Tilak Jo’ra. She’rlar

tilak jura    26 май — шоир Тилак Жўра таваллуд топган кун

Баъзан-баъзан  интернет тармоғида ёшларнинг «Ўзбек адабиёти  қачон дунё майдонига чиқади, ўзбек шоирлари қачон Нобель мукофоти олади» дея баҳсу мунозара қилганининг гувоҳи бўламан. Ана шундай пайтда мен «Ўзбек адабиётини аввалан ўзбекларнинг ўзи билганда, идрок этганда, Тилак Жўрадай шоирлари борлигини, унинг шеърларини юрагида ҳис эта билгандагина бу адабиёт дунёга чиқади» деб айтгим келади.

ТИЛАК ЖЎРА
ШЕЪРЛАР
07

09   Тилак Жўра 1947 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Сайёт қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг филология факултетини тамомлаган (1972). «Райҳон» (1977), «Олам остонаси» (1980), «Юлдузлар табассуми» (1981), «Чорраҳадаги уй» (1983), «Сандувоч» (1988), «Руҳият» (1990) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Ҳозирги турк шеърияти», «Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон» сингари илмий тадқиқотлар муаллифи. 1994 йил вафот этган.
Тилак Жўра бу дунёда кўп яшамади. У кўп китоб ҳам чиқармади. Катта-катта,узундан-узоқ шеърлару достонлар ҳам ёзмади. Ундан умридай қисқа шеърлар қолди. Бу қисқа шеърлардаги улкан ҳаяжонлар,боқий дардлар қолди.
Тилак Жўра сиймоси, энг аввало ўта беғубор инсон сифатида ёдимизда муҳрланган. Шахсан мен қачон шоир акамни эсласам юзидаги доимий табассум «ярқ» этб кўз ўнгимда пайдо бўлади. Табассум унинг яшаши эди.
Тилак Жўра менинг диплом ишимга раҳбар бўлган. Ҳам дангасалик қилганимдан, ҳам диплом ёзишни пайсалга солиб фақат шеър ёзишга берилиб кетганимдан иш кечикиб кетган бўлса-да, Тилак ака мени кўпам койимасди. ”Машинисткага айт,қоғоз атрофидаги поляларни катта-катта ташлаб ёзсин!” деб қайта-қайта уқтиришлари, дипломни ҳимоя қилган куним Оқтепадаги боғда сармаст бўлганларимиз (Жўраларим орасида «Хуршиднинг боғи» номи билан машҳур боғ тўқимачилик комбинатига қарашли бўлиб,эни билан бўйи бор-йўғи 2×2 метр бўлган каталакдек хона, янада очиқроқ айтсам, бир пайтлар трансфоматор будкаси бўлиб хизмат қилган ижарахонам шу боғнинг ўртасида эди), Тилак аканинг улкан боғни тўлдириб кулишлари ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак…

    Баъзан-баъзан  интернет тизимида ёшларнинг «Ўзбек адабиёти  қачон дунё майдонига чиқади, ўзбек шоирлари қачон Нобель мукофоти олади» дея баҳсу мунозара қилганининг гувоҳи бўламан. Ана шундай пайтда мен «Ўзбек адабиётини аввалан ўзбекларнинг ўзи билганда, идрок этганда, Тилак Жўрадай шоирлари борлигини, унинг шеърларини юрагида ҳис эта билгандагина бу адабиёт дунёга чиқади» деб айтгим келади.

Хуршид Даврон

05

* * *

Дунёнинг деразаси очиқ:
офтобга,
ойга,
юлдузга,
юракка,
Офтоб – уйғотар дунёни.
Ой – ёритар.
Юлдуз — дунё деворида бир сурат.

Юрак-чи?
Юрак —
офтобни,
ойни,
юлдузни
ўғирламоқ истаб,
дераза олдида турибди… титраб.

1977

* * *

Қизил гулдай тутай сенга ўзимни,
Юрагингни олгандай олгин қучоқлаб!
Сайётимнинг* мовий сийнасида учаётган
момиқ капалаклардай эркала!

Мен,
бир тола майса бўлиб ўсмоқ истайман, севгилим,
Шўрхок  ердай тўзғиб ётган миянгда,
бир дона шабнамни эркаламоқ учун…

Ҳеч бўлмаса,
Бир лаҳза,
Фаридиддин Аттор айтгандай,
Гавдам билан ёпмоқ истайман,
дўзах дарвозасини!

Менинг бу хаёлларимдан
кимдир кулар,
кимдир йиғлар.
Мени бу дунёда ,
кулдирганлар кўп,
йиғлатганлар кўп,
Аммо
ўлдирган битта:
ўз умидим,
ўз умрим!

Ҳеч бўлмаса,
бир лаҳза,
сенинг кулишинг учун,
сенинг йиғлашинг учун,
Севинч
ҳасрат бўлиб, ўлмоқни истайман!

1979

*Сайёт- шоир туғилган қишлоқнинг номи

СЕВИНЧ

Олисдан келдим:
на отда,
на пиёда.
Келдим:
лабларингга қўниб,
кўзларингга қўниб,
ёноғингда ёнгани
зиёда

1978

САРАТОН

Чайлага осиғлиқ чакки халтадан
Чак-чак томади
Сарғиш томчилар.

Чайлага суянган катда
Чол мудрар
Сочиқ-ла ҳавони елпиб.

Бутун полиз мудрар, —
Итнинг қулоғидай
Палакларнинг барги осилган…

1980

* * *

Ёмғирдай шовиллаб ёғарман ҳали,
Дарё мавжларига қўшилмоқ учун!
Тугамай умримнинг сўнгги ғазали,
Ипакдай йўлингда эшилмоқ учун!

Ёмғирдай шовиллаб ёғарман ҳали…

1978

МАШРАБ

Кўкка қараб қўлин силтади,
Ерга қараб силкди этагин.
Иккисин ҳам кўзга беркитди,
У — дунё деб билди юрагин..

НОЗИМ ҲИКМАТ СЎЗИ

Орзу билан отади ҳар тонг,
Қайғум билан чўкади ҳар шом.
Орзуларим суронидан,
Қайғуларим бўронидан.

Она Ернинг остонасига
Осмон бўлиб ёрилдим.
Келажакнинг нешонасига
Имон бўлиб ёзилдим…

Орзу билан отади ҳар тонг,
Қайғум билан чўкади ҳар шом.

1975

ЁЗ КЕЧАСИ

Севгилим,
Сенинг зарҳал тароғингми
Ойнинг янги ўроғи?
Бу кеч у
Тўлқинларга
Қоқила-қоқила
Ишқимизни
Кўзларга,
Сўзларга,
Дарёларга,
Денгизларга
Чироқ қилиб ёқади.

Ойнинг янги ўроғи…

1975

ВИСОЛ

У қушга ўхшайди,
Ё тушга –
Менинг бағримда кечади,
Олис осмонимда
Қушдай учади!

У қушга ўхшайди,
Ё тушга?!
У – буюк шарпадир.
Сендан қочади у,
Мендан кечади…

1980

УМАР ХАЙЁМ

Умридан тўрт қибла яратди,
Тўрт устун кўтарди рўйи жаҳона.
Кимни кулдирди-ю кимни йиғлатди
Тўрт уфқли кичик майхона.

1977

ОЗОДЛИК

Пол Элюарга

Қоронғу кулбада
Ниш урган майса,
Сомондай сарғайиб,
Титраб,
Югуриб бормоқда
Васса остидаги
Туйнукка қараб…

1980

ОНА НИЯТИ

От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Майли, мени ўйлама, болам,
Топганингни сарф қил ўзингга.
Лек бировга бўлмагин қарам,
Нам тегмасин сира тизингга.

Улғайтирдим полвоним дея,
Толиққанда дармоним дея.
Шамол каби елиб борасан,
Олисдаги осмоним дея.

Осмонингни олиб қайт, болам,
Қолиб кетма осмон васлида.
Отанг қурган бу кичик ҳужра
Осмондан ҳам кенгдир аслида.

От чоптириб чикдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.

* * *

Кел, эй, кўнгил, шаробдай қуйил
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.

Туйғулардан кўзим қамашиб,
Узоқ йиллар куйладим ойни.
Илон каби ул ҳам чирмашиб,
Туйғулардай авради мени.

Ой ҳам бугун бегона менга,
Бегонадир осмон ҳам ахир.
Умидимдай суяндим тонгта,
Бу тонгларки, йилт этган шамшир.

Маст айларди шудгорнинг ҳиди,
Замин бугун димиқиб ётар.
Чигирткалар саси ҳам тинди,
Сукут юрагимга наштардай ботар.

Умр ўхшар эгик дарахтга,
Белин букар буюк бир соғинч!
Мен ҳушимда ўхшаб карахтга,
Тушларимда яшайман нотинч.

Шовуллаган сойни куйладим,
Оқиздирмас ҳатто соямни.
Мен ҳамиша бахтни ўйладим,
Чақмоқларга санчиб миямни.

Йўқ! Тугамас кўнгил сафари,
Бўлмаса ҳам армоннинг васли.
Бўл ҳаётнинг ғолиб аскари,
Қалбим сендан топдим тасалли!

Кел, эй, кўнгил, шаробдай қуйил
Қақраб қолган қақроқ лабимга.
Маст бўлайин, майлига буткул,
Малҳам бўлсанг соғинч дардимга.

РУҲИЯТ

Бир яланглик бўлса,
Тўйиб-тўйиб бақирсанг,
Сўниб қолган руҳингни
Қалқиб-қалқиб чақирсанг!..

Титраса товушингдан
Димиққан бағринг, тананг,
Сочилиб дил ғубори
Қоядаги майсадай
Силкиниб турса шонанг.

Оҳ, десанг, оҳлар десанг,
Бу қандай чоғлар десанг,
Елкамни тоғдай босган
Бу қандай доғлар десанг!

Қўл бутун, оёқ бутун,
Дил нечун оғлар десанг,
Бу қандай имкон, охир!
Қўлларим боғлар десанг,

Бу умид қандай умид,
Дилда жон сақлар десанг!
Оҳ урсанг, оҳлар десанг,
Бу қандай замон, охир!
Тўйиб-тўйиб бақирмоқ,
Ёниб-ёниб чақирмоқ
Энди бир армон десанг.

Бир яланглик бўлса,
Айтиб-айтиб шуларни,
Учириб
Гала-гала қушларни
Тўйиб-тўйиб бақирсанг,
Куйиб-куйиб чақирсанг?!

* * *

Бу элга ғам эмас, ёмғирлар ёғсин,
Баҳор ёмғирлари, куз ёмғирлари,
Севинч ёмғирлари, ишонч ёмғирлари,
Ёғсин-эй, майлига, соғинч ёмғирлари,
Соғиниб-соғиниб келган бу элга,
Суяниб-суриниб келган бу элга,
Сўкилиб-соврилиб келган бу элга,
Суқланиб-сарғайиб келган бу элга,
Ёғсин-эй, майлига қувончлар ёғсин.

Борини бериб ҳам, бўҳтонлар олган,
Зорини айтиб ҳам, зорланиб қолган,
Сомондай сарғайиб, ҳар ён сочилиб,
Тола-тола бўлиб, толиқиб толган
Бу элга қувончлар, ишончлар ёғсин!
Бу қандай замондур, бу қандай даврон,
Умрим, ўз ҳолингга ўзингсан ҳайрон,
Не хатолар қилдинг, айтсанг-чи, ахир,
Кўнгил-да вайрондир, имон-да вайрон.

Сарғайган қамишдай сарғайган гўдак,
Сендан қадрлими бир дона кўсак?
Дардим дарё бўлиб оқизмас мени,
Елкамда кўтариб кетсам мен сени.
Сени қандай асрай, кўзи қаролиқ,
Қўлларим чўзарман, қўлларим боғлиқ,
Бу дунё гумроҳдир, гумроҳ одамлар,
Жилмайиб боқарлар, юраклар доғлиқ!

Кўкликдан кўкармай, сарғайган соҳил,
Уммонинг қайдадир, гумонинг қайда,
Сени ҳам кул қилди, кул бўлган ҳосил,
Тўфонинг қайда ҳей, суронинг қайда?!
Оҳ уриб, оҳимни мен кимга айтай,
Қани, у туш бўлса, жимгина ётай.
Лек, руҳим тирмалиб, санчилар санчиқ,
Қароғим қичқирса, мен қандай ётай!

Бу элга ғам эмас, ёмғирлар ёғсин,
Баҳор ёмғирлари, куз ёмғирлари.
Баҳордай борлиқни қувончга қорсин,
Ўзлик ёмғирлари, ўз ёмғирлари…

TILAK JO’RA
SHE’RLAR
07

065Tilak Jo’ra 1947 yilda Buxoro viloyatining Qorako’l tumanidagi Sayyot qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent Davlat Universiteti (hozirgi O’zbekiston Milliy Universiteti)ning filologiya fakultetini tamomlagan (1972). «Rayhon» (1977), «Olam ostonasi» (1980), «Yulduzlar tabassumi» (1981), «Chorrahadagi uy» (1983), «Sanduvoch» (1988), «Ruhiyat» (1990) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. «Hozirgi turk she’riyati», «Nozim Hikmat va O’zbekiston» singari ilmiy tadqiqotlar muallifi. 1994 yil vafot etgan.
Tilak Jo’ra bu dunyoda ko’p yashamadi. U ko’p kitob ham chiqarmadi. Katta-katta,uzundan-uzoq she’rlaru dostonlar ham yozmadi. Undan umriday qisqa she’rlar qoldi. Bu qisqa she’rlardagi ulkan hayajonlar,boqiy dardlar qoldi.
Tilak Jo’ra siymosi, eng avvalo o’ta beg’ubor inson sifatida yodimizda muhrlangan. Shaxsan men qachon shoir akamni eslasam yuzidagi doimiy tabassum «yarq» etb ko’z o’ngimda paydo bo’ladi. Tabassum uning yashashi edi.
Tilak Jo’ra mening diplom ishimga rahbar bo’lgan. Ham dangasalik qilganimdan, ham diplom yozishni paysalga solib faqat she’r yozishga berilib ketganimdan ish kechikib ketgan bo’lsa-da, Tilak aka meni ko’pam koyimasdi. ”Mashinistkaga ayt,qog’oz atrofidagi polyalarni katta-katta tashlab yozsin!” deb qayta-qayta uqtirishlari, diplomni himoya qilgan kunim Oqtepadagi bog’da sarmast bo’lganlarimiz (Jo’ralarim orasida «Xurshidning bog’i» nomi bilan mashhur bog’ to’qimachilik kombinatiga qarashli bo’lib,eni bilan bo’yi bor-yo’g’i 2?2 metr bo’lgan katalakdek xona, yanada ochiqroq aytsam, bir paytlar transfomator budkasi bo’lib xizmat qilgan ijaraxonam shu bog’ning o’rtasida edi), Tilak akaning ulkan bog’ni to’ldirib kulishlari hech qachon esimdan chiqmasa kerak…

    Ba’zan-ba’zan  internet tizimida yoshlarning «O’zbek adabiyoti  qachon dunyo maydoniga chiqadi, o’zbek shoirlari qachon Nobel` mukofoti oladi» deya bahsu munozara  qilganining guvohi bo’laman. Ana shunday paytda men «O’zbek adabiyotini avvalan o’zbeklarning o’zi bilganda, idrok etganda, Tilak Jo’raday shoirlari borligini, uning she’rlarini yuragida his eta bilgandagina bu adabiyot dunyoga chiqadi» deb aytgim keladi.

Xurshid Davron

05

* * *

Dunyoning derazasi ochiq:
oftobga,
oyga,
yulduzga,
yurakka,
Oftob – uyg’otar dunyoni.
Oy – yoritar.
Yulduz — dunyo devorida bir surat.

Yurak-chi?
Yurak —
oftobni,
oyni,
yulduzni
o’g’irlamoq istab,
deraza oldida turibdi… titrab.

02

1977

* * *

Qizil gulday tutay senga o’zimni,
Yuragingni olganday olgin quchoqlab!
Sayyotimning* moviy siynasida uchayotgan
momiq kapalaklarday erkala!

Men,
bir tola maysa bo’lib o’smoq istayman, sevgilim,
Sho’rxok yerday to’zg’ib yotgan miyangda,
bir dona shabnamni erkalamoq uchun…

Hech bo’lmasa,
Bir lahza,
Farididdin Attor aytganday,
Gavdam bilan yopmoq istayman,
do’zax darvozasini!

Mening bu xayollarimdan
kimdir kular,
kimdir yig’lar.
Meni bu dunyoda ,
kuldirganlar ko’p,
yig’latganlar ko’p,
Ammo
o’ldirgan bitta:
o’z umidim,
o’z umrim!

Hech bo’lmasa,
bir lahza,
sening kulishing uchun,
sening yig’lashing uchun,
Sevinch
hasrat bo’lib, o’lmoqni istayman!

1979

*Sayyot- shoir tug’ilgan qishloqning nomi

SEVINCH

Olisdan keldim:
na otda,
na piyoda.
Keldim:
lablaringga qo’nib,
ko’zlaringga qo’nib,
yonog’ingda yongani
ziyoda

1978

SARATON

Chaylaga osig’liq chakki xaltadan
Chak-chak tomadi
Sarg’ish tomchilar.

Chaylaga suyangan katda
Chol mudrar
Sochiq-la havoni yelpib.

Butun poliz mudrar, —
Itning qulog’iday
Palaklarning bargi osilgan…

1980

* * *

Yomg’irday shovillab yog’arman hali,
Daryo mavjlariga qo’shilmoq uchun!
Tugamay umrimning so’nggi g’azali,
Ipakday yo’lingda eshilmoq uchun!

Yomg’irday shovillab yog’arman hali…

1978

MASHRAB

Ko’kka qarab qo’lin siltadi,
Yerga qarab silkdi etagin.
Ikkisin ham ko’zga berkitdi,
U — dunyo deb bildi yuragin..

NOZIM HIKMAT SO’ZI

Orzu bilan otadi har tong,
Qayg’um bilan cho’kadi har shom.
Orzularim suronidan,
Qayg’ularim bo’ronidan.

Ona Yerning ostonasiga
Osmon bo’lib yorildim.
Kelajakning neshonasiga
Imon bo’lib yozildim…

Orzu bilan otadi har tong,
Qayg’um bilan cho’kadi har shom.

1975

YOZ KECHASI

Sevgilim,
Sening zarhal tarog’ingmi
Oyning yangi o’rog’i?
Bu kech u
To’lqinlarga
Qoqila-qoqila
Ishqimizni
Ko’zlarga,
So’zlarga,
Daryolarga,
Dengizlarga
Chiroq qilib yoqadi.

Oyning yangi o’rog’i…

1975

VISOL

U qushga o’xshaydi,
YO tushga –
Mening bag’rimda kechadi,
Olis osmonimda
Qushday uchadi!

U qushga o’xshaydi,
YO tushga?!
U – buyuk sharpadir.
Sendan qochadi u,
Mendan kechadi…

1980

UMAR XAYYOM

Umridan to’rt qibla yaratdi,
To’rt ustun ko’tardi ro’yi jahona.
Kimni kuldirdi-yu kimni yig’latdi
To’rt ufqli kichik mayxona.

1977

OZODLIK

Pol Elyuarga

Qorong’u kulbada
Nish urgan maysa,
Somonday sarg’ayib,
Titrab,
Yugurib bormoqda
Vassa ostidagi
Tuynukka qarab…

1980

ONA NIYATI

Ot choptirib chiqding uyingdan,
Ot choptirib qaytgin, ilohim!
Qo’lingdagi jiloving kabi
Erking bo’lsin o’zingda doim.

Mayli, meni o’ylama, bolam,
Topganingni sarf qil o’zingga.
Lek birovga bo’lmagin qaram,
Nam tegmasin sira tizingga.

Ulg’aytirdim polvonim deya,
Toliqqanda darmonim deya.
Shamol kabi yelib borasan,
Olisdagi osmonim deya.

Osmoningni olib qayt, bolam,
Qolib ketma osmon vaslida.
Otang qurgan bu kichik hujra
Osmondan ham kengdir aslida.

Ot choptirib chikding uyingdan,
Ot choptirib qaytgin, ilohim!
Qo’lingdagi jiloving kabi
Erking bo’lsin o’zingda doim.

* * *

Kel, ey, ko’ngil, sharobday quyil
Qaqrab qolgan qaqroq labimga.
Mast bo’layin, mayliga butkul,
Malham bo’lsang sog’inch dardimga.

Tuyg’ulardan ko’zim qamashib,
Uzoq yillar kuyladim oyni.
Ilon kabi ul ham chirmashib,
Tuyg’ularday avradi meni.

Oy ham bugun begona menga,
Begonadir osmon ham axir.
Umidimday suyandim tongta,
Bu tonglarki, yilt etgan shamshir.

Mast aylardi shudgorning hidi,
Zamin bugun dimiqib yotar.
Chigirtkalar sasi ham tindi,
Sukut yuragimga nashtarday botar.

Umr o’xshar egik daraxtga,
Belin bukar buyuk bir sog’inch!
Men hushimda o’xshab karaxtga,
Tushlarimda yashayman notinch.

Shovullagan soyni kuyladim,
Oqizdirmas hatto soyamni.
Men hamisha baxtni o’yladim,
Chaqmoqlarga sanchib miyamni.

Yo’q! Tugamas ko’ngil safari,
Bo’lmasa ham armonning vasli.
Bo’l hayotning g’olib askari,
Qalbim sendan topdim tasalli!

Kel, ey, ko’ngil, sharobday quyil
Qaqrab qolgan qaqroq labimga.
Mast bo’layin, mayliga butkul,
Malham bo’lsang sog’inch dardimga.

RUHIYAT

Bir yalanglik bo’lsa,
To’yib-to’yib baqirsang,
So’nib qolgan ruhingni
Qalqib-qalqib chaqirsang!..

Titrasa tovushingdan
Dimiqqan bag’ring, tanang,
Sochilib dil g’ubori
Qoyadagi maysaday
Silkinib tursa shonang.

Oh, desang, ohlar desang,
Bu qanday chog’lar desang,
Yelkamni tog’day bosgan
Bu qanday dog’lar desang!

Qo’l butun, oyoq butun,
Dil nechun og’lar desang,
Bu qanday imkon, oxir!
Qo’llarim bog’lar desang,

Bu umid qanday umid,
Dilda jon saqlar desang!
Oh ursang, ohlar desang,
Bu qanday zamon, oxir!
To’yib-to’yib baqirmoq,
Yonib-yonib chaqirmoq
Endi bir armon desang.

Bir yalanglik bo’lsa,
Aytib-aytib shularni,
Uchirib
Gala-gala qushlarni
To’yib-to’yib baqirsang,
Kuyib-kuyib chaqirsang?!

* * *

Bu elga g’am emas, yomg’irlar yog’sin,
Bahor yomg’irlari, kuz yomg’irlari,
Sevinch yomg’irlari, ishonch yomg’irlari,
Yog’sin-ey, mayliga, sog’inch yomg’irlari,
Sog’inib-sog’inib kelgan bu elga,
Suyanib-surinib kelgan bu elga,
So’kilib-sovrilib kelgan bu elga,
Suqlanib-sarg’ayib kelgan bu elga,
Yog’sin-ey, mayliga quvonchlar yog’sin.

Borini berib ham, bo’htonlar olgan,
Zorini aytib ham, zorlanib qolgan,
Somonday sarg’ayib, har yon sochilib,
Tola-tola bo’lib, toliqib tolgan
Bu elga quvonchlar, ishonchlar yog’sin!
Bu qanday zamondur, bu qanday davron,
Umrim, o’z holingga o’zingsan hayron,
Ne xatolar qilding, aytsang-chi, axir,
Ko’ngil-da vayrondir, imon-da vayron.

Sarg’aygan qamishday sarg’aygan go’dak,
Sendan qadrlimi bir dona ko’sak?
Dardim daryo bo’lib oqizmas meni,
Yelkamda ko’tarib ketsam men seni.
Seni qanday asray, ko’zi qaroliq,
Qo’llarim cho’zarman, qo’llarim bog’liq,
Bu dunyo gumrohdir, gumroh odamlar,
Jilmayib boqarlar, yuraklar dog’liq!

Ko’klikdan ko’karmay, sarg’aygan sohil,
Ummoning qaydadir, gumoning qayda,
Seni ham kul qildi, kul bo’lgan hosil,
To’foning qayda hey, suroning qayda?!
Oh urib, ohimni men kimga aytay,
Qani, u tush bo’lsa, jimgina yotay.
Lek, ruhim tirmalib, sanchilar sanchiq,
Qarog’im qichqirsa, men qanday yotay!

Bu elga g’am emas, yomg’irlar yog’sin,
Bahor yomg’irlari, kuz yomg’irlari.
Bahorday borliqni quvonchga qorsin,
O’zlik yomg’irlari, o’z yomg’irlari…

022

(Tashriflar: umumiy 437, bugungi 1)

Izoh qoldiring