Umarali Normatov: Oilaviy qiroatxonlik davri o’tdimi? Yo’q, o’zgardi

08

   Узоқ қиш кечалари танча атрофида оиламизнинг етти фарзанди ота-онамиз бошлиқ жам бўлиб пилтали қора чироқ ёруғида тун ярмига қадар гоҳ дадамиз ўқиган Саъдий, Яссавий, Навоий, Бобур, Машраб китобларини, акамиз мутолаасида эса Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор асарларини вужуд-вужудимиз билан тинглар эдик. Мени, айниқса, «Улоқда», «Жинлар базми», «Шум бола», «Анор», «Бемор», «Ўғри» асарлари мутолааси лол қолдирган. Уйқуда, тушларимда ўша тинглаган нодир китоблар оламида хаёлан сайр этардим.

099
ОИЛАВИЙ ҚИРОАТХОНЛИК ДАВРИ ЎТДИМИ? ЙЎҚ,ЎЗГАРДИ
Адабиётшунос олим Умарали НОРМАТОВ билан суҳбат
Ғуломжон Бобожонов суҳбатлашди
98

03 Умарали Норматов – мунаққид, адабиётшунос; 1931 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетида (1952-1957), сўнг аспирантурасида (1959-1962) таълим олган. 1962 йилдан Миллий университет ўзбек адабиёти кафедрасида ишлайди, филология фанлари доктори (1979), профессор (1979). «Ҳозирги ўзбек ҳикоячилиги тараққиёти тенденциялари» мавзусида номзодлик, «Ҳозирги ўзбек прозаси (Традиция ва новаторлик проблемаси») мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.1974-2000 йиллари Ҳозирги ўзбек адабиёти кафедрасига мудирлик қилган.

У. Норматов 1957 йилдан матбуотда кўрина бошлади, 500 дан ортиқ мақолалари, 50 дан ортиқ адабий-танқидий асарлари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилган. Мунаққиднинг «Насримиз уфқлари» (1974), «Етуклик» (1982), «Қалб инқилоби» (1986), «Қодирий боғи» (1996) китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигининг ютуғидир.

Умарали Норматов танқидчи-адабиётшунос сифатида мустақиллик йилларидаги миллий адабий жараённи қадам-бақадам синчиклаб кузатиб, адабиётимизда пайдо бўлган янгича адабий-эстетик тамойилларни аниқлаш, бугунги адабий жараённинг назарий муаммоларини тадқиқ этиш йўлидан борди. «Умидбахш тамойиллар», «Тафаккур ёғдуси», «Қаҳҳорни англаш машаққати», «Кўнгилларга кўчган шеърият», «Устоз ибрати», “Ижод сеҳри”, “Ижодкорнинг дахлсиз дунёси”, “Қодирий мўъжизаси”ва “Нафосат гурунглари” китоблари, матбуотда эълон этилган юзлаб адабий-танқидий мақолалари айни шу муаммоларга бағишланган.

У. Норматовнинг адабиётшунослик, таълим-тарбия соҳасидаги хизматлари муносиб тақдирланган. У Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби (1981), “Қалб инқилоби” китоби учун Ҳамза Ҳакимзода номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989); Ўзбекистон Республикаси Халқ маорифи аълочиси нишони (1992), «ТошДУ моҳир педагоги»(1998) унвони соҳиби. Адабий-танқидий мақолалари учун «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Тафаккур» журналлари мукофотларини олган.

08

— Устоз, ўзимизда ҳам, хорижда ҳам қадим-қадимлардан анъана тусини олган оилавий қироатхонлик даври аллақачон ўтди, деган гап юради. Биргина мисол келтирсам. Ўтган асрнинг 30-йиллари Абдулла Қодирий хонадонида барча оила аъзолари жамулжам бўлиб тушган сурат бор. Ўртада ўтирган адиб даврадагиларга китоб ўқиб беряпти. Бугун эса…

— «Оила даврасида» газетаси учун ниҳоятда долзарб бир масалани ўртага ташладингиз. Саволларингизга жавоб беришдан олдин айни шу номдаги газетанинг пайдо бўлиши маданий, маънавий ҳаётимизда муҳим ҳодиса эканини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Инсон зотига хос жамики хислат, фазилатлар, аввало, оилада шаклланади. Оила обод, фаровон бўлса, эл-юрт, мамлакат ҳам обод, фаровон… Оиланинг заволи юрт ва мамлакатнинг ҳам заволи… Маънавий камолотнинг илк замини оилададир.

Камина эсимни танибманки, эшитганим: уни қилма, буни қил, буниси савоб, униси гуноҳ, буниси ҳалол, униси ҳаром деган ўгитлар…

Менинг болалигим ўтган асрнинг энг таҳликали даври 30-йилларда — миллий қадриятлар оёқости қилинаётган, муқаддас динимизга, мумтоз адабиётимиз улуғ сиймоларига, улар яратган нодир асарларга хуруж авжга минган кезлари кечган. Қанчадан-қанча нодир китоб¬лар ўтда ёқилганини, ерга кўмилганини ўз кўзим билан кўрганман. Шунга қарамай, узоқ қиш кечалари танча атрофида оиламизнинг етти фарзанди ота-онамиз бошлиқ жам бўлиб пилтали қора чироқ ёруғида тун ярмига қадар гоҳ дадамиз ўқиган Саъдий, Яссавий, Навоий, Бобур, Машраб китобларини, акамиз мутолаасида эса Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор асарларини вужуд-вужудимиз билан тинглар эдик. Мени, айниқса, «Улоқда», «Жинлар базми», «Шум бола», «Анор», «Бемор», «Ўғри» асарлари мутолааси лол қолдирган. Уйқуда, тушларимда ўша тинглаган нодир китоблар оламида хаёлан сайр этардим.

Ҳаш-паш дегунча орадан салкам саксон йил ўтиб кетибди. Ҳозир ҳар куни бўлмаса ҳам ҳафтада бир бор, албатта, оила ўчоғида — хонадонимизда тўпланамиз. Аллақачон мустақил — алоҳида оилали, бола-чақали бўлиб кетган ўғиллар, келин ва набиралар бирга гурунг қурамиз. Ҳаммасининг соҳаси, касб-кори ҳар хил. Бинобарин, гурунглар мавзу доираси кенг, ранг-баранг. Ўтирганларнинг ҳар бири ўз соҳасидаги янгилик, муаммолардан сўз очиб, улардан хабардор қилишади. Табиийки, улар мендан адабиёт оламида нима гаплар, қандай янгиликлар бор, деб сўрашади. Мен уларни янгиликлардан баҳоли қудрат хабардор қилишга уринаман. Аммо, афсус, уларни ўқиб беришга ҳожат ҳам, вақт ҳам, қолаверса, тинглашга тоқат ҳам йўқ. Гоҳо бирор ноёб шеърни мутолаа қиламан. Муддат 3-5 дақиқадан ошмайди. Бундан ортиғига тоқат йўқлигини сезиб тураман. Яқинда шоира Ҳалима Аҳмедованинг «Жаҳон адабиёти» журналида чиққан «Басир» номли манзумасини ўқиганимда, эшитганларнинг дами ичига тушиб кетди. Келинлардан бири «Бугун ҳам шунақа шеър ёзиладими?» дея ҳайратини ошкор этди…

— Демак, бугун оилавий мутолаа, қироатхонлик ўрнини оилавий адабий-бадиий гурунг, баҳс-мунозаралар эгаллаётган экан-да…

— Ҳа, айни шундай. Бундай баҳс-мунозаралар фақат адабиёт янгиликлари эмас, телевидениенинг турли каналларида намойиш этилаётган кино ва телесериаллар, интернет сайтларидаги сон-саноқсиз янгиликлар, кўпроқ улардаги нохуш ҳолатлар устида ҳам боради.

— Ҳозир «оммавий маданият», унинг таҳдиди устида кўп гапириляпти. Ёшларга ўрнак бўладиган чин санъат, адабиёт намуналари нисбатан кам! Афсус, қотиллик, тажовузкорлик, зўравонлик ҳақида яратилган ёки таржима қилинган асарлар телеэкранларни, интернет сайтларини, китоб дўконлари пештахтасини эгаллаб олганига нима дейсиз. Улар миллат, хусусан, ғўр ёшлар маънавиятига таъсир қилмайдими?

— Албатта, бунинг нохуш асоратларини ҳар қадамда кўриш, сезиш мумкин. Ҳозир ошкоралик замони. Тақиқлаш йўли билан бу хатарнинг олдини олиб бўлмайди, эшигингизни бекитсангиз, бошқа бир тешикдан кириб келаверади. Шукрки, мамлакатимизда аллақачон бу хатарга қарши курашнинг адолатли ва самарали йўли топилган: жаҳолатга қарши маърифат орқали бетиним курашмоқ даркор. Бундай кураш ҳам, аввало, оиладан бошланиши керак. Бу борада ҳам ўзимни, оиламизни намуна қилиб кўрсатишдан бироз хижолатдаман. Таниш-билишлар, дўстлар тажрибасини келтирай. Улар ўша ҳол — беҳаё, олди-қочди, ур-калтак, тажовуз, зўравонлик асосига қурилган яланғоч «асар»ларнинг асл моҳиятини фарзанд, набираларига соддагина қилиб тушунтириб борадилар, айни пайтда, ўзимизда яратилган, яратилаётган асл асарларни намуна қилиб кўрсатадилар. Бунинг натижасини ҳар куни, ҳар қадамда кўриб, сезиб қувонаман. Афсуски, бу тажриба ҳали оммавий тус олгани йўқ.

— Оила даврасида қироатхонлик устида гап кетганда баъзилар ёш¬лар, қолаверса, барча китобхон учун ўрнак бўладиган етук асарлар кам эканини даъво қилишади…

— Чинакам етук санъат асарлари ҳар доим кам бўлган, кам бўлса-да, бугун ҳам, шукрки, кўз-кўз қилишга арзигулик, каттаю кичик мароқ билан ўқийдиган асарлар ёзиляпти, журналларимизда босиляпти.
Ёзувчи Исажон Султоннинг шу йил «Шарқ юлдузи»да чиққан «Онаизорим» асари фақат ўзимизда эмас, хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди, қисса шитоб билан турк тилига таржима қилинди. Қардош китобхонлар ўзбек оиласида бугунги кунгача сақланиб келаётган ноёб ҳаёт тарзи, бола тарбияси, одоб-ахлоқ билан боғлиқ удумлар нақадар ҳассослик, нафосат ила қаламга олингани учун қойил қолишган.

Қиссани ўқир экансиз, ундаги панд-насиҳатлар сизга асло малол келмайди, тасвир қуруқ дидактикадан бутунлай холи, ўта табиий, миллий, ўгит, тарбия тарзи тасвири бир дилрабо куйдай сизни сеҳр¬лаб боради, ўзингизни шундай жозибадор оилавий муҳитга дахлдор эканингиз учун қалбингизда фахр-ифтихор туйғуси жўш уради.

Қисса ҳақида оилавий даврадаги озгина «тарғибот»дан сўнг ўғилу келинларимиз уни талашиб-тортишиб ўқишга тушди. Бунақа ҳолатлар ҳар бир оилада бўлса, қани эди…

Бугунги жаҳон адабиётида ҳам шундай асарлар истаганча топилади… Нашр этилаётган сон-саноқсиз асарлар уммонида моҳир ғаввос каби энг сараларини ажратиб, топиб она тилимизга таржима қилиш — бу ҳам савоб, ҳам ноёб санъат! Шу йил «Жаҳон адабиёти»нинг икки сонида босилган «Қувғиндаги кекса қирол» қиссаси шундай асарлардан бири. Австриялик адиб Арно Гайгернинг бу қиссаси 2011 йили нашр этилган. Асар қисқа муддат ичида дунё бўйлаб донг таратди. Немис тилидан уни Мирзаали Акбаров ўзбек тилига таржима қилди.

Қиссада муаллиф ўз оиласида бўлиб ўтган ҳодиса — ХХ асрнинг кўплаб жабру жафосини бошдан кечириб, кексалигида хотира йўқолиши касалига мубтало бўлган Отахон ва унинг фарзанд — ўғлони орасидаги муносабатларни бутун зиддиятлари, ранг-баранг қирралари ила қаламга олади. Қанчалик оғир, иложсиз бўлмасин, ўғлон отасининг хасталик туфайли кечирган кулфатлари-ю кўргиликларига матонат билан дош беради, гоҳо ўта танг вазиятларда кўнглида кечган оғринишлар учун ўзини асло кечиролмайди, охир-оқибат руҳан, маънан падари бузруквори олдидаги фарзандлик бурчига содиқ қолади…

Биз ўарбда қадриятлар, ота-бола орасидаги меҳр-оқибатлар заифлашиб қолган, деб юрган кезлари ўарб янги авлод адибининг жабрдийда отага беқиёс оташин меҳр-мурувват руҳи билан йўғрилган асарининг пайдо бўлиши ноёб ҳодисадир.

Ҳамма гап оилада қандай асарларни мутолаа қилишни билишда, саралаб олишда.

Оилавий китобхонликнинг шакл-шамойили ўзгаргани билан буткул йўқ бўлиб кетган эмас. Аминманки, оилапарвар ва китобсевар халқимизда бу қадим анънана қандай шакл-да бўлса ҳам яшайверади.

83

(Tashriflar: umumiy 63, bugungi 1)

Izoh qoldiring