Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (10)

035

Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

11-БОБ: ҚУВОНЧ ВА ИЗТИРОБЛАР

Махфий қолмасинким товариш Городецкий ҳам Юсуп Иброҳимовлар бизлардин бир кун аввал Хивага келган эрканлар. Бизнинг учун қилмоқчи бўлиб қўйган сиёсатларини тамом англаб билганлар. Биродар Юсуп Иброҳимов хат ёзиб мани олдимга киши юборган эркан, тўғри сафаратхонага келсун, деб. Хатни олиб тўғри сафаратхонага бориб тушдим. Товариш Городецкий ҳам Иброҳимовларни кўриб, саломатлик сўрашдик. Ондин сўнг товариш Городецкийга айтдим:
-Мумкин бўлмасму эркан, товариш Бикни кўрсам?
-Албатта мумкин турур,-деб товариш Бикнинг олдига кириб эълон қилди.

044Ўнгдан тўртинчи Иосиф Бик (Бык)

Ондин сўнг товариш Бик (русчада:Бык) ташқарига чиқиб мани бирлан мулоқат қилиб, кўришиб саломатлик сўрашиб ўтирди.Ҳам товариш Городецкийга айтди:
-Товариш Юсупов кетган вақтинда мундийн эрмас эрди. Ҳозир кўп тоза бўлиб келибди, кўриб турибман. Олдин боринг десам кетмайман, деб манга кўп озор берди,-деди.
Ман айтдим:
-Ман қаррилигимдан қўрқиб айтиб эрдим,-дедим.
Ондин сўнг товариш Бик мандин савол қилди:
-Болаларингиз саломатми эрканлар?
Ман айтдим:
-Эшитдим, алҳамдиллоҳ саломат эрканлар.Ҳали ўзим кўрганим йўқ турур,-дедим.
Онда товариш Бик айтди:
-Дарҳол бориб кўринг, 6 ой бўлди албатта олар мунтазир бўлсалар керак,-деди.
Ман айтдим:
-Кетмакчи бўлган вақтимда сиз Пўрсига туркманлар қурултойига кетган эрдингиз.Сизни кўраолмай кетган эрдим. Шунинг учун аввалги мартаба сизни кўрмакка келдим,-дедим.
Оллоҳ рози бўлсин, деб узатиб юборди. Ондин чиқиб уйга келиб , тамоми бола-чақаларимиз, аҳли-авлодимиз бирлан соғ-саломат кўришиб фарағат бўлиб ўтирдик.

Эртанг молларимиз келди. Ҳукумат савдо саноат маҳкамасининг омбор мудирига топширдик.Маълум бўлсинким, шул вақтларда Хоразм қоғоз ақчаси қимматбаҳо эрди. Яъни Хоразмнинг бир миллион ақчасига Руссиянинг беш миллионлик ақчасини берар эрдилар.Нимарсалар бўлса ҳам арзон эрди. Арчин моли, бир арчин чит 5 миллиондин 10 миллионгача борур эрди. Бир қути инглиз ранги яъни 50 мисқоли 30 миллион сўм эрди. Бошқа нимарсалар бўлсин, ғалла бўлсин шунга монанд эрди. Ҳукумат хизматчиларининг маёналари ҳам арзон эрди.
Махфий қолмасинким, товариш Бик ҳам бизлар миниб келган пароход бирлан Маскавга қайтиб кетди. Бик тарафдори бўлган одамлар кўп хафа бўлиб узатиб қолдилар.

Иқтисодий комиссиялар ўз ишларига машғул бўлдилар. Ҳам тамоми Хоразмнинг иқтисодий аҳволотидан огоҳ бўлиб, ёзиб олиб 2 январ 1923 йилда от билан Чоржавга қайтиб кетдилар. Шул вақтда товариш Городецкийнинг маслаҳати бирлан шўъба маҳкамаси ташкил қилдилар. Шул маҳкамага мани мудир қилиб тайинладилар.Ҳам шаҳар хўжалик тубинда бир маҳкама ташкил қилдилар. Онга татар Абдураҳмон Усмановни раис қилдилар. 1923 йил март ойинда Тошкантда иқтисодий конференция бўлмоқчи эркан. Шунга номзодлар белгиладилар: Нозирлар Шўросининг раиси Бобожон Отажонов, доҳилия нозири қорақалпоқ Ўроз Эрмонов, туркман шўъбасидан мулла Нурмуҳаммад, қозоқ шўъбасидан Сарсанбоевларни тайин қилдилар. Товариш Городецкий ҳам ҳарбия нозири товариш Волошин ҳам кетмакчи бўлдилар. 1923 йил феврал ойининг 25ланчисида от бирлан чиқиб Чоржавга равона бўлдилар.

Махфий қолмасинким, ҳукумат савдо-саноат орқали савдогарларнинг 1919-чи йилларда Руссияга юборилмай қолган пахталарини ҳам кемаларига солиб Чоржавга узатиб юбордилар. 1923 йил март ойида савдо-саноат нозири биродар Муҳаммад Раҳим Девон Нуруллаев, ҳам хорижия нозири муовини Иброҳим Оллаберганов, Муҳаммадиёрбой Обдалов, Пирмуҳаммад Нурмуҳаммедов ва бошқа одамлар бирлан бир неча кемага ўтириб Чоржавга чиқиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, конференцияга кетганлар мартнинг 5-ланчисида Тошкантга бориб конференция мажлисида иштирок қилғонлар. Бир неча кунлар давомат қилғон мажлисда Ўрта Осиё бюроси тамоми Туркистон, Бухоро, Туркманистон ҳам Хоразмни иқтисодий турмушларини бирлаштирмакни таклиф қилиб, шунга қарор қилғонлар. Андин сўнг биродар Отажонов мажлисдин илтимос қилғон:
-Бизнинг Хоразмда мутахассис ишчиларимиз йўқ турур. Бир неча адад ишчилар юборсангиз. Бир неча ойлар Хивада туруб иқтисодий ишларимизни йўлга қўйиб келса эркан,-деб.

Мажлис рози бўлғон.Ҳам Ўрта Осиё бюроси эълон қилғон: Хоразмга боратурғон мутахассис одамлар бўлса келуб Ўрта Осиё бюросига маълум қилсинлар, деб. Бир неча мутахасссис одамлар исмларини ёздирғонлар. Бир неча кундин сўнг ҳайъатларимиз мазкур бўлғон мутахассислар бирлан Хивага қайтғонлар, келуб ҳар қайсиси ўз ишларига машғул бўлғонлар. Иқтисодий шўрода профессор , яъни файласуф Черданцев билан бир нечалари ишга машғул бўлди. Халқ банкасида Козлов деган бошлиқ бўлиб, Маяевский, Янполский, Гучман ва бошқа налог ва бюджет ишларига машғул бўлдилар. Рус ақчасининг баҳоси ҳам қиммат бўлиб кетди. Хоразмда харажат кўп бўлғонлик важидан ҳар кунда чақахонада 2 триллион қоғоз ва ақча босмоққа бошладилар.

Махфий қолмасинким, Тошкантда иқтисодий конференция қарор қилғон эрди: Хива ва Бухорода ҳеч бир қоғоз ақча ишланмасин, Маскавда Руссия ақчасини ишлаб, қанча даркор бўлатурғон бўлса тайёрлаб бериб турмоқға.Шунга биноан Хоразм учун Маскавдин 1923-чи йил учун 25 триллион ақча ишланган. Шул вақт тамоми Руссияда юриб турғон Руссия ақчасини келтирдилар. Ҳам июлнинг 10-ланчисидан Хоразм ақчасининг ўн миллионига мубдал қилдилар. Ҳам тамоми Тошкант, Фарғонада бўлғон савдогар, дўкондорлар ва ҳунармандлар бўлсун барчасига налог солганлар.

Махфий қолмасинким, Хоразмда ҳам налог шўъбаси ташкил қилдилар. Шўъбага мудир қилиб Бобожон Қутлимурод ўғлини тайин қилдилар. Тўғри налог шўъбасига мани мудир этиб сайлаб қўйдилар.Эгри налог шўъбасига Олланазар Муҳаммаджон ўғлини мудир қилдилар. Хоразмни беш район қилиб, район қаълаларига ҳам мудирлар юбордилар.

Махфий қолмасинким, 24 июнда Урганч халқи налогга рози бўлмай жамиятчилар бирлан Хивага келиб, ҳукуматга арз қилиб норозилик изҳор қилдилар. Нодонлик қилиб ҳукуматга нодуруст сўзлар сўзладилар. Ҳукумат арзгўйларнинг ичларидан бир неча бехугўйларни тутиб ҳибс қилиб бошқа фуқароларни қайтаруб юборди. Шунинг бирлан ишлар йўлға қўйилиб кетди. Тамоми тегишли бўлғон одамларни қайтариб ола бошладилар.

Маълум бўлсинким, ушбу Маскавда бўлатурғон виставкага ҳам ҳозирлик кўра бошладилар. Виставка комиссиясига раис қилиб Ҳожибой Аминаддинбой ўғлини тайин қилдилар. Аъзо қилиб Худойберган Девоновни тайин қилдилар. Хоразмда бўлиб турғон саноатлардин ҳам асбобдин ҳозир қила бошладилар. Хоразмдин юз одамни виставкага юбормоқға қарор қилиб қўйдилар. Банк ишларига келган товариш Козловский, Янполскийлар Хоразм бюджетларини ҳозирлаб кетмакчи бўлдилар.
Биродар Худойберган Девонов ҳам ўйлаб виставка комиссиялигидан чиқиб, мазкур бюджетларни олиб бориб ўзи тасдиқ қилдирмоқни муносиб кўрди. Нечунким, ўзи молия нозири турур.

Махфий қолмасинким, 1923 йил феврал ойинда собиқ Руссия вакили товариш Бикдан қочиб юрғон Абдулла Ҳожи Хўжа биродаримиз Хивага келиб ўзини ҳукуматға таслим қилди. Ҳукумат қабул қилди. Руссиянинг комил ҳуқуқли вакили товариш Городецкийни кўриб ошно бўлиб қолди. Ҳукумат Абдулла Хўжанинг ишларини судга берди. Суд биродар хўжаевга рухсат бериб Хўжайлига қайтариб юборди. Бир неча кундин сўнг биродар Хўжаевни олдириб, ҳеч нимарса сўрамасдан қўлига оқ хат берди. Ҳам жавоб берди, қайда борсангиз ихтиёрингиз турур, деб. Биродар Абдулла Хўжа ўз ватанига қайтиб кетди.

099Яна маълум бўлсинким, биродар Мулла Бекжон Раҳмон ўғли ушбу вақтгача маҳбус эрди. Бир кун товариш Городецкий партиянинг мажлисинда мулла Бекжонни ҳибсдин чиқармоқни таклиф киргизган. Онда биродар Аҳмад Маҳмудов қарши чиқиб сўйлаган. Ҳам эълон қилган:
-Мулла Бекжон бирлан Бокуга Шарқ сеъздига вакил бўлиб борғон эрдим. Мулла Бекжон (ўшанда) Рисқуловлар бирлан бирга бўлиб Анвар пошшо бирлан иттифоқ қилдилар. Албатта шундай хоин кишиларни ҳибсдин халос бўлғони муносиб эрмас турур,-деган.
Ҳам бир оғиздин қарор қилғонлар: Мулла Бекжонни ҳамиша ҳибс қилиб сақламоқға.

Товариш Городецкий сўз олиб айтғон:
-Мулла Бекчон товариш Рисқуловлар бирлан аҳд–паймон қилиб иш қилғон бўлса ҳозир биродар Рисқуловни Тошкантда нозирлар шўросига райис қилиб қўйдилар. Биродар мулла Бекжонни ҳам ҳибсдин халос қилиб нозирлар шўросига райис қилиб қўймоқ керак ,-деган ва яна айтган:
-Ман ўзим партийний бўлғон сифатим бирлан сизларнинг ушбу қилғон қарорларингизни ман танимасман. –деб чиқиб кетган.
Ҳам эртага ҳукуматга айтиб, Мулла Бекжонни ҳибсдин бўшатғон.

Махфий қолмасинким, мактаб болалари учун китоб ёзиб тайёрламоқ учун бир комиссия ташкил қилдилар, уч кишидан: биродар Мулла Бекжон райис, товариш Городецкий ҳам Бобоохун Салимовни аъзо қилғонлар.

Махфий қолмасинким, Коммунистлар партиясининг таҳқиқ-тафтиш қилмоқ учун Тошкант партиясидан муфтиш келган эрди. Раислари Петишев деган, аъзоси Қориев деган бир ўзбек йигит, яна бир ўрис эрди. Булар ҳам ўз ишларига машғул бўлдилар.

Кўп партийний бўлиб юрган биродарларнинг аҳволини билиб, партиядин чиқариб ташладилар. Андин сўнг ҳукуматда катта хизматда ўтирган коммунист биродарларнинг ҳукумат театринда тамоми коммунистлар ҳам партиясиз одамларни жамлаб тафтиш қилдилар. Анкеталарини ўқиб халқға маълум қилдилар. Шу жумладин сиёсий ташкилот мудири Бобожон Муҳаммаджоновни анкетасини ўқидилар. Бул биродар динсиз эрканлар ҳам бошқа таржимаи ҳолини ҳам ўқидилар. Кўп савол-жавобдин сўнг товушга қўйдилар. 13 киши партиядин чиқсун, 30 киши партиядан чиқмай қолсун, деб товуш бердилар. Шунинг бирлан кандидут бўлиб қолмоқға қарор қилдилар. Андин сўнг Аҳмад Маҳмудовни тафтиш қила бошладилар. Бул йигит ҳам динсиз эркан. Кўп савол-жавоблар ўртадин ўтди. Охири товушга қўйдилар. Партиядин ҳам ҳукумат хизматидин ҳам ҳеч вақтда партияга олмаслик шарти бирлан чиқардилар. 51 киши шул шартга қўл кўтарди. 13 киши кандидат бўлиб қолсун деб. 4 киши партияда қолсун, деб товуш бердилар. Шунинг бирлан партиядин чиқариб ташладилар. Эртанг маориф нозири Султон Қорини тафтиш қилдилар. Кўп савол-жавобдин сўнг товушга қўйдилар. Кўп киши партияда ўз ўрнида қолсун, деб қўл кўтардилар. Фақат 5-6 киши қарши бўлди. Шунинг бирлан ўз ўрнида қолди. Андин сўнг Худойберган Муҳаммад Мурод Девонбеги ўғлини тафтиш қилдилар. Кўп савол-жавобдин сўнг кўп товушға қўйдилар. Алҳосил кўп партийний биродарларни партиядан чиқариб ташладилар. Нечунким, бул биродарлар партиянинг тутғон йўлидан хабарсиз, ўз шахсиятлари учун партияга кирган биродарлар эрдилар.

( Полвонниёз ҳожи таъкидлаб ўтган партиядан тозалаш масаласини аслида Сталин кун тартибига қўйган эди. У 1923 йилнинг 12 июн куни Москвада бўлган РКП(б)нинг тўртинчи йиғилишида нутқ сўзлаб, унда шундай таҳдидона фикрларни билдириб ўтганди: » …Хоразм ва Бухоро ҳақидаги нутқимга қайтаман. Хоразм тўғрисида хоразмлик вакиллар бугунги йиғилишда қатнашмаётганлиги сабабли гапириб ўтирмайман. Қўлимдаги материаллар билангина Хоразмдаги партия, давлат ишини баҳолаш адолатдан эмас. Бу ерда Хоразм тўғрисида Бройдо  (Бройдо — 1920-1921 йилларда РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили бўлиб ишлаган.) нима деган бўлса, буларнинг ҳаммаси ўтмишга таауллуқлидир. Хоразмнинг келгусидаги аҳволи учун бу катта аҳамиятга эга эмас.

Партия тўғрисида у партия аъзоларининг 50% савдогарлар ва бошқалардир деди. Балким бу ўтмишда шундай бўлгандир.Лекин Хоразмда ҳозирги пайтда тозалаш олиб борилаяпти. Ҳали Хоразмга бирорта партия билети берилган эмас. Партия тўғрисида тозалашдан кейин гапирса бўлади. Айтишларича, Хоразмда бир неча минг партия аъзоси бор. Ўйлайманки, тозалашдан кейин у ерда 100 дан ортиқ партия аъзоси қолмайди. Бухорода ҳам ўтган йили шундай аҳвол мавжуд бўлиб, 16 минг партия аъзоси бор эди. Маълумки, тозалашдан кейин 1000 дан зиёд партия аъзоси қолди.»( И.В.Сталин.Тўла асарлар тўплами.5-жилд.—Москва, 1947.-Б.330).Сталиннинг ушбу таҳдидона нутқидан сўнг Полвонниёз ҳожи Юсупов ёзиб ўтган тозалашлар авж олганди- У.Б.).

Махфий қолмасинким, Марказий Ижроия Қўмитанинг раиси биродар Абдулла Ҳожи ёвмут Жунайидхон устига аскарлар бирлан кетган эрди. Икки ой юриб Жунайидни излаб қидирди. Хон Жунайид қумнинг ичига кириб кетган эркан. Аскарлар қум ичинда иссиқ ҳавода кўп машаққатлар чекганлар. Жунайиддин ҳеч асар бўлмаган. Охири ноилож бўлиб аскарлар қайтиб Кўҳна Урганч, Хўжайлида отлиқ аскарлар қолдириб, қайтиб келдилар.
Андин сўнг 1920-21 йилларда аскарликда хизмат қилган аскарларни ҳарбий хизматдин халос қилиб юбордилар. Ҳам ҳарбия мактабини тарқатиб юбордилар. Ҳам биродар Абдулла Ҳожини тафтиш комиссияси0 клубида тафтиш қилиб партияга аъзоликдан чиқариб бир йил кандидат қилиб қолдирди.Ҳам нозирлар шўросининг раиси Бобожон Отажонов Маскавдин келиб етишди. Ул биродарни ҳам тафтиш қилиб партия аъзолигида қолдирдилар.

Махфий қолмасинким, Хивада марказдин келган қоғоз ақча Хоразм ақчасига сарфлик бўлиб, бир миллион марказ ақчасига Хоразм ақчасининг ўн миллиони баробар бўлди. Шунинг бирлан Маскавдин келган ақчаларнинг ўн сарфидан олиш қилиб, Хоразм ақчаларини жамлаб ақча олмоқға қарор қилиб, 10-ланчи июлдин 10ланчи августгача срок қилиб Хоразм бозорларига жар чектирдилар. Ҳам 10 ланчи июлдин Хоразм чақахонасини қолдириб, хизматчиларга рухсат бериб юбордилар. Шунинг бирлан банкнинг ишлари кўп бўлиб кетди. Ҳар кунда қаълалардин кўҳна ақчалар келиб турди.

Махфий қолмасинким, Тошкант конференциясини қарори бўлғон эркан: Туркистон ҳукумати 125 минг манот олтин, Бухоро ҳукумати 50 минг манот олтин, Хоразм ҳукумати 25 минг манот олтин, жами 200 минг манотга уч дона аэроплан олиб, Туркистон. Бухоро, Хоразм ўртасинда почта ишларини юргизмакга қарор қилишган. Аэропланлар июлдин бошлаб юриб турмоғи зарур эрди.

Махфий қолмасинким, 20 июлда партиянинг иккинланчи қурултойи бошланди. Эҳтимол бул қурултойда кўп масалалар ҳар бўлса керак. 21 июлда савдо-саноат нозири Муҳаммад Раҳим Девон Маскав сафаридан қайтиб, Хивага келиб етишди. Маълум бўлсинким, Марказий Ижроия Қўмитанинг мазкур саркотиби жаноб Конеев ҳам ҳукуматдин уч ойга рухсат олди. Руссияга саёҳат қилиб кетмак учун. Ҳукумат ёрдам қилиб юбормоқға қарор қилди. Ўрнига муваққат саркотиб Муҳаммад Ёқуб Аҳангаровни қўйдилар. Хорижия нозирлигига ўз муовини Иброҳим Оллабергановни тайин қилдилар. Ҳарбия нозири Волошин ҳам рухсат олиб кетди.

Махфий қолмасинким, ҳарбия нозири йўқ бўлиб, ҳарбия мудири деб исм қўйдилар. Таъминотни ҳам кам қилдилар.
Виставкага тайин бўлғон одамлар бир юздин зиёда киши бўлиб, 2-ланчи августда Оралское море орқали Маскавга чиқиб кетдилар. Шул августнинг аввалида туркманлар қурултойини ўтказмоқ учун товариш Городецкий Тахтага кетди. Ёвмут , ўкуз, болиғ, ушоқ, ўрис кишиларини жамлаб , машҳур Ғулом Алини жойига-Лоллига бориб, Ғулом Алини ҳам Тахтага олиб келиб, ёвмутлар бирлан сўйлашиб, Ниёз бахшининг ўрниға марҳум Шомурот бахшини ўғли Кокани бахши қилиб, ёвмутларни яраштириб қайтиб келди.

Махфий қолмасинким, қозоқ, қорақалпоқларнинг қурултойи масаласи бўлиб қолди. 1923 йил ( 1342 ҳижрий) 12 августда товариш Городецкий Хўжайлига кетди. Ҳам Худойберган Девонов Козловскийлар бирлан бюджетларни олиб Тошкант ва Маскав сафарига чиқдилар. Ушбу кунларда Тошкантдин Государственний банк вакили келиб, Урганчда аввалги банкнинг ўрнинда банк очди.Ҳам деҳқон банкаси очилиб, иш бошлади.

Махфий қолмасинким, Муҳаммад Раҳим Нурулло ўғли савдо-саноат нозири лавозимидан олиниб, ўрнига дохилия нозири Ўроз Эрмонов савдо-саноат мудири қилиб тайинланди. Дохилия нозирлигига милиция начальниги бўлиб турғон татар Шариповни тайин қилдилар. Собиқ савдо-саноат нозирлигини тамоми қилган ишларини ва молларини тафтиш қилишга қарор қилиб, муфтиш нозирлигидан Ҳасан Алиакбаров, партиядин ва иқтисодий Шўродин комиссиялар тайин қилиб, ҳисоб-китоб қилишга бошладилар.

Махфий қолмасинким, шул вақтларда бозор нархлари шундай бўлиб турди: буғдой 200 манот, кунжут-1500 манот, бурунч-1500 манот, гўштнинг бир қадоғи-5 манот, тозаланган пахта-15 манот, тамоми нимарсалар шул баҳога монанд турур.

Махфий қолмасинким, бул ақча Руссия Шўролар ҳукуматини 1923 йилда чиқарган ақчаси турур. Ушбу вақтларда ошоқ тарафнинг йўллари нофароғат бўлиб турди. Ҳар ерларда ёвмут ёмонлари одамларни талон-тарож қилиб, ўлдириб , уйларини ўтлаб турганлиги хабари эшитилиб турди. Ўзбек халқи қўрқиб, баъзи бир қишлоқилар ғалла ва асбоб ускуналарини қаълага келтириб қўйдилар. Оллоҳ таоло ахирини хайрли қилсин.
1923 йил 23 августда товариш Городецкий Хўжайлидан қозоқ, қорақалпоқ қурултойидан қайтиб келди. Натижада қорақалпоқ, қозоқ бошқа бўлиб, ҳар миллат ўзи бошқа шўъба қилиб, ўз ихтиёрларини ўзлари кўрмакчи бўлганлар.

Махфий қолмасинким, Кўкчая қаъласида товариш Городецкийнинг олдига кетган қизил командирни ёвмут калтабонлари ўлдириб, бир неча аравани олганлар. Шунинг бирлан товариш Городецкий шу ишларнинг чорасига машғул бўлди.

Махфий қолмасинким, тўртланчи халқ қурултойи ҳақинда Ўрта Осиё бюросидан комиссия бўлиб, машҳур Низомаддин Хўжаевнинг биродари Салоҳиддин Хўжаев, Исроил Расулов, Иброҳимовлар 24-ланчи августда келиб етишдилар. 15-октябрда қурултой чақирмоқчи бўлиб партия қарор қабул қилғон.

Махфий қолмасинким, савдо-саноатнинг ҳисоботини қилиб юрган комиссиялар бирланчи сентябрда шул вақтгача ишлаган ишларини партияга доклад қилдилар. Натижада иккиланчи сентябрда Муҳаммад Раҳим Девон Нуруллаевни арестоват қилиб, уйларини ҳам дўконларини мусодара қилиб, муҳрлаб қўйдилар. Муҳаммад Ёқуб Қори Эрниёз ўғли, Қодирберган Давлатбой ўғли, Юсуп Назаров ҳам саройда Пирмуҳаммад ва Мадиёрбой дўконларини муҳрлаб қўйдилар. Ҳам тамоми қаълалардаги Муҳаммад Раҳим Нуруллаевга дарак бўлғон одамларга кишилар юбордилар, нимарсаларини борлаб кўрмоқ учун. Ушбу вақтларда сиёсий ташкилот раиси бўлиб турғон Муҳаммад Ёқуб Отажоновни дохилия нозири қилдилар. Ўрнига Исомуддин деган пирсиённи сиёсий ташкилотга мудир қилдилар.Икки кундин сўнг Муҳаммадиёрбой ва Пирмуҳаммад хўжалигининг дўконларини очиб бердилар. Саройда бўлғон Муҳаммад Раҳим Девонга дарак молларни хат қилиб олиб кетдилар.Ҳам ушбу сентябр ойинда тамоми Хоразмда қаъла муҳринда бўлғон кўҳна оқсоқолларни бекор қилиб, ўрнига ёш йигитлардин насаф қилдилар. Ушбу оқсоқолларни сайламоқ ишини маҳаллий “инқилоб” қўмитаси аксарият ёшлар бирлиги аъзоларидин ушбу ойда шаҳар хўжалик тарафидин тамоми Хоразм қаълалариндаги уйларни баҳо қилиб, олтин ҳисобига 300 сўм бўлғон жойлардин ярим процент, 300 манотдин зиёда бўлғон жойлардин бир процент ола бошладилар. Тўққизланчи октябрда Муҳаммад Раҳим Девонни ва Пирмуҳаммадни уйини тамоми нарсаларини ва дўконини обиска қилдилар. Ҳам Нуруллаевни уйини тамоми нарсаларини хат қилдириб олдилар.

17 октябрда тўртланчи қурултой мажлиси очилди. Тўрт-беш кун давомат қилиб тамом бўлди. Кўҳна нозирларни озод қилиб ўрнига тозадин нозирлар насаф қўйдилар. Ҳам Хоразм Халқ Шўролар жумҳуриятини йўқ қилиб Хоразм Ижтимоий Социалистик Жумҳурияти деб эълон қилдилар. 21чи октябрда тоза нозирлар тайин қилдилар.Нозирлар шўросини йўқ қилиб Марказ Ижроия қилмоқчи бўлдилар. 27-ланчи октябрда пешиндин сўнг Пишканик қишлоғининг Қоракўл ошоқидан беш отлиқ ёвмут келиб бир тева ва бир отни олиб кетган. Шул вақтда Пишканик фуқаролари бола-чақалари бирлан қаълага кўчиб кела бошладилар. Ҳукуматдин сиёсий идоралардаги отлиқлар ҳам милициялар ва ёшлар бирлиги аъзолари дарҳол ёвмутларга қарши юриш қилдилар. Мундин бурун Пишканикда бир фуқаро бир неча мартаба милтиқ отган. Шул милтиқдин қўрқиб ёвмутлар қумга чиқиб кетганлар. Қумдаги йўлдошлари Ашхабодлик савдогаларни 55 адад ўтлаб юрган теваларини жамлаб олиб биргалашиб қумга кириб кетганлар. Қумда йўлиққан ўтинчилардан бир неча тева ва эшакларини олиб кетганлар. Ушбу оқшом бирлан йўл юриб мазкур тева боқиб юрган болаларини қайтариб юборганлар.

Ўтинчилардин бирини ўлдириб, бошқаларини қайтариб юборганлар. Қайтиб келган одамларни айтганига қараганда ёвмутлар 15-16 отлиқ эрканлар. Мазкур кунда Тошҳовузга қишлоқ оёғидан ҳам 30-40 отлиқ ёвмут ҳужум қилиб, бир неча уйларни талон этиб, бир неча молларни олиб кетган. Зокир юзбоши навкарлари бирлан отишиб қайтариб юборган. Лекин олғон молларини олиб кетганлар. Мазкур ойда Хивадин ҳарбия нозири ҳам ёшлар бирлиги бир неча аскарлар бирлан ҳам сиёсий ташкилот мудири ёвмут ичига , яъни Тошҳовузга ва Илонлига кетдилар.
Ҳам ушбу йилда 12 декабрда Хивадин фавқулодда комиссиялар Тошкант орқали Маскавга кетдилар. Комиссияга раис бўлиб Марказий Ижроия Қўмита раиси биродар Каримберган Сапаев, молия нозири Каримберган Саъдуллаев, иштирокиюн партияси саркотиби Қаландар Одинаев, нозирлар шўросининг раиси Бобохон Отажонов мазкурлар бирлан Руссия шўролар жумҳуриятини комил ҳуқуқли вакли товариш Городецкий ҳам туркман ишлари ҳақинда Марказга доклад қилмоқ учун кетди. 1924 йил январ ойинда ёвмутлар тарафидан нофароғатлик хабари бўла бошлади. Оқибат 17-19 чи январда Хоразмдаги ҳукумат ишчиларига сафарбарлик эълон қилиб, ЧОН маҳкамаси ташкил қилдилар. Бир кун ичинда 700 кишини қурол остига олдилар. Қаъланинг ҳар тарафига қоровул қўйдилар.

Махфий қолмасинким, 12-чи январда Питнак, Ҳазорасп, Бешариқ фуқаролари ер солғутларини оғир кўриб, тўлай олмасмиз деб бир неча юзлари ҳукуматга арз қилмоқ учун Хивага кетдилар. Ҳукумат фуқароларини арзи-дод қилиб келганларига шубҳаланиб қаълага кирмакка қўймади. Фуқаролар қайтиб кетмасдин қаъланинг атрофидаги қишлоқларда ётдилар.
Махфий қолмасинким, фуқароларнинг мундек ҳужум қилиб келганлари шунинг учун эркан: Питнак, Ҳазорасп, Бешариқлик фуқаролар ёвмут Жунайиддан хабарли эрканлар. Ушбу халқларнинг сўзлари бирлан келган эрканлар.

14-чи январда ҳужум қилиб, ҳукуматнинг қўлға олиб келмоқға борган араваларини ва отларини олиб одамларни хибс қилиб Ҳазараспга келганлар. Ҳукумат одамлари қочғонлар. Баъзи қочиб кетолмаганларини тутиб ўлдирганлар. Ҳазараспга ҳоким қўйиб, Хонқаға келганлар. Хонқадин ҳам ҳукумат одамлари чиқиб қочғонлар. Тез фурсатда Урганчдин аскарлар бориб, отишиб бир неча одамлари ўлгандин сўнг отқат қилолмай, бир неча яроғ, от қолдириб Хазораспга қараб қочганлар.
23-ланчи январ 1924 йилда эрта бирлан соат 8 да Хиванинг орқа тарафиндаги Қиёт ёбға тушиб ёвмутлар ўқ ота бошладилар. Хивада бўлғон қизил аскарлар ҳам қуролланган ишчилар дарҳол Паҳлавон ёбға тушуб милтиқ ҳам пулимётлар бирлан ота бошладилар. Душманлар тоқат қилаолмасдин бир неча ўликларни қолдириб қочдилар. Ондин сўнг қаъланинг кунботар тарафиндаги Шоҳимардон дарвозасидин ҳужум қилдилар. Онда ҳам кўп отишма бўлиб қибла қум тарафига ўтдилар. Қаҳрамон аскарлар Авазжон маҳрам чўли деган жойда тўп, пулемётлар отиб қум ичиға ўткариб юбордилар.

Махфий қолмасинким, ондин сўнг аскарлар командирлари кечга қадар қаълани тамоми атрофларини аскар қоровуллар бирлан тўлдириб, ҳозир бўлиб турдилар. Маълум бўлсинким, аскарий хизматдин бўшаган ерли йигитлар ўз ҳоҳишлари бирлан ҳукуматга мурожаат қилиб, милтиқ отиб хизматга кирдилар. Ушбу оқшомда кўп отишма бўлиб, душмандин кўплари ҳалок бўлдилар. 24 ланчи январда намози бомдоддин сўнг яна отишма бошланди. Бизникилар тўп, пулемётлар бирлан отиб қочирдилар. Кўплари пулемётга тушиб ўлдилар. Ондин сўнг отишма тўхтаб фароғат бўлдилар. Ҳукумат тарафидан жар чектириб тамоми касблар дўконларини очиб савдо ишларига машғул бўлдилар.Намозшомдин сўнг қаъланинг кун чиқар дарвозаси тарафидин яна отишма бошланди. Отишма беш соат давом қилди. Ондин сўнг тўхтаб қолди. 24 чи сешанба куни ҳеч отишма бўлмасдин ўтди.Лекин намоз асирдин сўнг намозшомға қадар бизникилар яхши милтиқ ва пулемётлардин отдилар. Намозшомдин сўнг ёвмутлар кун чиқар ҳам қибладин ҳужум қилиб ота бошладилар.Бизнинг аскарлар ҳам ғайрат қилиб, милтиқ ва пулемётлардин кўп отиб, душман ҳужумларини даф қилдилар. Охиринда катта тўпдин ҳам отдилар. Отишма 8 соат давом етди. Ондин сўнг ёвмутлар қайтиб кетдилар. 27-январда ҳеч бир отишма бўлмади.

Воқеа шундай бўлган6 уруш бошланмасидан бир кун аввал Тошҳовузга Хивадин аскар кетиб эрди.Аскарлар Шоҳободдин ўтгандин сўнг Маноқ майдонида ёвмутларнинг қолган аскарлари бирлан отишиб, шундин Қўшкўпирга қайтганлар. Шул кунда бизнинг аскарлар бирлан ёвмут аскарлари уруш бошлаганлар.Вараҳзон кўприги устинда тўпни қўйиб, ота бошлаганлар.Лекин мозаристонда 2-3 пулемётни ҳам қўйиб, тайёрланганидан сўнг тўпни ташлаб қочганлар. Ёвмутлар тўпни олмоқчи бўлиб бирдан ҳужум қилиб югурганлар. Бизникилар уч пулемётни ишга солиб, кўп ёвмутларни қирганлар. Шул ўликларни ичинда Байрамхон деган бир саркардаси бўлғон. Уни калласини кесиб, туғларини ҳам олиб Тошҳовуз саркардалари Хивага келтирдилар. Ушбу куни ёвмутлар қочиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, Ҳазорасп тарафидан келган ўзбек ва ёвмутлар Хонқага ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга олиб, Гавдонбойнинг жойига тушганлар. Хонқа бойларини жамлаб ҳақорат қилиб айтганлар:
-Сизларга қанча маротаба хабар қилдик, бизлар бирлан ҳеч бир хабарлашиб жавоб бермадингизлар. Сизлар большевиклардин умид қилиб турдингизлар,-деб кўп койиганлар ва буюрганлар:
-Дарҳол 100 дона бешотар милтиқ, 10 минг дона ўқ ҳозир қилиб беринглар,-деб.

Хонқа бойларидан Гавдонбой айтган:
-Бизлар фуқаро халқ турурмиз. Бизлар сизларнинг олдингизга бора билмадик. Нечунким, бизда ҳеч бир қурол йўқ турур. Бизларнинг устимизга ким ҳоким бўлса, шунга жонидил бирлан хизмат қилурмиз. Агар наинки мол десангиз топиб берурмиз.

Шундин сўнг буларни ҳибсга буюриб, олдиға қоровуллар қўйганлар. Саркарда бўлиб турган ёвмутлардин Жунайининг куёви Раҳмон деган, ўзбеклардин Питнаклик Муҳаммад Раҳим Олланазар ўғли ҳам Жумабой деганлар Марказий Ижроия Қўмита аъзолари эрди.Шундай қилиб ёвмутлар Гавдонбойнинг уйини талон-тарож қилиб, бола-чақаларини, тамоми мол-ашёларини олиб, 17 аравага юклаган. Мазкур Жабборберган Гавдан, Муҳаммад Раҳимбой Ҳожи, Юсупбой Култа, Нажмиддинбойни икки иниси яна уч одамларини шал араваларга ўтиртириб, тамоми кийимларини олиб, яланғоч қилиб, Жунайидга юборганлар.
Собирберган Гавдан тавалло қилиб айтган:
-Агар бизларни ўлдирмакчи бўлсангизлар, шул ерда ўлдиринглар.

Онда Муҳаммад Раҳим Олланазар ўғли айтган:
-Сизларни хон оғанинг олдига юборурмиз. Нечук қилса, Жунаидхон қилур.
Шунинг бирлан мазкур кунда намози асир вақтинда Хонқадин чиқиб, Хивага қараб юрганлар.Ушбу оқшом йўл юриб Хива қаъласини олдинда бўлган Абдураҳим Ҳожини ҳовлисига келтириб, қўлларини маҳкам боғлаб, ҳаммаларини бир уйга солиб қўйганлар. Ўзлари Жунайидни қочиб кетганлигини билиб, дарҳол тамоми аравалардаги нимарсаларни бандилар бирлан ташлаб қочиб кетганлар.

Махфий қолмасинким, Ҳазорасп, Питнак, Бешариқ одамлари Шокиржон Пир бошлиқ хон Жунайиднинг олдига келганлар. Жунайидхон бирлан соғ-саломатлик сўрашиб, маслаҳат қилишганлар. Жунайидхон Шокиржон Пирдин савол қилган:
-Энди нечук қилурмиз.Хива қаъласини олғонда нима қилмоқ керак ?- деган .
Онда Шокиржон Пир айтган:
-Хива қаъласини олғондин сўнг тамоми ўрис, нўғой, мулла эшон, бой, косибларнинг эркакларини ўлдириб, 30 ёшдин юқори бўлғон хотинларини ҳам ўлдириб, фақат ёш қизларни ўлдирмай, асир олиб, қаълага ўт қўйиб Хива қаъласини йўқ қилурмиз,-деган.
Шул сўзга Жунайидхон рози бўлмаган ва айтғон:
-Ман сизнинг учун уруширмиз деганингиз учун ёрдамга келган эрдим, сизларнинг мақсадларингиз мол-давлат учун эркан. Ман дарҳол қайтиб кетурман, -деб қарор қилиб қайтиб кетган.

Маълум бўлсинким, ушбу хабарлар уруш тамом бўлиб, фарағатчилик бўлиб кетганидан сўнг халқнинг оғзидан эшитилган хабарлар турур.
Эртанг 28 январ -душанба куни қаъладин Рудзутакнинг аскарлари чиқиб, бир-икки маротаба тўп отиб юбордилар. Қолган Ҳазорасп, Бешариқ одамлари ҳамма от-арава ва кийимларини ташлаб, вайрон бўлиб қочиб кетдилар.Бир нечаларини тутиб ўлдирдилар.

Махфий қолмасинким, Отажон деган бир кўҳна аскарни (олдиндан хизмат қилиб юрган маъносида-У.Б.) Жунайидхон Иллолидан келтириб банд қилиб қўйғон эркан. Бизнинг аскарлар борган ҳамон мазкур Отажон командирни таниб, ўзларини ёнига олганлар. Маълум бўлсинким, Отажон командир кеча келтириб ҳибс қилиб қўйилган одамларни кўрган экан. Дарҳол мазкур Хонқа бойларини ҳибсдан чиқариб, қўлларини ечиб “қаълага боринглар”, деган.Онда бойлар айтганлар:
-Бизлар қаълага борсак, аскарлар билмасдин бизни отиб ўлдирурлар,-деганлар.

Отажон командир яна уларнинг қўлларини боғлаб ўзини рўмолини аълам қилиб бериб, ёпнинг ичидан қаълага узатиб юборган. Булар қўллари боғлиқ ҳолда қаъланинг олдига келганлар. Қаҳрамон аскарлар дарҳол қўлларини ечиб, қаълага ҳукумат ҳузурига юборганлар. Ҳукумат дарҳол буларни кийинтириб, ўзларини Олланазар Муҳаммаджон ўғлини уйинда бўлмоққа буюрди. Бечоралар ўлимдин халос бўлиб, фароғат бўлиб ўтирдилар. Ҳам Хонқадин олинган молларни ҳукумат олиб келиб, рўйхат қилиб қўйди.

Махфий қолмасинким, Шокиржон Пирнинг буйруғи бирлан Хонқада Йўлдошбой Муҳаммад Шарифбой, Оллаберган Гавдон, Ўринбой Култа, Нурмуҳаммад Оқсоқолларни отиб ўлдирганлар. Яна маълум бўлсинким, Хивали Отабой Абдулла Ҳожи ўғли қочиб Питнакка борганда отиб ўлдирганлар.Ҳукумат ишчиларини ҳам тутиб ўлдирганлар. Шунинг бирлан ушбу кун қаъланинг ҳар тарафига аскарлар чиқиб, қолган ёвмуд босқинчиларни ўлдириб, қаъла атрофини шул бадбахтлардан пок қилдилар. Ҳам ушбу кунда Урганчдин биродар Болтаев. Давлетовлар аскарлар бирлан келиб етишдилар.

Махфий қолмасинким, Урганчга ҳам Тўрткўлдин тозадин бир неча юз аскарлар келиб қолганлар. 29 январ сешанба куни фарағатлик бирлан ҳукумат ишлари саранжомига машғул бўлди. 30-кун ҳам саранжомлик бирлан ўтди. 31-чи кун қаъла атрофидин Хиваликларни тутиб келиб, ЧКда сақлаб қўйилган фуқароларни ҳибсдин чиқариб юбордилар.

1924 йил 1 феврал жума куни намози асир вақтинда Тошкентдин аэроплан келиб тушди. Ҳам шул кун ҳукумат тамоми ишчилар ва кўнгилли аскарларга жавоб бериб юборди. Ҳам ёвмут Ниёзбахшининг ёнига бир неча отли аскарлар бирлан биродар Болтаев ва Ниёзовлар Ғозиободга кетдилар. 2-феврал сешанба куни идоралар очилиб, ҳар ким ўз хизматига машғул бўлдилар. Ушбу кунда Тошҳовуз шўроси Аҳмаджонлар ҳам Тошҳовузга кетдилар. 4-ланжи февралда Чоржавдин чиққан кавалерский полк келиб етишди. Болтаев Тошҳовуздин қайтиб келди. Чоржавдан келган полк командири товариш Шайдаков эркан. Аскарлар Садиварга келиб Оғажон эшонни ҳовлисида бўлган туркманлардин 30 одамни ўлдириб, от-яроғларини олганлар.Андин чиқиб Питнакка келганлар. Йўлда соқчилар отишиб 100га яқин одамни ўлдириб, Питнак қаъласини олганлар. Андин чиқиб Ҳазораспга келганлар. Қаълани олдидаги мозористондан чиқиб ўқ ота бошлаганлар. Товариш Шайдаковнинг лабидан ўқ сизиб ўтиб кетган. Бир командирга ўқ тегиб ярадор бўлган. Шундай қилиб аскарлар отишиб, юзга яқин одамни ўлдириб, Ҳазорасп қаъласига кирганлар. Ҳазораспдаги заводда 50га яқин аскарлар қолиб турган эрканлар. Шулар бирлан кўришиб Ҳазораспга муваққат шўро қўйиб йўлга чиққанлар. Бешариқдан ўтиб Каттабоғга келиб, Амирнинг ўғли Оллаберганни кўриб, гумонзода бўлиб, атрофини ўраб олиб, милтиқ отганлар. 20-30 га яқин одамлар чиқиб, қочиб кетганлар. Изидан етиб ўлдириб от-яроғини олганлар. Ондин ўтиб Хивага келганлар. 5-февралда Хонқага аскар кетди. 9 февралда Ҳазорасп ва питнакка аскар бирлан товариш Шайдаков кетди. Ҳазорасп, Хонқа, Питнакка биродар Муҳаммадёқуб Отажонов, Абдураҳим Ниёзов, Назир Шоликаровлар кетдилар. Аскарлар бориб Хонқадин Бешариқ аскарларини чиқариб юборганлар. Хонқага Бешариқлик Ҳасан оғани ҳоким қилғон эрканлар.Андин аскарлар Боғотни олганлар. Босмачилар қумга қараб кетганлар. Аскар бошлиғи жар чектириб халққа эълон қилган: фуқаролар келиб ўз жойларида фарағат ўтирсинлар, деб. Халқ ўз жойларига кела бошлаган. Ондин ўтиб Ҳазораспга борганлар. Аскар бошлиғи ҳам мундин кетган маъмурлар халқнинг қўлида бўлган милтиқ, қилич ва ўроқларини келтириб комиссияларга топширмоқни буюрганлар.Хивадин биродар Муҳаммадшариф Қориев ҳам Остона, Янгиариқ тарафларга келиб, милтиқ, қилич, ўроқларни йиғиб ола бошлади.

Хивадаги ҳам тамоми фуқароларни қўлида бўлғон милтиқ, қилич, тўппончаларни йиғнаб олмоққа ҳукумат буйруқ қилди. 1924 йил 13 мартда аэроплан билан Тошкантдин биродар Саъдуллахўжа Турсунхўжаев келиб тушди. Ҳукумат жойи бўлиб турган Ашир Маҳрамнинг жойидан ўрин бердилар. Биродар Турсунхўжаев халқлардин ҳар турлик маълумотлар олмоқ бирлан машғул бўлди. 19 мартда Урганч тарафига кетди.

Махфий қолмасинким, 15 мартда ҳаво кемаси бирлан Ўрта Осиё бюросининг раиси товариш Карклин ҳам Марказий Партиянинг масъул саркотиби ,Ўрта Осиё бюросининг аъзоси биродар Абдулла Раҳимбоев, ҳамда Тошкант Ҳарбий Шўросининг раиси келиб тушдилар. Руссия ваколатхонасига меҳмон бўлдилар. Бизлардин бир нечаларимизни , яъни ман, ҳамда Мулла Бекжон ва Худойберган Девонов, Ҳожимуҳаммад бойларни олдириб кўп нимарсалар ҳақинда савол қилдилар. Бизлар тамоми қилган саволларига жавоб бердик. Ондин сўнг жавоб олиб хўшлашиб қайтдик. Биродар Раҳимбоев Тошкантда муҳожир бўлиб юрган вақтимизда кўп ошна бўлиб бирга ишлаган эрдилар. У маълум қилди:
-Эртанг биродар Низомаддин Хўжаев ҳам келур,-деди.

16 мартда Низомаддин ҳам келиб қолди. 17 мартда ҳукумат театр хонасининг майдонида катта митинг қилдилар. Биродар Раҳимбоев сўз олиб халққа хитоб қилиб, кўп сўзлар сўйладилар. Халқлар кўп олқишлар билан қарши олиб қабул қилдилар.Ондин сўнг Низомаддин сўз олиб сўзга киришди. Халқда биринчи мақсад бўлган сўзларни такаллумлар қилиб, халқдин кўп-кўп раҳматлар эшитди.Халқ рози бўлиб кўз ёши қилдилар. Нечунким бизнинг халқимиз бул вақтгача мунингдек ширин ўз тилларинда ҳеч бир нотиқдин сўз эшитганлари йўқ эрди. Ондин сўнг мажлис раиси биродар Сапаев халққа эълон қилди. Ҳар ким сўйламакчи бўлсалар сўйласинлар, деб. Бир камбағал одам сўз олиб сўйлади. Айтди:
-Бизлар сўйламакчи турурмиз.Лекин қўрқармиз.Тўғри сўйлаган ҳолда дарҳол ҳукумат ўйга солур, ҳар бир баҳона бирлан дунёдин йўқ қилур,-деди.
Ҳам минбардан тушди.Ондин сўнг биродар Низомаддин чиқиб халққа хитоб қилиб айтди:
-Эй азиз қардошлар! Маълум бўлдики, сизлар қўрқар экансизлар. Энди ҳеч бир қўрқмасдин ҳар бир сўзларингиз бўлса марҳамат қилиб айтинглар.Сизлар омон бўлинглар.Мундин сўнг онингдек қисқинликлар ҳеч бўлмаса керак. Ман билдим, сизларнинг бошларингизда кўп сўзлар бор.Худо ҳоҳласа эшитурман, хотиржам бўлинглар,-деб минбардин тушди.

Ондин сўнг раис “яна сўйлайтурғон одам борми?”, деб сўради. Шунда яна бир киши чиқиб ушбу уруш-талошлар, солғит хусусинда сўзлади. Ул ўз сўзида деди:
-Питнак, Ҳазорасп, Бешариқ халқлари арз қилмоқ учун Хивага келдилар. Ҳукумат арзга келмасидан бурун эшитуб, милицияларни юбориб қаълага кирмоққа қўймасдин бир неча катта оқсоқолларни келтириб ҳибс қилди.Ондин сўнг халқ қўзғолиб кетди. Яна бир неча одамлар ҳам ушбу солиқларнинг оғирлигини изҳор қилдилар. Ондин сўнг ҳукумат солиқни кам қилмоқ учун бир қарор қабул қилди. Шунинг бирлан халқлар кўп мамнун бўлиб тарқалиб кетдилар. Ондин сўнг 20 мартда намози жумадан сўнг Муҳаммад Аминхон мадрасасида жам бўлмоқни эълон қилдилар. Жумадин сўнг шунда жам бўлдилар. Мадрасанинг усти ҳам ўртаси ҳам ости одамлар билан тўлди. Қарийиб уч-тўрт минг одам бўлдилар. Биродар Низомаддин Хўжаев Ўрта Осиё бюросининг раиси товариш Карклин ҳам Ҳарбий Шўро раиси келдилар. Биродар Сулдтон Қорини мажлисга раис қилиб сайладилар.Уламолар ҳам ҳозир эрдилар. Ҳукумат арбоблари ҳам келдилар. Товариш Карклин сўз олиб ўтган давр ҳам шўролар ҳукуматининг эркини ҳам Хоразм ҳукумати қандай бўлганда яхши турганини сўйлаб берди.Биродар Низомаддин таржима қилиб халққа тушунтирди. Ондин сўнг ҳарбия шўросининг раиси сўз олиб аскарлар аҳволотидан ҳам Жунайидхон ва Хон Эшонларга зарба берганларини сўйлади. Ҳам тез вақтда душманларни йўқ қилмоқликка омонлик изҳор қилди. Ондин сўнг биродар Низомаддин сўз олиб, Тошкаентда, Фарғонада бўлиб ўтган ахборотлардин кўп воқеалар сўйлаб берди. Халойиқ Низомаддиннинг ҳар бир сўзига тушуниб олқишлар қилдилар. Ҳукумат бирлан халқ орасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш хусусинда кўп тушунтириш берди. Ондин сўнг ушбу уришиб юрганларга умумий афу эълон қилинган буйруқни ўқиб тушунтирди. Халойиқ кўп мамнун бўлиб, олқишлади. Ондин сўнг сиёсий ташкилотнинг турмасинда ҳибс бўлиб ётган одамларни ушбу кундин эътиборан озод қилмоққа сўз берди.Халойиқ бир оғиздин раҳмат айтдилар. Халойиқдин ушбу жанжални тўхтатишга ёрдам сўради. Шунинг бирлан сўзни тамом қилиб айтди: Яшасун Хоразм меҳнаткашлари! Яшасин иттифоқ бирлиги!

Халойиқ олқишлар қилиб, раҳмат-раҳмат деб қичқирдилар.Ондин сўнг бир қишлоқи деҳқон сўз олиб айтди: чиқиб айтди:
-Бул нечук мусулмончилик турур. Ман бир ғариб темирчи уста эрдим. Шаҳар ижроқўми раиси Машариф Қориев санда милтиқ бор, топиб бергил, деб мани кўп урди. Агар мани сўзимга бовар қилмасангиз, ушбу халойиқ айтсунлар,-деди.
Жами халойиқ бир оғиздин : ушбу биродарнинг сўзи рост турур. Мундин ҳам зиёда зулм қилиб юрган турур, деб гувоҳлик бердилар. Биродар Карклин айтди:
-Шундай золим одамларга ҳеч йўл бермак даркор эрмас, дарҳол чорасини кўрмак лозим турур.

Ондин сўнг биродар Низомаддин Хўжаев чиқиб айтди:
-Эй биродарлар! Сизларнинг ҳукуматларингиз мундай хабарларни эътиборсиз қўймаяжак.Сизлар хотиржам бўлинг, сизлардек мазлумларни оҳ-нолаларини эшитажакмиз,яна бошқа сўзлажак киши бўлса марҳамат қилсин-деди.
Қўмита мажлисидан Шониёз деган бир йигит айтди:
-Биродарлар, сизлар сўйлаб-сўйлаб кетарсизлар, ондин сўнг бизларни тутиб калламизни кессалар керак,-деди.

Онда товариш Карклин айтди:
-Бизлар мунда ҳеч нима қилмасмиз, лекин ҳукуматларингиз бор турур. Арз-ҳолларингизни баён қилсангизлар албатта чорасини кўражак, мундин амин бўлинглар. Ҳозир мани ўзим ҳам бир неча вақт мунда қолмоқчи турурман.Ҳамма жойларга бориб кўрморқчи турурман.Биродар Низомаддин ҳам мунда қолажак турур.Сизларга ёрдам бермакка тайёр турурмиз-деди.
Ондин сўнг Низомаддин мажлисга эълон қилди:
-Қориев деганларингиз ушбу Султон Қори турурми?Агар бул киши бўлса, ман мундин безор турурман,-деди.
Халойиқ: йўқ-йўқ бул киши эрмас турур,-деб қичқирдилар.

Ондин сўнг Султон Қорини курси устига чиқариб айтдилар:
-Ушбу одам нечук одам турур,-деди.
Бир оғиздин кўп яхши одам турур,-дедилар.
-Яна ёмонлигини билган киши борми,-деди.

Ҳамма бир оғиздин: — йўқ,-деб жавоб бердилар.Шунинг бирлан мажлисга рухсат бердилар. Ҳамма халойиқ мамнун бўлиб тарқалиб кетдилар.
Биродар Низомаддин, Султон Қори, Сапаевлар турмага қараб кетдилар. 1924 йил 22 мартда ЧКнинг турмасига бориб 214 одамни ҳибсдин халос қилиб юбордилар. Тамоми Хива одамлари мамнун бўлиб комиссияга ташаккурлар баён этдилар.

Махфий қолмасинким, ушбу икки кунда комиссияларга 400-500 дона ариза хати бердилар. Биродар Низомаддин аризаларни текшириб тегишли чорасини қила бошлади. Сарой аҳлидан ҳибсда бўлғонларнинг дўкон омборларини печатлаб, баъзий асбоб-молларини олиб кетиб эрканлар. Дўконларни печатларини олиб, молларини қайтариб бермакка буйруқ қилди. Маълум фуқаролар кўп-кўп рози бўлиб қолдилар.

1924 йил 31 мартда намози асирдин сўнг товариш Бройдо ҳам Городецкийлар Маскавдин келдилар. Аэроплан майдонида қарши олдик. Кўришиб, сўрашиб Нуруббой саройига келдик. Клубда манзил қилган эрканлар. Келиб ўтирдилар. Товариш Бройдо норозилик баён қилди ва айтди:
— Ман 1920 йилда илк бор келганимда ушбу жойни мактабга бериб эрдим. Ҳам ман Чоржавдин ҳукуматга телеграм бергандим. Манга халқнинг ўртасиндан бир жой берсин деб.
Онда ҳукумат арбоблари айтдилар:
-Бизлар телеграмммангизни ҳеч англаб билмадик. Эртага бошқа жой топармиз,-деди.

Товариш Бройдо манга айтди:
-Эртанг манинг учун бир жой топинг. Маним ўзим киройини берурман,-деди.
Ондин сўнг одамлар қайтиб кетдилар.
Товариш Бройдо мани бирлан сўзлашмоққа бошлади. Қарийиб уч соатдин зиёда ҳар тарафдин сўйлашдик. Сўнг ман ҳам жавоб олиб уйга кетдим. Ман кетгандин сўнг товариш Бройдо йўлдошлари бирлан сафаратхонага кўчиб, шунда ёзиб қолдирганлар.

1-апрелда биродар Султон Қори, Эрмоновлар бирлан ваколатхонага бордик. Товариш Бройдо Султон Қоридан кўп саволлар сўраб жавоб эшитиб турди. Бир неча соат ўтириб товариш Городецкий бирлан баъзий сўзлар тўғрисинда сўйлашиб хўшлашиб қайтиб кетдик.

Махфий қолмасинким, ушбу кечда Коммунист партиясининг конференцияси очилди. Товариш Бройдонинг сўрови бирлан Гурландан Бобоохун Эшон Салимов келди.Нуржон охун Эшон бирлан бирга товариш Бройдони бориб кўриб, соғ-саломатликлар сўрашиб, баъзий сўзлардин сўйлашиб ҳар тарафларга хат юбормакчи бўлдилар. Уламолар қурултойи ҳақинда ҳам РКП ҳақинда сўйлашдилар. 4 аперлда партийний конференция тамом бўлди.

Товариш Бройдо 14 моддалик қонунни тасдиқ қилдириб ўтказди. 5-апрелда биродар Султон Қори бирлан товариш Бройдони кўриб, уламолар қурултойи ҳақинда буюрди: уч кишидан мураккаб комиссия бўлсин, деб. Султон Қори кўрсатди:биринчи Бобоохун, иккинчи Нуржон охун, учинчи Полвонниёз Ҳожи,-деди. Кечда соат 4 да Бобоохун ва Нуржон охун бирлан келинглар, деб манга айтдилар.Кечда баён бўлғон вақтда келдик. Товариш Бройдо айтди:
-Уламолар қурултойини 14 апрелга чақириб ҳозир қилинг , ҳар тарафга бир неча даъватномалар юборинглар. Уламолар қурултойинда кўрилатурғон масалалар: 1-вақф, 2-босмачилик, 3-уламоларни халқ шўролари жумҳуриятига яқин қилмоқ, 4-мадрасаларни ислоҳ қилиш ва бошқалар,-деди.

6 апрелда комиссиялар даъватномаларни ҳозирламоққа машғул бўлдилар. Ҳам ушбу кун кечда товариш Бройдо, товариш Городецкий ҳам Сидоровлар Бобоохуннинг Мадаминхон мадрасасидаги ҳужрасига келдилар.2-3 соат ҳар тарафдин сўйлашиб суҳбат қилиб ўтирдик. Ондин сўнг қайтиб кетдилар. Ҳам эртага сафаратхонага бордик.Баъзий сўзлар бўлди. Ҳам Оғажон Эшоннинг ўғли Абдураҳмон Махсим ҳам Ўроз Эшонларни қўшиб юборди, мадрасага бориб каломуллодин аҳд қилдириб юбормакка ва мундин сўнг ҳеч бир вақт ҳукуматга қарши бўлмасликка.Балки қарши бўлғонлар бўлса насиҳат қилиб ислоҳ қилмоққа. Ҳам ҳукуматга эълон қилмоққа ваъда қилди. Шунинг бирлан оларни халос қилиб юбордилар.

1924 йил 7 апрелда товариш Бройдо, Қаландар Одинаевлар Тахтага кетдилар. 13 апрелда улар Тошҳовуздин қайтиб келдилар.15 апрелда Ғуломали Баҳодир товариш Бройдони олдига келди. 16 -ланчида товариш Бройдо Низомаддин Авазхўжа ўғли бирлан Жунайидхонга хат юборди. 17 апрел 1924 йилда уламолар қурултойи очилди. Товариш Бройдо олам тўғрисинда кўп сўзлар сўйлаб, биринчи уламолар қурултойини табрик қилди. Бирланчи мажлис тамом бўлди. Иккиланчи мажлис вакилларини йиғнаб олиб сарф қилмоқ учун вақф идораси ташкил қилмоқ, учинчи мажлис-мадраса, мактабларни ислоҳ қилмоқ, тўртланчи мажлис тамоми ишларни биткариб ҳайъати фиқҳга сайлаб қўймоқ масалалари тўғрисинда қарор қилди. Вақф идорасига уч киши сайланди. Шўролар ҳукумати ҳақинда ҳам ушбу уламолар қурултойида масала кўрилди. Уламолар Маскавдин келган товариш Бройдога дуолар қилишиб кўп шодлик бирлан қурултойни битказиб, хўшлашиб ўз жойларига қайтиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, ушбу уламолар қурултойида иштирок қилмоқ учун Бухородин товариш Бройдо 2 адад Охун олиб келиб эрди. 19 апрелда Руссия тарафидан келган отлиқ қизил аскарлар аэроплан майдонига чиқиб машқ қилиб ўйин кўрсатдилар.Туркманлардин Ғуломали ва Яхшигелдилар ҳам кўриб томоша қилдилар. Товариш Бройдо туркман катталарини аэропланга миндириб, учириб томоша қилдирди.

1924 йил 20 апрелда 4 қурултойни биринчи сессияси очилди. Товариш Бройдо шўролар ҳукуматининг нечук эркани ҳақинда нутқ сўзлади. Ондин сўнг иқтисодий шўро раиси товариш Брюханов доклад қилмоқға машғул бўлди. Ҳам ушбу кунда Тўрткўл тарафдаги докторлардин хабар келди: “ Оққамиш деган қишлоқда чума-вабо касали пайдо бўлган”, деб. Дарҳол ҳукумат жар чектириб халққа эълон қилди. Шаҳарда душанба куни бозор бўлмасин. Бошқа қишлоқ тарафидан қаълага киши кирмасин, кирган одам бўлса докторни шаҳодати бирлан чиқиб кетсин,деб. Шул кун эрта бирлан биродар Низомаддин Хўжаев аэроплан бирлан Тошкентга учиб кетди.

21 апрелда сессия тамом бўлди. Ушбу кунда Тошкентдин аэроплан бирлан вабо-чума касаллиги бўйича мутахассис бўлган икки доктор келиб тушди. 22 апрелда шаҳар дарвозаларини маҳкам қилиб, халқни ташқарига ва ичкарига юбормай таҳқиқ ва тафтишлар қилдилар. 23 апрелда эрта бирлан товариш Бройдо йўлдошлари бирлан Тошкантга иқтисодий конференцияга учиб кетди. 24 апрелда доктор Исфандиёров маълумотига биноан тарқалди деган касаллик вабо бўлмай, фақат терлама касали эканликларини баён қилган. Шунга биноан дарвозаларни очиб қўйдилар. Пайшанба куни бозор бўлди. Фуқаролар фароғат бўлиб, деҳқонларни пахтачилик учун ер ҳозирламакка машғул бўлдилар.Ҳукумат комиссияси 15 йил турмага ҳукм қилганларни ҳам озод қилди. 10 майда Ҳазорасп, Питнак тарафига солғутларни йўлга қўймоқ учун комиссиялар юборилди. Шул комиссияга молия тарафидан мани раис қилиб юбордилар.

Махфий қолмасинким, баҳорда сув кам бўлиб, деҳқончилик қилиш хавф остида қолди. 13 майда ҳукумат раҳбарлари, зироат нозирлиги хизматчиларидан бир гуруҳ комиссия аъзолари жумҳурият раиси Султон Қори, зироат нозири ёвмут Ота мулла,товариш Городецкий, така уруғидан Авазбоев ва Девонлар бирлан Тошсоқага бориб, дарёнинг бўйини кўрдик.Дарёда сув жуда оз экан. Шундай бўлса ҳам соқаларни қазмоққа буйруқ қилдилар. Дарҳол қазувчиларни тўплаш учун ҳар тарафга ясовуллар юбордилар. Шундай қилиб қазув бошланиб кетди. Жунайидхон олдига элчи бўлиб кетган Низомаддин 17 майда Хивага қайтиб келди. Унинг маълумотига қараганда, агар Ғуломали Жунайидни мунда келмоғини маъқул кўрса, Жунайид келмоқчи эркан. Ғулом Алининг ўзи рус отли аскарлари ва армани Пучеров бирлан қумга кетганлар. Жунайидхон тарафига бормасдин бошқа ёмон сувли қудуқларга аскарларни олиб борган. Аскарларнинг сувлари тамом бўлиб, ташна бўлиб кўп машаққатлар бирлан қайтиб кетдилар. Товариш Кучеров маълумотига биноан Ғулом Али Жунайидхон бирлан иттифоқда бўлса керак. 19 майда Тошкантдин аэроплан бирлан икки сув инженери дарёни кўрмак учун келди. 21 майда Тошкантдин хабар келди. Товариш Городецкий Ҳазораспга кетди. Лекин Хонқа ва Урганчнинг дарё бўйиндаги сувлари кўпайган.

Махфий қолмасинким, Хонсуяров, Бобожонбой Қутлимурод ўғли бирлан Тошҳовуз ва Хўжайлига кетдилар.Тошҳовузда мухториятли Туркман области ташкил қилган.Ушбу областда Тошҳовуз, Илонлли, Маноқ, Манғит, Қиличбой, Қипчоқ. Кўкчаяларни қўшганлар.Қозоқ, қорақалпоқ учун марказ Хўжайли, Кўҳна Урганч, Чимбой, Қўнғирот қаълаларини киритганлар. 25 майда партия ва ҳукумат ҳақиндаги таклифни Ўрта Осиё бюроси муҳокама қилди. Таклиф шундан иборат турур.тамоми ўзбекларни қўшиб Ўзбек жумҳурияти қилмоқ,марказини Самарқанд қилмоқ, туркманлар учун ҳам Бухоро ва тамоми Туркистонда бўлган туркманларни қўшиб, бир туркман жумҳурияти қилиб марказни Ашхабод қилмоқ, қозоқ ва қорақалпоқларни ҳам ўз жинсларига қўшмоқ. Шунинг бирлан биродар Султон Қори ва Хонсуяров Тошҳовуз тарафига кетдилар, ушбу областларнинг халқларидан сўраб кўрмак учун.

Ушбу кун Тошкаентдин аэроплан бирлан молия нозири Кобезов ҳам Ўрта Осиё бюроси раисининг муовини Межлауклар келдилар. Ушбу кунда ваколатхонага бориб кўришдик. 31 майда дарёда сув ташиб, тамоми ёпларга сув келди. Деҳқонлар чиқирларни қўшиб ҳаракатга келдилар.

Махфий қолмасинким, ёвмутлар Ғозиобод тарафинда бўлган ўзбекларни молларини ҳам тамоми ашёларини талон-тарож қилиб олиб кетган эрдилар. Ҳукумат қарор қилди: ўша даврда олган молларни эгасига қайтариб берилсин, деб. Мухториятли Туркман ревкоми ушбу молларни қайтариб бермакка буйруқ қилган. Ниёзбахши, Яхшигалдилардан Руссия ваколатхонасига хат келган, туркман ревкомининг моллар ҳақидаги буйруқидан норози бўлиб. Шул тўғрида сўйлашмакчи бўлиб товариш Городецкий ва Межлаук ва Хонсуяровлар 4 июнда Тошҳовузга кетдилар. Яна ушбу кунда Ғуломалидан молияга хат келди. Тошҳовуз молия шўъбаси Хўжабой карвонбоши деган ёвмутни ошоқ тарафларига божибон қилиб юборган эркан. Шунга Ғулом Али норози бўлиб, ўзи божибон бўлмоқни сўраб турур. Алҳосил, ёвмутларда бир норозилик бўлса керак. 6 июнда товариш Городецкийлар қайтиб келдилар. Натижаси: ёвмут ёш катталари ушбу мухториятга рози бўлмасалар керак.Нечунким, аввалдин ўзлари мустақил турурлар.

5 июнда Нуруллабой саройиндаги ҳукумат айвонинда Муҳаммад Раҳим Девонларнинг суд мажлиси бўлди. Суд раиси Хонқалик Мулла Жуманиёз Эшмуҳаммад ўғли, муовини –ёвмут Отамулла Мамат ўғли бирлан Руссия трибунал раиси Зусер ва бошқа аъзолари, ҳукумат тарафидан прокурор Така Хонов, қораловчи Тошкантлик Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, оқловчи Русиданов деган киши бўлди.
Шул оқшом суд ноибларидан таржимаи аҳволларини савол қила бошлади. Кеч бўлгач, ҳакам мажлисни ёпиқ деб эълон қилди. 7 июнда суд эрта бирлан давом қила бошлади. 8-чида гувоҳ бўлган одамлардин 30 адад кишини бир айвон саройга солиб олдига милиса қоровуллар қўйдилар. Ҳатто наҳорилар келтирилган дастурхонларни ҳам милисалар кўриб ўтказдилар.Ҳожатхонага борганда ҳам милисалар бирлан бирга бордилар. Фақир Полвонниёз Ҳожи ҳам мазкур воқеалар шоҳиди жумласидан эрдим.

Шундай қилиб, 13-чи июнда кечда суд ноибларидан савол қилиб тамом қилди. Ондин сўнг сўрамоққа бошладилар. 14-15 июнда шоҳидлардин савол қилиб, тамом қилдилар ва уларга жавоб бериб қайтариб юбордилар. 19 июнда суднинг эрталабки мажлисида жумҳурият прокурори қамоққа олинган ноибларни тўрт гуруҳга бўлди6 Биринчи гуруҳга-Муҳаммад Раҳим Девон, Оллаёрбой, Сапарбек, жаноб Конеев, иккинчи гуруҳга –Ёқуб Қори, Пирмуҳаммад, Ориф Босиров, Иброҳим Оллаберганов, учинчи гуруҳга-Тоҳир Кониев, Муҳаммад Раҳим Раҳмонқулов, Вали Салимжонов, Собирберган Қўчқороқ, Қодирберган Давлетбоев, Ҳакимбой Юсуп Нозиров, Муҳаммад Амин Абдулкаримов, тўртинчи гуруҳга-Худойберган Девонов, Муҳаммадиёрбой Абдуллаев, Қурбониёз Нурмуҳаммедов.
Кечки мажлисда прокурор баён қилинган ноибларнинг жиноятларини бир-бир сўзлаб, ҳар бирларига қайси жазони бермоқ ҳақинда судга таклиф киритди ва суддан ушбу жазоларни тасдиқлашни илтимос қилди. Худойберган Девонов, Муҳаммадиёрбой ва Қурбонниёзларнинг ишлари тафтиш натижасида ҳеч бир аҳамиятсиз бўлгани учун, оларни ишларини ўз устидан рад қилди.
Ондин сўнг қораловчи Турсунхўжаев сўз олиб, инқилоб давридан гап бошлади. Катта Руссия инқилоби бўлғондин сўнг Хоразм меҳнаткашлари хонлар, беклар ва золим сипоҳий бойларни қўлидан халос бўлмоқ нияти бирлан Хоразмда ҳам инқилоб қилиб, хонлар, беклар ва сипоҳий бойларни йўқ қилдилар. 1920 йилда хоннинг бир неча одамлари, бойлар Муҳаммад Раҳим Девон Нуруллаевлар юзларига ҳар турли ранг бериб, ҳийла ва маккорлик ишлатиб, инқилобчи ёш ҳукумат ичига кириб олдилар. Маккор Нуруллаев ҳукуматнинг муҳим ўринларида, жумладин ҳарбия нозирлигида хазиначи бўлиб ишлаган ва ўз атрофига муносиб одамларни тўплаб. Ўз фойдасига иш кўра бошлаган.

1921 йилда баъзи ҳукумат одамлари Нуруллаевни хиёнатларини англаб, уни Туркистон тарафларга даф қилганлар. Тез вақтда Нуруллаев тарафдорлари ноябр тўнтарилишини ташкил қилиб, тоза ҳукумат сайлаб, яна Нуруллаевни хорижия нозири қилиб қўйдилар. Унга хорижия тижорат шўъбасини ҳам қўшиб бердилар.2-қурултойнинг учинси сессиясида жаноб Каниев ҳукуматга масъул саркотиб бўлиб кирди. Шунинг бирлан Нуруллаев гуруҳи анча жонланиб кетди. 3 қурултойда жаноб Каниев яна масъул саркотиб қилиб сайланди.

Махфий қолмасинким, Руссия комил ҳуқуқли вакили Иосиф Моиссевич Бик деган ҳам булар гуруҳига кириб қолди.Ондин сўнг хоинлар гуруҳи кўп қувватли бўлди. Ушбу қурултойда Бикнинг таклифи бирлан Нуруллаев савдо-саноат нозири бўлди. Шунинг бирлан Хоразмнинг манфаатлик нимарсаларини ўз қўлларига олдилар. Ушбу қурултойда Нуруллаев таклиф қилди: ҳукумат номидан товариш Бикни Хоразмда қолмоғини Маскавдин сўраб, телеграмм бермакка ҳам ҳукумат қурултойи номидан телеграм берди. Шунинг бирлан зарарли унсурлар кўп қувват олиб кетдилар ва ўз пайдоларига иш қила бошладилар. Бир неча одамларни сургунга юбордилар.Ондин сўнг вақт кеч бўлди. Суд мажлиси ёпиқ деб эълон қилинди.

25 июндаги суд мажлисида пахта масаласи қўйилди. Турсунхўжаев сўз бошлаб баён қилди:
-Хоинлар 1920 йилда рўйхат қилинган пахталарни ҳукумат фойдасига олмоққа қарор қилдилар. Мажлис чақириб, тамоми пахталарни олмоқни таклиф қилдилар. Нуруллаев гуруҳи 5 вагон пахтадин 1 вагонни эгасига қолдириб, бошқасини шул ҳисоб бирлан олмоққа қарор қилдирган. Нечунким, шундай бўлғонда ўзлари фойдаланмоққа кўп қулай бўлса керак. Агар ҳамма пахталарни ҳукуматга олганда, ўзларига ҳеч фойда бўлмаса керак.Шунинг бирлан бир нечаларни кўп расчётлар бирлан ўзларига қолдириб, бир нечаларини ўзларига олиб ҳукуматга кўп хиёнатлар қилғонлар. Хиёнатлари суд олдинда аниқ маълум бўлди. Ҳам қурултойга қарор қилдирганлар.Ҳукуматни босиб турган ақчаларидан 25 фоиз савдо ва саноат нозирига ҳар кунда топшириб турмоққа. Шул ақчаларга пахта, қоракўл, тери, мато , чапон ва бошқа нимарсаларни олиб турганлар. Валекин ўз гуруҳлари бирлан ҳукуматни ҳам халқни талаб турганлар. Камбағал деҳқонларнинг қўлинда бўлган пахта, қоракўл териларни ўзлари истаган баҳолардин олиб, бечора халқни шўролар ҳукуматига душман қилмоққа йўл оча бошлаганлар.

Ҳукуматдин рухсат олиб, пахталарни Маскавга элтиб сотиб келурман деб ўзи бирлан замонидаги дўст ва йўлдошларидин бир нечаларини олиб кетган. Ўзига ҳам бир неча вагон пахта олиб кетган. Судда бу пахталарни Хоразмдаги биринчи катта бой Муҳаммад Карим Тожиниёзовдин омонат тариқасинда олиб кетдим, деб ўйламасдан суд олдида ўзини оқламоқчи бўлди. Бул унсурлар халқни талон-тарож қилиб юрган зотлар турурлар.

Ўзи савдо-саноат нозири бўлиб, миллионер бойлар бирлан алоқа тузиб ишлаб юргани биринчи хиёнат бўлса керак. Ҳам Маскавда бошлиқ қилиб қўйган одами Муҳаммадиёров бўлса, Маскавда Салимжонов нафарлар бирлан савдо шартномаси қилғон. Ушбу шартнома Хоразмнинг бутунлай хароб бўлмоғига ҳам иттифоқчимиз бўлган Руссиянинг иқтисодий шартномасини бузмоққа йўл очган.Шунга имзо чеккан. Маскавдаги вакилимизни муовини Сафарбек деганга ҳам имзо қилдирғон. Сафарбек бўлса бир нодон одам турур. Маскавдаги вакилимиз биродар Сапиев ҳам бул вақтларда ҳукумат байроғи бирлан Тошкантда эркан. Қайтиб келиб ушбу савдо шартномаларини сўраб олиб, таржима қилдириб кўрган.Фақат ҳукуматнинг зараридан бошқа ҳеч бир фойдали нарса унда бўлмаган.Хорижия нозирининг ёрдами бирлан ушбу шартномани ман қилган.Ҳам бир неча кундин сўнг ноиб Нуруллаевнинг ўзи Маскавга келган.Бавужуд баён бўлган шартнома ман қилинган бўлса ҳам Нуруллаев тозадин бошқа бир турлик шаҳодат хати берган.

Тошкантлик спекулянт Мирзақандов деган одамга ҳам Хоразмнинг савдо-саноат агенти турур, деб хат берган. Ушбу зот доимо спекулянтчилик бирлан машғул бўлиб, олтин бирлан савдо қилиб юрган. Нуруллаев нозирлар шўроси раиси Отажоновга рушут (пора) учун 5-6 тўп чит ва брилиант узук берган. Бундан мақсад нозирлар шўроси раисини ҳам ўзига қаратиш. Демак, буларнинг мақсадлари ҳукумат одамларини қармоқ бирлан балиқ тутгандек, пора бирлан одам овлаб, ўзларига қўшмоқ турур. Ушбу жиноятларини ҳам суд олдида уялмай айтди. Яна ўз пахталарини Нурмуҳаммедовнинг номи бирлан Хоразм конторасига ҳукумат пахталаридан ҳар пудига 5 сўм 25 тийин зиёда баҳо қўйиб сотиб турур. Ҳам Чоржавга келиб начальник станцияга пора берган. Бир неча юз пуд пахта кам келди деб ёлғон акт қилғон. Алҳосил, ноиб Нуруллаев Хоразм ҳукумати ва камбағал деҳқон меҳнаткашларига шундай зиён келтирган.Ушбу ноиб нуруллаевнинг қилган жиноят-хиёнатлари шул даража катта бўлганким, уни шўролар ҳукуматининг душмани, хон тарафдори ҳам иқтисодий аксил ҳаракатчи деб топмоқ керак.Ман қораловчи сифатида олий суддан ўтиниб сўрайман, ушбу ноиб Нуруллаевни қонуннинг энг энг қаттиқ жазоси бирлан айбласа.

Марказнинг масъул котиби , хорижия нозири Каниев бўлса ҳам Нуруллаев гуруҳига мансуб бир одам турур. Нуруллаев ташқаридан бўлса жаноб Каниев ичкаридан тамоми ишларни тўғирлаб ишлаб ўтирган бир зот турур. Каниев Хоразм ҳукуматига қилган хиёнати Нуруллаевнинг қилган хиёнатидан кам эрмас турур. Они ҳам Нуруллаев қаторида жазолаш зарур ва бошқаларига ҳам жумҳурият прокурорининг айблаган жазоси бирлан жазолантурса экан.Нечунким, алар ҳам Нуруллаевнинг бир элатлари турурлар,- деб Саъдуллахўжа Турсунхўжаев сўзини тамоша қилди ва мажлис ҳам ёпилди.

26 июнда эрта бирлан навбатдаги суд мажлиси очилди. Ҳукумат молини талаб қилгувчи бурунги биродар сўз олиб, олий суддан илтимос қилди. Ҳукуматнинг ҳисоби бўйича етишмаган пулларни ундириб олиб берсангиз, дея талаб қилди. Бу пулларни тубанда исмлари баён бўлган одамлардан 12 процент фойдаси бирлан ундириб олиб берсангиз: Муҳаммад Раҳим Нуруллевдан 547 минг 331 сўм 41 тийин, Муҳаммад Абдуллаевдан 26174 сўм, Муҳаммад Раҳим оқсоқолдан 2497 сўм, Ҳакимбой Назаровдан 25855 сўм, Қўчқоровдан 1442 сўм, Мулло Муҳаммад Шарип Жуманиёзовдан 1194 сўм, Қурбонниёз Нурмуҳаммедовдан 1500 сўм, Қодирберган Давлетбоевдан 560 сўм, Юсуп Назаровдан 758 сўм, Оллаёр Муҳаммадиёровдан 4098 сўм, Раҳим Ҳабибовдан 346 сўм, Муҳаммад Амин гўнчидан 785 сўм, Тоҳир Каниевдан 5457 сўм, Худойберган Девоновдан 4479 сўм.

Ондин сўнг оқловчи Сари Муллаев сўз олиб, биринчи Собирберган Қўчқоровни оқлаб сўйлади. Иккинчи Худойберган Девонов ҳақинда сўйлади. Кеча жумҳурият прокуратураси мазкур Девоновни ҳеч айбсиз эканлигини оқловчи далиллар билан исботлаб, суд ҳайъатидан уни озод қилишни илтимос этди. Ондин сўнг оқловчи Каниев ва Муҳаммад Ёқуб Эрниёз ўғлини ҳам айбсиз деб топди.
Шундай қилиб, судлар беш оқшом беш кундуз бир жойда ўтириб ҳам шул жойда яшаб ноибларнинг ишларини таҳқиқлаб кўрмак бирлан машғул бўлдилар. Кўриб, тамом қилиб 28 июл куни пешин вақтинда суд бўлмоққа эълон қилиб, халқға жар чектирдилар. Тамоми халойиқ жам бўлди. Судлар чиқиб мажлисни очиқ деб эълон қилиб, ёзган ҳукм хатини ўқимоққа бошладилар. Ноиб Муҳаммад Раҳим Нуруллаев, Оллаёрбой Муҳаммадиёров ҳамда жаноб Каниевларни отиб ўлдирмакка, Муҳаммад Раҳим Эрниёз ўғлини 5 йил муддати билан ҳибс қилишга, Сафарбекни 10 йил турмада ҳибсда сақламоққа, пирмуҳаммад Нурмуҳаммад ўғли, Раҳим Ҳабиб ўғли, ариф Босировларни 3 йилга ҳибс қилиш, Мулла Муҳаммад Шарип, Қодирберган , Оллаберган Салимжоновларни 1 йил турмага қамаш, Муҳаммадиёрбойни 6 ой турмага қамаш, Худойберган Девонов, Жабборберган Қўчқороқ, Мулла Қурбонниёз, Муҳаммад Амин Абдулкаримларни оқлаб озод қилмоққа қарор қилди. Шунинг бирлан олий суд мажлиси тамом бўлди.

4 июлда Марказий Ижроия Қўмитасининг мажлиси бўлғон. Мажлис шул қарорга келган. Нуриллаев ва жаноб Каниевни суднинг ихтиёрига қўйғон. Оллаёрбойнинг ўлим жазосини ўн йил қамоқ бирлан алмаштирган. Муҳаммадиёрбойни инқилоб учун қилғон хизматларини эътиборга олиб ҳибсдан бўшатмоққа, Муҳаммад Ёқуб Қорининг жазосини уч йилга камайтирган.Шунинг бирлан 4-июлда Нуриллаев ва жаноб Каниевни отиб ўлдирдилар.

Махфий қолмасинким, Россия комил ҳуқуқли вакили товариш Городецкий Ғозиободликларнинг ёвмут, ўкуз жамоалари талон тарож қилиб олган молларни қайтариб олиб бермакчи бўлиб, Тошҳовузга кетдилар. Натижада қайтариб бермакка ёвмутлар зўрға рози бўлғонлар. Нечунким товариш Городецкий айтган: “Агар дўстлик бирлан қайтариб берсангизлар кўп яхши, бўлмаган тақдирда хўрлик, зўрлик билан олурмиз”, деган. Шундан сўнг рози бўлғонлар.

Махфий қолмасинким, Хива қаъласинда партия ячейкалари очилди. Ва артеллар ҳам тузилди. Ҳам шу тариқада жамиятлар ташкил қила бошладилар. 24 июлда товариш Карклин ва туркман Отабойлар аэроплан билан келиб қолдилар. Ушбу оқшомда мажлис қилиб миллатларни бўлганлар. Ёвмутларни Туркманск республикага, ўзбекларни Ўзбекск республикага , қозоқ ва қорақалпоқларни Киргизский республикага қўшишга қарор қилганлар. 27-чи июлда Карклин бирлан Отабоев Хоразм туркманлари маркази бўлғон Тошҳовузга кетдилар.
1-чи августда аэроплан бирлан Тошкантга кетдилар. Улар бирлан нозирлар шўросининг раиси човдур уруғига мансуб Мулла Бекжон Назаров ҳам кетди. 10-чи августда Жумҳур раиси Султон Қори ҳам аэроплан бирлан Тошкантга кетди.

Махфий қолмасинким, молия нозиротига қозоқ Манглихўжа Ибн Амин ўғлини нозир қилдилар. Тошкантдин келган вакил шамсиевни муовин қилдилар. Лекин молия ишлари мамлакатнинг аҳволи руҳиясига қараганда бузилиб кетди. Товариш Шамсиев Тошкантдин ишчи даркор деб бир неча ўрисларни чақириб келтирди. Руслар ҳеч бир мусулмонча билмаслар. Шунга биноан ўзбек ишчиларини бўшатиб русларни қўйдилар. 15 чи августда Тошкантдин биродар Турсунхўжаев ҳам келиб қолди. Ул кишини нозирлар шўросига раис муовини қилиб эрдилар. У ўз вазифасига киришди. Бул киши ҳам Тошкантдин 40-50 адад ишчиларни олиб келди. Худо охирини хайрли қилсин. Ўзбекда бир мақол бор турур: чўпон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлур, деган. Лекин шундай бўлмагай, омин! Бечора камбағал ватан хизматчиларини шундан кейин бўшата бошладилар. 20 августда партиянинг масъул саркотиби Хонсуяров ҳам товариш Городецкийлар Тошҳовузга кетдилар. 23 августда қайтиб кетдилар…28 августда биродар Хонсуяров молия нозири Ибн Амин ўғли бирлан Хўжайли тарафига кетдилар. Шўролар қурултойига вакиллар сайлаб келтирмоққа.

Махфий қолмасинким, ушбу кунда бир хабар бўлиб қолди. Тошкант, Маскавга ўқимоқчи бўлиб кетган талабаларни Хўжайлининг ошоқ тарафинда ёвмут босмачилари тутиб ўлдириб бир ннечаларини асир қилиб олиб кетганлар, деб. 2 сентябрда Нуриллабой саройида ёзги саҳнада Марказ Қўмита тарафиндан ҳукумат арбоблари масъул ишчиларни йиғнаб фавқулодда мажлис қилиб, ўлган ва асир қилган талабаларни маълум қилдилар. Талабалардин ваҳшиёна ўлдирилганлар: Муҳаммадназар Одамов, Пир Қутлимуродов, Пиржон Муротов, Пирнафас Бобожонов, Оллаберган Заргаров, Муҳаммадшариф Паҳлавонов, Шарипов, Хамзин, Бобожон Муротов, Вафоев, Шарипов, Чанишин, асир бўлганлар: Каримберган Сапаевнинг хотини Анабиби, Бойгалдиева деган нўғой қизи ва яна бир ўрис қизи. Шул учун босмачиларга қаттиқ зарба бериб, ушбу биродарларнинг қони учун ҳар нечук йўл билан бўлса ҳам ўч олмоқчи бўлдилар. Булар учун ҳар йил жумҳурият бўйинча 25 август кунини мотам куни ҳисоблаб, иш куни бўлмаслигини меҳнат шўъбасига буюрдилар. 3-5 сентябр куни мотам қилиб, нутқлар сўйладилар. Похоронний марш чертилиб турди. Ҳамма жойда мотам байроқлари кўтарилди. Похоронний марш билан мозористонга бориб, ўлган биродарларни дафн қилдилар.

ХОТИРАЛАРГА ХОТИМА

Маълум бўлсинким, 23 сентябрда Султон Қори аэроплан бирлан Бухородан келиб қолди. Унда конференция бўлган эркан.Қори афанди, Карклин, Раҳимбоевлар билан Бухородаги конференцияда иштирок қилиб эрканлар. Шундин Хивага келиб кетмакчи бўлиб келган эрканлар.

Шўрахон уездини Хивага,Туркманистонга Пўрси, Илонли, Тошҳовуз, Тахталарни қўшганлар. Ўзбекларнинг маркази Самарқанд, Туркманларнинг маркази Ашхабод бўлган.

Қори афанди 25 октябрда Москвада бўлатурғон конференцияга бориб келгандин сўнг тамоми ишлар маълум бўлса керак.
Махфий қолмасинким, биродар Султон Қори, маориф нозири Давлат Ризаев бирлан 2 октябрда аэроплан бирлан Тошкантга учиб кетдилар. 25 октябрда 4ланчи қурултойда иштирок қилиш учун тамоми Хоразм қаълаларидан вакиллар келиб қолдилар. Тошкант ва Москва тарафидан келатурган вакилларни кутиб ётдилар.

1924 йил 25 октябрда маориф нозири Давлат Ризаев Ўрта Бюроси вакили Уваров деган ўрис бирлан келиб қолдилар. 26 октябрда партия қурултойини очдилар. 28 октябрда тамом бўлди.
29 октябрда шўроларнинг 5 қурултойи очилди. Шул муносабат бирлан Хивада катта митинг бўлди. Маскавдин келган товариш Уваров Маскав Ижроия Қўмитаси тарафидан миллатлар айирмаларини табрик қилиб, Руссия Шўролар жумҳуриятини ҳар бир миллатга фойдалигини сўйлаб берди.Шунинг бирлан митинг тамом бўлди.

Махфий қолмасинким, ушбу миллат айиришмалари Маскавда ҳал бўлғон эркан. Мунда, 5 қурултойда ҳеч бир сўз бўлмасдин, фақат Маскавдин берилган топшириққа тасдиқ қилиб, қурултойни тарқатиб юбордилар.

Энди 2 ноябрда тамоми ҳукумат идораларига буйруқ келди: Уч кундин қолдирмай ушбу кунгача ишланган ишларни топширмоққа деб.Ушбу кунда партиянинг масъул саркотиби биродар Исҳоқ Хонсуяров аэроплан бирлан Тошкантга кетди. У 21 ноябрда қайтиб келди.

Ўзбек, қорақалпоқ, туркман, қозоқларнинг бўлинмоғи муқаррар бўлди. Хива, Питнак, Ҳазорасп, Бешариқ, Хонқа, Урганч, Гурлан, Манғит, Қиличбой, кат, Шоҳобод, Ғозиобод, Маноқ, Қўшкўприкларни ўзбек ҳукуматига қолдирдилар.
Тошҳовуз, Илонли, Пўрси, Кўҳна Урганч, Кўкчая, Дарғон, Садиварлар Туркман ҳукуматига тауллуқ бўлди.
Хўжайли, Қўнғирот, Чимбой, Қипчоқ, Ҳитой, Қозоқ-Қорақалпоқ ҳукуматига дарак бўлди.

Махфий қолмасинким, Хивада ҳукуматга тауллуқ бўлғон мол-ашёларини бўлишмоқ учун комиссиялар ташкил қилдилар.

Махфий қолмасинким, ноябрнинг 22 да товариш Городецкий, Давлат Ризаев ва ваис Раҳимийлар аэроплан бирлан Тошкантга учиб кетдилар.
Ондин сўнг Марказий Ижроия Қўмита ҳам нозирлар шўросининг ўрнига Хоразм вилоят особий инқилоб қўмитаси ташкил қилдилар. Тошкантлик Саъдуллахўжа Турсунхўжаев инқилоб қўмитаси раиси бўлдилар. Бир неча кишилар аъзо бўлдилар.

Декабрни 16-сида Городецкий аэроплан билан келиб қолди. 18 декабрда биродар Бобоохун Эшон Салимов билан бориб Городецкийни кўрдик. Тошкантда бўлиб турган аҳволларни сўраб билдик. Биродар Городецкий 15 кундин сўнг Ашхабодга кетмакчи бўлганини айтди. Ҳам ёвмутларни фарағотчилик қилмоғига сўз берди. Товариш Городецкий Ашхабод туркманлар партиясига масъул саркотиб қилиб Маскавда сайланган эрканлар.

23 декабрда биродар Султон Қори Тошкантдин келиб қолди.Кўришиб сўйлашдик. Унинг маълумотига биноан Ўзбекистон ҳукуматига раис сайланган эркан. Бир неча кун турур, Тошкантга кетмакка туруб, биродар Султон Қори Маскавда тамоми масъул ишчилар бирлан ҳамсуҳбат бўлган. Петроградга бориб кўрган. Тошкантга келгандин сўнг Фарғона, Самарқандларга бориб, тамоми масъул ишчилар бирлан кўришиб сўйлашган.

Махфий қолмасинким, 1925 йил 18 январда Ўзбекистон қурултойи учун 5чи Хоразм қурултойинда сайланган вакиллар арава бирлан Дарғонота устиндан Бухорога кетдилар. 16 чи февралда Ўзбекистон қурултойига аэроплан бирлан биродар Болтаев ва Вайис Раҳимийлар кетдилар. Бориб Ўзбекистон Жумҳуриятининг биринчи қурултойини ўтказиб келдилар.

1344 ҳижрий моҳи муҳаррам, Хива.

Махсус «Хуршид Даврон кутубхонаси» учун тайёрланди.

08

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

11-BOB: QUVONCH VA IZTIROBLAR

    Maxfiy qolmasinkim tovarish Gorodetskiy ham Yusup Ibrohimovlar bizlardin bir kun avval Xivaga kelgan erkanlar. Bizning uchun qilmoqchi bo’lib qo’ygan siyosatlarini tamom anglab bilganlar. Birodar Yusup Ibrohimov xat yozib mani oldimga kishi yuborgan erkan, to’g’ri safaratxonaga kelsun, deb. Xatni olib to’g’ri safaratxonaga borib tushdim. Tovarish Gorodetskiy ham Ibrohimovlarni ko’rib, salomatlik so’rashdik. Ondin so’ng tovarish Gorodetskiyga aytdim:
-Mumkin bo’lmasmu erkan, tovarish Bikni ko’rsam?
-Albatta mumkin turur,-deb tovarish Bikning oldiga kirib e’lon qildi.

Ondin so’ng tovarish Bik (ruschada:Bik) tashqariga chiqib mani birlan muloqat qilib, ko’rishib salomatlik so’rashib o’tirdi.Ham tovarish Gorodetskiyga aytdi:
-Tovarish Yusupov ketgan vaqtinda mundiyn ermas erdi. Hozir ko’p toza bo’lib kelibdi, ko’rib turibman. Oldin boring desam ketmayman, deb manga ko’p ozor berdi,-dedi.
Man aytdim:
-Man qarriligimdan qo’rqib aytib erdim,-dedim.
Ondin so’ng tovarish Bik mandin savol qildi:
-Bolalaringiz salomatmi erkanlar?
Man aytdim:
-Eshitdim, alhamdilloh salomat erkanlar.Hali o’zim ko’rganim yo’q turur,-dedim.
Onda tovarish Bik aytdi:
-Darhol borib ko’ring, 6 oy bo’ldi albatta olar muntazir bo’lsalar kerak,-dedi.
Man aytdim:
-Ketmakchi bo’lgan vaqtimda siz Po’rsiga turkmanlar qurultoyiga ketgan erdingiz.Sizni ko’raolmay ketgan erdim. Shuning uchun avvalgi martaba sizni ko’rmakka keldim,-dedim.
Olloh rozi bo’lsin, deb uzatib yubordi. Ondin chiqib uyga kelib , tamomi bola-chaqalarimiz, ahli-avlodimiz birlan sog’-salomat ko’rishib farag’at bo’lib o’tirdik.

Ertang mollarimiz keldi. Hukumat savdo sanoat mahkamasining ombor mudiriga topshirdik.Ma’lum bo’lsinkim, shul vaqtlarda Xorazm qog’oz aqchasi qimmatbaho erdi. Ya’ni Xorazmning bir million aqchasiga Russiyaning besh millionlik aqchasini berar erdilar.Nimarsalar bo’lsa ham arzon erdi. Archin moli, bir archin chit 5 milliondin 10 milliongacha borur erdi. Bir quti ingliz rangi ya’ni 50 misqoli 30 million so’m erdi. Boshqa nimarsalar bo’lsin, g’alla bo’lsin shunga monand erdi. Hukumat xizmatchilarining mayonalari ham arzon erdi.
Maxfiy qolmasinkim, tovarish Bik ham bizlar minib kelgan paroxod birlan Maskavga qaytib ketdi. Bik tarafdori bo’lgan odamlar ko’p xafa bo’lib uzatib qoldilar.

Iqtisodiy komissiyalar o’z ishlariga mashg’ul bo’ldilar. Ham tamomi Xorazmning iqtisodiy ahvolotidan ogoh bo’lib, yozib olib 2 yanvar 1923 yilda ot bilan Chorjavga qaytib ketdilar. Shul vaqtda tovarish Gorodetskiyning maslahati birlan sho»ba mahkamasi tashkil qildilar. Shul mahkamaga mani mudir qilib tayinladilar.Ham shahar xo’jalik tubinda bir mahkama tashkil qildilar. Onga tatar Abdurahmon Usmanovni rais qildilar. 1923 yil mart oyinda Toshkantda iqtisodiy konferentsiya bo’lmoqchi erkan. Shunga nomzodlar belgiladilar: Nozirlar Sho’rosining raisi Bobojon Otajonov, dohiliya noziri qoraqalpoq O’roz Ermonov, turkman sho»basidan mulla Nurmuhammad, qozoq sho»basidan Sarsanboevlarni tayin qildilar. Tovarish Gorodetskiy ham harbiya noziri tovarish Voloshin ham ketmakchi bo’ldilar. 1923 yil fevral oyining 25lanchisida ot birlan chiqib Chorjavga ravona bo’ldilar.

Maxfiy qolmasinkim, hukumat savdo-sanoat orqali savdogarlarning 1919-chi yillarda Russiyaga yuborilmay qolgan paxtalarini ham kemalariga solib Chorjavga uzatib yubordilar. 1923 yil mart oyida savdo-sanoat noziri birodar Muhammad Rahim Devon Nurullaev, ham xorijiya noziri muovini Ibrohim Ollaberganov, Muhammadiyorboy Obdalov, Pirmuhammad Nurmuhammedov va boshqa odamlar birlan bir necha kemaga o’tirib Chorjavga chiqib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, konferentsiyaga ketganlar martning 5-lanchisida Toshkantga borib konferentsiya majlisida ishtirok qilg’onlar. Bir necha kunlar davomat qilg’on majlisda O’rta Osiyo byurosi tamomi Turkiston, Buxoro, Turkmaniston ham Xorazmni iqtisodiy turmushlarini birlashtirmakni taklif qilib, shunga qaror qilg’onlar. Andin so’ng birodar Otajonov majlisdin iltimos qilg’on:
-Bizning Xorazmda mutaxassis ishchilarimiz yo’q turur. Bir necha adad ishchilar yuborsangiz. Bir necha oylar Xivada turub iqtisodiy ishlarimizni yo’lga qo’yib kelsa erkan,-deb.

Majlis rozi bo’lg’on.Ham O’rta Osiyo byurosi e’lon qilg’on: Xorazmga boraturg’on mutaxassis odamlar bo’lsa kelub O’rta Osiyo byurosiga ma’lum qilsinlar, deb. Bir necha mutaxasssis odamlar ismlarini yozdirg’onlar. Bir necha kundin so’ng hay’atlarimiz mazkur bo’lg’on mutaxassislar birlan Xivaga qaytg’onlar, kelub har qaysisi o’z ishlariga mashg’ul bo’lg’onlar. Iqtisodiy sho’roda professor , ya’ni faylasuf Cherdantsev bilan bir nechalari ishga mashg’ul bo’ldi. Xalq bankasida Kozlov degan boshliq bo’lib, Mayaevskiy, Yanpolskiy, Guchman va boshqa nalog va byudjet ishlariga mashg’ul bo’ldilar. Rus aqchasining bahosi ham qimmat bo’lib ketdi. Xorazmda xarajat ko’p bo’lg’onlik vajidan har kunda chaqaxonada 2 trillion qog’oz va aqcha bosmoqqa boshladilar.

Maxfiy qolmasinkim, Toshkantda iqtisodiy konferentsiya qaror qilg’on erdi: Xiva va Buxoroda hech bir qog’oz aqcha ishlanmasin, Maskavda Russiya aqchasini ishlab, qancha darkor bo’laturg’on bo’lsa tayyorlab berib turmoqg’a.Shunga binoan Xorazm uchun Maskavdin 1923-chi yil uchun 25 trillion aqcha ishlangan. Shul vaqt tamomi Russiyada yurib turg’on Russiya aqchasini keltirdilar. Ham iyulning 10-lanchisidan Xorazm aqchasining o’n millioniga mubdal qildilar. Ham tamomi Toshkant, Farg’onada bo’lg’on savdogar, do’kondorlar va hunarmandlar bo’lsun barchasiga nalog solganlar.

Maxfiy qolmasinkim, Xorazmda ham nalog sho»basi tashkil qildilar. Sho»baga mudir qilib Bobojon Qutlimurod o’g’lini tayin qildilar. To’g’ri nalog sho»basiga mani mudir etib saylab qo’ydilar.Egri nalog sho»basiga Ollanazar Muhammadjon o’g’lini mudir qildilar. Xorazmni besh rayon qilib, rayon qa’lalariga ham mudirlar yubordilar.

Maxfiy qolmasinkim, 24 iyunda Urganch xalqi nalogga rozi bo’lmay jamiyatchilar birlan Xivaga kelib, hukumatga arz qilib norozilik izhor qildilar. Nodonlik qilib hukumatga nodurust so’zlar so’zladilar. Hukumat arzgo’ylarning ichlaridan bir necha bexugo’ylarni tutib hibs qilib boshqa fuqarolarni qaytarub yubordi. Shuning birlan ishlar yo’lg’a qo’yilib ketdi. Tamomi tegishli bo’lg’on odamlarni qaytarib ola boshladilar.

Ma’lum bo’lsinkim, ushbu Maskavda bo’laturg’on vistavkaga ham hozirlik ko’ra boshladilar. Vistavka komissiyasiga rais qilib Hojiboy Aminaddinboy o’g’lini tayin qildilar. A’zo qilib Xudoybergan Devonovni tayin qildilar. Xorazmda bo’lib turg’on sanoatlardin ham asbobdin hozir qila boshladilar. Xorazmdin yuz odamni vistavkaga yubormoqg’a qaror qilib qo’ydilar. Bank ishlariga kelgan tovarish Kozlovskiy, Yanpolskiylar Xorazm byudjetlarini hozirlab ketmakchi bo’ldilar.
Birodar Xudoybergan Devonov ham o’ylab vistavka komissiyaligidan chiqib, mazkur byudjetlarni olib borib o’zi tasdiq qildirmoqni munosib ko’rdi. Nechunkim, o’zi moliya noziri turur.

Maxfiy qolmasinkim, 1923 yil fevral oyinda sobiq Russiya vakili tovarish Bikdan qochib yurg’on Abdulla Hoji Xo’ja birodarimiz Xivaga kelib o’zini hukumatg’a taslim qildi. Hukumat qabul qildi. Russiyaning komil huquqli vakili tovarish Gorodetskiyni ko’rib oshno bo’lib qoldi. Hukumat Abdulla Xo’janing ishlarini sudga berdi. Sud birodar xo’jaevga ruxsat berib Xo’jayliga qaytarib yubordi. Bir necha kundin so’ng birodar Xo’jaevni oldirib, hech nimarsa so’ramasdan qo’liga oq xat berdi. Ham javob berdi, qayda borsangiz ixtiyoringiz turur, deb. Birodar Abdulla Xo’ja o’z vataniga qaytib ketdi.

Yana ma’lum bo’lsinkim, birodar Mulla Bekjon Rahmon o’g’li ushbu vaqtgacha mahbus erdi. Bir kun tovarish Gorodetskiy partiyaning majlisinda mulla Bekjonni hibsdin chiqarmoqni taklif kirgizgan. Onda birodar Ahmad Mahmudov qarshi chiqib so’ylagan. Ham e’lon qilgan:
-Mulla Bekjon birlan Bokuga Sharq se’zdiga vakil bo’lib borg’on erdim. Mulla Bekjon Risqulovlar birlan birga bo’lib Anvar-poshsho birlan ittifoq qildilar. Albatta shunday xoyin kishilarni hibsdin xalos bo’lg’oni munosib ermas turur,-degan.
Ham bir og’izdin qaror qilg’onlar: Mulla Bekjonni hamisha hibs qilib saqlamoqg’a.

Tovarish Gorodetskiy so’z olib aytg’on:
-Mulla Bekchon tovarish Risqulovlar birlan ahdi –paymon qilib ish qilg’on bo’lsa hozir birodar Risqulovni Toshkantda nozirlar sho’rosiga rayis qilib qo’ydilar. Birodar mulla Bekjonni ham hibsdin xalos qilib nozirlar sho’rosiga rayis qilib qo’ymoq kerak ,-degan va yana aytgan:
-Man o’zim partiyniy bo’lg’on sifatim birlan sizlarning ushbu qilg’on qarorlaringizni man tanimasman. –deb chiqib ketgan.
Ham ertaga hukumatga aytib, Mulla Bekjonni hibsdin bo’shatg’on.

Maxfiy qolmasinkim, maktab bolalari uchun kitob yozib tayyorlamoq uchun bir komissiya tashkil qildilar, uch kishidan: birodar Mulla Bekjon rayis, tovarish Gorodetskiy ham Bobooxun Salimovni a’zo qilg’onlar.

Maxfiy qolmasinkim, Kommunistlar partiyasining tahqiq-taftish qilmoq uchun Toshkant partiyasidan muftish kelgan erdi. Raislari Petishev degan, a’zosi Qoriev degan bir o’zbek yigit, yana bir o’ris erdi. Bular ham o’z ishlariga mashg’ul bo’ldilar.

Ko’p partiyniy bo’lib yurgan birodarlarning ahvolini bilib, partiyadin chiqarib tashladilar. Andin so’ng hukumatda katta xizmatda o’tirgan kommunist birodarlarning hukumat teatrinda tamomi kommunistlar ham partiyasiz odamlarni jamlab taftish qildilar. Anketalarini o’qib xalqg’a ma’lum qildilar. Shu jumladin siyosiy tashkilot mudiri Bobojon Muhammadjonovni anketasini o’qidilar. Bul birodar dinsiz erkanlar ham boshqa tarjimai holini ham o’qidilar. Ko’p savol-javobdin so’ng tovushga qo’ydilar. 13 kishi partiyadin chiqsun, 30 kishi partiyadan chiqmay qolsun, deb tovush berdilar. Shuning birlan kandidut bo’lib qolmoqg’a qaror qildilar. Andin so’ng Ahmad Mahmudovni taftish qila boshladilar. Bul yigit ham dinsiz erkan. Ko’p savol-javoblar o’rtadin o’tdi. Oxiri tovushga qo’ydilar. Partiyadin ham hukumat xizmatidin ham hech vaqtda partiyaga olmaslik sharti birlan chiqardilar. 51 kishi shul shartga qo’l ko’tardi. 13 kishi kandidat bo’lib qolsun deb. 4 kishi partiyada qolsun, deb tovush berdilar. Shuning birlan partiyadin chiqarib tashladilar. Ertang maorif noziri Sulton Qorini taftish qildilar. Ko’p savol-javobdin so’ng tovushga qo’ydilar. Ko’p kishi partiyada o’z o’rnida qolsun, deb qo’l ko’tardilar. Faqat 5-6 kishi qarshi bo’ldi. Shuning birlan o’z o’rnida qoldi. Andin so’ng Xudoybergan Muhammad Murod Devonbegi o’g’lini taftish qildilar. Ko’p savol-javobdin so’ng ko’p tovushg’a qo’ydilar. Alhosil ko’p partiyniy birodarlarni partiyadan chiqarib tashladilar. Nechunkim, bul birodarlar partiyaning tutg’on yo’lidan xabarsiz, o’z shaxsiyatlari uchun partiyaga kirgan birodarlar erdilar.

( Polvonniyoz hoji ta’kidlab o’tgan partiyadan tozalash masalasini aslida Stalin kun tartibiga qo’ygan edi. U 1923 yilning 12 iyun kuni Moskvada bo’lgan RKP(b)ning to’rtinchi yig’ilishida nutq so’zlab, unda shunday tahdidona fikrlarni bildirib o’tgandi: » …Xorazm va Buxoro haqidagi nutqimga qaytaman. Xorazm to’g’risida xorazmlik vakillar bugungi yig’ilishda qatnashmayotganligi sababli gapirib o’tirmayman. Qo’limdagi materiallar bilangina Xorazmdagi partiya, davlat ishini baholash adolatdan emas. Bu yerda Xorazm to’g’risida Broydo (Broydo — 1920-1921 yillarda RSFSRning Xorazmdagi muxtor vakili bo’lib ishlagan.) nima degan bo’lsa, bularning hammasi o’tmishga taaulluqlidir. Xorazmning kelgusidagi ahvoli uchun bu katta ahamiyatga ega emas.

Partiya to’g’risida u partiya a’zolarining 50% savdogarlar va boshqalardir dedi. Balkim bu o’tmishda shunday bo’lgandir.Lekin Xorazmda hozirgi paytda tozalash olib borilayapti. Hali Xorazmga birorta partiya bileti berilgan emas. Partiya to’g’risida tozalashdan keyin gapirsa bo’ladi. Aytishlaricha, Xorazmda bir necha ming partiya a’zosi bor. O’ylaymanki, tozalashdan keyin u yerda 100 dan ortiq partiya a’zosi qolmaydi. Buxoroda ham o’tgan yili shunday ahvol mavjud bo’lib, 16 ming partiya a’zosi bor edi. Ma’lumki, tozalashdan keyin 1000 dan ziyod partiya a’zosi qoldi.»( I.V.Stalin.To’la asarlar to’plami.5-jild.—Moskva, 1947.-B.330).Stalinning ushbu tahdidona nutqidan so’ng Polvonniyoz hoji Yusupov yozib o’tgan tozalashlar avj olgandi- U.B.).

Maxfiy qolmasinkim, Markaziy Ijroiya Qo’mitaning raisi birodar Abdulla Hoji yovmut Junayidxon ustiga askarlar birlan ketgan erdi. Ikki oy yurib Junayidni izlab qidirdi. Xon Junayid qumning ichiga kirib ketgan erkan. Askarlar qum ichinda issiq havoda ko’p mashaqqatlar chekganlar. Junayiddin hech asar bo’lmagan. Oxiri noiloj bo’lib askarlar qaytib Ko’hna Urganch, Xo’jaylida otliq askarlar qoldirib, qaytib keldilar.
Andin so’ng 1920-21 yillarda askarlikda xizmat qilgan askarlarni harbiy xizmatdin xalos qilib yubordilar. Ham harbiya maktabini tarqatib yubordilar. Ham birodar Abdulla Hojini taftish komissiyasi0 klubida taftish qilib partiyaga a’zolikdan chiqarib bir yil kandidat qilib qoldirdi.Ham nozirlar sho’rosining raisi Bobojon Otajonov Maskavdin kelib yetishdi. Ul birodarni ham taftish qilib partiya a’zoligida qoldirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Xivada markazdin kelgan qog’oz aqcha Xorazm aqchasiga sarflik bo’lib, bir million markaz aqchasiga Xorazm aqchasining o’n millioni barobar bo’ldi. Shuning birlan Maskavdin kelgan aqchalarning o’n sarfidan olish qilib, Xorazm aqchalarini jamlab aqcha olmoqg’a qaror qilib, 10-lanchi iyuldin 10lanchi avgustgacha srok qilib Xorazm bozorlariga jar chektirdilar. Ham 10 lanchi iyuldin Xorazm chaqaxonasini qoldirib, xizmatchilarga ruxsat berib yubordilar. Shuning birlan bankning ishlari ko’p bo’lib ketdi. Har kunda qa’lalardin ko’hna aqchalar kelib turdi.

Maxfiy qolmasinkim, Toshkant konferentsiyasini qarori bo’lg’on erkan: Turkiston hukumati 125 ming manot oltin, Buxoro hukumati 50 ming manot oltin, Xorazm hukumati 25 ming manot oltin, jami 200 ming manotga uch dona aeroplan olib, Turkiston. Buxoro, Xorazm o’rtasinda pochta ishlarini yurgizmakga qaror qilishgan. Aeroplanlar iyuldin boshlab yurib turmog’i zarur erdi.

Maxfiy qolmasinkim, 20 iyulda partiyaning ikkinlanchi qurultoyi boshlandi. Ehtimol bul qurultoyda ko’p masalalar har bo’lsa kerak. 21 iyulda savdo-sanoat noziri Muhammad Rahim Devon Maskav safaridan qaytib, Xivaga kelib yetishdi. Ma’lum bo’lsinkim, Markaziy Ijroiya Qo’mitaning mazkur sarkotibi janob Koneev ham hukumatdin uch oyga ruxsat oldi. Russiyaga sayohat qilib ketmak uchun. Hukumat yordam qilib yubormoqg’a qaror qildi. O’rniga muvaqqat sarkotib Muhammad Yoqub Ahangarovni qo’ydilar. Xorijiya nozirligiga o’z muovini Ibrohim Ollaberganovni tayin qildilar. Harbiya noziri Voloshin ham ruxsat olib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, harbiya noziri yo’q bo’lib, harbiya mudiri deb ism qo’ydilar. Ta’minotni ham kam qildilar.
Vistavkaga tayin bo’lg’on odamlar bir yuzdin ziyoda kishi bo’lib, 2-lanchi avgustda Oralskoe more orqali Maskavga chiqib ketdilar. Shul avgustning avvalida turkmanlar qurultoyini o’tkazmoq uchun tovarish Gorodetskiy Taxtaga ketdi. Yovmut , o’kuz, bolig’, ushoq, o’ris kishilarini jamlab , mashhur G’ulom Alini joyiga-Lolliga borib, G’ulom Alini ham Taxtaga olib kelib, yovmutlar birlan so’ylashib, Niyoz baxshining o’rnig’a marhum Shomurot baxshini o’g’li Kokani baxshi qilib, yovmutlarni yarashtirib qaytib keldi.

Maxfiy qolmasinkim, qozoq, qoraqalpoqlarning qurultoyi masalasi bo’lib qoldi. 1923 yil ( 1342 hijriy) 12 avgustda tovarish Gorodetskiy Xo’jayliga ketdi. Ham Xudoybergan Devonov Kozlovskiylar birlan byudjetlarni olib Toshkant va Maskav safariga chiqdilar. Ushbu kunlarda Toshkantdin Gosudarstvenniy bank vakili kelib, Urganchda avvalgi bankning o’rninda bank ochdi.Ham dehqon bankasi ochilib, ish boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, Muhammad Rahim Nurullo o’g’li savdo-sanoat noziri lavozimidan olinib, o’rniga doxiliya noziri O’roz Ermonov savdo-sanoat mudiri qilib tayinlandi. Doxiliya nozirligiga militsiya nachal`nigi bo’lib turg’on tatar Sharipovni tayin qildilar. Sobiq savdo-sanoat nozirligini tamomi qilgan ishlarini va mollarini taftish qilishga qaror qilib, muftish nozirligidan Hasan Aliakbarov, partiyadin va iqtisodiy Sho’rodin komissiyalar tayin qilib, hisob-kitob qilishga boshladilar.

Maxfiy qolmasinkim, shul vaqtlarda bozor narxlari shunday bo’lib turdi: bug’doy 200 manot, kunjut-1500 manot, burunch-1500 manot, go’shtning bir qadog’i-5 manot, tozalangan paxta-15 manot, tamomi nimarsalar shul bahoga monand turur.

Maxfiy qolmasinkim, bul aqcha Russiya Sho’rolar hukumatini 1923 yilda chiqargan aqchasi turur. Ushbu vaqtlarda oshoq tarafning yo’llari nofarog’at bo’lib turdi. Har yerlarda yovmut yomonlari odamlarni talon-taroj qilib, o’ldirib , uylarini o’tlab turganligi xabari eshitilib turdi. O’zbek xalqi qo’rqib, ba’zi bir qishloqilar g’alla va asbob uskunalarini qa’laga keltirib qo’ydilar. Olloh taolo axirini xayrli qilsin.
1923 yil 23 avgustda tovarish Gorodetskiy Xo’jaylidan qozoq, qoraqalpoq qurultoyidan qaytib keldi. Natijada qoraqalpoq, qozoq boshqa bo’lib, har millat o’zi boshqa sho»ba qilib, o’z ixtiyorlarini o’zlari ko’rmakchi bo’lganlar.

Maxfiy qolmasinkim, Ko’kchaya qa’lasida tovarish Gorodetskiyning oldiga ketgan qizil komandirni yovmut kaltabonlari o’ldirib, bir necha aravani olganlar. Shuning birlan tovarish Gorodetskiy shu ishlarning chorasiga mashg’ul bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, to’rtlanchi xalq qurultoyi haqinda O’rta Osiyo byurosidan komissiya bo’lib, mashhur Nizomaddin Xo’jaevning birodari Salohiddin Xo’jaev, Isroil Rasulov, Ibrohimovlar 24-lanchi avgustda kelib yetishdilar. 15-oktyabrda qurultoy chaqirmoqchi bo’lib partiya qaror qabul qilg’on.

Maxfiy qolmasinkim, savdo-sanoatning hisobotini qilib yurgan komissiyalar birlanchi sentyabrda shul vaqtgacha ishlagan ishlarini partiyaga doklad qildilar. Natijada ikkilanchi sentyabrda Muhammad Rahim Devon Nurullaevni arestovat qilib, uylarini ham do’konlarini musodara qilib, muhrlab qo’ydilar. Muhammad Yoqub Qori Erniyoz o’g’li, Qodirbergan Davlatboy o’g’li, Yusup Nazarov ham saroyda Pirmuhammad va Madiyorboy do’konlarini muhrlab qo’ydilar. Ham tamomi qa’lalardagi Muhammad Rahim Nurullaevga darak bo’lg’on odamlarga kishilar yubordilar, nimarsalarini borlab ko’rmoq uchun. Ushbu vaqtlarda siyosiy tashkilot raisi bo’lib turg’on Muhammad Yoqub Otajonovni doxiliya noziri qildilar. O’rniga Isomuddin degan pirsiyonni siyosiy tashkilotga mudir qildilar.Ikki kundin so’ng Muhammadiyorboy va Pirmuhammad xo’jaligining do’konlarini ochib berdilar. Saroyda bo’lg’on Muhammad Rahim Devonga darak mollarni xat qilib olib ketdilar.Ham ushbu sentyabr oyinda tamomi Xorazmda qa’la muhrinda bo’lg’on ko’hna oqsoqollarni bekor qilib, o’rniga yosh yigitlardin nasaf qildilar. Ushbu oqsoqollarni saylamoq ishini mahalliy “inqilob” qo’mitasi aksariyat yoshlar birligi a’zolaridin ushbu oyda shahar xo’jalik tarafidin tamomi Xorazm qa’lalarindagi uylarni baho qilib, oltin hisobiga 300 so’m bo’lg’on joylardin yarim protsent, 300 manotdin ziyoda bo’lg’on joylardin bir protsent ola boshladilar. To’qqizlanchi oktyabrda Muhammad Rahim Devonni va Pirmuhammadni uyini tamomi narsalarini va do’konini obiska qildilar. Ham Nurullaevni uyini tamomi narsalarini xat qildirib oldilar.

17 oktyabrda to’rtlanchi qurultoy majlisi ochildi. To’rt-besh kun davomat qilib tamom bo’ldi. Ko’hna nozirlarni ozod qilib o’rniga tozadin nozirlar nasaf qo’ydilar. Ham Xorazm Xalq Sho’rolar jumhuriyatini yo’q qilib Xorazm Ijtimoiy Sotsialistik Jumhuriyati deb e’lon qildilar. 21chi oktyabrda toza nozirlar tayin qildilar.Nozirlar sho’rosini yo’q qilib Markaz Ijroiya qilmoqchi bo’ldilar. 27-lanchi oktyabrda peshindin so’ng Pishkanik qishlog’ining Qorako’l oshoqidan besh otliq yovmut kelib bir teva va bir otni olib ketgan. Shul vaqtda Pishkanik fuqarolari bola-chaqalari birlan qa’laga ko’chib kela boshladilar. Hukumatdin siyosiy idoralardagi otliqlar ham militsiyalar va yoshlar birligi a’zolari darhol yovmutlarga qarshi yurish qildilar. Mundin burun Pishkanikda bir fuqaro bir necha martaba miltiq otgan. Shul miltiqdin qo’rqib yovmutlar qumga chiqib ketganlar. Qumdagi yo’ldoshlari Ashxabodlik savdogalarni 55 adad o’tlab yurgan tevalarini jamlab olib birgalashib qumga kirib ketganlar. Qumda yo’liqqan o’tinchilardan bir necha teva va eshaklarini olib ketganlar. Ushbu oqshom birlan yo’l yurib mazkur teva boqib yurgan bolalarini qaytarib yuborganlar.

O’tinchilardin birini o’ldirib, boshqalarini qaytarib yuborganlar. Qaytib kelgan odamlarni aytganiga qaraganda yovmutlar 15-16 otliq erkanlar. Mazkur kunda Toshhovuzga qishloq oyog’idan ham 30-40 otliq yovmut hujum qilib, bir necha uylarni talon etib, bir necha mollarni olib ketgan. Zokir yuzboshi navkarlari birlan otishib qaytarib yuborgan. Lekin olg’on mollarini olib ketganlar. Mazkur oyda Xivadin harbiya noziri ham yoshlar birligi bir necha askarlar birlan ham siyosiy tashkilot mudiri yovmut ichiga , ya’ni Toshhovuzga va Ilonliga ketdilar.
Ham ushbu yilda 12 dekabrda Xivadin favqulodda komissiyalar Toshkant orqali Maskavga ketdilar. Komissiyaga rais bo’lib Markaziy Ijroiya Qo’mita raisi birodar Karimbergan Sapaev, moliya noziri Karimbergan Sa’dullaev, ishtirokiyun partiyasi sarkotibi Qalandar Odinaev, nozirlar sho’rosining raisi Boboxon Otajonov mazkurlar birlan Russiya sho’rolar jumhuriyatini komil huquqli vakli tovarish Gorodetskiy ham turkman ishlari haqinda Markazga doklad qilmoq uchun ketdi. 1924 yil yanvar oyinda yovmutlar tarafidan nofarog’atlik xabari bo’la boshladi. Oqibat 17-19 chi yanvarda Xorazmdagi hukumat ishchilariga safarbarlik e’lon qilib, CHON mahkamasi tashkil qildilar. Bir kun ichinda 700 kishini qurol ostiga oldilar. Qa’laning har tarafiga qorovul qo’ydilar.

Maxfiy qolmasinkim, 12-chi yanvarda Pitnak, Hazorasp, Beshariq fuqarolari yer solg’utlarini og’ir ko’rib, to’lay olmasmiz deb bir necha yuzlari hukumatga arz qilmoq uchun Xivaga ketdilar. Hukumat fuqarolarini arzi-dod qilib kelganlariga shubhalanib qa’laga kirmakka qo’ymadi. Fuqarolar qaytib ketmasdin qa’laning atrofidagi qishloqlarda yotdilar.
Maxfiy qolmasinkim, fuqarolarning mundek hujum qilib kelganlari shuning uchun erkan: Pitnak, Hazorasp, Beshariqlik fuqarolar yovmut Junayiddan xabarli erkanlar. Ushbu xalqlarning so’zlari birlan kelgan erkanlar.

14-chi yanvarda hujum qilib, hukumatning qo’lg’a olib kelmoqg’a borgan aravalarini va otlarini olib odamlarni xibs qilib Hazaraspga kelganlar. Hukumat odamlari qochg’onlar. Ba’zi qochib ketolmaganlarini tutib o’ldirganlar. Hazaraspga hokim qo’yib, Xonqag’a kelganlar. Xonqadin ham hukumat odamlari chiqib qochg’onlar. Tez fursatda Urganchdin askarlar borib, otishib bir necha odamlari o’lgandin so’ng otqat qilolmay, bir necha yarog’, ot qoldirib Xazoraspga qarab qochganlar.
23-lanchi yanvar 1924 yilda erta birlan soat 8 da Xivaning orqa tarafindagi Qiyot yobg’a tushib yovmutlar o’q ota boshladilar. Xivada bo’lg’on qizil askarlar ham qurollangan ishchilar darhol Pahlavon yobg’a tushub miltiq ham pulimyotlar birlan ota boshladilar. Dushmanlar toqat qilaolmasdin bir necha o’liklarni qoldirib qochdilar. Ondin so’ng qa’laning kunbotar tarafindagi Shohimardon darvozasidin hujum qildilar. Onda ham ko’p otishma bo’lib qibla qum tarafiga o’tdilar. Qahramon askarlar Avazjon mahram cho’li degan joyda to’p, pulemyotlar otib qum ichig’a o’tkarib yubordilar.

Maxfiy qolmasinkim, ondin so’ng askarlar komandirlari kechga qadar qa’lani tamomi atroflarini askar qorovullar birlan to’ldirib, hozir bo’lib turdilar. Ma’lum bo’lsinkim, askariy xizmatdin bo’shagan yerli yigitlar o’z hohishlari birlan hukumatga murojaat qilib, miltiq otib xizmatga kirdilar. Ushbu oqshomda ko’p otishma bo’lib, dushmandin ko’plari halok bo’ldilar. 24 lanchi yanvarda namozi bomdoddin so’ng yana otishma boshlandi. Biznikilar to’p, pulemyotlar birlan otib qochirdilar. Ko’plari pulemyotga tushib o’ldilar. Ondin so’ng otishma to’xtab farog’at bo’ldilar. Hukumat tarafidan jar chektirib tamomi kasblar do’konlarini ochib savdo ishlariga mashg’ul bo’ldilar.Namozshomdin so’ng qa’laning kun chiqar darvozasi tarafidin yana otishma boshlandi. Otishma besh soat davom qildi. Ondin so’ng to’xtab qoldi. 24 chi seshanba kuni hech otishma bo’lmasdin o’tdi.Lekin namoz asirdin so’ng namozshomg’a qadar biznikilar yaxshi miltiq va pulemyotlardin otdilar. Namozshomdin so’ng yovmutlar kun chiqar ham qibladin hujum qilib ota boshladilar.Bizning askarlar ham g’ayrat qilib, miltiq va pulemyotlardin ko’p otib, dushman hujumlarini daf qildilar. Oxirinda katta to’pdin ham otdilar. Otishma 8 soat davom yetdi. Ondin so’ng yovmutlar qaytib ketdilar. 27-yanvarda hech bir otishma bo’lmadi.

Voqea shunday bo’lgan6 urush boshlanmasidan bir kun avval Toshhovuzga Xivadin askar ketib erdi.Askarlar Shohoboddin o’tgandin so’ng Manoq maydonida yovmutlarning qolgan askarlari birlan otishib, shundin Qo’shko’pirga qaytganlar. Shul kunda bizning askarlar birlan yovmut askarlari urush boshlaganlar.Varahzon ko’prigi ustinda to’pni qo’yib, ota boshlaganlar.Lekin mozaristonda 2-3 pulemyotni ham qo’yib, tayyorlanganidan so’ng to’pni tashlab qochganlar. Yovmutlar to’pni olmoqchi bo’lib birdan hujum qilib yugurganlar. Biznikilar uch pulemyotni ishga solib, ko’p yovmutlarni qirganlar. Shul o’liklarni ichinda Bayramxon degan bir sarkardasi bo’lg’on. Uni kallasini kesib, tug’larini ham olib Toshhovuz sarkardalari Xivaga keltirdilar. Ushbu kuni yovmutlar qochib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Hazorasp tarafidan kelgan o’zbek va yovmutlar Xonqaga hujum qilib, shaharni qo’lga olib, Gavdonboyning joyiga tushganlar. Xonqa boylarini jamlab haqorat qilib aytganlar:
-Sizlarga qancha marotaba xabar qildik, bizlar birlan hech bir xabarlashib javob bermadingizlar. Sizlar bol`sheviklardin umid qilib turdingizlar,-deb ko’p koyiganlar va buyurganlar:
-Darhol 100 dona beshotar miltiq, 10 ming dona o’q hozir qilib beringlar,-deb.

Xonqa boylaridan Gavdonboy aytgan:
-Bizlar fuqaro xalq tururmiz. Bizlar sizlarning oldingizga bora bilmadik. Nechunkim, bizda hech bir qurol yo’q turur. Bizlarning ustimizga kim hokim bo’lsa, shunga jonidil birlan xizmat qilurmiz. Agar nainki mol desangiz topib berurmiz.

Shundin so’ng bularni hibsga buyurib, oldig’a qorovullar qo’yganlar. Sarkarda bo’lib turgan yovmutlardin Junayining kuyovi Rahmon degan, o’zbeklardin Pitnaklik Muhammad Rahim Ollanazar o’g’li ham Jumaboy deganlar Markaziy Ijroiya Qo’mita a’zolari erdi.Shunday qilib yovmutlar Gavdonboyning uyini talon-taroj qilib, bola-chaqalarini, tamomi mol-ashyolarini olib, 17 aravaga yuklagan. Mazkur Jabborbergan Gavdan, Muhammad Rahimboy Hoji, Yusupboy Kulta, Najmiddinboyni ikki inisi yana uch odamlarini shal aravalarga o’tirtirib, tamomi kiyimlarini olib, yalang’och qilib, Junayidga yuborganlar.
Sobirbergan Gavdan tavallo qilib aytgan:
-Agar bizlarni o’ldirmakchi bo’lsangizlar, shul yerda o’ldiringlar.

Onda Muhammad Rahim Ollanazar o’g’li aytgan:
-Sizlarni xon og’aning oldiga yuborurmiz. Nechuk qilsa, Junaidxon qilur.
Shuning birlan mazkur kunda namozi asir vaqtinda Xonqadin chiqib, Xivaga qarab yurganlar.Ushbu oqshom yo’l yurib Xiva qa’lasini oldinda bo’lgan Abdurahim Hojini hovlisiga keltirib, qo’llarini mahkam bog’lab, hammalarini bir uyga solib qo’yganlar. O’zlari Junayidni qochib ketganligini bilib, darhol tamomi aravalardagi nimarsalarni bandilar birlan tashlab qochib ketganlar.

Maxfiy qolmasinkim, Hazorasp, Pitnak, Beshariq odamlari Shokirjon Pir boshliq xon Junayidning oldiga kelganlar. Junayidxon birlan sog’-salomatlik so’rashib, maslahat qilishganlar. Junayidxon Shokirjon Pirdin savol qilgan:
-Endi nechuk qilurmiz.Xiva qa’lasini olg’onda nima qilmoq kerak ?- degan .
Onda Shokirjon Pir aytgan:
-Xiva qa’lasini olg’ondin so’ng tamomi o’ris, no’g’oy, mulla eshon, boy, kosiblarning erkaklarini o’ldirib, 30 yoshdin yuqori bo’lg’on xotinlarini ham o’ldirib, faqat yosh qizlarni o’ldirmay, asir olib, qa’laga o’t qo’yib
Xiva qa’lasini yo’q qilurmiz,-degan.

Shul so’zga Junayidxon rozi bo’lmagan va aytg’on:
-Man sizning uchun urushirmiz deganingiz uchun yordamga kelgan erdim, sizlarning maqsadlaringiz mol-davlat uchun erkan. Man darhol qaytib keturman, -deb qaror qilib qaytib ketgan.

Ma’lum bo’lsinkim, ushbu xabarlar urush tamom bo’lib, farag’atchilik bo’lib ketganidan so’ng xalqning og’zidan eshitilgan xabarlar turur.
Ertang 28 yanvar -dushanba kuni qa’ladin Rudzutakning askarlari chiqib, bir-ikki marotaba to’p otib yubordilar. Qolgan Hazorasp, Beshariq odamlari hamma ot-arava va kiyimlarini tashlab, vayron bo’lib qochib ketdilar.Bir nechalarini tutib o’ldirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Otajon degan bir ko’hna askarni (oldindan xizmat qilib yurgan ma’nosida-U.B.) Junayidxon Illolidan keltirib band qilib qo’yg’on erkan. Bizning askarlar borgan hamon mazkur Otajon komandirni tanib, o’zlarini yoniga olganlar. Ma’lum bo’lsinkim, Otajon komandir kecha keltirib hibs qilib qo’yilgan odamlarni ko’rgan ekan. Darhol mazkur Xonqa boylarini hibsdan chiqarib, qo’llarini yechib “qa’laga boringlar”, degan.Onda boylar aytganlar:
-Bizlar qa’laga borsak, askarlar bilmasdin bizni otib o’ldirurlar,-deganlar.

Otajon komandir yana ularning qo’llarini bog’lab o’zini ro’molini a’lam qilib berib, yopning ichidan qa’laga uzatib yuborgan. Bular qo’llari bog’liq holda qa’laning oldiga kelganlar. Qahramon askarlar darhol qo’llarini yechib, qa’laga hukumat huzuriga yuborganlar. Hukumat darhol bularni kiyintirib, o’zlarini Ollanazar Muhammadjon o’g’lini uyinda bo’lmoqqa buyurdi. Bechoralar o’limdin xalos bo’lib, farog’at bo’lib o’tirdilar. Ham Xonqadin olingan mollarni hukumat olib kelib, ro’yxat qilib qo’ydi.

Maxfiy qolmasinkim, Shokirjon Pirning buyrug’i birlan Xonqada Yo’ldoshboy Muhammad Sharifboy, Ollabergan Gavdon, O’rinboy Kulta, Nurmuhammad Oqsoqollarni otib o’ldirganlar. Yana ma’lum bo’lsinkim, Xivali Otaboy Abdulla Hoji o’g’li qochib Pitnakka borganda otib o’ldirganlar.Hukumat ishchilarini ham tutib o’ldirganlar. Shuning birlan ushbu kun qa’laning har tarafiga askarlar chiqib, qolgan yovmud bosqinchilarni o’ldirib, qa’la atrofini shul badbaxtlardan pok qildilar. Ham ushbu kunda Urganchdin birodar Boltaev. Davletovlar askarlar birlan kelib yetishdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Urganchga ham To’rtko’ldin tozadin bir necha yuz askarlar kelib qolganlar. 29 yanvar seshanba kuni farag’atlik birlan hukumat ishlari saranjomiga mashg’ul bo’ldi. 30-kun ham saranjomlik birlan o’tdi. 31-chi kun qa’la atrofidin Xivaliklarni tutib kelib, CHKda saqlab qo’yilgan fuqarolarni hibsdin chiqarib yubordilar.

1924 yil 1 fevral juma kuni namozi asir vaqtinda Toshkentdin aeroplan kelib tushdi. Ham shul kun hukumat tamomi ishchilar va ko’ngilli askarlarga javob berib yubordi. Ham yovmut Niyozbaxshining yoniga bir necha otli askarlar birlan birodar Boltaev va Niyozovlar G’oziobodga ketdilar. 2-fevral seshanba kuni idoralar ochilib, har kim o’z xizmatiga mashg’ul bo’ldilar. Ushbu kunda Toshhovuz sho’rosi Ahmadjonlar ham Toshhovuzga ketdilar. 4-lanji fevralda Chorjavdin chiqqan kavalerskiy polk kelib yetishdi. Boltaev Toshhovuzdin qaytib keldi. Chorjavdan kelgan polk komandiri tovarish Shaydakov erkan. Askarlar Sadivarga kelib Og’ajon eshonni hovlisida bo’lgan turkmanlardin 30 odamni o’ldirib, ot-yarog’larini olganlar.Andin chiqib Pitnakka kelganlar. Yo’lda soqchilar otishib 100ga yaqin odamni o’ldirib, Pitnak qa’lasini olganlar. Andin chiqib Hazoraspga kelganlar. Qa’lani oldidagi mozoristondan chiqib o’q ota boshlaganlar. Tovarish Shaydakovning labidan o’q sizib o’tib ketgan. Bir komandirga o’q tegib yarador bo’lgan. Shunday qilib askarlar otishib, yuzga yaqin odamni o’ldirib, Hazorasp qa’lasiga kirganlar. Hazoraspdagi zavodda 50ga yaqin askarlar qolib turgan erkanlar. Shular birlan ko’rishib Hazoraspga muvaqqat sho’ro qo’yib yo’lga chiqqanlar. Beshariqdan o’tib Kattabog’ga kelib, Amirning o’g’li Ollaberganni ko’rib, gumonzoda bo’lib, atrofini o’rab olib, miltiq otganlar. 20-30 ga yaqin odamlar chiqib, qochib ketganlar. Izidan yetib o’ldirib ot-yarog’ini olganlar. Ondin o’tib Xivaga kelganlar. 5-fevralda Xonqaga askar ketdi. 9 fevralda Hazorasp va pitnakka askar birlan tovarish Shaydakov ketdi. Hazorasp, Xonqa, Pitnakka birodar Muhammadyoqub Otajonov, Abdurahim Niyozov, Nazir Sholikarovlar ketdilar. Askarlar borib Xonqadin Beshariq askarlarini chiqarib yuborganlar. Xonqaga Beshariqlik Hasan og’ani hokim qilg’on erkanlar.Andin askarlar Bog’otni olganlar. Bosmachilar qumga qarab ketganlar. Askar boshlig’i jar chektirib xalqqa e’lon qilgan: fuqarolar kelib o’z joylarida farag’at o’tirsinlar, deb. Xalq o’z joylariga kela boshlagan. Ondin o’tib Hazoraspga borganlar. Askar boshlig’i ham mundin ketgan ma’murlar xalqning qo’lida bo’lgan miltiq, qilich va o’roqlarini keltirib komissiyalarga topshirmoqni buyurganlar.Xivadin birodar Muhammadsharif Qoriev ham Ostona, Yangiariq taraflarga kelib, miltiq, qilich, o’roqlarni yig’ib ola boshladi.

Xivadagi ham tamomi fuqarolarni qo’lida bo’lg’on miltiq, qilich, to’pponchalarni yig’nab olmoqqa hukumat buyruq qildi. 1924 yil 13 martda aeroplan bilan Toshkantdin birodar Sa’dullaxo’ja Tursunxo’jaev kelib tushdi. Hukumat joyi bo’lib turgan Ashir Mahramning joyidan o’rin berdilar. Birodar Tursunxo’jaev xalqlardin har turlik ma’lumotlar olmoq birlan mashg’ul bo’ldi. 19 martda Urganch tarafiga ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, 15 martda havo kemasi birlan O’rta Osiyo byurosining raisi tovarish Karklin ham Markaziy Partiyaning mas’ul sarkotibi ,O’rta Osiyo byurosining a’zosi birodar Abdulla Rahimboev, hamda Toshkant Harbiy Sho’rosining raisi kelib tushdilar. Russiya vakolatxonasiga mehmon bo’ldilar. Bizlardin bir nechalarimizni , ya’ni man, hamda Mulla Bekjon va Xudoybergan Devonov, Hojimuhammad boylarni oldirib ko’p nimarsalar haqinda savol qildilar. Bizlar tamomi qilgan savollariga javob berdik. Ondin so’ng javob olib xo’shlashib qaytdik. Birodar Rahimboev Toshkantda muhojir bo’lib yurgan vaqtimizda ko’p oshna bo’lib birga ishlagan erdilar. U ma’lum qildi:
-Ertang birodar Nizomaddin Xo’jaev ham kelur,-dedi.

16 martda Nizomaddin ham kelib qoldi. 17 martda hukumat teatr xonasining maydonida katta miting qildilar. Birodar Rahimboev so’z olib xalqqa xitob qilib, ko’p so’zlar so’yladilar. Xalqlar ko’p olqishlar bilan qarshi olib qabul qildilar.Ondin so’ng Nizomaddin so’z olib so’zga kirishdi. Xalqda birinchi maqsad bo’lgan so’zlarni takallumlar qilib, xalqdin ko’p-ko’p rahmatlar eshitdi.Xalq rozi bo’lib ko’z yoshi qildilar. Nechunkim bizning xalqimiz bul vaqtgacha muningdek shirin o’z tillarinda hech bir notiqdin so’z eshitganlari yo’q erdi. Ondin so’ng majlis raisi birodar Sapaev xalqqa e’lon qildi. Har kim so’ylamakchi bo’lsalar so’ylasinlar, deb. Bir kambag’al odam so’z olib so’yladi. Aytdi:
-Bizlar so’ylamakchi tururmiz.Lekin qo’rqarmiz.To’g’ri so’ylagan holda darhol hukumat o’yga solur, har bir bahona birlan dunyodin yo’q qilur,-dedi.
Ham minbardan tushdi.Ondin so’ng birodar Nizomaddin chiqib xalqqa xitob qilib aytdi:
-Ey aziz qardoshlar! Ma’lum bo’ldiki, sizlar qo’rqar ekansizlar. Endi hech bir qo’rqmasdin har bir so’zlaringiz bo’lsa marhamat qilib aytinglar.Sizlar omon bo’linglar.Mundin so’ng oningdek qisqinliklar hech bo’lmasa kerak. Man bildim, sizlarning boshlaringizda ko’p so’zlar bor.Xudo hohlasa eshiturman, xotirjam bo’linglar,-deb minbardin tushdi.

Ondin so’ng rais “yana so’ylayturg’on odam bormi?”, deb so’radi. Shunda yana bir kishi chiqib ushbu urush-taloshlar, solg’it xususinda so’zladi. Ul o’z so’zida dedi:
-Pitnak, Hazorasp, Beshariq xalqlari arz qilmoq uchun Xivaga keldilar. Hukumat arzga kelmasidan burun eshitub, militsiyalarni yuborib qa’laga kirmoqqa qo’ymasdin bir necha katta oqsoqollarni keltirib hibs qildi.Ondin so’ng xalq qo’zg’olib ketdi. Yana bir necha odamlar ham ushbu soliqlarning og’irligini izhor qildilar. Ondin so’ng hukumat soliqni kam qilmoq uchun bir qaror qabul qildi. Shuning birlan xalqlar ko’p mamnun bo’lib tarqalib ketdilar. Ondin so’ng 20 martda namozi jumadan so’ng Muhammad Aminxon madrasasida jam bo’lmoqni e’lon qildilar. Jumadin so’ng shunda jam bo’ldilar. Madrasaning usti ham o’rtasi ham osti odamlar bilan to’ldi. Qariyib uch-to’rt ming odam bo’ldilar. Birodar Nizomaddin Xo’jaev O’rta Osiyo byurosining raisi tovarish Karklin ham Harbiy Sho’ro raisi keldilar. Birodar Suldton Qorini majlisga rais qilib sayladilar.Ulamolar ham hozir erdilar. Hukumat arboblari ham keldilar. Tovarish Karklin so’z olib o’tgan davr ham sho’rolar hukumatining erkini ham Xorazm hukumati qanday bo’lganda yaxshi turganini so’ylab berdi.Birodar Nizomaddin tarjima qilib xalqqa tushuntirdi. Ondin so’ng harbiya sho’rosining raisi so’z olib askarlar ahvolotidan ham Junayidxon va Xon Eshonlarga zarba berganlarini so’yladi. Ham tez vaqtda dushmanlarni yo’q qilmoqlikka omonlik izhor qildi. Ondin so’ng birodar Nizomaddin so’z olib, Toshkaentda, Farg’onada bo’lib o’tgan axborotlardin ko’p voqealar so’ylab berdi. Xaloyiq Nizomaddinning har bir so’ziga tushunib olqishlar qildilar. Hukumat birlan xalq orasidagi aloqalarni mustahkamlash xususinda ko’p tushuntirish berdi. Ondin so’ng ushbu urishib yurganlarga umumiy afu e’lon qilingan buyruqni o’qib tushuntirdi. Xaloyiq ko’p mamnun bo’lib, olqishladi. Ondin so’ng siyosiy tashkilotning turmasinda hibs bo’lib yotgan odamlarni ushbu kundin e’tiboran ozod qilmoqqa so’z berdi.Xaloyiq bir og’izdin rahmat aytdilar. Xaloyiqdin ushbu janjalni to’xtatishga yordam so’radi. Shuning birlan so’zni tamom qilib aytdi: Yashasun Xorazm mehnatkashlari! Yashasin ittifoq birligi!

Xaloyiq olqishlar qilib, rahmat-rahmat deb qichqirdilar.Ondin so’ng bir qishloqi dehqon so’z olib aytdi: chiqib aytdi:
-Bul nechuk musulmonchilik turur. Man bir g’arib temirchi usta erdim. Shahar ijroqo’mi raisi Masharif Qoriev sanda miltiq bor, topib bergil, deb mani ko’p urdi. Agar mani so’zimga bovar qilmasangiz, ushbu xaloyiq aytsunlar,-dedi.
Jami xaloyiq bir og’izdin : ushbu birodarning so’zi rost turur. Mundin ham ziyoda zulm qilib yurgan turur, deb guvohlik berdilar. Birodar Karklin aytdi:
-Shunday zolim odamlarga hech yo’l bermak darkor ermas, darhol chorasini ko’rmak lozim turur.

Ondin so’ng birodar Nizomaddin Xo’jaev chiqib aytdi:
-Ey birodarlar! Sizlarning hukumatlaringiz munday xabarlarni e’tiborsiz qo’ymayajak.Sizlar xotirjam bo’ling, sizlardek mazlumlarni oh-nolalarini eshitajakmiz,yana boshqa so’zlajak kishi bo’lsa marhamat qilsin-dedi.
Qo’mita majlisidan Shoniyoz degan bir yigit aytdi:
-Birodarlar, sizlar so’ylab-so’ylab ketarsizlar, ondin so’ng bizlarni tutib kallamizni kessalar kerak,-dedi.

Onda tovarish Karklin aytdi:
-Bizlar munda hech nima qilmasmiz, lekin hukumatlaringiz bor turur. Arz-hollaringizni bayon qilsangizlar albatta chorasini ko’rajak, mundin amin bo’linglar. Hozir mani o’zim ham bir necha vaqt munda qolmoqchi tururman.Hamma joylarga borib ko’rmorqchi tururman.Birodar Nizomaddin ham munda qolajak turur.Sizlarga yordam bermakka tayyor tururmiz-dedi.
Ondin so’ng Nizomaddin majlisga e’lon qildi:
-Qoriev deganlaringiz ushbu Sulton Qori tururmi?Agar bul kishi bo’lsa, man mundin bezor tururman,-dedi.
Xaloyiq: yo’q-yo’q bul kishi ermas turur,-deb qichqirdilar.

Ondin so’ng Sulton Qorini kursi ustiga chiqarib aytdilar:
-Ushbu odam nechuk odam turur,-dedi.
Bir og’izdin ko’p yaxshi odam turur,-dedilar.
-Yana yomonligini bilgan kishi bormi,-dedi.

Hamma bir og’izdin: — yo’q,-deb javob berdilar.Shuning birlan majlisga ruxsat berdilar. Hamma xaloyiq mamnun bo’lib tarqalib ketdilar.
Birodar Nizomaddin, Sulton Qori, Sapaevlar turmaga qarab ketdilar. 1924 yil 22 martda CHKning turmasiga borib 214 odamni hibsdin xalos qilib yubordilar. Tamomi Xiva odamlari mamnun bo’lib komissiyaga tashakkurlar bayon etdilar.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu ikki kunda komissiyalarga 400-500 dona ariza xati berdilar. Birodar Nizomaddin arizalarni tekshirib tegishli chorasini qila boshladi. Saroy ahlidan hibsda bo’lg’onlarning do’kon omborlarini pechatlab, ba’ziy asbob-mollarini olib ketib erkanlar. Do’konlarni pechatlarini olib, mollarini qaytarib bermakka buyruq qildi. Ma’lum fuqarolar ko’p-ko’p rozi bo’lib qoldilar.

1924 yil 31 martda namozi asirdin so’ng tovarish Broydo ham Gorodetskiylar Maskavdin keldilar. Aeroplan maydonida qarshi oldik. Ko’rishib, so’rashib Nurubboy saroyiga keldik. Klubda manzil qilgan erkanlar. Kelib o’tirdilar. Tovarish Broydo norozilik bayon qildi va aytdi:
— Man 1920 yilda ilk bor kelganimda ushbu joyni maktabga berib erdim. Ham man Chorjavdin hukumatga telegram bergandim. Manga xalqning o’rtasindan bir joy bersin deb.
Onda hukumat arboblari aytdilar:
-Bizlar telegrammmangizni hech anglab bilmadik. Ertaga boshqa joy toparmiz,-dedi.

Tovarish Broydo manga aytdi:
-Ertang maning uchun bir joy toping. Manim o’zim kiroyini berurman,-dedi.
Ondin so’ng odamlar qaytib ketdilar.
Tovarish Broydo mani birlan so’zlashmoqqa boshladi. Qariyib uch soatdin ziyoda har tarafdin so’ylashdik. So’ng man ham javob olib uyga ketdim. Man ketgandin so’ng tovarish Broydo yo’ldoshlari birlan safaratxonaga ko’chib, shunda yozib qoldirganlar.

1-aprelda birodar Sulton Qori, Ermonovlar birlan vakolatxonaga bordik. Tovarish Broydo Sulton Qoridan ko’p savollar so’rab javob eshitib turdi. Bir necha soat o’tirib tovarish Gorodetskiy birlan ba’ziy so’zlar to’g’risinda so’ylashib xo’shlashib qaytib ketdik.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu kechda Kommunist partiyasining konferentsiyasi ochildi. Tovarish Broydoning so’rovi birlan Gurlandan Bobooxun Eshon Salimov keldi.Nurjon oxun Eshon birlan birga tovarish Broydoni borib ko’rib, sog’-salomatliklar so’rashib, ba’ziy so’zlardin so’ylashib har taraflarga xat yubormakchi bo’ldilar. Ulamolar qurultoyi haqinda ham RKP haqinda so’ylashdilar. 4 aperlda partiyniy konferentsiya tamom bo’ldi.

Tovarish Broydo 14 moddalik qonunni tasdiq qildirib o’tkazdi. 5-aprelda birodar Sulton Qori birlan tovarish Broydoni ko’rib, ulamolar qurultoyi haqinda buyurdi: uch kishidan murakkab komissiya bo’lsin, deb. Sulton Qori ko’rsatdi:birinchi Bobooxun, ikkinchi Nurjon oxun, uchinchi Polvonniyoz Hoji,-dedi. Kechda soat 4 da Bobooxun va Nurjon oxun birlan kelinglar, deb manga aytdilar.Kechda bayon bo’lg’on vaqtda keldik.
Tovarish Broydo aytdi:

-Ulamolar qurultoyini 14 aprelga chaqirib hozir qiling , har tarafga bir necha da’vatnomalar yuboringlar. Ulamolar qurultoyinda ko’rilaturg’on masalalar: 1-vaqf, 2-bosmachilik, 3-ulamolarni xalq sho’rolari jumhuriyatiga yaqin qilmoq, 4-madrasalarni isloh qilish va boshqalar,-dedi.

6 aprelda komissiyalar da’vatnomalarni hozirlamoqqa mashg’ul bo’ldilar. Ham ushbu kun kechda tovarish Broydo, tovarish Gorodetskiy ham Sidorovlar Bobooxunning Madaminxon madrasasidagi hujrasiga keldilar.2-3 soat har tarafdin so’ylashib suhbat qilib o’tirdik. Ondin so’ng qaytib ketdilar. Ham ertaga safaratxonaga bordik.Ba’ziy so’zlar bo’ldi. Ham Og’ajon Eshonning o’g’li Abdurahmon Maxsim ham O’roz Eshonlarni qo’shib yubordi, madrasaga borib kalomullodin ahd qildirib yubormakka va mundin so’ng hech bir vaqt hukumatga qarshi bo’lmaslikka.Balki qarshi bo’lg’onlar bo’lsa nasihat qilib isloh qilmoqqa. Ham hukumatga e’lon qilmoqqa va’da qildi. Shuning birlan olarni xalos qilib yubordilar.

1924 yil 7 aprelda tovarish Broydo, Qalandar Odinaevlar Taxtaga ketdilar. 13 aprelda ular Toshhovuzdin qaytib keldilar.15 aprelda G’ulomali Bahodir tovarish Broydoni oldiga keldi. 16 -lanchida tovarish Broydo Nizomaddin Avazxo’ja o’g’li birlan Junayidxonga xat yubordi. 17 aprel 1924 yilda ulamolar qurultoyi ochildi. Tovarish Broydo olam to’g’risinda ko’p so’zlar so’ylab, birinchi ulamolar qurultoyini tabrik qildi. Birlanchi majlis tamom bo’ldi. Ikkilanchi majlis vakillarini yig’nab olib sarf qilmoq uchun vaqf idorasi tashkil qilmoq, uchinchi majlis-madrasa, maktablarni isloh qilmoq, to’rtlanchi majlis tamomi ishlarni bitkarib hay’ati fiqhga saylab qo’ymoq masalalari to’g’risinda qaror qildi. Vaqf idorasiga uch kishi saylandi. Sho’rolar hukumati haqinda ham ushbu ulamolar qurultoyida masala ko’rildi. Ulamolar Maskavdin kelgan tovarish Broydoga duolar qilishib ko’p shodlik birlan qurultoyni bitkazib, xo’shlashib o’z joylariga qaytib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu ulamolar qurultoyida ishtirok qilmoq uchun Buxorodin tovarish Broydo 2 adad Oxun olib kelib erdi. 19 aprelda Russiya tarafidan kelgan otliq qizil askarlar aeroplan maydoniga chiqib mashq qilib o’yin ko’rsatdilar.Turkmanlardin G’ulomali va Yaxshigeldilar ham ko’rib tomosha qildilar. Tovarish Broydo turkman kattalarini aeroplanga mindirib, uchirib tomosha qildirdi.

1924 yil 20 aprelda 4 qurultoyni birinchi sessiyasi ochildi. Tovarish Broydo sho’rolar hukumatining nechuk erkani haqinda nutq so’zladi. Ondin so’ng iqtisodiy sho’ro raisi tovarish Bryuxanov doklad qilmoqg’a mashg’ul bo’ldi. Ham ushbu kunda To’rtko’l tarafdagi doktorlardin xabar keldi: “ Oqqamish degan qishloqda chuma-vabo kasali paydo bo’lgan”, deb. Darhol hukumat jar chektirib xalqqa e’lon qildi. Shaharda dushanba kuni bozor bo’lmasin. Boshqa qishloq tarafidan qa’laga kishi kirmasin, kirgan odam bo’lsa doktorni shahodati birlan chiqib ketsin,deb. Shul kun erta birlan birodar Nizomaddin Xo’jaev aeroplan birlan Toshkentga uchib ketdi.

21 aprelda sessiya tamom bo’ldi. Ushbu kunda Toshkentdin aeroplan birlan vabo-chuma kasalligi bo’yicha mutaxassis bo’lgan ikki doktor kelib tushdi. 22 aprelda shahar darvozalarini mahkam qilib, xalqni tashqariga va ichkariga yubormay tahqiq va taftishlar qildilar. 23 aprelda erta birlan tovarish Broydo yo’ldoshlari birlan Toshkantga iqtisodiy konferentsiyaga uchib ketdi. 24 aprelda doktor Isfandiyorov ma’lumotiga binoan tarqaldi degan kasallik vabo bo’lmay, faqat terlama kasali ekanliklarini bayon qilgan. Shunga binoan darvozalarni ochib qo’ydilar. Payshanba kuni bozor bo’ldi. Fuqarolar farog’at bo’lib, dehqonlarni paxtachilik uchun yer hozirlamakka mashg’ul bo’ldilar.Hukumat komissiyasi 15 yil turmaga hukm qilganlarni ham ozod qildi. 10 mayda Hazorasp, Pitnak tarafiga solg’utlarni yo’lga qo’ymoq uchun komissiyalar yuborildi. Shul komissiyaga moliya tarafidan mani rais qilib yubordilar.

Maxfiy qolmasinkim, bahorda suv kam bo’lib, dehqonchilik qilish xavf ostida qoldi. 13 mayda hukumat rahbarlari, ziroat nozirligi xizmatchilaridan bir guruh komissiya a’zolari jumhuriyat raisi Sulton Qori, ziroat noziri yovmut Ota mulla,tovarish Gorodetskiy, taka urug’idan Avazboev va Devonlar birlan Toshsoqaga borib, daryoning bo’yini ko’rdik.Daryoda suv juda oz ekan. Shunday bo’lsa ham soqalarni qazmoqqa buyruq qildilar. Darhol qazuvchilarni to’plash uchun har tarafga yasovullar yubordilar. Shunday qilib qazuv boshlanib ketdi. Junayidxon oldiga elchi bo’lib ketgan Nizomaddin 17 mayda Xivaga qaytib keldi. Uning ma’lumotiga qaraganda, agar G’ulomali Junayidni munda kelmog’ini ma’qul ko’rsa, Junayid kelmoqchi erkan. G’ulom Alining o’zi rus otli askarlari va armani Pucherov birlan qumga ketganlar. Junayidxon tarafiga bormasdin boshqa yomon suvli quduqlarga askarlarni olib borgan. Askarlarning suvlari tamom bo’lib, tashna bo’lib ko’p mashaqqatlar birlan qaytib ketdilar. Tovarish Kucherov ma’lumotiga binoan G’ulom Ali Junayidxon birlan ittifoqda bo’lsa kerak. 19 mayda Toshkantdin aeroplan birlan ikki suv injeneri daryoni ko’rmak uchun keldi. 21 mayda Toshkantdin xabar keldi. Tovarish Gorodetskiy Hazoraspga ketdi. Lekin Xonqa va Urganchning daryo bo’yindagi suvlari ko’paygan.

Maxfiy qolmasinkim, Xonsuyarov, Bobojonboy Qutlimurod o’g’li birlan Toshhovuz va Xo’jayliga ketdilar.Toshhovuzda muxtoriyatli Turkman oblasti tashkil qilgan.Ushbu oblastda Toshhovuz, Ilonlli, Manoq, Mang’it, Qilichboy, Qipchoq. Ko’kchayalarni qo’shganlar.Qozoq, qoraqalpoq uchun markaz Xo’jayli, Ko’hna Urganch, Chimboy, Qo’ng’irot qa’lalarini kiritganlar. 25 mayda partiya va hukumat haqindagi taklifni O’rta Osiyo byurosi muhokama qildi. Taklif shundan iborat turur.tamomi o’zbeklarni qo’shib O’zbek jumhuriyati qilmoq,markazini Samarqand qilmoq, turkmanlar uchun ham Buxoro va tamomi Turkistonda bo’lgan turkmanlarni qo’shib, bir turkman jumhuriyati qilib markazni Ashxabod qilmoq, qozoq va qoraqalpoqlarni ham o’z jinslariga qo’shmoq. Shuning birlan birodar Sulton Qori va Xonsuyarov Toshhovuz tarafiga ketdilar, ushbu oblastlarning xalqlaridan so’rab ko’rmak uchun.

Ushbu kun Toshkaentdin aeroplan birlan moliya noziri Kobezov ham O’rta Osiyo byurosi raisining muovini Mejlauklar keldilar. Ushbu kunda vakolatxonaga borib ko’rishdik. 31 mayda daryoda suv tashib, tamomi yoplarga suv keldi. Dehqonlar chiqirlarni qo’shib harakatga keldilar.

Maxfiy qolmasinkim, yovmutlar G’oziobod tarafinda bo’lgan o’zbeklarni mollarini ham tamomi ashyolarini talon-taroj qilib olib ketgan erdilar. Hukumat qaror qildi: o’sha davrda olgan mollarni egasiga qaytarib berilsin, deb. Muxtoriyatli Turkman revkomi ushbu mollarni qaytarib bermakka buyruq qilgan. Niyozbaxshi, Yaxshigaldilardan Russiya vakolatxonasiga xat kelgan, turkman revkomining mollar haqidagi buyruqidan norozi
bo’lib. Shul to’g’rida so’ylashmakchi bo’lib tovarish Gorodetskiy va Mejlauk va Xonsuyarovlar 4 iyunda Toshhovuzga ketdilar. Yana ushbu kunda G’ulomalidan moliyaga xat keldi. Toshhovuz moliya sho»basi Xo’jaboy karvonboshi degan yovmutni oshoq
taraflariga bojibon qilib yuborgan erkan. Shunga G’ulom Ali norozi bo’lib, o’zi bojibon bo’lmoqni so’rab turur. Alhosil, yovmutlarda bir norozilik bo’lsa kerak. 6 iyunda tovarish Gorodetskiylar qaytib keldilar. Natijasi: yovmut yosh kattalari
ushbu muxtoriyatga rozi bo’lmasalar kerak.Nechunkim, avvaldin o’zlari mustaqil tururlar.

5 iyunda Nurullaboy saroyindagi hukumat ayvoninda Muhammad Rahim Devonlarning sud majlisi bo’ldi. Sud raisi Xonqalik Mulla Jumaniyoz Eshmuhammad o’g’li, muovini –yovmut Otamulla
Mamat o’g’li birlan Russiya tribunal raisi Zuser va boshqa a’zolari, hukumat tarafidan prokuror Taka Xonov, qoralovchi Toshkantlik Sa’dullaxo’ja Tursunxo’jaev, oqlovchi Rusidanov degan kishi bo’ldi.

Shul oqshom sud noiblaridan tarjimai ahvollarini savol qila boshladi. Kech bo’lgach, hakam majlisni yopiq deb e’lon qildi. 7 iyunda sud erta birlan davom qila boshladi. 8-chida guvoh bo’lgan odamlardin 30 adad kishini bir ayvon saroyga solib oldiga milisa qorovullar qo’ydilar. Hatto nahorilar keltirilgan dasturxonlarni ham milisalar ko’rib o’tkazdilar.Hojatxonaga borganda ham milisalar birlan birga bordilar. Faqir Polvonniyoz Hoji ham mazkur voqealar shohidi jumlasidan erdim.

Shunday qilib, 13-chi iyunda kechda sud noiblaridan savol qilib tamom qildi. Ondin so’ng so’ramoqqa boshladilar. 14-15 iyunda shohidlardin savol qilib, tamom qildilar va ularga javob berib qaytarib yubordilar. 19 iyunda sudning ertalabki majlisida jumhuriyat prokurori qamoqqa olingan noiblarni to’rt guruhga bo’ldi6 Birinchi guruhga-Muhammad Rahim Devon, Ollayorboy, Saparbek, janob Koneev, ikkinchi guruhga –Yoqub Qori, Pirmuhammad, Orif Bosirov, Ibrohim Ollaberganov, uchinchi guruhga-Tohir Koniev, Muhammad Rahim Rahmonqulov, Vali Salimjonov, Sobirbergan Qo’chqoroq, Qodirbergan Davletboev, Hakimboy Yusup Nozirov, Muhammad Amin Abdulkarimov, to’rtinchi guruhga-Xudoybergan Devonov, Muhammadiyorboy Abdullaev, Qurboniyoz Nurmuhammedov.
Kechki majlisda prokuror bayon qilingan noiblarning jinoyatlarini bir-bir so’zlab, har birlariga qaysi jazoni bermoq haqinda sudga taklif kiritdi va suddan ushbu jazolarni tasdiqlashni iltimos qildi. Xudoybergan Devonov, Muhammadiyorboy va Qurbonniyozlarning ishlari taftish natijasida hech bir ahamiyatsiz bo’lgani uchun, olarni ishlarini o’z ustidan rad qildi.
Ondin so’ng qoralovchi Tursunxo’jaev so’z olib, inqilob davridan gap boshladi. Katta Russiya inqilobi bo’lg’ondin so’ng Xorazm mehnatkashlari xonlar, beklar va zolim sipohiy boylarni qo’lidan xalos bo’lmoq niyati birlan Xorazmda ham inqilob qilib, xonlar, beklar va sipohiy boylarni yo’q qildilar. 1920 yilda xonning bir necha odamlari, boylar Muhammad Rahim Devon Nurullaevlar yuzlariga har turli rang berib, hiyla va makkorlik ishlatib, inqilobchi yosh hukumat ichiga kirib oldilar. Makkor Nurullaev hukumatning muhim o’rinlarida, jumladin harbiya nozirligida xazinachi bo’lib ishlagan va o’z atrofiga munosib odamlarni to’plab. O’z foydasiga ish ko’ra boshlagan.

1921 yilda ba’zi hukumat odamlari Nurullaevni xiyonatlarini anglab, uni Turkiston taraflarga daf qilganlar. Tez vaqtda Nurullaev tarafdorlari noyabr to’ntarilishini tashkil qilib, toza hukumat saylab, yana Nurullaevni xorijiya noziri qilib qo’ydilar. Unga xorijiya tijorat sho»basini ham qo’shib berdilar.2-qurultoyning uchinsi sessiyasida janob Kaniev hukumatga mas’ul sarkotib bo’lib kirdi. Shuning birlan Nurullaev guruhi ancha jonlanib ketdi. 3 qurultoyda janob Kaniev yana mas’ul sarkotib qilib saylandi.

Maxfiy qolmasinkim, Russiya komil huquqli vakili Iosif Moissevich Bik degan ham bular guruhiga kirib qoldi.Ondin so’ng xoinlar guruhi ko’p quvvatli bo’ldi. Ushbu qurultoyda Bikning taklifi birlan Nurullaev savdo-sanoat noziri bo’ldi. Shuning birlan Xorazmning manfaatlik nimarsalarini o’z qo’llariga oldilar. Ushbu qurultoyda Nurullaev taklif qildi: hukumat nomidan tovarish Bikni Xorazmda qolmog’ini Maskavdin so’rab, telegramm bermakka ham hukumat qurultoyi nomidan telegram berdi. Shuning birlan zararli unsurlar ko’p quvvat olib ketdilar va o’z paydolariga ish qila boshladilar. Bir necha odamlarni surgunga yubordilar.Ondin so’ng vaqt kech bo’ldi. Sud majlisi yopiq deb e’lon qilindi.

25 iyundagi sud majlisida paxta masalasi qo’yildi. Tursunxo’jaev so’z boshlab bayon qildi:
-Xoinlar 1920 yilda ro’yxat qilingan paxtalarni hukumat foydasiga olmoqqa qaror qildilar. Majlis chaqirib, tamomi paxtalarni olmoqni taklif qildilar. Nurullaev guruhi 5 vagon paxtadin 1 vagonni egasiga qoldirib, boshqasini shul hisob birlan olmoqqa qaror qildirgan. Nechunkim, shunday bo’lg’onda o’zlari foydalanmoqqa ko’p qulay bo’lsa kerak. Agar hamma paxtalarni hukumatga olganda, o’zlariga hech foyda bo’lmasa kerak.Shuning birlan bir nechalarni ko’p raschyotlar birlan o’zlariga qoldirib, bir nechalarini o’zlariga olib hukumatga ko’p xiyonatlar qilg’onlar. Xiyonatlari sud oldinda aniq ma’lum bo’ldi. Ham qurultoyga qaror qildirganlar.Hukumatni bosib turgan aqchalaridan 25 foiz savdo va sanoat noziriga har kunda topshirib turmoqqa. Shul aqchalarga paxta, qorako’l, teri, mato , chapon va boshqa nimarsalarni olib turganlar. Valekin o’z guruhlari birlan hukumatni ham xalqni talab turganlar. Kambag’al dehqonlarning qo’linda bo’lgan paxta, qorako’l terilarni o’zlari istagan baholardin olib, bechora xalqni sho’rolar hukumatiga dushman qilmoqqa yo’l ocha boshlaganlar.

Hukumatdin ruxsat olib, paxtalarni Maskavga eltib sotib kelurman deb o’zi birlan zamonidagi do’st va yo’ldoshlaridin bir nechalarini olib ketgan. O’ziga ham bir necha vagon paxta olib ketgan. Sudda bu paxtalarni Xorazmdagi birinchi katta boy Muhammad Karim Tojiniyozovdin omonat tariqasinda olib ketdim, deb o’ylamasdan sud oldida o’zini oqlamoqchi bo’ldi. Bul unsurlar xalqni talon-taroj qilib yurgan zotlar tururlar.

O’zi savdo-sanoat noziri bo’lib, millioner boylar birlan aloqa tuzib ishlab yurgani birinchi xiyonat bo’lsa kerak. Ham Maskavda boshliq qilib qo’ygan odami Muhammadiyorov bo’lsa, Maskavda Salimjonov nafarlar birlan savdo shartnomasi qilg’on. Ushbu shartnoma Xorazmning butunlay xarob bo’lmog’iga ham ittifoqchimiz bo’lgan Russiyaning iqtisodiy shartnomasini buzmoqqa yo’l ochgan.Shunga imzo chekkan. Maskavdagi vakilimizni muovini Safarbek deganga ham imzo qildirg’on. Safarbek bo’lsa bir nodon odam turur. Maskavdagi vakilimiz birodar Sapiev ham bul vaqtlarda hukumat bayrog’i birlan Toshkantda erkan. Qaytib kelib ushbu savdo shartnomalarini so’rab olib, tarjima qildirib ko’rgan.Faqat hukumatning zararidan boshqa hech bir foydali narsa unda bo’lmagan.Xorijiya nozirining yordami birlan ushbu shartnomani man qilgan.Ham bir necha kundin so’ng noib Nurullaevning o’zi Maskavga kelgan.Bavujud bayon bo’lgan shartnoma man qilingan bo’lsa ham Nurullaev tozadin boshqa bir turlik shahodat xati bergan.

Toshkantlik spekulyant Mirzaqandov degan odamga ham Xorazmning savdo-sanoat agenti turur, deb xat bergan. Ushbu zot doimo spekulyantchilik birlan mashg’ul bo’lib, oltin birlan savdo qilib yurgan. Nurullaev nozirlar sho’rosi raisi Otajonovga rushut (pora) uchun 5-6 to’p chit va briliant uzuk bergan. Bundan maqsad nozirlar sho’rosi raisini ham o’ziga qaratish. Demak, bularning maqsadlari hukumat odamlarini qarmoq birlan baliq tutgandek, pora birlan odam ovlab, o’zlariga qo’shmoq turur. Ushbu jinoyatlarini ham sud oldida uyalmay aytdi. Yana o’z paxtalarini Nurmuhammedovning nomi birlan Xorazm kontorasiga hukumat paxtalaridan har pudiga 5 so’m 25 tiyin ziyoda baho qo’yib sotib turur. Ham Chorjavga kelib nachal`nik stantsiyaga pora bergan. Bir necha yuz pud paxta kam keldi deb yolg’on akt qilg’on. Alhosil, noib Nurullaev Xorazm hukumati va kambag’al dehqon mehnatkashlariga shunday ziyon keltirgan.Ushbu noib nurullaevning qilgan jinoyat-xiyonatlari shul daraja katta bo’lgankim, uni sho’rolar hukumatining dushmani, xon tarafdori ham iqtisodiy aksil harakatchi deb topmoq kerak.Man qoralovchi sifatida oliy suddan o’tinib so’rayman, ushbu noib Nurullaevni qonunning eng eng qattiq jazosi birlan ayblasa.

Markazning mas’ul kotibi , xorijiya noziri Kaniev bo’lsa ham Nurullaev guruhiga mansub bir odam turur. Nurullaev tashqaridan bo’lsa janob Kaniev ichkaridan tamomi ishlarni to’g’irlab ishlab o’tirgan bir zot turur. Kaniev Xorazm hukumatiga qilgan xiyonati Nurullaevning qilgan xiyonatidan kam ermas turur. Oni ham Nurullaev qatorida jazolash zarur va boshqalariga ham jumhuriyat prokurorining ayblagan jazosi birlan jazolantursa ekan.Nechunkim, alar ham Nurullaevning bir elatlari tururlar,- deb Sa’dullaxo’ja Tursunxo’jaev so’zini tamosha qildi va majlis ham yopildi.

26 iyunda erta birlan navbatdagi sud majlisi ochildi. Hukumat molini talab qilguvchi burungi birodar so’z olib, oliy suddan iltimos qildi. Hukumatning hisobi bo’yicha yetishmagan pullarni undirib olib bersangiz, deya talab qildi. Bu pullarni tubanda ismlari bayon bo’lgan odamlardan 12 protsent foydasi birlan undirib olib bersangiz: Muhammad Rahim Nurullevdan 547 ming 331 so’m 41 tiyin, Muhammad Abdullaevdan 26174 so’m, Muhammad Rahim oqsoqoldan 2497 so’m, Hakimboy Nazarovdan 25855 so’m, Qo’chqorovdan 1442 so’m, Mullo Muhammad Sharip Jumaniyozovdan 1194 so’m, Qurbonniyoz Nurmuhammedovdan 1500 so’m, Qodirbergan Davletboevdan 560 so’m, Yusup Nazarovdan 758 so’m, Ollayor Muhammadiyorovdan 4098 so’m, Rahim Habibovdan 346 so’m, Muhammad Amin go’nchidan 785 so’m, Tohir Kanievdan 5457 so’m, Xudoybergan Devonovdan 4479 so’m.

Ondin so’ng oqlovchi Sari Mullaev so’z olib, birinchi Sobirbergan Qo’chqorovni oqlab so’yladi. Ikkinchi Xudoybergan Devonov haqinda so’yladi. Kecha jumhuriyat prokuraturasi mazkur Devonovni hech aybsiz ekanligini oqlovchi dalillar bilan isbotlab, sud hay’atidan uni ozod qilishni iltimos etdi. Ondin so’ng oqlovchi Kaniev va Muhammad Yoqub Erniyoz o’g’lini ham aybsiz deb topdi.
Shunday qilib, sudlar besh oqshom besh kunduz bir joyda o’tirib ham shul joyda yashab noiblarning ishlarini tahqiqlab ko’rmak birlan mashg’ul bo’ldilar. Ko’rib, tamom qilib 28 iyul kuni peshin vaqtinda sud bo’lmoqqa e’lon qilib, xalqg’a jar chektirdilar. Tamomi xaloyiq jam bo’ldi. Sudlar chiqib majlisni ochiq deb e’lon qilib, yozgan hukm xatini o’qimoqqa boshladilar. Noib Muhammad Rahim Nurullaev, Ollayorboy Muhammadiyorov hamda janob Kanievlarni otib o’ldirmakka, Muhammad Rahim Erniyoz o’g’lini 5 yil muddati bilan hibs qilishga, Safarbekni 10 yil turmada hibsda saqlamoqqa, pirmuhammad Nurmuhammad o’g’li, Rahim Habib o’g’li, arif Bosirovlarni 3 yilga hibs qilish, Mulla Muhammad Sharip, Qodirbergan , Ollabergan Salimjonovlarni 1 yil turmaga qamash, Muhammadiyorboyni 6 oy turmaga qamash, Xudoybergan Devonov, Jabborbergan Qo’chqoroq, Mulla Qurbonniyoz, Muhammad Amin Abdulkarimlarni oqlab ozod qilmoqqa qaror qildi. Shuning birlan oliy sud majlisi tamombo’ldi.

4 iyulda Markaziy Ijroiya Qo’mitasining majlisi bo’lg’on. Majlis shul qarorga kelgan. Nurillaev va janob Kanievni sudning ixtiyoriga qo’yg’on. Ollayorboyning o’lim jazosini o’n yil qamoq birlan almashtirgan. Muhammadiyorboyni inqilob uchun qilg’on xizmatlarini e’tiborga olib hibsdan bo’shatmoqqa, Muhammad Yoqub Qorining jazosini uch yilga kamaytirgan.Shuning birlan 4-iyulda Nurillaev va janob Kanievni otib o’ldirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Rossiya komil huquqli vakili tovarish Gorodetskiy G’oziobodliklarning yovmut, o’kuz jamoalari talon taroj qilib olgan mollarni qaytarib olib bermakchi bo’lib,
Toshhovuzga ketdilar. Natijada qaytarib bermakka yovmutlar zo’rg’a rozi bo’lg’onlar. Nechunkim tovarish Gorodetskiy aytgan: “Agar do’stlik birlan qaytarib bersangizlar ko’p yaxshi, bo’lmagan taqdirda xo’rlik, zo’rlik bilan olurmiz”, degan. Shundan so’ng rozi bo’lg’onlar.

Maxfiy qolmasinkim, Xiva qa’lasinda partiya yacheykalari ochildi. Va artellar ham tuzildi. Ham shu tariqada jamiyatlar tashkil qila boshladilar. 24 iyulda tovarish Karklin va turkman Otaboylar aeroplan bilan kelib qoldilar. Ushbu oqshomda majlis qilib millatlarni bo’lganlar. Yovmutlarni Turkmansk respublikaga, o’zbeklarni O’zbeksk respublikaga , qozoq va qoraqalpoqlarni Kirgizskiy respublikaga qo’shishga qaror qilganlar. 27-chi iyulda Karklin birlan Otaboev Xorazm turkmanlari markazi bo’lg’on Toshhovuzga ketdilar.
1-chi avgustda aeroplan birlan Toshkantga ketdilar. Ular birlan nozirlar sho’rosining raisi chovdur urug’iga mansub Mulla Bekjon Nazarov ham ketdi. 10-chi avgustda Jumhur raisi Sulton Qori ham aeroplan birlan Toshkantga ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, moliya nozirotiga qozoq Manglixo’ja Ibn Amin o’g’lini nozir qildilar. Toshkantdin kelgan vakil shamsievni muovin qildilar. Lekin moliya ishlari mamlakatning ahvoli ruhiyasiga qaraganda buzilib ketdi. Tovarish Shamsiev Toshkantdin ishchi darkor deb bir necha o’rislarni chaqirib keltirdi. Ruslar hech bir musulmoncha bilmaslar. Shunga binoan o’zbek ishchilarini bo’shatib ruslarni qo’ydilar. 15 chi avgustda Toshkantdin birodar Tursunxo’jaev ham kelib qoldi. Ul kishini nozirlar sho’rosiga rais muovini qilib erdilar. U o’z vazifasiga kirishdi. Bul kishi ham Toshkantdin 40-50 adad ishchilarni olib keldi. Xudo oxirini xayrli qilsin. O’zbekda bir maqol bor turur: cho’pon ko’p bo’lsa, qo’y harom o’lur, degan. Lekin shunday bo’lmagay, omin! Bechora kambag’al vatan xizmatchilarini shundan keyin bo’shata boshladilar. 20 avgustda partiyaning mas’ul sarkotibi Xonsuyarov ham tovarish Gorodetskiylar Toshhovuzga ketdilar. 23 avgustda qaytib ketdilar…28 avgustda birodar Xonsuyarov moliya noziri Ibn Amin o’g’li birlan Xo’jayli tarafiga ketdilar. Sho’rolar qurultoyiga vakillar saylab keltirmoqqa.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu kunda bir xabar bo’lib qoldi. Toshkant, Maskavga o’qimoqchi bo’lib ketgan talabalarni Xo’jaylining oshoq tarafinda yovmut bosmachilari tutib o’ldirib bir nnechalarini asir qilib olib ketganlar, deb. 2 sentyabrda Nurillaboy saroyida yozgi sahnada Markaz Qo’mita tarafindan hukumat arboblari mas’ul ishchilarni yig’nab favqulodda majlis qilib, o’lgan va asir qilgan talabalarni ma’lum qildilar. Talabalardin vahshiyona o’ldirilganlar: Muhammadnazar Odamov, Pir Qutlimurodov, Pirjon Murotov, Pirnafas Bobojonov, Ollabergan Zargarov, Muhammadsharif Pahlavonov, Sharipov, Xamzin, Bobojon Murotov, Vafoev, Sharipov, Chanishin, asir bo’lganlar: Karimbergan Sapaevning xotini Anabibi, Boygaldieva degan no’g’oy qizi va yana bir o’ris qizi. Shul uchun bosmachilarga qattiq zarba berib, ushbu birodarlarning qoni uchun har nechuk yo’l bilan bo’lsa ham o’ch olmoqchi bo’ldilar. Bular uchun har yil jumhuriyat bo’yincha 25 avgust kunini motam kuni hisoblab, ish kuni bo’lmasligini mehnat sho»basiga buyurdilar. 3-5 sentyabr kuni motam qilib, nutqlar so’yladilar. Poxoronniy marsh chertilib turdi. Hamma joyda motam bayroqlari ko’tarildi. Poxoronniy marsh bilan mozoristonga borib, o’lgan birodarlarni dafn qildilar.

XOTIRALARGA XOTIMA

Ma’lum bo’lsinkim, 23 sentyabrda Sulton Qori aeroplan birlan Buxorodan kelib qoldi. Unda konferentsiya bo’lgan erkan.Qori afandi, Karklin, Rahimboevlar bilan Buxorodagi konferentsiyada ishtirok qilib erkanlar. Shundin Xivaga kelib ketmakchi bo’lib kelgan erkanlar.

Sho’raxon uezdini Xivaga,Turkmanistonga Po’rsi, Ilonli, Toshhovuz, Taxtalarni qo’shganlar. O’zbeklarning markazi Samarqand, Turkmanlarning markazi Ashxabod bo’lgan.

Qori afandi 25 oktyabrda Moskvada bo’laturg’on konferentsiyaga borib kelgandin so’ng tamomi ishlar ma’lum bo’lsa kerak.
Maxfiy qolmasinkim, birodar Sulton Qori, maorif noziri Davlat Rizaev birlan 2 oktyabrda aeroplan birlan Toshkantga uchib ketdilar. 25 oktyabrda 4lanchi qurultoyda ishtirok qilish uchun tamomi Xorazm qa’lalaridan vakillar kelib qoldilar. Toshkant va Moskva tarafidan kelaturgan vakillarni kutib yotdilar.

1924 yil 25 oktyabrda maorif noziri Davlat Rizaev O’rta Byurosi vakili Uvarov degan o’ris birlan kelib qoldilar. 26 oktyabrda partiya qurultoyini ochdilar. 28 oktyabrda tamom bo’ldi.
29 oktyabrda sho’rolarning 5 qurultoyi ochildi. Shul munosabat birlan Xivada katta miting bo’ldi. Maskavdin kelgan tovarish Uvarov Maskav Ijroiya Qo’mitasi tarafidan millatlar ayirmalarini tabrik qilib, Russiya Sho’rolar jumhuriyatini har bir millatga foydaligini so’ylab berdi.Shuning birlan miting tamom bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu millat ayirishmalari Maskavda hal bo’lg’on erkan. Munda, 5 qurultoyda hech bir so’z bo’lmasdin, faqat Maskavdin berilgan topshiriqqa tasdiq qilib, qurultoyni tarqatib yubordilar.

Endi 2 noyabrda tamomi hukumat idoralariga buyruq keldi: Uch kundin qoldirmay ushbu kungacha ishlangan ishlarni topshirmoqqa deb.Ushbu kunda partiyaning mas’ul sarkotibi birodar Is’hoq Xonsuyarov aeroplan birlan Toshkantga ketdi. U 21 noyabrda qaytib keldi.

O’zbek, qoraqalpoq, turkman, qozoqlarning bo’linmog’i muqarrar bo’ldi. Xiva, Pitnak, Hazorasp, Beshariq, Xonqa, Urganch, Gurlan, Mang’it, Qilichboy, kat, Shohobod, G’oziobod, Manoq,
Qo’shko’priklarni o’zbek hukumatiga qoldirdilar.

Toshhovuz, Ilonli, Po’rsi, Ko’hna Urganch, Ko’kchaya, Darg’on, Sadivarlar Turkman hukumatiga taulluq bo’ldi.
Xo’jayli, Qo’ng’irot, Chimboy, Qipchoq, Hitoy, Qozoq-Qoraqalpoq hukumatiga darak bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, Xivada hukumatga taulluq bo’lg’on mol-ashyolarini bo’lishmoq uchun komissiyalar tashkil qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, noyabrning 22 da tovarish Gorodetskiy, Davlat Rizaev va vais Rahimiylar aeroplan birlan Toshkantga uchib ketdilar.
Ondin so’ng Markaziy Ijroiya Qo’mita ham nozirlar sho’rosining o’rniga Xorazm viloyat osobiy inqilob qo’mitasi tashkil qildilar. Toshkantlik Sa’dullaxo’ja Tursunxo’jaev inqilob qo’mitasi raisi bo’ldilar. Bir necha kishilar a’zo bo’ldilar.

Dekabrni 16-sida Gorodetskiy aeroplan bilan kelib qoldi. 18 dekabrda birodar Bobooxun Eshon Salimov bilan borib Gorodetskiyni ko’rdik. Toshkantda bo’lib turgan ahvollarni so’rab bildik. Birodar Gorodetskiy 15 kundin so’ng Ashxabodga ketmakchi bo’lganini aytdi. Ham yovmutlarni farag’otchilik qilmog’iga so’z berdi. Tovarish Gorodetskiy Ashxabod turkmanlar partiyasiga mas’ul sarkotib qilib Maskavda saylangan erkanlar.

23 dekabrda birodar Sulton Qori Toshkantdin kelib qoldi.Ko’rishib so’ylashdik. Uning ma’lumotiga binoan O’zbekiston hukumatiga rais saylangan erkan. Bir necha kun turur, Toshkantga ketmakka turub, birodar Sulton Qori Maskavda tamomi mas’ul ishchilar birlan hamsuhbat bo’lgan. Petrogradga borib ko’rgan. Toshkantga kelgandin so’ng Farg’ona, Samarqandlarga borib, tamomi mas’ul ishchilar birlan ko’rishib so’ylashgan.

Maxfiy qolmasinkim, 1925 yil 18 yanvarda O’zbekiston qurultoyi uchun 5chi Xorazm qurultoyinda saylangan vakillar arava birlan Darg’onota ustindan Buxoroga ketdilar. 16 chi fevralda O’zbekiston qurultoyiga aeroplan birlan birodar Boltaev va Vayis Rahimiylar ketdilar. Borib O’zbekiston Jumhuriyatining birinchi qurultoyini o’tkazib keldilar.

1344 hijriy mohi muharram, Xiva.

Maxsus «Xurshid Davron kutubxonasi» uchun tayyorlandi.

08

(Tashriflar: umumiy 669, bugungi 1)

1 izoh

  1. Умидбек! Сени машаққатли меҳнатинг ажойиб маҳсули билан қутлайман. Баъзи «ақилли» тарихчиларнинг ноёб қўлёзма фақат менда бор ва Хоразм жадидлари тарихини энди сизларга ўргатман деб гердаишига энди ўрин қолмади. Сен қўлёзма ҳақида биринчи эмас, аммо фахрланишга арзийдиган содда ва равон тилда. шевадаги ўзига хос нозик ибораларни муаллиф каби ишлатган ҳолда ўқувчиларга етказганинг жуда зўр иш бўлди.
    Бағрини кенг очиб, сайтидан катта жой ажратган ва дарду-изтиробларингни (менинг ҳам) ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишга кўмаклашаётган Хуршидбекка самимий миннатдорчилик, сиҳат-саломатлик ва ижодига барака тилайман. Мадраҳим Маҳмудов. 28.08.2015.

Izoh qoldiring