Teatr odamlari. Bahodir Yo’ldoshev bilan gurung & Hayot so’qmoqlari. Bahodir Yo’ldoshev haqida film

0117 сентябрь — таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев таваллуд топган кун

    Театр қурбонлик талаб қилади, лекин бу табиий ҳол. Яъни, театр одамининг театрга ҳамма нарсасини бағишлаши табиий. Чунки у театр учун туғилади. Четдан қараганда эҳтимол бу фожеа бўлиб туюлар, йўқ, аслида ундай эмас, театр одамининг бахти театрга ўзини бахш этишида. У фақат актёр ёки режиссёр эмас, театрнинг рассоми билан гримёридан ташқари яна қанча одами бор! Улар театрдан бошқа жойда ишламайдилар!

ТЕАТР ОДАМЛАРИ
Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан гурунг
Нурилла Нарзуллаев суҳбатлашди.
045

05ЙЎЛДОШЕВ Баҳодир Турсунович (1945.7.9, Каттақўрғон ш.) — режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1979), Ўзбекистон халқ артисти (1995). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1970). Ҳамза театрида реж. ассистенти (1968—70), реж. (1970-74), бош режиссёр. (1974-84). 1984 йилдан Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрининг бош режиссёри бўлиб ишлаган. Бугунги кунда «Дийдор» студиясининг бадиий раҳбари. Энг яхши спектакллари: «Рўйхатларда йўқ» (Б. Васильев), «Келинлар қўзғолони», «Фармонбиби аразлади» (С. Аҳмад), «Нодирабегим» (Т. Тўла), «Юлдузли тунлар» (П. Қодиров), «Зебуннисо» (Уйғун), «Майсаранинг иши» (Ҳамза), «Қора камар» (Ш. Холмирзаев), «Искандар» (А. Навоий), «Аршин мол олон» (У. Ҳожибеков),«Малика» (Фотима Галер), «Буюк ипак йўли» (М. Бафоев мусиқаси асосида),«Бухоройи шариф» (С. Айний асари асосида), «Тоға-жиянлар» (Р. Бобожон) ва б. Бир қанча бошқа театрларда ҳам спектакллар қўйган: Муқимий театрида «Нодирабегим», Лаос театрида «Келинлар қўзғолони», АҚШда «Дунё ёшлари», Конибодом театрида «Судхўрнинг ўлими», Сирдарё театрида «Дардимни кимга айтай», «Маъмура кампир», Самарқанд театрида «Нодирабегим»,«Чеча», «Буюк ипак йўли», Навоий театрида «Алишер Навоий» операси ва б. У, шунингдек, мамлакатнинг турли саналарига бағишланган байрам томошалари- ни саҳналаштирган: «Улуғбек юбилейи» (1994), «Наврўз» (1995), «Амир Темур юбилейи» (1996, Регистон), «Шарқ та роналари» (1997 йилдан 2013 йилгача) ва б. шулар жумласидан. Кинода актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тоғдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») Акахон ( «Дев билан пакана») каби образлар яратган. Унинг спектакллари ҳар бир вокеанинг, эпизоднинг моҳиятини ифодалашга қодир саҳна воситаларига бойлиги б-н, тасвирий воситалар, мусиқа, пластиканинг мураккаб оҳангдошлиги б-н ажра- либ туради. Шунингдек, янги саҳна шаклларини топиш, давр мавзуси, ғоялари, характер, ўзбек театри анъаналарини унутмаган ҳолда жаҳон театри жараёни кенгликларига чиқишга интилиш, бугунги кун учун долзарб бўлган мавзуни ҳозиржавоблик б-н саҳнага олиб чиқиш Баҳодир Йўлдошев ижодига хос.

045

034Баҳодир ака, бу йил 70 ёшни қаршиладингиз. Умрингизни санъатга, театрга бағишладингиз. Одам умрини нимага бағишласа, охир-оқибат унинг ўзи шу нарсага айланади, деган гап бор. Маълумки, театр зулматда ёруғликни, ғафлатда бедорликни, ғамда ҳамдардликни намойиш этиб келган. Зарур бўлганда у ижодкордан қурбонлик  ҳам талаб қилади. Театр одами шу талабларга руҳан тайёр бўлиши керак. Айтинг-чи, «театр одами» деган ибора сиз  учун қандай мазмун касб этади?

— Тўғри, театр қурбонлик талаб қилади, лекин бу табиий ҳол. Яъни, театр одамининг театрга ҳамма нарсасини бағишлаши табиий. Чунки у театр учун туғилади. Четдан қараганда эҳтимол бу фожеа бўлиб туюлар, йўқ, аслида ундай эмас, театр одамининг бахти театрга ўзини бахш этишида. У фақат актёр ёки режиссёр эмас, театрнинг рассоми билан гримёридан ташқари яна қанча одами бор! Улар театрдан бошқа жойда ишламайдилар! Худди масжиднинг фарроши масжиддан бошқа жойда ишламагандай (ўн баробар кўп ойлик берсангиз ҳам, у кафенинг эшигини супурмайди). Англияда театр одамларидан биттасини бошда «танимайдилар», у одам бир неча бор: мени актёр сифатида синаб кўринглар, Гамлетни бир мартагина ўйнай, деб қайта-қайта илтимос қилишига қарамасдан, унга: «Сен-а?! Сен ҳали Гамлетни ўйнамоқчимисан?!» қабилидаги киноялар билан: «Умуман, сендан ҳеч қанақа актёр чиқмайди», деб илтимосини рад этишади. У чор-ночор, ҳеч бўлмаса, реквизитор бўлиб ишга киришни сўрайди. Ниҳоят, уни реквизитор қилиб ишга олишади. У умрини ўша театрда ўтказади. Умри поёнига етганида: «Гамлетни ўйнаган актёр монолог айтаётган пайтда реквизитлар орасидаги ясама бош чаноқни эмас, менинг бош чаноғимни кўтариб турсин», деб бош чаноғини театрга қолдиришни васият қилади. Унинг бош чаноғи ҳозир ҳам бор. Ҳозир ҳам ўша театрда қайси актёр Гамлетни ўйнаса, монолог айтаётган пайтда собиқ реквизиторнинг бош чаноғини кўтариб айтади. Ўша одам аслида театрнинг одами эди.

Театрдаги жараёнлар сизга кафтингиздаги чизиқлардай кўриниб туради. Чунки сиз бу соҳанинг ичида бўлганингиз каби, бу соҳа ҳам сизнинг ичингиздадир. Айтинг-чи, шон-шуҳратдан юз ўгириб, ўзини қидирган, салоҳиятли, қувваи ҳофизаси кенг, ўзи боғланиб қолган театр учунгина яшаган бирорта актёрни учратдингизми?

034— Гап шундаки, бу соҳада ўзини театрга бағишлаган одам барибир танилади. Ғани Аъзамов ҳақиқий маънода шон-шуҳрат эгаси эди. Ҳолбуки, у киши умри давомида иккинчи, учинчи, бешинчи планлардаги ролларни ўйнаган. Унинг «Олтин девор»даги Мўмин образидан бошқа бош роли йўқ. Лекин бешинчи планлардаги парчаларни ҳам қотириб қўйган. Мухлислар Ғани акани ҳозир ҳам эслашади. «Қонли сароб» номли спектакл бўларди. Ичкаридаги барда (спектаклга одам чақириш учун) шаҳардаги энг сифатли пивони олиб келишарди ва уни атайлаб антракт пайтида, яъни танаффус пайтида сотардилар. Буям бир бемаънилик. Одамлар танаффус бўлди дегунча пивога югуришарди. Ғани ака эса ўша спектаклда танаффусдан кейин ўйнарди, роли 10-15 дақиқа давом этарди. Ғани аканинг навбати келиши билан одамлар пиволарини ташлаб, спектаклга қайтардилар, Ғани аканинг роли тугаганидан кейин яна пиво ичишга чиқиб кетишарди. Лекин, афсуски (изоҳ бериб ўтай: машҳурликлари туфайлигина санъаткорман деб ўйлаб юрганлар учун афсус), ҳозирги пайтда машҳурлик тушунчаси бироз ўзгарди. Битта-яримта чала-чулпа қўшиқ айтиб, дидсиз оломонни қойил қилиб ҳам машҳур бўлиш мумкин. Лекин бу сиз айтмоқчи бўлган асл шон-шуҳрат эмас — сароб! Эртага унутилади. Аммо асл санъаткорни юз йилдан кейин ҳам эслайдилар. Бундай санъаткор диди баланд мухлис учун яшайди. Диди баланд мухлиснинг даражасига интилади. Қолсам, ўз одамларим орасида қолай, дейди. Келажакда мени ўз даражамдаги одамлар эсласин, деб орзу қилади. Ҳа, санъатда дид энг муҳим масала — ҳаёт-мамот масаласи.

034Бир ҳикоят бор: тишлари тўкилган, кучсиз, ўрнидан ҳам туролмай қолган қари шернинг ёнига бир ит келиб, мен сен билан уришмоқчиман, дейди. Сен билан уришмайман, дейди шер. Ит, мен билан уришсанг, итлар орасида ит шерни енгибди, деган гап бўлади-да, шу гапдан қўрқаяпсан-да, а, дейди. Шер, йўқ, итлар орасида гап бўлишидан қўрқмайман, мен шерман, шерлар орасида гап тарқалишидан, шер ит билан уришибди, дея устимдан кулишларидан қўрқаман, деб жавоб беради.

— Табиий тимсоллардан иборат бўлган ёрқин мўъжизаларни, идрокдан ташқаридаги шаклларни яратиш — Яратувчининг ўзигагина хос. Образ яратмоқчи бўлган санъаткорнинг имкониятлари эса ниҳоятда чекланган, у бу масалада жудаям нўноқ, жудаям  уқувсиз, унинг ишлари худди буюк рассомнинг асарини яхши кўриб қолиб, расм чизишга уринган боланинг ишларини эслатади.

— Лекин бу боланинг бошқа овунчоғи йўқ. Бошқаларга эрмак кўпдир балки, у болакай эса бўлак ишни қилолмайди, шунинг ўзи билангина овунади. Ахир уни Худо яратган-да! Унинг ўзи ҳар қандай санъат асаридан кўра буюк ва ҳайратланарли мўъжиза. Фаришталар одамнинг яралишидан норози бўлган пайтда одам Худонинг марҳамати билан нотаниш нарсаларнинг ҳам номларини ўзи айта бошлаганида фаришталар хатоларини тан олишган. Энг ёрқин санъат асарлари фаришталарнинг ўша хатоларини эслатиб турса керак.

Бу ёғини сўрасангиз, санъатда ҳам, адабиётда ҳам тақдирларига тадбир излаб юрган ҳаваскорлар кўп. Яна битта жиҳат ҳам бор: асл санъаткорлар билан сохта санъаткорларнинг ўртасидаги фарқ. Яқинда бир донишманд киши билан гаплашиб қолдим. Ундан нега асл санъаткорлар улуғ ишларни амалга оширадилар-да, сукут сақлайдилар, сохта санъаткорлар эса ҳеч нарса қилмайдилар-да, лекин оламни бузиб, ҳадеб бақиргани бақирган, деб сўрадим. Шунда у киши образли қилиб жавоб берди: эътибор беринг, эндигина кўзи очилган кучукчанинг ҳам ҳургиси келади. Чунки у она итнинг боласи бўлгани учунмас, ҳуришни билгани учун ҳуради.

Ҳа, бу жавобда ҳикмат бор.

— Адабиёт оламида адиб ҳам, шоир ҳам бўлолмаган, лекин ёзиб яшашга қасд қилган истеъдодсиз одамлар учрайди. Театрда ҳам театр учун туғилмаган бўлсалар-да, театрдан ниманидир тама қилиб, ундан кетмайдиган одамлар йўқ эмас.

022— Қалам аҳли қаторига суқилиб киришни истаганлар дидни ўтмаслаштирадилар… Театрдаги истеъдодсизлар ҳам хавфли одамлар: театрда театрни йўқотиш учун изғиб юришади. Бунақалар Худонинг театр одамларига юборган бир синови. Улар ўзи катта саҳна учун — ҳаёт учун туғилишган. Қарасалар, катта ҳаётда яна битта кичкина саҳна ҳам бор экан. Кел, мана шу ерда ҳам бир ўйнаб кўрай дейишади. Энди улар ўйиннинг каттасини кўрсата бошлайдилар: ойлигим кам… тўйим кўп… эҳтиёжим бор… унвоним йўқ ва ҳоказо… (Кимки ишқсиз илму ҳикмат истағай, илм бирла молу давлат истағай, дейдилар Ҳазрат). Улар охир-оқибат театрни ўлдиришади. Аммо театр ҳам аяб ўтирмайди, ўч олади. Бир неча авлодни ўз саҳнасидан сидириб ташлайди. Шунинг учун ҳам устозларимиз образли қилиб, театрга жон ато этиш учун жондан кечиш керак, дейишарди.

Устозларимиз бизга айнан нималарнидир ўргатишмаган, балки йўл кўрсатишган. Тошхўжа Хўжаев шундай талаб қилар эди: бир кунда — ҳатто газета-журнал бўлса ҳам майли — юз варақ ўқимасанг, битта яхши кино ёки спектакл кўрмасанг, кечқурун кимсасиз театрнинг қоронғу саҳнасида лоақал бир соат-ярим соат хаёлга толмасанг — сен режиссёр бўлолмайсан.

Ҳа, устоз тўғри айтган экан. Бу асл қонуният бугун ҳам ўз кучида турибди: агар китоб ўқиб, уйқунг келса, агар театрнинг қоронғу саҳнасида хаёлга толиб ўтиролмайдиган бўлсанг, агар спектакл кўришга тоқатинг етмаса, сен хафа бўлма, аксинча, мен театр одами эмас эканман, деб хурсанд бўл… Жоним омон қолар экан, де. Ҳаётдан лаззатланиб яшашим мумкин экан, деб севин. Ва энди сендан бир илтимос, бу эшикни орқасидан ёпиб кет. Бу — сен кириб-чиқиб юрадиган эшик эмас, бемалол қаттиқ ёпавер. «Дийдор» студиясига келгунча ўзларини профессионал санаб юрган актёр ва режиссёрларнинг кўпчилиги эшигимизни секин ғойиб бўлиш асносида орқасидан ёпиб кетишди. Мен улар учун хурсанд бўлдим.

— Бир қарашда ҳаёт санъатсиз ҳам давом этаверадигандай туюлади… Чунки санъат фақат  хос одамлар учунгина мавжуд, фақат  хос одамларгина санъатсиз яшолмайдилар, деган қараш ҳам бор. Лекин инсон борки, токи унинг қалби тирик экан, ўзи билган-билмаган ҳолда кўнглида санъатга ошноликни ҳис этади. Эндигина ўн иккига кирган қиз кўзининг нурини тўкиб тикаётган каштада асл санъат алифбосини таний бошлайди, бу жараён унинг туйғуларини парваришлайди.

045— Яхши асарнинг туғилишини Иброҳим алайҳиссаломни ўтга ташлаган пайтларида қалдирғоч ўтни ўчириш учун тумшуғида сув олиб келган ҳодисага ўхшатиш мумкин. Зайнаб Садриевани кўп эслайман. У кишини саҳнада кўриб, ҳайдаб юборган келинларини қайтариб олиб келган онахонлардан хатлар олганмиз. Неча-неча бузилган оилалар Зайнаб опа туфайли қайта тикланган. «Ғариблар»ни қўйганимизда, спектакл тугаши биланоқ, уч-тўрт чақиримдаги уйига кирмасдан, 400-500 километр наридаги ота-онасини кўргани кетган томошабинлар қанча. Агар суриштириб кўрсангиз, театрга ҳар ким ўз важи билан келади, биров онасини олиб келади, биров хотинини, бошқаси эса ёнидаги билан яқиндан танишиш учун спектаклни баҳона қилади… Лекин саҳнада одамларни бирлаштирадиган, одамнинг дардини одамга юқтирадиган қувват бор. Вазифадан бутунлай фарқ қиладиган хизматнинг юки жуда оғир. Театрда ишламайдилар, у ерда хизмат қилишади. Театр одамлари эса театрдаги машғулотларни ана шу камтарона хизмат учун узлуксиз давом эттиришлари шарт.

— Санъат ҳам, адабиёт ҳам (ҳаттоки илм-фан ҳам) фақат битта нарсани англатмоқчи, фақат битта нарсани изоҳлаб бермоқчи бўлади. Аммо у мавҳум. Балки заррадан ҳам кичикдир, балки коинотдан ҳам кенгдир… Лекин мавҳум. Умуман, санъат асарларидаги буюк қудратдан дарак бериб турадиган, фақатгина элас-элас идрок қилинадиган ўша жозибадор таъсиротни Станиславский шундай изоҳлайди: «Санъат бу ҳақиқий ҳаёт эмас, ҳатто унинг акси ҳам эмас. Санъат ўзича яратувчидир. У ўзининг замон ва макондан ажралган шахсий ҳаётини яратади. Бу ҳаёт эса мавҳумлиги билан гўзал».

— Ҳа, шундай. Санъаткорлар ҳам, сиз айтмоқни олимлар ҳам ўз-ўзича яратувчи. Математик Григорий Перельман Санкт-Петербургда, кичик бир квартирада, жуда оддий яшайди. Яқинда у мукофоти бир миллион доллардан иборат бўлган Пуанкаре гипотезасига жавоб топди. Лекин Перельман ўз жавоби сўнгида Клея математиклар институти томонидан таъсис этилган ўша бир миллион доллардан воз кечганини ҳар ким ҳар хил изоҳлаши мумкин… Аммо йигитнинг пулни инкор қилишида ҳам, у топган аниқ жавобнинг моҳиятида ҳам бутунлай бошқа бир нарса бор — тушунтириб бўлмайди. Одам худди ўша ёмбини кўргандай, тушунгандай, сезгандай, идрок қилгандай бўлади. Лекин унинг аслида нималиги номаълум. Идрокда қандайдир сир- ли кечинма юз беради. Санъаткорлар ҳам шу тариқа ниманидир айтмоқчи, тушунтирмоқчи бўладилар…

Аммо ҳеч нарсани тушунтириб, англатиб бўлмайди. Айтинг-чи, бу ҳаётда тушунтириб, англатиб бўладиган нима бор аслида? Бу — аччиқ, бу — ширин, бу — нордон, деймиз. Лекин ширин дегани нима? Аччиқ дегани-чи? Тушунтириб бўлмайди. Ҳолат-ҳодисаларда ҳам шундай.

Санъат асарларининг моҳиятида ҳам фақат идрок этиладиган, ҳис қилинадиган, аммо тушунтириб бўлмайдиган ёмби бор. Театр одамлари Станиславский айтган ўша ёмби учун яшайдилар… Улар кези келганда, мисолимиздаги олим йигитга ўхшаб, алам, оғриқ ва ҳасратлардан тубанда ётган миллионларни инкор қилишади…

— Сиз ишлаётган «Дийдор» студиясидаги иш тартиби Станиславскийнинг мактабига хос темир қонунларни эслатади. Чунки у ердаги ёш ижодкорлар худди Станиславскийнинг ҳаваскор актёрлари сингари тор ва энсиз жойни саҳнага айлантириб, ўзларини намойиш қилишяпти. Энг муҳими — тинимсиз машқ ва интизом орқали «кечинма санъати»ни чуқур эгаллаш. Гурунгимиз сўнгида «Дийдор» ҳақида, кичкинагина театр студияси шаклидаги катта  даргоҳ  ҳақида гапириб берсангиз.

032013— Агар ижодкорда интизом бўлмаса, у ҳақиқий ижодкор бўлолмайди. Биз студиямиздаги ўқувчиларга тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Булар оддий, лекин юки оғир тушунчалар: сен ўзингни санъатда севма, балки қалбингдаги Худо берган оловга — санъатга бўлган оташга муҳаббат қўй; сен актёр бўлмоқчисан, чин маънода ақл юритишга ўрган; ётиш-туришингни, еб-ичишингни, гапиришингни муттасил назорат қил; қоронғу саҳнада ўтириб, тин ол, сукут сақла — нима учун Гамлетнинг ҳар бир монологи «…Энди жим бўл» ёки «Энди сукут сақла» деган сўзлар билан тугайди? Бу ҳақда яхшилаб ўйлаб кўр; боболарга қулоқ тут, улар ҳам: кўп ема, кўп ухлама, кўпроқ сукут сақла, деб насиҳат қилишаяпти… Актёр қуёшнинг қизиғида машқ қилаётган пайтда сен сояда ўтириб буюрма, сен ҳам қўлингдаги соябонни ташлаб, қуёшнинг тиғига бошингни тутиб тур, актёр билан елкама-елка туриб меҳнат қилмасанг — жиноятчисан; мухлислар сенга гул беришса, гул кўрмаган одамга ўхшаб ҳаммасини қучоқлаб кетма, охирида саҳна учун таъзим қил ва бир донагина гул қолдиришни унутма.

Шунақа. Асл санъат илинжида дийдор тортиб келганларга иложи борича шуларни ўргатамиз. Чунки «Дийдор» — бу саҳна. Саҳна эса муқаддас даргоҳ.

Манба: «Маънавий ҳаёт» журнали, 2015/3

046

TEATR ODAMLARI
Taniqli  rejissyor Bahodir Yo’ldoshev  bilan gurung
Nurilla Narzullayev suhbatlashdi.
045

05YO’LDOSHEV Bahodir Tursunovich (1945.7.9, Kattaqo’rg’on sh.) — rejissyor, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1979), O’zbekiston xalq artisti (1995). Toshkent teatr va rassomlik san’ati in-tini tugatgan (1970). Hamza teatrida rej. assistenti (1968—70), rej. (1970-74), bosh rejissyor. (1974-84). 1984 yildan Abror Hidoyatov nomidagi drama teatrining bosh rejissyori bo’lib ishlagan. Bugungi kunda «Diydor» studiyasining badiiy rahbari. Eng yaxshi spektakllari: «Ro’yxatlarda yo’q» (B. Vasil`ev), «Kelinlar qo’zg’oloni», «Farmonbibi arazladi» (S. Ahmad), «Nodirabegim» (T. To’la), «Yulduzli tunlar» (P. Qodirov), «Zebunniso» (Uyg’un), «Maysaraning ishi» (Hamza), «Qora kamar» (SH. Xolmirzaev), «Iskandar» (A. Navoiy), «Arshin mol olon» (U. Hojibekov),«Malika» (Fotima Galer), «Buyuk ipak yo’li» (M. Bafoev musiqasi asosida),«Buxoroyi sharif» (S. Ayniy asari asosida), «Tog’a-jiyanlar» (R. Bobojon) va b. Bir qancha boshqa teatrlarda ham spektakllar qo’ygan: Muqimiy teatrida «Nodirabegim», Laos teatrida «Kelinlar qo’zg’oloni», AQShda «Dunyo yoshlari», Konibodom teatrida «Sudxo’rning o’limi», Sirdaryo teatrida «Dardimni kimga aytay», «Ma’mura kampir», Samarqand teatrida «Nodirabegim»,«Checha», «Buyuk ipak yo’li», Navoiy teatrida «Alisher Navoiy» operasi va b. U, shuningdek, mamlakatning turli sanalariga bag’ishlangan bayram tomoshalari- ni sahnalashtirgan: «Ulug’bek yubileyi» (1994), «Navro’z» (1995), «Amir Temur yubileyi» (1996, Registon), «Sharq ta ronalari» (1997 yildan 2013 yilgacha) va b. shular jumlasidan. Kinoda aktyor sifatida Olchinbek («Olovli yo’llar»), Muxtorov («Tog’dagi uchrashuv»), Sherzod («Olmos kamar»), Sobirov («Oshpaz») Akaxon ( «Dev bilan pakana») kabi obrazlar yaratgan. Uning spektakllari har bir vokeaning, epizodning mohiyatini ifodalashga qodir sahna vositalariga boyligi b-n, tasviriy vositalar, musiqa, plastikaning murakkab ohangdoshligi b-n ajra- lib turadi. Shuningdek, yangi sahna shakllarini topish, davr mavzusi, g’oyalari, xarakter, o’zbek teatri an’analarini unutmagan holda jahon teatri jarayoni kengliklariga chiqishga intilish, bugungi kun uchun dolzarb bo’lgan mavzuni hozirjavoblik b-n sahnaga olib chiqish Bahodir Yo’ldoshev ijodiga xos.

045

034Bahodir aka, bu yil 70 yoshni qarshiladingiz. Umringizni san’atga, teatrga bag’ishladingiz. Odam umrini nimaga bag’ishlasa, oxir-oqibat uning o’zi shu narsaga aylanadi, degan gap bor. Ma’lumki, teatr zulmatda yorug’likni, g’aflatda bedorlikni, g’amda hamdardlikni namoyish etib kelgan. Zarur bo’lganda u ijodkordan qurbonlik ham talab qiladi. Teatr odami shu talablarga ruhan tayyor bo’lishi kerak. Ayting-chi, «teatr odami» degan ibora siz uchun qanday mazmun kasb etadi?

— To’g’ri, teatr qurbonlik talab qiladi, lekin bu tabiiy hol. Ya’ni, teatr odamining teatrga hamma narsasini bag’ishlashi tabiiy. Chunki u teatr uchun tug’iladi. Chetdan qaraganda ehtimol bu fojea bo’lib tuyular, yo’q, aslida unday emas, teatr odamining baxti teatrga o’zini baxsh etishida. U faqat aktyor yoki rejissyor emas, teatrning rassomi bilan grimyoridan tashqari yana qancha odami bor! Ular teatrdan boshqa joyda ishlamaydilar! Xuddi masjidning farroshi masjiddan boshqa joyda ishlamaganday (o’n barobar ko’p oylik bersangiz ham, u kafening eshigini supurmaydi). Angliyada teatr odamlaridan bittasini boshda «tanimaydilar», u odam bir necha bor: meni aktyor sifatida sinab ko’ringlar, Gamletni bir martagina o’ynay, deb qayta-qayta iltimos qilishiga qaramasdan, unga: «Sen-a?! Sen hali Gamletni o’ynamoqchimisan?!» qabilidagi kinoyalar bilan: «Umuman, sendan hech qanaqa aktyor chiqmaydi», deb iltimosini rad etishadi. U chor-nochor, hech bo’lmasa, rekvizitor bo’lib ishga kirishni so’raydi. Nihoyat, uni rekvizitor qilib ishga olishadi. U umrini o’sha teatrda o’tkazadi. Umri poyoniga yetganida: «Gamletni o’ynagan aktyor monolog aytayotgan paytda rekvizitlar orasidagi yasama bosh chanoqni emas, mening bosh chanog’imni ko’tarib tursin», deb bosh chanog’ini teatrga qoldirishni vasiyat qiladi. Uning bosh chanog’i hozir ham bor. Hozir ham o’sha teatrda qaysi aktyor Gamletni o’ynasa, monolog aytayotgan paytda sobiq rekvizitorning bosh chanog’ini ko’tarib aytadi. O’sha odam aslida teatrning odami edi.

Teatrdagi jarayonlar sizga kaftingizdagi chiziqlarday ko’rinib turadi. Chunki siz bu sohaning ichida bo’lganingiz kabi, bu soha ham sizning ichingizdadir. Ayting-chi, shon-shuhratdan yuz o’girib, o’zini qidirgan, salohiyatli, quvvai hofizasi keng, o’zi bog’lanib qolgan teatr uchungina yashagan birorta aktyorni uchratdingizmi?

034— Gap shundaki, bu sohada o’zini teatrga bag’ishlagan odam baribir taniladi. G’ani A’zamov haqiqiy ma’noda shon-shuhrat egasi edi. Holbuki, u kishi umri davomida ikkinchi, uchinchi, beshinchi planlardagi rollarni o’ynagan. Uning «Oltin devor»dagi Mo’min obrazidan boshqa bosh roli yo’q. Lekin beshinchi planlardagi parchalarni ham qotirib qo’ygan. Muxlislar G’ani akani hozir ham eslashadi. «Qonli sarob» nomli spektakl bo’lardi. Ichkaridagi barda (spektaklga odam chaqirish uchun) shahardagi eng sifatli pivoni olib kelishardi va uni ataylab antrakt paytida, ya’ni tanaffus paytida sotardilar. Buyam bir bema’nilik. Odamlar tanaffus bo’ldi deguncha pivoga yugurishardi. G’ani aka esa o’sha spektaklda tanaffusdan keyin o’ynardi, roli 10-15 daqiqa davom etardi. G’ani akaning navbati kelishi bilan odamlar pivolarini tashlab, spektaklga qaytardilar, G’ani akaning roli tugaganidan keyin yana pivo ichishga chiqib ketishardi. Lekin, afsuski (izoh berib o’tay: mashhurliklari tufayligina san’atkorman deb o’ylab yurganlar uchun afsus), hozirgi paytda mashhurlik tushunchasi biroz o’zgardi. Bitta-yarimta chala-chulpa qo’shiq aytib, didsiz olomonni qoyil qilib ham mashhur bo’lish mumkin. Lekin bu siz aytmoqchi bo’lgan asl shon-shuhrat emas — sarob! Ertaga unutiladi. Ammo asl san’atkorni yuz yildan keyin ham eslaydilar. Bunday san’atkor didi baland muxlis uchun yashaydi. Didi baland muxlisning darajasiga intiladi. Qolsam, o’z odamlarim orasida qolay, deydi. Kelajakda meni o’z darajamdagi odamlar eslasin, deb orzu qiladi. Ha, san’atda did eng muhim masala — hayot-mamot masalasi.

034Bir hikoyat bor: tishlari to’kilgan, kuchsiz,
o’rnidan ham turolmay qolgan qari sherning yoniga bir it kelib, men sen bilan urishmoqchiman, deydi. Sen bilan urishmayman, deydi sher. It, men bilan urishsang, itlar orasida it sherni yengibdi, degan gap bo’ladi-da, shu gapdan qo’rqayapsan-da, a, deydi. Sher, yo’q, itlar orasida gap bo’lishidan qo’rqmayman, men sherman, sherlar orasida gap tarqalishidan, sher it bilan urishibdi, deya ustimdan kulishlaridan qo’rqaman, deb javob beradi.

— Tabiiy timsollardan iborat bo’lgan yorqin mo»jizalarni, idrokdan tashqaridagi shakllarni yaratish — Yaratuvchining o’zigagina xos. Obraz yaratmoqchi bo’lgan san’atkorning imkoniyatlari esa nihoyatda cheklangan, u bu masalada judayam no’noq, judayamuquvsiz, uning ishla- ri xuddi buyuk rassomning asarini yaxshi ko’rib qolib, rasm chizishga uringan bolaning ishlarini eslatadi.

— Lekin bu bolaning boshqa ovunchog’i yo’q. Boshqalarga ermak ko’pdir balki, u bolakay esa bo’lak ishni qilolmaydi, shuning o’zi bilangina ovunadi. Axir uni Xudo yaratgan-da! Uning o’zi har qanday san’at asaridan ko’ra buyuk va hayratlanarli mo»jiza. Farishtalar odamning yaralishidan norozi bo’lgan paytda odam Xudoning marhamati bilan notanish narsalarning ham nomlarini o’zi ayta boshlaganida farishtalar xatolarini tan olishgan. Eng yorqin san’at asarlari farishtalarning o’sha xatolarini eslatib tursa kerak.

Bu yog’ini so’rasangiz, san’atda ham, adabiyotda ham taqdirlariga tadbir izlab yurgan havaskorlar ko’p. Yana bitta jihat ham bor: asl san’atkorlar bilan soxta san’atkorlarning o’rtasidagi farq. Yaqinda bir donishmand kishi bilan gaplashib qoldim. Undan nega asl san’atkorlar ulug’ ishlarni amalga oshiradilar-da, sukut saqlaydilar, soxta san’atkorlar esa hech narsa qilmaydilar-da, lekin olamni buzib, hadeb baqirgani baqirgan, deb so’radim. Shunda u kishi obrazli qilib javob berdi: e’tibor bering, endigina ko’zi ochilgan kuchukchaning ham hurgisi keladi. Chunki u ona itning bolasi bo’lgani uchunmas, hurishni bilgani uchun huradi.

Ha, bu javobda hikmat bor.

— Adabiyot olamida adib ham, shoir ham bo’lolmagan, lekin yozib yashashga qasd qilgan iste’dodsiz odamlar uchraydi. Teatrda ham teatr uchun tug’ilmagan bo’lsalar-da, teatrdan nimanidir tama qilib, undan ketmaydigan odamlar yo’q emas.

022— Qalam ahli qatoriga suqilib kirishni istaganlar didni o’tmaslashtiradilar… Teatrdagi iste’dodsizlar ham xavfli odamlar: teatrda teatrni yo’qotish uchun izg’ib yurishadi. Bunaqalar Xudoning teatr odamlariga yuborgan bir sinovi. Ular o’zi katta sahna uchun — hayot uchun tug’ilishgan. Qarasalar, katta hayotda yana bitta kichkina sahna ham bor ekan. Kel, mana shu yerda ham bir o’ynab ko’ray deyishadi. Endi ular o’yinning kattasini ko’rsata boshlaydilar: oyligim kam… to’yim ko’p… ehtiyojim bor… unvonim yo’q va hokazo…
(Kimki ishqsiz ilmu hikmat istag’ay, ilm birla molu davlat istag’ay, deydilar Hazrat). Ular oxir-oqibat teatrni o’ldirishadi. Ammo teatr ham ayab o’tirmaydi, o’ch oladi. Bir necha avlodni o’z sahnasidan sidirib tashlaydi. Shuning uchun ham ustozlarimiz obrazli qilib, teatrga jon ato etish uchun jondan kechish kerak, deyishardi.

Ustozlarimiz bizga aynan nimalarnidir o’rgatishmagan, balki yo’l ko’rsatishgan. Toshxo’ja Xo’jaev shunday talab qilar edi: bir kunda — hatto gazeta-jurnal bo’lsa ham mayli — yuz varaq o’qimasang, bitta yaxshi kino yoki spektakl ko’rmasang, kechqurun kimsasiz teatrning qorong’u sahnasida loaqal bir soat-yarim soat xayolga tolmasang — sen rejissyor bo’lolmaysan.

Ha, ustoz to’g’ri aytgan ekan. Bu asl qonuniyat bugun ham o’z kuchida turibdi: agar kitob o’qib, uyqung kelsa, agar teatrning qorong’u sahnasida xayolga tolib o’tirolmaydigan bo’lsang, agar spektakl ko’rishga toqating yetmasa, sen xafa bo’lma, aksincha, men teatr odami emas ekanman, deb xursand bo’l… Jonim omon qolar ekan, de. Hayotdan lazzatlanib yashashim mumkin ekan, deb sevin. Va endi sendan bir iltimos, bu eshikni orqasidan yopib ket. Bu — sen kirib-chiqib yuradigan eshik emas, bemalol qattiq yopaver. «Diydor» studiyasiga kelguncha o’zlarini professional sanab yurgan aktyor va rejissyorlarning ko’pchiligi eshigimizni sekin g’oyib bo’lish asnosida orqasidan yopib ketishdi. Men ular uchun xursand bo’ldim.

— Bir qarashda hayot san’atsiz ham davom etaveradiganday tuyuladi… Chunki san’at faqat xos odamlar uchungina mavjud, faqat xos odamlargina san’atsiz yasholmaydilar, degan qarash ham bor. Lekin inson borki, toki uning qalbi tirik ekan, o’zi bilgan-bilmagan holda ko’nglida san’atga oshnolikni his etadi. Endigina o’n ikkiga kirgan qiz ko’zining nurini to’kib tikayotgan kashtada asl san’at alifbosini taniy boshlaydi, bu jarayon uning tuyg’ularini parvarishlaydi.

044— Yaxshi asarning tug’ilishini Ibrohim alayhissalomni o’tga tashlagan paytlarida qaldirg’och o’tni o’chirish uchun tumshug’ida suv olib kelgan hodisaga o’xshatish mumkin. Zaynab Sadrievani ko’p eslayman. U kishini sahnada ko’rib, haydab yuborgan kelinlarini qaytarib olib kelgan onaxonlardan xatlar olganmiz. Necha-necha buzilgan oilalar Zaynab opa tufayli qayta tiklangan. «G’ariblar»ni qo’yganimizda, spektakl tugashi bilanoq, uch-to’rt chaqirimdagi uyiga kirmasdan, 400-500 kilometr naridagi ota-onasini ko’rgani ketgan tomoshabinlar qancha. Agar surishtirib ko’rsangiz, teatrga har kim o’z vaji bilan keladi, birov onasini olib keladi, birov xotinini, boshqasi esa yonidagi bilan yaqindan tanishish uchun spektaklni bahona qiladi… Lekin sahnada odamlarni birlashtiradigan, odamning dardini odamga yuqtiradigan quvvat bor. Vazifadan butunlay farq qiladigan xizmatning yuki juda og’ir. Teatrda ishlamaydilar, u yerda xizmat qilishadi. Teatr odamlari esa teatrdagi mashg’ulotlarni ana shu kamtarona xizmat uchun uzluksiz davom ettirishlari shart.

— San’at ham, adabiyot ham (hattoki ilm-fan ham) faqat bitta narsani anglatmoqchi, faqat bitta narsani izohlab bermoqchi bo’ladi. Ammo u mavhum. Balki zarradan ham kichikdir, balki koinotdan ham kengdir… Lekin mavhum. Umuman, san’at asarlaridagi buyuk qudratdan darak berib turadigan, faqatgina elas-elas idrok qilinadigan o’sha jozibador ta’sirotni Stanislavskiy shunday izohlaydi: «San’at bu haqiqiy hayot emas, hatto uning aksi ham emas. San’at o’zicha yaratuvchidir. U o’zining zamon va makondan ajralgan shaxsiy hayotini yaratadi. Bu hayot esa mavhumligi bilan go’zal».

05— Ha, shunday. San’atkorlar ham, siz aytmoqni olimlar ham o’z-o’zicha yaratuvchi. Matematik Grigoriy Perel`man Sankt-Peterburgda, kichik bir kvartirada, juda oddiy yashaydi. Yaqinda u mukofoti bir million dollardan iborat bo’lgan Puankare gipotezasiga javob topdi. Lekin Perel`man o’z javobi so’ngida Kleya matematiklar instituti tomonidan ta’sis etilgan o’sha bir million dollardan voz kechganini har kim har xil izohlashi mumkin… Ammo yigitning pulni inkor qilishida ham, u topgan aniq javobning mohiyatida ham butunlay boshqa bir narsa bor — tushuntirib bo’lmaydi. Odam xuddi o’sha yombini ko’rganday, tushunganday, sezganday, idrok qilganday bo’ladi. Lekin uning aslida nimaligi noma’lum. Idrokda qandaydir sir- li kechinma yuz beradi. San’atkorlar ham shu tariqa nimanidir aytmoqchi, tushuntirmoqchi bo’ladilar…

Ammo hech narsani tushuntirib, anglatib bo’lmaydi. Ayting-chi, bu hayotda tushuntirib, anglatib bo’ladigan nima bor aslida? Bu — achchiq, bu — shirin, bu — nordon, deymiz. Lekin shirin degani nima? Achchiq degani-chi? Tushuntirib bo’lmaydi. Holat-hodisalarda ham shunday.

San’at asarlarining mohiyatida ham faqat idrok etiladigan, his qilinadigan, ammo tushuntirib bo’lmaydigan yombi bor. Teatr odamlari Stanislavskiy aytgan o’sha yombi uchun yashaydilar… Ular kezi kelganda, misolimizdagi olim yigitga o’xshab, alam, og’riq va hasratlardan tubanda yotgan millionlarni inkor qilishadi…

— Siz ishlayotgan «Diydor» studiyasidagi ish tartibi Stanislavskiyning maktabiga xos temir qonunlarni eslatadi. Chunki u yerdagi yosh ijodkorlar xuddi Stanislavskiyning havaskor aktyorlari singari tor va ensiz joyni sahnaga aylantirib, o’zlarini namoyish qilishyapti. Eng muhimi — tinimsiz mashq va intizom orqali «kechinma san’ati»ni chuqur egallash. Gurungimiz so’ngida «Diydor» haqida, kichkinagina teatr studiyasi shaklidagi katta dargoh haqida gapirib bersangiz.

— Agar ijodkorda intizom bo’lmasa, u haqiqiy ijodkor bo’lolmaydi. Biz studiyamizdagi o’quvchilarga to’g’ri yo’l ko’rsatishga harakat qilayapmiz. Bular oddiy, lekin yuki og’ir tushunchalar: sen o’zingni san’atda sevma, balki qalbingdagi Xudo bergan olovga — san’atga bo’lgan otashga muhabbat qo’y; sen aktyor bo’lmoqchisan, chin ma’noda aql yuritishga o’rgan; yotish-turishingni, yeb-ichishingni, gapirishingni muttasil nazorat qil; qorong’u sahnada o’tirib, tin ol, sukut saqla — nima uchun Gamletning har bir monologi «…Endi jim bo’l» yoki «Endi sukut saqla» degan so’zlar bilan tugaydi? Bu haqda yaxshilab o’ylab ko’r; bobolarga quloq tut, ular ham: ko’p yema, ko’p uxlama, ko’proq sukut saqla, deb nasihat qilishayapti… Aktyor quyoshning qizig’ida mashq qilayotgan paytda sen soyada o’tirib buyurma, sen ham qo’lingdagi soyabonni tashlab, quyoshning tig’iga boshingni tutib tur, aktyor bilan yelkama-yelka turib mehnat qilmasang — jinoyatchisan; muxlislar senga gul berishsa, gul ko’rmagan odamga o’xshab hammasini quchoqlab ketma, oxirida sahna uchun ta’zim qil va bir donagina gul qoldirishni unutma.

Shunaqa. Asl san’at ilinjida diydor tortib kelganlarga iloji boricha shularni o’rgatamiz. Chunki «Diydor» — bu sahna. Sahna esa muqaddas dargoh.

Manba: «Ma’naviy hayot» jurnali, 2015/3

046

(Tashriflar: umumiy 294, bugungi 1)

Izoh qoldiring