Toshxo’ja Xo’jayev saboqlari

051

Бир куни режиссёрлик амалиётида юрган вақтимизда «Юрак сирлари» спектаклининг бир репетициясида актриса Ирода Алиева режиссёр томонидан кутилган натижани саҳнада чиқара олмади, такрор-такрор машқ қилса ҳам бўлмади. Шунда Тошхўжа Хўжаев нарироқда ўтирган актриса Эркли Маликбоевани ёнига чақириб, қулоғига бир нарсани шивирлади, кейин репетицияни давом эттираверди. Бир оздан сўнг ташқаридан Эркли Маликбаева…

Маҳкам Муҳаммедов
ТОШХЎЖА ХЎЖАЕВ САБОҚЛАРИ
002

09Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати Тошхўжа Хўжаев 1922 йилда Тошкентда туғилган. У 1951 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1950-1960 йиллар Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида режиссёр, 1965-1971 йилларда бош режиссёр, 1957-1970 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагог, 1970-1975 йилларда «Ўзбекфильм»да актёрлар студиясига раҳбар вазифасида ишлаш билан бирга бир қанча фильмларда роллар ижро этган. Константин Станиславскйнинг “Актёрнинг ўз устида ишлаши” асари таржимони.

У Максим Горький номидаги Тошкент Давлат рус академик драма театрида Нозим Ҳикматнинг «Байрамнинг биринчи куни», Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида А. Бобожоннинг «Ғазал фожиаси» ва бошқа спектаклларни саҳнага қўйган. Тошхўжа Хўжаев Чингиз Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим» асарини Татаристон театрида муваффақиятли саҳналаштиргани учун 1966 йилда Абдулла Тўқай номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
1975 йилда Тошкент шаҳрида вафот этган.

002

Авваллари телевидениедан бериладиган спектакллар жонли кетарди. Уларни муҳрлаб қўёлмас эдик. Ҳозиргидай тасвирларни саралаб, ёқмаса қайтадан саҳналаштириш имкониятлари йўқ эди. Шу тобда содир бўлаётган воқеаларни шу онда томошабинга узатиш эса катта масъулият юклайди. Режиссёрдан ҳақиқий ижодий ёндашувни талаб қилиши табиий. Бутун оркестр дирижёр таёқчасига қараб турганидай, телевизион пультда барча ижодкор ва муҳандислар режиссёр ишорасига қараб туради. Агар режиссёр ижод маҳсулини бутун вужудидан ўтказмаса, унинг партитурасини ёддан билмаса, кўриниб турган тасвирларнинг энг зарурини, кераклисини томошабинга шу онда етказмаса, бу унинг уқувсизлиги, ҳозиржавоб эмаслиги, лаёқатсизлиги ҳисобланади. Шу аснода Парда Турсуннинг «Элмурод», Тўхтапўлат Абдумўминовнинг «Шикоятга ўрин йўқ», Нозим Ҳикматнинг «Унутилган одам», Асқад Мухторнинг «Давр — менинг тақдиримда» ва бошқа кўпгина телевизион спектакллар ана шундай жонли усулда эфирга узатилган. Ана шу жонли ижро жараёнида менинг кўз олдимда ҳамиша устоз Тошхўжа Хўжаевнинг нигоҳи тургани турган.

“Маҳкам, наҳотки шу кадрни томошабинга раво кўраяпсан, нега уни эмас, буни эфирга узатаяпсан” деяётгандай, синчковлик билан кузатиб тургандай, устоз сифатида ўткир нигоҳи билан “кадрларни саралаб, энг зарурини томошабинга узат” деб маслаҳат бергандай туюлади.

Устозларнинг талабчан нигоҳи, зукко назари олдида биз ҳамиша бурчлимиз, шу маънода устоз саҳналаштирган ҳар бир спектакл биз учун сабоқ бўлади деб ўйлайман. Тошхўжа Хўжаевнинг исталган асарини олинг, Ойбекнинг «Қутлуғ қон»ми, Баҳром Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», Чингиз Айтматовнинг «Сарвқомат дилбарим», Маримото Каорининг «Ўғирланган умр»ими режиссёрлик санъатининг гўзал намуналари ҳисобланади. Ўз вақтида томошабинни ларзага солган, барчани жумбушга келтирган спектакллар бўлганди булар. «Қутлуғ қон» спектаклидаги Зикир Муҳаммаджоновнинг Салим бойваччаси, Амин Турдиевнинг Танти бойваччасининг болахонадан туриб сармаст ҳолда айтган «Ҳайбатингга ишонма» қўшиқларидан тортиб Ҳикмат Латипов ижро этган Ёрмат, Шукур Бурҳонов ижро этган Йўлчи образлари ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди.

Тошхўжа ака даврни, муҳитни яхши ҳис қиларди. Урф-одатларни заргарона саҳналаштира олиш иқтидорига эга эди.

Бир куни режиссёрлик амалиётида юрган вақтимизда «Юрак сирлари» спектаклининг бир репетициясида актриса Ирода Алиева режиссёр томонидан кутилган натижани саҳнада чиқара олмади, такрор-такрор машқ қилса ҳам бўлмади. Шунда режиссёр нарироқда ўтирган актриса Эркли Маликбоевани ёнига чақириб, қулоғига бир нарсани шивирлади, кейин репетицияни давом эттираверди. Бир оздан сўнг ташқаридан Эркли Маликбаева «Ирода опа, кўчада ўғлингизни трамвай босиб кетибди» деб додлаб кириб келса бўладими. Ирода опа бўлса «Нима, нима деяпсан?» дея тўсатдан ларзага тушиб, чинқириб юборди, фарёд кўтарди. Режиссёр шартта ўрнидан туриб «Ана, мана шу ҳолатинг керак менга, саҳнани шу ҳолатда давом эттир» деди. Ирода опа бўлса ҳўнграб йиғлаб юборди. Режиссёр шундай қилиб саҳнани моҳирона «провакация» йўли билан чиқарди. Бу спектакл қанча шов-шувга сабаб бўлди, томошабин спектаклга оқиб келди. Театр эшиклари синиб кетди, аншлаг, аншлаг, аншлаг…

Тошхўжа ака мавзуни танлай олар эди, давр руҳини, томошабин дардини биларди.

Мен Станиславскийни кўрмаганман, унинг «системаси», саҳналаштирган спектакллари хусусида ўқиганман, эшитганман. Лекин устоз Тошхўжа Хўжаев билан мулоқатларда, қўйган спектаклларини томоша қилганимда Станиславский ва унинг системасини кўрганман.
Бир куни дарсда Александр Штейннинг «Бир шахс иши» спектаклини саҳналаштираётган пайтда талабалардан кичик бир саҳнани номлашни сўради. Воқеалардан келиб чиқиб саҳнани режиссёрча номлашда биз анча қийналдик, уч кунгача ҳаммамиз ҳар хил номлаб кўрдик, лекин ҳеч бири тўғри келмади. Охири Тошхўжа аканинг ўзи «ЧП» деб оддий ва содда ном қўйиб берди. Шахснинг ҳаётида кескин бурилиш, бу «Фавқулотда ҳодиса» деди. Биз талабалар эса мураккаб номларни қидириб ўтирибмиз. Домла оддийгина номлаб, «Воқеаларни номлаш, уни рўёбга чиқариш режиссёр ишининг калитидир» деди. Битта ном учун Тошхўжа акадаги чидам, тоқат уч кун сабр қилишига қойил қолгандик ўшанда.

Институтда «Қутлуғ қон» спектаклининг талқинига қўшилмаган айрим домлалар бир куни Тошхўжа акага эътироз билдиришди, уни қайтадан кўриб чиқишни таклиф қилишди. Шунда домла «талқин учун партия билетим билан жавоб бераман» деб қатъиятлилик билан ўзини ҳимоя қилган экан. Тошхўжа ака ана шундай ўз фикрига эга, сўзи устида тура биладиган, ўта билимдон инсон ва ижодкор эди. Ҳар бир ижодий жараёнда, ҳоҳ фильм бўладими, ҳоҳ спектакл бўладими ёки оддий телевизион кўрсатув бўладими, устоз олдидаги масъулият бизни тарк этмаслиги керак. Устозлар ўгити, сўзсиз нигоҳи ижодкорга мадад бўлади.
Мен қуйида домланинг дарсларидаги сабоқларидан айрим қатраларни ҳавола қиламан.

013

ТОШХЎЖА ХЎЖАЕВ АЙТГАН ЭДИ
002

***

Одам ҳаётда беихтиёр, саҳнада, экранда ихтиёрий ҳаракат қилади.

***

Актёр саҳнада ёлғон гапириши, томошабинни алдаши мумкин, телеэкранда алдаш уни фош қилади.

***

Ҳозирги замон актёри давр билан ҳамнафас, ақлли, интелектуал бўлиши лозим.

***

Санъат бўсағасидан ўтдингми дард билан яша.

***

Сенда фикр бўлса гапир, бўлмаса ҳавони ларзага солма.

***

Ҳаётда ҳаракат ҳамиша акс ҳаракат келтириб чиқаради, таъсир доирасига айланади:
А) Мухитга.
Б) Шерикга.
В) Ҳаракат қаратилган нарсага.

***

Ёзилган мавзуни, асарни болаларча ҳикоя қилиб беринг, уларнинг тилида асосий воқеалар қалқиб чиқади.

***

Қўйилган спектаклларда, телевизион кўрсатувларда инсонлардаги ҳайвоний қусурларни ўлдириш керак.

***

Асар жанрини аниқ нишонга олиш лозим: инқилоб бўхронларида фожеа, йўқсиллик мушкулотларида драма, инсон табиатининг бузилиш ҳолатларида кулгили комедия туғилади.

***

Режиссёр мантиқий учта ҳақиқатни билиши шарт: ҳаётий хақиқатни, саҳнавий ҳақиқатни, ижтимоий ҳақиқатни.

***

Ҳарактер бу ички хислат, ҳарактерли бу ташқи хислат.

***

Мен Лев Толстой каби операни ёқтирмайман.

кс
Константин Станиславскйнинг “Актёрнинг ўз устида ишлаши” асаримутолаа қилинг ва юклаб олинг (Тошхўжа Хўжаев таржимаси).
07

033

(Tashriflar: umumiy 135, bugungi 1)

Izoh qoldiring