Tog’ay Murod. Er-xotin

08    Яхши шоир Ўролбой кўрпага бурканиб, ишқий шеър битди. Мисраларини фарзандидай ардоқлаб, вояга етказди. Беихтиёр ўзининг биринчи муҳаббатини — синфдоши Холбувини эслади… Қоронғини қучоқлаб, Холбувини бағрига босгандай бўлди. Кўнглига оқшомдай маъюслик чўкди. Тўшакдан имиллаб туриб, тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Биринчи китобини варақлади. Шеърлари кўзига жуда бачкана кўринди. Юзларини бужмайтириб, китобни каравот остига отиб юборди…

09
Тоғай Мурод
ЭР-ХОТИН
090

099Тоғай Мурод (Менгноров Тоғаймурод) 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилоятининг Денов туманига қарашли Хўжасоат қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1999).Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1994). ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1972). Биринчи йирик қиссаси — «Юлдузлар мангу ёнади» (1976). «От кишнаган оқшом» (1979), «Ойдинда юрган одамлар» (1980), «Момо Ер қўшиғи» (1985) каби қиссалари нашр этилган. «Отамдан кюлган далалар» (1993, ушбу асар асосида бадиий филм яратилган, 2001), «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» (2001) романлари муаллифи. Жек Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва ҳикояларини, Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» қиссасини ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 2003 йил 27 майда Тошкент шаҳрида вафот этган.

090

Йўқ, улар Анҳор бўйида учрашмади. Учрашувда ўзиники қилиб айтиш учун китоблардан шеърлар кўчириб олмади. О, мен сени севаман, сенсиз яшай олмайман қабилидаги мавсумий сўзларни сўзлашмади. Лаблар топишганда қизнинг узун товони ердан сал кўтарилмади. Йўқ, йигит қизни безорилардан қутқариб қолмади…

Яхши шоир Ўролбой кўрпага бурканиб, ишқий шеър битди. Мисраларини фарзандидай ардоқлаб, вояга етказди. Беихтиёр ўзининг биринчи муҳаббатини — синфдоши Холбувини эслади… Қоронғини қучоқлаб, Холбувини бағрига босгандай бўлди. Кўнглига оқшомдай маъюслик чўкди. Тўшакдан имиллаб туриб, тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Биринчи китобини варақлади. Шеърлари кўзига жуда бачкана кўринди. Юзларини бужмайтириб, китобни каравот остига отиб юборди…

Йўқ, шоир аввало ўзининг шоҳ асарини яратиши лозим экан. Ўролбой мана, ўттизга тўлибдики, шоҳ асари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабди. Буюк асари қолиб, иккинчи даражали асарлари билан овора бўлибди…
У зўр пушаймон билан ўзига қайлиқ излади. Топди: оддий тикувчи Барчиной. У Барчиной билан сохта бўлса-да, жилмайиб гаплашиб, шаҳар истироҳат боғига борди. Ярим килодан музқаймоқ ейишди. Ўролбой бўлажак кайлиғининг кўзларига тикилиб… кўнглига доир ҳеч нимани ҳис этмади. «Ҳаётда жуфт бўлиб яшаш керак экан, иложимиз қанча», деди ичида. Сўнгра, ўз гапини ўзи маъқуллаб, бош ирғади. Барчиной эса ҳатто унинг шоирлигига ишонмади: «Поезия дегани нафосат, жозиба-ку, шоирнинг ўтиришини қаранг…»
Қиз, у мени писанд қилмаяпти, деган хулосага ҳам келди. Шундай бўлса-да, тўйга розилик берди. Чунки унинг ҳам ёшлиги ўтаётган эди…

Тўй ресторанда бўлди.
Ниҳоят, шоҳ асар яратилди! Чақалоқни деразадан кўрсатдилар. Ўролбой илжайиб, ўғлига термулди: «Ана буюк асар, ана! «Анна Каренина»! Йўқ, «Хамса»!
У буюк асарига сўнгги нуқтани қўйган адибдай яйраб, керишди.
Ўролбой яхши кунларнинг бирида кечаси узоқ ўти-риб шеър ёзиб, кеч ётди. Эртасига тушда уйғонди. Балконга чиқди. Ҳаво жуда соф, сайрбоп… У ўйлаб, Василий Шукшиннинг «Қизил бодрезак» филмини ҳали кўрмаганини эслади.
— Кийин, кинога борамиз, — деди Барчинойга.
Барчиной янги мода бўлган камзул-шимини кийиб чиқди.
Ўролбой қовоғини уюб, уф-ф, дея тиззасига урди:
— Барчиной, мен аёлимни атлас кўйлакда кўришни хоҳлайман!
— Шоирга қолса-ку, кўп нарсаларни хохлайди.
— Аёл аёлдай бўп юрса-да.
— Юринг, кечикамиз.
— Бормайсан, ўзим бораман.
— Ажаб бўпти, обормасайиз оборманг.
— Нимага гапни айлантирасан? Мен сенга гапиряпман!
— Вой, жа-а қизиқсиз-а, бир манда борми шунақа кийим? Ҳамма маданиятли хотинлар кийишади-ю…
— Анови атласлар маданиятга ёт матоми? Қайси мамлакатда шунақа мато бор? Сенлар ношукур: пешонангдаги маданиятни кўрмайсанлар…
— Сиз доим шунақасиз. Топган гапингиз — ўзбек атласига бутун жаҳон харидор, Самарқанддаги тарихий бинолар жаҳонда йўқ. Унақа-бунақа…
— Бас қил!
— Ҳо-о, бас қилмасам қўлийиздан нима келади…
— Келмайдими, келмайдими?

Ўролбой шиддат билан ирғиб туриб, анграйган Барчинойнинг юзига тарсакилаб юборди.
Барчиной диванга учиб тушди. Юзларини қўллари билан яшириб йиғлади.
Ўролбой унга бирпас анграйиб қараб турди-да, торгина ишхонасига кирди. Стулга ўтирди. Сочларига бармоқларини ботириб, кўзларини юмди.
У аёл зотига биринчи марта қўл кўтарди…

Барчиной ўпкасини босолмай йиғлаб ётди. Ухлаётган ўғли йиғлади. Тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди. Юзларини ювиб артди. Ойнага қараб, бир сесканди. Чап ёноғи кўкарган эди. У аламидан лабларини буриб яна йиғлади. Ўғлини бағрига олди. Ўғли овуниб, мулойим лаблари билан унинг кўкракларини сўра бошлаб эди… кўнгли ёришди. Кўкарган жойининг оғриғи қолгандай бўлди. Ўғлининг сийрак сочларини силаб, пешонасидан ўпди: «Ўғлим, ўйлаган эдим-а, кўнгилсиз турмуш бўлмайди деб. Мана, айтганим келди».
Барчиной деразадан осмонга қараб хаёл суриб ўтирди. Ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ётди. Эри бош қўядиган ёстиқни муштлаб-муштлаб қаппайтирди. «Ёлғиз ўзи ётмайди, барибир ёнимга ётиб, овутиш учун бағрига босади, эркалатади…»

У шундай хаёл қила-қила тескари ўгирилиб ухлаб қолди.
Эрталаб турса, ёнида эри йўқ. «Ҳатто ёнимга келиб ётмадиям. Мени кўргиси йўқ. Бўлди, энди бўлди. Кетамиз, ўғлим, кетамиз. Кўнгилсиз турмуш барибир турмуш бўлмайди», деди.
Ўкинч ҳам алам билан орқасига бурилиб қаради: «Ақалли хонасидан чиқиб, кўнгил учун бир оғиз кетма, демади-я. Кишлоқилигига борди-да… Ҳеч бўлмаса, ўғли билан хайрлашмади-я. Шунчалик жонига теккан эканман, шу кунгача билмабман».

Эшик қўнғироғи жиринглади.
Барчиной эшикни истар-истамас очди. Остонада Ўролбойнинг қишлоқда яшайдиган тоғаси билан икки нотаниш одам турди.

Барчиной зўрға жилмайиб, меҳмонларни ичкарига таклиф этди.
Ўролбой чиқди. Меҳмонлар ўтирди. Сўрашдилар.
— Эртага қурултой экан, шунга келиб эдик. Бир кўриб кетайлик деб… — деди, тоғаси.
— Яхши, яхши, — деди Ўролбой сохта жилмайиб.
— Ҳа-а, ишлар яхшими ўзи, шоир? Шеър планлари қалай бўлаяпти? Шеър планларини ошириб бажараяпсизми? Мана, биз пахта планларини юз эллик протсентта бажардик. Биз ҳақимизда ҳам шеър ёзинг энди…

Ўролбойнинг тоғаси дала ишларини гапираётиб, дастурхон тузаётган Барчинойнинг юзидаги кўкариғни кўрди.
— Э, юзга нима бўлди, келин?
Ўролбойнинг юраги шув этиб кетди. Ирис қоғозидаги кучукчага тикилиб, бир дақиқа нафас олмай қолди.
Барчиной жилмайиб, кўкариғни силади:
— Ҳозир янги уйларга манавунақа линолиум тўшалади. Бу ўлгур ювса сирғанчиқ бўлиб қолади. Кеча юваётиб денг, сирғаниб кетиб, юзим билан тушсам бўладими…
— Уҳ, чуқ-чуқ, эҳтиёт бўлинг-э, иш адо бўлармиди…

Ўролбой энтиканидан нафаси титраб кетди. Бошини янада эгиб, қизарди. Барчиной ҳам қизарди. Тураётиб, меҳмонларни дастурхонга уннади:
— Олинглар, олиб туринглар. Ўролбой ака, чойдан қуйинг.
Ўролбой шундагина ўзига келди. Бўш пиёлаларга чой қуйиб, қани, олинглар, деди.
Меҳмонлар ҳалигидай арзимаган фалокатлардан келиб чиқадиган бахтсизликлар ҳақида эшитган-билганларини гапириб ўтирдилар.
Барчиной овқатни олиб келди. Дастурхонга болгар коняги билан шампан виносини қўйди.
— Манавиларни қуйинг, Ўролбой ака.

Ўролбой қадаҳларга коняк қуйди. Тоғаси боши билан Уролбойни кўрсатиб, Барчинойдан сўради:
— Шоир қалай, келин?
— Яхши, жуда яхшилар.
— Агар сал ёмонлиги бўлса айтаберинг, гапиришиб қўямиз?
— Йўқ, нега энди, яхшилар. У кишини ойимларам мақтайдилар…
Ўролбой ён-верига аланглади. Меҳмонларнинг олишини кутиб ўтирмай, қадаҳдаги конякни бир кўтариб ичиб қўйди. Барчиной эрига тузланган бодринг узатди. Эри конякнинг зўрлигидан кўзларини юмиб, бодрингни олди.
Меҳмонлар ўзоқ ўтириб, уларни қишлоққа таклиф қилиб кетди.

Ўролбой меҳмонларни кузатиб қўйиб, ишхонасига кирди. Йиғма каравотга чалқанча ётди. Қўлларини чалиштириб, боши остига қўйди. Ўтган воқеани шоирона мушоҳадалади… Юзларида табассум ўйнади. Ирғиб туриб, деразадан ташқарига қаради. Икки кафтини бир-бирига завқ билан ишқади. Папирос чекавериб-чекавериб сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайди. Орқасига кескин бурилиб, меҳмонхонага кирди. Барчиной йўқ. Эшик тарафга юрди. Барчиной эшик олди-да қовоғини уюб, лабларини чўччайтириб, аравачада ўтирган ўғлини чойшабга ўради.
Ўролбой унинг қўлини ушлади.
— Қўй энди, одам қизиганда нималар қилмайди.

Барчиной унинг юзига қарамай, қўлини силтаб ташлади.
— Барчиной, биласан, шоир халқининг асаби ёмон…
Барчиной индамай, яна эшикка қўл чўзди. Шунда, Ўролбой унинг қўлидан ушлаб, яна ўзига қаратди-да, белидан маҳкам қучоқлаб… ўзи кўкартирган ўша ёноқларидан ўпди. Лабларини Барчинойнинг лабларига узоқ босиб турди.
Барчиной эрининг бўйнига осилиб… йиғлаб юборди. Унинг кўзларидан оқаётган илиқ ёшлар эрининг бўйнига томди…
Оқшом бир-бирига тикилиб, юзма-юз ўтирдилар.
Ўролбой меҳмонлардан қолган конякдан бир қадаҳ ичди. Барчинойга термулди. Олис термулди… Барчиной кўзларини олиб қочди. Кўзлари учрашиб, бир сонияча тикилиб қолдилар. Ўролбойнниг қалбида аёлига шундай илиқ, маъсум туйғулар кўпириб тошдики… Бу туйғулар ўша синфдошининг кўзлари билан кўзлари учрашганда… Ҳа-ҳа, ўшанда шундай кўпириб тошган эди…

03

09
Tog’ay Murod
ER-XOTIN
090

Tog’ay Murod (Mengnorov Tog’aymurod) 1948 yil 3 fevralda Surxondaryo viloyatining Denov tumaniga qarashli Xo’jasoat qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1999).Abdulla Qodiriy nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1994). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1972). Birinchi yirik qissasi — «Yulduzlar mangu yonadi» (1976). «Ot kishnagan oqshom» (1979), «Oydinda yurgan odamlar» (1980), «Momo Yer qo’shig’i» (1985) kabi qissalari nashr etilgan. «Otamdan kyulgan dalalar» (1993, ushbu asar asosida badiiy film yaratilgan, 2001), «Bu dunyoda o’lib bo’lmaydi» (2001) romanlari muallifi. Jek Londonning «Boyning qizi» dramasi va hikoyalarini, E. Seton-Tompsonning «Yovvoyi yo’rg’a» qissasini o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Yozuvchi 2003 yil 27 mayda Toshkent shahrida vafot etgan.

090

Yo‘q, ular Anhor bo‘yida uchrashmadi. Uchrashuvda o‘ziniki qilib aytish uchun kitoblardan she’rlar ko‘chirib olmadi. O, men seni sevaman, sensiz yashay olmayman qabilidagi mavsumiy so‘zlarni so‘zlashmadi. Lablar topishganda qizning uzun tovoni yerdan sal ko‘tarilmadi. Yo‘q, yigit qizni bezorilardan qutqarib qolmadi…
Yaxshi shoir O’rolboy ko‘rpaga burkanib, ishqiy she’r bitdi. Misralarini farzandiday ardoqlab, voyaga yetkazdi. Beixtiyor o‘zining birinchi muhabbatini — sinfdoshi Xolbuvini esladi… Qorong‘ini quchoqlab, Xolbuvini bag‘riga bosganday bo‘ldi. Ko‘ngliga oqshomday ma’yuslik cho‘kdi. To‘shakdan imillab turib, timirskilanib borib chiroqni yoqdi. Birinchi kitobini varaqladi. She’rlari ko‘ziga juda bachkana ko‘rindi. Yuzlarini bujmaytirib, kitobni karavot ostiga otib yubordi…
Yo‘q, shoir avvalo o‘zining shoh asarini yaratishi lozim ekan. O’rolboy mana, o‘ttizga to‘libdiki, shoh asari haqida o‘ylab ham ko‘rmabdi. Buyuk asari qolib, ikkinchi darajali asarlari bilan ovora bo‘libdi…
U zo‘r pushaymon bilan o‘ziga qayliq izladi. Topdi: oddiy tikuvchi Barchinoy. U Barchinoy bilan soxta bo‘lsa-da, jilmayib gaplashib, shahar istirohat bog‘iga bordi. Yarim kilodan muzqaymoq yeyishdi. O’rolboy bo‘lajak kaylig‘ining ko‘zlariga tikilib… ko‘ngliga doir hech nimani his etmadi. «Hayotda juft bo‘lib yashash kerak ekan, ilojimiz qancha», dedi ichida. So‘ngra, o‘z gapini o‘zi ma’qullab, bosh irg‘adi. Barchinoy esa hatto uning shoirligiga ishonmadi: «Poeziya degani nafosat, joziba-ku, shoirning o‘tirishini qarang…»
Qiz, u meni pisand qilmayapti, degan xulosaga ham keldi. Shunday bo‘lsa-da, to‘yga rozilik berdi. Chunki uning ham yoshligi o‘tayotgan edi…
To‘y restoranda bo‘ldi.
Nihoyat, shoh asar yaratildi! Chaqaloqni derazadan ko‘rsatdilar. O’rolboy iljayib, o‘g‘liga termuldi: «Ana buyuk asar, ana! «Anna Karenina»! Yo‘q, «Xamsa»!
U buyuk asariga so‘nggi nuqtani qo‘ygan adibday yayrab, kerishdi.
O’rolboy yaxshi kunlarning birida kechasi uzoq o‘ti-rib she’r yozib, kech yotdi. Ertasiga tushda uyg‘ondi. Balkonga chiqdi. Havo juda sof, sayrbop… U o‘ylab, Vasiliy Shukshinning «Qizil bodrezak» filmini hali ko‘rmaganini esladi.
— Kiyin, kinoga boramiz, — dedi Barchinoyga.
Barchinoy yangi moda bo‘lgan kamzul-shimini kiyib chiqdi.
O’rolboy qovog‘ini uyub, uf-f, deya tizzasiga urdi:
— Barchinoy, men ayolimni atlas ko‘ylakda ko‘rishni xohlayman!
— Shoirga qolsa-ku, ko‘p narsalarni xoxlaydi.
— Ayol ayolday bo‘p yursa-da.
— Yuring, kechikamiz.
— Bormaysan, o‘zim boraman.
— Ajab bo‘pti, obormasayiz obormang.
— Nimaga gapni aylantirasan? Men senga gapiryapman!
— Voy, ja-a qiziqsiz-a, bir manda bormi shunaqa kiyim? Hamma madaniyatli xotinlar kiyishadi-yu…
— Anovi atlaslar madaniyatga yot matomi? Qaysi mamlakatda shunaqa mato bor? Senlar noshukur: peshonangdagi madaniyatni ko‘rmaysanlar…
— Siz doim shunaqasiz. Topgan gapingiz — o‘zbek atlasiga butun jahon xaridor, Samarqanddagi tarixiy binolar jahonda yo‘q. Unaqa-bunaqa…
— Bas qil!
— Ho-o, bas qilmasam qo‘liyizdan nima keladi…
— Kelmaydimi, kelmaydimi?
O’rolboy shiddat bilan irg‘ib turib, angraygan Barchinoyning yuziga tarsakilab yubordi.
Barchinoy divanga uchib tushdi. Yuzlarini qo‘llari bilan yashirib yig‘ladi.
O’rolboy unga birpas angrayib qarab turdi-da, torgina ishxonasiga kirdi. Stulga o‘tirdi. Sochlariga barmoqlarini botirib, ko‘zlarini yumdi.
U ayol zotiga birinchi marta qo‘l ko‘tardi…
Barchinoy o‘pkasini bosolmay yig‘lab yotdi. Uxlayotgan o‘g‘li yig‘ladi. Toqati toq bo‘lib, o‘rnidan turdi. Yuzlarini yuvib artdi. Oynaga qarab, bir seskandi. Chap yonog‘i ko‘kargan edi. U alamidan lablarini burib yana yig‘ladi. O’g‘lini bag‘riga oldi. O’g‘li ovunib, muloyim lablari bilan uning ko‘kraklarini so‘ra boshlab edi… ko‘ngli yorishdi. Ko‘kargan joyining og‘rig‘i qolganday bo‘ldi. O’g‘lining siyrak sochlarini silab, peshonasidan o‘pdi: «O’g‘lim, o‘ylagan edim-a, ko‘ngilsiz turmush bo‘lmaydi deb. Mana, aytganim keldi».
Barchinoy derazadan osmonga qarab xayol surib o‘tirdi. O’g‘lini uxlatib o‘zi ham yotdi. Eri bosh qo‘yadigan yostiqni mushtlab-mushtlab qappaytirdi. «Yolg‘iz o‘zi yotmaydi, baribir yonimga yotib, ovutish uchun bag‘riga bosadi, erkalatadi…»
U shunday xayol qila-qila teskari o‘girilib uxlab qoldi.
Ertalab tursa, yonida eri yo‘q. «Hatto yonimga kelib yotmadiyam. Meni ko‘rgisi yo‘q. Bo‘ldi, endi bo‘ldi. Ketamiz, o‘g‘lim, ketamiz. Ko‘ngilsiz turmush baribir turmush bo‘lmaydi», dedi.
O’kinch ham alam bilan orqasiga burilib qaradi: «Aqalli xonasidan chiqib, ko‘ngil uchun bir og‘iz ketma, demadi-ya. Kishloqiligiga bordi-da… Hech bo‘lmasa, o‘g‘li bilan xayrlashmadi-ya. Shunchalik joniga tekkan ekanman, shu kungacha bilmabman».
Eshik qo‘ng‘irog‘i jiringladi.
Barchinoy eshikni istar-istamas ochdi. Ostonada O’rolboyning qishloqda yashaydigan tog‘asi bilan ikki notanish odam turdi.
Barchinoy zo‘rg‘a jilmayib, mehmonlarni ichkariga taklif etdi.
O’rolboy chiqdi. Mehmonlar o‘tirdi. So‘rashdilar.
— Ertaga qurultoy ekan, shunga kelib edik. Bir
ko‘rib ketaylik deb… — dedi, tog‘asi.
— Yaxshi, yaxshi, — dedi O’rolboy soxta jilmayib.
— Ha-a, ishlar yaxshimi o‘zi, shoir? She’r planlari qalay bo‘layapti? She’r planlarini oshirib bajarayapsizmi? Mana, biz paxta planlarini yuz ellik
protsentta bajardik. Biz haqimizda ham she’r yozing
endi…
O’rolboyning tog‘asi dala ishlarini gapirayotib, dasturxon tuzayotgan Barchinoyning yuzidagi ko‘karig‘ni ko‘rdi.
— E, yuzga nima bo‘ldi, kelin?
O’rolboyning yuragi shuv etib ketdi. Iris qog‘ozidagi kuchukchaga tikilib, bir daqiqa nafas olmay qoldi.
Barchinoy jilmayib, ko‘karig‘ni siladi:
— Hozir yangi uylarga manavunaqa linolium to‘shaladi. Bu o‘lgur yuvsa sirg‘anchiq bo‘lib qoladi. Kecha yuvayotib deng, sirg‘anib ketib, yuzim bilan tushsam bo‘ladimi…
— Uh, chuq-chuq, ehtiyot bo‘ling-e, ish ado bo‘larmidi…
O’rolboy entikanidan nafasi titrab ketdi. Boshini yanada egib, qizardi. Barchinoy ham qizardi. Turayotib, mehmonlarni dasturxonga unnadi:
— Olinglar, olib turinglar. O’rolboy aka, choydan quying.
O’rolboy shundagina o‘ziga keldi. Bo‘sh piyolalarga choy quyib, qani, olinglar, dedi.
Mehmonlar haligiday arzimagan falokatlardan kelib chiqadigan baxtsizliklar haqida eshitgan-bilganlarini gapirib o‘tirdilar.
Barchinoy ovqatni olib keldi. Dasturxonga bolgar konyagi bilan shampan vinosini qo‘ydi.
— Manavilarni quying, O’rolboy aka.
O’rolboy qadahlarga konyak quydi. Tog‘asi boshi bilan Urolboyni ko‘rsatib, Barchinoydan so‘radi:
— Shoir qalay, kelin?
— Yaxshi, juda yaxshilar.
— Agar sal yomonligi bo‘lsa aytabering, gapirishib qo‘yamiz?
— Yo‘q, nega endi, yaxshilar. U kishini oyimlaram maqtaydilar…
O’rolboy yon-veriga alangladi. Mehmonlarning olishini kutib o‘tirmay, qadahdagi konyakni bir ko‘tarib ichib qo‘ydi. Barchinoy eriga tuzlangan bodring uzatdi. Eri konyakning zo‘rligidan ko‘zlarini yumib, bodringni oldi.
Mehmonlar o‘zoq o‘tirib, ularni qishloqqa taklif qilib ketdi.
O’rolboy mehmonlarni kuzatib qo‘yib, ishxonasiga kirdi. Yig‘ma karavotga chalqancha yotdi. Qo‘llarini chalishtirib, boshi ostiga qo‘ydi. O’tgan voqeani shoirona mushohadaladi… Yuzlarida tabassum o‘ynadi. Irg‘ib turib, derazadan tashqariga qaradi. Ikki kaftini bir-biriga zavq bilan ishqadi. Papiros chekaverib-chekaverib sarg‘ayib ketgan tishlarini ko‘rsatib, iljaydi. Orqasiga keskin burilib, mehmonxonaga kirdi. Barchinoy yo‘q. Eshik tarafga yurdi. Barchinoy eshik oldi-da qovog‘ini uyub, lablarini cho‘chchaytirib, aravachada o‘tirgan o‘g‘lini choyshabga o‘radi.
O’rolboy uning qo‘lini ushladi.
— Qo‘y endi, odam qiziganda nimalar qilmaydi.
Barchinoy uning yuziga qaramay, qo‘lini siltab tashladi.
— Barchinoy, bilasan, shoir xalqining asabi yomon…
Barchinoy indamay, yana eshikka qo‘l cho‘zdi. Shunda, O’rolboy uning qo‘lidan ushlab, yana o‘ziga qaratdi-da, belidan mahkam quchoqlab… o‘zi ko‘kartirgan o‘sha yonoqlaridan o‘pdi. Lablarini Barchinoyning lablariga uzoq bosib turdi.
Barchinoy erining bo‘yniga osilib… yig‘lab yubordi. Uning ko‘zlaridan oqayotgan iliq yoshlar erining bo‘yniga tomdi…
Oqshom bir-biriga tikilib, yuzma-yuz o‘tirdilar.
O’rolboy mehmonlardan qolgan konyakdan bir qadah ichdi. Barchinoyga termuldi. Olis termuldi… Barchinoy ko‘zlarini olib qochdi. Ko‘zlari uchrashib, bir soniyacha tikilib qoldilar. O’rolboynnig qalbida ayoliga shunday iliq, ma’sum tuyg‘ular ko‘pirib toshdiki… Bu tuyg‘ular o‘sha sinfdoshining ko‘zlari bilan ko‘zlari uchrashganda… Ha-ha, o‘shanda shunday ko‘pirib toshgan edi…

1970 yil

09

(Tashriflar: umumiy 852, bugungi 1)

Izoh qoldiring