Tog’ay Murod chizgan suratlar. Adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo’ldoshev bilan suhbat

045    Тоғай Муроднинг бетакрор қисса ва романлари минг-минглаб китобхонлар юрагидан жой олди, қалбини ларзага солди. Уларни йиғлаб-йиғлаб ўқидик, кулиб-кулиб ўқидик. Чуқур инсоний дард бор эди бу асарларда, кулгу аралаш изтироблар бор эди… Мутолаа давомида ўқувчи ўзида қандайдир руҳий тозаришни ҳис этади, кўнглида чин инсоний туйғулар уйғонади.

ТОҒАЙ МУРОД ЧИЗГАН СУРАТЛАР
Қозоқбой Йўлдошев билан суҳбат
Азим Рўзиев суҳбатлашди
011

  05  Тоғай Муроднинг бетакрор қисса ва романлари минг-минглаб китобхонлар юрагидан жой олди, қалбини ларзага солди. Уларни йиғлаб-йиғлаб ўқидик, кулиб-кулиб ўқидик. Чуқур инсоний дард бор эди бу асарларда, кулгу аралаш изтироблар бор эди… Мутолаа давомида ўқувчи ўзида қандайдир руҳий тозаришни ҳис этади, кўнглида чин инсоний туйғулар уйғонади.
Адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан бугунги суҳбатимиз Тоғай Мурод асарларининг ёш авлод таълим-тарбиясида тутган ўрни ҳақида бўлди.

— Бир кўрган таниш, дейдилар, икки кўрган билиш.Тоғай Мурод билан қачон танишдингиз-у, уни қачон кашф этдингиз? Ўша пайтларга нима кечди хаёлингиздан, илк таассуротларингиз алдамадими сизни?

— Тоғай Мурод билан деярли тенгдошмиз. Ҳаётнинг қизиқлигини қаранг, бир юртда, бир шаҳарда яшаб юрсак-да, шахсан танишиш бахтга муяссар бўлмаганман. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Айрим ошналарим: «Тоғай Мурод билан танишиб барака топмайсан, қайтанга қалбингдаги унга бўлган бор ихлосинг сўнади. Унинг табиати жудаям оғир», деганди. Қолаверса, Тоғай Мурод ҳар хил давраларга кам қатнашарди. Баъзида унинг буюклиги ҳам шундан бўлса керак деб ўйлаб қоламан. Лекин 1989 йилдами… бир йиғинда бир марта кўзимизга кўзимиз тушиб эди. Шунга қарамай мен унинг асарларини битта қолдирмасдан ўқиб борардим. Шунчаки оддий асарлар қатори эмас, бошқача юрак билан, ўзгача бир меҳр билан мутолаа этардим. Шу жараёнда Тоғай Мурод сийрати ва суратини чизиб бордим. У жуда мағрур ва унча-мунча одамларни тан олавермайдиган, бировга ёқимлироқ кўринишни хаёлига ҳам келтирмайдиган ўжар одам бўлган бўлса керак, деб ўйладим.

2001 йилда Тоғай Мурод «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романини менга жиянидан ҳеч нарса ёзмасдан, бир оғиз гап айтмасдан бериб юборибди. Мен анчадан бери унинг ижоди ҳақида озми-кўпми ёзиб ҳам турардим.. Аммо ўшанда Тоғай Мурод мени ҳам бир ўқувчи сифатида гапларим, қарашларим билан ҳисоблашаркан, қизиқаркан деган қаноат пайдо бўлди менда. Орадан анча вақт ўтиб «Отамдан қолган далалар»ни ҳам худди шу тарзда бериб юборибди.

Тоғай Мурод билан танишишимиз асосан китоблари орқали бўлган. Айниқса, романига илова қилинган «Мен» номли сўнгсўз қаттиқ таъсир қилганди. Боиси, асарлари сийратини, ички оламини теран очиб берган.

-Адибнинг асарларини дарсликка киритилишида ҳам ҳиссангиз бор, деб эшитамиз. Сизни бунга нима мажбур этди. Қолавеса,»Юлдузлар мангу ёнади» болаларга нима беради?

— Тўғри. Тоғай Мурод ижодида нафақат ўқувчилар, балки ҳамма ўрганиши лозим бўлган яхши хислат, ибрат бўладиган воқеалар тасвирларига кенг ўрин берилган. Унинг «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси болаларга орият, инсонийлик, мардлик, инсонлик шаъни, йигитлик ғурурини ҳимоя қилишни, ўша ғурурнинг чинакам баҳосини билишни сингдиради. Қиссани бошланишида ёш полвон Шукур курашдаги рақиби Эрмат билан олишда йиқилади. Асарнинг шу ерда ажойиб тасвир бор:

«Шукурга алам қилди. Эрматга қўлини мушт қилиб кўрсатди.

— Сен билан янаги тўйда олишаман ! — деди.

Эрмат баковул рўпарасида ўтириши билан бир талай бола чопиб келиб ёнига чўккалади.

Шукурга тарафкаш болалар бир-бирига сўз бермай талашди, баковулга эланди:

— Бова, Эрмат полвон билан мени олиштиринг, у қалин ошнамни йиқитди.

— Йўқ, Эрмат полвон билан мен олишаман. Шукур холамнинг ули!

— Бова, Эрмат полвонга мени чиқаринг, Шукур бизнинг ҳамсоямиз!»

Кўриниб турибдики, ушбу қисса болаларда орият тўйғусини шакллантиради. Кишида ўз яқинлари, халқи, миллати орини олишни, ватанпарварлик туйғуларини уйғотишга хизмат қилади. Мен бизнинг халқимиз кураш билан шуғуллансин, курашимиз халқаро ареналарга чиқсин деган мақсадда эмас балки яқинларимиз учун жавобгарлик ҳиссини туйишни ўрганайлик деб шу тўхтамга келдим. «Юлдузлар мангу ёнади» орқали болаларимизда ана шундай ҳисларни шакллантирмоқчи бўлдим. Бу биринчи жиҳати.

Иккинчидан, унинг китоблари болаларга ўзбек тилини гўзаллигини намоён этади. Анови тухумдек силлиқ ёзилган асарлар воқеалари қандай эсимиздан чиқиб кетса, тили ҳам ўқувчига шундай юқмайди. Бу хилдаги асарлар фақат хабар бериш билан чекланиб қолган. Тоғай Мурод асарларининг эса ўз мусиқасига эгалиги билан китобхонни ўзига жалб қилаяпти. У шунчаки тил ёки ахборот воситаси эмас, балки мусиқа воситасидир ҳам. Қолаверса, эстетик функцияси-да бор. Тоғай Мурод прозаси шеър билан билан битилгандек таассурот ўйғотади. Кейин Тоғай Мурод асарларида нафақат тасвирларни, қиёфаларни-да кўришимиз мумкин. Одатда биз ҳарфларни ҳарфларга қўшиб маъно чиқарамиз. Унинг асарларини ўқиётган вақтимизда, яъни ҳарфларни ҳарфларга қўшганимизда мусиқа таралади. Ана шу битта сўзнинг вазифаси мулоқот воситаси бўлса, Тоғай Мурод сўзга бир қатор қўшимча функцияларни юклай олди. У сўз мусиқа бўлиб янграйди. У сўз қўшиқдек қалбларни ларзага солади. У сўз рассом цингари портрет чизади.
Яъни сўзларнинг ўзи билан билвосита кўнгилни ўзгача бир нурга тўлдиради. Қисса охирида Бўри полвон ошнаси Насим билан хаёлан гаплашади. Унинг ҳар бир сўзи таъсир кучи билан инсонни сескантиради, ҳаяжонга солди. Ана шу сўзлардан келиб чи³адиган ғоягина эмас, балки уларнинг айтилиш оҳанги, Бўри полвониниг ички кечинмаларининг берилиш йўсини ҳам бир мусиқийдир. У сўз маъноси ҳам, оҳанги ҳам ўқувчини шунга бўлган талабини қондиради. Яна Тоғай Мурод асарлари ўзбекча сўзларнинг илоҳий қудратидан сабоқ беради.

Қозоғистондаги ўзбек мактаблари ёзилган 9 синф дарслигига адибнинг «От кишнаган оқшом» қиссасини ҳам киритилди. Ахир Тоғай Муродни дарсликларга киритмасликнинг сира иложи йўқ-да. Негаки, бу асарлар шедевер асарлар-да! Зиёдулла образи орқали инсоннинг нозик кечинмалари, зиддиятлари очиб берилади. У кал бўлса-да, кўнглининг шу қадар нозиклиги, ғурури шу даражада баландлиги, эркаклиги ва атрофини ўраб турган кишиларнинг нақадар қаллоблиги, сотқинлиги-ю қўрқоқлиги қандай ифодаланганлини кўринг-а. «От кишнаган оқшом» қиссаси дунёдаги адолат ва адолатсизлик ҳақидаги гўзал ҳамда даҳшатли асар. Бу қисса адибнинг бошқа асарлари цингари эзгуликка даъват этади, эзгулик ва разолатнинг мангу курашишдан баҳс этади. Тоғай Мурод асарларини ўқисак миллатимиз юксалишига, маънавияти баландроқ, кўнгли тозароқ бўлишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Яна бир гап, 1999 йилда адабиётшунос олим Умарали НОРМАТОВ раҳбарлигида «ХХ аср ўзбек адабиёти» деган китоб чоп этилди. Мазкур китобда Тоғай Мурод алоҳида ижодий сиймо сифатида берилди. Шундан буён эса адиб олий ўқув юртларида мунтазам ўқитилиб келинаяпти. Айни пайтда Тоғай Мурод ижоди юзасидан ҳеч бўлмаганда йилда битта ёки иккита диплом ёзилмоқда…

— Севимли адибларимиздан Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад «Тоғай Мурод қиссаларини ўқир эканман, ҳар гал янги бир ёзувчини кўргандек бўламан. У кечаги ҳаммани қойил қолдирган «Юлдузлар мангу ёнади» ёки «От кишнаган оқшом» қиссаларини ёзган Тоғайга ўхшамайди. «Ойдинда юрган одамлари»ни бошқа Тоғай ёзган, деб ўйлайсиз. Ҳа, унинг асарлари сира бир-бирини такрорламайди.» деб ёзган эди… Бу гапда жон бор. Лекин парадокс шуки, Тоғай Мурод қаҳрамонларини ҳар бирида ёзувчини кўраверамиз.

— Мен ҳам шу фикрдаман. Назаримда Зиёдулла калда, Деҳқонқулда, Бўри полвонда, ҳатто Ботир фирқада ҳам Тоғай Мурод борга ўхшайди. Шунингдек, улар қандайдир бошқача. Тоғай Мурод асарларидаги ритм хусусида номзодлик иши ёқланганидан кўпчиликнинг хабари бўлса керак. Ҳали унинг ижоди, маҳорат сирлари ҳақида кўплаб илмий ишлар ёзилади. Тоғай Мурод ўз ҳасратларини, қолаверса халқининг азоб-истиробларини юрагига яқин олиб асар ёзди. Бу дардни кўтариб юриш оғир. Тоғай Мурод «Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!» деганида катта ҳасрат билан бирга ызига ишонч мужассам. Адиб асарларида катта ижтимоий дард кўриниб туради.Чунки у бировни дардини ўзиники билиб асар ёзди. Шунинг учун унинг «Мен»и ва «Биз»и қўшилиб кетган.

— «Мен қайтиб келаман» китобининг тақдимот маросимида «Тоғай Муродга бизнинг олдимизда турибди. Унга етиб олишимизга ҳали кўп қовун пишиғи керак», дегандингиз. Ўшанда нималарни назарда тутгангиз?

— Чинакам битиклар инсоният таққиётидан илгарилаб кетади. Мана, Алишер Навоий биздан олти юз йил илгари яшаган бўлса, у мантиқан жамиятдан шунча вақт орқада қолиб кетиши керак эди. У компютерни билмайди, машинани кўрмаган, деганларидай ва ҳаказо. Аслида, биз ҳали Навоийга етиб борганимизча йўқ. «Ўтган кунлар»ни яратилганига саксон бўлди. Ким бу асарни тўла ўзлаштиролдим дея олади? Шу маънода Тоғай Муродни биз тушиниб олдик ёки у яшашдан тўхтади, деб бўлмайди. Унинг асарлари яшайверади, кейинги авлоднинг ўқувчиларини ҳам жалб қилаверади, йиғлатаверади, куйдираверади. Невараларимиз, эвараларимиз,чевараларимиз ҳам Тоғай Мурод асарларини ўқиб, ўзбеклигини ҳис қилиб, кейинги авлодларга ҳам тавсия этаверади… Мен шундай ўйлайман.

— Мен ҳам.

07

TOG’AY MUROD CHIZGAN SURATLAR
Qozoqboy Yo‘ldoshev bilan suhbat
Azim Ro‘ziev suhbatlashdi.

011

    Tog‘ay Murodning betakror qissa va romanlari ming-minglab kitobxonlar yuragidan joy oldi, qalbini larzaga soldi. Ularni yig‘lab-yig‘lab o‘qidik, kulib-kulib o‘qidik. Chuqur insoniy dard bor edi bu asarlarda, kulgu aralash iztiroblar bor edi… Mutolaa davomida o‘quvchi o‘zida qandaydir ruhiy tozarishni his etadi, ko‘nglida chin insoniy tuyg‘ular uyg‘onadi.

Adabiyotshunos olim, professor Qozoqboy Yo‘ldoshev bilan bugungi suhbatimiz Tog‘ay Murod asarlarining yosh avlod ta’lim-tarbiyasida tutgan o‘rni haqida bo‘ldi.

— Bir ko‘rgan tanish, deydilar, ikki ko‘rgan bilish.Tog‘ay Murod bilan qachon tanishdingiz-u, uni qachon kashf etdingiz? O‘sha paytlarga nima kechdi xayolingizdan, ilk taassurotlaringiz aldamadimi sizni?

— Tog‘ay Murod bilan deyarli tengdoshmiz. Hayotning qiziqligini qarang, bir yurtda, bir shaharda yashab yursak-da, shaxsan tanishish baxtga muyassar bo‘lmaganman. Buning ham o‘ziga yarasha sabablari bor, albatta. Ayrim oshnalarim: «Tog‘ay Murod bilan tanishib baraka topmaysan, qaytanga qalbingdagi unga bo‘lgan bor ixlosing so‘nadi. Uning tabiati judayam og‘ir», degandi. Qolaversa, Tog‘ay Murod har xil davralarga kam qatnashardi. Ba’zida uning buyukligi ham shundan bo‘lsa kerak deb o‘ylab qolaman. Lekin 1989 yildami… bir yig‘inda bir marta ko‘zimizga ko‘zimiz tushib edi. Shunga qaramay men uning asarlarini bitta qoldirmasdan o‘qib borardim. Shunchaki oddiy asarlar qatori emas, boshqacha yurak bilan, o‘zgacha bir mehr bilan mutolaa etardim. Shu jarayonda Tog‘ay Murod siyrati va suratini chizib bordim. U juda mag‘rur va uncha-muncha odamlarni tan olavermaydigan, birovga yoqimliroq ko‘rinishni xayoliga ham keltirmaydigan o‘jar odam bo‘lgan bo‘lsa kerak, deb o‘yladim.

2001 yilda Tog‘ay Murod «Bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi» romanini menga jiyanidan hech narsa yozmasdan, bir og‘iz gap aytmasdan berib yuboribdi. Men anchadan beri uning ijodi haqida ozmi-ko‘pmi yozib ham turardim.. Ammo o‘shanda Tog‘ay Murod meni ham bir o‘quvchi sifatida gaplarim, qarashlarim bilan hisoblasharkan, qiziqarkan degan qanoat paydo bo‘ldi menda. Oradan ancha vaqt o‘tib «Otamdan qolgan dalalar»ni ham xuddi shu tarzda berib yuboribdi.

Tog‘ay Murod bilan tanishishimiz asosan kitoblari orqali bo‘lgan. Ayniqsa, romaniga ilova qilingan «Men» nomli so‘ngso‘z qattiq ta’sir qilgandi. Boisi, asarlari siyratini, ichki olamini teran ochib bergan.

-Adibning asarlarini darslikka kiritilishida ham hissangiz bor, deb eshitamiz. Sizni bunga nima majbur etdi. Qolavesa,»Yulduzlar mangu yonadi» bolalarga nima beradi?

— To‘g‘ri. Tog‘ay Murod ijodida nafaqat o‘quvchilar, balki hamma o‘rganishi lozim bo‘lgan yaxshi xislat, ibrat bo‘ladigan voqealar tasvirlariga keng o‘rin berilgan. Uning «Yulduzlar mangu yonadi» qissasi bolalarga oriyat, insoniylik, mardlik, insonlik sha’ni, yigitlik g‘ururini himoya qilishni, o‘sha g‘ururning chinakam bahosini bilishni singdiradi. Qissani boshlanishida yosh polvon Shukur kurashdagi raqibi Ermat bilan olishda yiqiladi. Asarning shu yerda ajoyib tasvir bor:

«Shukurga alam qildi. Ermatga qo‘lini musht qilib ko‘rsatdi.

— Sen bilan yanagi to‘yda olishaman ! — dedi.

Ermat bakovul ro‘parasida o‘tirishi bilan bir talay bola chopib kelib yoniga cho‘kkaladi.

Shukurga tarafkash bolalar bir-biriga so‘z bermay talashdi, bakovulga elandi:

— Bova, Ermat polvon bilan meni olishtiring, u qalin oshnamni yiqitdi.

— Yo‘q, Ermat polvon bilan men olishaman. Shukur xolamning uli!

— Bova, Ermat polvonga meni chiqaring, Shukur bizning hamsoyamiz!»

Ko‘rinib turibdiki, ushbu qissa bolalarda oriyat to‘yg‘usini shakllantiradi. Kishida o‘z yaqinlari, xalqi, millati orini olishni, vatanparvarlik tuyg‘ularini uyg‘otishga xizmat qiladi. Men bizning xalqimiz kurash bilan shug‘ullansin, kurashimiz xalqaro arenalarga chiqsin degan maqsadda emas balki yaqinlarimiz uchun javobgarlik hissini tuyishni o‘rganaylik deb shu to‘xtamga keldim. «Yulduzlar mangu yonadi» orqali bolalarimizda ana shunday hislarni shakllantirmoqchi bo‘ldim. Bu birinchi jihati.

Ikkinchidan, uning kitoblari bolalarga o‘zbek tilini go‘zalligini namoyon etadi. Anovi tuxumdek silliq yozilgan asarlar voqealari qanday esimizdan chiqib ketsa, tili ham o‘quvchiga shunday yuqmaydi. Bu xildagi asarlar faqat xabar berish bilan cheklanib qolgan. Tog‘ay Murod asarlarining esa o‘z musiqasiga egaligi bilan kitobxonni o‘ziga jalb qilayapti. U shunchaki til yoki axborot vositasi emas, balki musiqa vositasidir ham. Qolaversa, estetik funktsiyasi-da bor. Tog‘ay Murod prozasi she’r bilan bilan bitilgandek taassurot o‘yg‘otadi. Keyin Tog‘ay Murod asarlarida nafaqat tasvirlarni, qiyofalarni-da ko‘rishimiz mumkin. Odatda biz harflarni harflarga qo‘shib ma’no chiqaramiz. Uning asarlarini o‘qiyotgan vaqtimizda, ya’ni harflarni harflarga qo‘shganimizda musiqa taraladi. Ana shu bitta so‘zning vazifasi muloqot vositasi bo‘lsa, Tog‘ay Murod so‘zga bir qator qo‘shimcha funktsiyalarni yuklay oldi. U so‘z musiqa bo‘lib yangraydi. U so‘z qo‘shiqdek qalblarni larzaga soladi. U so‘z rassom singari portret chizadi. Ya’ni so‘zlarning o‘zi bilan bilvosita ko‘ngilni o‘zgacha bir nurga to‘ldiradi. Qissa oxirida Bo‘ri polvon oshnasi Nasim bilan xayolan gaplashadi. Uning har bir so‘zi ta’sir kuchi bilan insonni seskantiradi, hayajonga soldi. Ana shu so‘zlardan kelib chi³adigan g‘oyagina emas, balki ularning aytilish ohangi, Bo‘ri polvoninig ichki kechinmalarining berilish yo‘sini ham bir musiqiydir. U so‘z ma’nosi ham, ohangi ham o‘quvchini shunga bo‘lgan talabini qondiradi. Yana Tog‘ay Murod asarlari o‘zbekcha so‘zlarning ilohiy qudratidan saboq beradi.

Qozog‘istondagi o‘zbek maktablari yozilgan 9 sinf darsligiga adibning «Ot kishnagan oqshom» qissasini ham kiritildi. Axir Tog‘ay Murodni darsliklarga kiritmaslikning sira iloji yo‘q-da. Negaki, bu asarlar shedever asarlar-da! Ziyodulla obrazi orqali insonning nozik kechinmalari, ziddiyatlari ochib beriladi. U kal bo‘lsa-da, ko‘nglining shu qadar nozikligi, g‘ururi shu darajada balandligi, erkakligi va atrofini o‘rab turgan kishilarning naqadar qallobligi, sotqinligi-yu qo‘rqoqligi qanday ifodalanganlini ko‘ring-a. «Ot kishnagan oqshom» qissasi dunyodagi adolat va adolatsizlik haqidagi go‘zal hamda dahshatli asar. Bu qissa adibning boshqa asarlari singari ezgulikka da’vat etadi, ezgulik va razolatning mangu kurashishdan bahs etadi. Tog‘ay Murod asarlarini o‘qisak millatimiz yuksalishiga, ma’naviyati balandroq, ko‘ngli tozaroq bo‘lishiga xizmat qiladi, deb o‘ylayman.

Yana bir gap, 1999 yilda adabiyotshunos olim Umarali NORMATOV rahbarligida «XX asr o‘zbek adabiyoti» degan kitob chop etildi. Mazkur kitobda Tog‘ay Murod alohida ijodiy siymo sifatida berildi. Shundan buyon esa adib oliy o‘quv yurtlarida muntazam o‘qitilib kelinayapti. Ayni paytda Tog‘ay Murod ijodi yuzasidan hech bo‘lmaganda yilda bitta yoki ikkita diplom yozilmoqda…

— Sevimli adiblarimizdan O‘zbekiston Qahramoni Said Ahmad «Tog‘ay Murod qissalarini o‘qir ekanman, har gal yangi bir yozuvchini ko‘rgandek bo‘laman. U kechagi hammani qoyil qoldirgan «Yulduzlar mangu yonadi» yoki «Ot kishnagan oqshom» qissalarini yozgan Tog‘ayga o‘xshamaydi. «Oydinda yurgan odamlari»ni boshqa Tog‘ay yozgan, deb o‘ylaysiz. Ha, uning asarlari sira bir-birini takrorlamaydi.» deb yozgan edi… Bu gapda jon bor. Lekin paradoks shuki, Tog‘ay Murod qahramonlarini har birida yozuvchini ko‘raveramiz.

— Men ham shu fikrdaman. Nazarimda Ziyodulla kalda, Dehqonqulda, Bo‘ri polvonda, hatto Botir firqada ham Tog‘ay Murod borga o‘xshaydi. Shuningdek, ular qandaydir boshqacha. Tog‘ay Murod asarlaridagi ritm xususida nomzodlik ishi yoqlanganidan ko‘pchilikning xabari bo‘lsa kerak. Hali uning ijodi, mahorat sirlari haqida ko‘plab ilmiy ishlar yoziladi. Tog‘ay Murod o‘z hasratlarini, qolaversa xalqining azob-istiroblarini yuragiga yaqin olib asar yozdi. Bu dardni ko‘tarib yurish og‘ir. Tog‘ay Murod «Men o‘zbek xalqiga haykal qo‘yaman!» deganida katta hasrat bilan birga ыziga ishonch mujassam. Adib asarlarida katta ijtimoiy dard ko‘rinib turadi.Chunki u birovni dardini o‘ziniki bilib asar yozdi. Shuning uchun uning «Men»i va «Biz»i qo‘shilib ketgan.

— «Men qaytib kelaman» kitobining taqdimot marosimida «Tog‘ay Murodga bizning oldimizda turibdi. Unga yetib olishimizga hali ko‘p qovun pishig‘i kerak», degandingiz. O‘shanda nimalarni nazarda tutgangiz?

— Chinakam bitiklar insoniyat taqqiyotidan ilgarilab ketadi. Mana, Alisher Navoiy bizdan olti yuz yil ilgari yashagan bo‘lsa, u mantiqan jamiyatdan shuncha vaqt orqada qolib ketishi kerak edi. U kompyuterni bilmaydi, mashinani ko‘rmagan, deganlariday va hakazo. Aslida, biz hali Navoiyga yetib borganimizcha yo‘q. «O‘tgan kunlar»ni yaratilganiga sakson bo‘ldi. Kim bu asarni to‘la o‘zlashtiroldim deya oladi? Shu ma’noda Tog‘ay Murodni biz tushinib oldik yoki u yashashdan to‘xtadi, deb bo‘lmaydi. Uning asarlari yashayveradi, keyingi avlodning o‘quvchilarini ham jalb qilaveradi, yig‘lataveradi, kuydiraveradi. Nevaralarimiz, evaralarimiz,chevaralarimiz ham Tog‘ay Murod asarlarini o‘qib, o‘zbekligini his qilib, keyingi avlodlarga ham tavsiya etaveradi… Men shunday o‘ylayman.

— Men ham.

05

(Tashriflar: umumiy 188, bugungi 1)

Izoh qoldiring