Tursunboy Boymirov. Oqburun & O’rolboy Qobil. Anoyi odam yoxud Tursunboyning Hindistonga sayohati

Ashampoo_Snap_2017.09.25_21h43m07s_001_.png   Боймирза бир ойдан бери бетоб. Бошида чап қўли ва кўкраги остида санчиққа ўхшаш оғриқ пайдо бўлди. Ўтиб кетади деб парво қилмади.Аммо бу оғриқ кундан–кунга зўрая бошлади. Бора–бора иштаҳаси йўқолиб,овқат ейишдан қолди. Кунда бир пиёла сутни қистаб, қўймай ичиртирадилар. Охирги кунларда ютган суюқликларини қайт қиладиган бўлди. Уйқу босиб,беҳуш кўп ётар эди. Очлик тинка–мадорини қуритиб қўйди…

Ўролбой ҚОБИЛ
АНОЙИ ОДАМ ЁХУД
ТУРСУНБОЙНИНГ ҲИНДИСТОНГА САЁҲАТИ
07

— Адиб Турсунбой Боймиров икки қардош халқнинг эрка фарзанди. Тожикча ўйлаб, ўзбекча ёзади. Акахоннинг эл-улус орасида гап-сўз бўлган асарлари бир талай. Илк ижодий фаолиятини газеталарга кичкина хабар ва мақолалар ёзишдан бошлаган Турсунбой аканинг орадан йиллар ўтиб, таниқли адиб даражасига етиши осон бўлмади. Бу тинимсиз ижод машаққатларини чекиш эвазига қўлга киритилди. Кўпчилик Турсунбой акани ҳажвчи сифатида яхши билади. Тўғри, ҳажвий асарлар ёзиш туфайли у инсон характерининг турли қирралари тасвирлаш усулларини ўзича кашф этди. Бу эса кейинчалик ижодкорга жиддий мавзудаги ҳикоялар ва қиссалар яратиш имконини берди. Қўшни Бухоролик адабиёт мухлислари Неъмат Аминов билан фахрлансалар, биз Қашқадарёликлар ҳам Турсунбой Боймировдек ҳажвиёт жанрида ўзига хос мактаб яратган ижодкор билан замондош бўлганимиздан ғурурлансак арзийди, — дея сўзлайди ношир ва адиб Темирпўлат Тиллаев.
Аммо…

***

Бир йили кекса адиб Абдивой Раҳимнинг янги нашрдан чиққан рўмонини ювгани Қаршига бордик. Қарасак, Турсунбой ака уйидаги ёғи артилмаган “Нексия”ни минмай пиёда юрибди. Сабабини сўрасак: “Рулда бўлсак, ризқимиз қийилади, “ҳалиги”ни ким ичади?”, дейди жилмайиб.

…Китоб тақдимотидан кейин уйга, бола-чақанинг олдига қуруқ бормайлик деб бозор ораладик. Акамиз невараларига ул-бул харид қилиб, охири бизларни амалдорларнинг шапкаси сотиладиган дўконга бошлаб кирди. Сўнгра кўргазмада турган шапкалардан бирини кийиб, кўзгуга қаради. Ичимда: “Ҳой ака, кўрпангизга қараб оёқ узатинг, ким қўйибди сизу бизга шапка киймоқни”, демоқчи бўлдим-у, яна ўзимча: “Ке, аканинг кўнгли бир кетди-да, кийса кийиб кўрсин, барибир сотиб олмайди” деб ўйладим. Сўғин сотувчи йигитга қўшилиб: “Ярашди, буюрсин, Сизбоп экан” қилдик.

Турсунбой ака чўнтагидан пул чиқарди. Шапкага ўн беш минг етмади. Сал кайфи бор одам йиғлагудай бўлаяпти. Яна сал эркинсидими: “Мендаям қолиб кетмас, уч бирдай йигит дўконга кириб қуруқ чикамизми?”- деди жилмайишга ҳаракат қилиб. Сотувчи йигит ҳам харидорни қўллади. Начора, мен қизғанинқираб олти минг бердим, шоир Йўлдош Кенжанинг сахийлиги тутиб қолганини узатиб юборди.

Турсунбой аканинг қувончи чексиз эди.

“Форд”лар турадиган шоҳбекатга етиб келдик. Биринчи Турсунбой ака жўнайдиган бўлди. Йўловчи кутиб турган “Нексия”нинг эгаси у кишининг олдига югуриб чиқди-да:
“Бир шаҳарлабсиз-да! Келинг, раис бува, олдинги ўриндиқ сизники!” дея етаклаб кетди.

Бизлар эса эшиги очиқ “Форд”га кирдик. Йўловчи камлигидан икки машина ҳам пича туриб қолди.
-Бориб қара-чи, Турсунбой ака ухлаб қолмадимикан,- деб қолди Йўлдош ака,- зерикиб ҳам ўтирибсан-да!…
Раис бувадан хабар олиш учун машина ичига мўраладим.

Во ажабо, қай кўз билан қарайки, Турсунбой ака бели синмаган мингталикларни санамоқда. Мен аста йўталдим. Раис буванинг нигоҳи менга тушгач:
-Янгангиз адашиб пулларни шимнинг орқа чўнтагига солган экан, ўтириб билибман,- деди пинагини бузмай. -Сизларга раҳмат, қийин пайтда қўллаб юбординглар.
“Нексия”нинг мотори ўт олди. Турсунбой ака кўксига қўлини қўйиб жўнаб кетди…

***

-Турсунбой ака ғоят камгап, камтарин одам. Оз гапириб, кўп тинглашни ёқтиради,- дейди адиб ва публицист Абдунаби Абдиев. – Бўлмаса эшитган одамни (албатта бирон айби борларни) зир қақшатадиган – “Муштум” журналининг кунда-шундаси у киши. Бир эмас, бир неча бор ўзбек ҳажвиёти тамал тошини қўйган шу отахон журналнинг йиллик мукофотига сазовор бўлган. Ҳар гал қишлоқ алоқа бўлимидагилар ойноманинг янги сонини келтириб беришлари билан шоша-пиша варақлайман. Ва кутганим- Турсунбой аканинг янги ҳажвияси ёки жаҳон ҳажв усталари бисотидан қилган таржимасига кўзим тушиб, “шу одам қачон тиниб-тинчир экан” деган хаёлга бораман.

Ижод аҳлининг бошини қовуштирган “Қамаши гурунглари” ташаббускорларидан бири ҳам шу – бизнинг Турсунбой ака. Унда туманда яшаб баракали ижод қилаётган бир талай қаламкашлар даврасида шаҳрисабзлик шоир ва адиб Абдураҳим Абдусамадов, маҳоратли журналист Нуриддин Эгамов ва каминаи камтарин қулингиз қатнашиб турсак-да, орамизда энг сермаҳсулимиз Турсунбой Боймиров десак сира муболағаси бўлмайди. Республика миқёсида нашр этиладиган “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Оила даврасида”, “Ишонч”, вилоятимизда чиқадиган “Қашқадарё”, “Дарё”, “Баркамол авлод” каби журнал ва газеталарида у киши тез-тез юз кўрсатиб турадилар.

Энди Турсунбой ака нега кам гапириб, кўп эшитади десам турли давраларда эшитганларини зимдан пишитиб борар эканлар. Буни Турсунбой ака “Дард”, “Оқбурун” каби қиссаларида қойиллатиб қўйган.

Бир сўз билан айтганда Турсунбой аканинг битикларида оддийлик устувор. Бу оддийлик замирида халқчиллик ётибди. Бунга амин бўлай десангиз адибнинг асарларини жиддий ўтириб, мутолаа қилинг, сира афсусланмайсиз!

***

Кунларнинг бирида акамиз, шоир Йўлдошбек Кенжанинг телефондан ташвишли овози эшитилди.
— Ука, эшитдингми, Боймиров Ҳиндистонга кетаётганмиш.
— Йўғ-а,- дедим, ҳайратимни яширолмай.
— Рост, ишончли одамлар хабар қилишди.
— Ҳамроҳлари кимлар экан?- дея сўрадим.
— «Дарё»чи укалар.
— Ҳа, акахон охири соддагина укаларни тузоғига илинтирибди-да?
— У — киши одам танлашни билади…
— «Отиезим»га борамизми?
— Эй, ука-я, ҳалиям соддалигинг қолмабди-да, бой бува сен билан мен узатадиган йигирма, ўттиз юз мингни назарга илармиди, яхшиси саёҳатдан келсин, биратўла борақоламиз.
Таклиф каминага ҳам негадир ёқиб тушди…

***

Икки ҳафта ўтиб яна Йўлдош ака хабар қилди.
— Ука, суюнчи бер, Турсунбой ака сафардан қайтибди.
Кейин Йўлдош аканинг «Жигули»сида «Одамбормас қайдасан?» деб йўлга тушдик. Акахоннинг ховлиси одамлар билан гавжум экан. Мезбон ўзида йўқ хурсанд, бизларни соғинибди чоғи, қучоқ очиб кутиб олди.
Узун меҳмонхона «керак»ли одамлар билан банд эди, “ўтинг-ўтинг” дан сўнг ўртароқда чўккаладик.
Уй эгаси бизларни даврадагиларга таништирди.
— Булар менинг ҳамкасбларим, иккови ҳам Жонбўзсойдан, ановиси рулда, буниси умуман ичмайди, зўрламанглар!
— Агар ароқ “Индийский” бўлса, мозорбости экан, оламиз, уч-тўрт соат ўтирсак тарқаб кетар…- деди Йўлдош ака кулимсираб.
-Эй, ҳиндлар қизиқ халк экан, ароқ ҳам, гўшт ҳам истеъмол қилишмаскан. Фақат ўзимизнинг холвойтирга ўхшаш ширинлик билан чой ичишаркан. Яна қалампир, мурчни хуш кўраркан, қурғурлар… Нони ҳам ўзимизнинг лочиридек юпқагина… Дўппи кийиб борганим қўл келди, қаерда юрсам, “ҳой, ўзбак” деб танишди, эъзозлашди.
-Дўппи қатидаги «ҳалиги» нима бўлди?- сўради кимдир кутилмаганда.
-Рост, уч-тўрттасини олиб боргандик, излаган нарсани тополмагач, қайтариб келдик.

***

Турсунбой ака завқ-шавқ билан сафар таассуротларини сўзларди.
— Биродарлар, тўғрисини айтсам, самолётда биринчи бор учишим эди. Озгина қўрқдим. Лекин ҳамроҳларимнинг хотиржамлигини кўриб, ўзимни гўё кўп бора сафарда юрган йўловчидек тутдим. Буни қаранг, Шаҳрисабзлик ижодкор Абдираҳим домла билан ёнма-ён ўтириб қолибман. Домла қошларини чимириб менга бошдан-оёқ назар солгач, сўради:
-Сиз, ҳув ўша газетда ёзишган, оғайниларини чув туширадиган Турсунбой эмасмисиз?
— Ҳа, ўша укангизман,- дедим ўзимни яқин олиб.
— Ҳалиги «ҳунар»ингизни ташлагандирсиз?
-Ҳой, ишонманг, укалар олтмиш йиллигим арафасида ҳазиллашиб ёзишганди.
— Ҳой, ука, газет дегани ҳазил-ҳузул қиладиган чойхона эмас, тоес, сиз яхши одамга ўхшамайсиз!
Дод деб юборгим келди. Аммо фойдасиз эканлигини англадим.

***

Ҳиндистонда ҳам домланинг мендан шубҳаси аримади. Бу ҳам майли, бошқаларнинг ҳам мендан ўзларини олиб қочаётганини сездим.
Фақат укамиз Асроржон Аллаёровгина мусофирликда яккалаб қўймади. Шундай десамда…
Ҳашаматли меҳмонхонга жойлашдик. Асроржон икковимизга бир хона беришди. Ётиш олдидан укамнинг қопчиғини ёстиғи тагига қўйганини кўзим илғади. Шеригинг сенга ишонмаса дилинг оғрир экан. Уйқум қочиб, ҳаёлимга турли режалар келди. Ўзимни гўё ширин уйқуга кетгандек тутдим, онда-сонда хуррак ҳам отиб қўйдим.
Кўп ўтмай ҳамхонам пинакка кетди. Укамга бир ҳазиллашгим келди. Аста жойимдан қўзғалиб, ёстиқнинг тагидан қопчиқни сездирмай суғириб олдим-да, шкафда осиғлиқ турган костюми чўнтагига жойлаб қўйдим.
Азонда Асроржоннинг тўрткисидан уйғондим.
— Ака, қопчиғимни нима қилдингиз?
— Қанақа қопчик?- дедим толмовсираб.
-Ҳой, ака, пул турадиган қопчиқда, домла билиб айтган экан, мен бўлсам…
— Ўша кармонинг қаерда эди?
— Ёстиғимнинг тагига қўйгандим.
— Бўлмаса, ўша жойдан қидир, мен сенинг ёстиғинг эмасманку?
Асроржон бир неча бор ёстиқларни ағдариб қаради-да, менга юзланди.
-Анови чўнтакларингизни ҳам қарадингизми?- дедим шкаф тарафга ишора қилиб.
У шошиб бориб, костюмининг ички чўнтагини кўрди-ю, қопчиғини топиб, кўзларига ишонмай пулларини санади-да, юзига қон югуриб, ажабланиб менга боқди.
-Эй, укам-а, ана жойида турган экан-у, эрталабдан мени ёмон хафа қилдингиз.
— Узр ака, лекин бир нарсага ҳайронман, у қандай қилиб бу жойга…
— Ай, бой бўлгур-эй, ахир биз сеҳру жодулар диёридамиз, бу маконда ҳар нарса бўлиши мумкин,- дедим ўзимни билағон кўрсатиб.
Шу воқеадан кейин Асроржон билан яна ҳам қалин бўлиб кетдик.

***

Ҳиндистоннинг табиати ҳам, одамлари ҳам ғаройиб экан. Кўп жойларда бўлдик, айниқса, ватандошларимиз бобурийлар қурдирган Тожмаҳал обидаси бизларда бир олам фахр ва ғурур уйғотди.
Бозор айландик. Доимий ҳамроҳим Асроржон дўконларнинг биридан нимадир харид қилди. Сўнгра меҳмонхонага қайтаётгандик, ортимиздан ёш боланинг «Ҳой, местер!» деган товушини эшитиб тўхтадик.
Не кўз билан кўрмайлик, ярим яланғоч, жингалак сочли болакай қўлида Асроржоннинг қопчиғини тутганча чопиб келди-да, таъзим қилиб, эгасининг қўлига тутқазди. Укамиз қопчиғини дўконда унутиб қолдирган экан.
Асроржон болакайга суюнчига пул узатди. Аммо, у бошини сарак-сарак қилиб пулни олмади, беғубор бир жилмайиб ортига югуриб кетди.
-Эй, аттанг, бу ҳиндлар ажойиб халқ экан-у, лекин, «топган-тополоқники» деган нақлни билмас экан-да,- дедим сафдошимга кулиб ва хаёлимга қўшнимизнинг боғидан олмаларни «шумо» қиладиган шумтака набираларим келиб, алланечук бўлиб кетдим.
Уйни, болаларни, ўғлим ва келинимни, янгангизни соғинганимни ҳис қилдим.
Одамбормас деб беўхшаб ном олган қишлоғимни, юртимизни қўмсадим. Холбуки, ҳали Ҳиндистонга келганимизга бор йўғи уч кун бўлганди…

***

-Турсунбой Боймиров серқирра ижодкор, — дея сўзлайди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Момохол Элмуродова. – У киши ҳажвий асарлар, ҳикоя ва қиссалар ёзиш билан бирга долзарб мавзудаги мақолалар, эссе ва очеркларни ҳам қойиллатиб ёзадиган моҳир публицистдир. Унинг она табиатни асраш мавзусида ёзган мақолаларини ўқиб ҳайратга тушганман. Она замин, артоф муҳит, табиат олами тасвирлари ёзувчининг дилидаги оғриқли дардлар билан қўшилиб ажойиб манзара кашф этади. Буларнинг барисини оқ қоғозга тўкиш Турсунбой акага осон бўлмаганини ич-ичимдан ҳис қиламан.
Мен Турсунбой ака тимсолида минг йиллик азалий удумларни ўзида авайлаб сақлаб келаётган мағрур ва мард, танти ва ориятли, эл- юрт шаънини ардоқлаб, қаламга олаётган куйинчак адибини кўргандек бўламан..

Турсунбой БОЙМИРОВ
ОҚБУРУН
Қисса
07

Турсунбой Боймиров 1949 йилда Қамаши туманининг тоғли Чуқурли қишлоғида туғилган. Қарши муаллимлар олийгоҳида таҳсил олган. Қишлоғидаги мактабда муаллим бўлиб ишлади. Икки бора вилоят кенгаши депутати бўлиб фаолият олиб борди. Адибнинг “Балои-бад”, “Ё, отамнинг қўли”, “Биринчи маош”, “Табассум”, “Изтироб”, “Бобуртепа қирларида баҳор”, ”Эл фарзанди”, “Оқ ўтов”, “Қамаши ва қамашиликлар”,”Чим — фидоий инсонлар юрти”, ”Элда эъзоз топганлар” каби насрий китоблари чоп этилган. “Шуҳрат” медали соҳиби.

07

1

Отабоев-И.-Корагёз.-2012-230x300.jpgБоймирза бир ойдан бери бетоб. Бошида чап қўли ва кўкраги остида санчиққа ўхшаш оғриқ пайдо бўлди. Ўтиб кетади деб парво қилмади.Аммо бу оғриқ кундан–кунга зўрая бошлади. Бора–бора иштаҳаси йўқолиб,овқат ейишдан қолди. Кунда бир пиёла сутни қистаб, қўймай ичиртирадилар. Охирги кунларда ютган суюқликларини қайт қиладиган бўлди. Уйқу босиб,беҳуш кўп ётар эди.Очлик тинка–мадорини қуритиб қўйди.Бугун кечагига қараганда Боймирзанинг аҳволи бироқ дуруст. Кўзини очиб атрофга алазарак боқди. Бошида турганларга ажабсиниб термулди. Сўнгра, опаси Зайнабнинг қўлини устига қоқсуяк қўлини босди. Бир нарсалар демоқчи бўлди. Гапиришга мажоли етмади. Бормоқлари билан имо–ишора қилди.
– Сув сўраябди,–Рўзихол момо Боймирзанинг нима деяётганини англагандай бўлди ва йиғилганларни ташқарига чиқишга даъват этди.– Уйни бўшатинглар, тоза ҳаво кирсин.
Рўзихол момо кенг енгларини тирсагигача шимариб,узатилган сув тўла пиёлани қўлига олди.
– Ярим пиёла бўлса бўлади,–пахтани сувга ботириб Боймирзанинг қуруқ лабларига босди. Оғзига беш–олти томчи сув томизди,тилини ҳўллади. Аммо,бу чанқоқни босмади шекилли, Боймирза Рўзихол момони қўлини ушлаб, пиёлага ишора қилди.
– Сув! Сув ичгим келаяпти.
Ютган сув томчилари қувват бўлдими,Боймирзанинг сув сўраган гапини бошида турганлар эшитди.
– Боймирзажон, уч кундан бери бир оғиз сўзингизга интиқ қилдингиз,–оғасини қучоқлаб уввос солди Зайнаб момо.– Нимага бундай қилаяпсиз? Мени танияпсизми?
–Танидим опажон, танидим,– шикаста, мажолсиз оҳангда жавоб берди Боймирза. Нега бунча одам йиғилган? Менга нима бўлди?
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, айланай,– Рўзихол момо Боймирзага далда берди.
–Бироз шамоллагандай бўлибсиз. Кўп ухладингиз. Шунга булар, бироз алағда бўлгандай бўлишди.
Рўзихол момо йиғлаб–сиқтаётган Зайнаб момога ишора қилди.
– Ўнг томонидан ўтинг. Гавдасини кўтариб, орқасига ёстиқ қўяйлик. Нафаси ўнгланиб, қони юришади. Келинлардан қайсиси бор,–эшик томонга ўгирилиб топшириқ берди Рўзихол момо,– бир пиёла сутга қант солиб олиб келинглар. Кўпам ширин бўлмасин. Тушга мастава ичиртирамиз.
Боймирза ширин сутни ҳўплаб, дам олиб ичди. Ичганда ҳам ютиниб, қийналиб ичди. Бир ош пишиғи вақтдан сўнг кўзи анча равшан тортди. Ҳолини сўраб келганлар билан сўрашди.
– Нега Ҳисорбой наверам кўринмаяпти? –Боймирза опаси Зайнабдан сўради
.–Айтинг, келиб, ёнимга ўтирсин.
– Ёнингизда эди. Мол–ҳолига қараяпти. Алағда бўлманг келади ҳозир.
Ҳисор невара бобосининг бўйнига осилди . Боймирза мажолсиз қўллари билан унинг бошини силади.
– Эркатойим,тойчоғим. Отагинам. Отамнинг ўрнини босувчи отажоним.
Боймирзанинг дами ичига тушди. Қўллари қалтиради. Унинг юраги йиғламоқда эди.
– Бобонгни ёнидан ўтир,– Зайнаб момо Ҳисорга бобосининг ўнг томонидан жой кўрсатди.–Энди ҳеч ёққа чиқма. Бобонг билан гурунглаш.
– Тўғри айтасиз, опа,–опасининг гапини маъқуллади Боймирза.–Ҳисор неварамга Оқбурун отимизнинг қисматини гапириб берсамми, деяпман. Уйланиб, бола–чақали бўлса болаларига, кейин қишлоқ одамларига мавриди келса гапириб беради.
Рўзихол момо Зайнаб момонинг қулоғига шивирлади.
– Уй ёритаяпти. Икки кунлиги борми, йўқми? Бундан оёққа турса, юзга киради.
Зайнаб момо кўз ёши қилди.
– Билмадим янга, бир дарди бедавога йўлиқди–ёв.
Катта келин Рўзихол момога юзланди.
– Маставани қайнатиб, қатиқлаб қўйдим.
– Тур. Ҳисор ўғлим,–Зайнаб момо Ҳисорни янгасига эргаштирди.–Бир коса мастава олиб кел. Қўлинг билан бобонгга ичиртир. Сенинг қўлингдан ичади.
Кечга томон Боймирза анча кучга кириб қолди. Гаплари ҳам дадиллашди. Уйдагиларнинг чеҳраси ёришди.
– Мен Ҳисор неварамга Оқбурун отимизнинг қисматини айтиб берсам, девдим,– яна опаси Зайнабдан ижозат сўради Боймирза.–Рухсат берасизми? Шу денг икки кун олдин отам оқсоқол билан энам қўл ушлашиб уйимизга келдилар,– кўрган тушини опасига айтиб берди Боймирза. –Оқбурунни эгарла, дедилар менга. Сени миндириб, олиб кетамиз. Тавба қилдим, отни эгарладимми, миндимми эсимда йўқ. Уйғониб кетдим. Оқбурун от қисматини сўзлаб берсам ота–онам билан гурунглашгандай, акаларим Хонимқул, Боқи, Алмирзалар билан бирга бўламанми, деяпманда. Барибир кечаси уйқум келмайди.
– Мен ёнингиздаман. Нафасингизни ростлаб, дам олиб сўзлаб беринг Оқбурунни. Ҳаммасини айтинг. Бошимизга тушган қора кунларимизни ҳам гапиринг.
– Қандай паҳлавон келбатли, Алпомиш сиёқли акаларим бор эди–я,– Боймирза бир тин олди.– Акаларим ҳақида ҳам гапириб берсам бўладими?
– Бўлади оғажоним, бўлади. – Кўнглингизда нима гап бўлса, ичингизни бўшатинг,– Зайнаб момонинг вужуди титраб кетди.

2.

Ана–мана дегунча Боймирзанинг қирқи ҳам етиб келди. Кечга томон маросимга келувчиларнинг сафи узилди. Узоқ қишлоқлардан келган қориндошлар қолишди.
– Бир сўров бор? – Эшқуват уй тўла одамлар эътиборига таклиф киритди. –Бекорчи гапларни йиғиштирайлик. Раҳматлик Боймирза невараси Ҳисорга айтиб берган Оқбурун от қисматини эшитайлик. Нима дейсизлар?
– Маъқул!, Маъқул!–дейишди меҳмонлар ҳам сўровга эътироз билдирмай. Бизлар розимиз. Васият қилган бўлсалар айтиб берсин.
– Ҳисор Оқбурун от қисматини бобосидай қилиб бизга айтиб бероладими?,
– Назар писанда қилди ўтирганларга.
Уста Эшқуват Назарнинг киноясидан ранжиди.
– Ақл ёшда эмас Назар.Мана сен элликка кириб ҳам парсоқи гапларингни ташламадинг. Қайси даврада ўтирсанг бир томонга тортиб туриш одатинг бор. Ҳисор ўн олтига кирди. Ўқитувчиси зеҳни ўткир, нутқи равон деб мақтайди. Айтинглар Ҳисор меҳмонларнинг олдига кирсин.
Ҳисор уйга кириб,меҳмонларга салом берди. Сўнгра пойгоҳда тизанлаб чўкди.
– Жойлашиб ўтир, ўғлим,–уста Эшқуват суйди Ҳисорни. – От ўрнини той босар, дейдилар. Бобо–момонинг ўлими мерос. Бобонг раҳматлини ҳамма ҳурмат қилар эди. Ўқимишли, одам эди. Кўп йил фермага зоотехник,мудир бўлиб ишлади. Халқпарвар, саховатпеша одамлигини биламиз. Саксон тўққиз ёш, улуғ ёш. Тўшакка михланиб, қўлидан олдирмай омонатини топширди. Бобонг сенга айтиб берган Оқбурун от ҳақидаги айтганларини бизларга ҳикоя қилиб бер. Оқбурун от ҳақида эшитганмиз-у, бизга етиб келмаган, билмаган воқеалар ҳам бор-да.
Ҳисорнинг боши эгилди. Бобосининг ўша кечадаги ҳолати кўз олдида гавдаланди. Аламлари бўғзига тош бўлиб қотди.
– Хафа бўлма, болам,–меҳмонлардан бири Ҳисорга кўнгил берди.– Васият бу омонат, қарз гап. Оқбурун от ҳақидаги қиссани бизга сўзлаб бер. Бобонгни арвоҳи шод бўлади.
Ҳисор бошини кўтарди. Изтироб ва қайғулардан холи қилди жисмини. Кейин эса бобоси айтиб берган Оқбурун от ҳақидаги воқеаларни дона–дона қилиб ҳикоя қила бошлади.

3.

Қиш ҳар йилги вақтидан эртачироқ келди. Икки кун олдин ёққан қордан кўзга ташланадиган жамийки борлиқ оқ либосга бурканди. Бугун ўзгача бир ҳолат. Офтоб тоғлар ортидан очиқ чеҳраси билан бўй кўрсата бошлади. Қорнинг заррин парчалари қуёш нурида ялтираб,кўзларга ойна тутмоқда. Гўё қуёшнинг тафтидан қорлар эриб кетадигандек …. Тушга яқин осмонда пайдо бўлган паға–паға булутлар, эсаётган чилланинг совуқ нафаси куннинг иссиқ тафтини кесиб турди. Ҳамон совуқдан теварак атроф карахт. Умри тугаётган кун бўлса, беҳаловат дамларини туннинг сукунат ва сокин палласига ўрин бўшата бошлади. Осмон кечга томон тиниқлашди. Уфқ ловиллаб ёнди. Тоғларда нозик нурлар сепини ёйди. Катта Ўра қишлоқлари узра қалқон бўлган тоғлар бағридаги арчаларнинг учи ана шу нурлардан ёришди. Оқшом қора чотирини судради. Ой ва юлдузлар қоронғилик зулматини йиртиб, ёруғлик ҳадя этди. Бу кеч ҳам совуқ бўладиганга ўхшайди. Айниқса, тонг отар пайти. Шундай совуқ ел эсадики, тошни ёрай дейди.
Шоймардон оқсоқол биринчи бор бундай қишни кўраётгани йўқ. Қўй, эчки- ларини бостирма қўтонга, молларини молхонага қамашиб, от, байталларини сайисхонага боғлаттирди. Пешиндаги ишларни бажариб бўлган дастёрларнинг ишидан кўнгли тўлгач, уйга кирди. Пўстинини ечиб, чопонини кийди. Иссиқдан ҳузур қилиб ётган ўғил–қизларининг ёнидан чўкиб, икки қават қилиб сандал устига ёпилган кўрпа ва гиламнинг бир четини очиб, оёқларини тиқди.
– Ҳалитдан қаттиқ совуқ бўляпти, узун қишни қандай ўтказамиз, хотин?
–– Қишни энди кўряпсизми, отаси,– оқсоқолнинг хотини эрига тасалли берди.–Сигир йилида, қор, ёмғир кўп бўлади, дейдилар. Қишнинг совуғи бўлмаса барака қаердан келади.
Шоймардон оқсоқол хотини берган ёстиққа тирсагини босиб, кўрпага қўшиб гиламни елкасигача тортди.
– Туринг отаси, гап бор. Хурсанд бўласиз.
Шоймардон оқсоқол бироз гавдасини кўтариб, хотинига қаради.
– Сигиримиз туғдими?
– Йўқ!
– Ражабхол келин бачаладими?
– Йўғ-е … Бошқа гап бор.
Оқсоқолнинг хотини заҳри синсин деб қўйган қишқи қовунни сандалнинг тагидан чиқариб, устига қўйди.
– Пешинда бўғоз қўйларнинг емига майда сомон аралаштираман деб сомонхонага кирдим. Сомон тагидан қовун чиқди. Насибамиз экан–да…
Оқсоқол чордона қуриб ўтирди.Кейин қовунни қўлига олиб, салмоқлаб кўрди.
– Бунга қара-я, хотин. Кузда Ғузор бозорига йигирма бош панжи қўчқор чиқариб, бир улов қишқи қовун бозорлик қилиб келганим эсингдами? Шундан қолган экан-да.
Хотини дастурхонга тол товоқ ва пичоқ келтириб қўйди. Қовун роса шира боғлаган экан. Оқсоқол қовуннинг бир палласини тилимлай бошлади. Ўғил-қизлари қовун ҳидини олиб, сандалнинг тагидан тизилиб чиқа бошладилар.
– Яхши бола бўлиб турганга тилимнинг энлисидан бераман,– оқсоқол болаларни тартибга чақирди.– “Менга! Менга!” деб тўполон қиладиган энсизидан олади.
Хотини ҳазил қилди.
– Қовунни топганга жуда энлисини берасизми?
– Шоймардон оқсоқол хотинига буюрди.
– Хонимқул билан Алмирзани айтиб кел. Келинлар ҳам келсин. Бир майиз қирқ кишига етган.
Ташқаридан бегона одамнинг чақиргани эшитилди.
– Ҳой, бой бова! Бой бова, ҳой-й! ….
Эру хотин бир–бирларига қарадилар.
”Ким бўлдийкан бевақтда келган одам?”
– Мен бир қараб келай-чи, – ўрнидан туриб пўстинини кийди Шоймардон оқсоқол. – Меҳмон-пеҳмон келгандир.
Оқсоқол икки тавақали эшикни бир тавақасини очиб, ёнбош бўлиб, ташқарига чиқди. Уй ичига туман бўлиб совуқ ҳаво кирди.
– Ассаламу алайкум, бой ака. Шом бахайр.
Узун пўстинга ўраниб олган бўлса-да, гапиришга оғзи қовушмаётган кутилмаган меҳмоннинг аҳволини кўриб Шоймардон оқсоқол ачинди. Ориқлигидан жунлари ўсган, базўр оёқларига таяниб турган байталнинг жип-жиловидан ушлаб турган панжалари ҳам совуқдан қотиб қолган эди.
– Кечга қолдим ,ака. Бир кечага жой берасизми?
Шоймардон оқсоқол байтал арқонини меҳмоннинг қўлидан олиб, сайисхонага тортди.
– Эгарни узинг. Мен гиламми, кигизми олиб чиқай. Ҳозир бу жониворни иситамиз, қорнини тўйдирамиз. Хотин,ўчоққа ўт ёқ,–ким экан деб алағда бўлиб эрининг орқасидан ташқарига чиққан хотинига буюрди оқсоқол.– Йўловчи-меҳмонимиз тарашадек қотиб қолибди.
Бир ош пишиғи вақтдан кейин меҳмоннинг юзларига қизиллик югуриб, жон кирди.
– Иссиқ чойдан ичинг,– шопиёлада сузилган чойни меҳмонга узатди оқсоқол.– Совуқ қотганингизни кесади.
Кейин угирилиб хотинидан сўради.
– Ширгуручинг пишмадими? Доғланган сариғ ёғни косага солиб, алоҳида олиб кел.Таъбга қараб, кўллатиб еяберамиз. Тўғрими меҳмон?
Оқсоқол меҳмонга қаради. Меҳмон бўлса “ихтиёр сизда” дегандек бошини эгиб қўйди.
– Хуш, – деб сўради Шоймардон оқсоқол қорни тўйиб, қайғуси кетган меҳмондан. – Танишайлик энди. Кимсиз? Кимлардан бўласиз? Қаерга кетябсиз?
Меҳмон гапни узоқдан бошлади.
– Шу байтал баҳорда йигирма иккига киради. Раҳматли отам мулло Ҳазрат Шеробод бозоридан ғуножинлигида сотиб олган эди. Ҳар йили биттадан қулун туғиб беради. Қариди-да жонивор. Ўзиям байталмисан байтал эди. Оёқлари узун, бўйнидан қучоқласангиз қўлингиз қўлингизга етмас, сағрилари бўғжомадай, калласи кийикникидай чиройли эди. Кўпкарига қўшсангиз тўдадан қуруқ чиқмас, тушиб қолган такага боғлаб қўйгандай эди .Қишқи қўтонимиз Дархонда, қўйларни боқибмиз-у, от, молларга эътибор бермабмиз. Айниқса, байтал чарчабди. Тонг саҳардан чиқувдим. Ингичка қишлоғида бир дам бердим. Икки кило арпа бор эди, тўрвадаги сомонга аралаштириб илдим. Арпабулоқдан бу ёғига судраб келдим. Қорнидаги қулунига ачинябман. Омон-эсон туғдириб олсам, бошқа бу байталда ҳақим қолмайди.
Шоймардон оқсоқол меҳмоннинг елкасига қўлини қўйди.
– Мулло Ҳазратга аммамнинг қизи тушган. Отангиз бизга почча бўлади. Қаршибой деган катта ўғли бор. Қўшкул қишлоғиданман, демайсизми?
– Мен Қаршибойман, – оқсоқолга тикилиб қолди меҳмон. – Онам раҳматли, “Чуқурли қишлоғида тоғаларинг бор” деб бир неча маротаба айтганлар. Умр ўтаркан. Бизлар ҳам ёшлик қилиб, иш-иш деб гапларига қулоқ солмадик. Энди пушаймонмиз.
Шоймардон оқсоқол ука, сингилларини, қишлоқдаги таниш-билишларини сўради. Хўп деганча суҳбатлашдилар.
– Энди жиян,– Шоймардон оқсоқол меҳмонга юзланди.– Мағрибдаги меҳмоннинг ризқи Машриқдагисига қўшилган экан …. Бугун янгангиз сомон тагидан куздан бери қолиб кетган бир қовунни топиб олибди. Энди сўйиб, болалар билан баҳам кўрамиз деб турганда сиз келиб қолдингиз. Манови укаларингиз қовун еймиз деб ухламай ётибди, – Шоймардон болаларни уйғотиб, хотинини имлади. – Қовунни олиб кел. Пичоқ, тол товоқнинг ичида эди.
Қовунхўрликдан кейин ҳам Шоймардон оқсоқол меҳмон билан қишлоқ сукунатга батамом бош қўйгунга қадар уёқ-буёқдан анча суҳбатлашди.

4.

Эрталабдан ташвиш кутаётганини Қаршибой қаёқданам билсин. Нонушта қилиб бўлгач, Шоймардон оқсоқолдан йўлга тушиш учун рухсат сўради.
– Манзилинг узоқ. Тоғларда қор қалин тушган, жиян. Етти қишлоқдан ўтишинг керак. Бу чарчаб қолган байталинг билан узоққа боролмайсан. Оёқлари музлаб қолган бўлса, ҳали ётган ўрнидан туролмаса ҳам керак.
Оқсоқлнинг айтганидек бўлди. Қаршибой байтални қамчилади, нуқтасининг ип-арқонидан у томон , бу томонга қаратиб тортди. Олд оёқларини тўғрилаб, туришига кўмак берди. Уринишлар бефойда, байтал ўрнидан туришга ҳаракат қилмас эди. Йигитлар арқон солиб, байтални ердан кўтариб, “Чу-чу!”ладилар. Аммо, байтал қулоқларини қоқмас, “урсанг ўламан!” қабилида чўзилиб олган эди.
– Фойдаси йўқ. Азоб берманглар,–йигитларни уринишдан тўхтатди оқсоқол.– Ётган жойида ем-хашагини бериб, сувлаб туришдан бошқа чора йўқ. Кунига тўрт-беш килодан арпа еб, кучга кирса, ўзи туради. Хонимқул,–катта ўғлига буюрди оқсоқол,–қора қашқа дўнанни меҳмонга эгарлаб бер. Байтал бизда қолади.
Шоймардон оқсоқол Қаршибойни четга тортиб таклиф киритди.
– Фойда-зиён худога аён, жиян. Қора қашқа ҳам от бўлиб қолди.Кўпкарига четдан қўшиб турибмиз. Рози бўлсанг байталингга бошма-бош берардим.
– Қаршибой ияк қашиб, ўйланиб қолди.
– Тоға, сизнинг ҳақингиздан кетади. Менку розиликка розиман. Байтал сизга ташвиш келтириб, ҳалигидай бўлиб қолса ….
– Бу ёғи пешонамдан. Мен фойда-зиён ҳақида ўйлаётганим йўқ. Қўлингни бер. Розимисан?
Оқсоқол Қаршибойни отга миндириб, дуо берди.
-Сенга гап бор, ўғлим,–Хонимқулни ёнига чақириб олди Шоймардон оқсоқол.– Қора қашқани бериб юборганимдан хафа бўлдингми? Йигитнинг оти битта бўлмайди. Қора қашқа тезликка тез чопарди-ю, кўпкарига кам қувват эди. Пайлари ингичка, миниб юришга мос от. Сенинг отинг,–ётган жойида хашакни ямлаб чайнаётган байталга ишора қилди оқсоқол,–мана шу байталнинг қорнида. Менам айтдим қўйдим-да.
Шоймардоннинг аждодлари тоғлик чорвадорлар бўлишган. Бовасининг боваси замонидан бери арча, тоғ, дара, дашт орасида, табиат билан, мол-ҳол билан ҳамнафас яшаган уруғ авлоди. Бобоси Шодмон болаларига “сенлар ҳам ота-бобонгни қонига, асли-наслингга тортасан. Бу қишлоғинг, бова маконингни кўз гавҳаридай қўриқлаб мол-ҳолдан,отдан ажралма.Қозиғингда улоқчи отинг байловли,кўкка сапчиб турадиган бўлсин. Айниқса, от зотини таниб, танлайдиган бўл. Меҳнат қилиб, ризқ, давлат топ. Тоғдай суянчиғинг, оғирингни енгил, узоғингни яқин қилувчи, балолардан омон сақловчи, ор ва ориятингни кўтарувчи қанотинг-тулпор отларни сев. Аждодларинг урфу касбини ҳурмат қилмасанг қорнинг нондан тўймай, хору зор бўлиб умр кечирасан. Шуни билиб қўй, сен тоғликсан. Тоғдай кенг елкаларинг, тоғдай баланд бошинг бўлсин. Эслаб юр, сен чорвадор зурёдисан, “суяк сурасан”, деб насиҳат қилган. Йиллар ўтиб болалар болаларига бу фарз гапни етказиб келаберган.
Шоймардон оқсоқол эшитганига амал қилган йигит бўлиб улғайди. Меҳнатдан қочмади, илмни хазина деб билди. Отаси Шотўра оқсоқол ўлгандан кейин элдошлари Шоймардонни оқсоқолликка сайлашди. Бу Шоймардон учун қишлоқдошларининг катта ишончи эди. Элнинг отасидай бўлди. Чуқурли қишлоғидаги одамларнинг яхшию ёмон кунига маъсул бўлиб қолди. Отни жуда яхши кўрарди.

5.

Қиш узоқ чўзилди. Ниҳоят баҳорнинг тафти уфура бошлади. Чинаккам кўклам келди, кун чарақлаб чиқди, тоғ ён бағридаги арчаларга кўрпа бўлиб тўшалиб ётган қорлар эрий бошлади, осмон тиниқ, зангори бўлди.
Байтал ўн кунга қолмай куч-мадорга кирди. Энди у булоқдан сув ичиб қайтадиган, арпа бериладиган вақти бўлса, қулоқларини жимирлатиб, кишнай-диган бўлиб қолди. Қиз-ўғилларига эрмак топилди. Оқсоқол байтални эгарлаб берарди. Икки учта бўлиб миниб, қўтон орқасидаги текисликда уёқдан-буёққа чоптирадилар. Қари тўриқ байталга ҳам бу болаларнинг ўйинқароқ қилиқлари хуш ёқади. Қоқилмасдан,оёқлари чалишиб кетишдан эҳтиёт бўлиб, бир текис ҳаракат қилади. Ўйин вақти тугаганини сезиб, болаларни ҳовлига олиб кириб, ошхона олдига кўндаланг туради. Оқсоқол ўғил-қизларини битта-битта тушириб, байтални сайисхонага боғлаб қўяди.
– Байталдан хабар олиб туринглар,– оқсоқол катта ўғли Хонимқулга тайинлади. Айтиб бўлмайди, кечаси туғиб қўйса, қулун пардага ўралиб қолади. Сайисхонани поридан тозалаб қўйинглар.
Айтганидек бўлди. Иккинчи куни хуфтон вақтида байтал туғди. Саҳал кечикибдилар. Қулун пардага ўралиб,буғилгандай бўлибди. Байтални калта боғлаб қўйган эканлар-да.
– Хонимқул пардани йиртиб қулунни чиқарди. Оқбурун, ола пойча, тойдай келади. Бунинг устига эркак. Байтал бўлса боласига қизғаниб, пишқирарди.
– Ота,– ҳовлиқиб уйга кирди Хонимқул,– суюнчи берасизми? Байтал тойдай қулун туғиб берди.Оқбурун, ола пойча, оёқлари йўғон …
Шоймардон оқсоқол хурсанд бўлди.
– Айтмадимми, ҳали бу байтал бизга тулпор туғиб беради, деб. Байталнинг охурига қуруқ хас беда ташла. Ўзини ўнглаб олсин, кейин арпа берамиз.
Шоймардон оқсоқол бешиктебратардек тебраниб, оёқланаётган қулунни кўриб, хаёл қилиб юрган белгилари тўғри келганидан ўзида йўқ хурсанд эди. Қулунни манглайидан тавоб қилди.Сағрисини силади, тўшига шапатилаб қўйди. Хотини исириқ тутатиб, “Қутлуғ бўлсин!” қилди.
– Оёқлаябди-ку, жониворгина. Қулунни отини қўйинг-да, отаси?
Шоймардон оқсоқол хотинига жилмайиб қаради.
– Тўғри айтасан, хотин. Қара, худо отини ҳам ўзига қўшиб бергандай …. Шу бугундан бошлаб қулуннинг оти–Оқбурун.

6.

Сармихга боғлаб, қантариб қўйилган бўз отни кўриб Шоймардон оқсоқол ҳайрон бўлди.
– Бу от кимники бўлди?
Хотин эрига шикоят қилди.
– Товба, қаерларда юрибсиз? Сизни йўқлаб бир меҳмон келди. Ғалати одам экан. Мен билан сўрашиб, “Келин, мен Анорбулоқлик Эшқул эсфурушман, кимга қанча эс керак бўлса етарлича олиб келганман. Хуржунимнинг икки палласи лиқ тўла. Хабар беринг қишлоғингизнинг одамлари, навбати билан келаберсин. Арзон-гаровга беравераман, ҳақига, буғдой, арпа берса ҳам майли дейди. Кейин қўтон орқасидаги текисликда ўйноқлаётган Оқбурунга кўзи тушди. Оқбурун ҳам атайин қилиғини қилди. Узоқдан югуриб келиб онасининг устидан гоҳ бу томонга, гоҳ у томонга сакраб ўтиб турди. Байтални бошидан нўқтасини сийириб, ҳайдов қилди. Кейин қўтонга қамаб, қулунни ушламоқчи бўлди. Одам бўйи тошқалоқдан Оқбурун ирғиб ўтди. Тутқич бермагандан кейин байтални жарлик томон ҳайдади. “Ҳўҳ-ҳ!” деб шовқин берди, Оқбурун жарликдан кийикдай сакраб ўтди. Чидаб туролмадим. ”Нима қилаябсиз? Қулунни майиб қилиб қўясиз”, дедим қавоғимни ўйиб меҳмонга. У бўлса, “Э келин, сенинг ҳам эсинг паст экан. Бир отим сотиб олмасанг, бўлмайдиганга ўхшайди” деди.
Шоймардон оқсоқол кулди. Хотинини куйиб-пишиб гапирган гапларига эътибор бермай сўради.
– Уйдами?
–Уйда. Ҳозир кирди. Дастурхон ёзиб, чой қўйдим. Сариёғни нонга шиббалаб, чўчқадай пишқириб еяпти.
– Ориф амакини кўриб келдим. Қизувлари тушмаётган экан. Бугун-эртага деб вақтим бўлмаятувди.
Шоймардон оқсоқол билан Эшқул эсфуруш дегани қучоқлашиб кўришишди. Чала-чулпа сўрашиб, Эшқул эсфуруш гап бошлади.
– Бир ҳафта олдин ёмон туш кўрдим, дегин. Катта Ўра дарёси қирғоғидан тошиб гоҳ лойқа сел, гоҳида қизил қон бўлиб оқаётган экан. Отим билан селга кирдим. Оқиздириб кетди. Қаердандир Музаффархон эшон пайдо бўлиб, қўлларини чўздилар. Омон-эсон селдан олиб чиқдилар. Уч кунлар ўзимга келолмай юрдим. Бир чори қўчқорни сўйиб, хуржунга тиқдим. Арча кундасининг парахасидан икки эшакка ўтин ортдим-у, олдимга солиб йўлга тушдим. Кеча эшонникида ётиб, назр-ниёзимни бериб, дуо олдим. Сени кўрмай кетсам отанг-оқсоқолни арвоҳи орқамдан чирқираб қолади, деб ўйлаб уйингга бурилдим. Ҳа, айтмоқчи, икки хуржун тўла эс олиб келганман. Олувчилари бўлса айт. Келинга керакка ўхшайди. Олаберсин, келинга текин бераман. Яна қай вақт келаман, худо билади.
Шоймардон оқсоқол очилиб кулди.
– Эс деганингиз ноёб мол. Ҳаммага керак. Гап пулида.
– Айтмоқчи, қари байтал кимники? Қулунига ишқим тушди. Тойдан йирик тутади ўзини.
– Хоназот,– қисқа жавоб қилди оқсоқол.– Ўғлим Хонимқулга атаганман,– умид қилмайдиган гап қилди оқсоқол.– Байталга қўйилган айғирнинг зоти паст. Араванинг оти эди. Йирик кўрингани билан бундан улоқчи от чиқмайди. Аслига тортади.
– Майли,–қўлини силтади Эшқул эсфуруш,– зоти паст бўлсаям менга шу қулунни бер. Сурувдан қулунли байтални сайлаб ол.
– Йўқ, Эшқул ака! Хафа бўлсангизам бу қулунни беролмайман. Оғиз солманг. Иримим бор.
– Майли, ўзинг биласан,–ҳафсаласи пир бўлди Эшқул эсфурушнинг.– Чўтимча, сенга ҳам озроқ эс керакка ўхшайди-ёв.
– Шоймардон оқсоқол қўлини кўксига босди.
– Эсга олинг, Эшқул ака. Қулуним кўзикса сиздан хафа бўламан-а.
Эшқул эсфуруш қулунга оғиз солганига пушаймон бўлди.
– Ўзингга буюрсин. Насиб бўлса икки ўрада донғи кетадиган от бўлмаса Эшқул эсфуруш отимни Эшқул носфуруш қўяман. Қолгани сенинг тарбиянгга боғлиқ. Кўп синаб кўрдим. Келинам бу девона одам қаердан кеп қолди, деб ўйлагандир. Қувдим. Жардан тўғриладим. Бойчибордай қаноти бор экан. Тош қалоқдан оёғи тегмай сакраб ўтди. Пойчалари узун, бўйни йўғон, қулоқлари кичкина, калласи чиройли, кўзлари оҳуникидек, тўшлари кенг, сағрилари карсондай …. Рисола боб. От бўлса, бу сифатлар анча ўсади. Тўриқ тусли от бақувват, чидамли, ақлли бўлади. Терисидан олтин ранг нур таралаябди. Лекин айтиб қўяман, қачон сотадиган бўлсанг, менга сот. Энди менга рухсат. Йўлим олис, етмиш чақирим йўл босишим керак.
Шоймардон оқсоқол бу таърифу тавсифни гоҳ эшитиб, гоҳ эшитмай тинглади. Тўғри гап, хаёлидан ҳар хил манзара ўтди. Аммо, меҳмонни иззатини қилиб, кузатиб қўйди.
– Ётинг. Эртага кетасиз. Қўзи сўяр эдим.
– Қуллуқ иззатинг учун. Отнинг тўрвасига ўн кило арпа, хуржунга иккита нон сол. Қувват бўлади йўлда. Ҳақига эру хотинингга текинга эс ташлаб кетаман.
Кулишдилар. Шоймардон оқсоқол Эшқул эсфурушни узангисини босди.
– Унутманг бизларни. Бугун отамнинг арвоҳи шод бўлди. Худони ўртага қўйиб ака-ука тутинган эдиларинг. Кузда Боймирзани ўйлантирмоқчиман. Тўйга хабар юбораман, жамоат бўлиб келинглар.
Эшқул эсфуруш эшакларини олдига солиб, йўлга тушди.
– Оти шанғи экан, келганидан бери кишнай бериб қулоқни кар қилди. Ўв-в хотин, қаердасан? Хотини ошхонадан чиқди.
– Шу ердаман, отаси. Нима дейсиз?
– Сенга, ўзимга эс олиб қолдим Эшқул эсфуруш акамдан. Кейин хотинига танбеҳ берди.– Бегона одам келса байтални кўздан пана қил, демабмидим сенга. Болаларга миндириб, ўтлоққа жўнатмайсанми?
– Боймирзага айтинг,– оқсоқолни айбдор қилиб гапирди хотини,–байтални Ҳаловатнинг даштига миниб кетсин. Майса ўтлари бор. Қишлоқнинг ўтларидан шиттанинг ҳиди келади. Ўзингизда ҳам айб бор, отаси.
– Шоймардон оқсоқол хотинига дўқ урди.
– Қўтонга қама, дедимми қама. Эшқул эсфурушни отига миндираётганимда чопонининг баридан бир порча кесиб олдим. Байтал билан қулунни тагига тутаттираман. Кўзиккан бўлса, чатоқ бўлади.
– Ажаб қипсиз,–хурсанд бўлди хотини.– Энди менинг кўнглим жойига тушди.

7.

Шоймардон оқсоқол Оқбурун дўнан бўлганида бўйнига сиртмоқ солмоқчи бўлди Энди уни юввош қилиб, минги қиладиган пайти етди. Қишлоқнинг ғўч йигитларидан ўнтасини ҳашарга айтди. Жамшиднинг қишқи камар қўтонини танлашди. Порили, таги юмшоқ. Оқбурун тутқинликка бўйин эгмай, олишув қилиши мумкин. Йиқилганида ҳам озор кўрмайди. Оқсоқол байталларни қишлоқ томон ҳайдаттирди. Оқбурунни сурувдан ажратиш осон иш бўлмади. Бўлаётган таъқиб уни сергаклантирди. Пишқириб чиқади-ю, тўдани бир айланиб ўртасига кириб олади.
– Тўриқ қулунли байтални ажрат,– Боқи ўғлига буюрди оқсоқол.– Оқбурун бир эргашса шунга эргашади.
Тўриқ байтални қулуни билан тўдадан ажратдилар. Оқбурун кишнади. Ўйноқлаб,тўдани ёриб, байталга эргашди.
– Сурувни дарага ҳайдаб,кўздан пана қил,– буюрди оқсоқол Боқига.–Байталлар билан Оқбурунни қишлоққа томон қувинглар.
Оқбурун тўриқ байталнинг олдига келиб гижинглади. Бурнини тўриқ байталнинг бурнига теккизди. Отлиқлар тўрт томондан ҳайқириб,байталлар ва Оқбурунни олдиларига солдилар. Тўёқларнинг “дапур-дупур”и даралардан акс садо берди.
Жамшиднинг қишқи камар қўтонига байталларни қамадилар. Оқбурун ҳадик олиб, қўтонга кирмай келган изига бурилиб, йигитлар ясаб турган тўға ҳимояни бир неча бор ёриб ўтди. Тўриқ қулунли байталнинг кишнаши уни шаштидан туширар,яна қўтон томонга шитоб билан қайрилиб югурарди. Оқибат қўтоннинг эшигидан эмас, тош қалоғидан сакраб ўтиб,байталга рўбарў келди. Бўйнини байталнинг бўйнидан ўтказиб, тўшидан юмшоқ тишлаб-тишлаб олди. Худди шу пайт Хонимқул суруқни Оқбуруннинг бўйнига солди. Малла бўлса анча нарироқда доира шаклида қилиб тўшалган ҳалқа тузоқнинг учидан ушлаб, эҳтиёт кузатиб турди. Хонимқул суруқни тортди. Бўйни арқонни кўрмаган Оқбурун бу таҳдиддан чўчиди. Икки оёғига таяниб, тикка бўлди. Кейин тисарилди. Арқонни маҳкам ушлаб, оёқ тираб олган йигит-ларни Оқбурун судрай бошлади. Орқа оёқлари ҳалқа тўзоққа киргандан Малла арқонни юқорига кўтариб юборди. Оқбурун важоҳат билан кўкка сапчиди. Ўзини ўнглаб,қўтоннинг эшиги томон бор кучида ирғиди. Малла унинг бу ҳаракатидан фойдаланиб, Оқбуруннинг орқа оёқларига тузоқ арқонни икки айлантириб, илон ўралгандек ўраб олди. Машъум тутқинлик Оқбуруннинг кучига куч қўшди. У яна сапчиди, аммо арқондан оёқларини чиқара олмади, ерга ғарибона, мағлубона ағнаб тушди.
Шоймардон оқсоқол Оқбуруннинг бошига нўқта солди.
– Олдинги оёқларига тушов солинглар. Орқа оёқларидаги тузоқни бўшатинглар.
Оқбуруннинг куч-қудрати йигитлар ақл ва ҳунари олдида ожиз бўлиб қолди. Жон-жаҳди билан ирғиб турган Оқбурун ўзини уёқ-буёққа урди. Оёқлари,бўйни ўзининг итоатида бўлмаганидан дарғазаб пишқирди. Бурун катаклари катта-катта очилиб,нафасидан тутун чиққандай бўлди. Бу уринишлари бесамар эканлигини ҳис қилиб, нўқтанинг арқонидан маҳкам ушлаб турган соҳиби Шоймардон оқсоқолга термулиб қолди. Оқсоқол арқонни йигитларга тутқазиб, Оқбурунга яқинлаша бошлади. Титраб турган баданини, тўшини сийпалади. Сўнгра бўйнини уқалади. Боши, қулоғи, кўзларига навбат келганда бир-икки сапчиди.
– Дир-р-р, жонивор! Сенга ёмонлик қилаётганим йўқ. Энди сен от бўлдинг. Ақллилигим, тулпоргинам. Кучингни ориятда сарфлайдиган вақтинг келди. Тек тур.
Уқалашлар хуш ёқдими, оқсоқолнинг суюб гапирган гапларини англадими, бироз юмшаб, итоатга бўйин бергандай бўлди.
– Байталларни сурувга қўшинглар. Хонимқул, сен Тарлон байтални мин. Оқбурунни етовга ол. Арқоннинг учини эгарнинг қошига маҳкам боғлагин. Тушовини энди ечинглар.
– Нима деяпсиз, ота. Тушовини ечиб бўлмайди. Филдай кучи билан байталга қўшиб мени судраб кетади.
Шоймардон оқсоқол буюрганидан қайтмади.
– Бу ёввойи, одам кўрмаган от эмас, ўғлим. Сен билан мени таниб турибди. Менимча энди шаттоҳлик қилмаса керак.
Оқбурун тарлон байталнинг орқасидан итоаткорона эргашди.

8.

Сувлиқнинг шақир-шуқури, эгарлашда узангиларнинг жаранг-журунгини демаса Оқбурун соҳибларидан чўчимайдиган бўлиб қолди. Хонимқул ҳар куни эгар босиб дала-даштни айланиб, ҳамвор-текисликда жиловини бўш қўйиб чоптириб келади. Кечга томон ағнатиб, қошиғичлайди, ёлпуши билан баданини артиб чиқади. Шоймардон оқсоқол вақт топиб ўғлига кўмаклашади. Оқбурунни тўши, бўйни, юз-кўзини уқалайди. Оқбурунга бу эркалатишлар хуш ёқиб, суйкаланадиган бўлди.
– Тошлоқ йўлдан қоқилаябди. Ёмғир суви ювиб ариқча бўлган йўллардан ўтмай, тисарилади,– деди Хонимқул отасига Оқбурундан шикоят қилиб. – Қўйнов, текис жойларда жиловини бўш қўйиб, чоптираябман.
– Эҳтиёт бўл,– ўқтирди оқсоқол ўғлига,–ариқча бор, юмронқозиқ уяси бор, бўртиб турган тош бор …. Ўт-ўлан пана қилади-да. Чоптирганингда юганни калтароқ ушла, қўлдан чиқариб юборма. Эртага ойнинг боши. Осмон тўғал, наҳсдан холи бўладиган кун. Оқбурунни менга берасан. Қўшни қишлоқларга қидираман. Қанча кўп минсак шунча йўл ҳадисини олади. Тошлоқ йўлдаги тошлар тўёғига ботиб, от тошурғалайди. Беш-ўн кун ўтсин уста Чўллига оббориб тақа қоқтирамиз.
Шоймардон оқсоқол куз кирганда кўнглига тугиб қўйган синов-машқларни бошлаттирди Оқтош майдонининг бу учидан нариги учигача чоптирар, кейин секин, йўрттириб шу масофани яна бир айлантирар эди. Охирида тупроқ, қумдан тўлдирилган тўрвани бургут чангал қилиб, отни югуришидан тўхтатмай илиб олдиради. Шовқин бериб жиловини бўш қўйдиради. Чап ёки ўнг томонга қайриб, тўрвани ташлаб юборишни буюради. Бу ўқув олти ойча давом этди.
– Энди синовларни тўхтатсак ҳам бўлади,–ўғлим таинлади оқсоқол.– Тўй-ларга қатнаш. Сенинг вазифанг чавандозлар тақимидан тушган улоқни бургут чангал қилиб, илиб олиш. Ҳеч бир чавандоз билан қўштақим бўлма. Чалкаштирмай, яккалаб такани ташла. Тўданинг у томонидан нариги томонига ёриб ўтишга ўргат. Четгирларнинг отини қувиб, якка жилов қилиб, қайтар. Такпо бурилиб кетишни билсин.
– Ота биз шундоғам қийнадик,– ориқланиб, бадани мускулга айланган Оқбурунга раҳми келди Хонимқулнинг.– Бир ой дам бериб, боқишимиз лозимми, дейман-да.
Шоймардон оқсоқол ўғлига уқтирди.
– Қизиқмисан-е Хонимқул? Ёш отни боқиб,арпасини кўпайтирсанг тентаклик қилади. Ёмон одатлар чиқаради. Улоқчи от қиламан десанг шу ёшда, шу алпозда тарбиялашинг керак, ўғлим. Ҳали боқадиган, семиртирадиган йиллар келади. Айтмоқчи эртага тўй,– эслатма қилди ўғлига Шоймардон оқсоқол.– Қумсанглик шоп мўйлов Аллаёр ака бор-ку? Шу кишининг икки кунлик кўпкарили тўйи бор экан. Катта-катта совринлар қўйилади. Икки ўра чавандозлари келади. Томоша қилиб кел. Улоққа уринма. Ҳусанга бер минаман деса. Бир терлатиб берсин. Таинлаб қўйганман. Кон қишлоқлик Холтўра амакинг йўқлаттирибди. Улгурсам тўйга етиб бораман.
– Панжи така ташларкан кўпкарининг бошланишида,– томошабинлардан бири маълум қилди.– Навбат туя совринига келганда икки яшар тананинг танаси ташланаркан.
Хонимқул Оқбурунни белини бўшатиб, дик-дикасини ўраб қўйди. Тақим-чиргисини уриб, эгарни босди.Тўшайил, пуштангини тортқисини кифтига қўйиб, қаттиқ тортди. Юганидан оқ-қора қилдан ийирилган арқон жиловини ечиб, олди. Келди-келди бўлди. Бакавул таканинг орқа оёғини узанги қайишидан ўтказиб, чаппа қайиш қилиб, майдонга судраб эндира бошлади. Қўшхоналардаги чавандозлар, томошабин отлиқлар майдонга гурас-гурас эна бошладилар.
Давра олиб, улоқни ерга ташланишини кутиб турган чавандозларга бакавул мурожаат этди.
– Меҳмонлар! Полвонлар! Аввал тўй бераётган Аллаёр акага бир дуо берайлик .Қани Музаффархон эшоним бир нарса денг, қани?
–Кўпкари омон-эсон тарқалсин. Аллаёр укамиз етти марта суннат тўйи қилиб, кўпкари берсин. Омин оллоҳу акбар.
Бакавул эшоннинг дуосидан сўнг кўпкарининг шартларини эслатди.
– Азиз биродарлар! Кўпкари мардларнинг ҳалол ўйини. Ғиромлик қилиш номард чавандознинг иши. Такага чўзилган чавандознинг устига от солма. Кўтарганида ушлаган пойчасидан ушлама. Чилвир солганга соврин берилмайди. Чаппақайишга олиш, ҳаром. Бир улоқ, битта қўй, ғажари гилами бор. Қара, така ерда!
Бакавул зотни эълон қилганидан “ур-сур!” бошланди. Бир пастда биров-бировни танимайдиган талаш бўлди. Кимдир тўдага отини солаябди, қайсидир чавандознинг отини отлар тўдадан сиқиб чиқараябди. Туёқлардан кўтарилган чанг,отларнинг пишқирган нафасдан туман бўлиб кўтарилаётган ҳовур осмонга ўрлай бошлади.
– Қара, улоқ кўтарилди!
– Беркит, тақимга ол, энағарнинг боласи.
– Ҳе, дармонинг қуриб кетсин.
– Ана жўнади, отни қўш!
Шовқин-суроннинг ичидан бакавулнинг товуши алоҳида эшитилди.
– Қолди! Така ерда.Ҳалоллайсан!
Хонимқул кўпкарини томоша қилиб турибди. Тўда гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонга оғиб, тўхтаб қолаябди.
– Ьундай оғир така ташламасин. Бунинг устига олдинги оёғини тизадан пастини кесиб ташлабдилар,– томошабин отлиқлар тўй эгасини айблашди.– Оғир така кўпкарини совутади.
Хонимқулни елкасига қамчи дастаси билан туртди.
– Оқбурундан туш,– Ҳусан чавандоз Хонимқулга буюрди.– Манови калтани совутиб тур. Ҳаром ўлгур тўқлик қилаябдими, тортмаябди. Белини тортганмисан. – Кўнглингиз тўқ бўлсин. Тортқини кифтимга қўйиб тортдим.
Ҳусан чавандоз эгарга жойлашиб ўрнашди. Чап томондаги, узангибовни ўраб, калта қилди. Юганнинг жилови отнинг бошидан ошиб тушиб, оёғига кирмасин деб, яна туйди. Тўдага кирмай, анча фурсат кузатиб турди.
– Қара, така Нормўмин полвонда кетди,– кимдир тўда ичидан бақирди.– Олдини тўс.
Нормўмин чавандоз такани сақлаб қололмади. Қўли толиб, тақимидан сирғалиб тушди.
– Қолди!– бакавул хабар берди.– Така ерда.
Ҳусан чавандозга қўлай келди. Оқбурунни қимтаб такага миндириб олди. Қўш қўллаб пойчадан ушлаб, эгарга тортди. Тақимини ошириб, қаддини ростлади. Оқбурун қанот чиқаргандай бўлди. Анча масофагача чопиб, ўнг томонга қайрилди. Биров кўриб, биров кўрмай қолди.
– Ҳалол! Отангга раҳмат!
Ҳусан чавандоз ўнг қўлини юқорига кўтариб, тўдадан чиқди. Тўғри қўшхонага кўтарилиб, Оқбурундан тушди. Шоймардон оқсоқол тўйга етиб, келган эди. Биринчи совринидан кўнгли ғурурга тўлиб, кайфияти чоқ бўлган бўлса-да Ҳусан чавандозга эътироз беришди.
– Ҳали Оқбурунни тўдага қўшишга вақт эрта. Бугунга шуниси етади.
– Пойлаб туриб, улоқни танитиб туриш керак,– Ҳусан чавандоз фикрини билдирди.– Қалин тўдага эмас, тушиб қолган такага, ҳайдадим-да, оқсоқол.
Томошабинлар Ҳусан чавандозга оҳор бердилар.
– Биринчи соврин қўшхонамизга келди. Энди жуфт бўлсин, Оқбурунни яна бир қўшасиз.
Ҳусан чавандоз кулимсираб қўйди.
– Оқсоқол нима дейдилар?
Томошабинлар “Ҳа денг–ҳа денг” лаб оқсоқолни кўндиришди. Бакавул бўлса, икки яшар тананинг гавдасини майдонга туширишни буюрди. Чавандозларнинг ҳафсаласи пир бўлди.
– Бу танани якка қилиб ташлайдиган полвонни ҳали энаси туғмаган.
– Энди кўпкарига Алпомиш билан оти Бойчибор керак бўлди.
Бакавул эътирозларга қулоқ солмади. Катта совринни эълон қилди.
– Оти бор. Икки дона тилло танга, бир ёқали тўн, жулқўрс хўржини бор. Бор-е,– тантилик қилди бакавул,– қўшша улоқни ҳам қўшдим.
Томошабинлар Ҳусан чавандозни қисташди.
– Туринг! Бир уриниб келинг қани?
Ҳусан чавандоз ўрнидан турди.
– Қўймадиларинг, қўймадиларинг-да…
Отлиқ томошабинлар бир-бирларига имо-ишора қилди.
– Ҳали оти ёш, ўсадиган экан.
-Уккағарди улига кучам бор экан-да. Бургутдай қўйилиб, улоқни илиб чиқди-ей.
Ҳусан чавандоз бу гапларга эътибор бермай чармдан тикилган бармоқ пўшларини панжаларига кийгизди. Нўғайи этигини қўнчларини текислаб белидаги камарини тарангроқ тортди. Отлар тўдаси устига бостириб келди. Оқбурунни тўдага ўнглаб, қамчинни гўшагидан тишлади. Чавандоз танани тақимига беркитиб олганга ўхшайди, бўз от жон-жаҳди билан олдинга интилябди. Аммо, орқада уч пойча уч чавандознинг тақимида қозиққа боғлангандай беркилган эди. Ҳусан чавандоз бўз отнинг ёнбошидан Оқбурунни қўшиб кетаберди. Чапдаги чавандознинг қўли толдими, тананинг орқа пойчаси бўшалиб келди. Ҳусан чавандоз пойчани эгарнинг қошидан қайириб олиб, тақимини оширди.
– Ё отамнинг моли, чу дейман, чу!–шовқин берди Ҳусан чавандоз.Бармоқ-ларини бармоқларидан ўтказиб олиб, такасиз томонга тарози–ёнбош бўлди.
– Ё пирим мадад бер!
Оқбурун кийикдай сапчиб-сапчиб, бўз отлиқ чавандознинг тақимидан тана пойчасини узиб олди. Арслон ўлжасига ташланганга ўхшайди ҳар сакрагани. Туёқ туёқни қўймайди. Оқбуруннинг олди тўсилди. Бир тўхтаб, чапга такпо бурилди. Тўдадан тонг юлдузидек якка ўзи чарақлаб чиқди.
–Ҳалол! Ким бўлсаям шу полвонники ҳалол бўлди. Келиб совринни олсин!
Ҳусан чавандоз ҳеч кимга эътибор бермай, ҳеч бир гапни эшитмай қўшхона томон кўтарилди. Оқбурундан тушиб, босилдириқ жулнинг устига ёнбошлади. Томошабинларнинг қувончини айтмайсизми? Хурсандлигидан бири-бирини қучоқлаб, олқишлаябди.
– Айтганимиз келди.
– Шоймардон оқсоқол Оқбуруннинг зоти қутлуғ бўлсин! Насиб қилган экан, боя “йўқ” деб турувдингиз.
Хонимқул Оқбурунни етаклаб, кўздан пана қилди. Тўйнинг биринчи кунида Оқбуруннинг довруғи достон бўлди.

9.

Шоназар оқсоқол Қулай оқсоқолга қараб деди:.
– Қайтадиган вақтимиз бўлди. Бу дейман, зиёфат,иззат-ҳурмат бекорга бўлмаган… Сўранг қани Шоймардон оқсоқолнинг нима муддаоси бор?
Қулай оқсоқол Шоймардон оқсоқолга қаради.
– Нонни еб, сабабини сўрамадик. Тўйингиз борми, оқсоқол?
Шоймардон оқсоқол Хонимқулга “олиб кел” ишорасини қилди.
– Оримиз, ориятимиз бир. Бунинг устига бир ота-онанинг фарзандларимиз. Хабарингиз бор уч тўйдан қуруқ қайтаябмиз. Оқбурунга Ҳусан чавандознинг кучи етмаябди. Тўрт йил зўр чопди. Оқбурун ёш, кучга тўлмаган эди, ўшанда. Энди улоқни ердан кўтардим деганда Ҳусан чавандоз тўда ичида қолиб, Оқбурун чавандозсиз чиқаябди. Манови чавандозлик кийим-бош. Мана буниси,– бўғжамаларни битта-битта Бойтўра чавандознинг олдига қўйди оқсоқол,– сарпоси. Бу эса менинг саллам. Бойтўра чавандоз ўтинчимни ерда қолдирмас. Оқбурунни шу бугундан бошлаб Бойтўра чопади. Мақсадим шу.
Қулай оқсоқол қийин аҳволда қолди. “Гап буёқда денг”.
– Терсоқар қишлоғида Азизга, Эшонқул Назарга, Алига, Тангрига, Сафарқулга сара улоқчи отлар бор. Биз улардан ўтиб бир нарса деёлмаймиз. Катта-кичик бор.
– Шоймардон оқсоқол, бизларни қийин аҳволга солиб қўйдингиз,– бармоқ тишлади Шоназар оқсоқол.– Мана Бойтўра чавандоз. Ўзи бир нарса десин.
– Ҳа, тўғри,– Шоймардон оқсоқолнинг фикрини маъқуллади Қулай оқсоқол.– Оқсоқол бўлганимиз билан одамлар фикри билан иш қиламиз. Бу таклифингизга “Ҳа!” ёки “Йўқ!” деёлмаймиз.
Шоймардон оқсоқол дилидаги гапни дастурхон қилди.
– Шундай дейишларингни олдиндан билардим. Шуниси борки, сизларда “Мана-ман!” деган йигитлар кўп. Қулай, Азиз, Қаҳҳор, Чоршанби, Норбалаларнинг кучга тўлган даври. Уларга ишониб, йўл бериш керак. Тўғри айтасиз, Бойтўранинг ихтиёри ўзида.
Бойтўра узалиб оқсоқолнинг салласини қўлига олди.
– Четга чиққандан кейин ҳаммамизнинг оримиз битта бўлади. Сизларни сўзларингни ерда қолдириб бўладими? Айниқса, Шоймардон оқсоқолнинг … Омонлик, соғликни сўранг. Оқбурунга яхши қарашинг,–оқсоқол томон ўгирилиб ваъда берди Бойтўра чавандоз. – Оқбурун энди меники бўлди.
– Бойтўранинг бу иззати Шоймардон оқсоқолни қувонтириб юборди. Шоназар ва Қулай оқсоқолга ҳам тўн ёпилди.
– Қани оқсоқоллар, Бойтўра чавандознинг сарпосини “Қутлуғ бўлсин!” қилинглар.
– Сарпо муборак бўлсин!– Шоназар оқсоқол дуога қўл очди.– Олгину олдирма, йигит пири қўлласин. Хўжаи Хизир жиловдоринг бўлсин. Оллоҳу акбар!

10.

Мулла Одинанинг икки кунлик кўпкарили тўйининг шобури оғиздан-оғизга ўтиб бу ёғи Туркманистон, Шўрчи, Бойсун, Шеробод, Сайробгача етди. Айтишларича кўпкарига катта-катта совринлар қўйиларкан: Икки туя, уч от, саккизта ҳўкиз, ўнта қўй, ўн беш эчки, йигирмата бадал улоқ,олтита тилло танга … Қўшхона, қўноқ, отларга арпа бериш бу ҳисобга кирмайди. Сара улоқчи отлар, зўрдан-зўр чавандозлар келиши кутиляпти. Ким билан гурунглашманг “Ор талашадиган кўпкари бўлади”, дейди.
Катта Ўра билан Кичик Ўранинг орасидаги масофа анча узоқ-бир кунлик от-уловлига йўл. Тўйлашадиган ишқибоз одамларга бу масофа ҳеч гап эмас. Шоймардон оқсоқол бу тўйга бориши шарт. Йигирма чоғли қишлоғининг одамлари билан ярим кечдан туриб,йўлга тушдилар. Отлиқларнинг ичида кўпкарилардан бир-икки тақим қиладиган йигитлар бор. Қолганлари томошабин, ишқибоз.
– Эртачироқ етиб борганимиз маъқул,– Сариқ жинхўрни йўл бошловчи қилиб, изидан эргашди Шоймардон оқсоқол.– Чўпонлик қилган одамсан. Тоғни кесиб ўтадиган яқин йўлларини сен биласан. Арчазорда адаштириб, сарсон қилмагин тағин. Тўйдан кеч қолиб, бармоғимизни бурнимизга тиқиб, қуруқ қайтмайлик.
– Оқсоқол,– ранжиган киши бўлди Сариқ.– Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил, -дегувчи эдилар раҳматли отам. Ўттиз йиллик умрим тоғу даштда ўтди. Бу арчазорнинг ҳар бир сўқмоғи, дараси, булоғи беш бармоғимдай менга аён.
– Бўлди қил,– Шоймардон оқсоқол қамчи билан Сариқнинг елкасига оҳиста уриб қўйди.– Жаҳлинг бурнингни учида туради-я. Ҳушёр бўл маъносида айтдим-қўйдим-да. Оқсоқол, оти безовта келаётган Эшимга танбеҳ берди.– Отингиз байталларни кўриб, қизғанябди. Шаттоҳлик қилиб тепиб, тишлашдан қайтмайдиган сиёғи бор. Ё олдинга ўтиб йўл бошланг, ёки кейинга қолиб, узоқроқ масофада эргашинг.
Йўлни гурунг қисқартиради. Навбат-навбати билан бўлган воқеалардан, от, чавандозлар маҳоратидан суҳбатлашиб бораябдилар. Қоронғи. Узоқроқдаги тўнкани ҳам илғаб бўлмайди. Отлар туёғининг “дапур-дупур” овозини демаса, ўрмонда сукунат. Ҳали Қайнар булоғига етгунча анча масофа бор. Тонг отишини Ғажир булоқда кутиб олсалар керак. Ундан у ёғи Кичик ўранинг Шакарбулоқ қишлоғи.
Тонг юлдузи чиқиб, атрофга рўшнолик ёйилганда Ғажир булоққа етиб олдилар. Унча узоқ бўлмаган масофадан одамларни гурунги, кулгуси эшитилди.
– Терсоқарликлар,– Эшим бу одамларнинг кимлигини гапираётган гапларидан таниди.– Ингичка овоз Қорабекники,дўриллагани Назар Эшонқулники;
– Буларга етиб олганимиз яхши бўлди,– хурсанд бўлди Шоймардон оқсоқол.– Чавандоз қайси отни минади, бугунги кўпкарида қандай йўл тутамиз, келишиб олишимизга қўлай бўлди.
Майдон отлиқларга тўлди. Шовлоқ чопиляпти. Тўйнинг тартиби шундай. Кўпкари бошланишидан олдин отларни терлатиб, чавандозлар кўпкарига мослашиб олишлари учун шишак такани сўйиб, майдонга ташлайдилар. Бу кўпкарига ташланадиган такадан икки ҳисса енгил бўлади. Соврин-зот қўйилмайди. Шоймардон оқсоқол кенжа ўғли Боймирзага Оқбурунни якачирги қилиб, эгарини босиб берди. Тўшайил ва пуштангини қаттиқ тортди.
– Эҳтиёт бўл. Тушиб қолган улоққа қўш. Бир тақим қил-да, дарров чиқиб кел.
– Ўв-в, чавандозлар: Бойтўра, Азиз, Шишик, Азим ҳамманг ёнимга кел,– Шоназар оқсоқол кўпкарига киядиган кийимларини кийиб, майдонга тушишга тараддуд кўраётган чавандозларни имлади.– Кўрябсизларми? Манови от, чавандозлар Туркманистондан … Девдай сиёқи бор ҳар бир чавандознинг … Ҳў анави қўшхонадагилари Денов, Шўрчи томондан келганга ўхшайди. Алпомишнинг авлодлари. Бугун кўпкаридан зот айриш қийиндан-қийин бўлади. Отнинг кўплигига қаранглар. Бир-бирингга кўмак бер, такани тақимингга боссанг, бошқаларинг атрофидан қўриқлаб, йўлни бўшатинглар. Бойтўра Оқбурунни, Азим эшоннинг бўзини, Азиз Бексарининг чилини миниб тўдага киради. Чоршанби Назар Эшонқулнинг тўриғини минади. Тушиб қолган улоққа боғлаб қўйгандай ҳунари бор. Тақимга олиб, эгарнинг қошига қайриб олсангиз, армон йўқ. Кийикдай сакраб, бурилиб кетади. Биронта от чалкашолмайди. Эшқул Зиёнинг калтасини минади. Сурдак бўлган улоққа елимдай ёпишади. Қолганлар боя айтган гапим, ҳимояга зўр беринглар. Ит эгасини танимайдиган ур-сур бўлади. Улоққа чўзилган чавандознинг устига от ҳайдаганни аяб ўтирманглар.
Бакавул танадай такани чаппақайиш қилиб, майдонга эндирди. Чавандозлар отларини миниб, майдонга эна бошладилар. Бакавул чавандозларга бир-икки оғиз гап қилди.
– Азиз биродарлар! Узоқ-яқиндан келган чавандозлар! Бугун мулла Одинанинг кўп йиллик орзуси ушаладиган кун. Кўнгли очиқ одам. Кўпкарини қизиқарли, чиройли қилиб ўтказиш, сизу бизга боғлиқ. Кўпкарида “Ҳалол!” деган муқаддас сўз бор. Менинг айтганим-айтган, деганим-деган бўлади, бугунги кўпкарида. Караматхон эшон бормилар? Қани кўнгилни кенг қилиб, сўзни ширин қилиб бир дуо беринг.
Караматхон эшоннинг дуоларига ҳозир бўлган чавандозу томошабинлар қўшилишди. Бакавул кўпкари тартибини тушунтирди ва биринчи зотни эълон қилиб, такани тақимидан бўшатди.
– Бир ҳўкиз, қўй,бадал улоғи бор!
Отлиқларнинг доираси жунбушга келди. Денгиз ҳаракатга келиб, чайқалгандай бўлди. Отлар пишқирди, кишнади. Кимдир шовқин берди.
– Қара, така кўтарилди!
Тўда бир томонга оғди. Отлиқлар ясаган доира-қалъани ёриб чиқиш қийиндан-қийин. Тўда туйқус чап томонга қараб чўзилди. Аммо, қисқа фурсатда бу чўзилиш ҳам қалъа қаърига қолиб кетди.
Бойтўра Оқбурунни тўдага тўғрилаб, қимтиди. Оқбурун тўдани ёриб, таканинг устига бостириб борди. Туркманистонлик чавандоз таканинг олд оёғига чўзилди. Бойтўрага орқа пойча тўғри келди. Қўш қўллаб пойчадан ушлаб, эгарга олди. Тақимини ошириб, пойчани эгарнинг қошидан қайриб олди.
– Ё, Али! Ҳа, жонивор! Ҳа, дейман!
Оқбурун ҳар сапчиб олдинга интилганида тарози бўлган така пойчалари чавандозлардан бўшалиб келар, туркман чавандози билан сурдакда Бойтўра чавандоз ёнма-ён кетарди. Оқбурун кийикдай жуфтак олиб, бир тўхтади-ю,тулки финтидай бурилди. “Шарт!” этган овоз эшитилди. Туркман чавандозининг тақимидан чиқиб кетган пойчанинг овози эди бу.
– Ҳалол! Отангга раҳмат!– бакавулнинг қичқирганидан бу совринни ҳалол бўлганини билиб қолишди бошқа чавандозлар.– Мана шу чавандоздан ўрнак олинглар. Чавандоз, зотингизни олинг!
Бойтўра Оқбурунни бўйнига шапатилаб,суйиб қўйди. Энкайиб, қулоқларини сийпалади. Секин-аста қўшхона томон юрди. Қулай оқсоқол ўрнидан илкис туриб Оқбурунни жиловидан ушлади. Отдан тушган Бойтўрани бағрига босди.
– Полвоним! Оркашим! Отагинам!
Шоймардон оқсоқол Боймирзага буюрди.
– Тўшайил ва пуштангини бўшат. Етаклаб тур.
–Менимча бугунга етади,– деди Бойтўра кўпкарига келган от ва чавандозларнинг кўплигидан бошини сарак-сарак қилиб.–Ҳалиям Оқбуруннинг кучи, ҳунари иш берди.
Кўпкари майдонидан бакавулнинг қўнғироқдек овози эшитилди.
– Бир туя, қўй, ҳафтранг кийиз, қўшша улоғи бор.
Тўданинг ҳовури осмонга ўрлади. Чавандозлар толиққан отларини алмаштира бошладилар. Бу катта совринга эгалик қилишдан умид узганлари қўшхонага келиб нафас ростлашди. Бакавулга томошабин отлиқлар, атрофдагилар бақир-чақир қилишди.
– Кўпкари-кўпкаридек бўлсин-да. Енгилроқ така ташланг. – Бундайга бир зот билан кун кеч бўлади. Ҳамма умид билан келган.
Бакавул чавандозларга куч тилади.
– Сизларга нима бўлган, полвонларим? Ҳар биринг кенг елкали, Алпомиш сиёқли, кучларинг Ҳасан кўлборникидек … Қани биринчи зотни олган чавандоз? Шоди чавандоз келганми? Мурод жинхўр-чи?
Шоназар оқсоқол ёнбошлаб, бамайлихотир кўпкарини томоша қилаётган Бойтўрани туртди.
– Шу зот сенга насиб қилганга ўхшайди-ёв.
– Йўқ!– гавдасини кўтарди Бойтўра. –Туяни совринга қўйиш, яхшилик келтирмайди. Кутиб турай қани, от қўйилса бир уриниб кўраман.
Қаранг-а … Бойтўра чавандознинг гапини эшитиб қолгандай бакавул туя зотини бекор қилди.
– Той, бир қўй, ҳафтранг кийиз, қўшша улоғи бекор. Мана шу чопилаётган такани совринга қўйдим.
– Мана бу бошқа гап,– ҳавас қилди Шоназар оқсоқол.– Энди кўнглинг жойига тушдими?
Тўда жунбушга келди. Ур-сур авжига чиқди. Гоҳ у гоҳ бу тарафга доира оғиб турди.
– Тана кўтарилди! Мурод жинхўрни қув! Мурол жинхўр чап қўлини кўтарганича тўдадан чиқди. Унинг қўлидан қон оқаётган эди.
– Ҳа эгангни жегир. Ўлжанинг жийрони қўлимни ғажиди.
Азим чавандоз Музаффархон эшоннинг бўзи билан доира ичини бир айланди. Ёриб чиқолмади шекилли, такани ташлашга мажбур бўлди.
– Така ерда,–бакавул қичқирди ва қўйган зотларини такрорлади.–Мард чавандозим деб энаси туққан полвон борми? Кўрсатсин ўзини. Боре,– тантилик қилди бакавул,–бир дона тилло танганиям қўшдим.
Шоназар оқсоқол Бойтўра чавандозни қўлтиғидан кўтарди.
– Боя туя зотига йўқ деб турувдинг, энди нимани баҳона қиласан? Сенга шу зот насиб қилганини кўнглим сезиб турибди. Ичим куяябди,тур қани?
Қулай оқсоқол ва қишлоқдан келганлар ҳам далолат қилишди.
– Ҳа денг, ҳа денг полвон!
– Қани “Ё,пирим!” деб ўрнингиздан туринг,– Эшим Боймирзага буюрди,–нега қараб турибсан? Оқбурунни белини торт.
Бойтўра ўрнидан вазмин турди. Эгнидаги чекмонни бир чеккага қўйиб, чармдан тикилган бармоқпўшига панжаларини тиқди. Узангига оёғини қўймасдан эгарнинг қошидан чап қўли билан ушлаб силкиди.
– Отни белини ким тортди?
– Сариқ акам тортдилар,–деди Боймирза Оқбуруннинг юган жиловидан ушлаб.
Бойтўра чавандознинг кўнгли тўлди.Узангига оёқ қўйиб, чап қўли билан отнинг етим ёлидан, ўнг қўли билан эгарнинг қапталидан ушлаб, чаққон бир ҳаракати билан эгарга ўтириб олди. Қўшхонадагилар дуо беришди.
– Олгин-у, олдирма!
Бойтўра тўдага яқин бориб юганнинг жиловини тугиб, калта қилди. Тўда бостириб келди. Оқбурунни тўда йўлига ўнглади. Така шўрчилик чавандознинг чавкар отида эди. Такани эгарнинг қошидан қайриб маҳкам тутиб келарди. Бир қўли билан эса отини қамчи билан саваларди. Жонивор жон-жаҳди билан имтиларди. Чавандознинг ҳам ўпка-жигари узилгандай, толиқиб қолди. От узиб чиқолмади.
– Қолди. Чавандоз қара, така ерда.
Шерободлик чавандоз такани ердан кўтарди. Тўрт пойчага тўрт чавандоз эгалик қилди. Бойтўра ёнма-ён от ҳайдаб пойчалардан бирини бўшалиб келишини кутди. Шерободлик чавандознинг тақимидан суғирилган пойчани эпчиллик билан илиб олиб, эгарнинг қошидан қайриб, тақимини оширди. Ҳар томондан қий-чув бўлди.
–Оқбуруннинг йўлини тўс. Атрофини ўраб ол. Қўйма, деяпман сенларга. Бойтўра Оқбурунни ниқтаб, шовқин берди.
– Ҳув-ув-в,ҳу-у-у-в-в! Ҳа,жонивор, дедим. Ҳа!
Оқбурун йўлини тўсиб, ҳар томонидан қисиб келаётган отлар баравари чопди. Ҳар ўқталиб,имтилганида чавандозлар тақимидан така пойчалари узилиб келар, девор нурагандай ёнидаги отлар суриларди. Оқбурун кийик жуфтагини ростлагандай тезликда чопди. Бойтўра чап қўли билан Оқбуруннинг бўйнига шапатилади. Оқбурун тўхтаб олиб, чапга бурилиб, тўдадан якка чиқди.
– Ҳалол!– деб бақирди бакавул.– Алпомиш авлодидан бор экан-ку?! Отангга, оқ сут берган онангга балли!
Бойтўра чавандоз Оқбурунни йўрттириб, қўшхонага кўтарилди.
– Босилдириғини устига ташла!– Боймирзага буюрди Бойтўра чавандоз.
– Оқбурун билан мен ҳақимизни олиб бўлдик.
Бойтўра бугунги омадидан ич-ичидан мамнун эди. Шоймардон оқсоқолни айтмайсизми? Қувончи юз-кўзидан билиниб турибди.
Кўпкарининг биринчи куни тугади. Бакавул қўшхоналарни эълон қилди.
– Меҳмонлар, кечга томон тўйхонадан қўниқ, отларга арпа олиб кетинглар.

11.

Катта Ўранинг Чуқурли қишлоғидан Шоймардон оқсоқол бошчилигида тўйга келганларни Соҳиб найновнинг уйига буюрдилар. Найнов деганларича бор экан. Новчадан келган, узун бўйли … Кўрган тунд одам, деб кўнглидан ўтказади. Қиёфаси шундай бўлгани билан очиқ кўнгил, меҳмоннавоз одам экан. Меҳмонхонасини олдиндан тайёрлаб қўйибди. Отларга қарашишга кўмаклашди. Кейин меҳмонларни уйга таклиф қилди.
–Соҳиб ака, пичоқ беринг … Йигитлар така гавдасини терисидан ажратиб, барвақтроқ тозалаб берсин,– Эшим уй эгасидан илтимос қилди.– Бугун кўпкарининг энг пеши бизлар бўлдик.
Соҳиб найнов ўлик така гавдасини биргалашиб харига осиб берди. Йигитлардан Хуррам дегани қассобликда эби бор экан, бир дамда ичак-қоринни ажратиб, гўштни мучалади, қовуриладиганини тўғраб берди.
– Олтмиш килолар гўшти бор,–чамаю чўт қилди Соҳиб найнов.– Йириклигига қаранг. Ўзиям тўй эгаси меҳр билан боққан экан-да.
Шабон билан Норсафар тўйхонадан қўноқ, отларга арпа олиб қайтдилар.
– Эҳе,– ҳайрон бўлди Соҳиб найнов,– бунча гўшт.
– Тонг отгунча гўштхўрлик қилиб чиқамизда,– ҳазил қилди Шабон.– Сиз ёрдам берасиз. Жиянлар бор. Ортиб қолса,тугиб уйга олиб кетамиз.
Ҳазил-ҳузурлари тугар-тугамас икки отлиқ келиб қолди. Қисқа сўров ва гаплашувдан сўнг уй соҳиби Хуррамга хабарни етказди.
– Шоймардон оқсоқолни сўраб келишибди. Ким у оқсоқол дегани. Мен танимасам … Айтиб қўясизми? Тушинглар дедим, аввал оқсоқолни кўрайлик, дейишди.
Шоймардон оқсоқол бу бегона одамларни танимади. Шундай бўлса-да, мулозамат қилди.
– Йўқлаб келибсизлар, тушинглар.
– Сизам меҳмон, бизам иеҳмон … Бировнинг уйи … қандоқ бўларкан?
– Меҳмон келар эшикдан, ризқи келар тешикдан деган гап бор,– қистади Шоймардон оқсоқол меҳмонларни.– Гўшт кўп, нон бор. Зиёнларинг тегмайди. Танишиб, гурунглашамиз.
Отлиқлар шундай илиқ таклифни кутишган экан шекилли, отдан тушдилар. Ўраб эгарнинг қапталига боғланган босилдириқларни ечиб, эгарнинг устидан ташлаб, отларни қантарлаб қўйишди.
– Совисин. Шом бўлганда суғориб, емини иламиз,– деди шоп мўйловлиси.
Дастурхонга қайнатилган, сўнгра қовурилган гўшт тортилди. Суҳбат анча чўзилди.
– Бизларни сўрасангиз,– деб муддаога ўтди шоп мўйловлиси,– Шерободданмиз. Шу тўйни эшитиб келдик.Катта кўпкариси бор, дейишган эди. Тўйлашиб юрибмиз. Уйдан чиққанимизга икки ҳафта бўлди. Йўлдошим-нинг оти Тўқли. Менинг отим Асад.Энди, аввало узр. От боқамиз, харидори чиқса сотамиз.
Шоймардон оқсоқолнинг баданига чумоли ўрмалагандек бўлди.
¬– Ҳа,– йўлдошини гапини қувватлади Тўқли дегани.– Отни сот, деган нақл бор. Биз отингизга харидор бўлиб келдик.
Шоймардон оқсоқолнинг қони бетига урилиб, қўллари қалтираб қолди.
– Бу ҳақда бир гапирдингиз иккинчи оғиз очманг,–ўзини босиқ тутиб жавоб берди оқсоқол.– От сотилмайди.
Асадбой дегани эзмалик қилди.
– Оғзингизга сиққанини сўранг.Минг бош қўйим, йилқи, молларим бор.
– Мен бир гапирдим, меҳмон,– узиб гапирди оқсоқол.– Эзмалана берсангиз мени хафа қилиб қўясиз.
Меҳмонлар бир-бирига тикилиб олиб, хулоса қилдилар.
– Нима ҳам деймиз,– узр сўради, Тўқли дегани.– Отингиз тулпор экан. Буюрсин. Роҳатини кўринг. Аммо-лекин бизларни кечиринг … Қизни ким айтмас, қимизни ким ичмас …
Шоймардон оқсоқол йигитлар билан отлиқларни иззат-икром билан узангиларини босиб, кузатиб қўйдилар.

12.

Оқбуруннинг довруғи оғизларда достон бўлди. Уни бир кўриш учун узоқ йўл босиб кўпкарига келадиган ишқибозлар кўпайди.
– Ҳу, анови тўриқми? Тумшуқ-бурни оқ. Устидаги Бойтўра чавандоз бўлса керак.
– Худди ўзи. Бойтўра деса дегудай экан. Елкаси кенг, жоврунига қара эгарга сиғмаябди. Панжалари узун, йўғон.
– Ўнг курагида беш панжанинг ўрни бор, дейишади. Хизр назар солган-да.
– Қайнатилган ширбоз қўзини бир ўтиришда еб қўяркан.
– Айтганинг рост … Жасади айтиб турибди.
Бу Катта Ўранинг Оқмечит қишлоғида бўладиган кўпкарига келган томошабинларнинг бир-бирига қилаётган гурунги эди. Бойтўра бундай мақтовларга кўникиб қолган. Таърифларни эшитиб эшитмаганга олади. Аммо, бугун атайин Оқбурунни миниб, томошабин отлиқлар, чавандозларга кўриниш бериб, майдон айланди. Таниганлар билан кўришиб, сўрашди. Танимаганлар эргашиб,таниб олишди. Бир кунлик тўй бўлса-да, кўпкарисига кўп зот қўйилади, деган хабар етган.Кўпкарини эшитиб, қишлоқлардан талай ишқибозлар келишган. Оқбурунни икки кундан бери Хонимқул тоблагани билиб турибди. Бошини сарак-сарак қилиб, ўйноқлаябди. Маҳмиз қилса қуш каби учадигандек … Бойтўра ўртоғи Нормўмин чавандоз билан саломлашди. Отларни ёнма-ён ҳайдаб, анча суҳбатлашдилар.
– Бугун сиз билан Оқбурунга қийин бўладиганга ўхшайди,– эшитганини Бойтўрага шипшитди Нормўмин чавандоз.– Кайфиятингизни бузманг. Худо номини ўртага қўйиб дўст тутунганман. Шу дўстликнинг ҳурмати сизни огоҳлантираяпман. Мен ёнингиздаман.
– Ким экан у номардлар,– лов этиб ёнди Бойтўра.– Мен кимнинг насибасини яримта қилибман. Бу майдон. Буюргани бўлади.
– Ана шундайсиз-да дўстим,– Бойтўрани тинчлантирди Нормўмин чавандоз. – Оғир бўлинг. Эҳтимол бу ғаразгўйларнинг тўқиган гапидир. Аммо, кўнглим ниманидир сезябди.
Отлиқлардан майдон тўлди. Тўда чайқалаётган кўлга ўхшайди. Чавандозлар бакавулнинг рухсатини кутишябди. Ҳеч кимга, ҳеч нимага эътибор бермай Бойтўра қўшхона томонга хомуш бир кайфиятда от жиловини бурди.
– Ҳа полвон,– Хуррам кайфияти бузилганини пайқаб, Бойтўрадан сўради,–
тинчликми?– Чавандозлар майдонга тушишябди, сиз бўлсангиз …
Бойтўра Хуррамнинг сўровига жавоб бермади. Икки қўлини бошининг тагига ёстиқ қилиб, осмонга қараб чўзилди.
Шу кўпкарига қўшилгим келмаяпти. Бир бандани ҳавас қилиб бераётган тўйи бузилмасин.
Шоймардон оқсоқол Бойтўранинг ёнидан вазмин чўкди.
– Нормўмин чавандоз билан гурунглашганингизни кузатиб турдим. Кеча
менинг ҳам олдимга келувди. Ит ҳуради, карвон ўтади. Ҳар қандай эшитма гапга ишониш керак эмас. Туринг кўпкарига қўшилинг. Ғанимларнинг ичи куйсин.
Хонимқул Оқбурунни якачирги қилиб, Бойтўра чавандознинг минишига ўнгариб қўйди.
– Сариқ, сен нима дейсан,–Оқбурунни белини тортаётган Сариққа маслаҳат солди Бойтўра.– Сен нима десанг шу бўлади.
– Оқсоқол бор гапни гапирди,– Бойтўрага ўгирилди Сариқ.– ҳамишагидай, бамайлихотир кўпкарига бориб қўшилинг. Қолганига мана бизлар бормиз.
Шоймардон оқсоқол қўли билан ишора қилди.
–Ана, Терсоқар, Дуоб, Қизилмазор, Декморон, Қамчинбулоқ, Эгри, Қоратепа қишлоқларидан келган амаки-хишларимиз бор. Оримиз, номусимиз бир.
Бойтўра чавандозга берилган бу далда ғурурини қўзитиб, кўнглини кўтарди. Ҳа-да, нимадан қўрқади. Ор талашмаган чавандоз-чавандозми? Ўрнидан туриб, Оқбуруннинг узангисига оёқ қўйди.
– Икки тилло танга, ҳўкиз, туя жўнидан тўқилган оқ босма, қўшша улоғи бор. Чиқишига қараб зотга яна зот қўшаман. Така ерда, чавандоз қара!
Бойтўра Оқбурун жиловини тортиб, жон-жаҳди билан улоқ талашаётган чавандозларнинг “Ур-сур!” ҳаракатини бироз кузатиб турди. Туёқ-туёққа жой бермас, қўл-қўлга ўрин очмас эди.Чавандознинг ниқтаб тўдага ҳайдаган отини бошқа отлар сиқиб чиқарар, кимдир ердан кўтарган такани бостириб туширар эди. Шоймардон оқсоқол ва унга эргашган одамлар Бойтўра чавандозни тўдага киришини кутаётган эдилар. Қулай оқсоқол Бойтўра чавандознинг елкасига қамчи билан урди.
– Ҳайда, нега қараб турибсан!
Бойтўра Оқбуруннинг юганини қоқиб, тўдага қўшди.
Бойтўра кирди, Бойтўра кирди!- бўлиб қолди. Бойтўра бўлса такани миниб турган Оқбурунниг устидан ерга узалди. Пойчадан ушлаб, қаддини ростлади.
– Така Бойтўрада! Қара! Қўйма!
Ҳар тарафдан таҳдид овозлар кела бошлади. Бойтўра уч марта якка жилов қилди. Кимдир Оқбурунинг жиловидан ушлаб, йўл очишига имкон бермаётган эди. Сариқ қамчин дастаси билан так-таклаётган кишининг қўлига урди. Эшим бўлса, Оқбурун бошидан юганни сидириб олди. Ҳақорат, бақириқ тўдани тутиб кетди. Оқбуруннинг йўлини тўса бошладилар. Тўда доира шаклига кириб,қимирламай қолди. Бироздан кейин қора булут кўчгандек, отлиқлар оломони дара томонга ҳаракат қилишди.
–Жарлик бор! Эҳтиёт бўлинглар!
Бакавулнинг огоҳлантиришига ҳеч ким қулоқ солмас, ҳамманинг фикру ҳаракати такада, такани олиб бораётган чавандоз ва зотида эди.
– Бекор қилинг зотни. Катта жарликка келди.
Бакавул бир қарорга келишга улгурмай тўда ёрилди. Чақмоқ чақилиб, зулмат ёришгандай бўлди. Оқбурун жарликдан сакради.
– Ё, пирим!
Оқбурун жарликдан сакраб ўтгандан кейин анча масофагача шиддат билан
чопди. Така чавандознинг тақимидан тушмас эди. Жарликдан айланиб ўтган йигитлар Бойтўранинг бир-бирига ёпишиб зич бўлган панжаларини битта-битта очиб, така пойчасини кафтидан чиқариб олдилар. Сўнгра Оқбурунга юганини солдилар. Томошабинлар икки чолнинг салласини бир-бирига улаб жар оғзини ўлчадилар.
– Икки салла узунлигидан ҳам зиёдроқ,– ёқа ушлашди атрофдагилар.– Оқбуруннинг қаноти бор. Ҳар қандай от бу жарликдан сакраб ўтолмайди.
– Бойтўра қўшхонага кўтарилди. Чекмонини кийиб, ёнбошлади. Қайта майдонга тушмади. Кўпкари тугагунча маза қилиб, томоша қилди.
“Эй, меҳрибон оллоҳ! Марҳаматингга шукур!”

13.

Қонтар оғиб, қорлар эрий бошлади. Қиш ҳовуридан тушгани билинди. Тарновдаги муз сумалаклардан “чак-чак!” томчилар томди. Тонг отиб янги куннинг ойдин сепи ёйилди. Шоймардон оқсоқол бомдод номозини ўқиб бўлгач, ҳовлига чиқди.
“Уч кеча-кундуздан бери эриган қор ернинг етти қаватига сингди-ёв”.
Тошбулоқ томондан отлар туёғининг допур-дупури эшитилди. Итлар ҳуриб, ғингшиди.
– Ким бўлди бу отлиқлар? Каллаи саҳардан кимникига келишаётган экан.
Шоймардон оқсоқол тўрвани олиб,сомонхонага кирди. Итлар отлиқларга ташланишди.
– Оқсоқол–ҳў–ув! Ў–ў, Шоймардон оқсоқол?
– Ҳа.Мен шу ердаман.
Шоймардон оқсоқол тўрвани сомонхона бурчагига қўйиб, отлиқларга пешвоз чиқди.
– Тур, Оқтўш, қўтонга бор. Тур дейман, Бўйноқ, Ассалому алайкум!
– Ва алайкуму ассалом! Яхшимисиз оқсоқол,– жийрон отлиқ оқсоқол билан сўрашди.– Мени танидингизми?
Оқсоқол келганларни уйга таклиф қилди.
– Хуш келибсизлар. Тушинглар қани? Эрталабки насиба, деган гап бор. Танишамиз. Келган меҳмоннинг қариндош, беганаси бўлмайди.
– Мен Шохлибекман,–ўзини таништирди жийрон отлиқ.– Ўтган ҳафтанинг жума куни йигитларни юборувдим. Икки кунга етадиган, озиқ-овқат йиғиб юборган экансиз. Ҳимматингиздан хурсанд бўлдим.
Шоймардон оқсоқол қўлини кўксига босди.
– Қишлоқ одамларининг кўпчилиги ночор яшашади. Баҳоли-қудрат иш қилдик. Яна хизмат бўлса, тайёрман.
Шохлибек узангига оёқ тираб, муддаога ўтди.
– Вақтимиз зиқроқ. Бизлар талофат кўрдик. Оқмечит қишлоғида қизилларга рўбарў келдик. Отишма бўлди. Йигитларим тим-тарақай қочди. Занғарлар отимни қиронга олди. Яхши от эди. Бир чўбирни миниб юрибман. Ўзим тасодиф туфайли омон қолдим. Оқбурунни сўраб келдим.
Шоймардон оқсоқолнинг ичидан бир “ип” узилиб кетгандай бўлди.
Шохлибекдан бу сўровни сира кутмаган эди.
Ўғилларимдан бирини сўранг , Оқбурунга оғиз солманг, Шохлибек.
Шохлибек отини қимтаб, оқсоқолга ўдағайлади.–Бу нима жавоб.Ўғлингни ҳам беришга ҳали навбат келади,– сенсиради оқсоқолни Шохлибек.– Мени кимлигимни биласанми? Шохлибек чўнқаймаман. Шохлибек йигитларига буюрди.
– Оқбурунни эгарла.
Шоймардон оқсоқол Оқбуруннинг оёғига кишан солди. Чопонини ечиб, Шохлибекка кўкрагини тутди.
– От! Отиб ташла!– оқсоқол ҳам Шохлибекдан паст келмади.– Аммо, тириклигимда Оқбурунни сенга бермайман.
Йигитлар Шоймардон оқсоқолни қўлини қайириб боғлашди. Сармихдан арқонини ечмоқчи бўлишдилар. Бегона одамларни Оқбурун яқинига йўлатмай қулоқларини жимиб, тишлашга чоғланди. Шохлибек отдан тушиб Оқбуруннинг боши, бўйни аралаш қамчи билан савалади. Оқбурун орқасини угириб, шатта ташлади.
– Қулмурод, бешотарни менга бер,– Шохлибек милтиқни Қулмурод деганининг қўлидан юлиб олди.–Аввал Оқбурунни, кейин Шоймардон оқсоқолни отиб ташлайман.
Шохлибек Оқбуруннинг бошидан ошириб ўқ узди. Ўқ овози қишлоқ одамларининг кўнглига қўрқув солди. Оқсоқолнинг сайисхонаси олдида деярли қишлоқнинг барча одамлари: эркагу аёли йиғилди. Мулла Собир Шохлибекни инсофга чақирди.
– Бу киши кимсан Шоймардон оқсоқол. Одамлар олдида шарманда қилманг. Муддаонгиз Оқбурун бўлса, берамиз.
Шохлибек ўт бўлиб ёнди. Ҳар бир ўшқириб гапирганида оғзидан тупуклари сачраб кетарди.
– Кишанни еч,– мулла Собир калитни Шоймардон оқсоқолнинг қўйнидан олиб Хонимқулнинг қўлига берди.–Оқбурун кўпкарида йиқилиб ўлди, деб ҳисобла.
Шоймардон оқсоқолни уйга киргиздилар. Шохлибек узангига оёқ қўйиши билан Оқбурун орқа оёқларига таяниб, кўкка сапчиди. Шохлибекнинг оёғи узангидан чиқиб, чорқайрама йиқилди. Ношудлигидан одамлар олдида изза бўлди.
– Ушла беэганинг жиловидан,– йигитларига ўшқирди Шохлибек.– Нега қараб турибсанлар.
Шохлибек Оқбурунга миниб олди. Бу хонадонга қайтиб келмаслигини англагандай Оқбурун эшитган кишини баданини сескантирадиган овозда кишнади.
– Қани мулла Собир,– Шохлибек мағрурона жилмайди,– отимни “Қутлуғ бўлсин!” қилиб, бир дуо беринг.
– Отиб ташланг, майли,– мулла Собир Шохлибек томон қадам ташлади,– аммо бу ҳақоратни кўтараолмайман. Отни зўрлик билан тортиб олдингизми, индамай миниб кетаберинг.
Шохлибек Оқбурунни йўлга солди. Уйдан Шоймардон оқсоқолнинг юракларни эзиб юборадиган ўкириги эшитилди.

14.

Оқбурунни Шохлибек олиб кетибди деган овоза икки Ўра одамларига тез тарқалди. Шоймардон оқсоқолнинг уйидан кўнгил сўраб келиб-кетувчиларнинг бир ҳафтадан бери қадами узилмайди. Уларнинг далдаси кўнглини ёритмас, Оқбуруннинг сийрат-сумбати кўз ўнгидан кетмас эди. Кўзида эса уйқу йўқ. Бошини ёстиққа қўйса, юраги сиқилиб, васваса босади жисмини.
– Бир балони бошлайсиз, отаси,– кўз ёши қилди хотини.– Бўлган иш бўлди. Бизларни, болаларингизни, рўзғорингизни ўйланг.
Оқсоқол хотинини куюнишларига қулоқ солмай, тескари бурилиб олди. Чуқур-чуқур хўрсинди. Кеч ҳам алламаҳал бўлиб, қишлоқнинг ҳар ер, ҳар гўшасидан хўрозларнинг биринчи қичқиргани эшитила бошлади. Нагоҳ от кишнагандай бўлди. Эътибор бермади. ”Оқбурунни ўйлаётганим учун қулоғимга шундай эшитилаётгандир … Мулло акамнинг оти бўлса керак”. Йўқ, шу яқин-орадан, Оқбуруннинг сайисхонаси томондан отнинг кишнаган овози келмоқда эди.
– Оқбуруннинг кишнашига ўхшаябди,– оқсоқолнинг хотини уйғоқ экан, эрини туртди.–Эшитаябсизми, отаси. Шохлибек келганга ўхшайди. Нима қиламиз?
Оқсоқол сапчиб ўрнидан турди. Чопонини омонат елкасига ташлаб, сайисхона томон югурди. Эгар-абзалланган– Оқбурун сайисхона олдида ер депсиниб турарди. Устида хўржин. Хўржиннинг эса кўзлари тўла. Оқсоқол югуриб бориб вафодорининг бўйнидан қучоқлаб олди. Юзини-юзига босди. Оқбурун ҳам бошини соҳибининг дуч келган жойига ишқалаб, суйкала берди. Оқсоқол унсиз йиғлаётганидан гавдаси титрамоқда эди.
– Вой жониворгинам,– оқсоқолнинг хотини Оқбуруннинг тўши,бўйнини сийпалади.– Менгинани ер ютса бўлмайдими? Қандай кунларга қолдик. Эгагинангни, уй-жойингни соғиниб келдингми?
– Бўлди қил!– Шоймардон оқсоқол хотинига буюрди.– Йиғлама, одамлар эшитиб қолади. Бор,мулла Собир, Мардон акам, ўғилларинг Боқи, Хонимқул, Алмирза, Боймирзаларни уйғотиб кел. Бу ёғи тонг отаябди. Бир қарорга келишимиз керак. Мен унгача Оқбурунга ўзини абзалларини уриб тураман.
– Биз шу ердамиз,оқсоқол,– мулла Собир оқсоқолнинг ёнига келди. Оқбурунни тавоф қилди.– Садоқатлигинам. Тулпорим.
Хонимқул ўзини тутиб туролмади. Оқбуруннинг олдинги оёқларини қучоқлади. Уввос солиб,укирди. Кейин оғзини Оқбуруннинг пешонасига босди.
– Жиннилик қилма,– танбеҳ берди мулла Собир.– Қўни-қўшнилар билиб қолмасин. Энанг йиғласа, ярашади. Сен эркаксан.
– Энди нима қиламиз,¬– маслаҳат солди акасига оқсоқол.– Тонг ёришаябди. Ҳализамон Оқбуруннинг изидан Шохлибекнинг одамлари келиб қолишади.
– Бу бўлган гап,– мулла Собир нима қилиш кераклигини олдиндан ўйлаб қўйган эди.– Кўкжарга, қишқи камар қўтонга жўнатишдан бошқа чора йўқ. Камарда қўтонлар кўп. У ерни ҳеч ким топиб боролмайди. Хонимқул тараддуд кўрсин. Чиликгаза ўрмонидан йўл солади. Оқбурун билан келган абзалларни изи ҳам қолмасин. Муллохонда камаридаги эчки эмар ғорига тиқиб ташланглар.
Тонг отди. Бомдод намози олдидан мулла Собир азон ўқиди. Янги куннинг ташвишли онлари бошланди. Қуёш тоғлар ортидан мўралаб, оламни мунаввар нурига белай бошлади.
Шоймардон оқсоқолнинг баданидан ғубори тўкилгандай … Кайфияти эса яхши эди.

15.

Оқбурун келгандан кейин орадан икки ҳафтача вақт ўтди. Қишлоқ шўроси раиси Шоймардон оқсоқолнинг уйига бир ўрис командирни эргаштириб келди.
– Филимонов,– таништирди оқсоқолга шўро раиси.– Қизил аскарнинг командири. Сиз билан гаплашмоқчи экан.
Шоймардон оқсоқолнинг бадани музлади.
– Марҳамат,– меҳмонхонага ишора қилди Шоймардон оқсоқол.– Гапи бўлса, гаплашамиз.
Филимонов дегани гапнинг уяси экан, сўрамаган гапи қолмади.Оқсоқолнинг ёши, отаси, хотини, фарзандлари ҳақида маълумот олди. Сўнгра қишлоқ одамларининг аҳволи, большевиклар ҳақида оқсоқолнинг фикрига қизиқди. Комсомолларга таҳдидлар бўлаябдими? , деб сўради.
– Босмачиларга нон, озиқ-овқат, жой берибсиз?– Филимонов оқсоқолга энди асосий саволларни бера бошлади.–Бизда аниқ маълумот бор.
Оқсоқолнинг юзлари қизариб кетди. ”Ростини гапирмаса бўлмайдиганга ўхшайди”.
– Нима қилай … Мен ҳозир асоратда қолган одамман. Шохлибек қўшни Декморон қишлоғига қўниб, йигитларини юборди. Озиқ-овқат, нон, отларига арпа йиғиб берганим рост. Халқни нотинч қилади, дедим-да.
– Тўғри гапирдинг, оқсоқол,– Филимонов оқсоқолнинг тўғри жавобидан қаноат ҳосил қилди.– Сўнгра шўро раисига ўгирилиб буюрди.– Мени гапимни тушунтир. Биринчидан, босмачилар қишлоққа келса менга зудлик билан хабар етказсин. Иккинчидан, сенга бир ҳафта муҳлат. Оқбурун отингни Кўкжардаги қишки камар қўтонидан олиб келиб, менга берасан.Мен уни миниб, босмачилар билан жанг қиламан.
– Оқбурунни Шохлибек олиб кетган,–оқсоқол Филимонов талабига важ кўрсатди.– Икки ҳафтадан ошди. Иккинчи талабингизни бажара олмайман.
Филимонов бошқа сўз демади. Ўрнидан туриб, шўро раисига ишора қилди.
– Кетдик! Оқсоқолга айт, мен бир гапираман.
Айтган кунида Филимонов беш киши бўлиб Шоймардон оқсоқолникига келди. У бу дафъа отдан тушмади.
– Қани Оқбурун?,– Шоймардон оқсоқолдан сўради Филимонов.– Босмачи-лардан хабар борми?
– Айтган эдим сизга,– афтода ҳолда жавоб берди оқсоқол.– Оқбурунни Шохлибек миниб кетган.Босмачилар бошқа бу ўртада келгани йўқ.
– Оқбурунни биз топдик. Хонимқул яшириб боқаётган экан ўша камар қўтонда. Ўғлинг пиёда келаябди. Энди у қизил аскарнинг оти бўлди. Мен минаман.
Филимонов аскарларга буюрди.
– Қўлларини орқасига қилиб боғла. Оқсоқолни олиб кетамиз.
Мулла Собир Филимоновнинг узангисига ёпишиб, эланди.
– Барака топинг. Кафолат бераман. Шохлибекни топиб, Оқбурунни ўзим сизга элтиб бераман. Оқсоқолни қишлоқ одамлари олдида шарманда қилманг. Қўлларини боғламанг.
Шоймардон оқсоқолнинг хотини Филимоновнинг жиловидан ушлаб, йўлига ўзини кўндаланг қилди.
– Худо хайрингизни берсин. Оқсоқолда айб йўқ. Раҳм қилинг.
– Ака, эланманг. Хотин, бошингни эгма.
Шоймардон оқсоқолнинг жаҳли чиқди. Кўзига бу ёруғ олам қоронғи бўлиб кўринди. Оғзига келган ҳақорат гапни қайтармас эди.
– От, отиб ташла,– Филимоновга ўшқирди Шоймардон оқсоқол.– Тупурдим сенга ўхшаган қизил аскар командирига. Сен одам ўлдиришдан бошқага ярамайсан. Қонхўр.
Филимонов отдан тушди. Жазавага тушган Шоймардон оқсоқолнинг иягининг остига қамчи дастасини тиради.
– Ҳали бундан ҳам яхшироқ сайрайсан. Ўшанда аҳволингни томоша қиламан. Хоин, халқ душмани!
– Мендан рози бўлинглар,– аскарларни олдига тушишдан олдин қишлоқдош, ака-ука, фарзанд, хотинидан розилик сўради Шоймардон оқсоқол.– Ўлдирмаса, қайтаман . Отиб ташласа, у дунёда кўришамиз.
Офтоб уфққа бош қўя бошлади. Осмоннинг кун ботар томони қон рангига кирди. Шоймардон оқсоқол юриб бораётган йўл ана шу қон ранги қаърига туташиб кетган эди.

16.

Ревкомнинг бошлиғи катта одам экан, мулла Собирни бешинчи куни деганда қабул қилди.
– Шоймардон оқсоқолнинг кими бўласан?– мулла Собирни гапиришига имкон бермай сўради, барваста қомат,кўзлари кўм-кўк бошлиқ. У ўзбекча сўзларни бузиб гапирарди.– Нима гапинг бор менда.
– Мен акасиман. Укам Шоймардон оқсоқол камбағалпарвар,одамларга …
– Бўлди! Гапни қисқа қил. Уканг тузум душмани. Уч кун олдин судда иши кўрилиб, отишга ҳукм қилинди.
Бошлиқ соқчилардан бирини чақириб, буюрди.
– Буни олиб чиқ! Отилган укасини кийимларини таниб олсин.
Мулла Собир ишни бундай тус олишини кутмаган эди. Ўзини йўқотиб қўйди. Қўл, оёқлари қалтираб, оғзи қуруқлашди.
– Тур ўрнингдан,– туртди муллани соқчи.– Олдимга туш.
Соқчи бинонинг орқа томонига мулло Собирни эргаштириб бориб, бўғчаланган кийимларга ишора қилди.
– Таниб ол-да, бу ердан тезда қорангни ўчир.
Шоймардон оқсоқолни отилгани бутун қишлоқ одамларининг мотам-қайғусига айланди. Филимонов эртага ис деган куни қишлоққа кириб келди.
¬ Хонимқулни топиб келинглар,– ҳадикдан юрак ҳовучлаб, бош эгиб турганларга дўқ урди.– Бўйи узун, бақувват йигит экан. Уни аскарликка олиб, тарбиялаймиз.
Аёл-эркак Филимоновга ялиниб-ёлворди.
– Отасини исини ўтказсин. Муҳлат беринг.
– Майли!– кўнди Филимонов.– Бир ҳафтадан кейин келаман. Мендан қочиб қутилолмайди.
Филимонов кетгандан сўнг катта-кичик кенгашиб, бир қарорга келишди.
– Шоймардон оқсоқолни ҳимоя қилолмадик. Эл кайвонисидан ажралиб қолдик. Энди унинг арвоҳи олдидаги гуноҳимизни ювайлик.
Хонимқул онаси, ука-акаларини олиб, кўч-кўронини ортиб қишлоқдан яиқиб кетсин. Бойсун, Шеробод, Дарбанд томонлардан бошпана топар …
–Ҳа,– маъқуллади мулла Собир.– Бошимизга нима маломат келса, пешонамиздан кўрамиз.
Филимонов ўн чоғли аскари билан кун чиқмасдан қишлоққа келди. Бу дафъа у Оқбурунни миниб келган эди.Таниш бўлиб қолган оқсоқолнинг уйи олдида отининг жиловини тортиб, оёғини узангига тиради.
– Қани Хонимқул,– мулла Собирга ўдағайлади, Филимонов.–Қочиртирдингми?
– Бехабармиз,–бошини эгди Ориф.–Жувонмарг билдирмай онаси, укаларини олиб, қаёққадир чиқиб кетибди.
Филимонов Оқбурунни Орифнинг устига ҳайдади. Боши,елкаси аралаш беш-олти қамчи урди.
– Алдаяпсан мени? Ҳаммасидан хабаринг бор. Маслаҳатлашиб, қишлоқдан чиқариб юборгансизлар. Даврон!
Даврон дегани панжаларини ростлаб, фурахкасига теккизди.
– Мен, ўртоқ командир!
– Оқбурунни сенга бераман. Шафқат қилмай, қичаб ҳайдайсан. Хонимқул кўч-кўрони билан узоққа кетолмайди. Шеробод томонга кетганлиги ҳақида хабар бор. Топасан. Топмасдан қайтиб келма.
– Мулла Собир,– буюрди Филимонов,– Давронга бир ҳафтага етадиган озиқ-овқат тайёрлаб бер. Тушунарлими?

17.

Баҳорнинг ёмғирли ва салқин кунлари охирлаб бормоқда. Кундузи ёзнинг иссиқ кунлари каби офтоб оламни қиздирарди. Хонимқул Мачай қишлоғини четлаб ўтди. Кўздан пана юрган маъқул. Асосан қоронғи тушганда ҳаракат қилиш қулайроқ. Бугун ҳам шундай бўлди. Одам-одамни танимайдиган вақт бўлганда йўлга тушдилар. Бу ёғи кенг дала-дашт. Тонг отганда хилватроқ жой топиб ҳордиқ чиқармоқ лозим. Бу кенгликда одам зотининг қадами тегмаганга ўхшайди. Хонимқул сувга яқинроқ жой топса бир кун дам олмоқни кўнглига тугиб қўйди. Онаси Султоной толиқиб қолган эди.
Ўғлим,– деди онаси Султоной ҳорғин бир кайфиятда Хонимқулга маслаҳат солиб,– куч-мадорим қолмади. Йўл азоби, гўр азоби, дейдилар. Ҳеч бўлмаганда бир кун дам олайлик.
Тонг ёриша бошлаганда тепалик тагига етдилар. Бир ариқча сув йўлини ям-яшил қилиб,оқиб турибди. Мол-ҳолга, уловга ҳам яхши ўтлов экан. Ҳу-у, ана ерда қорайиб кўринаётган дарахт томон от жиловини бурди.
– Юкларни туширинглар. От-уловларни белини бўшатиб, ўтга қўйинглар,– укаларига буюриб дарахт тагидаги хас-хашакни юлиб, тартибга келтирди Хонимқул.– Бир кун шу ерда қоламиз. Анча масофага келиб қолдик. Менимча энди хавф-хатар йўқ.
Хонимқул чопонини тўшамчи қилиб, дарахт соясида ёнбошлади. Йўл азоби уни толиқтирган эди. Бошини қўйган заҳоти кўзига уйқу бостириб кела бошлади.
– Уйғотманглар,– укаларини огоҳлантирди Алмирза.– Бир ҳафтадан бери тўйиб ухлагани йўқ.
Кун яримлади. Офтобнинг заррин нурлари борлиқни қиздирмоқда эди. Хонимқулнинг бўз оти бемаврид кетма-кет кишнади. Алмирза қўлини соябон қилиб,келаётган отлиққа қаради. Кўнглига ваҳима тушди.
“Ким экан? Йўловчими? Ёки изимизга тушган ғанимми?”
– Хонимқул ака, – уйғотди акасини Алмирза. –Бир отлиқ биз томон келябди.
Хонимқул учиб ўрнидан турди. Отлиқ анча яқинлашиб қолган эди. Унинг ҳарбийча кийими, елкасидаги милтиғи бемалол кўзга ташланарди. Хонимқул заранг таёқни қўлига олди. Онаси ўғлини шаштидан қайтарди.
¬– Астағфирилло! де, ўғлим. Эҳтимол бир ўткинчи йўловчидир.
– Кўрмаябсизми, эна, ҳарбийча кийими бор. Елкасида бешотар милтиғини осиб олган.
Султоной ўғлини босиқ бўлишга ундади.
-Бежо ҳаракат қилсанг ҳаммамизни қолдирмай отиб ташлайди. Келсин.
Муддаосини билайлик. Шунга қараб иш қиламиз.
– Ўша командирнинг аскари,–акасига ўгирилди Боймирза.–Остидаги қора терга ботган от–Оқбурун.
Даврон бешотарини қўлига олиб, Хонимқулга тўғрилади.
– Итнинг боласи. Сичқоннинг югургани сомонхонагача. Қутилиб кетаман деб ўйловмидинг. Ашқол-дашқолларингни ортиб, олдимга туш. Бўл, қимирла, ҳамманг.
Хонимқул онасига юзланди. Султоной аскар томон беш-олти қадам юрди.
– Аскар бўлганинг билан мусулмоннинг боласисан, ўғлим,–эланди Султоной аскарга.–Мендай сенинг ҳам онаи зоринг бордир. Бошимизга мусибат тушди. Қишлоқда қолишга юзимиз чидаш бермади. Аҳволимизни тушуниб турибсан. Қайтариб олиб кетмоқчи бўлсанг, қайтамиз. Аммо, отга раҳим қил. Тушиб дам бер. Ўзинг ҳам узоқ йўл босиб келдинг … Оч-наҳордирсан?
– Жим бўл! Яна гап қўшадиган бўлсанг отиб ташлайман,– Оқбурунни қамчи билан савалади аскар.– Ҳалиям от меники демоқчимисан.Вақтни ўтказмай ўғилларинг билан олдимга туш.
– Отсанг отақол,–аммо мени сенсирама,–Султоной бориб Оқбуруннинг жиловидан ушламоқчи бўлди.– Нуқул отаман! дейсан. Одам ўлдирсанг, қони тутишини биласанми? Сен ўғлим тенги йигит экансан. Бу шаштингдан қайт. қўлингни қонга булғаб, худо олдида гуноҳга ботма.
Хонимқул онасининг йўлини тўсди.
– Керак эмас, эна. Қаранг кўзи қонга тўлиб, қонсираб турибди. Уловларни белини тортиб, юкларни ортинглар,–укаларига буюрди Хонимқул.– Ортга қайтамиз.
Яна йўл азоби. Бир кеча-кундуз дам олмай йўл босдилар. Аскар милтиғини ўқталганича Хонимқулларни олдига солиб, ҳайдаб келарди.
– Уловларга дам бериб, бироз ҳордиқ чиқарайлик, – анча орқада келаётган аскардан ўгирилиб сўради Хонимқул.– Оёқларимиз толиб, уловлар чарчаб қолди.
– Майли,– ўзиям шу сўровни кутаётган экан рози бўлди аскар.– Овқатланиб, от-уловларни ўтга қўйинглар. Ярим кун вақт бераман. Мен ҳув-анави тепаликдан сизларни кузатиб тураман.
Султоной дастурхонга нон ўради. Қовуриб, қоринга солинган қовурдоқдан косани тўлдириб, ўрнидан турди.
– Ўзим бериб келаман. Сизлардан ҳаймиқади,– дўнглик томон кетаётган аскарга эргашди Султоной.– Ўлгидай оч бўлсанг керак. Ма, дастурхонни ол.
Аскар Султонойни ўзига яқинлаштирмади.
– Яқинлашманг, дедим сизга. Мен сизнинг қўлингиздан егулик олмайман. Таҳдид қилаверсангиз, отиб ташлайман. Қайтинг изингизга.
– Отишга улгурасан, ўғлим. Нонни олавер. Олдин қорнингни тўйдир,– дастурхон билан қовурдоқли косани ерга қўйиб изига қайтди Султоной.– Боласи бор она бировнинг боласига ёмонликни раво кўрмайди. Сенга ҳам қийин … Билиб турибман.
Аскар отнинг жиловини тортди. Отдан тушиб, дастурхон ва косадаги қовурдоқни олди.
Пешинга яқин яна йўлга тушишга тараддуд кўрилди. Яна йўл азоби бошланди. Аскар энди анча узоқдан эмас, гаплашса гапни эшитадиган масофада келаётган эди.
– Икки кундан бери бирга юрибмиз,–эгарга қийшиқ ўтириб, аскар томон ўгирилиб гап ташлади Хонимқул.– Гурунглашайлик, танишайлик. Тенгдош чиқиб қолсак, дўст, ўртоқ бўламиз. Менинг бошимга тушган қисматдан хабаринг бор. Ўзинг ҳақингда гапириб бер.
– Ҳайда, ортда қолма,– пўписа қилди аскар.– Гап қўшиш ҳам мумкин эмас.
Хонимқул кулди.
– Бу бир дашту дала бўлса. Сени ким кузатаябди. Бошлиғинг жуда узоқда. Мумкину мумкинмаслигини кўриб ўтирибдими? Хотин, болаларинг борми? Уйланганмисан?
– Ҳали уйланганим йўқ,–гапга қўшилганини билмай қолди аскар.– ота-онамни кечаси келиб босмачилар отиб кетишган. Бўлди. Орқада қолма. Энди гап тамом. Мен топшириққа асосан иш тутаман.
Хонимқул энди Оқбурун билан гурунглашди.
– Ҳа, жонивор. Мени таниб турибсан-а. Сен ор ва орият тулпорисан. Кўпкари учун туғилган эдинг. Қисматга қара, бугун ўз соҳибингни олдинга солиб кетаябсан. Тақдир экан. Энди мени нима маломатлар кутябди, худо билади.
Хонимқул аскардан сўради.
– Оқбуруннинг довруғи ҳақида эшитганмисан? Сен ўзи қаерликсан?
Аскар анча ҳовуридан тушган,муҳим топшириқни бажараётган бўлса-да, кўнгли гурунгни тўсаётган эди.
– Оқбурунни ким билмайди. Унинг довруғи достон бўлиб, юрт ошган.
Оқбурун сабаб оралиқ масофа анча яқинлашди. Гап-гапга уланди. Хонимқул аскарга оҳор берди.
– Мана, гурунглашишни ҳам билар экансан. Нуқул осмондан келасан. Сени ҳам тушуниб турибман. Хафа бўлаётган жойим йўқ. Ҳукуматнинг одами бўлсанг.
– Мени ҳам тушун,– жўрасидан ўпкагина қилаётгандек узрини айтди аскар.– Бировга ёмонлик қилиш ниятим йўқ. Аммо,бировлардан ёмонлик кўриб, юрагим тош қотган,– бошини эгди аскар.– Ота-онамни отиб кетишди.
Хонимқул гапни ковлаштирди.
– Бирор сабаб бўлгандир.
– Ҳа.– Ҳасратини дарё қилди аскар.– Сабаб бўлган. Босмачилар Декморон қишлоғига жойлашиб олган, аскарлар изига тушишган экан. Кечаси ҳужум қилиб, талофат берибди. Кимдир “аскарларни Даврон бошлаб келган!” деб босмачиларни ишонтирган. Мен уйда бўлмаганман. Ота-онамни отиб кетишибди. Ўтовда ётган синглимдан ҳалигача дом-дарак йўқ.
– Сенинг ҳам қисматинг оғир экан, жўра,– Хонимқул куюнди аскарнинг бошига тушган кўргиликдан ачиниб.– Айтмоқчи, отингни Даврон дедингми?
– Отим Даврон,– бош ирғади аскар ва кўрган-кечирганларини ҳасрат билан гапирди.– Ўйлаб-ўйлаб,аскарларга қўшилишдан бошқа чора тополмадим.
Аввалига, отбоқарликка олишди. Икки-уч топшириқларни бажарганимдан сўнг, аскарликка олиб, кийим, қурол беришди. Сизларни қайтариб олиб боришим ҳам бир синов. Хонимқулнинг кўргилигидан Давронники кам эмас эди.
– Отанг-онангни отиб кетган қонхўрни нг кимлигини билиб олдингми?
– Мен у қонхўрни топишим ва ундан ўч олишга қасамёд қилганман. Бўлди жўра. Сен энди мендан узоқроқ юр. Кўнгли юмшади, менга раҳм-шафқат қилади, деб ўйлама.
Уч кун Хонимқуллар билан йўл азобини тортган Даврон уларга анча кўниккандек бўлди. Хонимқулдан ҳадиксираб турса-да, Султонойнинг оналарча кўрсатаётган меҳрибончилиги, ширин сўзлари Давронга онасини эслатиб турди.
– Ота-онангнинг қасосини ол.– Давронга буюрди Хонимқул.– Менам йигитман. Отам учун ўч оламан. Даврон жўра,– Хонимқул Давроннинг қўлтиғига қўл солди.– Бир яхшилик қил. “Хонимқулларни тополмадим”, деб қайтиб кет. Бизларга оқ йўл тила. Бошимиз оққан томонга кетайлик.
Хонимқулниг гапидан Даврон учиб тушди.
– Нималар деябсан! Мени отиб ташлашларини хоҳлайсанми? Филимоновни билмас экансан. Кўзингга боқиб, ёлғон-рост гапирганингни билиб олади.
– Айтдим қўйдим-да,–истеҳзоли кулиб қўйди Хонимқул.–Сени бир синадим. Тўғри айтасан, бундай қилишга сира ҳаққинг йўқ.
Анча вақт жим кетдилар. Давроннинг кўнгли ҳадик сездими, ёки Хонимқулнинг важоҳатидан ўзгаришни илғадими оралиқдаги масофани анча узоқ олиб, ҳаракат қилди.
– Отинг йўрға экан,– Хонимқулнинг отини юришига ҳаваси келди Давроннинг.– Оқбурун лўккиллаб ичимни чанчувга тўлдирди.
Хонимқул Давроннинг шундай сўров қилишини кутаётган эди. “Мавриди келди, фойдаланиш керак”.
– Даврон жўра,– деди Хонимқул боя гапирган гапидан пўшаймон бўлиб.–Бояги гапимдан кўнглингга ҳар хил гумонлар келмасин.– Худо хоҳласа, жўра бўлдик. Бирга ишлашимизга тўғри келади. Ана шунда менга йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдам берасан.
Даврон Хонимқулга ўгирилиб бир қаради-ю, ҳеч нарса демади.
– Даврон жўра,– таклиф киритди Хонимқул.– Қўлингда бешотар қуролинг бор.– Сен хавотир олма. Минаман десанг бўзни сенга бераман.
Даврон бу дафъа ҳам Хонимқулнинг таклифига жавоб бермади. Хонимқул бўз отидан тушиб,қозиғини ерга қоқди. Ўзи эса анча масофа узоққа борди.
– Бўз отни миниб ол, Оқбурунни қозиғини қоқиб қўй. Мен кейин келиб, миниб оламан.
– Бўлмайди,–кўнмади Даврон. Бу қизил аскарнинг оти. Мумкин эмас.
– Ўзинг сўрадинг,– ҳайрон бўлди Хонимқул.– Яна бир томони бор, жўра. Оқбурунни яна миниш менга насиб қиладими, йўқми? Отамнинг арвоҳини шод қилган бўласан. Кел, отларни алмаштирайлик. Ҳов-ана қиргача. Кейин яна Оқбурунни ўзинг минасан.
Даврон юмшагандек бўлди. Оқбурундан тушиб, арқон учидаги қозиқни ерга қоқди. Хонимқул бўлса Даврондан анча узоқлашиб кетган эди.
Хонимқул Оқбурунни тавоф қилди. Баданларини силади. Кўнгли бузилди. Бўғзига алами тош бўлиб қотди.
“Қандай замон бўлди? Ўз отим ўзимга бегона. Жониворгинам, сенинг кўнглингдан нималар кечаябди? Онамни,ака,укаларимнинг қисматидан алам ютаётгандирсан? Бошингни кўкрагимга ишқалаётганингдан ҳасратингни дарё қилаётганингни сезаяпман.Мени кечир.Сен билан бошқа учрашамизми йўқми,худо билади.Жониворим,тулпорим қаерда бўлсанг омон бўл.Худо
меҳрибон. Балким яна учрашармиз”.
Давроннинг буйруғи Хонимқулнинг фикр-ўйларини бузди. У узангига оёқ қўйиб, Оқбурунга миниб олди. Кайфияти бузилди. Қулоқларига гап кирмас, кар бўлиб қолди. Кўзлари хира тортиб, ёруғ кун қора тун бўлди. Вужуди ёниб, билакларига тошни эзғилаб ташлайдиган куч енггандай бўлди.
– Бўз отнинг юриши юмшоқ,–хурсанд бўлди Даврон.–Қаранг йўрғасидан белбоқ бўлса, белбоғнинг учи қимирламайди-я.
– Кел,–жўра,–таклиф киритди Хонимқул Давронга,–шу текисликда отларнинг жиловини бўш қўйиб, бир чоптириб олайлик.
Хонимқул Оқбуруннинг арқон жиловини ечиб олиб, бир учини сиртмоқ, бу учини эгарнинг қошига маҳкам боғлаб олди.
– Қандоқ бўларкан?–иккиланди Даврон ва Хонимқул изидан бўз отнинг жиловини бўш қўйиб, қамчи босди.– Оқбурунга бўзинг етиб олармикан?
Хонимқул Оқбуруннинг жиловини тортиб,бўз отга ёнма-ён қилиш ҳаракатида бўлди. Узанги-узангига тегадиган бўлганда сиртмоқни Давроннинг бўйнига солиб, Оқбуруннинг жиловини ўнг томонга бурди. Бўйнига тушган сиртмоқ Давронни от устидан узиб олди. Оқбурун қанот ёзгандек,самога сузгандек бўлиб текисликдан учиб борар эди. Султоной бу ҳолни кўриб, ўғиллари билан карахт бўлиб қолди. Хонимқул Давроннинг жасадини сел суви ювиб, одам бўйи баравар жарликка ташлаб юборди. Хонимқул Оқбурундан тушиб, бошини унинг ўмганига қўйди. Кейин эса уни дашту далага қолдириб, бўз отини миниб олди. Ўгирилиб онаси, ака, укаларига буюрди.
– Ортга қайтинглар. Бошимиз оққан томонга қараб кетамиз.
Султоной ўғлига маломат қилди.
– Нима қилиб қўйдинг, ўғлим. Бу йигитнинг нима айби бор эди. Энди нима бўлади?
– Ўзим ҳам нима иш қилиб қўйганимнм билмай қолдим, эна. Ҳозир қулоғимга гап кирмайди. Кўзим қонга тўлган.
Оқбурун Хонимқулларга эргашиб анча масофагача келди. Ҳайдаб, тошпар-рон қилсалар ҳам қайтмади. Хонимқул Оқбурунни ушлаб,бошини силади. Бетини пешонасига босди.
– Эргашма,бизларга кулфат келтирасан. Сен ҳам бошинг оққан томонга йўл ол.
Осмоннинг шимол томонини қора булут қоплади. Ўт-ўланларни юлиб ташлагудек қаттиқ шамол турди. Момақалдироқ еру осмонни ларзага солди.
Чақмоқ чақилди. Изидан жала, сўнг эса шаррос ёмғир ёғди. Оламни сув босди. Сойларни тўлдириб лойқа сел кела бошлади. Кечга томон кўчманчи қора булутларни шамол, осмоннинг кун чиқар томонига қувди. Сел бўлиб ёғаётган ёмғир тинди. Кун шафақ ранг тўшагига кира бошлади. Ҳар тарафдан қушларнинг овози эшитилиб, дашту қирларга жон кирди. Хонимқул уфққа термилиб, оғир хўрсиниб қўйди. Бу кун унга жуда оғир, хотирасидан ҳеч ўчмайдиган бир кун бўлиб қолган эди.

18.

Жамшид Шаҳрисабз бозорига бориб янги гап топиб келди.
– Яккабоғнинг Чўмич қишлоғида бир кеча тунадик,– кўрганларини ҳаяжон билан гапириб берди амакиларига Жамшид.–Ҳосилоти кўпкарили тўй бераётган экан. Томоша қилдик. Ишонасизларми йўқми, мен Оқбурунни ўз кўзим билан кўрдим.
– Қўй-е, бўлмағур гапни,– Қодирқул жеркиди Жамшид укасини.– Оқбурунни ҳукуматнинг қўлига тушганига саккиз йил бўлди. Саккизга ўн бирни қўшсак ўн тўққиз бўлади. Оқбурун ўлиб, суяги тупроққа айланган бўлса керак. От-отга ўхшайди.
Жамшид яккашлик қилди.– Қамашининг Манғит қишлоғидан кўпкарига Рустам жевачи деган бир бой келган экан. Ўшанинг Оқбурун деган оти,кўпкари совринини яримидан кўпини олди. Икки йил бўлибди Сурхондарёнинг Шерободидан келган колхоз раисидан сотиб олган экан. Томошабинлар гурунглашди. Мен осмондан олиб гапираётганим йўқ.
– Хўш-хўш,– Мардон гапни улоқ қилиб чопаётганларга танбеҳ берди.– Эшитинглар қани, гапираётган гапини тугатсин,олдин. Жамшид кўрган-билган тафсилотини узилиб қолган жойидан давом эттирди.
– Рустам жевачи отга харидор бўлибди. От колхозники экан. Аслида колхознинг бир аъзоси буғдойзорни пайҳон қилиб юрган эгар, абзалли отни ушлаб, колхоз отхонасига боғлаб қўйибди. Эгаси топилавермагач колхоз аъзоларининг мажлиси қарори билан колхознинг молу мулк ҳисобидаги даромадга киритибди. Шу-шу колхознинг оти бўлиб қолган экан.
Сариқ ҳаяжонланганидан ўзини тутиб туролмади. Жамшиднинг ёқасидан олиб,ўзига қаратди.
– Ўв-в,бола … Ўв-в бола, гапираётган гапингни ўйлаб гапир. Олиб қочма гапни …
Жамшид ёқасидан Сариқни қўлларини бўшатди.
– Ўзи сизларга нима бўлган? Сўзимни охиригача эшитасизларми, йўқми?
Мардонқул икки томонни муросага келтирди.
– Сен Жамшидбой буларга эътибор берма. Ҳикоянгни қолган жойидан давом эттиравер.
Жамшид ёқасини текислаб, жойлашиб ўтирди.
– Колхознинг отбоқари отларни яхши кўрар экан. Оқбуруннинг сурат-сумбатини кўриб, яхши парвариш қилибди. Кўпкарига қўшиб, зот айрибди. Полвонлиги бор, экан-да. Кейин Оқбурунни улоқчи от эканини билиб, катта кўпкарига қўшибдилар. Ўша Рустам жевачи сурхондарёликларнинг бир кўпкарили тўйига қатнашиб, Оқбурунга ишқи тушибди. Колхоз раисига кирибди. Раис:–Бу йил қиш қаттиқ келиб,чорвадан юз бош талофат кўрдик, дебди. Рустам жевачи юз бош совлиқни беришга рози бўлиб, Оқбурунни миниб келибди. Қўшхонага бориб, роса томоша қилдим. Кўзим уйилмаган бўлса бу от –Оқбуруннинг ўзгинаси.
– Энди нима қиламиз,– Мардон оғайниларига маслаҳат солди.– Сурхондарё, Шеробод … Оқбуруннинг тақдирига тўғри келяпти.–Ўша – Рустам жевачидан энди Оқбурунни сотиб, тортиб ҳам ололмаймиз. Орадан саккиз-тўққиз йил вақт ўтган.
– Аввал бориб Оқбурун эканини аниқлайлик,– Қодирқул фикрини ўртага ташлади.– Кейин бир гап бўлар … Ҳаммага бу гап маъқул келди.
– Мулла Собир, Сариқ, Қодирқул, Ориф тонг саҳардан йўлга тушамиз,– Мардон йўлга тушадиганларни тараддуд кўришини буюрди – Хонимқул қолади. Қолган гапларни йўл-йўлакай гаплашиб кета берамиз.
– Жамшидни олинг,– Ориф Мардондан илтимос қилди.– Кўзли, синчилиги ҳам бор. Бир коримизга яраб қолар. Керакли юкнинг оғирлиги бўлмай-ди, дейдилар-ку?
– Майли,–қўлини силтади Мардон.– Жамшид ҳам йўл ҳозирлигини кўраберсин.
Манғит қишлоғи ҳам дунёнинг бир чеккаси экан. Кетаябдилар, денг кенг-ликнинг ҳеч адоғи кўринмайди. Қуш учса қаноти куядиган чўли биёбон. Ғузор, Қарши, Яккабоққа туташиб кетган. Учинчи кун деганда қишлоқ уйлари кўринди. Ўт ўраётган йигитлардан Рустам жевачининг уйини сўрадилар.
– Ҳу-у, анови тепаликни тагида,– қўл ишораси билан йўл кўрсатди йигитлар.– Меҳмондўст одам. Иккиланмай бораверинглар, катта меҳмонхонаси бор.
Мол-ҳол даштдан қишлоққа қайтадиган вақт бўлди. Рустам жевачи шом намозини ўқиш учун таҳорат олаётган экан.
– Бой ака! Ўв-в,жевачи бова!– Ташқи ҳовли томондан овоз келди.– Жевачи ака,ҳўв-в!
– Ўҳ-ҳў!– Ташқи ҳовлидан овоз келди.– Келаверинглар! Мен уйдаман.
Рустам жевачи апил-тапил кийиниб, меҳмонларга пешвоз чиқди.
– Кеч қолдик … Шаҳрисабз бозорига ўтмоқчи эдик … Бир кечага жой берасизми?
– Меҳмон атои худо,деганлар. Отдан тушинглар,–меҳмонларга мулозамат кўрсатди. Рустам жевачи ва қўшиб қўйди.– Меҳмон келар эшикдан, рисқи келар тешикдан.
Таърифлари чин экан. Кенг ҳовли-жой. Меҳмонлар учун алоҳида супа. Отларни боғлаб қўйиш учун сармихлар … Пешайвонли бостирмада боқилаётган қўйлар … Чайла тагида босилдириқ урилган от. Танадай келадиган уч-тўртта ит ҳайбатидан чўчийсан киши. Рустам жевачи деганингиз очиқ кўнгил одам эканлиги кўриниб турибди. Бир гапиради, бир кулади. Дастурхон ёзилди.
– Серкалардан бирини сўйинглар,– хизматкорларига буюрди Рустам жевачи.– Бу меҳмонлар улай-булай меҳмонларга ўхшамаябди. Узоқ юртдан келишганга ўхшайди.
Зиёфатдан сўнг гурунг алла вақтгача чўзилди. Кўпкари, от, полвонлар ҳақида галма-галдан суҳбат қилдилар. Айниқса,Оқбурун ҳақида оғзидан бол томиб гапирди Рустам жевачи.
– Энди дам оламиз,–бой бува,–Мардон меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдирди Рустам жевачига.–Вақтлироқ туриб, йўлга тушишимиз керак.
– Отнинг олдида йўл писандми,– мийиғида кулди Рустам жевачи.
– Шаҳрисабз деганингиз дунёнинг нариги чеккасида эмас. Тулпорларни жиловини бир бўш қўйиб олсангиз бас. Наҳорлик қиласизлар … Эрталабки насиба деган гап бор.
Ориф атайин Рустам жевачининг оти боғлаб қўйилган чайла томон юрди.
– Меҳмонга қара,– буюрди хизматкорларига Рустам жевачи.– Итлардан эҳтиёт бўл. Меҳмон, бемалол шамоллаб олаверинг.
Жавзо ойининг ҳузурбахш кечаси … Баркашдек ой осмондан борлиқни нурафшон қиладиган нур сочиб турибди. Сон-саноқсиз юлдузлар жимирлаб, бекинмачоқ ўйнаябди. Уй соҳиби аллақачон ширин уйқуга кетган бўлса-да, меҳмонларнинг кўзига уйқу келмас, эртанги кун машмашаларини ўйлаб, кўнгиллари беҳаловат эди.
– Хўш,синчиклаб кўрдингми,– пичирлаб Орифдан сўради Мардон.– Белгилари келябдими?
– Оқбуруннинг ўзи,– ишонч билан гапирди Ориф.– Энди нима қиламиз?
– Оқбурунга кишан ур!– топшириқ берди Орифга Мардон.– Итлардан эҳтиёт бўл.
– Рустам жевачидан илтимос қилдим,– ишни пухта қилганини мақтанди Ориф.– Кечаси икки-уч марта уйғонаман. Пешобим турмайди. Итларни бир чорасини қилинг, дедим. Жевачи хизматкорларига буюриб, итларни ташқи ҳовлига олди.
Мардонқул хурсанд бўлди.– Балосан, бало. Ҳар ҳолда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қил, дейманда.
Рустам жевачи саҳархез одам экан. Ҳовлини бир айланиб чиқди. Оқбуруннинг оёғидаги кишанга кўзи тушиб,энсаси қотди. Хизматкорини чақирди.
– Оқбурунга сен кишан солдингми?
– Йўқ,– ҳайрон бўлди хизматкор.– Ўлимдан хабарим бор, кишандан хабарим йўқ.
Меҳмонлар кийиниб, тараддуд кўра бошладилар. Орифнинг сабрсизлиги бор-да. Рустам жевачига рўба-рў бўлиб:
– Жевачи ака, Оқбурунга мен кишан урдим. Отимни йўқотган эдим. Саккиз йилдан бери бормаган манзилим, сўрамаган одамим қолмади. Дарагини эшитиб келаяпмиз, ака.
– Бу нима деганинг,– Рустам жевачининг жон-пони чиқиб кетди Орифнинг гапидан. – Мен бу кеча қўйнимда илон сақлаган эканман-да.
Рустам жевачининг ҳовлиси қишлоқ одамларидан тўлди. Униси у исботни айтса, буниси бошқа далил келтирарди. Талашиб,тортишишлар жанжалга айланадиган бўлди. Охири Рустам жевачи инсофга келди.
– Жанжалга йўл очмайлик. Бу ишни қози ҳал қиладиганга ўхшайди.
Оқбурунни Шерободдан сотиб олганимни қишлоқдошларим яхши билишади.
– Бизлар розимиз,– Рустам жевачининг таклифига кўнди Мардон.– Ғузор қозисига арз қиламиз. Қандай қарорга келса, тақдиримиздан кўрамиз.

19.

Қози икки томоннинг даъволарини эшитди. Хулоса чиқариш эса анча мушкил эди.
– Бир ҳафтадан кейин келасизлар,–қози арз ишини якуний хулосасини кейинга қолдирди.– Шерободдан аниқ маълумот келишини кутамиз. От ихтиёримизда туради.
Ҳаяжонли кун ҳам келди. Қози Рустам жевачини баъзи нарсаларни аниқлаб олиш учун сўроқ қилишдан бугунги ишни бошлади.
– Исми шарифингиз?
– Рустам жевачи Эшмуродбой ўғли.
– Отнинг ҳозирги эгаси сизми?
– Ҳа, менман.
– Отни сотиб олганингизга неча йил бўлди.
– Икки йил. Шерободдан … Колхоз раиси юз бош совлиққа баҳолаб берган. Мана ҳужжати.
– Отингизни яхши танийсизми? Айтмоқчиманки, белгиларини тўлиқ биласизми?
– Биламан.
– Шошилманг … Отнинг белгиларини қолдирмай айтиб беринг. Нариги хонага ўтинг, ёзиб олишади.
– Отга даъвогар ким? Ориф ўрнидан турди.
– Мен – Ориф Шотўра ўғли.
– Сиз қолинг, бошқалар ташқарида кутиб турсин.
– Биз келишиб бир тўхтамга келдик,– қозидан изн сўради Мардон.– От Орифники бўлса-да, Жамшид укаси боқиб, қараган .Кечадан бери Орифнинг боши оғриб, касал бўлиб қолди. Нима сўровингиз бўлса Жамшид жавоб беради.
Қози атрофида ўтирган ҳайъатга қаради.
– Сизлар нима дейсизлар?
– Келишган бўлса, бизлар розимиз.
– Сизлар чиқиб туринглар. Жамшид Шотўра ўғли қолсин.
Қози Жамшидни сўроққа тутди.
– Отни кимдан сотиб олгансиз?
– Хоназот. Тўриқ биянинг боласи.
– Ўғирлатганмисиз?
– Шундай десаям бўлади. Эрта билан турсак сармихда бир қулоч арқонини кесиб қолдирибди. От сайисхонада йўқ эди. Миниб кетибди.
– Миниб кетганини қаёқдан биласиз?
– Ўғри отни етаклаб юрмайди. Миниб олиб, тизгинини бўш қўяди.
– Нариги хонага ўтасиз. Отнинг белгиларини айтасиз. Ёзиб олишади.
Кимнинг исботи кўпроқ бўлса, от ўшаники бўлади.
– Раҳмат.
Қози қарорни эртага ўқийдиган бўлди. Икки томоннинг одамлари чўғни устида ўтиргандек… Кўнгиллар безовта, ҳаяжон ҳаловатни бузмоқда. Жамшид берган исботидан кўнгли тўқроқ … Оқбурун саккизга кирганида касал бўлган эди. Зариф думининг учини кесиб, ўнг қулоғининг тубидан қумурсқа ўйма қилиб кесиб, қонини чиқарувди. Анорбулоқ қишлоғидаги икки кунлик кўпкарида катта совринни олиб чиқаётганида, таканинг синган ва терисидан найзадек чиқиб турган пойча суяги чап сонини тилиб юборган эди. Дўнонлигида айғир от бўйнини ғажиб, яра қилган жойи бор. Ёли тагида ана шу яранинг чуқурча бўлиб қолган ўрни бўлса керак. Думида ўн-ўн беш оқ толаси бор.
Ориф ўқтин-ўқтинда ўрнидан илкис туриб,Жамшидга ўшқирарди.
– Айт қани, нималар дединг? Белгиларини тўлиқ айтдингми? Сенга ишониб, шарманда бўлмайлик тағин?
– Ғишт қолипдан кўчди,– жазавага тушаётган акасига терс келди Жамшид. – Сабр қилинг. Натижани кутайлик … Гапириладиган гап қолмади.
Бугун толеъ кимга кулиб боқаркан? Рустам жевачи ютиб чиқса-чи? Ўн етти кунлик сарсану бедорликни айтмайсизми?
– Ҳукм ўқилади,– қозихонада ишлайдиган мутасадди даъвогарларни ичкарига даъват этди.– Ҳамма ичкарига кирсин.
Қози ишни Рустам жевачидан бошлади.
– Эшмурод ўғли Рустам.
– Мен,– ўрнидан турди Рустам жевачи.– Отхонадаги отлар ичидан отингизни топиб, етаклаб чиқинг.
Даъвогар томон карахт бўлишди. Ғала-ғовур бошланди. Кимдир қозининг ноҳақ иш тутганидан норози бўлди.
– Жим!– ҳозир бўлганларни тартибга чақирди қози.– Сабр қилинглар!
Бироздан кейин Рустам жевачи тушкин бир кайфиятда кириб келди ва қозига деди.
– Отхонадан мен отимни тополмадим. От отхонада йўқ.
Қози даъвогар томонни чақирди.
– Жамшид Шотўра ўғли.
– Мен.
– Отхонага боринг, отингизни топиб олинг.
Залда жимлик ҳукмрон бўлди. Ҳамма Жамшиднинг келишини интиқлик билан кутди. Жамшид отхонага кириб, бойловли отларни битта-битта кўрди. Жамшид сувга бўктирилган нондай отхонадан бўшашиб чиқди.
– Тополмадингми?–отбоқар Жамшидга маҳмиз кирди.– Яхшилаб қара, Оқбурун шу ерда. Кўзинг кўрми?
Қози тарафдан келганлар отхонадан ташқарида эдилар. Жамшид отбоқарга миннатдорчилик билдириб, изига қайтди. Отларни синчиклаб қайта кўриб чиқди. Отхонанинг тўри қоронғи эди. Бурчакдаги калта бойловли отга кўзи тушди. Эскириб, увадага айланган жул, бўйнидан, қулоғигача ёлпуш ёйилган … Харига тортиб боғлаб қўйилган эди. Арқонни ечиб, рўшноликка тортди.
Адашмади–бу Оқбурун эди.
– Мен шу ердаман, деб кишнаб қўймайсанми, жонивор, –Жамшид Оқбуруннинг бўйнидан қучоқлади. –Жонимни чиқариб юбординг-ку!?
Қози хулосани ўқиди.
– Жамшид Шотўра ўғли отни таниди. Иккинчидан, отнинг белгиларини Рустам жевачидан кўра кўпроқ ва аниқ айта олди. Қозилик ҳайъати бир фикрга келиб, ҳукм чиқардик.– От Жамшид Шотўра ўғлига берилсин!
Қодир, Мардон, Ориф қанот чиқаргандек бўлдилар. Ҳаракатлари бесамар кетмаганидан қувончлари ичларига сиғмас эди.
Оқбуруннинг қайтиб келиши қишлоқ аҳлининг шодиёнасига айланди. Айниқса, Хонимқул, онаси Султонойнинг хурсандчилиги … Шоймардон оқсоқол тирилиб келгандек бўлди. Султоной онани айтмайсизми? Румоли билан Оқбурунни баданидаги қотиб қолган терларини артиб чиқди. Хонимқулнинг кўзларидан севинч ёшлари оқарди. Юзини Оқбуруннинг ёлига босиб, кўз ёшлари бўлиб оқаётган алам ва ситамларини атрофидагилардан яширарди.
– Оқбуруним! Асл отим! Отамнинг моли! Жониворим! Ҳалол молим! Садоқатли тулпорим! Мана, яна уйингга келдинг, дийдорлашдик.
Хушхабарнинг қаноти бор, дейдилар. Оқбуруннинг қайтгани афсона бўлиб икки ўра одамлари орасида тарқалди. Бир ҳафтадан бери кўраман деб келаётганларнинг изи узилмайди.
– Озибди, жонивор!
– Ўзгармаган-а. Кўриниши ўша-ўша. Бундайроқ от бўлганда аллақачон ўлиб, суяги тупроққа айланарди,– кўрганлар баҳо берарди.– Боқинг. Бу йил Катта Ўрада кўпкарили тўй кўп.
Қаранг-а … Бугун Тангиҳарамнинг Қуруқсой қишлоғидан бир тўда одамлар келишди. Оқбурунни кўрамиз, деб келганлар-да.
– Рухсат беринг,– Мардондан илтимос қилишди ишқибозлар.– Оқбурунни бир зиёрат қилайлик.
Сайисхонадан чиқариб, ёлонғочладилар.
Ариқланганини демаса, ўзгармаган,– деди атрофдагиларга Дада кал.– Ўн бир ёшида босмачиларга тушди, бир йил қизил аскарлар минди. Йўқолганига саккиз йил бўлди. Рустам жевачи икки йил улоқ чоптирган бўлса ҳозир Оқбурун йигирма икки ёшда. Қарибди жонивор.
Дада кал Кичик Ўранинг номдор чавандози.У беўрин Оқбурунни кўргани келмаган. Хонимқул меҳмонларни уйга таклиф қилди.Гурунг анча чўзилди. Сўнгра Дада кал муддаога ўтди..
– Вафодор от экан. Бир одамдай ақли бор. Бу от эмас, Шоймардон оқсоқолнинг давлати. Энди Оқбурунни нима қилмоқчисизлар?
– Нима қилардик,– жавоб берди Хонимқул.– Саккиз йил мусофирликда яшадим. Омон-омон бўлгач қишлоққа қайтдим. Оқбурунни қайта кўраман деб ўйламаган эдим. Боқиб,кўпкарига қўшаман. Яна ор талашамиз. Ҳали Оқбуруннинг чавандозлари Ҳусан билан Бойтўра кучдан қайтмаган. Юрагида ўти бор.
– Ундай қилма,–эътироз билдирди Хонимқулга Дада кал.– Оқбурунни менга бер. Мендан эса бир сурув қўй ол .Мол-ҳолдан ажралиб, рўзғорни чарчатиб қўйдинг. Йигитга давлат ҳам керак. Сен боқиб чоптирдинг нима-ю, мен чоптирдим нима? Раҳматли Шоймардон оқсоқол билан ака–ука тутинган эдим, худони ўртага қўйиб. Бу хонадондан қуруқ қайтмайман, деб ўйлайман. Мана амакиларинг, оғайниларинг … Ўйлаб кўринглар,– Мардонқулга юзланди. Дада кал.– Бунинг устига Оқбурун қариди. Икки-уч йилдан сўнг кўпкарига ярамай қолади.
Дада калдан бу сўровни кутмаган эдилар. Мулла Собир бўлса Мардонқул, Ориф, Сариқларга кўз уриштирди.
– Ўйлаб кўришга муҳлат беринг,– мулла Собир орадаги жимжитликни
бузди.– Бир қизга уч-тўрт марта совчи келади. Сабаби, обдон ўйлаб, кейин рози бўлиш. Биз бир қарорга келайлик. Фикримиз бир жойдан чиқса, Хонимқул билан Боймирзани сизга юборамиз. Оқбурунни кўргани келаётганларнинг изи узилгани йўқ. Сотиб юборсак, нокасликда айблаб, маломат қилишмайдими? Уч ой муҳлат беринг.
– Уч ой бўлса уч ойда,– рози бўлди Дада кал.–Аммо, савдосини пичиб қўйсак, ёмон бўлмас …. Савдо ҳалол бўлиши керак. Ота-боланинг эртасида мол-пул ҳисобли-китобли бўлади. Мен кам сўрамайман. Бир юзу йигирма қўзили совлиқ бераман.
Мардон оғайнилари номидан гапирди.– Сотадиган бўлсак сизга сотамиз.
Дада кал мулла Собирга юзланди.
– Қани мулла, очиқ кўнгил билан бир дуо беринг.
Дада калнинг кўнгли жойига тушди. Жўнаши олдидан Оқбурунни эгарлатди. Белини Хонимқулга торттирди. Узангига оёқ қўйишидан олдин эгарнинг қошидан ушлаб, бор кучида ўзига қараб силкиб тортди. Оқбуруннинг оёқлари ерда қадалгандек маҳкам, гавдаси бўлса чайқалмади. Оқбурунни миниб, жиловини бўш қўйди. Якка жилов қилиб, изига қайтарди. Югуришида бургут чангали қилиб ердан муштдай тошни энкайиб олди. Дада кал кўпкарида Оқбурунни миниб зот айирган чавандоз. Синаб кўрди, шекилли. Ҳали кучдан қайтмаганидан кўнгли тўлиб, Оқбурундан тушди. Унинг хурсандлиги юзидан билиниб турар эди. Одамлар Дада калнинг мақсадини Оқбурунни эгарлатганидан билган эди.

20.

Дада кал тўрт йил Оқбурунни чоптирди. Қасд қилиб, ор талашган зотини айирди. Аммо, йилдан-йилга Оқбуруннинг кучдан қайтаётганини сезарди. Авайлаб тўдага қўшар, тўда оғир бўлса, койитмай,таканинг йўналишини пойлар эди. Оқбурун қариб, ҳунар чиқарган эди. Тулкидай финтли, зийрак эди. Такани чавандоз тақимига олса, сакраб-сакраб чопарди-ю, бир тўхтаб чап ё ўнг тарафга буриларди. Якка бўлиб чиқишини биров кўриб, биров кўрмай қолар эди.
Бешинчи йилнинг қиши қаттиқ келди. Кўп қор ёғди. Оқбурунни сувлатгани булоққа миниб борса, мўнкиб, қоқиладиган бўлди. Буни совуқнинг таъсири деб билди. Баҳорда ҳам, бу қусур йўқолмади. Дада кал энди Оқбурунни кўпкарига қўшолмас, томошага миниб турар эди. Тишлари арпани ёролмасди. Тегирмондан ёриб чиқариб берадиган бўлди. Баҳор тугаб, ёзнинг иссиқ кунлари бошланди. Оқбурун қовжираган ўтларни ҳам ўтлайолмай қолди. Оқбуруннинг умри тугаб бораётганини Дада кал билди. Уни ингичка майдонига етаклаб борди. Яланғочлаб, нўқтасини бошидан сидириб олди.
¬– Ўлиб қоласанми, деб хавотирдаман,– дўсти билан видолашгандай хайр хуш қилди Дада кал.– Оқбуруним, дўстгинам … Парвариш қилдим, суйдим. –Орим учун, ориятим учун курашдинг. Довруғинг таралмаган қишлоқ, гўша қолмади. Сени танимаган одамнинг ўзи йўқ. Кўпкари ишқибозлари қалбида яшайсан. Сен ўлмайсан. Келиб тураман, хабарлашаман. Ҳозирча, омон бўл.
Икки кунни ўтказиб Дада кал Оқбурундан хабар олди. Ташлаб кетган жойидан озроқ масофа силжибди. Кунларни ётиш билан ўтказгани билиниб турибди. Ўт-ўланлар пайҳон бўлиб, ётиб қолган.Турғиздириб, булоқ томон ҳайдади.
– Сув ич. Ноумид бўлма. Ҳали сен яшайсан. Мабода, ўлиб-нетиб қолсанг, бошингни кафан қилиб, жасадингни қабр қозиб, кўмаман.
Дада кал, бетини Оқбуруннинг ёлига босди. Тушларини, қалтираб турган оёқ-ларини, қоқсуяк қовурғаларини силади. Оқбурун ҳам эгасининг изтиробини тушунгандай осилиб қолган лабини Дада калнинг бетига теккизди. Ўпганга ўхшаш ҳаракат қилди. Кўзларида ёш ҳалқаланиб, бетидан сирғалиб пастга оқа бошлади.
– Нега ундай қиляпсан,–Дада кал кимсасиз майдонда ўкириб юборди.¬– Мен билан хайрлашмоқчимисан. Мени ташлаб кетаяпсанми?
Орадан бир кун ўтди.Дада калнинг сабри чидамади. Оқбурундан хабар олгани келди. Оқбурунни ҳеч қаердан тополмади. Ахтарди, арчазор ҳам жилға, сой ҳам қолмади. Дуч келгандан сўради. Кўрдим деган одам топилмади.
– Бир кун олдин ҳу ана у булоқ бошида кўрган эдим,– деди мирохур Чори Ортуқ Дада калга. Кун ботар томонга қараб, ўтламай карахт турган эди.
Оқбуруннинг тўсатдан йўқолиб қолиши ғалати бир воқеа бўлди. Одамлар орасида эртакка ўхшаш гаплар тарқалди.
– Оқбуруннинг париси бор эди. Парилари узоқ-узоқларга олиб кетишган.
– Оддий от эмас эди. Назаркарда от эди,–афсона тўқирди одамлар.– Тулпор эди. Тулпорнинг қаноти бўлади. Осмону фалакка учиб кетган бўлса, ажабмас.
– Шоймардон оқсоқолнинг арвоҳи келиб, етаклаб кетган. Оқбурун нурга айланган. Шунинг учун ҳеч қаерда изи, жасади йўқ.
Дада кал тўқима гапларни қайси бири ҳақиқатга яқин билолмай боши қотди. Бундай ўйлаб кўрса шу гапларда ҳам жон борга ўхшайди.
Бир ҳафтадан кейин Дада калга хабар келди.
– Оқбурундан хабар бор ,чавандоз,–руҳи тушган бир алпозда гапирди Иброҳим чўпон.– Хонимқул соҳибининг уйига борибди. Қай вақт борганини ҳеч ким кўрмаган. Сайисхонага кирибди-ю, ўлиб қолибди.
Дада кал бу мудҳиш хабарни эшитиб, оёқларидан дармони қочди. Чўкаллаб панжаларини мушт тутди. Кейин муштларини устига пешонасини босиб, беун тош қотди. Унинг шу топда хаёлидан нима воқеалар кечаётгани фақат ўзига аён эди!

21.

Ҳисор бобоси гапириб берган Оқбурун ҳақидаги қиссани тугатди. У чўккалаб олиб, бошини эгиб ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Кўзларидан жала бўлиб оқаётган кўз ёши бетини ювар эди.
– Бобогинам! Бобожонгинам! Қандай меҳрибон, ширин сўз, сўзга чечан эдингиз. Энди сизни қайлардан топаман?
Ҳисорнинг айтиб-айтиб кўнглини бўшатаётганидан меҳмонлар ҳам чидаб туролмадилар.Тўрда ўтирган Нормурод Қулай елкалари турган Ҳисорни бағрига босди.
– Ҳай болагинам-айт. Бобонг раҳматли ҳаммамизга қадрдон, азиз инсон эди. Жойлари жаннатда бўлсин. Бу дунёда ҳаммамиз омонатмиз. Мана бобонг ўрнига сени қолдириб кетди. Бобонгни кўргандай бўлиб турибмиз.
– Қаранг-а,– Нормурод Қулайнинг гапига қўшилди меҳмонлардан бири,– сўзга чечан, ақлли бола экан. Сен Оқбурун от қисматини гапириб бераяпсан, биз бўлсак ўтган кунларда Шоймардон оқсоқолнинг қора кунларида бирга бўлдик.
Оқбурун от ва отаси ҳақидаги ҳикояни гапириб бериб, бобо неварасининг қўлида омонатини топширган экан. Шу тўғрими?,– пойгакда ўтирганлардан бири савол ташлади.
Нормурод Қулай Боймирза бобонинг навераси – Ҳисорга кўп насиҳат қилди. Кўнглини кўтарди.
– Сен-ку тўқсон ёшга кириб вафот этган бобонгга қайғураяпсан. Мен ота, онамни танимайман. Бир оғиз “ўғлим!” деган сўзларини эшитмадим. Дийдорларини кўриб қолганимда бу дунёда армонсиз яшар эдим.
Нормурод Қулай сағирликда бировларнинг қўлида ўсган қора кунлари кўз олдига келди. Ўзини қўлга олиб, гап равишини ўзгартирди.
– Ҳисор болагинам! Боймирза бобонгни ўлими ҳақида ҳам гапириб бер. Сени бағрига босиб,жон таслим қилган экан.
Бошқалар ҳам далолат қилишди:
– Гапириб бер! Гапириб бер!
Ҳисор кўз ёшларини артиб, анча вақт жим турди. У бошини кўтариб бобоси омонатини қандай топширганини синиқ аммо таъсирли бир овозда сўзлай бошлади:
– Тун қора либосини кийди. Сукунат. Хонада жим-житлик. Лампа шишали чироқдан таралаётган синиқ нур бобосининг зафарон, қонсиз юзини янада нурсиз қилиб кўрсатмоқда эди. Мен пиёладаги сувга пахтани ботириб, бобомнинг лаб атрофларини ҳўллаб, оғзига сув томизиб турдим. Бобом бўлса бутун вужуди билан, бор кучини тилига бериб Оқбурун ҳақидаги ҳикоясини айтиб тугатишга ҳаракат қилмоқда. Ҳамма уйғоқ. Бу кеч бобомнинг отаси Шоймардон оқсоқол хонадони бошига тушган ўтган кунларнинг қора хотиралар қисмати жонланаётган эди. Бобом армон бўлиб тош қотган дардидан фориғ бўлгандек бўлди. У ҳаяжон билан гапирди. Гапирганда ҳам хўп гапирди. Ҳикоясини тугатиб, таскин топди.Бошини орқага ташлади. Толиққан, ҳақиқатан ҳам толиққан эди. Кўзларини юмиб, чуқур-чуқур нафас олди. Мен бобосини ўрнига ётқизиб, бошига ёстиқ қўйдим. Бобом ҳузурлангандек бўлиб, оёқларини узатди. Чуқур бир “Уф!!” тортди. Унинг юрагидаги алам ва изтироблари ана шу чиқарган чуқур нафаси билан холи бўлгандек эди. Бу пайт тонг энди бўзара бошлаган маҳал эди. Мен ҳам бобомнинг ёнига омонат ёнбошладим. Иродадан уйқу ғолиб чиқди. Мен ҳам ғафлат тўшагига бош қўйиб, ором осмонида сузаётган эдим.
Энди қуёш нурини она замин узра сочаётган маҳал. Зайнаб момом мени турткилаб уйғотди. Аммо, Боймирза бобомни абадий уйқудан икковлашиб ҳам уйғота олмадик. Минг афсус!!!
Ҳисор ҳеч кимга эътибор бермай, ҳеч кимдан ижозат олмай ўрнидан туриб, меҳмонхонадан чиқиб кетди.
Аммо, бир нарса аён бўлди. Юқорида Ҳисор невара сўзлаб берган Шоймардон оқсоқолнинг қисмати ва Оқбуруннинг садоқати ҳақидаги ҳикоя Боймирза бободан қолган ўлмас хотира бўлиб қолди.

Манба: “Соҳибқирон юлдузи” журнали. 2016 йил, № 3-4 сонлар. Қарши шаҳри.

photo096s.jpegO‘rolboy QOBIL
ANOYI ODAM YOXUD
TURSUNBOYNING HINDISTONGA SAYOHATI
07

— Adib Tursunboy Boymirov ikki qardosh xalqning erka farzandi. Tojikcha o‘ylab, o‘zbekcha yozadi. Akaxonning el-ulus orasida gap-so‘z bo‘lgan asarlari bir talay. Ilk ijodiy faoliyatini gazetalarga kichkina xabar va maqolalar yozishdan boshlagan Tursunboy akaning oradan yillar o‘tib, taniqli adib darajasiga yetishi oson bo‘lmadi. Bu tinimsiz ijod mashaqqatlarini chekish evaziga qo‘lga kiritildi. Ko‘pchilik Tursunboy akani hajvchi sifatida yaxshi biladi. To‘g‘ri, hajviy asarlar yozish tufayli u inson xarakterining turli qirralari tasvirlash usullarini o‘zicha kashf etdi. Bu esa keyinchalik ijodkorga jiddiy mavzudagi hikoyalar va qissalar yaratish imkonini berdi. Qo‘shni Buxorolik adabiyot muxlislari Ne’mat Aminov bilan faxrlansalar, biz Qashqadaryoliklar ham Tursunboy Boymirovdek hajviyot janrida o‘ziga xos maktab yaratgan ijodkor bilan zamondosh bo‘lganimizdan g‘ururlansak arziydi, — deya so‘zlaydi noshir va adib Temirpo‘lat Tillayev.
Ammo…

***

Bir yili keksa adib Abdivoy Rahimning yangi nashrdan chiqqan ro‘monini yuvgani Qarshiga bordik. Qarasak, Tursunboy aka uyidagi yog‘i artilmagan “Neksiya”ni minmay piyoda yuribdi. Sababini so‘rasak: “Rulda bo‘lsak, rizqimiz qiyiladi, “haligi”ni kim ichadi?”, deydi jilmayib.

…Kitob taqdimotidan keyin uyga, bola-chaqaning oldiga quruq bormaylik deb bozor oraladik. Akamiz nevaralariga ul-bul xarid qilib, oxiri bizlarni amaldorlarning shapkasi sotiladigan do‘konga boshlab kirdi. So‘ngra ko‘rgazmada turgan shapkalardan birini kiyib, ko‘zguga qaradi. Ichimda: “Hoy aka, ko‘rpangizga qarab oyoq uzating, kim qo‘yibdi sizu bizga shapka kiymoqni”, demoqchi bo‘ldim-u, yana o‘zimcha: “Ke, akaning ko‘ngli bir ketdi-da, kiysa kiyib ko‘rsin, baribir sotib olmaydi” deb o‘yladim. So‘g‘in sotuvchi yigitga qo‘shilib: “Yarashdi, buyursin, Sizbop ekan” qildik.

Tursunboy aka cho‘ntagidan pul chiqardi. Shapkaga o‘n besh ming yetmadi. Sal kayfi bor odam yig‘laguday bo‘layapti. Yana sal erkinsidimi: “Mendayam qolib ketmas, uch birday yigit do‘konga kirib quruq chikamizmi?”- dedi jilmayishga harakat qilib. Sotuvchi yigit ham xaridorni qo‘lladi. Nachora, men qizg‘aninqirab olti ming berdim, shoir Yo‘ldosh Kenjaning saxiyligi tutib qolganini uzatib yubordi.

Tursunboy akaning quvonchi cheksiz edi.

“Ford”lar turadigan shohbekatga yetib keldik. Birinchi Tursunboy aka jo‘naydigan bo‘ldi. Yo‘lovchi kutib turgan “Neksiya”ning egasi u kishining oldiga yugurib chiqdi-da:
“Bir shaharlabsiz-da! Keling, rais buva, oldingi o‘rindiq sizniki!” deya yetaklab ketdi.

Bizlar esa eshigi ochiq “Ford”ga kirdik. Yo‘lovchi kamligidan ikki mashina ham picha turib qoldi.
-Borib qara-chi, Tursunboy aka uxlab qolmadimikan,- deb qoldi Yo‘ldosh aka,- zerikib ham o‘tiribsan-da!…
Rais buvadan xabar olish uchun mashina ichiga mo‘raladim.

Vo ajabo, qay ko‘z bilan qarayki, Tursunboy aka beli sinmagan mingtaliklarni sanamoqda. Men asta yo‘taldim. Rais buvaning nigohi menga tushgach:
-Yangangiz adashib pullarni shimning orqa cho‘ntagiga solgan ekan, o‘tirib bilibman,- dedi pinagini buzmay. -Sizlarga rahmat, qiyin paytda qo‘llab yubordinglar.
“Neksiya”ning motori o‘t oldi. Tursunboy aka ko‘ksiga qo‘lini qo‘yib jo‘nab ketdi…

***

-Tursunboy aka g‘oyat kamgap, kamtarin odam. Oz gapirib, ko‘p tinglashni yoqtiradi,- deydi adib va publitsist Abdunabi Abdiyev. – Bo‘lmasa eshitgan odamni (albatta biron aybi borlarni) zir qaqshatadigan – “Mushtum” jurnalining kunda-shundasi u kishi. Bir emas, bir necha bor o‘zbek hajviyoti tamal toshini qo‘ygan shu otaxon jurnalning yillik mukofotiga sazovor bo‘lgan. Har gal qishloq aloqa bo‘limidagilar oynomaning yangi sonini keltirib berishlari bilan shosha-pisha varaqlayman. Va kutganim- Tursunboy akaning yangi hajviyasi yoki jahon hajv ustalari bisotidan qilgan tarjimasiga ko‘zim tushib, “shu odam qachon tinib-tinchir ekan” degan xayolga boraman.

Ijod ahlining boshini qovushtirgan “Qamashi gurunglari” tashabbuskorlaridan biri ham shu – bizning Tursunboy aka. Unda tumanda yashab barakali ijod qilayotgan bir talay qalamkashlar davrasida shahrisabzlik shoir va adib Abdurahim Abdusamadov, mahoratli jurnalist Nuriddin Egamov va kaminai kamtarin qulingiz qatnashib tursak-da, oramizda eng sermahsulimiz Tursunboy Boymirov desak sira mubolag‘asi bo‘lmaydi. Respublika miqyosida nashr etiladigan “Sharq yulduzi”, “Yoshlik”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Oila davrasida”, “Ishonch”, viloyatimizda chiqadigan “Qashqadaryo”, “Daryo”, “Barkamol avlod” kabi jurnal va gazetalarida u kishi tez-tez yuz ko‘rsatib turadilar.

Endi Tursunboy aka nega kam gapirib, ko‘p eshitadi desam turli davralarda eshitganlarini zimdan pishitib borar ekanlar. Buni Tursunboy aka “Dard”, “Oqburun” kabi qissalarida qoyillatib qo‘ygan.

Bir so‘z bilan aytganda Tursunboy akaning bitiklarida oddiylik ustuvor. Bu oddiylik zamirida xalqchillik yotibdi. Bunga amin bo‘lay desangiz adibning asarlarini jiddiy o‘tirib, mutolaa qiling, sira afsuslanmaysiz!

***

Kunlarning birida akamiz, shoir Yo‘ldoshbek Kenjaning telefondan tashvishli ovozi eshitildi.
— Uka, eshitdingmi, Boymirov Hindistonga ketayotganmish.
— Yo‘g‘-a,- dedim, hayratimni yashirolmay.
— Rost, ishonchli odamlar xabar qilishdi.
— Hamrohlari kimlar ekan?- deya so‘radim.
— «Daryo»chi ukalar.
— Ha, akaxon oxiri soddagina ukalarni tuzog‘iga ilintiribdi-da?
— U — kishi odam tanlashni biladi…
— «Otiyezim»ga boramizmi?
— Ey, uka-ya, haliyam soddaliging qolmabdi-da, boy buva sen bilan men uzatadigan yigirma, o‘ttiz yuz mingni nazarga ilarmidi, yaxshisi sayohatdan kelsin, birato‘la boraqolamiz.
Taklif kaminaga ham negadir yoqib tushdi…

***

Ikki hafta o‘tib yana Yo‘ldosh aka xabar qildi.
— Uka, suyunchi ber, Tursunboy aka safardan qaytibdi.
Keyin Yo‘ldosh akaning «Jiguli»sida «Odambormas qaydasan?» deb yo‘lga tushdik. Akaxonning xovlisi odamlar bilan gavjum ekan. Mezbon o‘zida yo‘q xursand, bizlarni sog‘inibdi chog‘i, quchoq ochib kutib oldi.
Uzun mehmonxona «kerak»li odamlar bilan band edi, “o‘ting-o‘ting” dan so‘ng o‘rtaroqda cho‘kkaladik.
Uy egasi bizlarni davradagilarga tanishtirdi.
— Bular mening hamkasblarim, ikkovi ham Jonbo‘zsoydan, anovisi rulda, bunisi umuman ichmaydi, zo‘rlamanglar!
— Agar aroq “Indiyskiy” bo‘lsa, mozorbosti ekan, olamiz, uch-to‘rt soat o‘tirsak tarqab ketar…- dedi Yo‘ldosh aka kulimsirab.
-Ey, hindlar qiziq xalk ekan, aroq ham, go‘sht ham iste’mol qilishmaskan. Faqat o‘zimizning xolvoytirga o‘xshash shirinlik bilan choy ichisharkan. Yana qalampir, murchni xush ko‘rarkan, qurg‘urlar… Noni ham o‘zimizning lochiridek yupqagina… Do‘ppi kiyib borganim qo‘l keldi, qayerda yursam, “hoy, o‘zbak” deb tanishdi, e’zozlashdi.
-Do‘ppi qatidagi «haligi» nima bo‘ldi?- so‘radi kimdir kutilmaganda.
-Rost, uch-to‘rttasini olib borgandik, izlagan narsani topolmagach, qaytarib keldik.

***

Tursunboy aka zavq-shavq bilan safar taassurotlarini so‘zlardi.
— Birodarlar, to‘g‘risini aytsam, samolyotda birinchi bor uchishim edi. Ozgina qo‘rqdim. Lekin hamrohlarimning xotirjamligini ko‘rib, o‘zimni go‘yo ko‘p bora safarda yurgan yo‘lovchidek tutdim. Buni qarang, Shahrisabzlik ijodkor Abdirahim domla bilan yonma-yon o‘tirib qolibman. Domla qoshlarini chimirib menga boshdan-oyoq nazar solgach, so‘radi:
-Siz, huv o‘sha gazetda yozishgan, og‘aynilarini chuv tushiradigan Tursunboy emasmisiz?
— Ha, o‘sha ukangizman,- dedim o‘zimni yaqin olib.
— Haligi «hunar»ingizni tashlagandirsiz?
-Hoy, ishonmang, ukalar oltmish yilligim arafasida hazillashib yozishgandi.
— Hoy, uka, gazet degani hazil-huzul qiladigan choyxona emas, toyes, siz yaxshi odamga o‘xshamaysiz!
Dod deb yuborgim keldi. Ammo foydasiz ekanligini angladim.

***

Hindistonda ham domlaning mendan shubhasi arimadi. Bu ham mayli, boshqalarning ham mendan o‘zlarini olib qochayotganini sezdim.
Faqat ukamiz Asrorjon Allayorovgina musofirlikda yakkalab qo‘ymadi. Shunday desamda…
Hashamatli mehmonxonga joylashdik. Asrorjon ikkovimizga bir xona berishdi. Yotish oldidan ukamning qopchig‘ini yostig‘i tagiga qo‘yganini ko‘zim ilg‘adi. Sheriging senga ishonmasa diling og‘rir ekan. Uyqum qochib, hayolimga turli rejalar keldi. O‘zimni go‘yo shirin uyquga ketgandek tutdim, onda-sonda xurrak ham otib qo‘ydim.
Ko‘p o‘tmay hamxonam pinakka ketdi. Ukamga bir hazillashgim keldi. Asta joyimdan qo‘zg‘alib, yostiqning tagidan qopchiqni sezdirmay sug‘irib oldim-da, shkafda osig‘liq turgan kostyumi cho‘ntagiga joylab qo‘ydim.
Azonda Asrorjonning to‘rtkisidan uyg‘ondim.
— Aka, qopchig‘imni nima qildingiz?
— Qanaqa qopchik?- dedim tolmovsirab.
-Hoy, aka, pul turadigan qopchiqda, domla bilib aytgan ekan, men bo‘lsam…
— O‘sha karmoning qayerda edi?
— Yostig‘imning tagiga qo‘ygandim.
— Bo‘lmasa, o‘sha joydan qidir, men sening yostig‘ing emasmanku?
Asrorjon bir necha bor yostiqlarni ag‘darib qaradi-da, menga yuzlandi.
-Anovi cho‘ntaklaringizni ham qaradingizmi?- dedim shkaf tarafga ishora qilib.
U shoshib borib, kostyumining ichki cho‘ntagini ko‘rdi-yu, qopchig‘ini topib, ko‘zlariga ishonmay pullarini sanadi-da, yuziga qon yugurib, ajablanib menga boqdi.
-Ey, ukam-a, ana joyida turgan ekan-u, ertalabdan meni yomon xafa qildingiz.
— Uzr aka, lekin bir narsaga hayronman, u qanday qilib bu joyga…
— Ay, boy bo‘lgur-ey, axir biz sehru jodular diyoridamiz, bu makonda har narsa bo‘lishi mumkin,- dedim o‘zimni bilag‘on ko‘rsatib.
Shu voqeadan keyin Asrorjon bilan yana ham qalin bo‘lib ketdik.

***

Hindistonning tabiati ham, odamlari ham g‘aroyib ekan. Ko‘p joylarda bo‘ldik, ayniqsa, vatandoshlarimiz boburiylar qurdirgan Tojmahal obidasi bizlarda bir olam faxr va g‘urur uyg‘otdi.
Bozor aylandik. Doimiy hamrohim Asrorjon do‘konlarning biridan nimadir xarid qildi. So‘ngra mehmonxonaga qaytayotgandik, ortimizdan yosh bolaning «Hoy, mester!» degan tovushini eshitib to‘xtadik.
Ne ko‘z bilan ko‘rmaylik, yarim yalang‘och, jingalak sochli bolakay qo‘lida Asrorjonning qopchig‘ini tutgancha chopib keldi-da, ta’zim qilib, egasining qo‘liga tutqazdi. Ukamiz qopchig‘ini do‘konda unutib qoldirgan ekan.
Asrorjon bolakayga suyunchiga pul uzatdi. Ammo, u boshini sarak-sarak qilib pulni olmadi, beg‘ubor bir jilmayib ortiga yugurib ketdi.
-Ey, attang, bu hindlar ajoyib xalq ekan-u, lekin, «topgan-topoloqniki» degan naqlni bilmas ekan-da,- dedim safdoshimga kulib va xayolimga qo‘shnimizning bog‘idan olmalarni «shumo» qiladigan shumtaka nabiralarim kelib, allanechuk bo‘lib ketdim.
Uyni, bolalarni, o‘g‘lim va kelinimni, yangangizni sog‘inganimni his qildim.
Odambormas deb beo‘xshab nom olgan qishlog‘imni, yurtimizni qo‘msadim. Xolbuki, hali Hindistonga kelganimizga bor yo‘g‘i uch kun bo‘lgandi…

***

-Tursunboy Boymirov serqirra ijodkor, — deya so‘zlaydi O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, shoira Momoxol Elmurodova. – U kishi hajviy asarlar, hikoya va qissalar yozish bilan birga dolzarb mavzudagi maqolalar, esse va ocherklarni ham qoyillatib yozadigan mohir publitsistdir. Uning ona tabiatni asrash mavzusida yozgan maqolalarini o‘qib hayratga tushganman. Ona zamin, artof muhit, tabiat olami tasvirlari yozuvchining dilidagi og‘riqli dardlar bilan qo‘shilib ajoyib manzara kashf etadi. Bularning barisini oq qog‘ozga to‘kish Tursunboy akaga oson bo‘lmaganini ich-ichimdan his qilaman.
Men Tursunboy aka timsolida ming yillik azaliy udumlarni o‘zida avaylab saqlab kelayotgan mag‘rur va mard, tanti va oriyatli, el- yurt sha’nini ardoqlab, qalamga olayotgan kuyinchak adibini ko‘rgandek bo‘laman..

Tursunboy BOYMIROV
OQBURUN
Qissa
07

Tursunboy Boymirov 1949 yilda Qamashi tumanining tog‘li Chuqurli qishlog‘ida tug‘ilgan. Qarshi muallimlar oliygohida tahsil olgan. Qishlog‘idagi maktabda muallim bo‘lib ishladi. Ikki bora viloyat kengashi deputati bo‘lib faoliyat olib bordi. Adibning “Baloi-bad”, “Yo, otamning qo‘li”, “Birinchi maosh”, “Tabassum”, “Iztirob”, “Boburtepa qirlarida bahor”, ”El farzandi”, “Oq o‘tov”, “Qamashi va qamashiliklar”,”Chim — fidoiy insonlar yurti”, ”Elda e’zoz topganlar” kabi nasriy kitoblari chop etilgan. “Shuhrat” medali sohibi.

07

1

Лошадь-породы-карабаир.jpgBoymirza bir oydan beri betob. Boshida chap qo‘li va ko‘kragi ostida sanchiqqa o‘xshash og‘riq paydo bo‘ldi. O‘tib ketadi deb parvo qilmadi.Ammo bu og‘riq kundan–kunga zo‘raya boshladi. Bora–bora ishtahasi yo‘qolib,ovqat yeyishdan qoldi. Kunda bir piyola sutni qistab, qo‘ymay ichirtiradilar. Oxirgi kunlarda yutgan suyuqliklarini qayt qiladigan bo‘ldi. Uyqu bosib,behush ko‘p yotar edi.Ochlik tinka–madorini quritib qo‘ydi.Bugun kechagiga qaraganda Boymirzaning ahvoli biroq durust. Ko‘zini ochib atrofga alazarak boqdi. Boshida turganlarga ajabsinib termuldi. So‘ngra, opasi Zaynabning qo‘lini ustiga qoqsuyak qo‘lini bosdi. Bir narsalar demoqchi bo‘ldi. Gapirishga majoli yetmadi. Bormoqlari bilan imo–ishora qildi.
– Suv so‘rayabdi,–Ro‘zixol momo Boymirzaning nima deyayotganini anglaganday bo‘ldi va yig‘ilganlarni tashqariga chiqishga da’vat etdi.– Uyni bo‘shatinglar, toza havo kirsin.
Ro‘zixol momo keng yenglarini tirsagigacha shimarib,uzatilgan suv to‘la piyolani qo‘liga oldi.
– Yarim piyola bo‘lsa bo‘ladi,–paxtani suvga botirib Boymirzaning quruq lablariga bosdi. Og‘ziga besh–olti tomchi suv tomizdi,tilini ho‘lladi. Ammo,bu chanqoqni bosmadi shekilli, Boymirza Ro‘zixol momoni qo‘lini ushlab, piyolaga ishora qildi.
– Suv! Suv ichgim kelayapti.
Yutgan suv tomchilari quvvat bo‘ldimi,Boymirzaning suv so‘ragan gapini boshida turganlar eshitdi.
– Boymirzajon, uch kundan beri bir og‘iz so‘zingizga intiq qildingiz,–og‘asini quchoqlab uvvos soldi Zaynab momo.– Nimaga bunday qilayapsiz? Meni taniyapsizmi?
–Tanidim opajon, tanidim,– shikasta, majolsiz ohangda javob berdi Boymirza. Nega buncha odam yig‘ilgan? Menga nima bo‘ldi?
– Hech narsa bo‘lgani yo‘q, aylanay,– Ro‘zixol momo Boymirzaga dalda berdi.
–Biroz shamollaganday bo‘libsiz. Ko‘p uxladingiz. Shunga bular, biroz alag‘da bo‘lganday bo‘lishdi.
Ro‘zixol momo yig‘lab–siqtayotgan Zaynab momoga ishora qildi.
– O‘ng tomonidan o‘ting. Gavdasini ko‘tarib, orqasiga yostiq qo‘yaylik. Nafasi o‘nglanib, qoni yurishadi. Kelinlardan qaysisi bor,–eshik tomonga o‘girilib topshiriq berdi Ro‘zixol momo,– bir piyola sutga qant solib olib kelinglar. Ko‘pam shirin bo‘lmasin. Tushga mastava ichirtiramiz.
Boymirza shirin sutni ho‘plab, dam olib ichdi. Ichganda ham yutinib, qiynalib ichdi. Bir osh pishig‘i vaqtdan so‘ng ko‘zi ancha ravshan tortdi. Holini so‘rab kelganlar bilan so‘rashdi.
– Nega Hisorboy naveram ko‘rinmayapti? –Boymirza opasi Zaynabdan so‘radi
.–Ayting, kelib, yonimga o‘tirsin.
– Yoningizda edi. Mol–holiga qarayapti. Alag‘da bo‘lmang keladi hozir.
Hisor nevara bobosining bo‘yniga osildi . Boymirza majolsiz qo‘llari bilan uning boshini siladi.
– Erkatoyim,toychog‘im. Otaginam. Otamning o‘rnini bosuvchi otajonim.
Boymirzaning dami ichiga tushdi. Qo‘llari qaltiradi. Uning yuragi yig‘lamoqda edi.
– Bobongni yonidan o‘tir,– Zaynab momo Hisorga bobosining o‘ng tomonidan joy ko‘rsatdi.–Endi hech yoqqa chiqma. Bobong bilan gurunglash.
– To‘g‘ri aytasiz, opa,–opasining gapini ma’qulladi Boymirza.–Hisor nevaramga Oqburun otimizning qismatini gapirib bersammi, deyapman. Uylanib, bola–chaqali bo‘lsa bolalariga, keyin qishloq odamlariga mavridi kelsa gapirib beradi.
Ro‘zixol momo Zaynab momoning qulog‘iga shivirladi.
– Uy yoritayapti. Ikki kunligi bormi, yo‘qmi? Bundan oyoqqa tursa, yuzga kiradi.
Zaynab momo ko‘z yoshi qildi.
– Bilmadim yanga, bir dardi bedavoga yo‘liqdi–yov.
Katta kelin Ro‘zixol momoga yuzlandi.
– Mastavani qaynatib, qatiqlab qo‘ydim.
– Tur. Hisor o‘g‘lim,–Zaynab momo Hisorni yangasiga ergashtirdi.–Bir kosa mastava olib kel. Qo‘ling bilan bobongga ichirtir. Sening qo‘lingdan ichadi.
Kechga tomon Boymirza ancha kuchga kirib qoldi. Gaplari ham dadillashdi. Uydagilarning chehrasi yorishdi.
– Men Hisor nevaramga Oqburun otimizning qismatini aytib bersam, devdim,– yana opasi Zaynabdan ijozat so‘radi Boymirza.–Ruxsat berasizmi? Shu deng ikki kun oldin otam oqsoqol bilan enam qo‘l ushlashib uyimizga keldilar,– ko‘rgan tushini opasiga aytib berdi Boymirza. –Oqburunni egarla, dedilar menga. Seni mindirib, olib ketamiz. Tavba qildim, otni egarladimmi, mindimmi esimda yo‘q. Uyg‘onib ketdim. Oqburun ot qismatini so‘zlab bersam ota–onam bilan gurunglashganday, akalarim Xonimqul, Boqi, Almirzalar bilan birga bo‘lamanmi, deyapmanda. Baribir kechasi uyqum kelmaydi.
– Men yoningizdaman. Nafasingizni rostlab, dam olib so‘zlab bering Oqburunni. Hammasini ayting. Boshimizga tushgan qora kunlarimizni ham gapiring.
– Qanday pahlavon kelbatli, Alpomish siyoqli akalarim bor edi–ya,– Boymirza bir tin oldi.– Akalarim haqida ham gapirib bersam bo‘ladimi?
– Bo‘ladi og‘ajonim, bo‘ladi. – Ko‘nglingizda nima gap bo‘lsa, ichingizni bo‘shating,– Zaynab momoning vujudi titrab ketdi.

2.

Ana–mana deguncha Boymirzaning qirqi ham yetib keldi. Kechga tomon marosimga keluvchilarning safi uzildi. Uzoq qishloqlardan kelgan qorindoshlar qolishdi.
– Bir so‘rov bor? – Eshquvat uy to‘la odamlar e’tiboriga taklif kiritdi. –Bekorchi gaplarni yig‘ishtiraylik. Rahmatlik Boymirza nevarasi Hisorga aytib bergan Oqburun ot qismatini eshitaylik. Nima deysizlar?
– Ma’qul!, Ma’qul!–deyishdi mehmonlar ham so‘rovga e’tiroz bildirmay. Bizlar rozimiz. Vasiyat qilgan bo‘lsalar aytib bersin.
– Hisor Oqburun ot qismatini bobosiday qilib bizga aytib beroladimi?,
– Nazar pisanda qildi o‘tirganlarga.
Usta Eshquvat Nazarning kinoyasidan ranjidi.
– Aql yoshda emas Nazar.Mana sen ellikka kirib ham parsoqi gaplaringni tashlamading. Qaysi davrada o‘tirsang bir tomonga tortib turish odating bor. Hisor o‘n oltiga kirdi. O‘qituvchisi zehni o‘tkir, nutqi ravon deb maqtaydi. Aytinglar Hisor mehmonlarning oldiga kirsin.
Hisor uyga kirib,mehmonlarga salom berdi. So‘ngra poygohda tizanlab cho‘kdi.
– Joylashib o‘tir, o‘g‘lim,–usta Eshquvat suydi Hisorni. – Ot o‘rnini toy bosar, deydilar. Bobo–momoning o‘limi meros. Bobong rahmatlini hamma hurmat qilar edi. O‘qimishli, odam edi. Ko‘p yil fermaga zootexnik,mudir bo‘lib ishladi. Xalqparvar, saxovatpesha odamligini bilamiz. Sakson to‘qqiz yosh, ulug‘ yosh. To‘shakka mixlanib, qo‘lidan oldirmay omonatini topshirdi. Bobong senga aytib bergan Oqburun ot haqidagi aytganlarini bizlarga hikoya qilib ber. Oqburun ot haqida eshitganmiz-u, bizga yetib kelmagan, bilmagan voqealar ham bor-da.
Hisorning boshi egildi. Bobosining o‘sha kechadagi holati ko‘z oldida gavdalandi. Alamlari bo‘g‘ziga tosh bo‘lib qotdi.
– Xafa bo‘lma, bolam,–mehmonlardan biri Hisorga ko‘ngil berdi.– Vasiyat bu omonat, qarz gap. Oqburun ot haqidagi qissani bizga so‘zlab ber. Bobongni arvohi shod bo‘ladi.
Hisor boshini ko‘tardi. Iztirob va qayg‘ulardan xoli qildi jismini. Keyin esa bobosi aytib bergan Oqburun ot haqidagi voqealarni dona–dona qilib hikoya qila boshladi.

3.

Qish har yilgi vaqtidan ertachiroq keldi. Ikki kun oldin yoqqan qordan ko‘zga tashlanadigan jamiyki borliq oq libosga burkandi. Bugun o‘zgacha bir holat. Oftob tog‘lar ortidan ochiq chehrasi bilan bo‘y ko‘rsata boshladi. Qorning zarrin parchalari quyosh nurida yaltirab,ko‘zlarga oyna tutmoqda. Go‘yo quyoshning taftidan qorlar erib ketadigandek …. Tushga yaqin osmonda paydo bo‘lgan pag‘a–pag‘a bulutlar, esayotgan chillaning sovuq nafasi kunning issiq taftini kesib turdi. Hamon sovuqdan tevarak atrof karaxt. Umri tugayotgan kun bo‘lsa, behalovat damlarini tunning sukunat va sokin pallasiga o‘rin bo‘shata boshladi. Osmon kechga tomon tiniqlashdi. Ufq lovillab yondi. Tog‘larda nozik nurlar sepini yoydi. Katta O‘ra qishloqlari uzra qalqon bo‘lgan tog‘lar bag‘ridagi archalarning uchi ana shu nurlardan yorishdi. Oqshom qora chotirini sudradi. Oy va yulduzlar qorong‘ilik zulmatini yirtib, yorug‘lik hadya etdi. Bu kech ham sovuq bo‘ladiganga o‘xshaydi. Ayniqsa, tong otar payti. Shunday sovuq yel esadiki, toshni yoray deydi.
Shoymardon oqsoqol birinchi bor bunday qishni ko‘rayotgani yo‘q. Qo‘y, echki- larini bostirma qo‘tonga, mollarini molxonaga qamashib, ot, baytallarini sayisxonaga bog‘lattirdi. Peshindagi ishlarni bajarib bo‘lgan dastyorlarning ishidan ko‘ngli to‘lgach, uyga kirdi. Po‘stinini yechib, choponini kiydi. Issiqdan huzur qilib yotgan o‘g‘il–qizlarining yonidan cho‘kib, ikki qavat qilib sandal ustiga yopilgan ko‘rpa va gilamning bir chetini ochib, oyoqlarini tiqdi.
– Halitdan qattiq sovuq bo‘lyapti, uzun qishni qanday o‘tkazamiz, xotin?
–– Qishni endi ko‘ryapsizmi, otasi,– oqsoqolning xotini eriga tasalli berdi.–Sigir yilida, qor, yomg‘ir ko‘p bo‘ladi, deydilar. Qishning sovug‘i bo‘lmasa baraka qayerdan keladi.
Shoymardon oqsoqol xotini bergan yostiqqa tirsagini bosib, ko‘rpaga qo‘shib gilamni yelkasigacha tortdi.
– Turing otasi, gap bor. Xursand bo‘lasiz.
Shoymardon oqsoqol biroz gavdasini ko‘tarib, xotiniga qaradi.
– Sigirimiz tug‘dimi?
– Yo‘q!
– Rajabxol kelin bachaladimi?
– Yo‘g‘-ye … Boshqa gap bor.
Oqsoqolning xotini zahri sinsin deb qo‘ygan qishqi qovunni sandalning tagidan chiqarib, ustiga qo‘ydi.
– Peshinda bo‘g‘oz qo‘ylarning yemiga mayda somon aralashtiraman deb somonxonaga kirdim. Somon tagidan qovun chiqdi. Nasibamiz ekan–da…
Oqsoqol chordona qurib o‘tirdi.Keyin qovunni qo‘liga olib, salmoqlab ko‘rdi.
– Bunga qara-ya, xotin. Kuzda G‘uzor bozoriga yigirma bosh panji qo‘chqor chiqarib, bir ulov qishqi qovun bozorlik qilib kelganim esingdami? Shundan qolgan ekan-da.
Xotini dasturxonga tol tovoq va pichoq keltirib qo‘ydi. Qovun rosa shira bog‘lagan ekan. Oqsoqol qovunning bir pallasini tilimlay boshladi. O‘g‘il-qizlari qovun hidini olib, sandalning tagidan tizilib chiqa boshladilar.
– Yaxshi bola bo‘lib turganga tilimning enlisidan beraman,– oqsoqol bolalarni tartibga chaqirdi.– “Menga! Menga!” deb to‘polon qiladigan ensizidan oladi.
Xotini hazil qildi.
– Qovunni topganga juda enlisini berasizmi?
– Shoymardon oqsoqol xotiniga buyurdi.
– Xonimqul bilan Almirzani aytib kel. Kelinlar ham kelsin. Bir mayiz qirq kishiga yetgan.
Tashqaridan begona odamning chaqirgani eshitildi.
– Hoy, boy bova! Boy bova, hoy-y! ….
Eru xotin bir–birlariga qaradilar.
”Kim bo‘ldiykan bevaqtda kelgan odam?”
– Men bir qarab kelay-chi, – o‘rnidan turib po‘stinini kiydi Shoymardon oqsoqol. – Mehmon-pehmon kelgandir.
Oqsoqol ikki tavaqali eshikni bir tavaqasini ochib, yonbosh bo‘lib, tashqariga chiqdi. Uy ichiga tuman bo‘lib sovuq havo kirdi.
– Assalamu alaykum, boy aka. Shom baxayr.
Uzun po‘stinga o‘ranib olgan bo‘lsa-da, gapirishga og‘zi qovushmayotgan kutilmagan mehmonning ahvolini ko‘rib Shoymardon oqsoqol achindi. Oriqligidan junlari o‘sgan, bazo‘r oyoqlariga tayanib turgan baytalning jip-jilovidan ushlab turgan panjalari ham sovuqdan qotib qolgan edi.
– Kechga qoldim ,aka. Bir kechaga joy berasizmi?
Shoymardon oqsoqol baytal arqonini mehmonning qo‘lidan olib, sayisxonaga tortdi.
– Egarni uzing. Men gilammi, kigizmi olib chiqay. Hozir bu jonivorni isitamiz, qornini to‘ydiramiz. Xotin,o‘choqqa o‘t yoq,–kim ekan deb alag‘da bo‘lib erining orqasidan tashqariga chiqqan xotiniga buyurdi oqsoqol.– Yo‘lovchi-mehmonimiz tarashadek qotib qolibdi.
Bir osh pishig‘i vaqtdan keyin mehmonning yuzlariga qizillik yugurib, jon kirdi.
– Issiq choydan iching,– shopiyolada suzilgan choyni mehmonga uzatdi oqsoqol.– Sovuq qotganingizni kesadi.
Keyin ugirilib xotinidan so‘radi.
– Shirguruching pishmadimi? Dog‘langan sarig‘ yog‘ni kosaga solib, alohida olib kel.Ta’bga qarab, ko‘llatib yeyaberamiz. To‘g‘rimi mehmon?
Oqsoqol mehmonga qaradi. Mehmon bo‘lsa “ixtiyor sizda” degandek boshini egib qo‘ydi.
– Xush, – deb so‘radi Shoymardon oqsoqol qorni to‘yib, qayg‘usi ketgan mehmondan. – Tanishaylik endi. Kimsiz? Kimlardan bo‘lasiz? Qayerga ketyabsiz?
Mehmon gapni uzoqdan boshladi.
– Shu baytal bahorda yigirma ikkiga kiradi. Rahmatli otam mullo Hazrat Sherobod bozoridan g‘unojinligida sotib olgan edi. Har yili bittadan qulun tug‘ib beradi. Qaridi-da jonivor. O‘ziyam baytalmisan baytal edi. Oyoqlari uzun, bo‘ynidan quchoqlasangiz qo‘lingiz qo‘lingizga yetmas, sag‘rilari bo‘g‘jomaday, kallasi kiyiknikiday chiroyli edi. Ko‘pkariga qo‘shsangiz to‘dadan quruq chiqmas, tushib qolgan takaga bog‘lab qo‘yganday edi .Qishqi qo‘tonimiz Darxonda, qo‘ylarni boqibmiz-u, ot, mollarga e’tibor bermabmiz. Ayniqsa, baytal charchabdi. Tong sahardan chiquvdim. Ingichka qishlog‘ida bir dam berdim. Ikki kilo arpa bor edi, to‘rvadagi somonga aralashtirib ildim. Arpabuloqdan bu yog‘iga sudrab keldim. Qornidagi quluniga achinyabman. Omon-eson tug‘dirib olsam, boshqa bu baytalda haqim qolmaydi.
Shoymardon oqsoqol mehmonning yelkasiga qo‘lini qo‘ydi.
– Mullo Hazratga ammamning qizi tushgan. Otangiz bizga pochcha bo‘ladi. Qarshiboy degan katta o‘g‘li bor. Qo‘shkul qishlog‘idanman, demaysizmi?
– Men Qarshiboyman, – oqsoqolga tikilib qoldi mehmon. – Onam rahmatli, “Chuqurli qishlog‘ida tog‘alaring bor” deb bir necha marotaba aytganlar. Umr o‘tarkan. Bizlar ham yoshlik qilib, ish-ish deb gaplariga quloq solmadik. Endi pushaymonmiz.
Shoymardon oqsoqol uka, singillarini, qishloqdagi tanish-bilishlarini so‘radi. Xo‘p degancha suhbatlashdilar.
– Endi jiyan,– Shoymardon oqsoqol mehmonga yuzlandi.– Mag‘ribdagi mehmonning rizqi Mashriqdagisiga qo‘shilgan ekan …. Bugun yangangiz somon tagidan kuzdan beri qolib ketgan bir qovunni topib olibdi. Endi so‘yib, bolalar bilan baham ko‘ramiz deb turganda siz kelib qoldingiz. Manovi ukalaringiz qovun yeymiz deb uxlamay yotibdi, – Shoymardon bolalarni uyg‘otib, xotinini imladi. – Qovunni olib kel. Pichoq, tol tovoqning ichida edi.
Qovunxo‘rlikdan keyin ham Shoymardon oqsoqol mehmon bilan qishloq sukunatga batamom bosh qo‘ygunga qadar uyoq-buyoqdan ancha suhbatlashdi.

4.

Ertalabdan tashvish kutayotganini Qarshiboy qayoqdanam bilsin. Nonushta qilib bo‘lgach, Shoymardon oqsoqoldan yo‘lga tushish uchun ruxsat so‘radi.
– Manziling uzoq. Tog‘larda qor qalin tushgan, jiyan. Yetti qishloqdan o‘tishing kerak. Bu charchab qolgan baytaling bilan uzoqqa borolmaysan. Oyoqlari muzlab qolgan bo‘lsa, hali yotgan o‘rnidan turolmasa ham kerak.
Oqsoqlning aytganidek bo‘ldi. Qarshiboy baytalni qamchiladi, nuqtasining ip-arqonidan u tomon , bu tomonga qaratib tortdi. Old oyoqlarini to‘g‘rilab, turishiga ko‘mak berdi. Urinishlar befoyda, baytal o‘rnidan turishga harakat qilmas edi. Yigitlar arqon solib, baytalni yerdan ko‘tarib, “Chu-chu!”ladilar. Ammo, baytal quloqlarini qoqmas, “ursang o‘laman!” qabilida cho‘zilib olgan edi.
– Foydasi yo‘q. Azob bermanglar,–yigitlarni urinishdan to‘xtatdi oqsoqol.– Yotgan joyida yem-xashagini berib, suvlab turishdan boshqa chora yo‘q. Kuniga to‘rt-besh kilodan arpa yeb, kuchga kirsa, o‘zi turadi. Xonimqul,–katta o‘g‘liga buyurdi oqsoqol,–qora qashqa do‘nanni mehmonga egarlab ber. Baytal bizda qoladi.
Shoymardon oqsoqol Qarshiboyni chetga tortib taklif kiritdi.
– Foyda-ziyon xudoga ayon, jiyan. Qora qashqa ham ot bo‘lib qoldi.Ko‘pkariga chetdan qo‘shib turibmiz. Rozi bo‘lsang baytalingga boshma-bosh berardim.
– Qarshiboy iyak qashib, o‘ylanib qoldi.
– Tog‘a, sizning haqingizdan ketadi. Menku rozilikka roziman. Baytal sizga tashvish keltirib, haligiday bo‘lib qolsa ….
– Bu yog‘i peshonamdan. Men foyda-ziyon haqida o‘ylayotganim yo‘q. Qo‘lingni ber. Rozimisan?
Oqsoqol Qarshiboyni otga mindirib, duo berdi.
-Senga gap bor, o‘g‘lim,–Xonimqulni yoniga chaqirib oldi Shoymardon oqsoqol.– Qora qashqani berib yuborganimdan xafa bo‘ldingmi? Yigitning oti bitta bo‘lmaydi. Qora qashqa tezlikka tez chopardi-yu, ko‘pkariga kam quvvat edi. Paylari ingichka, minib yurishga mos ot. Sening oting,–yotgan joyida xashakni yamlab chaynayotgan baytalga ishora qildi oqsoqol,–mana shu baytalning qornida. Menam aytdim qo‘ydim-da.
Shoymardonning ajdodlari tog‘lik chorvadorlar bo‘lishgan. Bovasining bovasi zamonidan beri archa, tog‘, dara, dasht orasida, tabiat bilan, mol-hol bilan hamnafas yashagan urug‘ avlodi. Bobosi Shodmon bolalariga “senlar ham ota-bobongni qoniga, asli-naslingga tortasan. Bu qishlog‘ing, bova makoningni ko‘z gavhariday qo‘riqlab mol-holdan,otdan ajralma.Qozig‘ingda uloqchi oting baylovli,ko‘kka sapchib turadigan bo‘lsin. Ayniqsa, ot zotini tanib, tanlaydigan bo‘l. Mehnat qilib, rizq, davlat top. Tog‘day suyanchig‘ing, og‘iringni yengil, uzog‘ingni yaqin qiluvchi, balolardan omon saqlovchi, or va oriyatingni ko‘taruvchi qanoting-tulpor otlarni sev. Ajdodlaring urfu kasbini hurmat qilmasang qorning nondan to‘ymay, xoru zor bo‘lib umr kechirasan. Shuni bilib qo‘y, sen tog‘liksan. Tog‘day keng yelkalaring, tog‘day baland boshing bo‘lsin. Eslab yur, sen chorvador zuryodisan, “suyak surasan”, deb nasihat qilgan. Yillar o‘tib bolalar bolalariga bu farz gapni yetkazib kelabergan.
Shoymardon oqsoqol eshitganiga amal qilgan yigit bo‘lib ulg‘aydi. Mehnatdan qochmadi, ilmni xazina deb bildi. Otasi Shoto‘ra oqsoqol o‘lgandan keyin eldoshlari Shoymardonni oqsoqollikka saylashdi. Bu Shoymardon uchun qishloqdoshlarining katta ishonchi edi. Elning otasiday bo‘ldi. Chuqurli qishlog‘idagi odamlarning yaxshiyu yomon kuniga ma’sul bo‘lib qoldi. Otni juda yaxshi ko‘rardi.

5.

Qish uzoq cho‘zildi. Nihoyat bahorning tafti ufura boshladi. Chinakkam ko‘klam keldi, kun charaqlab chiqdi, tog‘ yon bag‘ridagi archalarga ko‘rpa bo‘lib to‘shalib yotgan qorlar eriy boshladi, osmon tiniq, zangori bo‘ldi.
Baytal o‘n kunga qolmay kuch-madorga kirdi. Endi u buloqdan suv ichib qaytadigan, arpa beriladigan vaqti bo‘lsa, quloqlarini jimirlatib, kishnay-digan bo‘lib qoldi. Qiz-o‘g‘illariga ermak topildi. Oqsoqol baytalni egarlab berardi. Ikki uchta bo‘lib minib, qo‘ton orqasidagi tekislikda uyoqdan-buyoqqa choptiradilar. Qari to‘riq baytalga ham bu bolalarning o‘yinqaroq qiliqlari xush yoqadi. Qoqilmasdan,oyoqlari chalishib ketishdan ehtiyot bo‘lib, bir tekis harakat qiladi. O‘yin vaqti tugaganini sezib, bolalarni hovliga olib kirib, oshxona oldiga ko‘ndalang turadi. Oqsoqol o‘g‘il-qizlarini bitta-bitta tushirib, baytalni sayisxonaga bog‘lab qo‘yadi.
– Baytaldan xabar olib turinglar,– oqsoqol katta o‘g‘li Xonimqulga tayinladi. Aytib bo‘lmaydi, kechasi tug‘ib qo‘ysa, qulun pardaga o‘ralib qoladi. Sayisxonani poridan tozalab qo‘yinglar.
Aytganidek bo‘ldi. Ikkinchi kuni xufton vaqtida baytal tug‘di. Sahal kechikibdilar. Qulun pardaga o‘ralib,bug‘ilganday bo‘libdi. Baytalni kalta bog‘lab qo‘ygan ekanlar-da.
– Xonimqul pardani yirtib qulunni chiqardi. Oqburun, ola poycha, toyday keladi. Buning ustiga erkak. Baytal bo‘lsa bolasiga qizg‘anib, pishqirardi.
– Ota,– hovliqib uyga kirdi Xonimqul,– suyunchi berasizmi? Baytal toyday qulun tug‘ib berdi.Oqburun, ola poycha, oyoqlari yo‘g‘on …
Shoymardon oqsoqol xursand bo‘ldi.
– Aytmadimmi, hali bu baytal bizga tulpor tug‘ib beradi, deb. Baytalning oxuriga quruq xas beda tashla. O‘zini o‘nglab olsin, keyin arpa beramiz.
Shoymardon oqsoqol beshiktebratardek tebranib, oyoqlanayotgan qulunni ko‘rib, xayol qilib yurgan belgilari to‘g‘ri kelganidan o‘zida yo‘q xursand edi. Qulunni manglayidan tavob qildi.Sag‘risini siladi, to‘shiga shapatilab qo‘ydi. Xotini isiriq tutatib, “Qutlug‘ bo‘lsin!” qildi.
– Oyoqlayabdi-ku, jonivorgina. Qulunni otini qo‘ying-da, otasi?
Shoymardon oqsoqol xotiniga jilmayib qaradi.
– To‘g‘ri aytasan, xotin. Qara, xudo otini ham o‘ziga qo‘shib berganday …. Shu bugundan boshlab qulunning oti–Oqburun.

6.

Sarmixga bog‘lab, qantarib qo‘yilgan bo‘z otni ko‘rib Shoymardon oqsoqol hayron bo‘ldi.
– Bu ot kimniki bo‘ldi?
Xotin eriga shikoyat qildi.
– Tovba, qayerlarda yuribsiz? Sizni yo‘qlab bir mehmon keldi. G‘alati odam ekan. Men bilan so‘rashib, “Kelin, men Anorbuloqlik Eshqul esfurushman, kimga qancha es kerak bo‘lsa yetarlicha olib kelganman. Xurjunimning ikki pallasi liq to‘la. Xabar bering qishlog‘ingizning odamlari, navbati bilan kelabersin. Arzon-garovga beraveraman, haqiga, bug‘doy, arpa bersa ham mayli deydi. Keyin qo‘ton orqasidagi tekislikda o‘ynoqlayotgan Oqburunga ko‘zi tushdi. Oqburun ham atayin qilig‘ini qildi. Uzoqdan yugurib kelib onasining ustidan goh bu tomonga, goh u tomonga sakrab o‘tib turdi. Baytalni boshidan no‘qtasini siyirib, haydov qildi. Keyin qo‘tonga qamab, qulunni ushlamoqchi bo‘ldi. Odam bo‘yi toshqaloqdan Oqburun irg‘ib o‘tdi. Tutqich bermagandan keyin baytalni jarlik tomon haydadi. “Ho‘h-h!” deb shovqin berdi, Oqburun jarlikdan kiyikday sakrab o‘tdi. Chidab turolmadim. ”Nima qilayabsiz? Qulunni mayib qilib qo‘yasiz”, dedim qavog‘imni o‘yib mehmonga. U bo‘lsa, “E kelin, sening ham esing past ekan. Bir otim sotib olmasang, bo‘lmaydiganga o‘xshaydi” dedi.
Shoymardon oqsoqol kuldi. Xotinini kuyib-pishib gapirgan gaplariga e’tibor bermay so‘radi.
– Uydami?
–Uyda. Hozir kirdi. Dasturxon yozib, choy qo‘ydim. Sariyog‘ni nonga shibbalab, cho‘chqaday pishqirib yeyapti.
– Orif amakini ko‘rib keldim. Qizuvlari tushmayotgan ekan. Bugun-ertaga deb vaqtim bo‘lmayatuvdi.
Shoymardon oqsoqol bilan Eshqul esfurush degani quchoqlashib ko‘rishishdi. Chala-chulpa so‘rashib, Eshqul esfurush gap boshladi.
– Bir hafta oldin yomon tush ko‘rdim, degin. Katta O‘ra daryosi qirg‘og‘idan toshib goh loyqa sel, gohida qizil qon bo‘lib oqayotgan ekan. Otim bilan selga kirdim. Oqizdirib ketdi. Qayerdandir Muzaffarxon eshon paydo bo‘lib, qo‘llarini cho‘zdilar. Omon-eson seldan olib chiqdilar. Uch kunlar o‘zimga kelolmay yurdim. Bir chori qo‘chqorni so‘yib, xurjunga tiqdim. Archa kundasining paraxasidan ikki eshakka o‘tin ortdim-u, oldimga solib yo‘lga tushdim. Kecha eshonnikida yotib, nazr-niyozimni berib, duo oldim. Seni ko‘rmay ketsam otang-oqsoqolni arvohi orqamdan chirqirab qoladi, deb o‘ylab uyingga burildim. Ha, aytmoqchi, ikki xurjun to‘la es olib kelganman. Oluvchilari bo‘lsa ayt. Kelinga kerakka o‘xshaydi. Olabersin, kelinga tekin beraman. Yana qay vaqt kelaman, xudo biladi.
Shoymardon oqsoqol ochilib kuldi.
– Es deganingiz noyob mol. Hammaga kerak. Gap pulida.
– Aytmoqchi, qari baytal kimniki? Quluniga ishqim tushdi. Toydan yirik tutadi o‘zini.
– Xonazot,– qisqa javob qildi oqsoqol.– O‘g‘lim Xonimqulga ataganman,– umid qilmaydigan gap qildi oqsoqol.– Baytalga qo‘yilgan ayg‘irning zoti past. Aravaning oti edi. Yirik ko‘ringani bilan bundan uloqchi ot chiqmaydi. Asliga tortadi.
– Mayli,–qo‘lini siltadi Eshqul esfurush,– zoti past bo‘lsayam menga shu qulunni ber. Suruvdan qulunli baytalni saylab ol.
– Yo‘q, Eshqul aka! Xafa bo‘lsangizam bu qulunni berolmayman. Og‘iz solmang. Irimim bor.
– Mayli, o‘zing bilasan,–hafsalasi pir bo‘ldi Eshqul esfurushning.– Cho‘timcha, senga ham ozroq es kerakka o‘xshaydi-yov.
– Shoymardon oqsoqol qo‘lini ko‘ksiga bosdi.
– Esga oling, Eshqul aka. Qulunim ko‘ziksa sizdan xafa bo‘laman-a.
Eshqul esfurush qulunga og‘iz solganiga pushaymon bo‘ldi.
– O‘zingga buyursin. Nasib bo‘lsa ikki o‘rada dong‘i ketadigan ot bo‘lmasa Eshqul esfurush otimni Eshqul nosfurush qo‘yaman. Qolgani sening tarbiyangga bog‘liq. Ko‘p sinab ko‘rdim. Kelinam bu devona odam qayerdan kep qoldi, deb o‘ylagandir. Quvdim. Jardan to‘g‘riladim. Boychiborday qanoti bor ekan. Tosh qaloqdan oyog‘i tegmay sakrab o‘tdi. Poychalari uzun, bo‘yni yo‘g‘on, quloqlari kichkina, kallasi chiroyli, ko‘zlari ohunikidek, to‘shlari keng, sag‘rilari karsonday …. Risola bob. Ot bo‘lsa, bu sifatlar ancha o‘sadi. To‘riq tusli ot baquvvat, chidamli, aqlli bo‘ladi. Terisidan oltin rang nur taralayabdi. Lekin aytib qo‘yaman, qachon sotadigan bo‘lsang, menga sot. Endi menga ruxsat. Yo‘lim olis, yetmish chaqirim yo‘l bosishim kerak.
Shoymardon oqsoqol bu ta’rifu tavsifni goh eshitib, goh eshitmay tingladi. To‘g‘ri gap, xayolidan har xil manzara o‘tdi. Ammo, mehmonni izzatini qilib, kuzatib qo‘ydi.
– Yoting. Ertaga ketasiz. Qo‘zi so‘yar edim.
– Qulluq izzating uchun. Otning to‘rvasiga o‘n kilo arpa, xurjunga ikkita non sol. Quvvat bo‘ladi yo‘lda. Haqiga eru xotiningga tekinga es tashlab ketaman.
Kulishdilar. Shoymardon oqsoqol Eshqul esfurushni uzangisini bosdi.
– Unutmang bizlarni. Bugun otamning arvohi shod bo‘ldi. Xudoni o‘rtaga qo‘yib aka-uka tutingan edilaring. Kuzda Boymirzani o‘ylantirmoqchiman. To‘yga xabar yuboraman, jamoat bo‘lib kelinglar.
Eshqul esfurush eshaklarini oldiga solib, yo‘lga tushdi.
– Oti shang‘i ekan, kelganidan beri kishnay berib quloqni kar qildi. O‘v-v xotin, qayerdasan? Xotini oshxonadan chiqdi.
– Shu yerdaman, otasi. Nima deysiz?
– Senga, o‘zimga es olib qoldim Eshqul esfurush akamdan. Keyin xotiniga tanbeh berdi.– Begona odam kelsa baytalni ko‘zdan pana qil, demabmidim senga. Bolalarga mindirib, o‘tloqqa jo‘natmaysanmi?
– Boymirzaga ayting,– oqsoqolni aybdor qilib gapirdi xotini,–baytalni Halovatning dashtiga minib ketsin. Maysa o‘tlari bor. Qishloqning o‘tlaridan shittaning hidi keladi. O‘zingizda ham ayb bor, otasi.
– Shoymardon oqsoqol xotiniga do‘q urdi.
– Qo‘tonga qama, dedimmi qama. Eshqul esfurushni otiga mindirayotganimda choponining baridan bir porcha kesib oldim. Baytal bilan qulunni tagiga tutattiraman. Ko‘zikkan bo‘lsa, chatoq bo‘ladi.
– Ajab qipsiz,–xursand bo‘ldi xotini.– Endi mening ko‘nglim joyiga tushdi.

7.

Shoymardon oqsoqol Oqburun do‘nan bo‘lganida bo‘yniga sirtmoq solmoqchi bo‘ldi Endi uni yuvvosh qilib, mingi qiladigan payti yetdi. Qishloqning g‘o‘ch yigitlaridan o‘ntasini hasharga aytdi. Jamshidning qishqi kamar qo‘tonini tanlashdi. Porili, tagi yumshoq. Oqburun tutqinlikka bo‘yin egmay, olishuv qilishi mumkin. Yiqilganida ham ozor ko‘rmaydi. Oqsoqol baytallarni qishloq tomon haydattirdi. Oqburunni suruvdan ajratish oson ish bo‘lmadi. Bo‘layotgan ta’qib uni sergaklantirdi. Pishqirib chiqadi-yu, to‘dani bir aylanib o‘rtasiga kirib oladi.
– To‘riq qulunli baytalni ajrat,– Boqi o‘g‘liga buyurdi oqsoqol.– Oqburun bir ergashsa shunga ergashadi.
To‘riq baytalni quluni bilan to‘dadan ajratdilar. Oqburun kishnadi. O‘ynoqlab,to‘dani yorib, baytalga ergashdi.
– Suruvni daraga haydab,ko‘zdan pana qil,– buyurdi oqsoqol Boqiga.–Baytallar bilan Oqburunni qishloqqa tomon quvinglar.
Oqburun to‘riq baytalning oldiga kelib gijingladi. Burnini to‘riq baytalning burniga tekkizdi. Otliqlar to‘rt tomondan hayqirib,baytallar va Oqburunni oldilariga soldilar. To‘yoqlarning “dapur-dupur”i daralardan aks sado berdi.
Jamshidning qishqi kamar qo‘toniga baytallarni qamadilar. Oqburun hadik olib, qo‘tonga kirmay kelgan iziga burilib, yigitlar yasab turgan to‘g‘a himoyani bir necha bor yorib o‘tdi. To‘riq qulunli baytalning kishnashi uni shashtidan tushirar,yana qo‘ton tomonga shitob bilan qayrilib yugurardi. Oqibat qo‘tonning eshigidan emas, tosh qalog‘idan sakrab o‘tib,baytalga ro‘baro‘ keldi. Bo‘ynini baytalning bo‘ynidan o‘tkazib, to‘shidan yumshoq tishlab-tishlab oldi. Xuddi shu payt Xonimqul suruqni Oqburunning bo‘yniga soldi. Malla bo‘lsa ancha nariroqda doira shaklida qilib to‘shalgan halqa tuzoqning uchidan ushlab, ehtiyot kuzatib turdi. Xonimqul suruqni tortdi. Bo‘yni arqonni ko‘rmagan Oqburun bu tahdiddan cho‘chidi. Ikki oyog‘iga tayanib, tikka bo‘ldi. Keyin tisarildi. Arqonni mahkam ushlab, oyoq tirab olgan yigit-larni Oqburun sudray boshladi. Orqa oyoqlari halqa to‘zoqqa kirgandan Malla arqonni yuqoriga ko‘tarib yubordi. Oqburun vajohat bilan ko‘kka sapchidi. O‘zini o‘nglab,qo‘tonning eshigi tomon bor kuchida irg‘idi. Malla uning bu harakatidan foydalanib, Oqburunning orqa oyoqlariga tuzoq arqonni ikki aylantirib, ilon o‘ralgandek o‘rab oldi. Mash’um tutqinlik Oqburunning kuchiga kuch qo‘shdi. U yana sapchidi, ammo arqondan oyoqlarini chiqara olmadi, yerga g‘aribona, mag‘lubona ag‘nab tushdi.
Shoymardon oqsoqol Oqburunning boshiga no‘qta soldi.
– Oldingi oyoqlariga tushov solinglar. Orqa oyoqlaridagi tuzoqni bo‘shatinglar.
Oqburunning kuch-qudrati yigitlar aql va hunari oldida ojiz bo‘lib qoldi. Jon-jahdi bilan irg‘ib turgan Oqburun o‘zini uyoq-buyoqqa urdi. Oyoqlari,bo‘yni o‘zining itoatida bo‘lmaganidan darg‘azab pishqirdi. Burun kataklari katta-katta ochilib,nafasidan tutun chiqqanday bo‘ldi. Bu urinishlari besamar ekanligini his qilib, no‘qtaning arqonidan mahkam ushlab turgan sohibi Shoymardon oqsoqolga termulib qoldi. Oqsoqol arqonni yigitlarga tutqazib, Oqburunga yaqinlasha boshladi. Titrab turgan badanini, to‘shini siypaladi. So‘ngra bo‘ynini uqaladi. Boshi, qulog‘i, ko‘zlariga navbat kelganda bir-ikki sapchidi.
– Dir-r-r, jonivor! Senga yomonlik qilayotganim yo‘q. Endi sen ot bo‘lding. Aqlliligim, tulporginam. Kuchingni oriyatda sarflaydigan vaqting keldi. Tek tur.
Uqalashlar xush yoqdimi, oqsoqolning suyub gapirgan gaplarini angladimi, biroz yumshab, itoatga bo‘yin berganday bo‘ldi.
– Baytallarni suruvga qo‘shinglar. Xonimqul, sen Tarlon baytalni min. Oqburunni yetovga ol. Arqonning uchini egarning qoshiga mahkam bog‘lagin. Tushovini endi yechinglar.
– Nima deyapsiz, ota. Tushovini yechib bo‘lmaydi. Filday kuchi bilan baytalga qo‘shib meni sudrab ketadi.
Shoymardon oqsoqol buyurganidan qaytmadi.
– Bu yovvoyi, odam ko‘rmagan ot emas, o‘g‘lim. Sen bilan meni tanib turibdi. Menimcha endi shattohlik qilmasa kerak.
Oqburun tarlon baytalning orqasidan itoatkorona ergashdi.

8.

Suvliqning shaqir-shuquri, egarlashda uzangilarning jarang-jurungini demasa Oqburun sohiblaridan cho‘chimaydigan bo‘lib qoldi. Xonimqul har kuni egar bosib dala-dashtni aylanib, hamvor-tekislikda jilovini bo‘sh qo‘yib choptirib keladi. Kechga tomon ag‘natib, qoshig‘ichlaydi, yolpushi bilan badanini artib chiqadi. Shoymardon oqsoqol vaqt topib o‘g‘liga ko‘maklashadi. Oqburunni to‘shi, bo‘yni, yuz-ko‘zini uqalaydi. Oqburunga bu erkalatishlar xush yoqib, suykalanadigan bo‘ldi.
– Toshloq yo‘ldan qoqilayabdi. Yomg‘ir suvi yuvib ariqcha bo‘lgan yo‘llardan o‘tmay, tisariladi,– dedi Xonimqul otasiga Oqburundan shikoyat qilib. – Qo‘ynov, tekis joylarda jilovini bo‘sh qo‘yib, choptirayabman.
– Ehtiyot bo‘l,– o‘qtirdi oqsoqol o‘g‘liga,–ariqcha bor, yumronqoziq uyasi bor, bo‘rtib turgan tosh bor …. O‘t-o‘lan pana qiladi-da. Choptirganingda yuganni kaltaroq ushla, qo‘ldan chiqarib yuborma. Ertaga oyning boshi. Osmon to‘g‘al, nahsdan xoli bo‘ladigan kun. Oqburunni menga berasan. Qo‘shni qishloqlarga qidiraman. Qancha ko‘p minsak shuncha yo‘l hadisini oladi. Toshloq yo‘ldagi toshlar to‘yog‘iga botib, ot toshurg‘alaydi. Besh-o‘n kun o‘tsin usta Cho‘lliga obborib taqa qoqtiramiz.
Shoymardon oqsoqol kuz kirganda ko‘ngliga tugib qo‘ygan sinov-mashqlarni boshlattirdi Oqtosh maydonining bu uchidan narigi uchigacha choptirar, keyin sekin, yo‘rttirib shu masofani yana bir aylantirar edi. Oxirida tuproq, qumdan to‘ldirilgan to‘rvani burgut changal qilib, otni yugurishidan to‘xtatmay ilib oldiradi. Shovqin berib jilovini bo‘sh qo‘ydiradi. Chap yoki o‘ng tomonga qayrib, to‘rvani tashlab yuborishni buyuradi. Bu o‘quv olti oycha davom etdi.
– Endi sinovlarni to‘xtatsak ham bo‘ladi,–o‘g‘lim tainladi oqsoqol.– To‘y-larga qatnash. Sening vazifang chavandozlar taqimidan tushgan uloqni burgut changal qilib, ilib olish. Hech bir chavandoz bilan qo‘shtaqim bo‘lma. Chalkashtirmay, yakkalab takani tashla. To‘daning u tomonidan narigi tomoniga yorib o‘tishga o‘rgat. Chetgirlarning otini quvib, yakka jilov qilib, qaytar. Takpo burilib ketishni bilsin.
– Ota biz shundog‘am qiynadik,– oriqlanib, badani muskulga aylangan Oqburunga rahmi keldi Xonimqulning.– Bir oy dam berib, boqishimiz lozimmi, deyman-da.
Shoymardon oqsoqol o‘g‘liga uqtirdi.
– Qiziqmisan-ye Xonimqul? Yosh otni boqib,arpasini ko‘paytirsang tentaklik qiladi. Yomon odatlar chiqaradi. Uloqchi ot qilaman desang shu yoshda, shu alpozda tarbiyalashing kerak, o‘g‘lim. Hali boqadigan, semirtiradigan yillar keladi. Aytmoqchi ertaga to‘y,– eslatma qildi o‘g‘liga Shoymardon oqsoqol.– Qumsanglik shop mo‘ylov Allayor aka bor-ku? Shu kishining ikki kunlik ko‘pkarili to‘yi bor ekan. Katta-katta sovrinlar qo‘yiladi. Ikki o‘ra chavandozlari keladi. Tomosha qilib kel. Uloqqa urinma. Husanga ber minaman desa. Bir terlatib bersin. Tainlab qo‘yganman. Kon qishloqlik Xolto‘ra amaking yo‘qlattiribdi. Ulgursam to‘yga yetib boraman.
– Panji taka tashlarkan ko‘pkarining boshlanishida,– tomoshabinlardan biri ma’lum qildi.– Navbat tuya sovriniga kelganda ikki yashar tananing tanasi tashlanarkan.
Xonimqul Oqburunni belini bo‘shatib, dik-dikasini o‘rab qo‘ydi. Taqim-chirgisini urib, egarni bosdi.To‘shayil, pushtangini tortqisini kiftiga qo‘yib, qattiq tortdi. Yuganidan oq-qora qildan iyirilgan arqon jilovini yechib, oldi. Keldi-keldi bo‘ldi. Bakavul takaning orqa oyog‘ini uzangi qayishidan o‘tkazib, chappa qayish qilib, maydonga sudrab endira boshladi. Qo‘shxonalardagi chavandozlar, tomoshabin otliqlar maydonga guras-guras ena boshladilar.
Davra olib, uloqni yerga tashlanishini kutib turgan chavandozlarga bakavul murojaat etdi.
– Mehmonlar! Polvonlar! Avval to‘y berayotgan Allayor akaga bir duo beraylik .Qani Muzaffarxon eshonim bir narsa deng, qani?
–Ko‘pkari omon-eson tarqalsin. Allayor ukamiz yetti marta sunnat to‘yi qilib, ko‘pkari bersin. Omin ollohu akbar.
Bakavul eshonning duosidan so‘ng ko‘pkarining shartlarini eslatdi.
– Aziz birodarlar! Ko‘pkari mardlarning halol o‘yini. G‘iromlik qilish nomard chavandozning ishi. Takaga cho‘zilgan chavandozning ustiga ot solma. Ko‘targanida ushlagan poychasidan ushlama. Chilvir solganga sovrin berilmaydi. Chappaqayishga olish, harom. Bir uloq, bitta qo‘y, g‘ajari gilami bor. Qara, taka yerda!
Bakavul zotni e’lon qilganidan “ur-sur!” boshlandi. Bir pastda birov-birovni tanimaydigan talash bo‘ldi. Kimdir to‘daga otini solayabdi, qaysidir chavandozning otini otlar to‘dadan siqib chiqarayabdi. Tuyoqlardan ko‘tarilgan chang,otlarning pishqirgan nafasdan tuman bo‘lib ko‘tarilayotgan hovur osmonga o‘rlay boshladi.
– Qara, uloq ko‘tarildi!
– Berkit, taqimga ol, enag‘arning bolasi.
– He, darmoning qurib ketsin.
– Ana jo‘nadi, otni qo‘sh!
Shovqin-suronning ichidan bakavulning tovushi alohida eshitildi.
– Qoldi! Taka yerda.Halollaysan!
Xonimqul ko‘pkarini tomosha qilib turibdi. To‘da goh o‘ng, goh so‘l tomonga og‘ib, to‘xtab qolayabdi.
– unday og‘ir taka tashlamasin. Buning ustiga oldingi oyog‘ini tizadan pastini kesib tashlabdilar,– tomoshabin otliqlar to‘y egasini ayblashdi.– Og‘ir taka ko‘pkarini sovutadi.
Xonimqulni yelkasiga qamchi dastasi bilan turtdi.
– Oqburundan tush,– Husan chavandoz Xonimqulga buyurdi.– Manovi kaltani sovutib tur. Harom o‘lgur to‘qlik qilayabdimi, tortmayabdi. Belini tortganmisan. – Ko‘nglingiz to‘q bo‘lsin. Tortqini kiftimga qo‘yib tortdim.
Husan chavandoz egarga joylashib o‘rnashdi. Chap tomondagi, uzangibovni o‘rab, kalta qildi. Yuganning jilovi otning boshidan oshib tushib, oyog‘iga kirmasin deb, yana tuydi. To‘daga kirmay, ancha fursat kuzatib turdi.
– Qara, taka Normo‘min polvonda ketdi,– kimdir to‘da ichidan baqirdi.– Oldini to‘s.
Normo‘min chavandoz takani saqlab qololmadi. Qo‘li tolib, taqimidan sirg‘alib tushdi.
– Qoldi!– bakavul xabar berdi.– Taka yerda.
Husan chavandozga qo‘lay keldi. Oqburunni qimtab takaga mindirib oldi. Qo‘sh qo‘llab poychadan ushlab, egarga tortdi. Taqimini oshirib, qaddini rostladi. Oqburun qanot chiqarganday bo‘ldi. Ancha masofagacha chopib, o‘ng tomonga qayrildi. Birov ko‘rib, birov ko‘rmay qoldi.
– Halol! Otangga rahmat!
Husan chavandoz o‘ng qo‘lini yuqoriga ko‘tarib, to‘dadan chiqdi. To‘g‘ri qo‘shxonaga ko‘tarilib, Oqburundan tushdi. Shoymardon oqsoqol to‘yga yetib, kelgan edi. Birinchi sovrinidan ko‘ngli g‘ururga to‘lib, kayfiyati choq bo‘lgan bo‘lsa-da Husan chavandozga e’tiroz berishdi.
– Hali Oqburunni to‘daga qo‘shishga vaqt erta. Bugunga shunisi yetadi.
– Poylab turib, uloqni tanitib turish kerak,– Husan chavandoz fikrini bildirdi.– Qalin to‘daga emas, tushib qolgan takaga, haydadim-da, oqsoqol.
Tomoshabinlar Husan chavandozga ohor berdilar.
– Birinchi sovrin qo‘shxonamizga keldi. Endi juft bo‘lsin, Oqburunni yana bir qo‘shasiz.
Husan chavandoz kulimsirab qo‘ydi.
– Oqsoqol nima deydilar?
Tomoshabinlar “Ha deng–ha deng” lab oqsoqolni ko‘ndirishdi. Bakavul bo‘lsa, ikki yashar tananing gavdasini maydonga tushirishni buyurdi. Chavandozlarning hafsalasi pir bo‘ldi.
– Bu tanani yakka qilib tashlaydigan polvonni hali enasi tug‘magan.
– Endi ko‘pkariga Alpomish bilan oti Boychibor kerak bo‘ldi.
Bakavul e’tirozlarga quloq solmadi. Katta sovrinni e’lon qildi.
– Oti bor. Ikki dona tillo tanga, bir yoqali to‘n, julqo‘rs xo‘rjini bor. Bor-ye,– tantilik qildi bakavul,– qo‘shsha uloqni ham qo‘shdim.
Tomoshabinlar Husan chavandozni qistashdi.
– Turing! Bir urinib keling qani?
Husan chavandoz o‘rnidan turdi.
– Qo‘ymadilaring, qo‘ymadilaring-da…
Otliq tomoshabinlar bir-birlariga imo-ishora qildi.
– Hali oti yosh, o‘sadigan ekan.
-Ukkag‘ardi uliga kucham bor ekan-da. Burgutday qo‘yilib, uloqni ilib chiqdi-yey.
Husan chavandoz bu gaplarga e’tibor bermay charmdan tikilgan barmoq po‘shlarini panjalariga kiygizdi. No‘g‘ayi etigini qo‘nchlarini tekislab belidagi kamarini tarangroq tortdi. Otlar to‘dasi ustiga bostirib keldi. Oqburunni to‘daga o‘nglab, qamchinni go‘shagidan tishladi. Chavandoz tanani taqimiga berkitib olganga o‘xshaydi, bo‘z ot jon-jahdi bilan oldinga intilyabdi. Ammo, orqada uch poycha uch chavandozning taqimida qoziqqa bog‘langanday berkilgan edi. Husan chavandoz bo‘z otning yonboshidan Oqburunni qo‘shib ketaberdi. Chapdagi chavandozning qo‘li toldimi, tananing orqa poychasi bo‘shalib keldi. Husan chavandoz poychani egarning qoshidan qayirib olib, taqimini oshirdi.
– Yo otamning moli, chu deyman, chu!–shovqin berdi Husan chavandoz.Barmoq-larini barmoqlaridan o‘tkazib olib, takasiz tomonga tarozi–yonbosh bo‘ldi.
– Yo pirim madad ber!
Oqburun kiyikday sapchib-sapchib, bo‘z otliq chavandozning taqimidan tana poychasini uzib oldi. Arslon o‘ljasiga tashlanganga o‘xshaydi har sakragani. Tuyoq tuyoqni qo‘ymaydi. Oqburunning oldi to‘sildi. Bir to‘xtab, chapga takpo burildi. To‘dadan tong yulduzidek yakka o‘zi charaqlab chiqdi.
–Halol! Kim bo‘lsayam shu polvonniki halol bo‘ldi. Kelib sovrinni olsin!
Husan chavandoz hech kimga e’tibor bermay, hech bir gapni eshitmay qo‘shxona tomon ko‘tarildi. Oqburundan tushib, bosildiriq julning ustiga yonboshladi. Tomoshabinlarning quvonchini aytmaysizmi? Xursandligidan biri-birini quchoqlab, olqishlayabdi.
– Aytganimiz keldi.
– Shoymardon oqsoqol Oqburunning zoti qutlug‘ bo‘lsin! Nasib qilgan ekan, boya “yo‘q” deb turuvdingiz.
Xonimqul Oqburunni yetaklab, ko‘zdan pana qildi. To‘yning birinchi kunida Oqburunning dovrug‘i doston bo‘ldi.

9.

Shonazar oqsoqol Qulay oqsoqolga qarab dedi:.
– Qaytadigan vaqtimiz bo‘ldi. Bu deyman, ziyofat,izzat-hurmat bekorga bo‘lmagan… So‘rang qani Shoymardon oqsoqolning nima muddaosi bor?
Qulay oqsoqol Shoymardon oqsoqolga qaradi.
– Nonni yeb, sababini so‘ramadik. To‘yingiz bormi, oqsoqol?
Shoymardon oqsoqol Xonimqulga “olib kel” ishorasini qildi.
– Orimiz, oriyatimiz bir. Buning ustiga bir ota-onaning farzandlarimiz. Xabaringiz bor uch to‘ydan quruq qaytayabmiz. Oqburunga Husan chavandozning kuchi yetmayabdi. To‘rt yil zo‘r chopdi. Oqburun yosh, kuchga to‘lmagan edi, o‘shanda. Endi uloqni yerdan ko‘tardim deganda Husan chavandoz to‘da ichida qolib, Oqburun chavandozsiz chiqayabdi. Manovi chavandozlik kiyim-bosh. Mana bunisi,– bo‘g‘jamalarni bitta-bitta Boyto‘ra chavandozning oldiga qo‘ydi oqsoqol,– sarposi. Bu esa mening sallam. Boyto‘ra chavandoz o‘tinchimni yerda qoldirmas. Oqburunni shu bugundan boshlab Boyto‘ra chopadi. Maqsadim shu.
Qulay oqsoqol qiyin ahvolda qoldi. “Gap buyoqda deng”.
– Tersoqar qishlog‘ida Azizga, Eshonqul Nazarga, Aliga, Tangriga, Safarqulga sara uloqchi otlar bor. Biz ulardan o‘tib bir narsa deyolmaymiz. Katta-kichik bor.
– Shoymardon oqsoqol, bizlarni qiyin ahvolga solib qo‘ydingiz,– barmoq tishladi Shonazar oqsoqol.– Mana Boyto‘ra chavandoz. O‘zi bir narsa desin.
– Ha, to‘g‘ri,– Shoymardon oqsoqolning fikrini ma’qulladi Qulay oqsoqol.– Oqsoqol bo‘lganimiz bilan odamlar fikri bilan ish qilamiz. Bu taklifingizga “Ha!” yoki “Yo‘q!” deyolmaymiz.
Shoymardon oqsoqol dilidagi gapni dasturxon qildi.
– Shunday deyishlaringni oldindan bilardim. Shunisi borki, sizlarda “Mana-man!” degan yigitlar ko‘p. Qulay, Aziz, Qahhor, Chorshanbi, Norbalalarning kuchga to‘lgan davri. Ularga ishonib, yo‘l berish kerak. To‘g‘ri aytasiz, Boyto‘raning ixtiyori o‘zida.
Boyto‘ra uzalib oqsoqolning sallasini qo‘liga oldi.
– Chetga chiqqandan keyin hammamizning orimiz bitta bo‘ladi. Sizlarni so‘zlaringni yerda qoldirib bo‘ladimi? Ayniqsa, Shoymardon oqsoqolning … Omonlik, sog‘likni so‘rang. Oqburunga yaxshi qarashing,–oqsoqol tomon o‘girilib va’da berdi Boyto‘ra chavandoz. – Oqburun endi meniki bo‘ldi.
– Boyto‘raning bu izzati Shoymardon oqsoqolni quvontirib yubordi. Shonazar va Qulay oqsoqolga ham to‘n yopildi.
– Qani oqsoqollar, Boyto‘ra chavandozning sarposini “Qutlug‘ bo‘lsin!” qilinglar.
– Sarpo muborak bo‘lsin!– Shonazar oqsoqol duoga qo‘l ochdi.– Olginu oldirma, yigit piri qo‘llasin. Xo‘jai Xizir jilovdoring bo‘lsin. Ollohu akbar!

10.

Mulla Odinaning ikki kunlik ko‘pkarili to‘yining shoburi og‘izdan-og‘izga o‘tib bu yog‘i Turkmaniston, Sho‘rchi, Boysun, Sherobod, Sayrobgacha yetdi. Aytishlaricha ko‘pkariga katta-katta sovrinlar qo‘yilarkan: Ikki tuya, uch ot, sakkizta ho‘kiz, o‘nta qo‘y, o‘n besh echki, yigirmata badal uloq,oltita tillo tanga … Qo‘shxona, qo‘noq, otlarga arpa berish bu hisobga kirmaydi. Sara uloqchi otlar, zo‘rdan-zo‘r chavandozlar kelishi kutilyapti. Kim bilan gurunglashmang “Or talashadigan ko‘pkari bo‘ladi”, deydi.
Katta O‘ra bilan Kichik O‘raning orasidagi masofa ancha uzoq-bir kunlik ot-ulovliga yo‘l. To‘ylashadigan ishqiboz odamlarga bu masofa hech gap emas. Shoymardon oqsoqol bu to‘yga borishi shart. Yigirma chog‘li qishlog‘ining odamlari bilan yarim kechdan turib,yo‘lga tushdilar. Otliqlarning ichida ko‘pkarilardan bir-ikki taqim qiladigan yigitlar bor. Qolganlari tomoshabin, ishqiboz.
– Ertachiroq yetib borganimiz ma’qul,– Sariq jinxo‘rni yo‘l boshlovchi qilib, izidan ergashdi Shoymardon oqsoqol.– Cho‘ponlik qilgan odamsan. Tog‘ni kesib o‘tadigan yaqin yo‘llarini sen bilasan. Archazorda adashtirib, sarson qilmagin tag‘in. To‘ydan kech qolib, barmog‘imizni burnimizga tiqib, quruq qaytmaylik.
– Oqsoqol,– ranjigan kishi bo‘ldi Sariq.– O‘zingni er bilsang, o‘zgani sher bil, -deguvchi edilar rahmatli otam. O‘ttiz yillik umrim tog‘u dashtda o‘tdi. Bu archazorning har bir so‘qmog‘i, darasi, bulog‘i besh barmog‘imday menga ayon.
– Bo‘ldi qil,– Shoymardon oqsoqol qamchi bilan Sariqning yelkasiga ohista urib qo‘ydi.– Jahling burningni uchida turadi-ya. Hushyor bo‘l ma’nosida aytdim-qo‘ydim-da. Oqsoqol, oti bezovta kelayotgan Eshimga tanbeh berdi.– Otingiz baytallarni ko‘rib, qizg‘anyabdi. Shattohlik qilib tepib, tishlashdan qaytmaydigan siyog‘i bor. Yo oldinga o‘tib yo‘l boshlang, yoki keyinga qolib, uzoqroq masofada ergashing.
Yo‘lni gurung qisqartiradi. Navbat-navbati bilan bo‘lgan voqealardan, ot, chavandozlar mahoratidan suhbatlashib borayabdilar. Qorong‘i. Uzoqroqdagi to‘nkani ham ilg‘ab bo‘lmaydi. Otlar tuyog‘ining “dapur-dupur” ovozini demasa, o‘rmonda sukunat. Hali Qaynar bulog‘iga yetguncha ancha masofa bor. Tong otishini G‘ajir buloqda kutib olsalar kerak. Undan u yog‘i Kichik o‘raning Shakarbuloq qishlog‘i.
Tong yulduzi chiqib, atrofga ro‘shnolik yoyilganda G‘ajir buloqqa yetib oldilar. Uncha uzoq bo‘lmagan masofadan odamlarni gurungi, kulgusi eshitildi.
– Tersoqarliklar,– Eshim bu odamlarning kimligini gapirayotgan gaplaridan tanidi.– Ingichka ovoz Qorabekniki,do‘rillagani Nazar Eshonqulniki;
– Bularga yetib olganimiz yaxshi bo‘ldi,– xursand bo‘ldi Shoymardon oqsoqol.– Chavandoz qaysi otni minadi, bugungi ko‘pkarida qanday yo‘l tutamiz, kelishib olishimizga qo‘lay bo‘ldi.
Maydon otliqlarga to‘ldi. Shovloq chopilyapti. To‘yning tartibi shunday. Ko‘pkari boshlanishidan oldin otlarni terlatib, chavandozlar ko‘pkariga moslashib olishlari uchun shishak takani so‘yib, maydonga tashlaydilar. Bu ko‘pkariga tashlanadigan takadan ikki hissa yengil bo‘ladi. Sovrin-zot qo‘yilmaydi. Shoymardon oqsoqol kenja o‘g‘li Boymirzaga Oqburunni yakachirgi qilib, egarini bosib berdi. To‘shayil va pushtangini qattiq tortdi.
– Ehtiyot bo‘l. Tushib qolgan uloqqa qo‘sh. Bir taqim qil-da, darrov chiqib kel.
– O‘v-v, chavandozlar: Boyto‘ra, Aziz, Shishik, Azim hammang yonimga kel,– Shonazar oqsoqol ko‘pkariga kiyadigan kiyimlarini kiyib, maydonga tushishga taraddud ko‘rayotgan chavandozlarni imladi.– Ko‘ryabsizlarmi? Manovi ot, chavandozlar Turkmanistondan … Devday siyoqi bor har bir chavandozning … Ho‘ anavi qo‘shxonadagilari Denov, Sho‘rchi tomondan kelganga o‘xshaydi. Alpomishning avlodlari. Bugun ko‘pkaridan zot ayrish qiyindan-qiyin bo‘ladi. Otning ko‘pligiga qaranglar. Bir-biringga ko‘mak ber, takani taqimingga bossang, boshqalaring atrofidan qo‘riqlab, yo‘lni bo‘shatinglar. Boyto‘ra Oqburunni, Azim eshonning bo‘zini, Aziz Beksarining chilini minib to‘daga kiradi. Chorshanbi Nazar Eshonqulning to‘rig‘ini minadi. Tushib qolgan uloqqa bog‘lab qo‘yganday hunari bor. Taqimga olib, egarning qoshiga qayrib olsangiz, armon yo‘q. Kiyikday sakrab, burilib ketadi. Bironta ot chalkasholmaydi. Eshqul Ziyoning kaltasini minadi. Surdak bo‘lgan uloqqa yelimday yopishadi. Qolganlar boya aytgan gapim, himoyaga zo‘r beringlar. It egasini tanimaydigan ur-sur bo‘ladi. Uloqqa cho‘zilgan chavandozning ustiga ot haydaganni ayab o‘tirmanglar.
Bakavul tanaday takani chappaqayish qilib, maydonga endirdi. Chavandozlar otlarini minib, maydonga ena boshladilar. Bakavul chavandozlarga bir-ikki og‘iz gap qildi.
– Aziz birodarlar! Uzoq-yaqindan kelgan chavandozlar! Bugun mulla Odinaning ko‘p yillik orzusi ushaladigan kun. Ko‘ngli ochiq odam. Ko‘pkarini qiziqarli, chiroyli qilib o‘tkazish, sizu bizga bog‘liq. Ko‘pkarida “Halol!” degan muqaddas so‘z bor. Mening aytganim-aytgan, deganim-degan bo‘ladi, bugungi ko‘pkarida. Karamatxon eshon bormilar? Qani ko‘ngilni keng qilib, so‘zni shirin qilib bir duo bering.
Karamatxon eshonning duolariga hozir bo‘lgan chavandozu tomoshabinlar qo‘shilishdi. Bakavul ko‘pkari tartibini tushuntirdi va birinchi zotni e’lon qilib, takani taqimidan bo‘shatdi.
– Bir ho‘kiz, qo‘y,badal ulog‘i bor!
Otliqlarning doirasi junbushga keldi. Dengiz harakatga kelib, chayqalganday bo‘ldi. Otlar pishqirdi, kishnadi. Kimdir shovqin berdi.
– Qara, taka ko‘tarildi!
To‘da bir tomonga og‘di. Otliqlar yasagan doira-qal’ani yorib chiqish qiyindan-qiyin. To‘da tuyqus chap tomonga qarab cho‘zildi. Ammo, qisqa fursatda bu cho‘zilish ham qal’a qa’riga qolib ketdi.
Boyto‘ra Oqburunni to‘daga to‘g‘rilab, qimtidi. Oqburun to‘dani yorib, takaning ustiga bostirib bordi. Turkmanistonlik chavandoz takaning old oyog‘iga cho‘zildi. Boyto‘raga orqa poycha to‘g‘ri keldi. Qo‘sh qo‘llab poychadan ushlab, egarga oldi. Taqimini oshirib, poychani egarning qoshidan qayrib oldi.
– Yo, Ali! Ha, jonivor! Ha, deyman!
Oqburun har sapchib oldinga intilganida tarozi bo‘lgan taka poychalari chavandozlardan bo‘shalib kelar, turkman chavandozi bilan surdakda Boyto‘ra chavandoz yonma-yon ketardi. Oqburun kiyikday juftak olib, bir to‘xtadi-yu,tulki fintiday burildi. “Shart!” etgan ovoz eshitildi. Turkman chavandozining taqimidan chiqib ketgan poychaning ovozi edi bu.
– Halol! Otangga rahmat!– bakavulning qichqirganidan bu sovrinni halol bo‘lganini bilib qolishdi boshqa chavandozlar.– Mana shu chavandozdan o‘rnak olinglar. Chavandoz, zotingizni oling!
Boyto‘ra Oqburunni bo‘yniga shapatilab,suyib qo‘ydi. Enkayib, quloqlarini siypaladi. Sekin-asta qo‘shxona tomon yurdi. Qulay oqsoqol o‘rnidan ilkis turib Oqburunni jilovidan ushladi. Otdan tushgan Boyto‘rani bag‘riga bosdi.
– Polvonim! Orkashim! Otaginam!
Shoymardon oqsoqol Boymirzaga buyurdi.
– To‘shayil va pushtangini bo‘shat. Yetaklab tur.
–Menimcha bugunga yetadi,– dedi Boyto‘ra ko‘pkariga kelgan ot va chavandozlarning ko‘pligidan boshini sarak-sarak qilib.–Haliyam Oqburunning kuchi, hunari ish berdi.
Ko‘pkari maydonidan bakavulning qo‘ng‘iroqdek ovozi eshitildi.
– Bir tuya, qo‘y, haftrang kiyiz, qo‘shsha ulog‘i bor.
To‘daning hovuri osmonga o‘rladi. Chavandozlar toliqqan otlarini almashtira boshladilar. Bu katta sovringa egalik qilishdan umid uzganlari qo‘shxonaga kelib nafas rostlashdi. Bakavulga tomoshabin otliqlar, atrofdagilar baqir-chaqir qilishdi.
– Ko‘pkari-ko‘pkaridek bo‘lsin-da. Yengilroq taka tashlang. – Bundayga bir zot bilan kun kech bo‘ladi. Hamma umid bilan kelgan.
Bakavul chavandozlarga kuch tiladi.
– Sizlarga nima bo‘lgan, polvonlarim? Har biring keng yelkali, Alpomish siyoqli, kuchlaring Hasan ko‘lbornikidek … Qani birinchi zotni olgan chavandoz? Shodi chavandoz kelganmi? Murod jinxo‘r-chi?
Shonazar oqsoqol yonboshlab, bamaylixotir ko‘pkarini tomosha qilayotgan Boyto‘rani turtdi.
– Shu zot senga nasib qilganga o‘xshaydi-yov.
– Yo‘q!– gavdasini ko‘tardi Boyto‘ra. –Tuyani sovringa qo‘yish, yaxshilik keltirmaydi. Kutib turay qani, ot qo‘yilsa bir urinib ko‘raman.
Qarang-a … Boyto‘ra chavandozning gapini eshitib qolganday bakavul tuya zotini bekor qildi.
– Toy, bir qo‘y, haftrang kiyiz, qo‘shsha ulog‘i bekor. Mana shu chopilayotgan takani sovringa qo‘ydim.
– Mana bu boshqa gap,– havas qildi Shonazar oqsoqol.– Endi ko‘ngling joyiga tushdimi?
To‘da junbushga keldi. Ur-sur avjiga chiqdi. Goh u goh bu tarafga doira og‘ib turdi.
– Tana ko‘tarildi! Murod jinxo‘rni quv! Murol jinxo‘r chap qo‘lini ko‘targanicha to‘dadan chiqdi. Uning qo‘lidan qon oqayotgan edi.
– Ha egangni jegir. O‘ljaning jiyroni qo‘limni g‘ajidi.
Azim chavandoz Muzaffarxon eshonning bo‘zi bilan doira ichini bir aylandi. Yorib chiqolmadi shekilli, takani tashlashga majbur bo‘ldi.
– Taka yerda,–bakavul qichqirdi va qo‘ygan zotlarini takrorladi.–Mard chavandozim deb enasi tuqqan polvon bormi? Ko‘rsatsin o‘zini. Bore,– tantilik qildi bakavul,–bir dona tillo tanganiyam qo‘shdim.
Shonazar oqsoqol Boyto‘ra chavandozni qo‘ltig‘idan ko‘tardi.
– Boya tuya zotiga yo‘q deb turuvding, endi nimani bahona qilasan? Senga shu zot nasib qilganini ko‘nglim sezib turibdi. Ichim kuyayabdi,tur qani?
Qulay oqsoqol va qishloqdan kelganlar ham dalolat qilishdi.
– Ha deng, ha deng polvon!
– Qani “Yo,pirim!” deb o‘rningizdan turing,– Eshim Boymirzaga buyurdi,–nega qarab turibsan? Oqburunni belini tort.
Boyto‘ra o‘rnidan vazmin turdi. Egnidagi chekmonni bir chekkaga qo‘yib, charmdan tikilgan barmoqpo‘shiga panjalarini tiqdi. Uzangiga oyog‘ini qo‘ymasdan egarning qoshidan chap qo‘li bilan ushlab silkidi.
– Otni belini kim tortdi?
– Sariq akam tortdilar,–dedi Boymirza Oqburunning yugan jilovidan ushlab.
Boyto‘ra chavandozning ko‘ngli to‘ldi.Uzangiga oyoq qo‘yib, chap qo‘li bilan otning yetim yolidan, o‘ng qo‘li bilan egarning qaptalidan ushlab, chaqqon bir harakati bilan egarga o‘tirib oldi. Qo‘shxonadagilar duo berishdi.
– Olgin-u, oldirma!
Boyto‘ra to‘daga yaqin borib yuganning jilovini tugib, kalta qildi. To‘da bostirib keldi. Oqburunni to‘da yo‘liga o‘ngladi. Taka sho‘rchilik chavandozning chavkar otida edi. Takani egarning qoshidan qayrib mahkam tutib kelardi. Bir qo‘li bilan esa otini qamchi bilan savalardi. Jonivor jon-jahdi bilan imtilardi. Chavandozning ham o‘pka-jigari uzilganday, toliqib qoldi. Ot uzib chiqolmadi.
– Qoldi. Chavandoz qara, taka yerda.
Sherobodlik chavandoz takani yerdan ko‘tardi. To‘rt poychaga to‘rt chavandoz egalik qildi. Boyto‘ra yonma-yon ot haydab poychalardan birini bo‘shalib kelishini kutdi. Sherobodlik chavandozning taqimidan sug‘irilgan poychani epchillik bilan ilib olib, egarning qoshidan qayrib, taqimini oshirdi. Har tomondan qiy-chuv bo‘ldi.
–Oqburunning yo‘lini to‘s. Atrofini o‘rab ol. Qo‘yma, deyapman senlarga. Boyto‘ra Oqburunni niqtab, shovqin berdi.
– Huv-uv-v,hu-u-u-v-v! Ha,jonivor, dedim. Ha!
Oqburun yo‘lini to‘sib, har tomonidan qisib kelayotgan otlar baravari chopdi. Har o‘qtalib,imtilganida chavandozlar taqimidan taka poychalari uzilib kelar, devor nuraganday yonidagi otlar surilardi. Oqburun kiyik juftagini rostlaganday tezlikda chopdi. Boyto‘ra chap qo‘li bilan Oqburunning bo‘yniga shapatiladi. Oqburun to‘xtab olib, chapga burilib, to‘dadan yakka chiqdi.
– Halol!– deb baqirdi bakavul.– Alpomish avlodidan bor ekan-ku?! Otangga, oq sut bergan onangga balli!
Boyto‘ra chavandoz Oqburunni yo‘rttirib, qo‘shxonaga ko‘tarildi.
– Bosildirig‘ini ustiga tashla!– Boymirzaga buyurdi Boyto‘ra chavandoz.
– Oqburun bilan men haqimizni olib bo‘ldik.
Boyto‘ra bugungi omadidan ich-ichidan mamnun edi. Shoymardon oqsoqolni aytmaysizmi? Quvonchi yuz-ko‘zidan bilinib turibdi.
Ko‘pkarining birinchi kuni tugadi. Bakavul qo‘shxonalarni e’lon qildi.
– Mehmonlar, kechga tomon to‘yxonadan qo‘niq, otlarga arpa olib ketinglar.

11.

Katta O‘raning Chuqurli qishlog‘idan Shoymardon oqsoqol boshchiligida to‘yga kelganlarni Sohib naynovning uyiga buyurdilar. Naynov deganlaricha bor ekan. Novchadan kelgan, uzun bo‘yli … Ko‘rgan tund odam, deb ko‘nglidan o‘tkazadi. Qiyofasi shunday bo‘lgani bilan ochiq ko‘ngil, mehmonnavoz odam ekan. Mehmonxonasini oldindan tayyorlab qo‘yibdi. Otlarga qarashishga ko‘maklashdi. Keyin mehmonlarni uyga taklif qildi.
–Sohib aka, pichoq bering … Yigitlar taka gavdasini terisidan ajratib, barvaqtroq tozalab bersin,– Eshim uy egasidan iltimos qildi.– Bugun ko‘pkarining eng peshi bizlar bo‘ldik.
Sohib naynov o‘lik taka gavdasini birgalashib xariga osib berdi. Yigitlardan Xurram degani qassoblikda ebi bor ekan, bir damda ichak-qorinni ajratib, go‘shtni muchaladi, qovuriladiganini to‘g‘rab berdi.
– Oltmish kilolar go‘shti bor,–chamayu cho‘t qildi Sohib naynov.– Yirikligiga qarang. O‘ziyam to‘y egasi mehr bilan boqqan ekan-da.
Shabon bilan Norsafar to‘yxonadan qo‘noq, otlarga arpa olib qaytdilar.
– Ehe,– hayron bo‘ldi Sohib naynov,– buncha go‘sht.
– Tong otguncha go‘shtxo‘rlik qilib chiqamizda,– hazil qildi Shabon.– Siz yordam berasiz. Jiyanlar bor. Ortib qolsa,tugib uyga olib ketamiz.
Hazil-huzurlari tugar-tugamas ikki otliq kelib qoldi. Qisqa so‘rov va gaplashuvdan so‘ng uy sohibi Xurramga xabarni yetkazdi.
– Shoymardon oqsoqolni so‘rab kelishibdi. Kim u oqsoqol degani. Men tanimasam … Aytib qo‘yasizmi? Tushinglar dedim, avval oqsoqolni ko‘raylik, deyishdi.
Shoymardon oqsoqol bu begona odamlarni tanimadi. Shunday bo‘lsa-da, mulozamat qildi.
– Yo‘qlab kelibsizlar, tushinglar.
– Sizam mehmon, bizam iyehmon … Birovning uyi … qandoq bo‘larkan?
– Mehmon kelar eshikdan, rizqi kelar teshikdan degan gap bor,– qistadi Shoymardon oqsoqol mehmonlarni.– Go‘sht ko‘p, non bor. Ziyonlaring tegmaydi. Tanishib, gurunglashamiz.
Otliqlar shunday iliq taklifni kutishgan ekan shekilli, otdan tushdilar. O‘rab egarning qaptaliga bog‘langan bosildiriqlarni yechib, egarning ustidan tashlab, otlarni qantarlab qo‘yishdi.
– Sovisin. Shom bo‘lganda sug‘orib, yemini ilamiz,– dedi shop mo‘ylovlisi.
Dasturxonga qaynatilgan, so‘ngra qovurilgan go‘sht tortildi. Suhbat ancha cho‘zildi.
– Bizlarni so‘rasangiz,– deb muddaoga o‘tdi shop mo‘ylovlisi,– Sheroboddanmiz. Shu to‘yni eshitib keldik.Katta ko‘pkarisi bor, deyishgan edi. To‘ylashib yuribmiz. Uydan chiqqanimizga ikki hafta bo‘ldi. Yo‘ldoshim-ning oti To‘qli. Mening otim Asad.Endi, avvalo uzr. Ot boqamiz, xaridori chiqsa sotamiz.
Shoymardon oqsoqolning badaniga chumoli o‘rmalagandek bo‘ldi.
¬– Ha,– yo‘ldoshini gapini quvvatladi To‘qli degani.– Otni sot, degan naql bor. Biz otingizga xaridor bo‘lib keldik.
Shoymardon oqsoqolning qoni betiga urilib, qo‘llari qaltirab qoldi.
– Bu haqda bir gapirdingiz ikkinchi og‘iz ochmang,–o‘zini bosiq tutib javob berdi oqsoqol.– Ot sotilmaydi.
Asadboy degani ezmalik qildi.
– Og‘zingizga siqqanini so‘rang.Ming bosh qo‘yim, yilqi, mollarim bor.
– Men bir gapirdim, mehmon,– uzib gapirdi oqsoqol.– Ezmalana bersangiz meni xafa qilib qo‘yasiz.
Mehmonlar bir-biriga tikilib olib, xulosa qildilar.
– Nima ham deymiz,– uzr so‘radi, To‘qli degani.– Otingiz tulpor ekan. Buyursin. Rohatini ko‘ring. Ammo-lekin bizlarni kechiring … Qizni kim aytmas, qimizni kim ichmas …
Shoymardon oqsoqol yigitlar bilan otliqlarni izzat-ikrom bilan uzangilarini bosib, kuzatib qo‘ydilar.

12.

Oqburunning dovrug‘i og‘izlarda doston bo‘ldi. Uni bir ko‘rish uchun uzoq yo‘l bosib ko‘pkariga keladigan ishqibozlar ko‘paydi.
– Hu, anovi to‘riqmi? Tumshuq-burni oq. Ustidagi Boyto‘ra chavandoz bo‘lsa kerak.
– Xuddi o‘zi. Boyto‘ra desa deguday ekan. Yelkasi keng, jovruniga qara egarga sig‘mayabdi. Panjalari uzun, yo‘g‘on.
– O‘ng kuragida besh panjaning o‘rni bor, deyishadi. Xizr nazar solgan-da.
– Qaynatilgan shirboz qo‘zini bir o‘tirishda yeb qo‘yarkan.
– Aytganing rost … Jasadi aytib turibdi.
Bu Katta O‘raning Oqmechit qishlog‘ida bo‘ladigan ko‘pkariga kelgan tomoshabinlarning bir-biriga qilayotgan gurungi edi. Boyto‘ra bunday maqtovlarga ko‘nikib qolgan. Ta’riflarni eshitib eshitmaganga oladi. Ammo, bugun atayin Oqburunni minib, tomoshabin otliqlar, chavandozlarga ko‘rinish berib, maydon aylandi. Taniganlar bilan ko‘rishib, so‘rashdi. Tanimaganlar ergashib,tanib olishdi. Bir kunlik to‘y bo‘lsa-da, ko‘pkarisiga ko‘p zot qo‘yiladi, degan xabar yetgan.Ko‘pkarini eshitib, qishloqlardan talay ishqibozlar kelishgan. Oqburunni ikki kundan beri Xonimqul toblagani bilib turibdi. Boshini sarak-sarak qilib, o‘ynoqlayabdi. Mahmiz qilsa qush kabi uchadigandek … Boyto‘ra o‘rtog‘i Normo‘min chavandoz bilan salomlashdi. Otlarni yonma-yon haydab, ancha suhbatlashdilar.
– Bugun siz bilan Oqburunga qiyin bo‘ladiganga o‘xshaydi,– eshitganini Boyto‘raga shipshitdi Normo‘min chavandoz.– Kayfiyatingizni buzmang. Xudo nomini o‘rtaga qo‘yib do‘st tutunganman. Shu do‘stlikning hurmati sizni ogohlantirayapman. Men yoningizdaman.
– Kim ekan u nomardlar,– lov etib yondi Boyto‘ra.– Men kimning nasibasini yarimta qilibman. Bu maydon. Buyurgani bo‘ladi.
– Ana shundaysiz-da do‘stim,– Boyto‘rani tinchlantirdi Normo‘min chavandoz. – Og‘ir bo‘ling. Ehtimol bu g‘arazgo‘ylarning to‘qigan gapidir. Ammo, ko‘nglim nimanidir sezyabdi.
Otliqlardan maydon to‘ldi. To‘da chayqalayotgan ko‘lga o‘xshaydi. Chavandozlar bakavulning ruxsatini kutishyabdi. Hech kimga, hech nimaga e’tibor bermay Boyto‘ra qo‘shxona tomonga xomush bir kayfiyatda ot jilovini burdi.
– Ha polvon,– Xurram kayfiyati buzilganini payqab, Boyto‘radan so‘radi,–
tinchlikmi?– Chavandozlar maydonga tushishyabdi, siz bo‘lsangiz …
Boyto‘ra Xurramning so‘roviga javob bermadi. Ikki qo‘lini boshining tagiga yostiq qilib, osmonga qarab cho‘zildi.
Shu ko‘pkariga qo‘shilgim kelmayapti. Bir bandani havas qilib berayotgan to‘yi buzilmasin.
Shoymardon oqsoqol Boyto‘raning yonidan vazmin cho‘kdi.
– Normo‘min chavandoz bilan gurunglashganingizni kuzatib turdim. Kecha
mening ham oldimga keluvdi. It huradi, karvon o‘tadi. Har qanday eshitma gapga ishonish kerak emas. Turing ko‘pkariga qo‘shiling. G‘animlarning ichi kuysin.
Xonimqul Oqburunni yakachirgi qilib, Boyto‘ra chavandozning minishiga o‘ngarib qo‘ydi.
– Sariq, sen nima deysan,–Oqburunni belini tortayotgan Sariqqa maslahat soldi Boyto‘ra.– Sen nima desang shu bo‘ladi.
– Oqsoqol bor gapni gapirdi,– Boyto‘raga o‘girildi Sariq.– hamishagiday, bamaylixotir ko‘pkariga borib qo‘shiling. Qolganiga mana bizlar bormiz.
Shoymardon oqsoqol qo‘li bilan ishora qildi.
–Ana, Tersoqar, Duob, Qizilmazor, Dekmoron, Qamchinbuloq, Egri, Qoratepa qishloqlaridan kelgan amaki-xishlarimiz bor. Orimiz, nomusimiz bir.
Boyto‘ra chavandozga berilgan bu dalda g‘ururini qo‘zitib, ko‘nglini ko‘tardi. Ha-da, nimadan qo‘rqadi. Or talashmagan chavandoz-chavandozmi? O‘rnidan turib, Oqburunning uzangisiga oyoq qo‘ydi.
– Ikki tillo tanga, ho‘kiz, tuya jo‘nidan to‘qilgan oq bosma, qo‘shsha ulog‘i bor. Chiqishiga qarab zotga yana zot qo‘shaman. Taka yerda, chavandoz qara!
Boyto‘ra Oqburun jilovini tortib, jon-jahdi bilan uloq talashayotgan chavandozlarning “Ur-sur!” harakatini biroz kuzatib turdi. Tuyoq-tuyoqqa joy bermas, qo‘l-qo‘lga o‘rin ochmas edi.Chavandozning niqtab to‘daga haydagan otini boshqa otlar siqib chiqarar, kimdir yerdan ko‘targan takani bostirib tushirar edi. Shoymardon oqsoqol va unga ergashgan odamlar Boyto‘ra chavandozni to‘daga kirishini kutayotgan edilar. Qulay oqsoqol Boyto‘ra chavandozning yelkasiga qamchi bilan urdi.
– Hayda, nega qarab turibsan!
Boyto‘ra Oqburunning yuganini qoqib, to‘daga qo‘shdi.
Boyto‘ra kirdi, Boyto‘ra kirdi!- bo‘lib qoldi. Boyto‘ra bo‘lsa takani minib turgan Oqburunnig ustidan yerga uzaldi. Poychadan ushlab, qaddini rostladi.
– Taka Boyto‘rada! Qara! Qo‘yma!
Har tarafdan tahdid ovozlar kela boshladi. Boyto‘ra uch marta yakka jilov qildi. Kimdir Oqburuning jilovidan ushlab, yo‘l ochishiga imkon bermayotgan edi. Sariq qamchin dastasi bilan tak-taklayotgan kishining qo‘liga urdi. Eshim bo‘lsa, Oqburun boshidan yuganni sidirib oldi. Haqorat, baqiriq to‘dani tutib ketdi. Oqburunning yo‘lini to‘sa boshladilar. To‘da doira shakliga kirib,qimirlamay qoldi. Birozdan keyin qora bulut ko‘chgandek, otliqlar olomoni dara tomonga harakat qilishdi.
–Jarlik bor! Ehtiyot bo‘linglar!
Bakavulning ogohlantirishiga hech kim quloq solmas, hammaning fikru harakati takada, takani olib borayotgan chavandoz va zotida edi.
– Bekor qiling zotni. Katta jarlikka keldi.
Bakavul bir qarorga kelishga ulgurmay to‘da yorildi. Chaqmoq chaqilib, zulmat yorishganday bo‘ldi. Oqburun jarlikdan sakradi.
– Yo, pirim!
Oqburun jarlikdan sakrab o‘tgandan keyin ancha masofagacha shiddat bilan
chopdi. Taka chavandozning taqimidan tushmas edi. Jarlikdan aylanib o‘tgan yigitlar Boyto‘raning bir-biriga yopishib zich bo‘lgan panjalarini bitta-bitta ochib, taka poychasini kaftidan chiqarib oldilar. So‘ngra Oqburunga yuganini soldilar. Tomoshabinlar ikki cholning sallasini bir-biriga ulab jar og‘zini o‘lchadilar.
– Ikki salla uzunligidan ham ziyodroq,– yoqa ushlashdi atrofdagilar.– Oqburunning qanoti bor. Har qanday ot bu jarlikdan sakrab o‘tolmaydi.
– Boyto‘ra qo‘shxonaga ko‘tarildi. Chekmonini kiyib, yonboshladi. Qayta maydonga tushmadi. Ko‘pkari tugaguncha maza qilib, tomosha qildi.
“Ey, mehribon olloh! Marhamatingga shukur!”

13.

Qontar og‘ib, qorlar eriy boshladi. Qish hovuridan tushgani bilindi. Tarnovdagi muz sumalaklardan “chak-chak!” tomchilar tomdi. Tong otib yangi kunning oydin sepi yoyildi. Shoymardon oqsoqol bomdod nomozini o‘qib bo‘lgach, hovliga chiqdi.
“Uch kecha-kunduzdan beri erigan qor yerning yetti qavatiga singdi-yov”.
Toshbuloq tomondan otlar tuyog‘ining dopur-dupuri eshitildi. Itlar hurib, g‘ingshidi.
– Kim bo‘ldi bu otliqlar? Kallai sahardan kimnikiga kelishayotgan ekan.
Shoymardon oqsoqol to‘rvani olib,somonxonaga kirdi. Itlar otliqlarga tashlanishdi.
– Oqsoqol–ho‘–uv! O‘–o‘, Shoymardon oqsoqol?
– Ha.Men shu yerdaman.
Shoymardon oqsoqol to‘rvani somonxona burchagiga qo‘yib, otliqlarga peshvoz chiqdi.
– Tur, Oqto‘sh, qo‘tonga bor. Tur deyman, Bo‘ynoq, Assalomu alaykum!
– Va alaykumu assalom! Yaxshimisiz oqsoqol,– jiyron otliq oqsoqol bilan so‘rashdi.– Meni tanidingizmi?
Oqsoqol kelganlarni uyga taklif qildi.
– Xush kelibsizlar. Tushinglar qani? Ertalabki nasiba, degan gap bor. Tanishamiz. Kelgan mehmonning qarindosh, beganasi bo‘lmaydi.
– Men Shoxlibekman,–o‘zini tanishtirdi jiyron otliq.– O‘tgan haftaning juma kuni yigitlarni yuboruvdim. Ikki kunga yetadigan, oziq-ovqat yig‘ib yuborgan ekansiz. Himmatingizdan xursand bo‘ldim.
Shoymardon oqsoqol qo‘lini ko‘ksiga bosdi.
– Qishloq odamlarining ko‘pchiligi nochor yashashadi. Baholi-qudrat ish qildik. Yana xizmat bo‘lsa, tayyorman.
Shoxlibek uzangiga oyoq tirab, muddaoga o‘tdi.
– Vaqtimiz ziqroq. Bizlar talofat ko‘rdik. Oqmechit qishlog‘ida qizillarga ro‘baro‘ keldik. Otishma bo‘ldi. Yigitlarim tim-taraqay qochdi. Zang‘arlar otimni qironga oldi. Yaxshi ot edi. Bir cho‘birni minib yuribman. O‘zim tasodif tufayli omon qoldim. Oqburunni so‘rab keldim.
Shoymardon oqsoqolning ichidan bir “ip” uzilib ketganday bo‘ldi.
Shoxlibekdan bu so‘rovni sira kutmagan edi.
O‘g‘illarimdan birini so‘rang , Oqburunga og‘iz solmang, Shoxlibek.
Shoxlibek otini qimtab, oqsoqolga o‘dag‘ayladi.–Bu nima javob.O‘g‘lingni ham berishga hali navbat keladi,– sensiradi oqsoqolni Shoxlibek.– Meni kimligimni bilasanmi? Shoxlibek cho‘nqaymaman. Shoxlibek yigitlariga buyurdi.
– Oqburunni egarla.
Shoymardon oqsoqol Oqburunning oyog‘iga kishan soldi. Choponini yechib, Shoxlibekka ko‘kragini tutdi.
– Ot! Otib tashla!– oqsoqol ham Shoxlibekdan past kelmadi.– Ammo, tirikligimda Oqburunni senga bermayman.
Yigitlar Shoymardon oqsoqolni qo‘lini qayirib bog‘lashdi. Sarmixdan arqonini yechmoqchi bo‘lishdilar. Begona odamlarni Oqburun yaqiniga yo‘latmay quloqlarini jimib, tishlashga chog‘landi. Shoxlibek otdan tushib Oqburunning boshi, bo‘yni aralash qamchi bilan savaladi. Oqburun orqasini ugirib, shatta tashladi.
– Qulmurod, beshotarni menga ber,– Shoxlibek miltiqni Qulmurod deganining qo‘lidan yulib oldi.–Avval Oqburunni, keyin Shoymardon oqsoqolni otib tashlayman.
Shoxlibek Oqburunning boshidan oshirib o‘q uzdi. O‘q ovozi qishloq odamlarining ko‘ngliga qo‘rquv soldi. Oqsoqolning sayisxonasi oldida deyarli qishloqning barcha odamlari: erkagu ayoli yig‘ildi. Mulla Sobir Shoxlibekni insofga chaqirdi.
– Bu kishi kimsan Shoymardon oqsoqol. Odamlar oldida sharmanda qilmang. Muddaongiz Oqburun bo‘lsa, beramiz.
Shoxlibek o‘t bo‘lib yondi. Har bir o‘shqirib gapirganida og‘zidan tupuklari sachrab ketardi.
– Kishanni yech,– mulla Sobir kalitni Shoymardon oqsoqolning qo‘ynidan olib Xonimqulning qo‘liga berdi.–Oqburun ko‘pkarida yiqilib o‘ldi, deb hisobla.
Shoymardon oqsoqolni uyga kirgizdilar. Shoxlibek uzangiga oyoq qo‘yishi bilan Oqburun orqa oyoqlariga tayanib, ko‘kka sapchidi. Shoxlibekning oyog‘i uzangidan chiqib, chorqayrama yiqildi. Noshudligidan odamlar oldida izza bo‘ldi.
– Ushla beeganing jilovidan,– yigitlariga o‘shqirdi Shoxlibek.– Nega qarab turibsanlar.
Shoxlibek Oqburunga minib oldi. Bu xonadonga qaytib kelmasligini anglaganday Oqburun eshitgan kishini badanini seskantiradigan ovozda kishnadi.
– Qani mulla Sobir,– Shoxlibek mag‘rurona jilmaydi,– otimni “Qutlug‘ bo‘lsin!” qilib, bir duo bering.
– Otib tashlang, mayli,– mulla Sobir Shoxlibek tomon qadam tashladi,– ammo bu haqoratni ko‘taraolmayman. Otni zo‘rlik bilan tortib oldingizmi, indamay minib ketabering.
Shoxlibek Oqburunni yo‘lga soldi. Uydan Shoymardon oqsoqolning yuraklarni ezib yuboradigan o‘kirigi eshitildi.

14.

Oqburunni Shoxlibek olib ketibdi degan ovoza ikki O‘ra odamlariga tez tarqaldi. Shoymardon oqsoqolning uyidan ko‘ngil so‘rab kelib-ketuvchilarning bir haftadan beri qadami uzilmaydi. Ularning daldasi ko‘nglini yoritmas, Oqburunning siyrat-sumbati ko‘z o‘ngidan ketmas edi. Ko‘zida esa uyqu yo‘q. Boshini yostiqqa qo‘ysa, yuragi siqilib, vasvasa bosadi jismini.
– Bir baloni boshlaysiz, otasi,– ko‘z yoshi qildi xotini.– Bo‘lgan ish bo‘ldi. Bizlarni, bolalaringizni, ro‘zg‘oringizni o‘ylang.
Oqsoqol xotinini kuyunishlariga quloq solmay, teskari burilib oldi. Chuqur-chuqur xo‘rsindi. Kech ham allamahal bo‘lib, qishloqning har yer, har go‘shasidan xo‘rozlarning birinchi qichqirgani eshitila boshladi. Nagoh ot kishnaganday bo‘ldi. E’tibor bermadi. ”Oqburunni o‘ylayotganim uchun qulog‘imga shunday eshitilayotgandir … Mullo akamning oti bo‘lsa kerak”. Yo‘q, shu yaqin-oradan, Oqburunning sayisxonasi tomondan otning kishnagan ovozi kelmoqda edi.
– Oqburunning kishnashiga o‘xshayabdi,– oqsoqolning xotini uyg‘oq ekan, erini turtdi.–Eshitayabsizmi, otasi. Shoxlibek kelganga o‘xshaydi. Nima qilamiz?
Oqsoqol sapchib o‘rnidan turdi. Choponini omonat yelkasiga tashlab, sayisxona tomon yugurdi. Egar-abzallangan– Oqburun sayisxona oldida yer depsinib turardi. Ustida xo‘rjin. Xo‘rjinning esa ko‘zlari to‘la. Oqsoqol yugurib borib vafodorining bo‘ynidan quchoqlab oldi. Yuzini-yuziga bosdi. Oqburun ham boshini sohibining duch kelgan joyiga ishqalab, suykala berdi. Oqsoqol unsiz yig‘layotganidan gavdasi titramoqda edi.
– Voy jonivorginam,– oqsoqolning xotini Oqburunning to‘shi,bo‘ynini siypaladi.– Menginani yer yutsa bo‘lmaydimi? Qanday kunlarga qoldik. Egaginangni, uy-joyingni sog‘inib keldingmi?
– Bo‘ldi qil!– Shoymardon oqsoqol xotiniga buyurdi.– Yig‘lama, odamlar eshitib qoladi. Bor,mulla Sobir, Mardon akam, o‘g‘illaring Boqi, Xonimqul, Almirza, Boymirzalarni uyg‘otib kel. Bu yog‘i tong otayabdi. Bir qarorga kelishimiz kerak. Men ungacha Oqburunga o‘zini abzallarini urib turaman.
– Biz shu yerdamiz,oqsoqol,– mulla Sobir oqsoqolning yoniga keldi. Oqburunni tavof qildi.– Sadoqatliginam. Tulporim.
Xonimqul o‘zini tutib turolmadi. Oqburunning oldingi oyoqlarini quchoqladi. Uvvos solib,ukirdi. Keyin og‘zini Oqburunning peshonasiga bosdi.
– Jinnilik qilma,– tanbeh berdi mulla Sobir.– Qo‘ni-qo‘shnilar bilib qolmasin. Enang yig‘lasa, yarashadi. Sen erkaksan.
– Endi nima qilamiz,¬– maslahat soldi akasiga oqsoqol.– Tong yorishayabdi. Halizamon Oqburunning izidan Shoxlibekning odamlari kelib qolishadi.
– Bu bo‘lgan gap,– mulla Sobir nima qilish kerakligini oldindan o‘ylab qo‘ygan edi.– Ko‘kjarga, qishqi kamar qo‘tonga jo‘natishdan boshqa chora yo‘q. Kamarda qo‘tonlar ko‘p. U yerni hech kim topib borolmaydi. Xonimqul taraddud ko‘rsin. Chilikgaza o‘rmonidan yo‘l soladi. Oqburun bilan kelgan abzallarni izi ham qolmasin. Mulloxonda kamaridagi echki emar g‘origa tiqib tashlanglar.
Tong otdi. Bomdod namozi oldidan mulla Sobir azon o‘qidi. Yangi kunning tashvishli onlari boshlandi. Quyosh tog‘lar ortidan mo‘ralab, olamni munavvar nuriga belay boshladi.
Shoymardon oqsoqolning badanidan g‘ubori to‘kilganday … Kayfiyati esa yaxshi edi.

15.

Oqburun kelgandan keyin oradan ikki haftacha vaqt o‘tdi. Qishloq sho‘rosi raisi Shoymardon oqsoqolning uyiga bir o‘ris komandirni ergashtirib keldi.
– Filimonov,– tanishtirdi oqsoqolga sho‘ro raisi.– Qizil askarning komandiri. Siz bilan gaplashmoqchi ekan.
Shoymardon oqsoqolning badani muzladi.
– Marhamat,– mehmonxonaga ishora qildi Shoymardon oqsoqol.– Gapi bo‘lsa, gaplashamiz.
Filimonov degani gapning uyasi ekan, so‘ramagan gapi qolmadi.Oqsoqolning yoshi, otasi, xotini, farzandlari haqida ma’lumot oldi. So‘ngra qishloq odamlarining ahvoli, bolsheviklar haqida oqsoqolning fikriga qiziqdi. Komsomollarga tahdidlar bo‘layabdimi? , deb so‘radi.
– Bosmachilarga non, oziq-ovqat, joy beribsiz?– Filimonov oqsoqolga endi asosiy savollarni bera boshladi.–Bizda aniq ma’lumot bor.
Oqsoqolning yuzlari qizarib ketdi. ”Rostini gapirmasa bo‘lmaydiganga o‘xshaydi”.
– Nima qilay … Men hozir asoratda qolgan odamman. Shoxlibek qo‘shni Dekmoron qishlog‘iga qo‘nib, yigitlarini yubordi. Oziq-ovqat, non, otlariga arpa yig‘ib berganim rost. Xalqni notinch qiladi, dedim-da.
– To‘g‘ri gapirding, oqsoqol,– Filimonov oqsoqolning to‘g‘ri javobidan qanoat hosil qildi.– So‘ngra sho‘ro raisiga o‘girilib buyurdi.– Meni gapimni tushuntir. Birinchidan, bosmachilar qishloqqa kelsa menga zudlik bilan xabar yetkazsin. Ikkinchidan, senga bir hafta muhlat. Oqburun otingni Ko‘kjardagi qishki kamar qo‘tonidan olib kelib, menga berasan.Men uni minib, bosmachilar bilan jang qilaman.
– Oqburunni Shoxlibek olib ketgan,–oqsoqol Filimonov talabiga vaj ko‘rsatdi.– Ikki haftadan oshdi. Ikkinchi talabingizni bajara olmayman.
Filimonov boshqa so‘z demadi. O‘rnidan turib, sho‘ro raisiga ishora qildi.
– Ketdik! Oqsoqolga ayt, men bir gapiraman.
Aytgan kunida Filimonov besh kishi bo‘lib Shoymardon oqsoqolnikiga keldi. U bu daf’a otdan tushmadi.
– Qani Oqburun?,– Shoymardon oqsoqoldan so‘radi Filimonov.– Bosmachi-lardan xabar bormi?
– Aytgan edim sizga,– aftoda holda javob berdi oqsoqol.– Oqburunni Shoxlibek minib ketgan.Bosmachilar boshqa bu o‘rtada kelgani yo‘q.
– Oqburunni biz topdik. Xonimqul yashirib boqayotgan ekan o‘sha kamar qo‘tonda. O‘g‘ling piyoda kelayabdi. Endi u qizil askarning oti bo‘ldi. Men minaman.
Filimonov askarlarga buyurdi.
– Qo‘llarini orqasiga qilib bog‘la. Oqsoqolni olib ketamiz.
Mulla Sobir Filimonovning uzangisiga yopishib, elandi.
– Baraka toping. Kafolat beraman. Shoxlibekni topib, Oqburunni o‘zim sizga eltib beraman. Oqsoqolni qishloq odamlari oldida sharmanda qilmang. Qo‘llarini bog‘lamang.
Shoymardon oqsoqolning xotini Filimonovning jilovidan ushlab, yo‘liga o‘zini ko‘ndalang qildi.
– Xudo xayringizni bersin. Oqsoqolda ayb yo‘q. Rahm qiling.
– Aka, elanmang. Xotin, boshingni egma.
Shoymardon oqsoqolning jahli chiqdi. Ko‘ziga bu yorug‘ olam qorong‘i bo‘lib ko‘rindi. Og‘ziga kelgan haqorat gapni qaytarmas edi.
– Ot, otib tashla,– Filimonovga o‘shqirdi Shoymardon oqsoqol.– Tupurdim senga o‘xshagan qizil askar komandiriga. Sen odam o‘ldirishdan boshqaga yaramaysan. Qonxo‘r.
Filimonov otdan tushdi. Jazavaga tushgan Shoymardon oqsoqolning iyagining ostiga qamchi dastasini tiradi.
– Hali bundan ham yaxshiroq sayraysan. O‘shanda ahvolingni tomosha qilaman. Xoin, xalq dushmani!
– Mendan rozi bo‘linglar,– askarlarni oldiga tushishdan oldin qishloqdosh, aka-uka, farzand, xotinidan rozilik so‘radi Shoymardon oqsoqol.– O‘ldirmasa, qaytaman . Otib tashlasa, u dunyoda ko‘rishamiz.
Oftob ufqqa bosh qo‘ya boshladi. Osmonning kun botar tomoni qon rangiga kirdi. Shoymardon oqsoqol yurib borayotgan yo‘l ana shu qon rangi qa’riga tutashib ketgan edi.

16.

Revkomning boshlig‘i katta odam ekan, mulla Sobirni beshinchi kuni deganda qabul qildi.
– Shoymardon oqsoqolning kimi bo‘lasan?– mulla Sobirni gapirishiga imkon bermay so‘radi, barvasta qomat,ko‘zlari ko‘m-ko‘k boshliq. U o‘zbekcha so‘zlarni buzib gapirardi.– Nima gaping bor menda.
– Men akasiman. Ukam Shoymardon oqsoqol kambag‘alparvar,odamlarga …
– Bo‘ldi! Gapni qisqa qil. Ukang tuzum dushmani. Uch kun oldin sudda ishi ko‘rilib, otishga hukm qilindi.
Boshliq soqchilardan birini chaqirib, buyurdi.
– Buni olib chiq! Otilgan ukasini kiyimlarini tanib olsin.
Mulla Sobir ishni bunday tus olishini kutmagan edi. O‘zini yo‘qotib qo‘ydi. Qo‘l, oyoqlari qaltirab, og‘zi quruqlashdi.
– Tur o‘rningdan,– turtdi mullani soqchi.– Oldimga tush.
Soqchi binoning orqa tomoniga mullo Sobirni ergashtirib borib, bo‘g‘chalangan kiyimlarga ishora qildi.
– Tanib ol-da, bu yerdan tezda qorangni o‘chir.
Shoymardon oqsoqolni otilgani butun qishloq odamlarining motam-qayg‘usiga aylandi. Filimonov ertaga is degan kuni qishloqqa kirib keldi.
¬ Xonimqulni topib kelinglar,– hadikdan yurak hovuchlab, bosh egib turganlarga do‘q urdi.– Bo‘yi uzun, baquvvat yigit ekan. Uni askarlikka olib, tarbiyalaymiz.
Ayol-erkak Filimonovga yalinib-yolvordi.
– Otasini isini o‘tkazsin. Muhlat bering.
– Mayli!– ko‘ndi Filimonov.– Bir haftadan keyin kelaman. Mendan qochib qutilolmaydi.
Filimonov ketgandan so‘ng katta-kichik kengashib, bir qarorga kelishdi.
– Shoymardon oqsoqolni himoya qilolmadik. El kayvonisidan ajralib qoldik. Endi uning arvohi oldidagi gunohimizni yuvaylik.
Xonimqul onasi, uka-akalarini olib, ko‘ch-ko‘ronini ortib qishloqdan yaiqib ketsin. Boysun, Sherobod, Darband tomonlardan boshpana topar …
–Ha,– ma’qulladi mulla Sobir.– Boshimizga nima malomat kelsa, peshonamizdan ko‘ramiz.
Filimonov o‘n chog‘li askari bilan kun chiqmasdan qishloqqa keldi. Bu daf’a u Oqburunni minib kelgan edi.Tanish bo‘lib qolgan oqsoqolning uyi oldida otining jilovini tortib, oyog‘ini uzangiga tiradi.
– Qani Xonimqul,– mulla Sobirga o‘dag‘ayladi, Filimonov.–Qochirtirdingmi?
– Bexabarmiz,–boshini egdi Orif.–Juvonmarg bildirmay onasi, ukalarini olib, qayoqqadir chiqib ketibdi.
Filimonov Oqburunni Orifning ustiga haydadi. Boshi,yelkasi aralash besh-olti qamchi urdi.
– Aldayapsan meni? Hammasidan xabaring bor. Maslahatlashib, qishloqdan chiqarib yuborgansizlar. Davron!
Davron degani panjalarini rostlab, furaxkasiga tekkizdi.
– Men, o‘rtoq komandir!
– Oqburunni senga beraman. Shafqat qilmay, qichab haydaysan. Xonimqul ko‘ch-ko‘roni bilan uzoqqa ketolmaydi. Sherobod tomonga ketganligi haqida xabar bor. Topasan. Topmasdan qaytib kelma.
– Mulla Sobir,– buyurdi Filimonov,– Davronga bir haftaga yetadigan oziq-ovqat tayyorlab ber. Tushunarlimi?

17.

Bahorning yomg‘irli va salqin kunlari oxirlab bormoqda. Kunduzi yozning issiq kunlari kabi oftob olamni qizdirardi. Xonimqul Machay qishlog‘ini chetlab o‘tdi. Ko‘zdan pana yurgan ma’qul. Asosan qorong‘i tushganda harakat qilish qulayroq. Bugun ham shunday bo‘ldi. Odam-odamni tanimaydigan vaqt bo‘lganda yo‘lga tushdilar. Bu yog‘i keng dala-dasht. Tong otganda xilvatroq joy topib hordiq chiqarmoq lozim. Bu kenglikda odam zotining qadami tegmaganga o‘xshaydi. Xonimqul suvga yaqinroq joy topsa bir kun dam olmoqni ko‘ngliga tugib qo‘ydi. Onasi Sultonoy toliqib qolgan edi.
O‘g‘lim,– dedi onasi Sultonoy horg‘in bir kayfiyatda Xonimqulga maslahat solib,– kuch-madorim qolmadi. Yo‘l azobi, go‘r azobi, deydilar. Hech bo‘lmaganda bir kun dam olaylik.
Tong yorisha boshlaganda tepalik tagiga yetdilar. Bir ariqcha suv yo‘lini yam-yashil qilib,oqib turibdi. Mol-holga, ulovga ham yaxshi o‘tlov ekan. Hu-u, ana yerda qorayib ko‘rinayotgan daraxt tomon ot jilovini burdi.
– Yuklarni tushiringlar. Ot-ulovlarni belini bo‘shatib, o‘tga qo‘yinglar,– ukalariga buyurib daraxt tagidagi xas-xashakni yulib, tartibga keltirdi Xonimqul.– Bir kun shu yerda qolamiz. Ancha masofaga kelib qoldik. Menimcha endi xavf-xatar yo‘q.
Xonimqul choponini to‘shamchi qilib, daraxt soyasida yonboshladi. Yo‘l azobi uni toliqtirgan edi. Boshini qo‘ygan zahoti ko‘ziga uyqu bostirib kela boshladi.
– Uyg‘otmanglar,– ukalarini ogohlantirdi Almirza.– Bir haftadan beri to‘yib uxlagani yo‘q.
Kun yarimladi. Oftobning zarrin nurlari borliqni qizdirmoqda edi. Xonimqulning bo‘z oti bemavrid ketma-ket kishnadi. Almirza qo‘lini soyabon qilib,kelayotgan otliqqa qaradi. Ko‘ngliga vahima tushdi.
“Kim ekan? Yo‘lovchimi? Yoki izimizga tushgan g‘animmi?”
– Xonimqul aka, – uyg‘otdi akasini Almirza. –Bir otliq biz tomon kelyabdi.
Xonimqul uchib o‘rnidan turdi. Otliq ancha yaqinlashib qolgan edi. Uning harbiycha kiyimi, yelkasidagi miltig‘i bemalol ko‘zga tashlanardi. Xonimqul zarang tayoqni qo‘liga oldi. Onasi o‘g‘lini shashtidan qaytardi.
¬– Astag‘firillo! de, o‘g‘lim. Ehtimol bir o‘tkinchi yo‘lovchidir.
– Ko‘rmayabsizmi, ena, harbiycha kiyimi bor. Yelkasida beshotar miltig‘ini osib olgan.
Sultonoy o‘g‘lini bosiq bo‘lishga undadi.
-Bejo harakat qilsang hammamizni qoldirmay otib tashlaydi. Kelsin.
Muddaosini bilaylik. Shunga qarab ish qilamiz.
– O‘sha komandirning askari,–akasiga o‘girildi Boymirza.–Ostidagi qora terga botgan ot–Oqburun.
Davron beshotarini qo‘liga olib, Xonimqulga to‘g‘riladi.
– Itning bolasi. Sichqonning yugurgani somonxonagacha. Qutilib ketaman deb o‘ylovmiding. Ashqol-dashqollaringni ortib, oldimga tush. Bo‘l, qimirla, hammang.
Xonimqul onasiga yuzlandi. Sultonoy askar tomon besh-olti qadam yurdi.
– Askar bo‘lganing bilan musulmonning bolasisan, o‘g‘lim,–elandi Sultonoy askarga.–Menday sening ham onai zoring bordir. Boshimizga musibat tushdi. Qishloqda qolishga yuzimiz chidash bermadi. Ahvolimizni tushunib turibsan. Qaytarib olib ketmoqchi bo‘lsang, qaytamiz. Ammo, otga rahim qil. Tushib dam ber. O‘zing ham uzoq yo‘l bosib kelding … Och-nahordirsan?
– Jim bo‘l! Yana gap qo‘shadigan bo‘lsang otib tashlayman,– Oqburunni qamchi bilan savaladi askar.– Haliyam ot meniki demoqchimisan.Vaqtni o‘tkazmay o‘g‘illaring bilan oldimga tush.
– Otsang otaqol,–ammo meni sensirama,–Sultonoy borib Oqburunning jilovidan ushlamoqchi bo‘ldi.– Nuqul otaman! deysan. Odam o‘ldirsang, qoni tutishini bilasanmi? Sen o‘g‘lim tengi yigit ekansan. Bu shashtingdan qayt. qo‘lingni qonga bulg‘ab, xudo oldida gunohga botma.
Xonimqul onasining yo‘lini to‘sdi.
– Kerak emas, ena. Qarang ko‘zi qonga to‘lib, qonsirab turibdi. Ulovlarni belini tortib, yuklarni ortinglar,–ukalariga buyurdi Xonimqul.– Ortga qaytamiz.
Yana yo‘l azobi. Bir kecha-kunduz dam olmay yo‘l bosdilar. Askar miltig‘ini o‘qtalganicha Xonimqullarni oldiga solib, haydab kelardi.
– Ulovlarga dam berib, biroz hordiq chiqaraylik, – ancha orqada kelayotgan askardan o‘girilib so‘radi Xonimqul.– Oyoqlarimiz tolib, ulovlar charchab qoldi.
– Mayli,– o‘ziyam shu so‘rovni kutayotgan ekan rozi bo‘ldi askar.– Ovqatlanib, ot-ulovlarni o‘tga qo‘yinglar. Yarim kun vaqt beraman. Men huv-anavi tepalikdan sizlarni kuzatib turaman.
Sultonoy dasturxonga non o‘radi. Qovurib, qoringa solingan qovurdoqdan kosani to‘ldirib, o‘rnidan turdi.
– O‘zim berib kelaman. Sizlardan haymiqadi,– do‘nglik tomon ketayotgan askarga ergashdi Sultonoy.– O‘lgiday och bo‘lsang kerak. Ma, dasturxonni ol.
Askar Sultonoyni o‘ziga yaqinlashtirmadi.
– Yaqinlashmang, dedim sizga. Men sizning qo‘lingizdan yegulik olmayman. Tahdid qilaversangiz, otib tashlayman. Qayting izingizga.
– Otishga ulgurasan, o‘g‘lim. Nonni olaver. Oldin qorningni to‘ydir,– dasturxon bilan qovurdoqli kosani yerga qo‘yib iziga qaytdi Sultonoy.– Bolasi bor ona birovning bolasiga yomonlikni ravo ko‘rmaydi. Senga ham qiyin … Bilib turibman.
Askar otning jilovini tortdi. Otdan tushib, dasturxon va kosadagi qovurdoqni oldi.
Peshinga yaqin yana yo‘lga tushishga taraddud ko‘rildi. Yana yo‘l azobi boshlandi. Askar endi ancha uzoqdan emas, gaplashsa gapni eshitadigan masofada kelayotgan edi.
– Ikki kundan beri birga yuribmiz,–egarga qiyshiq o‘tirib, askar tomon o‘girilib gap tashladi Xonimqul.– Gurunglashaylik, tanishaylik. Tengdosh chiqib qolsak, do‘st, o‘rtoq bo‘lamiz. Mening boshimga tushgan qismatdan xabaring bor. O‘zing haqingda gapirib ber.
– Hayda, ortda qolma,– po‘pisa qildi askar.– Gap qo‘shish ham mumkin emas.
Xonimqul kuldi.
– Bu bir dashtu dala bo‘lsa. Seni kim kuzatayabdi. Boshlig‘ing juda uzoqda. Mumkinu mumkinmasligini ko‘rib o‘tiribdimi? Xotin, bolalaring bormi? Uylanganmisan?
– Hali uylanganim yo‘q,–gapga qo‘shilganini bilmay qoldi askar.– ota-onamni kechasi kelib bosmachilar otib ketishgan. Bo‘ldi. Orqada qolma. Endi gap tamom. Men topshiriqqa asosan ish tutaman.
Xonimqul endi Oqburun bilan gurunglashdi.
– Ha, jonivor. Meni tanib turibsan-a. Sen or va oriyat tulporisan. Ko‘pkari uchun tug‘ilgan eding. Qismatga qara, bugun o‘z sohibingni oldinga solib ketayabsan. Taqdir ekan. Endi meni nima malomatlar kutyabdi, xudo biladi.
Xonimqul askardan so‘radi.
– Oqburunning dovrug‘i haqida eshitganmisan? Sen o‘zi qayerliksan?
Askar ancha hovuridan tushgan,muhim topshiriqni bajarayotgan bo‘lsa-da, ko‘ngli gurungni to‘sayotgan edi.
– Oqburunni kim bilmaydi. Uning dovrug‘i doston bo‘lib, yurt oshgan.
Oqburun sabab oraliq masofa ancha yaqinlashdi. Gap-gapga ulandi. Xonimqul askarga ohor berdi.
– Mana, gurunglashishni ham bilar ekansan. Nuqul osmondan kelasan. Seni ham tushunib turibman. Xafa bo‘layotgan joyim yo‘q. Hukumatning odami bo‘lsang.
– Meni ham tushun,– jo‘rasidan o‘pkagina qilayotgandek uzrini aytdi askar.– Birovga yomonlik qilish niyatim yo‘q. Ammo,birovlardan yomonlik ko‘rib, yuragim tosh qotgan,– boshini egdi askar.– Ota-onamni otib ketishdi.
Xonimqul gapni kovlashtirdi.
– Biror sabab bo‘lgandir.
– Ha.– Hasratini daryo qildi askar.– Sabab bo‘lgan. Bosmachilar Dekmoron qishlog‘iga joylashib olgan, askarlar iziga tushishgan ekan. Kechasi hujum qilib, talofat beribdi. Kimdir “askarlarni Davron boshlab kelgan!” deb bosmachilarni ishontirgan. Men uyda bo‘lmaganman. Ota-onamni otib ketishibdi. O‘tovda yotgan singlimdan haligacha dom-darak yo‘q.
– Sening ham qismating og‘ir ekan, jo‘ra,– Xonimqul kuyundi askarning boshiga tushgan ko‘rgilikdan achinib.– Aytmoqchi, otingni Davron dedingmi?
– Otim Davron,– bosh irg‘adi askar va ko‘rgan-kechirganlarini hasrat bilan gapirdi.– O‘ylab-o‘ylab,askarlarga qo‘shilishdan boshqa chora topolmadim.
Avvaliga, otboqarlikka olishdi. Ikki-uch topshiriqlarni bajarganimdan so‘ng, askarlikka olib, kiyim, qurol berishdi. Sizlarni qaytarib olib borishim ham bir sinov. Xonimqulning ko‘rgiligidan Davronniki kam emas edi.
– Otang-onangni otib ketgan qonxo‘rni ng kimligini bilib oldingmi?
– Men u qonxo‘rni topishim va undan o‘ch olishga qasamyod qilganman. Bo‘ldi jo‘ra. Sen endi mendan uzoqroq yur. Ko‘ngli yumshadi, menga rahm-shafqat qiladi, deb o‘ylama.
Uch kun Xonimqullar bilan yo‘l azobini tortgan Davron ularga ancha ko‘nikkandek bo‘ldi. Xonimquldan hadiksirab tursa-da, Sultonoyning onalarcha ko‘rsatayotgan mehribonchiligi, shirin so‘zlari Davronga onasini eslatib turdi.
– Ota-onangning qasosini ol.– Davronga buyurdi Xonimqul.– Menam yigitman. Otam uchun o‘ch olaman. Davron jo‘ra,– Xonimqul Davronning qo‘ltig‘iga qo‘l soldi.– Bir yaxshilik qil. “Xonimqullarni topolmadim”, deb qaytib ket. Bizlarga oq yo‘l tila. Boshimiz oqqan tomonga ketaylik.
Xonimqulnig gapidan Davron uchib tushdi.
– Nimalar deyabsan! Meni otib tashlashlarini xohlaysanmi? Filimonovni bilmas ekansan. Ko‘zingga boqib, yolg‘on-rost gapirganingni bilib oladi.
– Aytdim qo‘ydim-da,–istehzoli kulib qo‘ydi Xonimqul.–Seni bir sinadim. To‘g‘ri aytasan, bunday qilishga sira haqqing yo‘q.
Ancha vaqt jim ketdilar. Davronning ko‘ngli hadik sezdimi, yoki Xonimqulning vajohatidan o‘zgarishni ilg‘adimi oraliqdagi masofani ancha uzoq olib, harakat qildi.
– Oting yo‘rg‘a ekan,– Xonimqulning otini yurishiga havasi keldi Davronning.– Oqburun lo‘kkillab ichimni chanchuvga to‘ldirdi.
Xonimqul Davronning shunday so‘rov qilishini kutayotgan edi. “Mavridi keldi, foydalanish kerak”.
– Davron jo‘ra,– dedi Xonimqul boya gapirgan gapidan po‘shaymon bo‘lib.–Boyagi gapimdan ko‘nglingga har xil gumonlar kelmasin.– Xudo xohlasa, jo‘ra bo‘ldik. Birga ishlashimizga to‘g‘ri keladi. Ana shunda menga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib, yordam berasan.
Davron Xonimqulga o‘girilib bir qaradi-yu, hech narsa demadi.
– Davron jo‘ra,– taklif kiritdi Xonimqul.– Qo‘lingda beshotar quroling bor.– Sen xavotir olma. Minaman desang bo‘zni senga beraman.
Davron bu daf’a ham Xonimqulning taklifiga javob bermadi. Xonimqul bo‘z otidan tushib,qozig‘ini yerga qoqdi. O‘zi esa ancha masofa uzoqqa bordi.
– Bo‘z otni minib ol, Oqburunni qozig‘ini qoqib qo‘y. Men keyin kelib, minib olaman.
– Bo‘lmaydi,–ko‘nmadi Davron. Bu qizil askarning oti. Mumkin emas.
– O‘zing so‘rading,– hayron bo‘ldi Xonimqul.– Yana bir tomoni bor, jo‘ra. Oqburunni yana minish menga nasib qiladimi, yo‘qmi? Otamning arvohini shod qilgan bo‘lasan. Kel, otlarni almashtiraylik. Hov-ana qirgacha. Keyin yana Oqburunni o‘zing minasan.
Davron yumshagandek bo‘ldi. Oqburundan tushib, arqon uchidagi qoziqni yerga qoqdi. Xonimqul bo‘lsa Davrondan ancha uzoqlashib ketgan edi.
Xonimqul Oqburunni tavof qildi. Badanlarini siladi. Ko‘ngli buzildi. Bo‘g‘ziga alami tosh bo‘lib qotdi.
“Qanday zamon bo‘ldi? O‘z otim o‘zimga begona. Jonivorginam, sening ko‘nglingdan nimalar kechayabdi? Onamni,aka,ukalarimning qismatidan alam yutayotgandirsan? Boshingni ko‘kragimga ishqalayotganingdan hasratingni daryo qilayotganingni sezayapman.Meni kechir.Sen bilan boshqa uchrashamizmi yo‘qmi,xudo biladi.Jonivorim,tulporim qayerda bo‘lsang omon bo‘l.Xudo
mehribon. Balkim yana uchrasharmiz”.
Davronning buyrug‘i Xonimqulning fikr-o‘ylarini buzdi. U uzangiga oyoq qo‘yib, Oqburunga minib oldi. Kayfiyati buzildi. Quloqlariga gap kirmas, kar bo‘lib qoldi. Ko‘zlari xira tortib, yorug‘ kun qora tun bo‘ldi. Vujudi yonib, bilaklariga toshni ezg‘ilab tashlaydigan kuch yengganday bo‘ldi.
– Bo‘z otning yurishi yumshoq,–xursand bo‘ldi Davron.–Qarang yo‘rg‘asidan belboq bo‘lsa, belbog‘ning uchi qimirlamaydi-ya.
– Kel,–jo‘ra,–taklif kiritdi Xonimqul Davronga,–shu tekislikda otlarning jilovini bo‘sh qo‘yib, bir choptirib olaylik.
Xonimqul Oqburunning arqon jilovini yechib olib, bir uchini sirtmoq, bu uchini egarning qoshiga mahkam bog‘lab oldi.
– Qandoq bo‘larkan?–ikkilandi Davron va Xonimqul izidan bo‘z otning jilovini bo‘sh qo‘yib, qamchi bosdi.– Oqburunga bo‘zing yetib olarmikan?
Xonimqul Oqburunning jilovini tortib,bo‘z otga yonma-yon qilish harakatida bo‘ldi. Uzangi-uzangiga tegadigan bo‘lganda sirtmoqni Davronning bo‘yniga solib, Oqburunning jilovini o‘ng tomonga burdi. Bo‘yniga tushgan sirtmoq Davronni ot ustidan uzib oldi. Oqburun qanot yozgandek,samoga suzgandek bo‘lib tekislikdan uchib borar edi. Sultonoy bu holni ko‘rib, o‘g‘illari bilan karaxt bo‘lib qoldi. Xonimqul Davronning jasadini sel suvi yuvib, odam bo‘yi baravar jarlikka tashlab yubordi. Xonimqul Oqburundan tushib, boshini uning o‘mganiga qo‘ydi. Keyin esa uni dashtu dalaga qoldirib, bo‘z otini minib oldi. O‘girilib onasi, aka, ukalariga buyurdi.
– Ortga qaytinglar. Boshimiz oqqan tomonga qarab ketamiz.
Sultonoy o‘g‘liga malomat qildi.
– Nima qilib qo‘yding, o‘g‘lim. Bu yigitning nima aybi bor edi. Endi nima bo‘ladi?
– O‘zim ham nima ish qilib qo‘yganimnm bilmay qoldim, ena. Hozir qulog‘imga gap kirmaydi. Ko‘zim qonga to‘lgan.
Oqburun Xonimqullarga ergashib ancha masofagacha keldi. Haydab, toshpar-ron qilsalar ham qaytmadi. Xonimqul Oqburunni ushlab,boshini siladi. Betini peshonasiga bosdi.
– Ergashma,bizlarga kulfat keltirasan. Sen ham boshing oqqan tomonga yo‘l ol.
Osmonning shimol tomonini qora bulut qopladi. O‘t-o‘lanlarni yulib tashlagudek qattiq shamol turdi. Momaqaldiroq yeru osmonni larzaga soldi.
Chaqmoq chaqildi. Izidan jala, so‘ng esa sharros yomg‘ir yog‘di. Olamni suv bosdi. Soylarni to‘ldirib loyqa sel kela boshladi. Kechga tomon ko‘chmanchi qora bulutlarni shamol, osmonning kun chiqar tomoniga quvdi. Sel bo‘lib yog‘ayotgan yomg‘ir tindi. Kun shafaq rang to‘shagiga kira boshladi. Har tarafdan qushlarning ovozi eshitilib, dashtu qirlarga jon kirdi. Xonimqul ufqqa termilib, og‘ir xo‘rsinib qo‘ydi. Bu kun unga juda og‘ir, xotirasidan hech o‘chmaydigan bir kun bo‘lib qolgan edi.

18.

Jamshid Shahrisabz bozoriga borib yangi gap topib keldi.
– Yakkabog‘ning Cho‘mich qishlog‘ida bir kecha tunadik,– ko‘rganlarini hayajon bilan gapirib berdi amakilariga Jamshid.–Hosiloti ko‘pkarili to‘y berayotgan ekan. Tomosha qildik. Ishonasizlarmi yo‘qmi, men Oqburunni o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim.
– Qo‘y-ye, bo‘lmag‘ur gapni,– Qodirqul jerkidi Jamshid ukasini.– Oqburunni hukumatning qo‘liga tushganiga sakkiz yil bo‘ldi. Sakkizga o‘n birni qo‘shsak o‘n to‘qqiz bo‘ladi. Oqburun o‘lib, suyagi tuproqqa aylangan bo‘lsa kerak. Ot-otga o‘xshaydi.
Jamshid yakkashlik qildi.– Qamashining Mang‘it qishlog‘idan ko‘pkariga Rustam jevachi degan bir boy kelgan ekan. O‘shaning Oqburun degan oti,ko‘pkari sovrinini yarimidan ko‘pini oldi. Ikki yil bo‘libdi Surxondaryoning Sherobodidan kelgan kolxoz raisidan sotib olgan ekan. Tomoshabinlar gurunglashdi. Men osmondan olib gapirayotganim yo‘q.
– Xo‘sh-xo‘sh,– Mardon gapni uloq qilib chopayotganlarga tanbeh berdi.– Eshitinglar qani, gapirayotgan gapini tugatsin,oldin. Jamshid ko‘rgan-bilgan tafsilotini uzilib qolgan joyidan davom ettirdi.
– Rustam jevachi otga xaridor bo‘libdi. Ot kolxozniki ekan. Aslida kolxozning bir a’zosi bug‘doyzorni payhon qilib yurgan egar, abzalli otni ushlab, kolxoz otxonasiga bog‘lab qo‘yibdi. Egasi topilavermagach kolxoz a’zolarining majlisi qarori bilan kolxozning molu mulk hisobidagi daromadga kiritibdi. Shu-shu kolxozning oti bo‘lib qolgan ekan.
Sariq hayajonlanganidan o‘zini tutib turolmadi. Jamshidning yoqasidan olib,o‘ziga qaratdi.
– O‘v-v,bola … O‘v-v bola, gapirayotgan gapingni o‘ylab gapir. Olib qochma gapni …
Jamshid yoqasidan Sariqni qo‘llarini bo‘shatdi.
– O‘zi sizlarga nima bo‘lgan? So‘zimni oxirigacha eshitasizlarmi, yo‘qmi?
Mardonqul ikki tomonni murosaga keltirdi.
– Sen Jamshidboy bularga e’tibor berma. Hikoyangni qolgan joyidan davom ettiraver.
Jamshid yoqasini tekislab, joylashib o‘tirdi.
– Kolxozning otboqari otlarni yaxshi ko‘rar ekan. Oqburunning surat-sumbatini ko‘rib, yaxshi parvarish qilibdi. Ko‘pkariga qo‘shib, zot ayribdi. Polvonligi bor, ekan-da. Keyin Oqburunni uloqchi ot ekanini bilib, katta ko‘pkariga qo‘shibdilar. O‘sha Rustam jevachi surxondaryoliklarning bir ko‘pkarili to‘yiga qatnashib, Oqburunga ishqi tushibdi. Kolxoz raisiga kiribdi. Rais:–Bu yil qish qattiq kelib,chorvadan yuz bosh talofat ko‘rdik, debdi. Rustam jevachi yuz bosh sovliqni berishga rozi bo‘lib, Oqburunni minib kelibdi. Qo‘shxonaga borib, rosa tomosha qildim. Ko‘zim uyilmagan bo‘lsa bu ot –Oqburunning o‘zginasi.
– Endi nima qilamiz,– Mardon og‘aynilariga maslahat soldi.– Surxondaryo, Sherobod … Oqburunning taqdiriga to‘g‘ri kelyapti.–O‘sha – Rustam jevachidan endi Oqburunni sotib, tortib ham ololmaymiz. Oradan sakkiz-to‘qqiz yil vaqt o‘tgan.
– Avval borib Oqburun ekanini aniqlaylik,– Qodirqul fikrini o‘rtaga tashladi.– Keyin bir gap bo‘lar … Hammaga bu gap ma’qul keldi.
– Mulla Sobir, Sariq, Qodirqul, Orif tong sahardan yo‘lga tushamiz,– Mardon yo‘lga tushadiganlarni taraddud ko‘rishini buyurdi – Xonimqul qoladi. Qolgan gaplarni yo‘l-yo‘lakay gaplashib keta beramiz.
– Jamshidni oling,– Orif Mardondan iltimos qildi.– Ko‘zli, sinchiligi ham bor. Bir korimizga yarab qolar. Kerakli yukning og‘irligi bo‘lmay-di, deydilar-ku?
– Mayli,–qo‘lini siltadi Mardon.– Jamshid ham yo‘l hozirligini ko‘rabersin.
Mang‘it qishlog‘i ham dunyoning bir chekkasi ekan. Ketayabdilar, deng keng-likning hech adog‘i ko‘rinmaydi. Qush uchsa qanoti kuyadigan cho‘li biyobon. G‘uzor, Qarshi, Yakkaboqqa tutashib ketgan. Uchinchi kun deganda qishloq uylari ko‘rindi. O‘t o‘rayotgan yigitlardan Rustam jevachining uyini so‘radilar.
– Hu-u, anovi tepalikni tagida,– qo‘l ishorasi bilan yo‘l ko‘rsatdi yigitlar.– Mehmondo‘st odam. Ikkilanmay boraveringlar, katta mehmonxonasi bor.
Mol-hol dashtdan qishloqqa qaytadigan vaqt bo‘ldi. Rustam jevachi shom namozini o‘qish uchun tahorat olayotgan ekan.
– Boy aka! O‘v-v,jevachi bova!– Tashqi hovli tomondan ovoz keldi.– Jevachi aka,ho‘v-v!
– O‘h-ho‘!– Tashqi hovlidan ovoz keldi.– Kelaveringlar! Men uydaman.
Rustam jevachi apil-tapil kiyinib, mehmonlarga peshvoz chiqdi.
– Kech qoldik … Shahrisabz bozoriga o‘tmoqchi edik … Bir kechaga joy berasizmi?
– Mehmon atoi xudo,deganlar. Otdan tushinglar,–mehmonlarga mulozamat ko‘rsatdi. Rustam jevachi va qo‘shib qo‘ydi.– Mehmon kelar eshikdan, risqi kelar teshikdan.
Ta’riflari chin ekan. Keng hovli-joy. Mehmonlar uchun alohida supa. Otlarni bog‘lab qo‘yish uchun sarmixlar … Peshayvonli bostirmada boqilayotgan qo‘ylar … Chayla tagida bosildiriq urilgan ot. Tanaday keladigan uch-to‘rtta it haybatidan cho‘chiysan kishi. Rustam jevachi deganingiz ochiq ko‘ngil odam ekanligi ko‘rinib turibdi. Bir gapiradi, bir kuladi. Dasturxon yozildi.
– Serkalardan birini so‘yinglar,– xizmatkorlariga buyurdi Rustam jevachi.– Bu mehmonlar ulay-bulay mehmonlarga o‘xshamayabdi. Uzoq yurtdan kelishganga o‘xshaydi.
Ziyofatdan so‘ng gurung alla vaqtgacha cho‘zildi. Ko‘pkari, ot, polvonlar haqida galma-galdan suhbat qildilar. Ayniqsa,Oqburun haqida og‘zidan bol tomib gapirdi Rustam jevachi.
– Endi dam olamiz,–boy buva,–Mardon mehmondorchilik uchun minnatdorchilik bildirdi Rustam jevachiga.–Vaqtliroq turib, yo‘lga tushishimiz kerak.
– Otning oldida yo‘l pisandmi,– miyig‘ida kuldi Rustam jevachi.
– Shahrisabz deganingiz dunyoning narigi chekkasida emas. Tulporlarni jilovini bir bo‘sh qo‘yib olsangiz bas. Nahorlik qilasizlar … Ertalabki nasiba degan gap bor.
Orif atayin Rustam jevachining oti bog‘lab qo‘yilgan chayla tomon yurdi.
– Mehmonga qara,– buyurdi xizmatkorlariga Rustam jevachi.– Itlardan ehtiyot bo‘l. Mehmon, bemalol shamollab olavering.
Javzo oyining huzurbaxsh kechasi … Barkashdek oy osmondan borliqni nurafshon qiladigan nur sochib turibdi. Son-sanoqsiz yulduzlar jimirlab, bekinmachoq o‘ynayabdi. Uy sohibi allaqachon shirin uyquga ketgan bo‘lsa-da, mehmonlarning ko‘ziga uyqu kelmas, ertangi kun mashmashalarini o‘ylab, ko‘ngillari behalovat edi.
– Xo‘sh,sinchiklab ko‘rdingmi,– pichirlab Orifdan so‘radi Mardon.– Belgilari kelyabdimi?
– Oqburunning o‘zi,– ishonch bilan gapirdi Orif.– Endi nima qilamiz?
– Oqburunga kishan ur!– topshiriq berdi Orifga Mardon.– Itlardan ehtiyot bo‘l.
– Rustam jevachidan iltimos qildim,– ishni puxta qilganini maqtandi Orif.– Kechasi ikki-uch marta uyg‘onaman. Peshobim turmaydi. Itlarni bir chorasini qiling, dedim. Jevachi xizmatkorlariga buyurib, itlarni tashqi hovliga oldi.
Mardonqul xursand bo‘ldi.– Balosan, balo. Har holda ehtiyot bo‘lib harakat qil, deymanda.
Rustam jevachi saharxez odam ekan. Hovlini bir aylanib chiqdi. Oqburunning oyog‘idagi kishanga ko‘zi tushib,ensasi qotdi. Xizmatkorini chaqirdi.
– Oqburunga sen kishan soldingmi?
– Yo‘q,– hayron bo‘ldi xizmatkor.– O‘limdan xabarim bor, kishandan xabarim yo‘q.
Mehmonlar kiyinib, taraddud ko‘ra boshladilar. Orifning sabrsizligi bor-da. Rustam jevachiga ro‘ba-ro‘ bo‘lib:
– Jevachi aka, Oqburunga men kishan urdim. Otimni yo‘qotgan edim. Sakkiz yildan beri bormagan manzilim, so‘ramagan odamim qolmadi. Daragini eshitib kelayapmiz, aka.
– Bu nima deganing,– Rustam jevachining jon-poni chiqib ketdi Orifning gapidan. – Men bu kecha qo‘ynimda ilon saqlagan ekanman-da.
Rustam jevachining hovlisi qishloq odamlaridan to‘ldi. Unisi u isbotni aytsa, bunisi boshqa dalil keltirardi. Talashib,tortishishlar janjalga aylanadigan bo‘ldi. Oxiri Rustam jevachi insofga keldi.
– Janjalga yo‘l ochmaylik. Bu ishni qozi hal qiladiganga o‘xshaydi.
Oqburunni Sheroboddan sotib olganimni qishloqdoshlarim yaxshi bilishadi.
– Bizlar rozimiz,– Rustam jevachining taklifiga ko‘ndi Mardon.– G‘uzor qozisiga arz qilamiz. Qanday qarorga kelsa, taqdirimizdan ko‘ramiz.

19.

Qozi ikki tomonning da’volarini eshitdi. Xulosa chiqarish esa ancha mushkil edi.
– Bir haftadan keyin kelasizlar,–qozi arz ishini yakuniy xulosasini keyinga qoldirdi.– Sheroboddan aniq ma’lumot kelishini kutamiz. Ot ixtiyorimizda turadi.
Hayajonli kun ham keldi. Qozi Rustam jevachini ba’zi narsalarni aniqlab olish uchun so‘roq qilishdan bugungi ishni boshladi.
– Ismi sharifingiz?
– Rustam jevachi Eshmurodboy o‘g‘li.
– Otning hozirgi egasi sizmi?
– Ha, menman.
– Otni sotib olganingizga necha yil bo‘ldi.
– Ikki yil. Sheroboddan … Kolxoz raisi yuz bosh sovliqqa baholab bergan. Mana hujjati.
– Otingizni yaxshi taniysizmi? Aytmoqchimanki, belgilarini to‘liq bilasizmi?
– Bilaman.
– Shoshilmang … Otning belgilarini qoldirmay aytib bering. Narigi xonaga o‘ting, yozib olishadi.
– Otga da’vogar kim? Orif o‘rnidan turdi.
– Men – Orif Shoto‘ra o‘g‘li.
– Siz qoling, boshqalar tashqarida kutib tursin.
– Biz kelishib bir to‘xtamga keldik,– qozidan izn so‘radi Mardon.– Ot Orifniki bo‘lsa-da, Jamshid ukasi boqib, qaragan .Kechadan beri Orifning boshi og‘rib, kasal bo‘lib qoldi. Nima so‘rovingiz bo‘lsa Jamshid javob beradi.
Qozi atrofida o‘tirgan hay’atga qaradi.
– Sizlar nima deysizlar?
– Kelishgan bo‘lsa, bizlar rozimiz.
– Sizlar chiqib turinglar. Jamshid Shoto‘ra o‘g‘li qolsin.
Qozi Jamshidni so‘roqqa tutdi.
– Otni kimdan sotib olgansiz?
– Xonazot. To‘riq biyaning bolasi.
– O‘g‘irlatganmisiz?
– Shunday desayam bo‘ladi. Erta bilan tursak sarmixda bir quloch arqonini kesib qoldiribdi. Ot sayisxonada yo‘q edi. Minib ketibdi.
– Minib ketganini qayoqdan bilasiz?
– O‘g‘ri otni yetaklab yurmaydi. Minib olib, tizginini bo‘sh qo‘yadi.
– Narigi xonaga o‘tasiz. Otning belgilarini aytasiz. Yozib olishadi.
Kimning isboti ko‘proq bo‘lsa, ot o‘shaniki bo‘ladi.
– Rahmat.
Qozi qarorni ertaga o‘qiydigan bo‘ldi. Ikki tomonning odamlari cho‘g‘ni ustida o‘tirgandek… Ko‘ngillar bezovta, hayajon halovatni buzmoqda. Jamshid bergan isbotidan ko‘ngli to‘qroq … Oqburun sakkizga kirganida kasal bo‘lgan edi. Zarif dumining uchini kesib, o‘ng qulog‘ining tubidan qumursqa o‘yma qilib kesib, qonini chiqaruvdi. Anorbuloq qishlog‘idagi ikki kunlik ko‘pkarida katta sovrinni olib chiqayotganida, takaning singan va terisidan nayzadek chiqib turgan poycha suyagi chap sonini tilib yuborgan edi. Do‘nonligida ayg‘ir ot bo‘ynini g‘ajib, yara qilgan joyi bor. Yoli tagida ana shu yaraning chuqurcha bo‘lib qolgan o‘rni bo‘lsa kerak. Dumida o‘n-o‘n besh oq tolasi bor.
Orif o‘qtin-o‘qtinda o‘rnidan ilkis turib,Jamshidga o‘shqirardi.
– Ayt qani, nimalar deding? Belgilarini to‘liq aytdingmi? Senga ishonib, sharmanda bo‘lmaylik tag‘in?
– G‘isht qolipdan ko‘chdi,– jazavaga tushayotgan akasiga ters keldi Jamshid. – Sabr qiling. Natijani kutaylik … Gapiriladigan gap qolmadi.
Bugun tole’ kimga kulib boqarkan? Rustam jevachi yutib chiqsa-chi? O‘n yetti kunlik sarsanu bedorlikni aytmaysizmi?
– Hukm o‘qiladi,– qozixonada ishlaydigan mutasaddi da’vogarlarni ichkariga da’vat etdi.– Hamma ichkariga kirsin.
Qozi ishni Rustam jevachidan boshladi.
– Eshmurod o‘g‘li Rustam.
– Men,– o‘rnidan turdi Rustam jevachi.– Otxonadagi otlar ichidan otingizni topib, yetaklab chiqing.
Da’vogar tomon karaxt bo‘lishdi. G‘ala-g‘ovur boshlandi. Kimdir qozining nohaq ish tutganidan norozi bo‘ldi.
– Jim!– hozir bo‘lganlarni tartibga chaqirdi qozi.– Sabr qilinglar!
Birozdan keyin Rustam jevachi tushkin bir kayfiyatda kirib keldi va qoziga dedi.
– Otxonadan men otimni topolmadim. Ot otxonada yo‘q.
Qozi da’vogar tomonni chaqirdi.
– Jamshid Shoto‘ra o‘g‘li.
– Men.
– Otxonaga boring, otingizni topib oling.
Zalda jimlik hukmron bo‘ldi. Hamma Jamshidning kelishini intiqlik bilan kutdi. Jamshid otxonaga kirib, boylovli otlarni bitta-bitta ko‘rdi. Jamshid suvga bo‘ktirilgan nonday otxonadan bo‘shashib chiqdi.
– Topolmadingmi?–otboqar Jamshidga mahmiz kirdi.– Yaxshilab qara, Oqburun shu yerda. Ko‘zing ko‘rmi?
Qozi tarafdan kelganlar otxonadan tashqarida edilar. Jamshid otboqarga minnatdorchilik bildirib, iziga qaytdi. Otlarni sinchiklab qayta ko‘rib chiqdi. Otxonaning to‘ri qorong‘i edi. Burchakdagi kalta boylovli otga ko‘zi tushdi. Eskirib, uvadaga aylangan jul, bo‘ynidan, qulog‘igacha yolpush yoyilgan … Xariga tortib bog‘lab qo‘yilgan edi. Arqonni yechib, ro‘shnolikka tortdi.
Adashmadi–bu Oqburun edi.
– Men shu yerdaman, deb kishnab qo‘ymaysanmi, jonivor, –Jamshid Oqburunning bo‘ynidan quchoqladi. –Jonimni chiqarib yubording-ku!?
Qozi xulosani o‘qidi.
– Jamshid Shoto‘ra o‘g‘li otni tanidi. Ikkinchidan, otning belgilarini Rustam jevachidan ko‘ra ko‘proq va aniq ayta oldi. Qozilik hay’ati bir fikrga kelib, hukm chiqardik.– Ot Jamshid Shoto‘ra o‘g‘liga berilsin!
Qodir, Mardon, Orif qanot chiqargandek bo‘ldilar. Harakatlari besamar ketmaganidan quvonchlari ichlariga sig‘mas edi.
Oqburunning qaytib kelishi qishloq ahlining shodiyonasiga aylandi. Ayniqsa, Xonimqul, onasi Sultonoyning xursandchiligi … Shoymardon oqsoqol tirilib kelgandek bo‘ldi. Sultonoy onani aytmaysizmi? Rumoli bilan Oqburunni badanidagi qotib qolgan terlarini artib chiqdi. Xonimqulning ko‘zlaridan sevinch yoshlari oqardi. Yuzini Oqburunning yoliga bosib, ko‘z yoshlari bo‘lib oqayotgan alam va sitamlarini atrofidagilardan yashirardi.
– Oqburunim! Asl otim! Otamning moli! Jonivorim! Halol molim! Sadoqatli tulporim! Mana, yana uyingga kelding, diydorlashdik.
Xushxabarning qanoti bor, deydilar. Oqburunning qaytgani afsona bo‘lib ikki o‘ra odamlari orasida tarqaldi. Bir haftadan beri ko‘raman deb kelayotganlarning izi uzilmaydi.
– Ozibdi, jonivor!
– O‘zgarmagan-a. Ko‘rinishi o‘sha-o‘sha. Bundayroq ot bo‘lganda allaqachon o‘lib, suyagi tuproqqa aylanardi,– ko‘rganlar baho berardi.– Boqing. Bu yil Katta O‘rada ko‘pkarili to‘y ko‘p.
Qarang-a … Bugun Tangiharamning Quruqsoy qishlog‘idan bir to‘da odamlar kelishdi. Oqburunni ko‘ramiz, deb kelganlar-da.
– Ruxsat bering,– Mardondan iltimos qilishdi ishqibozlar.– Oqburunni bir ziyorat qilaylik.
Sayisxonadan chiqarib, yolong‘ochladilar.
Ariqlanganini demasa, o‘zgarmagan,– dedi atrofdagilarga Dada kal.– O‘n bir yoshida bosmachilarga tushdi, bir yil qizil askarlar mindi. Yo‘qolganiga sakkiz yil bo‘ldi. Rustam jevachi ikki yil uloq choptirgan bo‘lsa hozir Oqburun yigirma ikki yoshda. Qaribdi jonivor.
Dada kal Kichik O‘raning nomdor chavandozi.U beo‘rin Oqburunni ko‘rgani kelmagan. Xonimqul mehmonlarni uyga taklif qildi.Gurung ancha cho‘zildi. So‘ngra Dada kal muddaoga o‘tdi..
– Vafodor ot ekan. Bir odamday aqli bor. Bu ot emas, Shoymardon oqsoqolning davlati. Endi Oqburunni nima qilmoqchisizlar?
– Nima qilardik,– javob berdi Xonimqul.– Sakkiz yil musofirlikda yashadim. Omon-omon bo‘lgach qishloqqa qaytdim. Oqburunni qayta ko‘raman deb o‘ylamagan edim. Boqib,ko‘pkariga qo‘shaman. Yana or talashamiz. Hali Oqburunning chavandozlari Husan bilan Boyto‘ra kuchdan qaytmagan. Yuragida o‘ti bor.
– Unday qilma,–e’tiroz bildirdi Xonimqulga Dada kal.– Oqburunni menga ber. Mendan esa bir suruv qo‘y ol .Mol-holdan ajralib, ro‘zg‘orni charchatib qo‘yding. Yigitga davlat ham kerak. Sen boqib choptirding nima-yu, men choptirdim nima? Rahmatli Shoymardon oqsoqol bilan aka–uka tutingan edim, xudoni o‘rtaga qo‘yib. Bu xonadondan quruq qaytmayman, deb o‘ylayman. Mana amakilaring, og‘aynilaring … O‘ylab ko‘ringlar,– Mardonqulga yuzlandi. Dada kal.– Buning ustiga Oqburun qaridi. Ikki-uch yildan so‘ng ko‘pkariga yaramay qoladi.
Dada kaldan bu so‘rovni kutmagan edilar. Mulla Sobir bo‘lsa Mardonqul, Orif, Sariqlarga ko‘z urishtirdi.
– O‘ylab ko‘rishga muhlat bering,– mulla Sobir oradagi jimjitlikni
buzdi.– Bir qizga uch-to‘rt marta sovchi keladi. Sababi, obdon o‘ylab, keyin rozi bo‘lish. Biz bir qarorga kelaylik. Fikrimiz bir joydan chiqsa, Xonimqul bilan Boymirzani sizga yuboramiz. Oqburunni ko‘rgani kelayotganlarning izi uzilgani yo‘q. Sotib yuborsak, nokaslikda ayblab, malomat qilishmaydimi? Uch oy muhlat bering.
– Uch oy bo‘lsa uch oyda,– rozi bo‘ldi Dada kal.–Ammo, savdosini pichib qo‘ysak, yomon bo‘lmas …. Savdo halol bo‘lishi kerak. Ota-bolaning ertasida mol-pul hisobli-kitobli bo‘ladi. Men kam so‘ramayman. Bir yuzu yigirma qo‘zili sovliq beraman.
Mardon og‘aynilari nomidan gapirdi.– Sotadigan bo‘lsak sizga sotamiz.
Dada kal mulla Sobirga yuzlandi.
– Qani mulla, ochiq ko‘ngil bilan bir duo bering.
Dada kalning ko‘ngli joyiga tushdi. Jo‘nashi oldidan Oqburunni egarlatdi. Belini Xonimqulga torttirdi. Uzangiga oyoq qo‘yishidan oldin egarning qoshidan ushlab, bor kuchida o‘ziga qarab silkib tortdi. Oqburunning oyoqlari yerda qadalgandek mahkam, gavdasi bo‘lsa chayqalmadi. Oqburunni minib, jilovini bo‘sh qo‘ydi. Yakka jilov qilib, iziga qaytardi. Yugurishida burgut changali qilib yerdan mushtday toshni enkayib oldi. Dada kal ko‘pkarida Oqburunni minib zot ayirgan chavandoz. Sinab ko‘rdi, shekilli. Hali kuchdan qaytmaganidan ko‘ngli to‘lib, Oqburundan tushdi. Uning xursandligi yuzidan bilinib turar edi. Odamlar Dada kalning maqsadini Oqburunni egarlatganidan bilgan edi.

20.

Dada kal to‘rt yil Oqburunni choptirdi. Qasd qilib, or talashgan zotini ayirdi. Ammo, yildan-yilga Oqburunning kuchdan qaytayotganini sezardi. Avaylab to‘daga qo‘shar, to‘da og‘ir bo‘lsa, koyitmay,takaning yo‘nalishini poylar edi. Oqburun qarib, hunar chiqargan edi. Tulkiday fintli, ziyrak edi. Takani chavandoz taqimiga olsa, sakrab-sakrab chopardi-yu, bir to‘xtab chap yo o‘ng tarafga burilardi. Yakka bo‘lib chiqishini birov ko‘rib, birov ko‘rmay qolar edi.
Beshinchi yilning qishi qattiq keldi. Ko‘p qor yog‘di. Oqburunni suvlatgani buloqqa minib borsa, mo‘nkib, qoqiladigan bo‘ldi. Buni sovuqning ta’siri deb bildi. Bahorda ham, bu qusur yo‘qolmadi. Dada kal endi Oqburunni ko‘pkariga qo‘sholmas, tomoshaga minib turar edi. Tishlari arpani yorolmasdi. Tegirmondan yorib chiqarib beradigan bo‘ldi. Bahor tugab, yozning issiq kunlari boshlandi. Oqburun qovjiragan o‘tlarni ham o‘tlayolmay qoldi. Oqburunning umri tugab borayotganini Dada kal bildi. Uni ingichka maydoniga yetaklab bordi. Yalang‘ochlab, no‘qtasini boshidan sidirib oldi.
¬– O‘lib qolasanmi, deb xavotirdaman,– do‘sti bilan vidolashganday xayr xush qildi Dada kal.– Oqburunim, do‘stginam … Parvarish qildim, suydim. –Orim uchun, oriyatim uchun kurashding. Dovrug‘ing taralmagan qishloq, go‘sha qolmadi. Seni tanimagan odamning o‘zi yo‘q. Ko‘pkari ishqibozlari qalbida yashaysan. Sen o‘lmaysan. Kelib turaman, xabarlashaman. Hozircha, omon bo‘l.
Ikki kunni o‘tkazib Dada kal Oqburundan xabar oldi. Tashlab ketgan joyidan ozroq masofa siljibdi. Kunlarni yotish bilan o‘tkazgani bilinib turibdi. O‘t-o‘lanlar payhon bo‘lib, yotib qolgan.Turg‘izdirib, buloq tomon haydadi.
– Suv ich. Noumid bo‘lma. Hali sen yashaysan. Maboda, o‘lib-netib qolsang, boshingni kafan qilib, jasadingni qabr qozib, ko‘maman.
Dada kal, betini Oqburunning yoliga bosdi. Tushlarini, qaltirab turgan oyoq-larini, qoqsuyak qovurg‘alarini siladi. Oqburun ham egasining iztirobini tushunganday osilib qolgan labini Dada kalning betiga tekkizdi. O‘pganga o‘xshash harakat qildi. Ko‘zlarida yosh halqalanib, betidan sirg‘alib pastga oqa boshladi.
– Nega unday qilyapsan,–Dada kal kimsasiz maydonda o‘kirib yubordi.¬– Men bilan xayrlashmoqchimisan. Meni tashlab ketayapsanmi?
Oradan bir kun o‘tdi.Dada kalning sabri chidamadi. Oqburundan xabar olgani keldi. Oqburunni hech qayerdan topolmadi. Axtardi, archazor ham jilg‘a, soy ham qolmadi. Duch kelgandan so‘radi. Ko‘rdim degan odam topilmadi.
– Bir kun oldin hu ana u buloq boshida ko‘rgan edim,– dedi miroxur Chori Ortuq Dada kalga. Kun botar tomonga qarab, o‘tlamay karaxt turgan edi.
Oqburunning to‘satdan yo‘qolib qolishi g‘alati bir voqea bo‘ldi. Odamlar orasida ertakka o‘xshash gaplar tarqaldi.
– Oqburunning parisi bor edi. Parilari uzoq-uzoqlarga olib ketishgan.
– Oddiy ot emas edi. Nazarkarda ot edi,–afsona to‘qirdi odamlar.– Tulpor edi. Tulporning qanoti bo‘ladi. Osmonu falakka uchib ketgan bo‘lsa, ajabmas.
– Shoymardon oqsoqolning arvohi kelib, yetaklab ketgan. Oqburun nurga aylangan. Shuning uchun hech qayerda izi, jasadi yo‘q.
Dada kal to‘qima gaplarni qaysi biri haqiqatga yaqin bilolmay boshi qotdi. Bunday o‘ylab ko‘rsa shu gaplarda ham jon borga o‘xshaydi.
Bir haftadan keyin Dada kalga xabar keldi.
– Oqburundan xabar bor ,chavandoz,–ruhi tushgan bir alpozda gapirdi Ibrohim cho‘pon.– Xonimqul sohibining uyiga boribdi. Qay vaqt borganini hech kim ko‘rmagan. Sayisxonaga kiribdi-yu, o‘lib qolibdi.
Dada kal bu mudhish xabarni eshitib, oyoqlaridan darmoni qochdi. Cho‘kallab panjalarini musht tutdi. Keyin mushtlarini ustiga peshonasini bosib, beun tosh qotdi. Uning shu topda xayolidan nima voqealar kechayotgani faqat o‘ziga ayon edi!

21.

Hisor bobosi gapirib bergan Oqburun haqidagi qissani tugatdi. U cho‘kkalab olib, boshini egib o‘ksinib-o‘ksinib yig‘ladi. Ko‘zlaridan jala bo‘lib oqayotgan ko‘z yoshi betini yuvar edi.
– Boboginam! Bobojonginam! Qanday mehribon, shirin so‘z, so‘zga chechan edingiz. Endi sizni qaylardan topaman?
Hisorning aytib-aytib ko‘nglini bo‘shatayotganidan mehmonlar ham chidab turolmadilar.To‘rda o‘tirgan Normurod Qulay yelkalari turgan Hisorni bag‘riga bosdi.
– Hay bolaginam-ayt. Bobong rahmatli hammamizga qadrdon, aziz inson edi. Joylari jannatda bo‘lsin. Bu dunyoda hammamiz omonatmiz. Mana bobong o‘rniga seni qoldirib ketdi. Bobongni ko‘rganday bo‘lib turibmiz.
– Qarang-a,– Normurod Qulayning gapiga qo‘shildi mehmonlardan biri,– so‘zga chechan, aqlli bola ekan. Sen Oqburun ot qismatini gapirib berayapsan, biz bo‘lsak o‘tgan kunlarda Shoymardon oqsoqolning qora kunlarida birga bo‘ldik.
Oqburun ot va otasi haqidagi hikoyani gapirib berib, bobo nevarasining qo‘lida omonatini topshirgan ekan. Shu to‘g‘rimi?,– poygakda o‘tirganlardan biri savol tashladi.
Normurod Qulay Boymirza boboning naverasi – Hisorga ko‘p nasihat qildi. Ko‘nglini ko‘tardi.
– Sen-ku to‘qson yoshga kirib vafot etgan bobongga qayg‘urayapsan. Men ota, onamni tanimayman. Bir og‘iz “o‘g‘lim!” degan so‘zlarini eshitmadim. Diydorlarini ko‘rib qolganimda bu dunyoda armonsiz yashar edim.
Normurod Qulay sag‘irlikda birovlarning qo‘lida o‘sgan qora kunlari ko‘z oldiga keldi. O‘zini qo‘lga olib, gap ravishini o‘zgartirdi.
– Hisor bolaginam! Boymirza bobongni o‘limi haqida ham gapirib ber. Seni bag‘riga bosib,jon taslim qilgan ekan.
Boshqalar ham dalolat qilishdi:
– Gapirib ber! Gapirib ber!
Hisor ko‘z yoshlarini artib, ancha vaqt jim turdi. U boshini ko‘tarib bobosi omonatini qanday topshirganini siniq ammo ta’sirli bir ovozda so‘zlay boshladi:
– Tun qora libosini kiydi. Sukunat. Xonada jim-jitlik. Lampa shishali chiroqdan taralayotgan siniq nur bobosining zafaron, qonsiz yuzini yanada nursiz qilib ko‘rsatmoqda edi. Men piyoladagi suvga paxtani botirib, bobomning lab atroflarini ho‘llab, og‘ziga suv tomizib turdim. Bobom bo‘lsa butun vujudi bilan, bor kuchini tiliga berib Oqburun haqidagi hikoyasini aytib tugatishga harakat qilmoqda. Hamma uyg‘oq. Bu kech bobomning otasi Shoymardon oqsoqol xonadoni boshiga tushgan o‘tgan kunlarning qora xotiralar qismati jonlanayotgan edi. Bobom armon bo‘lib tosh qotgan dardidan forig‘ bo‘lgandek bo‘ldi. U hayajon bilan gapirdi. Gapirganda ham xo‘p gapirdi. Hikoyasini tugatib, taskin topdi.Boshini orqaga tashladi. Toliqqan, haqiqatan ham toliqqan edi. Ko‘zlarini yumib, chuqur-chuqur nafas oldi. Men bobosini o‘rniga yotqizib, boshiga yostiq qo‘ydim. Bobom huzurlangandek bo‘lib, oyoqlarini uzatdi. Chuqur bir “Uf!!” tortdi. Uning yuragidagi alam va iztiroblari ana shu chiqargan chuqur nafasi bilan xoli bo‘lgandek edi. Bu payt tong endi bo‘zara boshlagan mahal edi. Men ham bobomning yoniga omonat yonboshladim. Irodadan uyqu g‘olib chiqdi. Men ham g‘aflat to‘shagiga bosh qo‘yib, orom osmonida suzayotgan edim.
Endi quyosh nurini ona zamin uzra sochayotgan mahal. Zaynab momom meni turtkilab uyg‘otdi. Ammo, Boymirza bobomni abadiy uyqudan ikkovlashib ham uyg‘ota olmadik. Ming afsus!!!
Hisor hech kimga e’tibor bermay, hech kimdan ijozat olmay o‘rnidan turib, mehmonxonadan chiqib ketdi.
Ammo, bir narsa ayon bo‘ldi. Yuqorida Hisor nevara so‘zlab bergan Shoymardon oqsoqolning qismati va Oqburunning sadoqati haqidagi hikoya Boymirza bobodan qolgan o‘lmas xotira bo‘lib qoldi.

Manba: “Sohibqiron yulduzi” jurnali. 2016 yil, № 3-4 sonlar. Qarshi shahri.

04

(Tashriflar: umumiy 728, bugungi 1)

Izoh qoldiring