ҳусинбекни жойига биродарларни олиб келдим.Ноҳари пишириб, ноҳари қилиб, Хивада бўлиб ўтган ҳам ҳозирда бўлиб турган воқеалардин сўйлашиб ўтирдик.Айтдилар:
-Сизлар казармадин чиқиб кетдингизлар,Ҳусинбек ҳам ўз уйига кетди.Бизлар ҳам ўз уйларимизга келиб, пинҳон бўлиб ётдук.Эртанси Ҳусинбек бошлиқ бир неча биродарларимизни ҳибс қилдилар.Романберган Отажон Чарат ёвмут ичига бориб ошна бўлган бир ёвмутни хон Жунаиднинг олдига юбориб, ундан афу сўраганлар.Хон Жунайид рози бўлиб, қўлларига хат берган, ҳеч ким даҳл қилмасин, деб.Лекин Хивага бормасинлар, бошқа ҳар қаълага борсалар ихтиёр ўзларида турур, деган.Шул вақтда Романберган Отажонлар Тошҳовузда ўз жойларида ётиб, бизларга бир неча мартаба хат юбордилар, бунда келсинлар, деб.Бир кун хабар келди, рус аскарлари тамом кетмакчи турурлар, деб.Бизлар ҳайрон бўлиб, маслаҳат қилишдук, аскарлардин бурун кетмакчи бўлиб.Нечунким, аскарлар кетган ҳамон бизларни ҳам тутиб, ҳамммамизни ўлдирсалар керак, деб.Кетмакка қарор қилиб, бир араванинг устига мўғирдак қилиб, бир кечада қаъладин чиқиб арвага ўтириб Бешариққа равона бўлдук.Биродар Худойберган Девонов ҳам бизлар бирлан чиқмоқчи эрди, отаси кўп қаттиқ касал бўлди.Нечик бўлса бўлсин, отамни ушбу аҳволда ташлаб кетганим яхши эмас турур, деб қолди.Бизлар Бешариқга келиб яна бир от солиб олиб ҳеч бир ерда турмасдан юрдик.Кўринмасдан йўлларда кўп озорлар чекиб Чоржавга келиб, аравамизни бир Чоржавлининг уйига қўйиб, оҳиста вокзалга келиб кўп хавфи-ҳараст билан билет олиб соғ-саломат чиқиб кетдик.Январнинг тўртланчисида Хивадан чиқиб, ўн учинчисида бунда келиб тушдик,-дедилар.

Махфий қолмасинким, рус аскарлари ҳам январнинг олтинчисида Хивадин чиқиб, Чоржавга ирода қилганлар.Хива бўш бўлиб қолган.Хон Жунайид ўз ихтиёри бирлан Хива ҳукуматига эга бўлган.Бечора камбағал фуқаролар, золим хон.Жунайидхон бирлан биргалишиб зулум қила бошлаганлар.Зулум шундан иборат турур: Жунайидхон ва тамоми Жунайидга яқин бўлган ёвмут ҳаромийлари ўзлари учун ўз жойларида катта-катта ўрис ҳовлилари солганлар.Бечора мусулмонларнинг ёғочларини ва бошқа иморатга даркор бўлган асбобларини пулсиз фуқароларнинг ўз араваларига солиб ёвмут ичига келтириб ўзларини ишлатиб иморатлар қурганлар.Ўзбек усталарини бўлса ҳам мажбурий пулсиз ишлатганлар.Андин бошқа тамоми Хоразм фуқароларига умумий суратда буғдой, жўхори, гурунчдин солғит солиб олганлар.Ҳам тамоми савдогар, косиблардин ақча солғити солиб олганлар.Ёвмут овбошлари ҳар бирлари бир хон бўлиб ҳукм юритганлар.Бечора фуқароларнинг фиғони жонидин чиққан.Маълум бўлсинким, бизлар бирлан Хивага юбормакчи бўлиб товариш Погодинга катта бир мандат бердилар.Мандат шундан иборат турур: тамоми Тўрткўлдаги аскарлар биродар Погодиннинг ихтиёрида турур.Ҳам Чоржавдин қанча аскар даркор бўлса олиб Хивага бормоққа ихтиёрли турур.

Махфий қолмасинким, товариш Погодин мандатни олган ҳамона Хивага хонга телеграмм берди: Дарҳол ҳибсда ётганларни ҳибсдан Тўрткўлга ўткариб юбормакка.Бизлар бундин боргандин сўнг ўзи тафтиш қилиб сўраб кўрмакка.
Шунинг бирлан ўзларимиз ҳам 22 январ 1918 йил Хивага қараб чиқмоққа қарор қилиб, товариш Погодин Жиззахга ўз ўрнига кетди, ўз ишларини битириб бизларга телеграмм қилмоқчи бўлди.Бизларнинг бахтимизга қарши шу кунда Бухоро муҳорабаси ўртага тушиб кетди.Йўллар банд бўлиб қолди.Шунинг бирлан бизлар Тошкантда тўхтаб қолдик.Бир неча кун Бобожонбойнинг одами Муҳаммад Шарипдин телеграм келди.Биродар Раҳмонберган Ёқуб ўғли ҳам Отажон маҳрам ва Қуронбой Қалантарни Тошҳовузда ёвмутлар отиб ўлдирдилар, деган.Сурат воқеа шундай бўлган:
Исфандиёрхон ёвмут ёмонларидин Саид Муҳаммадбекка буюрган: сан Раҳмон бирлан Отажон Маҳрам, Қуронбой Қалантарларни ўлдиргил, тамоми молу ошиёси ўзингники турур, деб.Яна ҳам кўп нимарса берган.Шунинг учун Саид Муҳаммадбек ўз одамларига буйириб, уларни қумга чиқариб отиб ўлдирганлар.Ушбу телеграм-хабарни олгандин сўнг бизлар кўп хафа бўлиб қолдик.Оллоҳ Таолонинг берган қазосига рози бўлиб сабр қилмоқдин бошқа чора топмадик.Қуръон ўқиб, шаҳид бўлган биродарларимизнинг руҳларига бахш қилиб, сабр қилиб ўтирдик.

Бу орада Бухоро муҳорабаси ҳар кун бир ранг олиб кетди.Оқибат “Ёш бухороли” биродарларимиз енгилди.1918 йил март ойида қочиб, Тошкентга келиб тушдилар.Ҳаммалари “Регина” меҳмонхонасида манзил қилдилар.Бизлар биродар Назир Шоликаров бирлан бориб, ушбу биродарларимизни кўриб аҳвол сўрашдик.Тамоми бўлиб ўтган воқеаларни баён қилдилар.Андин сўнг ҳукуматдин муҳожир “ёш бухоролилар” учун эски шаҳарда бир катта жой олдилар.Файзулла Хўжа, Муҳим Мақсум, Усмон Хўжа ва бошқа бир нечаларни “Иркутск” кўчада ўз ақчаларига бир уй кира қилиб, шунда манзил қилдилар.Ман ҳар вақт шуларнинг олдларига бориб сиёсий аҳволотдин сўйлашиб келур эрдим.Бир неча вақт ўтгандин сўнг Файзулла Хўжа ва Усмон Хўжалар Маскавга кетмоқчи бўлдилар.Бориб Марказий ҳукуматдин ёрдам сўраб олмоқчи бўлдилар.Манга ҳам Маскавга бирга кетмоққа таклиф қилдилар.Ман қабул қилдим ҳам ҳукуматдин мандатлар олинди.Бир кунни муқаррар қилдилар сафар қилмоқ учун.Ушбу қарор қилган кун кетмоққа тўғри келди.Ман ўз биродарларим бирлан Отажон Маҳрам, Бобожонбойлар бирлан маслаҳат қилдум.Отажон Маҳрам, Бобожонбойлар айтдилар:
-Бизлар бунда ҳар бир хизмат сўз бўлса Сизни тайёр қилиб қўйибмиз.Ҳам бунда уч киши турурмиз.Отажон Маҳрам бўлса касалнома бир одам турур.Агар сиз кетиб қолсангиз бизлар кўп хафа бўлиб қолурмиз.Сизнинг шу сафардин қолмоқингиз лозим турур.Оллоҳ Таоллоҳга таваккул қилурмиз,-деб розилик бермадилар.
Шул вақтда Файзулла Хўжа тарафидин Файзуллажон деган биродар бир хабар келтирди.Файзулла Хўжалар вокзалга кетдилар.”Сизни дарҳол келсин деб мани юбордилар”, деб эълон қилди.Ман биродарларимни мани Маскавга кетмоғимга рози бўлмаганларини баён қилиб айтдим.
— Мандин Файзулла Хўжа ва Усмон Хўжа биродарларга салом айтинг, ул биродарларни Оллоҳ Таоллога омонат топширдим.Илоҳи Оллоҳ Таолло уларга оқ йўл берсин ҳам саломат кўришмагимизни насиб қилсин,-деб Файзуллажонни қайтариб юбордим.

Махфий қолмасинким, Назир афанди Самарқанд, Бухоро, Чоржавга бориб бир неча кунлар юриб қайтиб келди.Биродар Муҳиддин Умаров ҳам Чоржавдин кўчиб келди.Маълум бўлсинким, Маскавдин фавқулодда комиссар бўлиб биродар Ориф Келбекиев ҳам Юсуф Ибрагимовлар Тошкентга келдилар.Бизлар газетада ўқиб “Қосим” нўмерига ушбу биродарлар олдига бордик.Нечунким, Ориф Келбекив Хивага борган даврда бизларни аҳволимиздин огоҳ бўлган одам эрди.Бориб кўришиб ўтирдик.Бошимизга тушган можаролардин бироз баён қилдик.Ориф афанди Юсуф Ибрагимовга таклиф қилди:
-Бу биродарларнинг маълумотларини сўраб ишларига ошно бўлинг.Ман буларнинг ишларига воқиф турурман,-деди.Андин сўнг Юсуф афанди бизларнинг ишларимиз ҳақинда маълумот олмоққа бошлади.Бизлар тамоми бўлиб ўтган ҳам ҳозирги вақтда бошларимизга тушган можароларни баён қилдук.Оллоҳ рози бўлсин, Юсуф афанди бизларни бошларимизга тушган савдолардин ҳайрон бўлиб, бизларнинг ишларимизни яхшилаб ишламакка ваъдалар қилди.Ҳам ҳар кун келиб сўйлашиб турмоққа буюрди.Шундай қилиб бир неча вақтлар ўтди.Бир кун Юсуф афанди маслаҳат берди:
-“Ёш хивалилар”нинг инқилоб қўмитасини тузинглар,-деб.
Ман айтдим:
-Бизлар 3-4 одаммиз, нечук қўмита очармиз,-дедим.Юсуф афанди айтди:

Юсуф афанди айтди:
-Ҳеч зарари йўқ, 3-4 одам бас турур, бориб-бориб аъзоларингиз кўп бўлиб кетар, -деб бизлар учун қўмита очмоққа буйруқ қилди.Мани раис сайлади.Отажон Маҳрам Сапаевни саркотиб, Бобожонбойни муовин, Муҳиддин Умаровни хазиначи сайлаб қўмита учун муҳрлар, дафтарлар тайёр қилмоққа буйурди.Бизлар ушбу буюрган дафтарларни Кабир Бакировларнинг дўконидан олдик.Муҳрларимизни Марказий Ижроия қўмитадин рухсат олиб буйруқ ҳам тайёр қилиб олдик.Истаган одамларни аъзоликка қабул қилиб, қайд қила бошладик.Бир неча кундин сўнг биродарларимиз Ҳаким Бобожон Муҳаммад ўғли ўз одами Омон бирлан Хивадин қочиб келди.Кўп машаққатлар бирлан Бухородин ўтган.Нечунким, Бухоро амири “Ёш бухоролилар”ни тутиб ўлдириб турган вақти бўлган.Бир неча кундин сўнг биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродов якка ўзи Қозонли устидан чиқиб келиб етишди.Кўришиб- йиғлашиб ҳол-аҳвол сўрашдик.Ҳусинбекларни ўлганини баён қилди.Бизлар ушбу жаҳон сўз воқеаларини эшитиб, фиғон-жонларимиз чиқди, гўё бизларнинг бошларимизга қиёмат бўлди.Бечора мусофирлар кўп йиғлашдик.Кейин Оллоҳ Таоллонинг тақдир бўлгандин сўнгра нечора қилмоқ керак.Рози бўлиб, Қуръон ўқиб шаҳид бўлган ҳурриятпарвар биродаларимизнинг руҳларига бахш қилдик.Андин сўнг Хивада бўлиб ўтган сиёсатлардан биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродов доклад қила бошлади.Бир кундин сўнг Юсуфжон Аҳмаджонов ҳам Хивадин қочиб келди.Исмоилбой Солиҳожи ўғли ҳам қочиб келиб етишди.Бизлар ҳам кўпчилик бўлиб қолдик.

Энди Хивада бўлиб ўтган аҳволотдин бироз ёзмоқни муносиб кўрдик.

Махфий қолмасинким, ушбу биродарлар келмасдин бурун Тоза Урганчдин Сайдашев имзоси бирлан телеграм келган. “Улуғ Туркистон” газетасига босиб чиқардилар.Телеграм шундан иборатки: “Хивага ёвмут Жунайидхон,Шомми кал, ҳам тамоми катхудолари келиб хон бирлан ярашдилар.Полвон отага кириб аҳд паймон қилдилар, ҳамиша дўст бўлиб яшамоққа”, деб.Баъзи билмаган биродарлар хушвақт бўлиб мандин савол қилдилар.Ман айтдум :
-Бу сўзлар маъзий бир сўз турур.Ушбу баён бўлган туркманлар ҳеч вақт аҳди-паймон деганни билмаслар.Бул ишларни вақтинча ўз фойдалари учун ишланган бир иш турур,-дедим.

Энди келайлик муддаога: рус аскарлари Хивадин кетгандин сўнг хон ёвмутлар ичига мулла-эшонлар юбориб, Жунайидхон бирлан Шомми кални яраштирган, ҳам аларни Хивага чақирган.Ёвмутлар катхудолари бирлан Хивага келганлар.Буларни ҳар бири бир жойда меҳмон бўлган.Шомми кал Жунайид бирлан ҳеч кўришмаган,Жунайид бориб полвонота алайи раҳмонни зиёрат қилган.Шомми кал ҳам ўз тўғрисидан бориб зиёрат қилган.Телеграм ёзган афанди ушбу воқеаларни бошқа бир турлик қилиб телеграмга ёзган эркан.Андин сўнг ҳибсхонадин Ҳусинбек Шомми калга хабар қилган: ўзини ҳибсдан халос бўлмоқ тўғрисида тараддуд қилмоқни.Шомми кал хондин сўраган.Исфандиёрхон ноилож Ҳусинбекни ҳибсдин чиқариб Нуриллабой саройда қўйиб туркманларга контрибуцияларидан ҳисоб талаб қилганлар.Ҳусинбек тамоми ҳисобларни берган.Шунинг бирлан уйига жавоб бериб юборганлар.Ва бошқа ҳибсдаги Салай Юсуф ўғли, Эшчанқул Жабборқул ўғли, Муҳаммадамин Эшчан ўғли, Юсуфжон Аҳмаджон ўғилларини машҳур ёвмутлар эшони Хон Эшондин тилаган.Исфандиёрхон ноилож бўлиб рози бўлган ва бул биродарларимизни ҳам ҳибсдин чиқарганлар.Ҳар бирларидан қанча ақча олганлар.Хон ҳам кўп ақчалар олган.Биродар Муҳаммадёрбойдин 40 минг манат олган.Бир икки кундин сўнг Исфандиёрхон Жунайидхонга ва Ушоқ Саид Муҳаммадбекга эълон қилган:
-Бул нечук ишлар турур,Хон Эшон ушбу мани душманларимни зўрлик қилиб, ҳибсдин чиқарди.Ман буларнинг ҳибсдин чиққанлигига ҳеч рози эрмасман.Хон Эшонни бунингдек ишлар бирлан нима даҳли бор турур.Ихтиёр маним ўзимда турур, нечук қилсам, ўзим қиламан, -деган.
Шунинг бирлан хон яна киши буюрган, дарҳол озод қилинган биродарларни қайтадин ҳибс қилдирган.Ҳусинбекдин Шомми каллар кўп ақча олганлар.Андин сўнг ёвмутлар хондин кўп инъом-эҳсон, сарпо олиб, ўз жойларига қайтиб кетганлар.

Махфий қолмасинким, Жунайидхон Исфандиёрхонни ёнида ўз одамларидин бир неча одам қўйган.Шунингдек, тамоми Хива қаълаларинда қаъла ҳокимлари олдида ҳам ўз одамларини қўйган.Гўё Хива унга тобе бўлган.Хива хони бўлса ёвмутлар буйруғи бирлан иш кўрган.Бечора фуқароларнинг фиғони-жонидан чиққан.Шундай қилиб, 1920 йилгача Хивани ўзига тобе қилиб, зулм қилиб турганлар.

Махфий қолмасинким, 1918 йил май ойинда хон ўз маҳрамини Жунайидхон олдига юбориб илтимос қилган: бошлиқ Ҳусинбек, Исоқхўжа ва Толибхўжаларни ўлдириб бермакка.Исфандиёрхон ўз олдига келтириб, сўроқ қилмоққа ўғли Эшшига буйирган.Ўғли Эшши Хивада эркан Ашир маҳрам буйруқни олиб келиб хон бирлан маслаҳат қилиб, Эшшига кўп нимарсалар бериб, уларни йўлда отиб ўлдирмакка рози қилган.Шунинг бирлан намози аср вақтинда ушбу биродарлар ҳар кундаги одатлари бўйинча хонга саломга келган вақтларида, буларни Ашир маҳрам ҳовлисига олиб келганлар.Ашир маҳрам эълон қилган:
-Сизларни Жунайидхон чақирган, дарҳол бармоқларингиз лозим турур,-деб.Дарҳол мажбурий суратда ёвмут отлилари бирлан чиқариб юборган.Ёвмут отлилари буларни ўртага олиб қаъладин чиқариб кетганлар.Ҳатто ҳеч ким бирлан сўйлашмаганлар.

Қумга боргандин сўнг Исоқ хўжа ёвмутларга айтган:
-Бизларни узоққа олиб бориб юрманглар, ҳар нечук қилмоқчи бўлсангизлар шу ерда қилинглар,-деб аравадин тушиб ўтирганлар.Ҳусинбек, Исоқхўжа,Толибхўжа ёвмутлар бошлиғи Жунайидхон ўғли Эшши баҳодирдан илтимос қилганлар:
-Абдусаломхўжа бир ёш йигит турур, шуни ўлтирманглар, бизларни нечук қилсангизлар, дарҳол қилинг,-деганлар.

Ёвмутлар ҳам рози бўлганлар.Анда Абдусаломхўжа айтган:
-Маним сизлардин қолиб тирикчилик қилмоққа ҳеч розилигим йўқ турур, мани сизлардан бурун ўлдирсангизлар,-деган.
Ёвмутлар ушбу биродарларнинг кийимларини тамом олиб бўлиб шаҳид қилганлар.Исфандиёрхон бул қотилларга тозадин кўп инъомлар қилган.Бу хабарни Хива одамлари эшитиб, Хива қаъласинда фуқаролар тарафидин бир мотам бўлган.Эртанг тамоми хеш-акробалари шаҳидларнинг устига бориб ўзлари учун муқаррар қилиб қўйган қорихоналарга келтириб, кўп одамлар бирлан жаноза ўқиб, қабрга қўйганлар.Бир неча кунлар қаълани мотамхона қилганлар.Илоҳи Оллоҳи Таоло ушбу ғариб-мазлум бечора фуқаролар учун ҳуррият озодлик йўлида қурбон бўлган шаҳидларни раҳмат қилсин,омин!

Махфий қолмасинким, Жунайидхон бу воқеани эшитиб, ўз ўғлига кўп койиш қилган, нечун бунда келтирмай йўлда ўлдирдинг, деб.
Энди ўз аҳволимиздин сўз айтурмиз.Тошкентда бизларнинг қўмита аъзолари кундан-кун кўп бўла бошлади.Бир кун тамоми ҳозир бўлган аъзоларимизни жамлаб мажлис қилмоқчи бўлдик.Аъзолар жамоасидин Мухтор Давуд Бакировлар ҳам Шокир Ситдиқовлар бор эрди.Ман раисликни Мухтор афандига бердим. Мухтор Давуд афанди саркотиблиги бирлан мажлис очилди.Қаралган масала “Ёш хивалилар” нинг программасига ёзилиб қўйилган эди.Хивани Туркистоннинг бир қисми қилмоқдин иборат эрди.Ушбу моддага биродар Отажон маҳрам Сапаев қарши бўлиб, кўп сўз айтди:
-Биродарлар ушбу ҳурриятдин тамоми маҳкум халқлар истифода қилиб, ўз истиқлолини олган вақтларида биз “Ёш хиваликлар” ўзимизда бўлган мустақиллигимизни йўқ қилсак, ватанга миллатга хиёнат қилган бўлурмиз, тарихда ёмон отли бўлурмиз,-деди.
Бошқа биродарлар жавоб бердилар:-Бизлар ушбу моддани қолдирсак, эҳтимол шўролар ҳукумати бизларга ҳеч ёрдам қилмаса ҳам, Туркистон ҳукумати бўлса ҳам бир ислом ҳукумати турур,-деб кўп музокарадин сўнг овозга қўйдилар.Отажон маҳрам Сапа ўғлининг қаршилиги бирлан аксарият ушбу қарорни қабул қилди.Бошқа масалаларимизни муҳокама қилиб, мажлис тамом бўлди.

Махфий қолмасинким, қўмитамизнинг ишлари ҳар кун яхши бўла бошлади.Биродар Юсуф Иброҳимовнинг ҳам ёрдами кўп бўлди.Қўмитамизнинг харажати учун ақча сўраб марказий ижроия қўмитасига ариза юбордук.Ижроия қўмита аризамизни хорижий комиссариатга юборган.Хорижий комиссар 150 минг манот “Ёш хиваликлар”нинг инқилоб қўмитасига ажратган.”Ёш бухороликлар”га ҳам 150 минг манот тасдиқ қилган.Бизлар керак бўлган ақчаларимизни олиб, баъзи харажатларимизга сарф қила бошладик.Биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродовни ҳам Ҳаким Божибон бирлан Тўрткўлга юбормакчи бўлиб маслаҳатлашдик.Ёвмутлар зулмидан қочиб, Тўрткўлга ўтган хиваликларни жойлаб, бир уюшма қилиб, бунда хабар қилмоққа.Андин сўнг мундин рухсат олиб расмий равишда “Ёш хиваликлар”нинг инқилоб қўмитасининг шўъбасини очмоққа, деб.
Ушбу баён бўлган биродарларни узатиб юбордик.

Мухтор афанди саркотибимиз ҳам Оренбургга кетди.Ушбу вақтда Туркистонни 6чи қурултойи очилди.Бизлар ҳам қўмитамиздан биродар Отажон маҳрам Сапаевни вакил сайлаб, қўлига мандат бердук.Биродаримиз Отажон маҳрам касал бўлганлиги сабабли кундуз қурултойга борар эрди, кечалари эса ани ўрнига ман иштирок қилур эрдим.Қурултой икки фирқадин иборат эрди: Коммунист большевик ҳам ўнг-левий эсердин.Шундай қилиб, бир неча кундин сўнг қурултой тамом бўлди.Ушбу қурултой машҳур кадетский корпусида бўлди.

Махфий қолмасинким, 1918 йил Тошкентда тамоми уйларни национализация қилиб ҳукуматга олдилар ҳам тамоми бойларга контрибуция солиб кўп ақчалар олдилар.Ҳам катта бойларни ҳукумат ишларида мажбурий суратда ишлатдилар.Тамоми ерларни олиб коммуна қилиб, одамларга бердилар.20-30 кишини бир коммуна қилиб, 500-600 таноб ер бердилар.Ҳам ҳукуматдин от-арава ҳўкузлар харажатлари учун кўп ақчалар бердилар.Ушбу коммуна бўлган биродарлар от ҳўкизларни сўйиб ошадилар, араваларни ўтга ёқдилар.Ҳукуматдин олган ақчаларга “кишмиш пака” деган ароқ олиб ичдилар.Ҳеч бир яхшилаб экин экмадилар. Ҳукумат тамоми ссудаларни йўқ қилди.Ҳам мухториятли Тошкент-Қўқон ҳукумати йўқ бўлиб, аъзолари ҳар тарафга қочиб кетдилар.Халқ бўлса парокандалик бирлан нима қилишларини билмадилар.Шундай бўлиб нимарсалар қиммат бўлиб кетди.Ҳеч ким экин экмади.Ушбу йил Тўрткўлга комиссар қилиб Каноплев деган эски офицерни юбордилар.

Энди Хива тарафидин бир неча сўз ёзмоқ даркор бўлди.Каноплев Тўрткўлга келгандин бир неча кунлардин сўнг ёвмут Жунайидхон катта туркман отлилари бирлан дарёнинг икки еридин ўтиб, Тўрткўлга ҳужум қилган.Каноплев кўп ғайрат қилиб тамоми шаҳар одамларини мобилизация қилиб, қурол остига олиб окоплар қазиб 2-3 кун урушиб турган.Ушбу вақтда Чоржавдин пароход бирлан 70-80 нафар офицер-аскарлар келиб етканлар.Ушбу тозо келган аскарлар кўп ғайрат қилиб туркманларга ҳужум қилиб, қочирганлар.Туркманлар пароканда бўлиб қочиб кетганлар.Андин сўнг Тўрткўл тупроғида ота-туркманлар устига Каноплев аскар буйириб, тамоми қатлиом қилиб келган.Ҳам асир хотинларни ҳар кимлар хотин қилиб олганлар.

Махфий қолмасинким, ушбу ҳодисалардин сўнг Каноплев Тошкентга доклад учун Бахтиёров деган бир русни доклад қилган.Ҳам “Ёш хивалилар” тарафидин мулла Жуманиёз Султонмуродовни сайлаганлар. Ўзбеклар тарафдин қози Иброҳимни сайлаб, отли Бухоро устидин юборганлар.Бир неча вақтлар йўл юриб, Тошкентга келиб етишдилар.Ушбу делегатларга второй полк казармасида жой берганлар.Биродар мулла Жуманиёз Султонмуродов бизларни ёнимизга келиб бўлди.Андин сўнг доклад қилмоқ учун бир кунни муқаррар қилдилар.Шул кунда Оқ уйда назирлар шўрасинда катта қўшма мажлис бўлди.Мани ҳам таклиф қилдилар.Бордим.Бахтиёров тамоми Тўрткўлда бўлган воқеаларни тафсил бирлан сўйлаб берди.Ҳам Мулла Жуманиёз Султонмуродов “Ёш хивалилар” тарафидин сўйлаб аскар талаб қилди.Хорижия нозири товариш Домогацкий ҳам аскар юбормакни муносиб кўрди.Шунинг бирлан аскар юбормакка қарор қилмоқчи бўлдилар.Ҳарбия нозири Успиев қарши бўлиб айтди:
-Ҳозир мунда ҳеч аскар йўқ турур, 3-4 нафар тоза, ўрганмаган аскар бор турур, олар ҳам бўлса мунда қаровуллик хизматини адо қилиб турмоқда,-деб аскар юбормакни қаътий суратда рад қилди.Шунинг бирлан мажлис тамом бўлди.Ахири бир йўл топиб, Бахтиёров кўнгилли аскар олмоқчи бўлиб, “Ёш хивалилар” қўмитасидин ёрдам сўради.”Ёш хивалилар” қўмитаси ўз аъзоларидан кўнгилли аскар олмоққа бошлади.Ҳам “Ёш хиваликлар” қўмитаси катта мажлис чақириб, Успиевни Хоразм ишларига сақлқин қораганига ҳайрон бўлиб, биродар Юсуф Ибрагимов ва Ҳабибулла Алиевларга буйурдилар: Туркистон марказий ижроия қўмитасига ариза ёзмоққа ҳам ҳарбия нозири Успиевдин норози бўлганликларини билдириб қўймоққа.Мажлис тамом бўлди.Иккиланчи кун аризани тайёр қилиб олиб бориб, Марказий Ижроия қўмитаси маъсул саркотиби товариш Фатиховга бериб, кўп таъкид қилдим, дарҳол мажлисга қўймоққа, “хўп” деб олиб қолди.Марказий Ижроия Қўмитасининг раиси Тенисов деган эрди.

Махфий қолмасинким, Тўрткўлда расмий суратда “Ёш хиваликлар”нинг инқилобий қўмитасини шўбасини очмоққа қарор қилиб, Тўрткўл учун печат-муҳр тайёр қилдириб биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродовни шўба раиси қилиб, қўлига мандат бердик ҳам даркорлигича ақча бердик.

Махфий қолмасинким, аъзоларимиздин бир нечалари аскар бўлиб ёзилдилар.Декабр охирларида буларни ўт арава(поезд-У.Б.)ларга солиб, узатиб қолдик.Назир Шоликаров, Бобожонбой Ёқуб ўғиллари бирга кетдилар.Фақат Тошкантда ман Отажон Маҳрам иккимиз қолдик.Икки кун ўтди тоза йил кирди.1919 йил январда Осиповский собития бўлиб кетди.Сурат воқеа шундай турур: Ҳарбий нозир Осипов бир оқшомни ичинда второй полк аскарлари бирлан бирга тамоми комиссарларни тутиб ўлдириб, бор бўлган ақчаларни олиб, крепостни олмоқчи бўлиб кўп тараддуд қилган.Лекин крепостни бермаганлар.Эртанг Тошкентда катта бир уруш бўлди.Икки тараф бўлиб, ҳукумат тарафдори ҳам Осипов тарафдори ҳар кўчада тўплар қўйиб катта бир уруш бўлиб кетди.Тамоми гимназия мактаблари болалари ҳам кўна офицерлар ҳам бойлар Осипов тарафида бўлдилар.Кўчаларда хитобномалар тарқатиб баён қилганлар: Тошкентни олиб бўлгандин сўнг учредителний собрания қилиб, большевикларни йўқ қилурмиз, одамларидин олган молу мулкларини қайтариб эгаларига топширармиз, деб ҳар ерда тарғибот қилиб юрдилар.Шундай қилиб икки кун уруш бўлди.Охири Осипов аскарлари мағлуб бўлиб қочиб кетди.Андин сўнг ҳукумат обискалар қилиб, кўп кўна генерал ва полковниклар, офицерлар ҳам гимназист шогирдларни тутиб ўлдирмакка бошладилар.Кўп одамлар ҳалок бўлдилар.Андин сўнг фароғатчилик бўлди.

Махфий қолмасинким, бизлар Отажон маҳрам бирлан уч кун уйдин чиқмай ўтирдик.”Ёш хиваликлар”нинг инқилоб қўмитасининг дафтарларини бир чўптага ўраб қорнинг остига кўмиб қўйдик.Бизларнинг жойларимизни ҳам обиск қилдилар.Осиповчилар тамом қочиб кетдилар.Изидин аскарлар юбордилар.йўлда уришиб бир неча аскарни тутиб келдилар.Уларнинг ёнларидин кўп ақчаларни топиб олдилар.Ўлмай қолган комиссарлар ҳам қочиб кетган эрканлар.Баъзилари қайтиб келдилар.Уч-тўрт кундин кейин катта намойиш қилиб, руслар, мусулмонлар иштирок қилиб, Осипов ўлдирган комиссарларни дафн маросимини қилдилар.Ҳар ерда катта-катта митинглар қилиб, кўп тантана бирлан биродарлар қабристонига элтиб, дафн қилдилар.Андин сўнг ҳукумат ўз ишлари билан машғул бўлди.Агар бизларнинг вакилларимиз уч кун кетмай турган бўлсалар второй полк казармасида ёмон аҳволга дучор бўлур эрканлар.Худой сақлаб чиқиб кетганлар, яхши бўлди.Миллий ишлар комиссари Ҳожи Сапа Жўрабоев ҳам қочиб Самарқандга кетган эркан, қайтиб келмади.Ўрнига Саъдулла Хўжа Турсунхўжаевни комиссар қилдилар.Ман ҳам миллий ишлар комиссариятида член коллегия эрдим.Шундай қилиб ҳамма ўз ишлари бирлан машғул бўлдилар.

Махфий қолмасинким, Осипов хуруж қилган оқшомида турмадаги одамларни чиқариб юборган эрканлар.Шул одамлардин кўплари Бухорога, баъзилари Қўқон “босмачиси” Эргаш, Мадаминбеклар ёнига кетганлар.Андин сўнг ҳукумат эҳтиёт қилиб особий отделлар барпо қилиб ҳозирлик бирлан бўлди.Миллий ишлар комиссариятида ўн шўъба барпо қилдилар.Мани туркман шўъбасига мудир қилдилар.Тошкантда аскар бўлиб юрган така туркманлари эҳтиёжини ўтаб юрдим.Энди Тўрткўлга кетганлардин бир неча сўз ёзмоқ керак.Бундан кейин биродарлар бир неча кунда Чоржавга бориб етганлар.Чоржавда ҳам “Ёш хивалилар”нинг инқилоб қўмитаси шўъбасини барпо қилганлар.Бир неча вақт туриб бир оз миллий аскар ҳам ташкил қилганлар.Андин сўнг товариш Наумов отряди бирлан бирга пароходга ўтириб Тўрткўлга равона бўлганлар.Бир неча кунда Дарғонотадин ўтиб кетганлар.садварга келиб етган ҳамон ёвмут Жунаидхон йўлда қўйган қоровуллари отиша-отиша Питнак душига келганлар.Питнакда кўп отли Ёвмут қоровуллари бўлган.Кўп отишгандин сўнг тўп-пулемётга тоқат қилмай ёвмутлар қочиб кетганлар.Андин сўнг Питнак мулла-эшон катхудолари дастурхон бирлан пароходга пешвоз юрганлар.Кўзлари қонга тўлган аскарлар қизиб кетиб буларни ҳам ёвмут гумон қилиб, борини отиб ўлдирганлар.Питнакдин ўтиб соғ-саломат Тўрткўлга етишганлар.Андин сўнг Хивалиларни инқилоб қўмитаси шўъбасини расмий равишда очиб, аъзолар қайд қила бошлаганлар.Тез вақтда аъзолари юз нафардан ошиб кетган.Мулла Жуманиёз Султонмуродов раис бўлган, Назир Шолкаров масъул саркотиб бўлган.Шундай қилиб, Хивага инқилоб юргизиш ҳақинда қўллариндан келган қадар хизмат қила бошлаганлар.Энди Тошкант хабарларига келайлик.Тошкентда еттиланчи қурултой учун ҳозирликлар ҳозирлик бўла бошлади.Маскавдин Туркистон учун 7 кишидан мураккаб Туркомиссия ташкил қилиб Тошкентга юборганлар.Йўлда қамал бўлиб оқ аскарлар кўп бўлгандин Самарада қолганлар.Оқибат қамал тамом бўлгандин сўнг ўтиб ўзларидин бурун комиссия аъзоси машҳур муҳандис Кобесовни экстерний поезд бирлан Тошкантга жўнатиб юборганлар.Ҳамма бирлан кўришиб-билишиб қурултойнинг дастури-амалларини ҳозир қилди.Ҳам секциялар қилиб ҳар секцияга бир назоратни ҳисоблари бирлан машғул бўлди.Бир неча кунда қурултой тамом бўлди.Хивага бориб ёвмутлар бирлан аҳднома қилиб келмоққа бир ҳайъат ташкил қилинди.Ҳайъатга аввалдин Хивада бўлган бир конторнинг тарозичиси Куценко деган бировни раис қилдилар.Турк Казимбекни ҳам ҳайъатга қўшдилар.

“Ёш бухоролилар”дин биродар Қулмуҳаммедов ҳам нўғой Олимжон Оқчуринларни ҳам ҳамроҳ қилдилар.Шундай қилиб, буларни ҳам Хивага узатиб юбордилар.Тез вақтда Турккомиссия ҳам келиб етишдилар.Тошкантнинг ишлари бошқа бир йўл билан юрий бошлади.Тамоми коммуна қилиб ҳар кимларга берилган ерлар бўлса, хўжаларга ихтиёр бердилар, ўзлари эксинлар, нечук қилсалар ўз ихтиёринда турур, ҳоҳ мардикор бирлан, ҳоҳ ёримчи, ҳоҳ чоракчи бирлан эктурсинлар, деб рухсат қилдилар.Бошқа баъзи қисқинчиликларни очиб юбордилар.Туркистон халқлари бир неча фароғат бўла бошладилар.Хорижий тижорат шўъбаси жорий қилдилар.Туркистонда қоғоз манатни ишламоқни қолдириб, Маскавдин марказ ақчаси келтирдилар.Ҳар кулли Туркистон учун мусулманский краевой бюро ташкил қилдилар.Мазкур ташкилотга мани ҳам аъзо қилиб олдилар.Ушбу ташкилот мусулмонлар учун бир катта идора бўлди.Ҳар қаълаларда шўъбалар очилди.Тўрткўлда ҳам шўъба очилди.Маним сўровим бўйича Шайхутдин Ҳусаиновни раис қилиб мандат бердилар.

Махфий қолмасинким, Тўрткўлдин еттиланчи қурултойга вакил бўлиб Шайхутдин Ҳусаинов ҳам Иван Костенколар келган эрдилар.Ҳусаиновни ҳукуматга аъзо қилиб Тошкентда қолдирдилар.Бир неча кундин сўнг Тўрткўлдин хабар бўлди.Конаплевни арестоват қилиб Тошкентга юборган эрканлар.Йўлда бир неча қоровулларни ўлдириб Ашхабод тарафга қочиб кетган, деб Тошкентдин ҳукумат аъзоси Христофоров деган бир ўрисни вакил қилдилар.Ман хорижия нозирлиги сўраб кўп қийинчилик бирлан Шайхутдин Ҳусаиновни член коллегия қилиб юбордим.Қўқонлик Султонов ҳам член коллегия бўлди.Яна ҳам бир-икки сотрудник одамни юбордик.Шунинг бирлан биродарларни вокзалдин узатиб юбордик.Тўрткўлга қараб кетдилар.
Махфий қолмасинким, қўмитамиз номидин Хоразм аҳллари ҳам туркманлар учун яхши бир хитобнома бостириб 4 минг донасини биродар Ҳусаинов бирлан юбордик.Ҳам қўмитамизда бўлиб ишлаб турган ишларимизни ёзиб хат бердик.Ва яна махфий қолмасинким, Хивага чиқиб кетган Люценко, Казимбеклар икки турк биродарни олиб, Хива тарафга кетганлар.Питнак душига келгандин сўнг Люценко Хива тарафига ўтиб Жунаид олдига борганлар.

ДАВОМИ БОР

«Хуршид Даврон кутубхонаси» учун махсус тайёрланди.

099

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

3-BO’LIM: ”YOSH XIVALIKLAR” HARAKATINING VUJUDGA KELISHI VA UNING XONLIK TUZUMIGA QARSHI KURASHI
(3-bo’limning davomi)

   Endi Xivada bo’lib turg’on ahvolotdin bayon qilurmiz.Xivada majlisda xonning har turluk makr-hiylasini vujudga chiqarmoqchi bo’lib, Ortiq oxun va xonga sotilgan vakil afandilar muzokara qilmoqda erdilar.Polkovnik Zaytsev ham xonning iltimosi birlan kazarmadin xonning yaqin do’sti bo’lg’on Baqqolovning joyiga ko’chib keldi.Ham xotini Xivaga kelmakchi bo’lib, Chorjavdin yo’lga chiqqan erkan.Xon amri bilan peshvoz chiqmoq uchun katta saroy ravasini bir necha otli navkar qorovullar birlan Darg’onotaga yubordi.Ham xonning hiylasi birlan shahar oqsoqollarini chaqirib keltirmakka Otaniyoz devon, Muhammad Yusup devonlarga buyurdi.Nechunkim, alarning qo’llarida Xorazmga darak yerlarning daftarlari bor turur.Har yil xalqdin alar orqali solg’ut (soliq-U.B.) olinur erdi.Yana ham ushbu bayon bo’lg’on devonlarga amr qildi: “ kelgan oqsoqollarga yaxshi ziyofat qiling.Hamda qozilarning oldiga ularni eltib iqror qildiringki, o’z tobelarimiz bo’lg’on odamlar tarafidin ixtiyorlarimizni qozi islom bo’lg’on ulamolarimizga topshirdik, degan xat olinglar, hamda har qa’ladagi eshonlarga xabarchi yubordi: muqarrar bo’lg’on vaqtda Xivaga kelsunlar ,” deb.Shunday qilib “Yosh Xivalilar”ni yo’q qilib majlisni tarqatib yubormakka tayyorgarlik ko’ra boshladi.Mundin tashqari xon o’z mahramlari birlan Junayidga ko’p sarpolar, aqchalar berib do’stlik qila boshladi.Biz yoshlar ushbu xonning qilib turg’on politikalarini ko’rib hayron, sarosima bo’lib qolduk.”Yosh xivalilar”din avvalgi majlisning raisi bo’lib turg’on Bobooxun Gurlandin Xivaga kelgan erdi.Agar mumkin bo’lsa u kishini tozadin rais qilsak, bir ish qilur erdik, deb maslahat qilib bir kun saroyda hurriyatparvar “yosh xivalilar” birlan so’ylashib Bobooxunni yana qa’la tarafidin tozadin vakil saylab, majlisga rais qilmoqqa qo’llarini qo’ydirib xat oldik.Shuning birlan saroy odamlari yoshlarga tarafdor oqsoqollar ham avvalgi hurriyat olib majlisga vakil bo’lg’on birodarlar ikki yuzga yaqin odamlar birlan majlisga kelib dohil bo’ldik.

Ahli majlisga xalqning qo’l qo’yib bergan xatni chiqarib berduk.Majlis sarkotibi o’qib ma’lum qildi.Xatning mazmuni shundan iborat erdi,ahli saroy odamlari ham xatda bayon bo’lg’on oqsoqollar majlisdin kamol to’banchilik birlan o’tinib iltimos qilurmiz, bizlarning vakilimiz Bobooxun iste’fo qilib majlisdin chiqqan erkan.Bizlar aning iste’fosiga rozi ermasmiz, yana shul vakilimizni majlisga keltirib, avvalgi o’z o’rniga qo’ysangizlar erkan, degan.Majlis raisi ham xonning tarafdorlari bo’lg’on vakillar hayron sarosima bo’lib, nechuk javob bermakni bilmay to’xtab qoldilar.Shu jumladin Muhammad qori Erniyoz o’g’li aytdi:
-Ushbu iltimoslaringiz haqqinda boshliq qozi eshonlar ham ulamolarga murojaat qilsangizlar erkan.Agar eshonlar ma’qul ko’rib javob bersalar ul vaqtda majlisga toza vakil saylash mumkin bo’lur,-dedi.

Anda “Yosh xivalilar”din Soliy Yusup o’g’li aytdi:
-Birodar bu nechuk so’z turur, bir necha ming odam o’z tarafidin birovni vakil saylab majlisga keltirsalar, u bunga qozi-eshon, ulamolarimizning nechuk ishlari bor turur.Agar shariatga doir bir masala bo’lsa, ul vaqtda qozi-eshonlarimizga borsak mumkin.Bul ish bo’lsa, xalq o’z tarafidin keltirgan vakilning so’zi turur.Sizning bu so’zlagan so’zingiz musulmonlarni ulamolar bilan dushman qilmoq uchun bir so’z turur.Bizlar ulamolarimizga dini-shariat uchun jonimizni fido qilurmiz,-dedi.
Shuning birlan man rais afandiga aytdim:
-Jon taqsir, qabul qiling, Bobooxun bo’lsa ham o’z birodaringiz turur.Sizlardin bejavob hech bir ish qilmas.Albatta bul g’ovg’aning tamom bo’lgani yaxshi turur,-dedi.
Rais afandi chor-nachor rozilik berdi.Shuning birlan borib Madaminxonning madrasasidin Bobooxun eshonni majlisga kelturdik.
Shu kuni majlis kech bo’lib tarqalib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu oqshom kooperativ do’koni uchun maslahat bor erdi.Vakil bo’lg’on odamlar do’konga keldilar.Shul vaqtda birodar Sholikarovga uyidin xabar keldi: “ otangiz bir holda yotib turur”, deb.Ushbu birodar javob olib uyiga ketdi.Majlisda qaraladigan masalalar tamom bo’ldi.Man ham Husinbekning joyiga ketdim.Nechunkim, “yosh xivalilar”ning markazi shunda erdi.
Ma’lum bo’lsinkim, xon hazratlari tamomi mulla, eshonlarga kishi yuborib, o’z huzuriga oldirib aytg’on:
-Bir necha jadid dinsiz “yosh xivaliman” deb jahonni buzib yurgan odamlar bor.Shularni dunyodan yo’q qilmaguncha mamlakatda tinchlik bo’lmasa kerak.Albatta shularni oldurib zindonga hibs qilmoq kerak va ularni zindonda yo’q qilmoq kerak,-degan. Eshonlar “ xo’p bo’lur” deganlar.

Shuning birlan ushbu kecha tamomi eshonlar, mullalar, sipohiylar xon tarafdori bo’lg’on oqsoqollar xonning oldiga kelib, bizlarni olib kelmak uchun kishi yuborganlar.Biz ushbu voqeani oldindan anglab, arkka mulla, eshonlar oldiga bormasdan, polkovnik Zaytsevning oldiga borib voqeani ma’lum qildik.Polkovnik bizlarni qoldirib o’zi arobaga o’lturib, arkka xon, mulla, eshonlarning oldiga ketdi.Borib ko’rsaki, ko’p xaloyiq, mulla, eshonlar jam bo’lib bizga muntazir bo’lub o’lturg’on erkanlar.Polkovnik muddaoni biroz anglab, “bul nechuk yig’onq turur?”, deb savol bergan.Onda Urganchli Muhammad Soliy eshon javob bergan:
-Bir necha jadidlar bor erkanlar, bizlarning shariatlarimizni tahqir qilib yurgan erkan ermishlar.Shularni chaqirib, mavofiqi shariat jazo bermakchi tururmiz,-deb har tarafdin g’ovg’a qilg’onlar.Polkovnik aytg’on:
-Munday katta yig’noq qilib yurmaklaringiz hech hojat ermas turur.Balkim bir voqea ro’y berib qolmoq ehtimoli bor turur.Sizlar o’zlaringizdan bir komissiya saylang, shul komissiyalar ishni haqiqatligidin ogoh bo’lib, hukm qilsinlar,-dedi. Ham yana aytdi:-Sizlar darhol ushbu jamiyatlaringizni tarqatib yuboring -deb, o’zi qaytib bizlarning oldimizga keldi.Va aytdi:
-Sizlar Polvonniyoz Hoji boshliq “Yosh xivalilar” mulla, eshonlarni shariatlarini haqorat qilur erkansizlar,deb bizlarga koyishnoma so’zlar arz qildi.

Man unga javoban aytdim:
— Alarning shariatlari bizlarning shariatlarimizdan boshqa ermas turur.Hech bir millat o’z dini va shariatini tahqir qilmasa kerak.Hamisha o’zining dini, shariatning rivoj bo’lmog’iga qo’shish qilsa kerak.Bul bo’lib turg’on hiylalar xonning makri turur.Bizlar agar o’lib ketsak ham o’z shariatimizni tahqir qilmasmiz,-deb javob berduk.Shuning birlan qaytib Husinbekning uyiga kelib shunda yotdik.Ertang birodar Sholikorovning otasi dunyodan o’tgan janozaga borib eshitduk: ulamo, eshonlar ham kecha bo’lg’on oqsoqollar ark oldidagi Muhammadrahimxon madrasasiga jam bo’lib,Bobooxunni ham Eshchon qorini huzuriga oldurib o’tgan kun majlisda bo’lg’on g’avg’olar uchun ko’p haqorat berganlar.Ba’zi nodon xon tarafdori odamlar Bobooxunga yomon so’zlar aytib so’kkanlar.Bobooxun aytgan:
-Man o’zim majlisga bormadim.Mani majlisga vakil kelib olib bordi,-deb javob bergan.Ondin so’ng nodon xalq g’avg’o qilib alarning ichidan biri chiqib Eshchan qorini xalos qilib, bir hujraga solib yashirib qo’yg’on.Shuning bilan xonning behayo tarafdorlari har turli nomuvofiq haqoratlar birlan, “Yosh xivalilar”ning ismlarini aytib so’kkanlar.Shuning birlan bizlarni olib kelmak haqqinda mullalar o’ylab turg’onlar, yana o’ylag’onlari agar ushbu majlisga “yosh xivalilar”ni olib kelinsa, bir voqea bo’lib, rus askarlari kelib urush bo’lmasin, deb sarosima bo’lib turg’onlar.

Maxfiy qolmasinkim, rus piyoda askarlariga kecha aytib erdim:
-Agar ertang mullalar jamlashib qolsalar, sizlar bir necha askarlar bilan tomoshabin bo’lib shu yerga borib turinglar.
Ushbu man aytg’on askar birodarlar tomoshada bor erkanlar.Mullalar shu askarlardin qo’rqib, bizlarga kishi yubormay hayron bo’lib qolg’onlar.Bizlarga har soat kelib xabar qilib, voqeani bayon qilib turdilar.Bizlar ham ishonch suratda marhum Nazir Sholikorovning otasini taqbin va tajhir qilib qabrga qo’yib, birodar Nazir Sholikorov bilan otga minib qa’laning boshqa darvozasidin chiqib, g’alati yo’l bilan, ta’jil tamom birlan yurib kazarmaga borib, sovet-soldatskiy deputatlari mahkamasinda o’lturgan vakil birodarlarga surat voqeani bayon qildik.Sarkotib darhol majlis chaqirmoq uchun vakillarga povestka yubordi.Tez fursatda vakillar jam bo’lib keldi.Majlis ochildi.Man surat voqeani bekami ,benuqson bayon qildim.Ham o’zlarimiz uchun qoravullar talab qildim, polkovnik xonga sotilg’onini ham ma’lum qildim.Majlis qaror qildi: “Yosh xivali” bo’lg’on inqilobchi birodarlar uchun har tariqa xavf bo’lsa ham shunga qarshi turib “Yosh xivalilar”ni muhofaza qilib hech xon mullalarga bermasg’a.”Yosh xivalilar” uchun besh adad miltiqli qorovul bermakka” qaror qilib majlisni yopdilar.

Maxfiy qolmasinkim, majlis qilib o’lturg’on eshon, mullalar ushbu sovet-soldatskiy deputatining qilg’on qarorlarini eshitib mitinglarni tarqatib yuborganlar.Bobooxun birlan Eshon qoriga ham javob berib yuborganlar.Bizlar kelib qorovullarimiz birlan Husinbekning uyinda bo’ldik.Ba’zi “yosh xivalilar”din Soliy Yusup o’g’li, Muhammad Amin Eshchan o’g’illariga kishi yuborduk, munda kelsunlar, deb alar hech kelmadilar.Shu jumladin Yusuf bezar Ahmad o’g’li qozi kalon eshonga xizmatkor bo’lib farog’at bo’lg’on.Ertang Nazir Sholikorovning marhum otasining oshi bo’lg’on.Bizlar qorovullarimiz birlan devonbegi Husinbekning o’g’li Sayid Husiynboyni olib fotiha o’qimoqqa qa’laga ,Sholikorovning uyiga kelduk.Chorsuda Soliy Yusup o’g’liga yo’liqdik.Man ko’rishib aytdim:
-Birodar Soliy afandi, sizlar bizlarning oldimizga kelmay xotirjam bo’lib o’lturibsizlar.Sizlar gumon qilmanglar, bizlar bular birlan qo’shilmay tursak, bizlar birlan hech kimning ishi bo’lmas deb.Hozir janobi xonning bul palitikasi turur.Agar sizlarga hozir bir so’z aytsa, sizlar ham urkib bizlarning oldimizga borursizlar.Bizlarning kuch-quvvatimiz ko’p bo’lur.Hozir bularga hech gapirmoq darkor emas turur, deb sizlarga gapirmasdan qo’yg’onlar.Sizlar xotirjam bo’linglar, agarda , xudo ko’rsatmasin, bizlarga bir voqea ro’y bersa, sizlarni darhol tutib olurlar.Nechunki, sizlar hamisha o’z uylaringizda turursizlar, xudo hohlasa, insholloh bizlar qutulurmiz,-deb o’tib ketdik.

Endi so’zni xon birlan polkovnik Zaytsevdan eshiting.
Xon darhol polkovnikni o’z oldiga chaqirib, ko’p nimarsalar berib, iltimos qilg’on:”Polvonniyoz Hoji boshliq “Yosh xivalilar”ni va Husinbeklarni bir turli yo’l birlan yo’q qilib bermakni “aytgan.Polkovnik xonga aytgan:
-Bir necha oqsoqollar bizga ariza yozib kirsunlar, “yosh xivalilar”din bir nechalari har yerda bizlarning shariatimizni haqorat qilib yurib turur.Bizlarning onga hech toqatimiz yo’q turur.Shularga o’z shariatimizga muvofiq jazo bersak erkan,deb.Man javob berurman: bizning sizlarni diniy ishlaringiz bilan hech dahlimiz yo’q turur, ixtiyor o’zlaringizda, o’z shariatimiz bo’yicha hukmga bermakka ixtiyorli turursizlar.Faqat sizning siyosiy ishlaringiz birlan ishimiz bor, diniy ishlaringiz birlan ishimiz yo’q turur, deb javob berurman,-debdi.
Ondin so’ng yana “har nechuk qilsangiz ixtiyor o’zingizda turur”, degan.Buni eshitib zolim Isfandiyorxonning vaqti xush bo’lib, rishutxo’r oqsoqollarga buyirg’on: ariza yozib polkovnik Zaytsovga bermakka.Oqsoqollar –Husayin zargar hoji, Pahlavon bo’yoqchi, Otash hoji,Romonboy, Muhammadsharif bojibon va bir nechalari darhol ariza yozib, tayyor qilib polkovnikka eltib berganlar.Polkovnik javob bergan:
-Bizning sizlarning diniy ishlaringiz birlan hech dahlimiz yo’q turur, ixtiyor o’zlaringizda turur.

Oqsoqollar shodlanib xonning oldiga kelganlar, bul voqeani bizlar eshitib , yoshlar jamlanib polkovnikning oldiga borduk va ma’lum qilduk: “ertaga bizlarni sud qilmoqchi bo’lib tururlar.Sizning oldingizga yordam so’rab kelduk” , deb.Polkovnik qahrlanib javob berdi:
-Sizlarning diniy ishlaringiz birlan hech dahlimiz yo’q turur, siyosiy ish bo’lsa biz so’rarmiz,-dedi.
Man aytdim:-Bu ish xonning politikasi turur,-dedim.Polkovnik boshqa so’z aytmay:
-Sizlarga nima zarari bor,ertaga bir komissiya askariy deputatlardin saylarmiz ham manig ad’yutantim mahramim Fotihov ham shul komissiyada bo’lsin,-dedi.
Man aytdim:-Ajab bir adolatli komissiya bo’ldi,Fotihov bo’lsa hamisha xondin in’om va ehsonlar olib yurg’on xonning tarafdori turur, bizlar unga hech rozi ermasmiz,-deduk.
Polkovnik “ondin boshqa manim qo’limdan hech bir nimarsa kelmas turur” deb o’z bo’lmasiga kirib ketdi.
Man aytdim:-Birodarlar! Ushbu xong’a sotilg’on polkovnikdin bizlarga hech foyda yo’q turur.Bizlar sovet-soldatskiy deputatlarga borib kazarmada bo’lmog’imiz kerak, deb kazarmaga ravona bo’lduk.Kazarmaga kelib bizlar bo’lmoqqa joy talab qilduk.To’pchi askarlar kazarmasida bizlarga joy berdilar. Bizlar shunda bo’lduk.Ham askarlar ertang miting qilmoqqa va’da qildilar.Ertang turib namozimizni o’qib, choy ichib, vaqt kutib o’lturdik.Askarlar maslahat qilib mitinkaning vaqtini muqarrar qilib har kazarmaga va polkovnikka xat yubordilar.Bir necha soat o’tgandin so’ng askarlar mitinka bo’ladigan joyga kela boshladilar.Polkovnik Zaytsev ham kelib yetishdi.

Maxfiy qolmasinkim, zolim Isfandiyorxon yolg’ondin xon Junayid tarafidin polkovnikka bir xat qilg’on.Mazmuni shulkim, Xivada turg’on jadidlarni yo’q qilib yuboring, alar bizning shariatimizni haqorat qilur, ermishlar, turkman jamoalari tarafidin sizdan so’rarmiz, degan.Mitinka boshlandi, so’zlar so’ylandi.Sovet-soldatskiy tarafidin bir kotib chiqib,hurriyat, ozodlik to’g’risinda ko’p so’zlar so’yladi:
— “Yosh xivali” birodarlar ham bul vaqtga qadar ko’p mashaqqatlar chekib, oxirinda bu ozodlikni oldilar.Endi bul vaqt zolim , makkor xon hiyla qilib, ba’zi xoin risho’txo’r kontrlarning maslahati birlan shunga kirishdi.”Yosh xivalilar” bizlarning shariatimizni tahqirqilurlar, deb bul miskin “Yosh xivalilar”ni dunyodin yo’q qilmoqchi tururlar.Shu jumladin nachal`nik garnizon bo’lib turg’on polkovnik xonga sotilib, bizning Xivalilarning diniy ishlari birlan hech dahlimiz yo’q turur, bizlar faqat siyosiy ishlar bo’lsa qaramoqqa haqli tururmiz, deb bechora “Yosh xivalilar”imizni yo’q qilmoqchi turur.Birodarlar xoin to’ralarning tutg’on yo’llarini hech qabul qilmaslik kerak, nechunkim, alar ozodlik, hurriyatni yaxshi ko’rmaydilar.Alar hamisha bizlarni qul qilib yurmakni istarlar.Bizlarning shuni bilmaklarimiz darkor turur. Yashasin hurriyat, ozodlik, yo’q bo’lsin zolim xonlar, olarning quyrug’i bo’lgan to’ralar, xoin risho’txo’r , poraxo’r polkovniklar!,-deb so’zini tamom qildi.
Tamomi askarlar, “bravo” deb qo’l chopdilar.Shuning birlan bir necha xodimlar so’yladilar.Ondin so’ng polkovnik so’z olib o’rtaga chiqdi:
—Man hech vaqtda xonning tarafini olmadim, faqat shahar oqsoqollari ariza berdilar.Bir necha adad “yosh xivaliman” deb yurgan jadidlar bizlarning dini shariatimizni haqorat qilib, so’z so’zladilar, bizlar shularni hukmga berurmiz, sizlar shunga mani bo’lmang,-deb.
Yana aytdi:
-Qonunga muvofiq bizning sizlarning diniy ishlaringiz birlan hech bir ishimiz yo’q turur.Faqat siyosiy ish bo’lsa bizlar ko’rarmiz, deb javob berdim.Shuning birlan bir komissiya tashkil qilg’onlar.Shul komissiyaga o’z noyibimizni qo’shdim.Sizlar ham bir necha vakil bersangiz bo’lur,-dedi.So’ngra yana davom qildi:
-Yana xon Junayiddin manga ushbu xat keldi: jadidlarning tamomi turkmanlar tarafidan yo’q qilmoqlarini so’rab,-dedi.

Ondin so’ng deputatlardin xon Junayidga elchi bo’lib borg’on soldat so’zladi:
-Man xon Junayid, turkmanlar birlan so’zlashgan erdim.Alar faqat xonning yomonligidan boshqa hech so’z aytganlari yo’q erdi,dedi.Bul nechuk so’z turur.Bul kun xon yaxshi bo’lib “Yosh xivalilar” yomon bo’lg’onlar. Bul xat xon tomonidan yozilg’on yolg’on xat turur,-dedi.So’ngra davom etdi:
-Yana yosh hurriyatchi Xivali birodarlar haqinda bir taklif: Xorazmda rus askari turg’on vaqtda hurriyatchi “Yosh xivaliklar” ni har turluk zolim xon va to’ralarning qo’liga bermasdan saqlamoq kerak.Ondin ziyoda qarshilik qilsalar, ul vaqtda to’p va pulimyotlar birlan qonli mahoraba qilib, bularni saqlash zarur turur.Shunga har kim rozi bo’lsa, qo’l ko’tarsin, -deb rais afandi nido qildi.Bir og’izdan tamomi askarlar qo’l ko’tardilar.Ham shunga qaror qildilar.Polkovnik aytdi:
-Shaharda qozilar jam bo’lib komissiyalar birlan ushbu ishni ko’rmakchi tururlar.Bir necha otli askar qorovullar birlan borib, voqeani bilib, so’ylashib kelsunlar,-dedi.

Bizlar aytduk:-Bizlarni otli qorovullar birlan yuborganlaringizda madrasada xon tarafdorlari bo’lg’on mullalar va boshqalar jam bo’lgan tururlar.Bizlarni madrasaning ichiga qozi, eshonlar huzuriga olib borurlar.Tamomi jam bo’lg’on xaloyiq madrasaning ichinda bo’lur.Zolim xon tarafdori bo’lg’on mullalardin bir nechalari bir turli nodon xalqning achchig’i keladigan bir so’zni aytur, shul vaqt nodon xalq hujum qilib bizlarni urib o’ldururlar.Ondin so’ng g’avg’o bo’ldi, bizlar hech bilmadik, buni xalq qildi, deb javob berurlar.Bizlarni himoya qilib borg’on qorovullar madrasaning tashqarisida ot ustida o’lturib qolurlar.Shul hiyla birlan bizlarni dunyodin yo’q qilurlar.Bizlar hech otli qorovul birlan ajrashmasmiz,-dedim.
Shul vaqtda qozilar tarafidin chaqirib kelgan muxbir bor erdi.Askarlar ularni urib qaytarib yubormakchi bo’ldilar.Man iltimos qildim:
-Bul birodarlarning hech bir ishlari yo’q turur, bular bir xabarchi tururlar, deb askarlar qo’lidan olib qaytarib yubordim va aytdim: sizlar eshonlarimizga borib munda bo’lg’on so’zlarni bayon qilinglar,-dedim.
Shuning birlan piyoda askarlar so’zning muhimligini anglab, otli qorovullar birlan yubormaslikka qaror qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, Nazir Sholikorov Maskavdin rus fuqarosi bo’lib boshqurt (pasport-U.B.) olib kelib erdi, ham munda polkovnik Zaytsevga tasdiq qildirib erdi.Bizlar shunga qaror qildik: birodar Sholikorov ushbu otli kazak qorovullar birlan shaharga borub, qozi eshon huzurinda bo’lib, voqeani bilib kelsin, deb.Birodar sholikorov otga minib, yoniga qorovullarni olib, shaharga ketdi.Bizlar o’z manzilimiz bo’lg’on to’pchilar kazarmasiga kirib o’lturdik.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu vaqt noyabr oyining 21-lari erdi.Birodar Sholikorov bormasidin avval xabarchi bo’lg’on muxbirlar tamomiy mitinkada bo’lg’on askarlarning qaror qilg’on so’zlarini bir-bir bayon qilg’onlar.Qozilar qo’rqib, ishlar yomon ketmak, ehtimoli bor deb, o’z joylariga qaytib ketganlar.Ittifoqan yo’lda qozi Hikmatulla eshon Sholikarovga qarshi chiqqan, birodar Sholikorov otdin tushib, salom berib aytg’on:
-Taqsir eshonim, bizlarni chaqirib kishi yuborgan erkansizlar, ina man keldim, har nechuk amringiz bo’lsa qilmoqqa tayyor tururman,-degan.Shuning birlan qozi Hikmatulla eshon madrasaga qaytib kelgan.Qarasa, odamlarning barchasi qaytib ketgan erkanlar.Qozi eshon aytg’on:
-Hozir eshonlar qaytib ketgan erkanlar.Endi ertang sizlarning so’zlaringizni maslahat birlan qararmiz,-deb Sholikorovga javob berib yuborgan.Sholikorov qaytib keldi.Polkovnik Zaytsev xafa bo’lib o’z manziliga qaytib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu bo’lg’on voqealarni zolim Isfandiyorxon bilib, boshqa bir turluk politika birlan ish qilmoqchi bo’lg’on.Polkovnik Zaytsevning maslahati birlan sovet soldatskiy deputatdagi vakil bo’lg’on a’zolarni aqcha bilan olmoqqa qaror qilib, ko’p aqchalar praporshik fatixovga har bir navi otli kazak starshiyga bergan va aytg’on:
-Har nechuk yo’l birlan bo’lsa-bo’lsin, vakil a’zolarni bizning tarafga o’tkazing,-deb.Shuning birlan bular ishlamakka boshladilar.

Maxfiy qolmasinkim, ertang bizlarning majlislarimiz bo’ldi.Piyoda askarlar tarafidin bo’lg’on vakillar, ham soldatskiy deputatidin saylangan vakillar, qorovul piyoda askarlar birlan ham polkovnikning muovini Fotixovlar birlan shaharga Madirimxon madrasasiga hukm majlisiga ravona bo’lduk.Yo’lda tomoshabin odamlar yo’lning ikki tarafinda turib, bizlarning tarafdorlarimiz ushbu voqeaga yig’lab qoldilar.Shuning bilan madrasaga yetushdik, ko’rsak madrasaning oldinda bo’lg’on maydonda, madrasaning ichida va ustida to’liq odam turur.Ba’zi bizlarning ahvolimizdin oshna bo’lg’on odamlar kamoli g’amginlikda turib tururlar.Xon tarafdori risho’txo’r vijdonsizlar kamoli xushvaqtlik birlan qarab tururlar.Shuning birlan bizlar jamiyatimiz birlan madrasa sahniga dohil bo’lduk.Askarlar tomoshabin bo’lg’on odamlarni haydab madrasa sahnidan tashqariga chiqardilar.Ondin so’ng bizlarga biroz o’ltirmoqqa to’g’ri keldi.Man Ibodulla Hoji Oxunning hujrasiga borib tahorat qildim.Ma’zin peshinga azon aytdi.O’ltirg’on ulamolar masjidga namozga kirdilar.Man ham masjidga kirib eshonlarimiz birlan birga peshin namozini o’qib chiqdim.Eshonlarimiz darsxonaga kirib o’lturdilar.Ondin so’ng bizlarni huzurlariga hukm majlisiga taklif qildilar.Polkovnikning mahrami praporshik Fatixov bizlarning yonimizga kelib qorovullarga aytdi:
-Sizlar ushbu yerda turinglar, man bu noiblarni qozilar huzuriga olib borurman, qozi eshonlarning oldiga sizlarning miltiq birlan borg’onlaringiz yaxshi bo’lmas,-dedi.
Onda askarlardin biri javob berdi:
-San kimsan, sani bizlar tanimasmiz, ushbu birodarlarni askarlar bizlarga topshirib yuborganlar, shuning uchun ushbu birodarlarimizning yonida bo’lurmiz.Bularni yakka bir yerga yubormasmiz,ho qozi bo’lsin, ha xon bo’lsin, ho polkovnik Zaytsevga bo’lsin, hech kimga ishonmasmiz, bizlar qorovullik vazifamizni ado qilurmiz,- deb ad’yutant Fatixovga koyish qilib aytdilar: “san xonning bandasi turursan, bizlarning oldimizga turma”, deb quvib yubordilar.Onda so’ng o’zlari bizlar birlan darsxonaning oldiga kelib, qonun bo’yicha bizlarni obuska qildilar, banogoh to’pponcha bo’lmasin, deb.Bizlarda to’pponcha yo’q erdi.Ondin so’ng hukm majlisiga dohil bo’lduk.Madrasa sahnida ikki qorovulni qoldirdilar.Hukm majlisiga g’ayri kishini o’tkazmaslik uchun.Darsxonaga kirib, qozi, eshonlarimizga salom berib, bo’ryoyi sharoitda o’lturdik.Ko’rsak ikki qozi ham a’lam eshon, o’n ikki mufti ham majlis raisi Ortiq oxun, muovini Davlat oxun va boshqa mullalardin bo’lg’on a’zolar ham xon tarafidin bo’lg’on vakillar ham bizlar birlan da’vogar bo’lgan risho’txo’r oqsoqollar ham to’lib o’lturg’on erkanlar.Kamissiya bo’lg’on o’rislar ham kirib o’lturdilar.Bizlarga qoravul bo’lg’on birodar askarlar miltiqlariga beshdan o’q solib bizlarni o’rtaga olib vaqf bo’lib turdilar.Ushbu qorovullarning qilg’on ishlarini eshonlar ko’rib bir necha xafa bo’lib qoldilar.Nechunkim, hech bir vaqtlarda bularning huzurlariga munday siyosiy mahramlar qorovul bilan kelgan ermas turur.Andin so’ng qozi Hikmatulla eshonning muovini Zeynullo Ollabergan tanib arz qildi.Qozikalon eshon aytgil dedi.Ollabergan noyib aytdi:
-Xorazmda bo’lg’on xalq sizlarni o’z taraflaridin shar’iy vakil qildilarmi?-dedi.
Eshonlar javob berdilar:-Balle vakil qildilar-deb.
Yana aytdi:-Manim ham sizlarni vakil qilg’on odamlar sizlarning huzuringizga yubordilar, shul ma’no bilankim, borib eshonlarimizga bizlarning tarafimizdin arz qilib aytgil: ushbu Polvonniyoz hoji, Nazir Sholikorov,Husinbek devonbegi, Otajon Mahram,Romanbergan yoqub o’g’li yana bir necha jadidlar ko’cha, bozorlarda minodiy qilib, qichqirib kirib aytub yururlar: shariat yo’q, masjid yo’q, xon yo’q deb.Bizlar bularning shariatimizni haqorat qilib yurganlariga hech bir toqatimiz yo’q turur.Shul sababdin bularga muvofiq shariat jazo bersinlar, -deb.
Ondin so’ng qozi kalon manga qarab, nechuk javob berursan, deb muntazir bo’lib turdi.Man aytdim:
-Nouzambilliloh Olloh saqlasin, man hech vaqt shariat yo’q deb aytganim yo’q turur.Alhamdulliloh rabbil olamin shariat Mustafo 1335-chi yildin beri barpo turur.Insholloh Olloh Taollo inqirozli olamgacha barpo bo’lib turmoqqa maning imonim komil turur.Yana ushbu arzgo’y birodar ayturlar: madrasa , masjid, xon yo’qdur, deb.Bul so’zlar butun bo’hton , yolg’on turur.Nechunkim, ushbu o’lturg’on yeringiz madrasa turur, ul turg’on masjid turur, xon hazratlari Nurillaboyning hovlisinda tururlar.Albatta janoblari ko’rib kelgan bo’lsalar kerak.Man ushbu arzago’yning shaxsin hech bir tanimasman,-deb javob berdim.

Qozi, eshonlarimiz hayron bo’lib, to’xtab qoldilar.Biroz sukutdin so’ng qozi Hikmatullo eshon majlis raisi Ortiq oxunga qarab aytdi:
-Ushbu odamlar haqinda bir hujjatlaringiz yo’qmi, agar bo’lsa so’zlang, -deb zahar chashim qildi.Ortiq oxun aytdi:
-Ushbu Polvonniyoz hoji shariat yo’q, dedi,-deb Ortiq oxunning muovini Davlat oxun barmog’i birlan mani ko’rsatib, -ushbu odam manim o’zimga aytdi: shariat yo’q deb, o’z qulog’im birlan eshitdim,-dedi.
Qozikalon eshon aytdilar:
-Ushbu odam haqqinda bir odam guvohligi bas erdi, ikki odam guvohlik qildi, shuning birlan hukm qilurmiz.O’tgan vaqtda shariatni haqorat qilg’on odamni o’ldirmak kerak bo’lur erdi.Ushbu hurriyat vaqtinda o’lim jazosi yo’q bo’lg’onini nazar e’tiborga olib, ushbu Polvonniyoz hojini hibs qilarmiz,-dedi.

Onda komissiya bo’lg’on ruslar savol qildilar:
-Qancha vaqtgacha hibs qilursizlar?,-deb.
Qozikalon eshon aytdilar:
-Kitob ko’rib, undan keyin ayturmiz,-dedi.
Man kulib rus birodarlarga ruscha lison bilan aytdim:
-Hibs muddatini xon hazratni ko’rib, qancha vaqt bo’lsin desalar, shuni ayturlar, ham aytdim:
-Man shuni yaxshi yaxshi bilurman, umrlik bo’lsa kerak,-dedim. Shuning birlan maning hukmim tamom bo’ldi.Va lekin man so’z olib so’zlamakka majbur bo’ldim, aytdim :
— Ushbu bo’hton so’zlar birlan mani hibsga hukm qildingizlar.Man shariatning hukmiga jonim birlan rozi tururman.

Shu bilan birga raisi majlis Ortiq oxun eshonga qarab aytdim:
-Taqsir man Sizning holingizga ko’p-ko’p afsus qilurman.O’zingiz ulamo zamon, mufti asr hojail haramin turursiz, faqat xonning xushomad so’ziga inonib, shaxsiy manfaatingizni o’ylab bo’htondin guvohlik o’tkardingiz.Ertang yovmut qayum hisobida xudo qozi, payg’ambar shafoatchi bo’lganda bizlar nodon xalq Sizlardin eshitub bilurmiz.Har kimning qo’l-oyog’i va tamomi a’zolari guvohlik berurlar,deb.Shul vaqtda Sizning holingiz nechuk bo’lur erkan, -deb so’zimni tamom qildim.Tamomi ulamolar hayron bo’lib qoldilar.

Maxfiy qolmasinkim, xon tarafdorlari bo’lgan muftiy-eshon har birlari bir rivoyat yozib olib kelganlar, bizlarning qatlimizga doir.Shul jumladin Muhammad Sharif yo’lbuzar mufti eshon, qo’lindagi rivoyatni ko’rsatib turubturlar.Andin so’ng Nazir Sholikorov tarafga qarab qozi eshonlar savol qildilar.Nazir afandi javob berdi:
-Man Russiya fuqarosi tururman, manim ishlarim bo’lsa yozib Samarqandskiy okrujnoy sudga yuboring.Agar aybdor bo’lsam qonunga muvofiq jazo bersam kerak,-dedi.Ham Maskavdin Rus fuqarosi pasportini olganligini aytib uni ko’rsatdi.Qozilar hayron bo’lib qoldilar.Shul vaqt Muhammad Sharif yo’lbuzar muftiy eshon aytdilar:
-Qorovul birlan darhol sudga yubormak kerak,-deb.Komissiya bo’lib turgan ruslar aytdilar:
-Qorovul birlan sudga yubormak bo’lmas turur.Sizlar jinoyatlarni yozib bizga beringlar, o’zlarimiz Samarqandga yuborurmiz,-dedilar.Shul vaqtda qozikalon eshon:
— Agar sudga bormay qochib ketsa, sizlar kafil bo’lursizlarmi?-deb aytdi.Ul vaqtda ruslar javob berdilar:
-Sudga bormay qochib ketsa, anda o’zi gunohkor bo’lur.Ul vaqtda sizlarning hukmlaringiz hujjat bo’lur,-dedilar.Unda Muhammad Yoqub qori Erniyoz o’g’li aytdi:
-Sizning Russiya fuqarosi bo’lganligingiz durust ermas turur.Nechunkim, Muhammad Rahimxon soniy general Kaufman birlan qilgan shartnomasi bor turur.Xiva fuqarosini Rusiya fuqaroligiga qabul qilib olmaslikka.

Shul vaqtda qozi-eshonlarning vaqtlari xo’sh bo’lib aytdilar:
-Barakallo Muhammad Yoqubboy, Siz ham shunday qilib so’zlab turing, bizlar bo’lsak Russiya qonunlaridan ogoh ermas tururmiz,-dedilar.
Birodar Sholikarov ham gapirmasdan turdi.Shul vaqt man javob berdim:
-Birodar man sizga hayron qolaman.Ushbu Kaufman shartnomasini o’rtaga solib so’zlaganingizga.Nechunkim, ushbu inqilobda oqpodsho Nikolay Romanovlarning ahdnoma-shartnomalarini o’tga kuydirdilar.Siz Kaufman shartnomasini muzokaraga qo’yursiz, dunyodin hech xabaringiz yo’q erkan.Man Sizni bir nimarsa bilur deb gumon qilur erdim.G’alat gumon qilgan erkanman.Hozirgi vaqtda general Kaufmanning Toshkentda bo’lib turgan pamyatniki o’rnidan olib mo’yniga yip bog’lab , ko’chalarda sudrab ketsalar kerak.Siz ul odamni shartnomasini o’rtaga solursiz,-dedim.
Shuning birlan majlis raisi Ortiq oxun achchiqlanib o’rnidan turib aytdi:
-Xayr Nazir Sholikarov Russiya fuqarosi erkan, ushbu Polvonniyoz Hoji bizning fuqaromiz tururmi?-dedi.Komissiyalar aytdilar:
-Albatta sizning fuqarongiz turur.

Darhol menim oldimga kelib, manim yoqamdin tutib bir mullaga topshirdi va aytdi:
-Darhol buni zindonga eltub, hibs qilgin,-dedi.
Tartib nizomdin bexabar Ortiq eshon qorovul nechuk bo’laturganini bilmas erkan.Darhol mani ustimda turgan qorovullar miltiqlarini ko’tarib, ushbu manim yoqamni tutgan mullaga hamla qildilar.Ortiq oxun qo’rqib o’rnindan turdi.Andin so’ng qorovullar aytdilar:
-Bizlar endi bilduk maqsad na erkanini.Qozi o’zlaringiz, guvoh o’zlaringiz, hukm qilaturgan o’zlaringiz, xotirjam bo’linglar, bechora “yosh xivalilar”ni hech vaqt sizlarning qo’lingizga bermasmiz,-deb turdilar.Bizlarni hukm majlisidin olib chiqdilar.Bizlar chiqib, ro’yi sanda o’lturdik.Shu vaqt birodarimiz Romanbergan Yoqub o’g’li ham Otajon Chorat mahramni hukm majlisiga olib kirdilar.Alardin ham savoli-javob qilib, bularni ham avvalgilarga qilgan hukm deb sukut qilib turdilar.Shul vaqt Romanbergan Yoqub o’g’li o’rnidan turib chiqa boshladi.Birov savol qildi:
-Qayda borursiz?-deb.Romanbergan javob berdi:
-Polvonniyoz Hoji qayga borsa, shuning yoniga borurmiz,-deb bizlarning yonimizga kelib o’lturdi.Andin so’ng askarlar bizlarni sog’u-salomat olib, kazarma tarafiga ravona bo’ldilar.Hibsxona oldiga kelsa, bir necha xon sipoyilarning odamlari tomoshaga kelib bizlarga muntazir bo’lib turgan erkanlar.Qorovul askarlar alarga so’kib bizlarni olib o’tib ketdilar.Kazarmaga olib borib, surat voqealarni askarlarga aytdilar.Kazarmaga olib borib, surat voqealarni askarlarga aytdilar.To’pchi hamda piyoda askarlar maslahat qildilar ham bizlarga e’lon qildilar:
-Ertang bir majlis qilurmiz, shunda qaror qilurmiz.Tamomiy “Yosh xivali “birodarlarimizni yoniga qorovul qo’shib To’rtko’lga o’tkazib yuborurmiz,-dedilar.Bizlar aytduk:
-Sizlardin Olloh rozi bo’lsin, bizlar shunga rozi tururmiz,-deb javob berduk.

Maxfiy qolmasinkim, Husinbekning bolalarini ham manim o’g’limni So’fi Jumaniyoz Ismoil o’g’li birlan qo’shib Xonqaga uzatib yuborduk.Ham aytduk:
-Xudo hohlasa, ushbu oqshom biz ham Xonqaga borib, ertang birlan To’rtko’lga o’tarmiz,-deduk.Shuning birlan askarlar majlisiga muntazir bo’lib o’lturdik.Hatto arava-otlarimizni ham tayyor qilib turdik.Shuning birlan kun kech bo’ldi.Sovet soldatskiy deputat vakillari jam bo’la boshladilar.Ushbu maslahatlarni pinhoniy qildilar, majlisga hech kimni qo’ymadilar.ushbu majlislari ko’p uzoqqa tortildi.Agar vakil manim ayaqimni bosib o’tib ketdi.Man ogoh bo’lib izidin bordim.Ma’lum qildi:
-Siz birodarlar mumkin bo’lsa, darhol qochib bir tarafga ketinglar.Ushbu majlisda aksariyat bir necha “Yosh xivalilar” uchun xon va mullalar bilan dushman bo’lib yurarmiz, bizlar “Yosh xivalilar”ni xonning o’ziga topshirurmiz, na qilsa o’zi qilsin.To’pchi va piyoda askar vakillari oz erdilar, otliq kazak vakillari ko’plik qilib, shunga qaror qildilar,-dedilar.

Man kazarmaga keldim.Husinbek va boshqa birodarlar muntazir bo’lib o’lturdik erkanlar.Husinbek mandan savol qildi: “nima so’z bo’lgan?” deb.Man aytdim:
-Hozir ortiqmoch xabar bo’lmagan bo’lsa kerak.Tez vaqtda ma’lum bo’lar-deb ko’rpa yostiqimni adeyalga o’rab Husayinbekning aravachasiga topshirdum.Shul vaqtda to’pchi vakillar kelib majlisda bo’lgan voqealarni bayon qila boshladilar ham aytdilar:
-Bizlar ozluk bo’lduk, xondin risho’t olgan poraxo’r otliq kazaklar ko’plik bo’lib sizlarni xonga bermakka qaror qildilar.Bizlar taklif qilduk.Yosh xivalilarni To’rtko’lga uzatub yubormakka, qabul qilmadilar.Bizlarni hech ishimiz yo’q turur, o’zlari ketsa ketabersinlar. Birodarlar surat voqea shul turur, shuning birlan qarorning kopiyasini xonga yubordilar-dedilar.
Man bilurman Husinbekning bizlar birlan qochib ketmagi mahol turur.Shuning birlan o’zimga qaror qildim.Darhol kazarmadin chiqib bir yerda pinhon bo’lmoq kerak, deb.Po’stinimni olib kazarma darvozasidin chiqib, qorong’u oqshomda bir tarafga ravona bo’ldim. Husinbek “hoji qayda borursan?” deb yig’lab qoldi.Romanbergan Yoqub o’g’li ham Otajon Charat mahram birlan turgan bir otga otlanib bir tarafga ravona bo’lganlar. Husinbek nochor bir aravasiga o’lturib o’z uyiga ketgan.Otajon mahram Sapoev, Bobojon Yoqubovlar ham pinhoniy o’z uylariga borib pinhon bo’lganlar.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu qorong’u kechada bir qarindoshimni uyiga borib, 2-3 soat to’xtab turib, bir otga mingashib shahar qishloqlaridan bir qishloqqa bir do’stimning joyiga borib, pinhon bo’lib shunda qoldim.Ertang bo’lgandin so’ng ushbu uy  egasini qa’laga yubordim.Anda bo’lib turgan ishlarni bilib kelmoq uchun.Ushbu birodar qa’laga borib keldi ham e’lon qildi: Husinbek boshliq Soliy Yusup o’g’li, Muhammadamin Eshchan o’g’li, Eshchan qori Jabborqul o’g’li, Yusupjon Amatjon o’g’li, Muhammad Fano Abdulla o’g’illarini kelturib, hibs qildilar, dedi.
Bir necha kundin so’ng birodar Muhammadyor Abdullaevni ham kelturib hibs qilganlar.Maxfiy qolmasinkim, birodar Nazir Sholikorov rus fuqarosi tururman, menim birlan hech kimning dahli bo’lmasa kerak, deb saroy oldidagi do’konni ochib o’lturgan.Shul vaqt sovet-soldatskiy qo’mitadin to’pchi askarlar vakili tovarish Kusharov ot chopib kelib, birodar Sholikarovni bir tarafga chaqirib olib aytgan:
-San bunda nima qilib turibsan, Polvonniyoz Hoji kecha kazarmadin chiqib ketdi.San ham bir tarafga darhol qochib ketgil,-degan.
Anda Nazir Sholikarov aytgan:
-Man rus fuqarosi tururman-degan.
Kusharov aytgan:
-Polkovnik ruxsat berdi sani ham hibs qilmoqqa.Hozir Husinbeklarni hibs qildilar, senga ham kishi yubordilar, men sanga xabar qilmoq uchun keldim, darhol ketgil, -deb.Shuning birlan birodar Sholikarov sarosima bo’lib do’konni tashlab, g’alati yo’l bilan uyiga kelib o’tirgan.

Maxfiy qolmasinkim, xon tarafidin ishlab yurgan Zokir eshonning o’g’li Aziz oxun bor erdi.Birodar Nazir Sholikorovni aning xotiniga biror qarindoshligi bor erdi.Onasi birlan aning uyiga borgan.Kechaga qadar aning uyida o’lturgan.Ham o’zi odamlariga buyurgan otlarini hozirlab qo’ymoqqa.Shuning birlan to shul vaqtgacha Azizoxun uyiga kelmagan.Ittifoqo ushbu oqshom xon tarafdorlari bo’lgan oqsoqollarni ham ziyofatga taklif qilgan erkan.Birodar Sholikarov hayron bo’lib haram joyinda qaynonasining yonida o’lturgan.Biroz vaqtdin so’ngra Azizoxun kelgan.Nazir afandini urib so’zlashgan.So’zi shul bo’lgan:
-Siz hibsga rozi bo’lib zindonga tushing, uch kundin so’ng man sizni xondin tilab chiqarurman,-degan.
Nazir afandi aytgan:
-Onday bo’lsa man uyimga borib maslahat qilib sizga javob berurman,-deb uyiga kelib hozir bo’lib turgan otlarga minib afg’on tabib Jumaxon birlan xufton vaqtinda Pishkanik darvozasidin chiqib, Urganch tarafga ravona bo’lganlar.Ushbu oqshom sog’-salomat Urganchga borib Jumaxonning uyiga kirib pinhon bo’lgan.

Maxfiy qolmasinkim, Jumaxon yana ushbu oqshomda Nazir afandining otini minib Xivaga kelib, otini o’z o’rniga qo’ygan.Nechunkim, Nazirning ushbu oti hammaga ma’lum bir ot turur.Agar Xivada bo’lmasa xalq gumon qilurlar “Nazir ham qochib ketgan”, deb. So’ngra, Jumaxon ham o’z tabibchiligiga mashg’ul bo’lgan.Bir-ikki kun o’tgandin so’ng Jumaxon maning uyimdan maning qaysi joyda erkanimni bilib, man uchun bir ot hozirlab kechada to’rt soat chamasinda maning bir qarindoshimni olib man bo’lib turgan qishloqqa manim oldimga kelib tushdilar.Ko’rishib so’rashib Xivada bo’lib turgan ahvolotlarni so’zlashib bilishduk.
-Xonqaga ketgan Husainbekning bolalari ham sizning o’g’lingizni xon kishi yuborib qaytarib kelturdi.So’pi Ziyoev yo’lda aravadin tushib qochib ketgan.Lekin bolalarga hech dahil-duhil bo’lgani yo’q turur.Sizning o’g’lingizni ham pinhon qilib qo’ydilar.Birodar Nazir Sholikarov sizga muntazir bo’lib o’lturib turur.Siz borgan hamon, xudo hohlasa bir tarafga ketarga hozir bo’lib turur,-dedi. Ham manim kamzul-po’stinimni ham bravnik-to’pponchamni o’qlari birlan olib kelgan erkanlar.Man bir oz o’ylab turdim.Axir manim uyimdin kelgan odamdin so’radim:
-Uyda bola-chaqalar nechuk fikrda tururlar-manim ketganimga rozi tururlarmi?-dedim.
Anda javob berdi:-Albatta ketganlaringiz lozim turur, balodan xazar deb aytdilar,-dedi. Shuning birlan man “Tavakkal-tu-ali Olloh” deb o’rnimdan turub, po’stin-kamzulimni kiyib, to’pponchamni belimga baylab, YO Olloh deb otga minib Urganch tarafiga ravona bo’lduk.Lekin oqshom ko’p qorong’u erdi, havo ham ko’p sovuq erdi.Noyabr oyining 23 kuni bo’lsa kerak, sahar vaqtinda borib, Jumaxonning uyiga tushduk, ko’rsam birodar Nazir afandi yakka o’zi bir uyda, qozonni boshida bizga muntazir bo’lub o’lturgan erkan, salomlashib ko’rishib o’lturdik.So’ylashib, noharini hazir qilib, nohariy qilib yotduq.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu Jumaxonning uyida bizlar borligimizni gumon qilib, Mirshab Ro’zimuhammad yuz boshi Urganch hokimi Ollanazarboyga ohista e’lon qilgan.Ollanazarboy koyish qilib aytgan:-Saning anday ishlar bilan nima dahling bor turur.Bizlarga hech bir yerdan xabar yo’q turur, palankaslarni qarab toping,-degan.
Shuning birlan ertang Xivadin bozorchi bo’lib Otanazar birlan Ollanazar keldilar.Maslahat qilishduk, qaysi tarafga ketmoq kerak, deb.Birodar Nazir aytdi:
-Uch otni aravaga qo’shib ,hech bir yerda turmay Chorjav ustidin ketarmiz,-dedi.
Otaniyoz aytdi:-Bul so’z xato turur,Qozonli ustidan ketmoq kerak. Ham man qarindoshim Masharipboyni u yoqqa yuborurman.Xo’janiyozboyning qayiqini pinhoniy bu tarafga to’g’ayga o’tkarib qo’yib, o’zi kelib sizlarni Kuyik Ko’pirda kutib tursin.Sizlar oqshom birlan bundin chiqib, Kuyikko’pirga borursizlar.Sizlarni boshlab qayiqqa olib borsin.Insholloh ul tarafga qo’yarlar,-dedi.

Man aytdim:
-Otaniyozning so’zi ko’p ma’qul turur, man shunga rozi tururman,-dedim.Ham shunga qaror qilib Otaniyoz Muhammad Sharipboyni oriyoqqa uzatib yubordi.O’zlari ham bizlar birlan xo’shlashib, yig’lashib Xivaga ketdilar.Kun ham namoziasr bo’ldi. Jumaxon bozorga chiqib bir xabar topib keldi:
-Rus doruxonasida turib edim, bir o’ris aytdi: Xivadin askarlar uch kunda chiqib ketmoqqa qaror qilganlar,-dedi.
Man aytdum:-Agar shu so’z rost bo’lsa, bizlarning hech tarafga ketmog’imiz lozim ermas turur.Ul vaqtda askarlar birlan birga ketarmiz, bizlarga hech kim dohil bilmas turur,-dedim.Ham shul so’zni rostligini bilib kelmoq uchun birodar Jumaxonni Xivaga yubormakchi bo’lduk.Agar rost bo’lsa bizlarga darhol kelib xabar qilur, agar yolg’on bo’lsa o’zi Xivada qolib bizlarga Nazirni odami Rahmonni yuborur.Bizlar tavakkal qilib o’z yo’limizga ketarmiz,deb birodar Jumaxonni Xivaga yuborduk.Bizlar Jumaxonning xabariga muntazir bo’lib qolduk.Jumaxonni qayinisini birodar Jumaniyoz Sultonmurodov yoniga yuborduk.”Bizning mehmonlar sizdin gazeta so’rab yubordilar” deb pinhona aytgil, deb.Ul odam borib, aytub bir necha gazetalar olib keldi.O’qib o’lturdik.Yana palov xarajatini qildirib, yog’ini to’g’rab o’lturgan erdik, xufton azoni aytildi.Man darhol xufton o’qimoqqa mashg’ul bo’ldim.Shul vaqt bir odam qopini qoqdi.Birodar Sholikarov “qopini ochib ko’rgil, kim erkan?” deb buyurdi.Qopini ochib ko’rdilar.Nazirni odami Rahmon erkan.Xivadin savol qildim.Ul aytdi:
-Jumaxon buyurdi, aytilgan xabarlar yolg’on erkan, o’z yo’llariga ketsunlar,-dedi.Ushbu so’zni eshitgandin so’ng darhol otlarimizni egarlab, palov xarajatini ham xurjunga solib, ruscha kiyimlarni kiyib, boshlarimizga ruscha boshliq kiyib, past ko’cha birlan yo’lga ravona bo’lduk.Oqshom shunday qorong’u erdi, go’yo munofiqlarning ko’nglidek.Ohista-ohista otlarni bir-birini izidin haydab ketduk.

Ko’p mashaqqatlar birlan Urganchni sovunchi ko’prigini topib, o’tib, Gurlanga qarab ravona bo’lduk.Biroz yomg’ir ham yog’di.Besh soat zo’rdan Chatko’pirga Tozabozorga yetushdik.Man birodar Sholikarovga aytdim:
-Oqshom ko’p qorong’u turur, ushbu joyda ikki soat tursak yaxshi bo’lur erdi.Bo’lmasa yo’lni qorong’ulikdin adashib qolsak ko’p yomon bo’lur,-dedim.Choyfurush kelib Nazir afandini qichqirdi.Hammalari uxlagan erkanlar.Ko’p qichqirgandin so’ng ichkaridan birov Nazirni tovushini bilib javob berdi.Turib lampani yoqib, otlarga bir kultadin beda solduk.Ko’rsak Xivali Matpanoboyni odamlari bor erkan.Qilichboydin Chatko’pirga kelib mollari uchun pichan olib turgan erkanlar.Bizlardin savol qildi:
— Mang’itga borursizlarmi?
Nazir afandi javob berdi:
-Bizlar qidirib chiqdik.Hozir Hazaraspdan kelurmiz.Mang’itga borib qaytarmiz,-dedi.
Shuning birlan ikki soat miqdori o’lturib turdik.Bulutning ostidin biroz yoqti ham bo’ldi.Otlanib Gurlanga qarab ravona bo’lduk.Ohista-ohista yurub namozibomdod vaqtinda Gurlan qa’lasindin o’tub ketduk.Bir yerda namozi bomdodni o’qib yo’limizga ravona bo’lduk.Kun chiqdi.Gurlan bozori erkan.Mang’it tarafidin bozorchilar kela boshladilar.Bizlar yo’lsiz so’qmoqlardin ketduk.Bir necha soatlar yo’l yurib vaqti peshin Kuyik ko’pirga kelib tushib , choypurushdin Muhammad Sharipboyni savol qildik.U dedi:
-Kecha oqshom birlan o’lturib bundin yaqinda ketdi.Qayda ketganini bilmadim.

Nazir afandi choypurushda bir odamga bir manot berib Eshmon bangiga yubordi.”Masharipboy bo’lsa olib kelgil”, deb.Bir oz vaqtdin so’ng Mang’itdan bozorchi Xubbiniyoz degan bir qozoq keldi.Bizlar bilan ko’rishib,Nazir afandini bir tarafga chiqarib, bir necha pinhoniy so’zlarni aytub, o’zi otlanib ketdi.So’zi shul erkan: “Kecha Xivadin Mang’it hokimiga xat kelgan. Sizlarni topmoq uchun.Andin so’ng bul yerda o’lturmoqingiz yaxshi ermas turur, nechunkim yo’l usti turur”, deb.Shundan keyin bizlar otlanib So’fi Masharipni o’g’li Muhammad Nazarboyning joyiga ravona bo’lduk.Borib tushib toza tahorat qilib namozi peshinni o’qimoqqa mashg’ul bo’ldum.Shul vaqtda Masharipboy ham bir tarafdan keldi.Nazir afandi birlan salomlashib aytdi:
-Kecha oqshom birlan Sizlarga muntazir bo’lub o’lturib, Sizlar kelmagandin so’ng hozir Safarboyning uyiga kelgan erdim.Endi Sizlar turib turing man Safarboyni keltirurman,-deb Safarboyni olib keldi.Safarboyga Muhammad Nazarboyni otini olib berdi.Otlarimiz ham kultalarni yeb bo’ldi.Bizlarga aytdi:
-Sizlar Safarboy birlan daryo bo’yiga o’tinchilar guzariga boringlar.Ilyosbiyning odami Pirmuhammad Mang’it qa’lasiga bir ish bilan ketib erdi.U kelgan hamon man ham izlaringizdan yetishurman,-dedi.

Bizlar choy ham ichmay otlanib ravona bo’lduk.O’tinchilar guzari uzoq erkan, yo’lda namozi asrni o’qib namozi shomni o’tinchilar guzariga kelib o’qiduk.Muhammad Sharipboy kelmadi.Bir o’lturgan kemachi Nazir afandiga oshno erkan.Shul kemaga otlarimizni solib daryodin o’tib o’tinchilar manziliga tushduk.Olloh taoloning bizlarga qilgan lutfi karamiga ko’p-ko’p shukurlar qilib, choy ichib farohat qilib o’lturdik.O’tinchilarning qo’sh boshchilari Sulton xarlama degan bir qozoq erkan.Oning birlan tanishib otlarga o’t-yem olib kelish uchun daryoning ul tarafiga yuborduk.Nazir afandi ketmakka maslahat qildi.Man aytdim:
-Oqshom ziyoda qorong’u turur.Boday to’g’ay bo’lsa ziyoda qoling, to’g’ay turur, yo’lni adashib oqshomda sargardon bo’lurmiz,-deb.Qabul qilmadi.Shuning birlan Urganchdin ko’tarib kelgan go’sht, moy, gurunchlarimizni Sulton qozoqqa berduk.Ular o’zlarining xarajatlari birlan qo’shib pishirib palov tayyor qildilar.Otlarni o’t-yemlari ham keldi.Otlarga yem berib o’zlarimiz ham nahori qilib, o’tinchilar birlan har tarafdin so’ylashib o’lturdik.Bizlar ham To’rtko’lga borib, to’g’ay bojimonidan o’tin olaturgan bo’lib e’lon qilduk.Ushbu o’rinda rohat qilib uxladik.Ertang tong otdi, Olloh sandan madad deb, o’rnimizdan turib tahorat qilib, namozi bomdodni o’qib, yuk-yapirlarimizni bajo qilib, otlarimizga egar qo’yduk.Ko’rsak, oqshom qor yog’gan erkan.Shuning birlan “olloh “ deb otlanib, o’tinchilar birlan xo’shlashib, o’z yo’limizga ravona bo’lduk.Yo’lda o’tinchilar juda ko’p erkanlar.Ba’zilari bizni o’ris gumon qilib “zdrastvuyte” deb tamanno qilur erdilar.Bir necha soat yo’l yurib, ikkilanchi daryodan o’tib, olloh taologa ko’p-ko’p hamdisanolar aytub, Biybozorga -tabun urug’idin qozoq Ilyasbiyning uyiga ravona bo’lduk.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Ilyasbiy o’z urug’iga xalq qozisi erkan, kelib birodar Ilyasbiy mehmoni bo’lduk.Birodar ko’p yaxshi yuz birlan qarshi olib, “xush keldingiz aziz mehmonlar” deb mehmonxona qilib qo’ygan manzilga tushurdi.Darhol choy keltirdilar.Choy ichib, nohari qilib, Ollohga shukurlar aytib so’ylashib o’lturdik.Birodar Ilyasbiy ma’lum qildi:
-Man sizlarni kecha kelurlar deya kutib o’tirdim,-dedi.Ham Muhammad Sharipboy birlan Pirmuhammadni so’radi.Bizlar javob berduk:
-Bizlar kecha o’tinchilarni qo’shida qo’nduk.Masharipboy Pirmuhammadga qarab qoldi.Pirmuhammad Mang’itga hokimning oldiga ketgan erkan.Bizlarni Safarboy birlan yubordi.O’zi izimizdin kelmoqchi bo’ldi,-dedik.
Ilyasbiy aytdi:-O’tgan oqshom Mang’it hokimi Xudoybergan maxsum bunda kelgan erdi.Bizning bir qo’shnimizni o’g’ri deb gumon qilib, hibs qilgan erkanlar.Shuni man so’ragan erdim.Izimdin kishi yuboring shunga topshirurman deb ketgan erdi.Shuning uchun Pirmuhammadni yuborib erdim,-dedi.
Shuning birlan aytdi: -yetti soat peshga o’t ham yoqib qo’ygan erkanlar.Bizlar pesh bor uyga (xonaga-U.B.) borib yotduk.Ertang Muhammad Sharipboy ham Pirmuhammad birlan kelib qoldilar.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu bizlar birlan kelgan Nazir afandining odami Rahmonni Xivaga yuborduk.Bizlar uchun ko’ylak-ishton, cho’rak va ba’ziy yo’lga darkor narsalarni keltirmak uchun.Bizlar bunda nechuk kerak, ot bilanmi, tuya bilanmi, shuni maslahat qilib qolduk.Ba’zi qozoqlar aytdilar “ ot bilan Chimboy ustidin dengiz bo’yi birlan ketmak kerak. Ba’zilari teva birlan rasmiy yo’l birlan ketmak kerak, nechunkim havo sovuq turur.Dengiz bo’yida hech el elat yo’q turur.qum yo’lida el-elat bor turur”, deb har turluk maslahatlarni qilib bir hafta turduk.Oxiri shunga qaror qilduk.Shoxabbos Valiga (Shabboz-hozirda Qoraqalpog’istonning Beruniy tumani-U.B.) borib teva kiray (ijara-U.B.) qilib qumdin rasmiy yo’ldin ketmakchi bo’lduk.Ilyasbiy bizlarni o’z odami pirmuhammadga qo’shib Shobbozga jo’natib yubordi.O’z oshnosi “Xolaki qushchi degan qozoqning uyiga olib borgil, man ertang borurman” deb uzatib yubordi.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Sholikarov “To’rtko’lga borurmiz”, dedi. Man aytdim:
-Bul fikringiz xato turur.Bizlarning To’rtko’l tursun, Shobboz qa’lasiga bormog’imiz ham hojat emas turur.Nechunkim, bizlarning dushmanimiz Isfandiyorxon turur.Aning aqchasi ko’p turur.Har kimga bo’lsa bir oz aqcha bersa, darhol bizlarni tutub, Xivaga o’tkazib yuborurlar.Manim maslahatim shul turur, bizlar bozorli yerga bormasdin, ketganimiz xayrli turur,-dedim.
Birodar Ilyas bo’lsa ko’p shunday savdolarni ko’rgan bir odam bo’lganligi jihatidan, “hoji boboning so’zi durust” deb tasdiq qildi.Bizlar ushbu kun namozi xuftondan so’ng Xol akaning uyiga kelib yetishdik.Pirmuhammad darvozasini qoqdi.Xol aka chiqib, so’rashib Pirmuhammadning tovushidin tanib, darvozani ochdi.Bizlarni otlarimizni joylashtirib, o’zlarimizni mehmonxonaga kirgizib o’t yoqib, choy damlab berdi.Bizlar farog’at bo’lib, choy ichib, istirohat qilib, Xol aka birlan tanishub, yotdik.Lekin havo ko’p sovuq bo’lib ketdi.Ertangi daryo ovurji bo’lib qoldi.Birodar Ilyasbiy ham keldi.

Maxfiy qolmasinkim, bizlar bunda ketgan kuni xivadin Baki birlan Yoqub kelgan, bizlar birlan ketmakchi bo’lib.Bizlarga ba’zi bir kiyim, oqcha, non-cho’rak olib kelgan erkan.Bakini Biybozorda qoldirib, bizlar bilan ketadigan Yoqubni birga olib keldi.Darhol bizlar yo’l yarog’iga shru qilduk.Birodar Ilyasbiy Shobboz bozoridin borib yo’l uchun bir qo’shma kiygiz, arqon, iplar, qo’y, gurunch, yog’ olib keldi.Yor bo’lsin degan qozoqning bir tevasi birlan Qozonliga so’zlashib berdi.Bizlar uchun Xol aka o’z tevasini yetti yuz manotga baho qilib berdi.Usta keltirib kajavalar tuzattirdik.Tamomi yo’l uchun kerak narsalarni hozir qilib bir hafta ichinda yo’lga chiqduk.Olloh rozi bo’lsin.Birodar Ilyosni ham Xol aka qo’shnilariga bir necha kunlar o’z ishlarini tashlab bizlarni izlarimizda yurib insoniyatlik ko’rguzib, molu-jonini darig’ qilmay sargardon bo’lib xizmat qilgan birodarlarimizdin ko’p-ko’p minnatdor tururmiz.Ilohi Olloh taolo xayri karomat qilg’ay.

1917 yilning dekabrining to’qqizlanchisida yo Olloh o’zing yaxshi yo’l berib, o’zing salomat najot sohiliga yetkurgil deb, ushbu bayon bo’lgan birodarlarimiz birlan vidolashib, yig’lashib tuyaga minib yo’lga ravona bo’lduk.Birodar Ilyasbiy Pirmuhammadni hamroh qilib yubordi.Shul oqshom yo’lda bizlar birlan birga bo’lib, ertang bizlarni yo’lga solib yuborib qaytmoqqa bizlar birlan birga ko’l bo’yiga choypurishga kelib qo’nduk.Shul oqshomni ushbu manzilda o’tkazib ertang birlan kajavani tuyaga yuklab, Pirmuhammad birlan xo’shlashib, o’z yo’limizga ravona bo’lduk.Havo ko’p sovuq bo’ldi.Goh piyoda kechgacha yurib bir qozoqning uyiga kelib tushdik.Qozoq jamoalari ko’p mehmondo’st tururlar. Ushbu sovuq kunda ham bizlarga o’z uyidan o’rin berdilar.Bizlar choy ichib shavla qilib, nohari qilib yotub istirohat qilduk.Bechora qozoq uy egasi digirmon qurib, jugaridin un chiqarib, ot go’shtidin sho’rpa qilib, kurtuk solib, nohari hozir qilib bizlarni uyg’otdi.Koshki bizlar shunday sho’rvani tanavvul qilabilsak.Uy egasining ko’ngli uchun sho’rvasidan bir oz ichib dasturxon boshida o’tirdik.Kiraykashimiz bo’lgan kishi yaxshi nohari qildi.Yotib ertang turib ko’chib yo’limizga ravona bo’ldik.Havoning sovuqi har kun ziyoda bo’lur erdi.Har kun qor yog’ib ziyoda bo’lur erdi.Yo’l uchun qozoqimizning bir tungchasi bor erdi.Choy damlab ichar erdik.Ittifoqo tuyaning oyag’i ostinda qolib, tungacha to’shilib qoldi.Choy damlamakka hech narsa yo’q turur.Bir qozonimiz bor turur, kelib manzilga tushgan hamon qozonga qor to’ldurub, qaynatib qozonga choy damlab kosa birlan olib ichar erdik.Choydin so’ng nahori qilib yer edik.

Har kun qor yog’ib bo’ron erdi.Nechunkim, orqa tarafga borur erdik.Har soat sovuq ziyoda bo’lur erdi.Shunday qilib, ko’p ranji mashaqqatlar chekib piyoda-suvaro yo’l yurar erdik.Lekin Ollohning lutfi karami birlan Qozonli yo’lida saksovul o’tin ko’p turur.Agar yo’limiz boshqa yerdin bo’lsa sovuqdin halok bo’lur erdik.Ollohga ko’p-ko’p shukurlar bo’lsinkim, kunduzlar har yerda bo’lsa manzil qilib, kechalarda qozoqlar uyiga qo’nar erduk.Shunday qilib har kunda ikki marta ko’chib, 17 kun yo’lning ranji- mashaqqatini ko’rib , Qozonlining Quvon degan yerida bir qozoq eshon bor erdi.Shul eshonga mehmon bo’lduk.Eshon hazrat darhol bizlar uchun bir qo’y bo’g’izlab naharga buyurgan.Darhol samavor keltirdilar.Choy ichib ko’p rohat qilib, huzur qilduk.Andin so’ng namozi peshinni eshonning masjidida o’qib, nohari qilib, eshon hazratga bir oz hadiya aqcha berib, xo’shlashib, yo’lga ravona bo’ldik.Havoning sovuqi ko’p ziyoda bo’ldi.Yurib xufton vaqtinda Mozoristonning mujavurining manzili bir zemlyanka, ya’ni yerdan qazib qilingan qozoqlarning qishda bo’laturgan uyi turur.Borib qichqirdik, mujavur chiqib aytdi:
-Zemlyankada odam ko’p turur, sizlarga hech o’rin yo’q -dedi.
Birodar afandi ruscha kiyingan erdi.Ruscha so’zladi.Man aytdim:
-Ushbu o’ris birodar qozoq ichindagi odamlarni yozib kelayotir,darhol joy topib bergil,-dedim.
Andin so’ng ba’zi odamlarni zemlyankadan chiqarib bizlarni taklif qildi.Bizlar zemlyankaga kirduk, ko’rsak bir mozor ekan.Birov-birovlarimizning ustiga bosh qo’yib, shul oqshomni shunda o’tkarduk.

Maxfiy qolmasinkim, bizlar yo’lda mehmon bo’lgan manzillarimizda uy egasining ahvoli-ruhiyasiga qarab goh hajga boraturgan haj-ruh bo’lib, goh Nazar afandini rus zemlyameri qilib ko’rsatar erduk.Ertang erta birlan ko’chib, Sirdaryodan bo’z ustidan o’tib Qozonli shahriga dohil bo’ldik.Kelib xivali birodar Iskandar Yusupovning uyiga tushdik.Ushbu oqshom Ollohga shukurlar qilib, farog’at yotib uxladik. Birodar Iskandar ham uch kunlikda Sibirsk va O’rinburgdin kelgan ekan.Ertang turib choy ichib, ba’ziy kerak narsalarimizni bozordin olib sog’u-salomat kelduk.Ilgari ketarmiz, deb Xivaga telegram berib, kechroq bo’lgandin so’ng ikki chana izvoshchik tutib vokzalga tushdik.Kelib Iskandarning vokzaldagi skladiga tushib qozoq qorovuliga yo’l uchun bo’g’irsaq ham go’shtni qovurdoq tayyor qildirib oldik.Otash aravaning keladigan vaqti bo’ldi.Vokzalga kelduk, kassadin 2-chi klassga bilet olduk.Darhol poezd keldi.Usti yopiq vagonga o’tirdik.Vagonda shunday odam ko’p ekan.Bizlar vagon dahlizida zo’rdin o’tirdik.Yo’ldoshimiz Yoqubning nimarsalari-kiygiz, arqon, ba’ziy yo’ldin qolgan nimarsalar ko’p bo’lgani sababli zo’rdin uchinchi klassga o’rnashdik. Shuning bilan poyozd harakat qilib, yo’lga ravona bo’ldi.Sog’-salomat 29 dekabrda Toshkant vokzaliga kelib tushdik.To kun chiqquncha vokzalda bo’lib, bir Qo’qon aravaga birodar Yoqubovni tamom narsalari bilan o’tirtirib,Gogolevsk ko’chaga uzatib yubordik.O’zlarimiz tramvayga o’tirib ravona bo’ldik.Yoqubovdin burun bizlar Husinbekning hovlisiga keldik.

Maxfiy qolmasinkim, Xiva kasalxonasining katta doktori Anisimov ushbu joyda bo’lur erdi.Xivadin Toshkantga kelmakchi bo’lganda bizlardin ikki bo’lmalik joy so’ragan erdi.Husinbekka bizlar xat berib yuborgan edik.Umrzoq Yoqubjonov bergan ekan.Hovliga kirsak birodar doktor turib oilasi bilan choy ichib o’tirgan ekan.Darhol bizlarni qarshi olib, ko’rishib choy taklif qildi.Bizlar choyga o’tirib, Xivada bo’lib o’tgan axborotlardin so’ylashib o’tirdik.Yoqub ham kelib yetishdi.Choy ichib bo’lib bozorga birodar Umrzoqning do’koniga -Piyon bozorga borduk.Umrzoq kelgan ekan.Ko’rishib-so’rashib joylarni kalitlarini so’radik.
— Kalitlarni Ibodulla Qori Erg’oziy o’g’li olib erdi,-dedi Umrzoq.Ibodulla qorining uyiga kishi yubordik.Biror vaqtdin so’ng Erg’oziy o’g’lining o’zi keldi.Ko’rishib-salomatlik so’rashdik.Ibodulla qori aytdi:
-Xivadin yuborgan xatlaringiz tushgan plakatlaringiz xabari kelib erdi.Man shul xabarlarni eshitgandin so’ng to’g’ri Rahmatullin degan advokatga bir ariza yozdirib, bul kun sovet komissariga bermakchi bo’lib turib erdim.Yaxshi bo’ldi o’zlaringiz kelib qoldingizlar,-dedi.

Erg’oziev bilan qo’shilib Rahmatullinning uyiga borduk.Salomlashib-ko’rishdik. Erg’oziev o’zining ariza yozdirib olmoqchi bo’lganligini bayon qildi.Ushbu birodarlarning o’zlari kelib qoldilar.
-Ko’p yaxshi bo’ldi.Endi bo’lgan voqealarni o’zlaridin so’rashib, shunga qarab ariza yozib berarsiz,-dedi.Andin so’ng birodar Rahmatullin bizlarning voqealarimizni so’ray boshladi.Man tamomi bo’lgan voqealarni bayon qildim.Polkovnik Zaytsev xondin risho’t olib, inqilobchi “yosh xivaliklar”ni ba’zilarini tutib hibs qildirdi.Shu jumladin boshliq Husinbek Matmurod devonbegi o’g’li, Soliy Yusup o’g’li, Mahammadali Eshchan o’g’li, Yusufjon Ahmadjon o’g’li, Eshchan Qorilar hibs qilinganlar.Romanbergan yoqub o’g’li, Otajon Chat mahram, Qurbonboy Qalantar va yana Jumaniyoz Hoji Boboniyoz o’g’li To’rtko’l tarafiga qochib ketgan.Bobooxun eshon ham Biybozor orqali qochib Devqoraga qozoqlar ichiga kelganlar.Ular ko’p-ranj mashaqqatlar birlan bunda kelib chiqdik, deb tamomiy voqealarni bayon qilduk.

Birodar Rahmatullin voqealarni anglab Sovet komissariga katta bir ariza hozirlab berdi ham ushbu arizada bizlarning taraflarimizdin o’tinib iltimos qildi.Darhol Xivada hibsda yotgan birodarlarimizni hibsdan chiqartirmoqqa.Shuning birlan o’ttizlanchi dekabrda arizani birodar Rahmatullin bilan birga Oq uyga Sovet komissarining mahkamasiga olib borduk.Bul kun yakshanba kuni erdi.Priyom yo’q erkan.Dejurniy arizamizni olib, bizlarga javob berib yubormakchi bo’ldi.”Bayramdin so’ng kelursizlar”, dedi.Bizlar aytduk:
-Bizlarning ishlarimiz onday ish ermas turur.Bir necha inqilobchi yosh xivalilarni hayot-mamot masalasi turur.Bizlarning so’zlarimizni sovet narodniy Komissar birodar Kolesovga bayon qiling, -deduk.Dejurniy Kolesovning oldiga kirib bizlarning so’zlarimizni bayon qilgan.Birodar Kolesov Charataev bilan oldimizga chiqdi.Bizlar bilan ko’rishdi.Bizlar arizamizni taqdim qilduk.Ariza mufassal bo’lganligi vajidin o’qimay bizlarning maqsadlarimizni savol qildi.Bizlar iltimos qilduk:darhol Xivaga nachal`nik garnizon Zaytsevga ham xonga telegram yubormakka.Xivada hibsda yotgan “yosh xivali” birodarlarimizni hibsdan bo’shatmoqqa.Darhol sarkotibi Charataevga buyirdi, telegramm yozmoqqa.Polkovnik Zaytsevga ham Isfandiyorxonga darhol “ Yosh xivalilar” boshlig’i Husinbek va tamomi ismlarini nomma-nom yozib ham Buxorodagi Xiva uchun tayyor bo’lgan komisssiyaga darhol bunda kelib Xivaga ketmoqqa, deb.

Maxfiy qolmasinkim, bizlar Xivada hurriyat olgan vaqtda bizlar birlan birga xizmat qilgan 732-chi drujinaning askari pulemyotchi birodar Pogodin ham ushbu Oq uyda bor erkan.Tovarish Pogodin Jizzaxda komissar ekan.O’z ishi birlan Toshkentga kelgan erkan.Bizlar uchun ko’p yaxshi bo’ldi.Tovarish Pogodin tamomiy voqealardin ogoh erdi.Xiva haqqinda mufassal bir doklad talab qildi.Man aytdim:
-Tovarish Pogodin o’tinur erduk, bizlar uchun bul kishi bizlar birlan birga doklad qilsa erkan, -deb birodar Kolesovdin o’tindik.
Tovarish Kolesov “ko’p yaxshi, tovarish Pogodin 2 kun qolib birga doklad yozsin”, dedi.Tovarish Pogodin bizlarni adresimizni yozib oldi. Nahordin so’ng bizlarni oldimizga bormoqchi bo’ldi.Shuning birlan komissarlar birlan xo’shlashib, o’z manzilimizga qaytib ketduk.Uyga borib, xarajat qildirib, palov tayyorlab tovarish Pogodinga muntazir bo’lib turdik.Tovarish Pogodin keldi, nahori qilib, o’z ishlarimiz bilan mashg’ul bo’ldik.

Maxfiy qolmasinkim, 31 dekabr erdi, tovarish Pogodin birodar Sholikarov birlan toza yilni qarshi oldilar.Shuning kuni-tuni yozib, ikkilanchi yanvarda dokladni yozib tamom qildik.Ko’p yaxshi mufassal doklad bo’ldi.1914 yildan boshlab tamomi bo’lgan voqealarni, Isfandiyorxonning zulmini ham, Husinbekning ham bizlarni hurriyat, ozodlik uchun qilgan fidokorlarimizni tamoman yozdi, ham o’zining endigi bo’ladigan fikrini bayon qildi.Andin so’ng bayramlar tamom bo’ldi.Dokladni olib,tovarish Pogodin birlan birga birodar Rahmatullinni olib, Oq uyga tovarish Kolesovning oldiga borib, dokladimizni topshirduk.Ham o’tindik, tovarish Pogodinni bizlar polnomochniy komissar qilib Xivaga yubormakka.Tovarish kolesov rozi bo’ldi.Tovarish Pogodin ruxsat olib Jizzaxga ketdi.Bizlar ham qaytub ketduk.Hozir telegramdin xabar kelmagan erkan.Ertang ham Oq uyga borib Choratalievni ko’rduk.Telegramm kelgan erkan.telegrammni ovoz chiqarib o’qidi.Polkovnik Zaytsev yozganga ko’ra, “ Husinbek yovmutlar kontributsiyasida aqcha olib boshqa odamlarga bermagan erkan, shuning uchun xalq hibs qildi, xonning hech qanday dahli yo’q turur ekan”.

Man aytdim:
-So’zi yolg’on, xalq uni hech hibs qilg’oni yo’q turur.Bul so’z polkovnikning bir siyosati , xonning bir hiylasi turur.Man yovmutlar kontributsiyasidagi aqchalarni bir so’mdan bir tiyingacha komissiyaga qancha aqcha berilgan, rus shtabidin qancha aqcha olingan, tamomisini bilurman.Agar hohish qilsangiz, man doklad qilib yozib berurman,-dedim.
-Xo’p yaxshi yozib bering,-dedi.
Andin so’ng telegramm bermoqni so’radim.Xo’p, deb shul mazmunda telegram yubordi.Mundin komissiyalar borib ishlarni taftish qilur, deb.Shuning birlan uyga borib turkmanskiy sobitiya haqinda doklad yozmoqqa boshladim.Doklad shundan iborat turur:

1914 yilda 15 martda general Galkin askar birlan yovmut ustiga chiqdi.G’oziobodda xon Junayid boshliq tamomiy turkmanlar qarshi turib, muhoraba boshladilar.5-6 soat urushib mag’lub bo’lib, parakanda bo’lib qochib ketdilar.General Galkin G’oziobodda 3 kun to’xtab, andin ko’chib Taxtabozorga yurdi.Borib Taxtabozorda to’xtadi.Nechunkim, yovmutlarni markazi erdi.

Maxfiy qolmasinkim, Shommi kal yovmutning o’kiz ( o’g’iz) toifasidin erdi. Junayid yovmutning qo’shchi toifasidin turur.Xivaga xon Junayid hujum qilganda Shommi kal unda ishtirok qilgani yo’q erdi.Nechunkim, ikki qaltaboni birga bo’lmog’i mahal turur.Har birlari o’zi boshliq turur.Shommi kal generalga peshvoz chiqib, askarlari birla Taxtabozorga keldi.Shommi kalni taftish qilib, begunoh topib, o’z qabilasi birlan omon bordi, ham e’lon qildi.Farog’at o’lturmoqni, istagan fuqaro bo’lsa, Shommi kalni huzuriga kelsinlar, deb.Shuning birlan yovmut katxudolari o’rs qo’shchi, Durdi vakil, O’zku,Shamurot baxshi, Salaxxon,Muhammadbey, Quljon Sardor, Ushoq, Saidmuhammadbey, Hasan Oman yorli ham boshqa yashi kattalari ham Taxtaga keldilar.Sulh haqida muzokara boshladilar.Ham sulh qildilar.Xivadin o’zbek jamoalaridin talon taroj olgan mollarni to’lamoqqa rozi bo’ldilar.Shuning birlan har qabilaga aqcha muqarrar qildilar.Har toifa katxudolari o’z toifalaridin aqcha olib bermoq birlan mashg’ul bo’ldilar.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu turkman muhorabasini tafsil birlan yozganda ushbu tarix inqilobidek bir tarix bo’lsa kerak.Faqir bundin ziyoda yozmoqqa munosib ko’rmadi.Xudo hohlasa, insholloh o’zini “Yovmut muhorabasi” nomi bilan yozsam kerak.Alhosil general Galkin tamomi yovmut ichini yurib ikki oyda Xivaga qaytib keldi.Ushbu yovmutlardin olgan aqchalarni sanab olib g’aznachiga topshirib qo’ymoqqa bir necha odamlarni komissiya qilib erdilar.Soib Nazar mehtar, Husinbek devonbegi, Hojiboy Aminaddinov, Abdurahmonboy Baqqolov, Andreevskiy, va yana bir otliq kazak to’rasi bir necha million aqcha jam bo’lgandin so’ng Xiva fuqarolariga talon-taroj mollari badaliga bermoq uchun mazkur bo’lgan komissiyalar qo’li bilan xonning mahkama boshchisi ham g’azinachisi Abdurasulboy Polvon Mirzaboshi o’g’liga tobshirdilar.Avvalgi martaba 800 ming manot, ikkinchi martaba 140 ming manot, uchinchi martaba 60 ming manot, ushbu aqchalarni xonning mahkamasiga keltirib odamlarga bermoqchi bo’ldilar.Ushbu aqchadin Isfandiyorxon 300 ming manotni o’zi uchun oldi.Bovujur xon Junayidga 18 ming manot berib erdi.Yana xonning amri bilan Davlatmurod mahramga 20 ming manot, Ro’zimuhammad mahramga 30 ming manot, Ashir muhramga 30 ming manot, Ibrohim xo’jaga 15 ming manot, Muhammadjon 5 ming manot, Abdurahmonboy Baqqolovga 80 ming manot, Muhammadyoqub qoriyga 10 ming manot,Mahammadyor to’raga 80 ming manot, Ibodulla to’raga 20 ming manot, Said Abdulla to’raga 40 ming manot, Nasir to’raga 20 ming manot, Nazar Mahramga 30 ming manot, Jumanazar mahramga 25 ming manot, Bek mahramga 15 ming manot, Sardorboyga 15 ming manot, avlodi shix Nazarboyga 15 ming manot, Saidnazar mehtarga 20 ming manot, Abdurasulboyga 10 ming manot, Husinbekka 45 ming manot berildi.Jami 885 ming manot bo’ldi.Qolgan 115 ming manotni talon-taroj bo’lgan fuqarolarga berildi.Shuning birlan rus shtabi bergan aqchasi tamom bo’ldi.Ushbu taqsimni komissiyalar qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, to’ralardin talon-taroj qilib olingan oltin-tuziklarni shtab xonga topshirmoqchi bo’lib xonning mahrami Sabur mahramni chaqirdi.Mani ham ushbu oltin nimarsalarga baho qilmoq uchun komissiya qilib chaqirdi.Man 200 ming manatga baho qildum.Shu jamlangan pullarni ham xonning o’zi oldi.Biroq ular xonning narsasi emas erdi.Xon turkmanlarga bergan 18 ming manatning badaliga 500 ming manatni oldi.Turkman kontributsiyasining hisobi ushbu turur.Rus fuqarolaridin talon taroj bo’lgan mollari uchun askari shtabning o’zi berdi.

Maxfiy qolmasinkim, turkmanlar o’z fuqarolaridin yig’nab olgan kontributsiya aqchalarini keltirib rus askari shtabiga topshirib erdi.Yovmut yomonlaridin boshliq Ushoq Sayid Mahammadbek va bir nechalarini hibsdan chiqarib, ozod qilib yubordi.Ham yovmutlarda qolgan kontributsiya aqchalarni kechib yubordi, deb dokladni tamom qilib hukumatga topshirdim.Ham “Ulug’ Turkiston” gazetasida bosmoq uchun bir kopiyasini berdim.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Sholikarov birlan maslahat qilib Qo’qonga muxtoriyatlik hukumatga ham musulmon sovet soldatskiy qo’mitaga murojaat qilishga qaror qildik.Ushbu oqshom Simbirskdin birodar Muhiddin Umarov, Xivadin Abdulla jo’qilar Muhammad Rahimboyning ishlari birlan ketgan erkan.Chorjavga borib hisobini tamom qilib bizlarni yonimizda kelmoqqa va’da qilib ketdi.Bizlar ham Ibodulla qori Erg’azievni yonimizga olib Qo’qonga ketduk.Yo’lda bir oqshom bo’lib, 10 yanvar 1918 yilda Qo’qon shahriga dahil bo’ldik.Shunday musafirlar ko’p erkan 4-5 no’merga borib o’rin topmaduk.Axiri bir no’merda o’rnashdik.Choy ichib bo’lib ko’chaga chiqdik.Ko’chalarni, sarbozlarni tamosha qilib yurduk.Juma kuni erdi, toza tahorat qilib o’rda bozordagi katta maschiti jo’meda namozi Juma o’qidik.Namozdin chiqib turib erdik Nazir Sholikarovning oshnasi Usmonjonboy degan bir yigit kelib ko’rishdi.Bizlarni olib do’koniga bordi.Sharq dasturida choy ichib, har tarafdin so’ylashib o’tirdik.Bir oz vaqtdin so’ng faytun aravasi kelib qoldi, bizlarni o’tirtirib paxta zavodiga olib ketdi.Yo’lda katta gulzor charbari bor erkan.Anda tushib yarim soat tomosha qilib paxta zavodi bo’lgan qishloqqa kelib yetishduk.

Maxfiy qolmasinkim, paxta zavodini o’tgan yil Maskovskiy turkiy promishlenniy tovarishestvadan 40 ming manatga olgan erkan.Nohari qilib choy ichib o’tirdik.Usmonjonboy paxta birlan ham archin tovar birlan savdo qilur erkan.Nazir afandi birlan Maskavda oshna bo’lgan erkan.Tomosha qilib shaharga qaytduk.Kelib o’z manzilimiz bo’lgan mehmonxona no’merimizga tushdik.Ertang ko’chaga chiqib, eski shaharga bormoqchi bo’lib Xudoyorxonning arkini ostinda barcha bor erkan, shunda keldik.Baxtimizga birodar Abdishukur Latipov oldimizdan chiqdi.Ko’rishib shod bo’lduk.Darhol birodar Shakir Tenisovning qayda erkanini so’rab, Maskavskiy vneshniy torgoviy bankaga borduk.Shakir afandi bankga mudir erkan.Salomlashib ko’rishib shod bo’lib, choy ichib o’tirdik.Shokir afandi Xivadagi “yosh xivaliklar”ni bir-bir so’radi.Bizlar tamomi bo’lgan voqealarni bir-bir bayon qilduk.Shokir afandi ko’p afsus nadomat chekdi.Andin so’ng Muxtoriyatli musulmon hukumatga ham musulmonskiy soldatskiy deputatlarning majlisiga bir katta mufassal zayavleniya yozib bermoqni iltimos qilduk.Qabul qilib yoza boshladi.Andin so’ng Shakir afandi uyiga nahorga taklif qildi.Borib nahori qilib choy ichib o’tirdik.Andin chiqib sovetskiy soldatlar deputatlarining majlisiga borduk.Hamma musulmon soldat birodarlar bilan salomlashib ko’rishdik. Raisi majlis birodar rizoaddin Shokirov erkan.Nizomaddin Xo’jaev ham Orenburgga general Dutovning oldiga elchi bo’lib ketgan erkan.Ushbu kun qaytib kelgan ekan.Rais afandi menga so’z berdi, o’z ahvolotimizni doklad qilmoqqa.Man turib tamomi Xivada hurriyatchi “yosh xivalilar”ning boshlariga kelgan falokatlarni ham Xivada bo’lib turgan siyosatni bir-bir bayon qilib, yordam talab qildim.Rais afandi javob berdi:
-Ushbu bayon qilgan so’zlaringiz bizlarga ko’p og’ir ta’sir qildi.Koshki bizlarda bir katta kuch bo’lsa erdi.Sizlarga bir necha yuz askar qo’shib yuborib “Yosh xivali” birodarlarimizning uchinchi zolim istibdodchilardin qutqarib olsak. Hayf kim bizda ul quvvat yo’q turur.Ahvol hayron bo’lib turibmiz.Toshkantdin askar birlan Sovet narodniy komissar Kolesov bunda kelayotir.Nechun kelur, ma’lum ermas turur.Faqat sovet soldatskiy qo’mita nomidin Xivaga xonga va polkovnikka telegram yuborurmiz.”Yosh xivalilar”ni hibsdin chiqarib yuboring, -deb.

Man aytdim:
-Olloh rozi bo’lsin, albatta telegrammdin boshqa iloj yo’q turur,-dedim.
Darhol qaror qilib telegramm yozmoqqa sarkotibga buyirdilar.Andin so’ng ruxsat olib chiqdik.Andin chiqib muxtoriyatli hukumatga borib arizalarimizni berduk, ham boshimizga tushgan hodisalarni bayon qilduk, hukumat arboblariga ta’sir qilib, ko’p nadomatlar qildilar ham aytdilar:
-Ushbu voqealaringiz to’g’risida avval ham xonga ham Russiya askar boshlig’iga telegramm berib edik.Yana telegramm berurmiz,-dedilar.
Shuning birlan xo’shlashib chiqib manzilga borib kechga Toshkentga qaytmoqchi bo’lib hozirlanib o’tirdik.Birodar Shokir Tenisov keldi.Har turli dunyoda bo’lg’on siyosatlardin so’zlashib o’tirdik.Husinbekka ko’p qayg’urib o’tirdi.Shuning birlan faytun oldirib, vokzalga ravona bo’lduk.Bilet olib, birodarlar bilan xo’shlashib, vagonga o’tirib Toshkent tarafga jo’nab ketdik.Birodar Nazir Shaolikarov aytdi:
-Man Samarqandga borib, bir oqshom turib, qaytib kelurman,nechunkim, Balkovskiy birlan hisobim bor turur-dedi. Man Toshkantda tushib qoldim, Nazir afandi o’tib ketdi.Man Toshkentdagi uyga keldim.Doktor Anisimov ma’lum qildi:
-Kecha Xivadin Otajon Mahram Sapoev ham Yoqubovlar keldilar.O’zlari “Qosim” no’meriga ( mehmonxonasiga-U.B.) tushganlar,-dedi.

Man darhol choy ichmasdan “Qosim” no’meriga yugurib ketdum.Borib birodarlarni ko’rib, ko’rishib, yig’lashib o’tirdik.Voqealarni so’ramasdan darhol arava keltirib, narsalarni yuklab Husinbekni joyiga birodarlarni olib keldim.Nohari pishirib, nohari qilib, Xivada bo’lib o’tgan ham hozirda bo’lib turgan voqealardin so’ylashib o’tirdik.Aytdilar:
-Sizlar kazarmadin chiqib ketdingizlar,Husinbek ham o’z uyiga ketdi.Bizlar ham o’z uylarimizga kelib, pinhon bo’lib yotduk.Ertansi Husinbek boshliq bir necha birodarlarimizni hibs qildilar.Romanbergan Otajon Charat yovmut ichiga borib oshna bo’lgan bir yovmutni xon Junaidning oldiga yuborib, undan afu so’raganlar.Xon Junayid rozi bo’lib, qo’llariga xat bergan, hech kim dahl qilmasin, deb.Lekin Xivaga bormasinlar, boshqa har qa’laga borsalar ixtiyor o’zlarida turur, degan.Shul vaqtda Romanbergan Otajonlar Toshhovuzda o’z joylarida yotib, bizlarga bir necha martaba xat yubordilar, bunda kelsinlar, deb.Bir kun xabar keldi, rus askarlari tamom ketmakchi tururlar, deb.Bizlar hayron bo’lib, maslahat qilishduk, askarlardin burun ketmakchi bo’lib.Nechunkim, askarlar ketgan hamon bizlarni ham tutib, hammmamizni o’ldirsalar kerak, deb.Ketmakka qaror qilib, bir aravaning ustiga mo’g’irdak qilib, bir kechada qa’ladin chiqib arvaga o’tirib Beshariqqa ravona bo’lduk.Birodar Xudoybergan Devonov ham bizlar birlan chiqmoqchi erdi, otasi ko’p qattiq kasal bo’ldi.Nechik bo’lsa bo’lsin, otamni ushbu ahvolda tashlab ketganim yaxshi emas turur, deb qoldi.Bizlar Beshariqga kelib yana bir ot solib olib hech bir yerda turmasdan yurdik.Ko’rinmasdan yo’llarda ko’p ozorlar chekib Chorjavga kelib, aravamizni bir Chorjavlining uyiga qo’yib, ohista vokzalga kelib ko’p xavfi-harast bilan bilet olib sog’-salomat chiqib ketdik.Yanvarning to’rtlanchisida Xivadan chiqib, o’n uchinchisida bunda kelib tushdik,-dedilar.

Maxfiy qolmasinkim, rus askarlari ham yanvarning oltinchisida Xivadin chiqib, Chorjavga iroda qilganlar.Xiva bo’sh bo’lib qolgan.Xon Junayid o’z ixtiyori birlan Xiva hukumatiga ega bo’lgan.Bechora kambag’al fuqarolar, zolim xon.Junayidxon birlan birgalishib zulum qila boshlaganlar.Zulum shundan iborat turur: Junayidxon va tamomi Junayidga yaqin bo’lgan yovmut haromiylari o’zlari uchun o’z joylarida katta-katta o’ris hovlilari solganlar.Bechora musulmonlarning yog’ochlarini va boshqa imoratga darkor bo’lgan asboblarini pulsiz fuqarolarning o’z aravalariga solib yovmut ichiga keltirib o’zlarini ishlatib imoratlar qurganlar.O’zbek ustalarini bo’lsa ham majburiy pulsiz ishlatganlar.Andin boshqa tamomi Xorazm fuqarolariga umumiy suratda bug’doy, jo’xori, gurunchdin solg’it solib olganlar.Ham tamomi savdogar, kosiblardin aqcha solg’iti solib olganlar.Yovmut ovboshlari har birlari bir xon bo’lib hukm yuritganlar.Bechora fuqarolarning fig’oni jonidin chiqqan.Ma’lum bo’lsinkim, bizlar birlan Xivaga yubormakchi bo’lib tovarish Pogodinga katta bir mandat berdilar.Mandat shundan iborat turur: tamomi To’rtko’ldagi askarlar birodar Pogodinning ixtiyorida turur.Ham Chorjavdin qancha askar darkor bo’lsa olib Xivaga bormoqqa ixtiyorli turur.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Pogodin mandatni olgan hamona Xivaga xonga telegramm berdi: Darhol hibsda yotganlarni hibsdan To’rtko’lga o’tkarib yubormakka.Bizlar bundin borgandin so’ng o’zi taftish qilib so’rab ko’rmakka.Shuning birlan o’zlarimiz ham 22 yanvar 1918 yil Xivaga qarab chiqmoqqa qaror qilib, tovarish Pogodin Jizzaxga o’z o’rniga ketdi, o’z ishlarini bitirib bizlarga telegramm qilmoqchi bo’ldi.Bizlarning baxtimizga qarshi shu kunda Buxoro muhorabasi o’rtaga tushib ketdi.Yo’llar band bo’lib qoldi.Shuning birlan bizlar Toshkantda to’xtab qoldik.Bir necha kun Bobojonboyning odami Muhammad Sharipdin telegram keldi.Birodar Rahmonbergan Yoqub o’g’li ham Otajon mahram va Quronboy Qalantarni Toshhovuzda yovmutlar otib o’ldirdilar, degan.Surat voqea shunday bo’lgan:Isfandiyorxon yovmut yomonlaridin Said Muhammadbekka buyurgan: san Rahmon birlan Otajon Mahram, Quronboy Qalantarlarni o’ldirgil, tamomi molu oshiyosi o’zingniki turur, deb.Yana ham ko’p nimarsa bergan.Shuning uchun Said Muhammadbek o’z odamlariga buyirib, ularni qumga chiqarib otib o’ldirganlar.Ushbu telegram-xabarni olgandin so’ng bizlar ko’p xafa bo’lib qoldik.Olloh Taoloning bergan qazosiga rozi bo’lib sabr qilmoqdin boshqa chora topmadik.Qur’on o’qib, shahid bo’lgan birodarlarimizning ruhlariga baxsh qilib, sabr qilib o’tirdik.

Bu orada Buxoro muhorabasi har kun bir rang olib ketdi.Oqibat “Yosh buxoroli” birodarlarimiz yengildi.1918 yil mart oyida qochib, Toshkentga kelib tushdilar.Hammalari “Regina” mehmonxonasida manzil qildilar.Bizlar birodar Nazir Sholikarov birlan borib, ushbu birodarlarimizni ko’rib ahvol so’rashdik.Tamomi bo’lib o’tgan voqealarni bayon qildilar.Andin so’ng hukumatdin muhojir “yosh buxorolilar” uchun eski shaharda bir katta joy oldilar.Fayzulla Xo’ja, Muhim Maqsum, Usmon Xo’ja va boshqa bir nechalarni “Irkutsk” ko’chada o’z aqchalariga bir uy kira qilib, shunda manzil qildilar.Man har vaqt shularning oldlariga borib siyosiy ahvolotdin so’ylashib kelur erdim.Bir necha vaqt o’tgandin so’ng Fayzulla Xo’ja va Usmon Xo’jalar Maskavga ketmoqchi bo’ldilar.Borib Markaziy hukumatdin yordam so’rab olmoqchi bo’ldilar.Manga ham Maskavga birga ketmoqqa taklif qildilar.Man qabul qildim ham hukumatdin mandatlar olindi.Bir kunni muqarrar qildilar safar qilmoq uchun.Ushbu qaror qilgan kun ketmoqqa to’g’ri keldi.Man o’z birodarlarim birlan Otajon Mahram, Bobojonboylar birlan maslahat qildum.Otajon Mahram, Bobojonboylar aytdilar:
-Bizlar bunda har bir xizmat so’z bo’lsa Sizni tayyor qilib qo’yibmiz.Ham bunda uch kishi tururmiz.Otajon Mahram bo’lsa kasalnoma bir odam turur.Agar siz ketib qolsangiz bizlar ko’p xafa bo’lib qolurmiz.Sizning shu safardin qolmoqingiz lozim turur.Olloh Taollohga tavakkul qilurmiz,-deb rozilik bermadilar.
Shul vaqtda Fayzulla Xo’ja tarafidin Fayzullajon degan birodar bir xabar keltirdi.Fayzulla Xo’jalar vokzalga ketdilar.”Sizni darhol kelsin deb mani yubordilar”, deb e’lon qildi.Man birodarlarimni mani Maskavga ketmog’imga rozi bo’lmaganlarini bayon qilib aytdim.
— Mandin Fayzulla Xo’ja va Usmon Xo’ja birodarlarga salom ayting, ul birodarlarni Olloh Taolloga omonat topshirdim.Ilohi Olloh Taollo ularga oq yo’l bersin ham salomat ko’rishmagimizni nasib qilsin,-deb Fayzullajonni qaytarib yubordim.

Maxfiy qolmasinkim, Nazir afandi Samarqand, Buxoro, Chorjavga borib bir necha kunlar yurib qaytib keldi.Birodar Muhiddin Umarov ham Chorjavdin ko’chib keldi.Ma’lum bo’lsinkim, Maskavdin favqulodda komissar bo’lib birodar Orif Kelbekiev ham Yusuf Ibragimovlar Toshkentga keldilar.Bizlar gazetada o’qib “Qosim” no’meriga ushbu birodarlar oldiga bordik.Nechunkim, Orif Kelbekiv Xivaga borgan davrda bizlarni ahvolimizdin ogoh bo’lgan odam erdi.Borib ko’rishib o’tirdik.Boshimizga tushgan mojarolardin biroz bayon qildik.Orif afandi Yusuf Ibragimovga taklif qildi:
-Bu birodarlarning ma’lumotlarini so’rab ishlariga oshno bo’ling.Man bularning ishlariga voqif tururman,-dedi.Andin so’ng Yusuf afandi bizlarning ishlarimiz haqinda ma’lumot olmoqqa boshladi.Bizlar tamomi bo’lib o’tgan ham hozirgi vaqtda boshlarimizga tushgan mojarolarni bayon qilduk.Olloh rozi bo’lsin, Yusuf afandi bizlarni boshlarimizga tushgan savdolardin hayron bo’lib, bizlarning ishlarimizni yaxshilab ishlamakka va’dalar qildi.Ham har kun kelib so’ylashib turmoqqa buyurdi.Shunday qilib bir necha vaqtlar o’tdi.Bir kun Yusuf afandi maslahat berdi:
-“Yosh xivalilar”ning inqilob qo’mitasini tuzinglar,-deb.
Man aytdim:
-Bizlar 3-4 odammiz, nechuk qo’mita ocharmiz,-dedim.Yusuf afandi aytdi:

Yusuf afandi aytdi:
-Hech zarari yo’q, 3-4 odam bas turur, borib-borib a’zolaringiz ko’p bo’lib ketar, -deb bizlar uchun qo’mita ochmoqqa buyruq qildi.Mani rais sayladi.Otajon Mahram Sapaevni sarkotib, Bobojonboyni muovin, Muhiddin Umarovni xazinachi saylab qo’mita uchun muhrlar, daftarlar tayyor qilmoqqa buyurdi.Bizlar ushbu buyurgan daftarlarni Kabir Bakirovlarning do’konidan oldik.Muhrlarimizni Markaziy Ijroiya qo’mitadin ruxsat olib buyruq ham tayyor qilib oldik.Istagan odamlarni a’zolikka qabul qilib, qayd qila boshladik.Bir necha kundin so’ng birodarlarimiz Hakim Bobojon Muhammad o’g’li o’z odami Omon birlan Xivadin qochib keldi.Ko’p mashaqqatlar birlan Buxorodin o’tgan.Nechunkim, Buxoro amiri “Yosh buxorolilar”ni tutib o’ldirib turgan vaqti bo’lgan.Bir necha kundin so’ng birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov yakka o’zi Qozonli ustidan chiqib kelib yetishdi.Ko’rishib- yig’lashib hol-ahvol so’rashdik.Husinbeklarni o’lganini bayon qildi.Bizlar ushbu jahon so’z voqealarini eshitib, fig’on-jonlarimiz chiqdi, go’yo bizlarning boshlarimizga qiyomat bo’ldi.Bechora musofirlar ko’p yig’lashdik.Keyin Olloh Taolloning taqdir bo’lgandin so’ngra nechora qilmoq kerak.Rozi bo’lib, Qur’on o’qib shahid bo’lgan hurriyatparvar birodalarimizning ruhlariga baxsh qildik.Andin so’ng Xivada bo’lib o’tgan siyosatlardan birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov doklad qila boshladi.Bir kundin so’ng Yusufjon Ahmadjonov ham Xivadin qochib keldi.Ismoilboy Solihoji o’g’li ham qochib kelib yetishdi.Bizlar ham ko’pchilik bo’lib qoldik.

Endi Xivada bo’lib o’tgan ahvolotdin biroz yozmoqni munosib ko’rdik.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu birodarlar kelmasdin burun Toza Urganchdin Saydashev imzosi birlan telegram kelgan. “Ulug’ Turkiston” gazetasiga bosib chiqardilar.Telegram shundan iboratki: “Xivaga yovmut Junayidxon,Shommi kal, ham tamomi katxudolari kelib xon birlan yarashdilar.Polvon otaga kirib ahd paymon qildilar, hamisha do’st bo’lib yashamoqqa”, deb.Ba’zi bilmagan birodarlar xushvaqt bo’lib mandin savol qildilar.Man aytdum :
-Bu so’zlar ma’ziy bir so’z turur.Ushbu bayon bo’lgan turkmanlar hech vaqt ahdi-paymon deganni bilmaslar.Bul ishlarni vaqtincha o’z foydalari uchun ishlangan bir ish turur,-dedim.

Endi kelaylik muddaoga: rus askarlari Xivadin ketgandin so’ng xon yovmutlar ichiga mulla-eshonlar yuborib, Junayidxon birlan Shommi kalni yarashtirgan, ham alarni Xivaga chaqirgan.Yovmutlar katxudolari birlan Xivaga kelganlar.Bularni har biri bir joyda mehmon bo’lgan.Shommi kal Junayid birlan hech ko’rishmagan,Junayid borib polvonota alayi rahmonni ziyorat qilgan.Shommi kal ham o’z to’g’risidan borib ziyorat qilgan.Telegram yozgan afandi ushbu voqealarni boshqa bir turlik qilib telegramga yozgan erkan.Andin so’ng hibsxonadin Husinbek Shommi kalga xabar qilgan: o’zini hibsdan xalos bo’lmoq to’g’risida taraddud qilmoqni.Shommi kal xondin so’ragan.Isfandiyorxon noiloj Husinbekni hibsdin chiqarib Nurillaboy saroyda qo’yib turkmanlarga kontributsiyalaridan hisob talab qilganlar.Husinbek tamomi hisoblarni bergan.Shuning birlan uyiga javob berib yuborganlar.Va boshqa hibsdagi Salay Yusuf o’g’li, Eshchanqul Jabborqul o’g’li, Muhammadamin Eshchan o’g’li, Yusufjon Ahmadjon o’g’illarini mashhur yovmutlar eshoni Xon Eshondin tilagan.Isfandiyorxon noiloj bo’lib rozi bo’lgan va bul birodarlarimizni ham hibsdin chiqarganlar.Har birlaridan qancha aqcha olganlar.Xon ham ko’p aqchalar olgan.Birodar Muhammadyorboydin 40 ming manat olgan.Bir ikki kundin so’ng Isfandiyorxon Junayidxonga va Ushoq Said Muhammadbekga e’lon qilgan:
-Bul nechuk ishlar turur,Xon Eshon ushbu mani dushmanlarimni zo’rlik qilib, hibsdin chiqardi.Man bularning hibsdin chiqqanligiga hech rozi ermasman.Xon Eshonni buningdek ishlar birlan nima dahli bor turur.Ixtiyor manim o’zimda turur, nechuk qilsam, o’zim qilaman, -degan. Shuning birlan xon yana kishi buyurgan, darhol ozod qilingan birodarlarni qaytadin hibs qildirgan.Husinbekdin Shommi kallar ko’p aqcha olganlar.Andin so’ng yovmutlar xondin ko’p in’om-ehson, sarpo olib, o’z joylariga qaytib ketganlar.

Maxfiy qolmasinkim, Junayidxon Isfandiyorxonni yonida o’z odamlaridin bir necha odam qo’ygan.Shuningdek, tamomi Xiva qa’lalarinda qa’la hokimlari oldida ham o’z odamlarini qo’ygan.Go’yo Xiva unga tobe bo’lgan.Xiva xoni bo’lsa yovmutlar buyrug’i birlan ish ko’rgan.Bechora fuqarolarning fig’oni-jonidan chiqqan.Shunday qilib, 1920 yilgacha Xivani o’ziga tobe qilib, zulm qilib turganlar.

Maxfiy qolmasinkim, 1918 yil may oyinda xon o’z mahramini Junayidxon oldiga yuborib iltimos qilgan: boshliq Husinbek, Isoqxo’ja va Tolibxo’jalarni o’ldirib bermakka.Isfandiyorxon o’z oldiga keltirib, so’roq qilmoqqa o’g’li Eshshiga buyirgan.O’g’li Eshshi Xivada erkan Ashir mahram buyruqni olib kelib xon birlan maslahat qilib, Eshshiga ko’p nimarsalar berib, ularni yo’lda otib o’ldirmakka rozi qilgan.Shuning birlan namozi asr vaqtinda ushbu birodarlar har kundagi odatlari bo’yincha xonga salomga kelgan vaqtlarida, bularni Ashir mahram hovlisiga olib kelganlar.Ashir mahram e’lon qilgan:
-Sizlarni Junayidxon chaqirgan, darhol barmoqlaringiz lozim turur,-deb.Darhol majburiy suratda yovmut otlilari birlan chiqarib yuborgan.Yovmut otlilari bularni o’rtaga olib qa’ladin chiqarib ketganlar.Hatto hech kim birlan so’ylashmaganlar.

Qumga borgandin so’ng Isoq xo’ja yovmutlarga aytgan:
-Bizlarni uzoqqa olib borib yurmanglar, har nechuk qilmoqchi bo’lsangizlar shu yerda qilinglar,-deb aravadin tushib o’tirganlar.Husinbek, Isoqxo’ja,Tolibxo’ja yovmutlar boshlig’i Junayidxon o’g’li Eshshi bahodirdan iltimos qilganlar:
-Abdusalomxo’ja bir yosh yigit turur, shuni o’ltirmanglar, bizlarni nechuk qilsangizlar, darhol qiling,-deganlar.

Yovmutlar ham rozi bo’lganlar.Anda Abdusalomxo’ja aytgan:
-Manim sizlardin qolib tirikchilik qilmoqqa hech roziligim yo’q turur, mani sizlardan burun o’ldirsangizlar,-degan.
Yovmutlar ushbu birodarlarning kiyimlarini tamom olib bo’lib shahid qilganlar.Isfandiyorxon bul qotillarga tozadin ko’p in’omlar qilgan.Bu xabarni Xiva odamlari eshitib, Xiva qa’lasinda fuqarolar tarafidin bir motam bo’lgan.Ertang tamomi xesh-akrobalari shahidlarning ustiga borib o’zlari uchun muqarrar qilib qo’ygan qorixonalarga keltirib, ko’p odamlar birlan janoza o’qib, qabrga qo’yganlar.Bir necha kunlar qa’lani motamxona qilganlar.Ilohi Ollohi Taolo ushbu g’arib-mazlum bechora fuqarolar uchun hurriyat ozodlik yo’lida qurbon bo’lgan shahidlarni rahmat qilsin,omin!

Maxfiy qolmasinkim, Junayidxon bu voqeani eshitib, o’z o’g’liga ko’p koyish qilgan, nechun bunda keltirmay yo’lda o’ldirding, deb. Endi o’z ahvolimizdin so’z ayturmiz.Toshkentda bizlarning qo’mita a’zolari kundan-kun ko’p bo’la boshladi.Bir kun tamomi hozir bo’lgan a’zolarimizni jamlab majlis qilmoqchi bo’ldik.A’zolar jamoasidin Muxtor Davud Bakirovlar ham Shokir Sitdiqovlar bor erdi.Man raislikni Muxtor afandiga berdim. Muxtor Davud afandi sarkotibligi birlan majlis ochildi.Qaralgan masala “Yosh xivalilar” ning programmasiga yozilib qo’yilgan edi.Xivani Turkistonning bir qismi qilmoqdin iborat erdi.Ushbu moddaga birodar Otajon mahram Sapaev qarshi bo’lib, ko’p so’z aytdi:
-Birodarlar ushbu hurriyatdin tamomi mahkum xalqlar istifoda qilib, o’z istiqlolini olgan vaqtlarida biz “Yosh xivaliklar” o’zimizda bo’lgan mustaqilligimizni yo’q qilsak, vatanga millatga xiyonat qilgan bo’lurmiz, tarixda yomon otli bo’lurmiz,-
dedi. Boshqa birodarlar javob berdilar:-Bizlar ushbu moddani qoldirsak, ehtimol sho’rolar hukumati bizlarga hech yordam qilmasa ham, Turkiston hukumati bo’lsa ham bir islom hukumati turur,-deb ko’p muzokaradin so’ng ovozga qo’ydilar.Otajon mahram Sapa o’g’lining qarshiligi birlan aksariyat ushbu qarorni qabul qildi.Boshqa masalalarimizni muhokama qilib, majlis tamom bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, qo’mitamizning ishlari har kun yaxshi bo’la boshladi.Birodar Yusuf Ibrohimovning ham yordami ko’p bo’ldi.Qo’mitamizning xarajati uchun aqcha so’rab markaziy ijroiya qo’mitasiga ariza yuborduk.Ijroiya qo’mita arizamizni xorijiy komissariatga yuborgan.Xorijiy komissar 150 ming manot “Yosh xivaliklar”ning inqilob qo’mitasiga ajratgan.”Yosh buxoroliklar”ga ham 150 ming manot tasdiq qilgan.Bizlar kerak bo’lgan aqchalarimizni olib, ba’zi xarajatlarimizga sarf qila boshladik.Birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovni ham Hakim Bojibon birlan To’rtko’lga yubormakchi bo’lib maslahatlashdik.Yovmutlar zulmidan qochib, To’rtko’lga o’tgan xivaliklarni joylab, bir uyushma qilib, bunda xabar qilmoqqa.Andin so’ng mundin ruxsat olib rasmiy ravishda “Yosh xivaliklar”ning inqilob qo’mitasining sho»basini ochmoqqa, deb.Ushbu bayon bo’lgan birodarlarni uzatib yubordik.

Muxtor afandi sarkotibimiz ham Orenburgga ketdi.Ushbu vaqtda Turkistonni 6chi qurultoyi ochildi.Bizlar ham qo’mitamizdan birodar Otajon mahram Sapaevni vakil saylab, qo’liga mandat berduk.Birodarimiz Otajon mahram kasal bo’lganligi sababli kunduz qurultoyga borar erdi, kechalari esa ani o’rniga man ishtirok qilur erdim.Qurultoy ikki firqadin iborat erdi: Kommunist bol`shevik ham o’ng-leviy eserdin.Shunday qilib, bir necha kundin so’ng qurultoy tamom bo’ldi.Ushbu qurultoy mashhur kadetskiy korpusida bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, 1918 yil Toshkentda tamomi uylarni natsionalizatsiya qilib hukumatga oldilar ham tamomi boylarga kontributsiya solib ko’p aqchalar oldilar.Ham katta boylarni hukumat ishlarida majburiy suratda ishlatdilar.Tamomi yerlarni olib kommuna qilib, odamlarga berdilar.20-30 kishini bir kommuna qilib, 500-600 tanob yer berdilar.Ham hukumatdin ot-arava ho’kuzlar xarajatlari uchun ko’p aqchalar berdilar.Ushbu kommuna bo’lgan birodarlar ot ho’kizlarni so’yib oshadilar, aravalarni o’tga yoqdilar.Hukumatdin olgan aqchalarga “kishmish paka” degan aroq olib ichdilar.Hech bir yaxshilab ekin ekmadilar. Hukumat tamomi ssudalarni yo’q qildi.Ham muxtoriyatli Toshkent-Qo’qon hukumati yo’q bo’lib, a’zolari har tarafga qochib ketdilar.Xalq bo’lsa parokandalik birlan nima qilishlarini bilmadilar.Shunday bo’lib nimarsalar qimmat bo’lib ketdi.Hech kim ekin ekmadi.Ushbu yil To’rtko’lga komissar qilib Kanoplev degan eski ofitserni yubordilar.

Endi Xiva tarafidin bir necha so’z yozmoq darkor bo’ldi.Kanoplev To’rtko’lga kelgandin bir necha kunlardin so’ng yovmut Junayidxon katta turkman otlilari birlan daryoning ikki yeridin o’tib, To’rtko’lga hujum qilgan.Kanoplev ko’p g’ayrat qilib tamomi shahar odamlarini mobilizatsiya qilib, qurol ostiga olib okoplar qazib 2-3 kun urushib turgan.Ushbu vaqtda Chorjavdin paroxod birlan 70-80 nafar ofitser-askarlar kelib yetkanlar.Ushbu tozo kelgan askarlar ko’p g’ayrat qilib turkmanlarga hujum qilib, qochirganlar. Turkmanlar parokanda bo’lib qochib ketganlar.Andin so’ng To’rtko’l tuprog’ida ota-turkmanlar ustiga Kanoplev askar buyirib, tamomi qatliom qilib kelgan.Ham asir xotinlarni har kimlar xotin qilib olganlar.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu hodisalardin so’ng Kanoplev Toshkentga doklad uchun Baxtiyorov degan bir rusni doklad qilgan.Ham “Yosh xivalilar” tarafidin mulla Jumaniyoz Sultonmurodovni saylaganlar. O’zbeklar tarafdin qozi Ibrohimni saylab, otli Buxoro ustidin yuborganlar.Bir necha vaqtlar yo’l yurib, Toshkentga kelib yetishdilar.Ushbu delegatlarga vtoroy polk kazarmasida joy berganlar.Birodar mulla Jumaniyoz Sultonmurodov bizlarni yonimizga kelib bo’ldi.Andin so’ng doklad qilmoq uchun bir kunni muqarrar qildilar.Shul kunda Oq uyda nazirlar sho’rasinda katta qo’shma majlis bo’ldi.Mani ham taklif qildilar.Bordim.Baxtiyorov tamomi To’rtko’lda bo’lgan voqealarni tafsil birlan so’ylab berdi.Ham Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov “Yosh xivalilar” tarafidin so’ylab askar talabqildi.Xorijiya noziri tovarish Domogatskiy ham askar yubormakni munosib ko’rdi.Shuning birlan askar yubormakka qaror qilmoqchi bo’ldilar.Harbiya noziri Uspiev qarshi bo’lib aytdi:
-Hozir munda hech askar yo’q turur, 3-4 nafar toza, o’rganmagan askar bor turur, olar ham bo’lsa munda qarovullik xizmatini ado qilib turmoqda,-deb askar yubormakni qa’tiy suratda rad qildi.Shuning birlan majlis tamom bo’ldi.Axiri bir yo’l topib, Baxtiyorov ko’ngilli askar olmoqchi bo’lib, “Yosh xivalilar” qo’mitasidin yordam so’radi.”Yosh xivalilar” qo’mitasi o’z a’zolaridan ko’ngilli askar olmoqqa boshladi.Ham “Yosh xivaliklar” qo’mitasi katta majlis chaqirib, Uspievni Xorazm ishlariga saqlqin qoraganiga hayron bo’lib, birodar Yusuf Ibragimov va Habibulla Alievlarga buyurdilar: Turkiston markaziy ijroiya qo’mitasiga ariza yozmoqqa ham harbiya noziri Uspievdin norozi bo’lganliklarini bildirib qo’ymoqqa.Majlis tamom bo’ldi.Ikkilanchi kun arizani tayyor qilib olib borib, Markaziy Ijroiya qo’mitasi ma’sul sarkotibi tovarish Fatixovga berib, ko’p ta’kid qildim, darhol majlisga qo’ymoqqa, “xo’p” deb olib qoldi.Markaziy Ijroiya Qo’mitasining raisi Tenisov degan erdi.

Maxfiy qolmasinkim, To’rtko’lda rasmiy suratda “Yosh xivaliklar”ning inqilobiy qo’mitasini sho’basini ochmoqqa qaror qilib, To’rtko’l uchun pechat-muhr tayyor qildirib birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovni sho’ba raisi qilib, qo’liga mandat berdik ham darkorligicha aqcha berdik.

Maxfiy qolmasinkim, a’zolarimizdin bir nechalari askar bo’lib yozildilar.Dekabr oxirlarida bularni o’t arava(poezd-U.B.)larga solib, uzatib qoldik.Nazir Sholikarov, Bobojonboy Yoqub o’g’illari birga ketdilar.Faqat Toshkantda man Otajon Mahram ikkimiz qoldik.Ikki kun o’tdi toza yil kirdi.1919 yil yanvarda Osipovskiy sobitiya bo’lib ketdi.Surat voqea shunday turur: Harbiy nozir Osipov bir oqshomni ichinda vtoroy polk askarlari birlan birga tamomi komissarlarni tutib o’ldirib, bor bo’lgan aqchalarni olib, krepostni olmoqchi bo’lib ko’p taraddud qilgan.Lekin krepostni bermaganlar.Ertang Toshkentda katta bir urush bo’ldi.Ikki taraf bo’lib, hukumat tarafdori ham Osipov tarafdori har ko’chada to’plar qo’yib katta bir urush bo’lib ketdi.Tamomi gimnaziya maktablari bolalari ham ko’na ofitserlar ham boylar Osipov tarafida bo’ldilar.Ko’chalarda xitobnomalar tarqatib bayon qilganlar: Toshkentni olib bo’lgandin so’ng uchreditelniy sobraniya qilib, bol`sheviklarni yo’q qilurmiz, odamlaridin olgan molu mulklarini qaytarib egalariga topshirarmiz, deb har yerda targ’ibot qilib yurdilar.Shunday qilib ikki kun urush bo’ldi.Oxiri Osipov askarlari mag’lub bo’lib qochib ketdi.Andin so’ng hukumat obiskalar qilib, ko’p ko’na general va polkovniklar, ofitserlar ham gimnazist shogirdlarni tutib o’ldirmakka boshladilar.Ko’p odamlar halok bo’ldilar.Andin so’ng farog’atchilik bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, bizlar Otajon mahram birlan uch kun uydin chiqmay o’tirdik.”Yosh xivaliklar”ning inqilob qo’mitasining daftarlarini bir cho’ptaga o’rab qorning ostiga ko’mib qo’ydik.Bizlarning joylarimizni ham obisk qildilar.Osipovchilar tamom qochib ketdilar.Izidin askarlar yubordilar.yo’lda urishib bir necha askarni tutib keldilar.Ularning yonlaridin ko’p aqchalarni topib oldilar.O’lmay qolgan komissarlar ham qochib ketgan erkanlar.Ba’zilari qaytib keldilar.Uch-to’rt kundin keyin katta namoyish qilib, ruslar, musulmonlar ishtirok qilib, Osipov o’ldirgan komissarlarni dafn marosimini qildilar.Har yerda katta-katta mitinglar qilib, ko’p tantana birlan birodarlar qabristoniga eltib, dafn qildilar.Andin so’ng hukumat o’z ishlari bilan mashg’ul bo’ldi.Agar bizlarning vakillarimiz uch kun ketmay turgan bo’lsalar vtoroy polk kazarmasida yomon ahvolga duchor bo’lur erkanlar.Xudoy saqlab chiqib ketganlar, yaxshi bo’ldi.Milliy ishlar komissari Hoji Sapa Jo’raboev ham qochib Samarqandga ketgan erkan, qaytib kelmadi.O’rniga Sa’dulla Xo’ja Tursunxo’jaevni komissar qildilar.Man ham milliy ishlar komissariyatida chlen kollegiya erdim.Shunday qilib hamma o’z ishlari birlan mashg’ul bo’ldilar.

Maxfiy qolmasinkim, Osipov xuruj qilgan oqshomida turmadagi odamlarni chiqarib yuborgan erkanlar.Shul odamlardin ko’plari Buxoroga, ba’zilari Qo’qon “bosmachisi” Ergash, Madaminbeklar yoniga ketganlar.Andin so’ng hukumat ehtiyot qilib osobiy otdellar barpo qilib hozirlik birlan bo’ldi.Milliy ishlar komissariyatida o’n sho»ba barpo qildilar.Mani turkman sho»basiga mudir qildilar.Toshkantda askar bo’lib yurgan taka turkmanlari ehtiyojini o’tab yurdim.Endi To’rtko’lga ketganlardin bir necha so’z yozmoq kerak.Bundan keyin birodarlar bir necha kunda Chorjavga borib yetganlar.Chorjavda ham “Yosh xivalilar”ning inqilob qo’mitasi sho»basini barpo qilganlar.Bir necha vaqt turib bir oz milliy askar ham tashkil qilganlar.Andin so’ng tovarish Naumov otryadi birlan birga paroxodga o’tirib To’rtko’lga ravona bo’lganlar.Bir necha kunda Darg’onotadin o’tib ketganlar.sadvarga kelib yetgan hamon yovmut Junaidxon yo’lda qo’ygan qorovullari otisha-otisha Pitnak dushiga kelganlar.Pitnakda ko’p otli Yovmut qorovullari bo’lgan.Ko’p otishgandin so’ng to’p-pulemyotga toqat qilmay yovmutlar qochib ketganlar.Andin so’ng Pitnak mulla-eshon katxudolari dasturxon birlan paroxodga peshvoz yurganlar.Ko’zlari qonga to’lgan askarlar qizib ketib bularni ham yovmut gumon qilib, borini otib o’ldirganlar.Pitnakdin o’tib sog’-salomat To’rtko’lga yetishganlar.Andin so’ng Xivalilarni inqilob qo’mitasi sho»basini rasmiy ravishda ochib, a’zolar qayd qila boshlaganlar.Tez vaqtda a’zolari yuz nafardan oshib ketgan.Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov rais bo’lgan, Nazir Sholkarov mas’ul sarkotib bo’lgan.Shunday qilib, Xivaga inqilob yurgizish haqinda qo’llarindan kelgan qadar xizmat qila boshlaganlar.Endi Toshkant xabarlariga kelaylik.Toshkentda yettilanchi qurultoy uchun hozirliklar hozirlik bo’la boshladi.Maskavdin Turkiston uchun 7 kishidan murakkab Turkomissiya tashkil qilib Toshkentga yuborganlar.Yo’lda qamal bo’lib oq askarlar ko’p bo’lgandin Samarada qolganlar.Oqibat qamal tamom bo’lgandin so’ng o’tib o’zlaridin burun komissiya a’zosi mashhur muhandis Kobesovni eksterniy poezd birlan Toshkantga jo’natib yuborganlar.Hamma birlan ko’rishib-bilishib qurultoyning dasturi-amallarini hozir qildi.Ham sektsiyalar qilib har sektsiyaga bir nazoratni hisoblari birlan mashg’ul bo’ldi.Bir necha kunda qurultoy tamom bo’ldi.Xivaga borib yovmutlar birlan ahdnoma qilib kelmoqqa bir hay’at tashkil qilindi.Hay’atga avvaldin Xivada bo’lgan bir kontorning tarozichisi Kutsenko degan birovni rais qildilar.Turk Kazimbekni ham hay’atga qo’shdilar.

“Yosh buxorolilar”din birodar Qulmuhammedov ham no’g’oy Olimjon Oqchurinlarni ham hamroh qildilar.Shunday qilib, bularni ham Xivaga uzatib yubordilar.Tez vaqtda Turkkomissiya ham kelib yetishdilar.Toshkantning ishlari boshqa bir yo’l bilan yuriy boshladi.Tamomi kommuna qilib har kimlarga berilgan yerlar bo’lsa, xo’jalarga ixtiyor berdilar, o’zlari eksinlar, nechuk qilsalar o’z ixtiyorinda turur, hoh mardikor birlan, hoh yorimchi, hoh chorakchi birlan ektursinlar, deb ruxsat qildilar.Boshqa ba’zi qisqinchiliklarni ochib yubordilar.Turkiston xalqlari bir necha farog’at bo’la boshladilar.Xorijiy tijorat sho»basi joriy qildilar.Turkistonda qog’oz manatni ishlamoqni qoldirib, Maskavdin markaz aqchasi keltirdilar.Har kulli Turkiston uchun musulmanskiy kraevoy byuro tashkil qildilar.Mazkur tashkilotga mani ham a’zo qilib oldilar.Ushbu tashkilot musulmonlar uchun bir katta idora bo’ldi.Har qa’lalarda sho»balar ochildi.To’rtko’lda ham sho»ba ochildi.Manim so’rovim bo’yicha Shayxutdin Husainovni rais qilib mandat berdilar.

Maxfiy qolmasinkim, To’rtko’ldin yettilanchi qurultoyga vakil bo’lib Shayxutdin Husainov ham Ivan Kostenkolar kelgan erdilar.Husainovni hukumatga a’zo qilib Toshkentda qoldirdilar.Bir necha kundin so’ng To’rtko’ldin xabar bo’ldi.Konaplevni arestovat qilib Toshkentga yuborgan erkanlar.Yo’lda bir necha qorovullarni o’ldirib Ashxabod tarafga qochib ketgan, deb Toshkentdin hukumat a’zosi Xristoforov degan bir o’risni vakil qildilar.Man xorijiya nozirligi so’rab ko’p qiyinchilik birlan Shayxutdin Husainovni chlen kollegiya qilib yubordim.Qo’qonlik Sultonov ham chlen kollegiya bo’ldi.Yana ham bir-ikki sotrudnik odamni yubordik.Shuning birlan birodarlarni vokzaldin uzatib yubordik.To’rtko’lga qarab ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, qo’mitamiz nomidin Xorazm ahllari ham turkmanlar uchun yaxshi bir xitobnoma bostirib 4 ming donasini birodar Husainov birlan yubordik.Ham qo’mitamizda bo’lib ishlab turgan ishlarimizni yozib xat berdik.Va yana maxfiy qolmasinkim, Xivaga chiqib ketgan Lyutsenko, Kazimbeklar ikki turk birodarni olib, Xiva tarafga ketganlar.Pitnak dushiga kelgandin so’ng Lyutsenko Xiva tarafiga o’tib Junaid oldiga borganlar.

DAVOMI BOR

«Xurshid Davron kutubxonasi» uchun maxsus tayyorlandi.

012

(Tashriflar: umumiy 517, bugungi 1)

Izoh qoldiring