Umid Bekmuhammad. Xorazm tarixidan lavhalar

04

    Ҳарбий кийимдаги чўққисоқол киши ўзини Дзержинский деб таништиргач, тергов қилинаётган ўрта осиёликларни янада қаттиқ қўрқув эгаллади. Чунки “Қаттиққўл Феликс” лақабли бу инсоннинг қилган ишларини ҳамма эшитган эди. Лубянка хўжайини қаршисида турганлар ҳам шунчаки кўчадан тутиб келтирилган инсонлар эмас, балки Хива хони, унинг яқин кишилари ва амалдорлари эди…

Умид БЕКМУҲАММАД
ХОРАЗМ ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР
02

Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов) 1975 йилда Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган. 1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факултетини тугатган. Меҳнат фаолиятини “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида референтликдан бошлаган. Шундан кейин газета, журнал ва бошқа кўплаб жамоат ташкилотларида, олий ўқув юртида ишлаган.
Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориждаги 60 та газета-журналларда 700 дан кўп тарихий-публитсистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган..

03

ЎЛИМГА МАҲКУМ ҚИЛИНГАН МУЛЛА

094Бу инсоннинг ҳаёти серғалва даврда кечган, номи бадном қилиниб, ҳатто, ўлимга маҳкум этилган. Унга қилинган туҳматлар ошкор бўлиб, оқлангач, ишга қайта тикланган. Аммо яна истибдод қурбони бўлган эса-да, яратган асарлари, қилган ишлари тарих зарварақларидан жой олган.Бу зот мулла Бекчон Раҳмонов дея ўз даврида ном қозонган жадид зиёлисидир.

Фитрат “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” асарида мулла Бекчон Раҳмонов ҳамда Муҳаммад Юсуф Девонзодаларнинг асаридан ғоят таъсирланганини ёзган ва ушбу китобнинг мусиқашуносликда тутган ўрнига ғоят юксак баҳо берган эди.Ҳақиқатан ҳам, 1925 йилда Москвада нашр этилган “Хоразм мусиқий тарихчаси” китоби мусиқа назарияси ва тарихига доир энг эътиборли манба бўлгани боис, Б.Беляев ҳамда Г.Формер каби рус ва хориж мусиқашунослари ҳам мулла Бекчон ва Девонзодаларнинг асарига мурожаат қилишган.

Ана шундай довруқли асар битган муаллифлардан бири Девонзоданинг Чокар тахаллуси билан ижод қилган моҳир созанда, хонанда бўлганлиги ҳам маълум.Хўш, мулла Бекчон Раҳмонов-чи? Афсуски, бу шахснинг ҳаёти ҳанузгача тўла ўрганилмай келинмоқда.Аслида мулла Бекчон Раҳмонов Хоразм жадидларининг етакчиларидан бири, маданият ва маърифат арбобларидан эди.

1887 йилда хивалик хон маҳрамларидан бўлган Раҳмонберган оиласида туғилган Бекчон болалигидан илму маърифатга интилиб вояга етди.Отаси Раҳмонберган Хива хонлиги тарихида ислоҳотчи бош вазир Исломхўжа (1872-1913)нинг ёрдамчиси эди.У ўз устози билан 20 аср бошларида Хивада барпо этилган почта, телеграф, шифохона, масжид ва минора бунёд этилишида катта хизмат кўрсатган, ушбу
иншоаатларнинг қурилиш ишларига бошчилик қилган.

Раҳмонберган бош вазир Исломхўжанинг маслаҳатига кўра, ғайрат-шижоатли ўғли Бекчонни Туркияга ўқишга юборди.Шу тариқа,Бекчон 1913 йилнинг июлидан 1918 йилгача Истанбул университетида таҳсил олди.Мазкур ўқув юрти Туркиядаги энг нуфузли олий университет бўлиб, унда диний ва дунёвий билимлар ўргатиларди.

Бу даврда Туркияда Исмоил Гаспралининг “Динда, тилда, ишда бирлик” шиори остидаги “Ёш турклар” ҳаракати фаолият кўрсатарди.Хивадаги диний мадрасани битириб, Истанбулда ўқиётган Бекчон шу ҳаракат таъсири билан жадидчилик ғояларига берилди.Натижада 1918 йилда Туркиядан жадид зиёлиси бўлиб қайтган Бекчон Хоразмда ҳам кенг ёйилган “ёш хиваликлар” сафига қўшилди.1920 йилда хонлик тугатилиб, Хоразм халқ республикаси барпо этилгач, у “Ёш хиваликлар” каби ислоҳотчи сафдошлари билан ҳукумат таркибига кирди.Дастлаб маданият, сўнгра халқ маорифи нозири, кейин ХХР марказий ижроия қўмита иш бошқарувчиси бўлди.

Бекчон Раҳмоновнинг маданият нозири сифатида қилган энг катта иши 1920 йил 11 апрелда Хоразмнинг ўтмишдаги маданияти ва осоритиқаларини келгуси авлодлар учун сақлаб қолиш мақсадида халқ маданияти музейини барпо этгани ҳамда унга раҳбарлик қилганидир.Шунингдек, 1923 йилда Хоразмда илк бор мусиқа мактабини ташкил этиб, воҳа мусиқа назарияси ва тарихи, Хоразм мақомлари ҳамда усуллари, нота ёзувининг ихтиро қилинишига оид “Хоразм мусиқий тарихчаси” китобини Девонзода билан бирга ёзиб, нашр эттиради.

Шунингдек, мулла Бекчон 1920 йил 8 мартда воҳа тарихида илк бор матбуотга асос солди.Яъни, шу санадан бошлаб нашр этила бошланган “Инқимлоб қуёши” газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатди.Хоразмда ўша даврда нашр этилган “Қизил Хоразм”, “Маориф”,”Хоразм хабарлари”, “Ёрдам”, “Ёшлар овози”, “Ишчилар товуши”, “Қопқон” сингари газеталарни ҳам ташкил этишга бош-қош бўлди.

Халқ маорифи нозири бўлиб ишлаган пайтида Бекчон Раҳмонов воҳада янги мактаблар ташкил қилиш, узоқ овуллардаги болаларни мактабга жалб этиш, таълим масканларини ўқитувчилар билан таъминлаш учун жонкуярлик қилган.Шунингдек, Бобоохун Салимов билан бирга мактаблар учун “Алифбе” ва “Ўқиш китоби” дарсликларини ёзиб, чоп эттирди. Шунингдек, Худойберган Девонов билан ҳамкорликда Хоразм қоғоз фабрикасини қуриш бўйича ҳам саъйи-ҳаракатлар олиб борди.

Девоновга 1937йилдаги қатағон даврда қўйилган айблардан бири Хивага келган туркий халқлар озодлик ҳаракати йўлбошчиларидан бири Закий Валидий воҳага келганда, у билан маслакдошлик қилганлиги эди.ХХР даврида Хивани қўриқлаш гуруҳи, яъни милиция раҳбари бўлиб ишлаган Назар Шоликоров ўз хизмат бурчига кўра, Хивага келган ҳар қандай кишини кузатиб юришга , шу туфайли бўлиб ўтган воқеаларни 1937 йилда ҳибсга олингач айтиб беришга мажбур бўлганди. Шунга кўра, Девонов ва Валидий ҳақида бундай дейди: “Мен уч кунгача (Хоразмга) кимнинг келганини билолмай юрдим. Юсупов ( ХХР ҳукумати бошлиғи бўлган Полёзҳожи Юсупов) бошлиқ барча халқ комиссарлари уйларига ҳам келмай қаердадир йиғилиш ўтказаётган эдилар.Бу ҳол менда шубҳа уйғотди. Хоразм билан Бухоронинг бирлашган ҳолда кураш олиб бориши учун Хоразмга бухоролик вакиллар келишган эди.Мен музокара олиб бориш учун вакил этиб тайинландим.Романов мен билан бирга эди. Меним ёнимда ўтирган Мулла Бекчон орадан бир неча соат ўтмай кенгашни эртага қолдиришимни сўради ва ўзининг бу илтимосини уйида меҳмони борлиги, кетиши зарурлиги билан изоҳлади.Мен рози бўлдим ва биз иккимиз бир отга миниб у билан бирга кетдик. Девоновнинг уйига яқин қолганимизда у отдан тушиб қолди.Мен уйга келганимдан сўнг тоғам Олланазарни халқ комисарларининг уйдами йўқлиги эканикларини текшириш учун юбордим.У милиция билан юриб кечаси соат учда Юсуповни тутиб келтирди, аммо мен уни қўйиб юбордим.

Эрталаб Юсуповнинг олдига бориб, ўтган кеча қаерда бўлганини суриштирдим.У Раҳмонов Бекчоннинг, Жуманиёз ҳожи Полвонниёзовнинг сўнгги кечада Худойберган Девоновнинг уйида бўлганини айтди.У ерда Закий Валидий билан бирга Айдаров ҳам бўлган.Юсуповнинг сўзларига қараганда уларга кийим бош ва пул бериб Бухорога кузатиб қўйишган экан” Демак, Шоликоров маълумотга кўра, Закий Валидий Хивадан Бухорога кетиш куни Худойберган Девонов уйида бўлган.Шунингдек, Закий Валидий Девонов ва Полвонниёз ҳожилар каби Мулла Бекжон Раҳмонов билан ҳам маслакдош ўлган, Хивадаги унинг уйида меҳмон ҳам бўлганди. Чунки, улар Бокуда ўтган Шарқ халқлари қурултойида бирга қатнашишган, ўша йиғинда Мулла Бекжон Валидийни Хоразмга таклиф қилганди.

Бекчон Раҳмонов ХХР раҳбарлари орасида энг салоҳиятли ва миллий давлат қуриш ташаббускори бўлгани учун ҳам 1920 йилда Хоразмга борган туркий халқлар озодлик ҳаракатининг ғоявий йўлбошчиси Закий Валидий унинг уйида бўлганди.З.Валидийнинг 1969 йилда Туркияда нашр этилган “Хотиралар” китобида мулла Бекчоннинг дунёқараши, иш фаолияти ўрин олган.Муаллиф бир ўринда долғали даврларни қуйидагича хотирлайди: “ Мулла Бекчон Хивада замонавий маданиятни ривожлантириш учун катта фидойилик кўрсатди.Агар Русия халақит бермаганида, улар ёш Хива ҳукуматига катта хизмат қилган бўлур эдилар.Маориф вакили бўлган мулла Бекчон-Истанбулда ўқиб келган бир йигит.Ҳукумат ишларидан бўш вақтларида мадрасадаги ҳужрасига келар, ўз қўли билан палов пиширар, ўша вақт узоқ суҳбатлашар эдик.У бир қанча асарлар ёзди” .

Мулла Бекчон Закий Валидий каби Шафқи Бектўра,Фитрат, Файзулла Хўжаевлар билан ҳам дўст эди.У 1920 йилнинг августида Боку шаҳрида ўтказилган , 30дан ортиқ мусулмон давлатлари вакиллари иштирок этган шарқ халқлари қурултойида ҳам фаол қатнашганди.Айни пайтда, 1920 йил 13 ноябрда Бухоро ва Хоразм республикалари ўртасида тузилган дўстона ҳамда иқтисодий, маданий алоқаларга доир шартнома тузишга ҳам раҳбарлик қилган.

Ана шундай фидойи инсоннинг давлатчилик борасидаги сиёсий фаолияти Хоразмга келган большевикларга ёқмади ва у 1921 йил 27 ноябр куни отиб ўлдиришга ҳукм қилинди.Хайриятки, жадид дўстлари мустамлакачиларга унинг халқ орасидаги обрўсини эслатгач, ўлим ҳукми бекор қилинди.
1924 йилда ўтказилган миллий давлат чегараланиши ва ундан кейинги йилларда юритилган шовинистик, қатағон сиёсатидан сўнг мулла Бекчон сиёсий ва маданий ҳаётдан четлаштирилди.1930 йиллардаги шахсга сиғиниш даврида эса қатағон машинаси уни ҳам ўз домига тортиб кетди.

СУРГУНДАГИ САИД АБДУЛЛАХОН

Ҳарбий кийимдаги чўққисоқол киши ўзини Дзержинский деб таништиргач, тергов қилинаётган Ўрта Осиёликларни янада қаттиқ қўрқув эгаллади.Чунки “Қаттиққўл Феликс” лақабли бу инсоннинг қилган ишларини ҳамма эшитган эди.Лубянка хўжайини қаршисида турганлар ҳам шунчаки кўчадан тутиб келтирилган инсонлар эмас, балки Хива хони, унинг яқин кишилари ва амалдорлари эди.Улар чекка воҳадан Москвадаги Эрдилка, кейин эса Ивановск, Новоспаск ибодатхонасидаги лагерда тутқунликда сақланаётганди. Хўш, Хива хони нима учун маҳбус сифатида тергов қилинган?Унинг кейинги тақдири қандай бўлган?

Маълумки, қудратли Темурийлар давлати ва Шайбонийлар салтанати парчаланганидан сўнг Ўрта Осиёда бирин-кетин Хива, Бухоро ва Қўқон хонликлари пайдо бўлганди.Бир минтақадаги ушбу хонликларнинг ўзаро нофиқ-низоси асрлар давомида учала давлатни ҳам инқироз ёқасига олиб келди. Бу ҳолат 19 аср ўрталаридан чор империясининг вассалига айланишга сабаб бўлди.Қўқон хонлиги забт этилгач, унинг ҳудудида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди. Худоёрхон эса Оренбургга сургун қилиниб, ўша тарафларда вафот этди.Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон эса, 1920 йил сентябридаги большевиклар истилосидан сўнг, тахтни ташлаб,Афғонистонга ўтиб кетди.1944 йилда афғон юртида кўзи ожизланиб ўлим топди.Учинчи хонлик- Хива ҳукмдорининг қисматига ҳам сургундаги ўлим ёзилган экан.У Украинада вафот этди.Атиги бир ярим йилгина хонлик тахтига ўтиргани учун 1920-33 йиллар оралиғида сургун азобини тортди.

07Хиванинг сўнгги хони Саид Абдуллахон маърифатпарвар Ферузнинг ўғли бўлиб, 1918 йил кузида тахтга чиққанди.Аммо бу даврда амалда бошқарув ёвмудлар сардори Жунаидхон қўлида эди.Чунки, 1917 йили чор империяси тугатилган, ўрнига ҳокимият тепасига чиққан большевиклар қадами ҳали бу ерга етмаганди.Жунайид амалда давлатни бошқарар,негаки, унинг қўлида кўп минг сонли қўшин бор эди.1920 йил 2 февралда большевиклар Жунайидхон лашкарини мағлубиятга учратиб, хонликни забт этдилар.Саид Абдуллахондек қўғирчоқ ҳукмдор тахтдан туширилгач,Жунайид Қорақумга чекинади.Янги ташкил этилган Хоразм республикаси ҳукуматига “ёш хиваликлар” келишади.Саид Абдуллахон эса Нуриллабой саройида уй қамоғида сақланар, молу-мулки мусодара қилинганди.

Ана шундай вазият ҳукмрон ҳолатда,1920 йилнинг 12 июл куни Хивадаги Мадаминхон мадрасаси ва Ичан қаълада хонлик тарафдорлари намойиш уюштиришади. Натижада ўша куни умуман уйидан чиқмаган Саид Абдулла намойиш ташкилотчиси деб топилиб, Москвага-Лубянкага жўнатилади.У билан бирга Хикматуллохун,Обидохун ҳамда хоннинг қариндош-уруғларидан Муҳаммадёр тўра, Носир тўра,Муҳаммадёр ёқубтўра,Саидтўра,Саъдуллатўра, Хожи тўра,Абдурасултўра,Ибодуллатўра ва бошқа жами 14 киши Хивадан Чоржўйга, у ердан поездда Тошкентга ва ниҳоят Москвага олиб кетилади.

Роҳат-фароғатда яшаган хон ва унинг қариндошлари лагердаги маҳбусликка, азоб-уқубатга чидай олмадилар.Шундай қийинчилик кунларидан бирида, бир грек олими орқали большевиклар сардори Ленин ҳамда ГПУ бошлиғи Дзержинскийга русча шикоят ёзишди.Лубянка хўжайини хон ва унинг қариндошларини тергов қилиб, екатеринославлга жўнатади.Верховск станциясидаги Богдановка қишлоғида шу тахлит уч йил ишлаб ишлаган Саид Абдуллахонни, 1923 йилда Украинанинг Кривой Рог шаҳрига жўнатишади. Хиванинг сўнгги хони ва яқинлари у ерда қишлоқ хўжалик ишлари билан шуғулланишади.Улар сайлаш, сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб,Кривой Рогдан чиқишлари таъқиқланган, бироқ ҳоҳлаган киши билан турмуш қуришлари мумкин эди.Шу боис хиваликлардан баъзилари, жумладан Абдурасултўра 1925 йили Олимпиада исмли украин қизига уйланади.1933 йилда хиваликларнинг сургундаги муддати тугайди.Сўнг тўрт-беш тўра Тошкентга кетиб яшашади.Чунки уларга Хивадан ташқари ҳоҳлаган жойда яшашга рухсат берилганди.Шу тариқа Хиванинг 57 — ҳукмдори Саид Абдуллахон хасталангани боис ўша йили вафот этади.

ТОБУТГА ЯШИРИНГАН ЖОСУС

03319 аср охири ва 20 асрнинг бошларида Ўрта Осиё тарихида муҳим ўрин тутган Қурбон Мамед Сардор—Жунаидхон (1860-1932) ўз курашларида жосуслик тармоғини йўлга қўйганлиги боис, олдинлари чоризм, кейин большевиклар устидан катта ғалабалар қозонди

Жунаидхон шиддатли жанглар қилиб довруқ таратишига, душманга қаттиқ зарбалар бериб эсанкиратиб қўйишига унинг навкарларидаги жанговарлик ва ватан туйғуси сабаб эди.У ҳар бир навкарни ўзи синаб қўшинига қабул қилар, каттами кичикми гуруҳга бош бўлишга арзирли йигитни эса янада қаттиқ » имтиҳон» дан ўтказарди. Навкарбошиликка номзод бўлган йигитни кенг омма олдидаги майдонга ўтирғизар, одамларидан бирига имо қилса, саксовулзорнинг муштдек чўғини олиб, ўша одамнинг тиззаси устига қўярди.Агар «номзод» чидамсиз бўлса додлаб юборар ва уни яна оддий навкарликка туширишаркан. Гоҳида тиззага қўйилган чўғни сезмагандай оғриққа чидаган номзод гарчи ҳаммаёқни куйган эт ҳиди тутиб кетсада бардош бериб навкарбоши бўларди.

Айнан навкарлардан ҳам зийрак ва чаққон жосусларни Жунаидхоннинг жосуслик маҳкамаси раҳбари вазифасидаги Матчон Тўра ёллаган. У тез-тез қишлоқларда бўлиб турар, олтин эвазига кўплаб хуфияларни ўзига оғдириб оларди..Ҳар бир жосус уч ёки тўртта алоқачи орқали Жунаидхонга маълумот етказиб турар эди.Кўпинча алоқачилар саводсиз бўлгани боис фақат белгиланган вазифани бажарар, нима қилаётгани ҳақида тасаввурга эга бўлмасди.Алоқачилар хабарларни қовуннинг ичига, чопон қатига, аравалар, тарвузнинг ичига яшириб етказарди.Улар гўё ўзларини тўй ёки маъракага, касал қариндошини кўргани боришаётган, ҳунармандга аравасини тузатдирмоқчи бўлган деҳқон, гоҳида дарвеш, дайди қиёфасида кўрсатиб,Жунаидхон олдига етиб борарди.Хон ҳам ўз мактубларини турли йўллар билан, ҳеч бўлмаса, биттаси
етиб борар, деган ниятда бир неча нусхада жўнатарди.

Бир куни, 1924 йилнинг январида Хивадаги Пишканик дарвозаси олдида дафн маросими бўлади.Қариялар ва қариндошлар-у қўшнилар тобут кўтариб, марҳумни қаъла ташқарисидаги қабристондаги ота-онаси ёнига қўйиш учун кетарди.Шаҳардан ҳеч кимни ташқарига чиқармаслик тўғрисида буйруқ берилган, шунинг учун соқчилар дарвозани очишмайди.Шунда бир гуруҳ мулла ва оломон марҳумни ўз вақтида дафн этиш кераклиги ҳақида ваъз-насиҳат қилиб, дағдаға қилишади.Нимадандир шубҳаланган соқчилар—Отажонов ва Қариев бир гуруҳ миршабни чақириб, тобутдаги марҳумнинг кимлигини текширмоқчи бўлишади.Оломон ҳарчанд қаршилик кўрсатмасин, миршаблар тобутни очишади.Қарашса, тобутда тирик одам қўрқувдан дағ-дағ қалтираб ётибди.Тобут ва «марҳум» текширилганида, шаҳар мудофасининг заиф томонлари ҳақида Жунаидхонга етказиш лозим бўлган маълумот топилади.Орадан икки кун ўтиб,Хива қаъласи қамали давом этаётган пайтда Саиджон қори минорасидан намозга чақириқ эшитилади.Лекин муаззиннинг бу галги чақириги, умуман, бошқача эди.»Оллоҳу Акбар, оллоҳу Акбар «сўзларидан кейин муаззин араб тилида Жунаидхон учун керакли хабарни «Қўша дарвоза томонга юр,Шоҳимардон томонга юр» деган сўзларни айтганди.Шаҳар ҳимоячилари муаззинннинг ғалати сўзларини эшитиб, уни қўлга олдилар.Айтилган томон—Шоҳимардон ва Қўша дарвозага борган ҳимоячилар жосус муаззиннинг хабарини эшитиб, қўлида аркон билан юқорига тирмашаётган Жунаидхон навкарларига дуч келишади.

Булар Жунаидхоннинг жосуслик тармоғи нақадар ақл бовар қилмас усулларга бойлигининг айрим тарихий далиллари.Шу туфайли ҳам Жунаидхон 1895-1932 йилларгача бўлган қарийиб 40 йиллик курашда Чоризм ва большевиклар устидан кўплаб ғалабалар қозонганди.

Хуллас, жосуслик тарихи шу қадар қизиқарлики, бу борада тобут ичидаги жосуслик каби кўплаб воқеалар содир бўлган.

09  Harbiy kiyimdagi cho’qqisoqol kishi o’zini Dzerjinskiy deb tanishtirgach, tergov qilinayotgan o’rta osiyoliklarni yanada qattiq qo’rquv egalladi. Chunki “Qattiqqo’l Feliks” laqabli bu insonning qilgan ishlarini hamma eshitgan edi. Lubyanka xo’jayini qarshisida turganlar ham shunchaki ko’chadan tutib keltirilgan insonlar emas, balki Xiva xoni, uning yaqin kishilari va amaldorlari edi. Ular chekka vohadan Moskvadagi Erdilka, keyin esa Ivanovsk, Novospask ibodatxonasidagi lagerda tutqunlikda saqlanayotgandi.  Xo’sh, Xiva xoni nima uchun mahbus sifatida tergov qilingan?  Uning keyingi taqdiri qanday bo’lgan?

Umid Bekmuhammad
XORAZM TARIXIDAN LAVHALAR
02

06Umid Bekmuhammad (Bekimmetov)  1975 yilda Gurlan tumanidagi Saxtiyon qishlog’ida tug’ilgan. 1997 yilda Urganch Davlat Universitetining tarix fakultetini tugatgan. Mehnat faoliyatini“Oltin Meros” jamg’armasi viloyat bo’limida referentlikdan boshlagan. Shundan keyin gazeta, jurnal va boshqa ko’plab jamoat tashkilotlarida, oliy o’quv yurtida ishlagan.
Umid Bekmuhammadning O’zbekiston va xorijdagi 60 ta gazeta-jurnallarda 700 dan ko’p tarixiy-publitsistik maqolalari, “Gurlan”, Gurlan tarixi”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Moziyning qora kunlari”, “Akademikning gurunglari”, “Moziydagi sirli o’limlar”, “Harbiy hiylalar”, “Qatag’on qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Qatag’on qurbonlari.5-kitob”, “Navoiyning armonlari”, “Xorazmga oshufta ko’ngillar” kabi 30 ta kitobi, “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi nashr etilgan.

O’LIMGA MAHKUM QILINGAN MULLA

Bu insonning hayoti serg’alva davrda kechgan, nomi badnom qilinib, hatto, o’limga mahkum etilgan.Unga qilingan tuhmatlar oshkor bo’lib, oqlangach, ishga qayta tiklangan.Ammo yana istibdod qurboni bo’lgan esa-da, yaratgan asarlari, qilgan ishlari tarix zarvaraqlaridan joy olgan.Bu zot mulla Bekchon Rahmonov deya o’z davrida nom qozongan jadid ziyolisidir.

Fitrat “O’zbek klassik musiqasi va uning tarixi” asarida mulla Bekchon Rahmonov hamda Muhammad Yusuf Devonzodalarning asaridan g’oyat ta’sirlanganini yozgan va ushbu kitobning musiqashunoslikda tutgan o’rniga g’oyat yuksak baho bergan edi.Haqiqatan ham, 1925 yilda Moskvada nashr etilgan “Xorazm musiqiy tarixchasi” kitobi musiqa nazariyasi va tarixiga doir eng e’tiborli manba bo’lgani bois, B.Belyaev hamda G.Former kabi rus va xorij musiqashunoslari ham mulla Bekchon va Devonzodalarning asariga murojaat qilishgan.

Ana shunday dovruqli asar bitgan mualliflardan biri Devonzodaning Chokar taxallusi bilan ijod qilgan mohir sozanda, xonanda bo’lganligi ham ma’lum.Xo’sh, mulla Bekchon Rahmonov-chi? Afsuski, bu shaxsning hayoti hanuzgacha to’la o’rganilmay kelinmoqda.Aslida mulla Bekchon Rahmonov Xorazm jadidlarining yetakchilaridan biri, madaniyat va ma’rifat arboblaridan edi.

1887 yilda xivalik xon mahramlaridan bo’lgan Rahmonbergan oilasida tug’ilgan Bekchon bolaligidan ilmu ma’rifatga intilib voyaga yetdi.Otasi Rahmonbergan Xiva xonligi tarixida islohotchi bosh vazir Islomxo’ja (1872-1913)ning yordamchisi edi.U o’z ustozi bilan 20 asr boshlarida Xivada barpo etilgan pochta, telegraf, shifoxona, masjid va minora bunyod etilishida katta xizmat ko’rsatgan, ushbu
inshoaatlarning qurilish ishlariga boshchilik qilgan.

Rahmonbergan bosh vazir Islomxo’janing maslahatiga ko’ra, g’ayrat-shijoatli o’g’li Bekchonni Turkiyaga o’qishga yubordi.Shu tariqa,Bekchon 1913 yilning iyulidan 1918 yilgacha Istanbul universitetida tahsil oldi.Mazkur o’quv yurti Turkiyadagi eng nufuzli oliy universitet bo’lib, unda diniy va dunyoviy bilimlar o’rgatilardi.

Bu davrda Turkiyada Ismoil Gaspralining “Dinda, tilda, ishda birlik” shiori ostidagi “Yosh turklar” harakati faoliyat ko’rsatardi.Xivadagi diniy madrasani bitirib, Istanbulda o’qiyotgan Bekchon shu harakat ta’siri bilan jadidchilik g’oyalariga berildi.Natijada 1918 yilda Turkiyadan jadid ziyolisi bo’lib qaytgan Bekchon Xorazmda ham keng yoyilgan “yosh xivaliklar” safiga qo’shildi.1920 yilda xonlik tugatilib, Xorazm xalq respublikasi barpo etilgach, u “Yosh xivaliklar” kabi islohotchi safdoshlari bilan hukumat tarkibiga kirdi.Dastlab madaniyat, so’ngra xalq maorifi noziri, keyin XXR markaziy ijroiya qo’mita ish boshqaruvchisi bo’ldi.

Bekchon Rahmonovning madaniyat noziri sifatida qilgan eng katta ishi 1920 yil 11 aprelda Xorazmning o’tmishdagi madaniyati va osoritiqalarini kelgusi avlodlar uchun saqlab qolish maqsadida xalq madaniyati muzeyini barpo etgani hamda unga rahbarlik qilganidir.Shuningdek, 1923 yilda Xorazmda ilk bor musiqa maktabini tashkil etib, voha musiqa nazariyasi va tarixi, Xorazm maqomlari hamda usullari, nota yozuvining ixtiro qilinishiga oid “Xorazm musiqiy tarixchasi” kitobini Devonzoda bilan birga yozib, nashr ettiradi.

Shuningdek, mulla Bekchon 1920 yil 8 martda voha tarixida ilk bor matbuotga asos soldi.Ya’ni, shu sanadan boshlab nashr etila boshlangan “Inqimlob quyoshi” gazetasining bosh muharriri sifatida faoliyat ko’rsatdi.Xorazmda o’sha davrda nashr etilgan “Qizil Xorazm”, “Maorif”,”Xorazm xabarlari”, “Yordam”, “Yoshlar ovozi”, “Ishchilar tovushi”, “Qopqon” singari gazetalarni ham tashkil etishga bosh-qosh bo’ldi.

Xalq maorifi noziri bo’lib ishlagan paytida Bekchon Rahmonov vohada yangi maktablar tashkil qilish, uzoq ovullardagi bolalarni maktabga jalb etish, ta’lim maskanlarini o’qituvchilar bilan ta’minlash uchun jonkuyarlik qilgan.Shuningdek, Bobooxun Salimov bilan birga maktablar uchun “Alifbe” va “O’qish kitobi” darsliklarini yozib, chop ettirdi. Shuningdek, Xudoybergan Devonov bilan hamkorlikda Xorazm qog’oz fabrikasini qurish bo’yicha ham sa’yi-harakatlar olib bordi.

Devonovga 1937yildagi qatag’on davrda qo’yilgan ayblardan biri Xivaga kelgan turkiy xalqlar ozodlik harakati yo’lboshchilaridan biri Zakiy Validiy vohaga kelganda, u bilan maslakdoshlik qilganligi edi.XXR davrida Xivani qo’riqlash guruhi, ya’ni militsiya rahbari bo’lib ishlagan Nazar Sholikorov o’z xizmat burchiga ko’ra, Xivaga kelgan har qanday kishini kuzatib yurishga , shu tufayli bo’lib o’tgan voqealarni 1937 yilda hibsga olingach aytib berishga majbur bo’lgandi. Shunga ko’ra, Devonov va Validiy haqida bunday deydi: “Men uch kungacha (Xorazmga) kimning kelganini bilolmay yurdim. Yusupov ( XXR hukumati boshlig’i bo’lgan Polyozhoji Yusupov) boshliq barcha xalq komissarlari uylariga ham kelmay qaerdadir yig’ilish o’tkazayotgan edilar.Bu hol menda shubha uyg’otdi. Xorazm bilan Buxoroning birlashgan holda kurash olib borishi uchun Xorazmga buxorolik vakillar kelishgan edi.Men muzokara olib borish uchun vakil etib tayinlandim.Romanov men bilan birga edi. Menim yonimda o’tirgan Mulla Bekchon oradan bir necha soat o’tmay kengashni ertaga qoldirishimni so’radi va o’zining bu iltimosini uyida mehmoni borligi, ketishi zarurligi bilan izohladi.Men rozi bo’ldim va biz ikkimiz bir otga minib u bilan birga ketdik. Devonovning uyiga yaqin qolganimizda u otdan tushib qoldi.Men uyga kelganimdan so’ng tog’am Ollanazarni xalq komisarlarining uydami yo’qligi ekaniklarini tekshirish uchun yubordim.U militsiya bilan yurib kechasi soat uchda Yusupovni tutib keltirdi, ammo men uni qo’yib yubordim.

Ertalab Yusupovning oldiga borib, o’tgan kecha qaerda bo’lganini surishtirdim.U Rahmonov Bekchonning, Jumaniyoz hoji Polvonniyozovning so’nggi kechada Xudoybergan Devonovning uyida bo’lganini aytdi.U yerda Zakiy Validiy bilan birga Aydarov ham bo’lgan.Yusupovning so’zlariga qaraganda ularga kiyim bosh va pul berib Buxoroga kuzatib qo’yishgan ekan” Demak, Sholikorov ma’lumotga ko’ra, Zakiy Validiy Xivadan Buxoroga ketish kuni Xudoybergan Devonov uyida bo’lgan.Shuningdek, Zakiy Validiy Devonov va Polvonniyoz hojilar kabi Mulla Bekjon Rahmonov bilan ham maslakdosh o’lgan, Xivadagi uning uyida mehmon ham bo’lgandi. Chunki, ular Bokuda o’tgan Sharq xalqlari qurultoyida birga qatnashishgan, o’sha yig’inda Mulla Bekjon Validiyni Xorazmga taklif qilgandi.

Bekchon Rahmonov XXR rahbarlari orasida eng salohiyatli va milliy davlat qurish tashabbuskori bo’lgani uchun ham 1920 yilda Xorazmga borgan turkiy xalqlar ozodlik harakatining g’oyaviy yo’lboshchisi Zakiy Validiy uning uyida bo’lgandi.Z.Validiyning 1969 yilda Turkiyada nashr etilgan “Xotiralar” kitobida mulla Bekchonning dunyoqarashi, ish faoliyati o’rin olgan.Muallif bir o’rinda dolg’ali davrlarni quyidagicha xotirlaydi: “ Mulla Bekchon Xivada zamonaviy madaniyatni rivojlantirish uchun katta fidoyilik ko’rsatdi.Agar Rusiya xalaqit bermaganida, ular yosh Xiva hukumatiga katta xizmat qilgan bo’lur edilar.Maorif vakili bo’lgan mulla Bekchon-Istanbulda o’qib kelgan bir yigit.Hukumat ishlaridan bo’sh vaqtlarida madrasadagi hujrasiga kelar, o’z qo’li bilan palov pishirar, o’sha vaqt uzoq suhbatlashar edik.U bir qancha asarlar yozdi” .

Mulla Bekchon Zakiy Validiy kabi Shafqi Bekto’ra,Fitrat, Fayzulla Xo’jaevlar bilan ham do’st edi.U 1920 yilning avgustida Boku shahrida o’tkazilgan , 30dan ortiq musulmon davlatlari vakillari ishtirok etgan sharq xalqlari qurultoyida ham faol qatnashgandi.Ayni paytda, 1920 yil 13 noyabrda Buxoro va Xorazm respublikalari o’rtasida tuzilgan do’stona hamda iqtisodiy, madaniy aloqalarga doir shartnoma tuzishga ham rahbarlik qilgan.

Ana shunday fidoyi insonning davlatchilik borasidagi siyosiy faoliyati Xorazmga kelgan bol`sheviklarga yoqmadi va u 1921 yil 27 noyabr kuni otib o’ldirishga hukm qilindi.Xayriyatki, jadid do’stlari mustamlakachilarga uning xalq orasidagi obro’sini eslatgach, o’lim hukmi bekor qilindi.
1924 yilda o’tkazilgan milliy davlat chegaralanishi va undan keyingi yillarda yuritilgan shovinistik, qatag’on siyosatidan so’ng mulla Bekchon siyosiy va madaniy hayotdan chetlashtirildi.1930 yillardagi shaxsga sig’inish davrida esa qatag’on mashinasi uni ham o’z domiga tortib ketdi.

SURGUNDAGI SAID ABDULLAXON

Harbiy kiyimdagi cho’qqisoqol kishi o’zini Dzerjinskiy deb tanishtirgach, tergov qilinayotgan O’rta Osiyoliklarni yanada qattiq qo’rquv egalladi.Chunki “Qattiqqo’l Feliks” laqabli bu insonning qilgan ishlarini hamma eshitgan edi.Lubyanka xo’jayini qarshisida turganlar ham shunchaki ko’chadan tutib keltirilgan insonlar emas, balki Xiva xoni, uning yaqin kishilari va amaldorlari edi.Ular chekka vohadan Moskvadagi Erdilka, keyin esa Ivanovsk, Novospask ibodatxonasidagi lagerda tutqunlikda saqlanayotgandi. Xo’sh, Xiva xoni nima uchun mahbus sifatida tergov qilingan?Uning keyingi taqdiri qanday bo’lgan?

Ma’lumki, qudratli Temuriylar davlati va Shayboniylar saltanati parchalanganidan so’ng O’rta Osiyoda birin-ketin Xiva, Buxoro va Qo’qon xonliklari paydo bo’lgandi.Bir mintaqadagi ushbu xonliklarning o’zaro nofiq-nizosi asrlar davomida uchala davlatni ham inqiroz yoqasiga olib keldi. Bu holat 19 asr o’rtalaridan chor imperiyasining vassaliga aylanishga sabab bo’ldi.Qo’qon xonligi zabt etilgach, uning hududida Turkiston general-gubernatorligi tashkil etildi. Xudoyorxon esa Orenburgga surgun qilinib, o’sha taraflarda vafot etdi.Buxoroning so’nggi amiri Said Olimxon esa, 1920 yil sentyabridagi bol`sheviklar istilosidan so’ng, taxtni tashlab,Afg’onistonga o’tib ketdi.1944 yilda afg’on yurtida ko’zi ojizlanib o’lim topdi.Uchinchi xonlik- Xiva hukmdorining qismatiga ham surgundagi o’lim yozilgan ekan.U Ukrainada vafot etdi.Atigi bir yarim yilgina xonlik taxtiga o’tirgani uchun 1920-33 yillar oralig’ida surgun azobini tortdi.

Xivaning so’nggi xoni Said Abdullaxon ma’rifatparvar Feruzning o’g’li bo’lib, 1918 yil kuzida taxtga chiqqandi.Ammo bu davrda amalda boshqaruv yovmudlar sardori Junaidxon qo’lida edi.Chunki, 1917 yili chor imperiyasi tugatilgan, o’rniga hokimiyat tepasiga chiqqan bol`sheviklar qadami hali bu yerga yetmagandi.Junayid amalda davlatni boshqarar,negaki, uning qo’lida ko’p ming sonli qo’shin bor edi.1920 yil 2 fevralda bol`sheviklar Junayidxon lashkarini mag’lubiyatga uchratib, xonlikni zabt etdilar.Said Abdullaxondek qo’g’irchoq hukmdor taxtdan tushirilgach,Junayid Qoraqumga chekinadi.Yangi tashkil etilgan Xorazm respublikasi hukumatiga “yosh xivaliklar” kelishadi.Said Abdullaxon esa Nurillaboy saroyida uy qamog’ida saqlanar, molu-mulki musodara qilingandi.

Ana shunday vaziyat hukmron holatda,1920 yilning 12 iyul kuni Xivadagi Madaminxon madrasasi va Ichan qa’lada xonlik tarafdorlari namoyish uyushtirishadi. Natijada o’sha kuni umuman uyidan chiqmagan Said Abdulla namoyish tashkilotchisi deb topilib, Moskvaga-Lubyankaga jo’natiladi.U bilan birga Xikmatulloxun,Obidoxun hamda xonning qarindosh-urug’laridan Muhammadyor to’ra, Nosir to’ra,Muhammadyor yoqubto’ra,Saidto’ra,Sa’dullato’ra, Xoji to’ra,Abdurasulto’ra,Ibodullato’ra va boshqa jami 14 kishi Xivadan Chorjo’yga, u yerdan poezdda Toshkentga va nihoyat Moskvaga olib ketiladi.

Rohat-farog’atda yashagan xon va uning qarindoshlari lagerdagi mahbuslikka, azob-uqubatga chiday olmadilar.Shunday qiyinchilik kunlaridan birida, bir grek olimi orqali bol`sheviklar sardori Lenin hamda GPU boshlig’i Dzerjinskiyga ruscha shikoyat yozishdi.Lubyanka xo’jayini xon va uning qarindoshlarini tergov qilib, yekaterinoslavlga jo’natadi.Verxovsk stantsiyasidagi Bogdanovka qishlog’ida shu taxlit uch yil ishlab ishlagan Said Abdullaxonni, 1923 yilda Ukrainaning Krivoy Rog shahriga jo’natishadi. Xivaning so’nggi xoni va yaqinlari u yerda qishloq xo’jalik ishlari bilan shug’ullanishadi.Ular saylash, saylanish huquqidan mahrum bo’lib,Krivoy Rogdan chiqishlari ta’qiqlangan, biroq hohlagan kishi bilan turmush qurishlari mumkin edi.Shu bois xivaliklardan ba’zilari, jumladan Abdurasulto’ra 1925 yili Olimpiada ismli ukrain qiziga uylanadi.1933 yilda xivaliklarning surgundagi muddati tugaydi.So’ng to’rt-besh to’ra Toshkentga ketib yashashadi.Chunki ularga Xivadan tashqari hohlagan joyda yashashga ruxsat berilgandi.Shu tariqa Xivaning 57 — hukmdori Said Abdullaxon xastalangani bois o’sha yili vafot etadi.

TOBUTGA YASHIRINGAN JOSUS

02119 asr oxiri va 20 asrning boshlarida O’rta Osiyo tarixida muhim o’rin tutgan Qurbon Mamed Sardor—Junaidxon (1860-1932) o’z kurashlarida josuslik tarmog’ini yo’lga qo’yganligi bois, oldinlari chorizm, keyin bol`sheviklar ustidan katta g’alabalar qozondi

Junaidxon shiddatli janglar qilib dovruq taratishiga, dushmanga qattiq zarbalar berib esankiratib qo’yishiga uning navkarlaridagi jangovarlik va vatan tuyg’usi sabab edi.U har bir navkarni o’zi sinab qo’shiniga qabul qilar, kattami kichikmi guruhga bosh bo’lishga arzirli yigitni esa yanada qattiq » imtihon» dan o’tkazardi. Navkarboshilikka nomzod bo’lgan yigitni keng omma oldidagi maydonga o’tirg’izar, odamlaridan biriga imo qilsa, saksovulzorning mushtdek cho’g’ini olib, o’sha odamning tizzasi ustiga qo’yardi.Agar «nomzod» chidamsiz bo’lsa dodlab yuborar va uni yana oddiy navkarlikka tushirisharkan. Gohida tizzaga qo’yilgan cho’g’ni sezmaganday og’riqqa chidagan nomzod garchi hammayoqni kuygan et hidi tutib ketsada bardosh berib navkarboshi bo’lardi.

Aynan navkarlardan ham ziyrak va chaqqon josuslarni Junaidxonning josuslik mahkamasi rahbari vazifasidagi Matchon To’ra yollagan. U tez-tez qishloqlarda bo’lib turar, oltin evaziga ko’plab xufiyalarni o’ziga og’dirib olardi..Har bir josus uch yoki to’rtta aloqachi orqali Junaidxonga ma’lumot yetkazib turar edi.Ko’pincha aloqachilar savodsiz bo’lgani bois faqat belgilangan vazifani bajarar, nima qilayotgani haqida tasavvurga ega bo’lmasdi.Aloqachilar xabarlarni qovunning ichiga, chopon qatiga, aravalar, tarvuzning ichiga yashirib yetkazardi.Ular go’yo o’zlarini to’y yoki ma’rakaga, kasal qarindoshini ko’rgani borishayotgan, hunarmandga aravasini tuzatdirmoqchi bo’lgan dehqon, gohida darvesh, daydi qiyofasida ko’rsatib, Junaidxon oldiga yetib borardi.Xon ham o’z maktublarini turli yo’llar bilan, hech bo’lmasa, bittasi
yetib borar, degan niyatda bir necha nusxada jo’natardi.

Bir kuni, 1924 yilning yanvarida Xivadagi Pishkanik darvozasi oldida dafn marosimi bo’ladi.Qariyalar va qarindoshlar-u qo’shnilar tobut ko’tarib, marhumni qa’la tashqarisidagi qabristondagi ota-onasi yoniga qo’yish uchun ketardi.Shahardan hech kimni tashqariga chiqarmaslik to’g’risida buyruq berilgan, shuning uchun soqchilar darvozani ochishmaydi.Shunda bir guruh mulla va olomon marhumni o’z vaqtida dafn etish kerakligi haqida va’z-nasihat qilib, dag’dag’a qilishadi.Nimadandir shubhalangan soqchilar—Otajonov va Qariev bir guruh mirshabni chaqirib, tobutdagi marhumning kimligini tekshirmoqchi bo’lishadi.Olomon harchand qarshilik ko’rsatmasin, mirshablar tobutni ochishadi.Qarashsa, tobutda tirik odam qo’rquvdan dag’-dag’ qaltirab yotibdi.Tobut va «marhum» tekshirilganida, shahar mudofasining zaif tomonlari haqida Junaidxonga yetkazish lozim bo’lgan ma’lumot topiladi.Oradan ikki kun o’tib,Xiva qa’lasi qamali davom etayotgan paytda Saidjon qori minorasidan namozga chaqiriq eshitiladi.Lekin muazzinning bu galgi chaqirigi, umuman, boshqacha edi.»Ollohu Akbar, ollohu Akbar «so’zlaridan keyin muazzin arab tilida Junaidxon uchun kerakli xabarni «Qo’sha darvoza tomonga yur,Shohimardon tomonga yur» degan so’zlarni aytgandi.Shahar himoyachilari muazzinnning g’alati so’zlarini eshitib, uni qo’lga oldilar.Aytilgan tomon—Shohimardon va Qo’sha darvozaga borgan himoyachilar josus muazzinning xabarini eshitib, qo’lida arkon bilan yuqoriga tirmashayotgan Junaidxon navkarlariga duch kelishadi.

Bular Junaidxonning josuslik tarmog’i naqadar aql bovar qilmas usullarga boyligining ayrim tarixiy dalillari.Shu tufayli ham Junaidxon 1895-1932 yillargacha bo’lgan qariyib 40 yillik kurashda Chorizm va bol`sheviklar ustidan ko’plab g’alabalar qozongandi.

Xullas, josuslik tarixi shu qadar qiziqarliki, bu borada tobut ichidagi josuslik kabi ko’plab voqealar sodir bo’lgan.

09

(Tashriflar: umumiy 1 759, bugungi 1)

2 izoh

  1. Assalomalekum ustoz men sizni ashaddiy muxlisingiz hamda shogirdingizman.Men Urganch Davlat universiteti tarix fakultetida o`qiganimda sizni «Harbiy Hilalar»degan kitobingiz borlidini eshtgan edim ,menga shu kitobni elektron yoki kitobni o`zini bera olasizmi,albatta puli bilan.Tel:99 157 44 71

  2. Эҳ ўзбеклар қачон узларингни танийсанлар

Izoh qoldiring