Ullibibi Otayeva. Ikki maqola

09   Нимаики ширин, пинҳона, қўл етмас бўлса, одамлар унга беихтиёр интилишади.Ганж дафина-ёпиқ хазиналар доимо хаёлларни ўғирлаб, кўнгилларга ғулғула солиб келмоқдаки, кишилар унга етишиш муродида ўз ҳаётларини таҳлика остига қўйишади, жон-жон деб гаровга беришади.

07
УЛЛИБИБИ ОТАЕВА
ИККИ МАҚОЛА
Умид Бекмуҳаммад тайёрлаган
07

08Уллибиби Отаева 1948 йил 22 апрелда Хива шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология факультетини тамомлаган (1976). Дастлабки шеърлар тўплами — «Нашида» (1976). Шундан сўнг шоиранинг «Бармоқлар сеҳри» (1980), «Замин дарғаси» (1991), «Шукрона» (вафотидан сўнг чоп этилган, 1998) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Навоий ғазалига шарҳлар ёзган. 1996 йил Москва шаҳрида вафот этган; Хивада дафн қилинган.
07

НАВОИЙ САБОҚЛАРИ

Нимаики ширин, пинҳона, қўл етмас бўлса, одамлар унга беихтиёр интилишади.Ганж дафина-ёпиқ хазиналар доимо хаёлларни ўғирлаб, кўнгилларга ғулғула солиб келмоқдаки, кишилар унга етишиш муродида ўз ҳаётларини таҳлика остига қўйишади, жон-жон деб гаровга беришади. Бир пайтлари инсоний умр кечиришларнинг асоси бўлмиш имонга даъват этувчи Қуръон сураларини такрор этгани, Навоийни кўнглига жой айлагани, Қодирийни мутолаа қилгани учун маърифат эгаларини турмага тиқдилар. Олис элларга сургун қилдилар. Гўё бу билан муқаддас сўзлару уларнинг маънисини англовчиларни хотирларидан ўчириб тинчидилар. Лекин одамзод хотирасининг ўта қайсар ўжарлигига , ундан ниманики ўчириб ташламоқчи бўлсалар, савқи табиий шуур ила уни асрашга мойил эканлигига, қўл етмас нарсаларга кўнгил билан етишиш завқлироқ эканлигини англашга уларнинг фаҳму идроклари ожизлик қилди. Кушандалик даъвогарлари ўзлари курашган нарсанинг халоскорлари бўлиб чиқиши табиий эмасми?!

Аловуддиннинг муборак номи тилсим қилинган хазина токи у камолга етгунча аждаҳою девлар қуршовида жон асрамадими?! Энди ҳамма гап хазинани қандоқ сарф этишда, оёқ ости бўлишдан асрай олишда. Бу гапларни биз назарда тутаётган ўз хазинамиз, маънавий-маданий меросимизга нисбатан тадбиқ қиладиган бўлсак, хатарли йилларда уларни сергак хазинабонлар-“оғзи маҳкам, содиқ маҳрам” қабристонлару, энг ноёб бисотлар учун ясалган пишиқ пухта сандиқлар асраб беришди. Эндиликда улар учун биз масъулмиз.Аввал ганжида пинҳонлигидан фиғон чекканлар, энди улар беқадр бўлиб қолишидан озор чекмасалар эди:

Бунча арзончилик- бунча тўкин замон,
Сўзларинг-дурларинг сочилар ҳар ён.
Уларни теришга эгилмас ҳеч ким,
Уларнинг қадрига мен гирён…

дея нола қилишмасалар эди. Бу ганжина тасарруфимизга ўтгани билан уни қандоқ очамизу, ундан нечук баҳраманд бўламиз? Донишманд хазиначи сирли кулимсиради:

Неча ганж ичра бўлса гавҳару дур,
Кўрки, бордур анинг калиди темур.

Ганж, хазинани очиш, дуру гавҳарларга эга бўлиш йўли битта-оддий темирдан ишланган калитни қўлга киритиш.Темирнинг қора тер тўкиб қилинадиган машаққатли меҳнат рамзи, темирчиликнинг серзаҳмат иш эканлигини хотирласак, энг ноёб хазина эгаси бўлмоқ-Навоий ижодини озми-кўпми тушунмоқ учун машаққатлардан чўчимаслик, билмаганни сўрашдан орланмаслик шартларини англаб оламиз. “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” даям шунга ишора бор.

1.Дурнинг асл маъноси инжу, йирик марварид, иккинчиси асарларга ишора: Шайх Фаридиддин Аттор асарига ишора: Ул сочилган дурни бу ҳазратнинг олий исмига вазн қаффасиға ( тарози палласига) қўйдим. ( “Назм ул-жавоҳир” , 31-бет).

Албатта, Навоийнинг ҳар бир сўзи дур, ҳар байти ганж. Хўш, бу ердаги сочилган дур деганда у қайси асарини кўзда тутаяпти ва нима мақсадда Аттор номини тилга олаяпти. Ёдимизга Алишербекнинг болалигида яширин ёд олинган “Мантиқ ут-тайр”, ёлғизликка мойил ўғлининг тақдиридан хавотирга тушган ота-она ва ниҳоят Навоийнинг ўз иқрори келади:

Ўртадим алам элини, ўзни ҳам,
Қуш тилидан ўзга қилмай сўзни ҳам.

Биз Навоийнинг устози деб Жомий ҳазратларини тушунамиз.Тўғри. лекин Алишербекни болалигиданг мўъжизаларга ошно қилган, келажагини белгилаб берган “Мантиқ ут-тайр” муаллифи 300 йил нарида туриб унга устозлик қилганидан ҳам кўз юмуб бўлмайди. “ Ё Парвардигор, маҳларда туриб мени дўзахга ташлагин, лекин гавдам шундай улкан бўлсинким, мендан ўзга ҳеч ким сиғмасин!”

“Мантиқ ут-тайр”дан олинган бу нола Алишербекнинг қулоғида умр бўйи жарангламаганида, ўз ҳаётини одамзод саодати йўлида бунчалик беминнат бахшида эта олармиди?!

Муддаодан узоқлашмай, дур сўзидан ўзга маъноларни изласак:

3.Дур-кўз ёши. Хўш. Тахир шўр сув қачон дурга тенг топилади? Қачонки у қорин учун эмас, қадр учун, арзимас қўл кири нарсалар учун эмас, ишқу висол учун тўкилсагина:

Ҳажру дардингда Навоий юзи олтин,ашки дур,
Ҳар киши сенинг гадойинг дур эрур мундоқ ғани.

Ишқ йўлида бору будидан ажраб гадоликка юз тутган ғарибнинг ғаройиб ҳолига боқинг. Айрилиқда, дийдор кўриша олмай юрган изтиробу қайғу-ғами зўрлигидан, уйқусизликдан тортилган оҳ-воҳлардан сарғайган чеҳра тиллога менгзайди. Шу чеҳра узра тўкилган ёшларнинг ҳар донаси дурга тенг баҳоланади. Кимки ёр йўлида гадолик ихтиёр этса, ана шундай давлатманд бойга айланади.

4.Дур-маънолар, сўзлар:

Дурга топган сойи кўнглинг хослик
Бўлгай осонроқ сенга ғаввослик.

Хослик-яқинлик, алоқадорлик.Ғаввослик-сувга шўнғиб денгиз тубидан қимматбаҳо тошлар термоқлик.Ҳар бир ишнинг машқини олган, унга астойдил кўнгил қўйган сари у енгилроқ кўчиб, завқлироқ,ёқимлироқ бўлиб боради.Буни ҳар биримиз ўз тажрибамиздан биламиз. Ёки бир юрак, бир хонадон, бир элнинг кўздан яширин оҳларига, дил дардларига ошно бўлмоқ учун аввало, улар қалбига йўл топа билмоқ, эътиборини қозонмоқ. Хослик даражасига эришмоқ лозим.Ушбу байтдаги мажозий маънони ечадиган бўлсак, бир қараганда оддийгина бўлиб туюлган, лекин чуқурроқ ўйлаган сари олам-олам маънони ўзида мужассам этган байту ғазаллар қачон яширин сирларини бизга ошкор этади?

Қпчонки уларни нафақат ақл, балки қалб кўзи билан кўришга эриша олсак. Аввалига ребусдан жумбоқли туюлган байтлар кўнгил қўйиб мутолаа қилганимиз сайин равшанлашиб, ўз яширин маъноларини аста-аста чанқоқ кўзларимиз олдида очаётгандай. Гўёки юзига чодра ёпинган гўзал секин чеҳра кўргизиб, сўнг ширинсуханлик билан такаллум бошлаётгандай.

5. Дурлар-тишлар, дур каби оқариб турган тишлар тизими:

Дур тишингдин донаи сабрим қолур бебар десам,
Кулиб айтурким экиннинг офатидур жолалар.

Шу ўринда бир чекиниш қиламиз: Навоийда кўп ўринда қора ранг муборак ранг, ёшлик, навқиронлик рамзи сифатида келади. Соч, соқол, қош-киприкнинг қоралиги навжувонликдан далолат. Худди шунингдек, садафдек бир текис оппоқ тишлар ёшлик гувоҳи. Юқоридаги мисолда биз дурни баҳрамандлик, бебаҳо бойлик сифатида таниган эдик. Бу пайтда эса аксинча вайроналик, йўқлик, самарасизлик келтириши таъкидланаяпти. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, бу мутлақо табиий. Ўз вақтида ёққан мўътадил ёмғир экин-тикинни жони-дили бўлса, ҳар бир ғаним таънасидай совуқ, қаттиқ ботгувчи дўл дов-дарахтнинг офати. У ғучаню меваларни, шафқатсизлик билан йўқлик сари юз туттиради. Ўз қадами теккан полизу мевазор, экинзорларни пайҳон этади, ўз аччиқ қисмати йўлида сабр этадиган, маҳкам тутган шўрлик ошиқ ҳам маъшуқанинг дур тишларини кўргач, ихтиёридан мосуво бўлади. Нафақат сабру-қрори, балки ақлу-ҳушидан айрилади. Эндиги панд-насиҳатлар бефойда. Бу ўринда ошиқ кўнгил ноиложгина эҳтиёжига шўх маккоранинг фитнаангез қилиқларию истиғносига ишора мавжуд.

6.Дур-фарзанд.Зийнату безаги юз минг Афридунга ( Эрон шоҳларидан бири), хазина бойликлари юз минг Қорунча, хонлар олдинда мўғул қуллар каби толе, сахийлик била жавоҳир сочмоғи қандин ҳам афзун бўлган чин ҳоқони бур дурга-фарзандга муҳтож эди:

Валаддур ул дуру волид садафдур,
Садаф яъни отау дур-халафдур.

Валад-фарзанд, ўғил, бола. Волид -ота, падар.Садаф-денгиз шиллиғи, марварид қобиғи.Халаф-ўринбосар, авлод, зурриёт, салафнинг қаршиси. Яъни хоқон ўзидан кейин ўрнини босадиган, чироғини ёқадиган бир ўғилга зор эди. Марварид қобиғи ичра парвариш топган қатранинг дурга дўниши бизга маълум. Садафда қамалиб қатра дур бўлур, дейдилар, яъни фарзандни дунёга “ота келтиради”.Ягона умиди ўғил бўлган отанинг кўнул мақсудига эришган пайтдаги аҳволи-ҳолати нечоғлик завқли, сурурли:

Ато ул дурга чун наззора қилди,
Садафдек оғзи кулмакдин ёйилди.

Ушбу байтда юқоридаги образларга: дур, садафга дуч келамиз. Лекин биринчи мисрадаги дур-ўғил, фарзандни англатса, иккинчи мисрадаги садаф-хомушлик, хафақонликка ишора. Тўғрироғи. Ўғил висолига етган отанинг шу пайтгача табассумдан йироқ, садафдек хомуш оғзининг кулгидан ёйилиши, ўта хурсандчилиги баён қилинади. Тилимизда каттаю кичикка маълум дурбин сўзи бор. Биз уни русча ёки байналминал сўз деб англар эдик.Луғатда берилган изоҳга қараганда унинг ўзаги:

7. Дур-йироқ, олис бўлиб, бин-кўрувчи яъни дурбин-узоқни кўрувчи дегани экан. Дур сўзининг турфа маънолари , унинг воситасида яралган ранг-баранг сўзлар, сўз бирикмаси, қўшма сўзлар ҳақида яна бисёр гапириш мумкин. Навоийнинг битта танбеҳи, битта огоҳлантириши бизни сукут сақлашга, тўти янглиғ бўлавермасдан сергак тортишга, хаёл денгизига ғарқ бўлишга ундайди:

Эй Навоий, сўзда маъни йўқдурур маънида сўз,
Дурри маъни истар ўлсанг айлагил гуфтор бас.

Одамлар жонини жаборга бериб, соатлаб чиройли сўзлашни машқ қилмоқдалар, худди бойлик, кийим-бош, мансабга ўчлик каби сўзга хорислик ( берилиш) пайдо бўлади. Хорислик билан сўз йиғиб, сахийлик билан сўз айтмоқ бошқаю сахийлик билан сўз йиғиб, сўз айтувда хасислик қилмоқ бошқа. Етти ўлчаб бер кес, яъни, етти ўйлаб бир сўзла, дейдилар. Биз хом сут эмган бандалар эса бир марта ҳам ўйламасдан етти марта гапириб юбораверамиз.Кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Биз кўзи очиқлар ҳассамизни қайта-қайта йўқотаверамиз.Нечоғлик шошқалоқлик билан фикрлайдиган бўлсак, шунчалик шошиб сўзлаймиз.Бизнику бийрон-бийрон сўзламоққа ўргатдилар.Хўш, сукут сақламоқлиққа ким ўргатади? Тақдири азал ана шундай бир “ҳозиру ҳамнишин”га рўбарў қилганда-ку, унга жон деб шогирд тушган бўлур эдим.

ХАТОЛАРНИ ТЎҒИРЛАШ ФАСЛИ

Барча халқлар каби хоразмликлар ҳам аввало, дунёга пайғамбарлару азиз -анбиёларни берган мўътабар зот- оналарни эъзозлаб уларга нисбатан ўз ҳурмат-эҳтиромларини намоён этишга интилишган.Хива туманининг Саёт қишлоғидаги Бибиҳожар эна қабри ана шундай ёдгорликлардан биридир. Бу жаннатмакон аёл пиру устоз-Шайх Нажмиддин Кубронинг оналари бўлган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўзининг “Лисонут-тайр” асарида ул зотни замонасининг пешвоси эканлигини, валийлик қудратини улуғлаганлар:

Шайх Нажмиддин Кубро Қутби даҳр,
Бир назардин кимгаким еткурса баҳр,
Ёрубон нури валоятдин кўзи
Ўзлигидин айрилур эрди ўзи.

Бибиҳожар эна қабри Муҳаммад Раҳимхон 2 ( Ферузхон) даврида қайта таъмирланган.У ерда катта хонақоли масжид солинган.Бу муқаддас маскан сўнгги йилларда ўз кўринишини йўқотганди.Хайрият, унинг гумбаз, пештоқ айвонлари яна қайта таъмирланди.Кўркам кўринишли боғ ташкил қилинди.

Ичан Қаъладаги Биби Ровия қабри. Паҳлавон Маҳмуддай буюк зот назари тушган бу аёлга эъзоз рамзи сифатида унинг қабрига гумбаз қилиниб, эътибор билан сақланиб келинмоқда.

Бикажон бика мадрасаси. Бу мадраса Шоқаландар бобо номи билан ҳам аталади. Ота дарвоза билан Ота ҳовуз оралиғидаги бир минорали мадраса. Бикажон бика бефарзанд бўлган.Эри Шоқаландар аёлига меҳри зиёдалигиданми ва ё қайноғаси бўлмиш хондан истиҳола этибми Бикажонни талоқ қилолмаган. Фақат дарду дунёси қоронғу, зурриётсизликдан ичдан фарёд уриб дарвешларга қўшилиб кетиб қолган.Тақдир иззат-обрў, давлату зийнат билан сийлаган, лекин бепушт Бикажон, вафодор эрининг йўлларига кўзлари нигорон бўлиб, уни интизорлик билан кутаётгани рамзи сифатида ўз танмаҳрамига атаб мадраса қурдира бошлайди.

Шоқаландарсиз кунларини қурилиш ишларини кузатиш, бунёдкорлик ишлари билан ўтказмоқчи бўлади. Кунларнинг бирида ўз аъёнлари билан шикорга бораётган хон янги қурилаётган бино қаршисида тўхтаб, “бу кимга таауллуқли?”, дея сўрайди.
-Куёвингизга, тўғрироғи, синглингизга,-дейишади аъёнлари.
-Мендан берухсат-а?,-дейди хон ва қурилиш шу тахлит тўхтаб қолади.

Мунғайиб, чала ётган мадраса хоннинг хаёлига ўксик қалбли синглиси-Бикажонни солади.Шуям дунёдан беном-нишон ўтиб кетмасин.Қолаверса, масжиду мадрасани ҳеч ким орқалаб кетмайди-ку? Эл-юрт наф кўради, деган хаёлда хон ҳазратлари қурилишни давом этдиришга рухсат беради.Қарангки, бу тоқатли аёл номи ҳали-ҳануз ёдланиб келинмоқда. ( Ҳали омонлик бўлса яна неча юз йиллар дуои фотиҳа қилинажак!)

Тўрабекхоним! Бу салобатли , гўзал исм кўпчиликка таниш.Аёл киши оқилалиги, тадбиркорлиги рамзидай жаранглайди у! Ақл ва малоҳат ошиқлари ҳар доим ҳам мўл бўлган. Тўрабекхоним таърифини эшитган Султон Санжар унга ғойибона маҳлиё бўлиб қолади. Лекин Тўрабекхоним кўнгли “тирқ” этмаган кишига тегиб кетаверадиганлар хилидан эмасди.Уни забт этиш, бўйсундириш ҳам осон эмасди.Султон дарёни бўғиб, элни сувсиз қўяди.Ёвузликка қарши маккорлик деганларидай Хоним гўё Султонга тегишли розилик бергандай бўладию, дарёни бўғовдан чиқариб қочади.У янги қулунлаган отларни миниб йўлига бияларни ( янги бўшанган отларни) боғлаб қўйиб келганди.Отлар ўз жигарбандлари олдига тезроқ етишиш учун жон — жаҳдлари билан чопади.Шу тариқа Султон Тўрабекхонимга етолмай ортда қолиб кетади.

Ҳазорасп туманидаги Пичоқчи ( Султон Санжар ,Тўрабекхонимга қараб пичоқ отган), Жувондур ( ҳай, тўхта, тур, дея хитоб қилган) деган жойлар номлари ҳам ўша ривоят билан боғлиқ.Ниҳоят, Султон аёл кишидан енгилганим учун дунё юзи менга ҳаром дея, лашкарларига кўринишга ор қилиб тоғнинг ғорига пичоғини итқитиб ўзиям кириб кетган. Ўша мард, жасоратли, тадбиркор аёл шаънига Кўҳна Урганчда катта гумбазли мақбара қуриб қолдирилган.

Ушбу сатрларни тўлиб-тошиб ёзарканман, талабалик йилларимдаги бир воқеа ёдимга тушди. Гуруҳдош дугоналарим билан Самарқанду Бухоро, Қашқадарёю Сурхондарёнинг осори-атиқаларини томоша қиларканман ҳар гал6 “Эҳ, Хивага борсангизлар, бизнинг ёдгорликларни кўрсангизлар эди”,-дея фахрланиб, ора-сира Паҳлавон Маҳмуд, Жума масжид ҳақида гапириб қўярдим. Тегирмон навбати билан деганларидай ниҳоят ёзги таътилда дугоналар бизникига келишди. Ҳаяжонга тўлиб-тошиб ташрифни уйимиз яқини-Тошҳовлидан бошладик.

-Бу ер-хоннинг ҳарамидай бир гап бўлган. 40 қиз-40 кундош яшаган бу ерда. Мувурдак арава-қиз овловчилар гоҳ ўғринча, гоҳ катта пул эвазига узоқ-яқиндан қиз келтириб туришган.
-Э, ўлсин, хон бўлмай!
-Қочиб кетишса бўлмасмиди?!..
-Э,-ёш қизларнинг ваҳимасини босиш учун ҳазил аралаш давом этади кузатувчи,-ҳар бирининг қулоғи, бўнию қўлларини безаган тиллою забаржадлар сон-саноқсиз бўлган. Шунча олтин-кумушни ташлаб ақли бор аёл қаёққа ҳам қочарди!

Уёғи менинг қулоғимга кирмади. Заргарона нафислигу, маҳорат билан ишланган безаклар мафтун этолмади бизларни. Қани, ўша пайтда билсайдим, номларини юқорида санаганим ёдгорликларни! Эй яхшилар, шошманглар, хотин-қизларни қувиб тутиб, ҳадеб Тошҳовлига қамайверган эмаслар. Уларни эъзозлаб номларига обидалар ҳам ўрнатганлар, деган бўлмасмидим?

Хайрият, ўша кунлари қишлоқдан бизникига меҳмонга келган энам…Тарихнинг тирик гувоҳи жонимга оро кирган.
-Йўқ-ай…зино қилган, бузуқ йўлга кирганларни шундай жазолашган.Худо урибдими, бегуноҳни пишак билан бир қопга солиб!…Зиндонга ҳам ёмон иш қилганлар ташланарди,-дедилар энам. Қизлар енгил тин олгандай бўлишди, ниҳоят. Менинг қалбимда эса ушбу шеър туғилди!

ХИВА, МУЗЕЙДА.ХОН ЗИНДОНИДА

Деҳқонлар учунмас, асли зиндонлар
Ниятлаб қурилган каззоблар учун.
Қарзу фарз билишган хонлар золимдан
Олиб бермоқликни мазлумлар ўчин.

Лек нечун йўқ бунда қалбаки заргар,
Ё бир хиёнаткор ё бирор ўғри.
Бунда ҳам панд бериб ё фирибгарлар
Қочган, бўшатганча деҳқонга ўрнин...

Бу воқеалардан сўнг қанча сувлар оқиб ўтди.Замонлар, давр-давронлар эврилди.Тарихга муносабат ўзгарди.Энди янгича, тўғрироғи, ҳақиқат талқинини тингламоқчи бўлсангиз Хивамизга ташриф буюргайсиз

1993 йил апрел

09

(Tashriflar: umumiy 67, bugungi 1)

Izoh qoldiring