Uchinchi daryo mavjlari. O’zbekiston xalq shoiri Omon Matjon bilan suhbat

03314 феврал — Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллуд топган кун

    Яхши шеър ёзиш истеъдодни, уни маромига етказиб ўқий олиш эса чинакам санъаткорликни талаб этади. Омон акага бунинг иккаласи ҳам насиб этган. Айниқса, шеърини ўзи ўқиганда бу ҳол яққол сезилади: сатрларни бўлиб-бўлиб, нозик жойларини оҳиста, залворли жойларини эса жаранглатиб ўқиганда шеърнинг қирралари биллурдай ярақлаб кетади, жозибаси бўртиб кўринади, тагмаънолари жилоланиб очилади…

УЧИНЧИ ДАРЁ МАВЖЛАРИ
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон билан
Сафар Оллоёр  суҳбати

04

09 Яхши шеър ёзиш истеъдодни, уни маромига етказиб ўқий олиш эса чинакам санъаткорликни талаб этади. Омон акага бунинг иккаласи ҳам насиб этган. Айниқса, шеърини ўзи ўқиганда бу ҳол яққол сезилади: сатрларни бўлиб-бўлиб, нозик жойларини оҳиста, залворли жойларини эса жаранглатиб ўқиганда шеърнинг қирралари биллурдай ярақлаб кетади, жозибаси бўртиб кўринади, тагмаънолари жилоланиб очилади…

Омон ака билан суҳбат қилиш истаги аллақачон туғилганди. Бироқ қулай фурсат тополмай юргандим. Ниҳоят таниқли шоиримизнинг 60 ёшга тўлаётгани баҳона бўлдию, қўнғироқ қилиб табрикладим ва мақсадимни айтдим. Рози бўлди, лекин шарт қўйди: «Фақат ноодатий саволлар бўлса, оддий суҳбатлардан фарқ қилса!», деди. Очиғи, бундай «теша тегмаган», ноёб саволларни топа олмадиму, шунга бир қадар ҳаракат қилдим.

— Ижтимоий шароит, муҳитнинг ижодга таъсири кундай равшан. Бироқ, холисона айтганда, Вақтнинг ижодга таъсири қандай?

— Бу жудаям мураккаб савол. Бундай қараганда, Вақт шундай нарсаки, ҳисобласа — бор, ҳисобламаса — йўқ. Уни эра, аср, йил, кун, соат деб белгилаб олганмиз, бу яхши нарса. Чунки умрнинг ўлчовли эканлигиниям билдириб туради ҳар ҳолда соат. Барибир ижтимоий шароит умр манзилларига жиддий қарашга мажбур қилади ва бунинг ўзиям яхши. Келган йўлига бир қараб, бу ёғига нима иш қилиш кераклигини одам бир ўйлаб кўради, белгилаб олади.

— Шеърда айтганингиздек:

Кўкдан ерга бир не туташ кўринар,
Умр — ўз бурчингни ўташ кўринар.
«Авлодлар алмашар!» — деган гап бекор,
Бу — ҳар кимни бир-бир синаш кўринар.

— Чиндан ҳам бу бир синов-да…

— Ўз-ўзини танқид масаласига қандай қарайсиз?

— Евгений Евтушенконинг шундай бир гапи бор: Ёзган китобларимни, аввал битган шеърларимни варақлаб «Наҳотки шуларни мен ёзган бўлсам, бундан дурустроқ ҳам ёзишим мумкин эди-ку». дейман баъзан, дейди. Мана шу ўз-ўзини танқид, ижодкор учун аввалги ёзганларига ўхшамайдиганроқ яна бир бошқа шаклларда ёзишга интилиш — бу мен учун мароқли иш. Чунки бу ерда ўқиган китобларингнинг озлиги, малакаларингга эътибор бермаётганинг маълум бўлиб қолади.

— Муайян давр, дейлик, бугуннинг тақозоси ва атрофингиздаги одамлар муносабатига эътибор берасизми?

— Бугунни анализ қилиш учун одамда ҳам турмуш малакаси, ҳам ўқув малакаси, ҳам уқув малакаси бўлиши керак. Агар, дейлик, бугун бир ибратли сўзни замондошинг айтса, бу ҳақда анов олим ундай, фалон донишманд бундай деган эди-ку, деб эслай олиш лозим. Шунинг учун одам ёзган нарсасини ҳам қаттиқ танқид қилиб ташлайдиган, ҳам жуда мақтайдиган, ҳам бир маромда фикр айтадиган — уч хил одамларга эълон қилишдан олдин асарини ўқитса, фойдадан холи бўлмайди.

— Бўш вақтингизга қараб ижодий кайфият ярата оласизми ўзингизда?

— Ҳақиқатан ўринли савол. Биласизми, Сафар, баъзида икки-уч кунлаб ёлғиз қоламан, шуни яхши кўраман. Баъзан ғоялар, фикрлар, шеърга мавзу бўладиган қизиқ нарсалар бошга келиб юради — ўн кун, бир ой, уч ой, олти ой… Асосийлари, иккинчи даражали бўлмаганлари эсдан чиқиб кетмай тўхтовсиз қайтиб келаверади. Бўш вақт менга шуларни қоғозга тушириш учун керак бўлади. Кўпинча одамлар ҳайрон бўлади: қанақа қилиб бунча асар ёзасиз, учрашув кўп, сафарлар кўп, қолаверса, иш… Бунда бўш вақтнинг таъсири албатта бор. Кайфият ҳам дурустроқ бўлиши керак.

— Ноўрин камситадиган кимсаларга қандай муносабатда бўласиз?

— Баъзан ноўрин хафа қилишса, ичимда «ўч олсаммикан, бировлар шуни қиляпти-ку, кўриб турибман мен» дейман. Лекин менга отамнинг, бошқа яхши одамларнинг насиҳати бор: жазо, ўч Худоники, сен аралашма! Шундай деб таскин топасану, лекин жудаям устингга чиқиб олишигаям қўйиб қўйиш керак эмас. Ёмон жазоланмаса, демак, у яна давом этаверади-да. Қанақадир бир йўлини топиш керак. Шунинг учун умрнинг, одамга берилган катта сукут лаҳзаларининг, тинчликнинг, осойишталикнинг қадрига етиш керак.

— Барибир ўз давримиздан ажралиб яшолмаймиз…

—Тўғри, ўз давримизнинг одамларимиз. Биз кўпчиликнинг шодлиги билан шодланиб кетаверамиз. Бошқаларнинг ташвиши сенинг ташвишингдай туюлади. Кеча ҳалиги «Колумбия» кемасининг ҳалокати тафсилотларини кўриб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди… Йигирма йиллик кема эди у, ҳавонинг қаттиқ қатламига дош беролмай портлаб кетди. Унинг ичида ҳинд қизиям бор, исроиллик одам ҳам бор — турли миллат вакиллари бор. Очиқ космосдаги элчиларимиз эди-да улар.

— Инсон кутилмаган вазиятлардан, ҳатто ҳодиса-фалокатлардан ҳам теран хулоса чиқариши лозим, демоқчисиз-да?

— Ҳа, Вақт ҳисобга ўтмайди, дедиму суҳбатимиз бошида. Қизиқ-да, шахматчилар ўртасидаги соатнинг тугмачасини босганда рақибнинг ҳисобига чиқиллаб ишлай бошлайди: «қани юр юришингни» деб бир-бирига соат тугмасини босиб қўйишади-ку. Ўзининг эмас, рақибининг вақтини белгилайди аслида улар. Менингча, «қани юр, юришингни қил» деб ҳаёт — Худойи таоло бизга шундай Вақтни берган экан, унинг неъматларидан, барча яхшиликларидан фойдаланмоққа ҳамма муяссар бўлсин:

Яшаш, бу — орзулар қанотин кермоқ,
Яшаш, бу — муҳаббат гулларин термоқ.
Яшаш, бу — умрнинг гулгун дамларин
Эл учун яшамоқ, эл учун бермоқ.

— Сизнингча, бадиий ижод қилишнинг қизиқлиги нимада?

— Менинг «Учинчи дарё» деган шеърим бор. Машҳур ҳофизимиз Отажон Худойшукуровга бағишланган бир пайт. Мен уни айтишни яхши кўраман:

Мен гоҳи Сирдарё сайлига борсам,
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:
Гўё яқин жойда оқиб ётгандай
Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув.

Шу ҳолга тушаман Хоразмда ҳам,
Буюк Амударё бўйида туриб.
Гўё Жайҳундан-да катта бир наҳр
Яқингина жойдан оқар ўкириб.

Бу нима? Қандайин сирли овоз бу,
Ерданми, кўкданми келар бу садо?!
Наҳот, тупроғимда кўзга ташланмай
Оқиб ётган бўлса учинчи дарё!

Билмадим, мени кўп таъқиб этади
Шу сирли акс-садо, шу илоҳий ун.
Руҳим жуда юксак бўлар шу кезлар,
Вужудим тупроққа жудаям яқин.

Менингча, нозиллик деган бир гап бор — одамнинг хаёлига гўзал ўй-фикрлар, ҳофизларга мусиқий унлар бир ердан келиб қолади. Бизнинг Ўзбекистонимизда жудаям азим, кўринмай оқиб турган дарё шовқинлари эшитилиб, «олдинга суз» деб турган, кўнгилга келган яхши хабарларни — нозилликни эҳтиёт қилиш, энг гўзал шакл ва мазмунга ўраб, кўпчилик билан ўртоқлашиш керак.

Энг улуғ ҳикмат шунда: менга келган чиройли гапни, фикрни яхши одамларга, ёнимдагиларга айтишим керак. Улар ҳам токи кўнглига бир нарса олсин. Турмушнинг, ҳаётнинг гўзаллиги шундан иборат. Менинг шахсан битта ўзимга ҳеч нарса керак эмас. Гўзал нарсаларни бўлишаман, баҳам кўраман бошқалар билан. Ёмон нарсаларни ҳар кимга айтавермайман…

— Менингча,шу саволга жавоб мана бу тўртлигингизда ҳам бор:

Мингтадан бир жонни ул доно Ҳакам
Истеъдод нури-ла этар мукаррам.
Инсон бу неъматни муҳтарам айлаб,
Баҳраманд этса шарт бошқаларни ҳам!

— Яхши эслатдингиз.
— Услубни шоирнинг ўзи ўйлаб топади. Аммо шеър йўналишини унинг табиати, аниқроғи, руҳияти белгилайди… Нега шундай?

— Бу жуда тўғри. Мисол учун шаклда ҳам гап кўп. Одамнинг шакли ҳар хил, аммо хотира авлоддан авлодга қандай ўтишини ҳали ҳеч ким билмайди. Шакл танлаш — физиологик ҳодиса. Ўн бир бўғиндан ортиғини, масалан, ўн олти бўғинни ўқишга овозим етадими-йўқми?! Бу нафаснинг қуввати билан боғлиқ-ку! Шакл танлангандан кейин энг қийин жойи — руҳнинг юкини унинг ичига киритиш. Мен бўғин санамайман, шеърнинг ўзи қуйилиб келганда ўша руҳнинг кучи шаклни танлаб беради. Руҳ — ички овоз айтиб туради, туртки беради. Шеърнинг қоғозга тушиши энди ўша шоирнинг саводи, ҳали айтдим: ўпка-овоз имкониятлари билан боғлиқ ҳодиса бўлиб қолади. Бу — бир-бирини тақозо қиладиган шакл ва мазмун бирлиги.

— Кейинги пайтда шаклбозлик шеъриятимизда ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Айтганингиздек, ўз услубига руҳиятини муштарак қилолмасликнинг оқибати экан-да бу?

045— Мен ёш шоирларимизнинг, ким бўлсаям, ҳамма шаклларини қабул қиламан, майли, ёзаверишсин. Хоккуда ёзиш ҳам бир вақтлар урф бўлганди, кейин танкада, майли, сочмада, верлибр деймиз — ёзишсин. Лекин гап у нима демоқчи эканлигида! Одамлар яхши ўқиб, уқиб олиши керак уни.

Гёте айтади: шоир уч босқичдан ўтиши керак. Биринчи босқич — жудаям содда ёзади, ҳалиги, Қуёш чиқди ярқираб, Сувлар оқди шарқираб… сингари; иккинчи босқич — (агар шоир шунга кўтарила олса, кучи бўлса) жуда мураккаб. У нима ёзаётганини ўзиям билмайди ҳатто. Сўзлар қуйилиб келиб қолди-да деб нима бўлса қоғозга тушираверади. Буям ўтиши керак. Бу яхши, ёмон эмас. Бу — жисми, руҳи учун синов. Лекин учинчи босқич келади. Бунга ҳамма шоир чиқолмайди. У содда, тушунарли ёзади, лекин жуда кўп маъно ижодида яширинган бўлади… Мен Гёте кўрсатган мана шу учинчи босқични ёш шоирларга, балки ўзимизгаям тилайман.

— Масалан, ёзгансиз-ку:

Ўзга сайёрада бир шоир гўдак
Бешигин мақтарди тўқиб куй-эртак.
Наҳотки шу қадар қўмсар, соғинар
Қўл-оёғи боғлиқ пайтларни, тентак!..

Комил инсон тушунчаси ҳақида кўп ўйлаймиз. Умуман, қандай инсонларда комиллик аломатлари бор, сизнингча?

— Комиллик дунёнинг ўз қурилган шаклу мазмунидай жуда мураккаб нарса. Тасаввуфдаги етти босқич бекорга келтирилган эмас. Худойи таолонинг қаршисида ёлғиз ўзинг қолмоқчи бўлсанг, у томонга бир қадам юрмоқчи бўлсанг — ўзни покла. Дастлаб одам ўзини жисман, руҳан поклай олиши комиллик сари олдинга қўйилган бир қадам.
Комиллик жуда катта билимни, албатта, билимни ва яна билимни, кейин маълум ҳаётий тажрибаларни, ўхшаш нарсаларни кузатишдан хулоса қила олишни талаб қилади. Ҳамма ҳам хулоса чиқаравермайди. Комилликка боришнинг асосида мантиқ туради.
Бизнинг шароитимизда энг комил деб эл орасида шунга интилаётган одамни айтиш мумкин. Бунинг замирида дийдор, инсоний муносабатлар билан боғлиқ, жуда кўп нарса мавжуд.

— Улуғ тарихий шахсларнинг бадиий образларини яратишнинг ўзига хос мураккабликлари, нозик жиҳатлари нималарда кўринади? Мана, Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги «Халоскор руҳ» асарингизни ёзишда Сиз нималарга эътиборни қаратдингиз?

— Рассомдек хаёлимни чизиб беролмагач, шу ожиз ҳолимда шоирманми мен, дейди Чўлпон. Навоий, Огаҳий ғазалларига мухаммас боғлаганман, аммо Машраб ҳақида ёзишдан доим қўрққанман. Чунки, у — авлиё. Уни ёзиш учун инсон қандайдир ўзга ҳолатга кирмоғи керак… Тушда чўқмор билан қувиб қолмаса, ёзишга журъат қилса бўлади. Авлиёлар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Худди шундай улуғ инсонлар бор. Улар ҳақида ёзишинг учун ё у зот тушингда аён бўлиши, ё ўзинг руҳан тайёр бўлишинг керак. Шайх Кубро, Яссавий ҳазратлари, Хожа Аҳрор Валий, Машраб, Сўфи Оллоёр — билганларим, билмаганларим қанча. Булар ҳақида ёзишга маълум диний-тасаввуфий қоидаларни ўтаб, покланиб, тозаланиб, кейин қўл урмоқ керак. Иримиям, анъанасиям шу.

— Суҳбатимизни вақт мавзуси билан бошлаган эдик, хотимаси ҳам шунга яқин бўлса: мана, олтмиш ёшга тўлдингиз — бу тўй, яхши, албатта. Аммо вақт нуқтаи назаридан қандай: бирпасда шу ёшга келиб қолгандай бўлмаяпсизми?

— Вақт ададсиз тушунча. Яратган, бандаларини бир қур ўзига назар ташласин деб тонгни оттиради, кунни боттириб, ўзига, ўз ҳаётига яна бир боқиб кўрсин деб тағин тонгга пешвоз қилаверади. Бунинг бари инсон учун имконият. Файласуфлардан бири, менингча, Аристотел айтган, худо ерни мукаммал қилиб яратган: унинг на пойгаги, на тўри бор — айлана шаклда, деб. Қуёш атрофида қанча планеталар мавжуд. Агар энг яқин юлдузга одам етиб бора олса ва «Биз шу юлдузга етиб келдик» деган хабарни радиотўлқин орқали Ерга юборса, бу товуш 42 йилда етиб келаркан! Ғафур Ғулом айтганидек, «Узилган бир киприк, абад йўқолмас, Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид…»

Шундай экан, менга яшаш учун вақтни кўп бердинг ёки оз бердинг, деб шаккоклик қилиб бўлмайди. Мен Ўзбекистонда туғилганимдан бениҳоя хурсандман. Яна, умримни тинч замонга раво кўргани учун Оллоҳга бениҳоя шукроналар айтаман.

— Сир бўлмаса, қандай янги асар устида ишлаяпсиз?

— Мен одатда янги асаримни, битмагунча, сир сақлар эдим, бугун нимагадир айтгим келяпти. Ҳозир тарихий бир асар устида ишлаяпман, йўналиши, сюжетлари — ҳаммаси тайёр. Фақат сиз айтгандай, бир ижодий кайфият бўлиб қолса, қоғозга тушириб олсам бўлгани. Ҳозирча бари хаёлимда. Тарихда Хоразм томонларда Тўрабекхоним деган малика яшаган. Уни Султон Сунжор (Санжар эмас) севиб қолган, малика оилали бўлишига қарамай унга уйланмоқчи бўлган. Малика кўнмаган. Сунжор Амударёнинг унинг салтанатига оқадиган ўзанини (у пайтда Жайҳун ўша жойларда учга бўлиниб оққан) бўғиб қўйган. Шунда малика қўриқчилари билан султоннинг олдига бориб, аёлнинг макри-ҳийласи деймизми, тадбиркорлиги ё зукколиги деймизми, ўзанни бир ўзи очтирган. Энди, буни қандай амалга оширган?…

— Демак, бу ёғи асардан маълум бўлади.

— Ҳа, шундай бўлгани маъқул.

— Номи қанақа?

— Шу, «Тўрабекхоним» деб атаяпман. Битса, биринчи навбатда бир қисмини севимли «Адабиёт ва санъат» газетамизга, тўлиғини «Шарқ юлдузи»га олиб бораман, иншоолло.

— Сизга ижодий кайфият ва куч-қувват тилайман.

— Раҳмат, чин дилдан раҳмат. Саломат бўлинг.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 7-сони.

08

UCHINCHI DARYO MAVJLARI
O’zbekiston xalq shoiri Omon Matjon bilan
Safar Olloyor suhbati

04

027Yaxshi she’r yozish iste’dodni, uni maromiga yetkazib oʻqiy olish esa chinakam san’atkorlikni talab etadi. Omon akaga buning ikkalasi ham nasib etgan. Ayniqsa, she’rini oʻzi oʻqiganda bu hol yaqqol seziladi: satrlarni boʻlib-boʻlib, nozik joylarini ohista, zalvorli joylarini esa jaranglatib oʻqiganda she’rning qirralari billurday yaraqlab ketadi, jozibasi boʻrtib koʻrinadi, tagma’nolari jilolanib ochiladi…

Omon aka bilan suhbat qilish istagi allaqachon tugʻilgandi. Biroq qulay fursat topolmay yurgandim. Nihoyat taniqli shoirimizning 60 yoshga toʻlayotgani bahona boʻldiyu, qoʻngʻiroq qilib tabrikladim va maqsadimni aytdim. Rozi boʻldi, lekin shart qoʻydi: «Faqat noodatiy savollar boʻlsa, oddiy suhbatlardan farq qilsa!», dedi. Ochigʻi, bunday «tesha tegmagan», noyob savollarni topa olmadimu, shunga bir qadar harakat qildim.

— Ijtimoiy sharoit, muhitning ijodga ta’siri kunday ravshan. Biroq, xolisona aytganda, Vaqtning ijodga ta’siri qanday?

— Bu judayam murakkab savol. Bunday qaraganda, Vaqt shunday narsaki, hisoblasa — bor, hisoblamasa — yoʻq. Uni era, asr, yil, kun, soat deb belgilab olganmiz, bu yaxshi narsa. Chunki umrning oʻlchovli ekanliginiyam bildirib turadi har holda soat. Baribir ijtimoiy sharoit umr manzillariga jiddiy qarashga majbur qiladi va buning oʻziyam yaxshi. Kelgan yoʻliga bir qarab, bu yogʻiga nima ish qilish kerakligini odam bir oʻylab koʻradi, belgilab oladi.

— She’rda aytganingizdek:

Koʻkdan yerga bir ne tutash koʻrinar,
Umr — oʻz burchingni oʻtash koʻrinar.
«Avlodlar almashar!» — degan gap bekor,
Bu — har kimni bir-bir sinash koʻrinar.

— Chindan ham bu bir sinov-da…

— Oʻz-oʻzini tanqid masalasiga qanday qaraysiz?

— Yevgeniy Yevtushenkoning shunday bir gapi bor: Yozgan kitoblarimni, avval bitgan she’rlarimni varaqlab «Nahotki shularni men yozgan boʻlsam, bundan durustroq ham yozishim mumkin edi-ku». deyman ba’zan, deydi. Mana shu oʻz-oʻzini tanqid, ijodkor uchun avvalgi yozganlariga oʻxshamaydiganroq yana bir boshqa shakllarda yozishga intilish — bu men uchun maroqli ish. Chunki bu yerda oʻqigan kitoblaringning ozligi, malakalaringga e’tibor bermayotganing ma’lum boʻlib qoladi.

— Muayyan davr, deylik, bugunning taqozosi va atrofingizdagi odamlar munosabatiga e’tibor berasizmi?

— Bugunni analiz qilish uchun odamda ham turmush malakasi, ham oʻquv malakasi, ham uquv malakasi boʻlishi kerak. Agar, deylik, bugun bir ibratli soʻzni zamondoshing aytsa, bu haqda anov olim unday, falon donishmand bunday degan edi-ku, deb eslay olish lozim. Shuning uchun odam yozgan narsasini ham qattiq tanqid qilib tashlaydigan, ham juda maqtaydigan, ham bir maromda fikr aytadigan — uch xil odamlarga e’lon qilishdan oldin asarini oʻqitsa, foydadan xoli boʻlmaydi.

— Boʻsh vaqtingizga qarab ijodiy kayfiyat yarata olasizmi oʻzingizda?

— Haqiqatan oʻrinli savol. Bilasizmi, Safar, ba’zida ikki-uch kunlab yolgʻiz qolaman, shuni yaxshi koʻraman. Ba’zan gʻoyalar, fikrlar, she’rga mavzu boʻladigan qiziq narsalar boshga kelib yuradi — oʻn kun, bir oy, uch oy, olti oy… Asosiylari, ikkinchi darajali boʻlmaganlari esdan chiqib ketmay toʻxtovsiz qaytib kelaveradi. Boʻsh vaqt menga shularni qogʻozga tushirish uchun kerak boʻladi. Koʻpincha odamlar hayron boʻladi: qanaqa qilib buncha asar yozasiz, uchrashuv koʻp, safarlar koʻp, qolaversa, ish… Bunda boʻsh vaqtning ta’siri albatta bor. Kayfiyat ham durustroq boʻlishi kerak.

— Nooʻrin kamsitadigan kimsalarga qanday munosabatda boʻlasiz?

— Ba’zan nooʻrin xafa qilishsa, ichimda «oʻch olsammikan, birovlar shuni qilyapti-ku, koʻrib turibman men» deyman. Lekin menga otamning, boshqa yaxshi odamlarning nasihati bor: jazo, oʻch Xudoniki, sen aralashma! Shunday deb taskin topasanu, lekin judayam ustingga chiqib olishigayam qoʻyib qoʻyish kerak emas. Yomon jazolanmasa, demak, u yana davom etaveradi-da. Qanaqadir bir yoʻlini topish kerak. Shuning uchun umrning, odamga berilgan katta sukut lahzalarining, tinchlikning, osoyishtalikning qadriga yetish kerak.

— Baribir oʻz davrimizdan ajralib yasholmaymiz…

—Toʻgʻri, oʻz davrimizning odamlarimiz. Biz koʻpchilikning shodligi bilan shodlanib ketaveramiz. Boshqalarning tashvishi sening tashvishingday tuyuladi. Kecha haligi «Kolumbiya» kemasining halokati tafsilotlarini koʻrib, koʻzlarimdan yosh chiqib ketdi… Yigirma yillik kema edi u, havoning qattiq qatlamiga dosh berolmay portlab ketdi. Uning ichida hind qiziyam bor, isroillik odam ham bor — turli millat vakillari bor. Ochiq kosmosdagi elchilarimiz edi-da ular.

— Inson kutilmagan vaziyatlardan, hatto hodisa-falokatlardan ham teran xulosa chiqarishi lozim, demoqchisiz-da?

— Ha, Vaqt hisobga oʻtmaydi, dedimu suhbatimiz boshida. Qiziq-da, shaxmatchilar oʻrtasidagi soatning tugmachasini bosganda raqibning hisobiga chiqillab ishlay boshlaydi: «qani yur yurishingni» deb bir-biriga soat tugmasini bosib qoʻyishadi-ku. Oʻzining emas, raqibining vaqtini belgilaydi aslida ular. Meningcha, «qani yur, yurishingni qil» deb hayot — Xudoyi taolo bizga shunday Vaqtni bergan ekan, uning ne’matlaridan, barcha yaxshiliklaridan foydalanmoqqa hamma muyassar boʻlsin:

Yashash, bu — orzular qanotin kermoq,
Yashash, bu — muhabbat gullarin termoq.
Yashash, bu — umrning gulgun damlarin
El uchun yashamoq, el uchun bermoq.

— Sizningcha, badiiy ijod qilishning qiziqligi nimada?

— Mening «Uchinchi daryo» degan she’rim bor. Mashhur hofizimiz Otajon Xudoyshukurovga bagʻishlangan bir payt. Men uni aytishni yaxshi koʻraman:

Men gohi Sirdaryo sayliga borsam,
Koʻnglimga keladi qiziq bir tuygʻu:
Goʻyo yaqin joyda oqib yotganday
Sirdaryodan koʻra kattaroq bir suv.

Shu holga tushaman Xorazmda ham,
Buyuk Amudaryo boʻyida turib.
Goʻyo Jayhundan-da katta bir nahr
Yaqingina joydan oqar oʻkirib.

Bu nima? Qandayin sirli ovoz bu,
Yerdanmi, koʻkdanmi kelar bu sado?!
Nahot, tuprogʻimda koʻzga tashlanmay
Oqib yotgan boʻlsa uchinchi daryo!

Bilmadim, meni koʻp ta’qib etadi
Shu sirli aks-sado, shu ilohiy un.
Ruhim juda yuksak boʻlar shu kezlar,
Vujudim tuproqqa judayam yaqin.

Meningcha, nozillik degan bir gap bor — odamning xayoliga goʻzal oʻy-fikrlar, hofizlarga musiqiy unlar bir yerdan kelib qoladi. Bizning Oʻzbekistonimizda judayam azim, koʻrinmay oqib turgan daryo shovqinlari eshitilib, «oldinga suz» deb turgan, koʻngilga kelgan yaxshi xabarlarni — nozillikni ehtiyot qilish, eng goʻzal shakl va mazmunga oʻrab, koʻpchilik bilan oʻrtoqlashish kerak.

Eng ulugʻ hikmat shunda: menga kelgan chiroyli gapni, fikrni yaxshi odamlarga, yonimdagilarga aytishim kerak. Ular ham toki koʻngliga bir narsa olsin. Turmushning, hayotning goʻzalligi shundan iborat. Mening shaxsan bitta oʻzimga hech narsa kerak emas. Goʻzal narsalarni boʻlishaman, baham koʻraman boshqalar bilan. Yomon narsalarni har kimga aytavermayman…

— Meningcha,shu savolga javob mana bu toʻrtligingizda ham bor:

Mingtadan bir jonni ul dono Hakam
Iste’dod nuri-la etar mukarram.
Inson bu ne’matni muhtaram aylab,
Bahramand etsa shart boshqalarni ham!

— Yaxshi eslatdingiz.

— Uslubni shoirning oʻzi oʻylab topadi. Ammo she’r yoʻnalishini uning tabiati, aniqrogʻi, ruhiyati belgilaydi… Nega shunday?

— Bu juda toʻgʻri. Misol uchun shaklda ham gap koʻp. Odamning shakli har xil, ammo xotira avloddan avlodga qanday oʻtishini hali hech kim bilmaydi. Shakl tanlash — fiziologik hodisa. Oʻn bir boʻgʻindan ortigʻini, masalan, oʻn olti boʻgʻinni oʻqishga ovozim yetadimi-yoʻqmi?! Bu nafasning quvvati bilan bogʻliq-ku! Shakl tanlangandan keyin eng qiyin joyi — ruhning yukini uning ichiga kiritish. Men boʻgʻin sanamayman, she’rning oʻzi quyilib kelganda oʻsha ruhning kuchi shaklni tanlab beradi. Ruh — ichki ovoz aytib turadi, turtki beradi. She’rning qogʻozga tushishi endi oʻsha shoirning savodi, hali aytdim: oʻpka-ovoz imkoniyatlari bilan bogʻliq hodisa boʻlib qoladi. Bu — bir-birini taqozo qiladigan shakl va mazmun birligi.

— Keyingi paytda shaklbozlik she’riyatimizda haddan ziyod koʻpayib ketdi. Aytganingizdek, oʻz uslubiga ruhiyatini mushtarak qilolmaslikning oqibati ekan-da bu?

— Men yosh shoirlarimizning, kim boʻlsayam, hamma shakllarini qabul qilaman, mayli, yozaverishsin. Xokkuda yozish ham bir vaqtlar urf boʻlgandi, keyin tankada, mayli, sochmada, verlibr deymiz — yozishsin. Lekin gap u nima demoqchi ekanligida! Odamlar yaxshi oʻqib, uqib olishi kerak uni.

Gyote aytadi: shoir uch bosqichdan oʻtishi kerak. Birinchi bosqich — judayam sodda yozadi, haligi, Quyosh chiqdi yarqirab, Suvlar oqdi sharqirab… singari; ikkinchi bosqich — (agar shoir shunga koʻtarila olsa, kuchi boʻlsa) juda murakkab. U nima yozayotganini oʻziyam bilmaydi hatto. Soʻzlar quyilib kelib qoldi-da deb nima boʻlsa qogʻozga tushiraveradi. Buyam oʻtishi kerak. Bu yaxshi, yomon emas. Bu — jismi, ruhi uchun sinov. Lekin uchinchi bosqich keladi. Bunga hamma shoir chiqolmaydi. U sodda, tushunarli yozadi, lekin juda koʻp ma’no ijodida yashiringan boʻladi… Men Gyote koʻrsatgan mana shu uchinchi bosqichni yosh shoirlarga, balki oʻzimizgayam tilayman.

— Masalan, yozgansiz-ku:

Oʻzga sayyorada bir shoir goʻdak
Beshigin maqtardi toʻqib kuy-ertak.
Nahotki shu qadar qoʻmsar, sogʻinar
Qoʻl-oyogʻi bogʻliq paytlarni, tentak!..

Komil inson tushunchasi haqida koʻp oʻylaymiz. Umuman, qanday insonlarda komillik alomatlari bor, sizningcha?

— Komillik dunyoning oʻz qurilgan shaklu mazmuniday juda murakkab narsa. Tasavvufdagi yetti bosqich bekorga keltirilgan emas. Xudoyi taoloning qarshisida yolgʻiz oʻzing qolmoqchi boʻlsang, u tomonga bir qadam yurmoqchi boʻlsang — oʻzni pokla. Dastlab odam oʻzini jisman, ruhan poklay olishi komillik sari oldinga qoʻyilgan bir qadam.

Komillik juda katta bilimni, albatta, bilimni va yana bilimni, keyin ma’lum hayotiy tajribalarni, oʻxshash narsalarni kuzatishdan xulosa qila olishni talab qiladi. Hamma ham xulosa chiqaravermaydi. Komillikka borishning asosida mantiq turadi.

Bizning sharoitimizda eng komil deb el orasida shunga intilayotgan odamni aytish mumkin. Buning zamirida diydor, insoniy munosabatlar bilan bogʻliq, juda koʻp narsa mavjud.

— Ulugʻ tarixiy shaxslarning badiiy obrazlarini yaratishning oʻziga xos murakkabliklari, nozik jihatlari nimalarda koʻrinadi? Mana, Xoja Ahror Valiy haqidagi «Xaloskor ruh» asaringizni yozishda Siz nimalarga e’tiborni qaratdingiz?

— Rassomdek xayolimni chizib berolmagach, shu ojiz holimda shoirmanmi men, deydi Choʻlpon. Navoiy, Ogahiy gʻazallariga muxammas bogʻlaganman, ammo Mashrab haqida yozishdan doim qoʻrqqanman. Chunki, u — avliyo. Uni yozish uchun inson qandaydir oʻzga holatga kirmogʻi kerak… Tushda choʻqmor bilan quvib qolmasa, yozishga jur’at qilsa boʻladi. Avliyolar bilan hazillashib boʻlmaydi. Xuddi shunday ulugʻ insonlar bor. Ular haqida yozishing uchun yo u zot tushingda ayon boʻlishi, yo oʻzing ruhan tayyor boʻlishing kerak. Shayx Kubro, Yassaviy hazratlari, Xoja Ahror Valiy, Mashrab, Soʻfi Olloyor — bilganlarim, bilmaganlarim qancha. Bular haqida yozishga ma’lum diniy-tasavvufiy qoidalarni oʻtab, poklanib, tozalanib, keyin qoʻl urmoq kerak. Irimiyam, an’anasiyam shu.

— Suhbatimizni vaqt mavzusi bilan boshlagan edik, xotimasi ham shunga yaqin boʻlsa: mana, oltmish yoshga toʻldingiz — bu toʻy, yaxshi, albatta. Ammo vaqt nuqtai nazaridan qanday: birpasda shu yoshga kelib qolganday boʻlmayapsizmi?

— Vaqt adadsiz tushuncha. Yaratgan, bandalarini bir qur oʻziga nazar tashlasin deb tongni ottiradi, kunni bottirib, oʻziga, oʻz hayotiga yana bir boqib koʻrsin deb tagʻin tongga peshvoz qilaveradi. Buning bari inson uchun imkoniyat. Faylasuflardan biri, meningcha, Aristotel aytgan, xudo yerni mukammal qilib yaratgan: uning na poygagi, na toʻri bor — aylana shaklda, deb. Quyosh atrofida qancha planetalar mavjud. Agar eng yaqin yulduzga odam yetib bora olsa va «Biz shu yulduzga yetib keldik» degan xabarni radiotoʻlqin orqali Yerga yuborsa, bu tovush 42 yilda yetib kelarkan! Gʻafur Gʻulom aytganidek, «Uzilgan bir kiprik, abad yoʻqolmas, Shunchalar mustahkam xonai xurshid…»

Shunday ekan, menga yashash uchun vaqtni koʻp berding yoki oz berding, deb shakkoklik qilib boʻlmaydi. Men Oʻzbekistonda tugʻilganimdan benihoya xursandman. Yana, umrimni tinch zamonga ravo koʻrgani uchun Ollohga benihoya shukronalar aytaman.

— Sir boʻlmasa, qanday yangi asar ustida ishlayapsiz?

— Men odatda yangi asarimni, bitmaguncha, sir saqlar edim, bugun nimagadir aytgim kelyapti. Hozir tarixiy bir asar ustida ishlayapman, yoʻnalishi, syujetlari — hammasi tayyor. Faqat siz aytganday, bir ijodiy kayfiyat boʻlib qolsa, qogʻozga tushirib olsam boʻlgani. Hozircha bari xayolimda. Tarixda Xorazm tomonlarda Toʻrabekxonim degan malika yashagan. Uni Sulton Sunjor (Sanjar emas) sevib qolgan, malika oilali boʻlishiga qaramay unga uylanmoqchi boʻlgan. Malika koʻnmagan. Sunjor Amudaryoning uning saltanatiga oqadigan oʻzanini (u paytda Jayhun oʻsha joylarda uchga boʻlinib oqqan) boʻgʻib qoʻygan. Shunda malika qoʻriqchilari bilan sultonning oldiga borib, ayolning makri-hiylasi deymizmi, tadbirkorligi yo zukkoligi deymizmi, oʻzanni bir oʻzi ochtirgan. Endi, buni qanday amalga oshirgan?…

— Demak, bu yogʻi asardan ma’lum boʻladi.

— Ha, shunday boʻlgani ma’qul.

— Nomi qanaqa?

— Shu, «Toʻrabekxonim» deb atayapman. Bitsa, birinchi navbatda bir qismini sevimli «Adabiyot va san’at» gazetamizga, toʻligʻini «Sharq yulduzi»ga olib boraman, inshoollo.

— Sizga ijodiy kayfiyat va kuch-quvvat tilayman.

— Rahmat, chin dildan rahmat. Salomat boʻling.

Manba: «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2003 yil 7-soni.

045

(Tashriflar: umumiy 154, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мен учун ҳол сўранг Омон Матжондан

    Ука бўлиш мумкин, дўст бўлиш мумкин,
    Ош қатиқ ичмасдан бир дастурхондан.
    Йўлиниз тушса гар кун келиб, бир кун,
    Мен учун ҳол сўранг, Омон Матжондан.

    Хоразм юртида даҳолар бисёр,
    Хоразм юртида буюклар кўпдир.
    Осмонни таъзимга келтирган минг бор,
    Суюклар кўпдирлар, суюклар кўпдир.

    Жайҳунку ҳар битта Хоразмликнинг,
    Гумбурлаб юракда жўшган қонидир.
    Мироби шоирдир, устаси шоир,
    Фарқи йўқ фуқаро ваё хонидир.

    Шеърнинг дарёсида мен бир кичик хас,
    Қисматга тобеман қайсидир ондан.
    Йўлингиз тушса гар, мен учун бир пас,
    Ёнидан жой сўранг, шоир Омондан.

    Шеър ёзмоқ осондир, шоирлик қийин,
    Бир бор йўқотганинг минг бор йўқотиб.
    Қолмоқ бир қийиндир, кетмоқ минг қийин,
    Қуёш чиққанида қуёшдай ботиб.

    Майлида, бу ҳам бир шеърдирда беун,
    Шеър ҳам яралади гоҳида жондан.
    Йўлингиз тушса гар кун келиб, бир кун ,
    Мен учун ҳол сўранг, Омон Матжондан

Izoh qoldiring